Azim Suyun: Men hech kim emasman o’zimdan bo’lak!

Ashampoo_Snap_2017.09.08_00h14m15s_003_.png   Шоир, шоир қалби олисдан кўринадиган тоққа ўхшайди. Тоғдан олисда туриб, унинг бағрида нима борлигини билиб бўлмайди. Унинг бағрида нима борлигини билиш учун тоғнинг бағрига бормоқ, у билан сирлашмоқ керак. Худди шунингдек, шоирнинг китобини бағрига босиб ўқиш керак. Унда қалб хазинасию меҳр- муҳаббатини, сеҳру сирларини, ўзининг айтолмаётган, лекин айтмоқчи бўлган барча синоатларини топади инсон…

“МЕН ҲЕЧ КИМ ЭМАСМАН ЎЗИМДАН БЎЛАК…”
Атоқли шоир Азим Суюн билан суҳбат
Суҳбатдош Башорат Отажонова
09

Азим Суюн – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 1948 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Менинг осмоним”, “Зарб”, “Замин тақдири”, “Хаёлот”, “Зиё йўли”, “Жавзо”, “Олис тонглар”, “Куйганим-суйганим”, “Сарбадорлар”, “Қора кўзинг сенинг”, “Сайланма”, “Ўзлик”, “Шарқ ҳикмати”, “Эй дўст”, “Ватан фасллари”, “Муҳаббат ҳайратлари” китоблари нашр этилган.

09

avtorskii-matierial-na-tiemu-azim-suiun_1.jpegЎтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида адабиётимизга гулдурос овоз билан кириб келган шоир Азим Суюн ўзининг илк китобини “Менинг осмоним” деб номлаганди. Бу ном ўз вақтида кимларнинг ҳайратига сабаб бўлган: қанақасига “Менинг осмоним?..”  Осмон битта бўлса…

Азим Суюннинг ижод қилиш тартиби жуда қизиқ. У кичкинагина ҳужрада яшайди. Қўнғир айиқ териси – пўстак кўрпача устида дам олади. Оқ бўри териси пўстаги устида ўтириб ижод қилади. Хоббиси, яъни кўнгил хуши – ов. Ўрта Осиё тоғларини, ўрмонларини, дашту саҳроларини кўп кезган. Аслида ов баҳона. Шоир овни ўлжа – гўшти учун эмас, гашти учун яхши кўради. Яқин дўстлари айтганидек, Азим Суюн овчи, аммо кўнгил овчиси. Севган қуши – бургут. Азим Суюн Ватан, табиат ва муҳаббат шоири. У заминни, инсониятни бир бутун ҳолатда кўради. Замин тақдирини ўзининг тақдири деб билади.

Эй дўст!
Ёлғиз турна юлдузларга дўнмоқ истайди,
Афсус, унинг қанотлари ярадор.
Ёлғиз турна Она Ерга қўнмоқ истайди,
Лекин унда яралаган кимса бор…

Шоирнинг дунё юзини кўрган йигирмадан ортиқ шеърий китоблари, публицистик асарларида бир руҳ устувор бўлиб қолди. Ва бу руҳ асрлар дарёсида пишиб етилган, халқона донишмандликнинг гўзал намуналари бўлган, илдиздан япроққача миллий мағизга тўқ шеърий асарлар бўлиб, китобхонлар қалбига кўчди. Бугун ҳам шиддат билан ижод қилаётган устоз шоиримизга адабиёт, ижод, шахс, жамият, табиат хусусида саволлар билан мурожаат қилдик.

——-

Башорат ОТАЖОНОВА: – Устоз, шеърларингиз билан яқиндан таниш бўлган мухлисларингиз болалигингиз ҳақида ёруғ хотираларга эга бўлади.

Тоғ табиатига хос бўлган чизгилар кишини энтиктиради. Суҳбатимиз аввалида болалигингиз, болалигингиз ўтган жойлар, хотираларингизда қолган воқеалар тўғрисида гаплашсак.

Азим СУЮН: – Ёшим ўтган сайин болалигим менга яқинлашиб келмоқда. Кўпинча унинг хаёллари билан яшайман. Сийратимни-да, суратимни-да ёлқинлантириб юборади хотиралар.

Жанубдан Зарафшон водийси билан, шарқдан Сангзор дарёси водийси ва шимолдан Қизилқум чўллари билан чегаралаган Нурота тизма тоғлари икки силсиладан иборат: Оқтоғ тизмалари ва Қоратоғ тизмалари. Қоратоғ тизмаларининг энг баланд нуқтаси Заргар чўққиси. У Ҳаётбоши ҳам дейилади. Унга ёндош Паррандоз ва Бешбармоқ қояларининг Самарқанд тарафидаги сув оқими бўйлаб жойлашган Накурт қишлоғида – биринчи ва ягона овлоқ Тошқўрғонда – Мирзақўрғонда ўсиб улғайганман. Ота қишлоғим ҳам, она қишлоғим ҳам – Накурт!

Киндик қоним эса Накуртнинг шундоқ тугашидаги Кўлтўсиннинг биқинида жойлашган Қудуқча қишлоғида тўкилган. Ота-онам кенг адирларда кўкламги буғдой экиш ишларига тайёргарлик кўриш учун Накуртдан у ерга бир-икки ойга кўчиб энишган ва мен вақтинчалик маконимиз ертўла-уйимизда дунёга келгач – қирқ кунлик чақалоқлигимда тағин Накуртга қайтишган.

Исмимни бобом Суюннинг қудуқчалик тожик ошнаси Мирзаҳамдамнинг қизи Маърифат “катта бой” бўлсин деб, Азимбой қўйган экан.

Бешбармоқ ва Паррондоз булоқлари Қарисой ва Қоранғулсойни ҳосила қилиб, Қўшилиш деган ерда қўшилишиб, Накуртсойни ташкил қилади. Накуртсой эса йўл-йўлакай бир қанча катта-кичик дара-камарлар ҳамда Гарашасой суви ила кўпайиб, Тўсинсойга қуйилади. Кўлтўсиндан “Тошкент – Маржонбулоқ – Самарқанд – Челак – Пайариқ – Зармитан – Қўшработ – Нурота” йўли ўтади. Ана шу йўл Накуртни дунё билан боғлайди.

Накурт қишлоғи тарихига оид бир ҳужжат билан танишганман. 1888 йил бухоролик шоир Жоний Накурт орқали Ухум қишлоғига (Бешбармоқ ва Паррандоз қоялари ўртасида уловйўл бор) ўтади. У йўл харитасини чизиб қолдирган. Накуртни Наҳрруд, Наҳгруд шаклларида ёзган ҳамда қишлоқ ҳокимини (у пайтлари қишлоқ оқсоқолини ҳоким деб аташган, шекилли) тилга олган. Шоир Жоний Накуртга келган йили отам Олимнинг отаси Суюнбой, яъни менинг бобом туғилган.

Мирзақўрғонда боболарим Суюн, Ирзоқул, Юсуф, Қозоқбой, Мустафо, Расул, Қодир, Деҳқонбой, Жумабойлар ҳаёт кечирган. Битта тоғ камарида – дарасида – битта қўрғонда – битта оила бўлиб яшаш… ҳозир буни тасаввур қилиш қийин. Бу катта оилага отам Олим Суюн ўғли ҳам уйланиб, алоҳида оила бўлиб қўшилган. Мен боболаримнинг фарзандлари билан бўй талашиб ўсдим. Кун кечириш оғир эди. Аммо шундай катта оилани менинг ота тоғларим неъматлари асраб қолган бўлса не ажаб?!

Суюн бобом 1959 йилнинг олча пишиғида дунёдан ўтди. У отамга аждодлари шажарасини ёзиб қолдирди. Отам ўз навбатида менга ва тўрт укамга узатди. Мен ким, Азимбой (Азим Суюн), Азимбойнинг отаси мулла Олим (1907-1983, 15 январь), Олимнинг отаси мулла Суюн (1888-1959), Суюннинг отаси Мирзабой, Мирзабойнинг отаси Норбой, Норбойнинг отаси Қўйгелди, Қўйгелдининг отаси Оллоёр, Оллоёрнинг отаси Ақад, Ақаднинг отаси Аширмат, Аширматнинг отаси Суюшхўжа, Суюшхўжанинг отаси Чурагаймирза, Чурагаймирзанинг отаси Шомонмирза, Шомонмирзанинг отаси Бегихийро, Бегихийронинг отаси Холмат, Холматнинг отаси Чўянкалтак, Чўянкалтакнинг отаси Қирошар!  Туб бобомизни Ўзғон деган туркий авлиё дейишаркан.

Асли боболаримиз Туркистон томонлардан бўлиб, улар Қашқадарё томонларга ҳижрат қилишади. Қашқадарёдан Хатирчининг Олтинсойига кўчишади. Олтинсойдан Мойбулоқнинг Ёнбош қишлоғига, ундан Қўшработнинг этагидаги Оқтепа деган жойга ўтишади. Оқтепадан Накуртга биринчи бўлиб Оллоёр бобомиз кўчиб чиққан. У момомиз Турсун бойбича билан бу жойларни макон тутишганда чангалзорларни ўроқ ва қиличлар ила зўрға очиб йўл топиб юришган экан.

Хуллас, отамнинг қирқ ёшида тилаб олинган фарзанди камина беш-олти ёшимданоқ унинг инжиқ ҳамроҳига айланганман. Гап шундаки, отам катта саводхон бўлишига қарамай “қулоқнинг ўғли” бўлганлиги учун мажбурий равишда унга чўпонлик таёғи судратилган эди. У пода боқарди. Кечаю кундуз мол орқасидан юрарди, мен эса ундан ажралмасдим. Бирга тоғу тош, дала-дашт, қир-адир кезардим. Ана энди, ўша беш-олти ёшимданоқ бахшиларнинг, сўзонларнинг, чўпон- чўлиқларнинг, йилқичиларнинг, овчиларнинг, гўяндаларнинг, мўлтониларнинг, йўловчиларнинг, тоғ ишқибозларининг афсунлар тўла ғаройиб турли-туман ҳикояларидан, суҳбатларидан, гурунгларидан баҳраманд бўлганман.

Менга бора-бора отам билан пода – қорамол орқасидан юравериш малол келиб, Суюн бобомнинг паноҳига ўтиб кетдим. Унинг ҳикояларини эшитиш мароқли кечарди. Бобом Бухорода Мирараб мадрасасини битирган, “қулоқ, диндор унсур” бўлиб, гоҳ қочиб, гоҳ тутилиб сургунда юрган ва не-не савдоларни бошидан кечириб, Накуртга қайтиб келганди.

Мулла Суюн ўрта бўйли, елкалари кенг, бармоқлари йўғон-йўғон, кўкиш соқолдор, бақувват киши бўлиб, қалин қошлари остидан ўткир кўзлари одамга тикка боқарди. Отамнинг онаси – энам аллақачон вафот этган, бобом ундан кейин ҳам уйланган, аммо у ҳам бир ўғил, яъни отамга ука қолдириб дунёдан ўтганди. Бобом ана шу Тиловқобил билан бирга турарди.

Бобомнинг овунчоғи турли-туман арабий, форсий ва туркий китоблар, ов ва мен эдим. Унинг ўн иккинчи қўшоғиз ов милтиғи бўларди. Унга Кондрат деган ўрис мен билмаган олис юртлардан ўқ-дори, замча, патрон ва бошқа керакли нарсаларни ойда, йилда олиб келиб берарди. Кондрат, чамамда, овчи эди. Аниқ эсимда, бобом унинг олиб келган нарсаларидан фойдаланарди-ю, аммо у билан на чой-пой ичарди, на бирга овга чиқарди.

Ў, у йиллар… Шом тушиши билан бобомнинг қорайиб кетган уйига (уйнинг ўртасида тош ўчоқ бор эди) суҳбатталаб кексаю ёш йиғиларди. Лампачироқ липиллар, қиш кечалари ўчоқда тараша чўғи ловулларди. У Аҳмад Яссавий “Ҳикмат”ини ўқиганда бутун олам унутиларди. Китобхонликлар, суҳбатлар, гурунглар гоҳида тонггача давом этарди. Эҳ-ҳе… бу кечаларда нималар сўзланмасди, нималар эсланмасди.

Бобом вафот этганда худойисини ўтказмоқчи бўлдик. Сўйиш учун бир чоғроқ серкани топдик. Одам тумонат. Мен тенгдош амаким, жўрам Олтибой билан уч-тўрт эчкимизни қайтариб келмоқчи бўлиб, Жайловча деган камарга кетдик. Не кўз билан кўрайликки, бир алқор чивин қўриб ётган экан, узоқдан кўрдик. Иккаламиз ҳам Деҳқонбой бобомни – мулла Суюннинг укасини – қирағай мерганни чақириб келиш учун югурдик. Деҳқонбой бобом тезда милтиқни ўқлаб чиқди. Бордик. Алқор бизни кўриб югуришга тушди… Ўқ еган, оқсоқ экан. Уни Олтибой билан уй-қўрғон тарафга қувдик. Хуллас, оқсоқ алқорни чорбоғ тарафга ҳайдаб келдик. Алқор отилди. Худойини ўтказдик. Одамлар “Бу алқорни ҳам катта илм эгаси, ҳам имонли овчи Суюннинг худойисига Худонинг ўзи буюрган”, дейишди. Ким билади, балки бу гапларда жон бордир…

Хуллас, менинг болалигим, ўсмирлигим, ёшлигимнинг кўп қисми Нурота тизма тоғларини гоҳ пиёда, гоҳ уловда, гоҳ милтиқ кўтариб, гоҳ салтанг ишқибозлик ила кезишда ўтди.

Шуни айтишим керакки, Нурота тизма тоғларининг, айниқса Қоратоғ ҳайвонот олами ғоят турфа, ўсимликлар дунёсига бой, жонзотлари, парранда-даррандалари, газандаларию чаррандалари мўл-кўл. Бу тоғларда мўъжиза аталмиш кўзойнакли илонларгача оёғинг остидан ё бир дарада дафъатан ёнингда пайдо бўлиши мумкин. Бундай кезишлар, ишқибозликлар мени ҳануз тарк этган эмас. Кўриб-кўриб кўзчил бўласан. Ўйлаб қарасам, жуда кўп ғаройиб воқеаларни, саргузаштларни бошдан кечирган эканман. Кўзларим кўриб, қулоқларим эшитган экан. Кейинчалик булар жуда-жуда асқотди.

…Тўққиз ёшимгача қайлардадир мактаб борлигини, уларда болалар ўқишларини билмаганман. Тўғри, китобни билганман, кўрганман, лекин китоб фақат мулла Суюннинг уйидагина бўлади, уни фақат катта отам ва отамгина ўқий олади, деб ўйлаганман. Бу китоблар Қуръони Карим, Яссавийнинг “Ҳикмати”, “Чор китоб”, Навоий, Бедил, Ҳувайдо, Машраб, Сўфи Оллоёр, қандайдир “Муаммо”, пайғамбарлар, жангномалар ҳақидаги китоблар эканлигини кейинроқ билганман.

ТОШКУЛБА ТОКЧАСИДАГИ КИТОБЛАР

Бобом тошкулбасининг
токчасида доимо
китоблар бўлар эди:
“Ҳикмат”, Машраб, Ҳувайдо.

Навоийу “Чор китоб”,
Бедил, Сўфи Оллоёр,
“Қуръон”нинг елкасини
силаб турарди девор.

Ўқимасдим уларни,
чунки ўқий олмасдим.
Лекин бобом, отамни
ўқитмасдан қолмасдим.

Бобом “эски” эди-да,
Отам ҳам эди “эски”.
Қалбимга қўр берарди
аммо шу “эски-туски”.

О, қишки кечалар…
Чўғ –
бозиллар тошўчоқда.
Қориннинг қайғуси ҳам
унутилар бу чоғда.

Қулоғим қирқта бўлиб
тинглар эдим, тинглардим.
Тоғдан ҳам олисларда
бир дунё бор – англардим.

Оҳанглар тараларди
қандайдир осмонлардан,
ўзига чорлар эди
қайси бир маконлардан.

Инига дуд қўйилган
тулкидай ҳолда эдим,
инидан қандай бўлса
чиққудайин юрагим…

Онамнинг китоби ҳам
бўлар эди уч-тўртта,
уларни сақлар эди
бўғчасида – бир четда.

“Алпомиш”, “Гўрўғли”ни
онамга ўқитардим,
гоҳида қаҳ-қаҳ уриб,
гоҳида йиғлар эдим…

кейин кетдим мактабга,
Кейин кетдим бош олиб…
Бугун ўзимни баъзан
ургудайман тош олиб.

Ўтди-кетди ҳаммаси,
ўтди-кетди “ялт” этиб.
Уларнинг хизматини
қилолмадим ялчитиб.

Юрагим тўла армон,
ўзим ёзаман китоб.
Чин – ёлғонин билолмай
қалб ипи ташлаган тоб.

Уйқу элитар тез-тез,
хаёл тез-тез опқочар,
Ғиркўклар қайда экан,
Қайда экан Бойчибор?..

Тилим-тилим тоғ бағри,
бир четида тошкулба,
Тошкулба ҳам деб бўлмас,
шундоқ ётган хароба.

Бунда йўқ тошўчоқ ҳам,
бозилламас бодомчўғ.
Бари бўларди, аммо,
Азимбой… ҳў… бола йўқ.

МАКТАБГА БОРИШИМ ҚИЗИҚ БЎЛГАН. Бизнинг Мирзақўрғондан ўн беш километр чоғли этакда етти йиллик мактаб бўлган. Ўқитувчилар орасида шундай суҳбат кечган: “…мулла Олимнинг бир ўғли бор, катта отаси мулла Суюн билан тоғма-тоғ юради, деб эшитганмиз. Ёши нечада экан?.. Катта йигитча бўлиб қолган дейишади…”

Бир куни бир киши уйимизга келди. Бир тўп бола қағати (ғалвир) ёнғоқ дарахти устида ўйнаб юрардик. У киши бизга яқинлаб келди, салом бердик. Қайсингнинг отинг Азимбой, деди. Мен ёнғоқдан тушиб, унга яқинлаб бордим. Ёшинг нечада, деди. Тўққизда, дедим. Мактабга бормайсанми, сенинг тенгдошларинг ўқишяпти, ўқишинг керак. Истасанг ҳозироқ олиб бораман, деди.

Хуллас мен мактабга бордим. Янги ҳаёт бошланди…

Ўша киши – биринчи ўқитувчим Қирқйигит Абдулҳакимов эди. Ундан бир умр миннатдорман. Овлоқ тоғларда юраверганимда нима бўлар эди?..

ҲАЁТ ЙЎЛИМ ОСОН, РАВОН КЕЧГАН ЭМАС. Тўртинчи синфда мактабдан ҳайдалганман. Бу пайтга келиб отам мактабга унча узоқ бўлмаган жойда икки хонали кулба қуриб, оиламизни Мирзақўрғондан олиб чиқиб кетган ва Ислом охун бобом билан қўшни яшар эдик. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфти Усмонхон Алимов ҳазратларининг отаси машҳур Темурхон эшон ҳам Ислом охунникига тез-тез келиб меҳмон бўларди, тонготар суҳбатлар қуришарди. Мен уларнинг қўлбола дастёри эдим.

Ислом охун ва отам Рамазон ойи келиши билан рўза тутишар, таробеҳ намози ўқишарди. Мен ва менга тенгдош икки-уч яқинларим билан биргаликда биз ҳам рўза тутардик, намоз ўқиб, таробеҳга ҳам қўшилар эдик. Бу ҳолат ўқитувчиларимиз қулоғига етибди ва “Совет ўқувчиси рўза тутиши, намоз ўқиши мумкин эмас”, дея каминани мактабдан ҳайдашди. Бир ҳафта отам мактаб директорию ўқитувчиларга ёлворди… Йўқ, бўлмади! Лекин ўқишим керак! Мактабни севаман! Район (туман) газетасида шеърларим чиқиб туради. Нима қилмоқ керак? Маслаҳатчилар ҳам топила қолди: Рўзани ёмонлаб чиқиш керак. Уни район газетасида босиб чиқарсанг олам гулистон!..” Шу билан қутуламанми?.. қутула қолай… Мана шеър ҳам тайёр:

РЎЗА

О, рўза, тутдим сени, аммо мени хор айладинг,
Кечалар уйқум бузиб, тунимни бедор айладинг.
Баъзи гапларга учиб, куни билан юрдим оч,
Чуриллатиб ичакларим мисли дутор айладинг…

Ва ҳоказо.

Шеър район газетасида дарҳол чоп этилди. Чунки ҳали Рамазон ойи тугамаган эди… Шов-шув бўлиб кетди. Мулла Олимнинг ўғли, мулла Суюндек, Ислом охундек… кишиларнинг невараси Азимбой рўзани ёмонлабди. Нима қилай? Юзим шувит бўлди. Аммо ўқишим шарт эди. Мени кечирдилар, мактабга қайтдим. Аълочи эдим, синфком (сардор) эдим.

БУНДАЙ ВОҚЕАЛАР ҲАЛИ ТУГАМАГАН ЭКАН. Олтинчи синф ўқувчисиман. Мактабда обрўйим баланд. Бетиним шеърлар, мақолалар ёзаман, улардан намуналар ҳатто вилоят газеталаридан ташқари, “Гулхан”, “Ғунча” журналларида ҳам босилиб турарди. Шундай кунларнинг бирида бир синфдошим – кичик жуссали, кўзлари доим ўйнаб турадиган бола қишлоқнинг яккаю ягона чоғроққина магазинидан ручка, қалам, дафтар, ўчирғич ва яна қандайдир майда-чуйдаларни деразадан кириб ўғирлабди. Ўғрининг бола эканлигини билган магазинчи тўғри мактабга келибди. Ўша бола ўғирлаган нарсаларни аллақачон ҳаммага кўрсатиб улгурган, отам олиб берди, дея мақтанган. Магазинчи ва ўқитувчилар уни билиб, тутиб олган… сен бир ўзинг ўғирламагансан, шеригинг бўлган, айт, дея қийнаб-қистаган… У синфкомни – каминани “шеригим” деган. “Шоир”лигимни қалқон қилмоқчи бўлган… Мени дарсдан чақириб, директорнинг хонасига олиб борди. Хонага киришим билан кучли зарбдан ағанаб тушдим… тепкилаб кетишди. Аммо ким бундай қилаётганини англамадим. Турғизишди. Қарасам, ўқитувчиларнинг бари томошабин, кўзларини менга қадаган. Бир бурчакда ҳалиги бола. Билагимни маҳкам сиқиб турган одамни ҳам танидим – Турсунқул деган магазинчи. Сўроқ бошланди. Кимга нимани исботлайсан… Дунёнинг адолатсиз ўйинларини мен ўша пайтлардаёқ кўрганман.

Қўй, ифлос сўзларга солмагил қулоқ,
Ҳар хил иғволарга бермагил қулоқ.
Мабодо туҳматга йўлиқсанг агар,
Ўз жойида қарор топқусидир ҳақ, –

деб ёзганман ўшанда.

Хуллас “ўғри” ҳам бўлдим. Мактабни йиғиштирдим. Номусга чидай олмай, одамови ҳолатига тушдим. Отам мендан хавотирланиб, тағин директору ўқитувчиларга ялиниб-ёлворишга тушди…

КЕЙИН ҲАМ… омадсизлик исканжасидан қутулишим осон кечмади. Ўқийман деб Тошкентга йўл олдим.

ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига 1967 йили ҳужжат топширдим. Ўша пайтлар қандайдир қарор бўлган: бошқа факультетларни билмадиму, журналистика факультетига Самарқанд вилоятидан битта талаба қабул қилинарди. Иккита беш ва иккита тўрт баҳо олганимга қарамасдан мандатдан ўтолмадим. Қишлоққа қайтиб кетдим. Совхозда матлубот жамияти деган ташкилот бўларди. Ўша ерга тоғам Эсонбек Мамадалиев орқали бош ҳисобчининг кичик ёрдамчиси деган ишга қабул қилиндим.

Қаранг, энди бу ерда ҳам… раисимиз бу ерга қўл қўй, у ерга қўл қўй, деб қандайдир қоғозларга имзо чектирар эди. Сенга ҳеч нарса бўлмайди, шоирсан-ку, деб қўярди. Имзо чекаверибман. Бир куни раисимиз ишдан кетди. Текширув бошланди. Қарасам, катта сумма бўйнимда. Охири яна тоғам жонимга оро кирди мени бир бало қилиб асраб қолди.

1968 ЙИЛ ТАҒИН ТОШКЕНТГА КЕЛДИМ. Университетга ҳужжат топширдим. Фақат журналист бўламан дейман. Журналистика факультети шоирлар тайёрлайди, деб ўйлаганман. Чунки Абдулла Орипов ҳам журналистикани битирган-да. Тағин бултурги ҳол. Мандатдан ўтолмадим. Ноилож, энди уят кучидан қишлоққа бормай, Пайариқ райони марказига йўл олдим. Бу ерда накуртлик Омонхон эшон бобомиз – отамнинг қадрдони яшар эди. Бундан ташқари Накуртда у кишининг ўғли Бахтиёрхон билан тўртинчи синфгача бирга ўқиган эдик (ҳозир Бахтиёрхон Тўраев фалсафа фанлари доктори, профессор).

Омонхон бобом мени ўз ўғиллари сафига қўшди. Ўғиллари нима еб-ичса, мен ҳам шуни еб-ичдим. У киши шеърлар ҳам ёзар эди. Бир сўз билан айтганда, кўнгилдош эдик. Кейинчалик район газетаси “Коммунизм байроғи” масъул ходими Омон Қувватов деган журналист ёрдами билан район маданият уйига безакчи-рассом вазифасига ишга ўтдим.

1969 ЙИЛ. ҚИШ ҚАТТИҚ КЕЛДИ. Мартнинг бошлари эди. Паспорт олиш учун Наримон посёлкасидан паспорт столи идораси жойлашган Челак посёлкасига келдим. Паспортни олиб қайтаётсам… Челак билан Наримон оралиғида жойлашган Қорасув бутун бир дарёга айланибди. Эшитдим. Тожикистонда зилзила бўлган, улкан бир қоя қулаб тушган ва  Зарафшон дарёси йўлини тўсиб қўйган, шунда дарё Қорасув ўзанига йўл солган.

Ҳамма тарафда ваҳима, миш-миш. Бундай дамда қўрқмай бўладими, ахир. Сойдай оқиб ётган бир ирмоқ ваҳимали, кемалар ўтиши мумкин бўлган дарёга айланса. Устига-устак, қора ёмғир ҳам шаппат уряпти…

Ўша куни бир танишимникида қолдим. Иккинчи куни дарё қирғоғига чиқдим. Наримон посёлкаси томонга ўтмоқчи бўлган тумонат одам.

Кўп ўтмай битта танксимон техника, машиналар, моторли икки пором-кема, аскарлар пайдо бўлишди. Йўлнинг, айни пайтдаги дарёнинг юқорироқ тарафига моторли қайиқ шатакка олган пором-кемани олиб боришиб, қирғоқдан туширишди. Йўловчиларнинг бир қисмини унга чиқармоқчи бўлишди. Одамлар ўлар-тириларига қарамай, ўзларини унга уришди. Пором-кема тўлди. Камина – чаққон тоғ боласи аллақачон уларнинг орасида. Икки аскар моторни тариллатди. Сузиб кетдик. Тошқин – дарё ўртасига етиб келганда қўққисдан мотор ўчиб қолди. Пишқирган дарё паром-кемани лопиллатиб оқизиб кетди. Тезлиги қўрқинчли даражада ошди. Эркагу хотин-халажни ҳаммани бирдек ваҳима, даҳшат босди. Барча талвасада, бир-бирига ёпишади. Қий-чув бошланди. Пальтолар сувга отила бошланди. Менга ҳам кимдир… пальтонгни ечиб от, деб бақирди. Камбағаллик қурсин, мен пальтомни ечмадим. Уни икки йил танга йиғиб сотиб олган эдим. Ўлгим ҳам келмасди…

Ақлимни йиғиб олдим. Бу вазиятда бировга ёпишгандан ортиқ хатар йўқ. Ўзингни ҳам, уни ҳам ҳалок этасан. Биламан, йўлда кўприк бор. Кема тўғри ўша ёққа – катта қувур тарафга лопиллаб кетяпти. Аммо кўприкнинг устидан ҳам дарё тошиб оқяпти. Кема ўша кўприкка бориб урилиши тайин. Шу асно кўприк устига сакрайман деб ўйладим. Шундай қилдим ҳам. Одамлар фарёд қилиб, бир-бирига ёпишиб кеманинг бир четига тўпланиб қолди. Ва бу фожиага олиб келди. Кема бир ёнга оға бошлади. Кўприкка эллик метрлар чамаси қолди… Мана, зарб… кема урилди! Кема тўнкарила бошлади. Кеманинг баландлаётган жойига чиқдиму ўзимни отдим. Кўприк устига тушдим. Кўприк четидаги темир панжарага ёпишдим. Ва тағин ўн бешга яқин киши менинг орқамдан ўзларини отиб улгурган экан, бир- биримизга қўл бердик. Бу пайтда кема батамом тўнкарилиб бўлган эди. Қувурнинг иккинчи тарафидан ўликлар, чала жонлар қалқиб-қалқиб чиқа бошлади. Улар томон қирғоқдаги аскарлар ечинишиб, ўзларини сувга отаётган эди. Кейин… кейин вертолётлар келди. Бир ҳафта оқиб кетганларни излашди. Йигирмадан ортиқ жасад топилди.

1969 ЙИЛНИНГ МАЙ ОЙИДА АРМИЯ САФИГА КЕТДИМ. Кетмасдим. “Отсрочкам” бор эди. Ёзишди. “Азимбой ўқишга кираман, деб Совет армиясидан қочиб юрибди. Тоғаси военком, военний билет тўғрилаб берган” деб ёзишибди. Бу гаплар тўғри. Лекин нима қилай, тезроқ ўқишга кириб, шоир бўлмоқчи эдим. Ёзишганидан хафа бўлмадим. Аммо қалин синфдош дўстим отаси билан бирга ёзганидан хафа бўлдим. Тағин денг, жаннатмонанд бир тоғда ўсган қарчиғайдай йигитча, Раббим лаънатлаган бийдай чўл – саҳродаги қурувчи қўшинлари сафига тушиб ўтирса-я…

ҚИСҚАСИ, ЯНА ИККИ ЙИЛ ЎТДИ. Мактабга 7 ёшда борадиган бола 9 ёшда мактабга бордими? Ҳа! 2 йил ютқаздими? Ҳа! 2 йил ўқишга кира олмадими? Ҳа! Тағин 2 йил ютқаздими? Ҳа! Армияда 2 йил бўлдими? Ҳа! Тағин 2 йил ютқаздими? Ҳа! Бу 6 йил дегани! 6 йил ютқазиқ… дегани!

Солдатликдан қайтдим. Икки чамадон икки қўлимда. Оғир-оғир. Онам бечора шошган. Қўни-қўшнилар келган. Қариндош-уруғлар шу ерда. Мен юз ойдинликдаман. Жамулжам бўлганлар онамга Азимбойнинг чамадонларини очинг-чи, биз ҳам кўрайлик, нималар олиб келибди… Содда онам бечора икки чамадонни очган – иккаласи ҳам лиқ тўла ўрисча китоб!

АРМИЯДАН ҚАЙТИБ… ҳужжат топширишга улгурдим. Тағин ТошДУ. Журналистика! Тағин мандатдан ўтолмадим. Иншо ёзишимдан тўрт-беш кун олдин ўнг қўлимдан даҳшатли оғриқ берувчи кўм-кўк яра чиқди. Бош бармоғим остидан. Тирноғим ярим очилиб, осилиб қолди. Оғриқдан куну тун инграб йиғлардим.

Аммо имтиҳонга киришим шарт. Тағин денг, биринчи имтиҳон – иншога. Бу йил ўқишга кирмасам…

Қўлим оғриғини унутган эканман, у яна бошланди. Не азобда иншо ёздим. Натижа – “уч”. Шунга ҳам шукр қилдим. Оғзаки – “тўрт”. Домла “беш” қўяр эдим-у лекин иншонгиз “уч” экан-да, деди. Бу домла Мухтор Худойқулов экан. Тарихни “беш”га топширдим. Зуҳра опа исмли аёл эди. Немис тилидан табиий “уч”. Хуллас, яна мандатдан ўта олмадим. Кимдир биров маслаҳат берди: солдатларни сиртқи бўлимга қабул қилиши мумкин. Ниҳоят, сиртқи бўлимга илиндим.

Биринчи курсдаги дарслардан бири. Серрайиб охирги партада ўтирибман. Дарс- парс билан ишим йўқ. Чунки домла Яссавийдан гапираётган эди. Ҳолбуки, мен Яссавий “Ҳикмат”ининг кўп жойларини болалигимдаёқ ёд билар эдим. Отам ва бобом мулла Суюн уни қайта-қайта овоз чиқариб ўқийверганидан… ёд олиб қўйган эдим.

Хуллас, олдимда бир даста шеър. Қўлёзма. Шу билан бандман. Сезмай қолибман, бир пайт дарс ўтаётган домла тепамда турибди. Бир оғиз ҳам сўз айтмай, қўлёзмаларимни олиб қўйди. Тамом, дедим, ўзимга-ўзим. Лаънати шеърлар… ғалва… Дарс тугади. Ҳаммамиз чиқа бошладик. Домла менга, сиз қолинг, деди. Қолдим. “Нега менинг дарсимга қулоқ солмадингиз? Ахир мен Яссавийдек таъқиқланган улуғ шоир ҳақида тушунча бераётган эдим-ку”, – деди домла бир пайт. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Нимаси таъқиқланган? Менинг ота-боболарим фақат Яссавийни ўқишган-ку, ўқиганда ҳам йиғлаб…

Мен “Ҳикмат”дан ўқий бошладим: “Муҳаббатнинг бўстонига булбул каби саҳар чоғлар нола қилиб қўнгим келур…” Домла тек қотиб қолди. Кўзлари ёшланди. “Сиз ўқийсиз!” – деди қатъий. Мен сизни Миртемир домлага олиб бораман. Мен ҳам тоғдан келганман…

Мени тақдир рўбарў қилган бу домла хокисор инсон Ботирхон Акромов эди.

МЕН “МИТТИ ЮЛДУЗ”ДАН ЧИҚҚАНМАН… Айтганимдек, аскарлик сафига кеч кетдим. 1969 йил. Май ойи. Ўшанда 21 ёшда эдим. Қозоғистон чўлларининг бир нуқтасига тушдим. Чўл, саҳро, чўл, саҳро. Бўй кўрсатиб турган на бир дов- дарахт, на кўзга ташлангучи йирикроқ бирор нарса… Бепоён саҳронинг ҳар жой – ҳар жойида қатор-қатор бараклар, ертўлалар… Яъни, аскарлар ётоғи.

Айтсам, тоғлар бағрида ўсган озод бир тоғ алқори саҳрога тушиб қолса, ҳоли не кечарди? Ёки эркин бир тоғ бургутининг саҳрони ошён тутишга, ер бағирлаб учишга мажбур қилиниши тасаввурингизга сиғадими? Кунларнинг бирида, ниҳоят, Ўзбекистондан менга хат, аниқроғи, дўстим Лутфулла Мамасолиевдан (Лутфулла оқибатли дўст-қариндош, яхши журналист эди. 2010 йил вафот этди. Охирати обод бўлсин!) қувончли мактуб ва бандерол келди. Хатдан олдин бандеролни очдим. Кўзларимга ишонмадим. Бу Абдулла Ориповнинг “Онажон” китоби эди. Хатни очишни унутдим – китобни ўқишга тушдим. Бу китоб менинг қўлимдан чиқиб кетди. Уни менинг ёнимдаги сафдошларим (уларнинг кўпчилиги ўзбек, қозоқ, туркман ва тожик ўғлонлар эди) қўлма-қўл ўқидилар. Бу китоб оқ қоғозларга кўчди – тортилиб, йиртилиб, сочилиб кетди, аммо бир шеър юзлаб қоғозларга кўчди. Ён дафтарларга тушди, тилларга кўчди, дилларга кўчди… Ҳатто зобитларга бориб етди, аммо улар тил билмасдилар. Мендан сўрашди:

– Бу қандай китоб? Бу нима китоб? Мен уларга дедим:
– Абдулла Ориповнинг китоби. Биздан чиққан шоир Абдулла Ориповнинг китоби!

– Ўзбекларда ҳам шоир борми?
– Ҳа. Шоир бор!

АВВАЛРОҚ. 1965 йил эди. Камина саккизинчи синфда ўқир эдим. Ўқиш учун китоб излаб, Пайариқ туманининг маркази – Наримонга (ҳозир Пайариқ шаҳри) тушдим. Туман марказида каттагина китоб дўкони бўлғучи эди. Хуллас, чўнтагимдаги пулим “Гул ва кўнгил” деб ёзилган, ичида ўнта шоирнинг китоби жойлашган коробка – тўпламга етди. Ва бошим кўкка етди. Мана шу жилд ичида “Митти юлдуз” деган китобча ҳам бор эди.

Мен шеърлар машқ қилар эдим. Аммо улар шеър эдими ёки йўқ, бу – бошқа масала. Мен шу ёшимгача тоғ қишлоғида қандай китоб бўлмасин, қандай рисола бўлмасин, қандай газет-журнал етиб бормасин, қисқаси, қўлимга нима тушган бўлса, ўқиб чиққан эдим. Мен китоб излардим. Ўқиш учун нималардир излардим. Китоб дўконидан чиқар эканман, автобус бекатигача китобни гоҳ тўхтаб, гоҳ суриниб варақлаб улгурдим. Ҳаяжон чўғи вужудимни куйдирарди. Бу китоб варақларида илоҳий бир тўлқин борлигини юрагимга жо қилдим. Ҳафтадан сўнг “Митти юлдуз” менга ёд бўлди.

…КЕЙИН НИМА БЎЛДИ, ДЕЯРСИЗ? Тошкент, 1972 йил. Бир кун не-не истиҳолалар билан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига кириб бордим. Энди мен 2-босқич талабаси эдим. Бетиним шеърлар машқ қилардим. Кўнглимда бир алағдалик сезардим. Кимдир менга бир манзилни кўрсатиши керак эди. Ким у?

Ниҳоят, Абдулла Орипов ўтирадиган хона эшигини очдим. Унинг ўриндиғи чап тарафда экан. Бир шоирона нигоҳ менга боқди. Жуда озғин, жуда хипча… Лекин кўзлари чақноқ…

– Келинг, – деди.
– Абдулла ака, мен сизга шеър олиб келдим. Кўп эмас, биттагина.

Мен унга шеърни узатдим. Абдулла Ориповга қараганда мен анчагина йирикроқ эдим, шекилли. Лекин унинг нигоҳида кишини титроққа солгувчи бир ўт бор эди. У ҳеч нарсани билдирмасдан, гўёки оҳиста, енгил ҳаракат билан қаддини ростлаб, шеъримни ўқишга тушди. Бу “Қуёш афсонаси” деган шеърим эди. Ўқиб бўлди. Кўзларимга тикилди.

– Зинғитди, деган сўз сизларда ҳам борми? – деди.
– Ҳа, бор, – дедим.

– Яхши шеър экан. Ёзинг. Ёзаверинг.

***

Б. О: – Устоз! Ёш авлодга сўзлаб бергудек, ибрат бўлгудек ҳаёт йўлингиз бор экан. Шу ерда уларга тилакларингиз, маслаҳатларингиз бўлса… дариғ тутмасангиз…

А. С: – Ёшларга тилакларим ҳам, маслаҳатларим ҳам бор. Улар, энг аввало ВАҚТнинг, ЁШЛИКнинг қадрига етсинлар! Қолаверса…

Ёш ижодкорларга 12 маслаҳат:

1. Қалбингизни ёзинг.

2. Севинг, севиласиз, севиб ёзинг, севиб ўқиласиз.

3. Табиатни донишманд устоз деб билинг.

4. Тилингизни шифокорга эмас, миллатингизга кўрсатинг.

5. Иштиёқсиз (илҳомсиз) ижодга ўтирманг. Ҳатто булбул ҳам иштиёқсиз, истар- истамас томоқ булкиллатса эшитган қулоқни ланжлик қумига тўлдиради.

6. Тақлиддан қўрқманг, тақлидгўй бўлиб қолишдан қўрқинг.

7. Адабий ўғирликдан қочинг. Адабий ўғирлик мол ўғирлигидан ёмон: молни беркитса бўлади, аммо кўчирмани ҳам, кўчирмакашни ҳам беркитиб бўлмайди.

8. Гулларни яхши кўрсангиз, ҳаммасини ўз номи билан атанг.

9. Сафарларга чиқинг, юртлар, эллар кезинг. Китобларингиз ҳам сафарларга чиқади, юртлар, эллар кезади.

10. Адабиётга ҳукмдорлик даъвосини қилманг.

11. Чин адабиётни омма яратмайди, соврин-сарполар яратмайди. Адабиётни ШАХСлар яратади. ШАХСлар туғма истеъдодлардан қора меҳнатлари, заҳматлари ўлароқ юзага чиқади. Давр эса уларни гоҳ муносиб, гоҳ номуносиб намоён этади. Меҳнатни шарафга айлантиринг.

12. Дил ва Тил бирлиги, Истеъдод ва Эътиқод бирлиги, Виждон ва Амал бирли- ги Инсон комиллигининг олий мақомларидир. Унутманг!

– Суҳбатни давом эттирсак…

МЕН АДАБИЁТ УММОНИДА СУЗАР ЭДИМ.

Адабиёт қайнарди.
Шеърият қайнарди.

Бу миқёс Ўзбекистон сарҳадида эмасди. Евгений Евтушенко чегарани бузарди.

Вознесенский шеърият меъморчилигига янги ғиштлар қўярди. Ўлжас Сулаймонов бепоён қозоқ даштларидан чиқиб кетган эди.

Юксак тоғларда улғайган Расул Ҳамзатов ўзга юксак тоғларни ҳам кезарди. Қайсин Қулиев тиниқ-тиниқ чашмалар сувини ичиб, шаршара елларини сачратарди. Давид Қуғилтинов дашту ўрмонлар ёлқинида ёнарди.

Кўп ўқирдим… Тинмай ўқирдим.

Чингиз Айтматов олис элу элатлар, халқу миллатлар тимсолида бетимсол бўй кўрсатарди. Ва ўзликни намоён қиларди. Мен уни прозанинг шоири, деб билардим.

Ўқирдим… Пушкин, Лермонтов, Байрон, Некрасов, Есенин, Рудакий,  Ли Бо, Умар Хайём, Шота Руставели, Саъдий Шерозий, Ҳофиз, Низомий Ганжавий, Роберт Бёрнс, Шиллер, Адам Мицкевич, Генри Лангфелло, Эдгар По, Тютчев, Шевченко, Бунин, Брюсов, Блок, Маяковский, Анна Ахматова, Пабло Неруда, Твардовский, Белла Ахмадулина, Ҳенрих Ҳейне, Данте, Шекспир, Петрарка, Лорка, Абдулла Тўқай, Абай, Шандор Петефи, Тҳокур, Нозим Ҳикмат, Маҳтумқули, Чўлпон, “Рамаяна”, турк шеърияти, гуржи, украин, арман, эстон, непал, латиш, литва, француз, инглиз, форс, македон, булғор, ўрис, тожик, қирғиз, туркман, қозоқ, қорақалпоқ, албан, озор, белорус, америка шеърияти… ўқирдим. Эҳ-ҳе, нималарни ўқимадим?! Насрни жон-жон деб ўқирдим. Кундуз ўқирдим, тунлари ўқирдим, юриб ўқирдим, туриб ўқирдим, йиғлаб ўқирдим, кулиб ўқирдим, ўқирдим, ўқирдим… Толстой, Шолохов, Горький, Тургенов, Достоевский, Чехов, Гюго, Мопассан, Фло- бер, Эрнест Хемингуэй, Жек Лондон, Стендаль… нималарни ўқимас эдим! Сайлаб-сайлаб, сайлаб-сайламай, севиб-севиб, севиб-севмай ўқирдим!

Ўқирдим. Белинский, Чернишевский, Добролюбов… Ўқирдим. Ўзимизники- ларнинг ҳам… ҳаммасини… Айниқса назмни… Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, тенгдошларим… ўқирдим…

Б. О: – Бевосита шеърга қайтсак… Ижод аҳли шоирга, шеърга турлича таъриф беради. Сизнингча, шоиру шеър аслида киму нима?

А. С: – Илҳом билан меҳнат ялакатмағиз, бирга яратилган. Илҳом бўлса-ю, меҳнат бўлмаса, тағин денг, қора меҳнат бўлмаса, натижаси ёмон, палағда. Шеърият фидойилик талаб қилади. Албатта, аввал истеъдод. Истеъдодсиз шоир минг фидойилик қилсин – илк зинада депсиниб қолиб кетаверади. Истеъдод илҳоми ва меҳнати билан яратилган асарнинг қаноти бўлади.

Кейинги йилларда мен бир нарсанинг гувоҳи бўлдим. Аёнки, мустақиллик ҳур фикр берди. Аммо бу ҳур фикр қайси бир шоирга насиб этди. Ўз тенгдошларим мисолида айтяпман бу гапни. Жуда озчиликка…

1976 йил Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида “Ёшлик баёзи” деган тўплам нашр этилган. Унда адабиётга энди кириб келаётган қирқ саккиз шоирнинг ижоди берилган. Ҳозир бу қирқ саккиз “катта” шоир қаерда?..

a6.jpgКлеанф деган юнон файласуфи ўтган. Унинг бир машҳур гапи бор: “Юришни хоҳлаганни тақдир етаклайди, хоҳламаганни судрайди”.

Ижод аҳли шоирга, шеърга турлича таъриф беради. Ҳақиқатан ҳам шоир киму шеър нима?

Азалий ва абадий савол.

Энг аввало, Қуръони Карим шеърий оҳангларда нозил бўлганлигини унутмаслик керак.

1988 йилнинг 31 майида Тошкентга қозоқнинг машҳур шоири Ўлжас Сулаймонов келди. Мен Ёзувчилар уюшмасида ишлар эдим. Бодомзор чойхонасида ош қиладиган бўлдик. Етти-саккиз кишимиз. Ош зўр бўлди. Майи ноблар, булоқ суви… Суҳбат қизигандан қизиди. Шеърлар ўқилди. Деярли ҳамманинг кайфи тарақ…

Ғира-шира қоронғи туша бошлади. Турдик. Кўчага йўналдик. Мен орқароқда қолдим – чойхоначи билан ҳисоб-китоб қилиш керак. Уюшманинг масъул ходимиман, ахир. Оёқостида бир бўш шиша ётган экан. Унга суриниб кетдим, кейин жаҳл устида тепиб юбордим. Қарангки, бир четда сўрида қарта ўйнаб, ошхўрлик қилиб ўтирган тўданинг дастурхонига бориб тушди. Бари ёш-яланг. Сакраб туришди. Менга етиб келган биринчи йигит келасолиб қўлларимни орқага қайирди. Қолган саккиз йигит ҳам етиб келди. “Кечирасизлар, атайлаб қилганим йўқ, тасодиф…” – дедим шоша-пиша. Биттаси, тўхта, деди, қўлларимни қайириб турган йигитга, бу Азим Суюн-ку, Ўзбек, қачон халқ бўласан, деб ёзган шоирларимиздан. Қўлларимни бўшатди. Ҳамма жимиб қолди. Ҳалиги йигит шеъримни ўқий бошлади:

Ўзбекнинг ўти бор, дерлар
Ва лекин “чўп”и бор дерлар.
Ҳайҳот, бундай эл кўрмадим,
Бир-бирин ковлашиб ерлар.
Ўҳ, ботирим, қайдасан?
Бири чиқса баланд тоққа,
Бири тушар қулатмоққа…

Тўғрими, деди, у менга юзланиб. Ҳа, дедим. Қучоқлаб кетди. Дастурхонга тортишди. Пиёлаларга қуйилди. Менинг шаънимга кўтаришди… Чойхоначи билан ҳисоб-китоб қилаётганимда, у: “Худо сақлади, улар безорилар, нашавандлар… пичоқдан омон қолдингиз, қандай сақлади. Худо барҳақ”, деб шивирлади…

Ҳа, бу ерда, қаранг, шеър жодули кучга айланди, шеър халоскор қудратга айланди. Менинг ҳаётимни сақлаб қолди.

Энди шеърнинг сеҳрига қаранг. Пушкин шеъриятига ошуфта бўлиб юрган кезларим, “Боқчасарой фонтани” шеъри хотирамга ўрнашиб қолди. Кўнгил безовталиги бошланди. Пул йиғаман… кўриб келаман. 1985 йил “Қайдасан, Қрим? Қайдасан, Боқчасарой?.. дедиму кетдим. Бордим. Кўрдим. Ўша, Пушкин қандай тасвирлаган бўлса, ўшандай. Боқчасарой фаввораси. Оппоқ мармар фаввора, қизил гул, кўзёшлар…

Мана, бир шеър сеҳри. Демак, шеър бу ерда сеҳр. Бу сеҳр мени йигирма кун бутун Қримни кезишга чорлади. Пушкин юрган йўллар бўйлаб юрдим. Гўёки Пушкинга айланиб. Қора денгиз соҳилларида денгизга қараб шеър ўқидим, шеър тўқидим.

Кейинроқ Лермонтов юрган йўллар бўйлаб ҳам шундай саёҳат қилганман. “Шеър ёзаман зерикканимдан…” – дейди “Дон Жуан” асарида инглиз шоири лорд Байрон. Бу нима? Олифта гапми? Йўқ. Истеъдод қалбининг заруриятини, эҳтиёжини айтяпти у. Шеър ёзмасдан туролмаслигини, шеър ҳаёт эканини, дилини тўкмай яшай олмаслигини айтяпти.

Шарқда эса, “Шеър ёзади шоирларнинг фақири…” – дея бўзлайди бахши Фозил Йўлдош ўғли.

Шеър заҳматига чидаган кимсагина шоир бўлиши мумкин, демоқда у. Шеър бойлик келтирмайди, моддий бойлик келтирмайди, маънавий бойлик манбаи, демоқда Фозил ота. Шоирлик номини олиб юришни чидаганга чиқарган, демоқда Фозил ота. Шоир, шоир қалби олисдан кўринадиган тоққа ўхшайди. Тоғдан олисда туриб, унинг бағрида нима борлигини билиб бўлмайди. Унинг бағрида нима борлигини билиш учун тоғнинг бағрига бормоқ, у билан сирлашмоқ керак. Худди шунингдек, шоирнинг китобини бағрига босиб ўқиш керак. Унда қалб хазинасию меҳр- муҳаббатини, сеҳру сирларини, ўзининг айтолмаётган, лекин айтмоқчи бўлган барча синоатларини топади инсон.

Бир дафтаримда шундай қайд бор экан:

“Жамият тараққиётининг ҳар бир босқичида, рўй берадиган ҳар бир ҳодисага халқ адабиётдан жавоб излайди. Ўзи суйган, эътиқод қўйган шоирнинг фикрини билгиси келади. Айни чоғда, ижодкор ҳам фақат бадиий асарлари ёрдамида эмас, балки ўз ўқувчиси билан бевосита мулоқот орқали ҳам кўнглидаги гапларни ўртоқлашишга эҳтиёж сезади”.

Шоир: бу менинг Ўзим! Шеър – бу менинг ЎЗ СЎЗим!  Буюк Навоий ёзади:

Аълоларидир нединки дерсен аъло,
Аднолари ҳам барча аднодин адно.
Авсатлариким, ҳеч нимага ярамас,
Билким, нафас урмамак аладин авло.

Қадимги мисрликларнинг ҳикмати бор: “Ким ҳаддан ташқари узоқни кўрса, қалбан нотинчдир”.

Чин шоир қалби нотинч кишидир!

“Ким барча мавжудотларда ўзини ва ўзида барча мавжудотларни кўрса…” (ҳинд ҳикмати) асл шоирдир. Тағин бир ҳинд хикмати бор: “Агар сен доно бўлсанг, бойга, ҳукмдорга, ёш болага, кекса кишига, дарвешга, донишмандга, аёлга, тентакка ва устозга эътироз билдирма”. Аммо… уларга лозим бўлса, биргина эътироз билдиргувчи тоифа бор, бу шоир.

Хуллас, Сулаймон пайғамбар айтмоқчи, “Бу – Қуёш остида ҳеч қандай янги нарсанинг ўзи йўқ”.

Хуллас, “Одамнинг кимлигини ҳокимият кўрсатади…” (юнон донишманди Питтак), шоирнинг кимлигини шеъри, китоби кўрсатади.

Хуллас, “Латифа. Бир куни соф кўнгилли Амир фасоҳат ва зарофат бобида замон шоирларининг пешқадами хожа Осафийга насиҳат қилиш учун муборак тилини баёнга келтириб деди:

– Сенга ҳайронманки, ўткир зеҳнинг ва баланд таъбинг бўлатуриб, шеър айтиш билан кам шуғулланасан, бор вақтингни бефойда ишларга сарфлайсан.

– Шу кунларда кўпроқ шеър айтишга машғул бўлаётирман. Масалан, ўтган кеча икки пуллик шам ёниб битгунча икки юз байт айтдим.

Шунда олий ҳазрат дедилар:
– Демак, ёзган шеърларингнинг юз байти бир пул экан-да” (Хондамир, “Макорим ул-ахлоқ”дан).

Хуллас, дўстим, уйғур шоири Азизий ёзгани каби: “Мен ҳеч ким эмасман ўзимдан бўлак!”

Хуллас, мен шеър дарахтининг шохларини эмас, илдиз-томирларини қўллари қонаб-қонаб, тирноқлари кўчиб-кўчиб излаётган шоирман!

Б. О: – Шеърларингизда Ватан кенгликлари, гўзалликлари, муҳаббат ҳайратлари устуворлик қилади…

А. С: – Мен Ватаним – Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси – Ҳисор чўққиларига, Ҳазрати Султон зирваларига чиққанман, энг ботиқ нуқтаси – Борса-келмас кенгликларида кезганман. Сўхнинг марварид чашмалари сувини кўкрагимни ерга бериб, қониб-қониб ичганман. Зарафшон дарёсининг бошланиш нуқталарида “пешонамни Ойга уриб” олганман, Амударё ва Сирдарё қирғоқлари бўйлаб ов баҳона гашт-сайрларда бўлганман. Қизилдарё қаердан бошланар экан, деб арчазорлар оралаб, қорли чўққилар сари интилганман. Хўжаипокнинг олтингугуртли Ғорбулоқларига кирганман. Сангардак шаршараси қошидаги бир ойгина қояларни қоқ ёриб отилиб чиқадиган “Жавзо суви”да чўмилганман. Кўли Қуббондан юқориласангиз, Ойдинкўл бор. Шу Ойдинкўлдан ҳам ўтиб Олой тоғларига чиқиб борганман. Шундай Тошкент устидаги Ғарбий Тиёншон тоғлари, кенгликларини кезишларимни айтмай қўяқолай. Албатта, юракка босилган бу излар ижодда ўз акс-садосини бериши табиий.

Муҳаббат ҳайратлари табиат гўзалликлари билан уйғунлашиб кетади. Мен гўзаллик олдидаги тилсиз қулман… Аммо ҳайратлардан кейин тили чиқиб кетадиган қулман!

Б. О: – Устоз, сиз бир қанча мамлакатларда ижодий сафарларда бўлгансиз. Улардаги адабиёт билан бизнинг адабиёт ўртасидаги тафовутни нимада кўрасиз?

А. С: – Қайбир йили гўзал Бурса шаҳрида йигирма етти давлат вакиллари тўпландик. Ўзбекистонга қайтгандан сўнг Хуршид Даврон ёзяпти: “Мен дўстим билан Туркия сафарида бирга бўлдим. Биз Эркин Воҳидов, Рауф Парфи билан баробар илк марта ўтказилган туркий халқлар шоирларининг анжуманида қатнашдик. Жуда кўп давраларда шеър ўқидик, нутқ айтдик. Ана ўша кунлари Азим Суюн давралар гули бўлди, десам хато қилмаган бўламан. Унинг Турон-Туркистон, туркий тарихларга оид шеърларини тинглаганлар, нутқларини эшитганлар нафақат шоирнинг салоҳиятига, шу билан баробар, ўзбек шеъриятининг улуғворлигига тан бердилар. Турк шеъриятининг оқсоқолларидан бири, “Ўзбек шеърияти туркий шеърият ичида энг улуғи эканлигига яна бир бор ишондим”, деди.

Албатта, бундан мен фахрланаман. Менинг ўрнимда бошқа биров бўлса ҳам бу сўзлардан фахрланган бўларди. Хуршид Даврон – чин шоир. У, биринчидан, жуда нозиктаъб инсон,  яхши дўст! Ҳамма давралар учун латиф шеърлари бирдек. Хуршиднинг “Тунги боғ” китобини севиб ўқийман.

a2ф.jpgАввал ҳам, кейинчалик ҳам бир қанча давлатларда адабий анжуманларда, йиғилишларда қатнашдим. Айтаверсанг гап кўп. Яна мавриди бўлар.

Б. О: – Таржимачилик соҳасидаги фикрларингизни ҳам билмоқчи эдим…

А. С: – Хўп. Қисқагина айтаман. Навоий ўз асарларидан бутун туркий эллар, бутун мусулмон улуси, бутун жаҳон аҳли сабоқ олишини орзулаган бўлса, ажабланарли жойи йўқ!

Навоий қалб мулкининг бутун маърифий куч-қудратини билар эди. У адабиётни, хусусан, асл шеъриятни, том маънода, “тарбиячи” мақомида кўрган. Қолаверса, Ватанни танитиш, халқнинг бўй-бастини дунёга кўрсатиш… фақат қилич кўтарган жаҳонгирлар зиммасида эмас-ку?!

Демак, албатта, таржима керак. Фақат… манба арзиса! Манба ҳақида эса инглиз ёзувчиси Жон Драйден яхши ёзган экан: “Яхши ифодаланган фикр барча тилларда оқилона жаранглайди”.

Б. О: – Сўнгги савол. Кексалик гаштини қандай сураяпсиз?

А. С: – Бугуннинг қадри баланд. Буюк донишмандлар ҳам бугуни билан яшаб, “Эртага Худо пошшо!” дер экан. Ҳазрати деҳқон эса: “Кетмоним қимирласа, жоним қимирлайди” демиш. Эл айтади: “Ёзнинг ювиндиси ҳам қишга ош-қатиқ”, “Энанг дўст, тананг дўст” демишлар. Бировдан олдин, бировдан кейин дегандек, ижод билан бандман. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида етти жилдлик “Танланган асарлар”им нашр этилмоқда. Уч жилди – “Эй дўст!”, “Ўзбекюрт”, “Мен сизни севаман” – китобларим китобхон қўлига бориб етди. Тўртинчи жилди – “Туғдона” китобим нашр этилиш арафасида. “Невараларим учун ҳикоялар” китобим устида бир неча йиллардан буён ишламоқдаман. Шеърлар ёзаяпман. Менинг “гаштим” мана шу.

Эй дўст!
Йўлдан адашмадим – йўлсиз юрсам ҳам,
Йўлдан адашмадим – дўстсиз қолсам ҳам.
Оллоҳ ёзиқ қилган йўлим бор маним,
Ёзиқдан тонмадим – ёрдан тонсам ҳам!

Суҳбатдош Башорат ОТАЖОНОВА  1986 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари универ- ситетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. 2003 йили республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида “Юксак бадиий тасвир воситалари учун” номинация- си ғолиби бўлган.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали, 2017, № 6

Ashampoo_Snap_2017.09.07_23h57m25s_001_.png   Shoir, shoir qalbi olisdan ko‘rinadigan toqqa o‘xshaydi. Tog‘dan olisda turib,  uning bag‘rida nima borligini bilib bo‘lmaydi. Uning bag‘rida nima  borligini bilish uchun tog‘ning bag‘riga bormoq, u bilan sirlashmoq kerak. Xuddi shuningdek, shoirning kitobini bag‘riga bosib o‘qish kerak. Unda qalb xazinasiyu mehr- muhabbatini, sehru sirlarini, o‘zining aytolmayotgan,  lekin aytmoqchi bo‘lgan barcha sinoatlarini topadi inson…

“MЕN HЕCh KIM EMASMAN O‘ZIMDAN BO‘LAK…”
Atoqli shoir Azim Suyun bilan suhbat
Suhbatdosh Bashorat Otajonova
09

Azim Suyun – O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi. 1948 yilda tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining (hozirgi O‘zMU) jurnalistika fakultetini tamomlagan. Shoirning “Mening osmonim”, “Zarb”, “Zamin taqdiri”, “Xayolot”, “Ziyo yo‘li”, “Javzo”, “Olis tonglar”, “Kuyganim-suyganim”, “Sarbadorlar”, “Qora ko‘zing sening”, “Saylanma”, “O‘zlik”, “Sharq hikmati”, “Ey do‘st”, “Vatan fasllari”, “Muhabbat hayratlari” kitoblari nashr etilgan.

09

Азим-с.jpgO‘tgan asrning 70-yillari o‘rtalarida adabiyotimizga gulduros ovoz bilan kirib kelgan shoir Azim Suyun o‘zining ilk kitobini “Mening osmonim” deb nomlagandi. Bu nom o‘z vaqtida kimlarning hayratiga sabab bo‘lgan: qanaqasiga “Mening osmonim?..” Osmon bitta bo‘lsa…

Azim Suyunning ijod qilish tartibi juda qiziq. U kichkinagina hujrada yashaydi. Qo‘ng‘ir ayiq terisi – po‘stak ko‘rpacha ustida dam oladi. Oq bo‘ri terisi po‘stagi ustida o‘tirib ijod qiladi. Xobbisi, ya’ni ko‘ngil xushi – ov. O‘rta Osiyo tog‘larini, o‘rmonlarini, dashtu sahrolarini ko‘p kezgan. Aslida ov bahona. Shoir ovni o‘lja – go‘shti uchun emas, gashti uchun yaxshi ko‘radi. Yaqin do‘stlari aytganidek, Azim Suyun ovchi, ammo ko‘ngil ovchisi. Sevgan qushi – burgut. Azim Suyun Vatan, tabiat va muhabbat shoiri. U zaminni, insoniyatni bir butun holatda ko‘radi. Zamin taqdirini o‘zining taqdiri deb biladi.

Ey do‘st!
Yolg‘iz turna yulduzlarga do‘nmoq istaydi,
Afsus, uning qanotlari yarador.
Yolg‘iz turna Ona Yerga qo‘nmoq istaydi,
Lekin unda yaralagan kimsa bor…

Shoirning dunyo yuzini ko‘rgan yigirmadan ortiq she’riy kitoblari, publitsistik asarlarida bir ruh ustuvor bo‘lib qoldi. Va bu ruh asrlar daryosida pishib yetilgan, xalqona donishmandlikning go‘zal namunalari bo‘lgan, ildizdan yaproqqacha milliy mag‘izga to‘q she’riy asarlar bo‘lib, kitobxonlar qalbiga ko‘chdi. Bugun ham shiddat bilan ijod qilayotgan ustoz shoirimizga adabiyot, ijod, shaxs, jamiyat, tabiat xususida savollar bilan murojaat qildik.

——-

Bashorat OTAJONOVA: – Ustoz, she’rlaringiz bilan yaqindan tanish bo‘lgan muxlislaringiz bolaligingiz haqida yorug‘ xotiralarga ega bo‘ladi.

Tog‘ tabiatiga xos bo‘lgan chizgilar kishini entiktiradi. Suhbatimiz avvalida bolaligingiz, bolaligingiz o‘tgan joylar, xotiralaringizda qolgan voqealar to‘g‘risida gaplashsak.

Azim SUYUN: – Yoshim o‘tgan sayin bolaligim menga yaqinlashib kelmoqda. Ko‘pincha uning xayollari bilan yashayman. Siyratimni-da, suratimni-da yolqinlantirib yuboradi xotiralar.

Janubdan Zarafshon vodiysi bilan, sharqdan Sangzor daryosi vodiysi va shimoldan Qizilqum cho‘llari bilan chegaralagan Nurota tizma tog‘lari ikki silsiladan iborat: Oqtog‘ tizmalari va Qoratog‘ tizmalari. Qoratog‘ tizmalarining eng baland nuqtasi Zargar cho‘qqisi. U Hayotboshi ham deyiladi. Unga yondosh Parrandoz va Beshbarmoq qoyalarining Samarqand tarafidagi suv oqimi bo‘ylab joylashgan Nakurt qishlog‘ida – birinchi va yagona ovloq Toshqo‘rg‘onda – Mirzaqo‘rg‘onda o‘sib ulg‘ayganman. Ota qishlog‘im ham, ona qishlog‘im ham – Nakurt!

Kindik qonim esa Nakurtning shundoq tugashidagi Ko‘lto‘sinning biqinida joylashgan Quduqcha qishlog‘ida to‘kilgan. Ota-onam keng adirlarda ko‘klamgi bug‘doy ekish ishlariga tayyorgarlik ko‘rish uchun Nakurtdan u yerga bir-ikki oyga ko‘chib enishgan va men vaqtinchalik makonimiz yerto‘la-uyimizda dunyoga kelgach – qirq kunlik chaqaloqligimda tag‘in Nakurtga qaytishgan.

Ismimni bobom Suyunning quduqchalik tojik oshnasi Mirzahamdamning qizi Ma’rifat “katta boy” bo‘lsin deb, Azimboy qo‘ygan ekan.

Beshbarmoq va Parrondoz buloqlari Qarisoy va Qorang‘ulsoyni hosila qilib, Qo‘shilish degan yerda qo‘shilishib, Nakurtsoyni tashkil qiladi. Nakurtsoy esa yo‘l-yo‘lakay bir qancha katta-kichik dara-kamarlar hamda Garashasoy suvi ila ko‘payib, To‘sinsoyga quyiladi. Ko‘lto‘sindan “Toshkent – Marjonbuloq – Samarqand – Chelak – Payariq – Zarmitan – Qo‘shrabot – Nurota” yo‘li o‘tadi. Ana shu yo‘l Nakurtni dunyo bilan bog‘laydi.

Nakurt qishlog‘i tarixiga oid bir hujjat bilan tanishganman. 1888 yil buxorolik shoir Joniy Nakurt orqali Uxum qishlog‘iga (Beshbarmoq va Parrandoz qoyalari o‘rtasida ulovyo‘l bor) o‘tadi. U yo‘l xaritasini chizib qoldirgan. Nakurtni Nahrrud, Nahgrud shakllarida yozgan hamda qishloq hokimini (u paytlari qishloq oqsoqolini hokim deb atashgan, shekilli) tilga olgan. Shoir Joniy Nakurtga kelgan yili otam Olimning otasi Suyunboy, ya’ni mening bobom tug‘ilgan.

Mirzaqo‘rg‘onda bobolarim Suyun, Irzoqul, Yusuf, Qozoqboy, Mustafo, Rasul, Qodir, Dehqonboy, Jumaboylar hayot kechirgan. Bitta tog‘ kamarida – darasida – bitta qo‘rg‘onda – bitta oila bo‘lib yashash… hozir buni tasavvur qilish qiyin. Bu katta oilaga otam Olim Suyun o‘g‘li ham uylanib, alohida oila bo‘lib qo‘shilgan. Men bobolarimning farzandlari bilan bo‘y talashib o‘sdim. Kun kechirish og‘ir edi. Ammo shunday katta oilani mening ota tog‘larim ne’matlari asrab qolgan bo‘lsa ne ajab?!

Suyun bobom 1959 yilning olcha pishig‘ida dunyodan o‘tdi. U otamga ajdodlari shajarasini yozib qoldirdi. Otam o‘z navbatida menga va to‘rt ukamga uzatdi. Men kim, Azimboy (Azim Suyun), Azimboyning otasi mulla Olim (1907-1983, 15 yanvar), Olimning otasi mulla Suyun (1888-1959), Suyunning otasi Mirzaboy, Mirzaboyning otasi Norboy, Norboyning otasi Qo‘ygeldi, Qo‘ygeldining otasi Olloyor, Olloyorning otasi Aqad, Aqadning otasi Ashirmat, Ashirmatning otasi Suyushxo‘ja, Suyushxo‘janing otasi Churagaymirza, Churagaymirzaning otasi Shomonmirza, Shomonmirzaning otasi Begixiyro, Begixiyroning otasi Xolmat, Xolmatning otasi Cho‘yankaltak, Cho‘yankaltakning otasi Qiroshar! Tub bobomizni O‘zg‘on degan turkiy avliyo deyisharkan.

Asli bobolarimiz Turkiston tomonlardan bo‘lib, ular Qashqadaryo tomonlarga hijrat qilishadi. Qashqadaryodan Xatirchining Oltinsoyiga ko‘chishadi. Oltinsoydan Moybuloqning Yonbosh qishlog‘iga, undan Qo‘shrabotning etagidagi Oqtepa degan joyga o‘tishadi. Oqtepadan Nakurtga birinchi bo‘lib Olloyor bobomiz ko‘chib chiqqan. U momomiz Tursun boybicha bilan bu joylarni makon tutishganda changalzorlarni o‘roq va qilichlar ila zo‘rg‘a ochib yo‘l topib yurishgan ekan.

Xullas, otamning qirq yoshida tilab olingan farzandi kamina besh-olti yoshimdanoq uning injiq hamrohiga aylanganman. Gap shundaki, otam katta savodxon bo‘lishiga qaramay “quloqning o‘g‘li” bo‘lganligi uchun majburiy ravishda unga cho‘ponlik tayog‘i sudratilgan edi. U poda boqardi. Kechayu kunduz mol orqasidan yurardi, men esa undan ajralmasdim. Birga tog‘u tosh, dala-dasht, qir-adir kezardim. Ana endi, o‘sha besh-olti yoshimdanoq baxshilarning, so‘zonlarning, cho‘pon- cho‘liqlarning, yilqichilarning, ovchilarning, go‘yandalarning, mo‘ltonilarning, yo‘lovchilarning, tog‘ ishqibozlarining afsunlar to‘la g‘aroyib turli-tuman hikoyalaridan, suhbatlaridan, gurunglaridan bahramand bo‘lganman.

Menga bora-bora otam bilan poda – qoramol orqasidan yuraverish malol kelib, Suyun bobomning panohiga o‘tib ketdim. Uning hikoyalarini eshitish maroqli kechardi. Bobom Buxoroda Mirarab madrasasini bitirgan, “quloq, dindor unsur” bo‘lib, goh qochib, goh tutilib surgunda yurgan va ne-ne savdolarni boshidan kechirib, Nakurtga qaytib kelgandi.

Mulla Suyun o‘rta bo‘yli, yelkalari keng, barmoqlari yo‘g‘on-yo‘g‘on, ko‘kish soqoldor, baquvvat kishi bo‘lib, qalin qoshlari ostidan o‘tkir ko‘zlari odamga tikka boqardi. Otamning onasi – enam allaqachon vafot etgan, bobom undan keyin ham uylangan, ammo u ham bir o‘g‘il, ya’ni otamga uka qoldirib dunyodan o‘tgandi. Bobom ana shu Tilovqobil bilan birga turardi.

Bobomning ovunchog‘i turli-tuman arabiy, forsiy va turkiy kitoblar, ov va men edim. Uning o‘n ikkinchi qo‘shog‘iz ov miltig‘i bo‘lardi. Unga Kondrat degan o‘ris men bilmagan olis yurtlardan o‘q-dori, zamcha, patron va boshqa kerakli narsalarni oyda, yilda olib kelib berardi. Kondrat, chamamda, ovchi edi. Aniq esimda, bobom uning olib kelgan narsalaridan foydalanardi-yu, ammo u bilan na choy-poy ichardi, na birga ovga chiqardi.

O‘, u yillar… Shom tushishi bilan bobomning qorayib ketgan uyiga (uyning o‘rtasida tosh o‘choq bor edi) suhbattalab keksayu yosh yig‘ilardi. Lampachiroq lipillar, qish kechalari o‘choqda tarasha cho‘g‘i lovullardi. U Ahmad Yassaviy “Hikmat”ini o‘qiganda butun olam unutilardi. Kitobxonliklar, suhbatlar, gurunglar gohida tonggacha davom etardi. Eh-he… bu kechalarda nimalar so‘zlanmasdi, nimalar eslanmasdi.

Bobom vafot etganda xudoyisini o‘tkazmoqchi bo‘ldik. So‘yish uchun bir chog‘roq serkani topdik. Odam tumonat. Men tengdosh amakim, jo‘ram Oltiboy bilan uch-to‘rt echkimizni qaytarib kelmoqchi bo‘lib, Jaylovcha degan kamarga ketdik. Ne ko‘z bilan ko‘raylikki, bir alqor chivin qo‘rib yotgan ekan, uzoqdan ko‘rdik. Ikkalamiz ham Dehqonboy bobomni – mulla Suyunning ukasini – qirag‘ay merganni chaqirib kelish uchun yugurdik. Dehqonboy bobom tezda miltiqni o‘qlab chiqdi. Bordik. Alqor bizni ko‘rib yugurishga tushdi… O‘q yegan, oqsoq ekan. Uni Oltiboy bilan uy-qo‘rg‘on tarafga quvdik. Xullas, oqsoq alqorni chorbog‘ tarafga haydab keldik. Alqor otildi. Xudoyini o‘tkazdik. Odamlar “Bu alqorni ham katta ilm egasi, ham imonli ovchi Suyunning xudoyisiga Xudoning o‘zi buyurgan”, deyishdi. Kim biladi, balki bu gaplarda jon bordir…

Xullas, mening bolaligim, o‘smirligim, yoshligimning ko‘p qismi Nurota tizma tog‘larini goh piyoda, goh ulovda, goh miltiq ko‘tarib, goh saltang ishqibozlik ila kezishda o‘tdi.

Shuni aytishim kerakki, Nurota tizma tog‘larining, ayniqsa Qoratog‘ hayvonot olami g‘oyat turfa, o‘simliklar dunyosiga boy, jonzotlari, parranda-darrandalari, gazandalariyu charrandalari mo‘l-ko‘l. Bu tog‘larda mo‘’jiza atalmish ko‘zoynakli ilonlargacha oyog‘ing ostidan yo bir darada daf’atan yoningda paydo bo‘lishi mumkin. Bunday kezishlar, ishqibozliklar meni hanuz tark etgan emas. Ko‘rib-ko‘rib ko‘zchil bo‘lasan. O‘ylab qarasam, juda ko‘p g‘aroyib voqealarni, sarguzashtlarni boshdan kechirgan ekanman. Ko‘zlarim ko‘rib, quloqlarim eshitgan ekan. Keyinchalik bular juda-juda asqotdi.

…To‘qqiz yoshimgacha qaylardadir maktab borligini, ularda bolalar o‘qishlarini bilmaganman. To‘g‘ri, kitobni bilganman, ko‘rganman, lekin kitob faqat mulla Suyunning uyidagina bo‘ladi, uni faqat katta otam va otamgina o‘qiy oladi, deb o‘ylaganman. Bu kitoblar Qur’oni Karim, Yassaviyning “Hikmati”, “Chor kitob”, Navoiy, Bedil, Huvaydo, Mashrab, So‘fi Olloyor, qandaydir “Muammo”, payg‘ambarlar, jangnomalar haqidagi kitoblar ekanligini keyinroq bilganman.

TOSHKULBA TOKCHASIDAGI KITOBLAR

Bobom toshkulbasining
tokchasida doimo
kitoblar bo‘lar edi:
“Hikmat”, Mashrab, Huvaydo.

Navoiyu “Chor kitob”,
Bedil, So‘fi Olloyor,
“Qur’on”ning yelkasini
silab turardi devor.

O‘qimasdim ularni,
chunki o‘qiy olmasdim.
Lekin bobom, otamni
o‘qitmasdan qolmasdim.

Bobom “eski” edi-da,
Otam ham edi “eski”.
Qalbimga qo‘r berardi
ammo shu “eski-tuski”.

O, qishki kechalar…
Cho‘g‘ –
bozillar tosho‘choqda.
Qorinning qayg‘usi ham
unutilar bu chog‘da.

Qulog‘im qirqta bo‘lib
tinglar edim, tinglardim.
Tog‘dan ham olislarda
bir dunyo bor – anglardim.

Ohanglar taralardi
qandaydir osmonlardan,
o‘ziga chorlar edi
qaysi bir makonlardan.

Iniga dud qo‘yilgan
tulkiday holda edim,
inidan qanday bo‘lsa
chiqqudayin yuragim…

Onamning kitobi ham
bo‘lar edi uch-to‘rtta,
ularni saqlar edi
bo‘g‘chasida – bir chetda.

“Alpomish”, “Go‘ro‘g‘li”ni
onamga o‘qitardim,
gohida qah-qah urib,
gohida yig‘lar edim…

keyin ketdim maktabga,
Keyin ketdim bosh olib…
Bugun o‘zimni ba’zan
urgudayman tosh olib.

O‘tdi-ketdi hammasi,
o‘tdi-ketdi “yalt” etib.
Ularning xizmatini
qilolmadim yalchitib.

Yuragim to‘la armon,
o‘zim yozaman kitob.
Chin – yolg‘onin bilolmay
qalb ipi tashlagan tob.

Uyqu elitar tez-tez,
xayol tez-tez opqochar,
G‘irko‘klar qayda ekan,
Qayda ekan Boychibor?..

Tilim-tilim tog‘ bag‘ri,
bir chetida toshkulba,
Toshkulba ham deb bo‘lmas,
shundoq yotgan xaroba.

Bunda yo‘q tosho‘choq ham,
bozillamas bodomcho‘g‘.
Bari bo‘lardi, ammo,
Azimboy… ho‘… bola yo‘q.

MAKTABGA BORISHIM QIZIQ BO‘LGAN. Bizning Mirzaqo‘rg‘ondan o‘n besh kilometr chog‘li etakda yetti yillik maktab bo‘lgan. O‘qituvchilar orasida shunday suhbat kechgan: “…mulla Olimning bir o‘g‘li bor, katta otasi mulla Suyun bilan tog‘ma-tog‘ yuradi, deb eshitganmiz. Yoshi nechada ekan?.. Katta yigitcha bo‘lib qolgan deyishadi…”

Bir kuni bir kishi uyimizga keldi. Bir to‘p bola qag‘ati (g‘alvir) yong‘oq daraxti ustida o‘ynab yurardik. U kishi bizga yaqinlab keldi, salom berdik. Qaysingning oting Azimboy, dedi. Men yong‘oqdan tushib, unga yaqinlab bordim. Yoshing nechada, dedi. To‘qqizda, dedim. Maktabga bormaysanmi, sening tengdoshlaring o‘qishyapti, o‘qishing kerak. Istasang hoziroq olib boraman, dedi.

Xullas men maktabga bordim. Yangi hayot boshlandi…

O‘sha kishi – birinchi o‘qituvchim Qirqyigit Abdulhakimov edi. Undan bir umr minnatdorman. Ovloq tog‘larda yuraverganimda nima bo‘lar edi?..

HAYOT YO‘LIM OSON, RAVON KЕCHGAN EMAS. To‘rtinchi sinfda maktabdan haydalganman. Bu paytga kelib otam maktabga uncha uzoq bo‘lmagan joyda ikki xonali kulba qurib, oilamizni Mirzaqo‘rg‘ondan olib chiqib ketgan va Islom oxun bobom bilan qo‘shni yashar edik. O‘zbekiston musulmonlari idorasining raisi, mufti Usmonxon Alimov hazratlarining otasi mashhur Temurxon eshon ham Islom oxunnikiga tez-tez kelib mehmon bo‘lardi, tongotar suhbatlar qurishardi. Men ularning qo‘lbola dastyori edim.

Islom oxun va otam Ramazon oyi kelishi bilan ro‘za tutishar, tarobeh namozi o‘qishardi. Men va menga tengdosh ikki-uch yaqinlarim bilan birgalikda biz ham ro‘za tutardik, namoz o‘qib, tarobehga ham qo‘shilar edik. Bu holat o‘qituvchilarimiz qulog‘iga yetibdi va “Sovet o‘quvchisi ro‘za tutishi, namoz o‘qishi mumkin emas”, deya kaminani maktabdan haydashdi. Bir hafta otam maktab direktoriyu o‘qituvchilarga yolvordi… Yo‘q, bo‘lmadi! Lekin o‘qishim kerak! Maktabni sevaman! Rayon (tuman) gazetasida she’rlarim chiqib turadi. Nima qilmoq kerak? Maslahatchilar ham topila qoldi: Ro‘zani yomonlab chiqish kerak. Uni rayon gazetasida bosib chiqarsang olam guliston!..” Shu bilan qutulamanmi?.. qutula qolay… Mana she’r ham tayyor:

RO‘ZA

O, ro‘za, tutdim seni, ammo meni xor aylading,
Kechalar uyqum buzib, tunimni bedor aylading.
Ba’zi gaplarga uchib, kuni bilan yurdim och,
Churillatib ichaklarim misli dutor aylading…

Va hokazo.

She’r rayon gazetasida darhol chop etildi. Chunki hali Ramazon oyi tugamagan edi… Shov-shuv bo‘lib ketdi. Mulla Olimning o‘g‘li, mulla Suyundek, Islom oxundek… kishilarning nevarasi Azimboy ro‘zani yomonlabdi. Nima qilay? Yuzim shuvit bo‘ldi. Ammo o‘qishim shart edi. Meni kechirdilar, maktabga qaytdim. A’lochi edim, sinfkom (sardor) edim.

BUNDAY VOQЕALAR HALI TUGAMAGAN EKAN. Oltinchi sinf o‘quvchisiman. Maktabda obro‘yim baland. Betinim she’rlar, maqolalar yozaman, ulardan namunalar hatto viloyat gazetalaridan tashqari, “Gulxan”, “G‘uncha” jurnallarida ham bosilib turardi. Shunday kunlarning birida bir sinfdoshim – kichik jussali, ko‘zlari doim o‘ynab turadigan bola qishloqning yakkayu yagona chog‘roqqina magazinidan ruchka, qalam, daftar, o‘chirg‘ich va yana qandaydir mayda-chuydalarni derazadan kirib o‘g‘irlabdi. O‘g‘rining bola ekanligini bilgan magazinchi to‘g‘ri maktabga kelibdi. O‘sha bola o‘g‘irlagan narsalarni allaqachon hammaga ko‘rsatib ulgurgan, otam olib berdi, deya maqtangan. Magazinchi va o‘qituvchilar uni bilib, tutib olgan… sen bir o‘zing o‘g‘irlamagansan, sheriging bo‘lgan, ayt, deya qiynab-qistagan… U sinfkomni – kaminani “sherigim” degan. “Shoir”ligimni qalqon qilmoqchi bo‘lgan… Meni darsdan chaqirib, direktorning xonasiga olib bordi. Xonaga kirishim bilan kuchli zarbdan ag‘anab tushdim… tepkilab ketishdi. Ammo kim bunday qilayotganini anglamadim. Turg‘izishdi. Qarasam, o‘qituvchilarning bari tomoshabin, ko‘zlarini menga qadagan. Bir burchakda haligi bola. Bilagimni mahkam siqib turgan odamni ham tanidim – Tursunqul degan magazinchi. So‘roq boshlandi. Kimga nimani isbotlaysan… Dunyoning adolatsiz o‘yinlarini men o‘sha paytlardayoq ko‘rganman.

Qo‘y, iflos so‘zlarga solmagil quloq,
Har xil ig‘volarga bermagil quloq.
Mabodo tuhmatga yo‘liqsang agar,
O‘z joyida qaror topqusidir haq, –

deb yozganman o‘shanda.

Xullas “o‘g‘ri” ham bo‘ldim. Maktabni yig‘ishtirdim. Nomusga chiday olmay, odamovi holatiga tushdim. Otam mendan xavotirlanib, tag‘in direktoru o‘qituvchilarga yalinib-yolvorishga tushdi…

KЕYIN HAM… omadsizlik iskanjasidan qutulishim oson kechmadi. O‘qiyman deb Toshkentga yo‘l oldim.

ToshDUning (hozirgi O‘zbekiston Milliy universiteti) jurnalistika fakultetiga 1967 yili hujjat topshirdim. O‘sha paytlar qandaydir qaror bo‘lgan: boshqa fakultetlarni bilmadimu, jurnalistika fakultetiga Samarqand viloyatidan bitta talaba qabul qilinardi. Ikkita besh va ikkita to‘rt baho olganimga qaramasdan mandatdan o‘tolmadim. Qishloqqa qaytib ketdim. Sovxozda matlubot jamiyati degan tashkilot bo‘lardi. O‘sha yerga tog‘am Esonbek Mamadaliyev orqali bosh hisobchining kichik yordamchisi degan ishga qabul qilindim.

Qarang, endi bu yerda ham… raisimiz bu yerga qo‘l qo‘y, u yerga qo‘l qo‘y, deb qandaydir qog‘ozlarga imzo chektirar edi. Senga hech narsa bo‘lmaydi, shoirsan-ku, deb qo‘yardi. Imzo chekaveribman. Bir kuni raisimiz ishdan ketdi. Tekshiruv boshlandi. Qarasam, katta summa bo‘ynimda. Oxiri yana tog‘am jonimga oro kirdi meni bir balo qilib asrab qoldi.

1968 YIL TAG‘IN TOSHKЕNTGA KЕLDIM. Universitetga hujjat topshirdim. Faqat jurnalist bo‘laman deyman. Jurnalistika fakulteti shoirlar tayyorlaydi, deb o‘ylaganman. Chunki Abdulla Oripov ham jurnalistikani bitirgan-da. Tag‘in bulturgi hol. Mandatdan o‘tolmadim. Noiloj, endi uyat kuchidan qishloqqa bormay, Payariq rayoni markaziga yo‘l oldim. Bu yerda nakurtlik Omonxon eshon bobomiz – otamning qadrdoni yashar edi. Bundan tashqari Nakurtda u kishining o‘g‘li Baxtiyorxon bilan to‘rtinchi sinfgacha birga o‘qigan edik (hozir Baxtiyorxon To‘rayev falsafa fanlari doktori, professor).

Omonxon bobom meni o‘z o‘g‘illari safiga qo‘shdi. O‘g‘illari nima yeb-ichsa, men ham shuni yeb-ichdim. U kishi she’rlar ham yozar edi. Bir so‘z bilan aytganda, ko‘ngildosh edik. Keyinchalik rayon gazetasi “Kommunizm bayrog‘i” mas’ul xodimi Omon Quvvatov degan jurnalist yordami bilan rayon madaniyat uyiga bezakchi-rassom vazifasiga ishga o‘tdim.

1969 YIL. QISH QATTIQ KЕLDI. Martning boshlari edi. Pasport olish uchun Narimon posyolkasidan pasport stoli idorasi joylashgan Chelak posyolkasiga keldim. Pasportni olib qaytayotsam… Chelak bilan Narimon oralig‘ida joylashgan Qorasuv butun bir daryoga aylanibdi. Eshitdim. Tojikistonda zilzila bo‘lgan, ulkan bir qoya qulab tushgan va Zarafshon daryosi yo‘lini to‘sib qo‘ygan, shunda daryo Qorasuv o‘zaniga yo‘l solgan.

Hamma tarafda vahima, mish-mish. Bunday damda qo‘rqmay bo‘ladimi, axir. Soyday oqib yotgan bir irmoq vahimali, kemalar o‘tishi mumkin bo‘lgan daryoga aylansa. Ustiga-ustak, qora yomg‘ir ham shappat uryapti…

O‘sha kuni bir tanishimnikida qoldim. Ikkinchi kuni daryo qirg‘og‘iga chiqdim. Narimon posyolkasi tomonga o‘tmoqchi bo‘lgan tumonat odam.

Ko‘p o‘tmay bitta tanksimon texnika, mashinalar, motorli ikki porom-kema, askarlar paydo bo‘lishdi. Yo‘lning, ayni paytdagi daryoning yuqoriroq tarafiga motorli qayiq shatakka olgan porom-kemani olib borishib, qirg‘oqdan tushirishdi. Yo‘lovchilarning bir qismini unga chiqarmoqchi bo‘lishdi. Odamlar o‘lar-tirilariga qaramay, o‘zlarini unga urishdi. Porom-kema to‘ldi. Kamina – chaqqon tog‘ bolasi allaqachon ularning orasida. Ikki askar motorni tarillatdi. Suzib ketdik. Toshqin – daryo o‘rtasiga yetib kelganda qo‘qqisdan motor o‘chib qoldi. Pishqirgan daryo parom-kemani lopillatib oqizib ketdi. Tezligi qo‘rqinchli darajada oshdi. Erkagu xotin-xalajni hammani birdek vahima, dahshat bosdi. Barcha talvasada, bir-biriga yopishadi. Qiy-chuv boshlandi. Paltolar suvga otila boshlandi. Menga ham kimdir… paltongni yechib ot, deb baqirdi. Kambag‘allik qursin, men paltomni yechmadim. Uni ikki yil tanga yig‘ib sotib olgan edim. O‘lgim ham kelmasdi…

Aqlimni yig‘ib oldim. Bu vaziyatda birovga yopishgandan ortiq xatar yo‘q. O‘zingni ham, uni ham halok etasan. Bilaman, yo‘lda ko‘prik bor. Kema to‘g‘ri o‘sha yoqqa – katta quvur tarafga lopillab ketyapti. Ammo ko‘prikning ustidan ham daryo toshib oqyapti. Kema o‘sha ko‘prikka borib urilishi tayin. Shu asno ko‘prik ustiga sakrayman deb o‘yladim. Shunday qildim ham. Odamlar faryod qilib, bir-biriga yopishib kemaning bir chetiga to‘planib qoldi. Va bu fojiaga olib keldi. Kema bir yonga og‘a boshladi. Ko‘prikka ellik metrlar chamasi qoldi… Mana, zarb… kema urildi! Kema to‘nkarila boshladi. Kemaning balandlayotgan joyiga chiqdimu o‘zimni otdim. Ko‘prik ustiga tushdim. Ko‘prik chetidagi temir panjaraga yopishdim. Va tag‘in o‘n beshga yaqin kishi mening orqamdan o‘zlarini otib ulgurgan ekan, bir- birimizga qo‘l berdik. Bu paytda kema batamom to‘nkarilib bo‘lgan edi. Quvurning ikkinchi tarafidan o‘liklar, chala jonlar qalqib-qalqib chiqa boshladi. Ular tomon qirg‘oqdagi askarlar yechinishib, o‘zlarini suvga otayotgan edi. Keyin… keyin vertolyotlar keldi. Bir hafta oqib ketganlarni izlashdi. Yigirmadan ortiq jasad topildi.

1969 YILNING MAY OYIDA ARMIYA SAFIGA KЕTDIM. Ketmasdim. “Otsrochkam” bor edi. Yozishdi. “Azimboy o‘qishga kiraman, deb Sovet armiyasidan qochib yuribdi. Tog‘asi voyenkom, voyenniy bilet to‘g‘rilab bergan” deb yozishibdi. Bu gaplar to‘g‘ri. Lekin nima qilay, tezroq o‘qishga kirib, shoir bo‘lmoqchi edim. Yozishganidan xafa bo‘lmadim. Ammo qalin sinfdosh do‘stim otasi bilan birga yozganidan xafa bo‘ldim. Tag‘in deng, jannatmonand bir tog‘da o‘sgan qarchig‘ayday yigitcha, Rabbim la’natlagan biyday cho‘l – sahrodagi quruvchi qo‘shinlari safiga tushib o‘tirsa-ya…

QISQASI, YANA IKKI YIL O‘TDI. Maktabga 7 yoshda boradigan bola 9 yoshda maktabga bordimi? Ha! 2 yil yutqazdimi? Ha! 2 yil o‘qishga kira olmadimi? Ha! Tag‘in 2 yil yutqazdimi? Ha! Armiyada 2 yil bo‘ldimi? Ha! Tag‘in 2 yil yutqazdimi? Ha! Bu 6 yil degani! 6 yil yutqaziq… degani!

Soldatlikdan qaytdim. Ikki chamadon ikki qo‘limda. Og‘ir-og‘ir. Onam bechora shoshgan. Qo‘ni-qo‘shnilar kelgan. Qarindosh-urug‘lar shu yerda. Men yuz oydinlikdaman. Jamuljam bo‘lganlar onamga Azimboyning chamadonlarini oching-chi, biz ham ko‘raylik, nimalar olib kelibdi… Sodda onam bechora ikki chamadonni ochgan – ikkalasi ham liq to‘la o‘rischa kitob!

ARMIYADAN QAYTIB… hujjat topshirishga ulgurdim. Tag‘in ToshDU. Jurnalistika! Tag‘in mandatdan o‘tolmadim. Insho yozishimdan to‘rt-besh kun oldin o‘ng qo‘limdan dahshatli og‘riq beruvchi ko‘m-ko‘k yara chiqdi. Bosh barmog‘im ostidan. Tirnog‘im yarim ochilib, osilib qoldi. Og‘riqdan kunu tun ingrab yig‘lardim.

Ammo imtihonga kirishim shart. Tag‘in deng, birinchi imtihon – inshoga. Bu yil o‘qishga kirmasam…

Qo‘lim og‘rig‘ini unutgan ekanman, u yana boshlandi. Ne azobda insho yozdim. Natija – “uch”. Shunga ham shukr qildim. Og‘zaki – “to‘rt”. Domla “besh” qo‘yar edim-u lekin inshongiz “uch” ekan-da, dedi. Bu domla Muxtor Xudoyqulov ekan. Tarixni “besh”ga topshirdim. Zuhra opa ismli ayol edi. Nemis tilidan tabiiy “uch”. Xullas, yana mandatdan o‘ta olmadim. Kimdir birov maslahat berdi: soldatlarni sirtqi bo‘limga qabul qilishi mumkin. Nihoyat, sirtqi bo‘limga ilindim.

Birinchi kursdagi darslardan biri. Serrayib oxirgi partada o‘tiribman. Dars- pars bilan ishim yo‘q. Chunki domla Yassaviydan gapirayotgan edi. Holbuki, men Yassaviy “Hikmat”ining ko‘p joylarini bolaligimdayoq yod bilar edim. Otam va bobom mulla Suyun uni qayta-qayta ovoz chiqarib o‘qiyverganidan… yod olib qo‘ygan edim.

Xullas, oldimda bir dasta she’r. Qo‘lyozma. Shu bilan bandman. Sezmay qolibman, bir payt dars o‘tayotgan domla tepamda turibdi. Bir og‘iz ham so‘z aytmay, qo‘lyozmalarimni olib qo‘ydi. Tamom, dedim, o‘zimga-o‘zim. La’nati she’rlar… g‘alva… Dars tugadi. Hammamiz chiqa boshladik. Domla menga, siz qoling, dedi. Qoldim. “Nega mening darsimga quloq solmadingiz? Axir men Yassaviydek ta’qiqlangan ulug‘ shoir haqida tushuncha berayotgan edim-ku”, – dedi domla bir payt. Men hayron bo‘lib qoldim. Nimasi ta’qiqlangan? Mening ota-bobolarim faqat Yassaviyni o‘qishgan-ku, o‘qiganda ham yig‘lab…

Men “Hikmat”dan o‘qiy boshladim: “Muhabbatning bo‘stoniga bulbul kabi sahar chog‘lar nola qilib qo‘ngim kelur…” Domla tek qotib qoldi. Ko‘zlari yoshlandi. “Siz o‘qiysiz!” – dedi qat’iy. Men sizni Mirtemir domlaga olib boraman. Men ham tog‘dan kelganman…

Meni taqdir ro‘baro‘ qilgan bu domla xokisor inson Botirxon Akromov edi.

MЕN “MITTI YULDUZ”DAN CHIQQANMAN… Aytganimdek, askarlik safiga kech ketdim. 1969 yil. May oyi. O‘shanda 21 yoshda edim. Qozog‘iston cho‘llarining bir nuqtasiga tushdim. Cho‘l, sahro, cho‘l, sahro. Bo‘y ko‘rsatib turgan na bir dov- daraxt, na ko‘zga tashlanguchi yirikroq biror narsa… Bepoyon sahroning har joy – har joyida qator-qator baraklar, yerto‘lalar… Ya’ni, askarlar yotog‘i.

Aytsam, tog‘lar bag‘rida o‘sgan ozod bir tog‘ alqori sahroga tushib qolsa, holi ne kechardi? Yoki erkin bir tog‘ burgutining sahroni oshyon tutishga, yer bag‘irlab uchishga majbur qilinishi tasavvuringizga sig‘adimi? Kunlarning birida, nihoyat, O‘zbekistondan menga xat, aniqrog‘i, do‘stim Lutfulla Mamasoliyevdan (Lutfulla oqibatli do‘st-qarindosh, yaxshi jurnalist edi. 2010 yil vafot etdi. Oxirati obod bo‘lsin!) quvonchli maktub va banderol keldi. Xatdan oldin banderolni ochdim. Ko‘zlarimga ishonmadim. Bu Abdulla Oripovning “Onajon” kitobi edi. Xatni ochishni unutdim – kitobni o‘qishga tushdim. Bu kitob mening qo‘limdan chiqib ketdi. Uni mening yonimdagi safdoshlarim (ularning ko‘pchiligi o‘zbek, qozoq, turkman va tojik o‘g‘lonlar edi) qo‘lma-qo‘l o‘qidilar. Bu kitob oq qog‘ozlarga ko‘chdi – tortilib, yirtilib, sochilib ketdi, ammo bir she’r yuzlab qog‘ozlarga ko‘chdi. Yon daftarlarga tushdi, tillarga ko‘chdi, dillarga ko‘chdi… Hatto zobitlarga borib yetdi, ammo ular til bilmasdilar. Mendan so‘rashdi:

– Bu qanday kitob? Bu nima kitob? Men ularga dedim:
– Abdulla Oripovning kitobi. Bizdan chiqqan shoir Abdulla Oripovning kitobi!

– O‘zbeklarda ham shoir bormi?
– Ha. Shoir bor!

AVVALROQ. 1965 yil edi. Kamina sakkizinchi sinfda o‘qir edim. O‘qish uchun kitob izlab, Payariq tumanining markazi – Narimonga (hozir Payariq shahri) tushdim. Tuman markazida kattagina kitob do‘koni bo‘lg‘uchi edi. Xullas, cho‘ntagimdagi pulim “Gul va ko‘ngil” deb yozilgan, ichida o‘nta shoirning kitobi joylashgan korobka – to‘plamga yetdi. Va boshim ko‘kka yetdi. Mana shu jild ichida “Mitti yulduz” degan kitobcha ham bor edi.

Men she’rlar mashq qilar edim. Ammo ular she’r edimi yoki yo‘q, bu – boshqa masala. Men shu yoshimgacha tog‘ qishlog‘ida qanday kitob bo‘lmasin, qanday risola bo‘lmasin, qanday gazet-jurnal yetib bormasin, qisqasi, qo‘limga nima tushgan bo‘lsa, o‘qib chiqqan edim. Men kitob izlardim. O‘qish uchun nimalardir izlardim. Kitob do‘konidan chiqar ekanman, avtobus bekatigacha kitobni goh to‘xtab, goh surinib varaqlab ulgurdim. Hayajon cho‘g‘i vujudimni kuydirardi. Bu kitob varaqlarida ilohiy bir to‘lqin borligini yuragimga jo qildim. Haftadan so‘ng “Mitti yulduz” menga yod bo‘ldi.

…KЕYIN NIMA BO‘LDI, DЕYARSIZ? Toshkent, 1972 yil. Bir kun ne-ne istiholalar bilan G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotiga kirib bordim. Endi men 2-bosqich talabasi edim. Betinim she’rlar mashq qilardim. Ko‘nglimda bir alag‘dalik sezardim. Kimdir menga bir manzilni ko‘rsatishi kerak edi. Kim u?

Nihoyat, Abdulla Oripov o‘tiradigan xona eshigini ochdim. Uning o‘rindig‘i chap tarafda ekan. Bir shoirona nigoh menga boqdi. Juda ozg‘in, juda xipcha… Lekin ko‘zlari chaqnoq…

– Keling, – dedi.
– Abdulla aka, men sizga she’r olib keldim. Ko‘p emas, bittagina.

Men unga she’rni uzatdim. Abdulla Oripovga qaraganda men anchagina yirikroq edim, shekilli. Lekin uning nigohida kishini titroqqa solguvchi bir o‘t bor edi. U hech narsani bildirmasdan, go‘yoki ohista, yengil harakat bilan qaddini rostlab, she’rimni o‘qishga tushdi. Bu “Quyosh afsonasi” degan she’rim edi. O‘qib bo‘ldi. Ko‘zlarimga tikildi.

– Zing‘itdi, degan so‘z sizlarda ham bormi? – dedi.
– Ha, bor, – dedim.

– Yaxshi she’r ekan. Yozing. Yozavering.

——-

B. O: – Ustoz! Yosh avlodga so‘zlab bergudek, ibrat bo‘lgudek hayot yo‘lingiz bor ekan. Shu yerda ularga tilaklaringiz, maslahatlaringiz bo‘lsa… darig‘ tutmasangiz…

A. S: – Yoshlarga tilaklarim ham, maslahatlarim ham bor. Ular, eng avvalo VAQTning, YoSHLIKning qadriga yetsinlar! Qolaversa…

Yosh ijodkorlarga 12 maslahat:

1. Qalbingizni yozing.

2. Seving, sevilasiz, sevib yozing, sevib o‘qilasiz.

3. Tabiatni donishmand ustoz deb biling.

4. Tilingizni shifokorga emas, millatingizga ko‘rsating.

5. Ishtiyoqsiz (ilhomsiz) ijodga o‘tirmang. Hatto bulbul ham ishtiyoqsiz, istar- istamas tomoq bulkillatsa eshitgan quloqni lanjlik qumiga to‘ldiradi.

6. Taqliddan qo‘rqmang, taqlidgo‘y bo‘lib qolishdan qo‘rqing.

7. Adabiy o‘g‘irlikdan qoching. Adabiy o‘g‘irlik mol o‘g‘irligidan yomon: molni berkitsa bo‘ladi, ammo ko‘chirmani ham, ko‘chirmakashni ham berkitib bo‘lmaydi.

8. Gullarni yaxshi ko‘rsangiz, hammasini o‘z nomi bilan atang.

9. Safarlarga chiqing, yurtlar, ellar kezing. Kitoblaringiz ham safarlarga chiqadi, yurtlar, ellar kezadi.

10. Adabiyotga hukmdorlik da’vosini qilmang.

11. Chin adabiyotni omma yaratmaydi, sovrin-sarpolar yaratmaydi. Adabiyotni SHAXSlar yaratadi. SHAXSlar tug‘ma iste’dodlardan qora mehnatlari, zahmatlari o‘laroq yuzaga chiqadi. Davr esa ularni goh munosib, goh nomunosib namoyon etadi. Mehnatni sharafga aylantiring.

12. Dil va Til birligi, Iste’dod va E’tiqod birligi, Vijdon va Amal birli- gi Inson komilligining oliy maqomlaridir. Unutmang!

– Suhbatni davom ettirsak…

MЕN ADABIYOT UMMONIDA SUZAR EDIM.

Adabiyot qaynardi.
She’riyat qaynardi.

Bu miqyos O‘zbekiston sarhadida emasdi. Yevgeniy Yevtushenko chegarani buzardi.

Voznesenskiy she’riyat me’morchiligiga yangi g‘ishtlar qo‘yardi. O‘ljas Sulaymonov bepoyon qozoq dashtlaridan chiqib ketgan edi.

Yuksak tog‘larda ulg‘aygan Rasul Hamzatov o‘zga yuksak tog‘larni ham kezardi. Qaysin Quliyev tiniq-tiniq chashmalar suvini ichib, sharshara yellarini sachratardi. David Qug‘iltinov dashtu o‘rmonlar yolqinida yonardi.

Ko‘p o‘qirdim… Tinmay o‘qirdim.

Chingiz Aytmatov olis elu elatlar, xalqu millatlar timsolida betimsol bo‘y ko‘rsatardi. Va o‘zlikni namoyon qilardi. Men uni prozaning shoiri, deb bilardim.

O‘qirdim… Pushkin, Lermontov, Bayron, Nekrasov, Yesenin, Rudakiy, Li Bo, Umar Xayyom, Shota Rustaveli, Sa’diy Sheroziy, Hofiz, Nizomiy Ganjaviy, Robert Byorns, Shiller, Adam Miskevich, Genri Langfello, Edgar Po, Tyutchev, Shevchenko, Bunin, Bryusov, Blok, Mayakovskiy, Anna Axmatova, Pablo Neruda, Tvardovskiy, Bella Axmadulina, Henrix Heyne, Dante, Shekspir, Petrarka, Lorka, Abdulla To‘qay, Abay, Shandor Petefi, Thokur, Nozim Hikmat, Mahtumquli, Cho‘lpon, “Ramayana”, turk she’riyati, gurji, ukrain, arman, eston, nepal, latish, litva, fransuz, ingliz, fors, makedon, bulg‘or, o‘ris, tojik, qirg‘iz, turkman, qozoq, qoraqalpoq, alban, ozor, belorus, amerika she’riyati… o‘qirdim. Eh-he, nimalarni o‘qimadim?! Nasrni jon-jon deb o‘qirdim. Kunduz o‘qirdim, tunlari o‘qirdim, yurib o‘qirdim, turib o‘qirdim, yig‘lab o‘qirdim, kulib o‘qirdim, o‘qirdim, o‘qirdim… Tolstoy, Sholoxov, Gorkiy, Turgenov, Dostoyevskiy, Chexov, Gyugo, Mopassan, Flo- ber, Ernest Xeminguey, Jek London, Stendal… nimalarni o‘qimas edim! Saylab-saylab, saylab-saylamay, sevib-sevib, sevib-sevmay o‘qirdim!

O‘qirdim. Belinskiy, Chernishevskiy, Dobrolyubov… O‘qirdim. O‘zimizniki- larning ham… hammasini… Ayniqsa nazmni… Abdulla Oripov, Erkin Vohidov, Rauf Parfi, Halima Xudoyberdiyeva, Omon Matjon, tengdoshlarim… o‘qirdim…

B. O: – Bevosita she’rga qaytsak… Ijod ahli shoirga, she’rga turlicha ta’rif beradi. Sizningcha, shoiru she’r aslida kimu nima?

A. S: – Ilhom bilan mehnat yalakatmag‘iz, birga yaratilgan. Ilhom bo‘lsa-yu, mehnat bo‘lmasa, tag‘in deng, qora mehnat bo‘lmasa, natijasi yomon, palag‘da. She’riyat fidoyilik talab qiladi. Albatta, avval iste’dod. Iste’dodsiz shoir ming fidoyilik qilsin – ilk zinada depsinib qolib ketaveradi. Iste’dod ilhomi va mehnati bilan yaratilgan asarning qanoti bo‘ladi.

Keyingi yillarda men bir narsaning guvohi bo‘ldim. Ayonki, mustaqillik hur fikr berdi. Ammo bu hur fikr qaysi bir shoirga nasib etdi. O‘z tengdoshlarim misolida aytyapman bu gapni. Juda ozchilikka…

5 Азим Суюн.jpg_Thumbnail0_ejw_1280.jpg1976 yil G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida “Yoshlik bayozi” degan to‘plam nashr etilgan. Unda adabiyotga endi kirib kelayotgan qirq sakkiz shoirning ijodi berilgan. Hozir bu qirq sakkiz “katta” shoir qayerda?..

Kleanf degan yunon faylasufi o‘tgan. Uning bir mashhur gapi bor: “Yurishni xohlaganni taqdir yetaklaydi, xohlamaganni sudraydi”.

Ijod ahli shoirga, she’rga turlicha ta’rif beradi. Haqiqatan ham shoir kimu she’r nima?

Azaliy va abadiy savol.

Eng avvalo, Qur’oni Karim she’riy ohanglarda nozil bo‘lganligini unutmaslik kerak.

1988 yilning 31 mayida Toshkentga qozoqning mashhur shoiri O‘ljas Sulaymonov keldi. Men Yozuvchilar uyushmasida ishlar edim. Bodomzor choyxonasida osh qiladigan bo‘ldik. Yetti-sakkiz kishimiz. Osh zo‘r bo‘ldi. Mayi noblar, buloq suvi… Suhbat qizigandan qizidi. She’rlar o‘qildi. Deyarli hammaning kayfi taraq…

G‘ira-shira qorong‘i tusha boshladi. Turdik. Ko‘chaga yo‘naldik. Men orqaroqda qoldim – choyxonachi bilan hisob-kitob qilish kerak. Uyushmaning mas’ul xodimiman, axir. Oyoqostida bir bo‘sh shisha yotgan ekan. Unga surinib ketdim, keyin jahl ustida tepib yubordim. Qarangki, bir chetda so‘rida qarta o‘ynab, oshxo‘rlik qilib o‘tirgan to‘daning dasturxoniga borib tushdi. Bari yosh-yalang. Sakrab turishdi. Menga yetib kelgan birinchi yigit kelasolib qo‘llarimni orqaga qayirdi. Qolgan sakkiz yigit ham yetib keldi. “Kechirasizlar, ataylab qilganim yo‘q, tasodif…” – dedim shosha-pisha. Bittasi, to‘xta, dedi, qo‘llarimni qayirib turgan yigitga, bu Azim Suyun-ku, O‘zbek, qachon xalq bo‘lasan, deb yozgan shoirlarimizdan. Qo‘llarimni bo‘shatdi. Hamma jimib qoldi. Haligi yigit she’rimni o‘qiy boshladi:

O‘zbekning o‘ti bor, derlar
Va lekin “cho‘p”i bor derlar.
Hayhot, bunday el ko‘rmadim,
Bir-birin kovlashib yerlar.
O‘h, botirim, qaydasan?
Biri chiqsa baland toqqa,
Biri tushar qulatmoqqa…

To‘g‘rimi, dedi, u menga yuzlanib. Ha, dedim. Quchoqlab ketdi. Dasturxonga tortishdi. Piyolalarga quyildi. Mening sha’nimga ko‘tarishdi… Choyxonachi bilan hisob-kitob qilayotganimda, u: “Xudo saqladi, ular bezorilar, nashavandlar… pichoqdan omon qoldingiz, qanday saqladi. Xudo barhaq”, deb shivirladi…

Ha, bu yerda, qarang, she’r joduli kuchga aylandi, she’r xaloskor qudratga aylandi. Mening hayotimni saqlab qoldi.

Endi she’rning sehriga qarang. Pushkin she’riyatiga oshufta bo‘lib yurgan kezlarim, “Boqchasaroy fontani” she’ri xotiramga o‘rnashib qoldi. Ko‘ngil bezovtaligi boshlandi. Pul yig‘aman… ko‘rib kelaman. 1985 yil “Qaydasan, Qrim? Qaydasan, Boqchasaroy?.. dedimu ketdim. Bordim. Ko‘rdim. O‘sha, Pushkin qanday tasvirlagan bo‘lsa, o‘shanday. Boqchasaroy favvorasi. Oppoq marmar favvora, qizil gul, ko‘zyoshlar…

Mana, bir she’r sehri. Demak, she’r bu yerda sehr. Bu sehr meni yigirma kun butun Qrimni kezishga chorladi. Pushkin yurgan yo‘llar bo‘ylab yurdim. Go‘yoki Pushkinga aylanib. Qora dengiz sohillarida dengizga qarab she’r o‘qidim, she’r to‘qidim.

Keyinroq Lermontov yurgan yo‘llar bo‘ylab ham shunday sayohat qilganman. “She’r yozaman zerikkanimdan…” – deydi “Don Juan” asarida ingliz shoiri lord Bayron. Bu nima? Olifta gapmi? Yo‘q. Iste’dod qalbining zaruriyatini, ehtiyojini aytyapti u. She’r yozmasdan turolmasligini, she’r hayot ekanini, dilini to‘kmay yashay olmasligini aytyapti.

Sharqda esa, “She’r yozadi shoirlarning faqiri…” – deya bo‘zlaydi baxshi Fozil Yo‘ldosh o‘g‘li.

She’r zahmatiga chidagan kimsagina shoir bo‘lishi mumkin, demoqda u. She’r boylik keltirmaydi, moddiy boylik keltirmaydi, ma’naviy boylik manbai, demoqda Fozil ota. Shoirlik nomini olib yurishni chidaganga chiqargan, demoqda Fozil ota. Shoir, shoir qalbi olisdan ko‘rinadigan toqqa o‘xshaydi. Tog‘dan olisda turib, uning bag‘rida nima borligini bilib bo‘lmaydi. Uning bag‘rida nima borligini bilish uchun tog‘ning bag‘riga bormoq, u bilan sirlashmoq kerak. Xuddi shuningdek, shoirning kitobini bag‘riga bosib o‘qish kerak. Unda qalb xazinasiyu mehr- muhabbatini, sehru sirlarini, o‘zining aytolmayotgan, lekin aytmoqchi bo‘lgan barcha sinoatlarini topadi inson.

Bir daftarimda shunday qayd bor ekan:

“Jamiyat taraqqiyotining har bir bosqichida, ro‘y beradigan har bir hodisaga xalq adabiyotdan javob izlaydi. O‘zi suygan, e’tiqod qo‘ygan shoirning fikrini bilgisi keladi. Ayni chog‘da, ijodkor ham faqat badiiy asarlari yordamida emas, balki o‘z o‘quvchisi bilan bevosita muloqot orqali ham ko‘nglidagi gaplarni o‘rtoqlashishga ehtiyoj sezadi”.

Shoir: bu mening O‘zim! She’r – bu mening O‘Z SO‘Zim! Buyuk Navoiy yozadi:

A’lolaridir nedinki dersen a’lo,
Adnolari ham barcha adnodin adno.
Avsatlarikim, hech nimaga yaramas,
Bilkim, nafas urmamak aladin avlo.

Qadimgi misrliklarning hikmati bor: “Kim haddan tashqari uzoqni ko‘rsa, qalban notinchdir”.

Chin shoir qalbi notinch kishidir!

“Kim barcha mavjudotlarda o‘zini va o‘zida barcha mavjudotlarni ko‘rsa…” (hind hikmati) asl shoirdir. Tag‘in bir hind xikmati bor: “Agar sen dono bo‘lsang, boyga, hukmdorga, yosh bolaga, keksa kishiga, darveshga, donishmandga, ayolga, tentakka va ustozga e’tiroz bildirma”. Ammo… ularga lozim bo‘lsa, birgina e’tiroz bildirguvchi toifa bor, bu shoir.

Xullas, Sulaymon payg‘ambar aytmoqchi, “Bu – Quyosh ostida hech qanday yangi narsaning o‘zi yo‘q”.

Xullas, “Odamning kimligini hokimiyat ko‘rsatadi…” (yunon donishmandi Pittak), shoirning kimligini she’ri, kitobi ko‘rsatadi.

Xullas, “Latifa. Bir kuni sof ko‘ngilli Amir fasohat va zarofat bobida zamon shoirlarining peshqadami xoja Osafiyga nasihat qilish uchun muborak tilini bayonga keltirib dedi:

– Senga hayronmanki, o‘tkir zehning va baland ta’bing bo‘laturib, she’r aytish bilan kam shug‘ullanasan, bor vaqtingni befoyda ishlarga sarflaysan.

– Shu kunlarda ko‘proq she’r aytishga mashg‘ul bo‘layotirman. Masalan, o‘tgan kecha ikki pullik sham yonib bitguncha ikki yuz bayt aytdim.

Shunda oliy hazrat dedilar:
– Demak, yozgan she’rlaringning yuz bayti bir pul ekan-da” (Xondamir, “Makorim ul-axloq”dan).

Xullas, do‘stim, uyg‘ur shoiri Aziziy yozgani kabi: “Men hech kim emasman o‘zimdan bo‘lak!”

Xullas, men she’r daraxtining shoxlarini emas, ildiz-tomirlarini qo‘llari qonab-qonab, tirnoqlari ko‘chib-ko‘chib izlayotgan shoirman!

B. O: – She’rlaringizda Vatan kengliklari, go‘zalliklari, muhabbat hayratlari ustuvorlik qiladi…

A. S: – Men Vatanim – O‘zbekistonning eng baland nuqtasi – Hisor cho‘qqilariga, Hazrati Sulton zirvalariga chiqqanman, eng botiq nuqtasi – Borsa-kelmas kengliklarida kezganman. So‘xning marvarid chashmalari suvini ko‘kragimni yerga berib, qonib-qonib ichganman. Zarafshon daryosining boshlanish nuqtalarida “peshonamni Oyga urib” olganman, Amudaryo va Sirdaryo qirg‘oqlari bo‘ylab ov bahona gasht-sayrlarda bo‘lganman. Qizildaryo qayerdan boshlanar ekan, deb archazorlar oralab, qorli cho‘qqilar sari intilganman. Xo‘jaipokning oltingugurtli G‘orbuloqlariga kirganman. Sangardak sharsharasi qoshidagi bir oygina qoyalarni qoq yorib otilib chiqadigan “Javzo suvi”da cho‘milganman. Ko‘li Qubbondan yuqorilasangiz, Oydinko‘l bor. Shu Oydinko‘ldan ham o‘tib Oloy tog‘lariga chiqib borganman. Shunday Toshkent ustidagi G‘arbiy Tiyonshon tog‘lari, kengliklarini kezishlarimni aytmay qo‘yaqolay. Albatta, yurakka bosilgan bu izlar ijodda o‘z aks-sadosini berishi tabiiy.

Muhabbat hayratlari tabiat go‘zalliklari bilan uyg‘unlashib ketadi. Men go‘zallik oldidagi tilsiz qulman… Ammo hayratlardan keyin tili chiqib ketadigan qulman!

B. O: – Ustoz, siz bir qancha mamlakatlarda ijodiy safarlarda bo‘lgansiz. Ulardagi adabiyot bilan bizning adabiyot o‘rtasidagi tafovutni nimada ko‘rasiz?

A. S: – Qaybir yili go‘zal Bursa shahrida yigirma yetti davlat vakillari to‘plandik. O‘zbekistonga qaytgandan so‘ng Xurshid Davron yozyapti: “Men do‘stim bilan Turkiya safarida birga bo‘ldim. Biz Erkin Vohidov, Rauf Parfi bilan barobar ilk marta o‘tkazilgan turkiy xalqlar shoirlarining anjumanida qatnashdik. Juda ko‘p davralarda she’r o‘qidik, nutq aytdik. Ana o‘sha kunlari Azim Suyun davralar guli bo‘ldi, desam xato qilmagan bo‘laman. Uning Turon-Turkiston, turkiy tarixlarga oid she’rlarini tinglaganlar, nutqlarini eshitganlar nafaqat shoirning salohiyatiga, shu bilan barobar, o‘zbek she’riyatining ulug‘vorligiga tan berdilar. Turk she’riyatining oqsoqollaridan biri, “O‘zbek she’riyati turkiy she’riyat ichida eng ulug‘i ekanligiga yana bir bor ishondim”, dedi.

Albatta, bundan men faxrlanaman. Mening o‘rnimda boshqa birov bo‘lsa ham bu so‘zlardan faxrlangan bo‘lardi. Xurshid Davron – chin shoir. U, birinchidan, juda nozikta’b inson, yaxshi do‘st! Hamma davralar uchun latif she’rlari birdek. Xurshidning “Tungi bog‘” kitobini sevib o‘qiyman.

Avval ham, keyinchalik ham bir qancha davlatlarda adabiy anjumanlarda, yig‘ilishlarda qatnashdim. Aytaversang gap ko‘p. Yana mavridi bo‘lar.

B. O: – Tarjimachilik sohasidagi fikrlaringizni ham bilmoqchi edim…

A. S: – Xo‘p. Qisqagina aytaman. Navoiy o‘z asarlaridan butun turkiy ellar, butun musulmon ulusi, butun jahon ahli saboq olishini orzulagan bo‘lsa, ajablanarli joyi yo‘q!

Navoiy qalb mulkining butun ma’rifiy kuch-qudratini bilar edi. U adabiyotni, xususan, asl she’riyatni, tom ma’noda, “tarbiyachi” maqomida ko‘rgan. Qolaversa, Vatanni tanitish, xalqning bo‘y-bastini dunyoga ko‘rsatish… faqat qilich ko‘targan jahongirlar zimmasida emas-ku?!

Demak, albatta, tarjima kerak. Faqat… manba arzisa! Manba haqida esa ingliz yozuvchisi Jon Drayden yaxshi yozgan ekan: “Yaxshi ifodalangan fikr barcha tillarda oqilona jaranglaydi”.

B. O: – So‘nggi savol. Keksalik gashtini qanday surayapsiz?

A. S: – Bugunning qadri baland. Buyuk donishmandlar ham buguni bilan yashab, “Ertaga Xudo poshsho!” der ekan. Hazrati dehqon esa: “Ketmonim qimirlasa, jonim qimirlaydi” demish. El aytadi: “Yozning yuvindisi ham qishga osh-qatiq”, “Enang do‘st, tanang do‘st” demishlar. Birovdan oldin, birovdan keyin degandek, ijod bilan bandman. G‘afur G‘ulom nomidagi nashriyot-matbaa ijod uyida yetti jildlik “Tanlangan asarlar”im nashr etilmoqda. Uch jildi – “Ey do‘st!”, “O‘zbekyurt”, “Men sizni sevaman” – kitoblarim kitobxon qo‘liga borib yetdi. To‘rtinchi jildi – “Tug‘dona” kitobim nashr etilish arafasida. “Nevaralarim uchun hikoyalar” kitobim ustida bir necha yillardan buyon ishlamoqdaman. She’rlar yozayapman. Mening “gashtim” mana shu.

Ey do‘st!
Yo‘ldan adashmadim – yo‘lsiz yursam ham,
Yo‘ldan adashmadim – do‘stsiz qolsam ham.
Olloh yoziq qilgan yo‘lim bor manim,
Yoziqdan tonmadim – yordan tonsam ham!

Suhbatdosh Bashorat OTAJONOVA 1986 yili tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat jahon tillari univer- sitetining xalqaro jurnalistika fakultetini tamomlagan. 2003 yili respublika yosh ijodkorlarining Zomin seminarida “Yuksak badiiy tasvir vositalari uchun” nominatsiya- si g‘olibi bo‘lgan.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 2017, № 6

08

(Tashriflar: umumiy 2 150, bugungi 1)

Izoh qoldiring