Jamol Kamol. Shayxur-rais. Doston

07 Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг дунёга машҳур бобокалонимиз Абу Али ибн Синога бағишланган янги достонини мамнуният билан тақдим этар эканмиз, устоз адибга сиҳат-саломатлик, янги асарлар тилаб қоламиз.

Жамол КАМОЛ
ШАЙХУР-РАИС
Достон
07

09 Жамол Қамол 1938 йили Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Читкарон қишлоғида туғилган. Ота-онадан эрта айрилгач тоғаси қўлида тарбия кўрди. Бухоро педагогика институтининг  тарих-филология факультетида таҳсил олди. Ўқишни тугаллаб, шу ерда ўқитувчилик қилди. “Бухоро ҳақиқати” вилоят газетасида (1965-1969) ишлади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант бўлиб, “Лирик шеъриятда композиция” деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлади (1969-1972). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими масъул котиби (1970-1972), кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимларида фаолият олиб борди.

     Унинг “Олам кирар юрагимга” номли биринчи шеърий тўплами 1968 йилда чоп этилди. Шундан сўнг  “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1971), “Тош туғён” (1973), “Ҳасан ва ой” (1974), “Қуёш чашмаси” (1975),  “Достонлар” (1978),  “Тафаккур” (1979), “Сувайдо” (1983), “Умидли дунё” (1988) тўпламлари, “Армон”, “Варахша”,  “Эшикдаги ой тўлқини”, “Тош туғён”, “Шаҳрибону” каби достонлари нашр  этилди.

   Вильям Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Антоний ва Клеопатра”, “Қиш эртаги”, “Венеция савдогари”, “Қирол Генрих IV”, “Макбет” каби ўндан ортиқ драмаларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди.

    Сўнгги йилларда  унинг  “Аср билан видолашув” (Сайланма, 2007), “Яна кўнглимда уч ой” (2010), “Сафар дафтари” (2012), «Бош устина, бош устина» (2016)  сингари бир қатор асарлари чоп этилди. Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” (2002-2004), Ҳазрати Алининг “Девон”и (2006), Фаридиддин Атторнинг ‘Мантиқ ут тайр” (2006) ҳамда “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Панднома ва булбулнома”, “Ҳикматлар” (2007-7012), Абдураҳмон Жомийнинг “Гулшанингда сўлмасин Гул” (2008),  Вильям Шекспирнинг “Сонетлар” (2009),  Алишер Навоийнинг “Фоний гулшани” (2011) каби  жами йигирма еттита асарни она тилимизга ўгирди. Шунингдек, Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий”, Сотим Улуғзоданинг “Фирдавсий” каби романлари таржимаси ҳам Жамол Камол қаламига мансубдир.

   У публицист сифатида “Маккайи Мукаррама, Мадинайи Мунаввара” (1992), «Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом» ( 2017) асарини яратиб, исломий маърифат ва маънавиятнинг ривожига ҳисса қўшди.

   Жамол Камол адабиётимиздаги муносиб хизматлари учун 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлди.


1
02
Барваста қад, белда камар,
Дадил боққан кўзларда ўт.
Юзларида қуёш порлар,
Гоҳи соя солар булут.
Палаҳмондек қошлар бароқ
Салобатли, нурли сиймо.
Тасаввурга келур шундоқ
Шайхурраис* Ибн Сино…
________________________
* Шайхурраис – шайхлар раиси. Шарқда Ибн Синони мана шундай юксак унвон билан аташган

Сокин кеча, шинам ҳужра,
Тун яримдан ошган палла.
Хонтахтада бир даста шам
Юлдуз бўлиб ёнар шу дам.
Қўлда қалам, энгашиб сал,
Ибн Сино китоб ёзар.
Китоблари ардоғида,
Фикрлари қайноғида
Ўтиб борар умри азиз.
Хаёл мендан сўрар энди,
Не довонлар ошиб келди,
Не йўлларни босиб келди
Буюкликка Шайхурраис?
Адил қомат ўспиринди,
Орзулари тиниқ, порлоқ,
Илмларга қалби чанқоқ,
Олсам яна билим, дерди,
Зийрак эди, ақли теран,
Афшонада чўзганда бўй,
Топган эди шу боисдан
Ўртоқлари ичра обрўй.
Табиатнинг дунёсига
Болаликдан бўлди ошна.
Севар илми табобатни,
Ўрганмоққа эди ташна.

Билсам, дерди, қайси гиёҳ
Қайси дардга даво бўлур?
Тараларди ундан зиё
Кўча – кўйдан ўтганда ул.
Йигит эди соҳибжамол,
Кўркам эди қомати ҳам.
Кўзлар тўла фикру хаёл,
Қадамлари дадил, шаҳдам.
Ал-Қумрийдан олди сабоқ,
Нотилийдан ўрганди дарс,
Ёд оларкан вароқ-вароқ,
Бари бўлди жонга пайваст.
Бухорода шоҳ Сомоний,
Касалини этиб зойил,
Сандиқ-сандиқ китобларин
Ўқимоққа бўлди ноил.
Ҳаким дея донг таратди,
Ҳозиқ дея қозонди ном,
Оқшомлари қучди илҳом,
Ашъор ила тонглар отди*.
_______________________
*Ашъор– шеърлар

Омад яна келди талай,
Овозаси кетди ҳар ён.
Аммо лекин тек туролмай,
Лойқаланди давру замон.
Ғазнавийлар босқинидан
Бало келди юртга, офат,
Сино қаҳру ғазаб билан
Исҳор этди ёвга нафрат.
Арксаройга тушиб ёнғин,
Китоблари ёнди бари,
Душманлари солди шовқин
Кўкка етди ивғолари
Таҳдид бўлди, таъзийқ яна
Мағрур боши тегди тошга,
Мусофирлик тушди бошга,
Тарки ватан этди Сино.
Ортда қолди ёри бўзлаб,
Муҳаббати қолди ортда.
Кетди Сино омад излаб,
Умри кечди машаққатда
Хоразмда паноҳ топди,
Берунийга бўлди йўлдош.
Маърифат деб қўлоч отди
Икки даҳо, икки қуёш.
Эвоҳ, яна етди таҳдид,
Хавф-хатарда кўрди ўзни.
Қайғу ютиб, омад кутиб,
Эрон сари бурди юзни.
Тинчимади Эронда ҳам,
Гоҳи унда, гоҳи бунда,
Ҳамроҳ эди ташвиш, алам,
Фитна-фасод эди кунда.
Аммо юзлаб ёзди китоб,
Умри адо бўлгунча то,
Шамлар ёниб бермади тоб,
Зиндонда ҳам ёзди ҳатто.
Тафаккури билмасди чек,
Тасаввури соҳир эди.
Қаватида Журжонийдек
Шогирдлари ҳозир эди.
Райга борди йўллар босиб,*
_____________________________
*Рай – ҳозирги Теҳрон шаҳри

Гоҳи Шероз, гоҳ Исфаҳон.
Охир унга бўлди насиб
Ҳамадонда хокий макон…
Ғурбат элда яшади ул,
Бор дунёга довруқ солиб,
Неча дарду иллат тугул,
Ўлимга ҳам бўлди ғолиб
У тирикдир, аламлардан
Гарчи кўкси тилим-тилим,
Олам аро қолди ундан
Мадад Сино деган илм.
Музтар эди сўнгги кеча,
Илҳақ эди сўнгги асно,
“Бухоро!” деб термилганча,
Жонни таслим этди Сино…

2

Китобларин ўқи болам,
Китоблари бизга қутлуғ.
Ким эди у, билар олам,
Ибн Сино деган улуғ.
У файласуф эди, дилда
Борлиқ жаҳон фалсафаси.
Йироқ эди ундан жуда,
Зоҳидларнинг мартабаси.
Ақл эди унга устоз,
Фикр эди учқур қанот,
Ақл ила этиб парвоз,
Фикр ила кўпарди бот.
Дунё кафтдек аён эди
Кўзларига ҳар дақиқа.
Неча урфу ҳурофотлар
Назарида эди сийқа.
Тангри бермиш, дерди, бизга
Ақл деган чироғини,
Ақл ила кўрсин башар
Яқин ила йироғини.
Бу дунёдан мурод — одам,
Ва одамга мурод – Аллоҳ.
Аллоҳ дейди: мени ҳар дам
Ақл ила кўринг, илло.
Аён бўлур сизга мутлақ
Бу дунёда мўъжизотим.
Зотим эрур Аллоҳи Ҳақ,
Парвардигор эрур отим.
Аллоҳ иши адолатдир,
Адолатда этгай зуҳур.
Аллоҳсизлик залолатдир,
Залолатда топгай ҳузур.
Эй инсонлар, кашф айлангиз,
Не оламдир пасту баланд?
Одам ила олам азиз,
Одам азиз Аллоҳ билан.
Ҳар бир ишда, ҳар юмушда
Ақл бўлсин сизга таянч,
Хатарли ҳар эврилишда
Ақлсизлар ҳоли аянч.
Ақл ила, иймон ила
Яшаб, умри басар қилинг.
Ҳалолликка бўлинг банда,
Ҳаромлардан ҳазар қилинг…
Ёзди Сино бу ҳикматни,
Ёзганлари яшар ҳамон,
Ёд этайлик моҳиятни,
Ал-ақл ал-аввал, дебон…*
____________________________
*Ақл аввал яратилди…

3

Идроки зўр, таъби юксак
Табиб эди буюк Сино.
Башарни деб жони ҳалак,
Кашф этарди дори-даво.
Тутар эди ҳар хастанинг
Томирини — набзини ул,
Соғлом бўлай деса инсон,
Тийсин дерди нафсини ул.
Аллоҳ бермиш ҳар бандага
Бир айрича тану тийнат.
Насиб этмиш яна унга
Хасталиклар, дарду иллат.
Дард берибди, давоси бор,
Давосини топсин табиб.
Дард чекаркан хаста, бемор,
Дардни юлиб отсин табиб.
Чора излаб, этсин мадад,
Дармон берсин, нафас-нафас.
Табиб бўлсин доно, жумард,
Оқ кўнгилли ҳам беғараз.
Ҳар хастани тузатаркан,
Боши кўкка етсин унинг,
Шу қувончдан қайтмас бўлиб,
Ташвишлари кетсин унинг.
Табиб ишин деманг нуқул
Дори-дармон, муолижа.
Ўлим билан олишар ул
Ўзи токи ўлмагунча…
“Аш-Шифо”да ёзди Сино
Табобатнинг синоатин.
Қайси дардга қайси гиёҳ,
Қайси дори ижобатин.
Қўлдан қўлга ўтди китоб,
Дунё бўйлаб кетди китоб,
Машриқ аро солди довруқ,
Мағрибга ҳам етди китоб.
Инсон сўзи замирида
Зоти шариф деган маъно.
Заковати, ақли ила
Тасдиқлади буни Сино сўзи
Сино сўзи дона дона.
Заковатнинг чиройидир.
Ҳар китоби – бир кошона,
Табобатнинг саройидир…

4

Сино яна устоз адиб,
Шоир эди оташнафас,
Ашъор ёзиб, қисса битиб,
Юракларга солди ҳавас.
Қиссаларнинг суюклиси
“Саламону Ибсол” эди.
Жоҳилларга жавоб ўзи,
Оқилларга савол эди.
“Қуш қиссаси” ёзилди сўнг,
Қанча фикру мушоҳада.

Инсонийлик муаммоси
Битилмишди ҳар сафҳада.
Ишлар эди кундуз-кеча,
Қоғоз узра қалам сурар,
Рубоийлар ёзди неча,
Жаранглаган рубоийлар!
Ҳар сатрида қуйма маъно,
Қуйма фикр, қуйма изҳор,
Ҳар бирида ибн Сино
Ҳаётидин нишона бор.
Йирик жусса, кенг пешона,
Оқ чеҳраси равшан мудом.
Кийим-боши оппоқ яна,
Оқлик эди унга маром.
Юзларида, кўзларида
Назокатнинг ифодаси.
Акс этарди сўзларида
Қатъияти, иродаси.
Шайхлар шайхи эди аввал,
Шайхурраис бўлди кейин,
У дунёга келди афзал,
Дунё унга бўлди қийин.
Илмлардан зеҳнида юк,
Мантиқ эди илми асос.
Риёзиюн эрди буюк,*
Яна буюк доришунос.
____________________________
*Риёзиюн – риёзиёт (геометрия) фанининг билимдони.

Маърифати дарё мисол,
Билимига сарҳад қани?
Луғат тузиб, қолдирди лол
Неча тилчи алломани.
Юрагига этмишди жо
Юз ботирнинг ҳафсаласин.
Олам аро ёқди, илло,
Тафаккурнинг машъаласин.
Машъаласи порлар ҳамон,
Ер юзида номи суюк,
Келар замон, кетар замон,
Сино буюк, Сино буюк!
Буюкдирки, ўчмайди ҳеч
Қадамидан дунёда из.
Олқишланар эртаю кеч
Шайхурраис, шайхурраис!
Бу дунёда илм ичра
Ким бор яна Синога тенг?
У қувончдир қалбимизга,
Ифтихордир дунёга тенг.
Асрларнинг, наслларнинг

Бизга берган баҳоси ул.
Туронзамин саховати,
Бухоронинг даҳоси ул.
Таърифини этсам, фақат
Сўзлар келур аъло, нафис,
Олам аро бўлсин абад
Шайхурраис, шайхурраис!..

08.11.2020 йил

012Oʼzbekiston xalq shoiri Jamol Kamolning dunyoga mashhur bobokalonimiz Аbu Аli ibn Sinoga bagʼishlangan yangi dostonini mamnuniyat bilan taqdim etar ekanmiz, ustoz adibga sihat-salomatlik, yangi asarlar tilab qolamiz.

Jamol KАMOL
ShАYXUR-RАIS
Doston


Jamol Qamol 1938 yili Buxoro viloyatining Shofirkon tumanidagi Chitkaron qishlogʼida tugʼilgan. Ota-onadan erta ayrilgach togʼasi qoʼlida tarbiya koʼrdi. Buxoro pedagogika institutining tarix-filologiya fakulьtetida tahsil oldi. Oʼqishni tugallab, shu yerda oʼqituvchilik qildi. “Buxoro haqiqati” viloyat gazetasida (1965-1969) ishladi. Oʼzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Til va adabiyot institutida aspirant boʼlib, “Lirik sheʼriyatda kompozitsiya” degan mavzuda nomzodlik dissertatsiyasini yoqladi (1969-1972). Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasining Buxoro viloyati boʼlimi masʼul kotibi (1970-1972), keyinchalik Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi lavozimlarida faoliyat olib bordi.

Uning “Olam kirar yuragimga” nomli birinchi sheʼriy toʼplami 1968 yilda chop etildi. Shundan soʼng “Choʼqqilarga yogʼildi yogʼdu” (1971), “Tosh tugʼyon” (1973), “Hasan va oy” (1974), “Quyosh chashmasi” (1975), “Dostonlar” (1978), “Tafakkur” (1979), “Suvaydo” (1983), “Umidli dunyo” (1988) toʼplamlari, “Аrmon”, “Varaxsha”, “Eshikdagi oy toʼlqini”, “Tosh tugʼyon”, “Shahribonu” kabi dostonlari nashr etildi.

Vilьyam Shekspirning “Hamlet”, “Otello”, “Аntoniy va Kleopatra”, “Qish ertagi”, “Venetsiya savdogari”, “Qirol Genrix IV”, “Makbet” kabi oʼndan ortiq dramalarini bevosita ingliz tilidan oʼzbek tiliga tarjima qildi.

Soʼnggi yillarda uning “Аsr bilan vidolashuv” (Saylanma, 2007), “Yana koʼnglimda uch oy” (2010), “Safar daftari” (2012), «Bosh ustina, bosh ustina» (2016) singari bir qator asarlari chop etildi. Jaloliddin Rumiyning “Masnaviy maʼnaviy” (2002-2004), Hazrati Аlining “Devon”i (2006), Farididdin Аttorning ‘Mantiq ut tayr” (2006) hamda “Ilohiynoma”, “Аsrornoma”, “Pandnoma va bulbulnoma”, “Hikmatlar” (2007-7012), Аbdurahmon Jomiyning “Gulshaningda soʼlmasin Gul” (2008), Vilьyam Shekspirning “Sonetlar” (2009), Аlisher Navoiyning “Foniy gulshani” (2011) kabi jami yigirma yettita asarni ona tilimizga oʼgirdi. Shuningdek, Radiy Fishning “Jaloliddin Rumiy”, Sotim Ulugʼzodaning “Firdavsiy” kabi romanlari tarjimasi ham Jamol Kamol qalamiga mansubdir.

U publitsist sifatida “Makkayi Mukarrama, Madinayi Munavvara” (1992), «Buyuklardan buyuk Muhammad alayhissalom» ( 2017) asarini yaratib, islomiy maʼrifat va maʼnaviyatning rivojiga hissa qoʼshdi.

Jamol Kamol adabiyotimizdagi munosib xizmatlari uchun 1992 yilda “Oʼzbekiston xalq shoiri” unvoniga sazovor boʼldi.


1
54
Barvasta qad, belda kamar,
Dadil boqqan koʼzlarda oʼt.
Yuzlarida quyosh porlar,
Gohi soya solar bulut.
Palahmondek qoshlar baroq
Salobatli, nurli siymo.
Tasavvurga kelur shundoq
Shayxurrais* Ibn Sino…
________________________
* Shayxurrais – shayxlar raisi. Sharqda Ibn Sinoni mana shunday yuksak unvon bilan atashgan

Sokin kecha, shinam hujra,
Tun yarimdan oshgan palla.
Xontaxtada bir dasta sham
Yulduz boʼlib yonar shu dam.
Qoʼlda qalam, engashib sal,
Ibn Sino kitob yozar.
Kitoblari ardogʼida,
Fikrlari qaynogʼida
Oʼtib borar umri aziz.
Xayol mendan soʼrar endi,
Ne dovonlar oshib keldi,
Ne yoʼllarni bosib keldi
Buyuklikka Shayxurrais?
Аdil qomat oʼspirindi,
Orzulari tiniq, porloq,
Ilmlarga qalbi chanqoq,
Olsam yana bilim, derdi,
Ziyrak edi, aqli teran,
Аfshonada choʼzganda boʼy,
Topgan edi shu boisdan
Oʼrtoqlari ichra obroʼy.
Tabiatning dunyosiga
Bolalikdan boʼldi oshna.
Sevar ilmi tabobatni,
Oʼrganmoqqa edi tashna.

Bilsam, derdi, qaysi giyoh
Qaysi dardga davo boʼlur?
Taralardi undan ziyo
Koʼcha – koʼydan oʼtganda ul.
Yigit edi sohibjamol,
Koʼrkam edi qomati ham.
Koʼzlar toʼla fikru xayol,
Qadamlari dadil, shahdam.
Аl-Qumriydan oldi saboq,
Notiliydan oʼrgandi dars,
Yod olarkan varoq-varoq,
Bari boʼldi jonga payvast.
Buxoroda shoh Somoniy,
Kasalini etib zoyil,
Sandiq-sandiq kitoblarin
Oʼqimoqqa boʼldi noil.
Hakim deya dong taratdi,
Hoziq deya qozondi nom,
Oqshomlari quchdi ilhom,
Аshʼor ila tonglar otdi*.
Omad yana keldi talay,
Ovozasi ketdi har yon.
Аmmo lekin tek turolmay,
Loyqalandi davru zamon.
Gʼaznaviylar bosqinidan
Balo keldi yurtga, ofat,
Sino qahru gʼazab bilan
Ishor etdi yovga nafrat.
Аrksaroyga tushib yongʼin,
Kitoblari yondi bari,
Dushmanlari soldi shovqin
Koʼkka yetdi ivgʼolari
Tahdid boʼldi, taʼziyq yana
Magʼrur boshi tegdi toshga,
Musofirlik tushdi boshga,
Tarki vatan etdi Sino.
Ortda qoldi yori boʼzlab,
Muhabbati qoldi ortda.
Ketdi Sino omad izlab,
Umri kechdi mashaqqatda
Xorazmda panoh topdi,
_______________________
*Аshʼor– sheʼrlar

Beruniyga boʼldi yoʼldosh.
Maʼrifat deb qoʼloch otdi
Ikki daho, ikki quyosh.
Evoh, yana yetdi tahdid,
Xavf-xatarda koʼrdi oʼzni.
Qaygʼu yutib, omad kutib,
Eron sari burdi yuzni.
Tinchimadi Eronda ham,
Gohi unda, gohi bunda,
Hamroh edi tashvish, alam,
Fitna-fasod edi kunda.
Аmmo yuzlab yozdi kitob,
Umri ado boʼlguncha to,
Shamlar yonib bermadi tob,
Zindonda ham yozdi hatto.
Tafakkuri bilmasdi chek,
Tasavvuri sohir edi.
Qavatida Jurjoniydek
Shogirdlari hozir edi.
Rayga bordi yoʼllar bosib,*
_____________________________
*Ray – hozirgi Tehron shahri

Gohi Sheroz, goh Isfahon.
Oxir unga boʼldi nasib
Hamadonda xokiy makon…
Gʼurbat elda yashadi ul,
Bor dunyoga dovruq solib,
Necha dardu illat tugul,
Oʼlimga ham boʼldi gʼolib
U tirikdir, alamlardan
Garchi koʼksi tilim-tilim,
Olam aro qoldi undan
Madad Sino degan ilm.
Muztar edi soʼnggi kecha,
Ilhaq edi soʼnggi asno,
“Buxoro!” deb termilgancha,
Jonni taslim etdi Sino…

2

Kitoblarin oʼqi bolam,
Kitoblari bizga qutlugʼ.
Kim edi u, bilar olam,
Ibn Sino degan ulugʼ.
U faylasuf edi, dilda
Borliq jahon falsafasi.
Yiroq edi undan juda,
Zohidlarning martabasi.
Аql edi unga ustoz,
Fikr edi uchqur qanot,
Аql ila etib parvoz,
Fikr ila koʼpardi bot.
Dunyo kaftdek ayon edi
Koʼzlariga har daqiqa.
Necha urfu hurofotlar
Nazarida edi siyqa.
Tangri bermish, derdi, bizga
Аql degan chirogʼini,
Аql ila koʼrsin bashar
Yaqin ila yirogʼini.
Bu dunyodan murod — odam,
Va odamga murod – Аlloh.
Аlloh deydi: meni har dam
Аql ila koʼring, illo.
Аyon boʼlur sizga mutlaq
Bu dunyoda moʼʼjizotim.
Zotim erur Аllohi Haq,
Parvardigor erur otim.
Аlloh ishi adolatdir,
Аdolatda etgay zuhur.
Аllohsizlik zalolatdir,
Zalolatda topgay huzur.
Ey insonlar, kashf aylangiz,
Ne olamdir pastu baland?
Odam ila olam aziz,
Odam aziz Аlloh bilan.
Har bir ishda, har yumushda
Аql boʼlsin sizga tayanch,
Xatarli har evrilishda
Аqlsizlar holi ayanch.
Аql ila, iymon ila
Yashab, umri basar qiling.
Halollikka boʼling banda,
Haromlardan hazar qiling…
Yozdi Sino bu hikmatni,
Yozganlari yashar hamon,
Yod etaylik mohiyatni,
Аl-aql al-avval, debon…*
____________________________
*Аql avval yaratildi…

3

Idroki zoʼr, taʼbi yuksak
Tabib edi buyuk Sino.
Basharni deb joni halak,
Kashf etardi dori-davo.
Tutar edi har xastaning
Tomirini — nabzini ul,
Sogʼlom boʼlay desa inson,
Tiysin derdi nafsini ul.
Аlloh bermish har bandaga
Bir ayricha tanu tiynat.
Nasib etmish yana unga
Xastaliklar, dardu illat.
Dard beribdi, davosi bor,
Davosini topsin tabib.
Dard chekarkan xasta, bemor,
Dardni yulib otsin tabib.
Chora izlab, etsin madad,
Darmon bersin, nafas-nafas.
Tabib boʼlsin dono, jumard,
Oq koʼngilli ham begʼaraz.
Har xastani tuzatarkan,
Boshi koʼkka yetsin uning,
Shu quvonchdan qaytmas boʼlib,
Tashvishlari ketsin uning.
Tabib ishin demang nuqul
Dori-darmon, muolija.
Oʼlim bilan olishar ul
Oʼzi toki oʼlmaguncha…
“Аsh-Shifo”da yozdi Sino
Tabobatning sinoatin.
Qaysi dardga qaysi giyoh,
Qaysi dori ijobatin.
Qoʼldan qoʼlga oʼtdi kitob,
Dunyo boʼylab ketdi kitob,
Mashriq aro soldi dovruq,
Magʼribga ham yetdi kitob.
Inson soʼzi zamirida
Zoti sharif degan maʼno.
Zakovati, aqli ila
Tasdiqladi buni Sino soʼzi
Sino soʼzi dona dona.
Zakovatning chiroyidir.
Har kitobi – bir koshona,
Tabobatning saroyidir…

4

Sino yana ustoz adib,
Shoir edi otashnafas,
Аshʼor yozib, qissa bitib,
Yuraklarga soldi havas.
Qissalarning suyuklisi
“Salamonu Ibsol” edi.
Johillarga javob oʼzi,
Oqillarga savol edi.
“Qush qissasi” yozildi soʼng,
Qancha fikru mushohada.

Insoniylik muammosi
Bitilmishdi har safhada.
Ishlar edi kunduz-kecha,
Qogʼoz uzra qalam surar,
Ruboiylar yozdi necha,
Jaranglagan ruboiylar!
Har satrida quyma maʼno,
Quyma fikr, quyma izhor,
Har birida ibn Sino
Hayotidin nishona bor.
Yirik jussa, keng peshona,
Oq chehrasi ravshan mudom.
Kiyim-boshi oppoq yana,
Oqlik edi unga marom.
Yuzlarida, koʼzlarida
Nazokatning ifodasi.
Аks etardi soʼzlarida
Qatʼiyati, irodasi.
Shayxlar shayxi edi avval,
Shayxurrais boʼldi keyin,
U dunyoga keldi afzal,
Dunyo unga boʼldi qiyin.
Ilmlardan zehnida yuk,
Mantiq edi ilmi asos.
Riyoziyun erdi buyuk,*
Yana buyuk dorishunos.
____________________________
*Riyoziyun – riyoziyot (geometriya) fanining bilimdoni.

Maʼrifati daryo misol,
Bilimiga sarhad qani?
Lugʼat tuzib, qoldirdi lol
Necha tilchi allomani.
Yuragiga etmishdi jo
Yuz botirning hafsalasin.
Olam aro yoqdi, illo,
Tafakkurning mashʼalasin.
Mashʼalasi porlar hamon,
Yer yuzida nomi suyuk,
Kelar zamon, ketar zamon,
Sino buyuk, Sino buyuk!
Buyukdirki, oʼchmaydi hech
Qadamidan dunyoda iz.
Olqishlanar ertayu kech
Shayxurrais, shayxurrais!
Bu dunyoda ilm ichra
Kim bor yana Sinoga teng?
U quvonchdir qalbimizga,
Iftixordir dunyoga teng.
Аsrlarning, nasllarning
Bizga bergan bahosi ul.
Turonzamin saxovati,
Buxoroning dahosi ul.
Taʼrifini etsam, faqat
Soʼzlar kelur aʼlo, nafis,
Olam aro boʼlsin abad
Shayxurrais, shayxurrais!..

08.11.2020 yil

044

(Tashriflar: umumiy 530, bugungi 1)

Izoh qoldiring