Bashorat Otajonova. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.06.20_20h46m57s_001_.png   Куни-кеча шоира қизим Бахтинисо Маҳмудовадан мактуб олдим. Бахтинисо қисқагина мактубининг якунида шундай ёзибди: «Яқинда Башорат опа шеърларини ўзим учун кашф этдим. Ёзганлари бирам самимий, бирам дилбарки!..»».

Мактубни ўқидиму  ойнинг бошида Башоратнинг шеърлари ва таржималари билан танишганимни эсладим. Ташвишлар билан бўлиб, уларни сизга тақдим этишни «унутганимдан» бироз хижолат тортдим. Ўша куни Башоратнинг шеърлари  (форс шеъриятидан қилган таржималариям) жудаям ёққан, ўқиганим сайин кўнглим ёришиб борган эди. Уларни сайтда эълон қилишга ҳам тайёрлаб қўйдим. Аммо… Айни шу «аммо» учун Башорат синглимдан узр сўрайман. Ўша куни — шеърларини ўқиган куним Яратгандан унга саломатлик, ижодига барака сўраган эдим. Бугун яна бир карра эзгу тилаклар йўллаб, унинг шеърларини тақдим этаман. Яқин кунларда эса унинг таржималариниям ўқийсиз…

Бахтинисогаям алоҳида раҳмат. Мен  «унутган» шеърларни унитишга қўймагани учун. Ҳар икки шоирадан янги шеърлар, таржималар кутиб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Башорат ОТАЖОНОВА
ШЕЪРЛАР
001

   Башорат Отажонова 1986 йил 13 февралда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида ўқиган. Ҳозир «Бошланғич таълим» журналида бўлим муҳаррири вазифасида ишлайди.
У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Зоминда ўтказилган истеъдодли ёш ижодкорларнинг 7-анъанавий анжуманида «Юксак бадиий тасвир воситалари учун» номинацияси бўйича совриндор бўлган (2003). Таълим соҳаси муаммоларини ёритишдаги салмоқли ҳиссаси учун Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган (2017). Шеърлари ва таржималари республика нашрларида чоп этилган.

001

* * *

Саратон чарчади…15036570_286264865108209_4882903171855364905_n.jpg
Эски кўйлагин
Ювиб марвартакнинг шохига илди.
Сўнг менинг ёнимга — ёғоч кўприкка,
Ўзини ташлади ҳорғин ва дилгир.

Бошимизда осмон — кўнглимдай улкан,
Юлдузлар — юзимга тошган сачратқи.
Сомон йўли кезар кўзларимизда,
Юракни ёргудек ҳайрат сачратиб.

Ариқларнинг лаби — бир узууун айвон.
Майсалар кўзига қўнган пайт тушлар —
Хира булутлардан беркиниб, сувда
Ойнинг синиқлари расмга тушар.

Шундай манзарани кўзига қамаб,
Шундай манзаранинг ўтиб баҳридан —
Чарчаган саратон худди синглимдай,
Аста ухлаб қолар менинг бағримда.

Болаликни қўмсаб…
Яна тол кўчага намозшом чўкди,
Хира тортиб қолди кунларнинг кўзи.
«Арининг инига чўп суқар оқшом —
Ҳозир ажиналар кетади тўзиб».

Калима қайтариб, рангимиз ўчиб,
Аста тарқаламиз бир кўча бола.
Эшиклар ёпилар.
Қулф — катта тош
Бизни ажинадан қилар ҳимоя…

Йиллар сувдай оқди.

Толлар кесилди,
Толларнинг ортидан кетди кампирлар.
Бизни қўрқитмайди энди ажина,
Тол кўчадан кўчиб кетгандир сирлар.

Энди тол кўча ҳеч аҳамиятсиз!
Болалар — олифта! Ўйинлар мулзам…
Темир эшикларда темир қулфлар,
Гарчи ажиналар қўрқитмаса ҳам.

Яна тол кўчага сукунат чўкди,
Кундуз ёнбошлади кўзлари тиниб.
Зериккан намозшом қишлоқ оралар,
Ўша кампирларни соғиниб…

* * *

Синглимга

Бизни қишлоқ туғди!
Яшил далалар,
Кўнглимизни варрак қилиб учирди!
Булутларни ёрдик содда болалар,
Осмон кўзимизга ҳайрат кўчирди.

Тобора баландлаб учдик,
Варракнинг
Ипи чувалашди.
Қишлоқ мунғайди.
Сўнг топа олмади излаб, дараклаб,
Қуёшга йўл олдик биз — икки дайди.

Қуёш — бўйдоқ шаҳар —
Олифта ва тунд!
Орзуларни экдик — худди юлдузлар.
Энди биз шаҳарлик, болалик унут,
Сочларига попук қадалган қизлар.

Ҳар оқшом йўлларга кўз тикар қишлоқ,
Кутволгани чиқар бақатераклар.
Бизлар шеър тўқиймиз унга бағишлаб,
Шаҳарда адашган содда варраклар.

Пойига тиз чўкиб сўрайлик узр,
Шўртепа — йўлимиз пойлаган ватан.
Варракдай бағрига учайлик,
Ахир
Бизни қишлоқ туққан!!!

* * *

Эгатларда девдай баҳайбат,
Изғиб юрар қирчиллама кун.
Дала — иссиқ нон тўла сават,
Қуёш — тандир.
Пуркайди афсун.

Булутларни еб қўйган осмон,
Ёмғирларни кўрар тушида.
Баргчаларни бағрига босиб,
Бедапоя кетар ҳушидан.

Ўтлоқзорлар — яшил йўлаклар,
Қирғоқларга ўзини урар.
Ариқларда кумуш кўйлакда,
Сув синдириб нурлар югурар.

Лоҳасланган мажнуна толлар,
Бошларини эгар қуйироқ.
Қуёш эллик даража элар,
Тўлғонади ингичка сўқмоқ.

Кун куяди.
Чарчаган дала,
Оташнафас кунларни ютар.
Тутқаторлар оралаб кўҳна
Сукунатлар пинакка кетар…

* * *

Бугун тонгда баҳор уйғонди!

Деразанинг ёриқларидан,
Сизиб кирди ўрнимгача март.
Ташқарида оғироёқ боғ —
Дарахтларни тутаётир дард!

Бугун тонгда баҳор уйғонди!

Тунда ёзни туш кўрган қуёш,
Баданида илиқлик сезди —
Ним табассум ҳавони ёриб,
Изғириннинг заҳрини кесди.

Бугун тонгда баҳор уйғонди!

Чевар хола — Табиат тикди,
Майсалардан яшил дастурхон.
Гул қадади ораларига
Бинафша ва қоқиўтлардан!

Бугун тонгда баҳор уйғонди!

Деразанинг ёриқларидан,
Кўнглимгача оқиб кирди март.
Уйғондим-у…
Ҳислар уйғонди,
Юрагимда бошланмоқда дард!

Юрагимни баҳор уйғотди!!!

* * *

Қуёшни уйига кузатар туман,
Тераклар пойига чўкиб борар нур.
Куз — бизни айирган сариқ ёсуман,
Боғ четида кузни қарғайди ғурур.

Ёмғирлар қўйнидан тўкилган тилак,
Сочимни бўяйди камалак рангга.
Сукунатни қучиб мудрайди йўлак,
Сарғайган хазонлар — ғийбатчи янга.

Боғ…
Мажнунтол ости…
Икки ўриндик.
Бағрида зерика бошлайди шамол.
Куз — етим қолган қиз, кўйлаги йиртиқ,
Куз — барглар қўйнида беркинган хаёл…

* * *
(Шалолага)
Осмон — муҳаббатга лиммо-лим юрак,
Юлдузлар — ундаги сирларнинг акси.
…Яна пайдо бўлди тилсимли йўлак
ва яна ҳисларнинг бетакрор рақси.

Саргашта боғларга хазонлар чўкди,
Яна кўзларини намлади само.
Қизнинг юрагига армонлар тўкди,
Рангин туйғуларга кўмилган дунё.

Китобда яшади, севди, севилди,
Умрини башт этди дақиқаларга.
«Менинг баҳодирим…» шивирлади у,
Соғинчлар тўкилди саҳифаларга.

Дераза ортида… Қизнинг ёнида
Юрагига жойлаб бутун осмонни,
Мунг тўла кўзларга интизор эди:
Унинг баҳодири — унинг армони.

Яна юлдузларни яширди осмон,
Яна деразага урилди шамол.
Қизнинг нигоҳлари ўт олди бирдан,
«Сен — кўнгил гуноҳи,
кетяпман, хуш қол,

менинг баҳодирим…» шивирлади. У
Совуқдан жунжикиб китобни ёпди.
Дераза ортида… Қиздан узоқда,
Таниш киприкларни қировлар ўпди.

…Яна пайдо бўлди тилсимли йўлак,
Ва яна ҳисларнинг бетакрор рақси.
Яна муродига етмади эртак,
Кўксимга бош қўйди қиз яна ўксиб.

* * *

Мен — сизнинг ортингиздан шамолдек учган одам,
Ёнингизда бироз дам олгани келдим, ота!
Сиз — Ҳақнинг саройидан сайрга тушган одам,
Кўнглингизни зиёрат қилгани келдим, ота!

Ўзимни оқлагани гувоҳларим йўқ менинг,
Дунёсида ёлғизман, паноҳларим йўқ менинг.
Сочдан тирноғимгача гуноҳларим кўп менинг,
Кўнглингизда ибодат қилгани келдим, ота!

Кўксимга қаердандир тўкилаяпти бир ҳис,
Дунёнинг қувончлари пойингизга тўкар тиз.
Сизнинг энг бахтли ота, ўзимни энг бахтли қиз
бўлишимни башорат қилгани келдим, ота!

Мен — сизнинг ортингиздан шамолдек учган одам,
Ёнингизда бироз дам олгани келдим, ота!

* * *

Кўнглимни кезади Шўртепа.
Кўнглимни эзади Шўртепа.
Ненидир сезади Шўртепа.
Шунча йил изладим Шўртепа —
Якка-ю ягона, Онажон!

— Кўзингни соғиндим, келмайсан?
Юзингни соғиндим, келмайсан?
Сўзингни соғиндим, келмайсан?
Ўзингни соғиндим келмайсан?
— Ишим кўп жудаям, билмайсан!
Буям бир баҳона, Онажон!

Шиддатсиз туғёнлар ичинда,
Қуёшсиз осмонлар ичинда,
Беманзил маконлар ичинда
Айланиб, зерикдим, эҳ, чиндан!
На қилай, армонлар ичимда,
Мен ҳануз девона, Онажон!

Сочлари қор дунё, ла-ла-лай,
Юраги тор дунё, ла-ла-лай,
Бўйнимга дор дунё, ла-ла-лай,
Дардимни ол, дунё, ла-ла-лай…
Бу айлана дунё аслида —
Куй-қўшиқ, тарона, Онажон!

* * *
Ҳамидуллога

Бор эканда йўқ экан,
Оч эканда тўқ экан.
Аслида бувимдайин,
Эртак китоб йўқ экан.

Мезон. Оқшом. Сўриток.
Тераклар орасида,
Беркинмачоқ ўйнарди,
Юлдузлар норасида.

Эртакка кўмилардик,
Уйига қайтгач офтоб.
Сен, мен, Мираҳмад, Баҳри
Ва бувим — эртак китоб.

Тушларимга кирарди,
Уч оғайни ботирлар.
Бугун кўнглимни бузди,
Ўша ширин хотирлар.

Бугун юлдузсиз осмон,
Унутилган сўриток.
Биз улғайдик… Мен кетдим,
Тошшаҳарга кайфим чоғ.

Гарчи китобга дўстман,
Гарчи кўпдир эрмаклар.
Энди ўшандагидай,
Сеҳрлимас эртаклар.

…Бир бор бўлди, йўқ бўлди,
Бир оч бўлди-тўқ бўлди.
Бувимдайин сеҳрли,
Эртак китоб йўқ бўлди…

* * *

Сиз келасиз — дақиқалар ҳаяжонда,
Дукурлари уриб кетар юрагимнинг.
Кенжа ботир — йигирма йил соғинганим,
Сиз келасиз — ижобати тилагимнинг.

Кўксаманнинг туёқлари ўт сочади,
Чор тарафдан кўк тоқига олов учар.
Кенжа ботир — йигирма йил соғинганим,
Юрагимдан чорлов учар, чорлов учар.

«Девлар ўлди…» Қоф тоғидан келган жарчи
шамолларнинг тилидаги ҳандасидир.
Кенжа ботир — йигирма йил соғинганим,
Ҳақнинг мағрур бандасидир, бандасидир.

Қизғалдоқлар — олов бўлган туйғуларим,
Бойчечаклар соғинчимнинг рангларими?
Кенжа ботир йигирма йил тушдан кўриб,
Эртакларнинг орасидан танлаганим.

Йўллар узун…
Манзил олис…
Сиз яқинда…
Йўлингизга кўзин тиккан эртакчи қиз,
Кўксаманнинг туёғидан ўт чақнатиб,
Кенжа ботир сиз келасиз, сиз келасиз…

* * *

Пойимга рангларни тўкворди осмон,
Бошимдан тўкади хазонларни куз.
Қуёшли кунларни севасиз чоғи,
Юрагингиз музлаб боряпти…
Афсус…

Ўриндиқлар узра зерикар ғамлар,
Баҳорги кулгулар тушади ёдга.
Сездирмай кўнглимга келасиз кириб —
Кечинмалар содда, туйғулар содда.

Сариқни ҳижроннинг ранги дейишар,
Тобора сарғайиб боряпти рангим.
Кузга муҳаббатим бўлакча асли,
Сиз мудом баҳорсиз, эй, ранг-барангим!

Қуёшли кунларни севасиз ҳамон,
Негадир умидвор бўламан ҳануз.
Гарчи йўлларингиз баҳорга туташ,
Юрагингиз музга айланар…
Афсус…

* * *

Сизга юрагимни очмадим… Кетдим,
Сизга айро тушди ҳар битта йўлак.
Бегонам, сизсиз ҳам муродга етдим,
Фақат алдовларга кўнмади юрак.

Сизга юрагимни очмадим. Нега
Кўзимдаги сирни англамадингиз?
Тишимни тишимга қўйиб яшадим,
Мен — кўнгил кўшкида бир асранди қиз.

Кеча юрагимни очмадим. Бугун
Сизсиз осмонларим қуёшдан ҳоли.
Олисларда бахтга кўмилиб ётар,
Менинг дардларимни сезмаган ҳовли.

Телба юрагимнинг нолаларини,
Маҳзун юрагингиз билди…
Сезмади…
Ортимдан паришон кузатиб қолди,
Эзилган қаватнинг деразалари.

Мен — ёлғон ҳисларга кўникмаган қиз,
Барибир сизсиз ҳам муродга етдим.
…Нега кўзларимдан англамадингиз,
Нега юрагимни очмадим…
Кетдим?..

* * *

Тўрт тараф кўклам — баҳор,
Тўрт тараф йўл — кимсасиз.
Юракнинг туб-тубида
Уйғониб кетар бир ҳис.

Ҳув тоғларнинг ортида,
Шамолларни ҳуш кўриб.
Бир йигит ухлаб ётар,
Шамолларни туш кўриб.

Оқ тулпор, асов тулпор,
Ёллари олов тулпор.
Шу йигитнинг кўнглида
Бормикан биров, тулпор?

Тўрт тараф кўклам — баҳор,
Ёз ўтар, куз, қиш ўтар.
Кўзларига куюкиб,
Юлдузлар ботиб кетар.

Ҳув тоғларнинг ортида,
Ғами йўқ, ташвиши йўқ.
Бир йигит ухлаб ётар,
Дунё билан иши йўқ.

Оқ тулпор — олов тулпор,
Кўзларингда сир борми?
Янгиқўрғон томонда,
Чақин борми, нур борми?

Тўрт тараф кўклам. Соғинч.
Дийдорнинг йўли узун.
— Ишққа етиб бўларми?
— Ҳижроннинг қўли узун.

Ҳув тоғларнинг ортига,
Кўчиб боряпти кўнгил.
Ўзининг дунёсидан,
Кечиб боряпти кўнгил.

Бепарво мағрур юрак,
Ухлар кайфи чоғ, тулпор.
Шу юракнинг эгасин,
Уйғотиб бер, оқ тулпор!

Уйғотиб бер, оқ тулпор!
Уйғотиб бер, оқ тулпор!

* * *

Жунжикиб кўнглимга кирди декабрь,
Елкамда қировлар эриди дилхун.
Баҳорга интиққан турналар каби,
Мен сизни эринмай кутяпман бугун.

Хазонлар ҳавода қотди муаллақ,
Кунларнинг кўзидан ўтди изғирин.
Кўнглимда соғинчлар гулади оппоқ,
Мен сизни эринмай кутяпман бугун.

Мовий ўриндиққа мусича қўнди,
Дунё — шу қушларнинг кўзидай маҳзун…
Хонамни муаттар гулларга кўмиб,
Мен сизни эринмай кутяпман бугун.

Атрофда ястаниб ётар қаҳратон,
Масофа қаҳратон тунидай узун.
Ишонинг, кўкламга етамиз омон,
Мен эса эринмай кутяпман бугун.

Жунжикиб кўнглимга кирди декабрь,
Елкамда қировлар эриди дилхун…

* * *

Қўллари совуқдан кўкариб январь,
Кўчаларга тўшар музли кўрпасин.
Телефон олисдан хушхабар йўллар:
«Уканг бораяпти сени кўргани!»

«Неча довон ошиб, неча тоғ ошиб,
Қўқон шамолидек шиддат-ла шошиб.
Соғинчи соғинчим билан туташиб,
Укам келаяпти мени кўргани?»

Кўнглим — оромкурси,
Бир пас ол-да тин,
Январь — меҳрибоним, шаштингдан тушгин.
Хуш таъбирдай, кеча кўрилган тушдан,
Укам келаяпти мени кўргани!

Маккора ташвишлар, йўл беринг қани,
Икки ойки, фақат сизни ўйладим.
Юпун юрагимнинг иссиқ кўйлаги —
Укам келаяпти мени кўргани.

Дийдор, бу — кўнгилга бергувчи таскин,
Йўллар менга элтар ёруғлик қадрин.
Оламга анқитиб меҳрнинг атрин,
Укам келаяпти мени кўргани.

Қўллари совуқдан кўкариб январь,
Кўчаларга тўшар муздек кўрпани.
Қўқондан шамолдек елди хушхабар:
«Уканг бораяпти сени кўргани!..»

* * *

Келсангиз…
Тангрининг эшикларидан,
Лайлатул-қадрдай учиб келсангиз.
Самонинг илоҳий кўшкларидан,
Кўнглимга бутунлай кўчиб келсангиз.

Жаннат булоқлари юзимни чайса,
Сочимдан тўкилиб кетса гуноҳлар.
Тангри сиздан менга юборган майса,
Ташна юрагимга тўкса титроқлар.

Келсангиз…
Кўзларим бўлса бахтиёр,
Кулгуларингизда оқиблар кетсам.
Кўксимдан сачраган бахт гулханида,
Ғариб дунёларни ёқиблар кетсам.

Етмиш қават аршни кезсак саросар,
Ишққа кўмсак кўнгил кўчаларини.
Булутларни ҳайдаб меҳрибон қамар,
Илинса энг ёруғ кечаларини.

Келсангиз…
Давом этаверса сўнгсиз эртагим,
Тангри ҳукм қилса, сизники бўлсам.
Кейин, майли, ишққа тўлиб юрагим,
Ўлсам, кўзингизга тикилиб ўлсам…

Келсангиз…

* * *

Қора кўрпа ёпиниб,
Кун кетади пинакка.
Бувим айтган Ҳунарманд,
Ойни қоқар фалакка.

Бақаларнинг овози,
Юрагимни эзяпти.
Катта ёнғоқ тагида,
Шарпаларми кезётган?

Мен бувимнинг тобора,
Суқиламан пинжига.
Тол кўчада тумандай,
Тўзиб ётар ажина.

Эртак бошлайди бувим:
«Баҳайбат Дев, кўҳи Қоф…»
Айни авжига чиққан
Жойида қолар ухлаб.

Ойнинг ранги оқарар,
Юлдузчалар титрайди.
Ухлолмайман. Ухлатмас
Чирилдоқ — митти дайди.

Мен бувимнинг тобора,
Суқиламан пинжига.
Тол кўчада тумандай,
Тўзиб ётар ажина.

Туш кўраман… “Қоф тоғин
Эзғилайман тарра*дай.
Ўлакса Дев, митти Дев,
Қулаб тушар дарага…”

Мен — қаҳрамон! Пинжимга
Суқилади юлдузлар.
Юрагимда бирлашиб,
Айланади кундузга!

* * *

Чиқмаган киннадай буралар кунлар,
Совуқ дақиқалар олар бўғзимдан.
Ранглари униққан деворлар кулар…
Зерикиб кетяпман ўзимдан.

Хайр, шовқинларни кийволган шаҳар,
Кўнглимга боқмадинг шунча йил яшаб.
Садоқатли дўстдай эргашар саҳар,
Мен эса кетарман довонлар оша.

Ҳаловатлар излаб кетаётибман,
Кўксимни аждардек емоқда ғамлар.
Қўнғир пушталарга сув тараётган,
Дадам юрагимни эҳтимол англар.

Зерикиб кетяпман ўзимдан…

* * *

Биламан, сиз ишқнинг эрмаги,
Ҳижроннинг пойига чўккан қиз.
Биласиз, мен ўша — юраги,
Тупроққа кўмилиб кетган из.

Куласиз, киприклар қайрилиб,
Тўкилиб кетади нигоҳлар.
Куламан, Ой сиздан айириб,
Кўнглимни ўғлига никоҳлар.

Йиғлайман, йиғлатиб осмонни,
Юракда мунғаяр изтироб.
Қуёшга отаман ҳижронни,
Ўртада титрайди дил — шароб.

Кетасиз, сиз яна алдоқчи,
Чинқириб юборар йўлаклар.
Кетаман, тун гўё қароқчи,
Ортимдан тонггача эрмаклар.

Кетасиз, ҳасратнинг чўлида,
Менсиз ҳам яшайсиз бемалол.
Менда сиз қолдирган биргина,
Армондан тўқилган дастрўмол…

* * *

Энди ишқнинг кўшкида,
Қолмоқ малол, азизим.
Сен менга туш, мен сенга
Бедор хаёл, азизим.

Бизлар бахтга бегона,
Бизлар ишққа ўгайми? —
Юрагимда инграйди,
Мангу савол, азизим.

Ишқ — дунёни унутмоқ,
Ишқ — тирилмоқ қайтадан!
Ҳижроннинг қўлларида,
Ҳислар увол, азизим.

Кўнглимизда кўз очган,
Энг покиза тилаклар.
Кўзда ёши айланиб,
Топди завол, азизим.

Оқ шомларнинг кўксини,
Тилиб ўтар хўрсиниқ.
Орзуларни туш кўриб,
Тонглар хушҳол, азизим.

Тоқ заминга жуфт армон,
Келар малол, азизим.
Юлдузларнинг сайрига,
Кетдим хуш қол, азизим.

* * *

Ҳозир тутлар ғарқ пишган маҳал,
Юрагимда етилган сўздай.
Шўртепанинг далаларини,
Келинчакдай безантирмиш май.

Гўё қизлар тўйган ошиққан —
Бир-бирини қувлар булутлар.
Новдаларда шарбатлар боғлаб,
Аскарлардай тизилмиш тутлар.

Табассумлар, қайғулар сунъий,
Сизни бетон уй аллалайди.
Қани, туринг, йўлга отланинг,
Эй, умримнинг авж паллалари.

Боринг, момиқ бўзтупроқларда,
Оёқяланг чопинг боладай.
Чарчасангиз, ҳуууув отамдайин,
Елкамга опичлаб оламан.

Отқулоқлар кўнглингиз олар,
Юзингиздан ўпар ялпизлар.
Шунда… юз беради мўъжиза,
Уйғонади табиий ҳислар.

Ва тўкилар ғарқ пишган тутдай,
Қоғозларга самимий сўзлар…

* * *

Авжи баҳор.
Оқтеракларга
Ўхшар эди мағрур қоматинг.
Ўзинг билиб қўлларинг билан,
Хазинангни қўйдинг йўқотиб

Авжи баҳор.
Настарин гуллар
Атир сепар. Ҳаво ширакайф.
Сен-чи, ҳушёр эдинг,
Эзилиб
Мен кўнглингдан кетаётган пайт.

Авжи баҳор.
Ажойиб баҳор!
Кафтларимда гулларди борлиқ.
Сен — саҳоват билмаган ножон,
Олиб қўйдинг севгимни тортиб.

Авжи баҳор сўлди чечаклар,
Қовжиради кўнгил — кузги боғ.
Кўп йилларнинг баҳридан ўтдим,
Мен Ўзимни топгунимча то.

Авжи баҳор.
Менга тераклар
Мағрурликни ўргатётганда —
Совуқ урган фаслдек қайтдинг,
Сен баҳорга бўлиб шарманда!

Авжи баҳор.
Руҳинг эзилди,
Мен сирғалиб хонадан чиқдим…
Кўчаларда настаринларнинг
Ҳушёр ҳаво ичмоқда атрин.

Авжи баҳор чечаклар кулар,
Юрагимнинг сезимларидан.
У жилмаяр тоза осмонда,
Ғолиб келган севгиси билан!

* * *

Гўё калаванинг учи йўқолган —
Бирам чувалашди тақдир йўлларим.
Кўнглим осмонларда адашиб қолган
Лаҳзаларда уни кўпроқ ўйладим.

Бир кун юрагимда унди ишқ — майса,
Олам ҳарир либос кийди нимпушти.
Келса, қизғалдоқдек ёндим.
Келмаса
Чап кўксимда муштдек нарса увишди.

Ёввойи гуллардай чиниқиб ўсдим,
Кўнглининг покиза оламларида.
Севгиси навқирон тоғлардай тўсди
Дунёнинг йиғлоқи аламларидан.

Бу қандай ҳис бўлди?
Нимадир оти?
Юрагим ўсяпти нурга ўралиб.
Эй, беқиёс Кулол, қандай яратдинг,
Юрагидан кўзи тоза болани?

Мана, калаванинг учи қўлимда,
Бошимни боғлади унга малаклар.
Энди аждаҳолар чиқмас йўлимдан,
Муродига етар қадим эртаклар.

Эй, беқиёс Кулол, қандай яратдинг,
Юрагидан кўзи тоза болани?..

18238668_371269816607713_4333381148522584499_o.jpgKuni-kecha shoira qizim Baxtiniso Mahmudovadan maktub oldim. Baxtiniso qisqagina maktubining yakunida shunday yozibdi: “Yaqinda Bashorat opa she’rlarini o‘zim uchun kashf etdim. Yozganlari biram samimiy, biram dilbarki!..”».

Maktubni o‘qidimu oyning boshida Bashoratning she’rlari va tarjimalari bilan tanishganimni esladim. Tashvishlar bilan bo‘lib, ularni sizga taqdim etishni “unutganimdan” biroz xijolat tortdim. O‘sha kuni Bashoratning she’rlari (fors she’riyatidan qilgan tarjimalariyam) judayam yoqqan, o‘qiganim sayin ko‘nglim yorishib borgan edi. Ularni saytda e’lon qilishga ham tayyorlab qo‘ydim. Ammo… Ayni shu “ammo” uchun Bashorat singlimdan uzr so‘rayman. O‘sha kuni — she’rlarini o‘qigan kunim Yaratgandan unga salomatlik, ijodiga baraka so‘ragan edim. Bugun yana bir karra ezgu tilaklar yo‘llab, uning she’rlarini taqdim etaman. Yaqin kunlarda esa uning tarjimalariniyam o‘qiysiz…

Baxtinisogayam alohida rahmat. Men “unutgan” she’rlarni unitishga qo‘ymagani uchun. Har ikki shoiradan yangi she’rlar, tarjimalar kutib qolaman.

Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri

Bashorat OTAJONOVA
SHE’RLAR
001

Bashorat Otajonova 1986 yil 13 fevralda Farg‘ona viloyatining Buvayda tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetida o‘qigan. Hozir «Boshlang‘ich ta’lim» jurnalida bo‘lim muharriri vazifasida ishlaydi.
U O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan Zominda o‘tkazilgan iste’dodli yosh ijodkorlarning 7-an’anaviy anjumanida «Yuksak badiiy tasvir vositalari uchun» nominatsiyasi bo‘yicha sovrindor bo‘lgan (2003). Ta’lim sohasi muammolarini yoritishdagi salmoqli hissasi uchun O‘zbekiston jurnalistlari ijodiy uyushmasining Faxriy yorlig‘i bilan taqdirlangan (2017). She’rlari va tarjimalari respublika nashrlarida chop etilgan.

001

* * *

Saraton charchadi…16602975_332881560446539_148858171864991980_n.jpg
Eski ko‘ylagin
Yuvib marvartakning shoxiga ildi.
So‘ng mening yonimga — yog‘och ko‘prikka,
O‘zini tashladi horg‘in va dilgir.

Boshimizda osmon — ko‘nglimday ulkan,
Yulduzlar — yuzimga toshgan sachratqi.
Somon yo‘li kezar ko‘zlarimizda,
Yurakni yorgudek hayrat sachratib.

Ariqlarning labi — bir uzuuun ayvon.
Maysalar ko‘ziga qo‘ngan payt tushlar —
Xira bulutlardan berkinib, suvda
Oyning siniqlari rasmga tushar.

Shunday manzarani ko‘ziga qamab,
Shunday manzaraning o‘tib bahridan —
Charchagan saraton xuddi singlimday,
Asta uxlab qolar mening bag‘rimda.

Bolalikni qo‘msab…
Yana tol ko‘chaga namozshom cho‘kdi,
Xira tortib qoldi kunlarning ko‘zi.
«Arining iniga cho‘p suqar oqshom —
Hozir ajinalar ketadi to‘zib».

Kalima qaytarib, rangimiz o‘chib,
Asta tarqalamiz bir ko‘cha bola.
Eshiklar yopilar.
Qulf — katta tosh
Bizni ajinadan qilar himoya…

Yillar suvday oqdi.

Tollar kesildi,
Tollarning ortidan ketdi kampirlar.
Bizni qo‘rqitmaydi endi ajina,
Tol ko‘chadan ko‘chib ketgandir sirlar.

Endi tol ko‘cha hech ahamiyatsiz!
Bolalar — olifta! O‘yinlar mulzam…
Temir eshiklarda temir qulflar,
Garchi ajinalar qo‘rqitmasa ham.

Yana tol ko‘chaga sukunat cho‘kdi,
Kunduz yonboshladi ko‘zlari tinib.
Zerikkan namozshom qishloq oralar,
O‘sha kampirlarni sog‘inib…

* * *

Singlimga

Bizni qishloq tug‘di!
Yashil dalalar,
Ko‘nglimizni varrak qilib uchirdi!
Bulutlarni yordik sodda bolalar,
Osmon ko‘zimizga hayrat ko‘chirdi.

Tobora balandlab uchdik,
Varrakning
Ipi chuvalashdi.
Qishloq mung‘aydi.
So‘ng topa olmadi izlab, daraklab,
Quyoshga yo‘l oldik biz — ikki daydi.

Quyosh — bo‘ydoq shahar —
Olifta va tund!
Orzularni ekdik — xuddi yulduzlar.
Endi biz shaharlik, bolalik unut,
Sochlariga popuk qadalgan qizlar.

Har oqshom yo‘llarga ko‘z tikar qishloq,
Kutvolgani chiqar baqateraklar.
Bizlar she’r to‘qiymiz unga bag‘ishlab,
Shaharda adashgan sodda varraklar.

Poyiga tiz cho‘kib so‘raylik uzr,
Sho‘rtepa — yo‘limiz poylagan vatan.
Varrakday bag‘riga uchaylik,
Axir
Bizni qishloq tuqqan!!!

* * *

Egatlarda devday bahaybat,
Izg‘ib yurar qirchillama kun.
Dala — issiq non to‘la savat,
Quyosh — tandir.
Purkaydi afsun.

Bulutlarni yeb qo‘ygan osmon,
Yomg‘irlarni ko‘rar tushida.
Bargchalarni bag‘riga bosib,
Bedapoya ketar hushidan.

O‘tloqzorlar — yashil yo‘laklar,
Qirg‘oqlarga o‘zini urar.
Ariqlarda kumush ko‘ylakda,
Suv sindirib nurlar yugurar.

Lohaslangan majnuna tollar,
Boshlarini egar quyiroq.
Quyosh ellik daraja elar,
To‘lg‘onadi ingichka so‘qmoq.

Kun kuyadi.
Charchagan dala,
Otashnafas kunlarni yutar.
Tutqatorlar oralab ko‘hna
Sukunatlar pinakka ketar…

* * *

Bugun tongda bahor uyg‘ondi!

Derazaning yoriqlaridan,
Sizib kirdi o‘rnimgacha mart.
Tashqarida og‘iroyoq bog‘ —
Daraxtlarni tutayotir dard!

Bugun tongda bahor uyg‘ondi!

Tunda yozni tush ko‘rgan quyosh,
Badanida iliqlik sezdi —
Nim tabassum havoni yorib,
Izg‘irinning zahrini kesdi.

Bugun tongda bahor uyg‘ondi!

Chevar xola — Tabiat tikdi,
Maysalardan yashil dasturxon.
Gul qadadi oralariga
Binafsha va qoqio‘tlardan!

Bugun tongda bahor uyg‘ondi!

Derazaning yoriqlaridan,
Ko‘nglimgacha oqib kirdi mart.
Uyg‘ondim-u…
Hislar uyg‘ondi,
Yuragimda boshlanmoqda dard!

Yuragimni bahor uyg‘otdi!!!

* * *

Quyoshni uyiga kuzatar tuman,
Teraklar poyiga cho‘kib borar nur.
Kuz — bizni ayirgan sariq yosuman,
Bog‘ chetida kuzni qarg‘aydi g‘urur.

Yomg‘irlar qo‘ynidan to‘kilgan tilak,
Sochimni bo‘yaydi kamalak rangga.
Sukunatni quchib mudraydi yo‘lak,
Sarg‘aygan xazonlar — g‘iybatchi yanga.

Bog‘…
Majnuntol osti…
Ikki o‘rindik.
Bag‘rida zerika boshlaydi shamol.
Kuz — yetim qolgan qiz, ko‘ylagi yirtiq,
Kuz — barglar qo‘ynida berkingan xayol…

* * *
(Shalolaga)
Osmon — muhabbatga limmo-lim yurak,
Yulduzlar — undagi sirlarning aksi.
…Yana paydo bo‘ldi tilsimli yo‘lak
va yana hislarning betakror raqsi.

Sargashta bog‘larga xazonlar cho‘kdi,
Yana ko‘zlarini namladi samo.
Qizning yuragiga armonlar to‘kdi,
Rangin tuyg‘ularga ko‘milgan dunyo.

Kitobda yashadi, sevdi, sevildi,
Umrini basht etdi daqiqalarga.
«Mening bahodirim…» shivirladi u,
Sog‘inchlar to‘kildi sahifalarga.

Deraza ortida… Qizning yonida
Yuragiga joylab butun osmonni,
Mung to‘la ko‘zlarga intizor edi:
Uning bahodiri — uning armoni.

Yana yulduzlarni yashirdi osmon,
Yana derazaga urildi shamol.
Qizning nigohlari o‘t oldi birdan,
«Sen — ko‘ngil gunohi,
ketyapman, xush qol,

mening bahodirim…» shivirladi. U
Sovuqdan junjikib kitobni yopdi.
Deraza ortida… Qizdan uzoqda,
Tanish kipriklarni qirovlar o‘pdi.

…Yana paydo bo‘ldi tilsimli yo‘lak,
Va yana hislarning betakror raqsi.
Yana murodiga yetmadi ertak,
Ko‘ksimga bosh qo‘ydi qiz yana o‘ksib.

* * *

Men — sizning ortingizdan shamoldek uchgan odam,
Yoningizda biroz dam olgani keldim, ota!
Siz — Haqning saroyidan sayrga tushgan odam,
Ko‘nglingizni ziyorat qilgani keldim, ota!

O‘zimni oqlagani guvohlarim yo‘q mening,
Dunyosida yolg‘izman, panohlarim yo‘q mening.
Sochdan tirnog‘imgacha gunohlarim ko‘p mening,
Ko‘nglingizda ibodat qilgani keldim, ota!

Ko‘ksimga qayerdandir to‘kilayapti bir his,
Dunyoning quvonchlari poyingizga to‘kar tiz.
Sizning eng baxtli ota, o‘zimni eng baxtli qiz
bo‘lishimni bashorat qilgani keldim, ota!

Men — sizning ortingizdan shamoldek uchgan odam,
Yoningizda biroz dam olgani keldim, ota!

* * *

Ko‘nglimni kezadi Sho‘rtepa.
Ko‘nglimni ezadi Sho‘rtepa.
Nenidir sezadi Sho‘rtepa.
Shuncha yil izladim Sho‘rtepa —
Yakka-yu yagona, Onajon!

— Ko‘zingni sog‘indim, kelmaysan?
Yuzingni sog‘indim, kelmaysan?
So‘zingni sog‘indim, kelmaysan?
O‘zingni sog‘indim kelmaysan?
— Ishim ko‘p judayam, bilmaysan!
Buyam bir bahona, Onajon!

Shiddatsiz tug‘yonlar ichinda,
Quyoshsiz osmonlar ichinda,
Bemanzil makonlar ichinda
Aylanib, zerikdim, eh, chindan!
Na qilay, armonlar ichimda,
Men hanuz devona, Onajon!

Sochlari qor dunyo, la-la-lay,
Yuragi tor dunyo, la-la-lay,
Bo‘ynimga dor dunyo, la-la-lay,
Dardimni ol, dunyo, la-la-lay…
Bu aylana dunyo aslida —
Kuy-qo‘shiq, tarona, Onajon!

* * *
Hamidulloga

Bor ekanda yo‘q ekan,
Och ekanda to‘q ekan.
Aslida buvimdayin,
Ertak kitob yo‘q ekan.

Mezon. Oqshom. So‘ritok.
Teraklar orasida,
Berkinmachoq o‘ynardi,
Yulduzlar norasida.

Ertakka ko‘milardik,
Uyiga qaytgach oftob.
Sen, men, Mirahmad, Bahri
Va buvim — ertak kitob.

Tushlarimga kirardi,
Uch og‘ayni botirlar.
Bugun ko‘nglimni buzdi,
O‘sha shirin xotirlar.

Bugun yulduzsiz osmon,
Unutilgan so‘ritok.
Biz ulg‘aydik… Men ketdim,
Toshshaharga kayfim chog‘.

Garchi kitobga do‘stman,
Garchi ko‘pdir ermaklar.
Endi o‘shandagiday,
Sehrlimas ertaklar.

…Bir bor bo‘ldi, yo‘q bo‘ldi,
Bir och bo‘ldi-to‘q bo‘ldi.
Buvimdayin sehrli,
Ertak kitob yo‘q bo‘ldi…

* * *

Siz kelasiz — daqiqalar hayajonda,
Dukurlari urib ketar yuragimning.
Kenja botir — yigirma yil sog‘inganim,
Siz kelasiz — ijobati tilagimning.

Ko‘ksamanning tuyoqlari o‘t sochadi,
Chor tarafdan ko‘k toqiga olov uchar.
Kenja botir — yigirma yil sog‘inganim,
Yuragimdan chorlov uchar, chorlov uchar.

«Devlar o‘ldi…» Qof tog‘idan kelgan jarchi
shamollarning tilidagi handasidir.
Kenja botir — yigirma yil sog‘inganim,
Haqning mag‘rur bandasidir, bandasidir.

Qizg‘aldoqlar — olov bo‘lgan tuyg‘ularim,
Boychechaklar sog‘inchimning ranglarimi?
Kenja botir yigirma yil tushdan ko‘rib,
Ertaklarning orasidan tanlaganim.

Yo‘llar uzun…
Manzil olis…
Siz yaqinda…
Yo‘lingizga ko‘zin tikkan ertakchi qiz,
Ko‘ksamanning tuyog‘idan o‘t chaqnatib,
Kenja botir siz kelasiz, siz kelasiz…

* * *

Poyimga ranglarni to‘kvordi osmon,
Boshimdan to‘kadi xazonlarni kuz.
Quyoshli kunlarni sevasiz chog‘i,
Yuragingiz muzlab boryapti…
Afsus…

O‘rindiqlar uzra zerikar g‘amlar,
Bahorgi kulgular tushadi yodga.
Sezdirmay ko‘nglimga kelasiz kirib —
Kechinmalar sodda, tuyg‘ular sodda.

Sariqni hijronning rangi deyishar,
Tobora sarg‘ayib boryapti rangim.
Kuzga muhabbatim bo‘lakcha asli,
Siz mudom bahorsiz, ey, rang-barangim!

Quyoshli kunlarni sevasiz hamon,
Negadir umidvor bo‘laman hanuz.
Garchi yo‘llaringiz bahorga tutash,
Yuragingiz muzga aylanar…
Afsus…

* * *

Sizga yuragimni ochmadim… Ketdim,
Sizga ayro tushdi har bitta yo‘lak.
Begonam, sizsiz ham murodga yetdim,
Faqat aldovlarga ko‘nmadi yurak.

Sizga yuragimni ochmadim. Nega
Ko‘zimdagi sirni anglamadingiz?
Tishimni tishimga qo‘yib yashadim,
Men — ko‘ngil ko‘shkida bir asrandi qiz.

Kecha yuragimni ochmadim. Bugun
Sizsiz osmonlarim quyoshdan holi.
Olislarda baxtga ko‘milib yotar,
Mening dardlarimni sezmagan hovli.

Telba yuragimning nolalarini,
Mahzun yuragingiz bildi…
Sezmadi…
Ortimdan parishon kuzatib qoldi,
Ezilgan qavatning derazalari.

Men — yolg‘on hislarga ko‘nikmagan qiz,
Baribir sizsiz ham murodga yetdim.
…Nega ko‘zlarimdan anglamadingiz,
Nega yuragimni ochmadim…
Ketdim?..

* * *

To‘rt taraf ko‘klam — bahor,
To‘rt taraf yo‘l — kimsasiz.
Yurakning tub-tubida
Uyg‘onib ketar bir his.

Huv tog‘larning ortida,
Shamollarni hush ko‘rib.
Bir yigit uxlab yotar,
Shamollarni tush ko‘rib.

Oq tulpor, asov tulpor,
Yollari olov tulpor.
Shu yigitning ko‘nglida
Bormikan birov, tulpor?

To‘rt taraf ko‘klam — bahor,
Yoz o‘tar, kuz, qish o‘tar.
Ko‘zlariga kuyukib,
Yulduzlar botib ketar.

Huv tog‘larning ortida,
G‘ami yo‘q, tashvishi yo‘q.
Bir yigit uxlab yotar,
Dunyo bilan ishi yo‘q.

Oq tulpor — olov tulpor,
Ko‘zlaringda sir bormi?
Yangiqo‘rg‘on tomonda,
Chaqin bormi, nur bormi?

To‘rt taraf ko‘klam. Sog‘inch.
Diydorning yo‘li uzun.
— Ishqqa yetib bo‘larmi?
— Hijronning qo‘li uzun.

Huv tog‘larning ortiga,
Ko‘chib boryapti ko‘ngil.
O‘zining dunyosidan,
Kechib boryapti ko‘ngil.

Beparvo mag‘rur yurak,
Uxlar kayfi chog‘, tulpor.
Shu yurakning egasin,
Uyg‘otib ber, oq tulpor!

Uyg‘otib ber, oq tulpor!
Uyg‘otib ber, oq tulpor!

* * *

Junjikib ko‘nglimga kirdi dekabr,
Yelkamda qirovlar eridi dilxun.
Bahorga intiqqan turnalar kabi,
Men sizni erinmay kutyapman bugun.

Xazonlar havoda qotdi muallaq,
Kunlarning ko‘zidan o‘tdi izg‘irin.
Ko‘nglimda sog‘inchlar guladi oppoq,
Men sizni erinmay kutyapman bugun.

Moviy o‘rindiqqa musicha qo‘ndi,
Dunyo — shu qushlarning ko‘ziday mahzun…
Xonamni muattar gullarga ko‘mib,
Men sizni erinmay kutyapman bugun.

Atrofda yastanib yotar qahraton,
Masofa qahraton tuniday uzun.
Ishoning, ko‘klamga yetamiz omon,
Men esa erinmay kutyapman bugun.

Junjikib ko‘nglimga kirdi dekabr,
Yelkamda qirovlar eridi dilxun…

* * *

Qo‘llari sovuqdan ko‘karib yanvar,
Ko‘chalarga to‘shar muzli ko‘rpasin.
Telefon olisdan xushxabar yo‘llar:
«Ukang borayapti seni ko‘rgani!»

«Necha dovon oshib, necha tog‘ oshib,
Qo‘qon shamolidek shiddat-la shoshib.
Sog‘inchi sog‘inchim bilan tutashib,
Ukam kelayapti meni ko‘rgani?»

Ko‘nglim — oromkursi,
Bir pas ol-da tin,
Yanvar — mehribonim, shashtingdan tushgin.
Xush ta’birday, kecha ko‘rilgan tushdan,
Ukam kelayapti meni ko‘rgani!

Makkora tashvishlar, yo‘l bering qani,
Ikki oyki, faqat sizni o‘yladim.
Yupun yuragimning issiq ko‘ylagi —
Ukam kelayapti meni ko‘rgani.

Diydor, bu — ko‘ngilga berguvchi taskin,
Yo‘llar menga eltar yorug‘lik qadrin.
Olamga anqitib mehrning atrin,
Ukam kelayapti meni ko‘rgani.

Qo‘llari sovuqdan ko‘karib yanvar,
Ko‘chalarga to‘shar muzdek ko‘rpani.
Qo‘qondan shamoldek yeldi xushxabar:
«Ukang borayapti seni ko‘rgani!..»

* * *

Kelsangiz…
Tangrining eshiklaridan,
Laylatul-qadrday uchib kelsangiz.
Samoning ilohiy ko‘shklaridan,
Ko‘nglimga butunlay ko‘chib kelsangiz.

Jannat buloqlari yuzimni chaysa,
Sochimdan to‘kilib ketsa gunohlar.
Tangri sizdan menga yuborgan maysa,
Tashna yuragimga to‘ksa titroqlar.

Kelsangiz…
Ko‘zlarim bo‘lsa baxtiyor,
Kulgularingizda oqiblar ketsam.
Ko‘ksimdan sachragan baxt gulxanida,
G‘arib dunyolarni yoqiblar ketsam.

Yetmish qavat arshni kezsak sarosar,
Ishqqa ko‘msak ko‘ngil ko‘chalarini.
Bulutlarni haydab mehribon qamar,
Ilinsa eng yorug‘ kechalarini.

Kelsangiz…
Davom etaversa so‘ngsiz ertagim,
Tangri hukm qilsa, sizniki bo‘lsam.
Keyin, mayli, ishqqa to‘lib yuragim,
O‘lsam, ko‘zingizga tikilib o‘lsam…

Kelsangiz…

* * *

Qora ko‘rpa yopinib,
Kun ketadi pinakka.
Buvim aytgan Hunarmand,
Oyni qoqar falakka.

Baqalarning ovozi,
Yuragimni ezyapti.
Katta yong‘oq tagida,
Sharpalarmi kezyotgan?

Men buvimning tobora,
Suqilaman pinjiga.
Tol ko‘chada tumanday,
To‘zib yotar ajina.

Ertak boshlaydi buvim:
«Bahaybat Dev, ko‘hi Qof…»
Ayni avjiga chiqqan
Joyida qolar uxlab.

Oyning rangi oqarar,
Yulduzchalar titraydi.
Uxlolmayman. Uxlatmas
Chirildoq — mitti daydi.

Men buvimning tobora,
Suqilaman pinjiga.
Tol ko‘chada tumanday,
To‘zib yotar ajina.

Tush ko‘raman… “Qof tog‘in
Ezg‘ilayman tarra*day.
O‘laksa Dev, mitti Dev,
Qulab tushar daraga…”

Men — qahramon! Pinjimga
Suqiladi yulduzlar.
Yuragimda birlashib,
Aylanadi kunduzga!

* * *

Chiqmagan kinnaday buralar kunlar,
Sovuq daqiqalar olar bo‘g‘zimdan.
Ranglari uniqqan devorlar kular…
Zerikib ketyapman o‘zimdan.

Xayr, shovqinlarni kiyvolgan shahar,
Ko‘nglimga boqmading shuncha yil yashab.
Sadoqatli do‘stday ergashar sahar,
Men esa ketarman dovonlar osha.

Halovatlar izlab ketayotibman,
Ko‘ksimni ajdardek yemoqda g‘amlar.
Qo‘ng‘ir pushtalarga suv tarayotgan,
Dadam yuragimni ehtimol anglar.

Zerikib ketyapman o‘zimdan…

* * *

Bilaman, siz ishqning ermagi,
Hijronning poyiga cho‘kkan qiz.
Bilasiz, men o‘sha — yuragi,
Tuproqqa ko‘milib ketgan iz.

Kulasiz, kipriklar qayrilib,
To‘kilib ketadi nigohlar.
Kulaman, Oy sizdan ayirib,
Ko‘nglimni o‘g‘liga nikohlar.

Yig‘layman, yig‘latib osmonni,
Yurakda mung‘ayar iztirob.
Quyoshga otaman hijronni,
O‘rtada titraydi dil — sharob.

Ketasiz, siz yana aldoqchi,
Chinqirib yuborar yo‘laklar.
Ketaman, tun go‘yo qaroqchi,
Ortimdan tonggacha ermaklar.

Ketasiz, hasratning cho‘lida,
Mensiz ham yashaysiz bemalol.
Menda siz qoldirgan birgina,
Armondan to‘qilgan dastro‘mol…

* * *

Endi ishqning ko‘shkida,
Qolmoq malol, azizim.
Sen menga tush, men senga
Bedor xayol, azizim.

Bizlar baxtga begona,
Bizlar ishqqa o‘gaymi? —
Yuragimda ingraydi,
Mangu savol, azizim.

Ishq — dunyoni unutmoq,
Ishq — tirilmoq qaytadan!
Hijronning qo‘llarida,
Hislar uvol, azizim.

Ko‘nglimizda ko‘z ochgan,
Eng pokiza tilaklar.
Ko‘zda yoshi aylanib,
Topdi zavol, azizim.

Oq shomlarning ko‘ksini,
Tilib o‘tar xo‘rsiniq.
Orzularni tush ko‘rib,
Tonglar xushhol, azizim.

Toq zaminga juft armon,
Kelar malol, azizim.
Yulduzlarning sayriga,
Ketdim xush qol, azizim.

* * *

Hozir tutlar g‘arq pishgan mahal,
Yuragimda yetilgan so‘zday.
Sho‘rtepaning dalalarini,
Kelinchakday bezantirmish may.

Go‘yo qizlar to‘ygan oshiqqan —
Bir-birini quvlar bulutlar.
Novdalarda sharbatlar bog‘lab,
Askarlarday tizilmish tutlar.

Tabassumlar, qayg‘ular sun’iy,
Sizni beton uy allalaydi.
Qani, turing, yo‘lga otlaning,
Ey, umrimning avj pallalari.

Boring, momiq bo‘ztuproqlarda,
Oyoqyalang choping boladay.
Charchasangiz, huuuuv otamdayin,
Yelkamga opichlab olaman.

Otquloqlar ko‘nglingiz olar,
Yuzingizdan o‘par yalpizlar.
Shunda… yuz beradi mo‘’jiza,
Uyg‘onadi tabiiy hislar.

Va to‘kilar g‘arq pishgan tutday,
Qog‘ozlarga samimiy so‘zlar…

* * *

Avji bahor.
Oqteraklarga
O‘xshar edi mag‘rur qomating.
O‘zing bilib qo‘llaring bilan,
Xazinangni qo‘yding yo‘qotib

Avji bahor.
Nastarin gullar
Atir separ. Havo shirakayf.
Sen-chi, hushyor eding,
Ezilib
Men ko‘nglingdan ketayotgan payt.

Avji bahor.
Ajoyib bahor!
Kaftlarimda gullardi borliq.
Sen — sahovat bilmagan nojon,
Olib qo‘yding sevgimni tortib.

Avji bahor so‘ldi chechaklar,
Qovjiradi ko‘ngil — kuzgi bog‘.
Ko‘p yillarning bahridan o‘tdim,
Men O‘zimni topgunimcha to.

Avji bahor.
Menga teraklar
Mag‘rurlikni o‘rgatyotganda —
Sovuq urgan fasldek qaytding,
Sen bahorga bo‘lib sharmanda!

Avji bahor.
Ruhing ezildi,
Men sirg‘alib xonadan chiqdim…
Ko‘chalarda nastarinlarning
Hushyor havo ichmoqda atrin.

Avji bahor chechaklar kular,
Yuragimning sezimlaridan.
U jilmayar toza osmonda,
G‘olib kelgan sevgisi bilan!

* * *

Go‘yo kalavaning uchi yo‘qolgan —
Biram chuvalashdi taqdir yo‘llarim.
Ko‘nglim osmonlarda adashib qolgan
Lahzalarda uni ko‘proq o‘yladim.

Bir kun yuragimda undi ishq — maysa,
Olam harir libos kiydi nimpushti.
Kelsa, qizg‘aldoqdek yondim.
Kelmasa
Chap ko‘ksimda mushtdek narsa uvishdi.

Yovvoyi gullarday chiniqib o‘sdim,
Ko‘nglining pokiza olamlarida.
Sevgisi navqiron tog‘larday to‘sdi
Dunyoning yig‘loqi alamlaridan.

Bu qanday his bo‘ldi?
Nimadir oti?
Yuragim o‘syapti nurga o‘ralib.
Ey, beqiyos Kulol, qanday yaratding,
Yuragidan ko‘zi toza bolani?

Mana, kalavaning uchi qo‘limda,
Boshimni bog‘ladi unga malaklar.
Endi ajdaholar chiqmas yo‘limdan,
Murodiga yetar qadim ertaklar.

Ey, beqiyos Kulol, qanday yaratding,
Yuragidan ko‘zi toza bolani?..

Bashorat Otajonova. ‘Yoshlik’ jurnaliagi she’rlari by Khurshid Davron on Scribd

06

(Tashriflar: umumiy 568, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум. Башоратнинг шеърлари жимжимадор, ясама чиройли сўзлардан эмас, айнан ҳаётимиздаги, кўнглимиздаги сўзлардан содда ва самимий ёзилгани учун ҳам, мен ўйлайман-ки,кўнгиллардан тез жой олади. Уларни ўқиганим сари «Наҳотки шу оддий сўзлардан ҳам шундай ажойиб сатрлар битилса?!» дея ҳам ҳайратландим, ҳам роҳатландим. Ижодига баркамоллик тилайман, севимли шоираларимиз Нодирабегим, Зулфия, Зарифа Саидносирова, Саида Зуннунова, Зебо Мирзолар каби адабиётимизда ўрин олсин! Катта асарлар кутиб қоламиз.

Izoh qoldiring