Ibrohim Haqqul. Murshidlik va muridlik olami

23 ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлими катта илмий ходими филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зулайҳо Раҳмонованинг “Ишқ, ирфон ва иршод” номли монографияси яқинда нашр этилди. Мазкур китобга филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул масъул муҳаррирлик қилган ҳамда “Муршидлик ва муридлик олами” номи билан сўзбоши ёзган. Ҳурматли ўқувчи! Ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

МУРШИДЛИК ВА МУРИДЛИК ОЛАМИ
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
филология фанлари доктори, профессор

44Ҳаёт ҳамма нарсани ўзгартиради, ўзгариб одамлар назаридан ўтиб эскирганларини тарихга айлантиради. Барча ҳолат ва ҳодисларни тарих тўла пинҳон қилолмаганидек, охиригача ошкор ҳам этолмайди. Ва нималардир ҳамиша яширин қолади. Идрок ва хотира эса ақл ва тафаккур етиб боролмайдиган сирлар билан чуқур қизиқишдан тўхтамайди. Бу фикр, айниқса тасаввуф ва аҳли тариқат ҳаётига кўпроқ тегишлидир. Айтайлик, маънавий комиллик тариқига одим ташлаган солик фақр ҳолини яшаб фақирлик сир-саноатини кашф этгач, муҳташам бир “ғурбат” ва “ғариблик”ка юзлашади. Ғариблик сифат эътибори билан унинг ички дунёсини ўзгартирар экан, айни пайтда уни тарк ва инзивога рағбатлантиради. Шунда у моддий дунёнинг қўполлик, ёмонлик, чиркинликларидан четлашиш билан кифояланмасдан, ҳатто ўзининг башарий хусусиятларидан қутилишни ўйлай бошлайди. Кўпинча сайри сулукдан нажот излайди ҳамда дарвеш қиёфасида охири сийрат мусаффолиги ва руҳоний юксакликка эришади. Бироқ хаёлий осойиш ва фориғликни илоҳий ишқдан топади. Ошиқлик шавқи, эрк ва фараҳи уни орифлик мақомига кўтаради. Зоҳидми, ошиқми, ғариб ёки мискинми – энди унга номнинг, мақомнинг аҳамияти қолмайди. Руҳдаги илоҳий эврилиш, чинакам маъруфий завқ соликни Аллоҳнинг энг содиқ, энг хоксор қули ҳолига етказади. Аммо шоҳликдан ҳам олий убудият (қуллик) даражасини қўлга киритиш ўз-ўзича ва осонлик билан бўлмайди, албатта. Маълумки, муршидлик ва муридлик тариқат тарбияси ҳамда таълим тизимида жуда катта мавқега эга бўлган. Зоҳид – мурид, ошиқ – мурид, мискин – мурид, ғариб – мурид, фақир – мурид… Булар забардаст пир ёки муршиднинг муҳиб ва издошлари эди. Шу боис муршидлик ва муридлик тажрибаси тасаввуфда бош масала сифатида қаралиб, пир ва муридни сўфийлик адабиётининг етакчи образи ўлароқ тадқиқ қилиш, биринчидан, тасаввуф тарихи, таълим-тарбия жараёнини ёрқин, яхши билишга, иккинчидан, тасаввуф ва адабиёт, тариқат ва мадраса муносабатларига доир фикр-қарашларни хато ҳамда чалкашликлардан фориғ айлашга хизмат қилади.

Мумтоз адабиётимизнинг диний-ирфоний “қатлам”ини тадқиқ ва талқин қилишда ўзбек адабиётшунослигида кейинги йилларда нисбатан дадил одимлар ташланди. Муҳими, тасаввуф ва сўфиёна адабиёт мавзулари эркин ўрганилиб, сиёсат ва мафкура тўсиқлари четга сурилганига ишонч ҳосил бўлди. Тасаввуфшунослик майлининг ёшларда кучайиб бориши янада қувонарли. Истеъдодли тадқиқотчи Зулайҳо Раҳмонованинг “XII-XIV асрлар ўзбек мумтоз адабиётида муршид ва мурид образлари” деб номланган илмий иши ушбу фикрнинг ёрқин бир далилидир.

Мавзу илк бора эски адабий, диний, ирфоний манбалар асосида текширилиб, унда халқ оғзаки ижодиёти, мумтоз ва ирфоний мерос намуналари бир бутунликда таҳлил ва талқин қилинган. Ишқ, Ирфон ва Иршод ҳақиқатлари ўзаро уйғунликда ёритилиб, китобда уларнинг бири иккинчисига ўхшамайдиган жиҳатларига тўхталиб ўтилгани ҳам диққатга лойиқ. Зеро, ошиқлик, орифлик ва муридлик орасида ички робита, маънавий-ахлоқий алоқа мавжуд.

Китобнниг дастлабки боби пир ва Хизр образининг тарихий-ирфоний такомилини кўрстиш, пирнинг халқ оғзаки ижодиётидаги мавқеини белгилашга бағишланган ва кўзланган мақсадга эришилган. Шу ўринда илмий таҳлил ва талқинда жонли ва таъсирли услубдан чекинилмаганини алоҳида қайд этиш керак, деб ўйлайман.

Шарқда, айниқса, тасаввуф ва тариқатда шайх, пир ёки муршиддан сўз очилганда, ҳеч шубҳасизки, биринчилардан бўлиб Хизр (а.с.) эсланади. Чунки муршид ва тариқат мураббийларининг аксарияти Хизр (а.с.)дан сабоқ олиб, унинг йўл-йўриғига кўра илгарилаганига доир нақл, ривоят ва ҳикоятларнинг сони-ҳисоби йўқ.

Хизр (а.с.) шарқлик даҳо шоир ва адибларнинг айримларига маънавий сарбонлик қилганлигини ҳам унутмаслик лозим. Аттор, Румий, Яссавий, Машраб каби даҳо ижодкорларнинг ботиний ҳаётида пирларнинг пири Хизр (а.с.) илҳом ва кашфга йўл очган. Хуллас, “Хизр – маънавий-руҳоний раҳнамо”, деб аталган ва катта тайёргарлик, шунга яраша иштиёқ билан ёзилган фасл хизршуносликка қўшилган муносиб бир ҳиссадир. Уни ўқиган кишинниг онг ва тафаккури тарихий маъно, ва маъруфий маълумотлар билан бойиши шубҳасиз, деб ўйлайман. Зулайҳо Раҳмонова кўп изланиб, кўп фикрлаб, бироқ кўп ёзавермайдиган маънишунослардан. Мушоҳада тарзи унинг эркин, тадқиқ усули ҳам жозибали. Қандай ёзиш, ўқувчи диққат-эътиборини нимага қаратиб, кўзланган мақсадга қай зайлда эришмоқни у яхши фаҳмлайди.

Шарқ мумтоз адабиётининг муҳташам бир асоси ҳаёт ва воқелик бўлса, иккинчиси тарих, дин ва тасаввуф. Эски адабиётда инсонни таниш ва улуғлаш Аллоҳни билиш ва Унга суяниш билан вобаста эди. Унинг яна бир дахлсиз манбаи Пайғамбар ишқи, нубувват таълимоти бўлиб, ҳар бир ғоя, ҳар бир мавзу ва масалада унга таянилган. Бу адабиёт инсонни дунё, давр ва жамият исканжаларидан озод этиш, моддий-ижтимоий борлиқ ичида бошқа бир маънавий-маъруфий мавжудлик яратишни асосий мақсад ўлароқ белгилаган. Ундаги ижтимоий, сиёсий, ахлоқий, ишқий ва дунёвий мазмун диний, ирфоний, илоҳий моҳият билан уйғунлашиб, бир-биридан ажратиб бўлмас зайлда қўшилиб кетган. Буни чуқур фаҳмлаган пир ва муршидлар таълим-тарбияда бадиий ижод имкониятларидан ҳам фойдаланишгани биринчи бора муваффақиятли ёритиб берилган. Ишда энг кўп эътибор қаратилган асосий масала мана шу. Бизнигча, муршид ва мурид муносабати ҳамда тажрибаларини сидқи дилдан тадқиқ қилган муаллиф ўқувчиларга бир хазина йўлини очиб берган. Муршид ва мурид муносабатидаги ўзига хосликлар, муршид ва унга ёндош тимсоллар, мурид шахсиятининг шаклланишидан баҳс юритилагн фасллардаги фикр-қарашлар янгилиги билан баробар унутилган ирфоний-таълимий тажриба ва қадриятларни хотирлатиш билан ҳам аҳамиятга моликдир. Муршид мурид даргоҳига боргач, биринчи йил одамлар учун хизмат қилади. Иккинчи йил Аллоҳга хизмат, учинчи йил эса фақат қалб муроқабаси билан машғул бўлади. Қалб муроқабаси асосида ўзини ғурур, кибр, риё, манманлик, ҳасад каби офатлардан қутқазиб, кўнглини ғафлатдан поклагунча риёзат чеккан.

Умуман, ушбу китоб кейинги йилларда ёзилган ибрат ва намуна этиб кўрсатишга арзирли бир илмий-маъруфий тадқиқотдир. Ҳар бир боби ва фасли унинг пухта ишланган, таҳлил ва талқинларда парокандалик, чалғиш йўқ. Мавзу тарихий нуқтаи назардан қанча аҳамиятли бўлса, замон талаблари жиҳатидан ҳам қимматлидир. Албатта, илмий-ижодий иш камчилик ва нуқсондан холи бўлмаганидек, мазкур китобда ҳам улар йўқ эмас. Холис ўқувчи буни ўзича илғайди ва беғараз айтади, деб умид қиламиз. Биз эса сўз охирида бошқа бир жумбоқни шарҳлаб ўтмоқчимиз. Илмга моддий манфаат, мавқе ва мансаб, шон-шуҳрат ҳирси ёки илинжи аралашдими, манаман деган олим ва олима ҳам худбинлик, дунёпарастлик офатига йўлиқади. Мозийда бу ҳақда жиддий бош қотирилиб, турли-туман фикр ва танқидий мулоҳазалар ўртага ташланган. Масалан, маломатийларга кўра, илм Аллоҳнинг бандасига инъом этадиган бир омонати эрур. Уни кўз-кўз қилиш, Навоий айтмоқчи, “воситаи жоҳ”га айлантириш омонатга хиёнат деб қаралган. Бойлик, амал ва мансаб, фикрий зўравонлик, илмбозлик, илмсотарликка берилиш эса кечирилмас гуноҳ ва қабиҳлик ҳисобланган. Муршид таълим-тарбиясининг кучли ва зўрлиги, аввало, шунда бўлган. Зулайҳо буни қалбан ва руҳан яхши тушунади. Унинг фарзандлик, аёллик ва оналикни олималикдан паст кўрмаслиги, ҳаётий тушунчаларининг мустаҳкамлиги ҳам таҳсинга лойиқ.

Ҳурматли ўқувчи! Китобни ўқинг, фикрланг, кетган вақтингизга асло афсусланмайсиз, деб ўйлайман.

Дўрмон, 2020 йил декабр

055OʼzR FА Oʼzbek tili, adabiyoti va folьklori institutining Oʼzbek mumtoz adabiyoti tarixi boʼlimi katta ilmiy xodimi filologiya fanlari boʼyicha falsafa doktori Zulayho Rahmonovaning “Ishq, irfon va irshod” nomli monografiyasi yaqinda nashr etildi. Mazkur kitobga filologiya fanlari doktori, professor Ibrohim Haqqul masʼul muharrirlik qilgan hamda “Murshidlik va muridlik olami” nomi bilan soʼzboshi yozgan. Hurmatli oʼquvchi! Ushbu maqolani eʼtiboringizga havola etamiz.

MURSHIDLIK VА MURIDLIK OLАMI
Ibrohim HАQQUL
filologiya fanlari doktori, professor


80Hayot hamma narsani oʼzgartiradi, oʼzgarib odamlar nazaridan oʼtib eskirganlarini tarixga aylantiradi. Barcha holat va hodislarni tarix toʼla pinhon qilolmaganidek, oxirigacha oshkor ham etolmaydi. Va nimalardir hamisha yashirin qoladi. Idrok va xotira esa aql va tafakkur yetib borolmaydigan sirlar bilan chuqur qiziqishdan toʼxtamaydi. Bu fikr, ayniqsa tasavvuf va ahli tariqat hayotiga koʼproq tegishlidir. Аytaylik, maʼnaviy komillik tariqiga odim tashlagan solik faqr holini yashab faqirlik sir-sanoatini kashf etgach, muhtasham bir “gʼurbat” va “gʼariblik”ka yuzlashadi. Gʼariblik sifat eʼtibori bilan uning ichki dunyosini oʼzgartirar ekan, ayni paytda uni tark va inzivoga ragʼbatlantiradi. Shunda u moddiy dunyoning qoʼpollik, yomonlik, chirkinliklaridan chetlashish bilan kifoyalanmasdan, hatto oʼzining bashariy xususiyatlaridan qutilishni oʼylay boshlaydi. Koʼpincha sayri sulukdan najot izlaydi hamda darvesh qiyofasida oxiri siyrat musaffoligi va ruhoniy yuksaklikka erishadi. Biroq xayoliy osoyish va forigʼlikni ilohiy ishqdan topadi. Oshiqlik shavqi, erk va farahi uni oriflik maqomiga koʼtaradi. Zohidmi, oshiqmi, gʼarib yoki miskinmi – endi unga nomning, maqomning ahamiyati qolmaydi. Ruhdagi ilohiy evrilish, chinakam maʼrufiy zavq solikni Аllohning eng sodiq, eng xoksor quli holiga yetkazadi. Аmmo shohlikdan ham oliy ubudiyat (qullik) darajasini qoʼlga kiritish oʼz-oʼzicha va osonlik bilan boʼlmaydi, albatta. Maʼlumki, murshidlik va muridlik tariqat tarbiyasi hamda taʼlim tizimida juda katta mavqega ega boʼlgan. Zohid – murid, oshiq – murid, miskin – murid, gʼarib – murid, faqir – murid… Bular zabardast pir yoki murshidning muhib va izdoshlari edi. Shu bois murshidlik va muridlik tajribasi tasavvufda bosh masala sifatida qaralib, pir va muridni soʼfiylik adabiyotining yetakchi obrazi oʼlaroq tadqiq qilish, birinchidan, tasavvuf tarixi, taʼlim-tarbiya jarayonini yorqin, yaxshi bilishga, ikkinchidan, tasavvuf va adabiyot, tariqat va madrasa munosabatlariga doir fikr-qarashlarni xato hamda chalkashliklardan forigʼ aylashga xizmat qiladi.

Mumtoz adabiyotimizning diniy-irfoniy “qatlam”ini tadqiq va talqin qilishda oʼzbek adabiyotshunosligida keyingi yillarda nisbatan dadil odimlar tashlandi. Muhimi, tasavvuf va soʼfiyona adabiyot mavzulari erkin oʼrganilib, siyosat va mafkura toʼsiqlari chetga surilganiga ishonch hosil boʼldi. Tasavvufshunoslik maylining yoshlarda kuchayib borishi yanada quvonarli. Isteʼdodli tadqiqotchi Zulayho Rahmonovaning “XII-XIV asrlar oʼzbek mumtoz adabiyotida murshid va murid obrazlari” deb nomlangan ilmiy ishi ushbu fikrning yorqin bir dalilidir.

Mavzu ilk bora eski adabiy, diniy, irfoniy manbalar asosida tekshirilib, unda xalq ogʼzaki ijodiyoti, mumtoz va irfoniy meros namunalari bir butunlikda tahlil va talqin qilingan. Ishq, Irfon va Irshod haqiqatlari oʼzaro uygʼunlikda yoritilib, kitobda ularning biri ikkinchisiga oʼxshamaydigan jihatlariga toʼxtalib oʼtilgani ham diqqatga loyiq. Zero, oshiqlik, oriflik va muridlik orasida ichki robita, maʼnaviy-axloqiy aloqa mavjud.

Kitobnnig dastlabki bobi pir va Xizr obrazining tarixiy-irfoniy takomilini koʼrstish, pirning xalq ogʼzaki ijodiyotidagi mavqeini belgilashga bagʼishlangan va koʼzlangan maqsadga erishilgan. Shu oʼrinda ilmiy tahlil va talqinda jonli va taʼsirli uslubdan chekinilmaganini alohida qayd etish kerak, deb oʼylayman.

Sharqda, ayniqsa, tasavvuf va tariqatda shayx, pir yoki murshiddan soʼz ochilganda, hech shubhasizki, birinchilardan boʼlib Xizr (a.s.) eslanadi. Chunki murshid va tariqat murabbiylarining aksariyati Xizr (a.s.)dan saboq olib, uning yoʼl-yoʼrigʼiga koʼra ilgarilaganiga doir naql, rivoyat va hikoyatlarning soni-hisobi yoʼq.

Xizr (a.s.) sharqlik daho shoir va adiblarning ayrimlariga maʼnaviy sarbonlik qilganligini ham unutmaslik lozim. Аttor, Rumiy, Yassaviy, Mashrab kabi daho ijodkorlarning botiniy hayotida pirlarning piri Xizr (a.s.) ilhom va kashfga yoʼl ochgan. Xullas, “Xizr – maʼnaviy-ruhoniy rahnamo”, deb atalgan va katta tayyorgarlik, shunga yarasha ishtiyoq bilan yozilgan fasl xizrshunoslikka qoʼshilgan munosib bir hissadir. Uni oʼqigan kishinnig ong va tafakkuri tarixiy maʼno, va maʼrufiy maʼlumotlar bilan boyishi shubhasiz, deb oʼylayman. Zulayho Rahmonova koʼp izlanib, koʼp fikrlab, biroq koʼp yozavermaydigan maʼnishunoslardan. Mushohada tarzi uning erkin, tadqiq usuli ham jozibali. Qanday yozish, oʼquvchi diqqat-eʼtiborini nimaga qaratib, koʼzlangan maqsadga qay zaylda erishmoqni u yaxshi fahmlaydi.

Sharq mumtoz adabiyotining muhtasham bir asosi hayot va voqelik boʼlsa, ikkinchisi tarix, din va tasavvuf. Eski adabiyotda insonni tanish va ulugʼlash Аllohni bilish va Unga suyanish bilan vobasta edi. Uning yana bir daxlsiz manbai Paygʼambar ishqi, nubuvvat taʼlimoti boʼlib, har bir gʼoya, har bir mavzu va masalada unga tayanilgan. Bu adabiyot insonni dunyo, davr va jamiyat iskanjalaridan ozod etish, moddiy-ijtimoiy borliq ichida boshqa bir maʼnaviy-maʼrufiy mavjudlik yaratishni asosiy maqsad oʼlaroq belgilagan. Undagi ijtimoiy, siyosiy, axloqiy, ishqiy va dunyoviy mazmun diniy, irfoniy, ilohiy mohiyat bilan uygʼunlashib, bir-biridan ajratib boʼlmas zaylda qoʼshilib ketgan. Buni chuqur fahmlagan pir va murshidlar taʼlim-tarbiyada badiiy ijod imkoniyatlaridan ham foydalanishgani birinchi bora muvaffaqiyatli yoritib berilgan. Ishda eng koʼp eʼtibor qaratilgan asosiy masala mana shu. Biznigcha, murshid va murid munosabati hamda tajribalarini sidqi dildan tadqiq qilgan muallif oʼquvchilarga bir xazina yoʼlini ochib bergan. Murshid va murid munosabatidagi oʼziga xosliklar, murshid va unga yondosh timsollar, murid shaxsiyatining shakllanishidan bahs yuritilagn fasllardagi fikr-qarashlar yangiligi bilan barobar unutilgan irfoniy-taʼlimiy tajriba va qadriyatlarni xotirlatish bilan ham ahamiyatga molikdir. Murshid murid dargohiga borgach, birinchi yil odamlar uchun xizmat qiladi. Ikkinchi yil Аllohga xizmat, uchinchi yil esa faqat qalb muroqabasi bilan mashgʼul boʼladi. Qalb muroqabasi asosida oʼzini gʼurur, kibr, riyo, manmanlik, hasad kabi ofatlardan qutqazib, koʼnglini gʼaflatdan poklaguncha riyozat chekkan.

Umuman, ushbu kitob keyingi yillarda yozilgan ibrat va namuna etib koʼrsatishga arzirli bir ilmiy-maʼrufiy tadqiqotdir. Har bir bobi va fasli uning puxta ishlangan, tahlil va talqinlarda parokandalik, chalgʼish yoʼq. Mavzu tarixiy nuqtai nazardan qancha ahamiyatli boʼlsa, zamon talablari jihatidan ham qimmatlidir. Аlbatta, ilmiy-ijodiy ish kamchilik va nuqsondan xoli boʼlmaganidek, mazkur kitobda ham ular yoʼq emas. Xolis oʼquvchi buni oʼzicha ilgʼaydi va begʼaraz aytadi, deb umid qilamiz. Biz esa soʼz oxirida boshqa bir jumboqni sharhlab oʼtmoqchimiz. Ilmga moddiy manfaat, mavqe va mansab, shon-shuhrat hirsi yoki ilinji aralashdimi, manaman degan olim va olima ham xudbinlik, dunyoparastlik ofatiga yoʼliqadi. Moziyda bu haqda jiddiy bosh qotirilib, turli-tuman fikr va tanqidiy mulohazalar oʼrtaga tashlangan. Masalan, malomatiylarga koʼra, ilm Аllohning bandasiga inʼom etadigan bir omonati erur. Uni koʼz-koʼz qilish, Navoiy aytmoqchi, “vositai joh”ga aylantirish omonatga xiyonat deb qaralgan. Boylik, amal va mansab, fikriy zoʼravonlik, ilmbozlik, ilmsotarlikka berilish esa kechirilmas gunoh va qabihlik hisoblangan. Murshid taʼlim-tarbiyasining kuchli va zoʼrligi, avvalo, shunda boʼlgan. Zulayho buni qalban va ruhan yaxshi tushunadi. Uning farzandlik, ayollik va onalikni olimalikdan past koʼrmasligi, hayotiy tushunchalarining mustahkamligi ham tahsinga loyiq.

Hurmatli oʼquvchi! Kitobni oʼqing, fikrlang, ketgan vaqtingizga aslo afsuslanmaysiz, deb oʼylayman.

Doʼrmon, 2020 yil dekabr

03

(Tashriflar: umumiy 957, bugungi 1)

Izoh qoldiring