Chori Avaz. She’rlar & A’zam O’ktam. Do’st haqida so’z & Xoldor Vulqon. Chori Avaz xotirasiga

Ashampoo_Snap_2017.11.23_20h50m39s_004_.png11 декабрь — Шоир Чори Аваз таваллуд топган кун

   Чори Аваз (1957-1992) ҳаётлик чоғида “Тортилган камон», «Уйғонишдан ўзга толе излама», «Куз эртаси» (1992) деган шеърий тўпламлари нашр этилган эди. Унинг дафтаридаги талай шеърлари шоир вафотидан кейин ўқувчи қўлига етиб борди.

Аъзам Ўктам
ДЎСТ ҲАҚИДА СЎЗ

06

“Инсон йўли узун эмас. Ҳар бир инсон йўлининг сўнгида бир уюм тупроқ билан белги қўйишади. Аммо ҳеч ким ўша бир уюм тупроқни ўз қўллари билан уя олмайди. Буни бошқалар ўзларининг беҳад паришон хотирликларидан сақланиш учун адо этадилар. Инсон ўз йўли сўнгида қўйилган бу белгидан бошқа ҳамма тўсиқлардан ўта олади”.

Ashampoo_Snap_2017.11.14_12h59m18s_001_.pngЧори Аваз бу сўзларни ўзининг “Насаф” нашриётида босилган “Бахтиёрлик шу эмасми?” номли эсселар китоби муқовасининг орқасига ёзган экан. Бу сўзларни изоҳлаш, ҳар хил тахминлар қилишнинг кераги йўқдир, деб ўйлайман.

Ҳар гал уни эсласам кўнглим ёришиб кетади. “Чори мен учун доимо тирик, ўлмаган”, деган китобий гапларни айтмоқчи эмасман. Йўқ, жуда яхши биламанки, у энди йўқ. Бу камсуқум, камгап ва камтарин дўстим ҳануз мени аяйдими, уйқумни бузишдан уялгандек ҳатто тушимга кирмайди.

Биз дорилфунунда бирга ўқидик. Кейин бир нашриётда бирга ишладик. Ўн икки йил ҳақиқий туғишганлардек дўст бўлдик.

Бундан тўққиз йил аввал буйрагим оғриб, қаттиқ азоб бера бошлади. Чори уч кунгача ҳар кеча ёнимда ўтирди. Ҳар гал ўзимга келиб кўзимни очсам, унинг индамай китоб ўқиб ўтирганини кўрардим. Фарғонага бориб даволанмоқчи бўлдим. Чори мени қишлоққача кузатиб борди. Дарров дўстлар, қариндош-уруғлар йиғилишди. Даладан кечроқ қайтган амакимга Чорини таништирдим. “Ҳа-а, — дедилар амаким, — бизнинг ўқишдаям қаршилик зўр йигитлар бор эди. Беш йил ака-укадек юрганмиз”. У кишининг “беш йиллик ўқиши” нималигини билганлар мийиғида кулиб қўйишди. Чори эса фақат ўзига хос соддалик билан: “Қайси институтни тугатгансиз, амаки?” деб сўради. “Э, Чоривой, биззи ўқишлар ҳавас қиладиган эмас, — дедилар амаким, — у ёққа кириш учун битта одамга шикаст етмаса бўлмайди”. Чори изоҳ кутиб менга қаради. Мен кулиб тушунтирдим: “Қамоқни айтяптилар”. Шу-шу, қачон қамоқдан гап чиқса: “Аъзамнинг амакиси ўқиган институт”, деб қўярди.

Ўшанда Чорининг қистови билан озгина даволаниб, тузалиб кетдим. Буни қарангки, Чорининг ўзи айнан буйраги шамоллаб, вафот этди.

Бешинчи курсга ўтганимда, вақтида келиб, ётоқхонадан жой ололмадим. Бор-йўғим – дафтар, кўйлак, тиш чўтка, совун ва сочиқдан иборат бўлиб, улар бир дипломатга сиғарди. Пешингача дарс, кейин то ярим кечагача чўзиладиган “тушлик” билан овора бўлардим. Энг охирида ким билан ўтирсам, ўшаникига кетардим. Ҳар уч кунда Чорининг хонасига “меҳмонга” келардим. У менинг бу хил бетайин юришларимдан ҳам завқланарди. Бир куни дипломатим шундоқ эшик тагида қолиб кетибди. Чори уни олиб менга қаради-да: “Квартирангизнинг ўринини алмаштириб қўйсам, майлими?” деди кулиб. У жуда камдан-кам кулар, ҳазиллашмасди. Ҳар замонда дипломатимни чертиб: “Аъзамжон уйдами?” деб қўярди.

Бугунги кунда “навқирон шеъриятимизнинг энг истеъдодли вакили” сифатида тилга олинадиган бир йигит Чори билан бирга ўқиганди. Чори ундан шеърларини ўқиб кўриш учун сўрабди. У эса: “Қўлёзма нашриётда. Китобим чиқса, ўқийверасиз”, дебди. Чори унинг китоби босилишидан суюниб: “Яқин орада чиқадиганми?” деб сўрабди. “Ҳа, саксон бешинчи йилда”, деб жавоб берибди шоир. Бу суҳбат саксонинчи йилда бўлган. Аслида Чори жуда кечиримли инсон эди, лекин ўзидан беш-олти ёш кичик бу йигитнинг ўшанда уни масхара қилганини ҳеч кечиролмаганди.

“Омон-омон замони” энди бошланган пайтларда, илгари марказқўмнинг маъсул ходими бўлган бир шоир идорамизга келиб ярим соат партия ва ҳукуматнинг томорқасига тош отди. Энсамиз қотса-да, эшитиб ўтиравердик. Бир оздан сўнг хонага Чори кириб келди. Собиқ амалдор жуда “авжига” чиққанди. Уни яхши танимаган одам ҳақиқий миллатпарвар, чинакам ватанпарвар деб ўйлаши аниқ эди.

– Шошманг, — деди Чори бирдан, — шу гапларнинг бирортасини нега тепада ишлаб юрганингизда айтмагансиз?

У қизариб-бўзариб илгариям ҳур фикрли бўлганини исботлай кетди.
– Аъзам, юринг, сизда гап бор, — деди Чори унга қулоқ солмай.

Мен қутулганимга шукр қилиб, Чорига эргашдим.

– Нимага унга қулоқ солиб ўтирибсиз? – деди Чори айвонга чиққанимиздан сўнг.

– Яхши гапларни айтаётганди, — дедим мен. – Ниҳоят буям тузалибди деб, суюниб ўтиргандим-да.

– Ҳечам тузалмайди! – деди Чори.- Яна бир амалга мингунича холос, буларнинг довюраклиги. Ҳали кўрасиз.

Бу гап кейин кўп маротаба исботланганини айтиб ўтирмасам ҳам бўлар.

Чори кичик муҳаррир бўлиб ишларди. Муаллифларга қалам ҳаққи бериш учун ҳамма ҳужжатларни у тайёрларди. Бир кун телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олсам, нашриётлардан бирининг бош муҳаррири экан. Чорини сўради. У ишлайдиган жойда Чорининг илк китоби беш йилдан буён ҳаракатсиз ётганди. Ўша бўйича сўраётгандир деб ўйладим-да: “Каттакон сўраяптилар. Ишлар юришибди шекилли”, дедим. Чори гўшакни олди. Қулоқ солиб турибман.

– Йўқ, ҳали ўтказолмадик, – деди Чори. – Йўқ, атайлаб қилаётганимиз йўқ. Жўнатамиз пулингизни. Муҳарриримиз айрим қоғозларни тўлдириб берса бўлди. Ҳа. У кишининг ўғли вафот қилди… Бирон ҳафталарда келса керак. Хўп, майли.

Чори гўшакни қўйди-да, индамай ташқарига чиқиб кетди. Орқасидан чиқсам, айвонда чекиб турибди. Юзи бўғриққан, асабий.
– Ҳа, нима бўлди? – дея сўрадим.

– Одамзот қизиқ экан-да, — деди Чори ҳазин овоз билан. – Ановининг китоби ҳали босилиб бўлгани йўқ, қалам ҳаққини талаб қиляпти. “Муҳаррир қани?” дейди. “Ўғли вафот этган, ўз юртига кўмиш учун кетган”, десам: “Э-э, қачон келар экан?” дейди номард! “Худо раҳмат қилсин!” – демайди.

Орадан кўп ўтмай ўша одам меҳр-оқибат, дину диёнат ҳақида кетма-кет мақолалар эълон қила бошлади. Чори уларни менга кўрсатиб: “Худо раҳмат қилсин!” дея аччиқ кулиб қўярди.

У бировлар учун ҳам уялар, азобланарди.

Чори ишга ҳар куни ўз вақтида келар, тинмай ишларди. Шахмат ё теннис ўйнагани судрасам, фақат тушлик танаффус пайтида ё ишдан кейингина рози бўларди.

“Чори Аваз – ўлимидан ибрат олса бўладиган йигит эди, – дейди исломий олим Муқим Ҳижрон. – У кам кулар, бекорчи ҳазил-ҳузулдан йироқ, меҳнаткаш, камгап ва камтарин инсон эди”.

Дарҳақиқат, шундай. У ҳақда айтадиган гапларим, хотираларим жуда кўп. Айримларини энди эслай бошласам, унинг вафот этганлиги ҳақидаги ҳали эскирмаган ҳақиқат эсимга тушиб, гангитиб қўяди ва чалкашиб кетаман.

Бу эълон қилинаётган шеърлар – Чори Авазнинг дафтарида қолган сатрларидир. Уларни мен шоирнинг рафиқаси – Зебодан олдим. Ўқиб ўтириб унинг нақадар дилбар шоир эканлигига яна бир карра ишондим. Уларни ўқиганлар дўстимизни холис бир дуо қилиб қўйсалар, беҳад шод бўлардик. Мабодо бизники зое кетса, уларнинг дуоси мустажоб бўлар, иншооллоҳ!

“Шарқ юлдузи”, 1993, №3-4, 63-65 бетлар
(Бу мақола Чори Авазнинг журналда эълон қилинган туркум шеърлари учун ёзилган)

Холдор Вулқон
БАҲОР ҲАҚИДА
(Чори Аваз хотирасига)

Баҳор келаётир.
Ҳали ҳеч ким яшамаган баҳор.
Бултур сенинг изларинг қолган,
Сўқмоқлардан келаётир ул.
Очилади шубҳасиз энди,
Ҳали ҳеч ким ўпмаган,
Ҳали ҳеч ким хидламаган гул.

Баҳор келаётир,
Ҳали ҳеч ким ўлмаган баҳор…

1993 йил . Тошкент шахри .

Чори АВАЗ
ШЕЪРЛАР
08

Чори Аваз 1957 йил 11 декабрда Қашкадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1985). «Тортилган камон», «Уйғонишдан ўзга толе излама», «Куз эртаси» (1992), «Сайланма» (2003) каби асарлари нашр этилган. Фин эпоси «Калевала»ни ҳамда И.Такубоку, Р. Акутагава ва бошк,а шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1992 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

08

КУЗ ЭРТАСИ

Тонг ели баданга ўрмалар,
Вужудим бир ширин жунжикар.
Мен кутиб турибман қуёшни,
Қизариб бормоқда кунчиқар.

Кун нафис ва илиқ кафти-ла
Сап-сариқ баргларни силайди.
Ел кўзим ўнгида ўзини
Офтобнинг рангига белайди.

Табиат қайтадан жонланар,
Лаҳзалар ардоқли кечади.
Уфкқа термулган тириклик
Қуёшни — оловни ичади.

Кўксимда умидлар ёнмоқда,
Кетаяпти юрагим гупириб.
Нигоҳим биланми қуёшни
Олгандай уфқдан суғуриб.

ЭРТА

Мени қушлар уйготар эрта,
Эрта кутиб оламан тонгни.
Баҳор эрта айтади эртак,
Мен тинглайман ҳовучлаб жонни.
Ўн олтига тўлган боладай
Унутаман эрта ўтмишни.
Эрта мени куйлай бошлар най,
Кузатаман эртага қишни.
Қушлар эрта елкамга қўнар,
Чаҳ-чаҳлашар ёқимли, майин.
Кадарларнинг қаддин ё қилиб,
Тонг эртага бошқача отар.
Мен ёнурман тонгнинг муздайин
Ҳавосидан бот-бот ёқилиб.

«ЁРИЛТОШ» ЭРТАГИНИ ЎҚИБ

Нозик вужудингни титроқ силкитар,
Она Ер шоширар — тупроқ силкитар,
Фақат бир йўл менда — кўнглим зил кетар,
Элан, тош ёрилгай: «Ёрилтош, ёрим!»

Лаҳза-лаҳза от дупури ёвуқдир,
Жисминг музлаб борар — олам совуқдир,
Сингилгинам, тошга дардингни уқдир,
Ёрилган тош, ёрилгаи тош, ёрилтош.

Отларнинг шиддати баланддир, баркдир,
Сени унга дучор этаркан тақдир,
Тошларни уйғотгил, дегил: «Мен — фақир!»
Ёрилгай тош, ёрилгай тош, ёрилтош.

Ипакдек овозинг тошни кесдими?
Ола-тасирлардан тош ҳам бездими?
Тошданмикин эрк эпкини эсдими?
Ёрилди тош, ёрилди тош, ёрилтош.

Бу сирли қудратга бўлдим гувоҳ мен,
Тириклик дарсидан бўлдим огоҳ мен,
Англадим кимда ҳақ, кимда гуноҳ мен,
Ҳақ қалъаси, халқ қалъаси ёрилтош.

СЎЗ

Юраклардан келар ҳамиша,
Воҳаларни, қирларни қўмсаб.
Аммо юрак соғинчларига
Доимо ҳам қўя олмас лаб.

Шўрлик, гоҳо сайёддан чўчиб
Сувсаб юрган оҳулар мисол.
Тилнинг ўтмас қирраларида
Кун кечирар жим, афтодаҳол.

Мижғиласа шубҳа ва гумон,
Юксакликни қўмсаб қолар у.
Гоҳ юракда қўзғар ғалаён,
Гоҳо эса солади ғулу.

Лекин ортга қайтганми сира,
Бўлса шундай азиз макони.
Сўз — музаффар инсониятнинг
Қуёш янглиғ содиқ имкони.

* * *

Қадамда дуч келаверасан
Бир нокасга ёки ёмонга,
Тошми, кесак отаверишар
Пинҳон, ошкор пок бир одамга.
Айб тақашар бегуноҳларга,
Алдашади, туҳмат тўқишар.
Агар шулар бўлмагандайди,
Қандай озод яшарди башар.
Ногоҳ танда қон тўлқинланар –
Уйғоқмисан, бормисан, исён!
Қани, сен ҳам тургин, эй дунё!
Қани, сен ҳам, эй дунё, уйғон!
Бироқ дунё сокин, Шунчалар сокинки,
Ёқасидан тутиб дунёнинг –
Силкитгинг келар…
Токи Ёмонлари тўкилгунича.

* * *

Тун кечади.
Уфқ ортидан
Ёйилади борликқа саҳар.
Қўнғироғин янгратиб қайта,
Яна йўлга тушади шаҳар.

Тун кечади.
Уфқ ортидан
Бир париваш тонг отар оппоқ.
Подаларин қирга ҳайдайди,
Кўзларини уқалаб қишлоқ.

* * *

Тарк эт, ором, аврама.
Аврама, эй ёруғ дард.
Сен кўз нурим, ёлғизим.
Аммо тарк этгил фақат.

Кўнгил соғинчли, ахир,
Ахир, соғинч ҳам озор.
Кет, кўнгилда ёшини
Яшаб бўлган сабр бор.

«ТОРТИЛГАН КАМОН» ТЎПЛАМИДАН ШЕЪРЛАР

ҚИЗ ЎЙЛАРИ

Уйда ёлғиз ўй сурар
бир қиз йўлга боққанча,
хаёллар оғушида
умид билан оққанча:

Ер бўлсанг вафодорга,
вафо қилсанг ўзинг ҳам.
Ўзингдай азиз бўлса
айтилмаган сўзинг ҳам.

Оқшом пайти ё тунда
айланиб кўчаларни,
тонгга элтиб қўйсанг-эй,
юлдузли кечаларни.

Шундай яшаб ўтсанг сўнг—
билмай ҳеч ғам, аламни.
Бу дунёни севсанг-эй,
севган каби болангни.

* * *

Қорли оқшом,
Оппоқ олам,
Оппоқ қўшиқ бошлар тун.
Тушга ўхшаш бир нарса бу —
Бир ширин-эй, бир ширин.

Бу дунёда борлигингни
Билмагандек ҳеч замон,
Юра-юра рўпарангда
Пайдо бўлгум ногаҳон.

Жилмаясан
Масрур, сархуш
Тун оппоқ қор ичиндан.
Оппоқ оқшом, оқ тун ва сен…
Тушга ўхшайди чиндан.

Секингина,
Секингина
Пичирлайсан: «Севаман!»
Жавоб қалбдан то тилгача
Минг йил чопар: «Биламан».

Қорли оқшом,
Оппоқ олам,
Куйлар, куйлайверар тун.
Тушга ўхшаш бир нарса бу—
Бир ширин-эй, бир ширин.

СОҒИНЧ

Очгил қучоғингни, о, келгил, қани!
Эй, менинг руҳимнинг излаб топгани,
Пойимда сил каби сарғайган хазон
Келажак кунларга ўт қўяр аён.
Сенинг висоликгни кутганча интиқ,
Титраб куйлаяпман бир ғамгин қўшиқ.
Сен келсанг қайтадан гуллагай хазон,
Сен келсанг ложувард туюлгай осмон.
Сен келсанг энг дилбар янграгай наво,
Сен келсанг бағримда тирилар дунё…

Тағин хотиралар гулханида жим,
Ҳинду мурдасидек ёнар вужудим.
О, қани кул бўлиб қолсайдим буткул,
Нечун шафқатсизсан бунчалар кўнгил?
О, кўнгил сен дея баъзан тутоқдим,
Ёлғизлик даштида қанча улоқдим,
Бахтиёр дамларим совурдим бутун
Зиғирча ҳақиқат ушоғи учун…

Энди мен, энди мен, энди нетарман?
Руҳим дунёсини излаб кетарман.
Унда сен яшайсан, яшайди онам.
Унда қишлоғим бор, бор мўъжаз кулбам.
Унда мени кутар гўдак сингари
Ҳасратли дўстларим толғин кўзлари.
Унда пошналардан қаварган йўллар
Идрокнм мавжини тинглагай қўллар.
Гўдакка айланиб қолган чол мисол
Ўзимни бағрингга отарман алҳол.

КУЗ

Хазонлар рақсига маъюс термулиб,
Ўтган кунларимдан мантиқ ахтардим.
Илҳом келаётир дўстимдай кулиб
Мунис кузга ифшо этгали дардим.

Мен қучоқ очгайман, дўсти меҳрибон
Пойига тўшайман нигоҳларимни.
Ул билан сирлашмоқ нақадар осон
Ҳаётдан орттирган гуноҳларимни.

Маъсум куз мипг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Ҳар бир лаҳзасида гўзал бир ҳикмат,
Унга тўймаяпман тинглаб, тикилиб.

Ёшман-ку, не учун асов юракни
Ювош торттиради бу кекса наво?
Севаман баҳорни, қўнғир куртакни,
Кузни ҳам севмасдан бўлурми аммо…

Менинг умрим нима?
Мезондек дайдиб
Ҳақ учун курашга ҳамроҳ истадим.
Аммо кимларгадир дардларим айтиб,
Фақат шеърлар битмоқ бўлди қисматим.

Мана, хазонларнинг тилида наво,
Рақс этиб йўқликка қилмоқда сафар.
Покландими шеърим билан бу дунё,
Ахир, битилган шеър эмас-ку зафар.

Ҳувиллаб ётибди қорачиқларим,
Ҳайҳот, мен уларни тўлдиролмадим!
Жангга тайёр турган нажоткор қалбни
Шеърдан бошқасига кўндиролмадим.

Куз эса минг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Бу қандай афсунгар, бу қандай ҳилқат,
Нечун тўймаяпман унга тикилиб?

* * *

Сени ўйласам Осмон хиралашар,
Юлдузлар тўкилар,
Ой ҳам қулайди.
Бир совуқ зиндонга қамайди ўйлар.
Урилар зах нафас юзимга.

Тинч-тотув яшагимиз
Келарди гоҳо,
Ака-сингил ёки ота-боладек.
Гоҳо эса
Пешонангдан меҳр-ла ўпиб,
Кетиб қолгим келарди
Тилаб олган қизин
Пинҳона оқ қилган ота янглиғ.
Сен бехосдан йиғлаб юборар эдинг
Нимадир рўй берадигандек.
— Вой, жинни-ей,

Нега йиғлайсан?
— Кетинг, кетинг!
— Кетсам сира йиғламайсанми?
— О, худо-ей, қандоқ одам бу?
Сени ўйласам…

ШОИР

Зулмат босиб кела бошлади,
Тун туширди қора пардасин.
Шоир аста ўрнидан туриб,
Очиб қўйди нурли дарчаснн.

Бир ҳовуч нур дарчадан сачраб,
Зулматга тиғ каби санчилди.
Шоир эса негадир секин,
Секингина жилмайди, кулди.

Сўнг шоирни қамради илҳом
Ва қаламга чўзди қўлини.
Нафисгина бир зангор туйғу
Шеър уйига бурди йўлини.

Шеър эшигин очди-ю, шонр
Ичкарига томон йўл олди.
Ташқарида зулматнинг бўгиқ,
Ўксик, ғариб овози қолди.

ҚИШЛОҚ

Ғалати ҳол бўлади гакрор
Қишлоғимга борсам ҳар сафар.

Тош қотгандай турар у доим
Ноябру январь, май ойи.

Коинотдаи тушган йўлчидек
Ҳайрат ичра термуламан тек.

Илгарига юрганим сари,
Толиқтирар мени илгари.

Бунда йўл ҳам, уй қам мизгийди.
Бунда қўл ҳам, ўй ҳам мизгийди.

Ўйлай ўйлай чарчаб, толаман:
Наҳот мен ҳам ухлаб қоламан.

Қишлоғимга борсам ҳар сафар
Ғалати ҳол бўлади такрор.

11 dekabr — Shoir Chori Avaz tavallud topgan kun

   Chori Avaz (1957-1992) hayotlik chog‘ida “Tortilgan kamon», «Uyg‘onishdan o‘zga tole izlama», «Kuz ertasi» (1992) degan she’riy to‘plamlari nashr etilgan edi. Uning daftaridagi talay she’rlari shoir vafotidan keyin o‘quvchi qo‘liga yetib bordi.

A’zam O‘ktam
DO‘ST HAQIDA SO‘Z

06

“Inson yo‘li uzun emas. Har bir inson yo‘lining so‘ngida bir uyum tuproq bilan belgi qo‘yishadi. Ammo hech kim o‘sha bir uyum tuproqni o‘z qo‘llari bilan uya olmaydi. Buni boshqalar o‘zlarining behad parishon xotirliklaridan saqlanish uchun ado etadilar. Inson o‘z yo‘li so‘ngida qo‘yilgan bu belgidan boshqa hamma to‘siqlardan o‘ta oladi”.

Chori Avaz bu so‘zlarni o‘zining “Nasaf” nashriyotida bosilgan “Baxtiyorlik shu emasmi?” nomli esselar kitobi muqovasining orqasiga yozgan ekan. Bu so‘zlarni izohlash, har xil taxminlar qilishning keragi yo‘qdir, deb o‘ylayman.

Har gal uni eslasam ko‘nglim yorishib ketadi. “Chori men uchun doimo tirik, o‘lmagan”, degan kitobiy gaplarni aytmoqchi emasman. Yo‘q, juda yaxshi bilamanki, u endi yo‘q. Bu kamsuqum, kamgap va kamtarin do‘stim hanuz meni ayaydimi, uyqumni buzishdan uyalgandek hatto tushimga kirmaydi.

Biz dorilfununda birga o‘qidik. Keyin bir nashriyotda birga ishladik. O‘n ikki yil haqiqiy tug‘ishganlardek do‘st bo‘ldik.

Bundan to‘qqiz yil avval buyragim og‘rib, qattiq azob bera boshladi. Chori uch kungacha har kecha yonimda o‘tirdi. Har gal o‘zimga kelib ko‘zimni ochsam, uning indamay kitob o‘qib o‘tirganini ko‘rardim. Farg‘onaga borib davolanmoqchi bo‘ldim. Chori meni qishloqqacha kuzatib bordi. Darrov do‘stlar, qarindosh-urug‘lar yig‘ilishdi. Daladan kechroq qaytgan amakimga Chorini tanishtirdim. “Ha-a, — dedilar amakim, — bizning o‘qishdayam qarshilik zo‘r yigitlar bor edi. Besh yil aka-ukadek yurganmiz”. U kishining “besh yillik o‘qishi” nimaligini bilganlar miyig‘ida kulib qo‘yishdi. Chori esa faqat o‘ziga xos soddalik bilan: “Qaysi institutni tugatgansiz, amaki?” deb so‘radi. “E, Chorivoy, bizzi o‘qishlar havas qiladigan emas, — dedilar amakim, — u yoqqa kirish uchun bitta odamga shikast yetmasa bo‘lmaydi”. Chori izoh kutib menga qaradi. Men kulib tushuntirdim: “Qamoqni aytyaptilar”. Shu-shu, qachon qamoqdan gap chiqsa: “A’zamning amakisi o‘qigan institut”, deb qo‘yardi.

O‘shanda Chorining qistovi bilan ozgina davolanib, tuzalib ketdim. Buni qarangki, Chorining o‘zi aynan buyragi shamollab, vafot etdi.

Beshinchi kursga o‘tganimda, vaqtida kelib, yotoqxonadan joy ololmadim. Bor-yo‘g‘im – daftar, ko‘ylak, tish cho‘tka, sovun va sochiqdan iborat bo‘lib, ular bir diplomatga sig‘ardi. Peshingacha dars, keyin to yarim kechagacha cho‘ziladigan “tushlik” bilan ovora bo‘lardim. Eng oxirida kim bilan o‘tirsam, o‘shanikiga ketardim. Har uch kunda Chorining xonasiga “mehmonga” kelardim. U mening bu xil betayin yurishlarimdan ham zavqlanardi. Bir kuni diplomatim shundoq eshik tagida qolib ketibdi. Chori uni olib menga qaradi-da: “Kvartirangizning o‘rinini almashtirib qo‘ysam, maylimi?” dedi kulib. U juda kamdan-kam kular, hazillashmasdi. Har zamonda diplomatimni chertib: “A’zamjon uydami?” deb qo‘yardi.

Bugungi kunda “navqiron she’riyatimizning eng iste’dodli vakili” sifatida tilga olinadigan bir yigit Chori bilan birga o‘qigandi. Chori undan she’rlarini o‘qib ko‘rish uchun so‘rabdi. U esa: “Qo‘lyozma nashriyotda. Kitobim chiqsa, o‘qiyverasiz”, debdi. Chori uning kitobi bosilishidan suyunib: “Yaqin orada chiqadiganmi?” deb so‘rabdi. “Ha, sakson beshinchi yilda”, deb javob beribdi shoir. Bu suhbat saksoninchi yilda bo‘lgan. Aslida Chori juda kechirimli inson edi, lekin o‘zidan besh-olti yosh kichik bu yigitning o‘shanda uni masxara qilganini hech kechirolmagandi.

“Omon-omon zamoni” endi boshlangan paytlarda, ilgari markazqo‘mning ma’sul xodimi bo‘lgan bir shoir idoramizga kelib yarim soat partiya va hukumatning tomorqasiga tosh otdi. Ensamiz qotsa-da, eshitib o‘tiraverdik. Bir ozdan so‘ng xonaga Chori kirib keldi. Sobiq amaldor juda “avjiga” chiqqandi. Uni yaxshi tanimagan odam haqiqiy millatparvar, chinakam vatanparvar deb o‘ylashi aniq edi.

– Shoshmang, — dedi Chori birdan, — shu gaplarning birortasini nega tepada ishlab yurganingizda aytmagansiz?

U qizarib-bo‘zarib ilgariyam hur fikrli bo‘lganini isbotlay ketdi.
– A’zam, yuring, sizda gap bor, — dedi Chori unga quloq solmay.

Men qutulganimga shukr qilib, Choriga ergashdim.

– Nimaga unga quloq solib o‘tiribsiz? – dedi Chori ayvonga chiqqanimizdan so‘ng.

– Yaxshi gaplarni aytayotgandi, — dedim men. – Nihoyat buyam tuzalibdi deb, suyunib o‘tirgandim-da.

– Hecham tuzalmaydi! – dedi Chori.- Yana bir amalga mingunicha xolos, bularning dovyurakligi. Hali ko‘rasiz.

Bu gap keyin ko‘p marotaba isbotlanganini aytib o‘tirmasam ham bo‘lar.

Chori kichik muharrir bo‘lib ishlardi. Mualliflarga qalam haqqi berish uchun hamma hujjatlarni u tayyorlardi. Bir kun telefon jiringlab qoldi. Go‘shakni olsam, nashriyotlardan birining bosh muharriri ekan. Chorini so‘radi. U ishlaydigan joyda Chorining ilk kitobi besh yildan buyon harakatsiz yotgandi. O‘sha bo‘yicha so‘rayotgandir deb o‘yladim-da: “Kattakon so‘rayaptilar. Ishlar yurishibdi shekilli”, dedim. Chori go‘shakni oldi. Quloq solib turibman.

– Yo‘q, hali o‘tkazolmadik, – dedi Chori. – Yo‘q, ataylab qilayotganimiz yo‘q. Jo‘natamiz pulingizni. Muharririmiz ayrim qog‘ozlarni to‘ldirib bersa bo‘ldi. Ha. U kishining o‘g‘li vafot qildi… Biron haftalarda kelsa kerak. Xo‘p, mayli.

Chori go‘shakni qo‘ydi-da, indamay tashqariga chiqib ketdi. Orqasidan chiqsam, ayvonda chekib turibdi. Yuzi bo‘g‘riqqan, asabiy.
– Ha, nima bo‘ldi? – deya so‘radim.

– Odamzot qiziq ekan-da, — dedi Chori hazin ovoz bilan. – Anovining kitobi hali bosilib bo‘lgani yo‘q, qalam haqqini talab qilyapti. “Muharrir qani?” deydi. “O‘g‘li vafot etgan, o‘z yurtiga ko‘mish uchun ketgan”, desam: “E-e, qachon kelar ekan?” deydi nomard! “Xudo rahmat qilsin!” – demaydi.

Oradan ko‘p o‘tmay o‘sha odam mehr-oqibat, dinu diyonat haqida ketma-ket maqolalar e’lon qila boshladi. Chori ularni menga ko‘rsatib: “Xudo rahmat qilsin!” deya achchiq kulib qo‘yardi.

U birovlar uchun ham uyalar, azoblanardi.

Chori ishga har kuni o‘z vaqtida kelar, tinmay ishlardi. Shaxmat yo tennis o‘ynagani sudrasam, faqat tushlik tanaffus paytida yo ishdan keyingina rozi bo‘lardi.

“Chori Avaz – o‘limidan ibrat olsa bo‘ladigan yigit edi, – deydi islomiy olim Muqim Hijron. – U kam kular, bekorchi hazil-huzuldan yiroq, mehnatkash, kamgap va kamtarin inson edi”.

Darhaqiqat, shunday. U haqda aytadigan gaplarim, xotiralarim juda ko‘p. Ayrimlarini endi eslay boshlasam, uning vafot etganligi haqidagi hali eskirmagan haqiqat esimga tushib, gangitib qo‘yadi va chalkashib ketaman.

Bu e’lon qilinayotgan she’rlar – Chori Avazning daftarida qolgan satrlaridir. Ularni men shoirning rafiqasi – Zebodan oldim. O‘qib o‘tirib uning naqadar dilbar shoir ekanligiga yana bir karra ishondim. Ularni o‘qiganlar do‘stimizni xolis bir duo qilib qo‘ysalar, behad shod bo‘lardik. Mabodo bizniki zoye ketsa, ularning duosi mustajob bo‘lar, inshoolloh!

“Sharq yulduzi”, 1993, №3-4, 63-65 betlar
(Bu maqola Chori Avazning jurnalda e’lon qilingan turkum she’rlari uchun yozilgan)

Xoldor Vulqon
BAHOR HAQIDA
(Chori Avaz xotirasiga)

Bahor kelayotir.
Hali hech kim yashamagan bahor.
Bultur sening izlaring qolgan,
So‘qmoqlardan kelayotir ul.
Ochiladi shubhasiz endi,
Hali hech kim o‘pmagan,
Hali hech kim xidlamagan gul.

Bahor kelayotir,
Hali hech kim o‘lmagan bahor…

1993 yil . Toshkent shaxri .

Chori AVAZ
SHE’RLAR
08

Chori Avaz 1957 yil 11 dekabrda Qashkadaryo viloyatining G‘uzor tumanida tug‘ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini tamomlagan (1985). «Hayotiylik chog‘ida», «Tortilgan kamon», «Uyg‘onishdan o‘zga tole izlama», «Kuz ertasi» (1992), «Saylanma» (2003) kabi asarlari nashr etilgan. Fin eposi «Kalevala»ni hamda I.Takuboku, R. Akutagava va boshk,a shoirlarning asarlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan. 1992 yil 29 noyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

08

KUZ ERTASI

Tong yeli badanga o‘rmalar,chori_avaz-640x400.jpg
Vujudim bir shirin junjikar.
Men kutib turibman quyoshni,
Qizarib bormoqda kunchiqar.

Kun nafis va iliq kafti-la
Sap-sariq barglarni silaydi.
Yel ko‘zim o‘ngida o‘zini
Oftobning rangiga belaydi.

Tabiat qaytadan jonlanar,
Lahzalar ardoqli kechadi.
Ufkqa termulgan tiriklik
Quyoshni — olovni ichadi.

Ko‘ksimda umidlar yonmoqda,
Ketayapti yuragim gupirib.
Nigohim bilanmi quyoshni
Olganday ufqdan sug‘urib.

ERTA

Meni qushlar uygotar erta,
Erta kutib olaman tongni.
Bahor erta aytadi ertak,
Men tinglayman hovuchlab jonni.
O‘n oltiga to‘lgan boladay
Unutaman erta o‘tmishni.
Erta meni kuylay boshlar nay,
Kuzataman ertaga qishni.
Qushlar erta yelkamga qo‘nar,
Chah-chahlashar yoqimli, mayin.
Kadarlarning qaddin yo qilib,
Tong ertaga boshqacha otar.
Men yonurman tongning muzdayin
Havosidan bot-bot yoqilib.

«YORILTOSH» ERTAGINI O‘QIB

Nozik vujudingni titroq silkitar,
Ona Yer shoshirar — tuproq silkitar,
Faqat bir yo‘l menda — ko‘nglim zil ketar,
Elan, tosh yorilgay: «Yoriltosh, yorim!»

Lahza-lahza ot dupuri yovuqdir,
Jisming muzlab borar — olam sovuqdir,
Singilginam, toshga dardingni uqdir,
Yorilgan tosh, yorilgai tosh, yoriltosh.

Otlarning shiddati balanddir, barkdir,
Seni unga duchor etarkan taqdir,
Toshlarni uyg‘otgil, degil: «Men — faqir!»
Yorilgay tosh, yorilgay tosh, yoriltosh.

Ipakdek ovozing toshni kesdimi?
Ola-tasirlardan tosh ham bezdimi?
Toshdanmikin erk epkini esdimi?
Yorildi tosh, yorildi tosh, yoriltosh.

Bu sirli qudratga bo‘ldim guvoh men,
Tiriklik darsidan bo‘ldim ogoh men,
Angladim kimda haq, kimda gunoh men,
Haq qal’asi, xalq qal’asi yoriltosh.

SO‘Z

Yuraklardan kelar hamisha,
Vohalarni, qirlarni qo‘msab.
Ammo yurak sog‘inchlariga
Doimo ham qo‘ya olmas lab.

Sho‘rlik, goho sayyoddan cho‘chib
Suvsab yurgan ohular misol.
Tilning o‘tmas qirralarida
Kun kechirar jim, aftodahol.

Mijg‘ilasa shubha va gumon,
Yuksaklikni qo‘msab qolar u.
Goh yurakda qo‘zg‘ar g‘alayon,
Goho esa soladi g‘ulu.

Lekin ortga qaytganmi sira,
Bo‘lsa shunday aziz makoni.
So‘z — muzaffar insoniyatning
Quyosh yanglig‘ sodiq imkoni.

* * *

Qadamda duch kelaverasan
Bir nokasga yoki yomonga,
Toshmi, kesak otaverishar
Pinhon, oshkor pok bir odamga.
Ayb taqashar begunohlarga,
Aldashadi, tuhmat to‘qishar.
Agar shular bo‘lmagandaydi,
Qanday ozod yashardi bashar.
Nogoh tanda qon to‘lqinlanar –
Uyg‘oqmisan, bormisan, isyon!
Qani, sen ham turgin, ey dunyo!
Qani, sen ham, ey dunyo, uyg‘on!
Biroq dunyo sokin, Shunchalar sokinki,
Yoqasidan tutib dunyoning –
Silkitging kelar…
Toki Yomonlari to‘kilgunicha.

* * *

Tun kechadi.
Ufq ortidan
Yoyiladi borlikqa sahar.
Qo‘ng‘irog‘in yangratib qayta,
Yana yo‘lga tushadi shahar.

Tun kechadi.
Ufq ortidan
Bir parivash tong otar oppoq.
Podalarin qirga haydaydi,
Ko‘zlarini uqalab qishloq.

* * *

Tark et, orom, avrama.
Avrama, ey yorug‘ dard.
Sen ko‘z nurim, yolg‘izim.
Ammo tark etgil faqat.

Ko‘ngil sog‘inchli, axir,
Axir, sog‘inch ham ozor.
Ket, ko‘ngilda yoshini
Yashab bo‘lgan sabr bor.

“TORTILGAN KAMON” TO‘PLAMIDAN SHE’RLAR

QIZ O‘YLARI

Uyda yolg‘iz o‘y surar
bir qiz yo‘lga boqqancha,
xayollar og‘ushida
umid bilan oqqancha:

Yer bo‘lsang vafodorga,
vafo qilsang o‘zing ham.
O‘zingday aziz bo‘lsa
aytilmagan so‘zing ham.

Oqshom payti yo tunda
aylanib ko‘chalarni,
tongga eltib qo‘ysang-ey,
yulduzli kechalarni.

Shunday yashab o‘tsang so‘ng—
bilmay hech g‘am, alamni.
Bu dunyoni sevsang-ey,
sevgan kabi bolangni.

* * *

Qorli oqshom,
Oppoq olam,
Oppoq qo‘shiq boshlar tun.
Tushga o‘xshash bir narsa bu —
Bir shirin-ey, bir shirin.

Bu dunyoda borligingni
Bilmagandek hech zamon,
Yura-yura ro‘parangda
Paydo bo‘lgum nogahon.

Jilmayasan
Masrur, sarxush
Tun oppoq qor ichindan.
Oppoq oqshom, oq tun va sen…
Tushga o‘xshaydi chindan.

Sekingina,
Sekingina
Pichirlaysan: «Sevaman!»
Javob qalbdan to tilgacha
Ming yil chopar: «Bilaman».

Qorli oqshom,
Oppoq olam,
Kuylar, kuylayverar tun.
Tushga o‘xshash bir narsa bu—
Bir shirin-ey, bir shirin.

SOG‘INCH

Ochgil quchog‘ingni, o, kelgil, qani!
Ey, mening ruhimning izlab topgani,
Poyimda sil kabi sarg‘aygan xazon
Kelajak kunlarga o‘t qo‘yar ayon.
Sening visolikgni kutgancha intiq,
Titrab kuylayapman bir g‘amgin qo‘shiq.
Sen kelsang qaytadan gullagay xazon,
Sen kelsang lojuvard tuyulgay osmon.
Sen kelsang eng dilbar yangragay navo,
Sen kelsang bag‘rimda tirilar dunyo…

Tag‘in xotiralar gulxanida jim,
Hindu murdasidek yonar vujudim.
O, qani kul bo‘lib qolsaydim butkul,
Nechun shafqatsizsan bunchalar ko‘ngil?
O, ko‘ngil sen deya ba’zan tutoqdim,
Yolg‘izlik dashtida qancha uloqdim,
Baxtiyor damlarim sovurdim butun
Zig‘ircha haqiqat ushog‘i uchun…

Endi men, endi men, endi netarman?
Ruhim dunyosini izlab ketarman.
Unda sen yashaysan, yashaydi onam.
Unda qishlog‘im bor, bor mo‘jaz kulbam.
Unda meni kutar go‘dak singari
Hasratli do‘stlarim tolg‘in ko‘zlari.
Unda poshnalardan qavargan yo‘llar
Idroknm mavjini tinglagay qo‘llar.
Go‘dakka aylanib qolgan chol misol
O‘zimni bag‘ringga otarman alhol.

KUZ

Xazonlar raqsiga ma’yus termulib,
O‘tgan kunlarimdan mantiq axtardim.
Ilhom kelayotir do‘stimday kulib
Munis kuzga ifsho etgali dardim.

Men quchoq ochgayman, do‘sti mehribon
Poyiga to‘shayman nigohlarimni.
Ul bilan sirlashmoq naqadar oson
Hayotdan orttirgan gunohlarimni.

Ma’sum kuz mipg yoshli donishmand sifat
Ohista g‘udranar ko‘zlarin yumib.
Har bir lahzasida go‘zal bir hikmat,
Unga to‘ymayapman tinglab, tikilib.

Yoshman-ku, ne uchun asov yurakni
Yuvosh torttiradi bu keksa navo?
Sevaman bahorni, qo‘ng‘ir kurtakni,
Kuzni ham sevmasdan bo‘lurmi ammo…

Mening umrim nima?
Mezondek daydib
Haq uchun kurashga hamroh istadim.
Ammo kimlargadir dardlarim aytib,
Faqat she’rlar bitmoq bo‘ldi qismatim.

Mana, xazonlarning tilida navo,
Raqs etib yo‘qlikka qilmoqda safar.
Poklandimi she’rim bilan bu dunyo,
Axir, bitilgan she’r emas-ku zafar.

Huvillab yotibdi qorachiqlarim,
Hayhot, men ularni to‘ldirolmadim!
Jangga tayyor turgan najotkor qalbni
She’rdan boshqasiga ko‘ndirolmadim.

Kuz esa ming yoshli donishmand sifat
Ohista g‘udranar ko‘zlarin yumib.
Bu qanday afsungar, bu qanday hilqat,
Nechun to‘ymayapman unga tikilib?

* * *

Seni o‘ylasam Osmon xiralashar,
Yulduzlar to‘kilar,
Oy ham qulaydi.
Bir sovuq zindonga qamaydi o‘ylar.
Urilar zax nafas yuzimga.

Tinch-totuv yashagimiz
Kelardi goho,
Aka-singil yoki ota-boladek.
Goho esa
Peshonangdan mehr-la o‘pib,
Ketib qolgim kelardi
Tilab olgan qizin
Pinhona oq qilgan ota yanglig‘.
Sen bexosdan yig‘lab yuborar eding
Nimadir ro‘y beradigandek.
— Voy, jinni-yey,

Nega yig‘laysan?
— Keting, keting!
— Ketsam sira yig‘lamaysanmi?
— O, xudo-yey, qandoq odam bu?
Seni o‘ylasam…

SHOIR

Zulmat bosib kela boshladi,
Tun tushirdi qora pardasin.
Shoir asta o‘rnidan turib,
Ochib qo‘ydi nurli darchasnn.

Bir hovuch nur darchadan sachrab,
Zulmatga tig‘ kabi sanchildi.
Shoir esa negadir sekin,
Sekingina jilmaydi, kuldi.

So‘ng shoirni qamradi ilhom
Va qalamga cho‘zdi qo‘lini.
Nafisgina bir zangor tuyg‘u
She’r uyiga burdi yo‘lini.

She’r eshigin ochdi-yu, shonr
Ichkariga tomon yo‘l oldi.
Tashqarida zulmatning bo‘giq,
O‘ksik, g‘arib ovozi qoldi.

QISHLOQ

G‘alati hol bo‘ladi gakror
Qishlog‘imga borsam har safar.

Tosh qotganday turar u doim
Noyabru yanvar, may oyi.

Koinotdai tushgan yo‘lchidek
Hayrat ichra termulaman tek.

Ilgariga yurganim sari,
Toliqtirar meni ilgari.

Bunda yo‘l ham, uy qam mizgiydi.
Bunda qo‘l ham, o‘y ham mizgiydi.

O‘ylay o‘ylay charchab, tolaman:
Nahot men ham uxlab qolaman.

Qishlog‘imga borsam har safar
G‘alati hol bo‘ladi takror.

02

(Tashriflar: umumiy 14 573, bugungi 15)

Izoh qoldiring