Azim Suyun. She’rlar & Vatan. Badiadan parcha

Ashampoo_Snap_2017.08.18_13h49m34s_001_ (2).png   22 февраль —  Атоқли шоир Азим Суюнни таваллуд топган куннинг 75 йиллиги  

  Азим Суюн менинг Тошкентга келганда илк таниган шоирим, курсдошим, ўша йиллари шеърларимни кўриб беришга ишонган акам ва жўрам. Саъдулла Ҳакимнинг Хастимомдаги ижара уйида бир муддат (бир ҳафтача) бирга турганда сиру синоатларимизни билиб олган сирдошим. Вафоти арафасида менга тез-тез занг уриб, узоқ-узоқ ёшлик йилларини кулиб-кулиб эслашган суҳбатдошим. Ҳозир ҳам ғайбдан «Ҳа, Хуршид укам-а!» деб хотирамнинг шуурли қатламларида яшаб турган инсон! Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Азим СУЮН
ВАТАН
Бадиадан  парча

007

Жоним Ватан, таним Ватан, кўзим Ватан,
Эсдан чиқар они кўрғоч кўрғон ерим!
Сиддиқий Хондайлиқий

Ватан! Қадим-қадимлардан оташ олови сўнмай келаётган муқаддас ўчоқ! Ватан — чироғи мангу ёниқ муборак хонадон! Ватан — суйганларни эр қилган, нонкўрларни кўр қилган илоҳий тупроқ. Ватан — гоҳ кулдириб, бегоҳ йиғлатган мўъжиза қўшиқ, афсунгар наво! Ватан — она тил, ота тарих!

Ватан!… Гулдек гўдак иси келаётган бешикни эслатмаяптими, бу Сўз?! Узоқ қиш кечалари сандал атрофида жамулжам, эртанги кунлар ҳақида гурунглашаётган тугал оилани кўз олдингизга келтирмаяптими, бу Сўз?! Сарин насимларда енгилгина тўлқинланиб, кумуш юлдузлардек товланаётган буғдойзорларни ёдингизга келтирмаяптими? Тандирдан ҳозиргина узилган, тафтию ҳиди уфуриб турган бўрсилдоқ нонни хотирангизга солмаяптими, бу Сўз? Отлар дупурини, қилич-қалқонлар садосини қулоқларингизга олиб келмаяптими, бу Сўз? Ғанимнинг танидан жудо қилган, бошини қон тўлдирилган мешга солиб, мағрур сўзлаётган Тўмарис она кўз олдингизга келмаяптими: «Сенга мен эмас, менинг ҳусни жамолим эмас, ота маконим керак эди!..»

Бу Ватан азал-азалдан Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон деб аталиб келгучи буюк макон кимларга керак бўлмади? Лекин ҳар сафар ҳар қандай ёвга: «Биз Ватан учун, шу Ватанда яшаш учун қон тўкаяпмиз, сиз душманлар эса қон тўкиш учун яшаяпсизлар. Бу Ватан шундай дахлсизки, унда асл эгалари, уни ардоқлаган, севганларгина яшай оладилар. Қон тўкканлар яшай олмайди. Ҳар бир тоши ўққа айланади, гиёҳи заҳарга, суви заққумга, ўраси чоҳга айланди!» деди ёвқур боболар.

Ўйлаб қоламан, нега ўзбекнинг куйи бунчалар ғамгин, бунчалар маҳзун, бунчалар дил ўртагувчи? Нечун ўзбекнинг қўшиғи бунчалар нолакор, бунчалар андуҳли, бунчалар ситамли? Бунинг боиси бор, албатта. Бино бўлибдики, жабру жафолар чеккан, бош ўчоғи деб, бир парча нон деб, азиз эл-юрти деб — ватани деб олам- олам азоб-уқубатлар чеккан келимли-кетимли халқнинггина куй-қўшиқлари ана шундай фиғонли, армонли, аламли бўлади! «Муножот»ни, «Чўли ироқ»ни, «Ушшоқ»ни, «Шашмақом»ни… истаганингизни тингланг, фикр қилинг. Ватан тарихини билишда куй- қўшиқлар тарихини ўрганиш нечоғлик улуғ!

Ҳар бир халқнинг ўз ватани ўзига азиз. Инсоният тарихини кўздан кечирганда, бирон-бир халқ туйғуларини камситмаган ҳолда айтишимиз мумкинки, ҳеч бир халқ биздек ўз киндик қони томган тупроққа эл- юрти — Ватанига меҳр-муҳаббат, ихлос, эътимод, садоқат ришталари билан боғланмаган… Азал-умрбод арпа-буғдой, жўхори, тариқ сепиб, ариқ қазиб, боғ-роғ яратиб, бирини кесса ўнини экиб, қўй-қўзи орқасидан юриб — бирини сўйса ўнини кўпайтириб, топса иморат қуриб, қора қозонини ҳалол қайнатиб келган  халқ сел келадиган сойга кўприк қуриб, йўл ўртасидаги тошни четга суриб савобга, яхшиликка Тангрисига сиғингандек сиғиниб келган халқ — ёв оёқлаганда жангдан қайтмаган, алпга айланган. Зеро, Ватан бўйи — ботирлари ва шоирлари билан ўлчанади. Зеро, Ватан умри — халқ умрига тенг!

Юртимиз тарихидаги катта истилолар даври: Спитамен Искандар бошлаб келган юнонларга қарши сўнгги томчи қони қолгунча курашди. Қутайба бошлиқ араб лашкарларини ҳайратга солиб, қулликдан фано эркин афзал кўрган Муқанна оловда ёнди, душмани Чингизхонни ҳам ёқавайрон қилиб, ўз онаси, хотини, бола- чақаси, канизакларини дарёга чўктириб — Ватанни — Озодликни арши-аълога чиқариб (қайси халқ  тарихида бундай воқеа бор?) Жалолиддин юрти эрки учун жонини фидо қилди. Мўғуллар билан бўлган жангда яна бир улуғ зот — Нажмиддин Кубро Ватан туғини қучиб соҳиби жаннат бўлди. Темур Малик бевақт ҳаётдан кўз юммаслиги мумкин эди, йўқ, уни Ватан тупроғи чорлади: душман тўла юртга қайтди — охирги нафасини Ватан ҳавосидан олди! Ё раббий! Буюк Темур Ватанга кўз олайтирган ғанимларга қасос учун яратилгандек…

Ватан — юрак қони!

Улуғ муҳаддис — Имом Исмоил Бухорий умри поёнини сездими, Маккаю Мадинадан Ватанга қайтди. Ватанда илм қадрига етмовчилар — жоҳиллар кўп,  бироқ у ягона!  Ҳа, у ягона! Эртакларда девлар жони ўзида эмас, аллақаерларда: ғорлардами, қоялар ичидами, сандиқлардами… сақланар эқан, чин инсон жони эса ҳамиша Ватанда сақланади! Ўзбеклар тарих тақозоси билан қаерда яшамасинлар, лекин ҳамиша ота маконларига интилганлар.

Олмонияда яшаган, собиқ Бухоро жумҳурияти раиси Усмонхўжанинг ўғли доктор Темирхўжанинг сўзлари беихтиёр ёдимга тушади: «Шуни айтмоқчиманки, Ватандан чеккада ҳам ватанпарварлар яшайди, улар ҳам Ватанни худди сизлар каби севади, улар шу халқ йиғласа йиғлайди, кулса кулади… Ватан — бу илдиздир. Бу юртда илдиз отмаган, унинг тупроғини ҳурмат қилмаганлар бу ерни Ватан қилолмайди. Илдиз — рўпарангда боболар арвоҳи чирқиллаб туришидир. Илдиз — шу ернинг тилини, урфини, фақат тилига эмас, қалбига сингдиришдир. Бизнинг боболар ҳам Туркистонни ватан дейди, чунки илдизимиз бизни кўкартирувчи, яшнатувчи тупроқ шу ерда. Биз бу тупроқни ҳеч қаердан топа олмаймиз. Тунроғини унутган одам — ўзлигини унутган одамдир.

Мен Ватанда эмасман, Ватан менинг ичимда!..»

Халқим ватанпарварлигига, ватан туйғусининг бетимсоллигига мисол тариқасида улуғ турк маърифатпарвари Зиё Кўкалп (1876—1924)нинг «Ватаний ахлоқ» асаридаги қуйидаги воқеани келтириш мумкин: «Татар ҳукмдори Хун давлатининг асосчиси Метэга ҳужум қилиш учун баҳона излаб, унинг севикли отини беришини талаб қилди. Бу от минг фарсаҳ чопа оларди. Метэ ватандошларини яна уруш мусибатига солмаслик учун отини татар хоқонига берди. Лекин татар хоқони тинчимади. Бу сафар у Метэнинг энг суюкли хотинини сўради. Беклар қурултойда уруш эълон қилинишини  талаб қилсалар-да, Метэ уларга «Мен Ватанимни ўз муҳаббатим ўғрисига алиштирмайман», деди ва севгилисини душманга жўнатди. Бундан кейин татар хоқони Хун ўлкасининг ҳосилсиз, зироатсиз, ўрмонсиз, маъдансиз, аҳолисиз бир нарчасини талаб қилди. Қурултой бу фойдасиз ерни бериш мумкинлигини айтди, аммо Метэ Ватан бизнинг  молимиз эмасдир, мозорда ётган оталаримизнинг, қиёматга қадар туғиладиган авлодларимизнинг бу ерда ҳаққи бордир. Ватандан бир қарич бўлсин ер бермакка ҳеч кимда ҳуқуқ йўқдир. Демак, уруш этажакмиз!..» дейди ва жангга кирдилар.

Отнинг оклиги ой ўрнини босмас, дейдилар. Ватан ўрнини ҳеч нарса босолмайди! Бобур ватан тупроғида ўсиб-унган қовуннинг бир тилими устида кўз ёши тўкканлигига ишонмасдан илож йўқ.

Ўзбекман. Ватаним — Ўзбекистон! Туркийман. Ватаним — Туркистон. Ватаним келажаги — Турон!

ВАТАНимнинг бугунига қарайман. У улкан мамлакатнинг, парча-парча бўлиб ётган мамлакатнинг бир бўлаги. Ватаним — Уйғониш азобларини тортаётган Ватан! У яқин-яқиндагина нималарни бошидан кечирмади?! Фарғона, Бўка, Ўш, Ўзган, Наманган фожиалари шундай ёдимизда. Бегуноҳ тўқилган қонларни Ватан унутмайди!..

Термиз, буюк муҳаддис Термизий зиёратгоҳи ёнида бугунги Афғонистон ерларига тикиламан. Унинг қаеридадир, яъни Ҳиротда жаннатмакон бобом Алишер Навоий хоки-туроби бор. Мен уни ўз инон-ихтиёрим билан тавоф этиб келолмайман. Эвоҳ, Бобур бобом хонақосини бир кўришга зорман. Қирқ икки йил илм- фанни, адабиёт, санъат меъморчилик соҳаларини гуллатиб яшнатган Ҳусайн Бойқаро бобом қабри ҳақида ҳеч нарса билмайман.

Ва ёки шайтони лаъин — чор амалдорлари тарафидан қувғин қилинган Зокиржон Фурқатнинг Ёркентдаги сўнгги маконини зиёрат қилолмайман. Бир умр Туркистоннинг бир бутунлиги, мустақиллиги учун жон фидо этган Мустафо Чўқайнинг қабри қаерда экан?

Эвоҳ, улардаги Ватан туйғусини, ватанпарварлигини, миллатпарварлигини ҳеч қандай тарозида ўлчаб бўлмайди! Ватан! Ватан — тупроқ! Бугун бу тупроқ заҳар-заққумларга қоришиқ, мажруҳ, ярадор. Аммо тупроқ қанча топталмасин, у барибир чечак ундиради, у боғлар ўстиради!

«Мендан сўранглар, мен қулоқ солгувчи ва ато этгувчиман», — дейилади Қуръони каримда. Биз Тангри таолодан Ватанимиз тупроғи дахлсизлигини, озодлиги, эрки, бахти, ҳамиша ёр бўлишини сўраймиз. Унинг муносиб эгалари — қалбида Ватан туйғулари устувор ботирлари, шоирлари, деҳқонлари, ҳунармандлари, олимлари, санъаткорлари бўлишини илтижо қиламиз. Зеро, «Замон ўтар, киши тўймас, инсон боласи мангу қолмас» (Маҳмуд Қошғарий). Аммо халқ омон бўлса — ватан қолур!

Азим СУЮН
ЭСКИ ДАФТАРЛАРДАН ШЕЪРЛАР
007

* * *

Йигитларнинг султони элида бўлғай,
Ўзбекларнинг белбоғи белида бўлғай,
Уларнинг ор, шаънига кўз тикма, ғаним,
Кузги япроқ мисоли паймонанг тўлғай.

ТУТҚУН

Ғанимлар таҳқирлаб бешафқат,
Онангдан айрилдинг, дедилар.
Тутқуннинг кўзида, бетоқат,
Қатра ёш кўрмоқчи эдилар.
Қатра ёш…
Мағрур қолди мағрур бош.

Кўз ёшлар боиси — ғам, алам,
Ёрингдан айрилдинг, дедилар.
Кўзига боқдилар шод, хуррам, —
Қатра ёш кўрмоқчи эдилар.
Қатра ёш…
Мағрур қолди мағрур бош.

Қасоскор хабарлар билмас ҳад,
Ватандан айрилдинг, дедилар.
Ва унинг кўзида сўнгги дард —
Қатра ёш кўрмоқчи эдилар.
Қатра ёш…
Бир қалқди… Жон эди ўша ёш!

БИР СИР БОР

Бир сир бор кўнглимда айтилмаган,
Бир анор… донаси ситилмаган,
Оқ қоғозга ҳатто  битилмаган,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!

Тоққа айтсам уни  тоғ ёрилар,
Гул излаган каби  боларилар,
Ундан чиқиб келар  гулпарилар,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!

Сунбуланинг суви  гулобдир-ку,
Маст бўлурсан ичсанг  шаробдир-ку,
Асли ҳаёт сири  офтобдир-ку,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!

Йиртқич йўлбарс унга эл бўлади,
Булбул куйлаб-куйлаб сел бўлади,
Ким ошнодир, чиндан йўл бўлади,
Бир сир бор, эй Чечак, эй Гул!

Бу кун, Азим, жабрин тортадурман,
Азоб дардин чекиб  ётадурман,
Фақат ёлғиз сенга  айтадурман,
Сир қолмас, эй Чечак, эй Гул!

ТУРОНЮРТ

Менга айтинг, чегара нима?..
Мустабидлар топган ўйиндир.
Сузиб борар уфқда кема,
Бутундир Туронюрт, бутундир.

Ота мозий қаърига тортар,
Ким ўзбек, ким қозоқ, ё хундир.
Юрагимга бир тош зил ботар,
Бутундир Туронюрт, бутундир.

Ҳасратимнинг йўқ эрур чеки,
Турон эли битта будундир.
Қондошлар қон тўкишар, лекин
Бутундир Туронюрт, бутундир.

На-да Бишкек, на Бухоро у,
На Ҳирот, Марв на Истанбулдир.
Ёлғиз яра, ёлғиз даво у,
Бутундир Туронюрт, бутундир.

Тарвақайлаб ўсган шох-шабба,
Бир дарахтга айланган кундир —
Кўтаргум мен офтобранг бода,
Бутундир Туронюрт, бутундир.

ВАТАН

— Улар қандай яшар, биродар,
Тақир саҳро, самум, довулда?
Бу саволни, менга неча бор,
Беришдилар тоғли овулда.

Йўловчиман, саҳроликлар ҳам
Қўноқ этди ўз даврасида…
— Улар қандай яшайди, ошнам,
Қон қақшаган тоғ орасида?

ҚОРА СОЧ

Кўкда учган қалдирғоч
Дайди ўқдан йиқилди.
Толим-толим қора соч
Толим-толим қирқилди.

Толим-толим қирқилди,
Сиз биров қирқди деманг.
Бўғзимга жон тиқилди,
Йўқ, ажал тиқди деманг.

Толим-толим бу сочни
Имонимдай севардим.
Толим-толим у сочни
Имконимдай севардим.

Толим-толим қора соч
Ташланди-ку оловга.
Шундан буён бағрим оч,
Ёрим айланган ёвга.

1979

ЎЗБЕК ДАВЛАТИ

Бир кам дунё бутундир бутун,
Юраклардан ечилди тугун,
Кўнгиллар шод, чеҳралар гулгун,
Мустақиллик — Оллоҳ неъмати,
Яша, юксал, Ўзбек Давлати!

Қарға, зоғлар солмагай соя,
Орзуларга йўқдир ниҳоя,
Авлодларга боқий ҳикоя,
Шарафлидир инсон меҳнати, —
Яша, юксал, Ўзбек Давлати!

Жаҳон бўйлаб кўчмоқда шонинг,
Муқаддассан — ҳалолдир нонинг,
Фарзандларинг — қилич, қалқонинг.
Ўзбекистон — олам жаннати, —
Яша, юксал, Ўзбек Давлати!

1996

МИЛЛАТ БАЙРОҒИ

Қора ўтмиш қолди ортда,
Дориламон кунлар юртда,
Меҳр — кўзда, муҳаббатда,
Порла, Миллат байроғи!

Осмон тўла юлдуз — оппоқ,
Бир-биридан чақноқ, бироқ —
Ўн иккиси энг ярқироқ,
Порла, Миллат Байроғи!

Мангулик ҳур йўлидасан,
Ўнгидасан, сўлидасан,
Озод халқнинг қўлидасан,
Порла, Миллат Байроғи!

ОЛЛОҲ БИЛУР

Кечаги яшил япроқ бугун сариқ, бугун хазон,
Кечаги тар довучча бугун хандон,  бугун ларзон,
Кечаги оқ оқибат бугун сарсон,  бугун арзон,
Билса билгай бани одам, билмаса Оллоҳ билур.

Муз дарёлар бағрида  бир тола сув қайноқ, нечун,
Ўтмас шамшир учунми? — тошлар ўзи қайроқ, нечун,
Оҳ, одамзот денгизнинг  ўртасида чанқоқ, нечун,
Билса билгай бани одам,  билмаса Оллоҳ билур.

Азим Суюн, чоғидир,  ишқ-толедан достон ярат,
Азим Суюн, чоғидир,  эл кўнглида бўстон ярат,
Азим Суюн, чоғидир, ҳақ йўлида имкон яра ,
Билса билгай бани одам, билмаса Оллоҳ билур-

ҲАЙРАТ

Айланур ел, айланур ер, давру даврон айланур,
Айланур кун, айланур тун, кун-тун инсон айланур.

Кўнгил кўзи бирла, оҳким, боқсам дунёга, ёрон,
Умрим йўлин паст-баланди мисли тўзон айланур.

Тоғу тошни қушдай севдим, кўрдим даралар аро,
Тўрт томонга ўзни ташлаб ваҳшат бўрон айланур.

Чарх иши боқий жафоми, дашту саҳрога тушсам,
Минг сайёднинг дастидан бир оҳу сарсон айланур!

Яхшиликни пеша қилдим — отамдан мерос, ахир,
Ай, лекин теграмда доим нечун шайтон айланур.

Етар, қора булутлардан тип-тиниқ дурлар ёғар, —
Бошинг узра ваҳм бирла  гарчи ёмон айланур.

Азим Суюн, ёдда тутгил,  ёлғиз Тангри — подшоҳинг
Ва Ойгулинг ёнингдадир —  бахт шу — имкон айланур.

1997

БИЛМАЙ ҚОЛИБМАН

Кимнидир йиғлатиб, кимни кулдириб,
Бойчечак чиқибди қирни тўлдириб,
Бир оқ атиргулга мени суйдириб,
Баҳор ўтганлигин билмай қолибман.

Юлдузлар учибди, кўчибди ойлар,
Ўзанин ўзгартириб тошибди сойлар,
Қаёққа кетибди мен билган жойлар,
Баҳор ўтганлигин билмай қолибман.

Насимлар эсибди ўйлар мисоли,
Бирдек ширин ҳаёт заҳари, боли,
Менга насиб этмиш ул гул висоли,
Баҳор ўтганлигин билмай қолибман.

Йиллар оқар, оқар, огоҳ бўл, Азим,
Умр қаён қалқар, огоҳ бўл, Азим,
Ким у, эшик қоқар, огоҳ бўл, Азим,
Баҳор ўтганлигин билмай қолибман.

1998

ГУЛ

Шу тонгда булбулнинг рашкин келтириб
Йигит суйганига узди қизил гул.
Тўтидек машқ қилган сўзларин қимтиб
Севги изқор этди гулга қўшиб ул.

Юрак юрагини топди шу куни,
Эҳ, гул-чи, ўртада… сўнг қуриб қолди
Ва лекин бир четга отмади уни —
Икков бир дафтарга авайлаб солди.

1969

ИЛҲОМ ПАРИСИГА

Сенга бердим осмонни, ол илҳомимнинг париси,
Майли, бўлсин сенга ҳатто фазоларнинг нариси.
Керак бўлса берай азиз умримни ҳам сен учун,
Фақат сен бўл бу қалбимнинг мангу нилуфариси.

1972

* * *

Кўкда тун чашмаси — ўн беш кунлик ой,
Ёнғоқзор ортида ярқирайди сой.
Қаранг, сойда сузиб юрар оққушлар,
Йўғ-е, улар қанот чиқарган тошлар…

22 fevral — Atoqli shoir Azim Suyun tug‘ilgan kunning 75 yilligi

Azim Suyun mening Toshkentga kelganda ilk tanigan shoirim, kursdoshim, o‘sha yillari she’rlarimni ko‘rib berishga ishongan akam va jo‘ram. Sa’dulla Hakimning Xastimomdagi ijara uyida bir muddat (bir haftacha) birga turganda siru sinoatlarimizni bilib olgan sirdoshim. Vafoti arafasida menga tez-tez zang urib, uzoq-uzoq yoshlik yillarini kulib-kulib eslashgan suhbatdoshim. Hozir ham g‘aybdan «Ha, Xurshid ukam-a!» deb txotiramning shuurli qatlamlarida yashab turgan inson! Olloh rahmatiga olgan bo‘lsin!

Xurshid Davron

Azim SUYUN
VATAN
Badiadan parcha
007

Jonim Vatan, tanim Vatan, ko‘zim Vatan,
Esdan chiqar oni ko‘rg‘och ko‘rg‘on yerim!
Siddiqiy Xondayliqiy

Vatan! Qadim-qadimlardan otash olovi so‘nmay kelayotgan muqaddas o‘choq! Vatan — chirog‘i mangu yoniq muborak xonadon! Vatan — suyganlarni er qilgan, nonko‘rlarni ko‘r qilgan ilohiy tuproq. Vatan — goh kuldirib, begoh yig‘latgan mo‘’jiza qo‘shiq, afsungar navo! Vatan — ona til, ota tarix!

Vatan!… Guldek go‘dak isi kelayotgan beshikni eslatmayaptimi, bu So‘z?! Uzoq qish kechalari sandal atrofida jamuljam, ertangi kunlar haqida gurunglashayotgan tugal oilani ko‘z oldingizga keltirmayaptimi, bu So‘z?! Sarin nasimlarda yengilgina to‘lqinlanib, kumush yulduzlardek tovlanayotgan bug‘doyzorlarni yodingizga keltirmayaptimi? Tandirdan hozirgina uzilgan, taftiyu hidi ufurib turgan bo‘rsildoq nonni xotirangizga solmayaptimi, bu So‘z? Otlar dupurini, qilich-qalqonlar sadosini quloqlaringizga olib kelmayaptimi, bu So‘z? G‘animning tanidan judo qilgan, boshini qon to‘ldirilgan meshga solib, mag‘rur so‘zlayotgan To‘maris ona ko‘z oldingizga kelmayaptimi: «Senga men emas, mening husni jamolim emas, ota makonim kerak edi!..»

Bu Vatan azal-azaldan Turon, Movarounnahr, Turkiston deb atalib kelguchi buyuk makon kimlarga kerak bo‘lmadi? Lekin har safar har qanday yovga: «Biz Vatan uchun, shu Vatanda yashash uchun qon to‘kayapmiz, siz dushmanlar esa qon to‘kish uchun yashayapsizlar. Bu Vatan shunday daxlsizki, unda asl egalari, uni ardoqlagan, sevganlargina yashay oladilar. Qon to‘kkanlar yashay olmaydi. Har bir toshi o‘qqa aylanadi, giyohi zaharga, suvi zaqqumga, o‘rasi chohga aylandi!» dedi yovqur bobolar.

O‘ylab qolaman, nega o‘zbekning kuyi bunchalar g‘amgin, bunchalar mahzun, bunchalar dil o‘rtaguvchi? Nechun o‘zbekning qo‘shig‘i bunchalar nolakor, bunchalar anduhli, bunchalar sitamli? Buning boisi bor, albatta. Bino bo‘libdiki, jabru jafolar chekkan, bosh o‘chog‘i deb, bir parcha non deb, aziz el-yurti deb — vatani deb olam- olam azob-uqubatlar chekkan kelimli-ketimli xalqninggina kuy-qo‘shiqlari ana shunday fig‘onli, armonli, alamli bo‘ladi! «Munojot»ni, «Cho‘li iroq»ni, «Ushshoq»ni, «Shashmaqom»ni… istaganingizni tinglang, fikr qiling. Vatan tarixini bilishda kuy- qo‘shiqlar tarixini o‘rganish nechog‘lik ulug‘!

Har bir xalqning o‘z vatani o‘ziga aziz. Insoniyat tarixini ko‘zdan kechirganda, biron-bir xalq tuyg‘ularini kamsitmagan holda aytishimiz mumkinki, hech bir xalq bizdek o‘z kindik qoni tomgan tuproqqa el- yurti — Vataniga mehr-muhabbat, ixlos, e’timod, sadoqat rishtalari bilan bog‘lanmagan… Azal-umrbod arpa-bug‘doy, jo‘xori, tariq sepib, ariq qazib, bog‘-rog‘ yaratib, birini kessa o‘nini ekib, qo‘y-qo‘zi orqasidan yurib — birini so‘ysa o‘nini ko‘paytirib, topsa imorat qurib, qora qozonini halol qaynatib kelgan xalq sel keladigan soyga ko‘prik qurib, yo‘l o‘rtasidagi toshni chetga surib savobga, yaxshilikka Tangrisiga sig‘ingandek sig‘inib kelgan xalq — yov oyoqlaganda jangdan qaytmagan, alpga aylangan. Zero, Vatan bo‘yi — botirlari va shoirlari bilan o‘lchanadi. Zero, Vatan umri — xalq umriga teng!

Yurtimiz tarixidagi katta istilolar davri: Spitamen Iskandar boshlab kelgan yunonlarga qarshi so‘nggi tomchi qoni qolguncha kurashdi. Qutayba boshliq arab lashkarlarini hayratga solib, qullikdan fano erkin afzal ko‘rgan Muqanna olovda yondi, dushmani Chingizxonni ham yoqavayron qilib, o‘z onasi, xotini, bola- chaqasi, kanizaklarini daryoga cho‘ktirib — Vatanni — Ozodlikni arshi-a’loga chiqarib (qaysi xalq tarixida bunday voqea bor?) Jaloliddin yurti erki uchun jonini fido qildi. Mo‘g‘ullar bilan bo‘lgan jangda yana bir ulug‘ zot — Najmiddin Kubro Vatan tug‘ini quchib sohibi jannat bo‘ldi. Temur Malik bevaqt hayotdan ko‘z yummasligi mumkin edi, yo‘q, uni Vatan tuprog‘i chorladi: dushman to‘la yurtga qaytdi — oxirgi nafasini Vatan havosidan oldi! Yo rabbiy! Buyuk Temur Vatanga ko‘z olaytirgan g‘animlarga qasos uchun yaratilgandek…

Vatan — yurak qoni!

Ulug‘ muhaddis — Imom Ismoil Buxoriy umri poyonini sezdimi, Makkayu Madinadan Vatanga qaytdi. Vatanda ilm qadriga yetmovchilar — johillar ko‘p, biroq u yagona! Ha, u yagona! Ertaklarda devlar joni o‘zida emas, allaqayerlarda: g‘orlardami, qoyalar ichidami, sandiqlardami… saqlanar eqan, chin inson joni esa hamisha Vatanda saqlanadi! O‘zbeklar tarix taqozosi bilan qayerda yashamasinlar, lekin hamisha ota makonlariga intilganlar.

Olmoniyada yashagan, sobiq Buxoro jumhuriyati raisi Usmonxo‘janing o‘g‘li doktor Temirxo‘janing so‘zlari beixtiyor yodimga tushadi: «Shuni aytmoqchimanki, Vatandan chekkada ham vatanparvarlar yashaydi, ular ham Vatanni xuddi sizlar kabi sevadi, ular shu xalq yig‘lasa yig‘laydi, kulsa kuladi… Vatan — bu ildizdir. Bu yurtda ildiz otmagan, uning tuprog‘ini hurmat qilmaganlar bu yerni Vatan qilolmaydi. Ildiz — ro‘parangda bobolar arvohi chirqillab turishidir. Ildiz — shu yerning tilini, urfini, faqat tiliga emas, qalbiga singdirishdir. Bizning bobolar ham Turkistonni vatan deydi, chunki ildizimiz bizni ko‘kartiruvchi, yashnatuvchi tuproq shu yerda. Biz bu tuproqni hech qayerdan topa olmaymiz. Tunrog‘ini unutgan odam — o‘zligini unutgan odamdir.

Men Vatanda emasman, Vatan mening ichimda!..»

Xalqim vatanparvarligiga, vatan tuyg‘usining betimsolligiga misol tariqasida ulug‘ turk ma’rifatparvari Ziyo Ko‘kalp (1876—1924)ning «Vataniy axloq» asaridagi quyidagi voqeani keltirish mumkin: «Tatar hukmdori Xun davlatining asoschisi Metega hujum qilish uchun bahona izlab, uning sevikli otini berishini talab qildi. Bu ot ming farsah chopa olardi. Mete vatandoshlarini yana urush musibatiga solmaslik uchun otini tatar xoqoniga berdi. Lekin tatar xoqoni tinchimadi. Bu safar u Metening eng suyukli xotinini so‘radi. Beklar qurultoyda urush e’lon qilinishini talab qilsalar-da, Mete ularga «Men Vatanimni o‘z muhabbatim o‘g‘risiga alishtirmayman», dedi va sevgilisini dushmanga jo‘natdi. Bundan keyin tatar xoqoni Xun o‘lkasining hosilsiz, ziroatsiz, o‘rmonsiz, ma’dansiz, aholisiz bir narchasini talab qildi. Qurultoy bu foydasiz yerni berish mumkinligini aytdi, ammo Mete Vatan bizning molimiz emasdir, mozorda yotgan otalarimizning, qiyomatga qadar tug‘iladigan avlodlarimizning bu yerda haqqi bordir. Vatandan bir qarich bo‘lsin yer bermakka hech kimda huquq yo‘qdir. Demak, urush etajakmiz!..» deydi va jangga kirdilar.

Otning okligi oy o‘rnini bosmas, deydilar. Vatan o‘rnini hech narsa bosolmaydi! Bobur vatan tuprog‘ida o‘sib-ungan qovunning bir tilimi ustida ko‘z yoshi to‘kkanligiga ishonmasdan iloj yo‘q.

O‘zbekman. Vatanim — O‘zbekiston! Turkiyman. Vatanim — Turkiston. Vatanim kelajagi — Turon!

VATANimning buguniga qarayman. U ulkan mamlakatning, parcha-parcha bo‘lib yotgan mamlakatning bir bo‘lagi. Vatanim — Uyg‘onish azoblarini tortayotgan Vatan! U yaqin-yaqindagina nimalarni boshidan kechirmadi?! Farg‘ona, Bo‘ka, O‘sh, O‘zgan, Namangan fojialari shunday yodimizda. Begunoh to‘qilgan qonlarni Vatan unutmaydi!..

Termiz, buyuk muhaddis Termiziy ziyoratgohi yonida bugungi Afg‘oniston yerlariga tikilaman. Uning qayeridadir, ya’ni Hirotda jannatmakon bobom Alisher Navoiy xoki-turobi bor. Men uni o‘z inon-ixtiyorim bilan tavof etib kelolmayman. Evoh, Bobur bobom xonaqosini bir ko‘rishga zorman. Qirq ikki yil ilm- fanni, adabiyot, san’at me’morchilik sohalarini gullatib yashnatgan Husayn Boyqaro bobom qabri haqida hech narsa bilmayman.

Va yoki shaytoni la’in — chor amaldorlari tarafidan quvg‘in qilingan Zokirjon Furqatning Yorkentdagi so‘nggi makonini ziyorat qilolmayman. Bir umr Turkistonning bir butunligi, mustaqilligi uchun jon fido etgan Mustafo Cho‘qayning qabri qayerda ekan?

Evoh, ulardagi Vatan tuyg‘usini, vatanparvarligini, millatparvarligini hech qanday tarozida o‘lchab bo‘lmaydi! Vatan! Vatan — tuproq! Bugun bu tuproq zahar-zaqqumlarga qorishiq, majruh, yarador. Ammo tuproq qancha toptalmasin, u baribir chechak undiradi, u bog‘lar o‘stiradi!

«Mendan so‘ranglar, men quloq solguvchi va ato etguvchiman», — deyiladi Qur’oni karimda. Biz Tangri taolodan Vatanimiz tuprog‘i daxlsizligini, ozodligi, erki, baxti, hamisha yor bo‘lishini so‘raymiz. Uning munosib egalari — qalbida Vatan tuyg‘ulari ustuvor botirlari, shoirlari, dehqonlari, hunarmandlari, olimlari, san’atkorlari bo‘lishini iltijo qilamiz. Zero, «Zamon o‘tar, kishi to‘ymas, inson bolasi mangu qolmas» (Mahmud Qoshg‘ariy). Ammo xalq omon bo‘lsa — vatan qolur!

Azim SUYUN
ESKI DAFTARLARDAN SHE’RLAR
007

* * *

Yigitlarning sultoni elida bo‘lg‘ay,
O‘zbeklarning belbog‘i belida bo‘lg‘ay,
Ularning or, sha’niga ko‘z tikma, g‘anim,
Kuzgi yaproq misoli paymonang to‘lg‘ay.

TUTQUN

G‘animlar tahqirlab beshafqat,
Onangdan ayrilding, dedilar.
Tutqunning ko‘zida, betoqat,
Qatra yosh ko‘rmoqchi edilar.
Qatra yosh…
Mag‘rur qoldi mag‘rur bosh.

Ko‘z yoshlar boisi — g‘am, alam,
Yoringdan ayrilding, dedilar.
Ko‘ziga boqdilar shod, xurram, —
Qatra yosh ko‘rmoqchi edilar.
Qatra yosh…
Mag‘rur qoldi mag‘rur bosh.

Qasoskor xabarlar bilmas had,
Vatandan ayrilding, dedilar.
Va uning ko‘zida so‘nggi dard —
Qatra yosh ko‘rmoqchi edilar.
Qatra yosh…
Bir qalqdi… Jon edi o‘sha yosh!

BIR SIR BOR

Bir sir bor ko‘nglimda aytilmagan,
Bir anor… donasi sitilmagan,
Oq qog‘ozga hatto bitilmagan,
Bir sir bor, ey Chechak, ey Gul!

Toqqa aytsam uni tog‘ yorilar,
Gul izlagan kabi bolarilar,
Undan chiqib kelar gulparilar,
Bir sir bor, ey Chechak, ey Gul!

Sunbulaning suvi gulobdir-ku,
Mast bo‘lursan ichsang sharobdir-ku,
Asli hayot siri oftobdir-ku,
Bir sir bor, ey Chechak, ey Gul!

Yirtqich yo‘lbars unga el bo‘ladi,
Bulbul kuylab-kuylab sel bo‘ladi,
Kim oshnodir, chindan yo‘l bo‘ladi,
Bir sir bor, ey Chechak, ey Gul!

Bu kun, Azim, jabrin tortadurman,
Azob dardin chekib yotadurman,
Faqat yolg‘iz senga aytadurman,
Sir qolmas, ey Chechak, ey Gul!

TURONYURT

Menga ayting, chegara nima?..
Mustabidlar topgan o‘yindir.
Suzib borar ufqda kema,
Butundir Turonyurt, butundir.

Ota moziy qa’riga tortar,
Kim o‘zbek, kim qozoq, yo xundir.
Yuragimga bir tosh zil botar,
Butundir Turonyurt, butundir.

Hasratimning yo‘q erur cheki,
Turon eli bitta budundir.
Qondoshlar qon to‘kishar, lekin
Butundir Turonyurt, butundir.

Na-da Bishkek, na Buxoro u,
Na Hirot, Marv na Istanbuldir.
Yolg‘iz yara, yolg‘iz davo u,
Butundir Turonyurt, butundir.

Tarvaqaylab o‘sgan shox-shabba,
Bir daraxtga aylangan kundir —
Ko‘targum men oftobrang boda,
Butundir Turonyurt, butundir.

VATAN

— Ular qanday yashar, birodar,
Taqir sahro, samum, dovulda?
Bu savolni, menga necha bor,
Berishdilar tog‘li ovulda.

Yo‘lovchiman, sahroliklar ham
Qo‘noq etdi o‘z davrasida…
— Ular qanday yashaydi, oshnam,
Qon qaqshagan tog‘ orasida?

QORA SOCH

Ko‘kda uchgan qaldirg‘och
Daydi o‘qdan yiqildi.
Tolim-tolim qora soch
Tolim-tolim qirqildi.

Tolim-tolim qirqildi,
Siz birov qirqdi demang.
Bo‘g‘zimga jon tiqildi,
Yo‘q, ajal tiqdi demang.

Tolim-tolim bu sochni
Imonimday sevardim.
Tolim-tolim u sochni
Imkonimday sevardim.

Tolim-tolim qora soch
Tashlandi-ku olovga.
Shundan buyon bag‘rim och,
Yorim aylangan yovga.

1979

O‘ZBЕK DAVLATI

Bir kam dunyo butundir butun,
Yuraklardan yechildi tugun,
Ko‘ngillar shod, chehralar gulgun,
Mustaqillik — Olloh ne’mati,
Yasha, yuksal, O‘zbek Davlati!

Qarg‘a, zog‘lar solmagay soya,
Orzularga yo‘qdir nihoya,
Avlodlarga boqiy hikoya,
Sharaflidir inson mehnati, —
Yasha, yuksal, O‘zbek Davlati!

Jahon bo‘ylab ko‘chmoqda shoning,
Muqaddassan — haloldir noning,
Farzandlaring — qilich, qalqoning.
O‘zbekiston — olam jannati, —
Yasha, yuksal, O‘zbek Davlati!

1996

MILLAT BAYROG‘I

Qora o‘tmish qoldi ortda,
Dorilamon kunlar yurtda,
Mehr — ko‘zda, muhabbatda,
Porla, Millat bayrog‘i!

Osmon to‘la yulduz — oppoq,
Bir-biridan chaqnoq, biroq —
O‘n ikkisi eng yarqiroq,
Porla, Millat Bayrog‘i!

Mangulik hur yo‘lidasan,
O‘ngidasan, so‘lidasan,
Ozod xalqning qo‘lidasan,
Porla, Millat Bayrog‘i!

OLLOH BILUR

Kechagi yashil yaproq bugun sariq, bugun xazon,
Kechagi tar dovuchcha bugun xandon, bugun larzon,
Kechagi oq oqibat bugun sarson, bugun arzon,
Bilsa bilgay bani odam, bilmasa Olloh bilur.

Muz daryolar bag‘rida bir tola suv qaynoq, nechun,
O‘tmas shamshir uchunmi? — toshlar o‘zi qayroq, nechun,
Oh, odamzot dengizning o‘rtasida chanqoq, nechun,
Bilsa bilgay bani odam, bilmasa Olloh bilur.

Azim Suyun, chog‘idir, ishq-toledan doston yarat,
Azim Suyun, chog‘idir, el ko‘nglida bo‘ston yarat,
Azim Suyun, chog‘idir, haq yo‘lida imkon yara ,
Bilsa bilgay bani odam, bilmasa Olloh bilur-

HAYRAT

Aylanur yel, aylanur yer, davru davron aylanur,
Aylanur kun, aylanur tun, kun-tun inson aylanur.

Ko‘ngil ko‘zi birla, ohkim, boqsam dunyoga, yoron,
Umrim yo‘lin past-balandi misli to‘zon aylanur.

Tog‘u toshni qushday sevdim, ko‘rdim daralar aro,
To‘rt tomonga o‘zni tashlab vahshat bo‘ron aylanur.

Charx ishi boqiy jafomi, dashtu sahroga tushsam,
Ming sayyodning dastidan bir ohu sarson aylanur!

Yaxshilikni pesha qildim — otamdan meros, axir,
Ay, lekin tegramda doim nechun shayton aylanur.

Yetar, qora bulutlardan tip-tiniq durlar yog‘ar, —
Boshing uzra vahm birla garchi yomon aylanur.

Azim Suyun, yodda tutgil, yolg‘iz Tangri — podshohing
Va Oyguling yoningdadir — baxt shu — imkon aylanur.

1997

BILMAY QOLIBMAN

Kimnidir yig‘latib, kimni kuldirib,
Boychechak chiqibdi qirni to‘ldirib,
Bir oq atirgulga meni suydirib,
Bahor o‘tganligin bilmay qolibman.

Yulduzlar uchibdi, ko‘chibdi oylar,
O‘zanin o‘zgartirib toshibdi soylar,
Qayoqqa ketibdi men bilgan joylar,
Bahor o‘tganligin bilmay qolibman.

Nasimlar esibdi o‘ylar misoli,
Birdek shirin hayot zahari, boli,
Menga nasib etmish ul gul visoli,
Bahor o‘tganligin bilmay qolibman.

Yillar oqar, oqar, ogoh bo‘l, Azim,
Umr qayon qalqar, ogoh bo‘l, Azim,
Kim u, eshik qoqar, ogoh bo‘l, Azim,
Bahor o‘tganligin bilmay qolibman.

1998

GUL

Shu tongda bulbulning rashkin keltirib
Yigit suyganiga uzdi qizil gul.
To‘tidek mashq qilgan so‘zlarin qimtib
Sevgi izqor etdi gulga qo‘shib ul.

Yurak yuragini topdi shu kuni,
Eh, gul-chi, o‘rtada… so‘ng qurib qoldi
Va lekin bir chetga otmadi uni —
Ikkov bir daftarga avaylab soldi.

1969

ILHOM PARISIGA

Senga berdim osmonni, ol ilhomimning parisi,
Mayli, bo‘lsin senga hatto fazolarning narisi.
Kerak bo‘lsa beray aziz umrimni ham sen uchun,
Faqat sen bo‘l bu qalbimning mangu nilufarisi.

1972

* * *

Ko‘kda tun chashmasi — o‘n besh kunlik oy,
Yong‘oqzor ortida yarqiraydi soy.
Qarang, soyda suzib yurar oqqushlar,
Yo‘g‘-ye, ular qanot chiqargan toshlar…


08

(Tashriflar: umumiy 9 862, bugungi 1)

Izoh qoldiring