Sulton Rayev. Quyosh tutilgan tunda. Qissa VI-XII qismlar

17Дафн маросимидан олдин бир неча одамнинг қайғу –ҳасратга тўла айтимлари хонадон соҳибларининг олдида изҳор этилди. Ҳар бир изҳордан сўнг сукутга чўмишар, шу жимликда барчанинг қалбида айрилиқ изтироби, юракни эзувчи армон, ҳасратли мунг-алам қўзғолди. Айтилаётган сўзлар юракларни ўртаб борарди. Видолашув ҳам охирлаб қолди. Дафн этиш маросимини азалги удумларига риоя қилиб ўтказиш керак ҳозир… Бу дақиқаларда инсон зоти идрокига сиғдира олмайдиган не хаёллар келиб, не хаёллар кетмайди. Очиқ қабр оғзида ўтирган одамлар бир оғиз сўз айтишга журъати етмай, терисига тошиб чиққан ваҳм туйғуси туз сепилгандек кўксини жизиллата бошлади. Умр дегани шу экан-да. Юрар йўли қисқариб, мана шу тупроқ ҳиди келган ерда ётар экан-да ер қучиб…

 

Султон РАЕВ
ҚУЁШ ТУТИЛГАН КУНДА (6-12 ҚИСМ)
Таржимон – Ҳилола Абдусаломова


VI

Бугунги юрган йўли адоғига етиб, қип-қизил юзи бир ўзгача жилваланиб чиққан Қуёш тўгарак заминдан ғойиб бўладиган ўринга тобора пастлаб бориб, ер чеккасига тангадай юзини босишига икки қулоч масофа қолди. Шу Қуёшнинг кўзларни уялтирувчи найзаларидан отилган порлоқ шуълалари ер юзининг бошидан охирига иниб, фақат сўнгги манзилида мангу уйқуда ётган Босит раиснинг танасига тегмади…
Ҳаммаси тахт бўлиб, видолашув соатлари яқинлашди. Босит раисни ёд этиб, сўнгсўз айтмоққа, абадий видолашмоққа келган ўғиллари, қавми-қариндошлари, овулдошлари, областнинг катталари қазилган қабр ёнидаги намхуш тупроқнинг айланасида чўккалаб, кўзларини ерга тикиб ўтиришарди. Босит раиснинг жағи оқ дока билан бошини қўшиб танғилган, ёнида сўзлагани сайин соқоли селкиллаб турган мулла қуръонни тиловат қилиб, икки қўлининг кафтини ёзиб, “омииийн”, дея фотиҳа қилди.

Дафн маросимидан олдин бир неча одамнинг қайғу –ҳасратга тўла айтимлари хонадон соҳибларининг олдида изҳор этилди. Ҳар бир изҳордан сўнг сукутга чўмишар, шу жимликда барчанинг қалбида айрилиқ изтироби, юракни эзувчи армон, ҳасратли мунг-алам қўзғолди. Айтилаётган сўзлар юракларни ўртаб борарди. Видолашув ҳам охирлаб қолди. Дафн этиш маросимини азалги удумларига риоя қилиб ўтказиш керак ҳозир… Бу дақиқаларда инсон зоти идрокига сиғдира олмайдиган не хаёллар келиб, не хаёллар кетмайди. Очиқ қабр оғзида ўтирган одамлар бир оғиз сўз айтишга журъати етмай, терисига тошиб чиққан ваҳм туйғуси туз сепилгандек кўксини жизиллата бошлади. Умр дегани шу экан-да. Юрар йўли қисқариб, мана шу тупроқ ҳиди келган ерда ётар экан-да ер қучиб…
Йиғилганлар бошларини хам қилиб мулланинг тиловатини тинглар эдилар.
— Халойиқ, Босит қандай инсон эди?
— Яхши инсон эди, — деди эл.
— Биронтангизга берасиси йўқми? Бор бўлса айтинг, уч ўғли турибди, ота қарзини узадиган. Айтинглар?.. (Ўғилларининг бири областдан келган меҳмонлар билан бирга кетган. Дафн этишнинг бу қисмига қатнаша олмади, халақит бермайлик, дегандай қилиб). Айтинглар?..
-Ҳеч кимдан қарзи йўқ. – Бу сўз унда-бунда эшитилди.
Кўзи ёшланган Митал бу сўзни тил учида айтиб, қабр оғзидан бир ҳовуч тупроқни олиб сиқимлади. Миясида ҳамон бояги ўй… “Айтдимикан ўғлига. Айтса яхши, айтмаса-чи?..”
— Ундай бўлса, Босит ўғли Убайдулла, айтар сўзинг борми? – деди мулла. – Бўлса айт?..
— Барчангиздан розиман, катта раҳмат, — деди у – Розиман…
Кўзёшлари тошиб чиққан Миталнинг кўнгли бўшаб кетди. У ҳозир ўзини лол қолдирган бир нарсага ақли етмас, қалбининг туб-тубини зирқиратган аламга дош бера олмай, ўз-ўзига мавҳум саволларни берар эди. О, Тангрим, Бандангни яратганинг рост бўлса, шунингдек, яна уларни қайтариб олишинг рост бўлса, қайси гуноҳим учун ожиз бандангни орзу-умидларини чиппакка чиқариб, қаддини букиб ташладинг? Шундай кун бир куни бошига тушишини хаёлига ҳам келтирмаган инсонни аччиқ йиғлатиб, эзгу ниятларини остин-устун қилиб ташладинг мана энди. Турмушимда ноним бутун бўлиб, элдан бироз устун яшай яшайин, деб ўзини ўтга-чўққа уриб, раиснинг соясига салом бериб, ишончини қозониб олсам бўлди, бир оғиз ширин сўзига жоним садқа, деб эртаю кеч жони ҳалак бўлган бу бандангнинг оғзи ошга етганида тортиб олмадингми? Ҳолбуки, шунинг барини, ўлар-тириларига қарамай уринган барча машаққатларни нега тортди ўзи?
Ҳаммасини бажариб, бажармагани қолмай, рўзғорим тўкис, ноним бутун бўлсин, деб, элдан бироз устун бўлай, деб, кирмаган кўчаси, қилмаган юмуши қолмади. Бошқалар нима бўлса бўлди, лекин ўзининг елкасига офтоб тегиб турди. Турмушнинг барча оғир-енгилига сабр қилиб, йиққан давлати – хонумони ҳам мана бу инсон билан бирга кўмилиб кетаверадими? Ёки раиснинг лаганбардор югурдаги бўлиб келдими шу чоққача? Нима учун бунчалик югуриб-елди. Ярасига туз сепилгандек, Миталнинг жони оғрий бошлади. Бу ҳам етмагандек, вужудини қамраб олган қўрқув ҳисси, кучли иштибоҳга қўшилиб, аъзойи баданини зирқирата бошлади. Шу адоқсиз саволлар уни адойи-тамом қилди. Ишонган кишиси бу оғзи очиқ ўрадан ҳеч замонда тирилиб чиқиб келмайди, демак бу ҳомийсига боғлаб олган барча хомхаёллари кўчаётган жардек шувиллаб тушиб, бирини бири кўмиб ташлайди. Шу пайтгача кўнглини илитиб келган орзу-умидлари чилпарчин бўлади. Бунинг нақадар даҳшат эканлигини ҳис этар экан, юраги чидаб бўлмас даражада ғам-ғуссага толди. Бир оғриқ юрагидан бошлаб бутун танасига ёйилди. Дафъатан умидсизликка тушиб, аъзойи-баданини қалтироқ тутди.
Буларнинг ҳаммаси оддий гапмиди, ичидан ғижимлаётган азобли оғриққа чидай олмай, йиғлар эди. Сабаби, шу бугун Митал ўлим деган балойи азим қачондир ўз бошига ҳам келишини ҳис қилди. Келмай қўярмиди, ахийри келади-да, жонини суғуриб ерга йиқитади. Ўшанда бу дунё ҳаёти интиҳо топади, жонини қақшатувчи азоблар ҳам барҳам топади. Кундан-кунга адоқсиз меҳнатга кўмилиб, гўёки дунёда абадий яшайдигандек, бирни икки қилиш ташвишида машаққат тортиб, қайси липиллаган чироқ шуъласига қараб чопяпмиз ўзи? Шуни бугун билдингми Митал? Бир кун эмас бир кун боёқиш жонинг йитиб, ерга киришинг бор экан-ку? Шуни бугун билдингми, Митал? Билса, нега ҳамон дунёнинг ялтироқ васвасасига учиб, ўткинчи лаззатлар учун жонини қурбон қилгудек бўлиб юрибди. Ялтироқ дунё ҳаётида қадр-қиммати бўлмаган уринишлари билан фақатгина жонини боққанлиги Миталнинг кўзини ярқ этиб очди. Бундай оғриқли саволлар қайдан келди ўзи? Митал ўйлаб топдими ё? Ёки қўрққанга қўш кўриняптими, қалбининг ич-ичида инграётган иймон отлиқ хилқати исён қиляпти? Уни қийнаган нарса шуми? Қийналмай ҳар бало бўлсин бу орият, номус деганлари, ўзи ўша номинг ўчгурдан борми бу одамда? Бор бўлса, илгари қаёқда эди? Энди қуруқ саволга тутиб, жонини қийнагани бефойда-ку? Буларнинг ҳаммаси нега Миталнинг асабига тегиб, тишларини қашқирдек ғичирлатяпти?

Бундай қилишига важ борми ҳозир? Бутун борлиғи билан хаёлга берилган Митални ҳозир кимдир келиб туртиб юборса, юраги қинидан чиқиб кетгудек бир алфозда эди. Шу қабилидаги туганмас саволлар пўртанасида айланар, дод деб юборгудек алам-изтиробини кимсага ёрилиб айта олмас, бутун умиди пучга чиққан, боғлаб-чирмаб ташлагандек бу оғриқли саволлардан нари кета олмас эди. Юрагидаги алм-оғриққа аранг дош бераётган Миталнинг хаёлида ҳамон ўша савол айланарди; бир амаллаб ўғлига ишора бериб қўйдими экан, бир оғиз айтиб қўйдими экан? Агар шундай бўлса-ку иш битди-куя! Акс ҳолдачи?..
“Айтдимикан…” – шу ўй миясига буров солиб туриб олди…
… – Омииийн! – Мулланинг огвози янгради. – Ётганжойи нурли бўлсин, тупроғи енгил бўлсин!..
— Омииийн! – Эл жўр бўлди. Ҳамма кафтини юзига суртди.
Босит раиснинг ўғиллари очиқ гўр оғзига ботиниб яқинлаша олмадилар. Йиғидан эзилишган ҳолда ердан бир ҳовуч тупроқ олиб, тобутнинг устига солишди. Улардан кейин одамлар ҳам тупроқ сола бошлашди, оғизлари унсиз пичирлай бошлади. Ўша тушунарсиз пичирлашлардан қироат оҳанги илғанди. Тушкун кўнгилларни яна-да қайғуга чулғаб, вазмин тиловат садолари тарала бошлади…
Боядан бери ҳовучлаб олган тупроғини мижиғлаб тобут устига ташлаётган Митал бўшашиб кетган гавдвсини тутиб, гўрнинг тубига қарашга жазм этди. Қаради-ю, бутун аъзойи бадани музлаб, қалтираб кетди. Кўзларига ишонмай, яна бир марта қоронғи лаҳаднинг тубига кўз ташлаганида, адашмаганига инонди. Ўша ҳовучлаб ташланаётган тупроқлардан кўтарилиб келаётган лаҳаб тубида бамисоли сулувларнинг сочидек гажак-гажак бўлиб ётган қорачипор илонни кўрди. Кўрган заҳоти кўзларини чирт юмиб олди, мудхиш қўрқув ҳисси бутун баданини музлатиб юборди. Яна кўзларига ишонмади, кўзларини қайта-қайта юмиб очди. Яна лаҳад тубига қаради, яна кўзини олиб қочди. Соқ ўримидек қора илон эса ҳар сафар аниқроқ кўринар, мана энди қайси бало-қазодан пайдо бўлган шум илон нақ маййитнинг олдида пайдо бўлди. Шундоққина тобутга икки қарич ерга келиб қолди. Тангримнинг жазоси! Бақрайган кўзлари яна-да бақраяр, шу балони кўрмаса бир нави эди-я! Қоп-қора қорачипор илоннинг териси йилтирар, мой суртилгандек бирам йилтирардики!..
Бутун бадани ларзага тушиб, юрак томирлари узилиб кетишига сал-сал қолди. Кўзлари билан кўрган бу манзаранинг юракни қинидан чиқариб юборган даҳшатига ўзи ҳам сезмай бақириб юборди. Аммо овози бўғиқ, эшилган пахтадек чўзилиб, нафаси қисилиб, узуқ-юлуқ бир сас чиққанида, кишилар буни видолашув йиғисига йўйишиб, жўр бўлиб уввос солишди…
Қазилган тупроқдан янги дўнгча пайдо бўлди бу мозорда.

VII

Босит раис дафн этилганидан эртаси куни Митал селсовет бир мудхиш туш кўриб, бошини ёстиқдан кўтара олмай оғир ётган эмиш. Бу туш деганларига нималар кирмайди. Митал тушида раҳматли Босит раисни кўрган эмиш. Жойи жаннатдан бўлгур Босит раис онадан туғилгандек шир яланғоч бўлиб, юм-юм йиғлаб ўтирган эмиш. Миталга раис шундай дебди: — Митал, сени мендан хафа деб эшитдим. Шундан бери ҳаловат йўқ менда. Ухлаш қаёқда, ҳар куни шу арасотда изғиб юрибман. Ер мени қабул қилмай қўйди, укам, ер қабул қилмади! – деб йиғлаб юрибди.
Митал ҳам раиснинг томорқада юрганини кўргандан бери тоби қочиб қолди… Бироқ у Боситни тушида кўрдими, ўнгидами,.. буни ўзи ҳам дурустроқ айтиб беролмас эди. Ким билсин, Босит раис томорқада юрган эмиш…

VIII

Анорнинг пўстидек қизғимтир тусга кирган қуёш чарчаб, адирлар ортидаги ҳув тоққа бош қўйди…
Ҳар доимгидек Қуёш ўша адирлардан ортга ўтиб, тафтини ўчиради…
Кун ботиб бораётганига қарамай, ҳув олисда парвоз қилаётган куйкага ҳали Қуёш уфққа етмагандек кўринди. Эрталабдан бери қурсоғига юқ бўларлик бирор нарса чўқиламаган куйка қанот қоқишга ҳам ҳоли келмай амаллаб учиб борарди. Онда-сонда қанотини кенг ёйиб, ҳавода эркин айланиш давомида ўқдай кўзлари билан ердаги Она-Сичқонни кузатарди. Бир човут солиб, шап этиб илиб кетса, яхши бўларди-я. Яна бироздан сўнг Қуёш оғиб кетиб, тун қоронғиси кириб қолади. Намозшомдан бошлаб куйканинг кўзи узоқни илғамай қолади. Куйка шу нарсадан чўчир, очиққанидан қорни таталай бошлади. Устига-устак секин эмаклаганича одамларга яқин келиб қолган Она-Сичқоннинг бу қилиғидан зардаси қайнай бошлади. Нима бало, жонидан тўйганми бу сичқон, қўлига тушсин, чўқиб-чўқиб ҳуморидан чиқади ҳали! Қийнаб есин! Ўшанда бир кўнгли жойига тушсин куйканинг. Бунга ўчакишгандек қилиб, сичқони қурмагур одамларга тобора яқинлашарди…
…Бу манзил эски мозор эди.
Ўша ерга бир тўп одам келди. Куни кеча машина остида қолган боланинг ўлигини олиб келган одамлар булар. Бор-йўғи олти киши. Улар билан бирга бир дастёр бола ҳам бор. У ҳозир бу ерда эмас. Уни қишлоқ мулласига юборишган эди. Бола негадир кечикди. Боядан бери говкаптардек ғувиллашаётган бу олтови хийла қизиб қолишган.
Қани энди, яна бир шиша бўлса ордона қолгурдан. Ўшанча йўлдан келганларига яраша тухфа бўлармиди? Бўлмаса, бу гадой топмас ерга келиб зарур келибдими? Шунисини бериб аранг унатишмадими буларни ахийри…
Қалпоқ остидаги ўйноқи кўзлари бўртиб чиққан чиллакдек ориқ кишининг ҳоли уч стаканга аранг етди. У ҳозир учиб қолган. Гаплари ҳам алмойи-алжойи. Бир ўринда тура олмай гандираклайди. Шамол теккан саксовулдай тебрангани-тебранган. Ичиб олса, сўз усталари ўтиб кўрсин бунинг олдидан. Ҳозир ҳам мушукни кўриб қолган зағизғондек шақиллай бошлади.
— Эй-бу?.. Бир нарсага ҳайрон бўламан, қисталоқ. – Қўлини юқорига серпади. – Жаннат дегани чиндан ҳам борми, ёки йўқми, ия?1
— Бор бўлса бордир, сенга нима? Сен билан менга у ерда пишириб қўйибдими? У ерда бизга ўрин йўқ. Зайнит дейишади-ю. – Новча бирови ўз гапи ўзига нашъа қилиб, дароз гавдасини силкитганича қийқиллаб кула бошлади. – Уёқда ҳам танишинг бўлиши керак эмиш.
— Мен жиддий сўраяпман, сен мени калака қилма, деб ёнидагиларга қаради. – Бу сенга ҳазил қиладиган гап эмас. Уни жаннат дейдилар… Жан-нат…
— Жаннат, жаннат дейсан! Эй тентак, лаллайиб ўлиб кетаверсанг, жаннат қаёқда сенга? Қаёқдаги сафсаталарни кўтариб олганингни қара. Ҳалиям ёш боласан, ёш бола! – бақалоқ киши сўзга аралашди.

— Мана бу, — дея кекирдагига “тиқ” чертиб қўйди. – Йўқ у ерда, билдингми? Йўқ. Дод десанг ҳам бўлмайди. Пайғамбар авлоди бўлсанг ҳам бўлмайди… Буниси бўлмаганидан кейин қайси жаннат ҳақида лоф уряпсан сен! Қайси! Ҳа ит-а! Сен айтганинг жаннат эмас, дўзаҳнинг ўзгинаси. Шунинг учун жонинг танангда эканлигида ўйнаб қолиш керак, яйраш керак. Арига ўхшаб, турмушнинг ҳар битта гулини ҳидлаб-ҳидлаб чиқиш керак, эй қисталоқ, эээй! Ўв онангни,.. яна битта бўлсайди а? Дўзаҳига ҳам рози эдим!..
— Уни бир айт, икки айт. Қақшаган қора жонинг!
— Бўлди энди…
— Айтингларчи, ориқ киши луқма ташлади. – Мана бу болани ерга берсак, бу бечора қаерга борар экан? Жаннатгами, дўзаҳгами?..
Бериги бешови бу сўзга қийқириб кулиб юборишди.
— Гапингни қара, қаёқдан топдинг бу сўзни?
— Чиндан ҳам шундай бўлсачи? – Ўз саволига ўзи қизиқиб қолди ориқ киши. — Қизиқ-ку, тўғрими?..
— Урдим қизиғингга! Айтган гапингни қара? Қаёқдаги гапларни топасан!
— Мен айтайми? – Бақалоқ ориққа саволомуз қаради. – Буми, бу?
— Ҳа-да?..
— …Бунинг экспресс автобуус билан тўппа-тўғри зув этиб жаннатга кириб боради. Ёки сени ҳам қўшиб қўяйликми? Қийинми жаннатга кириш? Оппа-осон кириб кетасан ўшанда.

Яна гурра кулишди.
— Бўлди, аскияни бас қилинглар. – Чийдухоба костюм кийган киши кулгини тақ тўхтатди. – Аскиянинг жойи эмас бу жой сизларга.
— Ой-ее! – Чўчиб кетгандек оғзини юмди қилтиқ мурутли паканаси. – Бу ерда ётган ота-боболаримиз ҳам гапимизни эшитиб ҳайрон қолишган бўлса не ажаб?!
— Шуни айтсанг, бизнинг овозимизни эшитган бўлишса, ҳайрон қолишлари турган гап. Булар қаёқдан шунчалик вайсақи бўлиб қолишди экан, деб?
— У вақтларда мана бу қулинг ўргилсин бўлмаса, қаёқдан билишсин? Дунёнинг бир мўъжизасини кўрмай кетишганини қара!..
Бири ортидан бири гап ташлаб, гурра-гурра кулишиб, болахонадор овозларини тия олмаётган икки оёқлиларга анграйиб қолган Она-Сичқоннинг ҳайрати ошиб, қурай тагида ётаверди. Қанчалик буларга маҳлиё бўлмасин, кўз ўнгидан болачалари кетмас эди. Она-Сичқоннинг ҳозир бориб, чий-чий этиб, болаларини огоҳлантириб қўйгани дуруст бўларди. Улар ҳозир индан бош чиқармай, икарида ётишибди. Фалокат босиб, лип этиб боши кўриниб қолса, мана бу икки оёқлилар аяб ўтирармиди уларни, таъзирини беради-я! Сичқонлар ерлик ҳеч кимдан яхшилик кутишган эмас, ер бетидаги жондор борки, сичқоннинг таъзирини бераман, деган ният билан яралгандек, қаёққа борма, пойлашгани-пойлашган. Мана ҳозир ҳам тамоман тушунарсиз, ғўнғир-ғўнғир овоз чиқараётган икки оёқлилар қўлига бир нима олиб, ерни қазий бошладилар.

Шундоққина сичқон инининг қоқ устини қазий бошладилар. Буни кўриб, қўрққанидан сичқоннинг ўтакаси ёрилаёзди. Нима бўлади энди? Шу дўнгчанинг тагида болачалари ётибди-ку яшириниб. Ундан берироқда, кунгай тарафдан иннинг яна бир оғзидан кириб бориб, болачаларига етиб борсинми? Чийиллаб-чийиллаб огоҳлантирсинми? Энди нима қилади бечора? Она-Сичқон талвасага тушиб қолди. Энди нима қилса бўлади?..
Қанотини аранг қоқиб секин айланаётган куйкага сичқоннинг панадан чииб ер қазиётганларга биратўла яқинлашиб келаётгани жумбоқдек туюлди. Нима бало, сичқон ақлдан озганми, бу одамлар уни тирик қолдиришармиди, оёқлари билан босиб олишса, сичқоннинг куни битди, деявер. Куйканинг алами келди. Ичи тизиллади. Сабр косаси тўлиб кетганидан, бир муддат жойида туриб қолиб, йиғлаб юборди. Шундан сўнг ўзини бироз енгиллагандек сезди.
Куйканинг тоқати тоқ бўлиб, курак билан ер қазиётган кишининг пешонасига келиб урилмасинми!..
— Тфу-у! Ҳе, онангни! Бу нимаси ўзи? – қўли билан юзини артиб, шерикларига кўрсатди. – Нима ўзи?
— Нима бўларди? Ўзинг соғинаётган жаннатнинг томчиси бу. Тотиб кўр. Бу ҳам ҳаммага насиб этавермайди. – Бақалоқ дўппайган қорнини силкита-силкита бир ғалати кулиб юборди. – Нафасинг етган экан, қисталоқ! Етган экан!
Ориқ киши осмонга қараб, тепасида айланаётган куйкани кўрди.
-Ҳў, энангни сени, тезак ташлаб қўйиб, бопладим роса, деб учиб юришини кўр буни! – Қўлидаги куракни милтиқдек ўқталди. – “Тарс” этиб бир отиб туширсамми сени? Қараб тур! Падарига лаънат, шу пайтда милтиқ бўлса қани, тирпиратиб отиб ташлардим, а…
Куйка остидаги бу кишининг гапини парвосига ҳам олмади. Ҳамон қанотини ёзганича учаверди. Ерда ётган игнани ҳам илғаб оладиган ўткир кўзлари Она-Сичқонни кўздан қочирди ўша онда. Она-Сичқон ўша вақтда ер остилаб иланг-биланг кетган инига кириб кетган эди. Тумшуғининг учидаги қилтиқдек мурутлари тиккайиб, устидаги дупураган шовқинни сезиб борарди ҳозир. Ербағирлаб юриб бориб, иннинг қоқ ўртасига келганда, болачаларининг ҳам бир хавфни сезиб, юрак ютиб туришганини ҳис қилди. Она-Сичқон одатича чийиллаб-чийиллаб юборди. Бу хатардан огоҳлантириш белгиси эди. Ўша заҳоти болаларини эргаштириб, ин ортидаги тешикка қараб жўнади. Ин буралиб бориб, ортки тешикка олиб чиқди. Ўша ерда сичқончаларни қолдириб, бу ердан чиқа кўрманглар, дегандек чийиллади-да, ўзи оҳиста тепадаги ишлардан хабар олгани ташқарига чиқди.
Бошини шартта чиқарганини билади, икки оёқлилардан биттаси шундоққина ёнгинасидан ўтиб кетаётганини кўрди. Сал бўлмаса, унинг оёқлари остида миясининг қатиғи чиқиб ётган бўларди.
Бироқ сичқон сал бўлмаса ўзини ўлдираёзган фалокатни ўйлаб ўтиравермади. Уни бир савол тинч қўймас эди. Буниси қаёқдан пайдо бўлди? Уларни деярли биринчи марта кўриб турибди. Шу вақтгача ҳеч ким ораламаган эди-ку? Авваллари йўқ эди-ку булар? Қаердан пайдо бўлишди ўзи? Она-Сичқонни шубҳага солган, уни қизиқтира бошлаган икки оёқли бу – манавилар муллага юборганлари бўйи хийлага йўқолиб кетиб, ҳозир етиб келган бола эди. Бола бу йили еттига тўлади. Ким уни эргаштириб келди, ёки ўзи эргашиб келдими, мана бу қизиб олганлар эслай олишмади. Тракторда мозорга етиб олишганидан сўнг кўришиб, яхши келибсан, дегандек қилиб, ўша ердан от чопгулик йўл наридаги уч-тўрт хонадонли қўнишнинг мулласини чақириб кел, дафн этишнинг расм-русумини қилайлик, дейишган эди булар. Бола бўлса мулласиз, бир ўзи сўррайиб қайтиб келди. У энтикиб қолган эди.
— Қўлим бўш эмас, деди мулла. – Ўтирганларга яқинлаша туриб гапирди бола. – Қўли бўш эмас экан…
— Қўлим бўш эмас, дедими? – Четда ўтирган мўйловчан киши боланинг сўзини қайталай туриб, саволомуз қаради. – Нега?
— Ўзғурга бораман, деди, — бола елкасини қуништириб деди. – Ўзғурга…
— Нега бораман деди? – ҳалитдан бери бу ердагиларни кулдираётган ориқ киши, қалпоғини суриб қўйиб, лабини чўччайтирди. – Ҳе, онангни!..
— Бакир деган кишининг йиллиги бўлади.
Ўша ёққа бораман, деди. – Бола ўзини оқлай бошлади.
— Қайси Бакир бўлди экан тағин? — деди новча киши эслай олмай.
— Бакирчи, Ўзғурлик, танимайсанми ўшани? Ўв сени қара-ю? Эски муаллим бору?..
— Э-ээ, Бакирми? А, катта ўғли областдами?..
— Худди ўзгинаси! Топдинг! – Мўйловчан унинг сўзини тасдиқлади. – Ўша-ўша…
— Мулла аканг билади-да қаерга бориш-бормасликни. Бакир нуфузли одам. Ўғилларининг олди областда, орти районда. Бари катта ишларда эмиш… Йилқи сўйилади, қўй сўйилади-да. Ўшандай ош-тўйдан қолиб, мулла бу қўй уёқда турсин, тиррақи улоқнинг қони оқизилмаган бунинг жанозасини ўқирмиди? Бу ҳалқум деганлари ёмон экан. Одамларнинг феъли ҳам шунинг ортидан айниб кетяпти, падарига лаънат!
— Номинг улуғ, супранг қуруқ бўлса, кимга керагинг бор?
— Шуни айтмайсанми!
-Ия, шунда гапнинг очиғи…
— Жонлиқ ҳам сўямиз деганмиз… – Сўзга аралашмай, бир четда ўтирган думалоқ юзли кишининг мунгли сўзи аранг эшитилди. – Қон оқизмасак бўлмайди, деб қўни-қўшнилардан беш сўмдан йиғиб, етмиш сўм қилиб, Ғаффорга тўқлингни сот, десам, сотмади, қисталоқ. Оз деди…
— Топган экансиз қўй сотадиганни ҳам! Бир тийинигача ҳисоблашиб ўтиради у. Ҳалқуми бузуқ. Отаси пулдан қийилгандек, пулларини сандиққа босяпти.Ўзи-чи? Ўзи? Эрта-кеч тишини сўриб юради… Кийими афтода, бир мундоқ кийимига ҳам қарамайди. Пулни хотинидан ҳам афзал кўради, қисталоқ! Ўзига етгунча қурумсоқ. – Қалпоқчан кишининг афти бужмайди. Бунга қишлоқдагиларнинг пул масаласига бўлган муносабати беш қўлдек аён. Сўрамаёқ билади. Ўзи собиқ дўкончи эди. Уч-тўрт йил аввал ўзи айтгандай, “ирастират бўлиб” савдо ишидан узоқлашган эди.
— Эҳ, бечора, ичар сувинг, кўрар кунинг битган экан. Аттанг, — лабини қонатгудек тишлаб, қайғули сўз ташлади бояги юзи япалоқ, семиз киши. Боланинг ўлимига қайғурган, хафа бўлган ягона инсон шу бўлса керак, очиғи. Қанча-қанча ишларини шу болани алдаб-сулдаб ишлатиб, битириб олар эди, у шунга афсусланди, шунга қайғурди. “Эй, дўст, икковимиз мана бу томнинг устини лой билан суваб битирсак, кейин сенинг Қуёшингни тутиб келиб қамаб қўямиз”, деб, боланинг ўлимидан бир кун олдин келишишган эди. Бу болани мақтаб қўйса, ёки “қуёшни ушлаб, уйингга қамаб қўямиз”, деса бас, талай ишни кўрдим демай, бир зумда бажариб қўяр эди. Дунёда уни алдашдан ҳам осон иш бўлмаган, шекилли. Бақалоқ кишининг томини суваш энди ўзига қолиб кетди.
— Оо, ҳар бир банданинг борар ери шу. – оғир хўрсинди новча киши. – Эл бошқариб, юрт сўраб, халқни қўлида ушлаб турган не-не подшоҳлар ўтиб кетди. Биз ким бўлибмиз? Уларнинг тирноғича ҳам эмасмиз…
— Уни қўй. Анови Босит раисни айтсанг. Уни ўлади деб ким ўйлабди…
— Бу дунёга устун бўладиган ҳеч ким йўқ экан. – Новча бўйли чиндан қайғуриб деди. – Йўқ экан.
— Кўмайликми буни энди? – деди мўйловчан. Кун ҳам кеч бўляпти.
— Қуръонни ким ўқийди?..
— Қуръонни тўлиқ билмаймиз-да. Билганимиз ҳам қуръондан эканлигига шубҳам бор…
— Унда ким ўқийди?..
— И-е, падарлаънат!.. Шунга шунчаликми… Шаршенникидай қилиб ўқиб ташлаймиз. Ўқи, мўйлов, — деди новча киши мўйловчанга.
— Мен мулламидим? – Мўйловчан ўзини орқага тортди. – Қуръондан бирор сўз билмайман. Ўлай агар билсам…
— Уни муллалар ҳам билишмайди. Оғиз учида бирнималар деб қўй, бой бўлгур…
— Нега менга ёпишиб олдинглар? Сен ўзингчи?
— Сеникидай мўйловим бўлганида, эплаб-сеплаб пичирлаб қўярдим. Менда мўйлов йўқ, ўзинг ўқий қол, шу ернинг улуғи, оқсоқоли экансан. Ўқи энди?
— Келинглар, энди, эрта кунни кеч қилмайлик, — деди чийдухоба костюмли киши. – Бўлинглар?..
— Бунинг исми нима эди? – деди мўйловчан. – Ўқисам, ўқий. Худо ўзи кечирсин энди…
— Исми дейсанми??
— Исмими?
— Билмайман.
— Ажаб?
— Ҳамма довдир дер эди.
— Шундай. Мен ҳам эшитгандекман…
— Довдир бўлса нима қилибди? Бу ҳам банда, ахир. Банда бўлганидан кейин исми ҳам бўлиши керак-ку?.. Исми ҳам ўчган экан бечоранинг, — деди мўйловчан гавдасини ростлаб.
Бир тўда – олти киши баравар бу боланинг исмини топа олишмади. Унутишибди. Унутилганми, ёки бу боланинг исми йўқми, гапнинг очиғи ўзлари ҳам аниғини билишмади. Ҳаммалари довдир деб атаб юришган…
…Мўйловчан ғинғиллаб қироат қила бошлади…
Тил учида овоз чиқариб, Қуръон қироатини келиштира бошлади мўйловчан. Тиловати узул-кесил, бўғиқ эшитила бошлади. Ўқиётганин ғинғиллаган овозидан пайқалмаса, бу одам нима деб, нима айтаётгани ўзига ҳам тушунарсиз эди. Билган ерини чўзиб, овозини баландлатади-да, ичида шубҳа-гумон ўрмалай бошлайди. “Буёғи Қуръонга ўхшамай кетяпти-ку. Кечир, тавба қилдим, кечир мени Сўзим ўхшамай қолди, кечир…” деб мўйловчан ичи зил кетиб, овози худога етиб бораётганига ишониб тавалло ҳам қилиб қўярди. Берида ўтирганлар эса унинг сўзларини тиловат ўлароқ қабул қилишиб, сукут ичида тинглашар, бир муддат жимлик чўккан эди бу ерда. Ахийри мўйловчан қироатини тугатди, шекилли, кафтларини очиб, юзига яқин келтирди-да, фақат ўзи тушунадиган тарзда алламбалолар деб фотиҳа қилган бўлди.
— Оомииийн! Ётган еринг нурли бўлсин, тупроғинг енгил бўлсин! – деб фотиҳа қилиди.
— Оомииийн! – Беригилар ҳам унга жўр бўлишди. – Оомиииийн!..
Мўйловчан “кўмаверинглар” дегандек қилиб бош ирғади. Боланинг жасадини қабрга қўйиб, устидан ҳовучлаб тупроқ ташлай бошладилар булар. Тил учида алланарсаларни пичирлаб, тупроқ ташлашарди. Кетмон билан тортилган тупроқ қабр устини тўлдирди…
Бу ерда юрган бола қичқириб йиғлаб юборди, нима деб йиғлашини билмай, аччиқ-аччиқ кўз ёшларини тўка бошлади.
— Бўлди!
— Йиғлама-е!
— Бу нима ўзи сенга йиғлагудек?..
— Топган экансан йиғлайдиган олдамни ҳам!.. Ўчир овозингни!..
— Йиғласин, нега койийсизлар, аа? Йиғламай нима қилсин?.. Бу ҳам одам ахир, йиғласин, — деди бақалоқ киши кўзи ёшланиб, — Тинч қўйинглар уни…
Бола узоқ йиғлади, янги қабрнинг олдида ўпкаси тўлиб узоқ ўтирди…
…Ер бетидагиларнинг қилт этган ҳаракатини ҳам кўздан қочирмай, кенг қанотларини шап-шап қоқиб қўйиб, қанотлари остида бўлаётган ажаб ҳодисага тушуна олмай, ўша тарафни мўлжаллаганича, анчагача тепасида айланиб юрди куйка.
Ростини айтганда, бу ердаги одамларнинг ҳеч нарсаси уни қизиқтира олмади. Унинг нишонга олгани одамларнинг ёнгинасидаги қуриган хашаклар орасидан ўрмалаб келиб, уларни кузатиб ўтирган Она-Сичқон бўлиб, имкон бўлди дегунча, илиб кетиш пайида учиб юрибди ҳозир. Бир иложини топиб тутиб олса эди, азондан бери ҳеч нарса юқ бўлмаган қурсоғи бир қаппайиб қолармиди… Мана бу одамлар қачон кетади бу ердан. Кетадиган бўлса кетишмайдими. Куйканинг яна алами келди…
… Кетмон билан тортилган тупроқ қабрни тўлдирди…
Эски мозорнинг кўҳна дўнгчалари қаторига яна бир қабр бўртиб қўшилди…
— Оомииий! – деб бу ердаги олти киши бир овоздан фотиҳа қилдилар.
— Оп-ий! – деб чиққан қўпол овоз барчасининг эътиборини тортди. Бу ҳалиги ориқ киши эди. – Мана буни қаранглар! Ғалати бўлди-ку! Қаранглар! Қарасангларчи! Сичқоннинг болалари экан, қаранглар! Тавба! Сичқонлар…
— Сичқон болаларини энди кўришингми, қисталоқ! Чўчитиб юбординг-ку!..
— Қарасангларчи, сичқон болаларини! – Эс-ҳушини шишага олдириб, оёқлари чалишиб қолган ориқ кишига бошқалари ҳам жўр бўлиб кетишди. – Битта… Учта… Тўртта… Олтита… Еттита экан!.. Тфу!..
Қандай фалокат босиб бу миттивойлар қай тешикдан ташқарига чиқа қолдилар экан бодраб?
Икки оёқлиларнинг қий-чувидан эсхонаси чиқиб кетган миттилар ҳар тарафга тарқалиб, сочилиб кетдилар. Буни кўрган Она-Сичқоннинг юраги чиқиб кетай деди. Болачалари ҳали-ҳозир ин ичида биқиниб ётишган эди-ку, қайси жин уларни буёққа бошлаб чиқди экан? Чий-пийи чиқиб, жони қолмаган сичқон энди буёғи нима бўлади, деб қўрққанидан туклари тип-тик бўлиб кетди. Муштумдек танаси қўрқувдан ларзага тушди. Ана! Болачаларини кўрасолиб икки оёқлилардан бири кетмонни кўтариб уларнинг тепасига келди!
— Ва-у! Яша-а! Мана-а! Сичқон жонивор-эй!..Буларни йўқ қилиш керак, булар зараркунандалар! Ҳозир барини бирёқлик қиламан!..
Она-Сичқон буларнинг барчасини ўз кўзи билан кўриб турди…
Анови кетмон кўтарган ёвуз олдидан чиққан сичқончаларни қичқирасолиб кетмон билан тушира бошлади. Она-Сичқоннинг гуручдек юраги бўғзига тақалиб қолди. Кўзидан ёш отилди. Яна битта боласини чопди, кейин яна биттасини, яна,.. яна,.. Она-Сичқон чийиллаб-чийиллаб фарёд урди. Кўзидан ёши билан бирга жони ҳам оқиб чиқди, дунёси остин-устун бўлиб кетди. Юрагидан мадор кетиб, кўкраги дудга тўлиб, куни тунга алмашиб, заиф жони қоқ ёрилиб кетгудай ғамдан бурдаланиб, нима қилса ҳам манови ёвузни йўқ қилишга имкони келмай, бутун танаси қиймалангандек бир чорасизликка юз тутди Она-Сичқон.

Бу не бедодликки, бу ёвуз, бешафқат кимса болаларини Она-Сичқоннинг кўз ўнгида қирқиб чопяпти, бу ишидан ўзи завқ олиб, ҳоҳолаб қийқирганича, кетмонни қарс-қарс ташлаб, бирини қўйиб-бирини чопиб, чий дедирмай, мияларини эзиб ташлаяпти… Бу қандай разолат?! Қачонгача, қачонгача зўравоннинг қурбони бўлиб, қачонгача, қачонгача бу махлуқлар хўр бўлиб, йўлида учраган ажалга нишон бўлиб, ким қандай хоҳласа, шундай қиёматини бошингда юргизиб, қираверишади,.. қираверишади… Ҳой, ақлингга куйдирги чиққур ер устидаги жон-жониворлар! Бу сичқон ҳам сенлар каби ер устида, қуёш остида кун кўрмоғи тайин қилиб яратилган махлуқ ахир! У ҳам Яратганнинг бир махлуқи! Аямоқ борми сизларда, юрак дегани борми ўзи, бу ҳам сизлар каби жонини боқиш ташвишида юрган, ҳеч бирингизга зиёни тегмаган жонивор-ку?! Ҳеч кимингиздан ҳеч нарсани талашмаган, ҳеч кимингизга ёмонлик тиламаган жонивор-ку бу?! Қачонгача хоҳлаганингизни қоқ қақшатиб, не кўйларга солиб юрасиз? Ооо, бу ожиз сичқон излаган ҳақиқат, бормисан ўзи, бор бўлсанг, сен ўзи ким учун яратилгансан, агар мавжуд бўлсанг, мавжуд эканлигинг рост бўлса, бу махлуқотлар нега бир хил яратилмаган, нега бирига- бири кўз олайтириб, бирига- бири аёвсиз душман улар, қани сенинг адолатинг, қани?! Ооо, сичқон излаган ҳақиқат, сен ким учун яратилгансан, бормисан ўзинг, бор бўлсанг, қаердасан?!
… Қаердасан!..
Зирқиратиб, бутун аъзойи баданини ларзага солиб, гуручдек мўъжаз жонини, дукиллаб ураётган юрагини ўша аччиқ нола-фиғони, чинқирган қалб дунёси тизиллаб ўтдек ёндирди, жони тутай бошлади…
— Мана яна биттаси! Чоп!..
— Мана иккинчиси. Ол! Бопладинг!..
— Буни қара! Қани, қани, қани? О, бечорагинам-ей! Жонининг ширинлигини кўр, а! Мана сенга!
— Сеними ҳали! Тўхтаб тур! Оп-иий, типирчилашини кўр буни! Мана! И-ии! Миянг билқирадими?..
— Бай-бай-бай,.. мана буниси инига кириб кетармишлар! Қара, қара, қарасанг! Тўхта! Тўхта! Мана сенга! Хўп-па, бопладик!
Она-Сичқон болачаларини кетмон билан қирқиб чопаётган икки оёқлиларнинг шу сўзларини эшитиб, фиғони фалакка ўрлади, нуқтадек кўзи селдек ёшини оқизди… Бу қандай шафқатсизлик? Бутун вужуди зирқираб, азобда тўлғанаётган сичқон ҳаммасидан нафратланиб кетди, жимитдек сичқон бўлса ҳам, адолат излади, нега энди, нега бу заиф махлуқларнинг оҳини ҳеч ким эшитмайди? Кимга айтади, кимга етказади бу нола-фиғонини, жонини тилкалаган армонини! О, ақлингга куйдирги чиққур, бу сичқоннинг ота-боболари илгаридан айтиб келган сўзлари бу сичқоннинг ҳам қонида айланмаяптими? Бу қақшатқич хаёл сичқоннинг қонидан, жонидан сизиб чиқди, энг аввал томирларида оқди бу фиғон. Мозийда сичқоннинг ота-боболари ҳам шу тарзда чийиллаб бўзлаб қолар эдилар, бу сержумбоқ адолатсиз қилмишларга ёзғириб қолар эдилар. Ҳўў қадим замонларда бу сичқон жониворлар ҳам корига яраб, ҳозир, шунчалар жазаваси тутиб, шунчалик худкушлигидан ҳумори ёзилиб, сичқон болачаларини чирқиратиб чопаётган икки оёқлилар ҳам, бошқа одамлар ҳам, аллазамонларда, кўп йиллар илгари, сувлар қуриб, ер юзида қурғоқчилик юз берганида, бир томчи сув умр,бир ҳовуч сув ҳаёт нишонаси ўлароқ бир қақраган маҳалларда ҳозир ўз ғамига ботиб, оҳи дунёга туташаёзган мана бу сичқонлар, ҳа сичқонлар инсонларни ўлимдан қутқариб қолишган экан. Яшаб қолиш чораси сичқонларга боғлиқ бўлиб қолган одамлар: “Тасаддуғинг бўлай, сичқон ака, бизни ўзинг қутқар, жоним кўзимга кўриниб, ўлиб боряпман, ўлимдан сақлаб қол, жонимни сақлаб қол, бир ютум сув берчи менга, Жонимни омон сақлаб қолсанг, яхшилигингни унутмайман, сақлаб қол мени”, деб қақраган лабларини аранг қимирлатиб, ялиниб-ёлворганлари, жон талвасасида ўтинганлари ёдидами? Ўша вақтдаги “Сичқон ака, сув бер, Сичқон ака, сув бер, Сичқон ака, сув бер”, деганлари эсидами буларнинг? Ўшанда шу жониворлар, Она-Сичқоннинг боболари ер остидан сув олиб чиқиб, уларнинг оғзига томчилатиб, ҳаммаларини ўлимдан олиб қолмадими? Ўша ўлимдан қолган одам боласининг фарзандлари мана бу сичқоннинг жигаргўшаларини кетмон билан чириллатиб чопиб, ўша қилиғига ўзининг завқи келиб, хурсанд бўлаётган шуларми? Мана шуларми?.. Ўша узоқ ўтмишда сувлар ер қаърига сингиб, қурғоқчилик бўлганида, сичқоннинг боболари ҳаётини асраб қолган одам боласининг насллари шуларми? Нега булар ўшаларни ёдидан чиқариб қўйишган? Ота-боболарини сақлаб қолган сичқон аканинг яхшилигини унутишди, Қандай унутиб юборишади ахир, яхшилик ҳам унутиладими? Она-Сичқонни шу ўйлар зор қақшатди… Қандай қилиб?.. Нима учун?..

…Ҳув адирлар ортида оламнинг Улуғ Ўчоғи оловини ўчирди…
Қуёш мана ҳозир адирлар ортига ўтиб, биртўла ботиб кетмоққа шайланяпти… Қуёш ғойиб бўлиши билан тун киради аста силжиб. Осмонда учиб юрган куйка тун киришида хавотирлана бошлади. Ер юзига қоронғилик чўкмасидан бурун, қуврай олдида бўзлаб, марсия айтиб ўтирган сичқонни қандай бўлмасин, илиб кетишга қарор қилди. Унинг бундан бошқа чораси қолмаган эди. Қуёш эса ботиб боряпти. Ҳаммасидан ҳам бугун уясида қандай қилиб оч ётишини ўйласа, юраги орқага тортиб кетарди. Тонг отганидан бери тушмуғи қуртни ҳам чўқилагани йўқ…
Куйка шувиллаганича қуврай остида ётган сичқоннинг устига бостириб кела бошлади. Энди фақат тумшуғи билан илиб олса бўлгани…

IX

Қуёш бугун чарчаб ботди. Чарчаганлиги унинг қип-қизил бўлиб, ўтдаги темирдек оловланган юзидан пайқалиб турар эди.
Боланинг жасадини ерга берган олти киши, уларнинг ортидан дастёр бола келар эдилар…
Кун бўйи боши гарангсиб, шишадан кирган илиқлик танасига тарқамай турган ориқ кишининг овози ҳамон авжида. У яна шанғиллаб, тутуриқсиз гапириб борарди. Шу олти кишининг кетидан бошини хам қилиб, хомуш бораётган бола ҳалигина бу ориқ киши сичқон болаларини чийиллатиб чопаётганида, кетмонга осилиб, “Ўлдирма, увол-ку ахир, ўлдирма!” дея бирламчи, ерга берилган болага ачиниб, иккиламчи, чий-чий деганича кетмоннинг тиғида иккига бўлиниб кетган сичқонларга ачиниб, чидаб туролмай, ориқ кишининг қўлига осилган. Ориқ киши эса болани ошатиб сўкиб берган. У сўкишларини кимса эшита кўрмасин. Ичиб олса тамом, оғзидан оқ ит кириб, қора ит чиқади. Отаси қолмай, онаси қолмай сўкинаверади. Бу болани ҳам ошатиб сўкди, ҳозир буни гапириб берадиган пайти эмас. Болага бу ориқ кишининг қариндошчилиги бор. У киши – боланинг тоғаси. Тоғасининг ҳақоратлари боланинг кўнглини синдирди. Боланинг шу чоққача кўксида авайлаб келган покиза ишончини бу тоға – чиллакдек ориқ киши бир зумда тўзғитиб юборди:
— Вой падарингга лаънат сени! Тоғасига осилишга ким қўйди сенга? Тоғангга кўтарган қўлинг қалтираб қолмасин тағин. Сен ўзинг қайси аҳволингга гердаясан, ўв! Шошмай тур, ҳали! Анови қоқшол энанг тиррайиб ўтиб кетсин, ўшанда қариндош-уруғ керак бўлиб менга келасан-ку! Ўзидан каттага осилишини кўр буни! Қараб тур! Энанг тиррайиб қолган куни эртаси қаёққа борар экансан? Ёки ҳалиги суюқоёқ онамга бораман, деб қоласанми? Бориб бўпсан, онангнинг алкаш эри сени уйига яқин ҳам йўлатмайди!.. Қараб тур! Сен, мени мана бу қора кампир туққан, деб юрасан, шекилли, а? У сенга ҳеч ким эмас, у бор-йўғи бир тул кампир, холос! Онанг эгри йўлга кириб кетиб, сени бировдан туғиб олган.
Отанг ким эканлигини биз эмас, онанг ҳам билмайди. Иснодга чидай олмай, сени ҳожатхонага ташлаб кетди-ку, ўша сен ҳозир энам деб юрган тул кампир боқиб олган сени, билдингми? Менга осилгандан кўра буни яхшилаб билиб ол, уқдингми? Қараб тур ҳали! Бир куни олдимга келасан сен!,,
Бугунгача боланинг ажойиб бир дунёси бор эди, оппоқ, тип-тиниқ, дунёда ёлғизгина жонидан азиз энаси бор эди. Топ-тоза юраги бор эди,.. яна “иккаламиз Қуёшни ушлаб олиб келамиз” деб айтадиган қадрдон дўсти бор эди, ўша бола бугун ерга қўйилди… Қабрга қўйишаётганида ҳеч ким исмини топа олмаган боланинг ҳақиқий исмини шу болагина билар эди. Бировнинг исмини эмас, ўзларининг исмини ҳам унутаёзган бу касларга бола атайлаб унинг исмини ошкор этмади. Шу вақтгача бирор марта қизиқиб исмини сўраб қўймаганларга, бирор бора ҳолидан хабар олиб қўймаганларга бола ўчакишиб олгандек исмини айтмади. Ўз исмини билмаганларга бировнинг исмини аташнинг нима кераги бор? Бола шунинг учун унинг исмини ошкор этмади. Уни ёлғиз ўзи билади. Ўзи билса бўлгани. У боланинг “Қуёшни ушлаймиз” деган сўзи ҳам эсида, энди Қуёшни бу бола тутиб олади, қадрдон дўсти айтганидек, Қуёшни ушлаб олиб, одамларга олиб келади. Дўстининг айтганлари эсида “Қуёшни одамлар қанчалик яқиндан кўрса, шунчалик бегуноҳ бўладилар. Сабаби, кун манглайида турса, ким ундан уялмай гуноҳ ишга қўл урарди?” Одамлар гуноҳга ботмасликлари учун бола қуёшни тутиб олиб, ўша одамларга келтириб бериши керак! Мана бунингдек болаларнинг юрагига озор берувчи кимсалар қуёш манглайларига яқин келиши билан куйиб кетишади ўшанда. Сўнг ер устида фақат яхши одамлар яшайверади, яшайверади. Сабаби қуёш одамларнинг ёнгинасига келиб қолади…
Қуёш бугун чарчаб ботди. Буни боладан бошқа ҳеч ким билгани йўқ. Сабаби унинг юзлари қип-қизил чўғдек эди. “Агар Қуёш қизариб болтса, у жуда чарчаган бўлади. Қизарганининг сабаби, у ёмонликларни кўради, сўнг қип-қизил бўлиб уялиб чиқади. Шунинг учун қип-қизариб, уялганидан чарчаб ботади”, дер эди унга дўсти. Шуни эслаб, бола ҳам уфққа тикилиб қолди.
…Қуёш бугун чарчаб ботди уясига.
Бугун бола босинқираб, яхши ухлай олмади. Кўзини энди юмай деса, тоғасининг бояги гаплари қулоғи остида жаранглаб тураверди. У гаплар болани бугун ухлатмайди, шекилли, балки, умр бўйи ухлатмаса керак. Ростдан ҳам энди у сўзлар болага тинчлик бермайди. Ёнида ётган кампир чиндан ҳам унга бегонами, шу кунгача энам деб бутун ширин хотиралари, орзу-умидлари шу кампир билан боғлиқ бўлиб келган болага келиб-келиб бугун бу кампир тамоман бегона бўлиб чиқадими? Ахир, болани шу кампир боққан-ку! Нега шуларнинг барчасини боладан яшириб келди? Нега ҳақиқатни шунча вақт беркитди? Ҳақиқатни яшириб бўлармиди, у ҳеч қаерга сиғмайди, бир кун бўлмаса, бир кун лоп этиб чиқиб келади-ку бирор пучмоқдан? Нега кампир бу аччиқ ҳақиқатни боладан яшириб келди, ёки юраги дарз кетмасин, дедими? Ёш қалбини жароҳатлаб қўйишдан қўрқдими?! Шундан қўрққанмиди? Бола шуларнинг ҳаммасини кампирдан сўрайман, деб бориб, тезда фикридан айниди. Сабаби, бу энасига оғир ботишидан чўчиди, энасини аяди.
Агар бола ҳақиқатни сўраб билса, энаси қандай аҳволда қолади? Аммо,.. ростдан ҳам ёнида ётган энаси унга бегонами?

X

Бола бу тун мижжа қоқмади.
Муштумдек юрагининг бир ўзгача гурсиллаб, кўксини тешиб чиққудай бўлиб потирлаши, шубҳага солаётган болалик хотираларини тариқдек ерга сочиб юборди. Фикри ожизи бир нуқтада жамлана олмай, соллана-соллана оқаётган дарёнинг тўлқинидек қонида югурган бир туйғу бугун унга кўп нарсани айтиб берди. Шу билан бирга уни кўп саволларга – ҳали ўзи жавоб беришга ожиз бўлган саволларга ипсиз боғлаб, шубҳаю гумонларга ғарқ қилиб ташлади. Нега бола мижжа қоқиб ухлай олмади бугун! Ёки буларнинг барига бугунги нотинч куннинг нохуш тафсилотлари сабабми? Ёки ҳар бир инсоннинг бошида шундай кун борми? Чиндан ҳам ҳар бир инсоннинг бошида ўзини-ўзи тафтиш қиладиган бир кун бордир; ўшанда у ўзи билан ўзи юзма-юз бўлиб, фикру зикрини машғул этган ададсиз ташвиш-муаммолари ҳаёт денгизида нари чайқатиб, бери чайқатиб, олиб келиб қирғоққа уриб, бу дунёнинг жумбоқларини ўзидан бошқа ҳеч ким тушуна олмайдигандек, ҳеч кимсага айтилмаган, айтишнинг ҳам ҳеч ҳожати бўлмаган, айтган тақдирингда ҳам ўзингдан бошқа бир бегона инсон сенга кўмак бера олмаслигини билдирган, ундан кўра қонингда қайнаган ўша туйғуни, ўз руҳингда, ўз шуурингда эътироф этадиган бир кун бордир банданинг бошида. Ўша кун боланинг бошига бугун келдими?

Нега эрта келди? Бу дунё бола ўйлаганидан ҳам мураккабми? Мураккаблиги оқ билан қоранинг, яхши билан ёмоннинг, ўлим билан ҳаётнинг борлигидами? Ҳаёт қонуни мана шу ўлчовларнинг бош-учи бирикмаган икки тафовути, қарама-қаршилиги билан сифатланадими? Боланинг мурғак юраги шу ҳисларни туйиб, шу кечинмаларга ғарқ бўлиб, тун бўйи ухлай олмадими? Шуни бугун тўла тушуниб етдими бола?..
Бола тун бўйи ухлай олмади, қай бир паллада кўзи юмилиб кетди ахийри. Бу тун у туш кўрди. Туши ҳам ажойиб! Асти сўрама! Туши шундай эмиш…
Бола Қуёшни, ҳа, ўша офтоби оламтобни қўлига олибди, э, тавба!
Ҳа, боланинг қоқ пешонасида Қуёш порлади!
Бувиси худонинг берган ҳар қутлуғ кунида “О, хосиятингдан айланай Кун! – деб ихлос қилиб,
Разм солсанг, бутоғига илиниб турган олмадай бўлиб, Кун қоқ манглайингда туради, бўтам, чироқ каби кўз қамаштирган нурларини мўл-кўл қилиб сочиб. О-уу! Шундай ғаройибот содир бўлади, деб ким ишонади, тавба? Қаранглар, ҳаммнгиз қаранг! Шунақаси ҳам бўлар экан! Қуёшни бола қўлтиғига қистириб олибди, нақ баркашдек бор экан. Кўча тўла болалар қуёшни кўришлари билан ҳайратланиб, оғизларини очиб қолишибди, қаранглар! Болалар боланинг ортидан қолмай эргашиб кетишяпти, кўзлари уялмас эди. Буёққа қаранглар, болалар ёмон кўрадиган фирибгар катта одамларнинг кўзлари офтоб нуридан оқиб тушди, анови боланинг тоғасини кўринглар-да, чўк тушиб, кечирим сўраяпти, кўз ёшини селдай оқизиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ётибди. Тўппа-тўғри қилади бола, алдоқчи жазосини олиши керак, алдоқчилар офтобда куйиб йўқ бўлишлари керак. Бола тўппа-тўғри қиляпти, балли, бола! Қаранглар, бола Қуёшни қўлтиғига қисиб кўчадан ўтиб боряпти. Шундоқ қилиб қучоғига босиб олибди Қуёшни… О, Қуёш.

XI

О, Қуёш!
Бола жонидан ҳам ортиқ кўрган олов Офтоб!
“О, хосиятингдан айланайин Кун!” деб бувиси ихлос қўйган Қуёш сенмисан? Ўзингмисан?!
Шу ерга келганида бола уйғониб кетди. Ширин туши қайчи билан кесгандай узилди-кетди.
– Ухла, мунчаям йўталдинг, болам, – деди бувиси болага. – Шамоллаб қолдинг шекилли бугун. Аъзойи баданинг ҳам иситма ичида…
– Буви, – деди бола. – Мен туш кўрдим. Тушимда қуёшни тутиб олган эканман. Мана бу-у-ундай қилиб қучоғимга қисиб олибман… Ўзиям, нақ тоғорадай бор экан.
– Қайдаги Қуёшни айтяпсан, ухла! Баданинг ёниб ётибди. Ухла, қаёқдаги гапларни гапирмай, болам, – деди бувиси унинг гапига эътибор бермай. – Офтобни тутиш нима дегани. Унга ҳали эрта, у, ахир, жуда-а олисда-ку. Ухла, ухла… Кунни тутиш қийин-ку, болам… Балким сизлар тутарсизлар, ким билади? Тушни тунда йўйиб бўлмайди, ухла, жон болам. Кечаси туш йўйса, ёмон бўлади…
“Мен қуёшни тутаман” – деди бола ичида. Унинг бу сўзини бувиси эшитгани йўқ.
Етмиш ёшларни қоралаб қолган бувиси лабларини пичирлатиб, шундай деб минғиллар эди
– Қуёшни тутиш қаёқда, болам. Унга ҳали эрта, у жуда-а олисдаги нарса…

XII

Бола тун бўйи ухлай олмай чиқди. Негаки, у бугунга келибгина турмушнинг ҳали ҳеч ким тушуна олмаган, тушуниш ҳам амримаҳол зиддиятларига дуч келган эди…

67Dafn marosimidan oldin bir necha odamning qayg‘u- hasratga to‘la aytimlari xonadon sohiblarining oldida izhor etildi. Har bir izhordan so‘ng sukutga cho‘mishar, shu jimlikda barchaning qalbida ayriliq iztirobi, yurakni ezuvchi armon, hasratli mung-alam qo‘zg‘oldi. Aytilayotgan so‘zlar yuraklarni o‘rtab borardi. Vidolashuv ham oxirlab qoldi. Dafn etish marosimini azalgi udumlariga rioya qilib o‘tkazish kerak hozir… Bu daqiqalarda inson zoti idrokiga sig‘dira olmaydigan ne xayollar kelib, ne xayollar ketmaydi. Ochiq qabr og‘zida o‘tirgan odamlar bir og‘iz so‘z aytishga jur’ati yetmay, terisiga toshib chiqqan vahm tuyg‘usi tuz sepilgandek ko‘ksini jizillata boshladi. Umr degani shu ekan-da. Yurar yo‘li qisqarib, mana shu tuproq hidi kelgan yerda yotar ekan-da yer quchib…

 

Sulton RAYEV
QUYOSH TUTILGAN KUNDA (VI-XII QISMLAR)
Tarjimon – Hilola Abdusalomova


VI

Bugungi yurgan yo‘li adog‘iga yetib, qip-qizil yuzi bir o‘zgacha jilvalanib chiqqan Quyosh to‘garak zamindan g‘oyib bo‘ladigan o‘ringa tobora pastlab borib, yer chekkasiga tangaday yuzini bosishiga ikki quloch masofa qoldi. Shu Quyoshning ko‘zlarni uyaltiruvchi nayzalaridan otilgan porloq shu’lalari yer yuzining boshidan oxiriga inib, faqat so‘nggi manzilida mangu uyquda yotgan Bosit raisning tanasiga tegmadi…
Hammasi taxt bo‘lib, vidolashuv soatlari yaqinlashdi. Bosit raisni yod etib, so‘ngso‘z aytmoqqa, abadiy vidolashmoqqa kelgan o‘g‘illari, qavmi-qarindoshlari, ovuldoshlari, oblastning kattalari qazilgan qabr yonidagi namxush tuproqning aylanasida cho‘kkalab, ko‘zlarini yerga tikib o‘tirishardi. Bosit raisning jag‘i oq doka bilan boshini qo‘shib tang‘ilgan, yonida so‘zlagani sayin soqoli selkillab turgan mulla qur’onni tilovat qilib, ikki qo‘lining kaftini yozib, “omiiiyn”, deya fotiha qildi.

Dafn marosimidan oldin bir necha odamning qayg‘u –hasratga to‘la aytimlari xonadon sohiblarining oldida izhor etildi. Har bir izhordan so‘ng sukutga cho‘mishar, shu jimlikda barchaning qalbida ayriliq iztirobi, yurakni ezuvchi armon, hasratli mung-alam qo‘zg‘oldi. Aytilayotgan so‘zlar yuraklarni o‘rtab borardi. Vidolashuv ham oxirlab qoldi. Dafn etish marosimini azalgi udumlariga rioya qilib o‘tkazish kerak hozir… Bu daqiqalarda inson zoti idrokiga sig‘dira olmaydigan ne xayollar kelib, ne xayollar ketmaydi. Ochiq qabr og‘zida o‘tirgan odamlar bir og‘iz so‘z aytishga jur’ati yetmay, terisiga toshib chiqqan vahm tuyg‘usi tuz sepilgandek ko‘ksini jizillata boshladi. Umr degani shu ekan-da. Yurar yo‘li qisqarib, mana shu tuproq hidi kelgan yerda yotar ekan-da yer quchib…
Yig‘ilganlar boshlarini xam qilib mullaning tilovatini tinglar edilar.
— Xaloyiq, Bosit qanday inson edi?
— Yaxshi inson edi, — dedi el.
— Birontangizga berasisi yo‘qmi? Bor bo‘lsa ayting, uch o‘g‘li turibdi, ota qarzini uzadigan. Aytinglar?.. (O‘g‘illarining biri oblastdan kelgan mehmonlar bilan birga ketgan. Dafn etishning bu qismiga qatnasha olmadi, xalaqit bermaylik, deganday qilib). Aytinglar?..
-Hech kimdan qarzi yo‘q. – Bu so‘z unda-bunda eshitildi.
Ko‘zi yoshlangan Mital bu so‘zni til uchida aytib, qabr og‘zidan bir hovuch tuproqni olib siqimladi. Miyasida hamon boyagi o‘y… “Aytdimikan o‘g‘liga. Aytsa yaxshi, aytmasa-chi?..”
— Unday bo‘lsa, Bosit o‘g‘li Ubaydulla, aytar so‘zing bormi? – dedi mulla. – Bo‘lsa ayt?..
— Barchangizdan roziman, katta rahmat, — dedi u – Roziman…
Ko‘zyoshlari toshib chiqqan Mitalning ko‘ngli bo‘shab ketdi. U hozir o‘zini lol qoldirgan bir narsaga aqli yetmas, qalbining tub-tubini zirqiratgan alamga dosh bera olmay, o‘z-o‘ziga mavhum savollarni berar edi. O, Tangrim, Bandangni yaratganing rost bo‘lsa, shuningdek, yana ularni qaytarib olishing rost bo‘lsa, qaysi gunohim uchun ojiz bandangni orzu-umidlarini chippakka chiqarib, qaddini bukib tashlading? Shunday kun bir kuni boshiga tushishini xayoliga ham keltirmagan insonni achchiq yig‘latib, ezgu niyatlarini ostin-ustun qilib tashlading mana endi. Turmushimda nonim butun bo‘lib, eldan biroz ustun yashay yashayin, deb o‘zini o‘tga-cho‘qqa urib, raisning soyasiga salom berib, ishonchini qozonib olsam bo‘ldi, bir og‘iz shirin so‘ziga jonim sadqa, deb ertayu kech joni halak bo‘lgan bu bandangning og‘zi oshga yetganida tortib olmadingmi? Holbuki, shuning barini, o‘lar-tirilariga qaramay uringan barcha mashaqqatlarni nega tortdi o‘zi?
Hammasini bajarib, bajarmagani qolmay, ro‘zg‘orim to‘kis, nonim butun bo‘lsin, deb, eldan biroz ustun bo‘lay, deb, kirmagan ko‘chasi, qilmagan yumushi qolmadi. Boshqalar nima bo‘lsa bo‘ldi, lekin o‘zining yelkasiga oftob tegib turdi. Turmushning barcha og‘ir-yengiliga sabr qilib, yiqqan davlati – xonumoni ham mana bu inson bilan birga ko‘milib ketaveradimi? Yoki raisning laganbardor yugurdagi bo‘lib keldimi shu choqqacha? Nima uchun bunchalik yugurib-yeldi. Yarasiga tuz sepilgandek, Mitalning joni og‘riy boshladi. Bu ham yetmagandek, vujudini qamrab olgan qo‘rquv hissi, kuchli ishtibohga qo‘shilib, a’zoyi badanini zirqirata boshladi. Shu adoqsiz savollar uni adoyi-tamom qildi. Ishongan kishisi bu og‘zi ochiq o‘radan hech zamonda tirilib chiqib kelmaydi, demak bu homiysiga bog‘lab olgan barcha xomxayollari ko‘chayotgan jardek shuvillab tushib, birini biri ko‘mib tashlaydi. Shu paytgacha ko‘nglini ilitib kelgan orzu-umidlari chilparchin bo‘ladi. Buning naqadar dahshat ekanligini his etar ekan, yuragi chidab bo‘lmas darajada g‘am-g‘ussaga toldi. Bir og‘riq yuragidan boshlab butun tanasiga yoyildi. Daf’atan umidsizlikka tushib, a’zoyi-badanini qaltiroq tutdi.
Bularning hammasi oddiy gapmidi, ichidan g‘ijimlayotgan azobli og‘riqqa chiday olmay, yig‘lar edi. Sababi, shu bugun Mital o‘lim degan baloyi azim qachondir o‘z boshiga ham kelishini his qildi. Kelmay qo‘yarmidi, axiyri keladi-da, jonini sug‘urib yerga yiqitadi. O‘shanda bu dunyo hayoti intiho topadi, jonini qaqshatuvchi azoblar ham barham topadi. Kundan-kunga adoqsiz mehnatga ko‘milib, go‘yoki dunyoda abadiy yashaydigandek, birni ikki qilish tashvishida mashaqqat tortib, qaysi lipillagan chiroq shu’lasiga qarab chopyapmiz o‘zi? Shuni bugun bildingmi Mital? Bir kun emas bir kun boyoqish joning yitib, yerga kirishing bor ekan-ku? Shuni bugun bildingmi, Mital? Bilsa, nega hamon dunyoning yaltiroq vasvasasiga uchib, o‘tkinchi lazzatlar uchun jonini qurbon qilgudek bo‘lib yuribdi. Yaltiroq dunyo hayotida qadr-qimmati bo‘lmagan urinishlari bilan faqatgina jonini boqqanligi Mitalning ko‘zini yarq etib ochdi. Bunday og‘riqli savollar qaydan keldi o‘zi? Mital o‘ylab topdimi yo? Yoki qo‘rqqanga qo‘sh ko‘rinyaptimi, qalbining ich-ichida ingrayotgan iymon otliq xilqati isyon qilyapti? Uni qiynagan narsa shumi? Qiynalmay har balo bo‘lsin bu oriyat, nomus deganlari, o‘zi o‘sha noming o‘chgurdan bormi bu odamda? Bor bo‘lsa, ilgari qayoqda edi? Endi quruq savolga tutib, jonini qiynagani befoyda-ku? Bularning hammasi nega Mitalning asabiga tegib, tishlarini qashqirdek g‘ichirlatyapti?

Bunday qilishiga vaj bormi hozir? Butun borlig‘i bilan xayolga berilgan Mitalni hozir kimdir kelib turtib yuborsa, yuragi qinidan chiqib ketgudek bir alfozda edi. Shu qabilidagi tuganmas savollar po‘rtanasida aylanar, dod deb yuborgudek alam-iztirobini kimsaga yorilib ayta olmas, butun umidi puchga chiqqan, bog‘lab-chirmab tashlagandek bu og‘riqli savollardan nari keta olmas edi. Yuragidagi alm-og‘riqqa arang dosh berayotgan Mitalning xayolida hamon o‘sha savol aylanardi; bir amallab o‘g‘liga ishora berib qo‘ydimi ekan, bir og‘iz aytib qo‘ydimi ekan? Agar shunday bo‘lsa-ku ish bitdi-kuya! Aks holdachi?..
“Aytdimikan…” – shu o‘y miyasiga burov solib turib oldi…
… – Omiiiyn! – Mullaning ogvozi yangradi. – Yotganjoyi nurli bo‘lsin, tuprog‘i yengil bo‘lsin!..
— Omiiiyn! – El jo‘r bo‘ldi. Hamma kaftini yuziga surtdi.
Bosit raisning o‘g‘illari ochiq go‘r og‘ziga botinib yaqinlasha olmadilar. Yig‘idan ezilishgan holda yerdan bir hovuch tuproq olib, tobutning ustiga solishdi. Ulardan keyin odamlar ham tuproq sola boshlashdi, og‘izlari unsiz pichirlay boshladi. O‘sha tushunarsiz pichirlashlardan qiroat ohangi ilg‘andi. Tushkun ko‘ngillarni yana-da qayg‘uga chulg‘ab, vazmin tilovat sadolari tarala boshladi…
Boyadan beri hovuchlab olgan tuprog‘ini mijig‘lab tobut ustiga tashlayotgan Mital bo‘shashib ketgan gavdvsini tutib, go‘rning tubiga qarashga jazm etdi. Qaradi-yu, butun a’zoyi badani muzlab, qaltirab ketdi. Ko‘zlariga ishonmay, yana bir marta qorong‘i lahadning tubiga ko‘z tashlaganida, adashmaganiga inondi. O‘sha hovuchlab tashlanayotgan tuproqlardan ko‘tarilib kelayotgan lahab tubida bamisoli suluvlarning sochidek gajak-gajak bo‘lib yotgan qorachipor ilonni ko‘rdi. Ko‘rgan zahoti ko‘zlarini chirt yumib oldi, mudxish qo‘rquv hissi butun badanini muzlatib yubordi. Yana ko‘zlariga ishonmadi, ko‘zlarini qayta-qayta yumib ochdi. Yana lahad tubiga qaradi, yana ko‘zini olib qochdi. Soq o‘rimidek qora ilon esa har safar aniqroq ko‘rinar, mana endi qaysi balo-qazodan paydo bo‘lgan shum ilon naq mayyitning oldida paydo bo‘ldi. Shundoqqina tobutga ikki qarich yerga kelib qoldi. Tangrimning jazosi! Baqraygan ko‘zlari yana-da baqrayar, shu baloni ko‘rmasa bir navi edi-ya! Qop-qora qorachipor ilonning terisi yiltirar, moy surtilgandek biram yiltirardiki!..
Butun badani larzaga tushib, yurak tomirlari uzilib ketishiga sal-sal qoldi. Ko‘zlari bilan ko‘rgan bu manzaraning yurakni qinidan chiqarib yuborgan dahshatiga o‘zi ham sezmay baqirib yubordi. Ammo ovozi bo‘g‘iq, eshilgan paxtadek cho‘zilib, nafasi qisilib, uzuq-yuluq bir sas chiqqanida, kishilar buni vidolashuv yig‘isiga yo‘yishib, jo‘r bo‘lib uvvos solishdi…
Qazilgan tuproqdan yangi do‘ngcha paydo bo‘ldi bu mozorda.

VII

Bosit rais dafn etilganidan ertasi kuni Mital selsovet bir mudxish tush ko‘rib, boshini yostiqdan ko‘tara olmay og‘ir yotgan emish. Bu tush deganlariga nimalar kirmaydi. Mital tushida rahmatli Bosit raisni ko‘rgan emish. Joyi jannatdan bo‘lgur Bosit rais onadan tug‘ilgandek shir yalang‘och bo‘lib, yum-yum yig‘lab o‘tirgan emish. Mitalga rais shunday debdi: — Mital, seni mendan xafa deb eshitdim. Shundan beri halovat yo‘q menda. Uxlash qayoqda, har kuni shu arasotda izg‘ib yuribman. Yer meni qabul qilmay qo‘ydi, ukam, yer qabul qilmadi! – deb yig‘lab yuribdi.
Mital ham raisning tomorqada yurganini ko‘rgandan beri tobi qochib qoldi… Biroq u Bositni tushida ko‘rdimi, o‘ngidami,.. buni o‘zi ham durustroq aytib berolmas edi. Kim bilsin, Bosit rais tomorqada yurgan emish…

VIII

Anorning po‘stidek qizg‘imtir tusga kirgan quyosh charchab, adirlar ortidagi huv toqqa bosh qo‘ydi…
Har doimgidek Quyosh o‘sha adirlardan ortga o‘tib, taftini o‘chiradi…
Kun botib borayotganiga qaramay, huv olisda parvoz qilayotgan kuykaga hali Quyosh ufqqa yetmagandek ko‘rindi. Ertalabdan beri qursog‘iga yuq bo‘larlik biror narsa cho‘qilamagan kuyka qanot qoqishga ham holi kelmay amallab uchib borardi. Onda-sonda qanotini keng yoyib, havoda erkin aylanish davomida o‘qday ko‘zlari bilan yerdagi Ona-Sichqonni kuzatardi. Bir chovut solib, shap etib ilib ketsa, yaxshi bo‘lardi-ya. Yana birozdan so‘ng Quyosh og‘ib ketib, tun qorong‘isi kirib qoladi. Namozshomdan boshlab kuykaning ko‘zi uzoqni ilg‘amay qoladi. Kuyka shu narsadan cho‘chir, ochiqqanidan qorni tatalay boshladi. Ustiga-ustak sekin emaklaganicha odamlarga yaqin kelib qolgan Ona-Sichqonning bu qilig‘idan zardasi qaynay boshladi. Nima balo, jonidan to‘yganmi bu sichqon, qo‘liga tushsin, cho‘qib-cho‘qib humoridan chiqadi hali! Qiynab yesin! O‘shanda bir ko‘ngli joyiga tushsin kuykaning. Bunga o‘chakishgandek qilib, sichqoni qurmagur odamlarga tobora yaqinlashardi…
…Bu manzil eski mozor edi.
O‘sha yerga bir to‘p odam keldi. Kuni kecha mashina ostida qolgan bolaning o‘ligini olib kelgan odamlar bular. Bor-yo‘g‘i olti kishi. Ular bilan birga bir dastyor bola ham bor. U hozir bu yerda emas. Uni qishloq mullasiga yuborishgan edi. Bola negadir kechikdi. Boyadan beri govkaptardek g‘uvillashayotgan bu oltovi xiyla qizib qolishgan.
Qani endi, yana bir shisha bo‘lsa ordona qolgurdan. O‘shancha yo‘ldan kelganlariga yarasha tuxfa bo‘larmidi? Bo‘lmasa, bu gadoy topmas yerga kelib zarur kelibdimi? Shunisini berib arang unatishmadimi bularni axiyri…
Qalpoq ostidagi o‘ynoqi ko‘zlari bo‘rtib chiqqan chillakdek oriq kishining holi uch stakanga arang yetdi. U hozir uchib qolgan. Gaplari ham almoyi-aljoyi. Bir o‘rinda tura olmay gandiraklaydi. Shamol tekkan saksovulday tebrangani-tebrangan. Ichib olsa, so‘z ustalari o‘tib ko‘rsin buning oldidan. Hozir ham mushukni ko‘rib qolgan zag‘izg‘ondek shaqillay boshladi.
— Ey-bu?.. Bir narsaga hayron bo‘laman, qistaloq. – Qo‘lini yuqoriga serpadi. – Jannat degani chindan ham bormi, yoki yo‘qmi, iya?1
— Bor bo‘lsa bordir, senga nima? Sen bilan menga u yerda pishirib qo‘yibdimi? U yerda bizga o‘rin yo‘q. Zaynit deyishadi-yu. – Novcha birovi o‘z gapi o‘ziga nash’a qilib, daroz gavdasini silkitganicha qiyqillab kula boshladi. – Uyoqda ham tanishing bo‘lishi kerak emish.
— Men jiddiy so‘rayapman, sen meni kalaka qilma, deb yonidagilarga qaradi. – Bu senga hazil qiladigan gap emas. Uni jannat deydilar… Jan-nat…
— Jannat, jannat deysan! Ey tentak, lallayib o‘lib ketaversang, jannat qayoqda senga? Qayoqdagi safsatalarni ko‘tarib olganingni qara. Haliyam yosh bolasan, yosh bola! – baqaloq kishi so‘zga aralashdi.

— Mana bu, — deya kekirdagiga “tiq” chertib qo‘ydi. – Yo‘q u yerda, bildingmi? Yo‘q. Dod desang ham bo‘lmaydi. Payg‘ambar avlodi bo‘lsang ham bo‘lmaydi… Bunisi bo‘lmaganidan keyin qaysi jannat haqida lof uryapsan sen! Qaysi! Ha it-a! Sen aytganing jannat emas, do‘zahning o‘zginasi. Shuning uchun joning tanangda ekanligida o‘ynab qolish kerak, yayrash kerak. Ariga o‘xshab, turmushning har bitta gulini hidlab-hidlab chiqish kerak, ey qistaloq, eeey! O‘v onangni,.. yana bitta bo‘lsaydi a? Do‘zahiga ham rozi edim!..
— Uni bir ayt, ikki ayt. Qaqshagan qora joning!
— Bo‘ldi endi…
— Aytinglarchi, oriq kishi luqma tashladi. – Mana bu bolani yerga bersak, bu bechora qayerga borar ekan? Jannatgami, do‘zahgami?..
Berigi beshovi bu so‘zga qiyqirib kulib yuborishdi.
— Gapingni qara, qayoqdan topding bu so‘zni?
— Chindan ham shunday bo‘lsachi? – O‘z savoliga o‘zi qiziqib qoldi oriq kishi. — Qiziq-ku, to‘g‘rimi?..
— Urdim qizig‘ingga! Aytgan gapingni qara? Qayoqdagi gaplarni topasan!
— Men aytaymi? – Baqaloq oriqqa savolomuz qaradi. – Bumi, bu?
— Ha-da?..
— …Buning ekspress avtobuus bilan to‘ppa-to‘g‘ri zuv etib jannatga kirib boradi. Yoki seni ham qo‘shib qo‘yaylikmi? Qiyinmi jannatga kirish? Oppa-oson kirib ketasan o‘shanda.

Yana gurra kulishdi.
— Bo‘ldi, askiyani bas qilinglar. – Chiyduxoba kostyum kiygan kishi kulgini taq to‘xtatdi. – Askiyaning joyi emas bu joy sizlarga.
— Oy-yee! – Cho‘chib ketgandek og‘zini yumdi qiltiq murutli pakanasi. – Bu yerda yotgan ota-bobolarimiz ham gapimizni eshitib hayron qolishgan bo‘lsa ne ajab?!
— Shuni aytsang, bizning ovozimizni eshitgan bo‘lishsa, hayron qolishlari turgan gap. Bular qayoqdan shunchalik vaysaqi bo‘lib qolishdi ekan, deb?
— U vaqtlarda mana bu quling o‘rgilsin bo‘lmasa, qayoqdan bilishsin? Dunyoning bir mo‘jizasini ko‘rmay ketishganini qara!..
Biri ortidan biri gap tashlab, gurra-gurra kulishib, bolaxonador ovozlarini tiya olmayotgan ikki oyoqlilarga angrayib qolgan Ona-Sichqonning hayrati oshib, quray tagida yotaverdi. Qanchalik bularga mahliyo bo‘lmasin, ko‘z o‘ngidan bolachalari ketmas edi. Ona-Sichqonning hozir borib, chiy-chiy etib, bolalarini ogohlantirib qo‘ygani durust bo‘lardi. Ular hozir indan bosh chiqarmay, ikarida yotishibdi. Falokat bosib, lip etib boshi ko‘rinib qolsa, mana bu ikki oyoqlilar ayab o‘tirarmidi ularni, ta’zirini beradi-ya! Sichqonlar yerlik hech kimdan yaxshilik kutishgan emas, yer betidagi jondor borki, sichqonning ta’zirini beraman, degan niyat bilan yaralgandek, qayoqqa borma, poylashgani-poylashgan. Mana hozir ham tamoman tushunarsiz, g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir ovoz chiqarayotgan ikki oyoqlilar qo‘liga bir nima olib, yerni qaziy boshladilar.

Shundoqqina sichqon inining qoq ustini qaziy boshladilar. Buni ko‘rib, qo‘rqqanidan sichqonning o‘takasi yorilayozdi. Nima bo‘ladi endi? Shu do‘ngchaning tagida bolachalari yotibdi-ku yashirinib. Undan beriroqda, kungay tarafdan inning yana bir og‘zidan kirib borib, bolachalariga yetib borsinmi? Chiyillab-chiyillab ogohlantirsinmi? Endi nima qiladi bechora? Ona-Sichqon talvasaga tushib qoldi. Endi nima qilsa bo‘ladi?..
Qanotini arang qoqib sekin aylanayotgan kuykaga sichqonning panadan chiib yer qaziyotganlarga birato‘la yaqinlashib kelayotgani jumboqdek tuyuldi. Nima balo, sichqon aqldan ozganmi, bu odamlar uni tirik qoldirisharmidi, oyoqlari bilan bosib olishsa, sichqonning kuni bitdi, deyaver. Kuykaning alami keldi. Ichi tizilladi. Sabr kosasi to‘lib ketganidan, bir muddat joyida turib qolib, yig‘lab yubordi. Shundan so‘ng o‘zini biroz yengillagandek sezdi.
Kuykaning toqati toq bo‘lib, kurak bilan yer qaziyotgan kishining peshonasiga kelib urilmasinmi!..
— Tfu-u! He, onangni! Bu nimasi o‘zi? – qo‘li bilan yuzini artib, sheriklariga ko‘rsatdi. – Nima o‘zi?
— Nima bo‘lardi? O‘zing sog‘inayotgan jannatning tomchisi bu. Totib ko‘r. Bu ham hammaga nasib etavermaydi. – Baqaloq do‘ppaygan qornini silkita-silkita bir g‘alati kulib yubordi. – Nafasing yetgan ekan, qistaloq! Yetgan ekan!
Oriq kishi osmonga qarab, tepasida aylanayotgan kuykani ko‘rdi.
-Ho‘, enangni seni, tezak tashlab qo‘yib, bopladim rosa, deb uchib yurishini ko‘r buni! – Qo‘lidagi kurakni miltiqdek o‘qtaldi. – “Tars” etib bir otib tushirsammi seni? Qarab tur! Padariga la’nat, shu paytda miltiq bo‘lsa qani, tirpiratib otib tashlardim, a…
Kuyka ostidagi bu kishining gapini parvosiga ham olmadi. Hamon qanotini yozganicha uchaverdi. Yerda yotgan ignani ham ilg‘ab oladigan o‘tkir ko‘zlari Ona-Sichqonni ko‘zdan qochirdi o‘sha onda. Ona-Sichqon o‘sha vaqtda yer ostilab ilang-bilang ketgan iniga kirib ketgan edi. Tumshug‘ining uchidagi qiltiqdek murutlari tikkayib, ustidagi dupuragan shovqinni sezib borardi hozir. Yerbag‘irlab yurib borib, inning qoq o‘rtasiga kelganda, bolachalarining ham bir xavfni sezib, yurak yutib turishganini his qildi. Ona-Sichqon odaticha chiyillab-chiyillab yubordi. Bu xatardan ogohlantirish belgisi edi. O‘sha zahoti bolalarini ergashtirib, in ortidagi teshikka qarab jo‘nadi. In buralib borib, ortki teshikka olib chiqdi. O‘sha yerda sichqonchalarni qoldirib, bu yerdan chiqa ko‘rmanglar, degandek chiyilladi-da, o‘zi ohista tepadagi ishlardan xabar olgani tashqariga chiqdi.
Boshini shartta chiqarganini biladi, ikki oyoqlilardan bittasi shundoqqina yonginasidan o‘tib ketayotganini ko‘rdi. Sal bo‘lmasa, uning oyoqlari ostida miyasining qatig‘i chiqib yotgan bo‘lardi.
Biroq sichqon sal bo‘lmasa o‘zini o‘ldirayozgan falokatni o‘ylab o‘tiravermadi. Uni bir savol tinch qo‘ymas edi. Bunisi qayoqdan paydo bo‘ldi? Ularni deyarli birinchi marta ko‘rib turibdi. Shu vaqtgacha hech kim oralamagan edi-ku? Avvallari yo‘q edi-ku bular? Qayerdan paydo bo‘lishdi o‘zi? Ona-Sichqonni shubhaga solgan, uni qiziqtira boshlagan ikki oyoqli bu – manavilar mullaga yuborganlari bo‘yi xiylaga yo‘qolib ketib, hozir yetib kelgan bola edi. Bola bu yili yettiga to‘ladi. Kim uni ergashtirib keldi, yoki o‘zi ergashib keldimi, mana bu qizib olganlar eslay olishmadi. Traktorda mozorga yetib olishganidan so‘ng ko‘rishib, yaxshi kelibsan, degandek qilib, o‘sha yerdan ot chopgulik yo‘l naridagi uch-to‘rt xonadonli qo‘nishning mullasini chaqirib kel, dafn etishning rasm-rusumini qilaylik, deyishgan edi bular. Bola bo‘lsa mullasiz, bir o‘zi so‘rrayib qaytib keldi. U entikib qolgan edi.
— Qo‘lim bo‘sh emas, dedi mulla. – O‘tirganlarga yaqinlasha turib gapirdi bola. – Qo‘li bo‘sh emas ekan…
— Qo‘lim bo‘sh emas, dedimi? – Chetda o‘tirgan mo‘ylovchan kishi bolaning so‘zini qaytalay turib, savolomuz qaradi. – Nega?
— O‘zg‘urga boraman, dedi, — bola yelkasini qunishtirib dedi. – O‘zg‘urga…
— Nega boraman dedi? – halitdan beri bu yerdagilarni kuldirayotgan oriq kishi, qalpog‘ini surib qo‘yib, labini cho‘chchaytirdi. – He, onangni!..
— Bakir degan kishining yilligi bo‘ladi.
O‘sha yoqqa boraman, dedi. – Bola o‘zini oqlay boshladi.
— Qaysi Bakir bo‘ldi ekan tag‘in? — dedi novcha kishi eslay olmay.
— Bakirchi, O‘zg‘urlik, tanimaysanmi o‘shani? O‘v seni qara-yu? Eski muallim boru?..
— E-ee, Bakirmi? A, katta o‘g‘li oblastdami?..
— Xuddi o‘zginasi! Topding! – Mo‘ylovchan uning so‘zini tasdiqladi. – O‘sha-o‘sha…
— Mulla akang biladi-da qayerga borish-bormaslikni. Bakir nufuzli odam. O‘g‘illarining oldi oblastda, orti rayonda. Bari katta ishlarda emish… Yilqi so‘yiladi, qo‘y so‘yiladi-da. O‘shanday osh-to‘ydan qolib, mulla bu qo‘y uyoqda tursin, tirraqi uloqning qoni oqizilmagan buning janozasini o‘qirmidi? Bu halqum deganlari yomon ekan. Odamlarning fe’li ham shuning ortidan aynib ketyapti, padariga la’nat!
— Noming ulug‘, suprang quruq bo‘lsa, kimga keraging bor?
— Shuni aytmaysanmi!
-Iya, shunda gapning ochig‘i…
— Jonliq ham so‘yamiz deganmiz… – So‘zga aralashmay, bir chetda o‘tirgan dumaloq yuzli kishining mungli so‘zi arang eshitildi. – Qon oqizmasak bo‘lmaydi, deb qo‘ni-qo‘shnilardan besh so‘mdan yig‘ib, yetmish so‘m qilib, G‘afforga to‘qlingni sot, desam, sotmadi, qistaloq. Oz dedi…
— Topgan ekansiz qo‘y sotadiganni ham! Bir tiyinigacha hisoblashib o‘tiradi u. Halqumi buzuq. Otasi puldan qiyilgandek, pullarini sandiqqa bosyapti.O‘zi-chi? O‘zi? Erta-kech tishini so‘rib yuradi… Kiyimi aftoda, bir mundoq kiyimiga ham qaramaydi. Pulni xotinidan ham afzal ko‘radi, qistaloq! O‘ziga yetguncha qurumsoq. – Qalpoqchan kishining afti bujmaydi. Bunga qishloqdagilarning pul masalasiga bo‘lgan munosabati besh qo‘ldek ayon. So‘ramayoq biladi. O‘zi sobiq do‘konchi edi. Uch-to‘rt yil avval o‘zi aytganday, “irastirat bo‘lib” savdo ishidan uzoqlashgan edi.
— Eh, bechora, ichar suving, ko‘rar kuning bitgan ekan. Attang, — labini qonatgudek tishlab, qayg‘uli so‘z tashladi boyagi yuzi yapaloq, semiz kishi. Bolaning o‘limiga qayg‘urgan, xafa bo‘lgan yagona inson shu bo‘lsa kerak, ochig‘i. Qancha-qancha ishlarini shu bolani aldab-suldab ishlatib, bitirib olar edi, u shunga afsuslandi, shunga qayg‘urdi. “Ey, do‘st, ikkovimiz mana bu tomning ustini loy bilan suvab bitirsak, keyin sening Quyoshingni tutib kelib qamab qo‘yamiz”, deb, bolaning o‘limidan bir kun oldin kelishishgan edi. Bu bolani maqtab qo‘ysa, yoki “quyoshni ushlab, uyingga qamab qo‘yamiz”, desa bas, talay ishni ko‘rdim demay, bir zumda bajarib qo‘yar edi. Dunyoda uni aldashdan ham oson ish bo‘lmagan, shekilli. Baqaloq kishining tomini suvash endi o‘ziga qolib ketdi.
— Oo, har bir bandaning borar yeri shu. – og‘ir xo‘rsindi novcha kishi. – El boshqarib, yurt so‘rab, xalqni qo‘lida ushlab turgan ne-ne podshohlar o‘tib ketdi. Biz kim bo‘libmiz? Ularning tirnog‘icha ham emasmiz…
— Uni qo‘y. Anovi Bosit raisni aytsang. Uni o‘ladi deb kim o‘ylabdi…
— Bu dunyoga ustun bo‘ladigan hech kim yo‘q ekan. – Novcha bo‘yli chindan qayg‘urib dedi. – Yo‘q ekan.
— Ko‘maylikmi buni endi? – dedi mo‘ylovchan. Kun ham kech bo‘lyapti.
— Qur’onni kim o‘qiydi?..
— Qur’onni to‘liq bilmaymiz-da. Bilganimiz ham qur’ondan ekanligiga shubham bor…
— Unda kim o‘qiydi?..
— I-ye, padarla’nat!.. Shunga shunchalikmi… Sharshennikiday qilib o‘qib tashlaymiz. O‘qi, mo‘ylov, — dedi novcha kishi mo‘ylovchanga.
— Men mullamidim? – Mo‘ylovchan o‘zini orqaga tortdi. – Qur’ondan biror so‘z bilmayman. O‘lay agar bilsam…
— Uni mullalar ham bilishmaydi. Og‘iz uchida birnimalar deb qo‘y, boy bo‘lgur…
— Nega menga yopishib oldinglar? Sen o‘zingchi?
— Senikiday mo‘ylovim bo‘lganida, eplab-seplab pichirlab qo‘yardim. Menda mo‘ylov yo‘q, o‘zing o‘qiy qol, shu yerning ulug‘i, oqsoqoli ekansan. O‘qi endi?
— Kelinglar, endi, erta kunni kech qilmaylik, — dedi chiyduxoba kostyumli kishi. – Bo‘linglar?..
— Buning ismi nima edi? – dedi mo‘ylovchan. – O‘qisam, o‘qiy. Xudo o‘zi kechirsin endi…
— Ismi deysanmi??
— Ismimi?
— Bilmayman.
— Ajab?
— Hamma dovdir der edi.
— Shunday. Men ham eshitgandekman…
— Dovdir bo‘lsa nima qilibdi? Bu ham banda, axir. Banda bo‘lganidan keyin ismi ham bo‘lishi kerak-ku?.. Ismi ham o‘chgan ekan bechoraning, — dedi mo‘ylovchan gavdasini rostlab.
Bir to‘da – olti kishi baravar bu bolaning ismini topa olishmadi. Unutishibdi. Unutilganmi, yoki bu bolaning ismi yo‘qmi, gapning ochig‘i o‘zlari ham anig‘ini bilishmadi. Hammalari dovdir deb atab yurishgan…
…Mo‘ylovchan g‘ing‘illab qiroat qila boshladi…
Til uchida ovoz chiqarib, Qur’on qiroatini kelishtira boshladi mo‘ylovchan. Tilovati uzul-kesil, bo‘g‘iq eshitila boshladi. O‘qiyotganin g‘ing‘illagan ovozidan payqalmasa, bu odam nima deb, nima aytayotgani o‘ziga ham tushunarsiz edi. Bilgan yerini cho‘zib, ovozini balandlatadi-da, ichida shubha-gumon o‘rmalay boshlaydi. “Buyog‘i Qur’onga o‘xshamay ketyapti-ku. Kechir, tavba qildim, kechir meni So‘zim o‘xshamay qoldi, kechir…” deb mo‘ylovchan ichi zil ketib, ovozi xudoga yetib borayotganiga ishonib tavallo ham qilib qo‘yardi. Berida o‘tirganlar esa uning so‘zlarini tilovat o‘laroq qabul qilishib, sukut ichida tinglashar, bir muddat jimlik cho‘kkan edi bu yerda. Axiyri mo‘ylovchan qiroatini tugatdi, shekilli, kaftlarini ochib, yuziga yaqin keltirdi-da, faqat o‘zi tushunadigan tarzda allambalolar deb fotiha qilgan bo‘ldi.
— Oomiiiyn! Yotgan yering nurli bo‘lsin, tuprog‘ing yengil bo‘lsin! – deb fotiha qilidi.
— Oomiiiyn! – Berigilar ham unga jo‘r bo‘lishdi. – Oomiiiiyn!..
Mo‘ylovchan “ko‘maveringlar” degandek qilib bosh irg‘adi. Bolaning jasadini qabrga qo‘yib, ustidan hovuchlab tuproq tashlay boshladilar bular. Til uchida allanarsalarni pichirlab, tuproq tashlashardi. Ketmon bilan tortilgan tuproq qabr ustini to‘ldirdi…
Bu yerda yurgan bola qichqirib yig‘lab yubordi, nima deb yig‘lashini bilmay, achchiq-achchiq ko‘z yoshlarini to‘ka boshladi.
— Bo‘ldi!
— Yig‘lama-ye!
— Bu nima o‘zi senga yig‘lagudek?..
— Topgan ekansan yig‘laydigan oldamni ham!.. O‘chir ovozingni!..
— Yig‘lasin, nega koyiysizlar, aa? Yig‘lamay nima qilsin?.. Bu ham odam axir, yig‘lasin, — dedi baqaloq kishi ko‘zi yoshlanib, — Tinch qo‘yinglar uni…
Bola uzoq yig‘ladi, yangi qabrning oldida o‘pkasi to‘lib uzoq o‘tirdi…
…Yer betidagilarning qilt etgan harakatini ham ko‘zdan qochirmay, keng qanotlarini shap-shap qoqib qo‘yib, qanotlari ostida bo‘layotgan ajab hodisaga tushuna olmay, o‘sha tarafni mo‘ljallaganicha, anchagacha tepasida aylanib yurdi kuyka.
Rostini aytganda, bu yerdagi odamlarning hech narsasi uni qiziqtira olmadi. Uning nishonga olgani odamlarning yonginasidagi qurigan xashaklar orasidan o‘rmalab kelib, ularni kuzatib o‘tirgan Ona-Sichqon bo‘lib, imkon bo‘ldi deguncha, ilib ketish payida uchib yuribdi hozir. Bir ilojini topib tutib olsa edi, azondan beri hech narsa yuq bo‘lmagan qursog‘i bir qappayib qolarmidi… Mana bu odamlar qachon ketadi bu yerdan. Ketadigan bo‘lsa ketishmaydimi. Kuykaning yana alami keldi…
… Ketmon bilan tortilgan tuproq qabrni to‘ldirdi…
Eski mozorning ko‘hna do‘ngchalari qatoriga yana bir qabr bo‘rtib qo‘shildi…
— Oomiiiy! – deb bu yerdagi olti kishi bir ovozdan fotiha qildilar.
— Op-iy! – deb chiqqan qo‘pol ovoz barchasining e’tiborini tortdi. Bu haligi oriq kishi edi. – Mana buni qaranglar! G‘alati bo‘ldi-ku! Qaranglar! Qarasanglarchi! Sichqonning bolalari ekan, qaranglar! Tavba! Sichqonlar…
— Sichqon bolalarini endi ko‘rishingmi, qistaloq! Cho‘chitib yubording-ku!..
— Qarasanglarchi, sichqon bolalarini! – Es-hushini shishaga oldirib, oyoqlari chalishib qolgan oriq kishiga boshqalari ham jo‘r bo‘lib ketishdi. – Bitta… Uchta… To‘rtta… Oltita… Yettita ekan!.. Tfu!..
Qanday falokat bosib bu mittivoylar qay teshikdan tashqariga chiqa qoldilar ekan bodrab?
Ikki oyoqlilarning qiy-chuvidan esxonasi chiqib ketgan mittilar har tarafga tarqalib, sochilib ketdilar. Buni ko‘rgan Ona-Sichqonning yuragi chiqib ketay dedi. Bolachalari hali-hozir in ichida biqinib yotishgan edi-ku, qaysi jin ularni buyoqqa boshlab chiqdi ekan? Chiy-piyi chiqib, joni qolmagan sichqon endi buyog‘i nima bo‘ladi, deb qo‘rqqanidan tuklari tip-tik bo‘lib ketdi. Mushtumdek tanasi qo‘rquvdan larzaga tushdi. Ana! Bolachalarini ko‘rasolib ikki oyoqlilardan biri ketmonni ko‘tarib ularning tepasiga keldi!
— Va-u! Yasha-a! Mana-a! Sichqon jonivor-ey!..Bularni yo‘q qilish kerak, bular zararkunandalar! Hozir barini biryoqlik qilaman!..
Ona-Sichqon bularning barchasini o‘z ko‘zi bilan ko‘rib turdi…
Anovi ketmon ko‘targan yovuz oldidan chiqqan sichqonchalarni qichqirasolib ketmon bilan tushira boshladi. Ona-Sichqonning guruchdek yuragi bo‘g‘ziga taqalib qoldi. Ko‘zidan yosh otildi. Yana bitta bolasini chopdi, keyin yana bittasini, yana,.. yana,.. Ona-Sichqon chiyillab-chiyillab faryod urdi. Ko‘zidan yoshi bilan birga joni ham oqib chiqdi, dunyosi ostin-ustun bo‘lib ketdi. Yuragidan mador ketib, ko‘kragi dudga to‘lib, kuni tunga almashib, zaif joni qoq yorilib ketguday g‘amdan burdalanib, nima qilsa ham manovi yovuzni yo‘q qilishga imkoni kelmay, butun tanasi qiymalangandek bir chorasizlikka yuz tutdi Ona-Sichqon.

Bu ne bedodlikki, bu yovuz, beshafqat kimsa bolalarini Ona-Sichqonning ko‘z o‘ngida qirqib chopyapti, bu ishidan o‘zi zavq olib, hoholab qiyqirganicha, ketmonni qars-qars tashlab, birini qo‘yib-birini chopib, chiy dedirmay, miyalarini ezib tashlayapti… Bu qanday razolat?! Qachongacha, qachongacha zo‘ravonning qurboni bo‘lib, qachongacha, qachongacha bu maxluqlar xo‘r bo‘lib, yo‘lida uchragan ajalga nishon bo‘lib, kim qanday xohlasa, shunday qiyomatini boshingda yurgizib, qiraverishadi,.. qiraverishadi… Hoy, aqlingga kuydirgi chiqqur yer ustidagi jon-jonivorlar! Bu sichqon ham senlar kabi yer ustida, quyosh ostida kun ko‘rmog‘i tayin qilib yaratilgan maxluq axir! U ham Yaratganning bir maxluqi! Ayamoq bormi sizlarda, yurak degani bormi o‘zi, bu ham sizlar kabi jonini boqish tashvishida yurgan, hech biringizga ziyoni tegmagan jonivor-ku?! Hech kimingizdan hech narsani talashmagan, hech kimingizga yomonlik tilamagan jonivor-ku bu?! Qachongacha xohlaganingizni qoq qaqshatib, ne ko‘ylarga solib yurasiz? Ooo, bu ojiz sichqon izlagan haqiqat, bormisan o‘zi, bor bo‘lsang, sen o‘zi kim uchun yaratilgansan, agar mavjud bo‘lsang, mavjud ekanliging rost bo‘lsa, bu maxluqotlar nega bir xil yaratilmagan, nega biriga- biri ko‘z olaytirib, biriga- biri ayovsiz dushman ular, qani sening adolating, qani?! Ooo, sichqon izlagan haqiqat, sen kim uchun yaratilgansan, bormisan o‘zing, bor bo‘lsang, qayerdasan?!
… Qayerdasan!..
Zirqiratib, butun a’zoyi badanini larzaga solib, guruchdek mo‘jaz jonini, dukillab urayotgan yuragini o‘sha achchiq nola-fig‘oni, chinqirgan qalb dunyosi tizillab o‘tdek yondirdi, joni tutay boshladi…
— Mana yana bittasi! Chop!..
— Mana ikkinchisi. Ol! Boplading!..
— Buni qara! Qani, qani, qani? O, bechoraginam-yey! Jonining shirinligini ko‘r, a! Mana senga!
— Senimi hali! To‘xtab tur! Op-iiy, tipirchilashini ko‘r buni! Mana! I-ii! Miyang bilqiradimi?..
— Bay-bay-bay,.. mana bunisi iniga kirib ketarmishlar! Qara, qara, qarasang! To‘xta! To‘xta! Mana senga! Xo‘p-pa, bopladik!
Ona-Sichqon bolachalarini ketmon bilan qirqib chopayotgan ikki oyoqlilarning shu so‘zlarini eshitib, fig‘oni falakka o‘rladi, nuqtadek ko‘zi seldek yoshini oqizdi… Bu qanday shafqatsizlik? Butun vujudi zirqirab, azobda to‘lg‘anayotgan sichqon hammasidan nafratlanib ketdi, jimitdek sichqon bo‘lsa ham, adolat izladi, nega endi, nega bu zaif maxluqlarning ohini hech kim eshitmaydi? Kimga aytadi, kimga yetkazadi bu nola-fig‘onini, jonini tilkalagan armonini! O, aqlingga kuydirgi chiqqur, bu sichqonning ota-bobolari ilgaridan aytib kelgan so‘zlari bu sichqonning ham qonida aylanmayaptimi? Bu qaqshatqich xayol sichqonning qonidan, jonidan sizib chiqdi, eng avval tomirlarida oqdi bu fig‘on. Moziyda sichqonning ota-bobolari ham shu tarzda chiyillab bo‘zlab qolar edilar, bu serjumboq adolatsiz qilmishlarga yozg‘irib qolar edilar. Ho‘o‘ qadim zamonlarda bu sichqon jonivorlar ham koriga yarab, hozir, shunchalar jazavasi tutib, shunchalik xudkushligidan humori yozilib, sichqon bolachalarini chirqiratib chopayotgan ikki oyoqlilar ham, boshqa odamlar ham, allazamonlarda, ko‘p yillar ilgari, suvlar qurib, yer yuzida qurg‘oqchilik yuz berganida, bir tomchi suv umr,bir hovuch suv hayot nishonasi o‘laroq bir qaqragan mahallarda hozir o‘z g‘amiga botib, ohi dunyoga tutashayozgan mana bu sichqonlar, ha sichqonlar insonlarni o‘limdan qutqarib qolishgan ekan. Yashab qolish chorasi sichqonlarga bog‘liq bo‘lib qolgan odamlar: “Tasaddug‘ing bo‘lay, sichqon aka, bizni o‘zing qutqar, jonim ko‘zimga ko‘rinib, o‘lib boryapman, o‘limdan saqlab qol, jonimni saqlab qol, bir yutum suv berchi menga, Jonimni omon saqlab qolsang, yaxshiligingni unutmayman, saqlab qol meni”, deb qaqragan lablarini arang qimirlatib, yalinib-yolvorganlari, jon talvasasida o‘tinganlari yodidami? O‘sha vaqtdagi “Sichqon aka, suv ber, Sichqon aka, suv ber, Sichqon aka, suv ber”, deganlari esidami bularning? O‘shanda shu jonivorlar, Ona-Sichqonning bobolari yer ostidan suv olib chiqib, ularning og‘ziga tomchilatib, hammalarini o‘limdan olib qolmadimi? O‘sha o‘limdan qolgan odam bolasining farzandlari mana bu sichqonning jigargo‘shalarini ketmon bilan chirillatib chopib, o‘sha qilig‘iga o‘zining zavqi kelib, xursand bo‘layotgan shularmi? Mana shularmi?.. O‘sha uzoq o‘tmishda suvlar yer qa’riga singib, qurg‘oqchilik bo‘lganida, sichqonning bobolari hayotini asrab qolgan odam bolasining nasllari shularmi? Nega bular o‘shalarni yodidan chiqarib qo‘yishgan? Ota-bobolarini saqlab qolgan sichqon akaning yaxshiligini unutishdi, Qanday unutib yuborishadi axir, yaxshilik ham unutiladimi? Ona-Sichqonni shu o‘ylar zor qaqshatdi… Qanday qilib?.. Nima uchun?..

…Huv adirlar ortida olamning Ulug‘ O‘chog‘i olovini o‘chirdi…
Quyosh mana hozir adirlar ortiga o‘tib, birto‘la botib ketmoqqa shaylanyapti… Quyosh g‘oyib bo‘lishi bilan tun kiradi asta siljib. Osmonda uchib yurgan kuyka tun kirishida xavotirlana boshladi. Yer yuziga qorong‘ilik cho‘kmasidan burun, quvray oldida bo‘zlab, marsiya aytib o‘tirgan sichqonni qanday bo‘lmasin, ilib ketishga qaror qildi. Uning bundan boshqa chorasi qolmagan edi. Quyosh esa botib boryapti. Hammasidan ham bugun uyasida qanday qilib och yotishini o‘ylasa, yuragi orqaga tortib ketardi. Tong otganidan beri tushmug‘i qurtni ham cho‘qilagani yo‘q…
Kuyka shuvillaganicha quvray ostida yotgan sichqonning ustiga bostirib kela boshladi. Endi faqat tumshug‘i bilan ilib olsa bo‘lgani…

IX

Quyosh bugun charchab botdi. Charchaganligi uning qip-qizil bo‘lib, o‘tdagi temirdek olovlangan yuzidan payqalib turar edi.
Bolaning jasadini yerga bergan olti kishi, ularning ortidan dastyor bola kelar edilar…
Kun bo‘yi boshi garangsib, shishadan kirgan iliqlik tanasiga tarqamay turgan oriq kishining ovozi hamon avjida. U yana shang‘illab, tuturiqsiz gapirib borardi. Shu olti kishining ketidan boshini xam qilib, xomush borayotgan bola haligina bu oriq kishi sichqon bolalarini chiyillatib chopayotganida, ketmonga osilib, “O‘ldirma, uvol-ku axir, o‘ldirma!” deya birlamchi, yerga berilgan bolaga achinib, ikkilamchi, chiy-chiy deganicha ketmonning tig‘ida ikkiga bo‘linib ketgan sichqonlarga achinib, chidab turolmay, oriq kishining qo‘liga osilgan. Oriq kishi esa bolani oshatib so‘kib bergan. U so‘kishlarini kimsa eshita ko‘rmasin. Ichib olsa tamom, og‘zidan oq it kirib, qora it chiqadi. Otasi qolmay, onasi qolmay so‘kinaveradi. Bu bolani ham oshatib so‘kdi, hozir buni gapirib beradigan payti emas. Bolaga bu oriq kishining qarindoshchiligi bor. U kishi – bolaning tog‘asi. Tog‘asining haqoratlari bolaning ko‘nglini sindirdi. Bolaning shu choqqacha ko‘ksida avaylab kelgan pokiza ishonchini bu tog‘a – chillakdek oriq kishi bir zumda to‘zg‘itib yubordi:
— Voy padaringga la’nat seni! Tog‘asiga osilishga kim qo‘ydi senga? Tog‘angga ko‘targan qo‘ling qaltirab qolmasin tag‘in. Sen o‘zing qaysi ahvolingga gerdayasan, o‘v! Shoshmay tur, hali! Anovi qoqshol enang tirrayib o‘tib ketsin, o‘shanda qarindosh-urug‘ kerak bo‘lib menga kelasan-ku! O‘zidan kattaga osilishini ko‘r buni! Qarab tur! Enang tirrayib qolgan kuni ertasi qayoqqa borar ekansan? Yoki haligi suyuqoyoq onamga boraman, deb qolasanmi? Borib bo‘psan, onangning alkash eri seni uyiga yaqin ham yo‘latmaydi!.. Qarab tur! Sen, meni mana bu qora kampir tuqqan, deb yurasan, shekilli, a? U senga hech kim emas, u bor-yo‘g‘i bir tul kampir, xolos! Onang egri yo‘lga kirib ketib, seni birovdan tug‘ib olgan.
Otang kim ekanligini biz emas, onang ham bilmaydi. Isnodga chiday olmay, seni hojatxonaga tashlab ketdi-ku, o‘sha sen hozir enam deb yurgan tul kampir boqib olgan seni, bildingmi? Menga osilgandan ko‘ra buni yaxshilab bilib ol, uqdingmi? Qarab tur hali! Bir kuni oldimga kelasan sen!,,
Bugungacha bolaning ajoyib bir dunyosi bor edi, oppoq, tip-tiniq, dunyoda yolg‘izgina jonidan aziz enasi bor edi. Top-toza yuragi bor edi,.. yana “ikkalamiz Quyoshni ushlab olib kelamiz” deb aytadigan qadrdon do‘sti bor edi, o‘sha bola bugun yerga qo‘yildi… Qabrga qo‘yishayotganida hech kim ismini topa olmagan bolaning haqiqiy ismini shu bolagina bilar edi. Birovning ismini emas, o‘zlarining ismini ham unutayozgan bu kaslarga bola ataylab uning ismini oshkor etmadi. Shu vaqtgacha biror marta qiziqib ismini so‘rab qo‘ymaganlarga, biror bora holidan xabar olib qo‘ymaganlarga bola o‘chakishib olgandek ismini aytmadi. O‘z ismini bilmaganlarga birovning ismini atashning nima keragi bor? Bola shuning uchun uning ismini oshkor etmadi. Uni yolg‘iz o‘zi biladi. O‘zi bilsa bo‘lgani. U bolaning “Quyoshni ushlaymiz” degan so‘zi ham esida, endi Quyoshni bu bola tutib oladi, qadrdon do‘sti aytganidek, Quyoshni ushlab olib, odamlarga olib keladi. Do‘stining aytganlari esida “Quyoshni odamlar qanchalik yaqindan ko‘rsa, shunchalik begunoh bo‘ladilar. Sababi, kun manglayida tursa, kim undan uyalmay gunoh ishga qo‘l urardi?” Odamlar gunohga botmasliklari uchun bola quyoshni tutib olib, o‘sha odamlarga keltirib berishi kerak! Mana buningdek bolalarning yuragiga ozor beruvchi kimsalar quyosh manglaylariga yaqin kelishi bilan kuyib ketishadi o‘shanda. So‘ng yer ustida faqat yaxshi odamlar yashayveradi, yashayveradi. Sababi quyosh odamlarning yonginasiga kelib qoladi…
Quyosh bugun charchab botdi. Buni boladan boshqa hech kim bilgani yo‘q. Sababi uning yuzlari qip-qizil cho‘g‘dek edi. “Agar Quyosh qizarib boltsa, u juda charchagan bo‘ladi. Qizarganining sababi, u yomonliklarni ko‘radi, so‘ng qip-qizil bo‘lib uyalib chiqadi. Shuning uchun qip-qizarib, uyalganidan charchab botadi”, der edi unga do‘sti. Shuni eslab, bola ham ufqqa tikilib qoldi.
…Quyosh bugun charchab botdi uyasiga.
Bugun bola bosinqirab, yaxshi uxlay olmadi. Ko‘zini endi yumay desa, tog‘asining boyagi gaplari qulog‘i ostida jaranglab turaverdi. U gaplar bolani bugun uxlatmaydi, shekilli, balki, umr bo‘yi uxlatmasa kerak. Rostdan ham endi u so‘zlar bolaga tinchlik bermaydi. Yonida yotgan kampir chindan ham unga begonami, shu kungacha enam deb butun shirin xotiralari, orzu-umidlari shu kampir bilan bog‘liq bo‘lib kelgan bolaga kelib-kelib bugun bu kampir tamoman begona bo‘lib chiqadimi? Axir, bolani shu kampir boqqan-ku! Nega shularning barchasini boladan yashirib keldi? Nega haqiqatni shuncha vaqt berkitdi? Haqiqatni yashirib bo‘larmidi, u hech qayerga sig‘maydi, bir kun bo‘lmasa, bir kun lop etib chiqib keladi-ku biror puchmoqdan? Nega kampir bu achchiq haqiqatni boladan yashirib keldi, yoki yuragi darz ketmasin, dedimi? Yosh qalbini jarohatlab qo‘yishdan qo‘rqdimi?! Shundan qo‘rqqanmidi? Bola shularning hammasini kampirdan so‘rayman, deb borib, tezda fikridan aynidi. Sababi, bu enasiga og‘ir botishidan cho‘chidi, enasini ayadi.
Agar bola haqiqatni so‘rab bilsa, enasi qanday ahvolda qoladi? Ammo,.. rostdan ham yonida yotgan enasi unga begonami?

X

Bola bu tun mijja qoqmadi.
Mushtumdek yuragining bir o‘zgacha gursillab, ko‘ksini teshib chiqquday bo‘lib potirlashi, shubhaga solayotgan bolalik xotiralarini tariqdek yerga sochib yubordi. Fikri ojizi bir nuqtada jamlana olmay, sollana-sollana oqayotgan daryoning to‘lqinidek qonida yugurgan bir tuyg‘u bugun unga ko‘p narsani aytib berdi. Shu bilan birga uni ko‘p savollarga – hali o‘zi javob berishga ojiz bo‘lgan savollarga ipsiz bog‘lab, shubhayu gumonlarga g‘arq qilib tashladi. Nega bola mijja qoqib uxlay olmadi bugun! Yoki bularning bariga bugungi notinch kunning noxush tafsilotlari sababmi? Yoki har bir insonning boshida shunday kun bormi? Chindan ham har bir insonning boshida o‘zini-o‘zi taftish qiladigan bir kun bordir; o‘shanda u o‘zi bilan o‘zi yuzma-yuz bo‘lib, fikru zikrini mashg‘ul etgan adadsiz tashvish-muammolari hayot dengizida nari chayqatib, beri chayqatib, olib kelib qirg‘oqqa urib, bu dunyoning jumboqlarini o‘zidan boshqa hech kim tushuna olmaydigandek, hech kimsaga aytilmagan, aytishning ham hech hojati bo‘lmagan, aytgan taqdiringda ham o‘zingdan boshqa bir begona inson senga ko‘mak bera olmasligini bildirgan, undan ko‘ra qoningda qaynagan o‘sha tuyg‘uni, o‘z ruhingda, o‘z shuuringda e’tirof etadigan bir kun bordir bandaning boshida. O‘sha kun bolaning boshiga bugun keldimi?

Nega erta keldi? Bu dunyo bola o‘ylaganidan ham murakkabmi? Murakkabligi oq bilan qoraning, yaxshi bilan yomonning, o‘lim bilan hayotning borligidami? Hayot qonuni mana shu o‘lchovlarning bosh-uchi birikmagan ikki tafovuti, qarama-qarshiligi bilan sifatlanadimi? Bolaning murg‘ak yuragi shu hislarni tuyib, shu kechinmalarga g‘arq bo‘lib, tun bo‘yi uxlay olmadimi? Shuni bugun to‘la tushunib yetdimi bola?..
Bola tun bo‘yi uxlay olmadi, qay bir pallada ko‘zi yumilib ketdi axiyri. Bu tun u tush ko‘rdi. Tushi ham ajoyib! Asti so‘rama! Tushi shunday emish…
Bola Quyoshni, ha, o‘sha oftobi olamtobni qo‘liga olibdi, e, tavba!
Ha, bolaning qoq peshonasida Quyosh porladi!
Buvisi xudoning bergan har qutlug‘ kunida “O, xosiyatingdan aylanay Kun! – deb ixlos qilib,
Razm solsang, butog‘iga ilinib turgan olmaday bo‘lib, Kun qoq manglayingda turadi, bo‘tam, chiroq kabi ko‘z qamashtirgan nurlarini mo‘l-ko‘l qilib sochib. O-uu! Shunday g‘aroyibot sodir bo‘ladi, deb kim ishonadi, tavba? Qaranglar, hammngiz qarang! Shunaqasi ham bo‘lar ekan! Quyoshni bola qo‘ltig‘iga qistirib olibdi, naq barkashdek bor ekan. Ko‘cha to‘la bolalar quyoshni ko‘rishlari bilan hayratlanib, og‘izlarini ochib qolishibdi, qaranglar! Bolalar bolaning ortidan qolmay ergashib ketishyapti, ko‘zlari uyalmas edi. Buyoqqa qaranglar, bolalar yomon ko‘radigan firibgar katta odamlarning ko‘zlari oftob nuridan oqib tushdi, anovi bolaning tog‘asini ko‘ringlar-da, cho‘k tushib, kechirim so‘rayapti, ko‘z yoshini selday oqizib, ho‘ng-ho‘ng yig‘lab yotibdi. To‘ppa-to‘g‘ri qiladi bola, aldoqchi jazosini olishi kerak, aldoqchilar oftobda kuyib yo‘q bo‘lishlari kerak. Bola to‘ppa-to‘g‘ri qilyapti, balli, bola! Qaranglar, bola Quyoshni qo‘ltig‘iga qisib ko‘chadan o‘tib boryapti. Shundoq qilib quchog‘iga bosib olibdi Quyoshni… O, Quyosh.

XI

O, Quyosh!
Bola jonidan ham ortiq ko‘rgan olov Oftob!
“O, xosiyatingdan aylanayin Kun!” deb buvisi ixlos qo‘ygan Quyosh senmisan? O‘zingmisan?!
Shu yerga kelganida bola uyg‘onib ketdi. Shirin tushi qaychi bilan kesganday uzildi-ketdi.
– Uxla, munchayam yo‘talding, bolam, – dedi buvisi bolaga. – Shamollab qolding shekilli bugun. A’zoyi badaning ham isitma ichida…
– Buvi, – dedi bola. – Men tush ko‘rdim. Tushimda quyoshni tutib olgan ekanman. Mana bu-u-unday qilib quchog‘imga qisib olibman… O‘ziyam, naq tog‘oraday bor ekan.
– Qaydagi Quyoshni aytyapsan, uxla! Badaning yonib yotibdi. Uxla, qayoqdagi gaplarni gapirmay, bolam, – dedi buvisi uning gapiga e’tibor bermay. – Oftobni tutish nima degani. Unga hali erta, u, axir, juda-a olisda-ku. Uxla, uxla… Kunni tutish qiyin-ku, bolam… Balkim sizlar tutarsizlar, kim biladi? Tushni tunda yo‘yib bo‘lmaydi, uxla, jon bolam. Kechasi tush yo‘ysa, yomon bo‘ladi…
“Men quyoshni tutaman” – dedi bola ichida. Uning bu so‘zini buvisi eshitgani yo‘q.
Yetmish yoshlarni qoralab qolgan buvisi lablarini pichirlatib, shunday deb ming‘illar edi
– Quyoshni tutish qayoqda, bolam. Unga hali erta, u juda-a olisdagi narsa…

XII

Bola tun bo‘yi uxlay olmay chiqdi. Negaki, u bugunga kelibgina turmushning hali hech kim tushuna olmagan, tushunish ham amrimahol ziddiyatlariga duch kelgan edi…

055

(Tashriflar: umumiy 22, bugungi 2)

Izoh qoldiring