Xurshid Davron. Amir Temur pirlari (1995) & Temurnoma (1996). 12-qism. Sohibqiron pirlari

Ashampoo_Snap_2018.03.17_22h05m24s_008_.png  Эмишким, навбатдаги юришига отланган Амир Темур қўшинлари Муқаддас Бухоро кўчаларидан ўтаётганда, баланд бир девор устидан эски кийимлар силкиниб, қоқилаётган экан. Чангу тўзон навкарлар уст-бошига қўнар, бундан норози бўлган лашкарбошилар юқоридан туриб жуббаларни қоқаётган дарвешларни жеркиб, тўхтатмоқчи бўладилар. Бу воқеадан хабар топган Темур қўшинни орқага қайтаришни буюрибди, девор устидаги одамларга эса жуббаларни қаттиқроқ қоқишни тайинлабди. Қўшинлар чангу ғубор остидан қайтиб ўтар эканлар, Соҳибқирон «Ҳеч ким устига тушган ғуборни қоқиб тозаламасин», деб амр этибди. Ҳеч ким бу иш сабабини сўрашга ботинолмабди. Фақат кейинчалик, Рум султони Боязид билан бўлган зафардан сўнг, Амир Темурдан Бухорода бўлиб ўтган «Чанг воқеаси» сабаби сўралганда, Турон султони шундай дейди…(Мақола 1994 йил «Тафаккур» журналининг 1-сонида босилган)

Хуршид ДАВРОН
АМИР ТЕМУР ПИРЛАРИ
06

Пирсиз кирма жангоҳга ҳеч дам,
Искандари замон бўлсанг ҳам.

Махдуми Аъзам

033Шавкатли бобомиз Амир Темур шахси ҳақида сўз кетса, аксари Шарқу Ғарб тарихчилари кўпроқ ул зотнинг ҳукмдорлик салоҳияти, илми ҳарб ва жаҳонгирлик борасидаги мислсиз истеъдоди хусусида фикр юритишни маъқул кўради. Аслида, соҳибқирон бобомиз ҳар жиҳатдан замонасининг комил кишиси бўлиб, нафақат салтанат ва сиёсат бобида, балки инсоний муносабат, илм ва маънавият масаласида ҳам беқиёс фазилатлар соҳиби эди. Масалан, ҳазрат Алишер Навоий «Мажолисун нафоис» тазкирасининг еттинчи мажлисида жаҳонгирнинг буюк маънавияти, хусусан, сўз ва назмни ҳис этиш иқтидори ҳақида бундай ёзади: «…агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеда ўқибтурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтқонча бор».

Амир Темур маънавияти ва тафаккурига хос фазилатларни кейинча Оврупо алломалари ҳам бир қадар тан олди. Чунончи, француз муаррихи Альфонс де Ламартин бу хусусда бундай деб ёзади: «Амир Темур дин, тиббиёт, тарих, ҳуқуқ ва астрономия илмининг билимдони, кўп ўқиган, Осиёда энг кўп қўлланувчи уч тил — туркча, форсча ва арабчани ғоят мукаммал билган, зарофат ва қудрат ила ёзиш маҳоратини пухта эгаллаган бир ҳукмдор эди…Оврупо на Искандар, на Аттила ва на Масковияда зафар қучган янги фотиҳ  (Наполеон)  шахсиятида бундай юксак бир завқ ва иродани кўрган эмас». Рус тарихчиси Т.Грановский эса қатъий хитоб билан бундай дейди:»Темурнинг қаҳрли юрагида, айтиш жоизки, илм ва илм аҳлига илоҳий эъзозу эътибор яширин эди. У илму фанни, демакки, тафаккурни юксак мақомда тушунар эди. У олимлар билан эринмай суҳбат қурар, Шарқу Ғарбнинг тарихий ривоятларидан яхши хабардор, хусусан, астрономияни беҳад қадрлар, астрологиянинг эса асло хушламас эди».

Тарих сабоқларидан маълум, ёв асоратида қолган халқ озодлик курашига, аввало, маънавий жиҳатдан шайлана бошлайди. У озодлик ғоясини кўксида асраб-авайлаб, уни қудратли куч ва ҳаракатга айлантирадиган маънавий заминни топишга интилади. Мўғул яғмосига учраган туронликлар эркка бўлган интилиш ва иродасини тарбиялаган замин — тасаввуф ва унинг бир бўлаги саналмиш футувват — жўмардлик тариқати бўлди. Турон мулкида дунёга келган тўрт буюк сўфийлик тариқати: яссавиййа, хожагон-нақшбандиййа, кубравиййа, ҳакимиййа  (улар мўғул босқини арафасида шаклланиш жараёнига кирган эди) намояндалари фаолияти таъсирида халқ эътиқодини поклаб, маънан ўзидан тубан турувчи душманни қурол кучи билан енгишдан олдин руҳоний ғалабага эришди.

Бу ғалабанинг тарихий моҳияти нимада кўринади? Биламиз, мўғуллар, айниқса, Мовароуннаҳрни ўз улуси ўлароқ тасарруфига олган Чиғатойхон ислом динининг ашаддий душмани эди. Машҳур тарихчи Журжоний бу хусусда бундай деб ёзган эди: «Мўғул ҳукмдорлари орасида ҳеч ким унингчалик мусулмонларга душман бўлган эмас». Тасаввуф маърифати таъсирида эришилган маънавий ғалаба, аввало шуки, Чиғатой ўлимидан сўнг юз йил ўтар-ўтмас мўғул ҳукмдорлари исломни тан олди. Уларнинг аксарияти, жумладан, Баракахон, Маҳмуд Қозонхон, Кебекхон, Тармаширинхонлар кубравия, яссавия ва нақшбандия пешволари итоатига кириб, ислом динини қабул қилди.

Адабиётшунос Нажмиддин Комилов ёзганидек, «Бу даврда Хуросон, Эрон ва Мовароуннаҳр шайхлари муридларини мардлик ва фидойилик, саховат ва қаноат руҳида тарбиялаб, жавонмардликни тариқат шиорига айлантиришга киришганлар… Улар суфийнинг асосий фазилати элга наф келтириш, маърифат тарқатиш деб ҳисоблайдилар… Бу одамлар (сўфийлар) жамиятнинг тирик виждони эдилар, кишилар уларга қараб ҳушёр тортар, дунё беҳудлигидан ўзига келиб, қалбига, қилаётган ишларига разм солардилар». Демак, тасаввуф, бир жиҳатдан, жаҳолат ва зулмга (бинобарин, босқинчилик ва қулликка)  қарши жанг, инсоний эрк учун кураш эди. Буюк шайх Нажмиддин Кубронинг ёв қошида кўрсатган жасорати тасаввуф аҳлининг Ватан озодлигига қаратилган саъй-ҳаракатидан далолатдир.

Соҳибқирон Амир Темур тасаввуф моҳиятини жуда эрта англади. Гарчи у ёшлигида дарвешлик ҳавасига берилган бўлса-да, кейинча юртни эрксизликдан халос этмоқ учун жўмардлик ғояларидан фойдаланиш заруратини англаган, атрофига фидойи йигитларни тўплаб, юрт мустақиллиги учун жангга отланган эди. У бутун умри мобайнида даврининг улуғ мутасаввуфлари билан суҳбатдош бўлди, уларнинг панд-насиҳатлари, маънавий йўл-йўриқ ва кўмаклари шарофати ўлароқ миллий давлат асосларини яратди. Буюк жаҳонгирнинг тасаввуф аҳлига эътимоди унинг «Тузуклар»ида  ва бошқа бир қатор асарларда ҳам намоён бўлди. Ул зотнинг «Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим»; «Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди»; «Адолат ва инсоф билан тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим»; «Пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин»; «Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, душманлиги дўстликка айланди»; «Адоват эмас, адолат енгади»; «Куч — адолатдадир» каби ҳикматлари тасаввуфона моҳиятга эга. Соҳибқироннинг ўлим олдидан қилган васияти ҳам шундай оҳанг билан йўғрилган.

Ушбу бадиадан мақсад Соҳибқирон эътиқод қўйган ва унинг руҳиятини тарбиялаган пири комиллар ҳақида мухтасар маълумот беришдир. Илло, шу пайтгача биз улар хусусида ғоят кам нарса билар эдик. Ул зотлар тақдирини ўрганиш Амир Темур шахсияти ва фаолиятига хос хусусиятларни теранроқ тушунишга асос бўлиши шубҳасиз.

—————————

Соҳибқирон Амир Темур тасаввуф моҳиятини жуда эрта англади. Гарчи у ёшлигида дарвешлик ҳавасига берилган бўлса-да, кейинча юртни эрксизликдан халос этмоқ учун жўмардлик ғояларидан фойдаланиш заруратини англаган, атрофига фидойи йигитларни тўплаб, юрт мустақиллиги учун жангга отланган эди.

—————————-

ХОЖА ШАМСИДДИН КУЛОЛ

05   Хожа Шамсиддин Кулол XIV аср бошида Қашқадарё воҳасида таваллуд топган ва ёшликдан дарвешлик йўлини тутган. У устози Саййид Амир Кулол каби кулолчилик билан кун кечиргани боис «Кулол» лақабига эга бўлган. Ривоятларга кўра, у муқаддас ҳаж сафарига Қарши тарафдан чўлу биёбон кезиб, яёв борган экан. Ўшанда Ироқда замона шайхлари билан мулоқотда бўлиб, шомликларнинг муроқаба ўтириш, яъни бош эгиб тангри таолога илтижо-муножот этиш тариқини Мовароуннаҳр тасаввуф аҳлига ўргатган экан. Муҳаммад Боқирнинг «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» асаридан олинган мана бу ҳикоя шу хусусдадир. «Ҳазрати Хожамиз (Баҳоуддин Нақшбанд) Насафга борган эдилар. Шайх Шамсиддин Кулол ҳам ўша ерда эдилар. Шайх Хусрав ва Амир Некшоҳ пиёда Ҳазрати Хожа қошиға отландилар. Насафга етиб келгач, аввал Шайх Шамсуддин зиёратига бордилар… Шайх Шамсиддин Ҳазрати Хожадан шикоят бошлади ва бундай деди: «Ҳижоз сафарига бирга бориб келдим, Ироқдан муроқаба сифатини мен келтирдим, уни мана шу сифат билан тарбия қилдим ва илм ўргатдим. Энди эса амирлик ишларига аралашиб қолдим. Амирзода Абдуллоҳ (амир Қазағаннинг ўғли) ва ўзга бир кишиларга қўшилиб, вақтим бошқача бўлиб қолди. У мени тарбият қилмаяпти ва биродарчилик шафқатини жойига қўймаяпти. Шунча ишларга қарамасдан, менинг жойим бўлган Жуббага ижозатимсиз кириб, тасарруф қилишни бошлаб юборди».

Бу шикоятдан сўнг ул зот қуйидаги ҳикоятни сўзладилар: «Шайх Абусайид Абулхайр, қуддиса сирриҳу, Машҳаднинг Тусига кирмоқчи бўлдилар, шаҳарга яқинлашганларида хачирлари тўхтаб қолди ва илгари юрмади. Шайх фаросат билан англаб, бу шаҳарда Али Бабу номли авлиё борлигини билдилар. Бир кишини юбордилар ва киришга ижозат сўради. У авлиё-дарвеш, «Дам олиб айланишга ижозат бор, тасарруфга ижозат йўқ», деб жавоб қилди. Шунда Шайхнинг хачири йўлга тушди ва шаҳарга кирди, лекин тасарруф қилмади. Шаҳардан чиқар экан, кўзлари бир саватга тушди. Саватда қуш тухумлари бор эди. Бир нигоҳи уларга таъсир қилди ва ўша ондаёқ ҳар бир тухумдан жўжалар чиқди. Бунинг хабари Али Бабуга етди…»

Бу гапдан сўнг Шайх Хусрав ва Амир Некшоҳ Ҳазрати Хожа олдига келдилар, аммо ул зот уйда йўқ эди. Улар Хожа Юсуфга бу ҳикоят ва шикоятни сўзлаб бердилар. Хожа Юсуф:»Бизнинг баттол эшагимиз шаҳарга кириб келди, олдинга юра олди, уни ҳеч ким тўхтатолмади. Бизнинг хачиримизни ким тўхтата олар экан? Агар менинг олдимда шу гапни айтса эди, яхшилаб жавоб бериб қўярдим», деди. Шу гап устида Ҳазрати Хожамиз кириб келдилар ва «Нима ҳақда гапиряпсизлар?» деб сўрадилар. Унга Шайх Шамсиддиннинг шикояти хусусида гапириб бердилар. Шунда Хожа:»Аралашув нуқсонга сабаб бўлса, демак, ундан сақланмоқ лозим, шундагина аввалги муомалага етиш мумкин» дедилар.

Ривоятдан хулоса буки, Шайх Шамсиддин Хожа Баҳоуддин билан бир пайтда Саййид Амир Кулол мулозаматида бўлган. Улар бирга ҳажга бориб, бир-бирининг тарбияси билан шуғулланган. Ушбу парчадан яна шу нарсани фаҳмлаш мумкинки, Шайх Шамсиддин ва Амир Темур амир Қазағаннинг ўғли бўлмиш амир Абдуллоҳ ҳузурида бирга хизмат қилган.

Хожа Шамсуддин Кулол Амир Темурнинг отаси амир Муҳаммад Тарағайнинг ҳам пири эди.

Бир ривоятга кўра, Хожа Шамсиддин Амир Темурнинг таваллудини ва жаҳонгирлик саодатини олдиндан каромат қилган. Унда айтилишича, амир Тарағай бир туш кўради. Тушида унга шамшир берибдиларки, унинг шуъласидан бутун олам мунаввар бўлибди. Ўша ҳолда қўлидан чор тарафга фаввора янглиғ сув отилиб, ерни қоплабди. Бундан мутаассир бўлган амир дарҳол пири Хожа Шамсиддин ҳузурига келиб, тушини айтиб берибди. Хожа бир зум ўйга ботиб, бундай дебди:»Эй амир Тарағай, сенинг наслинг хонадони салтанат бўлғай ва ул салтанатни сендан туғилажак фарзанд тиклағай. Ул фарзанд оламни шамшир бирла забт айлагай ва замона, тобеълар ва халойиқ андин мамнун бўлғай».

Бошқа бир ривоятга кўра, Амир Темурнинг муборак исмини ҳам Хожа Шамсуддин қўйган. Бу хусусда «Таржимаи ҳол» асарида амир Тарағай тилидан айтилган ҳикоя мавжуд. Унда ёзилишича, амир Тарағай ақиқа маросими вақтида фарзандини хожа ҳузурига олиб борибди. Амир хонақоҳга кирган пайтда Шайх Шамсиддин Қуръони каримдан ушбу оятни ўқиётган экан: «Амантум ман фи-с-сама ан йуҳифа бикума-л арда фа иза ҳийа тамуру». Хожа шунда бош кўтариб айтибдики:»Эй амир, ушбу мукаррам оятдаги «тамуру» сўзи шарафига фарзандингга Темур исмини бердик!»

Учинчи бир ривоятга кўра, Амир Темур Сейистонда қўл-оёғидан яраланиб, кўп машаққатлар чекиб, бир ҳовуч навкари билан Мовароуннаҳрга қайтаётса, Хожа Шамсиддин унга пешвоз чиқиб, «Тез орада бутун Мовароуннаҳр илкингда бўлғусидир!» деб башорат қилади. Бу, тахминан, 1362 йилда юз беради. Тарихий маълумотларга қараганда, Амир Темур 1363 йили Пули Сангинда мўғуллар устидан ғалаба қозонгач, қадимий Кеш шаҳрига келиб, шайх Шамсиддин мозорини зиёрат қилади. Шунга кўра, Амир Темур хожаси деб таърифланган Шайх Шамсиддин Кулол, тахминан, ҳижрий 764 (мелодий 1362-1363 йиллар) йилда вафот қилган. Яна бир мақолада Шайх Шамсиддин Кулол Амир Темур Мовороуннаҳр тахтига ўтирганиидан етти ой ўтгач, 1370 йил 28 ноябрда оламдан кўз юмган деган маълумотни ўқиганман.  Хожа билан Амир Темурнинг отаси амир Тарағайнинг қабри Шаҳрисабздаги Дорут-Тиловат хонақоҳида ёнма-ён жойлашган.

————————

Жуда узоқ йиллар Сайид Амир Кулол билан Шамсиддин Кулолни бир шахс деган нотўғри маълумот амалда бўлганини айтиб ўтиш керак. Хусусан, Василий Бартольд Саййид Амир Кулол ва Шамсиддин Кулолни бир шахс деб хато қилган. Вадим Массон ва Галина Пугаченкова каби олимлар ҳам, ҳатто таниқли олим, академик  Бўрибой Аҳмедов ҳам «Темур тузуклари»нинг илк нашрида бу хато маълумотни такрорлаган. Ўшанда мен адабиёт газетасида  эълон қилинган мақоламда бу хатоликка диққатни қаратган эдим.

——————————

САЙЙИД АМИР КУЛОЛ

08   Саййид Амир Кулол 1305 йилда Бухоро шаҳрига яқин Сухор қишлоғида туғилган. Хожагон-Нақшбандия тариқатининг бу буюк сиймоси кулолчилик билан шуғулланган. Унинг маъракаларда кураш тушиш одати ҳам бўлган. Шундай маъракаларнинг бирида тариқат пешвоси бўлмиш Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий иштирок этиб, Саййид Амир Кулолни танимаган ҳолда:»Бу маъракада бир киши борким, кишилар анинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб, камолга етгайлар. Биз шу мардни кутиб турибмиз, зеро, унинг парвози ғоят баланд, мақоми ҳам олийдир», деган. Шу аснода Амир Кулол ҳазратларининг назари баногоҳ Бобойи Самосийга тушиб, қалби Ҳазрати Бобо меҳрига банд бўлган ва ўша кундан эътиборан унинг итоатига кирган. Яна нақл этадиларки, замонасининг улуғларидан бўлган Ҳазрат Саййид Ато билан Ҳазрат Амир Кулол оталари суҳбатдош бўлиб, Саййид Ато дўстига тез орада буюк фарзанд кўришини олдиндан башорат қилган экан.

Бобойи Самосий иотатига кирган Амир Кулол илоҳиёт, фикҳ, ботиний ва зоҳирий илмларни мукаммал ўрганиб, йигирма йил устоз мулозаматида бўлади. Кейинчалик Насаф — Қарши шаҳрига бориб, ўз ҳонақосини тиклайди. Умрининг охирларида эса Бухорога қайтиб, она қишлоғи Сухорда ҳам хонақоҳ қуради.

Ривоят қилишларича, Саййид Амир Кулолнинг 114 халифаси бўлган. Унинг тўрт ўғли — Амир Бурҳон, Амир Ҳамза, Амир Шоҳ, Амир Умар ҳам замонасининг етук ва комил кишилардан экан. Амир Кулол тариқат амалига кўра, ўзига тўрт халифа тайёрлаган ва фарзандларининг тарбиясини уларга топширган. «Мақомоти Мир Кулол» асарида бундай ёзилган: «(Амир Кулолнинг)  тўрт халифаси — хулафои арбаъни машҳур эди. Амир Кулол ҳазратлари катта ўғиллари Амир Бурҳонни шу тўрт халифаларидан бири Ҳазрат Баҳоуддинга, иккинчи ўғиллари Амир Шоҳни Ҳазрат Шайх Ёдгорга, учинчи ўғиллари Амир Ҳамзани Мавлоно Ориф Деггаронийга ва тўртинчи ўғиллари Амир Умарни Мавлоно Жамолиддин Деҳаи Осиёга топширдилар. Амир Кулол мудом, «Бу менинг бурҳоним» (ҳужжатим)дур!» деб фаҳрланиб юрадиган тўнғич ўғлини буюк шогирди Хожа Баҳоуддин Нақшбандга топширар экан, «Устоз юзини (яъни камолини) ойнада эмас, балким шогирдида кўрсин!» деб хитоб қилган.

Амир Темур Амир Кулол билан, тахминан, 1363 йилда танишади. Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхоннинг Мовароуннаҳрга қилган иккинчи юриши пайтида унинг хизматига кирган Амир Темур хоннинг марҳамати ва узоқнинг кўзлаб юритган сиёсати туфайли дастлаб вазирлик мансабини эгаллайди. Аммо босқинчиларнинг туб ерлик аҳолига кўрсатаётган жабр-зулмини кўрган Темурбек қалбида норозилик пайдо бўлади. Хон бундан хабар топиб, уни ўлимга буюради, аммо ёш саркарда душман таъқибидан яширинади. У атрофига одам тўплаб, босқинчига қарши курашиш режасини туза бошлайди. Бу ҳақда «Тузуклар» да бундай дейилган: «…Жанги жадал байроғини кўтариб, (кўчманчи) ўзбеклар устига лашкар тортишга қарор қилдим ва мазлумлар ҳақини золимлардан олмоқчи бўлдим. Лекин бир неча разил кишилар бу сирни фош қилиб қўйдилар. (Шундай кейин)  ўйланиб қолдим, мабодо Самарқанд шаҳри ичида ўзбекларга қарши уруш бошласам-у, бироқ Мовароуннаҳр аҳли (жанг қилишдан) бош тортса-чи? Унда нима бўлади? Шундай бўлгач, яхшиси, шаҳардан чиқиб, Самарқанд тоғларидан паноҳ топай, токи менга қўшилишни истаганлар ҳузуримга келсин. Шунда мен катта сипоҳ тўплаб, ўзбекларга қарши жанги жадални бошлагайман», деб қарор қилдим. Самарқанддан чиққанимда олтмиш отлиқдан бошқа бир киши ҳам менга эргашмади. Шундан билдимки, ўйлаган кенгашим хато бўлмаган экан  (Бу парчага изоҳ: бу ўринда ўзбеклар деганда Амир Темур Олтин Ўрдага тобе кўчманчи ўзбекларни назарда тутмоқда. Ўша пайтда  қудратли ягона давлат қуришга  ва Турклик мақомининг юксалтиришга бел боғлаган  Амир Темур турк қавми бўлмиш ўзбекларни душман деб эмас, рақиб сифатида кўрган. Уларни тобе этиш билан ўз давлати таркибида бўлишини истаган.).

Ўша тоғда бир ҳафтача кутиб ётдим, лоақал бир киши ҳам бизга келиб қўшилмади… Отланиб, Амир Кулолнинг ҳузурларига бордим. Ул зот менга Хоразм сафарини маслаҳат бердилар. Агар ўзбеклар устидан ғалаба қозонсам, Самарқанднинг бир йиллик хирожини ул ҳазратга назр қилишга қарор қилдим. Улар менга зафар тилаб фотиҳа ўқигач, кетишимга рухсат бердилар. Саййид Амир Кулолнинг хизматларидан чиққанимда менга ҳаммаси бўлиб олтмиш отлиқ ҳамроҳлик қилар эди.

«Мақомоти Мир Кулол» асарида бу учрашув қуйидагича тасвирланади:»Нақл қилурларки, бир кун Ҳазрат Амир (Кулол)  жума номозини Бухоро шаҳридаги масжидда ўқиб, уйлари томон йўл олдилар. Шаҳардаги Гулобод ва Фатҳобод мавзелари орасидаги сабзазорда бир гуруҳ кишилар ўтириб, дарвешлар мақомоти ва авлиёлар каромати ҳақида суҳбатлашар эди. Бу жамоа орасида Амир Темур ҳам ҳозир эди. Унинг нигоҳи дарвешларга тушиб, «Булар ким?» деб сўрабди. Орадан бир одам: «Ўтиб кетаётган зоти шариф Ҳазрат Амир Кулол, атрофдагилар эса ҳазратнинг муридларидир», деб жавоб берибди. Амир Темур шу зумдаёқ боди сарсари (шамол) янглиғ елиб, Ҳазрат Амир Кулол рўбарўсига келибди ва ниёзмандлик билан бунда дебди: «Эй дин бузругвори ва эй яқин аҳлининг ҳумойи, Сизнинг карамингиздан умидвор бўлиб илтимос қиламан, менга бир хизмат буюрсангиз, токи дарвешлар хотирин хушнуд этай». Ҳазрат Амир Кулол:»Дарвешлар сухани махфийдур. Шуни билингки, менга ўз-ўзимча бировга хизмат буюриш ҳуқуқи берилмаган. Азизлар руҳониятидан ишорат бўлсагина топшириқ берилур. Жаддимиз ҳам ўз-ўзича сухан демаган. Сиз интизор бўлиб кутинг, зеро, йўлингизда улуғ равшанлик кўряпман. Сизга албатта яхшилик хабари бордир», деб эдилар.

Ҳазрат Амир Кулол уйларига келиб, хилватхонага кирибди ва хуфтон намозида машойихлар руҳониятидан Оллоҳ таоло амри ила хабар келибди. Амир Кулол Шайх Мансур исмли дарвешга бундай деб буюрибдилар: «Тезда бориб Амир Темурга айт, агар ўтирган бўлса, ўрнидан турсин, агар турган бўлса, қайтиб ўтирмасин! Зеро, покиза машойихлар арвоҳи мана бундай ишорат этадилар: бутун мамлакат бошдан-оёқ Амир Темур ва унинг фарзандларига берилур. Хоразм тасарруфига кирганидан кейин Самарқандга борсин».

Шайх Мансур интизорлик билан кутиб ўтирган Амир Темурга хабарни етказибди. Ул зот дарҳол йўлга отланибдилар. Андак фурсат ўтиб, (Туғлуқ Темурхон юборган) бир гуруҳ кишилар Амир Темур чодирини ўраб олибди, лекин у гўшадан ҳеч зотни топа олмабди.

Оллоҳ таоло марҳамати ила Амир Темур Хоразмни тасарруфига киритиб, ғолибу музаффар бўлиб, Самарқандга келибди ва бу шариф кентда сокин бўлибди. Кун сайин, соат сайин буюк зотнинг ишлари ривож топа бошлабди.

Муддат ўтиб, мамлакат тожу тахтига эришган Амир Темур одаб юбориб, Амир Кулолни Самарқандга чорлайди. Умрининг сўнгги дамларини яшаётганидан яхши хабардор бўлган кекса пир чопарга узрини айтиб, «Биз бу ерда дуо билан машғулмиз ва бошқа жойга бормоққа ижозат йўқ», дейди. Кейин эса кенжа ўғли Амир Умарни қошларига чорлаб, уни Соҳибқирон даргоҳига юборади. Ҳазрат йўлга отланган ўғлига бундай деб насиҳат қилади:»Эй фарзанд, Амир Темурга айтингким, агар Оллоҳ таоло даргоҳидан умидвор бўлсангиз, тақво ва адолатни рўзғорингизга шиор айланг! Огоҳ бўлинг, ўғлим, Амир Темур сизга кўп назру ниёз бермоқчи бўлади. Зинҳор уларни олманг. Мабодо олсангиз, қайтиб ҳузуримга оёқ босманг. Назру ниёз олмоқ жаддингиз равишларига зиддур. Зеро, дарвешлар мудом мўъминлар дуоси бирла машғул бўлишлари керак. Агар дунёга майл кўрсатсалар, агар дуолари ҳижоб (парда) ичра қолур, ижобат бўлмас».

Амир Темур пири муршидининг фарзандини иззат-икром билан кутиб олиб, унга назру ниёзлар қилмоқчи бўлади. Аммо Амир Умар ҳеч вақо олмайди. Ниҳоят, Амир Темур бундай деб сўрадилар: «Ҳазратга нимани совға қилиб юборсакки, ул зоти шарифга муносиб бўлсин ва бизни ул зоти боборакотга яқин этсин». Бу гапларни эшитиб, Амир Умар: «Падари бузрукворим дедиларки, Амир Темур аҳуллоҳ (Оллоҳга яқин кишилар) дилидан жой олмоқчи бўлсалар тақво ва адолатни шиор этсин, Оллоҳ таолога яқинлашишнинг йўли шудир», деб жавоб бердилар.

Амир Умарнинг кейинги тақдири ҳақида «Самария» асари бундай шаҳодат беради: «Саййид Умар — Баҳоуддин Нақшбанднинг пири бўлган Ҳазрат Саййид Амир Кулолнинг кенжа ўғлидир. Дерларким, у Амир Темур замонида Самарқандда муҳтасиблик мансабида эди. Ҳижрий 803, мелодий 1400 йилда ўлди… Файзли мозори шаҳарнинг жанубида, шаҳарга туташган Қавола маҳалласидаги ариқнинг ёқасида, чинор остидадир. Кейин у кишининг муборак жасадини Амир Темур даҳмасига келтирганлар. Даҳманинг қибла тарафидаги қабр у кишининг эканлиги тайин қилингандир. Аммо Қавола мавзесидаги чинор остини у кишининг қадамжойи деб эътиқод қиладилар».

«Шайхул шуюх», «Султонул тариқа», «Бурҳонул ҳақиқат», «Ҳазрат борифъат», «Шарафул мустаффвил», «Зайнул ворисун вал муҳаққиқин» каби фахрли унвонлар эгаси Саййид Амир Кулол ҳижрий 772 йил жумадил аввал ойининг саккизинчи куни, пайшанба эрталаб, мелодий 1370 йилда оламдан ўтадилар. Ҳазратнинг васиятига асосан, Мавлоно Ориф Деггароний билан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ул зоти шарифнинг муборак жасадларини тупроққа қўядилар.

Жуда узоқ йиллар Сайид Амир Кулол билан Шамсиддин Кулолни бир шахс деган нотўғри маълумот амалда бўлганини айтиб ўтиш керак. Хусусан, Василий Бартольд Саййид Амир Кулол ва Шамсиддин Кулолни бир шахс деб хато қилган. Вадим Массон ва Галина Пугаченкова каби олимлар ҳам, ҳатто таниқли олим, академик  Бўрибой Аҳмедов ҳам «Темур тузуклари»нинг илк нашрида бу хато маълумотни такрорлаган. Ўшанда мен адабиёт газетасида  эълон қилинган мақоламда бу хатоликка диққатни қаратган эдим.

————————-

Ҳазрат йўлга отланган ўғлига бундай деб насиҳат қилади:»Эй фарзанд, Амир Темурга айтингким, агар Оллоҳ таоло даргоҳидан умидвор бўлсангиз, тақво ва адолатни рўзғорингизга шиор айланг! Огоҳ бўлинг, ўғлим, Амир Темур сизга кўп назру ниёз бермоқчи бўлади. Зинҳор уларни олманг. Мабодо олсангиз, қайтиб ҳузуримга оёқ босманг.

————————

МАВЛОНО ЗАЙНУДДИН АБУБАКР ТАЁБОДИЙ

05Навқиронлик палласидаёқ Темурбекнинг фаҳму фаросатининг қат-қатидан пири Зайнуддин Тайободий тилидан айтилган “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда турилмайди” ҳикмати жой олди. Бу ҳикматни қуруқ шиор эмас, амалий фаолият учун асос деб билган Амир Темур салтанат муҳрини «Куч адолатдадур» битиги билан зийнатлади ва салтанат адолатли бўлиши учун раият — халқ аҳволидан огоҳ бўлди, золимларнинг тажовузли қўлини мазлумлар этагидан юлиб ташлади, улуғларни оға, кичикларни фарзанд қаторида кўрди. Адолат барқарор бўлиши учун у энг аввало қонунлар ҳукмронлигини ўрнатишни бош мақсад деб билди.

* * *

Шайхулислом, мавлоно Зайнуддин Абубакр Таёбодий Ҳирот яқинидаги Таёбод қишлоғида дунёга келган. Ҳазрат Мир Алишер Навоий ул зоти шариф хусусида «Насойимул муҳаббат» асарида бундай маълумот берадилар:»Мавлоно Зайнуддин Абубакр — мавлоно Низомуддин Ҳиравийнинг шогирдидур. Аммо шариат мутобаати варзиши била ботин улуми абвоби анинг юзига очилибтур ва билҳақиқат увайсий эрмиш ва тарбият ҳазрати шайхулислом Аҳмади Жом (Буюк адиб ва шоир, мутасаввуф Абу Наср бин Абул-Ҳасан ан-Намиқи ал-Жомий) Зинда пил (мелодий 1049-1142 йилларда яшаган) руҳидин топибтур ва дерларки, мавлоно муддатлар риёзат ва мужоҳидот била ўткаргандин сўнгра ҳазрати шайх мавлоноға зоҳир бўлиб дебтурларки: «Сенинг дардингнинг давосини Ҳақ таоло бизнинг шифохонада қуюбтур». Андин сўнгра мавлоно етти йилғача яёғ, кўпрак аёғяланг Таёбоддин Жомға борур эрмиш ва Қуръон тиловатиға машғул бўлур эрмишлар ва ўттуз йилдан сўнграки, бу тарийқ била сулук қилибтур, минг Қуръон хатмидин сўнгра ҳазрати шайх руҳониятидин ишорат анга бўлубтурки, Машҳад зиёрати иҳроми боғлади ва ул равза остонбўслиғига мушарраф бўлғонидин сўнгра хилъатлар ва навозишлар топти. Андин Тус мозороти тавофиға мутаважжиҳ бўлди.

Кеча Шайх Абу Наср Сирож мозори бошиғаки, Туснинг қироғидадур, иҳё қилди ва ҳазрати Рисолатға мушарраф бўлди ва ҳукм топтиким, тонгла Тусқа кирсанг, урён дарвеше санга йўлиқғусидур. Яхши таъзим қил, аммо сужуд (сажда)  қилма.

Тонг Тусға киргач, Бобо Маҳмуд Тусийки, мажзуб эрди, ҳазрат буюрғон йўсун била келадур эрди, йўлуқти, чун мавлонони кўрди ва ўзин туфроққа солди ва бошин кийгизга тортти ва мавлононинг қошиға келди. Бир замон аёғ устида турди. Бир замондин сўнгра аёғин кийгиздин чиқардию қўпти ва ўз-ўзи била дер эдики: «Эй адабсиз, биррав таъзим қилмассенки, кеча Ҳазрати Рисолат Абу Наср Сирож мозори бошида анинг била мулоқот қилди ва ани санга нишон берди ва осмон фаришталари андин уёлурлар». Мавлоно Бобоға салом қилди ва Бобо жавоб берди ва буюрдики:»Рудбор авлиё ва машойихи санга мунтазирдурлар».

Амир Темур билан Мавлоно Зайнуддин жуда кўп бор учрашиб суҳбатлашганлар. «Таржимаи ҳол» асаридаги ривоятлардан бирида ҳазрат Амир Темур тилидан бу икки зот тақдирида муҳим ўрин тутган учрашув хусусида ҳикоя қилинади: «Мен йигирма бир ёшга тўлганимда саёҳат қилмоқчи бўлдим. Лекин аввал Шайх Зайнуддин Абу Бакр Таёбодийдан дуои фотиҳа олмоқни ният этдим. Шайх саёҳатимга дуои фотиҳа бериб, белимга камар боғлаб, бошимга кулоҳ кийгизди ва менга бир чиғаноқ узук тортиқ қилди; унинг кўзида «Рости-русти» деб ёзилган эдики, унинг маъноси  «ҳаққонийлик ва одиллик ҳар қандай балодан халос қилади» демакдир. Шайх менга муваффақият ва саёҳатимга омад тилади ҳамда мен ҳақимда мана бу самимий сўзларни айтди:»Дунёда бир одам бор, у сени ҳар ишда қўллайди, сени пайғамбарнинг ноиби деб атайди. Алҳол сен уни кўра олмайсан, лекин шундай фурсат келадики, унинг ўзи сенга бахт тўла назар билан қарайди».

Амир Темур билан шайхнинг илк учрашуви олдинроқ, тахминан, 1357-1359 йилларда юз берган. Бу тахминни «Тузуклар»да тасвир этилган Жета-Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхоннинг 1360 йилда Мовароуннаҳрга қилган босқини билан боғлиқ воқеалар мантиқи тасдиқлайди. Чунончи, бу хусусда ҳазрат Амир Темур бундай ҳикоя қилади: «Чингизхоннинг набираси Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳр мулкини босиб олиш қасдида қўшин тортиб, Хўжанд суви (Сирдарё)ни кечиб ўтгач, менга, амир Ҳожи барлос ва амир Боязид жалойир номига ёрлиқ жўнатиб, унинг ҳузурига боришимизни талаб қилган эди. Улар мен билан кенгашдилар. Ўз эл-улуслари билан Хуросонга кетиш ёки Туғлуқ Темурхон қошига бориш ҳақида маслаҳат сўрадилар. Мен уларга бундай йўл кўрсатдим: «Туғлуқ Темурхоннинг ҳузурига борсангиз, икки фойда, бир зиён бордир. Хуросон томонга ўтиб кетишнинг икки зиёни, бир фойдаси бордир, дедим. Улар менинг кенгашимга кирмай, Хуросон томон кетдилар. Мен ҳам Хуросонга ёки бўлмаса Туғлуқ Темурхоннинг олдига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пирим (Таёбодий)дан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: «Тўртинчи халифа (Ҳазрати Али ибн Абу Толибдан), унга тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, «Осмон — камон, ер — камон ипи, ҳодисалар ва офату-кулфатлар эса ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи — Оллойи таоло бўлса, унинг қудрати яна ҳам улуғ бўлсин, одамлар қаерга ҳам қочсинлар!» дебдилар. Халифа жавоб қилиб, “Одамлар Тангрининг қошига қочсинлар”, дебдилар. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ Темурхоннинг олдига қочгил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олгил». Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ Темурхон қошиға боришга аҳд қилдим».

Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳр ҳокимиятин ўғли Илёсхўжага бериб, Амир Темурни лашкарнинг бош амири этиб тайинлайди. Орадан кўп вақт ўтмай, Илёсхўжа билан Темур ўртасида низо тушади. Зеро, жеталикларнинг маҳаллий халққа бўлган зулми кунма-кун ошиб борар, Илёсхўжа эса бош амирнинг бу номаъқулликларга барҳам бериш ҳақидаги илтимосларига қулоқ осмайди. Ниҳоят, мўғулларнинг пайғамбар авлодлари бўлмиш етмишта саййидни асир қилиб олиб кетишлари Амир Темур ҳазратларининг сабр косасини тўлдириб юборади ва ул зот жанг қилиб, асирларни озод этади. Кейин буюк саркарда бўлган воқеалар хусусида пирига мактуб йўллайди. Кўп ўтмай, Мавлоно Таёбодий жавоб ёзиб, Амир Темур кўнглини кўтаради. Мактубда Сабук Тегиннинг онаси — бир кийикни ўлимдан сақлаб қолгани туфайли тангри иноятига эришган аёл ҳақида ҳикоя ҳам битилган эди. «Бу аёл фақат бир кийикни ўлимдан сақлаган эди, — деб ёзган эди Мавлоно Таёбодий, — сен эсанг, етмишта саййидни асирликдан қутқардинг. Энди ишонавергин. Бундай буюк ишинг учун келажакда сени улуғ мукофотлар кутади».

Амир Темур билан мўғуллар ўртасидаги адоват кучайиб боради, ниҳоят, Туғлуқ Темурхон ўғли ва бошқаларнинг даъвати остида ёш амирни қатл этиш ҳақида ёрлиқ жўнатади. Кейинги воқеалар ҳақида жаҳонгирнинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Шу (қатл хусусидаги буйруқдан огоҳ бўлганим) туфайли авлиё Амир (Саййид) Кулол менга тезда Хоразмга кетишни маслаҳат берди, душманнинг беҳад зиёда кучларига бас келиш имкони бўлмай қолса, ҳар доим чап бериш ва беркиниш керак», деди Амир Кулол…

Кетишимдан аввал Шайх Зайнуддин Абу Бакр Таёбодийга мактуб ёздим ва 764 (мелодий 1363-1364)  йилда олтмиш отлиқ билан Самарқанддан Хоразм тарафга кетдим. Йўлда шайхдан бундай жавоб олдим: «Темур! Тўрт сифатни ўзлаштириб ол: ҳар қандай ишни тангрининг исми ва марҳамати билан бошла. Иккинчидан, ўз ишларингда Иброҳим алайҳиссаломдан ибрат ол; кўз-қулоқ бўлиб кузатиб юр, токи сенга тобе ерларда маишатбозликка ёки оғир жиноятга йўл қўйма. Тиришқоқликда лайлакдан устун бўл. Бир лайлак уясида қарға боласини кўради. Уч кун давомида лайлак унга ҳеч аҳамият бермайди, тўртинчи куни эса тўрт юзта лайлак учиб келиб, унинг уясида қарғани  кўргани учун уя эгасини чўқиб ўлдиради. Учинчидан, ҳар қандай ишни, пайғамбаримиз сингари, одамлар билан маслаҳатлашиб бошла. Ҳар не ишни биров билан маслаҳатлашмай, ўзбошимчалик билан амалга оширган ҳокимлар бўлган. Лекин уларнинг салтанати узоққа чўзилмаган. Тўртинчидан, чорёр халифалардан ибрат ол; жасур, ғамхўр ва сахий бўл; ҳар бир ишни ғоят эътибор бериб бажар, токи қушлар ҳаракати сенга ибрат бўлсин, улар жўжа очадиган тухумни беҳад диққат ва эътибор билар ёрадилар».

Ривоятларга кўра, ҳижрий 780 (мелодий 1378-1379) йилда Малик Ғиёсиддин Пир Али Ҳирот атрофида янги девор тиклай бошлаганида, шайхулислом Зайнуддин Таёбодий унга мактуб йўллаб, «Одамларни қийнама, бўлажак офатларни девор тиклаб тўсолмайсан, ундан кўра адолатни тикла», деб панд-насиҳат қилади. Малик Ғиёсиддин эса унга «Давлат ишларига аралашманг, имомлик қилаверинг!» деб жавоб беради. Бундан қаттиқ ранжиган шайхулислом ўша куниёқ мозорда тоат-ибодат билан машғул бўлиб, Малик мулки яқин орада Амир Темур тасарруфига ўтажагини каромат қилади.

Фасеҳ Хавофийнинг ёзишича, ҳижрий 782(мелодий 1380-1381) йилда Хуросонни забт этишга отланган Амир Темур Таёбодга — мавлоно Тоёбодий зиёратига келади. Улар узоқ суҳбатлашадилар. Шайхулислом Амир Темурга насиҳат қилиб, Ҳиротни олиш пайтида шаҳарни ғорат қилмаслик ва аҳолига зулм ўтказмасликни сўрайди. Шунда Амир Темур:»Нега сиз Малик Ғиёсиддинга панд-насиҳат қилиб, тўғри йўлга солмадингиз?» деб сўрайди. Шайхулислом бундай дейди: «Мен Маликка кўп ўгит айтдим, аммо у қулоқ солмади. Оқибатда у хор, сен эса зўр бўлдинг. Энди мен сенга ўгит айтаман, мабодо қулоқ осмасанг, сен ҳам хор бўлажаксан!» Шавкатли саркарда шайхулислом даргоҳидан чиқар экан, ҳамроҳларига қарата:»Биз алҳол Ҳиротни забт этдик, илло улуғ пиримизнинг муборак каломлари Ҳирот аҳлининг хоҳишидан далолатдир» дея хитоб қилади.

«Тузуклар»да Амир Темурга мавлоно Зайнуддин битган жуда кўп мактуб қайд этилган. Улар асосан Соҳибқироннинг маслаҳат сўраб ёзган хатларига жавоб бўлиб, Амир Темурнинг давлатчилик сиёсатини белгилашда ғоят муҳим ўрин тутади. Келинг, ана шундай хатлардан бири таъсирида Амир Темур тафаккурида юз берган ўзгаришга, диққат қилайлик.

“…Билдимки, — деб ёзади Соҳибқирон ўз тузукларида, — давлат агар қоида-тартиб асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса назарини олиб қочади ёхуд касу нокас тап тортмай кириб-чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди”.

«Тузуклар»да яна бундай ёзилади:»Салтанатнинг мартаба тузукини қуйидагиларга таяниб туздим.

Биринчидан, салтанатим қонун-қоидаларини ислом дини ва кишиларнинг энг хайрлиси  (Ҳазрати Муҳаммад)нинг шариатига боғлаб, иззату ҳурматлаш вожиб бўлган онҳазратнинг авлоди ва саҳобаларига муҳаббат билдирган ҳолда уларни мустаҳкамладим. Салтанатим мартабасини қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, унинг ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди.

Иккинчидан, сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим. Дўст-душманни муросаю-мадора мартабасида тутдим. Қилмишларини, айтган гапларини гоҳида сабр-тоқат, гоҳида билиб-билмасликка олиш билан ўтказдим. Дўст-душмандан ким менга илтижо қилиб кетгудек бўлса, дўстларга шундай муносабатда бўлдимки, душманлиги дўстликка айланди. Менда бирон кимсанинг ҳақи бўлса, ҳақини ҳеч вақт унутмадим. Бирон кимса билан танишган бўлсам, уни ҳеч вақт назаримдан четда қолдирмадим.

Давлатим ва салтанатим қуёши кўтарилиб келаётган вақтда менга илтижо қилиб келган маккор ва бадкирдор одамлар, хоҳ менга яхшилик қилган бўлсин, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан ҳижолатга қўйдим. Менга қилган ёмонликларини қилмагандек кўриб, уларни ёмон қилмишлари дафтари устига авф қаламини тортдим.

Учинчидан, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни парвардигори оламга топширдим. Иш кўрган, синалган, шижоатли эр-йигитларни қошимда тутдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим.

Тўртинчидан, очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим.

Шундай пайтда пиримдан хат келди. Улар: «Буюк зафарлар соҳиби Темурга, Оллоҳ уни ҳамиша қўлласин, маълум бўлсинким, (унинг) салтанати корхонаси тангри таоло корхонасининг бир (кичик)  нусхасидирки, унда турли мансабдаги ходим ва хизматкорлар (амале ва фаъле), ноиблар, эшик оғалари бордир, уларнинг ҳар бири мартабасига яраша ўз юмуши билан машғулдир, ҳеч бири ўз мартабасидан четга чиқмайди ва доимо Оллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб туради. Шундай бўлгач, сен ҳамиша ҳушёр ва эҳтиёткор бўлгин, токи вазирлар, лашкарбошилар, амалдорлар, иш бошқарувчилар, сипоҳсолорлардан ҳеч бири ўз мартабаси чегарасидан чиқмасин ва доимо сенинг ҳукмингга мунтазир бўлиб турсин. Ҳар тоифа ва ҳар қавмни ўз мартабаларида тутгинки, салтанатнинг низомига келиб, давлат интизомига киргай. Агар ҳар нарсани ва ҳар кимни ўз мартабасида сақлай олмасанг, салтанатингга бундан кўп халал ва зиён етгай. Демак, ҳар кимнинг қадр-қийматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак. (Ҳазрати)  Муҳаммад авлодидан бўлганларнинг мартабасини бошқалардан юқори кўтариб, уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйгил. Уларга қанча муҳаббат билдирсанг ҳам, уни исроф деб ўйлама, чунки қайси иш худо йўлида бўлса, унда исроф йўқдир. Ўн икки тоифа билан давлатингга зийнат бериб, шулар билан салтанат қургил. Вассалом» деб ёзибдилар.

Пиримнинг ушбу хати менга етишгач, унда буюрилган ҳар бир нарсани бажо келтирдим. Давлатим ишларини қонун-қоида ва интизомга солиб, салтанатим мартабасига зебу-зийнат бердим. Салтанатимни ўн икки тоифага бўлиб, уларга таянган ҳолда иш юргиздим. Мамлакатим қонун-қоидаларини ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим. Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим».

Мавлоно Зайнуддин Абу Бакр Таёбодий замонасининг машҳур ва донишманд кишиси эди. Фақат Амир Темур каби улуғ соҳиби салтанатларгина эмас, ўша даврнинг етук алломалари, тариқат пешволари ҳам, ул зот суҳбатига интизор эди. Ҳазрат Алишер Навоий «Насойимул муҳаббат» асарида Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор каби авлиё боболаримиз Шайх Зайнуддин суҳбатида бўлганини қайд этганлар. Ул ҳазрат бир ўринда жумладан бундай ёзадилар: «… Хожа Муҳаммад Порсо ҳазратлари сўнгги қатла ҳажга борурда (яъни ҳижрий 820-мелодий 1417-1418 йилда)  мавлоно мозорига келган экандурлар. Дер эмишки: «Аввал қатла ҳожам бузургвор Ҳазрати Ҳожа Баҳоуддин била Маккага бордуқ. Бухородин Марвга етгонда қофила икки фариқ бўлдилар ва баъзи Машҳад сори майл қилдилар ва баъзи Ҳирот сори мутаважжиҳ бўлдилар. Бу булжор билаки, Нишопурда бир-бириға қўшулғайлар. Ҳазрати Хожаи бузругвор Ҳирий сори мойил бўлдилар ва буюрдиларки, «Тиларбизки, Мавлоно Зайнуддин Абу Бакр Таёбодий суҳбатига етгайбиз». Мен йигит эрдим ва мавлоно аҳволидин хабарим йўқ эрди ва Машҳад сори бордим». Ва Хожа Муҳаммад Порсо бу маънидин таассуф ер, надомат изҳори қилур эрмишлар.

Дебтурларки: «Чун Ҳазрати Хожам Бузругвор Таёбодийға етти ва сабоҳ намозин мавлоно била қилдилар ва намоздин фориғ булғондин сўнгра бурунғи сифатида муроқабаға ўз тарийқлари била машғул бўлдилар ва мавлоно авродни тугатгандин сўнгра алар қошиға келиб кўрушубтур ва отларин сўрубтур. Алар дебтурларки:»Баҳоуддин». Мавлоно дебтурки:»Бизнинг учун бир нақш боғланг». Алар (Баҳоуддин) дебтурки:»Келиббизки, нақше элтгайбиз». Ва мавлоно ҳазратлари аларни уйларига элтибтурлар ва икки-уч кун суҳбат тутубтурлар ва хайрбод қилиб, Нишопурда қофилаға қўшубтурлар».

Мавлоно Таёбодий билан бўлган учрашув Хожа Баҳоуддин Нақшбанд хотирасида қолганини Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир қаламиға мансуб «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» китобидан билиш мумкин. Муаллифнинг қайд этишича, Хожа Нақшбанд Мавлоно Зайнуддинни тез-тез эслаб турар ва бир гал бундай деган эканлар: «Мавлоно Зайнуддин Таёбодий, қуддиса сирриҳу, зоҳир ва ботинга риоя қилишлар баҳраманд эдилар. Улардан сўрадилар: «Рухсат қилинган амаллар билан халқни тузатиш равоми?» Айтдиларки: «Баъзи одамга раво, баъзи одамга раво эмас. Раво бўлган одамга ҳам баъзи вақтда эса раво эмас, то жойига қараш ҳамда амал қилувчининг йўли қай ҳолатда эканига боқиш лозим».

Мавлоно Зайнуддин Абу Бакр Таёбодий вафоти ҳақида ҳазрат Навоий бундай ёзадилар: «Мавлоно етти юз тўқсон бирда, муҳаррам ойининг салхида, панжшанба куни нисфи наҳорда оламдан ўтубтурлар». Бу мелодий 1389 йилнинг декабрига тўғри келади.

——————————

Навқиронлик палласидаёқ Темурбекнинг фаҳму фаросатининг қат-қатидан пири Зайнуддин Тайободий тилидан айтилган “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда турилмайди” ҳикмати жой олди. Бу ҳикматни қуруқ шиор эмас, амалий фаолият учун асос деб билган Амир Темур салтанат муҳрини «Куч адолатдадур» битиги билан зийнатлади.

——————————

МИР САЙЙИД БАРАКА

03   Муаррих Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур мудом: «Салтанатимдан орттирган жамийки бойлигим ва мустаҳкам маъволарни фатҳ этганим — барчаси Шайх Шамсуддин ал-Фахурий (Кулол)нинг дуоси. Шайх Зайнуддин ал-Хавофий  (Ибн Арабшоҳ бу ерда хатога йўл қўяди, Шайх Зайнуддин ал-Хавофий бутундай бошқа шахс, бу ўринда асли Мавлоно Зайнуддин Абу Бакр Таёбодий назарда тутилган — Х.Д.) ҳимматидан ва бор топган барокатим эса ёлғиз Саййид Барака шарофатидандир», дер экан.

Яна шу муаллиф Мир Саййид Барака ҳақида, «баъзилар уни мағриблик бўлиб, Мисрда яшаб (зулук билан) қон қуювчилик қилган, кейин Самарқандга келиб, ўзини саййиддек кўрсатиб, қадр-қиммати ортган ва довруғи ёйилган деса, баъзилар уни Мадинаи Мунаввара аҳлидан дейди; бошқа бир хиллар эса уни Маккаи Мукаррама аҳлига нисбат беради», деб таъкидлайди.

Амир Темур пири Мир Саййид Барака билан илк бор 1370 йилда учрашган. Бу фурсатда Амир Темур бир пайтлар Чиғатой улусига эгалик қилган Амир Қазағаннинг набираси, қайниси  амир Ҳусайнга қарши сўнгги жангга киришаётган, рақибининг сўнгги истеҳкоми — Балх шаҳрини забт этишга ҳозирлик кўраётган эди. Ривоятларга кўра, расули акрам авлодига мансуб Мир Саййид Барака Хуросонга келган ва даставвал амир Ҳусайн билан танишган. Вақф ерлар хусусидаги илтимоси назарга олинмагани ва ўзига муносиб иззат-икром кўрсатилмаганидан беҳад ранжиган саййид кўп ўтмай, вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда, Амир Темур даргоҳига йўл олган. Худди шу дамда юқорида таъкидланганидек, Амир Темур Балх юришига отланган эди.

Мозий китобларида Мир Саййид Бараканинг руҳоний қудрати ҳақида талай ривоятлар мавжуд. Ибн Арабшоҳ улардан бирини бундай ҳикоя қилади:»Дашт ва Тотор султони Тўхтамишхон Амир Темур ва султон Ҳусайн ўртасида юз берган можарони кўргач, қони қайнаб ғайирлиги келди. Негаки, улар (Тўхтамишхон ва султон Ҳусайн) насаби жиҳатидан бир-бирига яқин ва қўшни эди. У кўп аскар, денгиздек ҳайқирган қўшин тўплади ва Сиғаноқ Ўтрор тарафидан Амир Темур лашкаргоҳи томон йўл олди.

Амир Темур Самарқанд тарафдан қарши чиқди… Икки ўртада уруш «бозори» қизиди. Жанг олди-сотдилар авж олди ва ниҳоят, Темур аскари (ун бўлиб янчилмагунча) муҳороба тегирмонининг тошлари айланаверди. Темур сипоҳи пароканда бўлиб, ҳимоя тугуни ечилаётган бир пайтда баногоҳ Саййид Барака исмли зот пайдо бўлди ва Амир Темурга ёвуқ келди. Темур — у ғоятда танг ҳолатда қолган эди — бояги зотга юзланиб: «Эй саййид афандим! Сипоҳи енгилди!» деди.

«Қўрқма!» деди унга Саййид Барака. Кейин тулпоридан тушди ва ердан бир сиқим тупроқ олиб, яна бўз отига минди. Сўнг ўша тупроқни бостириб келаётган душман юзига сочиб, «Йоғи (душман) қочди!» деб бақира бошлади. Амир Темур ҳам ёрдам қўлини чўзган шайхни такрорлаб бақираверди… Шунда Амир Темур аскарлари… рақибларига қарши дадил маъракага тушди. Унинг қўшинидаги заифу жасур бор жангчи «Йоғи қочди» деб қичқирди, бақирмагани қолмади. Ниҳоят, уларни бир-бирини қўллаб-қувватлаб ва (бир-бирига) мадад тилаб, ёғий устига ҳамла қилди. Тўхтамиш қўшини мағлубиятга учради ва орқасини ўгириб тарақайлаб қочди. Амир Темур аскарлари улар бўйнига тиғ солиб, ажал қадаҳин ичирдилар… Амир Темур назарида Саййид Бараканинг эътибори ошди… Амир Темур унга:»Неки истарсиз, сўранг ва ҳар не муродингиз бўлса, тиланг!» деди. Ул зот эса соҳибқиронга қараб: «Эй, мавлоно Амир! Муқаддас ва муборак шаҳарлар — Макка ва Мадинага тегишли вақфлар (турли) иқлимларда сероб. Хуросон ерларидаги Андхой (ҳам) шулар жумласидандир. Мен ва менинг болаларим ана шу эҳсонга сазовор кишиларданмиз. Агар ўша маъвонинг фойда-зарари аниқланиб, майда-чуйдалари маълум қилинса ҳамда вақфлар ҳисоб-китоб қилиниб, кирим-чиқимлари белгиланса, мен ва болаларимнинг ҳиссаси бу водийдаги мана шу қасабадан кам бўлмайди. Ана ўшани менга иқтоъ тариқасида берсангиз», деди. Амир Темур ўша жой ва унга тегишли музофоту қишлоқларни шайхга иқтоъ тарзида тортиқ қилди».

Амир Темур ва Мир Саййид Барака сўнгги бор 1403 йилда Қорабоғда учрашади. Бу тарихда Амир Темур Туркия султони Йилдирим Боязид устидан зафар билан қайтаётиб, қишловни Қорабоғда ўтказаётган эди. Соҳибқирон пири комилни пешвоз қаршилаш учун чодирдан чиқар экан, ўша аснода бехосдан салтанат валиаҳди, бир мунча муддат олдин вафот этган набираси Муҳаммад Султон Мирзо номини айтиб нола чекади. Мир Саййид Барака ҳам бошидаги саллани ечиб, кўз ёшини артади. Пиру мурид — икковлон бир-бирини бағрига босиб узоқ бўзлайди.

Мир Саййид Барака, Фасеҳ Хавофийнинг маълумотига кўра, ҳижрий 806 (мелодий 1403-1404)  йилда вафот этган. Муаррих Абу Тоҳирхожа Самарқандий «Самария» асарида бундай ёзади: «Ҳазрат Мир Саййид Барака мозори Самарқанд шаҳрининг ичида, Амир Темур Кўрагон даҳмасининг гумбази тагидадир. Ҳазрат Саййид Барака Кирмон вилоятидан Балх шаҳрига келиб, Амир Темурга ботиндан ёрдамлашибдур ва Амир Темур Баракани Самарқандга олиб келибдур. Саййид Самарқандда бўлган вақтда Амир Темур (набираси)  Муҳаммад Султон мадрасисини кўргани бориб, ўша мадрасанинг кун ботар томонида ўз қабри учун мармару яшил тошлардан юксак бир бино ва гумбаз солдирди. Гумбазнинг шимолида улкан бир мадраса бино қилдириб, унинг саҳнасида гўзал чорбоғ туздирди. Саййид Барака вафотидан кейин унинг ўлигини Мозандарондан келтириб, ўша гумбаз ичига кўмдирди. Ўзининг кўмилажак ўрнини ҳам саййиднинг оёғи остида белгилади. Амир Темур энг кейинги сафари бўлароқ уч юз минг уришқоқ, кучли қўшин билан Хитой ўлкаси фатҳи учун йўлга чиқди. Йўл устида Туркистон музофотидан бўлган Ўтрорга боргач, касалланиб (Ўтрор ҳокими) Келдибек уйига қўнди ва шу ерда вафот этди. Беш кун ичида унинг ўлигини Самарқандга келтириб, ўз даҳмасининг гумбази ичида (васиятига кўра) Саййид Бараканинг оёғи остида мармар сандиққа солиб кўмдилар».

Ўрни жоизлиги сабаб, бир ноаниқликка ойдинлик киритишни истардим. Бугун Амир Темур билан Мир Саййид Барака хоки ётган мақбарани «Гўри Амир» деб аташ одат бўлиб қолган. Аслида  халқ бу даҳмани аввалан Мир Саййид Баракага нисбат бериб «Гўри Мир» деб атаган. Биз эса уни Амир Темурга нисбат берамиз. Ҳолбуки, буюк Соҳибқирон бобомиз ҳазрати пирини эъзозлаб, ихлос талаби билан ўз жасадини ул зот оёғи остига қўйилишини васият қилган. Шуни эътиборда тутиб,  йўл қўйилган хатони тузатсак, Соҳибқирон бобомиз руҳини яна бир карра шод этиб, ул зотнинг ўз пирига бўлган муҳаббатини қадрлаган бўламиз.

Амир Темур умр бўйи пирларини иззат-икром этиб, уларнинг маънавий кўмаклари туфайли қудратли салтанатга асос солди. Унинг мислсиз саркардалик салоҳияти, етук давлат тизимини инкишоф этган тафаккури устозларининг илоҳий шуур билан йўғрилган ҳикмати билан ўсиб-ривожланиб, камол топгани шак-шубҳасиздир. Жаҳонгирлик баҳсида Темурнинг Искандар Мақдуний, Ҳаннибал, Аттила, Чингизхон ва Наполеондан устун қўйилиши ҳам мана шу маънавий тарбия туфайли эди. Шу сабабдан ҳам француз муаррихи Альфос де Ламартин: «Оврупо на Искандарда, на Аттилада ва на Московия зафарини қучган янги фотиҳ (Наполеон)да бундай даражали бир завқли, гўзал идорани кўрган эмас», деб ёзганида минг карра ҳақ эди.

Амир Темур устозларининг ўгит ва ҳикматларигагина эмас, уларнинг муборак қадамларидан тўкилган чангу ғуборларни эъзозлайдиган садоқатли шогирд эди. Бу хусусда ғаройиб бир ривоят бор. Бу ривоятни туркиялик бир инсон  ўзбек олими Улуғбек Абдулваҳобга, у эса менга сўзлаб берган эди.

Эмишким, навбатдаги юришига отланган Амир Темур қўшинлари Муқаддас Бухоро кўчаларидан ўтаётганда, баланд бир девор устидан эски кийимлар силкиниб, қоқилаётган экан. Чангу тўзон навкарлар уст-бошига қўнар, бундан норози бўлган лашкарбошилар юқоридан туриб жуббаларни қоқаётган дарвешларни жеркиб, тўхтатмоқчи бўладилар. Бу воқеадан хабар топган Темур қўшинни орқага қайтаришни буюрибди, девор устидаги одамларга эса жуббаларни қаттиқроқ қоқишни тайинлабди. Қўшинлар чангу ғубор остидан қайтиб ўтар эканлар, Соҳибқирон «Ҳеч ким устига тушган ғуборни қоқиб тозаламасин», деб амр этибди. Ҳеч ким бу иш сабабини сўрашга ботинолмабди. Фақат кейинчалик, Рум султони Боязид билан бўлган зафардан сўнг, Амир Темурдан Бухорода бўлиб ўтган «Чанг воқеаси» сабаби сўралганда, Турон султони шундай дейди: «Сизлар ҳам бу чангу-ғубор қадру-қийматини билганингизда эди, бунинг сабабини сўрамаган бўлардингиз. Ўша девор устидан чанглари қоқилган эски-тускилар оддийгина латта-путталар эмас, улар Ҳазрати Нақшбанднинг муборак жуббалари эди. «Аллоҳ адолатни амр этади» — шу амрга кўра, биз -уст-бошларида ҳазрат жуббасининг ғуборларини кўтариб юрган қўшин зафар қучиб, Рум қўшини мағлуб бўлди. Илло, Аллоҳ ҳузурида ҳатто авлиёлар авлиёси саналмиш Боязид (Бистомий)нинг даражаси Ҳазрати Нақшбанд даражасидан анча пастдадир. Аллоҳ адолатни амр этади ва ўзига бу қадар содиқ бўлган зоти шарифнинг ҳатто жуббасидан учган чанг зарраларининг ҳам мағлуб бўлишига йўл қўймайди. Биз Йилдирим Боязидни ана шундай енгдик».

Амир Темур номининг абадияти, давлатнинг шукуҳи унинг буюк устозларига бўлган садоқати, донишманд пирларнинг ҳикматига бўлган илоҳий эътиқоди туфайлидир. Зукко муаррих қайд этганидек, «унинг шуҳрат қозониши ва (Аллоҳдан) ҳимоя топишининг сабаби шундадир… Ул улуғ хислат билан боғлиқ ишлар — унинг мукофоти халқни гумроҳлик зулматларидан олиб чиқиш ва ҳидоят ёруғлигига етказишдан иборат: яъни абадий жаҳолатдан қутилиш ва чексиз саодатга етишиш йўлини ана шу (хислат) орқали топиш мумкин».

Мақола 1994 йил «Тафаккур» журналининг 1-сонида босилган

Emishkim, navbatdagi yurishiga otlangan Amir Temur qo‘shinlari Muqaddas Buxoro ko‘chalaridan o‘tayotganda, baland bir devor ustidan eski kiyimlar silkinib, qoqilayotgan ekan. Changu to‘zon navkarlar ust-boshiga qo‘nar, bundan norozi bo‘lgan lashkarboshilar yuqoridan turib jubbalarni qoqayotgan darveshlarni jerkib, to‘xtatmoqchi bo‘ladilar. Bu voqeadan xabar topgan Temur qo‘shinni orqaga qaytarishni buyuribdi, devor ustidagi odamlarga esa jubbalarni qattiqroq qoqishni tayinlabdi. Qo‘shinlar changu g‘ubor ostidan qaytib o‘tar ekanlar, Sohibqiron “Hech kim ustiga tushgan g‘uborni qoqib tozalamasin”, deb amr etibdi. Hech kim bu ish sababini so‘rashga botinolmabdi. Faqat keyinchalik, Rum sultoni Boyazid bilan bo‘lgan zafardan so‘ng, Amir Temurdan Buxoroda bo‘lib o‘tgan “Chang voqeasi” sababi so‘ralganda, Turon sultoni shunday deydi…(Maqola 1994 yil “Tafakkur” jurnalining 1-sonida bosilgan)

Xurshid DAVRON
AMIR TEMUR PIRLARI
06

Pirsiz kirma jangohga hech dam,
Iskandari zamon bo’lsang ham.

Maxdumi A’zam

09Shavkatli bobomiz Amir Temur shaxsi haqida  so’z ketsa, aksari Sharqu G’arb tarixchilari ko’proq ul zotning hukmdorlik salohiyati, ilmi harb va jahongirlik borasidagi mislsiz iste’dodi xususida fikr yuritishni ma’qul ko’radi. Aslida, sohibqiron bobomiz har jihatdan zamonasining komil kishisi bo’lib, nafaqat saltanat va siyosat bobida, balki insoniy munosabat, ilm va ma’naviyat masalasida ham beqiyos fazilatlar sohibi edi. Masalan, hazrat Alisher Navoiy «Majolisun nafois» tazkirasining yettinchi majlisida jahongirning buyuk ma’naviyati, xususan, so’z va nazmni his etish iqtidori haqida bunday yozadi: «…agarchi nazm aytmoqqa iltifot qilmaydurlar, ammo nazm va nasrni andoq xo’b mahal va mavqeda o’qibturlarkim, aningdek bir bayt o’qug’oni ming yaxshi bayt aytqoncha bor».

Amir Temur ma’naviyati va tafakkuriga xos fazilatlarni keyincha Ovrupo allomalari ham bir qadar tan oldi. Chunonchi, frantsuz muarrixi Al`fons de Lamartin bu xususda bunday deb yozadi: «Amir Temur din, tibbiyot, tarix, huquq va astronomiya ilmining bilimdoni, ko’p o’qigan, Osiyoda eng ko’p qo’llanuvchi uch til — turkcha, forscha va arabchani g’oyat mukammal bilgan, zarofat va qudrat ila yozish mahoratini puxta egallagan bir hukmdor edi…Ovrupo na Iskandar, na Attila va na Maskoviyada zafar quchgan yangi fotih (Napoleon) shaxsiyatida bunday yuksak bir zavq va irodani ko’rgan emas». Rus tarixchisi T.Granovskiy esa qat’iy xitob bilan bunday deydi:»Temurning qahrli yuragida, aytish joizki, ilm va ilm ahliga ilohiy e’zozu e’tibor yashirin edi. U ilmu fanni, demakki, tafakkurni yuksak maqomda tushunar edi. U olimlar bilan erinmay suhbat qurar, Sharqu G’arbning tarixiy rivoyatlaridan yaxshi xabardor, xususan, astronomiyani behad qadrlar, astrologiyaning esa aslo xushlamas edi».

Tarix saboqlaridan ma’lum, yov asoratida qolgan xalq ozodlik kurashiga, avvalo, ma’naviy jihatdan shaylana boshlaydi. U ozodlik g’oyasini ko’ksida asrab-avaylab, uni qudratli kuch va harakatga aylantiradigan ma’naviy zaminni topishga intiladi. Mo’g’ul yag’mosiga uchragan turonliklar erkka bo’lgan intilish va irodasini tarbiyalagan zamin — tasavvuf va uning bir bo’lagi sanalmish futuvvat — jo’mardlik tariqati bo’ldi. Turon mulkida dunyoga kelgan to’rt buyuk so’fiylik tariqati: yassaviyya, xojagon-naqshbandiyya, kubraviyya, hakimiyya (ular mo’g’ul bosqini arafasida shakllanish jarayoniga kirgan edi) namoyandalari faoliyati ta’sirida xalq e’tiqodini poklab, ma’nan o’zidan tuban turuvchi dushmanni qurol kuchi bilan yengishdan oldin ruhoniy g’alabaga erishdi.

Bu g’alabaning tarixiy mohiyati nimada ko’rinadi? Bilamiz, mo’g’ullar, ayniqsa, Movarounnahrni o’z ulusi o’laroq tasarrufiga olgan Chig’atoyxon islom dinining ashaddiy dushmani edi. Mashhur tarixchi Jurjoniy bu xususda bunday deb yozgan edi: «Mo’g’ul hukmdorlari orasida hech kim uningchalik musulmonlarga dushman bo’lgan emas». Tasavvuf ma’rifati ta’sirida erishilgan ma’naviy g’alaba, avvalo shuki, Chig’atoy o’limidan so’ng yuz yil o’tar-o’tmas mo’g’ul hukmdorlari islomni tan oldi. Ularning aksariyati, jumladan, Barakaxon, Mahmud Qozonxon, Kebekxon, Tarmashirinxonlar kubraviya, yassaviya va naqshbandiya peshvolari itoatiga kirib, islom dinini qabul qildi.

Adabiyotshunos Najmiddin Komilov yozganidek, «Bu davrda Xuroson, Eron va Movarounnahr shayxlari muridlarini mardlik va fidoyilik, saxovat va qanoat ruhida tarbiyalab, javonmardlikni tariqat shioriga aylantirishga kirishganlar… Ular sufiyning asosiy fazilati elga naf keltirish, ma’rifat tarqatish deb hisoblaydilar… Bu odamlar (so’fiylar) jamiyatning tirik vijdoni edilar, kishilar ularga qarab hushyor tortar, dunyo behudligidan o’ziga kelib, qalbiga, qilayotgan ishlariga razm solardilar». Demak, tasavvuf, bir jihatdan, jaholat va zulmga (binobarin, bosqinchilik va qullikka) qarshi jang, insoniy erk uchun kurash edi. Buyuk shayx Najmiddin Kubroning yov qoshida ko’rsatgan jasorati tasavvuf ahlining Vatan ozodligiga qaratilgan sa’y-harakatidan dalolatdir.

Sohibqiron Amir Temur tasavvuf mohiyatini juda erta angladi. Garchi u yoshligida darveshlik havasiga berilgan bo’lsa-da, keyincha yurtni erksizlikdan xalos etmoq uchun jo’mardlik g’oyalaridan foydalanish zaruratini anglagan, atrofiga fidoyi yigitlarni to’plab, yurt mustaqilligi uchun jangga otlangan edi. U butun umri mobaynida davrining ulug’ mutasavvuflari bilan suhbatdosh bo’ldi, ularning pand-nasihatlari, ma’naviy yo’l-yo’riq va ko’maklari sharofati o’laroq milliy davlat asoslarini yaratdi. Buyuk jahongirning tasavvuf ahliga e’timodi uning «Tuzuklar»ida va boshqa bir qator asarlarda ham namoyon bo’ldi. Ul zotning «Zolimlardan mazlumlar haqqini oldim»; «Shijoatli kishilarni do’st tut, chunki tangri taolo jasur kishilarni ardoqlaydi»; «Adolat va insof bilan tangrining yaratgan bandalarini o’zimdan rozi qildim»; «Pok niyatli, toza qalbli kishilarga talpin»; «Do’st-dushmandan kimki menga iltijo qilib kelgudek bo’lsa, do’stlarga shunday muomala qildimki, do’stligi yanada ortdi, dushmanlarga esa shunday munosabatda bo’ldimki, dushmanligi do’stlikka aylandi»; «Adovat emas, adolat yengadi»; «Kuch — adolatdadir» kabi hikmatlari tasavvufona mohiyatga ega. Sohibqironning o’lim oldidan qilgan vasiyati ham shunday ohang bilan yo’g’rilgan.

Ushbu badiadan maqsad Sohibqiron e’tiqod qo’ygan va uning ruhiyatini tarbiyalagan piri komillar haqida muxtasar ma’lumot berishdir. Illo, shu paytgacha biz ular xususida g’oyat kam narsa bilar edik. Ul zotlar taqdirini o’rganish Amir Temur shaxsiyati va faoliyatiga xos xususiyatlarni teranroq tushunishga asos bo’lishi shubhasiz.

XOJA SHAMSIDDIN KULOL

05 Xoja Shamsiddin Kulol XIV asr boshida Qashqadaryo vohasida tavallud topgan va yoshlikdan darveshlik yo’lini tutgan. U ustozi Sayyid Amir Kulol kabi kulolchilik bilan kun kechirgani bois «Kulol» laqabiga ega bo’lgan. Rivoyatlarga ko’ra, u muqaddas haj safariga Qarshi tarafdan cho’lu biyobon kezib, yayov borgan ekan. O’shanda Iroqda zamona shayxlari bilan muloqotda bo’lib, shomliklarning muroqaba o’tirish, ya’ni bosh egib tangri taologa iltijo-munojot etish tariqini Movarounnahr tasavvuf ahliga o’rgatgan ekan. Muhammad Boqirning «Maqomoti Xoja Bahouddin Naqshband» asaridan olingan mana bu hikoya shu xususdadir. «Hazrati Xojamiz (Bahouddin Naqshband) Nasafga borgan edilar. Shayx Shamsiddin Kulol ham o’sha yerda edilar. Shayx Xusrav va Amir Nekshoh piyoda Hazrati Xoja qoshig’a otlandilar. Nasafga yetib kelgach, avval Shayx Shamsuddin ziyoratiga bordilar… Shayx Shamsiddin Hazrati Xojadan shikoyat boshladi va bunday dedi: «Hijoz safariga birga borib keldim, Iroqdan muroqaba sifatini men keltirdim, uni mana shu sifat bilan tarbiya qildim va ilm o’rgatdim. Endi esa amirlik ishlariga aralashib qoldim. Amirzoda Abdulloh (amir Qazag’anning o’g’li) va o’zga bir kishilarga qo’shilib, vaqtim boshqacha bo’lib qoldi. U meni tarbiyat qilmayapti va birodarchilik shafqatini joyiga qo’ymayapti. Shuncha ishlarga qaramasdan, mening joyim bo’lgan Jubbaga ijozatimsiz kirib, tasarruf qilishni boshlab yubordi».

Bu shikoyatdan so’ng ul zot quyidagi hikoyatni so’zladilar: «Shayx Abusayid Abulxayr, quddisa sirrihu, Mashhadning Tusiga kirmoqchi bo’ldilar, shaharga yaqinlashganlarida xachirlari to’xtab qoldi va ilgari yurmadi. Shayx farosat bilan anglab, bu shaharda Ali Babu nomli avliyo borligini bildilar. Bir kishini yubordilar va kirishga ijozat so’radi. U avliyo-darvesh, «Dam olib aylanishga ijozat bor, tasarrufga ijozat yo’q», deb javob qildi. Shunda Shayxning xachiri yo’lga tushdi va shaharga kirdi, lekin tasarruf qilmadi. Shahardan chiqar ekan, ko’zlari bir savatga tushdi. Savatda qush tuxumlari bor edi. Bir nigohi ularga ta’sir qildi va o’sha ondayoq har bir tuxumdan jo’jalar chiqdi. Buning xabari Ali Babuga yetdi…»

Bu gapdan so’ng Shayx Xusrav va Amir Nekshoh Hazrati Xoja oldiga keldilar, ammo ul zot uyda yo’q edi. Ular Xoja Yusufga bu hikoyat va shikoyatni so’zlab berdilar. Xoja Yusuf:»Bizning battol eshagimiz shaharga kirib keldi, oldinga yura oldi, uni hech kim to’xtatolmadi. Bizning xachirimizni kim to’xtata olar ekan? Agar mening oldimda shu gapni aytsa edi, yaxshilab javob berib qo’yardim», dedi. Shu gap ustida Hazrati Xojamiz kirib keldilar va «Nima haqda gapiryapsizlar?» deb so’radilar. Unga Shayx Shamsiddinning shikoyati xususida gapirib berdilar. Shunda Xoja:»Aralashuv nuqsonga sabab bo’lsa, demak, undan saqlanmoq lozim, shundagina avvalgi muomalaga yetish mumkin» dedilar.

Rivoyatdan xulosa buki, Shayx Shamsiddin Xoja Bahouddin bilan bir paytda Sayyid Amir Kulol mulozamatida bo’lgan. Ular birga hajga borib, bir-birining tarbiyasi bilan shug’ullangan. Ushbu parchadan yana shu narsani fahmlash mumkinki, Shayx Shamsiddin va Amir Temur amir Qazag’anning o’g’li bo’lmish amir Abdulloh huzurida birga xizmat qilgan.
Xoja Shamsuddin Kulol Amir Temurning otasi amir Muhammad Tarag’ayning ham piri edi.

Bir rivoyatga ko’ra, Xoja Shamsiddin Amir Temurning tavalludini va jahongirlik saodatini oldindan karomat qilgan. Unda aytilishicha, amir Tarag’ay bir tush ko’radi. Tushida unga shamshir beribdilarki, uning shu’lasidan butun olam munavvar bo’libdi. O’sha holda qo’lidan chor tarafga favvora yanglig’ suv otilib, yerni qoplabdi. Bundan mutaassir bo’lgan amir darhol piri Xoja Shamsiddin huzuriga kelib, tushini aytib beribdi. Xoja bir zum o’yga botib, bunday debdi:»Ey amir Tarag’ay, sening nasling xonadoni saltanat bo’lg’ay va ul saltanatni sendan tug’ilajak farzand tiklag’ay. Ul farzand olamni shamshir birla zabt aylagay va zamona, tobe’lar va xaloyiq andin mamnun bo’lg’ay».

Boshqa bir rivoyatga ko’ra, Amir Temurning muborak ismini ham Xoja Shamsuddin qo’ygan. Bu xususda «Tarjimai hol» asarida amir Tarag’ay tilidan aytilgan hikoya mavjud. Unda yozilishicha, amir Tarag’ay aqiqa marosimi vaqtida farzandini xoja huzuriga olib boribdi. Amir xonaqohga kirgan paytda Shayx Shamsiddin Qur’oni karimdan ushbu oyatni o’qiyotgan ekan: «Amantum man fi-s-sama an yuhifa bikuma-l arda fa iza hiya tamuru». Xoja shunda bosh ko’tarib aytibdiki:»Ey amir, ushbu mukarram oyatdagi «tamuru» so’zi sharafiga farzandingga Temur ismini berdik!»

Uchinchi bir rivoyatga ko’ra, Amir Temur Seyistonda qo’l-oyog’idan yaralanib, ko’p mashaqqatlar chekib, bir hovuch navkari bilan Movarounnahrga qaytayotsa, Xoja Shamsiddin unga peshvoz chiqib, «Tez orada butun Movarounnahr ilkingda bo’lg’usidir!» deb bashorat qiladi. Bu, taxminan, 1362 yilda yuz beradi. Tarixiy ma’lumotlarga qaraganda, Amir Temur 1363 yili Puli Sanginda mo’g’ullar ustidan g’alaba qozongach, qadimiy Kesh shahriga kelib, shayx Shamsiddin mozorini ziyorat qiladi. Shunga ko’ra, Amir Temur xojasi deb ta’riflangan Shayx Shamsiddin Kulol, tahminan, hijriy 764 764 (melodiy 1362-1363 yillar) yilda vafot qilgan. Yana bir maqolada Shayx Shamsiddin Kulol Amir Temur Movorounnahr taxtiga o’tirganiidan yetti oy o’tgach, 1370 yil 28 noyabrda olamdan ko’z yumgan degan ma’lumotni o’qiganman. Xoja bilan Amir Temurning otasi amir Tarag’ayning qabri Shahrisabzdagi Dorut-Tilovat xonaqohida yonma-yon joylashgan.

SAYYID AMIR KULOL

08 Sayyid Amir Kulol 1305 yilda Buxoro shahriga yaqin Suxor qishlog’ida tug’ilgan. Xojagon-Naqshbandiya tariqatining bu buyuk siymosi kulolchilik bilan shug’ullangan. Uning ma’rakalarda kurash tushish odati ham bo’lgan. Shunday ma’rakalarning birida tariqat peshvosi bo’lmish Xoja Muhammad Boboyi Samosiy ishtirok etib, Sayyid Amir Kulolni tanimagan holda:»Bu ma’rakada bir kishi borkim, kishilar aning suhbatidan bahramand bo’lib, kamolga yetgaylar. Biz shu mardni kutib turibmiz, zero, uning parvozi g’oyat baland, maqomi ham oliydir», degan. Shu asnoda Amir Kulol hazratlarining nazari banogoh Boboyi Samosiyga tushib, qalbi Hazrati Bobo mehriga band bo’lgan va o’sha kundan e’tiboran uning itoatiga kirgan. Yana naql etadilarki, zamonasining ulug’laridan bo’lgan Hazrat Sayyid Ato bilan Hazrat Amir Kulol otalari suhbatdosh bo’lib, Sayyid Ato do’stiga tez orada buyuk farzand ko’rishini oldindan bashorat qilgan ekan.

Boboyi Samosiy iotatiga kirgan Amir Kulol ilohiyot, fikh, botiniy va zohiriy ilmlarni mukammal o’rganib, yigirma yil ustoz mulozamatida bo’ladi. Keyinchalik Nasaf — Qarshi shahriga borib, o’z honaqosini tiklaydi. Umrining oxirlarida esa Buxoroga qaytib, ona qishlog’i Suxorda ham xonaqoh quradi.

Rivoyat qilishlaricha, Sayyid Amir Kulolning 114 xalifasi bo’lgan. Uning to’rt o’g’li — Amir Burhon, Amir Hamza, Amir Shoh, Amir Umar ham zamonasining yetuk va komil kishilardan ekan. Amir Kulol tariqat amaliga ko’ra, o’ziga to’rt xalifa tayyorlagan va farzandlarining tarbiyasini ularga topshirgan. «Maqomoti Mir Kulol» asarida bunday yozilgan: «(Amir Kulolning) to’rt xalifasi — xulafoi arba’ni mashhur edi. Amir Kulol hazratlari katta o’g’illari Amir Burhonni shu to’rt xalifalaridan biri Hazrat Bahouddinga, ikkinchi o’g’illari Amir Shohni Hazrat Shayx Yodgorga, uchinchi o’g’illari Amir Hamzani Mavlono Orif Deggaroniyga va to’rtinchi o’g’illari Amir Umarni Mavlono Jamoliddin Dehai Osiyoga topshirdilar. Amir Kulol mudom, «Bu mening burhonim» (hujjatim)dur!» deb fahrlanib yuradigan to’ng’ich o’g’lini buyuk shogirdi Xoja Bahouddin Naqshbandga topshirar ekan, «Ustoz yuzini (ya’ni kamolini) oynada emas, balkim shogirdida ko’rsin!» deb xitob qilgan.

Amir Temur Amir Kulol bilan, taxminan, 1363 yilda tanishadi. Mo’g’uliston hukmdori Tug’luq Temurxonning Movarounnahrga qilgan ikkinchi yurishi paytida uning xizmatiga kirgan Amir Temur xonning marhamati va uzoqning ko’zlab yuritgan siyosati tufayli dastlab vazirlik mansabini egallaydi. Ammo bosqinchilarning tub yerlik aholiga ko’rsatayotgan jabr-zulmini ko’rgan Temurbek qalbida norozilik paydo bo’ladi. Xon bundan xabar topib, uni o’limga buyuradi, ammo yosh sarkarda dushman ta’qibidan yashirinadi. U atrofiga odam to’plab, bosqinchiga qarshi kurashish rejasini tuza boshlaydi. Bu haqda «Tuzuklar» da bunday deyilgan: «…Jangi jadal bayrog’ini ko’tarib, (ko’chmanchi) o’zbeklar ustiga lashkar tortishga qaror qildim va mazlumlar haqini zolimlardan olmoqchi bo’ldim. Lekin bir necha razil kishilar bu sirni fosh qilib qo’ydilar. (Shunday keyin) o’ylanib qoldim, mabodo Samarqand shahri ichida o’zbeklarga qarshi urush boshlasam-u, biroq Movarounnahr ahli (jang qilishdan) bosh tortsa-chi? Unda nima bo’ladi? Shunday bo’lgach, yaxshisi, shahardan chiqib, Samarqand tog’laridan panoh topay, toki menga qo’shilishni istaganlar huzurimga kelsin.

Shunda men katta sipoh to’plab, o’zbeklarga qarshi jangi jadalni boshlagayman», deb qaror qildim. Samarqanddan chiqqanimda oltmish otliqdan boshqa bir kishi ham menga ergashmadi. Shundan bildimki, o’ylagan kengashim xato bo’lmagan ekan (Bu parchaga izoh: bu o’rinda o’zbeklar deganda Amir Temur Oltin O’rdaga tobe ko’chmanchi o’zbeklarni nazarda tutmoqda. O’sha paytda qudratli yagona davlat qurishga va Turklik maqomining yuksaltirishga bel bog’lagan Amir Temur turk qavmi bo’lmish o’zbeklarni dushman deb emas, raqib sifatida ko’rgan. Ularni tobe etish bilan o’z davlati tarkibida bo’lishini istagan.).

O’sha tog’da bir haftacha kutib yotdim, loaqal bir kishi ham bizga kelib qo’shilmadi… Otlanib, Amir Kulolning huzurlariga bordim. Ul zot menga Xorazm safarini maslahat berdilar. Agar o’zbeklar ustidan g’alaba qozonsam, Samarqandning bir yillik xirojini ul hazratga nazr qilishga qaror qildim. Ular menga zafar tilab fotiha o’qigach, ketishimga ruxsat berdilar. Sayyid Amir Kulolning xizmatlaridan chiqqanimda menga hammasi bo’lib oltmish otliq hamrohlik qilar edi.

«Maqomoti Mir Kulol» asarida bu uchrashuv quyidagicha tasvirlanadi:»Naql qilurlarki, bir kun Hazrat Amir (Kulol) juma nomozini Buxoro shahridagi masjidda o’qib, uylari tomon yo’l oldilar. Shahardagi Gulobod va Fathobod mavzelari orasidagi sabzazorda bir guruh kishilar o’tirib, darveshlar maqomoti va avliyolar karomati haqida suhbatlashar edi. Bu jamoa orasida Amir Temur ham hozir edi. Uning nigohi darveshlarga tushib, «Bular kim?» deb so’rabdi. Oradan bir odam: «O’tib ketayotgan zoti sharif Hazrat Amir Kulol, atrofdagilar esa hazratning muridlaridir», deb javob beribdi. Amir Temur shu zumdayoq bodi sarsari (shamol) yanglig’ yelib, Hazrat Amir Kulol ro’baro’siga kelibdi va niyozmandlik bilan bunda debdi: «Ey din buzrugvori va ey yaqin ahlining humoyi, Sizning karamingizdan umidvor bo’lib iltimos qilaman, menga bir xizmat buyursangiz, toki darveshlar xotirin xushnud etay». Hazrat Amir Kulol:»Darveshlar suxani maxfiydur. Shuni bilingki, menga o’z-o’zimcha birovga xizmat buyurish huquqi berilmagan. Azizlar ruhoniyatidan ishorat bo’lsagina topshiriq berilur. Jaddimiz ham o’z-o’zicha suxan demagan. Siz intizor bo’lib kuting, zero, yo’lingizda ulug’ ravshanlik ko’ryapman. Sizga albatta yaxshilik xabari bordir», deb edilar.

Hazrat Amir Kulol uylariga kelib, xilvatxonaga kiribdi va xufton namozida mashoyixlar ruhoniyatidan Olloh taolo amri ila xabar kelibdi. Amir Kulol Shayx Mansur ismli darveshga bunday deb buyuribdilar: «Tezda borib Amir Temurga ayt, agar o’tirgan bo’lsa, o’rnidan tursin, agar turgan bo’lsa, qaytib o’tirmasin! Zero, pokiza mashoyixlar arvohi mana bunday ishorat etadilar: butun mamlakat boshdan-oyoq Amir Temur va uning farzandlariga berilur. Xorazm tasarrufiga kirganidan keyin Samarqandga borsin».

Shayx Mansur intizorlik bilan kutib o’tirgan Amir Temurga xabarni yetkazibdi. Ul zot darhol yo’lga otlanibdilar. Andak fursat o’tib, (Tug’luq Temurxon yuborgan) bir guruh kishilar Amir Temur chodirini o’rab olibdi, lekin u go’shadan hech zotni topa olmabdi.

Olloh taolo marhamati ila Amir Temur Xorazmni tasarrufiga kiritib, g’olibu muzaffar bo’lib, Samarqandga kelibdi va bu sharif kentda sokin bo’libdi. Kun sayin, soat sayin buyuk zotning ishlari rivoj topa boshlabdi.

Muddat o’tib, mamlakat toju taxtiga erishgan Amir Temur odab yuborib, Amir Kulolni Samarqandga chorlaydi. Umrining so’nggi damlarini yashayotganidan yaxshi xabardor bo’lgan keksa pir choparga uzrini aytib, «Biz bu yerda duo bilan mashg’ulmiz va boshqa joyga bormoqqa ijozat yo’q», deydi. Keyin esa kenja o’g’li Amir Umarni qoshlariga chorlab, uni Sohibqiron dargohiga yuboradi. Hazrat yo’lga otlangan o’g’liga bunday deb nasihat qiladi:»Ey farzand, Amir Temurga aytingkim, agar Olloh taolo dargohidan umidvor bo’lsangiz, taqvo va adolatni ro’zg’oringizga shior aylang! Ogoh bo’ling, o’g’lim, Amir Temur sizga ko’p nazru niyoz bermoqchi bo’ladi. Zinhor ularni olmang. Mabodo olsangiz, qaytib huzurimga oyoq bosmang. Nazru niyoz olmoq jaddingiz ravishlariga ziddur. Zero, darveshlar mudom mo»minlar duosi birla mashg’ul bo’lishlari kerak. Agar dunyoga mayl ko’rsatsalar, agar duolari hijob (parda) ichra qolur, ijobat bo’lmas».

Amir Temur piri murshidining farzandini izzat-ikrom bilan kutib olib, unga nazru niyozlar qilmoqchi bo’ladi. Ammo Amir Umar hech vaqo olmaydi. Nihoyat, Amir Temur bunday deb so’radilar: «Hazratga nimani sovg’a qilib yuborsakki, ul zoti sharifga munosib bo’lsin va bizni ul zoti boborakotga yaqin etsin». Bu gaplarni eshitib, Amir Umar: «Padari buzrukvorim dedilarki, Amir Temur ahulloh (Ollohga yaqin kishilar) dilidan joy olmoqchi bo’lsalar taqvo va adolatni shior etsin, Olloh taologa yaqinlashishning yo’li shudir», deb javob berdilar.

Amir Umarning keyingi taqdiri haqida «Samariya» asari bunday shahodat beradi: «Sayyid Umar — Bahouddin Naqshbandning piri bo’lgan Hazrat Sayyid Amir Kulolning kenja o’g’lidir. Derlarkim, u Amir Temur zamonida Samarqandda muhtasiblik mansabida edi. Hijriy 803, melodiy 1400 yilda o’ldi… Fayzli mozori shaharning janubida, shaharga tutashgan Qavola mahallasidagi ariqning yoqasida, chinor ostidadir. Keyin u kishining muborak jasadini Amir Temur dahmasiga keltirganlar. Dahmaning qibla tarafidagi qabr u kishining ekanligi tayin qilingandir. Ammo Qavola mavzesidagi chinor ostini u kishining qadamjoyi deb e’tiqod qiladilar».

«Shayxul shuyux», «Sultonul tariqa», «Burhonul haqiqat», «Hazrat borif’at», «Sharaful mustaffvil», «Zaynul vorisun val muhaqqiqin» kabi faxrli unvonlar egasi Sayyid Amir Kulol hijriy 772 yil jumadil avval oyining sakkizinchi kuni, payshanba ertalab, melodiy 1370 yilda olamdan o’tadilar. Hazratning vasiyatiga asosan, Mavlono Orif Deggaroniy bilan Xoja Bahouddin Naqshband ul zoti sharifning muborak jasadlarini tuproqqa qo’yadilar.

Juda uzoq yillar Sayid Amir Kulol bilan Shamsiddin Kulolni bir shaxs degan noto’g’ri ma’lumot amalda bo’lganini aytib o’tish kerak. Xususan, Vasiliy Bartol`d Sayyid Amir Kulol va Shamsiddin Kulolni bir shaxs deb xato qilgan. Vadim Masson  va Galina Pugachenkova kabi olimlar ham, hatto taniqli olim, akademik  Bo’riboy Ahmedov ham «Temur tuzuklari»ning ilk nashrida bu xato ma’lumotni takrorlagan. O’shanda men adabiyot gazetasida  e’lon qilingan maqolamda bu xatolikka diqqatni  qaratgan edim.

MAVLONO ZAYNUDDIN ABUBAKR TAYOBODIY

05Navqironlik pallasidayoq Temurbekning fahmu farosatining qat-qatidan piri Zaynuddin Tayobodiy tilidan aytilgan “Mamlakat kufr bilan turishi mumkin, lekin zulm bor yerda turilmaydi” hikmati joy oldi. Bu hikmatni quruq shior emas, amaliy faoliyat uchun asos deb bilgan Amir Temur saltanat muhrini «Kuch adolatdadur» bitigi bilan ziynatladi va saltanat adolatli bo’lishi uchun raiyat — xalq ahvolidan ogoh bo’ldi, zolimlarning tajovuzli qo’lini mazlumlar etagidan yulib tashladi, ulug’larni og’a, kichiklarni farzand qatorida ko’rdi. Adolat barqaror bo’lishi uchun u eng avvalo qonunlar hukmronligini o’rnatishni bosh maqsad deb bildi.

* * *

Shayxulislom, mavlono Zaynuddin Abubakr Tayobodiy Hirot yaqinidagi Tayobod qishlog’ida dunyoga kelgan. Hazrat Mir Alisher Navoiy ul zoti sharif xususida «Nasoyimul muhabbat» asarida bunday ma’lumot beradilar:»Mavlono Zaynuddin Abubakr — mavlono Nizomuddin Hiraviyning shogirdidur. Ammo shariat mutobaati varzishi bila botin ulumi abvobi aning yuziga ochilibtur va bilhaqiqat uvaysiy ermish va tarbiyat hazrati shayxulislom Ahmadi Jom (Buyuk adib va shoir, mutasavvuf Abu Nasr bin Abul-Hasan an-Namiqi al-Jomiy) Zinda pil (melodiy 1049-1142 yillarda yashagan) ruhidin topibtur va derlarki, mavlono muddatlar riyozat va mujohidot bila o’tkargandin so’ngra hazrati shayx mavlonog’a zohir bo’lib debturlarki: «Sening dardingning davosini Haq taolo bizning shifoxonada quyubtur». Andin so’ngra mavlono yetti yilg’acha yayog’, ko’prak ayog’yalang Tayoboddin Jomg’a borur ermish va Qur’on tilovatig’a mashg’ul bo’lur ermishlar va o’ttuz yildan so’ngraki, bu tariyq bila suluk qilibtur, ming Qur’on xatmidin so’ngra hazrati shayx ruhoniyatidin ishorat anga bo’lubturki, Mashhad ziyorati ihromi bog’ladi va ul ravza ostonbo’slig’iga musharraf bo’lg’onidin so’ngra xil’atlar va navozishlar topti. Andin Tus mozoroti tavofig’a mutavajjih bo’ldi.

Kecha Shayx Abu Nasr Siroj mozori boshig’aki, Tusning qirog’idadur, ihyo qildi va hazrati Risolatg’a musharraf bo’ldi va hukm toptikim, tongla Tusqa kirsang, uryon darveshe sanga yo’liqg’usidur. Yaxshi ta’zim qil, ammo sujud (sajda) qilma.

Tong Tusg’a kirgach, Bobo Mahmud Tusiyki, majzub erdi, hazrat buyurg’on yo’sun bila keladur erdi, yo’luqti, chun mavlononi ko’rdi va o’zin tufroqqa soldi va boshin kiygizga tortti va mavlononing qoshig’a keldi. Bir zamon ayog’ ustida turdi. Bir zamondin so’ngra ayog’in kiygizdin chiqardiyu qo’pti va o’z-o’zi bila der ediki: «Ey adabsiz, birrav ta’zim qilmassenki, kecha Hazrati Risolat Abu Nasr Siroj mozori boshida aning bila muloqot qildi va ani sanga nishon berdi va osmon farishtalari andin uyolurlar». Mavlono Bobog’a salom qildi va Bobo javob berdi va buyurdiki:»Rudbor avliyo va mashoyixi sanga muntazirdurlar».

Amir Temur bilan Mavlono Zaynuddin juda ko’p bor uchrashib suhbatlashganlar. «Tarjimai hol» asaridagi rivoyatlardan birida hazrat Amir Temur tilidan bu ikki zot taqdirida muhim o’rin tutgan uchrashuv xususida hikoya qilinadi: «Men yigirma bir yoshga to’lganimda sayohat qilmoqchi bo’ldim. Lekin avval Shayx Zaynuddin Abu Bakr Tayobodiydan duoi fotiha olmoqni niyat etdim. Shayx sayohatimga duoi fotiha berib, belimga kamar bog’lab, boshimga kuloh kiygizdi va menga bir chig’anoq uzuk tortiq qildi; uning ko’zida «Rosti-rusti» deb yozilgan ediki, uning ma’nosi «haqqoniylik va odillik har qanday balodan xalos qiladi» demakdir. Shayx menga muvaffaqiyat va sayohatimga omad tiladi hamda men haqimda mana bu samimiy so’zlarni aytdi:»Dunyoda bir odam bor, u seni har ishda qo’llaydi, seni payg’ambarning noibi deb ataydi. Alhol sen uni ko’ra olmaysan, lekin shunday fursat keladiki, uning o’zi senga baxt to’la nazar bilan qaraydi».

Amir Temur bilan shayxning ilk uchrashuvi oldinroq, taxminan, 1357-1359 yillarda yuz bergan. Bu taxminni «Tuzuklar»da tasvir etilgan Jeta-Mo’g’uliston xoni Tug’luq Temurxonning 1360 yilda Movarounnahrga qilgan bosqini bilan bog’liq voqealar mantiqi tasdiqlaydi. Chunonchi, bu xususda hazrat Amir Temur bunday hikoya qiladi: «Chingizxonning nabirasi Tug’luq Temurxon Movarounnahr mulkini bosib olish qasdida qo’shin tortib, Xo’jand suvi (Sirdaryo)ni kechib o’tgach, menga, amir Hoji barlos va amir Boyazid jaloyir nomiga yorliq jo’natib, uning huzuriga borishimizni talab qilgan edi. Ular men bilan kengashdilar. O’z el-uluslari bilan Xurosonga ketish yoki Tug’luq Temurxon qoshiga borish haqida maslahat so’radilar. Men ularga bunday yo’l ko’rsatdim: «Tug’luq Temurxonning huzuriga borsangiz, ikki foyda, bir ziyon bordir. Xuroson tomonga o’tib ketishning ikki ziyoni, bir foydasi bordir, dedim. Ular mening kengashimga kirmay, Xuroson tomon ketdilar. Men ham Xurosonga yoki bo’lmasa Tug’luq Temurxonning oldiga borish-bormasligimni bilmay ikkilanib qoldim. Shu hol asnosida pirim (Tayobodiy)dan maslahat so’rab xat yozgan edim, ushbu mazmunda javob yozib yuboribdilar: «To’rtinchi xalifa (Hazrati Ali ibn Abu Tolibdan), unga tangrining karamu marhamati bo’lsin, bir kishi so’rabdiki, «Osmon — kamon, yer — kamon ipi, hodisalar va ofatu-kulfatlar esa o’q bo’lsa, insonlar ul o’q-yoylarga nishon bo’lsa, otg’uchi — Olloyi taolo bo’lsa, uning qudrati yana ham ulug’ bo’lsin, odamlar qaerga ham qochsinlar!» debdilar. Xalifa javob qilib, “Odamlar Tangrining qoshiga qochsinlar”, debdilar. Shunga o’xshash sen ham hozir Tug’luq Temurxonning oldiga qochgil va qo’lidagi o’q-yoyini tortib olgil». Bu javob kelishi bilan ko’nglim ko’tarilib, yuragim bundan quvvat oldi va Tug’luq Temurxon qoshig’a borishga ahd qildim».

Tug’luq Temurxon Movarounnahr hokimiyatin o’g’li Ilyosxo’jaga berib, Amir Temurni lashkarning bosh amiri etib tayinlaydi. Oradan ko’p vaqt o’tmay, Ilyosxo’ja bilan Temur o’rtasida nizo tushadi. Zero, jetaliklarning mahalliy xalqqa bo’lgan zulmi kunma-kun oshib borar, Ilyosxo’ja esa bosh amirning bu noma’qulliklarga barham berish haqidagi iltimoslariga quloq osmaydi. Nihoyat, mo’g’ullarning payg’ambar avlodlari bo’lmish yetmishta sayyidni asir qilib olib ketishlari Amir Temur hazratlarining sabr kosasini to’ldirib yuboradi va ul zot jang qilib, asirlarni ozod etadi. Keyin buyuk sarkarda bo’lgan voqealar xususida piriga maktub yo’llaydi. Ko’p o’tmay, Mavlono Tayobodiy javob yozib, Amir Temur ko’nglini ko’taradi. Maktubda Sabuk Teginning onasi — bir kiyikni o’limdan saqlab qolgani tufayli tangri inoyatiga erishgan ayol haqida hikoya ham bitilgan edi. «Bu ayol faqat bir kiyikni o’limdan saqlagan edi, — deb yozgan edi Mavlono Tayobodiy, — sen esang, yetmishta sayyidni asirlikdan qutqarding. Endi ishonavergin. Bunday buyuk ishing uchun kelajakda seni ulug’ mukofotlar kutadi».

Amir Temur bilan mo’g’ullar o’rtasidagi adovat kuchayib boradi, nihoyat, Tug’luq Temurxon o’g’li va boshqalarning da’vati ostida yosh amirni qatl etish haqida yorliq jo’natadi. Keyingi voqealar haqida jahongirning o’zi bunday hikoya qiladi: «Shu (qatl xususidagi buyruqdan ogoh bo’lganim) tufayli avliyo Amir (Sayyid) Kulol menga tezda Xorazmga ketishni maslahat berdi, dushmanning behad ziyoda kuchlariga bas kelish imkoni bo’lmay qolsa, har doim chap berish va berkinish kerak», dedi Amir Kulol…

Ketishimdan avval Shayx Zaynuddin Abu Bakr Tayobodiyga maktub yozdim va 764 (melodiy 1363-1364) yilda oltmish otliq bilan Samarqanddan Xorazm tarafga ketdim. Yo’lda shayxdan bunday javob oldim: «Temur! To’rt sifatni o’zlashtirib ol: har qanday ishni tangrining ismi va marhamati bilan boshla. Ikkinchidan, o’z ishlaringda Ibrohim alayhissalomdan ibrat ol; ko’z-quloq bo’lib kuzatib yur, toki senga tobe yerlarda maishatbozlikka yoki og’ir jinoyatga yo’l qo’yma. Tirishqoqlikda laylakdan ustun bo’l. Bir laylak uyasida qarg’a bolasini ko’radi. Uch kun davomida laylak unga hech ahamiyat bermaydi, to’rtinchi kuni esa to’rt yuzta laylak uchib kelib, uning uyasida qarg’ani ko’rgani uchun uya egasini cho’qib o’ldiradi. Uchinchidan, har qanday ishni, payg’ambarimiz singari, odamlar bilan maslahatlashib boshla. Har ne ishni birov bilan maslahatlashmay, o’zboshimchalik bilan amalga oshirgan hokimlar bo’lgan. Lekin ularning saltanati uzoqqa cho’zilmagan. To’rtinchidan, choryor xalifalardan ibrat ol; jasur, g’amxo’r va saxiy bo’l; har bir ishni g’oyat e’tibor berib bajar, toki qushlar harakati senga ibrat bo’lsin, ular jo’ja ochadigan tuxumni behad diqqat va e’tibor bilar yoradilar».

Rivoyatlarga ko’ra, hijriy 780 (melodiy 1378-1379) yilda Malik G’iyosiddin Pir Ali Hirot atrofida yangi devor tiklay boshlaganida, shayxulislom Zaynuddin Tayobodiy unga maktub yo’llab, «Odamlarni qiynama, bo’lajak ofatlarni devor tiklab to’solmaysan, undan ko’ra adolatni tikla», deb pand-nasihat qiladi. Malik G’iyosiddin esa unga «Davlat ishlariga aralashmang, imomlik qilavering!» deb javob beradi. Bundan qattiq ranjigan shayxulislom o’sha kuniyoq mozorda toat-ibodat bilan mashg’ul bo’lib, Malik mulki yaqin orada Amir Temur tasarrufiga o’tajagini karomat qiladi.

Faseh Xavofiyning yozishicha, hijriy 782(melodiy 1380-1381) yilda Xurosonni zabt etishga otlangan Amir Temur Tayobodga — mavlono Toyobodiy ziyoratiga keladi. Ular uzoq suhbatlashadilar. Shayxulislom Amir Temurga nasihat qilib, Hirotni olish paytida shaharni g’orat qilmaslik va aholiga zulm o’tkazmaslikni so’raydi. Shunda Amir Temur:»Nega siz Malik G’iyosiddinga pand-nasihat qilib, to’g’ri yo’lga solmadingiz?» deb so’raydi. Shayxulislom bunday deydi:»Men Malikka ko’p o’git aytdim, ammo u quloq solmadi. Oqibatda u xor, sen esa zo’r bo’lding. Endi men senga o’git aytaman, mabodo quloq osmasang, sen ham xor bo’lajaksan!» Shavkatli sarkarda shayxulislom dargohidan chiqar ekan, hamrohlariga qarata:»Biz alhol Hirotni zabt etdik, illo ulug’ pirimizning muborak kalomlari Hirot ahlining xohishidan dalolatdir» deya xitob qiladi.

«Tuzuklar»da Amir Temurga mavlono Zaynuddin bitgan juda ko’p maktub qayd etilgan. Ular asosan Sohibqironning maslahat so’rab yozgan xatlariga javob bo’lib, Amir Temurning davlatchilik siyosatini belgilashda g’oyat muhim o’rin tutadi. Keling, ana shunday xatlardan biri ta’sirida Amir Temur tafakkurida yuz bergan o’zgarishga, diqqat qilaylik. «Tuzuklar»da bunday yoziladi:»Saltanatning martaba tuzukini quyidagilarga tayanib tuzdim.

Birinchidan, saltanatim qonun-qoidalarini islom dini va kishilarning eng xayrlisi (Hazrati Muhammad)ning shariatiga bog’lab, izzatu hurmatlash vojib bo’lgan onhazratning avlodi va sahobalariga muhabbat bildirgan holda ularni mustahkamladim. Saltanatim martabasini qonun-qoidalar asosida shunday saqladimki, uning ishlariga aralashib, ziyon yetkazishga hech bir kimsaning qurbi yetmasdi.

Ikkinchidan, sipohu raiyatni umid va qo’rquv orasida saqladim. Do’st-dushmanni murosayu-madora martabasida tutdim. Qilmishlarini, aytgan gaplarini gohida sabr-toqat, gohida bilib-bilmaslikka olish bilan o’tkazdim. Do’st-dushmandan kim menga iltijo qilib ketgudek bo’lsa, do’stlarga shunday munosabatda bo’ldimki, dushmanligi do’stlikka aylandi. Menda biron kimsaning haqi bo’lsa, haqini hech vaqt unutmadim. Biron kimsa bilan tanishgan bo’lsam, uni hech vaqt nazarimdan chetda qoldirmadim.

Davlatim va saltanatim quyoshi ko’tarilib kelayotgan vaqtda menga iltijo qilib kelgan makkor va badkirdor odamlar, xoh menga yaxshilik qilgan bo’lsin, xoh yomonlik, saltanat taxtiga o’tirganimdan keyin ularni xayr-ehsonlarim bilan hijolatga qo’ydim. Menga qilgan yomonliklarini qilmagandek ko’rib, ularni yomon qilmishlari daftari ustiga avf qalamini tortdim.

Uchinchidan, hech kimdan o’ch olish payida bo’lmadim. Tuzimni totib, menga yomonlik qilganlarni parvardigori olamga topshirdim. Ish ko’rgan, sinalgan, shijoatli er-yigitlarni qoshimda tutdim. Sofdil kishilar, sayyidlar, olimlar va fozillarga dargohim doim ochiq edi. Nafsi yomon himmatsizlarni, ko’ngli buzuq qo’rqoqlarni majlisimdan quvib yubordim.

To’rtinchidan, ochiq yuzlilik, rahm-shafqat bilan xalqni o’zimga rom qildim. Adolat bilan ish yuritib, jabr-zulmdan uzoqroqda bo’lishga intildim.

Shunday paytda pirimdan xat keldi. Ular: «Buyuk zafarlar sohibi Temurga, Olloh uni hamisha qo’llasin, ma’lum bo’lsinkim, (uning) saltanati korxonasi tangri taolo korxonasining bir (kichik) nusxasidirki, unda turli mansabdagi xodim va xizmatkorlar (amale va fa’le), noiblar, eshik og’alari bordir, ularning har biri martabasiga yarasha o’z yumushi bilan mashg’uldir, hech biri o’z martabasidan chetga chiqmaydi va doimo Ollohning amriga muntazir bo’lib turadi. Shunday bo’lgach, sen hamisha hushyor va ehtiyotkor bo’lgin, toki vazirlar, lashkarboshilar, amaldorlar, ish boshqaruvchilar, sipohsolorlardan hech biri o’z martabasi chegarasidan chiqmasin va doimo sening hukmingga muntazir bo’lib tursin. Har toifa va har qavmni o’z martabalarida tutginki, saltanatning nizomiga kelib, davlat intizomiga kirgay. Agar har narsani va har kimni o’z martabasida saqlay olmasang, saltanatingga bundan ko’p xalal va ziyon yetgay. Demak, har kimning qadr-qiymatini, tutgan mavqeini va har narsaning o’lchovini belgilab olishing va shunga muvofiq ish yuritishing kerak. (Hazrati) Muhammad avlodidan bo’lganlarning martabasini boshqalardan yuqori ko’tarib, ularning izzat-hurmatini joyiga qo’ygil. Ularga qancha muhabbat bildirsang ham, uni isrof deb o’ylama, chunki qaysi ish xudo yo’lida bo’lsa, unda isrof yo’qdir. O’n ikki toifa bilan davlatingga ziynat berib, shular bilan saltanat qurgil. Vassalom» deb yozibdilar.

Pirimning ushbu xati menga yetishgach, unda buyurilgan har bir narsani bajo keltirdim. Davlatim ishlarini qonun-qoida va intizomga solib, saltanatim martabasiga zebu-ziynat berdim. Saltanatimni o’n ikki toifaga bo’lib, ularga tayangan holda ish yurgizdim. Mamlakatim qonun-qoidalarini ham shu o’n ikki toifaga bog’lab tuzdim. Bu o’n ikki toifani saltanatim falakining o’n ikki burji va davlatim korxonasining o’n ikki oyi deb hisobladim».

Mavlono Zaynuddin Abu Bakr Tayobodiy zamonasining mashhur va donishmand kishisi edi. Faqat Amir Temur kabi ulug’ sohibi saltanatlargina emas, o’sha davrning yetuk allomalari, tariqat peshvolari ham, ul zot suhbatiga intizor edi. Hazrat Alisher Navoiy «Nasoyimul muhabbat» asarida Xoja Bahouddin Naqshband, Xoja Muhammad Porso, Xoja Ubaydulloh Ahror kabi avliyo bobolarimiz Shayx Zaynuddin suhbatida bo’lganini qayd etganlar. Ul hazrat bir o’rinda jumladan bunday yozadilar: «… Xoja Muhammad Porso hazratlari so’nggi qatla hajga borurda (ya’ni hijriy 820-melodiy 1417-1418 yilda) mavlono mozoriga kelgan ekandurlar. Der emishki: «Avval qatla hojam buzurgvor Hazrati Hoja Bahouddin bila Makkaga borduq. Buxorodin Marvga yetgonda qofila ikki fariq bo’ldilar va ba’zi Mashhad sori mayl qildilar va ba’zi Hirot sori mutavajjih bo’ldilar. Bu buljor bilaki, Nishopurda bir-birig’a qo’shulg’aylar. Hazrati Xojai buzrugvor Hiriy sori moyil bo’ldilar va buyurdilarki, «Tilarbizki, Mavlono Zaynuddin Abu Bakr Tayobodiy suhbatiga yetgaybiz». Men yigit erdim va mavlono ahvolidin xabarim yo’q erdi va Mashhad sori bordim». Va Xoja Muhammad Porso bu ma’nidin taassuf yer, nadomat izhori qilur ermishlar.

Debturlarki: «Chun Hazrati Xojam Buzrugvor Tayobodiyg’a yetti va saboh namozin mavlono bila qildilar va namozdin forig’ bulg’ondin so’ngra burung’i sifatida muroqabag’a o’z tariyqlari bila mashg’ul bo’ldilar va mavlono avrodni tugatgandin so’ngra alar qoshig’a kelib ko’rushubtur va otlarin so’rubtur. Alar debturlarki:»Bahouddin». Mavlono debturki:»Bizning uchun bir naqsh bog’lang». Alar (Bahouddin) debturki:»Kelibbizki, naqshe eltgaybiz». Va mavlono hazratlari alarni uylariga eltibturlar va ikki-uch kun suhbat tutubturlar va xayrbod qilib, Nishopurda qofilag’a qo’shubturlar».

Mavlono Tayobodiy bilan bo’lgan uchrashuv Xoja Bahouddin Naqshband xotirasida qolganini Abul Muhsin Muhammad Boqir qalamig’a mansub «Maqomoti Xoja Bahouddin Naqshband» kitobidan bilish mumkin. Muallifning qayd etishicha, Xoja Naqshband Mavlono Zaynuddinni tez-tez eslab turar va bir gal bunday degan ekanlar: «Mavlono Zaynuddin Tayobodiy, quddisa sirrihu, zohir va botinga rioya qilishlar bahramand edilar. Ulardan so’radilar: «Ruxsat qilingan amallar bilan xalqni tuzatish ravomi?» Aytdilarki: «Ba’zi odamga ravo, ba’zi odamga ravo emas. Ravo bo’lgan odamga ham ba’zi vaqtda esa ravo emas, to joyiga qarash hamda amal qiluvchining yo’li qay holatda ekaniga boqish lozim».

Mavlono Zaynuddin Abu Bakr Tayobodiy vafoti haqida hazrat Navoiy bunday yozadilar: «Mavlono yetti yuz to’qson birda, muharram oyining salxida, panjshanba kuni nisfi nahorda olamdan o’tubturlar». Bu melodiy 1389 yilning dekabriga to’g’ri keladi.

MIR SAYYID BARAKA

03 Muarrix Ibn Arabshohning yozishicha, Amir Temur mudom: «Saltanatimdan orttirgan jamiyki boyligim va mustahkam ma’volarni fath etganim — barchasi Shayx Shamsuddin al-Faxuriy (Kulol)ning duosi. Shayx Zaynuddin al-Xavofiy (Ibn Arabshoh bu yerda xatoga yo’l qo’yadi, Shayx Zaynuddin al-Xavofiy butunday boshqa shaxs, bu o’rinda asli Mavlono Zaynuddin Abu Bakr Tayobodiy nazarda tutilgan — X.D.) himmatidan va bor topgan barokatim esa yolg’iz Sayyid Baraka sharofatidandir», der ekan.

Yana shu muallif Mir Sayyid Baraka haqida, «ba’zilar uni mag’riblik bo’lib, Misrda yashab (zuluk bilan) qon quyuvchilik qilgan, keyin Samarqandga kelib, o’zini sayyiddek ko’rsatib, qadr-qimmati ortgan va dovrug’i yoyilgan desa, ba’zilar uni Madinai Munavvara ahlidan deydi; boshqa bir xillar esa uni Makkai Mukarrama ahliga nisbat beradi», deb ta’kidlaydi.

Amir Temur piri Mir Sayyid Baraka bilan ilk bor 1370 yilda uchrashgan. Bu fursatda Amir Temur bir paytlar Chig’atoy ulusiga egalik qilgan Amir Qazag’anning nabirasi, qaynisi amir Husaynga qarshi so’nggi jangga kirishayotgan, raqibining so’nggi istehkomi — Balx shahrini zabt etishga hozirlik ko’rayotgan edi. Rivoyatlarga ko’ra, rasuli akram avlodiga mansub Mir Sayyid Baraka Xurosonga kelgan va dastavval amir Husayn bilan tanishgan. Vaqf yerlar xususidagi iltimosi nazarga olinmagani va o’ziga munosib izzat-ikrom ko’rsatilmaganidan behad ranjigan sayyid ko’p o’tmay, vaziyatni to’g’ri baholagan holda, Amir Temur dargohiga yo’l olgan. Xuddi shu damda yuqorida ta’kidlanganidek, Amir Temur Balx yurishiga otlangan edi.

Moziy kitoblarida Mir Sayyid Barakaning ruhoniy qudrati haqida talay rivoyatlar mavjud. Ibn Arabshoh ulardan birini bunday hikoya qiladi:»Dasht va Totor sultoni To’xtamishxon Amir Temur va sulton Husayn o’rtasida yuz bergan mojaroni ko’rgach, qoni qaynab g’ayirligi keldi. Negaki, ular (To’xtamishxon va sulton Husayn) nasabi jihatidan bir-biriga yaqin va qo’shni edi. U ko’p askar, dengizdek hayqirgan qo’shin to’pladi va Sig’anoq O’tror tarafidan Amir Temur lashkargohi tomon yo’l oldi.

Amir Temur Samarqand tarafdan qarshi chiqdi… Ikki o’rtada urush «bozori» qizidi. Jang oldi-sotdilar avj oldi va nihoyat, Temur askari (un bo’lib yanchilmaguncha) muhoroba tegirmonining toshlari aylanaverdi. Temur sipohi parokanda bo’lib, himoya tuguni yechilayotgan bir paytda banogoh Sayyid Baraka ismli zot paydo bo’ldi va Amir Temurga yovuq keldi. Temur — u g’oyatda tang holatda qolgan edi — boyagi zotga yuzlanib: «Ey sayyid afandim! Sipohi yengildi!» dedi.

«Qo’rqma!» dedi unga Sayyid Baraka. Keyin tulporidan tushdi va yerdan bir siqim tuproq olib, yana bo’z otiga mindi. So’ng o’sha tuproqni bostirib kelayotgan dushman yuziga sochib, «Yog’i (dushman) qochdi!» deb baqira boshladi. Amir Temur ham yordam qo’lini cho’zgan shayxni takrorlab baqiraverdi… Shunda Amir Temur askarlari… raqiblariga qarshi dadil ma’rakaga tushdi. Uning qo’shinidagi zaifu jasur bor jangchi «Yog’i qochdi» deb qichqirdi, baqirmagani qolmadi. Nihoyat, ularni bir-birini qo’llab-quvvatlab va (bir-biriga) madad tilab, yog’iy ustiga hamla qildi. To’xtamish qo’shini mag’lubiyatga uchradi va orqasini o’girib taraqaylab qochdi. Amir Temur askarlari ular bo’yniga tig’ solib, ajal qadahin ichirdilar… Amir Temur nazarida Sayyid Barakaning e’tibori oshdi… Amir Temur unga:»Neki istarsiz, so’rang va har ne murodingiz bo’lsa, tilang!» dedi. Ul zot esa sohibqironga qarab: «Ey, mavlono Amir! Muqaddas va muborak shaharlar — Makka va Madinaga tegishli vaqflar (turli) iqlimlarda serob. Xuroson yerlaridagi Andxoy (ham) shular jumlasidandir. Men va mening bolalarim ana shu ehsonga sazovor kishilardanmiz. Agar o’sha ma’voning foyda-zarari aniqlanib, mayda-chuydalari ma’lum qilinsa hamda vaqflar hisob-kitob qilinib, kirim-chiqimlari belgilansa, men va bolalarimning hissasi bu vodiydagi mana shu qasabadan kam bo’lmaydi. Ana o’shani menga iqto’ tariqasida bersangiz», dedi. Amir Temur o’sha joy va unga tegishli muzofotu qishloqlarni shayxga iqto’ tarzida tortiq qildi».

Amir Temur va Mir Sayyid Baraka so’nggi bor 1403 yilda Qorabog’da uchrashadi. Bu tarixda Amir Temur Turkiya sultoni Yildirim Boyazid ustidan zafar bilan qaytayotib, qishlovni Qorabog’da o’tkazayotgan edi. Sohibqiron piri komilni peshvoz qarshilash uchun chodirdan chiqar ekan, o’sha asnoda bexosdan saltanat valiahdi, bir muncha muddat oldin vafot etgan nabirasi Muhammad Sulton Mirzo nomini aytib nola chekadi. Mir Sayyid Baraka ham boshidagi sallani yechib, ko’z yoshini artadi. Piru murid — ikkovlon bir-birini bag’riga bosib uzoq bo’zlaydi.

Mir Sayyid Baraka, Faseh Xavofiyning ma’lumotiga ko’ra, hijriy 806 (melodiy 1403-1404) yilda vafot etgan. Muarrix Abu Tohirxoja Samarqandiy «Samariya» asarida bunday yozadi: «Hazrat Mir Sayyid Baraka mozori Samarqand shahrining ichida, Amir Temur Ko’ragon dahmasining gumbazi tagidadir. Hazrat Sayyid Baraka Kirmon viloyatidan Balx shahriga kelib, Amir Temurga botindan yordamlashibdur va Amir Temur Barakani Samarqandga olib kelibdur. Sayyid Samarqandda bo’lgan vaqtda Amir Temur (nabirasi) Muhammad Sulton madrasisini ko’rgani borib, o’sha madrasaning kun botar tomonida o’z qabri uchun marmaru yashil toshlardan yuksak bir bino va gumbaz soldirdi. Gumbazning shimolida ulkan bir madrasa bino qildirib, uning sahnasida go’zal chorbog’ tuzdirdi. Sayyid Baraka vafotidan keyin uning o’ligini Mozandarondan keltirib, o’sha gumbaz ichiga ko’mdirdi. O’zining ko’milajak o’rnini ham sayyidning oyog’i ostida belgiladi. Amir Temur eng keyingi safari bo’laroq uch yuz ming urishqoq, kuchli qo’shin bilan Xitoy o’lkasi fathi uchun yo’lga chiqdi. Yo’l ustida Turkiston muzofotidan bo’lgan O’trorga borgach, kasallanib (O’tror hokimi) Keldibek uyiga qo’ndi va shu yerda vafot etdi. Besh kun ichida uning o’ligini Samarqandga keltirib, o’z dahmasining gumbazi ichida (vasiyatiga ko’ra) Sayyid Barakaning oyog’i ostida marmar sandiqqa solib ko’mdilar».

O’rni joizligi sabab, bir noaniqlikka oydinlik kiritishni istardim. Bugun Amir Temur bilan Mir Sayyid Baraka xoki yotgan maqbarani «Go’ri Amir» deb atash odat bo’lib qolgan. Aslida  xalq bu dahmani avvalan Mir Sayyid Barakaga nisbat berib «Go’ri Mir» deb atagan. Biz esa uni Amir Temurga nisbat beramiz. Holbuki, buyuk Sohibqiron bobomiz hazrati pirini e’zozlab, ixlos talabi bilan o’z jasadini ul zot oyog’i ostiga qo’yilishini vasiyat qilgan. Shuni e’tiborda tutib,  yo’l qo’yilgan xatoni tuzatsak, Sohibqiron bobomiz ruhini yana bir karra shod etib, ul zotning o’z piriga bo’lgan muhabbatini qadrlagan bo’lamiz.

Amir Temur umr bo’yi pirlarini izzat-ikrom etib, ularning ma’naviy ko’maklari tufayli qudratli saltanatga asos soldi. Uning mislsiz sarkardalik salohiyati, yetuk davlat tizimini inkishof etgan tafakkuri ustozlarining ilohiy shuur bilan yo’g’rilgan hikmati bilan o’sib-rivojlanib, kamol topgani shak-shubhasizdir. Jahongirlik bahsida Temurning Iskandar Maqduniy, Hannibal, Attila, Chingizxon va Napoleondan ustun qo’yilishi ham mana shu ma’naviy tarbiya tufayli edi. Shu sababdan ham frantsuz muarrixi Al`fos de Lamartin: «Ovrupo na Iskandarda, na Attilada va na Moskoviya zafarini quchgan yangi fotih (Napoleon)da bunday darajali bir zavqli, go’zal idorani ko’rgan emas», deb yozganida ming karra haq edi.

Amir Temur ustozlarining o’git va hikmatlarigagina emas, ularning muborak qadamlaridan to’kilgan changu g’uborlarni e’zozlaydigan sadoqatli shogird edi. Bu xususda g’aroyib bir rivoyat bor. Bu rivoyatni turkiyalik bir inson o’zbek olimi Ulug’bek Abdulvahobga, u esa menga so’zlab bergan edi.

Emishkim, navbatdagi yurishiga otlangan Amir Temur qo’shinlari Muqaddas Buxoro ko’chalaridan o’tayotganda, baland bir devor ustidan eski kiyimlar silkinib, qoqilayotgan ekan. Changu to’zon navkarlar ust-boshiga qo’nar, bundan norozi bo’lgan lashkarboshilar yuqoridan turib jubbalarni qoqayotgan darveshlarni jerkib, to’xtatmoqchi bo’ladilar. Bu voqeadan xabar topgan Temur qo’shinni orqaga qaytarishni buyuribdi, devor ustidagi odamlarga esa jubbalarni qattiqroq qoqishni tayinlabdi. Qo’shinlar changu g’ubor ostidan qaytib o’tar ekanlar, Sohibqiron «Hech kim ustiga tushgan g’uborni qoqib tozalamasin», deb amr etibdi. Hech kim bu ish sababini so’rashga botinolmabdi. Faqat keyinchalik, Rum sultoni Boyazid bilan bo’lgan zafardan so’ng, Amir Temurdan Buxoroda bo’lib o’tgan «Chang voqeasi» sababi so’ralganda, Turon sultoni shunday deydi: «Sizlar ham bu changu-g’ubor qadru-qiymatini bilganingizda edi, buning sababini so’ramagan bo’lardingiz. O’sha devor ustidan changlari qoqilgan eski-tuskilar oddiygina latta-puttalar emas, ular Hazrati Naqshbandning muborak jubbalari edi. «Alloh adolatni amr etadi» — shu amrga ko’ra, biz -ust-boshlarida hazrat jubbasining g’uborlarini ko’tarib yurgan qo’shin zafar quchib, Rum qo’shini mag’lub bo’ldi. Illo, Alloh huzurida hatto avliyolar avliyosi sanalmish Boyazid (Bistomiy)ning darajasi Hazrati Naqshband darajasidan ancha pastdadir. Alloh adolatni amr etadi va o’ziga bu qadar sodiq bo’lgan zoti sharifning hatto jubbasidan uchgan chang zarralarining ham mag’lub bo’lishiga yo’l qo’ymaydi. Biz Yildirim Boyazidni ana shunday yengdik».

Amir Temur nomining abadiyati, davlatning shukuhi uning buyuk ustozlariga bo’lgan sadoqati, donishmand pirlarning hikmatiga bo’lgan ilohiy e’tiqodi tufaylidir. Zukko muarrix qayd etganidek, «uning shuhrat qozonishi va (Allohdan) himoya topishining sababi shundadir… Ul ulug’ xislat bilan bog’liq ishlar — uning mukofoti xalqni gumrohlik zulmatlaridan olib chiqish va hidoyat yorug’ligiga yetkazishdan iborat: ya’ni abadiy jaholatdan qutilish va cheksiz saodatga yetishish yo’lini ana shu (xislat) orqali topish mumkin».

Maqola 1994 yil «Tafakkur» jurnalining 1-sonida bosilgan

045

(Tashriflar: umumiy 12 981, bugungi 1)

2 izoh

  1. «Аллоҳ адолатни амр этади ва ўзига бу қадар содиқ бўлган зоти шарифнинг ҳатто жуббасидан учган чанг зарраларининг ҳам мағлуб бўлишига йўл қўймайди».

Izoh qoldiring