Togava Yukio. Qirol Kiba qissasi

021    Япониялик адиб Тогава Юкио ҳайвонлар ҳаётига бағишланган асарлари билан танилган. Айниқса, болалар учун ёзилган бундай қиссалари жуда машҳур. Ана шундай қиссалардан бирини сизнинг диққатингизга тақдим этамиз.

Тогава Юкио
ҚИРОЛ КИБА ҚИССАСИ
Рус тилидан Лола Фаттоева таржимаси


Озодлик орзуси

05Хоккайдо ороли марказида баҳор келганда ҳам оппоқ қорга бурканиб турувчи тоғлар бор.
Қадимдан бери Хоккайдода яшаб келувчи айн халқи бу тоғларни «Нетакукамушюппэ» деб атарди. Бу ном ботқоқлик ва дарёлари кўп бўлган ясси тоғликни англатади, ривоятга кўра бу ерда тирик Худо бор экан. Бир куни айнлар ўзлари билан ўқ ва ёйларни олиб, кимсасиз ўрмон ва оппоқ булутлар оралаб тоғнинг тепасига чиқиб кетибдилар.
Бу ерда улар ғаройиб ботқоққа дуч келишибди, ва илгари ҳеч кўрмаган бир гулни учратишибди. Айнлар гўзал манзарадан баҳри диллари очилиб, тиз чўкиб ибодат қилибдилар ва «Бу, албатта, Илоҳ макони. Бу Тоғ Худоси яшайдиган жой», дебдилар.
Айнан шу тоғларни бугунги кунда Хоккайдонинг буюк томи – Дайсэцузан деб аташади. Четдан қараганда, улар бир-бирини елкаси билан суяб турган одамларга ёхуд кучли бўронда ёпирилиб келаётган шиддатли тўлқинга ўхшайди.
Ишикари ва Токачи шаҳарларини ўраб турган бу тоғлар Хоккайдо ороли марказида 213 гектарга чўзилиб кетади. Ушбу рақамлар Канагава префектураси майдонига тенг келади.
Қуёш нурларини тўсиб турувчи қадимий тоғ ўрмонларида ер бағирлаб ўсувчи стланик қарағай , оддий қарағай, арча, Сахалин оқ қарағайи, заранг, қайин, қора қайин, терак ўсади.
Тоғда чўққилар ярқираб кўзни қамаштиради. Одам оёғи тегмаган тоғ дараларида сувбургут, укки, лочин, қарағай қарға, қўнғир айиқ, тулки, олачипор буғу, сувсар, қуён, қарға, оласичқон, бургут кўп учрайди. Бу ҳайвонлар ва қушлар учун ушбу тоғ эркинлик ва фароғат макони ҳисобланади.

Баҳорнинг келиши

Дайсэцузан тоғи оппоқ қорга бурканган. Шундай бўлса-да, қишлоқда баҳорий ҳаво эсмоқда эди. Оркестр овози эшитиларди. Одатда оркестр бу жойларга кам келарди. Мусиқа овозларини эшитиб, Каваками шаҳарчаси ва яқин қишлоқлар аҳолиси беихтиёр бу жойга оқиб келар эди.
Шаҳар четида циркчилар гуруҳи жойлашиб олишди. Улар жуда ҳам кам, бир неча йилларда бир-бир келиб қолишарди. Мароқ билан томоша қилаётган одамларга ҳинд фили илтифот билан табассум қилаётгандек туюлар эди. Циркчилар дастури акробатика, велосипед акробатикаси, дорбозлик, отлар билан ҳунар кўрсатиш, кўзбойлоқчилик ва турли рақсларни ўз ичига олар эди.
Биринчи чиқиш Нэро номли шер ва Қизил Иблис деб номланувчи Европа бўриси орасидаги жанг эди. Европа бўриси бўрисимонлар оиласида энг йириги ҳисобланади. Бу бўри тури Пиреней дан келган.
Қизил Иблис урғочи эди, аммо, шунга қарамасдан, унинг танаси ҳам, оғирлиги ҳам овчаркадан катта эди. Оёқларини маҳкам тутиб, эгилган қорни билан жанговар ҳолатда турар эди.
Паст бўйли ҳайвон ўргатувчи: «Энди сизнинг диққатингизга шер ва бўри орасидаги жангни тақдим қиламиз!», деди. Иблис ҳавода бир айланиб кескин сакради. Албатта, оддий кучуклар буни удда қилолмайди. Шер Нэро ва Иблис буни эрмак учун қилишгандир, аммо бундан даҳшатга тушган томошабинларни тер босди. Иблис шерга яқинлашиб, жиғига тегарди. Буни кўрган томошабинлар: «Европа бўриси – даҳшатли йиртқич ҳайвон экан», дейишарди. Жанг пайтида ғижирлаган оқ тишлари, ёнувчи кўзлари ва қип-қизил тили туфайли у Қизил Иблис лақабини олган эди. Ўша кеч бўри жуда чарчаган эди. Томоша якшанбага тўғри келгани учун, у бир неча жангда иштирок этган эди. Бунинг устига, ҳайвонларга қарашга масъул бўлганлар уларга тузукроқ овқат беришмас, ҳатто улар ейдиган гўштларни ўмариб қолишарди. Бу Иблисга ёқмас эди. Кўпинча бу кимсалар ҳайвонларга қўпол муносабатда бўлар эдилар. Томошаларда ҳайвонлар қанчалик яхши иштирок этишмасин, «Қани, тезроқ бўл!», дея уларни катакка тепиб киргизишар эди.
Бўри ёшлигидан шу циркда улғайди. У бўри бўлишига қарамасдан уни ит деб ҳисоблардилар. Циркда итлар ҳам бор эди. Баъзан уни ғалати ҳислар қамраб олар, унда бўри қони қайнаб қоларди. Шер билан бўлган олишувда ҳам шундай бўлди. Шер Нэро ёш бўлгани учун қизиққонлик қилгиси келди. Бўри Нэронинг ёшида бўлса ҳам, эрмак қилгиси келмади.
Бу оқшом кам гўшт теккани учун бўлса керак, бўрининг жаҳли чиққан эди. Элен деган овчарка ити бўрига дўстона яқинлашди. Иблис ногаҳон унинг гарданидан тишлаб олди. Овчарка овозининг борича увиллаб катакнинг бурчагига тиқилиб олди. Иблиснинг қаттиқ тишлаш мақсади йўқ эди. Аммо барибир, бўрининг қозиқ тишлари Эленни жароҳатлади. Элендан қон оқаётганини кўрган цирк хизматчиси катакка югуриб келди-да, айбдор Қизил Иблис эканини англаб, унга: «Вой аблаҳ!» деб бақирди.
У четдаги темир билан Иблисни урмоқчи бўлди. Иблис ҳеч кимга ўзини осонлик билан уришга изн бермасди. Шу боис баланд овозда ҳуриб, шовқин кўтарди.
Маки номли цирк хўжайини маст кўриниш билан, «Нима бўлди?», «Нима гап?» дея бошини қашиб хонасидан чиқди.
«Иблис Эленни тишлади».
«Иблис? Ахир сен хотиржам бўри эдинг-ку», — дея хўжайин катакка яқинлашди.
Юзини катакка яқинлаштириб, «Эй Иблис, нима бўлди? Нега бугун дарғазабсан?», деди. Иблис хўжайинга жуда боғланиб қолган эди. Хўжайин цирк хизматчисига қараб: «Эй, сен нима қилмоқчисан?», деди.
«У бугун олишувга чиққан эди».
«Ҳозир баҳор. Бу фаслда Иблис сержаҳл бўлиб қолади. Шунинг учун уни бироз муддат бошқа итлардан ажратиб қўйиш керак», деди.
Цирк хўжайини ва хизматчилари шундай қарорга келишди.
«Қора айиқнинг катаги ҳозир бўш. Уни ўша ерга ўтказ ва дам бер. Ҳозир унинг жаҳлини чиқариш керак эмас», деди хўжайин.
«Эй, сенинг безорилигинг туфайли менинг ишим кўпайди».
Цирк хизматчиси вайсай-вайсай Иблиснинг катагига кирди. Шу кунгача Иблис одамларга қаршилик кўрсатмаган эди. Шунинг учун барча цирк хизматчилари уни юмшоқ феълли бўри деб ҳисоблашар эди. Ундан ташқари, у овчарка итига ўхшаб кетарди, ҳайвонларнинг фарқига унчалик бормайдиган хизматчи эса Иблисни овчарка ити деб ўйларди. Хизматчининг «Қани, тезроқ чиқ!» деган таҳдидли буйруғидан сўнг бўрининг ғазаби қайнади. Аслида итоаткор бўлса ҳам, томирида Европа бўрисининг қони оқарди. Иблис, худди шер Нэро каби билан олишувда бўлганидек, бир сакраб Хизматчининг юзини иягигача йиртиб юборди. – Вой, аблаҳ! – Хизматчи овозининг борича қичқириб, ўнг қўли билан бўрини ўзидан итаришга уринди. Бироқ йиртқичнинг ўткир тишлари унинг ўнг қўлига қаттиқ ботди ва у буткул мувозанатини йўқотди. Даҳшатли бақириқдан бошқа хизматчилар югуриб чиқдилар. Иблиснинг бошдан-оёқ туклари тикка бўлди. У катакдан чиқиб, ўзини у ёқдан бу ёққа ура бошлади. У одамни тишлагани, буни асло қилиш мумкин эмаслигини билгани учун қочарди. У думини пастга тушириб, ҳаммага чап бериб югурарди. У хўжайиннинг овозини эшитса-да, қочишда давом этарди. Ўрмон уни чақириб, «Сен эркин бўлдинг, тезроқ югур, тезроқ!» дегандек бўларди гўё. Йўллар ўнқир-чўнқир эди. Иблис тоғдан-тоққа қоча бошлади. Йўлда сув шовқини эшитиларди. Бу Ишикари дарёсининг овози эди.
Ўша оқшом ой кўринмас, бироқ ҳаво очиқ бўлгани учун юлдузлар ёмғир каби ёғилаётгандек тасаввур уйғотар эди. Қор кўп, тун ойдинлигидан Куродаке, Кэйгецудаке, Рёундаке, Хокучиндаке тоғлари бемалол кўриниб турарди.
Муздай совуқ шамол эсиб, иссиқ булоқ Соункё (қават-қават булут) ёнидаги уйларнинг чироғи милтилларди. Иблис бу ерга яқинлашишга қўрқди. Айнларнинг итлари ҳура бошлаганда ҳам эътибор бермади, Иблис улардан чаққонроқ эди. Эдзо (Хоккайдонинг қадимги номи) номли қарағайзорни кесиб ўтгач, кўзни қамаштирадиган қояга чиқди.
Жарликдан шаршара овози эшитиларди. Югуравериб томоғи қуриган Иблис Гинга (Галактика) шаршарасига яқинлашди, олд оёқларини букди-да, тўйиб-тўйиб сув ичди. Шу пайт Иблис бошқа ҳайвон борлигини сезди. У дарҳол ўзини четга олди. Унинг олдида гавдаси ўзига тенг, қулоқлари тикка бир ит турарди. У думини ликиллатиб, эҳтиётлик билан яқинлашди. Иккиси бир-бирларини ҳидлаб кўришди, атрофларидан айланишди ва югурганча тоғ томонга кетишди.

Қалб куртаги

Ёз келди. Июнь офтоби йилнинг бошқа мавсумлари бадалини тўлаган каби, ерни ҳам, кўкни ҳам обдон қизита бошлади. Қуёш нурлари Дайсэцу тоғи чўққилари-ю, баланд қарағайларнинг учларигача тега бошлади. Осмон табассум қилиб, дарё сувини ичгани келган қўнғир айиқ, буғу ва бошқа ҳайвонлар билан гаплашишни истарди гўё. Асахидаке , Ишикаридаке ва Томурауши тоғлари тепасидан ёзги момоқалдироқ булутларининг оқим бўлиб сузаётганини кўриш мумкин.
Бу вақтда Асахикава ва Камикава аҳолиси қизғин меҳнат билан банд эдилар.
Шунга қарамай, ҳали Ишикари дарёси оқимида ҳам, дарё ўзани Хорокаишикарида ҳам, баҳор тугаётган бўлса ҳам, ёз унчалик забтига олмаган эди. Қоя тепасидаги қоронғи ўрмонда, дарё томонга қараб баҳайбат бир дарахт синиб ётарди. Шубҳа йўқки, айланаси 2 метрдан ошиқ бу дарахт 500-600 йил яшаган эди. Дарахт кўп замонлардан бери синиб ётганга ўхшарди. Чириган ва пўпанак босиб кетганлигидан унинг ёнида баҳорги гуллар ғунча очган эди. Қоядаги ғор ва бу синиб тушган арча дарахти Иблис ва туғилган кичкина бўриваччалар учун паноҳ бўлди.
Эндигина туғилгани учун уларнинг жуни ҳўл эди. Иблис уларни обдон ялади ва ўзининг юмшоқ қорнига жойлаштирди. Иблис бешта бўриваччани туғиш учун бир неча соат қийналди. Ғордан ташқарида шамол увиллар, дарахт баргларининг шитирлаши эшитилар, бундан бўрининг жунлари ҳурпаярди. У норози ириллаб қўярди.
Болалари туғилгач, Иблис ташқарига чиқмади. Иккинчи кун қаттиқ чанқаганини ҳис қилди. У эҳтиёткорлик билан ғор эшигига судралиб борди. Ғор тешиги қулаган катта арча тагида эди. Унга қоянинг сояси тушиб турар, Эдзо (Хоккайдо) ўрмони бамбуклари ва қирққулоқлар билан тўсилган эди. Бу ерда ғор борлигини дарҳол пайқаш имконсиз эди. Иблис секин ташқарига чиқди ва бошқа ҳайвон ҳидини сезиб қолди. У ғазаб билан тишларини ғичирлатди. Пусиб келган ҳайвон шаршара ёнидаги ўша ит эди. У бўрига тоғ каклигини тутиб келган эди. Бу ит ҳам бўри каби йирик, қулоқлари тиккайган ва жуни тўқ жигарранг эди. Думи ҳам Иблисники каби пахмоқ, бироқ ундан фарқли равишда тепага қайрилган эди. Бу итнинг қони қоришиқ бўлиб, унда Айну ва Сахалин хаскисининг қони оқарди. Она Айну томонидан қаттиққўллик, отаси Сахалин хаскисидан кучлилик унга мерос бўлиб ўтган эди. Бу итнинг номи Тэцу (Темир) эди. У Канэто номли овчининг уй ити эди. Унинг уйи Ишикари дарёси, Эсэйчяромаппу, Хороишикарининг қуйи оқими бирлашган ерда, Ообакода эди.
Хўжайини Тэцуни доимо қўнғир айиқ ва буғулар овлашга олиб чиқарди.
Баҳор келиши билан ов мавсуми тугар эди. Бу вақтда Канэто милтиғини олиб қўйиб, дарахтга ишлов бериш, нарса ясаб альпинистлар ва туристларга сотиў каби ишлар билан машғул бўлар эди. Канэтонинг Ёшито номли ўғли бор эди. У Ёшито ва Тэцу билан бирга тез-тез тоғда бўлиб турарди. Ўғли ўтган йили мактабни тугатган ва энди отасига ёрдам бераётган эди.
Қорлар эриган маҳалда Ёшито отаси тайёрлаган ёғоч нарсалар ва темир банкалардаги музлатилган маҳсулотларни Куродаке тоғида жойлашган дўконга элтиб берарди. Тэцу тоғларни яхши кўрарди, Канэто тоққа чиқмаган пайтлари ҳам у Ёшито билан бирга борарди. У хонаки бўлса ҳам овчи ит эди ва тоғ жойларини яхши биларди. Шунинг учун каклик, қуёнларни осонлик билан овлай оларди.
Тэцу ва Иблиснинг бешта боласи туғилган эди. Иблис болалаганидан кейин жаҳлдор бўлиб, ҳеч кимга ишонмай қўйган эди. Ҳатто Тэцу ҳам унга яқинлаша олмас эди. Буни тушунган Тэцу эҳтиёткорлик билан какликни ерга қўйди ва дарёнинг бўйига тушиб, узоқдан бўрининг ҳаракатини кузатиб турди. Иблис дарёнинг бўйига бориб сув ича бошлади. У кечадан бери чанқаган, бунинг устига қорни ҳам қаттиқ оч эди. Тэцу олиб келган какликдан иштаҳани қитиқловчи ҳид келиб турарди. Бироқ ғордан бўриваччаларнинг овози эшитилгач, Иблис шошилиб ўша томонга йўналди.
Иблис хотиржам ҳали кўзи очилмаган бўриваччаларнинг ёнига чўзилди, уларни навбат билан ялаб чиқди. Ҳар бири акиллаб онасини кўпроқ эмгиси келарди. Бешала бўриваччанинг учтаси эркак, иккитаси урғочи эди. Биринчи туғилган бўривачча бошқаларидан йирик ва кучли бўлгани учун онаси бағридан энг иссиқ жойни эгаллаб оларди.
Отаси Тэцу овлаган қуён ва сичқонларни ғорга олиб келар, хўжайини уйига икки-уч кунда бир маротаба борарди. Тэцу ғорга яқинлашса, Иблиснинг жаҳли чиқар, лекин у келтирган овни ямламай ютарди. Аста-секин ундан хавфсирамайдиган бўлди. Игнабаргли ўрмонда баҳор ҳашаротлари чириллай бошлаган пайтларда бўриваччаларнинг кўзлари очилди. Улар кучга киргани учун Иблис ҳам ташқарига чиқиб овлай бошлади.
Қадимда Хоккайдода Иблис каби йирик бўрилар яшарди. Уй ҳайвонларини бемалол қира олгани учун Мейжи даври одамлари уларни битта қўймай қириб ташлаган эдилар. Бўрилар йўқолиб кетгани учун буғулар ҳеч нарсадан қўрқмай бемалол юришарди. Эндиликда бу ерлар Иблис учун дориломон жойларга айланди. У осонлик билан ов қилар, шу боис олдинги ҳаётини, Маки хўжайинининг сабоқларини ортиқ эсламас, хуллас, жуда яхши яшаётган эди.
Бўриваччалар кундан-кунга кучга тўлиб, оқ қозиқ тишлари кўрина бошлади. Баъзан шўхлик қилишар эди. Уларнинг сутдан чиқадиган пайти келди. Иблис энди уларга овлаб келган ҳайвонларидан ейишни ўргатди. Бўриваччалар очкўзлик билан гўшт ейишар, кучайганлари сари шўхликлари ҳам ортиб борар, баъзан бир-бирларининг қулоқлари, оёқлари ва думларини жароҳатлар эдилар. Энг йирик бўривачча ўз жисмоний кучини анча эрта кўрсатди ва доимо бошқалардан ғолиб келарди. Унинг қозиқ тишлари энг йирик ва ўткир эди. Иблис ҳар доим уни кузатиб турарди. Баъзан жўрттага уни ерга ағанатар эди. Бу билан уни яна ҳам кучлироқ қилиб ўстиришга ҳаракат қилмоқда эди. Мен бу бўриваччани Киба (Қозиқ тиш) деб атайман.

Тажриба

Ой ўтди. Ғордан ташқарида баҳорги ҳашаротлар ўрнига Эдзо цикадалари ва жигарранг цикадалар чириллай бошладилар. Ғорга четан капалаги учиб келди. Бу капалак тури музлик давридан тирик қолиб келган. Икки майда пашша ғизиллаб бўрининг қулоғи атрофида айланишарди. Бўри қулоғини қимирлатиб уларни ҳайдарди. Чивинлар мавсуми бошланди. Иблиснинг ғори – дарё бўйида, улар учун қулай жойда эди. Чивин, майда ҳашарот ва икки қанотли сўналаран азият чека бошладилар. Бўрилар тоғда бемалол юра бошлаганларида, Иблис уларни зараркунанда ҳашаротлар кам бўлган жойга – гулзорлар кўп бўлган ерга кўчирмоқчи эди. Чивинлар кўпайгани учун Иблис секин ўрнидан қўзғалиб ўрмон ичкарисига юриб кетди. Шу пайт ташқарида бироз шовқин кўтарилди. Бироз олдин Иблис сассиқкузан тутиб келиб, бўриваччалари ўртасига ташлаган эди. Бу онанинг ўзига хос тарбия воситаси, «Қани, энди ўз кучларингиз билан ўлжа тутиш вақти келди», – дегани эди.
Сассиқкузан яраланган ва заиф эди. Аммо ҳали қаршилик кўрсатишга кучи бор эди. Бўриваччалар биринчи марта тирик овни кўрмоқда эдилар. Сассиқкузан эсанкираб қолган эди. Бўриваччаларнинг ҳар бири сассиқкузанга биринчи яқинлашмоқчи бўлиб, ташланмоқда эди. Кибанинг феъли отаси Тэцуга ўхшар эди. Иккинчи бўлиб туғилган боласи бўри каби очкўз эди. Учинчи туғилгани қўрқоқ бўлиб, фарқига бормасдан, сассикузаннинг ҳар еридан тишлаб ташлади. Унинг жуни деярли қоп-қора бўлгани учун уни Куро деб атаймиз. Иккала урғочи боласи худди итлар каби эдилар. Иккинчи бўлиб туғилган, қизил қулоқли боласи биринчи бўлиб сассиқкузанга ташланди. У қозиқ тишларини ғижирлатди, шу пайтда сассиқкузан жанговар ҳолатга кирди. Ундан кейин ҳужумни Куро давом эттирди. Сассиқкузан яраланган эди, аммо журъат билан қаршилик кўрсатишда давом этмоқда эди. Бирдан Қизилқулоқ ғингшиб ўзини четга олди. Бу пайтда сассиқкузан Куронинг қулоғини ёрди ва яна мудофаа ҳолатига ўтди.
Илгари сассиқкузанлар Хоккайдода бўлмас эди. Уловларнинг юкхонасига кириб олиб, мамлакатнинг шимоли-шарқидан бу ерга келиб қолишган эди. Совуқ об-ҳаво шароитида ўзгаришга учрагач, улар яна ҳам қалинроқ юнг билан қопландилар. Хоккайдода озиқ-овқат мўллиги туфайли улар тезлик билан семириб, йириклашиб қолдилар. Иблис тутиб келган ўлжа бу атрофдаги энг йирик сассиқкузанларидан эди. Уни тинчитиш учун анчагина тер тўкишига тўғри келарди. Киба кейинги навбатда эди. У укалари ва сингилларидан кўра ақллироқ эди. Шу боис, хотиржамлик билан қулай пайтни пойлади. Сассиқкузан четга сурилиб, енгил тин олди. Киба бу қулай пайтни қўйиб юбормади ва бирданига ташланиб, сассиқкузаннинг томоғига ўткир қозиқ тишларини суқди. Сассиқкузан ўлим олди талвасасига тушиб қолган эди, ерда думалаб, Кибанинг иягини тишлади. Илгари Кибани онаси ҳам кўп маротаба шу тарзда тишлаган эди, аммо буниси ҳақиқий эди. Сассиқкузан билан олишув ҳазил эмасди. Кибанинг кўз олди қоронғилашди, калта-калта нафас ола бошлади. Бироқ, ўзини тутди. Ияги тишланганига қарамай, сассиқкузанни қўйвормас эди. Бу лаҳзада сассиқкузан яна ҳам заифлашган, деворга сиқиб қўйилганди, қолган бўриваччалар ҳам ташланиб, уни парчалаб ташладилар.
Энг кўп гўштни Киба еди. Бундай овқатдан кейин бўриваччалар яна ҳам шўхлик қилишди ва ухлагилари келди. Кибанинг кўзи хиралашиб, охирги кучи билан ғор оғзига қараб юрди. Она бўри буни кўриб, «Ҳали эрта, болакай!», дегандек танаси билан йўлни тўсди ва бўйнидан тишлаб орқасига қайтармоқчи бўлди. Ғор олдидан Хорокаишикари дарёси оқиб ўтарди, сув юзаси кўзни қамаштириб ярқирарди. Киба эҳтиёткорлик билан олд оёқларини ҳаракатлантирарди ва яна тўхтаб қоларди. Аммо, ташқарига чиқиш истаги барибир ғолиб чиқди. Киба онасининг четга чиқишини кутиб турди ва барибир ташқарига чиқди. Ер иссиқ эди, аммо ғорда юришдан кўра бу ерда юриш осонроқ эди. Киба югуриб кетди. Дарёгача борди ва бирданига сувга тушди. Сувда уни қўрқув босди ва у яна қуруқликка чиқди. Ҳўл бўлган қорни ва оёқлари совиди. Киба ўзини ялай бошлади. У соҳилда дарёнинг оқишига қараб турарди. Шу пайтда ёнидан хода оқиб ўта бошлади. Хода каттагина, икки метрга яқин эди. У Кибанинг ёнида тўхтаб қолди. Киба уни ҳидлади ва устига сакраб чиқди. Хода бир силтаниб соҳилдан узоқлаша бошлади. Киба қўрқиб кетди, сакрашга ҳаракат қилди, аммо ёғоч соҳилдан узоқлашган эди. Киба ёғочнинг у учидан бу учига юра бошлади, аммо оқим уни тезлик билан оқизиб кета бошлади. Ёғочдан юрганида у яна ҳам катта кўринди, Киба унга ётиб олди. Ёғоч тезлик билан оқиб борарди. Киба ивиб кетди. Кўзининг олдида катта қоя кўринди. Сув оқими тезлашди. Шаршара. Киба бирданига тепага сакради ва сувга тушди, оппоқ кўпиклар ичида типирчилай бошлади. У сув юта бошлаган ва оқимни ҳеч қанақасига енголмас эди. Нафас олиши оғирлашди. Киба бутунлай ҳолдан тойди. Фалокат юз берганди. Киба бирдан оқимдан чиқиб олдинга сакради. У шаршара устидаги сув оқимидан чиқиб олган эди. У оёқларини секингина қимирлата бошлади. Қулоқлари орқага тортилди, бурни олдинга чиқди ва оёқлари билан бир маромда ҳаракат қила бошлади. Шундай тарзда Киба сузишни ўрганиб олди. Бундай тажрибадан кейин сув унга қўрқинчли эмасдек туюлди. Сузиб соҳилга келди. Соҳилга чиқиб, бутун танасини силкитди. Сув томчилари мушак каби қуруқ ерга сочилдилар. Киба жуда ҳолдан тойганди. Иссиқ ер унинг танасини исита бошлади. Чарчоқ кета бошлаганда Киба оч қолганини ҳис қилди. У ўрнидан турганида қоронғи туша бошлаган эди. «Энди бирор нарса тутиш керак». Киба ишонч билан ўрмонга қараб юра бошлади. Қоронғи ва кенг ўрмон. Оёқ тагидаги ўт-ўланларнинг шитири зўрға эшитилади. Бирданига Киба сакради. Атрофга сукунат чўкди. Ҳидламоқчи бўлди ва қачондир егани – сичқоннинг ҳидини сезди. Киба жаҳли чиқди, ерни ковлай бошлади, аммо сичқон кўринмасди. Кейин у қуённи учратди. Кибага қуён гўштининг таъми таниш эди. Бу сафар у эҳтиётлик билан яқинлашди. Бироқ, қуён ўзидан икки метр нарида турган Кибани сезиб қолди ва бир сакраб кўздан йўқолди. Эсанкираб қолган Киба якка ўзи ов қилиш қанчалик қийин эканини англади. Қуёш ботди ва атрофга қоронғулик чўкди. Ёнида онаси йўқлигини англаб Киба ўзини ёлғиз сезди. Очлигидан боши ҳам айланаётганди. Бирдан шитирлаган товуш эшитилди, кимдир яқинлашаётган эди. Киба ерга қапишиб, диққат билан олдинга қарай бошлади. Қоронғиликда иккита кўз хира ялтирарди. Кибага ўхшаган, аммо ундан катта бир нарса яқинлашаётган эди. Масофа икки метрга қисқарди, ҳайвон тўхтади ва ҳидлай бошлади. Ингичка оёқлар, ингичка тана, дум – онасига ўхшар, аммо Иблисдан кичикроқ эди. Кибанинг жунлари ҳурпайди. Қандайдир муддат бу ҳайвон унинг ҳаракатини кузатиб турди, кейин қўққисдан Кибага йўл берди. Бу шимол тулкиси эди. Унга Кибанинг ўткир ҳиди ёқмаган эди. Тулки буталар орасида йўқолиб кетганидан кейин Киба секингина олдинга юра бошлади. Тулки узоқлашган сайин Киба ҳам ўзига ишонч пайдо қилиб, олдинга илдамлай бошлади. Яна озроқ юргач, ўрмон четига бориб қолди. Осмонда юлдузлар порлар эди. Киба қулаган дарахт ёнида тўхтади ва ҳидлай бошлади. Атрофда хавф йўқлигини ҳис қилиб, сакраб дарахтга чиқиб олди. Одатда, бир ойлик бўрилар дарахтга чиқа олмасди. Аммо унда европа бўриси қони оқарди. Киба дарахтга ўтириб олди. Бугунги кунда бошидан кечирган саргузаштларини эслаб қолди.
«Аууууу аауууу…» Ўрмон ичидан ҳазин йиғлаган увиллаш овози эшитилди. Киба сесканиб, қулоқларини қимирлатди. Қаердандир хавф келаётганини ҳис қилди. Кибани яна ваҳима босди ва у ҳам увиллади. Оёқларини олдинга чиқариб, кўкрагини кериб, осмонга, юлдузли осмонга қараб увиллади. Бу одатий бўрининг увиллаши эди. Ўрмон ичидаги увиллаш овози яқинлаша бошлади. Шу пайт кимдир унинг бошига сал тегиб ўтиб кетди. Киба дарҳол дарахт ковагига кириб олди. Кейин кавакдан бошини кўтармасдан қаради ва унга ҳужум қилган рақибини кўрди. Бу катта укки эди. У Дайсэцузан тоғидан Хидака тоғларигача бўлган ерларда, қуюқ ўрмонларда яшарди. У тулки ва қуёнларга ташланадиган тунги қирол эди. У яширинган Кибани сезиб қолди ва дарахт яқинида туриб қолди. Унинг кўзлари тўлин ой каби ярқирар, «шу, шу» деган овоз чиқарар эди. Укки яна ҳужум қилди. Киба унинг ўткир тирноқларига чап берди. Бу бир неча маротаба такрорланди. Киба бурнининг учи яраланди. У ўлим хавфини ҳис қилмоқда эди. Шу пайт кескин овоз эшитилди. Бу қуюқ ўрмон устидаги довул каби шиддатли овоз – унинг онаси Иблиснинг товуши эди. Киба бирданига жасоратга тўлганини ҳис қилди. Укки ҳам хавфни сезиб, Кибани кавакдан ташқарига чиқариш учун ўнг оёғига тирноғини санчиб, ташқарига тортмоқда эди. Киба унга тирноғини ботириб турган уккини қаттиқ тишлади. У бўриваччани тортиб олиш учун қанотларини қаттиқ потирлата бошлади. Шу пайтда Иблис етиб келди. Укки Иблисга қаршилик кўрсата олмади. Киба кўп жароҳатланган бўлса ҳам, ўзига ишонч пайдо қилган эди.

Бир кўзли Гон

Саҳар. Кўлдаги сув юзасида оҳиста туман сузмоқда. Қарши соҳилда қўшиқ эшитилди.
Менга оппоқ булутларни кўрсатинг,
Кўкларга кўз тиккан, кўкларга боққан…
Дайсэцузан тоғлари, мардларга макон,
Дилларда жасорат оловин ёққан…
Куйлаётган боланинг овози ёқимли ва жарангли эди. Туман қуюқлигида яна бир овоз эшитилди:
– Ёшито, сен жуда ҳам яхши айтяпсан!
Тоғларга чиқмоқчи бўлган одам кўринди. Қўшиқ айтаётган йигит уялинқираб ўрнидан турди:
– Ай, сиз мени эшитиб қолдингизми, жуда хижолатдаман!
Кўлнинг қирғоғида овқат пишириш учун еттита қозонча бор эди. Йигитча гуруч тозалай туриб, куйлаган эди. Кейин қизларнинг овози эшитилди:
– Ёшито, ҳақиқатан ҳам зўр айтасан. Бу қанақа қўшиқ?
Иккала қиз ҳам аёллар шими, қалпоқли енгил куртка кийган эдилар.
– Эҳ қизлар, бекиниб олиб эшитибсизлар-да!
– Биз бекинмадик. Ёшито бир ўзи овқат пиширса уят бўлади, деб ёрдамга келдик. Шундайми?!
Елкасига латтадан сумка тақиб олган қиз табассум билан сўзлар экан, дугонасига қаради. Иккала қиз ҳам кўксида Асахикава шаҳри аёллар мактаби юқори синф ўқувчилари эканликларини билдирувчи нишон тақиб олган эдилар.
– Бу Дайсэцузан тоғлари ҳақида коуто ? – деди Ёшито. Эрталаблари, қуюқ туман пайтида бу ерга қўнғир айиқ ўз болалари билан сув ичишга келади. Мен айиқни бу ерлардан қувиш учун қўшиқ айтаман…
– Вой, даҳшат-ку! — иккала қиз атрофларига аланглаб қарай бошлашди:
– Сэнсэй, ростми? Бу ерларда айиқ борми?
Тахминан жавоб берди:
– Бўлиши мумкин, – деди 30 ёшлардаги сэнсэй бамайлихотир. – Ёшито Дайсэцузан тоғлари атрофини яхши билади. Ундан ташқари, Канэто – Ёшитонинг отаси айиқ овлайди.
Сэнсэй баланд бўйли ва гавдали эди.
Шамол қўзғалди ва кўлда кичик тўлқин ҳосил бўлди. Туман шамол йўналишига қараб сузди, Томурауши тоғи тошларидан қурилган кулба кўринди…
– Қўнғир айиқлар, асосан, бу тоғнинг рўпарасида кўп юришади. Мен ҳозир бормоқчи бўлган далада ҳам кўп. Бироқ, гап шундаки, одатда уларга тегмасангиз ва қўрқитмасангиз, айиқлар ҳужум қилишмайди, – деди Ёшито ва қўлига қозончаларни олди.
– Кел, биз сенга ёрдам берамиз, – дейишди қизлар ва Ёшитонинг қўлидан идишларни олишга уринишди.
Ёшито уялинқираб деди: – Ҳаммаси жойида. Менинг ишим – одамларни тоғ ён-атрофи билан таништириш.
Кейинги гуруҳ етти кишидан иборат эди. Ёзги таътилнинг сўнгги кунлари эди. Синфдош қизлар яқин дугоналар ҳам эдилар. Вақтни мароқли ўтказиш мақсадида ёзги таътилда тоғларга чиқишни ният қилишган эди. Улар синф раҳбарлари Кожима Татсуко ва бадиий гимнастика ўқитувчиси Шимано Шинтарони ҳам таклиф қилишган эди. Қизлар бу ўқитувчиларни ёқтирар ва ҳурмат қилишар эди. Сэнсэй Шимано Шинтаро тоғликлар ҳамжамияти аъзоси эди. «Ўзимиз билан йўл кўрсатувчи қилиб Канэтонинг ўғли Ёшитони оламиз, у тоғни жуда яхши билади» деган таклифни айтган ҳам Шимано Шинтаро эди. Етти кишидан иборат гуруҳ Токачидакега чиқиб, Широгане иссиқ булоғи, Биэидаке ва Опутатэшике тоғларидан ўтиб, Томурауши кулбаси ёнида тўхташди. Дайсэцузан тоғларида ёз жуда калта бўлади. Қоялар олдидаги ботқоқли далада, ясси тоғликдаги Таканэ далаларида ёз мавсуми июлдан сентябргача, бор-йўғи уч ой давом этади. Кейин кузни четлаб, дарҳол қиш келади. Ҳатто тоғда баъзан август ойида ҳам қор ёғади. Ёз келиши билан альп ўсимликлари, масалан, Мияма гажак ўти, баргизуб (Уруп ўти ), бинафшаранг қўнғироқчалар ва бошқалар пайдо бўла бошлайди.

Етти саёҳатчи бу ерларга келиб ҳайратга тушишди ва тўлқинланиб кетишди. Улар худди ажойиб туш кўраётгандек эди. Қозончадаги овқат қайнай бошлади. Мисоширу шўрвасининг ажойиб ҳиди барчанинг димоғини қитиқлар эди.
Туман тарқалди. Ҳайбатли тоғлар манзараси кўзга кўринди.
Сэнсэй Шимано бамбук таёқчаси билан тўрт ўқувчига тушунтира бошлади:
– Бу Томурауши тоғининг ўзига хос хусусияти бор. Унинг баландлиги 2041 метрни ташкил этади, кенглиги эса деярли 3000 метр, Хонсю тоғи билан тенгдир. Қаранг, ана у қоя бошқаларига ўхшамайди. Улкан қояга суяниб турибди. Агар яхши разм солсангиз, у ерда бошқа қояларга қараганда ўсимликлар ҳам, ботқоқ ҳам кўпроқ. Демак, бу тоғ атрофидаги метерологик шарт-шароитлар ўзгача. Сиз атрофда ноёб ҳайвонлар борлигини билармидингиз?
Тўртала қиз бир-бирларига қарадилар. Ҳаммадан бўйи пастроқ, аммо ғайратли ва қувноқ қиз сўради:
– Бу пишуха ми?
– Ҳа, шундай, сенинг исминг бекорга Хидака эмас, – кулиб деди Сэнсэй Шимано.
Бу қизни Хидака Санаэ деб аташарди. У Хидака деб номланган жойдан эди. Бу жой Чюбецу дарёси ёнидаги, яйловларга бой эди. Қизнинг ота-онаси Хидака яйловларида ер ҳайдаш билан машғул эдилар.
Пишухалар фақат Дайсэцузан ва Томурауши тоғларида ва 600 метрдан юқори қоялар атрофида бўлади. Улар қуёнлардан кўра сичқонларга ўхшаб кетишади. Бироқ, уларнинг тишлари ва суяклари тадқиқ қилинганда, қуёнлар оиласига мансублиги аниқланди. Зоология фанида пишухалар оиласини тадқиқ қилувчи алоҳида бўлим мавжуд. Қиш яқинлашиши билан улар қоялар орасидаги баргларни йиғиб, қишлаш учун уя ясашади. Айтишларича, Америка пишухалари бир мавсумда бир тоннадан ошиқ барг тўплашар экан.
Шу пайт овқат тайёрлаётган ўқитувчи Кожима сўради: – Сэнсэй Шимано, бу кичкина жонзот бир қишда шунчалик кўп ейдими?
Сэнсэй Шимано жавоб берди: – Ҳа, ҳа, ахир у ўзи якка эмас-ку! У бутун оила учун заҳира тўплайди. Одатда, битта пишуха оиласи 5-6 тадан иборат бўлади». Ямашито Хисука номли қизнинг ота-онаси Асахикава туридаги япон меҳмонхонасида ишлашар эдилар. У сўради:
– Сэнсэй Кожима, сиз қачондир пишухани кўрганмисиз?
– Ҳа, мен Саппоро ҳайвонот боғида кўрган эдим, уларнинг катталиги денгиз сичқонича келади.
– Улар қандай товуш чиқарадилар?
– Мен уларнинг товушини эшитмадим.
Ёшито деди: «Улар металлнинг енгил ғижиллашига ўхшаган товуш чиқаради. Тунлари шақиллайдилар. Кундуз куни қуюқ туманда ҳам баъзан шақиллайдилар. Яқиндагина шақилладилар».
– Йўғ-ей, яқиндагина эшитганим уларнинг товуши эдими? Мен қуш деб ўйлабман, — деди Комура Ёоко.
– Шунингдек, бу кўлда Эдзо (Хоккайдо) саламандраси яшайди, – деди Сэнсэй Шимано.
Шу пайт тоғ тепасидан Тэцу югуриб келди. У Ёшитонинг олдига келиб, бир нарса демоқчи бўлгандек, инграб ғингший бошлади.
– Нима бўлди, Тэцу? – деди Ёшито итнинг ҳолатига қараб. – Эҳтимол чолни кўрган бўлса керак, – деди.
Хоккайдода қўнғир айиқни чол деб аташар эди. Сэнсэй Шимано сўради:
– Чолни кўрган, дейсанми?
Ҳамманинг юзи оқариб кетди.
– Нима бўлганини ҳали билмайман. Эй Тэцу, нима бўлди? – дея сўради Ёшито итнинг ёнига чўккалаб қайта сўради. Тэцу бошқаларга тушунарсиз тарзда ишора бериб, ғингшир эди.
«Қизиқ, агар бу қўнғир айиқ бўлса Тэцунинг жунлари ҳурпаярди», ўйларди Ёшито. Тэцу бироз шу алрозда турди-да, сўнг тоғ томонга югуриб кетди.
– Мен ҳам бориб кўрмасам бўлмайди, – деди Ёшито ва Тэцунинг орқасидан югурди.
«Эй Ёшито, орқангга қайт!»
«Бу жудаям хавфли!»
«Агар у ерда айиқ бўлса нима қиласан?»
Ҳамма бир овоздан бақира бошлади, аммо Ёшито тезлик билан узоқлашиб кетарди.
Қизил Иблис Ёшито ва Тэцу чиқаётган қоя устидан диққат билан қараб турарди. Унинг ёнида бўйлари анча чўзилиб қолган бешта бўривачча ҳам бор эди. Иблис одамларнинг овозини эшитди. Бироздан сўнг ўзларини ҳам кўрди. Циркдан қочганидан кейин беш ой мобайнида у эркин ҳаёт кечираётган эди. Бўриваччалар туғилгач, одамларга хавотирланиб қарай бошлади. Нима бўлганда ҳам у бўри эди, ит эмас. Тэцу эса ўрмонда қанчалик кезмасин, ҳеч қачон Канэто ва Ёшитони унутмас эди. Чунки Тэцу барибир ит эди. Ит ва бўрининг орасидаги фарқ шу эди. Иблис Тэцунинг келаётганига иши йўқ, аммо Ёшитога ётсираб қараб турарди. Иблис бўриваччаларни қарағайзорга яшира бошлади. Тэцу эса унинг изидан қолмас эди.
Ёшито баланд овоз билан Тэцуни чақирди. Тэцу бўри ва унинг болалари ортидан кетаётган эди, бироқ, хўжайиннинг овозини эшитиб, ихтиёрсиз орқага қайтди. Бироздан кейин беш қиз ва сэнсэй Шимано нафаслари тиқилиб етиб келдилар.
Сэнсэй: – Агар қўнғир айиқ бўлса, сенга ёмон бўлади, деб ўйладик, –деди.
Ёшито таъзим қилиб, сўради: – Сэнсэй, Хоккайдода бўрилар борми?
Сэнсэй ҳайрон эди: – Бўрилар?!
– Менга бўри бўлиб кўринди.
«Адашяпсан», деди Шимано ишонч билан. Сўнгра давом этди:
– Албатта, илгари Хоккайдода бўрилар ҳам, бир катта бўри ҳам бор эди. Унинг Саппородаги музейда экспонати бор. У Европа бўрисидан ҳам каттароқ эди. Қадимда Япония материкка қўшилган бўлган, у ердан бўрилар кўчган. Хоккайдода биринчи бўри Сибирдан келган. Бу ҳайвоннинг суягини дилювиал тупроқ қаватларидан топишган.
– Сэнсэй, дилювиал босқич деганингиз – минг йиллар олдин деганими?
– Бу минг йилдан юз минг йилгача бўлган давр. Аммо, Японияга ўтган бўри, Хоккайдода пайдо бўлган йирик бўри эди. Бироқ, вақт ўтиб, Хоккайдо ва Хонсю ўртасида бўғоз пайдо бўлди. Шунинг учун бугунги кунда Хоккайдо ва Хонсюдаги ҳайвонот олами бир-биридан катта фарқ қилади.
– Сэнсэй, бу Брэкистон чизиғи-я? – деди Санаэ.
– Худди шундай, офарин. Брэкистон чизиғи ҳайвонот оламини бўлиб туради. 7000 йил олдин тош даврида Хонсю ороли ҳозирги Хитой билан бирлашган пайтида Япония ҳудудига бўри келган. Бошқа бўрилар билан қўшилганидан кейин, Хонсю, Кюшю, Шикоку бўрилари ўзгаришга учраб, кичрайиб қолган. Бу япон бўриларини тоғ итлари деб ҳам аташади. Айтишларича, улар Мэйжи даврида йўқ қилинган. Мол-ҳолларга таҳдид қилгани учун азотли стрихнин деб аталган кучли заҳар билан заҳарлаб уларни ташлашган. Демак, Ёшито кўрган нарса қўнғир айиқ болалари бўлиши мумкин.
– Сэнсэй, ахир қўнғир айиқ бешта боласи билан юрадими?
– Ҳа, албатта, бу жуда қизиқ. Балки булар тоғ итидир.
Мунозара қилганлари учун гуруҳнинг қайтиши узайиб кетди. Шунга қарамай, бу ерларда қўнғир айиқлар кўп. Яна кенг ўрмон. Ёшито тушунтира бошлади:
– Қуёш ботар пайтида қарағай ўрмонига айиқ ўз болалари билан келади. Бироқ, бу ит ва болаларига ўхшаб кетди. Шунингдек, айиқларга гуллар очилган пайт ёқади. Кўпинча, икки-учтаси гуллар атрофида роҳатланиб ётишади.
Кожима сэнсэй ҳаяжонланиб сўради: – Ёшито, бизга ўрмон ичига кириш хавфли эмасми?
– Умид қиламанки, хавфли эмас, – деди Ёшито. – Гон деб аталган бир кўзли айиқдан бошқа ҳеч нарсадан хавфсирамасак ҳам бўлади.
Бир кўзли Гон Дайсэцузан тоғларида қачондан бери яшашини ҳеч ким билмайди… У одам ўлдириши маълум эди. Вазни 300 кг га яқин баҳайбат қўнғир айиқ. Уни кўрган овчиларнинг таърифлари ҳам деярли бир хил эди:
«У кичикроқ тоққа ўхшайди».
«У бамисоли улкан қоя!»
Айнлар ичида бу айиқ тўғрисида турли афсона ва иримлар юради. Айтишларича, у ҳақда ким ёмон гап айтса, унинг қасосига учрар эмиш. Қўллари оёқларидан узун бўлган айиқ одамни осонгина ўлдира олади. Ҳатто Канэто – айиқлар бўйича мутахассис ҳам, яхши ва ёмон айиқ бор, деб айтади. Қора айиқ – яхши айиқ, қизғиш айиқ – ёмон айиқ. Ёшито отасининг сўзларини шунчаки ирим-сирим деб ўйларди. Канэто айтган қизғиш айиқ – бир кўзли Гон эди. У Гон деган қарияни бир қўли билан уриб ўлдирган эди.
Қария Гон Канэтонинг отаси эди. Қария 6 йил мобайнида она ва қизни ўлдирган айиқни пойлаб юрди. Айиқни учратгач, қария қўрқиб қолди. Шунга қарамай, ўзини қўлга олиб милтиқдан ўқ узди. Бироқ, уларнинг оралари жуда яқин эди… Оқибатда, айиқ бир кўзини йўқотди, қария эса жонини…

Ҳаёт-мамот қонуни

Бу орада бир соат вақт ўтди. Бўри ўз оиласи билан Хакуундаке деб аталган жойда, тоғ ёнбағрида қуёш нурида тобланиб ўтирарди. Киба катта қарағай ёнида чўзилиб ётарди. Унинг ичида ҳали ҳам тунги укки ҳужумининг қўрқуви бор эди.
Кибанинг ёнида қарағай қарғаси ва булдуруқ қушларининг товуши келиб турарди. Кибанинг укалари ўрмон ичида шўхлик қилиб ўйнашарди, бироқ, Киба ҳали ҳам четда ётарди. У кўргалари – етти одам ҳақида ўйларди. Ҳатто қўрқмас онаси ҳам одамларга кўринмасликка ҳаракат қилди.
Қизиқ, нимага экан? Киба шулар ҳақида ўйлар эди.
Киба чўзилиб ўтган жойдан ўнг ва чап томонлар яхши кўринар эди. Бироз олдинроқда бўлган қуюқ ўрмон ичида Ишикари дарёсининг ўргимчак тўрига ўхшаган шохлаган шиддатли оқими ўтарди. Чап томонда баланд тоғлар тизмаси давом этарди. Бошқа томонда Чюбецу дарёси кумушрангда ялтирарди. Олдинда Хакуундаке, Кохакуундаке тоғлари, орқада Чюбэцудаке тоғи кўринарди. Киба бошини олдинга чўзиб, бурун катакларини қимирлатиб ётарди. Бирдан семизгина булдуруқ қуши қарағай буталаридан озиқ излаш учун югуриб чиқди. Киба осмонга қаради, қуёш тиниқ, булутсиз осмонда чарақлаб турарди. Узоқда қанотларини қоқмасдан, сузаётган каби катта қуш учмоқда эди. Бу бургут эди. Киба қўрқиб буталар ичига югуриб кирди. Бургут семизгина булдуруқни дарҳол чангаллаб олиб кетди. Киба бечора булдуруқнинг аянчли қисматини кузатиб турди. Ўзи ҳам эҳтиёт бўлмаганида балки уни ҳам шундай қисмат кутиши мумкин эди. Бу манзара доимо ҳушёр туриш ҳақидаги яна бир дарс эди.
Бурнини тортиб бўриваччалардан бири яқинлашди – бу Кибанинг синглиси эди. Онаси Иблис феълидан унга ҳеч нарса ўтмаган, у жуда юмшоқ феълли эди. У қатъият билан Кибани чақираётган эди. Очиқ кенгликка чиқиб, у онасидан холи атрофни мустақил ўрганмоқчи эди. Аммо, истак бўлса-да, ўзига ишонч йўқ эди. Шунинг у қатъият билан Кибани чақирар, чунки унга ишонса бўларди. Киба оч эди, шунинг учун овлаш истаги билан секин ўрнидан турди.
Бу пайтда Киба сезмайдиган жойда – қарағай дарахти соясида тулки пусиб турарди. Бироздан кейин қоядан яна бири тушиб келди. Бироз олдин жигар ранг қуён югуриб ўтди. Лекин у қарағай олдидан ўтишга улгурмади. Тулки чангалига тушиб қолди. Қуён қўлчалари билан типичилаб, чиқиб кетишга уринди, аммо уринишларининг бари беҳуда эди.
Албатта, бу бўриваччалар учун чаққон ов қилиш дарси эди. Кибани дарҳол ов қилиш истаги қуршаб олди. У синглиси билан баланд тоғ томондаги майдонга тушишди. Бироқ у ерда бир кўзли Гон бор эди. Гон эрталабдан асабий, йўлидаги ҳамма нарсани йиқитиб, қарағайларни синдириб, атрофдагиларга ўкирмоқда эди. Ёши улғайган сари у инжиқ бўлиб борар эди. Тулкилар, қуёнлар ва бошқа айиқлар Гондан узоқроқ юришга ҳаракат қилишар эди. Буни билмайдан бехабар бўриваччалар эса пастга тушишди. Бир кўзли Гон тишларини кўрсатиб, ириллай бошлади. Ҳудудига бошқаларнинг киргани унга ёқмади. Бўриваччалар Гонга тўқнашиб қолгач, Кибани бошдан-оёқ ваҳима чулғади.
«Хавфли!», – деб ўйлади Киба ва ўзини четга олди. Синглиси эса ваҳимадан қотиб қолди ва жойидан қимирламади. Бир кўзли Гон уни тутиб олди. Синглиси жуда ҳам ожиз аҳволда, қимирлай олмасди. Ундан кейин Гон Кибани таъқиб эта бошлади. Киба қияликдан тошдек думалаб кетди. Шунга қарамай, Гон унинг орқасидан югурарди. Киба қарағай ўрмони томонга учиб борар, Гон ҳам йўлида учраган дарахтларни синдириб, йиқитиб югурарди. Киба кескин бурилиб, одамлар юрадиган сўқмоқ йўлга қараб югурди. Бир неча марта қарағай илдизига қоқилиб йиқилиб тушди. Шу пайтда боши айланиб, ҳушидан кетадиганга ўхшар, атрофдаги нарсаларни кўрмасди. Аммо, яна оёққа туриб чопарди. Йўлнинг охири даҳшатли жарлик эди. Аммо, Кибанинг ўйлашга вақти йўқ эди. Орқадан оппоқ тишларини ғичирлатиб баҳайбат айиқ келаётган эди. Бу жарлик тагидан Чюбецу дарёси оқарди. Уни кўрган Киба қутулдим, деб ўйлади. Чунки у сувни энди яхши танирди. Шу пайтда ўнг томондан айиқ панжаси урилди. Бироқ, Киба оёқлари билан ердан узилди-ю Чюбецу дарёсига отилишга улгурди.

Янги олам

Яқин ерда Асахидаирага ястанган ботқоқ бор эди. Тэннин далалари бўйлаб ўз манбасини воҳадан олувчи дарё оқарди. Ботқоқ ва дарё деярли бир жойда бирлашарди. Чюбецу дарёси оқимлари бир ўзанга қуйиладиган жойда 200 метрлик қоя мавжуд бўлиб, ўзига хос етти зинапояли шаршараси бор эди.
«Қандай чиройли шаршара!»
«Бизга таърифлашгандан ҳам чиройлироқ экан!», — дейишди қизлар.
«У Хагоморо деб аталади».
«Ҳа, бу жойни яна Шёсэнкё деб ҳам аташади, – қўшимча қилди яна бири. – Шаршаранинг номи Хагоморо бўлгани учун жойнинг ўзи Тэннин деб ўзгартирилган. Қоя бўйлаб юрсанг пастда иссиқ булоқ қайнаб туради. Бу ерда Томурауши ва Асахидаке тоғларига чиқувчилар учун туристик база ҳам жойлашган».
– Кутганимиздек, сен Хидакани яхши билар экансан, – деди йигит.
Гуруҳ бир неча йигитлар ва қизлардан иборат эди. Улардан бири суратга тушишни таклиф қилди.
– Бу жойда шаршара чиройли кўринади, тасвирда ҳам шундай. Шаршара томонга тушиш керак, – дейишди қизлар. Улар бир-бири билан қувалашиб шаршара тарафга чопиб кетишди.
«Кожима сэнсэй, тезроқ!»
«Бу ёққа келинг, Шимано сэнсэй!»
«Ёшито, сен ҳам бу ёққа кел!» – дея қизлар бир-бирига қўймай чақира бошладилар.
Ёко қуёшга қараб, соя солиб турувчи тўсин қўйди. – Қанча ёмғир ёғса ҳам, Ишикари сувларидан кўра Чюбецу дарёси тиниқ экан.
«Нега?» – сўради Хисако.
«Ахир биласизлар-ку, бу Хидака!»
«Сув оқими учли қоялар орасидан ўтади, улардан эса тоза тоғ суви оқади, шундай эмасми, сэнсэй?»
Бу Киба кўл ёнида кўрган ўша қизлар эди.
«Жуда тўғри, шунинг учун ҳам дарё суви шаффоф».
Кида Кумико ҳамманинг диққатини тортиб, деди: «Бўлди энди сэнсэй, нутқингизни якунланг, суратга оламан».
Етти сайёҳ Асахидэ тоғларига боришди, Сугатами ва Функако кўлларини томоша қилишди ва ҳозиргина тоғдан бу ёққа тушишган эди. Бугун кечқурун улар Тэннинкё иссиқ булоғида қолиб, эртасига Санаэнинг отаси айтган Хидака яйловига боришмоқчи эди.
– Ундай бўлса, мен энди кетаман. Ҳаммага раҳмат, – деди Ёшито ва бош кийимини ечиб, таъзим қилди.
– Бизга ёрдам берганинг учун сенга катта раҳмат!
– Ёшито, сен туфайли вақтимизни жуда чоғ ўтказдик!
Ҳамма хайрлашаётган пайтда, Тэцу ярмигача сувга кириб вовуллай бошлади.
«Нима бўлди, Тэцу?», – сўради Ёшито ва соҳилга қараб юрди. Тэцу хўжайинининг овозини эшитиб, унга қараб думини ликиллатди-да сўнг яна дарё томонга қараб қаттиқ вовуллай бошлади. Ёшито оёқларининг учида турди ва диққат билан ўша томонга қарай бошлади. Тэцунинг кўзи дарё тубидаги икки қояда эди.
«Ёшито, қоялар орасида нимадир борга ўхшайди» – деди Шимано сэнсэй, тикка жар устидаги дарахтни ушлаб. Қоялар орасида латтага ўхшаган бир нарса кўринар эди.
«Нима бу?.. Одамми?»
«Йўғ-эй, одам эмас. Қандайдир ҳайвонга ўхшайди».
«Балки тулкидир! Чунки бу атрофларда тулкилар кўп» – деди Ёшито.
«Тулкига ўхшайди, бироқ…» – Шимано сэнсэй яхшироқ кўриш учун дарахтни ушлаб юқорироқ чиқди. Оғирлик кучидан дарахт атрофидаги тупроқ ҳаракатга кела бошлади.
«Сэнсэй, бу хавфли!» – қичқира бошлашди ўқувчилар, уни тўхтатишга уриниб.
Шимано сэнсэй орқасига қараб, «Фақатгина шундай кўра оламан мен… Ҳайвон!.. Аниқ ҳайвон. Бироқ, тулки эмас. Ўликка ўхшайди!… Йўқ, қимирлаяпти… Бу ит. Ит! Оқим оқизиб кетган бўлса керак… Ҳозир ўлиб қолади».
– Вой, нақадар ачинарли! Биз уни қутқара олмаймизми? – ялиниб сўради Санаэ.
– Тепадан оқимга тушган бўлса керак, – деди Кумико.
– Шимано сэнсэй, биз уни қутқаролмаймизми? – деди Кожима сэнсэй.
– Билмасам. Ҳозир сувнинг ҳажми ҳам ортди… Бу дарёда тик қоялар ҳам кўп, оқим ҳам шиддатли, – деди Шимано сэнсэй елкасини қисиб.
Ҳамма итни қутқаришни умидини узган, фақатгина Санаэ ҳайвонларни яхши кўргани учунми, итни шунчаки ташлаб кетишга кўзи қиймаётган эди.
– Хўш, хоним, мен бирор нарса ўйлаб топаман, – деди Ёшито унинг илтижоли кўзига қаролмай.
– Сенга бирор нарса бўлса-чи, Ёшито?!
– Ёшито, ахмоқлик қилма! – дейишди Шимано сэнсэй ва Кожима сэнсэй уни йўлдан қайтармоқчи бўлиб. Қизлар ҳам уни тўхтатишга уринишди.
– Ҳаммаси жойида. Мен сузмайман. Буни Тэцу қилади. Сизлар қараб туринглар, – деди Ёшито ва кийимини ечиб, Тэцуга буюрди:
– Бор! Олиб кел!
Ёшито белигача сувга тушди. Тэцу дарҳол икки метрлик тик соҳилдан сакраб, ҳаммаёққа сув сачратди. Тэцу сув оқимининг ўртасига етгач, ғайрат билан қояларга қараб суза бошлади.
– Тэцу, маҳкам тур!
– Қани, қани! – соҳилда турганлар уларни бир овоздан қўллаб-қувватлай бошладилар.
Киба бутун танаси билан қояга суяниб, туманли кўзлари билан атрофга қараб турарди. Оқим билан сузиб келган Киба қояга урилган ва қовурғаси синган эди. Тэцу қояга яқинлашди, бироқ оқим уни оқизиб кетди.
– Тэцу, яна бир марта ҳаракат қил! – бақирди Ёшито.
Тэцу соҳилга чиқди, сувини силкитиб, яна оқим бўйлаб югуриб кетди. Бу сафар у қояга яқинлашди. Тэцу сувга сакради ва Киба томонга ғайрат билан сузди. Киба ўзи томонга сузиб келаётган ҳайвон бир кўзли Гон эмаслигини англади. Улар бир-бирига душман эмас, нима биландир боғлиқ эканликларини ҳис қилишарди. Тэцу Киба ётган қояга яқинлашди. Оғзини очиб, Кибанинг ҳўл бўйнидан тишлади. Бу шерлар ва бўрилар усули. Киба катта бўлгани учун қуруқликда Тэцу уни таший олмасди. Бироқ, сув оқими Тэцуга ёрдам берди. Соҳилга олиб боришгач, Ёшито уни қўлига олишга уринди. Лекин Кибага бу ёқмади. У тишларини очиб ириллади. Шимано сэнсэй уни огоҳлантириб, «Эй Ёшито! У ириллаяпти, эҳтиёт бўл!», – деди.
Ёшито «Нима?» дейишга улгурмасдан, Киба уни тишлаб олди.
«Вой, оғриди!»
Тэцу қўққисдан Кибага ташланди.
«Бу тоғ ити… Яхшиси уни ўлдириш керак, ёки ҳайвонот боғига этиб бериш керак».
«Тўғри. Бу уй ити эмас. Чунки тепада уй йўқ».
«Лекин у ит боласи, аммо жуда ёқимли».
«Биз Томурауши тоғида кўрган тоғ итининг боласи эмасми?»
«Шундай бўлиши ҳам мумкин. Лекин нима бўлса ҳам, қўлингни узатма!» – огоҳлантирди Шимано сэнсэй ва давом этди: «Бу ҳайвон кутганимдан ҳам сурбетроқ чиқди. Уни қўйиб юбориш хавфли. Ачинарли, аммо яхшиси уни бир уриб ўлдириб қўя қолиш керак». У қўлига тош олди.
Киба узоқ вақт сувда қолгани ва яралангани учун ҳолдан тойганди. У Ёшитони тишлаган бўлса ҳам, ўрнидан туришга ҳоли йўқ эди.
«Сэнсэй, тўхтанг! Ташланг!» – дедилар Ёшито ва Санаэ.
«Нимага энди?»
«Қўнғир айиқни ҳайдаш учун бизга шундай кучли ит керак» – деди Ёшито. Ёшито ундан Тэцудан ҳам яхшироқ овчи ити тарбиялашни мўлжаллаган эди.
«Сэнсэй, ахир ачинмайсизми!» – деди Санаэ. Одамларнинг бир мавжудотни дунёга келтирган бир қимматбаҳо ҳаётни ўзбилармонлик билан ўлдиришга қарор қилишлари даҳшатли нарса.
Яна: «Бу кўппак қўрқиб кетди. Агар одамлар хавфли эмаслигини билса, қўрқмайди, ўзини хотиржам тутади».
«Шундаймикан? Хидака, сен бу итни ўзингга ўргата оласанми?»
«Уриниб кўраман, уни ўзим билан олишимга рухсат беринг».
Шимано сэнсэй Санаэнинг кўзларига диққат билан қаради.
Қизнинг қарорини тушуниб, Шимано тошни четга ташлади ва: «Хўш, уриниб кўр-чи», – деди. Санаэ Кибанинг ёнига чўккалади.
«Санаэ, бу хавфсиз эмас!»
«Қўлингни чўза кўрма!» – огоҳлантира бошлашди Хисако ва Ёко.
«Ахир биз энди дўстлашдик, шундай эмасми?!» – деди Санаэ ва Кибанинг қўлини қўлига олди. Киба Санаэга диққат билан разм солди. У Санаэнинг меҳрибон қалбини ҳис қилди ва унинг қўлини ялаб қўйди.

Қишлоқ аҳолисининг ғазаби

Санаэнинг отасига тегишли бўлган Хидака яйлови Чюбецу дарёси оқимининг пастида эди. Нишаб тепаликда иккита жигарранг хашаки минора ва гулзор ўртасида, жигар ранг томли, қаймоқ ранг деворли молхона ҳам бор эди. Тахта четан орқасида оқ-қора Голштин зотдор қорамоллари боқишар эди. Яйлов орқасида ўрмон бўлиб, тилоғоч дарахтларининг барглари кузги офтобда тилла ранг тусда товланар эди. Тепада булутсиз кўм-кўк осмон кўзни қувонтиради. Эртакдаги каби жаннатмакон жой. Киба учун бу ер янги эди. Қорамолдан ташқари, хўжаликда қўйлар ҳам бор эди. Қўйлар Колли зотига мансуб икки шотланд овчаркаси Покку ва Жюли томонидан қўриқланар эди. Иккаласи ҳам қора рангда эди.
Бўривачча Киба олти ойлик ва ҳали ўсаётганига қарамай, танаси мустаҳкам эди. Санаэнинг ғамхўрлиги туфайли қовурғаси ва жароҳатлари тез битиб кетди. Аста-секин у ўзини тиклади ва батамом соғайиб кетди. Энди у Колли зот итлар билан беллаша оладиган даражага чиққан эди. Ботаётган қуёшнинг қизғиш нури билан товланаётган хашак уюмли миноралар унга ёқарди. Уни ҳар доим ўша ердан топардилар. Минорада қишлов учун озиқ-овқатлар сақланарди.
«Эй Сабуро, бориб қара-чи, бу келишган ҳали ҳам ётибдими?» – деди чўпон Мацукичи.
Мацукичи бу яйловдан овқат еяётган ҳар бир нарса, хоҳ у инсон бўлсин, хоҳ ҳайвон, еганини ҳалоллаши кнрак, деган фикрда эди. Покку ва Жюли қўйларни қўриқларди. Мацукичи Кибани баҳайбат, аммо фақат озиқ-овқат сарфланадиган фойдасиз ит деб ҳисобларди.
«Жин урсин, Бека бу итни ортиқча эркалаяпти. Ҳали мен бир марта бўлса ҳам, вовуллаганини эшитмадим» – деди чўпон Сабуро.
Киба итга ўхшаб ҳура олмасди. Агар у Покку ва Жюли билан яхши келишганида, балки ўрганарди. Лекин Киба улардан очиқ-ойдин нафратланарди. Жароҳатлари тузалганидан кейин, у биринчи маротаба Санаэнинг яйловига борди. Қайтишда Покку ва Жюли унга ташланишди. Биринчи бўлиб Покку ташланди. Санаэ ташвишланиб бақирди: «Покку, мумкин эмас, тинчлан!»
Лекин, Покку бўйсунмади. Бекаси тўқнашувни қўллаётган каби сезилди унга. Киба Поккуни назар-писанд қилмаётган эди. Покку эса Кибани қўрқаётганга йўйди. Покку гердайиб Кибага ташланди. Санаэнинг бақиришини эшитган чўпонлар югуриб келишганида ҳаммаси тугаб бўлган эди. Поккунинг ияги остидан елкасигача йиртиқ жароҳат бор эди. Оғриқдан Покку баланд увилларди. Бироқ, Киба тлгаригидек атрофдагилар эътиборини қаратмаётган эди. Жюли қаттиқ қўрққанидан думини ликиллатар, ўзини бўйсунаётганини билдирар, бироқ Киба унга ҳам эътибор бермаётган эди.
Кунлар ўтар, Санаэ уни инсонлар орасидаги турли нарсаларга ўргатаётган эди. Киба буларни қийинчилик билан қабул қилар, одамлар ҳаётини тушунмас эди. Покку Кибага ташланганидан кейин бироз вақт ўтиб, отардаги қўйлардан бири Кибага яқинлашди. Қўққисдан Киба унга ташланиб, тинчитиб қўйди. Буни кўрган Мацукичи шовқин солди:
– Даҳшат, даҳшат! Бу аблаҳ – тоғ ити, қўйни нобуд қилди!
Чўпонлар кетмон, таёқларни олиб калтаклаш учун Кибанинг орқасидан югуришди. Киба табиий равишда бирор ўлжани қўлга киритган ва уни ейишга ҳақли, деб ҳисоблар эди. Шунинг учун, ғазабланган чўпонларни кўриб, қўйни яна ҳам маҳкамроқ қисиб, ирилларди. Чўпонлар буни кўриб қўрқиб кетишди ва уни ўраб олишди. Чўпонларнинг бири ўтинни олиб Кибага отди. Ҳали тахта ҳавода айланаётган пайтда Киба чўпонга ташланиб, уни уриб йиқитди. Чўпон ерга ётиб олиб, юзини ёпиб, бошини чангаллаб тинимсиз бақирарди. Санаэ дарҳол Кибага қараб бақирди:
«Таки! Мумкин эмас!»
Кибани ток ургандек бўлди ва дарҳол тўхтади. Киба одамлар орасида яшаётганидан бери, унга Таки (Шаршара) номи берилган эди. Уни шаршара ёнидан топиб олишгани учун Санаэ унга шу номни берган эди. Қўй воқеасидан кейин, Киба тушундики, одамлар билан тўқнашиш керак эмас экан. Шунингдек, четан орқасидаги, яйловдаги қўйлар, моллар, қуён ва товуқларга ҳам тегиш керак эмас, чунки улар Санаэ билан бир оила экан. Кунлар ўтди, Кибада кўпроқ ит феъли шакллана борди, чунки нима бўлса ҳам, унда отаси Тэцунинг қони оқарди.
– Таки ақлли, бир мартада ҳамма нарсани тушунади, – биринчи қор ёққан кунлари Санаэ уни кўришга келган ўртоқлари Ёко, Хисако ва Кумикога шундай деб мақтанди: – Мен унга жуда ҳам боғланиб қолдим.
Қизлар ҳайрат билан: «Тарбиялашинг осон бўлмаган бўлса керак», дейишди.
Бу оқшом…
Учала қиз тепалик томондан увиллаган товушни эшитишди, итлар орасида шовқин кўтарилди. Бу Кибанинг увиллаши эди. Овоз ғамгин, йиғига ўхшаш, ғазаб ифодаси эди.
– Ҳаммаси жойида. Бу Таки, – деди Санаэ қизларга. – Осмонда тўлин ой кўринган пайтда Таки тепалик устига чиқиб узоқ увиллайди. У тоғларни соғинса керак.
– Нега унинг ҳуриши бошқа итлардан фарқ қилади? – деб сўрадилар Хисако ва Кумико.
– Ҳа, у итдек ҳурмайди. Таки бошқа итлардан фарқ қилса керак. Бунинг устига унинг танаси ҳам енгилроқ. Бу ерга келганидан бери у Покку ва Жюли билан ҳеч қанақасига дўстлашишни истамаяпти.
Киба тепаликда увиллашни давом этарди.
Эрталаб эса… Қишлоқ одамлари кимдир эчкини бурдалаб ташлагани учун қаттиқ шовқин кўтаришди. Бу эчки Тароппу деҳқон ҳовлисига мансуб эди. Агар Хидака яйловидан тўғри дарёни кесиб ўтсангиз, бироз қирғоқдан юрганингизда бу деҳқон ҳовлисига чиқишингиз мумкин. Эчки доим унчалик мустаҳкам бўлмаган четан орқасида турарди. Кечаси хўжайин ириллаш ва ночор маъраш товушларини эшитиб ҳовлисига югуриб чиққан. Афсуски, қўрага яқинлашганида, қўра бузилиб бўлган. Чюбецу дарёси қирғоғида бечора эчкининг туёқлари, боши, қонга беланган терисини топиб олишган.
– Эчкини қўнғир айиқ бурдалаб ташлаган, – дейишди қишлоқдагилар.
Тоғларда қор ётарди, қўнғир айиқлар қишловга тайёрланиб, дала ва ўрмонларни қириб ташламоқда эдилар.
– Йўўўқ, бу айиқ эмас!
Эркаклардан бири соҳилда ниманидир қидириб юриб, бироздан кейин оёқ остидаги тупроқни кўрсатиб деди:
«Кутганимиздек! Бунга қаранглар!»
Қирғоқда нам тупроқ юмшоқ бўлиб, уларда бир неча Умэ (япон олхўриси) гулига ўхшаш аниқ-тиниқ излар қолган эди.
«Бу эрталабки излар» – деди эркак.
«Дайди ит!»
«Бу тоғ ити, жин урсин!» – бақира бошлашди қишлоқ аҳолиси.
Эчкиси бурдаланган деҳқон: «Бу пайтларда бу ерларда дайди итларнинг санғишини эшитмагандим», деди.
«Хидака яйловида битта ит бор. Мацукичининг сўзларига қараганда, бу ит қўйлардан бирини нобуд қилган экан»
«Йўғ-ей, шунақа бўлганми?», деб сўради деҳқон.
«Ҳмм, бу шунга ўхшаш бўлган».
«Ҳа. Бу шубҳасиз, катта ит излари. Бу тулки бўлиши мумкинми?» – дея фикр билдирди айиқ овловчи.
«Нима бўлса ҳам, келинглар, Хидака яйловидаги хўжаликка борамиз, ҳаммасини Сабуро ёки Мацукичидан аниқлаб оламиз».
Ҳамма рози бўлди ва улар биргаликда Хидака яйловига йўл олишди.
«Ҳа, бу ит!» – деди Мацукичи.
«Бу ит битта қўйни бурдалаб ташлади».
«Ҳа, бу даҳшатли ит» – қўшимча қилди Сабуро.
«Унинг даҳшатли қарашидан юрагингиз така-пука бўлади».
«Демак, кеча кечқурун уни боғламадингизми?»
«Уни боғлаб бўлмайди. Унга бармоғингизни ҳам теккизолмайсиз. Бу итга фақат хўжайин билан бека қўл теккизади, бошқа ҳеч кимга у бўйсунмайди».
«Бу ҳайвон кеча тепалик устида бўридай увиллади. Демак шу увиллаган» – деди Мацукичи.
Ҳамма, шубҳасиз, эчкини Таки бурдалаб ташлаган, деган қарорга келдилар. Ҳаммалари йиғилиб уйга, Санаэнинг отаси ёнига келдилар.
«Хўўўшш, сиз Такини ўлдирмоқчисиз, шундайми?» – деди, Санаэнинг отаси, оқ сочли кекса одам.
«Йўқ, биз уни ўлдиртириш учун бу ерга келмадик. Фақат бундан кейин бунақа иш такрорланмаслигини истар эдик», деди қўрқа-писа, катта яйлови бўлган фермерлардан бири.
«Кўпайтириш ва боқиш учун анчагина куч ва маблағ кетадиган эчкилардан бири бурдалаб ташланган. Балки ўрнига бошқа эчки берилар… Эчкининг хўжайини жуда ҳам хафа» – деди яна бир эркак.
«Хўшш..», бошини силкитиб жаноб Ёичиро ҳаммага савол берди:
«Ҳамма далиллар бизнинг Такига тақалмоқдами?»
«Ҳа…, бу….»
«Ўз кўзи билан кўрган одам йўқ, бироқ Такининг излари эчки бурдалаб ташланган жойда топилган».
Ҳамма бир овоздан: « «Ҳа, мана шунақа катта!» деди.
Шу пайтда Санаэ (уни отаси чақирган эди) ўртага чиқиб, итини ҳимоялаш учун шундай деди: «Таки у даражада ёмон эмас. Мен унга кафилман. Бироз олдинроқ Таки ҳақиқатдан ҳам бир қўйни бурдалаб ташлаган эди. Бироқ, бу воқеа биз энди уни тоғдан топиб уйга келтирган пайтимиз бўлган эди. Ўшандан бери у бунақа қилмайди. Агар ёнидан бир жўжа югуриб ўтса ҳам эътибор бермайди. Қайтага, уй ҳайвонларини тулкидан қўриқлаяпти».
Буни эшитиб эркаклар истар-истамас мунозарани тўхтатишди. Санаэнинг отаси Ёичиро ваъда берди: «Энди бундан кейин кечалари Такини боғлаб қўямиз. Хотиржам бўлинглар».
Шу оқшом кечалари Такини боғлаб қўйиш қарори қабул қилинган эди. У энди Санаэнинг каравоти остида ётарди. Кибага кечаси уйда худди катакка қамалгандек ётиш жуда ҳам ёқмас эди. Агар ёнида Санаэ бўлмаса, у бир дақиқа ҳам бу жойда турмасди. Икки кеча ҳеч қандай ҳодиса юз бермади. Учинчи кун ногаҳон қор ёғиб қолди. Бу Хоккайдода ёғаётган илк қор эди. Тоғлар ва далалар оппоқ қорга бурканди. Об-ҳавонинг ўзгариши оқибатида электричка ва автобуслар жадвали ўзгариб кетди. Одамлар бу қадар эрта қор тушади, деб ўйламаган эдилар. Шу кеча Санаэ огоҳлантириш учун уйга сим қоқди.
«Автобуслар қатнови тўхтагани учун уйга қайта олмайман. Бу кеча ўртоғим Ёконинг уйида қолишга мажбурман».
Шу муносабат билан Киба бу кеча боғловсиз қолди. Ҳеч ким унинг олдига келиб боғлашга журъат қилолмади. Уни Икуё – Санаэнинг онаси овқатлантирди. Киба иштаҳа билан овқатланди.
Бу оқшом бир воқеа юз берди…
Яна уй ҳайвонига тажовуз бўлди. Роунэнай қишлоғи қўйлари бурдаланган эди. Кейинги оқшом Мацуяма иссиқ булоғи ёнидаги хўжаликдан курка товуқлар йўқолиб қолди. Иккала жой ҳам Хидака яйловига яқин эди. Энг ёмони, булар содир бўлган пайтда Киба занжирда эмасди. Шундан кейин, қишлоқ аҳолиси Хидака яйлови хўжайини орқасидан яхши гапирмайдиган бўлдилар.
Биринчи мағлубият
Аслида Киба ҳеч қачон хусумат ташаббусида эмасди. Бунга сабаб унинг ёшлиги ёхуд муайян даражадаги қўрқуви, тажрибасизлиги эмасди. Киба ўзининг ёшига нисбатан етук ва тажрибали эди, бироқ, бунга зарурат деб қарамасди. Бироқ, бундай Кибани қишлоқ аҳолиси, юмшоқ қилиб айтганда, яхши кўрмасдилар. Уй ҳайвонлари олдинги каби бир-бир йўқоларди. Киба бу жойларда ўзига хос ҳурматга эга бўлган Ёичирога тегишли эканлиги учун, қишлоқ аҳли тўла исбот бўлмай туриб уни ўлдиртира олмас эдилар. Шунга қарамай, Кибани яйловдан ташқарига чиқармасликка қарор қилинган эди.
Ғазабланган қишлоқ аҳли: «Бу итни яйловидан чиқмайдиган қилиб қўйиш керак. Агар оч қолса, хоҳлаганича ўзининг қўй ва товуқларини еяверсин», дейишарди.
Шу билан бирга четанга Сахалин хаскиси, Акита ва немис тозиси каби зотдор итлардан келтириб қўйишди. Фитналарга қарамасдан, Киба ўзини хотиржам тутарди. У хашак минорали тепаликда хотиржам ётарди. Киба ҳеч нарсага эътибор қилмаётгандек туюларди. Бироқ, у ўзига яқинлашаётган ҳар бир итни диққат билан кузатаётганди. Ҳали бирор марта ҳам тўқнашмаганликлари, бу итларнинг уни ўзларига тенг кўраётганидан дарак берарди.
«Таки ботир!» – дерди Санаэ ота-онасига. Санаэ Кибани жуда ҳам яхши тушунарди.
«Ҳа, мен бу ерга итларни келтирган одам ҳақида ҳам ўйладим. Яйловга кирмасдан туриб, кўчаларда етаклаб юриши, бу унинг албатта шахсий иши. Биз бунга ҳеч нарса дея олмаймиз. Лекин, зарурат бўлмаса, Киба бу итлар билан тўқнашмаслигига ҳаракат қилиш керак» – деди отаси.
– Ташвиш қилманг, ота, ҳаммаси жойида. Киба ақлли ит, у мен айтаётган нарсаларни жуда яхши тушунади. У яйловни қўриқлайди, – қўшимча қилди Санаэ.
– Айтмоқчи, тоғ итлари тўғрисидаги гап-сўзлар… Мен бунга Такининг алоқаси йўқ, деб ҳисоблайман. Лекин, барибир у кечалари увиллаб чиқади. Нима дегани экан бу?
Санаэнинг онаси Икуё хоним қўшимча қилди:
– Балки Такининг увиллаши тоғда юрган ҳайвонларга қарата акс таъсирдир, балки тескарисидир.
– Балки ўртоқларини чақирар.
– Ота! – деди Санаэ бу гапни хушламасдан, – Таки энди ёввойи тоғ ити эмас. У меники, у Хидака яйловининг ити!
– Ҳа, тушундим, тушундим, – деди отаси кулиб.
Аслида Кибага занжирда бўлиш ёқмас эди. Санаэ буни жуда яхши тушунарди, шунинг учун одамлар борлигида занжирлар, бошқа пайт эса, тунлари яширинча қўйиб юборарди.
Бу воқеа шу туни рўй берди…
Бир одам ва катта ит четандан ўтишди. Киба тепаликдан туриб диққат билан кузатарди. Бу одам Ноконан ботқоғи яқинида ишлаётган қурувчи эди. Ичишни яхши кўрадиган бу одам бир сё саке учун баҳс бойлаб, Кибани тарбиялаб қўйиш учун бу ерга келган эди. Эчкиси бурдаланган чўпон Кибани яхшилаб тумшуғини ерга ишқалаш учун бу қурувчини ўзига оғдириб олиб, шундай деди:
«Мацукичининг айтишича, агар яйловга тунда борсанг, бу тоғ ити занжирда бўлади. Ўзинг билан мана бу итни ол, бунинг аблаҳни ғажиб ташласин».
Қурувчи эвазига саке олишини эшитиб, жон деб кўнди. Қурувчи минорага яқинлашганидан кейин ҳуштак чалди. Молхона томонидан одам сояси кўринди. Бу Мацукичи эди.
– Ҳа, бу ўша Асахикава итими? – сўради у.
– Ҳа! Кучли кўринади, – жавоб берди қурувчи.
Бу ит «Тосатоукен» зотидан, япон мастиф и, уни Асахикава шаҳри гўшт магазинидан олишган.
– Хўш, қани бу аблаҳ, қани тоғ ити?
– У шу ерда. Лекин бу ер қулай жой эмас. Далада кутиш керак.
– Ҳаво совуқ экан! Бўл, уни тезроқ келтир!
– У фақат бекага қулоқ солади. Уни дарров бу ёққа жалб қилиш қийин, озгина кутишингга тўғри келади. У албатта бугун яна увиллаш учун тепаликка боради.
Киба сирли гаплашаётган бу икки одамни жим кузатарди. Агар у оддий ит бўлганда, нотаниш одамни кўриб албатта ҳурарди. Бироқ Кибада бўри қони оқарди, у фақат диққат билан кузатарди, холос. Япон мастифи ҳамма нарсани ҳидлаб чиқди, лекин тепаликда турган Кибани сезмади.
– Демак, бу аблаҳ ит занжирда экан-да?
– Ҳа, лекин баъзан уни яширинча қўйиб юборишади, шекилли.
Қурувчи бироз ҳаяжонда эди. Яйлов қалин қор билан қопланган эди.
– Уҳ, совуқ! – қурувчи совуқдан титрарди. Бир сё саке бундай қалтис иш учун камлик қилади, деб ўйлади.
– Эй Мацу, бу тоғ итини йўқотганинг учун сен нима оласан?
– Ҳеч нарса!
– Алдаяпсан. Сенга ўхшаган одам бундай хавфли ишга ҳеч нарсасиз қўл урмайди. Ишонмайман.
Қурувчи гапини тугатмасидан Мацукичи тепаликда ниманидир сезиб қолди.
– Мана у, қимирлаб қолди. Мана у, жин урсин, қара! – деди Мацукичи қўли билан кўрсатиб.
– Нима? Қани? – қурувчи тўла англамай туриб, жангари итнинг бошини қашиди ва буйруқ оҳангида деди:
– Онокичи, қидир!
Япон мастифини Онокичи деб атардилар. Бироқ, Онокочи ҳали ҳам Кибани кўрмаётган эди. Шамол Онокичи тарафдан эсаётгани учун у Киба турган жойни билмаётган эди.
«Мана, қара, Онокичи! Мана, мана, мана у ит!»
Шунингдек, бу жангари ит узоқни ҳам кўра олмасди.
Қурувчи Кибани сезиб, Онокичининг бўйинбоғидан ушлаб, унга тепалик томонни бармоғи билан кўрсатарди. Онокичи тепаликка қарар, бироқ, ҳид билиши ва кўриши заиф бўлгани учун Кибани сезмас эди. Онокичи шиддат билан тепалик томон югурди. Киба тумшуғини олдинга қилиб диққат билан қараб туришда давом этарди. Онокичи пала-партиш атрофдаги ҳамма нарсани ҳидлаб чиқди. Онокичи қордаги изларни ҳидлаб-ҳидлаб тепаликка етиб борганида, Киба бу одамларнинг ҳидини сезди. Онокичининг ҳиди бурнига келганида, у рақиби етарлича кучли эканини англади. Охир-оқибатда Кибанинг излари олиниб, унинг кетидан таъқиб қилаётганлар ҳам келаётгандилар.
«Ҳа шунақами, бу аблаҳ шу ердан чиққан экан!» — деди Мацукичи ва четандан ошиб тушди. Онокичи эса четаннинг тирқишидан суқилиб кирмоқчи бўлди. Қурувчи ҳали ҳам жангари итнинг бўйинбоғини қўлида маҳкам ушлаб турарди. Қурувчи тўсиқни тарк этмасликка қарор қилди. Онокичининг тумшуғи тўсиндан чиқиб турган, иккала олд оёғи эса бир-бирига сиқилган эди. Шу лаҳзада, Киба ўзининг ўткир тишлари билан Онокичининг қалин бўйнини қаттиқ тишлади.
«Вов, вов, во-вв…» – Онокичининг даҳшатли ўкириги атрофни қамраб олди, у ҳеч қандай қаршилик ҳам кўрсата олмади.
– Ҳа, аблаҳ! – тўсиқ ичида турган ва ҳеч нарса қилмаган ҳолда бақирди қурувчи. Мацукичи қўрққанидан қандайдир сўзларни бақириб айта бошлади.
– Ааааа..! – у жон ҳолатда қорга йиқила-йиқила югура бошлади.
Бу воқеа ҳақидаги гап-сўзлар дарров қишлоққа тарқалиб кетди.
«Ҳмм, бу ит ахмоқ ит эмас экан!» – дедилар қишлоқ аҳли, ва Кибадан яна ҳам кўпроқ нафратлана бошладилар. Кейинроқ Киба жангари итлар билан бир неча маротаба тўқнашиб, ҳаммасини ютиб чиқди.
Бир куни қайинзор ва қарағайзорларда қуёнларни ов қилиш ҳақида эълон қилишди. Бу ўрмонлар Хидака яйлови ёнидан чўзилиб кетган эди. Якшанба ов куни деб эълон қилинди. Ов маҳаллий аҳоли учун томоша саналиб, ташкилотчилар ҳам ўзларининг овчи итларини олиб келиб унда қатнашишини хоҳлар эдилар. Санаэ: – Ахир, Таки тоғ ити, унга бу албатта ёқади, – деди.
Санаэ пешанасини Кибанинг бурнига тақаб, сўради: «Хўш, Киба, овга боришни хоҳлайсанми?» – Киба қувонгандек кўринди.
Шу куни ажойиб ҳаво бўлди. Бир кун олдин қалин қор ёққан эди, чор-атроф оппоқ қорга бурканган эди.
Қишлоқ қарияси: «Бугун ов учун ажойиб кун, чунки қорда излар яхши кўринади», – деди. Тўрларни қўйган одамлар бироз олдинроқ ўрмонга кириб кетдилар. Хидака яйлови овчилари тепадан «Ҳой, ҳой» дея тушаётган эдилар. Қўққисдан тўнка ортидан оқ қуён югуриб чиқди. Вақтни зое кетказмасдан този итлар вовуллаб унинг ортидан югура қолдилар… Шу куни ов яхши бўлди.
Оқшом: «Қани, яна озгина ҳаракат қилинглар! Бироздан кейин тугатамиз» – деди қишлоқнинг кекса отахони. Худди шу пайтда тулки сапчиб югуриб чиқди.
Тепалик пасти қарағайзор эди. Дарахтлар орасида кўзни қамаштирадиган даражада қор ялтираб турарди. Тулки қорли далада югуриб ўта бошлади.
«Чиқди!»
«Итлар!»
«Ортидан!» Бирин-кетин ўқ овозлари янгради. Тулкининг ҳолати ҳавас қиладиган даражада эмасди. У кескин тепаликка чиқа бошлади, чунки бошқа йўли ҳам йўқ эди. Тулки ирғишлаб қочар, узун ва ясси оёқли итлар ҳам қолишмас, аммо у барибир чап беришга улгурарди. Итлар таъқиб қилишни давом эттирмоқда эдилар, уларнинг бошида Тора деган ит югурарди. Тора асабийлашар, унинг кўзлари қонга тўлган эди. Тулки ҳолдан тойган каби кўринмоқда эди.
«Қани, Таки бўл!» – дея буйруқ берди Санаэ.
Кибанинг навбати келган эди. Ҳали кучини сарфламаган Киба тулкини қувиб етиб, қозиқ тишлари билан тишлаб олди ва қорга судраб кетди. Шу пайтда яна рақиб пайдо бўлди. Бу този итларнинг етакчиси Тора эди. Тора Кибадан тахминан етти метр узоқликда тўхтади, унинг елкасидаги жунлари ҳурпайган эди. Бошқа итлар ҳам Кибани ўраб олишди, зотан у қочишга уринмаётган ҳам эди. Киба товуш чиқармасдан ўлжасини қорга қўйди, тулкида жон асорати йўқ эди. Итлар қулоқларини тиккайтириб, кўзларини ялтиратиб, қозиқ тишларини очиб ириллашни бошладилар. Киба ўзини атрофида ҳеч нарса юз бермаётгандек тутиб турганди. Тора ҳам хотиржам эди, ёнида сафдошлари кўп бўлганига қарамай шиддат билан олдинга отилди. Киба чап беришга улгурди, қўққисдан бутун танаси билан Торанинг елкасига урилди. Торанинг оёқлари чалишди. Киба қозиқ тишларини Торага суқиб, уни қор уюмига олиб отди. Киба чексиз ғазабда эди, унинг юраги олов каби ёнарди. У бўрилар усулига кўра, итларни тез-тез тишлар, шиддат билан олиб отарди. Итларнинг ириллашидан шовқин бошланди. Тишлари-тишларига тегиб «Тарс, тарс» деган овоз чиқарарди. Итларнинг жон ҳолатда ириллаши-ю, қонга бўялган қор – бу аҳмоқона қирғиннинг манзараси эди. Бирорта ҳам ит жароҳатсиз қолмади. Албатта, адолатсиз бу жангда ҳаммадан ҳам кўп Киба жароҳатланди. Агар Киба бирга-бир жанг қилганида албатта бундай бўлмасди. Бироқ, улар галма-галдан, бир-бирларини алмаштириб ҳужум қилишган эди.
Кибанинг кўз олди қоронғилашди, у ҳолдан тойган эди. Томоғида тиқилган нарса уни тарк этмас, нафас олиши қийинлашди, ўпкада шовқин эшитилди ва қўққисдан ҳушидан кетди. Бироздан кейин ўзига келиб, у тепасида йиғлаб турган Санаэни кўрди. Атрофда шафқатсиз жангда иштирок этмаган бирорта ҳам ит қолмаган эди. Шунингдек, унинг ёнида яраларини ялаб турган катта қора ит ҳам бор эди. Бу Тэцу эди.
– Яхшиям келдингиз Ёшито, – деди Санаэ.
– Итларнинг даҳшатли овозини эшитиб, югуриб келдик, – деди овчи Канэто, Ёшитонинг отаси. Ота ва ўғил, Тэцу овга бироз олдинроқ келган эдилар.
– Энди Таки яна ҳам ақллироқ бўлади, чунки бугун кўп нарсани ўрганди, – деди Канэто.

Қайғули ажрашиш

Баҳор келди. Яйловда қор эриди, эриган тоғ сувлари жилдираб оқа бошлади. Покку ва Жюли қувнаб сакрашарди, бироқ, Киба кўринмас эди. У ҳали ҳам тузалмаган эди. Шафқатсиз жангда бўйнидан, елкасидан ва сонидан олган жароҳатлари суягигача етиб борган эди. Бироз қимирласа ҳам бутун танасига оғриқ сезилар эди. Шунга қарамай, Киба овоз чиқармасдан оғриққа чидаётган эди.
«Таки, қара, қанақа мазали бўтқа».
Санаэ хушбўй гуручли бўтқа олиб келди. Киба оғриқларини базўр енгиб, бироз гавдасини кўтарди ва Санаэнинг қўлини ялади. Овқатдан кўра у Санаэ ёнида бўлишини кўпроқ хоҳларди.
Эдзо тоғларида олча гуллади. Хидака яйловига бир куни Ёшито ва Канэто Тэцу билан бирга келдилар. Киба секин-секин тузалмоқда эди. Шу пайтда у миноралар ёнида ётарди. Меҳрибон Жюли Кибанинг ёнига келиб, унинг жароҳатларини яларди. Ҳатто Покку ҳам бу пайтда Кибага нисбатан илтифотли бўлиб, уларнинг хўжайини битта эканини, бу хўжайин уларнинг баъзан бўлиб турадиган тўқнашувларига нисбатан салбий муносабатда эканини англарди.
Тепаликдан тушиб келаётган Тэцуни кўриб Покку ҳура бошлади. У дарғазаб бўлиб, тирноқлари билан ерни тирнарди.
«Покку, тинчлан!» – тўрт оёқли дўстини тинчлантирди Санаэ, бироқ Покку тинчимас эди. Охир-оқибат Санаэ Поккуни қувиб солди.
Канэто ва Ёшито Санаэ билан кўришдилар, шундан кейин Канэто бир нарса деган эди, қизнинг юз ифодаси ўзгариб кетди. Гап Кибани олиб кетиш хусусида борган эди.
Канэто айтди: «Хоним, мен сизнинг қанчалик Такига боғланиб қолганингизни яхши тушуниб турибман. Лекин, мени ҳам бир диққат билан эшитинг».
У Киба қўнғир айиққа қарши курашиш учун жуда кераклигини айтди. Бундай ақлли ва ботир ит мингтадан битта бўлар экан. Канэто Киба ва маҳаллий итлар ўртасидаги шафқатсиз жангни кўрганидан кейин шундай хулосага келган эди.
«Мен бунга йўл қўймайман! Таки айиқни ов қилишга яхши бўлса ҳам, биринчи навбатда у мен учун муҳим. Таки бу ерда, мен билан бўлишни исташига ишончим комил».
Кибани олиб кетиш ғояси Канэто ва Ёшитога тегишли эди. Канэто қўшимча қилди:
«Мен нимани ҳис қилаётганингизни жуда яхши тушуниб турибман. Лекин даҳшатли бир кўзли Гон бор. У одамларни ўлдирмоқда».
Шу баҳорда Хорокаишикари дарёси томонга борган ўрмон кесувчилар оиласи айиқ томонидан ўлдирилган эди.
«Мени тушунинг, хоним, мен Таки бу айиқни ўлдиришига ишонаман».
«Лекин бу айиқни ўлдириш учун сизда Тэцу ҳам бор, тўғрими?» – деди Санаэ.
«Шубҳасиз, Тэцу яхши ит, лекин у айиқни ўлдира олмайди. Уни фақат Таки ўлдира олади».
Овчи Канэто ҳаяжонланиб пешанасидан терни артиб турди. Бироздан кейин, меҳмонларни кўриб Ёичиро ҳам суҳбатга қўшилди.
«Санаэ, қулоқ сол, ахир буларнинг ҳаммаси одамлар учун қилинмоқда. Агар биз Такини Канэтога берсак… Ундан ташқари, қишлоқ аҳолиси Такини ёмон кўришади. Агар шунча бўлган воқеалар яна бир марта такрорланса… Итга ачинаман ахир».
Санаэнинг онаси Икуё хоним қўшимча қилди: «Ҳа, Санаэ. Таки аввало тоғ ити. Уни бундай яйловда занжирлаб қўйиш унинг ўзига азоб. Агар уни Канэтога берсак, у ерда Ёшито, Тэцу бор. Таки ҳам табиатда, тоғда, очиқда бўлгани учун хурсанд бўлади. Буни ҳам ўйлаб кўр».
Ота-онасининг сўзлари Санаэни жиддий ўйлашга мажбур қилди. Нима қилса ҳам, у Таки билан ажрашишни ҳеч ҳам хоҳламас эди. Лекин Такининг хурсандчилиги учун боғланиб қолганини қурбон қилишга қарор қилди.
«Мен тушундим» – деди Санаэ фикрларини жамлаб. «Яхши, мен Такини Канэтоларга берамиз» – деди-да, лабларини қаттиқ қимтиди ва унинг кўзлари ёшланди.
– Мен сени яхши тушуниб турибман, лекин шундай қилсак, яхши бўлади, – деди отаси.
Канэто ўзини айбдор ҳис қилиб, шу билан бирга қувончини ҳам яширмай, «Раҳмат, хоним» – деди.
«Лекин уни олиб кетишдан олдин Канэто ва Ёшито менга бир нарсани ваъда қилсинлар» – давом этди Санаэ. Иккаласи ҳам Санаэга диққат билан қараб, унинг оғзини пойлаб туришарди. «Такини айиқ овловчи энг яхши ит қилиб тарбиялашга ваъда беринглар. Яна, уни мендан ҳам ортиқ яхши кўринглар. Унга яхшилаб қаранглар, у ҳали ҳам заиф».
«Мен тушундим» – тасдиқлаб деди Канэто.
Кибани Канэтонинг уйига олиб келишди. Канэто Камикавадаги энг қадимги айнлардан эди. Унинг уйи Ишикари ва Нисэйчяромаппу дарёлари бирлашган жойда эди. Канэтонинг уйида Киба танийдиган Тэцудан ташқари яна бир ит бор эди. Кибани кўрган бу ит ғазаб билан ҳура бошлади. Канэто «Широ!» деганидан кейин у тинчиди қолди. У урғочи ит эди, аммо бир пайтлар Хидакада Покку ва Жюли каби Кибани қабул қилишни истамас эди.
Киба кичкина айиқ катагини кўриб, ҳайратланди. Катакда каттагина айиқ бор эди. Киба уни Гон каби айиқ деб ўйлаб ғазабланди.
«Ота, Такининг жаҳли чиқди».
«Ҳа, у ғазабланди… Тинчлан, тинчлан, мен сенга илтимос қиламан, ўзингни қўлга ол, ҳозир эмас, бу Таро айиқ билан эмас. У бизники, уйники. У бизга тоғ илоҳи – айиқни нишонлаш байрами учун керак». У шу сўзларни айтиб, Кибани силамоқчи бўлиб қўлини узатди, Киба кескин бурилди, чунки унга бу ҳаракат ёқмаган эди. Унинг қозиқ тишлари Канэтонинг қўлига бироз тегди. Канэтонинг қўли қонади.
Канэто ҳуштак чалди ва кулиб Кибага қараб деди: «Сен кучли экансан. Менга худди шунақаси керак эди».
Ёшито Кибани устунга занжир билан бойлаб қўйди. Ачинарли, лекин Кибани тарбиялагунча шундай қилиш керак эди. Кейин қуритилган селедка олиб келди ва ундан айиққа ҳам берди. Таро уни баҳайбат қўллари билан ушлаб, иштаҳа билан ея бошлади. Бироқ Таронинг кўзлари ғамга тўла эди.

Овчи итига айланиш

Бу оқшом Канэтонинг уйида байрам дастурхони ёзилди. Камикава ва Соункё айнлари меҳмонга келишган эди.
«Канэто, сен зотдир итни қўлга киритибсан!»
«Бу ит, шубҳасиз бир кўзли Гонни бурдалаб ташлайди!»
«Қандай бўлса ҳам, сени табриклаймиз!»
Ҳамма Канэтонинг Кибани қўлга киритганидан хурсанд эди. Айнлар худоси шарафига саке қадаҳлари кўтарилди. Тиловат қилганларидан кейин меҳмонлар овқат тановул қилишни бошладилар. Айнлар доира бўлиб ўтиришар ва саке ичишарди. Аёллар қўшиқ айтишар ва унга монанд оёқлари билан тепинишар эди. Бу Упопо деган қўшиқ эди. Оддий бўлса ҳам, инсон қалбининг нозик торларини чертовчи қўшиқ эди. Эркаклар ҳам қўшилиб куйлардилар. Канэто ҳам, бошқалар ҳам жўр бўла бошладилар. Бу пайтда Киба Санаэ ва Хидака яйловини туш кўраётган эди.
«Таки, қайт, илтимос! Мен жуда ҳам хафаман» – Кибанинг қулоғига Санаэнинг овози эшитилаётганди. Киба унинг эркалашларини соғинаётганди. Кейинги туши шафқатсиз жангга киришган ўша итлар ҳақида эди. Шу пайтда у ухлаган ҳолида ириллади, оёқлари титраб кетди.
«Таки, сен туш кўрдингми?» – уйғотди уни Ёшито.
«Таки, ол, сен жуда ҳам заифсан» – давом этди Ёшито. Лекин Кибанинг иштаҳаси йўқ эди. Кибанинг кўзлари ғамгин, у жуда ҳам паришон ҳолатда эди.
«Демак, Ёшито, сен айтган ит шу экан-да», – деди саксон ёшли кекса айн.
– Ҳа, бу менинг итим. Ҳеч нарса емаётганига қайғуряпман.
– Ҳмм…у ҳали янги шароитга мослашмади. Икки, уч кундан кейин ўрганиб кетади. Кейин чол Кибани занжири билан бирга олиб ҳаммага кўрсатмоқчи бўлди.
«Келинг, мен олай».
«Қўявер, ҳаммаси жойида», – деди Чол.
– Мен итлар борасида устаман. Ундан овчи ити яратиш менинг ғоям эди, – мақтанди чол. Чол ичиб олган бўлиб, занжирни бот-бот қаттиқ тортарди. У Кибанинг бўри эканлигини унутган эди, чоғи.
– Қани, Таки, бу ёққа кел! – у бор кучи билан занжирни тортди. Киба оёқларини ерга тираб қаршилик кўрсатишга уринди. Чол яна ҳам кучлироқ тортди. Киба жавобан бўйнини қаттиқроқ айлантира бошлади. Қария гандираклаб, полга йиқилиб тушди, Киба эса ундан қутулиб қочиб кетди.
– Таки, Таки! – орқасидан бақирди Ёшито.
– Таки, қайт!
Бироқ, бу бақириқлар Кибанинг қулоқларига етиб бормасди. Киба ҳовлидан қочиб чиқиб кетди ва ғарб томонга қараган қорли йўлга тушди. Бироздан кейин у Хорокаишикари дарёси олдига келиб қолди. Кейин Акадаке, Хоккайдаке, Хакуундаке тоғлари ёни бўйлаб югурди. У югуриб бораркан, ҳар замонда тўхтаб, бурнини осмонга кўтарар, шамол йўналишини аниқлар ва яна йўлида давом этарди. Шу кетишда у тоғ тепасига чиқди. Бу ерда унинг синглиси ўлдирилган ва унинг ўзи ҳам ҳалок бўлишига сал қолганди. Пастда Чюбецу дарёси оқарди. Бу ер у соғинган Хидака яйловига яқин эди.
«Таки!» – у Санаэнинг овозини эшитгандек бўларди…. Киба тўхтади ва бўйнини чўзиб увиллади. Бу овоз акс-садо бўлиб қайтди. Шу пайт бошқа бир увиллаш эшитилди. Бу сафар увиллаётганлар кўпроқ эди. Тасодифан жарликка қаради ва бўрига ўхшаган кулранг ҳайвонларни кўрди. Киба шиддат билан пастга тушиб кетди. Тўдадан бир бўри ажралиб, у томонга кела бошлади, кетидан бир неча бўри чиқди. Бўрилар ва Киба Чюбецу дарёсининг қарама-қарши соҳилларида туриб, бир-бирларига ғазаб билан қараб туришарди. Киба дарё оқимидан чиқиб турган қояга сакради ва қарама-қарши қирғоққа ўтди. Шу пайтда унга тўдадаги бўрилардан бири ҳужум қилди. Киба тезлик билан чап берди. Рақибининг ҳатти-ҳаракати ҳам шиддатли эди. Қарангки, хаёлга келмайдиган тасодифга кўра, бу унинг онаси – Иблис эди! Иблис ҳам бу ўзининг катта бўлиулғайиб қолган ўғли эканидан хабари йўқ эди. Табиийки, укалари ҳам уни танимадилар. Аксинча, улар онаси ёнида Кибага ҳужум қила бошладилар. Вазият тақозоси билан Киба четга, хавфсизроқ жойга чиқишга мажбур бўлди. Шундагина бўрилар тўдасининг унга бўлган қизиқиши сўнгандек бўлди. Унинг бу олишувда олган жароҳати унчалик чуқур эмасди. Киба дарё бўйлаб югуришда давом этди.
Саҳарда маҳаллий аҳоли Хагоморо шаршараси пастидаги Мацуяма иссиқ булоғида тоғ итлари тўдаси қўйларни нобуд қилгани ҳақида айтишди.
– Ярамаслар, хонавайрон қилишди! Яна бир марта келиб кўринглар-чи! – деди овчи Матазо.
Қуёш порлаб турарди. Ҳеч нарсадан шубҳаланмайдиган Киба япон усулидаги меҳмонхона яқинида пайдо бўлиб қолди. Бу жойда қоя худди тавақали парда каби бўлиб, Тулки қоя деб аталарди. Ҳатто овчи ити ҳам бундай қоядан ўтолмасди. Киба шу жойга келганида, ўта оламан деб ўйлаб, тўхтади. Лекин бироз хавотир ҳам бор эди. Шундай бўлса-да, у ерга чиқадиган сўқмоққа тушиб олди. Қоя бироз лой эди. Кибага ўхшаган итлар бу ердан осонгина ўта олмас. Шу боис у аста-секин қадам қўярди. Унинг оғирлиги остида тошлар қоядан синиб туша бошлади. Эрталаб қуёш ёрқин нур сочарди ва Кибанинг гавдаси қояда яққол кўриниб турган эди.
«Мата, қара! У ерда тоғ ити кўринди!» – одамлар орасида шовқин бошланди.
Матазо дарҳол шошиб милтиғини қўлига олди. Қоягача бўлган масофа узоқ деб ўйлади, аммо барибир тепкини босди. Ўқ овози янгради. Сарғиш-қизғиш учқун Кибанинг оёқлари остида сачради. У олдин милтиқни кўрмагани ва эшитмагани учун ҳаёти хавф остида эканини англамасди. Кейинги қўрғошин ўқ унинг елкасидаги бир парча терини қўпориб ташлади. Киба биринчи марта милтиқнинг бутун даҳшатини ҳис қилди.
«Мата, бўлмайди. Қара, у қочиб кетди» – деди баланд овоз билан меҳмонхона хўжайини. Мата асабийлашди.
«Жин урсин!»
Мата яна милтиқни Кибага тўғрилаб отди. Киба учиб кетди. Ўқ унинг ўнг сонига қадалган эди. Киба уч оёғи билан жарликка илиниб қолди. Меҳмонхона хўжайини қувонч билан сакраб:
«Мата, нишонга урдинг! Ўқ тегди! Яна бир марта, яна битта от!»
Меҳмонхона ишчилари ва бошқарувчиси овчини мақтай бошлади. Киба аянчли ғингширди. Агар у яна бир метрча юрганида одамлардан панадаги бута ва текислик кўринган бўларди. Лекин у тошдай қотиб қолган, оёғини қимирлата олмас эди.
«Қани, Мата, яна битта от!»
«Йўғ-а, етади. Ҳозир пастга тушиб кетади. Маза қилиб томоша қилинглар!» – деди гердайиб Матазо ва милтиқни дарахтга суяб қўйди. Кибанинг аҳволи ёмон эди. Унинг нафаси қайтиб, кўз олди қоронғилашди.
– Қаранглар, ҳозир тушиб кетади, – деди Матазо қийналаётган Кибага ишора қилди ва ўзи тошга суяниб чека бошлади.
Киба қоянинг чуқур жойига тирноғи билан илиниб турарди, бутун кучини тўплаб четга сакрамоқчи бўлди. Пастда чуқур жарлик бор эди. Бундай жарлик устидан ўтиш хавфли бўлса-да, Киба ғайриоддий ит эди, ўзидан кечиб сакради ва текисликка тушди.
Санаэ ҳам бир неча марта Такини туш кўрди, у тушида Такига қайғурар ва у билан ўйнар эди. Бир куни у Такининг айиқ билан олишиб ярадор бўлганини туш кўрди. Санаэ баъзан кечқурунлари Таки юрган, увиллаган тепаликка бориб қоларди. Бу оқшом яна Санаэ ўша тепаликка чиқди. Ҳеч ким йўқ эди.
«Таки, Таки!» – баланд овоз билан бақирди Санаэ. Бу овоз узоққа янгради. Шу пайт қарағайзордан кулранг ҳайвон чиқиб келди, у яраланган ва оёқларида зўрға турарди. Санаэ бўрига ўхшаш ҳайвонга бироз қараб турди-да, сўнг бирдан бақириб юборди:
«Таки, бу сенмисан?! Нима бўлди?» – Санаэ Киба томонга югуриб кетди. Ит ҳам Санаэ томонга ошиқди. Қувонганидан ўзида йўқ Киба думини ликиллатарди. Унинг ҳарорати ошганидан бурни қуриб қолган, ўнг оёғи эса қип-қизил қон эди.
«Даҳшат, Таки! Ким сени бундай ҳолга солди?» – Санаэ Кибани қучоқлаб олди, аммо унинг қимирлашга ҳоли йўқ эди. Ёичиро ва Икуё йиғи овозини эшитиб югуриб чиқдилар. Ҳайратда қолган Мацукичи ҳам югуриб чиқди. Ёичиро Мацукичига мотоциклга миниб ветеринарни олиб келишни буюрди. Ветеринар дарҳол етиб келди.
«Бахтимизга ўқ тешиб ўтиб кетибди. Суякларга етмаган. Ҳаммаси жойида. Хавторига ўрин йўқ, ит жароҳати тезда тузалиб кетади» – деди ветеринар.
Покку ва Жюли навбат билан Кибанинг олдига келиб, унинг жароҳатини ялаб қўйдилар.
Эртаси куни Хидака яйловига Матазо ва меҳмонхона бошқарувчиси Мацуяма келишди.
– Ҳа, қизиқ. Демак, бу атрофдаги хўжаликларни сизнинг итингиз хонавайрон қилаётган экан-да!
– Ўша куни эрталаб бизнинг қўйимиз ўлдирилган ва бурдаланган эди, бироқ сизнинг итингиз зимдан жарликдан қараб турарди.
– Мен уни отдим, бироқ, у Хидака яйловидаги таниш ит экан.
– Хўш нима қилибди? Нима қилишим керак? Сен Таки эчкингни қандай бурдалаганини кўрганмидинг?
– Йўқ, ўз кўзим билан кўрмадим. Лекин уни сизнинг итингиз қилган.
– Хўш, Таки нима қилди?
– Жарликдан қаради. Биз нимани гапираётганимизни эшитишга келди.
– Ҳа-ҳа-ҳа, – кулиб юборди Ёичиро.
– Бу одамларнинг уйдирмаси. Ҳайвонлар унақа аҳмоқ эмас.
– Бироқ, жаноб….
– Шундай савол беришга рухсат бер: агар ўрмонда бирор киши отиб ўлдирилган ҳолда топилса, буни сен қилгансан, деб айта оламизми?
– Бу аҳмоқона гап!
– Тўғри, демак бу ҳам худди шундай, – Ёичиро тинимсиз гапирди. Матазо ва бошқарувчи тўнғиллай-тўнғиллай кетишди. Эртаси куни яйловга ташвишга тушган Канэто ва Ёшито келишди.
«Хоним, сизнинг итингизни олганимиздан кейин бунақа воқеалар бўлгани учун мени кечиринг…» – Канэто иккала қўлини столга тираб кечирим сўради.
– Ҳаммаси жойида Канэто амаки. Қайтишни хоҳлагани учун қандай бўлмасин барибир қайтиб келарди. Таки бироз бу ерда бўлади. Мен ўзим унга қарайман. У тузалганидан кейин, мен уни сизнинг уйингизга олиб бораман. Кейинги гал, албатта, у сизнинг уйингизга меҳр қўяди».
– Кечирасиз, хоним, – яна кечирим сўраб, қўшимча қилди: – Жаноб, бир нарсани сўраб илтимос қилмоқчи эдим.
– Ҳа, эшитаман.
– Таки бу ерда то соғайгунига қадар Ёшито унинг олдида, ит будкасида бўлсин, деган эдим.
– Ит будкаси қулай жой эмас, яхшиси, чўпонлар билан бирга бўлсин».
– Йўқ, йўқ, будкада бўлақолсин. Ўшанда Таки Ёшитога тезроқ кўникади, – деди таъзим қилиб Канэто. Шундай қилиб, Ёшито яйловда қолди.
Баҳор ўтди, ёз келди. Яйловнинг четанида булбуллар сайрай бошлади. Кибанинг яралари тезлик билан битиб кетди. Киба Ёшитога ўрганди, энди Ёшито унга текканида жаҳли чиқмас эди. Шу баҳорда Санаэ мактабни тугатди.
Бир куни отаси: «Хўш, Санаэ, Таки ҳам тузалиб қолди, энди Канэтонинг уйига бориш вақти ҳам келгандир, – деди.
Санаэ Кибанинг юзига юзини теккизиб, йиғлади: «Таки, биз энди ҳақиқатан ажрашадиган бўлсак, яхши овчи ити бўлгин!»
Эртасига эрталаб Кибани машинага ўтирғизишди. Машина Хидака яйловидан узоқлаша бошлаганида у узоқ увиллади. Лекин бу сафар у чиқиб кетишга ва яйловга қайтишга уринмади.

Янги ҳаёт ва таълим

Қуёш иситганнамо нур сочарди, бироқ Дайсэцу тоғларига биринчи қор тушди. Саппоро ва Асахикавада бу пайтда музқаймоқ еб, музли сув ичишади. Дайсэцузан тоғларида қор тахминан 20 сентябрларда тушади. Кибани «Олға!», «Орқага!», «Тўхта!», «Ерга ёт!», «Юр!», «Ўнгга!», «Чапга!», «Қидир!», «Изидан бор!» каби сўзлар билан ўргата бошладилар. Бу буйруқларни Киба тахминан бир ойда ўзлаштириб олди.
«Такига ўхшаган ит юз йилда бир маротаба дунёга келади!» – дерди Канэто.
– Тэцуни бу буйруқларни бажаришга ўргатишга уч ой вақт кетган, –қувноқ овоз билан деди Ёшито.
Октябр ўртасида Куродаке тоғи қор билан қопланди. Кўпинча, қишлоқ бўйича совуқ ҳаво эсиб қоларди.
– Канэто, айтишларича Бир кўзли Гон яна қутураётганмиш.
– Пирибецу тоғларидан Китамифужи тоғларигача оҳулар кўпайиб кетганмиш.
– Айтишларича, камикавалик Ёшида Нисейкаушиппе тоғларида баҳайбат айиқни отибди.
Канэтонинг қулоғига шундай гаплар келган эди. Лекин у ўзини эшитмаётгандек тутарди. У Кибани овчи ити қилиб тарбияламагунича бошқа иш қилмасликка қарор қилди. Канэто ҳайвонларни ўргатишда қаттиққўл эди. Илгари ўргатиш жараёнида бир нечта ит ўлган эди. Турли вазиятлар бўлган, баъзилари жарликдан қулаб, айримлари музда сирпаниб, ботқоққа тушиб ўлган эди. Бир нечтасини айиққа ҳужум қилишидан қўрқиб, ўзи отиб ташлаган эди. Канэто аслида меҳрибон, олижаноб одам эди. Аммо ов пайтида шафқатсиз ва инжиқ бўларди. Канэто ўргатаётган нарсаларнинг ҳаммаси Кибага таниш эди. Фақат унга бир нарса ёқмади. Тутилган овни у Канэто ва Ёшитога бериши лозим эди. Канэто ҳар доим унинг ёнида юрарди. Канэто тутилган овни олишига Киба дарҳол қаршилик кўрсатарди. Баъзан Канэто тутилган овни хўжайинга келтиришни сингдириш учун енгил таёқ қўллар эди. «Киба ғайриоддий ит, бундай ит юз йилда бир марта дунёга келади», деб айтувчи Канэто Кибани эҳтиётлик билан муҳокама қиларди. Шу билан бирга, Киба ғайрат билан ўсаётган эди.
Қиш кунларининг бирида Киба буғу овида иштирок этди. Қувиб етиб, томоғига чанг солди, қорга ағдарди ва судраб кетди, Канэто билан Ёшито эса ҳаллослаб Кибанинг орқасидан югурдилар. Кибада аста-секин ўзига бўлган ишонч кучайиб борар, фақат милтиқни кўрганида бу ишонч йўқолиб қоларди. Канэто милтиқдан отганида, унинг овози Кибани довдиратиб қўярди. Унга ўқ отиб яралашгани ҳали хотиридан кетмаган эди.
– Ота, Таки қўрқаётганга ўхшайди, – деди Ёшито.
– Йўқ, – деди қатъий қилиб Канэто, Кибанинг ташқи кўринишига боқиб.
– У қўрқмайди. У эҳтиёт бўлади. Яқинда унга қараб ўқ отишгани ёдига тушган бўлса керак. Бу шундай ит зотики, агар унга бирор нарса чуқур теккан бўлса, у ҳеч қачон унутмайди, – деди ишонч билан Канэто.
Шу билан бирга, Киба аста-секин милтиққа ва ўқ овозига кўникиб борди. Энди у масофадан туриб ҳам милтиқнинг ҳидини сезарди.
Канэто бир куни шундай деди: «Ёшито, кел синайлик-чи, Таки қанчалик ақлли экан».
Канэто милтиқни олди ва водий томонга қаратди. Киба хотиржам тураверди. Кейин Канэто милтиқ оғзини Кибага қаратди. У Канэтога диққат билан қараб турарди. Шу билан бирга, елкасидаги жуни секин тиккая бошлади. Нишон унга қаратилганини англаб, Киба кескин четга сакради.
– Кўрдингми, Ёшито, у милтиқнинг хавфини жуда яхши англаяпти, –деди Канэто, буталар орасига яширинаётган Кибага қараб.
– Таки, чиқ! Мен сени отмайман, – деди Ёшито. Киба секин буталар орасидан мўралади. Канэто милтиқни дарахтга суяганини кўрганидан кейин буталар орасидан чиқди.

– Ота, сиз уни Амаппо усулига яхши ўргатибсиз.
– Ҳа, мен уни Торабасами усулига ҳам ўргатдим, – деди Канэто Кибанинг бошини силаб.
Киба Амаппо ва Торобасами усулларида ўзини қандай тутишни яхши ўрганиб олди. Одамлар орасида қўнғир айиқ қишловдан олдин Нисэйчяромаппу дарёси бўйлаб, Бёбу тоғларида юриши ҳақида гап-сўзлар кўпайиб қолди. Буни эшитиб, Канэто узоқ вақт мобайнида биринчи марта қизиқиб қолди ва ўйлади:
– Хўш, Такини айиқ овига олиб чиқиш вақти келди, чоғи.
Улар ўзлари билан Широ ва Тэцуни ҳам олиб чиқишди. Тоғларда айиқ пайдо бўлиб қолган эди. Тэцу айиқнинг орқасидан югурди, Киба ва Широ ҳам чопдилар. Канэто Кибанинг ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатарди. Охир-оқибат айиқ бурчакка тақалиб қолди. Қўққисдан айиқ орқа оёқларида тик турди, яна қочишга уриниб кўрди. Тэцу унга ташланди. Киба Тэцунинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатарди. Широ озгина чалғиб қолди, Канэто уни яна ҳам фаолроқ бўлишга ундаб, айиққа яқин жойга итарди. Бироқ айиқ ўзининг баҳайбат қўллари билан бир уриб, четга олиб ташлади. Бир сониядан сўнг Канэто милтиқдан айиққа ўқ отди. Айиқ ерга қулади. Широ эса ҳалок бўлди. Киба бу овдан муҳим дарс олди.

«Иомантэ» маросими

Соункёда қор эрирди, айнларнинг Иомантэ деган маросими яқинлашмоқда эди.
– Ота, балки Санаэ ва Хидака яйловидан бошқаларни ҳам таклиф қилармиз. Иомантэни ҳар доим ҳам нишонлаш имконияти бўлмайди, – деди Ёшито.
– Йўқ, бу гал таклиф қилиш керак эмас, – деди отаси. Канэто Киба ҳали ҳам Хидака яйловидан узилмаган деб ўйларди.
Бир неча кундан кейин маросимни нишонлаш бошланди. Болалар ва аёллар оқшомлари айиқнинг катаги олдида тўпланиб қўшиқ айтишар, ўйнар эдилар. Дастлаб кампирлар, кейин эса ёш қизлар жўр бўлардилар. Қор ва шамол вақт-вақти билан қўшиқларни узиб қўярди. Канэто Олов худоси шарафига қадаҳ кўтарди. Байрам куни эрталаб ҳаво яхши эди, гўё бир кун олдин қор бўрони бўлмагандек. Ёққан қор қуёш нурида ялтирар эди. Қариялар қимматбаҳо тошлар, милтиқлар билан безатилган меҳроб ёнида тўпланишди. Киба одамларнинг шовқин-суронига қизиқиш билан қараб турарди. Маросимга халақит бермаслиги учун итларни узоқроққа олиб кетишди. Канэто бу маросимни Кибага кўрсатмоқчи бўлди. Ич-ичидан Канэто Кибани оддий ит каби кўринса ҳам, тоғлар илоҳи бўлса керак, деб ўйларди. Ашула овози яна ҳам баландлашди. Канэто диққатини айиққа қаратди ва ғамгин ашула бошлади. Икки эркак катакнинг тепасига чиқишди. Ўйинлар яна ҳам шиддатлироқ тус олди. Кейин катак тепасига уйилган ёғочларни бир-бир ола бошлашди. Айиқ Тарога япон арқонини салб қилиб боғлашди. Таро биринчи марта ириллади. У нима қилишларини билмасди. Аёллар қўшиқ айтишни давом эттирар, эркаклар эса «Хо, хо» дея бақирар эдилар. Айиқ Таро арқон билан катакдан тортиб чиқарилди. У қочиш учун жой излар эди. Икки ёшли айиқ боласини сақлаш анча хавфли эди. Кибанинг жунлари ҳурпайди. Айиқни катакнинг пастки қисмидан тортганларида у йиқилиб тушди. Ҳали Таронинг қўллари оппоқ қорга етмасдан Киба ташланишга шайланди. Бироқ, Киба занжирланган эди. Уни шу занжир билан катакдан нарироққа тортиб қўйишди.
– Канэто, балки итни бу ердан олиш керакдир, – деди бир Қария.
– Кечирасиз, аммо бундай қилолмайман. У тоғлар худоси, – деди Канэто ва Кибани олмасликни илтимос қилди.
Айиқ Тарони меҳробга олиб боришди. Унга байрамона либос кийдирдилар, қулоқларига безаклар илдилар. Аёллар ашула айтишни давом этардилар. Қадимий байрамлардан ҳисобланган Иомантэда биринчи ўқни хўжайиннинг катта ўғли отиши керак. Қариялар Ёшитога чиройли ўқ беришди. Худога айиқни қурбонликка келтириш керак бўлган бу маросимда Ёшито айиқни ўлдиришни истамас эди. Бу жойнинг бошлиғи бўлганида бундай шафқатсиз маросимларга чек қўяман, деб ўйлади. Ёшито ўзининг юмуқ кўзларини очишга уринди. Таро мамнуният билан ниманидир кутаётганга ўхшарди. Буни кўриб, Ёшито ўқни отишга янаям қийналди.
– Мен қилолмайман! – деди Ёшито отасига қараб.
Бироқ, отаси жиддий қараб деди: «Нима гап Ёшито!? Ахир бу муҳим маросим-ку?! Қани қўрқма! Агар сен бу ишни қилмасанг, бизнинг шарафли номимизга доғ тушади!»
Ёшито кўзини юмди, яхшиям Санаэ ва Хидакадан бошқалар келмаган экан, деб ўйлади. Ёшитонинг кўзларидан ёш оқар, лекин бошқалар буни сезмаслиги учун у ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди.
Ичида «Кечир Таро!» дея бақирди-да, ўқни отди. Ўқ Таронинг кўкрагини тешиб ўтди. Таро қорга ағанади, оғриқ ва ғазабдан бўкира бошлади. Кейин бошқа айнлар ҳам бирин-кетин ўз ўқларини айиққа ота бошладилар. Таро қалтирашга тушди, рақибларига ташланишга уринди. Оппоқ қор қизил қонга беланди. Ҳамма ўқлар отиб бўлинди, бироқ Таро ҳали ҳам нафас оларди. Сўнгги ўқ отилди, бу уни батамом маҳв қилиши керак эди. Ўқнинг учи заҳарланган эди. Бу ўқни Канэто отди. Ўқ юракка қадалди. Таро даҳшатли ўкирди, шундан кейин жимиб қолди ва нафас олиши тўхтади. Айнлар осмонга қараб хурсанд бўлишаётганди. Таронинг боши Куродаке тоғига қаратиб осилган ва чиройли безатилган эди. Киба буларнинг ҳаммасини диққат билан кузатди.

Кундузги ва тунги қиёфа

Баҳор келди, чор-атроф поклана бошлади, бир сўз билан айтганда йилнинг гуллаган фасли келди. Икки ёшли Киба ажойиб ит бўлиб етишди. Кундан-кунга у қизғинлашиб борар, унда бўри қони қайнаётганди.
Вақт-вақти билан Ёшито ўйланиб қоларди: «Балки ҳақиқатдан ҳам Киба тоғ ити бўлса керак. Эшитишим бўйича, қачондир Камикава циркидан бўри қочиб кетган экан. Балки бу Таки бўлса керак… Йўқ, йўқ, Таки бўри эмас. Ахир у ҳуштак овозини эшитиб думини ликиллатади».
Ёшито севимли итининг бўри эмаслигига ишонарди. Бироқ, Кибанинг томирида бўри қони оққани учун у оддий уй ити каби итоаткор эмасди. Қуёш ботганидан кейин Киба узоқроққа кетишни, Ёшитонинг кўзларидан яширинишни хоҳларди. Кибанинг икки қиёфаси бор эди, кундузги ва тунги. Баъзан, Киба тоққа чиқиб кетиб, икки-уч кун йўқолиб кетарди. Шунда, Канэто, «Хўш, нима қиласан, у Тоғ Худоси, ҳеч нарса қилолмайсан», деб ўзига-ўзи тасалли берарди.
Баҳор ўтди, ёз ўтди, Куродаке тоғларида куз нафаси эса бошлади.
Бир оқшом Ёшито ва Тэцу тоғдан тушаётган эдилар.
«Қара, тоғ сўқмоғига буғу югуриб ўтиб кетди!.. Сен айиқ деб ўйладинг, шекилли. Қўрқдингми?» – деди Ёшито Тэцуга. Бундан бироз олдин Ёшито унинг дўконига келган ўқувчиларнинг суҳбатини хотирлади, улар бу атрофларда буғулар кам эканлиги ҳақида гаплашдилар.
«Улар янглишдилар!» – деди ўзига ўзи Ёшито эгри-бугри йўлдан келаркан. Улар қияликдан тушаётганларида Тэцу қўққисдан тўхтади, елкасидаги жунлари ҳурпайди.
«Айиқ!» – деб ўйлади Ёшито ва қоп-қора ўрмон томонга қаради. Катта бир ҳайвон иккинчисини қисиб ушлаб унга қараб турганини кўрди.
«Ахир бу Таки-ку!» – ҳайрон бўлди Ёшито. Бу икки-уч кундан бери уйга келмаётган Киба эди. Ёшито ҳайрон бўлиб, чиройли буғуни ерга ағанатган Кибага яқинлашди.
«Сен бу буғуни ўзинг йиқитдингми?!» – Кибани мақташ учун деди Ёшито ва Кибага яқинлашди, бироқ у худди, «яқинлашма!» дегандек ириллар эди.
Унинг тумшуғи ташланишга шай турган тунги бўрига ўхшаб кетди. Ёшито сесканиб кетди. У биринчи марта Кибанинг ҳақиқий юзини кўрган эди. Ёшито, бу бизнинг ит эмас, Санаэники ҳам эмас деб ўйлади. У одамлардан йироқлашди, тоғда яшайдиган қўнғир айиқ каби. Киба қозиқ тишлари билан буғунинг томоғидан олиб ўрмон ичига кириб кетгунча Ёшито кўз узмай қараб турди.
Осмонда юлдузлар кўринди. «Тэцу, юр», – чақирди Ёшито. Ёшито ва Тэцу тоғдан пастга тушишда давом этишди. Ёшито оёқларини зўрға суриб, «Тэцу менинг итим, Таки эса тоғ ити. Таки ўша бўрининг йўқолиб қолган бўриваччаси эканлиги аниқ. Таки яхши, лекин хўжайинига қарши борадиган ит уй ити саналмайди. Бу ҳақда албатта отамга айтиб бераман», деб ўйлаб келарди.
Йўл қоронғи эди, бироздан кейин ёришди, чунки осмонда ой кўринган эди. Шу пайт тепаликдан узун увиллаш овози эшитилди. Бу Кибанинг ёқимсиз ва ваҳимали увиллаши эди.

Тоғдаги қиш

Ўшандан бери Киба Канэтонинг уйига қайтмади. Канэто ва Ёшитони яхши кўрмаганлигидан эмас. Кундузлари тоғда ҳуштак овозини эшитса, у Канэто ва Ёшито томонга қарарди. Бироқ, улар билан бироз юрганидан кейин яна қуюқ ўрмонга кириб кетарди. Киба тик қояга чиқиб, ойга қараб увилларди. Пастда эса Акаиши дарёси сувининг шовқини эшитилиб турарди. Шундай кунларда унга бир ҳайвон яқинлашди. Бу ҳайвон урғочи эди. Киба тўртала оёғида маҳкам туриб, унга диққат билан қарарди. Урғочи ҳайвон қўрқиб кетди. Унинг гавдаси Кибаникидан кичик бўлса ҳам ташқи тарафдан Киба билан бир хил эди. Учли, қора-кулранг тумшуқ, думи қуйи тушган. Кўринишидан Кибага қараганда юмшоқ ва меҳрибонга ўхшарди.
Ташқи белгиларига кўра қараб уни овчаркага ҳам, ҳарбийлар жанг майдонларига қолдириб кетган итлар зотига ҳам ўхшаб кетар. Шунга қарамай, бу тоғда туғилиб ўсган ит эди. Кўринишидан, у одамларни ҳам билмас, улардан хавфсирар, афтидан думни ликиллатиш ва ҳуриш ҳам унга бегона эди. Киба ўзига ўхшаган жуфт топганидан қувонди. Киба бироз ғингшиб унга яқинлашди, думини ликиллатди.
Ит хавфсиради. Кейин ўгирилиб, буталар ичига югуриб кетди. Киба унинг орқасидан югурди. Киба унинг нимага қочаётганига тушунмаётган эди. У ҳужум қилишни ўйламаётган эди. Буталардан чиқиб у даштликда пайдо бўлди. Кейин даштликдан югуриб ўтди…
Таъқиб қилинаётган ит тўхтади, орқасига ўгирилиб, тишларини очиб ириллади. Бирдан Киба бошқа ҳайвонларнинг ҳидини сезиб қолди. Тепаликдан тахминан ўнтача ит унга қараб туришарди. Тўда ичида бир ит катталиги билан ажралиб турарди. Ёнидагилари ўтиришар, марказида тургани, шубҳасиз, уларнинг йўлбошчиси эди.
Итлар тўдасида ҳам, бўрилар орасида энг каттаси ҳар доим ўз ҳаётини хавфга солади. Йўлбошчи тушмасдан ҳужум қилиш мумкин эмас. Шу ерга келгунича Киба томонидан таъқиб қилинаётган ит тинчланди ва тўдаси томон хотиржам югуриб кетди. Киба тўхтади ва тепа устидаги тўдага қатъий қараб турди. У ерда турли итлар бор эди.
Баъзиларининг қулоғи тик, баъзилариники тушган, бирининг думи буралган, бириники чўзилган эди… Бу ерда турли зотдаги итлар – овчарка, япон мастифи, сахалин зотлари, ва ҳатто зотлари аралашган итлар ҳам бор эди. Тик қулоқли итлар олдинга чиқишди. Киба булар билан таниш эди. Бу Канэтонинг уйидан қочиб Санаэга бораётганида, Чюбецу дарёси бўйида учратган гала эди.
Хуллас, тўдабошида унинг онаси, Қизил Иблис турарди. Лекин буни Киба ҳам, онаси ҳам билмас эди. Бу вазиятнинг фожеаси ҳам шунда эди. Иблис диққат билан тепадан қараб турар, Киба ҳам Иблиснинг кўзларидан кўзларини узмас эди. Шамол турди ва Иблиснинг бўйнидаги жуни тебранди. У икки-уч қадам олдинга юрди.
Унинг ортидан қолганлари ҳам биргаликда туриб ҳужумга шайланишди. Киба тикилишда давом этарди. Иблис олдинга орди. У Кибанинг қочишга уринмаётганидан дарғазаб кўринарди. Иблис хотиржам қадамлар билан олдинга юраётганида Киба тўдабоши билан жангга киришишга шай эди. Унинг хаёлидан, агар жангда ғолиб чиқсам, балки бу тўда меники бўлар, деган фикр ўтди.
Шамол қўзғалди. Ҳавода бўрининг ҳиди бор эди. Киба кескин тўхтади. Хаёлидан «Онам?» деган ўй ўтди. Онаси эканини ҳис қилгач, жанг қилиш истаги буткул йўқолди ва орқасига ўгирилиб қоча бошлади. Итлар бўри бошчилигида уни қувлаб кетишди.
Киба жуда тез югурар, итлар тўдаси уни қувлаб етолмасди. Бироз ўтгач, Иблис таъқиб қилиш фикридан воз кечди. Киба чаққон ва ҳаддан ортиқ ўзига ишонган эди. Киба ўша оқшом Таганэ кенликлари, Чюбецу тоғи, гулли далалар орқали ботқоқликкача чопиб ўтди.
Тонг отди. Қуёш нуридан атрофдаги барча нарсалар олтинранг тусда товланарди. Охир-оқибат Киба тўхтаб, атрофдаги гўзал манзарани томоша қила бошлади. Киба турган жой 2013 метрли Нипэсоцу тоғи эди. Бу ҳудуд ов қилиш учун қулай бўлиб туюлди.
Киба қоя тепасига чиқди, ёрқин-қизил қуёшга қараб увлади. Гўёки, «Бу менинг ҳудудим» дегандек бўлди. Одамлар бу ерни Шикаои деб атардилар.
Шунга қарамай, Киба Пэтоутору тоғидан ов қилишни бошлашга қарор қилди. Пэтоутору тоғи Шикарибэцу ойна кўли атрофида ўралган. Кўлдан бошланадиган Шикарибэцу дарёсининг юқори оқимига тушувчи Юянбэцу дарёсида форел балиқлари кўп эди.
Илгари Киба бу балиқ ҳайвонларнинг емиши эканини билмасди. Буни у Упэпэсанке тоғидаги айиқлар оиласидан билиб олди. Бир куни она айиқ икки боласи билан Юанбэцу тепасида юрарди. Киба қарағай соясида уларни кузатиб турарди. Айиқ болаларига форел тутишни ўргатаётган эди. Киба тоғларда бир кўзли Гондан ташқари бирорта ҳам айиқдан қўрқмас эди.
Киба айиқнинг ҳатти-ҳаракатларини жим кузатиб турарди. Дарёда фореллар кўп эди. Айиқ сувга тушди ва фореллар тўдасини тарқатишни бошлади. Тарқалаётган фореллар, табиийки сув юзасига чиқиб қоларди. Айиқ уларни юзага қувишни давом этарди. Қирғоққа урилган балиқ сув сачратиб, сув юзига чиқиб қоларди. Шу пайтда айиқ катта қўллари билан балиқни бир уриб, қирғоққа олиб отарди. Киба бўлаётган воқеага узрқдан қойил қолиб қараб турарди.
Она айиқ ва болалари кетганидан кейин Киба қирғоққа келди. Ерда қон ва гўшт қолдиқлари бор эди. Киба ҳидлаб, «Ҳа, буни еса бўлади», деб ўйлади. У она айиқ қилган ҳаракатни такрорламоқчи бўлди ва бўйнигача дарёга кирди.
Сувда ҳайвон пайдо бўлса форел узоқроққа сузарди. Аввалига Киба балиқ тута олмади, бир неча марта хато қилди, лекин ҳаракатини тўхтатмади. Бир неча кундан кейин у ҳам она айиқ каби форел тутишда устаси фаранг бўлиб кетди. Дарёнинг бу қисмида Киба унчалик ҳам хавфли рақиб эмасди. Булар Камихорометтоку қоялари тепасидан тушган иккита оқ елкали сув бургутлари эдилар.
Кўпинча бу икки бургут овга халақит берарди. Киба форелга яқинлашган пайтда, улар қўққисдан ёпирилиб, унинг ўлжасини илиб кетишарди. Киба дарғазаб бўлиб, бу рақибларига ҳужум қилишни истаб қолди. У қандай қилиб қушларнинг танобини тортишни ўйламоқда эди.
У кичикроқ бутали жойни танлади, бу ерда бургутлар қўна олмасди. Киба тутиб олган бир қуёнини у ерга олиб борди. Ўзи эса буталар орасида яшириниб, бургутларни кутиб турди. Бутазор қалин, Киба бу ерда умуман кўринмас эди. Чала ўлик қуён ўзини у ёққа бу ёққа отарди. Қанот овозлари эшитилди. Бургутнинг модаси учиб келди. У ўзининг ўткир тирноқлари билан қуённи тутди ва дарҳол учиб кетишга уринди.
Киба буталар орасидан чиқди ва бургутнинг қанотларига ташланди. Бургут дарҳол акс таъсир кўрсатишга улгурди ва Кибани баҳайбат қанотлари билан урди. Кибанинг четга учиб кетишига сал қолди. Аммо у ўзини икки марта ҳужум қилинишига қўйиб берадиган даражада бўш-баёв эмасди. Киба қозиқ тишларини бургут қанотидаги томирга ботириб олди. Шовқин кўтарилди. Оғриқ ва ғазабдан бургутнинг патлари тикка-тикка бўлди ва Кибанинг бўйнини чўқий бошлади.
Ҳамма ёққа патлар уча бошлади. Шафқатсиз жанг пайти тепадан бургутнинг нари учиб келди ва Кибага ташланишга уринди. Бироқ олишув буталар орасида бўлгани учун у бу ерга кира олмасди. Киба бургутни буталар орасига судраб кирмоқчи бўлди. Бургутнинг тирноқлари орасидаги қуён ҳам тушиб кетди. Шундан сўнг у ўнг оёғининг тирноқларини Кибанинг елкаларига санчди. Жанг шафқатсиз тус олди, Киба яна ҳам шиддат билан бургутнинг танасини силкита бошлади. Қанот синганининг қирсиллаши эшитилди.
Шундан кейин бургут маҳв бўлди, Кибани тирноқларидан чиқариб, ўзини четга олди. У бошқа бургут билан жангни давом эттириш учун яна буталар орасига кириб олди. Киба буталар орасида яраларини ялай бошлади. Бироқ жанг оқибати иккинчи бургутни фикридан қайтарди ва у Кибага ташланмади. Модаси амаллаб учди. Киба ҳавода икки бургутнинг учишини кузатиб қолди.
Киба кундан-кунга кучли бўлиб борарди. Куз фасли тугаб, қиш яқинлашаётган эди. Киба учун бу учинчи қиш саналарди. Қўнғир айиқлар қишловга тайёрланишар эди. Бошқа тоғ ҳайвонлари ҳам кўздан йироқ бўла бошлашди. Қуёнлар яна ҳам сергак тортдилар. Кибани энди овқат қайғуси хавотирга сола бошлади. Деярли ҳар куни қор ёғиб, ҳайвонларнинг изларини кўмиб кетарди. Киба чорасизликдан Петоутору тоғларини тарк этди ва одамлар яшайдиган жойларга яқинлашиб қолди.

Жиноят ва жазо

Одамларни яхши биладиган Киба Нукабира шаҳрига қўрқмасдан кириб борди. У овчарка итига жуда ҳам ўхшаб кетарди. Унинг томирида бўри қони оқаётганини ҳеч ким осонликча пайқай олмасди. Ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, совуқ 40 даражага етди. Қор музлаб, худди бетонга ўхшаб қолган эди. Киба жуда ҳам оч эди. У кўзи тушган ҳамма нарсани ер, аммо очлик ҳисси уни тарк этмасди.
Шу кунларда шаҳарга Кибадай оч қолган дайди итлар ҳам изғиб юришарди. Шунинг учун улар уй ҳайвонларига ташланишмоқда эди. Бироз вақт ўтиб, маҳаллий аҳоли қурган темир Торабасами қопқонларига туша бошлашди.
Азотли стрихнин сепилган гуручли нонлар қорли йўлларга ташланди. Шунга қарамай, дайди итлар галаси эҳтиётлик билан шаҳарда юриб, уй ҳайвонларига ҳужум қилаётган эди.
Хоккайдода қарғалар ҳам кўп эди. Қарғалар ҳам аҳолига, айниқса қишлоқ хўжалигига зарар етказардилар. Эҳтимол, бунга ишониш қийиндир, лекин улар тўдадан айрилган, оч ва яраланган итларни ҳам қирардилар.
Лекин, итлар шундай ҳолатда ҳам итлар қозиқ тишларини очиб, йигирма ўттизта қарғани тинчитарди. Бироқ, қарғалар кўп эди, оқибатда итлар уларнинг ўлжасига айланарди. Хуллас, қарғалар тўдаси ожиз итларни секин-аста ўз йўлидан олиб ташлаётган эди. Яраланиб ва заифлашиб қолган, ёки тўда бошлиғига бўйсунмаган, итлар ўз тўдасидаги бошқа итлар томонидан қувиларди.
Дайди итлар тўдасига Киба бошчилик қилаётганди. У Нукабира шаҳри дайди итларининг йўлбошчиси бўлди. Тўданинг иродасига бўйсунмаган итларни қайғули қисмат кутарди – уларни ёки ўлдиришарди ёки қарғалар турган жойга қувишарди.
«Биринчи навбатда тўдабошини ўлдириш керак!» –Кибани таъқиб қилаётган шаҳар аҳолиси ана шундай қарорга келди. Бироқ, чаққон Киба ҳар доим чап бериб қоларди.
Баҳор келиши билан Киба ва унинг тўдаси Нукабира шаҳрини тарк этишди. Киба доимо соғиниб юрган тоғларига қайтди. Ўн иккитадан ошиқ ит ҳам у билан бирга эди. Шу билан унинг ёлғизликдаги саёҳати тугади. Энди у бир неча итнинг тўдабошиси эди.
Дайди итлар сонининг ошиши одамларга ва уй ҳайвонларига зарар келтирарди. Уруш пайтида ва ундан кейин одамлар тўрт оёқли дўстларини кўчаларда қолдиришган, шунинг учун бутун мамлакат бўйича дайди итлар сони кўпайиб кетган эди. Кюсю, Кансай, Токио, Хоккайдо шимоли-шарқига дайди итларнинг ҳужуми бирин-кетин юз бераётган эди.
Газеталар дайди итларга нисбатан эҳтиёт бўлиш ҳақида бонг урмоқда эдилар. Аммо Кибанинг тўдаси Дайсэцузан тоғига чиқиб кетгани учун улар одамларга ва уй ҳайвонларига зарар келтирмас эди. Бошқа дайди итлар эса қўриқхонанинг барча ҳудудида бебошликни давом эттиришарди.
«Энди туристлар ҳам итлардан қўрқиб, бу ёқларга келишмайди», дея ташвишланарди маҳаллий амалдорлар.
Одамлар Иблисни бир кўзли Гондан ҳам баттар ёмон кўришарди. Чунки Иблис шафқатсиз эди. У ошқозони тўла бўлса ҳам, итлар ва қўйларни бурдалаб ташларди. Унинг ҳатти-ҳаракатлари 70 йил олдинги бўриларга ўхшаб кетарди.
«Хоккайдода итлар йўқ». «Демак, қаердадир қолиб кетган». «Агар уларни ҳозир йўқотмаса, худди ўтмишдаги каби оғир кунлар бошланади» – дердилар қишлоқ аҳолиси ва уларни таъқиб қилишга қарор қилдилар.
Камикава, Асахикава ва бошқа яқин қишлоқлардаги овчилар тўла ҳарбий тайёргарликда эдилар.
Қариялар: «Балки, Мейдзи замонасидан бўрилар қолиб кетганмикан?» дер эдилар. Бироқ Иблис одамлардан ҳам сезгирроқ эди. Бугун уни Токачи шаҳридаги Широганэ иссиқ булоғида кўрган бўлсалар, эртасига умуман қарама-қарши томонда, Камикава шаҳридаги қарши томонда кўрар эдилар. Уни таъқиб этиш жуда ҳам қийинлигидан овчилар қийналиб кетдилар. Шунда Канэто: «Балки мен уриниб кўрарман», деди.
Канэто айнлар милтиғи билан Камикава шаҳрига овга чиқиб кетишга қарор қилди. Канэто тоққа Ёшито ва Тэцу билан бирга чиқди. Тоғдаги кенглик итларга осонгина яшириниш имконини берарди.
«Ҳозир Таки бўлганида…» – деди афсус билан Канэто.
«Қизиқ, ҳозир нима қилаётган экан? Балки ўлгандир…» – деди ўзига-ўзи Ёшито. Лекин шу пайт Канэто кескин сўзини кесди: «У кучли ит. У ўлмайди». Канэто Иблиснинг юрадиган йўлини ва вақтини яхшилаб ўрганиб чиқди.
У дайди итларнинг бир одати борлигини сезиб қолди ва ўз кузатувларидан келиб чиқиб, харита чизишга ҳаракат қилди. Изларни ўрганиб «Йигирмата ит бўлса керак», деб ўйлади.
– Тўдабошини ўлдириш керак. Агар уни ўлдирсак, бутун тўда тарқалиб кетади, – деди ишонч билан Канэто ва шаҳар бошқарувчиси билан гаплашгани кетди.
– Ҳурматли, мэр, мен бу итларнинг йўлини ўрганиб чиқдим, – деди унга. – Лекин уларни таъқиб қилиш ва отиш қийин масала. Билъакс улар жуда ақлли. Ўйлайманки тузоқ қўйиб чиқиш керак ва уларни тузоққа тушириш керак.
– Тузоқ? Ўрами?
– Ҳа, ўра ҳам ковлаш керак.
– Бу Торобаса усули билан тузоқ қўйишми?
– Ҳа, Амаппо усулини ҳам қўллаш керак.
– Лекин бу жуда хавфли!
– Бугунги кунда тоғда одам йўқ.
– Йўқ, барибир бўлиши мумкин. Шунингдек, бу хавфли ҳам, – мэр рухсат бермаётган эди.
– Балки стрихнин билан ўлдириш керакдир?
– Йўқ, йўқ, Канэто. Қандайдир бошқа усул ўйлаб топинг, – деди мэр.
Канэто ўз ихтиёрига қарши отиш учун қулай пайтни пойлади. Иккита учта итни отиб ўлдирди. Бироқ, тўдабошини ҳеч ҳам тута олишмасди. Охир-оқибат дайди итларга кенг миқёсда катта ов уюштиришди. Бироқ бу сафар ҳам омад кулиб боқмади.
«Демак, буни қилиш керак экан», – деган қарорга келишди амалдорлар. Одамларга тоққа чиқишни таъқиқлаб, Амаппо усулини қўллаш уларга маъқул келди. Бу пайтда Иблиснинг ёнида ўн олтита ит бор эди. Қизил қулоқли Акамими Иблиснинг ўнг қўлидек эди. Бу итларнинг барчаси нафақат қўй ва эчкиларга, балки от ва сигирларга ҳам ҳужум қилишарди. Ҳайвонларни бурдалаб, тўйгунларича ейишарди. Бу бўрилар учун одатий услуб эди.
Бир куни Иблис аввал ҳеч кўрмаган нарсани учратиб қолди – буталар орасини кесиб ўтаётганида таранг тортилган ипни кўриб қолди. Бу нима экан? Яқинлашганида, элас-элас одам ҳиди сезиларди. Агар Киба бўлганида бу заҳарланган ўқли Амаппо тузоғи эканини билган бўларди. Иблис эҳтиёткорлик билан ипни кўраётган эди, шу пайт қўрқоқ Куро қорача ҳам унга яқинлашди.
«Ҳеч нарса қила кўрма!» – Акамими қизилқулоқ шундай демоқчи бўлиб, Куро қорачага тишларини очди. Куро қорача қўрқиб четга сакради ва кутилмаганда ўққа тегиб кетди. Ўқ букчайиб турган Иблиснинг умуртқа поғонасига қадалди.

Иблис ғазабга минди.

Акамими қизилқулоқ, Куро қорача ва бошқа итлар Иблиснинг ҳатти-ҳаракатини қўрқув билан кузатишарди. Ўқ заҳарланган эди. Иблиснинг кўзлари қонга тўлиб, ҳар тарафга ўзини ота бошлади. Бироз ўтгач, оғзидан кўпик оқиб, у ёққа бу ёққа тебранди-да, қулаб тушди. Бу Канэто тайёрлаган ўқ эди.
Заҳарланган ўқ шиддатли таъсирга эга эди. Айтишларича, Канэто тайёрлаган бундай ўқ теккач, ҳатто қўнғир айиқ ҳам ўн қадамча юра олмас экан.
Хоши-юлдузча яқинлашганида (унинг кўзлари юлдузга ўхшар эди), Иблис олд оёқлари билан ерни тирнар, бор кучи билан ўрнидан туришга ҳаракат қилаётган эди.
Муҳаббат ва қўрқув
Киба Таканэ даласи томонга тўдадаги бошқа итлар билан боришни ўйлаб юрар эди. Шу боис у, шошмасдан ўша куни ёзги булутлар остида далалар томон йўл олди. Киба бошчилигида ўн икки ит йўл-йўлакай учраб қоладиган ўлжаларни ҳам беэътибор қолдиришмас эди. Даланинг ери нам, ботқоқлар устида туман ҳосил бўлган эди. Ботқоқларда эса Эдзо калтакесаги кўп бўларди. Киба бу ерда биринчи марта Хоши (Юлдузча) билан учрашган эди.
Бир куни саҳарда қуюқ туман ичидан Хоши югуриб чиқди ва ботқоқ ёнида тўхтаб қолди. Ўн иккита ит унга диққат билан қараб турарди, у эса қўрққанидан қайта туман ичига кириб кетди. Унинг ортидан Киба, ундан кейин эса барча итлар югуриб кетишди. Ёш ва чаққон Хоши уни таъқиб қилаётганлардан осонгина қочаётган эди. Қўққисдан Хошига Киба хавфли эмасдек туюлди. У тўхтади, думини ликиллатиб ўртоқ бўлиш истагини билдирди. Киба ҳам яқинлашиб, худди «Қочма!» дегандек, унинг бўйнини ялади. Шундай қилиб, Хоши ва Кибанинг дўстлиги бошланди. Ва албатта, буни ўн иккита ит ҳам сезиб қолишди.
Қуёш ғарбга ботаётган эди. Куннинг иккинчи ярмида Киба Акамими-қизилқулоқ билан учрашди. Акамими-қизилқулоқ Куро-қорача ва бошқа тўртта ит билан бирга эди. Дайди итларнинг икки тўдаси бир-бирига ғазаб билан қараб турарди.
Кун қорайиб, осмонни булут қоплади. Узоқда момоқалдироқ гумбурлади. Акамими-қизилқулоқ бир қадам олдинга чиқди, у билан баравар Киба ҳам олдинга чиқди. Акамими-қизилқулоқ «Қаранг-а, қочмаяпти», деб ўйлади ва ириллади. Дарҳол олдинга юрди. Киба ҳам унга қарши юрди.
Чақмоқ чақди, момоқалдироқ гумбурлади. Акамими-қизилқулоқ ва Киба бир-бирларига ташландилар. Қозиқ тишлар зарбидан учқунлар сачрагандек бўлди.
Кибанинг ҳужумидан Акамими-қизилқулоқ ерга қулади. Лекин у тезгина ўзига келиб, яна олдинги жанговар ҳолига кирди. Ёмғир бошлади. Олишув давом этар, улар бир-бирларига урилиб, четга сакрардилар. Қонга бўялган жунлар ивиб, танага ёпишиб қолди. Дайсэцузан тоғлари қиролининг ҳал қилувчи жанги бормоқда эди. Қўққисдан, Акамими-қизилқулоқ кучини йўқотиб, ерга ағанади. Киба унинг ёнида турарди. Беш-олти дақиқадан сўнг Акамими-қизилқулоқ яна сакраб турди ва Кибага ташланмоқчи бўлди. Бироқ, яна ерга қулади. Жанг тугаганда ёмғир ҳам тўхтади. Акамими-қизилқулоқнинг тўдаси Кибага яқинлашиб, унга тўла бўйсунишини билдирди.
Киба бу гал кучининг борича увиллади. Бу зафар овози эди. Оёқ остидаги қор ботаётган қуёш нурида товланарди. Ботқоқдан то тоғ чўққисига қадар чўзилган камалакнинг етти хил ранги ҳам гўёки Дайсэцузан тоғларининг янги қиролини шарафлар эди. Ёз фасли Дайсэцузан тоғларини тарк этиб, куз кириб келди.
Киба оиласи Дайсэцузан тоғининг бир чўққисидан иккинчисига югуриб юрарди. Жангдан бироз ўтганидан кейин Киба Акамими-қизилқулоқни афв этди ва тўдада қолишига рухсат берди. Шунингдек, тўдада Миматарэ-ит ва Куро-қорача – Кибанинг кичик укаси ҳам бор эди. Ҳаммаси бўлиб тўдада 25-26 та ит бор эди.
Бу йил қиш кутилмаган тарзда эрта кирди, қўнғир айиқлар қишловга тайёр эмасдилар. Улар қишлоқларга тушиб, уй ҳайвонларини қира бошладилар. Озиқ-овқат камайиб кетди. Ундан ташқари, Куро ҳам уй ҳайвонларини нобуд қилаётган эди. Тўда бошлиғи Иблис бўлган пайтда ҳам, у кўпинча уй ҳайвонларини овларди. Киба Камикава ва Санаэга тегишли ҳудудда ов қилишни истамас эди. У Токачи тоғи пастида турган аҳоли жойи ов қиларди, бу ерда яна аҳолига қарашли ва дайди итлар орасида кураш бошланган эди. Одамлар заҳар сепишар, тузоқлар сонини кўпайтиришар, ўқ узишарди. Ҳатто Киба тўдасидаги бир неча ит ўлдирилди. «Бу қиш аҳоли билан жиддий тўқнашув юзага келади», деб ўйларди Киба.
Киба овга шафқатсизларча ташланарди. Бир тунда у Теннинкёдаги Мацуяма иссиқ булоғи ҳудудига яширинча кирди. Айнан шу ерда, қачонлардир Кибани отишган эди. Киба буни эслаб, ғазабга тўлди. Тўда ундан узоқроқда иссиқ булоқ ёнидаги меҳмонхонага Кибанинг кираётганини кузатиб туришарди. Эски ва янги бино орасида йўлак бўлиб, у ердан қуён ва товуқлари бўлган ҳовлига кириш мумкин эди. Киба оялар соясида пусиб, бўлаётган воқеларни кузатиб турарди. Унинг ҳатти ҳаракати Иблисга ўхшаб кетарди.
Қиш бўлгани учун иссиқ булоққа келувчилар йўқ эди. Ишчилар меҳмонхонани бир неча муддат қаровсиз қолдириб, шаҳарга кетишган эди. Киба синчиклаб ҳавони ҳидлади. Ҳавода иштаҳани қитиқловчи ҳид бор эди. Бироқ хавф ҳиди йўқ эди. Киба думини ликиллатди. Бошқа итлар Кибанинг югуриб чиқишини сабрсизлик билан кутаётган эдилар. «Бугунги куннинг ови кичик ҳажмли бўлгани учун уни тутиш осон бўлади», деб ўйлади Киба.
Киба эчки, қўй ёки чўчқаларни ўлжа олишни ўйлаган эди. Илгари у улоқ ва бузоқларни тишлаб, бурдаларини ҳамма ёққа сочиб ташларди. Кейин уларни яйлов четига судраб келарди. Уй ҳайвонларининг баланд овозда маъраганини эшитиб, дарҳол кучуклар ва одамлар югуриб чиқарди. Уйдаги қўралар бошқа итларнинг ҳужумидан ҳам бўшаб қолган эди.
Акамими-қизилқулоқ бўлаётган воқеаларни четдан кузатиб турарди. У ёш қизнинг пастгина овозини эшитиб қолди.
Қўққисдан Кибани ток ургандек бўлди, у четга сакраб қочиб кета бошлади. Нега Киба инсон овозидан бунчалик қўрқиб кетган экан?
Кибанинг бу ҳатти-ҳаракатидан бошқа итлар ҳам ҳайрон бўлдилар. Лекин тўдабошининг орқасидан юриш керак эди. Уй ҳайвонларига ҳужум қилишни тўхтатиб ҳамма Қирол Кибанинг орқасидан эргашди.
Кибанинг қулоғига етган овоз Санаэга мансуб эди.
Бу Таки эмасми?
Баҳор келиши билан Мацуяма иссиқ булоғида Бобакусо меҳмонхонаси очилди. Айтишларича, Хидака яйлови хўжайини Ёичиро ташландиқ меҳмонхонани сотиб олиб, қайта қурган эмиш. Меҳмонхона таниб бўлмайдиган даражада чиройли бўлиб кетди.
Санаэ ҳам улғайиб, чиройли қиз бўлди. Энди аввалгидек мактаб ўқувчиси эмасди. Бугун эрталаб ҳаво жуда яхши эди. Қиз эрталабдан чиройли кўйлагини кийиб, автобус келишини кутиб турар, чунки у бу кунни сабрсизлик билан кутаётган эди. Бугун меҳмонхона очилганининг учинчи куни бўлиб, Ёичиро энг яқинларни таклиф қилган эди. Бироздан кейин автобус келди. Автобусдан Хисако, Ёко, Кумико, шунингдек, Шимано сэнсэй ва Кодзима сэнсэй тушиб келишди. Канэто ва Ёшито ҳам байрамга таклиф қилинган эдилар. Санаэ улар билан турли нарсалар ҳақида гаплашиб, меҳмонхона олдида сайр қилиб юришган эди. Кўпдан бери кўришмаганлари учун суҳбат бир мавзудан иккинчисига ўтарди.
– Айтмоқчи, боқиб олган итингиз қандай? – деди Шимано сэнсэй.
– Ҳа, Такими? – ғамгин сўради Санаэ.
Санаэнинг ўрнига Хисако жавоб берди: – Сэнсэй, Хидакалар оиласи бу итни Камикавадаги овчиларга бериб юборишган.
– Демак, уни қўнғир айиқларни овловчи овчи итга айлантиришибди-да. Тўғри, у ахир тоғ ити-ку. У айиқ овлашга мос келади, – деди ҳеч нарсани билмайдиган Шимано сэнсэй.
– Хўш, у ерда яхши яшаяптими? – деб сўради Кодзима сэнсэй.
Санаэ ҳаммасини батафсил айтиб берди.
Сўзининг охирида дом-дараксиз кетганини айтиб, «Уни бермасам бўларкан», деб қўшимча қилди.
– Йўқ, яхши қилибсан. Ахир у тоғ ити-ку. Барибир тоғларга чиқиб кетарди, – деди Шимано сэнсэй.
– Эшитдингизми, Дайсэцузан тоғларида жуда кўп дайди итлар изғиб юришар экан, – деди Кодзима Сэнсэй.
Даврага Ёшито ҳам қўшилди. Санаэ суҳбатини давом эттирди:
– Кучли қор ёғаётган эди. Тоғ дайди итлари уй ҳайвонлаига ҳужум қилишаётган эди. Сабабини билмайману, аммо отамнинг яйловига ҳеч қандай ҳужум бўлмади. Бу орада отам меҳмонхонани сотиб олишга қарор қилди. Мен ота-онам билан меҳмонхонада тунагани бордим. Эрталаб турганимда ишчиларнинг шовқинини эшитдим. Дайди итлар ҳужум бошлаганмиш, аммо негадир яна қочиб кетганмиш. Яна айтишларича, ҳовлида катта излар топилганмиш, аммо кейин бошқа ерда излар кўринмаганмиш. Демак, улар ҳовлигача етиб келишган ва орқага қайтишган».
Ҳамма жим туриб Санаэни тинглаётган эди. Бироз ўтиб Шимано сэнсэй гапирди.
– Ҳарҳолда тузоқ қўйилганини сезишган.
– Бу тоғ итлари шунчаки итлар эмас, – деди Ёшито.
– Унда нима? Қайтиб кетишганми?
– Буни мен билмайман… Бир куни менинг отам Амаппо тузоғи билан тўдабошини тутишга муваффақ бўлди. У урғочи ит эди. Бундан бир неча вақт олдин циркдан бўри қочганини айтишган эди. Мен, ўшамасмикан, деб ўйладим. Ўша воқеадан тўрт йил ўтган бўлса, унинг болалари туғилган ва улғайган бўлиши керак. Менимча, бу дайди итлар ўша бўрининг болалари бўлса керак, – Ёшито ўта жиддий гапираётган эди.
– Бу гапларда жон бор. Агар шундай бўлса, бу атрофдагилар учун фалокат. Аҳоли Хоккайдода бўрилар тўлиқ қирилиб кетган, деб ўйлайди, – деди норози оҳангда Шимано сэнсэй.
Шу пайтда Киба ўзининг тўдаси билан Токачи тоғларига ўтаётган эди. Бир куни Киба аҳоли яшайдиган ҳудудда яқин ерда ғалати нарса топди. Бу ўлик улоқ эди. Аммо бу улоқча дайди итлар томонидан ўлдирилмаган эди. Шубҳали. Киба ҳидлашга уринди. Ундан ғалати ҳид келди. Қандайдир ғалати, шубҳали ҳид. Киба оч бўлса-да, татиб кўришга иккиланди. Орқадан етиб келганлар жим туришар ва лабларини ялашар эди, чунки қизил гўштни кўриб сўлаклари оқса ҳам Киба унга тегинмаётган эди. Ниҳоят сабри чидамади ва у гўштни тишлади. Унга Акамими, Мимитарэ ва Куро ҳам қўшилдилар. Хоши эса, сўлаклари оқиб турган бўлса ҳам, тегишга иккиланди. Киба Хошига: «Сен нега емаяпсан?» дегандек қараб қўйди. Бирдан ошқозонида қаттиқ оғриқ турди. Кўз олди қоронғилашди. Оёқлари чалишди. Киба чайқалди. Қаттиқ оғриқдан айланиб югура бошлади. Сув ичгиси келди. У агар сув ичса ошқозонидаги оғриқдан қутулишни ўйлади. Киба зўрға эшитиладиган овозлар чиқарар экан, сув томон чопишга аҳд қилди. Қўққисдан оғзидан қон кета бошлади. У бор кучи билан ўтларни чайнар, узиб олар, чайнар, яна узиб олар, яна чайнарди. Ҳуши ўзида йўқдек, ўтларни ютарди. Шундан кейин ошқозонидаги ҳамма нарсани қусиб ташлади. Оғриқ камайгандек бўлди. Киба куч тўплаб қаддини кўтарди. Бироқ, оёғида тура олмасди. Оёғи остида тупроқ сочилиб кетаётгандек эди, Киба сойлик томонга аста-секин туша бошлади. У ҳатто ўзини тўхтата олмасди. Худди копток каби сойликка думалаб кетди. Тошлар ҳам думалай бошлади. Кибанинг орқасидан югуриб бораётган Хоши эса хас-хашак тошларга кўмилиб қолди. Сойнинг қирғоғида Киба икки кун ва икки кеча ётди.

Охир-оқибат ўлимдан қутулди.

Акамими ва Куро ҳам еганларини қусиб, тирик қолишди. Бироқ тўда ярмига қисқарди. Ҳамма кучсизликдан ҳар қаёққа тарқалиб кетди. Киба ва Хоши Хорокаишикари дарёсининг юқори оқимида дайдиб юришарди. Бу ерлар унинг учун қадрдон эди. Бу ерда улар шинам бир ғорни топишди. Ғор олдидан ажойиб дарё – Хорокаишикари оқарди, ғордан бутун атрофдаги ерларни кўриш мумкин эди. Ҳарҳолда бу тулки яшаган ғор бўлса керак, чунки тулки ҳиди келарди. Хоши бу ерда бешта бола туғди. Уч нар ва икки урғочи. Киба ва Хоши бу ғорда болаларни катта қила бошлашди.
Бу пайтда Дайсэцузан тоғларида, альпинистлар орасида узунқулоқ гаплар юрарди.
«Атрофдаги жонзотларни бурдалаб ташлайдиган баҳайбат ит пайдо бўлди».
«У жуда ҳам бўрига ўхшаб кетади».
«Унинг кўринишидан сесканиб тушасан».
«Уни ҳайдамоқчи бўлсанг, у сенга ташланади».
«Баъзан бир ўзи келади. Баъзан эса урғочисини ва бўривачаларини олиб келади».
«Бўриваччалари билан бирга келса, яна ҳам дарғазаб кўринади».
Альпинистлар ҳаммани огоҳлантиришга ҳаракат қилишарди.
«Бу ит бошқаларидан фарқ қилади. Ҳамма нарсани ҳам еб кетавермайди».
«У фақат ўлдирганини ёки одамлар еганини ейди. Заҳарли нарсани сезиб қолган шекилли».
«Милтиқни ҳам жуда яхши билади. Елкадан қуролни олганинг заҳоти шамол каби йўқолиб қочиб қолади».
Одамлар бир-бирларига шунақа дейишарди. Уни «Дайсэцузаннинг Иблис ити» деб аташарди.
Албатта, Киба бу ҳақда ҳеч нарсани билмас эди. Шу куни Киба одамлар тайёрлаган овқат ҳидининг кетидан юрган эди. Бирдан Шипинаи ва Ишикари дарёлари кесишган жойда палаткаларни кўриб қолди. Ўша ердан иштаҳани қитиқловчи ҳидлар келаётган эди. Бурнини кериб, бироз яқинлашди. Олов ёнмоқда эди. Киба оловга қарама-қарши томондан бироз яқинлашди. Гўшт ҳиди келарди. Киба секин келди ва катта боши билан икки қизни туртиб юборди. Қизлар йиқилиб тушиб, қоча бошлашди.
«Нима бўлди?» – ўрмон ичидан болта кўтарган эркак чиқиб кела бошлади. Киба эркакнинг қўрқиб кетганини билиб, унга ҳужум қилмади ва тахтача устидаги консерваланган гўштни ея бошлади. Кейин дарғазаб бўлиб, палаткани буза бошлади. Бирдан аёл овози эшитилди: «Таки! Таки эмаси?!» бу Санаэнинг овози эди. Киба Санаэнинг олдига учиб борди. Ғингшиб, қулоқ осди, думини ликиллатиб, Санаэнинг бўйни ва қўлларини ялай бошлади.
«Таки, бу сенмисан, Таки!» Санаэ чўккалаб ўтириб олиб, итни силай бошлади, икки қўли билан Кибанинг бошини маҳкам қучоқлаб олди. Кибанинг жуни қаттиқ ва ҳурпайган эди.
– Сен шунақа катта бўлиб кетдингми? Кўп қийинчиликларни кўрганга ўхшайсан-а? Нега сен яйловга қайтмадинг? – деди Санаэ. Унинг кўзлари ёшга тўлган эди. Қиз даҳшатли ҳайвонни кўриб қочган Хисако, Ёко ва Кумикони ҳам, дарёда идиш юваётган Шимано сэнсэй ва Кодзима сэнсэйни ҳам унутган эди.
Санаэ гапиришни давом этарди: «Сен Таки яхши ит эмассан. Сен на яйловга, на Ёшитога қайтдинг. Лекин энди сен билан ажрашмаймиз. Биз биргаликда тоғдан тушамиз». Санаэ қаддини кўтарди. У билан бирга Киба ҳам турди. Лекин у Санаэ билан қайтишни истамас эди. Кибанинг орқасида эмчаклари сутга тўлган Хоши турар ва улардан кўзини узмас эди.
«Ҳа, гап бу ерда дегин, болаларинг борлиги учун мен билан кета олмайсанми?» , деди вазиятни тушунган Санаэ.
Киба Хошининг олдига кетди. Санаэ лагерга қайтди.
«Ҳаммаси жойидами?», ҳамма Санаэни ўраб олиб, шовқин солиб сўрашарди.
«Ахир бу Иблис ити эди-ку!»
«Ахир у даҳшатли ит-ку!»
Санаэ йиғлагудек бўлиб турарди.
«Мен уни Бир кўзли Гон деб ўйлабман».
«Бу даҳшатли ит эмас! Бу менинг Таким».
«Нима?! Таки?!»
Санаэ ҳаммасини бир бошдан гапириб берди.
«Таки менинг айтганларимнинг ҳаммасини тушунди. У ақлли ит».
Санаэ Кибага ишонар эди.

Яхшиям улгуришди

Киба уч кунча Санаэнинг хўжалиги атрофида юрганидан кейин ирилламай қўйди. У буткул ўзгарган эди – бегона жойларда юрса ҳам, зарар келтирмас эди. Бир куни Санаэ уйдан чиққанида у тоғ тепасидан туриб узоқ кузатди. Санаэ кўздан ғойиб бўлганидан кейин бурнини кўкка кўтариб, узоқ увиллади.
Қайтишда у қуённи тутиб олди, оғзида тишлаб қорга олиб келди. Бўриваччалар шовқин билан ўлжага ташланишди. Киба уларни кузатиб турарди. Хоши йўқ эди, бўриваччаларга овқат излаб кетган бўлса керак. Оқшом чўкди, осмонни буткул юлдузлар қоплади. Кечки совуқ шамол эса бошлади.
Тўйган бўриваччалар кучала бўлиб ухлаб қолишди. Хоши ҳали ҳам қайтмаган эди, Киба безовталана бошлади. Ниҳоят тоза излар кетидан боришга қарор қилди. Узоқдан Хошининг инграган овози эшитилди. Киба у томонга югурди.
Хоши Торабасами темир қопқонига тушган экан. Қанчалик чиқишга уринмасин, тузоқдан чиқа олмаётган эди. Киба эҳтиёкорлик билан яқинлашди. Қозиқ тишлари билан маҳкамланган занжирларга ёпишди. Бироқ, Киба тишларининг ҳам унга кучи етмаётган эди.
Тонг ота бошлади. Киба асабийлашарди. Агар одамлар пайдо бўлиб қолса, Хошини қутқариб бўлмайди, деб ўйлади Киба. У тишини Хошининг оёғи ва қопқон орасига тиқмоқчи бўлди. Бирдан товуш чиқди. Бошқа қопқонга Кибанинг оёқлари тушган эди. Бутун танасига оғриқ ёйилди.
Киба ва Хоши икки мустаҳкам ёғочли катакка тушиб қолишди. Одамлар уларни шаҳар ҳокимиятига олиб боришди. Аҳоли тутилган бўрилар ҳақидаги хабарни эшитиб, «Дайсэцузан тоғлари Иблис ити»ни кўришга ошиқишди.
«Бизнинг хўжаликларимизни бузган ит шу эканда».
«Ҳақиқатдан ҳам унинг тумшуғи даҳшатли!»
«Уй ҳайвонларимизни нобуд қилган – мана ким экан!»
Ҳамма баланд овозда гапирар, тошлар отишар, таёқ билан урардилар. Киба ва Хоши жароҳат олишди. Киба ирилларди, ўзини у ёқдан бу ёққа урганидан тахтали катак ғирчилларди.
«Агар катак бузилса, жуда ҳам ёмон бўлади. Шунинг учун унинг жаҳлини чиқарманглар!» – деди ёши кекса одам.
Томошабинлар кўпая бошлади. Одамлар тош отишда давом этардилар.
«Тўхтанглар! Бу менинг итим! Сиз нотўғри ушлагансиз!» – бақирди Ёшито.
«Бу гапни қаердан олдинг? Сенинг отангнинг тузоғига тушдими у?» – деб бақирдилар одамлар.
«Мэр ва унинг ёрдамчилари, полиция бошлиғи ҳам шартларни яхши биладилар. Менинг хўжаликларни бузадиган отам итни тирик тутиб боришга сўз берган. Агар ҳақиқатдан ҳам бу Таки бўлса, унда бизга қўйиб беринглар».
– Ҳали шунақами?!
– Ҳа бу Таки. У ақлли ит, биз қўйган тузоқларни биларди, лекин охир-оқибатда унга тушибди.
– Агар ҳақиқатан ҳам бу сенинг итинг бўлса, қўлингни катакка тиқ-чи. Агар у сени тишламаса…
– Яхши!
Ёшито катакка келди ва «Таки, ҳаммаси жойида. Мен албатта сени қутқараман», – деди ва катакка қўлини тиқди.
Ҳамманинг кутганига қарши ўлароқ, Киба Ёшитони тишлаш нияти ҳам йўқ эди. Шовқин бироз босилди. Бироқ, одамлар кечга бир овоздан Кибани ўлдиртириш қарорига келдилар.
Ёшито, мэрга яқинлашиб, – Жаноб мэр, ўша берган ваъдангиз ёлғонмиди? – деди.
– Йўқ, ёлғон эмас. Бироқ, бу аҳолининг умумий қарори, – Мэр қийин аҳволда қолган эди.
Ёшито, Кибанинг қанчалик вафодор эканини тушунтириб, аҳолини кўндиришга қарор қилди. «Агар биз уни қўйиб юборсак, у яна бизнинг уй хўжалигимизни қира бошлайди» – дерди ҳамма.
– Менда яхши бир ғоя бор, – деди ниҳоят Ёшито. – Бу ҳолатдан чиқишнинг энг яхши йўли – уни катта қилган оилага қайтариш. Хидака яловидаги Санаэдан ташқари ҳеч ким уни бўйсундира олмайди. Агар Таки ва унинг болаларини Санаэнинг уйига қайтарсак, у дайди тоғ ити бўлмайди! – деди Ёшито.
– Бўриваччалар ҳақида сен қаердан биласан? – деб сўрашди Мэр ёрдамчилари.
– Ҳеч қаердан. Фақат Киба билан бирга Санаэ тоққа кетса, унинг болалари турган жойгача бориши аниқ. Мен ҳам у билан бирга бораман. Сизлардан ҳам кимдир бизга эргашиши мумкин.
– Келинглар, бу чорани ҳам синаб кўрамиз, – деди мэр аҳолига қараб.
Аҳоли хоҳламайгина кўнди. Аммо маҳаллий полиция бошлиғининг таклифи яна уларни иккилантириб қўйди.
– Ҳаммаси жойида бўлади, деган кафолат бизда йўқ. Уни озод қилишдан олдин тоғ итининг феъли тўғрисида биология ўқитувчисидан сўрасак яхши бўларди, – деди у.
Биология ўқитувчисини таклиф қилишди. У Кибага қараб, тур, феъл-атвори ҳақида батафсил гапира бошлади.
«Бундай ит тури ҳеч қачон одамлар муҳитига ўрганмайди. У болаларни ейдиган итлар турига киради», деди ўқитувчи. Шаҳар ҳокимлиги вакиллари ғазаб билан, «Уни йўқотиш керак!» деб бақирдилар.
Ёшито дарғазаб эди, «Йўқ, Таки бунақа эмас!» деб бақирди.
Ёшитонинг сўзини шаҳар кенгаши аъзоси кесди – «Айтишларича, Ямагата префектурасида бир қари аёл ваҳшиёна ўлдирилиб, ейилган. Демак, энди бизнинг болаларимиз… хавф остида».
Бу гапдан ташвишланган аҳоли шовқин кўтара бошлади.
– Менга ишонинг, – деди мэр.
– Яхшиси уни ўлдириш керак! – деди бир қария.
Унинг гапини тасдиқлаб, ҳамма бошини ликиллатарди.
– Ота, уларга бирон нарса десангиз-чи, – деди Ёшито.
– Биз ахир Камикава шаҳриданмиз. Камикава аҳолиси шаҳар қоидаларига бўйсуниши керак. Жамоа иродасига бўйсунишдан бошқа иложимиз йўқ, – деди Канэто. Бу лаҳзаларда Ёшитонинг кўзлари ёшга тўлди.
Шундай қилиб, Киба ва Хоши ўлим жазосига маҳкум қилинишди. Ҳукмни эрталаб ижро қилиш ҳақида келишиб олинди.
Кеч кирди. Иккита катакни шаҳар ҳокимлиги орқасида қолдиришди.
Шамол эсарди, осмонда на ой, на юлдузлар кўринарди. Киба ва Хоши қимирламасдан тош каби ётишарди.
Бирдан Кибанинг қулоқлари қимирлади – кимдир яқинлашмоқда эди. Қадам товушлари эшитилди. Бу Ёшито эди. Ёшито катакка яқинлашди ва паст овозда пичирлаб деди: «Таки, кечир мени. Яна озроқ чида, мен ҳозир сени қутқараман».
Киба инсонларга бўлган ишончини йўқотган бўлса ҳам жим қараб турарди.
Ёшито катак эшигидаги симни ечди, қоқилган михларни суғурди, кейин катак ёғочларини ола бошлади. У дарғазаб эди. Бирдан кимдир елкасидан тутди. Орқасига ўгирилиб, отасини кўрди.
«Мен шундай қиласан деб ўйлаган эдим. Нега сен менга қулоқ солмайсан!?» – қатъий қилиб сўради Канэто, бироқ юзи ғазабли эмасди.
– Ота, Такига раҳмим келяпти!
– Аҳмоқгарчилик қилма! – деди Канэто Ёшитонинг ёшга тўлган кўзларига қараб.
Канэто, урғочиси ва бўриваччалари учун Киба ўз ҳаётидан воз кечишга тайёр эканлигини англатди. Шунда урғочи бўрини халос қилишга қарор қилишди.
Эрталаб шаҳар аҳолиси катаклардан бирининг бузилгани ва урғочи бўрининг йўқолганини кўрдилар.
– Яхшиям Иблис ити қочмабди, – бир овозда қайтаришди мэр ёрдамчилари. Полиция бошлиғи ҳаммани шошира бошлади: «Уни тезроқ ўлдиртириш керак!»
– Уни Каварага келтириб тириклайин ёқиш керак. Бошқаларга дарс бўлсин, – деди кимдир оломон ичидан. Каварада қуриган дарахтлар кўп эди.
Ёшито бу пайтда Тэцу билан бирга Кибанинг бўриваччаларини қидиришга чиқишди.
Олов ёқишди, қора тутун ўрлаб кетди. Оловда қуриган дарахтларнинг чирсиллаши эшитилди.
Шу пайт бир одам пайдо бўлиб, ёнаётган ўтинларни ҳар томонга отиб, оёғи билан гулханни топтай бошлади. «Сизлар нима қиляпсизлар?» деди у.
– Нима бўлди, бобо?
– Яхши эмас! – деди жаҳли чиққан кекса одам. Бу Канэто эди.
«Ахир сизга ўғлим Ёшито айтди, бу бизнинг итимиз. Биз мэр билан келишганмиз. Агар ўлдирмоқчи бўлсангиз, ўлдиринг, фақат бунақа усул билан эмас. Ахир тириклайин ёқиш даҳшат-ку!».
Канэтонинг кўзлари ёш билан тўлди. Уларга биология ўқитувчиси яқинлашди ва қатъий гапирди: «Канэто тўғри айтади. Итга бунчалик зулм кўрсатиш керак эмас».
Ҳамма жим қолди.
– Хўш, ундан қандай қутуламиз?
– Ёйдан бир ўқ отиб.
– Бу яхши фикр. Канэто ёйдан ўқ отиш устаси. Заҳарланган ўқ отиш энг яхши усул.
Шундай қилиб, мэр бу фикрга қўшилди ва қарор қабул қилинди. Ўлим жазоси Канэтонинг қўли билан амалга ошириладиган бўлди.
Одамлар доира бўлиб туришди. Катакни олиб келишди. Канэто катак томонга борди, қўлига ўқ олди ва ёйни таранг тортди.
Киба шу пайт ҳаётининг охирги лаҳзалари эканини ҳис этди.
У ифодасиз кўзлар билан Канэтога қаради. Осмонни булутлар қоплади, атроф қоронғилашди. Орқа тарафда машина овозлари эшитилди.
Оқ кийимдаги мўйловли киши одамларни итариб-туртиб яқинлашарди.
– Ҳа, улгурдим, – деди одам ва мэрга яқинлашди.
– Бу жазони тўхтатинг! – деди Токиодан келган хусусий театр эгаси. Унинг айтишича, «Дайсэцузан тоғи Иблиси»ни эшитган заҳоти бу ерга келишга қарор қилган экан.
– Уни менга сотинглар. Мен кетган харажатни қоплайман. Мен уни Токиога олиб кетаман, у сизни ортиқ безовта қилмайди. Ваъда бераман! – ялинди у.

Сузаётган булутлар

Бир йил сезилмасдан ўтиб кетди. Кечган йил Хоккайдо учун ноодатий илиқ келган эди.
– Бу нима? Ғалати!
– Вулқон отилмайдими? Ундан ташқари, йил серёмғир келди. Бу ёмғир туфайли қишлоқ хўжалиги далаларида ҳосил нобуд бўлиши мумкин, – оҳ уришарди фермерлар.
12 йил олдин бу ҳудудда бўлиб ўтган қурғоқчилик ҳақида эслашди. Оғир пайтларда одамлар барглар ва ўт-ўланларни ейишган, ҳатто ҳашаротлар ва каламушларни ҳам ейишган эди.
– Ҳар ҳолда Асахидака ва Куродакеда ҳали қор йўқ.
Қишлоқ аҳолиси жуда ташвишланган эдилар. Бу тоғ ҳудудида қишлоқ хўжалиги нобуд бўлди.
Ўрмондаги қўнғир айиқлар ҳам ташвишга тушган эдилар. Қишловга кириш учун улар яхшилаб тўйишлари керак эди.
Бир кўзли Гон бир фермернинг уйини бузди. Камикава, Биэй ва Фурано шаҳарлари вакиллари Бир кўзли Гонни қандай тутиш ҳақида келишиш учун тўпланишди.
Канэто ҳам қўшилган ҳолда овчилар гуруҳини тузишди. Канэто бироз хафа эди. Чунки энди у овга ўғлисиз чиқишга мажбур эди. Ёшито ортиқ овга чиқишни умуман хоҳламас эди.
– Мен энди ҳайвонларни ўлдиришни истамайман. Яйловда ишлашни хоҳлайман, – деди бир куни Ёшито.
Канэто энди фақат Тэцу ва Мурата милтиғига суяна оларди. Канэто Ёшитога хат қолдириб, Тэцу билан бирга, овчилардан айри ҳолда тоғларга чиқиб кетди.
Учинчи куни, қуёш ботар пайти, қувловчилар ўтиб кетганидан кейин Бир кўзли Гон пайдо бўлди. Гон одамларни алдаб, қишлоқда овчилар бўлмаган пайтда қорнини тўйдиришни ўйлаётган эди. Бироқ, бу пайтда қишлоқда Канэто ва Тэцу бор эди.
Қоронғи тушган эди. Қалин арчазорда Тэцу Гонни учратди ва ғазабнок ириллади. Тэцунинг ириллашини эшитган Канэто милтиқни тайёрлади ва Тэцу томонга югурди. Канэто югуриб етиб келгунича Тэцу Гонни таъқиб қилишга ҳаракат қилди. Тэцу Гоннинг изидан югурарди. Бироқ, унга яқинлашганида баҳайбат айиқ панжаси уни учириб юборди. У тўғри бориб Торобасами қопқонига тушди. Бу азобли ўлим эди. Канэто Тэцунинг аянчли увиллашини эшитди. Канэто қопқонга югуриб борганида, Тэцу ўлиб бўлган эди. Канэто қалтираган қўллари билан Тэцуни қопқондан чиқарди.
– Ким? Ким қилди буни? – бақирди Канэто кўзларида ёш билан.
Бу тузоқ тажрибасиз овчилар томонидан қўйилган эди.
– Тэцу! Нима бўлса ҳам мен Гондан қасдимни оламан! – деди Канэто, ва қўлида милтиқ билан ўрмоннинг ичкарисига кириб кетди.
Овчилар гуруҳи ҳам ит ва айиқнинг ириллашини эшитган эдилар. Улардан ҳеч бири бу Гон эканлигига шубҳа қилмаётган эди.
Қалин ўрмон ичида милтиқ овози эшитилди.
– Бу Канэто бўлса керак.
– Милтиқни у отди.
Қўлларида олов билан овчилар ўқ овози эшитилган томонга қараб юра бошладилар.
– Тэцу ўлди.
– Эй, Канэто!
– Ортингга қайт!
– Эртага овни давом эттирамиз, – ҳамма баравар жўр бўлиб айтди.
Лекин қарши томондан жавоб келмади. Бу кеча Канэто қайтиб келмади. Бу ҳақда Хидака яйловида ишлаётган Ёшитога хабар бердилар. Ёшито бир неча кун отасини ўрмонда қидирди, лекин қидирувлар бари бекор эди.
Канэто Дайсэцузан тоғларининг қалин ўрмонида изсиз йўқолди, ўрмонни бир ой ичида қалин қор қоплади.
Ёшито отаси қолдирган хатни бир неча марта ўқиб чиқди. Хатда қишлоқ аҳолисининг тинчлиги учун Бир кўзли Гонни ўлдириш кераклиги, у қайтиб келмаса, оила ишларини давом эттириши ҳақида батафсил ёзилган эди.
Узоқ ўйлаганидан кейин Ёшито Такини излаб топиб, Гонга қарши ов қилишга қарор қилди. Хусусан, Ёшито Ёичирога шундай деди: «Отамнинг иродасига кўра, мен Камикаванинг муносиб овчиси бўлмоқчиман!». Ёичиро тасдиқлаб,бошини қимирлатди.
«Хоним, мен Такисиз Гонни овлай олмайман. Мен Хонсю томонга, Такини излашга бораман ва албатта уни топаман. Таки сизнинг итингиз, Гонни овлаш учун Такини қидириб топишга рухсат беринг», деди Ёшито Санаэга. Ёшито Кибани излаб Хоккайдодан чиқиб кетган вақтдан қишнинг сўнгги кунлари эди.Баҳор келиб, Хоккайдо яйловларида тоғ сакураси гуллади. Санаэ яйловга чойшаб тўшаб, қуёшдан ҳузурланиб ўтирарди.
У 24 ёшга кирди. Энди у Боубакусонинг ҳақиқий хўжайинига айланган эди. Унга кимоно жуда ҳам ярашиб турар эди. Унинг ёнида колли зотли Жули номли ит ҳам бор эди. Покку ҳам болалари билан яқин-атрофда эди. Улар Жули ва Поккунинг болалари эдилар.
«Қани энди ёнимда Таки бўлса». Санаэ мустақил ўзи сибизға ясади. У икки йил олдин Дайсэцузан тоғларига қилган саёҳатларини эслади. Унинг ўртоқлари Хисако ва Кумико ҳам оилали бўлишди. Фақат Ёко ва Санаэ турмушга чиқмаган эдилар.
Бироқ, уйда ҳар куни шу масала маслаҳат қилинар эди. Хусусан, унга муносиб бир йигит – Европада ўқиётган Саппоро институти доценти ҳақида кўп гапириларди. Санаэнинг отаси Ёичиронинг соғлиғи ёмонлашган эди. Санаэ, эртами-кечми меҳмонхона билан мустақил шуғулланиши лозимлиги ҳақида ўйларди. Шу билан бирга у Таки ҳақида қайғурарди. Санаэ икки кун олдин Ёшитодан келган хатни чўнтагидан олди.
«Бекам, узоқ вақт жим қолганим учун кечиринг, – деб ёзганди у. – Мен Аомори ҳудудидан кечиб ўтдим. Таки ҳақида ҳаммадан сўраб чиқдим. Лекин ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди. Фақатгина денгизчилар Такига ўхшаш итни эслашди. Кемадагиларнинг фикрича, уни Токиодаги Сетагай районига жўнатишган. Токиода Такига осон бўлмаган. Аввалига у хусусий театри бор тадбиркор қўлида бўлган. Кейин уни Яда номли кичик циркка сотишган. Шундан сўнг мен Яда ҳайвонот боғига бордим. Охир-оқибат Окаямидаги бу кичик жойни топдим. Аммо Таки у ерда ҳам йўқ эди. Циркдагилар уни бир одамга сотган экан. Ҳозир мен Такининг янги хўжайини олдидаман».
Қиз хатни тиззасига қўйибуф тортди: «Мен ҳам Ёшито билан бирга Такини излашга бормоқчиман. Афсус, отамнинг соғлиги ёмон…».
Ёшито Кюсюни кесиб ўтаётганида пакана циркчи Нагано префектурасидаги Шиншюдан Кибани олиб ўтаётганди. У ерда ҳали ҳам қор ёғаётган эди.
Ҳа, Киба учун бу бир ярим йил хўрликлар даври бўлди.
«Диққат! Хоккайдодаги Дайсэцузан тоғлари Иблисини томоша қилинг! Сахалин ит ва бўри чатишмаси. Қачонлардир одамлар томонидан боқилган, лекин охир-оқибат ўзининг олдинги турқига қайтиб, хўжайиннинг қизини тишлаб олган. Шундан кейин ўрмонга қочиб кетган, буғуларни овлаган. Тоғ итлари тўдабошисига айланиб, қўнғир айиқ билан жанг қилган.
Айнларнинг машҳур овчиси Канэто уни тириклай тутишга муваффақ бўлган. Бу оддий ит эмас, балки бўри! Унинг биргина қараши сизни даҳшатга туширади!» Шунга ўхшаш афишалар Кибани циркда танитмоқда эди.
Одамлар Киба иштирокидаги шоуга қизиқиш билан борардилар, унинг учун эса бу ўта оғир вазият эди. Ҳаракат озлиги учун у семирган эди. Шу билан бирга вақт ҳам унинг ёшлигини олиб кетмоқда эди.
Кибани ўлимдан қутқарган антрепренер унга яхши қаради. Уни Камикава станциясидан вагонда олиб кетаётганда ўлиб қолишидан қайғурган эди. Йўлда ўлиб қолса, анча зарар кўриши мумкинлиги уни хавотирга солган эди.
«Хўш, Таки йўлбошчи. Ахир сени Таки деб аташади-ку. Кел дўстлашамиз. Мен сен билан душман бўлишни истамайман. Қани, Таки, е. Агар емасанг, ҳаддан ташқари заифлашиб қоласан».
Поезд юраркан, у Кибанинг ёнида чўккалаб ўтириб, доим бир нарсаларни гапириб турарди. Лекин Киба бу сўзларга фарқсиз эди.
Асахикавада Кибанинг катаги бошқа вагонга жойлаштирилди. Бу қоронғу юк вагони бўлиб, ёқимсиз ҳид тараларди, бу эса Кибанинг кайфиятсиз ҳолига қувонч қўшмас эди, албатта.
Кузатувчи антрепренер ёнига газета тўшади. Тўрт кундан бери Киба озодликдан маҳрум эди. Бу кунлари у умуман овқат ҳам емади, сув ҳам ичмади.
«Хакодатега етиб борганимиздан сўнг мен сенга хом гўшт бераман»«. Атрепренер ваъда қилгани каби, Хакодатега борганидан сўнг гўшт берди. Аммо Киба гўштга ҳам тегинмади.
Аоморига етиб келишганидан сўнг антрепренер япалоққуш топди ва уни Кибанинг катагига қўйди. Япалоққуш қанотлари билан Кибанинг тумшуғи ва қулоғини яралади. Бунга жавобан у япалоққушга ташланди ва бурдалаб ташлади.
«Охир-оқибат Таки овқатланди. Энди биз сен билан дўстлашамиз!» – дея енгил тин олди антрепренер.
Балки бу одам билан яшаса, Таки бахтли бўларди. Бироқ, Такини оғир синовлар кутмоқда эди. Токиога етиб боргандан кейин маст бўлган антрепренерни машина уриб кетди. Бу ҳодисадан кейин Кибани бошқа ҳайвонлар билан биргаликда Яда номли циркка сотишди, бу цирк турли шаҳарларга саёҳат қилар ва ўз намойишини ўтказар эди. Айниқса, шер ва йўлбарс иштирок этган номерлар энг машҳур томошалар саналарди. Энди эса афишаларда «Европа бўриси» деган ёзув ҳам пайдо бўлди. Циркка келган томошабинлар янги ёзувни кўриб, кула бошладилар: «Бу нима сафсата? Бўри!?»
Шерга, йўлбарсга ва пумага кўп гўшт беришарди, бироқ Киба бундан маҳрум эди. У кунига бир марта овқатлантирилар эди. Баъзан унга қолдиқлар бериларди, холос.
Кюсюга ўтганларидан кейин, хўжайин пулга муҳтож бўлиб қолди ва ҳайвонларни сотишга тўғри келди.
– Бу Европа бўрисими? – антрепенер мижозлар кула бошладилар.
– Ахир бу оддий ит-ку!
– Йўқ, жаноб. Бу ҳақиқатдан ҳам бўри.
– Ҳазиллашма! Мен бу соҳанинг мутахассисиман ва мен оддий итни сотиб олмайман. Мижоз шундай дерди-ю, аммо ички овози худди шу итни сотиб олишга ундаётган эди. Балки у тирғалиб, нархини туширишни истагандир.
– Хўш, майли, ҳеч нарса қилолмаймиз, – қария бўйнини қашиди.
Антрепренер асл мақсадини яширишга уринса ҳам, ёқтирмагандек қилиб: «Бундай итларга ҳайф» – деди.
– Жаноб, бу ўзгача ит.
– Мен Дайсэцузан тоғларининг Иблис ити эканини эшитдим. Лекин ит барибир ит-да!
Антрепренер сигаретани ташлади.
– Майли, уни бирорта бошқа кишига сотаман.
Буни эшитиб, антрепренер бироз ҳаяжонланди, лекин сотиб олишга тайёр эканини айтмади. Шу билан суҳбат тугади. Шундан кейин Кибанинг ҳаётида Тацудзолик эркак пайдо бўлди.
Унинг қўлларида татуировка бўлиб, қиморга ўч, нима иш билан машғуллиги номаълум бўлган киши эди.
У ичкиликка ўч, бу теварак-атрофдаги одамларга ёқмайдиган бадфеъл одам эди. Ароқ ҳиди уфуриб турган ҳолда у Кибанинг катагига яқинлашди.
– Эй, қари вайсақи! Мен бу бўрини сотиб оламан!» – деди у ғазаб билан Кибага қараб, баланд овозда.

Бахтсиз кураш

Бу ер Кюсю оролининг Яхата шаҳри. Шаҳар аҳолиси сабрсизлик билан якшанбани кутишаётган эди. Якшанбага ҳали икки кун бор эди. Бу кутишлар сабаби шу куни Тоса жангари итлар олишуви ўтказилиши керак эди. Бу турнирда Тоса зотли Жайнтс лақабли, катта ва баҳайбат ит ҳам қатнашаётган эди.
Жайнтс ҳақида сўз борганида оломон ичидан маст одамнинг овози келди. Ҳамма ўгирилиб, белигача яланғоч бўлиб олган Тацудзони кўришди. Бир савдогар қаддини тиклаб луқма ташлади.
– Нима?! – оёғида зўрға туриб деди Тацудзо.
– Тацу, халақит берма! Сен ариза берганинг йўқ, сен жамият аъзоси ҳам эмассан, – қўрқиб гапирди турнир ташкилотчиларидан бири.
– Валдирама! Бу Хоккайдодаги қайсидир бир тоғнинг бўриси, тушунарлими!
– Бўри?
– Ҳа, бўри! Нима, унга турнирга қатнашиш маън қилинганми?
– Ахир, у жангари ит эмас.
Савдогар ва Тацудзо тортишишда давом этардилар.
Кейин Тацудзо атрофдагиларга бўри турнирда ғолиб чиқишини, бунинг учун гаров ўйнашга тайёр эканини айтди. Кейинги кун газеталарда катта ҳарфлар билан «Жангари итларнинг бўрига қарши жанги» деган ёзув пайдо бўлди.
Якшанба ҳам келди. Жангда иштирок этувчи итларни олиб келишди, улар ҳаддан ташқари ғазабланган эдилар. Одамлар бўлажак жанг нашидасида майдонча атрофида тўпландилар. Маҳаллий журналист бир амалдордан сўради: – Бугунги жанглардан қандай натижалар кутяпсиз? Жайнтс номли ит ва кутилмаган тарзда турнирга келиб қолган тоғ ити ўртасидаги жанг ҳақида нима дея оласиз?
– Улар ўртасидаги курашнинг натижасини олдиндан билиш жуда ҳам қийин. Улар ўртасида бу олишув ҳаёт ва мамот устида бўлади. Ўйлайманки, бу даҳшатли жанг бўлади.
Бу турнирда барча гап-сўзларнинг бош мавзуси эди. Бироздан кейин биринчи жанг бошланди. Аммо, томошабинлар бошқа итлар жангидан кўра, Жайнтс ва Киба ўртасидаги жангни кутишаётган эди.
«Қани, бошланглар энди» – оломон ичидан бақириқлар эшитила бошлади. Ниҳоят, Кибанинг навбати келди. Жайнтс жанговар ҳолатда эди. У катагида кўзлари ёниб буйруқни кутарди.
Турнир ҳаками Жайнтснинг бўйнини сочиқ билан ўради, бу эса жанг олдидан бевосита итни тайёрлаш эди. Шундай қилиб, ринг яқинида турган ит катагини очишди. Майдон атрофидаги ғала-ғовур бирданига тинди. Бироқ, Киба катакдан чиқиш ниятида эмасди. Қўрқувдан эмас, балки одамлар олдига чиқиш истаги йўқлигидан эди.
– Ҳей, сен! Қани, чиқ! Қаранглар, сигирга ўхшайди-я!
Ёш ассистентлар катакка югуриб келиб, Кибани ундан чиқаришга ҳаракат қилишди. Бироқ, Киба катакдан чиқмади.
– Ҳей, Тацу!
Тацудзо рингга сакраб чиқди, эълонлар тахтасига қўл узатди. Кескин ҳаракат билан тахтачани юлиб олди ва полга ташлади. Тахтача синиб бўлаклари ҳар томонга учиб кетди. Ҳеч ким Тацудзога бирор нарса деёлмади. У табличка маҳкамланган узун тахтани олиб, Кибани туртишга ва уни катакдан чиқишга мажбур қилмоқчи бўлди.
– Чиқ, ярамас! – Тацудзо ғазабланган эди.
Киба истар-истамас катакдан рингга чиқди. Унда жанг қилиш иштиёқи йўқ эди. Катакдан чиқатуриб керишди.
Шу пайтда Жайнтс Кибага ташланди. Киба чап беришга улгурди.
– Ааа!
Томошабинлар учун кутилмаганда қизиқ томоша бошланган эди…
Жайнтс яна Киба томонга ташланди, у бу гал ҳам чап бериб қолди. Жайнтс бошини тўсинга уриб олди.
– Бўш келма, Жайнтс! – томошабинлар кула бошладилар.
– Тинчланинглар, шовқин солманглар! – огоҳлантира бошладилар ташкилотчилар. Жайнтс Кибанинг шошиб қолганини англади. Киба ҳам ҳеч қаерга кета олмаслигини англаб, тўла куч билан жанг қила бошлади.
Жайнтс Кибага ташланган пайтида Киба чап берди ва икки марта Жайнтснинг чакагини тишлаб олди. Ярадан қон оқа бошлади. Киба ҳужумга ўтди. Рақибига жароҳат етказиб, яна ҳужум қила бошлади. Жайнтснинг ярим танаси қонга беланган эди.
– Бекорга бўри дейишмас экан! Чаққон экан!
– Бу жанг нима билан якунланар экан?! Бўри кучли кўринади! – сўради журналист амалдордан.
– Ҳали бирор нарса дейиш қийин, – деди амалдор.
– Қара, қара, агар ҳозир Жайнтс абжирлик билан ҳужум қила олса, у тезликда жавоб беролмаслиги мумкин.
Орадан ўттиз дақиқа ўтди. Жайнтс қозиқ тишлари билан Кибанинг елкасини тишлади. Киба ринг полига қулади. У туриб четга кетмоқчи бўлди. Бироқ, Жайнтс бор кучини тўплаб Кибани ерга судрай бошлади.
– Мана кўрдингми, у муваффақият билан бўрига ҳужум қилди. Кўрамиз, энди нима бўларкин, – мийиғида кулди амалдор.
– Эй Жай! Қани энди уни ўлдир!
– Қани ўзингни қўлга ол, бўл! Агар ютқазиб қўйсанг, сени кечирмайман! Олчипор сени ўлдиради! – бақирарди Тацудзо, лекин Киба яна йиқитилган эди.
Жайнтс 40 кг келарди. Кибанинг кучи қолмаган эди. Жайнтс бутун гавдаси билан Кибани ерга қапиштирди. Афсуски, Киба ҳатто қимирлай ҳам олмас эди. Жайнтс Кибани тўсинга қисиб, тишлашда давом этарди. Жайнтс қозиқ тишлари билан Кибанинг томоғидан маҳкам олди. Кибага ҳаво етишмай қолди. Кўзлари қонга тўлди.
– Эй аблаҳ, қани тезгина ўзингни қўлга ол! – дея бақирди Тацудзо тўсин ортидан. Бу сўзларни Киба эшитмаётган эди. Унинг қўллари қалтираб, нафас олиш оғирлашди.
– Агар уни шундай қўйсангиз, у ўлади, – деди амалдор.
Чидаб бўлмас хўрлик
Бўри ёввойи ва йиртқич ва ит унга тенг келолмайди. Кюсюда шундай фикр ҳукм сурарди. Яхатага келаётган Ёшито ҳам буни биларди. Меҳмонхона бошлиғи қачондир юз берган воқеа ҳақида Ёшитога гапириб берди.
«Жайнтс сал қолса Кибани ўлдирарди».
Ўша кеча Киба бир кўзини йўқотди, лекин Жайнтсни четга улоқтира олди. Қайсидир бир қиз «Кии!» деб бақирди, бу овозни эшитиб Киба дарҳол жонланди.
– Бу ким эди? Худди она боласини чақираётган каби кўринди.
– Балки ўша қиз Таки дегандир?
– Балки шундайдир. Ҳар ҳолда жудаям заифлашиб қолган бўри қизнинг товушини эшитиб жонланди ва Жайнтсни устидан олиб ташлади. Мен заифлашган итга бунчалик куч қаердан келганига ҳайрон қолдим. У итга шафқатсизларча ҳужум қила бошлади. Ташкилотчилардан бири Жайнтсни таёқ билан урди. Бироқ Жайнтс қимирламади. Ташкилотчилардан бири Кибани ўзига олмоқчи бўлди, Тацудзога сотишини сўраб ялинди!
– Хўш, кейин нима бўлди?
– Хўш, Тацу, эсинг жойидами, – деди. – Ҳазиллашмаяпсанми, – деди. Айтдики, итини ҳеч қанақасига сотмас экан. Бу унинг бойлиги, унинг ёрдамида у катта пул ишламоқчи экан. Мана шуларни барча тафсилотлари билан меҳмонхона хўжайини айтиб берди.
Ёшито дарҳол Санаэга хат ёзди: «Бекам, мана ёз ҳам келди. Хўжайин қандайлар? Сизга олдинги хатимни йўллаганимдан кейин мен дарҳол Кюсюга жўнадим. Бугун мен Таки ҳақида тўла маълумот ола билдим. Мен ўйлайманки, қизнинг овози сизникига ўхшаган ёки у сиз атаган ном билан уни чақирган. Шундан кейин дарҳол жонланиб, жанг пайтида оёғида тура олган. Таки бекасини қаттиқ соғинган кўринади. Бугун меҳмонхона хўжайинидан буни эшитиб, мен Такини топишга ва уни сизга келтиришга қарор қилдим. Айтишларича, Таки ҳозир хўжайини Тацудзо билан бирга Кюсю қишлоқлари атрофларида юрибди. Бу одам Якудза гуруҳидан. Тацудзо Такини ит жангларида қатнашишга мажбур қилади. Мен яқин орада Такини топаман, деб умид қиламан».
Ёшито Такининг азобларини, қанчалик Санаэ Такини кутаётганини ўйлаб сиқилди. Бу пайтда Тацудзо Кибанинг бўйинтуруғидан ушлаб Кюсю атрофларида мақсадсиз кезарди.
Тацудзо ишончсиз одам бўлиб, тинимсиз ичар ва қимор ўйнарди. Кайфияти яхши бўлган пайтлар Кибага гўшт берарди. Лекин у ҳатто бир қултум сув бермаган кунлари ҳам бўларди.
Киба одамларнинг шафқатсиз муносабатига кўниккан эди, одамлар дунёсига мослашган эди. Тацудзо доимий равишда итлар жангига мажбур қиларди. Одамлар бўрини ёқтирмагани сабабли, у бунда овчарка қони ҳам бор деб уқтирарди.
Дастлаб Фкукока, Нагасаки, кейин яна Кумамото, Кагошима, Миядзаки… Охир-оқибат ит жангларида рақиби қолмаган эди.
– Хўш, Тацу, сенинг итинг билан беллашадиган ит ҳам қолмади. Балки итингни шохдор буқа Котте билан сенинг жанг туширармиз? – деди Миядзакидаги ёғоч магазини хўжайини. Буқа Коттедан Миядзакида ёғочларни ташишда фойдаланардилар.
– Хўш, нима дейсан, Тацу?! Даҳшатли буқа бор, бир одамни ўлдириб иккисини мажруҳ қилиб қўйган.
Тацу қизиқиб қолди, чунки энди жанглардан кирим бўлмаётган эди. Кибага рақиб бўладиган ит теварак-атрофда қолмаган эди.
– Фақат бир шарти бор.
– Қандай?
– Пулнинг ярми меники бўлади!
– Жанг майдони, одамларни тўплаш, буларнинг ҳаммасини мен бўйнимга оламан. Агар сенинг итинг ютқазса, пуллар ва итинг меники бўлади. Ундан ташқари сен бир йил давомида менга ишлайсан.
– Агар мен ютсам-чи?
– Барча ютум ва мен тиккан пул ҳам сеники бўлади.
– Ҳа, қизиқарли таклиф. Қўл ташла!
Жангни тоғлар байрами кунида ўтказишга қарор қилишди. Шу куни Кибани юк машинасига ортишди ва тоққа олиб кетишди, у ерда буқа билан жанг майдони тайёрлаб қўйилган эди. Томошабинлар ҳали бу пайтгача бўлмаган бўри ва буқа орасидаги жангни кутиб туришарди.
– Келтиришди, итни келтиришди!
– Қани четга чиқ, болакай, бу хавфли! – дея бақирди Тацу юк машинасидан туриб.
Уловдан Кибанинг катагини туширдилар. Тоғларни кўриб Киба тетиклашди. У жангари ҳолатга кирган эди.
Буқа билан бўладиган жанг аренасида тўсин йўқ эди. Бу тошли бир дала эди. Қизил буқа оғир қадамлар билан арена томон юрди. Киба бўлаётган воқеаларни хотиржам кузатиб турарди. Қизил буқа рақиби ит бўлишини англаганидан кейин хотиржам бўлиб қолди, унинг кўзи олдида қизил латтани силкита бошладилар. Қизил буқа дарҳол жонланди ва туёқлари билан ерни ура бошлади. Буқанинг эгаси унга яқинлашганда бурчакка қисилиб қолди ва кескин бир ҳаракат билан уни олиб тепага отди. Буқа яқинида турган бошқа одамларни ҳам шохи билан суза бошлади. Одамлар орасида ваҳима бошланди. Буқа одамларни таъқиб қила бошлади. Ким қаерга қоча олса, ўша ерга ўзини урарди. Йирик шохли қорамол ўта ғазабда, кўзининг олдидаги ҳамма нарса унинг учун хавф бўлиб кўринаётган эди. Охири унинг қаршисида Киба пайдо бўлди. Буқа энди у томонга йўналган эди, ўқ овози янгради… Буқа чайқалиб ерга қулади. Уни отган йигит тепаликдан пастга тушиб кела бошлади. Одамлар йигитни ўраб олишди. Йигит Кибага қараб: – Яхши ит! – деб қўйди.
Тацу нима дейишни ҳам билмай турарди.
– Кўзлари ақлли.
– Ит ёқиб қолдими, дейман! – деди Тэцу.
– Ҳа, ёқди. Яхши ит. Бу жангари итми?
– Ҳа…
– Уни менга берасизми?
– Унинг учун қанча берасан?
– Менда пул йўқ.
– Аҳмоқ экансан-у!
Йигит қўлини силкитиб кета бошлади. Киба ҳидлаб унинг орқасидан эргаша бошлади.
Тацу Кибанинг думидан ушламоқчи бўлди. «Ҳа, мол! Қаерга кетяпсан сен?»
Бирдан Тацу ерга йиқилди, унинг қўли ва елкасидан қон оқа бошлади.
«Бу нима фокус?»
Йигит елкасидан милтиқни туширди. Бу мурата милтиғи эди. Йигит Кибага диққат билан қаради. Киба ҳам кўзини четга олди. Йигит милтиқни Кибага қаратди. Бу эса уни қўрқитмади. Кейин йигит милтиқни ўқлади. Тушунарсиз овоз эшитилганда Киба катагига югуриб кирди. Йигит кулиб юборди.

Тасодифий учрашув

«Бекам, узоқ муддат хат ёзмаганим учун кечирим сўрайман. Мен Кюсю тоғларининг ўртасигача бордим. Вақтни ўтказмасдан сизга хат ёзишга қарор қилдим, чунки бугун бир йигитни учратдим. Бу йигит Миядзаки тоғларида яшайди, ўрмон ёғочлари билан шуғулланади. Ўйлашимча, у мендан 2-3 ёш катта. Уни Сасаки Шигеру деб аташади, у Таки ҳақида билади.
Хуллас, Шигеру айтди: «Ярим ой олдин буқа билан бўлган жанг пайти эди. Тацу деган одам қидириб ҳам топиб бўлмайдиган бир итни олиб келди. Мен кўрганимда, яхши ит деб ўйладим. Бу тоғ ити зоти эканига шубҳам йўқ эди. Агар мен бу сенинг итинг эканини билганимда Тацудан ўша пайтда олган бўлардим. Ит Тацуни тишлади, у эса уни отмоқчи бўлди, аммо мен тўхтатиб қолдим».
Бекам, Шигерунинг айтишича, у мени эртага Тацунинг олдига олиб борар экан. Бугун Шигеру уйида қолишимга рухсат берди. Биз у билан дўст бўлдик. Бу ерда осмонда юлдузлар чарақлайди, улар менга Дайсэцузан тоғларини эслатади».
Булар Ёшитонинг хатларидан парчалар эди, уларда эса ҳамма нарса муфассал баён қилинган эди.
«Бекам, сизни яна бир ёқимсиз хабар билан хафа қилишга мажбурман. Бугун биз саҳарда Шигеру билан йўлга чиқдик. Тацу Такини ёғоч тахта билан савдо қилувчи дўкон хўжайинига сотган экан. Мен охир-оқибат бугун Такини кўраман, деб ўйлаган эдим.
Магазин хўжайинини топдик. Бу одам ишқибозлигидан турли итларни боқар экан. Унинг сўзларига қараганда, Такининг шуҳратини эшитиб паст бўйли бир одам келган эмиш. У: «Кўп замонлар олдин мен Токиодаги циркда бўлганман. Қизил Иблис номли бўри ва шер Нэро ўртасидаги жангни кўришга муваффақ бўлганман. Сиз қидираётган ит жуда ҳам Қизил Иблисга ўхшаб кетади. Мен, бундай итни боқиш жуда қийин деб ўйладим ва уни сотдим».
Бекам, мен бу цирк ўз томошаларини Камикавада кўрсатишини аниқладим. Бу магазин хўжайини Таки учун Тэцуга тўлаганидан уч баравар ортиқ пул олган. Паст бўйли харидорнинг айтишича, шерлар ҳозир бўлмагани учун Таки қўнғир айиқлар ва бўрилар билан жанг қилар эмиш».
Бу суҳбат тахминан 20 кунлар олдин бўлиб ўтган.
«Бекам, мана ёз ҳам келди. Дайсэцузаннинг салқин ёзлари эсимга тушди. Хўжайин яхши юрибдиларми? Мен ҳозир Токиодаман. Мен Такини яна сотганларини, бу сафар Ошимадаги киностудияга пуллашганларини аниқладим.
Мен ҳозир Такешибасанбашидаги кутиш хонасида ўтириб хат ёзяпман. У ердан Ошима томонга пароход боради. Мен кема компанияси бошлиғидан Такини бу ердан олиб чиқиб кетмасликларини илтимос қилдим. У ҳайвонларни жуда ҳам яхши кўргани учун менга ёрдам беришга аҳд қилди. У Таки ҳақида бошқа маҳаллий филиалларга ҳам хабар берди.
Шу билан бирга паст бўйли антрепренер ҳимолай айиғини сотиб олибди. У айиғи билан Таки ўртасида жанг ўтказмоқчи. Ҳимолай айиғини тоғлардан ҳали кичиклигида олиб келишган. У бир дўкондор томонидан мижозларни жалб қилиш учун сотиб олинган. Шаҳар болалари Куросуке деб аталган бу айиқни жуда ҳам ёқтиришар экан. Уч йилдан кейин Куросуке катта айиққа айланди, универмаг бош менежери эса унинг гўштидан мижозларига овқат тайёрлашни хоҳлаб қолибди.
Бечора айиқ, қанчалик ачинарли!
Бироқ шаҳар ўқувчилари айиқнинг сўйилишини эшитиб, уни сотиб олиш учун пул йиғишибди ва катак ясатишга қарор қилишибди. Бу ҳақда ҳамма ёққа овоза қилишибди, хусусан, мактабларда «Куросукени қутқаринглар!» деган шиор остида нашр қилинган материаллар орқали тарғибот қилинган.
Оқибатда бош менежер айиқ гўштидан қилинган таомдан воз кечибди. Паст бўйли антрепренер бу пайтда Такини сотиб олиш таклифи билан келган ва уни сотиб юборишган. Антрепренер Таки ва Куросуке ўртасида жанг ўтказиш фикрига тутқун бўлган. Лекин Токиода ҳам, Йокогамада ҳам бундай турдаги жангни ўтказишга рухсат беришмаган. Одамлар бундай даҳшатли томошани кўришни хоҳлашмаган. Шундан кейин Такини киностудия сотиб олган. Киба кинофильмлар продюссери Цунодага сотилган. Ҳар ҳолда Таки доимий жанглардан кейин анча тинчланиб, хотиржам тортиб қолган бўлса керак. «Бўрилар ва ёввойи итлар» номли кинофильм тайёрланаётган экан. Асосий роллар учун овчаркалар танлаб олинган. Сценарий бўйича, охирги кадрда овчи милтиқдан ўқ отиб, ушбу фильм қаҳрамонларининг бир нечтасини ўлдиради. Киба ҳам бу фильмда роль ўйнайди. Суратга олиш ишлари Ошимада ўтказилган.
Бунгача мутахассис овчилар танлови ўтказилган. Кибадан ташқари яна дайди итлар ҳам кўриб чиқилган. Қоя атрофи итлар чиқиб кетмаслиги учун тўр ва симлар билан ўралган. Шундай қилиб, суратга олиш бошланган.
Бешта ит бўйинбоғидан бўшатилган. Улар орасида Киба йўқ эди. Уч овчи итлар орқасидан қувлаб, милтиқдан ўқ отишган. Итлар югура туриб, йиқилиб тушишган ва думалаб кетишган. Фильм режиссёри суратга олиш ишлари муваффақиятли тугаганидан хурсанд экан.
Фильм охирида Киба қатнашиши керак бўлган. Ўша куни бешта ит ўлдирилган пайтда киносъемкалар тугаган. Суратга олиш ишларидан кейин кейин бўрон бошланган. Режиссёр суратга олиш гуруҳига: «Яна икки кун ишлаб, ишни тугатамиз», деган.
Шу пайт Ошимадаги ҳайвонот боғи директори келган.
– Салом, менинг исмим Иванами. Эшитишимча, сизда дайди итларни ўлдириш билан боғлиқ кадр бор экан.
– Ҳа.
– Бу кадрни суратга олиб бўлдингизми?
– Маълум қисмини олдик.
– Тўғрисини айтсам, мен олдингизга илтимос билан келдим…Буи т ҳеч қандай зарар келтирмайди. Фильм олиш майдончасида уни ўлдирмасликнинг иложи борми?
– Бироқ, эшитишим бўйича, бундай дайди итлар дастидан Ошима аҳолиси азият чекар экан. Биз бу фильмни бутун дунё экранларида намойиш қилмоқчимиз. Суратга олиш учун ҳам дайди итларни тўпладик.
– Барибир, суратга олиш учун итларни ўлдириш шафқатсизлик бўлади. Балки ҳайвонларни ўлдирмасдан туриб фильм олиш имконияти бордир?
– Агар ўлдирмасак, ҳеч қандай таъсири бўлмайди.
Ҳайвонот боғи директори режиссёр билан буни яна узоқ вақт муҳокама қилди. Охир-оқибат: «Қани келинглар, яна ҳам яхшироқ қилишни ўйлаб кўрамиз. Суратга олиш давоми бўрон тўхтагандан кейин бошланади. Демак, буни ўйлаб кўриш учун яна 2-3 кун вақтимиз бор», – жавоб берди режиссёр.
Ҳайвонот боғи директори бироз хотиржам тортиб кетди.
– Эртага суратга олиш ишларини жадал давом эттирамиз! – деди режиссёр продюсер Цунодага.
– Агар у сизни таниб қолса-чи?
– Ит қочиб кетди, деймиз, – деди режиссёр.
Кейинги куни шамол яна ҳам шиддатлироқ бўлиб, денгиз пўртана бўлди.
– Қани, бўлақолинглар!
Бешта овчи милтиқларин қўрғошин ўқ билан ўқладилар ва режиссёр буйруғини кутиб турдилар. Буйруқ берилди. Овчилар ўтда судралиб борар эдилар. Киба катагининг эшиги очилди. Киба катакдан чиқди-ю хавфни сезиб қолди. Икки-уч эркак унинг орқасидан тик қоя томонга қувиб кетдилар. Ўқ овозлари эшитилди, Киба ўқларга чақмоқ каби чап берди. Шовқин бошланди. Эркаклар қўлларида кичикроқ таёқ ушлаб турардилар. Видеокамералар шамолдан ағанаб туша бошладилар. Суратга олиш ходимлари қочиб кета бошладилар. Киба қиялик бўйлаб қочишни давом эттирарди. Яна ўқ овозлар эшитилди. Бироқ Кибага етишиб бўлмас эди. Пастда нафаси қисилиб икки эркак югуриб келарди. Бу Ёшито ва ҳайвонот боғи директори эди.

Табиат чақириғи

Август ойи ниҳоясига етмоқда эди. Ёзги таътиллар охирига етмоқда. Хоккайдода қишки таътиллар узун бўлиб, ёзгиси калта бўлади.
Бугун эрталабдан болакайлар йўлда кетатуриб, қувноқ ашула айтишар эди. Санаэ Хидака яйлови олдидаги тепаликда ўтирар эди. Тоғлар томондан шамол эсар, яқинлашаётган куз нафаси сезиларди. Санаэ хотиржам ва қувноқ кўринарди, чунки унинг ёнида Таки бор эди. Санаэ Кибанинг бошини силар ва: «Таки, сен Ёшитони Ошимада кўрганингда хурсанд бўлгандирсан-а?»
Ёшито ҳам унинг ёнида туриб: «Албатта, бекам, у ҳаммасидан ҳам сизни Хакодатэ портида кўрганида хурсанд бўлди», деди.
Ёшито Ошимадан Киба билан биргаликда қайтганидан кейин Санаэлар яйловида ишлашни давом эттираётган эди.
«Таки топилди! Эртага пароходда қайтамиз!» деган телеграмма келганида Санаэ Мацуямадаги иссиқ булоқда эди. Ёзги мавсум бўлгани учун мижозлар кўп эди. Онаси телефонда янгилик айтди: «Санаэ, Таки топилди!»
– Нима? Топилдими? – Санаэ қувончдан ҳеч нарса айтолмас эди.
– Санаэ, қизгинам, йиғлаяпсанми? Қувоняпсанми? – онаси тинимсиз савол берар ва ўзи ҳам кўз ёшини тўхтатолмас эди.
Ҳаяжонланганидан Санаэ бир сўз айтолмас, гўёки томоғига бир нарса тиқилгандек эди.
Жаноб Ёичиро, Санаэнинг отаси жавобан «Ура! Ура! Ҳамма хурсанд! Санаэ қувончдан йиғламоқда!» – деб телеграмма жўнатди.
Санаэ Хакодатэга Кибани кутиб олиш учун борди. Санаэни кўриб, Киба катакни тирнай бошлади, тутқундан чиқиб, тезроқ унинг олдига югуриб боришни хоҳлар эди.
Хидака яйловига қайтишгач, одамлар Кибани томоша қилишга келдилар. Охирги пайтларда жуда кўп воқеаларни бошдан кечириб, кўпчиликдан кўнгли қолгани учун Киба уни томоша қилгани келганларга ҳура бошлади. Одамлар эса буни тушунмай «Баттол ит!», деб кетишарди.
Лекин икки-уч кун ўтганидан кейин Санаэнинг олдида Киба ўзгарди, у меҳрибон итга айланиб қолди. Санаэ Кибани ўзи билан бирга меҳмонхонага олиб кетди.
Асахидакага чиқаётган альпинистларни кўриб, Санаэ ҳам чиқмоқчи бўлди.
– Таки, юр биз ҳам тоққа чиқамиз!
Санаэ шим кийди. Деярли минг метрли баландликдан шаршарани кўриш мумкин эди. Санаэ Киба билан биргаликда баландликка чиқиб, икки қўлини баланд кўтарди ва тоза тоғ ҳавосини симирди.
Ўрмон, Асахидака тоғлари, ажойиб манзара кўринаётган эди.
– Таки, сен бу ерларни соғиндингми? – сўради Санаэ. Бунга жавобан Киба думини ликиллатар эди.
– Қани кел, шаршарага борамиз, – деди Санаэ ва шаршара томонга чопиб кетди. Киба унинг орқасидан югурди. Санаэ ва Киба хавфли қоялардан, дарё соҳилларидан югуриб ўтишди. Санаэ бахтли эди, шу билан бирга Такидан яна айрилиб қолиш хавфи ҳам унинг қалбига ғулғула солмоқда эди.
Бир неча кундан кейин Киба ва Санаэнинг изидан тоғдан бир йиртқич ҳайвон тушди. Бу ҳайвон Кибага ўхшар, бироқ гавдаси ундан кичикроқ эди.
Чюбецу дарёсига етганидан кейин у қоядан ва соҳилдан ўтди. Бироздан сўнг ҳайвон Тулкиқоя тепасида пайдо бўлди. У бурнини осмонга кўтариб, узоқ увиллади. Шунингдек, ниманидир кутаётган каби атрофга қулоқ ҳам солди. Бу Хоши эди. Хошининг увиллашини Киба ҳам эшитди. Унга жавобан у ҳам увиллади.
Санаэ Кибанинг увиллашини эшитиб, «Нима бўлди экан? Киба тоғларга қайтгани учун қувонганидан увиллаяптими?» дея ўйларди.
Шу билан бирга дарёнинг нариги бетидан яна узун увиллаш эшитилди. Санаэ тўшакдан турди.
«Кимдир Такини чақираётганга ўхшайди», – деб ўйлади яна Санаэ.
Санаэ ташвишланиб деразани очди. У Такининг боққа югуриб кетганини кўрди.
– Таки сен бу ердамисан?
Санаэ Таки дарё томонга югуриб кетди деб ўйлади. Киба думини ликиллатар эди.
– Бу сенинг танишингми? Сен кўришишни хоҳлайсанми?
Бунга жавобан Киба думини ликиллатишда давом этарди. Шу лаҳзада нариги томондаги увиллаш тўхтади. Кейинги кун увиллаш эшитилмади.
Киба фақатгина Санаэ билан айланишга чиқарди. Сайр пайтида у теварак-атрофни ҳидлаб юрарди. Бир куни у тўнкани ҳидлади, унга бу ҳид таниш бўлиб туюлди. Шундай лаҳзалар бўлардики, Киба боғда ёта туриб қулоғини қимирлатарди ва нимагадир қулоқ солаётганга ўхшарди.
Бироқ, Санаэ уни тушунди. «Тоғ томонда урғочиси ва болалари чақираётган бўлса керак» деб ўйлади Санаэ.
«Таки тоғ ити бўлса ҳам, мен уни энди ҳеч қачон қўйиб юбормайман», ўйлади у.
Санаэнинг отаси жаноб Ёичиро ҳам: «Энди Таки Санаэдан ажралмайди», деб айтарди. Лекин, Санаэнинг онаси Икуё хоним қайғурарди: – Ахир уни ўтмишдаги душманлари чақираётган бўлса-чи?
– Қайғурма. Таки Санаэ билан биргаликда экан, у тоғларга қайтмайди! – ишонч билан айтарди Ёичиро.
– Мен ҳам шундай деб ўйлайман, бекам, – қўшимча қилди Ёшито.
Санаэ Кибани силаб туриб кулимсирарди. Санаэ Кибанинг вафодорлигига шубҳа қилмасди. Баъзан, у меҳмонхонадан қайтаётганида унинг бўйинбоғидан ечиб қўйворарди. Лекин Киба Санаэнинг олдидан кетмасди, унинг ёнидан хотиржам юрарди.
Ҳамма Хоккайдонинг ажойиб кузи ҳақида гапирарди. Осмон кўм-кўк, қизил ниначилар учиб юрарди. Шунга қарамай, ёзнинг охири ва кузнинг бошланишида кўпинча тўфон бўларди. Мацуяма иссиқ булоғи ишчилари: «Айтишларича, бу сафар кучли тўфон бўлади, хабарларга кўра, Хоккайдога ҳам келиши мумкин».
Тўфон пайтида, одатда, Чюбецу дарёсидаги сув даражаси кўтариларди. Одамларнинг деразаси олдига шох-шаббалар келиб уриларди.
Санаэ тоғларга чиқиб кетган мактаб ўқувчилари ҳақида қайғура бошлади: «Ҳаммаси яхшимикан?!»
«Ҳаммаси жойида бекам. Улар бирор дўконга кириб олишган бўлса керак. Улар биринчи марта тоққа чиқишаётгани йўқ, кўп ҳам қайғурманг» — деди Горо номли хизматчи.
«Ҳа, тўғри, Куродакеда Ишимуро дўкони бор» – деди Санаэ.
Кейинги кун куз кирди, об-ҳаво сокин эди, гўёки тўфон бўлмаган каби.
Санаэ бамбук супургини олди ва боққа чиқди. Киба унинг орқасидан юрди.
– Бекам, ҳеч қандай зарар бўлмади, фақат бир эшик шишаси синди, – деди Горо.
Шу пайт Киба ўрмондан келаётган ҳидларни яна ҳидлай бошлади.
– Нима бўлди Таки? Қуённи сезиб қолдингми? – деди Сана эва Кибанинг орқасидан ўрмонга югуриб кетди.
Нам тупроқда ҳаёвон излари бор эди. Санаэ Кибага диққат билан қаради ва ўйлади: «Барибир, Киба бу ерга келган. Киба тунда бекорга увиллагани йўқ, у жуфти ва болалари билан кўришишни истаган. Мен худбин эса фақат ўзим ҳақимда ўйлабман».
Санаэ Кибага ачинди. Буларни ўйлаб у Кибадан уялди.
– Таки, кечир мени. Кейинги сафар, оиланг тоғдан тушган пайтида улар билан кўриш. Мен сени тутмайман. Ўзинг мустақил тоғларга кетишинг ҳам мумкин. Лекин албатта қайтиб кел. Сен жуфтингни ва болаларингни ўзинг билан бирга олиб келишинг мумкин, – деди Санаэ Такининг бошини силаб.
Санаэ орқасига ўгирилди ва полиция нозири Мацуо Жунсни ва хизматчини кўрди. Улар ҳаяжонланиб нималарнидир гапиришарди.
– Ҳа, болаларга аттанг!
– Мен қайғуришга ҳожат йўқ, тўфон тинди, улар тоғдан тушишгандир, деб ўйладим. Лекин йўқ, афсуски бу воқеа юз берди…
– Ҳа! Буни фақат йиртқич ҳайвон қилади! – деди ғамгин Жунса.
– Нима бўлди? – деди Санаэ орқадан келиб.
– Хоним, тоққа чиқиб кетган мактаб ўқувчилари билан ёмон иш бўлди. Уларга Бир кўзли Гон ҳужум қилди. Бу Куродакедан Тенникёга бориш йўлида юз берди, – тушунтирди Горо.
Суҳбатни полиция нозири Мацуо Жунса давом эттирди: – иккиси жойида вафот этди. Бири қоядан тушиб кетди, ҳозир оғир аҳволда. Бу ҳақда Камикавадан хабар беришди. Ҳозирги кунда тоғларга чиқиш таъқиқланди.
Киба яқинлашди ва Санаэнинг қўлини ялади.
– Таки, эшитдингми? Бир кўзли Гон мактаб ўқувчиларига ҳужум қилибди! Асло тоғларга бора кўрма! – деди Санаэ, гўё ёш болага тушунтираётган каби.
Шу кеча Хоши ва бўриваччалар тоғнинг орқа томонидан яна келишди. Увиллашни эшитиб Санаэ ойнани очди. Киба ойна тагида қулоқларини дик қилиб турарди.
– Таки, майли бор, бора қол. Бор, улар билан учраш. Аммо эрталабгача қайтиб кел, – деди Санаэ тоғларни кўрсатиб. Киба қувонч билан ғингшиди.
– Қани бўл, Таки.
Киба думини ликиллатиб қоронғиликда кўздан йўқолди.

Лаънати Гонни таъқиб қилиш

«Асло тоғларга чиқманглар. Лаънати Гон яна қутураётганмиш».
Ҳамма яна Ёшитодан ёрдам сўрай бошлади, чунки фақатгина у қўнғир айиқ билан кураша оларди.
«Менга ёрдам бера оладиган яна бир йигит бор. У Кюсю тоғларида яшайди, уни Сасаки Шигеру деб аташади. Мен у билан Такини қидиришга борганимда учрашганман» – деди Ёшито.
Иташирома номли бир айн сўради: – Бу йигит овчими?
– Қишда у ов билан шуғулланади, ёзда эса ўрмонда дарахтларни тахта тилади.
– Ишончинг комилми? Унинг маҳоратига ўзинг гувоҳ бўлдингми?
– Афсуски уни ишда кўрмадим, лекин қобилиятли йигит эканига шубҳам йўқ.
– Нимага бунчалик ишонч билан гапиряпсан?
– У итларни жуда яхши билади. Умуман олганда, ҳамма ҳайвонларни, табиатни, тоғларни яхши билади, унинг кўз қарашидан қобилиятларини билиб олиш мумкин.
– Тушунарли, лекин у Кюсюдан бу ёққа келармикан?
– Шигерунинг шахсан ўзи бу ерга келишга хоҳиши борлигини айтган. Бошқа томондан, Бир кўзли Гон билан курашда бошқа бировга ишона олмайман. Шунинг учун, Гонга қарши ов қилиш керак бўлса, бу мажбуриятни ўз зиммамга оламан ва ўзим мустақил у билан курашишга ҳаракат қиламан.
– Бир ўзингми? – ҳайрон қолди Иташирома.
Жаноб Ёичиро узоқ ўйлаб тургандан кейин Санаэга: «Қизим, балки Такини яна бир марта Ёшито билан бирга жўнатармиз?» – деди.
Бу гапдан Санаэ бир сапчиб тушди:
– Йўқ! Йўқ, йўқ, ота! Таки энди овчи ит эмас, Таки меники. У менинг дўстим, у менинг жигаримдек. Йўқ, йўқ! Рози бўлмайман!
– Санаэ, тинчлан, – уни хотиржам қилишга уринди онаси. Лекин Санаэ давом эттирарди.
– Буни Ёшито сўрадими? Отасининг қасдини олиш учунми? Шунинг учун айтдими?
– Йўқ, бундай эмас!
– Ота, эсингиздами, сиз Такини топганингизда қанчалик хурсанд бўлгандингиз? У шунчалик кўп нарсани бошидан кечирди. Мен яна Таки қийналишини истамайман. Йўқ, йўқ!
– Санаэ! – онаси яна уни тинчлантиришни уринди.
– Бўлди, мен сени тушундим. Озгина тинчлан, илтимос, мени тингла. Биринчидан, сен янглишяпсан. Ёшитода отаси учун қасд олиш фикри йўқ, Гонга ов қилишининг асосий сабаби эса – барча аҳоли учун умумий хавфни бартараф қилиш, – деди Ёичиро.
Санаэ лабларини тишлаб жим эшитиб ўтирарди.
– Гон баратараф қилинганидан кейин Таки яна сенга қайтади, – давом этди отаси.
– Ҳа албатта қайтади-да, ахир у меники-ку, – охири кўнгандек бўлиб бошини қимирлатди Санаэ.
Бироз вақтдан кейин Ёичиро Ёшитони чақирди.
– Ёшито, биз Санаэдан рухсат сўрадик. Ўзинг билан Такини ол ва Гонни маҳв қилинглар!
– Ўйлашимча, бу яхши эмас. Таки Санаэ хонимга тегишли. Мен Гонни ўлдириш учун Такидан фойдаланишни истамайман, – деди ҳаяжонланиб Ёшито.
Бироқ, Санаэ Ёшитонинг сўзини кесиб, деди: «Ҳаммаси жойида, Ёшито. Таки тоғ ити, у Дайсецузан тоғларида улғайган. У фақат менинг итим эмас, фақат менгагина тегишли эмас. Ўйлашимча, Такининг ёрдамисиз Бир кўзли Гонни ўлдириш қийин. Агар мен эркак бўлсам, сен билан бирга кетган бўлардим. Шунинг учун, менинг ўрнимда Такини ўзинг билан бирга ол.
Санаэ Такининг кучига, қатъиятли Ёшитонинг маҳоратига, Таки Ёшито билан бирга борса, Гоннинг маҳв қилинишига ишонарди. Ёичиро Ёшито учун милтиқ сотиб олмоқчи бўлди, бироқ, Ёшито рад қилди:
– Жаноб, мен ўзим билан отамнинг милтиғини оламан. У менга отамдан ёдгорлик қолган. Мен уни яхши биламан.
Сентябр ойининг ўрталари эди. Нимагадир Гондан хабар йўқ эди. Бир деҳқон Гонни Соункё ва Камикава шаҳри орасида кўрганини айтди. Гон кундузи кўринишга журъат қилибди.
Ёшито Ёичиро олдига келиб, овга чиқишга рухсат сўради. Ёичиро хотини Икуёга Ёшито олиб кетиши учун тайёрлаб қўйилган озиқ-овқатни олиб чиқишни буюрди. Вино, гуручли нон ва шакарга ботирилган каштан ёнғоғи.
– Бу айиқни сен қандай овламоқчисан? Ёшито унга бир хатни кўрсатди:
«Бу айиқ айёр, таъқиб қилувчини осонлик билан алдайди. Шунинг учун унга тузоқ қўйишнинг фойдаси йўқ. Поездда Камикавагача боришни режалаштиряпман, ундан кейин эса Такига суянаман. Тоғларда бир неча кун қолиб кетсам ҳам, овни муваффақиятли якунламоқчиман».
Бу хат Кюсюлик Сасаки Шигерудан келган эди. У Гонга қарши овда ўз ёрдамини таклиф қилмоқда. Лекин мен ҳозир бунга рухсат беролмайман ва унга жавоб хати ёздим. Агар биз қайтиб келмасак, сиз бу хатни Сасаки Шигеруга етказасизми? Бу хатда Бир кўзли Гон ҳақида ҳамма нарсани муфассал баён қилганман.
– Яхши, мен тушундим, – деди Ёичиро ва хатни олди.
Бироздан кейин хонага Санаэ кирди.
– Ёшито, хабарларга кўра тўфон кутилмоқда. Балки тоғларга тўфон тингандан кейин чиқарсизлар? Ота, наҳотки радиодан эшитмаган бўлсангиз?
– Эшитдим, жуда кучли тўфон бўлар эмиш, – деди Ёичиро.
Икуё хоним Ёшитога вино бературиб, деди: «Бу тайфун Хоккайдогача келиши керак эмас».
Ёшито айн бўлишига қарамасдан спиртли ичимлик ичмасди. Унинг айтишича, спиртли ичимлик ичса, тоққа чиқишда нафаси қисиб қолармиш.
– Ёшито, сен руҳингни чўктирмайсан, тўғрими! Кучли тўфонда ҳам тоғда тунашинг мумкин! – деди Ёичиро Ёшитони қўллаб-қувватлаб.
Ёшито шу куни оқшом йўлга чиқди. Санаэ уни йўлгача кузатиб қўйди.
– Таки ва Ёшито, эҳтиёт бўлинглар!
– Хоним, уч кун ичида Гонни овлаймиз ва иложи борича Таки билан уйга қайтишга ҳаракат қиламиз.
Шундай деб, Ёшито ва Киба аста-секин, шошмасдан Камикава шаҳридан Соункё томонга қараб йўл олишди. Шу билан бирга бир кунга ҳам кечикмаслик керак эди. Ёшито полиция маҳкамасида тушунтирилган йўл кўрсаткичи бўйича диққат билан борарди. Йўлда у отини Бир кўзли Гон ўлдирган деҳқон аёлни учратди.
– Менинг қасдимни ол, ўғлим! – деди аёл ва йиғлаб юборди.
– Албатта Гонни ўлдираман, – ваъда берди аёлга Ёшито.
Бироз вақт ўтганидан кейин Киба Бир кўзли Гоннинг ҳидини сезгандек ерни ҳидлай бошлади. Ёшито қўлида милтиқни ушлаб Кибанинг олдига югуриб келди. Киба бамбукли ўрмон ичига югуриб кириб кетди. Бамбук барглари шамолда бироз шитирларди. Ўрмонда Гон еб қўйган от суяклари ётарди. Лекин Гон бу ерда йўқ эди. Секин-аста ёмғир ва шамол кучайди. Тўфон Сангар бўғози томонга кўчди. Шамолдан дарахтлар у томондан бу томонга кучли чайқалар эди. Шунга қарамай, Ёшито Кибанинг орқасидан борар, қадамини секинлатмасди.
Қияликдан ёмғир суви шариллаб оқарди. Ёшито ва Киба буткул ивидилар. Бирданига булутлар йўқолди, кулба кўриниб қолди. Кулбага яқинлашгач, қаердандир ёнғин ҳидини сезгандек бўлишди. Кулбанинг эшиги берк эди. Кулба ичидан одамларнинг овози эшитиларди. Эшикни очишди. Уч эркак олов ёқиб ўтиришарди.
– Бу Ёшито эмасми?
Бу эркаклар ўрмончилик хўжалигидан эдилар. Уларнинг бирини Мацуяма деб аташарди.
– Бундай тўфонда тоққа кетолмайсан.
– Ҳа.
Ёшито тош печдаги оловга қараб турарди. Ташқарида кучли шамол овози эшитилаётган эди. Бироз вақт ўтгач, шамол сал пасайди. Ёшито яна йўлга отланди. Учала эркак уни тўхтатишга ҳаракат қилмасин, Ёшито кулбадан югуриб чиқиб кетди. Эркаклардан бири ёпиниш учун Ёшитога рўмол берди.
Ёшито шамол тингани учун Гон қишлоққа келиши мумкин, деб ўйлади. Бу пайтда Гон тик қияликдан тушаётган эди. Шамол ва ёмғир яна кучайди.
Гон ақлини еган каби Тэннинкё томонга югурди. Йўлида учраган баҳайбат дарахтга тирноғини ботириб, биттада қулатди. Кейин ириллай бошлади. Тоғларда Гоннинг давомли ўкириши акс-садо бера бошлади.

Қадрдон маконлар

Камикавадаги Мацуяма иссиқ булоғига қатновчи охирги автобус ярим соатга кечикиб Хидака яйловига етиб келди. Автобусга Сабуро ва Мацукичи югуриб келишди.
– Автобус қайтиб кетадими?
– Агар ҳозироқ қайтсак, етиб борсак керак. Лекин, тўфон яна кучайиши хавфи бор, – деди ҳайдовчи.
– Бизнинг бекамиз меҳмонхонагача етиб бориши керак. Илтимос, уни олиб кетинг.
– Мана бекамиз биз томонга югуриб келмоқда.
Югуриб келаётган Санаэ ёпинғичли плаш кийган эди.
– Кечирасизлар, сизларни кутттириб қўйдим.
Ҳамма жойлашиб бўлгач, автобус ўрнидан қимирлади. У Чюбецу дарёси бўйлаб юриб, кўприкдан ўтди, жарликдан ва яна кўприк устидан ўтди. Автобус ойнасини ёмғир томчилари юварди.
– Имкони борича юришга ҳаракат қиламиз, – деди умидсизлик билан ҳайдовчи.
Кейинги кўприкдан ўтганидан кейин автобус иссиқ булоққа келиб қолди. Йўлни қулаган дарахт тўсиб турарди. Автобус тўхтади.
– Энди орқага қайтиш керакка ўхшайди, – деди ҳайдовчи.
Окама ҳам қалтираган товуш билан «Энди нима қиламиз?» деди.
Санаэ уни билар эди. Автобус кондуктори йўл аҳволи ва юриш имкониятларини чамалаш учун автобусдан тушди. Бирдан у бақириб юборди: «Бу ер хавфли! Дарахт жарликка яқин ва қимирлаяпти».
– Аниқ орқага қайтамиз! Сиз-чи хоним? – сўради ҳайдовчи Санаэдан.
– Мен шу ерда тушиб қоламан. Иссиқ булоққача озгина қолган. Окамининг қизини елкамга оламан. Сен эса мени орқамдан маҳкам тут ва орқамдан юр! – деди Санаэ Окамининг ўғлига қараб.
Оками иссиқ булоқ йўли устидан пастроқда озиқ-овқат дўконини юргизарди. Булоққача тахминан 300-400 метрлар бор эди.
– Манзилларингиз охиригача олиб боролмаганим учун узр сўрайман, – деди ҳайдовчи.
Шу пайтда Ёшито ва Киба Ширакава тоғи ёнидаги ботқоқликда тунладилар. Тўфон кучайгандан кучайди. Ҳаво яна ҳам совуди. Совуқдан бармоқлар сезмаётган эди.
– Таки, ҳаммаси жойидами? – Ёшито Кибадан хавотирлана бошлади. У яна бироз кулбада қолмаганларига афсусланди. Бундай бўрон Гонга қарши ов қилиш учун қулай вақт эмас. Агар ҳеч нарса қилмасдан бир жойда ўтирса, совуқдан музлаб қолиш ҳеч нарса эмас. Лекин орқага қайтиш ҳам бефойда – деб ўйлади Ёшито.
Бирдан жарликдан арча қулаб тушди.
– Таки, эҳтиёт бўл!
Киба чаққон чап берди. Ёшито ва Киба йўлларида давом этдилар. Айзанкейга етиб бориш учун тоғ чўққисини ошиб ўтиш керак эди.
«Бу йўл билан борсак, ҳаммаси жойида бўлади».
Вақт-вақти билан шамол гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб турарди. Йўл осон эмасди, барибир тоғлардан ошиб ўтиш лозим эди. Бироз ўтгандан кейин шамол пасайди.
– Таки, югурдик! Ҳозир югурамиз!
Улар югуриб кетишди. Шамол яна кучайди. Ёшито ва Киба ерга ётволишди. Ёшито чуқур нафас олиб олди.
– Таки, тумшуғингни пастга тушир! – деди Ёшито ва югуриб кетди.
Шамол яна ҳам кучлироқ эса бошлади. Шамол соатига 60 метр тезликда эсиб, Ёшитони оёғидан чалди. Киба тумшуғини ерга тираб, қаердандир олисдан келаётган Ёшитонинг овозини эшитди.
Шу пайтда Санаэ нима қилаётган эди?
Меҳмонхонага етиб олиш учун атиги 300 метр масофа қолган эди. Бироқ бу оқшом ҳамма нарса ноодатий эди. Санаэ елкасида қизчани кўтариб олган эди. Кучли шамол туфайли тезроқ юришнинг имкони йўқ эди. Қизча йиғлашга тушди. Санаэ қояга яқинлашиб: «Бу ер хавфли. Лекин агар анави қоянинг бурчагига етиб олсак, у ерга шамол етмайди, ҳаммаси жойида бўлади».
– Раҳмат хоним!
Ҳамма шошарди. Окама кўлмакка йиқилиб тушди. Шу пайтда Мацукичи ва Сабуро автобус нозиридан Санаэнинг яёв кетганини эшитиб, уч ғилдиракли мотоциклда йўлга тушишди.
Ёшито қоядан йиқилиб тушишига сал қолганида қоянинг бурчагига маҳкам ёпишди. Кийимлари лахта-лахта йиртилди. Оёқлари ва қўлларидан қон оқарди. Ёшитонинг кучи қолмаган эди. Суягигача ивиган Киба охир-оқибат унга етиб олди. Бурни билан ҳидлаб, Ёшито турган жойдан бироз четга чиқди. Кейин яна орқасига қайтди. Ёшитони иссиқ ва юмшоқ тили билан ялай бошлади. Ёшито зўрға ноаниқ товушлар чиқарарди. Киба Ёшитонинг кийимларига тиши билан ёпишиб, бор кучи билан уни хавфсиз ергача судраб бориб, бир неча марта унинг юзини ялади. Ёшито аста-секин ўзига кела бошлади. Киба бунга ишонч ҳосил қилганидан кейин ўрмончилик хўжалиги кулбасига қараб чопди.
Мацуяма ва Канэда бир нарса бўлганини англаб ғор томонга югуришди.
Ўз навбатида Санаэ балиқ овловчилар кўпригидан ўтиб кетмоқчи бўлди. У кўприкка қараб шошиб, дарё ёқасидан юрарди. Олдинда кичкина кулба кўринди.
– Келинглар, шу кулбага кирамиз.
Санаэ Окамининг болалари билан бирга кулбага кирдилар. Кулба ичида чироқ ёниқ, лекин ҳеч ким йўқ эди. Озгина дам олиб яна йўлларини давом эттирмоқчи бўлишди. Кулбанинг ташқи бурчагидан кимдир қараб тургандек эди. «Гавдаси одамникидан катта» – ўйлади Санаэ.
Гўёки баланд сирена товушидек кучли ўкирик эшитилди. Бу Бир кўзли Гон эди. Санаэ овоз чиқармасдан қўли билан бошқаларга имо қилди. Шу билан бирга, қўрқувдан қалтираб, Окамининг қўлидан судради ва: «Тезроқ кулбага!» – деди. Кучлари борича кулбага қараб югурдилар. Бу кулбада кабель ва моторли сол бор эди. Санаэ моторни юргизишга ҳаракат қилиб кўрди. Кейин Санаэ куч билан солга Оками ва унинг болаларини ўтирғизди.
– Хоним, сиз-чи?
– Двигателни юргизишга ҳаракат қиламан, тезроқ чиқинглар!
Оками йиғлай бошлади. Охири Санаэ двигателни юрғизди ва сол чайқалиб дарёда сузиб кетди.
Мацукачи ва Канэда Кибанинг изидан Ширакава тоғи ботқоғига тушиб, охири ғорга етиб олишди.
– Эй Ёшито! Яхшимисан? – бақирди Мацукичи.
Ёшито ўзига келиб, «Совуқ!» – деб жавоб берди.
– Бу ерда гулхан ёқиш хавфли. Уни елкамизга олиб кулбага олиб боришимиз керак, – деди Канэда.
87Киба жойидан қимирламади. Жойида турган жойида узун увиллади. Кибанинг ҳатти-ҳаракати ғалати эди. У бармоқлари билан ерни урар, айлана бўлиб югурар эди. Худди арвоҳни кўргандек эди гўё. Қўққисдан Киба Санаэ турган кулба томонга югуриб кетди. Йўлда у Гоннинг ҳидини ҳам, изларини ҳам сезган эди.
Киба ақлини еган каби кулбага учиб кирди. Ҳавода Санаэ ва Гоннинг ҳиди бор эди. Кибанинг жуни ҳурпайди, у ҳам увилларди, ҳам ирилларди. У қоннинг ҳидини сезган ва гир айланиб кулбани кезиб чиқаётган эди. Полда Санаэнинг плаши ётарди. Санаэнинг танидан бу плашни Гон шилиб олганига шубҳа йўқ эди. Бу пайтда кун ёришаётган эди. Киба кулбадан югуриб чиқди, соҳил бўйлаб югурди. Яна увиллади ва айлана бўйлаб югура бошлади. Киба учун қадрдон ерлар Дайсэцузан тоғлари ҳам эмас, гўзал табиат ҳам эмас, балки Санаэ билан бирга юрган жойлар эди.
Унинг назарида бу қадрдон ерларни у буткул йўқотгандек бўлди.

Кўзбойлоғич қироли

Уфқда тушаёган юлдуз кўринди. Тушаётган юлдузлар ёноқдан тушаётган кўз ёши томчиларига ўхшар эди. Бу Кибанинг юлдузи эди.
Бир кўзли Гон Кибанинг бутун умиди ва эркалашларини юлиб, тоққа олиб чиқиб кетди. Киба тумшуғини чўзиб узоқ увиллади. Кейин у тепага, тоққа олиб чиқадиган сўқмоққа чиқди. Гоннинг ҳиди Шёкаундаке тоғларидан келаётган эди. Йўлда у Хошини ва унинг ёшгина, чиройли болаларини учратди. Шунингдек, бошқа ўртоқ итларни учратди. Улар Киба билан бирга югуриб кетишди.
Каундаке тоғига чиқишганидан кейин тўхташди. Бир кўзли Гоннинг ҳиди кучайди. Киба олдинга интилиб, диққатини кучайтирди. Бошқалар унинг изидан келаётган эди. Бироздан кейн улар Гонга қарши чиқишди. Гон олдинги оёқлари билан қояга ёпишди ва итлар тўдасига қаради. Кейин қоядан сакради, орқа оёқларида тик туриб кучли ўкирди. Итлар Гонга ташланишга тайёр эдилар. Гон тактикасини ўзгартирди, жарлик ёнида ҳимояга шай турди. Киба юришини секинлатди. Акамими-қизилқулоқ ва Куро-қорача унинг ўнг томонида боришаётган эди. Хоши ва болалари орқасида эдилар. Улар Гон чиқиб кетмаслиги учун йўлни тўсишган эди. Бу яхши ўйланган тузоқ эди.
Гон қочадиган йўли йўқлигини пайқаб ўкирди. Бу билан у ҳужумни бошланглар дегандек эди. Киба ҳужумни бошлади, Гон бироз кечикиброқ жавоб берди. Киба бутун кучини тўплаб айиққа ҳужум қилди. Гон ҳеч нарса қилолмай қолди. Киба қозиқ тишларини Гоннинг бўйнига санчди, шу билан бирга қўллари билан уни уришга ҳам улгурди. Айиқ уни қўллари билан урди, Киба 30 метр нарига думалаб кетди. Гон яна ўкирди. Гон бошқа итларнинг ҳужумини ҳам қайтара бошлади. Умуман олганда, ўттизга яқин ит унга ташланарди, бу эса яхшигина куч эди. Итлар олдиндан, орқадан, ёндан, ҳар томондан ташланиб Гонни ҳолдан тойдиришди. Бунчалик ҳужумни кўтаролмаган Гоннинг юраги оғир ура бошлади.
Киба яна қозиқ тишларини Гонга санчиб, уни бурдалашни бошлади. Бошқа итлар ҳам унга қўшилдилар. Гон итлардан қутулишга ҳаракат қилди. Лекин Киба уни қўйиб юбормасди. Бошқа итлар ҳам, кўп жароҳат олганларига қарамай, бутун кучларини тўплаб ҳужум қилишарди. Гон жарлик тепасидаги қоя четига сиқилган эди. Киба яна қозиқ тишларини Гоннинг бурнига санчди, Гон заиф ириллади. Гон қоядан соҳилга қўллари билан Акамими-қизилқулоқни ушлаб қулаб тушди.
Икки кундан кейин мэрия ва ўрмончилик хўжалиги бошқарувчилари Каундакега чиқишди. У ерда тумшуғи ерга тиқилган ҳолда ётган Гонни кўришди. Дурбиндан қараб, Гоннинг калласи буткул пачоқ бўлганини кўришди. Унинг оёқлари остида Акамими-қизилқулоқ ўлиб ётарди.
Яқиндаги шаҳар ва қишлоқларда Гоннинг тоғ итлари билан жанг қилиб ўлгани ҳақидаги хабар тезлик билан тарқалди.
Шаршара ёнида кўпчилик одамлар тўпланишди. Санаэнинг қабри чиройли гуллар билан безатилган эди. Қабр ёнида ранги оқарган ва бошини қора тасма билан ўраган Ёшито турарди. Ёичиро нутқ сўзлади ва паст овозда «Кетдик Ёшито», деди.
Ёичиронинг овози жуда қайғули эди.
– Жаноб…
– Ҳеч нарса дема Ёшито, – деди Ёичиро ва калта Хаори кимоносини Санаэнинг қабрига қўйди.
Ярим кечаси шаршара томондан ғамгин увиллаш эшитилди. Бу Кибанинг овози эди.
– Таки сен ҳам ғамгинсан. Йиғла, йиғла, мен ҳам йиғлаяпман. Бекамнинг ўрнида мен ўлсам яхши эди.
Ёшито Чюбецу дарёси бўйида ўтириб, Кибанинг увиллашини эшитиб йиғларди. Кибанинг увиллашлари бир неча кун давом этди. Ҳар сафар унинг увиллашини эшитиб, Ёшито йиғлар эди.
– Таки ҳозир қайғуси билан курашмоқда. У бекасини йўқотди, итлар ҳам жудоликни оғир бошдан кечиришади. Вақт ўтиши билан, умид қиламанки, Таки тоғларга қайтади ва Дайсэцузаннинг қиролига айланади, – деди Ёичиро.
Кибанинг увиллаши анча вақт ўтгачгина тинди.
Дайсэцузан тоғларида қор ёғди, ўшандан бери тоғ итларини ҳеч ким кўрмади. Бир йилча вақт ўтди. Тэннинкёдаги узунқулоқ гапларга кўра, овчи Хидака чўққисига яқин ерда тоғ итлари тўдасини кўрган, улар яширинча тоғ чўққисидан ўтишаётган экан. Бу тўданинг бошида баҳайбат бўри бор экан.
Яна бир ўтинчи Раунсудаке чўққисидан бўри увиллашини эшитган. Бу гапларни эшитган Ёшито: «Бу албатта Таки. Қани эди яна бир марта у билан кўришсам. Мен ундан кечирим сўрамоқчиман», – деб ўйлади.
Ёшито яйловни тарк этди. Ўшандан бери икки йил ўтди. Лекин ҳеч ким Ёшитонинг Такини учратгани ёки учратмаганини билмади.

Изоҳлар

[1] Айнлар (японча アイヌ айну, «инсон», «ҳақиқий инсон») – қадимдан шимолий Япон оролларида яшаб келувчи халқ. Бир пайтлар айнлар Россияда, Амур дарёси соҳилларида, Камчатка, Сахалин ва Курил оролларида ҳам яшашган. Бугунги кунда айнлар фақатгина Японияда яшашади. Расмий маълумотларга қараганда, Японияда уларнинг сони 25 мингни ташкил этади, норасмий маълумотларга қараганда эса, уларнинг сони 20 мингга бориб қолади. Россияда, 2010 йилги аҳоли қайди маълумотларига кўра, 109 айн қайд этилган бўлиб, улардан 94 таси Камчатка ўлкасида яшаган.

[2] Ишикари – Хоккайдо оролидаги шаҳар бўлиб, «лосослар шаҳри» номи билан машҳур. Ишикари деб аталувчи дарё яқинида, Япон денгизи бўйида жойлашган. 2005 йил октябр ойида шаҳар аҳолиси 354146 кишини ташкил этган.  Шаҳарнинг умумий майдони 10,831.2 км² ,  аҳолиси 61078 киши, аҳоли зичлиги км2 га 84, 61 кишини ташкил этади.

[3] Токачи – Хоккайдо губернаторлиги таркибига кирувчи округ бўлиб, Япониядаги вилоят ҳам худди шу ном билан аталади. Округнинг умумий майдони 10,831.2 км². Округ таркибига кирувчи Обихиро шаҳрида Токачи-Обихиро аэропорти мавжуд.

[4] Канага́ва – Япониядаги Хонсю ороллари Канто ҳудудида жойлашган префектура. Префектуранинг майдони 2 415,85 км², аҳолиси — 9  миллион 97 401 киши, аҳоли зичлиги — км2 га 3 765,71 киши. Префектуранинг расмий маркази – Иокогома шаҳри.

[5] Стланик қарағайи (лат. Pinus pumila) — қарағайлар оиласига мансуб, ер бағирлаб ўсувчи, кенг шохли дарахт. Терли шохлар ҳосил қилади, баъзилари ер бағирлаб ёйилади, баъзилари дарахтсимон. Дарахтсимон шохлар шамолдан пана водийларда ҳосил бўлади, бундай шохларнинг баландлиги 4-5 м (баъзан 7 м) қалинлиги эса шох бўйнида 15-18 см ни ташкил этади. Ер бағирлаб ўсадиган катта дарахтларда (100 ёшдан ошиқ) шохлар қалинлиги 20-25 см, узунлиги эса 10-12 м бўлади. Шохларининг турли шаклига кўра, уни бута, бутасимон дарахт, «ярим бута – ярим дарахт» дейишади, унинг дарахтларини эса ер бағирлаган ўрмон, стланик қарағай ёки ер бағирловчи қарағай деб аташади.

[6] Пиреней (фр. Pyrénées, исп. Pirineos, окс. Pirenèus, кат. Pirineus, баск. Pirinioak) – Франция, Испания, Андорра, Бискай кўрфази ва Ўртаер денгизи орасидаги тоғ тизмаси. Узунлиги – 450 км, баландлиги – 3404 метргача (Ането чўққиси). Ғарбида оҳактошлар ва карст, марказида, асосан, кристалл жинслар мавжуд бўлиб,, альп тоғига ўхшаш рельефга эга, музликлари 40 минг км2 га яқин майдонда жойлашган.

[7] Ишикари – Хоккайдо оролидаги энг узун дарё, Японияда сув майдони бўйича иккинчи ўринда. Бугунги кунда дарёнинг узунлиги – 268 км ни ташкил этади. Сув майдони 14 минг  км² дан ошиқ.

[8] Асахи ёки Асахи-Таке – Хоккайдо оролидаги вулқон бўлиб, Тайсецудзан миллий паркининг бир қисми ва машҳур туристик жой ҳисобланади. Шу билан бирга, Асахи – Хоккайдодаги энг йирик тоғ бўлиб, унинг баландлиги 2 290 метрни ташкил этади.

[9] Коуто – қадимги машҳур япон қўшиғи.

[10] Мисоширу — мисо пастаси суюлтирилиб, қўшилган япон овқати. Бу таом таркибида яна кўплаб иккинчи даражали маҳсулотлар ҳам бўлиб, улар мавсум ва ҳудудга қараб ўзгаради.

[11] Пишуха ёхуд сеноставка – қуёнсимонлар оиласидан бўлган сутэмизувчи ҳайвон бўлиб, оиланинг ягона вакили, 31 тури мавжуд. Пишухалар ҳали яхши ўрганилмаган.

[12] Эски япон ўлчов бирлиги, 1 сё – 1, 804 л.

[13] Молоссларнинг ягона зоти бўлиб, XIX асрнинг охирида Тоса князлигида кучуклар уруши учун махсус яратилган зот.

[14] Амаппо – айнларнинг ов тури бўлиб, ўқ ва ёй билан амалга оширилади. Заҳар сурилган ўқ билан қўнғир айиқлар ва катта буғулар ов қилинади.

[15] Торобасами – айнларнинг катта ҳайвонларни овлаш учун қўлланиладиган темир қопқон билан ов қилиш усули.

[16] Шикаои – Япониядаги шаҳарча бўлиб, Хоккайдонинг Като уезди, Токати округига қарашли. Шаҳарчанинг майдони 402,86 км², аҳолиси — 5 676 киши, аҳоли зичлиги — 14,09 к./км².

[17] Форел – чучук сувда яшайдиган бир неча турдаги лососсимонлар оиласига кирувчи балиқларнинг умумий номи. Форел балиғи бу оиладаги уч турда мавжуд: лосослар, шу жумладан Атлантика лосолари, Тинч океани лосослари ва голецлар.

77

(Tashriflar: umumiy 161, bugungi 1)

1 izoh

  1. Кисса оддий хамма тушунадиган тилда ёзилган ва таржима килинган. Катта рахмат яхши таасурот олдим.

Izoh qoldiring