Najib Mahfuz. Ikki hikoya

09     11 декабрь — Нобель мукофоти соҳиби Нажиб Маҳфуз таваллудининг 105 йиллиги

   Қалампир – ўн икки ёшлар чамасидаги болакай. Унинг асл исми – Таҳа Санкар, аммо қаҳвахонада ва бу теварак атрофда у “Қалампир” лақаби билан машҳур. Эрта саҳардан то тун ярмигача столлар орасида ивирсиб, югургилаб, лов–лов чўғ ташийди. “Қалампир” деган лақаби ҳам унга, ҳойнаҳой, мана шу кашандалар ёпиштиришган…

Нажиб Маҳфуз
ИККИ ҲИКОЯ
07

077Мисрлик таниқли  ёзувчи, Нобель мукофоти соҳиби  Нажиб Маҳфуз (نجيب محفوظ) 1911 йилнинг 11 декабрида Қоҳирада таваллуд топди. Унинг илк асарларида анъанавий, миллий қадриятлар тараннум этилди. 1950 йиллар охирида чоп этилган “Қоҳира трилогияси” (“Байн ал-Қасрайн”, “Қаср ош-Шауқ” ва “ас-Суккарида”) жаҳон адабиётида кенг эътирофга сазовор бўлди ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Истеъдодли қалам соҳиби 60-йиллардан эътиборан жамият эволюцияси ва умуминсоний қадриятларга оид ҳикояларни ёза бошлади. “Тақдир ўйинлари”, “Янги Қоҳира”, “Нил устидаги сафсата”, “Тошойна”, “Муҳтарам жаноб”, “Минг кечанинг тунлари”, “Хеопснинг донолиги” номли романлари ҳамда “Худонинг дунёси”, “Лаънатланган уй”, “Соябон тагида” сингари новеллалари жаҳон адабиётининг нодир дурдона асарлари сирасидан жой олди.
Ёзувчи 2006 йилнинг 30 августида вафот этган

07

ЎЗГАЛАР  УЧУН ЯША
Арабчадан Бобур Ғиёсов таржимаси

Кечқурунлари Абдураҳмон боғига кириб, ундан завқ олишни хуш кўрар эди. Бу унинг одатига айланган эди. Абдураҳмон аксарият вақтини уйида ўтказар, зарур кезлардагина кўчага чиқар эди, холос.

У илиқ центябр кунларининг бирида боққа кириб, теваракка синчков кўз ташлаган кўйи, нотекис йўлакча бўйлаб борарди. У гулзордаги гулларга анча пайт суқланиб термулгач, қўшни ҳовлини ажратиб турувчи тиканли сим тўсиғи олдидаги креслога ўтирди. Кечки газетани қўлига олиб кўз югуртира бошлади.

Унинг юриш-туришида, афт-ангорида ажиб бир виқор сезилиб турарди. Бирор кимса уни шу лаҳзада кўриб қолса, ҳеч иккиланмай Абдураҳмонни улуғ бир хонадон соҳиби, дея ўйларди. У доимо хотиржамлик ва совуққонлик билан ажралиб тураркан, кўзларида донолик ва мардлик нур сочиб тарар эди. Хумдек боши, қалин мўйлови ҳам унинг салобатига монанд. Унинг кўриниши қирқ беш ёшни берса-да, аслида бор- йўғи ўттиз беш ёшни қоралаган эди.

Абдураҳмон креслода ястаниб ўтирга кўйи ўқишга шунчалик берилиб кетган эдики, оҳиста бир овоздан сесканиб кетди:
– Ассалому алайкум, амаки.

Абдураҳмон газетани қўйиб, қўшнининг боғи томон ўгирилди. У ёқда бир қиз турарди. Қизнинг ёрқин, тим қора кўзларида ишонч, самимият балқирди. Абдураҳмоннинг юзига ясминнинг муаттар исини таратувчи ёқимли шабада урилди.
– Ва алайкум ассалом, Самара, – жавоб берди у.

Қиз илжайиб қўйди-да, ёнидаги кучукчаси билан ўйнай кетди. Самара ўн олти ёшда эди. Унинг чиройли юзлари ва келишган қадди-қомати анчадан буён Абдураҳмоннинг ҳаловатини ўғирлаган эди.

У қизнинг итига ишора қилиб сўради:
– Аҳволи қандай бунинг?

– Оллоҳга шукур, бутунлай тузалиб кетди.
– Ҳар ҳолда, – таъкидлади Абдураҳмон илжайиб. – Искандариянинг ҳавоси унга ёқмаган кўринади?
– Аксинча. У томонлар миттивойга жуда маъқул келди, ўзини яхши ҳис қилди.

Самарага боқар экан, унинг қуёшдан андек қорайган юзлари, жозибали кўзлари Абдураҳмонни тобора ром этарди.
– Самара, роса қуёшда қорайдингми?
Қиз кулиб қўйди.

Абдураҳмоннинг маъноли нигоҳи янада ўткирроқ тус олди. Бир томонга йўналтирилган фикрлар ўрнини фусункорлик ва орзулар ошиёни эгаллади. У стулга ўтириб, ёнидаги эрмагини ўйнатаётган қизга узоқ ва мамнун тикилди. Самара эса кучукчасини эркаларкан, оппоқ, узун жунларини силаб-силаб қўярди. Ажойиб жонзот хурсанд тарзда думларини ликиллатиб, соҳибасининг қўлини ялади ва унинг тиззасига сакраб чиқиб олди.

Самаранинг майин, узун сочлари унинг бўйнини қоплаб турарди. Абдураҳмон унга қараб туриб, завқланаётганди. Негадир унинг юраги сиқилди: Самара болалигидан бери “амаки”, деб мурожаат қилиб келади, ҳозир ҳам шундай. Ўша кезларда у жуда кичкина бўлиб, қўғирчоқлар ўйнаб ўтирарди. Илгари бундай мурожаат унга маъқул эди, чунки, қизга нисбатан оталарча меҳр қўйган эди. Энди эса қизнинг бу тарздаги мулоқоти уни хижолатга солар, ҳатто кўнглини чўктираётган ҳам эди.

Агар “амаки” унга уйланса, тўғри йўл тутган бўлармикан? Кўпчилик ўйлайдики, турмуш қураётганлар ёшидаги тафовут асло тўсиқ эмас ва бунга эътибор бермайдилар ҳам. Аммо бахт учун кураш жуда қимматга тушмасмикан? Ахир у бор-йўғи Ички ишлар вазирлигида ўн беш фунтга кун кўраётган бир инспектор-ку. Унинг йиғиб қўйган молу давлати ва ёхуд мансаби бор бўлсаки, қизнинг юрагини забт эта олса. Лекин у қизни севади ва ўз ҳиссиётлари билан курашиши қийин, тўғрироғи бунинг иложи ҳам йўқ. Соҳибжамол қиз ўн олти йил мобайнида кўзи ўнгида ўсиб улғайди. Бу қиз унинг ёлғизликда ўтган ҳаётида тақдирнинг юборган ягона иноятидир. Муҳаббат унга секин-аста яқинлашди ва унинг бутун вужудини қамраб олди.

Абдураҳмон қизнинг бахтиёр ва беташвиш болалиги қандай ўтганлигининг шоҳиди бўлди. Бу эса унинг ёлғизлигини янада гўзалроқ қилиб кўрсатарди. У севиб қолди ва аввалги хотиржамлигини йўқотди. Энди уни ҳамма нарса, ҳатто ҳаловатини ўғирлаган ёш дўсти билан тасодифий учрашувлар ва суҳбатлар ҳам қийнаётган эди. У қиз билан болаларча мулоқот қилаётган эди. Абдураҳмон қизга муҳаббатга тўлиб- тошган кўзлари билан нигоҳ ташлар, Самара эса бу бу ҳолатни сезмай “менинг азиз амаким”, дейишда давом этарди. Агар у қизнинг қўлини сўраса, нима деб жавоб берар экан-а? Унинг ҳиссиётлари қандай? У ҳарқалай таажжубга тушса керак? Қиз отасига нима дейди? Қандай тушунтиради? Бундан кейин ҳозиргидек кўришиб туриш унга насиб этармикан? У қизни бутунлай йўқотиб қўйса-чи…

Ҳарқалай, Абдураҳмон қизнинг отаси – ўз дўсти билан бу масалани хотиржам гаплашиб олишга қодир. Лекин у қандай жавоб берар экан? Ҳа, қанчалар қийин бу иш! У кўзларини юмиб олиб, бўлажак мулоқотни тасаввур қила бошлади:

“Дўстим, мен жуда муҳим масала юзасидан ташриф буюрдим. Сен бунга кўнасанми ёки йўқми, билмадим… Эҳтимол, мен бу масала ҳақида сўз юритишга ҳақли эмасдирман. Лекин барибир мен масала қандай ҳал бўлишидан қатъий назар гаплашиб олишим керак…”

У хаёлан мулоқотни давом эттираётган эди, дабдурустдан ёқимли овоздан ўзига келди.

– Ухлаяпсанми?
– Йўқ.
– Узр. Мен кўзингни юмиб ўтирганингни кўрдим.

– Мен ўйлаётган эдим.
– Нима ҳақида?

У ёш суҳбатдошининг юзига разм солди: нима дейиш керак? Унга ҳаммасини айтиб бериш керакми? Йўқ, бунга ҳали эртароқ, ҳозир мавриди эмас. Яхшиси гап очмай турганим маъқул.

Бу заифанинг қаршисидаги хижолат қамчи зарбаси мисоли унга таъсир қилди. Шу онда у қимирламай ўтирарди. Сўнгра қизнинг кўзларига боқди. Воажаб, Самаранинг юзлари ўзгарган, қошларида бўёқ излари, қирмизи лаблари титрар эди. Қиз унга ҳадиксираб қараб олди-ю, уйи томон чопқиллаб кетди. Абдураҳмон орқага ўгирилган ҳам эдики, илжайиб унга яқинлашаётган укасини кўрди. Абдураҳмоннинг юраги ноҳуш бир нарсани сезгандек тезроқ ура бошлади. У сир бой бермай мулойимлик билан укасидан сўради.
– Шифокор, қалай ишлар?

Ўспирин йигит кулиб қўйди.
– Сен қандай бахтиёрсан, ака?

Абдураҳмон гап нимада эканлигини фаҳмлаган бўлса ҳам, худди тушунмагандек қайта сўради:
– Бахтиёр?
– Ҳа, албатта. Самара билан гаплашган инсон ўзини бахтли ҳис этмоғи лозим.

Абдураҳмон ўйлади: “Менинг укам ўтакетган қаллоб, ё аҳмоқ. Аслида Самара билан суҳбатлашган одам эмас, балки ҳозиргина юз берганидек, унинг ёнгинасида қизариб кетиб, хижолатдан жуфтакни ростлаб юборадиган инсон бахтлидир. Эҳтимол, бу ўспирин ҳақиқатан ҳам бахтлидир. Наҳотки, у буни тушуниб етмаса. Балки, у менинг устимдан кулаётгандир?”

Абдураҳмон ўз укасининг олдида ҳаяжонланаётганини сездирмаслик мақсадида гапни бошқа томонга буриб юборди-ю ундан сўради:
– Кечаги оқшомни қандай ўтказдинг?

Анвар унинг ёнига келиб ўтирди.
– Кеча “Қаср ал-Айни”да жуда кўп ҳаяжонли воқеалар бўлиб ўтди, оқшомнинг аксарият қисмини ўша жойда ўтказдим.

Абдураҳмон жимгина укасига боқар экан, бутунлай бошқа нарса ҳақида ўйга толди. У Анварни яхши кўрар эди, худди бошқа укаларидек уни ардоқлаб, меҳрибонлик кўрсатиб келмоқда. Лекин айрим кезларда юрагини ташвишлар қамраб оларди. Айниқса, Самара ҳақида сўзлаганида укасини жуда ёмон кўриб кетарди. Укаси қизнинг исмини тилга олганида Абдураҳмон қийноқ ва изтиробда қолар эди. Ака Анварнинг порлоқ келажаги учун кўп меҳнат қилди. Лекин, ука катта аканинг юрагида юз бераётган туғёнларни илғай олармикан? У гўзал қизни бошқа инсон севишини хаёлига ҳам келтира олмас, ўзининг ташвишлари билан ниҳоятда банд эди.
– Мен бир муҳим масала борасида маслаҳат олгани келган эдим, – деди Анвар.

Абдураҳмон ўз ҳиссиётларини сир бой бермай хотиржам таклиф қилди:
– Ўтир.

– Олдин сен мени эшит , – гапира кетди Анвар ўтирмасдан. – Ҳозир фикрларим аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Бир ойдан сўнг шифохонадаги амалиётим тугайди. Ўқитувчим доктор Браун тиббиёт факултетида шифокор бўлиб қолишга тавсия этяпти.

Абдураҳмон анча енгил тортди ва хурсанд оҳангда қичқириб юборди:
– Табриклайман! Табриклайман! Шак-шубҳасиз, сен бунга лойиқсан, офарин!

Анвар аниқ бир тўхтамга кела олмай турарди, у ҳозир айтган сўзларига яна қўшимча қилмоқчи шекилли. Ниҳоят у хижолатомуз ҳолда секингина қўшиб қўйди.

– Йўқ… демак… Мен айтмоқчиманки… Агар кетсам, бир ўзим кетмайман.
– Хеч нарсани тушунмаяпман – ҳайрон бўлди Абдураҳмон, лекин юраги нотинч, қандайдир ташвиш бор эканлигини сезиб турарди.

Анвар ўз ҳаяжонини енгиб, давом этди:
– Мен уйланиб, хотинимни ҳам олиб кетаман.

– Нега бундай тўсатдан? Илгари бу ҳақида гап бўлмаганди-ку, тўғрими?
– Бўлмаган.

– Унда нима бўлди?
– Мен жўнаб кетиш билан боғлиқ ишларимни ҳал қилмагунимча бу ҳақида гапирмоқчи эмасдим.

Абдураҳмон сукутда эди. У барибир ўз ҳаяжонини четга суриб сўради:
– Сен узил-кесил шу қарорга келдингми? Кимга уйланмоқчисан ўзи?
– Самарага, – деди Анвар қўшни уй томонга ишора қилиб.

Абдураҳмон бу янгиликни сукут сақлаган ҳолда эшитди.

– Сенинг фикринг қандай? – сўради Анвар шоша-пиша. – У сенга ёқадими?
– Яхши танлов, дидинг чакки эмас, – деб ғўлдиради Абдураҳмон.

– Сендан миннатдорман, ака. Ўтиниб сўрайман, менга ёрдам бер, эртага унинг отасига учрашамиз, умид қиламанки, у бизга йўқ демайди.
– Бўпти, сен айтганча қиламиз.

– Менда бор-йўғи бир неча ой бор. Бу вақт мобайнида мен уйланишим ва Англияга жўнаб кетишим учун тайёргарлик кўришим жоиз. Биласанми, мен асал ойимизни барча аслзодалар сингари хорижда ўтказмоқчиман.

Анвар хайрлашдию жўнаб кетди. Абдураҳмон укасига эшикни ёпиб, кўздан йўқолгунича қараб турди. У маъюс ўтирар, кўзлари ҳеч нарсани кўрмасди. Туман қуюқлашди ва ҳаммаёқ сукутга чўмди. У ахири турдию кичик боғни айланиб, яна ўтирди. Абдураҳмон йигирма йил аввалги ўтмишини эслай бошлади. У дамлар сурурга тўла ва саодатли эди. У ўша даврда ниҳоятда хушчақчақ ўспирин бўлиб, келгуси ҳаётдан талайгина умидлари бор эди. У вақтлар ҳозирги кунлар сингари шафқатсиз эмас эди. Абдураҳмон ўз оиласида тўнғичи эди. Ота-она уни иложи борича ҳаётдан завқланишини истаб яшар эдилар. Мактабда у ўз тенгдошлари орасида истеъдоди ва тиришқоқлиги билан ажралиб турарди. Атрофдагилар ҳақиқатан унинг пешонасида порлоқ истиқболни кўришар эди. Балки шундай бўлиши мумкин эди, лекин унинг отаси тўсатдан оламдан ўтиб қолди. Ота бахтсиз бевани тўрт фарзанди билан қолдириб боқий дунёга равона бўлди. Оила бор-йўғи тўрт фунт нафақага аранг кун кўрар эди. Абдураҳмон шафқатсиз ҳаёт билан илк бор тўқнашди. Унинг барча орзу-умидлари чилпарчин бўлди. Илгари ота оиланинг боқувчиси бўлган бўлса, эндиликда бу ташвиш Абдураҳмонга юкланди. Бошқа йўл йўқ эди, лекин у бу ҳақиқатни дарров англаб етмади. Шу тариқа оила таянчининг барча умидлари пучга чиқди.

Юракни ўртаб юборувчи оғир кунлар бошланди. Лекин у барчасига чидади. Унинг зиммасида укалари ҳақида қайғуриш юки бор эди. Энди у фақат ўзи ҳақида ўйламаётган эди. У бутун борлиғини онаси ва укаларига бағишлади. У янги бир бахтга , яъни – ўзгалар бахти учун курашмоқ бахтига сазовор бўлди.
У ҳатто уйланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади, буларнинг барчаси оила таянчининг яқин инсонларига насиб этди. Бу инсон сабр-тоқат қилишга қарор қилди, лекин укаларининг сабрлари чидамади. Улардан бири полиция мактабини битириб, зобит бўлди ва дарров уйланди. Унинг ортидан муҳандислик дипломини олган иккинчи ука ҳам уйланиб олди. Абдураҳмон эса бўйдоқ бўлиб қолаверди.

Эндигина унинг ҳаётига бахту саодат олиб кириши мумкин бўлган кўҳликкина қиз ёқиб қолганда…

Онанинг овози унинг хаёлини бўлди.
– Абду, нега қоронғида ўтирибсан?

Абдураҳмон кун ботганини ҳам сезмай қолибди. У оғир қадамлар ташлаб уйга кирди.

– Анвар сен билан гаплашдими? – сўради она.
– Ҳа.

– Хўш, унинг қарорига нима дейсан?
– Унинг танлаган қизи яхши. Эртага мен қўшнимиз билан гаплашиб, Анвар учун унинг қўлини сўрайман.

– Мана энди ҳамма қушчаларим ҳар томонга қанот қоқиб учиб кетдилар. Сендан ташқари ҳаммаси, – деди она хомуш оҳангда.

У жим эди.

Ким билади, эҳтимол унга рўбарў келган бахтсизлик унчалар қўрқинчли эмасдир. Бу биринчи марта эмас. Ҳаёт уни бир нарсага, сабр-тоқатга ўргатди. У шуни тушуниб етдики, ҳаётни ўзгаларга бағишлагандагина бахт-саодатли бўлиш мумкин экан.

ҚАЛАМПИР
Арабчадан Темур Мухторов таржимаси

“Бахт” деб аталган чоғроққина қаҳвахонада келган–кетганнинг эътиборини тортадиган анча–мунча нарса бор. Лекин бу ерда чиндан ҳам диққатга сазовор ғаройибот “Қалампир”дир.

Қалампир – ўн икки ёшлар чамасидаги болакай. Унинг асл исми – Таҳа Санкар, аммо қаҳвахонада ва бу теварак атрофда у “Қалампир” лақаби билан машҳур. Эрта саҳардан то тун ярмигача столлар орасида ивирсиб, югургилаб, лов–лов чўғ ташийди. “Қалампир” деган лақаби ҳам унга, ҳойнаҳой, мана шу кашандалар ёпиштиришган. Лақаб унга ҳақиқатдан жуда ярашиб тушган эди: оловдай тез, сапчиб туради, ҳар бурчакда ҳозиру нозир, ифлос қаҳвахонанинг бўғиқ ҳавоси “Қалампир!”, деган бақириқ– чақириқлардан ларзага келиб туради.

У қарийб бир йилдан бери шу ерда ишлаб, кунига бир қирш пулдан ташқари, нонуштага ва тушликка бир стакан чойни текинга ичар эди. Гоҳо эса биронта кашандадан кейин қолган чилимдан бир–икки марта қуриллатиб тортишга ҳам ҳадди сиғарди. Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, Қалампир ўзини омади юришганлардан деб билар эди. Мижозлар кўпайган пайтда уларга чой ташиб, етказиб бўлмайди, баҳслар авжига чиқиб, қаҳвахонани бошларига кўтарадилар, кимдир кечки газетани баланд овоз билан ўқиган, кимдир қироат билан унга шарҳ берган… мунозара қизиган сари қаҳвахонадаги бошқа одамларни ҳам ўзига тортиб кетади. Қалампирга худди шунақаси керак!

Бора–бора у талабаларнинг нима ҳақида баҳслашаётганини англагандай, яқинроқ келиб қулоқ сола бошлайди. Бу гал улар пора олган бир катта амалдор ҳақидаги мақолани муҳокама қилишаётган эди.
– Биттаси энди қўлга тушибди! – деди кимдир, – ҳали қанчалари ялло қилиб юрибди!

Бошқа бирови гапни илиб кетди:
– Мансабдорларгина олади дейсанми порани … бошқаларчи, э, бу ҳаммага аён–ку! Агар мамлакатда ҳамма адлия ходимлари

чинакам одил бўлса борми, қасрлар хувиллаб қолиб, қамоқхоналар тўлиб–тошиб кетарди, ҳа!

Шунда ҳамма гапга аралашиб, бир–бирига сўз бермай, қўлларини пахса қилиб, бақириб кетишди, мамлакатда анча машҳур бўлган кишиларнинг номлари ҳам тилга олинди. “Мана, масалан… фалончи… бу бойликларни қайси йўл билан ортирганини биласиз”.

Битта яримтаси гапдан чиқиб, унинг номини тилга олганида, Қалампирнинг аҳволини томоша қилсангиз! Гўё чўнтаги тўла пул– у, ундан одамлар: “Ишлар қалай? Жойидами?” деб сўраётгандай, юзига хотиржам ва бахтиёр табассум ёйилади. Хўжайин унга олов– қўр ташишгина эмас, чилимнинг ўзини элтиб беришга, балки хўрандаларга қаҳва дамлашга ҳам ижозат берадиган кунларни орзу қилиб илжаяди, шекилли–да! Ундай бўлса у ўзини катта амалдор ҳисобларди… Ҳозирча эса қаҳвахўрларнинг бетиним талабчан имо–ишораларига ҳозиржавоблик билан “Лаббай, ҳозир!” деб, кекирдакка зўр беришга тўғри келади. Кекирдак ҳам бу ерда, чаққон оёқдек, муҳим.

Қалампир қаҳвахонага талабалар ёпирилиб кирадиган пайтларни хуш кўради. Бу суронли, сершовқин тўдалар қаҳва буюриб, баҳслашгани баҳслашган, ўзлари ўрганган бурчакка ғуж бўлиб олиб, сигарет тутуни ичида “тахта” ўйнашади.

Бу ерга қатнайдиганларнинг кўпчилиги сингари, булар ҳам анча юпун табақа–ю, аммо ўқув юртларида олган билимлари туфайли улар жамиятнинг кўзга кўринган қатлами ҳисобланарди, яъни зиёлилар.
Учта-тўртта бўлиб келишганида, қаҳвахонадагиларга анча беписандлик билан қараб, чеккароқда ўтиришади. Лекин тўдалашиб келиб қолишса борми, ёшликларига бориб, ўзларининг қаердаликларини унутиб қўйишармиди?! “Фалончини айт! Оқ уй – ола баргак, тўкин базм… Бу даромадларнинг манбаи… фалон-чи… ҳалиги-чи…” Ниҳоят, кимдир бор овози билан баралла қичқиради: “Эй, бу юртда ўғрилик қонун ҳимоясида-ку!”.

Қалампир баҳсларнинг маъносига етиб қолди… Энди унга талабалар гапидаги баъзи ажнабий сўзлар ҳам, илгари ғашини келтирадиган илмоқли иборалар ҳам ҳалақит бермасди. Зап топиб гапиряпти: “Ўғрилар мамлакати!”, “Ўғрилар қонун ҳомийлигида!” Қалампир буни яхши билади, тубдан тушунади, ўзи ҳам ўғри  эмасми ахир… Онаси ҳам, писта сотиб келаётганида, тор кўчада адашиб юрган жўжахўрозни… қўйнига жойлаб қайтади… Отаси-чи, кундузи бодомфуруш, кечаси эса томма-том сакраб, бировларнинг арқондаги қирларини…

Бу оқшом Қалампир ўйлагандай хаёлпарастлик билан тугамади. Хужрасига қайтса, онаси синиқ курсида, полдаги ахлатга тикилиб қон йиғлаб ўтирибди. Мишиқи укалари ҳам ғингшиб, оналарига жавдирашарди. Қалампир, нима гап, деб сўраб улгурмади, “Дадамизни полиция олиб кетди!” дейишди. Қалампир дарров тушунди, каттароқ синглиси воқеани йиғлаб–сиқтаб гапириб берди.
– Улар анчадан бери кузатиб юришган экан дадангни… – деди она.

Қалампир дадасини камдан-кам кўрар эди. Одатда дадаси тунги “сайр”лардан қайтганида, у ухлаб қолган бўларди. Эрталаб ишга кетаётганида эса, отаси ухлаб ётган бўларди. Лекин, барибир, отасига раҳми келиб, юраги сиқилиб кетди, йиғлаб юборди.

Кейин у қаҳвахонадаги суронли гурунгларни эслаб, бу юрт – ўғрилар юрти эканини, ўғриликка қонун ўзи ҳомийлик қилишини онасига ҳикоя қилиб берди…

Онасининг ғаши келиб, “бас қил!”, дея жеркиб берди. Қалампир эса ҳаяжонда гапираверди. Онасидан бир тарсаки егандан кейингина уйқуга кетди.

Эрталаб ўрнидан турганида, ҳеч нарса бўлмагандек, ҳаммаси эсидан чиқиб кетган эди. Ўзини тетик сезиб, чопқиллаганча қаҳвахонага жўнади. Чиндан ҳам, нима бўпти, отаси биринчи марта қўлга тушаяптими!…

09

Najib Mahfuz
IKKI HIKOYA
07

077Misrlik taniqli  yozuvchi, Nobel mukofoti sohibi Najib Mahfuz 1911 yilda Qohirada tavallud topdi. Uning ilk asarlarida an’anaviy, milliy qadriyatlar tarannum etildi. 1950 yillar oxirida chop etilgan “Qohira trilogiyasi” (“Bayn al-Qasrayn”, “Qasr osh-Shauq” va “as-Sukkarida”) jahon adabiyotida keng e’tirofga sazovor bo’ldi va kitobxonlar tomonidan iliq kutib olindi. Iste’dodli qalam sohibi 60-yillardan e’tiboran jamiyat evolyutsiyasi va umuminsoniy qadriyatlarga oid hikoyalarni yoza boshladi. “Taqdir o’yinlari”, “Yangi Qohira”, “Nil ustidagi safsata”, “Toshoyna”, “Muhtaram janob”, “Ming kechaning tunlari”, “Xeopsning donoligi” nomli romanlari hamda “Xudoning dunyosi”, “La’natlangan uy”, “Soyabon tagida” singari novellalari jahon adabiyotining nodir durdona asarlari sirasidan joy oldi.

07

O`ZGALAR UCHUN YASHA
Arabchadan Bobur G`iyosov tarjimasi

Kechqurunlari Abdurahmon bog‘iga kirib, undan zavq olishni xush ko‘rar edi. Bu uning odatiga aylangan edi. Abdurahmon aksariyat vaqtini uyida o‘tkazar, zarur kezlardagina ko‘chaga chiqar edi, xolos.

U iliq sentyabr kunlarining birida boqqa kirib, tevarakka sinchkov ko‘z tashlagan ko‘yi, notekis yo‘lakcha bo‘ylab borardi. U gulzordagi gullarga ancha payt suqlanib termulgach, qo‘shni hovlini ajratib turuvchi tikanli sim to‘sig‘i oldidagi kresloga o‘tirdi. Kechki gazetani qo‘liga olib ko‘z yugurtira boshladi.

Uning yurish-turishida, aft-angorida ajib bir viqor sezilib turardi. Biror kimsa uni shu lahzada ko‘rib qolsa, hech ikkilanmay Abdurahmonni ulug‘ bir xonadon sohibi, deya o‘ylardi. U doimo xotirjamlik va sovuqqonlik bilan ajralib turarkan, ko‘zlarida donolik va mardlik nur sochib tarar edi. Xumdek boshi, qalin mo‘ylovi ham uning salobatiga monand. Uning ko‘rinishi qirq besh yoshni bersa-da, aslida bor- yo‘g‘i o‘ttiz besh yoshni qoralagan edi.

Abdurahmon kresloda yastanib o‘tirga ko‘yi o‘qishga shunchalik berilib ketgan ediki, ohista bir ovozdan seskanib ketdi:
– Assalomu alaykum, amaki.

Abdurahmon gazetani qo‘yib, qo‘shnining bog‘i tomon o‘girildi. U yoqda bir qiz turardi. Qizning yorqin, tim qora ko‘zlarida ishonch, samimiyat balqirdi. Abdurahmonning yuziga yasminning muattar isini taratuvchi yoqimli shabada urildi.
– Va alaykum assalom, Samara, – javob berdi u.

Qiz iljayib qo‘ydi-da, yonidagi kuchukchasi bilan o‘ynay ketdi. Samara o‘n olti yoshda edi. Uning chiroyli yuzlari va kelishgan qaddi-qomati anchadan buyon Abdurahmonning halovatini o‘g‘irlagan edi.

U qizning itiga ishora qilib so‘radi:
– Ahvoli qanday buning?

– Ollohga shukur, butunlay tuzalib ketdi.
– Har holda, – ta’kidladi Abdurahmon iljayib. – Iskandariyaning havosi unga yoqmagan ko‘rinadi?
– Aksincha. U tomonlar mittivoyga juda ma’qul keldi, o‘zini yaxshi his qildi.

Samaraga boqar ekan, uning quyoshdan andek qoraygan yuzlari, jozibali ko‘zlari Abdurahmonni tobora rom etardi.
– Samara, rosa quyoshda qoraydingmi?

Qiz kulib qo‘ydi.

Abdurahmonning ma’noli nigohi yanada o‘tkirroq tus oldi. Bir tomonga yo‘naltirilgan fikrlar o‘rnini fusunkorlik va orzular oshiyoni egalladi. U stulga o‘tirib, yonidagi ermagini o‘ynatayotgan qizga uzoq va mamnun tikildi. Samara esa kuchukchasini erkalarkan, oppoq, uzun junlarini silab-silab qo‘yardi. Ajoyib jonzot xursand tarzda dumlarini likillatib, sohibasining qo‘lini yaladi va uning tizzasiga sakrab chiqib oldi.

Samaraning mayin, uzun sochlari uning bo‘ynini qoplab turardi. Abdurahmon unga qarab turib, zavqlanayotgandi. Negadir uning yuragi siqildi: Samara bolaligidan beri “amaki”, deb murojaat qilib keladi, hozir ham shunday. O’sha kezlarda u juda kichkina bo‘lib, qo‘g‘irchoqlar o‘ynab o‘tirardi. Ilgari bunday murojaat unga ma’qul edi, chunki, qizga nisbatan otalarcha mehr qo‘ygan edi. Endi esa qizning bu tarzdagi muloqoti uni xijolatga solar, hatto ko‘nglini cho‘ktirayotgan ham edi.

Agar “amaki” unga uylansa, to‘g‘ri yo‘l tutgan bo‘larmikan? Ko‘pchilik o‘ylaydiki, turmush qurayotganlar yoshidagi tafovut aslo to‘siq emas va bunga e’tibor bermaydilar ham. Ammo baxt uchun kurash juda qimmatga tushmasmikan? Axir u bor-yo‘g‘i Ichki ishlar vazirligida o‘n besh funtga kun ko‘rayotgan bir inspektor-ku. Uning yig‘ib qo‘ygan molu davlati va yoxud mansabi bor bo‘lsaki, qizning yuragini zabt eta olsa. Lekin u qizni sevadi va o‘z hissiyotlari bilan kurashishi qiyin, to‘g‘rirog‘i buning iloji ham yo‘q. Sohibjamol qiz o‘n olti yil mobaynida ko‘zi o‘ngida o‘sib ulg‘aydi. Bu qiz uning yolg‘izlikda o‘tgan hayotida taqdirning yuborgan yagona inoyatidir. Muhabbat unga sekin-asta yaqinlashdi va uning butun vujudini qamrab oldi.

Abdurahmon qizning baxtiyor va betashvish bolaligi qanday o‘tganligining shohidi bo‘ldi. Bu esa uning yolg‘izligini yanada go‘zalroq qilib ko‘rsatardi. U sevib qoldi va avvalgi xotirjamligini yo‘qotdi. Endi uni hamma narsa, hatto halovatini o‘g‘irlagan yosh do‘sti bilan tasodifiy uchrashuvlar va suhbatlar ham qiynayotgan edi. U qiz bilan bolalarcha muloqot qilayotgan edi. Abdurahmon qizga muhabbatga to‘lib- toshgan ko‘zlari bilan nigoh tashlar, Samara esa bu bu holatni sezmay “mening aziz amakim”, deyishda davom etardi. Agar u qizning qo‘lini so‘rasa, nima deb javob berar ekan-a? Uning hissiyotlari qanday? U harqalay taajjubga tushsa kerak? Qiz otasiga nima deydi? Qanday tushuntiradi? Bundan keyin hozirgidek ko‘rishib turish unga nasib etarmikan? U qizni butunlay yo‘qotib qo‘ysa-chi…

Harqalay, Abdurahmon qizning otasi – o‘z do‘sti bilan bu masalani xotirjam gaplashib olishga qodir. Lekin u qanday javob berar ekan? Ha, qanchalar qiyin bu ish! U ko‘zlarini yumib olib, bo‘lajak muloqotni tasavvur qila boshladi: “Do‘stim, men juda muhim masala yuzasidan tashrif buyurdim. Sen bunga ko‘nasanmi yoki yo‘qmi, bilmadim… Ehtimol, men bu masala haqida so‘z yuritishga haqli emasdirman. Lekin baribir men masala qanday hal bo‘lishidan qat’iy nazar gaplashib olishim kerak…”

U xayolan muloqotni davom ettirayotgan edi, dabdurustdan yoqimli ovozdan o‘ziga keldi.

– Uxlayapsanmi?
– Yo‘q.

– Uzr. Men ko‘zingni yumib o‘tirganingni ko‘rdim.
– Men o‘ylayotgan edim.
– Nima haqida?

U yosh suhbatdoshining yuziga razm soldi: nima deyish kerak? Unga hammasini aytib berish kerakmi? Yo‘q, bunga hali ertaroq, hozir mavridi emas. Yaxshisi gap ochmay turganim ma’qul.

Bu zaifaning qarshisidagi xijolat qamchi zarbasi misoli unga ta’sir qildi. Shu onda u qimirlamay o‘tirardi. So‘ngra qizning ko‘zlariga boqdi. Voajab, Samaraning yuzlari o‘zgargan, qoshlarida bo‘yoq izlari, qirmizi lablari titrar edi. Qiz unga hadiksirab qarab oldi-yu, uyi tomon chopqillab ketdi. Abdurahmon orqaga o‘girilgan ham ediki, iljayib unga yaqinlashayotgan ukasini ko‘rdi. Abdurahmonning yuragi nohush bir narsani sezgandek tezroq ura boshladi. U sir boy bermay muloyimlik bilan ukasidan so‘radi.
– Shifokor, qalay ishlar?

O’spirin yigit kulib qo‘ydi.
– Sen qanday baxtiyorsan, aka?

Abdurahmon gap nimada ekanligini fahmlagan bo‘lsa ham, xuddi tushunmagandek qayta so‘radi:
– Baxtiyor?
– Ha, albatta. Samara bilan gaplashgan inson o‘zini baxtli his etmog‘i lozim.

Abdurahmon o‘yladi: “Mening ukam o‘taketgan qallob, yo ahmoq. Aslida Samara bilan suhbatlashgan odam emas, balki hozirgina yuz berganidek, uning yonginasida qizarib ketib, xijolatdan juftakni rostlab yuboradigan inson baxtlidir. Ehtimol, bu o‘spirin haqiqatan ham baxtlidir. Nahotki, u buni tushunib yetmasa. Balki, u mening ustimdan kulayotgandir?”

Abdurahmon o‘z ukasining oldida hayajonlanayotganini sezdirmaslik maqsadida gapni boshqa tomonga burib yubordi-yu undan so‘radi:
– Kechagi oqshomni qanday o‘tkazding?

Anvar uning yoniga kelib o‘tirdi.
– Kecha “Qasr al-Ayni”da juda ko‘p hayajonli voqealar bo‘lib o‘tdi, oqshomning aksariyat qismini o‘sha joyda o‘tkazdim.

Abdurahmon jimgina ukasiga boqar ekan, butunlay boshqa narsa haqida o‘yga toldi. U Anvarni yaxshi ko‘rar edi, xuddi boshqa ukalaridek uni ardoqlab, mehribonlik ko‘rsatib kelmoqda. Lekin ayrim kezlarda yuragini tashvishlar qamrab olardi. Ayniqsa, Samara haqida so‘zlaganida ukasini juda yomon ko‘rib ketardi. Ukasi qizning ismini tilga olganida Abdurahmon qiynoq va iztirobda qolar edi. Aka Anvarning porloq kelajagi uchun ko‘p mehnat qildi. Lekin, uka katta akaning yuragida yuz berayotgan tug‘yonlarni ilg‘ay olarmikan? U go‘zal qizni boshqa inson sevishini xayoliga ham keltira olmas, o‘zining tashvishlari bilan nihoyatda band edi.

– Men bir muhim masala borasida maslahat olgani kelgan edim, – dedi Anvar.

Abdurahmon o‘z hissiyotlarini sir boy bermay xotirjam taklif qildi:
– O’tir.

– Oldin sen meni eshit , – gapira ketdi Anvar o‘tirmasdan. – Hozir fikrlarim aralash-quralash bo‘lib ketdi. Bir oydan so‘ng shifoxonadagi amaliyotim tugaydi. O’qituvchim doktor Braun tibbiyot fakultetida shifokor bo‘lib qolishga tavsiya etyapti.

Abdurahmon ancha yengil tortdi va xursand ohangda qichqirib yubordi:
– Tabriklayman! Tabriklayman! Shak-shubhasiz, sen bunga loyiqsan, ofarin!

Anvar aniq bir to‘xtamga kela olmay turardi, u hozir aytgan so‘zlariga yana qo‘shimcha qilmoqchi shekilli. Nihoyat u xijolatomuz holda sekingina qo‘shib qo‘ydi.

– Yo‘q… demak… Men aytmoqchimanki… Agar ketsam, bir o‘zim ketmayman.
– Xech narsani tushunmayapman – hayron bo‘ldi Abdurahmon, lekin yuragi notinch, qandaydir tashvish bor ekanligini sezib turardi.

Anvar o‘z hayajonini yengib, davom etdi:
– Men uylanib, xotinimni ham olib ketaman.

– Nega bunday to‘satdan? Ilgari bu haqida gap bo‘lmagandi-ku, to‘g‘rimi?
– Bo‘lmagan.

– Unda nima bo‘ldi?
– Men jo‘nab ketish bilan bog‘liq ishlarimni hal qilmagunimcha bu haqida gapirmoqchi emasdim.

Abdurahmon sukutda edi. U baribir o‘z hayajonini chetga surib so‘radi:
– Sen uzil-kesil shu qarorga keldingmi? Kimga uylanmoqchisan o‘zi?
– Samaraga, – dedi Anvar qo‘shni uy tomonga ishora qilib.

Abdurahmon bu yangilikni sukut saqlagan holda eshitdi.
– Sening fikring qanday? – so‘radi Anvar shosha-pisha. – U senga yoqadimi?

– Yaxshi tanlov, diding chakki emas, – deb g‘o‘ldiradi Abdurahmon.
– Sendan minnatdorman, aka. O’tinib so‘rayman, menga yordam ber, ertaga uning otasiga uchrashamiz, umid qilamanki, u bizga yo‘q demaydi.

– Bo‘pti, sen aytgancha qilamiz.
– Menda bor-yo‘g‘i bir necha oy bor. Bu vaqt mobaynida men uylanishim va Angliyaga jo‘nab ketishim uchun tayyorgarlik ko‘rishim joiz. Bilasanmi, men asal oyimizni barcha aslzodalar singari xorijda o‘tkazmoqchiman.

Anvar xayrlashdiyu jo‘nab ketdi. Abdurahmon ukasiga eshikni yopib, ko‘zdan yo‘qolgunicha qarab turdi. U ma’yus o‘tirar, ko‘zlari hech narsani ko‘rmasdi. Tuman quyuqlashdi va hammayoq sukutga cho‘mdi. U axiri turdiyu kichik bog‘ni aylanib, yana o‘tirdi. Abdurahmon yigirma yil avvalgi o‘tmishini eslay boshladi. U damlar sururga to‘la va saodatli edi. U o‘sha davrda nihoyatda xushchaqchaq o‘spirin bo‘lib, kelgusi hayotdan talaygina umidlari bor edi. U vaqtlar hozirgi kunlar singari shafqatsiz emas edi. Abdurahmon o‘z oilasida to‘ng‘ichi edi. Ota-ona uni iloji boricha hayotdan zavqlanishini istab yashar edilar. Maktabda u o‘z tengdoshlari orasida iste’dodi va tirishqoqligi bilan ajralib turardi. Atrofdagilar haqiqatan uning peshonasida porloq istiqbolni ko‘rishar edi. Balki shunday bo‘lishi mumkin edi, lekin uning otasi to‘satdan olamdan o‘tib qoldi. Ota baxtsiz bevani to‘rt farzandi bilan qoldirib boqiy dunyoga ravona bo‘ldi. Oila bor-yo‘g‘i to‘rt funt nafaqaga arang kun ko‘rar edi. Abdurahmon shafqatsiz hayot bilan ilk bor to‘qnashdi. Uning barcha orzu-umidlari chilparchin bo‘ldi. Ilgari ota oilaning boquvchisi bo‘lgan bo‘lsa, endilikda bu tashvish Abdurahmonga yuklandi. Boshqa yo‘l yo‘q edi, lekin u bu haqiqatni darrov anglab yetmadi. Shu tariqa oila tayanchining barcha umidlari puchga chiqdi.

Yurakni o‘rtab yuboruvchi og‘ir kunlar boshlandi. Lekin u barchasiga chidadi. Uning zimmasida ukalari haqida qayg‘urish yuki bor edi. Endi u faqat o‘zi haqida o‘ylamayotgan edi. U butun borlig‘ini onasi va ukalariga bag‘ishladi. U yangi bir baxtga , ya’ni – o‘zgalar baxti uchun kurashmoq baxtiga sazovor bo‘ldi.

U hatto uylanish haqida o‘ylab ham ko‘rmadi, bularning barchasi oila tayanchining yaqin insonlariga nasib etdi. Bu inson sabr-toqat qilishga qaror qildi, lekin ukalarining sabrlari chidamadi. Ulardan biri politsiya maktabini bitirib, zobit bo‘ldi va darrov uylandi. Uning ortidan muhandislik diplomini olgan ikkinchi uka ham uylanib oldi. Abdurahmon esa bo‘ydoq bo‘lib qolaverdi.

Endigina uning hayotiga baxtu saodat olib kirishi mumkin bo‘lgan ko‘hlikkina qiz yoqib qolganda…

Onaning ovozi uning xayolini bo‘ldi.
– Abdu, nega qorong‘ida o‘tiribsan?

Abdurahmon kun botganini ham sezmay qolibdi. U og‘ir qadamlar tashlab uyga kirdi.

– Anvar sen bilan gaplashdimi? – so‘radi ona.
– Ha.

– Xo‘sh, uning qaroriga nima deysan?
– Uning tanlagan qizi yaxshi. Ertaga men qo‘shnimiz bilan gaplashib, Anvar uchun uning qo‘lini so‘rayman.
– Mana endi hamma qushchalarim har tomonga qanot qoqib uchib ketdilar. Sendan tashqari hammasi, – dedi ona xomush ohangda.

U jim edi.

Kim biladi, ehtimol unga ro‘baro‘ kelgan baxtsizlik unchalar qo‘rqinchli emasdir. Bu birinchi marta emas. Hayot uni bir narsaga, sabr-toqatga o‘rgatdi. U shuni tushunib yetdiki, hayotni o‘zgalarga bag‘ishlagandagina baxt-saodatli bo‘lish mumkin ekan.

QALAMPIR
Arabchadan Temur Muxtorov tarjimasi

“Baxt” deb atalgan chog’roqqina qahvaxonada kelgan–ketganning e’tiborini tortadigan ancha–muncha narsa bor. Lekin bu yerda chindan ham diqqatga sazovor g’aroyibot “Qalampir”dir.

Qalampir – o’n ikki yoshlar chamasidagi bolakay. Uning asl ismi – Taha Sankar, ammo qahvaxonada va bu tevarak atrofda u “Qalampir” laqabi bilan mashhur. Erta sahardan to tun yarmigacha stollar orasida ivirsib, yugurgilab, lov–lov cho’g’ tashiydi. “Qalampir” degan laqabi ham unga, hoynahoy, mana shu kashandalar yopishtirishgan. Laqab unga haqiqatdan juda yarashib tushgan edi: olovday tez, sapchib turadi, har burchakda hoziru nozir, iflos qahvaxonaning bo’g’iq havosi “Qalampir!”, degan baqiriq– chaqiriqlardan larzaga kelib turadi.

U qariyb bir yildan beri shu yerda ishlab, kuniga bir qirsh puldan tashqari, nonushtaga va tushlikka bir stakan choyni tekinga ichar edi. Goho esa bironta kashandadan keyin qolgan chilimdan bir–ikki marta qurillatib tortishga ham haddi sig’ardi. Shularning hammasini hisobga olib, Qalampir o’zini omadi yurishganlardan deb bilar edi. Mijozlar ko’paygan paytda ularga choy tashib, yetkazib bo’lmaydi, bahslar avjiga chiqib, qahvaxonani boshlariga ko’taradilar, kimdir kechki gazetani baland ovoz bilan o’qigan, kimdir qiroat bilan unga sharh bergan… munozara qizigan sari qahvaxonadagi boshqa odamlarni ham o’ziga tortib ketadi. Qalampirga xuddi shunaqasi kerak!

Bora–bora u talabalarning nima haqida bahslashayotganini anglaganday, yaqinroq kelib quloq sola boshlaydi. Bu gal ular pora olgan bir katta amaldor haqidagi maqolani muhokama qilishayotgan edi.
– Bittasi endi qo’lga tushibdi! – dedi kimdir, – hali qanchalari yallo qilib yuribdi!

Boshqa birovi gapni ilib ketdi:
– Mansabdorlargina oladi deysanmi porani … boshqalarchi, e, bu hammaga ayon–ku! Agar mamlakatda hamma adliya xodimlari  chinakam odil bo’lsa bormi, qasrlar xuvillab qolib, qamoqxonalar to’lib–toshib ketardi, ha!

Shunda hamma gapga aralashib, bir–biriga so’z bermay, qo’llarini paxsa qilib, baqirib ketishdi, mamlakatda ancha mashhur bo’lgan kishilarning nomlari ham tilga olindi. “Mana, masalan… falonchi… bu boyliklarni qaysi yo’l bilan ortirganini bilasiz”.

Bitta yarimtasi gapdan chiqib, uning nomini tilga olganida, Qalampirning ahvolini tomosha qilsangiz! Go’yo cho’ntagi to’la pul– u, undan odamlar: “Ishlar qalay? Joyidami?” deb so’rayotganday, yuziga xotirjam va baxtiyor tabassum yoyiladi. Xo’jayin unga olov– qo’r tashishgina emas, chilimning o’zini eltib berishga, balki xo’randalarga qahva damlashga ham ijozat beradigan kunlarni orzu qilib iljayadi, shekilli–da! Unday  bo’lsa u o’zini katta amaldor hisoblardi… Hozircha esa qahvaxo’rlarning betinim talabchan imo–ishoralariga hozirjavoblik bilan “Labbay, hozir!” deb, kekirdakka zo’r berishga to’g’ri keladi. Kekirdak ham bu yerda, chaqqon oyoqdek, muhim.

Qalampir qahvaxonaga talabalar yopirilib kiradigan paytlarni xush ko’radi. Bu suronli, sershovqin to’dalar qahva buyurib, bahslashgani bahslashgan, o’zlari o’rgangan burchakka g’uj bo’lib olib, sigaret tutuni ichida “taxta” o’ynashadi.

Bu yerga qatnaydiganlarning ko’pchiligi singari, bular ham ancha yupun tabaqa–yu, ammo o’quv yurtlarida olgan bilimlari tufayli ular jamiyatning ko’zga ko’ringan qatlami hisoblanardi, ya’ni ziyolilar.  Uchta-to’rtta bo’lib kelishganida, qahvaxonadagilarga ancha bepisandlik bilan qarab, chekkaroqda o’tirishadi. Lekin to’dalashib kelib qolishsa bormi, yoshliklariga borib, o’zlarining qaerdaliklarini unutib qo’yisharmidi?! “Falonchini ayt! Oq uy – ola bargak, to’kin bazm… Bu daromadlarning manbai… falon-chi… haligi-chi…” Nihoyat, kimdir bor ovozi bilan baralla qichqiradi: “Ey, bu yurtda o’g’rilik qonun himoyasida-ku!”.

Qalampir bahslarning ma’nosiga yetib qoldi… Endi unga talabalar gapidagi ba’zi ajnabiy so’zlar ham, ilgari g’ashini keltiradigan ilmoqli iboralar ham halaqit bermasdi. Zap topib gapiryapti: “O’g’rilar mamlakati!”, “O’g’rilar qonun homiyligida!” Qalampir buni yaxshi biladi, tubdan tushunadi, o’zi ham o’g’ri emasmi axir… Onasi ham, pista sotib kelayotganida, tor ko’chada adashib yurgan jo’jaxo’rozni… qo’yniga joylab qaytadi… Otasi-chi, kunduzi bodomfurush, kechasi esa tomma-tom sakrab, birovlarning arqondagi qirlarini…

Bu oqshom Qalampir o’ylaganday xayolparastlik bilan tugamadi. Xujrasiga qaytsa, onasi siniq kursida, poldagi axlatga tikilib qon yig’lab o’tiribdi. Mishiqi ukalari ham g’ingshib, onalariga javdirashardi. Qalampir, nima gap, deb so’rab ulgurmadi, “Dadamizni politsiya olib ketdi!” deyishdi. Qalampir darrov tushundi, kattaroq singlisi voqeani yig’lab–siqtab gapirib berdi.
– Ular anchadan beri kuzatib yurishgan ekan dadangni… – dedi ona.

Qalampir dadasini kamdan-kam ko’rar edi. Odatda dadasi tungi “sayr”lardan qaytganida, u uxlab qolgan bo’lardi. Ertalab ishga ketayotganida esa, otasi uxlab yotgan bo’lardi. Lekin, baribir, otasiga rahmi kelib, yuragi siqilib ketdi, yig’lab yubordi.

Keyin u qahvaxonadagi suronli gurunglarni eslab, bu yurt – o’g’rilar yurti ekanini, o’g’rilikka qonun o’zi homiylik qilishini onasiga hikoya qilib berdi…

Onasining g’ashi kelib, “bas qil!”, deya jerkib berdi. Qalampir esa hayajonda gapiraverdi. Onasidan bir tarsaki yegandan keyingina uyquga ketdi.

Ertalab o’rnidan turganida, hech narsa bo’lmagandek, hammasi esidan chiqib ketgan edi. O’zini tetik sezib, chopqillagancha qahvaxonaga jo’nadi. Chindan ham, nima bo’pti, otasi birinchi marta qo’lga tushayaptimi!…

Najib Mahfuz. O’g’ri va it (qissa)

09

(Tashriflar: umumiy 723, bugungi 1)

Izoh qoldiring