Najib Mahfuz. Raqqosa Rodopis. Roman. Ikkinchi qism.

004
Миср ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Нажиб Маҳфузнинг ушбу романида Миср фиръавнлари даврига доир ҳаёт манзаралари, ўжар табиатли, қатъиятли фиръавн Меренра ва раққоса Родопис ўртасидаги оташин, эҳтиросларга бой севги саргузаштлари, қаҳрамонларнинг фожиали қисмати гўзал бадиий лавҳаларда гавдалантирилган

022

054Араб ёзувчиси (Миср). Қоҳира университетининг адабиёт факултетини тугатган (1934). «Бемаъни шивиршивир» (1936) новеллалар тўплами жамиятдаги бойлик ва қашшоқлик ўртасидаги зиддият ҳақида.
Романтик-тарихий романларини («Тақдир ўйини», 1939; «Радобис», 1943; «Фив кураши», 1944) ёзгач, Нажиб Маҳфуз яна ижтимоий мавзуга мурожаат қилган. «Янги Қоҳира» (1945) романида 2-жаҳон урушидан аввалги Миср ёшларининг ҳаёти акс эттирилган. «Хон ал-Халилий» (1946), «Мидак тор кўчаси» (1947), «Аввали ва ниҳояси» (1949) романларида 1919 йилдаги инглизларга қарши қўзғолондан 2-жаҳон уруши тугагунча бўлган даврдаги Миср жамияти турли табақалари ҳаёти панорамаси чизилган.
Нажиб Маҳфузнинг 1956—57 йилларда нашр этилган, эски Қоҳиранинг даҳалари номи билан аталган машҳур романлари — «Байн алкасрайн», «Каср аш-Шоук» ва «ас-Суккария» 20-асрнинг 1-ярмидаги Миср оилалари ҳаёти ҳақида.
«Нил устидаги сафсата» ва «Мирамор пансионат» (1966), «Ёмғир остидаги севги» (1975) романларида Мисрдаги 1952 йилдаги инқилоб ва ундан кейин юзага келган муаммолар тасвирланган.
«Ўғри ва ит» (1961) романи ҳамда «Илоҳий дунё» (1963), «Бадном хонадон» (1965), «Қора мушук қовоқхонаси» (1968), «Шийпон остида» (1969) новеллалар тўпламлари муаллифи.
Нажиб Маҳфузнинг кўпгина асарлари экранлаштирилган ёки саҳналаштирилган. Асарларидан парчалар ўзбек тилида эълон қилинган.
Нобель мукофоти лауреати (1988).

022

07
Нажиб МАҲФУЗ
РАҚҚОСА РОДОПИС
Ортиқ Абдуллаев таржимаси
024

РОМАННИНГ ДАВОМИ

БОШ ВАЗИР

Суфхотепни бош вазир этиб тайинлагандан кейин фиръавн давлат ишларини тўла-тўкис бу ишончли одамнинг қўлига топшириб хотиржам бўлди, ўзини енгил ҳис қилиб, қалби ва вужудини батамом асир айлаган аёл ҳузурида вақтини хуррам ўтказа бошлади. Фақат унинг ёнидагина у ҳаёт қувончларию дунё гўзалликларини ҳис қилар эди.

Суфхотеп эса зиммасига тушган масъулиятнинг оғирлигидан икки букилиб қолди. Миср халқи янги мансабдорни қўрқув ва яширин норозилик билан қарши олишини яхши биларди. Ҳукумат уйи остонасига илк бор қадам қўйиши биланоқ нақадар ёлғиз эканлигини ҳис этди. Фиръавн ҳамма ишни унга ташлаб қўйиб, ишрат билан овора, вилоят ҳокимлари номига қўл сиқиб, уни олқишлаган бўлсалар-да, коҳинларнинг сўзини икки қилмас эдилар. Бош вазир дўст ва маслаҳатчи излаб гирён бўлар экан, подшоҳ қўриқчиларининг бошлиғи Таходан бошқа одамга кўнгли чопмади. Бу икки киши бир-бирининг тескариси бўлса ҳам, фиръавнга чексиз садоқат ва меҳр уларни бирлаштириб турарди. Тахо ёрдамга тайёрлигини билдириб, дўстлик қўлини узатди. УСуфхотепни ёлғизлатиб қўймай, кўпгина вазифаларни ўз зиммасига олди. Уфққа қора булутлар — бўрон даракчилари тўпланиб, тўлқинлар мавжлана бошлаган пайтда улар икковлашиб кемани қутқаришга киришдилар. Аммо Суфхотепда тажрибали йўлбошчилик сифати йўқ эди. У донишманд, садоқатли инсон бўлиб, ҳақиқий аҳволни аниқ тасаввур эта оларди. Шунга қарамай, унда қатьият етишмасди. Ҳар бир хатони ўз пайтида илғашига қарамай, фиръавнни ортиқча безовта қилиш ёки, худо сақласин, жаҳлини чиқаришдан қўрққани туфайли уни вақтида бартараф этиш, ҳеч бўлмаганда, зарарини камайтиришга журъат этолмасди.
Шу кунларда махфийлардан муҳим маълумот олинди. Улар Хнумхет ҳеч кутилмаганда Меннеферга — мамлакатнинг диний марказига келгани ҳақида хабар беришганди. Мазкур янгилик ҳарбий бошлиқни таажжубга солди. Кекса қария нима мақсадда мамлакат жанубидан шимолга қараб оғир сафарга чиққани сабабини билолмай гарангсиди, Суфхотеп эса машъум ҳодисалар рўй беришини олдиндан ҳис этди. Фирьавннинг коҳинлар мулкини тортиб олиш ҳақида фармон чиқаргани-ю, сўнг бу бойликларни қаерга сарфлаётганидан норози бўлган Хнумхет Меннефердаги коҳинлар билан алоқа ўрнатмоқчи. Улар ҳам, албатта, кўп нарсадан хабар топишган. Билмаганларини мана энди Хнумхетдан эшитишади. У бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олиб, норозилик ва итоатсизлик уруғларини экишга киришади.
Кўп ўтмай ана шу норозиликнинг дастлабки белгилари кўриниб қолди. Суфхотеп бош вазир этиб тайинлангани ҳақида чекка ўпкаларга хабар етказган чопарлар номархларнинг расмий табрикларини олиб кела бошладилар. Коҳинлар эса даҳшатли сукут сақлашардики, Тахо буни эълон қилинмаган яширин уруш деб баҳолади.
Шундан кейин барча эҳромлардаги катта-кичик коҳинлар имзо чеккан янги шикоятлар оқими пайдо бўлди. Ҳаммасида ерларни мусодара этиш ҳақидаги фармонни қайта кўриш сўралар эди. Бундай якдилликдан хавотирга тушган Суфхотепнинг ташвиши янада ортиб кетди.
Бир куни ҳукумат уйига Тахони таклиф қилиб, ўзи ўтирган оромкурсини кўрсатди: 88 – бетга келдим китобда.

− Бу курси ҳар куни тебраниб турибди.
− Зарари йўқ, ақлли бошинг мувозанатни сақлаб қолади.
Суфхотеп хўрсинди:
− Коҳинларнинг шикоят ва аризаларига кўмилиб кетдим.
Ҳарбий бошлиқ унга диққат билан тикилди:
− Уларни фиръавнга кўрсатдингми?
− Эсимни еганим йўқ! Бу ҳақда гапиришга ҳам қўймайди. Уни учратиш бахти менга ҳам кам насиб этадиган бўлди. Ёлғизланиб, эсанкираб қолдим.
Иккиси ҳам оғир сукутга чўмди. Ниҳоят, Суфхотеп бошини тебратиб гулдуради:
− Уста жодугар экан!
Нимага шама қилаётганини дабдурустдан англай олмаган Тахо ҳайрон бўлиб бошини кўтарди. Гап ким ҳақида бораётганини сезгандан кейин қалтириб, оқариб кетди. Ички ҳаяжонини зўрға босиб, бепарво оҳангда сўради:
− Қайси жодугарни назарда тутяпсан, донишманд?
− Родопис, — жавоб берди Суфхотеп. — Ахир у фиръавнни жоду қилиб олган-ку! Худолар номи билан қасам ичаманки, буни бошқача атаб бўлмайди.
Бу номни эшитган Тахони титроқ босди. Умидсизлик сиртмоғи яна бўйнидан бўғаётгандек туюлди. Аммо тишини тишига қўйиб, сукут сақлади.
− Родописдаги сеҳрли жозиба ҳаммани йўлдан уради — мен бунга аниқ ишондим, — деб хўрсинди қария.
Ҳарбий бошлиқ унга совуқ қараб қўйди.
− Фол очиб, бу сеҳргар қаллобни юзага чиқарган сенинг ўзинг эдинг-ку!
Суфхотеп Тахонинг овозидаги таъна оҳангини илғади ва шоша-пиша ўзини оқлашга киришди:
− Ҳукмдоримизнинг кўнглини оламан деб ўйлагандим… У бундай аёлларни биринчи марта кўраётгани йўқ…
− Ва жодугар Родописни рўпара қилдинг.
− Шундай, дўстим, катта хатога йўл қўйганимни сезиб турибман. Энди, қандай бўлса-да, буни тўғирлаш керак.
− Бу сенинг вазифанг, донишманд, — деди Тахо яна ўша совуқ оҳангда.
− Яхши. Сендан бошқа бир масалада маслаҳат сўрамоқчиман. Аризаларни нима қилсам экан? Фиръавн бу масалада мурожаат қилишни тақиқлаб қўйган.
− Балки маликага айтиш керакдир?
− Хнумхет шундай қиламан деб фиръавннинг ғазабига йўлиқди.
Тахо нима дейишни билмай турганда, Суфхотеп ғалати таклиф қилиб қолди:
− Балки Родопис билан учрашиб кўрарсан, фойдаси тегар?
Баҳодирнинг бадани жимирлаб кетди, у ичини кемирибкелаётган ҳаяжонини базўр босиб қолди. Суфхотеп ошиқлигимдан тамом бехабар, фақат фиръавнгина унинг домига тушган деб ўйласа керак, деган фикр миясига урилди.
− Ўзинг учрашиб қўя қолмайсанми?
− Родопис билан сен осон тил топишасан, — жавоб берди у.
Тахо кескин рад этди:
− Йўқ, донишманд. У менинг хатти-ҳаракатларимни нотўғри тушунади, самимийлигим ва ҳукмдоримизга бўлган садоқатимдан шубҳаланади. Мени кечирасан.
Шундай деб у ўрнидан қўзғалди ва кўкрагида ғалаён қилаётган туйғулар бўронини сездириб қўймаслик учун орқасига қарамай жўнаб кетди.
Оғир ва эртанги ташвишлар юки остида қадди эгилган Суфхотеп яна ёлғиз қолди.

ИККИ МАЛИКА

Чорасиз қолиб, нажот излаётган ёлғиз Суфхотеп эмас эди. Малика ҳам қайғу-ҳасратини ичига ютиб, ўз хонасидан чиқмай, изтироб оташида ёнмоқда эди. Нитокрис ҳозирги фожиалар ҳақида бот-бот ўйлаган сари мамлакат келажагидан хавотирга тушар ва бирон нарсани ўзгартиришга қодир эмаслигидан қаттиқ афсусланарди. У — юраги топталган нотавон аёл салтанат тахтига дарз кетганини яхши англар эди. Эри билан боғлаб турган иплар узилиб бўлган, бу бемаъни эҳтирос ботқоғидан қутулиб чиқмагунча аҳволни ўзгартириш мумкин эмас, ўзи эса мағрур сукутни афзал кўрмоқда эди.
Меренра юксак бурчини унутиб, бутун ҳокимият жиловини Суфхотепга ташлаб қўйганини малика алам билан эшитди. У янги бош вазир ҳалол ва садоқатли одам эканини билса-да, фиръавннинг калтабинлиги, масъулиятсизлигидан қаттиқ ғазабланди. Бирон чора топиш керак. Қанчалик оғир бўлмасин, яна аралашишдан бошқа илож йўқ. МаликаСуфхотепни чақириб, ҳукмдорга ҳавола этиладиган қоғозларни талаб қилди. Шу йўл билан елкасидан босиб ётган зилдай юкдан қутулиб, иззат-нафси озгина таскин топгандек бўлди. Қария ҳам енгил нафас олди.
Суфхотепнинг ахборотини эшитгандан кейин Нитокрис мамлакатдаги барча коҳинлар йўллаган шикоятлар билан танишишга киришди. Уларни эринмай синчиклаб ўқир экан, гоҳ очиқчасига, гоҳ эҳтиёткорлик билан айтилган мулоҳазалар остида катта хавф яширинганини ҳис қилди. Фиръавн бу шикоятларни сариқ чақага олмаслиги маълум бўлгандан кейин коҳинлар қандай йўл тутар экан? Ана шу жумбоқ уни безовта қилар эди. Коҳинлар Нил водийсида катта мулкларга эга.
Улар оддий одамларнинг ақли ва юрагига ҳоким. Эҳромлар ва макгабларда, кўчалар ва майдонларда уларнинг овози янграб туради. Уларнинг ўзини ҳам, ваъз-насиҳатларини ҳам муқаддас санайдилар. Йўқ, энг қудратли табақа вакиллари фиръавннинг мадади ва ҳомийлигидан маҳрум бўлиб, душманга айланишига Нитокрис хотиржам қараб тура олмайди. Мамлакатдаги ишлар кун сайин орқага кетмоқда. Мисрнинг бутун шонли тарихи давомида халқ билан ҳукмдор орасида бунчалик чуқур жарлик пайдо бўлганини ҳеч ким эслай олмайди. Меренра Биге оролида айш-ишратга муккасидан кетиб, садоқатли ва доно Суфхотеп итоатгўйликдан нарига ўтмаётган экан, буюк авлодларнинг меросхўри — қонуний малика Нитокрис ҳокимият жиловини ўз қўлига олиши керак. Мисрнинг гўзал юзидаги барча хунук ажинларни йўқотиб, асл қиёфасини тиклаш лозим… Аммо қўлидан нима келади? Салгина олдин эрини ғафлат уйқусидан уйғотиб, кўзини очиши мумкин эди, ҳозир бу имкон қўлдан кетди. Иззат-нафсини топтаб, ер билан яксон қилганини унутиш мумкин эмас. Шунда у ғурури устун келиб, курашдан воз кечган эди. Энди бошқа йўлларни излаб топиш керак… Аммо унинг мақсади нима? Нитокрис бу ҳақда узоқ ўйлади. Сўнг ягона нажот йўли коҳинлардан тортиб олинган ерларни эгаларига қайтаришдир, деган тўхтамга келди. Бунга қандай эришиш мумкин? Меренра қизиққон ва қайсар. У мазкур фармонни қизиққонлик қилиб, жаҳл устида чиқарган бўлса-да, асло орқага чекинмайди. Аммо, шубҳасиз, эҳромлардаги бойликларни тортиб олишга ундаган бошқа сабаблар ҳам бор. Биге оролидабўлган одамлар қаср чиндан ҳам олтинга айланиб кетди, деб гап сотишмоқда. Бу ерга беҳисоб хазина, қимматбаҳо тақинчоқлар ва ғаройиб уй жиҳозлари оқиб келмоқда. Агар мамлакат бойликларини ютиб юбораётган мана шу ўпқон бекитилса, у муросага келиб, коҳинлар мулкини қайтариб беришга рози бўлармиди? Нитокрис эрини соҳибжамол аёлдан жудо қилмоқчи эмас. Буни у хаёлига келтираётгани ҳам йўқ. Асосий мақсади — исрофгарчиликка барҳам бериш.

Малика оғир хўрсинди ва энди орқага чекинмасликка аҳд қилди. Давлат хазинасини беҳуда совурмасликка қандай қилиб бўлса-да фиръавнни ишонтириш лозим. Шундан кейин ерларни қонуний эгаларига қайтариш мумкин бўлади. Буни қандай амалга оширади? Бир марта уриниб, муваффақиятсизликка учради. Суфхотеп билан Таходан умид кам. Фиръавн эҳтирослар асири, бу жиҳатдан бас келиб бўлмайди. Наҳотки, унга ҳеч ким таъсир ўтказа олмаса?.. Юрагида мудҳиш оғриқ қўзғалди, жавоб — даҳшатли жавоб тайёр. У кўпдан бери буни дил-дилдан сезган бўлса-да, тан олишни хоҳламай, ич-этини еб келмоқда эди. Худолар қандай ҳукм чиқариб қўйганини ўйлаш ҳам оғир: мағрур эрининг қалбига олиб борадиган йўл фақат жазмани, Биге оролидаги раққоса орқали ўтар эди.
Қариб-чуриган кекса ёки дардманд одам ўлим ҳақида ўйлашдан қўрққани каби у ҳам ўзининг назардан чиқиб, ёлғизланиб қолишига сабаб бўлган бу аёлни эслашни хоҳламасди.
Аммо Нитокрис қайғу-ғамга ботиб ётаверадиган оддий аёллардан эмас, шижоатли ва узоқни кўра оладиган улуғ малика эди. У барча шахсий майлларини енгиб, тебраниб турган тахтни сақлаб қолиш учун курашиш масъулиятини ҳис қилди. Тилларда достон бўлган рақибини бир кўриш истаги ҳам бунга ундаган бўлса ажаб эмас.
Аммо бу ишни қай йўсинда бажаради? Давлат ишларини муҳокама қилиш учун Биге оролига борадими? Ким билан гаплашади? Миср маликаси фоҳиша аёл ҳузурига ташриф буюрадими? Сохта муҳаббати билан фиръавнни йўлдан урган зоти паст раққосадан хазинани асраб қолиш ва уни ўз бурчини адо этишга қайтаришни сўраб илтижо қиладими? Қандай пасткашлик!… Аммо қачонгача сукут сақлаб, оғзига толқон солиб ўтира- ди? Хонанишинликни тарк этиб, яна бир бор уриниб кўриш керак. У аёл олдида ўзини қандай тутади? Нималарни гапиради? Иккилантирадиган ва ғурурини топтайдиган бундай саволлар унга тинчлик бермай қўйди. Шунга қарамай, у аҳдидан қайтмади, аксинча, қарори мустаҳкамланиб борди. Ҳозир у сокин жилғалардан бошланиб, тобора қудратли, улуғвор кучга айланиб борадиган тоғ дарёсига ўхшар эди. Ниҳоят, қатьий қарорга келди: «Барибир бораман!»
Шундай тўхтамга келгач, эрта тонгда Меренра саройга қайтиши биланоқ, у подшоҳ кемаси саҳнига кўтарилди ва Биге оролига сузишни буюрди. Серҳашам кийимлари кўзга ташланмасин деб оддий қора ёпинчиққа ўраниб олди. Қандайдир эсанкираш, кучли ҳаяжон уни гангитиб қўяёзган эди. Кема саройга олиб борадиган зинапоя олдида тўхтамагунча, у ана шундай карахт аҳволда ҳаракатсиз қотиб турди.
Нитокрис қирғоққа чиқди ва олдига келган қулга ўзини танитмасдан қаср эгаси билан учрашиш истагини билдирди. Қул уни меҳмонхона залига бошлаб кирди ва кутиб туришни тайинлаб, чиқиб кетди. Дераза ташқарисида гувиллаб эсаётган совуқ қиш шамоли кўкка қўл чўзиб турган одамни эслатадиган яланғоч дарахт шохларини силкитар эди. У курсига омонатгина ўтирар экан, ҳукмдорлар ҳам баъзан юксак бурч тақозо этганда ҳокимият чўққисидан пастга тушиши мумкин, деб ўзини ишонтиришга зўр бериб уринарди.
Анча вақт кутишга тўғри келди. Бека учрашувга келган жазманларни мана шундай интизор қилса керак, деб ўйлади Нитокрис. Тоқатсизлана бошлаган малика рақибини кўришга бунчалар ошиққани учун ўзини койишга тушди. Яна бир неча дақиқадан кейин енгил кўйлакнинг шитирлагани эшитилди. Бошини кўтариб, қаршисида турган Родописни кўрди. Шубҳасиз, унинг ўзи. Малика ҳатто нима учун келганини унутиб қўяёзди. Раққосанинг тенгсиз гўзаллиги олдида ўзини ниҳоятда ожиза ва аянчли ҳис этди. Родопис ҳам нотаниш аёлдаги улуғворлик ва вазминликни кўриб ҳайратда қолди. У эгилиб салом берди ва ёнига ўтирар экан, майин овозда:
− Ўз уйингиздек тортинмай, бемалол ўтиринг, — деди.
Меҳмон совуққина миннатдорчилик билдириб жим ўтираверди.
Родопис унга кулиб қараганча:
− Олижаноб исмингизни айтиб, дилимизни хурсанд этмайсизми? — деди. Таклиф ниҳоятда самимий эди, аммо Нитокрис бундай бўлишини кутмагани учун шошилиб қолди. Унинг қиёфаси хотиржам ва улуғвор кўринса-да, вужудида нафрат жўш урмоқда эди. Ўзини базўр қўлга олиб, совуқ ва беписанд оҳангда жавоб берди:
− Мен малика бўламан.
Сўнг сўзлари қандай таъсир қилганини кўриш мақсадида тикка қаради. Родописнинг лабларидаги табассум йўқолди. Кўзлари дастлаб ҳайратомуз даражада йириклашди, сўнг торайди, ҳурпайиб ҳужумга шайланган илонга ўхшаб қолди.
Икки душман юзма-юз турарди. Бири қаршисида ўз бахтини тортиб олган омадли рақибини кўрса, иккинчиси ўз суюклиси билан тахтда ёнма-ён ўтирувчи маликага асло тоқат қила олмас эди. Улар илк учрашувдаёқ адоват ва нафрат гирдобига тушиб қолдилар.
Раққосанинг такаббурлигидан ғазабланган Нитокрис норозилигини яшириб ўтирмади:
− Малика билан қандай саломлашиш лозимлигини унутиб қўйдингми?
Родопис жойида қотиб қолди, ғазабдан нафаси бўғилди. Аммо у дарҳол ўзини қўлга олиб, бошқа усулда зарба берди. Сохта табассум қилиб, ёстиқчага янада яхшилаб суянган ҳолда истеҳзо аралаш бепарво оҳангда:
− О, қандай улуғ кун! Бугун менинг уйим тарихий асарларга кирадиган бўлди, —деди.
Малика ғазабдан қизариб кетди:
− Ҳеч бўлмаганда фиръавнни ҳурмат қилмайсанми? Унинг муқаддас номини кўча-кўйда қуруқ тилга олиб бўладими?
Родопис меҳмонга ҳамон истеҳзо билан тикилиб турар, нигоҳи ўша − ўта адоватли эди:
− Бошқаларни аралаштиришга ҳожат борми? Буюк ҳукмдор севги ошёнига айлантирган сарой устидан кулишга ким журъат этади?
Нитокрис бу зарбани ҳам мардона қабул қилди. У соҳибжамолга кўз қири билан қараб қўйди-да, тагдор қилиб:
— Малика фақат айш-ишрат учун яшайдиган аёллар тоифасига кирмайди, — деди.
− Наҳотки, бекам! Мен бўлсам, улар ҳам аёл, деб ўйлар эканман.
— Чунки сен ҳеч қачон малика бўлган эмассан.
Родопис қаддини мағрур кўтарди.
− Мени кечирасан, дангалига кўчайлик, ҳозир мен ҳақиқий маликаман.
Нитокрис лол қолди.
− Кимнинг устидан ҳукм юритасан?
− Энг буюк салтанат — фиръавннинг юраги устидан.
Маликани ожизлик, алам ва номус ҳисси чулғаб олди.Наҳотки, раққоса билан баҳслашиш даражасида тубанлашган бўлса?! Ғурури, улуғворлиги қайга кетди?! Саёқ эрини уйга қайтаришга уринаётган рашкчи аёлдан фарқи қолдими? Нимага эришди? Мана бу димоғдор аёл назар-писанд ҳам қилмай эри устидан ҳукмрон эканлигини очиқчасига кўз-кўз қилиб ўтирибди-ку! Наҳотки, буларнинг ҳаммаси даҳшатли тушда эмас, ўнгида юз бераётган бўлса?!
Нитокрис бор кучини тўплаб, кўксидаги ғазаб алангасини босди ва одатдаги улуғвор қиёфасига қайтди. Бу ерга нима учун келганини унутишга ҳаққи йўқ. Ноқулай бошланган учрашувни силлиқлаб, хатоларни тузатиш зарур.
− Сен мени муносиб қарши олмадинг. Келишдан мақсадимни нотўғри тушунганинг учун бекорга хафа бўлганга ўхшайсан. Аммо кўнглинг тўқ бўлсин, саройингга ўз манфаатимни кўзлаб келганим йўқ.
Родопис жавоб бермасдан шубҳа билан унга тикилди. Кўнгли ҳамон бир тутам эди.
Малика хотиржам давом этди:
− Мен муҳим иш юзасидан келдим. Бу — тахт ва мамлакат хавфсизлигига дахлдор.
− Қандай баландпарвоз гаплар! — жавоб берди Родопис ғижиниш ва истеҳзо билан. — Буларни муҳокама қилишга ҳаддим сиғадими? Мен севгидан бошқа нарсани билмайдиган ишратпараст аёлман-ку, шундай эмасми?
Малика гап оҳангига эътибор бермай, хўрсиниб қўйди.
− Сен пастга қараяпсан, мен эса юқорига назар соламан. Ҳукмдорнинг шуҳрати ва қисматига бефарқ бўлмасанг керак. Агар гапимни тўғри тушунсанг, уни ўз эркига қўйишинг лозим. У қасрингда вақтичоғлик қилиб, тоғ-тоғ олтинларни совурмоқда. Мамлакатдаги азиз одамлар — коҳинларнинг бойликларини беҳуда сарфлаб, халқ орасида адоват ва норозиликларни авж олдирмоқда. Улар ҳукмдор тортиб олинган пулларни раққоса аёлнинг оёғи остига ташлаганидан шикоят қилмоқдалар. Агар Миср фиръавнининг обрў ва шарафи сен учун чиндан ҳам азиз бўлса, уни ортиқча исрофгарчиликдан тийиш ва бойликларни эгасига қайтаришга кўндириш сенинг бурчингдир.
Аммо ҳамон адоват ва жаҳолат қуршовидан чиқмаган Родопис маликанинг сўзларини яхши англаб етмади. Шу туфайли унинг башарасига қараб:
− Сен қасримга оқиб келаётган олтинларни қизғаняпсан. Ҳасад ўтида ёниб келгансан бу ёққа, — деди шартта.
− Нақадар пасткашлик! — хитоб қилди Нитокрис ғазабдан қалтираб.
Раққоса эса виқор билан:
− Мени ҳеч ким ва ҳеч қачон ҳукмдоримдан ажрата олмайди! — деди қичқиргудай бўлиб.
Нитокрис гангиб қолди. Қалбини умидсизлик чулғади, ортиқча туришдан фойда йўқлигини сезиб, ўрнидан қўзғалди ва бурилиб, йўлни зўрға илғаган ҳолда эшикка қараб юрди.
Родопис ҳансираб нафас оларди. У бошини кафтига қўйиб, оғир ва маъюс хаёллар гирдобига чўқди.

УМИД УЧҚУНИ

«Бутунлай бошқа одам бўлиб қолдим, — ёлғиз ўтириб ўйлар эди Родопис,— ўтмишдан алоқамни уздим. Покланиш маросимини ўтказдим. Нега энди дунё мени унутиб юбормайди, ўз ҳолимга қўймайди?» О, худолар, наҳотки, коҳинлар хонавайрон бўлганларини мендан кўриб, тоза муҳаббатимга лой чаплашади?.. Ўз қасри деворлари ичида ором топиб, фисқу фужурлардан қутулиб, эндигина бахтиёр бўла бошлаган эди- ку! Номи кўча-кўйда тилга тушиб, фиръавн фармонидан норози кимсалар буни дастак қилиб, суюклисига қарши бош кўтариши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Йўқ, малика бекорга ваҳима қилмаганга ўхшайди. Ташриф сабабини тўғри айтган экан. Авваллари ҳам коҳинлар фиръавн фармонидан норозилигини эшитган эди. Нил байрамида кўз ўнгида Хнумхетни олқишлаб қичқиришди. Ҳа, унинг осойишта боғидан ташқарида ёқуз эҳтирослар, адоват ва зиддиятлар жўш уриб қийнаб ётибди. Ҳаётида илк бор муяссар бўлган бахтиёр кунлари орқада қолиб, яна ҳаловати бузилди, кўнглига ғулғула тушди. Суюклисининг бахтини ўйлаб, юрагига оғриқ кирди. Фиръавн фақат сарой қўриқчиларига таяниши мумкин, деган эди Ани. Родопис ҳозир шуни эслади. Нима учун ҳукмдор барча аскарларини тўплаб, қудратли қўшин тузмаяпти экан?..
У бутун кунни ташқарига чиқмай, хонасида ўтказди, ҳеч кимни кўришни хоҳламади. Бнамон орзиқиб кутиб ўтирган ёзлик шийпонга ҳам бормади. Ҳозир Родопис ёш ҳайкалтарошнинг ошиқона қарашларига дош бериб, соатлаб қимирламай ўтирадиган аҳволда эмас эди…
Қоронғулик тушди, ниҳоят, муштоқ бўлиб кутиб ўтирган суюклиси кириб келди. У ҳар галгидек соҳибжамолни бағрига босиб, ширин учрашув нишонаси сифатида юзидан тўйиб ўпди. Меренра уни қучоқлар экан, ўзини ҳамон чайқалиб турган кемада ҳис этар, кўз ўнгида Нил қирғоқларидаги манзаралар жонланар эди.
− Гўзал ёз қайда қолди? Кемамизни сокин аллалаган сеҳрли тунлар, оромбахш салқин шабадалар, дилни тўлқинлантирган нозик раққосалар қани?..
Бундай ширин эсдаликлар юрагига сиғмайдиган бўлса ҳам, Родопис суюклисига озор етказишдан ҳайиқарди.
− Қайғурма, азизим. Сеҳр фақат ёз ёки куздагина эмас. У бизнинг севгимизда. Ўчоқда олов ёнар экан, қиш ҳам гўзал кўринади.
Ҳукмдор қувноқ кулиб, унинг ёнига ўтирди.
− Гапларинг мунча дилбар?! Дунёда сўзларингдан ширин нарса йўқ. Эртага тоғлар бағрига чиқиб, жайрон овласак нима дейсан? Ҳориб-чарчагунча кабобхўрлик қилиб, яйраб дам оламиз.
− Сен хоҳлаганча бўлсин, азизим, ҳамма таклифингга розиман, − жавоб берди у паришон ҳолда.
Меренра диққат билин тикилиб, унинг хаёли бир жойда эмаслигини дарҳол англади.
− Азизам, − деди у, − юракларимизни боғлаган бургут ҳаққи қасам ичаманки, бугун ақлу ҳушингни қандайдир ташвиш ўғирлаганга ўхшайди.
Жавоб қайтаришга мажоли қолмаган Родопис мунг тўла кўзларини кўтарди. Меренра хавотирга тушди.
− Адашмабман. Кўзларинг фош қилиб қўйди. Мендан нимани яширяпсан?
У оғир хўрсинди, сўнг секин гапирди:
− Ҳаётимиз жуда гўзал! Аммо кимсасиз оролда яшаётгандек, атрофимиздаги дунёни бутунлай унутиб қўйибмиз.
− Бу дунё бир пулга қиммат! Ўткинчи шуҳрат изидан беҳуда қувиш. Севги тўғри йўлга солгувча, биз ҳам муқсадсиз адашиб юрдик. Ҳозир нимадан хафасан?
У яна хўрсиниб, ғамгин жавоб берди:
− Атрофимизда оч ва яланғочлар чирқираб турган бир вақтда биз қандай қилиб хотиржам еб-ичиб ўтира оламиз.
Фиръавн қовоғини уйди.
− Нимадан безовтасан, азизам? Очиғини айт. Қимматли вақтимизни ўғирлашга арзийдими-йўқми − ўйлашиб кўрамиз.
− Қулларим хабар келтирди, эҳромларнинг ерларини тортиб олгани учун одамлар улуғ ҳукмдоримиздан шикоят қилмоқдалар. Даромадлар менинг қасримга сарфланаётгани эса норозиликларни бутунлай кучайтириб юборган.
Меренра осуда ҳаётига заҳар қўшаётган Хнумхетнинг ёқимсиз қиёфасини қайта кўргандек бўлди. Фиръавннинг юзлари момақалдироқ олдидан қорайиб кетадиган Нил сувларидек бўзариб, овози титради:
− Шунга хафа бўлиб ўтирибсанми?! Исёнкорлар беҳуда овора бўлишади, уларга ўлим! Ваҳшийларнинг валдирашию сохта кўзёшларига ишониб ўтирма. Ваҳима қилиб, бахтимизга соя туширма. Гапимга ишон.
Шу сўзларни айтар экан, фиръавн уни елкасидан қучоқлаб, бағрига босди. Аммо Родопис илтижоли боқиб, сўзини давом эттирди:
− Фуқаролар норозилигига сабабчи бўлаётганим менга оғир ботмоқда. Юрагимни эзган ваҳима нималиги ўзимга ҳам қоронғи. Севишган одамлар, эҳтимол, ана шундай қўрқув ичида яшасалар керак…
− Ёнингда мен бор эканман, нимадан қўрқасан?
− Ҳукмдорим, улар юз-хотирни билишмайди, менга, бу уйдаги осойишталикка ҳасад қилишади. Кўпинча ўзимдан сўрайман: “Севгимиз учун олтину, зебу зийнат зарурми?”
Одамларни бизга қарши қайрай бошлаганидан кейин уни кўришга тоқатим қолмади. Уйимнинг девори ва поллари яланғоч бўлганда ҳам биз учун жаннат ҳисобланмайдими? Одамлар олтин жилосидан кўр бўлиб қолган. Ташла уларнинг олдига! Шунда даф бўлишади, тилини тийиб юришади!..
− Афсус. Мен унута бошлаган гапларни қайтадан қўзғадинг.
− Ҳукмдорим,— илтижо қилди у,— бахтимиз осмонини қора булутлар қопламоқда. Биргина сўз айтсанг, улар тарқалиб кетадилар.
− Нима дейишим керак?
Родопис хурсанд бўлди. Кўнгли юмшаб, ён бера бошлади.
− Уларга, ерларни қайтариб бераман, деб айт.
Меренра кескин бош чайқади ва қаҳрга минди:
− Мен сўзимни айтиб бўлганман. Уни қонунсиз ҳисоблаб, тинимсиз ғашимга тегишмоқда. Ён берсам — мағлубиятга учраган бўламан. Бундай қилолмайман. Ундан кўра ўлганим яхши. Мағлубият мен учун қанчалик оғирлигини тасаввур ҳам этолмайман. Ҳамма нарсани бой бераман. Иродамни синдириб, мағлуб қилишса — тамом бўламан. Унда севгига ҳам, яшашга ҳам лаёқатсиз, мажақланган ва ўлимтик одамга айланаман.
Родопис бу сўзларга батамом ишонди ва юраги ачишиб кетди. Ҳукмдор соғ-саломат, бахтиёр бўлса бас, унга бошқа нарсанинг кераги йўқ. Гап кавлаб, ярасини тирнаб қўйганига пушаймон бўлди.
− Улар сени ҳеч қачон енга олмайдилар!— хитоб қилди у титроқ овозда.
− Ҳа, енга олмайдилар. Сен эса доим ёнимда бўласан,— тасдиқлади у мулойим жилмайиб.
− Улар ҳеч қачон енга олмайдилар!— яна такрорлади у, кўзларида ёш ялтиради. Бошини ҳукмдорнинг кўкрагига қўяр экан, дукурлаб ураётган юрак садосини эшитди, юмшоқ қўллар сочини силаётганини ҳис қилди. Аммо дилидаги ваҳима тарқалмади. Куни билан тинчлик бермаган ўйлар дилини ҳамон кемирмоқда эди. Родопис бошини кўтариб Меренрага хавотирланиб қаради.
− Яна нима бўлди?— сўради у.
− Коҳинлар жуда кучли дейишади. Улар халқнинг дилига ҳукмрон.
− Аммо мен кучлироқман, — яна жилмайди фиръавн.
У бир муддат жим қолди, сўнг бир оз иккиланиб сўради:
− Нега ўзингга содиқ кучли қўшин тўплаб олмагансан?
− Аввалги ваҳима миянгга ўрнашиб қолганига ишониб турибман.
Родопис хўрсиниб, чимирилди.
− Одамлар ўзаро нима деб пичирлашаётганини кўрмасам? Фиръавн худоларнинг бойлигини ўғирлаб, раққоса оёғига ташламоқда, дейишмоқда улар. Бундай шивир-шивирлар йиғилса, қичқириққа айланади. У аланга олиб кетадиган учқунга ўхшайди.
− Ҳамма нарсага ёмон кўз билан қараяпсан.
− Нега аскарларингни тўпламайсан?— яна сўради у.
Меренра қандай жавоб беришни ўйлаб, унга узоқ тикилибтурди.
− Бирон сабаб бўлмаса қўшин тўплаш мумкин эмас. Ёлғончи коҳинлар эса ғазабим нақадар кучли эканини яхши билишади. Агар қўшин тўплашга буйруқ берсам, уларни даҳшат босади, ўзларини ҳимоя қилиш учун қўзғолон кўтаришлари мумкин.
У жим қолди, сўнг хаёлчан оҳангда:
− Баҳона топиб, қўшинни тўпла,— деди.
− Ўз-ўзидан баҳона топиб бўлмайди.
Нима қилиш керак? Наҳотки, ҳеч қандай умид бўлмаса? Родопис бошини эгиб, кўзини юмди. Ногоҳ, умидсизлик зулмати орасидан ярқ этиб нурли ёғду кўрингандек бўлди. У гарангсиб, кўзини очди, уларда шодлик шуьласи бор эди.
− Мен баҳона топдим!
Фиръавн саволчан тикилди.
− Маасайю қабиласи!
Нимага ишора қилаётганини дарҳол англаган Меренра йўқ дегандек бош чайқади.
− Уларнинг йўлбошчилари биз билан сулҳ тузган.
Родопис бўш келмади.
− Олис ҳудудда нима бўлаётганини ким билиб ўтирибди! У томонда содиқ ноибимиз бор. Ишончли чопар орқали махфий мактуб йўллаймиз. У қабила исён бошлаганини маълум қилиб, биздан ёрдам сўрайди. Сен аскарларни тўплайсан, улар шимол ва жанубдан оқиб келади, катта қўшинга эга бўласан. Шундан кейин қиличинг билан ўз ҳукмингни ўтказасан.
Фиръавн унинг сўзларини ҳайратланиб эшитди. Нега бу фикр аввалроқ ўзининг хаёлига келмади? Тўғри, ҳарбий вазият тақозо қилмаса, аскарларни бир ерга тўплаш мумкин эмас. Коҳинлар баҳона бўлолмайди. Ана шу қўшин йўқлиги туфайли коҳинлар ва уларга тарафдорлар топталган ҳуқуқларини пеш қилиб, баралла норозилик билдирмоқдалар. Шу важдан Родопис берган маслаҳат маъқул кўринди ва табиатидаги қизиққонлик, шижоат яна қайнаб, жўш уриб кетдн. У суюклисига тантана билан боқар экан:
− Доно фикр! Жуда ажойиб фикр! — деб баланд овозда такрорлай бошлади.
− Буни менга юрагим амр этди. Фақат уни жуда махфий сақлашимиз лозим. Амалга ошириш эса шакар лабларингдан бўса олишдан кўра осонроқ.
− Сен фақат ҳуснда эмас, ақл-фаросатда ҳам ягона эканингни биласанми?! Ҳа, бебаҳо хазинам, эҳтиёт бўлишимиз ва ишончли чопар топишимиз шарт. Уни менга айт.
− Ўзинг Карафанрадаги ноибга кимни чопар қилиб юборар эдинг?
− Саройдаги эшик оғаларидан биронтасини.
Родопис фиръавн саройидагиларга ишонмас эди. Бунгаҳеч қандай сабаб бўлмаса-да, малика Нитокрис ваҳима уйғотиб, саройдагиларни ёмон кўрсатиб қўйган. Шундай экан, кимни юборса бўлади? Сир очилиб қолса, катта хавф туғилиши аниқ. Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи даҳшатли. Қалтис режадан воз кечиб қўя қолса бўлмайдими? Ногоҳ ёзлик шийпонида ишлаётган боладек маъсум, кўзлари беғубор ёш ўсмирни эслади ва шу заҳотиёқ хотиржам бўлди. Беканинг ҳуснини меҳроб билиб, эртаю кеч сажда қилувчи бу йигитдан кўра ишончли одамни топиб бўлмайди. Бнамон чопар бўлишга лойиқ. Аёл иккиланиб ўтирмади.
− Чопарни ўзим топишимга ижозат бер, — илтимос қилди у. Овозида энди қатьият бор эди.
Меренра кулиб юборди:
− Бугун сени ҳаммадан ҳадиксираган ҳолда кўраман деб ўйламагандим. Кимни юборишни мўлжаллаяпсан?
− Мен айтган чопар — рассом. Боғдаги ёзлик шийпондаишлаяпти. У худди болага ўхшайди, юраги иффатли қизлардай тоза. Менга садоқати чексиз. Яна бир устун жиҳати бор — ҳеч ким ундан шубҳаланмайди. Ўзи ҳам мактуб мазмунидан бехабарлиги учун бировдан тап тортмайди. Қўрқувни писанд қилмаган одам эса ҳар қандай тўсиқдан хотиржам ўта олади.
Ундан яхши чопар тополмаймиз.
Фиръавн мамнун бош силкиди. Ҳозир Родопис нимани хоҳласа, шуни бажаришга мойил эди. Аёл эса севинчдан ўзини йўқотиб қўяёзди. Ҳали иш қандай якунланиши номаълум бўлса-да, фоғир булутлар тарқалишига ва ўз саройи қудратли қўшин ҳимоясида яна беташвиш севги ошёнига айланишига унда умид уйғонди.
Соҳибжамол итоаткорлик билан бош эгди, Меренра бўлса, унинг узун қора сочларини гоҳ бармоқларига ўраб, гоҳ елкаларига ёйиб, гоҳ юзларига босиб ўйнаб, ҳидига маст ҳолда роҳат ола бошлади.

ЧОПАР

Эрта тонгда қуёшнинг илк нурлари парқув булутларни тилла рангга бўяб, туннинг қолган-қутганини уфқдан нарига ҳайдаган паллада Родопис ётоғидан чиқиб, ёзлик шийпонига йўл олди. Кўнгли нотинч эди, покланиш чоғида эҳромда ичган қасамини бузишга тўғри келарди. Шу куни ўз ўтмишидан бир умр алоқа узишга аҳд қилганини айтганди.
Ҳозир яна ёш ошиқ йигитнинг туйғулари билан ўйнашмоғи, уни алдаб, итоаткор қулга айлантирмоғи лозим. Иккиланиб ўтиришга фурсат йўқ. Шошилиш керак. Қалтис ишга қўл ураётганини сезиб турибди, аммо ўз севгиси йўлида ҳар қандай мушкул ишга тайёр эди у. Бунинг устига ҳозир айёрлик, ҳийла-найранг ишлатиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ошиқ йигит ҳар қандай амру фармонга тайёр.
Родопис оҳиста юриб шийпонга яқинлашар экан, Бнамон девордаги тасвирга тикилган кўйи ўзи севган ва кўпинча хиргойи қилиб юрадиган қўшиқни паст овозда куйлаб ўтирганини кўрди.

Агар ҳуснинг мўъжиза яратса чиндан
Мени қутқармоқ учун
Қилсин мўъжиза!

Таниш куйни эшитиб ҳайратда қолган Родопис шу заҳотиёқ фурсатдан фойдаланиб, бандни якунлади:

Ўйингга қўшилган киши биларми
Охири қай тарзда топади якун?
Булутлар ортидан кўринмас қуёш…
Юрагим қатида қолувчи мангу
Ноёб жавоҳирга айланурсен сен…

Йигит чўчиб тушди, ҳам қўрқув, ҳам қувонч ичида ўгирилиб қаради, соҳибжамол эса яйраб кулган ҳолда хитоб қилди:
− Қандай ёқимли овозинг бор экан-а?! Қанча вақтдан бери уни яшириб юрганингни қара!?
Бнамон хижолатдан қизариб кетди. Родопис бўлса яна тегажаклик қилди:
− Ишлаш ўрнига ашула билан овора экансан-да?!
У рад этиб, бош тебратди ва деворни кўрсатиб ғўлдиради:
− Қараб кўргин!
Расм тайёр бўлганди. Ундаги гўзал чеҳрадан ҳаёт барқ уриб турарди. У ҳаяжонини яшира олмади:
− Зўр истеъдодинг бор, Бнамон.
− Миннатдорман, бекам, — деди у енгил нафас олиб.
Родопис нима учун келганини эслаб, суҳбатни заруртомонга буришга шошилди:
− Аммо менга шафқатсизлик қилибсан!
− Менми? Қачон, бекам?
− Расмга жуда улуғвор тус бериб юборибсан. Мени нозик, мулойим ҳолда кўрсатишингни хоҳлаган эдим.
Бнамон жавоб бермади. У сўзини яна давом эттирди:
− Такрорлайман: менга нисбатан шафқатсизлик қилгансан. Мен ҳақимдаги тасаввуринг бутунлай нотўғри бўлган. Суратни қара, чиройли, аммо қатьиятли, илтифотсиз аёл акс этган. Сурат жуда гўзал, қойил қолдим. Аммо сен юрагимни тошдек совуқ, ҳиссиз деб билар экансан! Шундай эмасми? Унда бу ердан тезроқ қочиб қолишинг керак!
Ҳайкалтарош саросимага тушиб, бўшашиб жим тураверди.
− Нега мени шафқатсиз деб ўйлайсан? Фақат ташқи қиёфамга қараб баҳо бердингми? Ўзинг-ку, табиатан очиқ одамсан. Юрагингда нима кечаётганини худди китоб ўқигандек юзингдан билиб олиш мумкин. Биз эса дилимиздагини очиқ айтиб, ғалаба нашидасини суришдан маҳруммиз…
Бнамон бу сўзлардан бутунлай гангиб қолди.
Нимага шама қиляпти? Унда нега ҳар гал қаршисида юрагини ёндираётган оловни сезмагандек беписанд, мағрур ўтирар эди, нега бунчалик тез ўзгариб қолди?
Нега бирданига кўксидаги махфий сирларни очиб ташлаяпти? Бундай ширин муомала тагида қандай сир бор? У ошкора ишора қилаётган нарсаларни ўзи ҳатто ўйлашга ҳам журъат этолмаган-ку!
Соҳибжамол бўлса яна бир қадам олға босди.
− Оҳ, Бнамон, сен ҳақиқатан ҳам менга шафқатсизлик қилдинг. Бунинг исботи — жим туришинг.
Родопис унга мунгли нигоҳ ташлаб, узоқ тикилиб турди. Йигитнинг кўзларида севинч ёшлари пайдо бўлди. Муқаддас туйғулари алдамаганига ишонди ва титроқ овоз билан:
− Туйғуларимни ифода этадиган сўзлар оламда йўқ, — дея олди аранг.
Родописнинг кўнгли жойига тушди. Ниҳоят, тилидаги тугунни ечишга жазм этди.
− Сўзлашга не ҳожат? Ўзим билиб турган гапларни айтиб нима қиласан? Шу шийпон гувоҳ! Бир неча ойдан бери у бизни кўриб, юрак зарбларимизни эшитиб турибди. Мен шу ерда юрагимдаги сирларни англаб етдим.
Соҳибжамол ундан кўз узмай, бир муддат тин олди.
− Юрагимни қандай англаганимни айтиб берайми? Мутлақо кутилмаганда. Энг садоқатли одам орқали етказиш зарур бўлган мактуб қўлимга тушиб қолди. Кимга ишонишни ўйлаб, танишларимни бирма-бир хаёлимдан ўтказдим. Ҳеч кимга кўнглим чопмади. Билмадим, нима учундир мана шу шийпонни ва сени эсладим, Бнамон. Шунда бирдан хотиржам бўлиб, енгил нафас олдим. Очиғини айтсам, фақат енгиллашганим йўқ, балки бошқа нарсаларни ҳам англадим… Шундай қилиб, кўнглимдаги жумбоқни билиб олдим.
Юзлари шодликдан ёришиб кетган йигит аёлнинг оёқларига тиз чўкди.
− Бекам!
Родопис унинг бошига қўлини қўйди ва мулойимлик билан:
− Мана, сирларимни ҳам билиб олдинг. Ажабо, қанча вақтдан бери ўзим ҳам бундан бехабар эканман,− деди.
− Бекам! Қасам ичаманки, бугун тунда изтироб чекиб, адо бўлаёзган эдим, тонг эса муаттар шодлик насимини етказди. Сенинг сўзларинг мени умидсизлик зулматидан бахт оламига олиб чиқди. Ўлаётган қалбимга ҳаёт бахш этмоқдасан. Сен менинг умидимсан, қувончимсан, тақдиримсан!..
Родопис бу сўзларни ғуссага тўлиб эшитди, бечора содда бола! Қуруқ орзуларга алданиб, унга илтижо қилмоқда. Ногоҳ яна виждони уйғониб, азоб бера бошлади, аммо энди орқага йўл йўқ эди, у ўйинни давом эттирди:
− Шу пайтгача юрак асрорини билмай юрганимдан ҳайратдаман. Яна ғалати жойи шундаки, кимгадир топшириқ бериб жўнатишим керак бўлган пайтда, буни англаб етдим. Шу иш туфайли сен рўпара бўлдинг, айни замон ҳижрон азобини тортишга ҳам тўғри келади.
− Хоҳлаган буйруғингни бажаришга тайёрман!
− Олис мамлакатга сафар қилишингга тўғри келса-чи?
− Фақат ҳар тонгда сени кўролмаслигим азоб беради, холос.
− Зарари йўқ, қисқа фурсат учраша олмаймиз. Сенга мактубни топшираман, уни кўкрагингга маҳкам жойлаб оласан. У сендалигини ҳеч ким билмаслиги керак. Карвонга қўшилиб жанубга — Нубияга жўнайсан, у ерда ноибга учрашасан. Мактубни фақат ўз қўлига топширасан. Шундан кейин ҳузуримга қайтиб келасан.
Муҳим вазифа топширилаётганидан беҳад фахрланган Бнамоннинг қувончига қувонч қўшилиб кетди. Эҳтирос ва ҳаяжондан титраган ҳолда соҳибжамолнинг қўлини ушлаб ишга тушди.
Родопис шийпондан чиқар экан, ўсмирнинг нозик ҳиссиётлари билан ўйнашгандан кўра, чопар танлашни фиръавн ихтиёрига ташлаганим маъқул эди-ку, деб ўйлаб эзилиб кетди. Аммо содда, беғубор йигит ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис этганлиги тасалли берди. Умуман, нима фарқи бор?! Кўнглимдан кечаётган туйғуларни бир-икки кишидан бўлак деярли ҳеч ким билмайди… Йигит қандай қилиб бўлса- да, топшириқни бажариб қайтади. Бунга шубҳа йўқ. Шундай экан, элдан бурун ғуссага ботишдан фойда борми?

МАКТУБ

Шу куни кечқурун кайфи чоғ фиръавн катта папирус ўрамини кўтариб келди. Уни ёзиб, ичидаги хатни Родописга узатди. У ниятимиз зора тезроқ амалга ошса, деган умидда хатни тез ўқиб чиқди. Мактуб Нубия ҳокими, фиръавннинг амакиси Карафанра номига ёзилган эди. Меренра ўзи дуч келган қийинчиликларни очиқчасига айтиб, коҳинларда ваҳима ва шубҳа уйғотмайдиган тарзда катта қўшин тўплаш истагида эканини билдирган эди. У ноибдан пойтахгга расмий мактуб жўнатишни илтимос қилганди. Мактуб мазмуни давлатнинг жанубий чегараларини мустаҳкамлаш ҳамда гўё исён кўтариб, Мисрнинг шаҳар ва қишлоқларига катга талафот етказаётган маасайю қабилаларини бостириш учун ёрдам сўрашдан иборат эди.
Родопис папирусни ўраб қўйди.
− Сенингча, Карафанра юборган хабар қандай кутиб олинади?
− Ҳамма ҳайратда қолади, ҳатто коҳинлар ҳам, — деди ишонч билан фиръавн. — Номарҳлар бутун мамлакат бўйлаб аскарларни йиғишга киришадилар ва кўп ўтмай биз кутган қўшин тўпланади.
− Жавобни узоқ кутиб қолмаймизми?
− Сен йўллаган чопар Нубияга бир ойда етиб боради. Сўнг у ёқдан Карафанранинг одами мактубни олиб келади.
Родопис бармоқларини букиб, ҳисоблаб чиқди.
− Агар тахминимиз тўғри чиқса, у Нил байрами кунларида қайтиб келади.
− Бу яхши аломат, азизам. Нил байрами — муҳаббатимиз байрамидир. Эндиликда у ғалаба байрамига айланади.
Родопис ҳам буни яхши аломат деб билди. Бу кун — ўзи қайта туғилган кун бахтсизлик келтириши мумкин эмас, ахир!
− Агар чопар байрамга етиб келса, бу одций тасодиф эмас, севгимизга ҳомийлик қилаётган худоларнинг яна бир марҳамати бўлади.
Меренра унга ҳурмат ва ҳаяжон билан тикилиб, пешонасидан ўпди.
− Чиройли бошинг ақлга тўла. Суфхотеп таклифингдан бекорга севинмаган экан. У нима деганини биласанми? «Оғир масалани осон ечадиган йўлни топибди! Худди қуюқ чирмовуқлар орасини ёриб чиқиб, ёруғликка интилаётган нозик бойчечакка ўхшайди», деди.
Родопис мактуб ҳақида Меренра ҳеч кимга, ҳатто садоқатли Суфхотепга ҳам оғиз очмаса керак, деб ўйлаган эди.
− Вазир сирдан воқиф бўлдими?
− Ҳа, — жавоб берди фиръавн. — Суфхотеп — менинг ўнг қўлим, Тахо эса — чап қўлим. Улардан ҳеч нарсани яширмайман.
Тахонинг исмини эшитар экан, қулоқлари остида момақалдироқ гумбурлагандек бўлди, юзи бўзарди, кўзларида қўрқув қотиб қолди.
− Буни яна ким билади?
Меренра кулди.
− Ҳадеб шубҳаланаверма, азизам. Улардан яширадиган сирим йўқ. Ҳар иккисига ўзимга ишонгандек ишонаман.
− Шубҳаларим ишончли одамларга тааллуқли эмас, азизам.
Родопис сўзлар экан, Тахо билан охирги учрашувнихотирлади. Шунда у ғазаб, нафрат ва аламдан ўзини йўқотиб қўяёзган, фарёд чекиб, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилган эди. Ҳозир унинг кўнглида нима бор экан?.. Аммо ваҳимали ўйлар тезда тарқалиб кетди. Одатдагидек суюклисининг қучоғида эриб, оламдаги ҳамма нарсани унутди.
Эрталаб Бнамон бин Ясар келди. У чакмонга ўралиб,қалпоғини кўзигача тушириб олган эди. Ҳаяжонланганидан юзига қизиллик югурган, кўзлари қувончдан чарақларди. Йигит тиз чўкиб, Родописнинг этагини эҳтиром билан ўпди.
Аёл меҳр билан унинг бошини силади.
− Мени деб шунчалик оғир сафарга чиқишга рози бўлганингни асло унутмайман, Бнамон.
− Сен учун ҳар қандай машаққатга тайёрман. Фақат худолар ҳижрон азобини енгиш учун мадад берсалар бас.
− Қайтиб келганингдан кейин бахтли кунларга муяссар бўласан, тортган азобларинг эсингдан чиқиб кетади.
− Кўксимдаги умид шуъласи йўлимни ёритиб, оғир сафарда мададкорим ва йўлдошим бўлишига ишонаман.
Родопис хуррам кулимсиради ва ўралган папирусни узатди.
− Эҳтиёт бўл, деб огоҳлантириб ўтириш ортиқча. Буни қаерга яширасан?
− Юрагимга, кўйлагим остига, бекам.
− Мана бу мактубни эса бугун ҳоким Анига берасан. У сени сафар анжомлари билан таъминлайди ва жанубга йўл оладиган биринчи карвонга қўшиб юборади.
Хайрлашув фурсати етди. Родопис қўлини узатди. Бнамон уни ҳаяжон билан ушлаб, титроқ кафтлари орасига олди. Кейин кўкрагига босди, соҳибжамол унинг баданидаги қайноқ ҳароратни ва юрак зарбларини ҳис қилди. Йигит қўлини секин тортиб олиб, орқага тисарилди ва дарвозадан чиқиб, ғойиб бўдди, довдираб қолган Родопис эса нигоҳи билан кузатиб қолар экан, уни паноҳингда асра, деб худолардан илтижо қила бошлади. Ҳозир барча умид-орзулари, келажак ҳаёти фақат унга боғлиқ эди.

ТАХО ЖАЗАВАДА

Шу кундан бошлаб кутиш Родопис учун мисли йўқ азобга айланди. Ички бир овоз афсус-надомат билан ҳар куни: Меренра мактуб ҳақида ҳеч кимга гапирмаганда қанчалик яхши бўларди, деб шивирлар эди. Бу фикр миясига ўрнашиб қолди ва фиръавн ўз икки сафдошига ҳаддан ташқари ишонч билдиргани унга тинчлик бермай қўйди. Аслида хавотирланишга жиддий асослар йўқ эди. Шунга қарамай, у ўз-ўзига: «Мактуб коҳинлар қўлига тушиб қолса нима бўлади?» — деб тинимсиз савол берарди. Ўзларини ҳимоя қилиш учун оёққа туришармикин? О, худолар, сир очилиб қолса, оқибати номаълум мудҳиш фалокатлар юз бериши мумкин… Родопис оғир хаёлларни орқага суришга уринар ва ҳамма иш ўзлари ўйлагандек яхши кетяпти, деб ўзини зўр бериб ишонтирар эди. Шундай экан, нега у беҳуда ташвиш чекмоқда? Ҳаммасига бедор ўйлари ва нотинч шайдо юраги айбдор…
Аммо ўжар хаёллари бир манзарага келиб тақалаверар — кўз ўнгида Тахонинг ғазаб ва изтиробдан бўзариб кетган юзи гавдаланар, бўғиқ, ярадор ҳайвоннинг ўкиришини эслатадиган овозини эшитгандек бўлар, шунда ўз-ўзидан вужудини қўрқув қамраб олаверар эди. Родопис изтиробда ёнар, аммо бирон чора топишдан ожиз эди. Ундан нега қўрқади? Афтидан, у аввалги эҳтиросларини унутганга ўхшайди. Тунлари дарчасини тақиллатиб келмай қўйди-ку. Қўлидан нима ҳам келарди? Уйининг эшиклари унга абадий ёпиқ. Шунга ақли етиб, юрагидан буткул чиқариб ташладимикин? Тахо ёвуз ва шафқатсиз. Эски эҳтиросларини ичига ютиб, ўнг келиб қолганда даҳшатли қасос олишдан тап тортмайди…
Шу билан бирга Родопис ўз табиатига хос сергаклик ва холислик туйғусини ҳам йўқотиб қўймаган эди. У саркарданинг ҳукмдорга чексиз садоқати, хизмат бурчини фидойилик ва қатьият билан бажариб келаётганини ўйлаб, ўзига таскин берди.
Хуллас, ҳеч кимдан шубҳаланишга асос йўқдек кўринарди. Аммо аёл барибир ички қўрқувни енга олмади. Бнамон қасрдан жўнаб кетганига бир неча кун бўлганига қарамай, ўзини қўйишга жой тополмасди. Бир ой, ҳатто ундан кўп вақтни кутиш азоби ичида қандай ўтказар экан?.. Тахо билан учрашиб, кўнглига қўл солиб кўрсамикин? Аввал бундай хаёл етти ухлаб тушига кирмасди, аммо азобли ваҳималардан қутулишга чора тополмай қолди. Бурчакка тақаб қўйилган ҳайвон жон аччиғида овчига шундай ташланади. Хўш, бунинг нимаси ёмон? У саркардани чақириб очиқчасига суҳбатлашади. Шу йўл билан Тахога таъсир қилиб, ёвузликнинг олдини олади ва ўзини ҳам, суюкли ҳукмдорини ҳам фалокатдан асраб қолади… Ўйлай-ўйлай, иккиланишларни бир чеккага суриб, кескин қарорга келди. Шундан кейин у Шитга қичқириб, саройга бориб, шоҳ қўриқчиларининг бошлиғини чақириб келишни буюрди. Канизак кетди. Тахо тез етиб келишига шубҳаланмаган бека меҳмонлар қабул қилинадиган залга кириб ўтирди. Илгарилари уни шу залда кутиб олишини эслади. У пайтларда қанчалик мустақил ва журъатли эди! Мана энди, юрагига севги кириб келгандан кейин энг оддий ташвишларни ҳам ҳайдаб юбора олмайдиган ожиз, ваҳимачи аёлга айланиб ўтирибди… Родописнинг таҳмини тўғри чикди. Тахо шу заҳотиёқ етиб келди. Унинг оддий кийимда ҳеч қандай нишону дабдабаларсиз келганини кўриб, яхшилик аломати, деб ҳисоблади ва кўнгли анча таскин топди. Гўё у бир вақтлар дилини ром этган оқ саройдаги гўзал бека олдига эмас, буюк ҳукмдорга яқин аёл ҳузурига иш билан келгандек таассурот пайдо бўлди.
Саркарда эҳтиром билан таъзим қилди ва заррача ҳаяжон сезилмайдиган силлиқ овозда табрик сўзларини айтди:
− Худолар ҳамиша мададкор бўлсин, муҳтарам бекам.
− Сенга ҳам, о, буюк саркарда, — жавоб қайтарди Родопис унинг юзига тик қараб. — Таклифимни қабул қилганинг учун жуда миннатдорман.
− Хизматингга тайёрман, бекам.
Тахода ўзгариш сезилмади. Қизил ғишт рангидаги бадани чайир ва бақувват эди. Аёлнинг синовчан нигоҳлари унда рўй берган, аммо бошқа одамлар бир қарашда кўра олмайдиган ўзгаришларни дарҳол илғади. Баҳодирнинг юзида майда ажинлар пайдо бўлган, кўзларида аввалги қатъият учқунлари йўқ эди. Баҳайбат гавдасини қайноқ шижоат тарк этиб, бўшашиб қолгандек туюларди. Бу ўзгаришларнинг ҳаммаси бир йилча олдинги кўнгилсиз тўқнашув оқибатида рўй берганини сезган Родопис эзилиб кетди. Бечора, тоғ дарёсидек қудратли одам ариқдаги кўлмак сувга ўхшаб қолибди.
− Фиръавн сенга юксак ишонч билдираётгани билан табриклаш учун йўқлаган эдим.
Тахо ҳайрон бўлиб қошларини чимирди.
− Миннатдорман, бекам. Худолар бу шарафни менга ато этганига анча вақт бўлган.
Соҳибжамол айёрона кулиб, сўзида давом этди:
− Таклифимни маъқуллаганинг учун ҳам ташаккур билдирмоқчиман.
Меҳмон бир нафас ўйланиб қолди.
− Чамамда, яқинда доно миянгда туғилган порлоқ ғоя ҳақида гапираётган бўлсанг керак?
У маъқуллаб бош силкиди.
− Ҳа, бу узоқни кўра оладиган ақлингдан чиққан доно фикр.
− У амалга ошса, ҳукмдоримизга куч ва қудрат, мамлакатга тинчлик ва осойишталик бағишлайди.
− Шубҳасиз, худди шундай, — маъқуллади саркарда. — Шунинг учун ҳам кашфиётингга тан бериб, уни маъқулладик.
— Мазкур ғоя амалга ошмоғи учун сен жонбозлик қиладиган кунлар ҳам яқинлашмоқда.
Баҳодир яна таъзим қилди.
− Беқиёс ишонч билдирганинг учун миннатдорман.
Родопис каловланиб қолди. Тахо жиддий ва тепса-тебранмас қиёфада турар эди. Аввал уни бундай ҳолатда сира кўрмаганди. Зеро, ҳозир бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо саркарданинг шу туриши ундаги шубҳа ва гумонларни янада алангалатиб юборди. Ўтмишдаги осуда дамларни эслатиб, барча хафагарчиликлар учун узр сўраш истаги вужудини қамраб олди. Аммо гангиб, тили лол бўлиб қолган, гапни қандай бошлашни билмас, яна қовун тушириб қўйишдан чўчир эди. Ўйлай-ўйлай, дилидаги гапларни айтмасликни маъқул кўрди. Сўнгги дақиқаларда кўнглидан кечаётган илиқ туйғуларини бошқа йўл билан билдиришни хоҳлади. Родопис ўрнидан турди ва кулимсираб:
− Шонли саркарда, миннатдорлик ва дўстлик рамзи сифатида сенга қўл узатаман, — деди. Баҳодир индамасдан баҳайбат қўлини унинг кичкина нозик кафтига қўйди. Баҳайбат вужуд ичида туйғулар кураши кетаётганлиги очиқ сезилиб турарди. Шу билан бу қисқа учрашув ниҳоясига етди.
Қайиқ томонга қайтар экан, Тахо титраб-қақшаб ҳозирги суҳбат ҳақида ўйлар ва нима мақсадда чақирилганини билолмай, карахт қадам ташлар эди.
Энди ўзини зўрлаб ушлаб туришга ҳожат йўқ, у ақлу ҳушини йўқотиб, жаҳлига эрк берди. Эшкакчилар ишга тушиб, сувнинг шалоплаши эшитила бошлади, у эса қайиқ саҳнида маст одамдек оёқда зўрға турарди. Жангда мағлубиятга учраб, шармандаси чиқиб қайтаётгандай ҳис этарди ўзини. Улкан қайиғи пальмазор қирғоқ ёқалаб сузиб борар, назарида, дарахтлар уни мазах қилиб ўйинга тушаётгандек туюларди. Ҳавони булут босган, чанг-тўзон ичида димиқиб кетган эди. Юзи қора тусга кирган, томирлари бўртиб, қон депсиб ураётгани сезилиб турарди. Этакдаги хоначага кириб, май қуйилган кўзачага кўзи тушди, ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай, уни бир кўтаришда охиригача симирди ва мажолсизланиб, ўзини тахтага ташлади.
Йўқ, бир сония ҳам бу аёлни унута олмаганди. Фақат хотираларини қалбининг энг чекка бурчакларига қамаб қўйиб, чиқиш йўлларини кўмиб ташлаган эди. Ўз бурчига чексиз садоқат ҳисси туфайли шундай қилишга мажбур бўлганди. Узоқ айрилиқдан кейин уни кўриши биланоқ ичидаги оловли вулқон отилиб чиқди ва онг-шууридаги барча тўсиқларни ёндириб юборди. У яна мағлуб бўлган, шарманда ва аламзада одам қиёфасига тушди. Миясида ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб кетди ва овоз чиқариб ўзи билан ўзи гаплаша бошлади. Нимага чақирилганини яхши билади. Садоқатини синаб кўриб, ўзига тасалли бермоқчи бўлган. Суюклиси, ҳукмдорининг осойишталигини ўйлаган. Фақат шу ниятда ўзини дўст қилиб кўрсатди, маккорона жилмайди… Шафқатсиз ва ҳиссиз Родопис сезиб қолгандан кейингина қўрқув ва хавотир нималигини англади. Таходан, бир вақтлар ўз шиппагига занжирдек боғлаб қўйилган, энди эса кераксиз бир буюм сингари улоқтириб юборилган Таходан қўрқиб қалтирамоқда!.. Тахо хиёнат қилиши мумкин, деб титраб-қақшамоқда. О, осмон ва ер худолари! Олам нақадар жирканч! Юрагида ваҳший ғазаб, ўлим талвасаси, жаҳолатдан бошқа нарса қолмади. Кўзига қон тўлиб бормоқда, ҳамма ёқда олов… Қайиқнинг бурни саройга кўтариладиган зинапояларга тақалиши биланоқ Тахо сакраб тушди ва аскарларнинг саломига эътибор бермай, гандираклаб боғ томонга юрди. У сарой қўриқчилари турадиган бинога кирмоқчи эди, аммо ногоҳ шоҳ оромгоҳидан чиқиб келаёттан бош вазир Суфхотеп дуч келиб, йўлини тўсди. Тахо қариянинг очиқ чеҳра билан берган саломига жавоб қайтармади ва гўё уни танимагандек олдида индамасдан тўхтади.
− Ишларинг қандай, шонли саркарда? — сўради унинг ғалати қилиғидан ҳайратланган Суфхотеп.
− Мен қопқонга тушган арслонга ўхшайман… Аммо товада қовуриладиган тошбақа эмасман!..
− Нималар деяпсан? Арслон билан тошбақаю қопқон билан тованг нимаси?
− Тошбақа узоқ яшайди — ўз совутини зўрға кўтариб юради. Арслон эса аввал тортилади, бўкириб, сакрагандан кейин ундан қочиб қутулиш қийин…
Вазир Тахсга ажабланиб қаради.
− Бугун одатдагидан бошқачароқсан? Нима бўлди?
− Мени тергама. Мен жанг-жадаллар учун яратилганман…. Бу жирканч умр яна қанча давом этади?.. Ўлим худолари қурбонлик талаб қилишмоқда. Тез орада уларнинг ташналигини қондираман…
Суфхотеп таъна қилиб, бошини тебратди.
− Сенга нима бўлганини энди англадим. Марьют шаробидан кўпроқ отиб қўйибсан…
− Йўқ! — эътироз билдирди саркарда. — Мутлақо ундай эмас. Мен май эмас, қон ичдим… Бу қон эса заҳарланган экан. Ҳозир мен ҳам заҳарланганман, ақлдан озиб, қутурганман. Фақат уйқудаги эзгулик худоси уйғонмай туриб найзани кўксига санчишим қолди… Майли, жанг бошлансин!.. Жанг учун майдан кўра қон афзалроқ!..
− Яхшиси, ҳозироқ уйга жўнаганинг маъқул.
− Қондан заҳарланган мансабдор, эҳтиёт бўл! У ҳақиқий заҳар. Тез орада арслон ўз қурбонига ташланади…
Узуқ-юлуқ сўзларни шу тарзда қичқириб айтиб, Тахо нари кетди. Суфхотеп ҳайрат ва ҳаяжон ичида гангиб туриб қолди.

КУТИШ

Фиръавн саройида ҳам, Биге оролидаги оқ қасрда ҳам чопар қайтишини сабрсизлик билан кутишарди. Севишганлар ҳар бир ўтаётган кун ғалаба дақиқаларини яқинлаштиришига қаттиқ ишонишар, бу ишонч эса юракларни тобора кучли эҳтирос оловида ёндирар эди. Аммо ногоҳ рўй берган қатор воқеалар бу ширин хаёлларга рахна сола бошлади. Суфхотепга етиб келган коҳинларнинг шикояти илк огоҳлантириш эди. У бундай мурожаатномаларга кўникиб, эътибор бермай қўйган, нари борса маликага айтиш билан кифояланиб келаётган эди. Аммо сўнгги хатда катта хавф яширинганини сезган қария уни фиръавнга кўрсатмай туриб масъулиятни зиммасига олишдан чўчиди. Бу гал ҳукмдорнинг ғазабини енгишга жазм этди. Меренра уни қабул қилди, бош вазир мактубни ўқиб берди. Унда ҳам фиръавн чиқарган фармонни қайта кўриб чиқиш сўралган, аммо шикоят мамлакатдаги барча муқаддас руҳонийлар номидан ёзилганди. Хатто имзо чекканлар, улар орасида Ра, Амон, Птаха, Аписдаги бош коҳинлар бор эди, худоларга дахлдор ерларни тортиб олишга ҳеч қандай жиддий асослар йўқлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Агар шундай бўлмаганда улар илтимоснома ёзиб ўтиришмасди. Мактуб бошдан-оёқ кескин ва шиддатли дағдағадан иборат эди.
Уни тинглаган Меренра ниҳоятда дарғазаб бўлди, Суфхотепнинг қўлидан папирусни юлиб олиб, бурда-бурда қилиб ташлади.
− Озгина вақт қолди. Уларга ҳали кўрсатиб қўяман!
− Бу гал улар тил бириктиришган, — огоҳлантирди бош вазир. — Илгари якка-якка мурожаат қилишарди.
− Мен ҳам ҳаммасига бирдан зарба бераман. Кучи етгунча бақираверишсин бу аҳмоқлар!
Иш шу билан тамом бўлмади. Фива шаҳри ҳокими мазкур вилоятга Хнумхет келгани, уни Амон маъбуди коҳинлари ва аёл коҳиканлар бошлаб чиққан оломон кутиб олгани ҳақида Суфхотепга хабар етказди. Одамлар уни олқишлаш билан кифояланмай, олий худолар хизматидаги руҳонийлар манфаатини ҳимоя қилиш истагини билдирганлар. Энг ёмони, омма орасида: «Ҳайҳот, бу қандай жазо! Амон бойликлари раққоса учун сарфланмоқда!..» деган қичқириқ ва нидолар эшитилиб турган. Бош вазир иккиланиб ўтирмай, бу хабарни ҳам фиръавнга анча юмшоқ оҳангда етказди.
Меренра яна шиддатли жазавага тушди.
− Фива ҳукмдори ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, томошабин бўлиб ўтираверадими?!
− Ҳукмдорим, — ранжиган оҳангни эслатди Суфхотеп,— унинг ихтиёрида шаҳар қўриқчилари бор, холос. Бунчалик катта оломонни тинчлантириш учун бу куч камлик қилади.
− Мен қандай ёрдам бера оламан? Кутишдан бошқа иложим йўқ, худолар ҳаққи!..
Шавкатли Абу шаҳридаги сарой устунини қора булутлар қоплай бошлади. Ғурури топталиб, рашк азобида юраги ёнган малика Нитокрис ўзини ёлғизлик гирдобига ташлаб, хонасига қамалиб олди. Навбатдаги мудҳиш хабарни олган Суфхотеп оғир хўрсиниб, индамас ва ғамгин Тахога: «Миср давлатида бунчалик фитна ва тўпалонлар бўлмаган эди. Қанчалар оғир!»— деб шикоят қилди. Дарғазаб ва тажанг фиръавн фақат Родопис қучоғида ором топарди. Соҳибжамол эса унинг феълини яхши билгани учун кўнглини олиш ва тинчлантиришга ҳаракат қилар, вақти-вақти билан қулоғига «Сабр қил!» деб шивирлар эди. Фиръавн жавоб ўрнига оғир нафас олар ва жаҳл билан: «Ҳа, сабр қилиш керак, ҳукм ўтказишимга ҳали вақт бор», — деб ғулдурар эди. Аҳвол эса тобора ёмонлашиб борарди. Ҳамма жойда тумонат оломон ва кескин хитоблар билан кутиб олинаётган Хнумхет вилоятлар бўйлаб кезишда давом этарди. Фиръавнга садоқатли бўлишга қасамёд этган ҳокимлар бу ғалаёнларнинг олдини олишдан ожиз қолиб, қаттиқ безовта эдилар. Омбос, Ермонт, Сиута ва Фива ҳокимлари ўзаро маслаҳатлашиб, пойтахтга бориб Меренра билан учрашишга аҳд қилишди. Фиръавн Суфхотеп ва Тахони ҳам чақириб, уларни тантаналар залида қабул қилди.
Анъанавий табриклардан кейин Фива ҳокими олдинга чиқди.
− Улуғ ҳукмдорим! Бугунги қалтис вазиятда фойдали ишлар қилиш, керак бўлса қурбонлар бериш ўрнига қуруқ садоқат сўзларини айтишдан ҳеч кимга наф тегмайди. Биз бугун мушкул аҳволда қолдик, садоқатимиз ва самимийлигимиз учун ғазабингга муносибмиз. Аммо сукут сақлаб туравериш ҳам виждонимизга азоб беради. Шунинг учун бор ҳақиқатни айтишга мажбурмиз!
Фиръавн уни синчиклаб кузатиб ўтирарди.
− Гапиравер, ҳоким. Сўзларингни диққат билан эшитяпман.
− Улуғ ҳукмдорим. Коҳинлар норози. Бу норозилик халқ орасига ҳам тарқалиб кетган. Эртадан кечгача оломон уларнинг гапини такрорлайдиган бўлиб қолди. Бугун ҳамма бир овоздан ерларни эгаларига қайтаришни талаб қилмоқда…
− Демак, фиръавн бу одамларнинг хоҳишига бўйсуниши керак. Шундай демоқчисан, тўғрими?
− Ҳукмдорим, — дадил жавоб қайтарди ҳоким. — Худолар фиръавнни ўз халқига ғамхўрлик қилиш учун юборганлар. Улар бўйсунишингни эмас, аҳволни тушунишингни талаб қиладилар.
Меренра жаҳл билан асосини ерга урди.
− Орқага чекиниш мен учун шармандаларча бўйсунишдан бошқа нарса эмас!
− Улуғ жанобим бирон кишига бўйсунсин деб, ҳеч қачон маслаҳат бера олмайман. Аммо сиёсат — қутурган денгиз. Ҳукмдор хавф-хатарни енгиб, йўлдош шамолдан тўғри фойдаланадиган моҳир денгизчи бўлиши ҳам керак!
Фиръавн жавоб қайтармади, аммо ўжарлик ва қатъият билан бошини чайқади.
− Халқ коҳинларни қўллаётганини тасдиқлайдиган далилларинг борми? — аралашди Суфхотеп.
− Ҳа, — ишонч ва қатъият билан таъкидлади Фива ҳокими.—Халқ кайфиятини билиш учун атайлаб махфийларимни юбордим. Улар ҳамма жойда норозилик кучайиб бораётганидан хабар егказишмоқда.
− Биз ҳам шу йўлни тутдик, — бошқа ҳокимлар ҳам уни қувватлашди. — Маълумотлар ташвишга солади. Оддий халқ ўзига дахлдор бўлмаган масалалар хусусида фикр юритмоқда. Аҳвол жуда қалтис…
Меренра ҳокимларга рухсат бериб, Тахо ва Суфхотепни олиб қолди. Қаттиқ ҳаяжонланганидан гаплари узуқ-юлуқ чиқди:
− Бу ҳокимлар менга содиқ. Аммо уларда қатъият етишмайди. Маслаҳатларига амал қилсам, шармандалик ва хорлик ботқоғига қулашим турган гап.
− Тўғри айтасан, ҳукмдорим, — қизғин маъқуллади Тахо.— Чекиниш фақат мағлубият келтиради.
Суфхотеп фикр билдиришга шошилмади.
− Нил байрами тантаналарини ҳисобга олиш лозим, — деди у худди овоз чиқариб ўйлаётгандек. — Унгача саноқли кунлар қолди. Шаҳримизга ёпирилиб келадиган минглаб норози одамларни қандай тартибга солиш менга тинчлик бермаяпти…
− Шаҳар ўз қўлимизда, — луқма ташлади саркарда.
− Шубҳасиз. Аммо олдинги байрамда хоинларча қичқириқлар бўлганини унутмайлик. У пайтда ҳукмдоримиз ўз фармонини халққа маълум қилмаган эди. Ҳозир энг ашаддий ҳаракатларга ҳам тайёр туришимиз керак. Чопар байрамгача келади деб умид қиламан, — деди фиръавн.
Суфхотеп ич-ичидан ҳокимларга тарафдор бўлиб, барча ҳолатларни чамалаб чиқишни хоҳларди.
− Чопар тезда келади. Ҳукмдоримиз ҳамманинг олдида Нубия ҳокими йўллаган мактубни ўқиб беради. Агар коҳинлар шунгача ўзларининг қонуний мулки деб ҳисоблайдиган ерларни қайтариш ҳақида ҳукмдоримизнинг марҳаматига сазовор бўлсалар, мазкур мактубни хотиржам қабул қиладилар ва ҳукмдоримиз кучайиб кетиб, ўз амру фармонларини ҳамма ерда бемалол ўтказишларини билсалар-да, қўшин тўплашга ғайрат билан кўмаклашиб кетадилар…
Меренра Суфхотепнинг сўзларини эшитишга хоҳиш билдирмади. Каттакон саройда ўзини ёлғиз сезди ва бирон сўз айтмай залдан чиқиб, ўзига ором ва мадад берувчи масканга йўл олди.
Ҳокимлар билан учрашув қандай ўтганидан Родопис бехабар эди. Ҳатто бунга қизиқмади ҳам. Аммо суюклисининг кўзи ҳамма гапни айтиб турарди.
Шу топда унга кўзи тушиши биланоқ, ғазаб ичида келаётганини англади. Унга саволчан нигоҳ билан тикилди.
− Ҳали ҳеч нарсадан хабаринг йўқми? Ҳокимлар билан Суфхотеп ерларни коҳинларга қайтариб бериб, мағлубиятни тан олишга даъват қилишяпти.
− Бундай гапни айтишга қандай журъат этишди? — сўради у ҳаяжонланиб.
Фиръавн суҳбат мазмунини айтиб бергач, хавотири яна кучайди.
− Афтидан, улар нимадандир қаттиқ қўрққанга ўхшайди. Бирон хавф туғилмаса ўз мулоҳазаларини ҳукмдорга очиқдан-очиқ айтишга ботина олмасдилар.
− Халқим менга қарши бош кўтараётган эмиш, билдингми?— Истеҳзо ва нафрат билан тушунтирган бўлди Меренра.
− Ҳукмдорим! Одамлар бошқарувсиз қолган кеманинг ўзи. Шамол эсган томонга қараб кетаверади.
− Зарари йўқ, тез орада ўзим улар учун шамолга айланаман,— деди у таҳдидли овозда.
Родописни яна аввалги ваҳима ва шубҳалар қуршаб олди.
− Эҳтимол, ақл билан иш кўриб, вақтинча чекинишга тўғри келар? Ғалаба фурсати яқин-ку.
− Сен ҳам бўйсунишга даъват этасанми?
Бу сўзлар шундай оҳангда айтилдики, беихтиёр ачиниш ва ҳамдардлик ҳисси устун келди. Родопис уни қучоқлаб, кўксига бош қўйди.
− Бўшлиқдан сакраб ўтиш учун бир неча қадам орқага тисарилиш керак. Энг муҳими, ғолиб чиқиш, сўнгги сўзни айтиш.
Меренра елкасини қисди.
− Оҳ, азизим, агар юрагимни сен тушунмасанг, уни бошқа ким англай олади?! Иродамга қарши боришга мажбур қилиш— ҳаётимни барбод этиш дегани-ку! Саҳродаги гиёҳ бўронда қолса, худди шундай ҳалок бўлади.
Сенинг гиёҳларинг ҳеч қачон нобуд бўлмайди, — деди Родопис кўзларида ёш ялтираб. — Мен уни тоза муҳаббатим билан суғораман.
− Йўқ, чекинмайман. Хнумхет лоақал бир соат бўлсин, фикримдан қайтиб, шармисор бўлганимни кўра олмайди!
− Ҳеч қандай ҳийла ишлатмасдан одамларни бошқариш мумкин деб ўйлайсанми?
− Ҳийла ишлатиш ожизлик аломатидир. Тирик эканман, қиличдек тўғрилигимча қоламан. Сотқинлар унинг тиғини татиб кўрадилар.
Унга гап уқтириб бўлмаслигини англаган Родопис ғамгин жилмайди ва афсус ичида хўрсиниб қўйди. Бошқа мулоҳазага ўрин қолмаганди. Чопар тезроқ қайтишини кутишдан ўзга чора йўқ… Кутиш нақадар оғир! Қанча кунлар ва соатларни беҳаловат санаб ўтказди, қуёш чиқишини орзиқиб кутиб, келаётган Нил сувларига тикилиб кўзлари толди. Минг марталаб ўзига: «Бнамон, қаердасан?» деган саволни берди. Севги эҳтирослари ҳам аввалгидек ором ва ҳаловат бағишламай қўйди, дили осойишталигини йўқотди. Вақт шафқатсиз даражада секин ўтар, чопардан эса дарак йўқ эди.
Ниҳоят, бир куни Родопис ғам-ғуссага ботиб, ёлғиз ўтирган пайтда хонасига хизматкори Шит ҳовлиқиб кирди. У ҳансираб нафас оларди.
− Ҳа, биров қувдими?
− Бекам, Бнамон келди!
Бека ҳуркак қушдек сакраб турди.
− Наҳотки?!
− Шундай. У залда кутиб ўтирибди. Сафарда куйиб, қорайиб кетибди!..
Қувончдан ўзини йўқотиб қўяёзган Родопис зинапоялардан чопиб залга тушди. Бу ҳолни кўрган йигит узоқ ҳижрондан кейин мени кўриб шодланяпти, деб ўйлади. Бахт тўлқинларига ғарқ бўлиб, аёл қаршисида тиз чўкди ва оёқларини эҳтирос билан қучоқлаб, юзларини тиззаларига суркади.
Родопис унинг бошини силаб, мулойим жилмайди:
− Бнамон, азизим. Менга шунчалик меҳр қўйганмисан?..
Йигитнинг кўзлари ялтиради. Қўйнига қўл солиб, филсуягидан ишланган қутичани олди ва қопқоғини кўтарди.
− Мана бу оёқ изларинг тушган тупроқ. Мен уни ўзим билан бирга олиб келдим. Ҳар кеча уйқудан олдин уни ўпиб, яна кўксимда яшириб юрдим… Ҳозир бу сўзлар моҳиятини англайдиган аҳволда эмас эди. Дилини афсус-надомат чулғаб, бетоқат бўлаётганини сездириб қўймаслик учун:
− Бошқа ҳеч нарса келтирмадингми? — деб сўради майин овозда.
Йигит яна қўйнига қўл узатди ва най қилиб ўралган папирусни чиқариб, унга узатди. Родопис титроқ қўллари билан қоғозни олди, уни кўксига босар экан, бутун бадани мажолсизланиб бораётганини ҳис этди. У Бнамоннинг шу ердалигини унутиб қўйган эди. Ногоҳ кўзлари тўқнашиб қолгач, яна бир муҳим нарса эсига тушди:
− Ноиб Карафанра юборган чопар сен билан бирга келмадими?
− Келди, бекам. У ҳам бир мактуб олиб келган. Ёзги шийпонда кутиб туришни илтимос қилган эдим.
У жойида ўтиролмай қолди. Тошиб келаётган шодлик тўлқини ўйнаб-кулишга, югуришга даъват этаётгандек эди.
− Ҳозирча сен билан хайрлашиб турамиз… Ёзги шийпонда ҳордиқ ол… Ҳали кўп қувончли кунлар олдимизда…
Родопис орқага бурилди ва қимматбаҳо папирусни бағрига босиб, ўз хонасига югуриб кетди. Хаёллари Нилнинг нариги қирғоғида кезар эди. Агар хато қилиб қўймайин деган андишага бормаганда, ҳозир ўзларига қувонч келтирган бургут каби саройга учган ва чопар қайтгани ҳақидаги саодатли хабарни етказган бўларди…

ҚАБУЛ

Байрам кунлари келди. Абу шаҳри яна узоқ ўлкалардан йиғилган зиёратчилар билан гавжум бўлди. Ҳамма ёқда муқаддас мадҳия садолари жаранглар, уйлар байроқлар ва гуллар, зайтун новдалари билан безатилган эди. Таниқли аъёнлар ва коҳинлар эрта тонгда туриб, Нил байрамида қатнашиш учун фиръавн келадиган йўл ёқаларини тўлдирдилар.
Олий мансабдорлар усти берк узун йўлакда туриб, фиръавн чиқишини кутишмоқда эди. Уларнинг олдига сарой мулозимларидан бири келиб, баланд овозда эълон қилди:
− Марҳаматли жаноблар! Фиръавн сизларни кутишга хоҳиш билдирдилар. Тантаналар залига марҳамат қиласизлар!
Тўпланганларни бу таклиф ошкора таажжубга солди, чунки одатда фиръавн билан учрашув тантанали маросим якунланганидан кейин ўтказилар эди. Ҳайратда қолган мансабдорлар мулозим орқасидан борар эканлар, қандай воқеа юз берди? Анъана нима учун бузилмоқда, деб бир-биридан тинимсиз сўраб-суриштиришарди.
Улар кириб борган зал танг қолдирадиган даражада маҳобатли ва жозибадор эди. Ўртада тахт ўрнатилган бўлиб, катта маросимлар чоғида олий мансабдорлар ва ҳарбий саркардалар унинг ёнидан жой эгаллар эдилар. Деворнинг ўнг ёнбошида коҳинлар, чап томонида ҳокимлар ва ноиблар учун жой ажратилганди. Мансабдорлар у ёқ-бу ёққа қараб, ўз ўринларини эгаллаб улгурмасидан, Суфхотеп бошлиқ аъёнлар ва ҳарбий саркардалар кириб келишди ва тахт ёнидаги жойларни эгаллашди. Сукунат чўкди. Тўпланганларнинг юзларида ҳайрат ва жиддият акс этарди.
Ниҳоят, бўсағада давлат муҳрининг асровчиси унвонига эга бўлган эшик оғаси кўринди. У жарангдор овозда эълон қилди:
− Юқори ва Қуйи Миср ҳукмдори, Қуёш нури, Ра худосининг ердаги сояси Меренра Иккинчи ҳазрати олийлари келмоқда!
Ҳамма тиз чўкиб, ер ўпти. Фиръавн виқор ва тантана билан кириб келди. Унинг орқасидан сарой қўриқчиларининг бошлиғи Тахо ва Нубия ноиби Карафанра юборган чопар келарди.
Меренра тахтга ўтирди.
− Муқаддас руҳонийлар ва мансабдорлар, ҳаммангизга шарафлар бўлсин. Ўтиришингиз учун ижозат бераман.
Эгилган қоматлар тикланди, қаттиқроқ нафас олиб, оғир сукунатни бузиб қўйишдан хавотирланган одамлар жойларига жимгина ўтирдилар. Ҳамманинг нигоҳи тахт томонга қадалган. Фиръавн ҳозир бўлганларга бирма-бир разм солиб чиқди.
− Юқори ва Қуйи Мисрнинг олийнасаб фуқаролари! Сизларни ниҳоятда муҳим масалада кенгашиш учун чақирдим. У бизга оталаримиз ва боболаримиздан қолган шонли мамлакатимизнинг хавфсизлиги билан боғлиқ. Марҳаматли жаноблар! Жанубдан чопар келди. Мана у — ноиб Карафанранинг бош эшик оғаси — Хамана. У ўз ҳукмдоридан мактуб олиб келди. Бу ҳужжат мазмуни ниҳоятда муҳимлиги сабабли фурсатни бой бериб ўтирмай, сизларни таништиришни бурчим тақозо этади.
Фиръавн чопарга ўгирилиб, асоси билан ишора қилди.
− Мактубни ўқиб бер.
Чопар олдинга чиқиб тахт қаршисида турди ва папирусни ёзиб, ҳаяжон тўла овозда ўқишга киришди:
«Юксак мартабали Миср фирьавни, порлоқ қуёш нури! Тангри Ранинг сояси, Нилҳимоячиси, Нубия, Синай тоғлари, Шарқ Саҳроси ва Ғарб Саҳроси ҳукмдорига Нубия ҳокими, ноиб Карафанрадан.
Ҳукмдорим! Жанубий Нубия билан чегарадош бахтиёр мулкларингда юз берган маккор ва шармандали хиёнатлар ҳақидаги қайғули хабарларни юрак ютиб илоҳий эътиборингга етказишга мажбурият ҳис этмоқдаман.
Ҳукмдорим! Сўнгги пайтларгача Миср ва маасайю қабилалари билан тузилган муборак шартнома туфайли хотиржам яшаб, ўзимизни хавфсиз ҳис этиб келмоқда эдик. Шу сабабдан мен қўриқчи дасталарининг катта қисмини чақириб олиб, ўз истиқомат жойларига қайтариб юборган эдим. Аммо бугун қўриқчи бўлинмаларидан бирининг бошлиғи ҳузуримга келиб, қабила йўлбошчилари садоқат қасамини бузгани ва итоат эшикларини беркитганини билдирди. Улар қишлоқлардан бирини ўраб олишган ва тўсатдан ҳужум қилиб, қонли қирғин уюштиришган. Жангчиларимиз шердек олишганлар, аммо душман юз карра кўп бўлгани туфайли қуршовдагиларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган. Шундан кейин исёнчи қабилалар вилоятни талон-торож қилиб, Нубиянинг шимолига қараб юрганлар. Ихтиёримиздаги кучлар озлигини ҳисобга олиб, кескин ҳаракатлар қилишдан сақландим ва исёнчиларни мамлакат ичкарисига киргизмаслик учун чегара истеҳкомларини мустаҳкамлашга киришдим.
Бу мактуб муқаддас Абу шаҳрига етиб борган пайтда камончиларимиз ва пиёда аскарларимиз душманнинг илғор қисмлари билан жанг қилаётган бўлади. Буюк ҳукмдоримнинг фармонларини кутаман. Унинг азиз номи ва шонли мамлакатимизнинг шарафи йўлида қўшин бошида туриб, сўнгги томчи қоним қолгунча жанг қиламан».
Чопар мактубни ўқиб бўлгандан кейин ҳам унинг овози юракларда акс садо бериб турди. Вилоят ҳокимларида ҳаяжонланиш бошланди, кўзларида ғазаб алангаси ёнди. Коҳинлар эса, аксинча, сокин эҳромлардаги жонсизҳайкалларга айландилар. Улар пешоналарини тириштириб, нигоҳларини бир нуқтага қадаганча жим ўтиришарди.
Фиръавн залнинг чап томонида бошланган жонланишни кузатиб бир муддат жим турди, сўнг давом этди:
− Мана шу мактуб юзасидан маслаҳатлашиш учун сизларни чақирдим.
Фива ҳокими қўзғолон ҳақидаги хабардан қаттиқ тўлқинланиб кетди. У ҳаммадан олдин ўрнидан туриб, таъзим қилди:
− Улуғ ҳукмдорим! Мактуб мазмуни ҳақиқатан ҳам жиддий. Унга жавоб битта — қўшин тўплаш ҳақида фармон чиқариш керак.
Бу таклифни барча ҳокимлар маъқуллаб кутиб олишди. Изма-из омбослик мансабдор ўрнидан турди:
− Ҳа, ҳукмдорим, ягона жавоб — қўшинни тезлик билан тўплаш. Кулфатда қолган баҳодир биродарларимиз жанубий сарҳадларимизда қирилаётган бир пайтда ёрдам кўрсатмаслик мумкинми? Уларни тақдир ҳукмига ташлаб, жим қараб туролмаймиз.
− Агар бу ёввойилар Нубияни талаб битирсалар, бизга ҳам катта хавф туғилади,— деб қўшимча қилди ҳоким Ани исён оқибатлари ҳақида мушоҳада юритар экан.
Фива ҳокими яна ўрнидан турди ва кўпдан бери айтиб келаётган таклифини амалга оширишга даъват қилди:
− Ҳукмдорим! Мамлакат ўз хавфсизлигини ва хориждаги мулкларини қўриқлайдиган кучли мунтазам қўшинга эга бўлиши керак, деб неча марталаб таъкидлаб келганман!
Ҳаммадан кўра ҳарбий саркардалар хурсанд эди.
Улар ноиб Карафанра ва Нубия ҳимоячиларини олқишлар экан, тезлик билан қўшин тўплашга даъват қилиб, қичқира бошладилар. Ҳамма ҳокимлар бир овоздан:
− Улуғ ҳукмдор! Қардошларимизга ўлим таҳдид солиб турган бир пайтда байрам бизга татимайди! Тезроқ бориб кўнгиллиларни тўплашимиз учун бизга ижозат бер! — деб хитоб қилишганидан кейин шовқин-сурон янада авж олиб кетди.
Меренра ҳамон жим ўтирган коҳинларга ўгирилди. Залга яна сукунат чўккандан кейин Птаха эҳромининг бош ҳокими ўрнидан турди ва ниҳоятда осойишта қиёфада фиръавнга мурожаат қилди:
− Ҳукмдорим, шонли ноибимиз Карафанранинг чопарига бир савол берсам бўладими.
− Майли, истаганингча бўлсин, — деди ҳайрон қолган фиръавн.
Птаха эҳроми коҳини чопарга юзланди:
− Нубияни қачон тарк этган эдинг?
− Икки ҳафта бўлди.
− Абуга қачон кирдинг?
− Кеча кечқурун.
Коҳин фиръавнга ўгирилди:
— Муҳтарам давлатпаноҳ, ғалати ҳодиса юз берди. Кеча бу марҳаматли зот жанубдаги маасайю қабилалари исён кўтаргани ҳақида хабар олиб келди. Айни замонда кеча маасайю қабилаларининг бир гуруҳ йўлбошчилари улуғ ҳукмдоримизга садоқат изҳор этиш учун ташриф буюрдилар. Улар муқаддас тахт пойига бошларини қўйиб, фиръавн кўрсатган юксак марҳамат учун чексиз миннатдор эканликларини билдириш ниятида интизор кутмоқдалар. Ўртадаги пардани кўтариб, бу сирли жумбоқни бизга ким ечиб беради?
Бундай ғалати мурожаатни ҳеч ким кутмаган эди. Ҳамма бирданига эсанкираб қолди. Ўтирганлар хижолат тортиб, бир-бирига қарадилар ва ўзаро шивир-шивирларга ўтдилар. Қўрққанидан Суфхотепнинг дами ичига тушиб кетди ва хавотир ичида фиръавнга қаради. Қўлидаги шоҳлик асосини қаттиқ қисиб олган Меренранинг қўл томирлари бўртиб чиқди. Фиръавн ғазаб отига минишидан хавотирга тушган бош вазир шоша-пиша:
— Буни сенга ким айтди, валинеъмат? — деб сўради коҳиндан.
— Ўз кўзим билан кўрдим, — жавоб берди у. — Кеча Сотис эҳромини зиёрат қилиш чоғида руҳонийлардан бири менга бир гуруҳ қора танли одамларни маасайю қабиласининг йўлбошчилари сифатида таништирди. Улар фиръавнга садоқат изҳор қилиш учун келган эканлар. Меҳмонлар тунни бош коҳин ҳузурида ўтказишди.
− Балки улар нубияликдир? Йўқ, маасайю қабиласиданмиз, деб аниқ айтишди. Сирасини айтганда, орамизда улар билан кўп жанг қилган ва барча йўлбошчиларини яхши танийдиган бир одам бор. У — саркарда Тахо. Агар улуғ ҳукмдоримиз марҳамат кўрсатиб, йўлбошчиларни бу ерга чорласалар, уларнинг сўзлари кўзўнгимизни тўсиб турган пардани кўтаришга ёрдам берган бўларди.
Фиръавн норозилигини зўрға яшириб турар, коҳиннинг таклифини қандай қилиб рад этишни билмай гаранг эди. Унга тикилган нигоҳларда ташвиш, бетоқатлик ва умид ифодаси акс этарди. У чор-ночор эшик оғасини чорлаб буюрди:
− Сотис эҳромига бориб, қора йўлбошчиларни бошлаб кел.
У буйруқни адо этиш учун чиқиб кетди, зални оғирсукунат босди. Ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси дилини безовта қилаётган ўнлаб саволларни қўшнисидан сўрагиси келса-да, жим ўтиришни афзал кўришар эди. Суфхотеп аҳволни қандай ўнглаш ҳақида жон-жаҳди билан ўйлар, ҳамдардлик ва хижолатга тўла нигоҳ билан ҳукмдорга ўғринча қараб-қараб қўярди. Меренра бўлса ҳаяжонга тушган ҳокимлар ва боши эгик коҳинлар қаторига хўмрайиб тикилган кўйи юксак тахтда жим ўтирар эди. Даҳшатли қийноқни эслатадиган дақиқалар узоқ чўзилди. Ниҳоят, олисдан қандайдир ғалати шовқин эшитилди ва у тобора яқинлашиб кела бошлади, сўнг алоҳида товушларни, ҳатто табрик хитобларини ажратиш мумкин бўлиб қолди. Нима бўлаётганини билиш учун фиръавн жўнатган мулозимлардан бири болахонадан қайтиб кирди ва Меренранинг қулоғига:
− Майдон одамларга тўла. Улар қора йўлбошчилар келаётган араваларни ўраб олишган, — деб шивирлади.
− Нима деб бақиришяпти?
− Жанубдаги садоқатли дўстларини олқишлаб, тинчлик битимини улуғламоқдалар.
Мулозим бир оз иккиланиб тургач, яна шивирлаб қўшиб қўйди:
− Ҳукмдорим, улар ана шу битимни тузган Хнумхетни олқишламоқдалар.
Фиръавн оқариб кетди. Ғазаб, нафрат ва ожизлик туйғусидан юраги зирқиради. Йўлбошчилар билан дўстлашиб, тинчликни олқишлаб турган бу одамларни маасайю қабилаларига қарши жангга қандай йўллаш мумкин?!.. Соқчи йўлбошчилар келганини айтди ва эшикларни ланг очиб юборди. Қуймучига боғланган латталарни ҳисобга олмаганда деярли қип-яланғоч ўнта эркак кириб келди. Ҳаммаси баланд бўйли, кенг елкали ва мушакдор йигитлар эди. Бошларига пальма бутоқларидан чамбар кийишган маасайю йўлбошчилари залга киргандан кейин тиз чўкишди ва тахт остига эмаклаб бориб ер ўпишди. Фиръавн асони узатди, улар эҳтиром билан уни ялаб-юлқашди. Туришга ижозат берилгач, ёши улуғи мисрликлар тилида:
− Қудратли давлатпаноҳ, барча қабилаларнинг мададкори, Миср ва улуғ дарё водийси ҳукмдори! Сенга садоқатимизни изҳор этгани ва сахийлик билан бизга кўрсатган меҳру мурувватларинг учун миннатдорчилик билдиргани уйингга келдик. Сенинг ғамхўрлигинг туфайли ширин таомлар ва сувга муяссар бўлдик. Фиръавн йўлбошчининг табрикларини илтифот билан эшитар экан, атрофга қаради. Ҳамма ўлик сукунат ичида қолган, нигоҳларида «Чегарада нима бўляпти ўзи?» деган савол муҳрланган эди. Ҳукмдор шароитга бўйсуниш лозимлигини ҳис этди.
− Қайси қабиладан бўласизлар?
− О, илоҳий ҳукмдор! — жавоб берди йўлбошловчи. — Биз сенга улуғлик ва боқий шуҳрат тиловчи маасайю қабиласининг оқсоқолларимиз.
Фиръавн бошқа савол беришни лозим топмади, ҳаммаси жонига теккан эди, у шошилинч равишда:
− Фиръавн сизларга миннатдорчилик билдиради ва худолар ҳамиша мададкор бўлишини тилайди, —деди.
Қора йўлбошчилар узатилган асони яна ялаб-юлқади ва таъзим қила-қила ташқарига йўл олишди.
Меренра қаршисида жим турган коҳинларга ва фақат ўзига маълум бўлган бу махфий урушда қақшатқич зарбага учраганини ҳис қилди.
У мағлубиятни тан олишни хоҳламай, жойида ўнгланиб ўтирди ва ғазабини зўрға ичига ютиб, титроқ овозда қатъий хитоб қилди:
− Олинган мактуб менда ҳеч қандай шубҳа туғдирмади. Исён кўтарган қабилалар ҳозирги йўлбошчиларга бўйсунадими- йўқми, бу аҳамиятга эга эмас. Исённинг ўзи ва исёнчиларнинг мавжудлиги кундек равшан. Шу дақиқаларда жангчиларимиз қамалда қолганига ҳам шубҳа йўқ.
Мансабдорларга яна жон кирди. Фива ҳокими кўпчиликнинг фикрини умумлаштирди:
− Улуғ ҳукмдорим! Айтган сўзларингда илоҳий донолик мужассам. Қардошларимиз мадад кутишмоқда. Сафсата сотиб ўтиришга фурсат йўқ. Тўғри ва аниқ йўл танладик.
Фиръавн давом этди:
− Ҳокимлар ва ноиблар! Сизларни бугунги байрамга қатнашишдан халос этаман. Олдингизда ундан кўра юксак ва масъулиятли вазифа турибди. Ўз ўлкаларингизга қайтиб, қўшин тўплашга киришинглар. Йўқотилган ҳар бир дақиқа қимматга тушади.
Бу сўзларни айтар экан, қабул тамом бўлганини билдириш учун Меренра жойидан қўзғалди.
Аъёнларнинг ҳаммаси дарҳол ўрнидан туриб, эҳтиром билан таъзимга эгилдилар.

ТАБРИК

Фиръавн ўз хонасига йўл олар экан, Суфхотеп билан Тахони ҳузурига чорлади. Улар ҳукмдор олдига киришганда, уни ўзлари кутганларидек, даҳшатли жазава ичида кўрдилар. У ғазабда ёниб, кенг қадам ташлаган ҳолда болахона билан эшик оралиғида тўхтовсиз юриб турарди. Кирганларга хўмрайиб қарар экан, кўзларидан учқун сочиб, бақиришга тушди:
− Хиёнат! Бу диққинафас ҳавода унинг сассиқ ҳидини сезиб турибман.
Тахонинг юзи ўзгарди.
− Ҳукмдорим! Мен ҳақимда ёмон хаёлга боришинг мумкин, аммо ўзимни шундай деб ҳисобламайман.
Меренра ер тепиниб, қутуриб ўшқирди:
− Унда бу маасайюликлар қаердан пайдо бўлди? Нима учун улар айни шу бугун келишди?
Хаёлчан Суфхотеп ўз тахминини билдирди:
− Эҳтимол, бу тасодифан тўғри келиб қолгандир.
− Тўғри келиш? Йўқ, бу аниқ хиёнат! Маасайю шу бугун бекорга келмаган! Мен уруш эълон қилган пайтимда, «тинчлик» деб хитоб қилишлари учун уларни бу ерга қасддан чақиришган. Душман олдимда садоқат ҳақида қасам ичиб, орқамдан зарба берди!
Суфхотеп баҳслашиб ўтирмади:
− Бу хиёнат бўлса, хиёнаткор ким? Фиръавн муштларини ўқталиб, хонада юришда давом этди.
− Хиёнаткор ким? Аниқлаш қийин эмас. Мен эмас, сен эмас, Тахо ҳам эмас. Родопис бизни сотмайди. Фақат биргина киши — чопар қолди. У шўрпешона ўз бекасига хиёнат қилди.
Тахонинг қошлари кескин туташди.
− Уни бу ёққа олиб келиб, тан олишга мажбур қиламан!
− Йўқ, Тахо, шошилма. Жиноятчи сен бориб тутиб келишингни кутиб ўтирмайди. У ҳозир ишончли жойга яшириниб улгурган ва хиёнати учун мукофот кутиб ўтирибди. Бу жойнинг қаердалиги фақат коҳинларга маълум… Ҳаммаси қандай юз берганини билолмай қолдим. Аммо Сотис маъбуди ҳақида қасам ичаманки, Карафанра бизга жавоб ёзгунга қадар мактуб мазмуни коҳинларга маълум бўлган. Улар фурсатни бой бермасдан маасайюга ўз одамларини юборганлар, у эса йўлбошчиларни бу ёққа бошлаб келган… Хиёнат… Разиллик!.. Ўз халқим қўлида гаровда яшашга мажбурман… Наҳотки, худолар бу дунё ва одамлардан юз ўгиришган бўлса?!
Изтироб ичида жим қолишди. Тахо фиръавнга ўғринча қараб, унинг юрагига умид уруғларини сочишга ҳаракат қилди.
− Уларга бериладиган зарба биз учун тасалли бўлади.
− Буни қандай амалга оширамиз? — кескин савол берди Меренра.
− Ҳокимлар қўшин тўплаш учун вилоятларга жўнаб кетишди.
− Коҳинлар-чи. Улар қўшин тўпланиб, ўзларини қириб ташлашларини кутиб, қўл қовуштириб ўтиришади, деб ўйлайсанми?
Суфхотеп фиръавнни безовта қилаётган мулоҳазаларга тўла қўшилса-да, ҳозир уни тинчлантириш, шу орқали ўзига ҳам таскин бериш йўлини тутди.
− Эҳтимол, барча хавотирларимиз беҳудадир. Биз хиёнат деб ҳисоблаётган нарса ҳақиқатан тасодиф бўлиши мумкин, унда қора булутлар тезда тарқалиб кетади.
− Йўқ,— қизғин эътироз билдирди Меренра,— Коҳинларнинг иккиюзламачилик билан бошларини эгиб, ўзларини итоаткор кўрсатиб ўтиришлари ҳамон кўз олдимда турибди. Уларнинг раҳнамоси бизга очиқ қарши чиққанда ўзини қанчалик хотиржам тутганини эслайсизларми? Ҳозир бу гаплар ўнлаб одамларнинг тилида такрорланаёттан бўлса ажаб эмас?.. Оҳ, аянч хиёнаткорлар!.. Йўқ, коҳинлардан шафқат кутиш мумкин эмас!..
− Ҳукмдорим! — хитоб қилди фиръавннинг азоб чекишига тоқат қилолмаган Тахо.— Ихтиёрингда кучли сарой қўриқчилари бор. Ҳар бир жангчи мингта одамга бас кела олади ва ҳар бири сен учун жон фидо қилишга тайёр.
Меренра ундан юз ўгириб, курсига ёнбошлади. Хаёлида ҳозир фақат бир ўй бор эди: мўлжалланган режани амалга ошириш мумкинми ёки ундан бутунлай воз кечиш керакми? Нақадар қалтис дамлар! У йўл шуҳрат ёки шармандалик, ғалаба ёки мағлубият, муҳаббат ёки нафратга ажралиб кетадиган чорраҳага дуч келган эди. Ҳийла ишлатиб, вақтинча муроса сифатида эҳромлар ерларидан воз кечиш таклифини бир марта рад этганди. Наҳотки, энди тахтдан маҳрум бўлиш таҳдиди остида бу аҳдидан қайтса? Йўқ, ҳеч қачон бундай бўлмайди! Ҳеч қачон таҳқирланишга йўл қўймайди! Охиригача кучли ва қатьиятли бўлиб қолади… Кўкрагидан беихтиёр оғир хўрсиниш отилиб чиқди ва у афсус билан ўйлади: «Агар бу хиёнат бўлмаганда эди!..» Хаёл суришга Суфхотеп халақит берди:
− Ҳукмдорим, тантанали маросим вақти бўлди.
Меренра қаттиқ уйқудан уйғониб кетган одамдек унгатаажжубланиб қараб: «Дарҳақиқат!» деб тўнғиллади. Сўнг ўрнидан туриб, болахонага чиқди. Кенг ҳовлида жанг аравалари саф тортиб турар, очиқ эшикдан денгиз тўлқинларидек гувиллаб турган одамлар тўдаси кўринар эди. У оломонга паришон назар ташлаб, қўшни хонага кириб кетди ва бир муддатдан кейин бошига тож кийиб, елкасига қоплон терисини ташлаб чиқди. Бу — коҳинлар тоифасига мансублигини кўрсатадиган нишона эди. Энди ташқарига чиқай деганларида қўққисдан эшик оғаси кириб келиб:
− Шаҳар қўриқчиларининг бошлиғи, саркарда Таам давлатпаноҳимизни кўриш истагида, — деб эълон қилди.
Меренра ишора қилди, эшикда қўриқчилар бошлиғи пайдо бўлди. У эгилиб таъзим қилди, сўнг ҳаяжон ичида тез-тез гапира бошлади:
− Ҳукмдорим! Мен давлатпаноҳимиз Нил эҳроми зиёратини қолдиришларини итоаткорлик билан сўраш учун келдим.
− Бунга сени нима мажбур этди?
− Биз бир гуруҳ иғвогарларни қўлга олдик, улар муҳтарам ҳукмдоримизнинг муқаддас номларига номуносиб сўзларни қичқириб айтиб юришган эди. Тантанали маросим чоғида бундай таҳдидлар яна такрорланишидан хавотир олмоқдаман.
Фиръавннинг қаҳр-ғазаби ич-ичидан қайнаб-тошиб келмоқда эди. У ҳаяжонланганидан бўлиб-бўлиб савол берди:
− Нима деб қичқиришмоқда?
Таам туфугини ютди ва саросимага тушиб, зўрға гапирди:
− «Йўқолсин фоҳиша!», «Эҳромларни таловчиларга ўлим!» деб бақиришмоқда…
− Қандай шармандалик! Агар уларга жазо бермасам тоқат қилолмайман, юрагим ёрилиб кетади!
Қўриқчилар бошлиғи қўрқув ичида давом этди:
− Жиноятчилар одамларимга қаршилик кўрсатишди ва улар ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди. Оломон қаттиқ жунбишга келди, янада даҳшатли, ашаддий хитоблар айтилди.
Меренра тишларини ғижирлатди.
− Нима деб қичқиришди?
− Жиноятчилар зоти олийлари шарафига ҳам…
− Менга тил тегизишдими?
Оқариб кетган Таам жавоб бермади. Суфхотеп эса ўзини тута олмай бақириб юборди:
— Қулоқларимга ишонгим келмайди!
— Бу телбалик! — илиб кетди Тахо.
Меренра асабий кулди ва истеҳзо билан:
− Халқим мени нима деб улуғлаяпти. Айтавер, Таам, сенга буюраман, — деди.
− Жиноятчилар: «Фиръавн ҳаддидан ошиб кетди…», «Бошқа муносиб одам бўлсин!..» деб қичқиришди.
− Нақадар аянчли манзара!.. Коҳинлар Меренранинг тахтда ўтиришини кўра олмайдилар!.. Яна нима деб қичқиришди?
Қўриқчилар бошлиғининг дами ичига тушиб кетди, зўрға эшитиладиган қилиб:
— Улар малика Нитокрисни олқишладилар, — деди.
Фиръавн аллақачон унутилиб кетган нарсани эслагандек Нитокрис исмини секин такрорлади. Ҳозир малика ҳақида гапириш истаги йўқ эди, аммо машъум олқишларга унинг дахли борлигини беихтиёр ўйлаб, яна ғазаб отига минди. У Суфхотеп томонга кескин ўгирилди:
− Чиқадиган вақт бўлдими?!
Таам саросимага тушиб сўради:
— Ҳукмдорим маросимни қолдирмайдиларми?
Меренра овозини кўтарди:
− Гапимни эшитяпсанми, вазир?!
− Ҳа, ҳукмдорим, — итоатгўйлик билан жавоб берди у ва ишончсиз оҳангда қўшиб қўйди: — Хавфсизлигингизни ўйлаб, маросимни қолдирсак деган фикрда эдим.
− Барибир мен Нил эҳромига бораман. Қани, кўрайлик- чи, бу ёвуз оломон нималарга қодир экан? Таам, сен бориб, ўз вазифангни бажар.

УМИД ВА ЗАҲАР

Шу куни эрталаб Родопис юмшоқ ўринда ётиб, ширин ўй-хаёллар сурмоқда эди. Бугун қувноқ Нил байрами, бу унинг байрами, ғалаба ва умидларнинг рўёбга чиқиш байрами бўлади. Омадни қаранг! Ниҳоят, кутиш азоблари тамом бўлди… Юраги тоза ва осуда кўл сувига ўхшайди, унинг қирғоқларида муаттар чечаклар очилган, ҳаво булбулларнинг шодон хонишига тўла, оламда фақат роҳат-фароғат ҳукмрон. Ғалаба хабарини кечқурун эшитади. Қуёш уфқдан нарига ўтиб, бошқа оламга йўл олгандан кейин ҳам севги ва бахт оқшомига муяссар бўлади. О, бу тунги осуда дамлар, учрашув дамлари! Хушқомат, баланд бўйли, навқирон суюклиси кириб келади ва бақувват қўллари билан уни қучоқлаб, зафар муждасини етказади: ҳокимлар қўшин тўплаш учун вилоятларга жўнаб кетишади, иккиси эса беғам, беташвиш ҳолда севги дарёсига ғарқ бўладилар… Оҳ, уларни нақадар гўзал оқшом кутмоқда!..
Бундай ажойиб кун тугаб қолишига ишониш мумкинми? Улар Нубиядан чопар келишини бир ой орзиқиб, изтироб чекиб кутишди. Бугунги шодон дақиқаларгача вақтни санаб ўгказиш қанчалик машаққатли бўлганини фақат ўзи билади… Ишонч билан шубҳа, бахт билан ҳаловатсизлик юрагини ойлаб кемирди… Ўзини чалғитиш учун бошқа нарсаларни ўйлай бошлади ва ногоҳ ўз эҳроми — ёзлик шийпондан чиқмай заҳмат чекаётган Бнамонни эслади. У ҳаётдан нақадар узилиб қолган! Бир гал у олис ўлкага шамол қанотида учгандек бориб-келиб, мисли йўқ хизмат кўрсатган бу йигитни кандай такдирласам бўларкин, деб ўзини-ўзи тергашга тушди. Бечора фақат уни деб олис йўл машаққатларини мардона енгиб ўтиб келди. Шунга қарамай, ҳатто унга жавоб бериб юбормоқчи ҳам бўлди. Буни эслаганда хижолатдан қизариб кетади. Ўсмир ундан ҳеч нарса талаб этмас ва бу билан мана шундай фақат орзу билан қаноатланадиган ғалати муҳаббат ҳам борлигини унга амалда исботлаб берган эди.
Ҳа, йигит уни забт этишни хаёлига ҳам келтирмасди. Агар у бўса талаб қилса, рад эта олмаган бўларди. Бнамон эса, бу ҳақда ўйламас, унга қўл тегизса муқаддас оловда ёниб кетадигандек, ўзини чеккага тортиб юрарди… Ёки уни аёл ўрнида кўришни, қучоқлаш ва ўпиш мумкинлигини ўйламасмикин? Ўсимлик қуёш нуридан баҳраманд бўлгани каби бу йигит ҳам унинг ҳусни жамолидан озиқ олиб яшармикин?..
Родопис хўрсиниб қўйди, вужудида бутунлай бошқа эҳтиросларга тўла муҳаббат жўш урмоқда эди. У ер остидан куч билан отилиб чиққан ҳаётбахш чашмага ўхшайди. Бнамоннинг севгиси эса ердан узилган, қандайдир юксакларда парвоз қилади. Буни у моҳир қўллар яратган нафис асарлар ёки қайноқ туйғуларга йўғрилган сўзлар орқали сезиб қоларди. Шарпадек тутқич бермайдиган бу шаффоф, нозик туйғу совуқ тошларга жон бағишлашга қодир эканлиги уни доим ҳайратга солар эди. Ҳеч кимга озор етказмайдиган бу орзуманд йигитни кетказиб юборишдан бирон наф борми? Майли, ўз эҳромида туриб, соқов деворларга нафис нақшларини ўйиб юравергани яхши…
Бугунги порлоқ тун қачон келади?! Ярамас, ўйинқароқ қиз Шит ҳам йўқ. Бўлмағур гаплари ва ғийбатлари билан кулдириб ўтирган бўларди. Тантанали байрам маросимини кўраман, деб Абуга қараб жуфтакни уриб қолибди…
Родопис ўтган йилги байрамни эслади. Шу куни муҳташам тахтиравонига ўтириб, ёш фиръавнни кўриш учун одамлар орасидан зўрға ўтиб борган эди. Нигоҳи унга тушган заҳотиёқ юраги дукиллаб уриб, ғалати, нотаниш бир туйғу вужудини қамраб олганини ҳис этганди. Ана шу улуғ кунда бургут шиппагини ўғирлаб кетган, эртаси куни эса фиръавннинг ўзи уйига ташриф буюрганди. У севиб қолган ва шундан кейин дунё бутунлай ўзгариб кетганди…
Ҳозир ҳаёт тарзи ҳам бошқача бўлиб қолди. Тантанали маросим кунини қасрига қамалиб олиб ўтказмоқда, ташқарида эса қувноқ ўйин-кулгилар айни авжида. У одамларга кўринмайдиган бўлди, рақсга тушман қўйди. Мана, бир йилдан бери, балки бундан кейин бутун умр давом этар — ўз ҳукмдорининг ақли ва юраги бўлиб келмоқда…
Унинг хаёллари гоҳ ўтмиш, гоҳ ҳозирги кунлар қаърида тинимсиз кезар экан, айланиб-айланиб бир жойга — катта саройдаги тантаналар залига бориб тақалаверди. Нубиядан келган мактуб ўқилиши лозим бўлган тантанали қабул қандай ўтган экан? У тўпланганларнинг юрагига қай даражада таъсир этдийкин?.. Оҳ, тун тезроқ кела қолсайди…
Соҳибжамол хонада кезина бошлади, сўнг дераза олдига келиб боғни томоша қилишга тутинган эди, шу пайт орқасида эшик қаттиқ тақиллаётганини эшитди. Аёл паришон ўгирилиб, хизматкорини кўрди. Шит ҳансираб нафас олар, кўзларида безовталик бўлиб, худди ўлим тўшагидан туриб келгандек ранги оппоқ эди.
− Нима бўлди, Шит? — сўради у хавотирланиб. Кўнгли негадир ёмон бир нарсани сезди.
Хизматкор нимадир демоқчи бўлди, аммо кўзёшлари бўғиб қўйди. У беканинг оёғига йиқилди ва уни қучоқлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
− Сенга нима бўлди? Барча худолар ҳурмати, гапир! Мени ташвишга солма! Бусиз ҳам қўрқиб кетяпман!..
Қиз чуқур нафас олди ва алам ичида қийналиб зўрға гапирди:
− Бекам… бекам…улар бақириб-чақириб исён кўтаришмоқда!…
− Бақириб исён қилаётганлар кимлар?
− Одамлар, бекам… Улар ваҳшийлашиб кетишган, ҳаммаси ёмон сўзларни айтишмокда…
− Нима деб қичқиришяпти, Шит?
− Оҳ, бекам. Одамлар ақлдан озган, қутуриб, бўлмағур гапларни тилга олишмокда…
− О, худолар! Мени қийнама, Шит! Тўғрисини айт, улар нималар дейишмокда?
− Бекам… Улар сени уят сўзлар билан тилга олишди… Нима иш қилган эдинг, бекам… Улар нега сендан дарғазаб бўлишади?
Родопис қўлларини кўксига босди, кўзлари қўрқувдан олайиб кетди.
− Одамлар менга ҳасад қилишадими?.. Наҳотки бугунги муқаддас байрам кунида номимни булғашдан ўзга иш топилмай қолган бўлса? О, худолар! Яна нималар дейишди, Шит? Ростини айт, менга шафқат қил, Шит!..
Хизматкор аччиқ йиғлашда давом этди.
Ақлини еганлар сени худолар мулкини талон-торож қилди, деб қичқиришди… .
Родопис оғир хўрсиниб, изтироб ичида зўрға гапирди:
− Эрталабдан бери кўнглим жойида эмас, безовтаман. Орзиқиб кутган ғалабамиз мана шу ваҳший қичқириқлар тўлқинида ғарқ бўлмасайди, деб қўрқаман… Буюк жанобимиз ҳурмати номимни тинч қўйишса бўларди.
Хизматкор кўкрагига уриб, баттарроқ ҳўнгради:
− Ҳукмдоримизни… заҳарли тиллар уни ҳам аяб ўтиришмади!..
− Нималар деяпсан?! Фиръавн номига тил теккизишга журъат этишдими?
− Ҳа, — деди қиз ҳўнграб. — Улар, фиръавн ҳаддидан ошиб кетди, бизга бошқаси керак, деб қичқиришди.
Родопис нажот кутгандек қўлларини кўкка чўзди, аммо оёғи қалтираб, мадорсизланиб диванга йиқилди.
− Худолар!.. Нақадар даҳшат!.. Ер нега ютиб юбормайди? Тоғлар нега қулаб тушмайди?! Қуёш нега бу оламни ёндириб юбормайди?!
− У тебраниб турибди, бекам, — жавоб берди хизматкор.— Қаттиқ тебраниб турибди. Одамлар шаҳар қўриқчилари билан муштлашиб кетишди. Кучли тўқнашув бўлди, қон тўкилди. Оёқлар остида топталиб қолаёздим. Ҳеч қаёққа қарамай қочиб қутулдим ва қайиққа сакраб чиқиб, оролимизга сузиб келдим. Нил кемаларга тўлиб кетган, одамлар кемалар саҳнига чиқиб олиб, қирғоқдагилар сингари қичқириб ётишибди. Ҳаммаси тил бириктиришган. Ўтакам ёрилаёзди…
Хизматкор гапдан тўхтамас, бека эса мажолсиз ётарди. Умидсизлик уммони барча орзуларини шафқатсиз ютиб юбормоқда эди. «Абуда нима бўлмоқда? — сўради ўзидан.— Одамлар нега бунчалик шафқатсиз бўлиб кетишди?.. Мактуб ёрдам бермади — режалар барбод бўлди… Энди ҳаётимда ҳаловат бўлмайди… Ҳаво нақадар оғир! Яқинлашиб келаётган кулфат даракчисими бу?..» Ногоҳ у қўрқувдан қалтираб, ингради:
− Худолар, мадад беринглар! Наҳотки ҳукмдорим мана шу телба, ёвуз оломон олдига чиқса?!
− Йўқ, бекам, — тасалли беришга уринди Шит. — Исёнчилар жазолангунча у саройдан ташқарига чиқмайди.
− Сен уни билмайсан! У қизиққон, эҳтиёт нималигини билмайди, орқага асло чекинмайди!.. Ундан хавотир оляпман! Ҳозироқ уни кўришим керак!..
Хизматкор даҳшат ичида қўлини силкитди:
− Бунинг иложи йўқ, дарё телба оломонга тўла. Қирғоқни эса соқчилар қўриқлашмоқда.
Родопис бошини чангаллади.
− Яна қандай жазоларинг бор?! Мен учун барча йўллар беркилган, умидсизлик чоҳига йиқилиб бормоқдаман… Суюклим!.. Ҳузурингга қандай етаман?..
− Сабр қил, бекам. Қора булутлар тарқалиб кетади, — уни тинчлантиришга уринди хизматкор.
− Шаҳарда ҳозир нима бўляпти? У азоб чекаётганини ўйласам, нақ юрагим ёрилади. Ҳукмдорим, суюклим!..
Кўзёшлари булоқ бўлиб оқди, бекаси йиғлагани ёки маъюсланганини кўриб ўрганмаган хизматкор ҳайратдан ўзини йўқотиб қўяёзди. У эса ғуссага ботиб, яқингинада порлоқ кўринган умидларга ишониб қаттиқ алданиб қолгани ҳақида ўйлар эди. Юрагини совуқ пушаймон ўти куйдирмоқда. Наҳотки, улар ҳукмдорни маҳв этиб, таҳқирласалар, уйи оломоннинг ёвуз ғазаб нафрати учун нишонга айланиб қолса?! Агар шундай бўлса, яшашдан не маъно бор? Ундан кўра ўлим афзалроқ эмасми? Иккидан бирини танлаш керак: муҳаббат ва бахт ёки ўлим… Родопис ўз қисмати ҳақида тубсиз хаёлларга берилар экан, ногаҳон бир вақтлар бўлиб ўтган суҳбатни эслади. Ҳозир бу муҳим аҳамиятга эга эди. Шу заҳотиёқ ўрнидан туриб, кўзёшлари билинмаслиги учун юзини совуқ сувда ювди ва хизматкорга Бнамоннинг олдига боришини айтиб, ташқарига чиқди.
Ёш ҳайкалтарош одатдагидек дунё ташвишларидан узоқда, ширин хаёллар оғушида ишга шўнғиб кетган эди. Соҳибжамолни кўриб, қувонч билан истиқболига югурди-ю, бирдан тўхтаб қолди.
— Худолар ҳаққи, бугун хафага ўхшайсан?
— Йўқ, фақат чарчаганман, хастаман… —деди у бошини қуйи эгиб.
− Бугун ҳаво дим. Ирмоқ бўйига бориб ўтирмаймизми?
− Бир илтимос билан келдим, Бнамон.
Йигит қўлларини кўксига қовуштирди, бу билан у «амрингга мунтазир қулингман», демоқчи эди.
− Отанг тайёрлаган ноёб заҳар ҳақида бир пайтлар гапирган эдинг. Эслайсанми?
− Ҳа, албатга, эслайман.
− Бнамон, отанг «саодатли» деб номлаган ана шу ноёб заҳардан бир шишачаси менга керак бўлиб қолди.
Йигитнинг ҳайрати янада ортди ва у секин сўрашга журъат этди:
− Нима учун?
− Шифокорлардан бирига айтган эдим, у жуда қизиқиб, бир шишачасини топиб беришимни илтимос қилди. Эҳтимол, беморларни даволаш учун зарур бўлса керак. Мен ваъда бердим. Уни тез келтириб бера оласанми?
Ҳар қандай топшириқни жон деб бажаришга тайёр йигит қувониб хитоб қилди:
− Икки соатдан кейин қўлингда бўлади.
− Қандай қилиб? Омбосга бориб келмайсанми?
− Йўқ, бир шишачаси шу ерда, Абудаги хонамда турибди.
Аёл унга ҳайрон тикилди, Бнамон кўзларини олиб қочди,юзига қизиллик югурди.
− Муҳаббатим самарасиз туюлган оғир кунларда уни бу ёққа олиб келган эдим. Агар сен марҳамат кўрсатмаганингда, аллақачон Осирис дунёсига сафар қилган бўлар эдим.
Ҳайкалтарош шишачани олиб келиш учун жўнаб кетди, соҳибжамол эса: «Ҳаётим заҳардан баттар бўлган пайтда менга албатта асқатади», деб ўйлади.

НОМАЪЛУМ ЎҚ

Тахо фиръавннинг буйруғини индамай эшитди. Ичидан пишган, қатъиятли бу одамнинг юзида ҳозир ташвиш ва саросималик излари кўринарди. Суфхотеп ҳукмдорни ниятидан қайтаришга яна бир бор уриниб кўрди:
− Ўтиниб сўрайман, ҳукмдорим, эҳромга бориш қарорини бекор қил!
− Биринчи хавфга дуч келишим билан қочиб қолишимни хоҳлайсанми?
− Ҳукмдорим, — илтижо қилди бош вазир. — Халқ ғазабда, ваҳшийлашиб кетган. Ақл билан иш қилган маъқул.
− Режамиз барбод бўлганини кўнглим сезиб турибди. Агар бугун чекинсам, ҳокимиятдан бир умр маҳрум бўламан.
− Одамларнинг норозилиги-чи, давлатпаноҳ.
− Уларнинг қаторлари орасига жанг аравасида даҳшатли худолар сингари бостириб кираман. Мени кўришлари биланоқ тинчланишади. Ҳамма тўсиқларни енгиб ўтаман, лекин бўйсунмайман.
Асаблари таранглашган Меренра хона бўйлаб бетўхтов юриб турарди. Дами ичига тушган Суфхотеп нажот сўраб Тахога мўлтираб боқди. Саркарда ҳам оғир хаёллар қуршовида эди. Юзлари оқариб кетган, қовоқлари оғирлашиб, кўзлари бир нуқтага паришон тикилганди. Сукунат ичида фиръавннинг шахдам қадам товушлари эшитиларди, холос.
Эшик оғаси кириб, жимликни бузди, у таъзимга эгилди ва ҳаяжонланиб эълон қилди:
− Ҳукмдорим! Шаҳар қўриқчилари бошлиғи Таам ҳузурингга киришга ижозат сўрайди.
Меренра бу хабар қандай таъсир қилганини билиш учун маслаҳатчиларига синчиклаб қаради. Уларнинг ваҳимага тушганини кўриб, истеҳзоли кулимсиради ва нафрат билан кенг елкаларини қисиб қўйди. Яна бир қўриқчи ҳансираб югуриб келди. Унинг кийимлари чангга ботган, қалпоғи қийшайиб кетган эди. У ижозат кутиб ўтирмасдан шошилиб гапира бошлади:
− Ҳукмдорим! Халқ бизга қарши жанг бошлади. Ҳар икки томонда кўплаб қурбонлар бор. Тўхтовсиз ҳужум қилишмоқда. Агар шахсий соқчиларингни жўнатмасанг, бардош бера олмаймиз.
Суфхотеп ва Тахо даҳшат ичида ҳукмдорга қарадилар. Фиръавннинг афти буришиб, лаблари қалтиради:
− Худолар ҳаққи қасам ичаманки, бугун халқ кўчага байрам учун эмас, бошқа мақсадда чиққан.
− Ҳукмдорим! — давом этди Таам. — Айғоқчиларимизнинг хабарига қараганда, коҳинлар шаҳар чеккасида ҳам аҳолини гижгижламоқда. Фиръавн сохта уруш ниқоби остида қўшин тўплаб, халқ исёнини бостирмоқчи, деган миш-мишларни тарқатмоқдалар. Одамлар коҳинларга ишониб,жунбишга келди. Жангчилар мустаҳкам туришмаганда, улар аллақачон сарой майдонига ёриб ўтишган бўларди!
Фиръавн ярадор арслон сингари ўкирди:
− Шубҳага ўрин қолмади! Разил хиёнат юз берди! Коҳинлар ўзларини фош этдилар! Улар уруш эълон қилиб, бизга ҳужум бошладилар!
Унинг сўзлари тош сингари сукунат қаърига чўкиб кетди. Ақлга сиғмайдиган ҳодисалар рўй бермоқда эди. Ҳамма ҳайрат ичида гангиб қолганди. Наҳотки, фиръавн шу сўзларни айтишга журъат этса? Наҳотки, Миср халқи ўз ҳукмдорига қарши қўзғолон кўтариш даражасига етган бўлса?!
Тахо ўлик сукунатни биринчи бўлиб бузди:
− Ҳукмдорим! Қандай даҳшатли кун! Қандай сирли қора кучлар уни бу даражада остин-устун қилиб ташлади? Қон тўкилиши — муқаррар, у қандай тамом бўлади — фақат худоларга маълум. Бурчимни адо этишга ижозат бер!
− Қандай режанг бор, Тахо? — сўради фиръавн.
− Жангчиларимни сарой деворларига қўяман, ўзим эса исёнчилар қўриқчиларни енгиб, саройга элтадиган майдонга ёриб киргунча жанговар аравалар билан уларнинг қаршисига чиқаман.
Фиръавн билинар-билинмас жилмайди:
− Аравани ўзим ҳайдаб бораман.
Суфхотепнинг юраги орқасига тортиб кетди, у беихтиёр қичқириб юборди:
− Ҳукмдорим!
Меренра елкасидаги қоплон терисини ерга ташлади ва жанг аслаҳаларини тақиш учун ўз хонасига борар экан, шундай деди:
− Минг йилдан бери бу сарой қалъа ва саждагоҳ бўлиб келган. То тирик эканман, исёнчилар бу ерга осонликча қадам боса олмайдилар.
Суфхотеп машъум фалокат яқинлигини юракдан ҳис этди. Одатдаги осойишталигини йўқотиб, Тахога шошилинч хитоб қилди:
− Саркарда, фурсат жуда оз. Бориб сарой мудофаасига ҳозирлик кўр, бошқа буйруқларни кейин етказамиз.
Баҳодир Таам билан бирга чиқиб кетди, қария фиръавнни кутиб, ёлғиз қолди.
Воқеалар тез ривожланиб борарди. Тобора кучайиб, оз фурсатдан кейин бутун зални тўлдирган бўғиқ товушларнишамол учириб келарди. Суфхотеп шошилиб болахонага чиқди ва майдончага назар ташлади. Ваҳший оломон яқинлашиб қолган эди. Одамлар қичқиришиб, қиличлар, ханжарлар, таёқчаларни силкитиб келишарди. Яланғоч бошлару ялтираган совуқ қуроллар яққол кўзга ташланар, гўё ҳамма нарсани ямлаб ютиб юборадиган даҳшатли бало-қазо бостириб келаётгандек туюлар эди. Қўрқувдан қалтираган бош вазир пастга қаради. Сарой ичидаги қуллар баҳайбат ташқи дарвозаларни шоша-пиша тамбалашар, ўқчилар баланд тош деворлар устидаги қўриқчи минораларга калтакесакка ўхшаб ўрмалаб чиқишар эди. Найза ва ўқ-ёйлар билан қуролланган жангчилар тўдаси боғ томонга қараб жадал югуриб боришарди. Дарвозани ёриб кирганларга қарши ташланишга тайёр жанг аравалари дераза остида икки қатор саф тортган эди.
Қадам товушларини эшитган Суфхотеп орқасига ўгирилди. Олий бош қўмондон либосларини кийиб, бошига Миср тожини қўндирган Меренра остонада кўринди. Кўзларидан ўт чақнар, юзи қаҳрли тус олганди. У аччиқ изтиробдан букилиб, зўрға гапирди:
− Биздан олдин атрофимизни ўраб олишибди!
− Ҳукмдорим, сарой — мустаҳкам қалъа! Уни баҳодир жангчилар қўриқлашмоқда! Коҳинлар учун чекиниш ва мағлуб бўлишдан бошқа чора йўқ.
Ҳар иккаласи қуролларини силкитиб бақираётган саноқсиз оломонга мунгли сукунат ичида қараб, тош қотгандек карахт бўлиб туришарди. Момақалдироқ сингари гумбурлаётган таҳдидли овозлар орасидан «Тахт малика Нитокрисга берилсин!», «Йўқолсин жиноятчи шоҳ!» деган хитоблар аниқ эшитила бошлади. Фиръавннинг хос қўриқчилари миноралардан ўқ ёғдиришди. Оломон бир зум сийраклашгандек бўлди. Қўзғолончилар ҳам тош, калтак, ўқ отиб жавоб қайтаришди.
Фиръавн афсусланиб бош чайқади.
− Раҳмат сенга, Миср халқи! Ўз ҳукмдорини ағдариш учун келган йиртқич, ёвуз халқ! Улар нақадар аламзада, нақадар дарғазаб! Қуроллари нега бунча кўп? Наҳотки, ҳаммасини кўксимга санчишни мўлжаллашган бўлса?! Тош ёдгорликларга ўйиб ёзишга арзийдиган манзара!.. Раҳмат, Миср халқи, сенга шарафлар бўлсин!
Ўқлар ёмғирдек ёғиларди. Жангчилар матонат ва шердиллик билан ҳужумни қайтаришарди. Ўққа учраганларўрнини дарҳол шериги эгаллар ва ўлимни писанд қилмай мардона жангга ташланар эди. От минган бошлиқлар девор ёқалаб юриб, йўл-йўриқ кўрсатишарди.
Бу қайғули манзарани жим кузатиб турган фирьавннинг қулоғига ниҳоятда таниш овоз эшитилди:
− Ҳукмдорим!
У орқасига ўгирилди ва ҳайрат ичида қичқириб юборди.
− Нитокрис!
− Ҳа, ҳукмдорим! Қулоғимга оломоннинг қабиҳ қичқириқлари етиб борди. Даргоҳимизда сира бўлмаган ҳодиса бу. Сенга садоқатимни кўрсатиш учун бу ёққа югурдим. Қисматингга шерик бўлишимга рухсат бер!
Шу сўзларни айтиб, у тиз чўкди ва бошини эгди, Суфхотеп одоб сақлаб узоқлашди, Меренра эса шошилиб келиб, хотинини ердан турғазди. У ёш аёлга хижолат аралаш узоқ тикилди. Малика ҳузурига ўзи кириб келган кундан бери қайта кўришмаган эдилар. Қанчалар қўполлик қилган эди! Хотинига ачиниб кетди ва ўзини ноқулай ҳис қилиб, бир лаҳза ҳужум таҳликасини унутгандай бўлди, аммо қутурган оломоннинг қичқириқлари ва жанг шовқини уни воқеликка қайтарди.
− Раҳмат сенга, азизам. Бу ёққа кел, фуқароларимнинг аҳволини кўр. Улар мени байрам билан табрикламоқдалар.
Нитокрис бошини эгди ва чуқур қайғу билан:
− Паст табақанинг оғзидан чиқаётган сўзларга эътибор берма, — деди.
Фиръавндаги истеҳзо ғазаб ва нафрат билан алмашди. У алам билан шивирлади:
− Телба шаҳар… Бузуқҳаво… Сохта қалблар… Хиёнат… Хиёнат… Хиёнат…
Бу сўзлардан даҳшатга тушган малика эс-ҳушини йўқотаёзди. Халқ уни олқишлаб табриклаётганидан шубҳаланиб, хиёнатда айбламоқчими? Олдига яхши ниятда келиб, сотқин номини оладими?.. Барча аразу гиналарни йиғиштириб қўйиб, камситилгани, рад этилганини унутиб келса-ю, бу ерда эшитгани… Ўринсиз шубҳалардан даҳшатга тушган Нитокрис тутақиб кетди.
− Ҳайҳот, ҳукмдорим! Ёнингда туриб, сенга мадад беришдан бошқа фикр хаёлимда йўқ! Аммо хиёнат ҳақидаги сўзларинг бағримга тиғдек санчилди. Хиёнат деганинг нимадан иборат эди?
− Мен ишонган чопар хиёнат қилди. У мактубни олиб бориб душманларимга топширган!
− Ҳеч қандай мактубдан ҳам, чопардан ҳам хабарим йўқ. Аммо ҳозир суриштириб ўтирадиган вақт эмас. Фақат бир нарсани — мени олқишлаётган халқ олдига бирга чиқишингни хоҳлайман. Ҳамма сенга содиқлигимни кўрсин ва сени ағдармоқчи бўлаётганлар даҳшатдан титраб-қалтирасин.
− Раҳмат сенга, азизам. Аммо мени қутқаролмайсан. Мен шарафли ўлимга тайёрланмоғим керак.
У хотинининг қўлидан ушлаб, ичкарига етаклади. Пардани суриб, қимматбаҳо жиҳозлар билан зийнатланган хонага ўтдилар. Тўрда фиръавн Усеркаф ва хотинининг сурати туширилган меҳроб бор эди. Меренра билан Нитокрис журъатсизлик, ҳадиксираш билан ота-оналари ҳайкали қаршисига тиз чўкиб, қайғули нигоҳда тикилиб ўтирдилар. Фиръавн уларга қараб қийнала-қийнала зўрға гапирди:
− Сизлар нариги дунёда мен ҳақимда нималарни ўйлаяпсизлар? — Худди жавоб кутаётгандек, бир муддат жим қолди, шу ондаёқ ожизлигидан қаттиқ қаҳрланди. Кўзлари яна Усеркафнинг юзига тушар экан, бўшашиб гапирди: — Сен буюк давлатни ва қадимий шон-шуҳратимизни бизга мерос қолдирдинг. Мен нима қила олдим?! Тахтга ўтирганимга бир йилдан озгина ошди, аммо жар ёқасида турибман. Ҳайҳот, буюк тахтимиз оёқ остида топталадиган гилам даражасига етди, Меренранинг номи ифлос оғизларда сақичдек чайналмоқда. Биронта фиръавн эшитмаган жиноятчи-шоҳ унвонига сазовор бўлдим.
Алами зўрлигидан боши хам бўлиб, кўзини ердан узолмай қолди. Кейин яна бошини кўтарди-да, отасининг ҳайкалига қараб ғулдуради:
— Эҳтимол, ҳаётимдан номус қиларсан? Аммо ўлимим ҳеч қачон сенга иснод келтирмайди!
Меренра маликага ўгирилди:
− Қилган ёмон муомалаларим учун мени кечирасанми, Нитокрис?
Мислсиз изтироблар маликанинг бўғзига тошдек тиқилди, йирик кўзларида ёш ғилтиллади:
− Шу пайтда қандай хафагарчилик бўлиши мумкин?!
− Сенга кўп озор бердим, иззатингни топтаб, хафа қилдим. Ҳамма мени қоралайди… Нега бундай бўлди? Ҳаётим оқиб бораётган дарё ўзанини ўзгартариш керак эдими? Телба эҳтирослар оқими мени ғарқ қилди. Аммо бундан пушаймон қилмайман… Ҳайҳот! Ақл орқали эҳтирослар қуршовида қолган шахсий ожизлигимиз ва нуқсонларимизни англаб етамиз. Аммо уларни тўғрилашга кучимиз етадими? Мен тушиб қолган аҳволдан кўра оғир фожиани кўрганмисан? Бундан ҳеч ким сабоқ чиқармайди ва одамзод яшар экан, бундай телбалик давом этаверади. Ҳаётим янгидан бошланса эди, барибир, ўзимни яна мана шу чоҳга ташлаган бўлардим… Азизам! Ҳамма нарса жонимга тегди. Тақдирдан шафқат сўраш бефойда. Ўлимимни тезлаштиришдан ўзга чора қолмади!
Унинг юзида доимий ўжарлик ва қатъият пайдо бўлди.
− Қанақа ўлим, ҳукмдорим? — довдираб сўради малика.
− Мен беномус қўрқоқ эмасман ва ҳали ўз бурчимни унутганим йўқ. Қаршилик кўрсатиш бемаънилик. Ҳукмдорга содиқ одамлар ҳалок бўлмоқда, икки томондан минглаб қурбон берилгандан кейин навбат унга ҳам етиб келади… Фақат тубан кимсаларгина ўзгалар панасига яшириниб, умрини чўзиши мумкин. Алвидо, умидлар! Халқнинг олдига ўзим чиқиб, қонли қирғинни тўхтатаман.
− Ҳукмдорим! Аскарларингни садоқат кўрсатиш имконидан маҳрум этсанг, кейин улар виждон азобини қандай кўтариб юрадилар?
− Йўқ, мен уларни беҳуда қурбон қилолмайман ва душманлар қаршисига ўзим чиқаман. Юзма-юз гаплашамиз.
Нитокрис саросимага тушди. Ўжар эрига гап уқтириб бўлмаслиги унга яхши маълум.
− Мен ёнингда бўламан.
Меренра шахт билан унинг қўлидан ушлади:
− Нитокрис! Одамлар тахтда сени кўришни хоҳлашмоқда, бу адолатли талаб, юртга ҳукмронлик қилишга муносибсан, улар билан бирга бўл. Иккимиз ёнма-ён чиқсак, сенга орқа қиляпти, деб ўйлашади!
− Сени қандай ёлғиз қолдираман?!
− Худолар ҳурмати, шундай қиласан. Менга абадий тавқилаънат келтирадиган йўлни тутма.
Бағри тилка-пора бўлган малика эсанкираб қолди. Кўксидан аламли нидо отилиб чиқди:
− Қандай мудҳиш кун!
− Охирги истагим шундай. Мени ҳурмат қилиб, уни адо эт, қаршилик кўрсатма. Ҳақиқат ва ҳаётим ҳаққи қасам ичаманки, мен бундан бошқа йўл тутолмайман. Ҳар дақиқада ботир жангчилар беҳуда ҳалок бўлмоқда. Алвидо, олижаноб маликам! Сўнгги соатларимда мени иснодга қўймайсан деган ишонч билан ташқарига чиқаман. Мутлақ ҳокимликка ўрганган одам саройда қамалиб ўтиришга тоқат қилолмайман. Алвидо, дунё! Алвидо, қувонч ва қайғулар! Алвидо алдамчи шуҳрат, қуруқ шарпалар, сохта умидлар! Ҳаммасидан кўнглим қолди. Алвидо!
Хотинини бағрига босиб, пешонасидан ўпди, ота- онасининг ҳайкалларигатаьзим қилди ва индамай чиқиб кетди.
Суфхотеп ташқи залда фирьавнни кутиб ҳайкалдек қотиб турар, ҳатго бир зум кўзи илиниб ҳам қолганди. Ҳукмдорни кўргач, сесканиб тушди ва индамасдан орқасидан эргашди. Қария унинг ниятини дарров илғаб ололмади.
− Ҳукмдоримиз кўринса, жангчилар шердил бўлади.
Меренра жавоб бермади, иккаласи боғ билан каттаҳовлини туташтирувчи зиналардан тушиб бордилар. Фиръавн Тахони чақириб келишга одам юборди ва уни кутиб тўхтаб турди. Шу пайтда бирдан кўнглида жануби-шарқдаги сокин оролга бориш истаги уйғонди. Юраги эзилиб, чуқур хўрсинди. Энг азиз кншисидан бошқа ҳамма билан видолашган эди. Наҳотки, Родописнинг юзини бир бор кўриб, овозини эшитмасдан бу дунёдан кетса?! Оғир ҳасрат кўкрагидан босди. Фақат бир мулоҳаза миясига тинчлик бермасди. Оролга олиб борадиган йўл очиқмикин? Тахонинг товуши хаёлини жойига келтирди.
− Нил хавфсизми? — сўради Меренра.
− Йўқ, ҳукмдорим, — жавоб берди саркарда. —Улар қайиқларда ҳужум қилишга уриниб кўришди. Кичик флотимиз бу ҳужумни даф этди. Исёнчилар дарё томондан саройга кира олмайдилар.
Фиръавн эса сарой ғамида эмас эди. У бошини эгди, кўз олди қоронғилашди. Афтидан, ўз ҳаёти ва шон-шуҳратини бағишлаган азиз сиймони видолашув олдидан кўриш насиб этмайдиганга ўхшайди.
Бу оғир дақиқаларда суюклиси нима қиляпти экан?
Орзулари барбод бўлганидан хабар топдимикан?
Эҳтимол, у ҳамон бахтлар водийсида сайр этиб юриб, суюклиси қайтишини орзиқиб кутаётгандир?
Изтироб чекиб ўтиришга фурсат йўқ эди. У кўксидан қайнаб чиқаётган умидсизлик туйғуларини бўғиб ташлади- да, Тахога буйруқ берди:
− Жангчилар деворни тарк этсин. Шунча қон тўкилгани етади. Уларни орқага қайтар.
Суфхотеп қулоқларига ишонмади.
− Оломон эшикни бузиб киради-ку!
Саркарда жойидан қўзғалмади. Меренра момақалдироқдек овоз билан шундай бақирдики, устунлар бўғиқ акс садо қайтарди.
− Буйруқни тез бажар!
Гангиб қолган Тахо ҳукмдор амрини адо этиш учун югуриб кетди. Фирьавн шаҳдам қадам ташлаб сарой олдидаги майдонга қараб юрди. Устунлар охирида икки қатор тизилиб турган жанг араваларини кўрди. Унга кўзи тушган жангчилар қиличларини яланғочлаб, олқиш ёғдирдилар. Меренра бошлиқни чақирди:
− Отряд билан ичкарига йўл ол ва бошқа буйруқ бўлмагунча шу ерни тарк этма.
Жанг аравалари саройнинг жанубий қанотидаги хоналарга қараб йўл олди.
Суфхотеп оёқларини идора этолмай, гандираклаб қолди. Ҳукмдор нима қилмоқчи эканини мана шу дақиқадагина англаб етди, аммо бир оғиз сўз айтишга мажоли келмади. Жангчилар мудҳиш буйруқни бажариб, жанговар маррани тарк этдилар. Улар минора ва деворлардан тушиб, тартиб-интизомга тўла амал қилган ҳолда бошлиқлари билан биргаликда жўнаб кетдилар. Кенг саройдаги йўлаклар ва устунлар ораси бўм-бўш бўлиб қолди. Ҳатто сарой остоналарини ҳар доим қўриқлайдиган навбатчи соқчилар ҳам ғойиб бўлган эди.
Меренра устунлар олдида ҳамон қимирламай турар, ёнида Суфхотеп ҳайкалдек қотганди. Ҳарсиллаб, терлаб-пишган Тахо ҳам кела солиб, чап томонидан жой эгаллади. Унинг ранги ўчган, ғуссага ботиб, кўланкага ўхшаб қолган эди. Ҳар икки маслаҳатчи аскарларни қайтаришни сўраб илтижо қилишга тайёр бўлса-да, фиръавн чеҳрасида тош қотган шиддатли қатъиятни кўриб, оғиз жуфтлашга журъат этишолмади. Оғир сукунат чўкди. Ниҳоят, фиръавн ўгирилди ва хотиржамлик билан:
− Сизлар нега бу ерда турибсизлар? — деб сўради.
Садоқатли ходимлар қўрқувдан мурдага айландилар.
Тахонинг тили калимага келмай, севимли ҳукмдорига илтижо ва изтироб билан тикилди. Суфхотеп эса мисли қўрилмаган шижоат билан:
− Агар ҳукмдорим ёлғиз қолдиришни амр этсалар, шоҳ иродасига бўйсунаман. Аммо шу дақиқадаёқ ўзимни ҳалок қиламан! — деди.
Тахо гўё ўзи журъат этолмай турган гап айтилиб, чора топилгандек енгил нафас олди ва:
− Бош вазир тўғри гапирди, — деб ғулдуради.
Фиръавн индамади. Шу пайт ташқаридан берилаётган кучли зарбалар таъсирида дарвоза тумбалари қирсиллади. Қўриқчилар кутилмаганда ғойиб бўлганидан гангиб қолган исёнчилар девордан ошиб ўтишга ботинолмасди. Одамлар, чамаси, ичкарида даҳшатли пистирма тайёрланган деб ўйлаб, бутун кучни дарвозага ташлаган эдилар. Қудратли босимга бардош беролмаган ҳалқа ва тумбалар инграб ғижирлади ва охири силкина-силкина, даҳшатли гумбурлаб, ерни титратиб қулади. Ўпирилган жойдан ваҳший оломон отилиб кирди ва ёз шамолида тўзғиган тўзондек бир лаҳзада ҳовли саҳнига ёйилиб кетди. Одамлар жанг ҳали давом этаётгандек даҳшат ичида бир-бирини итаришар эди. Олдиндагилар ногаҳоний ҳужумдан хавфсираб қадамларини секинлатишди, лекин сарой остонасига яқинлашгунча ҳаракатдан тўхтамадилар.
Ҳамманинг нигоҳи устунлар олдида қотиб турган фиръавнга қадалди. Уни дарҳол танидилар ва ҳовлида қўриқчилар йўқлигини кўриб, ҳайратдан донг қотдилар. Биринчи қатордагилар гўё ерга қапишиб кетгандек бўлди. Кўпчилик изма-из ёпирилиб келаётганларни тўхтатиш мақсадида қўлларини ёйиб, занжир ясашга тутинди. Баъзилар орқага ўгирилиб:
− Секинроқ! Шошилманглар! — деб қичқира бошлади.
Исёнчилар сустлашиб, саросимага тушганини кўрганСуфхотепнинг дилида заиф умид учқуни липиллади. Хаста юрагида муқаррар даҳшатни бартараф этадиган мўъжиза юз беради деган илинж бор. Аммо мўъжиза содир бўлмади. Қўзғолончилар орасига аралашиб кетган маккор фитначилар ҳар қандай ёвузликдан қайтмаслигини сезган қариянинг кўнглидаги умидни ана шу хавотирлик туйғуси кемирмоқда эди. Ҳозирги кичик ғалаба мағлубиятга айланиб кетиши ҳеч гап эмасди.
Кимнингдир қўли камонга чўзилди, унга ўқ жойлади ва Миср тожини кийган кишини нишонга олиб, ипни қўйибюборди. Ўқ оломон орасидан ўтиб, шоҳнинг кўкрагига санчилди. Суфхотеп худди ўзи яралангандек додлаб юборди; Тахо иккиси гандираклаб кетган фиръавнни ушлаб қолишди. Фиръавн лабини тишлади, бўғзидан на ихраш, на нола чиқди, пешонасини тириштириб, мувозанатини йўқотиб қўймаслик учун охирги кучини сарфлади. Аммо кўзлари хиралашди, юзи оғриқдан бужмайиб, баданида оғир мажолсизлик сезди ва сафдошларининг елкасига оҳиста суянди.
Олдинги сафдагилар эсанкираб қолишди. Тиллар соқовланиб, кўзлар буюк ҳукмдорга қўрқа-писа тикилди. Иссиқ қон булоқдек қайнаб чиқар эди, фиръавн икки яқин кишисига таяниб, ўқни пайпаслаб ушлади.
Одамлар кўзларига ишонмасди, аҳвол бу тарзда якунланишини ҳеч ким тасаввур қилмаганди. «Нима бўлди?»— оломон орасидан чиққан кучли овоз сукунатни парчалади. «Шоҳни ўлдиришди!» — жавоб берди бошқа бир бўғиқ овоз. Шум хабар қаторлар бўйлаб тез суръатда тарқалди.
Карахт бўлиб қолган одамлар бу хабарни қўрқув ичида бир-бирига етказишарди.
Тахо қулни чақириб, маҳофа келтиришни буюрди. Ярадорни авайлаб унга ётқиздилар. Сарой табиби билан Нитокрис бир пайтда югуриб келди. Малика саросима ва даҳшат ичида эрига ташланиб, ёнига тиз чўкди. Атрофдагилар:
− О, даҳшат!.. Сенга қўл кўтаришга журъат этишдими?!— деган аламли нолани эшитдилар.
Ҳамманинг кўзи маликага қадалди. Исёнчилардан бири: «Малика ҳазрати олийлари!» — деб қичқирди. Умумий қайғу одамларни яна якдил қила бошлади.
Меренра ҳушига келди ва хира кўзларини очиб атрофида бош эгиб турганларга бирма-бир тикилди. Суфхотеп ғуссага ботган. Тахо эса руҳсиз, мурдадек оқариб кетган эди. Табиб шоҳнинг эгнидаги совут кўйлакни ечди ва ярани кўздан кечирди. Малика нажот кутиб жавдираб боқди.
− Яраси хавфли эмасми? Хавфли эмасми? — дея шивирлаб илтижо қила бошлади.
Меренра малика нима деб пичирлаётганини англади ва қуруққина қилиб:
− Йўқ, Нитокрис! Бу жароҳат ҳалокатли, — деди.
Сўнг, табиб ўқни суғуриб олмоқчи бўлаётганини кўриб, илтимос қилди:
− Унга тегма… Фойдаси йўқ… Ортиқча азоб беради.
Суфхотеп мислсиз ғазаб оловида ёниб, саркардага мурожаат қилди:
— Жангчиларингни олиб келиб, ҳукмдоримиз учун қасос ол!
Фиръавн қўлини зўрға кўтарди:
− Қимирлама, Тахо! Буйруқларимнинг сенга дахли йўқми, Суфхотеп? Бошқа жанг қилинмасин! Коҳинларга айтинг, улар ниятига етди, Меренра Иккинчи ўлим тўшагида ётибди. Одамлар тинчлик билан тарқалишсин.
Маликанинг танига титроқ югурди. У эрининг устига энгашиб пичирлади:
− Ҳукмдорим! Мен қотиллар олдида кўзёши тўкиб ўтирмайман. Хотиржам бўл. Ота-оналаримизнинг хотираси, бегуноҳ тўкилган мана шу қон ҳаққи қасам ичаман, душманларни шундай жазолайманки, эшитган авлодлар титраб-қалтираб, асрларгача унутмайдиган бўлсин!
У хотинига миннатдорчилиги ва ҳурматини билдириш учун зўр-базўр жилмайди. Бу орада табиб тинчлантирадиган дори ичирди, ярани ювиб, шифобахш малҳам қўйди.
Тобора ҳолсизланиб бораётганини сезган Меренра севгилисини бир марта кўриш, ўлими олдидан видолашиш истагида ўртанар эди.
У ярим ҳушсиз ҳолда:
− Родопис… Родопис … —деб ғулдуради.
Эрининг ёнидан қўзғалмай турган Нитокрис бу исмни эшитди. Юрагига игна санчилгандек бўлди, боши чиппа айланди. У эса, хотини бесаранжом бўлганини сезмай, Тахони имлаб чақирди. Саркарда шошилиб энгашди.
− Родопис, — зўрға такрорлади фиръавн.
− Бу ёққа олиб келайликми, ҳукмдор?
− Йўқ, унинг олдига олиб бор. Юрагимда томчи қоним қолди, у оролда тўкилишини истайман.
Тахо қаттиқ эсанкираб маликага қаради. У матонат билан ўрнидан турди:
− Ҳукмдорнинг хоҳишини бажар.
Меренра бу овозни эшитди ва хотини дилидаги ҳиссиётларни фаҳмлади:
− Азизам… Ҳар доим гуноҳларимни кечириб келдинг… Буни ҳам кечир… Ўлаётган одамнинг сўнгги истаги…

ВИДОЛАШУВ

Кема Биге оролига қараб сузиб борар, каютадаги қимматбаҳо маҳофа тинимсиз чайқаларди. Фиръавннинг бошида табиб, оёқ томонида эса Суфхотеп билан Тахо турар эди.
Тилсиз, ожиз, ўлим тўшагига михланган ҳукмдорни олиб кетаётган кема аҳли мусибатга чўмган.
Эркаклар жони узилаётган Меренранинг оқариб кетган юзларига жим тикилиб боришарди. Вақти-вақти билан у оғирлашиб кетаётган қовоқларини кўтариб, йўлдошларига ҳорғин назар соларди. Сўнг силласи қуриб, яна кўзини юмарди.
Кема қирғоққа яқинлашиб, боққа олиб чиқадиган зиналар ёнига келиб тўхтагунча жуда узоқ вақг ўтгандек туюлди. Олисда оқ сарой кўринди. Тахо эгилиб, Суфхотепнинг қулоғига шивирлади:
− Аёлни огоҳлантириб қўйиш учун биронтамиз олдинроқ борганимиз маъқул.
Бу мусибатли лаҳзаларда ғуссага ботиб кетган қария ўзгалар дардини англайдиган аҳволда эмас эди. У гапни қисқа қилди:
− Билганингни қил.
Аммо Тахо жойидан қўзғалмади. У саросимага тушди:
− Қайғули хабар! Бу ҳакда қандай гапиришни тасаввур қилолмайман.
− Нимадан қўрқасан, саркарда? Бошимиздан шунчалик оғир мусибатлар ўтаётган бир пайтда бу аёлнинг ороми бузилишини ўйлаб ўтирибсанми?
Шундай деб Суфхотеп каютани тез тарк этди ва боққа элтадиган зинапояга кўтарилди. У хиёбонни кесиб ўтаётиб, ирмоқ бўйида канизак Шитни учратди. Қиз ўзига таниш бош вазирга салом бериш учун оғиз жуфтлаган эди, қария илдамлик қилди:
− Беканг қаерда?
− Бечора бекам бугун ўзини қўйишга жой тополмай қолди, гоҳ хонада кезинади, гоҳ боғда тентирайди. Ҳатто…
− Бека қаерда? — тоқати тоқ бўла бошлаган Суфхотеп жаҳл билан сўзини бўлди.
− Ёзлик шийпонда, жаноб, — деди қиз хафа бўлиб.
Мулозим шийпонга кирди. Родопис оромкурсида бошини чангаллаб ўтирарди. Аёл ўгирилиб қараб, Суфхотепни дарҳол таниди. У ўриндиқдан сакраб туриб, ҳаяжон ичида:
− Вазир! Ҳукмдорим қани? — деб сўради.
Ўз ғам-ғуссалари гирдобига ботган қария ўйламасдан жавоб берди:
− Ҳозир келади…
Аёл қўлини кўксига қовуштирди, товушида шодлик акс этди:
− Хайрият! Хавотир олиб, ич-этимни еб битирдим! Қўзғолончилар ҳақида хабарлар етиб келди… Кейин биз ташқи оламдан узилиб қолдик. Қон ютиб, ёлғиз ўтирибман. Жанобим қачон келади?
Родопис шундагина суюклиси келишидан олдин чопар юборишга одатланмаганини эслади. Юрагига яна ғулғула тушди.
− Сени бу ёққа нега жўнатди?
Бош вазир совуқ ва шафқатсиз овозда гапирди:
− Бардам бўл, хоним. Мени ҳеч ким жўнатгани йўқ. Сенга шумхабар олиб келдим. Фиръавн яраланди.
У ҳушидан кетаёзди. Даҳшат билан Суфхотепнинг ғамга ботган юзларига тикилди. Кўксидан ожиз, азобли ингроқ чиқди. Қайғу вазир юрагини тошга айлантирган эди.
− Тоқат қил, тоқат… Ҳукмдор бу ёққа элтишларини илтимос қилди. Унга ўқ теккан. Бугунги машъум кун байрам билан бошланиб, мотамда тамом бўлади.
Родопис ғайришуурий ҳолда ҳуркак қуш каби боққа югуриб чиқди. Остонадан ўтиши билан оёғига қўрғошин қуюлгандек қўзғалолмай қолди. Қуллар маҳофа кўтариб келишарди. Аёл уларни ўтказиб юборди ва бу манзарадан гангиган ҳолда бошини чангаллаб, изма-из югурди. Қуллар ўта эҳтиёткорлик билан қимматбаҳо юкни шийпон ўртасига қўйиб, чиқиб кетишди. Уларнинг орқасидан Суфхотеп ҳам чиқди.
Улар ёлғиз қолишди. Родопис суюклисининг ёнига тиз чўкиб, ўзи сезмаган ҳолда қўлларини гоҳ чалиштириб, гоҳ ёзиб ўтирди. Ҳукмдорнинг жиддий тортган ҳорғин кўзларига термилиб боқар экан, ичида бир нарса узилиб кетгандек бўлди. Нигоҳи зўрға-зўрға кўтарилиб, пасайиб турган кўксига санчилган ўқ атрофида қотиб қолган қон доғларига тушди. Томоғидан аянчли фарёд отилди:
− Сени ярадор қшшшдими? Қандай даҳшат!
Меренра аввалгвдек ҳаракатсиз, жим ётар эди. Қисқа сафар чоғида охирги кучларини ҳам йўқотиб бўлган, ҳаёт шами оҳиста сўниб борарди. Аммо Родописнинг сўзларини эшитиб, севимли юзини кўриб, қалқиб кетди, хиралашган кўзларида заиф севинч учқунлари ўйнади.
Илгари қандай эди-я! Кучли, жасур, шиддатли оқим каби тизгинсиз одам! Ҳолдан тойган, сўниқ юзларига боқиб, наҳотки, учрашганимиздан бери шунча узоқ вақг ўтган бўлса, деб хаёлидан ўтказди. Фалокат сабабчиси бўлган ўққа ўқрайиб қаради.
− Нега буни кўкрагингдан олиб ташлашмади? Ҳозир табиб чақираман!
У сўнгги кучларини тўплаб секин гапирди:
− Фойдаси йўқ…
− Нега фойдасиз бўлади, суюклим?! Нималар деяпсан?! Наҳотки ҳаётдан тўйиб кетган бўлсанг?!
Фиръавн қўлини базўр узатди ва Родописнинг музлаб қолган кафтларига тегизди.
− Ҳа, Родопис. Қўлингда жон бергани келдим. Қисматимиз учун мотам тутма… Мана шу сўнгги дақиқада менга далда бер…
− Ҳукмдорим, ўлим ҳақида гапиряпсанми? Бу нимаси? Қандай даҳшатли кеча! Севиклим, уни қанчалар орзиқиб кутгандим. Қанчалик илҳақ бўлдим! Қанчалик умидвор эдим!.. Ғалаба ҳақида қувончли хабар келтирасан деб кутдим, сен бўлсанг мана бу машъум ўқни олиб келдинг! Мен қандай хотиржам бўла оламан?!
У машаққат билан бошини кўтарди ва ингроқ аралаш илтимос қилди:
− Суюклим, бу гапларни қўй. Менга яқинроқ кел. Кўзларингга тўйиб қараб олмоқчиман.
У соҳибжамолнинг юзларига термилиб боқиб, нурли чеҳрасини кўз қароғига жойлаб ўзи билан бирга олиб кетишни хоҳлар эди. Аёл эса мисли йўқ азоб ўтида тўлғанарди. Ўзиниерга ташлаб инграса, фарёд солса, сочларини юлса, дарди енгиллашган бўларди. Бахтиёр ва осойишта кўриниш учун қаердан куч олади? Бошқа бирон кишига насиб этмаган муҳаббат лаззатларини бахшида этган аввалги Родопис бўла оладими ҳозир?
Ҳукмдорнинг мунгли кўзлари илтижога тўла эди.
− Бу кўзлар Родописникига ўхшамаяпти.
Ғам-ғуссага ботган соҳибжамол:
— Йўқ, севгилим, булар ўзимнинг кўзларим. Фақат уларда энди нур ва ҳаёт йўқ, — деди.
− О, Родопис… Агар мени рози кетсин десанг, ҳозир қайғуни унут. Мен Родописнинг ёруғ юзини кўрмоқчиман, майин овозини эшитиб, ором топмоқчиман.
Бу илтимос бағрини тешиб ўтди. Мана шу машъум дақиқада унинг хоҳишини бажармаслик мумкинми? Аёл кулфатни енгишга уринди, титроқ лабларида табассум зуҳур бўлди. Яна бир дақиқадан сўнг у худди муҳаббат тўшаги олдида тургандек, хотиржам қиёфада ҳукмдор устига эгилди. Ярадор қонсиз лабларини очиб, миннатдорчилигани билдирган бўлди.
Муштипар аёл ҳиссиётларига эрк берса, телбаларча алаҳсираб қолиши аниқ эди. Аммо у ўзини қўлга олиб, дунёдан абадий кўз юмаётган ва бундан кейин ҳеч қачон қайта кўра олмайдиган суюклисининг азиз сиймосини дилига муҳрлашга ҳаракат қилди. Изтироблар, афсус-надоматлар, соатлаб кўзёши тўкишлар энди беҳуда! Унинг сиймоси, ҳаёти, муҳаббати фақат ўтмиш ҳақидаги гўзал хотиралардагина қолади — мажруҳ қалби навқирон ва мағрур фиръавн ҳақиқатан ҳам ҳузурига келгани, ўзи эса уни шодланиб интиқ кутганига ишонармикин?.. Ҳаммасига кўкракка санчилган мана шу ногаҳоний ўқ айбдор! Қандайдир ярамас ўқ бутун оламга сиғмаган қувончу орзуларга нуқта қўйди!
Аёл оғир хўрсинди. Меренра ҳам хўрсиниб жавоб қайтарди. Бу унинг охирги нафаслари эди. Танасидан мадор кетган. Титраб турган кўкрагида ўлим ва ҳаёт курашар — бири енгишга, иккинчиси зўр бериб қаршилик кўрсатишга уринарди.Бирдан юзлари жон аччиғида ўзгариб кетди, қичқирмоқчи ёки ёрдам сўрамоқчи бўлгандек оғзини очди ва Родописнинг мислсиз даҳшат ичида узатган қўлини чангаллаб олди.
− Бошимни баланд кўтар, бошимни кўтар! Аёл ўсалнинг бошини кўтармоқчи бўлди, аммо у қаттиқ хириллади ва қўли мажолсиз осилиб қолди. Ҳаммаси тугади. Родопис шоҳнинг бошини ёстиққа қўйди, суюклисининг жонсиз кўзларига тикилиб, оламни титратиб аламли фарёд солди.
Унинг ноласи ҳаммани мусибатдан огоҳ этди. Хонага уч эркак кириб, маҳофа олдида тўхтади. Тахонинг юзлари мурдадек оқариб кетган, ҳаммага олазарак кўз ташлар эди. Суфхотеп ҳукмдор жасадини қучоқлади. Қариянинг кўзёши дарёга айланган эди. Унинг нола чекиб қилган таваллоси ўлим сукунатини бузди:
− О, пуштипаноҳ ҳукмдорим, олампаноҳ ҳукмдоримнинг ўғли, жойинг худолар даргоҳида бўлсин. Уларнинг амри билан бугунги кунда боқий дунё сафарига йўл олдинг… Оҳ, сенинг порлоқ навқирон ҳаётинг давом этиб, мен, илвираб қолган қария кўз юмсам бўлмасмиди?! Худолар иродаси олдида ожиз бандалармиз. Алвидо, олижаноб ҳукмдорим!
Суфхотеп қоқсуяк қўллари билан чойшабни тортиб фиръавн жасадини ўраб қўйди. Кейин эгилиб таъзим қилди- да, жойига бориб турди.
Родопис ҳамон тиз чўккан кўйи ҳушсиз ва карахт ҳолда кўзларини марҳумдан узмай ўтирарди.
У бамисоли тош ҳайкалга айланган эди. Қўққисдан хизматкор кириб эълон қилди:
− Малика зоти олиялари олдидан сарой ходимаси келди!
Юзларига қайғу кўланкаси чўккан ёши ўтганроқ аёл ичкарига кирди. Ҳамма унга таъзим қилди.
Маликанинг ходимаси бош тебратиб жавоб қилгандан кейин Суфхотепга саволчан назар ташлади.
− Ҳаммаси тугади, марҳаматли хоним.
− Фиръавннинг табаррук жасадини саройга элтиш зарур. Буюк маликамизнинг фармони шундай.
Сарой ходимаси қулларни чақириб, маҳофани кўтаришни буюрди. Родопис карахтликдан чиқиб, атрофга довдираб қаради.
− Қаёққа? Нима учун? — шивирлади у бўғиқ овозда. Суфхотеп унинг олдига келди.
− Марҳум шарафига таъзия саройда ўтказилиши керак…
− Уни мендан олиб кетманглар… Тўхтанглар… Мен унинг кўксида жон бераман…
Сарой ходимаси энди кўраётгандек, Родописга кибру ҳаво, менсимаслик билан юқоридан назар ташлади. Бахтсиз аёлнинг ноласини эшитиб, кескин танбеҳ берди:
− Ҳукмдорнинг кўкраги шармисор кимсалар жон берадиган майдон эмас.
Суфхотеп Родописга энгашиб, елкасидан оҳиста ушлади-да, бир чеккага олиб борди. Қуллар маҳофани кўтаришди. Аёл вазирнинг қўлидан юлқиниб чиқди, жонҳолатда атрофга аланглаб, ҳеч кимни танимади ва зорланиб фарёд кўтарди:
− Нега уни олиб кетяпсизлар? Бу унинг саройи-ку! Унинг оромгоҳи! Мени хафа қилишга қандай ҳаддингиз сиғди? Ҳукмдор менга озор берганларни кечирмайди!.. Бағритошлар… Ҳиссизлар… Ёвузлар…
Сарой ходимаси аёлнинг нолаи зорига эътибор бермай, боғдан чиқди, қуллар орқасидан эргашдилар. Боши қуйи эгилган эркаклар ҳам шийпонни тарк этишди. Родопис ўқ еган қушдек йиқила бошлади. Шу дақиқада бақувват бир қўл билагидан ушлаб тутиб қолди. У қўлини чиқазиб олишга уринди, аммо кучи етмади. Шиддат билан ўгирилган аёл Тахо билан юзма-юз тўқнашди.

ТАХОНИНГ МАҒЛУБИЯТИ

Родопис Тахога худди танимагандек ажабланиб тикилар экан, юлқиниб, билагини бўшатишга уринди. Тахо қўйиб юборишни хаёлига келтирмасди. Аёл норози бўлиб:
— Мени ўтказиб юбор! — деб зорланди.
Тахо эса «Йўқ!» дегандек бош чайқади, холос. Саркарданинг юзи қўрқинчли тус олган, нигоҳида телбалик бор эди.
− Улар йўл олган жойга сени киритишмайди.
− Қўйиб юбор… Улар ҳукмдоримни мендан тортиб олишди…
− Маликамиз амрини бузиш мумкин эмас!
Уни даҳшат босди ва Тахонинг иродасига бўйсуна бошлаганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ғафлат уйқусидан уйғониб, ақлу ҳушини энди тўплаётган одам сингари пешонаси тиришди. Сўнг саркардага ҳайрон-ҳайрон тикилди. Унинг қарашида аллақандай эҳтиёткорлик ва шубҳа бор эди.
− Улар ҳукмдоримизни қасддан ўлдиришдими?..
«Улар ҳукмдоримизни қасддан ўлдиришди» сўзлари Тахонинг юрагига тиғдек санчилди. Яна юзидаги ҳаяжон ўрнини тошбағир хотиржамлик эгаллади.
− Ҳа, Родопис, улар подшоҳни ўлдиришди. Шу бугунга қадар фиръавнга қўл кўтарадиган одам бўлиши мумкинлигини тасаввур қилмагандим.
Аёл болаларча соддадиллик билан:
− Шундан кейин ҳам ҳукмдоримиз жасадини тортиб олиб кетишларига йўл қўйиб бердикми? — деди.
− Уларнинг орқасидан бораман деб ўйлаганмидинг? Сени нима кутаётганини сира ўйлаб кўрдингми? Ақлингни йўқотибсан, Родопис. Қайғу кўр қилиб қўйибди. Кўзингни оч! Сен эрини тортиб олиб, шарманда қилган аёл Миср тахтига ўтирди. Сен уни шон-шуҳрат ва бахт чўққисидан қулатиб, хорлик ва мусибат чангалига ташладинг. Ҳали-замон соқчилар қўл-оёғингга кишан солиб, унинг олдига судраб борадилар. Кейин шафқат нималигини билмайдиган жаллодлар панжасига тушасан. Улар ипак сочларингни юлиб ташлайдилар, қора кўзларингни ўйиб оладилар, қулоқ-бурнингни кесадилар. Нимталанган жасадингни аравага осиб, қутурган оломон орасидан олиб ўтадилар. Подшоҳни йўлдан уриб, халққа қарши қайраган бузуқ аёлни кўриб қўйинглар, деб жарчи қичқириб боради. Тахо таҳдид оҳангида гапирар, кўзларида даҳшатли олов ёнар эди. Аммо фикран узоқларда бўлган аёл бу сўзлардан чўчимади. У фавқулодда осойишта қиёфада хаёл дарёсига чўмиб кетган эди, фақат Тахонинг энг охирги сўзини эшитгандан кейингина илтифотсизлик билан елкасини қисиб қўйди. Ундаги совуқ ҳиссизлик Тахода баттар ғазаб уйғотди. У Родописнинг қўлини қаттиқ қисар экан, бир вақтлар суюкли бўлган бу аёлни ҳозир қийноққа солиш, мислсиз азоб бериб роҳатланиш иштиёқида ёнаётганини алам билан англади. Томирларида қон ғалаён қиларди. Унинг ҳайратга чўмган осуда чеҳрасига боқар экан, дилидаги бу шайтоний хаёлни зўрға босди. Родописнинг умид бахш этувчи биргина боқишига умрини бағишлашга тайёр паҳлавон бу кўзлартубига яширинган машъум ниятни қўққисдан англаб, даҳшатдан қалтираб кетди. Бармоқлари бўшашиб, оғир хўрсиниб нафас олди:
− Нега сенга ҳеч нарса таъсир қилмаяпти?
Аёл бу сўзларга ҳам эътибор бермади ва хаёл билан:
− Биз орқасидан боришимиз керак… — деди.
− Йўқ… йўқ… У ёқда ҳеч кимга керак бўлмаймиз.
− Уни мендан тортиб олди… Уни мендан тортиб олди…
Родопис малика ҳақида гапираётганини англаган Тахо елкасини қисди:
− Сен тириклигида эгаси эдинг, у ўлигига эга бўлди.
Родопис йирик кўзларини унга тик қадади:
− Аҳмоқ экансан! Наҳотки тушунмасанг? Уни ана шу аёл ўлдирди-ку! У сотқин ўзига қайтариш учун…
− Ким сотқин?
− У сиримизни очиб, халқни оёққа турғазди… ҳукмдоримни ўлдирди у!
Тахо жим эшитса-да, лабларида маккор, ёвуз табассум ўйнар эди.
− Янглишасан. Малика сотқин ҳам, қотил ҳам эмас!
У шайтоний жазавада кулди ва аёлга янада яқинроқ келиб, кўзларига ваҳшат билан тикилди:
− Агар қотилни билмоқчи бўлсанг, мана у — олдингда турибди! Мен сотқинман, Родопис… Мен…
У саркарданинг сўзларига заррача эътибор бермай, ғафлат уйқусига ботгандай тураверди. Фақат ўзидаги руҳсизлик ва чарчоқни ҳайдамоқчи бўлгандай, бош тебратиб қўйди, холос. Саркарда яна қутуриб кетди. Елкасидан ушлаб, кучи борича силкита бошлади ва қулоқни кар қилгудек овозда қичқирди:
− Кўзингни оч! Сўзларимни эшитдингми? Мен — сотқинман. Мен, Тахо деб аталган кимса!.. Барча кулфатларга мен сабабчиман!..
Родопис сесканиб, унинг қўлидан сирғалиб чиқди, баданида заиф титроқ сезди. Бир неча қадам орқага чекиниб, саркарданинг ўзгариб кетган башарасига қўрқа-писа назар солди. Тахо эса ҳеч кутилмаганда ювош тортди: ожиз бечора одамга айланиб қолди.
− Иқрор бўлиш — нақадар оғир, аммо ҳақиқатни тан олишим зарур. Пешонамга машъум қисмат битилган, эндиҳеч нарсанинг аҳамияти қолмади. Бу дунё учун кераксиз одамман, Родопис. Мен билан тирик одамлар орасидаги ҳамма алоқалар узилиб бўлди. Сендан бир умрга маҳрум бўлганимдан кейин юрагимдаги ўт сўнди, вужудимда ҳозир даҳшатли оғриқдан бошқа ҳеч нарса йўқ.
Тахо дамини ростлаш учун тўхтади. Чуқур тин олиб, давом этди:
− Ғазабимни ичимга ютиб, ҳамма нарсага чидаб яшашга мажбур эдим. Садоқатимга ишонч ҳосил қилиш учун сен ўз ҳузурингга чорлаган кунгача бурчимни ҳар доим виждонан бажаришга қатьий аҳд қилган эдим. Шу куни мен телбага айландим, қоним қайнади, тутқаноқ тутгандек тўлғанишга тушдим. Рашк ва адоват ақлимни хиралаштирди, фурсат пойлаб панада ётган душманлар ҳузурига ҳайдаб борди. Мен сирни фош этдим ва орқадан яширинча пичоқ урадиган хиёнаткор сотқинга айландим.
Тахо қилмишини эслаб жазавага тушди, юзларида алам ва ўкинч азоби акс этди. У қўрқиб кетган аёлга ваҳшийларча тикилиб қичқирди:
− О, эзгулик ва самимиятни поймол этувчи баттол аёл! Ҳуснингни кўрганларга лаънатлар бўлсин! У қанча бегуноҳ юракларни барбод қилди, яшнаган саройларга қирон келтирди! Сенинг дастингдан қудратли салтанат ларзага келди, садоқатли фуқаролар бош кўтарди, олижаноб дилларга доғ тушди! Бахтиқаро!.. Шумқадам!..
Родопис қотиб қолганини кўрган саркарданинг ёвуз кўнгли тасалли топгандек бўлди.
− Энди мен тортадиган азоблар ва шармисорликка шерик бўласан! Ўлимнинг кўзига тик қара… Иккимиз ҳам яшашга лойиқ эмасмиз. Мен мурдага айланганман, шонли ўтмишимдан бошқа ҳеч нарса қолган эмас. Нубияга юриш қилиб, қаҳрамонлик кўрсатган, Пипи Иккинчи олқишига сазовор бўлган Тахо ва Меренра шахсий қўриқчиларининг бошлиғи Тахо кўпдан бери йўқ…
Жонсиз ҳайкалга айланиб, ғалати сукутга чўмган Родописнинг мунгли қиёфасига бардош беролмаган Тахо атрофга аланглади. Қаттиқ хўрсиниб, қичқирди:
— Ҳаммасига чек қўйиш керак. Шафқатсиз жазодан қўрқмайман. Ҳозир саройга бориб, ҳаммани тўплайман ва ўзжиноятимни маълум қиламан. Ўнг қўли бўла туриб ўз ҳукмдорига зарба берган сотқин кимлигини очиқ-ойдин айтиб бераман. Барча нишонларимни юлиб ташлайман, қиличимни улоқтираман ва мана бу ханжарни юрагимга санчаман. Алвидо, Родопис. Алвидо, ҳаёт!.. У биздан кўп нарса талаб қилиб, эвазига жуда оз нарса берар экан…

ЯКУН

Тахо саройни тарк этиши билан Бнамон Ясар ўғли тушган қайиқ боғ зинапояси олдига келиб тўхтади. У ранги оқарган, толиққан, чангга ботган эди. Ўсмир шаҳарда исён кўтарган одамлар орасига тушиб қолиб, қаттиқ ҳаяжонланган ва ҳамон шу мудҳиш таассуротлардан халос бўла олмаган эди. Ўзи истиқомат қиладиган жойга не машаққатлар билан етиб келди. Шаҳарда кўрганларига қиёслаганда, бу ер сокин оромгоҳ эди. Бигедага қордек оппоқ саройга олиб борадиган яшил хиёбонда юриб, кўксини тўлдириб нафас олиш нақадар роҳат! Мана, ёзлик шийпони. У дам оламан деган умидда остонадан қушдек учиб ўтди. Аммо шу заҳотиёқ янглишганини сезди. Мажолсиз Родопис тўшакда чўзилиб ётар, Шит унинг ёнига бош қўйиб ўтирар эди. Иккиси ҳам қандайдир сирли сукут каърига ботган. Йигит остонада жим туриб қолди. Ниҳоят, Родопис унга ўгирилди. Хизматкор ўрнидан кўзғалиб, хонадан чиқиб кетди. Бнамон хурсанд бўлиб бекага ташланди, аммо яқинлашар экан, руҳсиз юзини кўриб, иккиланиб тўхтаб қолди. Ғалаёнлар хабари ўз илоҳасига аллақачон етиб келганига шубҳаланмасаям бўлади. Изтироб-аламлар унинг гўзал юзини қора пардадек тўсиб, хиралаштириб қўйган эди. Ўсмир бека қаршисида тиз чўкиб энгашди-да, чуқур ҳамдардлигини сездирган ҳолда кўйлаги этагини ўпди. Унинг беғубор кўзлари: «Қалбим ва юрагим сеники», деб айтаётгандек эди. Уни кўргандан кейин Родописда ўзгариш бошланганини сезган йигит ниҳоятда севиниб қизариб кетди.
− Узоқ йўқ бўлиб кетдинг, Бнамон, — деди Родопис зўрға эшитиладиган овозда.
− Ғалаён кўгарган жоҳил одамлар орасидан ўтиш қийин бўлди. Абу шаҳри қайнаб-тошмоқда. У олов ичида қолганга ўхшайди.
Ўсмир қўйнидан кичкина шишачани олиб, бекага узатди. Кафтлар бир-бирига тегиб кетди. Унинг қўллари совуқ бўлиб, бу совуқлик бутун баданини, ҳатто юрагини ҳам тўла эгаллаб олганга ўхшайди
− Кўнглингда оғир изтироб борлигини кўриб турибман.
− Бу менинг қисматим.
− Ўзингга шафқат қил! Бунчалик ғуссага ботиб кетма! О, бекам! Бу ер тинчигунча Омбосга бориб турсанг яхши бўларди.
Родопис ўзини диққат билан эшитаётганга солиб, ўсмирга боқар экан, кўз қароғига жойлашиб қоладиган охирги одам мана шу йигит бўлишини ҳис қилди. Ўлим ҳақидаги ўйлар уни шу даражада забт этган эдики, ҳатто ўзини бу дунёга бегона ҳисоблай бошлаганди. Туйғулари ўлиб бўлганди. Қаршисида тиз чўкиб турган, ўзини нима кутаётганидан бехабар ҳолда орзулар дунёсига ғарқ бўлган бу басир йигитга ачиниб ўтирмади. Бнамон эса аёл таклифимни ўйлаб кўряпти, деган хаёлда эди. Юрагида умид чироғи ёнди ва бундан илҳомланиб, сўзини давом эттирди:
− Бекам, Омбос тинч ва чиройли шаҳар. Осмони мусаффо, ҳаммаёғи кўм-кўк, ирмоқларида оққушлар сузади… У ердаги қуёшли ҳаво машъум ва ғаддор Абуда нафис юрагингга етган барча кулфату ғамларга даво бўлади…
Ошиқ йигитнинг валдирашлари ҳам меъдасига тегди, хаёли сирли шишача томон оғиб кета бошлади. Ҳаммасига тезроқ барҳам бериш керак. Родописнинг кўзлари салгина олдин маҳофа турган ерни излаб топди ва худди мана шу жойдан нариги дунёга сафар қилажагини англади. Аввал Бнамонни чиқариб юбориш керак.
− Таклифинг ғоят ёқимли, Бнамон. Мени ёлғиз қолдир, бу ҳақда озгина ўйлаб кўрай.
Ёш ҳайкалтарош шодлигидан яйраб кетди:
− Кўп кутишимга тўғри келадими?
− Йўқ, кўп кутмайсан…
Бнамон беканинг қўлини ўпиб, шийпондан чиқиб кетди. Изма-из Шит кирди. У ҳам ниятини амалга оширишга халақит берди.
− Менга май келтир!
Хизматкор ғойиб бўлди. Бнамон ирмоқ қирғоғида ўтирар,кўнгли шод-хуррам эди. Тез орада орзулари руёбга чиқиб, ўз илоҳаси билан Омбосга йўл олади. Даҳшатли, хавфли Абуни тарк этадилар. У ерда Родопис гаплари тўғрилигига ишонади, шунда балки ёқтириб ҳам қолар. Ўсмир ичида худоларга астойдил илтижо қилиб, ўзига бахт ва омад ато этишларини, ёлғиз дамларида қўллаб-қувватлаб, мададкор бўлишларини сўраб, дуо ўқий бошлади.
Бнамон жойида ўтиролмай қолди ва қирғоқ бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юрди. Кўп ўтмай кўзача кўтариб келаётган Шитга кўзи тушди. У эшикдан кириши билан ичкаридан аламли фарёд эшитилди. Йигитнинг юраги санчиб, шийпонга қараб югурди.
Родопис хона ўртасида ётар, ёнига тиз чўккан хизматкор унинг юз-кўзларини силаб ўтирар эди. Бнамон ҳам тиз чўқди ва аёл устига эгилиб, кафтларини ушлади. У муздек совуқ эди. Родопис ухлагандек ётар, аммо юзлари кўкиш тусга кирганди. Қора соч толалари елкаларига ёйилган, рангсиз лаблари ярим очилган эди.
Йигитнинг юраги музлаб кетди. У бўғиқ овозда хизматкордан сўради:
− Унга нима бўлди, Шит? Нега у индамайди?
− Билмадим, жанобим. Мен кирсам, бекам ерда ётибди. Чақирсам, жавоб бермайди. Елкасига туртсам ҳам уйқудан кўзини очмади… Сенга нима бўлди, жаноб? Нега бундай қараяпсан?
Бнамон бирон сўз айтмади. У ҳаракатсиз ётишида даҳшатли синоат яширинган соҳибжамолга ҳайрон тикилар экан, ногоҳ унинг ўнг кафтидаги кичкина шишачани кўриб қолди. У инграб юборди ва қалтираган қўллари билан тагида бир неча томчи суюқлик қолган оғзи очиқ шишачани чангаллади. Йигит ҳамма гапни англади ва аламли нидо бағридан отилиб чиқди:
− О, даҳшат! Даҳшат.
Хизматкорни ваҳима босди:
− Нимадан қўрқиб кетдинг? Ёмон ўйлар мени телба қилаёзди…
У жавоб бермади ва гапини эшитадигандек, Родописга мурожаат қилди:
− Нега бундай қилиб қўйдинг? Нега жонингга қасд қилдинг, гўзал соҳибжамол?
− Нималар деяпсан? Бекам ўзига суиқасд қилишини қаердан билдинг?
Йигит ғазаб билан шишачани улоқтирди, у деворга урилиб, майда бўлакларга бўлиниб кетди.
− Нега заҳар ичиб қўйдинг? Омбосга боришни ўйлаб кўришга ваъда берган эдинг-ку?.. Бу хосиятсиз шаҳардан узоққа кетмоқчи бўлган эдик-ку!.. Нега мени алдадинг?
− Бекам заҳарни қаердан олди? — ҳайрон бўлди Шит.
У алам билан бошини чангаллади:
− Уни мен келтирган эдим.
− Нега заҳар келтирасан, эй бахтиқаро? — ғазаб билан сўради хизматкор.
− Ўзини ўлдиришини билмаган эдим. У аввал ҳам, ҳозир ҳам мени алдади.
Шит кўзёш тўкиб, беканинг оёғига йиқилди ва уни ўпишга тушди. Йигит довдираб қолди. У абадий уйқуга кетган Родописдан кўзини узолмас эди. Мана шундай гўзал чеҳра йўқлик қаъридан жой оладими? Кечагина ҳаёт нашидаси барқ урган бу юзлар сўлиб, йўқ бўлиб кетадими? Ҳа, ажал шарпаси унинг устида кезиб юрибди. Қани, бир лаҳзагина ҳаёт нафаси қайтса, юзида бахт жилва этса, кўзлари мулойим чарақласа! Шундай мўъжиза юз берса, у ҳеч иккиланмай ўз ҳаётини қурбон этган бўларди!.. Шитнинг нола-фиғонларидан юраги эзилиб кетди. У хизматкорга ўшқириб берди:
− Бўлди, йиғиштир энди! Оҳу зорларинг дил-дилдан эзилиб, изтироб чекишимга халақит бермоқда.
Хизматкор бека ҳаётдан кўз юмганига ҳамон ишонмас эди. У кўзёши ичида Бнамонга тикилиб, секин шивирлади:
− Эҳтимол, ҳали умид бордир, жанобим? У ҳушидан кетиб қолган чиқар?
— Ҳайҳот, ҳеч қандай умид йўқ. Родопис ўлди… У билан орзуларим ҳам… Даҳшатли ўлим мени ғафлатдан уйғотди…
Қуёшнинг сўнгти нурлари сўнди, уфқ қондек қизил шуьла билан қопланди. Оламни мотам либоси буркаган тун қоронғуси билинтирмай бостириб келди. Шит ғуссага ботган бўлса-да, марҳума олдидаги бурчини унутмаган эди. Қасосга ташна душманлар қуршовида қолган оролда барча маросимларни адо этиб бўлмасди. Хизматкор кўнглидан ўтган хавотирларини Бнамонга айтди ва Родописнинг жасадини Омбосга олиб кетишни илтимос қилди. У ерда жасадни дастлаб мўмиёловчилар қўлига топшириш, сўнг Ясарлар оиласига қарашли хилхонага дафн этиш мумкин эди. Йигит бу таклифга рози бўлди. Хизматчи хотинлар беканинг жасадини маҳофага жойлаштириб, чойшаб билан ўраб қўйишди. Маҳофани яшил кемага чиқаришиб, Нил оқими бўйлаб шимолга сузиб кетдилар.
Бнамон севгилисининг бош томонига Шит билан ёнма-ён ўтирди. Кема хонасида оғир сукунат ҳоким эди. Бугунги қайғули тунда кема Нил сувларида секин сузиб борар экан, йигит ғалати шарпалар оламида кезар эди. Яқинда кечган манзаралар: умид билан алмашиниб турган машаққатли дамлар ва шафқатсиз кулфатга дуч келиб, барбод бўлган самарасиз муҳаббат орзулари бирма-бир хаёлида жонлана бошлади. Бу гўзал порлоқ ҳаётда қисмат ўзига ниҳоятда қисқа бахт ато этганини бутун ақлу шуури билан англаб етди. Орзуларини қоятошдек парча-парча қилиб юборган қаршисидаги жасадга кўз ташлар экан, оғир хўрсинди… Ширин шарпалар тарқалиб, уйғониш дақиқалари бошланмоқда эди.

ТАМОМ

022

(Tashriflar: umumiy 209, bugungi 1)

Izoh qoldiring