Unitilgan katta Inson. Sarvar Azimov tavalludining 100 yilligiga

019   Шу кунларда бу буюк инсон таваллудига 100 йиллиги нишонланмоқда. Ушбу саҳифани устоз адибнинг 95 йиллиги нишонланган кунларда  тақдим этган эдик.

УНУТИЛГАН КАТТА ИНСОН
Умид БЕКМУҲАММАД
03

100Ўтмишнинг турли даврларида, шунингдек яқин тарихимизда ўз истеъдоди, ташкилотчилиги билан халқаро майдонларда катта обрў-эътибор қозонган юртдошларимиз кўп бўлган. Афсуски, биз уларнинг аксариятини тириклигида қадрламаган эдик, вафотларидан сўнг ҳам уларни хотирлашни, эл-юртга қилган хизматларидан ёшларни хабардор этишни ёдимиздан чиқариб қўймоқдамиз. Ана шундай унутилганлардан бири — таниқли дипломат, давлат ва жамоат арбоби, адиб ва драматург, адабиётшунос Сарвар Азимовдир.

Бу йил бу буюк инсон таваллудига 95 йил тўлди. Лекин минг афсуски, мен яқин йиллар оралиғида ўзбек матбуотида Сарвар Азимов ҳақида ҳеч бўлмаса биттагина мақола ёки ёднома чоп этилганини билмайман.

Бугунги ёшлар Сарвар Азимов ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдилар. Ёшларни-ку қўя туринг, мен мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида ўрта ёшдаги ижодкорлардан ҳам сўраб кўрдим, ҳатто улар ҳам Сарвар Азимовнинг фақат номинигина эшитганларини, унинг фаолиятидан буткул бехабар эканларини айтишди. Демак, бу иқтидорли ижодкор, маҳоратли дипломат, қатъиятли раҳбар ҳақидаги чорак асрлик сукунат бизга анча қимматга тушибди. Биз ўз вақтида дунёга таниқли бўлган ҳамюртимизни буткул унутибмиз.

Хўш, Сарвар Азимов ким эди? Унинг тарихимизда тутган ўрни қандай?

Сарвар Азимов атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг укаси бўлиб, 1923 йилнинг 20 майида Жиззахда туғилган. Болалигидан илмга, китобга ҳавас руҳида улғайган Сарвар Азимов ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади:

«Мен ўқишдан, китоб кўришдан қайтган бола бўлмадим. Шўхлигим ўзимга яраша. Ўйнаб чарчамасдим. Тошкентдай катта шаҳарда (Ҳамид Олимжон Тошкентда Зулфияхонимга уйлангач, аяси ва укаларини ҳам пойтахтга кўчиртириб келган эди – муаллиф изоҳи) эса қишлоқ боласини чалғитадиган нарсалар етиб ортарди. Лекин ўқиш меним тиниқ ҳавасим эди. Мураббийларимиздан бирининг «Бу бола ўқишни, ўқиш бу болани яхши кўради» дегани ҳалиям эсимда… Мен учун яна бир муҳим мактаб — Ҳамид Олимжоннинг саралаб йиғилган, адабиёт ва санъат асарларига чунон бой кутубхонаси эди. Унинг ичидан чиқмасам дердим, ҳатто аямлар буюрган иш ҳам малол келарди…».

Сарвар Азимов мактабни битиргач, Ўрта Осиё Давлат Университетида таҳсил олди. Унинг ўқиш даври Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги оғир йилларга тўғри келди. Маълумки уруш даврида Москва ва Ленинграддан А.Якубовский, Е.Бертельс, В.Жирмунский, Д.Благой, Б.Мейлах, А.Боровков сингари кўплаб олимлар Тошкентга келиб, университетда талабаларга маъруза ўқишар, ижодий-илмий жамоатчилик орасида турли тадбирлар ўтказиб туришарди. Марҳум адабиётшунос олим, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарофиддинов ёзганларидек, «бундай сарбаланд олимлар ёнида юриб, улардан таҳсил олгач, «мулла» бўлмасликнинг иложи йўқ эди. Айни ўша кезларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб турадиган адабий кечалар, баҳс-мунозаралар, янги асарлар муҳокамалари, у ёки бу ёзувчининг ижодий кечалари Сарвар Азимов учун иккинчи дорилфунун бўлган эди. Уларнинг ҳаммасига канда қилмай қатнаган Сарвар Азимов адабиёт дошқозонида обдон қайнади».

04АДИБ, ФАН ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР, МИНИСТР, ЭЛЧИ, ФИДОЙИ РАҲБАР…

Ҳамид Олимжоннинг укасидан умидлари катта эди, афсуски, уканинг келажагини кўриш буюк ижодкор акага насиб этмади. Сарвар Азимов 1945 йилда акасининг вафоти туфайли қаттиқ қайғу ичида қолганига қарамай, унга берган ваъдасининг устидан чиқиш учун аспирантурада таҳсил ола бошлади ва Ҳамид Олимжон ижоди бўйича тадқиқот ишлари олиб бориб, номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.
Келинг, шу ўринда Сарвар Азимов фаолияти билан қисқача танишиб ўтайлик. У 1948-55-йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тил ва адабиёт институтида илмий ходим, бўлим бошлиғи, директор ўринбосари;
1955-56-йилларда Марказқўмда фан ва маданият бўлими мудири;
1956-57-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби;
1957-59-йилларда Ўзбекистон маданият министри;
1959-69-йилларда Ўзбекистон министрлар кенгаши раисининг ўринбосари ва ташқи ишлар министри;
1969-74-йилларда собиқ иттифоқнинг Ливандаги фавқулодда ва мухтор элчиси;
1974-80-йилларда собиқ иттифоқнинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси;
1980-88-йилларда яна Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби;
1988-91-йилларда Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар министри;
1990-91 йилларда республика Президенти Кенгашининг аъзоси сифатида фаолият кўрсатди.

Сарвар Азимов Адабиёт институтидаги фаолияти даврида мактаблар учун ўзбек адабиётидан дарсликлар яратишга бош бўлди. Озод Шарафиддиновнинг хотирлаб ёзишларича, «ўша пайтда кўп йиллардан бери мактабларда ўзбек адабиёти тайинли дастурсиз ва ҳеч қандай дарсликларсиз ўқитилар эди. Ўқитувчиларнинг умри материал қидириш билан ўтарди. Қаердаки ўзбек адабиёти тўғрисида, ўзбек ёзувчилари ҳақида шапалоқдек материал чиққан бўлса, уни қидириб топиб, чатиб-ямаб, олақуроқ ҳолга келтиришар ва ҳар ким ўзбек адабиётини билганича ўқитарди». Ана шундай даврда Сарвар Азимовнинг ўзи бош бўлиб дарслик яратгани адабиёт ўқитувчилари учун катта совға бўлди.

1956-57-йиллардаги Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик даврида, шахсга сиғиниш йиллари қатағонга учраб, қамоқда ўтириб келган кўплаб адибларнинг оқланишига, уларга зарур шароитларни яратиб бериш ва асарларини чоп эттириш ишларига ҳам бош бўлди. 1957 йилда ўтказилган илк халқаро тадбир — Осиё ва Африка ёзувчиларининг биринчи конференцияси очилишида ўзининг катта ташкилотчилик қобилиятини кўрсатди. Энг асосийси, ўша йили Тошкентнинг Чилонзор мавзесида қурилган янги уйлардан ёзувчи ва шоирлар учун ўттизга яқин хонадон ажратиб берилишига эришди.

Маданият министри сифатидаги фаолияти давомида олис туманлар ва чекка қишлоқларда маданият уйлари, кутубхоналар барпо эттирди. Қишлоқ мактабларида мусиқий ансамбллар ташкил қилдириб, у ансамбллар қатнашчиларини Москвада бўлиб ўтган Жаҳон ёшлар фестивалида намунали қатнашишини таъминлади.
Маҳоратли ва кучли дипломат сифатида БМТ ва бошқа халқаро минбарлардан нутқ сўзлади. Ўн бир йил мобайнида Ливан ва Покистон давлатларида фавқулодда ва мухтор элчи сифатида муваффақиятли ишлади.

Россиянинг «Международная жизнь» деган интернет нашри бор. Ўша нашрда қаҳрамонимизнинг дипломатик фаолиятидан яхшигина хабардор шахслар Михаил Цвигун ва Игор Халевинскийларнинг Сарвар Азимовнинг Покистон ва Ливандаги фаолияти, ушбу давлат раҳбарлари билан дўстона алоқалари ҳақида мисоллар билан сўз юритилган мақолаларини ўқисангиз, бу инсонни ўз даврининг нуфузли шахсларидан бири бўлганига янада ишонч ҳосил қиласиз.

МЕЧКАЙЛИК БАЙРАМИДАН УСТУН ЗИЁЛИ

Сарвар Азимов умр бўйи илм билан шуғулланишни канда қилмаган. У филология фанлари доктори даражасига, профессор унвонига ҳам эга эди. Шу ўринда устозимиз Озод Шарафиддиновнинг «Ижодни англаш бахти» китобида келтирган хотираларидан бир ибратли воқеликни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Устоз ёзадилар:

«Сарвар Азимов оғир-вазмин табиатли, эл қатори, ҳаммага ўхшаб умргузаронлик қиладиган, оила ва бола-чақа ташвиши билан яшайдиган одам эди. Айни чоғда у ҳаммага ўхшамасликка, ҳамма ишда ўз йўлидан боришга, ўзига хос қиёфасини йўқотиб қўймасликка ҳаракат қиларди. Ҳарҳолда, унинг эътиқодига мос келадиган, синалган яшаш принциплари бор эдики, (баъзан шу туфайли одамларнинг таъна-дашномларига дуч келса-да), уларга оғишмай амал қиларди.

Яхши эсимда, Сарвар Азимовнинг докторлик ҳимояси Гоголь кўчасидаги 70-уйда — Фанлар академиясининг конференц залида бўлди. Ўша куни шу катта ва кенг зал ҳам йиғилганларни сиғдира олмади. Одамлар ичида олимлар ҳам, шунчаки томошаталаблар ҳам кўп эди. Яширишга ҳожат йўқ — меҳмонлар ичида зиёфат иштиёқида келганлари ҳам етарли эди. Гап шундаки, ўша кезларда диссертация ҳимоясидан кейин дастурхон ёзиш, банкет қилиш, олим бўлганини «ювиш» борган сари чуқур томир ёймоқда эди. Ўзбекнинг табиатида борми – билмадим — ҳар ҳолда, бу борада ҳам мусобақалашиш, ҳаммадан олдинда бўлиш авж олганди. Оқибатда, бунақа банкетларда 200-300 киши иштирок этар, ҳатто карнай-сурнайлар чалиниб, зиёфат росмана тўйдай ўтарди. Одамлар «Фалончининг диссертациясида нима янгилик бор экан?» деб сўрашмас, «Ҳимоядан кейин зиёфат қандоқ бўлди?» деб сўрашарди. Албатта олий рутбалик олимларнинг дастурхонидан баҳраманд бўлиш ҳар куни ҳам насиб бўлаверадиган иш эмас. Ахир, бунақа зиёфатларнинг тавсифи таърифга сиғмас — дастурхонда қўзиқориндан тортиб, осетра балиғигача, Франциядан келтирилган винолардан тортиб, Америка вискиси ва арман коньякларигача муҳайё этиларди…

Биз кекса адабиётшунос Порсохон ака Шамсиев билан ёнма-ён ўтириб, ҳимоядаги гапларни чала-ярим тинглаб, олимларнинг эзмалигидан ранжиб ўтирибмиз. Баъзан ҳадемай ёзилажак дастурхоннинг ноёб ва тансиқ таомлари ҳақида шивирлашиб гаплашиб, бир-биримизнинг иштаҳамизни қитиқлаб қўямиз. Ниҳоят, ҳимоя тугади, ҳисоб комиссияси овоз бериш якунларини эълон қилди, кенгаш раиси диссертантни табриклади, диссертант миннатдорчилик билдирди. Мана, ҳозир у камтарлик билан ерга қараб туриб, «Энди ҳаммангиз бир пиёла чойимизни баҳам кўрасизлар, марҳамат», деб илтижо қилади. Лекин диссертант негадир одамларни таклиф қилишга ошиқмаяпти. У стол устидаги қоғозларини йиғиштириб, папкасига жойлади-да, аста ўрнидан туриб, бир-икки одам билан хайр-маъзур қилиб чиқди-кетди. Зиёфат дардида келганлар оғизлари очилганча қолишаверди. Порсохон ака билан икковимиз ҳам бир-биримизга тикилиб, сўлакларимизни ютганимизча қолавердик. Кейин Порсохон ака «Ҳе, ўша…» деган маълум сўзлар билан воқеага муносабатини билдирди. Сўнг икковимиз ҳам чўнтакларни қоқиштириб, бор пулимизни санаб кўрдик-да, яқин ўртадаги ресторанга йўл олдик…

Сарвар Азимов эса аллақачон эскириб, бачкана бўлиб қолган, ҳақиқий зиёлиларга сира ярашмайдиган, мечкайлик байрамидан ўзга нарса бўлмаган одатдан устун туришини, бу масалада одамларнинг гап-сўзлари-ю, ғийбатларидан мутлақо чўчимаслигини намойиш қилиб чиқиб кетганича, ҳеч нарса бўлмагандек, ўз фаолиятини давом эттираверди».

«ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ — БЕКОРЧИХЎЖАЛАР САЛАНГЛАБ ЮРАДИГАН, ГАП СОТИБ, ВАЛАҚЛАШИБ ЎТИРАДИГАН, КЎНГИЛОЧАР ГУЗАР ЭМАС!»

Сарвар Азимов адабий-илмий фаолияти давомида ҳикоя ва қиссалар, киносценарийлар, рисолалар ёзди. Шунинг баробарида масъулиятли раҳбарлик ишларини ҳам уддалади, ташкилотчилик қобилияти, қаътиятлилиги, ғоятда маданиятлилиги, вақтнинг қадрига етишдек ноёб фазилатлари билан ҳаммага ибрат бўлди.

Келинг, яна Озод Шарафиддиновнинг хотираларига қулоқ тутайлик:

«Сарвар Азимов умри давомида ҳар хил масъулиятли лавозимларда ишлади ва қаерда ишламасин, ўзининг раҳбарлик санъатида ноёб хислатларга эга эканини намойиш қилди. Унинг ташкилотчилик қобилияти ҳам зўр эди. Сарвар Азимов талабчан, бир сўзли, қаттиққўл одам бўлган. Теварагида ҳамиша қатъий тартиб бўлишини, ҳамма ишлар саришта бўлмоғини талаб қиларди. Айни чоғда у одамларга яхшилик қилишни ҳаётининг асосий шиори қилиб олган эди. Ҳар ҳолда, мен уни таниган ва билган одамлардан Сарвар ака тўғрисида шикоятомуз гаплар эшитмаганман. Тўғри, баъзи бир ёзувчилар билан унинг ўртасида анча кескин баҳслар бўлганидан, унинг юзига қаттиқ-қаттиқ гаплар айтилганидан хабарим бор. Лекин булар ўткинчи гаплар эди. Яхлит олганда эса у ўз фаолияти билан янги ўзбек адабиёти тарихида чуқур из қолдирди. Ана шу ҳар томонлама, иқтидорли ва истеъдодли инсоннинг умр йўлини ўйласам, бир нарсага ҳайрон қоламан, ҳатто шундай одамнинг ҳаёти ҳам фақат ғалабалардан, кўтарилишлардан иборат бўлган эмас, муайян ишлари, муайян хизматлари учун у мукофотлар ҳам олган, албатта, лекин одамларнинг бир оғиз мададига муҳтож бўлган кезларда, атрофидагиларнинг биронтасидан ўзини ёқловчи, дардига малҳам бўлгувчи сўз эшита олмай, изтиробда юрган пайтлари ҳам кўп бўлган…».

Хўш, раҳматлик Озод акадек мунаққид тан берган Сарвар Азимовнинг умр йўлларидаги қайғули, «баъзи бир ёзувчилар билан унинг ўртасида анча кескин баҳслар бўлган, унинг юзига қаттиқ-қаттиқ гаплар айтилган» ҳолатлар қандай эди?

Ўзбекистон Халқ Ёзувчиси Тоҳир Малик «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» китобида бу ҳақида шундай фикр билдирадилар:

«Сарвар ака юқори мартабаларда ишлаганлари учунми, ички тартиб-қоидаларни ҳам юқори даражада бўлишини талаб қилардилар. Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган вақтларида у кишининг қабулхоналарига етиб бориш қийинроқ эди. Бу ҳолни одамлар «бюрократлик» деб атаб, қоралардилар. Тўғри, раиснинг хонасига ҳамма ҳам киравермаслиги керак. Ўринбосарлар ҳал қиладиган масалалар бўлса, келганлар уларнинг қабулига юбориларди…».

Озод Шарафиддинов ҳам Сарвар аканинг уюшмадаги раҳбарлик фаолиятини қисман ёритиб ўтганлар:

«У уюшмада ишни қатъий тартиб-интизом ўрнатишдан бошлади. Уюшмада ишлайдиган ҳар бир ходим, ҳар қайси маслаҳатчи ўз вазифасини сидқидилдан бажармоғи шарт эди. «Ёзувчилар уюшмаси бекорчихўжалар саланглаб юрадиган, гап сотиб, валақлашиб ўтирадиган, кўнгилочар гузар эмас», дерди. Бошқалардан талаб қилмоқ учун раҳбар, аввало, ўзига талабчан бўлмоғи керак. У ишини шундай уюштирдики, бирор дақиқа ҳам бекорчи вақти бўлмас эди. У ҳатто ёзувчиларни қабул қиладиган вақтини ҳам аниқ режалаштириб қўйди ва бунга қаътий амал қилди. Котибият мажлислари, секцияларнинг ишлари ҳам қатъий режа асосида ўтказиладиган бўлди».

Келинг, шу ўринда яна адибимиз Тоҳир Маликнинг хотираларини ўқийлик:

«Сарвар ака Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида иш бошлаган дастлабки кунлариданоқ уюшма мавқеини кўтариш ҳаракатини бошладилар. Қарангки, ўша вақтда икки-уч миллион аҳолиси бор Гуржистон ёзувчилар уюшмасининг аъзолари мингдан ортиқ бўлгани ҳолда, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг сони тўрт юзтага ҳам етмас экан. Албатта, бадиий адабиётнинг салмоғини уюшма аъзоларининг сони белгиламайди. Ҳазрат Навоий даврларида ҳеч қандай уюшма ҳам, унинг аъзолари ҳам бўлмаган. Лекин Совет тузуми даврида ёзувчиларга яхши шароит яратиб берилиши учун аъзолар сонининг аҳамияти бор эди. Шуни эътиборга олиб, вилоятларда уюшманинг кўчма мажлислари ўтказилиб, унда кўплаб ёшлар аъзоликка қабул қилинди. Ҳатто, китоблари чиқмаган, аммо умидли ёшларни ҳам қабул қилишди. Бу ҳаракат эътиборли ёзувчилар томонидан қаттиқ танқид қилинди… Шунга қарамай, уюшма аъзолари сони кескин кўпая бошлади. Шунга қараб Москвадан талаб қилиб олинадиган нарсалар ҳам кўпайди. Биринчи галда уюшмада ишловчи адабий маслаҳатчилар сони ошди, вилоятлардаги бўлимлар фаолияти яхшиланди. Ҳар йили декабр ойида бериладиган ўн дона «Москвич» автомашинаси ўрнига «Жигули» берила бошланди. Йиллар давомида автомашина олиш учун навбатда туриш ҳам барҳам топди. Бошқа идораларда бу навбат рўйхатига ёзилган одам тўрт-беш йилдагина ниятига етарди. Ёзувчилар уюшмасида эса «Кимга машина, кимга гилам керак?» деб сўрайдиган бўлишди. Тошкентнинг Дархон аталмиш жойида олимлар учун шинам уйлар қурилган эди, шунинг бир қаноти ёзувчиларга берилди. Хуллас, Сарвар Азимов раислик қилган даврда Ёзувчилар уюшмаси катта вазирлик имтиёзларига эга бўлди».

Ўша вақтларда Сарвар Азимов «Ўткан кунлар» романининг қайта нашр этилишига ҳам эришган ва бу йўлда кўплаб қаршиликларни енгиб ўтишига тўғри келган эди. Ҳатто «Ёшлик» журналининг ташкил этилишига ҳам айнан Сарвар Азимов бош-қош бўлган.

Тоҳир Малик 1981 йилнинг августида Латвияга боргани, ўша ерда Сарвар ака билан бемалол суҳбатлашишга имконият туғилгани ҳақида сўз юритар экан, Ригага қилинган биргаликдаги сайр давомида шоир Ян Райнис қабрини зиёрат қилишганини шундай хотирлайдилар:

«Қабристондаги энг катта ҳайкал Латвиянинг буюк шоири Ян Райнис қабрига қўйилган экан. Аммо ҳайкалда биздаги каби шоирнинг қиёфаси акс этмаган, балки денгиз тўлқинларидан кўтарилаётган, уйғонаётган йигит акс эттирилганди. Бу миллатнинг уйғонишига ишора эди. Шоирнинг қиёфасига эмас, юрак дардига, юрак орзусига қўйилган ҳайкал эди у! Айтишларича, бу ва шаҳар марказидаги озодлик ҳайкалидан сўнг ҳайкалтарош бошқа ишга қўл урмаган экан… Ян Райнисга қўйилган ҳайкал Сарвар акага ҳам таъсир қилган эканми, кечки пайт шу ҳақида гаплашиб ўтириб, «Бизнинг ёзувчиларимизга нима бўлган, а?» деб қолдилар. Саволга тушунмадим, нима деб жавоб беришни билмай турганимда ўзлари мушкулимни осон қилдилар:

— Бир-бирларини тинмай ғийбат қиладилар. Ғийбат ҳамма ерда бор, бунга ажабланмайман. Лекин ёзувчиларникига чидаш қийин экан… Қаранг, икки ёзувчи ёшликдан дўст. Мартабасида ҳам, унвону мукофотларида ҳам бир-биридан кам жойи йўқ. Дўстликларини мустаҳкамлаш учун ҳатто қуда бўлганлар. Биттаси ҳузуримга кириб, «Шу довдирни ишдан олиб яхши қилдингиз», деса, иккинчиси «Бу аблаҳ нашриётдаги ўйнашларига тўймай, энди менинг қизимга ҳам шилқимлик қилаяпти», дейди! Ўйнаш ҳақидаги гапларни эшитгандим, лекин ўз келинига шилқимлик қилиши, яна бу гапни қизнинг отасидан эшитиш мени ларзага солди! Шилқим қайнотани Худо урган бўлса, қизнинг отаси бу шармандали гапни бегона одамга қайси юз билан айтяпти?..».

РАШИДОВНИНГ ЯГОНА ҲИМОЯЧИСИ ВА НОНКЎР ЁЗУВЧИЛАР

Озод Шарафиддинов ўша йиллардаги серғалва воқеликларни эсларкан, машъум XVI пленумдаги Шароф Рашидовни қоралаш кампаниясида фақат Сарвар Азимовгина жасорат билан ҳақиқатни баралла айта олганини таъкидлайдилар:

«Пленумда танқид ҳар қандай чегарадан чиқиб кетди, Шароф Рашидовнинг ҳар қандай ижобий томонларини исботсиз-далилсиз рад қилиш йўлини тутдилар. Ўзбекнинг атоқли арбобига нисбатан жуда катта адолатсизлик бошланди. Бундай муносабат ўзбек халқининг шаънига ҳам ярашмайдиган бир иш эди. Энг ёмони шу бўлдики, зални тўлдириб ўтирган одамларнинг ҳаммаси Шароф Рашидовни кўрган, шахсан танийдиган, унинг яхшиликларидан баҳраманд бўлган, ҳаётлигида унинг соясига кўрпача ёзиб юрган одамлар эди. Рашидов шаънига ёғдирилган бўҳтонларни кимдир ачиниш ва таассуф туйғуси билан, кимдир лоқайдлик билан, лекин ҳаммалари қўйдай юввошлик билан, индамай ўтириб эшитишди ва қарсаклар билан қўллаб-қувватлашди ҳам. Фақат бир одамгина дадиллик билан минбарга чиқди ва Шароф Рашидовга нисбатан бундай бир ёқлама муносабатни кескин қоралади. Унинг нутқи Рашидовни фош қилишдек ношойиста ишга бош-қош бўлганларнинг юзига урилган қаҳрли тарсаки бўлди. Қизиқ, Сарвар Азимов ўша куни минбарда туриб сўзлаётганида яқин ўртада шунга ўхшаш бошқа бир пленумда ўзи ҳам Шароф Рашидовнинг аҳволига тушажагини ўйлаганмикин, унинг устидан куракда турмайдиган бўҳтонлар сели қуйилганда, унга нисбатан ҳам ўта адолатсизлик қилинганда ҳеч ким ўрнидан туриб, уни ёқлайдиган бирон гап айтмаслигини хаёлига келтирганмикин? Билмадим… Ҳар ҳолда, ўшанда Сарвар Азимовнинг минбардан туриб айтилган қиличдан ҳам ўткир, рост гаплари бир қатор мутасаддиларни тўнини тескари кийиб олишга ундади ва улар Азимовга қарши ялпи ҳужум бошлаш учун баҳона излай бошладилар».

Хуллас, мафкура бўйича номи чиққан котиба Сарвар Азимовга қарши турли бўҳтонларни уюштирди. Бироқ бу «айбловлар» ҳам, олтмишдан ортиқ думалоқ хатлар ҳам ўз исботини топмади. Шундай бўлса-да, мафкуравий хўжайин Азимовни уюшма раҳбарлигидан олишга эришди. Бу ҳақида раҳматлик Озод ака шундай хотирлаганди:

— Котиба кимларнингдир «оқ фотиҳа»сини олган бўлса керакки, шошилинч равишда Ёзувчилар уюшмасининг пленумини чақирди ва унда Сарвар Азимовнинг ишдан олинганини эълон қилди. Зални тўлдириб ўтирган ёзувчилар бу ахборотни миқ этмай эшитишди. Уюшмада чин юракдан, фидойилик билан ишлаган, уюшмага ҳам, ёзувчиларга ҳам анча-мунча хизматлари сингиб улгурган Сарвар Азимов учун ҳатто бир оғиз раҳмат айтгувчи топилмади. Ҳолбуки, у айни шу куни — ўзига нисбатан мислсиз адолатсизлик содир бўлаётган анжуманда одамларнинг мададига муҳтож, бир оғиз ширин гапига зор эди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Сарвар Азимов йиирик-йирик, лекин анча маъюс тортиб қолган кўзларини залга тикди-да, маънодор қилиб:

— Ҳаммаларингга раҳмат! – деди.

…Орадан бир оз вақт ўтиб, ҳамма Сарвар Азимовни «тамом бўлди»га чиқарган бир пайтда у Ўзбекистон Ташқи ишлар министри лавозимига тайинланди. Чунки Москвада Сарвар Азимовнинг лаёқатини, ишчанлигини жуда қадрлашар ва собиқ иттифоқ раҳбарларининг ўзи Азимовни қўллаб, шу лавозимга қайта тайинлаган эдилар.

Озод аканинг хотирлашича, «орадан кўп ўтмай, Сарвар Азимов бетобланиб қолди. Тақдирнинг адолатсизликларидан тўйган, одамларнинг хиёнатидан ва мунофиқлигидан ҳафсаласи пир бўлган бу инсон бетоблигида кўргани келганларнинг бирортасини ҳам қабул қилмай, оламдан кўз юмди. XX аср ўзбек жамиятидаги энг ўзига хос, энг фаол, энг ишчан, энг ҳақгўй одамлардан бирининг ҳаёти ана шундай руҳсиз бир ҳолатда сўнди…». Бу вақтда Сарвар Азимов 71 ёшда эди.

Тоҳир Маликнинг ёзишича, Сарвар Азимов 1966 йилдаги Тошкент зилзиласига оид романни ёзиб бошлаган экан, афсуски, якунлаш насиб бўлмади…

Тўла ишонч билан айтаманки, Сарвар Азимов хотирлашга, эъзозлашга лойиқ, муносиб шахс. Хўш, унда бу инсон ҳақида сукут сақлашнинг сабаби нимада? Бефарқликдами? Наҳотки Сарвар Азимовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли уй-жойли бўлган, катта-катта имтиёзлардан фойдаланган ижодкорлар бугунги ислоҳотлар даврида ҳам жим ўтираверсалар?! Бу Сарвар Азимов хотирасига нисбатан беписандлик эмасми?!

Таклифим шуки, Сарвар Азимовнинг номини абадийлаштиришимиз керак. Тошкентдаги адиблар хиёбонида, она юрти Жиззах шаҳрида унга ҳайкал ўрнатайлик, асарларини қайтадан нашр этиб, саҳнага олиб чиқайлик. Номини олий ўқув юртларига, кўчаларга қўяйлик. Ёш олимларимиз Сарвар Азимовнинг серқирра фаолияти ҳақида илмий тадқиқот ишлари олиб борсинлар. У инсон ҳақида ҳужжатли фильм ишлаб, оммавий ахборот воситалари орқали Сарвар Азимов ҳаёти, ижоди ва фаолиятини ёритайлик, кенг оммага унинг кимлигини баралла айтайлик. Насиб бўлса, 2023 йилда Сарвар Азимовнинг 100 йиллигини муносиб нишонлайлик. Сарвар ака бунга арзийди! Зеро, раҳматлик Озод Шарофиддинов айтганларидек, «Сарвар Азимов – катта инсон эди!»

Манба: «Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

03Shu kunlarda bu buyuk inson tavalludiga 100 yilligi nishonlanmoqda. Ushbu sahifani ustoz adibning 95 yilligi nishonlangan kunlarda  taqdim etgan edik

UNUTILGAN KATTA INSON
Umid BЕKMUHAMMAD
03

Oʻtmishning turli davrlarida, shuningdek yaqin tariximizda oʻz isteʼdodi, tashkilotchiligi bilan xalqaro maydonlarda katta obroʻ-eʼtibor qozongan yurtdoshlarimiz koʻp boʻlgan. Afsuski, biz ularning aksariyatini tirikligida qadrlamagan edik, vafotlaridan soʻng ham ularni xotirlashni, el-yurtga qilgan xizmatlaridan yoshlarni xabardor etishni yodimizdan chiqarib qoʻymoqdamiz. Ana shunday unutilganlardan biri — taniqli diplomat, davlat va jamoat arbobi, adib va dramaturg, adabiyotshunos Sarvar Azimovdir.

Bu yil bu buyuk inson tavalludiga 95 yil toʻldi. Lekin ming afsuski, men yaqin yillar oraligʻida oʻzbek matbuotida Sarvar Azimov haqida hech boʻlmasa bittagina maqola yoki yodnoma chop etilganini bilmayman.

Bugungi yoshlar Sarvar Azimov haqida deyarli hech narsa bilmaydilar. Yoshlarni-ku qoʻya turing, men mazkur maqolani tayyorlash jarayonida oʻrta yoshdagi ijodkorlardan ham soʻrab koʻrdim, hatto ular ham Sarvar Azimovning faqat nominigina eshitganlarini, uning faoliyatidan butkul bexabar ekanlarini aytishdi. Demak, bu iqtidorli ijodkor, mahoratli diplomat, qatʼiyatli rahbar haqidagi chorak asrlik sukunat bizga ancha qimmatga tushibdi. Biz oʻz vaqtida dunyoga taniqli boʻlgan hamyurtimizni butkul unutibmiz.

Xoʻsh, Sarvar Azimov kim edi? Uning tariximizda tutgan oʻrni qanday?

Sarvar Azimov atoqli shoir Hamid Olimjonning ukasi boʻlib, 1923 yilning 20 mayida Jizzaxda tugʻilgan. Bolaligidan ilmga, kitobga havas ruhida ulgʻaygan Sarvar Azimov oʻz tarjimai holida shunday yozadi:

“Men oʻqishdan, kitob koʻrishdan qaytgan bola boʻlmadim. Shoʻxligim oʻzimga yarasha. Oʻynab charchamasdim. Toshkentday katta shaharda (Hamid Olimjon Toshkentda Zulfiyaxonimga uylangach, ayasi va ukalarini ham poytaxtga koʻchirtirib kelgan edi – muallif izohi) esa qishloq bolasini chalgʻitadigan narsalar yetib ortardi. Lekin oʻqish menim tiniq havasim edi. Murabbiylarimizdan birining «Bu bola oʻqishni, oʻqish bu bolani yaxshi koʻradi” degani haliyam esimda… Men uchun yana bir muhim maktab — Hamid Olimjonning saralab yigʻilgan, adabiyot va sanʼat asarlariga chunon boy kutubxonasi edi. Uning ichidan chiqmasam derdim, hatto ayamlar buyurgan ish ham malol kelardi…».

Sarvar Azimov maktabni bitirgach, Oʻrta Osiyo Davlat Universitetida tahsil oldi. Uning oʻqish davri Ikkinchi jahon urushi va undan keyingi ogʻir yillarga toʻgʻri keldi. Maʼlumki urush davrida Moskva va Leningraddan A.Yakubovskiy, Ye.Bertels, V.Jirmunskiy, D.Blagoy, B.Meylax, A.Borovkov singari koʻplab olimlar Toshkentga kelib, universitetda talabalarga maʼruza oʻqishar, ijodiy-ilmiy jamoatchilik orasida turli tadbirlar oʻtkazib turishardi. Marhum adabiyotshunos olim, Oʻzbekiston qahramoni Ozod Sharofiddinov yozganlaridek, “bunday sarbaland olimlar yonida yurib, ulardan tahsil olgach, «mulla” boʻlmaslikning iloji yoʻq edi. Ayni oʻsha kezlarda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasida boʻlib turadigan adabiy kechalar, bahs-munozaralar, yangi asarlar muhokamalari, u yoki bu yozuvchining ijodiy kechalari Sarvar Azimov uchun ikkinchi dorilfunun boʻlgan edi. Ularning hammasiga kanda qilmay qatnagan Sarvar Azimov adabiyot doshqozonida obdon qaynadi».

ADIB, FAN DOKTORI, PROFЕSSOR, MINISTR, ELCHI, FIDOYI RAHBAR…

Hamid Olimjonning ukasidan umidlari katta edi, afsuski, ukaning kelajagini koʻrish buyuk ijodkor akaga nasib etmadi. Sarvar Azimov 1945 yilda akasining vafoti tufayli qattiq qaygʻu ichida qolganiga qaramay, unga bergan vaʼdasining ustidan chiqish uchun aspiranturada tahsil ola boshladi va Hamid Olimjon ijodi boʻyicha tadqiqot ishlari olib borib, nomzodlik dissertatsiyasini muvaffaqiyatli yoqladi.
Keling, shu oʻrinda Sarvar Azimov faoliyati bilan qisqacha tanishib oʻtaylik. U 1948-55-yillarda Oʻzbekiston Fanlar Akademiyasining til va adabiyot institutida ilmiy xodim, boʻlim boshligʻi, direktor oʻrinbosari;
1955-56-yillarda Markazqoʻmda fan va madaniyat boʻlimi mudiri;
1956-57-yillarda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining birinchi kotibi;
1957-59-yillarda Oʻzbekiston madaniyat ministri;
1959-69-yillarda Oʻzbekiston ministrlar kengashi raisining oʻrinbosari va tashqi ishlar ministri;
1969-74-yillarda sobiq ittifoqning Livandagi favqulodda va muxtor elchisi;
1974-80-yillarda sobiq ittifoqning Pokistondagi favqulodda va muxtor elchisi;
1980-88-yillarda yana Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining birinchi kotibi;
1988-91-yillarda Oʻzbekiston respublikasi tashqi ishlar ministri;
1990-91 yillarda respublika Prezidenti Kengashining aʼzosi sifatida faoliyat koʻrsatdi.

Sarvar Azimov Adabiyot institutidagi faoliyati davrida maktablar uchun oʻzbek adabiyotidan darsliklar yaratishga bosh boʻldi. Ozod Sharafiddinovning xotirlab yozishlaricha, “oʻsha paytda koʻp yillardan beri maktablarda oʻzbek adabiyoti tayinli dastursiz va hech qanday darsliklarsiz oʻqitilar edi. Oʻqituvchilarning umri material qidirish bilan oʻtardi. Qayerdaki oʻzbek adabiyoti toʻgʻrisida, oʻzbek yozuvchilari haqida shapaloqdek material chiqqan boʻlsa, uni qidirib topib, chatib-yamab, olaquroq holga keltirishar va har kim oʻzbek adabiyotini bilganicha oʻqitardi”. Ana shunday davrda Sarvar Azimovning oʻzi bosh boʻlib darslik yaratgani adabiyot oʻqituvchilari uchun katta sovgʻa boʻldi.

1956-57-yillardagi Yozuvchilar uyushmasiga rahbarlik davrida, shaxsga sigʻinish yillari qatagʻonga uchrab, qamoqda oʻtirib kelgan koʻplab adiblarning oqlanishiga, ularga zarur sharoitlarni yaratib berish va asarlarini chop ettirish ishlariga ham bosh boʻldi. 1957 yilda oʻtkazilgan ilk xalqaro tadbir — Osiyo va Afrika yozuvchilarining birinchi konferensiyasi ochilishida oʻzining katta tashkilotchilik qobiliyatini koʻrsatdi. Eng asosiysi, oʻsha yili Toshkentning Chilonzor mavzesida qurilgan yangi uylardan yozuvchi va shoirlar uchun oʻttizga yaqin xonadon ajratib berilishiga erishdi.

Madaniyat ministri sifatidagi faoliyati davomida olis tumanlar va chekka qishloqlarda madaniyat uylari, kutubxonalar barpo ettirdi. Qishloq maktablarida musiqiy ansambllar tashkil qildirib, u ansambllar qatnashchilarini Moskvada boʻlib oʻtgan Jahon yoshlar festivalida namunali qatnashishini taʼminladi.
Mahoratli va kuchli diplomat sifatida BMT va boshqa xalqaro minbarlardan nutq soʻzladi. Oʻn bir yil mobaynida Livan va Pokiston davlatlarida favqulodda va muxtor elchi sifatida muvaffaqiyatli ishladi.

Rossiyaning “Mejdunarodnaya jizn” degan internet nashri bor. Oʻsha nashrda qahramonimizning diplomatik faoliyatidan yaxshigina xabardor shaxslar Mixail Svigun va Igor Xalevinskiylarning Sarvar Azimovning Pokiston va Livandagi faoliyati, ushbu davlat rahbarlari bilan doʻstona aloqalari haqida misollar bilan soʻz yuritilgan maqolalarini oʻqisangiz, bu insonni oʻz davrining nufuzli shaxslaridan biri boʻlganiga yanada ishonch hosil qilasiz.

MЕCHKAYLIK BAYRAMIDAN USTUN ZIYOLI

Sarvar Azimov umr boʻyi ilm bilan shugʻullanishni kanda qilmagan. U filologiya fanlari doktori darajasiga, professor unvoniga ham ega edi. Shu oʻrinda ustozimiz Ozod Sharafiddinovning “Ijodni anglash baxti” kitobida keltirgan xotiralaridan bir ibratli voqelikni eʼtiboringizga havola etmoqchiman. Ustoz yozadilar:

«Sarvar Azimov ogʻir-vazmin tabiatli, el qatori, hammaga oʻxshab umrguzaronlik qiladigan, oila va bola-chaqa tashvishi bilan yashaydigan odam edi. Ayni chogʻda u hammaga oʻxshamaslikka, hamma ishda oʻz yoʻlidan borishga, oʻziga xos qiyofasini yoʻqotib qoʻymaslikka harakat qilardi. Harholda, uning eʼtiqodiga mos keladigan, sinalgan yashash prinsiplari bor ediki, (baʼzan shu tufayli odamlarning taʼna-dashnomlariga duch kelsa-da), ularga ogʻishmay amal qilardi.

Yaxshi esimda, Sarvar Azimovning doktorlik himoyasi Gogol koʻchasidagi 70-uyda — Fanlar akademiyasining konferens zalida boʻldi. Oʻsha kuni shu katta va keng zal ham yigʻilganlarni sigʻdira olmadi. Odamlar ichida olimlar ham, shunchaki tomoshatalablar ham koʻp edi. Yashirishga hojat yoʻq — mehmonlar ichida ziyofat ishtiyoqida kelganlari ham yetarli edi. Gap shundaki, oʻsha kezlarda dissertatsiya himoyasidan keyin dasturxon yozish, banket qilish, olim boʻlganini “yuvish” borgan sari chuqur tomir yoymoqda edi. Oʻzbekning tabiatida bormi – bilmadim — har holda, bu borada ham musobaqalashish, hammadan oldinda boʻlish avj olgandi. Oqibatda, bunaqa banketlarda 200-300 kishi ishtirok etar, hatto karnay-surnaylar chalinib, ziyofat rosmana toʻyday oʻtardi. Odamlar “Falonchining dissertatsiyasida nima yangilik bor ekan?” deb soʻrashmas, “Himoyadan keyin ziyofat qandoq boʻldi?” deb soʻrashardi. Albatta oliy rutbalik olimlarning dasturxonidan bahramand boʻlish har kuni ham nasib boʻlaveradigan ish emas. Axir, bunaqa ziyofatlarning tavsifi taʼrifga sigʻmas — dasturxonda qoʻziqorindan tortib, osetra baligʻigacha, Fransiyadan keltirilgan vinolardan tortib, Amerika viskisi va arman konyaklarigacha muhayyo etilardi…

Biz keksa adabiyotshunos Porsoxon aka Shamsiyev bilan yonma-yon oʻtirib, himoyadagi gaplarni chala-yarim tinglab, olimlarning ezmaligidan ranjib oʻtiribmiz. Baʼzan hademay yozilajak dasturxonning noyob va tansiq taomlari haqida shivirlashib gaplashib, bir-birimizning ishtahamizni qitiqlab qoʻyamiz. Nihoyat, himoya tugadi, hisob komissiyasi ovoz berish yakunlarini eʼlon qildi, kengash raisi dissertantni tabrikladi, dissertant minnatdorchilik bildirdi. Mana, hozir u kamtarlik bilan yerga qarab turib, “Endi hammangiz bir piyola choyimizni baham koʻrasizlar, marhamat”, deb iltijo qiladi. Lekin dissertant negadir odamlarni taklif qilishga oshiqmayapti. U stol ustidagi qogʻozlarini yigʻishtirib, papkasiga joyladi-da, asta oʻrnidan turib, bir-ikki odam bilan xayr-maʼzur qilib chiqdi-ketdi. Ziyofat dardida kelganlar ogʻizlari ochilgancha qolishaverdi. Porsoxon aka bilan ikkovimiz ham bir-birimizga tikilib, soʻlaklarimizni yutganimizcha qolaverdik. Keyin Porsoxon aka “He, oʻsha…” degan maʼlum soʻzlar bilan voqeaga munosabatini bildirdi. Soʻng ikkovimiz ham choʻntaklarni qoqishtirib, bor pulimizni sanab koʻrdik-da, yaqin oʻrtadagi restoranga yoʻl oldik…

Sarvar Azimov esa allaqachon eskirib, bachkana boʻlib qolgan, haqiqiy ziyolilarga sira yarashmaydigan, mechkaylik bayramidan oʻzga narsa boʻlmagan odatdan ustun turishini, bu masalada odamlarning gap-soʻzlari-yu, gʻiybatlaridan mutlaqo choʻchimasligini namoyish qilib chiqib ketganicha, hech narsa boʻlmagandek, oʻz faoliyatini davom ettiraverdi».

“YOZUVCHILAR UYUSHMASI — BЕKORCHIXOʻJALAR SALANGLAB YURADIGAN, GAP SOTIB, VALAQLASHIB OʻTIRADIGAN, KOʻNGILOCHAR GUZAR EMAS!”

Sarvar Azimov adabiy-ilmiy faoliyati davomida hikoya va qissalar, kinossenariylar, risolalar yozdi. Shuning barobarida masʼuliyatli rahbarlik ishlarini ham uddaladi, tashkilotchilik qobiliyati, qaʼtiyatliligi, gʻoyatda madaniyatliligi, vaqtning qadriga yetishdek noyob fazilatlari bilan hammaga ibrat boʻldi.

Keling, yana Ozod Sharafiddinovning xotiralariga quloq tutaylik:

“Sarvar Azimov umri davomida har xil masʼuliyatli lavozimlarda ishladi va qayerda ishlamasin, oʻzining rahbarlik sanʼatida noyob xislatlarga ega ekanini namoyish qildi. Uning tashkilotchilik qobiliyati ham zoʻr edi. Sarvar Azimov talabchan, bir soʻzli, qattiqqoʻl odam boʻlgan. Tevaragida hamisha qatʼiy tartib boʻlishini, hamma ishlar sarishta boʻlmogʻini talab qilardi. Ayni chogʻda u odamlarga yaxshilik qilishni hayotining asosiy shiori qilib olgan edi. Har holda, men uni tanigan va bilgan odamlardan Sarvar aka toʻgʻrisida shikoyatomuz gaplar eshitmaganman. Toʻgʻri, baʼzi bir yozuvchilar bilan uning oʻrtasida ancha keskin bahslar boʻlganidan, uning yuziga qattiq-qattiq gaplar aytilganidan xabarim bor. Lekin bular oʻtkinchi gaplar edi. Yaxlit olganda esa u oʻz faoliyati bilan yangi oʻzbek adabiyoti tarixida chuqur iz qoldirdi. Ana shu har tomonlama, iqtidorli va isteʼdodli insonning umr yoʻlini oʻylasam, bir narsaga hayron qolaman, hatto shunday odamning hayoti ham faqat gʻalabalardan, koʻtarilishlardan iborat boʻlgan emas, muayyan ishlari, muayyan xizmatlari uchun u mukofotlar ham olgan, albatta, lekin odamlarning bir ogʻiz madadiga muhtoj boʻlgan kezlarda, atrofidagilarning birontasidan oʻzini yoqlovchi, dardiga malham boʻlguvchi soʻz eshita olmay, iztirobda yurgan paytlari ham koʻp boʻlgan…”.

Xoʻsh, rahmatlik Ozod akadek munaqqid tan bergan Sarvar Azimovning umr yoʻllaridagi qaygʻuli, “baʼzi bir yozuvchilar bilan uning oʻrtasida ancha keskin bahslar boʻlgan, uning yuziga qattiq-qattiq gaplar aytilgan” holatlar qanday edi?

Oʻzbekiston Xalq Yozuvchisi Tohir Malik “Yozuvchining baxti va baxtsizligi” kitobida bu haqida shunday fikr bildiradilar:

“Sarvar aka yuqori martabalarda ishlaganlari uchunmi, ichki tartib-qoidalarni ham yuqori darajada boʻlishini talab qilardilar. Yozuvchilar uyushmasiga raislik qilgan vaqtlarida u kishining qabulxonalariga yetib borish qiyinroq edi. Bu holni odamlar «byurokratlik” deb atab, qoralardilar. Toʻgʻri, raisning xonasiga hamma ham kiravermasligi kerak. Oʻrinbosarlar hal qiladigan masalalar boʻlsa, kelganlar ularning qabuliga yuborilardi…».

Ozod Sharafiddinov ham Sarvar akaning uyushmadagi rahbarlik faoliyatini qisman yoritib oʻtganlar:

“U uyushmada ishni qatʼiy tartib-intizom oʻrnatishdan boshladi. Uyushmada ishlaydigan har bir xodim, har qaysi maslahatchi oʻz vazifasini sidqidildan bajarmogʻi shart edi. «Yozuvchilar uyushmasi bekorchixoʻjalar salanglab yuradigan, gap sotib, valaqlashib oʻtiradigan, koʻngilochar guzar emas”, derdi. Boshqalardan talab qilmoq uchun rahbar, avvalo, oʻziga talabchan boʻlmogʻi kerak. U ishini shunday uyushtirdiki, biror daqiqa ham bekorchi vaqti boʻlmas edi. U hatto yozuvchilarni qabul qiladigan vaqtini ham aniq rejalashtirib qoʻydi va bunga qaʼtiy amal qildi. Kotibiyat majlislari, seksiyalarning ishlari ham qatʼiy reja asosida oʻtkaziladigan boʻldi».

Keling, shu oʻrinda yana adibimiz Tohir Malikning xotiralarini oʻqiylik:

“Sarvar aka Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi sifatida ish boshlagan dastlabki kunlaridanoq uyushma mavqeini koʻtarish harakatini boshladilar. Qarangki, oʻsha vaqtda ikki-uch million aholisi bor Gurjiston yozuvchilar uyushmasining aʼzolari mingdan ortiq boʻlgani holda, Oʻzbekiston yozuvchilar uyushmasi aʼzolarining soni toʻrt yuztaga ham yetmas ekan. Albatta, badiiy adabiyotning salmogʻini uyushma aʼzolarining soni belgilamaydi. Hazrat Navoiy davrlarida hech qanday uyushma ham, uning aʼzolari ham boʻlmagan. Lekin Sovet tuzumi davrida yozuvchilarga yaxshi sharoit yaratib berilishi uchun aʼzolar sonining ahamiyati bor edi. Shuni eʼtiborga olib, viloyatlarda uyushmaning koʻchma majlislari oʻtkazilib, unda koʻplab yoshlar aʼzolikka qabul qilindi. Hatto, kitoblari chiqmagan, ammo umidli yoshlarni ham qabul qilishdi. Bu harakat eʼtiborli yozuvchilar tomonidan qattiq tanqid qilindi… Shunga qaramay, uyushma aʼzolari soni keskin koʻpaya boshladi. Shunga qarab Moskvadan talab qilib olinadigan narsalar ham koʻpaydi. Birinchi galda uyushmada ishlovchi adabiy maslahatchilar soni oshdi, viloyatlardagi boʻlimlar faoliyati yaxshilandi. Har yili dekabr oyida beriladigan oʻn dona «Moskvich” avtomashinasi oʻrniga “Jiguli” berila boshlandi. Yillar davomida avtomashina olish uchun navbatda turish ham barham topdi. Boshqa idoralarda bu navbat roʻyxatiga yozilgan odam toʻrt-besh yildagina niyatiga yetardi. Yozuvchilar uyushmasida esa “Kimga mashina, kimga gilam kerak?” deb soʻraydigan boʻlishdi. Toshkentning Darxon atalmish joyida olimlar uchun shinam uylar qurilgan edi, shuning bir qanoti yozuvchilarga berildi. Xullas, Sarvar Azimov raislik qilgan davrda Yozuvchilar uyushmasi katta vazirlik imtiyozlariga ega boʻldi».

Oʻsha vaqtlarda Sarvar Azimov “Oʻtkan kunlar” romanining qayta nashr etilishiga ham erishgan va bu yoʻlda koʻplab qarshiliklarni yengib oʻtishiga toʻgʻri kelgan edi. Hatto “Yoshlik” jurnalining tashkil etilishiga ham aynan Sarvar Azimov bosh-qosh boʻlgan.

Tohir Malik 1981 yilning avgustida Latviyaga borgani, oʻsha yerda Sarvar aka bilan bemalol suhbatlashishga imkoniyat tugʻilgani haqida soʻz yuritar ekan, Rigaga qilingan birgalikdagi sayr davomida shoir Yan Raynis qabrini ziyorat qilishganini shunday xotirlaydilar:

“Qabristondagi eng katta haykal Latviyaning buyuk shoiri Yan Raynis qabriga qoʻyilgan ekan. Ammo haykalda bizdagi kabi shoirning qiyofasi aks etmagan, balki dengiz toʻlqinlaridan koʻtarilayotgan, uygʻonayotgan yigit aks ettirilgandi. Bu millatning uygʻonishiga ishora edi. Shoirning qiyofasiga emas, yurak dardiga, yurak orzusiga qoʻyilgan haykal edi u! Aytishlaricha, bu va shahar markazidagi ozodlik haykalidan soʻng haykaltarosh boshqa ishga qoʻl urmagan ekan… Yan Raynisga qoʻyilgan haykal Sarvar akaga ham taʼsir qilgan ekanmi, kechki payt shu haqida gaplashib oʻtirib, «Bizning yozuvchilarimizga nima boʻlgan, a?” deb qoldilar. Savolga tushunmadim, nima deb javob berishni bilmay turganimda oʻzlari mushkulimni oson qildilar:

— Bir-birlarini tinmay gʻiybat qiladilar. Gʻiybat hamma yerda bor, bunga ajablanmayman. Lekin yozuvchilarnikiga chidash qiyin ekan… Qarang, ikki yozuvchi yoshlikdan doʻst. Martabasida ham, unvonu mukofotlarida ham bir-biridan kam joyi yoʻq. Doʻstliklarini mustahkamlash uchun hatto quda boʻlganlar. Bittasi huzurimga kirib, “Shu dovdirni ishdan olib yaxshi qildingiz”, desa, ikkinchisi “Bu ablah nashriyotdagi oʻynashlariga toʻymay, endi mening qizimga ham shilqimlik qilayapti”, deydi! Oʻynash haqidagi gaplarni eshitgandim, lekin oʻz keliniga shilqimlik qilishi, yana bu gapni qizning otasidan eshitish meni larzaga soldi! Shilqim qaynotani Xudo urgan boʻlsa, qizning otasi bu sharmandali gapni begona odamga qaysi yuz bilan aytyapti?..».

034RASHIDOVNING YAGONA HIMOYACHISI VA NONKOʻR YOZUVCHILAR

Ozod Sharafiddinov oʻsha yillardagi sergʻalva voqeliklarni eslarkan, mashʼum XVI plenumdagi Sharof Rashidovni qoralash kampaniyasida faqat Sarvar Azimovgina jasorat bilan haqiqatni baralla ayta olganini taʼkidlaydilar:

“Plenumda tanqid har qanday chegaradan chiqib ketdi, Sharof Rashidovning har qanday ijobiy tomonlarini isbotsiz-dalilsiz rad qilish yoʻlini tutdilar. Oʻzbekning atoqli arbobiga nisbatan juda katta adolatsizlik boshlandi. Bunday munosabat oʻzbek xalqining shaʼniga ham yarashmaydigan bir ish edi. Eng yomoni shu boʻldiki, zalni toʻldirib oʻtirgan odamlarning hammasi Sharof Rashidovni koʻrgan, shaxsan taniydigan, uning yaxshiliklaridan bahramand boʻlgan, hayotligida uning soyasiga koʻrpacha yozib yurgan odamlar edi. Rashidov shaʼniga yogʻdirilgan boʻhtonlarni kimdir achinish va taassuf tuygʻusi bilan, kimdir loqaydlik bilan, lekin hammalari qoʻyday yuvvoshlik bilan, indamay oʻtirib eshitishdi va qarsaklar bilan qoʻllab-quvvatlashdi ham. Faqat bir odamgina dadillik bilan minbarga chiqdi va Sharof Rashidovga nisbatan bunday bir yoqlama munosabatni keskin qoraladi. Uning nutqi Rashidovni fosh qilishdek noshoyista ishga bosh-qosh boʻlganlarning yuziga urilgan qahrli tarsaki boʻldi. Qiziq, Sarvar Azimov oʻsha kuni minbarda turib soʻzlayotganida yaqin oʻrtada shunga oʻxshash boshqa bir plenumda oʻzi ham Sharof Rashidovning ahvoliga tushajagini oʻylaganmikin, uning ustidan kurakda turmaydigan boʻhtonlar seli quyilganda, unga nisbatan ham oʻta adolatsizlik qilinganda hech kim oʻrnidan turib, uni yoqlaydigan biron gap aytmasligini xayoliga keltirganmikin? Bilmadim… Har holda, oʻshanda Sarvar Azimovning minbardan turib aytilgan qilichdan ham oʻtkir, rost gaplari bir qator mutasaddilarni toʻnini teskari kiyib olishga undadi va ular Azimovga qarshi yalpi hujum boshlash uchun bahona izlay boshladilar”.

Xullas, mafkura boʻyicha nomi chiqqan kotiba Sarvar Azimovga qarshi turli boʻhtonlarni uyushtirdi. Biroq bu “ayblovlar” ham, oltmishdan ortiq dumaloq xatlar ham oʻz isbotini topmadi. Shunday boʻlsa-da, mafkuraviy xoʻjayin Azimovni uyushma rahbarligidan olishga erishdi. Bu haqida rahmatlik Ozod aka shunday xotirlagandi:

— Kotiba kimlarningdir “oq fotiha”sini olgan boʻlsa kerakki, shoshilinch ravishda Yozuvchilar uyushmasining plenumini chaqirdi va unda Sarvar Azimovning ishdan olinganini eʼlon qildi. Zalni toʻldirib oʻtirgan yozuvchilar bu axborotni miq etmay eshitishdi. Uyushmada chin yurakdan, fidoyilik bilan ishlagan, uyushmaga ham, yozuvchilarga ham ancha-muncha xizmatlari singib ulgurgan Sarvar Azimov uchun hatto bir ogʻiz rahmat aytguvchi topilmadi. Holbuki, u ayni shu kuni — oʻziga nisbatan mislsiz adolatsizlik sodir boʻlayotgan anjumanda odamlarning madadiga muhtoj, bir ogʻiz shirin gapiga zor edi. Hech kimdan sado chiqmadi. Sarvar Azimov yiirik-yirik, lekin ancha maʼyus tortib qolgan koʻzlarini zalga tikdi-da, maʼnodor qilib:

— Hammalaringga rahmat! – dedi.

…Oradan bir oz vaqt oʻtib, hamma Sarvar Azimovni “tamom boʻldi”ga chiqargan bir paytda u Oʻzbekiston Tashqi ishlar ministri lavozimiga tayinlandi. Chunki Moskvada Sarvar Azimovning layoqatini, ishchanligini juda qadrlashar va sobiq ittifoq rahbarlarining oʻzi Azimovni qoʻllab, shu lavozimga qayta tayinlagan edilar.

Ozod akaning xotirlashicha, “oradan koʻp oʻtmay, Sarvar Azimov betoblanib qoldi. Taqdirning adolatsizliklaridan toʻygan, odamlarning xiyonatidan va munofiqligidan hafsalasi pir boʻlgan bu inson betobligida koʻrgani kelganlarning birortasini ham qabul qilmay, olamdan koʻz yumdi. XX asr oʻzbek jamiyatidagi eng oʻziga xos, eng faol, eng ishchan, eng haqgoʻy odamlardan birining hayoti ana shunday ruhsiz bir holatda soʻndi…”. Bu vaqtda Sarvar Azimov 71 yoshda edi.

Tohir Malikning yozishicha, Sarvar Azimov 1966 yildagi Toshkent zilzilasiga oid romanni yozib boshlagan ekan, afsuski, yakunlash nasib boʻlmadi…

Toʻla ishonch bilan aytamanki, Sarvar Azimov xotirlashga, eʼzozlashga loyiq, munosib shaxs. Xoʻsh, unda bu inson haqida sukut saqlashning sababi nimada? Befarqlikdami? Nahotki Sarvar Azimovning saʼy-harakatlari tufayli uy-joyli boʻlgan, katta-katta imtiyozlardan foydalangan ijodkorlar bugungi islohotlar davrida ham jim oʻtiraversalar?! Bu Sarvar Azimov xotirasiga nisbatan bepisandlik emasmi?!

Taklifim shuki, Sarvar Azimovning nomini abadiylashtirishimiz kerak. Toshkentdagi adiblar xiyobonida, ona yurti Jizzax shahrida unga haykal oʻrnataylik, asarlarini qaytadan nashr etib, sahnaga olib chiqaylik. Nomini oliy oʻquv yurtlariga, koʻchalarga qoʻyaylik. Yosh olimlarimiz Sarvar Azimovning serqirra faoliyati haqida ilmiy tadqiqot ishlari olib borsinlar. U inson haqida hujjatli film ishlab, ommaviy axborot vositalari orqali Sarvar Azimov hayoti, ijodi va faoliyatini yoritaylik, keng ommaga uning kimligini baralla aytaylik. Nasib boʻlsa, 2023 yilda Sarvar Azimovning 100 yilligini munosib nishonlaylik. Sarvar aka bunga arziydi! Zero, rahmatlik Ozod Sharofiddinov aytganlaridek, “Sarvar Azimov – katta inson edi!”

Manba: “Maʼrifat saodati” gazetasining 2018 yil 12 noyabr sonidan olindi

08

(Tashriflar: umumiy 730, bugungi 1)

1 izoh

  1. Сарвар Азимиов буюк калбли инсон эди. Унинг хаёти ва ижоди ибрат. У килган улуг ишлар адабиётимизда нурли изларини колдирган. Унинг олижаноблиги, ёшларга мехр-мухаббати тахсинга сазовор. Шундай саховат сохибининг эзгу ишларидан бизнинг оиламиз хам бахраманд булган. Турт фарзандимиз билан кахратон кишда кучада колганимизда шу азиз инсон оиламизга Дархондаги ёзувчилар учун курилган уйдан жой берган. Умрим буйи бу эзгу иши учун у Амина Кожирова
    кишини дуо киламан. Шундай инсонни хотирлаганларингиз учун минг рахмат…

Izoh qoldiring