Bashorat Otajonova. She’rlar

0045   Башорат Отажонова шеърлари (форс шеъриятидан қилган таржималари) кутубхонамиз саҳифаларида бир неча марта эълон қилинган. Ҳар гал шоира шеърлрини ўқиганим сайин кўнглим ёришиб борган эди. Бугун унинг янги шеърлари тақдим этилмоқда.

Башорат Отажонова
ШЕЪРЛАР
07

Башорат Отажонова 1986 йил 13 февралда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида ўқиган. Ҳозир «Бошланғич таълим» журналида бўлим муҳаррири вазифасида ишлайди.
У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Зоминда ўтказилган истеъдодли ёш ижодкорларнинг 7-анъанавий анжуманида «Юксак бадиий тасвир воситалари учун» номинацияси бўйича совриндор бўлган (2003). Таълим соҳаси муаммоларини ёритишдаги салмоқли ҳиссаси учун Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган (2017). Шеърлари ва таржималари республика нашрларида чоп этилган.

07

***

Соябон.003
Кўнглингдек эзилган чипта.
Бир йўл — ҳижронингдек аччиқ ва узун.
Келдим эшигингга қайта ва қайта,
Яна дайди шамол каби бош уриб.

Сўнг чиптани йиртдим.
Сен эса мажҳул.
Ҳайрон боқдинг менга ва ҳўл оламга.
Айт, чипта керакми манзили тугул
Умидин йўқотган одамга?!

Кетдим,
Оёғимни ёдингга тираб,
Чекинмасми руҳимдаги карахтлик?
Ортимдан эргашди лаблари титраб
Елкалари ивиб кетган дарахтлар.

Соялар,
Шарпалар,
Ҳаттоки ранглар
Кетдилар ўзини олиб мен билан.
Ёмғирлар довуши аро жаранглаб
Парчаланди ярим кеча ортимда.

Соябон тўкилди…
Йўл эса узу-у-у-н.
Ичимда мунаввар туйғу тирилди.
Сўнг қайтдим.
Қайғурма, эй кўнглим ҳузун,
Мен сенгамас, энди ўзимга келдим.

Қўлимда бир чипта,
Сенга узатдим…

***

Ўттиз йилки, ичимда сир,
Аро йўлда сарсон кўнглим.
Булбуллар “Чилёсин” ўқир —
На-да ўлдим, на тирилдим.

Кўнглим — тушунарсиз китоб,
Кўнглим азал йиғлоқи най.
Лабларинга тегса ногоҳ
Титраб-титраб сўз тўкилгай.

Бу сўзларда борсан — ҳушман,
Бу сўзлардан кетсанг беҳуш.
Ҳар тун чиқиб чиқиб тушларимдан,
Сен ҳақда куйлайдир бир қуш.

Олов сачрар, нафас бордай…
Нафас йўқдай…
Ишқ — табибим.
Гар сочилиб кетсам пардай,
Тер, Ҳабибим!

Бу йўллар висолга элтар…
Ўлим нима?
Тириклик не?
Кўнглимга сал босанг етар,
Эй, Ишқ!
Кел, де…

***

Бу кўҳна бекатда нега тўхтадим,
Қаердан қаерга боряпман ҳайрон?
Мен кимман,
Кўксимда титраётган Ким,
Бунчалар каттариб кетяпти осмон?

Мен — йўлман,
Ёдингдай чўзилган йўл бу…
Сенинг ҳижронингдай ёруғ манзилман.
Кўксимда титраган эй мунир Жоду,
Қўлларингда кўнгли чизилган Гулман.

Бу кўҳна бекатда ишқ илми пинҳон…
Ўзингдан ўзингга боряпман ташна.
Тўхтасам, каттариб кетяпти осмон,
Агар юрсам, осмон — кўнглимнинг нақши.

Мен сенга боряпман…

***

Сенли ҳаволарда тўзғийди мезон,
Ўзгарар кунларнинг ям-яшил ранги.
Деразанг ортида баҳайбат осмон
Кафтимдай ойнага боқади ғамгин.

(Кўзимга кўзгу тут,
мен нур истарам!)

Ҳаддига эрк берар нимжон шабада —
Парда ошкор қилар уйни ва сени…
Ниҳоят эсладим кетганинг бадар
Ва сени жаннатдан ҳайдаган сирни.

(Сен билан бу сирни
ечмоқ истарам!)

Ортингдан эргашиб келдим атайлаб…
Мева йўқ,
Таъқиқ йўқ,
Сен бор — Гуноҳ бор!
Деразанг ортида…
Куз сувларида
Чайқалиб оқади олмалар.

(Таъқиқ қўй…
Мен эса гуноҳ истарам!)

***

Кўнгил ичида бир гул,
Гулнинг ичида кўнгил…

(На сен борсан, на мен йўқ)

Кўзгу ичида осмон,
Осмон ичида кўзгу…

(На сен борсан, на мен йўқ)

Қушнинг кўзида бир туш,
Тушнинг ичида бир қуш…

(На сен борсан, на мен йўқ)

Кўзимни юмсам сен бор,
Кўзимни очсам сен йўқ.
Кўзингни очсанг мен бор,
Кўзингни юмсанг мен йўқ.
Қара, сен-у мен жумбоқ
Ибтидодан интиҳо:

На мен йўқман, на сен бор!

***

Сендан олисларда
Сендан бехабар
Кўзларингдек тиниқ мезон сувида
Қирмизи балиқлар сузади ҳорғин.

Мендан олисларда
Мендан бехабар
Менга деб ўстирган
Масиҳ гулларинг
Жон берар бирма-бир
Кўзинг ўнгида.

Сен — менинг сиримсан,
Мен — сенинг сиринг.
Яхшики бу сирни
билмайди ҳеч ким:
на ҳорғин балиқлар,
на масиҳ гуллар.

* * *

Ҳавосан —
Кўксимда титраган нафас.
Нафассан —
Кўксимда тўлғонган ҳаво.
Келсанг,
Сочимдан то товоним сармаст,
Кетсанг,
Сочимдан то товоним хато.

Қушман —
Манзилини йўқотган Дилман,
Дилман —
Манзилидан қочган телба Қуш.
Ёдингни сипқориб ичсам кўнгилдан,
ғуборлар кетгайдир.
Қуш яна сархуш.

Гулгун косаларда чайқалмоқда май.
Эй, Нафас!
Кўксимни тўлдир бир нафас.
Кел-ей…
Келганингни ҳеч қачон билмай,
Билмай юрагингни айлайин сармаст.
Бир нафасга келгин…

* * *

«Апрел ҳайратлари» туркумидан

Кўчаларда кўҳна сеҳргар каби
Апрел сайр бошлар қўлида сават.
Ранг сочар,
Рангларни ариқлар лаби
Кийиб бораверар қаватма-қават.

Булутлар кўнгилдай кўпирар, тошар,
Ёмғир сепалайди — илиқ ва хушбўй.
Оқкўнгил далалар яна тўй бошлар,
Яшиллар, сариқлар, пуштилар ўйнар.

Майда япроқларнинг ораларида
Ўзига зеб бериб, унутиб ғамни
Миттигина булбул улкан қалб билан
Қўшиқлар тўқийди янгидан-янги.

Гуллар тақиб олар ёқасига йўл.
Тупроқ майин ёмғир ҳўплаб тўйинар.
Шабада бир қитмир боладай нуқул
Ўйнар сиренларнинг тонгги бўйини.

Апрел сайр қилар — кўҳна сеҳргар,
Қўлида бир сават —
Сочилар ранглар.
Ва унинг ортидан уйғониб кетар
Қадимий афсунлар жарангги…

* * *

«Мен қайтиб келаман…»
Ҳавода сигара тутуни каби
Хира ҳалқaланди меҳрибон товуш.
Жилмайдинг шунчалар сўлим… табиий,
Жилмайдим шунчалар сохта ва нохуш.

Ортингда мен қолдим
Ва мени қучиб
Тўрт девор.
Бир тақвим.
Қирмизи гуллар.
Бир гала қуш каби ойнадан учиб
Ташқарига чиқди парда гуриллаб.

Дераза силкиниб сакради пастга.
Эшик оғир кўчди.
Чайқалди.
Сўнгра
пиллапояларни эргаштирганча
Оний лаҳзаларда йўқолди кўздан.

Деворда серраяр ўн икки ой — йил.
Ҳар лаҳза минг соғинч этади тақдим.
Учинчи, тўртинчи, бешинчи апрель…
(Бунчалар тартибни суймаса тақвим?!)

Юлқиб олдим.
Ичи қора рақамлар
Кафтимдан сочилиб кетдилар атай.
Кел…
Тартиблаб бергил энди тақвимни,
Ҳисобдан адашиб кетдим бутунлай.

* * *

Дуч келган шарпага ўзимни урдим,
Мен кесиб ўтмаган соя қолмади.
Кўнглимда тўполон бошлаган сирдан
Хабардор бўлдинг-у
Хабар олмадинг.

Шамоллар уйғонди урён ва гирён,
Совурилиб кетдим ярим нафасда.
«Менинг телба кўнглим — кўзлари осмон…»
Териб яна солдим эски қафасга.

Чақмоқ кўзларимда илдизлар ёйди,
Ишқнинг суратини теранроқ кўрдим.
Ичимга мунаввар ёмғирлар ёғди…
Қайга беркитаман энди бу сирни?!

Кўнглим гуллаб кетди қафас ичинда.
Кўнглим тўкилмасдан гулбарглар аро
хабар ол!
Бу сирни бирга ечайлик,
Эй, мусибат савдо —
Эй, гўзал ғавғо!

***

Ой товушсиз синди.
Титраб кетди сув.
Юлдузлар сочилди — жонсарак қушлар.
Олисларга боқиб бир-бир жон берар
Искандар сирини ютган қамишлар.

Увада булутлар сузади ҳорғин,
Узоқларга — сўнгги манзил қоралаб.
Қунишиб мудрайди хаста Ноябрь
Яланғоч тутларнинг ораларида.

Намхуш кўчаларда судралар шамол.
Қишлоқ пинак бузмас,
Ширин туш кўрар.
Тушига дарёда чўмилаётган
Содда кампирларнинг ёшлиги кирар.

Тераклар учида изғирин изғир,
Мўрилар йўталар тутун қайтариб.
Шу кеча овозин сўнгги бор созлаб,
Куз ҳаёт ҳақида қўшиқ айтади.

004Bashorat  Otajonova sheʼrlari (fors sheʼriyatidan qilgan tarjimalari) kutubxonamiz sahifalarida bir necha marta eʼlon qilingan. Har gal shoira sheʼrlrini oʻqiganim sayin koʻnglim yorishib borgan edi. Bugun uning yangi sheʼrlari taqdim etilmoqda.

Bashorat Otajonova
SHEʼRLAR
07

Bashorat Otajonova 1986 yil 13 fevralda Fargʻona viloyatining Buvayda tumanida tugʻilgan. Oʻzbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetida oʻqigan. Hozir “Boshlangʻich taʼlim” jurnalida boʻlim muharriri vazifasida ishlaydi.
U Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan Zominda oʻtkazilgan isteʼdodli yosh ijodkorlarning 7-anʼanaviy anjumanida “Yuksak badiiy tasvir vositalari uchun” nominatsiyasi boʻyicha sovrindor boʻlgan (2003). Taʼlim sohasi muammolarini yoritishdagi salmoqli hissasi uchun Oʻzbekiston jurnalistlari ijodiy uyushmasining Faxriy yorligʻi bilan taqdirlangan (2017). Sheʼrlari va tarjimalari respublika nashrlarida chop etilgan.

07

***

Soyabon.003
Koʻnglingdek ezilgan chipta.
Bir yoʻl — hijroningdek achchiq va uzun.
Keldim eshigingga qayta va qayta,
Yana daydi shamol kabi bosh urib.

Soʻng chiptani yirtdim.
Sen esa majhul.
Hayron boqding menga va hoʻl olamga.
Ayt, chipta kerakmi manzili tugul
Umidin yoʻqotgan odamga?!

Ketdim,
Oyogʻimni yodingga tirab,
Chekinmasmi ruhimdagi karaxtlik?
Ortimdan ergashdi lablari titrab
Yelkalari ivib ketgan daraxtlar.

Soyalar,
Sharpalar,
Hattoki ranglar
Ketdilar oʻzini olib men bilan.
Yomgʻirlar dovushi aro jaranglab
Parchalandi yarim kecha ortimda.

Soyabon toʻkildi…
Yoʻl esa uzu-u-u-n.
Ichimda munavvar tuygʻu tirildi.
Soʻng qaytdim.
Qaygʻurma, ey koʻnglim huzun,
Men sengamas, endi oʻzimga keldim.

Qoʻlimda bir chipta,
Senga uzatdim…

***

Oʻttiz yilki, ichimda sir,
Aro yoʻlda sarson koʻnglim.
Bulbullar “Chilyosin” oʻqir —
Na-da oʻldim, na tirildim.

Koʻnglim — tushunarsiz kitob,
Koʻnglim azal yigʻloqi nay.
Lablaringa tegsa nogoh
Titrab-titrab soʻz toʻkilgay.

Bu soʻzlarda borsan — hushman,
Bu soʻzlardan ketsang behush.
Har tun chiqib chiqib tushlarimdan,
Sen haqda kuylaydir bir qush.

Olov sachrar, nafas borday…
Nafas yoʻqday…
Ishq — tabibim.
Gar sochilib ketsam parday,
Ter, Habibim!

Bu yoʻllar visolga eltar…
Oʻlim nima?
Tiriklik ne?
Koʻnglimga sal bosang yetar,
Ey, Ishq!
Kel, de…

***

Bu koʻhna bekatda nega toʻxtadim,
Qayerdan qayerga boryapman hayron?
Men kimman,
Koʻksimda titrayotgan Kim,
Bunchalar kattarib ketyapti osmon?

Men — yoʻlman,
Yodingday choʻzilgan yoʻl bu…
Sening hijroningday yorugʻ manzilman.
Koʻksimda titragan ey munir Jodu,
Qoʻllaringda koʻngli chizilgan Gulman.

Bu koʻhna bekatda ishq ilmi pinhon…
Oʻzingdan oʻzingga boryapman tashna.
Toʻxtasam, kattarib ketyapti osmon,
Agar yursam, osmon — koʻnglimning naqshi.

Men senga boryapman…

***

Senli havolarda toʻzgʻiydi mezon,
Oʻzgarar kunlarning yam-yashil rangi.
Derazang ortida bahaybat osmon
Kaftimday oynaga boqadi gʻamgin.

(Koʻzimga koʻzgu tut,
men nur istaram!)

Haddiga erk berar nimjon shabada —
Parda oshkor qilar uyni va seni…
Nihoyat esladim ketganing badar
Va seni jannatdan haydagan sirni.

(Sen bilan bu sirni
yechmoq istaram!)

Ortingdan ergashib keldim ataylab…
Meva yoʻq,
Taʼqiq yoʻq,
Sen bor — Gunoh bor!
Derazang ortida…
Kuz suvlarida
Chayqalib oqadi olmalar.

(Taʼqiq qoʻy…
Men esa gunoh istaram!)

***

Koʻngil ichida bir gul,
Gulning ichida koʻngil…

(Na sen borsan, na men yoʻq)

Koʻzgu ichida osmon,
Osmon ichida koʻzgu…

(Na sen borsan, na men yoʻq)

Qushning koʻzida bir tush,
Tushning ichida bir qush…

(Na sen borsan, na men yoʻq)

Koʻzimni yumsam sen bor,
Koʻzimni ochsam sen yoʻq.
Koʻzingni ochsang men bor,
Koʻzingni yumsang men yoʻq.
Qara, sen-u men jumboq
Ibtidodan intiho:

Na men yoʻqman, na sen bor!

***

Sendan olislarda
Sendan bexabar
Koʻzlaringdek tiniq mezon suvida
Qirmizi baliqlar suzadi horgʻin.

Mendan olislarda
Mendan bexabar
Menga deb oʻstirgan
Masih gullaring
Jon berar birma-bir
Koʻzing oʻngida.

Sen — mening sirimsan,
Men — sening siring.
Yaxshiki bu sirni
bilmaydi hech kim:
na horgʻin baliqlar,
na masih gullar.

* * *

Havosan —
Koʻksimda titragan nafas.
Nafassan —
Koʻksimda toʻlgʻongan havo.
Kelsang,
Sochimdan to tovonim sarmast,
Ketsang,
Sochimdan to tovonim xato.

Qushman —
Manzilini yoʻqotgan Dilman,
Dilman —
Manzilidan qochgan telba Qush.
Yodingni sipqorib ichsam koʻngildan,
gʻuborlar ketgaydir.
Qush yana sarxush.

Gulgun kosalarda chayqalmoqda may.
Ey, Nafas!
Koʻksimni toʻldir bir nafas.
Kel-yey…
Kelganingni hech qachon bilmay,
Bilmay yuragingni aylayin sarmast.
Bir nafasga kelgin…

* * *

“Aprel hayratlari” turkumidan

Koʻchalarda koʻhna sehrgar kabi
Aprel sayr boshlar qoʻlida savat.
Rang sochar,
Ranglarni ariqlar labi
Kiyib boraverar qavatma-qavat.

Bulutlar koʻngilday koʻpirar, toshar,
Yomgʻir sepalaydi — iliq va xushboʻy.
Oqkoʻngil dalalar yana toʻy boshlar,
Yashillar, sariqlar, pushtilar oʻynar.

Mayda yaproqlarning oralarida
Oʻziga zeb berib, unutib gʻamni
Mittigina bulbul ulkan qalb bilan
Qoʻshiqlar toʻqiydi yangidan-yangi.

Gullar taqib olar yoqasiga yoʻl.
Tuproq mayin yomgʻir hoʻplab toʻyinar.
Shabada bir qitmir boladay nuqul
Oʻynar sirenlarning tonggi boʻyini.

Aprel sayr qilar — koʻhna sehrgar,
Qoʻlida bir savat —
Sochilar ranglar.
Va uning ortidan uygʻonib ketar
Qadimiy afsunlar jaranggi…

* * *

“Men qaytib kelaman…”
Havoda sigara tutuni kabi
Xira halqalandi mehribon tovush.
Jilmayding shunchalar soʻlim… tabiiy,
Jilmaydim shunchalar soxta va noxush.

Ortingda men qoldim
Va meni quchib
Toʻrt devor.
Bir taqvim.
Qirmizi gullar.
Bir gala qush kabi oynadan uchib
Tashqariga chiqdi parda gurillab.

Deraza silkinib sakradi pastga.
Eshik ogʻir koʻchdi.
Chayqaldi.
Soʻngra
pillapoyalarni ergashtirgancha
Oniy lahzalarda yoʻqoldi koʻzdan.

Devorda serrayar oʻn ikki oy — yil.
Har lahza ming sogʻinch etadi taqdim.
Uchinchi, toʻrtinchi, beshinchi aprel…
(Bunchalar tartibni suymasa taqvim?!)

Yulqib oldim.
Ichi qora raqamlar
Kaftimdan sochilib ketdilar atay.
Kel…
Tartiblab bergil endi taqvimni,
Hisobdan adashib ketdim butunlay.

* * *

Duch kelgan sharpaga oʻzimni urdim,
Men kesib oʻtmagan soya qolmadi.
Koʻnglimda toʻpolon boshlagan sirdan
Xabardor boʻlding-u
Xabar olmading.

Shamollar uygʻondi uryon va giryon,
Sovurilib ketdim yarim nafasda.
“Mening telba koʻnglim — koʻzlari osmon…”
Terib yana soldim eski qafasga.

Chaqmoq koʻzlarimda ildizlar yoydi,
Ishqning suratini teranroq koʻrdim.
Ichimga munavvar yomgʻirlar yogʻdi…
Qayga berkitaman endi bu sirni?!

Koʻnglim gullab ketdi qafas ichinda.
Koʻnglim toʻkilmasdan gulbarglar aro
xabar ol!
Bu sirni birga yechaylik,
Ey, musibat savdo —
Ey, goʻzal gʻavgʻo!

***

Oy tovushsiz sindi.
Titrab ketdi suv.
Yulduzlar sochildi — jonsarak qushlar.
Olislarga boqib bir-bir jon berar
Iskandar sirini yutgan qamishlar.

Uvada bulutlar suzadi horgʻin,
Uzoqlarga — soʻnggi manzil qoralab.
Qunishib mudraydi xasta Noyabr
Yalangʻoch tutlarning oralarida.

Namxush koʻchalarda sudralar shamol.
Qishloq pinak buzmas,
Shirin tush koʻrar.
Tushiga daryoda choʻmilayotgan
Sodda kampirlarning yoshligi kirar.

Teraklar uchida izgʻirin izgʻir,
Moʻrilar yoʻtalar tutun qaytarib.
Shu kecha ovozin soʻnggi bor sozlab,
Kuz hayot haqida qoʻshiq aytadi.

003

(Tashriflar: umumiy 1 026, bugungi 1)

1 izoh

  1. Bashoratning she’rlari rang-barangligi, o`ziga xos ohangdorligi va tasvirlarga, falsafaga boyligi bilan bugungi yoshlar she’riyatidan ajralib turadi.

Izoh qoldiring