Umid Bekmuhammad. Xudoybergan Devonov. Badiiy publisistik film senariysi

044Худойберган Девонов-1878 (айрим манбаларида 1879) йили Хивада, Қадам Ясовулбоши исмли хон амалдорининг мирзаси бўлиб хизмат қилувчи Нурмуҳаммад девон ва Рўзика ая хонадонида таваллуд топганди. Худойберганнинг отаси, айрим манбаларда айтилишича, хон саройида мунший (котиб) ва табиб бўлиб хизмат қилган. Бошқа бир манбада Нурмуҳаммад отанинг Хўжайли туманида ҳоким бўлганлиги айтилади.

Умид БЕКМУҲАММАД
ХУДОЙБЕРГАН ДЕВОНОВ
Бадиий публицистик фильм сценарийси


Эп№ 1

Тун. Гужум ва тут дарахти олдидаги ҳовли.Атрофдан итларнинг вовуллаши эшитилади.

ТИТР: 1937 йил 30 июн.

Ҳовли олдида НКВД кийимидаги учта киши турибди. Олдинда турган ёши кичикроғи зарб билан эшикни қаттиқ итарганидан эшик очилади ва улар ичкарига киришади.Эшикнинг шарақлаб очилгани ва оёқ товушидан уй ичидагиларнинг “ ким? “ деган товуши эшитилади. Кўзойнак таққан Девонов фонарни ёқиб хавотирланганича улар олдига чиқади ва НКВД кийимидагиларни кўриб оғир хўрсинади.
НКВД капитани кийимидаги мўйловли киши Девоновнинг юзига фонарни тутиб унга ўзбекчани татарча талаффузда:
— Сиз Ўзбекистон ССР жиноят кодексининг 66-моддаси билан айбланасиз, мана уйингизни тинтув қилиш ҳақидаги ордер!
( У шундай дея сумкасидан олган қоғозни Девоновга узатади.)
Девонов индамай кўзойнагини олганича оғир хўрсиниб кўзларидаги ёшни сийпалайди ва хонадаги курсига индамай ўтиради. Шовқиндан чўчиб Девонов олдига бошига рўмолини ўраганича хотини Бикажон ва синглиси Ўғилжонлар келишади.
Девонов хотинига қараб овози титраган ҳолатда:
-Бибиш менга сув бергин!
НКВД капитани ўшқирган овозда:
-Уйда тинтув бошлангунча ташқарига чиқиш таъқиқланади.
Капитан ҳамроҳларига қараб:
-Тинтувни бошланг! Уй ичидагилар ташқарига чиқарилмасин.
НКВДчилардан калтароғи дастлаб капитан ва Девонов турган хонадаги сандиқ устидаги кўрпачаларни тушира бошлайди.Бироз ўтиб сандиқни очади ва унинг ичини титкилайди. Семизроқ иккинчи НКВДчи қўлидаги фонарни ёққанича қўшни хонага кириб кетади.Атрофдан полга итқитилаётган нарсаларнинг, ташқаридан эса итларнинг вовуллаган товуши эшитилади.
Девонов хона ўртасидаги курсида ордерни ушлаганича индамай ўтирибди.Хотини ва синглиси йиғламсираган ҳолатда Девоновга термулишади.
Капитан чўнтагидан сигаретасини олиб гугурт билан уни тутади ва бақрайганича кулимсираб Девоновга қарайди.Капитан хонани айланиб бир Девоновга, бир сандиқни титаётган касбдошига қараб сигарета тутинини бурқситганича қўполлик билан :
-Девонов! Намунча хўрсинмасанг! Кунинг битганини сездингми? Ё олтинларинг шўро ҳукуматига ўтишидан қўрқаяпсанми? Гапир нега индамайсан?! Ахир сен хон замонларида зарбхонада ишлагансан, буржуа республикаси давридаям мансабдор бўлгансан. Хон билан, буржуй ҳамтовоқларинг билан Москва ва Ленинградни кезгансан! Бунга қанча меҳнаткашларнинг пули сарфланган.
Отангдан қолган еру мулк, дўконларинг бўлган! Ўзингни ниқоблаш учунгина кино ва фото билан шуғуллангансан. Сен халқ душманисан!
Девонов индамай ўрнидан туради ва қўлидаги ордерни полга ташлаб, олдида бақрайиб турган капитанга важоҳат билан мағрур боқади. Девонов юз кўзида нафрат яққол акс этади. Сукунат.
Сукунатни нариги хонадаги НКВДчининг ҳовлиққанича “Мана бошлиқ! Хазинасини ва қуролини топдим” деган товуши эшитилади. Товуш ортидан қўлига эски чемодан ва қўшотар милтиқни ушлаб ўзи ҳам кириб келади. Чемоданни кўриб сандиқни титкилаётган НКВДчи ҳам тинтувни тўхтатганича капитан ёнига келади.
Капитан Девоновга қараб:
-Қўшотар сақлаганини қаранглар бунинг! Балки босмачилар билан ҳам алоқанг бўлгандир. Ҳали аниқлаймиз буни.
Капитан ҳамкасбига буюради:
-Чемоданни оч! Балки хон амалдорининг олтинлари бордир!
НКВДчи шошиб чемоданни очади. Ундан араб ва лотин ёзувидаги хатлар, фотосуратлар чиқади.
Капитан ва ҳамроҳлари ўртадаги чемоданга термулишади.Капитан фотоларни қўлига ушлаб кўради.
Капитан Девоновга қараб :
-Мана айтмадимми хон малайи бўлгансан деб.Суратларни қара!?
У шундай дея Ферузхоннинг суратини Девонов яқинига олиб бориб ўшқиради:
-Мана гапимнинг исботи! Хон малайи бўлганингдан сўнг унинг расмларини чемоданда авайлаб сақлаяпсанда! Балки мана бу ( у чемодандаги арабча ёзувларга ишора қилиб) хатларда хоннинг олтинлари ҳақидаги яширин гаплар бордир?!
Капитан расмни ҳамкасбига бериб буюради:
-Чемоданни худди ўзидек яхшилаб беркит.Ишхонада буларга аниқлик киритамиз.
Иккала НКВДчи тинтувни давом этдиришади.
Калта НКВДчи қўлига фонарни ушлаганича нариги хонага чиқиб кетади. Хонани фонарнинг ёруғи ёритиб турибди. Ҳаммаёқдан чанг тўзон кўтарилгани кўринади. Печнинг ичини очиб эски латтани пайпаслаб кўради. Қўлига қаттиқроқ текканидан атрофга аланглаб латтага ўралган билагузукни топади ва жилмайганича уни дарров шимининг чўнтагига яширади.
Девонов, аёллар ва тинтув бўлаётган хона.
Капитан сандиқдан пастга ирғитилган кўрпаларни этиги билан босқилаб иккинчи сигаретани тутади.
Девонов хотини ва синглисини бағрига босиб тик турганича НКВДчиларнинг ҳаракатини кузатиб туради. Аёлларнинг йиғламсираган, хўрсинган товуши.
Капитан ҳамкасбларига буюради:
-Ўзларингизга маълум керакли нарсаларни доимгидек йиғнаштиринглар.Кетамиз!
Капитан Девонов ёнига яқин келадида унга қараб тиржайганича:
-Сен ҳам биз билан кетасан!
Хотини ва синглиси эшик ёнидаги илгичдан чопон ва чўгирмасимон телпагини олиб йиғламсираганча Девоновга беришади.
Капитан:
-Ҳозир ёз бўлса, кун иссиқ.Чопон ва чўгирма нега керак?-у шундай дея аёлларга юзланади. Кейин чопонини ва чўгирмасини олаётган Девоновга қараб тиржайганича:
-Майли ола қол! Ахир сен хон саройига эмас, турмага кетаяпсан!
Бибижон ва Ўғилжон йиғлаб Девоновни қучоқлашади.Девонов уларнинг бошини сийпалаганича индамай туради.
Калта НКВДчи қўлига қуролини олиб Девоновни олдига солганича ташқарига чиқади. Унинг изидан капитан ва иккинчи НКВДчи чемодан ва бошқа буюмларни олиб чиқишади.
Ичкаридан Ўғилжоннинг йиғлаб:
-Оғагинам! Нега Сизни қамашаяпти? Сизнинг қандай гуноҳингиз бор ахир шўролар олдида? Қандай замонларга кунимиз қолди?! –деган товуши эшитилади.
Капитан орқасига қараб ўшқиради:
-Замонга, шўроларга тил теккизма. Энди киночи акангни тушингда кўрасан!
Машинага ўтқазилган Девонов ва НКДВчилар кетгач атроф яна тун қоронғуси билан қопланади.

Экранда фильмнинг сарлавҳаси ёзилади:
“ ХУДОЙБЕРГАН ДЕВОНОВ”
Кадрни ранги аста ўзгариб, худди архив материалидек оқ-қора тусга киради.

Эп № 2
Турма бошлиғининг хонаси.
ТИТР: 1937 йил 17 август.
Хона деворида Сталиннинг портрети.Курсида сигарета тутатиб ўтирган майор ҳамкасби-НКВД капитанига қараб :
-Ишлар нақадар кўпайиб кетди.Атроф тўла халқ душмани.Тошкентдан, Москвадан тинмай планни қисташгани сайин, хайрият биз ҳам областлардан орқада қолмай вақтида уддалаяпмиз. Айтганча, Хивалик киночини терговга тортишга вақт ҳам бўлмаяпти.Адашмасам унинг уйини сен тинтув қилгандинг.Наҳотки олтинлари топилмади?!
НКВД капитани:
-Қаёқда! Икки соат ҳамма хонасининг тит-питини чиқардик.Фақат бир қўшотар милтиғу бир чемодан алламбало ёзувлар, расмлар чиқди.Балки терговда озгина бураб қўйсак олтинларини ўзи айтиб берар.Хон вазири оиласидан чиққан, зарбхонада ишлаган, буржуа республикасида молия министри бўлган киночида наҳотки олтинлар бўлмаса?!
Турма бошлиғи:
-Кимларинидир тергаб, отиб, кимларнидир Тошкентга этап билан юбориш билан банд бўлганимиздан Девоновни ҳозирча тергов қилолмадик. Ахир кунда план сўрашаяпти Тошкентдан.Ўзи ҳаммаёқ душманга тўлиб кетган эканда. Унга яхшилаб кўз қулоқ бўлиб турибмиз.Ёнига қулоқларимиз ҳам қўйилган. Ахир у керакли одам.Тошкентдагиларнинг айтишича Файзулла Хўжаевдек миллионернинг думи. Балки дастлабки терговни бу ерда қилиб кейин Тошкентга юборармиз. Ходимларимизнинг Девоновга очган маҳбуслик анкетасида Хивадаги уйида ўтказилган тинтув давомида Девоновнинг 90 варақдан иборат ёзишмаси, 230 дона фотосурати ва қўшотар милтиғи, куёви Ҳасан Читгаровнинг Урганчдаги уйи ҳам тинтув қилинганда 20 варақдан иборат ҳужжатлари ва 59 дона фотосурати мусодара қилингани ёзилган.Буларни расмийлаштириб ўзи билан Тошкентга жўнатамиз. Айтингчи ҳамма уни киночи дейишади. Унинг ишлаган фото ва киноларини кўрганмисиз ўртоқ Фатхуллин!
НКВД капитани (Фатхуллин) :
-Қизиқмаганман киноларига.Қаёқдаги қолоқ, чопонга ўралиб Россияга борган хонларини суратга туширганда.Уларни ўйлаган сайин кулгинг қистайди.Тонна-тонна олтинлари бор амиру хонлар ҳарамда маишат қилиб дунёдан бехабар ётаверишган.
Қўйинг шу халқ душманининг киносини. Биз ҳам Сиздек ўртоқ Ленин, Сталин акс этдирилган киноларни кўрамиз.
Турма бошлиғи:
-Тўғри айтасиз! Рус , италия, француз кинолари нақадар зўр! Унинг олдида Хивалик киночига йўл бўлсин! Хонларнинг малайи хонни суратга олгандирда……

Эп№ 3
Экранда Худойберган Девонов тасвирга туширган хонлик даврига оид лавҳалар акс этдирилади.
Эп№ 4.
Хива. Ичан-қаъланинг юқоридан умумий кўриниши. Тасвирда Исломхўжа минораси ва мадрасаси яқиндан кўрсатилади. Минорага яқин жойдаги 20 аср бошида қурилган икки қаватли рус тузем мактабининг олд ва ён кўринишлари. Биринчи қаватда Худойберган Девонов тасвирга олган фотосуратлар экспозицияси. Йирик тасвирда девордаги Девоновнинг дўппи кийган ҳолатдаги оппоқ соқолли сурати кўрсатилади.
Кекса музейшунос ва ёш журналистнинг суҳбати.
Ёш журналист:
— Девоновга бағишланган китоб учун материал тўплашда давом этаяпман. Сиз айтган кинорежиссёр Солий Давлетов ва Девонов сулоласига мансуб Абдулла акалар билан суҳбатлашдим.Тегишли архивлардан ҳам айрим ҳужжатлар нусхасини олдим. Натижада дастлабки мақолани тайёрладим. Тажрибали музейшунос сифатида танишиб чиқсангиз дегандим.
Ёш журналист қўлидаги ҳужжатларни музейшуносга узатади.
Музейшунос суҳбатдошининг қўлидаги беш-олти бет қоғозни олиб ўқий бошлайди:
067— Худойберган Девонов-1878 (айрим манбаларида 1879) йили Хивада, Қадам Ясовулбоши исмли хон амалдорининг мирзаси бўлиб хизмат қилувчи Нурмуҳаммад девон ва Рўзика ая хонадонида таваллуд топганди. Худойберганнинг отаси, айрим манбаларда айтилишича, хон саройида мунший (котиб) ва табиб бўлиб хизмат қилган. Бошқа бир манбада Нурмуҳаммад отанинг Хўжайли туманида ҳоким бўлганлиги айтилади. Худойберган Девоновнинг ворисларидан бўлган Абдулла Юсуповнинг изланишларига кўра, Нурмуҳаммад Хўжайли туманидаги ер-сувнинг бошқарувчиси бўлган. Девоновнинг ўзи 1937 йилда НКВД терговчиларига берган кўрсатмасида Хива туманидаги Бадирхон қишлоғида отасининг 6 гектар ери бўлгани ва у шу ерларни теварак-атрофдаги деҳқонларга бўлиб берганини ҳамда шу ерлардан даромад олганини айтган.
Музейшунос шу тарзда журналист тайёрлаган мақолани ўқишда давом этади. Кадрда Девонов тасвирга туширган Хива хонлигига оид кинолавҳалар, шунингдек фоторасмлар кўрсатилади.
Кадр ортида музейшуноснинг мақолани ўқиётган овози эшитилиб тураверади:
Худойберган Девоновга отасидан мерос сифатида Хива яқинидаги Бадирхон қишлоғида 6 гектар ери, 4 та ҳўкизи ва 2 та оти бор эди. Отаси, кейинчалик Худойберганнинг ўзи ҳам саройдаги ишлар билан банд бўлганлиги сабабли, ерини яримчиларга бериб, келадиган фойда эвазига яшашган.Шу туфайли ҳам унда Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғидаги меннонит немисларидан хусусан фотосуратчи Вильгелм Пеннердан суратга туширишни ўрганишга имконият бўлган.Агарда Худойберган оддий деҳқон ёки этикдўзнинг фарзанди бўлганида, 19 аср охиридаги тирикчилик ташвишидан умри ерга ишлов бериш, оёқ кийим ямаш билан ўтиб кетарди. Сарой мирзосининг оиласида туғилган, ўз даврининг бадавлат оиласи фарзанди бўлгани учун унда ўз қизиқишидан келиб чиқиб Хива яқинида яшовчи меннонит немисларидан Вильгелм Пеннердан фотосуратчиликни ўрганади.
Музейшунос мақолани ўқиётган ана шу эпизодда Вильгелм Пеннер, умуман Хоразмда яшаган немислар акс этдирилган фоторасмлар, Девонов билан Пеннер тушган сурат кўрсатиб ўтилади. Музейшунос мақолани ўқишда давом этади:
Шу боис Худойберган аксарият воҳаликлар каби деҳқончиликка эмас, илму фанга, техникага қизиқди. Мактабда таҳсил олди. Шу билан бирга Хивада кийим-кечак билан шуғулланувчи дўкон очиб, савдо билан машғул бўлди. Техникага қизиқиш устунлик қилгач эса, савдогарчиликни йиғиштириб, соатсозлик билан шуғулландики, бу ўша 19 асрда ҳам катта янгилик бўлиб, фақат хон, унинг баъзи амалдорлари ҳамда Хива хонлигидаги Чор Россияси акскарларидагина соат бор эдики, Девонов уларга соат сотиш, бузилганларни таъмирлаш билан шуғулланди.
Вильгелм Пеннердан 1890 йилдан бошлаб фото, 1907 йилдан эса кино сирларини ўрганган Худойберган, оддий авом кишилар ва мутассиб руҳонийларнинг “Шайтон суратчи”, “Афсунгар киночи” дея қарашларига қарамай, тараққиёт маҳсули бўлган мўъжизавий оламга қадам қўйди.Бу борада уни маърифатпарвар Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 2- Феруз қўллаб-қувватлаганини таъкидламоқ лозим.
Музейшунос мақолани ўқиётган ушбу лавҳада Девонов тасвирга туширган Ферузхоннинг саройдан чиқиши акс этган кинолавҳа ва Хива хонининг фоторасмлари ҳам кўрсатиб ўтилади:
Тарихдан маълумки, 1898 йили Санкт-Петербург шаҳрида Николай 2га тож кийдириш маросими нишонланади ва унда дунёнинг кўплаб мамлакатлари раҳбарлари, шу билан бирга Россиянинг мустамлака ўлкалари, жумладан Хива хони Ферузхон ҳам қатнашади.
Ана шу лавҳада Ферузхон ва бошқа хон амалдорларининг Санкт-Петербургда бўлиши, Николай 2 , умуман 19 аср охири ва 20 аср бошларидаги Петербург акс этдирилган кинолавҳалар, фотосуратлар кўрсатиб ўтилади. Музейшунос кадр ортида мақолани ўқишда давом этаверади:
Адабиёт ва санъат шайдоси, янгиликларга интилувчан Ферузхоннинг Санкт Петербургда бўлиши унинг дунё фан техникасидаги ўзгаришларини кўриб ҳайратланишга олиб келди. Санкт Петербургдек дунё маданиятининг марказларидан биридаги саройлар, ундаги фавворалар, фото ва киносанъатининг тараққий топаётганлиги унда онгида катта ўзгариш ясади. Ана шу боисдан у Худойберганннинг фото ишларига мутассиб диндорларнинг зуғуми боис қаршилик кўрсатмай аксинча Девоновни қўллаб қувватлади.
Бу лавҳада ҳам Девонов фотога олган Ферузхон, унинг оиласи, шаҳзодалар ва бошқа хон амалдорларининг фоторасмлари кўрсатиб ўтилади.Кадр ортида музейшунос мақолани ўқишда давом этаверади:
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидламоқ лозимки, Худойберганнинг бахтига ўша вақтда Хоразм ҳукмдори созанда, бастакор ва шоир Ферузхон эди.Агарки, унинг ўрнида тарих ва тақдир ҳукми билан худди ўтмишда кўп бўлганидек, маишатпараст ёхуд жаҳолатгўй кимса хон бўлганида Худойберган Девоновнинг ишлари умуман олдга силжимаган, кўпгина тараққийпарварлар сингари ҳатто ўлимга маҳкум ҳам этилган, шу тариқа 19 аср охири ва 20 аср бошларида ўзбек фотокиночилигига Хивада асос солинмаган бўларди. Шукрки, унинг ва халқимиз бахтига ва тақдир тақозосига кўра Хива хони Ферузхон эди.Шу боисдан ҳам Худойберганни Феруз саройга ишга олди, ўзи билан бирга 1907 йили Россияга ҳам олиб кетганди.
Мутаассиблик авж олган бир пайтда хоннинг тараққийпарвар маслакдошини қўллаганини ҳам миннатдорчилик билан айтмоқ лозимки, у баъзи шайхулислом ва жаҳолатгўй бандалар Худойберганга фото билан, киночилик билан шуғулланиш гуноҳ дея зуғум ўтказишган пайтларда, ўзи ибрат бўлиб суратга тушди.
Ушбу лавҳада ҳам Девонов тасвирга олган Ферузхоннинг саройдан чиқишига оид кинолавҳа ва бошқа фоторасмлар кўрсатиб ўтилади.

Музейшунос ва тарихчининг суҳбатида овоз эшитилмай фақат нуроний қиёфадаги деворга осиғлик Девоновнинг портрети йирик тасвирда кўрсатилади.
Хоразм мумтоз мусиқасининг кадр ортидаги садоси билан Ичан қаъла акс этдирилган лавҳалар кўрсатилади.
Музейшунос:
-Мақолани яхши ёзибсиз, давр ва Девоновнинг фото ва кинога кириб келишини яхши тасвирлабсиз.
Журналист:
-Фикрларингиз учун раҳмат!.Менда Девонов ҳаёти ва фаолиятидан келиб чиқиб унинг ижодини тўлиқ , замонавий ҳолатда акс этдирадиган янгича музей ташкил этиш таклифи бор. Кечирасизу биринчи қаватдаги фақат деворга осиғлик суратлардан ушбу хона Девонов ижодини тўлиқ акс этдиролмайди.
Музейшунос:
-Менда ва музей раҳбариятида ҳам шундай фикр бор. Биз Нуриллабой саройи мажмуасида Девонов ижодини акс этдирадиган замонавий экспозиция ташкил қилиш режасидамиз.
Музейшунос ва журналист суҳбатида овоз эшитилмай умумий тасвирда Хива, Нуриллабой саройи акс этдирилади.

Эп№ 5
Экранда Сталин даври ва ўша давр қамоқхоналарига оид кинолавҳалар акс этдириб ўтилади.
Урганчдаги қамоқхонанинг зах ва тор хонаси. Хона туйнугидан қуёшнинг ғира-шира нурлари тушиб турибди.Ичкарида Девонов ва яна тўрт нафар киши тиқилинч ҳолда ерга тўшалган чопонлари устида ўтиришибди.
Эллик ёшлардаги соқолига оқ оралаган киши Девоновдан сўрайди:
-Худирган оға, мен билан Сизнинг қолган уч хонадошларимизга қараганда ёшимиз катта.Қолаверса мен бир ой, сиз кечаги кундан буён шу зах хонада жон сақлаб келаяпмиз. Мен Сизни шу хонага кирганингизданоқ танидим. Негаки иккаламиз ҳам Хиваданмиз. Мен Рофаник маҳалласиданман. Исмим Жуманиёз…
Тунда сўрашиш ўнғайсиз бўлди. Қолаверса чарчабсиз шекилли чопонингизни ерга тўшаганча ухлаб қолдингиз. Сизни таниганим Исфандиёрхон замонида Полвон каналини қазиш учун “бегор” қазувга борганимизда бизни кинога олгандингиз.Шунингдек Хива бозорларида ҳам Сизнинг кинонгизга тушганмиз. Ўша вақтларда Сизни кўпчилик киночи бўлганингиздан ташқари хон амалдори сифатида билишар, ҳурмат қилишарди. Эҳ, у замонлар ҳам кўз очиб юмгунча ўтди-кетдида.Буни қаранг энди мана қамоқхонада учрашиб турибмиз.
Девонов индамасдан ўрнидан турдида ёруғлик тушиб турган баланддаги туйнукка қарайди ва хивалик элдошига:
-Бари тақдирдан Жуманиёз биродарим ! Биз сафдошларимиз билан доимо ёруғликка интилдик. Пешонада бор экан, бир элдан бўлиб мана ўзингиз айтгандек қоронғу зиндонда танишиб ўтирибмиз.
Девонов сўзини тугатди-ю чопони устига яна ўтирганча элдошидан сўради:
-Менику таниркансиз, хўш, ўзингиз…сўраш ноқулай-у қандай қилиб бу зах хонага келиб қолдингиз?
Жуманиёз уларнинг суҳбатига қулоқ тутиб чопонларига ёнбошлаб ётган ёшроқ хонадошларига бир зам қараб олдида Девоновга гапиради:
-Менга Худирган оға…номи нима эди..ҳеч эсимда турмайди..Труский дейми..шунинг алдовига учиб, колхозчиларни тў-ри чалғитган деб айб қўйишябди. Умрим арава ҳайдаб ўтган одам бўлсам. Олдинги раис ўғирлик қилиб қамалгач колхозчилар мени сайлашди. “Оғайнилар, қўйинг аравамни ҳайдаб юраверай “ десам кўнишмади. “Сенга ўхшаш ҳалол, талабчан одамлар раис бўлиши керак “дейишди. Мен ҳам эшакни отга алмаштириб пахтанинг орасида юраверибман. Кутилмаганда ўзим номини эшитиб кўрмаганим Трускийнинг думига айланиб ўтирибман. Умримда Хива-ю Урганчдан бошқа жойни кўрмаган бўлсам. Москва умуман тушимгаям кирганмас.
Билганим ва ўзимча ўйлаганим, айбим шуки – май ойида иккинчи маротаба экиб ҳам кўкартиролмаган 6 сотих пахтанинг ўрнига, очлик вақтида ҳар на фойда дея шоли эктирганим.
Девонов суҳбатдошига ва уларга термулиб ўтирган хонадаги йигитларга қараганича индамай ўйга толди.Кўз олдига отаси билан бўлиб суҳбат келди.

Эп №6
Экранда Хиванинг тарихий обидалари тасвири акс этдирилади.
Дешонқаъладаги Девоновларнинг уйи. Эрталабки чой устида ота-бола Нурмуҳаммад ва ёш Худойберган суҳбат қуриб ўтиришибди.
Кексайиб қолган Нурмуҳаммад ўғлига узатган чой пиёлани оларкан:
-Худойберган, мана ёшинг ҳам 20 га кирди.Ўқиб хат-савод чиқардинг. Ер-сувимиз ишларини Жуманиёз маҳрамнинг ўзи бошқараверади.Сен энди замонга мос ҳунар ўргансанг дегандим.
Худойберган :
-Мен ҳам шу ниятдаман ота. Ҳунарманд устадан ҳам, соатсоздан ҳам ақлим етгунича касб сирларини ўргандим.
Нурмуҳаммад:
-Бош вазир Иброҳимхўжа ҳар гал мени кўрганида “ўғлингнинг қўли гул экан , бузилган соатимни узатганига уч йил бўлдики бехато ишлаяпти”, деганида ғурурланиб кетаман, раҳмат ўғлим. Ўзинг энди нимани мўлжаллаяпсан.
Худойберган:
-Ўзингиз биласиз Оқмачитда яшовчи Панор бувадан суратга олишни ўргандим. Мен энди Хоразмдан ҳам бошқа ҳудудларга борсам, савдогарчилик қилиб дунё кўрсам деган ниятдаман. Россия ва бошқа давлатларда энди фотодан ҳам зўр-кино дегани пайдо бўлганмиш.
Нурмуҳаммад:
-Хоразмда “юрган дарё ўтирган бўйра” деган мақол борлигини яхши биласан.Азалдан савдогарлар фақат бойу-бадавлатгина эмас, бар халқ маданиятини бошқа халққа танитувчи, маърифатли кишилар ҳам бўлишган. Мана Полвонниёзҳожи. Шарқ давлатлари ва Россияни кезиб ҳам бой савдогар сифатида элда обрў-эътибор топаяпди, ҳамда Хоразмга маърифат тарқатаяпти-Қозон, Қримдан газета-журналлар, китоблар олиб келиб тарқатаяпти. Агар ҳоҳишинг бўлса сени Полвонниёзҳожига шогирд қилиб бераман.
Экранда Полвонниёз ҳожи Юсупов , Мулла Бекжон Юсупов ва бошқа “Ёш хиваликлар”нинг ва Хива, унинг бозорларига оид фоторасмлар кўрсатиб ўтилади.
Эп№ 6
Урганч шаҳридаги маданият ва истироҳат боғи. Ёш журналист ва Девонов сулоласига мансуб Абдулла Юсуповнинг суҳбати.
Ёш журналист:
-Ўғлингизнинг исми Худойберган эканлиги ва унинг ҳам кинорежиссёр эканлиги қувонарли.Бироқ билишимча Девоновнинг шажарасига оид архив маълумотларига кўра унинг фарзандлари, кейинги ҳаёти фожиали бўлган? Мана бу ҳужжатларга қаранг-а!
Журналист шундай дея Абдулла отага қўлидаги ҳужжатларни узатади.
-Кечирасизу ука кўзойнагим уйда қолибди, малол келмаса ўзингиз ўқиб берсангиз ва мен уни тинглаб кейин изоҳ бераман.
Журналист шундан кейин отанинг қўлидаги ҳужжатларни қайтиб олиб ўқий бошлайди.Тасвирда Девонов, унинг оила аъзолари акс этган фоторасмлар акс этдириб борилади.
-1937 йили Худойберган Девонов хонадони ҳақида берилган маълумотномада унинг оила аъзолари ҳам акс этган. Мана эътибор беринг:
“СПРАВКА
Бериладир ушбу справка 4-участка 4-элатда ўлтурумли Худойберган Девоновга.
Шунинг учунким, мазкурнинг қарамоғидаги жон сонлари:
1.Худойберган Девонов, 58 яшар.
2.Бекажон Девонова, хотини, 62 яшар.
3.Ўғулжон Девонова, укаси, 44 яшар.
4.Онажон Девонова, опаси, 62 яшар.
5.Ҳожи Машарипов, ахтиқи, 15 яшар.
6.Жуманиёз Машарипов, ахтиги, 12 яшар.
юқоридагилар дурусдир.
Сайлов ва сайланув ҳуқуқига моликдир.
Маълумотнома тагига мана муҳр ва маҳаллақўмнинг имзоси қўйилган.
Яна бир маълумотларда Худойберган Девонов ҳаётлик пайтидаёқ унинг Оллаберган ва Тўтижон исмли фарзандлари ҳаётдан кўз юмганликлари айтилади. Балки шу боисдан ҳам Девоновнинг 1920-30 йиллари тушган суратларга разм солсак унда маҳзунлик, соч-соқолининг оқариб кексалик аломатлари эртароқ кўрина бошлаганига амин бўламиз. Ваҳоланки, у ҳатто 1937 йилда қамоққа олинган пайтда бор-йўғи 58 ёшга кирганди.
Абдулла ота хўрсиниб қўйдида журналистга қараб маълумотларга ойдинлик киритди:
-Худойберган Девоновнинг шогирдлари ичида энг иқтидорлиси жияни Юсуф Ҳасанов эди.Қолаверса, биринчи кинооператор уни ўғил сифатида асраб олган, болалигидан уларнинг хонадонида вояга етганди.
Ушбу лавҳада Абдулла Юсупов сўзини кадр ортида давом этдириб, тасвирда Девоновнинг шогирдлари билан тушган фоторасмлари кўринади.
Бора-бора, тоға-жиян, устоз шогирдлар фотосанъатни юксак тараққий этдириб, кўплаб лавҳалар яратдилар.Юсуф Ҳасанов 1934 йили Хивадан Урганчга кўчиб келиб вилоят марказида яшаб ижод қила бошлайди. Девонов қатағон этилганидан сўнг, унинг ишини давом қилдириш, меросини ахтариб топиш ва сақлаш билан ҳам айнан Юсуф Ҳасанов шуғулланади. Биласиз Юсуф Ҳасанов меним дадам бўлган.
Абдулла отанинг кадр ортидан овози фонида Юсуп Ҳасанов ва Девоновнинг бошқа шогирдлари расмлари кўрсатиб борилади.
Мактаб давримда -1955-58 йилларда дадам кўп марталаб ваъдалардан сўнг дойиси- Худойберган Девоновнинг Хива шаҳридаги Партак мавзесида жойлашган уйига олиб борганди.Бу ҳовли Хиванинг Дишонқаъласида, шаҳарнинг жанубий ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, Девоновнинг отаси Нурмуҳаммад девон томонидан 19 асрнинг ўрталарида барпо қилинганди.
Абдулла отанинг кадр ортидан овози фонида Девонов туғилган ва яшаган уйнинг бугунги расми, кинолавҳаси , 1970 йилда С.Давлетов ишлаган фильмдаги Девонов уйига оид лавҳалар ҳам бериб борилади.
Ушбу ҳовлида каттакон учта Хива терс айвони, кўплаб турар жойлар бўлиб, боғ Дешонқаъланинг пахсасидан ғарб қисмида оқаётган Полвонёп сувлари билан суғориларди.Хиванинг ғарб томондаги Жалол дарвозасидан кирсангиз, салгина ўтганда ўша даврнинг ҳашаматли биноси кўзга ташланарди. Жалолдарвозадан ташқарига чиқсангиз Шойимардон пиримиз номи билан аталган қабристон бор.Айнан ана шу қабристон ҳудудида Девоновлар шажарасининг кўплаб вакиллари абадий макон топган…
Абдулла отанинг кадр ортидан овози фонида Хива ва Дешонқаъланинг қадимий обидалари ва Шойирмардон пир қабристонига оид лавҳаларнинг тасвири акс этдириб борилади:
Эп№ 7
Экранда Хиванинг Ичанқаъладаги Кўҳна Арк мажмуаси умумий тасвирда кўрсатилади.
Ёш журналист ва кекса кинорежиссёр Солий аканинг суҳбати.
Ёш журналист:
-Солий ака, кинога қизиқишингиз қачондан бошланган?
Кекса кинорежиссёр Солий ака бир зум Кўҳна Аркнинг ҳашамдор нақшларига кўз югуртириб:
-5-6 ёшлик пайтларимда, яъни 1937-38 йилларда Ҳазораспдаги Юқори Мухомон қишлоғидаги ҳовуз бўйларидаги уй деворига оқ читдан парда ясаб, ўша ерда овозсиз кинолар кўрсатиларди. Оқ читда ҳаракатланаётган одамлар, ажабтовур машиналар, велосипедлар бизга мўъжиза бўлиб туюларди. Баъзи одамлар деворда кўриниб турган одамларни афсунгарлик иши деб қўрқар, айримлар юриб келаётган поезд, машина, велосипед экрандан чиқиб кетади деб ваҳимага берилишарди.Аммо кимдир тик оёқда, кимдир ўтириб олиб ҳайратланганича овозсиз фильмларни кўрарди.
Экранда кекса кинорежиссёрнинг овози фонида 1930 йилларга оид Хоразм қишлоқларининг манзараси акс этдириб борилади:
Мени ҳам ана шу болаликдаги ҳайрат кино оламига киришга ундарди.Уйда бобом, отам, ойим тўртталамиз ёруғлик учун, керосин чироқнинг гоҳ пилигини пасайтириб, гоҳ кучайтириб ўтирганимизда деворга соямиз тушиб, кичрайиб, каттаяр, шунда мен кўзимни юмганча кинода кўрганларимни эслаб, ўзимча кинолавҳалар ижод қилардим.
-1970 йилда ишланган “Худойберган Девонов” фильмингизда биринчи ўзбек киночисининг ноёб тасмаларидан фойдалангансиз, уларни қаердан топгансиз.
-Маълумки, қатағон даврда Девонов “халқ душмани”дея отиб ташлангач, унинг бой мероси ҳам йўққа чиқди.Мен наҳот унинг ҳамма ишлари йўққа чиққан, бирон бисоти қолгандир дея,Хивадаги уйини титиб чиқдим.
Солий аканинг кадр ортидан овози фонида 1970 йилда ишланган ҳужжатли фильмдаги Девонов ҳовлисининг ва бугунги кундаги тасвири кўрсатиб борилади:
Девор ёриқлари, пол тагидаги тешиклардан, уйнинг у ери, бу еридан қийқим-қийқим тасмалар чиқди.Мен ўша Ферузхоннинг саройдан чиқиши, анҳордаги қазув,Хива бозори, Амударёдаги елканли кемалар, ёш кашшофлар, умуман энг ноёб тасма сифатида сақланиб қолган лавҳаларни шу тариқа топиб, фильмга киритганман.
Экранда Девонов тасвирга олган лавҳалар акс этдириб борилади.
Ёш журналист:
-Солий ака! хабарингиз бор Девонов ҳақида дастлаб мақола ёзиш истаги пайдо бўлганди. Ҳужжатларни ўрганган сайин энди очерк китоб вужудга келаяпди. Агар вақтингиз бўлса Сиз ҳам айнан кинорежиссёр бўлганингиздан китобдаги айрим лавҳаларни ўқиб берсам! Айрим эътироз билдиргудек жойлари бўлса фикрингизни айтарсиз.
Кекса кинорежиссёр Солий ака:
-Марҳамат! Шу баҳона устозимиз Девонов ҳаётига яна бир бор разм солиб руҳини шод этган бўлардик.
Ёш журналист:
-Ферузхоннинг 1910 йилдаги ўлимидан сўнг вориси ва ўғли Асфандиёрнинг атрофини жаҳолатгўйлар қамраб олгани, Исломхўжадек тараққийпарвар бош вазирнинг 1913 йилдаги ўлимидан сўнг, Девоновнинг фотокино борасидаги ишларини қўллаб қувватлайдиган инсонлар қамрови камайди. Гарчи Девонов Асфандиёрхон ва унинг амалдорлари суратини ишлаган бўлсада, уларда Ферузхондек янгиликни қўллаб қувватлаш, ташаббускорлик йўқ эди.
Экранда Ферузхон, Исфандиёрхон, Исломхўжанинг Девонов суратга туширган фоторасмлари, Хиванинг тарихий обидалари умумий тасвирда кўрсатилади.
-Аммо Девонов ҳам тараққийпарвар зиёли бўлгани учун 20 аср бошларидаги жадидчиликдек миллий уйғониш ҳаракатига қўшилади.Хоразмлик жадидлар-“Ёш хиваликлар” ҳаракатидаги Полёзҳожи Юсупов, Мулла Бекчон Раҳмонов ва Бобоохун Салимов каби зиёлилар билан маслакдошликда иш олиб борди.
Шу билан бирга хонлик саройида ишини давом этдириб,Хоразм пулларини босадиган зарбхонага мудирлик қилди, Асфандиёрхон, Саид Абдуллахон ҳамда уларнинг оила аъзоларининг, баъзи сарой амалдорларининг ҳам суратларини ишлади, уларга сураткашликни ўргатди.Чунончи, Асфандиёрхон ҳали шаҳзодалик пайтида Фаррух тахаллуси билан ижод қилган шоир географияга ҳам қизиқиб Россия гоеграфия жамиятининг аъзолигига сайланган иқтидорли инсон бўлгани сабаб, Худойберган Девоновдан фотография сирларини ҳам ўрганганди.
Хоразмда унинг яратган янгилиги-фото ва киночиликка гарчи мутассиблар қаршилик кўрсатсада, 1915 йилларга келиб одамлар кўникиб бошлашган эдилар.Шу боисдан у фото ва кинолавҳалар яратиб, Абулғози,Огаҳий ва Баёнийнинг тарихнавислигини давом этдирган ҳолда, ўз даврида рўй берган воқеа-ҳодисаларни фотокинотасмаларга муҳрлаб, тарихчилик вазифасини ҳам бажарган.
Экранда Девонов тасвирга туширган лавҳалар бериб борилади.Кадр ортидан ёш журналистнинг овози эшитилиб туради:
— Эътиборлиси шундаки, Девонов суратга туширган лавҳалар чиройли композициялар, озода кийинган, кинога тушишга шайланиб турган кишилар эмас, ҳаётнинг тасмадаги аксидир.Энг ҳайратланарлиси, бирорта яратилган лавҳада кишиларнинг объективни сезгани, нигоҳини, юриш-туришини ўзгартиргани, яъни сунъий ҳаракат этгани сезилмайди.
Айниқса, мутаассиблар таъсирида авом одамлар суратга тушмоқликка ҳаракат қилган, қўрққан онларда, уларни бунга кўндириш қийин эди.Уларнинг муҳитига кириб, бу аппаратлар тараққиёт натижаси эканлигини тушунтиргани, одамларни фотокиноаппаратлар олдида эркин ҳаракат қилишга одатлантира олгани Девоновнинг нафақат оператор ёки сураткаш, балки билимдон режиссёр бўлганиниям кўрсатади.Шу билан бирга у одамларни тўплаб, ўзи олган кинолавҳаларни намойиш этиб, киносеанс ҳам ўтказиб турганки, бу кинони 20 аср бошларида кенг оммага тарғиб этган тараққийпарварлик ҳам бўлган.
Кекса кинорежиссёр Солий ака:
-Дўстим нафақат тарихий жараёнларга, балки Девоновнинг киночилик фаолияти шакланишига ҳам етарлича эътибор қаратибсиз! Зеро, 20 аср бошидаги хонлик тузуми шароитида бу даражада одамларни кинога кўниктирмоқ, лавҳалар ишлаш осон бўлмаган.
Экранда Девонов тасвирга туширган хонлик даврига оид лавҳалар кўрсатиб ўтилади.
Эп № 8
Тошкентнинг 1930 йилларга оид лавҳалари кўрсатилади.
ТИТР: “1937 йил 30 ноябр” ёзуви. Қора, бўртма ҳарфлардаги “1937” санасида ва ёзувдан қон сачраб турган ҳолат акс этдирилади.
Тошкент қамоқхонасининг ички кўриниши.
Тўрдаги деворда Сталин расми.
НКВД кийимидаги терговчи столни айланиб сигарет тутатганича Девоновни ёнига яқинлашадида унга қарата :
— Сиз Ўзбекистон ССР жиноят кодексининг 66-моддаси бўйича айбланасиз.Марҳамат ўз айбингизга иқрор бўлиб Ўзбекистонга раҳбарлик қилган “халқ душман”лари Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовлар билан қандай алоқангиз борлиги ҳақида тушунтириш ёзиб берсангиз.
Девонов:
-Ўртоқ терговчи! мен Сиздан эшитаяпман Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовларнинг “халқ душмани” эканлигини.Ахир Файзулла отасидан қолган бор бойлигини ана шу халқ, давлат учун тобширдику!? Қанақасига “халқ душмани” бўлади у ?
Терговчи:
-Демак “халқ душмани”нинг ёнини олаяпсиз?!
Девонов:
-Сизга гапирган, тушунтирганнинг фойдаси йўқ эканлиги кўриниб турибди.
Терговчи:
-Менга тушунтирманг! Бу ерда мен буйруқ бераман! Мана қоғоз! Акмал ва Файзулла Сиздек хон амалдорига пенсия тайинлагани, улар билан алоқангиз ҳақида ёзинг!
Девонов оғир хўрсиниб қўйдида деворга осиғлик Сталин суратига бир зум термулиб қаради ва индамай турдида олдидаги қоғозга ёза бошлади:
— …1936 йили ёки 1935 йилнинг сентябрь ойида Акмал Икромов Урганчга келган. Уни фотограф сифатида суратга олишим учун мени обком котиби Исроиловнинг уйига таклиф қилишди. Борсам, у ерда Икромов ўтирган экан. У мени кўриб: “Кексайиб қолибсиз”, деди ва ўша ерда тик турган Хоразмнинг раҳбарларидан Исроилов, Ҳасанов, Қориев ва бошқаларга қараб, бундай деди: “Девонов қариб қолипти, унга нафақа белгилаш масаласида ижроқўмда ҳужжатларни расмийлаштириб, бизга, Тошкентга юборинглар. Биз унга ойлик нафақа тайинлаймиз”. Шу ҳодисадан кейин мен бевосита округ халқ маориф бўлими раиси Раҳмоновга мурожаат этиб, унга Икромовнинг топшириғини етказдим… Тошкентда Берегин менга: “Файзулла Хўжаев орқали расмийлаштиринг”, деди ва дарҳол Файзулла Хўжаевнинг котиби Абдуллажоновга қўнғироқ қилиб, қабул кунини белгилаб беришини айтди.
Роса уч кундан кейин менга 300 сўм ойлик нафақа бериш ҳақидаги Халқ Комиссарлари Советининг Файзулла Хўжаев имзо чеккан фармойиши қўлимга тегди.
Терговчи:
-Бу айбингизга иқрор бўлди дегани эмас.Бугунча хонангизга бориб ўйлаб кўринг.Эртага терговни давом қилдирамиз.
Экранда Девоновни олдига солиб хонадан олиб чиқаётган аскар тасвири берилади. Терговчининг жаҳл билан сигаретаси кулини стол устига эзғилаётгани катта қилиб кўрсатилади.
Эп№ 9
Бугунги Урганчнинг ва шаҳардаги истироҳат боғининг умумий тасвири кадрда кўрсатилади.
Ёш журналист ва Абдулла Юсуповнинг Урганч шаҳри истироҳат боғидаги суҳбати.
Абдулла Юсупов:
-Ука, Сиз Девонов ижодий фаолиятини ўрганиш билан бирга, ҳаётининг сўнгги йиллари қатағон даврига тўғри келгани боис, қолаверса ўзи ҳам шу давр қурбони бўлгани учун айнан шу замонга оид ҳужжатларни ҳам ўргансангиз дегандим.
Ёш журналист:
-Бу борада изланишлар олиб бориб кўплаб ҳужжатлар тўпладим. Агар ҳоҳласангиз шу даврга оид айрим эътиборли ҳолатларни бўлажак китобимдан ўқиб берсам!
Абдулла ота:
-Сиз шундай савобли, тарихнинг бизга қоронғи бўлиб келган кунларини ёритасизу мен тингламайманму! Марҳамат жон деб эшитаман.
Журналист сумкасидан бир даста қоғозларни олиб шошилмай ўқий бошлайди:
— Тарихнинг ҳасратли зулмкор ана шу қатағон даврида Хоразмлик кўплаб ижод аҳли ҳам қатағон жабрини чекишади.
Журналист мақоласини ўқиётган вақтида кадрда 1930 йилларга оид Сталин портрети, қатағон даврига оид кинолавҳалар, фотосуратлар, “Учлик”нинг айрим ҳужжатлари, қамоқхонанинг тасвири бериб борилади:
-Хивалик Партав тахаллуси билан танилган шоир Ота махсум Муҳаммад Латиф ўғли ҳам 1937 йилда қатағон домига тушади. Бунга сабаб, Тошкентдаги Республика ижодий уйида услубиятчи бўлиб ишлаётганида унинг танишлари олдида айтган «Тухачевский яхши саркарда эди» дея бир оғиз гапи эди. Қамоқхонада яна унга араб алифбосининг лотин, рус алифбосига ўзгарган йиллари бунга қарши бўлгани, асарларини ҳамон «эскилик сарқити»—арабчада ёзаётганиям айб қилиб қўйилади ва 1943 йилгача Тошкент, Пахтаорол, Қарағанда турмаларида азоб чекиб ётади.
Партавнинг устози— Хоразм вилоят театрида ишлаётган Комилжон Исмоилов(Девоний) ҳам қатағон авжига чиққан йили айтган гапи боис қамоққа олинади.Яъни, 1937 йилда театрда кечқурун спектакль намойиш этилаётганда чироқ ўчиб қолади. Шунда Девоний, «Ильич чироғи» ўчган билан худойимнинг «чироғи»—осмонда ой ва юлдузлар ёруғлик сочиб турибдику» деб айтади. Унинг ёнидагиларга айтган бу сўзи НКВДга етказилиб, Девоний «Ленинни ҳақорат қилди, худони мақтади» деган айб билан қамоққа олинади.
Ёки,Қуржи ота тахаллуси билан танилган кекса санъаткор Қурбонниёз Авазмат ўғлига «Хонлар саройида қўшиқ айтгансан» деган айб қўйилиб қамашга келганларида, у яхшилар шарофати билан қочиб, номини ўзгартирганича Манғит,Тошҳовуз сингари чекка жойларда яшириниб юришга мажбур бўлади.

Журналистнинг овози фонида кадрда қатағон даврига оид кинолавҳалар ва фотосуратлар бериб борилади.
Энди бевосита Хоразмда ўтказилган қатағон сиёсатига қайтадиган бўлсак,аслида қатағон давридаги тозалашга олдин «фатво» берилган—1923 йилнинг 12 июн куни Москвада бўлган РКП(б)нинг тўртинчи йиғилишида И.В.Сталин нутқ сўзлаб, унда шундай таҳдидона фикрларни билдириб ўтганди: » …Хоразм ва Бухоро ҳақидаги нутқимга қайтаман. Хоразм тўғрисида хоразмлик вакиллар бугунги йиғилишда қатнашмаётганлиги сабабли гапириб ўтирмайман.Қўлимдаги материаллар билангина Хоразмдаги партия, давлат ишини баҳолаш адолатдан эмас.Бу ерда Хоразм тўғрисида Бройдо (Бройдо — 1920-1921 йилларда РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили бўлиб ишлаган.) нима деган бўлса, буларнинг ҳаммаси ўтмишга таауллуқлидир. Хоразмнинг келгусидаги аҳволи учун бу катта аҳамиятга эга эмас.
Партия тўғрисида Бройдо партия аъзоларининг 50% савдогарлар ва бошқалардир деди. Балким бу ўтмишда шундай бўлгандир.Лекин Хоразмда ҳозирги пайтда тозалаш олиб борилаяпти. Ҳали Хоразмга бирорта партия билети берилган эмас. Партия тўғрисида тозалашдан кейин гапирса бўлади. Айтишларича, Хоразмда бир неча минг партия аъзоси бор. Ўйлайманки, тозалашдан кейин у ерда 100дан ортиқ партия аъзоси қолмайди.Бухорода ҳам ўтган йили шундай аҳвол мавжуд бўлиб, 16 минг партия аъзоси бор эди. Маълумки, тозалашдан кейин 1000дан зиёд партия аъзоси қолди.»
Сталиннинг бу фикри кўп йиллар давомида дастуриламал вазифасини ўтади.Натижада жойларда тозалаш, коллективлаштиришга қарши бўлган мулкдорларни «қулоқ», «ёт унсур» дея қамаб, сургун қилиш, эркин фикрли, эътиқодли инсонларни таъқиб қилиш авж олди.
Биргина 1929 йилда хонлик даврида қозикалон, Хоразм Халқ Республикаси даврида адлия нозири бўлган Бобоохун Салимов, 1907-1912 йилларда Истамбул университетида ўқиган, кейинчалик ХХР маданият нозири бўлиб ишлаган мулла Бекчон Раҳмоновлар жадид зиёлиси сифатида ўз уйларида отиб кетилади.
Ана шундай қалтис бир вазиятда бегуноҳ қатағон бўлаётган инсонларни ажал домидан сақлаш мақсадида, кўпдан – кўп кишилар ноҳақ туҳмат, турли гумонлар билан азоб чекаётганликларини,Ўзбекистон комсомол қўмитасининг саркотиби Исроил Ортиқовгина айта олган.
У 1932 йилнинг 23 августида бўлиб ўтган ёшлар анжуманида мардлик билан беайб қатағон қилинаётган одамларни ажал домидан қутқаришга интилади: » Мана сизларга ахлоқ тузатиш уйида бўлиб ўтган бир факт.Бу ерда 15 ёшида 3 йиллик қамоқ жазосига ( бу тўғриси даҳшат) ҳукм қилинган бир бола ўтирибди.Бу бола ҳозиргача қамалиб ётиб, ёши 17 га етган. 16 ёшдаги бир бола бўлса, от ўғирлаб кетаётган одамни кўрган, лекин ўғрини ушлаш қўлидан келмаган,аммо ўғрини кўрганини сўзлагани учун қамалган.Ёки бир отни миниб айланиб юрганлиги учун, телба бўлиб қолган ўзбек аёлини қамашган.Шифокор бу хотиннинг телбалиги, уни суд қилишга қонун йўл қўймаслиги ҳамда уни тезлик билан озод қилиш зарурлигини кўрсатиб тушунтириш хати берсада, прокурор уни қабул қилмаган.
Янги Урганч қамоқхонаси бошлиғи, партия аъзоси, «Қизил Меҳнат» нишони билан мукофотланган Матчонов қонунларнинг бузилишига йўл қўйган.Бу киши қамоққа яқин қариндошларини кўриш учун келадиган хотинлар чиройли бўлса, аввал қамоқхона бошлиғи олдига киришни ёзилмаган қонун даражасига чиқарган.Аёлларга шундан кейингина ўз қариндошларини кўришга ижозат берилган.
Ёки, бир камбағал бечора эса заём учун 10 сўм қарздор бўлган, унинг камбағаллиги инобатга олиниб, қарзни тўлаш бир ҳафтага кечиктирилган.Шундай бўлса ҳам шу иш учун бу камбағални аксилинқилобчиликда айблаб суд қилганлар»дея ёшлар анжуманида минбардан туриб жасорат билан нутқ сўзлайди.
Шунингдек, Исроил Ортиқов, маданий турмуш каби сиёсатлар натижасида меҳнаткашларнинг аҳволи оғирлашаётганини, турмуш шароити ортга қараб кетаётганини, айирмачилигу шовинизм авж олиб, ишга қабул қилишда ҳам бунга эътибор қаратилаётганлигини танқид қилиб, дадиллик билан айта олган:
«Байналминал тарбия деймизу, колхозга қозоқларни қабул қилмаслик, ёғ заводи ва бошқаларга улуғ рус давлат шовинизми каби муносабатлар бўлган чиқишларни кўрамиз» деб алоҳида таъкидлаб ўтади.
Шу каби ўша даврда авж олган маданий турмуш даражасида яшаяпмиз деган ақиданинг ҳам нотўғрилигини айтади: «Мен бир уй билан танишдим. Мана шундай бир том тагида бўлган қоронғи, зах уйларда бир хонада хотинлар яшайди, иккинчи хонада эркаклар яшайди, булар билан бир қаторда отхона жойлашган. Ушбу одамлар ёнида от, туя, ҳўкиз, эшаклар боғланган. Ҳамма бинолар лойдан, тупроқдан ишланган бўлиб, ёғочдан ишланган иморатлар бутунлай йўқ».
Кўрганингиздек, ҳамма ёппасига «ура» деб турган, қатағон авжига чиққан пайтда жамиятни, қолаверса рус-совет шовинизмини танқид қилиш учун ҳаммадаям журъат, метин ирода топилавермасди.Исроил Ортиқов эса буни минбардан туриб ёшлар анжуманида ҳақиқий аҳволни, совет тузумининг нақадар қирғинбарот эканлигини дадил, баралла айта олган.
Гарчи, ушбу нутқи билан Исроил Ортиқов қатағон «машинаси»ни тўхтатиб қололмаган бўлсада, ноҳақдан айбланаётган инсонларни ажал домидан қутқаришга интилган, ўз даврининг мудҳиш сиёсатини ҳаққоний танқид қила олган. Бу советларнинг ситамли, хусусан, Сталиннинг қатағон сиёсати авж олган даврда рўй бераётган камчиликларни ҳаққоний, минбардан туриб айтилган ягона ҳодиса деса ҳам бўлади.
Афсуски, шундай шижоатли инсоннинг ўзи ҳам 1937 йил 14 октябрда ҳибсга олиниб,1938 йил 5 октябрда, ўзи баҳо берган ноҳақликлар қурбони бўлди—“халқ душмани” дея отувга ҳукм этилади.
Журналистнинг овози фонида қатағон даврига оид кинолавҳалар ва фотосуратлар бериб борилади.
Абдулла Юсупов:
-Мана қаранг, давр қандай даҳшатли бўлган! Сизга раҳмат халқимизнинг ана шундай ҳасратли даврини китоб қилаяпсиз.Энди Девоновга оид ҳужжатлар билан ҳам танишиб чиқсангиз яхши бўларди.
Эп № 10
Тасвирда Тошкент шаҳрининг бугунги замонавий кўриниши ва Юнусободдаги қатағон қурбонлари музейи тасвири берилади. Музей ичида ёш журналист ва Абдулла Юсупов, кекса кинорежиссёр Солий Давлетовлар айланиб юришибди. Кадрда музейнинг хоналари тасвири кўрсатилади ва учала ҳамроҳнинг ўзаро суҳбатлари берилади:
Ёш журналист:
-Абдулла ота, архив ҳужжатларида Девонов устидан бўлган суд 1938 йилнинг 5 октябрида бўлгани ёзилган экан.
Абдулла Юсупов:
-Бундан хабарим бор. Ўша куни ўзбек халқининг энг тараққийпарвар зиёлилари бўлган Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар қатори Худойберган Девонов ҳам отишга ҳукм этилган.
Ёш журналист:
-1938 йил 5 октябр куни эрталаб соат 10 дан 35 дақиқа ўтганда Тошкентда бошланган машъум суд 20 дақиқа давом этиб, унда Девонов тақдири ҳал этилади-биринчи ўзбек фото ва кино оператори, режиссёри, ана шу санъатларнинг тарғиботчиси Худойберган Девонов отишга ҳукм этилади.Ҳукм ўша даврдаги одатий тарзга кўра шошилинч ижро ҳам этилган…. Ҳукм Тошкентнинг Юнусобод туманидаги қатлгоҳда ижро этилди.
Абдулла Юсупов:
-Мен ҳали советлар давридаёқ Девонов ҳаётининг қамоқдаги даврига ойдинлик киритишни истаб прократура ва бошқа
ташкилотларга мурожаат қилганман.Фақат 1991 йилдан кейингина машъум 1937 йил воқеасига тўла ойдинлик киритилди.
Солий Давлетов:
-Афсуски мен Девонов ҳақида фильмни ишлаган 1970 йилда бу давр фожиаларини бериш мумкин эмасди. Шундай бўлсада хотини Бикажон аянинг “буни 1937 йил дейдилар” деган иборасинигина фильмга киритолганман.
Солий Давлетовнинг овози фонида кадрда Бикажон Девонованинг С.Давлетов ишлаган киносидан лавҳа ва унинг “буни 1937 йил дейдилар” деган маҳзун сўзлари берилади.
Эп № 11
Кадрда Хиванинг бугунги кўриниши ва Ичан қаъладаги тарихий обидалар, шундан сўнггина Нуриллабой саройининг ташқи ва ички кўринишлари тасвири берилади.
ТИТР: “2019 ЙИЛ “ ёзуви
Музейшунос ва ёш журналистнинг Нуриллабой саройи олдидан ичкарига кириб боришлари кўрсатилади.
Музейшунос:
-Мана Девонов ижодий меросини тўлиқроқ ёритиш имконияти пайдо бўлди. Кўриб турганингиздек, Девонов ҳаёти ва ижоди Нуриллабой саройидаги экспозицияда акс этдирилди.
Кадрда экспозиция билан танишиб юрган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар тасвири, уларнинг Девонов суратга олган фотолар ёнидаги суҳбатлари кўрсатиб борилади.
— Энди ижодкорнинг Дешонқаъладаги уй-музейига ҳам эътибор қаратсак, ижодини тарғиб қилсак, у ҳақда китоблар чоп этилиб хорижий тилларга таржима қилдиролсак Девоновнинг умрибоқийлигига сабабчи бўлардик.Айтмоқчи ўзингиз у ҳақда китоб ёзишни бошлагандингиз, нашр ишлари якунланай дедими?
Ёш журналист сумкаси ичидан китобни қўлига олади.
Кадрда журналист қўлидаги китоб муқоваси ва ундаги Девонов тасвири, “Худойберган Девонов” ёзуви кўрсатилади .
Ёш журналист:
-Мана Сизга совға! Ундаги маълумотларни тўплашда ёрдамингиз теккани учун раҳмат!
Музейшунос:
-Табриклайман! Балки ушбу китобни хорижий тилларга таржима қилдирсак, кейинги нашрларига Девонов тасвирга олган фотоларни илова қилсак ўйлайманки янада эътиборли бўларди.
Кадрда музейшунос қўлидаги китоб ва журналистнинг ёнма-ён бориши кўрсатиб борилади.Иккала ҳамроҳ экспозиция хонасидаги Девоновнинг ишлаган кинолавҳалар намойиши олдига келишади.
Ёш журналист:
-Менимча Девонов мавзусини янада оммалаштириб энди Девонов ҳақида кино ишламоқ керак.
Музейшунос:
-Бу ғоятда зўр таклиф. Ахир киночи ҳақида кино ишлаш нақадар жозибали бўлади.Негаки Худойберган Девонов нафақат ўзбек киносининг асосчиси, балки дунё миқёсидаги дастлабки кинорежиссёрларидан. 1907 йилда, хонлик тузуми шароитида ўз ҳаётини фидойиларча кинога бағишлашнинг ўзи жасорат эди.
Кадрда Девоновнинг ўйчан ҳолатда турган портрети катта тарзда , яқиндан акс этдирилади. Кейин Девонов ишлаган кинолавҳалар кўрсатиб турилади.

ТАМОМ

033Xudoybergan Devonov-1878 (ayrim manbalarida 1879) yili Xivada, Qadam Yasovulboshi ismli xon amaldorining mirzasi bo’lib xizmat qiluvchi Nurmuhammad devon va Ro’zika aya xonadonida tavallud topgandi. Xudoyberganning otasi, ayrim manbalarda aytilishicha, xon saroyida munshiy (kotib) va tabib bo’lib xizmat qilgan. Boshqa bir manbada Nurmuhammad otaning Xo’jayli tumanida hokim bo’lganligi aytiladi.

Umid BEKMUHAMMAD
XUDOYBERGAN DEVONOV
Badiiy publitsistik filьm stsenariysi


Ep№ 1

Tun. Gujum va tut daraxti oldidagi hovli.Atrofdan itlarning vovullashi eshitiladi.

TITR: 1937 yil 30 iyun.

Hovli oldida NKVD kiyimidagi uchta kishi turibdi. Oldinda turgan yoshi kichikrog’i zarb bilan eshikni qattiq itarganidan eshik ochiladi va ular ichkariga kirishadi.Eshikning sharaqlab ochilgani va oyoq tovushidan uy ichidagilarning “ kim? “ degan tovushi eshitiladi. Ko’zoynak taqqan Devonov fonarni yoqib xavotirlanganicha ular oldiga chiqadi va NKVD kiyimidagilarni ko’rib og’ir xo’rsinadi.
NKVD kapitani kiyimidagi mo’ylovli kishi Devonovning yuziga fonarni tutib unga o’zbekchani tatarcha talaffuzda:
— Siz O’zbekiston SSR jinoyat kodeksining 66-moddasi bilan ayblanasiz, mana uyingizni tintuv qilish haqidagi order!
( U shunday deya sumkasidan olgan qog’ozni Devonovga uzatadi.)
Devonov indamay ko’zoynagini olganicha og’ir xo’rsinib ko’zlaridagi yoshni siypalaydi va xonadagi kursiga indamay o’tiradi. Shovqindan cho’chib Devonov oldiga boshiga ro’molini o’raganicha xotini Bikajon va singlisi O’g’iljonlar kelishadi.
Devonov xotiniga qarab ovozi titragan holatda:
-Bibish menga suv bergin!
NKVD kapitani o’shqirgan ovozda:
-Uyda tintuv boshlanguncha tashqariga chiqish ta’qiqlanadi.
Kapitan hamrohlariga qarab:
-Tintuvni boshlang! Uy ichidagilar tashqariga chiqarilmasin.
NKVDchilardan kaltarog’i dastlab kapitan va Devonov turgan xonadagi sandiq ustidagi ko’rpachalarni tushira boshlaydi.Biroz o’tib sandiqni ochadi va uning ichini titkilaydi. Semizroq ikkinchi NKVDchi qo’lidagi fonarni yoqqanicha qo’shni xonaga kirib ketadi.Atrofdan polga itqitilayotgan narsalarning, tashqaridan esa itlarning vovullagan tovushi eshitiladi.
Devonov xona o’rtasidagi kursida orderni ushlaganicha indamay o’tiribdi.Xotini va singlisi yig’lamsiragan holatda Devonovga termulishadi.
Kapitan cho’ntagidan sigaretasini olib gugurt bilan uni tutadi va baqrayganicha kulimsirab Devonovga qaraydi.Kapitan xonani aylanib bir Devonovga, bir sandiqni titayotgan kasbdoshiga qarab sigareta tutinini burqsitganicha qo’pollik bilan :
-Devonov! Namuncha xo’rsinmasang! Kuning bitganini sezdingmi? Yo oltinlaring sho’ro hukumatiga o’tishidan qo’rqayapsanmi? Gapir nega indamaysan?! Axir sen xon zamonlarida zarbxonada ishlagansan, burjua respublikasi davridayam mansabdor bo’lgansan. Xon bilan, burjuy hamtovoqlaring bilan Moskva va Leningradni kezgansan! Bunga qancha mehnatkashlarning puli sarflangan.
Otangdan qolgan yeru mulk, do’konlaring bo’lgan! O’zingni niqoblash uchungina kino va foto bilan shug’ullangansan. Sen xalq dushmanisan!
Devonov indamay o’rnidan turadi va qo’lidagi orderni polga tashlab, oldida baqrayib turgan kapitanga vajohat bilan mag’rur boqadi. Devonov yuz ko’zida nafrat yaqqol aks etadi. Sukunat.
Sukunatni narigi xonadagi NKVDchining hovliqqanicha “Mana boshliq! Xazinasini va qurolini topdim” degan tovushi eshitiladi. Tovush ortidan qo’liga eski chemodan va qo’shotar miltiqni ushlab o’zi ham kirib keladi. Chemodanni ko’rib sandiqni titkilayotgan NKVDchi ham tintuvni to’xtatganicha kapitan yoniga keladi.
Kapitan Devonovga qarab:
-Qo’shotar saqlaganini qaranglar buning! Balki bosmachilar bilan ham aloqang bo’lgandir. Hali aniqlaymiz buni.
Kapitan hamkasbiga buyuradi:
-Chemodanni och! Balki xon amaldorining oltinlari bordir!
NKVDchi shoshib chemodanni ochadi. Undan arab va lotin yozuvidagi xatlar, fotosuratlar chiqadi.
Kapitan va hamrohlari o’rtadagi chemodanga termulishadi.Kapitan fotolarni qo’liga ushlab ko’radi.
Kapitan Devonovga qarab :
-Mana aytmadimmi xon malayi bo’lgansan deb.Suratlarni qara!?
U shunday deya Feruzxonning suratini Devonov yaqiniga olib borib o’shqiradi:
-Mana gapimning isboti! Xon malayi bo’lganingdan so’ng uning rasmlarini chemodanda avaylab saqlayapsanda! Balki mana bu ( u chemodandagi arabcha yozuvlarga ishora qilib) xatlarda xonning oltinlari haqidagi yashirin gaplar bordir?!
Kapitan rasmni hamkasbiga berib buyuradi:
-Chemodanni xuddi o’zidek yaxshilab berkit.Ishxonada bularga aniqlik kiritamiz.
Ikkala NKVDchi tintuvni davom etdirishadi.
Kalta NKVDchi qo’liga fonarni ushlaganicha narigi xonaga chiqib ketadi. Xonani fonarning yorug’i yoritib turibdi. Hammayoqdan chang to’zon ko’tarilgani ko’rinadi. Pechning ichini ochib eski lattani paypaslab ko’radi. Qo’liga qattiqroq tekkanidan atrofga alanglab lattaga o’ralgan bilaguzukni topadi va jilmayganicha uni darrov shimining cho’ntagiga yashiradi.
Devonov, ayollar va tintuv bo’layotgan xona.
Kapitan sandiqdan pastga irg’itilgan ko’rpalarni etigi bilan bosqilab ikkinchi sigaretani tutadi.
Devonov xotini va singlisini bag’riga bosib tik turganicha NKVDchilarning harakatini kuzatib turadi. Ayollarning yig’lamsiragan, xo’rsingan tovushi.
Kapitan hamkasblariga buyuradi:
-O’zlaringizga ma’lum kerakli narsalarni doimgidek yig’nashtiringlar.Ketamiz!
Kapitan Devonov yoniga yaqin keladida unga qarab tirjayganicha:
-Sen ham biz bilan ketasan!
Xotini va singlisi eshik yonidagi ilgichdan chopon va cho’girmasimon telpagini olib yig’lamsiragancha Devonovga berishadi.
Kapitan:
-Hozir yoz bo’lsa, kun issiq.Chopon va cho’girma nega kerak?-u shunday deya ayollarga yuzlanadi. Keyin choponini va cho’girmasini olayotgan Devonovga qarab tirjayganicha:
-Mayli ola qol! Axir sen xon saroyiga emas, turmaga ketayapsan!
Bibijon va O’g’iljon yig’lab Devonovni quchoqlashadi.Devonov ularning boshini siypalaganicha indamay turadi.
Kalta NKVDchi qo’liga qurolini olib Devonovni oldiga solganicha tashqariga chiqadi. Uning izidan kapitan va ikkinchi NKVDchi chemodan va boshqa buyumlarni olib chiqishadi.
Ichkaridan O’g’iljonning yig’lab:
-Og’aginam! Nega Sizni qamashayapti? Sizning qanday gunohingiz bor axir sho’rolar oldida? Qanday zamonlarga kunimiz qoldi?! –degan tovushi eshitiladi.
Kapitan orqasiga qarab o’shqiradi:
-Zamonga, sho’rolarga til tekkizma. Endi kinochi akangni tushingda ko’rasan!
Mashinaga o’tqazilgan Devonov va NKDVchilar ketgach atrof yana tun qorong’usi bilan qoplanadi.

Ekranda filьmning sarlavhasi yoziladi:
“ XUDOYBERGAN DEVONOV”
Kadrni rangi asta o’zgarib, xuddi arxiv materialidek oq-qora tusga kiradi.

Ep № 2
Turma boshlig’ining xonasi.
TITR: 1937 yil 17 avgust.
Xona devorida Stalinning portreti.Kursida sigareta tutatib o’tirgan mayor hamkasbi-NKVD kapitaniga qarab :
-Ishlar naqadar ko’payib ketdi.Atrof to’la xalq dushmani.Toshkentdan, Moskvadan tinmay planni qistashgani sayin, xayriyat biz ham oblastlardan orqada qolmay vaqtida uddalayapmiz. Aytgancha, Xivalik kinochini tergovga tortishga vaqt ham bo’lmayapti.Adashmasam uning uyini sen tintuv qilganding.Nahotki oltinlari topilmadi?!
NKVD kapitani:
-Qayoqda! Ikki soat hamma xonasining tit-pitini chiqardik.Faqat bir qo’shotar miltig’u bir chemodan allambalo yozuvlar, rasmlar chiqdi.Balki tergovda ozgina burab qo’ysak oltinlarini o’zi aytib berar.Xon vaziri oilasidan chiqqan, zarbxonada ishlagan, burjua respublikasida moliya ministri bo’lgan kinochida nahotki oltinlar bo’lmasa?!
Turma boshlig’i:
-Kimlarinidir tergab, otib, kimlarnidir Toshkentga etap bilan yuborish bilan band bo’lganimizdan Devonovni hozircha tergov qilolmadik. Axir kunda plan so’rashayapti Toshkentdan.O’zi hammayoq dushmanga to’lib ketgan ekanda. Unga yaxshilab ko’z quloq bo’lib turibmiz.Yoniga quloqlarimiz ham qo’yilgan. Axir u kerakli odam.Toshkentdagilarning aytishicha Fayzulla Xo’jayevdek millionerning dumi. Balki dastlabki tergovni bu yerda qilib keyin Toshkentga yuborarmiz. Xodimlarimizning Devonovga ochgan mahbuslik anketasida Xivadagi uyida o’tkazilgan tintuv davomida Devonovning 90 varaqdan iborat yozishmasi, 230 dona fotosurati va qo’shotar miltig’i, kuyovi Hasan Chitgarovning Urganchdagi uyi ham tintuv qilinganda 20 varaqdan iborat hujjatlari va 59 dona fotosurati musodara qilingani yozilgan.Bularni rasmiylashtirib o’zi bilan Toshkentga jo’natamiz. Aytingchi hamma uni kinochi deyishadi. Uning ishlagan foto va kinolarini ko’rganmisiz o’rtoq Fatxullin!
NKVD kapitani (Fatxullin) :
-Qiziqmaganman kinolariga.Qayoqdagi qoloq, choponga o’ralib Rossiyaga borgan xonlarini suratga tushirganda.Ularni o’ylagan sayin kulging qistaydi.Tonna-tonna oltinlari bor amiru xonlar haramda maishat qilib dunyodan bexabar yotaverishgan.
Qo’ying shu xalq dushmanining kinosini. Biz ham Sizdek o’rtoq Lenin, Stalin aks etdirilgan kinolarni ko’ramiz.
Turma boshlig’i:
-To’g’ri aytasiz! Rus , italiya, frantsuz kinolari naqadar zo’r! Uning oldida Xivalik kinochiga yo’l bo’lsin! Xonlarning malayi xonni suratga olgandirda……

Ep№ 3
Ekranda Xudoybergan Devonov tasvirga tushirgan xonlik davriga oid lavhalar aks etdiriladi.
Ep№ 4.
Xiva. Ichan-qa’laning yuqoridan umumiy ko’rinishi. Tasvirda Islomxo’ja minorasi va madrasasi yaqindan ko’rsatiladi. Minoraga yaqin joydagi 20 asr boshida qurilgan ikki qavatli rus tuzem maktabining old va yon ko’rinishlari. Birinchi qavatda Xudoybergan Devonov tasvirga olgan fotosuratlar ekspozitsiyasi. Yirik tasvirda devordagi Devonovning do’ppi kiygan holatdagi oppoq soqolli surati ko’rsatiladi.
Keksa muzeyshunos va yosh jurnalistning suhbati.
Yosh jurnalist:
— Devonovga bag’ishlangan kitob uchun material to’plashda davom etayapman. Siz aytgan kinorejissyor Soliy Davletov va Devonov sulolasiga mansub Abdulla akalar bilan suhbatlashdim.Tegishli arxivlardan ham ayrim hujjatlar nusxasini oldim. Natijada dastlabki maqolani tayyorladim. Tajribali muzeyshunos sifatida tanishib chiqsangiz degandim.
Yosh jurnalist qo’lidagi hujjatlarni muzeyshunosga uzatadi.
Muzeyshunos suhbatdoshining qo’lidagi besh-olti bet qog’ozni olib o’qiy boshlaydi:
— Xudoybergan Devonov-1878 (ayrim manbalarida 1879) yili Xivada, Qadam Yasovulboshi ismli xon amaldorining mirzasi bo’lib xizmat qiluvchi Nurmuhammad devon va Ro’zika aya xonadonida tavallud topgandi. Xudoyberganning otasi, ayrim manbalarda aytilishicha, xon saroyida munshiy (kotib) va tabib bo’lib xizmat qilgan. Boshqa bir manbada Nurmuhammad otaning Xo’jayli tumanida hokim bo’lganligi aytiladi. Xudoybergan Devonovning vorislaridan bo’lgan Abdulla Yusupovning izlanishlariga ko’ra, Nurmuhammad Xo’jayli tumanidagi yer-suvning boshqaruvchisi bo’lgan. Devonovning o’zi 1937 yilda NKVD tergovchilariga bergan ko’rsatmasida Xiva tumanidagi Badirxon qishlog’ida otasining 6 gektar yeri bo’lgani va u shu yerlarni tevarak-atrofdagi dehqonlarga bo’lib berganini hamda shu yerlardan daromad olganini aytgan.
Muzeyshunos shu tarzda jurnalist tayyorlagan maqolani o’qishda davom etadi. Kadrda Devonov tasvirga tushirgan Xiva xonligiga oid kinolavhalar, shuningdek fotorasmlar ko’rsatiladi.
Kadr ortida muzeyshunosning maqolani o’qiyotgan ovozi eshitilib turaveradi:
Xudoybergan Devonovga otasidan meros sifatida Xiva yaqinidagi Badirxon qishlog’ida 6 gektar yeri, 4 ta ho’kizi va 2 ta oti bor edi. Otasi, keyinchalik Xudoyberganning o’zi ham saroydagi ishlar bilan band bo’lganligi sababli, yerini yarimchilarga berib, keladigan foyda evaziga yashashgan.Shu tufayli ham unda Xiva yaqinidagi Oqmachit qishlog’idagi mennonit nemislaridan xususan fotosuratchi Vilьgelm Pennerdan suratga tushirishni o’rganishga imkoniyat bo’lgan.Agarda Xudoybergan oddiy dehqon yoki etikdo’zning farzandi bo’lganida, 19 asr oxiridagi tirikchilik tashvishidan umri yerga ishlov berish, oyoq kiyim yamash bilan o’tib ketardi. Saroy mirzosining oilasida tug’ilgan, o’z davrining badavlat oilasi farzandi bo’lgani uchun unda o’z qiziqishidan kelib chiqib Xiva yaqinida yashovchi mennonit nemislaridan Vilьgelm Pennerdan fotosuratchilikni o’rganadi.
Muzeyshunos maqolani o’qiyotgan ana shu epizodda Vilьgelm Penner, umuman Xorazmda yashagan nemislar aks etdirilgan fotorasmlar, Devonov bilan Penner tushgan surat ko’rsatib o’tiladi. Muzeyshunos maqolani o’qishda davom etadi:
Shu bois Xudoybergan aksariyat vohaliklar kabi dehqonchilikka emas, ilmu fanga, texnikaga qiziqdi. Maktabda tahsil oldi. Shu bilan birga Xivada kiyim-kechak bilan shug’ullanuvchi do’kon ochib, savdo bilan mashg’ul bo’ldi. Texnikaga qiziqish ustunlik qilgach esa, savdogarchilikni yig’ishtirib, soatsozlik bilan shug’ullandiki, bu o’sha 19 asrda ham katta yangilik bo’lib, faqat xon, uning ba’zi amaldorlari hamda Xiva xonligidagi Chor Rossiyasi akskarlaridagina soat bor ediki, Devonov ularga soat sotish, buzilganlarni ta’mirlash bilan shug’ullandi.
Vilьgelm Pennerdan 1890 yildan boshlab foto, 1907 yildan esa kino sirlarini o’rgangan Xudoybergan, oddiy avom kishilar va mutassib ruhoniylarning “Shayton suratchi”, “Afsungar kinochi” deya qarashlariga qaramay, taraqqiyot mahsuli bo’lgan mo»jizaviy olamga qadam qo’ydi.Bu borada uni ma’rifatparvar Xiva xoni Muhammad Rahimxon 2- Feruz qo’llab-quvvatlaganini ta’kidlamoq lozim.
Muzeyshunos maqolani o’qiyotgan ushbu lavhada Devonov tasvirga tushirgan Feruzxonning saroydan chiqishi aks etgan kinolavha va Xiva xonining fotorasmlari ham ko’rsatib o’tiladi:
Tarixdan ma’lumki, 1898 yili Sankt-Peterburg shahrida Nikolay 2ga toj kiydirish marosimi nishonlanadi va unda dunyoning ko’plab mamlakatlari rahbarlari, shu bilan birga Rossiyaning mustamlaka o’lkalari, jumladan Xiva xoni Feruzxon ham qatnashadi.
Ana shu lavhada Feruzxon va boshqa xon amaldorlarining Sankt-Peterburgda bo’lishi, Nikolay 2 , umuman 19 asr oxiri va 20 asr boshlaridagi Peterburg aks etdirilgan kinolavhalar, fotosuratlar ko’rsatib o’tiladi. Muzeyshunos kadr ortida maqolani o’qishda davom etaveradi:
Adabiyot va san’at shaydosi, yangiliklarga intiluvchan Feruzxonning Sankt Peterburgda bo’lishi uning dunyo fan texnikasidagi o’zgarishlarini ko’rib hayratlanishga olib keldi. Sankt Peterburgdek dunyo madaniyatining markazlaridan biridagi saroylar, undagi favvoralar, foto va kinosan’atining taraqqiy topayotganligi unda ongida katta o’zgarish yasadi. Ana shu boisdan u Xudoybergannning foto ishlariga mutassib dindorlarning zug’umi bois qarshilik ko’rsatmay aksincha Devonovni qo’llab quvvatladi.
Bu lavhada ham Devonov fotoga olgan Feruzxon, uning oilasi, shahzodalar va boshqa xon amaldorlarining fotorasmlari ko’rsatib o’tiladi.Kadr ortida muzeyshunos maqolani o’qishda davom etaveradi:
Shu o’rinda yana bir narsani alohida ta’kidlamoq lozimki, Xudoyberganning baxtiga o’sha vaqtda Xorazm hukmdori sozanda, bastakor va shoir Feruzxon edi.Agarki, uning o’rnida tarix va taqdir hukmi bilan xuddi o’tmishda ko’p bo’lganidek, maishatparast yoxud jaholatgo’y kimsa xon bo’lganida Xudoybergan Devonovning ishlari umuman oldga siljimagan, ko’pgina taraqqiyparvarlar singari hatto o’limga mahkum ham etilgan, shu tariqa 19 asr oxiri va 20 asr boshlarida o’zbek fotokinochiligiga Xivada asos solinmagan bo’lardi. Shukrki, uning va xalqimiz baxtiga va taqdir taqozosiga ko’ra Xiva xoni Feruzxon edi.Shu boisdan ham Xudoyberganni Feruz saroyga ishga oldi, o’zi bilan birga 1907 yili Rossiyaga ham olib ketgandi.
Mutaassiblik avj olgan bir paytda xonning taraqqiyparvar maslakdoshini qo’llaganini ham minnatdorchilik bilan aytmoq lozimki, u ba’zi shayxulislom va jaholatgo’y bandalar Xudoyberganga foto bilan, kinochilik bilan shug’ullanish gunoh deya zug’um o’tkazishgan paytlarda, o’zi ibrat bo’lib suratga tushdi.
Ushbu lavhada ham Devonov tasvirga olgan Feruzxonning saroydan chiqishiga oid kinolavha va boshqa fotorasmlar ko’rsatib o’tiladi.

Muzeyshunos va tarixchining suhbatida ovoz eshitilmay faqat nuroniy qiyofadagi devorga osig’lik Devonovning portreti yirik tasvirda ko’rsatiladi.
Xorazm mumtoz musiqasining kadr ortidagi sadosi bilan Ichan qa’la aks etdirilgan lavhalar ko’rsatiladi.
Muzeyshunos:
-Maqolani yaxshi yozibsiz, davr va Devonovning foto va kinoga kirib kelishini yaxshi tasvirlabsiz.
Jurnalist:
-Fikrlaringiz uchun rahmat!.Menda Devonov hayoti va faoliyatidan kelib chiqib uning ijodini to’liq , zamonaviy holatda aks etdiradigan yangicha muzey tashkil etish taklifi bor. Kechirasizu birinchi qavatdagi faqat devorga osig’lik suratlardan ushbu xona Devonov ijodini to’liq aks etdirolmaydi.
Muzeyshunos:
-Menda va muzey rahbariyatida ham shunday fikr bor. Biz Nurillaboy saroyi majmuasida Devonov ijodini aks etdiradigan zamonaviy ekspozitsiya tashkil qilish rejasidamiz.
Muzeyshunos va jurnalist suhbatida ovoz eshitilmay umumiy tasvirda Xiva, Nurillaboy saroyi aks etdiriladi.

Ep№ 5
Ekranda Stalin davri va o’sha davr qamoqxonalariga oid kinolavhalar aks etdirib o’tiladi.
Urganchdagi qamoqxonaning zax va tor xonasi. Xona tuynugidan quyoshning g’ira-shira nurlari tushib turibdi.Ichkarida Devonov va yana to’rt nafar kishi tiqilinch holda yerga to’shalgan choponlari ustida o’tirishibdi.
Ellik yoshlardagi soqoliga oq oralagan kishi Devonovdan so’raydi:
-Xudirgan og’a, men bilan Sizning qolgan uch xonadoshlarimizga qaraganda yoshimiz katta.Qolaversa men bir oy, siz kechagi kundan buyon shu zax xonada jon saqlab kelayapmiz. Men Sizni shu xonaga kirganingizdanoq tanidim. Negaki ikkalamiz ham Xivadanmiz. Men Rofanik mahallasidanman. Ismim Jumaniyoz…
Tunda so’rashish o’ng’aysiz bo’ldi. Qolaversa charchabsiz shekilli choponingizni yerga to’shagancha uxlab qoldingiz. Sizni taniganim Isfandiyorxon zamonida Polvon kanalini qazish uchun “begor” qazuvga borganimizda bizni kinoga olgandingiz.Shuningdek Xiva bozorlarida ham Sizning kinongizga tushganmiz. O’sha vaqtlarda Sizni ko’pchilik kinochi bo’lganingizdan tashqari xon amaldori sifatida bilishar, hurmat qilishardi. Eh, u zamonlar ham ko’z ochib yumguncha o’tdi-ketdida.Buni qarang endi mana qamoqxonada uchrashib turibmiz.
Devonov indamasdan o’rnidan turdida yorug’lik tushib turgan balanddagi tuynukka qaraydi va xivalik eldoshiga:
-Bari taqdirdan Jumaniyoz birodarim ! Biz safdoshlarimiz bilan doimo yorug’likka intildik. Peshonada bor ekan, bir eldan bo’lib mana o’zingiz aytgandek qorong’u zindonda tanishib o’tiribmiz.
Devonov so’zini tugatdi-yu choponi ustiga yana o’tirgancha eldoshidan so’radi:
-Meniku tanirkansiz, xo’sh, o’zingiz…so’rash noqulay-u qanday qilib bu zax xonaga kelib qoldingiz?
Jumaniyoz ularning suhbatiga quloq tutib choponlariga yonboshlab yotgan yoshroq xonadoshlariga bir zam qarab oldida Devonovga gapiradi:
-Menga Xudirgan og’a…nomi nima edi..hech esimda turmaydi..Truskiy deymi..shuning aldoviga uchib, kolxozchilarni to’-ri chalg’itgan deb ayb qo’yishyabdi. Umrim arava haydab o’tgan odam bo’lsam. Oldingi rais o’g’irlik qilib qamalgach kolxozchilar meni saylashdi. “Og’aynilar, qo’ying aravamni haydab yuraveray “ desam ko’nishmadi. “Senga o’xshash halol, talabchan odamlar rais bo’lishi kerak “deyishdi. Men ham eshakni otga almashtirib paxtaning orasida yuraveribman. Kutilmaganda o’zim nomini eshitib ko’rmaganim Truskiyning dumiga aylanib o’tiribman. Umrimda Xiva-yu Urganchdan boshqa joyni ko’rmagan bo’lsam. Moskva umuman tushimgayam kirganmas.
Bilganim va o’zimcha o’ylaganim, aybim shuki – may oyida ikkinchi marotaba ekib ham ko’kartirolmagan 6 sotix paxtaning o’rniga, ochlik vaqtida har na foyda deya sholi ektirganim.
Devonov suhbatdoshiga va ularga termulib o’tirgan xonadagi yigitlarga qaraganicha indamay o’yga toldi.Ko’z oldiga otasi bilan bo’lib suhbat keldi.

Ep №6
Ekranda Xivaning tarixiy obidalari tasviri aks etdiriladi.
Deshonqa’ladagi Devonovlarning uyi. Ertalabki choy ustida ota-bola Nurmuhammad va yosh Xudoybergan suhbat qurib o’tirishibdi.
Keksayib qolgan Nurmuhammad o’g’liga uzatgan choy piyolani olarkan:
-Xudoybergan, mana yoshing ham 20 ga kirdi.O’qib xat-savod chiqarding. Yer-suvimiz ishlarini Jumaniyoz mahramning o’zi boshqaraveradi.Sen endi zamonga mos hunar o’rgansang degandim.
Xudoybergan :
-Men ham shu niyatdaman ota. Hunarmand ustadan ham, soatsozdan ham aqlim yetgunicha kasb sirlarini o’rgandim.
Nurmuhammad:
-Bosh vazir Ibrohimxo’ja har gal meni ko’rganida “o’g’lingning qo’li gul ekan , buzilgan soatimni uzatganiga uch yil bo’ldiki bexato ishlayapti”, deganida g’ururlanib ketaman, rahmat o’g’lim. O’zing endi nimani mo’ljallayapsan.
Xudoybergan:
-O’zingiz bilasiz Oqmachitda yashovchi Panor buvadan suratga olishni o’rgandim. Men endi Xorazmdan ham boshqa hududlarga borsam, savdogarchilik qilib dunyo ko’rsam degan niyatdaman. Rossiya va boshqa davlatlarda endi fotodan ham zo’r-kino degani paydo bo’lganmish.
Nurmuhammad:
-Xorazmda “yurgan daryo o’tirgan bo’yra” degan maqol borligini yaxshi bilasan.Azaldan savdogarlar faqat boyu-badavlatgina emas, bar xalq madaniyatini boshqa xalqqa tanituvchi, ma’rifatli kishilar ham bo’lishgan. Mana Polvonniyozhoji. Sharq davlatlari va Rossiyani kezib ham boy savdogar sifatida elda obro’-e’tibor topayapdi, hamda Xorazmga ma’rifat tarqatayapti-Qozon, Qrimdan gazeta-jurnallar, kitoblar olib kelib tarqatayapti. Agar hohishing bo’lsa seni Polvonniyozhojiga shogird qilib beraman.
Ekranda Polvonniyoz hoji Yusupov , Mulla Bekjon Yusupov va boshqa “Yosh xivaliklar”ning va Xiva, uning bozorlariga oid fotorasmlar ko’rsatib o’tiladi.
Ep№ 6
Urganch shahridagi madaniyat va istirohat bog’i. Yosh jurnalist va Devonov sulolasiga mansub Abdulla Yusupovning suhbati.
Yosh jurnalist:
-O’g’lingizning ismi Xudoybergan ekanligi va uning ham kinorejissyor ekanligi quvonarli.Biroq bilishimcha Devonovning shajarasiga oid arxiv ma’lumotlariga ko’ra uning farzandlari, keyingi hayoti fojiali bo’lgan? Mana bu hujjatlarga qarang-a!
Jurnalist shunday deya Abdulla otaga qo’lidagi hujjatlarni uzatadi.
-Kechirasizu uka ko’zoynagim uyda qolibdi, malol kelmasa o’zingiz o’qib bersangiz va men uni tinglab keyin izoh beraman.
Jurnalist shundan keyin otaning qo’lidagi hujjatlarni qaytib olib o’qiy boshlaydi.Tasvirda Devonov, uning oila a’zolari aks etgan fotorasmlar aks etdirib boriladi.
-1937 yili Xudoybergan Devonov xonadoni haqida berilgan ma’lumotnomada uning oila a’zolari ham aks etgan. Mana e’tibor bering:
“SPRAVKA
Beriladir ushbu spravka 4-uchastka 4-elatda o’lturumli Xudoybergan Devonovga.
Shuning uchunkim, mazkurning qaramog’idagi jon sonlari:
1.Xudoybergan Devonov, 58 yashar.
2.Bekajon Devonova, xotini, 62 yashar.
3.O’g’uljon Devonova, ukasi, 44 yashar.
4.Onajon Devonova, opasi, 62 yashar.
5.Hoji Masharipov, axtiqi, 15 yashar.
6.Jumaniyoz Masharipov, axtigi, 12 yashar.
yuqoridagilar durusdir.
Saylov va saylanuv huquqiga molikdir.
Ma’lumotnoma tagiga mana muhr va mahallaqo’mning imzosi qo’yilgan.
Yana bir ma’lumotlarda Xudoybergan Devonov hayotlik paytidayoq uning Ollabergan va To’tijon ismli farzandlari hayotdan ko’z yumganliklari aytiladi. Balki shu boisdan ham Devonovning 1920-30 yillari tushgan suratlarga razm solsak unda mahzunlik, soch-soqolining oqarib keksalik alomatlari ertaroq ko’rina boshlaganiga amin bo’lamiz. Vaholanki, u hatto 1937 yilda qamoqqa olingan paytda bor-yo’g’i 58 yoshga kirgandi.
Abdulla ota xo’rsinib qo’ydida jurnalistga qarab ma’lumotlarga oydinlik kiritdi:
-Xudoybergan Devonovning shogirdlari ichida eng iqtidorlisi jiyani Yusuf Hasanov edi.Qolaversa, birinchi kinooperator uni o’g’il sifatida asrab olgan, bolaligidan ularning xonadonida voyaga yetgandi.
Ushbu lavhada Abdulla Yusupov so’zini kadr ortida davom etdirib, tasvirda Devonovning shogirdlari bilan tushgan fotorasmlari ko’rinadi.
Bora-bora, tog’a-jiyan, ustoz shogirdlar fotosan’atni yuksak taraqqiy etdirib, ko’plab lavhalar yaratdilar.Yusuf Hasanov 1934 yili Xivadan Urganchga ko’chib kelib viloyat markazida yashab ijod qila boshlaydi. Devonov qatag’on etilganidan so’ng, uning ishini davom qildirish, merosini axtarib topish va saqlash bilan ham aynan Yusuf Hasanov shug’ullanadi. Bilasiz Yusuf Hasanov menim dadam bo’lgan.
Abdulla otaning kadr ortidan ovozi fonida Yusup Hasanov va Devonovning boshqa shogirdlari rasmlari ko’rsatib boriladi.
Maktab davrimda -1955-58 yillarda dadam ko’p martalab va’dalardan so’ng doyisi- Xudoybergan Devonovning Xiva shahridagi Partak mavzesida joylashgan uyiga olib borgandi.Bu hovli Xivaning Dishonqa’lasida, shaharning janubiy g’arbiy qismida joylashgan bo’lib, Devonovning otasi Nurmuhammad devon tomonidan 19 asrning o’rtalarida barpo qilingandi.
Abdulla otaning kadr ortidan ovozi fonida Devonov tug’ilgan va yashagan uyning bugungi rasmi, kinolavhasi , 1970 yilda S.Davletov ishlagan filьmdagi Devonov uyiga oid lavhalar ham berib boriladi.
Ushbu hovlida kattakon uchta Xiva ters ayvoni, ko’plab turar joylar bo’lib, bog’ Deshonqa’laning paxsasidan g’arb qismida oqayotgan Polvonyop suvlari bilan sug’orilardi.Xivaning g’arb tomondagi Jalol darvozasidan kirsangiz, salgina o’tganda o’sha davrning hashamatli binosi ko’zga tashlanardi. Jaloldarvozadan tashqariga chiqsangiz Shoyimardon pirimiz nomi bilan atalgan qabriston bor.Aynan ana shu qabriston hududida Devonovlar shajarasining ko’plab vakillari abadiy makon topgan…
Abdulla otaning kadr ortidan ovozi fonida Xiva va Deshonqa’laning qadimiy obidalari va Shoyirmardon pir qabristoniga oid lavhalarning tasviri aks etdirib boriladi:
Ep№ 7
Ekranda Xivaning Ichanqa’ladagi Ko’hna Ark majmuasi umumiy tasvirda ko’rsatiladi.
Yosh jurnalist va keksa kinorejissyor Soliy akaning suhbati.
Yosh jurnalist:
-Soliy aka, kinoga qiziqishingiz qachondan boshlangan?
Keksa kinorejissyor Soliy aka bir zum Ko’hna Arkning hashamdor naqshlariga ko’z yugurtirib:
-5-6 yoshlik paytlarimda, ya’ni 1937-38 yillarda Hazoraspdagi Yuqori Muxomon qishlog’idagi hovuz bo’ylaridagi uy devoriga oq chitdan parda yasab, o’sha yerda ovozsiz kinolar ko’rsatilardi. Oq chitda harakatlanayotgan odamlar, ajabtovur mashinalar, velosipedlar bizga mo»jiza bo’lib tuyulardi. Ba’zi odamlar devorda ko’rinib turgan odamlarni afsungarlik ishi deb qo’rqar, ayrimlar yurib kelayotgan poyezd, mashina, velosiped ekrandan chiqib ketadi deb vahimaga berilishardi.Ammo kimdir tik oyoqda, kimdir o’tirib olib hayratlanganicha ovozsiz filьmlarni ko’rardi.
Ekranda keksa kinorejissyorning ovozi fonida 1930 yillarga oid Xorazm qishloqlarining manzarasi aks etdirib boriladi:
Meni ham ana shu bolalikdagi hayrat kino olamiga kirishga undardi.Uyda bobom, otam, oyim to’rttalamiz yorug’lik uchun, kerosin chiroqning goh piligini pasaytirib, goh kuchaytirib o’tirganimizda devorga soyamiz tushib, kichrayib, kattayar, shunda men ko’zimni yumgancha kinoda ko’rganlarimni eslab, o’zimcha kinolavhalar ijod qilardim.
-1970 yilda ishlangan “Xudoybergan Devonov” filьmingizda birinchi o’zbek kinochisining noyob tasmalaridan foydalangansiz, ularni qayerdan topgansiz.
-Ma’lumki, qatag’on davrda Devonov “xalq dushmani”deya otib tashlangach, uning boy merosi ham yo’qqa chiqdi.Men nahot uning hamma ishlari yo’qqa chiqqan, biron bisoti qolgandir deya,Xivadagi uyini titib chiqdim.
Soliy akaning kadr ortidan ovozi fonida 1970 yilda ishlangan hujjatli filьmdagi Devonov hovlisining va bugungi kundagi tasviri ko’rsatib boriladi:
Devor yoriqlari, pol tagidagi teshiklardan, uyning u yeri, bu yeridan qiyqim-qiyqim tasmalar chiqdi.Men o’sha Feruzxonning saroydan chiqishi, anhordagi qazuv,Xiva bozori, Amudaryodagi yelkanli kemalar, yosh kashshoflar, umuman eng noyob tasma sifatida saqlanib qolgan lavhalarni shu tariqa topib, filьmga kiritganman.
Ekranda Devonov tasvirga olgan lavhalar aks etdirib boriladi.
Yosh jurnalist:
-Soliy aka! xabaringiz bor Devonov haqida dastlab maqola yozish istagi paydo bo’lgandi. Hujjatlarni o’rgangan sayin endi ocherk kitob vujudga kelayapdi. Agar vaqtingiz bo’lsa Siz ham aynan kinorejissyor bo’lganingizdan kitobdagi ayrim lavhalarni o’qib bersam! Ayrim e’tiroz bildirgudek joylari bo’lsa fikringizni aytarsiz.
Keksa kinorejissyor Soliy aka:
-Marhamat! Shu bahona ustozimiz Devonov hayotiga yana bir bor razm solib ruhini shod etgan bo’lardik.
Yosh jurnalist:
-Feruzxonning 1910 yildagi o’limidan so’ng vorisi va o’g’li Asfandiyorning atrofini jaholatgo’ylar qamrab olgani, Islomxo’jadek taraqqiyparvar bosh vazirning 1913 yildagi o’limidan so’ng, Devonovning fotokino borasidagi ishlarini qo’llab quvvatlaydigan insonlar qamrovi kamaydi. Garchi Devonov Asfandiyorxon va uning amaldorlari suratini ishlagan bo’lsada, ularda Feruzxondek yangilikni qo’llab quvvatlash, tashabbuskorlik yo’q edi.
Ekranda Feruzxon, Isfandiyorxon, Islomxo’janing Devonov suratga tushirgan fotorasmlari, Xivaning tarixiy obidalari umumiy tasvirda ko’rsatiladi.
-Ammo Devonov ham taraqqiyparvar ziyoli bo’lgani uchun 20 asr boshlaridagi jadidchilikdek milliy uyg’onish harakatiga qo’shiladi.Xorazmlik jadidlar-“Yosh xivaliklar” harakatidagi Polyozhoji Yusupov, Mulla Bekchon Rahmonov va Bobooxun Salimov kabi ziyolilar bilan maslakdoshlikda ish olib bordi.
Shu bilan birga xonlik saroyida ishini davom etdirib,Xorazm pullarini bosadigan zarbxonaga mudirlik qildi, Asfandiyorxon, Said Abdullaxon hamda ularning oila a’zolarining, ba’zi saroy amaldorlarining ham suratlarini ishladi, ularga suratkashlikni o’rgatdi.Chunonchi, Asfandiyorxon hali shahzodalik paytida Farrux taxallusi bilan ijod qilgan shoir geografiyaga ham qiziqib Rossiya goyegrafiya jamiyatining a’zoligiga saylangan iqtidorli inson bo’lgani sabab, Xudoybergan Devonovdan fotografiya sirlarini ham o’rgangandi.
Xorazmda uning yaratgan yangiligi-foto va kinochilikka garchi mutassiblar qarshilik ko’rsatsada, 1915 yillarga kelib odamlar ko’nikib boshlashgan edilar.Shu boisdan u foto va kinolavhalar yaratib, Abulg’ozi,Ogahiy va Bayoniyning tarixnavisligini davom etdirgan holda, o’z davrida ro’y bergan voqea-hodisalarni fotokinotasmalarga muhrlab, tarixchilik vazifasini ham bajargan.
Ekranda Devonov tasvirga tushirgan lavhalar berib boriladi.Kadr ortidan yosh jurnalistning ovozi eshitilib turadi:
— E’tiborlisi shundaki, Devonov suratga tushirgan lavhalar chiroyli kompozitsiyalar, ozoda kiyingan, kinoga tushishga shaylanib turgan kishilar emas, hayotning tasmadagi aksidir.Eng hayratlanarlisi, birorta yaratilgan lavhada kishilarning ob’ektivni sezgani, nigohini, yurish-turishini o’zgartirgani, ya’ni sun’iy harakat etgani sezilmaydi.
Ayniqsa, mutaassiblar ta’sirida avom odamlar suratga tushmoqlikka harakat qilgan, qo’rqqan onlarda, ularni bunga ko’ndirish qiyin edi.Ularning muhitiga kirib, bu apparatlar taraqqiyot natijasi ekanligini tushuntirgani, odamlarni fotokinoapparatlar oldida erkin harakat qilishga odatlantira olgani Devonovning nafaqat operator yoki suratkash, balki bilimdon rejissyor bo’lganiniyam ko’rsatadi.Shu bilan birga u odamlarni to’plab, o’zi olgan kinolavhalarni namoyish etib, kinoseans ham o’tkazib turganki, bu kinoni 20 asr boshlarida keng ommaga targ’ib etgan taraqqiyparvarlik ham bo’lgan.
Keksa kinorejissyor Soliy aka:
-Do’stim nafaqat tarixiy jarayonlarga, balki Devonovning kinochilik faoliyati shaklanishiga ham yetarlicha e’tibor qaratibsiz! Zero, 20 asr boshidagi xonlik tuzumi sharoitida bu darajada odamlarni kinoga ko’niktirmoq, lavhalar ishlash oson bo’lmagan.
Ekranda Devonov tasvirga tushirgan xonlik davriga oid lavhalar ko’rsatib o’tiladi.
Ep № 8
Toshkentning 1930 yillarga oid lavhalari ko’rsatiladi.
TITR: “1937 yil 30 noyabr” yozuvi. Qora, bo’rtma harflardagi “1937” sanasida va yozuvdan qon sachrab turgan holat aks etdiriladi.
Toshkent qamoqxonasining ichki ko’rinishi.
To’rdagi devorda Stalin rasmi.
NKVD kiyimidagi tergovchi stolni aylanib sigaret tutatganicha Devonovni yoniga yaqinlashadida unga qarata :
— Siz O’zbekiston SSR jinoyat kodeksining 66-moddasi bo’yicha ayblanasiz.Marhamat o’z aybingizga iqror bo’lib O’zbekistonga rahbarlik qilgan “xalq dushman”lari Fayzulla Xo’jayev, Akmal Ikromovlar bilan qanday aloqangiz borligi haqida tushuntirish yozib bersangiz.
Devonov:
-O’rtoq tergovchi! men Sizdan eshitayapman Fayzulla Xo’jayev va Akmal Ikromovlarning “xalq dushmani” ekanligini.Axir Fayzulla otasidan qolgan bor boyligini ana shu xalq, davlat uchun tobshirdiku!? Qanaqasiga “xalq dushmani” bo’ladi u ?
Tergovchi:
-Demak “xalq dushmani”ning yonini olayapsiz?!
Devonov:
-Sizga gapirgan, tushuntirganning foydasi yo’q ekanligi ko’rinib turibdi.
Tergovchi:
-Menga tushuntirmang! Bu yerda men buyruq beraman! Mana qog’oz! Akmal va Fayzulla Sizdek xon amaldoriga pensiya tayinlagani, ular bilan aloqangiz haqida yozing!
Devonov og’ir xo’rsinib qo’ydida devorga osig’lik Stalin suratiga bir zum termulib qaradi va indamay turdida oldidagi qog’ozga yoza boshladi:
— …1936 yili yoki 1935 yilning sentyabrь oyida Akmal Ikromov Urganchga kelgan. Uni fotograf sifatida suratga olishim uchun meni obkom kotibi Isroilovning uyiga taklif qilishdi. Borsam, u yerda Ikromov o’tirgan ekan. U meni ko’rib: “Keksayib qolibsiz”, dedi va o’sha yerda tik turgan Xorazmning rahbarlaridan Isroilov, Hasanov, Qoriyev va boshqalarga qarab, bunday dedi: “Devonov qarib qolipti, unga nafaqa belgilash masalasida ijroqo’mda hujjatlarni rasmiylashtirib, bizga, Toshkentga yuboringlar. Biz unga oylik nafaqa tayinlaymiz”. Shu hodisadan keyin men bevosita okrug xalq maorif bo’limi raisi Rahmonovga murojaat etib, unga Ikromovning topshirig’ini yetkazdim… Toshkentda Beregin menga: “Fayzulla Xo’jayev orqali rasmiylashtiring”, dedi va darhol Fayzulla Xo’jayevning kotibi Abdullajonovga qo’ng’iroq qilib, qabul kunini belgilab berishini aytdi.
Rosa uch kundan keyin menga 300 so’m oylik nafaqa berish haqidagi Xalq Komissarlari Sovetining Fayzulla Xo’jayev imzo chekkan farmoyishi qo’limga tegdi.
Tergovchi:
-Bu aybingizga iqror bo’ldi degani emas.Buguncha xonangizga borib o’ylab ko’ring.Ertaga tergovni davom qildiramiz.
Ekranda Devonovni oldiga solib xonadan olib chiqayotgan askar tasviri beriladi. Tergovchining jahl bilan sigaretasi kulini stol ustiga ezg’ilayotgani katta qilib ko’rsatiladi.
Ep№ 9
Bugungi Urganchning va shahardagi istirohat bog’ining umumiy tasviri kadrda ko’rsatiladi.
Yosh jurnalist va Abdulla Yusupovning Urganch shahri istirohat bog’idagi suhbati.
Abdulla Yusupov:
-Uka, Siz Devonov ijodiy faoliyatini o’rganish bilan birga, hayotining so’nggi yillari qatag’on davriga to’g’ri kelgani bois, qolaversa o’zi ham shu davr qurboni bo’lgani uchun aynan shu zamonga oid hujjatlarni ham o’rgansangiz degandim.
Yosh jurnalist:
-Bu borada izlanishlar olib borib ko’plab hujjatlar to’pladim. Agar hohlasangiz shu davrga oid ayrim e’tiborli holatlarni bo’lajak kitobimdan o’qib bersam!
Abdulla ota:
-Siz shunday savobli, tarixning bizga qorong’i bo’lib kelgan kunlarini yoritasizu men tinglamaymanmu! Marhamat jon deb eshitaman.
Jurnalist sumkasidan bir dasta qog’ozlarni olib shoshilmay o’qiy boshlaydi:
— Tarixning hasratli zulmkor ana shu qatag’on davrida Xorazmlik ko’plab ijod ahli ham qatag’on jabrini chekishadi.
Jurnalist maqolasini o’qiyotgan vaqtida kadrda 1930 yillarga oid Stalin portreti, qatag’on davriga oid kinolavhalar, fotosuratlar, “Uchlik”ning ayrim hujjatlari, qamoqxonaning tasviri berib boriladi:
-Xivalik Partav taxallusi bilan tanilgan shoir Ota maxsum Muhammad Latif o’g’li ham 1937 yilda qatag’on domiga tushadi. Bunga sabab, Toshkentdagi Respublika ijodiy uyida uslubiyatchi bo’lib ishlayotganida uning tanishlari oldida aytgan «Tuxachevskiy yaxshi sarkarda edi» deya bir og’iz gapi edi. Qamoqxonada yana unga arab alifbosining lotin, rus alifbosiga o’zgargan yillari bunga qarshi bo’lgani, asarlarini hamon «eskilik sarqiti»—arabchada yozayotganiyam ayb qilib qo’yiladi va 1943 yilgacha Toshkent, Paxtaorol, Qarag’anda turmalarida azob chekib yotadi.
Partavning ustozi— Xorazm viloyat teatrida ishlayotgan Komiljon Ismoilov(Devoniy) ham qatag’on avjiga chiqqan yili aytgan gapi bois qamoqqa olinadi.Ya’ni, 1937 yilda teatrda kechqurun spektaklь namoyish etilayotganda chiroq o’chib qoladi. Shunda Devoniy, «Ilьich chirog’i» o’chgan bilan xudoyimning «chirog’i»—osmonda oy va yulduzlar yorug’lik sochib turibdiku» deb aytadi. Uning yonidagilarga aytgan bu so’zi NKVDga yetkazilib, Devoniy «Leninni haqorat qildi, xudoni maqtadi» degan ayb bilan qamoqqa olinadi.
Yoki,Qurji ota taxallusi bilan tanilgan keksa san’atkor Qurbonniyoz Avazmat o’g’liga «Xonlar saroyida qo’shiq aytgansan» degan ayb qo’yilib qamashga kelganlarida, u yaxshilar sharofati bilan qochib, nomini o’zgartirganicha Mang’it,Toshhovuz singari chekka joylarda yashirinib yurishga majbur bo’ladi.

Jurnalistning ovozi fonida kadrda qatag’on davriga oid kinolavhalar va fotosuratlar berib boriladi.
Endi bevosita Xorazmda o’tkazilgan qatag’on siyosatiga qaytadigan bo’lsak,aslida qatag’on davridagi tozalashga oldin «fatvo» berilgan—1923 yilning 12 iyun kuni Moskvada bo’lgan RKP(b)ning to’rtinchi yig’ilishida I.V.Stalin nutq so’zlab, unda shunday tahdidona fikrlarni bildirib o’tgandi: » …Xorazm va Buxoro haqidagi nutqimga qaytaman. Xorazm to’g’risida xorazmlik vakillar bugungi yig’ilishda qatnashmayotganligi sababli gapirib o’tirmayman.Qo’limdagi materiallar bilangina Xorazmdagi partiya, davlat ishini baholash adolatdan emas.Bu yerda Xorazm to’g’risida Broydo (Broydo — 1920-1921 yillarda RSFSRning Xorazmdagi muxtor vakili bo’lib ishlagan.) nima degan bo’lsa, bularning hammasi o’tmishga taaulluqlidir. Xorazmning kelgusidagi ahvoli uchun bu katta ahamiyatga ega emas.
Partiya to’g’risida Broydo partiya a’zolarining 50% savdogarlar va boshqalardir dedi. Balkim bu o’tmishda shunday bo’lgandir.Lekin Xorazmda hozirgi paytda tozalash olib borilayapti. Hali Xorazmga birorta partiya bileti berilgan emas. Partiya to’g’risida tozalashdan keyin gapirsa bo’ladi. Aytishlaricha, Xorazmda bir necha ming partiya a’zosi bor. O’ylaymanki, tozalashdan keyin u yerda 100dan ortiq partiya a’zosi qolmaydi.Buxoroda ham o’tgan yili shunday ahvol mavjud bo’lib, 16 ming partiya a’zosi bor edi. Ma’lumki, tozalashdan keyin 1000dan ziyod partiya a’zosi qoldi.»
Stalinning bu fikri ko’p yillar davomida dasturilamal vazifasini o’tadi.Natijada joylarda tozalash, kollektivlashtirishga qarshi bo’lgan mulkdorlarni «quloq», «yot unsur» deya qamab, surgun qilish, erkin fikrli, e’tiqodli insonlarni ta’qib qilish avj oldi.
Birgina 1929 yilda xonlik davrida qozikalon, Xorazm Xalq Respublikasi davrida adliya noziri bo’lgan Bobooxun Salimov, 1907-1912 yillarda Istambul universitetida o’qigan, keyinchalik XXR madaniyat noziri bo’lib ishlagan mulla Bekchon Rahmonovlar jadid ziyolisi sifatida o’z uylarida otib ketiladi.
Ana shunday qaltis bir vaziyatda begunoh qatag’on bo’layotgan insonlarni ajal domidan saqlash maqsadida, ko’pdan – ko’p kishilar nohaq tuhmat, turli gumonlar bilan azob chekayotganliklarini,O’zbekiston komsomol qo’mitasining sarkotibi Isroil Ortiqovgina ayta olgan.
U 1932 yilning 23 avgustida bo’lib o’tgan yoshlar anjumanida mardlik bilan beayb qatag’on qilinayotgan odamlarni ajal domidan qutqarishga intiladi: » Mana sizlarga axloq tuzatish uyida bo’lib o’tgan bir fakt.Bu yerda 15 yoshida 3 yillik qamoq jazosiga ( bu to’g’risi dahshat) hukm qilingan bir bola o’tiribdi.Bu bola hozirgacha qamalib yotib, yoshi 17 ga yetgan. 16 yoshdagi bir bola bo’lsa, ot o’g’irlab ketayotgan odamni ko’rgan, lekin o’g’rini ushlash qo’lidan kelmagan,ammo o’g’rini ko’rganini so’zlagani uchun qamalgan.Yoki bir otni minib aylanib yurganligi uchun, telba bo’lib qolgan o’zbek ayolini qamashgan.Shifokor bu xotinning telbaligi, uni sud qilishga qonun yo’l qo’ymasligi hamda uni tezlik bilan ozod qilish zarurligini ko’rsatib tushuntirish xati bersada, prokuror uni qabul qilmagan.
Yangi Urganch qamoqxonasi boshlig’i, partiya a’zosi, «Qizil Mehnat» nishoni bilan mukofotlangan Matchonov qonunlarning buzilishiga yo’l qo’ygan.Bu kishi qamoqqa yaqin qarindoshlarini ko’rish uchun keladigan xotinlar chiroyli bo’lsa, avval qamoqxona boshlig’i oldiga kirishni yozilmagan qonun darajasiga chiqargan.Ayollarga shundan keyingina o’z qarindoshlarini ko’rishga ijozat berilgan.
Yoki, bir kambag’al bechora esa zayom uchun 10 so’m qarzdor bo’lgan, uning kambag’alligi inobatga olinib, qarzni to’lash bir haftaga kechiktirilgan.Shunday bo’lsa ham shu ish uchun bu kambag’alni aksilinqilobchilikda ayblab sud qilganlar»deya yoshlar anjumanida minbardan turib jasorat bilan nutq so’zlaydi.
Shuningdek, Isroil Ortiqov, madaniy turmush kabi siyosatlar natijasida mehnatkashlarning ahvoli og’irlashayotganini, turmush sharoiti ortga qarab ketayotganini, ayirmachiligu shovinizm avj olib, ishga qabul qilishda ham bunga e’tibor qaratilayotganligini tanqid qilib, dadillik bilan ayta olgan:
«Baynalminal tarbiya deymizu, kolxozga qozoqlarni qabul qilmaslik, yog’ zavodi va boshqalarga ulug’ rus davlat shovinizmi kabi munosabatlar bo’lgan chiqishlarni ko’ramiz» deb alohida ta’kidlab o’tadi.
Shu kabi o’sha davrda avj olgan madaniy turmush darajasida yashayapmiz degan aqidaning ham noto’g’riligini aytadi: «Men bir uy bilan tanishdim. Mana shunday bir tom tagida bo’lgan qorong’i, zax uylarda bir xonada xotinlar yashaydi, ikkinchi xonada erkaklar yashaydi, bular bilan bir qatorda otxona joylashgan. Ushbu odamlar yonida ot, tuya, ho’kiz, eshaklar bog’langan. Hamma binolar loydan, tuproqdan ishlangan bo’lib, yog’ochdan ishlangan imoratlar butunlay yo’q».
Ko’rganingizdek, hamma yoppasiga «ura» deb turgan, qatag’on avjiga chiqqan paytda jamiyatni, qolaversa rus-sovet shovinizmini tanqid qilish uchun hammadayam jur’at, metin iroda topilavermasdi.Isroil Ortiqov esa buni minbardan turib yoshlar anjumanida haqiqiy ahvolni, sovet tuzumining naqadar qirg’inbarot ekanligini dadil, baralla ayta olgan.
Garchi, ushbu nutqi bilan Isroil Ortiqov qatag’on «mashinasi»ni to’xtatib qololmagan bo’lsada, nohaqdan ayblanayotgan insonlarni ajal domidan qutqarishga intilgan, o’z davrining mudhish siyosatini haqqoniy tanqid qila olgan. Bu sovetlarning sitamli, xususan, Stalinning qatag’on siyosati avj olgan davrda ro’y berayotgan kamchiliklarni haqqoniy, minbardan turib aytilgan yagona hodisa desa ham bo’ladi.
Afsuski, shunday shijoatli insonning o’zi ham 1937 yil 14 oktyabrda hibsga olinib,1938 yil 5 oktyabrda, o’zi baho bergan nohaqliklar qurboni bo’ldi—“xalq dushmani” deya otuvga hukm etiladi.
Jurnalistning ovozi fonida qatag’on davriga oid kinolavhalar va fotosuratlar berib boriladi.
Abdulla Yusupov:
-Mana qarang, davr qanday dahshatli bo’lgan! Sizga rahmat xalqimizning ana shunday hasratli davrini kitob qilayapsiz.Endi Devonovga oid hujjatlar bilan ham tanishib chiqsangiz yaxshi bo’lardi.
Ep № 10
Tasvirda Toshkent shahrining bugungi zamonaviy ko’rinishi va Yunusoboddagi qatag’on qurbonlari muzeyi tasviri beriladi. Muzey ichida yosh jurnalist va Abdulla Yusupov, keksa kinorejissyor Soliy Davletovlar aylanib yurishibdi. Kadrda muzeyning xonalari tasviri ko’rsatiladi va uchala hamrohning o’zaro suhbatlari beriladi:
Yosh jurnalist:
-Abdulla ota, arxiv hujjatlarida Devonov ustidan bo’lgan sud 1938 yilning 5 oktyabrida bo’lgani yozilgan ekan.
Abdulla Yusupov:
-Bundan xabarim bor. O’sha kuni o’zbek xalqining eng taraqqiyparvar ziyolilari bo’lgan Cho’lpon, Fitrat, Qodiriylar qatori Xudoybergan Devonov ham otishga hukm etilgan.
Yosh jurnalist:
-1938 yil 5 oktyabr kuni ertalab soat 10 dan 35 daqiqa o’tganda Toshkentda boshlangan mash’um sud 20 daqiqa davom etib, unda Devonov taqdiri hal etiladi-birinchi o’zbek foto va kino operatori, rejissyori, ana shu san’atlarning targ’ibotchisi Xudoybergan Devonov otishga hukm etiladi.Hukm o’sha davrdagi odatiy tarzga ko’ra shoshilinch ijro ham etilgan…. Hukm Toshkentning Yunusobod tumanidagi qatlgohda ijro etildi.
Abdulla Yusupov:
-Men hali sovetlar davridayoq Devonov hayotining qamoqdagi davriga oydinlik kiritishni istab prokratura va boshqa
tashkilotlarga murojaat qilganman.Faqat 1991 yildan keyingina mash’um 1937 yil voqeasiga to’la oydinlik kiritildi.
Soliy Davletov:
-Afsuski men Devonov haqida filьmni ishlagan 1970 yilda bu davr fojialarini berish mumkin emasdi. Shunday bo’lsada xotini Bikajon ayaning “buni 1937 yil deydilar” degan iborasinigina filьmga kiritolganman.
Soliy Davletovning ovozi fonida kadrda Bikajon Devonovaning S.Davletov ishlagan kinosidan lavha va uning “buni 1937 yil deydilar” degan mahzun so’zlari beriladi.
Ep № 11
Kadrda Xivaning bugungi ko’rinishi va Ichan qa’ladagi tarixiy obidalar, shundan so’nggina Nurillaboy saroyining tashqi va ichki ko’rinishlari tasviri beriladi.
TITR: “2019 YIL “ yozuvi
Muzeyshunos va yosh jurnalistning Nurillaboy saroyi oldidan ichkariga kirib borishlari ko’rsatiladi.
Muzeyshunos:
-Mana Devonov ijodiy merosini to’liqroq yoritish imkoniyati paydo bo’ldi. Ko’rib turganingizdek, Devonov hayoti va ijodi Nurillaboy saroyidagi ekspozitsiyada aks etdirildi.
Kadrda ekspozitsiya bilan tanishib yurgan mahalliy va xorijiy sayyohlar tasviri, ularning Devonov suratga olgan fotolar yonidagi suhbatlari ko’rsatib boriladi.
— Endi ijodkorning Deshonqa’ladagi uy-muzeyiga ham e’tibor qaratsak, ijodini targ’ib qilsak, u haqda kitoblar chop etilib xorijiy tillarga tarjima qildirolsak Devonovning umriboqiyligiga sababchi bo’lardik.Aytmoqchi o’zingiz u haqda kitob yozishni boshlagandingiz, nashr ishlari yakunlanay dedimi?
Yosh jurnalist sumkasi ichidan kitobni qo’liga oladi.
Kadrda jurnalist qo’lidagi kitob muqovasi va undagi Devonov tasviri, “Xudoybergan Devonov” yozuvi ko’rsatiladi .
Yosh jurnalist:
-Mana Sizga sovg’a! Undagi ma’lumotlarni to’plashda yordamingiz tekkani uchun rahmat!
Muzeyshunos:
-Tabriklayman! Balki ushbu kitobni xorijiy tillarga tarjima qildirsak, keyingi nashrlariga Devonov tasvirga olgan fotolarni ilova qilsak o’ylaymanki yanada e’tiborli bo’lardi.
Kadrda muzeyshunos qo’lidagi kitob va jurnalistning yonma-yon borishi ko’rsatib boriladi.Ikkala hamroh ekspozitsiya xonasidagi Devonovning ishlagan kinolavhalar namoyishi oldiga kelishadi.
Yosh jurnalist:
-Menimcha Devonov mavzusini yanada ommalashtirib endi Devonov haqida kino ishlamoq kerak.
Muzeyshunos:
-Bu g’oyatda zo’r taklif. Axir kinochi haqida kino ishlash naqadar jozibali bo’ladi.Negaki Xudoybergan Devonov nafaqat o’zbek kinosining asoschisi, balki dunyo miqyosidagi dastlabki kinorejissyorlaridan. 1907 yilda, xonlik tuzumi sharoitida o’z hayotini fidoyilarcha kinoga bag’ishlashning o’zi jasorat edi.
Kadrda Devonovning o’ychan holatda turgan portreti katta tarzda , yaqindan aks etdiriladi. Keyin Devonov ishlagan kinolavhalar ko’rsatib turiladi.

TAMOM

044

(Tashriflar: umumiy 398, bugungi 1)

Izoh qoldiring