Xurshid Davron. «Qoratog’ daftari» turkumidan & Bahordan bir kun oldin

Ashampoo_Snap_2017.05.05_12h45m38s_002_.png18 май — Қирим татарлари  она юртларидан қувғин  қилинган кун

    Бундан 73 йил муқаддам айни шундай баҳор кунларида Қирим татарлари бир кечанинг ўзида юк вагонларига ортилиб, олис юртларга олиб кетилди. Aрхивда сақланаëтган ҳужжатларга кўра¸ 1944 йили қиримлик татарларнинг 183 минг 155 нафари бадарға қилинган. Шундан 151 минг 136 нафари Ўзбекистонга жўнатилган. 2009 йили депортациянинг 60 йиллиги нишонланган кунларда Қрим татарлари сургундаги ватанга айланган Ўзбекистондан миннатдорлик рамзи ўлароқ Оқмачитда ҳайкал тикладилар.Ёдгорлик очилишида нутқ сўзлаганлардан бири, университет ректори Февзи Ёқубов жумладан шундай деган эди: 055«Бу бизни қабул қилиб олган ўзбек халқига, бир бурда нонини биз билан бўлишган ўзбекка, бир қултум сув тутган ўзбек аёлига, хаста болаларимизни доривор кўкатлар териб, даволаган ўзбек оқсоқолига, ўлим тўшагида ётган биродаримизга шифо тилаб дуо ўқиган ўзбек онахонига қўйилган ҳайкалдир…»

Мен бир неча бор Қиримдаги собиқ иттифоқ ёзувчиларининг Кўктебел ижод уйида дам олганман. Ҳар гал борганимда Қиримни айланиб чиқардим. Ҳозир ҳам ёдимда: менинг Ўзбекистондан эканимни билиб қолган қримликлар ўзбек халқига нисбатан самимий миннатдорчиликларини тўлиб-тошиб изҳор қилишарди.

Бу халқнинг фожиали тақдири мени ҳам қавмдош, ҳам шоир сифатида ҳамиша аламли ўйларга чулғаб келган. Мана шу ўйлар натижасида 1986-88 йилларда «Қоратоғ дафтари» номли туркум шеърларни ёзган эдим.

Бугун депортациянинг 73 йиллиги нишонланаётган кунларда ана шу туркумдан айрим шеърларни сизнинг диққатингизга ҳавола этмоқчиман.

Хуршид Даврон
«ҚОРАТОҒ ДАФТАРИ» ТУРКУМИДАН
08

ОНАЖОНИМ,ҚИРИМ!
Q4opu5Dh4yo.jpg
Мен қувғинман, ватанидан айро тушган,
Қаноти бор, осмонидан жудо қушман,
Олисдаги мунгли диёр сиғган тушман,
Онажоним,Қирим, сени бир бор кўрай!

Олислардан шивирлайсан: «Болагинам,
Айни баҳор чоғи сўлган лолагинам!»
Ай, кўзимдан тинмай оққан жолагинам,
Онажоним,Қирим, сени бир бор кўрай!

Осмон — баланд, замин — қаттиқ, Ватан — узоқ,
Оёғимда баттол ёғий қўйган тузоқ,
Ай, сен, кўзи хира тортган, сочлари оқ,
Онажоним,Қирим, сени бир бор кўрай!

Сени олис юлдузлардан сўрайинми,
Сени фақат рўёларда кўрайинми,
Лаҳатдаям сен томон юз бурайинми,
Онажоним,Қрим, сени бир бор кўрай!

Юрагимни тарк этмади наволаринг,
Ёдинг ила дардларимни даволадинг,
Юрагимни тарс ёрсин ҳаволаринг,
Онажоним,Қирим, сени бир бор кўрай!

Муҳаббатинг токи омон, енгилмасман,
Токи сен бор, душманларга эгилмасман,
Арғувонинг каби тикман, букилмасман,
Онажоним,Қирим, сени бир бор кўрай!

* * *

Ой нурлари мудрайди
Қоратоғ тошларида,
Баъзан балқиб титрайди
Кўздаги ёшларимдай.

Юлдузларга боқаман,
Кенгаяди юрагим.
Шамол билан оқаман,
Елканим – юрак дардим.

Илиқ тошга суяниб
Маъюс ўйлар сураман,
Кипригимга илинган
Юлдузларни кўраман.

* * *

Қоратоғни қора булут
Чирмаб кела бошлади.
Денгиз ёқдан муздек, бебурд
Шамол ела бошлади.

Муқаддас тоғ, Шайтон тоғ ҳам
Кўринмай қолди кўзга.
Бутун атроф, қайга боқма,
Ўралгандай оқ бўзга.

Фақат дилда ҳамон тонгги
Шуъла ўйнар шодумон,
Жилваланар ёруғ нурнинг
Волидаси – кўк осмон.

Майли, қора ёмғир ёғсин,
У дилга бас келолмас.
Дилимдаги ёруғликни
Зулмат тортиб ололмас.

* * *

Икки тоғнинг орасидан
Кўкка ўрлайди қамар,
Боққан сайин, нур сасидан
Юракдан йитар кадар.

Ўз-ўзидан ошиқ диллар
Ойдин қўшиқ тўқийди,
Бўсадан маст, шайдо тиллар
Тинмай дуо ўқийди.

Нурни ичар чексиз боғлар,
Яшнар абру найсонлар,
Тўкилади ерга шохлар
Орасидан маржонлар.

Юракдай ол – ёниб турар
Гулзор аро атиргул,
Ёлғиз сени овутолмай
Ой ялинар сиқтаб: Кул!

Сен эса жим… Боғ ичида
Маҳзун-маҳзун кезарсан,
Шундоқ ойдин шод кечада
Ўзни танҳо сезарсан.

Ой қанчалар порлоқ ёнур,
Нури дилинг ёритмас.
Қувноқ ўйлар, шодумон нур
Юрагингга ёр эмас.

Ой ожиздир
Дил зулматин
Ёритишга йўли берк.
Инон, дилни ёритгуси
Бу дунёда ёлғиз эрк.

ҚРИМ ЭЛЕГИЯСИ

Қачон келдим? Нимага келдим?
Ё шеър излаб келдимми бунга?
Нега келиб бағримни тилдим,
Нега дардим сўйладим тунга?

Мунгли Қирим боғлари аро
Ўтар экан кунларим, нечун
Ўз-ўзидан тундек қоп-қаро
Ўйлар келиб таталар ичим?

Балки қувғин Овидий тунлар
Соғинганда мағрибга қараб.
Ўғилларин исмини такрор
Қилганими дардимга сабаб?

Тоғ устига тоғларни қўйиб
Ишқ ўтида куйдириб сийна,
Ошиқ Умар ғазаллари ё
Ҳасратимга бўлмиш баҳона?

Сабаб бошқа, чангдайин тўзиб
Ётган хира оқшом палласи
Бошим узра оҳиста сузиб
Ўтаётган булут галаси…

Улар сузар олис кунлардан,
Сузиб ўтар карвон ва карвон.
Сузиб борар, йиғламоқ учун –
Даштга эмас, денгизлар томон.

* * *

Бу даштларни кўп бор кезганман,
Гоҳо ёлғиз, гоҳо дўст ила.
Неча марта кезган бўлсам ҳам,
Мен қайтганман маҳзун ҳис ила.

Нураб ётган кулбаларга жим
Боқиб юрак ғамга тўлғуси,
Қулоғимга келиб чалинар
Қувғин бўлган бола кулгуси.

Ҳеч ким мени овутмас, мен ҳам
Овутмасман ҳеч кимни бунда.
Фақат тинмай туйғуларимни
Оқ қоғозга тўкаман тунда.

Шеърларимга киради аста:
Чексиз дашту тоғ, денгиз, қуёш,
Қувғин бола исмин кўксида
Сақлаётган ёлғиз бужур тош.

1986

* * *

01

Шу тупроқда қайдадир пинҳон
Ошиқ Умар қабри бор…Бироқ,
Бу сирни ҳеч очгиси келмас
Душман келиб топтаган тупроқ.

Балки ётар Чатирдоғда у,
Қоратоғда балки у ётар.
Мен биламан,уни ҳар кўклам
Ҳар бир чечак,ҳар гиёҳ ёдлар.

Ёдлар уни кўкдаги ҳилол,
Арча исли шамоллар ёдлар.
Балки ётар Кўзлавида у,
Балки Боғчасаройда ётар.

Қирим,Қирим,эй мунгли маскан,
Қучоғингни кезарканман жим,
Ҳар қадамда Ошиқ Умарнинг
Шивирлашин эшитавердим.

Оч тўлқинлар гувлаган чоғда,
Боғчасарой вайронасида,
Ёнарқуртлар учган ҳар боғда
Ва денгизнинг нотинч сасида —

Қайда бўлмай,қаерда юрмай,
Дил ўксиди бамисли етим —
Ҳар қадамда Ошиқ Умарнинг
Шивирлашин эшитавердим.

Ўқий дея қабрида дуо
Сўроқладим,айтмади ҳеч ким.
«У шу ерда!» — деди далалар,
«У шу ерда!» — деди юрагим.

«У шу ерда!» — деди Кўзлави,
«У шу ерда!» — сўйлади Мисхор.
«У шу ерда!» — деди заминга
Етмай ҳали эриб кетган қор…

* * *

Ойсиз кеча. Зулумот,
Сукунатда бутун боғ.
Ухлар ҳаёт ва мамот,
Ухлайди абадият.

Бир ҳовуч япроққа жо
Бўлганча ухлар шамол.
Ухлаб ётарди дунё,
Ухлар Шарқ, ухлар Шимол.

Чайқалади ўксиган
Дарахтларнинг сояси,
Қоратоғнинг кўксига
Сингар чигиртка саси.

Бўрон денгиз ичида,
Ухлар ерни кўриб туш.
Дарахтнинг уч-учида
Ухлаб ётар митти қуш.

Қўҳиқоф томонларда
Ухлаб ётар девлар ҳам.
Орол ухлар, сир ухлар,
Ухлар ҳаққум сувлар ҳам.

Ухлар виждон, ухлар эрк,
Ухлаб ётар диёнат.
Бўғизда тош – юрак берк,
Алла айтар хиёнат.

Фақат юрак ичида
Бир сўз тошни кемирар,
У ҳали озод бўлиб
Бу дунёни емирар…

* * *

Азиз Қиримнинг тоғларида
Ҳаво тоза, яйрадим дилдан
Ва кеч кузакнинг боғларида
Сайр этаман мен ўғлим билан.

Шовиллайди болутлар титраб,
Боғдан ўтган ирмоқча куйлар.
Гўё дилга азиз бу чорбоғ
Маним ила ўғлимни қутлар.

Сайр тугар,
Кулбага қайтган
Ўғлим боқар дарчадан ўйчан,
Ўғлим исмин олиб чақирар
Қари дарахт боғнинг ичидан…

ҚИЗИЛ

Сени қўмсаб,ичиккан олис
Ўша сен туш кўрган манзилдан
Олиб келдим сенга бир ҳовуч
Боболаринг қони — қизилдан.

Ерга томган ҳар бир томчи қон
Беиз кетмас,деганлари ҳақ.
Мен келтирган бир ҳовуч маржон
Меҳрингга зор,меҳрингга илҳақ.

Болаларинг қизилни тишлаб
«Нордон» дея бир четга қўяр,
Сен бўлсанг жим…Олис хотира
Кўксинг тиғдек аямай ўяр.

Ва Тошкентни қучганида тун
Изилларкан кузги кўр ёмғир,
Шивирлайсан сен унга маҳзун:
«Она,мени қошингга чақир!»

Ёдга тушар қша дам қаро
Тушларингга кирган ул маскан,
Гуллаб ётган қизиллар аро
Кезарсан жим,ўзни билмасдан.

Йироқдаги қувғин сояси
Хотирангни чулғар ўша он,
Дилинг учар кўксинг тарк этиб
Аммо уни сиғдирмас осмон.

Аммо хаёл ўша ерда…Тун.
Осмон аро то тонгга қадар
Сузиб юрар сендайин нигун,
Қизил каби қип қизил қамар.

Тунлар дарддан юрагинг қизиб
Кетса,сенга берсин деб ёрдам,
Олиб келдим бир ҳовуч қизил —
Сен бадарға бўлган диёрдан.

1986

* * *

Қора бўрон денгиз узра
Гувлаб-гувлаб тинган чоқ,
Ўғлим денгиз соҳилида
Топиб олди чиғаноқ.

Қулоғимга босиб уни
Жуда узоқ тингладим.
Ва юрагим соғинч ила
Тўлганини англадим.

Гўё олис-олисларда
Мени кимдир чорларди,
Гўё кимдир танҳо қолиб
Маъюс наво чаларди.

Гўё чўккан кемаларнинг
Қўнғироғи бўзларди,
Қирғоқдаги одамларнинг
Исмин айтиб сўзларди.

Гўё бўзлаб учиб борар
Дайди ғозлар зулматда,
Бошларида ёлғиз порлар
Митти юлдуз зумраддай.

Гўё чексиз тақир даштда
Адашиб қолган бола,
Томоқлари қуриб, ташна,
“Она” деб чекар нола.

Соҳил бўйлаб юрарканман
Танҳоликда мен бесўз,
Олисларда ниманидир
Шивирларди бир юлдуз…

* * *

Куз ёмғири турар томчилаб
Баргихазон боғда учмоқда,
Яноғимдан совуқ томчилар
Кўзёшимдек оқиб тушмоқда.

Ёноғимдан оқиб лабимни
Совитмоқда, аммо ёмғир ҳам
Совутолмас менинг қалбимни –
Унда чўғдек ёниб турар ғам.

Гўё мажруҳ тутқун қушчани
Билмагандек қутқармоқ йўлин,
Ёниб турган шам узра узоқ
Қотиб турар титраган қўлим…

0c36c8f1a37653afec7c1938881f2454.jpg18 may — Qirim tatarlari  ona yurtlaridan quvg’in  qilingan kun

Bundan 68 yil bahor muqaddam ayni shu kunlarda Qrim tatarlari bir kechaning o’zida yuk vagonlariga ortilib, olis yurtlarga olib ketildi. Arxivda saqlanaetgan hujjatlarga ko’ra? 1944 yili tatarlarning183 ming 155 nafari badarg’a qilingan. Shundan 151 ming 136 nafari O’zbekistonga jo’natilgan. 2009 yili deportatsiyaning 60 yilligi nishonlangan kunlarda Qrim tatarlari surgundagi vatanga aylangan O’zbekistondan minnatdorlik ramzi o’laroq Oqmachitda haykal tikladilar.Yodgorlik ochilishida nutq so’zlaganlardan biri, universitet rektori Fevzi Yoqubov jumladan shunday degan edi: «Bu bizni qabul qilib olgan o’zbek xalqiga, bir burda nonini biz bilan bo’lishgan o’zbekka, bir qultum suv tutgan o’zbek ayoliga, xasta bolalarimizni dorivor ko’katlar terib, davolagan o’zbek oqsoqoliga, o’lim to’shagida yotgan birodarimizga shifo tilab duo o’qigan o’zbek onaxoniga qo’yilgan haykaldir. U bizni o’zining eski qadrdonlaridek qayta qabul qilgan ukrain xalqiga ham hurmatimiz ifodasidir».

Men bir necha bor Qrimdagi sobiq ittifoq yozuvchilarining Ko’ktebel ijod uyida dam olganman. Har gal borganimda Qrimni aylanib chiqardim. Hozir ham yodimda: mening O’zbekistondan ekanimni bilib qolgan qrimliklar o’zbek xalqiga nisbatan samimiy minnatdorchiliklarini to’lib-toshib izhor qilishardi.
Bu xalqning fojiali taqdiri meni ham qavmdosh, ham shoir sifatida hamisha alamli o’ylarga chulg’ab kelgan. Mana shu o’ylar natijasida 1986-88 yillarda «Qoratog’ daftari» nomli turkum she’rlarni yozgan edim.
Bugun deportatsiyaning 68 yilligi nishonlanayotgan kunlarda ana shu turkumdan ayrim she’rlarni sizning diqqatingizga havola etmoqchiman.

Xurshid Davron
«QORATOG’ DAFTARI» TURKUMIDAN
08

ONAJONIM,QIRIM!
034
Men quvg’inman, vatanidan ayro tushgan,
Qanoti bor, osmonidan judo qushman,
Olisdagi mungli diyor sig’gan tushman,
Onajonim,Qirim, seni bir bor ko’ray!

Olislardan shivirlaysan: «Bolaginam,
Ayni bahor chog’i so’lgan lolaginam!»
Ay, ko’zimdan tinmay oqqan jolaginam,
Onajonim,Qirim, seni bir bor ko’ray!

Osmon — baland, zamin — qattiq, Vatan — uzoq,
Oyog’imda battol yog’iy qo’ygan tuzoq,
Ay, sen, ko’zi xira tortgan, sochlari oq,
Onajonim,Qirim, seni bir bor ko’ray!

Seni olis yulduzlardan so’rayinmi,
Seni faqat ro’yolarda ko’rayinmi,
Lahatdayam sen tomon yuz burayinmi,
Onajonim,Qrim, seni bir bor ko’ray!

Yuragimni tark etmadi navolaring,
Yoding ila dardlarimni davolading,
Yuragimni tars yorsin havolaring,
Onajonim,Qirim, seni bir bor ko’ray!

Muhabbating toki omon, yengilmasman,
Toki sen bor, dushmanlarga egilmasman,
Arg’uvoning kabi tikman, bukilmasman,
Onajonim,Qirim, seni bir bor ko’ray!

* * *

Oy nurlari mudraydi
Qoratog’ toshlarida,
Ba’zan balqib titraydi
Ko’zdagi yoshlarimday.

Yulduzlarga boqaman,
Kengayadi yuragim.
Shamol bilan oqaman,
Yelkanim – yurak dardim.

Iliq toshga suyanib
Ma’yus o’ylar suraman,
Kiprigimga ilingan
Yulduzlarni ko’raman.

* * *

Qoratog’ni qora bulut
Chirmab kela boshladi.
Dengiz yoqdan muzdek, beburd
Shamol yela boshladi.

Muqaddas tog’, Shayton tog’ ham
Ko’rinmay qoldi ko’zga.
Butun atrof, qayga boqma,
O’ralganday oq bo’zga.

Faqat dilda hamon tonggi
Shu’la o’ynar shodumon,
Jilvalanar yorug’ nurning
Volidasi – ko’k osmon.

Mayli, qora yomg’ir yog’sin,
U dilga bas kelolmas.
Dilimdagi yorug’likni
Zulmat tortib ololmas.

* * *

Ikki tog’ning orasidan
Ko’kka o’rlaydi qamar,
Boqqan sayin, nur sasidan
Yurakdan yitar kadar.

O’z-o’zidan oshiq dillar
Oydin qo’shiq to’qiydi,
Bo’sadan mast, shaydo tillar
Tinmay duo o’qiydi.

Nurni ichar cheksiz bog’lar,
Yashnar abru naysonlar,
To’kiladi yerga shoxlar
Orasidan marjonlar.

Yurakday ol – yonib turar
Gulzor aro atirgul,
Yolg’iz seni ovutolmay
Oy yalinar siqtab: Kul!

Sen esa jim… Bog’ ichida
Mahzun-mahzun kezarsan,
Shundoq oydin shod kechada
O’zni tanho sezarsan.

Oy qanchalar porloq yonur,
Nuri diling yoritmas.
Quvnoq o’ylar, shodumon nur
Yuragingga yor emas.

Oy ojizdir
Dil zulmatin
Yoritishga yo’li berk.
Inon, dilni yoritgusi
Bu dunyoda yolg’iz erk.

QRIM ELEGIYASI

Qachon keldim? Nimaga keldim?
YO she’r izlab keldimmi bunga?
Nega kelib bag’rimni tildim,
Nega dardim so’yladim tunga?

Mungli Qirim bog’lari aro
O’tar ekan kunlarim, nechun
O’z-o’zidan tundek qop-qaro
O’ylar kelib tatalar ichim?

Balki quvg’in Ovidiy tunlar
Sog’inganda mag’ribga qarab.
O’g’illarin ismini takror
Qilganimi dardimga sabab?

Tog’ ustiga tog’larni qo’yib
Ishq o’tida kuydirib siyna,
Oshiq Umar g’azallari yo
Hasratimga bo’lmish bahona?

Sabab boshqa, changdayin to’zib
Yotgan xira oqshom pallasi
Boshim uzra ohista suzib
O’tayotgan bulut galasi…

Ular suzar olis kunlardan,
Suzib o’tar karvon va karvon.
Suzib borar, yig’lamoq uchun –
Dashtga emas, dengizlar tomon.

* * *

02

Bu dashtlarni ko’p bor kezganman,
Goho yolg’iz, goho do’st ila.
Necha marta kezgan bo’lsam ham,
Men qaytganman mahzun his ila.

Nurab yotgan kulbalarga jim
Boqib yurak g’amga to’lg’usi,
Qulog’imga kelib chalinar
Quvg’in bo’lgan bola kulgusi.

Hech kim meni ovutmas, men ham
Ovutmasman hech kimni bunda.
Faqat tinmay tuyg’ularimni
Oq qog’ozga to’kaman tunda.

She’rlarimga kiradi asta:
Cheksiz dashtu tog’, dengiz, quyosh,
Quvg’in bola ismin ko’ksida
Saqlayotgan yolg’iz bujur tosh.

1986

* * *

Shu tuproqda qaydadir pinhon
Oshiq Umar qabri bor…Biroq,
Bu sirni hech ochgisi kelmas
Dushman kelib toptagan tuproq.

Balki yotar Chatirdog’da u,
Qoratog’da balki u yotar.
Men bilaman,uni har ko’klam
Har bir chechak,har giyoh yodlar.

Yodlar uni ko’kdagi hilol,
Archa isli shamollar yodlar.
Balki yotar Ko’zlavida u,
Balki Bog’chasaroyda yotar.

Qirim,Qirim,ey mungli maskan,
Quchog’ingni kezarkanman jim,
Har qadamda Oshiq Umarning
Shivirlashin eshitaverdim.

Och to’lqinlar guvlagan chog’da,
Bog’chasaroy vayronasida,
Yonarqurtlar uchgan har bog’da
Va dengizning notinch sasida —

Qayda bo’lmay,qaerda yurmay,
Dil o’ksidi bamisli yetim —
Har qadamda Oshiq Umarning
Shivirlashin eshitaverdim.

O’qiy deya qabrida duo
So’roqladim,aytmadi hech kim.
«U shu yerda!» — dedi dalalar,
«U shu yerda!» — dedi yuragim.

«U shu yerda!» — dedi Ko’zlavi,
«U shu yerda!» — so’yladi Misxor.
«U shu yerda!» — dedi zaminga
Yetmay hali erib ketgan qor…

* * *

Oysiz kecha. Zulumot,
Sukunatda butun bog’.
Uxlar hayot va mamot,
Uxlaydi abadiyat.

Bir hovuch yaproqqa jo
Bo’lgancha uxlar shamol.
Uxlab yotardi dunyo,
Uxlar Sharq, uxlar Shimol.

Chayqaladi o’ksigan
Daraxtlarning soyasi,
Qoratog’ning ko’ksiga
Singar chigirtka sasi.

Bo’ron dengiz ichida,
Uxlar yerni ko’rib tush.
Daraxtning uch-uchida
Uxlab yotar mitti qush.

Qo’hiqof tomonlarda
Uxlab yotar devlar ham.
Orol uxlar, sir uxlar,
Uxlar haqqum suvlar ham.

Uxlar vijdon, uxlar erk,
Uxlab yotar diyonat.
Bo’g’izda tosh – yurak berk,
Alla aytar xiyonat.

Faqat yurak ichida
Bir so’z toshni kemirar,
U hali ozod bo’lib
Bu dunyoni yemirar…

* * *

Aziz Qirimning tog’larida
Havo toza, yayradim dildan
Va kech kuzakning bog’larida
Sayr etaman men o’g’lim bilan.

Shovillaydi bolutlar titrab,
Bog’dan o’tgan irmoqcha kuylar.
Go’yo dilga aziz bu chorbog’
Manim ila o’g’limni qutlar.

Sayr tugar,
Kulbaga qaytgan
O’g’lim boqar darchadan o’ychan,
O’g’lim ismin olib chaqirar
Qari daraxt bog’ning ichidan…

QIZIL

Seni qo’msab,ichikkan olis
O’sha sen tush ko’rgan manzildan
Olib keldim senga bir hovuch
Bobolaring qoni — qizildan.

Yerga tomgan har bir tomchi qon
Beiz ketmas,deganlari haq.
Men keltirgan bir hovuch marjon
Mehringga zor,mehringga ilhaq.

Bolalaring qizilni tishlab
«Nordon» deya bir chetga qo’yar,
Sen bo’lsang jim…Olis xotira
Ko’ksing tig’dek ayamay o’yar.

Va Toshkentni quchganida tun
Izillarkan kuzgi ko’r yomg’ir,
Shivirlaysan sen unga mahzun:
«Ona,meni qoshingga chaqir!»

Yodga tushar qsha dam qaro
Tushlaringga kirgan ul maskan,
Gullab yotgan qizillar aro
Kezarsan jim,o’zni bilmasdan.

Yiroqdagi quvg’in soyasi
Xotirangni chulg’ar o’sha on,
Diling uchar ko’ksing tark etib
Ammo uni sig’dirmas osmon.

Ammo xayol o’sha yerda…Tun.
Osmon aro to tongga qadar
Suzib yurar sendayin nigun,
Qizil kabi qip qizil qamar.

Tunlar darddan yuraging qizib
Ketsa,senga bersin deb yordam,
Olib keldim bir hovuch qizil —
Sen badarg’a bo’lgan diyordan.

* * *

Qora bo’ron dengiz uzra
Guvlab-guvlab tingan choq,
O’g’lim dengiz sohilida
Topib oldi chig’anoq.

Qulog’imga bosib uni
Juda uzoq tingladim.
Va yuragim sog’inch ila
To’lganini angladim.

Go’yo olis-olislarda
Meni kimdir chorlardi,
Go’yo kimdir tanho qolib
Ma’yus navo chalardi.

Go’yo cho’kkan kemalarning
Qo’ng’irog’i bo’zlardi,
Qirg’oqdagi odamlarning
Ismin aytib so’zlardi.

Go’yo bo’zlab uchib borar
Daydi g’ozlar zulmatda,
Boshlarida yolg’iz porlar
Mitti yulduz zumradday.

Go’yo cheksiz taqir dashtda
Adashib qolgan bola,
Tomoqlari qurib, tashna,
“Ona” deb chekar nola.

Sohil bo’ylab yurarkanman
Tanholikda men beso’z,
Olislarda nimanidir
Shivirlardi bir yulduz…

* * *

Kuz yomg’iri turar tomchilab
Bargixazon bog’da uchmoqda,
Yanog’imdan sovuq tomchilar
Ko’zyoshimdek oqib tushmoqda.

Yonog’imdan oqib labimni
Sovitmoqda, ammo yomg’ir ham
Sovutolmas mening qalbimni –
Unda cho’g’dek yonib turar g’am.

Go’yo majruh tutqun qushchani
Bilmagandek qutqarmoq yo’lin,
Yonib turgan sham uzra uzoq
Qotib turar titragan qo’lim…

Xurshid Davron. Bahordan bir kun oldin. 1997 by Khurshid Davron on Scribd

xdk

(Tashriflar: umumiy 1 079, bugungi 1)

2 izoh

  1. Шеърларимга киради аста:
    Чексиз дашту тоғ, денгиз, қуёш,
    Қувғин бола исмин кўксида
    Сақлаётган ёлғиз бужур тош.
    Ажойиб, бари. Татарларнинг дардини ҳис қилдим. Раҳмат сизга устоз!

Izoh qoldiring