Ilhom Hasan. Tahlika & Nurulloh Muhammad Raufxon va Bahodir Qobul Ilhom Hasan haqida

16    Илҳом Ҳасан Бухоронинг Шофриконидан, ёзувчи Аҳад Ҳасаннинг фарзанди, Самарқанд Давлат Университети доценти — истеъдодли олим, ёзувчи, покиза,камтарин,одобли инсон ва ўзбек адабиёти майдонига кириб келаётган истеъдодли ижодкор эди. Ўша давр матбуотида босилган мақола, ҳикоя ва таржималари ҳамиша диққатга сазоворлиги билан ажралиб турарди. Унинг бевақт ўлими — Яратган унга раҳматлар ато этган бўлсин — нафақат дўсту биродарларини, уни илк ҳикоя ва таржималаридан таниб қолган адабиёт ва зийрак китобхонлар аҳлини анча изтиробга солгани ҳамон хотирамда.
   Илҳомжоннинг ўлимидан кейин ўтган 14 йил ичида унинг номи унитилгандай туюлса-да, асл дўстлари уни унитганлари йўқ. Шахсан мен ҳам ҳар гал Самарқандга борганда, ҳар доим Илҳомжон билан бирга юрган кўчаларда хаёлан уни кўргандай бўламан, унинг ҳикояларини ва таржималарини қайта ўқиганимда унинг сокин овозини эшитиб тураман. Бугун унинг 1990 йилда «Шарқ юлдузи» журналида босилган «Таҳлика» номли ҳикоясини сизга тақдим этар эканман, Илҳомжон номи сиз учун ҳам таниш бўлиб қолишига умид қиламан.

Хуршид Даврон

ИЛҲОМЖОН ҲАҚИДА СЎЗ
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
01

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

025Камина Илҳомжон билан яхши инсонлар орқали танишганман. Кейинроқ дўстлашиб кетдик. Шунда билдимки, Илҳомжоннинг ўзи-да яхши инсон экан. Меҳргиёси бор эди унинг. Дўстларининг доим ҳавасини келтирарди, бегоналарнинг бир нафасда меҳрини қозонарди. Муомалада ниҳоятда тарбияли йигит эди.

Умри қисқа экан, қаторимиздан эрта кетди. Тангри таоло унга раҳматлар ато этган бўлсин.

Илҳомжон тиниқ адабиётчи эди. Мақолалари, ҳикоялари самимийлиги билан ажралиб турарди.

У ҳалокатга учраганида камина катта ҳаётдан озгина узилиб яшаётган эдим, шунинг учун унинг ўлимидан хийла хабарсиз қолдим. Таъзиясига бора олмадим, ота-онасидан кўнгил сўрай олмадим, аммо рўзномалардан бу машъум хабарни ўқиганимда, анчагача ўзимга келолмай юрдим. Ўзимча мотам тутдим. Эсласам, ҳар гал кўз ўнгимга икки норасида ўғилчаси келаверади. Бунинг ҳам сабаби бор.

Бундан беш йиллар муқаддам катта поччамиз Муҳаммаджон акам билан бирга Самарқандга йўлимиз тушди. Бир кеча Илҳомжоннинг меҳмони бўлдик. Тунузоқ суҳбатлашиб чиқдик. Ётаётганимизда Муҳаммаджон акам қулоғимга: «Бамаъни йигит экан!» деб қўйдилар. Эрта билан нонуштадан аввал меҳмонхона эшиги секин очилиб, Илҳомжоннинг уч-тўрт ёшли икки ўғилчаси одоб билан кириб келишди. Ювинтирилган, тоза кийимлари кийдирилган, эгниларида жажжи-жажжи беқасам тўн, бошларида дўппи. Навбатма-навбат «Ассалому алайкум!» деб сўрашиб, яна одоб билан чиқиб кетишди.

Эрта тонгда меҳмонлар ҳузурига саломга киритилган эди улар! Халқимизнинг энг бебаҳо удумларидан бири эди бу!

Муҳаммаджон акам шу ҳодисани оилада, ишхоналарида узоқ гапириб юрдилар. Илҳомжонга, унинг оиласига меҳрлари тушди. «Шу оғайнингизни албатта Қўқонга олиб келинг, бир меҳмон қилайлик!» деб қайта-қайта менга тайинлардилар. Афсус…

Бир гал Қўқонга борганимда Муҳаммаджон акамга Илҳомжоннинг ҳалок бўлганини айтдим.
Кўзларидан ёш чиқиб кетди. «Бу ёқларга бир олиб келмадингиз-а…» дедилар. Юракларимиз ўртанди.

Шунақа. Илҳомжон яқин биродарларининг ҳам, бир кўрган танишларининг ҳам қалбида армон бўлиб қолди. Илоҳи, оиласининг ва фарзандларининг умри узоқ бўлсин. Тангри уларни иймонли, инсофли, тавфиқли бандалардан бўлишларини насиб этсин. Омин.

Баҳодир ҚОБУЛ
ОЙ ЁҒДУСИДАГИ ҚОРЛИ ЧЎҚҚИ
01

Дўстим, ўз фикрига эга, гапниям аччиқ-чучугини жой-жойига қўядиган ёзув­чи укаларимиздан бирининг, “Ака, сиз Илҳом Ҳасанов билан кўп бўлгансиз, ҳаётлари ҳақида жур­налга бир нарса ёзиб берсангиз, яхши бўларди, устоз мақомида бўлган…” деган таклифидан ер ё­рилмади кириб кецанг. Айниқса, охирги жумласи. Машо­йихларимиз айтган матал мазмуни хаёлда айланади: “Сенга бир ҳарф ўргатган кишининг ҳаққини минг тилло билан ҳам адо этолмассан”.

Кундан кунга узоқлашиб бораётган тала­балик даврининг бошида, 1983-йилнинг кеч кузида Самарқанд­да Илҳом ака Ҳасанов билан танишганман. Вилоят газетаси бўлмиш “Зарафшон” таҳририяти остонасида. Кечагидек эсимда. Илҳом аканинг курсдоши, ўша вақтлар газетанинг мас’ул котиби ўринбосари лавозимида ишлаган Ҳамза Шукуров бизларни таништирган. Мен ўн саккизга ўтган талаба ва газетада мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишлардим. Ҳикояларим, мақолаларим вилоят, республика матбуоти юзини кўра бошлаганди.

Мен Ҳамза аканинг отаси уйида яшардим. Эрталаб ишга бирга келиб, ярим кечаси, гоҳида тонгга яқин ишдан қайтардик. Газетчилик. У вақтлар вилоят газетаси бир ҳафтада беш маротаба чиқарди. Кунлар­нинг бирида эрталаб ишга келиб, машинадан тушган ҳам эдикки узун бўйли, қотмадан келган, кашмири нимаси биландир қишлоғимиз одамларига ўхшаб кетадиган Илҳом ака қўлида бир даста қоғоз билан яқин келди. Улар саломлашдилар. Биз – икки нотаниш ҳам саломлашган бўлдик. Шундан кейин Ҳамза ака бизларни таништирдилар.

– Илҳом Ҳасанов, ёзувчи, факултетимизда ўқитувчи…

Мени Ҳамза Шукуровга амакилари, устоз Нуриддин Шукуров топширгандилар. Илҳом ака Нуриддин Шукуровнинг ишонган шогирди эди. Илҳом ака одамлар кўнглидан ўтган нарсаларни сезишларини, ба’зи нарсаларни бошқалардан олдинроқ илғашларини, кўпчиликдан биринчи бўлиб фикр билдиришларини, билдиргандаям, энг тўғри фикрни билдиришларини, бирор ишга одамлардан аввал ҳаракат қилишларини, амалга киришишларини, одамлар у киши ўйлаган нарсаларни орадан анча вақт ўтиб шу фикрга келишларини кейинчалик англаганман.

Олдинроқ ҳис этиш… Исте’дод дегани балки шудир. Фозиллик ҳам шу бўлса керак, эҳтимол. Олимлиг-у одамийлик десаям бўлар, балки… Адолацизлик олдидаги, адолацизликка учраган ва адолат муҳокама этилаётган йиғилишлардаги ҳолатларини, жон куйдиришларини тасвирлаш учун, аввало, одам ўша табиатга сазовор бўлиши лозим. Илҳом ака менинг кўз ўнгимда ҳар бир ҳаракати билан зулматларни бир қарашда чекинишга мажбур қиладиган қиличдай бўлиб қолаверади.

Илк учрашганимизда Илҳом ака қўлидаги қоғозларни Ҳамза акага тутқазиб, “биз бугундан бошлаб бундай кўришамиз”, деб қулоч­ларини очган ва биз бошқатдан кўришганмиз. Минг йиллик ака-укалардек, дўстлардек.

Биринчи айтган гаплари: “Мен сизни кундузгида ўқишингиз учун қўлимдан келганини қилганман. Лекин, билдимки, қўлимдан ҳеч нарса келмас экан. Ўқишга киролмай қолишингизни айбдорларидан бири менман. Кириш имтиҳондаги иншони ўқиганман. Факултетни битириб чиққанларниям кўпи, аниқ айтаман, бундай ёзолмайди. Сизни олтин медал билан мактабни битирганингиз ва ўқишга киришингиз ҳақида биров бировга илтимос қилмаганлиги бир-иккитани қаттиқ шоширган эди. Иншони эса бемалол эссе деб газетага берса бўлади…”.

Иншо эркин мавзуда, – Ватан ҳақида, Ўзбекистон ҳақида эди…

Ўшанда Илҳом ака йигирма тўртнинг устида эдилар. Бир оёқ газетада, ишхонада, бир оёқ факултет, ўқиш жойида ўтган ажойиб даврнинг энг эсда қолар дамлари шамолининг эпкини, одамларнинг нигоҳи, меҳри ҳали-ҳануз кишига энтикишлар ҳадя этади.

Илҳом ака бошқача одам эди. Юриш-туришиям, гап-у сўзиям.

Университетнинг ўзбек ва тожик филологияси факултети қошида ташкил этилган “Шалола” адабий тўгараги­нинг ўзи бир университет эди. Биз бу ерда адабиётга оид эшит­маган гапларимизни эшитар, ўқимаган нарсаларимиз билан танишар эдик. Адабиёт, дунё адабиёти, туркий адабиёт дегани нима эканлигини шу машғулотларида тушунгандай бўлганмиз. “Девони луғотит турк”ни шу даврада биринчи марта ушлаб кўрганмиз. Университетда ҳар бир ўқитувчи ўзининг соҳаси, фани бўйича дарс ўтиб, савол-жавоб қилса, бу ерда ундай эмасди. Биз “Шалола”да бир-биримизнинг ёзганларимиз билан танишиш, таҳлил қилиш, фикр билдириш билан бирга адабиёт нима эканлигини англай бошлаганмиз. Илҳом ака та’бири билан айтганда, “адабиётда қалбдан кўра бўғиз кўпроқ иштирок этиши” адабий, ижодий эмас, бошқа жараён эканлигини англаганмиз. Аристотелнинг “Афлотун – менинг қимматли дўстим, лекин ҳақиқат ундан қимматлироқдир” деган сўзларини дафтарларимизга ўшанда кўчирганмиз. Кўча-кўйда, ишхона-ю ўқишхоналарда эшитмаган ту­шунчалармиз: “ялпи бахцизлик шароити”, “Ўқувчини ёлғонлар кўмагида эзгуликка йўллаб бўлмайди”, “Ҳақиқатни битта-иккита одамнинг орзу-истакларига мослаб турланмаслик, тусламаслик керак”, “Счастливой децтво” деган ёзувли шапкани кийган билан болалик бахтли бўлиб қолмайди” деган тушунчаларни Илҳом аканинг оғзидан эшитганимизда не бир хаёлларга борганимиз ҳали эсдан чиқмаган.

Шунингдек, тўгарак а’золарига адабий асарнинг алифболари – сюжет қурилишидан тортиб, портрет тасвирларигача, бадиий воситаларидан тортиб моногол-у диологларни ўрнида беришгача, фикр оқими, матности оқими, фикр тўлқинининг узлуксизлиги, сўзнинг иссиқ-совуғи, тафти, нафаси, ранги, ҳиди бўлишиниям кўрга ҳассадек қилиб ўргатишга жаҳд қилган Илҳом Ҳасанов эди. Илҳом аканинг бир кўзи ҳамиша соатда бўларди. Соатга тез-тез қарарди. Ҳар бир дақиқалари ҳисобда эканлигини билардик. Университет ёшлар иттифиқонинг етакчиси эди.

Илҳоми Ҳасанов ўзбек тилини ўта яхши биларди, ўзбек тилини ҳурмат қиларди дейиш, албатта, жуда эриш туюлади. Илҳом ака тилимиз учун бор-йўғини беришга тайёрлардан бири эди. Мен гувоҳман. Ота тилимизга давлат тили мақоми берилгандан кейинги чеҳраларидаги улуғворлик масрурлиги билан бир қаторда елкага, зиммага жуда катта юк тушганлигини, бу юкни кўта­риш ҳаммагаям эмаслигини ҳис этиш мас’улиятини кўрганман.

Худо меҳрибон бўлиб давлат идораларида она тилида иш юритиш бошланиши билан журналистларга э’тибор кучайган эди. Республика матбуотида “Шарққа шарқоналик ярашади” туркум мақолаларим босилиб, улар мулоҳаза учун Самарқанд вилоят ижроқўмига юборилган экан. Ўша вақтлар ёзма матбуотда чоп этилган мақолалар мутасадди ташкилотларга мулоҳаза учун юбориларди. Ўша мақолаларда Самарқанд вилояти, шаҳрида жой номларининг ғарибона шамойили кўрсатилган, шарқона номлар ярашишига умид билдирилганди. Қонун қабул қилингандан бир ой ўтар-ўтмай вилояти ижроия қўмитасида “Давлат тили ҳақидаги қонунини амалга ошириш комиссияси” ҳамда “Жой номларини ўрганиш, топонимик комиссия” фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланган, вилоят ижроқўмининг раиси Тошбўри Қиличев юқорида қайд этилган мақолалар билан танишиб, муаллифни чақиришни устоз журналист Абдурайим Убайдуллаевга топширганлар. Устоз вилоят ижроия қўмитасида мас’ул лавозимда ишлардилар. Биз биргаликда ижроқўм раиси олдига кирдик ва орадан ўн дақиқа ўтмай, мақолаларда кўрсатилган барча таклифларни амалга оширишни икковимизга юкладилар. Менга юқорида қайд этилган ҳар икки комиссия ишини ташкил этиш ва таркибини шакллантириш ҳақида ижроқўм қарори лойиҳасини киритиш тайинланди. Мен комиссияларнинг мас’ул котиб бўлдим. Бу мутлақо янги ва жудаям мас’улиятли вазифа эди.

1990-йилнинг 27-октябрида Давлат тили қабул қилинганлигининг 1 йиллигини муносиб ўтказиш комиссия иш режасига киритилганди. Ўша вақтлар Регистон майдонининг ёнида, Улуғбек мадрасасининг орқасида сўлим ва гўзал “Шоирлар боғи” бўларди. Бирор минг киши сиғадиган амфитеатри билан. Ижодий учрашувлар маскани эди у жой. Она тилга давлат тили мақоми қайтишининг 1 йиллиги байрами Отамаконнинг ана шумасканида нишонланган. Мазкур байрам ссенарийсини ёзганлардан бири Илҳом Ҳасанов эди. Қўлёзмалар менда. Байрамдаги турли чиқишлар, саҳна кўринишлари иштирокчиларини тайёрлаш билан боғлиқ барча-барча ташвишни Илҳом Ҳасанов ўз зиммасига олган эди.

Она тили байрамининг икки йиллиги шодиёналарини кўриш насиб этмади.

Илҳом Ҳасан бизга, ёшларга Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Лутфий, Огаҳий, Алишер Навоиий, Бобур ва бошқа кўплаб аждодларимизни яқиндани, та­ништирганлари, хаёлларига эш, дардлари билан ҳамдард бўлишлари, уларни юқтиргани билан ҳам қадрлидирлар.

Нуриддин Шукуров бошчилигида, тарихчи олим Амриддин Бердимуродов ва Илҳом Ҳасанов ташкилотчилигида Соҳибқирон туғилган кун саҳар мардонда оталар қабр­ларини зиёрат қилишни ўрганганларимизни қайд этмаслик ҳақиқатга тик қарай олмасликдан бошқа нарса эмас.

Илҳом Ҳасаннинг ёзувчи, драматург, адабиётчи олим ва моҳир таржимон эканлиги ҳақида бу мавзуда гапиришга ҳаққи борлар гапирса ярашади.

Илҳом ака билан охирги учрашувимиз Самарқанддан Тошкентга бир иш билан йўлга чиққанимда бўлган. У киши ҳам Тошкентга келаётган эканлар. Ўша даврнинг қизил рангли “Икарус”ида биринчи қаторда гаплашиб келганмиз. Қизиқ. Ўша гурунг ҳам бошдан оёқ адабиёт, адабий жараён ҳақида, ижодий ишларимиз ҳақида бўлган. Қандай китоблар ўқи­ётгани, ижодлари ҳақида билдириш билан бирга менинг нималар билан банд эканлигимини сўраганлар. Мен Орол мавзусида материаллар йиғаётганим, “Мукофатга сув” деган бир нарса ёзаётганимни, асар тузилиши, муаммаоси, ечими, қаҳрамонлари орқали табиат ва инсон дардини ўзимизча уйғунлаштирган ҳолда Орол дард-у ҳасратини айтиб бергандим. Илҳом ака “мендаям Орол дардига бағишланган бир нарса туғилмоқда, лекин Орол ҳақида ёзиш учун у ерга бориб, бир-икки кун бўлсаям яшаб, кўз билан кўриб, ҳавосини олиб ёзсак яхши бўларди” дегандилар. Кейин, орадан анча йиллар ўтиб, Орол денгиз ўрнидаги туз саҳроларида юриб, яшаб, ишлаб, нонини еб, нафақат Орол ҳақида ёзиш, балки ўрганишдан олдин кўришни, эшитишни, илғашни ўрганиш кераклиги англаганман.

Илҳом Ҳасанов таржимасидаги Димитрий Николаевич Логофетнинг “Бухоро тоғлари ва текисликларида” асарини ўқишнинг ўзиёқ адибнинг, таржимоннинг кимлигини кўз ўнгингизда бор бўйи билан кўрсатади. Таржимага асар танлаш дидининг не чоғли муҳим эканини пешонанинг устига чироқдай осиб қўяди. Юртимизнинг қадим табиати таровати бетакрорлигидан, нафасидан, урф-одатларимиз тозалигидан, тилимиз куч-қудратидан туйиниб суюнинг, куйининг. Таржимонлик сан’атининг ажойиб намунасидан баҳраманд бўлишингизни илиндим. Кўп гап ҳамиша юк.

“Мусулмон олами ноқонуний туғилишни ҳатто билмайди ва тан олмайди, табиат қонунлари асосида туғилган ҳамма вақт қонуний туғилган ҳисобланади ва шунинг учун ота-боболарининг номини олишади. Биз европаликлар ҳам осиёликларнинг бу тажрибасини ўрганиб, ўзлаштиришимиз керак ва бу ўринда шуни эслаш жоизки, Шарқ ўз боласини ўлдиришни асло билмайди. Европача асослардаги фоҳишабозлик мусулмон давлатларида яқинда пайдо бўлган, у ҳам бўлса, Шарқда европаликларнинг мусулмон давлатларини босиб олиши­нинг оқибатдир.

Наҳотки буларнинг бари биз ўйлагандан бошқача бўлса?

Ҳа, ўзингиз тасаффур қилинг, мусулмон ўзига хотинни сотиб олади, бу худди бизда аёл эрни сотиб олгани ва унга сеп келганига ўхшайди. Демак, бизда аёл ҳақ тўлайди, мусулмонларда эса – эр…

Қаршимизда Денов водий­си ўзининг қуюқ ўсимликлар олами, оппоқ бақувват танли асрий чинорлари билан намоён бўлди… Якка ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўсган баланд чинорлар бошида турналар ин қурган.

Ой ўзининг кумуш нурлари билан теварак атрофни ёритган. Толиққан отлар қўним топишларини сезиб, қадамларини тез­латадилар. Қорли чўққилар ой ёруғида ялтираб товланади. Фақат зулмат ичида қолган уфқнинг бир чеккасигина ма’юс қорайиб турарди. Сезилар-сезилмас милтираётган юлдузлар ой ёруғини янада кучайтираётгандек туюларди. Тун мусаффо, ҳам салқин эди. Сой ва ариқлардаги сувнинг шилдираши тун қушларининг чуғурлашларига қўшилиб кетаётганди. Туя карвонлари қўнғироғининг ҳазин жиринглаши бу яхлит оҳангни янада та’сирлироқ қилаётганди.

Гўё улкан бир ибодатхонада чироқларнинг милтилла­ган шу’лалари остида вазмин ва тантанавор маросим ўтказилаётгандек туюларди.

Худди бизнинг ибодатхонада эканлигимизни та’кидлагандек, тун сукунатида узоқ-яқинга азоннинг сеҳрли оҳанги таралади:

“Ла илаҳа иллаллоҳ – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир!!!”

Минорага чиқиб олган одам буни кўтаринки сўзлар билан уқтириб, ҳаммани намозга, ана шу гўзал оламни яратган ва уни бошқараётган Тангрига тоат-ибодат қилишга чақирарди.

Элчихонанинг ёпиқ айвонидаги оловнинг енгил шу’ласи кенг ҳовлини ғира-шира ёритди. Айвонга чирмашган узумнинг кўк барглари биз тунайдиган жойга алоҳида бир гўзаллик бахш этади”.

Машойихлар бекорга хотиранинг уйғонганлиги гўзалдир, демаган кўринади, чоғи.

Манба: Ёшлик» журнали, 2019-йил 5-сон

Илҳом ҲАСАН
ТАҲЛИКА
01

…Ниҳоят, тонг отди.
Ҳуши ўзига қайтар-қайтмас, у шоша-пиша ҳисоблай кетди: бугун — иккинчи, эртага — уч, индин — тўрт… Уни эсон-омон ўтказса, саккизинчига яна тўрт кун қолади. Бехавотир яшайдиган тўрт кун. Бу ойда хавфли кунлар нечта ўзи — бештами, олтитами? Бекорчиликдан нималарни ўйлаб топишмайди, а, бу одамлар? Вақтни гоҳ олдинга, гоҳ орқага суришади. Энди кунларни ҳам хавфли, хавфсизга ажратишибди. Аксига олиб, ўша айтилган кун юрак қурғур ўйноқлайдики, нақ обориб-опкелади. Ҳойнаҳой, бу — кунларни аниқ билганидан. Баъзан ҳаяжон зўридан дард ярим кун аввал бошланади. Барвақт келгач, барвақт кетса-да, номард… Айниқса, шунақа, дард узайганда қийин. Бўлди, бас, шу охирги ой, энди қизиқмайман дейди-ю, йўқ, ой охирлагач, қулоғи динг — радио пойлайди, кўзлари тўрт — газета кутади. Гўё об-ҳаво маълумотлари сўнгидаги сонлар илоҳий қудрат касб этади, адоқсиз қийноқларга маҳкум этувчи шафқатсиз ҳукмга айланади. Ҳукм шунчалар бешафқатки, унинг дастидан бировга дод деёлмайсан. Кутасан, қассоб пичоғининг ялтирашини кузатаётган қўзичоқдай мўлтираб кутасан. Мени сезмас… кўрмас… четлаб ўтар… — яп-яйдоқ кўнгилда етим бир илинж… Шунақа. Сонларга кўзи тушади-ю, ҳаёт уни ўраб-чирмаб олган бир тўрга айланади. Ўттиз-ўттиз бир катакли бу тўрнинг тўрт-беш банди бўш, исталган пайтда эшилиб кетади. Ўшанда у тўрни тарк этади… пастга қулайди… Фақат қачон? Тўртдами, саккиздами — қачон? Бугун — иккинчи. Эртага — уч, индин — тўрт. Тўртинчи — хавфли кун. Аммо унга ҳали роппа-роса икки кун бор. Бутун бошли икки кунни яшамоқ керак. Намунча қийин бу — яшаш? Алдовлар, олқишлар, хушомад, тавозе, илжайиш, маънисиз жиддийлик… Кўп, бир бошга жуда кў-ўп! Наҳот ийманибгина нафас олиб, судралиб яшашнинг тўлови шунчалар катта?.. Аммо, барибир, яшаш — ширин, барини бир йўла ташлаб кетиш… йў-ўқ, кўз қиймайди. Бу ёруғ дунёнинг сендан кейин ҳам ҳеч нарса бўлмагандай туравериши тасаввурингга сиғмайди. Дунёни аяйсан…

Дарпарда орти оқарди. Шовқин кучайиб, тобора аниқроқ эшитиларди. Дераза панжарасига қўнган чумчуқ ожиз чирқиллади. Товушини моторлар шовқини ютди. Негалигини ўзи ҳам билмайди, чумчуққа раҳми келди. Одам ғуж яшаган сайин ўзини ожиз, майда ҳам пачоқ ҳис этаркан. Ногоҳ бостириб келган бу ўй дилига хушёқди, қушчага шафқати баттар ошди. Аммо унга ҳеч қандай ёрдам беролмаслигини ўйлаб, эзилди. Бечора, сенга нима зарил эди ўзингни шаҳар деган улкан қафасга уриб, бош олиб кетмайсанми поёнсиз қир-адирларингга!.. Ўзига қайиш кесолмаганнинг ўзгага чучвара тугишни ўргатгани қизиқ. Майли-да, қайда бўлса ҳам яшаса бўлди-да. Яшаш — бу кураш, демакдир. Уф-ф, яна бировнинг гапи! Ким айтганди буни, қаердан ўқиганди? Эслолмади, лекин бировники экани аниқ. Назарида, туғилиб, эсини танигандан буён саҳнада зерикарли ҳам узундан-узоқ роль ўйнаётгандек. Ўзига тегишли гапларни ёдлаб олган-да, ўрни-ўрнида тўтиқуш каби такрорлайди. Такрорлайди-ю, ичида, қовурғалари остида бўлак бир қушча жон куйдириб чуғурлаганини сезади. Яна шуни сезадики, Асл қиёфаси, Асл гапи ана шу беному нишон қушчада… Баъзан уни қафасдан халос этиб, озод қўйвормоқчи бўлади, уялади, уни ҳеч ким тушунмаслигидан, қувғин қилишлари- дан қўрқади. Шу боис кўчирмалар, шиорлар билан яшаш анча осон кўринади.

Энди туриш керак, кўчирма ва шиорлар маҳтал қолди, туриш керак…

Хотинининг кўзларига тик қаролмади. Қўрқди. Кўзи дилдаги ўйларни, кечаги мулзамлиг-у шармандаликни ошкор этишдан қўрқди. Лаънати қушчанинг чирқиллашига итоаткорона қулоқ тутиб икки бурда нонни узоқ чайнаб, зўрға ютди. Асал чойни тамшана-тамшана ичди-да, қўзғалди. Эшикдан чиқаркан, кўзи нохос хотинининг кўзларига тушди. Хотиржам ҳам бефарқ эди улар. Баттар уялди. Ўзини лаънатлади: «Сан худосиз, қўрқмайсанми-е, уволи тутишидан қўрқмайсанми-е? Қанақа дарди бедавосан, бировга тариқча меҳр беролмайсан-у, тоғдай меҳрга умидвор бўласан. Олиб ҳам қонмайсан. Инсоф борми сенда?! Ҳали ҳам кеч эмас, йиғиштир-э, бу номаъқулчиликни!..»

Ана шундай истиҳола баробарида дилининг бошқа бир бурчидан нафрат қўзиб келди. Кўз деган ҳам шунчалар сўник, бедард бўладими, а? Ҳаётнинг бор ҳузур-ҳаловатидан аллақачон тўйиб, бўккан одамгина шундай қараса керак. Биз ахир очмиз, меҳрга, янишга интиқмиз. «Хотин,қўй, бундай қарама!..»
— Валидолни олволдизми?
— Олдим, олдим, — жавоб бераркан, ҳамон чирқиллаётган қушчага қулоқ тутди.
«Кошки фойдаси бўлса! Кошки фойдаси бўлса!!!»

* * *

… Боя, тонг отар олдидан у жисмини Жон тарк этаётганини кўрди. Қайнаётган сувдан оппоқ буғ кўтарилишига ўхшарди бу. Ҳовурга маҳлиё бўлиб, ўзи ҳам беихтиёр унинг ортидан эргашди. Аллақандай қудратли қўл уни зўр бериб нарига судрарди. У бу сеҳрли куч хоҳишига батамом изн беришдан олдин ортига бир қараб олди. Жасадини, ўз ЖасадинИ кўрди. Гулларга кўмилиб, хушбахт ётарди у. Ҳаваси келди. Унинг атрофида қўлларида қизил-қора боғич, юзларига ғамгинликнинг арзон-гаров мойидан суртиб, ғоз қотганча маъруза қилаётганларга қулоқ тутди: «Марҳум чин дўст эди», «Тўғри сўз, ҳалол эди у»… Қулоқдарига ишонмади. Наҳотки?.. Оҳанрабодек жозибадор кучни зўр бериб енгди, ортига қайтди. Жон жисмига ўтаркан, Жасад бир қалқиб тушди — тонг отганди.

* * *

Вестибюлдаги электрон соатнинг кўкимтир кўзлари кечикканига шаъма қилгандек чарақларди. Қаватга кўтарилди. Қашандалар бурчагида, енгилгина тутун остида гурунглашиб турган тўда жим қолди. Қўшни бўлимда ишлайдиган Муртоз лаб буриб, орқа ўгирди. Саттор ака қўл соатига намойишкорона қараб олди. Қўйнидан дафтарча чиқариб, алланима ёзди. «Касаба союз ўз постида сергак, — деб аламли кулимсиради у хонасига буриларкан. — Қизиқ, илгари байрам ва ё биров ўлгандагина кўринарди. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да!..»

Қабулхонада Муниранинг ёлғиз ўзи эди. Уни кўриб юзи ловуллаб ёнди, кўзлари миннатдор чақнади, нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо у кутолмади. Ортидан касаба союз раҳбарининг сергак нигоҳи қадалиб турарди. Қолаверса, эрталабки нохуш ўйлар уни ҳали тарк этмаганди. Ўтиб кетди.

Ўз хонасидан чиқаётган Рауф ака уни кўриб тўхтади. Изига қайтмоқчи бўлиб, эшикни очди. Бир оз иккилангач, негадир қайта ёпди. Масофа — яқин, кўришмасликнинг имкони йўқ эди. Раҳми келди унга. Кўрмагандек ёнидан индамай ўтиб кета бошлади. Рауф ака уялдими, орқасидан уч-тўрт қадам қўйди.
— Ука, — деди у эшитилар-эшитилмас қилиб. — Бўш келманг. Бир гап бўлса, билинг, мен сиз билан.

Олдиндан, аллақайси хонадан ғала-ғовур эшитилди. Рауф аканинг товуши ўчди. Индамай изига бурилиб, кашандалар тўпига қараб кетди.
«Шунисига ҳам шукр» — чуғурлади Қушча.
«Шунисига ҳам шукр!» — такрорлади у. На хафа бўлди, на хурсанд.

Хонада Малоҳат опанинг ёлғиз ўзи эди. Демак, Самад Кўкламович билан Берди бояги тўдада, «сиёсий ахборот»да.

Уни кўриб, опанинг чеҳраси очилди. Тўқиётган нимчасини стол устига қўйди. Қалин сирдошдай яқин олиб ўзининг, уй ичидагиларнинг ҳол-аҳволини сўради. У самимият ортида бурқсиб турган бир чимдимгина заҳарни сезди. Буларнинг олдида бировга яхши гапириб ҳам бўлмайди. Мунирага ўйнаш деб ўйлашади…

— Келин шўрликка ҳам қийин-да, — опа бирдан жиддий тортди. Унинг юраги олатасир тепа бошлади. — Биладими, хабари борми? Укам деганман сизни, куйганимдан айтаман, ука. Хотин кишини олдида шайтон ҳам андиша қилади. Шу ишларинг…

«Ёсуман! Неча пуллик ишинг бор?»

— Опа, — деди у ўзини хотиржам кўрсатишга, қушчанинг овозини ўчиришга уриниб. — Туғса, чақалоқ кўришга битта нимча тўқиб берарсиз-да, майлими?
— Вой ўлай, тавба денг-э, фаришталар омин қилмай, тавба денг!

Хонага салобатли қадамлар билан Самад Кўкламович кириб келди.
— О-ҳо-о, суҳбат каллаи саҳардан қўр отипти-ку. Ишлаш керак, оғайнилар, ишлаш…
— Ишлаяпмиз, Самад Кўкламович, ишлаяпмиз, — опа шоша-пиша нимчани олди.

«Самад Кўкламовичнинг жужуғига тўқияпти», — ишонч билан таъкидлади қушча.

— Ҳаммаси яхши-ю… — Самад Кўкламович сермаъно «ю»дан сўнг бирпас тўхтаб олди. — Шу-у, саркашлигиз чакки-да, ука. Таёқдай тўғри бўп кимга ёқмоқчисиз? Сал- пал атрофга ҳам қаранг-да, ука, одамлардан ўрганинг.
— Кам бўлманг, Самад Кўкламович, — ишдан бош кўтармай маъқуллади Малоҳат опа.

— Сизга нима бўлган ўзи, илгари дуппа-дуруст эдингиз… Таёқ бўлиб нима орттирасиз, ҳайронман. Биласизми, таёқни даф қилишдан осони йўқ. Ё бошига ура-ура ерга киритишади, ё куйдириб кул қилишади.

У пойгакдаги столининг янада қуйироққа сурилганини шундагина сезди. «Қизиқ, бу нимага ишора — ерга киритишгами ва ё ўт қўйишга? Шу кетишда эрта-индин коридорга чиқариб қўйишмасайди. Йўқ, ўзимни чиқаришса ҳам, бунга тегишмайди. Стол керак буларга..» Қайси кун Самад Кўкламович иш тополмай сарсон юрган жияни ҳақида тагдор гап қилувди. Аллақаерда яримта штат — яримта нонга ишларкан. Тоға-да, куяди. Унинг ҳам тоғаси бўлганидами, э-ҳэ-э… Барибир уялди. Самад Кўкламовичнинг жияни қолиб, у тўлиқ штатда ишлаётганидан уялди.

— Биласизми, — Самад Кўкламович оёқларини кериб хона ўртасида туриб олган, бир қўли шимининг чўнтагида, бошқасини ҳавода ўйнатарди. — Одам озми-кўпми сичқон бўлиши керак, ука. Кўплар бу жониворни қўрқоқ дейди. Аслида, қўрқоқ эмас, бор-йўғи тадбиркор у. Эшикни очиқ кўриб ҳам ундан шоша-пиша чиқиб кетмайди. Аланглай-аланглай ўзини эшик тирқишига уради. Сичқон бўлишимиз керак, ука, сичқон!

У кўзларини юмди. Бир дақиқа Самад Кўкламовични сичқон қиёфасида кўриб, жилмайди. Сер эт, думи узу-ун сичқон. Орқа оёқларида тик турганча алламбалоларни уқтиради. Опага қаради — Она сичқон, таниш-нотаниш сичқонларни кийинтиришдан бошқасини билмайдиган меҳрибон Она сичқон!…

Ўзи-чи? Дафъатан ўзининг мучали сичқонлигини эслади. Жиддий тортди.

Олдидаги қўлёзмани ўқиётган бўлди. Шу пайт хонага яна бир сичқон — Берди кириб келди. Аллақаерни гап билан ўмариб келдиёв…

Тўрт кўз тугал бўлгач, ишга тушишди. Самад Кўкламович одатича йўл-йўлакай олиб келган газеталарини варақлай бошлади. Берди кеча поёнига етказолмаган бошқотирғич устига мук тушди. Малоҳат опа энди ўзгача ихлосу диққат билан тўқирди.

— Гулнинг номи, олти ҳарфли бўлсин… Нима бўлдийкин, а?

— Вой қиззиғарлар-эй, Африқодаги шу митти мамлакатчада ҳам ғалаён эмиш. Эрк сўрашаётган экан. Ейишга бир парча нонинг борми, очликдан ўлмайсанми, тинчгина яшайвер-да, ярамас, эрк, эрк деган билан қорнинг тўярмиди? Ана оқибати, қанча қон тўкилипти.

— Ажаб бўпти, соз бўпти. — Малоҳат опа бошлиқнинг гап оҳангига мослаб бидирлади. — Ўшоқларда ҳам одамлардан дину диёнат кетганми дейман.

«Буниси энди африқоликлардан ҳам кўра кўпроқ сенга тегишли».

Дод деворгиси келиб кетди. Бўғзига, кўзларига аччиқ алланима тиқилиб келди. Қонга беланиб ётган занжиларни тасаввур қилди… Тепадан қуёш аямай ўт пуркайди. Осмон чексиз, тип-тиниқ. Занжи ўшоқларга бош олиб кетмоқ истайди. Аммо дармони қуриб, қимирлашга мажоли қолмаганини сезади. Тепага ютоқиб тикилади, хаёлан интилади… Фойдаси йўқ. Остидаги қон халқоби аллақачон қуюқ тортиб, тани каби қорайган… У дурустроқ разм солиб, тани совиб бораётган занжида… ўзини кўрди. Ярим сичқон, ярим одам — ўзи эди бу! Сесканиб тушди. Илкис бир гап айтишга чоғлан- ди-ю… худди шу пайт бурчакдаги радио хириллаб, вишиллаб тилга кирди. Уни Катта Бошлиқ чақирарди. Оғир тин олиб қўзғалди.

* * *

Мунира уни алланечук бир тадорик билан қаршилади. «Бардам бўлинг», — деб шипшиди у кабинетнинг биринчи қават эшигини очаркан. Кейинги қаватни унинг ўзи дадил итариб, ичкарига қадам қўйди. Қўйди-ю, бор дадиллиги эшикни очишга сарф бўлганини сезди. Ижирғанди. Бошлиққа қаҳр билан тикилди. Зум ўтмай нигоҳи майин тортди. Бошлиқнинг дўмбоқ юзлари, силлиқ таралган сочлари ялтирар, лаби жилмайишга мойил, кўзлари, «не дардинг бор, барини кўриб турибман, ҳозир ҳаммасига чора топамиз», дегандай мамнун боқиб турарди. «Квартира керакми? Дала ҳовлими? Ҳалигача машинангиз ҳам йўқ шекилли, а? Сизни қаранг-у, иним, бир оғиз айтмайсизми? Хў-ўш, мен сизга айтсам, кичикроқ бир мансаб бор эди, шу-у ўзимизга яқинроқ, тиришқоқ одам ўтиргани маъқул-да, а, нима дедингиз? Соғлиқнинг мазаси йўқ дейсизми? Мундоқ вақтлироқ билдирмапсиз-да. Ошқозонми? Юракми? Бўлди, бўлди хавотир олманг, ажалдан бошқасининг давоси топилади. Хотиржам бўлинг. Келинг, мундоқ ўтиринг, яйраб ўтираверинг, сизни қаранг-у, ўзиздан билиб бир кирай ҳам демайсиз. Энди-и, гап мундоқ, иним, конфетдан олинг, чой ичинг, сиздан бошқа ҳамма… нима десам экан, ёзганларидан тонди. Ўзиздан қолар гап йўқ…
— Тинчликми, иним, рангиз оқарди?
— Дори ичсам, майлими?

Бошлиқ тушунди. Бари елга кетганини сезди. Хўмрайди. «Яхши гапга кўнмадингми, ўзингдан кўр, бола!..»
— Органдан ўртоқлар сўраб келишган экан. Олдин ўзим гаплашиб кўрай деб жўнатвордим.

У Бошлиқнинг мулойим чеҳраси тунд тортишини хотиржам кузатолмади. Уялиб, кўзларини олиб қочди. Бошлиқнинг нақ боши устида, зарҳал рамкада баҳайбат сурат осиғлиқ. Сал аввал бошқаси билинар-билинмас жилмайиб турарди. Аллақачон алмаштириб улгуришипти. Суратлар алмашади-ю, рамка ҳамон ўша-ўша: ўймакор, зарҳал. Ҳадеб олиб, қўйилавергандан девор илма-тешик бўп кетган. «Фалокат босиб. сурат тушиб кетсами!..» Ўз ўйидан чўчиб, кўзини суратдан узди. Ўз хонасида ҳам, нақ боши устида шундай сурат осиғлиқ турганини эслади. Тўғри, у оддий рамкада, аммо барибир, тушиб кетсами…

Бошлиқ ҳамон жавраётганди. У тахтадай жонсиз дўрдоқ лабларнинг беъмани қимирлашини столнинг ялтироқ сиртидан кузатиб, хуш-беҳуш ўтираверди.

Беш йил бурун коллектив ҳашарга чиққанда, ҳисобчи бўлган экансиз. Ўша колхоз раҳбарлари устидан тергов кетаётса, сизни ҳам жел тортишибти. Уч тонна пахта сотволган экансиз…

«И-е, ўзлари ҳам фаришта эмас-ку, бир оёқ шерик эканлар-да, а? Ҳорманг энди!… Аммо лекин пахтага ҳам қойилман, шу ерга ҳам топиб келди-я!»

— Эсиздами, катта байрам олдидан эди. Ҳамма байрамда уйда бўламиз деб туриб олди, — гапни бошлади-ю, ўзи пушаймон еди. Нимани исботламоқчисан? Бегуноҳлигингними? Кимга?.. Эҳ, нима бўлса, бўлди, ўладиган мол пичоқдан қайтмайди. — Баридан пул йиғиб ол-да, бир ҳафтага жавоб бер, дегандингиз. Ўшанда…

— Бас!.. Мен дам олишда бўлганман, ҳужжатларим бор. Мендан умидвор бўлма, андак-мундакка жон бермайман. Бугунча қайтардим, аммо яна келишади. Эртагача обдан ўйлаб кўр, эртагача имкониятинг бор!
Қўзғалди. Суяклари қисирлади. Ғажиди, суякларигача ғажиди-я, бўри!

— Ҳа-а, тўхта, эсимдан чиқипти. Устингдан хат тушган. Икки йилда олган қалам ҳақингнинг саккиз сўмидан аъзолик бадали тўламапсан. Буни шундоқ қолдириб бўлмайди.

Столнинг Ялтироқ сирти — Бошлиқ ёйилиб жилмайди. Жилмайиши ўзига ярашиб тушди. Ғолибларга, шунақа, ҳамма нарса ярашади!

Қабулхонада Найим Қамбаровичга рўбарў келди. Унинг авзойидан бор гапни тушунди шекилли, тирсагидан аябгина суяб, йўлакка бошлади.

— Янги мансаб муборак, Найим ака, чарчатмаяптими?
— Ука…эҳ, шунақа бўп қолди энди. Бир оғиз «адашипман, билмай қўл қўйипман», деб ёзиб берсангиз бўлгани. Хом сут эмган бандамиз, ука, мунақа бўлишини ким ўйлапти, ахир. Юқоридаги акахонлар аралашувди. Бир энлик хат қилсанглар бўлгани, қолгани бизга тан дейишганди. Орада бизнинг ақлимиз етмайдиган нимадир бўлди шекилли. Ёмон-ёмон, сизу менга ўхшаган кичик одамларга ёмон. Вақтида ҳаракат қилмасак, икки ўт орасида қолиб кетамиз шекилли.

— Найим ака!
Найим Қамбарович сесканиб бошини кўтарди. Кўзларида ҳадик қотганди. Ўзига ўқдай тикилган нигоҳларга дош беролмади, кўзларини олиб қочди. Аммо, барибир қутулмади… Алланарса «шир-р» этди. Найим Қамбарович ўткир нигоҳ юзидаги ниқобни йиртганини сезди. Аммо оёқлари остига тўкилаётган қоғоз парчаларини териб олишга журъат этолмади, серрайиб тураверди.

— Найим ака, бўғоз сичқонни кўрганмисиз? Йўқми?.. Боринг, ойнага қаранг.
— Ҳай, ҳай, ука, оғзингга қара. — Бўғоз сичқоннинг кўзларидаги ҳадик ўрнини совуқ беорлик эгаллади. — Ичак-чавоғингдан салла ясайми?
«Энг даҳшатли жонивор — сичқон, айниқса, бўғоз сичқон!»

Йўлакда Берди кўринди. Юраги сиқилган. Нима гаплигини тезроқ билиш учун чиққан, деган хулосага келди у. Ўзини хотиржам, тетик кўрсатишга уринди, аммо Бердининг индамай келиб қўлтиғидан олганидан сездики, уддасидан чиқолмади.

— Тоза ҳавога чиқайлик.
Балконда, салқинда ўзига келгандек бўлди. Тетик тортди. Берди сигарет тутатди.
— Битта ол.
Юраги санча бошлагандан бери чекмаганди, Эҳ, юраги оғриган бир у эмас-ку, Оҳ- оҳ, жоннинг ҳузури-да бу… Кўзлари гўё ярқ этиб очилди. Қўл чўзса етгудай яқин булутлар, қаршисидаги баланд-паст бинолар, тубанликда қўғирчоқдай пилдираб юрган митти одамчалар, ҳатто танини жунжиктира бошлаган совуқ шамол — бари-бари кўзига оловдай иссиқ кўринди. Ўзини шу яхлит оламнинг узвий бўлагидай ҳис этиш, шунга ишониш қанчалар мароқли.— Ҳаёт гўзал, а, Берди?

— Бўлмасам-чи. Ҳаётга келдингми, ундан ўз тегишингни ол. Ҳеч нарсани ўйламай,
ҳеч нарсага куймай яшаш керак. Адолат, принцип… бари нисбий, ўткинчи гаплар. Шундай эмасми?
— Шунақа шекилли…
— Нима, муросага кўнмадими? Кел, ўзим яраштираман.

«Қўшмачи! Қўшмачи!» — чуғурлади Қушча.

Тишлари ғижирлади. Олам яна белатофат қолди. Бердининг юзига тик қарашдан ўзини тийди. Қушча яна тилга кириб, унинг юзидаги ниқобни ҳам шириллатиб йиртишидан, тасаввуридагидан ҳам қўрқинчлироқ қиёфани кўришидан қўрқди. Юраги қайта санчди.

«Қўш-ма-чи! Бу кунингдан ўлганинг аъло эмасми, Берди…»

— Дўстим, — деди у мулойим қилиб. — Мана бунинг номини биласанми? — У панжасини ёзиб кўрсатди.
— Ҳи-ҳи-ҳи, билмай нима, бешбўрсоқ. Тўхта, тўхта, шуни барвақтроқ айтмайсанми? «Беш» етадими? Қўрқмай айтавер. Бошлиққа «беш» нима деган гап?
— Энди бунинг номини айт! — Бош бармоқни кўрсаткич ва ўрта бармоқ орасидан ўтказиб, Бердининг нақ тумшуғига тиради. Қўли қалт-қалт титрарди. Бердини тахтадай қотириб, ўзини ичкарига олди.

Ойнаванд эшик қарсиллаб ёпилди.

* * *

Қушча, айт, одамларга нима бўлган, а, биласанми, айт. Кўрми, карми булар? Қачонгача бир-бирини сотади, бир-бирини ковлайди? Бошқа юмуши йўқми буларнинг, айт, Қушча? Ўз ҳолингга қўйишмаса, ўз билгингча бирор иш қилолмасанг, айт, шу ҳам ҳаёт бўлдими? Улар назарида кимдир ҳамма учун, барча даврлар учун яроқли яшаш қонунларини ишлаб чиққан-у, энди ҳамма ўша қонунларга бўйсунишга маҳкум. Ахир ҳаётни қонунга сиғдириб бўладими? Юрак қонунга сиғадими, Қушча? Нега ўз ҳолингга қўйишмайди, нега? Менинг ўйларим, дилим, тақдирим устидан ҳукмронлик қилишга уларга ким ҳуқуқ берган, ким?
Қушча, яхши ҳам сен бор экансан, йўқса, дардимни кимга ёрардим? Ким тушунарди? Нега аввалроқ дуч келмадинг, Қушча? Юрак хиёнат-у беорликлардан тилка-пора бўлганда, сенга дуч этгани қодир эгамнинг марҳаматими ва ё жазоси? Нега индамайсан, нега жимсан? Айт, қайда эдинг сен?!»

* * *

«Ҳаммасини сезиб юрардим…
Билмадим, Малоҳат опа бўлмаса, яна қачонгача ўз ёғимда қоврилардим. Ўзи эргаштириб обориб кўрсатди. Кўрдим… Ўз уйингиздай эмин-эркин кириб кетдиз…
Соғ бўлинг.
Изламанг, суриштирманг. Болалар сўраса, «ўлган» дейман. Излаб бориб уларни қўрқитманг!»..
Собиқ хотиниз».

Ҳеч вақо тушунмади. Қайта ўқиди. Кейинги сафар бир парча қоғоздаги даҳшат дилига кўчди. Дили кўтаролмади… «Эҳ, Малоҳат!.. Қабоҳат!..»

… Сичқон, улкан сичқон. Аввал ўзига разм солди: эгнида костюм, бўйнида чет эл бўйинбоғи, қўлида электрон соат. Сўнг атрофга мўлтираб тикилди. Зимистон. Ваҳимага тушди. Шунда тун қўйнидан зумрад шуъла таратиб икки чўғ чиқиб келди. Сичқон уларга жовдираб тикилди. Ёввойи миёвлаш дилини, танини титратди. Сичқон қон-қонига сингган қўрқув туйғуси тазйиқи билан қочишга шайланди. Аммо зумрад учқунлар шунчалар жозибали эдики, сичқон улардан кўз узолмади. Қоронғилик қаъридан шу қоронғилик каби баҳайбат мушук чиқиб келаётганини кўрганида, кеч бўлганди. Ожизлигини сезди. Тани жимирлаб, совуқ тер қўпди. Мушукнинг ташланишини ҳар лаҳза кутиб, эси кетай деди. Мушук эса, ҳадеганда ташланавермади. Бундай гўл, мўрт сичқонни энди кўриши шекилли. «Бирор балоси йўқмикан», дегандек узоқ тикилди. Сўнг панжа урди. Сичқон ўткир тирноқларнинг танига ўқдай ботишини ҳис этди. Оғриқ чандон эди — чийиллаб юборди. Мушук бунга сайин авжи келиб, уни панжалари орасига олиб, эза бошлади. Сичқон тирноқлар азобига кўниккандек бўлди. Аммо шунда бошқа бир азоб бошланди. У энди мушукнинг оғзида эди. Сичқон ўз қовурғаларининг қисир-қисир синишига беҳуш қулоқ тутди. Қушчани ўйлади. Ҳоли не кечдийкан?.. Сал ўтиб суяклар қисири тинди. У энди бир луқма гўштга айланганди. Мушук толиқди чоғи, тин олмоқ учун уни бир муддат тишлари исканжасидан бўшатди. Ўз қурбонига ғолибона тикилиб тамшанди. Сичқон ҳадемай қийноқларнинг қайта бошланишини сезди. У қалт-қалт титрай бошлади. Шунда ич-ичидан бир қудрат бош кўтариб келди.

«Кетаверасанми, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ўлиб кетаверасанми?.. Қизиқ, охир- оқибати шундайин беъмани ўлим бўларкан, узундан-узоқ умр кўриш шартмиди? Бал- ли-е сенга!» — қовурғалари остида аллаким бўзларди. Чидолмади. Ўлик танга жон кирди — сичқон ўзини қоронғилик қаърига урди. Мушук буни кутмаган экан, шошиб қолди. Ўзига келганида эса, кеч бўлганди — сичқон хийла узоқлашганди. У кўзлари қонга тўлиб, ҳаллослаб келаётган мушукнинг иссиқ нафасини сезиб, янада тезроқ чопа бошлади. Шунда…

У бир лаҳза ўзига келди. Кўзлари очилди. Ҳозиргина қарсиллаган қопқонни кўрмоқчи бўлди. Қоронғилик қуюқ эди, ҳеч нарса илғамади. Ички бир ҳадик билан бўйинбоғининг тобора маҳкамроқ бўғилаётганини туйди. Бўйинбоғ тугунидан ушлаб, нариги учини аёвсиз тортаётган қўл ўзиникими, ўзганикими, ажратолмади. Аммо негадир бўйинбоғ исканжасидан қутилишга ҳам уринмади, аксинча… Фақат ичида, дабдаласи чиққан қовурғалари остида ҳамон алланималардир деб бўзлаётган Қушчани озодликка чиқариш лозимлигини элас-элас эслади…

«Олишсин, танни истаганча қиймалашсин, аммо руҳни… ҳеч қачон! Руҳ — абадийдир!… У чегара билмайди. Руҳ бу илвириқ вужудни тарк этиб, узоқларга бош олиб кетзди, у билан мен ҳам кетаман, ўша Қушчадай енгил, озод бўламиз. Ҳадсиз кенгликлар, бахмал чўққилар Ватан бўлади бизга… Биз…»

Ўйи поёнига етмади…

Ойнинг учинчи куни бошланганди. Тўртинчига яна бир кун бор. Бутун бошли бир кун..

04Ilhom Hasan Buxoroning Shofrikonidan, yozuvchi Ahad Hasanning farzandi, Samarqand Davlat Universiteti dotsenti — iste’dodli olim, yozuvchi, pokiza,kamtarin,odobli inson va o’zbek adabiyoti maydoniga kirib kelayotgan iste’dodli ijodkor edi. O’sha davr matbuotida bosilgan maqola, hikoya va tarjimalari hamisha diqqatga sazovorligi bilan ajralib turardi. Uning bevaqt o’limi — Yaratgan unga rahmatlar ato etgan bo’lsin — nafaqat do’stu birodarlarini, uni ilk hikoya va tarjimalaridan tanib qolgan adabiyot va ziyrak kitobxonlar ahlini ancha iztirobga solgan edi.
Ilhomjonning o’limidan keyin o’tgan 14 yil ichida uning nomi unitilganday tuyulsa-da, asl do’stlari uni unitganlari yo’q. Shaxsan men ham har gal Samarqandga borganda, har doim Ilhomjon bilan birga yurgan ko’chalarda xayolan uni ko’rganday bo’laman, uning hikoyalarini va tarjimalarini qayta o’qiganimda uning sokin ovozini eshitib turaman. Bugun uning 1990 yilda «Sharq yulduzi» jurnalida bosilgan «Tahlika» nomli hikoyasini sizga taqdim etar ekanman, Ilhomjon nomi siz uchun ham tanish bo’lib qolishiga umid qilaman.

Xurshid Davron

ILHOMJON HAQIDA SO’Z
Nurulloh Muhammad Raufxon
01

Bismillahir rohmanir rohiym.

Kamina Ilhomjon bilan yaxshi insonlar orqali tanishganman. Keyinroq do’stlashib ketdik. Shunda bildimki, Ilhomjonning o’zi-da yaxshi inson ekan. Mehrgiyosi bor edi uning. Do’stlarining doim havasini keltirardi, begonalarning bir nafasda mehrini qozonardi. Muomalada nihoyatda tarbiyali yigit edi.

Umri qisqa ekan, qatorimizdan erta ketdi. Tangri taolo unga rahmatlar ato etgan bo’lsin.

Ilhomjon tiniq adabiyotchi edi. Maqolalari, hikoyalari samimiyligi bilan ajralib turardi.

U halokatga uchraganida kamina katta hayotdan ozgina uzilib yashayotgan edim, shuning uchun uning o’limidan xiyla xabarsiz qoldim. Ta’ziyasiga bora olmadim, ota-onasidan ko’ngil so’ray olmadim, ammo ro’znomalardan bu mash’um xabarni o’qiganimda, anchagacha o’zimga kelolmay yurdim. O’zimcha motam tutdim. Eslasam, har gal ko’z o’ngimga ikki norasida o’g’ilchasi kelaveradi. Buning ham sababi bor.

Bundan besh yillar muqaddam katta pochchamiz Muhammadjon akam bilan birga Samarqandga yo’limiz tushdi. Bir kecha Ilhomjonning mehmoni bo’ldik. Tunuzoq suhbatlashib chiqdik. Yotayotganimizda Muhammadjon akam qulog’imga: «Bama’ni yigit ekan!» deb qo’ydilar. Erta bilan nonushtadan avval mehmonxona eshigi sekin ochilib, Ilhomjonning uch-to’rt yoshli ikki o’g’ilchasi odob bilan kirib kelishdi. Yuvintirilgan, toza kiyimlari kiydirilgan, egnilarida jajji-jajji beqasam to’n, boshlarida do’ppi. Navbatma-navbat «Assalomu alaykum!» deb so’rashib, yana odob bilan chiqib ketishdi.

Erta tongda mehmonlar huzuriga salomga kiritilgan edi ular! Xalqimizning eng bebaho udumlaridan biri edi bu!

Muhammadjon akam shu hodisani oilada, ishxonalarida uzoq gapirib yurdilar. Ilhomjonga, uning oilasiga mehrlari tushdi. «Shu og’ayningizni albatta Qo’qonga olib keling, bir mehmon qilaylik!» deb qayta-qayta menga tayinlardilar. Afsus…

Bir gal Qo’qonga borganimda Muhammadjon akamga Ilhomjonning halok bo’lganini aytdim.
Ko’zlaridan yosh chiqib ketdi. «Bu yoqlarga bir olib kelmadingiz-a…» dedilar. Yuraklarimiz o’rtandi.

Shunaqa. Ilhomjon yaqin birodarlarining ham, bir ko’rgan tanishlarining ham qalbida armon bo’lib qoldi. Ilohi, oilasining va farzandlarining umri uzoq bo’lsin. Tangri ularni iymonli, insofli, tavfiqli bandalardan bo’lishlarini nasib etsin. Omin.

Bahodir QOBUL
OY YOG’DUSIDAGI QORLI CHO’QQI
01

Do‘stim, o‘z fikriga ega, gapniyam achchiq-chuchugini joy-joyiga qo‘yadigan yozuv­chi ukalarimizdan birining, “Aka, siz Ilhom Hasanov bilan ko‘p bo‘lgansiz, hayotlari haqida jur­nalga bir narsa yozib bersangiz, yaxshi bo‘lardi, ustoz maqomida bo‘lgan…” degan taklifidan yer yo­rilmadi kirib ketsang. Ayniqsa, oxirgi jumlasi. Masho­yixlarimiz aytgan matal mazmuni xayolda aylanadi: “Senga bir harf o‘rgatgan kishining haqqini ming tillo bilan ham ado etolmassan”.

025Kundan kunga uzoqlashib borayotgan tala­balik davrining boshida, 1983-yilning kech kuzida Samarqand­da Ilhom aka Hasanov bilan tanishganman. Viloyat gazetasi bo‘lmish “Zarafshon” tahririyati ostonasida. Kechagidek esimda. Ilhom akaning kursdoshi, o‘sha vaqtlar gazetaning mas’ul kotibi o‘rinbosari lavozimida ishlagan Hamza Shukurov bizlarni tanishtirgan. Men o‘n sakkizga o‘tgan talaba va gazetada musahhih yordamchisi bo‘lib ishlardim. Hikoyalarim, maqolalarim viloyat, respublika matbuoti yuzini ko‘ra boshlagandi.

Men Hamza akaning otasi uyida yashardim. Ertalab ishga birga kelib, yarim kechasi, gohida tongga yaqin ishdan qaytardik. Gazetchilik. U vaqtlar viloyat gazetasi bir haftada besh marotaba chiqardi. Kunlar­ning birida ertalab ishga kelib, mashinadan tushgan ham edikki uzun bo‘yli, qotmadan kelgan, kashmiri nimasi bilandir qishlog‘imiz odamlariga o‘xshab ketadigan Ilhom aka qo‘lida bir dasta qog‘oz bilan yaqin keldi. Ular salomlashdilar. Biz – ikki notanish ham salomlashgan bo‘ldik. Shundan keyin Hamza aka bizlarni tanishtirdilar.

– Ilhom Hasanov, yozuvchi, fakultetimizda o‘qituvchi…

Meni Hamza Shukurovga amakilari, ustoz Nuriddin Shukurov topshirgandilar. Ilhom aka Nuriddin Shukurovning ishongan shogirdi edi. Ilhom aka odamlar ko‘nglidan o‘tgan narsalarni sezishlarini, ba’zi narsalarni boshqalardan oldinroq ilg‘ashlarini, ko‘pchilikdan birinchi bo‘lib fikr bildirishlarini, bildirgandayam, eng to‘g‘ri fikrni bildirishlarini, biror ishga odamlardan avval harakat qilishlarini, amalga kirishishlarini, odamlar u kishi o‘ylagan narsalarni oradan ancha vaqt o‘tib shu fikrga kelishlarini keyinchalik anglaganman.

Oldinroq his etish… Iste’dod degani balki shudir. Fozillik ham shu bo‘lsa kerak, ehtimol. Olimlig-u odamiylik desayam bo‘lar, balki… Adolatsizlik oldidagi, adolatsizlikka uchragan va adolat muhokama etilayotgan yig‘ilishlardagi holatlarini, jon kuydirishlarini tasvirlash uchun, avvalo, odam o‘sha tabiatga sazovor bo‘lishi lozim. Ilhom aka mening ko‘z o‘ngimda har bir harakati bilan zulmatlarni bir qarashda chekinishga majbur qiladigan qilichday bo‘lib qolaveradi.

Ilk uchrashganimizda Ilhom aka qo‘lidagi qog‘ozlarni Hamza akaga tutqazib, “biz bugundan boshlab bunday ko‘rishamiz”, deb quloch­larini ochgan va biz boshqatdan ko‘rishganmiz. Ming yillik aka-ukalardek, do‘stlardek.

Birinchi aytgan gaplari: “Men sizni kunduzgida o‘qishingiz uchun qo‘limdan kelganini qilganman. Lekin, bildimki, qo‘limdan hech narsa kelmas ekan. O‘qishga kirolmay qolishingizni aybdorlaridan biri menman. Kirish imtihondagi inshoni o‘qiganman. Fakultetni bitirib chiqqanlarniyam ko‘pi, aniq aytaman, bunday yozolmaydi. Sizni oltin medal bilan maktabni bitirganingiz va o‘qishga kirishingiz haqida birov birovga iltimos qilmaganligi bir-ikkitani qattiq shoshirgan edi. Inshoni esa bemalol esse deb gazetaga bersa bo‘ladi…”.

Insho erkin mavzuda, – Vatan haqida, O‘zbekiston haqida edi…

O‘shanda Ilhom aka yigirma to‘rtning ustida edilar. Bir oyoq gazetada, ishxonada, bir oyoq fakultet, o‘qish joyida o‘tgan ajoyib davrning eng esda qolar damlari shamolining epkini, odamlarning nigohi, mehri hali-hanuz kishiga entikishlar hadya etadi.

Ilhom aka boshqacha odam edi. Yurish-turishiyam, gap-u so‘ziyam.

Universitetning o‘zbek va tojik filologiyasi fakulteti qoshida tashkil etilgan “Shalola” adabiy to‘garagi­ning o‘zi bir universitet edi. Biz bu yerda adabiyotga oid eshit­magan gaplarimizni eshitar, o‘qimagan narsalarimiz bilan tanishar edik. Adabiyot, dunyo adabiyoti, turkiy adabiyot degani nima ekanligini shu mashg‘ulotlarida tushunganday bo‘lganmiz. “Devoni lug‘otit turk”ni shu davrada birinchi marta ushlab ko‘rganmiz. Universitetda har bir o‘qituvchi o‘zining sohasi, fani bo‘yicha dars o‘tib, savol-javob qilsa, bu yerda unday emasdi. Biz “Shalola”da bir-birimizning yozganlarimiz bilan tanishish, tahlil qilish, fikr bildirish bilan birga adabiyot nima ekanligini anglay boshlaganmiz. Ilhom aka ta’biri bilan aytganda, “adabiyotda qalbdan ko‘ra bo‘g‘iz ko‘proq ishtirok etishi” adabiy, ijodiy emas, boshqa jarayon ekanligini anglaganmiz. Aristotelning “Aflotun – mening qimmatli do‘stim, lekin haqiqat undan qimmatliroqdir” degan so‘zlarini daftarlarimizga o‘shanda ko‘chirganmiz. Ko‘cha-ko‘yda, ishxona-yu o‘qishxonalarda eshitmagan tu­shunchalarmiz: “yalpi baxtsizlik sharoiti”, “O‘quvchini yolg‘onlar ko‘magida ezgulikka yo‘llab bo‘lmaydi”, “Haqiqatni bitta-ikkita odamning orzu-istaklariga moslab turlanmaslik, tuslamaslik kerak”, “Schastlivoy detstvo” degan yozuvli shapkani kiygan bilan bolalik baxtli bo‘lib qolmaydi” degan tushunchalarni Ilhom akaning og‘zidan eshitganimizda ne bir xayollarga borganimiz hali esdan chiqmagan.

Shuningdek, to‘garak a’zolariga adabiy asarning alifbolari – syujet qurilishidan tortib, portret tasvirlarigacha, badiiy vositalaridan tortib monogol-u diologlarni o‘rnida berishgacha, fikr oqimi, matnosti oqimi, fikr to‘lqinining uzluksizligi, so‘zning issiq-sovug‘i, tafti, nafasi, rangi, hidi bo‘lishiniyam ko‘rga hassadek qilib o‘rgatishga jahd qilgan Ilhom Hasanov edi. Ilhom akaning bir ko‘zi hamisha soatda bo‘lardi. Soatga tez-tez qarardi. Har bir daqiqalari hisobda ekanligini bilardik. Universitet yoshlar ittifiqoning yetakchisi edi.

Ilhomi Hasanov o‘zbek tilini o‘ta yaxshi bilardi, o‘zbek tilini hurmat qilardi deyish, albatta, juda erish tuyuladi. Ilhom aka tilimiz uchun bor-yo‘g‘ini berishga tayyorlardan biri edi. Men guvohman. Ota tilimizga davlat tili maqomi berilgandan keyingi chehralaridagi ulug‘vorlik masrurligi bilan bir qatorda yelkaga, zimmaga juda katta yuk tushganligini, bu yukni ko‘ta­rish hammagayam emasligini his etish mas’uliyatini ko‘rganman.

Xudo mehribon bo‘lib davlat idoralarida ona tilida ish yuritish boshlanishi bilan jurnalistlarga e’tibor kuchaygan edi. Respublika matbuotida “Sharqqa sharqonalik yarashadi” turkum maqolalarim bosilib, ular mulohaza uchun Samarqand viloyat ijroqo‘miga yuborilgan ekan. O‘sha vaqtlar yozma matbuotda chop etilgan maqolalar mutasaddi tashkilotlarga mulohaza uchun yuborilardi. O‘sha maqolalarda Samarqand viloyati, shahrida joy nomlarining g‘aribona shamoyili ko‘rsatilgan, sharqona nomlar yarashishiga umid bildirilgandi. Qonun qabul qilingandan bir oy o‘tar-o‘tmay viloyati ijroiya qo‘mitasida “Davlat tili haqidagi qonunini amalga oshirish komissiyasi” hamda “Joy nomlarini o‘rganish, toponimik komissiya” faoliyatini yo‘lga qo‘yish ishlari boshlangan, viloyat ijroqo‘mining raisi Toshbo‘ri Qilichev yuqorida qayd etilgan maqolalar bilan tanishib, muallifni chaqirishni ustoz jurnalist Abdurayim Ubaydullayevga topshirganlar. Ustoz viloyat ijroiya qo‘mitasida mas’ul lavozimda ishlardilar. Biz birgalikda ijroqo‘m raisi oldiga kirdik va oradan o‘n daqiqa o‘tmay, maqolalarda ko‘rsatilgan barcha takliflarni amalga oshirishni ikkovimizga yukladilar. Menga yuqorida qayd etilgan har ikki komissiya ishini tashkil etish va tarkibini shakllantirish haqida ijroqo‘m qarori loyihasini kiritish tayinlandi. Men komissiyalarning mas’ul kotib bo‘ldim. Bu mutlaqo yangi va judayam mas’uliyatli vazifa edi.

1990-yilning 27-oktyabrida Davlat tili qabul qilinganligining 1 yilligini munosib o‘tkazish komissiya ish rejasiga kiritilgandi. O‘sha vaqtlar Registon maydonining yonida, Ulug‘bek madrasasining orqasida so‘lim va go‘zal “Shoirlar bog‘i” bo‘lardi. Biror ming kishi sig‘adigan amfiteatri bilan. Ijodiy uchrashuvlar maskani edi u joy. Ona tilga davlat tili maqomi qaytishining 1 yilligi bayrami Otamakonning ana shumaskanida nishonlangan. Mazkur bayram ssenariysini yozganlardan biri Ilhom Hasanov edi. Qo‘lyozmalar menda. Bayramdagi turli chiqishlar, sahna ko‘rinishlari ishtirokchilarini tayyorlash bilan bog‘liq barcha-barcha tashvishni Ilhom Hasanov o‘z zimmasiga olgan edi.

Ona tili bayramining ikki yilligi shodiyonalarini ko‘rish nasib etmadi.

Ilhom Hasan bizga, yoshlarga Mahmud Koshg‘ariy, Yusuf Xos Hojib, Lutfiy, Ogahiy, Alisher Navoiiy, Bobur va boshqa ko‘plab ajdodlarimizni yaqindani, ta­nishtirganlari, xayollariga esh, dardlari bilan hamdard bo‘lishlari, ularni yuqtirgani bilan ham qadrlidirlar.

Nuriddin Shukurov boshchiligida, tarixchi olim Amriddin Berdimurodov va Ilhom Hasanov tashkilotchiligida Sohibqiron tug‘ilgan kun sahar mardonda otalar qabr­larini ziyorat qilishni o‘rganganlarimizni qayd etmaslik haqiqatga tik qaray olmaslikdan boshqa narsa emas.

Ilhom Hasanning yozuvchi, dramaturg, adabiyotchi olim va mohir tarjimon ekanligi haqida bu mavzuda gapirishga haqqi borlar gapirsa yarashadi.

Ilhom aka bilan oxirgi uchrashuvimiz Samarqanddan Toshkentga bir ish bilan yo‘lga chiqqanimda bo‘lgan. U kishi ham Toshkentga kelayotgan ekanlar. O‘sha davrning qizil rangli “Ikarus”ida birinchi qatorda gaplashib kelganmiz. Qiziq. O‘sha gurung ham boshdan oyoq adabiyot, adabiy jarayon haqida, ijodiy ishlarimiz haqida bo‘lgan. Qanday kitoblar o‘qi­yotgani, ijodlari haqida bildirish bilan birga mening nimalar bilan band ekanligimini so‘raganlar. Men Orol mavzusida materiallar yig‘ayotganim, “Mukofatga suv” degan bir narsa yozayotganimni, asar tuzilishi, muammaosi, yechimi, qahramonlari orqali tabiat va inson dardini o‘zimizcha uyg‘unlashtirgan holda Orol dard-u hasratini aytib bergandim. Ilhom aka “mendayam Orol dardiga bag‘ishlangan bir narsa tug‘ilmoqda, lekin Orol haqida yozish uchun u yerga borib, bir-ikki kun bo‘lsayam yashab, ko‘z bilan ko‘rib, havosini olib yozsak yaxshi bo‘lardi” degandilar. Keyin, oradan ancha yillar o‘tib, Orol dengiz o‘rnidagi tuz sahrolarida yurib, yashab, ishlab, nonini yeb, nafaqat Orol haqida yozish, balki o‘rganishdan oldin ko‘rishni, eshitishni, ilg‘ashni o‘rganish kerakligi anglaganman.

Ilhom Hasanov tarjimasidagi Dimitriy Nikolayevich Logofetning “Buxoro tog‘lari va tekisliklarida” asarini o‘qishning o‘ziyoq adibning, tarjimonning kimligini ko‘z o‘ngingizda bor bo‘yi bilan ko‘rsatadi. Tarjimaga asar tanlash didining ne chog‘li muhim ekanini peshonaning ustiga chiroqday osib qo‘yadi. Yurtimizning qadim tabiati tarovati betakrorligidan, nafasidan, urf-odatlarimiz tozaligidan, tilimiz kuch-qudratidan tuyinib suyuning, kuyining. Tarjimonlik san’atining ajoyib namunasidan bahramand bo‘lishingizni ilindim. Ko‘p gap hamisha yuk.

“Musulmon olami noqonuniy tug‘ilishni hatto bilmaydi va tan olmaydi, tabiat qonunlari asosida tug‘ilgan hamma vaqt qonuniy tug‘ilgan hisoblanadi va shuning uchun ota-bobolarining nomini olishadi. Biz yevropaliklar ham osiyoliklarning bu tajribasini o‘rganib, o‘zlashtirishimiz kerak va bu o‘rinda shuni eslash joizki, Sharq o‘z bolasini o‘ldirishni aslo bilmaydi. Yevropacha asoslardagi fohishabozlik musulmon davlatlarida yaqinda paydo bo‘lgan, u ham bo‘lsa, Sharqda yevropaliklarning musulmon davlatlarini bosib olishi­ning oqibatdir.

Nahotki bularning bari biz o‘ylagandan boshqacha bo‘lsa?

Ha, o‘zingiz tasaffur qiling, musulmon o‘ziga xotinni sotib oladi, bu xuddi bizda ayol erni sotib olgani va unga sep kelganiga o‘xshaydi. Demak, bizda ayol haq to‘laydi, musulmonlarda esa – er…

Qarshimizda Denov vodiy­si o‘zining quyuq o‘simliklar olami, oppoq baquvvat tanli asriy chinorlari bilan namoyon bo‘ldi… Yakka va guruh-guruh bo‘lib o‘sgan baland chinorlar boshida turnalar in qurgan.

Oy o‘zining kumush nurlari bilan tevarak atrofni yoritgan. Toliqqan otlar qo‘nim topishlarini sezib, qadamlarini tez­latadilar. Qorli cho‘qqilar oy yorug‘ida yaltirab tovlanadi. Faqat zulmat ichida qolgan ufqning bir chekkasigina ma’yus qorayib turardi. Sezilar-sezilmas miltirayotgan yulduzlar oy yorug‘ini yanada kuchaytirayotgandek tuyulardi. Tun musaffo, ham salqin edi. Soy va ariqlardagi suvning shildirashi tun qushlarining chug‘urlashlariga qo‘shilib ketayotgandi. Tuya karvonlari qo‘ng‘irog‘ining hazin jiringlashi bu yaxlit ohangni yanada ta’sirliroq qilayotgandi.

Go‘yo ulkan bir ibodatxonada chiroqlarning miltilla­gan shu’lalari ostida vazmin va tantanavor marosim o‘tkazilayotgandek tuyulardi.

Xuddi bizning ibodatxonada ekanligimizni ta’kidlagandek, tun sukunatida uzoq-yaqinga azonning sehrli ohangi taraladi:

“La ilaha illalloh – Allohdan boshqa iloh yo‘qdir!!!”

Minoraga chiqib olgan odam buni ko‘tarinki so‘zlar bilan uqtirib, hammani namozga, ana shu go‘zal olamni yaratgan va uni boshqarayotgan Tangriga toat-ibodat qilishga chaqirardi.

Elchixonaning yopiq ayvonidagi olovning yengil shu’lasi keng hovlini g‘ira-shira yoritdi. Ayvonga chirmashgan uzumning ko‘k barglari biz tunaydigan joyga alohida bir go‘zallik baxsh etadi”.

Mashoyixlar bekorga xotiraning uyg‘onganligi go‘zaldir, demagan ko‘rinadi, chog‘i.

Manba: Yoshlik» jurnali, 2019-yil 5-son

Ilhom HASANOV
TAHLIKA
01

…Nihoyat, tong otdi.
Hushi o’ziga qaytar-qaytmas, u shosha-pisha hisoblay ketdi: bugun — ikkinchi, ertaga — uch, indin — to’rt… Uni eson-omon o’tkazsa, sakkizinchiga yana to’rt kun qoladi.
Bexavotir yashaydigan to’rt kun. Bu oyda xavfli kunlar nechta o’zi — beshtami, oltitami? Bekorchilikdan nimalarni o’ylab topishmaydi, a, bu odamlar? Vaqtni goh oldinga, goh orqaga surishadi. Endi kunlarni ham xavfli, xavfsizga ajratishibdi. Aksiga olib, o’sha aytilgan kun yurak qurg’ur o’ynoqlaydiki, naq oborib-opkeladi. Hoynahoy, bu — kunlarni aniq bilganidan. Ba’zan hayajon zo’ridan dard yarim kun avval boshlanadi. Barvaqt kelgach, barvaqt ketsa-da, nomard…
Ayniqsa, shunaqa, dard uzayganda qiyin. Bo’ldi, bas, shu oxirgi oy, endi qiziqmayman deydi-yu, yo’q, oy oxirlagach, qulog’i ding — radio poylaydi, ko’zlari to’rt — gazeta kutadi. Go’yo ob-havo ma’lumotlari so’ngidagi sonlar ilohiy qudrat kasb etadi, adoqsiz qiynoqlarga mahkum etuvchi shafqatsiz hukmga aylanadi. Hukm shunchalar beshafqatki, uning dastidan birovga dod deyolmaysan. Kutasan, qassob pichog’ining yaltirashini kuzatayotgan qo’zichoqday mo’ltirab kutasan. Meni sezmas… ko’rmas… chetlab o’tar… — yap-yaydoq ko’ngilda yetim bir ilinj… Shunaqa. Sonlarga ko’zi tushadi-yu, hayot uni o’rab-chirmab olgan bir to’rga aylanadi. O’ttiz-o’ttiz bir katakli bu to’rning to’rt-besh bandi bo’sh, istalgan paytda eshilib ketadi. O’shanda u to’rni tark etadi… pastga qulaydi… Faqat qachon? To’rtdami, sakkizdami — qachon? Bugun — ikkinchi. Ertaga — uch, indin — to’rt. To’rtinchi — xavfli kun. Ammo unga hali roppa-rosa ikki kun bor. Butun boshli ikki kunni yashamoq kerak. Namuncha qiyin bu — yashash? Aldovlar, olqishlar, xushomad, tavoze, iljayish, ma’nisiz jiddiylik… Ko’p, bir boshga juda ko’-o’p! Nahot iymanibgina nafas olib, sudralib yashashning to’lovi shunchalar katta?.. Ammo, baribir, yashash — shirin, barini bir yo’la tashlab ketish… yo’-o’q, ko’z qiymaydi. Bu yorug’ dunyoning sendan keyin ham hech narsa bo’lmaganday turaverishi tasavvuringga sig’maydi. Dunyoni ayaysan…

Darparda orti oqardi. Shovqin kuchayib, tobora aniqroq eshitilardi. Deraza panjarasiga qo’ngan chumchuq ojiz chirqilladi. Tovushini motorlar shovqini yutdi. Negaligini o’zi ham bilmaydi, chumchuqqa rahmi keldi. Odam g’uj yashagan sayin o’zini ojiz, mayda ham pachoq his etarkan. Nogoh bostirib kelgan bu o’y diliga xushyoqdi, qushchaga shafqati battar oshdi. Ammo unga hech qanday yordam berolmasligini o’ylab, ezildi. Bechora, senga nima zaril edi o’zingni shahar degan ulkan qafasga urib, bosh olib ketmaysanmi poyonsiz qir-adirlaringga!.. O’ziga qayish kesolmaganning o’zgaga chuchvara tugishni o’rgatgani qiziq. Mayli-da, qayda bo’lsa ham yashasa bo’ldi-da. Yashash — bu kurash, demakdir. Uf-f, yana birovning gapi! Kim aytgandi buni, qaerdan o’qigandi? Eslolmadi, lekin birovniki ekani aniq. Nazarida, tug’ilib, esini tanigandan buyon sahnada zerikarli ham uzundan-uzoq rol` o’ynayotgandek. O’ziga tegishli gaplarni yodlab olgan-da, o’rni-o’rnida to’tiqush kabi takrorlaydi. Takrorlaydi-yu, ichida, qovurg’alari ostida bo’lak bir qushcha jon kuydirib chug’urlaganini sezadi. Yana shuni sezadiki, Asl qiyofasi, Asl gapi ana shu benomu nishon qushchada… Ba’zan uni qafasdan xalos etib, ozod qo’yvormoqchi bo’ladi, uyaladi, uni hech kim tushunmasligidan, quvg’in qilishlari- dan qo’rqadi. Shu bois ko’chirmalar, shiorlar bilan yashash ancha oson ko’rinadi.

Endi turish kerak, ko’chirma va shiorlar mahtal qoldi, turish kerak…

Xotinining ko’zlariga tik qarolmadi. Qo’rqdi. Ko’zi dildagi o’ylarni, kechagi mulzamlig-u sharmandalikni oshkor etishdan qo’rqdi. La’nati qushchaning chirqillashiga itoatkorona quloq tutib ikki burda nonni uzoq chaynab, zo’rg’a yutdi. Asal choyni tamshana-tamshana ichdi-da, qo’zg’aldi. Eshikdan chiqarkan, ko’zi noxos xotinining ko’zlariga tushdi. Xotirjam ham befarq edi ular. Battar uyaldi. O’zini la’natladi: «San xudosiz, qo’rqmaysanmi-ye, uvoli tutishidan qo’rqmaysanmi-ye? Qanaqa dardi bedavosan, birovga tariqcha mehr berolmaysan-u, tog’day mehrga umidvor bo’lasan. Olib ham qonmaysan. Insof bormi senda?! Hali ham kech emas, yig’ishtir-e, bu noma’qulchilikni!..»

Ana shunday istihola barobarida dilining boshqa bir burchidan nafrat qo’zib keldi. Ko’z degan ham shunchalar so’nik, bedard bo’ladimi, a? Hayotning bor huzur-halovatidan allaqachon to’yib, bo’kkan odamgina shunday qarasa kerak. Biz axir ochmiz, mehrga, yanishga intiqmiz. «Xotin,qo’y, bunday qarama!..»
— Validolni olvoldizmi?
— Oldim, oldim, — javob berarkan, hamon chirqillayotgan qushchaga quloq tutdi.
«Koshki foydasi bo’lsa! Koshki foydasi bo’lsa!!!»

* * *

… Boya, tong otar oldidan u jismini Jon tark etayotganini ko’rdi. Qaynayotgan suvdan oppoq bug’ ko’tarilishiga o’xshardi bu. Hovurga mahliyo bo’lib, o’zi ham beixtiyor uning ortidan ergashdi. Allaqanday qudratli qo’l uni zo’r berib nariga sudrardi. U bu sehrli kuch xohishiga batamom izn berishdan oldin ortiga bir qarab oldi. Jasadini, o’z JasadinI ko’rdi. Gullarga ko’milib, xushbaxt yotardi u. Havasi keldi. Uning atrofida qo’llarida qizil-qora bog’ich, yuzlariga g’amginlikning arzon-garov moyidan surtib, g’oz qotgancha ma’ruza qilayotganlarga quloq tutdi: «Marhum chin do’st edi», «To’g’ri so’z, halol edi u»… Quloqdariga ishonmadi.
Nahotki?.. Ohanrabodek jozibador kuchni zo’r berib yengdi, ortiga qaytdi. Jon jismiga o’tarkan, Jasad bir qalqib tushdi — tong otgandi.

* * *

Vestibyuldagi elektron soatning ko’kimtir ko’zlari kechikkaniga sha’ma qilgandek charaqlardi. Qavatga ko’tarildi. Qashandalar burchagida, yengilgina tutun ostida gurunglashib turgan to’da jim qoldi. Qo’shni bo’limda ishlaydigan Murtoz lab burib, orqa o’girdi. Sattor aka qo’l soatiga namoyishkorona qarab oldi. Qo’ynidan daftarcha chiqarib, allanima yozdi. «Kasaba soyuz o’z postida sergak, — deb alamli kulimsiradi u xonasiga burilarkan. — Qiziq, ilgari bayram va yo birov o’lgandagina ko’rinardi. Ishqilib, oxiri baxayr bo’lsin-da!..»

Qabulxonada Muniraning yolg’iz o’zi edi. Uni ko’rib yuzi lovullab yondi, ko’zlari minnatdor chaqnadi, nimadir demoqchi bo’lib og’iz juftladi. Ammo u kutolmadi. Ortidan kasaba soyuz rahbarining sergak nigohi qadalib turardi. Qolaversa, ertalabki noxush o’ylar uni hali tark etmagandi. O’tib ketdi.

O’z xonasidan chiqayotgan Rauf aka uni ko’rib to’xtadi. Iziga qaytmoqchi bo’lib, eshikni ochdi. Bir oz ikkilangach, negadir qayta yopdi. Masofa — yaqin, ko’rishmaslikning imkoni yo’q edi. Rahmi keldi unga. Ko’rmagandek yonidan indamay o’tib keta boshladi. Rauf aka uyaldimi, orqasidan uch-to’rt qadam qo’ydi.
— Uka, — dedi u eshitilar-eshitilmas qilib. — Bo’sh kelmang. Bir gap bo’lsa, biling, men siz bilan.

Oldindan, allaqaysi xonadan g’ala-g’ovur eshitildi. Rauf akaning tovushi o’chdi. Indamay iziga burilib, kashandalar to’piga qarab ketdi.«Shunisiga ham shukr» — chug’urladi Qushcha. «Shunisiga ham shukr!» — takrorladi u. Na xafa bo’ldi, na xursand.

Xonada Malohat opaning yolg’iz o’zi edi. Demak, Samad Ko’klamovich bilan Berdi boyagi to’dada, «siyosiy axborot»da.

Uni ko’rib, opaning chehrasi ochildi. To’qiyotgan nimchasini stol ustiga qo’ydi. Qalin sirdoshday yaqin olib o’zining, uy ichidagilarning hol-ahvolini so’radi. U samimiyat ortida burqsib turgan bir chimdimgina zaharni sezdi. Bularning oldida birovga yaxshi gapirib ham bo’lmaydi. Muniraga o’ynash deb o’ylashadi…

— Kelin sho’rlikka ham qiyin-da, — opa birdan jiddiy tortdi. Uning yuragi olatasir tepa boshladi. — Biladimi, xabari bormi? Ukam deganman sizni, kuyganimdan aytaman, uka. Xotin kishini oldida shayton ham andisha qiladi. Shu ishlaring…

«Yosuman! Necha pullik ishing bor?»

— Opa, — dedi u o’zini xotirjam ko’rsatishga, qushchaning ovozini o’chirishga urinib. — Tug’sa, chaqaloq ko’rishga bitta nimcha to’qib berarsiz-da, maylimi?
— Voy o’lay, tavba deng-e, farishtalar omin qilmay, tavba deng!

Xonaga salobatli qadamlar bilan Samad Ko’klamovich kirib keldi.
— O-ho-o, suhbat kallai sahardan qo’r otipti-ku. Ishlash kerak, og’aynilar, ishlash…
— Ishlayapmiz, Samad Ko’klamovich, ishlayapmiz, — opa shosha-pisha nimchani oldi.

«Samad Ko’klamovichning jujug’iga to’qiyapti», — ishonch bilan ta’kidladi qushcha.

— Hammasi yaxshi-yu… — Samad Ko’klamovich serma’no «yu»dan so’ng birpas to’xtab oldi. — Shu-u, sarkashligiz chakki-da, uka. Tayoqday to’g’ri bo’p kimga yoqmoqchisiz? Sal-
pal atrofga ham qarang-da, uka, odamlardan o’rganing.
— Kam bo’lmang, Samad Ko’klamovich, — ishdan bosh ko’tarmay ma’qulladi Malohat opa.

— Sizga nima bo’lgan o’zi, ilgari duppa-durust edingiz… Tayoq bo’lib nima orttirasiz, hayronman. Bilasizmi, tayoqni daf qilishdan osoni yo’q. YO boshiga ura-ura yerga kiritishadi, yo kuydirib kul qilishadi.

U poygakdagi stolining yanada quyiroqqa surilganini shundagina sezdi. «Qiziq, bu nimaga ishora — yerga kiritishgami va yo o’t qo’yishga? Shu ketishda erta-indin koridorga chiqarib qo’yishmasaydi. Yo’q, o’zimni chiqarishsa ham, bunga tegishmaydi. Stol kerak bularga..» Qaysi kun Samad Ko’klamovich ish topolmay sarson yurgan jiyani haqida tagdor gap qiluvdi. Allaqaerda yarimta shtat — yarimta nonga ishlarkan. Tog’a-da, kuyadi. Uning ham tog’asi bo’lganidami, e-he-e… Baribir uyaldi. Samad Ko’klamovichning jiyani qolib, u to’liq shtatda ishlayotganidan uyaldi.

— Bilasizmi, — Samad Ko’klamovich oyoqlarini kerib xona o’rtasida turib olgan, bir qo’li shimining cho’ntagida, boshqasini havoda o’ynatardi. — Odam ozmi-ko’pmi sichqon bo’lishi kerak, uka. Ko’plar bu jonivorni qo’rqoq deydi. Aslida, qo’rqoq emas, bor-yo’g’i tadbirkor u. Eshikni ochiq ko’rib ham undan shosha-pisha chiqib ketmaydi. Alanglay-alanglay o’zini eshik tirqishiga uradi. Sichqon bo’lishimiz kerak, uka, sichqon!

U ko’zlarini yumdi. Bir daqiqa Samad Ko’klamovichni sichqon qiyofasida ko’rib, jilmaydi. Ser et, dumi uzu-un sichqon. Orqa oyoqlarida tik turgancha allambalolarni uqtiradi. Opaga qaradi — Ona sichqon, tanish-notanish sichqonlarni kiyintirishdan boshqasini bilmaydigan mehribon Ona sichqon!…

O’zi-chi? Daf’atan o’zining muchali sichqonligini esladi. Jiddiy tortdi.

Oldidagi qo’lyozmani o’qiyotgan bo’ldi. Shu payt xonaga yana bir sichqon — Berdi kirib keldi. Allaqaerni gap bilan o’marib keldiyov…

To’rt ko’z tugal bo’lgach, ishga tushishdi. Samad Ko’klamovich odaticha yo’l-yo’lakay olib kelgan gazetalarini varaqlay boshladi. Berdi kecha poyoniga yetkazolmagan boshqotirg’ich ustiga muk tushdi. Malohat opa endi o’zgacha ixlosu diqqat bilan to’qirdi.

— Gulning nomi, olti harfli bo’lsin… Nima bo’ldiykin, a?

— Voy qizzig’arlar-ey, Afriqodagi shu mitti mamlakatchada ham g’alayon emish. Erk so’rashayotgan ekan. Yeyishga bir parcha noning bormi, ochlikdan o’lmaysanmi, tinchgina yashayver-da, yaramas, erk, erk degan bilan qorning to’yarmidi? Ana oqibati, qancha qon to’kilipti.

— Ajab bo’pti, soz bo’pti. — Malohat opa boshliqning gap ohangiga moslab bidirladi. — O’shoqlarda ham odamlardan dinu diyonat ketganmi deyman.

«Bunisi endi afriqoliklardan ham ko’ra ko’proq senga tegishli».

Dod devorgisi kelib ketdi. Bo’g’ziga, ko’zlariga achchiq allanima tiqilib keldi. Qonga belanib yotgan zanjilarni tasavvur qildi… Tepadan quyosh ayamay o’t purkaydi. Osmon cheksiz, tip-tiniq. Zanji o’shoqlarga bosh olib ketmoq istaydi. Ammo darmoni qurib, qimirlashga majoli qolmaganini sezadi. Tepaga yutoqib tikiladi, xayolan intiladi… Foydasi yo’q. Ostidagi qon xalqobi allaqachon quyuq tortib, tani kabi qoraygan… U durustroq razm solib, tani sovib borayotgan zanjida… o’zini ko’rdi. Yarim sichqon, yarim odam — o’zi edi bu! Seskanib tushdi. Ilkis bir gap aytishga chog’lan- di-yu… xuddi shu payt burchakdagi radio xirillab, vishillab tilga kirdi. Uni Katta Boshliq chaqirardi. Og’ir tin olib qo’zg’aldi.

* * *

Munira uni allanechuk bir tadorik bilan qarshiladi. «Bardam bo’ling», — deb shipshidi u kabinetning birinchi qavat eshigini ocharkan. Keyingi qavatni uning o’zi dadil itarib, ichkariga qadam qo’ydi. Qo’ydi-yu, bor dadilligi eshikni ochishga sarf bo’lganini sezdi. Ijirg’andi. Boshliqqa qahr bilan tikildi. Zum o’tmay nigohi mayin tortdi. Boshliqning do’mboq yuzlari, silliq taralgan sochlari yaltirar, labi jilmayishga moyil, ko’zlari, «ne darding bor, barini ko’rib turibman, hozir hammasiga chora topamiz», deganday mamnun boqib turardi. «Kvartira kerakmi? Dala hovlimi? Haligacha mashinangiz ham yo’q shekilli, a? Sizni qarang-u, inim, bir og’iz aytmaysizmi? Xo’-o’sh, men sizga aytsam, kichikroq bir mansab bor edi, shu-u o’zimizga yaqinroq, tirishqoq odam o’tirgani ma’qul-da, a, nima dedingiz? Sog’liqning mazasi yo’q deysizmi? Mundoq vaqtliroq bildirmapsiz-da. Oshqozonmi? Yurakmi? Bo’ldi, bo’ldi xavotir olmang, ajaldan boshqasining davosi topiladi. Xotirjam bo’ling. Keling, mundoq o’tiring, yayrab o’tiravering, sizni qarang-u, o’zizdan bilib bir kiray ham demaysiz. Endi-i, gap mundoq, inim, konfetdan oling, choy iching, sizdan boshqa hamma… nima desam ekan, yozganlaridan tondi. O’zizdan qolar gap yo’q…
— Tinchlikmi, inim, rangiz oqardi?
— Dori ichsam, maylimi?

Boshliq tushundi. Bari yelga ketganini sezdi. Xo’mraydi. «Yaxshi gapga ko’nmadingmi, o’zingdan ko’r, bola!..»
— Organdan o’rtoqlar so’rab kelishgan ekan. Oldin o’zim gaplashib ko’ray deb jo’natvordim.

U Boshliqning muloyim chehrasi tund tortishini xotirjam kuzatolmadi. Uyalib, ko’zlarini olib qochdi. Boshliqning naq boshi ustida, zarhal ramkada bahaybat surat osig’liq. Sal avval boshqasi bilinar-bilinmas jilmayib turardi. Allaqachon almashtirib ulgurishipti. Suratlar almashadi-yu, ramka hamon o’sha-o’sha: o’ymakor, zarhal. Hadeb olib, qo’yilavergandan devor ilma-teshik bo’p ketgan. «Falokat bosib. surat tushib ketsami!..» O’z o’yidan cho’chib, ko’zini suratdan uzdi. O’z xonasida ham, naq boshi ustida shunday surat osig’liq turganini esladi. To’g’ri, u oddiy ramkada, ammo baribir, tushib ketsami…

Boshliq hamon javrayotgandi. U taxtaday jonsiz do’rdoq lablarning be’mani qimirlashini stolning yaltiroq sirtidan kuzatib, xush-behush o’tiraverdi.

Besh yil burun kollektiv hasharga chiqqanda, hisobchi bo’lgan ekansiz. O’sha kolxoz rahbarlari ustidan tergov ketayotsa, sizni ham jel tortishibti. Uch tonna paxta sotvolgan ekansiz…

«I-ye, o’zlari ham farishta emas-ku, bir oyoq sherik ekanlar-da, a? Hormang endi!… Ammo lekin paxtaga ham qoyilman, shu yerga ham topib keldi-ya!»

— Esizdami, katta bayram oldidan edi. Hamma bayramda uyda bo’lamiz deb turib oldi, — gapni boshladi-yu, o’zi pushaymon yedi. Nimani isbotlamoqchisan? Begunohligingnimi? Kimga?.. Eh, nima bo’lsa, bo’ldi, o’ladigan mol pichoqdan qaytmaydi. — Baridan pul yig’ib ol-da, bir haftaga javob ber, degandingiz. O’shanda…

— Bas!.. Men dam olishda bo’lganman, hujjatlarim bor. Mendan umidvor bo’lma, andak-mundakka jon bermayman. Buguncha qaytardim, ammo yana kelishadi. Ertagacha obdan o’ylab ko’r, ertagacha imkoniyating bor!Qo’zg’aldi. Suyaklari qisirladi. G’ajidi, suyaklarigacha g’ajidi-ya, bo’ri!

— Ha-a, to’xta, esimdan chiqipti. Ustingdan xat tushgan. Ikki yilda olgan qalam haqingning sakkiz so’midan a’zolik badali to’lamapsan. Buni shundoq qoldirib bo’lmaydi.

Stolning Yaltiroq sirti — Boshliq yoyilib jilmaydi. Jilmayishi o’ziga yarashib tushdi. G’oliblarga, shunaqa, hamma narsa yarashadi!

Qabulxonada Nayim Qambarovichga ro’baro’ keldi. Uning avzoyidan bor gapni tushundi shekilli, tirsagidan ayabgina suyab, yo’lakka boshladi.

— Yangi mansab muborak, Nayim aka, charchatmayaptimi?
— Uka…eh, shunaqa bo’p qoldi endi. Bir og’iz «adashipman, bilmay qo’l qo’yipman», deb yozib bersangiz bo’lgani. Xom sut emgan bandamiz, uka, munaqa bo’lishini kim o’ylapti, axir. Yuqoridagi akaxonlar aralashuvdi. Bir enlik xat qilsanglar bo’lgani, qolgani bizga tan deyishgandi. Orada bizning aqlimiz yetmaydigan nimadir bo’ldi shekilli. Yomon-yomon, sizu menga o’xshagan kichik odamlarga yomon. Vaqtida harakat qilmasak, ikki o’t orasida qolib ketamiz shekilli.

— Nayim aka!
Nayim Qambarovich seskanib boshini ko’tardi. Ko’zlarida hadik qotgandi. O’ziga o’qday tikilgan nigohlarga dosh berolmadi, ko’zlarini olib qochdi. Ammo, baribir qutulmadi… Allanarsa «shir-r» etdi. Nayim Qambarovich o’tkir nigoh yuzidagi niqobni yirtganini sezdi. Ammo oyoqlari ostiga to’kilayotgan qog’oz parchalarini terib olishga jur’at etolmadi, serrayib turaverdi.

— Nayim aka, bo’g’oz sichqonni ko’rganmisiz? Yo’qmi?.. Boring, oynaga qarang.
— Hay, hay, uka, og’zingga qara. — Bo’g’oz sichqonning ko’zlaridagi hadik o’rnini sovuq beorlik egalladi. — Ichak-chavog’ingdan salla yasaymi? «Eng dahshatli jonivor — sichqon, ayniqsa, bo’g’oz sichqon!»

Yo’lakda Berdi ko’rindi. Yuragi siqilgan. Nima gapligini tezroq bilish uchun chiqqan, degan xulosaga keldi u. O’zini xotirjam, tetik ko’rsatishga urindi, ammo Berdining indamay kelib qo’ltig’idan olganidan sezdiki, uddasidan chiqolmadi.

— Toza havoga chiqaylik.
Balkonda, salqinda o’ziga kelgandek bo’ldi. Tetik tortdi. Berdi sigaret tutatdi.
— Bitta ol.
Yuragi sancha boshlagandan beri chekmagandi, Eh, yuragi og’rigan bir u emas-ku, Oh- oh, jonning huzuri-da bu… Ko’zlari go’yo yarq etib ochildi. Qo’l cho’zsa yetguday yaqin
bulutlar, qarshisidagi baland-past binolar, tubanlikda qo’g’irchoqday pildirab yurgan mitti odamchalar, hatto tanini junjiktira boshlagan sovuq shamol — bari-bari ko’ziga olovday issiq ko’rindi. O’zini shu yaxlit olamning uzviy bo’lagiday his etish, shunga ishonish qanchalar maroqli.— Hayot go’zal, a, Berdi?

— Bo’lmasam-chi. Hayotga keldingmi, undan o’z tegishingni ol. Hech narsani o’ylamay,hech narsaga kuymay yashash kerak. Adolat, printsip… bari nisbiy, o’tkinchi gaplar. Shunday emasmi?
— Shunaqa shekilli…
— Nima, murosaga ko’nmadimi? Kel, o’zim yarashtiraman.

«Qo’shmachi! Qo’shmachi!» — chug’urladi Qushcha.

Tishlari g’ijirladi. Olam yana belatofat qoldi. Berdining yuziga tik qarashdan o’zini tiydi. Qushcha yana tilga kirib, uning yuzidagi niqobni ham shirillatib yirtishidan, tasavvuridagidan ham qo’rqinchliroq qiyofani ko’rishidan qo’rqdi. Yuragi qayta sanchdi.

«Qo’sh-ma-chi! Bu kuningdan o’lganing a’lo emasmi, Berdi…»

— Do’stim, — dedi u muloyim qilib. — Mana buning nomini bilasanmi? — U panjasini yozib ko’rsatdi.
— Hi-hi-hi, bilmay nima, beshbo’rsoq. To’xta, to’xta, shuni barvaqtroq aytmaysanmi? «Besh» yetadimi? Qo’rqmay aytaver. Boshliqqa «besh» nima degan gap?
— Endi buning nomini ayt! — Bosh barmoqni ko’rsatkich va o’rta barmoq orasidan o’tkazib, Berdining naq tumshug’iga tiradi. Qo’li qalt-qalt titrardi. Berdini taxtaday qotirib, o’zini ichkariga oldi.

Oynavand eshik qarsillab yopildi.

* * *

Qushcha, ayt, odamlarga nima bo’lgan, a, bilasanmi, ayt. Ko’rmi, karmi bular? Qachongacha bir-birini sotadi, bir-birini kovlaydi? Boshqa yumushi yo’qmi bularning, ayt, Qushcha? O’z holingga qo’yishmasa, o’z bilgingcha biror ish qilolmasang, ayt, shu ham hayot bo’ldimi? Ular nazarida kimdir hamma uchun, barcha davrlar uchun yaroqli yashash qonunlarini ishlab chiqqan-u, endi hamma o’sha qonunlarga bo’ysunishga mahkum. Axir hayotni qonunga sig’dirib bo’ladimi? Yurak qonunga sig’adimi, Qushcha? Nega o’z holingga qo’yishmaydi, nega? Mening o’ylarim, dilim, taqdirim ustidan hukmronlik qilishga ularga kim huquq bergan, kim?Qushcha, yaxshi ham sen bor ekansan, yo’qsa, dardimni kimga yorardim? Kim tushunardi? Nega avvalroq duch kelmading, Qushcha? Yurak xiyonat-u beorliklardan tilka-pora bo’lganda, senga duch etgani qodir egamning marhamatimi va yo jazosi? Nega indamaysan, nega jimsan? Ayt, qayda eding sen?!»

* * *

«Hammasini sezib yurardim…
Bilmadim, Malohat opa bo’lmasa, yana qachongacha o’z yog’imda qovrilardim. O’zi ergashtirib oborib ko’rsatdi. Ko’rdim… O’z uyingizday emin-erkin kirib ketdiz…
Sog’ bo’ling.
Izlamang, surishtirmang. Bolalar so’rasa, «o’lgan» deyman. Izlab borib ularni qo’rqitmang!»..
Sobiq xotiniz».

Hech vaqo tushunmadi. Qayta o’qidi. Keyingi safar bir parcha qog’ozdagi dahshat diliga ko’chdi. Dili ko’tarolmadi… «Eh, Malohat!.. Qabohat!..»

… Sichqon, ulkan sichqon. Avval o’ziga razm soldi: egnida kostyum, bo’ynida chet el bo’yinbog’i, qo’lida elektron soat. So’ng atrofga mo’ltirab tikildi. Zimiston. Vahimaga tushdi. Shunda tun qo’ynidan zumrad shu’la taratib ikki cho’g’ chiqib keldi. Sichqon ularga jovdirab tikildi. Yovvoyi miyovlash dilini, tanini titratdi. Sichqon qon-qoniga singgan qo’rquv tuyg’usi tazyiqi bilan qochishga shaylandi. Ammo zumrad uchqunlar shunchalar jozibali ediki, sichqon ulardan ko’z uzolmadi. Qorong’ilik qa’ridan shu qorong’ilik kabi bahaybat mushuk chiqib kelayotganini ko’rganida, kech bo’lgandi. Ojizligini sezdi. Tani jimirlab, sovuq ter qo’pdi. Mushukning tashlanishini har lahza kutib, esi ketay dedi. Mushuk esa, hadeganda tashlanavermadi. Bunday go’l, mo’rt sichqonni endi ko’rishi shekilli. «Biror balosi yo’qmikan», degandek uzoq tikildi. So’ng panja urdi. Sichqon o’tkir tirnoqlarning taniga o’qday botishini his etdi. Og’riq chandon edi — chiyillab yubordi. Mushuk bunga sayin avji kelib, uni panjalari orasiga olib, eza boshladi. Sichqon tirnoqlar azobiga ko’nikkandek bo’ldi. Ammo shunda boshqa bir azob boshlandi. U endi mushukning og’zida edi. Sichqon o’z qovurg’alarining qisir-qisir sinishiga behush quloq tutdi. Qushchani o’yladi. Holi ne kechdiykan?.. Sal o’tib suyaklar qisiri tindi. U endi bir luqma go’shtga aylangandi. Mushuk toliqdi chog’i, tin olmoq uchun uni bir muddat tishlari iskanjasidan bo’shatdi. O’z qurboniga g’olibona tikilib tamshandi. Sichqon hademay qiynoqlarning qayta boshlanishini sezdi. U qalt-qalt titray boshladi. Shunda ich-ichidan bir qudrat bosh ko’tarib keldi.

«Ketaverasanmi, hech narsadan hech narsa yo’q o’lib ketaverasanmi?.. Qiziq, oxir- oqibati shundayin be’mani o’lim bo’larkan, uzundan-uzoq umr ko’rish shartmidi?
Bal- li-ye senga!» — qovurg’alari ostida allakim bo’zlardi. Chidolmadi. O’lik tanga jon kirdi — sichqon o’zini qorong’ilik qa’riga urdi. Mushuk buni kutmagan ekan, shoshib qoldi. O’ziga kelganida esa, kech bo’lgandi — sichqon xiyla uzoqlashgandi. U ko’zlari qonga to’lib, halloslab kelayotgan mushukning issiq nafasini sezib, yanada tezroq chopa boshladi. Shunda…

U bir lahza o’ziga keldi. Ko’zlari ochildi. Hozirgina qarsillagan qopqonni ko’rmoqchi bo’ldi. Qorong’ilik quyuq edi, hech narsa ilg’amadi. Ichki bir hadik bilan bo’yinbog’ining tobora mahkamroq bo’g’ilayotganini tuydi. Bo’yinbog’ tugunidan ushlab, narigi uchini ayovsiz tortayotgan qo’l o’zinikimi, o’zganikimi, ajratolmadi. Ammo negadir bo’yinbog’ iskanjasidan qutilishga ham urinmadi, aksincha… Faqat ichida, dabdalasi chiqqan qovurg’alari ostida hamon allanimalardir deb bo’zlayotgan Qushchani ozodlikka chiqarish lozimligini elas-elas esladi…

«Olishsin, tanni istagancha qiymalashsin, ammo ruhni… hech qachon! Ruh — abadiydir!… U chegara bilmaydi. Ruh bu ilviriq vujudni tark etib, uzoqlarga bosh olib ketzdi, u bilan men ham ketaman, o’sha Qushchaday yengil, ozod bo’lamiz. Hadsiz kengliklar, baxmal cho’qqilar Vatan bo’ladi bizga… Biz…»

O’yi poyoniga yetmadi…

Oyning uchinchi kuni boshlangandi. To’rtinchiga yana bir kun bor. Butun boshli bir kun..

044

(Tashriflar: umumiy 640, bugungi 1)

Izoh qoldiring