Bayram Ali. Tunkezar bolalar

03Биринчи соат дарсга кечиккан биз учовлон ботирлар юракларимизни ҳовучлаб эндигина мактаб биноси ёнида учрашиб турган эдик, синф раҳбаримиз Бўтаевнинг олаҳакканикига менгзар ўткир товуши капалагимизни учириб юборди.

Байрам АЛИ
ТУНКЕЗАР БОЛАЛАР
Қисса


Оппоқ эди бошда бу дунё,
Кўча оппоқ, кечалар оппоқ…
Хуршид Даврон

05Биринчи соат дарсга кечиккан биз учовлон ботирлар юракларимизни ҳовучлаб эндигина мактаб биноси ёнида учрашиб турган эдик, синф раҳбаримиз Бўтаевнинг олаҳакканикига менгзар ўткир товуши капалагимизни учириб юборди.
− Ҳеей қаҳрамонлаар! – деди у гўё биздан тортган барча ситамлари учун ўч олишнинг бирор йўлини топгандай ғўддайиб. – Нега кечикиб қолдиларинг? Тезроқ хонага юринглар! Сенларни кутиб турибмиз − участкавой билан!
Бошим қотди. Биз Бўтаевга охирги марта қачон ёмонлик қилган эдик? Ҳафта олдинми? Аммо у режамиз ҳам синф раҳбаримизни маҳв этишга қаратилган бошқа бир қанча режаларимиз каби муваффақиятсизликка учраган эди-ку, оқибатда ана, у яна қаршимизда шақилдоқ илондай буқоғини шишириб турибди! Аслида ўша иш эслашга ҳам арзимайди ва уни амалга ошириш фикри қасддан эмас, тўсатдан пайдо бўлган эди бизда. Яъни синф хонамизга кутилмаганда каттакон қора ари кириб келган эди.
− Вуууй, − деб юборганди ҳамсинф қизлардан бири арига қараб. – Жа ғалати туридан эканми? Қора экан!
Ари каттакон бўлгани учун қанотларидан чиққан товуш бошқаларнинг ҳам эътиборини тортиб улгурган, бу вақтда ҳаммамиз зўр қизиқиш билан уни кузатаётган эдик.
− Бу – қора замбур, эскитдан бор, − билағонлик қилганди Садаф. – Энамнинг тиши оғриганда мана шундай замбурни тишлаб тузалиб кетганди.
«Алдаяпти!» деган гап деярли ҳаммамизнинг хаёлимиздан ўтган бир пайт:
− Ҳазиллашаяпти! − дея ўз фикрини юмшатиброқ ифодалаганди Мирза. − Ҳеч бир замонда ари − замбур ҳам тиш оғриқни даволар эканми?!
− Даволаган деяпман-ку, − Садаф бўш келишни истамаганди. − Энамнинг айтишича, бунинг бир ривояти бор экан. Қадимда – авлиёлар яшаган даврларда жуда очарчилик бўлибди. Шунда бир авлиё ўз фарзандларига «Хафа бўлманглар. Ҳали бир даврлар келадики, одамлар ўзларидан ортган таомларни кўчага олиб чиқиб тўкади», – деб далда берибди. Бу гапдан авлиёнинг қизининг жаҳли чиқибди. «Э, шундай исрофгарчилик қилишса, одамлар тиш оғриқ бўлсин-е!», – деб юборибди. «Ундай деманг, қизим, ундайгина қарғаманг! – шошиб қизига ўтинибди авлиё. – Тез бунинг давосини айтинг!» Шунда ўша авлиёнинг қизи: «Ё омбур даво, ё замбур даво!» – деган экан… Шу-шу, одамларнинг тиши оғрийдиган бўлибди-ю, суғуртириб ташламаса, ё шу ноёб қора замбурни ғарчиллатиб тишламаса, бу оғриқдан ҳеч қутулмайдиган бўлибди.
− Хўп, бу жониворни тишласа, тиш оғриққа даво экан, лекин чақса-чи? Чақса нима бўларкин? – Садафнинг гапини рад этмаган ҳолда ўсмоқчилаб сўраганди Қодир. – Адашмасам, биринчи соат синф раҳбаримизнинг дарси эди-я?!
− Ундай қўрқитманглар-е… – деганди оғзи ва кўзлари катта очилиб, каттакон балиққа ўхшаб қолган Мўмин. – Чақса… Ўлдирмай қўймайди бу!
Бу пайт Мўминдан бўлак ҳамма Қодир ўсмоқчилаб нимага шама қилганини англаб улгурган, қўлига дафтарини олиб, парталар устида сакрашиб қолишган эди. Бироқ мен ўзғирлик қилгандим. Турган жойимда папкамни улоқтиргандим-у, шифтдан арини уриб туширгандим!
− Гап йўқ! – ифтихор билан боқиб, алқаганди мени Садаф, − Чингачгук бўп кет!
Сўнгра биз ҳали тирик бўлган арини қўлга олдик. Қаноти ва оёқчаларини юлиб ташладик. Кўзга ташланиб турган нишини тепага қаратиб, Бўтаевнинг ҳозир келиб ўтирадиган стулига жойлаштириб қўйдик. Шўрлик синф раҳбаримиз бизга раҳбар бўлгандан бери биринчи марта шовқин-сўронсиз, мана шундай жимгина дарс бошланишини кутаётганимизни кўриши бўлса керак. У синфхонага кириб келаркан, гўё «мина»ни босиб олишдан чўчиган аскардай ҳадиксираб қадам ташлар, икки кўзи аланг-жаланг эди. Ҳар доим нега овозларинг чиқмайди деб бизга икки-уч қайтадан бақиртириб салом бердирадиган одам, бу гал азбаройи иштиёқ билан берган саломимизга ҳам алик олишга иккиланди. Бошини ирғаб, нимадир деб ғудрангандай бўлди-ю, кўзларини биздан узмасдан секин жойига чўкди. Барчамиз унинг сакраб ўрнидан туриб кетишини кутиб бўйинларимизни ичга тортган эдик, у баттар ажабланди. Хиёлгина чайқалиб, сутлга янада ўрнашиброқ ўтиришга ҳаракат қилди.
Бўтаев ўтирган жойида йўқлама қилганида, кечаги мавзуни сўраб билганида ҳам, биз ҳамон унинг сакраб ўрнидан туриши ва додлаганча хона бўйлаб югуриб қолишини умид билан кутиб ўтирардик. Лекин, афсуски, ҳали айтганимдай режамиз муваффақиятсизликка учради. Бўтаев доскага янги мавзуни ёзиш учун ўрнидан турганида қарасак, ари мажақланиб унинг каттакон кетига ёпишиб қолган экан…
Бироқ у ҳозир бизни ҳафта олдин қилган бу безорилигимиз учун эмас, кеча тунда амалга оширган росмана жиноятимиз учун синфга чорлаётгани эҳтимоли катта эди. Ахир айтди-ку! Участкавой билан деди − ўлдими, ўзи босиб аталасини чиқариб юборган битта ари учун участкавой чақириб юрмас…
− Сезиб қолишибди… – йиртилиб, пати тўкилган ёстиқдай бўшашибгина ғулдиради Қодир менинг гумонларимга ҳамоҳанг. – Бунинг кўп ишни тиндиргандай керилиб туришидан, ичкарида бўларимиз бўладиганга ўхшайди…
− Ана, кеча сен иккалангга айтмовмидиим! – гўё ичидан бир нарсаси узилгандай инграб юборди Мирза. – Ҳаммасига кўз юмиб, тинчгина ўтирганимизда, бу балолар йўқ эди!..
Аллақачон кўнглим бузилиб, жуфтакни ростлашни ўйлаётган эсам-да, Мирзага ташвишланиб қарадим: чунки кеча у ҳечам унақа деган эмас, ҳозирдан шу туриши бўлса, ичкарига кирибоқ ҳамма мағзавани Қодир иккимизга ағдармаса гўрга! Ахир, аслида… Аслида ҳамма воқеаларга шу Мирзанинг ўзи.., йўқ Қодир.., йўқ-йўқ.., яхшилаб ўйлаб олай-чи… Балки… Балки Садафнинг ўзи сабаб бўлди эмасми?!
Садааф!.. О-о, Садаааф! Не ажабки, айблаб, ерга уриб, қум-тупроқларга белаб гапирган тақдирда ҳам унинг исми тилгинадан сирғалиб, ажиб бир куй билан чиқади-я? Ҳолбуки, жисми исмига монанд, оппоқ ва бўрсилдоқ юзларига кулгичлари ярашган, кўзи қийғоч, сочлари патила бу ойимча биз уч ошна – мен, Қодир ҳамда Мирзанинг нақ жигаридан уриб қўйган эди-да! Бу ҳақида ҳеч ким гапирмаса ҳам, бутун ҳамсинфларимиз билар эди шунақалигини! Ҳатто Садафнинг ўзи ҳам бизни то мактабнинг илк синфларидан бери куйдирибгина юрганини яхши билар, шундан ҳеч қайсимизни хафа қилмай, ҳеч қайси биримизни қўлдан чиқаришни истамай, ҳар учаламизга бирдек қош қоқиб, кўз учириб қўйишни канда қилмасди. Тўғри, у энтикиб-куйикишларимизга жавобан шу биргина қош учиришдан нарига ўтмас, жуда эриб кетган паллаларидагина бўйига етаётганидан бери тобора қизил атиргул ғунчасига ўхшаб қолаётган лабларини қимтиб, ўзича аразларди. Киноларда кўрганман, қиз боланинг аразлагани – нозлангани, нозлангани – суйгани! Унинг бу каби ноз-ишваларига энг кўп дучор бўлганим учун камина, Садаф аслида мана бу говкалла ошналаримни эмас, биргина мени, якка мен ўзимни яхши кўрса керак деган ширин шубҳа ва гумонларга берилар эдим. Нега ундай умид қилмай эди? Ахир кечагина – илк синф даврларимиз мактабга бирга қатнаб юрганимизда унга уйдан наввот, парвардалар олиб борганим, ҳатто энам қишда ейиш учун газетага ўраб яшикка жойлаб қўйган олмаларни-да ташиб едириб юборганим, бу ишимни деб оқибатда уйдан ҳайдалишимга оз қолганигача ҳали-ҳануз эсимдан чиққан эмас-да. Ўшанда Садаф, йўқ ҳозирги катта қиз бўлиб қолган Садаф эмас, сочларини икки ўрам қилиб ўриб, оппоқ лентачалар тақиб юрадиган қизалоқ Садаф Мўмин билан битта партада ўтирар, беташвиш-беғам, бўш-баёв Мўминбой эса қандай бахтга эга эканини хаёлига ҳам келтирмасдан китобини ёстиқ қилиб нуқул уйқуни уриб ётарди. Эҳ, шу бир Мўминга қанчалар ҳавас қилар, Садафга яқиндан, нафасларини эшитар даражада яқингинадан соатлаб термулиб ўтиришни мен қанчалар истар, орзу қилар эдим ўшанда. Айтганча, Мўмин − биз ошналарнинг тўртинчимиз. Биринчи синфдан то бешинчи синфгача Садаф билан битта партада ўтиргани учунми ё онасининг қўли ширин пазанда бўлгани учунми, унча эсимда йўқ, ишқилиб синфимиздаги қолган довдир-совдир болаларнинг ичидан уни ўзимизга ошна қилиб сайлаганмиз. Ўзиям ошначиликка ярайдиган бола-да, ғирт аммамнинг бузоғи – қаёққа етакласанг, ғиринг демай кетаверади! Нафсиламрини айтганда-ку, гўдаклигида Садаф билан битта партада ўтиришидан ташқари, менинг бошқа бир гал ҳам унга жуда ҳавасим келган. Бу воқеа ўша – биз пиёз экиб, раҳмат эшитиш ўрнига туҳматга қолган кунимиз, зов бўйида бўлиб ўтган эди.
У пайтлари биз таранг тортилган камон ўқидай етукликни кўзлаб турган тўққизинчи синф ўқувчилари эмас, бор-йўғи бешинчи синфнинг тентаккина болалари эдик. Табиатшунослик фани малимимиз биздан синфимиз билан даладаги ерига − пиёз экиш учун ҳашарга боришимизни сўраб қолди.
− Болалар, бу шунчаки ҳашар эмас, очиқ дарс, − деганди ўшанда малимимиз. – Шуни ота-эналарингга яхшилаб тушунтириб, рухсат сўранглар. Далага чиқиб терласаларинг, мияларингдаги ортиқча сув чиқиб кетиши мумкинлигини ҳам айтиш эсаларингдан чиқмасин.
Биз эса малимимизнинг гапириш оҳангиданоқ дарҳақиқат бу шунчаки ҳашар эмаслигини, балки табиатшунослик фанидан табелимизга тушажак семиз-семиз беш баҳоларнинг гарови эканини сал-пал англагандай бўлган эдик. Уч-тўртта дангасани ҳисобга олмаганда, дарсдан кейин унинг даладаги ерига деярли ҳаммамиз турналардай тизилишиб боргандик. Бироқ биз борганимизда тракторда ишлов берилиб, пиёз экиш учун тайёрланган ер майдони Ҳусан калнинг бошидай тап-тақир бўлиб ётар, у ерда малимимизнинг саккизинчида ўқийдиган ўғлидан бўлак ҳеч зоғ йўқ экан.
− Энангиз ҳали келмадими? – сўрадик ундан.
− Билмасам, келиб қолар, − деб жавоб берди у барча малимларнинг болаларига хос бодилик билан. Кейин ҳаммамизнинг бўй-бастимизга кўз қири билан бир-бир қараб чиқди-да, атайлаб бошқа бир томонга қараб, нописандгина сўради:
− Бирортанг уйда пиёз экиб кўрганмисан ўзи?
Чамаси ҳеч ким олдин бу иш билан шуғулланган эмасди: ҳамма жим! Сукут аломати нимадан дарак бераётганини тушунган малимимизнинг ўғли:
− Сенларни қара-ю, − дея ҳуштак чалди олифтанома. Сўнг ялпайиб ўтирган жойидан тезгина турди-ю, шимини бир кўтариб олди. Қарға юриш билан бориб, шу яқинда турган қопдаги пиёзчалардан икки ҳовучни этагига солди.
– Дунёда нон ейишдан бошқа осон иш йўқ, фақат яхшилаб кўриб олларинг! – деди у пиёз экиш учун тайёрланган эгатларнинг бири бошига бораркан. − Мана, этакларингдаги пиёздан доналаб оласанлар-да, мундай қилиб юмшоқ ерга санчасилар. Аммо пиёз жуда ботиб ҳам кетмаслиги керак, юзада ҳам қолмаслиги керак! Яримлари кирса, тузук…
− Малимнинг улиман деб катта кетишини қаранглар, − шипшиди шунда доим бир балони бошлайдиган Мирза. – Пиёз шундоққина ерга санчиб қўйилса, нон ейишданам анча осон экан-ку! Келинглар, шу гуррига пиёз экишни кўрсатиб қўямиз!..
Мирзанинг фикри ҳаммамизга маъқул тушиб, муғомбирона кўз уриштириб олдик.
− Ака, пиёз тайин бўлса, ер тайин бўлса… Малимимиз келгунча бошлайверайлик-да, − дедик кейин сир бой бермасдан.
Энаси келгунича бизни ишлатиб ўзини раислардай ҳис қилгиси келдими, гап малимимизнинг ўғлига куви мойдай ёқиб тушди.
− Яхши, − деди у хурсандлигини яширолмасдан оғзидаги «ўғри» тишини кўрсатиб тиржаяркан. – Унда нимага қараб турибсанлар! Мен билан пойга ўйнайсанларми?!
Шундай қилиб ҳаммамиз зинғиллаб бориб этакларимизни пиёзчалар билан тўлдирдигу ҳашарни бошлаб юбордик. Биздан бундай ғайратни кутмаган малимимизнинг ўғли ҳам чаққонлик билан ишлар, аммо биз ўпкамиз оғзимизга тиқилгудай бўлиб пиёз олиш учун ҳар икки борганимиздагина, бу мақтанчоқ зўрға бир марта боришга улгурарди, холос.
«Кўпдан қуён қочиб қутулмас», деганларидай, ишимиз униб, бир зумда қопдаги пиёзчаларни яримлатиб ташладик. Бутунлай соб қилишимизга ҳам озгина қолиб турувдики, шоша-пиша малимимиз ва у билан бирга оёғига қўнжи тиззадан келадиган каттакон этик кийиб олган эри келиб қолди. Югуравериб чарчаган эмасмизми, устоз билан сўрашиш баҳонасида барчамиз ишдан тўхтадик. Бошқаларни билмадим-у, лекин мен ўзимнинг хаёлимда ҳозир ўқитувчимизнинг эри «Балли-йей, азаматлар! Бир зумда ишнинг суробини келтириб ташлабсизлар-ку!» дейиши, сўнг ўқитувчимизнинг ўзи бизни аълочилигимиздан бошлаб мақташга тушиб кетиши керак эди. Лекин, лекин ундай бўлмади. Ўқитувчимизнинг эри бақириб берган саломимизга алик ҳам олмасдан, қора ранги баттар қуйилиб, аввалига узун қўнжли этиги билан пиёз эгатларининг у бошидан-бу бошига югура бошлади. Сўнгра ердан кесак олиб, малимимизга отиб, уни буралатиб сўкишга тушди. Ўқитувчимиз эса сен нега ўргатмадинг деб ўғлини қарғар, ўғли нуқул ўлай агар мен тўғри кўрсатганман деб тихирлик қилар эди. Биз ҳеч балони тушунмай турган эдик:
− Ерни пайҳон қилганимиз етмагандай, пиёзларни чаппа экиб чиқибмиз, шекилли, − дея пичирлади оқилаю доно Садаф. – Кетдик, болалар, ҳозир булар бир-бировларини бир бало қилиб қўяди…
Далада эса эрта баҳорнинг ям-яшил ўт-ўланлари шаталоқ отиб қочган шумтакалардай сочилиб ётарди. Осмонда тўп-тўп булутлар мисоли пиёз полизидан қувилган ўйинқароқ болалардай сузиб юрар, қуёшнинг лоҳас қилувчи нурлари кўзларимизни қамаштириб, атай биз билан ўйин ўйнамоқчи бўлаётганга ўхшаб туйиларди. Эсимда, ўшанда энг олдинда югуриб бораётган Садафнинг кўкиштоб кўйлаги этаклари ҳилпираб гўё бир байроққа ўхшаб қолган, биз шу байроққа тезроқ етиш илинжидаги спортчиларга ўхшар эдик. Шамол эса бизни недандир огоҳ этишга урингандай, биздан шошмасликни, шошилмасликни сўраётгандай, қанча тез югурсак, даладан, осмону булутлардан ва… ва баҳордан шунчалик олислашиб боришимизни тушунтирмоқчи бўгандай қўл-оёқларимизга ожизгина чирмашиб ортимизда қолиб кетар, ғамгин пичирлаган қария мисоли изимиздан оҳиста ғудраниб қўярди. Шундай югуриб, тамом ҳолдан тойиб зовур бўйига етганимизда Садаф қўлини кўтариб барчамиздан тўхташни сўради. Ҳамма тўхтагач қўлларини тиззасига тираб, бироз нафас ростлаган бўлди-да, кейин улоқчаларга ўхшаб сакраб-сакраб зовурнинг тупроқ йиғилиб дўнгалак бўлиб қолган жойига чиқди. Дўнгалакнинг ортини – зовурни зўр диққат билан кузата бошлади. Биз ҳамсинфлар унинг хаёлига яна қандай қизиқ фикр келиб экан деб бетоқат кутиб турибмиз…
− Қани, ким шу ердан сакрай олади? – дея сўради у ниҳоят. Бу гапдан сўнг аввалига қизиқувчан қиз болалар, кейин биз ўғил болалар ҳам Садафнинг ёнига чиқиб пастга қарадигу дамимиз ичимизга тушиб кетди. Чунки зовур ичи камида беш метрча чиқар, сакраб тушган одамнинг оёғи синмаган тақдирида ҳам, тўпиғидан чиқиб кетиши тайин эди.
− Наҳотки ҳеч қайсиларинг сакрай олмасаларинг-а? Тоза қуён юрак экансилар-ку! – деди Садаф бешафқатлик билан. – Бу зовур нима бўпти! Ҳиндулар бундан ҳам баланд жойлардан сакрайверади.
− Чуқур экан…
− Анчагина…
− Суви бўлгандаям бошқа гап эди… – чуғурлаша кетди қизлар.
Бу умидсизликка чорловчи гаплардан кейин биз ўғил болалар яна бир бор бўйнимизни чўзиб зовурдан пастга қарадик, ниҳоятда афсусланиб, пичир-пичир гаплаша бошладик.
− Ким сакрайди, қани ким?! – Садафнинг бу галги қатъий овоз оҳангида бешафқатлик эмас, меҳру муҳаббат толалари эшилиб кетган, умидвор боқаётган нигоҳларида ҳам не бир инжикиш, не бир шикоят бор эди. – Фақат қиз болалар эмас, ўғил болалар сакрасин! Ким сакраса, ўша – ғолиб!
«Ғолиб? Нимада ғолиб?! Ҳали ҳеч қандай ўйин бошлангани ҳам йўқ-ку!» Афтидан, барчамиз шуни ўйлаб, тушунолмай турган эдик, кутилмаганда, жуда-жуда кутилмаганда зовур ичига Мўмин мисоли ярим қоп пиёздай гурсиллаб тушди…
Мўмин?! Қачон қараса мишқисини оқизиб юрадиган, итнинг орқанги оёғи Мўмин?! Ҳамма ҳайратда, ҳамма ҳаяжонда эди. Аммо Садаф, афтидан, зовурга айнан Мўмин эмас, бошқа биров, дейлик… дейлик… масалан, мен ўзимнинг сакрашимни истаган эди, шекилли, Мўминни олқишлаш ўрнига шарт ўгрилиб, лом-мим демасдан жўнаб юборди. Биз эса кетмадик, ноихтиёрий бир тарзда кетолмадик. Оддий мишқидан бамисоли ҳинд киноси қаҳрамонига эврилган Мўминни зўр ҳавас, зўр эҳтиром, зўр ҳасад билан зовурнинг ичидан тортиб олдик. Аммо энг қизиғи, Мўмин зовурдан чиққач бизнинг ҳафсалаларимизни пир қилиб:
− Қайсинг… Итарган бўлсанг, отамга айтаман! – дея шинғиллагани бўлди.
О, кимдир итариб юборган, адашиб қулаб тушган, ҳар қалай Садафнинг шартини бажарган Мўминнинг ўрнида бўлиб қолишни қанчалар ҳавас, орзу қилган эдим ўшанда… Аммо бугун, мана бугун ўспирин ёшга етиб, бўйим билан бирга эсим ортиб, ҳамма қизлар, айниқса, чиройли қизлар ўта айёр, ниҳоятда очкўз бўлишини англаб турибман. Ҳа, уларнинг лаб буриб, кўз пир-пиратишлари жуда-жуда алдамчи, жуда-жуда сохта бўлар экан аслида. Аслида, улар ҳеч бир йигитни қўлдан чиқармасам, ҳаммасини бир қатор қилиб итдай изимдан эргаштирсам, кўзмунчоқ қилиб қўлимга тақсам, каптар қилиб барчасига ҳовучларимда дон берсам деган ҳийлакор хаёллар билан юрар эканлар. Ҳар қалай ҳамсинф қизларимизнинг кеча қўлимизга тушиб қолган дастмоялари наинки менга, балки биз тўрт ошнанинг барчамизга шундай ўйлашдан ўзга йўл қолдирмаган эди.
Очиғи, биз қизларимизнинг шундай дафтар-дастмоялари борлигини айнан ўз кўзларимиз билан кўрмасдан, бошқа бировдан эшитганимизда балки ишонмаган бўлардик. Бироқ бу не кўргуликки, Қодир дафтарни ашёвий далил сифатида қўлга киритибди. Дарслар тугагач у томоқ қириб, ияк қоқиб биз учовлонга – Мирза, мен, Мўминга якка тут тагидаги ўзимизнинг тош ёнига боришни имо-ишоралар қилганда, албатта, бизнинг ҳали ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ эди.
Учовимиз узун-қисқа бўлиб ҳамишаги сардоримиз Қодирбойнинг изидан юриб борар эканмиз, йўлда Мирза секингина:
− Нимага ранги гезариб кетибди? – дея сўради.
− Қўявер, арзимаган гапдир, − дедим мен унга кўз қисиб. − Бу ўзи шуйтади, обдан ваҳима қилмаса, ҳеч гапни айтмайди!
Аслини олганда-ку, якка тутнинг тагида ҳазилакам гаплар гаплашилмайди. Чунки бу қартайган тут мана шу пастликда Чимсарой овулимиз барпо бўлиши билан теппа-тенг кўкариб чиққан, энамнинг маталларига қараганда, уни овулнинг катта бир эшон бобоси эккан экан. Бу воқеага энди минг йиллар бўлиб қолган, мен ушбу гапларни ҳали гўдаклигимдаёқ билиб олган бўлсам ҳам, соқоли оқарган айрим бобойлар буни билмаса керак. Чунки тутнинг тарихини гапириб бераётганида энам худди шундай деб, яъни айрим қарияларимиз ҳам буни билмайди деб айтган эди-да.
Энамнинг айтишича, минг йиллар илгари Афғон юртидан катта бир карвон йўлга чиқибди. Карвон аҳли ўзбекларнинг кўчиб яшайдиган сарой уруғига мансуб бўлиб, ҳар хил касб эгаларидан ташкил топган экан. Улар даштдами, саҳродами қўшиқ хиргойи қилиб, туялари устида лиқиллабгина кетиб боришаётса, олдидан бир тўп қароқчи-йўлтўсарлар чиқиб қолибди. Қароқчилар жуда золим ва бунинг устига яхшигина қуролланишган экан.
− Булар билан уришиб, ит баракат топмайди, − дебди шунда карвонбоши. – Уч қисимга ажралиб, уч тарафга қочамиз. Зора, бирор қисмимизнинг омадимиз келса!
Ўшанда карвонбоши тўғри башорат қилган экан. Қароқчилар карвоннинг иккита қисмини тутиб, беомон қиришибди. Аммо учинчи қисмини тутиша олмабди. Учинчи қисм қоча-қоч қилиб, кўздан ғойиб бўлибди.
Кейин ўша одамлар адашиб-улоқиб, атрофни қора зулмат қоплаган пайтда бир манзилга келиб қолишибди. Чарчаб, ҳолдан тойган эмасми, туяларини қозиққа боғлай-боғламай, таппа ташлаб ухлаб қолишибди. Бир маҳал эрта саҳарда уйғониб қарашса, атроф ям-яшил чимзор, чумчуқлар сайрашган, ёввойи қуёнчалар сакраган, эллик метрча пастлик − ҳув нарида дарё суви оппоқ биллурдай бўлиб оқиб ётган эмиш.
− Демак, шаҳид кетибмиз, − деб ҳўнгир-ҳўнгир йиғлашга тушибди карвон аҳли. – Бу ер, афтидан, жаннат бўлса керак…
Улар йиғлаш орасида баданларини пайпаслаб кўриб, ҳеч қандай жароҳат изларини топмагандан кейингина ўзларининг жаннатда эмас, одам қадами етмаган даштликда эканига амин бўлишибди. Амин бўлишлари билан эса ерни кавлаб, қумғон осиб, чимларни ғишт шаклида кесиб, капа тиклашга киришиб кетибди. Шу-шу бу ерда Чимсарой деган олти овулни ўз ичига оладиган каттакон қишлоқ пайдо бўлган экан.
Аммо энамнинг ҳикоясидаги адашган карвон аҳли жаннат деб ўйлаган манзара ҳозир қаёқда дейсиз. Ҳозир ўша оқбадан дарё суви ниҳоятда камайиб, ана, овулимизнинг даштликка туташиб кетган ёғидаги чиму ажриқлар ҳам қовжираб ётибди. Фақат ул минг йиллик даврдан бери бизнинг тепакликда қаққайиб турадиган якка тутимиз ва катта харсангтошгина ўзгармай ўз ҳолида сақланиб келаётган бўлса керак…
− Якка тутни эккан эшон бобонинг каромати зўр бўлган, − деб айтганди энам менга бир сафар. – Шунинг учун унинг меваси овулдаги ҳамма мевалардан олдин пишади. Ўзи сувсиз жойда ўсса-да, яшайверади. Тутнинг ёнида турадиган тошни ҳам эшон бобо дуо ўқиб, шу тепаликка тортиб чиқарган бўлса, ажаб эмас.
− Нимага унда тутнинг меваси бемаза, − деб сўрагандим мен ҳайрон бўлиб. – Меваси ҳамма мевадан олдин пишади-ю, биров еб улгурмай тўкилиб кетади?
Энам ўйлаб, саволимга жавоб топиб улгурмай, тағин сўраган эдим:
− Одамнинг оёғи етган жой обод бўлади дердингиз… Лекин Чимсаройимизда сал бошқача бўлган экан-да а?
− Бола деган савол беравермай индамайгина эшитса-да! – ниҳоят уришиб берганди энам. – Сенга ўхшаган маҳмадоналар минг йиллик ривоятниям расвосини чиқаради!
Энам ўшанда жеркиб, гапирмагани учун якка тутнинг меваси нега бемаза экани биз ошналарга ҳам сир бўлиб қолганди. Лекин беш-олти йил олдин у ҳақидаги бошқа гапларни оқизмай-томизмай айтиб берганимдан кейин, Қодир жуда илҳомланиб кетганди.
− Бугундан бошлаб шу тутнинг тагини ўзимизга қўналға қиламиз! – деганди у кўзлари милдир-милдир товланиб. – Энг сирли гапларимизни шу муқаддас тутнинг тагига келиб гаплашамиз!
− Тўғри айтасан, фикрингга қўшиламан, − деб эснаганди Мирза ҳам. – Тут билан тош турган жой баланд, пастдан келиб биров гап пойламоқчи бўлса, дарров кўриб қоламиз.
Бироқ Қодир кейинчалик муҳим сир деб бўлмайдиган арзимас гапларни айтиш учун ҳам бизни азза-базза шу тутнинг тагига судрайдиган одат чиқарган, ҳозир ҳам узун-қисқа бўлиб унинг ортидан борарканмиз, рости воқеанинг бу қадар жиддийлигига шубҳам бор эди. Шу учун, у ерга етишимиз билан: «Хўш, яна нима бўлди?!» – деб Қодирга кесатишдан ўзимни тия олмадим.
− Ўл, бўлди! – дея жавоб қайтарди шунда Қодир. – Барингга ўл бўлди, очиқ лаҳат бўлди, эшитдиларингми?!
Мен Қодирни яхши биламан, сал бўш кетганни миниб олади.
− Сен кўп тизинглама, ичинг қотган бўлса, жаҳлингни энангга ё мана бу… Мўминга қил! – деб унданам баланд келишга уриндим шунга. – Тушунтириб гапирсанг-чи бундай?
Таҳдидимдан сўнг Қодир унча-мунча шаштидан тушди. Ёш ғилтиллаб, саросимали боқаётган кўзлари билан кўзимга бироз тикилиб турдию, ўша дастмояни – қизларимизнинг шунча пайтдан бери биздан яшириб келган «Дил дафтари»ни юзимга улоқтириб юборди. Қодир отган дафтар мисоли ўқ еган каптардай оёқларим остига тушиб, варақ-варақ бўлиб ётганда ҳам, қолган ошналар ҳали ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, хусусан, мен қўлларимни чўнтакка тиққиб, бепарво турар эдим.
Қодир ниҳоят парвойимиз палаклигига чидай олмади.
− Кўр… Ўзларинг кўринглар мендан сўрагунча, Садаф!.. Садафларинг нима қилиб юрганини! – деди оғзидан тупук сачратиб, бармоғини бигиз қилиб дафтарни кўрсатаркан.
Мирза иккаламиз у кўрсатган томонга эмас, бир-биримизга қарадик: «Садаф…ларинг дедими? Бунга эс қаердан битди?!» Дафтарни эса Мўмин олди. Саводи яхши бўлмагани учун оғзини уч бурчак, тўрт бурчак қилиб Қодир варақларини буклаб-қайириб қўйган жойидан ўқишга тушди. Шундан сўнггина Мирза икковимиз узун-қилтириқ бўйинларимизни чўзиб, Мўминнинг елкаси оша алангладик:
«Сизни жудаям кўп ўйлайман… Ҳиндуларнинг киноларидаги уришқоқ йигитларни кўрганимда, ҳамиша сиз эсимга тушаверасиз. Биламан, аслида сизнинг ўша ҳиндулардан ҳам кучингиз кўп. Ҳеч бўлмаганда улардан мардроқсиз. Менга кимлардир ёмонлик қилмоқчи бўлганда, сиз кўксингизни қалқон қилиб мени ҳимоя қиласиз… Кеча сизни тушимда кўрибман. Бу ҳақида ёза олмайман… Уят ахир… Садаф».
− Кимга ёзибди-и-и?!! – ҳали ҳушимни йиғиб ололмасимдан, чап қулоғим остида чийиллаб юборди Мирза. – Уятсиз, жа қийшанглаб кимга ёзибди бу ҳаром гапларини?!
− Билмайман, чин сўзим, билмайман, ошна! – деди Қодир ҳамдард топганидан енгил тортгандай сачраниб Мирзага қараркан. – Дафтарни ҳам сумкаларидан яширинча ўғирлаб олдим. Агар ўзлари шивир-шивир қилиб сездириб қўймаганида, ўлай агар, танаффусда сумкасини кавлаш хаёлимга келмасди!
− Пачоғини чиқараман! – Мирза ўзини қўярга жой тополмай қолди. – Чини билан айтаяпман, кимлигини билсам пачоқлаб ташлайман!
Дарҳақиқат, Мирза бу машъум ва ҳаёсиз дил изҳори кимга аталганини билиши биланоқ бориб, бўйнидан бўғиб, ичига тепиб, ерга ётқизиб, оёқларида аёвсиз пийпалаб ташлагудай жазавада турар, айни важоҳатини кўриб ундан яхшилик кутиб бўлмасди. Мен эса ҳамон ўзимга келолмасдим. Туш кўраётгандай, ошналарим одам эмас − бир рўё, Мўминнинг қўлида турган увада дафтар ҳам гўёки бир саробдай, бемаъни эсанкираш билан гоҳ ошналаримга, гоҳ дафтарга қарардим нуқул.
− Сизлаб ёзишига қараган-да, Отабек полвонга бўлса керак! – Мирза ҳамон қизиққонлигини қўймасди. – Биламан, ўшанга ёзган! Туновин, тўйда ҳамма полвонларни йиқитганини айтиб, оғзидан бол томиб мақтаётганидан бир нарсани сезувдим.
− Ундай эмас, ўйлаб гапирсанг-чи… − истамайгина рад этди Мўмин.
Менинг ҳам хаёлимдан «Отабек полвон биздан қанча ёш катта-ю… Йўқ, қўшни овулнинг биз тенги болаларидан биттаси бўлса керак», деган фикр кечди.
− Мўмин тўғри айтди, нима бўлгандаям бу Отабек полвон эмаслиги аниқ, − дедим кейин ичимдагини сиртимга чиқариб. − Ўлдими, эрта-индин уйланаман деган сўлоқмондай йигит, «боласи тенги» қиз билан севишиб юрса!
− Отабек полвон эмас, лекин у бўлса, янада ёмон, − Қодир ҳам мени қувватлагандай бўлди. – Урамиз десак… Бир бутига тўғри келмаймиз.
Ҳамиша ҳам «Лов» этиб ёниб, «Пуф» этиб ўчадиган Мирза чуқур бир хўрсиндию, гўё шу билан ичидаги бор дами чиқиб кетгандай таппа ташлаб ерга ўтириб қолди.
− Мақтовди деяпман-ку, оғзидан бол томиб мақтовди… – деди, кифтини харсангтошимизга суянганча, яп-янги шимини ҳам аямасдан оёқларини тупроқ устига узатиб юбораркан. − Аслида мен гўдаклигимданоқ қизларга қойил қолмаганман, ошналар. Масалан, эртаклардаги маликаларни олайлик. Яхши кўради-ю, яна шаҳзодага аждар билан олишишни шарт қилиб қўяди. Мабодо шаҳзодани аждар еб қўйса-чи, унда нима бўлади деб ўйламайди ҳеч…
− Тўғри айтасан, − Мирзанинг гапини бўлдим. – Эртаклардаги севги доимо ёлғон-яшиқ ва бачкана бўлади. Севдингми, аждарни енгишинг шарт. Аждарни енгдингми, севиласан! Ҳаётга сира ўхшамайди-да! Агар шу малика эртакда эмас, ҳаётда бўлганида, ким билсин, аждарнинг ўзини танлаган бўлармиди…
− Яшанглар, билағонлар! – зўрма-зўраки илжайиб заҳарханда қилди Қодир. – Сенларга қолса эртакни ҳам, ҳаётни ҳам ўзларингга мослаб оласанлар. Айтаётган эртакларингни тўқиган эртакчи бобойлар ҳам, менимча, қачондир севиб, севгисига етолмаган, кейин шу эртакларни тўқиган аламзадалардан бўлса керак-да. Энди шу хаёлпарастларнинг амалга ошмаган орзуларини ҳаётга қиёслаб, сен икковингга ўхшаганлар ҳалак!
Бу мавзуни биринчи бўлиб Мирза бошлагани учун Қодирнинг гапи кўпроқ унга ботди.
− Бунчалик ўзбилармонлик қилаверма-да! – деди у қоқиўтдай ялпайиб ўтирган жойида. – Тўғри, эртак ҳаётга унчалик ўхшамаслиги мумкин, аммо барибир севги эртакка оз-моз ўхшаб кетади. Ўзинг кўрмайсанми, севгида ҳам, эртакда ҳам бари бирдай бошқача. Дейлик… Ҳозир сен йиғлагинг келаяпти, шундайми? Манави, – бармоқ нуқиб мени кўрсатди, − нуқул уҳ тортиб, бош қашийди. Менинг ўтиришим бу аҳвол – сезиб турибман, шу туришимда Жумабойнинг ўзиман… Садафга… Садафга эса бунинг бир тийинлик қизиғи йўқ! Ахир бошқача-ку, ошна! Булар бари жуда бошқача-ку?!
− Сен нима десанг деявер, − Қодирнинг бўш келгиси йўқ эди. – Барибир мен эртакчиларни ёмон кўраман! Чунки эртакни биринчи бўлиб тўқиган инсон − ҳаётни биринчи бўлиб бузган инсон бўлиб чиқади! Камига у ғаламис севгини ҳам худди манави тутимизни қўпоргандай қўпориб, илдиз-пилдизи билан ўша эртагига ўрнатиб олибди! Воой, кўнгилгинанга қўтир жомашов! Ана энди уни деб ҳаётимизда севги йўқ. Севги бўлиши учун эртакка – бузилган ҳаётга ўтишимиз керак!
Мирза жавоб қайтармоқчи бўлгандек оғиз жуфтлаб Қодирга қаради-ю, нимагадир индамай жим бўлди. Тўғри қилди. Ахир Қодир биринчи синфдан бошлаб аълочи эди, шеърларни ҳам кўп ёдлаган, гапига яраша гап топиб бўладими? Билмадим, айтганларида ҳам бироз бўлса-да ҳақиқат бордай. Ҳолбуки, Мирза икковимизни бир қур оғзига қаратиб, анграйтириб ташлаганининг ўзи ҳам Қодирнинг ақллироқ эканини кўрсатиб турибди. Мен унинг қалин ва калта қошларига, шу қош тагидаги жигарранг кўзларига, икки томонига нонпар урилгандай майда сепкил тошган оқ-сариқ юзларига термилиб қолдим. Зап ғалати бола у ҳамда омадли деб ўйладим кўнглимда. Аммо яхшилигини ҳам, ёмон эканини ҳам билиб бўлмайди. Унинг анча йиллар олдин, ҳали бешинчида ўқийдиган пайтимиз холамларнинг қишлоғида кураш тушиб бир болани йиқитгани, яна маҳмадоначилик қилиб баковулни қойил қилгани эсимга тушди…
Ўша йили ёзги таътилда энам мени олисдаги холамникига бир ҳафтага меҳмонга жўнатмоқчи бўлди-ю, мен иккиланиб қолдим. Бирламчи, холамнинг фарзандлари – бўлаларим бари катта қиз бўлса, мен ким билан ўйнайман? Иккиламчи, бу ёқда ошналарим – Қодир, Мирза, Мўминларни бирга қолдириб бир ўзим жўнаб кетиш, мен учун уларнинг сафидан ажраб қолишдай туйилиб кетди.
− Эна, ошналаримни ола кетсам бўлмайдими? – дедим энамга ялиниб. – Тўртов бўлсак, у ёқда болалар урмасди-да.
− Ҳалиям сени ҳеч ким урмайди, − жеркинди энам. – Холангга тайинлайман, бўлаларингнинг етовгинасида юрасан.
− Барибир-да. Ошналарим олдимда бўлса, уйни соғиниб қолмас эдим…
Шу гапдан кейин энам Қодирларникига бориб, Қодирнинг энасига ёлвориб, уни мен билан бирга холамларникига қўйиб келган эди.
Очиғини айтганда, Қодир холамнинг қизларига мендан кўра кўпроқ ёқиб қолди. Холамларникида ўзини мендан кўра эркинроқ ҳис этди. Гўё бу ер унинг холасининг уйию мен у билан бирга келган «эргашвой»ман. Эрталаб нонушта пайтлари катта бўлам Нуриниса қатиқ сузса, Қодир қатиққа шакар аралаштиришни тортинмасдан сўрар, холам оғрингандай бўлиб кўз ташлаб қўйса ҳам, билиб туриб ўзини билмаганликка оларди. «Холанг зиқна экан, − дерди у тағин биров эшитмайдиган қилиб, нонуштадан сўнг кўчага чиққан пайтларимизда. – Аёллар зиқна бўлади ўзи. Ўзимни энамам бирор марта қатиққа шакар солиб бермайди!»
Яна денг, кўчага чиқиб, бегона болаларнинг ошиқ ўйнашаётганини кўрсак, Қодир улар чақиришмаса ҳам бориб ўйинга қўшилиб кетаверарди. Агар билсангиз, ҳар битта ўйинда бошқарувчи бўлади. Уйишиб ўйналадиган ўйинларда ҳам болалар бирорта боланинг фикрини ҳурмат қилиб, ўйин қоидаларини унинг гапига қараб тузишади. Қодир бегона болаларнинг ўйинига қўшилган пайтлари аввало бу ўйинда ўша бошқарувчи бола ким эканини билиб олар, кейин хушомад қилиб, яхши гаплар билан ўша бошқарувчининг эътиборини қозонар, қарабсизки, бошқарувчи унга яхши муносабатда бўлаётганини кўриб, бошқа болалар ҳам Қодирни ҳурматлай бошлашарди. Шунда ғалати бир иш қиларди Қодир. Бошқарувчи вазифасини бажараётган болани секинлик билан четлатиб, ўйиннинг бошқарувини бутунича ўз қўлига оларди. Унданам қизиғи эса, қолган болалар ҳеч нарса бўлмагандай ўйнашда давом этишарди. Ҳали сизга айтмоқчи бўлганим, у билан боғлиқ кураш воқеаси ҳам холамларникида, айнан ўша кунларда бўлиб ўтганди.
Кураш ҳақида биз тушлик қилаётган пайтимизда, холамнинг эри поччамнинг оғзидан эшитдик.
− Бугун олиш бор эди, падарига лаънат, кўролмайдиган бўлдим, − деди у киши юмуш билан аллақаёққа кетиши керак бўлгани учун шошиб нон кавшаркан. – Қизириқда яхши трактор сотиляпти экан, биргат атай қилгандай бугун бориб кўриб кел деди.
− Чакки қиласиз-да, − кулди дастурхоннинг бир бурчагида жўжаларига нон ушатиб ўтирган холам. – Сизам манови икки полвонни обориб олиштиринг, − Қодир иккимизни кўрсатди, − улоқнинг калла-палласидан ютиб келса, кечга калла шўрва қилардим.
Шунда поччамнинг кўзлари бир зумда қонталаш бўлди. Нон кавшашдан тўхтаб, қип-қизариб кетган ўша кўзларини холамга тикди. Негадир анча пайт шундай ўқрайиб турди-ю, яна иштиёқсизгина кавшана бошлади.
− Аҳмоқ… – деб қўйди ғудраниб. – Олишда калла қўйилмайди… Сен қаердан билардинг.
Ҳалигина оғзида кулги бўлган холам ҳам энди нима учундир мунғайибгина қолган, дастурхон бошидаги бўлаларим Нуриниса, Ойниса, Холниса ва Улжонлар тезгина ўринларидан туришиб, бири ишлаш учун томорқага, бири оғулхонага, яна бири челакларини кўтарганча сой томонга жўнаб қолишди.
Поччам ҳеч ким билан хайрлашмасдан чиқиб кетгач, Қодир икковимиз кечгача гоҳ у бўламнинг, гоҳ бу бўламнинг ишларига ёрдамлашиб юрдик. Лекин бўлаларимнинг кайфияти бугун бошқа кунлардагига ўхшамас, ҳатто бир-бирлари билан ҳам ийманиб, паст товушда гаплашишарди. Кечга бориб Нуриниса бўлам бизларни бир чеккага тортди. «Икковинг бунча баланд гапирмасаларинг, отанглар карнайчими?! − деди кейин қўлимизга тўрттадан буғирсоқ тутқазаркан. – Энамнинг боши оғрияпти. Кўчага чиқсаларинг ҳамма олишга кетаёган бўлади. Боринглар, силарам томоша қилиб келасилар. Ўзим борсам битта-яримтасини елкамдан ошириб уриб, зот олиб келардим-у, қиз болага уят-да…»
Ошналар билан овулимиздан ташқари қўшни қишлоқларгаям бориб олишиб турсак-да, рости ёнимда Қодир бўлмаганда, мен ўша олишга ўлсам ҳам бормасдим. Нима қилардим у ерда, мен танимайдиган фақат бегона одамлар бўлса? Лекин ўша-ўша тап тормас, киришимли Қодир бўламнинг гапидан кейин ҳол-жонимга қўймади.
− Юр! Жуда бўлмаса, иккаламиз олишиб, олган зотимизни бўлишамиз!
Кўчага чиққач, холамларникига келганимиздан бери синашта бўлиб қолган қўшни болаларни ахтариб ўтиришга ҳам ҳожат қолмади. Одамлар қуёш юзини уфқ этагига яширишга улгурмай кураш уюштирилаётган майдонга етмоқчи эдими, шошиб тўғрига кетиб боришаяпти экан. Уларнинг изидан тушдигу унча кўп юрмасдан кураш бўлиб ўтиши керак бўлган майдонга етиб бордик.
Кураш учун мўлжалланаётган айлана давра сомон тўшама билан қопланган, икки одам баравари баландликдан сим тортилиб, майдоннинг қоқ ўртасига ўрнатилган лампочка ҳали қоронғи тушиб улгурмагани учун хирагина нур сочиб турар эди. Мен атрофга қараб, томошабинлар ўрнида аёллар ва қариялар, қолаверса, ўзимиз тенги болаларнигина кўрдим. Ким билсин экан, ҳалигина Қодир икковимиз кўчада учратган полвонсифат йигитлар ва қизлар қаёққа беркиниб олишган. Бу ҳақида Қодирдан сўрасам, у калта қошларини уйиб кайвонисифат қиёфага кираркан:
− Асл полвонлар кўзга ташланмай туради, − деб айтди. − Аммо зўракан, бу ерда олиш биздагиндан анча катта бўларкан!
Шу ерда озроқ тимирскиланиб турган эдик, орадан пича ўтиб майдонда оёғига йиртиқ калиш кийиб, эгнига эски тўн илиб олган бўйдор бир одам пайдо бўлди. Ҳамма диққатини бир жойга жамлаганидан, ғала-ғовур тиниб, бурчак-бурчакларда писиниб ўтирган томошаталаблар аста чиқиб келаверганидан билдим, у – баковул эди! Мен баковулнинг майдондаги сомон тушамани текшириб, курашни бошлашга тараддудланишига ажиб бир мафтунлик билан тикилиб қолдим ўшанда. Ахир ҳавасга арзийди-да, баковуллик – мансабларнинг энг каттаси. Ўқитувчи ё мактабнинг директори бўладими, бригадер ё раис бўладими, бу оламда бари-бариси баковулдан кейин туради. Кураш майдонида бир полвон бошқа бир полвонни минг ерга оёғини осмондан қилиб урмасин, халойиқ минг кучаниб «Ҳалол» ё «Ҳалол эмас!» деб бақирмасин, бунга мингта мактаб директори, яна мингта раис келиб аралашмасин, агар шу биргина йиртиқ калиш кийган баковул тасдиқламаса, ҳаммаси бекор кетади.
− Полвонжонлар, давра қуриб ўтириб олинглар, − деди бир маҳал ёш дейиш учун қари, қари деб айтиш учун анча ёшлик қиладиган ўша баковул. – Ҳой Нурматнинг ули, кап-катта жигит, сен нимага дарахтга чиқиб олдинг?! Билиб қўй, бола, жигит киши бутини шамолдан асрамаса жуда ёмон бўлади! Қирқидан кейин аялларнинг сафига қўшиб қўявер ундай жигитни!
Шу арзимаган гапга халойиқ гурра кулди. Баковул эса халойиқнинг дамини қайтармоқчи бўлгандай қўлини ҳавода сермаб, бақирганча давом этди:
− Айтиб қўяй, бугун олишни сизларга ўзимизнинг Сафар чўпон қилиб бераяпти. Чўпон бовамиз калхуздан ўғирлаб еган қўйларининг гуноҳини шуйтиб ювмоқчи!
Яна ҳамма гуриллаб кулди-ю, давра четидан бир кишининг норози овози эшитилди:
− Баковул бова, ўғирликнинг устида ушлаган бўсангизам ундай деманг. Калхузнинг қўйининг ўзи тугул, жунигаям текканим йўқ!
− Ай-й, олиш бераяпман деб менга ўргатимчилик қилма! – уни жеркиб ташлади баковул. – Чўпон зотининг ҳаммаси ўғри бўлади, буни яхши биламан!
Баковул даврадагиларнинг кулгусию қийқиришларига маст бўлгандай қўлларини белига тираб, даврада бироз юринган бўлди.
− Жигитлар, аввало сизлар гапимни қулоқларингга қуйиб олинглар! − тилга кирди яна. – Ота-бовамиз олишиб келган шу марди-майдонга чиқиб жиғилса, жигит учун уят бўлмайди! Ҳали дунёга келиб жиғилмаган полвон йўқ! Бу дунёда барибир зўрдан зўр чиқаверади! Ҳайла, бир умр кураги ерга тегмаган Шоймардон полвонниям тўйда бир қилтириқ жигит чиқиб, елкадан ошириб урганининг гувоҳи ўзим! Бечора Шоймардон шунча зўрлар билан олишиб жиғилмовдим, нимкала полвондан жиғилдим деб, жилаб-жилаб чиқиб кетувди… Жилайди-да! Агар эркак марди-майдонда кучини бой бериб, ор-номуси учун жиласа, унга кулмаслик керак! Лекин олиш деб чақирган пайти эрман дегани аялга ўхшаб нозланса, сузилиб ўзини тарозига солса, ана шу катта иснот! Ундай жигитнинг боридан Оллойимнинг тоши яхши! Қулоқларингга қуйдингларми, жигитлар? Қани, бўмаса, олишни ёш полвонлардан бошлаймиз!
Шундай деб туриб, баковул рамақижон танасига каттагина яктакни полпиллатиб кийган, эскириб, калта бўлиб қолган иштонининг ичидан чиллашир оёқлари чиқиб турган бир болани имлаб чақирди.
− Нурали малимнинг такаси, бу ёққа кел!
Эсимда, ўша боланинг кураш тушиш учун эмас, худди қўчқор бўлиб сузишмоқчи бўлаётгандай бошини олдинга чиқариб катта-катта қадамлар билан баковулнинг олдига бориши кулгили эди. Бироқ ҳеч ким кулмади. Баковул кўзи билан чамалаб, одамлар орасидан унга мос «полвон» қидира бошлади. Аммо-лекин, оёқлари қилтириқ бўлсаям шашти зўр экан у боланинг. Баковул кетма-кетига рўбарў қилган иккита боланиям чалпак қилиб ташлади. Бироқ ўзи талабгор бўлиб чиққан бир бола униям қийналмасдан шундайгина қилиб курагини ерга босди…
− Эррайим полвоннинг супрақоқтиси Эломонга ким чиқади?! – деб баковул энди уни йиқитган болага рақиб қидира бошлади. Тахминан, биз тенгилар келадиган у бола эса катта полвонларга тақлидан оёқларини кериб, билакларини машқ қилдириб, бирор номзод топилишини кутар эди. У бола чиндан шунча зўрмикан ё керилиши чўчитаётганмиди, буёғини билмадим-у, аммо болалар баковулнинг нигоҳидан паналаб орқага қочишди. Ана сўнг Қодир икковимиз ҳаммадан ажралиб, майдон четида сўппайибгина қолдик.
− Ҳой, сен кандир иштонли, бу ёққа кел! – деб Қодирни чақирди шунда баковул.
Қодир бундай бўлишини сира кутмаган эди, шунинг учун аввалига анграйиб турди. Баковул иккинчи бор чақиргандан кейингина иккиланиброқ унинг олдига борди.
− Кимнинг улисан? – сўради баковул.
Атрофига аланглаб фақат бегона одамларни кўраётган Қодир ҳалиям жим, талмовсираб турар эди.
− Қўрққанингдан тилингни ютиб қўйдингми, нега гапирмайсан?!
− Баковул бова, бу бола олисдан келган, − бақирди шу пайт холамларнинг қўшниси бўлган бир ака. – Болта тракторчининг қариндоши!
− Эй, гап бу ёқда демайсиларми, − деб баковул қўлларидан тутиб, ҳалиги каландимоқ бола билан ҳеч қандай полвон либоссиз, енги калта сатин кўйлак ва сариқ кандир иштонда турган Қодирни майдон ўртасига бошлаб борди. – Қани, унда олиш! Зотларинг беш сўм пул билан, бир белқарс!
Бошини баланд тутиб, кўкрагини намойишкорона кераётган рақибига қўл узатиб бораётган Қодирнинг эса ҳаракатлари қовушмаётганди. Томошабинларнинг салобати босаётганлиги туфайлими ё мақтанчоқликнинг ҳадисини олган рақибидан чўчибми, у нуқул довдирар, Қодирни шу ҳолида синфидаги ҳаммани йиқитадиган зўр бола деса, ўлай агар, биров ишонмаслиги мумкин эди. Ҳалига бола ҳам, менимча, шунга учди. Қодирни қўш пойчадан олиб* ерга босиб қўймоқчи бўлди-ю, ўзи солган чилнинг тагида қолди…
− Ғирром йиқитди, ғирром! – бироқ тура солиб, йиғламсираб бақирди у бола. – Чил солганимда атай бармоқларимни қайириб юборди!
− Полвонжон, шатталикни бориб энангизга қиласиз, бу ер шатталикни кўтармайди, − деб баковул уни эътирозга ўрин қолмайдиган тарзда қайириб ташлади. – Халойиқ, меҳмон полвоннинг ҳалоли бўлсин! Шуйтиб, беш сўм пул билан, бир белқарс уники!
Аммо Қодир зот узатиб турган баковул ёрдамчисига иккиланиб қаради. Пул билан белқарсни негадир олгиси келмай, орқага тисарилди.
− Полвонжон, нимага тортинаяпсан? Ё Эломон уради деб қўрқаяпсанми? – ажабланиб сўради баковул. – Қўрқма, сен олавер! Агар Эломон ғинг деса, ўзим уни чўчоғини кесиб оламан!
− Олмайман… – деди Қодир эса яна бир қадам орқага тисариларкан, ийманиш ва анчайин ҳадик билан.
− Нега олмайсан?
− Олдин… Олдин овулимнинг номини айтинг.
− Овулингни оти нима?
− Чимсарой!..
Ўшанда Қодир одамларнинг кўз олдида майда мактаб боласидан кап-катта йигитга эврилган, ҳатто ўр-қайсар баковул бованинг ўзи ҳам қаршисида болакай эмас, не бир улуғ одам тургандай илжайиб, елка қисиб, узоқ пайт термилиб қолган эди. Уйга қайтаётганимизда мен ҳам унга жуда қойил бўлиб:
− Бундай чиройли гап хаёлингга қандай келди? – дея сўраган эдим, Қодир шивирлаб:
− Ўлай агар, ўзимам билмайман. Анави болага ғирромлик ишлатганимдан сўнг ошкор бўлишдан қўрқиб, нима деганим эсда йўқ, − деб айтди…
Ҳозир, айни лаҳзада эса, бир кунлик вазифасини бажариб ҳолдан тойган қуёш бош олиб кетаётган ғариб каби Чимсарой овулининг даштликка туташиб кетган адоғига кетиб борар, хиёнатнинг қаттиқ эсган шамолидан силкиниб бир-биримизга суяниб қолган биз ошналар ҳамон ўша-ўша шумшайиб ўтирардик. Мирза оёқларини узатиб ўтириб олган, Қодир чўнқайган, мен ҳам тиззалаб ўз хаёлларимга чўкиб кетганман. Орамизда битта Мўмин тик турибди. Бизнинг дарду ҳасратимиз гўёки унга бегона, ҳамишагидай беташвиш, беғам, камига миқ ҳам этмайди. Илгариттан Мўминнинг унча-мунча ишларимизга аралашмай, бир чеккада жимгина кузатиб ўтирадиган одати бўлса-да, негадир шу лаҳза унинг лоқайдлиги ғашимга тегди. Ердан бир кесак олдим-да, жаҳлим чиқиб унга отиб юбордим:
− Дунёни сув босса, ўрдакка айланасан-а, номард! Биз нималар деб куйиб-пишиб ётибмиз-у, сен бўлсанг ғиринг демайсан! Шу Садаф сенинг ҳам лоақал синфдошинг-ку, ҳатто неча йил битта партада ўтирганинг эсингдан чиқдими?!
Мўмин елкасига зарб билан урилиб, ўзидан чанг қолдирган кесакнинг ўрнини бамайлихотир қоқди. Бурнини тортиб қўйиб, бирор оғир гуноҳи учун узр сўраётган одамдай бошини экканча, яна индамай тураверди. Шунда мен, Қодир, Мирза – учаламиз қайси бир жиҳатларимиз билан бир-биримизга ўхшашимизни ҳамда Мўмин, тут ва тош ҳам бир-бирига ўхшаб кетишини ҳис этгандай бўлдим. Ахир тўғри-да, шу ўзимизнинг тут билан тошниям нима ўйлаётганини билиб бўлмайди. Эҳтимол, улар ҳам Мўмин каби ичида нималарнидир хаёл сурар, орзуси, итсаклари бордир, лекин гўдаклигимиздан бери олдига келиб ўйнасак-да, булар ҳақида бизга бирор марта гапиргани йўқ.
− Мўмин ҳали бола, ўз номи билан Мўмин мишқи! − Қодир ғижиниб қўлини силтади бир пайт. – Синфдош севги нималигини ҳам, орият нима эканини ҳам ҳали тушунмайди… Қўйинглар буни! Ундан кўра Садафни бир ёқли қилайлик.
Ҳа, бу гал ҳам тўғри айтаётганди Қодир. Садафнинг тасаввуримиздаги севгили – Отабек полвонга кучимиз етмагач, Садаф билан гаплашиб қўя қолган қулайроқ туйилиб турганди ўзи менга ҳам. Бироқ Қодирнинг гапини эшитиб, Мўминнинг қўй кўзлари катта-катта бўлиб кетди.
− Бир ёқли… Ўлдирамизми?!
− Туре, аҳмоқ! – Қодир уни жеркиб ташлади. – Ўлдирармиш! Олдин мишқингни артивол, тентак!
Сўнг тишлари орасида ерга «Чирт!» этиб тупурди-ю, ўрнидан турди. Кўрсаткич бармоғини ҳаволатиб, донишмандона гап қилди:
− Лекин тўғри! Бу бевафо… Ҳаёсиз, ёлғончи қизни… Маънавий ўлдириш мумкин!
Рости маънавият фани ўқитувчимизни деб менинг «Маънавий, маънавият» сўзларидан кўнглим озадиган бўлган. Чунки ўқитувчимиз дарс ўтиш ўрнига нуқул гурунг бериб ўтиради. Гурунгида эса, битта мавзу минг хил бўлиб такрорланиб, охири деворга келиб калла қўйган мошиндай маънавият билан якун топаверарди. Маънавият деган шўрлик атамани минг буроққа солиб бураш мумкинлигини шу ўқитувчимизда кўрганман мен.
− Момонг қозига хотин бўлган бўлсаям, одамга ўхшаб гапир! – деб яна уни чақиб олдим. – Маънавий ўлдириш деганинг нимаси энди?!
Аммо бу сафар Қодир гап эшитиб ўтирмади.
− Катталар гапирганда оғзингни юмсанг-чи! – деди аччиқланиб. Кейин олдинги зорланишию йиғламсирашлари аллақаёқларга даф бўлиб, совуқдан-совуқ тиржайди:
− Айтмоқчиманки, энг зўр йўли… Тунда Садафларнинг уйига бориб, ёзиб чиқамиз! Шу қилганига уят гаплар ёзиб, уни моховга ошна қиламиз!
Тўғриси, шунча дабдабаю асаса қилганига яраша Қодирдан ақллироқ бирор гап кутаётганим учун менинг ҳафсалам пир бўлди.
− Дарвозасига бориб, биттагина сўз ёзсанг, бир нарса ўзгариб қоладими?! Қанча қизларнинг дарвозасига бориб ёзганмиз, ана, маънан ўлгани йўқ, бариси тип-тирик юрипти-ку!
− Лекин биз биттагина ёзмаймиз, кўп, жудаям кўп ёзамиз! – бўш келмади Қодир. – Фақат дарвозаси эмас, бутун деворлари, кўчаларини тўлдириб ташлаймиз! Айтаяпман-ку, нега тушунмайсанлар, ёзиб-чизиб − моховга ошна қиламиз!
Қодир қатъий ишонч билан гапирар, унинг шу ишончи ва тиржайган башарасини кўрибоқ менинг бу яхши фикр эканига амин бўлгим келарди. «Хўп деяверай, қайтанга осон экан» деган хаёл кечарди ич-ичимдан. Қодирга қўшилиб тиржаймоқчи бўлиб ҳам турган эдим-у, лекин чап ёнимда Мирзанинг ўша-ўша қайғули қиёфада турганига кўзим тушиб, ўзимни тийдим. Ҳаттоки Мирза Садафни ҳаммамиздан кўпроқ яхши кўрар экан-да, деб ҳам ўйлаб қолдим шу ерда…
− Қодир чин айтади! Қо-ла-вер-са!.. – деб чала гап қилди Мирза бунинг исботи ўлароқ. Кейин бутун бир сегаретнинг тутунини ичига ютиб, энди чиқаришга чоғаланаётгандай кашандадай маъюс бир сокинлик билан олисларга қараб турди-ю, − Қо-ла-вер-са, биз бўрда ёзмаймиз, биз… бўёқда ёзамиз! – деб айтди.
− Бўёқни қаердан топсак экан энди? – ўсмоқчилади Қодир.
− Масхара қилманглар деб айтмовдим, тунови укам велигини қизилга бўяш учун бўёқ олгани бозорга борибди. Бозордан бўёқ топиб чиқса… Ташқарида қолдирган велигини ўғирлаб кетишган экан. Биров бошига урадими, ана, янгигина олган буёғи ётибди уйда!
Мақсадимиз жиддий эканини тушунган қуёнюрак Мўмин эса энди тухумини қаерга туғишни билмаётган товуқдай типирчилаб қолган эди. Бироқ у кўп безовталаниб, саросималаниши эвазига биргина:
− Қўйсанглар-чи, − деб айта олди, холос.
Унинг безовталигини кузатиб ўтириб, бу қўрқиб иштонини ҳўллаб қўймаса яхши дея ўйладим ичимда.
− Мўмин ҳозир нима демоқчи, биласиларми? – дедим, сўнг шумлигим тутиб. – Қўйсанглар-чи, қизил бўёқдан қораси яхши демоқчи. Чунки унинг отаси мотоскилини бўяш учун кеча бир қути қора бўёқ олиб келган. Ўзим кўрганман. Шундайми ошна?
Мўмин истеҳзо билан тикилиб турганимни кўриб, тез кўзларини олиб қочди.
− Отаси билиб қолса нима бўлади? – минғирлади тағин бошини қуйи соларкан. − Эсларингдами ўзи, отасининг феъли қандайлиги? Тутиб олса тўрталамизниям кетимизга лой суваб қўяди-ку!
Мўминнинг зорланишига эътибор қилмаган киши бўлиб ер тагидан аста Қодирга қарасам, Қодирбой сўнарибгина қолган, Мирза эса чўчиганини аллақачон сездириб, гоҳ унимизга, гоҳ бунимизга қараётган экан. Нега сўнармасин Қодир ёки Мирзабой нега ҳам талмовсираб каловланмасин эди? Иккаловининг ҳам ҳув бирда Садафнинг отаси ўқитувчимизнинг қандай гирдибонидан олгани эсларига тушаётгандир-да! Аслида бу воқеага ҳам икки йиллар бўлиб қолган. Бу ўша, Садаф касал бўлиб, дарсларга қатнай олмай қолган йил эди…
Ўшанда мен нимадир сабаб бўлиб синфхонамизга салгина кечикиб, дарс бошлангандан сўнг кириб борган эдим. Аксига олиб биринчи соат биология фани ўқитувчимиз Саидовнинг дарси экан. Орқаворотдан «Немис» деб лақаб орттирган бу қаттиққўл ўқитувчимиз синфга ўзидан бир дақиқа кейин кирган бирорта ўқувчининг дарсда қолишига изн бермасди.
− Чиқиб кет, − деди у ўтирган жойида қисқагина қилиб. Мен узр сўрашдан фойда йўқ эканини билганим учун индамайгина ташқарига чиқдим. Аммо атайлабдан эшикни зичлаб ёпмасдан, қия очиқ қолдирдим. Қулоғимни динг қилиб, Саидовнинг дарс бошлашини кута бошладим: қани, бугун кимлар «симёғочга» айланаркин?
Ўрта бўйли, тарашадай озғин, ёши эндигина қирққа етган бўлса ҳам сочларининг чакка қисми оқариб кетган Саидов асли кимё ва биологиядан дарс берса-да, мактабда унинг барча аниқ фанларни сув қилиб ичиб юборганлиги ҳақида гаплар юрарди. Шахсан мен унинг бирор марта овоз чиқариб кулганини ё бирорта болани яхши гап билан эркалатганини кўрган эмасман. Лекин шунга қарамай биз болалар барчамиз уни ғойибона яхши кўрар, эҳтимол, ўқитувчилар орасида ҳурмати баландлиги, эҳтимол, ростгуй ва довюрак одам деб ўйлаганимиз учун унга тақлид қилишга уринар эдик. Мен айниқса дарс мавзусини гапираётганда унинг мунтазам ўйнаб турадиган ёнғоқдай ҳиқилдоғига жуда ҳавас қилар эдим…
Ҳали ҳеч кимни бир шапалоқ урганини кўрмаганимиз учун биз негадир уни кучи жуда кўп, шапалоғи ҳам ўта қаттиқ бўлса керак деб ўйлар эдик. Чунки дарс пайтидан бошқа вақтларда жим юришига қарамай, ҳатто директоримизнинг ўзи ҳам ундан ҳайиқар, бошқа ўқитувчиларни хонасига қамаб тез-тез сўкиб турса ҳам, Саидовни «сиз-сизлаб» гапирарди. «Сиз»лаш нима, бир марта Саидовга зовуч бўлишни таклиф қилиб, ҳаттоки рад жавоби эшитган экан директоримиз. Бошланғич синфларни ўқитадиган малим қўшнимиз энамга айтиб бераётганини ўз қулоғим билан эшитганман, «Ҳар бир вазифанинг масъулияти бор, мен ўқитувчиликнинг масъулиятини зўрға кўтараяпман ўзи» деган экан ўшанда Саидов. Директоримиз эса бу гапдан жаҳли чиқиш ўрнига илжайиб-тиржайиб сохта мулозамат кўрсатибди: «Рост, ўртоқ Саидов!.. Тўғри айтасиз, ўртоқ Саидов!.. Мансаб бериб, қўлингизни боғласак, ўқувчиларингиз кўп нарса йўқотади…»
Директоримизнинг у пайтдаги мулозамати малим қўшнимиз айтганчалик сохтамиди, сохта эмасмиди, аниқ билмадим-у, бироқ Саидов дарсни қизиқарли қилиб ўтиши рост эди. Ўшанда ҳам мен синфдан чиқишим билан ўрнидан туриб, унинг стулни ичкарига суриб қўйганини эшитдим. Биламан, энди Саидов досканинг олдига туриб олиб ҳиқилдоғини ўйнатганча гапиришга тушади ва то дарс тугашига беш-ўн дақиқа қолмагунича, бу стулга қайтиб ўтирмайди.
Ўзим кутганимдай, кўп ўтмасдан унинг:
− Эслатиб ўтаман, ўтган дарс мавзуйимиз инсон организмида овқат ҳазм бўлиши эди, − деган вазмин овози эшитилди. – Хўп, болалар… Шундай қилиб, овқат ҳазм қилиш, мураккаб физиологик жараён бўлиб…
Саидов одатдагидай олдинги дарсни гапириш асносида тўсатдан ул-бул ўқувчини турғазиб, гапини давом эттиришни сўраб турди. Гапини келган жойидан давом эттирган ўқувчиларни жойига ўтқизди, давом эттиролмаганлар эса, турган жойида сўппайибгина қолаверди. Мана, энди бу «Симёғочлар» Саидовнинг янги мавзуни доскага ёзиб, у ҳақида айтадиган гапларини ҳам шу ҳолида эшитишга мажбур. Янги мавзуни тушунтириб бўлган Саидов дарс тугашига беш-олти дақиқа қолганда ўзи суриб қўйган столини тортиб, жойига ўтиради. Журнални очиб, индамайгина «Уч»га муносибларни «Уч» билан, «Беш»га муносибларни «Беш» билан баҳолайди («икки» ё «тўрт» баҳо қўйганини ҳеч эслай олмайман). Хайрлашиб, хонадан чиқиб кетгачгина жон битади бу «Симёғоч»ларга…
Мен ўшанда кимлар симёғоч бўлганини эшитиб аниқлайман деб шу даражада эс-ҳушимни йўқотибманки, Саидов ичкаридан итарган синфхонанинг эшиги «Қарс!» этиб бошимга урилганда, кўзимдан олов чиқиб кетай деди.
− Ҳой! – деди менинг бошимни чангаллаб хижолат бўлиб туришимни кўрган Саидов. – Бошни авайлаш керак! Турли биологик ва ҳаётий омилларга кўра инсон ҳар қандай аъзоси шикастланса яшаб кетиши мумкин, лекин шикастланган бош билан яшаш оғир.
Унинг гапидаги жумбоқни тушуна олмай орқасидан қараб қолган пайтим, танаффус қўнғироғи эшитилди. Ичкарига кирарканман Мўминдан пичирлаб биринчи сўраганим Садаф нега кўринмаётгани бўлди. Ҳозир шу саволни бошқа бировга берганимда устимдан кулиши, турли шаъмалар қилиб гапни кўпайтириши мумкин эди. Бу оламда қорин ва уйқудан бошқа ташвиши бўлмаган Мўмин эса, албатта ундай қилмади.
− Энаси қизлардан айттириб юборибди, − деди елка қисиб. – Бугунча келолмас экан.
Эсласам, шу куни Қодир, мен, Мирза учаламиз бир нарсамизни йўқотгандай нохуш бўлиб юрдик. Аммо, афсуски, Садаф эртасига ҳам дарсларга келмади. Ҳатто индинига ҳам.
− Бунақаси кетмайди! – деди ниҳоят раҳбаримиз Бўтаев Садаф дарсларга келмаётганининг учинчи куни. – Бирорталаринг эртага уйига бориб, нега келмаётганини аниқлаб келинглар!
Ўқитувчимизнинг ушбу буйруғи болаларнинг бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетганини тусмолладим. Дарслар тугагач, ҳамсинфлар билан хайрлашдим-да, уйига шошилаётган киши бўлиб, йўлдаги бир бурчакка бекиндим. Ниҳоят улар ҳаммаларининг қоралари ўчгач, бекинган жойимдан чиқиб, Садафларнинг уйига қараб йўрғаладим. Яхшиям қадамимни тезлатиб, йўрғалаганим. Чунки мен Садафларнинг уйи дарвозасига етганимда ичидан пишган Қодир билан Мирза эгизаклардайгина бўлиб дарвоза олдида туришган экан. Улар менинг елка қисиб келшимни бақрайиб-сумрайган нигоҳлари билан кутиб олди.
− Асли манов билан ким ичкарига кириб Садафни кўриб чиқишга келишолмай турувдик, − пўнғиллади сўнг кайфияти тушганини яширолмаган Қодир. – Нима қиламиз? Энди ҳар учаламиз етаклашиб кираверамиз-да, поезд-поезд ўйнаган чурвақалардай.
Мирза икковимиз Қодирнинг кесатиғини тушунган бўлсак ҳам, ўзимизни тушунмаганликка солдик. Дарвоза ёнида туриб, галма-галдан Садафни чақира бошладик. Биз ҳали кўп марта чақиришга улгурмай ичкаридан Садафнинг энаси чиқиб келди. Туси ўчган рўмолини пешонасидан танғиб олган Садафнинг энаси нимаси биландир адабиёт дарслигимиздаги шоира аёл расмини эсга солар, юзидаги қайси бир ифодалари Садафга ҳам келишиб кетарди. У нима мақсадда келганимизни сўраб ҳам ўтирмасдан не бир азиз меҳмонга лутф кўрсатаётгандай кулимсираб бизни ичкарига бошлагач, учовлон сўппайибгина унинг ортидан эргашдик.
Садафларнинг ҳовлисига олдин ҳам бир неча бор келган бўлсак-да, уларнинг уйига бизнинг илк марта киришимиз эди. Кирсак ранги рангпарлашиб, лаблари эса янада қип-қизариб кетган Садаф узатилган оёқларига ёпинчиқ ташлаб, тўшакда ўтирган экан. Аммо у биз кўриб юрган аввалги Садафга сира ўхшамас, олдингидан чиройлироқ, олдингидан ёқимтойроқ бўлиб кетганди. Наинки кўриниши, ҳатто хатти-ҳаракатлари билан ҳам биз билган аввалги Садафдан аълороқ эди унинг. Ўрнидан тура олмаётгани учун хижолат тортиб, ийманиб, қизариниб бизни ўтиришга ундар экан, алдасам нон урсин, менинг юрагим негадир гурсиллаб, жуда бошқача уриб кетди. Унинг бошини эгибгина уялиши, тип-тиниқ кўзларини биздан яшириш учун ийманиб-кулимсириб эски чит кўйлагининг чокларини эрмаклашини кўриб, мен оғзимни ёполмай, кўзимни эса Садафдан узолмай қолдим ўшанда.
− Келинглар-да, болаларим, шундайгина келинглар-да, − деб ҳушимга қайтарди бир маҳал Садафнинг энаси. Шундагина ўзимнинг бақрайиб туришимдан хижолатга тушиб, шошиб хона ичидаги буюмларга анграйдим. Эҳтимол, қолган ошналарим ҳам мен қилган ишни такрорлаган бўлса керак:
− Жиҳозларимизни кўриб, ажабланаверманглар, − деди Садафнинг энаси қўлидаги дастурхонни олдимизга ёзар экан. – Кулол, мўндидан сув ичади деган гап бор, болажонларим. Бу жиҳозларнинг барини Садафнинг отаси устачиликдан ортиб қолган ёғочлардан амал-тақал қилиб ясаган-да.
Кейин у киши, афтидан, чой дамлаш учун чиқиб кетди.
− Келишларингни билганимда, уйни тартибга келтириб қўйган бўлардим, − деди энаси чиқиб кетганидан фойдаланган Садаф. У келганимиздан бери биринчи марта овозини чиқариброқ сўз қотар экан, кўзлари нур тушиб ялтираган бир жуфт мунчоқдай порлаб турар эди.
− Қандай тартибга келтирардинг, ўзинг ўрнингдан туролмаяпсан-ку! – деди бир пайт Мирза томдан тараша тушгандай. Унинг бу гапидан Садафнинг қизил лаблари титраб, узун, қайрилма киприкли кўзлари эса дакки эшитган гўдакнинг кўзларидай жавдираб кетди.
− Садаф, сенга нима бўлди ўзи? – сўрадим шунда ноқулайчиликни йўқотиш учун. – Яқиндагина туппа-тузук эдинг-ку!
Афсус, бу гапимдан Садаф баттар уялди. Уялиб, кўзмунчоқ тақилган қўллари билан юзини беркитиб олди.
− Энам фол очириб келганди… – деди ийманиб.
− Хўш?..
− Сулаймон парилар… ҳазиллашибди…
− Ҳазиллашибди?!
− Суйган… Суйган эмиш… Шу учун қизинг сувни яхши кўриб қолган деб айтибди…
Мирза «Пиқ!» этиб кулди-ю, икки ёнида Қодир иккимизнинг қовоғимизни уйганимизни кўриб, бирдан оғзини йиғиштириб олди.
− Ишқилиб, тузалармикансан? – деди келганимиздан бери туширган шунча қовунларини «териб олишга» уриниб. – Қаеринг оғрияпти ўзи?
− Оёқларим… Шишиб чиққан. Фолбин, қушноч чақириб қулоқ-бошини торттирсангиз, тузалиб кетади деган…
Ўша куни биз киссаларимизни майиз-парвардаларга тўлдириб Садафларнинг ҳовлисиз дарвозасидан чиқар эканмиз, Қодир кетгиси келмаётгандек ортига аланглаб:
− Чит кўйлак қизларга ёмонам ярашаркан, − деб қўйди.
− Ҳа, − беихтиёр унинг гапини маъқулладим мен. – Форма кий деб уришгунча мактабдаги бари қизларга чит кўйлак кийдиришса бўларди.
Эртасига мактабга бориб, ҳар учовимиз Бўтаевга Садафдан эшитганларимизни оқизмай-томизмай айтиб бердик.
− Маданиятдан орқадамиз! – ғудранди Бўтаев бармоғини чаккасига тираб, бураб кўрсатаркан. – Сув ўйнаётган бўлса, шамоллаган-да! Эртакдаги Сулаймон париларига бало борми!
Овулда эшитмаган қулоқ қолмаган миш-мишларга қараганда, шундан кейин раҳбаримиз Бўтаев Садафларнинг уйига дағ-даға қилиб борган, лекин омади кулмай Садафнинг мулойим энасига эмас, отасига дуч келиб қолган экан.
− Қизингиз нега мактабга бормаяпти?! – деган экан ўшанда Бўтаев.
− Қизим касал! – деб жавоб берган экан Садафнинг отаси.
− Касал бўлса, дўхтирдан спрафка ёздириб келиб топширсин! Мактаб энасининг уйимас!
Сўнгра Садафнинг отаси Бўтаевнинг ёқасидан «ғиппа» буғиб олибди.
− Ув, энасини қўшмай гапир! – дебди уни дарахтни қоқаётгандай қаттиқ силкитиб. – Яна қайтиб ҳовлимда баланд овозинг чиқса, гапим гап, бўйнингни арралаб, кетинга лой суваб қўяман!
Бу гапларнинг неча фоизи чин эканини, рости мен билмайман. Лекин ҳар қалай, Садаф мактабга биз бориб, сўраб келганимиздан бир ойлар ўтиб келди. Билмадим, балки қушноч чақириб, қулоқ-бошини торттиргандир, балки укол-дорилар билан жўнгина даволаниб қўяқолгандир, ҳар қалай у бутунлай соғайиб олдинги шўх-шаддод қизга айланган, шу билан бирга, раҳбаримиз Бўтаевнинг унга муомаласи тамоман ўзгариб, Садафни сизлаб гапирадиган одат чиқарган эди.
Шу воқеаларни ўйлаб турган эдим, Қодирнинг муштини кафтгига уришидан чиққан «Шарт!» этган овоз хаёлимни жамлашга мажбур қилди.
− Тўғри, отаси билса шундай қилади, лекин билмаса-чи?! – деди у, ўзидаги қўрқувни аллақаёларга ҳайдаб, бир думалаб яна олдингидай далли-ғулли Қодирга айланаркан. – Бу ишни тўрталамиз қилсак ва тўрталамиз ҳам ҳеч кимга оғиз очмасак, қаердан билади отаси? Ахир ўйлаб кўринглар, ҳаммамизнинг юзимизга оёқ босган бу риёкор, ёлғончи қизнинг хиёнатини кечириб, ҳеч нарса бўлмагандай кетаверсак, қандай одам бўламиз?!
Менинг… Менинг тасаввурим кўзгусида Садаф ийманиб, узун-қайрилма киприкларини пир-пиратиб ер тагидан боққандай бўлди. Менга эмас… Бегона бировга боққандай бўлди. Олов ёнди ичимда. Ичимдаги бу оловнинг алангаси эса, ҳар қандай қўрқув, ҳар қандай ҳадикни куйдириб-ёқиб юборишга қодир эди.
− Рост! – деб айтдим ич-ичимдан хўрсинар эканман. – Биз қўрқоқ эмасмиз. Буни шундай қолдириб бўлмайди. Шундай қолдирсак, синфдаги қолган болалар нима хаёлга боришини ҳам ўйлайлик… Қолаверса, отаси ҳозир қўшни маҳалладаги бир одамнинг томини ёпаяпти, ишдан чарчаб қайтса, кечаси донг қотиб ухласа керак.
Чамамда, хиёнат аламининг аччиқ тутуни Мирзанинг ҳам ичидан қўрқув шарпаларини қувиб чиқарган эди. У дадил ўрнидан турди. Шимининг чангу гардларини қоқиб, узоқ-узоқларга қараб қолди.
− Ошналар, мен Садафни ҳеч бирингдан кам севмас эдим, − деди кейин бироз ҳаяжон билан. – Лекин мени… Бизни шунча куйиб-пишганларимизни кўзга илмай, келиб-келиб бегона бир йигитгаям хат ёзадими? Сизни кўп ўйлайман деб айтадими?! Бизни сенлайди-ю, уни сизлайди! Қайси юз билан шундай дея олади?! Тушида кўрганмиш… Уят эмиш… Худо билади бу ҳаёсиз қиз тушида нима қилган? Шундай экан, чиндан бу ишни шундайлигича қолдириб бўлмайди. Ёзиш, жазолаш керак! Аслида қандай қиз бўлса, ҳаммасини очиқ-ойдин, ҳамма биладиган қилиб ёзиб, жазолаш керак!
− Шу, ошналар, шу! – Мирзанинг гапларидан янада илҳомланган Қодир у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Биздан етти-саккиз қадам нарида таққа тўхтади-да, кафтини шоп қилиб ҳавода сермади. − Чин айтаман, Садафни қанчалик яхши кўрмай, у учовингдан биттасини танлаганда, эркакнинг ишини қилиб мен чеккага чиққан бўлардим. Алдасам, қасам урсин, агар Садаф учовингдан бирингни танлаганда менинг ишим йўқ эди! Лекин бу ерда у фақат севгимга эмас, балки дўстларимгаям хиёнат қилаяпти! Кечирмайман!.. Кечирмаймиз! Биз барчамиз уни кечирмаймиз!..
Қодир билан Мирза менинг кўнглимдан ўтаётган гапларнинг ҳам ҳаммасини айтиб бўлганди.
− Жуда тўғри! – дедим гап маъқуллаб. – Агар ҳозир жазолмасак, шу туришда бу қиз мактабни битирибоқ бузилиб кетади!
− Бузилиб бўлган! – Қодир билан Мирза оғзимга ургандай бараварига ҳайқириб юборишди.
− Шу, шу! – айтдим, яна гап маъқуллашдан яхшироқ йўлни топмай. – Бузилмаса, сени ўйлайман, уят туш кўраман деб ёзиб ўтирадими…
− Барибир отаси сезиб қолади, барибир… – қўрққанидан рангида ранг қолмаган Мўмин бизга эмас, худди ўз-ўзига уқтираётгандай ғулдиради. – Сезиб қолади! Кейин барингни таъзирингни беради. Мени айтди дейсанлар, учалаларингниям ўлдиради отаси! Ўлдириб қўяди…
Одатдагидан кўпроқ гапириб қўйган Мўминнинг пешонасидан оққан тер юзларига думалаб тушар, бурун катаклари торайиб-кенгаяр, йиғлаб юборгудай ҳаяжонли бир қиёфада турарди. Ана, қандай аҳволга солиши мумкин қўрқув одамни!
Айни шу онда якка тут жойлашган тепаликнинг кўздан пана ёғида кимдир «Ака!» дедию ҳаммамиз бир сапчиб тушиб ўша ёққа қарадик. У тарафда эса, тирмизак синглим тиржайган куйи бизга боқиб турар, сину сумбатидан гап пойлаб келганга ўхшарди.
− Нима дейсан?! – ўшқирдим унга зардам қайнаб.
Лекин у юмуш билан келган экан. Зардамдан кейин дарров қовоқ уйди.
− Нега бақирасиз, сизни изламаган жойим қолмади-ку? Энам тезда етиб келсин, сигир соғишимга бузоқни ушлаб туради деяптилар.
− Бор! Келаяпти экан де! – гапни қисқа қилдим мен. Аразлаган синглим ортига қарай-қарай кетиб бораркан, биз то у узоқ кетгунича гаплашмай жим турдик. Жуда аччиқланганим учун, синглим олислашиши биланоқ:
− Агар шунчалик қўрқаётган бўлсанг, сен ҳам унинг ортидан даф бўла қол! – дея Мўминга ҳам удағайладим. Мўмин… Мўмин эса, афсуски, айнан шу гапимни кутиб турган экан. У менга «Ялт» этиб кўз ташладию секин бурилиб, синглим кетган сўқмоқдан жўнаб қолди… Мирза саросимага тушди. Чамамда, режамизни ҳаммага айтиб қўяди деб чўчиди.
− Мўмин! Мўмин, қайт! – деб бақирди унинг орқасидан.
− Қайт, Мўмин! Қайт дедим, ошна! – бақирди Қодир ҳам.
Бироқ ҳалигина бошини хам қилиб, қадамларини судраб босиб бораётган Мўмин бизнинг чақирганимизни эшитмасликка аҳд қилгандай югуриб кетди.
Биз жангга кирмасдан олдин енгилгани маълум бўлган лашкарлардай эзилибгина қолдик. Бир-биримизнинг кўзимизга қарашга ботинмай, Мўмин кетган томонга тикиламиз…
Шунда Қодир ҳеч кимдан қўрқмаётганини, ҳеч нарсадан ташвишга тушмаётганини билдирмоқчи бўлиб, ёлғондакам керишди.
− Кетса кетаверсин, орамизда бўлсаям ишнинг пачавасини чиқарарди! – деди кейин.
− Ошна чиқмайди бундан, доим ярим йўлда ташлаб қочади ўзи! – деб қўл силтади Мирза ҳам.
Мирзанинг гапи менинг эсимга қизиқ бир воқеани солиб юборди.
− Бу номард тинчгина ташлаб кетса гўрга, шукр қилаверинглар, − дедим ўша воқеани ошналаримга ҳам эслатиш учун. – Ҳар қалай енги-бошларимиз ўзимизда-ку!
Мирза ва Қодир ҳар қанча оғиз-бурнини йиғиштирмоқчи бўлишмасин, ўзларини тутолмай «Пиқ-пиқ» кулиб қолишди…
Биз эслаб ҳалиям кулгидан тийила олмаётган, шундай оғир вазиятда ҳам руҳимизни кўтариб, ичимизга бир чимдим нур олиб кирган у воқеанинг бўлиб ўтганига ҳам бир қанча йиллар бўлиб қолган эди. У пайтлар биз ҳали росмана гўдак, ўйиндан бошқа айтарли ташвишимиз бўлмаган тентак-сентак чурвақалар эдик. Бир куни олдимиздан чиққан тошчаларни копток қилиб тепиб, тўрталамиз доимгидай мактабдан қайтаётсак:
− Катта ариққа нимага сув келмаётганини биласиларми? − деб қолди Мирза. – Каналнинг суви қуриган эмиш. Тиззадан бўлиб қолибди ўзиям, кўлмакчаларда балиқлар иланг-биланг ўйнаб ётган эмиш!
− Соз экан-ку! – дедим бу гапдан менинг қулоқларим динг бўлиб. – Унда балиқ овлагани бормаймизми? Масалан, беш-ўнта балиқ тутсак, Мўминнинг энаси пишириб берарди.
Ҳақиқатан ҳам, Мўминнинг тили ва қўли ширин энаси бизга ажойиб таомлар пишириб берарди ўша пайтлар. Бировларнинг томорқасидан бақлажон ўғирлаб чиқамизми ё чўзма тошотар билан чумчуқ овлаймизми, доим у кишига олиб борар, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмайдиган бу ҳалим аёл эса, келтирганимизга ўзидан бошқа масаллиқлар қўшиб, мазали овқат тайёрлар эди. Шунинг учун биз муғомбирлар иккита картошка топсак ҳам оғзимизнинг таноби қочиб, қовуртириб ейиш учун Мўминларникига қора тортиб бораверар эдик.
− Сув тиззадан бўлса, демак, қармоқнинг кераги йўқ, − Қодир ўзини зўр балиқчидай кўрсатиб, ичида алланималарни чамалаган бўлди. – Хўш… Ошналар, унда дарров уйга бориб мактаб кийимларимизни алмаштирамиз-у, кўча бошида учрашамиз. Қорни очганлар бўлса, ушлаган биринчи балиғимизни ўша ернинг ўзидаёқ кабоб қилиб бераман!
− Келишдек! – дедик биз учовимиз бир овоздан. Сўнг мен ҳаммадан биринчи бўлиш учун уйимизга қараб ер чангитиб югуриб кетдим. Уйга бориб, ҳеч ким билан гаплашмасдан кийимларимни апил-тапил алмаштириб кўчага чиқсам, шунда ҳам Мирза қўлини пешанасига тираб, кўча бошида бошқаларнинг келишини бетоқат кутиб ўтирган экан. Мен унинг ёнига борувдим ҳамки, узоқдан Қодирнинг келаётгани ва иштони тушиб кетмаслиги учун иштонбоғидан маҳкам ушлаб, халлослаганча чопиб келаёган Мўминнинг қораси кўринди. Қодир бизни анчадан бери кутаяпти деб ўйлади чоғи, келиши билан қўлидаги нарсаларига ишора қилди:
− Кабоб тайёрлашга сирка, туз билан гўгурт олдим. Бўлмаса, кечикмасдим.
− Ошналар, узр… – деди ундан сал кейинроқ лопиллаб етиб келган Мўмин ҳам. – Кабоб қачон пишади деб… Бир тўғрам нон еб олдим.
Ниҳоят тўртовлон баҳодирлар каналга қараб сурдик. Бориб қарасак, каттакон каналнинг суви тизза тугил тўпиқдан бўлиб ётар, ҳар-ҳар жойда кўлмакчалар лойқаланибгина кўзга ташланарди. Фақат Мирзанинг «Балиқ биланглаб ётганмиш» дегани озроқ лоф экан шекилли, шунча кўлмак кечиб, энг каттаси жимжилоқдай келадиган итбалиқдан бошқасини учратмадик.
− Балиқ лойқаларнинг тагига беркиниб ётган бўлиши мумкин, − деди Қодир ҳафсаласи пир бўлганини сездирмасликка тиришиб. – Кетбости қиламиз! Мўмин, Мирза кўлмакнинг нарги ёғига ўтиб оёқларингни узатиб ўтириб олинглар-да, лойқани бизга қараб суриб келаверинглар. Биз манов билан бу ёқдан сурамиз.
Қодирнинг фикри маъқул тушиб, худди тупроқ сурган трактордай оёқларимиз билан лойқаларни у ёндан-бу ёнга сура кетдик. Лекин сувдан чиқиб қочган қурбақаларни айтмаса, сув ичида сезиларлироқ қимирлаган бошқа бир нарсани билганимиз йўқ…
− Шошганда кийимниям ечмабмиз, − дедим, тўртовлон сувдан чиқиб, хафа бўлиб турганимизда.
− Ҳа… Балчиққа ботганимизни айтмайсиларми… – Мирза оғир сўлиш олиб, иштонидаги балчиқларни номойиш қилди. Бироқ Қодир ҳали шаштидан қайтадиган эмасди.
− Балиқ тутгани бораяпмиз деб ким уйидагиларга айтганди? – сўради у.
Мирза иккаламиз баб-баравариги «Айтмаганман» дедик. Мўмин елка қисиб, астагина қўлини кўтарди.
− Ўл! – деди унга Қодир. – Энди уч-тўртта бўлсаям балиқ обормасак, энангдан уятга қоламиз! Қани, болалар, олдин ҳамма кийимларни ечиб, ёйиб қўяйлик. Биз балиқ тутгунча қуриб туради… – шундай деб туриб, сўнг бирдан фикрини ўзгартирди у: − Йўқ, яхшиси шу қилгани учун Мўмин балиқ тутмайди! Мўмин ҳув канал тепасида кийимларимизни қуритиш билан шуғулланади!
Қарасак, дарҳақиқат, атрофда ҳеч зоғ йўқ. Учаламиз ҳам ечиниб, онадан туғилгандай қип-яланғоч бўлдик-да, кийимларимизни Мўминга бердик. Тезда қуримаса олов ёқарсан, сиркадан яхши тутандириқ бўлади деб Қодир шу атрофга ташлаб қўйган гугурт, туз ва сиркани ҳам унга тутқазди.
Биз ҳали кечишга улгурмаган кўлмакчаларни ишғол қилишга отланганимизда балиқ тутишга қўшилолмаётганидан ранжиган Мўмин ўт ёқиш учун янтоқ излаб, орқасига қарай-қарай канал тепасига чиқиб кетаётган эди. Қодирнинг ғурур қўзғовчи гапи қитиқ-патимизга теккан биз болалар янги завқ, янги ғайрат билан ишга киришдик. Ғайратимизнинг зўрлигидан, кетбосди қилиб сирпаниб чиқмаган кўлмагимиз каналда деярли қолмади.
− Ай-й!!! – деб бақириб юборди шунда Мирза тўсатдан. – Бир нарса… Бир нарса оёғим ости-да!..
Қодир лойқаларни жон ҳолатда ўнгдан сурди, мен чапдан, учовимизнинг оёқларимиз туташиб, масофа қисқарганда ҳақиқадан ҳам бир қаричча чақадиган бир балиқ сув бетига ўйнаб чиқди. Учовимиз бараварига балиққа ташландиг-у, балиқ қай биримизнингдир чангалимизга урилиб, кўлмакдан ташқарига отилиб кетди!
− Эҳе-ҳееей! Балииииқ! Балиииииииқ! – биз ошналар қувончимиз ичимизга сиғмай, сакраб-ирғишлаб қуруқликда биланглаб ётган балиқнинг атрофида ўйинга тушар, айни шу бугун, шу лаҳза бу ёруғ оламда биздан бахтиёрроқ одам борлигига ишониб бўлмасди. Завқимизга баданларимиз тор келиб, бақириб-сакрашиб, бир-биримизни қучоқлаб, оламшумул хазина топган тентаклардай ерга думалаб қолдик.
− Энди… Энди мен сизларга… – деди ётган жойида ҳансираётган Қодир зўрға тили айланиб. – Уни кабоб қилиб бераман! Менга бир сузгичини… Йўқ, думини… Э, майли! Умуман бермасаларингам майли! Силар есаларинг бас!
Бир мунча вақт чалқанча ётиб, нафас ростлаб олганимиздан кейин ўрнимиздан турдик. Ошналарим ва ўзимнинг балчиққа ботган яланғоч баданларимизга кўз ташлар эканман:
− Ҳой, эсларингдами? – айтдим мен кулиб. – Зовурдан сакрашимизни сўраганда Садаф бизга ҳиндуларга ўхшамайсанлар деб нолиганди. Мана, шу туришимизда ҳиндулардан кам жойимиз қолмапти!
− Ўшанда зовурдан ким сакровди? – менга қўшилиб кула бошлади Мирза. – Мўминмиди?
− Мўмин эди! Лекин сакрагани йўқ, қулаб тушганди у галварс!
− Аслида у пайти Садаф чакана шарт буйирган экан. Ундан кўраси балиқ тутиб беринглар дегандами! Ҳозиргидай аканг қарағай шарта каналга кет босиб…
− Вой, вой! Гўё балиқни бир ўзлари тутгандай!
− Айтмоқчи, − Қодир Мирза иккаламизнинг суҳбатимизни бўлиб, ташвишланганча тепа томонга қараб қўйди. – Мўмин кўринмай қолдими? Тепага чиқиб қарайлик-чи…
Тутган ягона балиғимизни сардоримиз Қодирбойга кўтартирганча, биз «ҳиндулар» канал тепасига чиқиб борсак, бу атрофларда Мўмин тугул унинг исиям йўқ экан! Тепароқда турганимиз учун бирортанинг кўзига чалинмасин деган хижолатда қўлларимиз билан уят жойларимизни беркитиб, у ён-бу ён қарасак, ҳув нарида ёниб ўчган бир гулханнинг тутабгина турганини кўрдик. Яқинлашаверганимизда димоғимизга урилган латтанинг куйинди иси ва шу атрофда ётган сирка билан тузнинг идишидан нима воқеа рўй берганини тахмин қилиш мумкин эди… «Наҳотки?!» дегандек бир-биримизга қарашиб қотиб қолдик биз.
− Аблаҳ! – деб увлаб юборди кейин, Мирза эгила солиб ерни муштларкан. – Лапонглаб ўтин топиб келаман дегунча, кийимларимиз оловга тушиб кетган! Бизга айтиш ўрнига, қуённи сурган у довдир!
Одатдагидай тез қизишиб, жазавага тушадиган Мирза аъзадор аёллар каби ер муштлаб, оҳ-воҳ қилган бўлди. Аёллардан фарқли ўлароқ фақатгина у тақдирини эмас, Мўминни қарғар, Қодир билан мен бу гапларига хайрихоҳ бўлсак ҳам, Мирзанинг тинчиб қолишини жим туриб кутар эдик.
Мирза бор дард-ҳасратини тўкиб олгандан сўнггини мен бориб, бир-бирига туташиб ёниб битган кийимларимиздан қолган кичик нишонани қўлимга олдим. Нима қилишимни билмасдан оёқларим тагида ётган, дуд урганидан қорайиб қолган туз идишини артдим.
− Қодирбой, − дедим, ўзимча Қодирга кесатиб. – Сирка тугабди, гугуртнинг ўзиям ёниб кетган… Тузингизни нима қилсак энди?
Қодир калта қошларини чимириб, бироз ўйланиб турди-ю:
− Нима ҳам қилардик?! Кўлмакда шилиниб ачишаётган кетларимизга сепамиз-да! – деб ғудранди зарда билан.
Биз шундай бир-биримизга кесатиб, зарда қилиб, еру тупроқдан алам олиб турган эдик, бир маҳал мен узоқда келаётган бир одамнинг қорасини кўриб қолдим.
− Шарманда бўлдик, кимдир келаяпти! – дедим безовта тортиб, панароқ жой топиш учун қочишга шайланарканман.
− Шошма-чи, − дея Қодир мени тўхтатиб қолди. – Яхшилаб қара, бола экан…
Биз шундан сўнг олисда жимирлаб кўринаётган ул кўланка ўзимизнинг аблаҳ Мўмин эканини таниб қолдик. У ўн-йигирма дақиқалар орасида хумдай бошидан ҳил чиқиб, тўхтамай югургани сабабли толиқиб-ҳансираб ёнимизга етиб келаркан, қўлтиғига қисиб олган шим билан иштонни Мирза икковимиз тарафга ирғитди.
− Ошанлар, манглар! Мактаб шимимни бўлса ҳам олиб келавердим.
Кейин у иккинчи қўлтиғига қисиб олган нарсасини чангаллаб, Қодирга қаради. Этагини қайириб, бурнини артди-да:
−Лекин сенга бергулик иштоним қолмади, Қодир… – деди айбдорона мўлтайиб. – Новчароқсан… Шунга… Отамникидан бўлса ҳам олиб келавердим…
2.
Бу ҳаёт шунақа ўзи – ҳаммаси яхши кетаётган пайтда битта бемаза бузоқ бошини буради-ю, қолганларнинг ҳам хулқини бузади. Мўмин Садафнинг отасидан қўрқиб қочиб кетгач Мирза маъюс тортган, Қодирнинг авжи паст, мен ҳам нима қилишимни билмай иккиланиб турардим. Гўё биз шу ерда соатлар эмас, неча асрлардан бери гаплашиб ўтирганмиз-у, ниҳоят гаплашадиган гапларимиз тугагандай. Қуёш эса энг сўнгги кучини жамлаб, судралганча осмоннинг охирига қараб кетар, унинг тафти ўтмаслашган қизғиштоб нурларидан якка тут ва катта ҳарсангтошимиз ҳам оловранг тусга кирган эди.
Бир пайт Мирза ердан кесак олиб, ҳадемай кўздан йўқоладиган қуёшга қараб отди. Гизланиб пича қараб турди-да, кейин яна бир кесак отди. Қараб турди, тағин отди. Отаверди… Шунда беихтиёр Қодир иккаламиз ҳам унга қўшилиб қуёшни кесаклай кетдик. Биз қанча кесак отсак, руҳимиз шунча енгил тортар, орамиздаги бирдамлик ҳам шунчалик ошиб бораётганга ўхшарди.
− Мен ошначиликка хиёнат қилмайман! – деб ўксикдан-ўксик ҳайқириб юборди Мирза.
− Мен ошналаримга ҳеч қачон хиёнат қилмаймааан! – дея Қодир унга жўр бўлди.
Мен ҳам бақирмоқчи бўлдим-у, томоғимга йиғи тиқилди. Пичирлабгина:
− Хиёнат қилмайман… Ҳеч қачон хиёнат қилмайман… – дея олдим, холос. Сўнг бориб ўз акамдай кўрадиган Қодирни маҳкам қучоқлаб олдим. Мирза келиб иккимизни қўшиб қучди. Учаламиз бизни олисдан кўриб тентак бўлибди деб ўйлайдиган одамларни, қуёшни, тошни ва бутун оламни унутиб сакрай кетдик. Худди балиқ тутганимиздаги каби. Бироқ бу сакрашимизда завқдан кўра қайғу кўпроқ эди. Бу сакрашимизда қувончдан кўра ҳамдарлик кучлироқ эди. Бу сакрашимиз… гўёки бир қасам эди…
Ҳовлимизга кириб борганимда кун ботиб, олам кўкимтир тусга кириб бўлган эди.
− Қаерларда сандироқлаб юрган эдинг?! – овозини пастлатибгина сўради энам. Саволига жавоб кутмасдан буйирди. – Тез устингни алмиштириб чиқ, отанг билса ўлдиради!
Дарров тушундим, демак, отам ҳам ишдан ҳозиргина қайтган ва авзойи бузуқ. Энам у кишини баттар кайфияти бузилмасин деяпти. Энамга «Хўп» деб, устимни алиштириш учун кетаётган эдим, бетамиз тирмизак синглим йўлимни тўсиб чиқди.
− Ака! – деди у азбаройи оғзи қулоғида бўлгани учун товушини зўрға пастлатиб. – Ўлдиларингиз! Сизларнинг ҳамма гапларингизни Садаф опамга айтиб бердим!
Менинг оёғимдан жоним чиқиб кетай деди. Кўз олдим тиниб, юрагим тез ура бошлади.
− Қайси гапларимизни?.. – дея сўрадим шунда ҳам у балки ҳазиллашаётгандир деган умид билан.
− Пойлаб туриб эшитганларимни-да! Бугун кечаси дарвозасига бемаза гаплар ёзиб ташлаймиз деганларингизни!
− Нима… Сен… Сен эшитганмидинг?! Нима деди кейин у?..
− Роса кулди! Чимсаройда бизнинг дарвозамизга бемаза гап ёзишга журъати етадиган одам борлигига ишонмайман, чунки отамнинг қўлига тушса соғ қолмайди деди!
− Сабабини-чи? Сабабини… Нега бундай қилмоқчи эканимизни сўрамадими?..
− Йўқ… – бирдан ўйланиб қолди синглим. Туришидан, режамизнинг асл сабабини бунинг ўзи ҳам билмасди.
«Яхшиям ишонмабди!» Ҳозир бу чақимчига қўпол бирор гап айтсам, худди Садафга боргандай югура солиб отамнинг олдига бориши ҳеч гап эмасди. Шу учун тишимни-тишимга босдим. Индамай уйга кириб кетдим.
Отамнинг нима сабабдан кайфияти йўқ эканини барибир билолмадим. Аммо кечки овқатни барчамиз мустар бир кайфиятда едик. Ҳатто ҳар куни чакаги тинмайдиган синглим ҳам отамнинг қовоқ солиб ўтирганини кўриб, бугун ер чизиб, сўнарибгина ўтирарди. Одамлар орасида энг юқимлиси кайфият бўлса керак ўзи…
Отам овқатланиш орасида энамдан фақат бир мартагина:
− Сигирни соғиб олдиларингми? – деб сўрадилар, холос. Энам менга ер тагидан қараб олиб:
− Ҳа, соғгандик, − дегандан кейин яна баримизнинг тилимиз боғланди.
Энам дастурхонни йиғиштиришлари билан уйдан ёстиқ ва ёпинчиғимни олиб чиқдим-да, ўзимга ўрин солиб, ётиб олдим. Уйдагиларнинг ҳам ўзимга ўхшаб тезроқ ўринлариги ётишини истаганимдан шундай қилдим. Бу пайтда фалакка яккам-дуккам юлдузчалар чиқа бошлаган, осмон гўё қора либосга буркангану, юлдузлар шу либоснинг тугмаларига ўхшаб йилтираб турарди. Кўп ўтмай, энам қабатимдан отам, ўзи ва синглимга ҳам ўрин солди. Улар тин олиш учун жой-жойларига чўзилиш тараддуда-ю, менинг беҳаловат кўнглимнинг аллаери орзиқиб-куйишади. Нега бунча дилгир кун бўлди ўзи бугун, нега бунча дилгир кеча, билмайман. Балки Қодир билан Мирза ҳам ҳозир ўзини ухлаганга солиб, уйидагиларининг тезроқ пинакка кетишини кутиб ётишгандир? Садаф-чи, Садаф нима қилаяпти экан? Ҳиндуларга ўхшайдиган ўша севгилисини эслаб ётганмикан ёки ухлаб, уни тушида кўраяптимикан?! Эҳҳ, режамиздан хабар топгани чатоқ бўлибди-да! Тағин қўрқиб, айбини изласа, гўрга – назарига илмаганини қаранг! Гўёки бу иш бизнинг қўлимиздан келмайди! Асли шу каландимоғлиги учун ҳам аяб ўтирмаслик керак уни! Яхшиси… Яхшиси унинг хабар топгани ҳақида Қодир билан Мирзага айтмайман… Шунда… Шунда улар аҳдидан қайтмайди! Ахир қўрқоқ ошнани кечирса бўлади, хиёнаткор севгилини кечириб бўлармиди? Бўмайди-да! Масалан, хиёнат қилгани учун, мен ўзимнинг яхши кўрган итимни ҳам кечирган эмасман. Э, менинг итим ҳам эмас эди ўша, бировнинг ити, шунчаки ит эди!
Аслида мен у итни овулнинг чеккасида яшайдиган бир одамникидан ўғирлаб келган эдим. Йўқ, мен ўғирлаб келганимда айтарли ит ҳам эмас эди, хумбош, олд оёқлари йўғон, пахмоққина кучукча эди. Уни ўғирлаганимдан бехабар отам ва энам кучукни қаердан топиб келдинг деб олдинига тергашди. Лекин арзанда сингилчам ўйнаб, овунаётганини кўриб, индамай қўя қолишди. «Зийрак» қўйдим отини. Ўзим нима есам, тенг ярмини бериб боқа бошладим. Кучукчани доим суйиб эркалар, имкон борича бегона кўзлардан асрашга ҳаракат қилар эдим. Қанча қисталанг қилса ҳам, уни қаердан топиб келганимни энг яқин ошналарим, ҳатто Қодир билан Мўминга ҳам билдирганим йўқ. Фақат бир мартагина, ҳеч кимга сотмаслик шарти билан Мирзанинг қулоғига айтганман.
Зотдор экан кучукча. Тез ўсиб, сал кам уч ой деганда итмисан ит бўлди. Ҳамма кучукваччалар одамнинг оёғига келиб суйкалса, у бундай тилёғламаликни билмас, жуда эркалангиси келган пайтлардагина йўлимни тўсиб, ковушимдан тишлаб тегажоқлик қилар эди. Мактабдан қайтаётган вақтимда эса, у олдимга югуриб чиқар, хурсанд бўлганидан ирғишлаб кўкка шунақанги баланд сапчирдики, бўйи бўйимдан баланд бўлиб кетарди…
Гап ётмайди овулда! Менинг бир ёқдан кучук топиб келганимни эшитиб, бир куни итнинг эгаси излаб келди. Дарвоза олдида отам билан гаплашиб туришганини эшитиб, унинг нима учун келганини тушундим.
− Бермайман! – дедим отамга. – Зийрак бу одамники эмас, уни мен кўчадан топиб олганман!
− Топганинг ростми? Қаердан топгандинг ўзи? – сўради отам.
Мен атай ўша одам яшайдиган эмас, овулнинг бошқа бир томонини айтдим:
− Канал бўйидан.
− Балки ўша ёқларга адашиб бориб қолгандир. Ё кимдир ўғирлагандир-у, канал бўйига ташлаб кетгандир, − итнинг эгаси менга қовоқ остидан қараб, гапга аралашди. – Қани, чақиринглар-чи, ўзини бир кўрай.
Чумчуқларни қўрқитиш учун бу дамда итни ҳовлимиз орқасидаги токларнинг тагига боғлаб қўйган эдик. Ваҳимага тушиб, йиғлагим келиб кетди.
− Бермайман, кўрсатмайман ҳам! – дедим отамга йиғламсираб қараб. – Ота, кўрса бу одам барибир меники деб туриб олади!
Отам икки ўт ичида қолгандай эди. Биринчидан, менинг итни қанчалик меҳр билан боққанимни ва уни қанчалик яхши кўришимни билар, итни бировга бериб юбориб, кўнглимни вайрон қилишни истамасди. Иккинчидан… Итнинг безбет эгаси қаршисида «Ит барибир меники, берсаларинг ҳам, бермасаларинг ҳам уни олиб кетаман!» дегандай хўмрайиб қараб турибди.
− Унда бир шарт қўямиз, − деди отам жиндай мулоҳаза қилиб кўргач. – Итни мен ушлаб тураман. Икковларинг икки ёнимдан туриб, чақиринглар. Ит кимнинг олдига борса, ўшаники бўлади.
Умид билан ҳалиги одамга қарадим. У «Шарт маъқул» дегандай, елка қисди.
Менинг ичимдаги қўрқувим шакарли чой бетидаги кўпиклардай тарқаб кетган эди! Саросима булутлари сурилиб, юзимга қувонч қуёши чарақлаб чиққан эди! «Яшасин! – дер эдим ичимда тантана билан. – Зийрак албатта менинг олдимга келади! Шунча пайтдан бери фақат менинг қўлимдан овқат еган, мендан бошқага искаланмаган Зийраккинам ўзимнинг олдимга келади! Худди мактабдан келишларимни кутиб олгандек югуриб келиб, бўйим баробар сакрайди!..»
Бориб итнинг қозиғини суғиргунимча бўйинларидан қучоқлаб, тумшуғидан ўпиб-ўпиб олдим. Кейин ортимдан чопсин, тезроқ етиб борсин деб отам билан ҳалиги одам ёнига югурдим. Ипини судралтириб мен билан баравар отамнинг қаршисига келган ит ўша одамни кўрди-ю, қулоқларини динг қилди. Ғингшиб, безовталанди…
Кўчага чиқдик. Отам итни ипидан тутиб, маълум бир узоқликда қараб турган анов одам билан оралиғимизда турганда, менинг оғзим қулоғимда эди. Ҳозир «Зийрак» менинг ёнимга югуриб келади дер эдим комил ишонч билан, «Ҳозир… Ҳозир…»
Лекин… Лекин бундай бўлмади. Отам итни қўйиб юбориши билан ит занжирини шилдиратиб эгасига қараб юра бошлади… Бақириб юбордим. «Зийрак, қайт орқангга!» дедим. Аввал зарда билан, кейин йиғлаб ялиндим. «Зийракжон, қайт… Қайтақол, Зийракжон…» дедим. Кошки, қайтса… У фақат бир мартагина, ярим йўлда мен томонга қайрилиб қаради, холос. Кейин чирт ўгирилиб, эгаси ёнига кетиб қолди…
Итини эргаштириб ғолибона қадамлар билан кетиб бораётган ўша одамнинг изидан қараб қолар эканмиз, отам иккимиз аллақандай чўкиб, мунғайиб қолгандай эдик. Чин, шу пайтгача оламда тенгсиз баҳодир санаганим – отам шу тақлид айбдорони қўл қовуштириб туришлари билан, илк марта менга ожиз ва нотавон туйилиб кетди. Йиғламасам ҳам ўз-ўзидан ёш думалаб тушаётган кўзларим билан бир отамга, бир итини эргаштириб кетаётган ҳалиги одамга қарадим-у, ҳовлимизга отилдим…
Ўша куни очлик эълон қилдим. Энам кечки овқатга чақирса бормай, уйга кириб аразлаб ётдим. Кўз ёшимдан ҳўл бўлиб кетган ёстиққа юзимни босиб ётар эканман, «Номард экансан! Номард! Ҳайф сенга берган шунча овқатим, ҳайф шунча эркалаганларим!..» деб итни сўкардим нуқул. Менинг бу койинишларимни эшик тирқишидан эшитиб турганмиди ё нима ўйлаётганимни сезганми, билмайман, бир вақт энам ёнимга кириб келди.
− Қўй, улим, йиғлама, − деди бошимни силаб. – Зўр экан итинг… Қара-я, қанча пайтдан бери овқат бериб қарашсанг ҳам, ўз эгасини унутмабди… Бошинг омон бўлса, шунақасидан яна топарсан…
Энамнинг ўшандаги бошини эгиб, юзимга ачиниш билан термилганини эслар эканман, ич-ичимдан чиққан оловли нафас димоғимни куйдириб ўтди. Ким билсин, чиндан ҳам балким ўша ит Садафдан яхшироқдир? Садаф билан Мўминдан яхшироқдир ўша ит?! Шу чоғда кўча тарафда симёғочнинг уч марта тақиллагани эшитилмаганда, ким билсин, мен ҳўнграб йиғлаб юборишим мумкин эди. Нима бало, Қодир билан Мирза ярим тун бўлмасидан келишдими дедим шошиб кўзларимдаги намни артарканман. Ё мен шунча пайт ўй суриб қолдимми? Маълум вақт оралиғида симёғоч яна уч марта «жаранг сочгач», секин сирғалиб ёпинчиқ тагидан чиқдим. Ўрнимга ёстиқни тиқиб, бироз уринган эдим − ғужанак бўлиб ухлаб ётган одамга ўхшади қолди.
Отам энам ва синглим ухлашаётганига ишонч ҳосил қилгач, пайпасланибгина сўридан тушдим. Оҳитса юриб дарвозамизгача бордим-у, ундан у ёғига югуриб кетдим. Симёғоч тагида мени кутаётган ошналаримнинг олдига борганимда, Қодир қўлтиғига алланарса қистириб олган, Мирзанинг эса қўлида нимадир бор эди. Келишим билан у:
− Нега кечикиб қолдинг? – дея жеркинмоқчи эди, Қодир:
− Ўчир, овсар! Ўзинг келишилган вақтдан уч соат олдин ҳаммани уйғотиб чиқаяпсан! – деб уни қайириб ташлади.
Мирза бош қашийман деб қўлини кўтаргандагина, тунинг ғира-ширасида у ушлаб олган нарса велосипед бўяшда ишлатиладиган чўткачалар эканини билдим. Ҳаммаси равшан: Қодирнинг қўлтиғидаги бўёқ қутиси!
− Узр, ошналар, ҳеч вақт ўтавермади, − деди Мирза хижолатпазлик билан. – Шу десаларинг, ниманидир режалаштирсам бўлди, уйқум ўчади! Анавининг қўрқоқлигиям тоза жаҳлимни чиқарди-да…
− Гапинг чин, − маъқуллади Қодир. – Аслида ташлаб қочмасдан, Садафнинг отасидан ҳайиқдим ё қоронғида қўрқаман десаям уни биров мажбурламасди. То еттинчи синфгача қоронғида сийгани чиқишга қўрқишини ҳаммамиз билардик-ку!
Ҳандалакнинг тилимига ўхшаб кетадиган ой булутлар орасидан пойлоқчилик қилаётган одамдай мўралаб турарди. Биз уйдан қандай чиққанимиз ҳақида паст овозда гаплашиб, секин-секин Садафларнинг кўчаси томонга кета бошладик. Шунда ўзимда Садафдан ўч олиш истаги негадир сўна бошлаганини, у мардона туйғуларим ўрнини саросима ва таҳлика каби тубан ҳиссиётлар эгаллай бошлаганини сездим. Гўё гапларига қулоқ солган киши бўламан-у, ғира-шира кўринаёган юзларига термилиб ошналаримнинг ҳам ичида нима ўйлаётганларини билиб олишга уринаман. Энг кўп эътиборимни Мирзанинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари тортди. Мирза менга ўхшаб қўрқмаётганга, бу ишни тезроқ охирига етказиб, тезроқ хотиржам тортмоқчи бўлаётганга ўхшаб туйилди назаримда. Ҳа, Қодир довюрак бола, лекин виждонлилик ва тиришқоқлик борасида барибир Мирзадан ортда қолади. Ғаройиб куйинчаклик бор Мирзада. Ҳамма нарсани тез қабул қилиб, тез унутади. Бирор ишни бошлаганда-чи, то тугатмагунча ўзиям тинчимайди, бошқаларниям тинчишига қўймайди.
Эсимда, уч-тўрт йилча олдин бир гал у синфимизга ранги қув оқарган, қовоқлари киртайиб, кўзлари олайган ҳолатда кириб келганди. Эҳтимол, сиз одамнинг бир кунда бунчалик ўзгариб, озиб-тўзиб кетишини кўрмаган бўлсангиз керак. Бундай ҳолатни ахир ўзим ҳам бир марта – фақат ўшанда кўрганман. У пайтлари ўқитувчимиз ҳалича «Сен тўрталанг бириксанг, бир бойқушликни бошлайсан» деб тўрталамизни синфнинг тўрт бурчагига ўтқазиб қўймаган, мен Мирза билан, Қодир Мўмин билан, яна от аравага мингашгандай олдинма-кетин парталарда ўтирар эдик. Ўшанда бир кўришдаёқ Мирзага бирор нарса бўлганини билган эсам-да, мен ҳеч нарсани сезмаётгандай писмиқланиб уни кузата бошладим. Мирза эса ғам ва чарчоқ тўла нигоҳларини мўлтиратиб, ҳамма нарсага лоқайд бир кайфиятда ўтирар, шу ҳолида иштонини ҳўллаб қўйганини айтишга чўчиётган гўдакка ўхшарди.
Ёмонроқ иш бўлганига аниқ ишонч ҳосил қилганимдан сўнг, орқамга қайрилдим-у, Қодирнинг қулоғига шипшидим:
− Қара… Мирзани кимдир урган бўлса керак!
− Йўғай?.. – Қодир аввалига ажабланиб Мирзага кўз ташлади, кейин афти важоҳатли тус олиб, бирдан муштларини тугди: − Сенга айтмадими, ким экан ўша «полвон»?!
Қодирнинг баландроқ овозда гапириб юборганидан хавотирланиб Мирзага қараган эдим, Мирза ҳамон ўша-ўша пўсти шилинган сўтақўзидай шумшай турган экан. Бироқ Мўмин гапимизни эшитиб, орага суқилди.
− Отаси ургандир-да, − деди у. – Бошқа бўлганда ўзиям айтарди-ку.
− Ундай бўлса, чатоқ… − муштини ишлатолмаслигидан афсусланиб, қовоқ уйди Қодир. – Оталарга ҳеч кимнинг кучи етмайди! Оталар дунёдаги энг кучли одам! Майли, кетишимизда ўзимизнинг тут тагида сўраб кўрайлик-чи, нимага урдийкин отаси.
Дарслар тугагач, Қодир айтганидай биз Мирзани ўзимизнинг тут билан тошимиз ёнига бошлаб бордик. Ундан нима гап эканини сўраган эдик, Мирза гапириш ўрнига изиллаб йиғлаб юборди.
− Ошналаар… – деб айтди йиғи орасида. – Мен… Ўгай эканман!
Бу янгиликдан учаламиз ҳам ҳангу манг бўлиб, оғзимизни ёполмай қолдик. Мирзанинг изиллаб паст товушда йиғлаши, катта гуноҳ иш қилиб қўйгандек кўзларимизга қарай олмасдан бошини эгиб туриши бизни чунонам ҳайратга соларди. Шунда ҳам биринчи бўлиб Қодир ўзини тутиб олди.
− Ўйлаб гапираяпсанми?! Қанақасига ўгай бўлишинг мумкин? Бу гап қаердан чиқди? – сўради тажанг бўлиб.
− Шунақасига, ошналаар… – Мирза баттар эзилиб, баттар эгилиб шинғиллаганча жавоб қайтарди. – Қулоғим билан эшитдим. Кеча мактабдан қайтганда уйга ким келди экан деб эшикка қулоғимни тутсам, энамнинг меҳмонга келган дугонаси шундай деди. «Асраб олган улинг катта бўб қолгандир», – деб айтди…
Ана, гап пойлашнинг оқибати! Мирзанинг ота-онасига ўгай бўлиб чиқаётганидан эмас, унинг изиллаб йиғлаши ва қайғули аҳволига раҳмим келиб, хафа бўлиб кетдим. Мўминнинг ҳам титроқ нафас билан, бурнини шўрқиллатиб тортгани эшитилди.
− Мирза, ошна… Ошна қўйсанг-чи… − далда беришга ошиқди Қодир. Мирзанинг шундоғам майишиб бораётган елкасига қўл ташлаб, осилиб олди. – Майли-да… Барибир ота-энанг бор-ку! Ё улар сенга уйдан кет деб уришаяптими?!
Ҳалича изиллаётган Мирза бу далдадан кейин азза-базза ариллаб йиғлашга тушди. Қодир хато гап айтганини тушуниб, Мирзанинг елкасидан қўлини оларкан, Мўмин икковимизга айбдорона қаради. Энди Мирза ҳўнграб, кўксидаги бор нафаси билан хўрсиниб-ўксиб йиғлар, биз унга кўзларимизни жавдиратиб, ҳамдардлик билан қараб туришдан бошқа чора топмас эдик.
Орадан қанча фурсат ўтди, эсимда йўқ, бир маҳал Мирзанинг кўз ёшлари қуриб, бир нуқтага қараганча жимиб қолди. Одам кўз ёшларини артмаса-ю, у юзида қуриса, идишдаги сувнинг мавжланишини эслатувчи кўзлари эса йиғидан толиқиб, бир нуқтага қараб тураверса, жуда қўрқинчли кўринар экан.
Унинг тинчиб қолганини кўриб, Қодир яна далда беришга уриниб кўрди.
− Ошна, сен яхшиси билганингни билдирма, − деди ақллилик билан. – Агар билганингни билдирсанг, улар буни билиб қолишади. Шунга биз ҳам ҳеч кимга билдирмаймиз.
Мўмин иккаламиз Қодир асли қандай ақлли гап айтмоқчи бўлганини унча тушунмасак ҳам, шошиб унинг гапини маъқулладик. Мирза эса, ўзимиз билган тиниб-инчимас, ўжар-қайсар Мирза эса, айни пайтда аммамнинг бузоғидай ювош тортиб қолган, ким нима деса бўйнини солинтириб тураверадиган сиёғи бор эди.
Қодир тантановор қилиб энди Мирзанини ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаслигимиз кераклигини эълон қилди, чунки ҳақиқий ошна шундай оғир кунда биланар экан. Ушбу талабга Мўмин икковимиз жон-дилимиз билан рози бўлдиг-у, лекин Мирзанинг ўзи бундан кўнгли тўлгани сезилмасди.
Шу кундан бошлаб учовлон ўз сўзимизга биноан тушки ўн иккида Мирзаларникига бориб уни мактабга етаклайдиган, мактабда ҳам нуқул атрофида гирдикапалак бўладиган, дарслардан сўнг яна биргалашиб уйига қўйиб қайтадиган одат чиқардик. Ғамгин ва индамас бўлиб қолган Мирза бундан мамнун бўлса керак, ҳар қалай етовимиздан бош тортиб, норозилик билдирмас эди. Булар бариси эса шундай ғалати тарзда якун топдики, эсласам, менга ҳалиям биз ошналарга нималардир англашилмай сир бўлиб қолгандай туйилаверади…
Якшанба куни катта ариқ бўйидаги толзорда ўйнаб юрган эдик, ғовак ичидан чумчуқболанинг қаттиқ чирқаллагани эшитилди. Бизнинг чумчуқларни ўлдирмаслик, чумчуқ полопонларига зарар бермаслик тўғрисида битимимиз бор эди.
− Чиқариб, нега чирқиллаётганини кўрамиз-у, яна жойига солиб қўямиз! – деди Қодир ўша битимни эслатмоқчи бўлгандай. Кейин қўлини тирсагигача тиқиб, ғовак ичидан бир варакайига уч-тўртта полапонни чиқариб олди. Лекин, афсуски, полапонларнинг учтаси аллақачон нобуд бўлиб, майда қумрсқалар ёпиша бошлаган, улардан фақат биттагинаси тирик, у ҳам бўлса, оғзини катта очиб, жон талвасасида емиш сўрарди…
− Онаси билан отасини биров ушлаб олган бўлса керак… – дедим мен хомуш тортиб.
− Илон тутиб еган бўлиши ҳам мумкин… – Қодир қошларини чимириб, лабини тишлади. – Қани шу ерда бўлиб қолса, таёқ билан уриб, бошини янчардим!
− Ошналар, битта йўли бор! – деди шунда Мўмин ҳовлиқиб. – Чердагимизда чумчуқ бола очган. Энам чиқариб, босиб қўйган супургиларнинг шундоққина тагида. Буни олиб бориб, ўша инга солиб қўйсак-чи?!
Мўминнинг режаси ёмон эмас эди. Учовлон эндигина темирқанот бўлишга улгурган қорни оч полапонни олиб, уларникига югурдик. Ота-онасига ўгай эканини билган ўша кундан бери биз нима иш қилсак, бефарқ қарайдиган Мирза ҳам, лўкиллабгина ортимиздан эргашди. Аммо галалашиб чердакка чиққанимизда, Қодир полапонни тез уяга жойлаштириш ўрнига ўйланиб, бироз туриб қолди.
− Ма, ошна, − деди, истар-истамас қўлидагини Мирзага узатар экан. – Майли, бу ишни сен қила қол.
Мирза бундан хурсанд бўлмаса ҳам, лекин рад этмади. Минг машаққатлар билан эмаклаб бориб, полапонни қўлбола супургилар босиб қўйилган жойга − чумчуқнинг кўзга ташланиб турган ини олдига қўйиб келди. Айнан шу пайтда безовта чирқиллаб она чумчуқ ҳам пайдо бўлди.
− Тсс! – деб кўрсатгич бармоғини лабига босди Қодир. – Қани, ҳамма картонларнинг панасига, энди емиш едиришини кўрамиз!
Бироқ бизнинг мўралаб туришимиздан сесканган чумчуқ анча палла чирқиллаб, полапонлари олдига бормади. Қимир этмай тураверганимиздан кейингина ёмонлик қилмоқчи эмаслигимизни тушунди чоғи, ниҳоят бориб ини лабига қўнди. Кутилмаганда ҳалиги бегона полапонни чўқилаб, уясидан чиқариб ташлашга урина бошлади. Аммо бегона полапон ҳадеб уяга қайтиб киришга тиришар, она чумчуқ тумшуғи билан деярли қонига бўяб ташлаган бўлсаям, уяни тарк этгиси келмасди… Бундай адолатсизликка чидай олмаган Қодир сапчиб ўрнидан турган эдики, биз кутилмаганда Мирзанинг «пиқ-пиқ» этиб йиғлаётганини эшитдик…
Мирза пиқиллаганча нарвондан тушиб жўнаганда унинг ортидан ҳеч балога тушунолмай гарангсиб қараб турар эдик.
− Тегманозик бўлиб қолди! Салга йиғлайверади! − деди Қодир ранжиб.
− Тўғри! – Қодирнинг гапини маъқулладим мен. – Ота-энасига ўгай бўлиб чиққанидан хафаман, лекин ўзиям бундай эркалик қилавермасин-да!
− Ошналар, мен кеча Мирзаларникида ётиб қолувдим, − гап етказишни қойиллатадиган Мўмин нақ қулоқларимизга келиб пичирлади. – Энаси билан отаси Мирзани тоби йўқ, ичида қурти бўлса керак, дўхтирга олиб борамиз дейишди… Ичида қурти борлиги рост бўлсаям, менимча, Мирза бизни алдаган, у – ўгай эмас.
− Нимага бундай деяпсан? – беихтиёр, худди Мўминнинг ўзига ўхшаб пичирлаб сўрадим мен.
− Билдим-да! Отаси билан энаси униям, укалариниям сиз-сизлаб ётибди… Ўгай бўлса, сизлармиди?
− Қўйсанг-чи, − Мўминни бирор каттароқ сир-асрорни билиб олибди деб ўйлаганим учун ҳафсалам пир бўлди. – Мирзанинг энаси ҳаммани сизлайди ўзи. Мана, мениям, сен иккалангниям сизлаб гапиради ҳамиша.
− Мўмин тўғри айтади! – негадир мендан бўлакча хулоса ясади Қодир. – Эна-оталар ҳаммани сизлаши мумкин, барибир ўгай боласини сизламайди… Адабиёт китобимиздаги «Олқор» ҳикояси эсларингдами, қанча қийнайди ўгай ота-онаси?! Шу алдаганига яна бирга ўйнайлик деб келсин, Мирзанинг таъзирини бериб қўяман!
Биз аввал Мирзанинг кўнглига қарашга қандай тантанавор қасамёд қилган бўлсак, Мирзани қайтиб эркалатмасликка ҳам ўша куни худди шундай дабдаба билан келишиб олдик. «Агар эндиям бурнини шўрқиллатиб йиғлайдиган бўлса, муштимдан ейди!» деб айтди ҳатто Қодир.
Аммо… Аммо чамаси бироз шошган эканмиз. Мўминларникида тушликка унинг энаси тайёрлаган чалопни ичиб, уч ошна каттакон тўшакда думалашиб ётган эдик, тўсатдан хонага Мирзабой кириб келди.
− Ошналааар… – деди у ёввойи қараш қилиб турганимизга парво қилмасдан хуш-хандон илжаяркан. Ҳеч ким эшитмаяптимикин дегандай бир-икки орқасига аланглаб олди:
− Ошналааар.. Ошналаар, энам ўзимни энам экан!
Мўмин икковимиз ўз-ўзидан тиржайиб уни табрикламоқчи бўлиб турган эдик, Қодирнинг имлаб қўйгани ҳушимизга қайтарди.
− Бир бошидан гапир, нимага бундай деяпсан? – сўради Қодир қовоғини очмасдан.
Мирза баттар илжайди, яқинимизга бўйнини эгиб келди:
− Шу… Боя бориб энамдан сўрадим… Асраб олганларингиз ростми дедим. Энам қотиб қолди! Ҳайкалдай қотиб, ранглари ҳам оқариб кетди! Яна сўраганимдан кейингина «Ким айтди, укангни асраб олганимизни сенга ким айтди?!» деб сўради. Мен, «Алдаманг, укамни эмас, мени асраб олгансизлар, дугонангизнинг гапини ўз қулоғим билан эшитдим», дедим. Йиғлаб юбордилар шунда.. Кейин кулдилар… Қасамлар ичди, «Ҳеч қайсингни асраб олганимиз йўқ, боланинг асрандиси бўлмайди», деб айтди!..
Ўшанда Мирза завқу шавқ билан, ўпкаси ва оғзи тўлиб гапирар экан, шу эгилиб турган ҳолида бўйи икки-уч метрча ўсиб кетганга ўхшар, айни пайтда Қодирдан мушт еб қараб турадиган ювош болага сира ўхшамасди. Мирзанинг бу шашти чўчитиб қўйганмиди ё ҳаммаси яхшилик билан тугаганига хурсанд эдими, ҳар нечук Қодир ҳам юмшаб, тишининг оқини кўрсатишга мажбур бўлганди…
Лекин орадан йиллар ўтиб улгурган, «Мирза ростдан асрандими? Уми ўзи асранди ёки укасими?» каби саволлар ҳозир бизни ортиқ ўйлантирмай қўйган, ҳатто бу гаплар Мирзанинг ўзининг ҳам балки эсидан чиқиб қолган бўлса керак. Шу фурсатда эса биз уч ажралмас ошна – «Уч мушкитёрлар» тун қоронғисида интиқом олиш учун кетиб борардик. Эртакдаги мушкитёрларнинг қиличи бўлса, бизда бўёқ чўткалари бор, мана шунинг ўзияқ учовимизнинг улардан ботир эканмизнинг исботлаб турибди! Фақат тун энди кўзимга ғужанак бўлиб ётган қора девга ўхшаб кўринар, милтир-милтир қилаётган юлдузлар гўё унинг саноқсиз кўзларидай мени ваҳимага тушираётган эди…
Биз Садафларнинг кўчасига яқинлашганимиз сари қадам олишимиз секинлашаётганини, гурунгимиз мавзуси ҳам мақсад қолиб ортиқча бир ёқларга улоқиб кетаётганини пайқаб қолдим. Охирги муйилиш ёқасида эса, Қодир юришдан тўхтади.
− Ошналар, шу ерда гартак дам оламиз, − деди сўнг сир бой бермасликка уриниб, азза-базза чўнқайиб ўтириб оларкан. – Оёқ ҳам увишди, вой-вуй, ҳамма жойим-ай…
Мирза иккимиз ҳам Қодирнинг ён-веридан чўнқаяр эканмиз, сукут сақлаб, қоронғида нуқул бир-биримизнинг кинодаги ҳабашлар кўзига ўхшаб йилтираётган кўзларимизга қарар эдик. Писмиққина эмасманми, мен шу ерда ўзимни кўрсатишнинг зап ўрни келганини тушундим.
− Чин, озгина оёққа дам берайлик, − дедим қувлик билан. – Бу ёғи Садафларнинг дарвозасиям кўринай деб қолди…
Бу гапимдан кейин Мирза кўзларини олиб қочди, Қодир ўтирган жойида сўнарибгина қолди. Менинг кўнглимдан эса «Ўл икковинг! Садафнинг бу гаплардан хабардор эканини билмай шунча, орангларда энг довюраги ўзим эканман-ку!» деган фикр кечди.
− Мирзабой, бўёқни очавермадик-да, − деб темирни иссиғида босдим шунга. – Садафнинг отаси чиқиб… тағин шошиб қолмайлик.
Аммо Қодир барибир Қодир экан.
− Тўғри айтасан! – деб айёрликда менданам ўтиб тушди у. – Ма, унда сен очавер. Манави бўёқ, манавиниси поки!
Аслида мен бўёқни очишга журъат этмасам, ошналарим ҳам уни ишлатишга ҳаддлари сиғмаслиги аниқ эди. Лекин ғурурим устун келди, Қодирнинг қўлидаги нарсаларни олишдан тийила олмадим… Поки билан бўёқ идиши оғзидаги гардишни қирқа бошлаганимда, ошналаримнинг нигоҳи ўлжасини пойлаётган мушукнинг кўзидай ўт сочаётган эди. Кўп ўтмай, атрофга бўёқнинг ҳиди анқиб, идиш ичидаги суюқлик товланиб кўзга ташланди…
− Қизили… – деди Мирза шунчаки нимадир дейиш заруратини туйиб. – Бир чизилса бас, ўлсаям ўчмайди.
Кейин ҳаммамиз бир қанча пайт жимиб ва тинчиб қолдик. Шунда Қодир одатдаги ваъзхонлик масъулиятини ўз зиммасига оладиган фурсат келганини билди чамаси.
− Кундузи нима деб қасам ичганимиз эсларингдами, ошналар? – деди у паст овозига қатъият бериша тиришиб. – Биз хиёнатни кечирмаймиз! Сира-сира кечирмаймиз! Ҳаёсиз, риёкор қизнинг таъзирини берамиз!
− Моховга ошна қиламиз, − дея гўёки кесатгандай ҳафсаласизгина луқма ташлади Мирза. Унинг овозида тушкунлик бўлгани учун ҳам Қодир ўзини эшитмагандай тутди.
− Кўз олдиларингга келтиринглар у нима қилганини! − деди ўз гапида давом этаркан. – Қанча пайт бизнинг яхши кўришимизни билиб, билмасликка олиб юрган бу писмиқ қиз нима қилиб қўйганини ўйланглар! Ўша дафтардаги бешарм, бузуқ гапларини эсланглар ахир! Шунга чидаб бўладими?!
Менинг эса… Менинг эса кўз олдимдан негадир ўша машъум дафтар эмас, ҳув касал пайти борганимизда рангпар яноқлари қизариб, кўзларимизга қарай олмасдан эски чит кўйлагининг чокларини ўйнаган Садаф келди. Мирзага қарасам, Мирза ҳам хатни ўйлаётганга унча ўхшамас, бежо тортиб туришидан, кўпроқ Садафнинг отаси ҳақида ўйлаётгандек эди.
Шунда… Шунда ўз гапларидан ўзи илҳомланган Қодирнинг касали қўзиди! Қаҳрамонлик деган касали қўзиди! Сенларга гап ҳайф дегандай шитоб ўрнидан турди-да, менинг қўлимдан оғзи очиқ бўёқ идишини, Мирзанинг қўлидан чўткани тортиб олиб, Садафларнинг уйи томон кета бошлади. Бу фурсатда Мирза иккимизга Садафларнинг уйи томон қора тортишдан кўра йўлбошчимиз Қодирсиз мана шу жойда қолиш ваҳималироқ эди.
Тез-тез юриб бораётган Қодирнинг орқасидан биз ҳам йўртиб эргашар эканмиз, Мирза иккимиз қай жиҳатларимиз биландир бўйнидан ип боғланиб етакланаётган қўйларга ўхшаб кетардик.
Биздан уч қадам олдиндаги Қодир Садафларнинг таниш дарвозаси яқинига келиб ортига ўгирилганда, ҳилол нурлари унинг аёвсиз ва мардонавор юзини ёритиб юборди.
− Биз хиёнатни кечирмаймиз! – деб айтди у.
Ниҳоят энди орқага қайтишнинг имкони йўқ эди! Мен Мирзанинг қўлидаги чўткаларнинг бирини олиб, уни муштумимда сиқарканман, тутилибгина Қодирнинг сўзларини такрорладим:
− Биз… хи…ёнатни.. кечирмаймиз!
− Кечирмаймиз! Ҳеч қачон кечирмаймиз! – шивирлаб жўр бўлди Мирза ҳам.
Кўзлари ёниб, вужуди титраб, камоли ҳаяжон билан турган Қодир Садафларнинг сирлангандай оппоқ товланиб турган дарвозасига тиқилиб борди-да, чўткани қизил бўёққа ботириб, бугун кундузидан бери Садафни шунча ҳақоратлаб айтишга ҳаддимиз сиғмаган жуда хунук бир гапни ҳижжалаб ёзди: «Садаф ж…»! Мен бу хунук гапдан довдираб, бир қур ўзимни йўқотиб қўйган бўлсам ҳам, дарров ҳушимни йиғиб олдим. Тишимни тишимга босиб, ичимдаги бор нафратим, бор журъатимни тўплаб, бориб Қодир ёзган гап олдидан ундан ҳам беш баттар сўз ёздим… ва… ва шу пайти кўзимдан бир томчи ёш думалаб кетди…
Мирзанинг кўз олдимда дарвозага узанган қўллари ёмон қалтирарди. Билсам, у ҳам менга ўхшаб йиғлаётган экан. Синчиклаб қарадим, Қодирнинг кўзларида ҳам ёш… Охири… Охири биз учовимиз ҳам очиқ-ошкора йиғлаб юбордик! «Хиёнатни кечирмаймиз!» дея пичирладик учовимиз ҳам… Нафрату ҳаяжон, шиддату қўрқув билан ўқиб тўнғиз тук ташлайдиган энг жирканч гапларни дарвозага муҳрлашга киришиб кетдик. Ёздик, ёзавердик, сира тўхтамадик!.. Бир пайт Қодир қўлидаги чўткани шарт ерга ташлади-да, бизларни қолдириб ура қочди. Мирза иккимиз ҳам унинг кетидан югурар эканмиз, кўксимга урилиб, оёқларимга чирмашиб ортда қолаётган шабада менинг ёдимга бешинчида ўқийдиган пайтимиз ҳув ўша пиёз полизидан ҳайдалганимизни солар эди…
Ҳа, ҳамма воқеа худди шундай бўлиб ўтди! Кеча тунда учаламиз тирақайлаб қочиб ўз-ўз уйимизга кириб борган, бизнинг нима жиноят қилганимизни эса, менимча, ҳеч ким пайқамаган эди. Бошқаларни билмадим, шахсан мен туни билан ухламасдан юрак ҳовучлаб чиқдим, шунинг учун ҳам ҳозир қизарган кўзларим билан гоҳ ошналаримга, гоҳ қирқ қадамча нарида гердайиб турган Бўтаевга жавдираб қарар эдим.
− Нима деб ўйлайсилар… – деди ранги оқариб бораётган бўлса-да, сўнгги нафасигача бодичилигини сақлаб қолишга уринаётган Қодир ўзини тетик кўрсатиб. – Садафнинг отаси бизни урса… участкавой орача қилармикин?
− Албатта-да! – дедим мен аламли киноя билан. – Орача қилади, кейин пешаналаримиздан биттадан ўпиб, учаламизга «Фахрий ёрлиқ» беради!
Бу гапимдан сўнг Мирза чақчайган кўзларини Бўтеавдан узмасдан, оёғи тагига ҳам қарамай суриниб-тойиниб қочиб жўнади. Зора, шу жонкуярлигим жонимга оро кирса деб энди уни тутмоқчи эдим, Қодир билагимдан қисди.
− Қўй, кетаверсин, − деди гапга унча қовушмаётган лаблари билан шивирлаб. – Ўзинг тушунасан-ку, кимнинг айби бўлса, ўша қочади!
− Бузоқнинг қочгани сомонхонагача! – ўшқирди айни шу пайтда Бўтаев. – Жўжаларинг қочган бўлсаям, сен хўроз билан товуқ асло қоча кўрма! Бугун қўлимдан барибир қутула олмайсанлар!
Кўтарилма, гуррилик тан-жонига сингиб кетган Қодир ўзини хўроз деб аташганидан шу ердаям илҳомланмай қолмади. Орқасида биров секинлик билан сураётгандай судракланиб, Бўтаевнинг ёнига кета бошлади. Мен ҳам худди шу тақлидда унинг ортидан эргашдим. Бўтаевнинг ҳалитдан кўп сонли душманларини янчиб ташлаган қўмондондай севинаётгани кўриниб турар, бизни синфхонага тезроқ олиб боришга ошиқаётганини яшириб уддасидан чиқмас эди.
Аммо у қулоқларимиздан тортиб синфхонага олиб келганда синфдаги манзара биз кутганимиздан анчайин ўзгача экан. Яъни Мўмин доскада энаси билан бирга турар, Садафнинг отаси билан участкавой дераза олдида қаққайишган, қолган болалар жой-жойларида. Ҳатто Садафнинг ўзи ҳам бироз ажабсинган, хафа бўлган, аммо маънавий ўлиш у ёқда турсин, балоям урмаган бир тусда ўз жойида ўтирибди.
Мўминнинг доскадалигини кўрган Қодир мен билан кўз уриштириб олганида унда ортиқ бодиликдан асар қолмаганини илғадим. Ва айни дамда ўзимнинг ҳам ичимга ўт тушди: «Мирзага тўнкашдан фойда йўқ, Мўмин ҳозир баримизни қўшиб сотади!» Кўзларим билан мени айта кўрма деб имо-ишоралар қилайин десам, камига у ердан бош кўтармайди – эҳтимол, мудҳиш сотқинликка ўзини шундай тайёрлаётгандир…
− Хуллас, ҳали айтганимдай, Мўминбойнинг ўзи шундай қилмайди, − Бўтаев томдан тараша тушгандай гап бошлаб, Қодир билан менга қўлини бигиз қилди. – Уни йўлдан оздирадиган асли булар бўлган! Бузмакорчиликларни доим булар бошлайди-ю, касрига шу ювош бечора қолиб юради ўзи. Сиз Мўминни эмас, олдин буларни сўроқ қилинг, ҳурматли участкавой!
Бўтаев балки ўзини бирор каттакон суд мажлисидаги қораловчиман деб ўйлаётгандир, лекин участкавой ҳозирги ҳолатида суд ҳакамидан кўра қийин тенгламани ечишга қийналатётган математика ўқитувчисига ўхшаб кўринарди. У пешонасини тириштириб бизга номигагина қарагач, яна кўзларини бош эгиб турган Мўминга лўқ қилди.
− Ундай деманг домилласи, − хавф сезган она товуқдан типирчилаб қолди Мўминнинг энаси. – Ошналарини ҳам бир варакайига айбдор қилманг-да. Мўминжон бу ишни билмай қилган… Шундай дегин, Мўмин, айт ўзинг, болажоним, билмасдан қилдим дегин, − деб ўғлини қисталанг қила бошлади.
Худо урди деган хаёлдан тиззаларим қалтираб кетди. Ҳозир гапни Қодир икковимизга лой чаплашдан бошлайди, кейин эса шўрқиллайди, сумраяди, хуллас, ўзи оппоққина бўлиб олади деб ваҳимага тушдим.
– Билмасдан қилган бўлиши мумкин, лекин мен нимага бундай қилганига ҳалиям тушуна олмаяпман, − бахтимизга Мўминнинг тилга киришига йўл қўймай гап бошлаб қолди Садафнинг отаси. – Ҳаммаси ғалати… Тонг отишига анча бор эди. Кўнглим бир нарсани сезиб ташқарига чиқсам, дарвоза тарафдан «тиқир-тиқир» овоз эшитилди. Тайин гапки, ўғри деб ўйладим! Дарвозанинг осонликча очилмаслигини билганим учун, уйнинг ортидаги девордан ошиб, аста писиб келдим… Қарасам, шу! Қишлоқнинг нарги чеккасидан бир ўзи қоронғида келишга қандай қилиб қўрқмади экан, асти ҳайронман…
Мен энди қўрқувни ҳам унутиб, ажабланган куйи бир Мўминга, бир Садафнинг отасига қарадим. «Нималар деяпти бу одам? Ахир Мўмин биз билан бормаган эди-ку? Биздан олдин бордимикин, кейинми?! Кейин борган бўлса, у ерда нима қилган?!..» каби саноқсиз саволлар онгимда ғужғон ўйнай бошлади.
− Худди сиз айтганингиздай, мен учун ҳам жуда ғалати, − участкавой энсасини қашиб, гапга аралашди. – Иш фаолиятимда бунақа воқеани ҳали учратган эмасман… Тутқаноғи йўқмиди ўзи бу боланинг?
− Йўқ-йўқ, ҳечам ундай эмас! – Мўминнинг энаси қўрқиб кетиб, участкавойга жавдиради. – Ҳозир ўзи айтади… Мўмин, нега бундай қилганингни тушунтир, болам? Яна сени тутқаноқ экан деган гаплар тарқаб юрмасин… Ё… Ё Садафдан хафамидинг, жон болам?
Шу пайт Мўмин ортиқ пайсалга солмай, гўё ҳамма жумбоққа нуқта қўймоқчи бўлгандай кутилмаган бир журъат билан бошини ердан адл кўтарди.
− Хафа эмасдим! Мен Садафдан сира-сира хафа эмасдим! – деб айтди ўзига унчалик хос бўлмаган ҳам қатъиятли, ҳам эзғин бир оҳангда. Ажабланарлиси, у бу гапларни айнан Садафга қараб туриб айтди – бамисоли синфда ундан бошқа биров йўқдай, бамисоли Садафнинг ўзигагина ҳисоб бериши керакдай…
− Унда нега бензин билан ювиб, дарвозанинг бўёғини кўчирдинг ахир?! Ким билсин, балки уйни ёқмоқчи бўлгандирсан?! – сўради участкавой.
− Мен дарвозани шунчаки… Шунчаки бошқатдан оққа бўямоқчи эдим!
Мўминнинг юз-кўзларида ғайриоддий ифодалар билан Садафга тик боқиб айтган ушбу гапидан бутун синф шарақлаб кулиб юборди. Бу кулги орасида эса Садафнинг сайроқи қушчалар овозидай ёқимли ва жарангдор кулгиси ажралиб турар, унинг Мўминнинг нигоҳларига термилган қийғоч кўзлари завқ, миннатдорлик ва номини мен таниб билмайдиган аллабир сирли туйғуларга тўла эди…

2019 йил, 1 – 21 август

“Ёшлик” журналининг 2020 йил 5-6 сонларида босилган.

11Birinchi soat darsga kechikkan biz uchovlon botirlar yuraklarimizni hovuchlab endigina maktab binosi yonida uchrashib turgan edik, sinf rahbarimiz Bo’tayevning olahakkanikiga mengzar o’tkir tovushi kapalagimizni uchirib yubordi.

Bayram ALI
TUNKEZAR BOLALAR
Qissa


    Bayram ALI. 1991 yil 23 iyunda Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumaniga qarashli Chim qishlog’ida tug’ilgan. Hikoya va qissalari respublika nashrlarida muntazam chop qilinib kelinadi. Bir nechta hikoyalari asosida teleko’rsatuvlar suratga olingan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi. «Bolangman, dunyo» (Dizayn press, Toshkent 2013 y), «Kuz yomg’irlari» (Cho’lpon, Toshkent 2017 y) kabi nasriy kitoblari chop qilingan.


Oppoq edi boshda bu dunyo,
Ko’cha oppoq, kechalar oppoq…
Xurshid Davron

Birinchi soat darsga kechikkan biz uchovlon botirlar yuraklarimizni hovuchlab endigina maktab binosi yonida uchrashib turgan edik, sinf rahbarimiz Bo’tayevning olahakkanikiga mengzar o’tkir tovushi kapalagimizni uchirib yubordi.
− Heyey qahramonlaar! – dedi u go’yo bizdan tortgan barcha sitamlari uchun o’ch olishning biror yo’lini topganday g’o’ddayib. – Nega kechikib qoldilaring? Tezroq xonaga yuringlar! Senlarni kutib turibmiz − uchastkavoy bilan!
Boshim qotdi. Biz Bo’tayevga oxirgi marta qachon yomonlik qilgan edik? Hafta oldinmi? Ammo u rejamiz ham sinf rahbarimizni mahv etishga qaratilgan boshqa bir qancha rejalarimiz kabi muvaffaqiyatsizlikka uchragan edi-ku, oqibatda ana, u yana qarshimizda shaqildoq ilonday buqog’ini shishirib turibdi! Aslida o’sha ish eslashga ham arzimaydi va uni amalga oshirish fikri qasddan emas, to’satdan paydo bo’lgan edi bizda. Ya’ni sinf xonamizga kutilmaganda kattakon qora ari kirib kelgan edi.
− Vuuuy, − deb yuborgandi hamsinf qizlardan biri ariga qarab. – Ja g’alati turidan ekanmi? Qora ekan!
Ari kattakon bo’lgani uchun qanotlaridan chiqqan tovush boshqalarning ham e’tiborini tortib ulgurgan, bu vaqtda hammamiz zo’r qiziqish bilan uni kuzatayotgan edik.
− Bu – qora zambur, eskitdan bor, − bilag’onlik qilgandi Sadaf. – Enamning tishi og’riganda mana shunday zamburni tishlab tuzalib ketgandi.
«Aldayapti!» degan gap deyarli hammamizning xayolimizdan o’tgan bir payt:
− Hazillashayapti! − deya o’z fikrini yumshatibroq ifodalagandi Mirza. − Hech bir zamonda ari − zambur ham tish og’riqni davolar ekanmi?!
− Davolagan deyapman-ku, − Sadaf bo’sh kelishni istamagandi. − Enamning aytishicha, buning bir rivoyati bor ekan. Qadimda – avliyolar yashagan davrlarda juda ocharchilik bo’libdi. Shunda bir avliyo o’z farzandlariga «Xafa bo’lmanglar. Hali bir davrlar keladiki, odamlar o’zlaridan ortgan taomlarni ko’chaga olib chiqib to’kadi», – deb dalda beribdi. Bu gapdan avliyoning qizining jahli chiqibdi. «E, shunday isrofgarchilik qilishsa, odamlar tish og’riq bo’lsin-e!», – deb yuboribdi. «Unday demang, qizim, undaygina qarg’amang! – shoshib qiziga o’tinibdi avliyo. – Tez buning davosini ayting!» Shunda o’sha avliyoning qizi: «Yo ombur davo, yo zambur davo!» – degan ekan… Shu-shu, odamlarning tishi og’riydigan bo’libdi-yu, sug’urtirib tashlamasa, yo shu noyob qora zamburni g’archillatib tishlamasa, bu og’riqdan hech qutulmaydigan bo’libdi.
− Xo’p, bu jonivorni tishlasa, tish og’riqqa davo ekan, lekin chaqsa-chi? Chaqsa nima bo’larkin? – Sadafning gapini rad etmagan holda o’smoqchilab so’ragandi Qodir. – Adashmasam, birinchi soat sinf rahbarimizning darsi edi-ya?!
− Unday qo’rqitmanglar-e… – degandi og’zi va ko’zlari katta ochilib, kattakon baliqqa o’xshab qolgan Mo’min. – Chaqsa… O’ldirmay qo’ymaydi bu!
Bu payt Mo’mindan bo’lak hamma Qodir o’smoqchilab nimaga shama qilganini anglab ulgurgan, qo’liga daftarini olib, partalar ustida sakrashib qolishgan edi. Biroq men o’zg’irlik qilgandim. Turgan joyimda papkamni uloqtirgandim-u, shiftdan arini urib tushirgandim!
− Gap yo’q! – iftixor bilan boqib, alqagandi meni Sadaf, − Chingachguk bo’p ket!
So’ngra biz hali tirik bo’lgan arini qo’lga oldik. Qanoti va oyoqchalarini yulib tashladik. Ko’zga tashlanib turgan nishini tepaga qaratib, Bo’tayevning hozir kelib o’tiradigan stuliga joylashtirib qo’ydik. Sho’rlik sinf rahbarimiz bizga rahbar bo’lgandan beri birinchi marta shovqin-so’ronsiz, mana shunday jimgina dars boshlanishini kutayotganimizni ko’rishi bo’lsa kerak. U sinfxonaga kirib kelarkan, go’yo «mina»ni bosib olishdan cho’chigan askarday hadiksirab qadam tashlar, ikki ko’zi alang-jalang edi. Har doim nega ovozlaring chiqmaydi deb bizga ikki-uch qaytadan baqirtirib salom berdiradigan odam, bu gal azbaroyi ishtiyoq bilan bergan salomimizga ham alik olishga ikkilandi. Boshini irg’ab, nimadir deb g’udranganday bo’ldi-yu, ko’zlarini bizdan uzmasdan sekin joyiga cho’kdi. Barchamiz uning sakrab o’rnidan turib ketishini kutib bo’yinlarimizni ichga tortgan edik, u battar ajablandi. Xiyolgina chayqalib, sutlga yanada o’rnashibroq o’tirishga harakat qildi.
Bo’tayev o’tirgan joyida yo’qlama qilganida, kechagi mavzuni so’rab bilganida ham, biz hamon uning sakrab o’rnidan turishi va dodlagancha xona bo’ylab yugurib qolishini umid bilan kutib o’tirardik. Lekin, afsuski, hali aytganimday rejamiz muvaffaqiyatsizlikka uchradi. Bo’tayev doskaga yangi mavzuni yozish uchun o’rnidan turganida qarasak, ari majaqlanib uning kattakon ketiga yopishib qolgan ekan…
Biroq u hozir bizni hafta oldin qilgan bu bezoriligimiz uchun emas, kecha tunda amalga oshirgan rosmana jinoyatimiz uchun sinfga chorlayotgani ehtimoli katta edi. Axir aytdi-ku! Uchastkavoy bilan dedi − o’ldimi, o’zi bosib atalasini chiqarib yuborgan bitta ari uchun uchastkavoy chaqirib yurmas…
− Sezib qolishibdi… – yirtilib, pati to’kilgan yostiqday bo’shashibgina g’uldiradi Qodir mening gumonlarimga hamohang. – Buning ko’p ishni tindirganday kerilib turishidan, ichkarida bo’larimiz bo’ladiganga o’xshaydi…
− Ana, kecha sen ikkalangga aytmovmidiim! – go’yo ichidan bir narsasi uzilganday ingrab yubordi Mirza. – Hammasiga ko’z yumib, tinchgina o’tirganimizda, bu balolar yo’q edi!..
Allaqachon ko’nglim buzilib, juftakni rostlashni o’ylayotgan esam-da, Mirzaga tashvishlanib qaradim: chunki kecha u hecham unaqa degan emas, hozirdan shu turishi bo’lsa, ichkariga kiriboq hamma mag’zavani Qodir ikkimizga ag’darmasa go’rga! Axir, aslida… Aslida hamma voqealarga shu Mirzaning o’zi.., yo’q Qodir.., yo’q-yo’q.., yaxshilab o’ylab olay-chi… Balki… Balki Sadafning o’zi sabab bo’ldi emasmi?!
Sadaaf!.. O-o, Sadaaaf! Ne ajabki, ayblab, yerga urib, qum-tuproqlarga belab gapirgan taqdirda ham uning ismi tilginadan sirg’alib, ajib bir kuy bilan chiqadi-ya? Holbuki, jismi ismiga monand, oppoq va bo’rsildoq yuzlariga kulgichlari yarashgan, ko’zi qiyg’och, sochlari patila bu oyimcha biz uch oshna – men, Qodir hamda Mirzaning naq jigaridan urib qo’ygan edi-da! Bu haqida hech kim gapirmasa ham, butun hamsinflarimiz bilar edi shunaqaligini! Hatto Sadafning o’zi ham bizni to maktabning ilk sinflaridan beri kuydiribgina yurganini yaxshi bilar, shundan hech qaysimizni xafa qilmay, hech qaysi birimizni qo’ldan chiqarishni istamay, har uchalamizga birdek qosh qoqib, ko’z uchirib qo’yishni kanda qilmasdi. To’g’ri, u entikib-kuyikishlarimizga javoban shu birgina qosh uchirishdan nariga o’tmas, juda erib ketgan pallalaridagina bo’yiga yetayotganidan beri tobora qizil atirgul g’unchasiga o’xshab qolayotgan lablarini qimtib, o’zicha arazlardi. Kinolarda ko’rganman, qiz bolaning arazlagani – nozlangani, nozlangani – suygani! Uning bu kabi noz-ishvalariga eng ko’p duchor bo’lganim uchun kamina, Sadaf aslida mana bu govkalla oshnalarimni emas, birgina meni, yakka men o’zimni yaxshi ko’rsa kerak degan shirin shubha va gumonlarga berilar edim. Nega unday umid qilmay edi? Axir kechagina – ilk sinf davrlarimiz maktabga birga qatnab yurganimizda unga uydan navvot, parvardalar olib borganim, hatto enam qishda yeyish uchun gazetaga o’rab yashikka joylab qo’ygan olmalarni-da tashib yedirib yuborganim, bu ishimni deb oqibatda uydan haydalishimga oz qolganigacha hali-hanuz esimdan chiqqan emas-da. O’shanda Sadaf, yo’q hozirgi katta qiz bo’lib qolgan Sadaf emas, sochlarini ikki o’ram qilib o’rib, oppoq lentachalar taqib yuradigan qizaloq Sadaf Mo’min bilan bitta partada o’tirar, betashvish-beg’am, bo’sh-bayov Mo’minboy esa qanday baxtga ega ekanini xayoliga ham keltirmasdan kitobini yostiq qilib nuqul uyquni urib yotardi. Eh, shu bir Mo’minga qanchalar havas qilar, Sadafga yaqindan, nafaslarini eshitar darajada yaqinginadan soatlab termulib o’tirishni men qanchalar istar, orzu qilar edim o’shanda. Aytgancha, Mo’min − biz oshnalarning to’rtinchimiz. Birinchi sinfdan to beshinchi sinfgacha Sadaf bilan bitta partada o’tirgani uchunmi yo onasining qo’li shirin pazanda bo’lgani uchunmi, uncha esimda yo’q, ishqilib sinfimizdagi qolgan dovdir-sovdir bolalarning ichidan uni o’zimizga oshna qilib saylaganmiz. O’ziyam oshnachilikka yaraydigan bola-da, g’irt ammamning buzog’i – qayoqqa yetaklasang, g’iring demay ketaveradi! Nafsilamrini aytganda-ku, go’dakligida Sadaf bilan bitta partada o’tirishidan tashqari, mening boshqa bir gal ham unga juda havasim kelgan. Bu voqea o’sha – biz piyoz ekib, rahmat eshitish o’rniga tuhmatga qolgan kunimiz, zov bo’yida bo’lib o’tgan edi.
U paytlari biz tarang tortilgan kamon o’qiday yetuklikni ko’zlab turgan to’qqizinchi sinf o’quvchilari emas, bor-yo’g’i beshinchi sinfning tentakkina bolalari edik. Tabiatshunoslik fani malimimiz bizdan sinfimiz bilan daladagi yeriga − piyoz ekish uchun hasharga borishimizni so’rab qoldi.
− Bolalar, bu shunchaki hashar emas, ochiq dars, − degandi o’shanda malimimiz. – Shuni ota-enalaringga yaxshilab tushuntirib, ruxsat so’ranglar. Dalaga chiqib terlasalaring, miyalaringdagi ortiqcha suv chiqib ketishi mumkinligini ham aytish esalaringdan chiqmasin.
Biz esa malimimizning gapirish ohangidanoq darhaqiqat bu shunchaki hashar emasligini, balki tabiatshunoslik fanidan tabelimizga tushajak semiz-semiz besh baholarning garovi ekanini sal-pal anglaganday bo’lgan edik. Uch-to’rtta dangasani hisobga olmaganda, darsdan keyin uning daladagi yeriga deyarli hammamiz turnalarday tizilishib borgandik. Biroq biz borganimizda traktorda ishlov berilib, piyoz ekish uchun tayyorlangan yer maydoni Husan kalning boshiday tap-taqir bo’lib yotar, u yerda malimimizning sakkizinchida o’qiydigan o’g’lidan bo’lak hech zog’ yo’q ekan.
− Enangiz hali kelmadimi? – so’radik undan.
− Bilmasam, kelib qolar, − deb javob berdi u barcha malimlarning bolalariga xos bodilik bilan. Keyin hammamizning bo’y-bastimizga ko’z qiri bilan bir-bir qarab chiqdi-da, ataylab boshqa bir tomonga qarab, nopisandgina so’radi:
− Birortang uyda piyoz ekib ko’rganmisan o’zi?
Chamasi hech kim oldin bu ish bilan shug’ullangan emasdi: hamma jim! Sukut alomati nimadan darak berayotganini tushungan malimimizning o’g’li:
− Senlarni qara-yu, − deya hushtak chaldi oliftanoma. So’ng yalpayib o’tirgan joyidan tezgina turdi-yu, shimini bir ko’tarib oldi. Qarg’a yurish bilan borib, shu yaqinda turgan qopdagi piyozchalardan ikki hovuchni etagiga soldi.
– Dunyoda non yeyishdan boshqa oson ish yo’q, faqat yaxshilab ko’rib ollaring! – dedi u piyoz ekish uchun tayyorlangan egatlarning biri boshiga borarkan. − Mana, etaklaringdagi piyozdan donalab olasanlar-da, munday qilib yumshoq yerga sanchasilar. Ammo piyoz juda botib ham ketmasligi kerak, yuzada ham qolmasligi kerak! Yarimlari kirsa, tuzuk…
− Malimning uliman deb katta ketishini qaranglar, − shipshidi shunda doim bir baloni boshlaydigan Mirza. – Piyoz shundoqqina yerga sanchib qo’yilsa, non yeyishdanam ancha oson ekan-ku! Kelinglar, shu gurriga piyoz ekishni ko’rsatib qo’yamiz!..
Mirzaning fikri hammamizga ma’qul tushib, mug’ombirona ko’z urishtirib oldik.
− Aka, piyoz tayin bo’lsa, yer tayin bo’lsa… Malimimiz kelguncha boshlayveraylik-da, − dedik keyin sir boy bermasdan.
Enasi kelgunicha bizni ishlatib o’zini raislarday his qilgisi keldimi, gap malimimizning o’g’liga kuvi moyday yoqib tushdi.
− Yaxshi, − dedi u xursandligini yashirolmasdan og’zidagi «o’g’ri» tishini ko’rsatib tirjayarkan. – Unda nimaga qarab turibsanlar! Men bilan poyga o’ynaysanlarmi?!
Shunday qilib hammamiz zing’illab borib etaklarimizni piyozchalar bilan to’ldirdigu hasharni boshlab yubordik. Bizdan bunday g’ayratni kutmagan malimimizning o’g’li ham chaqqonlik bilan ishlar, ammo biz o’pkamiz og’zimizga tiqilguday bo’lib piyoz olish uchun har ikki borganimizdagina, bu maqtanchoq zo’rg’a bir marta borishga ulgurardi, xolos.
«Ko’pdan quyon qochib qutulmas», deganlariday, ishimiz unib, bir zumda qopdagi piyozchalarni yarimlatib tashladik. Butunlay sob qilishimizga ham ozgina qolib turuvdiki, shosha-pisha malimimiz va u bilan birga oyog’iga qo’nji tizzadan keladigan kattakon etik kiyib olgan eri kelib qoldi. Yuguraverib charchagan emasmizmi, ustoz bilan so’rashish bahonasida barchamiz ishdan to’xtadik. Boshqalarni bilmadim-u, lekin men o’zimning xayolimda hozir o’qituvchimizning eri «Balli-yey, azamatlar! Bir zumda ishning surobini keltirib tashlabsizlar-ku!» deyishi, so’ng o’qituvchimizning o’zi bizni a’lochiligimizdan boshlab maqtashga tushib ketishi kerak edi. Lekin, lekin unday bo’lmadi. O’qituvchimizning eri baqirib bergan salomimizga alik ham olmasdan, qora rangi battar quyilib, avvaliga uzun qo’njli etigi bilan piyoz egatlarining u boshidan-bu boshiga yugura boshladi. So’ngra yerdan kesak olib, malimimizga otib, uni buralatib so’kishga tushdi. O’qituvchimiz esa sen nega o’rgatmading deb o’g’lini qarg’ar, o’g’li nuqul o’lay agar men to’g’ri ko’rsatganman deb tixirlik qilar edi. Biz hech baloni tushunmay turgan edik:
− Yerni payhon qilganimiz yetmaganday, piyozlarni chappa ekib chiqibmiz, shekilli, − deya pichirladi oqilayu dono Sadaf. – Ketdik, bolalar, hozir bular bir-birovlarini bir balo qilib qo’yadi…
Dalada esa erta bahorning yam-yashil o’t-o’lanlari shataloq otib qochgan shumtakalarday sochilib yotardi. Osmonda to’p-to’p bulutlar misoli piyoz polizidan quvilgan o’yinqaroq bolalarday suzib yurar, quyoshning lohas qiluvchi nurlari ko’zlarimizni qamashtirib, atay biz bilan o’yin o’ynamoqchi bo’layotganga o’xshab tuyilardi. Esimda, o’shanda eng oldinda yugurib borayotgan Sadafning ko’kishtob ko’ylagi etaklari hilpirab go’yo bir bayroqqa o’xshab qolgan, biz shu bayroqqa tezroq yetish ilinjidagi sportchilarga o’xshar edik. Shamol esa bizni nedandir ogoh etishga uringanday, bizdan shoshmaslikni, shoshilmaslikni so’rayotganday, qancha tez yugursak, daladan, osmonu bulutlardan va… va bahordan shunchalik olislashib borishimizni tushuntirmoqchi bo’ganday qo’l-oyoqlarimizga ojizgina chirmashib ortimizda qolib ketar, g’amgin pichirlagan qariya misoli izimizdan ohista g’udranib qo’yardi. Shunday yugurib, tamom holdan toyib zovur bo’yiga yetganimizda Sadaf qo’lini ko’tarib barchamizdan to’xtashni so’radi. Hamma to’xtagach qo’llarini tizzasiga tirab, biroz nafas rostlagan bo’ldi-da, keyin uloqchalarga o’xshab sakrab-sakrab zovurning tuproq yig’ilib do’ngalak bo’lib qolgan joyiga chiqdi. Do’ngalakning ortini – zovurni zo’r diqqat bilan kuzata boshladi. Biz hamsinflar uning xayoliga yana qanday qiziq fikr kelib ekan deb betoqat kutib turibmiz…
− Qani, kim shu yerdan sakray oladi? – deya so’radi u nihoyat. Bu gapdan so’ng avvaliga qiziquvchan qiz bolalar, keyin biz o’g’il bolalar ham Sadafning yoniga chiqib pastga qaradigu damimiz ichimizga tushib ketdi. Chunki zovur ichi kamida besh metrcha chiqar, sakrab tushgan odamning oyog’i sinmagan taqdirida ham, to’pig’idan chiqib ketishi tayin edi.
− Nahotki hech qaysilaring sakray olmasalaring-a? Toza quyon yurak ekansilar-ku! – dedi Sadaf beshafqatlik bilan. – Bu zovur nima bo’pti! Hindular bundan ham baland joylardan sakrayveradi.
− Chuqur ekan…
− Anchagina…
− Suvi bo’lgandayam boshqa gap edi… – chug’urlasha ketdi qizlar.
Bu umidsizlikka chorlovchi gaplardan keyin biz o’g’il bolalar yana bir bor bo’ynimizni cho’zib zovurdan pastga qaradik, nihoyatda afsuslanib, pichir-pichir gaplasha boshladik.
− Kim sakraydi, qani kim?! – Sadafning bu galgi qat’iy ovoz ohangida beshafqatlik emas, mehru muhabbat tolalari eshilib ketgan, umidvor boqayotgan nigohlarida ham ne bir injikish, ne bir shikoyat bor edi. – Faqat qiz bolalar emas, o’g’il bolalar sakrasin! Kim sakrasa, o’sha – g’olib!
«G’olib? Nimada g’olib?! Hali hech qanday o’yin boshlangani ham yo’q-ku!» Aftidan, barchamiz shuni o’ylab, tushunolmay turgan edik, kutilmaganda, juda-juda kutilmaganda zovur ichiga Mo’min misoli yarim qop piyozday gursillab tushdi…
Mo’min?! Qachon qarasa mishqisini oqizib yuradigan, itning orqangi oyog’i Mo’min?! Hamma hayratda, hamma hayajonda edi. Ammo Sadaf, aftidan, zovurga aynan Mo’min emas, boshqa birov, deylik… deylik… masalan, men o’zimning sakrashimni istagan edi, shekilli, Mo’minni olqishlash o’rniga shart o’grilib, lom-mim demasdan jo’nab yubordi. Biz esa ketmadik, noixtiyoriy bir tarzda ketolmadik. Oddiy mishqidan bamisoli hind kinosi qahramoniga evrilgan Mo’minni zo’r havas, zo’r ehtirom, zo’r hasad bilan zovurning ichidan tortib oldik. Ammo eng qizig’i, Mo’min zovurdan chiqqach bizning hafsalalarimizni pir qilib:
− Qaysing… Itargan bo’lsang, otamga aytaman! – deya shing’illagani bo’ldi.
O, kimdir itarib yuborgan, adashib qulab tushgan, har qalay Sadafning shartini bajargan Mo’minning o’rnida bo’lib qolishni qanchalar havas, orzu qilgan edim o’shanda… Ammo bugun, mana bugun o’spirin yoshga yetib, bo’yim bilan birga esim ortib, hamma qizlar, ayniqsa, chiroyli qizlar o’ta ayyor, nihoyatda ochko’z bo’lishini anglab turibman. Ha, ularning lab burib, ko’z pir-piratishlari juda-juda aldamchi, juda-juda soxta bo’lar ekan aslida. Aslida, ular hech bir yigitni qo’ldan chiqarmasam, hammasini bir qator qilib itday izimdan ergashtirsam, ko’zmunchoq qilib qo’limga taqsam, kaptar qilib barchasiga hovuchlarimda don bersam degan hiylakor xayollar bilan yurar ekanlar. Har qalay hamsinf qizlarimizning kecha qo’limizga tushib qolgan dastmoyalari nainki menga, balki biz to’rt oshnaning barchamizga shunday o’ylashdan o’zga yo’l qoldirmagan edi.
Ochig’i, biz qizlarimizning shunday daftar-dastmoyalari borligini aynan o’z ko’zlarimiz bilan ko’rmasdan, boshqa birovdan eshitganimizda balki ishonmagan bo’lardik. Biroq bu ne ko’rgulikki, Qodir daftarni ashyoviy dalil sifatida qo’lga kiritibdi. Darslar tugagach u tomoq qirib, iyak qoqib biz uchovlonga – Mirza, men, Mo’minga yakka tut tagidagi o’zimizning tosh yoniga borishni imo-ishoralar qilganda, albatta, bizning hali hech narsadan xabarimiz yo’q edi.
Uchovimiz uzun-qisqa bo’lib hamishagi sardorimiz Qodirboyning izidan yurib borar ekanmiz, yo’lda Mirza sekingina:
− Nimaga rangi gezarib ketibdi? – deya so’radi.
− Qo’yaver, arzimagan gapdir, − dedim men unga ko’z qisib. − Bu o’zi shuytadi, obdan vahima qilmasa, hech gapni aytmaydi!
Aslini olganda-ku, yakka tutning tagida hazilakam gaplar gaplashilmaydi. Chunki bu qartaygan tut mana shu pastlikda Chimsaroy ovulimiz barpo bo’lishi bilan teppa-teng ko’karib chiqqan, enamning matallariga qaraganda, uni ovulning katta bir eshon bobosi ekkan ekan. Bu voqeaga endi ming yillar bo’lib qolgan, men ushbu gaplarni hali go’dakligimdayoq bilib olgan bo’lsam ham, soqoli oqargan ayrim boboylar buni bilmasa kerak. Chunki tutning tarixini gapirib berayotganida enam xuddi shunday deb, ya’ni ayrim qariyalarimiz ham buni bilmaydi deb aytgan edi-da.
Enamning aytishicha, ming yillar ilgari Afg’on yurtidan katta bir karvon yo’lga chiqibdi. Karvon ahli o’zbeklarning ko’chib yashaydigan saroy urug’iga mansub bo’lib, har xil kasb egalaridan tashkil topgan ekan. Ular dashtdami, sahrodami qo’shiq xirgoyi qilib, tuyalari ustida liqillabgina ketib borishayotsa, oldidan bir to’p qaroqchi-yo’lto’sarlar chiqib qolibdi. Qaroqchilar juda zolim va buning ustiga yaxshigina qurollanishgan ekan.
− Bular bilan urishib, it barakat topmaydi, − debdi shunda karvonboshi. – Uch qisimga ajralib, uch tarafga qochamiz. Zora, biror qismimizning omadimiz kelsa!
O’shanda karvonboshi to’g’ri bashorat qilgan ekan. Qaroqchilar karvonning ikkita qismini tutib, beomon qirishibdi. Ammo uchinchi qismini tutisha olmabdi. Uchinchi qism qocha-qoch qilib, ko’zdan g’oyib bo’libdi.
Keyin o’sha odamlar adashib-uloqib, atrofni qora zulmat qoplagan paytda bir manzilga kelib qolishibdi. Charchab, holdan toygan emasmi, tuyalarini qoziqqa bog’lay-bog’lamay, tappa tashlab uxlab qolishibdi. Bir mahal erta saharda uyg’onib qarashsa, atrof yam-yashil chimzor, chumchuqlar sayrashgan, yovvoyi quyonchalar sakragan, ellik metrcha pastlik − huv narida daryo suvi oppoq billurday bo’lib oqib yotgan emish.
− Demak, shahid ketibmiz, − deb ho’ngir-ho’ngir yig’lashga tushibdi karvon ahli. – Bu yer, aftidan, jannat bo’lsa kerak…
Ular yig’lash orasida badanlarini paypaslab ko’rib, hech qanday jarohat izlarini topmagandan keyingina o’zlarining jannatda emas, odam qadami yetmagan dashtlikda ekaniga amin bo’lishibdi. Amin bo’lishlari bilan esa yerni kavlab, qumg’on osib, chimlarni g’isht shaklida kesib, kapa tiklashga kirishib ketibdi. Shu-shu bu yerda Chimsaroy degan olti ovulni o’z ichiga oladigan kattakon qishloq paydo bo’lgan ekan.
Ammo enamning hikoyasidagi adashgan karvon ahli jannat deb o’ylagan manzara hozir qayoqda deysiz. Hozir o’sha oqbadan daryo suvi nihoyatda kamayib, ana, ovulimizning dashtlikka tutashib ketgan yog’idagi chimu ajriqlar ham qovjirab yotibdi. Faqat ul ming yillik davrdan beri bizning tepaklikda qaqqayib turadigan yakka tutimiz va katta xarsangtoshgina o’zgarmay o’z holida saqlanib kelayotgan bo’lsa kerak…
− Yakka tutni ekkan eshon boboning karomati zo’r bo’lgan, − deb aytgandi enam menga bir safar. – Shuning uchun uning mevasi ovuldagi hamma mevalardan oldin pishadi. O’zi suvsiz joyda o’ssa-da, yashayveradi. Tutning yonida turadigan toshni ham eshon bobo duo o’qib, shu tepalikka tortib chiqargan bo’lsa, ajab emas.
− Nimaga unda tutning mevasi bemaza, − deb so’ragandim men hayron bo’lib. – Mevasi hamma mevadan oldin pishadi-yu, birov yeb ulgurmay to’kilib ketadi?
Enam o’ylab, savolimga javob topib ulgurmay, tag’in so’ragan edim:
− Odamning oyog’i yetgan joy obod bo’ladi derdingiz… Lekin Chimsaroyimizda sal boshqacha bo’lgan ekan-da a?
− Bola degan savol beravermay indamaygina eshitsa-da! – nihoyat urishib bergandi enam. – Senga o’xshagan mahmadonalar ming yillik rivoyatniyam rasvosini chiqaradi!
Enam o’shanda jerkib, gapirmagani uchun yakka tutning mevasi nega bemaza ekani biz oshnalarga ham sir bo’lib qolgandi. Lekin besh-olti yil oldin u haqidagi boshqa gaplarni oqizmay-tomizmay aytib berganimdan keyin, Qodir juda ilhomlanib ketgandi.
− Bugundan boshlab shu tutning tagini o’zimizga qo’nalg’a qilamiz! – degandi u ko’zlari mildir-mildir tovlanib. – Eng sirli gaplarimizni shu muqaddas tutning tagiga kelib gaplashamiz!
− To’g’ri aytasan, fikringga qo’shilaman, − deb esnagandi Mirza ham. – Tut bilan tosh turgan joy baland, pastdan kelib birov gap poylamoqchi bo’lsa, darrov ko’rib qolamiz.
Biroq Qodir keyinchalik muhim sir deb bo’lmaydigan arzimas gaplarni aytish uchun ham bizni azza-bazza shu tutning tagiga sudraydigan odat chiqargan, hozir ham uzun-qisqa bo’lib uning ortidan borarkanmiz, rosti voqeaning bu qadar jiddiyligiga shubham bor edi. Shu uchun, u yerga yetishimiz bilan: «Xo’sh, yana nima bo’ldi?!» – deb Qodirga kesatishdan o’zimni tiya olmadim.
− O’l, bo’ldi! – deya javob qaytardi shunda Qodir. – Baringga o’l bo’ldi, ochiq lahat bo’ldi, eshitdilaringmi?!
Men Qodirni yaxshi bilaman, sal bo’sh ketganni minib oladi.
− Sen ko’p tizinglama, iching qotgan bo’lsa, jahlingni enangga yo mana bu… Mo’minga qil! – deb undanam baland kelishga urindim shunga. – Tushuntirib gapirsang-chi bunday?
Tahdidimdan so’ng Qodir uncha-muncha shashtidan tushdi. Yosh g’iltillab, sarosimali boqayotgan ko’zlari bilan ko’zimga biroz tikilib turdiyu, o’sha dastmoyani – qizlarimizning shuncha paytdan beri bizdan yashirib kelgan «Dil daftari»ni yuzimga uloqtirib yubordi. Qodir otgan daftar misoli o’q yegan kaptarday oyoqlarim ostiga tushib, varaq-varaq bo’lib yotganda ham, qolgan oshnalar hali hech narsadan xabarimiz yo’q, xususan, men qo’llarimni cho’ntakka tiqqib, beparvo turar edim.
Qodir nihoyat parvoyimiz palakligiga chiday olmadi.
− Ko’r… O’zlaring ko’ringlar mendan so’raguncha, Sadaf!.. Sadaflaring nima qilib yurganini! – dedi og’zidan tupuk sachratib, barmog’ini bigiz qilib daftarni ko’rsatarkan.
Mirza ikkalamiz u ko’rsatgan tomonga emas, bir-birimizga qaradik: «Sadaf…laring dedimi? Bunga es qayerdan bitdi?!» Daftarni esa Mo’min oldi. Savodi yaxshi bo’lmagani uchun og’zini uch burchak, to’rt burchak qilib Qodir varaqlarini buklab-qayirib qo’ygan joyidan o’qishga tushdi. Shundan so’nggina Mirza ikkovimiz uzun-qiltiriq bo’yinlarimizni cho’zib, Mo’minning yelkasi osha alangladik:
«Sizni judayam ko’p o’ylayman… Hindularning kinolaridagi urishqoq yigitlarni ko’rganimda, hamisha siz esimga tushaverasiz. Bilaman, aslida sizning o’sha hindulardan ham kuchingiz ko’p. Hech bo’lmaganda ulardan mardroqsiz. Menga kimlardir yomonlik qilmoqchi bo’lganda, siz ko’ksingizni qalqon qilib meni himoya qilasiz… Kecha sizni tushimda ko’ribman. Bu haqida yoza olmayman… Uyat axir… Sadaf».
− Kimga yozibdi-i-i?!! – hali hushimni yig’ib ololmasimdan, chap qulog’im ostida chiyillab yubordi Mirza. – Uyatsiz, ja qiyshanglab kimga yozibdi bu harom gaplarini?!
− Bilmayman, chin so’zim, bilmayman, oshna! – dedi Qodir hamdard topganidan yengil tortganday sachranib Mirzaga qararkan. – Daftarni ham sumkalaridan yashirincha o’g’irlab oldim. Agar o’zlari shivir-shivir qilib sezdirib qo’ymaganida, o’lay agar, tanaffusda sumkasini kavlash xayolimga kelmasdi!
− Pachog’ini chiqaraman! – Mirza o’zini qo’yarga joy topolmay qoldi. – Chini bilan aytayapman, kimligini bilsam pachoqlab tashlayman!
Darhaqiqat, Mirza bu mash’um va hayosiz dil izhori kimga atalganini bilishi bilanoq borib, bo’ynidan bo’g’ib, ichiga tepib, yerga yotqizib, oyoqlarida ayovsiz piypalab tashlaguday jazavada turar, ayni vajohatini ko’rib undan yaxshilik kutib bo’lmasdi. Men esa hamon o’zimga kelolmasdim. Tush ko’rayotganday, oshnalarim odam emas − bir ro’yo, Mo’minning qo’lida turgan uvada daftar ham go’yoki bir sarobday, bema’ni esankirash bilan goh oshnalarimga, goh daftarga qarardim nuqul.
− Sizlab yozishiga qaragan-da, Otabek polvonga bo’lsa kerak! – Mirza hamon qiziqqonligini qo’ymasdi. – Bilaman, o’shanga yozgan! Tunovin, to’yda hamma polvonlarni yiqitganini aytib, og’zidan bol tomib maqtayotganidan bir narsani sezuvdim.
− Unday emas, o’ylab gapirsang-chi… − istamaygina rad etdi Mo’min.
Mening ham xayolimdan «Otabek polvon bizdan qancha yosh katta-yu… Yo’q, qo’shni ovulning biz tengi bolalaridan bittasi bo’lsa kerak», degan fikr kechdi.
− Mo’min to’g’ri aytdi, nima bo’lgandayam bu Otabek polvon emasligi aniq, − dedim keyin ichimdagini sirtimga chiqarib. − O’ldimi, erta-indin uylanaman degan so’loqmonday yigit, «bolasi tengi» qiz bilan sevishib yursa!
− Otabek polvon emas, lekin u bo’lsa, yanada yomon, − Qodir ham meni quvvatlaganday bo’ldi. – Uramiz desak… Bir butiga to’g’ri kelmaymiz.
Hamisha ham «Lov» etib yonib, «Puf» etib o’chadigan Mirza chuqur bir xo’rsindiyu, go’yo shu bilan ichidagi bor dami chiqib ketganday tappa tashlab yerga o’tirib qoldi.
− Maqtovdi deyapman-ku, og’zidan bol tomib maqtovdi… – dedi, kiftini xarsangtoshimizga suyangancha, yap-yangi shimini ham ayamasdan oyoqlarini tuproq ustiga uzatib yuborarkan. − Aslida men go’dakligimdanoq qizlarga qoyil qolmaganman, oshnalar. Masalan, ertaklardagi malikalarni olaylik. Yaxshi ko’radi-yu, yana shahzodaga ajdar bilan olishishni shart qilib qo’yadi. Mabodo shahzodani ajdar yeb qo’ysa-chi, unda nima bo’ladi deb o’ylamaydi hech…
− To’g’ri aytasan, − Mirzaning gapini bo’ldim. – Ertaklardagi sevgi doimo yolg’on-yashiq va bachkana bo’ladi. Sevdingmi, ajdarni yengishing shart. Ajdarni yengdingmi, sevilasan! Hayotga sira o’xshamaydi-da! Agar shu malika ertakda emas, hayotda bo’lganida, kim bilsin, ajdarning o’zini tanlagan bo’larmidi…
− Yashanglar, bilag’onlar! – zo’rma-zo’raki iljayib zaharxanda qildi Qodir. – Senlarga qolsa ertakni ham, hayotni ham o’zlaringga moslab olasanlar. Aytayotgan ertaklaringni to’qigan ertakchi boboylar ham, menimcha, qachondir sevib, sevgisiga yetolmagan, keyin shu ertaklarni to’qigan alamzadalardan bo’lsa kerak-da. Endi shu xayolparastlarning amalga oshmagan orzularini hayotga qiyoslab, sen ikkovingga o’xshaganlar halak!
Bu mavzuni birinchi bo’lib Mirza boshlagani uchun Qodirning gapi ko’proq unga botdi.
− Bunchalik o’zbilarmonlik qilaverma-da! – dedi u qoqio’tday yalpayib o’tirgan joyida. – To’g’ri, ertak hayotga unchalik o’xshamasligi mumkin, ammo baribir sevgi ertakka oz-moz o’xshab ketadi. O’zing ko’rmaysanmi, sevgida ham, ertakda ham bari birday boshqacha. Deylik… Hozir sen yig’laging kelayapti, shundaymi? Manavi, – barmoq nuqib meni ko’rsatdi, − nuqul uh tortib, bosh qashiydi. Mening o’tirishim bu ahvol – sezib turibman, shu turishimda Jumaboyning o’ziman… Sadafga… Sadafga esa buning bir tiyinlik qizig’i yo’q! Axir boshqacha-ku, oshna! Bular bari juda boshqacha-ku?!
− Sen nima desang deyaver, − Qodirning bo’sh kelgisi yo’q edi. – Baribir men ertakchilarni yomon ko’raman! Chunki ertakni birinchi bo’lib to’qigan inson − hayotni birinchi bo’lib buzgan inson bo’lib chiqadi! Kamiga u g’alamis sevgini ham xuddi manavi tutimizni qo’porganday qo’porib, ildiz-pildizi bilan o’sha ertagiga o’rnatib olibdi! Vooy, ko’ngilginanga qo’tir jomashov! Ana endi uni deb hayotimizda sevgi yo’q. Sevgi bo’lishi uchun ertakka – buzilgan hayotga o’tishimiz kerak!
Mirza javob qaytarmoqchi bo’lgandek og’iz juftlab Qodirga qaradi-yu, nimagadir indamay jim bo’ldi. To’g’ri qildi. Axir Qodir birinchi sinfdan boshlab a’lochi edi, she’rlarni ham ko’p yodlagan, gapiga yarasha gap topib bo’ladimi? Bilmadim, aytganlarida ham biroz bo’lsa-da haqiqat borday. Holbuki, Mirza ikkovimizni bir qur og’ziga qaratib, angraytirib tashlaganining o’zi ham Qodirning aqlliroq ekanini ko’rsatib turibdi. Men uning qalin va kalta qoshlariga, shu qosh tagidagi jigarrang ko’zlariga, ikki tomoniga nonpar urilganday mayda sepkil toshgan oq-sariq yuzlariga termilib qoldim. Zap g’alati bola u hamda omadli deb o’yladim ko’nglimda. Ammo yaxshiligini ham, yomon ekanini ham bilib bo’lmaydi. Uning ancha yillar oldin, hali beshinchida o’qiydigan paytimiz xolamlarning qishlog’ida kurash tushib bir bolani yiqitgani, yana mahmadonachilik qilib bakovulni qoyil qilgani esimga tushdi…
O’sha yili yozgi ta’tilda enam meni olisdagi xolamnikiga bir haftaga mehmonga jo’natmoqchi bo’ldi-yu, men ikkilanib qoldim. Birlamchi, xolamning farzandlari – bo’lalarim bari katta qiz bo’lsa, men kim bilan o’ynayman? Ikkilamchi, bu yoqda oshnalarim – Qodir, Mirza, Mo’minlarni birga qoldirib bir o’zim jo’nab ketish, men uchun ularning safidan ajrab qolishday tuyilib ketdi.
− Ena, oshnalarimni ola ketsam bo’lmaydimi? – dedim enamga yalinib. – To’rtov bo’lsak, u yoqda bolalar urmasdi-da.
− Haliyam seni hech kim urmaydi, − jerkindi enam. – Xolangga tayinlayman, bo’lalaringning yetovginasida yurasan.
− Baribir-da. Oshnalarim oldimda bo’lsa, uyni sog’inib qolmas edim…
Shu gapdan keyin enam Qodirlarnikiga borib, Qodirning enasiga yolvorib, uni men bilan birga xolamlarnikiga qo’yib kelgan edi.
Ochig’ini aytganda, Qodir xolamning qizlariga mendan ko’ra ko’proq yoqib qoldi. Xolamlarnikida o’zini mendan ko’ra erkinroq his etdi. Go’yo bu yer uning xolasining uyiyu men u bilan birga kelgan «ergashvoy»man. Ertalab nonushta paytlari katta bo’lam Nurinisa qatiq suzsa, Qodir qatiqqa shakar aralashtirishni tortinmasdan so’rar, xolam og’ringanday bo’lib ko’z tashlab qo’ysa ham, bilib turib o’zini bilmaganlikka olardi. «Xolang ziqna ekan, − derdi u tag’in birov eshitmaydigan qilib, nonushtadan so’ng ko’chaga chiqqan paytlarimizda. – Ayollar ziqna bo’ladi o’zi. O’zimni enamam biror marta qatiqqa shakar solib bermaydi!»
Yana deng, ko’chaga chiqib, begona bolalarning oshiq o’ynashayotganini ko’rsak, Qodir ular chaqirishmasa ham borib o’yinga qo’shilib ketaverardi. Agar bilsangiz, har bitta o’yinda boshqaruvchi bo’ladi. Uyishib o’ynaladigan o’yinlarda ham bolalar birorta bolaning fikrini hurmat qilib, o’yin qoidalarini uning gapiga qarab tuzishadi. Qodir begona bolalarning o’yiniga qo’shilgan paytlari avvalo bu o’yinda o’sha boshqaruvchi bola kim ekanini bilib olar, keyin xushomad qilib, yaxshi gaplar bilan o’sha boshqaruvchining e’tiborini qozonar, qarabsizki, boshqaruvchi unga yaxshi munosabatda bo’layotganini ko’rib, boshqa bolalar ham Qodirni hurmatlay boshlashardi. Shunda g’alati bir ish qilardi Qodir. Boshqaruvchi vazifasini bajarayotgan bolani sekinlik bilan chetlatib, o’yinning boshqaruvini butunicha o’z qo’liga olardi. Undanam qizig’i esa, qolgan bolalar hech narsa bo’lmaganday o’ynashda davom etishardi. Hali sizga aytmoqchi bo’lganim, u bilan bog’liq kurash voqeasi ham xolamlarnikida, aynan o’sha kunlarda bo’lib o’tgandi.
Kurash haqida biz tushlik qilayotgan paytimizda, xolamning eri pochchamning og’zidan eshitdik.
− Bugun olish bor edi, padariga la’nat, ko’rolmaydigan bo’ldim, − dedi u kishi yumush bilan allaqayoqqa ketishi kerak bo’lgani uchun shoshib non kavsharkan. – Qiziriqda yaxshi traktor sotilyapti ekan, birgat atay qilganday bugun borib ko’rib kel dedi.
− Chakki qilasiz-da, − kuldi dasturxonning bir burchagida jo’jalariga non ushatib o’tirgan xolam. – Sizam manovi ikki polvonni oborib olishtiring, − Qodir ikkimizni ko’rsatdi, − uloqning kalla-pallasidan yutib kelsa, kechga kalla sho’rva qilardim.
Shunda pochchamning ko’zlari bir zumda qontalash bo’ldi. Non kavshashdan to’xtab, qip-qizarib ketgan o’sha ko’zlarini xolamga tikdi. Negadir ancha payt shunday o’qrayib turdi-yu, yana ishtiyoqsizgina kavshana boshladi.
− Ahmoq… – deb qo’ydi g’udranib. – Olishda kalla qo’yilmaydi… Sen qayerdan bilarding.
Haligina og’zida kulgi bo’lgan xolam ham endi nima uchundir mung’ayibgina qolgan, dasturxon boshidagi bo’lalarim Nurinisa, Oynisa, Xolnisa va Uljonlar tezgina o’rinlaridan turishib, biri ishlash uchun tomorqaga, biri og’ulxonaga, yana biri chelaklarini ko’targancha soy tomonga jo’nab qolishdi.
Pochcham hech kim bilan xayrlashmasdan chiqib ketgach, Qodir ikkovimiz kechgacha goh u bo’lamning, goh bu bo’lamning ishlariga yordamlashib yurdik. Lekin bo’lalarimning kayfiyati bugun boshqa kunlardagiga o’xshamas, hatto bir-birlari bilan ham iymanib, past tovushda gaplashishardi. Kechga borib Nurinisa bo’lam bizlarni bir chekkaga tortdi. «Ikkoving buncha baland gapirmasalaring, otanglar karnaychimi?! − dedi keyin qo’limizga to’rttadan bug’irsoq tutqazarkan. – Enamning boshi og’riyapti. Ko’chaga chiqsalaring hamma olishga ketayogan bo’ladi. Boringlar, silaram tomosha qilib kelasilar. O’zim borsam bitta-yarimtasini yelkamdan oshirib urib, zot olib kelardim-u, qiz bolaga uyat-da…»
Oshnalar bilan ovulimizdan tashqari qo’shni qishloqlargayam borib olishib tursak-da, rosti yonimda Qodir bo’lmaganda, men o’sha olishga o’lsam ham bormasdim. Nima qilardim u yerda, men tanimaydigan faqat begona odamlar bo’lsa? Lekin o’sha-o’sha tap tormas, kirishimli Qodir bo’lamning gapidan keyin hol-jonimga qo’ymadi.
− Yur! Juda bo’lmasa, ikkalamiz olishib, olgan zotimizni bo’lishamiz!
Ko’chaga chiqqach, xolamlarnikiga kelganimizdan beri sinashta bo’lib qolgan qo’shni bolalarni axtarib o’tirishga ham hojat qolmadi. Odamlar quyosh yuzini ufq etagiga yashirishga ulgurmay kurash uyushtirilayotgan maydonga yetmoqchi edimi, shoshib to’g’riga ketib borishayapti ekan. Ularning izidan tushdigu uncha ko’p yurmasdan kurash bo’lib o’tishi kerak bo’lgan maydonga yetib bordik.
Kurash uchun mo’ljallanayotgan aylana davra somon to’shama bilan qoplangan, ikki odam baravari balandlikdan sim tortilib, maydonning qoq o’rtasiga o’rnatilgan lampochka hali qorong’i tushib ulgurmagani uchun xiragina nur sochib turar edi. Men atrofga qarab, tomoshabinlar o’rnida ayollar va qariyalar, qolaversa, o’zimiz tengi bolalarnigina ko’rdim. Kim bilsin ekan, haligina Qodir ikkovimiz ko’chada uchratgan polvonsifat yigitlar va qizlar qayoqqa berkinib olishgan. Bu haqida Qodirdan so’rasam, u kalta qoshlarini uyib kayvonisifat qiyofaga kirarkan:
− Asl polvonlar ko’zga tashlanmay turadi, − deb aytdi. − Ammo zo’rakan, bu yerda olish bizdagindan ancha katta bo’larkan!
Shu yerda ozroq timirskilanib turgan edik, oradan picha o’tib maydonda oyog’iga yirtiq kalish kiyib, egniga eski to’n ilib olgan bo’ydor bir odam paydo bo’ldi. Hamma diqqatini bir joyga jamlaganidan, g’ala-g’ovur tinib, burchak-burchaklarda pisinib o’tirgan tomoshatalablar asta chiqib kelaverganidan bildim, u – bakovul edi! Men bakovulning maydondagi somon tushamani tekshirib, kurashni boshlashga taraddudlanishiga ajib bir maftunlik bilan tikilib qoldim o’shanda. Axir havasga arziydi-da, bakovullik – mansablarning eng kattasi. O’qituvchi yo maktabning direktori bo’ladimi, brigader yo rais bo’ladimi, bu olamda bari-barisi bakovuldan keyin turadi. Kurash maydonida bir polvon boshqa bir polvonni ming yerga oyog’ini osmondan qilib urmasin, xaloyiq ming kuchanib «Halol» yo «Halol emas!» deb baqirmasin, bunga mingta maktab direktori, yana mingta rais kelib aralashmasin, agar shu birgina yirtiq kalish kiygan bakovul tasdiqlamasa, hammasi bekor ketadi.
− Polvonjonlar, davra qurib o’tirib olinglar, − dedi bir mahal yosh deyish uchun qari, qari deb aytish uchun ancha yoshlik qiladigan o’sha bakovul. – Hoy Nurmatning uli, kap-katta jigit, sen nimaga daraxtga chiqib olding?! Bilib qo’y, bola, jigit kishi butini shamoldan asramasa juda yomon bo’ladi! Qirqidan keyin ayallarning safiga qo’shib qo’yaver unday jigitni!
Shu arzimagan gapga xaloyiq gurra kuldi. Bakovul esa xaloyiqning damini qaytarmoqchi bo’lganday qo’lini havoda sermab, baqirgancha davom etdi:
− Aytib qo’yay, bugun olishni sizlarga o’zimizning Safar cho’pon qilib berayapti. Cho’pon bovamiz kalxuzdan o’g’irlab yegan qo’ylarining gunohini shuytib yuvmoqchi!
Yana hamma gurillab kuldi-yu, davra chetidan bir kishining norozi ovozi eshitildi:
− Bakovul bova, o’g’irlikning ustida ushlagan bo’sangizam unday demang. Kalxuzning qo’yining o’zi tugul, junigayam tekkanim yo’q!
− Ay-y, olish berayapman deb menga o’rgatimchilik qilma! – uni jerkib tashladi bakovul. – Cho’pon zotining hammasi o’g’ri bo’ladi, buni yaxshi bilaman!
Bakovul davradagilarning kulgusiyu qiyqirishlariga mast bo’lganday qo’llarini beliga tirab, davrada biroz yuringan bo’ldi.
− Jigitlar, avvalo sizlar gapimni quloqlaringga quyib olinglar! − tilga kirdi yana. – Ota-bovamiz olishib kelgan shu mardi-maydonga chiqib jig’ilsa, jigit uchun uyat bo’lmaydi! Hali dunyoga kelib jig’ilmagan polvon yo’q! Bu dunyoda baribir zo’rdan zo’r chiqaveradi! Hayla, bir umr kuragi yerga tegmagan Shoymardon polvonniyam to’yda bir qiltiriq jigit chiqib, yelkadan oshirib urganining guvohi o’zim! Bechora Shoymardon shuncha zo’rlar bilan olishib jig’ilmovdim, nimkala polvondan jig’ildim deb, jilab-jilab chiqib ketuvdi… Jilaydi-da! Agar erkak mardi-maydonda kuchini boy berib, or-nomusi uchun jilasa, unga kulmaslik kerak! Lekin olish deb chaqirgan payti erman degani ayalga o’xshab nozlansa, suzilib o’zini taroziga solsa, ana shu katta isnot! Unday jigitning boridan Olloyimning toshi yaxshi! Quloqlaringga quydinglarmi, jigitlar? Qani, bo’masa, olishni yosh polvonlardan boshlaymiz!
Shunday deb turib, bakovul ramaqijon tanasiga kattagina yaktakni polpillatib kiygan, eskirib, kalta bo’lib qolgan ishtonining ichidan chillashir oyoqlari chiqib turgan bir bolani imlab chaqirdi.
− Nurali malimning takasi, bu yoqqa kel!
Esimda, o’sha bolaning kurash tushish uchun emas, xuddi qo’chqor bo’lib suzishmoqchi bo’layotganday boshini oldinga chiqarib katta-katta qadamlar bilan bakovulning oldiga borishi kulgili edi. Biroq hech kim kulmadi. Bakovul ko’zi bilan chamalab, odamlar orasidan unga mos «polvon» qidira boshladi. Ammo-lekin, oyoqlari qiltiriq bo’lsayam shashti zo’r ekan u bolaning. Bakovul ketma-ketiga ro’baro’ qilgan ikkita bolaniyam chalpak qilib tashladi. Biroq o’zi talabgor bo’lib chiqqan bir bola uniyam qiynalmasdan shundaygina qilib kuragini yerga bosdi…
− Errayim polvonning supraqoqtisi Elomonga kim chiqadi?! – deb bakovul endi uni yiqitgan bolaga raqib qidira boshladi. Taxminan, biz tengilar keladigan u bola esa katta polvonlarga taqlidan oyoqlarini kerib, bilaklarini mashq qildirib, biror nomzod topilishini kutar edi. U bola chindan shuncha zo’rmikan yo kerilishi cho’chitayotganmidi, buyog’ini bilmadim-u, ammo bolalar bakovulning nigohidan panalab orqaga qochishdi. Ana so’ng Qodir ikkovimiz hammadan ajralib, maydon chetida so’ppayibgina qoldik.
− Hoy, sen kandir ishtonli, bu yoqqa kel! – deb Qodirni chaqirdi shunda bakovul.
Qodir bunday bo’lishini sira kutmagan edi, shuning uchun avvaliga angrayib turdi. Bakovul ikkinchi bor chaqirgandan keyingina ikkilanibroq uning oldiga bordi.
− Kimning ulisan? – so’radi bakovul.
Atrofiga alanglab faqat begona odamlarni ko’rayotgan Qodir haliyam jim, talmovsirab turar edi.
− Qo’rqqaningdan tilingni yutib qo’ydingmi, nega gapirmaysan?!
− Bakovul bova, bu bola olisdan kelgan, − baqirdi shu payt xolamlarning qo’shnisi bo’lgan bir aka. – Bolta traktorchining qarindoshi!
− Ey, gap bu yoqda demaysilarmi, − deb bakovul qo’llaridan tutib, haligi kalandimoq bola bilan hech qanday polvon libossiz, yengi kalta satin ko’ylak va sariq kandir ishtonda turgan Qodirni maydon o’rtasiga boshlab bordi. – Qani, unda olish! Zotlaring besh so’m pul bilan, bir belqars!
Boshini baland tutib, ko’kragini namoyishkorona kerayotgan raqibiga qo’l uzatib borayotgan Qodirning esa harakatlari qovushmayotgandi. Tomoshabinlarning salobati bosayotganligi tufaylimi yo maqtanchoqlikning hadisini olgan raqibidan cho’chibmi, u nuqul dovdirar, Qodirni shu holida sinfidagi hammani yiqitadigan zo’r bola desa, o’lay agar, birov ishonmasligi mumkin edi. Haliga bola ham, menimcha, shunga uchdi. Qodirni qo’sh poychadan olib* yerga bosib qo’ymoqchi bo’ldi-yu, o’zi solgan chilning tagida qoldi…
− G’irrom yiqitdi, g’irrom! – biroq tura solib, yig’lamsirab baqirdi u bola. – Chil solganimda atay barmoqlarimni qayirib yubordi!
− Polvonjon, shattalikni borib enangizga qilasiz, bu yer shattalikni ko’tarmaydi, − deb bakovul uni e’tirozga o’rin qolmaydigan tarzda qayirib tashladi. – Xaloyiq, mehmon polvonning haloli bo’lsin! Shuytib, besh so’m pul bilan, bir belqars uniki!
Ammo Qodir zot uzatib turgan bakovul yordamchisiga ikkilanib qaradi. Pul bilan belqarsni negadir olgisi kelmay, orqaga tisarildi.
− Polvonjon, nimaga tortinayapsan? Yo Elomon uradi deb qo’rqayapsanmi? – ajablanib so’radi bakovul. – Qo’rqma, sen olaver! Agar Elomon g’ing desa, o’zim uni cho’chog’ini kesib olaman!
− Olmayman… – dedi Qodir esa yana bir qadam orqaga tisarilarkan, iymanish va anchayin hadik bilan.
− Nega olmaysan?
− Oldin… Oldin ovulimning nomini ayting.
− Ovulingni oti nima?
− Chimsaroy!..
O’shanda Qodir odamlarning ko’z oldida mayda maktab bolasidan kap-katta yigitga evrilgan, hatto o’r-qaysar bakovul bovaning o’zi ham qarshisida bolakay emas, ne bir ulug’ odam turganday iljayib, yelka qisib, uzoq payt termilib qolgan edi. Uyga qaytayotganimizda men ham unga juda qoyil bo’lib:
− Bunday chiroyli gap xayolingga qanday keldi? – deya so’ragan edim, Qodir shivirlab:
− O’lay agar, o’zimam bilmayman. Anavi bolaga g’irromlik ishlatganimdan so’ng oshkor bo’lishdan qo’rqib, nima deganim esda yo’q, − deb aytdi…
Hozir, ayni lahzada esa, bir kunlik vazifasini bajarib holdan toygan quyosh bosh olib ketayotgan g’arib kabi Chimsaroy ovulining dashtlikka tutashib ketgan adog’iga ketib borar, xiyonatning qattiq esgan shamolidan silkinib bir-birimizga suyanib qolgan biz oshnalar hamon o’sha-o’sha shumshayib o’tirardik. Mirza oyoqlarini uzatib o’tirib olgan, Qodir cho’nqaygan, men ham tizzalab o’z xayollarimga cho’kib ketganman. Oramizda bitta Mo’min tik turibdi. Bizning dardu hasratimiz go’yoki unga begona, hamishagiday betashvish, beg’am, kamiga miq ham etmaydi. Ilgarittan Mo’minning uncha-muncha ishlarimizga aralashmay, bir chekkada jimgina kuzatib o’tiradigan odati bo’lsa-da, negadir shu lahza uning loqaydligi g’ashimga tegdi. Yerdan bir kesak oldim-da, jahlim chiqib unga otib yubordim:
− Dunyoni suv bossa, o’rdakka aylanasan-a, nomard! Biz nimalar deb kuyib-pishib yotibmiz-u, sen bo’lsang g’iring demaysan! Shu Sadaf sening ham loaqal sinfdoshing-ku, hatto necha yil bitta partada o’tirganing esingdan chiqdimi?!
Mo’min yelkasiga zarb bilan urilib, o’zidan chang qoldirgan kesakning o’rnini bamaylixotir qoqdi. Burnini tortib qo’yib, biror og’ir gunohi uchun uzr so’rayotgan odamday boshini ekkancha, yana indamay turaverdi. Shunda men, Qodir, Mirza – uchalamiz qaysi bir jihatlarimiz bilan bir-birimizga o’xshashimizni hamda Mo’min, tut va tosh ham bir-biriga o’xshab ketishini his etganday bo’ldim. Axir to’g’ri-da, shu o’zimizning tut bilan toshniyam nima o’ylayotganini bilib bo’lmaydi. Ehtimol, ular ham Mo’min kabi ichida nimalarnidir xayol surar, orzusi, itsaklari bordir, lekin go’dakligimizdan beri oldiga kelib o’ynasak-da, bular haqida bizga biror marta gapirgani yo’q.
− Mo’min hali bola, o’z nomi bilan Mo’min mishqi! − Qodir g’ijinib qo’lini siltadi bir payt. – Sinfdosh sevgi nimaligini ham, oriyat nima ekanini ham hali tushunmaydi… Qo’yinglar buni! Undan ko’ra Sadafni bir yoqli qilaylik.
Ha, bu gal ham to’g’ri aytayotgandi Qodir. Sadafning tasavvurimizdagi sevgili – Otabek polvonga kuchimiz yetmagach, Sadaf bilan gaplashib qo’ya qolgan qulayroq tuyilib turgandi o’zi menga ham. Biroq Qodirning gapini eshitib, Mo’minning qo’y ko’zlari katta-katta bo’lib ketdi.
− Bir yoqli… O’ldiramizmi?!
− Ture, ahmoq! – Qodir uni jerkib tashladi. – O’ldirarmish! Oldin mishqingni artivol, tentak!
So’ng tishlari orasida yerga «Chirt!» etib tupurdi-yu, o’rnidan turdi. Ko’rsatkich barmog’ini havolatib, donishmandona gap qildi:
− Lekin to’g’ri! Bu bevafo… Hayosiz, yolg’onchi qizni… Ma’naviy o’ldirish mumkin!
Rosti ma’naviyat fani o’qituvchimizni deb mening «Ma’naviy, ma’naviyat» so’zlaridan ko’nglim ozadigan bo’lgan. Chunki o’qituvchimiz dars o’tish o’rniga nuqul gurung berib o’tiradi. Gurungida esa, bitta mavzu ming xil bo’lib takrorlanib, oxiri devorga kelib kalla qo’ygan moshinday ma’naviyat bilan yakun topaverardi. Ma’naviyat degan sho’rlik atamani ming buroqqa solib burash mumkinligini shu o’qituvchimizda ko’rganman men.
− Momong qoziga xotin bo’lgan bo’lsayam, odamga o’xshab gapir! – deb yana uni chaqib oldim. – Ma’naviy o’ldirish deganing nimasi endi?!
Ammo bu safar Qodir gap eshitib o’tirmadi.
− Kattalar gapirganda og’zingni yumsang-chi! – dedi achchiqlanib. Keyin oldingi zorlanishiyu yig’lamsirashlari allaqayoqlarga daf bo’lib, sovuqdan-sovuq tirjaydi:
− Aytmoqchimanki, eng zo’r yo’li… Tunda Sadaflarning uyiga borib, yozib chiqamiz! Shu qilganiga uyat gaplar yozib, uni moxovga oshna qilamiz!
To’g’risi, shuncha dabdabayu asasa qilganiga yarasha Qodirdan aqlliroq biror gap kutayotganim uchun mening hafsalam pir bo’ldi.
− Darvozasiga borib, bittagina so’z yozsang, bir narsa o’zgarib qoladimi?! Qancha qizlarning darvozasiga borib yozganmiz, ana, ma’nan o’lgani yo’q, barisi tip-tirik yuripti-ku!
− Lekin biz bittagina yozmaymiz, ko’p, judayam ko’p yozamiz! – bo’sh kelmadi Qodir. – Faqat darvozasi emas, butun devorlari, ko’chalarini to’ldirib tashlaymiz! Aytayapman-ku, nega tushunmaysanlar, yozib-chizib − moxovga oshna qilamiz!
Qodir qat’iy ishonch bilan gapirar, uning shu ishonchi va tirjaygan basharasini ko’riboq mening bu yaxshi fikr ekaniga amin bo’lgim kelardi. «Xo’p deyaveray, qaytanga oson ekan» degan xayol kechardi ich-ichimdan. Qodirga qo’shilib tirjaymoqchi bo’lib ham turgan edim-u, lekin chap yonimda Mirzaning o’sha-o’sha qayg’uli qiyofada turganiga ko’zim tushib, o’zimni tiydim. Hattoki Mirza Sadafni hammamizdan ko’proq yaxshi ko’rar ekan-da, deb ham o’ylab qoldim shu yerda…
− Qodir chin aytadi! Qo-la-ver-sa!.. – deb chala gap qildi Mirza buning isboti o’laroq. Keyin butun bir segaretning tutunini ichiga yutib, endi chiqarishga chog’alanayotganday kashandaday ma’yus bir sokinlik bilan olislarga qarab turdi-yu, − Qo-la-ver-sa, biz bo’rda yozmaymiz, biz… bo’yoqda yozamiz! – deb aytdi.
− Bo’yoqni qayerdan topsak ekan endi? – o’smoqchiladi Qodir.
− Masxara qilmanglar deb aytmovdim, tunovi ukam veligini qizilga bo’yash uchun bo’yoq olgani bozorga boribdi. Bozordan bo’yoq topib chiqsa… Tashqarida qoldirgan veligini o’g’irlab ketishgan ekan. Birov boshiga uradimi, ana, yangigina olgan buyog’i yotibdi uyda!
Maqsadimiz jiddiy ekanini tushungan quyonyurak Mo’min esa endi tuxumini qayerga tug’ishni bilmayotgan tovuqday tipirchilab qolgan edi. Biroq u ko’p bezovtalanib, sarosimalanishi evaziga birgina:
− Qo’ysanglar-chi, − deb ayta oldi, xolos.
Uning bezovtaligini kuzatib o’tirib, bu qo’rqib ishtonini ho’llab qo’ymasa yaxshi deya o’yladim ichimda.
− Mo’min hozir nima demoqchi, bilasilarmi? – dedim, so’ng shumligim tutib. – Qo’ysanglar-chi, qizil bo’yoqdan qorasi yaxshi demoqchi. Chunki uning otasi motoskilini bo’yash uchun kecha bir quti qora bo’yoq olib kelgan. O’zim ko’rganman. Shundaymi oshna?
Mo’min istehzo bilan tikilib turganimni ko’rib, tez ko’zlarini olib qochdi.
− Otasi bilib qolsa nima bo’ladi? – ming’irladi tag’in boshini quyi solarkan. − Eslaringdami o’zi, otasining fe’li qandayligi? Tutib olsa to’rtalamizniyam ketimizga loy suvab qo’yadi-ku!
Mo’minning zorlanishiga e’tibor qilmagan kishi bo’lib yer tagidan asta Qodirga qarasam, Qodirboy so’naribgina qolgan, Mirza esa cho’chiganini allaqachon sezdirib, goh unimizga, goh bunimizga qarayotgan ekan. Nega so’narmasin Qodir yoki Mirzaboy nega ham talmovsirab kalovlanmasin edi? Ikkalovining ham huv birda Sadafning otasi o’qituvchimizning qanday girdibonidan olgani eslariga tushayotgandir-da! Aslida bu voqeaga ham ikki yillar bo’lib qolgan. Bu o’sha, Sadaf kasal bo’lib, darslarga qatnay olmay qolgan yil edi…
O’shanda men nimadir sabab bo’lib sinfxonamizga salgina kechikib, dars boshlangandan so’ng kirib borgan edim. Aksiga olib birinchi soat biologiya fani o’qituvchimiz Saidovning darsi ekan. Orqavorotdan «Nemis» deb laqab orttirgan bu qattiqqo’l o’qituvchimiz sinfga o’zidan bir daqiqa keyin kirgan birorta o’quvchining darsda qolishiga izn bermasdi.
− Chiqib ket, − dedi u o’tirgan joyida qisqagina qilib. Men uzr so’rashdan foyda yo’q ekanini bilganim uchun indamaygina tashqariga chiqdim. Ammo ataylabdan eshikni zichlab yopmasdan, qiya ochiq qoldirdim. Qulog’imni ding qilib, Saidovning dars boshlashini kuta boshladim: qani, bugun kimlar «simyog’ochga» aylanarkin?
O’rta bo’yli, tarashaday ozg’in, yoshi endigina qirqqa yetgan bo’lsa ham sochlarining chakka qismi oqarib ketgan Saidov asli kimyo va biologiyadan dars bersa-da, maktabda uning barcha aniq fanlarni suv qilib ichib yuborganligi haqida gaplar yurardi. Shaxsan men uning biror marta ovoz chiqarib kulganini yo birorta bolani yaxshi gap bilan erkalatganini ko’rgan emasman. Lekin shunga qaramay biz bolalar barchamiz uni g’oyibona yaxshi ko’rar, ehtimol, o’qituvchilar orasida hurmati balandligi, ehtimol, rostguy va dovyurak odam deb o’ylaganimiz uchun unga taqlid qilishga urinar edik. Men ayniqsa dars mavzusini gapirayotganda uning muntazam o’ynab turadigan yong’oqday hiqildog’iga juda havas qilar edim…
Hali hech kimni bir shapaloq urganini ko’rmaganimiz uchun biz negadir uni kuchi juda ko’p, shapalog’i ham o’ta qattiq bo’lsa kerak deb o’ylar edik. Chunki dars paytidan boshqa vaqtlarda jim yurishiga qaramay, hatto direktorimizning o’zi ham undan hayiqar, boshqa o’qituvchilarni xonasiga qamab tez-tez so’kib tursa ham, Saidovni «siz-sizlab» gapirardi. «Siz»lash nima, bir marta Saidovga zovuch bo’lishni taklif qilib, hattoki rad javobi eshitgan ekan direktorimiz. Boshlang’ich sinflarni o’qitadigan malim qo’shnimiz enamga aytib berayotganini o’z qulog’im bilan eshitganman, «Har bir vazifaning mas’uliyati bor, men o’qituvchilikning mas’uliyatini zo’rg’a ko’tarayapman o’zi» degan ekan o’shanda Saidov. Direktorimiz esa bu gapdan jahli chiqish o’rniga iljayib-tirjayib soxta mulozamat ko’rsatibdi: «Rost, o’rtoq Saidov!.. To’g’ri aytasiz, o’rtoq Saidov!.. Mansab berib, qo’lingizni bog’lasak, o’quvchilaringiz ko’p narsa yo’qotadi…»
Direktorimizning u paytdagi mulozamati malim qo’shnimiz aytganchalik soxtamidi, soxta emasmidi, aniq bilmadim-u, biroq Saidov darsni qiziqarli qilib o’tishi rost edi. O’shanda ham men sinfdan chiqishim bilan o’rnidan turib, uning stulni ichkariga surib qo’yganini eshitdim. Bilaman, endi Saidov doskaning oldiga turib olib hiqildog’ini o’ynatgancha gapirishga tushadi va to dars tugashiga besh-o’n daqiqa qolmagunicha, bu stulga qaytib o’tirmaydi.
O’zim kutganimday, ko’p o’tmasdan uning:
− Eslatib o’taman, o’tgan dars mavzuyimiz inson organizmida ovqat hazm bo’lishi edi, − degan vazmin ovozi eshitildi. – Xo’p, bolalar… Shunday qilib, ovqat hazm qilish, murakkab fiziologik jarayon bo’lib…
Saidov odatdagiday oldingi darsni gapirish asnosida to’satdan ul-bul o’quvchini turg’azib, gapini davom ettirishni so’rab turdi. Gapini kelgan joyidan davom ettirgan o’quvchilarni joyiga o’tqizdi, davom ettirolmaganlar esa, turgan joyida so’ppayibgina qolaverdi. Mana, endi bu «Simyog’ochlar» Saidovning yangi mavzuni doskaga yozib, u haqida aytadigan gaplarini ham shu holida eshitishga majbur. Yangi mavzuni tushuntirib bo’lgan Saidov dars tugashiga besh-olti daqiqa qolganda o’zi surib qo’ygan stolini tortib, joyiga o’tiradi. Jurnalni ochib, indamaygina «Uch»ga munosiblarni «Uch» bilan, «Besh»ga munosiblarni «Besh» bilan baholaydi («ikki» yo «to’rt» baho qo’yganini hech eslay olmayman). Xayrlashib, xonadan chiqib ketgachgina jon bitadi bu «Simyog’och»larga…
Men o’shanda kimlar simyog’och bo’lganini eshitib aniqlayman deb shu darajada es-hushimni yo’qotibmanki, Saidov ichkaridan itargan sinfxonaning eshigi «Qars!» etib boshimga urilganda, ko’zimdan olov chiqib ketay dedi.
− Hoy! – dedi mening boshimni changallab xijolat bo’lib turishimni ko’rgan Saidov. – Boshni avaylash kerak! Turli biologik va hayotiy omillarga ko’ra inson har qanday a’zosi shikastlansa yashab ketishi mumkin, lekin shikastlangan bosh bilan yashash og’ir.
Uning gapidagi jumboqni tushuna olmay orqasidan qarab qolgan paytim, tanaffus qo’ng’irog’i eshitildi. Ichkariga kirarkanman Mo’mindan pichirlab birinchi so’raganim Sadaf nega ko’rinmayotgani bo’ldi. Hozir shu savolni boshqa birovga berganimda ustimdan kulishi, turli sha’malar qilib gapni ko’paytirishi mumkin edi. Bu olamda qorin va uyqudan boshqa tashvishi bo’lmagan Mo’min esa, albatta unday qilmadi.
− Enasi qizlardan ayttirib yuboribdi, − dedi yelka qisib. – Buguncha kelolmas ekan.
Eslasam, shu kuni Qodir, men, Mirza uchalamiz bir narsamizni yo’qotganday noxush bo’lib yurdik. Ammo, afsuski, Sadaf ertasiga ham darslarga kelmadi. Hatto indiniga ham.
− Bunaqasi ketmaydi! – dedi nihoyat rahbarimiz Bo’tayev Sadaf darslarga kelmayotganining uchinchi kuni. – Birortalaring ertaga uyiga borib, nega kelmayotganini aniqlab kelinglar!
O’qituvchimizning ushbu buyrug’i bolalarning bu qulog’idan kirib, u qulog’idan chiqib ketganini tusmolladim. Darslar tugagach, hamsinflar bilan xayrlashdim-da, uyiga shoshilayotgan kishi bo’lib, yo’ldagi bir burchakka bekindim. Nihoyat ular hammalarining qoralari o’chgach, bekingan joyimdan chiqib, Sadaflarning uyiga qarab yo’rg’aladim. Yaxshiyam qadamimni tezlatib, yo’rg’alaganim. Chunki men Sadaflarning uyi darvozasiga yetganimda ichidan pishgan Qodir bilan Mirza egizaklardaygina bo’lib darvoza oldida turishgan ekan. Ular mening yelka qisib kelshimni baqrayib-sumraygan nigohlari bilan kutib oldi.
− Asli manov bilan kim ichkariga kirib Sadafni ko’rib chiqishga kelisholmay turuvdik, − po’ng’illadi so’ng kayfiyati tushganini yashirolmagan Qodir. – Nima qilamiz? Endi har uchalamiz yetaklashib kiraveramiz-da, poyezd-poyezd o’ynagan churvaqalarday.
Mirza ikkovimiz Qodirning kesatig’ini tushungan bo’lsak ham, o’zimizni tushunmaganlikka soldik. Darvoza yonida turib, galma-galdan Sadafni chaqira boshladik. Biz hali ko’p marta chaqirishga ulgurmay ichkaridan Sadafning enasi chiqib keldi. Tusi o’chgan ro’molini peshonasidan tang’ib olgan Sadafning enasi nimasi bilandir adabiyot darsligimizdagi shoira ayol rasmini esga solar, yuzidagi qaysi bir ifodalari Sadafga ham kelishib ketardi. U nima maqsadda kelganimizni so’rab ham o’tirmasdan ne bir aziz mehmonga lutf ko’rsatayotganday kulimsirab bizni ichkariga boshlagach, uchovlon so’ppayibgina uning ortidan ergashdik.
Sadaflarning hovlisiga oldin ham bir necha bor kelgan bo’lsak-da, ularning uyiga bizning ilk marta kirishimiz edi. Kirsak rangi rangparlashib, lablari esa yanada qip-qizarib ketgan Sadaf uzatilgan oyoqlariga yopinchiq tashlab, to’shakda o’tirgan ekan. Ammo u biz ko’rib yurgan avvalgi Sadafga sira o’xshamas, oldingidan chiroyliroq, oldingidan yoqimtoyroq bo’lib ketgandi. Nainki ko’rinishi, hatto xatti-harakatlari bilan ham biz bilgan avvalgi Sadafdan a’loroq edi uning. O’rnidan tura olmayotgani uchun xijolat tortib, iymanib, qizarinib bizni o’tirishga undar ekan, aldasam non ursin, mening yuragim negadir gursillab, juda boshqacha urib ketdi. Uning boshini egibgina uyalishi, tip-tiniq ko’zlarini bizdan yashirish uchun iymanib-kulimsirib eski chit ko’ylagining choklarini ermaklashini ko’rib, men og’zimni yopolmay, ko’zimni esa Sadafdan uzolmay qoldim o’shanda.
− Kelinglar-da, bolalarim, shundaygina kelinglar-da, − deb hushimga qaytardi bir mahal Sadafning enasi. Shundagina o’zimning baqrayib turishimdan xijolatga tushib, shoshib xona ichidagi buyumlarga angraydim. Ehtimol, qolgan oshnalarim ham men qilgan ishni takrorlagan bo’lsa kerak:
− Jihozlarimizni ko’rib, ajablanavermanglar, − dedi Sadafning enasi qo’lidagi dasturxonni oldimizga yozar ekan. – Kulol, mo’ndidan suv ichadi degan gap bor, bolajonlarim. Bu jihozlarning barini Sadafning otasi ustachilikdan ortib qolgan yog’ochlardan amal-taqal qilib yasagan-da.
Keyin u kishi, aftidan, choy damlash uchun chiqib ketdi.
− Kelishlaringni bilganimda, uyni tartibga keltirib qo’ygan bo’lardim, − dedi enasi chiqib ketganidan foydalangan Sadaf. U kelganimizdan beri birinchi marta ovozini chiqaribroq so’z qotar ekan, ko’zlari nur tushib yaltiragan bir juft munchoqday porlab turar edi.
− Qanday tartibga keltirarding, o’zing o’rningdan turolmayapsan-ku! – dedi bir payt Mirza tomdan tarasha tushganday. Uning bu gapidan Sadafning qizil lablari titrab, uzun, qayrilma kiprikli ko’zlari esa dakki eshitgan go’dakning ko’zlariday javdirab ketdi.
− Sadaf, senga nima bo’ldi o’zi? – so’radim shunda noqulaychilikni yo’qotish uchun. – Yaqindagina tuppa-tuzuk eding-ku!
Afsus, bu gapimdan Sadaf battar uyaldi. Uyalib, ko’zmunchoq taqilgan qo’llari bilan yuzini berkitib oldi.
− Enam fol ochirib kelgandi… – dedi iymanib.
− Xo’sh?..
− Sulaymon parilar… hazillashibdi…
− Hazillashibdi?!
− Suygan… Suygan emish… Shu uchun qizing suvni yaxshi ko’rib qolgan deb aytibdi…
Mirza «Piq!» etib kuldi-yu, ikki yonida Qodir ikkimizning qovog’imizni uyganimizni ko’rib, birdan og’zini yig’ishtirib oldi.
− Ishqilib, tuzalarmikansan? – dedi kelganimizdan beri tushirgan shuncha qovunlarini «terib olishga» urinib. – Qayering og’riyapti o’zi?
− Oyoqlarim… Shishib chiqqan. Folbin, qushnoch chaqirib quloq-boshini torttirsangiz, tuzalib ketadi degan…
O’sha kuni biz kissalarimizni mayiz-parvardalarga to’ldirib Sadaflarning hovlisiz darvozasidan chiqar ekanmiz, Qodir ketgisi kelmayotgandek ortiga alanglab:
− Chit ko’ylak qizlarga yomonam yarasharkan, − deb qo’ydi.
− Ha, − beixtiyor uning gapini ma’qulladim men. – Forma kiy deb urishguncha maktabdagi bari qizlarga chit ko’ylak kiydirishsa bo’lardi.
Ertasiga maktabga borib, har uchovimiz Bo’tayevga Sadafdan eshitganlarimizni oqizmay-tomizmay aytib berdik.
− Madaniyatdan orqadamiz! – g’udrandi Bo’tayev barmog’ini chakkasiga tirab, burab ko’rsatarkan. – Suv o’ynayotgan bo’lsa, shamollagan-da! Ertakdagi Sulaymon parilariga balo bormi!
Ovulda eshitmagan quloq qolmagan mish-mishlarga qaraganda, shundan keyin rahbarimiz Bo’tayev Sadaflarning uyiga dag’-dag’a qilib borgan, lekin omadi kulmay Sadafning muloyim enasiga emas, otasiga duch kelib qolgan ekan.
− Qizingiz nega maktabga bormayapti?! – degan ekan o’shanda Bo’tayev.
− Qizim kasal! – deb javob bergan ekan Sadafning otasi.
− Kasal bo’lsa, do’xtirdan sprafka yozdirib kelib topshirsin! Maktab enasining uyimas!
So’ngra Sadafning otasi Bo’tayevning yoqasidan «g’ippa» bug’ib olibdi.
− Uv, enasini qo’shmay gapir! – debdi uni daraxtni qoqayotganday qattiq silkitib. – Yana qaytib hovlimda baland ovozing chiqsa, gapim gap, bo’yningni arralab, ketinga loy suvab qo’yaman!
Bu gaplarning necha foizi chin ekanini, rosti men bilmayman. Lekin har qalay, Sadaf maktabga biz borib, so’rab kelganimizdan bir oylar o’tib keldi. Bilmadim, balki qushnoch chaqirib, quloq-boshini torttirgandir, balki ukol-dorilar bilan jo’ngina davolanib qo’yaqolgandir, har qalay u butunlay sog’ayib oldingi sho’x-shaddod qizga aylangan, shu bilan birga, rahbarimiz Bo’tayevning unga muomalasi tamoman o’zgarib, Sadafni sizlab gapiradigan odat chiqargan edi.
Shu voqealarni o’ylab turgan edim, Qodirning mushtini kaftgiga urishidan chiqqan «Shart!» etgan ovoz xayolimni jamlashga majbur qildi.
− To’g’ri, otasi bilsa shunday qiladi, lekin bilmasa-chi?! – dedi u, o’zidagi qo’rquvni allaqayolarga haydab, bir dumalab yana oldingiday dalli-g’ulli Qodirga aylanarkan. – Bu ishni to’rtalamiz qilsak va to’rtalamiz ham hech kimga og’iz ochmasak, qayerdan biladi otasi? Axir o’ylab ko’ringlar, hammamizning yuzimizga oyoq bosgan bu riyokor, yolg’onchi qizning xiyonatini kechirib, hech narsa bo’lmaganday ketaversak, qanday odam bo’lamiz?!
Mening… Mening tasavvurim ko’zgusida Sadaf iymanib, uzun-qayrilma kipriklarini pir-piratib yer tagidan boqqanday bo’ldi. Menga emas… Begona birovga boqqanday bo’ldi. Olov yondi ichimda. Ichimdagi bu olovning alangasi esa, har qanday qo’rquv, har qanday hadikni kuydirib-yoqib yuborishga qodir edi.
− Rost! – deb aytdim ich-ichimdan xo’rsinar ekanman. – Biz qo’rqoq emasmiz. Buni shunday qoldirib bo’lmaydi. Shunday qoldirsak, sinfdagi qolgan bolalar nima xayolga borishini ham o’ylaylik… Qolaversa, otasi hozir qo’shni mahalladagi bir odamning tomini yopayapti, ishdan charchab qaytsa, kechasi dong qotib uxlasa kerak.
Chamamda, xiyonat alamining achchiq tutuni Mirzaning ham ichidan qo’rquv sharpalarini quvib chiqargan edi. U dadil o’rnidan turdi. Shimining changu gardlarini qoqib, uzoq-uzoqlarga qarab qoldi.
− Oshnalar, men Sadafni hech biringdan kam sevmas edim, − dedi keyin biroz hayajon bilan. – Lekin meni… Bizni shuncha kuyib-pishganlarimizni ko’zga ilmay, kelib-kelib begona bir yigitgayam xat yozadimi? Sizni ko’p o’ylayman deb aytadimi?! Bizni senlaydi-yu, uni sizlaydi! Qaysi yuz bilan shunday deya oladi?! Tushida ko’rganmish… Uyat emish… Xudo biladi bu hayosiz qiz tushida nima qilgan? Shunday ekan, chindan bu ishni shundayligicha qoldirib bo’lmaydi. Yozish, jazolash kerak! Aslida qanday qiz bo’lsa, hammasini ochiq-oydin, hamma biladigan qilib yozib, jazolash kerak!
− Shu, oshnalar, shu! – Mirzaning gaplaridan yanada ilhomlangan Qodir u yoqdan-bu yoqqa yura boshladi. Bizdan yetti-sakkiz qadam narida taqqa to’xtadi-da, kaftini shop qilib havoda sermadi. − Chin aytaman, Sadafni qanchalik yaxshi ko’rmay, u uchovingdan bittasini tanlaganda, erkakning ishini qilib men chekkaga chiqqan bo’lardim. Aldasam, qasam ursin, agar Sadaf uchovingdan biringni tanlaganda mening ishim yo’q edi! Lekin bu yerda u faqat sevgimga emas, balki do’stlarimgayam xiyonat qilayapti! Kechirmayman!.. Kechirmaymiz! Biz barchamiz uni kechirmaymiz!..
Qodir bilan Mirza mening ko’nglimdan o’tayotgan gaplarning ham hammasini aytib bo’lgandi.
− Juda to’g’ri! – dedim gap ma’qullab. – Agar hozir jazolmasak, shu turishda bu qiz maktabni bitiriboq buzilib ketadi!
− Buzilib bo’lgan! – Qodir bilan Mirza og’zimga urganday baravariga hayqirib yuborishdi.
− Shu, shu! – aytdim, yana gap ma’qullashdan yaxshiroq yo’lni topmay. – Buzilmasa, seni o’ylayman, uyat tush ko’raman deb yozib o’tiradimi…
− Baribir otasi sezib qoladi, baribir… – qo’rqqanidan rangida rang qolmagan Mo’min bizga emas, xuddi o’z-o’ziga uqtirayotganday g’uldiradi. – Sezib qoladi! Keyin baringni ta’ziringni beradi. Meni aytdi deysanlar, uchalalaringniyam o’ldiradi otasi! O’ldirib qo’yadi…
Odatdagidan ko’proq gapirib qo’ygan Mo’minning peshonasidan oqqan ter yuzlariga dumalab tushar, burun kataklari torayib-kengayar, yig’lab yuborguday hayajonli bir qiyofada turardi. Ana, qanday ahvolga solishi mumkin qo’rquv odamni!
Ayni shu onda yakka tut joylashgan tepalikning ko’zdan pana yog’ida kimdir «Aka!» dediyu hammamiz bir sapchib tushib o’sha yoqqa qaradik. U tarafda esa, tirmizak singlim tirjaygan kuyi bizga boqib turar, sinu sumbatidan gap poylab kelganga o’xshardi.
− Nima deysan?! – o’shqirdim unga zardam qaynab.
Lekin u yumush bilan kelgan ekan. Zardamdan keyin darrov qovoq uydi.
− Nega baqirasiz, sizni izlamagan joyim qolmadi-ku? Enam tezda yetib kelsin, sigir sog’ishimga buzoqni ushlab turadi deyaptilar.
− Bor! Kelayapti ekan de! – gapni qisqa qildim men. Arazlagan singlim ortiga qaray-qaray ketib borarkan, biz to u uzoq ketgunicha gaplashmay jim turdik. Juda achchiqlanganim uchun, singlim olislashishi bilanoq:
− Agar shunchalik qo’rqayotgan bo’lsang, sen ham uning ortidan daf bo’la qol! – deya Mo’minga ham udag’ayladim. Mo’min… Mo’min esa, afsuski, aynan shu gapimni kutib turgan ekan. U menga «Yalt» etib ko’z tashladiyu sekin burilib, singlim ketgan so’qmoqdan jo’nab qoldi… Mirza sarosimaga tushdi. Chamamda, rejamizni hammaga aytib qo’yadi deb cho’chidi.
− Mo’min! Mo’min, qayt! – deb baqirdi uning orqasidan.
− Qayt, Mo’min! Qayt dedim, oshna! – baqirdi Qodir ham.
Biroq haligina boshini xam qilib, qadamlarini sudrab bosib borayotgan Mo’min bizning chaqirganimizni eshitmaslikka ahd qilganday yugurib ketdi.
Biz jangga kirmasdan oldin yengilgani ma’lum bo’lgan lashkarlarday ezilibgina qoldik. Bir-birimizning ko’zimizga qarashga botinmay, Mo’min ketgan tomonga tikilamiz…
Shunda Qodir hech kimdan qo’rqmayotganini, hech narsadan tashvishga tushmayotganini bildirmoqchi bo’lib, yolg’ondakam kerishdi.
− Ketsa ketaversin, oramizda bo’lsayam ishning pachavasini chiqarardi! – dedi keyin.
− Oshna chiqmaydi bundan, doim yarim yo’lda tashlab qochadi o’zi! – deb qo’l siltadi Mirza ham.
Mirzaning gapi mening esimga qiziq bir voqeani solib yubordi.
− Bu nomard tinchgina tashlab ketsa go’rga, shukr qilaveringlar, − dedim o’sha voqeani oshnalarimga ham eslatish uchun. – Har qalay yengi-boshlarimiz o’zimizda-ku!
Mirza va Qodir har qancha og’iz-burnini yig’ishtirmoqchi bo’lishmasin, o’zlarini tutolmay «Piq-piq» kulib qolishdi…
Biz eslab haliyam kulgidan tiyila olmayotgan, shunday og’ir vaziyatda ham ruhimizni ko’tarib, ichimizga bir chimdim nur olib kirgan u voqeaning bo’lib o’tganiga ham bir qancha yillar bo’lib qolgan edi. U paytlar biz hali rosmana go’dak, o’yindan boshqa aytarli tashvishimiz bo’lmagan tentak-sentak churvaqalar edik. Bir kuni oldimizdan chiqqan toshchalarni koptok qilib tepib, to’rtalamiz doimgiday maktabdan qaytayotsak:
− Katta ariqqa nimaga suv kelmayotganini bilasilarmi? − deb qoldi Mirza. – Kanalning suvi qurigan emish. Tizzadan bo’lib qolibdi o’ziyam, ko’lmakchalarda baliqlar ilang-bilang o’ynab yotgan emish!
− Soz ekan-ku! – dedim bu gapdan mening quloqlarim ding bo’lib. – Unda baliq ovlagani bormaymizmi? Masalan, besh-o’nta baliq tutsak, Mo’minning enasi pishirib berardi.
Haqiqatan ham, Mo’minning tili va qo’li shirin enasi bizga ajoyib taomlar pishirib berardi o’sha paytlar. Birovlarning tomorqasidan baqlajon o’g’irlab chiqamizmi yo cho’zma toshotar bilan chumchuq ovlaymizmi, doim u kishiga olib borar, hech kimning ko’nglini og’ritmaydigan bu halim ayol esa, keltirganimizga o’zidan boshqa masalliqlar qo’shib, mazali ovqat tayyorlar edi. Shuning uchun biz mug’ombirlar ikkita kartoshka topsak ham og’zimizning tanobi qochib, qovurtirib yeyish uchun Mo’minlarnikiga qora tortib boraverar edik.
− Suv tizzadan bo’lsa, demak, qarmoqning keragi yo’q, − Qodir o’zini zo’r baliqchiday ko’rsatib, ichida allanimalarni chamalagan bo’ldi. – Xo’sh… Oshnalar, unda darrov uyga borib maktab kiyimlarimizni almashtiramiz-u, ko’cha boshida uchrashamiz. Qorni ochganlar bo’lsa, ushlagan birinchi balig’imizni o’sha yerning o’zidayoq kabob qilib beraman!
− Kelishdek! – dedik biz uchovimiz bir ovozdan. So’ng men hammadan birinchi bo’lish uchun uyimizga qarab yer changitib yugurib ketdim. Uyga borib, hech kim bilan gaplashmasdan kiyimlarimni apil-tapil almashtirib ko’chaga chiqsam, shunda ham Mirza qo’lini peshanasiga tirab, ko’cha boshida boshqalarning kelishini betoqat kutib o’tirgan ekan. Men uning yoniga boruvdim hamki, uzoqdan Qodirning kelayotgani va ishtoni tushib ketmasligi uchun ishtonbog’idan mahkam ushlab, xalloslagancha chopib kelayogan Mo’minning qorasi ko’rindi. Qodir bizni anchadan beri kutayapti deb o’yladi chog’i, kelishi bilan qo’lidagi narsalariga ishora qildi:
− Kabob tayyorlashga sirka, tuz bilan go’gurt oldim. Bo’lmasa, kechikmasdim.
− Oshnalar, uzr… – dedi undan sal keyinroq lopillab yetib kelgan Mo’min ham. – Kabob qachon pishadi deb… Bir to’g’ram non yeb oldim.
Nihoyat to’rtovlon bahodirlar kanalga qarab surdik. Borib qarasak, kattakon kanalning suvi tizza tugil to’piqdan bo’lib yotar, har-har joyda ko’lmakchalar loyqalanibgina ko’zga tashlanardi. Faqat Mirzaning «Baliq bilanglab yotganmish» degani ozroq lof ekan shekilli, shuncha ko’lmak kechib, eng kattasi jimjiloqday keladigan itbaliqdan boshqasini uchratmadik.
− Baliq loyqalarning tagiga berkinib yotgan bo’lishi mumkin, − dedi Qodir hafsalasi pir bo’lganini sezdirmaslikka tirishib. – Ketbosti qilamiz! Mo’min, Mirza ko’lmakning nargi yog’iga o’tib oyoqlaringni uzatib o’tirib olinglar-da, loyqani bizga qarab surib kelaveringlar. Biz manov bilan bu yoqdan suramiz.
Qodirning fikri ma’qul tushib, xuddi tuproq surgan traktorday oyoqlarimiz bilan loyqalarni u yondan-bu yonga sura ketdik. Lekin suvdan chiqib qochgan qurbaqalarni aytmasa, suv ichida sezilarliroq qimirlagan boshqa bir narsani bilganimiz yo’q…
− Shoshganda kiyimniyam yechmabmiz, − dedim, to’rtovlon suvdan chiqib, xafa bo’lib turganimizda.
− Ha… Balchiqqa botganimizni aytmaysilarmi… – Mirza og’ir so’lish olib, ishtonidagi balchiqlarni nomoyish qildi. Biroq Qodir hali shashtidan qaytadigan emasdi.
− Baliq tutgani borayapmiz deb kim uyidagilarga aytgandi? – so’radi u.
Mirza ikkalamiz bab-baravarigi «Aytmaganman» dedik. Mo’min yelka qisib, astagina qo’lini ko’tardi.
− O’l! – dedi unga Qodir. – Endi uch-to’rtta bo’lsayam baliq obormasak, enangdan uyatga qolamiz! Qani, bolalar, oldin hamma kiyimlarni yechib, yoyib qo’yaylik. Biz baliq tutguncha qurib turadi… – shunday deb turib, so’ng birdan fikrini o’zgartirdi u: − Yo’q, yaxshisi shu qilgani uchun Mo’min baliq tutmaydi! Mo’min huv kanal tepasida kiyimlarimizni quritish bilan shug’ullanadi!
Qarasak, darhaqiqat, atrofda hech zog’ yo’q. Uchalamiz ham yechinib, onadan tug’ilganday qip-yalang’och bo’ldik-da, kiyimlarimizni Mo’minga berdik. Tezda qurimasa olov yoqarsan, sirkadan yaxshi tutandiriq bo’ladi deb Qodir shu atrofga tashlab qo’ygan gugurt, tuz va sirkani ham unga tutqazdi.
Biz hali kechishga ulgurmagan ko’lmakchalarni ishg’ol qilishga otlanganimizda baliq tutishga qo’shilolmayotganidan ranjigan Mo’min o’t yoqish uchun yantoq izlab, orqasiga qaray-qaray kanal tepasiga chiqib ketayotgan edi. Qodirning g’urur qo’zg’ovchi gapi qitiq-patimizga tekkan biz bolalar yangi zavq, yangi g’ayrat bilan ishga kirishdik. G’ayratimizning zo’rligidan, ketbosdi qilib sirpanib chiqmagan ko’lmagimiz kanalda deyarli qolmadi.
− Ay-y!!! – deb baqirib yubordi shunda Mirza to’satdan. – Bir narsa… Bir narsa oyog’im osti-da!..
Qodir loyqalarni jon holatda o’ngdan surdi, men chapdan, uchovimizning oyoqlarimiz tutashib, masofa qisqarganda haqiqadan ham bir qarichcha chaqadigan bir baliq suv betiga o’ynab chiqdi. Uchovimiz baravariga baliqqa tashlandig-u, baliq qay birimizningdir changalimizga urilib, ko’lmakdan tashqariga otilib ketdi!
− Ehe-heyeyey! Baliiiiq! Baliiiiiiiq! – biz oshnalar quvonchimiz ichimizga sig’may, sakrab-irg’ishlab quruqlikda bilanglab yotgan baliqning atrofida o’yinga tushar, ayni shu bugun, shu lahza bu yorug’ olamda bizdan baxtiyorroq odam borligiga ishonib bo’lmasdi. Zavqimizga badanlarimiz tor kelib, baqirib-sakrashib, bir-birimizni quchoqlab, olamshumul xazina topgan tentaklarday yerga dumalab qoldik.
− Endi… Endi men sizlarga… – dedi yotgan joyida hansirayotgan Qodir zo’rg’a tili aylanib. – Uni kabob qilib beraman! Menga bir suzgichini… Yo’q, dumini… E, mayli! Umuman bermasalaringam mayli! Silar yesalaring bas!
Bir muncha vaqt chalqancha yotib, nafas rostlab olganimizdan keyin o’rnimizdan turdik. Oshnalarim va o’zimning balchiqqa botgan yalang’och badanlarimizga ko’z tashlar ekanman:
− Hoy, eslaringdami? – aytdim men kulib. – Zovurdan sakrashimizni so’raganda Sadaf bizga hindularga o’xshamaysanlar deb noligandi. Mana, shu turishimizda hindulardan kam joyimiz qolmapti!
− O’shanda zovurdan kim sakrovdi? – menga qo’shilib kula boshladi Mirza. – Mo’minmidi?
− Mo’min edi! Lekin sakragani yo’q, qulab tushgandi u galvars!
− Aslida u payti Sadaf chakana shart buyirgan ekan. Undan ko’rasi baliq tutib beringlar degandami! Hozirgiday akang qarag’ay sharta kanalga ket bosib…
− Voy, voy! Go’yo baliqni bir o’zlari tutganday!
− Aytmoqchi, − Qodir Mirza ikkalamizning suhbatimizni bo’lib, tashvishlangancha tepa tomonga qarab qo’ydi. – Mo’min ko’rinmay qoldimi? Tepaga chiqib qaraylik-chi…
Tutgan yagona balig’imizni sardorimiz Qodirboyga ko’tartirgancha, biz «hindular» kanal tepasiga chiqib borsak, bu atroflarda Mo’min tugul uning isiyam yo’q ekan! Teparoqda turganimiz uchun birortaning ko’ziga chalinmasin degan xijolatda qo’llarimiz bilan uyat joylarimizni berkitib, u yon-bu yon qarasak, huv narida yonib o’chgan bir gulxanning tutabgina turganini ko’rdik. Yaqinlashaverganimizda dimog’imizga urilgan lattaning kuyindi isi va shu atrofda yotgan sirka bilan tuzning idishidan nima voqea ro’y berganini taxmin qilish mumkin edi… «Nahotki?!» degandek bir-birimizga qarashib qotib qoldik biz.
− Ablah! – deb uvlab yubordi keyin, Mirza egila solib yerni mushtlarkan. – Laponglab o’tin topib kelaman deguncha, kiyimlarimiz olovga tushib ketgan! Bizga aytish o’rniga, quyonni surgan u dovdir!
Odatdagiday tez qizishib, jazavaga tushadigan Mirza a’zador ayollar kabi yer mushtlab, oh-voh qilgan bo’ldi. Ayollardan farqli o’laroq faqatgina u taqdirini emas, Mo’minni qarg’ar, Qodir bilan men bu gaplariga xayrixoh bo’lsak ham, Mirzaning tinchib qolishini jim turib kutar edik.
Mirza bor dard-hasratini to’kib olgandan so’nggini men borib, bir-biriga tutashib yonib bitgan kiyimlarimizdan qolgan kichik nishonani qo’limga oldim. Nima qilishimni bilmasdan oyoqlarim tagida yotgan, dud urganidan qorayib qolgan tuz idishini artdim.
− Qodirboy, − dedim, o’zimcha Qodirga kesatib. – Sirka tugabdi, gugurtning o’ziyam yonib ketgan… Tuzingizni nima qilsak endi?
Qodir kalta qoshlarini chimirib, biroz o’ylanib turdi-yu:
− Nima ham qilardik?! Ko’lmakda shilinib achishayotgan ketlarimizga sepamiz-da! – deb g’udrandi zarda bilan.
Biz shunday bir-birimizga kesatib, zarda qilib, yeru tuproqdan alam olib turgan edik, bir mahal men uzoqda kelayotgan bir odamning qorasini ko’rib qoldim.
− Sharmanda bo’ldik, kimdir kelayapti! – dedim bezovta tortib, panaroq joy topish uchun qochishga shaylanarkanman.
− Shoshma-chi, − deya Qodir meni to’xtatib qoldi. – Yaxshilab qara, bola ekan…
Biz shundan so’ng olisda jimirlab ko’rinayotgan ul ko’lanka o’zimizning ablah Mo’min ekanini tanib qoldik. U o’n-yigirma daqiqalar orasida xumday boshidan hil chiqib, to’xtamay yugurgani sababli toliqib-hansirab yonimizga yetib kelarkan, qo’ltig’iga qisib olgan shim bilan ishtonni Mirza ikkovimiz tarafga irg’itdi.
− Oshanlar, manglar! Maktab shimimni bo’lsa ham olib kelaverdim.
Keyin u ikkinchi qo’ltig’iga qisib olgan narsasini changallab, Qodirga qaradi. Etagini qayirib, burnini artdi-da:
−Lekin senga bergulik ishtonim qolmadi, Qodir… – dedi aybdorona mo’ltayib. – Novcharoqsan… Shunga… Otamnikidan bo’lsa ham olib kelaverdim…
2.
Bu hayot shunaqa o’zi – hammasi yaxshi ketayotgan paytda bitta bemaza buzoq boshini buradi-yu, qolganlarning ham xulqini buzadi. Mo’min Sadafning otasidan qo’rqib qochib ketgach Mirza ma’yus tortgan, Qodirning avji past, men ham nima qilishimni bilmay ikkilanib turardim. Go’yo biz shu yerda soatlar emas, necha asrlardan beri gaplashib o’tirganmiz-u, nihoyat gaplashadigan gaplarimiz tugaganday. Quyosh esa eng so’nggi kuchini jamlab, sudralgancha osmonning oxiriga qarab ketar, uning tafti o’tmaslashgan qizg’ishtob nurlaridan yakka tut va katta harsangtoshimiz ham olovrang tusga kirgan edi.
Bir payt Mirza yerdan kesak olib, hademay ko’zdan yo’qoladigan quyoshga qarab otdi. Gizlanib picha qarab turdi-da, keyin yana bir kesak otdi. Qarab turdi, tag’in otdi. Otaverdi… Shunda beixtiyor Qodir ikkalamiz ham unga qo’shilib quyoshni kesaklay ketdik. Biz qancha kesak otsak, ruhimiz shuncha yengil tortar, oramizdagi birdamlik ham shunchalik oshib borayotganga o’xshardi.
− Men oshnachilikka xiyonat qilmayman! – deb o’ksikdan-o’ksik hayqirib yubordi Mirza.
− Men oshnalarimga hech qachon xiyonat qilmaymaaan! – deya Qodir unga jo’r bo’ldi.
Men ham baqirmoqchi bo’ldim-u, tomog’imga yig’i tiqildi. Pichirlabgina:
− Xiyonat qilmayman… Hech qachon xiyonat qilmayman… – deya oldim, xolos. So’ng borib o’z akamday ko’radigan Qodirni mahkam quchoqlab oldim. Mirza kelib ikkimizni qo’shib quchdi. Uchalamiz bizni olisdan ko’rib tentak bo’libdi deb o’ylaydigan odamlarni, quyoshni, toshni va butun olamni unutib sakray ketdik. Xuddi baliq tutganimizdagi kabi. Biroq bu sakrashimizda zavqdan ko’ra qayg’u ko’proq edi. Bu sakrashimizda quvonchdan ko’ra hamdarlik kuchliroq edi. Bu sakrashimiz… go’yoki bir qasam edi…
Hovlimizga kirib borganimda kun botib, olam ko’kimtir tusga kirib bo’lgan edi.
− Qayerlarda sandiroqlab yurgan eding?! – ovozini pastlatibgina so’radi enam. Savoliga javob kutmasdan buyirdi. – Tez ustingni almishtirib chiq, otang bilsa o’ldiradi!
Darrov tushundim, demak, otam ham ishdan hozirgina qaytgan va avzoyi buzuq. Enam u kishini battar kayfiyati buzilmasin deyapti. Enamga «Xo’p» deb, ustimni alishtirish uchun ketayotgan edim, betamiz tirmizak singlim yo’limni to’sib chiqdi.
− Aka! – dedi u azbaroyi og’zi qulog’ida bo’lgani uchun tovushini zo’rg’a pastlatib. – O’ldilaringiz! Sizlarning hamma gaplaringizni Sadaf opamga aytib berdim!
Mening oyog’imdan jonim chiqib ketay dedi. Ko’z oldim tinib, yuragim tez ura boshladi.
− Qaysi gaplarimizni?.. – deya so’radim shunda ham u balki hazillashayotgandir degan umid bilan.
− Poylab turib eshitganlarimni-da! Bugun kechasi darvozasiga bemaza gaplar yozib tashlaymiz deganlaringizni!
− Nima… Sen… Sen eshitganmiding?! Nima dedi keyin u?..
− Rosa kuldi! Chimsaroyda bizning darvozamizga bemaza gap yozishga jur’ati yetadigan odam borligiga ishonmayman, chunki otamning qo’liga tushsa sog’ qolmaydi dedi!
− Sababini-chi? Sababini… Nega bunday qilmoqchi ekanimizni so’ramadimi?..
− Yo’q… – birdan o’ylanib qoldi singlim. Turishidan, rejamizning asl sababini buning o’zi ham bilmasdi.
«Yaxshiyam ishonmabdi!» Hozir bu chaqimchiga qo’pol biror gap aytsam, xuddi Sadafga borganday yugura solib otamning oldiga borishi hech gap emasdi. Shu uchun tishimni-tishimga bosdim. Indamay uyga kirib ketdim.
Otamning nima sababdan kayfiyati yo’q ekanini baribir bilolmadim. Ammo kechki ovqatni barchamiz mustar bir kayfiyatda yedik. Hatto har kuni chakagi tinmaydigan singlim ham otamning qovoq solib o’tirganini ko’rib, bugun yer chizib, so’naribgina o’tirardi. Odamlar orasida eng yuqimlisi kayfiyat bo’lsa kerak o’zi…
Otam ovqatlanish orasida enamdan faqat bir martagina:
− Sigirni sog’ib oldilaringmi? – deb so’radilar, xolos. Enam menga yer tagidan qarab olib:
− Ha, sog’gandik, − degandan keyin yana barimizning tilimiz bog’landi.
Enam dasturxonni yig’ishtirishlari bilan uydan yostiq va yopinchig’imni olib chiqdim-da, o’zimga o’rin solib, yotib oldim. Uydagilarning ham o’zimga o’xshab tezroq o’rinlarigi yotishini istaganimdan shunday qildim. Bu paytda falakka yakkam-dukkam yulduzchalar chiqa boshlagan, osmon go’yo qora libosga burkanganu, yulduzlar shu libosning tugmalariga o’xshab yiltirab turardi. Ko’p o’tmay, enam qabatimdan otam, o’zi va singlimga ham o’rin soldi. Ular tin olish uchun joy-joylariga cho’zilish taradduda-yu, mening behalovat ko’nglimning allayeri orziqib-kuyishadi. Nega buncha dilgir kun bo’ldi o’zi bugun, nega buncha dilgir kecha, bilmayman. Balki Qodir bilan Mirza ham hozir o’zini uxlaganga solib, uyidagilarining tezroq pinakka ketishini kutib yotishgandir? Sadaf-chi, Sadaf nima qilayapti ekan? Hindularga o’xshaydigan o’sha sevgilisini eslab yotganmikan yoki uxlab, uni tushida ko’rayaptimikan?! Ehh, rejamizdan xabar topgani chatoq bo’libdi-da! Tag’in qo’rqib, aybini izlasa, go’rga – nazariga ilmaganini qarang! Go’yoki bu ish bizning qo’limizdan kelmaydi! Asli shu kalandimog’ligi uchun ham ayab o’tirmaslik kerak uni! Yaxshisi… Yaxshisi uning xabar topgani haqida Qodir bilan Mirzaga aytmayman… Shunda… Shunda ular ahdidan qaytmaydi! Axir qo’rqoq oshnani kechirsa bo’ladi, xiyonatkor sevgilini kechirib bo’larmidi? Bo’maydi-da! Masalan, xiyonat qilgani uchun, men o’zimning yaxshi ko’rgan itimni ham kechirgan emasman. E, mening itim ham emas edi o’sha, birovning iti, shunchaki it edi!
Aslida men u itni ovulning chekkasida yashaydigan bir odamnikidan o’g’irlab kelgan edim. Yo’q, men o’g’irlab kelganimda aytarli it ham emas edi, xumbosh, old oyoqlari yo’g’on, paxmoqqina kuchukcha edi. Uni o’g’irlaganimdan bexabar otam va enam kuchukni qayerdan topib kelding deb oldiniga tergashdi. Lekin arzanda singilcham o’ynab, ovunayotganini ko’rib, indamay qo’ya qolishdi. «Ziyrak» qo’ydim otini. O’zim nima yesam, teng yarmini berib boqa boshladim. Kuchukchani doim suyib erkalar, imkon boricha begona ko’zlardan asrashga harakat qilar edim. Qancha qistalang qilsa ham, uni qayerdan topib kelganimni eng yaqin oshnalarim, hatto Qodir bilan Mo’minga ham bildirganim yo’q. Faqat bir martagina, hech kimga sotmaslik sharti bilan Mirzaning qulog’iga aytganman.
Zotdor ekan kuchukcha. Tez o’sib, sal kam uch oy deganda itmisan it bo’ldi. Hamma kuchukvachchalar odamning oyog’iga kelib suykalsa, u bunday tilyog’lamalikni bilmas, juda erkalangisi kelgan paytlardagina yo’limni to’sib, kovushimdan tishlab tegajoqlik qilar edi. Maktabdan qaytayotgan vaqtimda esa, u oldimga yugurib chiqar, xursand bo’lganidan irg’ishlab ko’kka shunaqangi baland sapchirdiki, bo’yi bo’yimdan baland bo’lib ketardi…
Gap yotmaydi ovulda! Mening bir yoqdan kuchuk topib kelganimni eshitib, bir kuni itning egasi izlab keldi. Darvoza oldida otam bilan gaplashib turishganini eshitib, uning nima uchun kelganini tushundim.
− Bermayman! – dedim otamga. – Ziyrak bu odamniki emas, uni men ko’chadan topib olganman!
− Topganing rostmi? Qayerdan topganding o’zi? – so’radi otam.
Men atay o’sha odam yashaydigan emas, ovulning boshqa bir tomonini aytdim:
− Kanal bo’yidan.
− Balki o’sha yoqlarga adashib borib qolgandir. Yo kimdir o’g’irlagandir-u, kanal bo’yiga tashlab ketgandir, − itning egasi menga qovoq ostidan qarab, gapga aralashdi. – Qani, chaqiringlar-chi, o’zini bir ko’ray.
Chumchuqlarni qo’rqitish uchun bu damda itni hovlimiz orqasidagi toklarning tagiga bog’lab qo’ygan edik. Vahimaga tushib, yig’lagim kelib ketdi.
− Bermayman, ko’rsatmayman ham! – dedim otamga yig’lamsirab qarab. – Ota, ko’rsa bu odam baribir meniki deb turib oladi!
Otam ikki o’t ichida qolganday edi. Birinchidan, mening itni qanchalik mehr bilan boqqanimni va uni qanchalik yaxshi ko’rishimni bilar, itni birovga berib yuborib, ko’nglimni vayron qilishni istamasdi. Ikkinchidan… Itning bezbet egasi qarshisida «It baribir meniki, bersalaring ham, bermasalaring ham uni olib ketaman!» deganday xo’mrayib qarab turibdi.
− Unda bir shart qo’yamiz, − dedi otam jinday mulohaza qilib ko’rgach. – Itni men ushlab turaman. Ikkovlaring ikki yonimdan turib, chaqiringlar. It kimning oldiga borsa, o’shaniki bo’ladi.
Umid bilan haligi odamga qaradim. U «Shart ma’qul» deganday, yelka qisdi.
Mening ichimdagi qo’rquvim shakarli choy betidagi ko’piklarday tarqab ketgan edi! Sarosima bulutlari surilib, yuzimga quvonch quyoshi charaqlab chiqqan edi! «Yashasin! – der edim ichimda tantana bilan. – Ziyrak albatta mening oldimga keladi! Shuncha paytdan beri faqat mening qo’limdan ovqat yegan, mendan boshqaga iskalanmagan Ziyrakkinam o’zimning oldimga keladi! Xuddi maktabdan kelishlarimni kutib olgandek yugurib kelib, bo’yim barobar sakraydi!..»
Borib itning qozig’ini sug’irgunimcha bo’yinlaridan quchoqlab, tumshug’idan o’pib-o’pib oldim. Keyin ortimdan chopsin, tezroq yetib borsin deb otam bilan haligi odam yoniga yugurdim. Ipini sudraltirib men bilan baravar otamning qarshisiga kelgan it o’sha odamni ko’rdi-yu, quloqlarini ding qildi. G’ingshib, bezovtalandi…
Ko’chaga chiqdik. Otam itni ipidan tutib, ma’lum bir uzoqlikda qarab turgan anov odam bilan oralig’imizda turganda, mening og’zim qulog’imda edi. Hozir «Ziyrak» mening yonimga yugurib keladi der edim komil ishonch bilan, «Hozir… Hozir…»
Lekin… Lekin bunday bo’lmadi. Otam itni qo’yib yuborishi bilan it zanjirini shildiratib egasiga qarab yura boshladi… Baqirib yubordim. «Ziyrak, qayt orqangga!» dedim. Avval zarda bilan, keyin yig’lab yalindim. «Ziyrakjon, qayt… Qaytaqol, Ziyrakjon…» dedim. Koshki, qaytsa… U faqat bir martagina, yarim yo’lda men tomonga qayrilib qaradi, xolos. Keyin chirt o’girilib, egasi yoniga ketib qoldi…
Itini ergashtirib g’olibona qadamlar bilan ketib borayotgan o’sha odamning izidan qarab qolar ekanmiz, otam ikkimiz allaqanday cho’kib, mung’ayib qolganday edik. Chin, shu paytgacha olamda tengsiz bahodir sanaganim – otam shu taqlid aybdoroni qo’l qovushtirib turishlari bilan, ilk marta menga ojiz va notavon tuyilib ketdi. Yig’lamasam ham o’z-o’zidan yosh dumalab tushayotgan ko’zlarim bilan bir otamga, bir itini ergashtirib ketayotgan haligi odamga qaradim-u, hovlimizga otildim…
O’sha kuni ochlik e’lon qildim. Enam kechki ovqatga chaqirsa bormay, uyga kirib arazlab yotdim. Ko’z yoshimdan ho’l bo’lib ketgan yostiqqa yuzimni bosib yotar ekanman, «Nomard ekansan! Nomard! Hayf senga bergan shuncha ovqatim, hayf shuncha erkalaganlarim!..» deb itni so’kardim nuqul. Mening bu koyinishlarimni eshik tirqishidan eshitib turganmidi yo nima o’ylayotganimni sezganmi, bilmayman, bir vaqt enam yonimga kirib keldi.
− Qo’y, ulim, yig’lama, − dedi boshimni silab. – Zo’r ekan iting… Qara-ya, qancha paytdan beri ovqat berib qarashsang ham, o’z egasini unutmabdi… Boshing omon bo’lsa, shunaqasidan yana toparsan…
Enamning o’shandagi boshini egib, yuzimga achinish bilan termilganini eslar ekanman, ich-ichimdan chiqqan olovli nafas dimog’imni kuydirib o’tdi. Kim bilsin, chindan ham balkim o’sha it Sadafdan yaxshiroqdir? Sadaf bilan Mo’mindan yaxshiroqdir o’sha it?! Shu chog’da ko’cha tarafda simyog’ochning uch marta taqillagani eshitilmaganda, kim bilsin, men ho’ngrab yig’lab yuborishim mumkin edi. Nima balo, Qodir bilan Mirza yarim tun bo’lmasidan kelishdimi dedim shoshib ko’zlarimdagi namni artarkanman. Yo men shuncha payt o’y surib qoldimmi? Ma’lum vaqt oralig’ida simyog’och yana uch marta «jarang sochgach», sekin sirg’alib yopinchiq tagidan chiqdim. O’rnimga yostiqni tiqib, biroz uringan edim − g’ujanak bo’lib uxlab yotgan odamga o’xshadi qoldi.
Otam enam va singlim uxlashayotganiga ishonch hosil qilgach, paypaslanibgina so’ridan tushdim. Ohitsa yurib darvozamizgacha bordim-u, undan u yog’iga yugurib ketdim. Simyog’och tagida meni kutayotgan oshnalarimning oldiga borganimda, Qodir qo’ltig’iga allanarsa qistirib olgan, Mirzaning esa qo’lida nimadir bor edi. Kelishim bilan u:
− Nega kechikib qolding? – deya jerkinmoqchi edi, Qodir:
− O’chir, ovsar! O’zing kelishilgan vaqtdan uch soat oldin hammani uyg’otib chiqayapsan! – deb uni qayirib tashladi.
Mirza bosh qashiyman deb qo’lini ko’targandagina, tuning g’ira-shirasida u ushlab olgan narsa velosiped bo’yashda ishlatiladigan cho’tkachalar ekanini bildim. Hammasi ravshan: Qodirning qo’ltig’idagi bo’yoq qutisi!
− Uzr, oshnalar, hech vaqt o’tavermadi, − dedi Mirza xijolatpazlik bilan. – Shu desalaring, nimanidir rejalashtirsam bo’ldi, uyqum o’chadi! Anavining qo’rqoqligiyam toza jahlimni chiqardi-da…
− Gaping chin, − ma’qulladi Qodir. – Aslida tashlab qochmasdan, Sadafning otasidan hayiqdim yo qorong’ida qo’rqaman desayam uni birov majburlamasdi. To yettinchi sinfgacha qorong’ida siygani chiqishga qo’rqishini hammamiz bilardik-ku!
Handalakning tilimiga o’xshab ketadigan oy bulutlar orasidan poyloqchilik qilayotgan odamday mo’ralab turardi. Biz uydan qanday chiqqanimiz haqida past ovozda gaplashib, sekin-sekin Sadaflarning ko’chasi tomonga keta boshladik. Shunda o’zimda Sadafdan o’ch olish istagi negadir so’na boshlaganini, u mardona tuyg’ularim o’rnini sarosima va tahlika kabi tuban hissiyotlar egallay boshlaganini sezdim. Go’yo gaplariga quloq solgan kishi bo’laman-u, g’ira-shira ko’rinayogan yuzlariga termilib oshnalarimning ham ichida nima o’ylayotganlarini bilib olishga urinaman. Eng ko’p e’tiborimni Mirzaning xatti-harakatlari, gap-so’zlari tortdi. Mirza menga o’xshab qo’rqmayotganga, bu ishni tezroq oxiriga yetkazib, tezroq xotirjam tortmoqchi bo’layotganga o’xshab tuyildi nazarimda. Ha, Qodir dovyurak bola, lekin vijdonlilik va tirishqoqlik borasida baribir Mirzadan ortda qoladi. G’aroyib kuyinchaklik bor Mirzada. Hamma narsani tez qabul qilib, tez unutadi. Biror ishni boshlaganda-chi, to tugatmaguncha o’ziyam tinchimaydi, boshqalarniyam tinchishiga qo’ymaydi.
Esimda, uch-to’rt yilcha oldin bir gal u sinfimizga rangi quv oqargan, qovoqlari kirtayib, ko’zlari olaygan holatda kirib kelgandi. Ehtimol, siz odamning bir kunda bunchalik o’zgarib, ozib-to’zib ketishini ko’rmagan bo’lsangiz kerak. Bunday holatni axir o’zim ham bir marta – faqat o’shanda ko’rganman. U paytlari o’qituvchimiz halicha «Sen to’rtalang biriksang, bir boyqushlikni boshlaysan» deb to’rtalamizni sinfning to’rt burchagiga o’tqazib qo’ymagan, men Mirza bilan, Qodir Mo’min bilan, yana ot aravaga mingashganday oldinma-ketin partalarda o’tirar edik. O’shanda bir ko’rishdayoq Mirzaga biror narsa bo’lganini bilgan esam-da, men hech narsani sezmayotganday pismiqlanib uni kuzata boshladim. Mirza esa g’am va charchoq to’la nigohlarini mo’ltiratib, hamma narsaga loqayd bir kayfiyatda o’tirar, shu holida ishtonini ho’llab qo’yganini aytishga cho’chiyotgan go’dakka o’xshardi.
Yomonroq ish bo’lganiga aniq ishonch hosil qilganimdan so’ng, orqamga qayrildim-u, Qodirning qulog’iga shipshidim:
− Qara… Mirzani kimdir urgan bo’lsa kerak!
− Yo’g’ay?.. – Qodir avvaliga ajablanib Mirzaga ko’z tashladi, keyin afti vajohatli tus olib, birdan mushtlarini tugdi: − Senga aytmadimi, kim ekan o’sha «polvon»?!
Qodirning balandroq ovozda gapirib yuborganidan xavotirlanib Mirzaga qaragan edim, Mirza hamon o’sha-o’sha po’sti shilingan so’taqo’ziday shumshay turgan ekan. Biroq Mo’min gapimizni eshitib, oraga suqildi.
− Otasi urgandir-da, − dedi u. – Boshqa bo’lganda o’ziyam aytardi-ku.
− Unday bo’lsa, chatoq… − mushtini ishlatolmasligidan afsuslanib, qovoq uydi Qodir. – Otalarga hech kimning kuchi yetmaydi! Otalar dunyodagi eng kuchli odam! Mayli, ketishimizda o’zimizning tut tagida so’rab ko’raylik-chi, nimaga urdiykin otasi.
Darslar tugagach, Qodir aytganiday biz Mirzani o’zimizning tut bilan toshimiz yoniga boshlab bordik. Undan nima gap ekanini so’ragan edik, Mirza gapirish o’rniga izillab yig’lab yubordi.
− Oshnalaar… – deb aytdi yig’i orasida. – Men… O’gay ekanman!
Bu yangilikdan uchalamiz ham hangu mang bo’lib, og’zimizni yopolmay qoldik. Mirzaning izillab past tovushda yig’lashi, katta gunoh ish qilib qo’ygandek ko’zlarimizga qaray olmasdan boshini egib turishi bizni chunonam hayratga solardi. Shunda ham birinchi bo’lib Qodir o’zini tutib oldi.
− O’ylab gapirayapsanmi?! Qanaqasiga o’gay bo’lishing mumkin? Bu gap qayerdan chiqdi? – so’radi tajang bo’lib.
− Shunaqasiga, oshnalaar… – Mirza battar ezilib, battar egilib shing’illagancha javob qaytardi. – Qulog’im bilan eshitdim. Kecha maktabdan qaytganda uyga kim keldi ekan deb eshikka qulog’imni tutsam, enamning mehmonga kelgan dugonasi shunday dedi. «Asrab olgan uling katta bo’b qolgandir», – deb aytdi…
Ana, gap poylashning oqibati! Mirzaning ota-onasiga o’gay bo’lib chiqayotganidan emas, uning izillab yig’lashi va qayg’uli ahvoliga rahmim kelib, xafa bo’lib ketdim. Mo’minning ham titroq nafas bilan, burnini sho’rqillatib tortgani eshitildi.
− Mirza, oshna… Oshna qo’ysang-chi… − dalda berishga oshiqdi Qodir. Mirzaning shundog’am mayishib borayotgan yelkasiga qo’l tashlab, osilib oldi. – Mayli-da… Baribir ota-enang bor-ku! Yo ular senga uydan ket deb urishayaptimi?!
Halicha izillayotgan Mirza bu daldadan keyin azza-bazza arillab yig’lashga tushdi. Qodir xato gap aytganini tushunib, Mirzaning yelkasidan qo’lini olarkan, Mo’min ikkovimizga aybdorona qaradi. Endi Mirza ho’ngrab, ko’ksidagi bor nafasi bilan xo’rsinib-o’ksib yig’lar, biz unga ko’zlarimizni javdiratib, hamdardlik bilan qarab turishdan boshqa chora topmas edik.
Oradan qancha fursat o’tdi, esimda yo’q, bir mahal Mirzaning ko’z yoshlari qurib, bir nuqtaga qaragancha jimib qoldi. Odam ko’z yoshlarini artmasa-yu, u yuzida qurisa, idishdagi suvning mavjlanishini eslatuvchi ko’zlari esa yig’idan toliqib, bir nuqtaga qarab turaversa, juda qo’rqinchli ko’rinar ekan.
Uning tinchib qolganini ko’rib, Qodir yana dalda berishga urinib ko’rdi.
− Oshna, sen yaxshisi bilganingni bildirma, − dedi aqllilik bilan. – Agar bilganingni bildirsang, ular buni bilib qolishadi. Shunga biz ham hech kimga bildirmaymiz.
Mo’min ikkalamiz Qodir asli qanday aqlli gap aytmoqchi bo’lganini uncha tushunmasak ham, shoshib uning gapini ma’qulladik. Mirza esa, o’zimiz bilgan tinib-inchimas, o’jar-qaysar Mirza esa, ayni paytda ammamning buzog’iday yuvosh tortib qolgan, kim nima desa bo’ynini solintirib turaveradigan siyog’i bor edi.
Qodir tantanovor qilib endi Mirzanini hech qachon yolg’iz qoldirmasligimiz kerakligini e’lon qildi, chunki haqiqiy oshna shunday og’ir kunda bilanar ekan. Ushbu talabga Mo’min ikkovimiz jon-dilimiz bilan rozi bo’ldig-u, lekin Mirzaning o’zi bundan ko’ngli to’lgani sezilmasdi.
Shu kundan boshlab uchovlon o’z so’zimizga binoan tushki o’n ikkida Mirzalarnikiga borib uni maktabga yetaklaydigan, maktabda ham nuqul atrofida girdikapalak bo’ladigan, darslardan so’ng yana birgalashib uyiga qo’yib qaytadigan odat chiqardik. G’amgin va indamas bo’lib qolgan Mirza bundan mamnun bo’lsa kerak, har qalay yetovimizdan bosh tortib, norozilik bildirmas edi. Bular barisi esa shunday g’alati tarzda yakun topdiki, eslasam, menga haliyam biz oshnalarga nimalardir anglashilmay sir bo’lib qolganday tuyilaveradi…
Yakshanba kuni katta ariq bo’yidagi tolzorda o’ynab yurgan edik, g’ovak ichidan chumchuqbolaning qattiq chirqallagani eshitildi. Bizning chumchuqlarni o’ldirmaslik, chumchuq poloponlariga zarar bermaslik to’g’risida bitimimiz bor edi.
− Chiqarib, nega chirqillayotganini ko’ramiz-u, yana joyiga solib qo’yamiz! – dedi Qodir o’sha bitimni eslatmoqchi bo’lganday. Keyin qo’lini tirsagigacha tiqib, g’ovak ichidan bir varakayiga uch-to’rtta polaponni chiqarib oldi. Lekin, afsuski, polaponlarning uchtasi allaqachon nobud bo’lib, mayda qumrsqalar yopisha boshlagan, ulardan faqat bittaginasi tirik, u ham bo’lsa, og’zini katta ochib, jon talvasasida yemish so’rardi…
− Onasi bilan otasini birov ushlab olgan bo’lsa kerak… – dedim men xomush tortib.
− Ilon tutib yegan bo’lishi ham mumkin… – Qodir qoshlarini chimirib, labini tishladi. – Qani shu yerda bo’lib qolsa, tayoq bilan urib, boshini yanchardim!
− Oshnalar, bitta yo’li bor! – dedi shunda Mo’min hovliqib. – Cherdagimizda chumchuq bola ochgan. Enam chiqarib, bosib qo’ygan supurgilarning shundoqqina tagida. Buni olib borib, o’sha inga solib qo’ysak-chi?!
Mo’minning rejasi yomon emas edi. Uchovlon endigina temirqanot bo’lishga ulgurgan qorni och polaponni olib, ularnikiga yugurdik. Ota-onasiga o’gay ekanini bilgan o’sha kundan beri biz nima ish qilsak, befarq qaraydigan Mirza ham, lo’killabgina ortimizdan ergashdi. Ammo galalashib cherdakka chiqqanimizda, Qodir polaponni tez uyaga joylashtirish o’rniga o’ylanib, biroz turib qoldi.
− Ma, oshna, − dedi, istar-istamas qo’lidagini Mirzaga uzatar ekan. – Mayli, bu ishni sen qila qol.
Mirza bundan xursand bo’lmasa ham, lekin rad etmadi. Ming mashaqqatlar bilan emaklab borib, polaponni qo’lbola supurgilar bosib qo’yilgan joyga − chumchuqning ko’zga tashlanib turgan ini oldiga qo’yib keldi. Aynan shu paytda bezovta chirqillab ona chumchuq ham paydo bo’ldi.
− Tss! – deb ko’rsatgich barmog’ini labiga bosdi Qodir. – Qani, hamma kartonlarning panasiga, endi yemish yedirishini ko’ramiz!
Biroq bizning mo’ralab turishimizdan seskangan chumchuq ancha palla chirqillab, polaponlari oldiga bormadi. Qimir etmay turaverganimizdan keyingina yomonlik qilmoqchi emasligimizni tushundi chog’i, nihoyat borib ini labiga qo’ndi. Kutilmaganda haligi begona polaponni cho’qilab, uyasidan chiqarib tashlashga urina boshladi. Ammo begona polapon hadeb uyaga qaytib kirishga tirishar, ona chumchuq tumshug’i bilan deyarli qoniga bo’yab tashlagan bo’lsayam, uyani tark etgisi kelmasdi… Bunday adolatsizlikka chiday olmagan Qodir sapchib o’rnidan turgan ediki, biz kutilmaganda Mirzaning «piq-piq» etib yig’layotganini eshitdik…
Mirza piqillagancha narvondan tushib jo’naganda uning ortidan hech baloga tushunolmay garangsib qarab turar edik.
− Tegmanozik bo’lib qoldi! Salga yig’layveradi! − dedi Qodir ranjib.
− To’g’ri! – Qodirning gapini ma’qulladim men. – Ota-enasiga o’gay bo’lib chiqqanidan xafaman, lekin o’ziyam bunday erkalik qilavermasin-da!
− Oshnalar, men kecha Mirzalarnikida yotib qoluvdim, − gap yetkazishni qoyillatadigan Mo’min naq quloqlarimizga kelib pichirladi. – Enasi bilan otasi Mirzani tobi yo’q, ichida qurti bo’lsa kerak, do’xtirga olib boramiz deyishdi… Ichida qurti borligi rost bo’lsayam, menimcha, Mirza bizni aldagan, u – o’gay emas.
− Nimaga bunday deyapsan? – beixtiyor, xuddi Mo’minning o’ziga o’xshab pichirlab so’radim men.
− Bildim-da! Otasi bilan enasi uniyam, ukalariniyam siz-sizlab yotibdi… O’gay bo’lsa, sizlarmidi?
− Qo’ysang-chi, − Mo’minni biror kattaroq sir-asrorni bilib olibdi deb o’ylaganim uchun hafsalam pir bo’ldi. – Mirzaning enasi hammani sizlaydi o’zi. Mana, meniyam, sen ikkalangniyam sizlab gapiradi hamisha.
− Mo’min to’g’ri aytadi! – negadir mendan bo’lakcha xulosa yasadi Qodir. – Ena-otalar hammani sizlashi mumkin, baribir o’gay bolasini sizlamaydi… Adabiyot kitobimizdagi «Olqor» hikoyasi eslaringdami, qancha qiynaydi o’gay ota-onasi?! Shu aldaganiga yana birga o’ynaylik deb kelsin, Mirzaning ta’zirini berib qo’yaman!
Biz avval Mirzaning ko’ngliga qarashga qanday tantanavor qasamyod qilgan bo’lsak, Mirzani qaytib erkalatmaslikka ham o’sha kuni xuddi shunday dabdaba bilan kelishib oldik. «Agar endiyam burnini sho’rqillatib yig’laydigan bo’lsa, mushtimdan yeydi!» deb aytdi hatto Qodir.
Ammo… Ammo chamasi biroz shoshgan ekanmiz. Mo’minlarnikida tushlikka uning enasi tayyorlagan chalopni ichib, uch oshna kattakon to’shakda dumalashib yotgan edik, to’satdan xonaga Mirzaboy kirib keldi.
− Oshnalaaar… – dedi u yovvoyi qarash qilib turganimizga parvo qilmasdan xush-xandon iljayarkan. Hech kim eshitmayaptimikin deganday bir-ikki orqasiga alanglab oldi:
− Oshnalaaar.. Oshnalaar, enam o’zimni enam ekan!
Mo’min ikkovimiz o’z-o’zidan tirjayib uni tabriklamoqchi bo’lib turgan edik, Qodirning imlab qo’ygani hushimizga qaytardi.
− Bir boshidan gapir, nimaga bunday deyapsan? – so’radi Qodir qovog’ini ochmasdan.
Mirza battar iljaydi, yaqinimizga bo’ynini egib keldi:
− Shu… Boya borib enamdan so’radim… Asrab olganlaringiz rostmi dedim. Enam qotib qoldi! Haykalday qotib, ranglari ham oqarib ketdi! Yana so’raganimdan keyingina «Kim aytdi, ukangni asrab olganimizni senga kim aytdi?!» deb so’radi. Men, «Aldamang, ukamni emas, meni asrab olgansizlar, dugonangizning gapini o’z qulog’im bilan eshitdim», dedim. Yig’lab yubordilar shunda.. Keyin kuldilar… Qasamlar ichdi, «Hech qaysingni asrab olganimiz yo’q, bolaning asrandisi bo’lmaydi», deb aytdi!..
O’shanda Mirza zavqu shavq bilan, o’pkasi va og’zi to’lib gapirar ekan, shu egilib turgan holida bo’yi ikki-uch metrcha o’sib ketganga o’xshar, ayni paytda Qodirdan musht yeb qarab turadigan yuvosh bolaga sira o’xshamasdi. Mirzaning bu shashti cho’chitib qo’yganmidi yo hammasi yaxshilik bilan tugaganiga xursand edimi, har nechuk Qodir ham yumshab, tishining oqini ko’rsatishga majbur bo’lgandi…
Lekin oradan yillar o’tib ulgurgan, «Mirza rostdan asrandimi? Umi o’zi asrandi yoki ukasimi?» kabi savollar hozir bizni ortiq o’ylantirmay qo’ygan, hatto bu gaplar Mirzaning o’zining ham balki esidan chiqib qolgan bo’lsa kerak. Shu fursatda esa biz uch ajralmas oshna – «Uch mushkityorlar» tun qorong’isida intiqom olish uchun ketib borardik. Ertakdagi mushkityorlarning qilichi bo’lsa, bizda bo’yoq cho’tkalari bor, mana shuning o’ziyaq uchovimizning ulardan botir ekanmizning isbotlab turibdi! Faqat tun endi ko’zimga g’ujanak bo’lib yotgan qora devga o’xshab ko’rinar, miltir-miltir qilayotgan yulduzlar go’yo uning sanoqsiz ko’zlariday meni vahimaga tushirayotgan edi…
Biz Sadaflarning ko’chasiga yaqinlashganimiz sari qadam olishimiz sekinlashayotganini, gurungimiz mavzusi ham maqsad qolib ortiqcha bir yoqlarga uloqib ketayotganini payqab qoldim. Oxirgi muyilish yoqasida esa, Qodir yurishdan to’xtadi.
− Oshnalar, shu yerda gartak dam olamiz, − dedi so’ng sir boy bermaslikka urinib, azza-bazza cho’nqayib o’tirib olarkan. – Oyoq ham uvishdi, voy-vuy, hamma joyim-ay…
Mirza ikkimiz ham Qodirning yon-veridan cho’nqayar ekanmiz, sukut saqlab, qorong’ida nuqul bir-birimizning kinodagi habashlar ko’ziga o’xshab yiltirayotgan ko’zlarimizga qarar edik. Pismiqqina emasmanmi, men shu yerda o’zimni ko’rsatishning zap o’rni kelganini tushundim.
− Chin, ozgina oyoqqa dam beraylik, − dedim quvlik bilan. – Bu yog’i Sadaflarning darvozasiyam ko’rinay deb qoldi…
Bu gapimdan keyin Mirza ko’zlarini olib qochdi, Qodir o’tirgan joyida so’naribgina qoldi. Mening ko’nglimdan esa «O’l ikkoving! Sadafning bu gaplardan xabardor ekanini bilmay shuncha, oranglarda eng dovyuragi o’zim ekanman-ku!» degan fikr kechdi.
− Mirzaboy, bo’yoqni ochavermadik-da, − deb temirni issig’ida bosdim shunga. – Sadafning otasi chiqib… tag’in shoshib qolmaylik.
Ammo Qodir baribir Qodir ekan.
− To’g’ri aytasan! – deb ayyorlikda mendanam o’tib tushdi u. – Ma, unda sen ochaver. Manavi bo’yoq, manavinisi poki!
Aslida men bo’yoqni ochishga jur’at etmasam, oshnalarim ham uni ishlatishga haddlari sig’masligi aniq edi. Lekin g’ururim ustun keldi, Qodirning qo’lidagi narsalarni olishdan tiyila olmadim… Poki bilan bo’yoq idishi og’zidagi gardishni qirqa boshlaganimda, oshnalarimning nigohi o’ljasini poylayotgan mushukning ko’ziday o’t sochayotgan edi. Ko’p o’tmay, atrofga bo’yoqning hidi anqib, idish ichidagi suyuqlik tovlanib ko’zga tashlandi…
− Qizili… – dedi Mirza shunchaki nimadir deyish zaruratini tuyib. – Bir chizilsa bas, o’lsayam o’chmaydi.
Keyin hammamiz bir qancha payt jimib va tinchib qoldik. Shunda Qodir odatdagi va’zxonlik mas’uliyatini o’z zimmasiga oladigan fursat kelganini bildi chamasi.
− Kunduzi nima deb qasam ichganimiz eslaringdami, oshnalar? – dedi u past ovoziga qat’iyat berisha tirishib. – Biz xiyonatni kechirmaymiz! Sira-sira kechirmaymiz! Hayosiz, riyokor qizning ta’zirini beramiz!
− Moxovga oshna qilamiz, − deya go’yoki kesatganday hafsalasizgina luqma tashladi Mirza. Uning ovozida tushkunlik bo’lgani uchun ham Qodir o’zini eshitmaganday tutdi.
− Ko’z oldilaringga keltiringlar u nima qilganini! − dedi o’z gapida davom etarkan. – Qancha payt bizning yaxshi ko’rishimizni bilib, bilmaslikka olib yurgan bu pismiq qiz nima qilib qo’yganini o’ylanglar! O’sha daftardagi besharm, buzuq gaplarini eslanglar axir! Shunga chidab bo’ladimi?!
Mening esa… Mening esa ko’z oldimdan negadir o’sha mash’um daftar emas, huv kasal payti borganimizda rangpar yanoqlari qizarib, ko’zlarimizga qaray olmasdan eski chit ko’ylagining choklarini o’ynagan Sadaf keldi. Mirzaga qarasam, Mirza ham xatni o’ylayotganga uncha o’xshamas, bejo tortib turishidan, ko’proq Sadafning otasi haqida o’ylayotgandek edi.
Shunda… Shunda o’z gaplaridan o’zi ilhomlangan Qodirning kasali qo’zidi! Qahramonlik degan kasali qo’zidi! Senlarga gap hayf deganday shitob o’rnidan turdi-da, mening qo’limdan og’zi ochiq bo’yoq idishini, Mirzaning qo’lidan cho’tkani tortib olib, Sadaflarning uyi tomon keta boshladi. Bu fursatda Mirza ikkimizga Sadaflarning uyi tomon qora tortishdan ko’ra yo’lboshchimiz Qodirsiz mana shu joyda qolish vahimaliroq edi.
Tez-tez yurib borayotgan Qodirning orqasidan biz ham yo’rtib ergashar ekanmiz, Mirza ikkimiz qay jihatlarimiz bilandir bo’ynidan ip bog’lanib yetaklanayotgan qo’ylarga o’xshab ketardik.
Bizdan uch qadam oldindagi Qodir Sadaflarning tanish darvozasi yaqiniga kelib ortiga o’girilganda, hilol nurlari uning ayovsiz va mardonavor yuzini yoritib yubordi.
− Biz xiyonatni kechirmaymiz! – deb aytdi u.
Nihoyat endi orqaga qaytishning imkoni yo’q edi! Men Mirzaning qo’lidagi cho’tkalarning birini olib, uni mushtumimda siqarkanman, tutilibgina Qodirning so’zlarini takrorladim:
− Biz… xi…yonatni.. kechirmaymiz!
− Kechirmaymiz! Hech qachon kechirmaymiz! – shivirlab jo’r bo’ldi Mirza ham.
Ko’zlari yonib, vujudi titrab, kamoli hayajon bilan turgan Qodir Sadaflarning sirlanganday oppoq tovlanib turgan darvozasiga tiqilib bordi-da, cho’tkani qizil bo’yoqqa botirib, bugun kunduzidan beri Sadafni shuncha haqoratlab aytishga haddimiz sig’magan juda xunuk bir gapni hijjalab yozdi: «Sadaf j…»! Men bu xunuk gapdan dovdirab, bir qur o’zimni yo’qotib qo’ygan bo’lsam ham, darrov hushimni yig’ib oldim. Tishimni tishimga bosib, ichimdagi bor nafratim, bor jur’atimni to’plab, borib Qodir yozgan gap oldidan undan ham besh battar so’z yozdim… va… va shu payti ko’zimdan bir tomchi yosh dumalab ketdi…
Mirzaning ko’z oldimda darvozaga uzangan qo’llari yomon qaltirardi. Bilsam, u ham menga o’xshab yig’layotgan ekan. Sinchiklab qaradim, Qodirning ko’zlarida ham yosh… Oxiri… Oxiri biz uchovimiz ham ochiq-oshkora yig’lab yubordik! «Xiyonatni kechirmaymiz!» deya pichirladik uchovimiz ham… Nafratu hayajon, shiddatu qo’rquv bilan o’qib to’ng’iz tuk tashlaydigan eng jirkanch gaplarni darvozaga muhrlashga kirishib ketdik. Yozdik, yozaverdik, sira to’xtamadik!.. Bir payt Qodir qo’lidagi cho’tkani shart yerga tashladi-da, bizlarni qoldirib ura qochdi. Mirza ikkimiz ham uning ketidan yugurar ekanmiz, ko’ksimga urilib, oyoqlarimga chirmashib ortda qolayotgan shabada mening yodimga beshinchida o’qiydigan paytimiz huv o’sha piyoz polizidan haydalganimizni solar edi…
Ha, hamma voqea xuddi shunday bo’lib o’tdi! Kecha tunda uchalamiz tiraqaylab qochib o’z-o’z uyimizga kirib borgan, bizning nima jinoyat qilganimizni esa, menimcha, hech kim payqamagan edi. Boshqalarni bilmadim, shaxsan men tuni bilan uxlamasdan yurak hovuchlab chiqdim, shuning uchun ham hozir qizargan ko’zlarim bilan goh oshnalarimga, goh qirq qadamcha narida gerdayib turgan Bo’tayevga javdirab qarar edim.
− Nima deb o’ylaysilar… – dedi rangi oqarib borayotgan bo’lsa-da, so’nggi nafasigacha bodichiligini saqlab qolishga urinayotgan Qodir o’zini tetik ko’rsatib. – Sadafning otasi bizni ursa… uchastkavoy oracha qilarmikin?
− Albatta-da! – dedim men alamli kinoya bilan. – Oracha qiladi, keyin peshanalarimizdan bittadan o’pib, uchalamizga «Faxriy yorliq» beradi!
Bu gapimdan so’ng Mirza chaqchaygan ko’zlarini Bo’teavdan uzmasdan, oyog’i tagiga ham qaramay surinib-toyinib qochib jo’nadi. Zora, shu jonkuyarligim jonimga oro kirsa deb endi uni tutmoqchi edim, Qodir bilagimdan qisdi.
− Qo’y, ketaversin, − dedi gapga uncha qovushmayotgan lablari bilan shivirlab. – O’zing tushunasan-ku, kimning aybi bo’lsa, o’sha qochadi!
− Buzoqning qochgani somonxonagacha! – o’shqirdi ayni shu paytda Bo’tayev. – Jo’jalaring qochgan bo’lsayam, sen xo’roz bilan tovuq aslo qocha ko’rma! Bugun qo’limdan baribir qutula olmaysanlar!
Ko’tarilma, gurrilik tan-joniga singib ketgan Qodir o’zini xo’roz deb atashganidan shu yerdayam ilhomlanmay qolmadi. Orqasida birov sekinlik bilan surayotganday sudraklanib, Bo’tayevning yoniga keta boshladi. Men ham xuddi shu taqlidda uning ortidan ergashdim. Bo’tayevning halitdan ko’p sonli dushmanlarini yanchib tashlagan qo’mondonday sevinayotgani ko’rinib turar, bizni sinfxonaga tezroq olib borishga oshiqayotganini yashirib uddasidan chiqmas edi.
Ammo u quloqlarimizdan tortib sinfxonaga olib kelganda sinfdagi manzara biz kutganimizdan anchayin o’zgacha ekan. Ya’ni Mo’min doskada enasi bilan birga turar, Sadafning otasi bilan uchastkavoy deraza oldida qaqqayishgan, qolgan bolalar joy-joylarida. Hatto Sadafning o’zi ham biroz ajabsingan, xafa bo’lgan, ammo ma’naviy o’lish u yoqda tursin, baloyam urmagan bir tusda o’z joyida o’tiribdi.
Mo’minning doskadaligini ko’rgan Qodir men bilan ko’z urishtirib olganida unda ortiq bodilikdan asar qolmaganini ilg’adim. Va ayni damda o’zimning ham ichimga o’t tushdi: «Mirzaga to’nkashdan foyda yo’q, Mo’min hozir barimizni qo’shib sotadi!» Ko’zlarim bilan meni ayta ko’rma deb imo-ishoralar qilayin desam, kamiga u yerdan bosh ko’tarmaydi – ehtimol, mudhish sotqinlikka o’zini shunday tayyorlayotgandir…
− Xullas, hali aytganimday, Mo’minboyning o’zi shunday qilmaydi, − Bo’tayev tomdan tarasha tushganday gap boshlab, Qodir bilan menga qo’lini bigiz qildi. – Uni yo’ldan ozdiradigan asli bular bo’lgan! Buzmakorchiliklarni doim bular boshlaydi-yu, kasriga shu yuvosh bechora qolib yuradi o’zi. Siz Mo’minni emas, oldin bularni so’roq qiling, hurmatli uchastkavoy!
Bo’tayev balki o’zini biror kattakon sud majlisidagi qoralovchiman deb o’ylayotgandir, lekin uchastkavoy hozirgi holatida sud hakamidan ko’ra qiyin tenglamani yechishga qiynalatyotgan matematika o’qituvchisiga o’xshab ko’rinardi. U peshonasini tirishtirib bizga nomigagina qaragach, yana ko’zlarini bosh egib turgan Mo’minga lo’q qildi.
− Unday demang domillasi, − xavf sezgan ona tovuqdan tipirchilab qoldi Mo’minning enasi. – Oshnalarini ham bir varakayiga aybdor qilmang-da. Mo’minjon bu ishni bilmay qilgan… Shunday degin, Mo’min, ayt o’zing, bolajonim, bilmasdan qildim degin, − deb o’g’lini qistalang qila boshladi.
Xudo urdi degan xayoldan tizzalarim qaltirab ketdi. Hozir gapni Qodir ikkovimizga loy chaplashdan boshlaydi, keyin esa sho’rqillaydi, sumrayadi, xullas, o’zi oppoqqina bo’lib oladi deb vahimaga tushdim.
– Bilmasdan qilgan bo’lishi mumkin, lekin men nimaga bunday qilganiga haliyam tushuna olmayapman, − baxtimizga Mo’minning tilga kirishiga yo’l qo’ymay gap boshlab qoldi Sadafning otasi. – Hammasi g’alati… Tong otishiga ancha bor edi. Ko’nglim bir narsani sezib tashqariga chiqsam, darvoza tarafdan «tiqir-tiqir» ovoz eshitildi. Tayin gapki, o’g’ri deb o’yladim! Darvozaning osonlikcha ochilmasligini bilganim uchun, uyning ortidagi devordan oshib, asta pisib keldim… Qarasam, shu! Qishloqning nargi chekkasidan bir o’zi qorong’ida kelishga qanday qilib qo’rqmadi ekan, asti hayronman…
Men endi qo’rquvni ham unutib, ajablangan kuyi bir Mo’minga, bir Sadafning otasiga qaradim. «Nimalar deyapti bu odam? Axir Mo’min biz bilan bormagan edi-ku? Bizdan oldin bordimikin, keyinmi?! Keyin borgan bo’lsa, u yerda nima qilgan?!..» kabi sanoqsiz savollar ongimda g’ujg’on o’ynay boshladi.
− Xuddi siz aytganingizday, men uchun ham juda g’alati, − uchastkavoy ensasini qashib, gapga aralashdi. – Ish faoliyatimda bunaqa voqeani hali uchratgan emasman… Tutqanog’i yo’qmidi o’zi bu bolaning?
− Yo’q-yo’q, hecham unday emas! – Mo’minning enasi qo’rqib ketib, uchastkavoyga javdiradi. – Hozir o’zi aytadi… Mo’min, nega bunday qilganingni tushuntir, bolam? Yana seni tutqanoq ekan degan gaplar tarqab yurmasin… Yo… Yo Sadafdan xafamiding, jon bolam?
Shu payt Mo’min ortiq paysalga solmay, go’yo hamma jumboqqa nuqta qo’ymoqchi bo’lganday kutilmagan bir jur’at bilan boshini yerdan adl ko’tardi.
− Xafa emasdim! Men Sadafdan sira-sira xafa emasdim! – deb aytdi o’ziga unchalik xos bo’lmagan ham qat’iyatli, ham ezg’in bir ohangda. Ajablanarlisi, u bu gaplarni aynan Sadafga qarab turib aytdi – bamisoli sinfda undan boshqa birov yo’qday, bamisoli Sadafning o’zigagina hisob berishi kerakday…
− Unda nega benzin bilan yuvib, darvozaning bo’yog’ini ko’chirding axir?! Kim bilsin, balki uyni yoqmoqchi bo’lgandirsan?! – so’radi uchastkavoy.
− Men darvozani shunchaki… Shunchaki boshqatdan oqqa bo’yamoqchi edim!
Mo’minning yuz-ko’zlarida g’ayrioddiy ifodalar bilan Sadafga tik boqib aytgan ushbu gapidan butun sinf sharaqlab kulib yubordi. Bu kulgi orasida esa Sadafning sayroqi qushchalar ovoziday yoqimli va jarangdor kulgisi ajralib turar, uning Mo’minning nigohlariga termilgan qiyg’och ko’zlari zavq, minnatdorlik va nomini men tanib bilmaydigan allabir sirli tuyg’ularga to’la edi…

2019 yil, 1 – 21 avgust

“Yoshlik” jurnalining 2020 yil 5-6 sonlarida bosilgan.

033

(Tashriflar: umumiy 425, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring