Murod Muhammad Do’st. «Toshkentdan maktublar» turkumidan Shukur Burhon haqida maktub & Ikki mashhur spektakl

006 Би-би-си Ўзбек хизмати анча йиллараввал “Тошкентдан мактублар” рукни остида янги лойиҳа бошлаган ва Ўзбекистоннинг етакчи ёзувчиси Мурод Муҳаммад Дўст бу рукннинг муаллифи бўлган эди.  Машҳур актёр, Халқ артисти Шукур Бурҳонга бағишланган биринчи мактубда адиб  ўзбек театри ва кино санъатида ўчмас из қолдирган устоз санъаткор ҳақидаги эсдаликлари билан ўртоқлашади.

Мурод Муҳаммад Дўст
ШУКУР БУРҲОН
«Тошкентдан мактублар» туркумидан биринчи мактуб
001

Садаф кўчасидан Қорасувга тушишда, йўлнинг чап тарафида ўтган асрнинг иккинчи ярмида Мирзачўлда ёппасига қурилган баракларни эслатадиган пастак ғиштин иморат бор. Охирги йилларда қад кўтарган кўркам ва баланд кўшклар ёнида ўта ғариб кўринадиган бу уйда бир замонлар Шукур Бурҳон яшарди.

“Бу – манинг маҳаллам”, – деб мақтанарди раҳматли Шукур муаллим ўзининг маълум ва машҳур овозини баралла қўйиб.

Шўролар замонида маҳалла муҳри бўлган–бўлмаганини билмайман, лекин шаҳар харитасида Шукур Бурҳон яшайдиган маҳалланинг недир расмий номи бўлгани тайин. Лекин бу маҳалла Тошканди азимда расмий номи билан эмас, балки унда Шукур Бурҳон яшаши билан машҳур эди. Шу қадар машҳурки, маҳалла аҳли уйига меҳмон айтганида бу масканга элтувчи жамики каттакўча, торкўча, жинкўча ва, табиийки, пировардда Садаф кўчасини тилга оларди, шундаям тушунтира олмаса, энг охирги чорани қўллаб, бўлажак меҳмон кўзидан жуғрофий кўрлик пардасини сидириб ташларди: “Э, қанақасиз ўзи, Шукур Бурҳоннинг маҳалласини биларсиз, ока?..”

Хуллас, Шукур муаллимнинг бутун бир маҳаллани “ўзлаштириб” олганига биров ажабланмасди. Устод кўнглида “эгалик” ҳисси вақти–вақти билан шу қадар иштиғолланиб кетардики, баъзан бирга кўча айланиб юрганимизда атрофи панжара билан ўралган кенг майдонда тўп тепиб юрган ёш–ялангга завқ билан қараб, “Кўрвоссанми, мана бу – манинг стадионим”, дея хитоб қиларди.

Бу замзамалар, ўлай агар, унга ярашарди.

Шукур муаллим бир кеч телевизорга чиқиб, “Манинг буюк актёр бўлиб етишганимда Маннон Уйғур билан Ятим Бобожоннинг катта ҳиссаси бор”, дея эътироф қилганини ҳалигача завқланиб эслаймиз. Шу завқ асносида Шукур Бурҳоннинг батамом ҳақ эканини яна бир бор тан оламиз. Устоднинг андак нокамтарлиги масаласига келсак, ҳа, нима бўпти… айтса айтибди–да… Умуман, Шукур Бурҳондай одам камтар бўлиши шунчалик шартми? Қолаверса, у мақтанмади, қарзини узди, холос. Устозларини улуғлаш бурчи эди, гапни кўпайтирмай, ўз шахсини мисол қилиб келтирди. Яъники, унинг устозлари шу қадар улуғ эдики, катта бошларини кичик қилиб, уни, Шукурни, кўчада чанг кўтариб юрган тўпори ўспиринни тарбия қилди ва энг юксак саҳналарга олиб чиқди.

Ва яна бир гап. Умуман, мақтанчоқлик қилаётганини ўзи билмайдиган, билиш ҳам гапми, мутлақо сезмайдиган соддадил одамга нисбатан қаттиққўл бўлиш шартми?

Шукур Бурҳон ёшлигида ёлчитиб ўқимаганини бугун жуда кам одам билади. Ролини ёдлаш учун аввал эскича зеру забарда йирик–йирик қилиб қалин дафтарга кўчириб чиқарди. Унинг имлосида саҳифа жонивор нари борса ўнта сўз билан тўларди–қоларди. У ҳижжалаб ёдлаган ва ижро этган юзлаб роллар имлоси учун неча юз минг саҳифа сарф бўлганини тасаввур қилишга юрак бетламайди.

Шукур акани танишимга режиссёр Ботир Аҳмадхўжаев сабаб бўлган. Энди Масковдан қайтиб, киностудияга ишга кирган эдим. Афғонга пул топгани кетган ўрис эр–хотиннинг бир хонали жойини ижарага олганман. Даъвою иддао – бир дунё, лекин чўнтакда ҳемири йўқ, сахту сумбат оч ичакка монанд – бўй жонивор бир юз саксон беш, вазн олтмиш килога етар–етмас, ўзимга ўхшаш киндиги умуртқасига ёпишган тўрт–беш шоиру ёзувчи ошналар билан ҳар кеч арзон мусалласга тўйиб, кечалари кўйма–кўй юриб, Тошканди азимни забт этишга киришган пайтларимиз эди.

Қисқаси, у замон мени биров билмасди, лекин Ботир Аҳмадхўжаев хаёлпараст бир ўспирин ҳақида “Азиз” деган кино олиб, эл орасида анча машҳур бўлиб улгурган эди. Бир куни телефон қилиб: “Старик, собирайся, Шукур нас ждет”, деб қолди.

Бордик. Шукур Бурҳон ростдан ҳам Ботир акани таниркан. Дарчани ўзи очиб қаршилади, сўнг дастурхон олдига ёғоч панжара тутилган айвонга бошлади…

Шукур аканинг ҳовлисида айни кучга кирган икки–уч туп гилос дарахти бўларди. Турган гапки, бу дуч келган жойда ўсаверадиган хашаки гилос эмас. Шукур Бурҳоннинг гилоси. Шукур Бурҳоннинг қайсидир академик ошнаси “ўзи пайвандлаб, ўзи опкелиб, ўзи қазиб, ўзи ўтқазиб берган” (изоҳ ҳам, табиийки, Шукур Бурҳонга тегишли). Шукур муаллимнинг гилослари ростдан ҳам ўта серҳосил эди, меваси йирик–йирик ва жуда ширин эди. Фақат бир нарса – дунёдаги энг тотли гилос Шукур Бурҳоннинг ҳовлисида ўсаётганидан барча тошкандлик сурбет майналар, чумчуғу чуғурчиқлар ҳам қайдандир хабар топгани, вақти–вақти билан булутдай ёпирилиб келиб, дарахт шохларида базм қургани ёмон эди.

– Биззи уйда ҳаммаси “ш”дан бошланади, – деб ҳазил қиларди раҳматли, – Шукур, Шакар, Шарик…

Шукур кимлиги аниқ. Шакар – Шукурнинг хотини. Шарик – Шукурнинг ити, яхши ит, лекин зоти пастлигини хаспўшлаш учун бемеёр ғайрат билан ҳургани ёмон.

Шукур – айвонда мухлислар билан овора. Шакар ичкарида – недир ўзининг юмуши билан банд, ташқарига чиқмайди ҳисоб. Чой–пойни кимдир бегона аёл ташийди. Рости, Шакар опа турли шогирдлару мухлисларни унчалик хушламайди. Бир ҳисобда, у – ҳақ. Яъники, кимсан халқ артисти Шукур Бурҳоннинг бебаҳо вақтини ўғирлаш инсофдан эмас.

Шукур – Шакарнинг акси. Вақт билан иши йўқ. Худди достончи айтганидай: “дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема”… Каттаю кичик, ёшу қари – ўзини йўқлаб келган ҳамма одамга баробар эътибор кўрсатади. Унинг феълини билмаган одам аввалига ҳуркиб туради. Аммо муддат ўтиб, шоҳона виқор ортидан болафеъл, содда бир одам чиқиб келадики, ҳадик ўрнини завқ эгаллай бошлайди.

Қолгани – маълум. Шукур Бурҳон ўзига тенг қўйиб сўйлашган чоғда энг пачақ одамнинг ҳам қадди тикланади. Шу сабаб, устод зиёратига келганлар узоқ ушланиб қолади, кетолмайди.

Менинг оч–юпун юришимни сезарди чоғи, баъзида шаҳар четидаги обод чойхоналарга олиб борарди. Шукур ака остона ҳатласа бўлди, каттаю кичик жунбушга кириб дастурхон тузарди. Шукур ака шунчаки номига татинарди. Сўнг ҳали–ҳануз икки қўлини кўксига қўйиб, одоби жигарни эзарли даражада тавозе кўрсатиб турган чойхона эгасини ошириброқ мақтарди. Сўнг менга амр қиларди:

–Манга бўлмайди, шакарим бор, ўзинг ҳаммасини ейсан, емасанг булар хафа бўлади.

Емак вақтида чойхона аҳли– биров ошкора, биров сал тортиниб, лекин бирдай иззат билан, – Шукур Бурҳонни томоша қиларди. Турли калиншоҳу эдипшоҳларни ўйнайвериб машқи ошган эмасми, бундай лаҳзаларда Шукур ака юзу кўзларига шоҳона бир салобат бериб, мен фақирга беписандроқ оҳангда гап қотарди:

–Кўрвоссанми, Шукур Бурҳонни ҳамма танийди.

–Э, Шукур ака, сизни танимай мени танисинми!

–Бу гапинг ҳам тўғри, лекин санам чаккимассан, ана, мани яхши ёзибсан–ку…

Шу жойда ўзимни фош этишга мажбурман. Устозни йўқлаб боришимизнинг асл сабаби ҳам шу – Ботир аканинг қутқуси билан Шукур Бурҳон ҳақида кинога атаб кичик бир матн ёзганим эди. Матнки, Шукур ака билан танишганимдан кейин анча бойиди, хусусан, гилос дарахти тагида ётадиган Шарик ҳам алоҳида персонаж сифатида кирди.

…Шарик ҳовли буржидаги катакка занжирбанд эди. Тепасида – сербарг, серсоя гилос дарахти. Гилос дарахтининг тепароқ айрисидан пастга тушган пўлат сим учига эски пақир осилган. Пақир ичида – беш–олти қайроқтош. Симнинг айридан нари қисми ҳовли саҳни узра ҳаволаниб бориб, айвон устунига боғланган. Устун ёнида – бақувват курси. Курсида – келбатидан шер ҳам ҳуркадиган Шукур Бурҳон. Овозини баралла қўйиб, кўрган–кечирганидан сўзлайди. Шу аснода ўғри майналар бир дунё шовқин солиб, гилосларга ҳужум қилади. Шукур Бурҳон гапдан тўхтамайди, ўнг қўлини кўтариб, устунга боғланган симни пастга тортиб, икки–уч силкийди, сўнг тағин қўйиб юборади. Сим тортилганда гилос айрисига осилган пақир тепароққа кўтарилади. Бехос силкинган чоғи ичидаги тошлар тарақлаб кетади. Майналар ҳуркиб учади. Ит норози бўлиб вовиллайди. Ўзи кичкина бўлгани билан, овози баланд. Шу сабаб, Шукур Бурҳон уни инсофга чақиришга мажбур бўлади:

–Тихо,Шарик!

Шу жойида мен ўзимни кулгидан тутолмайман, секин гап қистираман:

–Итингиз ўзбекча билмайдими, Шукур ака?

–Қизиқмисан, Шарик бўлгандан кейин… у билан яна қайси тилда гаплашасан? Ана, ўзинг дубляж қиббер бўмаса!..

Шукур Бурҳон шу жойда жим қолади. Жамики салобати қайгадир йўқолади, қийиқ кўзлари сузилиб, қув болага айланади–қўяди. Сўнг қийиқ кўзлар каттароқ очилади, менга тепароқдан қирғийқараш қилади. Йўқ, хайриятки, портлай деб турган қаҳқаҳа бўғизда қолади, қирғий, итолғу, сорлочину бургут росмана ҳамла қилишга улгурмайди, сурбет майналар гилос шохларига қайтиб келади – яна сим тортилади, яна пақир силкинади, тош тарақлайди, майналар ҳуркиб учади, кўппак вовилайди…

Охир–адоғи йўқ кўримли манзара эдики, ҳалигача эслаб ҳузур қиламан.

Ёзган матним яхши эди, деб айтолмайман. Шукур муаллимга ёққани бекор, унинг феъли маълум, ўзи ҳақида бўлса бас, ҳамма нарса баробар ёқарди. Катта бир альбўм тутиб, замона шоирлари битиб нисор этган сон–саноқсиз қасидаларни йиғиб юрарди. Бир–икки шеърий мадҳияни менга қироат билан ўқиб берган, ёқмаганини сезиб астойдил хафа ҳам бўлган. Ноилож қолиб юпатганманки, энди, сиз, Шукур ака, янада яхшироқ шеърларга муносибсиз, ана, Хуршид Даврон деган ёш шоир бор, сиз ҳақингизда зўр шеърни ўша ёзган.

–Ошнанг бўлса керак–да, шунга мақтавоссан, – деган Шукур Бурҳон шубҳа билан.

–Ошналикка ошнам, лекин шеъри жудаям зўр, Шукур ака.

–Шеъри зўр бўлса, нага манга опкемайди? – деган Шукур Бурҳон баттар норози бўлиб.

Минг машаққат билан ёзилган фильм матнига қайтадиган бўлсак, у матн эканича қолиб кетди. Режиссёр Ботир Аҳмадхўжаев ишлайдиган телефильмлар студия остонасига бир неча бош уриб кўрдик, лекин директорни кўндириш қийин бўлди. Тўғри, у очиқ рад қилмади, аксинча – матнни мақтади, лекин… тепанинг розилигисиз… Директор бармоқ нуқиган юксак маъвода министрнинг биринчи муовини, телевизионнинг каттаси, бадиий сўз устаси Убай Бурҳон ўтирарди. Табиийки, у бизни қабул қилмади.

Ночор қолиб, Ботир ака иккимиз яна Шукур муаллимнинг ҳузурига бордик. Лекин Шукур ака воситачилик қилишга кўнмади.

–Убайинг ким бўпти? – деди норози бўлиб. – Убайинг ким бўптики, ман унга ялиниб борсам?!.

Биз чекинмадик. Бугунги тилда айтганда, устозни шундай “ўрадик”ки, розилик берганини ўзи билмай қолди.

Шукур Бурҳон дўриллаб кириб бориши билан Убай Бурҳоннинг аҳли арзга тўла қабулхонаси бўшади–қолди. Котиба аёл шошқалоқ ҳудайчи каби ўзини ичкарига – раҳбарнинг кабинетига урди. Зум этмай министрнинг биринчи муовини Убай Бурҳоннинг ўзи пешвоз чиқиб, бизни ичкарига таклиф қилди. Ботир ака, ўзида йўқ хурсанд, зимдан менга кўз қисади: бўлди, ишимиз битди ҳисоб.

Тўртта пиёла билан чойнакда чой келди. Убай Бурҳон катта бошини кичик қилиб ўзи чой қуйиб узатди. Туғишгани эмасми, Шукур акасининг, Шакар кеннойисининг… ҳатто у ёғи Шарикнинг кайфиятига қадар батафил суриштирди. Шукур Бурҳон негадир меҳрибон уканинг саволларини эътиборсиз қолдирди. Курсида виқор билан ястаниб ўтирганча телевизионнинг бугунги аҳволидан норози эканини билдирди:

–Ман тушунмайман, Убай, санлар маза–бемаза ҳамма нарсани чиқарвоссанлар… Санларни тергаб турадиган одам борми ўзи?

Шу жойда қуруқ баён услубига ўтамиз… Хуллас, ука бўлмиш аканинг гапини ҳазилга йўйиб, аҳволни юмшатишга уринди, яъники, иш бор жойда хато ҳам бўлади. Лекин ака бари бир пастга тушмади, телевизионда ишни эмас, нуқул хатони кўраётганини таъкидлади. Ука хатолар учун узр сўради, тезда тугатишга ваъда берди. Ака ўз навбатида…

Бу ғаройиб саҳна қанча давом этганини бугун аниқ эслай олмайман. Бугунга қадар унга ном топишга уринаман, лекин топган таърифимнинг энг ўзбекчаси абсурд бўлиб қолаверади.

Биров ишониши қийин, лекин мен ёзган матн, Ботир ака суратга олмоқчи бўлган кино ҳақида бир сўз ҳам айтилмади.

Убай Бурҳон акасини пастгача кузатди. Кўчага ҳам бирга чиққан бўларди, лекин Шукур Бурҳон эшик олдида беписанд қўл узатиб қўяқолди: “Бўпти, сан ишингдан қолма…”

Убай Бурҳон синиқ илжайиб ортига қайтди. Шукур Бурҳон, ўзидан мамнун, Ботир ака иккимизга мағрур назар ташлади:

–Бу амалдоринг билан қалай гаплашдим?..

Биз индамадик. Сувга тушган мушукдай шумшайиб турганимизни кўриб, ишни бузиб қўйганини англагандай бўлди.

–Нима, кино битта Убайнинг қўлидами? – деди ўзини оқлагандай бўлиб. – Ана, катта кинонинг эгаси Абдулаҳад бор, Малик бор…

Табиийки, ўша замондаги кино министри Абдулаҳад Абдуллаевга ҳам, киночилар уюшмасининг раиси Малик Қаюмовга ҳам ялиниб бормади. Биз ҳам ортиқ қисталанг қилиб ўтирмадик.

Орқаваротдан, Шукур Бурҳон палон шогирдига ижроқўмдан уй гаплашиб берибди, писмадон шогирдига матлуботдан мошина гаплашиб берибди, деган узунқулоқ овозалар қулоққа чалиниб қоларди. Лекин у холисона ёрдам берган одамлар бор–йўғи палон ва писмадон эди. Шукур Бурҳон эса – Шукур Бурҳон. Чаласавод, тўпори, нозиктаъб, боладай содда, даллолдай қув, буюклигидан масрур ва… ўта мағрур Шукур Бурҳон.

Эсда қолган яна бир нарсаки, шоирлардан марҳум Шайхзодани кўп эсларди. Яшин домла, Назир Сафаров, Малик Қаюмов… буларни кўпроқ тенгқур кўриб гапирарди. Иззат кўрган чоғи, Шароф Рашидовни беҳад ҳурмат қиларди. Ўзига тенгдош актёрларни тилга олмасди ҳисоб. Ошкора ёмон кўргани Наби Раҳимов эди. Айтишларича, қайсидир устоз режиссёр театрдан кетган куни Наби Раҳимов унинг суратини девордан юлиб, оёқлари остига ташлаб роса тепган экан.

044– Ман – Улуғбек султон, ҳаммадан хиёнат топиб салтанатим Самарқанддан чиқиб кетвопман, – дея ҳикоя қиларди Шукур ака. – Билсанг, кинонинг шунақа жойи бор. Бобо Кайфий дегани отимнинг узангисига ёпишволиб, ман билан видо қилади… Видо қиладиган ким, биласанми? Наби! Улуғбек султон – ман, Бобо Кайфий – Наби. Пастга қарасам, тиржайганча жиловга ёпишиб турибди. Йў–ўғ, чидолмадим, манинг Ватандан бадарға бўлганим – бунинг байрами–ку, дедим, бунингни йўқот, деб айтдим, умуман кўзимга кўринмасин!!.

Толстойнинг “Тирик мурда” асарида бош ролни ўйнаган яна бир актёрни ҳам жини суймасди.

–Турган–битгани қалбаки! Протасов эмиш! – дерди Шукур ака фиғони чиқиб. – Унинг нимаси Протасов? Ошга тўйиб чойхонадан чиққан мечкайнинг ўзи–ку? Дард қани, исён қани?! Толстой аҳмақ бўлмагандир, Протасовнинг турган–битгани протест эмасми?

Шу жойда Шукур Бурҳон бизга синовчан бир қараб оларди, сўнг бошмолдоғини лабига суртиб, оппоқ дастурхонга бураброқ босарди:

–Билсанг, буларинг Ялангтўшнинг битта имзосига ҳам арзимайди!

Бугунги ёш авлод Юсуф Ялангтўш кимлигини билмайди. Бугун – шўролар даврида суратга олинган фильмларнинг кўпи ясоқ. На фақат чалаболшавой Ялангтўш, балки Шукур Бурҳон ўйнаган Мирзо Улуғбек ҳам қайта кўрсатилмайди. Кўрсатилса зиён қилмасди. Жуда бўлмаганда, кино намойиши олдидан янги замон мафкураси вакили чиқиб, эй илғор ватандошлар, бу кинолар эски замонда суратга олинган, табиийки, эски мафкурага хизмат қилган, лекин биз – янги замон одамлари, андак кенглик қилиб, эски киноларда олға сурилмиш зарарли ғояларга чалғимасдан, бугун байроқ этиб кўтарилмиш буюк келажакка ва одил ҳукуматимиз мисли кўрилмаган жасорат билан қўллаб келаётган рангбаранг ва беҳисоб ислоҳларга содиқ қолган ҳолда, ўтмишда яшаган буюк актёрларимизнинг ўйин маҳоратини томоша қилайлик, деб айтса олам гулистон эди.

Мумтоз киномиз дурдонаси ҳисобланмиш “Тоҳир ва Зуҳра” киноси аҳён–аҳёнда экранда кўриниб қолади. Очиғи, бу кино менга ёқмайди. Зуҳранинг чиройига чидаса бўлади, лекин Тоҳир дегани ҳам шу қадар силлиқ, шу қадар хотинчалишки, улар кўринган саҳналарда телевизорни ўчириб қўйгинг келади. Бу кинода учта тирик одам бор, бири – Асад Исмат ўйнаган золим пошшо, иккинчиси – Обид Жалил ўйнаган вазир, яна бири – Қоработир. Шукур Бурҳон ўйнаган баттол Қоработир.

Бугун Шукур Бурҳоннинг Эдипшоҳи ҳам ясоқ. Албатта, Софоклнинг манфур шўролар тузумига алоқаси йўқ, лекин, бари бир, мурғак авлод вакиллари унинг машҳур қаҳрамони – манглайига туққан онаси хотин этиб ёзилмиш пошшонинг мустақил миллатимиз табиатига мутлақо ёт тақдиридан хабар топмагани маъқул кўринади.

Тўғри, бугун нафақат Эдипшоҳ, Отелло ҳам кўрсатилмайди. Лекин бунга рашкчи Отелло билан бегуноҳ Дездемона эмас, балки уларни ўйнаган Аброр Ҳидоятов билан Сора Эшонтўраева айбдор. Аниқроғи – уларнинг саркашроқ неваралари туфайли икки буюк актёрни меҳримиздан мосуво қилганмиз.

Албатта, бу замзамалар ошиқча эканини ўзим ҳам сезаман. Буюк Николай Гогол билиб айтганидек, “Биринчидан, Ватан учун мутлақо фойдаси йўқ, иккинчидан… иккинчидан ҳам ҳеч қандай фойдаси йўқ”.

Дарвоқе, Шукур Бурҳон Отеллони ёддан биларди. Умр бўйи Отеллони ўйнашни орзу қилган, лекин ўйнамаган. Устози Аброр Ҳидоятовнинг юзидан ўтолмаган. Садоқатли шогирди Эркин Комилнинг гувоҳлик беришича, Шукур ака кейинроқ, Аброр Ҳидоятовнинг қазосидан анча кейин, Отеллони жиддий машқ қилиб кўрган, аммо, бари бир, журъати етмаган. “Аброр акадан ўтказиб ўйнаш қийин”, дея тан олган экан раҳматли.

Манба: Би-би-си Ўзбек хизмати

ШУКУР БУРҲОНОВ

Таниқли театр ва кино актёри Шукур Бурҳонов 1910 йилда Тошкентда таваллуд топди. У Тошкент қишлоқ хўжалик техникумида ўқиб юрган давридаёқ драма тўгарагига қатнашиб, актёрлик касбига меҳр қўйди.

Шукур Бурҳонов актёрлик фаолиятини 1928 йилдан Ўзбек Давлат драма театрида бошлайди. Комил Яшиннинг «Тор-мор» пьесасидаги Баҳодир, Умаржон Исмоиловнинг «Рустам» асаридаги бош қаҳрамон,»Ёндирамиз»даги Азамат, «Номус ва муҳаббат»даги Ғулом роллари актёр ижодининг дастлабки намуналаридан бўлди. Шукур Бурҳонов уруш ва урушдан кейинги йилларда ҳарбий саркардалар образларини яратишга алоҳида эътибор берди. Иззат Султоннинг «Бургутнинг парвози» пьесасидаги Фрунзе, Комил Яшиннинг «Генерал Раҳимов» асаридаги Собир Раҳимов каби образлар шулар жумласидандир. 

50-60 йилларда Ҳамза номли Ўзбек Давлат Академик драма театрида жаҳон, рус ва ўзбек классик драматургиясининг бир қанча ноёб асарлари катга муваффақият билан саҳналаштирилди. Уларнинг кўпчилигидаги бош ролларни ижро этиш Шукур Бурҳоновга насиб этди. Унинг ижросидаги В. Шекспирнинг «Ҳамлет» ва»Юлий Цезарь» трагедияларидаги Ҳамлет, Брут ва  Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» трагедиясидаги Мирзо Улуғбек образлари фақат санъаткор ижодидагина эмас, балки ўзбек театри тарихида ҳам улкан воқеа бўлди.

Шукур Бурҳонов Мирзо Улуғбек образи устида ишлаганда тарихий Улуғбек қиёфасидаги бир-бири билан узвий равишда чамбарчас боғланган уч унсур — инсон, олим ва давлат арбоби каби хусусиятларни ҳаққоний акс эттиришга алоҳида эътибор берди ва бу борада катта муваффақиятга эришди. Улуғбек образи актёрнинг ўзбек саҳнасида ўйнаган кўп ажойиб образларининг бири бўлиб, у томонидан яратилган Ҳамлет образи даражасида туради.

Ҳамза театри ижодий жамоаси В.Шекспирнинг «Отелло» трагедиясини қайтадан саҳналаштирмоқчи бўлиб, Отелло ролини Шукур Бурҳоновга беришни мўлжалланганда, у киши рози бўлмай, шундай деган экан : «Аброр аканинг Отеллоси халқ қалбига сингиб кетган. Ҳозир Отеллони ўйнаганимдан кўра янги бир образ яратганим минг марта афзал. У Аброр аканики эмас, меники бўлади». Шундан кейин  у Софоклнинг «Шоҳ Эдип»асаридаги Эдип образини яратишга киришади, ўзининг бой ижодий тажрибаси, барча имкониятларини ишга солиб, бу ролни, айтиш мумкинки, бемисл маҳорат,чексиз куч-қудрат билан гавдалантирди. Бу образи билан Шукур Бурҳонов бетакрор санъаткор, олмос истеъдод эгаси эканлигини яна бир бора амалда кўрсатди ва у жаҳон театрининг йирик намояндалари қаторидан ўрин олди.

Шукур Бурҳоновнинг ижоди фалсафий жиҳатдан бой ва кўп қирралидир. У романтик, лирик характерли ва сатирик роллар ижросида ҳам баравар маҳорат кўрсатган. Бу ўринда у яратган Н. Гоголнинг «Ревизор» комедиясидаги шаҳар ҳокими ролини эслаш кифоя. Актёр психологик ва ўткир драматик ролларни катта маҳорат билан ижро этишга жуда уста эди. Чеховнинг «Ваня тоға»асаридаги Войницкий, Штейннинг «Шахсий иш»пьесасидаги Хлебников образлари шундай образлардандир.

Шукур Бурҳонов кино санъатида ҳам самарали ижод этди. У кинода биринчи марта 1940 йилда суратга олинган «Асал» бадиий фильмида Рустам ролини ижро этди. 1945 йилда кинорежиссёр Наби Ғаниевнинг «Тоҳир ва Зуҳра» фильмини суратга олади. Жаҳон экранида кенг шуҳрат қозонган, ярим асрдан бери қадр-қимматини йўқотмаган бу бадиий фильмдаги Қора Ботир роли актёрга катта шуҳрат келтирди. Уни кенг жамоатчиликка иқгидорли санъаткор сифатида танитди.

Актёр  «Уйқусиз йўл» фильмида (1946) Рустам, «Бой ила хизматчи»да ( 1950)  Ғофур, «Бахт йўли»да ( 1957) Каримов, «Илья Муромец»да (1956) шоҳ Калин,  Абдулла Қаҳҳор қиссаси асосида суратга олинган «Синчалак»да (1962) Қаландаров каби образларни яратди.

1964 йилда кинорежиссёр Латиф Файзиев «Улуғбек юлдузи» фильмини суратга олади.Фильмда Шукур Бурҳонов яратган Мирзо Улуғбек образи актёрнинг кинодаги энг катта ютуғи бўлди. Кейинчалик, у  Комил Ёрматовнинг «Осиё устида бўрон» (1965 ) фильмида Ялангтўш,  «Виждон амри билан» (1966) фильмида профессор Маҳмудов, «Инқилоб чавандозлари»да (1968) Азнаур, «Ватан фарзандлари»да ҳайкалтарош каби йирик ва мураккаб ролларни ижро этди.

Шукур Бурҳонов санъатда ҳалол меҳнат қилди. Халққа сидқидилдан хизмат қилишдан чарчамади. Умрининг охиригача саҳна ва экранни тарк этмади. Санъаткорнинг ижодий фаолияти муносиб тақдирланди. Шукур Бурҳоновга «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони берилган. У Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Машҳур кино ва театр актёри, ўзбек санъатининг улкан арбоби Шукур Бурҳонов 1987 йилда Тошкентда вафот этди.

Бетакрор истеъдоди ва ўлмас ижодий мероси билан ўзбек миллий маданиятининг ривожига беқиёс ҳисса қўшганлиги, бутун ҳаётини эл-юрт тараққиёти, халқимиз маънавиятининг юксалишига бахш этганлиги учун у 2001 йилда «Буюк хизматлари учун»ордени билан мукофотланди.

Bi-bi-si O‘zbek xizmati ancha yillar  avval “Toshkentdan maktublar” rukni ostida yangi loyiha boshlagan va O‘zbekistonning yetakchi yozuvchisi Murod Muhammad Do‘st bu ruknning muallifi bo‘lgan edi. Mashhur aktyor, Xalq artisti Shukur Burhonga bag‘ishlangan birinchi maktubda adib o‘zbek teatri va kino san’atida o‘chmas iz qoldirgan ustoz san’atkor haqidagi esdaliklari bilan o‘rtoqlashadi.

Murod Muhammad Do‘st
SHUKUR BURHON
“Toshkentdan maktublar” turkumidan birinchi maktub
001

Sadaf ko‘chasidan Qorasuvga tushishda, yo‘lning chap tarafida o‘tgan asrning ikkinchi yarmida Mirzacho‘lda yoppasiga qurilgan baraklarni eslatadigan pastak g‘ishtin imorat bor. Oxirgi yillarda qad ko‘targan ko‘rkam va baland ko‘shklar yonida o‘ta g‘arib ko‘rinadigan bu uyda bir zamonlar Shukur Burhon yashardi.

“Bu – maning mahallam”, – deb maqtanardi rahmatli Shukur muallim o‘zining ma’lum va mashhur ovozini baralla qo‘yib.

Sho‘rolar zamonida mahalla muhri bo‘lgan–bo‘lmaganini bilmayman, lekin shahar xaritasida Shukur Burhon yashaydigan mahallaning nedir rasmiy nomi bo‘lgani tayin. Lekin bu mahalla Toshkandi azimda rasmiy nomi bilan emas, balki unda Shukur Burhon yashashi bilan mashhur edi. Shu qadar mashhurki, mahalla ahli uyiga mehmon aytganida bu maskanga eltuvchi jamiki kattako‘cha, torko‘cha, jinko‘cha va, tabiiyki, pirovardda Sadaf ko‘chasini tilga olardi, shundayam tushuntira olmasa, eng oxirgi chorani qo‘llab, bo‘lajak mehmon ko‘zidan jug‘rofiy ko‘rlik pardasini sidirib tashlardi: “E, qanaqasiz o‘zi, Shukur Burhonning mahallasini bilarsiz, oka?..”

Xullas, Shukur muallimning butun bir mahallani “o‘zlashtirib” olganiga birov ajablanmasdi. Ustod ko‘nglida “egalik” hissi vaqti–vaqti bilan shu qadar ishtig‘ollanib ketardiki, ba’zan birga ko‘cha aylanib yurganimizda atrofi panjara bilan o‘ralgan keng maydonda to‘p tepib yurgan yosh–yalangga zavq bilan qarab, “Ko‘rvossanmi, mana bu – maning stadionim”, deya xitob qilardi.

Bu zamzamalar, o‘lay agar, unga yarashardi.

Shukur muallim bir kech televizorga chiqib, “Maning buyuk aktyor bo‘lib yetishganimda Mannon Uyg‘ur bilan Yatim Bobojonning katta hissasi bor”, deya e’tirof qilganini haligacha zavqlanib eslaymiz. Shu zavq asnosida Shukur Burhonning batamom haq ekanini yana bir bor tan olamiz. Ustodning andak nokamtarligi masalasiga kelsak, ha, nima bo‘pti… aytsa aytibdi–da… Umuman, Shukur Burhonday odam kamtar bo‘lishi shunchalik shartmi? Qolaversa, u maqtanmadi, qarzini uzdi, xolos. Ustozlarini ulug‘lash burchi edi, gapni ko‘paytirmay, o‘z shaxsini misol qilib keltirdi. Ya’niki, uning ustozlari shu qadar ulug‘ ediki, katta boshlarini kichik qilib, uni, Shukurni, ko‘chada chang ko‘tarib yurgan to‘pori o‘spirinni tarbiya qildi va eng yuksak sahnalarga olib chiqdi.

Va yana bir gap. Umuman, maqtanchoqlik qilayotganini o‘zi bilmaydigan, bilish ham gapmi, mutlaqo sezmaydigan soddadil odamga nisbatan qattiqqo‘l bo‘lish shartmi?

Shukur Burhon yoshligida yolchitib o‘qimaganini bugun juda kam odam biladi. Rolini yodlash uchun avval eskicha zeru zabarda yirik–yirik qilib qalin daftarga ko‘chirib chiqardi. Uning imlosida sahifa jonivor nari borsa o‘nta so‘z bilan to‘lardi–qolardi. U hijjalab yodlagan va ijro etgan yuzlab rollar imlosi uchun necha yuz ming sahifa sarf bo‘lganini tasavvur qilishga yurak betlamaydi.

Shukur akani tanishimga rejissyor Botir Ahmadxo‘jayev sabab bo‘lgan. Endi Maskovdan qaytib, kinostudiyaga ishga kirgan edim. Afg‘onga pul topgani ketgan o‘ris er–xotinning bir xonali joyini ijaraga olganman. Da’voyu iddao – bir dunyo, lekin cho‘ntakda hemiri yo‘q, saxtu sumbat och ichakka monand – bo‘y jonivor bir yuz sakson besh, vazn oltmish kiloga yetar–yetmas, o‘zimga o‘xshash kindigi umurtqasiga yopishgan to‘rt–besh shoiru yozuvchi oshnalar bilan har kech arzon musallasga to‘yib, kechalari ko‘yma–ko‘y yurib, Toshkandi azimni zabt etishga kirishgan paytlarimiz edi.

Qisqasi, u zamon meni birov bilmasdi, lekin Botir Ahmadxo‘jayev xayolparast bir o‘spirin haqida “Aziz” degan kino olib, el orasida ancha mashhur bo‘lib ulgurgan edi. Bir kuni telefon qilib: “Starik, sobiraysya, Shukur nas jdet”, deb qoldi.

Bordik. Shukur Burhon rostdan ham Botir akani tanirkan. Darchani o‘zi ochib qarshiladi, so‘ng dasturxon oldiga yog‘och panjara tutilgan ayvonga boshladi…

Shukur akaning hovlisida ayni kuchga kirgan ikki–uch tup gilos daraxti bo‘lardi. Turgan gapki, bu duch kelgan joyda o‘saveradigan xashaki gilos emas. Shukur Burhonning gilosi. Shukur Burhonning qaysidir akademik oshnasi “o‘zi payvandlab, o‘zi opkelib, o‘zi qazib, o‘zi o‘tqazib bergan” (izoh ham, tabiiyki, Shukur Burhonga tegishli). Shukur muallimning giloslari rostdan ham o‘ta serhosil edi, mevasi yirik–yirik va juda shirin edi. Faqat bir narsa – dunyodagi eng totli gilos Shukur Burhonning hovlisida o‘sayotganidan barcha toshkandlik surbet maynalar, chumchug‘u chug‘urchiqlar ham qaydandir xabar topgani, vaqti–vaqti bilan bulutday yopirilib kelib, daraxt shoxlarida bazm qurgani yomon edi.

– Bizzi uyda hammasi “sh”dan boshlanadi, – deb hazil qilardi rahmatli, – Shukur, Shakar, Sharik…

Shukur kimligi aniq. Shakar – Shukurning xotini. Sharik – Shukurning iti, yaxshi it, lekin zoti pastligini xaspo‘shlash uchun bemeyor g‘ayrat bilan hurgani yomon.

Shukur – ayvonda muxlislar bilan ovora. Shakar ichkarida – nedir o‘zining yumushi bilan band, tashqariga chiqmaydi hisob. Choy–poyni kimdir begona ayol tashiydi. Rosti, Shakar opa turli shogirdlaru muxlislarni unchalik xushlamaydi. Bir hisobda, u – haq. Ya’niki, kimsan xalq artisti Shukur Burhonning bebaho vaqtini o‘g‘irlash insofdan emas.

Shukur – Shakarning aksi. Vaqt bilan ishi yo‘q. Xuddi dostonchi aytganiday: “dam bu damdir, o‘zga damni dam dema”… Kattayu kichik, yoshu qari – o‘zini yo‘qlab kelgan hamma odamga barobar e’tibor ko‘rsatadi. Uning fe’lini bilmagan odam avvaliga hurkib turadi. Ammo muddat o‘tib, shohona viqor ortidan bolafe’l, sodda bir odam chiqib keladiki, hadik o‘rnini zavq egallay boshlaydi.

Qolgani – ma’lum. Shukur Burhon o‘ziga teng qo‘yib so‘ylashgan chog‘da eng pachaq odamning ham qaddi tiklanadi. Shu sabab, ustod ziyoratiga kelganlar uzoq ushlanib qoladi, ketolmaydi.

Mening och–yupun yurishimni sezardi chog‘i, ba’zida shahar chetidagi obod choyxonalarga olib borardi. Shukur aka ostona hatlasa bo‘ldi, kattayu kichik junbushga kirib dasturxon tuzardi. Shukur aka shunchaki nomiga tatinardi. So‘ng hali–hanuz ikki qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib, odobi jigarni ezarli darajada tavoze ko‘rsatib turgan choyxona egasini oshiribroq maqtardi. So‘ng menga amr qilardi:

–Manga bo‘lmaydi, shakarim bor, o‘zing hammasini yeysan, yemasang bular xafa bo‘ladi.

Yemak vaqtida choyxona ahli– birov oshkora, birov sal tortinib, lekin birday izzat bilan, – Shukur Burhonni tomosha qilardi. Turli kalinshohu edipshohlarni o‘ynayverib mashqi oshgan emasmi, bunday lahzalarda Shukur aka yuzu ko‘zlariga shohona bir salobat berib, men faqirga bepisandroq ohangda gap qotardi:

–Ko‘rvossanmi, Shukur Burhonni hamma taniydi.

–E, Shukur aka, sizni tanimay meni tanisinmi!

–Bu gaping ham to‘g‘ri, lekin sanam chakkimassan, ana, mani yaxshi yozibsan–ku…

Shu joyda o‘zimni fosh etishga majburman. Ustozni yo‘qlab borishimizning asl sababi ham shu – Botir akaning qutqusi bilan Shukur Burhon haqida kinoga atab kichik bir matn yozganim edi. Matnki, Shukur aka bilan tanishganimdan keyin ancha boyidi, xususan, gilos daraxti tagida yotadigan Sharik ham alohida personaj sifatida kirdi.

…Sharik hovli burjidagi katakka zanjirband edi. Tepasida – serbarg, sersoya gilos daraxti. Gilos daraxtining teparoq ayrisidan pastga tushgan po‘lat sim uchiga eski paqir osilgan. Paqir ichida – besh–olti qayroqtosh. Simning ayridan nari qismi hovli sahni uzra havolanib borib, ayvon ustuniga bog‘langan. Ustun yonida – baquvvat kursi. Kursida – kelbatidan sher ham hurkadigan Shukur Burhon. Ovozini baralla qo‘yib, ko‘rgan–kechirganidan so‘zlaydi. Shu asnoda o‘g‘ri maynalar bir dunyo shovqin solib, giloslarga hujum qiladi. Shukur Burhon gapdan to‘xtamaydi, o‘ng qo‘lini ko‘tarib, ustunga bog‘langan simni pastga tortib, ikki–uch silkiydi, so‘ng tag‘in qo‘yib yuboradi. Sim tortilganda gilos ayrisiga osilgan paqir teparoqqa ko‘tariladi. Bexos silkingan chog‘i ichidagi toshlar taraqlab ketadi. Maynalar hurkib uchadi. It norozi bo‘lib vovillaydi. O‘zi kichkina bo‘lgani bilan, ovozi baland. Shu sabab, Shukur Burhon uni insofga chaqirishga majbur bo‘ladi:

–Tixo,Sharik!

Shu joyida men o‘zimni kulgidan tutolmayman, sekin gap qistiraman:

–Itingiz o‘zbekcha bilmaydimi, Shukur aka?

–Qiziqmisan, Sharik bo‘lgandan keyin… u bilan yana qaysi tilda gaplashasan? Ana, o‘zing dublyaj qibber bo‘masa!..

Shukur Burhon shu joyda jim qoladi. Jamiki salobati qaygadir yo‘qoladi, qiyiq ko‘zlari suzilib, quv bolaga aylanadi–qo‘yadi. So‘ng qiyiq ko‘zlar kattaroq ochiladi, menga teparoqdan qirg‘iyqarash qiladi. Yo‘q, xayriyatki, portlay deb turgan qahqaha bo‘g‘izda qoladi, qirg‘iy, itolg‘u, sorlochinu burgut rosmana hamla qilishga ulgurmaydi, surbet maynalar gilos shoxlariga qaytib keladi – yana sim tortiladi, yana paqir silkinadi, tosh taraqlaydi, maynalar hurkib uchadi, ko‘ppak vovilaydi…

Oxir–adog‘i yo‘q ko‘rimli manzara ediki, haligacha eslab huzur qilaman.

Yozgan matnim yaxshi edi, deb aytolmayman. Shukur muallimga yoqqani bekor, uning fe’li ma’lum, o‘zi haqida bo‘lsa bas, hamma narsa barobar yoqardi. Katta bir albo‘m tutib, zamona shoirlari bitib nisor etgan son–sanoqsiz qasidalarni yig‘ib yurardi. Bir–ikki she’riy madhiyani menga qiroat bilan o‘qib bergan, yoqmaganini sezib astoydil xafa ham bo‘lgan. Noiloj qolib yupatganmanki, endi, siz, Shukur aka, yanada yaxshiroq she’rlarga munosibsiz, ana, Xurshid Davron degan yosh shoir bor, siz haqingizda zo‘r she’rni o‘sha yozgan.

–Oshnang bo‘lsa kerak–da, shunga maqtavossan, – degan Shukur Burhon shubha bilan.

–Oshnalikka oshnam, lekin she’ri judayam zo‘r, Shukur aka.

–She’ri zo‘r bo‘lsa, naga manga opkemaydi? – degan Shukur Burhon battar norozi bo‘lib.

Ming mashaqqat bilan yozilgan film matniga qaytadigan bo‘lsak, u matn ekanicha qolib ketdi. Rejissyor Botir Ahmadxo‘jayev ishlaydigan telefilmlar studiya ostonasiga bir necha bosh urib ko‘rdik, lekin direktorni ko‘ndirish qiyin bo‘ldi. To‘g‘ri, u ochiq rad qilmadi, aksincha – matnni maqtadi, lekin… tepaning roziligisiz… Direktor barmoq nuqigan yuksak ma’voda ministrning birinchi muovini, televizionning kattasi, badiiy so‘z ustasi Ubay Burhon o‘tirardi. Tabiiyki, u bizni qabul qilmadi.

Nochor qolib, Botir aka ikkimiz yana Shukur muallimning huzuriga bordik. Lekin Shukur aka vositachilik qilishga ko‘nmadi.

–Ubaying kim bo‘pti? – dedi norozi bo‘lib. – Ubaying kim bo‘ptiki, man unga yalinib borsam?!.

Biz chekinmadik. Bugungi tilda aytganda, ustozni shunday “o‘radik”ki, rozilik berganini o‘zi bilmay qoldi.

Shukur Burhon do‘rillab kirib borishi bilan Ubay Burhonning ahli arzga to‘la qabulxonasi bo‘shadi–qoldi. Kotiba ayol shoshqaloq hudaychi kabi o‘zini ichkariga – rahbarning kabinetiga urdi. Zum etmay ministrning birinchi muovini Ubay Burhonning o‘zi peshvoz chiqib, bizni ichkariga taklif qildi. Botir aka, o‘zida yo‘q xursand, zimdan menga ko‘z qisadi: bo‘ldi, ishimiz bitdi hisob.

To‘rtta piyola bilan choynakda choy keldi. Ubay Burhon katta boshini kichik qilib o‘zi choy quyib uzatdi. Tug‘ishgani emasmi, Shukur akasining, Shakar kennoyisining… hatto u yog‘i Sharikning kayfiyatiga qadar batafil surishtirdi. Shukur Burhon negadir mehribon ukaning savollarini e’tiborsiz qoldirdi. Kursida viqor bilan yastanib o‘tirgancha televizionning bugungi ahvolidan norozi ekanini bildirdi:

–Man tushunmayman, Ubay, sanlar maza–bemaza hamma narsani chiqarvossanlar… Sanlarni tergab turadigan odam bormi o‘zi?

Shu joyda quruq bayon uslubiga o‘tamiz… Xullas, uka bo‘lmish akaning gapini hazilga yo‘yib, ahvolni yumshatishga urindi, ya’niki, ish bor joyda xato ham bo‘ladi. Lekin aka bari bir pastga tushmadi, televizionda ishni emas, nuqul xatoni ko‘rayotganini ta’kidladi. Uka xatolar uchun uzr so‘radi, tezda tugatishga va’da berdi. Aka o‘z navbatida…

Bu g‘aroyib sahna qancha davom etganini bugun aniq eslay olmayman. Bugunga qadar unga nom topishga urinaman, lekin topgan ta’rifimning eng o‘zbekchasi absurd bo‘lib qolaveradi.

Birov ishonishi qiyin, lekin men yozgan matn, Botir aka suratga olmoqchi bo‘lgan kino haqida bir so‘z ham aytilmadi.

Ubay Burhon akasini pastgacha kuzatdi. Ko‘chaga ham birga chiqqan bo‘lardi, lekin Shukur Burhon eshik oldida bepisand qo‘l uzatib qo‘yaqoldi: “Bo‘pti, san ishingdan qolma…”

Ubay Burhon siniq iljayib ortiga qaytdi. Shukur Burhon, o‘zidan mamnun, Botir aka ikkimizga mag‘rur nazar tashladi:

–Bu amaldoring bilan qalay gaplashdim?..

Biz indamadik. Suvga tushgan mushukday shumshayib turganimizni ko‘rib, ishni buzib qo‘yganini anglaganday bo‘ldi.

–Nima, kino bitta Ubayning qo‘lidami? – dedi o‘zini oqlaganday bo‘lib. – Ana, katta kinoning egasi Abdulahad bor, Malik bor…

Tabiiyki, o‘sha zamondagi kino ministri Abdulahad Abdullayevga ham, kinochilar uyushmasining raisi Malik Qayumovga ham yalinib bormadi. Biz ham ortiq qistalang qilib o‘tirmadik.

Orqavarotdan, Shukur Burhon palon shogirdiga ijroqo‘mdan uy gaplashib beribdi, pismadon shogirdiga matlubotdan moshina gaplashib beribdi, degan uzunquloq ovozalar quloqqa chalinib qolardi. Lekin u xolisona yordam bergan odamlar bor–yo‘g‘i palon va pismadon edi. Shukur Burhon esa – Shukur Burhon. Chalasavod, to‘pori, nozikta’b, boladay sodda, dallolday quv, buyukligidan masrur va… o‘ta mag‘rur Shukur Burhon.

Esda qolgan yana bir narsaki, shoirlardan marhum Shayxzodani ko‘p eslardi. Yashin domla, Nazir Safarov, Malik Qayumov… bularni ko‘proq tengqur ko‘rib gapirardi. Izzat ko‘rgan chog‘i, Sharof Rashidovni behad hurmat qilardi. O‘ziga tengdosh aktyorlarni tilga olmasdi hisob. Oshkora yomon ko‘rgani Nabi Rahimov edi. Aytishlaricha, qaysidir ustoz rejissyor teatrdan ketgan kuni Nabi Rahimov uning suratini devordan yulib, oyoqlari ostiga tashlab rosa tepgan ekan.

–Man – Ulug‘bek sulton, hammadan xiyonat topib saltanatim Samarqanddan chiqib ketvopman, – deya hikoya qilardi Shukur aka. – Bilsang, kinoning shunaqa joyi bor. Bobo Kayfiy degani otimning uzangisiga yopishvolib, man bilan vido qiladi… Vido qiladigan kim, bilasanmi? Nabi! Ulug‘bek sulton – man, Bobo Kayfiy – Nabi. Pastga qarasam, tirjaygancha jilovga yopishib turibdi. Yo‘–o‘g‘, chidolmadim, maning Vatandan badarg‘a bo‘lganim – buning bayrami–ku, dedim, buningni yo‘qot, deb aytdim, umuman ko‘zimga ko‘rinmasin!!.

Tolstoyning “Tirik murda” asarida bosh rolni o‘ynagan yana bir aktyorni ham jini suymasdi.

–Turgan–bitgani qalbaki! Protasov emish! – derdi Shukur aka fig‘oni chiqib. – Uning nimasi Protasov? Oshga to‘yib choyxonadan chiqqan mechkayning o‘zi–ku? Dard qani, isyon qani?! Tolstoy ahmaq bo‘lmagandir, Protasovning turgan–bitgani protest emasmi?

Shu joyda Shukur Burhon bizga sinovchan bir qarab olardi, so‘ng boshmoldog‘ini labiga surtib, oppoq dasturxonga burabroq bosardi:

–Bilsang, bularing Yalangto‘shning bitta imzosiga ham arzimaydi!

Bugungi yosh avlod Yusuf Yalangto‘sh kimligini bilmaydi. Bugun – sho‘rolar davrida suratga olingan filmlarning ko‘pi yasoq. Na faqat chalabolshavoy Yalangto‘sh, balki Shukur Burhon o‘ynagan Mirzo Ulug‘bek ham qayta ko‘rsatilmaydi. Ko‘rsatilsa ziyon qilmasdi. Juda bo‘lmaganda, kino namoyishi oldidan yangi zamon mafkurasi vakili chiqib, ey ilg‘or vatandoshlar, bu kinolar eski zamonda suratga olingan, tabiiyki, eski mafkuraga xizmat qilgan, lekin biz – yangi zamon odamlari, andak kenglik qilib, eski kinolarda olg‘a surilmish zararli g‘oyalarga chalg‘imasdan, bugun bayroq etib ko‘tarilmish buyuk kelajakka va odil hukumatimiz misli ko‘rilmagan jasorat bilan qo‘llab kelayotgan rangbarang va behisob islohlarga sodiq qolgan holda, o‘tmishda yashagan buyuk aktyorlarimizning o‘yin mahoratini tomosha qilaylik, deb aytsa olam guliston edi.

Mumtoz kinomiz durdonasi hisoblanmish “Tohir va Zuhra” kinosi ahyon–ahyonda ekranda ko‘rinib qoladi. Ochig‘i, bu kino menga yoqmaydi. Zuhraning chiroyiga chidasa bo‘ladi, lekin Tohir degani ham shu qadar silliq, shu qadar xotinchalishki, ular ko‘ringan sahnalarda televizorni o‘chirib qo‘yging keladi. Bu kinoda uchta tirik odam bor, biri – Asad Ismat o‘ynagan zolim poshsho, ikkinchisi – Obid Jalil o‘ynagan vazir, yana biri – Qorabotir. Shukur Burhon o‘ynagan battol Qorabotir.

Bugun Shukur Burhonning Edipshohi ham yasoq. Albatta, Sofoklning manfur sho‘rolar tuzumiga aloqasi yo‘q, lekin, bari bir, murg‘ak avlod vakillari uning mashhur qahramoni – manglayiga tuqqan onasi xotin etib yozilmish poshshoning mustaqil millatimiz tabiatiga mutlaqo yot taqdiridan xabar topmagani ma’qul ko‘rinadi.

To‘g‘ri, bugun nafaqat Edipshoh, Otello ham ko‘rsatilmaydi. Lekin bunga rashkchi Otello bilan begunoh Dezdemona emas, balki ularni o‘ynagan Abror Hidoyatov bilan Sora Eshonto‘rayeva aybdor. Aniqrog‘i – ularning sarkashroq nevaralari tufayli ikki buyuk aktyorni mehrimizdan mosuvo qilganmiz.

Albatta, bu zamzamalar oshiqcha ekanini o‘zim ham sezaman. Buyuk Nikolay Gogol bilib aytganidek, “Birinchidan, Vatan uchun mutlaqo foydasi yo‘q, ikkinchidan… ikkinchidan ham hech qanday foydasi yo‘q”.

Darvoqe, Shukur Burhon Otelloni yoddan bilardi. Umr bo‘yi Otelloni o‘ynashni orzu qilgan, lekin o‘ynamagan. Ustozi Abror Hidoyatovning yuzidan o‘tolmagan. Sadoqatli shogirdi Erkin Komilning guvohlik berishicha, Shukur aka keyinroq, Abror Hidoyatovning qazosidan ancha keyin, Otelloni jiddiy mashq qilib ko‘rgan, ammo, bari bir, jur’ati yetmagan. “Abror akadan o‘tkazib o‘ynash qiyin”, deya tan olgan ekan rahmatli.

Manba: Bi-bi-si O‘zbek xizmati

SHUKUR BURHONOV

Taniqli teatr va kino aktyori Shukur Burhonov 1910 yilda Toshkentda tavallud topdi. U Toshkent qishloq xo‘jalik texnikumida o‘qib yurgan davridayoq drama to‘garagiga qatnashib, aktyorlik kasbiga mehr qo‘ydi.

Shukur Burhonov aktyorlik faoliyatini 1928 yildan O‘zbek Davlat drama teatrida boshlaydi. Komil Yashinning “Tor-mor” pyesasidagi Bahodir, Umarjon Ismoilovning “Rustam” asaridagi bosh qahramon,“Yondiramiz”dagi Azamat, “Nomus va muhabbat”dagi G‘ulom rollari aktyor ijodining dastlabki namunalaridan bo‘ldi. Shukur Burhonov urush va urushdan keyingi yillarda harbiy sarkardalar obrazlarini yaratishga alohida e’tibor berdi. Izzat Sultonning “Burgutning parvozi” pyesasidagi Frunze, Komil Yashinning “General Rahimov” asaridagi Sobir Rahimov kabi obrazlar shular jumlasidandir.

50-60 yillarda Hamza nomli O‘zbek Davlat Akademik drama teatrida jahon, rus va o‘zbek klassik dramaturgiyasining bir qancha noyob asarlari katga muvaffaqiyat bilan sahnalashtirildi. Ularning ko‘pchiligidagi bosh rollarni ijro etish Shukur Burhonovga nasib etdi. Uning ijrosidagi V. Shekspirning “Hamlet” va“Yuliy Sezar” tragediyalaridagi Hamlet, Brut va Maqsud Shayxzodaning “Mirzo Ulug‘bek” tragediyasidagi Mirzo Ulug‘bek obrazlari faqat san’atkor ijodidagina emas, balki o‘zbek teatri tarixida ham ulkan voqea bo‘ldi.

Shukur Burhonov Mirzo Ulug‘bek obrazi ustida ishlaganda tarixiy Ulug‘bek qiyofasidagi bir-biri bilan uzviy ravishda chambarchas bog‘langan uch unsur — inson, olim va davlat arbobi kabi xususiyatlarni haqqoniy aks ettirishga alohida e’tibor berdi va bu borada katta muvaffaqiyatga erishdi. Ulug‘bek obrazi aktyorning o‘zbek sahnasida o‘ynagan ko‘p ajoyib obrazlarining biri bo‘lib, u tomonidan yaratilgan Hamlet obrazi darajasida turadi.

Hamza teatri ijodiy jamoasi V.Shekspirning “Otello” tragediyasini qaytadan sahnalashtirmoqchi bo‘lib, Otello rolini Shukur Burhonovga berishni mo‘ljallanganda, u kishi rozi bo‘lmay, shunday degan ekan : “Abror akaning Otellosi xalq qalbiga singib ketgan. Hozir Otelloni o‘ynaganimdan ko‘ra yangi bir obraz yaratganim ming marta afzal. U Abror akaniki emas, meniki bo‘ladi”. Shundan keyin u Sofoklning “Shoh Edip”asaridagi Edip obrazini yaratishga kirishadi, o‘zining boy ijodiy tajribasi, barcha imkoniyatlarini ishga solib, bu rolni, aytish mumkinki, bemisl mahorat,cheksiz kuch-qudrat bilan gavdalantirdi. Bu obrazi bilan Shukur Burhonov betakror san’atkor, olmos iste’dod egasi ekanligini yana bir bora amalda ko‘rsatdi va u jahon teatrining yirik namoyandalari qatoridan o‘rin oldi.

Shukur Burhonovning ijodi falsafiy jihatdan boy va ko‘p qirralidir. U romantik, lirik xarakterli va satirik rollar ijrosida ham baravar mahorat ko‘rsatgan. Bu o‘rinda u yaratgan N. Gogolning “Revizor” komediyasidagi shahar hokimi rolini eslash kifoya. Aktyor psixologik va o‘tkir dramatik rollarni katta mahorat bilan ijro etishga juda usta edi. Chexovning “Vanya tog‘a”asaridagi Voyniskiy, Shteynning “Shaxsiy ish”pyesasidagi Xlebnikov obrazlari shunday obrazlardandir.

Shukur Burhonov kino san’atida ham samarali ijod etdi. U kinoda birinchi marta 1940 yilda suratga olingan “Asal” badiiy filmida Rustam rolini ijro etdi. 1945 yilda kinorejissyor Nabi G‘aniyevning “Tohir va Zuhra” filmini suratga oladi. Jahon ekranida keng shuhrat qozongan, yarim asrdan beri qadr-qimmatini yo‘qotmagan bu badiiy filmdagi Qora Botir roli aktyorga katta shuhrat keltirdi. Uni keng jamoatchilikka iqgidorli san’atkor sifatida tanitdi.

Aktyor “Uyqusiz yo‘l” filmida (1946) Rustam, “Boy ila xizmatchi”da ( 1950) G‘ofur, “Baxt yo‘li”da ( 1957) Karimov, “Ilya Muromes”da (1956) shoh Kalin, Abdulla Qahhor qissasi asosida suratga olingan “Sinchalak”da (1962) Qalandarov kabi obrazlarni yaratdi.

1964 yilda kinorejissyor Latif Fayziyev “Ulug‘bek yulduzi” filmini suratga oladi.Filmda Shukur Burhonov yaratgan Mirzo Ulug‘bek obrazi aktyorning kinodagi eng katta yutug‘i bo‘ldi. Keyinchalik, u Komil Yormatovning “Osiyo ustida bo‘ron” (1965 ) filmida Yalangto‘sh, “Vijdon amri bilan” (1966) filmida professor Mahmudov, “Inqilob chavandozlari”da (1968) Aznaur, “Vatan farzandlari”da haykaltarosh kabi yirik va murakkab rollarni ijro etdi.

Shukur Burhonov san’atda halol mehnat qildi. Xalqqa sidqidildan xizmat qilishdan charchamadi. Umrining oxirigacha sahna va ekranni tark etmadi. San’atkorning ijodiy faoliyati munosib taqdirlandi. Shukur Burhonovga “O‘zbekiston xalq artisti” faxriy unvoni berilgan. U O‘zbekiston Davlat mukofoti bilan taqdirlangan edi.

Mashhur kino va teatr aktyori, o‘zbek san’atining ulkan arbobi Shukur Burhonov 1987 yilda Toshkentda vafot etdi.

Betakror iste’dodi va o‘lmas ijodiy merosi bilan o‘zbek milliy madaniyatining rivojiga beqiyos hissa qo‘shganligi, butun hayotini el-yurt taraqqiyoti, xalqimiz ma’naviyatining yuksalishiga baxsh etganligi uchun u 2001 yilda “Buyuk xizmatlari uchun”ordeni bilan mukofotlandi.

09

(Tashriflar: umumiy 6 194, bugungi 1)

Izoh qoldiring