Mark Levi. Soya o’g’risi. Roman. 1-qism

09Муҳаббатда, биласанми, энг асосийси – тасаввур. Ҳар бир киши бошқани аслиятдан қолишмайдиган даражада, бутун тасаввур кучи билан ўйлаши лозим, ўшанда, икки тасаввур учрашганда… бундан ажойиброқ нарса йўқ…

Марк Леви
СОЯ ЎҒРИСИ


Марк Леви ( Marc Levy) — француз ёзувчиси. 1961 йил 16 октябрда Булон-Бийанкур (фр. Boulogne-Billancourt) шаҳрида туғилган. 2005 йилда «Осмон билан Ер ўртасида» машҳур филми суратга олинган «Шунчаки рост бўлса» романи муаллифи. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида ёзувчининг отаси Тулузада Марсел Лангер томонидан ташкил этилган 35-Халқаро коммунистик бригада таркибида Францияда қаршилик кўрсатиш ҳаракати аъзоси бўлган.


Полина, Луи ва Жоржга бағишланади.

Сояни тутмоқчи бўлганга Бахт сояси қисмат бўлур.
Вильям Шекспир[1]

Муҳаббатда, биласанми, энг асосийси – тасаввур. Ҳар бир киши бошқани аслиятдан қолишмайдиган даражада, бутун тасаввур кучи билан ўйлаши лозим, ўшанда, икки тасаввур учрашганда… бундан ажойиброқ нарса йўқ.
Мен қоронғуликдан, пардалар букламида, ётоқхона гулқоғозларида рақс тушадиган шарпалардан қўрқар эдим. Вақт ўтиши билан бу соялар йўқолди. Лекин болалигимни эслаганим заҳоти улар яна пайдо бўлар ва мен даҳшатли, таҳдидли сояларни яна кўра бошлардим.
Хитой мақолида айтилишича, тарбияли одам қўшнисининг соясини босмайди. Мен янги мактабга илк кун келганимда бу ҳақида билмас эдим. Менинг болалигим ўша ерда, мактаб ҳовлисида ўтган эди. Мен уни қувишни, тезроқ катта бўлишни истар эдим, лекин у менинг назаримда ҳали жуда кичик бўлган бу танада маҳкам тутиб тутар эди.
“Ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасан…”
Дарснинг биринчи куни. Мен чинорга суяниб турар ва гуруҳлар ҳосил бўлишини кузатар эдим. Мен уларнинг бирортасига ҳам тааллуқли эмасдим. Ҳеч ким менга табассум қилмади, таътилдан кейинги дўстона елкага уришлар, қувонч белгилари бўлмади, ва мен таътилни қандай ўтказганимни ҳеч кимга айтмадим. Бошқа мактабга ўтказилаётган болаларга ота-оналарнинг “ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасан…” иборасига жавобан томоғида тиқилган нарса билан бошланадиган сентябр тонги яхши маълум. Гўё ўзлари бирор нарсани хотирлайдигандек! Ота-оналар ҳамма нарсани унутишган, лекин бу уларнинг айби эмас, улар шунчаки қариб қолишган.
Шийпон остидаги галереяда қўнғироқ чалинди, ўқувчилар сафланишга югуришди, ўқитувчилар йўқламани бошлаб юборишди. Кўзойнаклилар учта эдик – кўп эмас. Мен олтинчи “С” синфига тушиб қолдим, ва ҳар доимгидек, синфда энг кичик эканлигим маълум бўлиб қолди. Мана декабрда туғишнинг оқибати! Ойим ва дадам ярим йилга синфдошларимдан илгари эканлигимга севинишса, мен учун ўқув йилининг бошланиши қийноқ эди.
Синфда энг кичиги бўлиш – тахтани артиш, бўрни олиб келиш, спортзалидаги матларни йиғиш, баскетбол тўпларини энг юқори рафларга қўйиш, ва ҳаммасидан ҳам ёмони, синфдошлар билан тушадиган расмларда олдинги қаторда туркча-чордана қуриб ўтириш. Мактабда ўқиётганингда хўрликларнингн чеки йўқ.
Агар олтинчи “С” синф болалари қўрқадиган ва менинг теп-терсим бўлган Маркес бўлмаганида, буларнинг барчасига чидаш мумкин эди. Агар мен мактабга илгарироқ борган бўлсам – бундан ота-онам жуда хурсанд эдилар – Маркес икки йил орқада қолган, унинг ота-онаси эса бунга жуда бефарқ эди. Ўғли мактабда банд, мактаб ошхонасида овқатланади, кечга яқин уйга келади, шунисигаям худога шукр.
Мен кўзойнак тақардим. Маркеснинг кўзи эса силовсиннинг кўзи каби ўткир эди. Мен тенгдошларимдан ўн сантиметр паст эдим, Маркес эса тўққиз сантиметрга баланд, мен ва унинг орамиздаги бўй фарқини тасаввур қилаверинг; мен баскетболни ёмон кўрардим, Маркес эса саватчага коптокни ташлаш учун бироз чўзилса бўлди эди; мен шеъриятни яхши кўрардим, у эса спортни, гарчи буларнинг ўзи бир-бирига мос бўлмаса ҳам; мен дарахт шохларидаги чигирткаларни кузатишни яхши кўрсам, Маркес уларнинг қанотини юлишни яхши кўрарди.
Лекин бизларнинг икки кесишадиган нуқтамиз бор эди, тўғрироғи бир кесишиш нуқтаси – Элизабет. Биз иккаламиз ҳам айнан уни севардик, Элизабет эса менга ҳам, унга ҳам бефарқ эди. Бу нарса мен ва Маркесни бир-биримизга яқинлаштириши мумкин эди, лекин орамизда рақобат ҳисси кучлироқ эди.
Элизабет мактабдаги энг чиройли қиз бўлмаса ҳам, жозибаси билан ҳаммадан ўтиб тушарди. У сочини бошқача турмаклар, юришлари оддий, шу билан бирга келишган, табассуми эса тинимсиз ёмғир ёғиб, оёқ кийимлари йўлакда билчиллаган, кўча чироқлари эса фақат мактабга борувчи ёки келувчи йўлнигина ёритган маҳзун куз кунларини ҳам ёритишга қодир эди.
Менинг болалигим, ғариб болалигим мен интиқлик билан Элизабетдан бир боқиш кутган, қачон ўсар эканман деган умидлар билан шу кичик шаҳарчада ўтди.
Маркес мени ёқтирмай қўйиши учун бир кун кифоя қилди. Ортга қайтариб бўлмас иш қилишим учун бир кун керак бўлди. Инглиз тили ўқитувчимиз мадам Шеффер содда претерит ўтган даврдаги ҳаракатни билдиришини, ҳозирги замон билан боғлиқ эмаслигини, узлуксиз бўлмаганини ва замонга осон боғланишини тушунтириб берди. Яхшигина иш!
Тугатганидан кейин мадам Шеффер бармоғи билан мени кўрсатди ва истаган мисол билан претеритни тушунтириб беришимни сўради. Мен ўқув йили претеритда бўлса яхши бўларди, деб айтдим. Бу мисолга Элизабет баланд овозда кулиб юборди. Менинг ҳазилим фақат мен ва Элизабетга ёқди, бошқа синфдошларим инглизча преперит нима эканини англашмаган, деган хулосага келдим. Маркес эса бошқа хулосага келди – гўёки мен уни Элизабетнинг ёнида ерга ургандек бўлдим. Лекин қолган чоракдаги менинг қисматим шу билан ҳал қилиб бўлинган эди. Шу душанбадан бошлаб, ўқув йилининг биринчи куниданоқ, тўғрироғи инглиз тили дарсидан бошлаб мен дўзахда яшашга маҳкум эдим.
Мен дарҳол мадам Шеффердан жазо олдим: келаётган шанбада уч соат ҳовлидаги хазонларни супуриш. Кузни ёмон кўраман!
Сешанба ва чоршанбадан Маркес оёғини қўйиб мени чалишни бошлади. Ҳар сафар полга чўзилганимда Маркес бошқаларни кулдириш пойгасида орқа қолганининг ўчини оларди. У ҳатто гавдасини олдинга ҳам чиқарарди, лекин Элизабет бунга кулмагани учун унинг қасос олишга бўлган иштиёқи сўнмас эди.
Пайшанба куни Маркес ҳаддидан ошди, математика дарсидан олдин мени куч билан итариб шкафга киргизди ва қамаб қўйди. Кийим хонасининг қоровули менинг эшикни ураётганимни эшитиб қолди, мен унга қулф кодини айтдим ва у очиб чиқарди. Яна ҳам кўпроқ нохушликларни жалб қилмаслик, чақимчи деган номни олмаслик учун мен бекинмачоқ ўйнаётиб ўзим қулфланим қолганимни айтиб қасам ичдим. Қоровул қандай қилиб қулфни ичкаридан қулфлаб олганимга қизиқиб қолди, бироқ мен саволни эшитмаганга олдим ва жуфтакни ростладим. Йўқламага кечикдим. Математика ўқитувчиси шанба кунидаги жазоимни яна бир соатга чўзди. Жума куни ҳафтадаги энг ёмон кун бўлди. Маркес соат 11 да физика дарсида ўрганганимиз Ньютон қонунини менда синаб кўрмоқчи бўлди.
Олам тортишиш қонунига кўра, икки жисмнинг ўзаро тортишиш кучи уларнинг массаларига тўғри пропорционал, орасидаги масофанинг квадратига тескари пропорционалдир. Бу кучнинг йўналиши иккала жисмнинг оғирлик маркази бўйлаб ўтади.
Умуман олганда, дарсликда шундай ўқиш мумкин. Амалда эса – умуман бошқа нарса. Тасаввур қилинг, кимдир ошхонага ейиш ниятида эмас, бошқа мақсадда помидор олиб келган. Қурбони анча яқин келиб қолганида, ўнг қўл кучини шу помидорга кўрсатганида, сиз Маркесга ушбу қонун таъсир қилмаслигининг гувоҳи бўласиз. Помидорнинг йўналиши менинг оғирлик марказимдан ўтувчи тўғри чизиқдан оғди: у тўғри келиб менинг кўзойнагимга қўнди. Барчанинг кулгиси орасида мен баланд ва кумушдай жаранглаган Элизабетнинг кулгисини ҳам эшитдим, менинг кайфиятим буткул барбод бўлди.
Жума куни кечқурун, ойим кўп мазмунли “Кўрдингми, ҳаммаси яхши” деган калимани қайтариб турганида, мен кечки овқатни ейишни истамаганимни айтиб, хонамга кўтарилдим. Шанба куни эрталаб, синфдошларим телевизор олдида нонушта қилиб турганида, мен мактабга йўл олдим.
Қоровул қоида бўйича ота-онам имзо қўйган қоғозни буклади ва халатининг чўнтагига солиб қўйди. У менга “Эҳтиёт бўл, яраланма” деб номланадиган хаскашни берди ва тўпланган хазон, ҳамда менга Қобил кўзи, тўғрироғи Маркеснинг чиқиб турган кўзлари каби кўринган баскетбол савати остида турган аравачани кўрсатди. Мен ярим соат хазонлар билан курашганимдан кейин, охири қоровул менга ёрдамга келди.
– Мен сени танидим, шкафчада қамалиб қолган сен эдинг, тўғрими? – деди у ва қўлимдан хаскашни олди. – Ўқув йилининг биринчи шанбасида жазо олиш учун ҳам, худди шкафча ичидан туриб қулфни ёпа олиш каби катта маҳорат керак бўлади.
У ишонч билан катта хазон тўпламига хаскашни тиқди ва мен ярим соатдан бери тўплаган хазонимдан ҳам каттароқ тўдани хаскашга тиқди.
– Нимага сени жазолашди, сен ўзи нима қилдинг? – деди у аравачани тўлдириб.
– Феълни нотўғри туслаганим учун, – тўнғилладим мен.
– Ммм, сени айблашга ҳаққим йўқ, чунки ўзим ҳам ҳеч қачон грамматикада кучли эмасдим. Лекин хазонларни йиғиш ҳам сенинг ишинг эмасдек. Сен ўзи бирор бир ишни яхши бажара оласанми?
Унинг бу саволи мени ўйлантириб қўйди. Қанчалик бошимни қотирмайин, ўзимда бирор бир иқтидор топа олмадим. Шунда мен мактабга олти ой илгари боришим ота-онам учун нега муҳим эканини тушуна бошладим, ўз боласи билан фахрланиш учун менда бошқа ҳеч бир нарса йўқ эди.
– Сен учун ҳамма нарсадан қизиқ бўлган, қилишни яхши кўрадиганинг, охир-оқибат орзуинг бўлиши керак-ку, ахир? – деди у хазоннинг катта уюмига хаскашни санчиб.
– Қоронғуликни қўлга ўргатиш, – дедим секингина мен.
Ив баланд овоз билан кулди, қоровулни шундай деб атардилар, кулгисидан ҳатто дарахтдаги қушлар ҳам ҳуркиб учиб кетдилар. Мен эса қўлларимни чўнтагимга тиқиб ҳовлининг нариги томонига кета бошладим. Ярим йўлда Ив мени қувиб етди.
– Мен сенинг устингдан кулмоқчи эмасдим, кутилмаган жавоб бўлгани учун кулдим.
Баскетбол саватининг сояси ҳовлини кесиб ўтадиган даражада узайган эди. Қуёшнинг ботишига ҳали анча бор, менинг жазоим тугашига ҳам вақт бор эди.
– Сен нега қоронғуликни қўлга ўргатмоқчисан? Ғалати ғоя!
– Ахир сиз ҳам, менинг ёшимда бўлганингизда қоронғуликдан қўрққансиз. Ҳатто сиз қоронғулик кирмаслиги учун ойналарни ёпишни сўрагансиз.
Ив ҳайрон бўлиб менга қараб турарди. Унинг юз ифодаси ўзгарди, илтифот ифодаси ўчди.
– Биринчидан, бу нотўғри, иккинчидан, сен қаердан биласан?
– Агар бу нотўғри бўлса, сизга қаердан билишимнинг нима аҳамияти бор? – дедим мен ва нари кетдим.
– Ҳовли катта эмас, сен узоққа боролмайсан, – деди Ив мени қувиб етиб, – сен менинг саволимга жавоб бермадинг.
– Биламан, тамом-вассалом.
– Хўп, майли, бу тўғри, мен қоронғуликдан жуда ҳам қўрқардим, лекин мен буни ҳеч кимга айтмаганман. Тўхта, агар сен қандай билганингни айтиб берсанг ва сиримни ҳеч кимга айтмасликка ваъда берсанг, мен сени тушдан кейин эмас, соат ўн бирда жавоб бераман.
– Келишдик, – дедим мен ва қўлимни чўздим.
Ив қўлимни қисди ва кўзимга боқди. Қоровул кичкина бўлганида қоронғуликдан қаттиқ қўрққанини қаердан билган эдим? Ўзим ҳам билмас эдим. Балки мен шунчаки ўз қўрқувларимни унга кўчиргандирман. Нега катталарга ҳамма нарсани тушунтириб ўтириш керак?
– Кел, ўтирамиз, – деди Ив, баскетбол савати томонидаги ўриндиққа имлаб.
– Яхшиси бу ерга, – дедим мен қарама-қарши томондаги ўриндиқни кўрсатиб.
– Бўпти, юр.
Мен буни қандай тушунтира олардим? Биз ҳовлининг ўртасида турганимизда у мендан бироз каттароқ ёш бола бўлиб кўринди. Мен бунинг қандай содир бўлганини билмас эдим, лекин уйидаги гулқоғозлар сариқ рангда бўлганини, уйнинг поллари эса ғижирлашини, булардан эса унинг қаттиқ қўрқишини билардим.
– Билмайман, буларни ўйлаб чиқарган бўлсам керак, – дедим мен қўрқиб.
Биз узоқ вақт ўриндиқда жим ўтирдик. Кейин Ив уф тортди, тиззамга уриб қўйиб, ўрнидан турди.
– Қани, уйингга югур, ваъда пулдан қимматроқ туради, соат 11 бўлди. Фақат ҳеч кимга индама, мен ўқувчилар устимдан кулишини истамайман.
Мен қоровул билан хайрлашиб дадам мени қандай қаршилашини ўйлаб, бир соат олдин уйга кириб бордим. У командировкадан кеч қайтган ва ойим нега менинг уйда эмаслигимни аллақачон тушунтириб қўйган бўлса керак. Ўқув йилининг биринчи ҳафтасида мактабда ишкал қилганим учун мени қандай жазо кутмоқда экан? Шу фикрларни бошимда айлантириб юрар эканман, ажойиб бир нарсани кўриб қолдим. Қуёш тиккага кўтарилган, менинг соям ғалати тарзда ерга тушган: одатдагидан кўра кенгроқ ва узунроқ эди. Мен уни яхшироқ кўриш учун тўхтадим: шакли ҳам унчалик мос келмас, гўёки менинг соям эмас, бегона одамнинг соясига ўхшар эди. Мен унга яхшилаб қарадим, ногаҳон бегона бир болалик парчасини кўрдим.
Бир киши мени боғнинг ичига тортиб олиб кириб, уриш учун камарини еча бошлади. Менинг дадам ҳатто жуда жаҳли чиққан пайтида ҳам менга қўл кўтармас эди. Мен бу манзара кимнинг хотирасидан қалқиб чиққани англаб қолдим. Менинг бошимга келган фикр, жуда ғаройиб эди, ҳаттоки имконсиз бир нарса эди. Мен қатъий қайтишга қарор қилиб, қўрқувдан ўлиб бўлса ҳам қадамимни тезлаштирдим.
Дадам ошхонада кутиб турарди, менинг жилдимни кириш йўлагига қўйганимни эшитиб, мени чақирди, унинг овози жиддий эди. Ёмон баҳо, синдирилган ўйинчоқлар, музлаткични кечаси ковлаш, чўнтак чироғи билан тунгача ўқиш, ёстиқ тагига яширилган ойимнинг кичкина радиоприёмниги, ҳаттоки дўконда чўнтакларимни конфетлар билан тўлдирганимда ҳам (ойим орқасини қилиб турган эди, лекин қоровул ҳушёр экан), шунчалик дадамнинг ғазабини келтирмаган эдим. Ҳар доим заҳирамда айёрликларим бор эди, шулар жумласидан айбдорона табассумим бўлиб, бундай табассум ҳар қандай қаҳрни эритиб юборарди. Бу сафар бу айёрликларимни қўллаш керак бўлмади: дадам қаҳрли эмас, балки ғамгин эди. У менга рўпарасига ўтиришни буюрди ва қўлларимни қўллари орасига олди. Бизнинг суҳбатимиз ўн дақиқа давом этди, кўп эмас. У менга ҳаёт ҳақида, турли нарсалар ҳақида тушунтирди, буларнинг ҳаммасини катта бўлгач тушуниб етарканман. Мен фақат битта нарсани тушундим: у уйдан кетяпти. Биз имкони борича кўпроқ учрашиб турамиз, фақат шу “имкон борича” деган сўз билан нима демоқчи эканини тушуна олмадим.
Дадам столдан турди ва ойимни қўллаб туришимни айтди – у ўзининг хонасида эди. Шу суҳбатгача у “бизнинг хонамизда” деган бўларди, энди фақат ойимники бўлиб қолди. Мен итоаткорона юқорига чиқа бошладим. Охирги пиллапояда орқамга қарадим: дадам кичкина жомадонча билан қараб турарди. У менга қўл силтаб хайрлашди ва орқасидан эшикни ёпди.
Дадамни бошқа кўрмадим – улғайгач кўришдик. Дам олиш кунларини ойим билан ўтказдим, мен унинг қайғусини сезмаётгандек тутардим ўзимни. Ойим ҳеч нарса демас, баъзан уҳ тортар, кўзлари шу заҳотиёқ ёшга тўларди, шунда орқасига ўгирилиб, кўзларини мендан яширинишга уринарди. Тушликдан кейин биз супермаркетга кетдик. Ойим жуда хафа бўлганида дўконма дўкон юришини аллақачон сезганман. Қандай қилиб ёрма халтачаси, тоза сабзавотлар ёки янги пайпоқ қандай қилиб кайфиятни кўтариши мумкинлигини ҳеч ҳам тушунмайман… Ойим ташвиш билан дўкон пештахталарига қараб турганида, менинг борлигим эсидамикан, деб ўйлаб қоламан баъзан. Аравачани тўлдириб, ҳамённи бўшатиб уйга қайтдик, ойим сотиб олинган нарсаларни узоқ вақт жойлаштирди.
Ўша куни ойим олмали, заранг сиропли пирог пиширди. У стол устига иккита идиш қўйди, дадамнинг стулини ертўлага олиб кириб қўйди, келиб менинг рўпарамда ўтирди. Газ плитаси ёнидаги тортмадан мен туғилган кунимда пуфлаган шамларни олди ва бирини чиқариб, пирог ўртасига қўйиб, ёқди.
– Биз сен билан биринчи марта шундай яккама-якка овқатланяпмиз, кел, бу лаҳзаларни бир умр ёдимизда сақлайлик.
Болалигимда биринчи маротабалар кўп бўлган.
Заранг сиропли олмали пирог бизнинг кечки овқатимиз бўлди. Ойим менинг қўлимни олди ва маҳкам сиқди.
– Мактабда ишларинг нега ўхшамаётганини гапириб берарсан? – деди у.
Ойимнинг қайғуси менинг миямни ҳам банд қилган эди, шунинг учун мен шанба саргузаштларини буткул унутган эдим. Мен уларни мактабда бораётганимда эсладим ва Маркеснинг дам олиш кунлари меникидан яхши ўтганидан умид қилдим. Ким билади, агар яхши ўтган бўлса, балки мени қийнаш керак бўлмай қолар.
Олтинчи “С” галереяда сафланган, йўқлама бошланиши керак эди. Элизабет менинг олдимда турар, тўқ кўк рангли свитер ва тиззагача бўлган юбка кийиб олган эди. Маркес ўгирилди ва менга нохуш қараб қўйди. Йўқлама тугади ва ўқувчилар мактабга қараб йўналдилар. Тарих дарсида мадам Анри Тутанхамоннинг ўлимини худди ўзи иштирок этаётгандек гапириб берди, мен эса танаффус ҳақида қўрқув билан ўйлардим. Қўнғироқ 10.30 да чалинди, Маркес билан ҳовлида тўқнашиш истиқболи яхшилик келтирмаслиги аниқ, бироқ истасанг истамасанг ҳамма билан чиқишга мажбур эдим. Мен уйга келиб дадам биздан кетишини билганим кун каби, қоровул билан гаплашганим ўша ўриндиқда ўтирдим. Ногаҳон ёнимга Маркес келиб ўтирди.
– Мен сендан кўзимни узаётганим йўқ, – вишиллади у елкамни маҳкам сиқиб. – Синф етакчилигига ўз номзодингни қўйишни ҳатто ўйлаб ўтирма. Синф каттаси менман, бу менинг жойим. Агар сенга тегишимни истамасанг, гапимга қулоқ сол: овозингни чиқармай юр, қара, Элизабетга яқин йўлама, ўзингга яхши бўлади. Сен ҳали кичкинасан, бекорга умид қилма, ахмоқ.
Ўша куни ҳовли серқуёш эди, мен буни аниқ эслайман ва бекорга эмас! Бизнинг сояларимиз асфальтда ёнма-ён турарди. Маркеснинг сояси менинг соямдан бир метр узун, ҳамма гап мутаносибликда, бу математика. Мен соям унинг устига тушиши учун секингина сурилдим. Маркес ҳеч нарсани пайқамаётган эди, мени эса бу ўйин қизиқтирарди. Ҳеч бўлмаса бир марта мен ундан устун келаётган эдим – орзуга айб йўқ. Маркес менинг елкамни ҳалиям эзғиларди, шу пайт каштан дарахти тагидан ўтиб кетаётган Элизабетни кўриб қолди. Маркес ўрнидан турди, ва менга “жимгина ўтир” деди-да, охири мени тинч қўйиб нари кетди. Боғ анжомлари турадиган қоровулхонадан Ив чиқди. У мен ўтирган ўриндиққа қараб юрар, худди бир айб иш қилиб қўйганимдай жиддий қараб келаётган эди.
– Даданг билан бўлган воқеадан афсусдаман, – деди у, – биласанми, вақт ўтиб ҳаммаси изига тушиб кетади.
Бу хабарни дарров қаердан эшита қолди экан? Дадамнинг кетиши ҳақида газеталарда ёзишмагандир ҳар ҳолда. Гап шундаки, майда шаҳарчаларда ҳамма ҳақида ҳамма нарсани билишади, одамлар бирорта ҳам хабарни ўтказиб юборишмайди, бошқа кишиларнинг қайғусига оч бўлишади. Мен буни англаганимда, дадам иккинчи марта кетганида, бунинг юки елкамга оғир тушди. Мен бугун кечқурундаёқ бу ҳақида ҳамма оилаларда ғийбат қилишларига ишончим комил эди. Бировлар онамнинг зиммасига жавобгарлик юклашини, баъзилар эса отамни айблашини билардим. Лекин ҳамма мени отасига кетишига изн берган, уни бахтли қилолмаган хайрсиз фарзанд сифатида билиши аниқ эди. Бу йилнинг бошланиши ёмон бўлди.
– Сен уни яхши кўрармидинг?
Мен туфлиларим учига қараб туриб бошимни силкитдим.
– Ҳаёт ёмон тузилган. Менинг отам ҳам аблаҳ одам эди. Мен унинг уйдан кетишини хоҳлаганман. Менинг ўзим унинг дастидан уйдан эрта чиқиб кетдим.
– Менинг дадам менга ҳеч қачон қўл кўтармаган! – дедим дарҳол, англашилмовчилик юзага келмаслиги учун.
– Менинг отам ҳам, – деди бунга жавобан қоровул.
– Агар биз дўст бўлиб қолишимизни истасангиз, келинг бир-биримизга ҳар доим ҳақиқатни гапирайлик. Мен биламанки, сизни отангиз урган. У сизни боғнинг ичкарисига олиб бориб, камар билан савалаган.
Мен нима деб қўйдим? Мен ўзим билмаган ҳолда бу сўзлар оғимдан чиқиб кетди. Балки, ўша машъум шанбада уйга қайтаётганимда кўрган манзарамни Ивга айтгим келгандир. У менга тик қаради.
– Буни сенга ким айтди?
– Ҳеч ким, – шошиб қолдим мен.
– Ёки сен бурнингни ҳамма ёққа тиқишни яхши кўрасан, ёки ёлғончисан.
– Ҳеч ҳам-да! Сиз-чи? Сизга дадам ҳақида ким айтди?
– Мен директор хонимга почта олиб кирганимда онанг телефон қилиб қолди. Директор хоним жуда афсус қилди ва гўшакни қўя туриб: “Эркаклар жуда ҳам аблаҳ бўлар экан!”. Кейин мен унинг қаршисида турганимни англагач, узр сўради. “Сиз эмас, Ив, – деди. Ҳатто қўшиб қўйди: – Албатта, сиз эмассиз”. Лекин у мен ҳақимда ҳам шундай ўйлайди, у ҳамма ҳақида шундай ўйлайди. Мактабда қиз болалар ва ўғил болалар аралаштирилганида қанчалик куйинганини кўрсанг эди. Эркаклар аёлларга хиёнат қилади, бу маълум, савол туғилади: ким билан? Ўз эрларига хиёнат қилувчи аёллар билан бўлмай, яна ким билан? Мен нима ҳақида гапираётганимни яхши биламан. Сен ҳам катта бўлганингда биласан.
Мен Ивга нима ҳақида гапираётганини тушунмаётганимни айтмоқчи бўлдим, лекин бироз олдин ўзим ҳақиқатни гапириш ҳақида келишиб олган эдим. Ойим дадамнинг пальтоси чўнтагидан лаб бўёғи топиб олгани, дадам қандай қилиб бу нарса пальтоси чўнтагига тушиб қолганини англамаётганига, ҳамкасбларининг ҳазили эканлигига қасамлар ичган кундан бошлаб мен бу нарсаларни яхши, жуда яхши англар эдим. Дадам ва ойим тун бўйи жанжаллашиб чиқишди, мен эса ойим бутун умр сериаллардан хиёнат ҳақида билган нарсаларини бир кечада билиб олдим. Телевизорсиз булар яна ҳам узунроқ, чунки фожеа шундоққина ён хонада ўйналаётган эди.
– Хўп, мен отанг ҳақида қаердан билишимни гапириб бердим, – давом этди Ив, – энди сенинг галинг.
Шу пайт қўнғироқ чалиниб қолди. Ив норози тўнғиллади ва менга дарсга югуришимни тайинлади, ҳали суҳбатимиз тугамаганини ҳам таъкидлаб қўйди. У қоровулхонаси томон йўналди, мен эса синфга қараб чопдим.
Мен юзим билан қуёшга қараб юрардим ва ногаҳон орқамга қарадим. Менинг орқамдан судралаётган соя яна кичрайиб қолган, қоровулдан ўзиб кетаётган соя эса яна узун эди. Гарчи бу душанбада ҳамма нарса одатий тусга кирган бўлса ҳам, бу нарса мени яхшигина тинчлантирди. Ойим тўғри деган экан: жуда ҳам бой тасаввур баъзан ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Инглиз тили дарсига қулоқ солмадим. Биринчидан, жазо бергани учун мадам Шефферни ҳали кечирганим йўқ, кейин эса барибир инглиз тили дарси қулоғимга кирадиган даражада эмасдим. Нега ойим директоримизга телефон қилиб, ҳаётимиз ҳақида, бизнинг ҳаётимиз ҳақида гапириб берди экан? Менга маълум бўлишича, дилдан суҳбат қурадиган дугоналар эмасдилар, шунинг учун мен бундай очиқ-сочиқ гаплашишни ўринсиз деб ҳисоблардим. Бу ҳақда ҳамма хабардор бўлганида, ҳолим қандай кечиши ҳақида ойим ўйлаб кўрдимикан? Элизабет борасида ҳеч қандай имкониятим қолмади. Агар унга паст бўйли, кўзойнакли болалар ёқиши мумкинлигини фараз қилган тақдиримизда ҳам – жуда умидли фараз – ёхуд Маркеснинг, бақувват боланинг тескариси бўлган бола ёқишини тахмин қилсак ҳам, дадаси у билан қолишни истамаган, уни тарк этган бола ҳақида орзу қилиши мумкинми?
Мен шундай қайғули ўйларни ошхонада ҳам, география дарсида ҳам, танаффус пайти ва мактабдан уйга қайтишда, йўлда ҳам ўйлаб юрдим. Уйга борганда ойим мени ноқулай аҳволга солгани ҳақида у билан жиддий гаплашишга қарор берган эдим. Бироқ, калитни қулф ичида айлантираётганимда бу нарса Ивни сотиб қўйиши мумкинлиги ҳақида ўйладим: эртагаёқ ойим директорга телефон қилган бўлар, унга сирини сақламаганини ёзғирар, директор эса ахборот кимдан чиқиб кетганининг тагига етиб олган бўлар эди. Агар мен қоровулга панд бериб қўйсам, бизнинг муносабатларимиз ҳақиқий дўстлик даражасига чиқмас эди, бу янги мактабда эса дўст топиш мен учун муҳим иш эди. Ив мендан ўттиз ёки қирқ йил катта бўлсин – бунинг менга аҳамияти йўқ эди. Ақл бовар қилмайдиган тарзда унинг соясини ўғирлаганимдан кейин аниқ билар эдим: у ишончли одам. Шундай қилиб, ойимдан изоҳ талаб қилишни кейинга қолдирдим.
Биз телевизор олдида кечки овқатни едик, ойимда суҳбат қуриш кайфияти йўқ эди. Дадам кетгандан кейин кам гаплашар, гўё сўзларни талаффуз қилиш унга қийинчилик туғдираётгандек эди. Ухлаётганимда мен Ивни эсладим, унинг айтишича, вақт ўтиб ҳамма нарса жой-жойига тушар эмиш. Балки, вақт ўтар, ойим яна олдингидай келиб менга хайрли тун тилар. Ушбу тунда ним очиқ деразага ёпиб қўйилган пардалар ҳам қимирламади, уйда ҳукм сураётган сукунатни ҳеч нарса бузмади, мато бурмаларида битта ҳам соя липилламади. Балким, кимдир дадам кетганидан кейин менинг ҳаётимда ўзгариш бўлди, деб ўйлар, лекин бундай эмас. Кўпинча дадам ишдан кеч келар, мен оқшомлари ойим билан ўтиришга ўрганиб кетган эдим. Якшанба кунлари велосипедда сайр қилишимизни соғинардим, лекин мен уларни мультфильм кўришга алмаштирдим, ойим газета ўқиб турганида мультфильм кўришга рухсат берарди. Янги ҳаёт – янги одатлар: биз яқинимиздаги кичик ресторанда гамбургерни бўлишардик, кейин эса савдо кўчаларини айланар эдик. Магазинлар кўпинча ёпиқ бўларди, лекин ойим буни сезмайдиганга ўхшаб кўринар эди. Тушга яқин ойим менга синфдошларимни меҳмонга чақришни таклиф қиларди. Мен эса елкамни қисиб, кейинги сафар таклиф қилишимни айтардим.
Октябр ойи ёмғирлар билан ўтди. Каштанлар барг ташлади, яланғоч шохларда қушлар ҳам кўринмай қолди. Кейинроқ эса сайрашини ҳам эшитмай қўйдик: қиш яқинлашмоқда эди.
Ҳар эрталаб мен қуёш нурини пойлаб ойнага қарар эдим, лекин узоқ кутишга тўғри келди, ноябр ўртасидагина қалин булутлар орасидан қуёш нурлари кўриниб қолди. Осмон ёришиб қолгандан кейин табиатшунослик ўқитувчимиз бизни очиқ ҳавога олиб чиқди. Гербарий йиғишга улгуриш учун саноқли кунлар қолди. Бунинг учун ижарага олинган автобус бизни шаҳарча четидан бошланадиган ўрмонга олиб борди. Мана биз, олтинчи “С” синф тўла таркибда, ҳўл тупроқда сирпаниб, ҳар турли ўсимликларни – барглар, қўзиқоринлар, ўтлар ва ранг-баранг мохларни йиғишга ҳаракат қилар эди. Маркес қўмондон каби олдинга чиқиб олган эди. Қизлар олдинма-кетин унинг диққатини жалб қилишга ҳаракат қилар, у эса Элизабетдан кўзини узмас эди. У эса четроқда туриб, гўёки буни сезмаётгандек ўзини тутарди, лекин мени алдаб бўлмасди, бу нарса унга ёқаётганлигини аччиқ алам билан ҳис қилдим. Улкан эман илдизлари орасида Штрумпф бошига лойиқ келадиган катта шляпали мухомор қўзиқоринига маҳлиё бўлиб қолиб мен синфда ортда қолиб кетибман, бошқача қилиб айтганда адашиб қолдим. Ўқитувчимнинг менинг исмимни айтиб чақираётганини эшитдим, лекин овоз қайси томондан келаётганини англолмай қолдим. Мен синфни қувиб етишга ҳаракат қилдим, лекин бироз ўтиб шунга амин бўлдимки, ё бу ўрмон чексиз, ёки мен доира бўйлаб ҳаракатланяпман. Мен заранг дарахтлари тепасига қарадим, қуёш шафаққа қараб кетаётган эди, бундан қаттиқ қўрқиб кетдим. Иззат-нафсим ҳақида унутиб бутун кучим билан бақирдим. Болалар узоққа кетиб қолишган бўлса керак, ҳеч ким менинг бақиришимга жавоб бермади. Мен тўнкага ўтириб олиб, ойим ҳақида ўйлай бошладим. Агар мен уйга қайтмасам, у оқшомни ким билан ўтказади? Дадам ташлаб кетгани каби мени ҳам ташлаб кетди, деб ўйламасмикан? Зотан, дадам кетиши ҳақида огоҳлантирган эди. Мен уни ёлғиз ташлаб кетганимни ҳеч қачон кечирмайди, айниқса ҳозир, менга муҳтож бўлиб турганида. Биз супермаркетларни айланиб юрганимизда менинг борлигимни унутса ҳам, сўзларни талаффуз қилиш қийин бўлгани учун мен билан кам гаплашадиган бўлиб қолган бўлса ҳам, энди менга хайрли тун тилашга хонамга келмаса ҳам, менсиз унга жуда қийин бўлишини аниқ билардим. Аҳмоқона қўзиқорнига маҳлиё бўлишдан олдин шуларни ўйлашим керак эди! Яна менга учраса борми, мен унинг адабини бериб, бошидан шляпасини қандай олишимни кўради!
– Жин урсин, сен бу ерда нима қиляпсан, аҳмоқ?
Ўқув йилининг бошидан бери, баланд папоротниклар орасидан кўринган Маркеснинг юзини биринчи марта кўрганимдан хурсанд эдим.
– Ўқитувчининг роса жаҳли чиққан, у ҳатто ўрмонни оралаб қидирмоқчи эди, лекин мен ўзим топишимни айтдим. Ов қилганимизда, қариямнинг айтишича, яроқсиз овни топишга уста эканман. Демак, у ҳақли. Қани, қимирла! Ўзингни бир кўрсанг эди, қиз болага ўхшаб йиғлаворишингга сал қолибди.
Бу меҳрибончилик сўзларини Маркес менинг юзимга тўғри туриб айтди, бунинг учун сал чўккалашга тўғри келди. Қуёш унинг елкасига тушиб турар, бошига нурли тож каби порлар, шунинг учун унинг кўриниши одатдагидан ҳам қаҳрли бўлиб кўринар эди. Унинг юзи шунчалик яқин эдики, мен унинг сақичи ҳидини ҳам яққол сездим. У қаддини тиклади ва елкамга қаттиқроқ туртди.
– Хўш, кетдикми ёки шу ерда тунамоқчимисан?
Мен ўрнимдан турдим ва уни бир неча қадам олдинга ўтказдим. Мен орқага ўтган заҳотим англадим, нимадир бу ерда нотўғри. Менинг соям одатдагидан кўра бир метрча узун, Маркеснинг сояси эса кичкина, жуда кичкина бўлиб қолган, бу ўринда битта хулоса қилиш мумкин эди, бу менинг соям бўлиши керак эди. Маркес мени қутқарган эди, миннатдорчилик ўрнида унинг соясини ўғирлаганимни билиб қолса, нафақат шу чоракда, балки ўн саккизга кириб, битирув имтиҳонлари топширгунга қадар яхши ҳаёт билан хайрлашишга тўғри келади. Даҳшатнинг неча куни борлигини билиш учун математикадан кучли бўлиш шарт эмас. Мен унинг орқасидан шошиб кетардим, бизнинг сояларимиз олдинги каби, дадам кетгунига қадар бўлгани каби кесишишига умид боғлардим. Бу қанақадир алаҳсирашга ўхшарди – бировнинг соясини мана шундай ўзлаштириш мумкин эмас! Бироқ, иккинчи марта ҳам худди шу нарса содир бўлган эди. Маркеснинг сояси менинг соям устига тушган, агар узоқлашадиган бўлса ҳам, оёқларимга елимланган каби ёпишиб қолган эди. Менинг юрагим шиддат билан урар, тиззаларим қалтирарди.
Биз ялангликни кесиб ўтиб, сўқмоққа чиқдик, у ерда бизни ўқувчилар билан бирга табиатшунослик ўқитувчимиз кутиб турган эди. Маркес музаффарона қўлини кўтарди – гўёки у овчи, мен эса у орқасида ташиётган ов каби эдим. Ўқитувчи бизга қўлини силкитиб шошилишга имлади. Автобус кутаётган эди. Мен яна таъзиримни ейишимни билардим. Болалар бизга қараб туришар, уларнинг кўзларида мазах ифодаси бор эди. Ҳечқиси йўқ, ҳеч бўлмаса оқшом пайти уйда ота-оналари билан ота-онам муаммосидан ташқари яна ғийбат қилишга мавзу топилди.
Элизабет автобусда, бу ерга келишимизда ўтирган жойида ўтирар эди. У ҳатто ойнага қарамас, менинг йўқолиб қолишим уни ташвишга солмаган кўринади. Қуёш ботиш чизиғидан яна ҳам пастга тушиб кетган, бизнинг сояларимиз хира тортган, уларни бир-биридан фарқлаб бўлмайдиган эди. Ҳаммадан яхши, энди ўрмонда нима бўлганини ҳеч ким сезмайди. Мен хомуш автобусга чиқдим. Табиатшунослик ўқитувчиси қандай қилиб йўқолиб қолганимни сўради, қаттиқ қўрққанини қайд этди. Лекин у менинг топилганимдан шунчалик хурсанд эдики, мени ҳатто урушмади ҳам. Мен орқада ўтирдим ва йўл бўйи чурқ этмадим. Бирон нарса дейиш ҳам қийин эди, мен шунчаки адашиб қолдим, вассалом. Мен телевизорда тажрибали альпинистларнинг тоғда адашиб қолгани ҳақидаги кўрсатувни кўрган эдим. У ҳолда мендан нимани талаб қилиш мумкин?
Ойим мени уйда, меҳмонхонада кутиб турган экан. У мени қучоқлади ва ҳатто кутганимдан ҳам қаттиқроқ бағрига босди.
– Сен адашиб қолдингми? – деди яноқларимга қараб.
Менимча у уоки-токи бўйича директор хоним билан алоқада бўлиб турса керак, йўқса бу хабар шунчалик тез етиб келадими? Мен саргузаштларимни сўзлаб бердим, у эса мени иссиқ ванна қабул қилишга буюрди. Мен совуқ қотмаганимни таъкидласам ҳам, эшитишни хоҳламади. Гўёки ванна бошимизга тушган ҳар қандай балоларни – дадамнинг кетиб қолиши ва Маркеснинг пайдо бўлишини ювиб, оқизиб кетадигандек. Ойим бошимни шампун билан юваётганда кўзларим ачишиб кетди, шу пайтда соялар воқеасини айтгим келиб қолди. Лекин мен ойим буни жиддий қабул қилмаслигини ва “Ўйлаб топма”, дейишини билар эдим. Шунинг учун индамадим ва эртага об-ҳаво ўзгариб, кулранг осмон остида соялар яна ўзгаришига умид боғладим. Оқшом қовурилган картошка билан ростбиф едик. Ўрмонда йўқолиб қолиш яхши экан, буни кўпроқ амалга ошириш керакка ўхшайди.
Ойим хонамга эрталаб соат 7 да кирди. Нонушта тайёр, дарров юз-қўлимизни ювамиз, мактабга кеч боришни истамасам, дарҳол кийиниб овқатланиб олишим керак. Аслида мен мактабга кечикиб боришни жуда ҳам истаётган эдим. Умуман бомаслик, яна ҳам яхши эди. Бугун об-ҳаво яхши бўлармиш, шундан ойимнинг кайфияти яхши эмиш. Зинадаги узоқлашиб кетаётган оёқ товушларини эшитганим заҳоти кўрпанинг ичига қайтиб кирдим. Мен оёқларимга бошимни оғритмаслигини, ортиқ ҳеч қандай ўғирламасликни, тезроқ Маркес соясини Маркесга қайтариб беришни сўрар эдим. Албатта, эрталаб ўз оёқлари билан суҳбатлашиш ғалати нарса, лекин менинг ўрнимга ўзини қўйиб менга қанчалик оғир бўлганини тушуниш мумкин. Мен юрагимда оғирлик билан мактабга йўналдим ва бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ўйлаб кетдим. Қандай қилиб ҳеч ким сезмайдиган қилиб сояни алмаштириш мумкин? Бунинг учун мен ва Маркеснинг сояларимиз кесишиши керак, демак ниманидир баҳона қилиб унга яқин боришимга тўғри келади. Мактаб дарвозасигача бир неча қадам қолган эди; мен юришдан олдин чуқур нафас олдим. Маркес ўриндиқда ўртоқларини атрофига йиғиб олган, улар оғизларини очиб, унинг чўпчакларини эшитиб ўтиришар эди. Бугун кун охирида синф етакчилигига номзодларни қабул қилиш якунланар, шунинг учун сайлов олди кампанияси авжида экани аниқ. Мен уларга қараб қадам қўйдим. Маркес гўёки орқаси билан мени сезгандек ўгирилди ва менга нохуш қаради:
– Сенга нима керак?
Бошқалар ҳам менинг жавобимни кутиб таранг туришди.
– Кечаги воқеа учун раҳмат айтмоқчи эдим, – дедим мен дудуқланиб.
– Бўпти, раҳмат деб бўлдинг, энди бор, коптокча ўйна, – деди у ва болалар хихилашди.
Шу пайт мен орқамда қандайдир кучни сездим ва бу куч мени ўриндиққа қараб яна уч қадам юришга мажбур қилди.
– Нима яна? – овозини баландлатди Маркес. Қасам ичиб айтаманки, кейингиси кутилмаганда рўй берди, мен олдиндан ўйламаган ҳолда ишончли бир овоз билан дедим:
– Мен синф етакчилигига ўз номзодимни қўйдим, шунга аниқлик киритиб қўяйлик!
Ва кўринмас куч мени галерея томонга йўналтирди, мен худди аскар каби шахдам қадамлар ташлаб орқага қайтдим. Орқамда эса сукунат. Мен улар устимдан кулади, деб ўйлагандим, лекин сукунатни фақатгина Маркеснинг овози бузди:
– Демак, уруш, – деди у. – Сен ҳали пушаймон бўласан.
Элизабет – у гуруҳга қўшилмаган эди – ярим йўла учради ва аста келиб Маркес унинг асабига тегаётганини шипшиди. Худди ҳеч нарса айтмаган каби четга чиқиб кетди. Мен кейинги танаффусгача умрим қолганини ҳис қилдим.
Танаффусда эса қуёш мактаб ҳовлисига тўғри тушиб турган эди. Мен баскетбол ўйинини бошлаб юборган болаларга қарадим, ногаҳон оёғим остига қараб, қўрқиб юрган нарсамни кўрдим. Менинг соямга ўхшамаган катта соя борлиги камлик қилгандек, мен ўзимни бошқача ҳис қилаётган эдим. Буни сезадиган ва мени даҳшатга соладиган бу сирни очадиган киши топилгунига қадар қанча вақт керак экан? Ҳар эҳтимолга қарши мен галереяга, шийпон остига бордим. Булкапаз ўғли Люк таътилда оёғини синдирган ва ҳали ҳам гипсда юргани учун шу ерда ўтирган экан. У менга ёнидан жой кўрсатиб имлади. Мен унинг ёнига ўтирдим.
– Мен сенга паст баҳо берган эканман. Бопладинг!
– Мана энди аниқ хароб бўлдим, – дедим мен. – Барибир менда ҳеч қандай имконият йўқ.
– Ғалаба қозонмоқчи бўлсанг – йўналишингни ўзгартир. Олдиндан ютқизишга йўналма, асосийси – ғалабага бўлган ишонч, шундан имконият ҳам пайдо бўлади – шундай дейди менинг дадам. Кейин, мен сенинг фикрингга қўшилмайман. Ишончим комилки, бу ўртоқлари шунчаки кўриниш, аслида улар ёмон кўришади.
– Кимни?
– Сенинг рақибингни. Кимни бўларди яна? Ҳарҳолда менга суянсанг бўлади, мен сен томондаман.
Бу қисқача суҳбат ўқув йили бошланганидан бери рўй берган энг ёқимли воқеа бўлди. Шунчаки умид уйғонган эди. Лекин тенгдош ўртоғим бўлиши ҳақидаги фикрнинг ўзи бошқа ҳамма нарсани – Маркес билан тўқнашувни, соя билан бўлган муаммони унутишга ёрдам берди. Ҳатто бир дақиқага бўлса ҳам дадамнинг уйда эмаслигини ва унга бу воқеларни айтиб беролмаслигимни унутдим.
Чоршанба куни дарслар 15:30 да тугади. Мактаб котибиятидаги тахтага илдириб қўйилган номзодлар рўйхатига ўз номимни ёздириб, айтмоқчи, у ерда Маркес ва мендан бошқа номзод ҳам йўқ эди, мен Люкка уйга қайтишни таклиф қилдим, биз у билан бир кварталда яшар эдик. Биз йўлакдан ёнма-ён юрар эдик, ва мен сояларимиз орасидаги ғалатиликни сезиб қолишидан қўрқар эдим: гарчи бизнинг деярли бир хил бўйимиз бўлса ҳам, менинг соям анча узун кўринар эди. Лекин у оёғи остига қарамас, балки гипсидан уялар эди. Синфдошлар биринчи кунданоқ унга “Капитан Крюк” деб лақаб қўйиб олишган эди. Булка дўкони ёнидан ўтиб кетаётганимизда у шоколадли булка ейишни истар-истамаслигим ҳақида сўради. Менда бундай нарсани олиш учун пул етмас эди, лекин жилдимда ойим тайёрлаган нутеллали сэндвич бор эди, мен уни иккига бўлишни таклиф этдим. Люк кулиб юборди ва ойиси тушлик учун ундан пул олмаслигини айтди. У булка дўконидаги ёрлиқни фахр билан кўрсатди. Ёрлиқда чиройли ҳарфлар билан “Шекспир булкахонаси” деб ёзилган, бу унинг ота-онасига тегишли бўлган дўкон эди.
– Ҳақиқатдан сенинг шарифинг Шекспирми?
– Ҳа шундай, лекин мен Гамлетни яратганнинг қариндоши эмасман, бу шунчаки синоним.
– Омоним, – тўғриладим мен.
– Тўғри. Хўш, шоколадли булочка еймизми?
Люк дўкон эшигини итарди. Унинг ойсининг ўзи булочкага ўхшаган дўмбоқ эди, табассумидан нур сочиларди. У бизлар билан саломлашди. У маҳаллий шевада гапирарди. Овози жарангли бўлиб, бу овоздан қалбингиз фараҳ топар, сизга шундай гапирардики, сиз дарҳол ўзингизни кутилган меҳмондек ҳис қила бошлардингиз. У бизга шоколадли булочка ёки қаҳвали эклердан танлашимизни таклиф қилди, биз ўйлаб улгурмасимиздан, ҳар иккаласи билан меҳмон қила бошлади. Мен ўзимни ноқулай сездим, лекин Люк дадаси ҳар доим ортиқча пишириб қўйишини, оқшомгача сотилмагани ташлаб юборилишини айтди. Нега бу неъмат нобуд бўлиши керак? Люкнинг ойиси новвойхонага нонга бориб келгунича дўконда бўлиб туришимизни сўради. Ўртоғимни касса ортидаги баланд курсида кўриш ғалати эди. Шунда мен йигирма йил кейинги ҳолатимизни, уни булочка сотувчиси, ўзимни харидор сифатида тасаввур қилдим…
Ойимнинг айтишича, менинг тасаввурим ҳар доим ўзимдан олдин югуриб кетади. Мен кўзимни юмиб олдим ва ўзимни шу булкахонага кираётганимни кўрдим, менинг кичкина соқолим бор эди ва қўлимда кичкина чемодан. Катта бўлсам ёки дўхтир, балки ҳисобчи бўларман, улар қўлларида чемоданча кўтариб юришади. Мен пештахтага яқин келаман, қаҳвали эклер буюраман, ва ногаҳон мактаб ўртоғимни таниб қоламан. Мен уни шунча йил кўрмаганман, биз маҳкам қучоқлашамиз, кейин биргаликда ўша кунларни эслаб шоколадли булочка, қаҳвали эклер еймиз. Балки ўртоғим Люкнинг кассир бўлиб ўйнаётганини кўриб биринчи марта шу дўконда бир кунмас бир кун қаришимиз ҳақида ўйлагандирман. Негалигини билмадим-у, лекин шу пайтгача кичик бўлиб кўринган болалигимни биринчи маротаба тарк қилгим келмади. Маркеснинг соясини ўғирлаганимдан бери мен билан ғалати нарсалар содир бўлаётган эди. Демак бу ғаройиб ҳодисанинг қандайдир ноқис томони бор, ва бу мени умуман қувонтирмас эди. Люкнинг ойиси ичкаридан ажойиб ҳид таратаётган кичкина булочкалар тўла патнис билан чиқди. Люк унга харидорлар келмаганини айтди. У оҳ тортди, елкаларини қисди ва булочкаларни пештахтага тера солиб, дарс қиладиган вақтимиз бўлганини айтди. Мен ойимга у келгунга қадар дарс қилиб қўйишга ваъда берган эдим. Шунинг учун, Люк ва унинг ойисига миннатдорчилик билдириб, уйга қараб шошдим. Чорраҳада нутеллали сэндвичимни тош четан устига қўйдим, қушлар маза қилиб есин. Мен ортиқ ейишни истамас эдим, лекин ҳаммасидан ҳам мадам Шекспирнинг пишириғи ойимникидан яхши эканини билдириб қўйиб, уни хафа қилишдан қўрқар эдим. Олдимдаги соя яна ҳам узунроқ бўлди. Мен синфдошларимни учратиб қолишдан қўрқиб, девор бўйлаб сиқилиб юрардим. Уйга кела солиб ғалати ҳодисани яхшироқ ўрганиш учун дарҳол боғга қараб отилдим. Дадамнинг айтишича, агар катта бўлишни истасам, қўрқувнинг кўзига тик қарашим ва уни ҳақиқат билан солиштиришим керак. Худди шундай қилмоқчи бўлдим. Бошқалар ўз аксини эмас, бошқа нарсани кўришни истаб ойна олдида соатлаб ўтиришади. Мен эса куннинг қолганини ўз соям билан ўйнаб ўтказдим. Ҳайрон бўлганим, гўёки мен қайта туғилгандек бўлдим. Ҳаётимда биринчи маротаба – гарчи бу ерга тушган оқ-қора расм бўлса ҳам – мен ўзимни бошқа каби ҳис қилдим. Қуёш тепалик ортига кириб кетганида мен ўзимни ёлғиз ҳис этдим, ва ҳатто озроқ қайғуга ҳам чўмдим. Зудлик билан овқатланиб, мен дарсимни қилдим, ва ойим севимли сериалини томоша қилаётган пайтда – идиш-товоқ кейин ҳам ювилади, деган қарорга келган эди, – мен секин сирғалиб чордоқка чиқдим. Ойим менинг кетганимни сезмади. Менда битта ғоя туғилган эди. Том остида катта ойга ўхшаган думалоқ ойна бор эди. Ой эса бу кеча тўлин эди. Мен нима бўлганининг тагига албатта етишим керак эди. Кимнидир соясини босиб уни ўзи билан етаклаб кетиш – ҳазил иш эмас. Ойимнинг айтишича, тасаввурим жуда ҳам бебош экан, шунинг учун мен тинчгина бунинг тагига етишни кўзлаган эдим, бунинг учун ягона тинч жой эса чордоқ эди. У ерда, тепада менинг, фақат менинг оламим бор эди. Дадам у ерга ҳеч қачон чиқмас эди, чунки шифт жуда ҳам паст бўлиб, у бошини уриб оларди ва ҳар доим яхши бўлмаган сўзларни – “жин урсин”, “палакат” ёки “онангни…” каби сўзларни айтарди. Баъзан эса ҳар уччаласини ҳам бирданига айтарди. Агар мен булардан бирортасини айтсам, дарҳол таъзиримни ейман, лекин катталар бизларга қўйган таъқиқларидан кўпини ўзлари амалга оширишади. Умуман, мен бироз катта бўлиб, чордоқка мустақил чиқа оладиган бўлганимдан кейин, дадам у ерга мени жўнатадиган бўлди, мен ҳам бундай хизматларни хурсандчилик билан қилардим. Тўғрисини айтадиган бўлсам, дастлаб мен чордоқка чиқишга қўрқардим, чунки у ер қоронғу эди, кейинчалик эса у ердан мени қуволмай қолишди. Мен паст шифт бўйлаб эски картон қутилар ва жомаданлар орасида юришни яхши кўрардим.
Қутилар ичидан жуда ҳам ёш бўлган пайтидаги ойимнинг эски расмларини топиб олдим. Ойим ҳозир ҳам чиройли, лекин бу расмларда мўъжизанинг ўзи бўлган. Бошқа қутидан эса дадам ва ойимнинг тўй расмлари чиқиб қолди. Жинни бўлиб қолиш мумкин, лекин ўша пайтда бир-бирларини жуда ҳам яхши кўришган экан.
Бу расмларни кўрар эканман, мен нима бўлганини англолмай қолардим: шундай муҳаббат қандай қилиб йўқолиши мумкин? Балки муҳаббат ҳам соя кабидир, кимдир уни босиб олар ва ўзи билан олиб кетар. Балки, нурнинг кўплиги муҳаббат учун зарарлидир, ёхуд тескариси, нур кам бўлган пайтларда муҳаббат сояси хиралашар ва буткул йўқолиб қолар? Мен альбомдан бир расмни чиқариб олдим: дадам мэрия пешайвонида ойимнинг қўлларини ушлаб турибди. Расмда ойим иккиқат, гўёки мен ҳам ўша ердаман, улар билан. Дадам ва ойимнинг атрофларида холалар, аммалар, жиянлар, амакилар, тоғалар туришибди, мен уларнинг ҳеч қайси бирини танимайман, лекин ҳаммалари хурсанд эканликлари кўриниб турибди. Мен ҳам қачондир Элизабетга уйлансам эди, агар у рози бўлса, мен ўттиз сантиметрга ўсган бўлардим.
Яна чордоқда синган ўйинчоқлар ҳам ётарди, булар ич тузилишини батафсил ўрганиб чиқиб, қайта тузатолмаган ўйинчоқларим эди. Умуман, мана шу уй анжомлари орасида мен ўзимни худди бошқа оламдагидек сезардим, ва бу олам айнан мен учун, махсус яратилган каби кўринар эди. Ҳа, менинг уйим менинг томим остида эди.
Мен эшитувчи ойна олдида ўтириб олиб, тўлин ой қандай чиқаётганига қарайман, ой тўла ва унинг нури чордоқнинг ярмини қамраб олади. Ҳатто ой нурида чанг зарралари қандай учаётганини кўриш мумкин, бу манзара эса сокинлик ва тинчлик бахшида этади. Бугун, ойим келгунича мен соялар ҳақида бирор нарса топиш ва ўшқиш умидида дадамнинг ишлайдиган хонасига кирдим. Энциклопедиядаги мақола бирмунча мураккаб экан, бироқ расмлар орқали мен соялар қандай пайдо бўлиши, уларни ўрнидан силжитиш ва йўналтиришни ўрганиб олдим. Ой ойнанинг ўқига тўғри келганида менинг ҳийлам иш бериши керак эди. Мен ойимнинг сериали тугагунига қадар тезроқ бу лаҳза келишини пойлаб, сабрсизлик билан кутардим.
Охири кутган ҳодиса рўй берди. Менинг нақ тўғримда чордоқ полида узун бир соя ясланди. Мен иродамни тўплаб йўталдим ва ишонч билан дедим:
– Сен менинг соям эмассан!
Мен жинни эмасман, лекин тўғриси соянинг шивирлаган жавобини эшитиб қўрқиб кетдим.
– Биламан.
Тобутдаги каби жим-житлик. Оғзим қуриб кетди, бўғзим сиқилди, лекин мен давом этдим:
– Сен Маркеснинг соясимисан?
– Ҳа, – шивирлади у қулоғимга.
Агар сизга соя мурожаат қилаётган бўлса, бу сизнинг бошингизда жаранглаётган мусиқага ўхшайди: мусиқачи йўқ, лекин уни шундай аниқ эшитасанки, гўёки яқинингда оркестр чалаётганга ўхшайди. Шунга ўхшаган таассурот туғилади.
– Фақат илтимос қиламан, ҳеч кимга айтма, – деди менга соя.
– Сен ўзи бу ерда нима қиляпсан? Нега сен мен билансан? – сўрадим хавотир билан.
– Мен қочиб кетдим. Сен англамадингми?
– Нега қочиб кетдинг?
– Аҳмоқнинг сояси бўлиш қанақа эканини биласанми? Ортиқ кучим қолмади. Ҳали кичкина пайтидаёқ менга оғир эди, ўсгани сайин эса унга чидаш қийин бўлиб бормоқда. Бошқа соялар, жумладан сенинг соянг ҳам устимдан кулишади. Биласанми, соянгнинг жуда омади бор экан! У менга қанчалик баланддан қарашини билсанг эди! Сен бунақа эмассан, ҳаммаси шунинг учун.
– Мен унақа эмасманми?
– Нима деганимни унут. Бошқа сояларнинг айтишича, биз танлаш ҳуқуқига эга эмасмиз. Бир одамнинг сояси бўлиш – бизнинг тақдиримиз ва бу абадий. Бизнинг тақдиримиз яхшиланиши учун инсон ўзгариши керак. Ўзинг ўйла, Маркес билан мени қандай келажак кутмоқда? Сен менинг ёнимида пайдо бўлганингда мен Маркесдан ажрала олишимни ҳис қилганимда қанчалик ҳайрон бўлганимни тасаввур қиляпсанми? Сенда ноёб қобилият бор, ва мен ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмадим, шунчаки ўзимга ўзим дедим: ҳозир, ёки умуман. Тан олишим керакки, ўзимнинг бўйимдан фойдаландим, ахир мен Маркеснинг соясиман, кечирасан энди. Мен соянгни ўрнини эгаллаш учун уни итардим.
– Менинг соям-чи? Сен уни нима қилдинг?
– Сен нима деб ўйлайсан? У ҳам кимгадир ёпишиб олиши керак эди, шунинг учун менинг собиқ хўжайиним билан кетди. Тўғрисини айтсам, мен унга ҳавас қилмайман.
– Сен менинг соямга яхши иш қилмадинг. Эртагаёқ сени Маркесга бераман ва ўзимникини қайтариб оламан.
– Илтимос, сен билан қолишимга рухсат бер. Мен ўзимда синаб кўрмоқчиман – яхши инсон сояси қандай бўларкин.
– Мен яхши инсонманми?
– Сен яхши инсон бўлишинг мумкин.
– Лекин бу имконсиз: агар мен сени қолдирадиган бўлсам, одамлар эртами-кечми нимадир бошқача эканини сезиб қолишади.
– Одамлар одамларга эътибор беришмайди, ҳали уларнинг соясига… Кейин менинг табиатим шунақа – сояда туриш. Бироз машқ қилса, бир-биримизни тушуна бошласак – ҳаммаси жойида бўлади.
– Лекин сен менинг бўйимдан уч баравар узунроқсан.
– Ахир бу ҳамма вақт эмас, бу шунчаки вақт масаласи. Айтайлик, сен ҳали кичкинасан, шунинг учун сояда туришга мажбурсан, лекин ўсганингда мен сени ёруғликка олиб чиқаман. Ўйлаб кўр, ахир катта сояга эга бўлиш – катта афзаллик. Агар мен бўлмасам, сен синф етакчилигига ўз номзодингни қўя олармидинг? Сенингча, ким сени ўз-ўзингга ишонишга мажбур қилди?
– Сен мени руҳлантирдингми?
– Яна ким бўларди? – деди соя.
Ногаҳон мен ойимнинг овозларини эшитиб қолдим: ойим чордоққа олиб борадиган зина тагида турар ва ким билан гаплашаётганимни сўрар эди. Ўйламай-нетмай соям билан гаплашаётганимни айтиб тўнғилладим. Албатта, бемаъни гаплардан кўра бориб ухлашимни тайинлади. Агар сиз жиддий жавоб берсангиз катталар ҳеч қачон ишонмайдилар.
Соя елкаларини қисди, ва у худди мени англаётган каби кўринди. Мен ойнадан нари кетдим ва соя йўқолди. Ўша тунда мен ғалати туш кўрдим. Мен дадам билан овга кетяпман; гарчи мен овни яхши кўрмасам ҳам, мен бахтлиман, биз яна биргамиз. Мен дадамнинг орқасидан юряпман, у орқасига қарамаяпти, мен унинг юзини кўрмаяпман. Ҳайвонларни ўлдириш фикри мени хурсанд қилмаяпти. Дадам мени чексиз далаларга текширишга жўнатади, ерда шамол остида қуёшдан сарғайган ўт-ўланлар тебранади. Менинг вазифам – қаттиқ қарсак чалиш бўлиб, менинг шовқинимдан беданалар ўтлар орасидан учиб чиқиши керак, шунда дадам уларга қарата отади. Қон тўкишга имкон бермаслик учун мен иложи борича секин юришга ҳаракат қиламан. Менинг оёқларим орасидан сирғалиб қуён қочиб кетади, дадам сўкинади: гўёки мендан ҳеч қандай фойда йўқ, мен фойдасиз ҳайвонларни ов қилишга уста эканман. Худди шу гапдан кейин мен тушундим: узоқдаги менинг дадам эмас, балки Маркеснинг отаси эди. Мен ўзимнинг душманим ўрнида эдим ва буни ҳис қилиш ёқимсиз туйғу эди. Албатта, мен баландроқ ва кучлироқ сезардим ўзимни, лекин жуда ҳам хафа бўлиб, ўзимни бахтсиз ҳис қилмоқда эдим.
Овдан уйга қайтдик, лекин бу менинг уйим эмас. Мен тушлик қўйилган стол атрофида ўтирибман, Маркеснинг дадаси газетага қараб турибди, онаси эса телевизор кўряпти. Бизда эса стол атрофида доимо гаплашиб ўтиришади: дадам биз билан яшаётган пайтида ҳар доим ишларим қандай кетаётганини сўрар эди, дадам кетганидан кейин бу ҳақда ойим сўрайди. Бироқ, Маркеснинг уйидагилари унинг дарс қилган-қилмагани билан ҳатто қизиқмаса ҳам керак. Бир қараганда маза каби кўринади, аслида эса тескариси, бу ногаҳон қайғунинг сабабини билдим: гарчи Маркес менинг душманим бўлса ҳам, мен унинг уйидаги бефарқликдан азият чекдим. Соат чалганида мен терга ботиб уйғондим. Нафас олиш қийин эди, мен иситмалаган каби ёнар эдим, бунинг шунчаки даҳшатли туш экани қанчалик яхши эди. Мен охирги марта қаттиқ сескандим – ҳамма нарса жойига тушди. Шу эрталаб мени атрофимдаги ўз деворларим ўраб турганига қаттиқ хурсанд эдим. Юз-қўлимни юваётиб ойимга айтсаммикан-йўқмикан деб ўйланиб қолдим. Мен унга сиримни очмоқчи бўлдим, лекин унинг бундай нарсаларга муносабатини билардим.
Ошхонага тушиб биринчи қилган ишим – дераза ойнасига чопиб бориш бўлди. Булутли ҳаво, шафақда бир бўлак кўк парчаям йўқ, балиқ овидан воз кечган маҳалларимизда, дадам айтганидек, денгизчига иштон ҳам бичиб бўлмайди. Мен телевизорни қўйиш учун пультга ёпишдим.
Ойим ҳайрон: нечук мен бунчалик об-ҳавога қизиқиб қолдим? Мен иқлимнинг исиши ҳақида маъруза тайёрлаётганим ҳақида ёлғон тўқидим, об-ҳавони тинглашимга халақит бермасликларини сўрадим. Синоптик-аёлнинг айтишича, чуқур циклон туфайли ҳосил бўлган булутли фронт бизнинг ҳудудда яна бир неча кун ҳукм сурар экан. Қанчалик бемаврид! Булутлар соя бўлишига ҳеч қандай имконият бермайди, демак Маркесга соясини қайтариб беришга имкон йўқ. Жилдимни елкамга ташлаб, оғир юрак билан мактабга кетдим. Люк ҳамма танаффусларда ўриндиқда ўтирарди. Гипс ва қўлтиқтаёқ билан бошқа ҳес нарса қила олмасди. Мен унинг ёнига ўтирдим ва у менга қўли билан Маркесга ишора қилди. У ҳамма синфдошларнинг қўлини сиқиб кўришар ва қизларнинг гапига қизиқаётгандек қилиб кўрсатарди ўзини.
– Қани, менга ёрдамлашиб юбор, оёғим увушиб қолди.
Мен унга қўлимни чўздим ва биз юриш учун ўрнимиздан турдик. Бу кун менинг омадим келганга ўхшади, биз Маркесга яқинлашиб қолганимизда, осмонда кичик ёруғлик ёриғи пайдо бўлди. Мен шу заҳоти ерга қарадим – у ерда тўда бор эди, соялар гўёки сирли мажлисга келган каби бир уюм бўлиб тўпланиб олган эдилар. Маркес ўгирилди ва биз чақирилмаган меҳмон эканимизни кўзи билан англатди. Люк елкасини қисди.
– Кетдик, гаплашиб олишимиз керак. Яқинда сайлов бўлади, – деди у қўлтиқтаёққа суяниб. – Сен жумани унутмадингми? Диққат-марказда бўлишинг учун нимадир қилишинг керак.
Люкнинг сўзлари катталардек янгради. Чўлоқланган, букчайган Люкка қараб гўёки туш кўраётгандек бўлдим. Менга кўринишича, иккаламиз ҳам каттамиз, ўтган гал булкахонада кўрганимдан ҳам каттароқмиз. Гўёки бизнинг дўстлигимиз умр бўйи давом этган. Люкнинг бошида деярли сочи йўқ, сочи йўқлигидан пешанаси катта бўлиб кўринарди. Юзи чарчаган, ажин босган, лекин кўк кўзлари олдингидек ялтирар эди, бу эса мени қувонтирди.
– Сен мактабдан кейин нима қиласан? – сўрадим мен.
– Билмайман, нима ҳозироқ ҳал қилиш керакми?
– Йўқ, албатта, яъни бундай деб ўйламайман. Лекин агар ҳозироқ танлаш керак бўлса, сен келажакда нима иш қилган бўлардинг?
– Балки ота-онамнинг булкахонасида ишларман.
– Агар кенгроқ танлаш имконияти бўлганда, яна нима қилган бўлардинг?
– Мен месье Шаброль каби дўхтир бўлмоқчи эдим, бунинг имконияти камроқ. Ойимнинг айтишича, ишлар жуда ёмон, яқинда мижозлар умуман қолмас эмиш. Супермаркетда нон сотилаётгандан бери, ота-онам зўрға учма-уч қилишяпти, улар тиббиёт факультетига мен учун пул тўлашларини тасаввур қил!
Мен Люкнинг дўхтир бўлмаслигини билар эдим, шоколадли булочка ва кофели эклер еган кунимиз, унинг кассада ўтирганини кўрган ва бунга амин бўлган эдим. Люк бизнинг шаҳарчамизда қолиб кетади, ва ўқишига тўлаш учун оиласи пул тополмайди.
Бир томондан, хурсанд бўлиш мумкин, чунки булкахона супермаркет билан бўладиган жангда омон қолади – лекин у доктор бўла олмайди. Бу ҳақида айтишни истамадим, чунки хафа бўлиши, ҳатто руҳи чўкиб кетиши мумкин, зотан табиий фанлар бўйича синфимизда биринчи ўринда туради. Мен унга бу сирни очмадим – жим қолдим. Ахир, мен қаерни босаётганимни кўришим, ҳар бир қадамимни диққат билан кузатишим керак. Ҳатто булутли кунда ҳам қуёш кўриниши мумкин. Яхши муносабатда бўлган одамларинг тақдирини билиш хурсандчилик олиб келмайди.
– Сайловлар ҳақида, нима қилмоқчисан?
Лекин менинг бошимда бошқа савол айланарди.
– Люк, гар сен одамлар нима ҳақида ўйлаётганини, ёки нимадан ўзларини ёмон сезаётганларини билиб турсанг, нима қилган бўлардинг?
– Хаёлларингни қара-ю. Нега экан? Бунақа бўлмайди.
– Мен биламан, лекин шунақа бир иқтидоринг бўлса, сен ундан қандай фойдаланган бўлардинг?
– Билмайман, бундай иқтидор хурсандчилик олиб келмайди, бегоналарнинг бахтсизлиги менга ўтишидан қўрққан бўлар эдим.
– Қўрқармидинг? Бор-йўғи шуми?
– Ҳар ойнинг охирида, ота-онам ҳисоб-китоб қилаётганда, уларнинг ташвиш тортаётганини кўраман, ўзимни ёмон ҳис қиламан, лекин ҳеч нарса қилолмайман. Агар дунёдаги барча одамларнинг бахтсизлигини ҳис қилсам-чи? Бу даҳшат бўларди.
– Бирор нарсани ўзгартира олишингни тасаввур қил-чи?
– Балки ўзгартирарман. Бу суҳбатдан зерикдим, кел яхшиси сайловни ўйлайлик, кел биргаликда ҳал қиламиз.
– Люк, катта бўлганингда шаҳар мэри бўлсанг. Хоҳлармидинг?
Люк нафасини ростлаб деворга суянди. У менга диққат билан қаради ва унинг тунд қиёфасида кенг табассум ёйилди.
– Бу зўр иш бўларди. Ота-онамга ёқарди, ундан кейин мен супермаркетларга нон бўлимини очишни таъқиқловчи қарор чиқарган бўлардим. Яна, мен уларга балиқ савдосини ҳам таъқиқлаб қўярдим, чунки энг яқин дўстимнинг отаси бозорда шундай дўконда савдо қилади ва супермаркет рақобати туфайли аҳволи яхши эмаслигини айтади.
– Умуман супермаркетларни ёпиш ҳақида қонун чиқаришинг мумкин.
– Агар мен мэр бўлганимда, – деди Люк елкамга қоқиб, – сен савдо вазири бўласан.
Кечқурун ойимдан мэрларда вазир лавозими бор ёки йўқлигини сўраш керак. Мен Люкнинг вазири бўлишдан бош тортмайман, лекин бундай лавозим борлигига озгина шубҳам бор. Мактаб йўлагида, дарсга бораётиб, танаффусда кўриниб қолган қуёш ҳамма нарсани жой-жойига қўйгани ва Маркеснинг сояси ўз эгасига қайтганига чин дилдан умид қилдим. Кейинги ёруғликда мен ўз соямни оёқларим остида кўришим учун дуо қилдим, лекин бир томондан, ғалати бўлиб кўринса ҳам, шундай хаёлларим учун уялдим.
Математика дарси энди бошланган эди, бирдан ҳовлида гумбурлаган овоз эшитилди. Ойна ҳам чил-чил синди, ўқитувчи эса даҳшатли овоз билан “Ҳамма ётиб олсин!” деб бақирди. У такрорламасдан ҳамма пастга энгашиб олди. Ўлик сукунат. Месье Жербье биринчи бўлиб ўрнидан турди ва бирор киши яраланган ёки йўқлигини сўради. Унинг юзида қўрқув ифодаси бор эди. Қўрқувдан йиғлаётган ва сочига ойна синиқлари тушган иккита қизни демаса, ҳамма нарса жойида эди, лекин ойналар даҳшатли кўринар ва парталар устидаги нарсалар тушиб кетган эди. Ўқитувчи шошилинч равишда бизни синфдан олиб чиқди ва сафланишимизни буюрди. Унинг ўзи охирги бўлиб чиқди, бошда туриш учун йўлак бўйлаб югурди. Ўқитувчилар олдиндан тайёргарлик кўрганга ўхшайди, чунки бошқа синфлар ҳам худди шундай йўл тутди, йўлак одамга тўлиб кетди, қўнғироқ эса бутун кучи билан чаларди. Ҳовлида эса манзара яна ҳам ғаройиб эди. Деярли барча ойналар синган, қоровулхонадан эса қуюқ тутун чиқаётган эди.
– Худойим, ахир бу газ цистернаси-ку! – деди, месье Жербье.
Худонинг нима алоқаси бор? Мен уни қўлида катта ёндиргич билан тасаввур қилдим, чекмоқчи эди, олов хато кетди. Бизга чекишнинг зарари ҳақида шунчалик кўп уқтиришар эдики, мен Худонинг чекишини кўз олдимга келтира олмадим, балким унинг ўпкаларига энди зарар келмас, ахир у осмонда. Тутун ҳақиқатдан ҳам осмонга ўрлар, лекин бу шунчаки тасодиф. Директор хонимнинг ҳам ҳуши жойида эмас, учинчи маротаба ўқитувчиларга ўқувчиларни санаб чиқишни буюрди, ҳовлида югурар ва тинмай: “Ҳамма шу ерда экани аниқми?” деб қайтарарди. Кейин бирдан кимнингдир исми хаёлига келар: “Матье, кичкина Матье шу ердами? Ҳа, бу ерда!” – ва хурсанд бўлиб улгурмасдан яна кимдир эсига тушиб қидириб қолар эди. Бахтимга, у мени эсламади, сайлов олди мени кичкина деб таърифлаши етмай турувди.
Портлаган жойда кўз кўрмаган воқелар бўлмоқда эди. Қасирлаган овозлар, қоровулхонадан олов тиллари баландга ўрмалар, мен уларнинг сояси томда ўйнаётганини кўрдим. Ўз олдимда эса мен бошқа сояни, Ивнинг соясини кўрдим, у гўёки менинг олдимга келган эди. Соя яқинлашар, мен эса унинг мени қидираётганини аниқ ҳис қилардим, бутун кучим билан ҳис қилардим. Директор хоним ва ўқитувчилар болаларни санаш билан банд эдилар, менга ҳеч ким эътибор бермаётган эди, шунинг учун мен тўғри қоровулхонага, соя эргаштириб бораётган томонга қараб борардим. Қаердадир ўт ўчирувчи машина овози эшитилар, лекин у ҳали узоқда эди. Ивнинг сояси ҳали ҳам мени эргаштирар, мен тўғри тутун ичига кириб кетдим, иссиқ кучаяр, юриш тобора қийин бўлаётган эди. Лекин мен юришим керак эди: мен нега соя мени эргаштираётганини тушунгандай бўлдим. Олов тиллари томни ялай бошлаганида мен қоровулхонага етиб келган эдим. Мени қўрқув эгаллаб олган, лекин мен барибир юрар эдим. Ногаҳон мен мадам Шеффернинг овозини эшитиб қолган эдим. Мадам мени баланд овозда чақирар ва орқамдан югуриб келар эди. Айтиш керакки, мадам Шеффер унчалик тез югурмайди. У менинг ортимдан: “Дарҳол орқангга қайт!” деб бақирарди. Мен қулоқ солиб орқамга қайтишга хурсанд бўлардим, албатта, бироқ соянинг орқасидан боришим шарт эди. Қоровулхонадаги иссиққа чидаб бўлмас эди. Мен эшик тутқичига қўлимни узатган эдим, лекин шу пайт Шеффер елкамдан ушлади ва орқага тортди. У менга тешиб ўтувчи нигоҳ ташлаб турарди, лекин мен ҳам ўз айтганимдан қайтмас эдим. Ўқитувчи менинг қўлимдан тортар ва турли жазолар билан таҳдид қилар, лекин мен унинг қўлидан чиқиб кетиб, яна ўзимни қоровулхонага урдим. У мени яна қувиб етиб келганини англаганимда, бутун кучим билан дедим:
– Қоровулни қутқариш керак! У ҳовлида йўқ, у қоровулхонада, у бўғиляпти!
Буни эшитган мадам Шеффер ўзи бўғилиб кетгандай бўлди. У менга четга чиқишимни айтди ва… Унинг қилган ишидан ҳайратда қолдим! Аслида мадам Шеффер озғингина аёл, лекин эшикни шунақа куч билан тепдики, эшик қулфи сочилиб кетди. Мадам Шеффер қоровулхонага югуриб кирди ва икки дақиқадан кейин Ивнинг елкасидан тутиб, олиб чиқаётгани кўзга кўринди. Ниҳоят мен ҳам ёрдам бердим, шу пайт жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳам етиб келди, мени эса директор хоним шимимдан тортиб, шийпонга олиб кетди.
Ўт ўчирувчилар келишди. Ўтни ўчиришди, Ивни эса касалхонага олиб кетишди. Бизни хотиржам қилишди: энди унинг ҳаёти хавф остида эмас. Директор хоним – ғалати хотин! – дам мени уришар, дам кўзларида ёш билан мени сиқиб олиб Ивни қутқарганимни, мендан бошқа ҳеч ким у ҳақида ўйламаганини, агар унга бирор нарса бўлганида ўзини кечиролмаслигини айтарди. Ҳеч йўқса, биттасида тўхтаса бўларди!
Бош ўт ўчирувчи мени чақирди. Фақат мени чақирди! Йўталишимни илтимос қилди, оғзимни очиб қаради, мени бошдан оёқ қараб чиқди. Кейин елкамга қаттиқ қоқиб, катта бўлганимда, агар истасам, унинг бригадасида хизмат қилишим мумкинлигини, бундан бениҳоя хурсанд бўлишини айтди. Шу пайтда мен директор хоним билан фақатгина ойим алоқада эмаслигини тушуниб етдим, ойим худди шундай қаттиқ қўрққан оналар билан бирга ҳовлига югуриб кириб келди.
Ҳаммани уй-уйига жавоб беришди, дарслар тугаган деб ҳисобланди. Кейинги жумада бир овоздан мени синф етакчиси қилиб сайлашди, фақат бир киши менга овоз бермади: аҳмоқ Маркес ўз-ўзига овоз берган эди. Овозлар саналгандан кейин мен Люкнинг олдига бордим. У ҳеч нарса демади, шунчаки табассум қилди. Ўша эрталаб унинг оёғидаги гипсни ечишган эди, у менга оёғини кўрсатди, энди соғлом, лекин шу оёғи унисидан кўра бироз ингичка эди. Цистерна портлагандан бир ҳафта ўтиб Ив мактабга қайтди, лекин бошини қароқчиларга ўхшаб боғлаб олган эди. Унга ярашиб турар, гўёки олдинлари худди шу нарса етмай тургандек эди. Мен бу ҳақида айтиш ёки айтмасликни билмай турган эдим, кейинчалик денгиз қароқчилари ҳақида бафуржа гаплашганимизда айтишга қарор қилдим.
Катта танаффусда мен ошхонадан ҳаммадан олдин чиқдим, унчалик овқатланганим келмади. Ив ҳовли ичкарисида қоровулхонага қараб турар, қоровулхонадан эса унчалик кўп нарса қолмаган эди. Бир тўда куйган тахталарга эгилиб, у эҳтиёткорлик билан бирин-кетин олар эди. Мен унга яқинлашганимда у орқасига қарамасдан деди:
– Яқинлашма, бу ер хавфли, сен яраланишинг мумкин.
Мен ҳеч қандай хавфни кўрмаётган эдим, лекин унга қарши боргим келмади. Мен нарироқда тўхтадим. У менинг борлигимни билар эди, лекин дастлаб у менга эътибор бермади. Қизиқ, у нимани қидираётган экан? Бу хароба уюмида бирор нарса бутун қолгани даргумон. У куйган қандайдир тўртбурчак бир нарсани олди, уни тиззаларига қўйди ва бирдан елкалари силкиниб кетди. У йиғлар эди, бундан менинг кайфиятим куйган тахтадан ҳам бадтар қорайиб кетди.
– Мен сенга бу ерда турма дедим!
Мен эса жойимдан жилмадим. Ивнинг кўриниши бахтсиз эди, у мени қуваётган бўлса ҳам, бир ўзини ёлғиз қўйиб бўлмас эди. Дўстлар қайси кунда керак? Дўстлар тескарисини айтаётган бўлса ҳам, аслида унинг кўнглида нима борлигини билиш учун ҳам керак. Ив менга қаради, унинг кўзлари қизарган эди. Ёноқларига худди сув теккан сиёҳ каби кўз ёшлари оқиб тушар эди. У қўлида куйиб қолган эски дафтарни ушлаб турар эди.
– Бу ерда менинг ҳаётим бор эди. Расмлар, онамдан қолган ягона хат, эсдаликлар – ҳаммаси шу саҳифаларга ёпиштирилган эди. Ҳеч нарса қолмади, фақат кули қолибди.
Ив дафтарни очмоқчи бўлди, лекин унинг муқоваси бармоқлари орасидан тўкилиб кетди. Мен кетмай тўғри қилганим ҳақида ўйладим.
– Сизнинг бошингиз куйиб кетмади, буларнинг бари бошингизда бор, эслаш кифоя. Ойингизнинг хатларини ҳам қайта ёзиш мумкин, расмларни ҳам қайтадан чизиш мумкин, шундай эмасми?
Ив табассум қилди. Тўғриси, мен ҳолатни кулгили эмас деб ҳисоблар эдим, лекин энди унчалик бахтсиз эмаслигини кўриб хурсанд бўлдим.
– Сен ваҳима кўтарганингни биламан, – деди у ўрнидан туриб. – Цистерна портлаганда мен бирор нарсани сақлаб қолиш учун қоровулхонага қараб югурдим. Ҳали олов йўқ эди, лекин қалин тутун ҳамма нарсани ўраб олган эди. Мен бу жаҳаннамда беш дақиқага ҳам бормадим. Мен кўзимни очолмай қолдим, шунчалик ачишар эдики, эшикнинг тутқичини тополмай қолдим. Ҳаво етмас эди, мен ваҳимага тушдим, нафасимни тутиб туролмадим ва ҳушимдан кетдим.
Биринчи маротаба менга ёнғиннинг ичидаги ҳолатни айтиб беришаётган эди, бу қизиқарли эди.
– Сен менинг ичкарида эканимни қаердан билдинг?
Унинг кўзлари шунчалик қайғули эдики, уни алдашни истамадим.
– Дафтарингиз сиз учун шунчалик муҳиммиди?
– Айтиш керакки, у мен учун ҳаётим баҳосида бўлишига сал қолди. Мен сенинг олдингда тўлаб бўлмайдиган қарздаман ва сендан кечирим сўрамоқчиман. Ўшанда, ўриндиқда, сен менинг отам ҳақида айтиб берганингда, мен шахсий нарсаларимни титкилагансан, деб ҳисобладим. Чунки мен ҳеч кимга болалигим ҳақида айтиб бермаган эдим.
– Мен дафтарингиз борлигини билмаган ҳам эдим.
– Сен менинг саволимга жавоб бермадинг: тутундан бўғилиб ётганимни қаердан билдинг?
Мен унга нима деб ҳам жавоб берардим? Сояси келганини айтармидим? Тўс-тўполон ичида ҳовли бетони бўйлаб, барча соялар ажралиб чиқиб менинг олдимга келганини айтиб бераманми? У менга олов ёруғида ишоралар қилиб кетидан эргаштирганини айтайми? Қайси катта одам бунга ишонади?
Олдинги мактабимдаги бир синфдошимни ҳақиқатни айтгани учун бир йил психологга олиб боришди. Ҳар чоршанба куни, тушликдан кейин, биз волейбол ўйнаётганимизда, ёки бассейнда чўмилаётганимизда у ўз ҳаётини бир холага айтиб берар, хола эса нуқул бошини силкитиб “ммм”, “ммм” деб турарди. Ҳаммасининг сабаби, бир куни, шанба куни унинг бобоси тушлик қилаётган маҳалда ухлаб қолди, столга боши тушди ва шу билан қайтиб уйғонмади. Ўшандан бери бобоси тунлари синфдошимнинг тушларига кирар, гўёки кечирим сўрар ва тушлик маҳали узилиб қолган суҳбатни тушида давом эттирар эди. Ҳеч ким унга ишонмас эди, эрталаб тушида бобосини кўрганини айтиб берса, ҳамма унга даҳшат билан қарарди. Агар мен соялар билан гаплашишимни айтсам, нималар бўлишини тасаввур қилаверинг. Йўқ, яхшиси, психологга қатнагандан кўра алдаш, ўз айбига иқрор бўлиш, Ивга унинг дафтарини ўқиганимни, ҳатто баъзи жойларини ёддан айтишим мумкинлигини тан олиш яхшироқ эди. Ив мендан кўз узмаётган эди. Мен мактаб соатига кўз қиримни ташлаб қўйдим – қўнғироққача ҳали 20 дақиқа бор эди.
– Мен сизнинг ҳовлида эмаслигингизни кўрдим ва ташвишландим.
Ив узун жим қолди. У йўтала бошлади, нафасини ростлагач, у қулоғимга яқинлашди ва секин айтди:
– Мен сенга бир сиримни ишонсам бўладими?
Мен бош силкитдим.
– Агар бошқаларга айтишга юрагинг бетламайдиган бирор нарса бўлса, менга айтишинг мумкин, мен сени ҳеч қачон сотмайман. Энди бор, болалар билан ўйна.
Айтиб беришимга сал қолди. Балки, катталарга айтиб озгина енгил тортган бўлардим, Ивга эса ҳақиқатдан ишонса бўларди. Мен ухлашдан олдин бу ҳақда ўйлашга қарор қилдим, агар эрталаб ҳам бу фикр шундай жозибали кўринса ҳақиқатни айтишни ўйлаб қўйдим.
Мен Люкнинг олдига бордим. Оёғидан гипс ечиб олингандан кейин биринчи маротаба баскетбол ўйнар эди. Лекин ҳали заифлиги учун унга кўмак керак эди.
Цистерна портлагандан кейн ҳали қуёшли кун бўлмаган эди. Ойналарни қўйиб чиқишди, лекин синф хонаси жуда ҳам совуқ эди. Биз дарсда пальтода ўтирардик. Мадам Шеффер тўқилган шапкасини ечмасди, ўқитувчи оғзини очганида у ёққа бу ёққа борадиган шапка момиғи – помпон туфайли инглиз тили дарси ҳам жуда қизиқ бўлаётган эди. Биз Люк билан кулиб юбормаслик учун тилимизни тишлардик. Суғурта компанияси нима бўлганини аниқлади, лекин бу узоқ иш – директор хонимга янги цистерна бергунларича қиш ҳам ўтиб кетади. Ҳа майли, мадам Шеффер помпонли шапкада дарс ўтиб туради.
Маркес ва менинг муносабатларим совуқ эди. Ҳар сафар, ўқитувчилар мени қандайдир қоғозлар учун котибиятга жўнатганларида – бундай юмушлар синф етакчисига топширилади – мен орқамдан ҳуштак чалаётганларини эшитардим. Мен тушимда унинг уйида бўлганимдан кейин мен ундан хафа эмасдим, ва унинг масхараларига бефарқ бўлиб қолдим. Ойимдан кейинги шанбада дадам мени олиб кетишини эшитганимдан кейин бошқа нарса ҳақида ўйламай қўйдим. Мен бахтли эдим, лекин ойимдан хавотирланар эдим. Ойимнинг кун бўйи зерикиб ўтириш мени қийнар эди, мен уни якка қўйиб кетаётганим учун ўзимни айбдор ҳис қилаётган эдим. Ойим ҳам ёмон ўй-хаёлларни ўқийдиган кўринади, ҳар ҳолда менинг хаёлларимни билади. Шу кеча мен чироқни ўчирганимдан кейин хонамга кирди, каравотим четига ўтирди ва мен дадам билан кетганимда нима қилишини батафсил айтиб берди. Менинг йўқлигимда у сартарошга борар экан. Бу нарсани шунчалик қувонч билан айтар эди-ки, ахир мен учун сартарошга бориш – жазога тенг.
Энди, ойимдан хотиржам бўлганимда, ҳафта охиригача қанча кам кун қолса, дарсга диққатимни тўплаш қийин бўлаётган эди. Мен фақат дадам билан кунни ўтказишимни ўйлардим. Балки бирга яшаган дамларимиз каби пиццерияга борармиз. Ўзимни қўлимга олишим керак, ахир ҳали пайшанба, жазоланмасам бўлди!
Жума куни одатдагидан кўра бир соат кўпайиб қолганга ўхшаб кўринди. Худди қишда соатига ўтилганида бир соат орттирилгани каби. Шу бугун мен ҳар олтмиш дақиқада қиш соатига ўтгандек бўлиб кўриндим. Синф тахтаси устидаги соат миллари шунчалик секин юрардики, охирги қўнғироқ бўлиши керак бўлган жойда биринчи қўнғироқ янграганида гўё Худо атайин қилаётгандек бўлиб кўринарди. Ҳа, мен кун бўйи бизни кимдир аҳмоқ қилаётганига ишончим комил эди.
Мен дарсимни қилдим – ойим бунга гувоҳ эди – тишларимни тозалаб, одатдагидан бир соат олдин ухлагани кетдим. Гарчи ухлай олишимга кўзим етмаса ҳам, эртасига яхши кўринишда бўлишни истар эдим. Охири уйқум келди, лекин мен барибир эрта турдим.
Мен ўрнимдан турдим, оёқ учимда ошхонага тушдим ва ойимга нонушта тайёрладим – жилла қурса шу йўл билан уни кун бўйи ёлғиз қолдираётганим учун кечирим сўрамоқчи бўлдим. Кейин мен кийингани тепага чиқдим. Бобомни ҳеч ким ухлашига халақит бермайдиган қабристонга кузатганимда кийганим – фланель шимим ва оқ кўйлагимни кийдим. Қабристонда ҳар доим сукунат бўлади.
Ўтган йилгидан анча ўсган эканман, шим остидан пайпоқларим кўриниб турарди. Дадам сотиб олиб берган галстукни тақмоқчи бўлдим, бу галстукни олиб берганида, биринчи галстук деб атаган эди. Лекин галстук боғичини боғлай олмадим ва шунчаки бўйнимга шарф каби ўраб қўйдим. Майли, дадам барибир хурсанд бўлади, бу кўриниш билан шоирга ҳам ўхшаб кетардим. Мен француз тили дарслигида Бодлерни кўрган эдим, у ҳам галстукни боғлай олмас эди, лекин аёллар уни ўлгудай яхши кўришар эди. Блейзер бироз тор эди, лекин улар менга ажойиб ярашиб турган эди. Дадам билан бозор айлансак яхши бўларди. Агар омадим чопса, Элизабетни кўриб қолармиз, балки у ҳам ойиси билан харидга чиқар.
Ваннахонада ойнага қараб олгач, мен меҳмонхонага тушдим ва кута бошладим. Биз бозорга бормадик. Дадам келмади. У кечирим сўраш учун тушликда телефон қилди. Ойимдан кечирим сўради, чунки мен гаплашишни хоҳламадим. Ойим мендан ҳам кўпроқ хафа бўлганга ўхшаб кўринди. У ресторанга боришимиз мумкинлигини айтди, лекин мен ейишни истамас эдим. Мен кийимимни алмаштирдим, галстукни шкафга тиқиб қўйдим. Яқин ойларда унчалик ўсмасликни истар эдим, чунки дадам келганида менинг чиройли кийимим менга тор бўлиб қолишини истамас эдим.
Якшанба куни кун бўйи ёмғир ёғди. Биз ойим билан вақтни ўтказиш учун ўйин ўйнаб ўтказдик. Мен унчалик ўйнашни исмаганимдан фақат ойимга ютқизиб бердим.
Душанба куни мен ошхонага бормадим. Қайнатилган мол гўшти ва яшил нўхатли овқатни жиним суймайди. Душанба кунлари эса фақат шунақа овқат беришади. Уйдан яширинча нутеллали сэндвич тайёрлаб олдим. Энди ҳовлига чиқиб каштан остида шуни ейишга ҳозирландим. У ерда Ив бор эди, қоровулхонаси харобаларини арвача юклаётган экан. У синиқларни ҳовлининг ичкарисига, катта ахлат бакларига олиб борар, хотирасидан қолган бўлакларни ахлатга ағдарарди. Мени кўргач, кўришгани келди. Мен ҳам қарши эмасдим, охирги икки кун ёлғизликни ҳис қилгандим, ҳар қандай мулоқот шу пайт мени қувонтирарди. Мен сэндвичимни иккига бўлдим ва кичикроқ бўлагини унга таклиф қилдим. Рад этади деб ўйласам, у олиб иштаҳа билан еб қўйди.
– Сен ўзингга ўхшамаяпсан. Бирон нима бўлдими?
– Уйимда, чордоқда кўп расмлар бор, агар уларни олиб келсам, сиз менга эсдалик альбом ясаб бера оласизми?
– Нега буни ўзинг қилмаяпсан?
– Гербарий ясаганимда 20 балдан 4 балл олдим: ҳеч ҳам елимлай олмайман.
Ив кулди ва эсдалик альбоми ясашим учун ҳали ёшлик қилишимни айтди. Мен унга ота-онамнинг расмлари эканини айтдим, улар мен туғилгунимгача суратга олингани, мен эслай олмаслигимни айтдим. Шунинг учун ҳам бу расмларни альбомга ёпиштирмоқчи эканлигимни, уларни эсда қолдириш, айниқса дадамни ёдимда сақлаш учун ёпиштириш кераклигини айтдим. Ив худди ойимга ўхшаб, ойим менга нима бўлганини билмоқчи бўлган пайтларидагидек жим қараб турди. Кейин энг яхши эсдаликлар ҳали олдинда эканини ва менга омад кулиб боққанини айтди.
Катталар ҳар доим болалик энг яхши давр эканини айтишади, лекин қасам ичиб айтаманки, баъзи кунлардаги, масалан ўтган шанбадаги болалик – жирканч.
Маҳаллий аҳоли бу ерларда қиш ёмон эканини, доимо тунд осмон, дам олишсиз уч ой тинимсиз совуқ бўлишини айтишади. Мен олдин улар билан ҳамфикр эдим, лекин ҳар қандай қуёш нури сен учун хавф туғдирадиган бўлса, истар-истамас қиши қаттиқ бўлган бу ўлкаларни яхши кўриб қоласан. Ҳамма бало шундаки, эртами-кечми, албатта баҳор келади.
Март ойининг охирги кунлари битта ҳам булутсиз кўм-кўк осмонда қуёш пайдо бўлди. Мен мактабга борар эдим, ва менинг буюк қувончимга кўра, олдимдаги соя ўзимники эди шекилли.
Мен булкахона ёнида тўхтадим, ҳар доимгидек Люкни кутдим. Унинг ойиси мен билан пештахта ортидан сўрашди. Мен ҳам жавобан қўлимни силкидим, Люк ҳали чиқмагани учун йўлакда содир бўлаётган воқеани диққат билан кўрдим. Шубҳам йўқ эди, менинг соям қайтган эди. Мен ҳатто пешанамдаги кокилларимни ҳам тарадим, мактабга кетишимдан олдин ойим ҳар доим тарашга ҳаракат қилар, дадангга ўхшаган бошингда буғдой бошоқлари ўсяпти, дерди. Балки, айнан шунинг учун бу сочлар ҳар эрталаб ойимга тинчлик бермаётгандир.
Менинг соям менга қайтибди – ажойиб янгилик! Энди уни қайта йўқотмаслик учун эътиборли бўлишим, энг асосийси – бошқанинг соясини илакиштириб олмаслик лозим. Люк ҳақ, бошқаларнинг бахтсизлиги юқувчан бўлади, шунинг учун бутун қиш бўйи мазам бўлмади.
– Яна қанча оёқларингни томоша қилмоқчисан? – деб сўради Люк.
Мен унинг келганини билмай қолибман. У менинг елкамга қоқди ва қўлимдан тортди:
– Тезроқ юр, кеч қоламиз.
Баҳор келиши билан ғалати нарсалар бўлади. Қизлар соч турмагини ўзгартиради, олдин мен бунинг фарқига бормаган эканман, энди эса мактаб ҳовлисида Элизабетни кўрдим ва аниқ англадим. У от думига ўхшаган турмагини ўзгартирибди, энди сочлари елкасига тушиб турарди. Бу ҳолатда у яна ҳам чиройли кўринар, ўзим ҳам билмайман, лекин бундан менинг юрагимга ҳузун чўкди. Балки у менга ҳеч қарамаслигини билгандирман. Мен синф етакчилигида қозондим, Маркес эса Элизабетнинг қалбини забт этиб улгурди. Мен эса бунинг қандай содир бўлганини билмай қолдим. Ҳа, мен соялар билан боғлиқ аҳмоқона кечинмаларим билан банд эдим, улар эса мен биринчи партада ўтирганимда, секингина менинг орқамда яқинлашишга улгуришибди. Мен Элизабетнинг моҳирона усулини пайқамай қолибман, у ҳар ҳафтада йўлини топиб, дастлаб Аннанинг олдига ўтирди, кейин Зоянинг, шундай қилиб аста-секин ўз мақсадига эришибди. Мен баҳорнинг биринчи кунида уни елкаларига сочи тушган ҳолда, баскетболда муваффақият қозонаётган Маркесга кўм-кўк кўзларини қадаганида буларнинг барчасини англаб қолдим. Кейинроқ мен унинг кафти унинг қўлига қўйилганини, унинг қўллари қаттиқ сиқилганини, ҳатто тирноқлар терига чуқур ботганини кўрдим. Шу билан биргаликда, уни шунчалик бахтли кўрганимда мен билан ғалати нарсалар содир бўлар, кўкрак қафасимда ниманидир ёйилгандек бўларди. Муҳаббат – бу ажойиб ва ҳузунли бир нарса бўлса керак.
Менинг ёнимга ўриндиққа Ив келиб ўтирди.
– Нимага бу ерда битта ўзинг ўтирибсан, нега ҳамма билан ўйнамаяпсан?
– Мен ўйлаяпман.
– Нимани?
– Нимага севиш керак, шу ҳақда.
– Бу саволингга айнан мен жавоб бера олишимга кўзим етмаяпти.
– Ҳечқиси йўқ. Мен ҳам шу саволни нега айнан мен беришим кераклигига шубҳаланяпман.
– Сен севиб қолдингми?
– Ҳаммаси тугади, ҳаётим севгилиси бошқани севади.
Ив лабини тишлади ва бу менинг жаҳлимни чиқарди. Мен ўрнимдан туриб кетмоқчи эдим, лекин у мени ушлаб қолди.
– Тўхта, биз ҳали тугатмадик.
– Нима ҳақда гаплашамиз?
– У ҳақида, нима ҳақида бўларди?
– Муваффақият қозонмаслигим тайин эди, мен буни билардим, лекин мен барибир яхши кўрдим ва қўлимдан ҳеч нарса келмади.
– Ким у?
– Ҳу, ана, катта боланинг қўлини ушлаб турибди, ана, баскетбол савати олдида.
Ив Элизабетни кўрди ва бошини силкиди:
– Мен сени тушунаман, чиройли экан.
– Менинг бўйим етмади.
– Гап бўйда эмас, сен уни Маркес билан кўрганингда ичинг оғрийдими?
– Сиз нима деб ўйлайсиз?
– Сени бахтли қилиши мумкин бўлган қиз умр йўлдошинг бўлса яхши эмасми?
Бу масалани бу қиррадан кўриб чиқмаган эдим. Албатта, бу ўринда ўйлаб кўрилиши керак бўлган қирралар бор эди.
– Балки у ҳаётинг севгилиси эмасдир?
– Балким, – дедим мен уҳ тортиб.
– Сен бирор маротаба истаган нарсаларинг рўйхатини тузганмисан?
Бундай рўйхатни мен аллақачон ёзиб тургандим. Ҳар йили 22 декабрда бундай рўйхатни мен ҳали Қорбобога ишониб юрган пайтларим жўнатиб турардим. Дадам мени кўча охиридаги почта қутисигача олиб борар, мен хатни тирқишга ташлашим учун кўтариб турарди. Бу ерда қаллоблик борлигини мен фаҳмласам бўларди, ахир конвертда на манзил, на марка бор эди. Мен кун келиб дадам бизни ташлаб кетишини фаҳмласам бўларди. Кичкина ёлғондан бошлайсан, кейин эса ўзингни тўхтата олмайсан. Ҳа, мен олти йил олдин бундай рўйхат тузишни бошлаган ва ҳар йили уни тўлдириб, тўғрилаб турардим. Ўт ўчирувчи, ветеринар, астронавт, савдо флотининг капитани бўлиш, Люкнинг оиласи каби бахтли яшаш учун булочкачи бўлиш – буларнинг ҳаммасини мен истардим. Электр поезди, самолёт моделига эга бўлиш, шанба кунлари дадам билан пиццерияга бориш, ҳаётда муваффақият қозониб, ойимни яшаб турган шаҳарчамиздан узоқ-узоқларга олиб кетиш. Қариганида яхши яшаши учун ойимга уй совға қилсам, ойим бошқа ишламаса, чунки оқшомлари жуда чарчаб келади, унинг юзидаги маҳзунликни кўрганимда Маркес оч биқинимга битта туширган каби қорним бураб қолади.
– Мен сендан бир нарсани илтимос қилмоқчиман, – давом этди Ив, – сен мен учун бир нарса қилишинг керак. Бу нарса мени қувонтирган бўларди.
Мен давомини кутиб унинг юзига қарадим: уни нима билан хурсанд қилишим мумкин эди?
– Сен мен учун яна битта рўйхат туза оласанми?
– Қанақа рўйхат?
– Сен ҳеч қачон қилишни истамаган нарсалар рўйхати.
– Масалан?
– Билмайман, ўзинг ўйлаб кўр. Катталарда энг ёмон кўрган нарсанг нима?
– Уларнинг “Катта бўлганингда биласан!” дейишлари.
– Мана, сен шуни катта бўлганингда ҳеч қачон айтмайдиган гапинг сифатида рўйхатга кирит. Яна бирон нарса ақлингга келдими?
– Ўғлимга шанба куни пиццерияга боришни ваъда қилиб, сўнгра ваъдамнинг устидан турмаслик.
– Ҳа, шундай рўйхатга кирит: “Ўғлимга берган ваъдамнинг устидан чиқмаслик”. Энди ғояни тушундингми?
– Тушундим шекилли.
– Рўйхат тўла бўлганидан кейин уни ёдлаб ол.
– Нега?
– Қаттиқ ёдда тутиш учун!
Шу сўзлар билан Ив тирсаги билан биқинимга туртди. Мен бу рўйхатни тузишга ва муҳокама қилиш учун кўрсатишга сўз бердим.
– Биласанми, – қўшимча қилди у мен турганимда, – Элизабет билан ҳали ҳеч нарса тугамагандир. Икки кишининг учрашуви – бу баъзан вақт масаласи ҳам. Керакли вақтда бир-бирини топиш.
Мен Ив билан хайрлашиб, синфхонамга кириб кетдим. Кечқурун уйдалигимда бир варақ қоғоз олдим, уни математика дафтари устига қўйдим, ойим ошхонани йиғиштиргани кетганида мен янги рўйхат туза бошладим. Ухлаётганимда ҳам Ив билан бўлган суҳбатимизни эсладим. Мен ва Элизабет учун бу йил қулай вақт эмас шекилли.
Ўқув йили бошланиши билан турли саволлар қуршовида қолдим. Катта бўлган сари бу саволлар турли-туман бўлиб, кўпайиб қолади. Элизабет билан бўлган масалада, мен қониқарли жавоб топгандай бўлдим, лекин соялар масаласи буткул қоронғулик ичида эди. Нега бу айнан мен билан содир бўлди? Улар билан фақат мен гаплаша оламанми? Кимнингдир сояси билан яна тўқнашадиган бўлсам, нима қилмоғим керак?
Ҳар эрталаб мактабга кетишдан олдин мен об-ҳаво маълумотини эшитардим. Ойим ҳайрон қолмаслиги учун мен табиий фанлар ўқитувчисига бутун олам исиш муаммоси ҳақида маъруза тайёрлашимни айтдим, ўқитувчи мамнун бўлди. Ойим ҳам менга ёрдам беришга ошиқиб, газеталардаги об-ҳаво маълумотларини қирқиб оларди. Оқшомда газета парчаларини менга ўқиб берар ва биз катта дафтарга бу парчаларни ёпиштириб чиқардик. Ойим дафтарни супермаркетдан сотиб олмоқчи бўлди, лекин мен черков майдонидаги қоғоз дўконига боришни маслаҳат бердим. Об-ҳавони айтадиган хоним ҳафта охирида, шанбадан якшанбага ўтар кечасида тўлин ойни ваъда қилди.
Бу маълумот мени чуқур ўйга толдирди. Гамлетни яратганнинг қариндоши каби ўртоғим Люк ибораси билан, ҳаракат қилсаммикан ёки қилмасаммикан?
Яхши ҳаво бўлган кунларда, ҳовли қуёш нурига тўлган пайтда мен болалар ёнида узоқ қолмасликка, сояларни туташтирмасликка ҳаракат қилардим. Шу билан бирга менда ниманидир, муҳим нарсани қўлдан чиқараётганим ҳисси пайдо бўлган эди. Ахир мактабимдаги газ цистернасини Худо бекорга портлатдими, гўё у: “Мен сендан кўзимни узмаяпман, худди ҳеч нарса бўлмаётгандек яшашинг учун сенга бу иқтидорни бермадим”, деётгандек бўларди.
Ўша пайшанба мен шулар ҳақида ўйлаётганимда Ив менинг олдимга, ўриндиққа келиб ўтирди.
– Хўш, альбом иши қандай кетяпти?
– Ҳозир сал вақтим озроқ, мен маъруза тайёрлаяпман. Ивнинг сояси меникига жуда яқин турарди.
– Мен эса сен маслаҳат берганинг ишни қилдим.
Мен Ивга нима маслаҳат берганимни буткул унутган эдим.
– Мен ойимнинг мактубини қайта кўчирдим, тўғри, сўзма-сўз кўчира олмадим, лекин асосини жонлантира олдим. Биласанми, бу жуда яхши фикр эди. Дастхат уники эмас, албатта, бироқ мен бу мактубларни олдинги ҳиссиётлар билан ўқийман.
– Сизнинг ойингиз бу хатларда нима ҳақда ёзган эдилар? Ёки бу нокамтарона савол бўлдими?
Ив жавоб беришдан олдин жим қолди ва кейин секин айтди:
– Мени яхши кўриши ҳақида ёзган.
– Ҳа, унда кўп ёзмаган бўлсангиз керак.
У шивирлаб гапиргани учун эгилдим. Ўзим ҳам сояларимиз туташганини сезмай қолдим. Шу пайт кашф этган нарсамдан ўзим ҳам шошиб қолдим. Ойисининг мактублари йўқ эди. Қоровулхонада куйган альбом саҳифаларида Ивнинг ойисига ёзган мактублари бор эди. Ивнинг ойиси уни туғаётган пайтда, у ҳали ўқишни билмаган даврда вафот этган экан. Буни англаганимда кўзларимга ёш қалқиди. Онасининг эрта вафот этганидан эмас, балки унинг ёлғонидан кўзимга ёш келди. Ҳеч қачон билмаган онасига хат ёзиш учун қанчалик инсоннинг аҳволи ёмон бўлиши керак! Унинг ҳаёти худди чуқур, тубсиз қудуққа ўхшар, бу қудуқ қайғу ва ҳасрат қудуғи эди, бу ҳасратни олиб ташлашнинг иложи йўқ, Ив мавжуд бўлмаган хатларни яратиб бу ҳасрат қудуғининг оғзини ёпиб қўйишга ҳаракат қиларди. Буларнинг барчасини унинг сояси қулоғимга шивирлаб айтди. Мен дарсга тайёрланишим кераклигини, кейинги танаффусда албатта келишимни айтиб қочдим. Галереягача югуриб бориб мен ўзимни қўрқоқлардай тутганимни англадим. Мадам Шеффер дарсида мен уят ҳисси билан ўтирдим, лекин қоровул дўстимга ваъда берганимдек қайтиб боришга ҳам ўзимда куч топа олмадим.
Уйда ойим кечқурун телевизорда Амазонка ўрмонларининг кесилиши хусусида ҳужжатли фильм намойиш қилиниши ҳақида айтиб қолди. Ойим диванда телевизор олдида ейиш учун патнисда овқат олиб келди. Мени ҳам телевизор олдида ўтирғизиб, дафтар ва қалам тутқазди. Жинни бўлиб қолиш мумкин, инсоният пулни яхши кўргани учун қанча ҳайвон қочишга ва ўлишга маҳкум! Биз бразилиялик дангасалар (ленивец) нобуд бўлаётганини кузатиб турарканмиз – бу ҳайвон менга жуда яқин каби эди – ойим товуқни кесар эди. Кўрсатув ўртасида товуқ суякларига қараб, имкон борича вегетариан бўлишга қарор бердим. Экрандаги шарҳловчи эвапотранспирация тамойилини тушунтириб берди – бу оддий экан. Дарахт остидаги ер худди сочимиз орасидаги тери каби терлайди. Сайёранинг тери буғланиб тепага чиқар ва булутни ҳосил қилар экан. Булутлар шишиб, дарахтларнинг ўсиши ва кўпайиши учун зарур бўлган ёмғир ёғади. Тан олиш керакки, тизим ёмон ўйланмаган. Табиийки, ер каллакланганда тер ҳосил бўлмайди, демак булут ҳам бўлмайди. Булутсиз оламда яшашни, айниқса менинг яшашимни тасаввур қилинг! Ҳаёт баъзан биз билан ҳазиллашиб қўяди. Мен ёлғондакам маъруза тайёрлаган эдим, бу мавзу менга қанчалик тегишини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Ойим ухлаб қолди; мен текшириш учун телевизор овозини баландлатдим – ойим қаттиқ ухлаб қолган эди. Яна чарчатадиган кун бўлган шекилли. Уни бу аҳволда кўриш мен учун оғир эди. Уни уйғотиш керак эмас эди. Мен телевизор овозини пасайтириб чордоқка кўтарилдим. Ўтган сафардаги каби мен ойнага орқамни қилиб, муштларимни қисиб турдим. Менинг юрагим қўрқувдан минутига ўнтача ура бошлади. Роппа-роса соат 22 да соя пайдо бўлди. Бошда чордоқ полида қалам чизиғидай зўрға сезиладиган эди. Туриб-туриб қалинлашди. Мен қотиб қолган эдим – нимадир қилмоқчи эдим – лекин бармоғимни ҳам қимирлата олмас эдим. Менинг соям ҳам қимирламай туриши керак эди, лекин у ҳаракатланар, менинг қўлларим тушган маҳалда у қўлини кўтарди. Соянинг боши ўнгга, чапга, ёнга бурилди, ишонасизми-йўқми, ҳатто менга тилини кўрсатди.
Ҳа! Бир вақтнинг ўзида ҳам кулиш, ҳам қўрқиш мумкин, булар бир-бирига мос эмас деб ўйламанг. Соя менинг оёқларим остига чўзилди ва полда сочилган картончаларда ажойиб синиқлар ҳосил қилди. У жомадонлар орасида сирғалди, қўли қандайдир қоғоз қутига ясланди, гўёки соя бу қутига тираниб турарди.
– Сен кимнинг соясисан? – шивирладим мен.
– Сеники, кимники бўларди? Мен сенинг соянгман.
– Исботла!
– Мана шу қутини оч, ўзинг кўрасан. Мен сен учун совға тайёрлаб қўйдим.
Мен уч қадам юрдим ва соя чекинди.
– Тепадагини эмас, сен уни очгансан, унинг остидагисини ол.
Мен бўйсундим. Биринчи қутини полга қўйдим ва иккинчисини очдим. Қути мен олдин ҳеч қачон кўрмаган расмларга тўла эди. Уларда менинг туғилган куним муҳрланган эди. Мен катта бужмайган бодрингга ўхшардим, фақа унчалик яшил эмас, ва кўзларим бор эди. Мен совғани хушламадим демайману, лекин расмлардаги ўзимни ёқтирмадим.
– Кейинги расмга қара! – буюрди соя.
Дадам мени кўтариб турар, унинг кўзлари менга қадалган ва табассум қиларди. Мен унинг бундай табассумини ҳеч қачон кўрмаган эдим. Мен унинг юзини яхшироқ кўриш учун ойнага яқин бордим. Унинг кўзлари ойимга уйланган кунидаги каби порлар эди.
– Кўрдингми, – шивирлади соя, у сени туғилганингдаёқ яхши кўрган. Балки буни ифодалаш учун ҳеч қачон сўз тополмагандир, лекин бу расм сен эшитмоқчи бўлган барча чиройли сўзлардан устун туради.
Мен расмларни томоша қилардим, дадам қўлида ўзимни кўриш жуда ҳам ёқимли эди. Мен бу расм билан ажралмаслик учун пижамам чўнтагига солиб қўйдим.
– Ана энди ўтир, гаплашиб олиш керак.
Мен полга чордана қуриб ўтирдим. Соя ҳам худди шу тарзда менинг рўпарамга ўтирди. Менг у орқасини қилиб ўтиргандек кўринди, лекин бу шунчаки ой шуъласининг ўйини эди.
– Сенда нодир қобилият бор, гарчи бу сени қўрқитса ҳам, сен бундан фойдаланишинг керак.
– Нега?
– Бу расмни кўриб бахтли бўлдинг, тўғрими?
Мен “бахтли” эдимми-йўқми, билолмадим, лекин мени кўтариб турган дадамнинг расми менга хотиржамлик берди. Мен елкаларимни қисдим. Агар у кетганидан кейин ўзини билдирмаган бўлса, демак бунга имконияти бўлмаган. Бундай севги изсиз йўқолиши мумкин эмас. У албатта мени яхши кўради.
– Айнан шундай, – давом этди соя, худди менинг хаёлларимни ўқиган каби. – Ўғирлаган соянг учун ҳаётини ёритувчи, хотираларидаги яширин бир парчани, озгина ёруғликни топ, – биз буни сендан илтимос қиламиз.
– Биз?
– Биз, соялар, – шивирлади у.
– Сен ҳақиқатдан ҳам меникимисан? – сўрадим мен.
– Сеники, Ивники, Люкники, Маркесники – қандай фарқи бор? Айтайлик, мен синф етакчисига ўхшаб вакилман.
Мен табассум қилдим: у нимани назарда тутаётгани менга аён эди. Кимнингдир қўли менинг елкамга тушди ва мен бақириб юбордим. Ўгирилиб ойимнинг юзини кўрдим.
– Сен ўзингнинг соянг билан гаплашяпсанми, азизим?
Бир лаҳза мен ойим ҳамма нарсани тушунди, мен билан нима содир бўлганини билади, деб ўйладим, лекин у менга мулойим ва меҳрли қараб турарди. Йўқ, бундай нарсаларни билиш унга насиб қилмаган. У шунчаки чордоқда менинг овозимни эшитган ва бу сафар психологга тўқнашишимга сал қолди.
Ойим мени маҳкам қучоқлади.
– Сен ўзингни ёлғиз ҳис қиляпсанми?
– Йўқ, тўғриси, йўқ, – дедим мен уни тинчлантириш учун, – мен шунчаки ўйнаётгандим.
Ойим ойнага яқин бориб, юзини шишага яқинлаштирди.
– Бу ердан чиройли манзара кўринар экан. Мен қачондан буён чордоқка кўтарилмаган эдим. Кел бу ёққа, менинг ёнимда ўтир, соянг билан нимани гаплашдинг, шуни айтиб бер. Ўгирилиб, полда ойимнинг сояси менинг соям ёнида узайганини кўрдим. Шунда мен ҳам ўз навбатида ойимни маҳкам қучоқладим ва имкони борича кўпроқ меҳр беришга ҳаракат қилдим.
“У сенинг учун кетиб қолмади, азизим. У бошқа аёлни севиб қолди…ва мен ҳеч нарса қила олмадим”.
Қайси бола бундай эътирофдан хурсанд бўлади? Ойим менга буни айтмади, буни унинг сояси қулоғимга шивирлади. Ўйлайманки, соя дадамнинг кетиб қолишида ўзимни айбламаслигимни истади. Мен соялар мендан нима исташини билиб олдим, энди бу тасаввур масаласи эди, тасаввур эса менда ошиб тошиб кетган эди. Ойимга эгилиб, менга ёрдам беришини секин сўрадим.
– Менга мактуб ёзасизми?
– Мактуб? Қанақа мактуб? – ҳайратланди ойим.
– Тасаввур қилинг, мен сизнинг қорнингизда бўлсам, мени қанчалик яхши кўришингизни айтгингиз келди. Биз гаплаша олмаган пайтимизда буни қандай амалга оширган бўлардингиз?
– Лекин мен буни сен туғилгунча ҳамма вақт айтганман.
– Ҳа, лекин мен буни эшитмаганман.
– Бола она қорнидаёқ ҳамма нарсани эшитади, дейишади.
– Ким ўйлаб топганини билмайман, лекин мен ҳеч нарсани эслолмайман.
Ойим менга қизиқ қаради.
– Сен нима демоқчисан?
– Тасаввур қилинг, нимани ҳис қилаётганингизни менга айтгингиз келди, бу нарсани хотирамда сақлаб қолишим учун кейинроқ, туғилганимдан кейин ўқиб бериладиган мактуб ёзиш фикри келиб қолди. Бу хатда, масалан, катта бўлганимда қандай қилиб бахтли бўлишим мумкинлиги қабилида маслаҳат бериш мумкин бўлар.
– Бу мактубни ҳозир ёзишимни истаяпсанми?
– Ҳа, айнан шуни хоҳлаяпман, лекин ҳали фарзанд кутаётганингизни тасаввур қилинг. Мен қорнингизда бўлганимда менга исм қўйганмидингиз?
– Йўқ, биз ахир сенинг қиз ёки ўғил бола бўлишингни билмас эдик. Туғилганингда исм танлаганмиз.
– Майли, унда исмсиз ёзинг. Бу ҳатто ҳақиқатга яқинроқ бўлар.
– Бундай фикрлар сенга қаердан келади? – чуқур нафас олди ойим ва мени ўпиб қўйди.
– Ахир мен тасаввурга бойман! Менинг айтганимни қиласизми?
– Хўп, ёзаман мактубни, бугуноқ бошлайман. Энди борақол, ухлашинг керак.
Мен режам охиригача иш беришига умид қилиб ухладим. Агар ойим ваъдасида турса, биринчи партияни ютган ҳисобланаман.
Эрталаб кўзимни очганимда мен каравот ёнидаги тумбочкада ойимнинг хатини кўрдим, лампага эса дадамнинг расми тираб қўйилган эди. Ярим йил ичида биринчи маротаба менинг хонамида учаламиз йиғилдик. Онамнинг мактуби дунёдаги энг яхши мактуб бўлди. Мен бу мактуб менга бағишланганини ва у мен билан доим бирга қолишини билардим. Лекин мен муҳим вазифани бажаришим ва бунинг учун ким биландир буни бўлишишим керак эди. Агар ўз сиримни очганимда ойим тушунган бўларди. Мен мактубни жилдимга яширдим ва мактабга боришда китоб дўконига кирдим. Мен у ерда бир ҳафталик жамғармамни жуда чиройли қоғоз варағига сарфладим, мактубни сотувчига бердим, ва биз янгигина ксероксдан нусха чиқардик. Ишимиз ажойиб бўлди, гўёки бу ойимнинг хати ва унинг сояси эди. Асл хатни мен ўзимда қолдирдим.
Катта танаффусда ахлат қутиларини ёнида айланиб қидириб юрган нарсамни топдим: Ивнинг қоровулхонасидан чала ёнган ўтин бўлаги. Режамнинг иккинчи қисмини амалга ошириш учун етарли даражада кул бор эди. Мен ошхонадан олган салфеткамга уни ўрадим ва жилдимга яшириб қўйдим.
Мадам Анрининг тарих дарсида, Клеопатра Юлий Цезарнинг бошини айлантираётган пайтда, мен яширинча куйган тахтани олдим ва бир жойида айлана қилиб, бир жойида узун чизиқлар тарзида хат нусхасига кул сура бошладим. Мадам Анри буни сезган шекилли, Клеопатрани ярим сўзида қолдириб, менинг олдимга келди. Мен шошилиб қоғозни ғижимладим ва пеналдан қаламни олдим.
– Қўлингда нима борлигини билсам бўладими?
– Ручкамнинг ранги оқиб кетди мадам, – иккиланмасдан дедим мен.
– Жуда қизиқ, ручканг кўк рангда, сен эса қора доғларга бўялгансан. Яхши ручка топганингдан кейин менга “Тарих дарсида расм чизилмайди” жумласини 100 марта ёзиб берасан. Энди бориб қўлингни ва юзингни ювиб, дарҳол орқангга қайт.
Мен эшикка боргунимча синфдошларим кулавериб қорнини ушлаб қолди. Синфдошлар дўстлиги шунақа бўлади!
Ҳожатхона ойнасига қараб, мен қандай қўлга тушганимни англаб қолдим. Ўзим билмаган ҳолда қўлимни пешанамга теккизганга ўхшайман, энди худди кўмирчидек эдим.
Партамга қайтиб келганимда мен шунча қилган ишим бекорга кетганидан қўрқиб қоғозни текисладим. Йўқ, ғижимланган ҳолда у худди мен истаган каби кўринар эди. Қўнғироққача озгина вақт қолган, мен режамнинг учинчи, охирги қисмини амалга оширишим керак эди. Эртаси куни мен атайлаб қоровулхона харобалари орасига яшириб қўйган қоғозим йўқолиб қолди. Мен режам иш берганига умид қилдим. Лекин бунинг тасдиғини кўришим учун яна бир ҳафта кутишимга тўғри келди. Кейинги ҳафтаси мен севган ўриндиғимда Люк билан гаплашиб турганимда бизнинг олдимизга Ив келди ва ўртоғимдан бизни холи қолдиришимизни сўради. Унинг ўрнига ўтириб Ив узоқ жим қолди.
– Мен директор хонимга ариза қолдирдим, – деди у охири, – ҳафта охирида кетаман. Бу ҳақда ўзим сенга хабар бермоқчи эдим.
– Кетасизми? Нега?
– Бунинг тарихи узун. Менинг ёшимда энди мактабни тарк этиш керак, тўғрими? Айтайлик, шу йиллар мен ўтмишим билан яшадим, болалагим асири бўлдим. Мен кўп нарсанинг ҳиссасини чиқаришим, ҳақиқий ҳаёт қуришим ва охир-оқибат бахтли бўлишим керак.
– Тушунаман, – секин дедим мен, – мен сизни соғинаман, сиз билан дўстлашиш менга ёқади.
– Мен ҳам сени соғинаман, балки бирор кун ҳали кўришармиз.
– Балким. Энди нима қилмоқчисиз?
– Бахтимни синаб кўрмоқчиман. Эски бир орзуимни амалга оширмоқчиман, берган ваъдамнинг устидан чиқмоқчиман. Сенга айтайми, фақат буни ҳеч кимга айтмайсан. Қасам ичасанми?
– Қасам ичаман! – мен ерга туфладим.
Ив қулоғимга сирини айтди. Лекин бу сир, буни айтмайман. Мен сўзимнинг устидан чиқа оламан. Биз бир-биримизнинг қўлимизни сиқдик ва ҳозир хайрлашишга келишдик. Жума куни жуда ҳам ғамгин кун бўлади, бошқа кўришмаслигимиз ҳақидаги фикрга кўникишимиз учун яна бир неча кунимиз бор.
Уйда мен чордоқга кўтарилдим ва ойимнинг хатларини қайта ўқидим. Балким бу хатнинг асосий жойи, ойимнинг энг катта орзуси – менинг ҳақиқий инсон бўлиб ўсишим, мени бахтли қилувчи бир касб эгаси бўлишим ҳақида ёзган жойидир, балким бу жумла: “Сенинг севишингни ва севилишинги истайман, шунда, буни бил, мен сендан кутган умидимни оқлаган бўласан”.
Ҳа, балки бу жумлалар Ивни болалигига боғлаб турган занжирлардан халос қилган бўлиши мумкин.
Қандайдир муддат мен ойимнинг хатини у билан бўлишганимга пушаймон бўлиб юрдим, бу хат бадалига дўстимни йўқотдим.
Директор хоним ва ўқитувчилар Ив шарафига кичкина байрам уюштиришди. Тантана мактаб ошхонасида амалга ошди. Ив мен ўйлаганимдан ҳам машҳурроқ экан, барча ўқувчиларнинг ота-оналари у билан хайрлашгани келдилар, назаримда бу нарса уни ҳаяжонга солди. Мен ойимга: “Юринг, кетайлик”, дедим. Ивнинг кетишини ёлғизликда ҳазм қилмоқчи эдим.
Оқшом ойсиз эди, чордоққа чиқиш маънисиз эди. Бироқ, ухлай деганимда, хонамдаги пардалар бурмасидан Ив соясининг “Раҳмат” деган пичирлашини эшитдим.
Ив кетганидан бери мен қоровулхона харобаларига бормай қўйдим. Мен жойларнинг ҳам сояси борлигини тушундим. Агар ҳаддан ташқари яқин борсангиз, хотиралар у ерда айланади ва ҳузун келтиради. Дўстдан ажрашиш осон эмас. Мактабни ўзгартирганимдан кейин мен бунга кўникишим керак эди, бироқ йўқ, ҳар сафар бир хил, сен йўқотган инсон билан сенинг бир қисминг ҳам кетади, ахир дўстлик – худди севгига ўхшайди. Яхшиси ҳеч кимга боғланиб қолмаслик кера, бу жуда ҳам хавфли.
Люк менинг маъюслигимни кўрарди. Ҳар оқшом, мактабдан қайтаётганимда у мени уйига таклиф қиларди. Биз биргаликда дарс қилардик, математика масалалари ва тарих дарси такрори ўртасида ўзимизни-ўзимиз кофели эклер билан хурсанд қилардик.
Чорак тугаётганди. Энди мен қаерни босаётганимга диққат қилардим: ўз иқтидоримни ишга солишдан олдин мен куч тўплаб олишим керак эди. Мен ундан тўғри фойдаланишни ўрганиб олдим.
Июнь охирлаб қолаётган эди. Таътилгача соямни ўзимда сақлаб туришга муваффақ бўлдим.
Ойим мукофотлаш маросимига кела олмади, ўша куни навбатчиликда экан, ҳамкасбларидан ҳеч ким билан навбат алмаштира олмаганидан қаттиқ хафа бўлди. Аммо мен сиқиладиган ҳеч нарса йўқлигини, келаси йил ҳам маросим бўлишини, ўша пайтда балким кела олишини айтиб тинчлантирдим.
Саҳнага чиқарканман, мен ота-оналар ўтирган трибунага дадамни кўриш умидида зимдан қарардим, балки бошқа оталар қаторида менга сюрприз қилиш мақсадида келиб ўтирган бўлса? Балким, у ҳам навбатчилик қилаётгандир. Ота-онамнинг ҳеч омади чопмади, мен улардан хафа бўлишим керак эмас, бу уларнинг айби эмас. Йил охиридаги мукофотлар қувончи — бу йил якуни. Икки ой Элизабет ва Маркеснинг каштан остида ҳингиллашганини кўрмаслик — бу ёз, йилнинг энг яхши даври деб аталади.
Бизнинг шаҳарчамизда яшашнинг нимаси яхши — таътилни ўтказиш учун узоққа бориш шарт эмас. Чўмилиш учун кўлча бор, айланиш учун ўрмон бор — ҳаммаси ёнма-ён. Люк ҳам ҳеч қаерга кетмади, унинг ота-онаси булкахонани ёполмас эдилар. Шунда одамлар нонни супермаркетдан олишларига тўғри келарди, Люкнинг ойиси эса ёмон одатга кўникиш осон, уни ташлаш эса жуда ҳам қийин дейди.
Июл охирида ажойиб воқеалар юз берди. Люкнинг сингилчаси туғилди. У бешикда шунақа кулгили оёқчаларини типирчилатарди-ки! Люк сингилчаси туғилганидан кейин ўзгариб қолди. У энди олдингидек бепарво эмасди, катта ака ролига тайёрланиб, мактабдан кейин нималар қилиши тўғрисида кўпроқ гапирарди. Мен ҳам укача ёки сингилчам бўлишини хоҳлаб қолдим.
Августда ойимга ўн кун таътил бердилар. У ўртоғининг машинасини олиб турди ва биз денгизда дам олгани кетдик. Мен ҳаётимда иккинчи марта денгизга бораётган эдим. Денгиз ҳеч қачон қаримайди, пляж ҳам худди ўтган йилдагидек эди. Ўша ерда, катта денгиз бўйидаги кичкина шаҳарчада мен Клеани, Элизабетдан чиройлироқ бўлган қизчани учратдим. Клеа туғма гунг эди, менга бундан яхшироқ ўртоқ топиш амримаҳол эди, ва биз дарҳол дўстлашиб кетдик.
Эҳтимол, гунглиги бадалига Худо унга катта кўзлар ато этгандир, кўзлари шаҳло бўлиб, юзининг барча гўзаллиги кўзларида жамланган эди. У эшитмас, лекин ҳамма нарсани кўрар, майда нарсани ҳам кўздан қочирмас эди. Аслида Клеа гунг эмас, овоз найчалари соғлом, фақат у ҳеч қачон сўзларни эшитмагани учун гапира олмас эди. Ҳаммаси мантиқий. У бирон нарсани айтмоқчи бўлса, бўғзидан чиқадиган ҳирқироқ товушлар дастлаб қўрқитади, лекин кулса – бошқа гап, унинг кулгуси виолончель овозларига ўхшарди, мен виолончельни жуда яхши кўраман. Клеа ҳеч нарса гапирмайди, лекин тенгдошларидан ахмоқроқ деб ўйламанг. Аксинча, у жуда кўп шеърларни ёддан билар ва уларни қўллари билан айтиб берарди. Клеа имо-ишора билан гапирарди. Менинг гунг ўртоғимнинг феъли – оҳ-ҳо! Масалан, унга кока-кола кераклигини айтмоқчи бўлса, ажойиб тарзда чаққонлик билан қўлларида ифодалаб билади, ота-онаси ҳам дарҳол англаб етардилар. Иккинчи марта музқаймоқ ейишимиз мумкинлигини сўраганида, имо-ишора тилида “йўқ” дейишни ўрганиб олдим.
Мен пляж дўкончасидан дадамга ёзиш учун откритка сотиб олдим. Чап томонини майда ёзишга тиришиб тўлдириб қўйдим, чунки ёзиш учун жой кам, аммо ўнг тарафдаги ёзувга келганда қаламим қотиб қолди, қалам билан бирга мен ҳам қотиб қолдим. Дадамнинг манзилини билмас эдим. Мен дадамнинг манзилини билмаслигимни англадим – буни ҳазм қилиш қийин эди… Хаёлимга Ивнинг мактаб ҳовлисидаги ўриндиқда айтган сўзлари келди – ҳали ҳаммаси олдинда. Қумда ўтириб мен балиқ кетидан сувга шўнғиётган балиқчи қушларни кўрдим, дадам билан балиқ овлашларимизни эсладим.
Ҳаёт бир соатнинг ичида ўзгариб кетиши мумкин. Ҳаммаси жуда ёмон бўлиб турганида – ногаҳон кутилмаган воқеа ҳамма нарсани остин-устун қилади. Мен бошқа ҳаётни истамас эдим, менинг укам ёки синглим йўқ эди, лекин мен Люкка ўхшаб келажак ҳақида ўйлар эдим. Ўша ёзда, ойим билан таътилга денгизга борганимизда менинг ҳаётим янги ўзанга бурилиб кетди.
Клеани учратганимда ҳамма нарса энди бошқача бўлишини англадим. Мактабда синфдошларим менинг гунг ўртоғим борлигини билганида ҳасаддан кўкариб кетади, мен Элизабетнинг юзи қандай ўзгаришини тасаввур қилиб хурсанд бўлардим.
Клеа бармоқлари билан ҳавода сўзларни ёзади – гўёки учар шеърият. Элизабет унинг тирноғига ҳам арзимайди. Дадам айтардики, ҳеч кимни ҳеч кимга ўхшатиш керак эмас, ахир ҳар бир одам ўзгача, асосийси – сенга ҳаммадан кўп тўғри келадиган, ўзингга ўхшамаган одамни топиш. Клеа менинг ноўхшашлигим эди.
Келганимизнинг эртаси куни тиниқ қуёшли эрталабда биз портни сайр қилаётганимизда Клеа бизнинг олдимизга келди. Биз ҳали ҳеч қачон шундай яқин ўтирмаган эди. Бизнинг сояларимиз дамбада тўқнашди, мен қўрқдим ва сакраб ўзимни четга олдим. Клеа нега мен бундай қилганимни тушунмади. У менга узоқ қараб қолди ва мен унинг кўзларида дард кўрдим. Кейин кескин ўгирилди ва қочиб кетди. Мен уни бутун кучим билан бақириб чақирдим. Аммо у ҳатто ўгирилиб қарамади. Қанчалик ахмоқман-а, ахир у мени эшитмаган бўлиши керак! Мен эса учрашганимизнинг биринчи дақиқаларида унинг қўлини ушлашни орзу қилардим. Сўлғин каштан остидаги Элизабет ва Маркесдан кўра биз иккаламиз денгиз олдида чиройлироқ кўринар эдик. Мен унинг ҳаётда унинг соясини ўғирлашни истмаганим учун ўзимни четга олдим. Ҳа, мен унинг ўзи айтиб бермагунча ҳаёти ҳақида ҳеч нарса билишни истамас эдим. Лекин Клеа буни билиши мумкин эмас эди ва менинг ихтиёрсиз ҳаракатим уни жароҳатлади. Тун бўйи мен қандай қилиб ундан кечирим сўраш ва ярашиш ҳақида ўйлаб чиқдим. Ҳамма нарсани тарозига солиб, мен ҳолатни ўнглашнинг ягона йўли борлигини англадим – унга бор ҳақиқатни айтиш керак эди. Сиримни Клеа билан бўлишиш – менинг назаримда, биз агар бир-биримизни яхши билишимиз учун энг яхши йўл эди. Агар бировга ишонмасанг, дўстлик ҳақида қандай сўз бориши мумкин?
Унга сирни қандай очишни ўйлаш керак эди. Гунглар тилини ҳали унча билмас эдим, бу воқеани унга имо-ишора тили билан тушунтира олишимга кўзим етмас эди.
Эртаси куни ҳаво булутли эди. Дамба четига тиззалаб ўтириб Клеа ясси тошларни сувга отарди. Унинг ойиси, ниҳоят қизига янги ўртоқ топилганидан қувониб, менга ҳар эрталаб борадиган, яхши кўрган жойини кўрсатди. Мен унинг ёнига бориб ўтирдим. Биз узоқ вақт тўлқиннинг денгиз соҳилига келиб урилишини томоша қилиб ўтирдик. Клеа худди мен йўқдай кўрмаганга олиб ўтирди. Бутун кучимни тўплаб унга тегиш учун қўлимни чўздим, аммо у сакраб турди ва тошдан тошга сакраб тезгина юриб кетди. Мен унинг изидан бориб қувиб етдим ва дамба чўзилиб турган сояларимизни кўрсатиб ишора қилдим. Қимирламаслигини ишора қилдим, қадам босдим ва менинг соям унинг соясини ўраб олди. Мен чекиндим, Клеанинг кўзлари яна ҳам катталашиб кетди. У нима бўлганини дарҳол тушунди. Бирозгина кузатувчанлиги бўлган одам учун қийин эмасди: менинг олдимдаги сояда узун сочлар бўлиб, унинг олдидаги сояда эса калта соч бор эди. Унинг сояси ҳам эгасига ўхшаган гунг эканлигига умид қилиб мен қулоқларимни бекитдим, лекин унинг шивирлашини эшитишга улгурдим: “Ёрдам бер!”. Мен ўтириб олиб бақирдим: “Жим ўтир, илтимос қиламан, жим ўтир!” – ва сояларимиз яна тўқнашишини истаб эгилдим.
Клеа ҳавода катта сўроқ белгисини чизди. Мен елкамни қисдим ва бу сафар ўзим кетдим. Клеа орқамдан югуриб келди ва мен унинг тошда сирпаниб кетишидан қўрқиб қадамимни секинлатдим. У менинг қўлимни олди ва мен билан сирини бўлишишга тайёр эканини англатди. Биз шундай қилиб орани очардик.
Дамбанинг охирида маёқ бор, жуда кичкина. У ўша ерда шундай ёлғиз турарди-ки, ота-онаси уни ташлаб кетган ва у ўсишдан тўхтаган каби кўринар эди. Унинг чироғи аллақачонлар ўчган ва у энди денгизни ёритмас эди.
Дамба охиридаги бу эски кимсасиз маёқ Клеанинг сирли бошпанаси эди. У менга бу ерни кўрсатганидан бери биз ҳар куни келамиз. Занглаб кетган темир парчасига “Кириш маън қилинади” деган ёзув осилган занжир остидан кириб, биз қулфи туздан емирилиб кетган темир эшикни итарамиз, ва зинадан ўрмалаб, кузатиш майдончасига чиқамиз. Клеа биринчи бўлиб чиқади, кейин биз гумбаз остида кемаларни ва уфқни соатлаб томоша қилиб ўтирамиз. Чап қўлининг енгил ҳаракати билан Клеа тўлқинларни чизади, ўнг қўли эса узоқда сузаётган елканларни кўрсатиб тебранади. Кун шафаққа ботаётганида у бош ва кўрсаткич бармоқларини думалоқ қилади: унинг қўлларидаги қуёш менинг елкамдан чиқади ва унинг виолончель товуши каби кулгиси деворларга акс-садо беради. Кечқурун ойим мендан кунни қаерда ўтказганимни сўрайди, мен маёқнинг қарама-қарши томонини айтаман – бу кичкинтой маёқча, ташлаб кетилган болакай мен ва Клеага тегишли эди, биз уни оталиққа олган эдик.
Учинчи куни Клеа гумбаз остига чиқишни истамади, маёқ тагида тураверди, унинг хўмрайган юзига қараб, мендан ниманидир кутаётганини англадим. У чўнтагидан дафтарча олди ва “Буни қандай қилдинг?” деб ёзиб менга узатди.
Мен ҳам худди шу варақчага ёздим:
“Нимани қандай қилдим?”
“Соялар билан қилган ишинг” – ёзди Клеа.
“Қандай бўлганини тушунмайман, ўз-ўзидан бўлди, мен бусиз ҳам эплардим”. Қалам қоғозда шитирлади, Клеа фикридан воз кечиб жумлани ўчирди. Лекин чизилган чизиқ остида “Жинни бўлиб қолибсан” деган ёзувни ўқидим, пастда эса: “Омадинг келибди. Соялар сен билан гаплашадими?” деб ёзди.
Қандай қилиб фаҳмлади экан? Мен уни алдай олмас эдим.
“Ҳа!”
“Менинг соям ҳам гунгми?”
“Бундай бўлмаса керак”
“Бўлмаса керакми ёки аниқми?”
“ У гунг эмас”.
“Тўғри, ахир мен бошимда гунг эмасман. Сен менинг соям билан гаплашишни истамайсанми?”
“Йўқ, яхшиси мен сен билан гаплашаман”.
“У сенга нима деди?”
“Жиддий бир нарса йўқ, суҳбат жуда қисқа эди”.
“Менинг соямнинг товуши чиройлими?”
Мен дастлаб Клеа учун бу саволнинг муҳим эканлигини билмадим. Худди кўр одам унинг акси ойнада қандай кўринишини сўраган каби. Клеанинг ноўхшашлиги гунглигида эди, бу нарса уни менинг кўзимда ягона қилиб кўрсатарди, бироқ Клеанинг ўзи имо-ишорасиз тушунтира оладиган тенгдошларининг исталган бирига ўхшашни жуда ҳам истар эди. Ноўхшашлиги қанчалик ажойиб эканини билганида эди.
Мен қаламни қўлимга олдим.
“Ҳа, Клеа, соянгнинг овози тоза, нафис ва жарангли. Худди ўзингга ўхшайди”.
Бу сатрларни ёза туриб мен қизариб кетдим, буларни ўқиган Клеа ҳам қизарди.
“Сен нега ғамгинсан?” – сўради у.
“Чунки яқинда таътил тугайди, ва мен сени соғинаман”.
“Ҳали бир ҳафта олдимизда, ундан кейин, агар кейинги йил ҳам келадиган бўлсанг, мени қаердан топишни яхши биласан”.
“Ҳа, маёқдан топаман”.
“Мен таътилнинг биринчи кунида сени шу ерда кутаман”.
“Ваъда берасанми?”
Клеа қўли билан ваъда беришини англатди.
Сўз билан айтгандан кўра чиройлироқ ифода бўлди.
Булутлар орасидан қуёш кўринди, Клеа бошини кўтарди ва блокнотга ёзди:
“Мен яна бир марта соямни босишингни ва унинг нима деганини менга айтиб беришингни хоҳлайман”.
Мен иккиландим, бироқ унга ёқимли нимадир қилгим келди ва унга яқинлашдим. Клеа менинг елкамга қўлини ташлади ва яқинлашди. Менинг юрагим шунақа гупиллаб ура бошлади-ки, мен сояларни буткул унутдим ва юзимнинг олдида Клеанинг буюк кўзларини кўрардим, холос. Бизнинг бурунларимиз бир-бирига тегди, Клеа оғзидаги сақични туфлаб ташлади, менинг оёқларим пахтадай юмшоқ бўлди, мен ҳушимни йўқотаёзгандим. Мен бир фильмда ўпичда асал таъми бор, деб эшитгандим, лекин Клеа билан ўпичимиз бироз олдин туфлаб ташланган қулупнай сақич мазали эди. Кўкрак қафасимда юрагим қанчалик қаттиқ ураётганини эшитиб, ўпичдан ҳам ўлиб қолиш мумкинлигини ўйладим. Мен яна хоҳлардим, лекин Клеа нарига сурилди.
У менинг кўзимга тўғри қараб турарди. Табассум қилиб,у қоғоз парчасига ёзди:
“Сен менинг соямнинг ўғрисисан, сен қаерда бўлсанг ҳам, мен сен ҳақингда ўйлайман”, – ва қочиб кетди. Август ойидаги воқеалар ҳаётингизни мана шундай ўзгартириб юбориши мумкин. Эрталаб олдингидай бўлмаслиги, ҳаммаси бошқача бўлиши, ёлғизликдан асар ҳам қолмаслиги учун худди шунақа Клеани учратсангиз кифоя.
Биринчи ўпичдан кейин кечқурун Люкка содир бўлган воқеани ёзмоқчи бўлдим. Балким шу лаҳзаларни чўзиш учундир. Клеа ҳақида гапириш у билан бирга бўлиш демак. Мен ёздим – ва хатни майда бўлакчаларга йиртиб ташладим.
Кейинги кун маёқда Клеа йўқ эди. Мен дамбада уни кутиб ўн марталаб у ёққа-бу ёққа юрдим. Даҳшатга тушдим: сувга тушиб кетган бўлса-я? Кимгадир боғланиб қолиш хавфли нарса. Жинни бўлиб қолиш мумкин, бу даҳшатли оғриқли бўлиши мумкин. Бу йўқотиш қўрқувидан даҳшатга тушиш мумкин. Дадамни танлаш имконияти йўқ эди, оталарни танламайдилар, бир куни у мени ташлаб кетишни истаган бўлса, мен нима қила олардим, лекин Клеа – бошқа масала. У билан ҳамма нарса бошқача. Мен ўзимни қўярга жой тополмаётган эдим ва ногаҳон узоқдан виолончельь овозини эшитиб қолдим. Клеа соҳилда, музқаймоқ дўкони ёнида ота-онаси билан бирга эди. Отаси пломбирни кўйлагига тушириб юборди ва Клеа қотиб-қотиб куларди. Мен қолишни ёки у томон югуриб боришни билмай қотиб қолдим. Клеанинг ойиси менга қўл силкиди. Мен ҳам жавобан қўл силкидим ва тескари томонга йўналдим.
Расво кун бўлди; мен нега бунчалик ғамгинлигим сабабини билмай Клеани кутардим. Кеча сайр этган дамбамизни тўлқинлар юварди. Ёлғизликда ғамгин бўлиб қолдим, бўридай увиллагинг келади. Сояларнинг энг ёмони, йўқлик сояси учраганга ўхшайди, ва бу соя ёнида мен ўзимни ёмон сезаётган эдим. Мен Клеага ишонмаслигим ва унга сиримни очмаслигим керак эди. Уни умуман учратмаганим яхши эди. Бир неча кун олдин мен унга муҳтож эмасдим, менинг ҳаётимда ҳамма нарса ўз навбати билан кетаётган эди, қувончли бўлмаса ҳам, яшаса бўларди. Энди эса, Клеасиз, ҳамма нарса тўкилиб тушгандай бўлди. Ўзини бахтли ҳис қилиш учун кимдандир ишора кутиб яшаш қанчалик оғир. Мен дамбадан кетдим ва пляждаги дўкончага йўналдим. Мен дадамга ёзишни истардим; айланаётган витринадан каттагина откриткани олдим ва кафедаги столга яхши жойлашиб олдим. Бу пайтда кафеда мижоз кам эди ва официант менга ҳеч нарса демади.
Дада,
Мен сизга денгиз бўйидан ёзяпман, биз ойим билан бирга бир неча кунга, таътилга бу ерга келдик. Мен сиз ҳам биз билан бирга бўлишингизни истар эдим, аммо нимаям дердим. Ҳамма ишларингиз яхши экани тўғрисида хабар олсам етарди. Менда – вазият ҳар хил. Агар бу ерда бўлганингизда мен нималар содир бўлаётганини айтиб берган бўлардим. Ўйлайманки, бу нарса менга фойда келтирган бўларди. Сиз менга маслаҳат берган бўлардингиз. Люк менга дадаси фақат маслаҳат бериб бошини қотиришини айтади, менга эса маслаҳат етишмайди.
Ойимнинг айтишларича, сабрсизлик болаликни ўлдирармиш. Мен эса эркин бўлиш учун тезроқ катта бўлишни истайман, хоҳлаган томонимга, менга нохушлик олиб келадиган жойлардан узоққа кетишни истайман. Катта бўлганимда, қаерда бўлсангиз ҳам, албатта сизни қидириб топаман.
Агар ҳозиргача кўришмаётган бўлсак, бир-биримизга айтмоқчи бўлган гапларимиз тўпланиб қолган, бунинг учун юз марта бирга тушлик қилиш керак, ҳеч бўлмаганда бир ҳафта биргаликда таътилни ўтказиш керак. Қандайдир вақтни бирга ўтказсак жуда яхши бўларди. Мен гарчи нимагалигини билмасам ҳам, бу жуда ҳам қийин эканини фаҳмлайман. Ҳар доим мен бу ҳақда ўйлаганимда, хаёлимда битта савол айланади: нимага менга ёзмайсиз? Ахир сиз менинг қаерда яшашимни биласиз-ку! Балким шу откриткага жавоб ёзарсиз, балким уйга қайтганимда мен сиздан хат топиб оларман, балким мени кўргани келарсиз?
Мана шу “балким”лар қанчалик жонимга тегди! Барибир сизни яхши кўрувчи ўғлингиз.
Мен почта қутисигача қадам ташладим. Майли, дадамнинг қаерда яшашини билмасам ҳам майли. Худди ўша Рождестводаги каби мен хатни манзилсиз ва маркасиз жўнатдим.
Пляжда пештахталарнинг бирида бургут шаклидаги гофри қоғоздан ясалган чиройли варрак бор эди. Мен сотувчига ойим кейин келиб тўлашини айтиб олдим. Менинг юзим ишонч туғдирса керак, мен қўлтиғим орасига қистирилган варрак билан уйга келдим.
Қирқ метрли арқон – қадоқда шундай ёзилган эди. Қирқ метрлик баландликдан бутун шаҳарча кўринса керак: қўнғироқли черков, катта кўча, майдондаги карусель, далаларга кетаётган йўл. Агар арқонни қўлингиздан чиқариб юборсангиз, бутун мамлакатни кўриш мумкин, ҳамроҳ шамол билан бутун Ер юзини айланиб чиқиш, сизга керак бўлган одамларни тепаликдан кўриш имкони бор. Мен ҳам варрак бўлишни истардим.
Менинг бургутим тепага қараб учар, ғалтак ҳали охиригача ечилмаган, лекин у мағрур осмонда учар эди. Унинг сояси қумда титрар, лекин варракларнинг сояси жонсиз, улар шунчаки доғ. Ўйин жонимга текканида мен қушни ўзимга тортдим, қанотларини йиғиштирдим, ва биз уйга кетдик. Меҳмонхонада уни яшириш учун жой қидирдим, лекин кейин бу фикримдан қайтдим.
Гўё совға бўлган бу варракни ойимга кўрсатганимдан кейин кунимни кўрдим. Ойим уни ахлатга ташлаш билан таҳдид қилди, кейин эса ундан ҳам қаттиқроқ жазода тўхталди: варракни сотувчига қайтариш ва менинг, айнан сўзини келтирадиган бўлсам, кечирилмас ишим учун кечирим ҳам сўрашим керак эди. Мен қуролсизлантирадиган айбдорона табассумимни ишга солдим, лекин бу ойимга таъсир қилмади. Кечки овқатсиз ухлашга тўғри келди, ҳечқиси йўқ, жаҳлим чиққанида овқат егим келмайди ўзи.
Эртаси куни ўн яримда пляж дўкончаси қаршисида машинасини тўхтатиб, ойим эшикни очди ва таҳдид ифодаси билан менга қаради:
– Қани, тез чиқ, нима қилиш кераклигини яхши биласан!
Менинг азобларим нонуштадан кейин бошланди. Ғалтакка янги тус бериш учун ипни яхшилаб ўрашга тўғри келди, бургутимнинг қанотларини йиғиб, ойим берган лента билан боғладим. Дўкончага кетар йўлда тантанавор жим кетдик. Кейин қийноқнинг давоми бошланди: мен пештахтагача юриб, варракни сотувчига қайтаришим, унинг ишончини суъистеъмол қилганим учун кечирим сўрашим керак эди.
Мен елкаларимни букчайтириб, варракни қўлтиғимга қисиб қадам ташладим.
Ойим манзарани ойнадан кўриб турарди, лекин гапларимизни эшитмас эди. Мен қийноқларга солинган каби сотувчининг олдига бордим, ойимнинг туғилган кунимга буни совға қилишга пули етмаслигини, бургутга пул тўламаслигини айтдим. Сотувчи бу унчалик қиммат эмаслигини айтди. Мен бунга жавобан, ойим шунчалик хасиски, “унчалик қиммат эмас” деган жумла унинг луғатида мавжуд эмаслигини айтдим. Жуда афсусдаман дедим, лекин варрак бор-йўғи бир мартагина учганини, ўшандаям унчалик баланд учмаганини айтдим. Зарар келтирмаганим бадалига дўконни йиғиштириб беришим мумкинлигини таклиф қилдим. Унинг раҳм-шафқат қилишини, агар муаммони ечмасдан кетсам, Рождествога совға олмаслигимни айтдим. Менинг нутқим таъсир қилди шекилли, сотувчи менга ҳамдардлик билдирди. У ойим томонга ғазаб билан қаради ва кўзини қисиб, қувонч билан менга бу варракни совға қилиши мумкинлигини айтди. У ҳатто ойимга бир-икки оғиз сўз айтишни ҳам хоҳлади, лекин мен бу яхши ғоя эмаслигини айтиб, уни бу фикридан қайтардим. Мен бир неча маротаба унга миннатдорчилик билдирдим ва совғамни ҳозирча ўзида қолдиришни илтимос қилдим: мен уни кейинроқ олиб кетаман. Кейин мен машинага қайтиб келдим ва вазифамни бажарганимга қасам ичдим. Ойим пляжда ўйнашимга рухсат берди ва ўзи кетди.
Албатта, ойим ҳақида бундай гапирмаганим яхши бўлмади, лекин бошқа томондан, бу ўзига хос қасос ҳам эди. Ойимнинг машинаси кўздан пана бўлган заҳоти мен дарҳол бургутни қайтиб олдим ва шу пайтда сув пасайган пляжга югуриб кетдим. Оёқ тагида чиғаноқларни ғирчиллатиб варрак учиришда илоҳийлик бор.
Шамол кечагидан шиддатлироқ эсар, ғалтак тезлик билан ечилди. Арқонни тезгина тортиб, мен дастлабки шакл – деярли идеал ярим саккизлик шаклини ҳавода ясадим. Варракнинг сояси шу пайтда мендан узоқда эди. Ногаҳон мен олдимда бошқа соя – таниш сояни кўриб қолдим. Варракни қўлимдан тушириб юборишимга сал қолди. Мендан ўнг томонда Клеа турарди.
У менинг кафтимга ўз кафтини қўйди, лекин қўлимни ушлаш учун эмас – у варракнинг ипини олмоқчи эди. Мен унга ғалтакни ишониб топширдим: Клеа шунчалик ажойиб табассум қиларди-ки, унга йўқ дейиш имконсиз эди.
Бу унинг биринчи марта варрак учириши эмас шекилли. Клеа шунақа чаққонлик билан учирарди-ки, нафасингиз тўхтаб қоларди. У ҳавода саккиз шакли ёки текис илонизи қилишга уста экан. Клеада ҳаво шеърияти иқтидори бор эди, у ҳавода ҳарф ёза оларди. Нима қилаётганини англаб, ўқидим: “Мен сени соғиндим”. Варрак билан сизга соғинганини ёзадиган қиз – бунақаси эсингиздан чиқмайди. Клеа варракни туширди, менга ўгирилди ва нам қумга ўтирди. Бизнинг сояларимиз тўқнашди. Клеанинг сояси менга эгилди:
– Орқамдан кулишларими ёки шафқатомуз қарашларими, қайси бири кўпроқ оғриқ беришини билмай қолдим. Гапиришни билмайдиган, кулишни ўрнига бақириб юборадиган қизчага ким ҳам боғланиб қоларди? Мен қаттиқ қўрқсам мени ким тинчлантиради? Мен шунчалик қўрқяпманки, ҳеч нарсани эшитмай қоляпман, ҳатто бошимда ҳам. Мен катта бўлишдан қўрқаман, мен ёлғизман, менинг кунларим эса автомат каби орасидан ўтиб кетаётганим чексиз тунларга ўхшайди.
– Бирор бир қиз ҳали энди танишган болага бунақа сўзларни айтмаган бўларди. Бу сўзларни Клеа айтмади, буларни пляжда унинг сояси шивирлаб айтди, ва мен унинг нега ёрдамга чақирганини англадим.
– Сен мен учун дунёдаги энг чиройли қиз эканингни билганингда эди Клеа, сенинг ҳирқироқ бақириғингдан осмон яна ҳам кўк тус олишини, овозинг каби янграшини билсанг эди. Агар сен билсанг, бу дунёдаги ҳеч бир қиз сен каби осмонга варрак учира олмайди.
Бу сўзларни эшитмаслигинг учун сенинг орқангда шивирладим. Мен сенинг олдингда соқов бўлиб қолдим.
Биз ҳар эрталаб дамбада учрашардик, Клеа пляжга варрагим учун келар, биз иккаламиз кимсасиз маёққа қараб чопиб, кунимизни ўша ерда ўтказардик.
Мен денгиз қароқчилари ҳақида ҳикоялар тўқидим. Клеа мени қўл билан гаплашишга ўргатарди, мен унча-мунча киши тушунмайдиган бу тилнинг шеъриятини ўрганардим. Минорачанинг панжарасига боғланган бургутимиз яна ҳам баландроқ кўтарилиб, шамолда айланарди.
Тушда биз Клеа билан бирга чироқ остида ойим тайёрлаб берган нонуштамизни баҳам кўрардик. Ойим биларди – кечқурунлари биз бу ҳақда гапирмасак ҳам, ойим мен ва гапирмайдиган қизча орасидаги дўстликни биларди, Клеани шаҳарчада гапирмайдиган қизча дейишарди. Жинни бўлиш мумкин, катталар шунчалик сўзлардан қўрқишади. Менимча, “гунг” сўзи чиройлироқ эшитилади.
Баъзан нонуштадан кейин менинг елкамга бошини қўйиб ухлаб қоларди. Эҳтимол, у менга тўлиқ ишонган лаҳзалар, куннинг энг яхши вақти бўлса керак. Кимнингдир сизга тўла ишониши ажойиб туйғу. Ухлаб ётган Клеага қараб, мен тушларида гапирармикан, ўзининг жарангли товушини эшитармикан, деб ўйлаб қоламан. Кечга яқин, кетаётганда биз албатта ўпишардик. Унутилмас олти кун.
Қисқа таътил якунига етди, мен нонушта қилгунимча ойим жомадонларни йиға бошлади. Мен кўпроқ қолишни сўраб ёлворардим, лекин ойим ишини йўқотмаслиги учун қайтиб кетиши лозим эди. Ойим кейинги йил яна келишимизга ваъда берди. Бир йил ичида кўп нарса бўлиши мумкин.
Мен Клеа билан хайрлашгани бордим. У мени маёқ олдида кутарди, нега менинг юзимда бахтсизлик ифодасини дарҳол англаб, мен билан тепага чиқишни истамади. Имо билан менинг кетишимни кўрсатди ва тескари ўгирилиб олди. Мен чўнтагимдан хат чиқардим – бу хатни яширинча ёзган эдим – қисқагина хат, лекин мен унда барча хаёлларимни ифодалаган эдим. Клеа хатни олмади. Шунда мен унинг қўлини ушладим ва пляжга қараб тортдим.
Оёғим билан қумда яримта юрак расмини чиздим ва хатни узун воронка қилиб, юракнинг ўртасига суқиб қўйдим ва кетдим.
Мен Клеа фикридан қайтдими, қумдаги менинг расмимни якунлаб қўйдими, билмадим. Менинг хатимни ўқиган-ўқимаганини ҳам билмадим.
Қайтиб келаётганимда мен хатимни ўимаслигини, хатимни тўлқинлар олиб кетишини истаб қолдим. Балким уялгандирман. Мен ҳар эрталаб уйғонганимда у ҳақида ўйлашимни, уйқуга кетаётганимда унинг кўзларини, зим-зиё тундаги катта кўзларини, энди бошқа ёлғиз эмаслигидан фахрланиб чироғини ёққан маёқ каби кўзларини кўзимнинг олдига келтиришимни хатимда ваъда берган эдим. Буларнинг барчаси беўхшов кўринса керак.
Хотиралар сандиқчасини бир йил олдин тўлдиришим, мактаб йўлини қоронғулик босадиган куз фаслига бахтли онлар заҳирасини тўплашим қолди, холос.
Синфда Элизабетнинг жаҳлини чиқариш мақсадида айтмоқчи бўлганларимни демасликка қарор қилдим, буларнинг бари энди қизиқ эмасди.
Биз бу курорт шаҳарчасига бошқа қайтиб келмадик. Кейинги йил ҳам, бошқа йилда ҳам келмадик. Мен Клеа ҳақида ортиқ ҳеч нарса билмас эдим. Мен унга “Дамба охиридаги кимсасиз маёқ” деган манзилда хат ёзмоқчи бўлдим. Лекин бу манзилни ёзиш сирни очиш билан баробар эди.
Икки йилдан кейин мен Элизабетни ўпдим. Унинг ўпичида асал таъми ҳам, қулупнай ҳиди ҳам йўқ эди, фақатгина ўша пайтга келиб бўйим тенглашган Маркес устидан қозонилган ғалабанинг озроқ нашидаси бор эди. Уч йил синф старостаси бўлиш – бу албатта, машҳурлик келтиради.
Ўпишганимизнинг кейинги куни биз Элизабет билан ажрашдик. Мен синф етакчилигига ортиқ ўз номзодимни қўйишни истамадим, ва менинг ўрнимга Маркесни сайлашди. Мен қувонч билан унга ўз вазифаларимни топширдим. Сиёсатдан буткул кўнглим қолган эди. Қоронғуликдан қўрқиш ёлғизликдан қўрқиш билан ўрин алмашди. Мен бир ўзим ухлашни ёқтирмайман, шунга қарамай, тиббиёт факультетининг ёнгинасида кўп қаватли уйнинг томи остидаги торгина хонадонда сўққабош яшайман. Кеча мен йигирма ёшга кирдим. Мен бу ёшни ҳеч ким билан дўстлашмасдан қаршиладим – ҳаммасига сабаб мактабдаги каби ёшда орқада қолиш. Факультетдаги зич дарс жадвали ҳам бунга йўл қўймас эди.
Менинг болалигим икки йил олдин мактаб ҳовлисидаги каштан остида, мен катта бўлган шаҳарчада қолиб кетди.
Аттестатларни топшириш куни ойим залда ўтирган эди – шу куни унинг ҳамкасби ўрин алмаштириб турди. Мен узоқдан дадамнинг соясини кўрганимга қасам ичишим мумкин, бироқ балки менга кўрингандир, ахир менинг тасаввурим ҳар доим кучли бўлган.
Менинг болалигим куз ёмғирлари елкага сирғалиб тушадиган, мен соялар билан гаплашадиган, ҳали улар бир-бирларини яхши кўришган пайтдаги ота-онамнинг расмини томоша қиладиган уйимга олиб борувчи йўлда қолиб кетди. Менинг болалигим булкачининг ўғли, энг яхши кўрган ўртоғим билан хайрлашган, ойимни қучоқлаган, имкони борича тез-тез келишга ваъда берган вокзал перронида қолиб кетди.
Ўша перронда ойим йиғлади. Бу сафар ҳатто тескари ўгирилмади. Ойим ҳамма нарсадан ўз кўз ёшларидан, энди бутун умрга қолиб кетган ғам-қайғудан ҳимоя қилмоқчи бўлган болакай эмасдим ортиқ. Поезд қўзғалганида вагон ойнасидан бошимни чиқариб қараганимда Люкнинг ойимнинг қўлларини ушлаб юпатганини кўрдим. Ҳаётда ҳамма нарса тескарисига кетди, бу купеда Люк кетиши керак эди, ахир унинг табиий фанларга иқтидори бор эди. Иккаламиздан, одамларга, биринчи навбатда ўғлига ҳаётини бағишлаган ҳамшира билан қолиш менга эмас, унга насиб қилиши керак эди.
Тиббиёт факультетининг тўртинчи курси. Ойим нафақага чиқди ва энди муниципалитет кутубхонасида ишлар эди. Чоршанба кунлари ўртоқлари билан белот ўйнайди.
У менга тез-тез ёзиб туради. Маърузалар ва тунги навбатчиликлар орасида ҳар доим ҳам унга жавоб ёзолмайман. Йилда икки марта, кузда ва баҳорда, у мени кўргани келади. Университет касалхонасидан икки қадам нарида бўлган кичкина меҳмонхонада қолади, ва менинг иш куним тугагунигача музейларни айланиб чиқади.
Биз у билан дарё бўйлаб сайр қиламиз. Бу сайрлар давомида у менинг ҳаётимни сўрайди, одамларни яхши кўрадиган – унинг наздида бу муҳим – яхши дўхтир бўлиш учун нималар қилишим ҳақида минглаб маслаҳатлар беради. У бунақаларни қирқ йил ишлаши давомида кўп кўрган ва амални беморлардан устун қўядиганларни бир қарашда танийди. Мен жим қулоқ соламан. Сайрдан кейин мен унга ёқадиган ресторанга олиб бораман, у эса ҳар доим кечки овқатимизнинг пулини ўзи тўлашга шошилади. “Кейин, доктор бўлганингдан кейин сен мени қиммат ресторанга таклиф қиласан”, – дейди у менинг қўлимдан ҳисоб қоғозини олиб.
Унинг юз қирралари ўзгарган, лекин кўзларида ҳали ҳам нафис ёшлик жилва қилиб туради. Ота-оналар уларнинг кўринишлари хотирамизда қотиб қолгунига қадар қарийдилар. Уларни олдингидай кўриш учун кўзни юмиб ўйлаш кифоя, гўёки, бизнинг уларга бўлган муҳаббатимиз вақтни тўхтата оладиган каби.
Ойим ҳар сафар келганида менинг кулбамда тартиб ўрнатишга ҳаракат қилади. У кетганидан кейин мен шкафда тоза кўйлаклар, каравотда эса болалигим хонасини эслатувчи ҳид таратаётган чойшабларни кўраман.
Қачонлардир менинг илтимосим билан ойимнинг ёзган хати, чордоқдан топилган расм ҳар доим мен билан бирга, каравотим бошидаги тумбочкада туради.
Мен уни вокзалга кузатаётганимда у мени шунчалик маҳкам қучоқлайдики, ҳар доим мен қўрқувга тушаман: наҳотки бошқа кўришмасак? Мен кетаётган поезд изидан қараб қоламан, у мен ўсган, менинг болалигим кечган шаҳарчага қараб шошмоқда, ҳозирги яшаётган жойим билан ораси олти соатлик йўл.
Ойим кетганидан бир ҳафта ўтиб ҳар доим хат оламан, у менга поезд ҳақида, белотдаги партиялар, унинг фикрича, қайси китобларни албатта ўқишим кераклиги ҳақида ёзади. Лекин афсуски, мен фақат тиббиёт бўйича дарсликларни ўқийман, тунлари эса интернатурага тайёрланиб, маълумотларни қайтараман.
Мен бир вақтнинг ўзида “Тез ёрдам” бўлимида навбатчилик қиламан ва менинг беморларим кўп диққат қилишни талаб қилади. Менинг бўлим мудирим яхши, профессор, ундан ҳамма қўрқади, у ҳаммамизга бақиришга ҳозир. Ҳар битта кичкина хато, кичкина эътиборсизлик учун жаҳли чиқади. Лекин у ўз билимини бизга беради, биз ҳам ундан шуни кутамиз. Ҳар эрталаб, айланиб чиқишдан олдин тиббиёт касб эмас, истеъдод эканини бизга такрорлашдан чарчамайди.
Тушлик пайти мен кафетерийдан сендвич сотиб оламан ва корпусимиз олдидаги боғ ичида ўтираман. Баъзан у ерда тузалаётган кичик беморларимни учратиб қоламан. Улар ота-оналари билан биргаликда тоза ҳаводан нафас олгани чиқишади. Ўша ерда, гуллаб ётган газон олдида менинг ҳаётимда иккинчи маротаба кескин бурилиш бўлди.
Мен ўриндиқда мудраб ўтирардим. Тиббиёт факультетида ўқиш – ҳар доим чала уйқу билан кураш дегани. Менинг ёнимга курсдошим ўтирди ва мен уйғониб кетдим. Софи – ёрқин ва чиройли қиз бўлиб, биз у билан анчадан буён дўстлашиб, ўйнашиб юрамиз, лекин мен муносабатимизни нима деб аташни ҳали ҳам билмайман. Биз бир-биримизга қанчалик талпинишимизга сезмаганга олиб ўртоқ-ўртоқ ўйнаб юрардик. Бизнинг иккаламиз ҳам ҳақиқий муносабатга вақтимиз йўқлигини яхши билардик. Бугун эрталаб Софи ўзини кўпдан буён безовта қилган воқеа ҳақида гапирди. Ўн ёшли болакай овқат емасди. Ҳеч қандай патология йўқ, овқат ҳазм қилиш тизими ҳам яхши, лекин ҳар қандай ейилган овқат дарҳол чиқариб ташланарди. Болакай томчи дори остида ётар ва унинг ҳолати кундан кунга ёмонлашиб бормоқда эди. Учта психолог маслаҳати ҳам ёрдам бермади. Бу кичкина бемор Софини ташвишга солар, у бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламас, фақат унинг касалига шифо топиш ҳақида қайғурар эди. Мен эса олдингилари каби кечқурун, умумий дарслар баҳонасида у билан учрашишни хоҳлар эдим, мен бу бемор касаллиги тарихини кўриб чиқиш ва бу ҳодиса ҳақида ўйлашга ваъда бердим. Гўёки биз, оддий экстернлар касалхонада меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларидан ақллимиз! Лекин ўқувчилар ўз устозларидан ўзиб кетиш ҳақида орзу қилмайдиларми?
Софи болакайнинг ҳолати ёмонлашгани ҳақида гапириб турганида, боғ хиёбонида ўйнаб турган ёш қизча менинг диққатимни тортди. Мен қараб турганида унинг қоидага кўра катакдан катакка сакрамаётганига гувоҳ бўлдим. Унинг ўйини бошқача эди. Қизча иккала оёғи билан қувлашмачоқ ўйнаётган каби соясини босарди.
Мен Софидан бояги беморни креслода ташиш мумкин-мумкин эмаслигини сўрадим ва бу ерга олиб келишни таклиф қилдим. Софи менинг ўзим палатага чиқишимни истади, лекин мен қаттиқ туриб олдим ва вақтни ўтказмасликни илтимос қилдим. Қуёш бош бино томида турар, ана-мана деганча том орқасига кетиб қолиши мумкин эди, менга эса қуёш жуда зарур эди. Софи бироз эътироз билдирди, лекин барибир кўнди.
У кетганидан кейин мен қизчани чақирдим ва ундан ишонган сиримни очмаслик қасамини олдим. У мени диққат билан эшитди – ва менинг таклифимга кўнди.
Софи чорак соатдан кейин олдига аравачани солиб келди, унда кичкина бемор камар билан боғланган эди. Рангпарлиги ва ёноқларининг кириб кетганлиги қанчалик заифлашганини кўрсатарди. Уни ўз кўзларим билан кўрганимдан кейин мен Софининг ташвишини тушундим. У мендан бир неча метр олдинда турарди ва мен унинг кўзларида “Энди нима?” деган саволни ўқидим. Мен ундан аравачани қизчага яқин келтиришини сўрадим. Софи қулоқ солди ва ўриндиққа, менинг ёнимга ўтирди.
– Сенингча 11 ёшли қизча уни даволай оладими? Сенинг мўъжизакор шифоинг шуми?
– У билан қизиқиши учун вақт бер.
– У ўйнаяпти. Қанақа қилиб қизиқиши мумкин? Бўлди энди, мен уни палатага олиб кетаман.
Мен Софининг қўлини тутдим.
– Тоза ҳавода бир неча дақиқа бўлиши зарар келтирмайди. Сени бошқа беморлар кутаётгандир, бу иккаласини менга қолдир, ҳозир танаффус пайтида мен буларга қараб тураман. Ташвишланма, мен булардан кўз узмайман.
Софи педиатрия томонга кетди. Мен болаларга яқин келдим, камарларни ечдим ва қўлимда кўтариб газонга олиб бордим. Ўтлар устига ўтирдим ва болакайни тиззамга, қуёшнинг охирги нурларига орқасини қилдириб ўтирғиздим. Биз олдиндан келишиб олганимиз каби қизча ўйинини давом эттирди.
– Сени нима қўрқитди, кичкинтой? Нега сен кундан кун сўлиб кетяпсан?
У жим ҳолатда кўзларини менга тикди. Унинг деярли вазнсиз сояси меники билан қўшилиб кетди. Болакай бошини орқага ташлаб кўкрагимга тираниб олди. Мен болаликдаги соя қайтиб келишини сўраб ёлворардим – бунга анча бўлиб кетган эди!
Менинг эшитган нарсани дунёдаги бирон бир бола ўйлаб топа олмайди. Билмайман, унинг ўзими ёки сояси шивирладими – мен бундай дил розларидан чиқиб кетгандим.
Мен кичкинани креслога олиб бордим, қизчадан Софи келгунича у билан бирга бўлишини сўрадим, ўзим эса ўриндиққа бориб ўтирдим.
Софи қайтганидан кейин мен қизча ва болакай дўстлашганини айтдим. Ҳатто қизча уни қийнаётган масалани билиб олганини ва кейин менга айтиб берганини сўзладим. Софи ҳайрон бўлиб менга қаради.
Болакай кичкина қуёнчага жуда боғланиб қолган экан. Ногаҳон икки ҳафта олдин қуёнча йўқолиб қолибди, ва ўша кечқурун кечки овқатдан кейин ойиси уй ичидагилардан рагу қандай бўлганини сўрабди. Болакай шу заҳоти хулоса қилибди: қуёнча йўқолиб қолди, уни пиширишган. Ўша кундан бери у бир фикр билан яшар экан: ўз айбини ювиш учун кичкина ўртоғи билан бирга бўлиш. Балким, кичкина болаларга ўлганлар осмонга чиқиб кетади, деган фикрни айтишдан олдин ўйлаб кўриш керакдир.
Ҳайрон қолган Софини ўриндиқда қолдириб мен ўрнимдан турдим. Муаммони мен топдим, фақат энди уни қандай ҳал қилиш йўлини ўйлаб кўриш керак эди. Навбатчилик охирида менга хат беришди: Софи вақтини топиб унинг уйига боришимни сўраган экан. Мен эрталаб соат олтида эшиги қўнғироғини чалдим. Софи уйқудан энди турган, шишинқираган кўзлари билан эркакча кўйлакни устига ташлаб эшикка чиқди. Гарчи кўйлак меники бўлмаса ҳам, бу кийимда у жуда жозибали кўринар эди. Ошхонада у менга қаҳва қуйди ва учта психолог уддаламагн ишни мен қандай қилиб уддалаганимни сўради. Мен болаларнинг ўз тили борлигини, биз бу тилни унутганимизни, шунинг учун баъзан уларни тушунмаслигимизни айтдим.
– Ва сен бу қизчага сирини очади, деб ўйладинг!
– Мен омад кулиб боқишига умид қилдим, агар жиндайгина имконият бўлса ҳам, уни қўллаб кўриш керак, тўғрими?
Шу ўринда Софи менинг ёлғонимни фош қилиш учун сўзимни бўлди. Қизча унга ўйин ўйнаганини, болача билан эса мен бирга қолганимни айтиб берибди.
– Унинг сўзлари менинг сўзларимга қарши турибдими энди? – дедим мен кулиб.
– Ғалати, – деди қуруқ қилиб, – лекин мен сендан кўра унга ишонишга мойилман.
– Сенга бу кўйлакни ким совға қилганини билсам бўладими?
– Мен уни арзонлаштирилган дўкондан сотиб олдим.
– Мана кўрдингми, сен ҳам мен каби ёлғон гапира олмайсан.
Софи турди ва деразага яқин борди.
– Мен кеча унинг ота-онасига қўнғироқ қилдим, улар қишлоқда яшашади, улар нега ўғиллари қуёнчага боғланиб қолганини, яна айнан шунисига боғланиб қолганини тушунишмаяпти. Бу нарса ақлларига сиғмаяпти. Улар учун бу нарса оддий: қуёнларни сўйиб ейиш учун боқишади.
– Улардан сўра-чи, итларини биров сўйиб еса қандоқ бўлар экан?
– Уларни қоралаб бўлмайди, ўзи шундай ҳам қийналишяпти. Ойиси доим йиғлаяпти, отаси ҳам ўзида эмас. Ўғлининг бу вазиятдан олиб чиқиш борасида сенда ғоя борми?
– Балким. Худди ўша рангдаги қуёнча топишсин, ва уни тезроқ бу ерга олиб келишсин.
– Сен қуённи касалхонага олиб кирмоқчимисан? Агар бош врач билиб қолса, мен аралашолмайман.
– Мен сени сотмайман. Энди шу кўйлакни ечиб қўясанми? У менга ёқмаяпти.
Софи душдан чиққунча мен унинг каравотида мизғиб олдим. Уйга боришга ҳолим йўқ эди. Унинг навбатчилиги бир соатдан кейин бошланар, менинг навбатчилигим эса ўн соатдан кейин, шунинг учун дам олишга бемалол вақтим бор эди. Биз касалхонада кўришар эдик: бугун тунда мен “Тез ёрдам” бўлимида, у эса педиатрияда, биз иккаламиз ҳам навбатчи эдик, лекин турли корпусларда.
Уйғонгач, мен ошхонада ликопчада пишлоқ ва қоғозча кўрдим. Софи мени вақтим бўлганида бўлимига келишга даъват қиларди. Ликопчани ювиб, мен ахлат қутисида кеча кийган кўйлакни кўрдим.
Мен тун ярмида бўлимга келдим. Қабулхонада бугун тинч эканини менга айтишди. Қайд қилувчи ходим навбатчи экстернлар рўйхатига номимни ёзиб, ўзим уйда қолаверсам ҳам бўлишини айтди.
“Тез ёрдам” бўлимида нега баъзи тунлари беморлар кўп бўлишини, баъзида ҳеч ким бўлмаслигини ҳеч ким айтолмайди. Чарчаганим учун бу нарса қўл келди. Софи билан кафетерийда учрашдик. Мен бошимни ушлаб, бурним билан столга қадалиб мизғирдим. У тирсаги билан мени туртиб уйғотди.
– Ухлаяпсанми?
– Энди ухламаяпман, – дедим мен.
– Менинг фермерларим сенинг айтганинг каби худди ўшандай қуёнчани топишибди.
– Қани улар?
– Бу ердан узоқ бўлмаган меҳмонхонада, менинг кўрсатмаларимни кутиб ўтиришибди. Мен педиатрман, ветеринар эмасман. Агар сен кейинги режаларингни менга айтсанг, яхши бўларди.
– Уларга қўнғироқ қил, “Тез ёрдам” бўлимига келишсин, мен уларни кутиб оламан.
– Тунги учдами?
– Сенингча, тунги учда коридорда бош врачни учратиш эҳтимоли борми?
Софи халатининг кармонидан ҳар доим олиб юрадиган қора дафтарчасини олди ва меҳмонхона қўнғироғини топди. Мен “Тез ёрдам” бўлимига югуриб кетдим.
Болакайнинг ота-онаси саросимада эдилар. Ярим кечаси туриб қуённи касалхонага олиб келиш фикри уларни Софидан кам ҳайратга солмади. Қуёнча ойисининг пальтоси чўнтагига яширилган эди. Мен уларни қабулхонага олиб кирдим, навбатчига қишлоқдан келган, шаҳарга қўниб, мени кўришга келган амаки ва холам деб таништирдим. Қариндошларнинг бу соатда хабар олиши ғалати, албатта, бироқ “Тез ёрдам” бўлимида ишлайдиган одамларни унча-мунча нарса билан таажжубга қолдириш қийин. Мен навбатчи ҳамширалардан қочиб уларни коридорлардан олиб ўтдим. Йўл-йўлакай боланинг онасига улардан нима талаб қилинишини тушунтириб бордим. Биз педиатрия кириш эшигигача бордик, у ерда бизни Софи кутиб турарди.
– Мен навбатчи ҳамширадан автоматдан чой олиб келишини илтимос қилдим. Нима қилмоқчи эканингни билмадимку, лекин тезлаштириш керак. У ҳадемай келиб қолади. Бизда кўпи билан йигирма дақиқа вақт бор, – деди Софи.
Палатага фақат беморнинг ойиси кирди. У каравотга ўтирди ва ухлаб ўтган ўғлининг пешанасини силади. Болакай кўзини очди ва ойисини туш кўряпман, деб ўйлади. Мен бошқа томондан ўтирдим.
– Мен сени уйғотмоқчи эмасдим, лекин бир нарсани кўрсатмоқчи эдим.
Унинг қуёнчасини ҳеч ким емаганини, у типпа-тирик эканини айтдим. Унинг болачаси туғилганини, ўзи эса бошқа мода қуёнча олдига қочиб кетганини сўзладим. Баъзи оталар, афсуски, шундай қилишади. – Сенинг отанг эса тун ярмида сени коридорда кутиб турибди, чунки у сени бу дунёда ҳамма нарсадан ҳам ортиқ яхши кўради, ойингни ҳам жуда яхши кўради. Агар ишонмасанг, мана кўр!
Ойиси чўнтагидан қуёнчани чиқарди ва икки қўли билан маҳкам ушлаб ўғлининг каравотига қўйди. Болакай кўзларини катта-катта очиб қуёнчага қарар эди. У секин кафтини чўзди, қуёнчанинг бошини силади, ойиси қўлларини очди, алоқа ўрнатилган эди.
– Бу қуёнчанинг дунёда ҳеч кими йўқ, сен унга кераксан. Агар сен кучга тўлмасанг, у ўлиб қолиши мумкин. Унга қараш учун сен кучга тўлишинг керак.
Мен болакайни ойиси билан ёлғиз қолдирдим ва коридорга чиқиб, отасини ҳам палатага таклиф қилдим. Менинг режам амалга ошишига умид бор эди. Қаттиққўл кўринадиган деҳқон мени қучоқлади ва маҳкам бағрига тортди. Қисқа вақтга бўлса ҳам, яна дадалик бўлиш учун ўша болакайга айлангим келди.
Бир кун ўтиб касалхонага келганимда, менга бўлим бошлиғи котибаси хат олиб келди: мени унинг хонасига зудлик билан етиб боришим сўралаётган эди. Бунақа воқеа биринчи маротаба бўлаётгани учун мен олдин Софи билан гаплашиб олдим. Навбатчи ҳамшира 302 палатада ётган беморнинг чойшабидан қуён юнгини топиб олибди, ва болакай бир стакан мева соки ҳамда ликопчадаги бўтқа учун ҳамма сирни очиб ташлабди.
Софи ҳамма нарсани ҳамширага айтиб берибди, мўъжизавий восита ҳақида ҳеч кимга айтмаслигини ёлвориб сўрабди. Афсуски, тартиб-қоида шинавандалари баъзан бу қоидаларни бузиш мумкинлигига ақллари етмайди. Жинни бўлиб қолиш мумкин, тасаввури етмайдиган одамларнинг қоидаларига бўйсуниш қанчалик қийин. Мен ўз вақтида мадам Шеффердан қаттиқ жазоларни олиб бўлганман – олти йил ўқиш давомида олтмиш икки марта, яъни ҳар тўртинчи шанба куни жазо куни эди. Касалхонада мен ҳафтада тўқсон олти соат ишлар эдим: бундан баттар нима бўлиши мумкин?
Профессор Фернштейннинг хонасига боришимга тўғри келди – бўлим бошлиғи икки ассистенти билан биргаликда эрталабки айланишни амалга ошираётган эди. Мен уларни ўраб турган талабалар қаторига қўшилдим. Биз 302 палатага кирганимизда Софи оёғида зўрға турарди. Фернштейн каравот оёқ томонига илинган қоғозни ўқиди. У ўқиётган маҳал хонада жимлик чўкди.
– Хўш, бугун эрталаб боланинг иштаҳаси пайдо бўлди, яхши хабар, тўғрими? – юзланди у ҳамроҳларига.
Психиатр даволашининг ижобий томонларини мақтаб кетди: ахир у бир неча кундан бери бемор билан муваффақиятли иш олиб бормоқда.
– Сизда, – Фернштейн менга юзланди, – бу оний ўзгариш борасида қандай фикр бор?
– Ҳеч қандай фикрим йўқ, профессор, – дедим мен бошимни қуйи солиб.
– Ишончингиз комилми?
– Мен бу беморнинг картасини ўрганишга улгурмадим, мен кўпроқ “Тез ёрдам” бўлимида ишлайман.
– Демак, психологлар командаси яхши ишлаган, деган хулосага келишимиз керакми? – сўзимни бўлди у.
– Мен бошқача ўйлаш учун сабаб кўрмаяпман.
Фернштейн қоғозчани қўйди ва болакайга яқинлашди. Биз Софи билан кўз уриштирдик – унинг жаҳли чиқаётган эди. Қари профессор боланинг бошини силади.
– Яхши бўлаётганингдан хурсандман, болакай. Энди биз сени ҳар доим овқатлантирамиз, агар ҳаммаси яхши бўлса, бир неча кундан кейин нинани қўлингдан чиқарамиз ва сени ота-онангга топширамиз.
Айланиш давом этарди. Тугаганидан кейин талабалар ҳаммаси ўз ишлари билан тарқалиб кетди. Мен энди кетаман деб турганимда Фернштейн мени чақирди:
– Икки оғиз гапим бор эди, йигитча!
Софи келди ва бизнинг ўртамизда туриб қолди.
– Бўлиб ўтган воқеада жавобгарлик менинг бўйнимда, профессор, бу менинг айбим.
– Қандай айб ҳақида гапиряпсиз мадемуазель, билмайман, яхшиси сиз умуман гапирманг. Сизнинг ишингиз бўлиши муқаррар, демак, ишингизга боринг.
Софига икки марта қайтаришнинг ҳожати қолмади, у мени профессор билан ёлғиз қолдирди.
– Қоидалар, йигитча, – деди, – сизнинг тажрибали бўлишингиз, беморларни ўлдириб қўймаслигингиз учун ишлаб чиқилади, орттирилган тажриба эса қоидалардан чекиниш имконини беради. Мен сизни тўғри йўлга бошлаган бу кичкина мўъжизани қандай амалга оширганингизни билмайман, бирор кун буни мен билан бўлишсангиз хурсанд бўламан, чунки бўлган воқеа менга умумий қирраларда маълум. Лекин бугун эмас, йўқса сизни жазолашимга тўғри келади, мен эса бизнинг касбимизда натижа муҳим, дейдиган одамлар сирасига кираман. Ҳозир эса интернатурани танлаётганингизда педиатрия хусусида ўйлаб кўришингизни маслаҳат бераман. Агар одамда иқтидор бўлса, уни ерга кўмиш керак эмас.
Шу сўзларни айтиб қари профессор орқасига ўгирилди ва мен билан хайрлашмасдан кетиб қолди. Навбатчилик алмашиб мен уйга ташвишли қайтдим. Бутун кун ва тун бўйи менда ниманидир тугалламаганлик ҳисси бўлиб, гарчи сабабини билмасам ҳам, у мени қийнамоқда эди.
Ҳафта дўзах каби оғир бўлиб, “Тез ёрдам” бўлими тўлиб кетган, менинг навбатчилигим меъёридан ортиқ чўзилиб кетди. Софи билан биз шанба куни эрталаб учрашдик, шу пайтга келиб, менинг кўзларим буткул тўкилиб тушадигандек эди. Биз болалар кемачалар суздириб ўйнайдиган ҳовуз ёнида учрашишга келишдик. Софи қўлида тухум, тузлама, паштет солинган саватча билан келди.
– Ушла, – деди у менга саватчани узатиб, – фермерлар сенга касалхонага олиб келишибди, кетиб қолганинг учун менга етказишимни илтимос қилишди.
– Паштет қуён гўштидан эмаслигига кафолат борми?
– Йўқ, мол гўшти. Тухумлар шундоққина товуқ тагидан олинган. Бугун меникига келсанг, мен омлет тайёрлаб бераман.
– Беморинг қалай?
– Юзларига қон югурган, яқинда буткул соғайиб кетади.
Мен қўлларимни орқага, бўйнимга қўйиб, юзимни қуёш нурларига тутдим.
– Сен буни қандай эпладинг? – сўради Софи. – Уч психолог ҳеч нарса қила олмади, сен эса боғда бир неча дақиқада буни уддаладинг…
Мендан кутилаётган мантиқий жавоблар, тушунтиришлардан чарчаб кетдим. Софи мендан ақлга сиғадиган жавобни кутмоқда, менда эса бундай жавоб йўқ эди. Мен ўйлашга ҳам улгурмасдан сўзлар ўз-ўзидан чиқиб кетди, гўёки қандайдир куч ҳатто ўзим ҳам тан олмайдиган бир нарсани овоз билан айтишга мажбурлаётгандек бўлди.
– Болакай менга ҳеч нарса дегани йўқ, мен нима бўлганини унинг соясидан эшитдим.
Мен Софининг кўзларида бир пайтлар ойим болоханада менга қарагани каби қайғули ифода кўрдим.
– Бизнинг муносабатларимизга дарслар халақит бераётгани йўқ, – унинг лаблари титради. Бизнинг зич дарс жадвалимиз – шунчаки баҳона. Асосий сабаб – сенинг менга ишонмаслигингда.
– Балким, муаммо ишончда экани тўғридир, йўқса сен менинг гапимга ишонган бўлардинг, – дедим мен.
Софи ўрнидан турди ва кетиб қолди. Мен яна бироз ўтирдим, лекин ичимдаги сассиз овоз мени аҳмоқ деб атай бошлади. Мен ўрнимдан сакраб турдим ва унинг орқасидан югуриб кетдим.
– Шунчаки менинг омадим келди, мен унга тўғри саволлар бердим. Ўзимнинг болалигимдан келиб чиқдим, болалигида ўртоғидан айрилганми-йўқми, ота-онаси ҳақида сўрадим, шунақа қилиб аста-секин кучук қаерга кўмилганини, яъни қуён ҳақида билиб олдим. Омадим келди, бўлди, бу ерда менинг хизматим йўқ. Нега сен бунга шунчалик аҳамият беряпсан?
– Мен бу болакайнинг тўшаги ёнида соатлаб ўтирдим, лекин бирор марта унинг овозини эшитмадим. Сен эса бир неча дақиқада унинг ҳаётини билиб олдим, деб мени ишонтиряпсанми?
Ҳеч қачон Софининг бунчалик жаҳли чиққанини кўрмаган эдим. Мен уни қучоқладим ва унинг сояси менинг соям билан қўшилиб кетди.
“Менинг ҳеч қандай иқтидорим йўқ. Мен ҳеч қачон ярқирамаганман. Менинг ўқитувчиларим доим шунақа дейишган. Мен отам орзу қилган қиз бўла олмадим, зотан у ҳар доим ўғил фарзанд хоҳлаган. Унчалик чиройли эмасдим, ўсгунча дам семириб кетардим, дам озиб кетардим. Мен яхши ўқувчи бўла олдим, лекин энг яхши бўлолмадим… Кимдир мени мақтаганини эслолмайман. Мендаги ҳеч нарса унга ёқмас эди”.
Софининг сояси бизларни яна ҳам яқинлаштирган шу нарсаларни шивирлаб айтди. Мен унинг қўлини ушладим.
– Юр, сенга бир сирни очаман.
Мен Софини тарвақайлаб ўсган терак остига олиб бордим, биз шохлар остидаги сояда ўт-ўланлар устига чўзилдик.
– Менинг дадам бир куни шанба куни эрталаб, биринчи ўқув йилида илк жазоимни олган куним уйдан кетиб қолувди. У ошхонада шу гапни айтиш учун мени кутиб турган экан. Бутун болалигим даврида мен керакли даражада яхши бўлолмаганим учун дадам мени ташлаб кетган, деган фикрда юрдим. Нима иш қилганимни, айбим нима эканини тунлари ўйлаб чиқар эдим. Мен ўзимга ўзим ажойиб ўғил бўлишга ваъда берардим, дадам бизни ташлаб кетмаслиги учун фахрланадиган даражада бўлишга қасам ичардим. Ҳа, мен ойимни яхши кўрмай қолганини, бошқа аёлни севиб қолганини билардим, лекин барибир кетишида ўзимни айбдор ҳис қилардим. Мен унинг юзини, шу дунёда яшаётганини, менинг ҳам, бошқа синфдошларим каби дадам борлигини унутишга қўрқардим. Ва фақатгина оғриқ бу қўрқув билан курашишга ёрдам берарди.
– Нега сен буларни менга энди айтяпсан?
– Сен бир-биримизга ишонишимиз кераклиги айтдинг-ку? Агар ҳолат назоратдан чиқса даҳшатга тушасан, омадсизликка учрадим деб, ич-этингни ейсан… Мен буни сенга ҳозир айтаётганимнинг сабаби, ифодалаб бўлмайдиган нарсаларни эшитиш учун сўзлар камлик қилади. Сенинг кичкина беморинг ёлғизликдан нобуд бўлаётган эди, жуда ҳам ёмон аҳволга тушиб, ўз-ўзининг соясига айланаётган эди. Менинг қайғуим унинг ёнига олиб борди.
– Менинг ҳам ҳар доим дадам билан муносабатларим таранг бўлган, – тан олди Софи.
Мен ҳеч нарса демадим. Софи бошини менинг елкамга қўйди, ва биз бир неча муддат жим қолдик. Мен бошим устида сайраётган мойқутлар товушини эшитиб ётардим. Уларнинг сайраши менга таъна каби эшитиларди, ахир мен айтмоқчи бўлган нарсамнинг ҳаммасини айтмадим. Мен яна ўзимни қўлга олдим.
– Мен эса ўзимникилар билан қандай шаклда бўлса, ҳатто таранг бўлса ҳам, муносабат ўрнатишни истар эдим. Агар ҳаддан ташқари талабчан ота бахтли бўла олмас экан, унинг қизи тақдирини такрорлаши керак, дегани эмас. Отанг касал бўлганида, у ҳаётида қандай ўрин тутишингни тўла англаб етади. Хўш, нима дейсан, таклифинг ҳали ҳам ўз кучидами, сен менга омлет тайёрлаб берасанми?
Софининг кичкина бемори шундай қилиб касалхонадан чиқмади. Овқат ейишни бошлаганидан кейин, унда асоратлар бошланибди. Уни яна томчи дорига ўтказишибди. Тунда ичагидан қон кетиб қолибди, реанимация бўлимидагилар қўлларидан келган ишни қилишибди, бироқ фойда бўлмабди. Ўлими ҳақидаги хабарни ота-онасига етказиш Софининг чекига тушибди. Одатда бу ишни навбатчи интерн амалга оширади, бироқ ота-она 302 палатага кирганида бўм-бўш каравот ёнида Софининг битта ўзи турган экан.
Мен бу хабарни тушлик танаффусида эшитдим. Софи олдимга чиқди, унинг учун юпанч сўзларини топиш имконсиз эди. Мен уни маҳкам қучоқладим. Касалхонада йўлагида Фернштейндан олган маслаҳатим менга тинчлик бермас эди. Мен уни на даволай олдим, на тасалли бера олдим, мен унинг хонаси эшигини тақиллатиб, ёрдам сўрамоқчи бўлдим, лекин бу мумкин эмасди.
Яқинимизда ўша боғда ўйнаб турган қизча турарди. У биздан кўзини узмас, бизнинг мусибатимиз уни ҳам изтиробга солган эди. Боғга ойиси келди, ўриндиққа ўтириб, қизчани ёнига чақирди. Бизга охирги марта қараб, қизча ойисининг ёнига югуриб кетди. Ойиси ўриндиққа картон қутича қўйди. Қизча лентани ечиб шоколадли булочкани олди, ойисига эса кофели эклер тегди.
– Шу шанба-якшанба навбатчиликни олма, мен сени узоқларга олиб кетаман, – дедим мен Софига.
Ойим бизни перронда кутиб олди. Мен қўлимдан келганча Софини тинчлантирдим, лекин уни ҳеч ким айбламаслигини шунча гапирсам ҳам, ойим билан бўладиган учрашувдан ҳадиксираб турарди. У дам сочларини тўғрилар, свитерини тортар, юбкасининг бурмаларини текислаб ўтирар эди. Мен унинг шим киймаган ҳолатини биринчи маротаба кўраётган эдим. Аёллигининг бу қирраси бироз хижолат торттирарди: Софи ташқи оламдан муҳофаза сифатида ўсмирлар услубини танлаб олган эди.
Ойим назокат билан қарши олди, дастлаб Софи билан кўришди, кейин мени қучоқлаб олди. Менинг хабарим йўқ эди – машина сотиб олган экан, кичкина, кўримсизгина, минилган, лекин ойим унга шунчалик боғланиб қолибдики, ҳатто унга исм ҳам қўйибди. Умуман, ойим ҳамма нарсага от қўйишни кўради. Бир куни чойнакка хайрли тонг тилаганини эшитиб қолдим. У чойнакни яхшилаб артиб, кўчани томоша қилсин, деб бурнини ойнага қаратиб қўйди. Ва мени тасаввуринг бой деб айбларди!
Биз уйга келгандан кейин, қари холаларим бирининг номига қўйилган Марселин деган ўша чойнак жонимизга ора кирди. Заранг сиропли олмали пирог бизни ошхона столи устида кутиб турарди. Ойим бизнинг машғулотларимиз, ташвишларимиз ва қувончларимиз ҳақида минглаб саволлар берарди. Бизнинг касалхонадаги ҳаётимиз ойимда ёқимли хотираларни уйғотди. Уйда ҳеч қачон иши ҳақида гапирмаган ойим энди илгари ҳамширалик қилганларини эслади, лекин фақат Софига қараб гапирди.
Суҳбат чоғида у қанчага келганимиз ҳақида сўрайверди. Мен зинапоядан кўтарилаётганимда, ойим Софи учун меҳмонхона тайёрлаб қўйганини, менинг тўшагимга янги чойшаб тўшаганини айтиб қолди. Энди каравотим кичиклик қилиши мумкинлигини айтди. Мен охирги зинапояларда чиқаётгандим, беихтиёр табассум қилдим.

Аслиятдан Лола Фаттоева таржимаси

Таржимон ҳақида: Лола Фаттоева 1974 йил 25 октябрда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида туғилган. Бухоро Давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Хозирги кунда «Узбекистон» нашриётида муҳаррир.

Давоми бор

soyaMuhabbatda, bilasanmi, eng asosiysi – tasavvur. Har bir kishi boshqani asliyatdan qolishmaydigan darajada, butun tasavvur kuchi bilan o’ylashi lozim, o’shanda, ikki tasavvur uchrashganda… bundan ajoyibroq narsa yo’q…

Mark Levi
SOYA  O’G’RISI

04 Mark Levi  ( Marc Levy)  — frantsuz yozuvchisi. 1961 yil 16 oktyabrda Bulon-Biyankur (fr. Boulogne-Billancourt) shahrida tug’ilgan. 2005 yilda «Osmon bilan Yer o’rtasida» mashhur filmi suratga olingan «Shunchaki rost bo’lsa» romani muallifi. Ikkinchi Jahon urushi paytida yozuvchining otasi Tuluzada Marsel Langer tomonidan tashkil etilgan 35-Xalqaro kommunistik brigada tarkibida Frantsiyada qarshilik ko’rsatish harakati a’zosi bo’lgan.


Polina, Lui va Jorjga bag’ishlanadi.

Soyani tutmoqchi bo’lganga Baxt soyasi qismat bo’lur.
Vilьyam Shekspir[1]

Muhabbatda, bilasanmi, eng asosiysi – tasavvur. Har bir kishi boshqani asliyatdan qolishmaydigan darajada, butun tasavvur kuchi bilan o’ylashi lozim, o’shanda, ikki tasavvur uchrashganda… bundan ajoyibroq narsa yo’q.
Men qorong’ulikdan, pardalar buklamida, yotoqxona gulqog’ozlarida raqs tushadigan sharpalardan qo’rqar edim. Vaqt o’tishi bilan bu soyalar yo’qoldi. Lekin bolaligimni eslaganim zahoti ular yana paydo bo’lar va men dahshatli, tahdidli soyalarni yana ko’ra boshlardim.
Xitoy maqolida aytilishicha, tarbiyali odam qo’shnisining soyasini bosmaydi. Men yangi maktabga ilk kun kelganimda bu haqida bilmas edim. Mening bolaligim o’sha yerda, maktab hovlisida o’tgan edi. Men uni quvishni, tezroq katta bo’lishni istar edim, lekin u mening nazarimda hali juda kichik bo’lgan bu tanada mahkam tutib tutar edi.
“Hammasi yaxshi bo’ladi, mana ko’rasan…”
Darsning birinchi kuni. Men chinorga suyanib turar va guruhlar hosil bo’lishini kuzatar edim. Men ularning birortasiga ham taalluqli emasdim. Hech kim menga tabassum qilmadi, ta’tildan keyingi do’stona yelkaga urishlar, quvonch belgilari bo’lmadi, va men ta’tilni qanday o’tkazganimni hech kimga aytmadim. Boshqa maktabga o’tkazilayotgan bolalarga ota-onalarning “hammasi yaxshi bo’ladi, mana ko’rasan…” iborasiga javoban tomog’ida tiqilgan narsa bilan boshlanadigan sentyabr tongi yaxshi ma’lum. Go’yo o’zlari biror narsani xotirlaydigandek! Ota-onalar hamma narsani unutishgan, lekin bu ularning aybi emas, ular shunchaki qarib qolishgan.
Shiypon ostidagi galereyada qo’ng’iroq chalindi, o’quvchilar saflanishga yugurishdi, o’qituvchilar yo’qlamani boshlab yuborishdi. Ko’zoynaklilar uchta edik – ko’p emas. Men oltinchi “S” sinfiga tushib qoldim, va har doimgidek, sinfda eng kichik ekanligim ma’lum bo’lib qoldi. Mana dekabrda tug’ishning oqibati! Oyim va dadam yarim yilga sinfdoshlarimdan ilgari ekanligimga sevinishsa, men uchun o’quv yilining boshlanishi qiynoq edi.
Sinfda eng kichigi bo’lish – taxtani artish, bo’rni olib kelish, sportzalidagi matlarni yig’ish, basketbol to’plarini eng yuqori raflarga qo’yish, va hammasidan ham yomoni, sinfdoshlar bilan tushadigan rasmlarda oldingi qatorda turkcha-chordana qurib o’tirish. Maktabda o’qiyotganingda xo’rliklarningn cheki yo’q.
Agar oltinchi “S” sinf bolalari qo’rqadigan va mening tep-tersim bo’lgan Markes bo’lmaganida, bularning barchasiga chidash mumkin edi. Agar men maktabga ilgariroq borgan bo’lsam – bundan ota-onam juda xursand edilar – Markes ikki yil orqada qolgan, uning ota-onasi esa bunga juda befarq edi. O’g’li maktabda band, maktab oshxonasida ovqatlanadi, kechga yaqin uyga keladi, shunisigayam xudoga shukr.
Men ko’zoynak taqardim. Markesning ko’zi esa silovsinning ko’zi kabi o’tkir edi. Men tengdoshlarimdan o’n santimetr past edim, Markes esa to’qqiz santimetrga baland, men va uning oramizdagi bo’y farqini tasavvur qilavering; men basketbolni yomon ko’rardim, Markes esa savatchaga koptokni tashlash uchun biroz cho’zilsa bo’ldi edi; men she’riyatni yaxshi ko’rardim, u esa sportni, garchi bularning o’zi bir-biriga mos bo’lmasa ham; men daraxt shoxlaridagi chigirtkalarni kuzatishni yaxshi ko’rsam, Markes ularning qanotini yulishni yaxshi ko’rardi.
Lekin bizlarning ikki kesishadigan nuqtamiz bor edi, to’g’rirog’i bir kesishish nuqtasi – Elizabet. Biz ikkalamiz ham aynan uni sevardik, Elizabet esa menga ham, unga ham befarq edi. Bu narsa men va Markesni bir-birimizga yaqinlashtirishi mumkin edi, lekin oramizda raqobat hissi kuchliroq edi.
Elizabet maktabdagi eng chiroyli qiz bo’lmasa ham, jozibasi bilan hammadan o’tib tushardi. U sochini boshqacha turmaklar, yurishlari oddiy, shu bilan birga kelishgan, tabassumi esa tinimsiz yomg’ir yog’ib, oyoq kiyimlari yo’lakda bilchillagan, ko’cha chiroqlari esa faqat maktabga boruvchi yoki keluvchi yo’lnigina yoritgan mahzun kuz kunlarini ham yoritishga qodir edi.
Mening bolaligim, g’arib bolaligim men intiqlik bilan Elizabetdan bir boqish kutgan, qachon o’sar ekanman degan umidlar bilan shu kichik shaharchada o’tdi.
Markes meni yoqtirmay qo’yishi uchun bir kun kifoya qildi. Ortga qaytarib bo’lmas ish qilishim uchun bir kun kerak bo’ldi. Ingliz tili o’qituvchimiz madam Sheffer sodda preterit o’tgan davrdagi harakatni bildirishini, hozirgi zamon bilan bog’liq emasligini, uzluksiz bo’lmaganini va zamonga oson bog’lanishini tushuntirib berdi. Yaxshigina ish!
Tugatganidan keyin madam Sheffer barmog’i bilan meni ko’rsatdi va istagan misol bilan preteritni tushuntirib berishimni so’radi. Men o’quv yili preteritda bo’lsa yaxshi bo’lardi, deb aytdim. Bu misolga Elizabet baland ovozda kulib yubordi. Mening hazilim faqat men va Elizabetga yoqdi, boshqa sinfdoshlarim inglizcha preperit nima ekanini anglashmagan, degan xulosaga keldim. Markes esa boshqa xulosaga keldi – go’yoki men uni Elizabetning yonida yerga urgandek bo’ldim. Lekin qolgan chorakdagi mening qismatim shu bilan hal qilib bo’lingan edi. Shu dushanbadan boshlab, o’quv yilining birinchi kunidanoq, to’g’rirog’i ingliz tili darsidan boshlab men do’zaxda yashashga mahkum edim.
Men darhol madam Shefferdan jazo oldim: kelayotgan shanbada uch soat hovlidagi xazonlarni supurish. Kuzni yomon ko’raman!
Seshanba va chorshanbadan Markes oyog’ini qo’yib meni chalishni boshladi. Har safar polga cho’zilganimda Markes boshqalarni kuldirish poygasida orqa qolganining o’chini olardi. U hatto gavdasini oldinga ham chiqarardi, lekin Elizabet bunga kulmagani uchun uning qasos olishga bo’lgan ishtiyoqi so’nmas edi.
Payshanba kuni Markes haddidan oshdi, matematika darsidan oldin meni kuch bilan itarib shkafga kirgizdi va qamab qo’ydi. Kiyim xonasining qorovuli mening eshikni urayotganimni eshitib qoldi, men unga qulf kodini aytdim va u ochib chiqardi. Yana ham ko’proq noxushliklarni jalb qilmaslik, chaqimchi degan nomni olmaslik uchun men bekinmachoq o’ynayotib o’zim qulflanim qolganimni aytib qasam ichdim. Qorovul qanday qilib qulfni ichkaridan qulflab olganimga qiziqib qoldi, biroq men savolni eshitmaganga oldim va juftakni rostladim. Yo’qlamaga kechikdim. Matematika o’qituvchisi shanba kunidagi jazoimni yana bir soatga cho’zdi. Juma kuni haftadagi eng yomon kun bo’ldi. Markes soat 11 da fizika darsida o’rganganimiz Nьyuton qonunini menda sinab ko’rmoqchi bo’ldi.
Olam tortishish qonuniga ko’ra, ikki jismning o’zaro tortishish kuchi ularning massalariga to’g’ri proportsional, orasidagi masofaning kvadratiga teskari proportsionaldir. Bu kuchning yo’nalishi ikkala jismning og’irlik markazi bo’ylab o’tadi.
Umuman olganda, darslikda shunday o’qish mumkin. Amalda esa – umuman boshqa narsa. Tasavvur qiling, kimdir oshxonaga yeyish niyatida emas, boshqa maqsadda pomidor olib kelgan. Qurboni ancha yaqin kelib qolganida, o’ng qo’l kuchini shu pomidorga ko’rsatganida, siz Markesga ushbu qonun ta’sir qilmasligining guvohi bo’lasiz. Pomidorning yo’nalishi mening og’irlik markazimdan o’tuvchi to’g’ri chiziqdan og’di: u to’g’ri kelib mening ko’zoynagimga qo’ndi. Barchaning kulgisi orasida men baland va kumushday jaranglagan Elizabetning kulgisini ham eshitdim, mening kayfiyatim butkul barbod bo’ldi.
Juma kuni kechqurun, oyim ko’p mazmunli “Ko’rdingmi, hammasi yaxshi” degan kalimani qaytarib turganida, men kechki ovqatni yeyishni istamaganimni aytib, xonamga ko’tarildim. Shanba kuni ertalab, sinfdoshlarim televizor oldida nonushta qilib turganida, men maktabga yo’l oldim.
Qorovul qoida bo’yicha ota-onam imzo qo’ygan qog’ozni bukladi va xalatining cho’ntagiga solib qo’ydi. U menga “Ehtiyot bo’l, yaralanma” deb nomlanadigan xaskashni berdi va to’plangan xazon, hamda menga Qobil ko’zi, to’g’rirog’i Markesning chiqib turgan ko’zlari kabi ko’ringan basketbol savati ostida turgan aravachani ko’rsatdi. Men yarim soat xazonlar bilan kurashganimdan keyin, oxiri qorovul menga yordamga keldi.
– Men seni tanidim, shkafchada qamalib qolgan sen eding, to’g’rimi? – dedi u va qo’limdan xaskashni oldi. – O’quv yilining birinchi shanbasida jazo olish uchun ham, xuddi shkafcha ichidan turib qulfni yopa olish kabi katta mahorat kerak bo’ladi.
U ishonch bilan katta xazon to’plamiga xaskashni tiqdi va men yarim soatdan beri to’plagan xazonimdan ham kattaroq to’dani xaskashga tiqdi.
– Nimaga seni jazolashdi, sen o’zi nima qilding? – dedi u aravachani to’ldirib.
– Fe’lni noto’g’ri tuslaganim uchun, – to’ng’illadim men.
– Mmm, seni ayblashga haqqim yo’q, chunki o’zim ham hech qachon grammatikada kuchli emasdim. Lekin xazonlarni yig’ish ham sening ishing emasdek. Sen o’zi biror bir ishni yaxshi bajara olasanmi?
Uning bu savoli meni o’ylantirib qo’ydi. Qanchalik boshimni qotirmayin, o’zimda biror bir iqtidor topa olmadim. Shunda men maktabga olti oy ilgari borishim ota-onam uchun nega muhim ekanini tushuna boshladim, o’z bolasi bilan faxrlanish uchun menda boshqa hech bir narsa yo’q edi.
– Sen uchun hamma narsadan qiziq bo’lgan, qilishni yaxshi ko’radiganing, oxir-oqibat orzuing bo’lishi kerak-ku, axir? – dedi u xazonning katta uyumiga xaskashni sanchib.
– Qorong’ulikni qo’lga o’rgatish, – dedim sekingina men.
Iv baland ovoz bilan kuldi, qorovulni shunday deb atardilar, kulgisidan hatto daraxtdagi qushlar ham hurkib uchib ketdilar. Men esa qo’llarimni cho’ntagimga tiqib hovlining narigi tomoniga keta boshladim. Yarim yo’lda Iv meni quvib yetdi.
– Men sening ustingdan kulmoqchi emasdim, kutilmagan javob bo’lgani uchun kuldim.
Basketbol savatining soyasi hovlini kesib o’tadigan darajada uzaygan edi. Quyoshning botishiga hali ancha bor, mening jazoim tugashiga ham vaqt bor edi.
– Sen nega qorong’ulikni qo’lga o’rgatmoqchisan? G’alati g’oya!
– Axir siz ham, mening yoshimda bo’lganingizda qorong’ulikdan qo’rqqansiz. Hatto siz qorong’ulik kirmasligi uchun oynalarni yopishni so’ragansiz.
Iv hayron bo’lib menga qarab turardi. Uning yuz ifodasi o’zgardi, iltifot ifodasi o’chdi.
– Birinchidan, bu noto’g’ri, ikkinchidan, sen qayerdan bilasan?
– Agar bu noto’g’ri bo’lsa, sizga qayerdan bilishimning nima ahamiyati bor? – dedim men va nari ketdim.
– Hovli katta emas, sen uzoqqa borolmaysan, – dedi Iv meni quvib yetib, – sen mening savolimga javob bermading.
– Bilaman, tamom-vassalom.
– Xo’p, mayli, bu to’g’ri, men qorong’ulikdan juda ham qo’rqardim, lekin men buni hech kimga aytmaganman. To’xta, agar sen qanday bilganingni aytib bersang va sirimni hech kimga aytmaslikka va’da bersang, men seni tushdan keyin emas, soat o’n birda javob beraman.
– Kelishdik, – dedim men va qo’limni cho’zdim.
Iv qo’limni qisdi va ko’zimga boqdi. Qorovul kichkina bo’lganida qorong’ulikdan qattiq qo’rqqanini qayerdan bilgan edim? O’zim ham bilmas edim. Balki men shunchaki o’z qo’rquvlarimni unga ko’chirgandirman. Nega kattalarga hamma narsani tushuntirib o’tirish kerak?
– Kel, o’tiramiz, – dedi Iv, basketbol savati tomonidagi o’rindiqqa imlab.
– Yaxshisi bu yerga, – dedim men qarama-qarshi tomondagi o’rindiqni ko’rsatib.
– Bo’pti, yur.
Men buni qanday tushuntira olardim? Biz hovlining o’rtasida turganimizda u mendan biroz kattaroq yosh bola bo’lib ko’rindi. Men buning qanday sodir bo’lganini bilmas edim, lekin uyidagi gulqog’ozlar sariq rangda bo’lganini, uyning pollari esa g’ijirlashini, bulardan esa uning qattiq qo’rqishini bilardim.
– Bilmayman, bularni o’ylab chiqargan bo’lsam kerak, – dedim men qo’rqib.
Biz uzoq vaqt o’rindiqda jim o’tirdik. Keyin Iv uf tortdi, tizzamga urib qo’yib, o’rnidan turdi.
– Qani, uyingga yugur, va’da puldan qimmatroq turadi, soat 11 bo’ldi. Faqat hech kimga indama, men o’quvchilar ustimdan kulishini istamayman.
Men qorovul bilan xayrlashib dadam meni qanday qarshilashini o’ylab, bir soat oldin uyga kirib bordim. U komandirovkadan kech qaytgan va oyim nega mening uyda emasligimni allaqachon tushuntirib qo’ygan bo’lsa kerak. O’quv yilining birinchi haftasida maktabda ishkal qilganim uchun meni qanday jazo kutmoqda ekan? Shu fikrlarni boshimda aylantirib yurar ekanman, ajoyib bir narsani ko’rib qoldim. Quyosh tikkaga ko’tarilgan, mening soyam g’alati tarzda yerga tushgan: odatdagidan ko’ra kengroq va uzunroq edi. Men uni yaxshiroq ko’rish uchun to’xtadim: shakli ham unchalik mos kelmas, go’yoki mening soyam emas, begona odamning soyasiga o’xshar edi. Men unga yaxshilab qaradim, nogahon begona bir bolalik parchasini ko’rdim.
Bir kishi meni bog’ning ichiga tortib olib kirib, urish uchun kamarini yecha boshladi. Mening dadam hatto juda jahli chiqqan paytida ham menga qo’l ko’tarmas edi. Men bu manzara kimning xotirasidan qalqib chiqqani anglab qoldim. Mening boshimga kelgan fikr, juda g’aroyib edi, hattoki imkonsiz bir narsa edi. Men qat’iy qaytishga qaror qilib, qo’rquvdan o’lib bo’lsa ham qadamimni tezlashtirdim.
Dadam oshxonada kutib turardi, mening jildimni kirish yo’lagiga qo’yganimni eshitib, meni chaqirdi, uning ovozi jiddiy edi. Yomon baho, sindirilgan o’yinchoqlar, muzlatkichni kechasi kovlash, cho’ntak chirog’i bilan tungacha o’qish, yostiq tagiga yashirilgan oyimning kichkina radiopriyomnigi, hattoki do’konda cho’ntaklarimni konfetlar bilan to’ldirganimda ham (oyim orqasini qilib turgan edi, lekin qorovul hushyor ekan), shunchalik dadamning g’azabini keltirmagan edim. Har doim zahiramda ayyorliklarim bor edi, shular jumlasidan aybdorona tabassumim bo’lib, bunday tabassum har qanday qahrni eritib yuborardi. Bu safar bu ayyorliklarimni qo’llash kerak bo’lmadi: dadam qahrli emas, balki g’amgin edi. U menga ro’parasiga o’tirishni buyurdi va qo’llarimni qo’llari orasiga oldi. Bizning suhbatimiz o’n daqiqa davom etdi, ko’p emas. U menga hayot haqida, turli narsalar haqida tushuntirdi, bularning hammasini katta bo’lgach tushunib yetarkanman. Men faqat bitta narsani tushundim: u uydan ketyapti. Biz imkoni boricha ko’proq uchrashib turamiz, faqat shu “imkon boricha” degan so’z bilan nima demoqchi ekanini tushuna olmadim.
Dadam stoldan turdi va oyimni qo’llab turishimni aytdi – u o’zining xonasida edi. Shu suhbatgacha u “bizning xonamizda” degan bo’lardi, endi faqat oyimniki bo’lib qoldi. Men itoatkorona yuqoriga chiqa boshladim. Oxirgi pillapoyada orqamga qaradim: dadam kichkina jomadoncha bilan qarab turardi. U menga qo’l siltab xayrlashdi va orqasidan eshikni yopdi.
Dadamni boshqa ko’rmadim – ulg’aygach ko’rishdik. Dam olish kunlarini oyim bilan o’tkazdim, men uning qayg’usini sezmayotgandek tutardim o’zimni. Oyim hech narsa demas, ba’zan uh tortar, ko’zlari shu zahotiyoq yoshga to’lardi, shunda orqasiga o’girilib, ko’zlarini mendan yashirinishga urinardi. Tushlikdan keyin biz supermarketga ketdik. Oyim juda xafa bo’lganida do’konma do’kon yurishini allaqachon sezganman. Qanday qilib yorma xaltachasi, toza sabzavotlar yoki yangi paypoq qanday qilib kayfiyatni ko’tarishi mumkinligini hech ham tushunmayman… Oyim tashvish bilan do’kon peshtaxtalariga qarab turganida, mening borligim esidamikan, deb o’ylab qolaman ba’zan. Aravachani to’ldirib, hamyonni bo’shatib uyga qaytdik, oyim sotib olingan narsalarni uzoq vaqt joylashtirdi.
O’sha kuni oyim olmali, zarang siropli pirog pishirdi. U stol ustiga ikkita idish qo’ydi, dadamning stulini yerto’laga olib kirib qo’ydi, kelib mening ro’paramda o’tirdi. Gaz plitasi yonidagi tortmadan men tug’ilgan kunimda puflagan shamlarni oldi va birini chiqarib, pirog o’rtasiga qo’yib, yoqdi.
– Biz sen bilan birinchi marta shunday yakkama-yakka ovqatlanyapmiz, kel, bu lahzalarni bir umr yodimizda saqlaylik.
Bolaligimda birinchi marotabalar ko’p bo’lgan.
Zarang siropli olmali pirog bizning kechki ovqatimiz bo’ldi. Oyim mening qo’limni oldi va mahkam siqdi.
– Maktabda ishlaring nega o’xshamayotganini gapirib berarsan? – dedi u.
Oyimning qayg’usi mening miyamni ham band qilgan edi, shuning uchun men shanba sarguzashtlarini butkul unutgan edim. Men ularni maktabda borayotganimda esladim va Markesning dam olish kunlari menikidan yaxshi o’tganidan umid qildim. Kim biladi, agar yaxshi o’tgan bo’lsa, balki meni qiynash kerak bo’lmay qolar.
Oltinchi “S” galereyada saflangan, yo’qlama boshlanishi kerak edi. Elizabet mening oldimda turar, to’q ko’k rangli sviter va tizzagacha bo’lgan yubka kiyib olgan edi. Markes o’girildi va menga noxush qarab qo’ydi. Yo’qlama tugadi va o’quvchilar maktabga qarab yo’naldilar. Tarix darsida madam Anri Tutanxamonning o’limini xuddi o’zi ishtirok etayotgandek gapirib berdi, men esa tanaffus haqida qo’rquv bilan o’ylardim. Qo’ng’iroq 10.30 da chalindi, Markes bilan hovlida to’qnashish istiqboli yaxshilik keltirmasligi aniq, biroq istasang istamasang hamma bilan chiqishga majbur edim. Men uyga kelib dadam bizdan ketishini bilganim kun kabi, qorovul bilan gaplashganim o’sha o’rindiqda o’tirdim. Nogahon yonimga Markes kelib o’tirdi.
– Men sendan ko’zimni uzayotganim yo’q, – vishilladi u yelkamni mahkam siqib. – Sinf yetakchiligiga o’z nomzodingni qo’yishni hatto o’ylab o’tirma. Sinf kattasi menman, bu mening joyim. Agar senga tegishimni istamasang, gapimga quloq sol: ovozingni chiqarmay yur, qara, Elizabetga yaqin yo’lama, o’zingga yaxshi bo’ladi. Sen hali kichkinasan, bekorga umid qilma, axmoq.
O’sha kuni hovli serquyosh edi, men buni aniq eslayman va bekorga emas! Bizning soyalarimiz asfalьtda yonma-yon turardi. Markesning soyasi mening soyamdan bir metr uzun, hamma gap mutanosiblikda, bu matematika. Men soyam uning ustiga tushishi uchun sekingina surildim. Markes hech narsani payqamayotgan edi, meni esa bu o’yin qiziqtirardi. Hech bo’lmasa bir marta men undan ustun kelayotgan edim – orzuga ayb yo’q. Markes mening yelkamni haliyam ezg’ilardi, shu payt kashtan daraxti tagidan o’tib ketayotgan Elizabetni ko’rib qoldi. Markes o’rnidan turdi, va menga “jimgina o’tir” dedi-da, oxiri meni tinch qo’yib nari ketdi. Bog’ anjomlari turadigan qorovulxonadan Iv chiqdi. U men o’tirgan o’rindiqqa qarab yurar, xuddi bir ayb ish qilib qo’yganimday jiddiy qarab kelayotgan edi.
– Dadang bilan bo’lgan voqeadan afsusdaman, – dedi u, – bilasanmi, vaqt o’tib hammasi iziga tushib ketadi.
Bu xabarni darrov qayerdan eshita qoldi ekan? Dadamning ketishi haqida gazetalarda yozishmagandir har holda. Gap shundaki, mayda shaharchalarda hamma haqida hamma narsani bilishadi, odamlar birorta ham xabarni o’tkazib yuborishmaydi, boshqa kishilarning qayg’usiga och bo’lishadi. Men buni anglaganimda, dadam ikkinchi marta ketganida, buning yuki yelkamga og’ir tushdi. Men bugun kechqurundayoq bu haqida hamma oilalarda g’iybat qilishlariga ishonchim komil edi. Birovlar onamning zimmasiga javobgarlik yuklashini, ba’zilar esa otamni ayblashini bilardim. Lekin hamma meni otasiga ketishiga izn bergan, uni baxtli qilolmagan xayrsiz farzand sifatida bilishi aniq edi. Bu yilning boshlanishi yomon bo’ldi.
– Sen uni yaxshi ko’rarmiding?
Men tuflilarim uchiga qarab turib boshimni silkitdim.
– Hayot yomon tuzilgan. Mening otam ham ablah odam edi. Men uning uydan ketishini xohlaganman. Mening o’zim uning dastidan uydan erta chiqib ketdim.
– Mening dadam menga hech qachon qo’l ko’tarmagan! – dedim darhol, anglashilmovchilik yuzaga kelmasligi uchun.
– Mening otam ham, – dedi bunga javoban qorovul.
– Agar biz do’st bo’lib qolishimizni istasangiz, keling bir-birimizga har doim haqiqatni gapiraylik. Men bilamanki, sizni otangiz urgan. U sizni bog’ning ichkarisiga olib borib, kamar bilan savalagan.
Men nima deb qo’ydim? Men o’zim bilmagan holda bu so’zlar og’imdan chiqib ketdi. Balki, o’sha mash’um shanbada uyga qaytayotganimda ko’rgan manzaramni Ivga aytgim kelgandir. U menga tik qaradi.
– Buni senga kim aytdi?
– Hech kim, – shoshib qoldim men.
– Yoki sen burningni hamma yoqqa tiqishni yaxshi ko’rasan, yoki yolg’onchisan.
– Hech ham-da! Siz-chi? Sizga dadam haqida kim aytdi?
– Men direktor xonimga pochta olib kirganimda onang telefon qilib qoldi. Direktor xonim juda afsus qildi va go’shakni qo’ya turib: “Erkaklar juda ham ablah bo’lar ekan!”. Keyin men uning qarshisida turganimni anglagach, uzr so’radi. “Siz emas, Iv, – dedi. Hatto qo’shib qo’ydi: – Albatta, siz emassiz”. Lekin u men haqimda ham shunday o’ylaydi, u hamma haqida shunday o’ylaydi. Maktabda qiz bolalar va o’g’il bolalar aralashtirilganida qanchalik kuyinganini ko’rsang edi. Erkaklar ayollarga xiyonat qiladi, bu ma’lum, savol tug’iladi: kim bilan? O’z erlariga xiyonat qiluvchi ayollar bilan bo’lmay, yana kim bilan? Men nima haqida gapirayotganimni yaxshi bilaman. Sen ham katta bo’lganingda bilasan.
Men Ivga nima haqida gapirayotganini tushunmayotganimni aytmoqchi bo’ldim, lekin biroz oldin o’zim haqiqatni gapirish haqida kelishib olgan edim. Oyim dadamning palьtosi cho’ntagidan lab bo’yog’i topib olgani, dadam qanday qilib bu narsa palьtosi cho’ntagiga tushib qolganini anglamayotganiga, hamkasblarining hazili ekanligiga qasamlar ichgan kundan boshlab men bu narsalarni yaxshi, juda yaxshi anglar edim. Dadam va oyim tun bo’yi janjallashib chiqishdi, men esa oyim butun umr seriallardan xiyonat haqida bilgan narsalarini bir kechada bilib oldim. Televizorsiz bular yana ham uzunroq, chunki fojea shundoqqina yon xonada o’ynalayotgan edi.
– Xo’p, men otang haqida qayerdan bilishimni gapirib berdim, – davom etdi Iv, – endi sening galing.
Shu payt qo’ng’iroq chalinib qoldi. Iv norozi to’ng’illadi va menga darsga yugurishimni tayinladi, hali suhbatimiz tugamaganini ham ta’kidlab qo’ydi. U qorovulxonasi tomon yo’naldi, men esa sinfga qarab chopdim.
Men yuzim bilan quyoshga qarab yurardim va nogahon orqamga qaradim. Mening orqamdan sudralayotgan soya yana kichrayib qolgan, qorovuldan o’zib ketayotgan soya esa yana uzun edi. Garchi bu dushanbada hamma narsa odatiy tusga kirgan bo’lsa ham, bu narsa meni yaxshigina tinchlantirdi. Oyim to’g’ri degan ekan: juda ham boy tasavvur ba’zan yomon oqibatlarga olib kelishi mumkin.
Ingliz tili darsiga quloq solmadim. Birinchidan, jazo bergani uchun madam Shefferni hali kechirganim yo’q, keyin esa baribir ingliz tili darsi qulog’imga kiradigan darajada emasdim. Nega oyim direktorimizga telefon qilib, hayotimiz haqida, bizning hayotimiz haqida gapirib berdi ekan? Menga ma’lum bo’lishicha, dildan suhbat quradigan dugonalar emasdilar, shuning uchun men bunday ochiq-sochiq gaplashishni o’rinsiz deb hisoblardim. Bu haqda hamma xabardor bo’lganida, holim qanday kechishi haqida oyim o’ylab ko’rdimikan? Elizabet borasida hech qanday imkoniyatim qolmadi. Agar unga past bo’yli, ko’zoynakli bolalar yoqishi mumkinligini faraz qilgan taqdirimizda ham – juda umidli faraz – yoxud Markesning, baquvvat bolaning teskarisi bo’lgan bola yoqishini taxmin qilsak ham, dadasi u bilan qolishni istamagan, uni tark etgan bola haqida orzu qilishi mumkinmi?
Men shunday qayg’uli o’ylarni oshxonada ham, geografiya darsida ham, tanaffus payti va maktabdan uyga qaytishda, yo’lda ham o’ylab yurdim. Uyga borganda oyim meni noqulay ahvolga solgani haqida u bilan jiddiy gaplashishga qaror bergan edim. Biroq, kalitni qulf ichida aylantirayotganimda bu narsa Ivni sotib qo’yishi mumkinligi haqida o’yladim: ertagayoq oyim direktorga telefon qilgan bo’lar, unga sirini saqlamaganini yozg’irar, direktor esa axborot kimdan chiqib ketganining tagiga yetib olgan bo’lar edi. Agar men qorovulga pand berib qo’ysam, bizning munosabatlarimiz haqiqiy do’stlik darajasiga chiqmas edi, bu yangi maktabda esa do’st topish men uchun muhim ish edi. Iv mendan o’ttiz yoki qirq yil katta bo’lsin – buning menga ahamiyati yo’q edi. Aql bovar qilmaydigan tarzda uning soyasini o’g’irlaganimdan keyin aniq bilar edim: u ishonchli odam. Shunday qilib, oyimdan izoh talab qilishni keyinga qoldirdim.
Biz televizor oldida kechki ovqatni yedik, oyimda suhbat qurish kayfiyati yo’q edi. Dadam ketgandan keyin kam gaplashar, go’yo so’zlarni talaffuz qilish unga qiyinchilik tug’dirayotgandek edi. Uxlayotganimda men Ivni esladim, uning aytishicha, vaqt o’tib hamma narsa joy-joyiga tushar emish. Balki, vaqt o’tar, oyim yana oldingiday kelib menga xayrli tun tilar. Ushbu tunda nim ochiq derazaga yopib qo’yilgan pardalar ham qimirlamadi, uyda hukm surayotgan sukunatni hech narsa buzmadi, mato burmalarida bitta ham soya lipillamadi. Balkim, kimdir dadam ketganidan keyin mening hayotimda o’zgarish bo’ldi, deb o’ylar, lekin bunday emas. Ko’pincha dadam ishdan kech kelar, men oqshomlari oyim bilan o’tirishga o’rganib ketgan edim. Yakshanba kunlari velosipedda sayr qilishimizni sog’inardim, lekin men ularni mulьtfilьm ko’rishga almashtirdim, oyim gazeta o’qib turganida mulьtfilьm ko’rishga ruxsat berardi. Yangi hayot – yangi odatlar: biz yaqinimizdagi kichik restoranda gamburgerni bo’lishardik, keyin esa savdo ko’chalarini aylanar edik. Magazinlar ko’pincha yopiq bo’lardi, lekin oyim buni sezmaydiganga o’xshab ko’rinar edi. Tushga yaqin oyim menga sinfdoshlarimni mehmonga chaqrishni taklif qilardi. Men esa yelkamni qisib, keyingi safar taklif qilishimni aytardim.
Oktyabr oyi yomg’irlar bilan o’tdi. Kashtanlar barg tashladi, yalang’och shoxlarda qushlar ham ko’rinmay qoldi. Keyinroq esa sayrashini ham eshitmay qo’ydik: qish yaqinlashmoqda edi.
Har ertalab men quyosh nurini poylab oynaga qarar edim, lekin uzoq kutishga to’g’ri keldi, noyabr o’rtasidagina qalin bulutlar orasidan quyosh nurlari ko’rinib qoldi. Osmon yorishib qolgandan keyin tabiatshunoslik o’qituvchimiz bizni ochiq havoga olib chiqdi. Gerbariy yig’ishga ulgurish uchun sanoqli kunlar qoldi. Buning uchun ijaraga olingan avtobus bizni shaharcha chetidan boshlanadigan o’rmonga olib bordi. Mana biz, oltinchi “S” sinf to’la tarkibda, ho’l tuproqda sirpanib, har turli o’simliklarni – barglar, qo’ziqorinlar, o’tlar va rang-barang moxlarni yig’ishga harakat qilar edi. Markes qo’mondon kabi oldinga chiqib olgan edi. Qizlar oldinma-ketin uning diqqatini jalb qilishga harakat qilar, u esa Elizabetdan ko’zini uzmas edi. U esa chetroqda turib, go’yoki buni sezmayotgandek o’zini tutardi, lekin meni aldab bo’lmasdi, bu narsa unga yoqayotganligini achchiq alam bilan his qildim. Ulkan eman ildizlari orasida Shtrumpf boshiga loyiq keladigan katta shlyapali muxomor qo’ziqoriniga mahliyo bo’lib qolib men sinfda ortda qolib ketibman, boshqacha qilib aytganda adashib qoldim. O’qituvchimning mening ismimni aytib chaqirayotganini eshitdim, lekin ovoz qaysi tomondan kelayotganini anglolmay qoldim. Men sinfni quvib yetishga harakat qildim, lekin biroz o’tib shunga amin bo’ldimki, yo bu o’rmon cheksiz, yoki men doira bo’ylab harakatlanyapman. Men zarang daraxtlari tepasiga qaradim, quyosh shafaqqa qarab ketayotgan edi, bundan qattiq qo’rqib ketdim. Izzat-nafsim haqida unutib butun kuchim bilan baqirdim. Bolalar uzoqqa ketib qolishgan bo’lsa kerak, hech kim mening baqirishimga javob bermadi. Men to’nkaga o’tirib olib, oyim haqida o’ylay boshladim. Agar men uyga qaytmasam, u oqshomni kim bilan o’tkazadi? Dadam tashlab ketgani kabi meni ham tashlab ketdi, deb o’ylamasmikan? Zotan, dadam ketishi haqida ogohlantirgan edi. Men uni yolg’iz tashlab ketganimni hech qachon kechirmaydi, ayniqsa hozir, menga muhtoj bo’lib turganida. Biz supermarketlarni aylanib yurganimizda mening borligimni unutsa ham, so’zlarni talaffuz qilish qiyin bo’lgani uchun men bilan kam gaplashadigan bo’lib qolgan bo’lsa ham, endi menga xayrli tun tilashga xonamga kelmasa ham, mensiz unga juda qiyin bo’lishini aniq bilardim. Ahmoqona qo’ziqorniga mahliyo bo’lishdan oldin shularni o’ylashim kerak edi! Yana menga uchrasa bormi, men uning adabini berib, boshidan shlyapasini qanday olishimni ko’radi!
– Jin ursin, sen bu yerda nima qilyapsan, ahmoq?
O’quv yilining boshidan beri, baland paporotniklar orasidan ko’ringan Markesning yuzini birinchi marta ko’rganimdan xursand edim.
– O’qituvchining rosa jahli chiqqan, u hatto o’rmonni oralab qidirmoqchi edi, lekin men o’zim topishimni aytdim. Ov qilganimizda, qariyamning aytishicha, yaroqsiz ovni topishga usta ekanman. Demak, u haqli. Qani, qimirla! O’zingni bir ko’rsang edi, qiz bolaga o’xshab yig’lavorishingga sal qolibdi.
Bu mehribonchilik so’zlarini Markes mening yuzimga to’g’ri turib aytdi, buning uchun sal cho’kkalashga to’g’ri keldi. Quyosh uning yelkasiga tushib turar, boshiga nurli toj kabi porlar, shuning uchun uning ko’rinishi odatdagidan ham qahrli bo’lib ko’rinar edi. Uning yuzi shunchalik yaqin ediki, men uning saqichi hidini ham yaqqol sezdim. U qaddini tikladi va yelkamga qattiqroq turtdi.
– Xo’sh, ketdikmi yoki shu yerda tunamoqchimisan?
Men o’rnimdan turdim va uni bir necha qadam oldinga o’tkazdim. Men orqaga o’tgan zahotim angladim, nimadir bu yerda noto’g’ri. Mening soyam odatdagidan ko’ra bir metrcha uzun, Markesning soyasi esa kichkina, juda kichkina bo’lib qolgan, bu o’rinda bitta xulosa qilish mumkin edi, bu mening soyam bo’lishi kerak edi. Markes meni qutqargan edi, minnatdorchilik o’rnida uning soyasini o’g’irlaganimni bilib qolsa, nafaqat shu chorakda, balki o’n sakkizga kirib, bitiruv imtihonlari topshirgunga qadar yaxshi hayot bilan xayrlashishga to’g’ri keladi. Dahshatning necha kuni borligini bilish uchun matematikadan kuchli bo’lish shart emas. Men uning orqasidan shoshib ketardim, bizning soyalarimiz oldingi kabi, dadam ketguniga qadar bo’lgani kabi kesishishiga umid bog’lardim. Bu qanaqadir alahsirashga o’xshardi – birovning soyasini mana shunday o’zlashtirish mumkin emas! Biroq, ikkinchi marta ham xuddi shu narsa sodir bo’lgan edi. Markesning soyasi mening soyam ustiga tushgan, agar uzoqlashadigan bo’lsa ham, oyoqlarimga yelimlangan kabi yopishib qolgan edi. Mening yuragim shiddat bilan urar, tizzalarim qaltirardi.
Biz yalanglikni kesib o’tib, so’qmoqqa chiqdik, u yerda bizni o’quvchilar bilan birga tabiatshunoslik o’qituvchimiz kutib turgan edi. Markes muzaffarona qo’lini ko’tardi – go’yoki u ovchi, men esa u orqasida tashiyotgan ov kabi edim. O’qituvchi bizga qo’lini silkitib shoshilishga imladi. Avtobus kutayotgan edi. Men yana ta’zirimni yeyishimni bilardim. Bolalar bizga qarab turishar, ularning ko’zlarida mazax ifodasi bor edi. Hechqisi yo’q, hech bo’lmasa oqshom payti uyda ota-onalari bilan ota-onam muammosidan tashqari yana g’iybat qilishga mavzu topildi.
Elizabet avtobusda, bu yerga kelishimizda o’tirgan joyida o’tirar edi. U hatto oynaga qaramas, mening yo’qolib qolishim uni tashvishga solmagan ko’rinadi. Quyosh botish chizig’idan yana ham pastga tushib ketgan, bizning soyalarimiz xira tortgan, ularni bir-biridan farqlab bo’lmaydigan edi. Hammadan yaxshi, endi o’rmonda nima bo’lganini hech kim sezmaydi. Men xomush avtobusga chiqdim. Tabiatshunoslik o’qituvchisi qanday qilib yo’qolib qolganimni so’radi, qattiq qo’rqqanini qayd etdi. Lekin u mening topilganimdan shunchalik xursand ediki, meni hatto urushmadi ham. Men orqada o’tirdim va yo’l bo’yi churq etmadim. Biron narsa deyish ham qiyin edi, men shunchaki adashib qoldim, vassalom. Men televizorda tajribali alьpinistlarning tog’da adashib qolgani haqidagi ko’rsatuvni ko’rgan edim. U holda mendan nimani talab qilish mumkin?
Oyim meni uyda, mehmonxonada kutib turgan ekan. U meni quchoqladi va hatto kutganimdan ham qattiqroq bag’riga bosdi.
– Sen adashib qoldingmi? – dedi yanoqlarimga qarab.
Menimcha u uoki-toki bo’yicha direktor xonim bilan aloqada bo’lib tursa kerak, yo’qsa bu xabar shunchalik tez yetib keladimi? Men sarguzashtlarimni so’zlab berdim, u esa meni issiq vanna qabul qilishga buyurdi. Men sovuq qotmaganimni ta’kidlasam ham, eshitishni xohlamadi. Go’yoki vanna boshimizga tushgan har qanday balolarni – dadamning ketib qolishi va Markesning paydo bo’lishini yuvib, oqizib ketadigandek. Oyim boshimni shampun bilan yuvayotganda ko’zlarim achishib ketdi, shu paytda soyalar voqeasini aytgim kelib qoldi. Lekin men oyim buni jiddiy qabul qilmasligini va “O’ylab topma”, deyishini bilar edim. Shuning uchun indamadim va ertaga ob-havo o’zgarib, kulrang osmon ostida soyalar yana o’zgarishiga umid bog’ladim. Oqshom qovurilgan kartoshka bilan rostbif yedik. O’rmonda yo’qolib qolish yaxshi ekan, buni ko’proq amalga oshirish kerakka o’xshaydi.
Oyim xonamga ertalab soat 7 da kirdi. Nonushta tayyor, darrov yuz-qo’limizni yuvamiz, maktabga kech borishni istamasam, darhol kiyinib ovqatlanib olishim kerak. Aslida men maktabga kechikib borishni juda ham istayotgan edim. Umuman bomaslik, yana ham yaxshi edi. Bugun ob-havo yaxshi bo’larmish, shundan oyimning kayfiyati yaxshi emish. Zinadagi uzoqlashib ketayotgan oyoq tovushlarini eshitganim zahoti ko’rpaning ichiga qaytib kirdim. Men oyoqlarimga boshimni og’ritmasligini, ortiq hech qanday o’g’irlamaslikni, tezroq Markes soyasini Markesga qaytarib berishni so’rar edim. Albatta, ertalab o’z oyoqlari bilan suhbatlashish g’alati narsa, lekin mening o’rnimga o’zini qo’yib menga qanchalik og’ir bo’lganini tushunish mumkin. Men yuragimda og’irlik bilan maktabga yo’naldim va bo’lib o’tgan voqealar haqida o’ylab ketdim. Qanday qilib hech kim sezmaydigan qilib soyani almashtirish mumkin? Buning uchun men va Markesning soyalarimiz kesishishi kerak, demak nimanidir bahona qilib unga yaqin borishimga to’g’ri keladi. Maktab darvozasigacha bir necha qadam qolgan edi; men yurishdan oldin chuqur nafas oldim. Markes o’rindiqda o’rtoqlarini atrofiga yig’ib olgan, ular og’izlarini ochib, uning cho’pchaklarini eshitib o’tirishar edi. Bugun kun oxirida sinf yetakchiligiga nomzodlarni qabul qilish yakunlanar, shuning uchun saylov oldi kampaniyasi avjida ekani aniq. Men ularga qarab qadam qo’ydim. Markes go’yoki orqasi bilan meni sezgandek o’girildi va menga noxush qaradi:
– Senga nima kerak?
Boshqalar ham mening javobimni kutib tarang turishdi.
– Kechagi voqea uchun rahmat aytmoqchi edim, – dedim men duduqlanib.
– Bo’pti, rahmat deb bo’lding, endi bor, koptokcha o’yna, – dedi u va bolalar xixilashdi.
Shu payt men orqamda qandaydir kuchni sezdim va bu kuch meni o’rindiqqa qarab yana uch qadam yurishga majbur qildi.
– Nima yana? – ovozini balandlatdi Markes. Qasam ichib aytamanki, keyingisi kutilmaganda ro’y berdi, men oldindan o’ylamagan holda ishonchli bir ovoz bilan dedim:
– Men sinf yetakchiligiga o’z nomzodimni qo’ydim, shunga aniqlik kiritib qo’yaylik!
Va ko’rinmas kuch meni galereya tomonga yo’naltirdi, men xuddi askar kabi shaxdam qadamlar tashlab orqaga qaytdim. Orqamda esa sukunat. Men ular ustimdan kuladi, deb o’ylagandim, lekin sukunatni faqatgina Markesning ovozi buzdi:
– Demak, urush, – dedi u. – Sen hali pushaymon bo’lasan.
Elizabet – u guruhga qo’shilmagan edi – yarim yo’la uchradi va asta kelib Markes uning asabiga tegayotganini shipshidi. Xuddi hech narsa aytmagan kabi chetga chiqib ketdi. Men keyingi tanaffusgacha umrim qolganini his qildim.
Tanaffusda esa quyosh maktab hovlisiga to’g’ri tushib turgan edi. Men basketbol o’yinini boshlab yuborgan bolalarga qaradim, nogahon oyog’im ostiga qarab, qo’rqib yurgan narsamni ko’rdim. Mening soyamga o’xshamagan katta soya borligi kamlik qilgandek, men o’zimni boshqacha his qilayotgan edim. Buni sezadigan va meni dahshatga soladigan bu sirni ochadigan kishi topilguniga qadar qancha vaqt kerak ekan? Har ehtimolga qarshi men galereyaga, shiypon ostiga bordim. Bulkapaz o’g’li Lyuk ta’tilda oyog’ini sindirgan va hali ham gipsda yurgani uchun shu yerda o’tirgan ekan. U menga yonidan joy ko’rsatib imladi. Men uning yoniga o’tirdim.
– Men senga past baho bergan ekanman. Boplading!
– Mana endi aniq xarob bo’ldim, – dedim men. – Baribir menda hech qanday imkoniyat yo’q.
– G’alaba qozonmoqchi bo’lsang – yo’nalishingni o’zgartir. Oldindan yutqizishga yo’nalma, asosiysi – g’alabaga bo’lgan ishonch, shundan imkoniyat ham paydo bo’ladi – shunday deydi mening dadam. Keyin, men sening fikringga qo’shilmayman. Ishonchim komilki, bu o’rtoqlari shunchaki ko’rinish, aslida ular yomon ko’rishadi.
– Kimni?
– Sening raqibingni. Kimni bo’lardi yana? Harholda menga suyansang bo’ladi, men sen tomondaman.
Bu qisqacha suhbat o’quv yili boshlanganidan beri ro’y bergan eng yoqimli voqea bo’ldi. Shunchaki umid uyg’ongan edi. Lekin tengdosh o’rtog’im bo’lishi haqidagi fikrning o’zi boshqa hamma narsani – Markes bilan to’qnashuvni, soya bilan bo’lgan muammoni unutishga yordam berdi. Hatto bir daqiqaga bo’lsa ham dadamning uyda emasligini va unga bu voqelarni aytib berolmasligimni unutdim.
Chorshanba kuni darslar 15:30 da tugadi. Maktab kotibiyatidagi taxtaga ildirib qo’yilgan nomzodlar ro’yxatiga o’z nomimni yozdirib, aytmoqchi, u yerda Markes va mendan boshqa nomzod ham yo’q edi, men Lyukka uyga qaytishni taklif qildim, biz u bilan bir kvartalda yashar edik. Biz yo’lakdan yonma-yon yurar edik, va men soyalarimiz orasidagi g’alatilikni sezib qolishidan qo’rqar edim: garchi bizning deyarli bir xil bo’yimiz bo’lsa ham, mening soyam ancha uzun ko’rinar edi. Lekin u oyog’i ostiga qaramas, balki gipsidan uyalar edi. Sinfdoshlar birinchi kundanoq unga “Kapitan Kryuk” deb laqab qo’yib olishgan edi. Bulka do’koni yonidan o’tib ketayotganimizda u shokoladli bulka yeyishni istar-istamasligim haqida so’radi. Menda bunday narsani olish uchun pul yetmas edi, lekin jildimda oyim tayyorlagan nutellali sendvich bor edi, men uni ikkiga bo’lishni taklif etdim. Lyuk kulib yubordi va oyisi tushlik uchun undan pul olmasligini aytdi. U bulka do’konidagi yorliqni faxr bilan ko’rsatdi. Yorliqda chiroyli harflar bilan “Shekspir bulkaxonasi” deb yozilgan, bu uning ota-onasiga tegishli bo’lgan do’kon edi.
– Haqiqatdan sening sharifing Shekspirmi?
– Ha shunday, lekin men Gamletni yaratganning qarindoshi emasman, bu shunchaki sinonim.
– Omonim, – to’g’riladim men.
– To’g’ri. Xo’sh, shokoladli bulochka yeymizmi?
Lyuk do’kon eshigini itardi. Uning oysining o’zi bulochkaga o’xshagan do’mboq edi, tabassumidan nur sochilardi. U bizlar bilan salomlashdi. U mahalliy shevada gapirardi. Ovozi jarangli bo’lib, bu ovozdan qalbingiz farah topar, sizga shunday gapirardiki, siz darhol o’zingizni kutilgan mehmondek his qila boshlardingiz. U bizga shokoladli bulochka yoki qahvali eklerdan tanlashimizni taklif qildi, biz o’ylab ulgurmasimizdan, har ikkalasi bilan mehmon qila boshladi. Men o’zimni noqulay sezdim, lekin Lyuk dadasi har doim ortiqcha pishirib qo’yishini, oqshomgacha sotilmagani tashlab yuborilishini aytdi. Nega bu ne’mat nobud bo’lishi kerak? Lyukning oyisi novvoyxonaga nonga borib kelgunicha do’konda bo’lib turishimizni so’radi. O’rtog’imni kassa ortidagi baland kursida ko’rish g’alati edi. Shunda men yigirma yil keyingi holatimizni, uni bulochka sotuvchisi, o’zimni xaridor sifatida tasavvur qildim…
Oyimning aytishicha, mening tasavvurim har doim o’zimdan oldin yugurib ketadi. Men ko’zimni yumib oldim va o’zimni shu bulkaxonaga kirayotganimni ko’rdim, mening kichkina soqolim bor edi va qo’limda kichkina chemodan. Katta bo’lsam yoki do’xtir, balki hisobchi bo’larman, ular qo’llarida chemodancha ko’tarib yurishadi. Men peshtaxtaga yaqin kelaman, qahvali ekler buyuraman, va nogahon maktab o’rtog’imni tanib qolaman. Men uni shuncha yil ko’rmaganman, biz mahkam quchoqlashamiz, keyin birgalikda o’sha kunlarni eslab shokoladli bulochka, qahvali ekler yeymiz. Balki o’rtog’im Lyukning kassir bo’lib o’ynayotganini ko’rib birinchi marta shu do’konda bir kunmas bir kun qarishimiz haqida o’ylagandirman. Negaligini bilmadim-u, lekin shu paytgacha kichik bo’lib ko’ringan bolaligimni birinchi marotaba tark qilgim kelmadi. Markesning soyasini o’g’irlaganimdan beri men bilan g’alati narsalar sodir bo’layotgan edi. Demak bu g’aroyib hodisaning qandaydir noqis tomoni bor, va bu meni umuman quvontirmas edi. Lyukning oyisi ichkaridan ajoyib hid taratayotgan kichkina bulochkalar to’la patnis bilan chiqdi. Lyuk unga xaridorlar kelmaganini aytdi. U oh tortdi, yelkalarini qisdi va bulochkalarni peshtaxtaga tera solib, dars qiladigan vaqtimiz bo’lganini aytdi. Men oyimga u kelgunga qadar dars qilib qo’yishga va’da bergan edim. Shuning uchun, Lyuk va uning oyisiga minnatdorchilik bildirib, uyga qarab shoshdim. Chorrahada nutellali sendvichimni tosh chetan ustiga qo’ydim, qushlar maza qilib yesin. Men ortiq yeyishni istamas edim, lekin hammasidan ham madam Shekspirning pishirig’i oyimnikidan yaxshi ekanini bildirib qo’yib, uni xafa qilishdan qo’rqar edim. Oldimdagi soya yana ham uzunroq bo’ldi. Men sinfdoshlarimni uchratib qolishdan qo’rqib, devor bo’ylab siqilib yurardim. Uyga kela solib g’alati hodisani yaxshiroq o’rganish uchun darhol bog’ga qarab otildim. Dadamning aytishicha, agar katta bo’lishni istasam, qo’rquvning ko’ziga tik qarashim va uni haqiqat bilan solishtirishim kerak. Xuddi shunday qilmoqchi bo’ldim. Boshqalar o’z aksini emas, boshqa narsani ko’rishni istab oyna oldida soatlab o’tirishadi. Men esa kunning qolganini o’z soyam bilan o’ynab o’tkazdim. Hayron bo’lganim, go’yoki men qayta tug’ilgandek bo’ldim. Hayotimda birinchi marotaba – garchi bu yerga tushgan oq-qora rasm bo’lsa ham – men o’zimni boshqa kabi his qildim. Quyosh tepalik ortiga kirib ketganida men o’zimni yolg’iz his etdim, va hatto ozroq qayg’uga ham cho’mdim. Zudlik bilan ovqatlanib, men darsimni qildim, va oyim sevimli serialini tomosha qilayotgan paytda – idish-tovoq keyin ham yuviladi, degan qarorga kelgan edi, – men sekin sirg’alib chordoqka chiqdim. Oyim mening ketganimni sezmadi. Menda bitta g’oya tug’ilgan edi. Tom ostida katta oyga o’xshagan dumaloq oyna bor edi. Oy esa bu kecha to’lin edi. Men nima bo’lganining tagiga albatta yetishim kerak edi. Kimnidir soyasini bosib uni o’zi bilan yetaklab ketish – hazil ish emas. Oyimning aytishicha, tasavvurim juda ham bebosh ekan, shuning uchun men tinchgina buning tagiga yetishni ko’zlagan edim, buning uchun yagona tinch joy esa chordoq edi. U yerda, tepada mening, faqat mening olamim bor edi. Dadam u yerga hech qachon chiqmas edi, chunki shift juda ham past bo’lib, u boshini urib olardi va har doim yaxshi bo’lmagan so’zlarni – “jin ursin”, “palakat” yoki “onangni…” kabi so’zlarni aytardi. Ba’zan esa har uchchalasini ham birdaniga aytardi. Agar men bulardan birortasini aytsam, darhol ta’zirimni yeyman, lekin kattalar bizlarga qo’ygan ta’qiqlaridan ko’pini o’zlari amalga oshirishadi. Umuman, men biroz katta bo’lib, chordoqka mustaqil chiqa oladigan bo’lganimdan keyin, dadam u yerga meni jo’natadigan bo’ldi, men ham bunday xizmatlarni xursandchilik bilan qilardim. To’g’risini aytadigan bo’lsam, dastlab men chordoqka chiqishga qo’rqardim, chunki u yer qorong’u edi, keyinchalik esa u yerdan meni quvolmay qolishdi. Men past shift bo’ylab eski karton qutilar va jomadanlar orasida yurishni yaxshi ko’rardim.
Qutilar ichidan juda ham yosh bo’lgan paytidagi oyimning eski rasmlarini topib oldim. Oyim hozir ham chiroyli, lekin bu rasmlarda mo»jizaning o’zi bo’lgan. Boshqa qutidan esa dadam va oyimning to’y rasmlari chiqib qoldi. Jinni bo’lib qolish mumkin, lekin o’sha paytda bir-birlarini juda ham yaxshi ko’rishgan ekan.
Bu rasmlarni ko’rar ekanman, men nima bo’lganini anglolmay qolardim: shunday muhabbat qanday qilib yo’qolishi mumkin? Balki muhabbat ham soya kabidir, kimdir uni bosib olar va o’zi bilan olib ketar. Balki, nurning ko’pligi muhabbat uchun zararlidir, yoxud teskarisi, nur kam bo’lgan paytlarda muhabbat soyasi xiralashar va butkul yo’qolib qolar? Men alьbomdan bir rasmni chiqarib oldim: dadam meriya peshayvonida oyimning qo’llarini ushlab turibdi. Rasmda oyim ikkiqat, go’yoki men ham o’sha yerdaman, ular bilan. Dadam va oyimning atroflarida xolalar, ammalar, jiyanlar, amakilar, tog’alar turishibdi, men ularning hech qaysi birini tanimayman, lekin hammalari xursand ekanliklari ko’rinib turibdi. Men ham qachondir Elizabetga uylansam edi, agar u rozi bo’lsa, men o’ttiz santimetrga o’sgan bo’lardim.
Yana chordoqda singan o’yinchoqlar ham yotardi, bular ich tuzilishini batafsil o’rganib chiqib, qayta tuzatolmagan o’yinchoqlarim edi. Umuman, mana shu uy anjomlari orasida men o’zimni xuddi boshqa olamdagidek sezardim, va bu olam aynan men uchun, maxsus yaratilgan kabi ko’rinar edi. Ha, mening uyim mening tomim ostida edi.
Men eshituvchi oyna oldida o’tirib olib, to’lin oy qanday chiqayotganiga qarayman, oy to’la va uning nuri chordoqning yarmini qamrab oladi. Hatto oy nurida chang zarralari qanday uchayotganini ko’rish mumkin, bu manzara esa sokinlik va tinchlik baxshida etadi. Bugun, oyim kelgunicha men soyalar haqida biror narsa topish va o’shqish umidida dadamning ishlaydigan xonasiga kirdim. Entsiklopediyadagi maqola birmuncha murakkab ekan, biroq rasmlar orqali men soyalar qanday paydo bo’lishi, ularni o’rnidan siljitish va yo’naltirishni o’rganib oldim. Oy oynaning o’qiga to’g’ri kelganida mening hiylam ish berishi kerak edi. Men oyimning seriali tugaguniga qadar tezroq bu lahza kelishini poylab, sabrsizlik bilan kutardim.
Oxiri kutgan hodisa ro’y berdi. Mening naq to’g’rimda chordoq polida uzun bir soya yaslandi. Men irodamni to’plab yo’taldim va ishonch bilan dedim:
– Sen mening soyam emassan!
Men jinni emasman, lekin to’g’risi soyaning shivirlagan javobini eshitib qo’rqib ketdim.
– Bilaman.
Tobutdagi kabi jim-jitlik. Og’zim qurib ketdi, bo’g’zim siqildi, lekin men davom etdim:
– Sen Markesning soyasimisan?
– Ha, – shivirladi u qulog’imga.
Agar sizga soya murojaat qilayotgan bo’lsa, bu sizning boshingizda jaranglayotgan musiqaga o’xshaydi: musiqachi yo’q, lekin uni shunday aniq eshitasanki, go’yoki yaqiningda orkestr chalayotganga o’xshaydi. Shunga o’xshagan taassurot tug’iladi.
– Faqat iltimos qilaman, hech kimga aytma, – dedi menga soya.
– Sen o’zi bu yerda nima qilyapsan? Nega sen men bilansan? – so’radim xavotir bilan.
– Men qochib ketdim. Sen anglamadingmi?
– Nega qochib ketding?
– Ahmoqning soyasi bo’lish qanaqa ekanini bilasanmi? Ortiq kuchim qolmadi. Hali kichkina paytidayoq menga og’ir edi, o’sgani sayin esa unga chidash qiyin bo’lib bormoqda. Boshqa soyalar, jumladan sening soyang ham ustimdan kulishadi. Bilasanmi, soyangning juda omadi bor ekan! U menga qanchalik balanddan qarashini bilsang edi! Sen bunaqa emassan, hammasi shuning uchun.
– Men unaqa emasmanmi?
– Nima deganimni unut. Boshqa soyalarning aytishicha, biz tanlash huquqiga ega emasmiz. Bir odamning soyasi bo’lish – bizning taqdirimiz va bu abadiy. Bizning taqdirimiz yaxshilanishi uchun inson o’zgarishi kerak. O’zing o’yla, Markes bilan meni qanday kelajak kutmoqda? Sen mening yonimida paydo bo’lganingda men Markesdan ajrala olishimni his qilganimda qanchalik hayron bo’lganimni tasavvur qilyapsanmi? Senda noyob qobiliyat bor, va men hatto o’ylab ham o’tirmadim, shunchaki o’zimga o’zim dedim: hozir, yoki umuman. Tan olishim kerakki, o’zimning bo’yimdan foydalandim, axir men Markesning soyasiman, kechirasan endi. Men soyangni o’rnini egallash uchun uni itardim.
– Mening soyam-chi? Sen uni nima qilding?
– Sen nima deb o’ylaysan? U ham kimgadir yopishib olishi kerak edi, shuning uchun mening sobiq xo’jayinim bilan ketdi. To’g’risini aytsam, men unga havas qilmayman.
– Sen mening soyamga yaxshi ish qilmading. Ertagayoq seni Markesga beraman va o’zimnikini qaytarib olaman.
– Iltimos, sen bilan qolishimga ruxsat ber. Men o’zimda sinab ko’rmoqchiman – yaxshi inson soyasi qanday bo’larkin.
– Men yaxshi insonmanmi?
– Sen yaxshi inson bo’lishing mumkin.
– Lekin bu imkonsiz: agar men seni qoldiradigan bo’lsam, odamlar ertami-kechmi nimadir boshqacha ekanini sezib qolishadi.
– Odamlar odamlarga e’tibor berishmaydi, hali ularning soyasiga… Keyin mening tabiatim shunaqa – soyada turish. Biroz mashq qilsa, bir-birimizni tushuna boshlasak – hammasi joyida bo’ladi.
– Lekin sen mening bo’yimdan uch baravar uzunroqsan.
– Axir bu hamma vaqt emas, bu shunchaki vaqt masalasi. Aytaylik, sen hali kichkinasan, shuning uchun soyada turishga majbursan, lekin o’sganingda men seni yorug’likka olib chiqaman. O’ylab ko’r, axir katta soyaga ega bo’lish – katta afzallik. Agar men bo’lmasam, sen sinf yetakchiligiga o’z nomzodingni qo’ya olarmiding? Seningcha, kim seni o’z-o’zingga ishonishga majbur qildi?
– Sen meni ruhlantirdingmi?
– Yana kim bo’lardi? – dedi soya.
Nogahon men oyimning ovozlarini eshitib qoldim: oyim chordoqqa olib boradigan zina tagida turar va kim bilan gaplashayotganimni so’rar edi. O’ylamay-netmay soyam bilan gaplashayotganimni aytib to’ng’illadim. Albatta, bema’ni gaplardan ko’ra borib uxlashimni tayinladi. Agar siz jiddiy javob bersangiz kattalar hech qachon ishonmaydilar.
Soya yelkalarini qisdi, va u xuddi meni anglayotgan kabi ko’rindi. Men oynadan nari ketdim va soya yo’qoldi. O’sha tunda men g’alati tush ko’rdim. Men dadam bilan ovga ketyapman; garchi men ovni yaxshi ko’rmasam ham, men baxtliman, biz yana birgamiz. Men dadamning orqasidan yuryapman, u orqasiga qaramayapti, men uning yuzini ko’rmayapman. Hayvonlarni o’ldirish fikri meni xursand qilmayapti. Dadam meni cheksiz dalalarga tekshirishga jo’natadi, yerda shamol ostida quyoshdan sarg’aygan o’t-o’lanlar tebranadi. Mening vazifam – qattiq qarsak chalish bo’lib, mening shovqinimdan bedanalar o’tlar orasidan uchib chiqishi kerak, shunda dadam ularga qarata otadi. Qon to’kishga imkon bermaslik uchun men iloji boricha sekin yurishga harakat qilaman. Mening oyoqlarim orasidan sirg’alib quyon qochib ketadi, dadam so’kinadi: go’yoki mendan hech qanday foyda yo’q, men foydasiz hayvonlarni ov qilishga usta ekanman. Xuddi shu gapdan keyin men tushundim: uzoqdagi mening dadam emas, balki Markesning otasi edi. Men o’zimning dushmanim o’rnida edim va buni his qilish yoqimsiz tuyg’u edi. Albatta, men balandroq va kuchliroq sezardim o’zimni, lekin juda ham xafa bo’lib, o’zimni baxtsiz his qilmoqda edim.
Ovdan uyga qaytdik, lekin bu mening uyim emas. Men tushlik qo’yilgan stol atrofida o’tiribman, Markesning dadasi gazetaga qarab turibdi, onasi esa televizor ko’ryapti. Bizda esa stol atrofida doimo gaplashib o’tirishadi: dadam biz bilan yashayotgan paytida har doim ishlarim qanday ketayotganini so’rar edi, dadam ketganidan keyin bu haqda oyim so’raydi. Biroq, Markesning uyidagilari uning dars qilgan-qilmagani bilan hatto qiziqmasa ham kerak. Bir qaraganda maza kabi ko’rinadi, aslida esa teskarisi, bu nogahon qayg’uning sababini bildim: garchi Markes mening dushmanim bo’lsa ham, men uning uyidagi befarqlikdan aziyat chekdim. Soat chalganida men terga botib uyg’ondim. Nafas olish qiyin edi, men isitmalagan kabi yonar edim, buning shunchaki dahshatli tush ekani qanchalik yaxshi edi. Men oxirgi marta qattiq seskandim – hamma narsa joyiga tushdi. Shu ertalab meni atrofimdagi o’z devorlarim o’rab turganiga qattiq xursand edim. Yuz-qo’limni yuvayotib oyimga aytsammikan-yo’qmikan deb o’ylanib qoldim. Men unga sirimni ochmoqchi bo’ldim, lekin uning bunday narsalarga munosabatini bilardim.
Oshxonaga tushib birinchi qilgan ishim – deraza oynasiga chopib borish bo’ldi. Bulutli havo, shafaqda bir bo’lak ko’k parchayam yo’q, baliq ovidan voz kechgan mahallarimizda, dadam aytganidek, dengizchiga ishton ham bichib bo’lmaydi. Men televizorni qo’yish uchun pulьtga yopishdim.
Oyim hayron: nechuk men bunchalik ob-havoga qiziqib qoldim? Men iqlimning isishi haqida ma’ruza tayyorlayotganim haqida yolg’on to’qidim, ob-havoni tinglashimga xalaqit bermasliklarini so’radim. Sinoptik-ayolning aytishicha, chuqur siklon tufayli hosil bo’lgan bulutli front bizning hududda yana bir necha kun hukm surar ekan. Qanchalik bemavrid! Bulutlar soya bo’lishiga hech qanday imkoniyat bermaydi, demak Markesga soyasini qaytarib berishga imkon yo’q. Jildimni yelkamga tashlab, og’ir yurak bilan maktabga ketdim. Lyuk hamma tanaffuslarda o’rindiqda o’tirardi. Gips va qo’ltiqtayoq bilan boshqa hes narsa qila olmasdi. Men uning yoniga o’tirdim va u menga qo’li bilan Markesga ishora qildi. U hamma sinfdoshlarning qo’lini siqib ko’rishar va qizlarning gapiga qiziqayotgandek qilib ko’rsatardi o’zini.
– Qani, menga yordamlashib yubor, oyog’im uvushib qoldi.
Men unga qo’limni cho’zdim va biz yurish uchun o’rnimizdan turdik. Bu kun mening omadim kelganga o’xshadi, biz Markesga yaqinlashib qolganimizda, osmonda kichik yorug’lik yorig’i paydo bo’ldi. Men shu zahoti yerga qaradim – u yerda to’da bor edi, soyalar go’yoki sirli majlisga kelgan kabi bir uyum bo’lib to’planib olgan edilar. Markes o’girildi va biz chaqirilmagan mehmon ekanimizni ko’zi bilan anglatdi. Lyuk yelkasini qisdi.
– Ketdik, gaplashib olishimiz kerak. Yaqinda saylov bo’ladi, – dedi u qo’ltiqtayoqqa suyanib. – Sen jumani unutmadingmi? Diqqat-markazda bo’lishing uchun nimadir qilishing kerak.
Lyukning so’zlari kattalardek yangradi. Cho’loqlangan, bukchaygan Lyukka qarab go’yoki tush ko’rayotgandek bo’ldim. Menga ko’rinishicha, ikkalamiz ham kattamiz, o’tgan gal bulkaxonada ko’rganimdan ham kattaroqmiz. Go’yoki bizning do’stligimiz umr bo’yi davom etgan. Lyukning boshida deyarli sochi yo’q, sochi yo’qligidan peshanasi katta bo’lib ko’rinardi. Yuzi charchagan, ajin bosgan, lekin ko’k ko’zlari oldingidek yaltirar edi, bu esa meni quvontirdi.
– Sen maktabdan keyin nima qilasan? – so’radim men.
– Bilmayman, nima hoziroq hal qilish kerakmi?
– Yo’q, albatta, ya’ni bunday deb o’ylamayman. Lekin agar hoziroq tanlash kerak bo’lsa, sen kelajakda nima ish qilgan bo’larding?
– Balki ota-onamning bulkaxonasida ishlarman.
– Agar kengroq tanlash imkoniyati bo’lganda, yana nima qilgan bo’larding?
– Men mesьe Shabrolь kabi do’xtir bo’lmoqchi edim, buning imkoniyati kamroq. Oyimning aytishicha, ishlar juda yomon, yaqinda mijozlar umuman qolmas emish. Supermarketda non sotilayotgandan beri, ota-onam zo’rg’a uchma-uch qilishyapti, ular tibbiyot fakulьtetiga men uchun pul to’lashlarini tasavvur qil!
Men Lyukning do’xtir bo’lmasligini bilar edim, shokoladli bulochka va kofeli ekler yegan kunimiz, uning kassada o’tirganini ko’rgan va bunga amin bo’lgan edim. Lyuk bizning shaharchamizda qolib ketadi, va o’qishiga to’lash uchun oilasi pul topolmaydi.
Bir tomondan, xursand bo’lish mumkin, chunki bulkaxona supermarket bilan bo’ladigan jangda omon qoladi – lekin u doktor bo’la olmaydi. Bu haqida aytishni istamadim, chunki xafa bo’lishi, hatto ruhi cho’kib ketishi mumkin, zotan tabiiy fanlar bo’yicha sinfimizda birinchi o’rinda turadi. Men unga bu sirni ochmadim – jim qoldim. Axir, men qayerni bosayotganimni ko’rishim, har bir qadamimni diqqat bilan kuzatishim kerak. Hatto bulutli kunda ham quyosh ko’rinishi mumkin. Yaxshi munosabatda bo’lgan odamlaring taqdirini bilish xursandchilik olib kelmaydi.
– Saylovlar haqida, nima qilmoqchisan?
Lekin mening boshimda boshqa savol aylanardi.
– Lyuk, gar sen odamlar nima haqida o’ylayotganini, yoki nimadan o’zlarini yomon sezayotganlarini bilib tursang, nima qilgan bo’larding?
– Xayollaringni qara-yu. Nega ekan? Bunaqa bo’lmaydi.
– Men bilaman, lekin shunaqa bir iqtidoring bo’lsa, sen undan qanday foydalangan bo’larding?
– Bilmayman, bunday iqtidor xursandchilik olib kelmaydi, begonalarning baxtsizligi menga o’tishidan qo’rqqan bo’lar edim.
– Qo’rqarmiding? Bor-yo’g’i shumi?
– Har oyning oxirida, ota-onam hisob-kitob qilayotganda, ularning tashvish tortayotganini ko’raman, o’zimni yomon his qilaman, lekin hech narsa qilolmayman. Agar dunyodagi barcha odamlarning baxtsizligini his qilsam-chi? Bu dahshat bo’lardi.
– Biror narsani o’zgartira olishingni tasavvur qil-chi?
– Balki o’zgartirarman. Bu suhbatdan zerikdim, kel yaxshisi saylovni o’ylaylik, kel birgalikda hal qilamiz.
– Lyuk, katta bo’lganingda shahar meri bo’lsang. Xohlarmiding?
Lyuk nafasini rostlab devorga suyandi. U menga diqqat bilan qaradi va uning tund qiyofasida keng tabassum yoyildi.
– Bu zo’r ish bo’lardi. Ota-onamga yoqardi, undan keyin men supermarketlarga non bo’limini ochishni ta’qiqlovchi qaror chiqargan bo’lardim. Yana, men ularga baliq savdosini ham ta’qiqlab qo’yardim, chunki eng yaqin do’stimning otasi bozorda shunday do’konda savdo qiladi va supermarket raqobati tufayli ahvoli yaxshi emasligini aytadi.
– Umuman supermarketlarni yopish haqida qonun chiqarishing mumkin.
– Agar men mer bo’lganimda, – dedi Lyuk yelkamga qoqib, – sen savdo vaziri bo’lasan.
Kechqurun oyimdan merlarda vazir lavozimi bor yoki yo’qligini so’rash kerak. Men Lyukning vaziri bo’lishdan bosh tortmayman, lekin bunday lavozim borligiga ozgina shubham bor. Maktab yo’lagida, darsga borayotib, tanaffusda ko’rinib qolgan quyosh hamma narsani joy-joyiga qo’ygani va Markesning soyasi o’z egasiga qaytganiga chin dildan umid qildim. Keyingi yorug’likda men o’z soyamni oyoqlarim ostida ko’rishim uchun duo qildim, lekin bir tomondan, g’alati bo’lib ko’rinsa ham, shunday xayollarim uchun uyaldim.
Matematika darsi endi boshlangan edi, birdan hovlida gumburlagan ovoz eshitildi. Oyna ham chil-chil sindi, o’qituvchi esa dahshatli ovoz bilan “Hamma yotib olsin!” deb baqirdi. U takrorlamasdan hamma pastga engashib oldi. O’lik sukunat. Mesьe Jerbьe birinchi bo’lib o’rnidan turdi va biror kishi yaralangan yoki yo’qligini so’radi. Uning yuzida qo’rquv ifodasi bor edi. Qo’rquvdan yig’layotgan va sochiga oyna siniqlari tushgan ikkita qizni demasa, hamma narsa joyida edi, lekin oynalar dahshatli ko’rinar va partalar ustidagi narsalar tushib ketgan edi. O’qituvchi shoshilinch ravishda bizni sinfdan olib chiqdi va saflanishimizni buyurdi. Uning o’zi oxirgi bo’lib chiqdi, boshda turish uchun yo’lak bo’ylab yugurdi. O’qituvchilar oldindan tayyorgarlik ko’rganga o’xshaydi, chunki boshqa sinflar ham xuddi shunday yo’l tutdi, yo’lak odamga to’lib ketdi, qo’ng’iroq esa butun kuchi bilan chalardi. Hovlida esa manzara yana ham g’aroyib edi. Deyarli barcha oynalar singan, qorovulxonadan esa quyuq tutun chiqayotgan edi.
– Xudoyim, axir bu gaz sisternasi-ku! – dedi, mesьe Jerbьe.
Xudoning nima aloqasi bor? Men uni qo’lida katta yondirgich bilan tasavvur qildim, chekmoqchi edi, olov xato ketdi. Bizga chekishning zarari haqida shunchalik ko’p uqtirishar ediki, men Xudoning chekishini ko’z oldimga keltira olmadim, balkim uning o’pkalariga endi zarar kelmas, axir u osmonda. Tutun haqiqatdan ham osmonga o’rlar, lekin bu shunchaki tasodif. Direktor xonimning ham hushi joyida emas, uchinchi marotaba o’qituvchilarga o’quvchilarni sanab chiqishni buyurdi, hovlida yugurar va tinmay: “Hamma shu yerda ekani aniqmi?” deb qaytarardi. Keyin birdan kimningdir ismi xayoliga kelar: “Matьe, kichkina Matьe shu yerdami? Ha, bu yerda!” – va xursand bo’lib ulgurmasdan yana kimdir esiga tushib qidirib qolar edi. Baxtimga, u meni eslamadi, saylov oldi meni kichkina deb ta’riflashi yetmay turuvdi.
Portlagan joyda ko’z ko’rmagan voqelar bo’lmoqda edi. Qasirlagan ovozlar, qorovulxonadan olov tillari balandga o’rmalar, men ularning soyasi tomda o’ynayotganini ko’rdim. O’z oldimda esa men boshqa soyani, Ivning soyasini ko’rdim, u go’yoki mening oldimga kelgan edi. Soya yaqinlashar, men esa uning meni qidirayotganini aniq his qilardim, butun kuchim bilan his qilardim. Direktor xonim va o’qituvchilar bolalarni sanash bilan band edilar, menga hech kim e’tibor bermayotgan edi, shuning uchun men to’g’ri qorovulxonaga, soya ergashtirib borayotgan tomonga qarab borardim. Qayerdadir o’t o’chiruvchi mashina ovozi eshitilar, lekin u hali uzoqda edi. Ivning soyasi hali ham meni ergashtirar, men to’g’ri tutun ichiga kirib ketdim, issiq kuchayar, yurish tobora qiyin bo’layotgan edi. Lekin men yurishim kerak edi: men nega soya meni ergashtirayotganini tushunganday bo’ldim. Olov tillari tomni yalay boshlaganida men qorovulxonaga yetib kelgan edim. Meni qo’rquv egallab olgan, lekin men baribir yurar edim. Nogahon men madam Shefferning ovozini eshitib qolgan edim. Madam meni baland ovozda chaqirar va orqamdan yugurib kelar edi. Aytish kerakki, madam Sheffer unchalik tez yugurmaydi. U mening ortimdan: “Darhol orqangga qayt!” deb baqirardi. Men quloq solib orqamga qaytishga xursand bo’lardim, albatta, biroq soyaning orqasidan borishim shart edi. Qorovulxonadagi issiqqa chidab bo’lmas edi. Men eshik tutqichiga qo’limni uzatgan edim, lekin shu payt Sheffer yelkamdan ushladi va orqaga tortdi. U menga teshib o’tuvchi nigoh tashlab turardi, lekin men ham o’z aytganimdan qaytmas edim. O’qituvchi mening qo’limdan tortar va turli jazolar bilan tahdid qilar, lekin men uning qo’lidan chiqib ketib, yana o’zimni qorovulxonaga urdim. U meni yana quvib yetib kelganini anglaganimda, butun kuchim bilan dedim:
– Qorovulni qutqarish kerak! U hovlida yo’q, u qorovulxonada, u bo’g’ilyapti!
Buni eshitgan madam Sheffer o’zi bo’g’ilib ketganday bo’ldi. U menga chetga chiqishimni aytdi va… Uning qilgan ishidan hayratda qoldim! Aslida madam Sheffer ozg’ingina ayol, lekin eshikni shunaqa kuch bilan tepdiki, eshik qulfi sochilib ketdi. Madam Sheffer qorovulxonaga yugurib kirdi va ikki daqiqadan keyin Ivning yelkasidan tutib, olib chiqayotgani ko’zga ko’rindi. Nihoyat men ham yordam berdim, shu payt jismoniy tarbiya o’qituvchisi ham yetib keldi, meni esa direktor xonim shimimdan tortib, shiyponga olib ketdi.
O’t o’chiruvchilar kelishdi. O’tni o’chirishdi, Ivni esa kasalxonaga olib ketishdi. Bizni xotirjam qilishdi: endi uning hayoti xavf ostida emas. Direktor xonim – g’alati xotin! – dam meni urishar, dam ko’zlarida yosh bilan meni siqib olib Ivni qutqarganimni, mendan boshqa hech kim u haqida o’ylamaganini, agar unga biror narsa bo’lganida o’zini kechirolmasligini aytardi. Hech yo’qsa, bittasida to’xtasa bo’lardi!
Bosh o’t o’chiruvchi meni chaqirdi. Faqat meni chaqirdi! Yo’talishimni iltimos qildi, og’zimni ochib qaradi, meni boshdan oyoq qarab chiqdi. Keyin yelkamga qattiq qoqib, katta bo’lganimda, agar istasam, uning brigadasida xizmat qilishim mumkinligini, bundan benihoya xursand bo’lishini aytdi. Shu paytda men direktor xonim bilan faqatgina oyim aloqada emasligini tushunib yetdim, oyim xuddi shunday qattiq qo’rqqan onalar bilan birga hovliga yugurib kirib keldi.
Hammani uy-uyiga javob berishdi, darslar tugagan deb hisoblandi. Keyingi jumada bir ovozdan meni sinf yetakchisi qilib saylashdi, faqat bir kishi menga ovoz bermadi: ahmoq Markes o’z-o’ziga ovoz bergan edi. Ovozlar sanalgandan keyin men Lyukning oldiga bordim. U hech narsa demadi, shunchaki tabassum qildi. O’sha ertalab uning oyog’idagi gipsni yechishgan edi, u menga oyog’ini ko’rsatdi, endi sog’lom, lekin shu oyog’i unisidan ko’ra biroz ingichka edi. Sisterna portlagandan bir hafta o’tib Iv maktabga qaytdi, lekin boshini qaroqchilarga o’xshab bog’lab olgan edi. Unga yarashib turar, go’yoki oldinlari xuddi shu narsa yetmay turgandek edi. Men bu haqida aytish yoki aytmaslikni bilmay turgan edim, keyinchalik dengiz qaroqchilari haqida bafurja gaplashganimizda aytishga qaror qildim.
Katta tanaffusda men oshxonadan hammadan oldin chiqdim, unchalik ovqatlanganim kelmadi. Iv hovli ichkarisida qorovulxonaga qarab turar, qorovulxonadan esa unchalik ko’p narsa qolmagan edi. Bir to’da kuygan taxtalarga egilib, u ehtiyotkorlik bilan birin-ketin olar edi. Men unga yaqinlashganimda u orqasiga qaramasdan dedi:
– Yaqinlashma, bu yer xavfli, sen yaralanishing mumkin.
Men hech qanday xavfni ko’rmayotgan edim, lekin unga qarshi borgim kelmadi. Men nariroqda to’xtadim. U mening borligimni bilar edi, lekin dastlab u menga e’tibor bermadi. Qiziq, u nimani qidirayotgan ekan? Bu xaroba uyumida biror narsa butun qolgani dargumon. U kuygan qandaydir to’rtburchak bir narsani oldi, uni tizzalariga qo’ydi va birdan yelkalari silkinib ketdi. U yig’lar edi, bundan mening kayfiyatim kuygan taxtadan ham badtar qorayib ketdi.
– Men senga bu yerda turma dedim!
Men esa joyimdan jilmadim. Ivning ko’rinishi baxtsiz edi, u meni quvayotgan bo’lsa ham, bir o’zini yolg’iz qo’yib bo’lmas edi. Do’stlar qaysi kunda kerak? Do’stlar teskarisini aytayotgan bo’lsa ham, aslida uning ko’nglida nima borligini bilish uchun ham kerak. Iv menga qaradi, uning ko’zlari qizargan edi. Yonoqlariga xuddi suv tekkan siyoh kabi ko’z yoshlari oqib tushar edi. U qo’lida kuyib qolgan eski daftarni ushlab turar edi.
– Bu yerda mening hayotim bor edi. Rasmlar, onamdan qolgan yagona xat, esdaliklar – hammasi shu sahifalarga yopishtirilgan edi. Hech narsa qolmadi, faqat kuli qolibdi.
Iv daftarni ochmoqchi bo’ldi, lekin uning muqovasi barmoqlari orasidan to’kilib ketdi. Men ketmay to’g’ri qilganim haqida o’yladim.
– Sizning boshingiz kuyib ketmadi, bularning bari boshingizda bor, eslash kifoya. Oyingizning xatlarini ham qayta yozish mumkin, rasmlarni ham qaytadan chizish mumkin, shunday emasmi?
Iv tabassum qildi. To’g’risi, men holatni kulgili emas deb hisoblar edim, lekin endi unchalik baxtsiz emasligini ko’rib xursand bo’ldim.
– Sen vahima ko’targaningni bilaman, – dedi u o’rnidan turib. – Sisterna portlaganda men biror narsani saqlab qolish uchun qorovulxonaga qarab yugurdim. Hali olov yo’q edi, lekin qalin tutun hamma narsani o’rab olgan edi. Men bu jahannamda besh daqiqaga ham bormadim. Men ko’zimni ocholmay qoldim, shunchalik achishar ediki, eshikning tutqichini topolmay qoldim. Havo yetmas edi, men vahimaga tushdim, nafasimni tutib turolmadim va hushimdan ketdim.
Birinchi marotaba menga yong’inning ichidagi holatni aytib berishayotgan edi, bu qiziqarli edi.
– Sen mening ichkarida ekanimni qayerdan bilding?
Uning ko’zlari shunchalik qayg’uli ediki, uni aldashni istamadim.
– Daftaringiz siz uchun shunchalik muhimmidi?
– Aytish kerakki, u men uchun hayotim bahosida bo’lishiga sal qoldi. Men sening oldingda to’lab bo’lmaydigan qarzdaman va sendan kechirim so’ramoqchiman. O’shanda, o’rindiqda, sen mening otam haqida aytib berganingda, men shaxsiy narsalarimni titkilagansan, deb hisobladim. Chunki men hech kimga bolaligim haqida aytib bermagan edim.
– Men daftaringiz borligini bilmagan ham edim.
– Sen mening savolimga javob bermading: tutundan bo’g’ilib yotganimni qayerdan bilding?
Men unga nima deb ham javob berardim? Soyasi kelganini aytarmidim? To’s-to’polon ichida hovli betoni bo’ylab, barcha soyalar ajralib chiqib mening oldimga kelganini aytib beramanmi? U menga olov yorug’ida ishoralar qilib ketidan ergashtirganini aytaymi? Qaysi katta odam bunga ishonadi?
Oldingi maktabimdagi bir sinfdoshimni haqiqatni aytgani uchun bir yil psixologga olib borishdi. Har chorshanba kuni, tushlikdan keyin, biz voleybol o’ynayotganimizda, yoki basseynda cho’milayotganimizda u o’z hayotini bir xolaga aytib berar, xola esa nuqul boshini silkitib “mmm”, “mmm” deb turardi. Hammasining sababi, bir kuni, shanba kuni uning bobosi tushlik qilayotgan mahalda uxlab qoldi, stolga boshi tushdi va shu bilan qaytib uyg’onmadi. O’shandan beri bobosi tunlari sinfdoshimning tushlariga kirar, go’yoki kechirim so’rar va tushlik mahali uzilib qolgan suhbatni tushida davom ettirar edi. Hech kim unga ishonmas edi, ertalab tushida bobosini ko’rganini aytib bersa, hamma unga dahshat bilan qarardi. Agar men soyalar bilan gaplashishimni aytsam, nimalar bo’lishini tasavvur qilavering. Yo’q, yaxshisi, psixologga qatnagandan ko’ra aldash, o’z aybiga iqror bo’lish, Ivga uning daftarini o’qiganimni, hatto ba’zi joylarini yoddan aytishim mumkinligini tan olish yaxshiroq edi. Iv mendan ko’z uzmayotgan edi. Men maktab soatiga ko’z qirimni tashlab qo’ydim – qo’ng’iroqqacha hali 20 daqiqa bor edi.
– Men sizning hovlida emasligingizni ko’rdim va tashvishlandim.
Iv uzun jim qoldi. U yo’tala boshladi, nafasini rostlagach, u qulog’imga yaqinlashdi va sekin aytdi:
– Men senga bir sirimni ishonsam bo’ladimi?
Men bosh silkitdim.
– Agar boshqalarga aytishga yuraging betlamaydigan biror narsa bo’lsa, menga aytishing mumkin, men seni hech qachon sotmayman. Endi bor, bolalar bilan o’yna.
Aytib berishimga sal qoldi. Balki, kattalarga aytib ozgina yengil tortgan bo’lardim, Ivga esa haqiqatdan ishonsa bo’lardi. Men uxlashdan oldin bu haqda o’ylashga qaror qildim, agar ertalab ham bu fikr shunday jozibali ko’rinsa haqiqatni aytishni o’ylab qo’ydim.
Men Lyukning oldiga bordim. Oyog’idan gips yechib olingandan keyin birinchi marotaba basketbol o’ynar edi. Lekin hali zaifligi uchun unga ko’mak kerak edi.
Sisterna portlagandan keyn hali quyoshli kun bo’lmagan edi. Oynalarni qo’yib chiqishdi, lekin sinf xonasi juda ham sovuq edi. Biz darsda palьtoda o’tirardik. Madam Sheffer to’qilgan shapkasini yechmasdi, o’qituvchi og’zini ochganida u yoqqa bu yoqqa boradigan shapka momig’i – pompon tufayli ingliz tili darsi ham juda qiziq bo’layotgan edi. Biz Lyuk bilan kulib yubormaslik uchun tilimizni tishlardik. Sug’urta kompaniyasi nima bo’lganini aniqladi, lekin bu uzoq ish – direktor xonimga yangi sisterna bergunlaricha qish ham o’tib ketadi. Ha mayli, madam Sheffer pomponli shapkada dars o’tib turadi.
Markes va mening munosabatlarim sovuq edi. Har safar, o’qituvchilar meni qandaydir qog’ozlar uchun kotibiyatga jo’natganlarida – bunday yumushlar sinf yetakchisiga topshiriladi – men orqamdan hushtak chalayotganlarini eshitardim. Men tushimda uning uyida bo’lganimdan keyin men undan xafa emasdim, va uning masxaralariga befarq bo’lib qoldim. Oyimdan keyingi shanbada dadam meni olib ketishini eshitganimdan keyin boshqa narsa haqida o’ylamay qo’ydim. Men baxtli edim, lekin oyimdan xavotirlanar edim. Oyimning kun bo’yi zerikib o’tirish meni qiynar edi, men uni yakka qo’yib ketayotganim uchun o’zimni aybdor his qilayotgan edim. Oyim ham yomon o’y-xayollarni o’qiydigan ko’rinadi, har holda mening xayollarimni biladi. Shu kecha men chiroqni o’chirganimdan keyin xonamga kirdi, karavotim chetiga o’tirdi va men dadam bilan ketganimda nima qilishini batafsil aytib berdi. Mening yo’qligimda u sartaroshga borar ekan. Bu narsani shunchalik quvonch bilan aytar edi-ki, axir men uchun sartaroshga borish – jazoga teng.
Endi, oyimdan xotirjam bo’lganimda, hafta oxirigacha qancha kam kun qolsa, darsga diqqatimni to’plash qiyin bo’layotgan edi. Men faqat dadam bilan kunni o’tkazishimni o’ylardim. Balki birga yashagan damlarimiz kabi pitstseriyaga borarmiz. O’zimni qo’limga olishim kerak, axir hali payshanba, jazolanmasam bo’ldi!
Juma kuni odatdagidan ko’ra bir soat ko’payib qolganga o’xshab ko’rindi. Xuddi qishda soatiga o’tilganida bir soat orttirilgani kabi. Shu bugun men har oltmish daqiqada qish soatiga o’tgandek bo’lib ko’rindim. Sinf taxtasi ustidagi soat millari shunchalik sekin yurardiki, oxirgi qo’ng’iroq bo’lishi kerak bo’lgan joyda birinchi qo’ng’iroq yangraganida go’yo Xudo atayin qilayotgandek bo’lib ko’rinardi. Ha, men kun bo’yi bizni kimdir ahmoq qilayotganiga ishonchim komil edi.
Men darsimni qildim – oyim bunga guvoh edi – tishlarimni tozalab, odatdagidan bir soat oldin uxlagani ketdim. Garchi uxlay olishimga ko’zim yetmasa ham, ertasiga yaxshi ko’rinishda bo’lishni istar edim. Oxiri uyqum keldi, lekin men baribir erta turdim.
Men o’rnimdan turdim, oyoq uchimda oshxonaga tushdim va oyimga nonushta tayyorladim – jilla qursa shu yo’l bilan uni kun bo’yi yolg’iz qoldirayotganim uchun kechirim so’ramoqchi bo’ldim. Keyin men kiyingani tepaga chiqdim. Bobomni hech kim uxlashiga xalaqit bermaydigan qabristonga kuzatganimda kiyganim – flanelь shimim va oq ko’ylagimni kiydim. Qabristonda har doim sukunat bo’ladi.
O’tgan yilgidan ancha o’sgan ekanman, shim ostidan paypoqlarim ko’rinib turardi. Dadam sotib olib bergan galstukni taqmoqchi bo’ldim, bu galstukni olib berganida, birinchi galstuk deb atagan edi. Lekin galstuk bog’ichini bog’lay olmadim va shunchaki bo’ynimga sharf kabi o’rab qo’ydim. Mayli, dadam baribir xursand bo’ladi, bu ko’rinish bilan shoirga ham o’xshab ketardim. Men frantsuz tili darsligida Bodlerni ko’rgan edim, u ham galstukni bog’lay olmas edi, lekin ayollar uni o’lguday yaxshi ko’rishar edi. Bleyzer biroz tor edi, lekin ular menga ajoyib yarashib turgan edi. Dadam bilan bozor aylansak yaxshi bo’lardi. Agar omadim chopsa, Elizabetni ko’rib qolarmiz, balki u ham oyisi bilan xaridga chiqar.
Vannaxonada oynaga qarab olgach, men mehmonxonaga tushdim va kuta boshladim. Biz bozorga bormadik. Dadam kelmadi. U kechirim so’rash uchun tushlikda telefon qildi. Oyimdan kechirim so’radi, chunki men gaplashishni xohlamadim. Oyim mendan ham ko’proq xafa bo’lganga o’xshab ko’rindi. U restoranga borishimiz mumkinligini aytdi, lekin men yeyishni istamas edim. Men kiyimimni almashtirdim, galstukni shkafga tiqib qo’ydim. Yaqin oylarda unchalik o’smaslikni istar edim, chunki dadam kelganida mening chiroyli kiyimim menga tor bo’lib qolishini istamas edim.
Yakshanba kuni kun bo’yi yomg’ir yog’di. Biz oyim bilan vaqtni o’tkazish uchun o’yin o’ynab o’tkazdik. Men unchalik o’ynashni ismaganimdan faqat oyimga yutqizib berdim.
Dushanba kuni men oshxonaga bormadim. Qaynatilgan mol go’shti va yashil no’xatli ovqatni jinim suymaydi. Dushanba kunlari esa faqat shunaqa ovqat berishadi. Uydan yashirincha nutellali sendvich tayyorlab oldim. Endi hovliga chiqib kashtan ostida shuni yeyishga hozirlandim. U yerda Iv bor edi, qorovulxonasi xarobalarini arvacha yuklayotgan ekan. U siniqlarni hovlining ichkarisiga, katta axlat baklariga olib borar, xotirasidan qolgan bo’laklarni axlatga ag’darardi. Meni ko’rgach, ko’rishgani keldi. Men ham qarshi emasdim, oxirgi ikki kun yolg’izlikni his qilgandim, har qanday muloqot shu payt meni quvontirardi. Men sendvichimni ikkiga bo’ldim va kichikroq bo’lagini unga taklif qildim. Rad etadi deb o’ylasam, u olib ishtaha bilan yeb qo’ydi.
– Sen o’zingga o’xshamayapsan. Biron nima bo’ldimi?
– Uyimda, chordoqda ko’p rasmlar bor, agar ularni olib kelsam, siz menga esdalik alьbom yasab bera olasizmi?
– Nega buni o’zing qilmayapsan?
– Gerbariy yasaganimda 20 baldan 4 ball oldim: hech ham yelimlay olmayman.
Iv kuldi va esdalik alьbomi yasashim uchun hali yoshlik qilishimni aytdi. Men unga ota-onamning rasmlari ekanini aytdim, ular men tug’ilgunimgacha suratga olingani, men eslay olmasligimni aytdim. Shuning uchun ham bu rasmlarni alьbomga yopishtirmoqchi ekanligimni, ularni esda qoldirish, ayniqsa dadamni yodimda saqlash uchun yopishtirish kerakligini aytdim. Iv xuddi oyimga o’xshab, oyim menga nima bo’lganini bilmoqchi bo’lgan paytlaridagidek jim qarab turdi. Keyin eng yaxshi esdaliklar hali oldinda ekanini va menga omad kulib boqqanini aytdi.
Kattalar har doim bolalik eng yaxshi davr ekanini aytishadi, lekin qasam ichib aytamanki, ba’zi kunlardagi, masalan o’tgan shanbadagi bolalik – jirkanch.
Mahalliy aholi bu yerlarda qish yomon ekanini, doimo tund osmon, dam olishsiz uch oy tinimsiz sovuq bo’lishini aytishadi. Men oldin ular bilan hamfikr edim, lekin har qanday quyosh nuri sen uchun xavf tug’diradigan bo’lsa, istar-istamas qishi qattiq bo’lgan bu o’lkalarni yaxshi ko’rib qolasan. Hamma balo shundaki, ertami-kechmi, albatta bahor keladi.
Mart oyining oxirgi kunlari bitta ham bulutsiz ko’m-ko’k osmonda quyosh paydo bo’ldi. Men maktabga borar edim, va mening buyuk quvonchimga ko’ra, oldimdagi soya o’zimniki edi shekilli.
Men bulkaxona yonida to’xtadim, har doimgidek Lyukni kutdim. Uning oyisi men bilan peshtaxta ortidan so’rashdi. Men ham javoban qo’limni silkidim, Lyuk hali chiqmagani uchun yo’lakda sodir bo’layotgan voqeani diqqat bilan ko’rdim. Shubham yo’q edi, mening soyam qaytgan edi. Men hatto peshanamdagi kokillarimni ham taradim, maktabga ketishimdan oldin oyim har doim tarashga harakat qilar, dadangga o’xshagan boshingda bug’doy boshoqlari o’syapti, derdi. Balki, aynan shuning uchun bu sochlar har ertalab oyimga tinchlik bermayotgandir.
Mening soyam menga qaytibdi – ajoyib yangilik! Endi uni qayta yo’qotmaslik uchun e’tiborli bo’lishim, eng asosiysi – boshqaning soyasini ilakishtirib olmaslik lozim. Lyuk haq, boshqalarning baxtsizligi yuquvchan bo’ladi, shuning uchun butun qish bo’yi mazam bo’lmadi.
– Yana qancha oyoqlaringni tomosha qilmoqchisan? – deb so’radi Lyuk.
Men uning kelganini bilmay qolibman. U mening yelkamga qoqdi va qo’limdan tortdi:
– Tezroq yur, kech qolamiz.
Bahor kelishi bilan g’alati narsalar bo’ladi. Qizlar soch turmagini o’zgartiradi, oldin men buning farqiga bormagan ekanman, endi esa maktab hovlisida Elizabetni ko’rdim va aniq angladim. U ot dumiga o’xshagan turmagini o’zgartiribdi, endi sochlari yelkasiga tushib turardi. Bu holatda u yana ham chiroyli ko’rinar, o’zim ham bilmayman, lekin bundan mening yuragimga huzun cho’kdi. Balki u menga hech qaramasligini bilgandirman. Men sinf yetakchiligida qozondim, Markes esa Elizabetning qalbini zabt etib ulgurdi. Men esa buning qanday sodir bo’lganini bilmay qoldim. Ha, men soyalar bilan bog’liq ahmoqona kechinmalarim bilan band edim, ular esa men birinchi partada o’tirganimda, sekingina mening orqamda yaqinlashishga ulgurishibdi. Men Elizabetning mohirona usulini payqamay qolibman, u har haftada yo’lini topib, dastlab Annaning oldiga o’tirdi, keyin Zoyaning, shunday qilib asta-sekin o’z maqsadiga erishibdi. Men bahorning birinchi kunida uni yelkalariga sochi tushgan holda, basketbolda muvaffaqiyat qozonayotgan Markesga ko’m-ko’k ko’zlarini qadaganida bularning barchasini anglab qoldim. Keyinroq men uning kafti uning qo’liga qo’yilganini, uning qo’llari qattiq siqilganini, hatto tirnoqlar teriga chuqur botganini ko’rdim. Shu bilan birgalikda, uni shunchalik baxtli ko’rganimda men bilan g’alati narsalar sodir bo’lar, ko’krak qafasimda nimanidir yoyilgandek bo’lardi. Muhabbat – bu ajoyib va huzunli bir narsa bo’lsa kerak.
Mening yonimga o’rindiqqa Iv kelib o’tirdi.
– Nimaga bu yerda bitta o’zing o’tiribsan, nega hamma bilan o’ynamayapsan?
– Men o’ylayapman.
– Nimani?
– Nimaga sevish kerak, shu haqda.
– Bu savolingga aynan men javob bera olishimga ko’zim yetmayapti.
– Hechqisi yo’q. Men ham shu savolni nega aynan men berishim kerakligiga shubhalanyapman.
– Sen sevib qoldingmi?
– Hammasi tugadi, hayotim sevgilisi boshqani sevadi.
Iv labini tishladi va bu mening jahlimni chiqardi. Men o’rnimdan turib ketmoqchi edim, lekin u meni ushlab qoldi.
– To’xta, biz hali tugatmadik.
– Nima haqda gaplashamiz?
– U haqida, nima haqida bo’lardi?
– Muvaffaqiyat qozonmasligim tayin edi, men buni bilardim, lekin men baribir yaxshi ko’rdim va qo’limdan hech narsa kelmadi.
– Kim u?
– Hu, ana, katta bolaning qo’lini ushlab turibdi, ana, basketbol savati oldida.
Iv Elizabetni ko’rdi va boshini silkidi:
– Men seni tushunaman, chiroyli ekan.
– Mening bo’yim yetmadi.
– Gap bo’yda emas, sen uni Markes bilan ko’rganingda iching og’riydimi?
– Siz nima deb o’ylaysiz?
– Seni baxtli qilishi mumkin bo’lgan qiz umr yo’ldoshing bo’lsa yaxshi emasmi?
Bu masalani bu qirradan ko’rib chiqmagan edim. Albatta, bu o’rinda o’ylab ko’rilishi kerak bo’lgan qirralar bor edi.
– Balki u hayoting sevgilisi emasdir?
– Balkim, – dedim men uh tortib.
– Sen biror marotaba istagan narsalaring ro’yxatini tuzganmisan?
Bunday ro’yxatni men allaqachon yozib turgandim. Har yili 22 dekabrda bunday ro’yxatni men hali Qorboboga ishonib yurgan paytlarim jo’natib turardim. Dadam meni ko’cha oxiridagi pochta qutisigacha olib borar, men xatni tirqishga tashlashim uchun ko’tarib turardi. Bu yerda qalloblik borligini men fahmlasam bo’lardi, axir konvertda na manzil, na marka bor edi. Men kun kelib dadam bizni tashlab ketishini fahmlasam bo’lardi. Kichkina yolg’ondan boshlaysan, keyin esa o’zingni to’xtata olmaysan. Ha, men olti yil oldin bunday ro’yxat tuzishni boshlagan va har yili uni to’ldirib, to’g’rilab turardim. O’t o’chiruvchi, veterinar, astronavt, savdo flotining kapitani bo’lish, Lyukning oilasi kabi baxtli yashash uchun bulochkachi bo’lish – bularning hammasini men istardim. Elektr poyezdi, samolyot modeliga ega bo’lish, shanba kunlari dadam bilan pitstseriyaga borish, hayotda muvaffaqiyat qozonib, oyimni yashab turgan shaharchamizdan uzoq-uzoqlarga olib ketish. Qariganida yaxshi yashashi uchun oyimga uy sovg’a qilsam, oyim boshqa ishlamasa, chunki oqshomlari juda charchab keladi, uning yuzidagi mahzunlikni ko’rganimda Markes och biqinimga bitta tushirgan kabi qornim burab qoladi.
– Men sendan bir narsani iltimos qilmoqchiman, – davom etdi Iv, – sen men uchun bir narsa qilishing kerak. Bu narsa meni quvontirgan bo’lardi.
Men davomini kutib uning yuziga qaradim: uni nima bilan xursand qilishim mumkin edi?
– Sen men uchun yana bitta ro’yxat tuza olasanmi?
– Qanaqa ro’yxat?
– Sen hech qachon qilishni istamagan narsalar ro’yxati.
– Masalan?
– Bilmayman, o’zing o’ylab ko’r. Kattalarda eng yomon ko’rgan narsang nima?
– Ularning “Katta bo’lganingda bilasan!” deyishlari.
– Mana, sen shuni katta bo’lganingda hech qachon aytmaydigan gaping sifatida ro’yxatga kirit. Yana biron narsa aqlingga keldimi?
– O’g’limga shanba kuni pitstseriyaga borishni va’da qilib, so’ngra va’damning ustidan turmaslik.
– Ha, shunday ro’yxatga kirit: “O’g’limga bergan va’damning ustidan chiqmaslik”. Endi g’oyani tushundingmi?
– Tushundim shekilli.
– Ro’yxat to’la bo’lganidan keyin uni yodlab ol.
– Nega?
– Qattiq yodda tutish uchun!
Shu so’zlar bilan Iv tirsagi bilan biqinimga turtdi. Men bu ro’yxatni tuzishga va muhokama qilish uchun ko’rsatishga so’z berdim.
– Bilasanmi, – qo’shimcha qildi u men turganimda, – Elizabet bilan hali hech narsa tugamagandir. Ikki kishining uchrashuvi – bu ba’zan vaqt masalasi ham. Kerakli vaqtda bir-birini topish.
Men Iv bilan xayrlashib, sinfxonamga kirib ketdim. Kechqurun uydaligimda bir varaq qog’oz oldim, uni matematika daftari ustiga qo’ydim, oyim oshxonani yig’ishtirgani ketganida men yangi ro’yxat tuza boshladim. Uxlayotganimda ham Iv bilan bo’lgan suhbatimizni esladim. Men va Elizabet uchun bu yil qulay vaqt emas shekilli.
O’quv yili boshlanishi bilan turli savollar qurshovida qoldim. Katta bo’lgan sari bu savollar turli-tuman bo’lib, ko’payib qoladi. Elizabet bilan bo’lgan masalada, men qoniqarli javob topganday bo’ldim, lekin soyalar masalasi butkul qorong’ulik ichida edi. Nega bu aynan men bilan sodir bo’ldi? Ular bilan faqat men gaplasha olamanmi? Kimningdir soyasi bilan yana to’qnashadigan bo’lsam, nima qilmog’im kerak?
Har ertalab maktabga ketishdan oldin men ob-havo ma’lumotini eshitardim. Oyim hayron qolmasligi uchun men tabiiy fanlar o’qituvchisiga butun olam isish muammosi haqida ma’ruza tayyorlashimni aytdim, o’qituvchi mamnun bo’ldi. Oyim ham menga yordam berishga oshiqib, gazetalardagi ob-havo ma’lumotlarini qirqib olardi. Oqshomda gazeta parchalarini menga o’qib berar va biz katta daftarga bu parchalarni yopishtirib chiqardik. Oyim daftarni supermarketdan sotib olmoqchi bo’ldi, lekin men cherkov maydonidagi qog’oz do’koniga borishni maslahat berdim. Ob-havoni aytadigan xonim hafta oxirida, shanbadan yakshanbaga o’tar kechasida to’lin oyni va’da qildi.
Bu ma’lumot meni chuqur o’yga toldirdi. Gamletni yaratganning qarindoshi kabi o’rtog’im Lyuk iborasi bilan, harakat qilsammikan yoki qilmasammikan?
Yaxshi havo bo’lgan kunlarda, hovli quyosh nuriga to’lgan paytda men bolalar yonida uzoq qolmaslikka, soyalarni tutashtirmaslikka harakat qilardim. Shu bilan birga menda nimanidir, muhim narsani qo’ldan chiqarayotganim hissi paydo bo’lgan edi. Axir maktabimdagi gaz sisternasini Xudo bekorga portlatdimi, go’yo u: “Men sendan ko’zimni uzmayapman, xuddi hech narsa bo’lmayotgandek yashashing uchun senga bu iqtidorni bermadim”, deyotgandek bo’lardi.
O’sha payshanba men shular haqida o’ylayotganimda Iv mening oldimga, o’rindiqqa kelib o’tirdi.
– Xo’sh, alьbom ishi qanday ketyapti?
– Hozir sal vaqtim ozroq, men ma’ruza tayyorlayapman. Ivning soyasi menikiga juda yaqin turardi.
– Men esa sen maslahat berganing ishni qildim.
Men Ivga nima maslahat berganimni butkul unutgan edim.
– Men oyimning maktubini qayta ko’chirdim, to’g’ri, so’zma-so’z ko’chira olmadim, lekin asosini jonlantira oldim. Bilasanmi, bu juda yaxshi fikr edi. Dastxat uniki emas, albatta, biroq men bu maktublarni oldingi hissiyotlar bilan o’qiyman.
– Sizning oyingiz bu xatlarda nima haqda yozgan edilar? Yoki bu nokamtarona savol bo’ldimi?
Iv javob berishdan oldin jim qoldi va keyin sekin aytdi:
– Meni yaxshi ko’rishi haqida yozgan.
– Ha, unda ko’p yozmagan bo’lsangiz kerak.
U shivirlab gapirgani uchun egildim. O’zim ham soyalarimiz tutashganini sezmay qoldim. Shu payt kashf etgan narsamdan o’zim ham shoshib qoldim. Oyisining maktublari yo’q edi. Qorovulxonada kuygan alьbom sahifalarida Ivning oyisiga yozgan maktublari bor edi. Ivning oyisi uni tug’ayotgan paytda, u hali o’qishni bilmagan davrda vafot etgan ekan. Buni anglaganimda ko’zlarimga yosh qalqidi. Onasining erta vafot etganidan emas, balki uning yolg’onidan ko’zimga yosh keldi. Hech qachon bilmagan onasiga xat yozish uchun qanchalik insonning ahvoli yomon bo’lishi kerak! Uning hayoti xuddi chuqur, tubsiz quduqqa o’xshar, bu quduq qayg’u va hasrat qudug’i edi, bu hasratni olib tashlashning iloji yo’q, Iv mavjud bo’lmagan xatlarni yaratib bu hasrat qudug’ining og’zini yopib qo’yishga harakat qilardi. Bularning barchasini uning soyasi qulog’imga shivirlab aytdi. Men darsga tayyorlanishim kerakligini, keyingi tanaffusda albatta kelishimni aytib qochdim. Galereyagacha yugurib borib men o’zimni qo’rqoqlarday tutganimni angladim. Madam Sheffer darsida men uyat hissi bilan o’tirdim, lekin qorovul do’stimga va’da berganimdek qaytib borishga ham o’zimda kuch topa olmadim.
Uyda oyim kechqurun televizorda Amazonka o’rmonlarining kesilishi xususida hujjatli filьm namoyish qilinishi haqida aytib qoldi. Oyim divanda televizor oldida yeyish uchun patnisda ovqat olib keldi. Meni ham televizor oldida o’tirg’izib, daftar va qalam tutqazdi. Jinni bo’lib qolish mumkin, insoniyat pulni yaxshi ko’rgani uchun qancha hayvon qochishga va o’lishga mahkum! Biz braziliyalik dangasalar (lenivets) nobud bo’layotganini kuzatib turarkanmiz – bu hayvon menga juda yaqin kabi edi – oyim tovuqni kesar edi. Ko’rsatuv o’rtasida tovuq suyaklariga qarab, imkon boricha vegetarian bo’lishga qaror berdim. Ekrandagi sharhlovchi evapotranspiratsiya tamoyilini tushuntirib berdi – bu oddiy ekan. Daraxt ostidagi yer xuddi sochimiz orasidagi teri kabi terlaydi. Sayyoraning teri bug’lanib tepaga chiqar va bulutni hosil qilar ekan. Bulutlar shishib, daraxtlarning o’sishi va ko’payishi uchun zarur bo’lgan yomg’ir yog’adi. Tan olish kerakki, tizim yomon o’ylanmagan. Tabiiyki, yer kallaklanganda ter hosil bo’lmaydi, demak bulut ham bo’lmaydi. Bulutsiz olamda yashashni, ayniqsa mening yashashimni tasavvur qiling! Hayot ba’zan biz bilan hazillashib qo’yadi. Men yolg’ondakam ma’ruza tayyorlagan edim, bu mavzu menga qanchalik tegishini tasavvur ham qilmagan edim. Oyim uxlab qoldi; men tekshirish uchun televizor ovozini balandlatdim – oyim qattiq uxlab qolgan edi. Yana charchatadigan kun bo’lgan shekilli. Uni bu ahvolda ko’rish men uchun og’ir edi. Uni uyg’otish kerak emas edi. Men televizor ovozini pasaytirib chordoqka ko’tarildim. O’tgan safardagi kabi men oynaga orqamni qilib, mushtlarimni qisib turdim. Mening yuragim qo’rquvdan minutiga o’ntacha ura boshladi. Roppa-rosa soat 22 da soya paydo bo’ldi. Boshda chordoq polida qalam chizig’iday zo’rg’a seziladigan edi. Turib-turib qalinlashdi. Men qotib qolgan edim – nimadir qilmoqchi edim – lekin barmog’imni ham qimirlata olmas edim. Mening soyam ham qimirlamay turishi kerak edi, lekin u harakatlanar, mening qo’llarim tushgan mahalda u qo’lini ko’tardi. Soyaning boshi o’ngga, chapga, yonga burildi, ishonasizmi-yo’qmi, hatto menga tilini ko’rsatdi.
Ha! Bir vaqtning o’zida ham kulish, ham qo’rqish mumkin, bular bir-biriga mos emas deb o’ylamang. Soya mening oyoqlarim ostiga cho’zildi va polda sochilgan kartonchalarda ajoyib siniqlar hosil qildi. U jomadonlar orasida sirg’aldi, qo’li qandaydir qog’oz qutiga yaslandi, go’yoki soya bu qutiga tiranib turardi.
– Sen kimning soyasisan? – shivirladim men.
– Seniki, kimniki bo’lardi? Men sening soyangman.
– Isbotla!
– Mana shu qutini och, o’zing ko’rasan. Men sen uchun sovg’a tayyorlab qo’ydim.
Men uch qadam yurdim va soya chekindi.
– Tepadagini emas, sen uni ochgansan, uning ostidagisini ol.
Men bo’ysundim. Birinchi qutini polga qo’ydim va ikkinchisini ochdim. Quti men oldin hech qachon ko’rmagan rasmlarga to’la edi. Ularda mening tug’ilgan kunim muhrlangan edi. Men katta bujmaygan bodringga o’xshardim, faqa unchalik yashil emas, va ko’zlarim bor edi. Men sovg’ani xushlamadim demaymanu, lekin rasmlardagi o’zimni yoqtirmadim.
– Keyingi rasmga qara! – buyurdi soya.
Dadam meni ko’tarib turar, uning ko’zlari menga qadalgan va tabassum qilardi. Men uning bunday tabassumini hech qachon ko’rmagan edim. Men uning yuzini yaxshiroq ko’rish uchun oynaga yaqin bordim. Uning ko’zlari oyimga uylangan kunidagi kabi porlar edi.
– Ko’rdingmi, – shivirladi soya, u seni tug’ilganingdayoq yaxshi ko’rgan. Balki buni ifodalash uchun hech qachon so’z topolmagandir, lekin bu rasm sen eshitmoqchi bo’lgan barcha chiroyli so’zlardan ustun turadi.
Men rasmlarni tomosha qilardim, dadam qo’lida o’zimni ko’rish juda ham yoqimli edi. Men bu rasm bilan ajralmaslik uchun pijamam cho’ntagiga solib qo’ydim.
– Ana endi o’tir, gaplashib olish kerak.
Men polga chordana qurib o’tirdim. Soya ham xuddi shu tarzda mening ro’paramga o’tirdi. Meng u orqasini qilib o’tirgandek ko’rindi, lekin bu shunchaki oy shu’lasining o’yini edi.
– Senda nodir qobiliyat bor, garchi bu seni qo’rqitsa ham, sen bundan foydalanishing kerak.
– Nega?
– Bu rasmni ko’rib baxtli bo’lding, to’g’rimi?
Men “baxtli” edimmi-yo’qmi, bilolmadim, lekin meni ko’tarib turgan dadamning rasmi menga xotirjamlik berdi. Men yelkalarimni qisdim. Agar u ketganidan keyin o’zini bildirmagan bo’lsa, demak bunga imkoniyati bo’lmagan. Bunday sevgi izsiz yo’qolishi mumkin emas. U albatta meni yaxshi ko’radi.
– Aynan shunday, – davom etdi soya, xuddi mening xayollarimni o’qigan kabi. – O’g’irlagan soyang uchun hayotini yorituvchi, xotiralaridagi yashirin bir parchani, ozgina yorug’likni top, – biz buni sendan iltimos qilamiz.
– Biz?
– Biz, soyalar, – shivirladi u.
– Sen haqiqatdan ham menikimisan? – so’radim men.
– Seniki, Ivniki, Lyukniki, Markesniki – qanday farqi bor? Aytaylik, men sinf yetakchisiga o’xshab vakilman.
Men tabassum qildim: u nimani nazarda tutayotgani menga ayon edi. Kimningdir qo’li mening yelkamga tushdi va men baqirib yubordim. O’girilib oyimning yuzini ko’rdim.
– Sen o’zingning soyang bilan gaplashyapsanmi, azizim?
Bir lahza men oyim hamma narsani tushundi, men bilan nima sodir bo’lganini biladi, deb o’yladim, lekin u menga muloyim va mehrli qarab turardi. Yo’q, bunday narsalarni bilish unga nasib qilmagan. U shunchaki chordoqda mening ovozimni eshitgan va bu safar psixologga to’qnashishimga sal qoldi.
Oyim meni mahkam quchoqladi.
– Sen o’zingni yolg’iz his qilyapsanmi?
– Yo’q, to’g’risi, yo’q, – dedim men uni tinchlantirish uchun, – men shunchaki o’ynayotgandim.
Oyim oynaga yaqin borib, yuzini shishaga yaqinlashtirdi.
– Bu yerdan chiroyli manzara ko’rinar ekan. Men qachondan buyon chordoqka ko’tarilmagan edim. Kel bu yoqqa, mening yonimda o’tir, soyang bilan nimani gaplashding, shuni aytib ber. O’girilib, polda oyimning soyasi mening soyam yonida uzayganini ko’rdim. Shunda men ham o’z navbatida oyimni mahkam quchoqladim va imkoni boricha ko’proq mehr berishga harakat qildim.
“U sening uchun ketib qolmadi, azizim. U boshqa ayolni sevib qoldi…va men hech narsa qila olmadim”.
Qaysi bola bunday e’tirofdan xursand bo’ladi? Oyim menga buni aytmadi, buni uning soyasi qulog’imga shivirladi. O’ylaymanki, soya dadamning ketib qolishida o’zimni ayblamasligimni istadi. Men soyalar mendan nima istashini bilib oldim, endi bu tasavvur masalasi edi, tasavvur esa menda oshib toshib ketgan edi. Oyimga egilib, menga yordam berishini sekin so’radim.
– Menga maktub yozasizmi?
– Maktub? Qanaqa maktub? – hayratlandi oyim.
– Tasavvur qiling, men sizning qorningizda bo’lsam, meni qanchalik yaxshi ko’rishingizni aytgingiz keldi. Biz gaplasha olmagan paytimizda buni qanday amalga oshirgan bo’lardingiz?
– Lekin men buni sen tug’ilguncha hamma vaqt aytganman.
– Ha, lekin men buni eshitmaganman.
– Bola ona qornidayoq hamma narsani eshitadi, deyishadi.
– Kim o’ylab topganini bilmayman, lekin men hech narsani eslolmayman.
Oyim menga qiziq qaradi.
– Sen nima demoqchisan?
– Tasavvur qiling, nimani his qilayotganingizni menga aytgingiz keldi, bu narsani xotiramda saqlab qolishim uchun keyinroq, tug’ilganimdan keyin o’qib beriladigan maktub yozish fikri kelib qoldi. Bu xatda, masalan, katta bo’lganimda qanday qilib baxtli bo’lishim mumkinligi qabilida maslahat berish mumkin bo’lar.
– Bu maktubni hozir yozishimni istayapsanmi?
– Ha, aynan shuni xohlayapman, lekin hali farzand kutayotganingizni tasavvur qiling. Men qorningizda bo’lganimda menga ism qo’yganmidingiz?
– Yo’q, biz axir sening qiz yoki o’g’il bola bo’lishingni bilmas edik. Tug’ilganingda ism tanlaganmiz.
– Mayli, unda ismsiz yozing. Bu hatto haqiqatga yaqinroq bo’lar.
– Bunday fikrlar senga qayerdan keladi? – chuqur nafas oldi oyim va meni o’pib qo’ydi.
– Axir men tasavvurga boyman! Mening aytganimni qilasizmi?
– Xo’p, yozaman maktubni, bugunoq boshlayman. Endi boraqol, uxlashing kerak.
Men rejam oxirigacha ish berishiga umid qilib uxladim. Agar oyim va’dasida tursa, birinchi partiyani yutgan hisoblanaman.
Ertalab ko’zimni ochganimda men karavot yonidagi tumbochkada oyimning xatini ko’rdim, lampaga esa dadamning rasmi tirab qo’yilgan edi. Yarim yil ichida birinchi marotaba mening xonamida uchalamiz yig’ildik. Onamning maktubi dunyodagi eng yaxshi maktub bo’ldi. Men bu maktub menga bag’ishlanganini va u men bilan doim birga qolishini bilardim. Lekin men muhim vazifani bajarishim va buning uchun kim bilandir buni bo’lishishim kerak edi. Agar o’z sirimni ochganimda oyim tushungan bo’lardi. Men maktubni jildimga yashirdim va maktabga borishda kitob do’koniga kirdim. Men u yerda bir haftalik jamg’armamni juda chiroyli qog’oz varag’iga sarfladim, maktubni sotuvchiga berdim, va biz yangigina kseroksdan nusxa chiqardik. Ishimiz ajoyib bo’ldi, go’yoki bu oyimning xati va uning soyasi edi. Asl xatni men o’zimda qoldirdim.
Katta tanaffusda axlat qutilarini yonida aylanib qidirib yurgan narsamni topdim: Ivning qorovulxonasidan chala yongan o’tin bo’lagi. Rejamning ikkinchi qismini amalga oshirish uchun yetarli darajada kul bor edi. Men oshxonadan olgan salfetkamga uni o’radim va jildimga yashirib qo’ydim.
Madam Anrining tarix darsida, Kleopatra Yuliy Sezarning boshini aylantirayotgan paytda, men yashirincha kuygan taxtani oldim va bir joyida aylana qilib, bir joyida uzun chiziqlar tarzida xat nusxasiga kul sura boshladim. Madam Anri buni sezgan shekilli, Kleopatrani yarim so’zida qoldirib, mening oldimga keldi. Men shoshilib qog’ozni g’ijimladim va penaldan qalamni oldim.
– Qo’lingda nima borligini bilsam bo’ladimi?
– Ruchkamning rangi oqib ketdi madam, – ikkilanmasdan dedim men.
– Juda qiziq, ruchkang ko’k rangda, sen esa qora dog’larga bo’yalgansan. Yaxshi ruchka topganingdan keyin menga “Tarix darsida rasm chizilmaydi” jumlasini 100 marta yozib berasan. Endi borib qo’lingni va yuzingni yuvib, darhol orqangga qayt.
Men eshikka borgunimcha sinfdoshlarim kulaverib qornini ushlab qoldi. Sinfdoshlar do’stligi shunaqa bo’ladi!
Hojatxona oynasiga qarab, men qanday qo’lga tushganimni anglab qoldim. O’zim bilmagan holda qo’limni peshanamga tekkizganga o’xshayman, endi xuddi ko’mirchidek edim.
Partamga qaytib kelganimda men shuncha qilgan ishim bekorga ketganidan qo’rqib qog’ozni tekisladim. Yo’q, g’ijimlangan holda u xuddi men istagan kabi ko’rinar edi. Qo’ng’iroqqacha ozgina vaqt qolgan, men rejamning uchinchi, oxirgi qismini amalga oshirishim kerak edi. Ertasi kuni men ataylab qorovulxona xarobalari orasiga yashirib qo’ygan qog’ozim yo’qolib qoldi. Men rejam ish berganiga umid qildim. Lekin buning tasdig’ini ko’rishim uchun yana bir hafta kutishimga to’g’ri keldi. Keyingi haftasi men sevgan o’rindig’imda Lyuk bilan gaplashib turganimda bizning oldimizga Iv keldi va o’rtog’imdan bizni xoli qoldirishimizni so’radi. Uning o’rniga o’tirib Iv uzoq jim qoldi.
– Men direktor xonimga ariza qoldirdim, – dedi u oxiri, – hafta oxirida ketaman. Bu haqda o’zim senga xabar bermoqchi edim.
– Ketasizmi? Nega?
– Buning tarixi uzun. Mening yoshimda endi maktabni tark etish kerak, to’g’rimi? Aytaylik, shu yillar men o’tmishim bilan yashadim, bolalagim asiri bo’ldim. Men ko’p narsaning hissasini chiqarishim, haqiqiy hayot qurishim va oxir-oqibat baxtli bo’lishim kerak.
– Tushunaman, – sekin dedim men, – men sizni sog’inaman, siz bilan do’stlashish menga yoqadi.
– Men ham seni sog’inaman, balki biror kun hali ko’risharmiz.
– Balkim. Endi nima qilmoqchisiz?
– Baxtimni sinab ko’rmoqchiman. Eski bir orzuimni amalga oshirmoqchiman, bergan va’damning ustidan chiqmoqchiman. Senga aytaymi, faqat buni hech kimga aytmaysan. Qasam ichasanmi?
– Qasam ichaman! – men yerga tufladim.
Iv qulog’imga sirini aytdi. Lekin bu sir, buni aytmayman. Men so’zimning ustidan chiqa olaman. Biz bir-birimizning qo’limizni siqdik va hozir xayrlashishga kelishdik. Juma kuni juda ham g’amgin kun bo’ladi, boshqa ko’rishmasligimiz haqidagi fikrga ko’nikishimiz uchun yana bir necha kunimiz bor.
Uyda men chordoqga ko’tarildim va oyimning xatlarini qayta o’qidim. Balkim bu xatning asosiy joyi, oyimning eng katta orzusi – mening haqiqiy inson bo’lib o’sishim, meni baxtli qiluvchi bir kasb egasi bo’lishim haqida yozgan joyidir, balkim bu jumla: “Sening sevishingni va sevilishingi istayman, shunda, buni bil, men sendan kutgan umidimni oqlagan bo’lasan”.
Ha, balki bu jumlalar Ivni bolaligiga bog’lab turgan zanjirlardan xalos qilgan bo’lishi mumkin.
Qandaydir muddat men oyimning xatini u bilan bo’lishganimga pushaymon bo’lib yurdim, bu xat badaliga do’stimni yo’qotdim.
Direktor xonim va o’qituvchilar Iv sharafiga kichkina bayram uyushtirishdi. Tantana maktab oshxonasida amalga oshdi. Iv men o’ylaganimdan ham mashhurroq ekan, barcha o’quvchilarning ota-onalari u bilan xayrlashgani keldilar, nazarimda bu narsa uni hayajonga soldi. Men oyimga: “Yuring, ketaylik”, dedim. Ivning ketishini yolg’izlikda hazm qilmoqchi edim.
Oqshom oysiz edi, chordoqqa chiqish ma’nisiz edi. Biroq, uxlay deganimda, xonamdagi pardalar burmasidan Iv soyasining “Rahmat” degan pichirlashini eshitdim.
Iv ketganidan beri men qorovulxona xarobalariga bormay qo’ydim. Men joylarning ham soyasi borligini tushundim. Agar haddan tashqari yaqin borsangiz, xotiralar u yerda aylanadi va huzun keltiradi. Do’stdan ajrashish oson emas. Maktabni o’zgartirganimdan keyin men bunga ko’nikishim kerak edi, biroq yo’q, har safar bir xil, sen yo’qotgan inson bilan sening bir qisming ham ketadi, axir do’stlik – xuddi sevgiga o’xshaydi. Yaxshisi hech kimga bog’lanib qolmaslik kera, bu juda ham xavfli.
Lyuk mening ma’yusligimni ko’rardi. Har oqshom, maktabdan qaytayotganimda u meni uyiga taklif qilardi. Biz birgalikda dars qilardik, matematika masalalari va tarix darsi takrori o’rtasida o’zimizni-o’zimiz kofeli ekler bilan xursand qilardik.
Chorak tugayotgandi. Endi men qayerni bosayotganimga diqqat qilardim: o’z iqtidorimni ishga solishdan oldin men kuch to’plab olishim kerak edi. Men undan to’g’ri foydalanishni o’rganib oldim.
Iyunь oxirlab qolayotgan edi. Ta’tilgacha soyamni o’zimda saqlab turishga muvaffaq bo’ldim.
Oyim mukofotlash marosimiga kela olmadi, o’sha kuni navbatchilikda ekan, hamkasblaridan hech kim bilan navbat almashtira olmaganidan qattiq xafa bo’ldi. Ammo men siqiladigan hech narsa yo’qligini, kelasi yil ham marosim bo’lishini, o’sha paytda balkim kela olishini aytib tinchlantirdim.
Sahnaga chiqarkanman, men ota-onalar o’tirgan tribunaga dadamni ko’rish umidida zimdan qarardim, balki boshqa otalar qatorida menga syurpriz qilish maqsadida kelib o’tirgan bo’lsa? Balkim, u ham navbatchilik qilayotgandir. Ota-onamning hech omadi chopmadi, men ulardan xafa bo’lishim kerak emas, bu ularning aybi emas. Yil oxiridagi mukofotlar quvonchi — bu yil yakuni. Ikki oy Elizabet va Markesning kashtan ostida hingillashganini ko’rmaslik — bu yoz, yilning eng yaxshi davri deb ataladi.
Bizning shaharchamizda yashashning nimasi yaxshi — ta’tilni o’tkazish uchun uzoqqa borish shart emas. Cho’milish uchun ko’lcha bor, aylanish uchun o’rmon bor — hammasi yonma-yon. Lyuk ham hech qayerga ketmadi, uning ota-onasi bulkaxonani yopolmas edilar. Shunda odamlar nonni supermarketdan olishlariga to’g’ri kelardi, Lyukning oyisi esa yomon odatga ko’nikish oson, uni tashlash esa juda ham qiyin deydi.
Iyul oxirida ajoyib voqealar yuz berdi. Lyukning singilchasi tug’ildi. U beshikda shunaqa kulgili oyoqchalarini tipirchilatardi-ki! Lyuk singilchasi tug’ilganidan keyin o’zgarib qoldi. U endi oldingidek beparvo emasdi, katta aka roliga tayyorlanib, maktabdan keyin nimalar qilishi to’g’risida ko’proq gapirardi. Men ham ukacha yoki singilcham bo’lishini xohlab qoldim.
Avgustda oyimga o’n kun ta’til berdilar. U o’rtog’ining mashinasini olib turdi va biz dengizda dam olgani ketdik. Men hayotimda ikkinchi marta dengizga borayotgan edim. Dengiz hech qachon qarimaydi, plyaj ham xuddi o’tgan yildagidek edi. O’sha yerda, katta dengiz bo’yidagi kichkina shaharchada men Kleani, Elizabetdan chiroyliroq bo’lgan qizchani uchratdim. Klea tug’ma gung edi, menga bundan yaxshiroq o’rtoq topish amrimahol edi, va biz darhol do’stlashib ketdik.
Ehtimol, gungligi badaliga Xudo unga katta ko’zlar ato etgandir, ko’zlari shahlo bo’lib, yuzining barcha go’zalligi ko’zlarida jamlangan edi. U eshitmas, lekin hamma narsani ko’rar, mayda narsani ham ko’zdan qochirmas edi. Aslida Klea gung emas, ovoz naychalari sog’lom, faqat u hech qachon so’zlarni eshitmagani uchun gapira olmas edi. Hammasi mantiqiy. U biron narsani aytmoqchi bo’lsa, bo’g’zidan chiqadigan hirqiroq tovushlar dastlab qo’rqitadi, lekin kulsa – boshqa gap, uning kulgusi violonchelь ovozlariga o’xshardi, men violonchelьni juda yaxshi ko’raman. Klea hech narsa gapirmaydi, lekin tengdoshlaridan axmoqroq deb o’ylamang. Aksincha, u juda ko’p she’rlarni yoddan bilar va ularni qo’llari bilan aytib berardi. Klea imo-ishora bilan gapirardi. Mening gung o’rtog’imning fe’li – oh-ho! Masalan, unga koka-kola kerakligini aytmoqchi bo’lsa, ajoyib tarzda chaqqonlik bilan qo’llarida ifodalab biladi, ota-onasi ham darhol anglab yetardilar. Ikkinchi marta muzqaymoq yeyishimiz mumkinligini so’raganida, imo-ishora tilida “yo’q” deyishni o’rganib oldim.
Men plyaj do’konchasidan dadamga yozish uchun otkritka sotib oldim. Chap tomonini mayda yozishga tirishib to’ldirib qo’ydim, chunki yozish uchun joy kam, ammo o’ng tarafdagi yozuvga kelganda qalamim qotib qoldi, qalam bilan birga men ham qotib qoldim. Dadamning manzilini bilmas edim. Men dadamning manzilini bilmasligimni angladim – buni hazm qilish qiyin edi… Xayolimga Ivning maktab hovlisidagi o’rindiqda aytgan so’zlari keldi – hali hammasi oldinda. Qumda o’tirib men baliq ketidan suvga sho’ng’iyotgan baliqchi qushlarni ko’rdim, dadam bilan baliq ovlashlarimizni esladim.
Hayot bir soatning ichida o’zgarib ketishi mumkin. Hammasi juda yomon bo’lib turganida – nogahon kutilmagan voqea hamma narsani ostin-ustun qiladi. Men boshqa hayotni istamas edim, mening ukam yoki singlim yo’q edi, lekin men Lyukka o’xshab kelajak haqida o’ylar edim. O’sha yozda, oyim bilan ta’tilga dengizga borganimizda mening hayotim yangi o’zanga burilib ketdi.
Kleani uchratganimda hamma narsa endi boshqacha bo’lishini angladim. Maktabda sinfdoshlarim mening gung o’rtog’im borligini bilganida hasaddan ko’karib ketadi, men Elizabetning yuzi qanday o’zgarishini tasavvur qilib xursand bo’lardim.
Klea barmoqlari bilan havoda so’zlarni yozadi – go’yoki uchar she’riyat. Elizabet uning tirnog’iga ham arzimaydi. Dadam aytardiki, hech kimni hech kimga o’xshatish kerak emas, axir har bir odam o’zgacha, asosiysi – senga hammadan ko’p to’g’ri keladigan, o’zingga o’xshamagan odamni topish. Klea mening noo’xshashligim edi.
Kelganimizning ertasi kuni tiniq quyoshli ertalabda biz portni sayr qilayotganimizda Klea bizning oldimizga keldi. Biz hali hech qachon shunday yaqin o’tirmagan edi. Bizning soyalarimiz dambada to’qnashdi, men qo’rqdim va sakrab o’zimni chetga oldim. Klea nega men bunday qilganimni tushunmadi. U menga uzoq qarab qoldi va men uning ko’zlarida dard ko’rdim. Keyin keskin o’girildi va qochib ketdi. Men uni butun kuchim bilan baqirib chaqirdim. Ammo u hatto o’girilib qaramadi. Qanchalik axmoqman-a, axir u meni eshitmagan bo’lishi kerak! Men esa uchrashganimizning birinchi daqiqalarida uning qo’lini ushlashni orzu qilardim. So’lg’in kashtan ostidagi Elizabet va Markesdan ko’ra biz ikkalamiz dengiz oldida chiroyliroq ko’rinar edik. Men uning hayotda uning soyasini o’g’irlashni istmaganim uchun o’zimni chetga oldim. Ha, men uning o’zi aytib bermaguncha hayoti haqida hech narsa bilishni istamas edim. Lekin Klea buni bilishi mumkin emas edi va mening ixtiyorsiz harakatim uni jarohatladi. Tun bo’yi men qanday qilib undan kechirim so’rash va yarashish haqida o’ylab chiqdim. Hamma narsani taroziga solib, men holatni o’nglashning yagona yo’li borligini angladim – unga bor haqiqatni aytish kerak edi. Sirimni Klea bilan bo’lishish – mening nazarimda, biz agar bir-birimizni yaxshi bilishimiz uchun eng yaxshi yo’l edi. Agar birovga ishonmasang, do’stlik haqida qanday so’z borishi mumkin?
Unga sirni qanday ochishni o’ylash kerak edi. Gunglar tilini hali uncha bilmas edim, bu voqeani unga imo-ishora tili bilan tushuntira olishimga ko’zim yetmas edi.
Ertasi kuni havo bulutli edi. Damba chetiga tizzalab o’tirib Klea yassi toshlarni suvga otardi. Uning oyisi, nihoyat qiziga yangi o’rtoq topilganidan quvonib, menga har ertalab boradigan, yaxshi ko’rgan joyini ko’rsatdi. Men uning yoniga borib o’tirdim. Biz uzoq vaqt to’lqinning dengiz sohiliga kelib urilishini tomosha qilib o’tirdik. Klea xuddi men yo’qday ko’rmaganga olib o’tirdi. Butun kuchimni to’plab unga tegish uchun qo’limni cho’zdim, ammo u sakrab turdi va toshdan toshga sakrab tezgina yurib ketdi. Men uning izidan borib quvib yetdim va damba cho’zilib turgan soyalarimizni ko’rsatib ishora qildim. Qimirlamasligini ishora qildim, qadam bosdim va mening soyam uning soyasini o’rab oldi. Men chekindim, Kleaning ko’zlari yana ham kattalashib ketdi. U nima bo’lganini darhol tushundi. Birozgina kuzatuvchanligi bo’lgan odam uchun qiyin emasdi: mening oldimdagi soyada uzun sochlar bo’lib, uning oldidagi soyada esa kalta soch bor edi. Uning soyasi ham egasiga o’xshagan gung ekanligiga umid qilib men quloqlarimni bekitdim, lekin uning shivirlashini eshitishga ulgurdim: “Yordam ber!”. Men o’tirib olib baqirdim: “Jim o’tir, iltimos qilaman, jim o’tir!” – va soyalarimiz yana to’qnashishini istab egildim.
Klea havoda katta so’roq belgisini chizdi. Men yelkamni qisdim va bu safar o’zim ketdim. Klea orqamdan yugurib keldi va men uning toshda sirpanib ketishidan qo’rqib qadamimni sekinlatdim. U mening qo’limni oldi va men bilan sirini bo’lishishga tayyor ekanini anglatdi. Biz shunday qilib orani ochardik.
Dambaning oxirida mayoq bor, juda kichkina. U o’sha yerda shunday yolg’iz turardi-ki, ota-onasi uni tashlab ketgan va u o’sishdan to’xtagan kabi ko’rinar edi. Uning chirog’i allaqachonlar o’chgan va u endi dengizni yoritmas edi.
Damba oxiridagi bu eski kimsasiz mayoq Kleaning sirli boshpanasi edi. U menga bu yerni ko’rsatganidan beri biz har kuni kelamiz. Zanglab ketgan temir parchasiga “Kirish ma’n qilinadi” degan yozuv osilgan zanjir ostidan kirib, biz qulfi tuzdan yemirilib ketgan temir eshikni itaramiz, va zinadan o’rmalab, kuzatish maydonchasiga chiqamiz. Klea birinchi bo’lib chiqadi, keyin biz gumbaz ostida kemalarni va ufqni soatlab tomosha qilib o’tiramiz. Chap qo’lining yengil harakati bilan Klea to’lqinlarni chizadi, o’ng qo’li esa uzoqda suzayotgan yelkanlarni ko’rsatib tebranadi. Kun shafaqqa botayotganida u bosh va ko’rsatkich barmoqlarini dumaloq qiladi: uning qo’llaridagi quyosh mening yelkamdan chiqadi va uning violonchelь tovushi kabi kulgisi devorlarga aks-sado beradi. Kechqurun oyim mendan kunni qayerda o’tkazganimni so’raydi, men mayoqning qarama-qarshi tomonini aytaman – bu kichkintoy mayoqcha, tashlab ketilgan bolakay men va Kleaga tegishli edi, biz uni otaliqqa olgan edik.
Uchinchi kuni Klea gumbaz ostiga chiqishni istamadi, mayoq tagida turaverdi, uning xo’mraygan yuziga qarab, mendan nimanidir kutayotganini angladim. U cho’ntagidan daftarcha oldi va “Buni qanday qilding?” deb yozib menga uzatdi.
Men ham xuddi shu varaqchaga yozdim:
“Nimani qanday qildim?”
“Soyalar bilan qilgan ishing” – yozdi Klea.
“Qanday bo’lganini tushunmayman, o’z-o’zidan bo’ldi, men busiz ham eplardim”. Qalam qog’ozda shitirladi, Klea fikridan voz kechib jumlani o’chirdi. Lekin chizilgan chiziq ostida “Jinni bo’lib qolibsan” degan yozuvni o’qidim, pastda esa: “Omading kelibdi. Soyalar sen bilan gaplashadimi?” deb yozdi.
Qanday qilib fahmladi ekan? Men uni alday olmas edim.
“Ha!”
“Mening soyam ham gungmi?”
“Bunday bo’lmasa kerak”
“Bo’lmasa kerakmi yoki aniqmi?”
“ U gung emas”.
“To’g’ri, axir men boshimda gung emasman. Sen mening soyam bilan gaplashishni istamaysanmi?”
“Yo’q, yaxshisi men sen bilan gaplashaman”.
“U senga nima dedi?”
“Jiddiy bir narsa yo’q, suhbat juda qisqa edi”.
“Mening soyamning tovushi chiroylimi?”
Men dastlab Klea uchun bu savolning muhim ekanligini bilmadim. Xuddi ko’r odam uning aksi oynada qanday ko’rinishini so’ragan kabi. Kleaning noo’xshashligi gungligida edi, bu narsa uni mening ko’zimda yagona qilib ko’rsatardi, biroq Kleaning o’zi imo-ishorasiz tushuntira oladigan tengdoshlarining istalgan biriga o’xshashni juda ham istar edi. Noo’xshashligi qanchalik ajoyib ekanini bilganida edi.
Men qalamni qo’limga oldim.
“Ha, Klea, soyangning ovozi toza, nafis va jarangli. Xuddi o’zingga o’xshaydi”.
Bu satrlarni yoza turib men qizarib ketdim, bularni o’qigan Klea ham qizardi.
“Sen nega g’amginsan?” – so’radi u.
“Chunki yaqinda ta’til tugaydi, va men seni sog’inaman”.
“Hali bir hafta oldimizda, undan keyin, agar keyingi yil ham keladigan bo’lsang, meni qayerdan topishni yaxshi bilasan”.
“Ha, mayoqdan topaman”.
“Men ta’tilning birinchi kunida seni shu yerda kutaman”.
“Va’da berasanmi?”
Klea qo’li bilan va’da berishini anglatdi.
So’z bilan aytgandan ko’ra chiroyliroq ifoda bo’ldi.
Bulutlar orasidan quyosh ko’rindi, Klea boshini ko’tardi va bloknotga yozdi:
“Men yana bir marta soyamni bosishingni va uning nima deganini menga aytib berishingni xohlayman”.
Men ikkilandim, biroq unga yoqimli nimadir qilgim keldi va unga yaqinlashdim. Klea mening yelkamga qo’lini tashladi va yaqinlashdi. Mening yuragim shunaqa gupillab ura boshladi-ki, men soyalarni butkul unutdim va yuzimning oldida Kleaning buyuk ko’zlarini ko’rardim, xolos. Bizning burunlarimiz bir-biriga tegdi, Klea og’zidagi saqichni tuflab tashladi, mening oyoqlarim paxtaday yumshoq bo’ldi, men hushimni yo’qotayozgandim. Men bir filьmda o’pichda asal ta’mi bor, deb eshitgandim, lekin Klea bilan o’pichimiz biroz oldin tuflab tashlangan qulupnay saqich mazali edi. Ko’krak qafasimda yuragim qanchalik qattiq urayotganini eshitib, o’pichdan ham o’lib qolish mumkinligini o’yladim. Men yana xohlardim, lekin Klea nariga surildi.
U mening ko’zimga to’g’ri qarab turardi. Tabassum qilib,u qog’oz parchasiga yozdi:
“Sen mening soyamning o’g’risisan, sen qayerda bo’lsang ham, men sen haqingda o’ylayman”, – va qochib ketdi. Avgust oyidagi voqealar hayotingizni mana shunday o’zgartirib yuborishi mumkin. Ertalab oldingiday bo’lmasligi, hammasi boshqacha bo’lishi, yolg’izlikdan asar ham qolmasligi uchun xuddi shunaqa Kleani uchratsangiz kifoya.
Birinchi o’pichdan keyin kechqurun Lyukka sodir bo’lgan voqeani yozmoqchi bo’ldim. Balkim shu lahzalarni cho’zish uchundir. Klea haqida gapirish u bilan birga bo’lish demak. Men yozdim – va xatni mayda bo’lakchalarga yirtib tashladim.
Keyingi kun mayoqda Klea yo’q edi. Men dambada uni kutib o’n martalab u yoqqa-bu yoqqa yurdim. Dahshatga tushdim: suvga tushib ketgan bo’lsa-ya? Kimgadir bog’lanib qolish xavfli narsa. Jinni bo’lib qolish mumkin, bu dahshatli og’riqli bo’lishi mumkin. Bu yo’qotish qo’rquvidan dahshatga tushish mumkin. Dadamni tanlash imkoniyati yo’q edi, otalarni tanlamaydilar, bir kuni u meni tashlab ketishni istagan bo’lsa, men nima qila olardim, lekin Klea – boshqa masala. U bilan hamma narsa boshqacha. Men o’zimni qo’yarga joy topolmayotgan edim va nogahon uzoqdan violonchelьь ovozini eshitib qoldim. Klea sohilda, muzqaymoq do’koni yonida ota-onasi bilan birga edi. Otasi plombirni ko’ylagiga tushirib yubordi va Klea qotib-qotib kulardi. Men qolishni yoki u tomon yugurib borishni bilmay qotib qoldim. Kleaning oyisi menga qo’l silkidi. Men ham javoban qo’l silkidim va teskari tomonga yo’naldim.
Rasvo kun bo’ldi; men nega bunchalik g’amginligim sababini bilmay Kleani kutardim. Kecha sayr etgan dambamizni to’lqinlar yuvardi. Yolg’izlikda g’amgin bo’lib qoldim, bo’riday uvillaging keladi. Soyalarning eng yomoni, yo’qlik soyasi uchraganga o’xshaydi, va bu soya yonida men o’zimni yomon sezayotgan edim. Men Kleaga ishonmasligim va unga sirimni ochmasligim kerak edi. Uni umuman uchratmaganim yaxshi edi. Bir necha kun oldin men unga muhtoj emasdim, mening hayotimda hamma narsa o’z navbati bilan ketayotgan edi, quvonchli bo’lmasa ham, yashasa bo’lardi. Endi esa, Kleasiz, hamma narsa to’kilib tushganday bo’ldi. O’zini baxtli his qilish uchun kimdandir ishora kutib yashash qanchalik og’ir. Men dambadan ketdim va plyajdagi do’konchaga yo’naldim. Men dadamga yozishni istardim; aylanayotgan vitrinadan kattagina otkritkani oldim va kafedagi stolga yaxshi joylashib oldim. Bu paytda kafeda mijoz kam edi va ofitsiant menga hech narsa demadi.
Dada,
Men sizga dengiz bo’yidan yozyapman, biz oyim bilan birga bir necha kunga, ta’tilga bu yerga keldik. Men siz ham biz bilan birga bo’lishingizni istar edim, ammo nimayam derdim. Hamma ishlaringiz yaxshi ekani to’g’risida xabar olsam yetardi. Menda – vaziyat har xil. Agar bu yerda bo’lganingizda men nimalar sodir bo’layotganini aytib bergan bo’lardim. O’ylaymanki, bu narsa menga foyda keltirgan bo’lardi. Siz menga maslahat bergan bo’lardingiz. Lyuk menga dadasi faqat maslahat berib boshini qotirishini aytadi, menga esa maslahat yetishmaydi.
Oyimning aytishlaricha, sabrsizlik bolalikni o’ldirarmish. Men esa erkin bo’lish uchun tezroq katta bo’lishni istayman, xohlagan tomonimga, menga noxushlik olib keladigan joylardan uzoqqa ketishni istayman. Katta bo’lganimda, qayerda bo’lsangiz ham, albatta sizni qidirib topaman.
Agar hozirgacha ko’rishmayotgan bo’lsak, bir-birimizga aytmoqchi bo’lgan gaplarimiz to’planib qolgan, buning uchun yuz marta birga tushlik qilish kerak, hech bo’lmaganda bir hafta birgalikda ta’tilni o’tkazish kerak. Qandaydir vaqtni birga o’tkazsak juda yaxshi bo’lardi. Men garchi nimagaligini bilmasam ham, bu juda ham qiyin ekanini fahmlayman. Har doim men bu haqda o’ylaganimda, xayolimda bitta savol aylanadi: nimaga menga yozmaysiz? Axir siz mening qayerda yashashimni bilasiz-ku! Balkim shu otkritkaga javob yozarsiz, balkim uyga qaytganimda men sizdan xat topib olarman, balkim meni ko’rgani kelarsiz?
Mana shu “balkim”lar qanchalik jonimga tegdi! Baribir sizni yaxshi ko’ruvchi o’g’lingiz.
Men pochta qutisigacha qadam tashladim. Mayli, dadamning qayerda yashashini bilmasam ham mayli. Xuddi o’sha Rojdestvodagi kabi men xatni manzilsiz va markasiz jo’natdim.
Plyajda peshtaxtalarning birida burgut shaklidagi gofri qog’ozdan yasalgan chiroyli varrak bor edi. Men sotuvchiga oyim keyin kelib to’lashini aytib oldim. Mening yuzim ishonch tug’dirsa kerak, men qo’ltig’im orasiga qistirilgan varrak bilan uyga keldim.
Qirq metrli arqon – qadoqda shunday yozilgan edi. Qirq metrlik balandlikdan butun shaharcha ko’rinsa kerak: qo’ng’iroqli cherkov, katta ko’cha, maydondagi karuselь, dalalarga ketayotgan yo’l. Agar arqonni qo’lingizdan chiqarib yuborsangiz, butun mamlakatni ko’rish mumkin, hamroh shamol bilan butun Yer yuzini aylanib chiqish, sizga kerak bo’lgan odamlarni tepalikdan ko’rish imkoni bor. Men ham varrak bo’lishni istardim.
Mening burgutim tepaga qarab uchar, g’altak hali oxirigacha yechilmagan, lekin u mag’rur osmonda uchar edi. Uning soyasi qumda titrar, lekin varraklarning soyasi jonsiz, ular shunchaki dog’. O’yin jonimga tekkanida men qushni o’zimga tortdim, qanotlarini yig’ishtirdim, va biz uyga ketdik. Mehmonxonada uni yashirish uchun joy qidirdim, lekin keyin bu fikrimdan qaytdim.
Go’yo sovg’a bo’lgan bu varrakni oyimga ko’rsatganimdan keyin kunimni ko’rdim. Oyim uni axlatga tashlash bilan tahdid qildi, keyin esa undan ham qattiqroq jazoda to’xtaldi: varrakni sotuvchiga qaytarish va mening, aynan so’zini keltiradigan bo’lsam, kechirilmas ishim uchun kechirim ham so’rashim kerak edi. Men qurolsizlantiradigan aybdorona tabassumimni ishga soldim, lekin bu oyimga ta’sir qilmadi. Kechki ovqatsiz uxlashga to’g’ri keldi, hechqisi yo’q, jahlim chiqqanida ovqat yegim kelmaydi o’zi.
Ertasi kuni o’n yarimda plyaj do’konchasi qarshisida mashinasini to’xtatib, oyim eshikni ochdi va tahdid ifodasi bilan menga qaradi:
– Qani, tez chiq, nima qilish kerakligini yaxshi bilasan!
Mening azoblarim nonushtadan keyin boshlandi. G’altakka yangi tus berish uchun ipni yaxshilab o’rashga to’g’ri keldi, burgutimning qanotlarini yig’ib, oyim bergan lenta bilan bog’ladim. Do’konchaga ketar yo’lda tantanavor jim ketdik. Keyin qiynoqning davomi boshlandi: men peshtaxtagacha yurib, varrakni sotuvchiga qaytarishim, uning ishonchini su’iste’mol qilganim uchun kechirim so’rashim kerak edi.
Men yelkalarimni bukchaytirib, varrakni qo’ltig’imga qisib qadam tashladim.
Oyim manzarani oynadan ko’rib turardi, lekin gaplarimizni eshitmas edi. Men qiynoqlarga solingan kabi sotuvchining oldiga bordim, oyimning tug’ilgan kunimga buni sovg’a qilishga puli yetmasligini, burgutga pul to’lamasligini aytdim. Sotuvchi bu unchalik qimmat emasligini aytdi. Men bunga javoban, oyim shunchalik xasiski, “unchalik qimmat emas” degan jumla uning lug’atida mavjud emasligini aytdim. Juda afsusdaman dedim, lekin varrak bor-yo’g’i bir martagina uchganini, o’shandayam unchalik baland uchmaganini aytdim. Zarar keltirmaganim badaliga do’konni yig’ishtirib berishim mumkinligini taklif qildim. Uning rahm-shafqat qilishini, agar muammoni yechmasdan ketsam, Rojdestvoga sovg’a olmasligimni aytdim. Mening nutqim ta’sir qildi shekilli, sotuvchi menga hamdardlik bildirdi. U oyim tomonga g’azab bilan qaradi va ko’zini qisib, quvonch bilan menga bu varrakni sovg’a qilishi mumkinligini aytdi. U hatto oyimga bir-ikki og’iz so’z aytishni ham xohladi, lekin men bu yaxshi g’oya emasligini aytib, uni bu fikridan qaytardim. Men bir necha marotaba unga minnatdorchilik bildirdim va sovg’amni hozircha o’zida qoldirishni iltimos qildim: men uni keyinroq olib ketaman. Keyin men mashinaga qaytib keldim va vazifamni bajarganimga qasam ichdim. Oyim plyajda o’ynashimga ruxsat berdi va o’zi ketdi.
Albatta, oyim haqida bunday gapirmaganim yaxshi bo’lmadi, lekin boshqa tomondan, bu o’ziga xos qasos ham edi. Oyimning mashinasi ko’zdan pana bo’lgan zahoti men darhol burgutni qaytib oldim va shu paytda suv pasaygan plyajga yugurib ketdim. Oyoq tagida chig’anoqlarni g’irchillatib varrak uchirishda ilohiylik bor.
Shamol kechagidan shiddatliroq esar, g’altak tezlik bilan yechildi. Arqonni tezgina tortib, men dastlabki shakl – deyarli ideal yarim sakkizlik shaklini havoda yasadim. Varrakning soyasi shu paytda mendan uzoqda edi. Nogahon men oldimda boshqa soya – tanish soyani ko’rib qoldim. Varrakni qo’limdan tushirib yuborishimga sal qoldi. Mendan o’ng tomonda Klea turardi.
U mening kaftimga o’z kaftini qo’ydi, lekin qo’limni ushlash uchun emas – u varrakning ipini olmoqchi edi. Men unga g’altakni ishonib topshirdim: Klea shunchalik ajoyib tabassum qilardi-ki, unga yo’q deyish imkonsiz edi.
Bu uning birinchi marta varrak uchirishi emas shekilli. Klea shunaqa chaqqonlik bilan uchirardi-ki, nafasingiz to’xtab qolardi. U havoda sakkiz shakli yoki tekis ilonizi qilishga usta ekan. Kleada havo she’riyati iqtidori bor edi, u havoda harf yoza olardi. Nima qilayotganini anglab, o’qidim: “Men seni sog’indim”. Varrak bilan sizga sog’inganini yozadigan qiz – bunaqasi esingizdan chiqmaydi. Klea varrakni tushirdi, menga o’girildi va nam qumga o’tirdi. Bizning soyalarimiz to’qnashdi. Kleaning soyasi menga egildi:
– Orqamdan kulishlarimi yoki shafqatomuz qarashlarimi, qaysi biri ko’proq og’riq berishini bilmay qoldim. Gapirishni bilmaydigan, kulishni o’rniga baqirib yuboradigan qizchaga kim ham bog’lanib qolardi? Men qattiq qo’rqsam meni kim tinchlantiradi? Men shunchalik qo’rqyapmanki, hech narsani eshitmay qolyapman, hatto boshimda ham. Men katta bo’lishdan qo’rqaman, men yolg’izman, mening kunlarim esa avtomat kabi orasidan o’tib ketayotganim cheksiz tunlarga o’xshaydi.
– Biror bir qiz hali endi tanishgan bolaga bunaqa so’zlarni aytmagan bo’lardi. Bu so’zlarni Klea aytmadi, bularni plyajda uning soyasi shivirlab aytdi, va men uning nega yordamga chaqirganini angladim.
– Sen men uchun dunyodagi eng chiroyli qiz ekaningni bilganingda edi Klea, sening hirqiroq baqirig’ingdan osmon yana ham ko’k tus olishini, ovozing kabi yangrashini bilsang edi. Agar sen bilsang, bu dunyodagi hech bir qiz sen kabi osmonga varrak uchira olmaydi.
Bu so’zlarni eshitmasliging uchun sening orqangda shivirladim. Men sening oldingda soqov bo’lib qoldim.
Biz har ertalab dambada uchrashardik, Klea plyajga varragim uchun kelar, biz ikkalamiz kimsasiz mayoqqa qarab chopib, kunimizni o’sha yerda o’tkazardik.
Men dengiz qaroqchilari haqida hikoyalar to’qidim. Klea meni qo’l bilan gaplashishga o’rgatardi, men uncha-muncha kishi tushunmaydigan bu tilning she’riyatini o’rganardim. Minorachaning panjarasiga bog’langan burgutimiz yana ham balandroq ko’tarilib, shamolda aylanardi.
Tushda biz Klea bilan birga chiroq ostida oyim tayyorlab bergan nonushtamizni baham ko’rardik. Oyim bilardi – kechqurunlari biz bu haqda gapirmasak ham, oyim men va gapirmaydigan qizcha orasidagi do’stlikni bilardi, Kleani shaharchada gapirmaydigan qizcha deyishardi. Jinni bo’lish mumkin, kattalar shunchalik so’zlardan qo’rqishadi. Menimcha, “gung” so’zi chiroyliroq eshitiladi.
Ba’zan nonushtadan keyin mening yelkamga boshini qo’yib uxlab qolardi. Ehtimol, u menga to’liq ishongan lahzalar, kunning eng yaxshi vaqti bo’lsa kerak. Kimningdir sizga to’la ishonishi ajoyib tuyg’u. Uxlab yotgan Kleaga qarab, men tushlarida gapirarmikan, o’zining jarangli tovushini eshitarmikan, deb o’ylab qolaman. Kechga yaqin, ketayotganda biz albatta o’pishardik. Unutilmas olti kun.
Qisqa ta’til yakuniga yetdi, men nonushta qilgunimcha oyim jomadonlarni yig’a boshladi. Men ko’proq qolishni so’rab yolvorardim, lekin oyim ishini yo’qotmasligi uchun qaytib ketishi lozim edi. Oyim keyingi yil yana kelishimizga va’da berdi. Bir yil ichida ko’p narsa bo’lishi mumkin.
Men Klea bilan xayrlashgani bordim. U meni mayoq oldida kutardi, nega mening yuzimda baxtsizlik ifodasini darhol anglab, men bilan tepaga chiqishni istamadi. Imo bilan mening ketishimni ko’rsatdi va teskari o’girilib oldi. Men cho’ntagimdan xat chiqardim – bu xatni yashirincha yozgan edim – qisqagina xat, lekin men unda barcha xayollarimni ifodalagan edim. Klea xatni olmadi. Shunda men uning qo’lini ushladim va plyajga qarab tortdim.
Oyog’im bilan qumda yarimta yurak rasmini chizdim va xatni uzun voronka qilib, yurakning o’rtasiga suqib qo’ydim va ketdim.
Men Klea fikridan qaytdimi, qumdagi mening rasmimni yakunlab qo’ydimi, bilmadim. Mening xatimni o’qigan-o’qimaganini ham bilmadim.
Qaytib kelayotganimda men xatimni o’imasligini, xatimni to’lqinlar olib ketishini istab qoldim. Balkim uyalgandirman. Men har ertalab uyg’onganimda u haqida o’ylashimni, uyquga ketayotganimda uning ko’zlarini, zim-ziyo tundagi katta ko’zlarini, endi boshqa yolg’iz emasligidan faxrlanib chirog’ini yoqqan mayoq kabi ko’zlarini ko’zimning oldiga keltirishimni xatimda va’da bergan edim. Bularning barchasi beo’xshov ko’rinsa kerak.
Xotiralar sandiqchasini bir yil oldin to’ldirishim, maktab yo’lini qorong’ulik bosadigan kuz fasliga baxtli onlar zahirasini to’plashim qoldi, xolos.
Sinfda Elizabetning jahlini chiqarish maqsadida aytmoqchi bo’lganlarimni demaslikka qaror qildim, bularning bari endi qiziq emasdi.
Biz bu kurort shaharchasiga boshqa qaytib kelmadik. Keyingi yil ham, boshqa yilda ham kelmadik. Men Klea haqida ortiq hech narsa bilmas edim. Men unga “Damba oxiridagi kimsasiz mayoq” degan manzilda xat yozmoqchi bo’ldim. Lekin bu manzilni yozish sirni ochish bilan barobar edi.
Ikki yildan keyin men Elizabetni o’pdim. Uning o’pichida asal ta’mi ham, qulupnay hidi ham yo’q edi, faqatgina o’sha paytga kelib bo’yim tenglashgan Markes ustidan qozonilgan g’alabaning ozroq nashidasi bor edi. Uch yil sinf starostasi bo’lish – bu albatta, mashhurlik keltiradi.
O’pishganimizning keyingi kuni biz Elizabet bilan ajrashdik. Men sinf yetakchiligiga ortiq o’z nomzodimni qo’yishni istamadim, va mening o’rnimga Markesni saylashdi. Men quvonch bilan unga o’z vazifalarimni topshirdim. Siyosatdan butkul ko’nglim qolgan edi. Qorong’ulikdan qo’rqish yolg’izlikdan qo’rqish bilan o’rin almashdi. Men bir o’zim uxlashni yoqtirmayman, shunga qaramay, tibbiyot fakulьtetining yonginasida ko’p qavatli uyning tomi ostidagi torgina xonadonda so’qqabosh yashayman. Kecha men yigirma yoshga kirdim. Men bu yoshni hech kim bilan do’stlashmasdan qarshiladim – hammasiga sabab maktabdagi kabi yoshda orqada qolish. Fakulьtetdagi zich dars jadvali ham bunga yo’l qo’ymas edi.
Mening bolaligim ikki yil oldin maktab hovlisidagi kashtan ostida, men katta bo’lgan shaharchada qolib ketdi.
Attestatlarni topshirish kuni oyim zalda o’tirgan edi – shu kuni uning hamkasbi o’rin almashtirib turdi. Men uzoqdan dadamning soyasini ko’rganimga qasam ichishim mumkin, biroq balki menga ko’ringandir, axir mening tasavvurim har doim kuchli bo’lgan.
Mening bolaligim kuz yomg’irlari yelkaga sirg’alib tushadigan, men soyalar bilan gaplashadigan, hali ular bir-birlarini yaxshi ko’rishgan paytdagi ota-onamning rasmini tomosha qiladigan uyimga olib boruvchi yo’lda qolib ketdi. Mening bolaligim bulkachining o’g’li, eng yaxshi ko’rgan o’rtog’im bilan xayrlashgan, oyimni quchoqlagan, imkoni boricha tez-tez kelishga va’da bergan vokzal perronida qolib ketdi.
O’sha perronda oyim yig’ladi. Bu safar hatto teskari o’girilmadi. Oyim hamma narsadan o’z ko’z yoshlaridan, endi butun umrga qolib ketgan g’am-qayg’udan himoya qilmoqchi bo’lgan bolakay emasdim ortiq. Poyezd qo’zg’alganida vagon oynasidan boshimni chiqarib qaraganimda Lyukning oyimning qo’llarini ushlab yupatganini ko’rdim. Hayotda hamma narsa teskarisiga ketdi, bu kupeda Lyuk ketishi kerak edi, axir uning tabiiy fanlarga iqtidori bor edi. Ikkalamizdan, odamlarga, birinchi navbatda o’g’liga hayotini bag’ishlagan hamshira bilan qolish menga emas, unga nasib qilishi kerak edi.
Tibbiyot fakulьtetining to’rtinchi kursi. Oyim nafaqaga chiqdi va endi munitsipalitet kutubxonasida ishlar edi. Chorshanba kunlari o’rtoqlari bilan belot o’ynaydi.
U menga tez-tez yozib turadi. Ma’ruzalar va tungi navbatchiliklar orasida har doim ham unga javob yozolmayman. Yilda ikki marta, kuzda va bahorda, u meni ko’rgani keladi. Universitet kasalxonasidan ikki qadam narida bo’lgan kichkina mehmonxonada qoladi, va mening ish kunim tugagunigacha muzeylarni aylanib chiqadi.
Biz u bilan daryo bo’ylab sayr qilamiz. Bu sayrlar davomida u mening hayotimni so’raydi, odamlarni yaxshi ko’radigan – uning nazdida bu muhim – yaxshi do’xtir bo’lish uchun nimalar qilishim haqida minglab maslahatlar beradi. U bunaqalarni qirq yil ishlashi davomida ko’p ko’rgan va amalni bemorlardan ustun qo’yadiganlarni bir qarashda taniydi. Men jim quloq solaman. Sayrdan keyin men unga yoqadigan restoranga olib boraman, u esa har doim kechki ovqatimizning pulini o’zi to’lashga shoshiladi. “Keyin, doktor bo’lganingdan keyin sen meni qimmat restoranga taklif qilasan”, – deydi u mening qo’limdan hisob qog’ozini olib.
Uning yuz qirralari o’zgargan, lekin ko’zlarida hali ham nafis yoshlik jilva qilib turadi. Ota-onalar ularning ko’rinishlari xotiramizda qotib qolguniga qadar qariydilar. Ularni oldingiday ko’rish uchun ko’zni yumib o’ylash kifoya, go’yoki, bizning ularga bo’lgan muhabbatimiz vaqtni to’xtata oladigan kabi.
Oyim har safar kelganida mening kulbamda tartib o’rnatishga harakat qiladi. U ketganidan keyin men shkafda toza ko’ylaklar, karavotda esa bolaligim xonasini eslatuvchi hid taratayotgan choyshablarni ko’raman.
Qachonlardir mening iltimosim bilan oyimning yozgan xati, chordoqdan topilgan rasm har doim men bilan birga, karavotim boshidagi tumbochkada turadi.
Men uni vokzalga kuzatayotganimda u meni shunchalik mahkam quchoqlaydiki, har doim men qo’rquvga tushaman: nahotki boshqa ko’rishmasak? Men ketayotgan poyezd izidan qarab qolaman, u men o’sgan, mening bolaligim kechgan shaharchaga qarab shoshmoqda, hozirgi yashayotgan joyim bilan orasi olti soatlik yo’l.
Oyim ketganidan bir hafta o’tib har doim xat olaman, u menga poyezd haqida, belotdagi partiyalar, uning fikricha, qaysi kitoblarni albatta o’qishim kerakligi haqida yozadi. Lekin afsuski, men faqat tibbiyot bo’yicha darsliklarni o’qiyman, tunlari esa internaturaga tayyorlanib, ma’lumotlarni qaytaraman.
Men bir vaqtning o’zida “Tez yordam” bo’limida navbatchilik qilaman va mening bemorlarim ko’p diqqat qilishni talab qiladi. Mening bo’lim mudirim yaxshi, professor, undan hamma qo’rqadi, u hammamizga baqirishga hozir. Har bitta kichkina xato, kichkina e’tiborsizlik uchun jahli chiqadi. Lekin u o’z bilimini bizga beradi, biz ham undan shuni kutamiz. Har ertalab, aylanib chiqishdan oldin tibbiyot kasb emas, iste’dod ekanini bizga takrorlashdan charchamaydi.
Tushlik payti men kafeteriydan sendvich sotib olaman va korpusimiz oldidagi bog’ ichida o’tiraman. Ba’zan u yerda tuzalayotgan kichik bemorlarimni uchratib qolaman. Ular ota-onalari bilan birgalikda toza havodan nafas olgani chiqishadi. O’sha yerda, gullab yotgan gazon oldida mening hayotimda ikkinchi marotaba keskin burilish bo’ldi.
Men o’rindiqda mudrab o’tirardim. Tibbiyot fakulьtetida o’qish – har doim chala uyqu bilan kurash degani. Mening yonimga kursdoshim o’tirdi va men uyg’onib ketdim. Sofi – yorqin va chiroyli qiz bo’lib, biz u bilan anchadan buyon do’stlashib, o’ynashib yuramiz, lekin men munosabatimizni nima deb atashni hali ham bilmayman. Biz bir-birimizga qanchalik talpinishimizga sezmaganga olib o’rtoq-o’rtoq o’ynab yurardik. Bizning ikkalamiz ham haqiqiy munosabatga vaqtimiz yo’qligini yaxshi bilardik. Bugun ertalab Sofi o’zini ko’pdan buyon bezovta qilgan voqea haqida gapirdi. O’n yoshli bolakay ovqat yemasdi. Hech qanday patologiya yo’q, ovqat hazm qilish tizimi ham yaxshi, lekin har qanday yeyilgan ovqat darhol chiqarib tashlanardi. Bolakay tomchi dori ostida yotar va uning holati kundan kunga yomonlashib bormoqda edi. Uchta psixolog maslahati ham yordam bermadi. Bu kichkina bemor Sofini tashvishga solar, u boshqa hech narsa haqida o’ylamas, faqat uning kasaliga shifo topish haqida qayg’urar edi. Men esa oldingilari kabi kechqurun, umumiy darslar bahonasida u bilan uchrashishni xohlar edim, men bu bemor kasalligi tarixini ko’rib chiqish va bu hodisa haqida o’ylashga va’da berdim. Go’yoki biz, oddiy eksternlar kasalxonada mehnat qilayotgan tibbiyot xodimlaridan aqllimiz! Lekin o’quvchilar o’z ustozlaridan o’zib ketish haqida orzu qilmaydilarmi?
Sofi bolakayning holati yomonlashgani haqida gapirib turganida, bog’ xiyobonida o’ynab turgan yosh qizcha mening diqqatimni tortdi. Men qarab turganida uning qoidaga ko’ra katakdan katakka sakramayotganiga guvoh bo’ldim. Uning o’yini boshqacha edi. Qizcha ikkala oyog’i bilan quvlashmachoq o’ynayotgan kabi soyasini bosardi.
Men Sofidan boyagi bemorni kresloda tashish mumkin-mumkin emasligini so’radim va bu yerga olib kelishni taklif qildim. Sofi mening o’zim palataga chiqishimni istadi, lekin men qattiq turib oldim va vaqtni o’tkazmaslikni iltimos qildim. Quyosh bosh bino tomida turar, ana-mana degancha tom orqasiga ketib qolishi mumkin edi, menga esa quyosh juda zarur edi. Sofi biroz e’tiroz bildirdi, lekin baribir ko’ndi.
U ketganidan keyin men qizchani chaqirdim va undan ishongan sirimni ochmaslik qasamini oldim. U meni diqqat bilan eshitdi – va mening taklifimga ko’ndi.
Sofi chorak soatdan keyin oldiga aravachani solib keldi, unda kichkina bemor kamar bilan bog’langan edi. Rangparligi va yonoqlarining kirib ketganligi qanchalik zaiflashganini ko’rsatardi. Uni o’z ko’zlarim bilan ko’rganimdan keyin men Sofining tashvishini tushundim. U mendan bir necha metr oldinda turardi va men uning ko’zlarida “Endi nima?” degan savolni o’qidim. Men undan aravachani qizchaga yaqin keltirishini so’radim. Sofi quloq soldi va o’rindiqqa, mening yonimga o’tirdi.
– Seningcha 11 yoshli qizcha uni davolay oladimi? Sening mo»jizakor shifoing shumi?
– U bilan qiziqishi uchun vaqt ber.
– U o’ynayapti. Qanaqa qilib qiziqishi mumkin? Bo’ldi endi, men uni palataga olib ketaman.
Men Sofining qo’lini tutdim.
– Toza havoda bir necha daqiqa bo’lishi zarar keltirmaydi. Seni boshqa bemorlar kutayotgandir, bu ikkalasini menga qoldir, hozir tanaffus paytida men bularga qarab turaman. Tashvishlanma, men bulardan ko’z uzmayman.
Sofi pediatriya tomonga ketdi. Men bolalarga yaqin keldim, kamarlarni yechdim va qo’limda ko’tarib gazonga olib bordim. O’tlar ustiga o’tirdim va bolakayni tizzamga, quyoshning oxirgi nurlariga orqasini qildirib o’tirg’izdim. Biz oldindan kelishib olganimiz kabi qizcha o’yinini davom ettirdi.
– Seni nima qo’rqitdi, kichkintoy? Nega sen kundan kun so’lib ketyapsan?
U jim holatda ko’zlarini menga tikdi. Uning deyarli vaznsiz soyasi meniki bilan qo’shilib ketdi. Bolakay boshini orqaga tashlab ko’kragimga tiranib oldi. Men bolalikdagi soya qaytib kelishini so’rab yolvorardim – bunga ancha bo’lib ketgan edi!
Mening eshitgan narsani dunyodagi biron bir bola o’ylab topa olmaydi. Bilmayman, uning o’zimi yoki soyasi shivirladimi – men bunday dil rozlaridan chiqib ketgandim.
Men kichkinani kresloga olib bordim, qizchadan Sofi kelgunicha u bilan birga bo’lishini so’radim, o’zim esa o’rindiqqa borib o’tirdim.
Sofi qaytganidan keyin men qizcha va bolakay do’stlashganini aytdim. Hatto qizcha uni qiynayotgan masalani bilib olganini va keyin menga aytib berganini so’zladim. Sofi hayron bo’lib menga qaradi.
Bolakay kichkina quyonchaga juda bog’lanib qolgan ekan. Nogahon ikki hafta oldin quyoncha yo’qolib qolibdi, va o’sha kechqurun kechki ovqatdan keyin oyisi uy ichidagilardan ragu qanday bo’lganini so’rabdi. Bolakay shu zahoti xulosa qilibdi: quyoncha yo’qolib qoldi, uni pishirishgan. O’sha kundan beri u bir fikr bilan yashar ekan: o’z aybini yuvish uchun kichkina o’rtog’i bilan birga bo’lish. Balkim, kichkina bolalarga o’lganlar osmonga chiqib ketadi, degan fikrni aytishdan oldin o’ylab ko’rish kerakdir.
Hayron qolgan Sofini o’rindiqda qoldirib men o’rnimdan turdim. Muammoni men topdim, faqat endi uni qanday hal qilish yo’lini o’ylab ko’rish kerak edi. Navbatchilik oxirida menga xat berishdi: Sofi vaqtini topib uning uyiga borishimni so’ragan ekan. Men ertalab soat oltida eshigi qo’ng’irog’ini chaldim. Sofi uyqudan endi turgan, shishinqiragan ko’zlari bilan erkakcha ko’ylakni ustiga tashlab eshikka chiqdi. Garchi ko’ylak meniki bo’lmasa ham, bu kiyimda u juda jozibali ko’rinar edi. Oshxonada u menga qahva quydi va uchta psixolog uddalamagn ishni men qanday qilib uddalaganimni so’radi. Men bolalarning o’z tili borligini, biz bu tilni unutganimizni, shuning uchun ba’zan ularni tushunmasligimizni aytdim.
– Va sen bu qizchaga sirini ochadi, deb o’ylading!
– Men omad kulib boqishiga umid qildim, agar jindaygina imkoniyat bo’lsa ham, uni qo’llab ko’rish kerak, to’g’rimi?
Shu o’rinda Sofi mening yolg’onimni fosh qilish uchun so’zimni bo’ldi. Qizcha unga o’yin o’ynaganini, bolacha bilan esa men birga qolganimni aytib beribdi.
– Uning so’zlari mening so’zlarimga qarshi turibdimi endi? – dedim men kulib.
– G’alati, – dedi quruq qilib, – lekin men sendan ko’ra unga ishonishga moyilman.
– Senga bu ko’ylakni kim sovg’a qilganini bilsam bo’ladimi?
– Men uni arzonlashtirilgan do’kondan sotib oldim.
– Mana ko’rdingmi, sen ham men kabi yolg’on gapira olmaysan.
Sofi turdi va derazaga yaqin bordi.
– Men kecha uning ota-onasiga qo’ng’iroq qildim, ular qishloqda yashashadi, ular nega o’g’illari quyonchaga bog’lanib qolganini, yana aynan shunisiga bog’lanib qolganini tushunishmayapti. Bu narsa aqllariga sig’mayapti. Ular uchun bu narsa oddiy: quyonlarni so’yib yeyish uchun boqishadi.
– Ulardan so’ra-chi, itlarini birov so’yib yesa qandoq bo’lar ekan?
– Ularni qoralab bo’lmaydi, o’zi shunday ham qiynalishyapti. Oyisi doim yig’layapti, otasi ham o’zida emas. O’g’lining bu vaziyatdan olib chiqish borasida senda g’oya bormi?
– Balkim. Xuddi o’sha rangdagi quyoncha topishsin, va uni tezroq bu yerga olib kelishsin.
– Sen quyonni kasalxonaga olib kirmoqchimisan? Agar bosh vrach bilib qolsa, men aralasholmayman.
– Men seni sotmayman. Endi shu ko’ylakni yechib qo’yasanmi? U menga yoqmayapti.
Sofi dushdan chiqquncha men uning karavotida mizg’ib oldim. Uyga borishga holim yo’q edi. Uning navbatchiligi bir soatdan keyin boshlanar, mening navbatchiligim esa o’n soatdan keyin, shuning uchun dam olishga bemalol vaqtim bor edi. Biz kasalxonada ko’rishar edik: bugun tunda men “Tez yordam” bo’limida, u esa pediatriyada, biz ikkalamiz ham navbatchi edik, lekin turli korpuslarda.
Uyg’ongach, men oshxonada likopchada pishloq va qog’ozcha ko’rdim. Sofi meni vaqtim bo’lganida bo’limiga kelishga da’vat qilardi. Likopchani yuvib, men axlat qutisida kecha kiygan ko’ylakni ko’rdim.
Men tun yarmida bo’limga keldim. Qabulxonada bugun tinch ekanini menga aytishdi. Qayd qiluvchi xodim navbatchi eksternlar ro’yxatiga nomimni yozib, o’zim uyda qolaversam ham bo’lishini aytdi.
“Tez yordam” bo’limida nega ba’zi tunlari bemorlar ko’p bo’lishini, ba’zida hech kim bo’lmasligini hech kim aytolmaydi. Charchaganim uchun bu narsa qo’l keldi. Sofi bilan kafeteriyda uchrashdik. Men boshimni ushlab, burnim bilan stolga qadalib mizg’irdim. U tirsagi bilan meni turtib uyg’otdi.
– Uxlayapsanmi?
– Endi uxlamayapman, – dedim men.
– Mening fermerlarim sening aytganing kabi xuddi o’shanday quyonchani topishibdi.
– Qani ular?
– Bu yerdan uzoq bo’lmagan mehmonxonada, mening ko’rsatmalarimni kutib o’tirishibdi. Men pediatrman, veterinar emasman. Agar sen keyingi rejalaringni menga aytsang, yaxshi bo’lardi.
– Ularga qo’ng’iroq qil, “Tez yordam” bo’limiga kelishsin, men ularni kutib olaman.
– Tungi uchdami?
– Seningcha, tungi uchda koridorda bosh vrachni uchratish ehtimoli bormi?
Sofi xalatining karmonidan har doim olib yuradigan qora daftarchasini oldi va mehmonxona qo’ng’irog’ini topdi. Men “Tez yordam” bo’limiga yugurib ketdim.
Bolakayning ota-onasi sarosimada edilar. Yarim kechasi turib quyonni kasalxonaga olib kelish fikri ularni Sofidan kam hayratga solmadi. Quyoncha oyisining palьtosi cho’ntagiga yashirilgan edi. Men ularni qabulxonaga olib kirdim, navbatchiga qishloqdan kelgan, shaharga qo’nib, meni ko’rishga kelgan amaki va xolam deb tanishtirdim. Qarindoshlarning bu soatda xabar olishi g’alati, albatta, biroq “Tez yordam” bo’limida ishlaydigan odamlarni uncha-muncha narsa bilan taajjubga qoldirish qiyin. Men navbatchi hamshiralardan qochib ularni koridorlardan olib o’tdim. Yo’l-yo’lakay bolaning onasiga ulardan nima talab qilinishini tushuntirib bordim. Biz pediatriya kirish eshigigacha bordik, u yerda bizni Sofi kutib turardi.
– Men navbatchi hamshiradan avtomatdan choy olib kelishini iltimos qildim. Nima qilmoqchi ekaningni bilmadimku, lekin tezlashtirish kerak. U hademay kelib qoladi. Bizda ko’pi bilan yigirma daqiqa vaqt bor, – dedi Sofi.
Palataga faqat bemorning oyisi kirdi. U karavotga o’tirdi va uxlab o’tgan o’g’lining peshanasini siladi. Bolakay ko’zini ochdi va oyisini tush ko’ryapman, deb o’yladi. Men boshqa tomondan o’tirdim.
– Men seni uyg’otmoqchi emasdim, lekin bir narsani ko’rsatmoqchi edim.
Uning quyonchasini hech kim yemaganini, u tippa-tirik ekanini aytdim. Uning bolachasi tug’ilganini, o’zi esa boshqa moda quyoncha oldiga qochib ketganini so’zladim. Ba’zi otalar, afsuski, shunday qilishadi. – Sening otang esa tun yarmida seni koridorda kutib turibdi, chunki u seni bu dunyoda hamma narsadan ham ortiq yaxshi ko’radi, oyingni ham juda yaxshi ko’radi. Agar ishonmasang, mana ko’r!
Oyisi cho’ntagidan quyonchani chiqardi va ikki qo’li bilan mahkam ushlab o’g’lining karavotiga qo’ydi. Bolakay ko’zlarini katta-katta ochib quyonchaga qarar edi. U sekin kaftini cho’zdi, quyonchaning boshini siladi, oyisi qo’llarini ochdi, aloqa o’rnatilgan edi.
– Bu quyonchaning dunyoda hech kimi yo’q, sen unga keraksan. Agar sen kuchga to’lmasang, u o’lib qolishi mumkin. Unga qarash uchun sen kuchga to’lishing kerak.
Men bolakayni oyisi bilan yolg’iz qoldirdim va koridorga chiqib, otasini ham palataga taklif qildim. Mening rejam amalga oshishiga umid bor edi. Qattiqqo’l ko’rinadigan dehqon meni quchoqladi va mahkam bag’riga tortdi. Qisqa vaqtga bo’lsa ham, yana dadalik bo’lish uchun o’sha bolakayga aylangim keldi.
Bir kun o’tib kasalxonaga kelganimda, menga bo’lim boshlig’i kotibasi xat olib keldi: meni uning xonasiga zudlik bilan yetib borishim so’ralayotgan edi. Bunaqa voqea birinchi marotaba bo’layotgani uchun men oldin Sofi bilan gaplashib oldim. Navbatchi hamshira 302 palatada yotgan bemorning choyshabidan quyon yungini topib olibdi, va bolakay bir stakan meva soki hamda likopchadagi bo’tqa uchun hamma sirni ochib tashlabdi.
Sofi hamma narsani hamshiraga aytib beribdi, mo»jizaviy vosita haqida hech kimga aytmasligini yolvorib so’rabdi. Afsuski, tartib-qoida shinavandalari ba’zan bu qoidalarni buzish mumkinligiga aqllari yetmaydi. Jinni bo’lib qolish mumkin, tasavvuri yetmaydigan odamlarning qoidalariga bo’ysunish qanchalik qiyin. Men o’z vaqtida madam Shefferdan qattiq jazolarni olib bo’lganman – olti yil o’qish davomida oltmish ikki marta, ya’ni har to’rtinchi shanba kuni jazo kuni edi. Kasalxonada men haftada to’qson olti soat ishlar edim: bundan battar nima bo’lishi mumkin?
Professor Fernshteynning xonasiga borishimga to’g’ri keldi – bo’lim boshlig’i ikki assistenti bilan birgalikda ertalabki aylanishni amalga oshirayotgan edi. Men ularni o’rab turgan talabalar qatoriga qo’shildim. Biz 302 palataga kirganimizda Sofi oyog’ida zo’rg’a turardi. Fernshteyn karavot oyoq tomoniga ilingan qog’ozni o’qidi. U o’qiyotgan mahal xonada jimlik cho’kdi.
– Xo’sh, bugun ertalab bolaning ishtahasi paydo bo’ldi, yaxshi xabar, to’g’rimi? – yuzlandi u hamrohlariga.
Psixiatr davolashining ijobiy tomonlarini maqtab ketdi: axir u bir necha kundan beri bemor bilan muvaffaqiyatli ish olib bormoqda.
– Sizda, – Fernshteyn menga yuzlandi, – bu oniy o’zgarish borasida qanday fikr bor?
– Hech qanday fikrim yo’q, professor, – dedim men boshimni quyi solib.
– Ishonchingiz komilmi?
– Men bu bemorning kartasini o’rganishga ulgurmadim, men ko’proq “Tez yordam” bo’limida ishlayman.
– Demak, psixologlar komandasi yaxshi ishlagan, degan xulosaga kelishimiz kerakmi? – so’zimni bo’ldi u.
– Men boshqacha o’ylash uchun sabab ko’rmayapman.
Fernshteyn qog’ozchani qo’ydi va bolakayga yaqinlashdi. Biz Sofi bilan ko’z urishtirdik – uning jahli chiqayotgan edi. Qari professor bolaning boshini siladi.
– Yaxshi bo’layotganingdan xursandman, bolakay. Endi biz seni har doim ovqatlantiramiz, agar hammasi yaxshi bo’lsa, bir necha kundan keyin ninani qo’lingdan chiqaramiz va seni ota-onangga topshiramiz.
Aylanish davom etardi. Tugaganidan keyin talabalar hammasi o’z ishlari bilan tarqalib ketdi. Men endi ketaman deb turganimda Fernshteyn meni chaqirdi:
– Ikki og’iz gapim bor edi, yigitcha!
Sofi keldi va bizning o’rtamizda turib qoldi.
– Bo’lib o’tgan voqeada javobgarlik mening bo’ynimda, professor, bu mening aybim.
– Qanday ayb haqida gapiryapsiz mademuazelь, bilmayman, yaxshisi siz umuman gapirmang. Sizning ishingiz bo’lishi muqarrar, demak, ishingizga boring.
Sofiga ikki marta qaytarishning hojati qolmadi, u meni professor bilan yolg’iz qoldirdi.
– Qoidalar, yigitcha, – dedi, – sizning tajribali bo’lishingiz, bemorlarni o’ldirib qo’ymasligingiz uchun ishlab chiqiladi, orttirilgan tajriba esa qoidalardan chekinish imkonini beradi. Men sizni to’g’ri yo’lga boshlagan bu kichkina mo»jizani qanday amalga oshirganingizni bilmayman, biror kun buni men bilan bo’lishsangiz xursand bo’laman, chunki bo’lgan voqea menga umumiy qirralarda ma’lum. Lekin bugun emas, yo’qsa sizni jazolashimga to’g’ri keladi, men esa bizning kasbimizda natija muhim, deydigan odamlar sirasiga kiraman. Hozir esa internaturani tanlayotganingizda pediatriya xususida o’ylab ko’rishingizni maslahat beraman. Agar odamda iqtidor bo’lsa, uni yerga ko’mish kerak emas.
Shu so’zlarni aytib qari professor orqasiga o’girildi va men bilan xayrlashmasdan ketib qoldi. Navbatchilik almashib men uyga tashvishli qaytdim. Butun kun va tun bo’yi menda nimanidir tugallamaganlik hissi bo’lib, garchi sababini bilmasam ham, u meni qiynamoqda edi.
Hafta do’zax kabi og’ir bo’lib, “Tez yordam” bo’limi to’lib ketgan, mening navbatchiligim me’yoridan ortiq cho’zilib ketdi. Sofi bilan biz shanba kuni ertalab uchrashdik, shu paytga kelib, mening ko’zlarim butkul to’kilib tushadigandek edi. Biz bolalar kemachalar suzdirib o’ynaydigan hovuz yonida uchrashishga kelishdik. Sofi qo’lida tuxum, tuzlama, pashtet solingan savatcha bilan keldi.
– Ushla, – dedi u menga savatchani uzatib, – fermerlar senga kasalxonaga olib kelishibdi, ketib qolganing uchun menga yetkazishimni iltimos qilishdi.
– Pashtet quyon go’shtidan emasligiga kafolat bormi?
– Yo’q, mol go’shti. Tuxumlar shundoqqina tovuq tagidan olingan. Bugun menikiga kelsang, men omlet tayyorlab beraman.
– Bemoring qalay?
– Yuzlariga qon yugurgan, yaqinda butkul sog’ayib ketadi.
Men qo’llarimni orqaga, bo’ynimga qo’yib, yuzimni quyosh nurlariga tutdim.
– Sen buni qanday eplading? – so’radi Sofi. – Uch psixolog hech narsa qila olmadi, sen esa bog’da bir necha daqiqada buni uddalading…
Mendan kutilayotgan mantiqiy javoblar, tushuntirishlardan charchab ketdim. Sofi mendan aqlga sig’adigan javobni kutmoqda, menda esa bunday javob yo’q edi. Men o’ylashga ham ulgurmasdan so’zlar o’z-o’zidan chiqib ketdi, go’yoki qandaydir kuch hatto o’zim ham tan olmaydigan bir narsani ovoz bilan aytishga majburlayotgandek bo’ldi.
– Bolakay menga hech narsa degani yo’q, men nima bo’lganini uning soyasidan eshitdim.
Men Sofining ko’zlarida bir paytlar oyim boloxanada menga qaragani kabi qayg’uli ifoda ko’rdim.
– Bizning munosabatlarimizga darslar xalaqit berayotgani yo’q, – uning lablari titradi. Bizning zich dars jadvalimiz – shunchaki bahona. Asosiy sabab – sening menga ishonmasligingda.
– Balkim, muammo ishonchda ekani to’g’ridir, yo’qsa sen mening gapimga ishongan bo’larding, – dedim men.
Sofi o’rnidan turdi va ketib qoldi. Men yana biroz o’tirdim, lekin ichimdagi sassiz ovoz meni ahmoq deb atay boshladi. Men o’rnimdan sakrab turdim va uning orqasidan yugurib ketdim.
– Shunchaki mening omadim keldi, men unga to’g’ri savollar berdim. O’zimning bolaligimdan kelib chiqdim, bolaligida o’rtog’idan ayrilganmi-yo’qmi, ota-onasi haqida so’radim, shunaqa qilib asta-sekin kuchuk qayerga ko’milganini, ya’ni quyon haqida bilib oldim. Omadim keldi, bo’ldi, bu yerda mening xizmatim yo’q. Nega sen bunga shunchalik ahamiyat beryapsan?
– Men bu bolakayning to’shagi yonida soatlab o’tirdim, lekin biror marta uning ovozini eshitmadim. Sen esa bir necha daqiqada uning hayotini bilib oldim, deb meni ishontiryapsanmi?
Hech qachon Sofining bunchalik jahli chiqqanini ko’rmagan edim. Men uni quchoqladim va uning soyasi mening soyam bilan qo’shilib ketdi.
“Mening hech qanday iqtidorim yo’q. Men hech qachon yarqiramaganman. Mening o’qituvchilarim doim shunaqa deyishgan. Men otam orzu qilgan qiz bo’la olmadim, zotan u har doim o’g’il farzand xohlagan. Unchalik chiroyli emasdim, o’sguncha dam semirib ketardim, dam ozib ketardim. Men yaxshi o’quvchi bo’la oldim, lekin eng yaxshi bo’lolmadim… Kimdir meni maqtaganini eslolmayman. Mendagi hech narsa unga yoqmas edi”.
Sofining soyasi bizlarni yana ham yaqinlashtirgan shu narsalarni shivirlab aytdi. Men uning qo’lini ushladim.
– Yur, senga bir sirni ochaman.
Men Sofini tarvaqaylab o’sgan terak ostiga olib bordim, biz shoxlar ostidagi soyada o’t-o’lanlar ustiga cho’zildik.
– Mening dadam bir kuni shanba kuni ertalab, birinchi o’quv yilida ilk jazoimni olgan kunim uydan ketib qoluvdi. U oshxonada shu gapni aytish uchun meni kutib turgan ekan. Butun bolaligim davrida men kerakli darajada yaxshi bo’lolmaganim uchun dadam meni tashlab ketgan, degan fikrda yurdim. Nima ish qilganimni, aybim nima ekanini tunlari o’ylab chiqar edim. Men o’zimga o’zim ajoyib o’g’il bo’lishga va’da berardim, dadam bizni tashlab ketmasligi uchun faxrlanadigan darajada bo’lishga qasam ichardim. Ha, men oyimni yaxshi ko’rmay qolganini, boshqa ayolni sevib qolganini bilardim, lekin baribir ketishida o’zimni aybdor his qilardim. Men uning yuzini, shu dunyoda yashayotganini, mening ham, boshqa sinfdoshlarim kabi dadam borligini unutishga qo’rqardim. Va faqatgina og’riq bu qo’rquv bilan kurashishga yordam berardi.
– Nega sen bularni menga endi aytyapsan?
– Sen bir-birimizga ishonishimiz kerakligi aytding-ku? Agar holat nazoratdan chiqsa dahshatga tushasan, omadsizlikka uchradim deb, ich-etingni yeysan… Men buni senga hozir aytayotganimning sababi, ifodalab bo’lmaydigan narsalarni eshitish uchun so’zlar kamlik qiladi. Sening kichkina bemoring yolg’izlikdan nobud bo’layotgan edi, juda ham yomon ahvolga tushib, o’z-o’zining soyasiga aylanayotgan edi. Mening qayg’uim uning yoniga olib bordi.
– Mening ham har doim dadam bilan munosabatlarim tarang bo’lgan, – tan oldi Sofi.
Men hech narsa demadim. Sofi boshini mening yelkamga qo’ydi, va biz bir necha muddat jim qoldik. Men boshim ustida sayrayotgan moyqutlar tovushini eshitib yotardim. Ularning sayrashi menga ta’na kabi eshitilardi, axir men aytmoqchi bo’lgan narsamning hammasini aytmadim. Men yana o’zimni qo’lga oldim.
– Men esa o’zimnikilar bilan qanday shaklda bo’lsa, hatto tarang bo’lsa ham, munosabat o’rnatishni istar edim. Agar haddan tashqari talabchan ota baxtli bo’la olmas ekan, uning qizi taqdirini takrorlashi kerak, degani emas. Otang kasal bo’lganida, u hayotida qanday o’rin tutishingni to’la anglab yetadi. Xo’sh, nima deysan, taklifing hali ham o’z kuchidami, sen menga omlet tayyorlab berasanmi?
Sofining kichkina bemori shunday qilib kasalxonadan chiqmadi. Ovqat yeyishni boshlaganidan keyin, unda asoratlar boshlanibdi. Uni yana tomchi doriga o’tkazishibdi. Tunda ichagidan qon ketib qolibdi, reanimatsiya bo’limidagilar qo’llaridan kelgan ishni qilishibdi, biroq foyda bo’lmabdi. O’limi haqidagi xabarni ota-onasiga yetkazish Sofining chekiga tushibdi. Odatda bu ishni navbatchi intern amalga oshiradi, biroq ota-ona 302 palataga kirganida bo’m-bo’sh karavot yonida Sofining bitta o’zi turgan ekan.
Men bu xabarni tushlik tanaffusida eshitdim. Sofi oldimga chiqdi, uning uchun yupanch so’zlarini topish imkonsiz edi. Men uni mahkam quchoqladim. Kasalxonada yo’lagida Fernshteyndan olgan maslahatim menga tinchlik bermas edi. Men uni na davolay oldim, na tasalli bera oldim, men uning xonasi eshigini taqillatib, yordam so’ramoqchi bo’ldim, lekin bu mumkin emasdi.
Yaqinimizda o’sha bog’da o’ynab turgan qizcha turardi. U bizdan ko’zini uzmas, bizning musibatimiz uni ham iztirobga solgan edi. Bog’ga oyisi keldi, o’rindiqqa o’tirib, qizchani yoniga chaqirdi. Bizga oxirgi marta qarab, qizcha oyisining yoniga yugurib ketdi. Oyisi o’rindiqqa karton quticha qo’ydi. Qizcha lentani yechib shokoladli bulochkani oldi, oyisiga esa kofeli ekler tegdi.
– Shu shanba-yakshanba navbatchilikni olma, men seni uzoqlarga olib ketaman, – dedim men Sofiga.
Oyim bizni perronda kutib oldi. Men qo’limdan kelgancha Sofini tinchlantirdim, lekin uni hech kim ayblamasligini shuncha gapirsam ham, oyim bilan bo’ladigan uchrashuvdan hadiksirab turardi. U dam sochlarini to’g’rilar, sviterini tortar, yubkasining burmalarini tekislab o’tirar edi. Men uning shim kiymagan holatini birinchi marotaba ko’rayotgan edim. Ayolligining bu qirrasi biroz xijolat torttirardi: Sofi tashqi olamdan muhofaza sifatida o’smirlar uslubini tanlab olgan edi.
Oyim nazokat bilan qarshi oldi, dastlab Sofi bilan ko’rishdi, keyin meni quchoqlab oldi. Mening xabarim yo’q edi – mashina sotib olgan ekan, kichkina, ko’rimsizgina, minilgan, lekin oyim unga shunchalik bog’lanib qolibdiki, hatto unga ism ham qo’yibdi. Umuman, oyim hamma narsaga ot qo’yishni ko’radi. Bir kuni choynakka xayrli tong tilaganini eshitib qoldim. U choynakni yaxshilab artib, ko’chani tomosha qilsin, deb burnini oynaga qaratib qo’ydi. Va meni tasavvuring boy deb ayblardi!
Biz uyga kelgandan keyin, qari xolalarim birining nomiga qo’yilgan Marselin degan o’sha choynak jonimizga ora kirdi. Zarang siropli olmali pirog bizni oshxona stoli ustida kutib turardi. Oyim bizning mashg’ulotlarimiz, tashvishlarimiz va quvonchlarimiz haqida minglab savollar berardi. Bizning kasalxonadagi hayotimiz oyimda yoqimli xotiralarni uyg’otdi. Uyda hech qachon ishi haqida gapirmagan oyim endi ilgari hamshiralik qilganlarini esladi, lekin faqat Sofiga qarab gapirdi.
Suhbat chog’ida u qanchaga kelganimiz haqida so’rayverdi. Men zinapoyadan ko’tarilayotganimda, oyim Sofi uchun mehmonxona tayyorlab qo’yganini, mening to’shagimga yangi choyshab to’shaganini aytib qoldi. Endi karavotim kichiklik qilishi mumkinligini aytdi. Men oxirgi zinapoyalarda chiqayotgandim, beixtiyor tabassum qildim.

Asliyatdan Lola Fattoyeva tarjimasi

Tarjimon haqida: Lola Fattoeva 1974 yil 25 oktyabrda Buxoro viloyatining Buxoro tumanida tugʼilgan. Buxoro Davlat universitetining Oʼzbek filologiyasi fakulьtetida tahsil olgan. Xozirgi kunda «Uzbekiston» nashriyotida muharrir.

Davomi bor

66

(Tashriflar: umumiy 1 656, bugungi 1)

Izoh qoldiring