Bashorat Otajonova. She’rlar

0_16b320_cda896e1_orig.pngСайтимиз муштарийлари шеърларини интизорлик билан кутадиган шоиралардан бири Башорат Отажонованинг янги сатрларини Одил Икром тавсияси билан тақдим этмоқдамиз.

Башорат ОТАЖОНОВА
ШЕЪРЛАР
07

bashorat_otajonova-260.jpgБашорат Отажонова 1986 йил 13 февралда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида ўқиган. Ҳозир «Бошланғич таълим» журналида бўлим муҳаррири вазифасида ишлайди.
У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Зоминда ўтказилган истеъдодли ёш ижодкорларнинг 7-анъанавий анжуманида «Юксак бадиий тасвир воситалари учун» номинацияси бўйича совриндор бўлган (2003). Таълим соҳаси муаммоларини ёритишдаги салмоқли ҳиссаси учун Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган (2017). Шеърлари ва таржималари республика нашрларида чоп этилган.

07

* * *

Сен — қафас, ичингга қамалган дунё,
Мен — қушман ичингда сенга ичиккан.
Қанотим остида калит бор,
аммо
Чиқиб кетолмайман эшикдан.
Мен — банди.
Ҳеч қачон ҳеч ким тутмаган!
Ҳайдама…
Яхшиси, бошимга дор тик.
Ташқарида сен йўқ —
ташқари туман,
Мени ўлдиради бундай озодлик.
Қара, кўзларимдан томяпти шабнам,
Юраги нам тортиб кетганлар камми?
Илтимос…
Ҳайдама…
Гар қанот ёзсам,
Сочилиб кетаман.
Ачинмайсанми?
Учмайман!!!

СОҒИНЧ

Яшил япроқларнинг юзига урди,
Соғинчимнинг нуқси.
Олам заъфарон.
Рангларни сочқилаб шамол югурди,
Кўнглимга куз келди ҳайрондан-ҳайрон.

Кўкда шакл чизиб учди турналар —
Қуёшнинг нурини ичмаган ҳали.
Булутлар тўзғиди — сурмаранг…
Ахир келмайсанми кўргали?

Юрагим каттариб кетди бу ғамдан,
Куз!
Атрофда эса кўклар ҳавотир…
Менинг кўнгил отлиғ кўҳна кулбамда,
Қара, мувозанат бузилаётир.

Тезроқ келмайсанми?..

ШУБҲА
(Эртакдан сўнг)

Яна ҳузуримга келяпсиз қайтиб,
Яна соғинчимдай узаяр кеча.
Яна…
Девлар мағлуб…
Маккор парилар
Ақлингизни олиб қўяр менгача.

Дарпарда ичидан сузиб чиқар ой,
Хонага сочилиб кетар юлдузлар.
Сизни…
(Кўзларимда улғаяр шубҳа)
Тилсимлаб қўйдилар сеҳргар қизлар.

Олисда қорайиб кўринади тоғ,
Парилар рақс этар — куяр вужудим.
Бир қиз қаҳрамонлик кўрсатмагунча,
Биламан,
сеҳрнинг кетмайди кучи.

Кумуш ёғдуларнинг ораларидан,
Суғурилиб чиқар бир аёл ёниб…
Кўчада бир шарпа тўсар йўлимни,
Уялиб кетаман таниб…

… ВА САФИЯ

Эшикка суяниб турибсан асабий,
Тобора тундлашиб бормоқда юзинг.
Бўғилган июлнинг тафтини босиб,
Қўлларингдан ўпди уч ёшли қизинг.

Узун сояларни оралаб офтоб
Келиб кўзларингда титради хушбахт.
Бармоқларинг гуллаб кетди шу тобда —
Уларга қўйилди энг гўзал дастхат.

ОНАМНИ СОҒИНИБ
(Укамга хат)

Ҳар тонг унинг гул лабларидан,
Кафтларига тўкилар исмим.
Ҳу-ув бўйчан тоғлардан нарида,
Жонланади бир гўзал қисса.

Ўттиз йилки, унутган ўзин,
Ўттиз йилки, менинг ғамим ер.
У жонимга тилайди тўзим,
Менинг ғамим — икки-учта шеър.

Гулхайрилар шабнамлардан маст,
Тонгни интиқ кутётган чоғда
У Худодан ўзига эмас,
Менга толе тилаб ўтмоқда.

Ёмғир бўлиб ювмадим бир бор,
Ғубор қўнган ойналарини…
Боролмайман…
Кутар умидвор,
Энди менинг болаларимни.

Алвон гуллар тутмадим,
(Уят!!!)
Сочларига ранглар сочдим — оқ.
Билсанг, менга буюк саодат,
Ҳозир унинг қошига бормоқ…

КУЗ
(Қамчиқ довонида)

Намчил ҳаволарда айланар туман,
Либосларин ечган камалак боғлар.
Сарғиш чўққиларда миллионлаб харсанг
Кулранг булутларни ётар қучоқлаб.

Бир-бирини қувлаб чопар вагонлар,
Қўл силкир яланғоч новдалар — нимжон.
Поезд ҳайратланар — юзлаб одамлар,
Ойналардан тошиб чиқар ҳаяжон.

Тоғларнинг уйқуси кетар очилиб,
Бир қалқиб тушади елкалари қор.
Ў, пинакка кетган кўҳна соқчилар,
Нигоҳингиз қаддингиздек улуғвор.

Булутлар сув сепар темир изларга,
Ортда беқиёс бир манзара қолар.
Вагонлар эрк бериб гўзал ҳисларга
Қўқонга йўл олар Кузни орқалаб…

* * *

Бир вужудда жаммиз, бир вужудга жо,
Ўртада масофа — борса келмас йўл.
Қўлларингни чўзгил, онажон Ҳаво,
Тўкилса, кафтингга тўкилсин бу Дил.

Оламлар оралаб қошингга келдим,
Юрагингга келдим, дарвозангни оч.
Ҳолдан тойиб келдим — паймонам лим-лим,
Бир қадам ташласам тошгай бегумон.

Кўзларимда қотган лаҳзалик умр:
Бўронлар тўзғитган, чақмоқлар кесган.
Қуёш урган умр, ой тилган умр.
Бағрида қоп-қора туманлар ўсган.

Она, дунё билан келишолмадим,
Фақат маҳзун куйлар чалар юрак — най.
Мен унинг қўйнига бир қўл солмадим,
Яшашни билмадим нега Одамдай?

Ҳавожон, мен келдим, кўзингни очгил,
Зардоблар ютяпти кўксимда бир қуш.
Топталиб, хўрланиб сўляпти бир гул,
Мен келдим, ҳеч йўқса, товуш бер, товуш!

Ортимда соврилар мен безган дунё,
Ортимга қайтмайман йўл бермас йиллар.
Еткалари титраб ўксинар Одам —
Юзини беркитиб, оҳ, Отам йиғлар.

Оламлар оралаб қошингга келдим,
Юрагингга келдим, эшигинг очгил.
Унинг кўнгли вайрон, сездирмай девдим,
Отамнинг умрига тўкилди бу Дил.

* * *

(Бетобликда ёзилган шеър)

Ногоҳон елкамдан босиб келар кўк,
Қайларгадир сингиб кетган ҳаволар.
Заминда серсоя бирорта гул йўқ,
Бир томчи шудринг йўқ…
Қақраётир лаб.

Бир кафт чўғ оқмоқда томирларимда,
Юрак юрак эмас — қизиган тандир.
(Саккизинчи январь кузатар зимдан…)
Мен ёниб кетяпман, ёғсанг-чи, Ёмғир.

Деворлар оҳорин тўкиб улгурган,
На ранг бор, на ҳаво — нафас бир ютум.
Наҳотки, қоқилиб кетдим шу кунга,
Ўттиз йил тақвимга чап бериб юриб.

Яхшиям, елкамдан босиб келди кўк,
Яхшиям, ёняпман. Бу синов — байрам!
Қовурғам остида ловуллайди чўғ;
Уйғониб келяпти ҳар бир ҳужайрам…

* * *

Мезон тинди…
Оғир-оғир қўзғалди шамол,
Нимқоронғу дараларда шовуллади куз.
Қаватлари ёмғир ичиб нам тортди ҳаво,
Теракларнинг орасида титради кундуз.

Қиров ютган деразалар йўл кутди ҳар кеч,
Борай дедим, кўчаларда туманлар тўзди.
Шунда йўлга ўзин экди Бувим — қайрағоч,
Илдиз ёйди…
Кўкка қадар шохлари ўсди.

Оқшом қўнди чўққиларнинг елкаларига,
Қамишларни пуфлай-пуфлай зерикди шамол.
Туман сийрак…
Ҳовурларнинг ораларида,
Кўчаларга сингиб кетар ғамгин бир хаёл…

ХАЁЛ, ҒАЛАБА

Хаёл. Ғалаба
Қадаминг зарбидан чирс-чирс синар йўл,
Изингга сочилар ой — кумуш танга.
Келарсан, оламни унутиб буткул…
Аёз қиров экар елкаларингга.

Дераза йўл қараб, кўзлари толган,
Йўлак ой нурида борар эшилиб.
Пардалар ўзини кўзгуга солар,
Ранг излаб ҳушидан кетади эшик.

Келарсан бепарво, ўзингдан сармаст
Паришон сочини йиғиб олар тун.
Тутқични ушлайсан…
(Мен ахир менмас,
Сен эса жазога маҳкумсан, маҳкум).

Нигоҳинг музаффар.
Нигоҳим ҳазин.
Нигоҳим тўкилар уй билан битта…
(Хайрият, юрагим енгил олар тин),
Бу хаёл-ку!
Киприк қоқаман шартта!

КЎНГИЛ БЕР…

“ — Тиқ-тиқ…”
“ — Ким у?”
“ — Чанқаган мусофир.
Эшикни очинг.
Турибман бир ҳўплам умидга ташна”.
“ — Бу кўҳна қасрда ҳамма нарса бор
эшикдан бошқа!”
Ўзимни ураман дуч келган ёққа,
Ўзини йўқотган шамолдай ожиз.
Қайлардадир майин ёмғирлар ёғар,
Қайлардадир — менинг кўнглимдан олис.

Галдаги манзилни секин чертаман.
“ — Ким у?”
овоз берар минг йиллик овоз.
“ — Ҳеч ким…
Умид керак…
Топиладими?
Бир ютум холос.”

Гулчин эшик зарда билан ёпилар.
“ — Бир қатраям сув йўқ.
Умид сўрайди… ”
“ — Бор деб ўйлабман-да… ”
(Сиз ҳам мен каби
Умидин дунёга ютқазган дайди.)

“ — Дарвозани очинг. Умид…”
“ — Бор.
Эвазига нима бера оласан?”
“ — Фақат бир Кўнгил бор Осмондан улкан!..”
Совуқ тиржаяди қаршимда одам.

Кўнгил қўлдан кетди.
Кимга бой бердим?
Наҳотки, ютқаздим сўнгги имконни
(Шу-у-нча асраб гулни асраган каби…)
Қаерда асрайман бир тутам Жонни?

Мен — кўҳна мусофир
Шунча йил яшаб
Бир чимдим ақлини ишлатмаган, оҳ!
Асли бу дунёнинг умидларидан
Сенинг даргоҳингнинг эшиги кўпроқ.

Кўнгил бер…

ТУГАЛЛАНГАН ШЕЪРЛАР ТУРКУМИДАН

КУЗ.

Қарғалар қуюндек тўзғитди кўкни.

* * *

Юрак — сафархалта.
Мен — кўҳна сайёҳ.
Алмисоқдан қолган умр оралаб
Очмасдан ўтяпман халтамни.

* * *

Булутлар бирлашиб бир фитна тузгач
Кунга боқмай қўйди кунгабоқарлар.

* * *

Кўнглимизни очардик аввал:
Мен бувимга,
Бувим қушларга.
Бугун мен ҳам қушларга сепдим,
Нон каби ушатиб кўнглимни.

* * *

Юрагимда дард, кўзларимда мунг…
Шаҳарга кириб келдим жомадон билан.
Жомадон шарақлаб очилиб бирдан
Гиламдек ёйилиб кетди сўқмоқлар.
Илонизи сўқмоқда
Бўйчан тераклар,
Ювош мусичалар,
Илиқ ёмғирлар
Ва…
Мункиллаган бувим.
Ёлғизликни қувиб юбордим уйдан.
Юкларимни эса дарҳол
Юрагимга қўйдим беркитиб.

life-vesna2.jpgSaytimiz mushtariylari she’rlarini intizorlik bilan kutadigan shoiralardan biri Bashorat Otajonovaning yangi satrlarini Odil Ikrom tavsiyasi bilan taqdim etmoqdamiz.

Bashorat OTAJONOVA
SHE’RLAR
07

0_1ba4cb_c69c12fa_orig.jpgBashorat Otajonova 1986 yil 13 fevralda Farg‘ona viloyatining Buvayda tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetida o‘qigan. Hozir “Boshlang‘ich ta’lim” jurnalida bo‘lim muharriri vazifasida ishlaydi.
U O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan Zominda o‘tkazilgan iste’dodli yosh ijodkorlarning 7-an’anaviy anjumanida “Yuksak badiiy tasvir vositalari uchun” nominatsiyasi bo‘yicha sovrindor bo‘lgan (2003). Ta’lim sohasi muammolarini yoritishdagi salmoqli hissasi uchun O‘zbekiston jurnalistlari ijodiy uyushmasining Faxriy yorlig‘i bilan taqdirlangan (2017). She’rlari va tarjimalari respublika nashrlarida chop etilgan.

07

* * *

Sen — qafas, ichingga qamalgan dunyo,
Men — qushman ichingda senga ichikkan.
Qanotim ostida kalit bor,
ammo
Chiqib ketolmayman eshikdan.
Men — bandi.
Hech qachon hech kim tutmagan!
Haydama…
Yaxshisi, boshimga dor tik.
Tashqarida sen yo‘q —
tashqari tuman,
Meni o‘ldiradi bunday ozodlik.
Qara, ko‘zlarimdan tomyapti shabnam,
Yuragi nam tortib ketganlar kammi?
Iltimos…
Haydama…
Gar qanot yozsam,
Sochilib ketaman.
Achinmaysanmi?
Uchmayman!!!

SOG‘INCH

Yashil yaproqlarning yuziga urdi,
Sog‘inchimning nuqsi.
Olam za’faron.
Ranglarni sochqilab shamol yugurdi,
Ko‘nglimga kuz keldi hayrondan-hayron.

Ko‘kda shakl chizib uchdi turnalar —
Quyoshning nurini ichmagan hali.
Bulutlar to‘zg‘idi — surmarang…
Axir kelmaysanmi ko‘rgali?

Yuragim kattarib ketdi bu g‘amdan,
Kuz!
Atrofda esa ko‘klar havotir…
Mening ko‘ngil otlig‘ ko‘hna kulbamda,
Qara, muvozanat buzilayotir.

Tezroq kelmaysanmi?..

SHUBHA
(Ertakdan so‘ng)

Yana huzurimga kelyapsiz qaytib,
Yana sog‘inchimday uzayar kecha.
Yana…
Devlar mag‘lub…
Makkor parilar
Aqlingizni olib qo‘yar mengacha.

Darparda ichidan suzib chiqar oy,
Xonaga sochilib ketar yulduzlar.
Sizni…
(Ko‘zlarimda ulg‘ayar shubha)
Tilsimlab qo‘ydilar sehrgar qizlar.

Olisda qorayib ko‘rinadi tog‘,
Parilar raqs etar — kuyar vujudim.
Bir qiz qahramonlik ko‘rsatmaguncha,
Bilaman,
sehrning ketmaydi kuchi.

Kumush yog‘dularning oralaridan,
Sug‘urilib chiqar bir ayol yonib…
Ko‘chada bir sharpa to‘sar yo‘limni,
Uyalib ketaman tanib…

… VA SAFIYA

Eshikka suyanib turibsan asabiy,
Tobora tundlashib bormoqda yuzing.
Bo‘g‘ilgan iyulning taftini bosib,
Qo‘llaringdan o‘pdi uch yoshli qizing.

Uzun soyalarni oralab oftob
Kelib ko‘zlaringda titradi xushbaxt.
Barmoqlaring gullab ketdi shu tobda —
Ularga qo‘yildi eng go‘zal dastxat.

ONAMNI SOG‘INIB
(Ukamga xat)

Har tong uning gul lablaridan,
Kaftlariga to‘kilar ismim.
Hu-uv bo‘ychan tog‘lardan narida,
Jonlanadi bir go‘zal qissa.

O‘ttiz yilki, unutgan o‘zin,
O‘ttiz yilki, mening g‘amim yer.
U jonimga tilaydi to‘zim,
Mening g‘amim — ikki-uchta she’r.

Gulxayrilar shabnamlardan mast,
Tongni intiq kutyotgan chog‘da
U Xudodan o‘ziga emas,
Menga tole tilab o‘tmoqda.

Yomg‘ir bo‘lib yuvmadim bir bor,
G‘ubor qo‘ngan oynalarini…
Borolmayman…
Kutar umidvor,
Endi mening bolalarimni.

Alvon gullar tutmadim,
(Uyat!!!)
Sochlariga ranglar sochdim — oq.
Bilsang, menga buyuk saodat,
Hozir uning qoshiga bormoq…

KUZ
(Qamchiq dovonida)

Namchil havolarda aylanar tuman,
Liboslarin yechgan kamalak bog‘lar.
Sarg‘ish cho‘qqilarda millionlab xarsang
Kulrang bulutlarni yotar quchoqlab.

Bir-birini quvlab chopar vagonlar,
Qo‘l silkir yalang‘och novdalar — nimjon.
Poyezd hayratlanar — yuzlab odamlar,
Oynalardan toshib chiqar hayajon.

Tog‘larning uyqusi ketar ochilib,
Bir qalqib tushadi yelkalari qor.
O‘, pinakka ketgan ko‘hna soqchilar,
Nigohingiz qaddingizdek ulug‘vor.

Bulutlar suv separ temir izlarga,
Ortda beqiyos bir manzara qolar.
Vagonlar erk berib go‘zal hislarga
Qo‘qonga yo‘l olar Kuzni orqalab…

* * *

Bir vujudda jammiz, bir vujudga jo,
O‘rtada masofa — borsa kelmas yo‘l.
Qo‘llaringni cho‘zgil, onajon Havo,
To‘kilsa, kaftingga to‘kilsin bu Dil.

Olamlar oralab qoshingga keldim,
Yuragingga keldim, darvozangni och.
Holdan toyib keldim — paymonam lim-lim,
Bir qadam tashlasam toshgay begumon.

Ko‘zlarimda qotgan lahzalik umr:
Bo‘ronlar to‘zg‘itgan, chaqmoqlar kesgan.
Quyosh urgan umr, oy tilgan umr.
Bag‘rida qop-qora tumanlar o‘sgan.

Ona, dunyo bilan kelisholmadim,
Faqat mahzun kuylar chalar yurak — nay.
Men uning qo‘yniga bir qo‘l solmadim,
Yashashni bilmadim nega Odamday?

Havojon, men keldim, ko‘zingni ochgil,
Zardoblar yutyapti ko‘ksimda bir qush.
Toptalib, xo‘rlanib so‘lyapti bir gul,
Men keldim, hech yo‘qsa, tovush ber, tovush!

Ortimda sovrilar men bezgan dunyo,
Ortimga qaytmayman yo‘l bermas yillar.
Yetkalari titrab o‘ksinar Odam —
Yuzini berkitib, oh, Otam yig‘lar.

Olamlar oralab qoshingga keldim,
Yuragingga keldim, eshiging ochgil.
Uning ko‘ngli vayron, sezdirmay devdim,
Otamning umriga to‘kildi bu Dil.

* * *

(Betoblikda yozilgan she’r)

Nogohon yelkamdan bosib kelar ko‘k,
Qaylargadir singib ketgan havolar.
Zaminda sersoya birorta gul yo‘q,
Bir tomchi shudring yo‘q…
Qaqrayotir lab.

Bir kaft cho‘g‘ oqmoqda tomirlarimda,
Yurak yurak emas — qizigan tandir.
(Sakkizinchi yanvar kuzatar zimdan…)
Men yonib ketyapman, yog‘sang-chi, Yomg‘ir.

Devorlar ohorin to‘kib ulgurgan,
Na rang bor, na havo — nafas bir yutum.
Nahotki, qoqilib ketdim shu kunga,
O‘ttiz yil taqvimga chap berib yurib.

Yaxshiyam, yelkamdan bosib keldi ko‘k,
Yaxshiyam, yonyapman. Bu sinov — bayram!
Qovurg‘am ostida lovullaydi cho‘g‘;
Uyg‘onib kelyapti har bir hujayram…

* * *

Mezon tindi…
Og‘ir-og‘ir qo‘zg‘aldi shamol,
Nimqorong‘u daralarda shovulladi kuz.
Qavatlari yomg‘ir ichib nam tortdi havo,
Teraklarning orasida titradi kunduz.

Qirov yutgan derazalar yo‘l kutdi har kech,
Boray dedim, ko‘chalarda tumanlar to‘zdi.
Shunda yo‘lga o‘zin ekdi Buvim — qayrag‘och,
Ildiz yoydi…
Ko‘kka qadar shoxlari o‘sdi.

Oqshom qo‘ndi cho‘qqilarning yelkalariga,
Qamishlarni puflay-puflay zerikdi shamol.
Tuman siyrak…
Hovurlarning oralarida,
Ko‘chalarga singib ketar g‘amgin bir xayol…

XAYOL, G‘ALABA

Xayol. G‘alaba
Qadaming zarbidan chirs-chirs sinar yo‘l,
Izingga sochilar oy — kumush tanga.
Kelarsan, olamni unutib butkul…
Ayoz qirov ekar yelkalaringga.

Deraza yo‘l qarab, ko‘zlari tolgan,
Yo‘lak oy nurida borar eshilib.
Pardalar o‘zini ko‘zguga solar,
Rang izlab hushidan ketadi eshik.

Kelarsan beparvo, o‘zingdan sarmast
Parishon sochini yig‘ib olar tun.
Tutqichni ushlaysan…
(Men axir menmas,
Sen esa jazoga mahkumsan, mahkum).

Nigohing muzaffar.
Nigohim hazin.
Nigohim to‘kilar uy bilan bitta…
(Xayriyat, yuragim yengil olar tin),
Bu xayol-ku!
Kiprik qoqaman shartta!

KO‘NGIL BЕR…

“ — Tiq-tiq…”
“ — Kim u?”
“ — Chanqagan musofir.
Eshikni oching.
Turibman bir ho‘plam umidga tashna”.
“ — Bu ko‘hna qasrda hamma narsa bor
eshikdan boshqa!”
O‘zimni uraman duch kelgan yoqqa,
O‘zini yo‘qotgan shamolday ojiz.
Qaylardadir mayin yomg‘irlar yog‘ar,
Qaylardadir — mening ko‘nglimdan olis.

Galdagi manzilni sekin chertaman.
“ — Kim u?”
ovoz berar ming yillik ovoz.
“ — Hech kim…
Umid kerak…
Topiladimi?
Bir yutum xolos.”

Gulchin eshik zarda bilan yopilar.
“ — Bir qatrayam suv yo‘q.
Umid so‘raydi… ”
“ — Bor deb o‘ylabman-da… ”
(Siz ham men kabi
Umidin dunyoga yutqazgan daydi.)

“ — Darvozani oching. Umid…”
“ — Bor.
Evaziga nima bera olasan?”
“ — Faqat bir Ko‘ngil bor Osmondan ulkan!..”
Sovuq tirjayadi qarshimda odam.

Ko‘ngil qo‘ldan ketdi.
Kimga boy berdim?
Nahotki, yutqazdim so‘nggi imkonni
(Shu-u-ncha asrab gulni asragan kabi…)
Qayerda asrayman bir tutam Jonni?

Men — ko‘hna musofir
Shuncha yil yashab
Bir chimdim aqlini ishlatmagan, oh!
Asli bu dunyoning umidlaridan
Sening dargohingning eshigi ko‘proq.

Ko‘ngil ber…

TUGALLANGAN SHE’RLAR TURKUMIDAN

KUZ.

Qarg‘alar quyundek to‘zg‘itdi ko‘kni.

* * *

Yurak — safarxalta.
Men — ko‘hna sayyoh.
Almisoqdan qolgan umr oralab
Ochmasdan o‘tyapman xaltamni.

* * *

Bulutlar birlashib bir fitna tuzgach
Kunga boqmay qo‘ydi kungaboqarlar.

* * *

Ko‘nglimizni ochardik avval:
Men buvimga,
Buvim qushlarga.
Bugun men ham qushlarga sepdim,
Non kabi ushatib ko‘nglimni.

* * *

Yuragimda dard, ko‘zlarimda mung…
Shaharga kirib keldim jomadon bilan.
Jomadon sharaqlab ochilib birdan
Gilamdek yoyilib ketdi so‘qmoqlar.
Ilonizi so‘qmoqda
Bo‘ychan teraklar,
Yuvosh musichalar,
Iliq yomg‘irlar
Va…
Munkillagan buvim.
Yolg‘izlikni quvib yubordim uydan.
Yuklarimni esa darhol
Yuragimga qo‘ydim berkitib.

09

(Tashriflar: umumiy 732, bugungi 1)

Izoh qoldiring