Najib Mahfuz. O‘zgalar uchun yasha & O’g’ri va it. Qissa

Ashampoo_Snap_2018.01.24_16h49m03s_001_.png  Кечқурунлари Абдураҳмон боғига кириб, ундан завқ олишни хуш кўрар эди. Бу унинг одатига айланган эди. Абдураҳмон аксарият вақтини уйида ўтказар, зарур кезлардагина кўчага чиқар эди, холос…

Нажиб МАҲФУЗ
ЎЗГАЛАР УЧУН ЯША
06

09Мисрлик таниқли ёзувчи, Нобель мукофоти соҳиби Нажиб Маҳфуз (نجيب محفوظ) 1911 йилнинг 11 декабрида Қоҳирада таваллуд топди. Унинг илк асарларида анъанавий, миллий қадриятлар тараннум этилди. 1950 йиллар охирида чоп этилган “Қоҳира трилогияси” (“Байн ал-Қасрайн”, “Қаср ош-Шауқ” ва “ас-Суккарида”) жаҳон адабиётида кенг эътирофга сазовор бўлди ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Истеъдодли қалам соҳиби 60-йиллардан эътиборан жамият эволюцияси ва умуминсоний қадриятларга оид ҳикояларни ёза бошлади. “Тақдир ўйинлари”, “Янги Қоҳира”, “Нил устидаги сафсата”, “Тошойна”, “Муҳтарам жаноб”, “Минг кечанинг тунлари”, “Хеопснинг донолиги” номли романлари ҳамда “Худонинг дунёси”, “Лаънатланган уй”, “Соябон тагида” сингари новеллалари жаҳон адабиётининг нодир дурдона асарлари сирасидан жой олди.
Ёзувчи 2006 йилнинг 30 августида вафот этган.

06

Кечқурунлари Абдураҳмон боғига кириб, ундан завқ олишни хуш кўрар эди. Бу унинг одатига айланган эди. Абдураҳмон аксарият вақтини уйида ўтказар, зарур кезлардагина кўчага чиқар эди, холос.

У илиқ сентябр кунларининг бирида боққа кириб, теваракка синчков кўз ташлаган кўйи, нотекис йўлакча бўйлаб борарди. У гулзордаги гулларга анча пайт суқланиб термулгач, қўшни ҳовлини ажратиб турувчи тиканли сим тўсиғи олдидаги креслога ўтирди. Кечки газетани қўлига олиб кўз югуртира бошлади.

Унинг юриш-туришида, афт-ангорида ажиб бир виқор сезилиб турарди. Бирор кимса уни шу лаҳ­зада кўриб қолса, ҳеч иккиланмай Абдураҳмонни улуғ бир хо­надон соҳиби, дея ўйларди. У доимо хотиржамлик ва совуққонлик билан ажралиб тураркан, кўзларида донолик ва мардлик нур сочиб тарар эди. Хумдек боши, қалин мўйлови ҳам унинг салобатига монанд. Унинг кўриниши қирқ беш ёшни берса-да, аслида бор- йўғи ўттиз беш ёшни қоралаган эди.

Абдураҳмон креслода ястаниб ўтирга кўйи ўқишга шунчалик берилиб кетган эдики, оҳиста бир овоздан сесканиб кетди:

– Ассалому алайкум, амаки.

Абдураҳмон газетани қўйиб, қўшнининг боғи то­мон ўгирилди. У ёқда бир қиз турарди. Қизнинг ёрқин, тим қора кўзларида ишонч, самимият балқирди. Аб­дураҳмоннинг юзига ясминнинг муаттар исини тара­тувчи ёқимли шабада урилди.

– Ва алайкум ассалом, Самара, – жавоб берди у.

Қиз илжайиб қўйди-да, ёнидаги кучукчаси билан ўй­най кетди. Самара ўн олти ёшда эди. Унинг чиройли юзлари ва келишган қадди-қомати анчадан буён Аб­дураҳмоннинг ҳаловатини ўғирлаган эди.

У қизнинг итига ишора қилиб сўради:

– Аҳволи қандай бунинг?

– Оллоҳга шукур, бутунлай тузалиб кетди.

– Ҳар ҳолда, – таъкидлади Абдураҳмон илжайиб. – Искандариянинг ҳавоси унга ёқмаган кўри­на­ди?

– Аксинча. У томонлар миттивойга жуда маъқул келди, ўзини яхши ҳис қилди.

Самарага боқар экан, унинг қуёшдан андек қорай­ган юзлари, жозибали кўзлари Абдураҳмонни тобора ром этарди.

– Самара, роса қуёшда қорайдингми?

Қиз кулиб қўйди.

Абдураҳмоннинг маъноли нигоҳи янада ўткирроқ тус олди. Бир томонга йўналтирилган фикрлар ўрнини фусункорлик ва орзулар ошиёни эгаллади. У стулга ўтириб, ёнидаги эрмагини ўйнатаётган қизга узоқ ва мамнун тикилди. Самара эса кучукчасини эркаларкан, оппоқ, узун жунларини силаб-силаб қўярди. Ажойиб жонзот хурсанд тарзда думларини ликиллатиб, соҳи­басининг қўлини ялади ва унинг тиззасига сакраб чи­қиб олди.

Самаранинг майин, узун сочлари унинг бўйнини қоп­лаб турарди. Абдураҳмон унга қараб туриб, завқ­ланаётганди. Негадир унинг юраги сиқилди: Самара болалигидан бери “амаки”, деб мурожаат қи­либ келади, ҳозир ҳам шундай. Ўша кезларда у жуда кичкина бўлиб, қўғирчоқлар ўйнаб ўтирарди. Илгари бундай мурожаат унга маъқул эди, чунки, қизга нисбатан оталарча меҳр қўйган эди. Энди эса қизнинг бу тарздаги мулоқоти уни хижолатга солар, ҳатто кўнглини чўктираётган ҳам эди.

Агар “амаки” унга уйланса, тўғри йўл тутган бў­лар­­­микан? Кўпчилик ўйлайдики, турмуш қураёт­ган­­­­лар ёшидаги тафовут асло тўсиқ эмас ва бунга эъти­бор бермайдилар ҳам. Аммо бахт учун кураш жуда қимматга тушмасмикан? Ахир у бор-йўғи Ички ишлар вазирлигида ўн беш фунтга кун кўраётган бир инспектор-ку. Унинг йиғиб қўйган молу давлати ва ёхуд мансаби бор бўлсаки, қизнинг юрагини забт эта олса. Лекин у қизни севади ва ўз ҳиссиётлари билан курашиши қийин, тўғрироғи бунинг иложи ҳам йўқ. Соҳибжамол қиз ўн олти йил мобайнида кўзи ўнгида ўсиб улғайди. Бу қиз унинг ёлғизликда ўтган ҳаётида тақдирнинг юборган ягона иноятидир. Муҳаббат унга секин-аста яқинлашди ва унинг бутун вужудини қамраб олди.

Абдураҳмон қизнинг бахтиёр ва беташвиш бола­лиги қандай ўтганлигининг шоҳиди бўлди. Бу эса унинг ёлғизлигини янада гўзалроқ қилиб кўрсатарди. У севиб қолди ва аввалги хотиржамлигини йўқотди. Энди уни ҳамма нарса, ҳатто ҳаловатини ўғирлаган ёш дўсти билан тасодифий учрашувлар ва суҳбатлар ҳам қийнаётган эди. У қиз билан болаларча мулоқот қи­лаётган эди. Абдураҳмон қизга муҳаббатга тўлиб- тошган кўзлари билан нигоҳ ташлар, Самара эса бу бу ҳолатни сезмай “менинг азиз амаким”, дейишда давом этарди. Агар у қизнинг қўлини сўраса, нима деб жавоб берар экан-а? Унинг ҳиссиётлари қандай? У ҳарқалай таажжубга тушса керак? Қиз отасига нима дейди? Қандай тушунтиради? Бундан кейин ҳозиргидек кўришиб туриш унга насиб этармикан? У қизни бутунлай йўқотиб қўйса-чи…

Ҳарқалай, Абдураҳмон қизнинг отаси – ўз дўсти билан бу масалани хотиржам гаплашиб олишга қодир. Лекин у қандай жавоб берар экан? Ҳа, қанчалар қийин бу иш! У кўзларини юмиб олиб, бўлажак мулоқотни тасаввур қила бошлади:

“Дўстим, мен жуда муҳим масала юзасидан таш­­риф буюрдим. Сен бунга кўнасанми ёки йўқми, билмадим… Эҳтимол, мен бу масала ҳақида сўз юри­тишга ҳақли эмасдирман. Лекин барибир мен ма­сала қандай ҳал бўлишидан қатъий назар гаплашиб олишим керак…”

У хаёлан мулоқотни давом эттираётган эди, даб­дурустдан ёқимли овоздан ўзига келди.

– Ухлаяпсанми?

– Йўқ.

– Узр. Мен кўзингни юмиб ўтирганингни кўрдим.

– Мен ўйлаётган эдим.

– Нима ҳақида?

У ёш суҳбатдошининг юзига разм солди: нима дейиш керак? Унга ҳаммасини айтиб бериш керакми? Йўқ, бунга ҳали эртароқ, ҳозир мавриди эмас. Яхшиси гап очмай турганим маъқул.

Бу заифанинг қаршисидаги хижолат қамчи зар­баси мисоли унга таъсир қилди. Шу онда у қимирламай ўтирарди. Сўнгра қизнинг кўзларига боқди. Воажаб, Самаранинг юзлари ўзгарган, қошларида бўёқ из­ла­­­ри, қирмизи лаблари титрар эди. Қиз унга ҳа­дик­сираб қараб олди-ю, уйи томон чопқиллаб кетди. Аб­дураҳмон орқага ўгирилган ҳам эдики, илжайиб унга яқинлашаётган укасини кўрди. Абдураҳмоннинг юраги ноҳуш бир нарсани сезгандек тезроқ ура бошлади. У сир бой бермай мулойимлик билан укасидан сўради.

– Шифокор, қалай ишлар?

Ўспирин йигит кулиб қўйди.

– Сен қандай бахтиёрсан, ака?

Абдураҳмон гап нимада эканлигини фаҳмлаган бўлса ҳам, худди тушунмагандек қайта сўради:

– Бахтиёр?

– Ҳа, албатта. Самара билан гаплашган инсон ўзи­­ни бахтли ҳис этмоғи лозим.

Абдураҳмон ўйлади: “Менинг укам ўтакетган қал­лоб, ё аҳмоқ. Аслида Самара билан суҳбатлашган одам эмас, балки ҳозиргина юз берганидек, унинг ёнгинасида қизариб кетиб, хижолатдан жуфтакни ростлаб юбо­радиган инсон бахтлидир. Эҳтимол, бу ўспирин ҳақи­қатан ҳам бахтлидир. Наҳотки, у буни тушуниб етмаса. Балки, у менинг устимдан кулаётгандир?”

Абдураҳмон ўз укасининг олдида ҳаяжон­ланаёт­ганини сездирмаслик мақсадида гапни бошқа томонга буриб юборди-ю ундан сўради:

– Кечаги оқшомни қандай ўтказдинг?

Анвар унинг ёнига келиб ўтирди.

– Кеча “Қаср ал-Айни”да жуда кўп ҳаяжонли во­қеалар бўлиб ўтди, оқшомнинг аксарият қисмини ўша жойда ўтказдим.

Абдураҳмон жимгина укасига боқар экан, бутун­лай бошқа нарса ҳақида ўйга толди. У Анварни яхши кўрар эди, худди бошқа укаларидек уни ардоқлаб, меҳрибонлик кўрсатиб келмоқда. Лекин айрим кез­ларда юрагини ташвишлар қамраб оларди. Ай­ниқса, Самара ҳақида сўзлаганида укасини жуда ёмон кўриб кетарди. Укаси қизнинг исмини тилга олганида Абдураҳмон қийноқ ва изтиробда қолар эди. Ака Анварнинг порлоқ келажаги учун кўп меҳнат қилди. Лекин, ука катта аканинг юрагида юз бераётган туғёнларни илғай олармикан? У гўзал қизни бошқа инсон севишини хаёлига ҳам келтира олмас, ўзининг ташвишлари билан ниҳоятда банд эди.

– Мен бир муҳим масала борасида маслаҳат олгани келган эдим, – деди Анвар.

Абдураҳмон ўз ҳиссиётларини сир бой бермай хотиржам таклиф қилди:

– Ўтир.

– Олдин сен мени эшит[1], – гапира кетди Анвар ўтирмасдан. – Ҳозир фикрларим аралаш-қуралаш бў­­либ кетди. Бир ойдан сўнг шифохонадаги амалиётим тугайди. Ўқитувчим доктор Браун тиббиёт факультетида шифокор бўлиб қолишга тавсия этяпти.

Абдураҳмон анча енгил тортди ва хурсанд оҳангда қичқириб юборди:

– Табриклайман! Табриклайман! Шак-шубҳасиз, сен бунга лойиқсан, офарин!

Анвар аниқ бир тўхтамга кела олмай турарди, у ҳозир айтган сўзларига яна қўшимча қилмоқчи ше­килли. Ниҳоят у хижолатомуз ҳолда секингина қў­шиб қўйди.

– Йўқ… демак… Мен айтмоқчиманки… Агар кетсам, бир ўзим кетмайман.

– Хеч нарсани тушунмаяпман – ҳайрон бўлди Абдураҳмон, лекин юраги нотинч, қандайдир ташвиш бор эканлигини сезиб турарди.

Анвар ўз ҳаяжонини енгиб, давом этди:

– Мен уйланиб, хотинимни ҳам олиб кетаман.

– Нега бундай тўсатдан? Илгари бу ҳақида гап бўлмаганди-ку, тўғрими?

– Бўлмаган.

– Унда нима бўлди?

– Мен жўнаб кетиш билан боғлиқ ишларимни ҳал қилмагунимча бу ҳақида гапирмоқчи эмасдим.

Абдураҳмон сукутда эди. У барибир ўз ҳаяжонини четга суриб сўради:

– Сен узил-кесил шу қарорга келдингми? Кимга уйланмоқчисан ўзи?

– Самарага, – деди Анвар қўшни уй томонга ишора қи­либ.

Абдураҳмон бу янгиликни сукут сақлаган ҳолда эшитди.

– Сенинг фикринг қандай? – сўради Анвар шоша-пиша. – У сенга ёқадими?

– Яхши танлов, дидинг чакки эмас, – деб ғўлдира­ди Абдураҳмон.

– Сендан миннатдорман, ака. Ўтиниб сўрайман, менга ёрдам бер, эртага унинг отасига учрашамиз, умид қиламанки, у бизга йўқ демайди.

– Бўпти, сен айтганча қиламиз.

– Менда бор-йўғи бир неча ой бор. Бу вақт мо­байнида мен уйланишим ва Англияга жўнаб кети­шим учун тайёргарлик кўришим жоиз. Биласанми, мен асал ойимизни барча аслзодалар сингари хорижда ўтказмоқчиман.

Анвар хайрлашдию жўнаб кетди. Абдураҳмон ука­­сига эшикни ёпиб, кўздан йўқолгунича қараб турди. У маъюс ўтирар, кўзлари ҳеч нарсани кўрмасди. Туман қуюқлашди ва ҳаммаёқ сукутга чўмди. У ахири турдию кичик боғни айланиб, яна ўтирди. Абдураҳмон йигирма йил аввалги ўтмишини эслай бошлади. У дамлар сурурга тўла ва саодатли эди. У ўша даврда ниҳоятда хушчақчақ ўспирин бўлиб, келгуси ҳаётдан талайгина умидлари бор эди. У вақтлар ҳозирги кунлар сингари шафқатсиз эмас эди. Абдураҳмон ўз оиласида тўнғичи эди. Ота-она уни иложи борича ҳаётдан завқланишини истаб яшар эдилар. Мактабда у ўз тенгдошлари орасида истеъдоди ва тиришқоқлиги билан ажралиб турарди. Атрофдагилар ҳақиқатан унинг пешонасида порлоқ истиқболни кўришар эди. Балки шундай бўлиши мумкин эди, лекин унинг отаси тўсатдан оламдан ўтиб қолди. Ота бахтсиз бевани тўрт фарзанди билан қолдириб боқий дунёга равона бўлди. Оила бор-йўғи тўрт фунт нафақага аранг кун кўрар эди. Абдураҳмон шафқатсиз ҳаёт билан илк бор тўқнашди. Унинг барча орзу-умидлари чилпарчин бўлди. Илгари ота оиланинг боқувчиси бўлган бўлса, эндиликда бу ташвиш Абдураҳмонга юкланди. Бошқа йўл йўқ эди, лекин у бу ҳақиқатни дарров англаб етмади. Шу тариқа оила таянчининг барча умидлари пучга чиқди.

Юракни ўртаб юборувчи оғир кунлар бошланди. Лекин у барчасига чидади. Унинг зиммасида укалари ҳақида қайғуриш юки бор эди. Энди у фақат ўзи ҳақида ўйламаётган эди. У бутун борлиғини онаси ва укаларига бағишлади. У янги бир бахтга , яъни – ўзгалар бахти учун курашмоқ бахтига сазовор бўлди.

У ҳатто уйланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади, бу­ларнинг барчаси оила таянчининг яқин инсонларига насиб этди. Бу инсон сабр-тоқат қилишга қарор қилди, лекин укаларининг сабрлари чидамади. Улардан бири полиция мактабини битириб, зобит бўлди ва дарров уйланди. Унинг ортидан муҳандислик дипломини олган иккинчи ука ҳам уйланиб олди. Абдураҳмон эса бўйдоқ бўлиб қолаверди.

Эндигина унинг ҳаётига бахту саодат олиб кири­ши мумкин бўлган кўҳликкина қиз ёқиб қолганда…

Онанинг овози унинг хаёлини бўлди.

– Абду, нега қоронғида ўтирибсан?

Абдураҳмон кун ботганини ҳам сезмай қолибди. У оғир қадамлар ташлаб уйга кирди.

– Анвар сен билан гаплашдими? – сўради она.

– Ҳа.

– Хўш, унинг қарорига нима дейсан?

– Унинг танлаган қизи яхши. Эртага мен қўшнимиз билан гаплашиб, Анвар учун унинг қўлини сўрайман.

– Мана энди ҳамма қушчаларим ҳар томонга қанот қоқиб учиб кетдилар. Сендан ташқари ҳаммаси, – деди она хомуш оҳангда.

У жим эди.

Ким билади, эҳтимол унга рўбарў келган бахтсизлик унчалар қўрқинчли эмасдир. Бу биринчи марта эмас. Ҳаёт уни бир нарсага, сабр-тоқатга ўргатди. У шуни тушуниб етдики, ҳаётни ўзгаларга бағишлагандагина бахт-саодатли бўлиш мумкин экан.

[1] Араб тилида ўзидан катталарга ҳам “сен” деб мурожаат қилинади. “Сиз” олмоши кўпликни англатади.

Араб тилидан Бобур Ғиёсов таржимаси

“Ёшлик” журнали 2011 йил 11-сон

najib_mahfuz_hikoya-640x400.jpg   Kechqurunlari Abdurahmon bog‘iga  kirib, undan zavq olishni xush ko‘rar edi. Bu uning odatiga aylangan edi.  Abdurahmon aksariyat vaqtini uyida o‘tkazar, zarur kezlardagina ko‘chaga  chiqar edi, xolos…

Najib MAHFUZ
O’ZGALAR UCHUN YASHA
06

235px-Nagib_Mahfouz.jpg  Misrlik taniqli yozuvchi, Nobel mukofoti sohibi Najib Mahfuz (نجيب محفوظ) 1911 yilning 11 dekabrida Qohirada tavallud topdi. Uning ilk asarlarida an’anaviy, milliy qadriyatlar tarannum etildi. 1950 yillar oxirida chop etilgan “Qohira trilogiyasi” (“Bayn al-Qasrayn”, “Qasr osh-Shauq” va “as-Sukkarida”) jahon adabiyotida keng e’tirofga sazovor bo‘ldi va kitobxonlar tomonidan iliq kutib olindi. Iste’dodli qalam sohibi 60-yillardan e’tiboran jamiyat evolyutsiyasi va umuminsoniy qadriyatlarga oid hikoyalarni yoza boshladi. “Taqdir o‘yinlari”, “Yangi Qohira”, “Nil ustidagi safsata”, “Toshoyna”, “Muhtaram janob”, “Ming kechaning tunlari”, “Xeopsning donoligi” nomli romanlari hamda “Xudoning dunyosi”, “La’natlangan uy”, “Soyabon tagida” singari novellalari jahon adabiyotining nodir durdona asarlari sirasidan joy oldi.

Yozuvchi 2006 yilning 30 avgustida vafot etgan.

06

Kechqurunlari Abdurahmon bog‘iga kirib, undan zavq olishni xush ko‘rar edi. Bu uning odatiga aylangan edi. Abdurahmon aksariyat vaqtini uyida o‘tkazar, zarur kezlardagina ko‘chaga chiqar edi, xolos.

U iliq sentyabr kunlarining birida boqqa kirib,   tevarakka sinchkov ko‘z tashlagan ko‘yi, notekis yo‘lakcha bo‘ylab borardi. U gulzordagi gullarga ancha payt suqlanib termulgach, qo‘shni hovlini ajratib turuvchi tikanli sim to‘sig‘i oldidagi kresloga o‘tirdi. Kechki gazetani qo‘liga olib ko‘z yugurtira boshladi.

Uning yurish-turishida, aft-angorida ajib bir viqor sezilib turardi. Biror kimsa uni shu lah­zada ko‘rib qolsa, hech ikkilanmay Abdurahmonni ulug‘ bir xo­nadon sohibi, deya o‘ylardi. U doimo xotirjamlik va sovuqqonlik bilan ajralib turarkan, ko‘zlarida donolik va mardlik nur sochib tarar edi. Xumdek  boshi, qalin  mo‘ylovi ham  uning salobatiga monand. Uning ko‘rinishi qirq besh yoshni bersa-da, aslida bor- yo‘g‘i o‘ttiz besh yoshni qoralagan edi.  

Abdurahmon kresloda yastanib o‘tirga ko‘yi  o‘qishga shunchalik berilib ketgan ediki,  ohista bir ovozdan seskanib ketdi:

– Assalomu alaykum, amaki.

Abdurahmon gazetani qo‘yib, qo‘shnining bog‘i to­mon o‘girildi. U yoqda bir qiz turardi. Qizning yorqin, tim qora ko‘zlarida ishonch, samimiyat balqirdi. Ab­durahmonning yuziga yasminning muattar isini tara­tuvchi yoqimli shabada urildi.

– Va alaykum assalom, Samara, – javob berdi u.

Qiz iljayib qo‘ydi-da, yonidagi  kuchukchasi bilan o‘y­nay ketdi.  Samara o‘n olti yoshda edi. Uning chiroyli yuzlari va kelishgan qaddi-qomati anchadan buyon  Ab­durahmonning halovatini o‘g‘irlagan edi.

U qizning itiga ishora qilib so‘radi:

– Ahvoli qanday buning?

– Ollohga shukur, butunlay tuzalib ketdi.

– Har holda, – ta’kidladi Abdurahmon iljayib. – Iskandariyaning havosi unga yoqmagan ko‘ri­na­di?

– Aksincha. U tomonlar mittivoyga juda ma’qul keldi, o‘zini yaxshi his qildi.

Samaraga boqar ekan, uning quyoshdan andek qoray­gan yuzlari, jozibali ko‘zlari Abdurahmonni tobora  rom etardi.

– Samara, rosa quyoshda qoraydingmi? 

Qiz kulib qo‘ydi.

Abdurahmonning ma’noli nigohi yanada o‘tkirroq tus oldi. Bir tomonga yo‘naltirilgan fikrlar o‘rnini fusunkorlik va orzular oshiyoni egalladi. U stulga o‘tirib, yonidagi ermagini o‘ynatayotgan qizga uzoq va mamnun  tikildi. Samara esa kuchukchasini erkalarkan, oppoq, uzun junlarini silab-silab qo‘yardi. Ajoyib jonzot xursand tarzda dumlarini likillatib, sohi­basining qo‘lini yaladi va uning tizzasiga sakrab chi­qib oldi.

Samaraning mayin, uzun sochlari uning bo‘ynini qop­lab turardi. Abdurahmon unga qarab turib, zavq­lanayotgandi. Negadir uning yuragi siqildi: Samara bolaligidan beri “amaki”, deb  murojaat qi­lib keladi, hozir ham shunday. O‘sha kezlarda u juda kichkina bo‘lib, qo‘g‘irchoqlar o‘ynab o‘tirardi. Ilgari bunday murojaat unga ma’qul edi, chunki, qizga nisbatan otalarcha mehr qo‘ygan  edi. Endi esa qizning bu tarzdagi muloqoti uni xijolatga solar, hatto ko‘nglini cho‘ktirayotgan ham edi.

Agar “amaki” unga uylansa, to‘g‘ri yo‘l tutgan bo‘­lar­­­mikan? Ko‘pchilik o‘ylaydiki, turmush qurayot­gan­­­­lar yoshidagi tafovut aslo to‘siq emas va bunga e’ti­bor bermaydilar ham. Ammo baxt uchun kurash juda qimmatga tushmasmikan? Axir u bor-yo‘g‘i Ichki ishlar vazirligida o‘n besh funtga kun ko‘rayotgan bir inspektor-ku. Uning yig‘ib qo‘ygan molu davlati va yoxud mansabi bor bo‘lsaki, qizning yuragini zabt eta olsa. Lekin u qizni sevadi va o‘z hissiyotlari bilan kurashishi qiyin, to‘g‘rirog‘i buning iloji ham yo‘q. Sohibjamol qiz o‘n olti yil mobaynida ko‘zi o‘ngida o‘sib ulg‘aydi. Bu qiz uning yolg‘izlikda o‘tgan hayotida taqdirning yuborgan yagona inoyatidir. Muhabbat unga sekin-asta yaqinlashdi va uning butun vujudini qamrab oldi.

Abdurahmon qizning baxtiyor va betashvish bola­ligi qanday o‘tganligining shohidi bo‘ldi. Bu esa uning yolg‘izligini yanada go‘zalroq qilib ko‘rsatardi. U sevib qoldi va avvalgi xotirjamligini yo‘qotdi. Endi uni hamma narsa, hatto halovatini o‘g‘irlagan yosh do‘sti bilan tasodifiy uchrashuvlar va suhbatlar ham qiynayotgan edi. U qiz bilan bolalarcha muloqot qi­layotgan edi. Abdurahmon qizga muhabbatga to‘lib- toshgan ko‘zlari bilan nigoh tashlar, Samara esa bu bu holatni sezmay “mening aziz amakim”, deyishda davom etardi. Agar u qizning qo‘lini so‘rasa, nima deb javob berar ekan-a? Uning hissiyotlari qanday? U harqalay taajjubga tushsa kerak? Qiz otasiga nima deydi? Qanday tushuntiradi? Bundan keyin hozirgidek ko‘rishib turish unga nasib etarmikan? U qizni butunlay yo‘qotib qo‘ysa-chi…

Harqalay, Abdurahmon  qizning otasi – o‘z do‘sti bilan bu masalani xotirjam gaplashib olishga qodir. Lekin u qanday javob berar ekan? Ha, qanchalar qiyin bu ish! U ko‘zlarini yumib olib, bo‘lajak muloqotni tasavvur qila boshladi:

“Do‘stim, men juda muhim masala yuzasidan tash­­rif buyurdim. Sen bunga ko‘nasanmi yoki yo‘qmi, bilmadim… Ehtimol, men bu masala haqida so‘z yuri­tishga haqli emasdirman. Lekin baribir men ma­sala qanday hal bo‘lishidan qat’iy nazar gaplashib olishim kerak…”

U xayolan muloqotni davom ettirayotgan edi, dab­durustdan yoqimli ovozdan o‘ziga keldi.

– Uxlayapsanmi?

– Yo‘q.

– Uzr. Men ko‘zingni yumib o‘tirganingni ko‘rdim.

– Men o‘ylayotgan edim.

– Nima haqida?

U yosh suhbatdoshining yuziga razm soldi: nima deyish kerak? Unga hammasini aytib berish kerakmi? Yo‘q, bunga hali ertaroq, hozir mavridi emas. Yaxshisi gap ochmay turganim ma’qul.

Bu zaifaning qarshisidagi xijolat qamchi zar­basi misoli unga ta’sir qildi. Shu onda u qimirlamay o‘tirardi. So‘ngra qizning ko‘zlariga boqdi. Voajab, Samaraning yuzlari o‘zgargan, qoshlarida bo‘yoq iz­la­­­ri, qirmizi lablari titrar edi. Qiz unga ha­dik­sirab qarab oldi-yu, uyi tomon chopqillab ketdi. Ab­durahmon orqaga o‘girilgan ham ediki, iljayib unga  yaqinlashayotgan ukasini ko‘rdi. Abdurahmonning yuragi nohush bir narsani sezgandek tezroq ura boshladi. U sir boy bermay muloyimlik bilan ukasidan so‘radi.

– Shifokor, qalay ishlar?

O‘spirin yigit kulib qo‘ydi.

– Sen qanday baxtiyorsan, aka?

Abdurahmon gap nimada ekanligini fahmlagan bo‘lsa ham, xuddi tushunmagandek qayta so‘radi:

– Baxtiyor?

– Ha, albatta. Samara bilan gaplashgan inson o‘zi­­ni baxtli his etmog‘i lozim.

Abdurahmon o‘yladi: “Mening ukam o‘taketgan qal­lob, yo ahmoq. Aslida Samara bilan suhbatlashgan odam emas, balki hozirgina yuz berganidek, uning yonginasida qizarib ketib, xijolatdan juftakni rostlab yubo­radigan inson baxtlidir. Ehtimol, bu o‘spirin haqi­qatan ham baxtlidir. Nahotki, u buni tushunib yetmasa. Balki, u mening ustimdan kulayotgandir?”

Abdurahmon o‘z ukasining oldida hayajon­lanayot­ganini sezdirmaslik maqsadida gapni boshqa tomonga burib yubordi-yu undan so‘radi:

– Kechagi oqshomni qanday o‘tkazding?

Anvar uning yoniga kelib o‘tirdi.

– Kecha “Qasr al-Ayni”da juda ko‘p hayajonli vo­qealar bo‘lib o‘tdi, oqshomning aksariyat qismini o‘sha joyda o‘tkazdim.

Abdurahmon jimgina ukasiga boqar ekan, butun­lay boshqa narsa haqida o‘yga toldi. U Anvarni yaxshi ko‘rar edi, xuddi boshqa ukalaridek uni ardoqlab, mehribonlik ko‘rsatib kelmoqda. Lekin ayrim kez­larda yuragini tashvishlar qamrab olardi. Ay­niqsa, Samara haqida so‘zlaganida ukasini juda yomon ko‘rib ketardi. Ukasi qizning ismini tilga olganida Abdurahmon qiynoq va iztirobda qolar edi. Aka Anvarning porloq kelajagi uchun ko‘p mehnat qildi. Lekin, uka katta akaning yuragida yuz berayotgan tug‘yonlarni ilg‘ay olarmikan? U go‘zal qizni boshqa inson sevishini xayoliga ham keltira olmas, o‘zining tashvishlari bilan nihoyatda band edi.

– Men bir muhim masala borasida maslahat olgani kelgan edim, – dedi Anvar.

Abdurahmon o‘z hissiyotlarini sir boy bermay xotirjam taklif qildi:

– O‘tir.

– Oldin sen meni eshit[1], – gapira ketdi Anvar  o‘tirmasdan. – Hozir fikrlarim aralash-quralash bo‘­­lib ketdi. Bir oydan so‘ng shifoxonadagi amaliyotim tugaydi. O‘qituvchim doktor Braun tibbiyot fakultetida shifokor bo‘lib qolishga tavsiya etyapti.

Abdurahmon ancha yengil tortdi va xursand ohangda qichqirib yubordi:

– Tabriklayman! Tabriklayman! Shak-shubhasiz, sen bunga loyiqsan, ofarin!

Anvar aniq bir to‘xtamga kela olmay turardi, u hozir aytgan so‘zlariga yana qo‘shimcha qilmoqchi she­killi. Nihoyat u xijolatomuz holda sekingina qo‘­shib qo‘ydi.

– Yo‘q… demak… Men aytmoqchimanki… Agar ketsam, bir o‘zim ketmayman.

– Xech narsani tushunmayapman –  hayron bo‘ldi Abdurahmon, lekin yuragi  notinch, qandaydir tashvish bor ekanligini sezib turardi.

Anvar o‘z hayajonini yengib, davom etdi:

– Men uylanib, xotinimni ham olib ketaman.

– Nega bunday to‘satdan? Ilgari bu haqida gap bo‘lmagandi-ku, to‘g‘rimi?

– Bo‘lmagan.

– Unda nima bo‘ldi?

– Men jo‘nab ketish bilan bog‘liq ishlarimni hal qilmagunimcha bu haqida gapirmoqchi emasdim.

 Abdurahmon sukutda edi. U baribir o‘z hayajonini chetga surib so‘radi:

– Sen uzil-kesil shu qarorga keldingmi? Kimga uylanmoqchisan  o‘zi?

– Samaraga, – dedi Anvar qo‘shni uy tomonga ishora qi­lib.

Abdurahmon bu yangilikni sukut saqlagan holda eshitdi.

– Sening fikring qanday? – so‘radi Anvar shosha-pisha. – U senga yoqadimi?

– Yaxshi tanlov, diding chakki emas, – deb g‘o‘ldira­di  Abdurahmon.

– Sendan minnatdorman, aka. O‘tinib so‘rayman, menga yordam ber, ertaga uning otasiga uchrashamiz, umid qilamanki, u bizga yo‘q demaydi.

– Bo‘pti, sen aytgancha qilamiz.

– Menda bor-yo‘g‘i bir necha oy bor. Bu vaqt mo­baynida men uylanishim va Angliyaga jo‘nab keti­shim uchun tayyorgarlik ko‘rishim joiz. Bilasanmi, men asal oyimizni barcha aslzodalar singari xorijda o‘tkazmoqchiman.

Anvar xayrlashdiyu jo‘nab ketdi. Abdurahmon uka­­siga eshikni yopib, ko‘zdan yo‘qolgunicha qarab turdi. U ma’yus o‘tirar, ko‘zlari hech narsani ko‘rmasdi. Tuman quyuqlashdi va hammayoq sukutga cho‘mdi. U axiri turdiyu kichik bog‘ni aylanib, yana o‘tirdi. Abdurahmon yigirma yil avvalgi o‘tmishini eslay boshladi. U damlar sururga to‘la va saodatli edi. U o‘sha davrda nihoyatda xushchaqchaq o‘spirin bo‘lib, kelgusi hayotdan talaygina umidlari bor edi. U vaqtlar hozirgi kunlar singari shafqatsiz emas edi. Abdurahmon o‘z oilasida to‘ng‘ichi edi. Ota-ona uni iloji boricha hayotdan zavqlanishini istab yashar edilar. Maktabda u o‘z tengdoshlari orasida iste’dodi va tirishqoqligi bilan ajralib turardi. Atrofdagilar haqiqatan uning peshonasida porloq istiqbolni ko‘rishar edi.  Balki shunday bo‘lishi mumkin edi, lekin uning otasi to‘satdan olamdan o‘tib qoldi. Ota baxtsiz bevani to‘rt farzandi bilan qoldirib boqiy dunyoga ravona bo‘ldi. Oila bor-yo‘g‘i to‘rt funt nafaqaga arang kun ko‘rar edi. Abdurahmon shafqatsiz hayot bilan ilk bor to‘qnashdi. Uning barcha orzu-umidlari chilparchin bo‘ldi. Ilgari ota oilaning boquvchisi bo‘lgan bo‘lsa, endilikda bu tashvish Abdurahmonga yuklandi. Boshqa yo‘l yo‘q edi, lekin u bu haqiqatni darrov anglab yetmadi. Shu tariqa oila tayanchining barcha umidlari puchga chiqdi.

Yurakni o‘rtab yuboruvchi og‘ir kunlar boshlandi. Lekin u barchasiga chidadi. Uning zimmasida ukalari haqida qayg‘urish yuki bor edi. Endi u faqat o‘zi haqida o‘ylamayotgan edi. U butun borlig‘ini onasi va ukalariga bag‘ishladi. U yangi bir baxtga , ya’ni – o‘zgalar baxti uchun kurashmoq baxtiga sazovor bo‘ldi.

U hatto uylanish haqida o‘ylab ham ko‘rmadi, bu­larning barchasi oila tayanchining yaqin insonlariga nasib etdi. Bu inson sabr-toqat qilishga qaror qildi, lekin ukalarining sabrlari chidamadi. Ulardan biri politsiya maktabini bitirib, zobit bo‘ldi va darrov uylandi. Uning ortidan muhandislik diplomini olgan ikkinchi uka ham uylanib oldi. Abdurahmon esa bo‘ydoq bo‘lib qolaverdi.

Endigina uning hayotiga baxtu saodat olib kiri­shi mumkin bo‘lgan  ko‘hlikkina qiz yoqib qolganda…

Onaning ovozi uning xayolini bo‘ldi.

– Abdu, nega qorong‘ida o‘tiribsan?

Abdurahmon kun botganini ham sezmay qolibdi. U og‘ir qadamlar tashlab uyga kirdi.

– Anvar sen bilan gaplashdimi? – so‘radi ona.

– Ha.

– Xo‘sh, uning qaroriga nima deysan?

– Uning tanlagan qizi yaxshi. Ertaga men qo‘shnimiz bilan gaplashib, Anvar uchun uning qo‘lini so‘rayman.

– Mana endi hamma qushchalarim har tomonga qanot qoqib uchib ketdilar. Sendan tashqari hammasi, – dedi ona xomush ohangda.

U jim edi.

Kim biladi, ehtimol unga ro‘baro‘ kelgan baxtsizlik unchalar  qo‘rqinchli emasdir. Bu birinchi marta emas. Hayot uni bir narsaga, sabr-toqatga o‘rgatdi. U shuni tushunib yetdiki, hayotni o‘zgalarga bag‘ishlagandagina baxt-saodatli bo‘lish mumkin ekan.

Arab tilidan Bobur G‘iyosov tarjimasi

“Yoshlik” jurnali 2011 yil 11-son

[1] Arab tilida o‘zidan kattalarga ham “sen” deb murojaat qilinadi. “Siz” olmoshi ko‘plikni anglatadi.

05

(Tashriflar: umumiy 570, bugungi 1)

Izoh qoldiring