Ismoil Bekjon. Boburshoh jiyani.

Ashampoo_Snap_2017.07.01_19h31m53s_002_.png  Хуррамшоҳ тўғрисидаги илк маълумот «Бобурнома»да акс этиб, Хондамир «Ҳабиб ус-сияр»(1524), Муҳаммад Ҳайдар «Тарихи Рашидий»(1545)да бу борадаги фикрларини асосан «Бобурнома»дан иқтибос қилганлар, ўзларидан эса, кам янгилик қўшганлар. Бироқ, қувонарлиси шуки, «Аҳсан ат-таворих», «Лаб ат-таворих», «Тарихи оламоройи Аббосий», «Тарихи Қипчоқхоний», «Мажмаъ ул-ғаройиб», «Мусаххир ил-билод», «Тазкирайи тарихи Муқимхоний» каби бошқа асарлар маълумотлари ҳам мазкур мавзудаги тасаввуримизни бойитишга хизмат қила олади.

БОБУРШОҲНИНГ ЖИЯНИ
Исмоил Бекжон
03

Babur-name.jpgБобуршоҳнинг опаси Хонзодабегим ва унинг ўғли, яъни Бобурнинг шайбонийзода жияни Хуррамшоҳ тақдири ҳақидаги маълумотлар талқини тарихий манбалар ҳамда ҳозирги замон бадиий адабиёти, илмий тадқиқотларда турли-туманлигини кўрамиз. Шу сабабли, гоҳо ўқувчиларимизни «Бобурнома» ёки Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома» каби ўзбек тилида нашр қилинган асарлардан ташқари, ҳозирча чоп этилмаган бошқа ёзма манбаларда Бобурнинг бу қариндошлари тўғрисида яна қандай хабарлар борлиги қизиқтириши табиий ҳол. Бобурподшоҳ «мақбул ўғлон эди», дея таърифлаган Хуррамшоҳ ҳақида ўқувчи жуда кам маълумотга эга. Биз ушбу мақолада ана шу икки мавзуга тўхталиб, тарихий манбалар орқали воқеликка назар ташлаш ва ўқувчини бор ҳақиқатдан хабардор қилишни лозим топдик.

Хонзодабегим ва унинг ўғли Хуррамшоҳ тўғрисидаги илк маълумот «Бобурнома»да акс этиб, Хондамир «Ҳабиб ус-сияр»(1524), Муҳаммад Ҳайдар «Тарихи Рашидий»(1545)да бу борадаги фикрларини асосан «Бобурнома»дан иқтибос қилганлар, ўзларидан эса, кам янгилик қўшганлар. Бироқ, қувонарлиси шуки, «Аҳсан ат-таворих», «Лаб ат-таворих», «Тарихи оламоройи Аббосий», «Тарихи Қипчоқхоний», «Мажмаъ ул-ғаройиб», «Мусаххир ил-билод», «Тазкирайи тарихи Муқимхоний» каби бошқа асарлар маълумотлари ҳам мазкур мавзудаги тасаввуримизни бойитишга хизмат қила олади.

«Бобурнома»нинг бизгача етиб келган ноқис нусхаларида Хонзодабегимнинг Бобур Самарқандни сулҳ асосида ташлаб чиққан 1501 йил август ойида «Шайбонийхонга тушгани», яъни бу ғаними никоҳига киргани қайд этилиб, опасининг 1510 йил декабрида эса Марвда шоҳ Исмоил томонидан қатли омга дучор бўлмай, балки Бобурнинг опаси экани учун шоҳ ташаббуси билан укаси Бобур мирзо олдига юборилгани, опасининг Шайбонийхондан туққан «Хуррамшоҳ отлиқ мақбул ўғлон»ининг Балхда ҳоким бўлгани ва отаси ҳалокати воқеасидан бир-икки йил ўтиб қазо қилгани қайд этилади, холос.

«Тарихи Рашидий»да Хонзодабегимнинг тўрт-беш йилдан сўнг Шайбоний никоҳидан чиқарилиб, Ҳодихожа никоҳига киритилгани, яна бир манбада эса бунга хоннинг Хонзодабегимдан заҳар беришда гумонсираши сабаб бўлгани кўрсатилган. Султон Муҳаммад Балхий «Мажмаъ ул-ғаройиб»да ёзишича, унинг отаси Дарвиш Муҳаммад муфти Хуррамшоҳ саройида хизмат қилган. Муҳаммадёр ибн Араб Қатаған қаламига мансуб «Мусаххир ил-билод» китобида Ҳодихожанинг кимлиги ва Хуррамшоҳнинг ҳукмдорлик фаолияти хусусида махсус, кенгроқ маълумот берилган.

Кўрганимиздек, Бобур маълумотида Ҳодихожа номи тилга олинмайди ва Хуррамшоҳга Балх вилояти берилганидан бошқа факт қайд этилмайди. Бу қисқа маълумотда Бобурнинг бу жиянини кўрган-кўрмагани аниқ эмас. Дейлик, мабодо, Бобур Хуррамшоҳ ҳақидаги кўпроқ маълумотни «Бобурнома»нинг бизгача етиб келмаган 1510 йил воқеалари баёнида зикр этган бўлса, у ҳолда бу асарнинг тўлиқ қўлёзма нусхаларига эга Хондамир ва Муҳаммад Ҳайдар ўз асарида мазкур маълумотларни нимага иқтибос қилишмаган?

Ёзувчи Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романида Хонзодабегимнинг иккинчи никоҳи эсланмасдан, Хуррамшоҳнинг ҳам онаси билан бирга тоғаси Бобур олдига Қундузга келгани тасвирланади.

Хонзодабегимнинг Бобур билан учрашуви воқеаси «Бобурнома» маълумотига асосланган бадиий талқиндир. Асар яратилиши чоғи форс тилидаги «Ҳабиб ус-сияр», «Тарихи Рашидий» каби яна ўнлаб ёзма манбалар қўл остида бўлган шарқшунос тарихчи олим ва ёзувчи Пиримқул Қодиров Хуррамшоҳнинг Бобур билан мулоқотини ана шу бадиий тўқима орқали акс эттиришни маъқул топган. Бадиий асарнинг йўриғи бошқалиги учун ёзувчининг бунга ҳаққи бор.

Андижонлик адиба Омина Тожибоева «Қиёмат тақдир» ҳикоясида Хонзодабегимнинг Шайбонийхон никоҳидан чиқарилиб, унинг хизматидаги Зиё Ҳоди исмли бир кекса руҳоний билан турмуш қургани, бу руҳоний жисмонан заиф бўлгани ва Бобурни ҳурмат қилгани юзасидан Хонзодабегимни ўз синглиси каби асраб, фурсат топганида укаси Бобур олдига юборишни мўлжаллаб юриши, аммо Марв жангида Шайбонийхон билан бир сафда ўлдирилиб, унинг бу орзусини шоҳ Исмоил амалга оширганини ўз бадиий талқинида ҳавола этади. Бу адиба ҳам Хуррамшоҳнинг тоғаси олдига Қундузга келганини ҳикоя қилади. Гарчи, ўрта аср қоидалари ўзгачалиги ва шоҳлар ҳаёти ҳам бошқача тарзда кечганини билсак-да, адибанинг бундай бадиий тўқима ва фаразидан мақсадини яхши тушуниб турибмиз; уни шундайлигича қабул қилиш ўқувчига ҳам малол келмайди.

Р.Шамсутдинов ва М.Абдуллаевнинг «Бобурнома»нинг йўқолган саҳифалари хусусида» номли мақоласида («Бобур ва бобурийларнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни», 2008) эса «Хонзодабегимнинг Шайбонийхон 1510 йили ўлдирилгач, Бобур олдига келгани ва шундан сўнг Саййид Ҳоди исмли киши билан никоҳдан ўтгани, аммо уларнинг турмуши узоқ давом этмагач, Хонзодабегимнинг Маҳдий Хожа билан турмуш қургани» тарихий факт сифатида ҳавола этилган.

Аслида тарихий воқелик қандай бўлган? Юқорида эслатилган ёзма манбалар бу тўғрида қуйидаги маълумотни беради: 1478 йили туғилган Хонзодабегим 1501 йилнинг августида Бобур ва Шайбонийхон ўртасида тузилган сулҳ битими шартига биноан(Т.Файзиев. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари. «Ёзувчи», 1996) Самарқандда Шайбонийхон никоҳига киради. Бу никоҳдан 1502 йил май ойида Хуррамшоҳ дунёга келади. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, хон Хонзодабегимни заҳар беришда гумонсираб, ўз никоҳидан чиқаради. Қоидага биноан бева қолган сарой аёли бундай воқеадан сўнг ё эрсиз ўтиши ёки ҳукмдорнинг энг яқин кишисига тегиши лозим эди. Хонзодабегимни ўзидан узоқлаштирган Шайбонийхон шу сабабли бевасининг ўз бўласи(холаваччаси) Саййид Ҳодихожа бин Муртазохожа никоҳига киришига розилик беради.

Бу даштиқипчоқлик саййидлар хонадони шажараси Саййид Ото (вафоти 1291 йил) орқали Ҳазрат Али бин Аби Толибга уланади. Саййид Ҳодихожа Шайбонийхоннинг ҳам бўласи, ҳам шижоатли амирларидан бири ҳисобланиб, ўша пайтда 50 ёшларда бўлган. Хонзодабегим эса, 28 ёшда эди. Шайбонийхон 1506 йилнинг 15 ноябрида Балхни эгаллаб, соғлом энагалар ва ҳарбий ишга моҳир амирлар, яхши илмли устозлар қўлида тарбия топган қобилиятли ўғли Хуррамшоҳни Балх ва унинг музофотларига ҳоким қилиб тайинлайди. «Мусаххир ил-билод» муаллифи бу ҳақда шундай ёзади: «Ёш бўлгани учун ул шоҳзоданинг отолиқи мансабига Қанбар мирзо кўкалтош тайинланди. Ул яхши хислатли амир ҳамиша ўз марҳамати қаноти ва адолати соясини мазкур вилоят аҳолиси боши узра ёйди…

Шунинг шарофатидан бутун Балх мамлакати ободончилик ва фаровонлик топди. Олий мартабали шоҳзода Хуррамшоҳнинг ёрқин кўнгли ов ва шикор ҳавасига лим тўла, дили гулюзли ёшлар ва қуёшчеҳрали ботирлар билан суҳбат қурмоқ иштиёқи билан тўлиб-тошгани сабабли, кўп вақтини шикор нашидасини сурмоқ билан ўтказарди. Доимо соядек отаси Шайбонийхон узангиси хизматида юрар, ҳеч қачон унинг буйруғи ва фармонини бажармасдан қолмас, ҳеч бир сўзини икки қилмас эди…». «Мажмаъ ул-ғаройиб»да айтилишича эса Хуррамшоҳ ўз атрофига ўқимишли ва фозил кишиларни тўплаган. Кўринадики, довюрак ва яхши ҳарбий таълим олган Хуррамшоҳ ёшлигига қарамай отаси Шайбонийхон билан бирга Балх, Ҳиротни олиш жангларида қатнашган ҳамда давлат бошқариш сирларини ўрганган.

1507 йил июн ойида Машҳад қўлга кириб, Шайбонийхон у ерга мазкур бўласи Саййид Ҳодихожани ҳоким қилиб тайинлайди ва Хонзодабегим ҳам Машҳадда яшай бошлайди. Бироқ орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 1510 йил октябрида шоҳ Исмоил Сафавий Хуросонга юриш қилади ва оз сонли қўшин билан Ҳиротда ўтирган Шайбонийхон урушга қулай жой сифатида Марвга чекинади.

Сафавийлар қўшини Машҳадга яқинлашгач, Ҳиротда қолган шу шаҳар доруғаси Жон Вафобий дўрмон, Машҳад ҳокими Саййид Ҳодихожа, Нисо ҳокими амир Муҳаммад Солиҳ ва Дурун ҳокими Подшоҳхожа(Хожа) кабилар ҳам Марвга келадилар. Шайбонийхон Балх, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Туркистон қўшинларини ёрдамга чақирган бўлиб, Хуррамшоҳ дарҳол ўз қўшини билан отасига ёрдамга ошиқади. Бироқ Шайбонийхон ёрдам келишини кутмай, 1510 йилнинг 5 декабрида жангга киришиб, ҳалок бўлади. Бу жангда Саййид Ҳодихожа ҳам ўлдирилади. Исмоил Сафавий ғалаба қозонгач, Марв аҳолисини «қатли ом» қилдириб, бегуноҳ аҳоли бошларидан миноралар ясалади.

Ана шундай бир пайтда Бухородан ёрдам учун келган Убайдуллахон амакиси Шайбонийхон ҳарамидаги Бобур тоғасининг қизи Мўғулча хоним (Ойша султонбегим) бента Маҳмудхон Кошғарийни қутқариб, Бухорога олиб қочишга улгуради. Саййид Ҳодихожа уғруқи (оиласи) эса асир тушиб, Хонзодабегимнинг Бобур синглиси экани маълум бўлгач, шоҳ уни Бобур ҳузурига юборади. Бу пайтда 32 ёшга кирган Хонзодабегим шундан сўнг ҳеч кимга турмушга чиқмай, Бобур ва Ҳумоюн давлатининг жонкуяр маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатганча 1544 йили Кобилҳақ мавзесида оламдан ўтиб, Кобулдаги Бобуршоҳ мақбарасига дафн қилинади.

«Мусаххир ил-билод» муаллифи Хуррамшоҳ ҳақида яна шундай ёзади: «Отаси Марв қамалида қолганда биринчи бўлиб шу Хуррамшоҳ Балх лашкари билан отаси ёрдамига ошиққан эди… Отаси дунёни шаҳидлик билан тарк этгач, Хуррамшоҳ ҳам охират сари шитоб билан кетди. Хуррамшоҳдан насл қолмади».

Томирларида уч томонлама чингизий ва темурийлар қони юриб турган Хуррамшоҳ шоҳ Исмоил Балх сари юрмасдан бурун Самарқандга қайтади. У тоғаси сафавийлар ёрдамида Самарқандни эгаллаган 1511 йил кузидан олдин, яъни ўша йил ёзида Самарқандда ҳаётдан кўз юмади. Биламизки, бу шаҳарда Бобур яна олти ой тахтда ўтирган.

Айни ҳодисалар пайтида Самарқандда истиқомат қилиб турган ва ўша давр воқеаларини «Сулук ул-мулук» асари муқаддимасида акс эттирган Рузбеҳон Исфаҳоний шайбонийларнинг Туркистонга қочиб кетгани, 1512 йил апрелида эса уларнинг яна қайтиб келиб, Бухорога яқин Кўли Малик ёнидаги жангда Бобурни енгиб, мамлакатни қайтадан қўлга киритгач, шаҳару туманларни ўзаро тақсимлашгани ҳамда Бобурнинг ўша давр ичидаги ҳукмдорлик фаолиятини батафсил ёзиб, шайбоний хонзода ва султонлари номини бир-бир ва қайта-қайта тилга оларкан, Хуррамшоҳ номини бирон марта ҳам зикр этмайди. Агар Хуррамшоҳ бу пайтда тирик бўлганда унга ҳам она бошқа акаси Темур султон ва унинг ўғиллари, она бошқа укаси Севинч Муҳаммад султон каби Самарқанддаги шериклик тахти ёки камида бирор вилоят ва туман ҳокимлиги берилгани қайд этилган бўларди. (Академик Бўривой Аҳмедов ҳам «История Балха» китобида таҳлил ва изоҳсиз бўлса-да, Хуррамшоҳнинг туғилиш ва вафоти санасини 1502-1511 йиллар шаклида кўрсатган.)

Бобур ва унинг қариндошлари ёки, умуман, тарихий сиймолар ҳақида фикр юритганда ёзма манбаларга мурожаат қилинса, ўтмиш ҳақидаги тасаввуримиз яна ҳам бойиган, аждодларимиз ҳурмати ҳам жойига қўйилган ва тарихий ҳақиқат ойдинлашган бўларди.

«Маърифат» газетасидан олинди

061209i-29.jpg BOBURSHOHNING JIYANI
Ismoil Bekjon
009

0 humayun.jpgBoburshohning opasi Xonzodabegim va uning o’g’li, ya’ni Boburning shayboniyzoda jiyani Xurramshoh taqdiri haqidagi ma’lumotlar talqini tarixiy manbalar hamda hozirgi zamon badiiy adabiyoti, ilmiy tadqiqotlarda turli-tumanligini ko’ramiz. Shu sababli, goho o’quvchilarimizni «Boburnoma» yoki Gulbadanbegimning «Humoyunnoma» kabi o’zbek tilida nashr qilingan asarlardan tashqari, hozircha chop etilmagan boshqa yozma manbalarda Boburning bu qarindoshlari to’g’risida yana qanday xabarlar borligi qiziqtirishi tabiiy hol. Boburpodshoh «maqbul o’g’lon edi», deya ta’riflagan Xurramshoh haqida o’quvchi juda kam ma’lumotga ega. Biz ushbu maqolada ana shu ikki mavzuga to’xtalib, tarixiy manbalar orqali voqelikka nazar tashlash va o’quvchini bor haqiqatdan xabardor qilishni lozim topdik.

Xonzodabegim va uning o’g’li Xurramshoh to’g’risidagi ilk ma’lumot «Boburnoma»da aks etib, Xondamir «Habib us-siyar»(1524), Muhammad Haydar «Tarixi Rashidiy»(1545)da bu boradagi fikrlarini asosan «Boburnoma»dan iqtibos qilganlar, o’zlaridan esa, kam yangilik qo’shganlar. Biroq, quvonarlisi shuki, «Ahsan at-tavorix», «Lab at-tavorix», «Tarixi olamoroyi Abbosiy», «Tarixi Qipchoqxoniy», «Majma’ ul-g’aroyib», «Musaxxir il-bilod», «Tazkirayi tarixi Muqimxoniy» kabi boshqa asarlar ma’lumotlari ham mazkur mavzudagi tasavvurimizni boyitishga xizmat qila oladi.

«Boburnoma»ning bizgacha yetib kelgan noqis nusxalarida Xonzodabegimning Bobur Samarqandni sulh asosida tashlab chiqqan 1501 yil avgust oyida «Shayboniyxonga tushgani», ya’ni bu g’animi nikohiga kirgani qayd etilib, opasining 1510 yil dekabrida esa Marvda shoh Ismoiltomonidan qatli omga duchor bo’lmay, balki Boburning opasi ekani uchun shoh tashabbusi bilan ukasi Bobur mirzo oldiga yuborilgani, opasining Shayboniyxondantuqqan «Xurramshoh otliq maqbul o’g’lon»ining Balxda hokim bo’lgani va otasi halokati voqeasidan bir-ikki yil o’tib qazo qilgani qayd etiladi,xolos.

«Tarixi Rashidiy»da Xonzodabegimning to’rt-besh yildan so’ng Shayboniy nikohidan chiqarilib, Hodixoja nikohiga kiritilgani, yana bir manbada esa bunga xonning Xonzodabegimdan zahar berishda gumonsirashi sabab bo’lgani ko’rsatilgan. Sulton Muhammad Balxiy «Majma’ ul-g’aroyib»da yozishicha, uning otasi Darvish Muhammad mufti Xurramshoh saroyida xizmat qilgan. Muhammadyor ibn Arab Qatag’an qalamiga mansub «Musaxxir il-bilod» kitobida Hodixojaning kimligi va Xurramshohning hukmdorlik faoliyati xususida maxsus, kengroq ma’lumot berilgan.

Ko’rganimizdek, Bobur ma’lumotida Hodixoja nomi tilga olinmaydi va Xurramshohga Balx viloyati berilganidan boshqa fakt qayd etilmaydi. Bu qisqa ma’lumotda Boburning bu jiyanini ko’rgan-ko’rmagani aniq emas. Deylik, mabodo, Bobur Xurramshoh haqidagi ko’proq ma’lumotni «Boburnoma»ning bizgacha yetib kelmagan 1510 yil voqealari bayonida zikr etgan bo’lsa, u holda bu asarning to’liq qo’lyozma nusxalariga ega Xondamir va Muhammad Haydar o’z asarida mazkur ma’lumotlarni nimaga iqtibos qilishmagan?

Yozuvchi Pirimqul Qodirovning «Yulduzli tunlar» romanida Xonzodabegimning ikkinchi nikohi eslanmasdan, Xurramshohning ham onasi bilan birga tog’asi Bobur oldiga Qunduzga kelgani tasvirlanadi.

Xonzodabegimning Bobur bilan uchrashuvi voqeasi «Boburnoma» ma’lumotiga asoslangan badiiy talqindir. Asar yaratilishi chog’i fors tilidagi «Habib us-siyar», «Tarixi Rashidiy» kabi yana o’nlab yozma manbalar qo’l ostida bo’lgan sharqshunos tarixchi olim va yozuvchi Pirimqul Qodirov Xurramshohning Bobur bilan muloqotini ana shu badiiy to’qima orqali aks ettirishni ma’qul topgan. Badiiy asarning yo’rig’i boshqaligi uchun yozuvchining bunga haqqi bor.

Andijonlik adiba Omina Tojiboeva «Qiyomat taqdir» hikoyasida Xonzodabegimning Shayboniyxon nikohidan chiqarilib, uning xizmatidagi Ziyo Hodi ismli bir keksa ruhoniy bilan turmush qurgani, bu ruhoniy jismonan zaif bo’lgani va Boburni hurmat qilgani yuzasidan Xonzodabegimni o’z singlisi kabi asrab, fursat topganida ukasi Bobur oldiga yuborishni mo’ljallab yurishi, ammo Marv jangida Shayboniyxon bilan bir safda o’ldirilib, uning bu orzusini shoh Ismoil amalga oshirganini o’z badiiy talqinida havola etadi. Bu adiba ham Xurramshohning tog’asi oldiga Qunduzga kelganini hikoya qiladi. Garchi, o’rta asr qoidalari o’zgachaligi va shohlar hayoti ham boshqacha tarzda kechganini bilsak-da, adibaning bunday badiiy to’qima va farazidan maqsadini yaxshi tushunib turibmiz; uni shundayligicha qabul qilish o’quvchiga ham malol kelmaydi.

R.Shamsutdinov va M.Abdullaevning «Boburnoma»ning yo’qolgan sahifalari xususida» nomli maqolasida («Bobur va boburiylarning jahon madaniyati tarixida tutgan o’rni», 2008) esa «Xonzodabegimning Shayboniyxon 1510 yili o’ldirilgach, Bobur oldiga kelgani va shundan so’ng Sayyid Hodi ismli kishi bilan nikohdan o’tgani, ammo ularning turmushi uzoq davom etmagach, Xonzodabegimning Mahdiy Xoja bilan turmush qurgani» tarixiy fakt sifatida havola etilgan.

Aslida tarixiy voqelik qanday bo’lgan? Yuqorida eslatilgan yozma manbalar bu to’g’rida quyidagi ma’lumotni beradi: 1478 yili tug’ilgan Xonzodabegim 1501 yilning avgustida Bobur va Shayboniyxon o’rtasida tuzilgan sulh bitimi shartiga binoan(T.Fayziev. Zahiriddin Muhammad Bobur va uning avlodlari. «Yozuvchi», 1996) Samarqandda Shayboniyxon nikohiga kiradi. Bu nikohdan 1502 yil may oyida Xurramshoh dunyoga keladi. Oradan uch-to’rt yil o’tgach, xon Xonzodabegimni zahar berishda gumonsirab, o’z nikohidan chiqaradi. Qoidaga binoan beva qolgan saroy ayoli bunday voqeadan so’ng yo ersiz o’tishi yoki hukmdorning eng yaqin kishisiga tegishi lozim edi. Xonzodabegimni o’zidan uzoqlashtirgan Shayboniyxon shu sababli bevasining o’z bo’lasi(xolavachchasi) Sayyid Hodixoja bin Murtazoxoja nikohiga kirishiga rozilik beradi.

Bu dashtiqipchoqlik sayyidlar xonadoni shajarasi Sayyid Oto (vafoti 1291 yil) orqali Hazrat Ali bin Abi Tolibga ulanadi. Sayyid Hodixoja Shayboniyxonning ham bo’lasi, ham shijoatli amirlaridan biri hisoblanib, o’sha paytda 50 yoshlarda bo’lgan. Xonzodabegim esa, 28 yoshda edi. Shayboniyxon 1506 yilning 15 noyabrida Balxni egallab, sog’lom enagalar va harbiy ishga mohir amirlar, yaxshi ilmli ustozlar qo’lida tarbiya topgan qobiliyatli o’g’li Xurramshohni Balx va uning muzofotlariga hokim qilib tayinlaydi. «Musaxxir il-bilod» muallifi bu haqda shunday yozadi: «Yosh bo’lgani uchun ul shohzodaning otoliqi mansabiga Qanbar mirzo ko’kaltosh tayinlandi. Ul yaxshi xislatli amir hamisha o’z marhamati qanoti va adolati soyasini mazkur viloyat aholisi boshi uzra yoydi…

Shuning sharofatidan butun Balx mamlakati obodonchilik va farovonlik topdi. Oliy martabali shohzoda Xurramshohning yorqin ko’ngli ov va shikor havasiga lim to’la, dili gulyuzli yoshlar va quyoshchehrali botirlar bilan suhbat qurmoq ishtiyoqi bilan to’lib-toshgani sababli, ko’p vaqtini shikor nashidasini surmoq bilan o’tkazardi. Doimo soyadek otasi Shayboniyxon uzangisi xizmatida yurar, hech qachon uning buyrug’i va farmonini bajarmasdan qolmas, hech bir so’zini ikki qilmas edi…». «Majma’ ul-g’aroyib»da aytilishicha esa Xurramshoh o’z atrofiga o’qimishli va fozil kishilarni to’plagan. Ko’rinadiki, dovyurak va yaxshi harbiy ta’lim olgan Xurramshoh yoshligiga qaramay otasi Shayboniyxon bilan birga Balx, Hirotni olish janglarida qatnashgan hamda davlat boshqarish sirlarini o’rgangan.

1507 yil iyun oyida Mashhad qo’lga kirib, Shayboniyxon u yerga mazkur bo’lasi Sayyid Hodixojani hokim qilib tayinlaydi va Xonzodabegim ham Mashhadda yashay boshlaydi. Biroq oradan ko’p o’tmay, aniqrog’i, 1510 yil oktyabrida shoh Ismoil Safaviy Xurosonga yurish qiladi va oz sonli qo’shin bilan Hirotda o’tirgan Shayboniyxon urushga qulay joy sifatida Marvga chekinadi.

Safaviylar qo’shini Mashhadga yaqinlashgach, Hirotda qolgan shu shahar dorug’asi Jon Vafobiy do’rmon, Mashhad hokimi Sayyid Hodixoja, Niso hokimi amir Muhammad Solih va Durun hokimi Podshohxoja(Xoja) kabilar ham Marvga keladilar. Shayboniyxon Balx, Samarqand, Buxoro, Toshkent va Turkiston qo’shinlarini yordamga chaqirgan bo’lib, Xurramshoh darhol o’z qo’shini bilan otasiga yordamga oshiqadi. Biroq Shayboniyxon yordam kelishini kutmay, 1510 yilning 5 dekabrida jangga kirishib, halok bo’ladi. Bu jangda Sayyid Hodixoja ham o’ldiriladi. Ismoil Safaviy g’alaba qozongach, Marv aholisini «qatli om» qildirib, begunoh aholi boshlaridan minoralar yasaladi.

Ana shunday bir paytda Buxorodan yordam uchun kelgan Ubaydullaxon amakisi Shayboniyxon haramidagi Bobur tog’asining qizi Mo’g’ulcha xonim (Oysha sultonbegim) benta Mahmudxon Koshg’ariyni qutqarib, Buxoroga olib qochishga ulguradi. Sayyid Hodixoja ug’ruqi (oilasi) esa asir tushib, Xonzodabegimning Bobur singlisi ekani ma’lum bo’lgach, shoh uni Bobur huzuriga yuboradi. Bu paytda 32 yoshga kirgan Xonzodabegim shundan so’ng hech kimga turmushga chiqmay, Bobur va Humoyun davlatining jonkuyar maslahatchisi sifatida faoliyat ko’rsatgancha 1544 yili Kobilhaq mavzesida olamdan o’tib, Kobuldagi Boburshoh maqbarasiga dafn qilinadi.

«Musaxxir il-bilod» muallifi Xurramshoh haqida yana shunday yozadi: «Otasi Marv qamalida qolganda birinchi bo’lib shu Xurramshoh Balx lashkari bilan otasi yordamiga oshiqqan edi… Otasi dunyoni shahidlik bilan tark etgach, Xurramshoh ham oxirat sari shitob bilan ketdi. Xurramshohdan nasl qolmadi».

Tomirlarida uch tomonlama chingiziy va temuriylar qoni yurib turgan Xurramshoh shoh Ismoil Balx sari yurmasdan burun Samarqandga qaytadi. U tog’asi safaviylar yordamida Samarqandni egallagan 1511 yil kuzidan oldin, ya’ni o’sha yil yozida Samarqandda hayotdan ko’z yumadi. Bilamizki, bu shaharda Bobur yana olti oy taxtda o’tirgan.

Ayni hodisalar paytida Samarqandda istiqomat qilib turgan va o’sha davr voqealarini «Suluk ul-muluk» asari muqaddimasida aks ettirgan Ruzbehon Isfahoniy shayboniylarning Turkistonga qochib ketgani, 1512 yil aprelida esa ularning yana qaytib kelib, Buxoroga yaqin Ko’li Malik yonidagi jangda Boburni yengib, mamlakatni qaytadan qo’lga kiritgach, shaharu tumanlarni o’zaro taqsimlashgani hamda Boburning o’sha davr ichidagi hukmdorlik faoliyatini batafsil yozib, shayboniy xonzoda va sultonlari nomini bir-bir va qayta-qayta tilga olarkan, Xurramshoh nomini biron marta ham zikr etmaydi. Agar Xurramshoh bu paytda tirik bo’lganda unga ham ona boshqa akasi Temur sulton va uning o’g’illari, ona boshqa ukasi Sevinch Muhammad sulton kabi Samarqanddagi sheriklik taxti yoki kamida biror viloyat va tuman hokimligi berilgani qayd etilgan bo’lardi. (Akademik Bo’rivoy Ahmedov ham «Istoriya Balxa» kitobida tahlil va izohsiz bo’lsa-da, Xurramshohning tug’ilish va vafoti sanasini 1502-1511 yillar shaklida ko’rsatgan.)

Bobur va uning qarindoshlari yoki, umuman, tarixiy siymolar haqida fikr yuritganda yozma manbalarga murojaat qilinsa, o’tmish haqidagi tasavvurimiz yana ham boyigan, ajdodlarimiz hurmati ham joyiga qo’yilgan va tarixiy haqiqat oydinlashgan bo’lardi.

«Ma’rifat» gazetasidan olindi

03

(Tashriflar: umumiy 544, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring