Бу бир кам дунёнинг не-не савдолари бўлса-да, бугунгидек шўрида кун қишлоқ аҳлининг бошига келади, деб ким ўйлабди дейсиз? Яна денг, икки маййитни бир кунда ерга беришдек кулфат! Банданинг бир кунмас-бир куни бу дунёдан кетмоғи тайин бўлса-да, бир куни бу ҳаётдан насибаси узилса-да, бир куни ажал эшик қоқиши чин бўлса-да, бутун овулни мотамга чулғаб, манаман деган азим кишисини олиб кетаверадими бу ажал?! Икки одами тенг вафот этган овулда кўтарилган мотамсаро айтимлар кўнгилларни қоронғилатиб, барчани лоҳас қила бошлади.
Султон РАЕВ
ҚУЁШ ТУТИЛГАН КУНДА (1-5 ҚИСМ)
Таржимон – Ҳилола Абдусаломова
Султон Раев 1958 йил 13 июлда Ўш вилояти Қорасув тумани Жўш қишлоғида туғилган. Қирғизистон миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини «Қирғизистон маданияти» газетасида мухбирликдан бошлаган. Шундан сўнг «Асаба» («Байроқ») газетасида бош муҳаррир ўринбосари, «Қирғиз руҳи» газетаси бош муҳаррири вазифаларида ишлаган. АҚШнинг Канзас университетида журналистика бўйича малака оширган. 2002 йилдан Қирғизистон таълим ва маданият вазирининг ўринбосари, Маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди президенти, Маданиятни ривожлантириш давлат комиссияси раиси, Маданият вазири, Маданиятни ривожлантириш давлат агентлиги бошлиғи, Президент маслаҳатчиси, Бош вазир маслаҳатчиси, Маданият, ахборот ва туризм вазири каби масъул лавозимларда меҳнат қилган.
2021–2022 йилларда Туркий давлатлар кенгаши бош котибининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. У 2022 йилдан буён Халқаро туркий маданият ташкилоти (TürkSOY – Türk Kültür ve Sanatları Ortak Yönetimi) раҳбари бўлиб, бепоён туркий маконда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳаракатига етакчилик қилиб келмоқда.
I
Теварак-атрофни ловиллатиб ёндиргудай бўлган саратон офтобининг тафти пасайиб, икки ҳафтадан бери қуёшнинг кўзи очилмай қолди. Кун иссиғи қайтиб, тўрт фаслнинг бу маҳали кузга навбат яқинлаб қолгандай. Ой ораси бу атрофда нақ аросат, азалдан шундай. Куннинг кўзи йилт этиб очилиши уёқда турсин, бўзарган булутлардан кўзёши каби томчилар тушиб, осмоннинг қўққисдан дивиратиб қолмоғи ҳам бор. Ўша кезларда, хайриятки, ўркач-ўркач адирликлар ҳам, ранги сарғайган дала-туз ҳам, ишқилиб, тирик жон борки, бир хўплам бўлса ҳам, сувдан баҳра олиб, танасига қайта бошдан жон битиб қолар эди, аммо мана бу қуръон сураларининг қироати янглиғ қулоққа чалинадиган ўйноқи шаббодаларнинг қилар иши шу-да. Қайлардандир куч олиб, кучли довулга айлангандай, анча кенгайиб қолган қўлотлар, кўзга кўринган шудгорларни ғашга теккан чанг-тўзонга ўраб, борлиқни бутунлигича тўлиқ қамраб олди. Кучга кирган шамол тингиси келмай баттар кучайиб, худди эгасидан безган дайди итдай улигандай бўларди.
Дайди шамолнинг ёввойи қилиқлари ҳозиргина димиб ётган бўшлиққа жон киргизиб, анчадан бери мудраб қолган ҳамма нарсани ҳаракатга келтирди. Бу атрофдаги аллақачон қуриб қолган чўпларни-ю, қуврай ни ҳам қутуриб, жинланган шамол томири билан юлиб, безбалдоқ дай тўполон солиб жўнаб қолади. Ҳеч қанча вақт ўтмай, суяги йўқ раққосдай буралган бу қиёматнинг бир кўриниши усиз ҳам кўзга жуда хунук кўриниб, оз-оздан кўринган ер кўпайиб, олчаси чириб дўнг бўлиб бораётган шу вилоятни астойдил у ёқ-бу ёққа қилиб, ҳайбатини яна бир кўрсатиб, юракларни титратиб кетади.
Бу ҳолатнинг охири йўқдай кўринади.
Ҳар қаер, ҳар қаердан дўппидай бўлиб туртиб чиққан дўнгликлар ёқимсиз таассурот уйғотиб, аллазамонлар бу ер мозор аталиб келгани зумда пайқалмаслиги бежиз эмас. Айни вақтда ер билан туташиб, ерга чўкиб бораётган эски мозорнинг қоқ тепасида ҳам шамол учи ер чизиб туриб қолди. Бу ердаги кўҳна мозорлар анча йиллардан буён узлуксиз ёққан ёғиндан, онда- сонда адашиб келиб қолган йилқи уюрининг туёқларидан топталиб, қулаган жарликдай ланг очилиб, кўчиб тушгани қачон. Ҳозирда бу эски қабристон одамлар назаридан четда қолганига ҳам талай йиллар бўлиб кетди…
Ҳув қарши тарафда қадим бир қишлоқ бўлган. У қишлоқ билан эски мозор оралиғи от чопгудек масофа эди. Уч юзга яқин хўжалик жойлашган қишлоқ аҳли сув тошқини хавфи туфайли қуйи чўлга кўчирилгандан бери бу водий қаровсиз қолиб, кўздан олис, кимсасиз аҳволга келиб қолган. Яқин ўн йиллардан бери бу ерга марҳумлар дафн этилмайди.
Ўша ердан бир ўқ отим масофа берига сардоба қуришмоқчи бўлиб, азалдан ўтроқлашиб, қадимдан шу ерни ватан тутиб, чуқур томир отган элни жойидан қўзғаб, пастга – чўлга кўчиришган. Қишлоқ ҳозир таг-томири билан йўқ бўлиб, сув остида қолиб кетган. Уч юз хонадонли овул, не-не бинолар, гуркираган боғ-роғлар ҳам сув тошқини остида қолиб кетди. Бунга ўн йилча бўлиб қолди. Киндик қони тўкилган макондан бош олиб кетиш уч юз хонадонга осон бўлди дейсизми?! Бу қишлоқликларнинг юраги қалқиб-қалқиб армонга юз тутиб кетди-ку! Уқубатли, оғир қайғуга кўмиб ташлаган ўша кўргуликлардан сўнг мутлақо инсон фарзандининг хаёлига бундоқ бир умидли ўйлар келавермас экан. Ўша маскан кафтдайгина ер бўлса-да, дунёда унга тенг келадиган ер йўқ эди. Бу ернинг оҳанрабоси томирдаги қони, жони билан кирган, бутун элнинг юрак тубига жо бўлган бу заминдаги кўрган-кечирган яхшилигу ёмонлигига қўл силтаб кета олмадилар. Оппоқ соқолли чолдан тортиб ақлини энди таний бошлаган болагача юрак-бағри ўртаниб, қалби мажруҳ бўлиб кетмадими бу ердан?! Эс-ҳушингга куйдирги чиққур кимнинг хаёлига келди экан бу лаънати фикр? Бўлмаса, бу ғамнинг жароҳатидан жон азоб чекиб, боёқиш қалб шунчалар ўртанармиди? Жон азоб чекканда не хаёллар келиб, не хаёллар кетмайди. Шу сардоба қурғурга бу тўгарак жаҳонда бошқа жой йўқмиди? Қари-қартанглар ўша дўппидай қишлоққа қайрилиб қарай олмай, қиров босган соқолларини аччиқ кўз ёшлари билан ювиб, ортга бурилмай, бу кечмишни ёзғиролмай, ўртаниб-ўртаниб чиқиб кетдилар бу ердан.
Бу илдиз дегани инсон фарзандида ҳам бўлар экан, нима қилса ҳам, илдизи қирқилмасин экан…. эвоҳ…бу не бедодлик! Бу савдоларнинг бари инсон фарзандининг муштумдеккина юрагига сиғармиди, сиққанида ҳам бу бало юкини кўтариб юриш қандоқ?! Қандоқ ахир?!…
Бу дафъада сув остида қолиб кетган қишлоқда бўзлаб марсия айтиш кексаларга қанчалик оғир ҳасрат эканлигини ўша одамларнинг изтиробли сўзларидан, жон ўртаган гапларининг моҳиятидан фаҳмлаш қийин эмасди…
Эски қабристон юқорида жойлашганидан, у ерга сув мавжи етиб келмади. Шу-шу мозор қандай бўлса, шундайлигича қолди. Алқисса, сув қатига жо бўлган қишлоқни унутгандай бу қабристонни ҳам бедарак йўқолган буюм мисоли, одам эмас, қуш учиб келмайдиган бу пучмоқда унутиб юбордилар. Йиғи чиқариб, зиёрат қилиб келувчи кимса топилмайди ҳозир. Ўтмишда ернинг бетида юриб ўтган одамларнинг мўътабар қадамжолари ҳам қумга тушган хас каби одамлар ёдидан осонгина кўтарилди. Бобокалонлари дафн этилган бу охирманзилни ким билади, кимиси билмайди,.. бу ҳам даргумон…
Бояги йиллари колхознингуч-тўрт чоғли катталари келиб, эски жойни ер билан битта қилиб шиббалаб, катта ўқариқ сув қазиб келтириб, маккажўхори планини бажариш иложи бўлмаётган бир паллада қўшимча ер сифатида фойдаланишмоқчи бўлди. Бу номаъқул ишнинг касри одамларга урмаса, бандачилик қилиб, жонини Ҳаққа топширган, қиблага юзланиб, мангу уйқуга кетган аждодларнинг руҳини чирқиратиб, ётган ерларини ағдар-тўнтар қилиб, жўхори сепиб, колхоз ҳисобига устама даромад олиб кирмоқчи эдилар. Муқаддас жой сифатида ҳам назарларига илинмаган ернинг жўхорисига қизиққанлар қандай каслар ўзи? Чунончи, айтганларидан қолмай мозорнинг кунчиқиш тарафидан келиб, омоч солиб кўришди ҳам. Бу ишнинг касофати халққа ургани бир жиҳатдан яхши бўлди, зотан арвоҳлар қўзғатилиб, безовта қилиш бошланган эди…
Ўзингдан кўпайгур бу эл чўлга кўчирилгандан кейин бу ёт тупроққа оёқ босгиси келмай, бегонасираб юраверганлари не тонг! Кўпдан буён ўғиллари хабар олмай қўйган мозористон аҳли ҳам кутишдан озорланиб, таналари тупроққа жо бўлиб кетганига ҳам талай йиллар бўлди.
Икки калима сўз билан адоғига етмаган эски қабристон ҳикояси ҳозирча шу…
Қора шамол қутуриб, ҳавонинг авзойи биратўла бузилди.
Шамол уввос солиб, еру кўкни тўзғитиб ўтгандан бери бу ўлкадаги икки оёқлилар ҳам, кўкда учган паррандалар ҳам иссиқ гўшасини тарк этиб, беш кунлик ёлғон дунё ҳаёти илинжида жон ҳалпида панага яшириндилар. Туянинг кўзидеккина инлар мозорда талайгина. Қаёқни қарама, ер бетига бодраб чиққан дала ситчқонининг инлари: шу тахлит ин қазийверса, бу махлуқларга ер юзида жой етармикин; ғиж-ғиж инларнинг оғзидан у ёқ-бу ёққа кетган излар ўргимчак тўқиган ип янглиғ чатишиб, бошни айлантиради.
Ўша тешиклардан лип-лип этиб, унда-бунда чиқиб қолган нимжон дала сичқонлари ҳам шамолнинг босилишини кутиб, ер тепасидаги бу талотўпга қулоқларини диккайтириб, инларига кириб кетганича шашти пасайиб, жимиб қолдилар.
Бунчалик алғов-далғовни умри бино бўлиб кўрмаган бу махлуқлар бир-бирларига шубҳаланиб қараб, ёввойи қизиқишлари орта бошлади. Хира тортган бўз ер бетини ўрлаб, атроф-жавонибдаги тепа-қирни қўймай яланғочлаб юлқилаётган шамолнинг қай тешикдан чиқиб, қайдан бунчалик қаҳрга миниши жонивор сичқонларнинг эсхонасини чиқариб юборди. Ваҳоланки, Она-Сичқон ҳаёти давомида бунга ўхшаш балойи офатга рўбарў бўлмаган эди. Шунинг учун инидан мунчоқдек кўзларини йилтиллатиб лоқайд қараб турар экан, ин оғзида узоқ туриб қолгани ҳам хаёлига келмади. Бу махлуқ увиллаган шамолнинг тинишини кутяпти. Шу аснода озиқ топиб келиш ташвишида сичқоннинг жони ҳалак. Мезон кириб, ҳаво тобора совиб бормоқда. Қишни бадастир ўтказиш учун озиқ ғамлаб олиш ташвиши нега бу махлуқларнинг тинчини олмасин? Ер остида кун кўрса ҳам, бўладиган совуқнинг забтини бу жонзотлар аввалдан сезиб, тириклик таъминотини ҳисоб-китоб қилишга ўтадилар. Билакс, оз кунлардан кейин егулик сероб бўлган бу ўлканинг ўй-қири, жилға-ўзани, ўнқир-чўнқири, камгак-кунжи сутга чўмилгандек оқариб, қор остида қолади. Ҳали ер музлаб улгурмасидан, қиш бўйи корига етадиган емишни ғамлаб олиш тадориги боёқиш сичқоннинг тинчини ўғирлар эди.
Она-Сичқоннинг хавотири ортгандан-ортиб, шамолнинг қутқуси пасайишини кутаверди. Пасайса, қўш оёқлаб ўрмалаб бориб, оғзини донга тўлдириб келмасмиди? Тунов кунги уруғлари қизил-қўнғир бўлиб пишиб етилган отқулоқлар ўсадиган сув бўйига етиб олса, боши кўкка етиб севинармиди жонивор? Қизил уруғлар қиш учун дуруст овқат. Мазасини айтмаса ҳам бўлади!…
Она-Сичқоннинг тараддудидан хабар топгандек, ер узра гирдоб ҳосил қилган шамол безгак тутгандек жазавага туша бошлади. Заранг ер усти билан кўк гардиш остидаги ўрмалаган жонзот борки, ризқ қидириб ғимирлагани-ғимирлаган. Кўпинча уларнинг ёввойи табиати эркига боғлиқ эмас. Ўчакишгандек табиатнинг қаҳри ҳозиргидек забтига олиб турса, қандай қилиб эмин-эркин йўртиб юрсин булар? Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу махлуқларнинг шитир этган шарпасини пойлаб турган ваҳший ҳайвонлар бу атрофда озмунчами? Қай бири ерда лўкиллаб, нафасини чиқармай эмаклаб келиб, тап этиб босса, яна бири осмондан ўқдай отилиб илиб кетади буларни. Шунақа гаплар. Шундан кейин бири кам дунё, деявер. Сичқонни тап босиб, тутиб олиш илинжидаги жониворлар кун бўйи шу атрофда изғигани-изғиган. Шу сабабдан қанчаси қирилиб кетди. Ёввойи табиатнинг ҳаёт тарзида бу кўхна дунё яратилгандан бошлаб ҳаёт ва ўлимнинг чизиғи ёндош. Чунончи, бу митти жониворлар қорин-қурсоқ ғамида машаққат тортишмаса-да, хўраги йўлида учраб, жон койитмай умргузаронлик қилишса-да, ҳа деганда, ҳар лаҳза-ҳар соатда бирор махлуққа ўлжа бўлиб қолишлари ҳеч гап эмас.
Табиат ҳаёт учун кураш борасида уларга адолатсизлик қилиб, уволи йўқ жон қилиб қўйганми? Бу дунёнинг шафқатсиз ёзуғига бу шўрликларнинг оҳи етмаса-да, армони етар бир кун. Инидан бошини чиқариши билан оёқлари пилдираб босишидан аввал, қинидан чиқай деб гурс-гурс ураётган гуручдек юракчалари бир балони сезгандек, бутун вужуди ҳадикдан титраб кетади. Осон овқат топиб, турмуш кечириб бўлмаганидек, бу яримжон сичқонларга ҳам ҳаёт-мамот муаммоси кўндаланг бўлиб туриши бу муросасиз дунёнинг шўриши эмасми?…
Она-Сичқон йилтиллаган кўзларини сиртга тикканича ин оғзида оғир хаёлга толар экан, аччиқ ўйлар оналик қалбини сирқиратиб, жисмини толиқтирган ҳад-ҳисобсиз ташвишларини ёдга солди. Тарқоқ хаёллари нураган девор каби сочилиб, муштумдек жуссасини таҳликага солар экан, ҳам оналик, ҳам ёввойилик тальатидаги куйинчак жонини яна куйдириб ўтди.
Она-Сичқон ҳам сичқончаларининг хархаша-дахмазаларидан малолланиб, ҳам қай қора куч уларга тўсатдан човут солар экан, деб ҳадиксираб юраги орқасига тортиб кетарди.
Сичқончалар бу изтиробни қаёқдан ҳам ҳис этсин? Анов инларнинг у ёқ-бу ёғидан қўш-қўш бўлиб мўралаб турган бу миттивойлар ташқи олам жозибасига маҳлиё бўлиб, бошчаларини ин оғзидан чўзганича кетма-кет ташқарига чиқадилар. Сиртдаги гўзал олам жилвалари уларни жўштириб юборди. Нега қувонишмасин ахир? Бундай ажойиботлар уларни жалб этиб, тонг қолдириб, табиатнинг сирли жумбоғига бўлган ёввойи ҳавасини қўзғаб юборди. Бу дунё йўллари улар ўрмалаган йўллардай қисқа ҳам, ниҳояси бўлмаган узун ҳам эмас, барча йўллар шу ерда туташади ва ундан нариёғи чексиз бўшлиқ. Ҳали бу мунчоқ кўзлари мўлтиллаган сичқончалари олдинда турфа жумбоқларга рўбарў қилиб, савол кетидан саволга кўмиб юборишлари тайин…
Она-Сичқон умри давомида не азобларни бошидан кечирмади? Лоақал ер юзида ҳайвон бўлиб яшаш осон бўлмасмиди? Қай бир кунлари ажалга рўбарў бўлиб, жони қийилаёзди. Жонзотлар яралганидаёқ улар билан қўша қўрқинч ҳам яралади чоғи. Юрагининг қуввати турли ваҳималару жонига тахдид солган хатарли кунларда тугаб битди. Бошқасини қўй, бу сичқонлар ҳаёти бошқанинг чекига тушмасин экан, босар изи, юрар йўли худкушларнинг нишонига айланган. Баъзи кунлари индан шундоқ бош чиқариб қараган мард топилмайди. Эски мозорни макон тутган жониворлар таппа босиб гумдон қилади.
Буям озлик қилиб, осмондан шувиллаб учиб келган куйка қанчасини илиб кетди…
Бир сафар сариқ жунлари ҳурпайган ҳайвоннинг шилимшиқ тилига илашиб қолиб, оғизга кириб кетмасидан бурун аранг қутилиб қолгани кечагидек эсида. Ўшанда ўлим дегани бир бор кўз ўнгида гавдаланган. Буни унутмаса ҳам керак. Бехосдан эсига тушиб қолса, танига титроқ югуриб, ўзини қўярга жой топа олмай қолади. Шу каби мавҳум ўйлар Она-Сичқонни чулғаб олиб, хотиридаги ўтган-кетганни титкилади…
Саратон офтоби ерни қоқлаб, кунгай томондаги донли ўсимликларнинг уруғи пишган палла эди. Ўра-чуқурларни искаб юрган сичқон донли топилмасининг шавқида ғарқ пишган уруғдан ютоқиб-ютоқиб ея бошлади. Кўзи овқатга тушгани ҳамон хавфни унутиб, оғзидан сўлаги оққанича донга ташланди. Донни майда тишлари билан қарс-қурс чайнаб, мазали таомга кўнгли суст кета бошлади шўрлик жониворнинг. Сал наридаги шувоқ босган булоқнинг қиясида тулкилар ини бор эди. Хўракнинг мазасига учган сичқон уя тарафга бориб қолганини сезмай қолди. Тепасидан тупроқ сочилганида юраги шув этди. Бир сакраб қочмоқчи бўлганида, ҳурпайган алламбалонинг ўткир тирноқли панжаси типирчилатиб босиб, сув уриб кетган ўпқон остида хийла ушлаб қолди. Кўзи қоронғилашиб, тирноқли панжа остида юраги алланечук бўлиб кетди.
Ўлим дегани қора тундек ёпирилиб келишини сичқон ўша лаҳзада сезди. Ажал бўй кўрсатиб, сичқоннинг жони ҳалқумига келиб қолди. Шундай бўлса ҳам, қалбида липиллаб турган илинж уни қутилишга ундади. Қилт этишга ҳоли қолмаган сичқоннинг юраги заиф уриб, қутилишга умид қилса-да, аранг ураётган юраги билан қўшилиб милт этган умиди ҳам ўчиб қоладигандек туюларди унга. Юраги қафасидан чиққудек бўлиб, ўзи тақдирга тан берганида, хурпайган сариқ тукли ҳайвон панжасини кўтармадими?! Ўпқондан чиққунича қараб турди-да, нарига отиб-берига отиб тўптошдан баттар эрмакка ўйнади. Сичқоннинг қилт этишга ҳоли қолмаган бир пайтда ҳайвоннинг илиқ, шилимшиқ қизил тилига илаша бошлади, агар ҳайвон яна бир нафас олса сичқонни ютарди-қўярди. Чамаси, жонивор сичқон бу ҳайвонга насиб бўлмаган экан, пировардида шапалоқдай тилдан сирғалиб тушиб кетмадими. Ҳаммасидан ажабланарлиси, у билакдек келадиган уянинг ёнига қулади. Сичқон иннинг исини ҳис қилди. Яна бир интилса, ўша тешикнинг тубига қулаб тушарди, лекин унга дармон қайда? Фалокат босиб ин оғзига етолмай қолса, бу турқи совуқ махлуқ яна тутиб олади. Шунда бари тамом бўлди деявер. Ҳаммаси тугайди. Таваккалига тузган режаси чиппакка чиқмаса бўлгани. Қилт этишга ҳоли қолмаган боёқиш сичқон бор кучини тўплаб, пастга қулай бошлади.
Ҳиди анқиб турган эски иннинг оғзи унга кўкда чарақлаган нажотбаҳш қуёшдек кўриниб кетмадими? Асти сўрама! Талай вақтгача қимир этишга мажоли келмай, юрагининг гурс-гурс уришини эшитиб чўзилиб ётди. Қулинг ўргилсин ин ҳиди бурнига кирганида ҳайвон бўлса-да, кўз ёшларини тийиб туролмади. Кўз ёшини селдек оқизиб, чийиллаб-чийиллаб аччиқ йиғлагани кечагидек эсида. Нимасини айтсин, ўшанда тешик оғзидан милтираб тушиб турган ёруғликка тик боқа олмай, ўпкаси тўлиб, чий-чий этиб йиғлаганини унутиб бўлармиди?… Эсида… Ўшанда шўрлик сичқон жонзотларнинг олғири бўлган сичқонни ҳам йиғлатган куни бир йиғласа, бирисини йиртқич, бирисини заиф қилиб яратган табиатнинг адолатсизлигига бир йиғлади, фиғони фалакка ўрлаб зорланди…. Лаънати дунёдан адолат нелигин сўради,.. қаерда ўзи у излаган адолат, борми ўзи у? Бўлса қаерда? Қани? Қачонгача бирови бировига ем бўлади? Бирови бировига озор бермай яшайдими бирор кун? Шуларни Яратганнинг ўзидан эшитиб билгиси келди хўрлиги келган сичқон. Ўша машъум кунда бечора сичқон Тангрига шундай илтижо қилган, ҳақиқатдан барини билгиси келган. Ҳайвонотга дахлдор аччиқ ҳақиқатни билгиси, эшитгиси келган. Лекин унга ким жавоб бериши керак эди? Ҳозир эсласа, ҳафсаласи пир бўлиб, бутун баданига ёқимсиз титроқ югуради сичқон шўрликнинг.
Ҳақиқатдан, ўша куни тулки тешик оғзини пойлаб, узоқлашмай юраверди.
Оғзи ошга етганда ризқини қочириб юборган тулки алами қўзиб, ўлжадан умид узолмай, ин оғзида кўпга қолиб кетди. Сичқон ҳам анойимиди, оқшом чўкккунча миқ этмай ётаверди. Чиқиб қолармикан, деган умид тулкини ҳам тинч қўймади. Томирида қувлик оқадиган бу жонивор ўз ақлига алданиб, тешик оғзини пойлаб ётаверди. Бу ҳам камлик қилгандек билакдек келадиган тешик оғзини орқа оёқлари билан тирмалаб ҳам кўрди. Тирмалаб тешик тубигача ета олмаган тулкининг қўлидан яна нима ҳам келарди?
Сичқон қош қорайиб, яримта ой тепага келгунича бегона инда ётиб, оқшом қуюқлашини кутди. Хийла нафас ростлаб, дармонга киргандан сўнг, осмонда тариқдек сочилган Ҳулкар юлдузлари остидаги ўз инига равона бўлди. Бунга ўхшаган савдолар Она – Сичқоннинг бошидан яна кўп ўтди,… э… қайси бирини эсласин. Айниқса, мана бу индош ўсаётган сичқончаларининг келажаги қандай кечар экан, қисмат уларни бўзлатмаса экан… Охирги кунларда шундай ҳасратли ўйлар қалбини эзмоқда. Шўх сичқончалар буни қаёқдан ҳам англасин? Баъзан Она-Сичқон ҳар бир махлуқ бошига келган кунни кўради-да, қабилида хаёлларини хаспўшлаб кетади. Лекин барибир ўша хаёллар совуқ сув сочилгандек бир сескантириб ўтади.
Боласи тушмагурлар оқ-қорани танимай туриб бирор ваҳшийга йўлиқиб, жони қийилиб кетса нима бўлади? Шўри қуригани ўша бўлмасми, куни битгани ўша бўлмасми? Болачаларини ҳар кўринган худкушга хўрак бўлсин, деб туққанмиди? Ким шундай ўйласа сичқоннинг қоқ тезагини есин! Тезагини! Она-Сичқоннинг аламини келтириб, қалбига хавотир сепган ҳам шу лаънати хаёллар! Илоҳим, шундай ёмон хаёллар ҳеч кимни таъқиб этмасин. Сичқонни изтиробга солиб, қалбини кемирган ҳам шулар…
Бўзранг осмоннинг йиртиғидан қуёшнинг сиёқи кўринди…
Қуёш ин оғзига рўбарў бўлса-да, ер бўйлаб пишқираётган шамолнинг сурони пасаймади.
Шамол узоққа чўзилди бугун.
Иннинг ичкарисига қадар тўзғитиб кирган шамолдан Она-Сичқон ғужанак бўлиб олди, қўш кўзлари оловдек ёнди. Шамолнинг ҳайбати уни қўрқита олмади. Она-Сичқон ин устига тарс этиб тушган бир нарсанинг овозини эшитди. Шусиз ҳам хавотир исканжасидаги сичқон бир фалокатни сезгандек, юраги орқасига тортиб кетди. Бундай ҳолатда бирор бахтсизлик бўлишини билгандек Она-Сичқон ичакдек буралиб кетган ин деворига диккайиб тегиб турган қилтиқдек мурутларини жийириб, кўзига икки дунё баробар кўрингандек, бир амаллаб тезроқ сичқончаларига етиб олиб, эҳтиёт бўлинг, дея огоҳ этишдан бошқасини ўйламасди.
Бундай вазиятларда ўлар-тириларига қарамай ошиғич югуриб кетарди. Ҳозир ҳам шу, Сичқоннинг хавотирини улар ҳам сезгандек, ин ўртасидаги хавфсиз ерга етиб олишган экан. Ҳаммаси ўша ердан бирин-кетин чиқиб келишди. Она-Сичқон безгак тутгандек чийиллаб-чийиллаб юборди. Бу унинг бир ёмон нарсадан ишорати эди. Тепадан эшитилган қўрқинчли овозлар уларнинг шаштини олиб, юракларини қинидан чиқариб юборди. Иннинг тепаси эса ҳамон гумбурлаган шовқиндан кўчиб тушгудек тебранарди. Жонини ҳовучлаган бу миттилар галаси устиларида юз бераётган сирли ҳодисотга қулоқ тутиб, бир муддат писиб қолишди. Нималар бўляпти ўзи? Кимлар улар? деган саволлар чийиллаган товушлари орасидан илғанарди. Она-Сичқон нима қилиб бўлса ҳам танасига югурган титроқни босиб, бошқа тешикдан чиқиб бориб, ташқарида нима воқеа юз берганини кўриб келишга қарор қилди. Она-Сичқон бўлак тешикдан бошини ташқарига чиқариши билан ундан икки-уч қадам нарига бўшаган шиша тарс этиб тушди. Сичқон қўрқиб кетса-да, шиша идишдан кўз узмай, қуврайни паналаб бориб унга яқинлашиб, шишанинг оғзига тумшуғини тиқди. Шишанинг ичидан биров чертиб юборгандек шап ортга тисарилди. Сичқон қўланса ҳидни сезиб, кўнгли ағдарилиб кетди. Бурнига кирган бу ҳид бошини гангитиб, кўз олдини қоронғилатиб, тумшуғини қичиштириб юборди.
Бунақа ҳидга Она-Сичқон шу ёшга етгунича ҳеч дуч келмаган эди. Бундай ҳидга дош бера оладиган жонзотнинг ўзи бўлмаса керак. Сассиғи жонни қорайтириб, заҳарлаб ўлдиргудай. Кўзи тиниб, боши айлана бошлаган сичқоннинг кўз олдида икки оёқли аломат махлуқлар ўта бошлади. Азалдан шу қуврайларни, шувоқ ўсган ерни ўзига макон тутган сичқон мана бундай икки оёқлиларни илк бор кўриб туриши. Булар у ўйлаганидек ҳайвон эмас, одамлар эди. Алҳол, сичқон буларни биринчи марта кўриб турар экан, одамларга биринчи бор йўлиқиб туриши эди. Сичқонни қўрқитиб юборган бу икки оёқлилар унга ҳеч қандай зиён етказмаса-да, барибир уларни сичқонларга қирон келтирувчи душманлардай қабул қилди. Бу дунёдаги барча сичқоннинг душмани эмасми? Сичқоннинг жимжилоқ учидек миячасида шу хаёллар айланди. Она-Сичқон қулай ерга жойлашиб олиб, уларнинг ҳар бир ҳаракатига разм солиб турди. Инчунин, бечоранинг кўнгли нотинч бўлиб, кўзлари қўрқувдан жовдирар эди.
— Кэ-ээк!..
Шундоқ қаршисида би семиз одам қаттиқ кекириб, сичқондан уч-тўрт қарич нарироқдаги қуриган хашакларни шитирлатиб босиб ўтди. У шамол учириб кетмасин, дегандек, бошидаги қалпоғини ушлаб олган эди.
Шамол эса наъра тортиб, этак-барни юлқилайверди…
-Келдик, — деди ҳалигина сичқоннинг ёнидан ўтган семиз киши. – Шу ерни эски мозор дейдилар.
— Хайрият-э?! Келдикми, хийла узоқ жой экан. Энсамиз шишиб кетди, қисталоқ! – деди узун бўйли, ориқ, кўзлари қийиқ киши. – Мозорми, мозор эмасми билинмай қолибди ўзи бу еринг…
— Мозорми, мозор эмасми, муҳокама қилиб нима қиламиз? Бу билан нима ишимиз бор! Буйруқни бажарсак бўлди-да, — пакана, овози хириллаган, мўйловдор биттаси сўзни бўлди. – Қаердан қазийлик жойни? Кун ҳам оғиб боряпти. Эрта кунни кеч қилмай…. ёруғда… шамол ҳам қотирадиган бўлди, ҳе, ит! Тезроқ тамомлайлик.
— Шошилмачи, бой бўлгур! Авввал исиниб олайликми?! – Дўпписини кўзигача бостириб кийиб олган қорачадан келган киши бошидагисини ўнглар экан сўз ташлади. – биттасини тубигача симирдик. Яна биттаси бор, олиб чиқинглар. Қани?! Оғиз чайқаб олайлик. Ўшанда кўрасан шамолингни, бир пул бўлиб қолади. Жон ҳам бир яйрасин. Ундан сўнг ер қазишни қўйиб бер. Белимиз терлагунча қазирмиз? Сичқоннинг инидааай қилиб қазиймиз…
— Шундай қилайлик унда! – кафтини бир-бирига уриб деди қалпоғини қайириб кийиб олган, ҳалигина ҳийла қизиб олган киши ўрнидан тебраниб турди. – Боболаримизнинг жасади шу ерда эканми? Гурзовой стаканга юз-юздан босиб, руҳини хотирлаб қўйсак, нима дейсизлар, а, лаббай? – унинг яна оёқлари чалишиб кетди. – Буни бермаса бу томонларга келармидик ўзи? Ке-келинглар, савоб учун-да ахир…бирини очайлик.
— Савобчиликка бўлса, савобчиликка-да! Савоб учун заҳарни бўлса ҳам ичиш керак. Мана менинг ҳам. – Қалпоқлининг гапини қувватлади гунгурсдай қора, жундор киши. У ҳам қизиб олган. — …Менинг ҳам! Отамнинг онаси шу ерда деб айтишади. Эшитганим бор… Кел, энди, олиб чиқ. Биттасини…
— Бўлгани шу битта қолди. – Сичқоннинг ёнидан ўтган бақалоқ киши чийдухоба костюмининг чўнтагидан яна бирини олди. – Битта, холос. Ёлғон айтсам, жоним узилсин. Мана! Дод десанглар ҳам, войдод десанглар ҳам, бундан бошқаси йўқ. Шу охиргиси…
Эски мозорга келган олти киши шамолда паналашиб, чийдухоба костюмлининг атрофида уймалашиб қолишди. Пайдар-пай узатилаётган стаканлар тўлдирилиб, шиша зумда бўшаб қолди. Бўшаган иккинчи шиша идиш қуриган хашаклар остига кириб, разм солиб ётган Она-Сичқоннинг ёнига тарс этиб тушди. Сичқон чўчиб тушди. Шамолда йиқилган қуврайлар остидан дам ўрмалаб дам тўхтаб бориб, эндигина бўшаган шишага етди-да, шайтон йўлдан оздиргандек, ин оғзига ўхшаш шишага тумшуғини суқди. Бурқираган сассиқ ҳиддан иккинчи марта жирканиб кетди. Кўзи хиралашиб, кўз ўнгидаги манзара қизиқ тус олди. Мияси бир ўйни тута олмас, ўзи ерга қапишиб турса-да, чалқанча йиқилиб кетадигандек бир қизиқ, бир нохуш ҳолат қамраб олиб, кўнгнли ағдарила бошлади.
Шу аҳволда аранг турган сичқонга бир хаёл тинчлик бермасди. Нега мана бу икки оёқлилар чайқалмай-нетмай икки оёқда бемалол туришибди, нега йиқилиб тушмайди? Ёки булар оғу ичиб ҳам осонликча жон бермайдиган касларми, деб ўйлади сассиқ ҳиддан карахт бўлиб бўлган сичқон.
Телба шамолнинг сурони пасайиб, ерни совураётган суръати энди қуврайларнинг учинигина тебратиб қолди…
Икки оёқлиларнинг бу ерга келиш сабабини тушунавермаган Она-Сичқон панага биқиниб ётарди…
***
Қишлоқ аҳли бир кунда икки кишининг жасадини ерга берадиган бўлди…
II
Бу бир кам дунёнинг не-не савдолари бўлса-да, бугунгидек шўрида кун қишлоқ аҳлининг бошига келади, деб ким ўйлабди дейсиз? Яна денг, икки маййитни бир кунда ерга беришдек кулфат! Банданинг бир кунмас-бир куни бу дунёдан кетмоғи тайин бўлса-да, бир куни бу ҳаётдан насибаси узилса-да, бир куни ажал эшик қоқиши чин бўлса-да, бутун овулни мотамга чулғаб, манаман деган азим кишисини олиб кетаверадими бу ажал?! Икки одами тенг вафот этган овулда кўтарилган мотамсаро айтимлар кўнгилларни қоронғилатиб, барчани лоҳас қила бошлади.
Қуриб кетсин бу жудолик! Қишлоқ ёппасига оёққа қалқди; овулнинг валинеъмати, талай йиллардан бери оқсаб қолган чорвани оёққа турғизиб, довруғи чор тарафга етиб, номи бутун областга маълум, нуфузли бу инсоннинг узоқ хасталикдан сўнг вафот этиши келиб-келиб шу кунга тўғри келгани не уқубат?.. Одам “кетмоқ” ҳукми остида бу дунёга келса-да, бир куни у дунё эшигини қоқиши қайси банданинг ордона қолгур эсига келар экан; бу одам дегани дунёга устун бўлиб яралгандай туюлади барчага. Мана ҳозир ҳам кўзлари юмилиб, қонсиз қўллари кўкраги устига қўйилган бўлса-да, юраклари тарс ёрилиб кетгудай ишонқирамай туришарди. Киши хаёлига келмаган фавқулодда иш бўлди-ку бу! Елимдек ёпишган дард охири боёқишни олтмишга ҳам етказмай, жонини олиб кетди. Тўшакка мук тушиб жон таслим қилишини ҳеч кимса ақлига сиғдиролмади. Номинг ўчгур ажал барибир келиб ҳукмини адо қилар экан, келиб-келиб шу куни амалга ошадими қазо ҳукми? Олмоғи бор дунё олиш кунини ортга суриб турса не бўларди? Эсини таниган боладан тортиб, пайғамбар ёшини қоралаган қари-қартанггача у инсоннинг номини ошкора фахр билан тилга олардилар. Олис бегона юртда юрганлари ҳам “биз фалончининг қишлоғидан бўламиз”, деб кўкларга кўтариб алқагани-алқаган эди. Халқ орасидаги обрў-эътиборини билмоқчи бўлганларга, унинг исмини эшитган одамнинг ўзиёқ овози майинлашиб, қайта-қайта бош силкиб, “О, уни таниганда қандоқ! Жуда ҳурмат қиламиз. Нима, у сизлар томонда яшайдими?” дея тараддудланиб, эхтиром қилиб, ўша фалончи иззатли инсоннинг ҳамқишлоғига ҳам такаллуф кўрсатишининг ўзи етарли эди.
Ўша қишлоқни таниса-танимаса, бир оғиз салом-алик қилиб қўйишни ўзларига манзур кўриб, яқин қариндошидай илтифот кўрсатишни ҳам канда қилмайди. Бундай гаплар қулоққа доим чалинадиган одатий сўзлар эди. “У бир яралган инсон-да!” – деб, бақадриҳол ўзининг етти отаси орқали туташган уруғи эканлигидан сўз очиб, сўнг нафсиламрига ўтишар эди.
Эндичи?! Энди?! Бундан буён нима қилишар экан? Авалгидек кимга тилидан бол томиб гапиришиб, кимга эшиттиришади? Минг афсус! Таассуф! Маддоҳликни кўринган ерга тўккандан кўра у инсонга умр тилаб, саломатлигини сўрашмасмиди? Шуни ҳозир хаёлларига келтирмадиларми ўсал бўлиб. Сўнгги пушаймон қовурғасини қайиштирадиган бўлди буларнинг. Мана энди шўрликларнинг юрагига қил сиғмай, ҳаммани саросимага солиб қўйган бевақт ажалнинг азасини тутиб қолаверадиларми? Унинг номини қистириб, оғзининг ҳовурига ош пишириб юрганлар энди нима қилади? Ҳар не мушкулот-муаммонинг балогардони бўлган бу инсоннинг иззатли номи билан қўша хонумонлари ҳам сочиладими энди? Юрт отаси ҳисобланган инсоннинг вафоти бутун қишлоқни ўрлаган тумандек қайғуга ботирди.
Қишлоқда йиғи кўтарилиб, аёлларнинг аччиқ-аччиқ навҳаси юракларни эза бошлаганини айтма. Гўяндаларнинг ноласи мунгли-мунгли тус олиб, етмиш икки томир бу муқаррар жудоликни кўтаролмай тўлғониб-тўлғониб кетди. Бир кам дунё экан! Бир кўргулиги шу экан! Шўрлик яна бироз яшаб турганида эди, кечагина райондаги юқори лавозимга тайинланган ўғлининг ташаббусларидан қувониб, у дунёга армонсиз кетармиди Ўғлининг мана шу курсининг эгаллашига бош сабабкор ҳам ўзи эмасми? Танишдан танишга ўтиб, қариндошдан қариндошни суриштириб, теги-зотини туташтириб, уруғ-авлодини қувиб бормаган ери, босмаган остонаси қолмади боёқишнинг. Алалоқибат шунча оворагарчиликлари, югур-югурлари натижасини берган экан. Ўғилларини яхшигина ишга жойлайман, деб юриб ажални эрта чақириб олдими, шу ҳам ўйга толдиради кишини. Ўғиллари дуруст хизматларда. Тутамлаган еридан мой томади, дерди таниган-билганлар. Ота таълимини олган ўғиллар номаъқул чиқармиди? Иккови ҳам гуркираган ишхонада директор дейишади, биттаси яна аллақаерда дўкондорларнинг каттаси эмиш. Ўртанчаси бир кун аввал райондаги йирик бир лавозимга ўтирди. “Амалинг бўлса, эл ичида дуруст ҳисобланасан. Ҳозир мансабга қараб салом бериладиган замон. Қўлингдан ҳеч вақо келмаса ким ҳам бўлардинг?
Ҳозир бошингни эмас, кетингни ўйла… Буни ёдинглардан чиқарманглар. Яхши яшашни хоҳласангиз, ўтирган ўрнингиз юмшоқ, лавозимингиз дурустроқ бўлсин.
Халқнинг сизларга иши тушгудек бўлсин. Хожати тушганидан сўнг одамдан ҳам ақлли жон борми, ўзлари сизларни сайлаб олади. Еган оғиз уялади, деганларидек, марҳамат қилинган ерда миннатдорчилик таомили бўлмай қўярмиди? Шундагина ўсасизлар… ўсасизлар ҳали”, — деб неча бор ўғилларининг қулоғига қуйган эди ота. Ҳолбуки, отанинг шунча уринишлари зое бўлмаган эди.
Шундай тадбирли, ақлли инсон инсон эди-да ўзиям… Шу тариқа ўғиллари биттадан мансабни тутиб, тевараги текис бўлганда, ўзининг ички дарди қўзғаб, тўшакка михлаб қўймадими! Болалари зир югуриб доктордан-докторга, табибдан-табибга боқтирди, лекин кундан-кунга мазаси қочиб, дарди зўрайиб, томоғдан овқат ўтмай, пешобини ҳам тувакка ушатиб қолди. Ҳол сўраб кириб-чиқувчиларнинг оёғи узилмади, таомилга кўра “худо хохласа тузалиб кетасиз, ноумид бўлманг” қабилидаги сохта мулозаматлар хуноб қилиб юборди. Ажал таъқиб қилиб қолса, замзам қудуғидан сув сипқорсанг ҳам барибир экан. Мана шу тариқа йўлингни тўсиб, жонингни кўзингга кўрсатиб қўяр экан. Эртанги кунга умиди сўниб, у кишини ўлим ҳақидаги хаёллар қичитқиўтдек чирмаб олди…Учта пар ёстиққа бошини қўйиб, узала тушиб ётган гавдаси худ-бехуд бўлиб, бадани тахтадек сарғайди, юзлари буришди, аввалги буғдой ранг чеҳрасини, қип-қизил ёноқларини зулук сўргандек қони қочди, мустаҳкам, чайир юз териси хунуклашди. Энди у мангу уйқунинг бўсағасига келиб қолган эди. Қуриган қуврайдек тиришиб, тирик мурда бўлиб қолган, қимир этишга мажоли қолмаган бу инсон кўрганнинг раҳмини келтирган беморгина эмас, бир пайтлар даврон сурган Босит Отақулов ёки Босит Отақулович эди. Унинг ўша инсон эканлигига ҳозир ким ҳам ишонарди.? Ким? Бу бир афтодаҳол бемор. Ҳў бояги ўктам овозли, чўрткесар, гап келса отасини ҳам аямайдиган, олгану олдирмаган, тутганини қўйиб юбормаган раис бува ҳозир унниқиб кетган эски латтадан баттар бўзариб, нафасини аранг олар, жонсиз кўзлари киприк қоқмай қўйган. Юзига қўнган чивинни гоҳида сезса, гоҳида сезмай қолади, гоҳида эса юзининг чивин қўнган тарафини буриштириб қўяди. Бу заиф ҳаракатни чивин сезса ҳам сезмаганга олиб, биронтаси елпиғич билан елпимаса назарига ҳам илмас эди жонсиз юз терисидаги ҳаракатни…
Ёлғончи дунёнинг инсонга кўрсатмаган ранж-алами ҳам бормикин? Даври келганида осмонга тиргак бўлгудек раиснинг важоҳатидан асар ҳам қолмай, ҳолига маймун йиғлайдиган алфозда ётар эди. Шу кўргуликни бу одамга раво кўрган одам бормиди ўзи? Борми? Бошқасини қўй, қўйнига тош яшириб олган душмани ҳам хаёлига келтирган эмас буни. Одам ҳарчанд уринса ҳам, Яратганнинг тақдири олдида бир ожиз банда экан. Узун-узун қўлидаги қабариб чиққан томирларида қон ивиб, оғзига томизилган сувни ютишга ҳам мадори етмай, саноқли дақиқаларини яшарди у ҳозир.
Сўнгги дақиқалар узоққа чўзилди…
Юмшоқ ёстиқда ётган отасининг қошида мотамсаро ўтирган ўғиллари ерга тикилиб, на таскин топмай, на ўйлаган ўйларига етмай, ер чизганича бир муддат тек қотдилар.
Ён-веридан узил-кесил шивир-шивирлар эшитилиб, икки ҳафтадан буён қат-қат бўлиб тиришиб кетган манглайига кимдир юмшоқ қўлини қўйди. Қўл тафтини сезса-да, қовоғини очиб қарашга ҳоли бўлмади. Бўғзига тиқилган аччиқ аламдан ожиз ва шикаста ингради. Ҳар оҳ тортганида фарзандлари танасига бигиз санчгандек изтиробга тушардилар. Ич-ичидан қайнаб чиққан ҳирқироқдан кўзларига жон кириб, киприк қоқмай термулиб ўтирган ўғилларида умид уйғотарди. Уларнинг назарида оталарининг жони кўзига яширингану, умидлари узилган шундай паллада отаси кўзини ярқ очиб, “Сизлар ҳам шу ердамисизлар?” дея гап бошлайдигандек, овозини эшитишга шунчалар интиқ бўлишгани маҳзун юз ифодасидан билиниб турарди.
Беш кунлик умрини буткул фарзандларининг кам-кўстини бутлашга бағишлаган ота ҳозир ҳам шу нуридийдаларини ўйларди… “Энди ким сизларга суянадиган тоғ, ҳимоя қиладиган қоя бўлади?” Ўзидан бошқага эшитилмаган бу фарёди бир муддат онгини машғул қилди. Ваҳоланки, жонини шундоққина бериб қўйгиси келмасди айни топда. Чиқ-чиқ дея бири кетидан бири югураётган сонияларни чўзгиси, ҳаёт гулини яна бир искагиси келарди.
Бунга ҳилвираб қолган қуввати етармикан? Отасининг нечоғлик яшагиси келаётганини, ҳаётдан умид узолмаётганини кошки фарзандлари сезса! Кўчкидек емирилиб бораётган жони учун ҳаёт қуши шунчалар азиз ва қадрли бўлиб кетдими? Фарзандлари ҳозир неларни ўйлаётган экан? Шу хаёл унга тинчлик бермас эди. Мангу уйқуга узанишдан олдин шу ни билгиси келди. Замон эврилиб, ирмоқларга бўлиниб кетган жилғалардек ўғилларининг хаёлида биргина фикр айланарди: ”Эй, Худойим, жонини олар бўлсанг, отамизни қийнамай, жонини олиб қўя қолчи”, Фарзандлар отасининг охирги нафасини кутиб, “отам ай” деб ўкраб юборишга, бир ҳафтадан буён бордоқдаги сувдек тўлиб-тошиб, қароқларида айланаётган кўз ёшларини тўкиб йиғлашга ҳозир турардилар. Босит раис умр соатларини узайтиришни хоҳласа, фарзандлари шу сониядаёқ тўхташини тилардилар. Ўлганнинг шўри, оҳу ноласи фақат ўзигами?! Фарзандларининг кўнглидан кечганини кимдир унга етказолса эди? Гап ташийдиган биронта борми шу топда? Хуфиёна билиб берувчи борми? Эҳ, шундай бўлганида борми!.. Тўшакда ётган рамақижон гавдаси тирилиб кетиб, бу ботил дунёни ҳам, қулфи-зулфинини ҳам синдириб тепиб: “Умр бўйи сизларни деб, тишимнинг кирини сўриб келдим, шуми сизнинг тилагингиз? Қани айтинглар! Сизлар учун йиққан –терган дури-дунёмнинг эвазигами бу? Ўлсам сизларга барибир, шекилли. Қайси виждон билан бу ўйга бордингиз? Қани айтингларчи?!
Хўўш, гапиринглар?! Ўлимдан-ку тонмайман, билиб қўйинглар! Жонимни ўтқа-чўққа уриб, сизларни элдан кам бўлмасин деб, бировнинг қўлига қарамасин десам, буларингни кўр! Жонимни ҳовучлаб нариги дунёга равона бўлаётсам, шуми тилагингиз? Бирин-кетин барчангизни ўқитдим, едириб-ичириб катта қилдим, ёғлиққина лавозимларга кетингизни қўйиб қўйдим, сизлар эса… Шуми кўрсатган кароматингиз? Эссиз мен нотавоннинг ўлмаган жони!” – дея ёзғирганича жон кириб кетмасмиди? Ҳайриятки, бу сўзларни на айтган ва на эшитган бирон хуфия йўқ…
Боситнинг муддати тобора чўзилаверди…
Босит раис авваламбор ўз ажалини кўз билан кўришга ошиқди. Ажал ўзи нима? Мана бундай қора тунми? Ёки ғира-шира қулоқа чалинган ғалат овозларми? Кўринса кўзга кўринмайдими, бир чорасини қилиб ўша ажал аталмишга чап бериб, чангалидан қутилиб кетармиди? Шундай қилиб енгиб олса бўлмасми? Дарвоқе, ажал дегани қандай бўлади ўзи? Жон олғичми, ё киши қиёфасидаги бир нарсами? Ажабо! Бу масалада ҳеч ким билан мунозара қилиб кўрмаган экан. Кўзи хираланиб, танасини ўтмас пичоқ билан қиймалагандек инграганда, жони ўзи ўйлагандек одамларникидан бўлак бир хилқат эмас, ўша одамлар сингари бир тирик жон эканлигини танаси жизиллаб оғриганида ишонди. Зеро бунга қадар ғафлатда юрган экан, боёқиш, одамларни ўзига тенг кўрмай юрган экан, боёқиш? Энди унга ким қайғуради, ким ачинади? Номинг ўчгур ажал деган шумқадам ҳам тезроқ пешвоз чиқиб, олиб кетса тезроқ олиб кетмайдими?
Одамни бунчалик калака қилиб тахқирламаса? Кечикди-ку у ҳам? Ёки ҳали эртами? Ё боз уйнинг тундугидан тушган нур каби танасига нафас югуриб, соғайиб кетадими? Кошкийди шундай бўлса? Қани энди?..
Босит раиснинг ажали осонлик билан кўзига кўрина қолмади… Ҳар бир нарсанинг сўроғи бор. Ўша жавобгарлик Босит раиснинг бошига ҳам тушиб туриб турибди ҳозир. Боиси, ўлим остонасида уни талвасага солиб қўйган ўтмишидаги ҳар ишлари борки, ўшаларга жавоб бериши керак. Шу каби ўйлар жисмини хамирдек ғижимлаб, осонликча ажал қўлига топшириб қўявермас эканда? Бу ҳаётда қандай оқ ва қора кечмиш-кечирмишларинг бор? Ортингда қандай эзгу ишларинг қолди? Тарозу босгулик амалинг борми?.. Даставвал шу саволларга жавоб ахтарсин. Бирор оғиз сўз айта оладими? Иймони саломат қоладими ёки ичи нураб битган дарахт каби қулаб тушадими? Ё алҳазар! Айтсин барини, барчасини тўкиб солсин… Туш каби хира туманлик аро чўзилган чексизликдаги қилкўприкдан янглишмай босиб ўта оладими, жасади ерда қолса ҳам, руҳи кўкка парвоз қилиб қай томон учиб борар экан? Ҳозир эса муштумдек жонининг сарҳисоби, охирманзили — жаннати ҳам, дўзаҳи ҳам тарозу палласига қўйилмоқда. Орқасида қандай из қолди, қандай ҳаёт кечирди, не ишларни амалга оширди, ҳаммасини бир-бир ўйлаб чиқсинчи…
Устига ёпиб қўйилган юмшоқ тивит адёл оғир бир матоҳдек босиб ташлар, ўринда ётган инсон ҳам тирик инсон эмас, тирик мурдага ўхшаб қолган, бемор тинимсиз алаҳсираб, бежолашиб, кўзига алақ-чалақ тушлар кўрина бошлаган эди.
Кунора томирига санчилаётган докторнинг игнаси таъбини очиб, дармонга киргизаётган эди. Шу ёшга чиқиб бошини болишга қўймаган экан. Боши болишга текканида ҳам эртага ўрнимдан туриб кетаман-да, деб парво қилмаган. Бироқ бу сафар тўшакдан осонликча туриб кета олмаслигига кўзи етиб, бормаган ери, тотиб кўрмаган малҳам-дориси қолмади, барча чорани қўллаб кўрди. Боситнинг иллати ичида эди, буни ўзи зимдан ҳис қилар, лекин бошқа ҳеч ким билмайдигандек сезилар эди ўзига. Ўзи билган тақдирда ҳам қандай қилиб бу дарддан қутиларди. Қайси дори-дармонни ичарди? Ўша изтиробли ўйлар қийнаб, кун ўтгани сайин ақлу ҳушини ўғирлаб, охирида бутун вужудини чирмаб олди. Таомга иштаҳаси бўлмай, мой боғлаган танаси қизиб-қовжираб, ёноқлари ичига ботиб кетди. Канадай ёпишган бу дарднинг енгил дард эмаслиги, оқибати баҳайр бўлмаслиги аён бўла бошлади. Шундан бошлаб миясида тобора ҳолсизланиб бораётган жисмини музлатиб юборгудек совуқ хаёллар айлана бошлади, бу ҳаёллар қалбини ларзага солаверди. Бу қуриб кетгур ўйлар ажал ҳақида, сескантириб юборадиган ажал ҳақидаги ўйлар эмасмиди? Қўрққани ажал деган бало-қазо ўзи борми ёки йўқми, эҳтимол уни одамлар тўқиб чиқаргандир, бирор англашилмас сўз бўлса керак, аа… Бирда ишонса, бирда ишонмай кетарди бунга; у ажални олисда юрадиган бир юҳо деб тасаввур қиларди. Ваҳоланки, бир норасиданинг хаёлини ўйлабди. Наҳотки, ўлим ҳақида шундай фикрга бориш мумкинми, ахир. Бу кишим ҳамиша шундай юравераман, деб хаёл қилармиди?
Ҳозир у гаплар қайси ақлига келсин? Худо урмадими, отдек юрган одам бир куни келиб кўзини чирт юмиб кетаверса, кимнинг жони ачишмайди, кимнинг жони бўзламайди? Ажал дегани бундай сўзларга қулоқ солмайдиган тошюрак, нола-фиғонни қўмсаган ҳиссиз бир яратиқми? Ўлим билан умр чизиғининг ўртасида турган Боситнинг тўкилиб адо бўлай деган жонига яна шу каби эзгин саволлар рахна солиб ўтди. Ниҳоят, қароқлари аста юмилиб, дунё остонасидан хатлайдиган фурсати етиб келди. Йў-ўқ!.. Охирги кунлари миясига ўргимчак тўридай чирмашиб бораётган совуқ ўйлардан сесканиб кетиб, жонсиз қўллари билан ўзи ётган каравотни махкам ушлаб оларкан, силлиқ темирнинг муздек тегишидан ўзига келиб, юрагининг оғир-оғир ураётганини ҳис қилади. Сўнгги беш-олти куни сув остида ўтгандек, оғир, шубхали ўйлар исканжасида азобланаверди. Ўпкасини совуққа олдирган қўйдан баттар иҳрар, ҳаракатсиз ётган жисмини эса хаёлларнинг зилдек салмоғи босаверди. Боши келисопнинг бошидек бўлиб кўрпа остида қимир этмай ётар, чаккасидан реза-реза муздек тер ёстиққа оқиб тушарди. Ўша сонияда кўпдан бери юрагини увуштираётган, эслашга ҳам ботинмаётган, хатто ажалдан ҳам даҳшатлироқ ўлим ҳақида, ўзининг охирманзили ҳақида ўйлади. Ҳолбуки анча кундан буён бу нарсани эслашга ҳам қўрқаётган эди. Босит раисга ажал билан ўлим тушунчалари икки бошқа моҳиятдек англашилиб, гўёки ажал билан ўлим бир чизиқда кесишмайдигандек, ёхуд чорасини қилиб ажалга чап бериб кетадигандек туюлган эди.
У ўлим сўзини тилга олишдан ҳам қалби ларзага келар, қўрқар эди. Қўрқишига сабаб шу эди: ҳақиқатдан ҳам ҳаёт чироғи чирс этиб ўчиб, кунлари тунга алмашадими, зулматда қолиб, танаси ерга қоришиб кетадими? “Ўзинг сақла, яратган Тангрим, бор бўлсанг ўзинг сақла бечора бандангни? Ўзинг яратган барча хилқат ўзингга боғлиқ. Бандангнинг яралгани ёлғон бўлса-да, кетмишини ростлик қилиб яратгансан. Ўзинг раҳм қил, ғазаб қилма. Эртами-кечми, берганингнинг олмоғинг бор. Шундай экан, сенга муножот қиламан: чивиндек жонимга раҳм қил. Бу сафар қўйиб бер, бироз кечикайин… Мени бироз қўятур, Тангрим! Ўзинг сақла…”
Босит раис бутун вужуди билан тавалло қиларди шу топда. Анчадан буён Яратганнинг номини тилга олмаган раис жони кўзига кўринганидан сўнг, саросимада айтиб юборди бу илтижоларини. Қўрққани сайин қўрқитган нарсаси томон яқинлашаверди-яқинлашаверди… Босит раис охирги кунлари кундузи ҳам тунда ҳам алақ-чалақ тушлар кўриб, алаҳсирай бошлдади…
Куни кеча нафаси бир маромда кириб-чиқар, руҳи ҳам анча тетик эди. Тўрдан кўра гўр яқин бўлиб турган шундай паллада ёмон туш кўраман, деб сира ўйламаган эди. Ўша тушни кўргандан сўнг дарду дунёси чаппарилиб, қилич билан чопгандек шалвираб қолди.
Худо кўрсатмасин, шундай нуфузли киши охирги нафасини чиқараётиб “Мени кечиринглар”, деб айтиб турса. Шу каломни айтиб бўлганидан кейин тилдан қолган эмиш. Уй ичида ҳалқа бўлиб ўтириб, бутун диққатини жон таслим қилиш арафасидаги отасига қаратган фарзандлари бу гапни пешиндан кейин эшитишди. Отасининг халқдан кечирим сўрагудек қайси гуноҳи, қайси қилмиши бор эди? Ёшу қарини тенг кўрган холис одам эмасмиди? Ҳали эл оғзидан номи тушганича йўқ. Ҳув тўрда ўтирган одам эди-ку ахир. Ақл-ҳушини йўқотиб, алжиб қолганиим бу? “Отамиз кимдан кечирим сўради?” нохуш савол Босит раиснинг қошида ўтирган болаларини ўйлантириб қўйди. Эси кирарли-чиқарли бўлиб, сўзлаб қўйганимикин бу, қуриган олманинг пўстидек бўлиб кетган лаблари алланечук, узил-кесил пиқ-пиқ этиб қўярди ўҳтин-ўҳтинда.
Бир куни раиснинг тушига бояги йиллардаги бир воқеа кирибди…
Ўшанда Қандоқ эди? Даври келиб, бир колхозни қўлида тутиб, минг хўжалик элни бошқариб, айтгани айтган, дегани деган бўлиб юрган бир замонлар эди. Бир даври келган экан-да ўзи ҳам. У бошқарган колхоз бутун районда ҳеч кимни олдига ўтказмай, маррага етиб борарди. Эҳ, ўша пайтларда бу одамни бир кўрсанг эди! Кўрибоқ ҳамма тан берарди. Гавдаси йўғон, юзи қип-қизил, оғзининг ҳовурига ош пишадиган сўзи ўтимли одам эди. Кўзига тик қарай оладиган марднинг ўзи йўқ эди.
Қўлини кўксига қўйиб, “лаббай, хўп ака, хўп” деган сўздан нарига ўтмаган экан бу овулнинг одамлари. Эсласа кўзларга ёш қалқитадиган фаровон кунлар бўлган экан. Эҳ, яна нимасини айтсин…
Бири ортидан бири уланиб кетадиган бош-охири йўқ мавҳум тушларининг бирида раҳматли бўлиб кетган бир таниш чеҳрани кўрган. Кўргану, бутун аъзои бадани музлаб кетган. Худо кўрсатмасин, қандай кўринган бўлса ўшандай, тиғдек кескир нигоҳлари, худди мушукнинг кўзидек қоронғида ёниб турар эди. “Бу ўша, ўша”, у тушидаги одамни таниди. Тўғри, тўғри, бу ҳақиқатдан ҳам қиёфаси унга таниш бўлган ўша одам. Бу киши Босит раис ётиб қолганидан бери нақ жон олғучидек ортидан эргашиб, ўз кўланкасидан ҳам баттар таъқиб қилиб қолмадими; эҳтимол, раисни руҳан эзиб ташлаган ажал деган азобли қўрқинчни ҳам шу бадбахт кимса, кўз қараши мушукникидек кимса эргаштириб келгандир. Бундай фалокатлар келса, ўша одамдангина келган бўлади. Нима сабабдан Босит бу кишининг нигоҳларини эслайверди. Бу тахлит эслайверишига бирор жўяли важи борми? Қайси бирини айтиб тушунтирсин ўзига. Тушга нималар кирмайди ахир! Йў-ўқ, бу оддий туш эмас, кўз ўнгидан кетмаётган бу қиёфа ҳам оддий одам эмас. Умр бўйи ёмонлик тилаб келган, ичи тор, хасадгўй, хасис одам бу!
Дарвоқе, бу бу кишини ҳатто тушида кўришга ҳам тоқати етмас эди; йў-ўқ, кўзига кўринма бунинг, кўринма энди, йўқол, даф бўл, йўқол нари, жон талашиб ётганда уни тинч қўй, кўзига кўринмай тур.
Яна ўша туш,.. урчуқнинг ипидек чувалган туш.
Бош-учи осонликча билинмайди, на эслай олади, на ақлига сиғдиради у тушларни. Кўзининг очиқлиги ёки юмуқлиги ҳам маълум эмас. Бугина эмас, аслида ўзи қаерда эди шу топда.Тирикми ё ўликмиди? Бу нимаси? Ўзининг қаерда эканлигига ҳам фаҳми ожизлик қилиб, қаттиқ тушкунликдан ҳушина йўқотаёзди. Ана, яна туши узилиб туриб, шундоқ биров ёпиштириб қўйгандек давом этиб кетди. Яна ўша киши, яна совутиб қўйилгандек кўзига кўринди. У эски мозорнинг ёнида юрарди. Саҳти-сумбати, ранг-туси ўша-ўша, кўзининг нури ҳам сўнмаган. Босит уни кўриши билан ёқасини ушлади, юраги ўпирилиб кетгандек чўчиб кетди шу сонияда. Қўлида курак, ўша кураги билан ер қазиб юрарди. Иккови бир-бирига қараб узоқ вақт тек қотишди.
— Кимга жой қазияпсан? – ўртадаги жимликни бузди Босит. – ким вафот этди?..
— Кимга бўларди? – жавоб берди оқ сурпдан кийим кийган бу одам. – Ўзимга-да… ўзимга…
— Ўзимга дейсанми? – ҳайрон бўлди Босит – сени ерга қўйганимиз қачон эди. Ўн йилларча бўлиб қолди-ку. Ўн йил…
— Бировлар қазиган гўрда жасадим тинч ётмади. – У курагини ерга қўйиб гапирарди. – Гуноҳим кўп экан. Ўз қўлим билан қазиб жой тайёрлаяпман.
Бўлмаса, тинч ётишим маълум эмас. Бу томонларда одамга тинчлик керак. Тинчи йўқ дунёдан тинчлик излаб келамиз-да! Ётган еринг нотинч бўлса, тинчликни қаердан ҳам излардинг? Нима зарурати бор ахир?..
Ўзинг айтчи, у энди Боситга савол ташлади., — сенинг ҳам гуноҳинг борми, аа? Айтчи?
-Меними? – Босит бу саволдан чўчиб кетди, — йўқ…
Ўзингни қийнама? – унинг овози ўктам янгради. – Гуноҳи кўпларгина ўзини шундай оқламоқчи бўлишади. Билиб қўй!
— Сен кимга дўқ ураётганингни биласанми? Танияпсанми, мен кимман?
— Бу томонларда одамларнинг ким эканлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳамма бирдек!
— Қаерда?! – Босит чўғ устида юргандек сесканиб кетди. – Бу еринг қаер ахир?!
— Бу ерми? – ўқрайиб қаради у – Бу деган еринг инсонлар тоифаланмайдиган, сараланмайдиган ер. Яхши-ёмони, гуноҳкор-бегуноҳи – ҳаммаси бир…
Шу ерга келганида Боситнинг туши яна узилди. “Чиндан мен ўша томонларга кетиб қолдимми, а? Қаердаман ўзи? Ким жавоб беради менга? Айтингларчи? Айтинглар!” Боситнинг охирги нафаслари билан бирга бўғзидан шу саволлари чиқди. У ўзининг қаерда эканлигини билиб олиш учун бир неча кундан бери қўллаётган усулни қилди. Аранг қимирлаётган қўллари билан муздек каравотни чангаллади. Мана энди маълум бўлди қаерда эканлиги.
Боситнинг қўли муздек темирда сирғалди, ўша совуқликни ҳис қилди, демак кўксида юраги уриб турган экан. Жони осонликча таслим бўлмайдиганга ўхшайди. Яна ўша лаънати туш узилган еридан бирикиб, давом этиб кетди.
Оқ сурпдан кийим кийган Боситга таниш ўша одам ҳалиги ердан кетмабди.
— Сен нега кўзимга тик қарай олмаяпсан? – у киши Боситга мурожаат қилди. – сени танигандай бўляпман. Бирор ерда учрашганмизми?..
— Меними? – Босит саросимага тушди. – Лекин мен сени биринчи марта кўриб турибман. – Босит “сени танийман” деган сўзни айтишга юраги бетламади. Фалокат босиб таниб қолса, нима қилади. Ўз ҳолига қўярмиди сезиб қолса, махкам этагидан тутиб, шу ерда олиб қолиши турган гап. Ўшанда куни битади, тамом бўлади ахир. Каравоти эмас, бошқа нарсани ушлаб қолса ҳам фойдаси йўқ, куни битади, тамом…
— Ёлғон айтма, ёлғон гапирсанг ер қабул қилмай қўяди. Бу ерда сўзлар сохталаштирилмайди. Сен мени танийсан, ҳа, танийсан. – деди қатъийлик билан — Танийсан!
— Гуноҳкорлар танишиб ҳам гуноҳини кўпайтирадилар. Сенинг ҳам гуноҳинг кўпми дейман. Сенга ўхшаганларнинг дастидан ер ҳам озорланадиган бўлди. Бу гуноҳларнинг бари ерга сиғармикан ўзи?
— Гуноҳим бўлса одамлар кечиришади-да. Бу ерга гуноҳкорлар келармиди? Пок ҳолда келамиз буёққа. Эл кечиради барчасини…
— Эл-ку кечирар, лекин ер-чи..ер?
— Ерми?.. Ер… – Боситнинг сўзи узилиб, туши йўқликка сингиб кетди. Кўзига жимир-жимир алланарсалар кўринди.
Туши узилди. Узилганининг сабаби ёнида ўтирганлардан бири нам докани оғзига тегизган эди.
— Қоронғи, — деди Босит. – Бу қоронғилик нимаси?..
Боситнинг узуқ-юлуқ сўзларини аранг эшитган болалари: — Ота чироқни ёндирайликми? – дейишди.
Пешин бўлмай туриб хонадаги чироқ ёндирилди.
— Қоронғи, қоронғи… – Боситнинг оғзи қуруқшай бошлади. Тушига қайта олмади. Бош-учини йўқотиб олди тушининг.
Энди чуқур хаёлга толди.
“Сен ўшасан, ўша. Сени таниб турибман, худо ҳаққи, танийман” – жонсиз, қуруқшаган лаблари билан шу мавҳум сўзларни пичирлади. Кун бўйи отасининг ёнидан бир қарич жилмай ўтириб, мижжалари толиб кетган болалари бу заиф товушни эшитишганда, отасининг эси кирди-чиқди бўлиб бошлади, деб хаёл қилишди. Катта ўғли Боситнинг қўлларини уқалаб, отасининг томир уришига эътибор берди. Йўғон томирни босган бармоғи бесаранжом ураётган томир ҳаракатини аранг ҳис қилиб, отасининг пешонасини силаб кўрди. Отаси бу сафар кўзини очмади. Ўша топда Боситнинг ич-ичидан инграш ҳам эмас, нолиш ҳам эмас, қарийб сув етмаган чўлнинг ёриқларидек тилинган қурушиқ лаблари тарозу палласидай чайқала бошлади, оғзидан чиққан ўтли нафаси хирқироқ сўзларини ташқарига чиқарди.
“Сен ўшасан, ўша. Мен сени танидим. Худо ҳаққи танидим…”
Чирт юмилган кўзлари буюк зулматдан бошқасини кўрмай қолди.
Босит раис яна “сени танидим” демоққа тили айланмасди. У ростдан ҳам ўша кишини таниган эди. Кўзига кирган тикандек бўлиб фақат ўша кўринар, шусиз ҳам афтода жони безгак тутгандек қалтирар эди.”Бу не кўргулик! Жонимни олишга шуни юборишганми, тавба? Бермайман, мени тинч қўйинглар, қийнаманглар жонимни!…”
Боситнинг ич-ичидан қайнаб чиққан бу сўзлар кўкрагини куйдириб ўтди.
Босит раис яна хаёлларга банди бўлди. Мияси ҳали фикр қилишдан чарчамабди…
Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, бу киши Боситнинг ёдидан чиқмаган эди. Ўша йилги бир воқеа онгига қуйилган қўрғошиндек ўрнашиб қолди. У даврларда бошқа инсонмиди, мана ҳозир ақл юритиб кўриб, қай бир ишлари ёдига келди. На каттани, на кичикни юз-хотир қилмай бажарган экан бу ишларни. Ўша йили колхоз учун оғир келган. Бунгача ҳеч кимни олдига ўтказмай, жавлон уриб келган колхознинг жўхори плани тўлмай қолди.
Қурғоқчилик бошланиб, чумчуқнинг сўлагидай ҳам сув топила қолмади. Лекин план барибир план-да, уни қандай қилиб, қай тарзда бажарасан, бу шахсий ишинг.
Ўшанда Босит раиснинг калласига жўяли бир фикр келган. Колхоз ҳудудида колхознинг ҳисобига кирмаган ерлар талайгина эди, ўша ерларни ҳайдатиб, қанча бўлса, шунча жўхори сепиб, ҳосил олаверса, биров бирон нарса дермиди? Қўриқ ер ўзлаштириб, планни кўзламаса, эрта-индин районнинг катталари келиб, ўтирган ўрнидан жилдириб юборишлари тайин. Шунча йилдан бери пешқадамлик қилиб, илғор чорва аталиб келинган колхозни оқсатиб қўярмиди? Бир амаллаб олдига силжишнинг ягона чораси ҳам, ўйлаб-ўйлаб қилган сўнгги қарори ҳам янги бўз ер топиш бўлди. Хўш, ўшандай ортиқча ер қаерда ўзи? Колхознинг ҳар бир қадам ери ўлчаниб, ҳисобга кирган. Яна тиниб – тинчимаган боёқиш раиснинг ўзи ишга киришди. Сув омборининг кунчиқиш тарафидидаги эски мозорнинг ўрнига кўпдан бери кўнгли суст кетиб, кўзлаб қўйган ери бор эди. Ўша ерга омоч солдирса нима бўлади? Ким ҳам биларди? Ўша мозорнинг ҳам мозорлик шаъни ўчиб, ер билан тенглашиб, билинмай кетибди. Ўтган йили бир кўрган эди. Лекин нима бўлганда ҳам бу қарорга осонлик билан келгани йўқ, даставвал ботинмади ҳам. У ер оддий жоймидики, жасадлар қўйилиб келган ер, аниқроғи табаррук ер ахир. Шунинг учун Босит дастлаб бу фикрини анчагача ҳеч кимга айта олмай юрди. Кейинроқ Митал деган бригадирга сўз учини чиқарган эди, у ҳам дарров раиснинг сўзини қувватлаб кетмадими. Миталга қўшилиб анови чапани трактористлардан беш-олтитасини юборса, бир ҳафтага қолдирмай у ерни текислаб, ағдариб ташлашади.
Буни ким кўриб турибди дейсиз? Она сути оғзидан кетмаган бу шоввозлар у ернинг мозор эканлигини билармиди? Қадимда мозор бўлган экан, деб у ерни бефойда ушлаб туришаверадими? Бир кун бўлмаса, бир куни биров чиқади-да шу ташаббус билан. Босит қилган ишни қилади у ҳам, эртами-кечми, барибир шу иш амалга ошади. Шундай экан, нега ҳозир тараддудланиб туриш керак. Гап-сўзни кўпайтириб, маслаҳат қилавергандан фойда чиқмайди. Ундан кўра планни бир ёқли қилиш зарур. Хуллас, охири бир тўхтамга келиб, эски мозорни текислаб, сув чиқаришга буйруқ берди. Бирор кимса Боситнинг олдига келиб, “Нотўғри иш қилдинг”, деб кўнглини ғашлагани йўқ. Эл дегани барибир эл экан-да, эл ичидан бетга айтадиган битта-яримта чиқмай қўярмиди? Икки ҳафта деганда ҳалиги тушига кирган, кўз қарашлари ҳам тамға босилгандек эсида қолган киши идорада ўтирган вақтида тортинмай кириб бормадими, яшшамагур? Қўлидаги қамчисини столга чопиб, кўзидан ўт чақнатиб туриб олмадими қаршисида.
— Бу не қабиҳ иш?! – У салом-аликсиз сўзини шу хитобдан бошлади ғазаби қайнаб. – Мозорни бузиб, жўхори экиш – нима майнавозчилик бу?! У ерни текислашга ким рухсат берди? У ерда ота-бобомизнинг хоки-туроби ётибдику?!..
— Ётса нима қилибди, ҳаммамиз ҳам бир куни ўша ерга бориб ётамиз-ку! – Шу пайтгача ҳеч кимдан қўпол сўз эшитмаган раиснинг тепа сочи тикка бўлиб кетди. Жаҳли чиқиб қичқирди:
— Рухсатни мана мен бердим!..
— Рухсат нимаси? Бу гуноҳ иш, билдингми?
— Планчи, планни бажармай қолиш гуноҳ эмасми? Менинг отамдан қолган ерим йўқ!.. Текислатаманми, йўқми… ўзим биламан. Планни тўлдириш керак. Билмоқчи бўлсанг, бу давлатнинг иши!
— Мозорни давлатингга аралаштирма! Ота-бобомизнинг хоки-туробига кўрсатган ҳурматинг шуми? Ётган ерини оёқости қилиб… Шу қилиғинг бандаликка ётадими, айт-чи менга?
— Биз ҳам бир бандамиз, бир одаммиз. Бизда ҳам юрак бор,- шиддат билан сўзлай кетди Босит. – Сен айт-чи, киминг бор ўша ерда? Киминг?..
— Ҳеч кимим йўқ… – кесиб сўзлади у ҳам.
— Сенинг ҳеч киминг йўқ бўлса, — деди у. – Менинг боболарим ўша ерда, билиб қўй шуни. Сен нима, мени ота-бобосидан кечган тошбағир кимса, деб ўйлаяпсанми? Йў-ўқ, қариндош, агар шундай десанг, адашасан. Мен ҳам уларни сендек ҳурмат қиламан. Юрагимни сиқиб, жаҳлимни чиқараверма! Шунчалик билгинг келса билиб қўй, у ернинг муддати ўтиб бўлган. Муддати ўтгандан сўнг экин экамизми, тепсалаймизми, бари бир…
— Қандай муддатни айтяпсан? – дея хуноби ошди бунинг ҳам, — У ернинг ҳам муддати бормиди?
— Гап уқмас тоифаданмисан, йигит. – Сўз салмоғини ўзига ағдариш учун бу сўзни мулойим айтгани эсида. – Мозоргина эмас, бизнинг ҳам келар-кетаримиз ҳисоб-китобли.
Муддати йўқ нима бор ўзи? Унинг нимасига ҳайрон қоласан? – Ерни оёғи билан тарс тепиб, — мана бу товонинг остидаги қора тупроқни ҳам абадий деб ўйлайсанми? Бунинг ҳам ўлчовли умри бор, абадий сенга ўхшаганларни кўтариб юравермайди…
— Сендай каслар одамнинггина эмас, тупроқнинг ҳам кунини битиради!
— Оғзингга қараб гапир, йигит! Борадиган жойингга эртароқ бориб қолма… Нима бу шунчалик ёмон ишмиди? Жўҳори экдик, шунга нима қилибди, менгами ўша жўхори? Сизлар учун деб, эл учун деб ҳаракат қилиб ётибмиз! Ошиқча берсак, нимаси зиён бунинг?..
Эҳ, унинг ушбу эл учун деган жимжимадор усули қай бир фавқулодда вазиятларда иш бериб, одамларнинг муздан битган юрагини эритиб, кўнглини юмшатиб қўяр эди-ку. Гарданидаги юкни эл-эл, деб юриб қанчалар енгиллатмади. Бироқ тўнини тескари кийиб олган бу йигитни гапга кўндириш тирикликнинг дўзаҳи бўлмасинми? Сўзида туриб олган йигит ўзи билан ёқалашишгача бориб, “Муҳлат-суҳлатингни билмайман. Бугундан қолмай бу ишни тўхтатмасанглар, тегишли жойга бориб, жавобгарликка торттираман!” деди. Қизишиб кетган йигитнинг бу ғалваси элга тарқамай туриб, яхши ҳам, ёмон ҳам гапириб кўришди. Бало экан, сўзга кўнмади. Буниси ҳам етмагандек, район газетасига ёзиб, тўс-тўполонни бошлаб юборди. Бундай ишларга устаси фаранг бўлган Босикенг буни тинч қўярмиди?
Орқасидан одам қўйиб, думалоқ хат ёздириб, эл ичида ёмонотлиқ қилиб, шармандасини чиқармадими? Эсли-ҳушли бир инсонни “миясида иллати бор”, деб қўл остидаги одамларга неча-неча бор тилхат ёздирмадими? Бутун оломон Босикенгнинг сўзини қувватлаб туриб олмадими? Ҳақиқат дея бонг ураётган, ҳақиқат учун жонидан кеча оладиган ёш чўпоннинг атрофини ҳақиқат деганнинг номи миясидагина айланадиган лаганбардор, ялтоқ кимсалар ўраб олганидан сўнг ҳақиқатни излаш ва уни топиш амримаҳол иш эмасми? Эсида, ҳаммаси эсида, бошқасини унутса ҳам, ўша чўпоннинг ўтли нигоҳларини унутолмайди. У қўй боқиб юриб қоядан йиқилиб ўлганда, сиртдан қайғургандек бўлса ғам, ич-ичидан суюниб бормадими фотиҳага? Ўшанда кимдир оқ кафандаги маййитнинг юзини очган эди, кўзи тирик жонникидан ҳам каттароқ очилиб, ёниб турар эди. Босит раиснинг эсига ўша воқеа келса, танаси илон ўрмалагандек сесканиб кетади. Ҳали-ҳануз у чўпонни унутолмай, ўша кунги қиёфаси кўз олдида гавдаланаверади кўнглини оздириб.
Тушида кўрганда ҳам худди ўша қиёфада кўрди уни.
… Туши яна уланиб кетди.
Бироз аввал Босит бу чўпонни саволга тутмоқчи эди. Яна кўзига кўринганда ўша саволини айтди унга:
— Айт-чи, — деди у – Сенинг гуноҳинг нима ўзи?
— Менинг гуноҳимми? – у сўроққа сўроқ билан жавоб қайтариб, оғир хўрсиниб олди. – Гуноҳим кўп, бўйим баравар. Ҳақиқат қарор топиши учун собит туриб бера олмадим. Ҳақиқатни бошқалар суиистеъмол қилишларига қўйиб бердим. Шу менинг гуноҳим. Бундан ҳам баттар гуноҳ бўлиши мумкинми?
— Сени енгган одамлар ҳам гуноҳкорми? – Боситнинг суҳбатга иштиёқи ёна бошлади, бир чети бу нарсаларни билиб қўйгиси келди. – Ёки…
— Ўша ҳақиқатни хомталаш қилган одамлар мендан ҳам ўтган баттол кимсалар. Улар қилкўприкдан ўта олишмайди…
Иккиси тенг жимиб қолишди.
— Биласанми? – деди бериги киши. – Биз сени кутяпмиз.
— Меними?! – Босит чўчиб кетди. – Мени?…
— Ҳа, сени. Кимни бўларди яна?.. – Овозини кўтариб деди. – Сени кутяпми. Биласанми, сен нега бунчалик кечикиб қолдинг? – деди оқ сурп кийган.
— Билмайман…
— Билмасанг айтиб бераман, — деди оқ кафанчан – Сен яна яшайман, деб чиранаверма. Бефойда барча ҳаракатинг. Сенинг гуноҳинг шунчалик кўплигидан ўлим билан ҳаёт ўртасида аросат қолиб, жон таслим қила олмай қийналиб қолдинг…
— Йў-ўқ! Бўлмаган гап. Ишонмайман сендай иблисга! Кўзимга кўринма! Даф бўл қаро ерингга! Сенга айтяпман, кўринма кўзимга! Эй Худо, мендек бандангни ўзинг сақла бундай хўрликдан! Мана бу турқи совуқ арвоҳни кўзимга кўрсатмачи, худойим. Бу нега ортимдан қолмай эргашиб юрибди. Кет! Кет йўқол!
Менинг яшагим келяпти, яшагим. Чиндан айтяпман, яшагим келяпти! – Боситнинг ҳеч кимга эшитилмаган фарёди терисига тепчиб, юрагини ғижимлаб, кўз олдидаги рўёдек манзарани тўзғитиб солди. Жони ҳалқумига келиб қолганда, кўргани кўзи йўқ аллакимлар кўз олдига келиб туриб олмасами? Ҳаммасини ошатиб сўккиси келар, лекин буни ким ҳам эшитарди. Қулоқ тутган кимдир борми? Бор бўлса, бу дунёнинг барча палид сўзлари билан бўралаб сўкмасмиди? Эр бўлса, эшитиб боқсинчи ўшанда. Найласинки, одам деганнинг жони ўзи ўйлагандек кучли бўлмас экан. Юраги кўкрак қафасидан отилиб чиқиб кетгудай уриб, нафаси қисилиб борар эди. Шу азобларнинг ҳаммасига одамнинг қайси жони чидайди ахир? Қайси жони, қайси бири? Банданинг пешонасига ёзилган кун шуми, тақдири азал шуми охир-оқибат? Ёхуд бу алдамчи дунёнинг ранго-ранг фитналарининг якуними бу? Нега энди бу саволлар идрокига елимдек ёпишиб олди. Ё ўйга бостириб, қилт эткизмай жонимни олмоқчими? Нега ҳеч бирини англаб бўлмаяпти? Зотан бу ҳаёт, яшаш деганнинг ўзи минг бири кам дунё дегани эмасми? Ёлғон деганинг узоооққа чўзилиб, узилиб-узилиб ҳам адо бўлмайдиган буюк тушми? Рўзғор деб, турмуш деб, тирикчилик кўйида қилган ҳалолга ҳам, ҳаромга ҳам одам ўзи сабабчи, ўзи жавобгар. Ёки буларнинг бари барбод бўлган иймонга аза тутган виждон қичқириғими? Нега ҳаммаси бир бўлиб ожиз жонини қистовга оляпти?
Кўз юмиб кетаверса, вақт деган шафқатсиз чўлу биёбоннинг қуми остида ном-нишони қолмаслигини ўйлаганда, чўзилиб ётган яримжон гавдаси азобда тўлғаниб, фарёд қилар, лекин овозини ҳеч ким эшитмас эди:
— Йў-ўқ! Йў-ўқ! Ёлғон! Ҳаммаси ёлғон! Ишонмайман! Ишонмайман! Яшагим келяпти! Яшагим!
Ҳаёт чироғи ўчиб, руҳи буюк зулматга чулғанар экан, босиб ўтган бутун умр йўли кўз олдидан бир-бир ўта бошлади. Эссиз умр-эй! Унинг кўзни қамаштирган турфа қизиғи-ей!
Қара, кўнгилни бир хушлагунча, умр ўтиб бўлар экан: тетапоя қилаётган гўдак ҳам, қирчиллаган йигит ҳам, боласини севган ота ҳам бўлиб улгурибди бу қисқагина умрида. Шунда бироз олдин кўргиси келаётган, эслаганда юраги увишаётган ажалининг тезроқ келишини хоҳлади. Ҳаёт қизиқ… Шунча яшаб ўтган умри ҳеч нарса бўлмай қолди. Шунчалар ошиқиб кутган ажали ҳам синчков эканми, нима бало, киприги қоқилса бўлди – ажал ўзи келиб Боситнинг қўлидан тутади-да йўқлик қаърига судраб кетади. Иккови қўл олишиб, тил учида гувранишгани билан, бир-бирининг гапини тузукроқ тушунишмас эди. Туши тамоман узилиб, қоронғиликка чўмганда эса кимдир манглайига нам дока босиб қўяр эди. Шунда кўзи аранг йирилиб, қоронғиликдан чиқишга уринар эди, нурга етмоққа умид қилар эди.
Пешонасига теккан намлик қуриши билан яна қоп-қора чексизликдаги ўша одамга қўл узатар, икковлашиб аллақаёққа ошиқар эдилар. Бу сабил чексизликнинг тубига қараб пастлай-пастлай кетадилар. “О, дунёнинг ҳакамими бу одам?” деган мавҳум савол кўнглига келади. Мавҳумотни ёриб ўтмоқ истайди:
— Сен кимсан? – деди Босит.
— Менми? – деди Боситни етаклаб бораётган йўлбошловчи. – Мен ажалингман…
— Кимни? — деди у ҳайрон бўлиб. – Меними?..
— Сенинг ажалингман, — юмшоқлик билан деди у. – Сенинг…
— Сен менга қуйиб қўйгандек ўхшаш экансан? – бунга тушунмай, тикилиб қарар экан, ўзини кўзгуда кўргандек бўлди. – Нега сен менга ўхшайсан?
— Мен эмас, — деди у. – Сен ўхшайсан менга. Сен…
— Менми?..
Ўзига ўхшаган ўша кимсани қўли билан ушламоқчи бўлиб қўл узатгани ҳамон чайқалиб кетди. Қўлини ушлади-ю, муз ушлагандек аъзои-бадани кўкариб кетди. Ўша совуқлик қўли баравар бутун танасига тарқаб, ўзи ҳам муз одам каби сиртига совуқ чиқа бошлади. Бу нимаси? Боситнинг куни битдими? Тақдирга тан бериб, ўлимга юз тутай деса, кўкрагидан билинар билинмас сас келарди.
Ҳозир кетишга эрта. Эрта эканлигини анови — рўбарўсидаги кўзгудай муздек деворда кўринган ўз ажалими, ёхуд шарпасими – англашилмаётган ўзи билан юзлашиб, суҳбатлашиб кўрсинми? Шунда ҳам қилсин дейлик, у бир балога тушунармикан? Бу оралиқдаги кўзгу қаёқдан пайдо бўлди ўзи, қоқ кипригига тақаб келиб олганичи? Чунончи, жон олғувчи азроилни кўрганда ҳам, бунчалик талвасага тушмас эди. Тавба, ўзига ўзи қарашга ботинмаяпти-я шу топда. Ўзидан сесканяпти, ўзидан чўчияпти негадир, тавба? Инсоннинг ўзини ўзига юзлаштириб қўйса, ўзи ўзидан қандай инсонлигини сўраб боқса… шунчалар оғриқлими бу, шунчалар азоблими? Шу топд Босит ўзидан ўзи жирканар, жони қил устида турган замонда ўзидан жирканиб кетди…
-Менми! Йўқ! – Боситнинг чалажон танаси тўлғанди. – Сен бор-йўғи менга ўхшашсан! Менинг ажалим эмассан! Ажал менга ўхшамайди! Бу ҳаммаси туш, шунчаки туш! Жони ҳалқумига келганда ақлига булар келди. – Қандай қилиб ўзимни ўзим маҳв этишим мумкин? Қўйиб юбор, мени қўйиб юбор! – бу ёруғ оламдаги тириклик шамини ўчиришга уринган табиатнинг аъмолларига сўнгги бор – энг охирги қаршилигини кўрсатди.
Мана-мана, юзма-юз бўлишдан безиллаётган ажал деган оч юҳо ҳам кўриниш бериб, бисотидаги умрнинг сўнгги томчиларини сузма сувидек сирқитиб, чак-чак томизиб, ўша томаётган қатрадек ёруғ дунёда энди
Каравотида қимир эткизмай тутиб турган дарди бедавони енгишга чораси қолмай, умидсизликка тушиб, ажал остонасига ҳам етиб келди, ниҳоят. Қудуқ оғзидек зулматнинг қаъридан ғўнғир-ғўнғир товушлар узил-кесил эшитила бошлади, Қуръон қироатларига монанд элас-элас овозлар… Ўчиб бораётган умр чироғининг липиллаб қолган пилигини сал юқори кўтариб қўйишга ожиз-нотавон жони чидаш берармикин? Вақт эса нураган жарликдаги қум сингари қуйилиб борарди. Тавба қилиб, Яратгандан ёлвориб мурувват сўраса,.. балки яна бир имкон берар. “Эй Худойим, менинг яшагим келяпти. Мен бандангга раҳм қил. Нурингни мендан қизғонмачи! Нега кўзимни мато билан боғлаб ташладинг, айтчи? Мақбул яшадимми, номақбулми, Яратганим, бу ўзингга маълум. Нега мендан мархаматингни дариғ тутяпсан? Кўзимни танғиган матони ечиб, қуёш нурини бир кўрсатиб қўйчи. Менинг шунчалар яшагим келяпти. Саволинг бўлса, бер, гуноҳим бўлса, шу гуноҳим ювилиши учун жоним қурбон, Яратганим! Биламан, биламан, эслатмачи менга, кўп оғир ишларим бор. Инсон шу экан-да, иш деб юриб, рўзғор деб юриб, қилвир бўлиб кетар экансан. Ростгўй, ҳалол бўлишга мен ҳам уриндим, бироқ,.. ундай бўлишни уддалай олмадим. Сендан нимани яширардим, Тангрим? Найлайинки, бу дунёга яланғоч келиб, шу яланғоч баданга кийилган турфа кийимлар сингари, яратилганимиздан буён покиза руҳимизга урган одамий қусурлар томир отиб бораверар экан.
Яхшилик бор, ёмонлик қайдан келди? Умр бор, ўлим қайдан келди? Бу саволлар юракка наштардек санчилмасми? Мана, иш деб, тирикчилик деб, умр билинмасдан ўтиб кетибди. Ёлвораман сендан, мени бу зулматдан халос эт. Гуноҳим бўлса, ўзинг кечир…” Босит раис Яратгандан мархамат кутиб, ич-ичидан зўр бериб тавалло қила бошлади. Охири товуши битиб, оҳиста узилиб қолди. Кўз олди қоронғилашиб, қоп-қора пучмоқнинг ўртасида бир ўзи қалқиб юраверди. Ўша ўзи шўнғиб бораётган ўпқоннинг тубига пардек енгил бўлиб, қалқиб-қалқиб тушиб борар экан, чоҳнинг муздек тубига етмай туриб, кўзига кўм-кўк бўлиб кўкариб турган муҳташам ҳавза кўринди. Бу сув ҳам эмас, авраётган кўк тангри ҳам эмас. Бу бояги эски овулнинг, ўзи туғилиб ўсган дўппидек овулини босиб қолган сув омборининг суви эди. Кўрган заҳотиёқ таниди уни: кўм-кўк сувнинг тубидаги қадрдон овули – жонини кўзига кўрсатиб қўйган ўша овули кўринди, кўринди-ю, кўкрагини ўртаб юборди. Томоғига тиқилган аччиқ фарёди яшаш илинжини абас этиб, тўлиб-тошиб чиқиб келди. Ҳув дўнгликдаги овулни қоплаб ётган сув эмас, қишлоқдошларининг мил-мил қайғу-хасратидан оқиб чиққан кўз ёши бўлиб туюлди унга. Ҳайҳот, шу кўз ёшларни оқизмаса ҳам бўларди-ку! Эвоҳ, бу дўппидеккина қишлоқ одамлари қадимдан бери давом этаётган яшаш тарзлари билан умргузаронлик қилаверсалар бўлмасмиди?
Бунга ҳам жавоб бериши керак ҳозир. Бу жавобарликдан йўлдаёқ қутилиб қўйган афзал. Ўшанда пойтахтдан келган одамлар сардоба қуриш учун қулай жой излаб, тусмоллаб юришганда, шахсан ўзи кўрсатиб бермадими шу жойни. Ваҳоланки бу ер бегона эмас, киндик қони тўкилган ўз гўшаси эди. Нега унда шу ватаннинг қадри бир чақага ҳам ўтмади ўшанда? Пойтахтдан келган одамга, ақл ўргатадиганларни унчалик чиқиштирмайдиган районнинг каттасига маъқул келишнинг, кўнглига йўл топишнинг ягона чораси эди бу!
— Бу ўзингизнинг қишлоғингизмиди? – деган эди районнинг каттаси ўсмоқчилаб.
— Умумий манфаатларга бу зарур экан, мен , бу менинг қишлоғим эди, ундоқ эди, бундоқ эди, дейишим тўғри эмас. Агар шундай қилсам умумнинг эҳтиёжини ким бажаради, биродар… – деб ўктам жавоб қайтарган эди.
— Бу фидокорлигингиз яхши, ўртоқ Босит Отақулович, — деган районнинг каттаси унинг сўзини қувватлаб. – Биз учун биринчи навбатда давлатнинг умумий манфаати туриши керак.
— Бўлмасамчи, — деган Босит. – Бу ерда яшади нима-ю, бошқа ерда яшади нима, ернинг нима фарқи бор? Ер дегани ҳаммаси бир ер-да!
— Ҳаммамизга етади…
… Бутун талъати билан шўлп этиб кўм-кўк сувга шўнғир экан, ўша йилги воқеалар хаёлидан кечди. Айни пайтда икки дунёси кесишиб, вақт доирасидан чиқиб кетган бу ёбонда кўзгудан ўзига ўхшаб кўринган шарпа ҳам, сенинг ажалингман, деб айтган машъум кас ҳам келасолиб кўкрагини ёриб ташлади.
Ўша ёрилган ердан муштумдек юраги потирлаб чиқиб, қушдек учиб кетаётганда, у сув остига чўккан овулини, эски мозорни шудгор қилаётган ўша чўпонни эслади, эслади-ю, сўнгги кучини тўплаб, охират остонасига етганида бир зарур гапни айтишга тараддудланди. Овози битиб, нафаси узилаётганда, аранг ҳаво ямлаб, сўнгги сўзларини айтишга улгурди.
— Мени кечиринглар… Кечиринглар…
Отасининг турқи-тароватидан ичида бўлаётган ғалаёнларини сезмаган болалари унинг заиф инграшини уқанларидан сўнг, учта юмшоқ ётиқнинг ўртасида ётган падарларининг боши шилқ этиб чапга оғди.
Уй ичидаги сукунатни тўнғич ўғилнинг ўкириб йиғлагани бузиб юборди.
— Воҳ, шўрлик отам-ей!.. Оо-ой!
Шу куни ўша қишлоқда яшаган гўдаккача мотамга чулғанди…
III
Боланинг хабарини энг аввал тоғ қишлоқларининг бирида яшайдиган онасига билдиришди. Боланинг хабари етганида: “Бир суллоҳнинг боласи ўлса? нима қилибди? Ўлмоқдан нари бўлсин, яхши бўлибди. Бу ерда ақли бутун болаларни аранг эплаб ўтирсам, “Боласи эмасми”, дейишади. У билан ишим йўқ! Қони меники эмас! Яна тағин “бандалик русуми билан кўмайлик”, “онаси келсин”, дейишибди… Ўша ҳам одамми? Эҳҳ, шуларга ҳайронман, бир чуқурга ташлаб қўйишмайдими уни…
Онаси бўлса нима қилибди? Ҳеч қаерга бормайди! Уйдан бир қарич жилиб кўрсин, бу уволи йўқ бузуқини бўғизлаб ташлайман!..” – деб ғазаби қайнаган бир пиёниста боланинг онасини уйдан чиқармай қўйибди…
Қавми-қариндоши йўқ, бошида бўзлайдиган яқини йўқ, боланинг жасадини ерга беришди шу аҳволда…
Бу бола қишлоқнинг этагида бундан беш йил олдин қазо қилган тул кампирнинг уйида яшар эди. Ўша уйда ёлғиз ўзи қолган эди. Уй боши берк жинкўчанинг ёқасида бўлиб, шу яқин атрофда бундан бошқа уй йўқ эди. Қўққайган бу уйча ғоят абгор, афтода аҳволга келиб қолган эди. Яқин-атрофдагилар калака тарзида кўчани боланинг номи билан аташарди. Бу кўчада яшовчилар эса одамларнинг шу каби ҳазил-мазахидан орланиб, болани шу кўчада яшашига бағоят норози бўлардилар.
Бола кеча оқшомда машинанинг тагида қолибди, деди кўрган-билганлар. Аниқ бир тафсилотни билган жоннинг ўзи йўқ бу фалокат ҳақида. Ҳар ким ҳар-хил айтавериб гапни ҳам чуватиб юборишди. Бола ҳақидаги жамики миш-мишлар ковланиб, қишлоқда дув-дув гап тарқалди. Лекин унинг қай тахлит жон таслим қилганини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмади. Ҳар ким ўзи билганини гапириб юрди.
Эл оғзига элак тутиб бўлармиди, эл дегани олам-жаҳон гапни ёйиб ташламасинми?! “Бу довдир, машинанинг тагига ўзини ташлаган эмиш, тавба?”, “Машина ўтиб кетаётганда югуриб йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган эмиш….”, “Машина босиб кетса, ўлиши мумкинлигига ақдли етмаган-да! Тентак! Нимани ҳам биларди?” деган турли-туман сўзлар айлана бошлади фалокатгоҳ атрофида. Ортидан қайғурган бирор инсон ҳам топилмади. Айбни боланинг ўзига тўнкашиб, кўп ҳам пайсалга солиб ўтиришмай, муаммони осонгина ҳал қилиб қўя қолишди. Қай бирлари: “Нима қилибди шунга? Шу билан одам уруғи озайиб кетармиди? Сонда бор, элда йўқ бир нарса-да у!” – дейишса, яна бирлари: “Унинг кўрган куни ҳам кунми? Сўппайиб бир ўзи қолиб кетса, бирорта ғамхўри, ҳолидан хабар олувчи қавм-қариндоши бўлмаса, ё анови онаси бир бор йўқламаса?” – қабилидаги гап-сўзлар урчий бошлади.
Бу бола бундан ўн икки йил бурун никоҳсиз туғилган. Валади зино эди у.
Онаси Бусайра енгилтакликлик қилиб, бегона эркакдан туғиб олган. Норасиданинг эса ақли ноқис бўлиб чиқди. Бадном бўлган, гўшанга кўрмаган аёлга эркак зоти сўз қотмади. Ақли қосир боласидан орланиб, Бусайранинг хаёлига нелар келмади, дейсиз? Шайтон йўлдан оздириб, боладан бир амаллаб қутилмоқчи бўлди. Шум тақдирига бола сабабчидек, ҳамма айбни бегуноҳ бола қилгандек, уни йўқотиш пайида не-не машъум чораларни қўллаб кўрмади. Биронтага ташлаб кетай деса, бундай болани асрайдиган одамнинг ўзи топилмади, ақл-ҳуши жойида бўлса ҳам бир нави эди. Бирор заифага тутқазиб қўйиб қочиб кетмоқчи ҳам бўлди.
Бусайрани қишлоқнинг одамлари ўз ҳолига қўярмиди? Гап-сўз, миш-мишлар дўлдек ёғилди, бу номаъқул иш қишлоқ аҳлининг нафсониятига тегди. Тўй кўрмай бола туғиб қўйган бу аёлга энди ким ҳам қарарди? Боласи атак-чечак қилмай туриб эл ичида бош кўтаролмай қолган бу ожизанинг хаёлига хунук бир фикр келди. Номусига чидай олмай, нима қилаётганига ҳам эътибор бермай қўйди. Ҳаттоки норасидасини ҳожатхонага ташлаб юборишгача етди. Болани ташлаб, ўзи боши оққан тарафга кетмоқчи бўлиб турганида, ўша қишлоқда яшайдиган тул кампир кўриб қолиб, тоза шармандасини чиқарди. Сал кечикса, ҳали йўлга кирмаган бола нобуд бўлар экан. Қайси инсонийликдан кечган кас бу ақлга сиғмаган қабиҳликка боради а?! Бусайра шундай қилди. Исноднинг кучидан шу ишга қўл урди. Ўшанда тул кампирнинг қичқириб уришганларини айтма: “ Ҳў ўша, ўлимингни кўрай, мегажин! Ўз қурсоғингда бино бўлган болангга ўлимни раво кўрганинг нимаси, ҳайвон! Бола исини ҳидламай ўтгур! Зор қақшаб ўлгур! Ҳее, ризқингга тупурган қанжиқ! Бети йўқ қанжиқ! Ақли паст бўлса, нима қилибди? У ҳам Худо яратган банда ахир?! Яна бунинг орланганини кўр?! Эл билан ишинг нима. Миянг бўлса, шундай ўйлармидинг? Ээ, наҳс босган қанжиқ!” – деб Бусайранинг сочидан тортиб, қўлидаги боласини юлқиб олган.
Бу воқеа яшин тезлигида қишлоққа тарқалган.
Боланинг онаси шу-шу элдан қочиб, ердан қочиб, тоғ тарафдаги қишлоқлардан бирига бориб, бир ароқхўрга тегиб олган, шундан бери ўз қишлоғига оёқ босмаган эди. Бу воқеаларга ҳам ўн икки йил бўлибди.
Бу бола “Қуёшни ушлаб уйга олиб келаман”, деб кўп айтар эди. Бироқ ким ҳам унинг сўзига қулоқ соларди. Эшитганлар оҳиста кулиб қўйсалар ҳам, биронтаси унинг гапларига парво қилмас эди. Ҳақиқатдан, бола қуёшни жуда яхши кўрар эди. Ёмон кўргани эса тун эди. Сабаби тунлари хилват хонада бир ўзи қолар, она-сонда боланинг уйига яқинроқ ерда яшайдиган амаки келиб: “Ҳой, эртага сенинг қуёшингни тутиб олиб, уйингнинг ичкарисига қамаб қўямиз. Ташқарига чиқармаймиз, ҳўпми?” – деса, бола ростакамига суюниб, боши кўкка етиб кетарди. Амакининг эса бу сўзлари ортидан айтиладиган яна зарур сўзлари бор эди: “Олдин менинг уйимнинг устига лой ташишда ёрдам берасан. Кейин сенинг қуёшингни ҳув адирнинг ортидаги уясидан тутиб келамиз. Тушундингми? Эрталаб келаман, иккаламиз лой қиламиз”. Болани алдашдан осони борми, қуёш деб қўйса бўлди, бола барига тайёр. Йўқ дейишга тили бормайди. Куни кеча қуёшнинг ортидан қувиб талай ергача чопиб борган эмиш, энди бўлса мана бу амакиси билан биргалашиб қувмоқчи. Энди қуёш қочиб қутилиб бўпти. Амакиси жуда ўжар одам. Айтганини қилмай қўймайди. Эй, қуёш, шошмай тур, эртага сени бу бола ушлаб олади-да, уй тўрига қамаб қўйиб, роса эрмак қилиб ўйнайди. Бола шундай тотли хаёллар оғушида яйраб қолади.
Бир сафар бола бир иш қилган экан. Унда раҳматли энаси ҳаёт эди.
— Эна, — деган эди бола ўшанда. – Нима учун одамлар қуёшга икки кўзи билан қарай олмайди.а? – деб бола энасига ғалати савол берган эди.
Қуёшгами? – кампир хаёлга толиб, боласининг жиддий саволига жавоб берди. – Қуёшга ҳеч ким икки кўзини очиб қарай олмайди, ўғлим.
— Нега? – деган бола.
— Биз ҳаммамиз гуноҳкорлармиз. Шунинг учун қуёшнинг юзига тик қарай олмаймиз, — деган кампир.
— Сен ҳам қуёшга қарай олмайсан-ку? – деган бола. – Гуноҳинг борми?…
— Гуноҳим бор, болам, — деган кампир.
— Қачон гуноҳ қилгансан, айтчи, — деган бола.
— Урушдан кейин, — кампир бу сўзни чуқур хўрсиниқ ичида айтган. – Унда бева эдик. Урушнинг бевалари эдик…
— Мен эса, — деган бола. – Қуёшга тик қарай оламан…
— Эна, — деган бола. – Қуёшни ушлаб уйимизга қамаб олсакчи?
— Йўқ, ундай қилма, бўтам! – кампир чўчиб кетди. – Ундай дейилмайди.
— Биласанми, эна? Биз уни ушлаб олиб, одамларнинг барчасига берамиз. Мен қуёшни одамларга ушлаб бераман, — деган бола ўз гапидан ўзи қувониб.
— Шундай қил, ўғлим. Одамлар қуёшга тик қараб юришсин, — деб энаси гапга унча эътибор бермаган.
Куни кеча бола қуёшни тутиб оламан, деб ҳув адирларга қувиб борган эмиш. Боланинг йўли доим шу адирга келиб тўхтайди. Чунки айнан шу ерда қуёш кўздан ғойиб бўлади-да, уни ушлолмаганига хўрлиги келиб, юзтубан ётиб йиғлайди.
Қуёшни ушлайман, деган умиди ҳам сўна бошлади. Қуёшни адирларгача қувиб келиб, бугун ҳам ета олмади. Ўрнидан туриб, оғир сукунатни бузиб, қўлларини ерга урганича ҳеч қачон амалга ошмайдиган умидининг йўққа чиққанига ўксиб-ўксиб йиғлади. Йиғиси шунчалар мунгли эди унинг. Ўша сонияда осмон юзасига тариқдек сочилган юлдузларнинг ялтир-юлтирига боқиб, ўз хаёлот оламини кимдир тортиб олгандек, осмонга тикилганича ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Юпатадиган бирор яқини, юпанадиган бирор овунчоғи йўқ. Бола шуларни ҳозиргина ҳис қилгандек, бу уқубатли ҳаётдан нолиб, эзилиб-эзилиб йиғлади. Аллақандай тушунарсиз сўзларни ғўлдираб, ёлғизликдан сизиб кетган юрагини бўшатиб, мунгли-мунгли йиғлади.
Йиғиси ҳам, сўзлари ҳам эшитган одамга тушунарсиз эди.
Адир бўйлаб пастлаб бораётган боланинг қулоғига аччиқ қичқириқ эшитилди. Қўрқув нималигини билмайдиган боланинг юраги бу сафар шув этиб кетди.
— Ии, қўлга тушар экансан-ку, азизам! Ҳисоблашиб оладиган бўлибмиз-да, а?.. Қизмисан, қиз эмасмисан, буни ҳозир билиб оламиз, бир Худодан бошқаси билмайди. Текшириб кўрамиз? – деди қизнинг бўйнидан қисиб олган басавлат киши.
Бола буни кўриб, қизиқсиниб томоша қила бошлади.
— Икковлашиб, — деди қизнинг қўлини орқага қайираётган шериги хунук илжайиб. – Икковлашиб…
Қиз типирчилаб қаршилик кўрсата бошлади.
— Қўйиб юборинглар, аблаҳлар! Қўйиб юборинглар, ёлғончилар! Шунинг учун олиб келдингларми буёққа! Судга бераман сизларни! Юзсизлар1 Тфу! Қўйиб юбор, деяпман!..
Иккови қизни қамишзорга қараб судради.
Бола бунга тушунмади.
Қамишзорга кирганда қизнинг овози ўчди….
Қамишлар орасидан чиқиб келган давангири дўриллаган овоз билан: — Бўғдим! – деди. – Бўғиб ташладим…
— И-я?! – чўчиб кетди паканаси.
— Ўлдирдим. Шундай қилмасам, бу бизнинг пайимизга тушар эди. Бўл, машинани юргиз, ҳеч ким кўрмай туриб кетайлик! Кетди-ик!
— Ўлдик энди! Шўримиз қуриди! Биров сезиб қолсачи?! Қочишимиз керак. Ўтир кабинага!
Иккови талмовсираб қолишди.
— Ҳеч ким йўқми? Уёқ-буёқни қарачи, — деди каттаси. – Қара!..
— Йўқ, Ҳеч ким йўқ, — деди бўшашиб пакана. – Йў-ўқ…
— Кетдик! Машинани ўт олдир! Бўл тезроқ! – деб савлатлиси кабинага ўтираркан, олдиларидан бола чиқиб келди.
— Ия, тавба, бу ким? – деди каттаси юраги шиғ этиб. – Ким бу?
— Ҳой, сен кимсан? – деди пакана уни танийвермагач. – Кимсан?
— Довдирман, довдир боламан… – кулимсиради бола.
— Бунинг ақли жойида эмас? Соғ эмас бу… Довдир шекилли ростдан ҳам?..
Машина ўт олди. Икковининг шашти кетиб, типирчилаб қолишди.
— Бостириб юбор! Устидан ҳайда! Қани! Бу барибир соғ эмас… Ҳайда устига бу итни!..
Пакана машинани болага қараб бурди.
Кўзи ёруғликдан уялди…
Муюлишга келганда қаршисидан келаётган машина шитоб билан келиб, терлаб-пишиб кетган болани босиб ўтди.
Боланинг оғзидан қон отилди.
“Она”, деган фарёд тун бағрини тилиб ўтди. Умр бўйи “она” деган сўзни оғзига олмаган бола ўлими олдидан қандай қилиб бу сўзни айтганини ўзи билмай қолди. Ўзи гўдаклигидан кўрмаган, кўришга бирор марта олдига келолмай, уятдан олис-олисларда юрган онасини бу сонияда бола биринчи ва охирги бор тилига олди.
Кўз олдида учқунлар сачради.
Дунё ағдарилиб, осмон пастга тушиб қолди. Бола ерни қучоқлаганича, ернинг бағрига сингиб кета бошлади…
Ё алҳазар, боланинг қоқ манглайида катта баркашдек қуёш кўринди! Энаси Худонинг қутлуғ куни “О, ҳосиятингдан айланай, Қуёш!” – деб сиғиниб, талпиниб юрган ўша қуёш, чўғда тобланаётган жездек қип-қизил қуёш манглайида эди. Кўкдаги қуёш қўзғалиб, оёқ остидаги ер кўча бошлади. Кўз олдини туман қоплаб, бу ғаройиботга ўзи ҳам ишонқирамай, бола сархуш бўлиб боши айлана бошлади. Бутоғида турган олмадек бўлиб қуёш шундоққина қоқ манглайида турар эди чироқдек кўзларни уялтирувчи нурини таратиб. Эҳ-ҳей! Шундай ажойиботни кўраман деб ким ўйлабди. Ким?! Бола бир неча кундан бери қуёшни қувиб юриб, ҳув адирларнинг этагида уни йўқотиб қўйиб, аламига чидай олмай зор-зор йиғлар эди-я! Вой, боласи тушмагур-ей, энди эса ўша қилиғига уялиб, икки юзи оловдек ёниб ўтирибди. Қаранглар, ҳаммангиз қаранг, сизлар бу болани мазах қилиб, қуёшни тутаман, деса, устидан кулар эдинглар, қаранглар, қуёш унинг манглайида турибди. Сизлар эса бугун ерга қаранглар, бошинглар ерга қарасин бугун! Шундай бўлиши аниқ эди, сизлар эса унга ишонмасдинглар. Уят-е, ҳаммангизга! Чиқинглар ташқарига, сизлар масхара қилиб юрган ҳалиги бола қуёшни қўлларига олиб, бағрига босиб ўтирибди, маҳобатли, ка-аттагина қуёш экан, болалар чуғурлашиб, ортидан эргашиб олибдилар. Қаранглар, ҳамма болалар боланинг кетидан эргашиб олибдилар. Қаранглар, болалар ёмон кўрадиган муттаҳам, мўлтони кишиларнинг кўзлари уялганидан кунга қарай олмай, шилиниб тушибди. Ҳўв бояги, боланинг амакисини кўр, ерга чўккалаб олиб, боладан кечирим сўраб, ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаб ўтирибди, кўз ёшларини селдай оқизиб йиғлаб ўтирибди.
Тўппа-тўғри қилади бола, алдамчи-қаллобларни шундай қилиб таъзирини бериш керак. Қуёшда куйиб, йўқ бўлиб кетиши керак. Бола тўғри қилади. Азаматсан, бола! Қаранглар. Бола қуёшни кўксига босиб қучоқлаб, кўчада кетиб бораётир. Мана бундоқ қилиб қучоғига қисиб олибди… Оо, Қуёш! Қуёш! Бола суйган алвон Қуёш!
“О, табаррук Қуёш!” – дея боланинг энаси сиғинган Қуёш сенмисан? Сенмисан ўша?..
Ёпирай, боланинг қуёшни тутган қўллари шунчалар иссиқ эди. Шундоққина тоблаб қўйгандек қайноқ. Бу нима, куннинг тафтими ё..? О, боласи тушмагур-ей, қўллари,.. қуёшни тутган қўллари муздек бўлиб қолди. Бу нимаси? Бу не синоат?..
Бир сапчиб яна қуёшни тутиб оламан, деганида, жони пардек енгил тортиб, қўлари шалвираб тушди. Ўзи эса қоп-қоронғи тубсизликка қулай бошлади. Боланинг қўлидан юлқиниб қочиб кетган қуёш эса бола пастлагани сари юксаклашиб бораверди. Шунчалар баландга кўтарилганидан уни кўз билан илғаб олиш мумкин бўлмай қолди. Мана у вараққа қўйилган нуқтадек бўлиб, милтиллай-милтиллай кўздан йўқола бошлади. Ростдан ҳам қуёш сўнармикин? Бола изидан қолмай қувлаб юрадиган шу офтоб бир куни ўчиб қоладими? О, Қуёш! Қуёш!..
О, Қуёш! Сўнма! Сўнма, Қуёш! Бола сендан ёлвориб сўраяпти. Сен ўчсанг, қоронғилик бостириб келади. Қоп-қора зулмат оламни қоплайди. Бола қоронғиликни ўлгудек ёмон кўради-ку? Сен буни биласан-ку! Биласан-а!
О, Қуёш, ўчма, Қуёш! Вой, бу нимаси, боланинг гавдаси еп-енгил бўлиб қолди. Боя кўкрагидан потирлаб учиб чиққудек бўлиб ураётган юраги ҳам тўхтаб бормоқда. Нима бўлди ўзи? Қуёш билан бирга сўнмоқдами боланинг жони?
Ўша куни қишлоқдагилар кўкда юлдуз учганини кўришган экан, ўша боланинг юлдузи эдими? Ёки юлдузнинг синиғи бўлиб учиб тушган боланинг жоними?..
О, Қуёш!
Боланинг охирги сўзларини эшитдингми?
“Мен Қуёшни ушладим”, — деган эмиш бола. У қуёшни яқинда ҳар бир уйга улашар эмиш, ҳар бир уйга…
Ўша куни икки маййитни тупроққа қўйиш фарзи бу қишлоқ аҳлининг елкасига тушди.
IV
Қуёш терак бўйи кўтарилиб, нури ерни илита бошлаган маҳалда, бирдан ҳавонинг авзойи бузилиб, қаёқдандир пайдо бўлган тўзғиган олачалпоқ булутлар тип-тиниқ осмон саҳнини қоплай бошлади. Айни пайтда ой ораси бўлиб қолган, устига-устак саратон офтобининг тафти қайтганидан сўнг бу атроф-жавонибнинг машқи пасайиб, офтобнинг йилт этган юзи сийрак кўриниб қолади. Тумшайган осмон юзини очавермай, ҳув қийшиқ-мийшиқ учли чўққиларидан қори аримайдиган тоғлардан қора шамол сурилиб келиб, талай вақтгача увиллаб-увиллаб кезиб юравериши одатга айланиб қолган. Чунончи, куз фасли ҳам сездирмай яқинлашиб келиб, ўз аъмолини бошлаган кез. Бу ерларда кузнинг забти бироз тор, тунд ва ёввойи мизожи ғоятда беқарор бўлиб, бирда шаррос жала қуйиб юборса, бирда яйдоқ шамол эсиб келиб, талай вақтгача увиллаб кезаверади. Бу машмашалари билан қишнинг ташвишини эслатаётган чавандозга ўхшаб кетади куз. Адир этаги бўйлаб жойлашган тўрт юз хонадонли овулга баҳор кечикиб келса ҳам, қиш фасли кечикмайди, аксинча муддатидан аввал тоғ оралаб келаверади. Инчунин, куз ҳали оёқламай туриб, қишнинг тадориги бошланиб қолади.
Бу йил илон мучали. Шунинг учунми, йил бўйи ёғингарчилик бўлди.
Осмоннинг қопқаси очилиб кетгандек, сурункали жала ёғавериб, безор қилди. Кексаларнинг кўп йиллик кузатишлари бўйича айтилган башоратлари бу йили ҳам адашмади, илон йилининг кўклами ҳам, ёзи ҳам, илитиб-иситиб бошланган кузи ҳам пайдар-пай ёққан ёмғирга хўп бўкди. Бироқ икки ҳафтадан бери ҳавонинг авзойи бузилгани билан кўк юзини қоплаб ётган қора булутлардан бирор томчи ерга томмагани қизиқ. Қуюқ булутлар орасидаги тандирнинг оғзидек туйнукдан ялт этиб бир мўралаб қўйган қуёш яна аллазамонгача ғойиб бўлиб кетади.
Игнадек ингичка нури ерга сизиб тушиши билан, нур манбаи яна булутлар қатига жо бўларди. Ер юзида шамол юриб тургани билан кўк юзидаги булутлар қўзғалиб ҳам қўйишмас эди. Шамол кўкка сапчигани сайин булутлар хўмрайганича сукут сақларди. Табиатнинг эврилишлари қадимдан бери инсоннинг хоҳишига ройиш берган эмас, бермайди ҳам. Гоҳида табиатнинг кайфиятини инсонга қиёслайдилар. Зеро осмоннинг тунд ва тушкунлиги икки кундан бери йиғи чиқараётган қишлоқ одамларининг кайфиятига монанд равишда, осмон ҳам қиёматлик биродарини йўқотгани ўлароқ тунд ва тўниқ зуҳурланиб олгани ҳайратомуз саволлар уйғотади одамларда. “Яхши инсон қазо қилса, ҳатто мушуги ҳам йиғлайди”, деб кексалар бежиз айтишмаган экан. Қанчалик эриш туюлмасин, ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб турибди-ку. Зотан мартабали инсон қазо қилса, Тангрининг измидаги осмон ҳам мотамсаро одамларга ҳамдард бўлар экан. Илло бу курраи замин деганлари бутоғида турган олма сингари қўзғалмас жисм бўлса-да, ундаги барча ашё кўзга кўринмас сирли ип билан маҳкам боғланиб, етти қулоч ер устидаги ҳар бандаи ожизга туташиб кетган. Начора, қишлоқнинг бошига келган кулфатни ҳис қилгани каби, сира осмоннинг чеҳраси ёришмади.
Қишлоқнинг қоқ ўртасидаги бу уй қуш парвози баландлигидан қаралса ҳам, кафтдек ялангликда бир ўзи теварак-атрофдаги бошқа хонадонлардан овлоқда ажралиб, аниқ-тиниқ кўзга турарди. Айни вақтда ердан кўтарилган қуш қишлоқ тепасида айланиб парвоз қилса, бу уйда нимадир юз берганини ёввойи табиати билан ҳам сезган бўларди. Уйда одамларнинг қораси одатдагидан кўра бесаранжом, дўппидек боз уйдан чиққан йиғининг мунгли қироати ўша қуш учаётган баландликдан ҳам эшитилиб турар эди. Бунча баландликка етгудек фарёд қаердан чиқяпти ўзи? Қишлоқнинг мартабали бир инсони мана шу тарзда ортидаги яқинларини йиғлати-сиқлатиб, бутун овулни музтариб этиб, ҳали-замон сўнгги сафарга ҳозирланмоқда раҳматли. Зотан “катта” дунёдан кўз юмса, доғи-фироқи катта бўлар экан. Қай бир катта юмушнинг бошини тутган ўғиллари не-не номи чиққан докторларни чорлаб, шўрлик отасини бедаво дарддан қутқара олмадилар. Ажалга ким ҳам даво топа олган шу чоққача…
Оқ дўппидек боз уйдан маййитни олиб чиқиш вақти ҳам яқинлашиб қолди. Таъзияхонанинг ён-верига тизилган машиналар икки арава сиғарлик кўчага сиғмай қолишди. Яна тағин келиб-кетувчиларнинг оёғи узилмай, ҳар гал янги гуруҳ кирганда кўтарилган йиғи ноласи юракни эзарди. Номи областгача кетган атоқли кишининг қабрига тупроқ ташлаш фарз, албатта, ким ҳам шундай нодир инсоннинг қабрига тупроқ ташлаб бандалик расм-русумини ўтайман, деб тилаган эди?
Бир томони марҳумнинг хотирасини ҳурмат қилиб, номини ардоқлаб, уни таниган-билганлар олис-олислардан келиб, иштирок этиб турибдилар. Раҳматли Босит раисни ерга дарровгина бериб қўйишармиди? Бу тоифадаги нуфузли, мартабали инсонларни дафн этишнинг ўз шаъни, ўз қаъдаси бор-да. Шунинг учун марҳумни азалдан таниб-билганлар бирин-кетин келавердилар. Ҳайҳотдек ҳовлида оёқ босгудек жой қолмаган. Чунончи Босит раис ҳам чакана одам эмас, бир томондан районнинг каттасининг отаси, бир томондан ўғлининг таниш-билишлари-ю, колхоз-совхозларнинг фаоллари келмай қўярмиди? Янги раҳбарнинг кўзига бир кўриниб қўядиган фурсат келиб турибди-ку! Қайси меров фойдаланмасди бундай имкониятдан? Ўз отаси ўлса ҳам бунчалик жон койитмаган одамларнинг бари шу ерда бугун…
Шу куни ёш-қари аралаш оломон ичида унда-бунда қулоққа чалинган миш-мишлар юрди. Шивир-шивир сўзларнинг ичида бу узунқулоқ гаплар айтилмай қўярмиди, кейин эса ҳар эшитганнинг тилидан учиб, элга ёйилиши табиий ҳол. “Раис акамнинг дафн маросимига областдан катталар келар эмиш”, “Ерга қўйилаётганда оркестр чалинар эмиш. Бу ҳам бўлса раис акамнинг ҳурмати. Ўғилларининг ҳурмати”, – деб қай бирлари бўрттириб гап бошласа, яна бошқаси “Раис аканинг қабрига биринждан ишланган ўз ҳайкалини қўяр эмиш. Дафн этилаётганда мажлис бўлиб, областнинг каттаси нутқ сўзлар эмиш”, — деб ўзлари ҳам ишониб-ишонқирамаган сўзларни урчитиб ташладилар.
Марҳумни тобутга олиш фурсати ҳам яқинлашиб қолди. Гўрковдан хабар келиши билан, марҳумнинг жанозаси ўқилиб, боз уйдан олиб чиқилади. Осмондаги қора булутлар қуюқлашгани сайин, йиғилганларнинг безовталиги орта бошлади. Ёмғир томчиламай туриб маййитни ерга қўйиб олишса яхши бўларди-я. Жала қуйиб юбормасин деб, қабристондан хабар олишга селсовет раисининг ўзини юборишди. Оила бошига тушган оғир жудолик қайғусига ҳамдард бўлиб, мумкин қадар хизмат кўрсатиб елиб-югураётган бу киши шу дақиқада ҳам жонларига оро кирди. Ўчоқбоши юмушларини назорат қидлиб, ёш-ялангни унга-бунга буюриб юрган бу киши бугун бундоқ бироз ўтириб нафас ростламади ҳам. Бундай ишларнинг ҳадисини олган одам ўзи у. Аксар вақтда элга буйруқ бериб, иш бажартириб ўрганиб қолган қишлоқ раиси дароз бўйи, халқ орасидаги мартабаси билан олисдан келган мансабдорлар орасида назарга илинмай ҳам қолди. Қишлоқдаги таъзияларга кўнгли чопса бориб, чопмаса бормай қўяверган раис шуни сезибми, қаерга бўлса зинғиллаб ўзи қатнаб турди. Марҳумнинг тўнғичи унинг шу меҳнатини ҳисобга олиб қўйса бўлгани, ёки раис аканинг ўрнини таклиф қилиб қоладими, шу тама хаёли унга тинчлик бермас эди. Ахир от сўрасанг, туя беради, деган гап бор-ку. Шундай мартабага эришиб, бу югур-югурларига муносиб эваз олса қани энди. Инчунин, бугунги барча заҳматларга рози бу киши.
Бошқалардан фарқли равишда кўзлари қизариб, шишиб кетганди. Раҳматли раис бу кишини ўзига яқин олар эди. Бирор иш қилмоқчи бўлса кенгашадиган, фикрлашадиган маслаҳатчиси эди бу киши. Қолаверса, йиғлаб-сиқтамасликка ҳаққи ҳам йўқ. Марҳум уни шу даражага етказиб, ортида таянч-тиргак бўлиб келган ахир. Ишдан ишга силжитиб, мансабини кўтарган. Ҳайриятки, ўзининг ҳам уқуви бор экан, тутган ишини уддалаб кетаверди. Муносабатлари илиқлашиб борган сари икковининг чамаси ҳам, маслаҳати ҳам бир жойдан чиқаверар эди. Шунинг учунми, раис аканинг назарига тушиб, бригадирликдан қишлоқ совети раислигига осонгина кўтирилиб, унчалик юқори бўлмаган мансабга ўтириши билан, эл ичида катта амалдордек эрта танилиб қолди. Марҳум Босит раиснинг кўнглини олиш осон бўлган дейсизми? Бу кишининг раисга ўтказиб қўйгани бор — вақтида бир бало-қазодан асраб қолган. Раиснинг чизган чизиғидан чиқмай, сўзига лаббай, деб қўл қовуштириб юриб, охир-оқибат раиснинг меҳрини қозонишга эришган. Иккисининг бир кирдикори бор эди. Буни икки киши – ўзи ва ҳозир дафн этилажак Босит раисгина билар эдилар. Ўз манфаати учун ўзагини қуритиб, ҳар қандай шубҳали ишга ҳам ўйланмай-нетмай уннаб кетаверадиган одам эди ўзи ҳам. Раиснинг кўз имосини сўзсиз тушунадиган, нимани қаерда бажариши муҳимлигини билган бир одам керак эди-да раисга ўша вақтларда.
Ҳў ўша йиллари маккажўхори плани тўлмай қолиб, дўппи тор келганида, эски мозорни шудгор қилишиб, жўҳори сепишган. Ўшанда бир лаънати чўпон раиснинг кетига тушиб, район газетасида уриб чиққан ва буни катта муаммога айлантириб, район бюросига етказган эди. Иш бюрода муҳокама этилишгача етиб борганда, бу киши хўп корига яраганди ўшанда. Босит раисни нақ чоҳнинг оғзидан тортиб олганди-да ўзиям. “Эссиз… Шундай инсон ҳам ўлади деб ким ўйлабди?..” дея ҳозир қайғуриб ўтирган одамнинг ўша пайтда ишлари юришиб, сиркаси сув кўтармай қолди. “ Э, Митал укам, биз ҳам қарияпмиз, бу амал деганни боғлаб берган эмас. Бундоқ бир ўрнингга муносибини қараштириб юрмасанг бўлмас экан. Таниш-билишдан қўймасанг амалнинг ҳам куни қурийди. Зое кетади. Шу, ука, кўпдан буён бу ишга ўзингни чамалаб юрибман. Сен муносибсан бу ишга…” – деб Босит раис кўп бор айтган эди. Оқсоқол одам шундай деб турса, Митал йўқ дермиди? Эътибордан қолмаслиги учун ҳеч бир ишдан тоймади шу-шу. Сўнгги йиллари иккиси оға-инидек бўлиб кетишган эди. Айни пайтда Миталнинг эсига аллазамонги бир воқеа тушди. Анчадан бери буни эсламай қўйган эди.
Айнан ўша ишдан кейин Босит раиснинг назарига тушган эди, жуда керагида корига яраганди ўзиям. Бояги йили шикоят қилган чўпоннинг гапларини ёлғонга чиқариб, бу ҳам озлик қилгандек, бош оғриқ дарди бор дейилган тушунтириш хатига ўз одамларининг имзосини қўйдириб чиққан. Шу тариқа чўпоннинг иши барбод бўлиб, ҳамма даъвоси чиппакка чиққан. Буни унутиб бўлармиди?
Балки қалбининг ич-ичида заррадек иймони бўлса, “Тавба, оқнинг оқ эканлигини кўриб туриб, бу қора, дейдиган замон келганми?,..” деган хориқулодда ўйга ҳам толгандир. Чин сўзни сўзлаб, виждон амрига қулоқ тутиб, бундай ўйга келиш-келмаслиги даргумон. Айни замонда мотамхонанинг бош қаҳрамони бўлмиш марҳумнинг “катта” ўғлининг назарига илиндими, назари тушса, кўнглидаги муддаосини сездими у, елиб-югуриб қайғусига шерик бўлаётган бу инсонга миннатдорчилик сифатида мархамат кўрсата оладими? Шу алағда ўйлар тинчлик бермас эди унга ҳозир. Шунча одамнинг орасидан қабристондаги жойдан хабар олиб келиш учун, униси-бунисига кўз югуртириб чиқиб, ёв-ётни эмас, айнан уни муносиб топиб юборилиши ҳазилакам ишми, бундай юмушга иқи суйган одамни юборади-да, ўз одамини юборади-да. Шуни ўйлаганида ўз-ўзидан мамнун бўлиб, юраги дукиллаб уриб кетди. Миясида ғужғон хаёлларга берилиб, Митал мозорга олиб борадиган ёлғизоёқ йўлда отини шиғаб борар эди.
Чунончи, селсовет Миталнинг хаёлига яна бурноғи йилги воқеа келди шу топда…
Унда Митал бригадир эди.
Ўша куни ёзғувчи чўпоннинг газетага чиққан мақоласи райком бюросида қараладиган бўлиб, у ерга уларнинг колхозидан бор-йўғи уч кишини чақиришган эди. Бири раис ака, иккинчиси уни газетага “ошиқча ер ҳайдатиб, ҳукуматни алдаяпти. Бу ҳам етмагандек эски мозорни шудгор қилдириб, маккажўхори эктириб ташлади”, деб ёзган чўпон, хўш, учинчиси ким бўлиши мумкин, ўзи-да… Ўзи… У ерда Миталнинг бир чора топишини билган, шунинг учун чақиришган бўлса керак. Раис аканинг вазият чигаллашганда шошилинч қабул қилган қарорини оғзидан чиқиши биланоқ “Ақлингизга тасанно, ака! У ернинг мозор номи ҳам қолмади. Устамани буюрса ўша ердан оламиз”, деб апил-тапил қувватлаб, турланиб-товланиб кетмаганмиди ўшанда? Бундан ташқари ёзғувчи чўпоннинг бошида дарди бор, деб икки-уч қайта районга тушунтириш хати юборган ҳам ўзи эмасмиди? Айтарли, унинг районга чақирилиши ҳам бежиз эмас, коса тагида нимкосаси бор. Бироқ, эшикларига чарм қопланган қабулхонада турганида, ичкарида тақдири ечилаётган раис аканинг бу ишига сўппайтиб бир ўзини чақиртиришганидан кўнгли бир балони сезди. “Нега мени? Нега бир ўзимни чақиришди?” Шу ўй калласидан кетмай, кираверишдаги хонада ўтираркан, юраги така-пука бўла бошлади. Бандасининг бошига бир мушкул тушса, зеҳнига оламжаҳон хаёллар келиб-кетар экан. Митал ҳам ўша куни, ичкарига чақирилгунича, не хаёлларга бормади, не жўяли тадбирларни тусмолламади дейсиз. Ичини ит таталар, муҳмал саволлар бутун аъзои баданини эсанкиратарди. Бир томондан бунга тушунмай, ҳар хаёлга борди. “Нега мени чақиришди? Гувоҳлик берадиган одам тўлиб ётибди-ку! Йўқ, бу ерда бир гап бор. Бир гап борга ўхшайди? Кимни ёқлаб чиқай? Анови ёзғувчи чўпонними? Тфу! Анойиси бор экан-да а?! Қўлидан нима ҳам келарди. Бор-йўғи бир чўпон, ўша-ўша чўпон-да. Ўзининг ким эканлигига қарамай, раисга осилиб олганини кўр бунинг. Айтган гапларига ўлгинг келади! Апититти айнитиб… Ҳақиқатни рўйи-рост билгиси келаётган эмиш, кўз ўнгида бўлаётган кўзбўямачиликларга чидай олмаётган эмиш, қисталоқ! Бу яланғоч ботир қаёқдан пайдо бўлди ўзи? Ўлолмай ўлан айтади-я. Қачондан бери бу ҳақиқат деганлари арзланувчилар томонга оғиб кетган? “Ҳукуматни алдаб”,.. деган сўзи-чи унинг, эшитиб кўнглинг айнийди. Нима бўлибди шунга! Ишнинг кўзини билсанг унна, охирида бармоқ тишлаб қолма, деган гап бор.
Биздан “ҳукуматни алданиб қолар эмиш”, топибсан гапни ҳам. Мен раис акамни чув туширармидим? Мен, а? Ким шундай деса, бекорларни айтибди! Бунақа пайтда эркакча гапириш керак. Ёлғон гапирсанг ҳам, ортидаги рости кўриниб туриши керак, ўз сўзингдан қайтмай туришинг керак! Айтганингдан қолмай йиқилишинг керак! Қандай деб ўйласанг, шундай бўлади! Бўлди энди! Айтадиган гапим тап-тайёр!..” Митал ўйланиб ўйига ета олмай ўтирганида, чарм эшик очилиб кўзойнак таққан аёлнинг боши кўринди:
— Киринг…
Кўзойнакли аёл майин сўзласа ҳам, Миталга бир фалокатдан сўз очгандек юраги орқага тортиб кетди. Кўкрак қафаси дук-дук ураётган юрагининг ҳаприқишидан бўғриққанича, чарм эшикдан ўтиб ичкарига кирди. Кўз олди хиралашиб, бу ерда йиғилган беш-олти одамнинг салобати босиб, уларни дурустроқ таний олмади. Одамларнинг салобати шунчалик таъсир ўтказишини у ўшанда сезган эди. Ўтирганларга аста кўз югуртириб, бирма-бир таний бошлади. Узун столнинг бош томонидагиси районнинг каттаси Асанакун Шамиратович, унинг рўпарасидаги уч-тўрттасини аниқ таний олмади. Берида, ўзига яқинроқда қовоғи солиниб раиснинг ўзи ўтирарди. Икковининг кўзи тўқнашганида Митал раиснинг нигоҳидан шуларни уқди: “Бўш келма, ҳаммаси жойида, укам! Боя айтган сўзларингни қалаштириб ташла, шу билан ҳаммаси ҳал бўлади. Ўзинг айтгандек, ана холос, пишди гилос.” Митал ҳам кўзи билан “жавоб берди”: “Ака, мен лафзимдан тонармидим? Гапнинг қаловини ўзим топиб оламан. Мартабангиз баланд бўлсин, акам!Ўша ёзғувчининг гапидан йиқилиб қолсак, тамом бўлган эканмиз-да! Онасини учқўрғонда кўрсатамиз ҳали! Сизнинг ким эканлигингизни билмади, шекилли? Билиб олади ҳали. Шундан кейин ҳам қўлига давотқалам олиб кўрсинчи! Боплаймиз, ака, буни ҳозир боплаймиз!” Арзгўй чўпоннинг шу ерда афтодаҳол, тарвузи қўлтиғидан тушиб ўтирганини Митал фаҳмлади. Чўпоннинг гапи инобатга ўтмагани боёқишнинг ранги-рўйидан маълум эди. Энди ўзига сўз берилиб, боя ипга тизган сўзини тилига чиқарадиган бўлса, чўпоннинг иши пачава эди. Ўшанда нима қилар экан, шўрлик. Митал олдиндан буни сезиб турарди. “Шундай бўлишини билар экансан, кўрпангга қараб оёқ узатмайсанми, яланғоч ботирим! Танқид қилиш мумкин, деса танқид қилиб, эл кўзича чечан бўлмоқчи эдинг, шекилли? Раисни ким эканлигини мана энди кўрасан, етти аждодингни ўрнидан қўзғатиб юборади. Қараб тур! Ўз ўрнингни, ҳолингни билмай туриб, мартабали зотга тош отиш қандай бўлишини энди кўрасан. Тош эмас, замбарак билан отсанг ҳам ўрнидан қўзғалмайдиган валломат бу раис!
Танқид қилган эмишлар бу киши, ўзининг ким эканлигини билмай туриб! Худо урсин, шундай одамларга умуман тушунмайман. Пашшадан фил ясашволиб…” Миталнинг хаёлидан шу хусуматли сўзлар ялт этиб ўтди.
— Ўтиринг. – Тўрда ўтирган Асанакун Шамиратович узун столнинг этагидаги ўриндиққа бош ирғади. – Ўтиринг…
— Йўқ. Раҳмат, шундай туравераман. – Саволга жавоб берилаётганда туриб сўзлаш лозимлигини у яхши билар эди, тавозе юзасидан ташаккур билдиб қўйди. Ўзини булар билан тенгдай санаб, анови маданият дегандан зиғирча хабари йўқ чўпон сингари ялпайиб ўтириб олсинми энди. Бу гурунгмиди, бюро дейди буни. Буни ўзи фаҳмлаб олди ахир.
— Ўзингизга маълум бўлганидек, район газетасига чиққан, — деди Асанакун Шамиратович, гапини аниқ далиллаш мақсадида олдидаги қоғозга кўз қирини ташлаб, мақоланинг номини атади. — “Шариф ернинг шарафини бузганлар” деган танқидий мақолани муҳокама қилмоқдамиз. Бу мақолани ёзган ўртоқ, — у бироз тин олиб чўпонга ишора қилиб қўйди, — сизларнинг хўжалигингизда ошиқча ер ҳайдалиб, кўзбўямачиликка қилинди, деган фактларни келтиряпти. Сиз мақолани ўқиган чиқарсиз, лекин шундай бўлса ҳам, айрим ерлари билан таништириб кетайин.
Мақолада шундай дейилган: Колхозимиз райондаги энг илғор хўжаликлардан бири. Йил сайин биринчи ўринни эгаллаб, ҳеч бир хўжаликни олдинга ўтказмади. Мамлакат миқёсида планни энг аввал бажариб, довруғимиз бутун республикага таралди. Газета-журналлар биз ҳақимизда ёза бошладилар. Бироқ бизнинг колхоз ўша мўл ҳосилни қайси йўл билан оляпти. Бу муваффақиятларнинг сири нимада? Буниси билан ҳеч ким қизиқмади. Ҳақиқатни рўйи-рост очиб ташлаб айтадиган бўлсак, бу илғорликнинг бари кўзбўямачилик билан амалга ошириляпти. Мамлакатни алдаш билан юзага келяпти. Номма-ном айтадиган бўлсам, “Қўш-Тепа” деган ерга қайроқи экин экишди. Бултур бўлса сув омборининг ёнидаги эски мозорни текислаб ташлаб, маккажўхори сепишди. Бу нима деган иш? Ахир у ерда ота-боболаримизнинг хоки бор-ку, муқаддас ерни бузиб, жўҳори сепишларига ким рухсат берди? Мамлакатни алдаётгани камлик қилгандек, бундай қабоҳатга қўл урганини қандай изоҳласа бўлади?” – деб ёзибди бизнинг ўртоқ. — Катта шу ўтирган ерида доклад ўқиётгандек, Асанакун Шамиратовичнинг овози шу ерга келганида урғу берди. Яна бир бор чўпонга қараб бош ирғаб қўйди. – Шу,.. жўҳори экилган ерлар мақолада ёзилишича, сизнинг бридангизга қарашли экан. Сизнинг тушунтириш хатингизда эса ундай ер мутлақо йўқ, деб ёзилибди. Кимга ишонсак экан энди?..
— Тушунтириш хатимда ростдан ҳам шундай деб баёнот берганман. – деди Митал бир йўталиб олиб.- Ҳозир ҳам шу сўзимдан тонмайман.
Маккажўхори экилган ерларимиз ҳисобланган. Бундан икки йил бурун таноблаб ўлчаб чиққанмиз. қанча гектар ер бўлса, ўшандан ҳосил оляпмиз.Гапимга ишонмасангиз, ана, раиснинг ўзи айтсин, у ҳам шу ерда-ку…
Раис салобат билан ҳеч нарсадан хабари йўқ кишидек бош ирғаб қўйди: — Тўғри, тўғри. Гапи рост. Аввалгина эмас, бу йили ҳам ўлчаб чиққанмиз ўз қўлимиз билан. Бу киши колхозимизнинг илғор бригадирларидан бири. Шу пайтгача олдига ҳеч кимни туширгани йўқ. Бултур, — Босит раис сўзини Асанакун Шамиратовичга қараб давом эттирди, — Ўз қўлингиз билан ёрлиқ бергансиз. Эсингизда бордир…
У киши эсимда дегандек қилиб бош силкиди.
— Хўш, эски мозорчи, мозор, — ўтирган ерида қўзғалиб қўйди чўпон икки қўлини тиззасига ниқтаб, кўзлари алланечук ёниб. Унинг башарасига қараши билан бригадир ҳам саросимага тушиб, ҳам бир балони бошламасин, дея хавотирланиб турди. “Буни қараб қўй”, деб ичидан ўтказди, “худди исёнкордек ўтирган ерида дўқ уришини. Сенинг сўзингни ким инобатга оляпти ўзи?” деб ёзғирди Митал буёқда. Чўпон эса тарс-тарс гапини давом эттирди: — Текислаб, жўҳори сепганинглар ёлғонми? Қўш-Тепа ҳақида нима дейсизлар?.. Аввалгилар эмиш…
— Мозорга ҳеч кимнинг қўли теккан эмас. Ўйлаб гапир, — раис ўтирган ерида бир ютиниб олиб, чўпонга қовоқ уйиб қаради, сендан ҳеч ким сўрамаяпти бу ерда, билдингми?!
— Мозорнинг муддати аллақачон битган! – Чўпон энди ўриндиқдан кўтарилиб, икки кўзини тангадек қилиб, суд мажлисидаги қораловчидек ўктам гапирди. Унинг боядан бери ер чизиб ўтирган ияги кўтарилиб, кўзларидан ўт чақнади. Катта-катта очилган кўзларида ҳайбат бор эди. Чўпоннинг бунчалик жон куйдириб, ён бермай ўжарлик билан гапида туриб олиши бежизга эмас эди. Бунинг сабаби бошқа ёқда эди. Бу сирни фақат икки киши билар эди шу ердагилардан. Бири тан олмаётган раис, иккинчиси мана бу муттаҳам бригадир. Ўз ҳақиқатини ҳимоя қиламан, деб ўзини ўтга-чўққа ураётган бу ҳақпарварнинг кучи қаёққа етар экан? Бу ерда ўтирганлар кичкина одамлар эмас-ку? Анойи одамлар эмас. – Маккажўхори экамизми, уй соламизми, кулини кўкка совурамизми, бу бизнинг ишимиз, деган ким эди?! Сиз эмасми, ўртоқ раис?
— Мен, мен айтганман! Сўзимдан тонмайман, билдингми! – Раис бу сафар ён бериб айтган сўзини бўйнига олди. Лекин гап тарновини бошқа тарафга буришда устаси фаранг эди бу одам.- Жаҳл устида айтиб юборганман… Нима қилибди шунга? Бироқ, шуни билиб қўй: у ерга энамдан қолган экинимни экканим йўқ. Давлатникини экдим, давлатникини! У ер ҳозир мозор эмас, билсанг?! Сен билганни биз ҳам биламиз! Сендан иккита кўп кўйлак йиртганмиз. Муддати битган ўша ер…
— Мамлакатни дастак қилиб, хаёлингизга келган ҳамма нарсани қилаверишга ким рухсат берди сизларга?
Чўпон овозини баландлатиб, оловланиб гапирди. – Ҳукуматни талаб, алдаб юрганингиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Кўриб-билиб туриб, менинг виждоним чидамаяпти. Шунинг учун ёздим мен! Ҳеч бўлмаса ўтганларнинг руҳини ҳурмат қилиб, мозорни тинч қўйсанглар бўлмасмиди? Йўқ, ундай қилманглар! Бу ўта қабиҳ иш, гуноҳ-ку,.. гуноҳ?..
— Сенга нима? – энди раиснинг жини қўзиб, қайнаган қони юзига тепиб чиқди.- Ҳукуматнинг планини тўлдирмаслик гуноҳ эмасми? Омилигингдан ақлинг шунга етмаяпти-ку! Бўлганда сиёсатга фаросатинг етмайди сенинг!
— Тўлдириш керак. – Чўпон энди биратўла даҳанаки жангга ўтиб олди. Бу ерда йиғилганлар ҳам иккисига анграйиб, сўз навбати келган бригадирни эсларидан чиқариб қўйдилар. – Бироқ қандай қилиб?.. Қандай қилиб?!
— Қандай қилиб дейсанми? – Босит раис унинг гапини оғзидан олиб. — Шунинг бари сен айтган нарсага бориб тақаляпти-да! Буни қаердан ҳам билардинг? Ерга тош ташлаб кўрган одаммидинг сен? Экин экиш, дон йиғиш “қайт” дея қўйга қараб қичқиришдек осон иш эмас, билиб қўй! Эсингда бўлсин: план тўлдирсанг, қаёқдан тўлдирдинг, дейилмайди. Шунингдек, тўлдирмасанг ҳам нега тўлдирмадинг, дейилмайди. Бунинг осмон билан ердек фарқи бор. Гап битта – тўлдириш керак, тамом-вассалом! Қандай, қаёқдан тўлдирамиз, бу бизнинг ишимиз. – Шу ерга етганда Босит гапини мих қоққандек дона-дона қилиб гапирди. – Шахсий ишимиз!
— Бироқ, бир нарсани эсингиздан чиқарманг, — чўпон ҳам осонликча ён берай демас, ҳозир ҳам жаҳл билан гапини давом эттирди: — План деб, табаррук ерни оёқости қилишингиз инсонийликка тўғри келмайди асло…
— Виждонни пеш қилиб, нафсониятимга тегма сен! Виждон деган тумтароқ сўзингга ҳеч ким нон ботириб емайди бу ерда! Ҳеч ким!..
Кўз ўнгидаги даҳанаки жангнинг палласи қайси томонга оғаётганини Митал бюригадир дарров фаҳмлади. Тарози палласи чўпоннинг зиёнига қийшайса, шўрининг қуригани шу эмасми? Лекин чўпон пинагини ҳам бузмади. Хуллас, шу ерда ўтирганлар учун умуман қизиғи бўлмаган бу мубоҳасанинг жиловини ўз қўлига олиб, сувдан қуруқ чиқиб олиши керак. Энг авввал бурро-бурро сўзлаётган мана бу ношуднинг даъволарини бир пул қилиб, хафсаласини пир қилиб қўйиш зарур. Инчунин, у чўпон ҳақида билган бор иғволарни ҳозир ҳоли ўтирган пайтида яна бир қур кўпиртириб-бўрттириб ёдига тизиб олди. Шундай қилмаса, вазият чигаллашиб кетяпти. Бюрога кирган заҳоти Босит раиснинг қув кўз қарашидан уққанлари хотиридан кўтарила бошлади. Бу иш осонликча ҳал бўлмайдиганга ўхшайди. Гапнинг очиғи, Митал ҳам ўзига етгунча мумсик одам, манави чўпоннинг кўп машмашаларидан хабардор. Буёққа етгунича текей териб юрибмиди? Бу дунёда кимсани ёмонотлиқ қилишдан осон иш йўқ, қулоқ ҳам элдан дув-дув тараган гапларни йиғиб юраверади. Шуни айтсинми ҳозир, ҳозир айтмаса, қачон айтади?.. Қачон?.. Ҳозиргидек ўтган-кетган ишларни ковлаштириб, бирга иккини қўшиб айтаверса, ахир, илгаридан айғоқчилик қилиб юради-ку. Муҳими, қулай фурсатни қўлдан бой бермай, темирни қизиғида босиб олиши керак… Айтадиган гапларини бир-бир хаёлидан ўтказди.
Мана ҳозир гап бошлайди, ҳозир…
— Ўртоқлар! – Асанакун Шамиратович баҳс кескинлаша бошлаганидан сўнг тинчланинглар, дегандек, олдидаги графинни қўлидаги қалами билан тақиллатиб қўйди.- Тартиб сақланглар. Бу ер бюро, навбати билан гапиришимиз керак. Сизларнинг гапингизни эшитдик, ҳаммаси тушунарли. Энди бригадирни эшитсак. Бу кишининг сўзини бўлмаслигингизни илтимос қиламан. Хўш, гапиринг, қулоғимиз сизда.
— Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсам, бу чўпоннинг даъволари қип-қизил туҳмат. – шартта гап бошлади Митал кўзлари ёлқинланиб, қаршисида ўтирганларга бир-бир қараб олди. Кўзи биринчи бўлиб Босит раисга тушди. Яна унинг кўзларидаги фикрни уқиб олди: “О, лочиним, ҳалитдан бери шуни айтмайсанми, айт, айтавер, савалаб ташла буни, ии…” – деб унинг димоғини кўтарган бўлса, тўрда ўтирган Шамиратовичнинг қиёфаси ҳам “Мана энди ўзингга келдинг. Боя гапиришинг керак эди ўзи. Эплаб буни “тинчитайлик” десак, осонликча гапга кўнмаяпти. Амаллаб оғзини ёпмасак, эртага юқорига бориб юрмасин. Илло, шундай қилса, сизларнинг колхозингизгина эмас, бутун районнинг пачаваси чиқади. Гапиравер, бюро эшитиб қўйсин…” – дегандек сезилди унга. Бундай фурсат келса, бригадир отасини ҳам аямай гапиради-я. – Ҳа, бу бўҳтон! Турган-битгани бўҳтон!
Бундан ташқари, бу кишининг бошида дарди бор, дарди. Ишонмасангиз ўзидан сўранг, сўранг ўзидан. Гапим ёлғон бўлса, мана, ўзи айтсин… Айт?..
— Гапинг рост. – Чўпон буни тан олди. – Бошим оғрийди. Лекин бошимдаги дарднинг, умуман, дарднинг нима алоқаси бор бу масалага?
— Бор, албатта! Бўлмасам-чи! – Митал дарров гапнинг жиловини қўлига олди. Сўзидан тутдими, энди йиқитмасдан қўймайди. – Бош оғриғи тутганда сенга ўхшаганлар ёзаверишса, биз ишлаймизми, йўқми? Хўш?.. Ўртоқлар! – Қирғоққа урилган тўлқиндек ҳаммага бир мурожаат қилиб қўйди-да, кўзлаган чўққиси яқинлашиб қолгани мисол, яна сўзига ёпишди. – Кимга ишоняпмиз ўзи! Айтинглар-чи?! Бошида иллати бор ёзғувчигами? Ёки? Бизга ўхшаб каллаи саҳардан далада юрган деҳқонгами?..
— Ҳақиқатга ишониш керак? – Чўпон Миталнинг гапини бўлди. – Ҳақиқатга…
— Қаерда сенинг ўша ҳақиқатинг? – чўрт кесди Митал. – Ўзинг қўл урмайсан, бу ҳам етмагандек, бошқалар жон олиб-жон бериб планни бажаришаётса, уларнинг устидан “давлатни алдаяпти” деб ёзган бўҳтон арзингдами? Қаерда яна?
— Кўксимда…
— Кўкрагингга уриб важ тўқима. Сенга ўхшаган ўпкаси йўқ ҳовлиқмаларнинг “виждон”, “ҳақиқат”, “иймон” деган сўзлардан тикиб олган чопонинг иссиқлик бермайди. Шу сўзларнингни исботлайдиган ниманг бор ўзи, а? Ниманг бор? Ҳеч тийилмайдиган тилинг ва ўткир қаламинг?.. Шу сенинг бор-йўқ ҳақиқатинг! Шу!
Митал энди тобига келиб, қизишиб, тутақа бошлади. Буни кўрган раиснинг чеҳраси ёришиб, кўнгли жойига тушди. Митал эса оловга мой сепгандек қизишиб борарди.
— Ўша ҳақиқатинг сенинг кўкрагингда бўлса,.. – У кўкрак чўнтагидан билетини олиб, бюро аъзолари ўтирган столнинг устига ташлади. Бу ҳаракати тафтиш қилинаётган масала ғоясини дабдурустдан бошқа томонга буриб юборишнинг ягона чораси эди. Босит раис Митални бугун кўриб тургандек бақрайиб қолди. Ичидан тошиб чиққан қувончини аранг яширарди раис. Бошқасидан кутса ҳам, Миталдан кутмаганди буни. “О, азаматим, нишонга урдинг ўзиям. Бир балодан қутқарадиган бўлдинг мени… Аттанг, аттанг,.. бундай эканлигингни аввал билмаган эканман. Мени ғафлат босиб, сенга бир назар ҳам солмабман, аттанг?.. Ҳали шошма, мен ҳам қайтараман бир куни,” деб кўнгли ийиб, ҳаяжондан эти жимирлаб кетди.
— Мана меники! Мана, менинг ҳақиқатим! Шу менинг иймоним, виждоним! Ёлғон гапирсам, шу ерда ёзилган исмимни ўчириб ташланглар! Ўтиниб сўрайман сизлардан…
Асанакун Шамиротович ҳам, бериги бюро аъзолари ҳам, ўзига яқин ўтирган Босит раис ҳам – ҳаммалари анграйиб, лом-мим дейишолмай қолди. Гапи нишонга бориб тегди, шекилли. Ўртага чўккан жимлик чўзилиб, ҳаммаларининг нафаси ичига тушди. Қани, ким нима дер экан? Шу фикрни хаёлидан ўтказди. Бундай фурсатда нима дейиш жоизлигини раис билади, чунончи, индамай ўтириш дуруст эмас. Айтиш керак, баландпарвоз қилиб гапни дўндиргиси келди. Миталнинг гапига муқояса қилиб, раис ҳам чертиб-чертиб сўз бошлади.
— Ҳақ сўз, — Босит сапчиб ўрнидан турди. – Ўртоқ бюро аъзолари, агар бизнинг айтганларимиз ҳақиқат эканлигига ишонмасангиз, менинг ҳам номимни ўчириб қўйинглар. Ҳақиқат биз учун битта – мана у! – дея ўзининг кўкрак чўнтагидаги билетини олиб кўрсатди. – Ҳолбуки, “ҳақиқатим кўкрагимда” деб бонг ураётганларнинг далили қатори бирорта ҳужжати бўлмаса, нимасига ишонамиз? Кўксигами?..
— Ўша кўксингда ҳақиқат бўлмас экан, бу ҳужжатинг бир пулга арзимайди, — чўпон дарров унинг сўзини олди. – Ҳеч нарсага…
— Ўртоқ, — дея Асанакун Шамиратович столга икки қўли билан таяниб ўрнидан тураркан, қалин қошлари кўзини босиб, қўлини ҳаволатиб, салобат билан сўз бошлади. – Сиз ўйлаб гапиринг. Бунга, — кўрсаткич бармоғи билан Миталнинг билетига ишора қилди, — ҳеч ким ҳақорат қилолмайди, шуни билиб қўйинг. Фаҳмига бормай гапириб қўйсангиз, керакли ерда жавоб бериб қолишингиз мумкин. Билиб қўйинг, — шу сўзга келганида овози кескинлашди, — сизнинг кўкрагингиз биз учун мавҳум тушунча, лекин мана буни ҳужжат дейдилар, ҳуж-жат. Демак бу мавжуд, муайян нарса, — у бироз тин олиб, четда турган бригадирга қайрилди. – Шундай қилиб, район газетасига ёзилган барча тафсилот ёлғон, демоқчисиз, шекилли? Шундайми?!
— Тўғри, — деди Митал, — ҳаммаси ёлғон.
— Ўртоқлар, орамизда ўша мақолани босиб чиқарган муҳаррир ҳам ўтирибди. У нима дер экан? У кишининг ҳам фикрини эшитиб кўрайлик. – Бериги бурчакда ўтирган басавлат киши ўрнидан қўзғалганда пишиллагани беш-олти қадам нарига ҳам эшитилиб турди. У Асанакун Шамиратовичнинг сўзи тугамасдан ўрнидан туриб олди. – Ўртоқ муҳаррир, газетангизда чоп этилган мақоладаги тафсилотларни инкор қилишяпти. Бу масала бўйича бизга бир неча хат келиб тушган. Ҳаммасидан хабардормиз. – Қўлида тутиб турган хатларни кўрсатиб гапида давом этди. – Ҳаммаларининг гапи бир ердан чиқяпти. Сиз қайси асосга таяниб, бу мақоланинг босилишига йўл қўйдингиз? Шуни тушунтириб беринг-чи?..
— Биринчидан, у пайтда мен отпускада эдим, ўртоқлар, — овози бўғилиб чиққан муҳаррирнинг пешонасига тер тепчиб чиқди. – Иккинчидан, мақолага имзо чеккан эмасман. Ўринбосаримнинг имзоси билан чоп этилган. Бизга ҳам мақола тўғри эмас, деган беш-олтита хат келган…
— Демак, келган қўлёзмаларнинг барини текшириб-нетиб ўтирмай босаверар экансизлар-да? Бу нима деган масъулиятсизлик, ўртоқ муҳаррир? Мана, сизларнинг иш услубингиз, мана!..
— Мен… Мен отпуска… – Муҳаррир чайналиб қолди. – Ўринбосарим кўриб чиқиб чоп этган эмиш…
— Ўртоқ муҳаррир, бу ерда бюро мажлиси кетяти, — Асанакун Шамиратовичнинг туси ўзгарди.
Бу гапидан ҳам сезилиб турар эди. – Қайтариб айтаман, бюро. Эмиш-пемиш деган сўзингизни бошқа жойда айтасиз. Мана “эмиш”ларингизнинг оқибати. Шунинг ўзидан кўриниб турибди ишга бўлган бефарқлигингиз, сийқа иш жараёнингиз? Гапингизни аниқ айтинг, кўрибми, ёки кўрган эмишми?
Гўштдор муҳаррирнинг пешонаси терлаб кетди. Пишиллаган нафаси кучайиб, ҳаммага эшитила бошлади. – А-ниқ бил-май ту риб ман… – Айб иш қилган ўқувчидан баттар кўзларини жавдиратиб, Асанакун Шамиратовичга бир бошқача қараб олди. – Аниқлаб, жавобини айтаман. Аммо, — муҳаррир унутган нарсасини топиб олгандек жонланди. – Бу масалада ўзимиз ҳам мажлис ўтказиб, ўринбосарга сўнгги мартта ҳайфсан эълон қилганмиз…
— Ҳайфсан эмас, унга аслида мукофот берилиши керак… – чўпон ўртадан чиқиб гапга аралашди.
— Қайси ишига? – бюро аъзоларидан бири луқма ташлади.
— Ҳақиқатни эълон қилганига…
— Бирови тоғдан келса, бу боғдан келади-да? – Босит раисни баданига илон ўрмалагандек, нохуш кайфият чулғаб олди. – Бош оғриғинг тутиб қолдими ё?
Тутмагандачи. – Қулай фурсатдан фойдаланиб, ён чўнтагидан қуш тилидек хат чиқарди Митал. — Докторнинг муҳри босилган мана бу қоғозни эътиборингизга ҳавола қиламан, кўриб қўйинглар! – Томдан тараша тушгандек қилиб, ҳаммага мурожаат қилди. – Миясида иллати бор эканлигига мана энди ишонасизлар. Ўқиб кўринглар, доктор ўзи тасдиқлаб берган.
Агар иллати бўлмаганида, олийгоҳни ташлаб келиб, тоғда қўй боқармиди? Ўша хасталигининг касофатидан ўқишдан ҳам ҳайдалган шекилли бу! Шу ростми? Айт, агар ёлғон айтган бўлсам?!
— Шу гап ростми, айтинг. – Чўпонга саволомуз қаради шу ерда ўтирган аёл. – Тўғрими Шу?..
— Тўғри. Бироқ бунинг нима кераги бор бу ерда? Гап менинг касалим ҳақида кетяпти, ўқишни ташлаганим ҳақида эмас-ку ахир. – Чўпон талмовсиради. – Гап бошқа мавзуда кетяпти,.. бошқа…
— Гапни бошқа ёққа бурманг! – деди қўлини паҳса қилиб Асанакун Шамиратович, — ёзишга ёзиб олиб, энди айнимоқчимисиз? Районимизнинг оғирини енгил қилиб турган раисни ёмонотлиқ қилиб, энди четга чиқмоқчимисиз? Йў-ўқ, ўртоқ, бу қилиғингиз ўтмайди.Колхознинг плани тўлмай қолса, райкомнинг олдида жавоб беради. Агар районнинг плани тўлмай қолса, областнинг олдида жавоб беради. Шуни тушуниб олинг. Ҳар кимнинг ҳисобот топширадиган ери бор.
— Кечирасиз, ҳалиги, ўрнидан қўзғатилиб, ҳоки оёқости қилинган ота-боболарнинг олдида ким жавоб беради? Ким? – Чўғ устида ўтиргандек, чўпон куйиб- пишиб кетди. – Ким?
— Ўртоқ, бунчалик баландпарвоз гапириб, бетга сапчиманг. Бизнинг ҳам анча-мунча ишлардан хабаримиз бор. – Асанакун Шамиратовичнинг овози юмшаб, хушмуомалалик билан гапида давом этди. – Сиз нима? Мана шу менинг оёғим, сизнинг оёғингиз босиб турган шу қора тупроқ “тупроқ” деб ўйлайсизми?
Эҳтимол, оёғимиз остида топталаётган шу тупроқ ҳам аллазамонда чириб битган боболаримизнинг жасади бўлиб чиқар? Хўш, шунга нима қилиш керак? Айтингларчи? – У жаҳл билан давом этди. Демак, сизнинг гапингизга қўшилсак, бу ерда ҳам икковимиз турмаслигимиз керак, шундайми? Ернинг ҳаммаси муқаддас! Шундай қилаверсак, экинни қаерга экиб, планни қаердан тўлдирамиз? Халқни қандай таъминлаймиз? Буни ким бўйнига олади?! – Гапининг шу ерида оғзидан тупуги сачраб кетди. – Ким жавоб беради. Сизми? Ёки ёшини яшаб, ошини ошаб ўтган ота-бобонгизми?.. Айтинг?.. Йў-ўқ, бунга жавоб беролмайсиз. Биласиз, ўртоқ, бошингнизни қаерга ишлатишни, қаерга ишлатмасликни. Ҳамма гап менинг бошимдами, дейишингизни қаранг яна. Ҳа, ўртоқ, гап сизнинг бошингизда, сизга ўхшаганларнинг бошида. Шу бошингизни бир тафтиш қилиб кўриш керак. Қанақа клеткалар, ўша клеткаларда қандай фикрлар бор экан. Биз шуни билишимиз керак, билдингизми? Тўғри айтяпман, ўртоқлар, тўғри, бу сўзлар ҳазил эмас. Биримиз жон койитиб, эртаю кеч ер тирмалаб, планни тўлдириш пайидамиз, биримиз эса “ҳукумат алданяпти”, деб уриб чиқсак, тўғри келадими шу? Сизлардан сўраяпман, тўғрими шу? – Бу ерда ўтирганларнинг нафаси ичига тушиб, миқ этишмади. – Ҳеч биринг индамайсан, демак нотўғри бу, нотўғри! Гап битта! Хўш, энди, — у чўпонга еб қўйгудек бўлиб қаради, — сизнинг ёзганларингиз мутлақо асоссиз. Уни мана бу хатлар ҳам исботлаб турибди, — қўлидаги беш-олтита хатни кўрсатди. – Бир сафар сизга сабоқ бўлсин, деб огоҳлантириш берамиз. Агар иккинчи марта қайтарилиб қолса, унда кечирилмайсиз. Жавобгарчиликка тортамиз…
— Жавобгарчиликка тортишингизни илтимос қиламан, — Босит раис жонланди. Масала ўз фойдасига ҳал бўлаётганидан фойдаланиб, ўз талабини ўртага ташлади. – Жавоб берсин!..
— Ҳа, жавоб бериши керак. – Митал ҳам жим ўтирмай, раиснинг гапини қувватлади. – Сабоқ олсин!
— Шошилманг, ўртоқлар. – Асанакун Шамиратович икковини тинчлантирди. Ҳар бир нарсанинг ўз вақти-соати бор. Биринчи сафар кечирайлик, иккинчисида кечира олмаймиз. Балки шунинг ўзидан хулоса чиқаргандир, сўз берайлик. Хў-ўш, қулоғимиз сизда…
— Гапириб нима қиламан? – тарвузи қўлтиғидан тушган чўпон бу сафар ҳам кўнглидаги гапини яшира олмади. – Оқнинг оқ эканлигини кўра-била туриб, қора дея олмайман, қоранинг қора эканлигини кўриб туриб, оқ дея олмайман. Кечирасизлар, бундай итлик қилмайман мен. Бунга иймоним йўл берамайди.
— Иймон? – Асанакун Шамиратович чўпонни тергай бошлайди. – Иймон нима? Уни дастак қилиш осон-да а? Ҳар кимнинг иймони ҳар бошқа бўлади, чунончи, бу ҳар-хил тушунча. Иймон биз учун иш, план, топшириқ олдингми, бажарамиз, иймонимиз пок. Шу бизнинг иймон бўлади.
— Кечирасизлар, мен билган иймон бошқа, — деб ҳафсаласи пир бўлган чўпон бу ердагиларнинг ҳеч бирига қарамай, чарм эшикни очиб ташқарига чиқиб кетган.
Чарм эшик қарс этиб ёпилганда олағовурга тўлиб кетган кабинет сув қуйгандек жимликка чўмиб, катталарнинг сўзини олмаган ўжар чўпоннинг оғзидан чиққан қалтис сўзлар давра қуриб ўтирганларнинг эсхонасини чиқариб юборди. Ишнинг бундай тус олишини билганида, чўпон бу йиғилишга келиб, вақтини зое кетказармиди? Юрагини кемираётган ҳақсизликларга исён қилиб, аччиқ-аччиқ сўзлармиди? Булар йўғон дарахтдек илдизлари етти ер остига ўрнашган, қўл узатса, қўллари бир ерда бириккан пихини ёрган кимсалар эканлигини билганидан сўнг чўпон яна қайси ҳақиқатини ирод этиб куйиб-ёнсин! Билганида қани эди, зеро сувни сингган ерга сеп, деган матал бор-ку. Ортида кимдир орқа бўлиб турмаса, бунингдек қинғир ишларини осонликча амалга оширармиди булар? Шу нарсани чўпон аввалроқ тушунмаган эди…
…Мозорга олиб борадиган сўқмоқда бораётиб ўша йилги воқеаларни бир-бир эслаб чиқди Митал селсовет. Ҳаммаси эсида эди. У воқеаларни эсидан чиқариб бўлармиди. Ўша бюродан кейин Боситнинг назарига тушиб, кўнглига ўрнашди. Райондан қайтишаётганда раис унга шундай деган эди: “Бугун кўп коримга ярадинг, укам. Райкомда ҳам ўзинг ҳақингда яхши таассурот қолдирдинг. Бунга ўхшаган ўпкаси йўқларни шундай қилиб адабини бериш керак, барибир улар яхши гапга тушунишмайди. Кўролмай, ўзингга тош отишади. Шу қатъиятингда давом эт сен энди.” Босит раиснинг мақтовлари кўнглини илитиб, ширин хаёлларга берилди Митал.
Тангри ёрлақаб, мана кўпдан бери кутган фурсати етиб келди- раисга манзур бўлди. Ўз одамини қуруқ қўймайди раис, бу нарса айтмаса ҳам Миталга маълум эди. Бу ҳали ҳеч нарса эмас, ўзининг райкомга манзур бўлганичи. Худа ёрлақаб, ошиғи олчи бўлиб кетадиганга ўхшайди. Куни кеча яхши бир туш кўриб эди, шуниси рўёбга чиқиб турибди, мана. Суюнса суюнгудек иш эмасми ахир. Қулоғи қичишиб, ўзи ҳам бир хушхабарнинг дарагини кутиб юрган эди шу кунларда. Ўшанда раис унга шундай деган эди: “Айтчи, сени селсовет қилиб қўйсам, ишни эплаб кета оласанми? У ерга сенингдек йигитлар керак. Бундоқ қарасам, сендан дурустроғи йўқ, шекилли. Бугунгидай ишларга яраб берсанг борми, а, тез кунларда изингда гуллар кўкаради!” Рози бўлмай нима қилсин, юраги ҳовлиққанидан гурс-гурс урар эди. Дарров розилик билдирди. Кўп ўтмай бригадирликдан селсоветликка кўтарилди. Бунга ҳеч ким ҳайрон бўлмади. Сабаби аввал илғор бригадир эди, кўтарилиб селсовет бўлибди, деб қўя қолишди. Бу ерда раис икковининг тузган қитмир режасидан халқнинг хабари йўқ эди. Шундан кейин иккиси орасидан қил ўтмас даражада иноқлашиб кетишди. Иккисининг сўзи бир ердан чиқар, икки ёрти бир бутун бўлиб нималарни амалга оширмади булар. Пешона экан-да, Босит раиснинг вафоти Миталга ҳам оғир жудолик бўлди. Валинеъмати эди-да у киши. “Буюрса, пенсияга чиқиб, ўрнимни сенга бераман”, деб бир неча бор айтган эди. Энди ўша сўзни кимдан эшитади? Ким унга айтади? Шўрлик аросат вазиятда қолди-ку тоза.
Бир сафар раис шундай деган эди: “Ўртанча ўғлим районнинг биринчиси бўлар эмиш, ўрнашиб олсин, ўзим пенсияга чиқиб, ўрнимнин сенга ўтказиб бераман. Сен раисликдан чўчима, ўғлим келгандан сўнг сенга бермай, кимга ҳам берардим”. Шундай азму қарор қилиб юрган киши ўғли районга кўтарилгандан икки кун ўтиб, дорулбақога риҳлат қилиб қолмадими. Бир-икки кун яшаб турганида ўғлига дилида сақлаб юрган гапларини айтишга улгуриб қолармиди? Кимсага бирор оғиз сўз айтолмай жони узилди, шўрлик. Митал селсоветнинг фиғонини фалакка етказган қайғуси шу эди аслида. Оғир ўйлар орасида аҳён-аҳёнда “балки фурсат топиб, биронтасига айтгандир”, деган илинжи йилт этиб, кўнгли ёришиб қолар эди. Агар шундай бўлса, у шоввоз отасининг сўзидан чиқармиди. Хуноб бўлган кўнглида яна умид учқуни алангалай бошлади. Ишқилиб, Босит раис ўғлига айтиб қўйган бўлсин, шундай бўлса, ўғил отасининг сўзини бажармай қўймайди, руҳини шод қилмоқ мақсадида бўлса ҳам, васиятини амалга оширармиди. Қанийди шундай бўлса. Шу фикр Миталга тинчлик бермас, бош-учи йўқ хаёллар миясида айланарди.Ҳозир бу ёққа юборилишини ҳам яхшиликка йўйди, бўлмаса нега ўшанча одамнинг ичидан ўзини чақириб, жойни кўриб келишга жўнатишди. Бежиз эмас бу? Ўзимизнинг одам, дейишдимикан? Ёки Босит раиснинг жойини кўриб келишга шу одамгина лойиқ, дейишдими? Бу муштумдек мия қурғурга олам-жаҳоннинг ҳаёли сиғади-ку! Шундай саволларга тўлиб-тошган мияси ўзидан икки баравар каттариб кетгандек туюлди Миталга. Хўш энди,.. бу ўғилларини ғам юки эзиб турган фурсатда хизматни қиёмига етказиб қилиб, кўзига кўриниб олсин.
Эрталабдан бери ўкириб йиғлаб-бўзлаганлари бежизгамиди, бир иложини қилиб мана бу ўғилларига манзур бўлиб олиши керак. Кўз ўнгида бўлиб турсин. Одамнинг кимлиги яхши-ёмон кунда билинади. Энг асосийси шу бугун корига яраб бериши керак…
…Кун икки найза бўйи кўтарилган бўлса-да, осмон ёришай демади. Ҳамон қора шамол изғиб, ҳавонинг авзойини баттар бузишга уринарди… Сўқмоқ йўл Митални мозорга олиб киришига бир от чопгулик масофа қолди. Шунда олдида уч-тўрт одамнинг қораси кўринди. Отига қамчи босиб етиб борса, кеча машина уриб кетган болани дафн этишга олиб келган кишилар экан.
Бир кунда икки маййит дафн этилмоқда.
Бири мана шу бола эди…
Тобут кўтарганлар ёнидан ўтиб кетаётганда Митал товушсиз пичирлади: “Эҳ, бечора бола. Шундай кунда жон бериб,..” дея ачиниб туриб, ўйланиб қолди. Бу ҳалиги бола-ку. Тфу! Босит ака шу билан бир кунда ерга бериладими энди? Манави тасодифни қаранг! Эл нима дейди? Босит аканинг арвоҳи бунга рози бўлармикан? Ер олмаган алламбалонинг ёнига қўйдинглар, деб норози бўлиб қолсачи? “Тфу! Буёғи қизиқ бўлди-ку! Шундай инсоннинг тенгимиди бу бола?.. Нима қилсам бўлади? Тўхтатиб турайми? Жасад кўтарганларни тўхтатиб бўлармиди… Тўхтатмасам, раис аканинг шу одамсиёқ билан ёнма-ён ётиши қандоқ бўларкин?” Митал дабдурустдан уларнинг олдига борди-да, кўнглига тугиб қўйган гапларини айтишга юраги бетламади.
Қизиққонлик қилса, айтиб юборарди ҳам. Ваҳоланки бундай ерда бундай гапларни айтишнинг ўзи бўлмас экан, тек туриб қолди у. Қийналди. Айтадиган сўзмиди бу? Бирдан шу ўй келиб, ичига кирган тикандек баданини жимирлатиб юборди. Ундан кўра гапларини қабристон қоровули орқали етказишга қарор қилди. Қоровул Миталнинг сўзидан чиқмайдиган, гапини икки қилмайдиган одам. Бир оғиз айтса кифоя. Иш битди, деявер. Қоровул ҳам кажбаҳс одам. Айтганида туриб олади. Қўйиб берса, болани эмас, отасининг ҳам мурдасини киргизмайди гўристонга. Шу режасини пишита бориб, Митал отнинг бошини мозорга бурди.
Иягида буғдойнинг қилтиғидек яккам-дуккам соқолини тикрайтириб, шусиз ҳам чўзинчоқ жағини осилтириб олган чиллакдек чол Митални узоқдан кўриб пешвоз чиқди. Чолнинг адовати юзига тошиб чиққан, урушқоқ одам эканлиги бир қарашдаёқ қиёфасидан билинарди. Бу манзилга шундай кишини қўймаса, бошқаси эплай олармиди? Айниқса, худонинг берган куни мозоргоҳга мол-ҳол ҳам оралаб қолади. Овулнинг болалари тушмагурлар молларини шу ёққа олиб келиб ёядилар. Шуларни қўрийди бу киши. Босит раиснингқабрини қазиётган беш-олти кишига йўл-йўриқ кўрсатиб, лаҳаднинг оғзидан тубигача бўлган ўлчаб берди. Шунинг учун дафнга қатнашиш истагида олисга кетмай турган эди. Қишлоқни не-не манаман деган одамларини дафн этган у. Кунда шу ерда эканлигиданми, айтарли қалбида хафалик, озорланиш деганнинг ўзи бўлмаган. Олиб келинган бегона ўликларга ҳам юраги жиз этмаган, қиладиган иши маййитни қабрга қўйиб, икки кафтини очиб, фотиҳа қилиб қўйиш эди.
Бошқалардек мозорда бошини хам қилиб, қайғуга ботиб ўтирган эмас шу чоққача. Бу хилватгоҳ чолнинг қалбини музлатиб юборган, шекилли. Бутун олам ағдар-тўнтар бўлсин, унга барибир. Ҳаммаси ўлиб кетса, уларга жой топиб беришга қудрати етади…
Раиснинг гўри аллачон қазилиб битган, ўрнидан янги қазилган тупроқнинг илиқ иси келарди. Қабрдан ҳовур кўтарилар эди…
Мозор…
Мозордаги дўнгчалар йил сайин айлантириб урилган пахса девор ичига сиғмай борарди.
Йил сайин жой торайиб борарди…
Одамзотнинг умри шу экан, келмаги борнинг кетмаги бор, деганларидек. Бир жон маҳв бўлса, бошқаси яралиб, ер устидаги ҳаёт тарзи бир-бирига уланиб, дунёнинг ёлғони билан чини аралаши ўтаверар экан, ўтаверар экан…
Мозорнинг от арава сиғадиган дарвозасига ёлғизоёқ сўқмоқ йўл билан чиқиларди. Кўса чол чопонининг барини эртадан бери гувиллаётган шамолда ҳилпиратиб, ердан бўртиб чиққан дўнгчаларни айланиб ўтиб, тўғри дарвозага олиб борадиган йўлга чиқиб, қўлини орқасига қилиб пилдираб бораётганида, селсовет Митал бир ўқ отса етар яқинликка келиб қолган эди. Кўрди-ю, пешвоз чиқди. “Хабар олгани келганга ўхшайди”, ўйлади чол.
-Бўлдингларми? – Миталнинг бор мулозамати шу бўлди. – Сизларга қараб турибмиз…
Қазиб битганимиз қачон, — оқсоқ чол сўз қотди.- жой ҳам жуда юмшоқ экан, битта тош чиқмади…
— Одамига қарайди, — деди Митал оғир хўрсиниб, хавотирланиб осмонга қараб қўйди. – Бу дайди шамол бунча тўполдон солди, қисталоқ. Куннинг кўзини очай демайди. Бир балони бошламаса гўрга эди, шундай кунда…
— Мен ҳам шундан чўчиб турибман. – оқсоқ чол осмонга анқайди. – Эртароқ қўйиб олсак яхши бўлар эди.
— Биз ҳам шунинг ташвишидамиз. Хабар олиб кел, деб юборишди мени.
— Ким ўйлабди дейсиз буни…- сирли қилиб гап бошлади чол.
— нимани?..
— Шундай инсон ҳам ўлади, деб… Ҳозир ҳам ишонмаяпман бунга. Ҳеч бугунгичалик кўнглим оғримаган, эсласам, юрагим ачишиб кетяпти. Эссиз! Тупроғини айтмайсанми, турган-битгани мой тупроқ. Бу ер дегани ҳам одамни танлаб оларкан. Баъзи бировларники заранг тошлоқ бўлиб қолади.
— Ух… – Деди Митал эрталабдан бери томоғига тиқилган аламдан зада бўлиб. – Ким? Қайси одам ўйлаган эди охири шундай бўлади, деб, а?.. Бир ҳафта аввал ҳам отдек эди. Ажал деганлари шундоқ экан-да…
— Наилож! Қўлимиздан нипма ҳам келарди?.. Кетганни қайтаришнинг имкони йўқ. Ортидагиларга тўзим берсин, умр берсин, қолган умрини ўшаларга берсин энди…
— Шунча йилдан бери халқни бошқариб юрган эди. Оғир бўлди, оғир…
— Қўй, ука, койинаверма. Қайғурган билан бир нимага эришилармиди? Биз учун муҳим фарз ҳозир у кишини ерга қўйиш. Қўлимиздан келгани шу. Эрта кунни кеч қилмайлик, қабр тупроғи совиб қолмасин…
— Иккови ҳам бир муддат жим туриб қолишди.
“Эҳ-ҳе, бу жойга қанча кишини қўймадиг-а… – деди оқсоқ чол ўзича. – бу бечора инсоннинг ажалидан хабардормиди, эрталабдан бери дайди шамол уввос солади-я… Тавба, нима бўляпти ўзи? Бегоналарнинг ўлими менга таъсир ҳам қилмас эди. Бу кишининг ўлими эса негадир юрагимни зирқиратди. Начора, қўлимиздан ҳеч иш келмаса… Биз бир майда одам бўлсак. Бай-бай… Қандай яхши инсон эди-я! Қачондан бери элни бошқариб келмадими? Энди буёғи қандай бўлар экан? Аттанг! Яхши инсон эди, мана бу об-ҳавони қара? Бир бошқача, Тангрининг ўзи ҳам хафага ўхшайди. Шунга куннинг кўзи ҳам кўринмади. Қовоғи слолиқ. Тавба… Шундай одамларимизни йўқотаверсак, охири қандай бўларкин? Шунга ҳайрон бўлиб қоламан…”
“Айта олдими? Улгурдими айтишга?.. – деб ич-этини ер эди Митал селсовет, — агар акси бўлса, ишлар пачава-ку… Унда нима қиламан? Ўзим бораманми ўғлига, отангиз тиригида ўрнини менга ваъда қилган эди, деб. Бунга бетим чидамайди, асло!
Бу машмаша тириклай ўлдирадиган бўлди-ку одамни. Эрта-индин бошқа одамни тайинлаб қўйса, билган-уққан танишлар ичида ўсал бўламан-ку, қисталоқники. Бўлмай қолсам ҳамма гап-сўз қилади. Бу томони ҳам бор. Шунча елиб-югуриб, ўрта йўлда қолди, дейди. Шуниси ёмон баридан. Ёки айтдимикан? Эҳ, минг лаънат ҳаммасига, юракни эзиб юборди-ку! Мабодо айтган бўлсачи? Оҳ, ундай бўлса, иш битди, деявер, иши ўнгидан келгани ўша бўлади. Ўша! Кейин акангни бир кўриб қўй! Қисталоқ!.. Ўша жойга ўтириб олсам бўлгани, олдимга “лаббай, лаббай”, деб туришмаганини кўр! Хоҳласам борми, ҳаммасининг қўлини қовуштириб, тизиб қўяман. Қўл қовуштирмаган кишини кўр ўшанда! Митал отимни бошқа қўяман! Ҳозирча ўғилларининг кўзига ташланиб олиш керак. Кўнглига йўл топиш керак. Энг муҳими – шу! Фақат шу! Ээ, ҳаммасидан ҳам Босит раис айтдимикан? Айтдими?..”
— Айтмоқчи? – чол ўртага чўккан жимликни бузди. – Областдан катталар келади, дейишди буёққа, а? Ростми шу?.. Мана бу тупроқ қазиётганлар шундай дегандек бўлишди, а? Ростми?
— Ия! – Ўйга берилиб кетган Митал совуқ сув сепгандек сесканиб кетди. – Нима дединг?..
— Булар айтишяпти-ку, — чол тупроқ қазиганларга ишора қилди. – Булар… Областдан катталар келар экан, дейишди. Дафн этишдан олдин нутқ сўзлар эмиш. Шу ростми?
— Бўлмасамчи… – Митал сўз қотди. – Эрталабдан бери ўшаларни кутиб, шунча кечикдик. Мени бу ёққа юборишаётганда, уларнинг келар вақти бўлиб қолди, дейишган эди.
О, бу кишининг кимлигини ўшандан билиб олсанг бўлади! Областдан ҳам келишса-я, ёпирай!..
— Келишмагандачи, — деди Митал жиддий оҳангда. – Келади-да, албатта. Кимга келади яна? Ҳаммаси катта одамлар, биронтасининг мансаби қуйи эмас, билдингми?
— Айтчи? – қизиқсиниб яна сўради чол. Бу худо раҳмат қилгурни ерга қўяётиб, расм-русумларини қиламизми, иримлари бору? Жаноза ўқиладими? Ё эскилик, деб рад қилишадими?.. Ўшаларинг. – Чол яна қазилган қабр ёнида ўтирганларга ишора қилиб бош ирғади. – Шундай қилади, дейишяпти-ю, а? Катталарнинг олдида эскича кўмсак бўлмайди, дейишди.
— Бунисини билмайман мен! – Миталнинг елкалари қунишди. – Босит ака, нима, оддий одаммиди? Унинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Мотам ўтказиш тантанаси, дегандек…
— Буниси қанақа? Ўзимизча дафн қилишми?…
— Ие…
— Туф! Туф! Ҳаҳ, қуриб кетгур-ей, — чол кўкрагини ушлади. Ўлик кўмишнинг ҳам эски-янгиси бўлар эканми? Тушунмай қолдим?..
— Лекин шундай дейишди…
— Нима дединг? – селсоветнинг лабидан пичирлаб чиққан сўзларни аранг уққан чол сергакланди. – Қулоғим…
— Ээ, — қўл силтади Митал. – Шунчаки ўзим. Оғзимдан чиқиб кетди, — у ортга қайтиб, жойнинг хабарини етказай, деб ҳозирланаётиб гап бошлади. – Мозорга олиб келишаётган ҳалиги бола…
— Қайси?…
— Ҳалигичи, ҳалиги отинг ўчгур бола. Оти борми ўзи унинг, билмас эканман, қисталоқ. Ўшанинг тобутини учта-тўрттаси олиб келишяпти йўлда…
— Ии, бечора, ҳалиги болами? Эсладим. Машинанинг тагида қолди дейишди…
— Ҳа, ўша. Ўшани буёққа олиб келишяпти. – Митал чолнинг қулоғига яқинлашди. – Энди сенга бир вазифа бор, эшитиб тур.
— Аҳа, — чол қулоғини диккайтирди. – Хўш…
— Хў-ўп, ўзинг инсоф билан айтчи. –Митал хижолат тортиб гапирди. – У бола киму, бу акам ким? Буни менсиз ҳам фаҳмлаб турибсан. Тўғрими?
— Тўғри, тўғри…
— Шундай экан, буёғи ўзингга маълум. Областдан ҳам одамлар келяпти. Нима, улар ўзларини кўз-кўз қилгани, ёхуд қоп-қора машиналарини кўрсатган келяпти, дейсанми? Буни тушунган бўлсанг керак.
— Ҳа, билиб турибман…
— Энди гап бундоқ, — Митал гапнинг индаллосини айтди. – Мана бу келаётганларни тўхтатиб тур. Йўлдан қайтар уларни. Иложи бўлса, ушлаб тур…
— Бунга тушунмадим…
— Нега тушунмайсан?
— Қандай тутиб тураман уларни, тушунмадим…
— Қандай бўларди? Дарвозадан киритмай тур, аввал раҳматли раис акамни дафн этиб олайлик. Кейин уни кўмишаверади.
Буларинг қўйгунча, областдан келган катталар, боши кўринган кишилар кутиб турадими? У ҳукуматнинг ишидаги одамлар. Ҳар бир дақиқаси ўлчовли. Шуни тушунтир ановиларга, хўпми?
— Тавба-ей, Ўлик ортга қайтириладими ўзи?!
— Қайтар, демадим. Бундоқ сўзнинг мағзини чақсанг. Олдин раис, кейин ўшалар…
— Бундай қилолмайман. Буёғини сўрасанг, боланинг жойи раиснинг жойидан четроқда. Бугун кўрсатиб берганман.
— Кўрсатган бўлсанг, нима қилибди? Узоғи билан икки соат кеч қўйилар?..
Оқсоқ чол қийин саволнинг жавобини топа олмаётгандек, ўйланиб қолди. Нурсиз кўзларини пирпиратиб, соқолини қимирлатиб, ўйланиб қолди.
— Тўхтатсам, тўхтатиб турай унда. Бошқа иложи йўқ. – чол ноилож рози бўлди. – Босит раисни олиб келаверишсин, жой таёр, деб айт. Шундай де…
— Айтаман. Шунга келдим-ку ўзим. Митал келган томонига тез-тез босиб, отини ечди-да, бир сакраб минди.- Келишяпти улар ҳам. Айтганимдай қил, хўпми?..
— Маъқул, маъқул, — чол бош ирғади. Шундай қиламан.
Митал отини буриб, яна ўша йўлга чиққанида, мозорга яқин ерда ҳалиги тўдага дуч келди. Уларни ўтказиб юбориш мақсадида отини йўл четига тортди. Булар тўртта экан. Уларнинг орасида қиёфаси таниш бўлган чийдухоба костюмли киши ҳам бор эди.
У бошидаги шляпасини суриб, бир қараб қўйди – кўзлари алланечук эди. Шашти паст. Кўзлари ҳам қизарган. Бироқ Митал бир нарсага тушунмади, бу бола унга ким бўлди экан? Беригиларни унча танимади. Бироқ қаердадир кўргандек бўлди. Кўзига иссиқ учради. Балки бошқа қишлоқдандир, ким билсин. Ишқилиб, қаердадир кўрган ери бор.
Булар Миталнинг ёнидан ўта бошладилар. Миталнинг юрагидаги тиканак яна санчиб ачиштира бошлади. “Шўрлик акам, ер остида ётар экан-да энди? Эссиз… Нима ҳам қила олар эдик?” Саволни ўзи бериб, ўйлари баттар чалкаша бошлади. Митал ҳам авваллари муаммо ортидан боши қотиб юрган одам эмасди. “Э, топдим! Бир иложини топиб, раиснинг ўғилларига шипшиб қўйиш керак. Улар ҳам бир ўйланишар. Ишқилиб, мен хато қилиб қўймай. Айтиш керак. Кейин яна айтмадинг-демадинг, деб қолса, чатоқлашиб юрмайлик. Кичкина нарсадан ёмон кўриниб қолсанг бўлди, ишинг пачава, деявер…”
Алалоқибат, иши ўнгидан келмади. Миталнинг оғзидан бояги сўзлари чиқиши билан Босит раиснинг ўғилларининг авзойи ббузилди. Бу ҳам дард устига чипқон бўлди. Орияти қўзиган ҳаммаларининг. Энди буни кўр, қаёқдаги бир нусханинг ўлигини отасининг ёнига қўйишмоқчи эмиш. Буни қараб қўй! Босит раиснинг ўғилларида орият бор экан, ҳаммалари тенг тутақиб кетишди. Эрталабдан бери кўнгил сўраб келаётган ошна-оғайнилари кўздан пана ерда қайғусини бироз енгиллатар, дея аччиқбости қилиб, ҳалиги отинг ўчгур ароқдан оз-оздан тотинавериб, Босит раиснинг амалдор ўғлини гандираклатиб қўйишибди.
Қадам босиши ҳам ғалати, ўкириги ҳам беўхшов. Қайғургани, ёки хафа бўлгани ҳам сезилмайди. Йиғламсираган овози ҳам қўполдан-қўпол эди. Шу боласи ҳам, қаердан қулоғига илиниб қолган экан, жини қўзиб, тўполон кўтариб юборди. Ўдағайлаб қичқирганини айтма! Областдан келган меҳмонлар бор, уларнинг олдида уят, дейишиб аранг тинчлантиришди. Бу ўғилнинг хушини бояги кўнгил сўровчиларнинг таомили паққос олиб қўйибди. Жазавага тушиб ўдағайлай бошлади у бирдан:
— Урф-одатингизнинг кимга кераги бор! Ҳаммаси бир пул! Тупурдим ўшаларингга! Ким ўша ерга қўйсин, деди болани! Ким?! Қани ўша! Авлиёнинг боласи бўлса ҳам унга бошқа ердан жой қидиринглар, билдингизми! Отамнинг руҳини чирқиратиш ниятим қўқ! Ер олмаган нусхани келиб-келиб отамнинг ёнига қўясизларми?..
Митал селсовет гапини айтишга айтиб қўйиб, чўчиб кетди. Бундай бўлади, деб сира ўйламаган эди. Энди нима қилади? Бошқалардан кўра ўзи бориб келсачи яна, унда тамом бўлгани шу эмасми? Қайси юз билан айтади? Ҳайрият-е, районда ишлайдиган каттаси ўзи бориб келадиган бўлди. Энди бирга бориб келса ҳам бўлади. Айтадиганини бу айтади, ёмон кўринса ҳам шу ёмон кўринади. Миталнинг вазифаси бир оғиз айтиб қўйиш, бериги ўғиллари шуни тушунса бўлгани. Унга шуниси муҳим. Иккаласи ортга, мозорга қайта боришмоқчи бўлишди.
Иккови отга миниб, қабристонга қарай йўлга тушишди. Калаванинг учини топган Митал азахонадан яширинча учта шишани қўйнига яширди. Бунинг ҳам фойдаси тегади ҳозир. Бу шишалар билан бояги чийдухоба костюмли танишига шама қилиб кўради. Шишанинг учи кўриниши билан у ҳаммасига қойил бўлади-ку. Митал шуни олдиндан ҳисобини олди. Беригилар ҳам йўқ дейишмас. Шу тарзда оғизни хўллаб олишмаса, муаммолар кўпайиб кетяпти.
Митал ўзининг кўзи очиқ эканлигига ҳозир яна бир марта ишонди. Ўзи тусмоллаганидек, оқсоқ қоровул билан тобут келтирганлар ади-бади айтишаётган экагн.
— Бор-йўғи икки соат кутиб туринглар. – оқсоқ чолнинг хирқироқ товуши олисдан эшитилди. – Икки соатгина. Уларнинг жойи тайёр. Сизлар эса энди қазийсизлар… Областдан келган меҳмонлар бор экан…
— Келса келар, бизга нима! Ахир ўликни тезроқ ерга бериш керак-ку!- — басавлат биттаси дўриллаб гап бошлади. – Бу нима деган гап? Гўристонга киришга қўймаганни шу ёшга чиқиб, энди кўришим. Қўй, оға, пайғамбар ёшига етганда, суллоҳлик қилма, қусури ўзингга уради.
— Нима қил дейсан? Менга Митал селсовет шундай деб тайинлаб кетган. Икки соат кутиб туринглар энди. – Чол бериги ёқдан яқинлашиб бораётган икки отлиқни кўриб қолди. – Ана, ўзлари келяпти. Ўзларига айтинглар! Менга нима? Менга бари бир…
— Бу нима ғавғо, а? – Отдан эгилиб тушаётган Босит раиснинг ўғли савол ташлади ҳаммаларига. – Бу нимаси?..
Эшитиб олинглар. Бу мурдангларни қаерга олиб борсанглар олиб бораверинглар. Гап битта. Эшитдим, эшитмадим, деманглар. Отам гўрида тикка туришини хоҳламайман, билиб қўйинглар. Ээ! нима, бунга бошқа жой қуриб қолганми? Йўқ, биродарлар, бунақаси кетмайди! Бундай бўлмайди!
— Бизни ҳам бир эшит, қариндош. – Семиз одам гап бошлади. – Шундай кунда сени хафа қилгимиз йўқ. Ҳаммасини тушуниб турибмиз. Жон таслим қилгандан сўнг ҳамма бир хил бўлади. Маййитни ерга беришдан олдин бундай сан-манга бориш яхши эмас. Азалдан шундай дафн этиб келганмиз. Маййитнинг ёнига маййит қўйилади…
— Қўйилса, қўйилгандир. Бу гапларга тоқатим йўқ. Мен гапимни айтиб бўлдим. – ғазаби қайнаб, давом этди. – Эртага эл олдида нима деган одам бўламиз. Бу одамлар ҳам ёмонликдан бошқани изламайди сендан. Топиб олгани ёмонлик. Яхшиликни билишмайди. Оғзи бўшлар эртагаёқ жар солишади. “Отасининг ёнига бир одамсиёқ қўйилди”, деб. Хўш, бизни эл ичида майна қилмоқчимисизлар?
— Сал мулоҳаза қилиб гапиринг, бу ер, – гапга аралашди дўппи кийгани. – Ҳаммамизга тенг. Бу ҳам банда, у ҳам банда. Қаёқдаги гапларни талашиб-тортишиб, қабр аҳлининг тинчини бузмайлик. Эл эшитса, нима дейди?..
— Эл! Эл! Эл!.. Эшитса эшитаверсин. Эшитмай юрган элмиди? Нима қилсанглар қилинглар, лекин мана бунга бошқа ердан жой топинглар! – деди дона-дона қилиб бу ҳам.
— Айтингларчи, бу бола кимингизнинг яқинингиз ўзи?
— Ҳеч кимимизга яқинлиги йўқ.
— Бўлмаса, сизларга нима ғурбат?
— Ахир бу ҳам одам-да, кўринган ерга ирғитиб ташлаб кетиладиган буюм эмас. Одам-ку!
— Маййитнинг устида туриб, тортишманглар, гуноҳ бўлади! – қоровул чолнинг жини келди. – Бу болани биламан. Онас ҳў тоғлик барғилардан, буларнинг уруғу сув босган қишлоқнинг этагидаги мозорга қўйилар эди. Ўша ерга олиб боринглар унда. Қон-қариндши ҳам ўша ерда… Эрта кунни кеч қилманглар…
— Қушмидикки, у ерга учиб бора олсак. Қандай қилиб борамиз? Улов бўлиши керак. – Ораларидан кимдир сўз ташлади. Митал уни дарров таниди. Бу боя ёнидан ўтиб кетган чийдухоба костюмли киши-ку. – Уловимиз йўқ…
— Бу томонидан ташвиш қилманглар. Машинани биз топиб берайлик. Розимисизлар? – Митал гапга аралашди. – Мен ўзим топиб берай… Эй, сен бу ёққа қараб қўй, — деб Митал ўз танишини четга имлади. – Четроқ ўтайлик, гап бор…
Боланинг жойи қазилмади… Уни эски мозорга дафн этадиган бўлишди…
V
Осмонга сиёҳдек тўкилган қора булутларнинг бир четини йиртиб, қуёшнинг талъати кўринганида, бу манзилнинг бор бисотини юлқилаб тўзғитиб, кимсасиз пучмоқнинг эркасидек ўйноқлаётган қора шамолнинг сурони пасайиб, тиниб борарди. Шундан кейин шамол эсиб бориб, кун ботар билан ер юзининг ўртасидаги бир туйнукка кириб, ғойиб бўлди. Денгизнинг қасирғасидан баттар пишқираётган шамол еру кўкни ларзага солди.
Шу ҳудуддаги ердан бош кўтарган ёввойи дов-дарахтларнинг олди
япроқ тўкиб бошлаган кез эди. Чор тарафга ястаниб кетган дала-қирни кафтида чайпатаётган шамол зич ўсган ёввойи дарахтларнинг барини ёппасига ерга эгиб, қуриган баргларини юлқиб олиб учирганича, дарахт деганни яланғочлаб кетди.
Йўлида учраганга човут солаётган шамолга қанотлиларнинг йиртқичи ҳам бас келолмай, қанот қоқиб ташқарига чиқишга юраклари бетламай, инларига бағрини бериб ётавердилар. Бундай пайтда қайси жонзотнинг жони ўзига ширин кўринмасин, жазаваси тутиб, қутқу солаётган бундай ҳавода пишириб қўйса ҳам чиқолмас эдилар. Ҳамманинг жони ўзига азиз, бошини қанотлари билан паналаб, писиб ётишмаса, жунбушга келган асов талотўпнинг қатида йитишлари турган гап…
Ҳавода шамол юрмай, дим сукунат чўкканида, куйка кўз очиб юмгунча атроф-жавонибни эгаллаб бораётган рутубатли, заҳил кузнинг муздек ҳавосига айри тумшуғи билан шўнғиганича, шувиллаб ҳув пасга тушиб борарди.
Бироз аввал аранг тинган шамолнинг тонгдан бери кўтарган тўс-тўполони туфайли бу парранда жон сақлаб уясига биқинди. Акс ҳолда аллақачон қурсоғини тўйдириб, дала-қир узра қанот қоқиб, остида турланган табиий эврилишларга юксакдан назар ташлаб, мовий осмон тоқида парвоз қилиб юрган бўларди.
Дафъатан, ҳе йўқ — бе йўқ пайдо бўлиб, осмон ёришиб, қуш уйғонганидан бери тинмаётган шамолнинг тажовузи бунчалик забтига олиши дон чўқилаб, қорин-қурсоқ ташвишини тортиб юрган куйканинг юрагини така-пука қилиб юборди.
Ўқ етмас баландликка тик кўтарилиб, муздек ҳавонинг оқимида эркин қанот қоқиб, мунчоқдек кўзларини ўтдай ёндириб қуйига тикилади. Қуш парвоз қилаётганда, ернинг барча ўй-қири бир текис бўлиб ястаниб, остидаги манзил кафтдеккина бўлиб кўзга ташланади. Ана, ҳув ерда шўлп этиб узилиб тушган булутдек бўлиб, сардоба товланади. Йўқ, қушнинг ҳуморини қўзиган нарса сув эмас, ундан нарироқда бу парранданинг танглайини тақиллатган не-не митти жонзотлар бор. Ўша ерни макон тутган кемирувчилар орасидан дала сичқонининг гўштига етадиган хўрак борми куйка учун? Ўйласа, оғзидан сўлаги оқяпти.Ўлжани пойлаш бошқа жониворларга қараганда куйкага анча осон, осмонга бир кўтарилиб олса бўлгани, ҳаммасини бемалол кузата олади. Қўш кўзлари нуқтадек бўлса ҳам, унга илғанмаган жоннинг ўзи қолмайди олисдан. Кўзининг ўткирлигини айтма, энди қурий бошлаган шувоқни тумшуғи билан искай-искай, куйкадан ҳадиксираб, ер бағирлаб эмаклаб бораётган жонзотларни баланддан аниқ-тиниқ кўриб туради. Кўзига илинган жонзотни тутмасдан қўймайди. Кўрган заҳоти учиб юрган ерида шайланиб, муштумдек йиғилиб, ўлжасига ўқдек отилади. Шу тариқа кўзига илинган ўлжа бироздан сўнг панжасида турибди-да!
Неча-неча ерсичқонларни осмондан кузатиб келиб, бир ҳамла билан омбурдек тумшуғига илиб кетмади дейсиз. Бу дунё ўзи қизиқ яралган экан. Яратган тангрим ҳар бир жонзотни яратаётганда, ҳар бирининг кун кўриб, умргузаронлик қилиб кетиши учун, таъбига яраша жон озиғини – яна бирор жонзотни ҳам қўшиб яратган экан. Билъакс бу куйканинг таъбига нега ерсичқондан бошқаси ёқмайди. Унинг кўнгли тусаган хўрак шу – ерсичқоннинг хушхўр қизил гўшти. Ҳозир ҳам шуни ўйлаганмиди, куйканинг сўлаги тумшуғидагн оқа бошлади.
Кўк юзида вақти-вақти билан қанот қоқиб қўйиб, айлана парвоз ясади-да, оқ қоғозга қўйилган нуқтадек бўлиб, бир ерда қотиб туриб қолди. Қанот мускуллари толганида, мудраб кетади-да, муздек шамолнинг эпкинига урилиб, хуши ўзига келади. Куни кеча куйка оқшомдан олдин сардобадан нариги текисликдаги эски мозордан сичқоннинг қип-қизил жиш болачасини илиб кетди-да, чўқилай-чўқилай ҳузур қилиб еди. Ҳозир эса эрталабдан бери туз тотмаган, жиғилдони бўм-бўш, икки кўзи ерда, қайси пучмоқдан сичқон чиқиб қолар экан, дея тикилади. Сичқон болачасининг этидай тансиқ хўрак йўқ дунёда. Айниқса шу маҳалда сичқонлар болалаб, инларига сиғмай кетишини куйка билар эди. Шунинг учун оч қорнининг ташвишида танглайи тақиллаб, оҳанграбодек ўзига тортаётган мозор устида айланиб уча бошлади. Ўша топда остидаги эски мозорда лоп этиб олти одамнинг қораси кўринди. Улардан берироқда “тар-тар” дея қўпол шовқин солиб, ҳавога тарам-тарам кўк тутун буруқситаётган трактор турар эди. Ёқимсиз дириллаётган овоз куйкани беҳузур қилди. Ўша трактор турган тор йўлнинг узана-узана тугаш жойида яна бир кишининг қораси кўринди. Бу киши ҳам мозорга келаётганини куйка кўкда туриб фаҳмлади. У кишининг мозоргача босиб ўтиши керак бўлган йўли ҳам чакана эмас, талай масофа эди. Ундан нарида дарахтнинг илдизига ўхшаш иланг-биланг йўлларнинг бош-оёғи чатишмай олислаб кетган эди. Бир назар солишдав остидаги манзарани яхлит кўра олган куйка мозорда юрган тўдани қизиқсиниб кузата бошлади. Булар кечаги фалокатда машина остида қолиб вафот этган болани дафн этаётган одамлар эди. Ҳозир улар осмонни тешгудек бўлиб дириллаётган тракторга тиркалган телажкадан оқ кафанга ўралган боланинг жасадини замбилга солиб кўтариб келишди. Жасад замбилда ётар, кишилар эса қабр қазишиб, тупроғини сиртга чиқаришар эди. Бундай манзара бу ерда авваллари бўлмаганидан, куйка уларнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турди. Бу парранданинг одамлардан юрак олдириб қолган ери бор. Қачонлиги эсида йўқ, бир сафар учиб бораётганида, чувиллаган ўткир овози ён-атрофни тутиб кетган, қизил ўт пуркаган алламбало билан отишиб, сал бўлмаса, ҳаётига нуқта қўяй дейишган.
Ўқ қанотини селпиб ўтиб кетган, ҳайриятки, танасига тегмаган. Ўшанда бир худо сақлаган бу паррандани. Шуни эслаганида, ҳозир ҳам танаси қалтираб кетади. Лекин оч қорин куйкани тинч қўярмиди? Бирор нарса топиб, қурсоқни алдаб туриш керак. Мана бу яшшамагурлар даф бўлишса, шу заҳоти шувиллаб бориб, бирор сичқонни чийиллатиб илиб кетармиди? Очлиги туфайли қанот қоқишининг ҳам мазаси йўқ. Секин қанот қоқиб, мудраб кетай дейди. Қаёққа йўналса ҳам ўқдек кўзлари ҳув эски мозорнинг қайси тарафида сичқонлар кўринар экан, дея кўзи йилтирайди…
… Эртадан бери шамолнинг босилишини кутиб, жимжилоқдек келадиган миясини турфа ўйлар билан чалғитаётган Она-Сичқоннинг кўрар куни манави икки оёқлилар шу маконга келишганидан бошлаб уқубатга айланди. Шамол босилиб, эндигина ер искаб жўнайман, деб турганида булар яна қаёқдан келди. Шу нарса Она-Сичқон учун жумбоқ эди. Жумбоқ ҳам гапми? Жумбоғи ҳар не бало бўлсин! Ин оғзида ўтирган болачаларига тегишмаса бўлгани. Шуни ўйлаганида Она-Сичқоннинг юраги увушиб кетади. Шу хавотир кўнглига ўрнашиб қолган. Болаларини аввалроқ огоҳлантириб қўйгани яхши бўлибди. Ҳозир улар индан чиқмай ётишибди. Ўзи буларнинг ҳатти-ҳаракатини пойлаб, шу қулай ерда писиб ёта турсин.
Қуриган хашакларнинг орасида исканиб, гоҳ-гоҳ ўрмалаб бориб, қаршисида бўлаётган воқеани ҳайратланиб кузатарди. Она-Сичқон тепасида, ҳў баландда тегирмоннинг паррагига тушгандек чир айланиб юрган куйкани пайқамай қолди. Қаёқдан ҳам пайқасин, барча ғаройибот кўз олдида бўлаётса… Бундан ташқари боя тумшуғини икки бор тиқиб кўрган шиша идишдан келаётган қўланса ҳид бармоқдек бошини гангитиб, кўз олдидаги манзара чайқалиб қолмадими? Бурнининг учи ҳам бир ғалати қичишиб, худди биров қитқилагандек ғашини келтирди. Бундай нарсани сичқон сичқон бўлиб яралганидан бери тотиб кўрмаган эди. Шунинг учунми, боши телбанамо, кўзи эса айланиб кетар, атрофда ўзи ҳар куни кўриб юрган манзарани ўзи таний олмас эди. Сассиқ ҳидини айтмаса, бир хидлаб олиб, дунёни эсдан чиқариб ётадиган нарса экан ўзи. Тумшуғингни идиш оғзига тиқсанг бўлгани. Кейин гаштини суравер, қанча хоҳласанг, шунча сур… мастона кўзлари бир нуқтада тўхтай олмай, Она-Сичқон силжиб-силжиб бориб, икки оёқлиларга анча яқинлашиб қолди. Уларнинг гапини тушунадигандек, қулоғини диккайтириб, бир муддат туриб қолади. Она-Сичқонни ҳалитдан бери пойлаб учиб юрган куйка тушунолмай диққати ошди. Манави сичқонга нима бўляпти, жонидан тўйганми у? Борган сайин одамларга яқинлашяпти. Паймонаси тўлганми бу махлуқнинг. Қаёққа кетяпти ўзи? Биратўла жонидан кечган, шекилли. Куйка тўсатдан ерга тушиб, сездирмасдан Она-Сичқонни тутиб олишга имкон топа олмай, ё мана бу одамлардан чўчиб, юрак ютиб боролмай, ўша атрофни кўздан қочирмай учиб юрар эди.
Қоқ тепасида ажали айланиб юрганини сезмай қолган сичқоннинг бор эътибори ўзи яшириниб олган қуврайларнинг ёнгинасида турган икки оёқлиларга қаратилган эди. Охири Она-Сичқон шунчалар яқинлашдики, ўзи билан одамлар ўртасини икки қадам масофа ажратиб турар эди.
Bu bir kam dunyoning ne-ne savdolari bo‘lsa-da, bugungidek sho‘rida kun qishloq ahlining boshiga keladi, deb kim o‘ylabdi deysiz? Yana deng, ikki mayyitni bir kunda yerga berishdek kulfat! Bandaning bir kunmas-bir kuni bu dunyodan ketmog‘i tayin bo‘lsa-da, bir kuni bu hayotdan nasibasi uzilsa-da, bir kuni ajal eshik qoqishi chin bo‘lsa-da, butun ovulni motamga chulg‘ab, manaman degan azim kishisini olib ketaveradimi bu ajal?! Ikki odami teng vafot etgan ovulda ko‘tarilgan motamsaro aytimlar ko‘ngillarni qorong‘ilatib, barchani lohas qila boshladi.
Sulton RAYEV
QUYOSH TUTILGAN KUNDA (1-5 QISM)
Tarjimon – Hilola Abdusalomova
Sulton Rayev 1958 yil 13 iyulda O‘sh viloyati Qorasuv tumani Jo‘sh qishlog‘ida tug‘ilgan. Qirg‘iziston milliy universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan. Mehnat faoliyatini «Qirg‘iziston madaniyati» gazetasida muxbirlikdan boshlagan. Shundan so‘ng «Asaba» («Bayroq») gazetasida bosh muharrir o‘rinbosari, «Qirg‘iz ruhi» gazetasi bosh muharriri vazifalarida ishlagan. AQSHning Kanzas universitetida jurnalistika bo‘yicha malaka oshirgan. 2002 yildan Qirg‘iziston ta’lim va madaniyat vazirining o‘rinbosari, Madaniyat va san’atni qo‘llab-quvvatlash jamoat fondi prezidenti, Madaniyatni rivojlantirish davlat komissiyasi raisi, Madaniyat vaziri, Madaniyatni rivojlantirish davlat agentligi boshlig‘i, Prezident maslahatchisi, Bosh vazir maslahatchisi, Madaniyat, axborot va turizm vaziri kabi mas’ul lavozimlarda mehnat qilgan.
2021–2022 yillarda Turkiy davlatlar kengashi bosh kotibining o‘rinbosari sifatida faoliyat ko‘rsatgan. U 2022 yildan buyon Xalqaro turkiy madaniyat tashkiloti (TürkSOY – Türk Kültür ve Sanatları Ortak Yönetimi) rahbari bo‘lib, bepoyon turkiy makonda madaniy-gumanitar hamkorlikni rivojlantirish harakatiga yetakchilik qilib kelmoqda.
I
Tevarak-atrofni lovillatib yondirguday bo‘lgan saraton oftobining tafti pasayib, ikki haftadan beri quyoshning ko‘zi ochilmay qoldi. Kun issig‘i qaytib, to‘rt faslning bu mahali kuzga navbat yaqinlab qolganday. Oy orasi bu atrofda naq arosat, azaldan shunday. Kunning ko‘zi yilt etib ochilishi uyoqda tursin, bo‘zargan bulutlardan ko‘zyoshi kabi tomchilar tushib, osmonning qo‘qqisdan diviratib qolmog‘i ham bor. O‘sha kezlarda, xayriyatki, o‘rkach-o‘rkach adirliklar ham, rangi sarg‘aygan dala-tuz ham, ishqilib, tirik jon borki, bir xo‘plam bo‘lsa ham, suvdan bahra olib, tanasiga qayta boshdan jon bitib qolar edi, ammo mana bu qur’on suralarining qiroati yanglig‘ quloqqa chalinadigan o‘ynoqi shabbodalarning qilar ishi shu-da. Qaylardandir kuch olib, kuchli dovulga aylanganday, ancha kengayib qolgan qo‘lotlar, ko‘zga ko‘ringan shudgorlarni g‘ashga tekkan chang-to‘zonga o‘rab, borliqni butunligicha to‘liq qamrab oldi. Kuchga kirgan shamol tingisi kelmay battar kuchayib, xuddi egasidan bezgan daydi itday uliganday bo‘lardi.
Daydi shamolning yovvoyi qiliqlari hozirgina dimib yotgan bo‘shliqqa jon kirgizib, anchadan beri mudrab qolgan hamma narsani harakatga keltirdi. Bu atrofdagi allaqachon qurib qolgan cho‘plarni-yu, quvray ni ham quturib, jinlangan shamol tomiri bilan yulib, bezbaldoq day to‘polon solib jo‘nab qoladi. Hech qancha vaqt o‘tmay, suyagi yo‘q raqqosday buralgan bu qiyomatning bir ko‘rinishi usiz ham ko‘zga juda xunuk ko‘rinib, oz-ozdan ko‘ringan yer ko‘payib, olchasi chirib do‘ng bo‘lib borayotgan shu viloyatni astoydil u yoq-bu yoqqa qilib, haybatini yana bir ko‘rsatib, yuraklarni titratib ketadi.
Bu holatning oxiri yo‘qday ko‘rinadi.
Har qayer, har qayerdan do‘ppiday bo‘lib turtib chiqqan do‘ngliklar yoqimsiz taassurot uyg‘otib, allazamonlar bu yer mozor atalib kelgani zumda payqalmasligi bejiz emas. Ayni vaqtda yer bilan tutashib, yerga cho‘kib borayotgan eski mozorning qoq tepasida ham shamol uchi yer chizib turib qoldi. Bu yerdagi ko‘hna mozorlar ancha yillardan buyon uzluksiz yoqqan yog‘indan, onda- sonda adashib kelib qolgan yilqi uyurining tuyoqlaridan toptalib, qulagan jarlikday lang ochilib, ko‘chib tushgani qachon. Hozirda bu eski qabriston odamlar nazaridan chetda qolganiga ham talay yillar bo‘lib ketdi…
Huv qarshi tarafda qadim bir qishloq bo‘lgan. U qishloq bilan eski mozor oralig‘i ot chopgudek masofa edi. Uch yuzga yaqin xo‘jalik joylashgan qishloq ahli suv toshqini xavfi tufayli quyi cho‘lga ko‘chirilgandan beri bu vodiy qarovsiz qolib, ko‘zdan olis, kimsasiz ahvolga kelib qolgan. Yaqin o‘n yillardan beri bu yerga marhumlar dafn etilmaydi.
O‘sha yerdan bir o‘q otim masofa beriga sardoba qurishmoqchi bo‘lib, azaldan o‘troqlashib, qadimdan shu yerni vatan tutib, chuqur tomir otgan elni joyidan qo‘zg‘ab, pastga – cho‘lga ko‘chirishgan. Qishloq hozir tag-tomiri bilan yo‘q bo‘lib, suv ostida qolib ketgan. Uch yuz xonadonli ovul, ne-ne binolar, gurkiragan bog‘-rog‘lar ham suv toshqini ostida qolib ketdi. Bunga o‘n yilcha bo‘lib qoldi. Kindik qoni to‘kilgan makondan bosh olib ketish uch yuz xonadonga oson bo‘ldi deysizmi?! Bu qishloqliklarning yuragi qalqib-qalqib armonga yuz tutib ketdi-ku! Uqubatli, og‘ir qayg‘uga ko‘mib tashlagan o‘sha ko‘rguliklardan so‘ng mutlaqo inson farzandining xayoliga bundoq bir umidli o‘ylar kelavermas ekan. O‘sha maskan kaftdaygina yer bo‘lsa-da, dunyoda unga teng keladigan yer yo‘q edi. Bu yerning ohanrabosi tomirdagi qoni, joni bilan kirgan, butun elning yurak tubiga jo bo‘lgan bu zamindagi ko‘rgan-kechirgan yaxshiligu yomonligiga qo‘l siltab keta olmadilar. Oppoq soqolli choldan tortib aqlini endi taniy boshlagan bolagacha yurak-bag‘ri o‘rtanib, qalbi majruh bo‘lib ketmadimi bu yerdan?! Es-hushingga kuydirgi chiqqur kimning xayoliga keldi ekan bu la’nati fikr? Bo‘lmasa, bu g‘amning jarohatidan jon azob chekib, boyoqish qalb shunchalar o‘rtanarmidi? Jon azob chekkanda ne xayollar kelib, ne xayollar ketmaydi. Shu sardoba qurg‘urga bu to‘garak jahonda boshqa joy yo‘qmidi? Qari-qartanglar o‘sha do‘ppiday qishloqqa qayrilib qaray olmay, qirov bosgan soqollarini achchiq ko‘z yoshlari bilan yuvib, ortga burilmay, bu kechmishni yozg‘irolmay, o‘rtanib-o‘rtanib chiqib ketdilar bu yerdan.
Bu ildiz degani inson farzandida ham bo‘lar ekan, nima qilsa ham, ildizi qirqilmasin ekan…. evoh…bu ne bedodlik! Bu savdolarning bari inson farzandining mushtumdekkina yuragiga sig‘armidi, siqqanida ham bu balo yukini ko‘tarib yurish qandoq?! Qandoq axir?!…
Bu daf’ada suv ostida qolib ketgan qishloqda bo‘zlab marsiya aytish keksalarga qanchalik og‘ir hasrat ekanligini o‘sha odamlarning iztirobli so‘zlaridan, jon o‘rtagan gaplarining mohiyatidan fahmlash qiyin emasdi…
Eski qabriston yuqorida joylashganidan, u yerga suv mavji yetib kelmadi. Shu-shu mozor qanday bo‘lsa, shundayligicha qoldi. Alqissa, suv qatiga jo bo‘lgan qishloqni unutganday bu qabristonni ham bedarak yo‘qolgan buyum misoli, odam emas, qush uchib kelmaydigan bu puchmoqda unutib yubordilar. Yig‘i chiqarib, ziyorat qilib keluvchi kimsa topilmaydi hozir. O‘tmishda yerning betida yurib o‘tgan odamlarning mo‘tabar qadamjolari ham qumga tushgan xas kabi odamlar yodidan osongina ko‘tarildi. Bobokalonlari dafn etilgan bu oxirmanzilni kim biladi, kimisi bilmaydi,.. bu ham dargumon…
Boyagi yillari kolxozninguch-to‘rt chog‘li kattalari kelib, eski joyni yer bilan bitta qilib shibbalab, katta o‘qariq suv qazib keltirib, makkajo‘xori planini bajarish iloji bo‘lmayotgan bir pallada qo‘shimcha yer sifatida foydalanishmoqchi bo‘ldi. Bu noma’qul ishning kasri odamlarga urmasa, bandachilik qilib, jonini Haqqa topshirgan, qiblaga yuzlanib, mangu uyquga ketgan ajdodlarning ruhini chirqiratib, yotgan yerlarini ag‘dar-to‘ntar qilib, jo‘xori sepib, kolxoz hisobiga ustama daromad olib kirmoqchi edilar. Muqaddas joy sifatida ham nazarlariga ilinmagan yerning jo‘xorisiga qiziqqanlar qanday kaslar o‘zi? Chunonchi, aytganlaridan qolmay mozorning kunchiqish tarafidan kelib, omoch solib ko‘rishdi ham. Bu ishning kasofati xalqqa urgani bir jihatdan yaxshi bo‘ldi, zotan arvohlar qo‘zg‘atilib, bezovta qilish boshlangan edi…
O‘zingdan ko‘paygur bu el cho‘lga ko‘chirilgandan keyin bu yot tuproqqa oyoq bosgisi kelmay, begonasirab yuraverganlari ne tong! Ko‘pdan buyon o‘g‘illari xabar olmay qo‘ygan mozoriston ahli ham kutishdan ozorlanib, tanalari tuproqqa jo bo‘lib ketganiga ham talay yillar bo‘ldi.
Ikki kalima so‘z bilan adog‘iga yetmagan eski qabriston hikoyasi hozircha shu…
Qora shamol quturib, havoning avzoyi birato‘la buzildi.
Shamol uvvos solib, yeru ko‘kni to‘zg‘itib o‘tgandan beri bu o‘lkadagi ikki oyoqlilar ham, ko‘kda uchgan parrandalar ham issiq go‘shasini tark etib, besh kunlik yolg‘on dunyo hayoti ilinjida jon halpida panaga yashirindilar. Tuyaning ko‘zidekkina inlar mozorda talaygina. Qayoqni qarama, yer betiga bodrab chiqqan dala sitchqonining inlari: shu taxlit in qaziyversa, bu maxluqlarga yer yuzida joy yetarmikin; g‘ij-g‘ij inlarning og‘zidan u yoq-bu yoqqa ketgan izlar o‘rgimchak to‘qigan ip yanglig‘ chatishib, boshni aylantiradi.
O‘sha teshiklardan lip-lip etib, unda-bunda chiqib qolgan nimjon dala sichqonlari ham shamolning bosilishini kutib, yer tepasidagi bu taloto‘pga quloqlarini dikkaytirib, inlariga kirib ketganicha shashti pasayib, jimib qoldilar.
Bunchalik alg‘ov-dalg‘ovni umri bino bo‘lib ko‘rmagan bu maxluqlar bir-birlariga shubhalanib qarab, yovvoyi qiziqishlari orta boshladi. Xira tortgan bo‘z yer betini o‘rlab, atrof-javonibdagi tepa-qirni qo‘ymay yalang‘ochlab yulqilayotgan shamolning qay teshikdan chiqib, qaydan bunchalik qahrga minishi jonivor sichqonlarning esxonasini chiqarib yubordi. Vaholanki, Ona-Sichqon hayoti davomida bunga o‘xshash baloyi ofatga ro‘baro‘ bo‘lmagan edi. Shuning uchun inidan munchoqdek ko‘zlarini yiltillatib loqayd qarab turar ekan, in og‘zida uzoq turib qolgani ham xayoliga kelmadi. Bu maxluq uvillagan shamolning tinishini kutyapti. Shu asnoda oziq topib kelish tashvishida sichqonning joni halak. Mezon kirib, havo tobora sovib bormoqda. Qishni badastir o‘tkazish uchun oziq g‘amlab olish tashvishi nega bu maxluqlarning tinchini olmasin? Yer ostida kun ko‘rsa ham, bo‘ladigan sovuqning zabtini bu jonzotlar avvaldan sezib, tiriklik ta’minotini hisob-kitob qilishga o‘tadilar. Bilaks, oz kunlardan keyin yegulik serob bo‘lgan bu o‘lkaning o‘y-qiri, jilg‘a-o‘zani, o‘nqir-cho‘nqiri, kamgak-kunji sutga cho‘milgandek oqarib, qor ostida qoladi. Hali yer muzlab ulgurmasidan, qish bo‘yi koriga yetadigan yemishni g‘amlab olish tadorigi boyoqish sichqonning tinchini o‘g‘irlar edi.
Ona-Sichqonning xavotiri ortgandan-ortib, shamolning qutqusi pasayishini kutaverdi. Pasaysa, qo‘sh oyoqlab o‘rmalab borib, og‘zini donga to‘ldirib kelmasmidi? Tunov kungi urug‘lari qizil-qo‘ng‘ir bo‘lib pishib yetilgan otquloqlar o‘sadigan suv bo‘yiga yetib olsa, boshi ko‘kka yetib sevinarmidi jonivor? Qizil urug‘lar qish uchun durust ovqat. Mazasini aytmasa ham bo‘ladi!…
Ona-Sichqonning taraddudidan xabar topgandek, yer uzra girdob hosil qilgan shamol bezgak tutgandek jazavaga tusha boshladi. Zarang yer usti bilan ko‘k gardish ostidagi o‘rmalagan jonzot borki, rizq qidirib g‘imirlagani-g‘imirlagan. Ko‘pincha ularning yovvoyi tabiati erkiga bog‘liq emas. O‘chakishgandek tabiatning qahri hozirgidek zabtiga olib tursa, qanday qilib emin-erkin yo‘rtib yursin bular? Bu hali hammasi emas. Bu maxluqlarning shitir etgan sharpasini poylab turgan vahshiy hayvonlar bu atrofda ozmunchami? Qay biri yerda lo‘killab, nafasini chiqarmay emaklab kelib, tap etib bossa, yana biri osmondan o‘qday otilib ilib ketadi bularni. Shunaqa gaplar. Shundan keyin biri kam dunyo, deyaver. Sichqonni tap bosib, tutib olish ilinjidagi jonivorlar kun bo‘yi shu atrofda izg‘igani-izg‘igan. Shu sababdan qanchasi qirilib ketdi. Yovvoyi tabiatning hayot tarzida bu ko‘xna dunyo yaratilgandan boshlab hayot va o‘limning chizig‘i yondosh. Chunonchi, bu mitti jonivorlar qorin-qursoq g‘amida mashaqqat tortishmasa-da, xo‘ragi yo‘lida uchrab, jon koyitmay umrguzaronlik qilishsa-da, ha deganda, har lahza-har soatda biror maxluqqa o‘lja bo‘lib qolishlari hech gap emas.
Tabiat hayot uchun kurash borasida ularga adolatsizlik qilib, uvoli yo‘q jon qilib qo‘yganmi? Bu dunyoning shafqatsiz yozug‘iga bu sho‘rliklarning ohi yetmasa-da, armoni yetar bir kun. Inidan boshini chiqarishi bilan oyoqlari pildirab bosishidan avval, qinidan chiqay deb gurs-gurs urayotgan guruchdek yurakchalari bir baloni sezgandek, butun vujudi hadikdan titrab ketadi. Oson ovqat topib, turmush kechirib bo‘lmaganidek, bu yarimjon sichqonlarga ham hayot-mamot muammosi ko‘ndalang bo‘lib turishi bu murosasiz dunyoning sho‘rishi emasmi?…
Ona-Sichqon yiltillagan ko‘zlarini sirtga tikkanicha in og‘zida og‘ir xayolga tolar ekan, achchiq o‘ylar onalik qalbini sirqiratib, jismini toliqtirgan had-hisobsiz tashvishlarini yodga soldi. Tarqoq xayollari nuragan devor kabi sochilib, mushtumdek jussasini tahlikaga solar ekan, ham onalik, ham yovvoyilik talatidagi kuyinchak jonini yana kuydirib o‘tdi.
Ona-Sichqon ham sichqonchalarining xarxasha-daxmazalaridan malollanib, ham qay qora kuch ularga to‘satdan chovut solar ekan, deb hadiksirab yuragi orqasiga tortib ketardi.
Sichqonchalar bu iztirobni qayoqdan ham his etsin? Anov inlarning u yoq-bu yog‘idan qo‘sh-qo‘sh bo‘lib mo‘ralab turgan bu mittivoylar tashqi olam jozibasiga mahliyo bo‘lib, boshchalarini in og‘zidan cho‘zganicha ketma-ket tashqariga chiqadilar. Sirtdagi go‘zal olam jilvalari ularni jo‘shtirib yubordi. Nega quvonishmasin axir? Bunday ajoyibotlar ularni jalb etib, tong qoldirib, tabiatning sirli jumbog‘iga bo‘lgan yovvoyi havasini qo‘zg‘ab yubordi. Bu dunyo yo‘llari ular o‘rmalagan yo‘llarday qisqa ham, nihoyasi bo‘lmagan uzun ham emas, barcha yo‘llar shu yerda tutashadi va undan nariyog‘i cheksiz bo‘shliq. Hali bu munchoq ko‘zlari mo‘ltillagan sichqonchalari oldinda turfa jumboqlarga ro‘baro‘ qilib, savol ketidan savolga ko‘mib yuborishlari tayin…
Ona-Sichqon umri davomida ne azoblarni boshidan kechirmadi? Loaqal yer yuzida hayvon bo‘lib yashash oson bo‘lmasmidi? Qay bir kunlari ajalga ro‘baro‘ bo‘lib, joni qiyilayozdi. Jonzotlar yaralganidayoq ular bilan qo‘sha qo‘rqinch ham yaraladi chog‘i. Yuragining quvvati turli vahimalaru joniga taxdid solgan xatarli kunlarda tugab bitdi. Boshqasini qo‘y, bu sichqonlar hayoti boshqaning chekiga tushmasin ekan, bosar izi, yurar yo‘li xudkushlarning nishoniga aylangan. Ba’zi kunlari indan shundoq bosh chiqarib qaragan mard topilmaydi. Eski mozorni makon tutgan jonivorlar tappa bosib gumdon qiladi.
Buyam ozlik qilib, osmondan shuvillab uchib kelgan kuyka qanchasini ilib ketdi…
Bir safar sariq junlari hurpaygan hayvonning shilimshiq tiliga ilashib qolib, og‘izga kirib ketmasidan burun arang qutilib qolgani kechagidek esida. O‘shanda o‘lim degani bir bor ko‘z o‘ngida gavdalangan. Buni unutmasa ham kerak. Bexosdan esiga tushib qolsa, taniga titroq yugurib, o‘zini qo‘yarga joy topa olmay qoladi. Shu kabi mavhum o‘ylar Ona-Sichqonni chulg‘ab olib, xotiridagi o‘tgan-ketganni titkiladi…
Saraton oftobi yerni qoqlab, kungay tomondagi donli o‘simliklarning urug‘i pishgan palla edi. O‘ra-chuqurlarni iskab yurgan sichqon donli topilmasining shavqida g‘arq pishgan urug‘dan yutoqib-yutoqib yeya boshladi. Ko‘zi ovqatga tushgani hamon xavfni unutib, og‘zidan so‘lagi oqqanicha donga tashlandi. Donni mayda tishlari bilan qars-qurs chaynab, mazali taomga ko‘ngli sust keta boshladi sho‘rlik jonivorning. Sal naridagi shuvoq bosgan buloqning qiyasida tulkilar ini bor edi. Xo‘rakning mazasiga uchgan sichqon uya tarafga borib qolganini sezmay qoldi. Tepasidan tuproq sochilganida yuragi shuv etdi. Bir sakrab qochmoqchi bo‘lganida, hurpaygan allambaloning o‘tkir tirnoqli panjasi tipirchilatib bosib, suv urib ketgan o‘pqon ostida xiyla ushlab qoldi. Ko‘zi qorong‘ilashib, tirnoqli panja ostida yuragi allanechuk bo‘lib ketdi.
O‘lim degani qora tundek yopirilib kelishini sichqon o‘sha lahzada sezdi. Ajal bo‘y ko‘rsatib, sichqonning joni halqumiga kelib qoldi. Shunday bo‘lsa ham, qalbida lipillab turgan ilinj uni qutilishga undadi. Qilt etishga holi qolmagan sichqonning yuragi zaif urib, qutilishga umid qilsa-da, arang urayotgan yuragi bilan qo‘shilib milt etgan umidi ham o‘chib qoladigandek tuyulardi unga. Yuragi qafasidan chiqqudek bo‘lib, o‘zi taqdirga tan berganida, xurpaygan sariq tukli hayvon panjasini ko‘tarmadimi?! O‘pqondan chiqqunicha qarab turdi-da, nariga otib-beriga otib to‘ptoshdan battar ermakka o‘ynadi. Sichqonning qilt etishga holi qolmagan bir paytda hayvonning iliq, shilimshiq qizil tiliga ilasha boshladi, agar hayvon yana bir nafas olsa sichqonni yutardi-qo‘yardi. Chamasi, jonivor sichqon bu hayvonga nasib bo‘lmagan ekan, pirovardida shapaloqday tildan sirg‘alib tushib ketmadimi. Hammasidan ajablanarlisi, u bilakdek keladigan uyaning yoniga quladi. Sichqon inning isini his qildi. Yana bir intilsa, o‘sha teshikning tubiga qulab tushardi, lekin unga darmon qayda? Falokat bosib in og‘ziga yetolmay qolsa, bu turqi sovuq maxluq yana tutib oladi. Shunda bari tamom bo‘ldi deyaver. Hammasi tugaydi. Tavakkaliga tuzgan rejasi chippakka chiqmasa bo‘lgani. Qilt etishga holi qolmagan boyoqish sichqon bor kuchini to‘plab, pastga qulay boshladi.
Hidi anqib turgan eski inning og‘zi unga ko‘kda charaqlagan najotbahsh quyoshdek ko‘rinib ketmadimi? Asti so‘rama! Talay vaqtgacha qimir etishga majoli kelmay, yuragining gurs-gurs urishini eshitib cho‘zilib yotdi. Quling o‘rgilsin in hidi burniga kirganida hayvon bo‘lsa-da, ko‘z yoshlarini tiyib turolmadi. Ko‘z yoshini seldek oqizib, chiyillab-chiyillab achchiq yig‘lagani kechagidek esida. Nimasini aytsin, o‘shanda teshik og‘zidan miltirab tushib turgan yorug‘likka tik boqa olmay, o‘pkasi to‘lib, chiy-chiy etib yig‘laganini unutib bo‘larmidi?… Esida… O‘shanda sho‘rlik sichqon jonzotlarning olg‘iri bo‘lgan sichqonni ham yig‘latgan kuni bir yig‘lasa, birisini yirtqich, birisini zaif qilib yaratgan tabiatning adolatsizligiga bir yig‘ladi, fig‘oni falakka o‘rlab zorlandi…. La’nati dunyodan adolat neligin so‘radi,.. qayerda o‘zi u izlagan adolat, bormi o‘zi u? Bo‘lsa qayerda? Qani? Qachongacha birovi biroviga yem bo‘ladi? Birovi biroviga ozor bermay yashaydimi biror kun? Shularni Yaratganning o‘zidan eshitib bilgisi keldi xo‘rligi kelgan sichqon. O‘sha mash’um kunda bechora sichqon Tangriga shunday iltijo qilgan, haqiqatdan barini bilgisi kelgan. Hayvonotga daxldor achchiq haqiqatni bilgisi, eshitgisi kelgan. Lekin unga kim javob berishi kerak edi? Hozir eslasa, hafsalasi pir bo‘lib, butun badaniga yoqimsiz titroq yuguradi sichqon sho‘rlikning.
Haqiqatdan, o‘sha kuni tulki teshik og‘zini poylab, uzoqlashmay yuraverdi.
Og‘zi oshga yetganda rizqini qochirib yuborgan tulki alami qo‘zib, o‘ljadan umid uzolmay, in og‘zida ko‘pga qolib ketdi. Sichqon ham anoyimidi, oqshom cho‘kkkuncha miq etmay yotaverdi. Chiqib qolarmikan, degan umid tulkini ham tinch qo‘ymadi. Tomirida quvlik oqadigan bu jonivor o‘z aqliga aldanib, teshik og‘zini poylab yotaverdi. Bu ham kamlik qilgandek bilakdek keladigan teshik og‘zini orqa oyoqlari bilan tirmalab ham ko‘rdi. Tirmalab teshik tubigacha yeta olmagan tulkining qo‘lidan yana nima ham kelardi?
Sichqon qosh qorayib, yarimta oy tepaga kelgunicha begona inda yotib, oqshom quyuqlashini kutdi. Xiyla nafas rostlab, darmonga kirgandan so‘ng, osmonda tariqdek sochilgan Hulkar yulduzlari ostidagi o‘z iniga ravona bo‘ldi. Bunga o‘xshagan savdolar Ona – Sichqonning boshidan yana ko‘p o‘tdi,… e… qaysi birini eslasin. Ayniqsa, mana bu indosh o‘sayotgan sichqonchalarining kelajagi qanday kechar ekan, qismat ularni bo‘zlatmasa ekan… Oxirgi kunlarda shunday hasratli o‘ylar qalbini ezmoqda. Sho‘x sichqonchalar buni qayoqdan ham anglasin? Ba’zan Ona-Sichqon har bir maxluq boshiga kelgan kunni ko‘radi-da, qabilida xayollarini xaspo‘shlab ketadi. Lekin baribir o‘sha xayollar sovuq suv sochilgandek bir seskantirib o‘tadi.
Bolasi tushmagurlar oq-qorani tanimay turib biror vahshiyga yo‘liqib, joni qiyilib ketsa nima bo‘ladi? Sho‘ri qurigani o‘sha bo‘lmasmi, kuni bitgani o‘sha bo‘lmasmi? Bolachalarini har ko‘ringan xudkushga xo‘rak bo‘lsin, deb tuqqanmidi? Kim shunday o‘ylasa sichqonning qoq tezagini yesin! Tezagini! Ona-Sichqonning alamini keltirib, qalbiga xavotir sepgan ham shu la’nati xayollar! Ilohim, shunday yomon xayollar hech kimni ta’qib etmasin. Sichqonni iztirobga solib, qalbini kemirgan ham shular…
Bo‘zrang osmonning yirtig‘idan quyoshning siyoqi ko‘rindi…
Quyosh in og‘ziga ro‘baro‘ bo‘lsa-da, yer bo‘ylab pishqirayotgan shamolning suroni pasaymadi.
Shamol uzoqqa cho‘zildi bugun.
Inning ichkarisiga qadar to‘zg‘itib kirgan shamoldan Ona-Sichqon g‘ujanak bo‘lib oldi, qo‘sh ko‘zlari olovdek yondi. Shamolning haybati uni qo‘rqita olmadi. Ona-Sichqon in ustiga tars etib tushgan bir narsaning ovozini eshitdi. Shusiz ham xavotir iskanjasidagi sichqon bir falokatni sezgandek, yuragi orqasiga tortib ketdi. Bunday holatda biror baxtsizlik bo‘lishini bilgandek Ona-Sichqon ichakdek buralib ketgan in devoriga dikkayib tegib turgan qiltiqdek murutlarini jiyirib, ko‘ziga ikki dunyo barobar ko‘ringandek, bir amallab tezroq sichqonchalariga yetib olib, ehtiyot bo‘ling, deya ogoh etishdan boshqasini o‘ylamasdi.
Bunday vaziyatlarda o‘lar-tirilariga qaramay oshig‘ich yugurib ketardi. Hozir ham shu, Sichqonning xavotirini ular ham sezgandek, in o‘rtasidagi xavfsiz yerga yetib olishgan ekan. Hammasi o‘sha yerdan birin-ketin chiqib kelishdi. Ona-Sichqon bezgak tutgandek chiyillab-chiyillab yubordi. Bu uning bir yomon narsadan ishorati edi. Tepadan eshitilgan qo‘rqinchli ovozlar ularning shashtini olib, yuraklarini qinidan chiqarib yubordi. Inning tepasi esa hamon gumburlagan shovqindan ko‘chib tushgudek tebranardi. Jonini hovuchlagan bu mittilar galasi ustilarida yuz berayotgan sirli hodisotga quloq tutib, bir muddat pisib qolishdi. Nimalar bo‘lyapti o‘zi? Kimlar ular? degan savollar chiyillagan tovushlari orasidan ilg‘anardi. Ona-Sichqon nima qilib bo‘lsa ham tanasiga yugurgan titroqni bosib, boshqa teshikdan chiqib borib, tashqarida nima voqea yuz berganini ko‘rib kelishga qaror qildi. Ona-Sichqon bo‘lak teshikdan boshini tashqariga chiqarishi bilan undan ikki-uch qadam nariga bo‘shagan shisha tars etib tushdi. Sichqon qo‘rqib ketsa-da, shisha idishdan ko‘z uzmay, quvrayni panalab borib unga yaqinlashib, shishaning og‘ziga tumshug‘ini tiqdi. Shishaning ichidan birov chertib yuborgandek shap ortga tisarildi. Sichqon qo‘lansa hidni sezib, ko‘ngli ag‘darilib ketdi. Burniga kirgan bu hid boshini gangitib, ko‘z oldini qorong‘ilatib, tumshug‘ini qichishtirib yubordi.
Bunaqa hidga Ona-Sichqon shu yoshga yetgunicha hech duch kelmagan edi. Bunday hidga dosh bera oladigan jonzotning o‘zi bo‘lmasa kerak. Sassig‘i jonni qoraytirib, zaharlab o‘ldirguday. Ko‘zi tinib, boshi aylana boshlagan sichqonning ko‘z oldida ikki oyoqli alomat maxluqlar o‘ta boshladi. Azaldan shu quvraylarni, shuvoq o‘sgan yerni o‘ziga makon tutgan sichqon mana bunday ikki oyoqlilarni ilk bor ko‘rib turishi. Bular u o‘ylaganidek hayvon emas, odamlar edi. Alhol, sichqon bularni birinchi marta ko‘rib turar ekan, odamlarga birinchi bor yo‘liqib turishi edi. Sichqonni qo‘rqitib yuborgan bu ikki oyoqlilar unga hech qanday ziyon yetkazmasa-da, baribir ularni sichqonlarga qiron keltiruvchi dushmanlarday qabul qildi. Bu dunyodagi barcha sichqonning dushmani emasmi? Sichqonning jimjiloq uchidek miyachasida shu xayollar aylandi. Ona-Sichqon qulay yerga joylashib olib, ularning har bir harakatiga razm solib turdi. Inchunin, bechoraning ko‘ngli notinch bo‘lib, ko‘zlari qo‘rquvdan jovdirar edi.
— Ke-eek!..
Shundoq qarshisida bi semiz odam qattiq kekirib, sichqondan uch-to‘rt qarich nariroqdagi qurigan xashaklarni shitirlatib bosib o‘tdi. U shamol uchirib ketmasin, degandek, boshidagi qalpog‘ini ushlab olgan edi.
Shamol esa na’ra tortib, etak-barni yulqilayverdi…
-Keldik, — dedi haligina sichqonning yonidan o‘tgan semiz kishi. – Shu yerni eski mozor deydilar.
— Xayriyat-e?! Keldikmi, xiyla uzoq joy ekan. Ensamiz shishib ketdi, qistaloq! – dedi uzun bo‘yli, oriq, ko‘zlari qiyiq kishi. – Mozormi, mozor emasmi bilinmay qolibdi o‘zi bu yering…
— Mozormi, mozor emasmi, muhokama qilib nima qilamiz? Bu bilan nima ishimiz bor! Buyruqni bajarsak bo‘ldi-da, — pakana, ovozi xirillagan, mo‘ylovdor bittasi so‘zni bo‘ldi. – Qayerdan qaziylik joyni? Kun ham og‘ib boryapti. Erta kunni kech qilmay…. yorug‘da… shamol ham qotiradigan bo‘ldi, he, it! Tezroq tamomlaylik.
— Shoshilmachi, boy bo‘lgur! Avvval isinib olaylikmi?! – Do‘ppisini ko‘zigacha bostirib kiyib olgan qorachadan kelgan kishi boshidagisini o‘nglar ekan so‘z tashladi. – bittasini tubigacha simirdik. Yana bittasi bor, olib chiqinglar. Qani?! Og‘iz chayqab olaylik. O‘shanda ko‘rasan shamolingni, bir pul bo‘lib qoladi. Jon ham bir yayrasin. Undan so‘ng yer qazishni qo‘yib ber. Belimiz terlaguncha qazirmiz? Sichqonning inidaaay qilib qaziymiz…
— Shunday qilaylik unda! – kaftini bir-biriga urib dedi qalpog‘ini qayirib kiyib olgan, haligina hiyla qizib olgan kishi o‘rnidan tebranib turdi. – Bobolarimizning jasadi shu yerda ekanmi? Gurzovoy stakanga yuz-yuzdan bosib, ruhini xotirlab qo‘ysak, nima deysizlar, a, labbay? – uning yana oyoqlari chalishib ketdi. – Buni bermasa bu tomonlarga kelarmidik o‘zi? Ke-kelinglar, savob uchun-da axir…birini ochaylik.
— Savobchilikka bo‘lsa, savobchilikka-da! Savob uchun zaharni bo‘lsa ham ichish kerak. Mana mening ham. – Qalpoqlining gapini quvvatladi gungursday qora, jundor kishi. U ham qizib olgan. — …Mening ham! Otamning onasi shu yerda deb aytishadi. Eshitganim bor… Kel, endi, olib chiq. Bittasini…
— Bo‘lgani shu bitta qoldi. – Sichqonning yonidan o‘tgan baqaloq kishi chiyduxoba kostyumining cho‘ntagidan yana birini oldi. – Bitta, xolos. Yolg‘on aytsam, jonim uzilsin. Mana! Dod desanglar ham, voydod desanglar ham, bundan boshqasi yo‘q. Shu oxirgisi…
Eski mozorga kelgan olti kishi shamolda panalashib, chiyduxoba kostyumlining atrofida uymalashib qolishdi. Paydar-pay uzatilayotgan stakanlar to‘ldirilib, shisha zumda bo‘shab qoldi. Bo‘shagan ikkinchi shisha idish qurigan xashaklar ostiga kirib, razm solib yotgan Ona-Sichqonning yoniga tars etib tushdi. Sichqon cho‘chib tushdi. Shamolda yiqilgan quvraylar ostidan dam o‘rmalab dam to‘xtab borib, endigina bo‘shagan shishaga yetdi-da, shayton yo‘ldan ozdirgandek, in og‘ziga o‘xshash shishaga tumshug‘ini suqdi. Burqiragan sassiq hiddan ikkinchi marta jirkanib ketdi. Ko‘zi xiralashib, ko‘z o‘ngidagi manzara qiziq tus oldi. Miyasi bir o‘yni tuta olmas, o‘zi yerga qapishib tursa-da, chalqancha yiqilib ketadigandek bir qiziq, bir noxush holat qamrab olib, ko‘ngnli ag‘darila boshladi.
Shu ahvolda arang turgan sichqonga bir xayol tinchlik bermasdi. Nega mana bu ikki oyoqlilar chayqalmay-netmay ikki oyoqda bemalol turishibdi, nega yiqilib tushmaydi? Yoki bular og‘u ichib ham osonlikcha jon bermaydigan kaslarmi, deb o‘yladi sassiq hiddan karaxt bo‘lib bo‘lgan sichqon.
Telba shamolning suroni pasayib, yerni sovurayotgan sur’ati endi quvraylarning uchinigina tebratib qoldi…
Ikki oyoqlilarning bu yerga kelish sababini tushunavermagan Ona-Sichqon panaga biqinib yotardi…
***
Qishloq ahli bir kunda ikki kishining jasadini yerga beradigan bo‘ldi…
II
Bu bir kam dunyoning ne-ne savdolari bo‘lsa-da, bugungidek sho‘rida kun qishloq ahlining boshiga keladi, deb kim o‘ylabdi deysiz? Yana deng, ikki mayyitni bir kunda yerga berishdek kulfat! Bandaning bir kunmas-bir kuni bu dunyodan ketmog‘i tayin bo‘lsa-da, bir kuni bu hayotdan nasibasi uzilsa-da, bir kuni ajal eshik qoqishi chin bo‘lsa-da, butun ovulni motamga chulg‘ab, manaman degan azim kishisini olib ketaveradimi bu ajal?! Ikki odami teng vafot etgan ovulda ko‘tarilgan motamsaro aytimlar ko‘ngillarni qorong‘ilatib, barchani lohas qila boshladi.
Qurib ketsin bu judolik! Qishloq yoppasiga oyoqqa qalqdi; ovulning valine’mati, talay yillardan beri oqsab qolgan chorvani oyoqqa turg‘izib, dovrug‘i chor tarafga yetib, nomi butun oblastga ma’lum, nufuzli bu insonning uzoq xastalikdan so‘ng vafot etishi kelib-kelib shu kunga to‘g‘ri kelgani ne uqubat?.. Odam “ketmoq” hukmi ostida bu dunyoga kelsa-da, bir kuni u dunyo eshigini qoqishi qaysi bandaning ordona qolgur esiga kelar ekan; bu odam degani dunyoga ustun bo‘lib yaralganday tuyuladi barchaga. Mana hozir ham ko‘zlari yumilib, qonsiz qo‘llari ko‘kragi ustiga qo‘yilgan bo‘lsa-da, yuraklari tars yorilib ketguday ishonqiramay turishardi. Kishi xayoliga kelmagan favqulodda ish bo‘ldi-ku bu! Yelimdek yopishgan dard oxiri boyoqishni oltmishga ham yetkazmay, jonini olib ketdi. To‘shakka muk tushib jon taslim qilishini hech kimsa aqliga sig‘dirolmadi. Noming o‘chgur ajal baribir kelib hukmini ado qilar ekan, kelib-kelib shu kuni amalga oshadimi qazo hukmi? Olmog‘i bor dunyo olish kunini ortga surib tursa ne bo‘lardi? Esini tanigan boladan tortib, payg‘ambar yoshini qoralagan qari-qartanggacha u insonning nomini oshkora faxr bilan tilga olardilar. Olis begona yurtda yurganlari ham “biz falonchining qishlog‘idan bo‘lamiz”, deb ko‘klarga ko‘tarib alqagani-alqagan edi. Xalq orasidagi obro‘-e’tiborini bilmoqchi bo‘lganlarga, uning ismini eshitgan odamning o‘ziyoq ovozi mayinlashib, qayta-qayta bosh silkib, “O, uni taniganda qandoq! Juda hurmat qilamiz. Nima, u sizlar tomonda yashaydimi?” deya taraddudlanib, extirom qilib, o‘sha falonchi izzatli insonning hamqishlog‘iga ham takalluf ko‘rsatishining o‘zi yetarli edi.
O‘sha qishloqni tanisa-tanimasa, bir og‘iz salom-alik qilib qo‘yishni o‘zlariga manzur ko‘rib, yaqin qarindoshiday iltifot ko‘rsatishni ham kanda qilmaydi. Bunday gaplar quloqqa doim chalinadigan odatiy so‘zlar edi. “U bir yaralgan inson-da!” – deb, baqadrihol o‘zining yetti otasi orqali tutashgan urug‘i ekanligidan so‘z ochib, so‘ng nafsilamriga o‘tishar edi.
Endichi?! Endi?! Bundan buyon nima qilishar ekan? Avalgidek kimga tilidan bol tomib gapirishib, kimga eshittirishadi? Ming afsus! Taassuf! Maddohlikni ko‘ringan yerga to‘kkandan ko‘ra u insonga umr tilab, salomatligini so‘rashmasmidi? Shuni hozir xayollariga keltirmadilarmi o‘sal bo‘lib. So‘nggi pushaymon qovurg‘asini qayishtiradigan bo‘ldi bularning. Mana endi sho‘rliklarning yuragiga qil sig‘may, hammani sarosimaga solib qo‘ygan bevaqt ajalning azasini tutib qolaveradilarmi? Uning nomini qistirib, og‘zining hovuriga osh pishirib yurganlar endi nima qiladi? Har ne mushkulot-muammoning balogardoni bo‘lgan bu insonning izzatli nomi bilan qo‘sha xonumonlari ham sochiladimi endi? Yurt otasi hisoblangan insonning vafoti butun qishloqni o‘rlagan tumandek qayg‘uga botirdi.
Qishloqda yig‘i ko‘tarilib, ayollarning achchiq-achchiq navhasi yuraklarni eza boshlaganini aytma. Go‘yandalarning nolasi mungli-mungli tus olib, yetmish ikki tomir bu muqarrar judolikni ko‘tarolmay to‘lg‘onib-to‘lg‘onib ketdi. Bir kam dunyo ekan! Bir ko‘rguligi shu ekan! Sho‘rlik yana biroz yashab turganida edi, kechagina rayondagi yuqori lavozimga tayinlangan o‘g‘lining tashabbuslaridan quvonib, u dunyoga armonsiz ketarmidi O‘g‘lining mana shu kursining egallashiga bosh sababkor ham o‘zi emasmi? Tanishdan tanishga o‘tib, qarindoshdan qarindoshni surishtirib, tegi-zotini tutashtirib, urug‘-avlodini quvib bormagan yeri, bosmagan ostonasi qolmadi boyoqishning. Alaloqibat shuncha ovoragarchiliklari, yugur-yugurlari natijasini bergan ekan. O‘g‘illarini yaxshigina ishga joylayman, deb yurib ajalni erta chaqirib oldimi, shu ham o‘yga toldiradi kishini. O‘g‘illari durust xizmatlarda. Tutamlagan yeridan moy tomadi, derdi tanigan-bilganlar. Ota ta’limini olgan o‘g‘illar noma’qul chiqarmidi? Ikkovi ham gurkiragan ishxonada direktor deyishadi, bittasi yana allaqayerda do‘kondorlarning kattasi emish. O‘rtanchasi bir kun avval rayondagi yirik bir lavozimga o‘tirdi. “Amaling bo‘lsa, el ichida durust hisoblanasan. Hozir mansabga qarab salom beriladigan zamon. Qo‘lingdan hech vaqo kelmasa kim ham bo‘larding?
Hozir boshingni emas, ketingni o‘yla… Buni yodinglardan chiqarmanglar. Yaxshi yashashni xohlasangiz, o‘tirgan o‘rningiz yumshoq, lavozimingiz durustroq bo‘lsin.
Xalqning sizlarga ishi tushgudek bo‘lsin. Xojati tushganidan so‘ng odamdan ham aqlli jon bormi, o‘zlari sizlarni saylab oladi. Yegan og‘iz uyaladi, deganlaridek, marhamat qilingan yerda minnatdorchilik taomili bo‘lmay qo‘yarmidi? Shundagina o‘sasizlar… o‘sasizlar hali”, — deb necha bor o‘g‘illarining qulog‘iga quygan edi ota. Holbuki, otaning shuncha urinishlari zoye bo‘lmagan edi.
Shunday tadbirli, aqlli inson inson edi-da o‘ziyam… Shu tariqa o‘g‘illari bittadan mansabni tutib, tevaragi tekis bo‘lganda, o‘zining ichki dardi qo‘zg‘ab, to‘shakka mixlab qo‘ymadimi! Bolalari zir yugurib doktordan-doktorga, tabibdan-tabibga boqtirdi, lekin kundan-kunga mazasi qochib, dardi zo‘rayib, tomog‘dan ovqat o‘tmay, peshobini ham tuvakka ushatib qoldi. Hol so‘rab kirib-chiquvchilarning oyog‘i uzilmadi, taomilga ko‘ra “xudo xoxlasa tuzalib ketasiz, noumid bo‘lmang” qabilidagi soxta mulozamatlar xunob qilib yubordi. Ajal ta’qib qilib qolsa, zamzam qudug‘idan suv sipqorsang ham baribir ekan. Mana shu tariqa yo‘lingni to‘sib, joningni ko‘zingga ko‘rsatib qo‘yar ekan. Ertangi kunga umidi so‘nib, u kishini o‘lim haqidagi xayollar qichitqio‘tdek chirmab oldi…Uchta par yostiqqa boshini qo‘yib, uzala tushib yotgan gavdasi xud-bexud bo‘lib, badani taxtadek sarg‘aydi, yuzlari burishdi, avvalgi bug‘doy rang chehrasini, qip-qizil yonoqlarini zuluk so‘rgandek qoni qochdi, mustahkam, chayir yuz terisi xunuklashdi. Endi u mangu uyquning bo‘sag‘asiga kelib qolgan edi. Qurigan quvraydek tirishib, tirik murda bo‘lib qolgan, qimir etishga majoli qolmagan bu inson ko‘rganning rahmini keltirgan bemorgina emas, bir paytlar davron surgan Bosit Otaqulov yoki Bosit Otaqulovich edi. Uning o‘sha inson ekanligiga hozir kim ham ishonardi.? Kim? Bu bir aftodahol bemor. Ho‘ boyagi o‘ktam ovozli, cho‘rtkesar, gap kelsa otasini ham ayamaydigan, olganu oldirmagan, tutganini qo‘yib yubormagan rais buva hozir unniqib ketgan eski lattadan battar bo‘zarib, nafasini arang olar, jonsiz ko‘zlari kiprik qoqmay qo‘ygan. Yuziga qo‘ngan chivinni gohida sezsa, gohida sezmay qoladi, gohida esa yuzining chivin qo‘ngan tarafini burishtirib qo‘yadi. Bu zaif harakatni chivin sezsa ham sezmaganga olib, birontasi yelpig‘ich bilan yelpimasa nazariga ham ilmas edi jonsiz yuz terisidagi harakatni…
Yolg‘onchi dunyoning insonga ko‘rsatmagan ranj-alami ham bormikin? Davri kelganida osmonga tirgak bo‘lgudek raisning vajohatidan asar ham qolmay, holiga maymun yig‘laydigan alfozda yotar edi. Shu ko‘rgulikni bu odamga ravo ko‘rgan odam bormidi o‘zi? Bormi? Boshqasini qo‘y, qo‘yniga tosh yashirib olgan dushmani ham xayoliga keltirgan emas buni. Odam harchand urinsa ham, Yaratganning taqdiri oldida bir ojiz banda ekan. Uzun-uzun qo‘lidagi qabarib chiqqan tomirlarida qon ivib, og‘ziga tomizilgan suvni yutishga ham madori yetmay, sanoqli daqiqalarini yashardi u hozir.
So‘nggi daqiqalar uzoqqa cho‘zildi…
Yumshoq yostiqda yotgan otasining qoshida motamsaro o‘tirgan o‘g‘illari yerga tikilib, na taskin topmay, na o‘ylagan o‘ylariga yetmay, yer chizganicha bir muddat tek qotdilar.
Yon-veridan uzil-kesil shivir-shivirlar eshitilib, ikki haftadan buyon qat-qat bo‘lib tirishib ketgan manglayiga kimdir yumshoq qo‘lini qo‘ydi. Qo‘l taftini sezsa-da, qovog‘ini ochib qarashga holi bo‘lmadi. Bo‘g‘ziga tiqilgan achchiq alamdan ojiz va shikasta ingradi. Har oh tortganida farzandlari tanasiga bigiz sanchgandek iztirobga tushardilar. Ich-ichidan qaynab chiqqan hirqiroqdan ko‘zlariga jon kirib, kiprik qoqmay termulib o‘tirgan o‘g‘illarida umid uyg‘otardi. Ularning nazarida otalarining joni ko‘ziga yashiringanu, umidlari uzilgan shunday pallada otasi ko‘zini yarq ochib, “Sizlar ham shu yerdamisizlar?” deya gap boshlaydigandek, ovozini eshitishga shunchalar intiq bo‘lishgani mahzun yuz ifodasidan bilinib turardi.
Besh kunlik umrini butkul farzandlarining kam-ko‘stini butlashga bag‘ishlagan ota hozir ham shu nuridiydalarini o‘ylardi… “Endi kim sizlarga suyanadigan tog‘, himoya qiladigan qoya bo‘ladi?” O‘zidan boshqaga eshitilmagan bu faryodi bir muddat ongini mashg‘ul qildi. Vaholanki, jonini shundoqqina berib qo‘ygisi kelmasdi ayni topda. Chiq-chiq deya biri ketidan biri yugurayotgan soniyalarni cho‘zgisi, hayot gulini yana bir iskagisi kelardi.
Bunga hilvirab qolgan quvvati yetarmikan? Otasining nechog‘lik yashagisi kelayotganini, hayotdan umid uzolmayotganini koshki farzandlari sezsa! Ko‘chkidek yemirilib borayotgan joni uchun hayot qushi shunchalar aziz va qadrli bo‘lib ketdimi? Farzandlari hozir nelarni o‘ylayotgan ekan? Shu xayol unga tinchlik bermas edi. Mangu uyquga uzanishdan oldin shu ni bilgisi keldi. Zamon evrilib, irmoqlarga bo‘linib ketgan jilg‘alardek o‘g‘illarining xayolida birgina fikr aylanardi: ”Ey, Xudoyim, jonini olar bo‘lsang, otamizni qiynamay, jonini olib qo‘ya qolchi”, Farzandlar otasining oxirgi nafasini kutib, “otam ay” deb o‘krab yuborishga, bir haftadan buyon bordoqdagi suvdek to‘lib-toshib, qaroqlarida aylanayotgan ko‘z yoshlarini to‘kib yig‘lashga hozir turardilar. Bosit rais umr soatlarini uzaytirishni xohlasa, farzandlari shu soniyadayoq to‘xtashini tilardilar. O‘lganning sho‘ri, ohu nolasi faqat o‘zigami?! Farzandlarining ko‘nglidan kechganini kimdir unga yetkazolsa edi? Gap tashiydigan bironta bormi shu topda? Xufiyona bilib beruvchi bormi? Eh, shunday bo‘lganida bormi!.. To‘shakda yotgan ramaqijon gavdasi tirilib ketib, bu botil dunyoni ham, qulfi-zulfinini ham sindirib tepib: “Umr bo‘yi sizlarni deb, tishimning kirini so‘rib keldim, shumi sizning tilagingiz? Qani aytinglar! Sizlar uchun yiqqan –tergan duri-dunyomning evazigami bu? O‘lsam sizlarga baribir, shekilli. Qaysi vijdon bilan bu o‘yga bordingiz? Qani aytinglarchi?!
Xo‘o‘sh, gapiringlar?! O‘limdan-ku tonmayman, bilib qo‘yinglar! Jonimni o‘tqa-cho‘qqa urib, sizlarni eldan kam bo‘lmasin deb, birovning qo‘liga qaramasin desam, bularingni ko‘r! Jonimni hovuchlab narigi dunyoga ravona bo‘layotsam, shumi tilagingiz? Birin-ketin barchangizni o‘qitdim, yedirib-ichirib katta qildim, yog‘liqqina lavozimlarga ketingizni qo‘yib qo‘ydim, sizlar esa… Shumi ko‘rsatgan karomatingiz? Essiz men notavonning o‘lmagan joni!” – deya yozg‘irganicha jon kirib ketmasmidi? Hayriyatki, bu so‘zlarni na aytgan va na eshitgan biron xufiya yo‘q…
Bositning muddati tobora cho‘zilaverdi…
Bosit rais avvalambor o‘z ajalini ko‘z bilan ko‘rishga oshiqdi. Ajal o‘zi nima? Mana bunday qora tunmi? Yoki g‘ira-shira quloqa chalingan g‘alat ovozlarmi? Ko‘rinsa ko‘zga ko‘rinmaydimi, bir chorasini qilib o‘sha ajal atalmishga chap berib, changalidan qutilib ketarmidi? Shunday qilib yengib olsa bo‘lmasmi? Darvoqe, ajal degani qanday bo‘ladi o‘zi? Jon olg‘ichmi, yo kishi qiyofasidagi bir narsami? Ajabo! Bu masalada hech kim bilan munozara qilib ko‘rmagan ekan. Ko‘zi xiralanib, tanasini o‘tmas pichoq bilan qiymalagandek ingraganda, joni o‘zi o‘ylagandek odamlarnikidan bo‘lak bir xilqat emas, o‘sha odamlar singari bir tirik jon ekanligini tanasi jizillab og‘riganida ishondi. Zero bunga qadar g‘aflatda yurgan ekan, boyoqish, odamlarni o‘ziga teng ko‘rmay yurgan ekan, boyoqish? Endi unga kim qayg‘uradi, kim achinadi? Noming o‘chgur ajal degan shumqadam ham tezroq peshvoz chiqib, olib ketsa tezroq olib ketmaydimi?
Odamni bunchalik kalaka qilib taxqirlamasa? Kechikdi-ku u ham? Yoki hali ertami? Yo boz uyning tundugidan tushgan nur kabi tanasiga nafas yugurib, sog‘ayib ketadimi? Koshkiydi shunday bo‘lsa? Qani endi?..
Bosit raisning ajali osonlik bilan ko‘ziga ko‘rina qolmadi… Har bir narsaning so‘rog‘i bor. O‘sha javobgarlik Bosit raisning boshiga ham tushib turib turibdi hozir. Boisi, o‘lim ostonasida uni talvasaga solib qo‘ygan o‘tmishidagi har ishlari borki, o‘shalarga javob berishi kerak. Shu kabi o‘ylar jismini xamirdek g‘ijimlab, osonlikcha ajal qo‘liga topshirib qo‘yavermas ekanda? Bu hayotda qanday oq va qora kechmish-kechirmishlaring bor? Ortingda qanday ezgu ishlaring qoldi? Tarozu bosgulik amaling bormi?.. Dastavval shu savollarga javob axtarsin. Biror og‘iz so‘z ayta oladimi? Iymoni salomat qoladimi yoki ichi nurab bitgan daraxt kabi qulab tushadimi? Yo alhazar! Aytsin barini, barchasini to‘kib solsin… Tush kabi xira tumanlik aro cho‘zilgan cheksizlikdagi qilko‘prikdan yanglishmay bosib o‘ta oladimi, jasadi yerda qolsa ham, ruhi ko‘kka parvoz qilib qay tomon uchib borar ekan? Hozir esa mushtumdek jonining sarhisobi, oxirmanzili — jannati ham, do‘zahi ham tarozu pallasiga qo‘yilmoqda. Orqasida qanday iz qoldi, qanday hayot kechirdi, ne ishlarni amalga oshirdi, hammasini bir-bir o‘ylab chiqsinchi…
Ustiga yopib qo‘yilgan yumshoq tivit adyol og‘ir bir matohdek bosib tashlar, o‘rinda yotgan inson ham tirik inson emas, tirik murdaga o‘xshab qolgan, bemor tinimsiz alahsirab, bejolashib, ko‘ziga alaq-chalaq tushlar ko‘rina boshlagan edi.
Kunora tomiriga sanchilayotgan doktorning ignasi ta’bini ochib, darmonga kirgizayotgan edi. Shu yoshga chiqib boshini bolishga qo‘ymagan ekan. Boshi bolishga tekkanida ham ertaga o‘rnimdan turib ketaman-da, deb parvo qilmagan. Biroq bu safar to‘shakdan osonlikcha turib keta olmasligiga ko‘zi yetib, bormagan yeri, totib ko‘rmagan malham-dorisi qolmadi, barcha chorani qo‘llab ko‘rdi. Bositning illati ichida edi, buni o‘zi zimdan his qilar, lekin boshqa hech kim bilmaydigandek sezilar edi o‘ziga. O‘zi bilgan taqdirda ham qanday qilib bu darddan qutilardi. Qaysi dori-darmonni ichardi? O‘sha iztirobli o‘ylar qiynab, kun o‘tgani sayin aqlu hushini o‘g‘irlab, oxirida butun vujudini chirmab oldi. Taomga ishtahasi bo‘lmay, moy bog‘lagan tanasi qizib-qovjirab, yonoqlari ichiga botib ketdi. Kanaday yopishgan bu dardning yengil dard emasligi, oqibati bahayr bo‘lmasligi ayon bo‘la boshladi. Shundan boshlab miyasida tobora holsizlanib borayotgan jismini muzlatib yuborgudek sovuq xayollar aylana boshladi, bu hayollar qalbini larzaga solaverdi. Bu qurib ketgur o‘ylar ajal haqida, seskantirib yuboradigan ajal haqidagi o‘ylar emasmidi? Qo‘rqqani ajal degan balo-qazo o‘zi bormi yoki yo‘qmi, ehtimol uni odamlar to‘qib chiqargandir, biror anglashilmas so‘z bo‘lsa kerak, aa… Birda ishonsa, birda ishonmay ketardi bunga; u ajalni olisda yuradigan bir yuho deb tasavvur qilardi. Vaholanki, bir norasidaning xayolini o‘ylabdi. Nahotki, o‘lim haqida shunday fikrga borish mumkinmi, axir. Bu kishim hamisha shunday yuraveraman, deb xayol qilarmidi?
Hozir u gaplar qaysi aqliga kelsin? Xudo urmadimi, otdek yurgan odam bir kuni kelib ko‘zini chirt yumib ketaversa, kimning joni achishmaydi, kimning joni bo‘zlamaydi? Ajal degani bunday so‘zlarga quloq solmaydigan toshyurak, nola-fig‘onni qo‘msagan hissiz bir yaratiqmi? O‘lim bilan umr chizig‘ining o‘rtasida turgan Bositning to‘kilib ado bo‘lay degan joniga yana shu kabi ezgin savollar raxna solib o‘tdi. Nihoyat, qaroqlari asta yumilib, dunyo ostonasidan xatlaydigan fursati yetib keldi. Yo‘-o‘q!.. Oxirgi kunlari miyasiga o‘rgimchak to‘riday chirmashib borayotgan sovuq o‘ylardan seskanib ketib, jonsiz qo‘llari bilan o‘zi yotgan karavotni maxkam ushlab olarkan, silliq temirning muzdek tegishidan o‘ziga kelib, yuragining og‘ir-og‘ir urayotganini his qiladi. So‘nggi besh-olti kuni suv ostida o‘tgandek, og‘ir, shubxali o‘ylar iskanjasida azoblanaverdi. O‘pkasini sovuqqa oldirgan qo‘ydan battar ihrar, harakatsiz yotgan jismini esa xayollarning zildek salmog‘i bosaverdi. Boshi kelisopning boshidek bo‘lib ko‘rpa ostida qimir etmay yotar, chakkasidan reza-reza muzdek ter yostiqqa oqib tushardi. O‘sha soniyada ko‘pdan beri yuragini uvushtirayotgan, eslashga ham botinmayotgan, xatto ajaldan ham dahshatliroq o‘lim haqida, o‘zining oxirmanzili haqida o‘yladi. Holbuki ancha kundan buyon bu narsani eslashga ham qo‘rqayotgan edi. Bosit raisga ajal bilan o‘lim tushunchalari ikki boshqa mohiyatdek anglashilib, go‘yoki ajal bilan o‘lim bir chiziqda kesishmaydigandek, yoxud chorasini qilib ajalga chap berib ketadigandek tuyulgan edi.
U o‘lim so‘zini tilga olishdan ham qalbi larzaga kelar, qo‘rqar edi. Qo‘rqishiga sabab shu edi: haqiqatdan ham hayot chirog‘i chirs etib o‘chib, kunlari tunga almashadimi, zulmatda qolib, tanasi yerga qorishib ketadimi? “O‘zing saqla, yaratgan Tangrim, bor bo‘lsang o‘zing saqla bechora bandangni? O‘zing yaratgan barcha xilqat o‘zingga bog‘liq. Bandangning yaralgani yolg‘on bo‘lsa-da, ketmishini rostlik qilib yaratgansan. O‘zing rahm qil, g‘azab qilma. Ertami-kechmi, berganingning olmog‘ing bor. Shunday ekan, senga munojot qilaman: chivindek jonimga rahm qil. Bu safar qo‘yib ber, biroz kechikayin… Meni biroz qo‘yatur, Tangrim! O‘zing saqla…”
Bosit rais butun vujudi bilan tavallo qilardi shu topda. Anchadan buyon Yaratganning nomini tilga olmagan rais joni ko‘ziga ko‘ringanidan so‘ng, sarosimada aytib yubordi bu iltijolarini. Qo‘rqqani sayin qo‘rqitgan narsasi tomon yaqinlashaverdi-yaqinlashaverdi… Bosit rais oxirgi kunlari kunduzi ham tunda ham alaq-chalaq tushlar ko‘rib, alahsiray boshldadi…
Kuni kecha nafasi bir maromda kirib-chiqar, ruhi ham ancha tetik edi. To‘rdan ko‘ra go‘r yaqin bo‘lib turgan shunday pallada yomon tush ko‘raman, deb sira o‘ylamagan edi. O‘sha tushni ko‘rgandan so‘ng dardu dunyosi chapparilib, qilich bilan chopgandek shalvirab qoldi.
Xudo ko‘rsatmasin, shunday nufuzli kishi oxirgi nafasini chiqarayotib “Meni kechiringlar”, deb aytib tursa. Shu kalomni aytib bo‘lganidan keyin tildan qolgan emish. Uy ichida halqa bo‘lib o‘tirib, butun diqqatini jon taslim qilish arafasidagi otasiga qaratgan farzandlari bu gapni peshindan keyin eshitishdi. Otasining xalqdan kechirim so‘ragudek qaysi gunohi, qaysi qilmishi bor edi? Yoshu qarini teng ko‘rgan xolis odam emasmidi? Hali el og‘zidan nomi tushganicha yo‘q. Huv to‘rda o‘tirgan odam edi-ku axir. Aql-hushini yo‘qotib, aljib qolganiim bu? “Otamiz kimdan kechirim so‘radi?” noxush savol Bosit raisning qoshida o‘tirgan bolalarini o‘ylantirib qo‘ydi. Esi kirarli-chiqarli bo‘lib, so‘zlab qo‘yganimikin bu, qurigan olmaning po‘stidek bo‘lib ketgan lablari allanechuk, uzil-kesil piq-piq etib qo‘yardi o‘htin-o‘htinda.
Bir kuni raisning tushiga boyagi yillardagi bir voqea kiribdi…
O‘shanda Qandoq edi? Davri kelib, bir kolxozni qo‘lida tutib, ming xo‘jalik elni boshqarib, aytgani aytgan, degani degan bo‘lib yurgan bir zamonlar edi. Bir davri kelgan ekan-da o‘zi ham. U boshqargan kolxoz butun rayonda hech kimni oldiga o‘tkazmay, marraga yetib borardi. Eh, o‘sha paytlarda bu odamni bir ko‘rsang edi! Ko‘riboq hamma tan berardi. Gavdasi yo‘g‘on, yuzi qip-qizil, og‘zining hovuriga osh pishadigan so‘zi o‘timli odam edi. Ko‘ziga tik qaray oladigan mardning o‘zi yo‘q edi.
Qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib, “labbay, xo‘p aka, xo‘p” degan so‘zdan nariga o‘tmagan ekan bu ovulning odamlari. Eslasa ko‘zlarga yosh qalqitadigan farovon kunlar bo‘lgan ekan. Eh, yana nimasini aytsin…
Biri ortidan biri ulanib ketadigan bosh-oxiri yo‘q mavhum tushlarining birida rahmatli bo‘lib ketgan bir tanish chehrani ko‘rgan. Ko‘rganu, butun a’zoi badani muzlab ketgan. Xudo ko‘rsatmasin, qanday ko‘ringan bo‘lsa o‘shanday, tig‘dek keskir nigohlari, xuddi mushukning ko‘zidek qorong‘ida yonib turar edi. “Bu o‘sha, o‘sha”, u tushidagi odamni tanidi. To‘g‘ri, to‘g‘ri, bu haqiqatdan ham qiyofasi unga tanish bo‘lgan o‘sha odam. Bu kishi Bosit rais yotib qolganidan beri naq jon olg‘uchidek ortidan ergashib, o‘z ko‘lankasidan ham battar ta’qib qilib qolmadimi; ehtimol, raisni ruhan ezib tashlagan ajal degan azobli qo‘rqinchni ham shu badbaxt kimsa, ko‘z qarashi mushuknikidek kimsa ergashtirib kelgandir. Bunday falokatlar kelsa, o‘sha odamdangina kelgan bo‘ladi. Nima sababdan Bosit bu kishining nigohlarini eslayverdi. Bu taxlit eslayverishiga biror jo‘yali vaji bormi? Qaysi birini aytib tushuntirsin o‘ziga. Tushga nimalar kirmaydi axir! Yo‘-o‘q, bu oddiy tush emas, ko‘z o‘ngidan ketmayotgan bu qiyofa ham oddiy odam emas. Umr bo‘yi yomonlik tilab kelgan, ichi tor, xasadgo‘y, xasis odam bu!
Darvoqe, bu bu kishini hatto tushida ko‘rishga ham toqati yetmas edi; yo‘-o‘q, ko‘ziga ko‘rinma buning, ko‘rinma endi, yo‘qol, daf bo‘l, yo‘qol nari, jon talashib yotganda uni tinch qo‘y, ko‘ziga ko‘rinmay tur.
Yana o‘sha tush,.. urchuqning ipidek chuvalgan tush.
Bosh-uchi osonlikcha bilinmaydi, na eslay oladi, na aqliga sig‘diradi u tushlarni. Ko‘zining ochiqligi yoki yumuqligi ham ma’lum emas. Bugina emas, aslida o‘zi qayerda edi shu topda.Tirikmi yo o‘likmidi? Bu nimasi? O‘zining qayerda ekanligiga ham fahmi ojizlik qilib, qattiq tushkunlikdan hushina yo‘qotayozdi. Ana, yana tushi uzilib turib, shundoq birov yopishtirib qo‘ygandek davom etib ketdi. Yana o‘sha kishi, yana sovutib qo‘yilgandek ko‘ziga ko‘rindi. U eski mozorning yonida yurardi. Sahti-sumbati, rang-tusi o‘sha-o‘sha, ko‘zining nuri ham so‘nmagan. Bosit uni ko‘rishi bilan yoqasini ushladi, yuragi o‘pirilib ketgandek cho‘chib ketdi shu soniyada. Qo‘lida kurak, o‘sha kuragi bilan yer qazib yurardi. Ikkovi bir-biriga qarab uzoq vaqt tek qotishdi.
— Kimga joy qaziyapsan? – o‘rtadagi jimlikni buzdi Bosit. – kim vafot etdi?..
— Kimga bo‘lardi? – javob berdi oq surpdan kiyim kiygan bu odam. – O‘zimga-da… o‘zimga…
— O‘zimga deysanmi? – hayron bo‘ldi Bosit – seni yerga qo‘yganimiz qachon edi. O‘n yillarcha bo‘lib qoldi-ku. O‘n yil…
— Birovlar qazigan go‘rda jasadim tinch yotmadi. – U kuragini yerga qo‘yib gapirardi. – Gunohim ko‘p ekan. O‘z qo‘lim bilan qazib joy tayyorlayapman.
Bo‘lmasa, tinch yotishim ma’lum emas. Bu tomonlarda odamga tinchlik kerak. Tinchi yo‘q dunyodan tinchlik izlab kelamiz-da! Yotgan yering notinch bo‘lsa, tinchlikni qayerdan ham izlarding? Nima zarurati bor axir?..
O‘zing aytchi, u endi Bositga savol tashladi., — sening ham gunohing bormi, aa? Aytchi?
-Menimi? – Bosit bu savoldan cho‘chib ketdi, — yo‘q…
O‘zingni qiynama? – uning ovozi o‘ktam yangradi. – Gunohi ko‘plargina o‘zini shunday oqlamoqchi bo‘lishadi. Bilib qo‘y!
— Sen kimga do‘q urayotganingni bilasanmi? Taniyapsanmi, men kimman?
— Bu tomonlarda odamlarning kim ekanligi hech kimni qiziqtirmaydi. Hamma birdek!
— Qayerda?! – Bosit cho‘g‘ ustida yurgandek seskanib ketdi. – Bu yering qayer axir?!
— Bu yermi? – o‘qrayib qaradi u – Bu degan yering insonlar toifalanmaydigan, saralanmaydigan yer. Yaxshi-yomoni, gunohkor-begunohi – hammasi bir…
Shu yerga kelganida Bositning tushi yana uzildi. “Chindan men o‘sha tomonlarga ketib qoldimmi, a? Qayerdaman o‘zi? Kim javob beradi menga? Aytinglarchi? Aytinglar!” Bositning oxirgi nafaslari bilan birga bo‘g‘zidan shu savollari chiqdi. U o‘zining qayerda ekanligini bilib olish uchun bir necha kundan beri qo‘llayotgan usulni qildi. Arang qimirlayotgan qo‘llari bilan muzdek karavotni changalladi. Mana endi ma’lum bo‘ldi qayerda ekanligi.
Bositning qo‘li muzdek temirda sirg‘aldi, o‘sha sovuqlikni his qildi, demak ko‘ksida yuragi urib turgan ekan. Joni osonlikcha taslim bo‘lmaydiganga o‘xshaydi. Yana o‘sha la’nati tush uzilgan yeridan birikib, davom etib ketdi.
Oq surpdan kiyim kiygan Bositga tanish o‘sha odam haligi yerdan ketmabdi.
— Sen nega ko‘zimga tik qaray olmayapsan? – u kishi Bositga murojaat qildi. – seni taniganday bo‘lyapman. Biror yerda uchrashganmizmi?..
— Menimi? – Bosit sarosimaga tushdi. – Lekin men seni birinchi marta ko‘rib turibman. – Bosit “seni taniyman” degan so‘zni aytishga yuragi betlamadi. Falokat bosib tanib qolsa, nima qiladi. O‘z holiga qo‘yarmidi sezib qolsa, maxkam etagidan tutib, shu yerda olib qolishi turgan gap. O‘shanda kuni bitadi, tamom bo‘ladi axir. Karavoti emas, boshqa narsani ushlab qolsa ham foydasi yo‘q, kuni bitadi, tamom…
— Yolg‘on aytma, yolg‘on gapirsang yer qabul qilmay qo‘yadi. Bu yerda so‘zlar soxtalashtirilmaydi. Sen meni taniysan, ha, taniysan. – dedi qat’iylik bilan — Taniysan!
— Gunohkorlar tanishib ham gunohini ko‘paytiradilar. Sening ham gunohing ko‘pmi deyman. Senga o‘xshaganlarning dastidan yer ham ozorlanadigan bo‘ldi. Bu gunohlarning bari yerga sig‘armikan o‘zi?
— Gunohim bo‘lsa odamlar kechirishadi-da. Bu yerga gunohkorlar kelarmidi? Pok holda kelamiz buyoqqa. El kechiradi barchasini…
— El-ku kechirar, lekin yer-chi..yer?
— Yermi?.. Yer… – Bositning so‘zi uzilib, tushi yo‘qlikka singib ketdi. Ko‘ziga jimir-jimir allanarsalar ko‘rindi.
Tushi uzildi. Uzilganining sababi yonida o‘tirganlardan biri nam dokani og‘ziga tegizgan edi.
— Qorong‘i, — dedi Bosit. – Bu qorong‘ilik nimasi?..
Bositning uzuq-yuluq so‘zlarini arang eshitgan bolalari: — Ota chiroqni yondiraylikmi? – deyishdi.
Peshin bo‘lmay turib xonadagi chiroq yondirildi.
— Qorong‘i, qorong‘i… – Bositning og‘zi quruqshay boshladi. Tushiga qayta olmadi. Bosh-uchini yo‘qotib oldi tushining.
Endi chuqur xayolga toldi.
“Sen o‘shasan, o‘sha. Seni tanib turibman, xudo haqqi, taniyman” – jonsiz, quruqshagan lablari bilan shu mavhum so‘zlarni pichirladi. Kun bo‘yi otasining yonidan bir qarich jilmay o‘tirib, mijjalari tolib ketgan bolalari bu zaif tovushni eshitishganda, otasining esi kirdi-chiqdi bo‘lib boshladi, deb xayol qilishdi. Katta o‘g‘li Bositning qo‘llarini uqalab, otasining tomir urishiga e’tibor berdi. Yo‘g‘on tomirni bosgan barmog‘i besaranjom urayotgan tomir harakatini arang his qilib, otasining peshonasini silab ko‘rdi. Otasi bu safar ko‘zini ochmadi. O‘sha topda Bositning ich-ichidan ingrash ham emas, nolish ham emas, qariyb suv yetmagan cho‘lning yoriqlaridek tilingan qurushiq lablari tarozu pallasiday chayqala boshladi, og‘zidan chiqqan o‘tli nafasi xirqiroq so‘zlarini tashqariga chiqardi.
“Sen o‘shasan, o‘sha. Men seni tanidim. Xudo haqqi tanidim…”
Chirt yumilgan ko‘zlari buyuk zulmatdan boshqasini ko‘rmay qoldi.
Bosit rais yana “seni tanidim” demoqqa tili aylanmasdi. U rostdan ham o‘sha kishini tanigan edi. Ko‘ziga kirgan tikandek bo‘lib faqat o‘sha ko‘rinar, shusiz ham aftoda joni bezgak tutgandek qaltirar edi.”Bu ne ko‘rgulik! Jonimni olishga shuni yuborishganmi, tavba? Bermayman, meni tinch qo‘yinglar, qiynamanglar jonimni!…”
Bositning ich-ichidan qaynab chiqqan bu so‘zlar ko‘kragini kuydirib o‘tdi.
Bosit rais yana xayollarga bandi bo‘ldi. Miyasi hali fikr qilishdan charchamabdi…
Oradan ko‘p yillar o‘tgan bo‘lsa-da, bu kishi Bositning yodidan chiqmagan edi. O‘sha yilgi bir voqea ongiga quyilgan qo‘rg‘oshindek o‘rnashib qoldi. U davrlarda boshqa insonmidi, mana hozir aql yuritib ko‘rib, qay bir ishlari yodiga keldi. Na kattani, na kichikni yuz-xotir qilmay bajargan ekan bu ishlarni. O‘sha yili kolxoz uchun og‘ir kelgan. Bungacha hech kimni oldiga o‘tkazmay, javlon urib kelgan kolxozning jo‘xori plani to‘lmay qoldi.
Qurg‘oqchilik boshlanib, chumchuqning so‘lagiday ham suv topila qolmadi. Lekin plan baribir plan-da, uni qanday qilib, qay tarzda bajarasan, bu shaxsiy ishing.
O‘shanda Bosit raisning kallasiga jo‘yali bir fikr kelgan. Kolxoz hududida kolxozning hisobiga kirmagan yerlar talaygina edi, o‘sha yerlarni haydatib, qancha bo‘lsa, shuncha jo‘xori sepib, hosil olaversa, birov biron narsa dermidi? Qo‘riq yer o‘zlashtirib, planni ko‘zlamasa, erta-indin rayonning kattalari kelib, o‘tirgan o‘rnidan jildirib yuborishlari tayin. Shuncha yildan beri peshqadamlik qilib, ilg‘or chorva atalib kelingan kolxozni oqsatib qo‘yarmidi? Bir amallab oldiga siljishning yagona chorasi ham, o‘ylab-o‘ylab qilgan so‘nggi qarori ham yangi bo‘z yer topish bo‘ldi. Xo‘sh, o‘shanday ortiqcha yer qayerda o‘zi? Kolxozning har bir qadam yeri o‘lchanib, hisobga kirgan. Yana tinib – tinchimagan boyoqish raisning o‘zi ishga kirishdi. Suv omborining kunchiqish tarafididagi eski mozorning o‘rniga ko‘pdan beri ko‘ngli sust ketib, ko‘zlab qo‘ygan yeri bor edi. O‘sha yerga omoch soldirsa nima bo‘ladi? Kim ham bilardi? O‘sha mozorning ham mozorlik sha’ni o‘chib, yer bilan tenglashib, bilinmay ketibdi. O‘tgan yili bir ko‘rgan edi. Lekin nima bo‘lganda ham bu qarorga osonlik bilan kelgani yo‘q, dastavval botinmadi ham. U yer oddiy joymidiki, jasadlar qo‘yilib kelgan yer, aniqrog‘i tabarruk yer axir. Shuning uchun Bosit dastlab bu fikrini anchagacha hech kimga ayta olmay yurdi. Keyinroq Mital degan brigadirga so‘z uchini chiqargan edi, u ham darrov raisning so‘zini quvvatlab ketmadimi. Mitalga qo‘shilib anovi chapani traktoristlardan besh-oltitasini yuborsa, bir haftaga qoldirmay u yerni tekislab, ag‘darib tashlashadi.
Buni kim ko‘rib turibdi deysiz? Ona suti og‘zidan ketmagan bu shovvozlar u yerning mozor ekanligini bilarmidi? Qadimda mozor bo‘lgan ekan, deb u yerni befoyda ushlab turishaveradimi? Bir kun bo‘lmasa, bir kuni birov chiqadi-da shu tashabbus bilan. Bosit qilgan ishni qiladi u ham, ertami-kechmi, baribir shu ish amalga oshadi. Shunday ekan, nega hozir taraddudlanib turish kerak. Gap-so‘zni ko‘paytirib, maslahat qilavergandan foyda chiqmaydi. Undan ko‘ra planni bir yoqli qilish zarur. Xullas, oxiri bir to‘xtamga kelib, eski mozorni tekislab, suv chiqarishga buyruq berdi. Biror kimsa Bositning oldiga kelib, “Noto‘g‘ri ish qilding”, deb ko‘nglini g‘ashlagani yo‘q. El degani baribir el ekan-da, el ichidan betga aytadigan bitta-yarimta chiqmay qo‘yarmidi? Ikki hafta deganda haligi tushiga kirgan, ko‘z qarashlari ham tamg‘a bosilgandek esida qolgan kishi idorada o‘tirgan vaqtida tortinmay kirib bormadimi, yashshamagur? Qo‘lidagi qamchisini stolga chopib, ko‘zidan o‘t chaqnatib turib olmadimi qarshisida.
— Bu ne qabih ish?! – U salom-aliksiz so‘zini shu xitobdan boshladi g‘azabi qaynab. – Mozorni buzib, jo‘xori ekish – nima maynavozchilik bu?! U yerni tekislashga kim ruxsat berdi? U yerda ota-bobomizning xoki-turobi yotibdiku?!..
— Yotsa nima qilibdi, hammamiz ham bir kuni o‘sha yerga borib yotamiz-ku! – Shu paytgacha hech kimdan qo‘pol so‘z eshitmagan raisning tepa sochi tikka bo‘lib ketdi. Jahli chiqib qichqirdi:
— Ruxsatni mana men berdim!..
— Ruxsat nimasi? Bu gunoh ish, bildingmi?
— Planchi, planni bajarmay qolish gunoh emasmi? Mening otamdan qolgan yerim yo‘q!.. Tekislatamanmi, yo‘qmi… o‘zim bilaman. Planni to‘ldirish kerak. Bilmoqchi bo‘lsang, bu davlatning ishi!
— Mozorni davlatingga aralashtirma! Ota-bobomizning xoki-turobiga ko‘rsatgan hurmating shumi? Yotgan yerini oyoqosti qilib… Shu qilig‘ing bandalikka yotadimi, ayt-chi menga?
— Biz ham bir bandamiz, bir odammiz. Bizda ham yurak bor,- shiddat bilan so‘zlay ketdi Bosit. – Sen ayt-chi, kiming bor o‘sha yerda? Kiming?..
— Hech kimim yo‘q… – kesib so‘zladi u ham.
— Sening hech kiming yo‘q bo‘lsa, — dedi u. – Mening bobolarim o‘sha yerda, bilib qo‘y shuni. Sen nima, meni ota-bobosidan kechgan toshbag‘ir kimsa, deb o‘ylayapsanmi? Yo‘-o‘q, qarindosh, agar shunday desang, adashasan. Men ham ularni sendek hurmat qilaman. Yuragimni siqib, jahlimni chiqaraverma! Shunchalik bilging kelsa bilib qo‘y, u yerning muddati o‘tib bo‘lgan. Muddati o‘tgandan so‘ng ekin ekamizmi, tepsalaymizmi, bari bir…
— Qanday muddatni aytyapsan? – deya xunobi oshdi buning ham, — U yerning ham muddati bormidi?
— Gap uqmas toifadanmisan, yigit. – So‘z salmog‘ini o‘ziga ag‘darish uchun bu so‘zni muloyim aytgani esida. – Mozorgina emas, bizning ham kelar-ketarimiz hisob-kitobli.
Muddati yo‘q nima bor o‘zi? Uning nimasiga hayron qolasan? – Yerni oyog‘i bilan tars tepib, — mana bu tovoning ostidagi qora tuproqni ham abadiy deb o‘ylaysanmi? Buning ham o‘lchovli umri bor, abadiy senga o‘xshaganlarni ko‘tarib yuravermaydi…
— Senday kaslar odamninggina emas, tuproqning ham kunini bitiradi!
— Og‘zingga qarab gapir, yigit! Boradigan joyingga ertaroq borib qolma… Nima bu shunchalik yomon ishmidi? Jo‘hori ekdik, shunga nima qilibdi, mengami o‘sha jo‘xori? Sizlar uchun deb, el uchun deb harakat qilib yotibmiz! Oshiqcha bersak, nimasi ziyon buning?..
Eh, uning ushbu el uchun degan jimjimador usuli qay bir favqulodda vaziyatlarda ish berib, odamlarning muzdan bitgan yuragini eritib, ko‘nglini yumshatib qo‘yar edi-ku. Gardanidagi yukni el-el, deb yurib qanchalar yengillatmadi. Biroq to‘nini teskari kiyib olgan bu yigitni gapga ko‘ndirish tiriklikning do‘zahi bo‘lmasinmi? So‘zida turib olgan yigit o‘zi bilan yoqalashishgacha borib, “Muhlat-suhlatingni bilmayman. Bugundan qolmay bu ishni to‘xtatmasanglar, tegishli joyga borib, javobgarlikka torttiraman!” dedi. Qizishib ketgan yigitning bu g‘alvasi elga tarqamay turib, yaxshi ham, yomon ham gapirib ko‘rishdi. Balo ekan, so‘zga ko‘nmadi. Bunisi ham yetmagandek, rayon gazetasiga yozib, to‘s-to‘polonni boshlab yubordi. Bunday ishlarga ustasi farang bo‘lgan Bosikeng buni tinch qo‘yarmidi?
Orqasidan odam qo‘yib, dumaloq xat yozdirib, el ichida yomonotliq qilib, sharmandasini chiqarmadimi? Esli-hushli bir insonni “miyasida illati bor”, deb qo‘l ostidagi odamlarga necha-necha bor tilxat yozdirmadimi? Butun olomon Bosikengning so‘zini quvvatlab turib olmadimi? Haqiqat deya bong urayotgan, haqiqat uchun jonidan kecha oladigan yosh cho‘ponning atrofini haqiqat deganning nomi miyasidagina aylanadigan laganbardor, yaltoq kimsalar o‘rab olganidan so‘ng haqiqatni izlash va uni topish amrimahol ish emasmi? Esida, hammasi esida, boshqasini unutsa ham, o‘sha cho‘ponning o‘tli nigohlarini unutolmaydi. U qo‘y boqib yurib qoyadan yiqilib o‘lganda, sirtdan qayg‘urgandek bo‘lsa g‘am, ich-ichidan suyunib bormadimi fotihaga? O‘shanda kimdir oq kafandagi mayyitning yuzini ochgan edi, ko‘zi tirik jonnikidan ham kattaroq ochilib, yonib turar edi. Bosit raisning esiga o‘sha voqea kelsa, tanasi ilon o‘rmalagandek seskanib ketadi. Hali-hanuz u cho‘ponni unutolmay, o‘sha kungi qiyofasi ko‘z oldida gavdalanaveradi ko‘nglini ozdirib.
Tushida ko‘rganda ham xuddi o‘sha qiyofada ko‘rdi uni.
… Tushi yana ulanib ketdi.
Biroz avval Bosit bu cho‘ponni savolga tutmoqchi edi. Yana ko‘ziga ko‘ringanda o‘sha savolini aytdi unga:
— Ayt-chi, — dedi u – Sening gunohing nima o‘zi?
— Mening gunohimmi? – u so‘roqqa so‘roq bilan javob qaytarib, og‘ir xo‘rsinib oldi. – Gunohim ko‘p, bo‘yim baravar. Haqiqat qaror topishi uchun sobit turib bera olmadim. Haqiqatni boshqalar suiiste’mol qilishlariga qo‘yib berdim. Shu mening gunohim. Bundan ham battar gunoh bo‘lishi mumkinmi?
— Seni yenggan odamlar ham gunohkormi? – Bositning suhbatga ishtiyoqi yona boshladi, bir cheti bu narsalarni bilib qo‘ygisi keldi. – Yoki…
— O‘sha haqiqatni xomtalash qilgan odamlar mendan ham o‘tgan battol kimsalar. Ular qilko‘prikdan o‘ta olishmaydi…
Ikkisi teng jimib qolishdi.
— Bilasanmi? – dedi berigi kishi. – Biz seni kutyapmiz.
— Menimi?! – Bosit cho‘chib ketdi. – Meni?…
— Ha, seni. Kimni bo‘lardi yana?.. – Ovozini ko‘tarib dedi. – Seni kutyapmi. Bilasanmi, sen nega bunchalik kechikib qolding? – dedi oq surp kiygan.
— Bilmayman…
— Bilmasang aytib beraman, — dedi oq kafanchan – Sen yana yashayman, deb chiranaverma. Befoyda barcha harakating. Sening gunohing shunchalik ko‘pligidan o‘lim bilan hayot o‘rtasida arosat qolib, jon taslim qila olmay qiynalib qolding…
— Yo‘-o‘q! Bo‘lmagan gap. Ishonmayman senday iblisga! Ko‘zimga ko‘rinma! Daf bo‘l qaro yeringga! Senga aytyapman, ko‘rinma ko‘zimga! Ey Xudo, mendek bandangni o‘zing saqla bunday xo‘rlikdan! Mana bu turqi sovuq arvohni ko‘zimga ko‘rsatmachi, xudoyim. Bu nega ortimdan qolmay ergashib yuribdi. Ket! Ket yo‘qol!
Mening yashagim kelyapti, yashagim. Chindan aytyapman, yashagim kelyapti! – Bositning hech kimga eshitilmagan faryodi terisiga tepchib, yuragini g‘ijimlab, ko‘z oldidagi ro‘yodek manzarani to‘zg‘itib soldi. Joni halqumiga kelib qolganda, ko‘rgani ko‘zi yo‘q allakimlar ko‘z oldiga kelib turib olmasami? Hammasini oshatib so‘kkisi kelar, lekin buni kim ham eshitardi. Quloq tutgan kimdir bormi? Bor bo‘lsa, bu dunyoning barcha palid so‘zlari bilan bo‘ralab so‘kmasmidi? Er bo‘lsa, eshitib boqsinchi o‘shanda. Naylasinki, odam deganning joni o‘zi o‘ylagandek kuchli bo‘lmas ekan. Yuragi ko‘krak qafasidan otilib chiqib ketguday urib, nafasi qisilib borar edi. Shu azoblarning hammasiga odamning qaysi joni chidaydi axir? Qaysi joni, qaysi biri? Bandaning peshonasiga yozilgan kun shumi, taqdiri azal shumi oxir-oqibat? Yoxud bu aldamchi dunyoning rango-rang fitnalarining yakunimi bu? Nega endi bu savollar idrokiga yelimdek yopishib oldi. Yo o‘yga bostirib, qilt etkizmay jonimni olmoqchimi? Nega hech birini anglab bo‘lmayapti? Zotan bu hayot, yashash deganning o‘zi ming biri kam dunyo degani emasmi? Yolg‘on deganing uzoooqqa cho‘zilib, uzilib-uzilib ham ado bo‘lmaydigan buyuk tushmi? Ro‘zg‘or deb, turmush deb, tirikchilik ko‘yida qilgan halolga ham, haromga ham odam o‘zi sababchi, o‘zi javobgar. Yoki bularning bari barbod bo‘lgan iymonga aza tutgan vijdon qichqirig‘imi? Nega hammasi bir bo‘lib ojiz jonini qistovga olyapti?
Ko‘z yumib ketaversa, vaqt degan shafqatsiz cho‘lu biyobonning qumi ostida nom-nishoni qolmasligini o‘ylaganda, cho‘zilib yotgan yarimjon gavdasi azobda to‘lg‘anib, faryod qilar, lekin ovozini hech kim eshitmas edi:
— Yo‘-o‘q! Yo‘-o‘q! Yolg‘on! Hammasi yolg‘on! Ishonmayman! Ishonmayman! Yashagim kelyapti! Yashagim!
Hayot chirog‘i o‘chib, ruhi buyuk zulmatga chulg‘anar ekan, bosib o‘tgan butun umr yo‘li ko‘z oldidan bir-bir o‘ta boshladi. Essiz umr-ey! Uning ko‘zni qamashtirgan turfa qizig‘i-yey!
Qara, ko‘ngilni bir xushlaguncha, umr o‘tib bo‘lar ekan: tetapoya qilayotgan go‘dak ham, qirchillagan yigit ham, bolasini sevgan ota ham bo‘lib ulguribdi bu qisqagina umrida. Shunda biroz oldin ko‘rgisi kelayotgan, eslaganda yuragi uvishayotgan ajalining tezroq kelishini xohladi. Hayot qiziq… Shuncha yashab o‘tgan umri hech narsa bo‘lmay qoldi. Shunchalar oshiqib kutgan ajali ham sinchkov ekanmi, nima balo, kiprigi qoqilsa bo‘ldi – ajal o‘zi kelib Bositning qo‘lidan tutadi-da yo‘qlik qa’riga sudrab ketadi. Ikkovi qo‘l olishib, til uchida guvranishgani bilan, bir-birining gapini tuzukroq tushunishmas edi. Tushi tamoman uzilib, qorong‘ilikka cho‘mganda esa kimdir manglayiga nam doka bosib qo‘yar edi. Shunda ko‘zi arang yirilib, qorong‘ilikdan chiqishga urinar edi, nurga yetmoqqa umid qilar edi.
Peshonasiga tekkan namlik qurishi bilan yana qop-qora cheksizlikdagi o‘sha odamga qo‘l uzatar, ikkovlashib allaqayoqqa oshiqar edilar. Bu sabil cheksizlikning tubiga qarab pastlay-pastlay ketadilar. “O, dunyoning hakamimi bu odam?” degan mavhum savol ko‘ngliga keladi. Mavhumotni yorib o‘tmoq istaydi:
— Sen kimsan? – dedi Bosit.
— Menmi? – dedi Bositni yetaklab borayotgan yo‘lboshlovchi. – Men ajalingman…
— Kimni? — dedi u hayron bo‘lib. – Menimi?..
— Sening ajalingman, — yumshoqlik bilan dedi u. – Sening…
— Sen menga quyib qo‘ygandek o‘xshash ekansan? – bunga tushunmay, tikilib qarar ekan, o‘zini ko‘zguda ko‘rgandek bo‘ldi. – Nega sen menga o‘xshaysan?
— Men emas, — dedi u. – Sen o‘xshaysan menga. Sen…
— Menmi?..
O‘ziga o‘xshagan o‘sha kimsani qo‘li bilan ushlamoqchi bo‘lib qo‘l uzatgani hamon chayqalib ketdi. Qo‘lini ushladi-yu, muz ushlagandek a’zoi-badani ko‘karib ketdi. O‘sha sovuqlik qo‘li baravar butun tanasiga tarqab, o‘zi ham muz odam kabi sirtiga sovuq chiqa boshladi. Bu nimasi? Bositning kuni bitdimi? Taqdirga tan berib, o‘limga yuz tutay desa, ko‘kragidan bilinar bilinmas sas kelardi.
Hozir ketishga erta. Erta ekanligini anovi — ro‘baro‘sidagi ko‘zguday muzdek devorda ko‘ringan o‘z ajalimi, yoxud sharpasimi – anglashilmayotgan o‘zi bilan yuzlashib, suhbatlashib ko‘rsinmi? Shunda ham qilsin deylik, u bir baloga tushunarmikan? Bu oraliqdagi ko‘zgu qayoqdan paydo bo‘ldi o‘zi, qoq kiprigiga taqab kelib olganichi? Chunonchi, jon olg‘uvchi azroilni ko‘rganda ham, bunchalik talvasaga tushmas edi. Tavba, o‘ziga o‘zi qarashga botinmayapti-ya shu topda. O‘zidan seskanyapti, o‘zidan cho‘chiyapti negadir, tavba? Insonning o‘zini o‘ziga yuzlashtirib qo‘ysa, o‘zi o‘zidan qanday insonligini so‘rab boqsa… shunchalar og‘riqlimi bu, shunchalar azoblimi? Shu topd Bosit o‘zidan o‘zi jirkanar, joni qil ustida turgan zamonda o‘zidan jirkanib ketdi…
-Menmi! Yo‘q! – Bositning chalajon tanasi to‘lg‘andi. – Sen bor-yo‘g‘i menga o‘xshashsan! Mening ajalim emassan! Ajal menga o‘xshamaydi! Bu hammasi tush, shunchaki tush! Joni halqumiga kelganda aqliga bular keldi. – Qanday qilib o‘zimni o‘zim mahv etishim mumkin? Qo‘yib yubor, meni qo‘yib yubor! – bu yorug‘ olamdagi tiriklik shamini o‘chirishga uringan tabiatning a’mollariga so‘nggi bor – eng oxirgi qarshiligini ko‘rsatdi.
Mana-mana, yuzma-yuz bo‘lishdan bezillayotgan ajal degan och yuho ham ko‘rinish berib, bisotidagi umrning so‘nggi tomchilarini suzma suvidek sirqitib, chak-chak tomizib, o‘sha tomayotgan qatradek yorug‘ dunyoda endi
Karavotida qimir etkizmay tutib turgan dardi bedavoni yengishga chorasi qolmay, umidsizlikka tushib, ajal ostonasiga ham yetib keldi, nihoyat. Quduq og‘zidek zulmatning qa’ridan g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir tovushlar uzil-kesil eshitila boshladi, Qur’on qiroatlariga monand elas-elas ovozlar… O‘chib borayotgan umr chirog‘ining lipillab qolgan piligini sal yuqori ko‘tarib qo‘yishga ojiz-notavon joni chidash berarmikin? Vaqt esa nuragan jarlikdagi qum singari quyilib borardi. Tavba qilib, Yaratgandan yolvorib muruvvat so‘rasa,.. balki yana bir imkon berar. “Ey Xudoyim, mening yashagim kelyapti. Men bandangga rahm qil. Nuringni mendan qizg‘onmachi! Nega ko‘zimni mato bilan bog‘lab tashlading, aytchi? Maqbul yashadimmi, nomaqbulmi, Yaratganim, bu o‘zingga ma’lum. Nega mendan marxamatingni darig‘ tutyapsan? Ko‘zimni tang‘igan matoni yechib, quyosh nurini bir ko‘rsatib qo‘ychi. Mening shunchalar yashagim kelyapti. Savoling bo‘lsa, ber, gunohim bo‘lsa, shu gunohim yuvilishi uchun jonim qurbon, Yaratganim! Bilaman, bilaman, eslatmachi menga, ko‘p og‘ir ishlarim bor. Inson shu ekan-da, ish deb yurib, ro‘zg‘or deb yurib, qilvir bo‘lib ketar ekansan. Rostgo‘y, halol bo‘lishga men ham urindim, biroq,.. unday bo‘lishni uddalay olmadim. Sendan nimani yashirardim, Tangrim? Naylayinki, bu dunyoga yalang‘och kelib, shu yalang‘och badanga kiyilgan turfa kiyimlar singari, yaratilganimizdan buyon pokiza ruhimizga urgan odamiy qusurlar tomir otib boraverar ekan.
Yaxshilik bor, yomonlik qaydan keldi? Umr bor, o‘lim qaydan keldi? Bu savollar yurakka nashtardek sanchilmasmi? Mana, ish deb, tirikchilik deb, umr bilinmasdan o‘tib ketibdi. Yolvoraman sendan, meni bu zulmatdan xalos et. Gunohim bo‘lsa, o‘zing kechir…” Bosit rais Yaratgandan marxamat kutib, ich-ichidan zo‘r berib tavallo qila boshladi. Oxiri tovushi bitib, ohista uzilib qoldi. Ko‘z oldi qorong‘ilashib, qop-qora puchmoqning o‘rtasida bir o‘zi qalqib yuraverdi. O‘sha o‘zi sho‘ng‘ib borayotgan o‘pqonning tubiga pardek yengil bo‘lib, qalqib-qalqib tushib borar ekan, chohning muzdek tubiga yetmay turib, ko‘ziga ko‘m-ko‘k bo‘lib ko‘karib turgan muhtasham havza ko‘rindi. Bu suv ham emas, avrayotgan ko‘k tangri ham emas. Bu boyagi eski ovulning, o‘zi tug‘ilib o‘sgan do‘ppidek ovulini bosib qolgan suv omborining suvi edi. Ko‘rgan zahotiyoq tanidi uni: ko‘m-ko‘k suvning tubidagi qadrdon ovuli – jonini ko‘ziga ko‘rsatib qo‘ygan o‘sha ovuli ko‘rindi, ko‘rindi-yu, ko‘kragini o‘rtab yubordi. Tomog‘iga tiqilgan achchiq faryodi yashash ilinjini abas etib, to‘lib-toshib chiqib keldi. Huv do‘nglikdagi ovulni qoplab yotgan suv emas, qishloqdoshlarining mil-mil qayg‘u-xasratidan oqib chiqqan ko‘z yoshi bo‘lib tuyuldi unga. Hayhot, shu ko‘z yoshlarni oqizmasa ham bo‘lardi-ku! Evoh, bu do‘ppidekkina qishloq odamlari qadimdan beri davom etayotgan yashash tarzlari bilan umrguzaronlik qilaversalar bo‘lmasmidi?
Bunga ham javob berishi kerak hozir. Bu javobarlikdan yo‘ldayoq qutilib qo‘ygan afzal. O‘shanda poytaxtdan kelgan odamlar sardoba qurish uchun qulay joy izlab, tusmollab yurishganda, shaxsan o‘zi ko‘rsatib bermadimi shu joyni. Vaholanki bu yer begona emas, kindik qoni to‘kilgan o‘z go‘shasi edi. Nega unda shu vatanning qadri bir chaqaga ham o‘tmadi o‘shanda? Poytaxtdan kelgan odamga, aql o‘rgatadiganlarni unchalik chiqishtirmaydigan rayonning kattasiga ma’qul kelishning, ko‘ngliga yo‘l topishning yagona chorasi edi bu!
— Bu o‘zingizning qishlog‘ingizmidi? – degan edi rayonning kattasi o‘smoqchilab.
— Umumiy manfaatlarga bu zarur ekan, men , bu mening qishlog‘im edi, undoq edi, bundoq edi, deyishim to‘g‘ri emas. Agar shunday qilsam umumning ehtiyojini kim bajaradi, birodar… – deb o‘ktam javob qaytargan edi.
— Bu fidokorligingiz yaxshi, o‘rtoq Bosit Otaqulovich, — degan rayonning kattasi uning so‘zini quvvatlab. – Biz uchun birinchi navbatda davlatning umumiy manfaati turishi kerak.
— Bo‘lmasamchi, — degan Bosit. – Bu yerda yashadi nima-yu, boshqa yerda yashadi nima, yerning nima farqi bor? Yer degani hammasi bir yer-da!
— Hammamizga yetadi…
… Butun tal’ati bilan sho‘lp etib ko‘m-ko‘k suvga sho‘ng‘ir ekan, o‘sha yilgi voqealar xayolidan kechdi. Ayni paytda ikki dunyosi kesishib, vaqt doirasidan chiqib ketgan bu yobonda ko‘zgudan o‘ziga o‘xshab ko‘ringan sharpa ham, sening ajalingman, deb aytgan mash’um kas ham kelasolib ko‘kragini yorib tashladi.
O‘sha yorilgan yerdan mushtumdek yuragi potirlab chiqib, qushdek uchib ketayotganda, u suv ostiga cho‘kkan ovulini, eski mozorni shudgor qilayotgan o‘sha cho‘ponni esladi, esladi-yu, so‘nggi kuchini to‘plab, oxirat ostonasiga yetganida bir zarur gapni aytishga taraddudlandi. Ovozi bitib, nafasi uzilayotganda, arang havo yamlab, so‘nggi so‘zlarini aytishga ulgurdi.
— Meni kechiringlar… Kechiringlar…
Otasining turqi-tarovatidan ichida bo‘layotgan g‘alayonlarini sezmagan bolalari uning zaif ingrashini uqanlaridan so‘ng, uchta yumshoq yotiqning o‘rtasida yotgan padarlarining boshi shilq etib chapga og‘di.
Uy ichidagi sukunatni to‘ng‘ich o‘g‘ilning o‘kirib yig‘lagani buzib yubordi.
— Voh, sho‘rlik otam-yey!.. Oo-oy!
Shu kuni o‘sha qishloqda yashagan go‘dakkacha motamga chulg‘andi…
III
Bolaning xabarini eng avval tog‘ qishloqlarining birida yashaydigan onasiga bildirishdi. Bolaning xabari yetganida: “Bir sullohning bolasi o‘lsa? nima qilibdi? O‘lmoqdan nari bo‘lsin, yaxshi bo‘libdi. Bu yerda aqli butun bolalarni arang eplab o‘tirsam, “Bolasi emasmi”, deyishadi. U bilan ishim yo‘q! Qoni meniki emas! Yana tag‘in “bandalik rusumi bilan ko‘maylik”, “onasi kelsin”, deyishibdi… O‘sha ham odammi? Ehh, shularga hayronman, bir chuqurga tashlab qo‘yishmaydimi uni…
Onasi bo‘lsa nima qilibdi? Hech qayerga bormaydi! Uydan bir qarich jilib ko‘rsin, bu uvoli yo‘q buzuqini bo‘g‘izlab tashlayman!..” – deb g‘azabi qaynagan bir piyonista bolaning onasini uydan chiqarmay qo‘yibdi…
Qavmi-qarindoshi yo‘q, boshida bo‘zlaydigan yaqini yo‘q, bolaning jasadini yerga berishdi shu ahvolda…
Bu bola qishloqning etagida bundan besh yil oldin qazo qilgan tul kampirning uyida yashar edi. O‘sha uyda yolg‘iz o‘zi qolgan edi. Uy boshi berk jinko‘chaning yoqasida bo‘lib, shu yaqin atrofda bundan boshqa uy yo‘q edi. Qo‘qqaygan bu uycha g‘oyat abgor, aftoda ahvolga kelib qolgan edi. Yaqin-atrofdagilar kalaka tarzida ko‘chani bolaning nomi bilan atashardi. Bu ko‘chada yashovchilar esa odamlarning shu kabi hazil-mazaxidan orlanib, bolani shu ko‘chada yashashiga bag‘oyat norozi bo‘lardilar.
Bola kecha oqshomda mashinaning tagida qolibdi, dedi ko‘rgan-bilganlar. Aniq bir tafsilotni bilgan jonning o‘zi yo‘q bu falokat haqida. Har kim har-xil aytaverib gapni ham chuvatib yuborishdi. Bola haqidagi jamiki mish-mishlar kovlanib, qishloqda duv-duv gap tarqaldi. Lekin uning qay taxlit jon taslim qilganini hech kim aniq aytib bera olmadi. Har kim o‘zi bilganini gapirib yurdi.
El og‘ziga elak tutib bo‘larmidi, el degani olam-jahon gapni yoyib tashlamasinmi?! “Bu dovdir, mashinaning tagiga o‘zini tashlagan emish, tavba?”, “Mashina o‘tib ketayotganda yugurib yo‘lni kesib o‘tmoqchi bo‘lgan emish….”, “Mashina bosib ketsa, o‘lishi mumkinligiga aqdli yetmagan-da! Tentak! Nimani ham bilardi?” degan turli-tuman so‘zlar aylana boshladi falokatgoh atrofida. Ortidan qayg‘urgan biror inson ham topilmadi. Aybni bolaning o‘ziga to‘nkashib, ko‘p ham paysalga solib o‘tirishmay, muammoni osongina hal qilib qo‘ya qolishdi. Qay birlari: “Nima qilibdi shunga? Shu bilan odam urug‘i ozayib ketarmidi? Sonda bor, elda yo‘q bir narsa-da u!” – deyishsa, yana birlari: “Uning ko‘rgan kuni ham kunmi? So‘ppayib bir o‘zi qolib ketsa, birorta g‘amxo‘ri, holidan xabar oluvchi qavm-qarindoshi bo‘lmasa, yo anovi onasi bir bor yo‘qlamasa?” – qabilidagi gap-so‘zlar urchiy boshladi.
Bu bola bundan o‘n ikki yil burun nikohsiz tug‘ilgan. Valadi zino edi u.
Onasi Busayra yengiltakliklik qilib, begona erkakdan tug‘ib olgan. Norasidaning esa aqli noqis bo‘lib chiqdi. Badnom bo‘lgan, go‘shanga ko‘rmagan ayolga erkak zoti so‘z qotmadi. Aqli qosir bolasidan orlanib, Busayraning xayoliga nelar kelmadi, deysiz? Shayton yo‘ldan ozdirib, boladan bir amallab qutilmoqchi bo‘ldi. Shum taqdiriga bola sababchidek, hamma aybni begunoh bola qilgandek, uni yo‘qotish payida ne-ne mash’um choralarni qo‘llab ko‘rmadi. Birontaga tashlab ketay desa, bunday bolani asraydigan odamning o‘zi topilmadi, aql-hushi joyida bo‘lsa ham bir navi edi. Biror zaifaga tutqazib qo‘yib qochib ketmoqchi ham bo‘ldi.
Busayrani qishloqning odamlari o‘z holiga qo‘yarmidi? Gap-so‘z, mish-mishlar do‘ldek yog‘ildi, bu noma’qul ish qishloq ahlining nafsoniyatiga tegdi. To‘y ko‘rmay bola tug‘ib qo‘ygan bu ayolga endi kim ham qarardi? Bolasi atak-chechak qilmay turib el ichida bosh ko‘tarolmay qolgan bu ojizaning xayoliga xunuk bir fikr keldi. Nomusiga chiday olmay, nima qilayotganiga ham e’tibor bermay qo‘ydi. Hattoki norasidasini hojatxonaga tashlab yuborishgacha yetdi. Bolani tashlab, o‘zi boshi oqqan tarafga ketmoqchi bo‘lib turganida, o‘sha qishloqda yashaydigan tul kampir ko‘rib qolib, toza sharmandasini chiqardi. Sal kechiksa, hali yo‘lga kirmagan bola nobud bo‘lar ekan. Qaysi insoniylikdan kechgan kas bu aqlga sig‘magan qabihlikka boradi a?! Busayra shunday qildi. Isnodning kuchidan shu ishga qo‘l urdi. O‘shanda tul kampirning qichqirib urishganlarini aytma: “ Ho‘ o‘sha, o‘limingni ko‘ray, megajin! O‘z qursog‘ingda bino bo‘lgan bolangga o‘limni ravo ko‘rganing nimasi, hayvon! Bola isini hidlamay o‘tgur! Zor qaqshab o‘lgur! Heye, rizqingga tupurgan qanjiq! Beti yo‘q qanjiq! Aqli past bo‘lsa, nima qilibdi? U ham Xudo yaratgan banda axir?! Yana buning orlanganini ko‘r?! El bilan ishing nima. Miyang bo‘lsa, shunday o‘ylarmiding? Ee, nahs bosgan qanjiq!” – deb Busayraning sochidan tortib, qo‘lidagi bolasini yulqib olgan.
Bu voqea yashin tezligida qishloqqa tarqalgan.
Bolaning onasi shu-shu eldan qochib, yerdan qochib, tog‘ tarafdagi qishloqlardan biriga borib, bir aroqxo‘rga tegib olgan, shundan beri o‘z qishlog‘iga oyoq bosmagan edi. Bu voqealarga ham o‘n ikki yil bo‘libdi.
Bu bola “Quyoshni ushlab uyga olib kelaman”, deb ko‘p aytar edi. Biroq kim ham uning so‘ziga quloq solardi. Eshitganlar ohista kulib qo‘ysalar ham, birontasi uning gaplariga parvo qilmas edi. Haqiqatdan, bola quyoshni juda yaxshi ko‘rar edi. Yomon ko‘rgani esa tun edi. Sababi tunlari xilvat xonada bir o‘zi qolar, ona-sonda bolaning uyiga yaqinroq yerda yashaydigan amaki kelib: “Hoy, ertaga sening quyoshingni tutib olib, uyingning ichkarisiga qamab qo‘yamiz. Tashqariga chiqarmaymiz, ho‘pmi?” – desa, bola rostakamiga suyunib, boshi ko‘kka yetib ketardi. Amakining esa bu so‘zlari ortidan aytiladigan yana zarur so‘zlari bor edi: “Oldin mening uyimning ustiga loy tashishda yordam berasan. Keyin sening quyoshingni huv adirning ortidagi uyasidan tutib kelamiz. Tushundingmi? Ertalab kelaman, ikkalamiz loy qilamiz”. Bolani aldashdan osoni bormi, quyosh deb qo‘ysa bo‘ldi, bola bariga tayyor. Yo‘q deyishga tili bormaydi. Kuni kecha quyoshning ortidan quvib talay yergacha chopib borgan emish, endi bo‘lsa mana bu amakisi bilan birgalashib quvmoqchi. Endi quyosh qochib qutilib bo‘pti. Amakisi juda o‘jar odam. Aytganini qilmay qo‘ymaydi. Ey, quyosh, shoshmay tur, ertaga seni bu bola ushlab oladi-da, uy to‘riga qamab qo‘yib, rosa ermak qilib o‘ynaydi. Bola shunday totli xayollar og‘ushida yayrab qoladi.
Bir safar bola bir ish qilgan ekan. Unda rahmatli enasi hayot edi.
— Ena, — degan edi bola o‘shanda. – Nima uchun odamlar quyoshga ikki ko‘zi bilan qaray olmaydi.a? – deb bola enasiga g‘alati savol bergan edi.
Quyoshgami? – kampir xayolga tolib, bolasining jiddiy savoliga javob berdi. – Quyoshga hech kim ikki ko‘zini ochib qaray olmaydi, o‘g‘lim.
— Nega? – degan bola.
— Biz hammamiz gunohkorlarmiz. Shuning uchun quyoshning yuziga tik qaray olmaymiz, — degan kampir.
— Sen ham quyoshga qaray olmaysan-ku? – degan bola. – Gunohing bormi?…
— Gunohim bor, bolam, — degan kampir.
— Qachon gunoh qilgansan, aytchi, — degan bola.
— Urushdan keyin, — kampir bu so‘zni chuqur xo‘rsiniq ichida aytgan. – Unda beva edik. Urushning bevalari edik…
— Men esa, — degan bola. – Quyoshga tik qaray olaman…
— Ena, — degan bola. – Quyoshni ushlab uyimizga qamab olsakchi?
— Yo‘q, unday qilma, bo‘tam! – kampir cho‘chib ketdi. – Unday deyilmaydi.
— Bilasanmi, ena? Biz uni ushlab olib, odamlarning barchasiga beramiz. Men quyoshni odamlarga ushlab beraman, — degan bola o‘z gapidan o‘zi quvonib.
— Shunday qil, o‘g‘lim. Odamlar quyoshga tik qarab yurishsin, — deb enasi gapga uncha e’tibor bermagan.
Kuni kecha bola quyoshni tutib olaman, deb huv adirlarga quvib borgan emish. Bolaning yo‘li doim shu adirga kelib to‘xtaydi. Chunki aynan shu yerda quyosh ko‘zdan g‘oyib bo‘ladi-da, uni ushlolmaganiga xo‘rligi kelib, yuztuban yotib yig‘laydi.
Quyoshni ushlayman, degan umidi ham so‘na boshladi. Quyoshni adirlargacha quvib kelib, bugun ham yeta olmadi. O‘rnidan turib, og‘ir sukunatni buzib, qo‘llarini yerga urganicha hech qachon amalga oshmaydigan umidining yo‘qqa chiqqaniga o‘ksib-o‘ksib yig‘ladi. Yig‘isi shunchalar mungli edi uning. O‘sha soniyada osmon yuzasiga tariqdek sochilgan yulduzlarning yaltir-yultiriga boqib, o‘z xayolot olamini kimdir tortib olgandek, osmonga tikilganicha ho‘ng-ho‘ng yig‘ladi. Yupatadigan biror yaqini, yupanadigan biror ovunchog‘i yo‘q. Bola shularni hozirgina his qilgandek, bu uqubatli hayotdan nolib, ezilib-ezilib yig‘ladi. Allaqanday tushunarsiz so‘zlarni g‘o‘ldirab, yolg‘izlikdan sizib ketgan yuragini bo‘shatib, mungli-mungli yig‘ladi.
Yig‘isi ham, so‘zlari ham eshitgan odamga tushunarsiz edi.
Adir bo‘ylab pastlab borayotgan bolaning qulog‘iga achchiq qichqiriq eshitildi. Qo‘rquv nimaligini bilmaydigan bolaning yuragi bu safar shuv etib ketdi.
— Ii, qo‘lga tushar ekansan-ku, azizam! Hisoblashib oladigan bo‘libmiz-da, a?.. Qizmisan, qiz emasmisan, buni hozir bilib olamiz, bir Xudodan boshqasi bilmaydi. Tekshirib ko‘ramiz? – dedi qizning bo‘ynidan qisib olgan basavlat kishi.
Bola buni ko‘rib, qiziqsinib tomosha qila boshladi.
— Ikkovlashib, — dedi qizning qo‘lini orqaga qayirayotgan sherigi xunuk iljayib. – Ikkovlashib…
Qiz tipirchilab qarshilik ko‘rsata boshladi.
— Qo‘yib yuboringlar, ablahlar! Qo‘yib yuboringlar, yolg‘onchilar! Shuning uchun olib keldinglarmi buyoqqa! Sudga beraman sizlarni! Yuzsizlar1 Tfu! Qo‘yib yubor, deyapman!..
Ikkovi qizni qamishzorga qarab sudradi.
Bola bunga tushunmadi.
Qamishzorga kirganda qizning ovozi o‘chdi….
Qamishlar orasidan chiqib kelgan davangiri do‘rillagan ovoz bilan: — Bo‘g‘dim! – dedi. – Bo‘g‘ib tashladim…
— I-ya?! – cho‘chib ketdi pakanasi.
— O‘ldirdim. Shunday qilmasam, bu bizning payimizga tushar edi. Bo‘l, mashinani yurgiz, hech kim ko‘rmay turib ketaylik! Ketdi-ik!
— O‘ldik endi! Sho‘rimiz quridi! Birov sezib qolsachi?! Qochishimiz kerak. O‘tir kabinaga!
Ikkovi talmovsirab qolishdi.
— Hech kim yo‘qmi? Uyoq-buyoqni qarachi, — dedi kattasi. – Qara!..
— Yo‘q, Hech kim yo‘q, — dedi bo‘shashib pakana. – Yo‘-o‘q…
— Ketdik! Mashinani o‘t oldir! Bo‘l tezroq! – deb savlatlisi kabinaga o‘tirarkan, oldilaridan bola chiqib keldi.
— Iya, tavba, bu kim? – dedi kattasi yuragi shig‘ etib. – Kim bu?
— Hoy, sen kimsan? – dedi pakana uni taniyvermagach. – Kimsan?
— Dovdirman, dovdir bolaman… – kulimsiradi bola.
— Buning aqli joyida emas? Sog‘ emas bu… Dovdir shekilli rostdan ham?..
Mashina o‘t oldi. Ikkovining shashti ketib, tipirchilab qolishdi.
— Bostirib yubor! Ustidan hayda! Qani! Bu baribir sog‘ emas… Hayda ustiga bu itni!..
Pakana mashinani bolaga qarab burdi.
Ko‘zi yorug‘likdan uyaldi…
Muyulishga kelganda qarshisidan kelayotgan mashina shitob bilan kelib, terlab-pishib ketgan bolani bosib o‘tdi.
Bolaning og‘zidan qon otildi.
“Ona”, degan faryod tun bag‘rini tilib o‘tdi. Umr bo‘yi “ona” degan so‘zni og‘ziga olmagan bola o‘limi oldidan qanday qilib bu so‘zni aytganini o‘zi bilmay qoldi. O‘zi go‘dakligidan ko‘rmagan, ko‘rishga biror marta oldiga kelolmay, uyatdan olis-olislarda yurgan onasini bu soniyada bola birinchi va oxirgi bor tiliga oldi.
Ko‘z oldida uchqunlar sachradi.
Dunyo ag‘darilib, osmon pastga tushib qoldi. Bola yerni quchoqlaganicha, yerning bag‘riga singib keta boshladi…
Yo alhazar, bolaning qoq manglayida katta barkashdek quyosh ko‘rindi! Enasi Xudoning qutlug‘ kuni “O, hosiyatingdan aylanay, Quyosh!” – deb sig‘inib, talpinib yurgan o‘sha quyosh, cho‘g‘da toblanayotgan jezdek qip-qizil quyosh manglayida edi. Ko‘kdagi quyosh qo‘zg‘alib, oyoq ostidagi yer ko‘cha boshladi. Ko‘z oldini tuman qoplab, bu g‘aroyibotga o‘zi ham ishonqiramay, bola sarxush bo‘lib boshi aylana boshladi. Butog‘ida turgan olmadek bo‘lib quyosh shundoqqina qoq manglayida turar edi chiroqdek ko‘zlarni uyaltiruvchi nurini taratib. Eh-hey! Shunday ajoyibotni ko‘raman deb kim o‘ylabdi. Kim?! Bola bir necha kundan beri quyoshni quvib yurib, huv adirlarning etagida uni yo‘qotib qo‘yib, alamiga chiday olmay zor-zor yig‘lar edi-ya! Voy, bolasi tushmagur-yey, endi esa o‘sha qilig‘iga uyalib, ikki yuzi olovdek yonib o‘tiribdi. Qaranglar, hammangiz qarang, sizlar bu bolani mazax qilib, quyoshni tutaman, desa, ustidan kular edinglar, qaranglar, quyosh uning manglayida turibdi. Sizlar esa bugun yerga qaranglar, boshinglar yerga qarasin bugun! Shunday bo‘lishi aniq edi, sizlar esa unga ishonmasdinglar. Uyat-ye, hammangizga! Chiqinglar tashqariga, sizlar masxara qilib yurgan haligi bola quyoshni qo‘llariga olib, bag‘riga bosib o‘tiribdi, mahobatli, ka-attagina quyosh ekan, bolalar chug‘urlashib, ortidan ergashib olibdilar. Qaranglar, hamma bolalar bolaning ketidan ergashib olibdilar. Qaranglar, bolalar yomon ko‘radigan muttaham, mo‘ltoni kishilarning ko‘zlari uyalganidan kunga qaray olmay, shilinib tushibdi. Ho‘v boyagi, bolaning amakisini ko‘r, yerga cho‘kkalab olib, boladan kechirim so‘rab, ho‘ngir-ho‘ngir yig‘lab o‘tiribdi, ko‘z yoshlarini selday oqizib yig‘lab o‘tiribdi.
To‘ppa-to‘g‘ri qiladi bola, aldamchi-qalloblarni shunday qilib ta’zirini berish kerak. Quyoshda kuyib, yo‘q bo‘lib ketishi kerak. Bola to‘g‘ri qiladi. Azamatsan, bola! Qaranglar. Bola quyoshni ko‘ksiga bosib quchoqlab, ko‘chada ketib borayotir. Mana bundoq qilib quchog‘iga qisib olibdi… Oo, Quyosh! Quyosh! Bola suygan alvon Quyosh!
“O, tabarruk Quyosh!” – deya bolaning enasi sig‘ingan Quyosh senmisan? Senmisan o‘sha?..
Yopiray, bolaning quyoshni tutgan qo‘llari shunchalar issiq edi. Shundoqqina toblab qo‘ygandek qaynoq. Bu nima, kunning taftimi yo..? O, bolasi tushmagur-yey, qo‘llari,.. quyoshni tutgan qo‘llari muzdek bo‘lib qoldi. Bu nimasi? Bu ne sinoat?..
Bir sapchib yana quyoshni tutib olaman, deganida, joni pardek yengil tortib, qo‘lari shalvirab tushdi. O‘zi esa qop-qorong‘i tubsizlikka qulay boshladi. Bolaning qo‘lidan yulqinib qochib ketgan quyosh esa bola pastlagani sari yuksaklashib boraverdi. Shunchalar balandga ko‘tarilganidan uni ko‘z bilan ilg‘ab olish mumkin bo‘lmay qoldi. Mana u varaqqa qo‘yilgan nuqtadek bo‘lib, miltillay-miltillay ko‘zdan yo‘qola boshladi. Rostdan ham quyosh so‘narmikin? Bola izidan qolmay quvlab yuradigan shu oftob bir kuni o‘chib qoladimi? O, Quyosh! Quyosh!..
O, Quyosh! So‘nma! So‘nma, Quyosh! Bola sendan yolvorib so‘rayapti. Sen o‘chsang, qorong‘ilik bostirib keladi. Qop-qora zulmat olamni qoplaydi. Bola qorong‘ilikni o‘lgudek yomon ko‘radi-ku? Sen buni bilasan-ku! Bilasan-a!
O, Quyosh, o‘chma, Quyosh! Voy, bu nimasi, bolaning gavdasi yep-yengil bo‘lib qoldi. Boya ko‘kragidan potirlab uchib chiqqudek bo‘lib urayotgan yuragi ham to‘xtab bormoqda. Nima bo‘ldi o‘zi? Quyosh bilan birga so‘nmoqdami bolaning joni?
O‘sha kuni qishloqdagilar ko‘kda yulduz uchganini ko‘rishgan ekan, o‘sha bolaning yulduzi edimi? Yoki yulduzning sinig‘i bo‘lib uchib tushgan bolaning jonimi?..
O, Quyosh!
Bolaning oxirgi so‘zlarini eshitdingmi?
“Men Quyoshni ushladim”, — degan emish bola. U quyoshni yaqinda har bir uyga ulashar emish, har bir uyga…
O‘sha kuni ikki mayyitni tuproqqa qo‘yish farzi bu qishloq ahlining yelkasiga tushdi.
IV
Quyosh terak bo‘yi ko‘tarilib, nuri yerni ilita boshlagan mahalda, birdan havoning avzoyi buzilib, qayoqdandir paydo bo‘lgan to‘zg‘igan olachalpoq bulutlar tip-tiniq osmon sahnini qoplay boshladi. Ayni paytda oy orasi bo‘lib qolgan, ustiga-ustak saraton oftobining tafti qaytganidan so‘ng bu atrof-javonibning mashqi pasayib, oftobning yilt etgan yuzi siyrak ko‘rinib qoladi. Tumshaygan osmon yuzini ochavermay, huv qiyshiq-miyshiq uchli cho‘qqilaridan qori arimaydigan tog‘lardan qora shamol surilib kelib, talay vaqtgacha uvillab-uvillab kezib yuraverishi odatga aylanib qolgan. Chunonchi, kuz fasli ham sezdirmay yaqinlashib kelib, o‘z a’molini boshlagan kez. Bu yerlarda kuzning zabti biroz tor, tund va yovvoyi mizoji g‘oyatda beqaror bo‘lib, birda sharros jala quyib yuborsa, birda yaydoq shamol esib kelib, talay vaqtgacha uvillab kezaveradi. Bu mashmashalari bilan qishning tashvishini eslatayotgan chavandozga o‘xshab ketadi kuz. Adir etagi bo‘ylab joylashgan to‘rt yuz xonadonli ovulga bahor kechikib kelsa ham, qish fasli kechikmaydi, aksincha muddatidan avval tog‘ oralab kelaveradi. Inchunin, kuz hali oyoqlamay turib, qishning tadorigi boshlanib qoladi.
Bu yil ilon muchali. Shuning uchunmi, yil bo‘yi yog‘ingarchilik bo‘ldi.
Osmonning qopqasi ochilib ketgandek, surunkali jala yog‘averib, bezor qildi. Keksalarning ko‘p yillik kuzatishlari bo‘yicha aytilgan bashoratlari bu yili ham adashmadi, ilon yilining ko‘klami ham, yozi ham, ilitib-isitib boshlangan kuzi ham paydar-pay yoqqan yomg‘irga xo‘p bo‘kdi. Biroq ikki haftadan beri havoning avzoyi buzilgani bilan ko‘k yuzini qoplab yotgan qora bulutlardan biror tomchi yerga tommagani qiziq. Quyuq bulutlar orasidagi tandirning og‘zidek tuynukdan yalt etib bir mo‘ralab qo‘ygan quyosh yana allazamongacha g‘oyib bo‘lib ketadi.
Ignadek ingichka nuri yerga sizib tushishi bilan, nur manbai yana bulutlar qatiga jo bo‘lardi. Yer yuzida shamol yurib turgani bilan ko‘k yuzidagi bulutlar qo‘zg‘alib ham qo‘yishmas edi. Shamol ko‘kka sapchigani sayin bulutlar xo‘mrayganicha sukut saqlardi. Tabiatning evrilishlari qadimdan beri insonning xohishiga royish bergan emas, bermaydi ham. Gohida tabiatning kayfiyatini insonga qiyoslaydilar. Zero osmonning tund va tushkunligi ikki kundan beri yig‘i chiqarayotgan qishloq odamlarining kayfiyatiga monand ravishda, osmon ham qiyomatlik birodarini yo‘qotgani o‘laroq tund va to‘niq zuhurlanib olgani hayratomuz savollar uyg‘otadi odamlarda. “Yaxshi inson qazo qilsa, hatto mushugi ham yig‘laydi”, deb keksalar bejiz aytishmagan ekan. Qanchalik erish tuyulmasin, hammasi ochiq-oydin ko‘rinib turibdi-ku. Zotan martabali inson qazo qilsa, Tangrining izmidagi osmon ham motamsaro odamlarga hamdard bo‘lar ekan. Illo bu kurrai zamin deganlari butog‘ida turgan olma singari qo‘zg‘almas jism bo‘lsa-da, undagi barcha ashyo ko‘zga ko‘rinmas sirli ip bilan mahkam bog‘lanib, yetti quloch yer ustidagi har bandai ojizga tutashib ketgan. Nachora, qishloqning boshiga kelgan kulfatni his qilgani kabi, sira osmonning chehrasi yorishmadi.
Qishloqning qoq o‘rtasidagi bu uy qush parvozi balandligidan qaralsa ham, kaftdek yalanglikda bir o‘zi tevarak-atrofdagi boshqa xonadonlardan ovloqda ajralib, aniq-tiniq ko‘zga turardi. Ayni vaqtda yerdan ko‘tarilgan qush qishloq tepasida aylanib parvoz qilsa, bu uyda nimadir yuz berganini yovvoyi tabiati bilan ham sezgan bo‘lardi. Uyda odamlarning qorasi odatdagidan ko‘ra besaranjom, do‘ppidek boz uydan chiqqan yig‘ining mungli qiroati o‘sha qush uchayotgan balandlikdan ham eshitilib turar edi. Buncha balandlikka yetgudek faryod qayerdan chiqyapti o‘zi? Qishloqning martabali bir insoni mana shu tarzda ortidagi yaqinlarini yig‘lati-siqlatib, butun ovulni muztarib etib, hali-zamon so‘nggi safarga hozirlanmoqda rahmatli. Zotan “katta” dunyodan ko‘z yumsa, dog‘i-firoqi katta bo‘lar ekan. Qay bir katta yumushning boshini tutgan o‘g‘illari ne-ne nomi chiqqan doktorlarni chorlab, sho‘rlik otasini bedavo darddan qutqara olmadilar. Ajalga kim ham davo topa olgan shu choqqacha…
Oq do‘ppidek boz uydan mayyitni olib chiqish vaqti ham yaqinlashib qoldi. Ta’ziyaxonaning yon-veriga tizilgan mashinalar ikki arava sig‘arlik ko‘chaga sig‘may qolishdi. Yana tag‘in kelib-ketuvchilarning oyog‘i uzilmay, har gal yangi guruh kirganda ko‘tarilgan yig‘i nolasi yurakni ezardi. Nomi oblastgacha ketgan atoqli kishining qabriga tuproq tashlash farz, albatta, kim ham shunday nodir insonning qabriga tuproq tashlab bandalik rasm-rusumini o‘tayman, deb tilagan edi?
Bir tomoni marhumning xotirasini hurmat qilib, nomini ardoqlab, uni tanigan-bilganlar olis-olislardan kelib, ishtirok etib turibdilar. Rahmatli Bosit raisni yerga darrovgina berib qo‘yisharmidi? Bu toifadagi nufuzli, martabali insonlarni dafn etishning o‘z sha’ni, o‘z qa’dasi bor-da. Shuning uchun marhumni azaldan tanib-bilganlar birin-ketin kelaverdilar. Hayhotdek hovlida oyoq bosgudek joy qolmagan. Chunonchi Bosit rais ham chakana odam emas, bir tomondan rayonning kattasining otasi, bir tomondan o‘g‘lining tanish-bilishlari-yu, kolxoz-sovxozlarning faollari kelmay qo‘yarmidi? Yangi rahbarning ko‘ziga bir ko‘rinib qo‘yadigan fursat kelib turibdi-ku! Qaysi merov foydalanmasdi bunday imkoniyatdan? O‘z otasi o‘lsa ham bunchalik jon koyitmagan odamlarning bari shu yerda bugun…
Shu kuni yosh-qari aralash olomon ichida unda-bunda quloqqa chalingan mish-mishlar yurdi. Shivir-shivir so‘zlarning ichida bu uzunquloq gaplar aytilmay qo‘yarmidi, keyin esa har eshitganning tilidan uchib, elga yoyilishi tabiiy hol. “Rais akamning dafn marosimiga oblastdan kattalar kelar emish”, “Yerga qo‘yilayotganda orkestr chalinar emish. Bu ham bo‘lsa rais akamning hurmati. O‘g‘illarining hurmati”, – deb qay birlari bo‘rttirib gap boshlasa, yana boshqasi “Rais akaning qabriga birinjdan ishlangan o‘z haykalini qo‘yar emish. Dafn etilayotganda majlis bo‘lib, oblastning kattasi nutq so‘zlar emish”, — deb o‘zlari ham ishonib-ishonqiramagan so‘zlarni urchitib tashladilar.
Marhumni tobutga olish fursati ham yaqinlashib qoldi. Go‘rkovdan xabar kelishi bilan, marhumning janozasi o‘qilib, boz uydan olib chiqiladi. Osmondagi qora bulutlar quyuqlashgani sayin, yig‘ilganlarning bezovtaligi orta boshladi. Yomg‘ir tomchilamay turib mayyitni yerga qo‘yib olishsa yaxshi bo‘lardi-ya. Jala quyib yubormasin deb, qabristondan xabar olishga selsovet raisining o‘zini yuborishdi. Oila boshiga tushgan og‘ir judolik qayg‘usiga hamdard bo‘lib, mumkin qadar xizmat ko‘rsatib yelib-yugurayotgan bu kishi shu daqiqada ham jonlariga oro kirdi. O‘choqboshi yumushlarini nazorat qidlib, yosh-yalangni unga-bunga buyurib yurgan bu kishi bugun bundoq biroz o‘tirib nafas rostlamadi ham. Bunday ishlarning hadisini olgan odam o‘zi u. Aksar vaqtda elga buyruq berib, ish bajartirib o‘rganib qolgan qishloq raisi daroz bo‘yi, xalq orasidagi martabasi bilan olisdan kelgan mansabdorlar orasida nazarga ilinmay ham qoldi. Qishloqdagi ta’ziyalarga ko‘ngli chopsa borib, chopmasa bormay qo‘yavergan rais shuni sezibmi, qayerga bo‘lsa zing‘illab o‘zi qatnab turdi. Marhumning to‘ng‘ichi uning shu mehnatini hisobga olib qo‘ysa bo‘lgani, yoki rais akaning o‘rnini taklif qilib qoladimi, shu tama xayoli unga tinchlik bermas edi. Axir ot so‘rasang, tuya beradi, degan gap bor-ku. Shunday martabaga erishib, bu yugur-yugurlariga munosib evaz olsa qani endi. Inchunin, bugungi barcha zahmatlarga rozi bu kishi.
Boshqalardan farqli ravishda ko‘zlari qizarib, shishib ketgandi. Rahmatli rais bu kishini o‘ziga yaqin olar edi. Biror ish qilmoqchi bo‘lsa kengashadigan, fikrlashadigan maslahatchisi edi bu kishi. Qolaversa, yig‘lab-siqtamaslikka haqqi ham yo‘q. Marhum uni shu darajaga yetkazib, ortida tayanch-tirgak bo‘lib kelgan axir. Ishdan ishga siljitib, mansabini ko‘targan. Hayriyatki, o‘zining ham uquvi bor ekan, tutgan ishini uddalab ketaverdi. Munosabatlari iliqlashib borgan sari ikkovining chamasi ham, maslahati ham bir joydan chiqaverar edi. Shuning uchunmi, rais akaning nazariga tushib, brigadirlikdan qishloq soveti raisligiga osongina ko‘tirilib, unchalik yuqori bo‘lmagan mansabga o‘tirishi bilan, el ichida katta amaldordek erta tanilib qoldi. Marhum Bosit raisning ko‘nglini olish oson bo‘lgan deysizmi? Bu kishining raisga o‘tkazib qo‘ygani bor — vaqtida bir balo-qazodan asrab qolgan. Raisning chizgan chizig‘idan chiqmay, so‘ziga labbay, deb qo‘l qovushtirib yurib, oxir-oqibat raisning mehrini qozonishga erishgan. Ikkisining bir kirdikori bor edi. Buni ikki kishi – o‘zi va hozir dafn etilajak Bosit raisgina bilar edilar. O‘z manfaati uchun o‘zagini quritib, har qanday shubhali ishga ham o‘ylanmay-netmay unnab ketaveradigan odam edi o‘zi ham. Raisning ko‘z imosini so‘zsiz tushunadigan, nimani qayerda bajarishi muhimligini bilgan bir odam kerak edi-da raisga o‘sha vaqtlarda.
Ho‘ o‘sha yillari makkajo‘xori plani to‘lmay qolib, do‘ppi tor kelganida, eski mozorni shudgor qilishib, jo‘hori sepishgan. O‘shanda bir la’nati cho‘pon raisning ketiga tushib, rayon gazetasida urib chiqqan va buni katta muammoga aylantirib, rayon byurosiga yetkazgan edi. Ish byuroda muhokama etilishgacha yetib borganda, bu kishi xo‘p koriga yaragandi o‘shanda. Bosit raisni naq chohning og‘zidan tortib olgandi-da o‘ziyam. “Essiz… Shunday inson ham o‘ladi deb kim o‘ylabdi?..” deya hozir qayg‘urib o‘tirgan odamning o‘sha paytda ishlari yurishib, sirkasi suv ko‘tarmay qoldi. “ E, Mital ukam, biz ham qariyapmiz, bu amal deganni bog‘lab bergan emas. Bundoq bir o‘rningga munosibini qarashtirib yurmasang bo‘lmas ekan. Tanish-bilishdan qo‘ymasang amalning ham kuni quriydi. Zoye ketadi. Shu, uka, ko‘pdan buyon bu ishga o‘zingni chamalab yuribman. Sen munosibsan bu ishga…” – deb Bosit rais ko‘p bor aytgan edi. Oqsoqol odam shunday deb tursa, Mital yo‘q dermidi? E’tibordan qolmasligi uchun hech bir ishdan toymadi shu-shu. So‘nggi yillari ikkisi og‘a-inidek bo‘lib ketishgan edi. Ayni paytda Mitalning esiga allazamongi bir voqea tushdi. Anchadan beri buni eslamay qo‘ygan edi.
Aynan o‘sha ishdan keyin Bosit raisning nazariga tushgan edi, juda keragida koriga yaragandi o‘ziyam. Boyagi yili shikoyat qilgan cho‘ponning gaplarini yolg‘onga chiqarib, bu ham ozlik qilgandek, bosh og‘riq dardi bor deyilgan tushuntirish xatiga o‘z odamlarining imzosini qo‘ydirib chiqqan. Shu tariqa cho‘ponning ishi barbod bo‘lib, hamma da’vosi chippakka chiqqan. Buni unutib bo‘larmidi?
Balki qalbining ich-ichida zarradek iymoni bo‘lsa, “Tavba, oqning oq ekanligini ko‘rib turib, bu qora, deydigan zamon kelganmi?,..” degan xoriqulodda o‘yga ham tolgandir. Chin so‘zni so‘zlab, vijdon amriga quloq tutib, bunday o‘yga kelish-kelmasligi dargumon. Ayni zamonda motamxonaning bosh qahramoni bo‘lmish marhumning “katta” o‘g‘lining nazariga ilindimi, nazari tushsa, ko‘nglidagi muddaosini sezdimi u, yelib-yugurib qayg‘usiga sherik bo‘layotgan bu insonga minnatdorchilik sifatida marxamat ko‘rsata oladimi? Shu alag‘da o‘ylar tinchlik bermas edi unga hozir. Shuncha odamning orasidan qabristondagi joydan xabar olib kelish uchun, unisi-bunisiga ko‘z yugurtirib chiqib, yov-yotni emas, aynan uni munosib topib yuborilishi hazilakam ishmi, bunday yumushga iqi suygan odamni yuboradi-da, o‘z odamini yuboradi-da. Shuni o‘ylaganida o‘z-o‘zidan mamnun bo‘lib, yuragi dukillab urib ketdi. Miyasida g‘ujg‘on xayollarga berilib, Mital mozorga olib boradigan yolg‘izoyoq yo‘lda otini shig‘ab borar edi.
Chunonchi, selsovet Mitalning xayoliga yana burnog‘i yilgi voqea keldi shu topda…
Unda Mital brigadir edi.
O‘sha kuni yozg‘uvchi cho‘ponning gazetaga chiqqan maqolasi raykom byurosida qaraladigan bo‘lib, u yerga ularning kolxozidan bor-yo‘g‘i uch kishini chaqirishgan edi. Biri rais aka, ikkinchisi uni gazetaga “oshiqcha yer haydatib, hukumatni aldayapti. Bu ham yetmagandek eski mozorni shudgor qildirib, makkajo‘xori ektirib tashladi”, deb yozgan cho‘pon, xo‘sh, uchinchisi kim bo‘lishi mumkin, o‘zi-da… O‘zi… U yerda Mitalning bir chora topishini bilgan, shuning uchun chaqirishgan bo‘lsa kerak. Rais akaning vaziyat chigallashganda shoshilinch qabul qilgan qarorini og‘zidan chiqishi bilanoq “Aqlingizga tasanno, aka! U yerning mozor nomi ham qolmadi. Ustamani buyursa o‘sha yerdan olamiz”, deb apil-tapil quvvatlab, turlanib-tovlanib ketmaganmidi o‘shanda? Bundan tashqari yozg‘uvchi cho‘ponning boshida dardi bor, deb ikki-uch qayta rayonga tushuntirish xati yuborgan ham o‘zi emasmidi? Aytarli, uning rayonga chaqirilishi ham bejiz emas, kosa tagida nimkosasi bor. Biroq, eshiklariga charm qoplangan qabulxonada turganida, ichkarida taqdiri yechilayotgan rais akaning bu ishiga so‘ppaytib bir o‘zini chaqirtirishganidan ko‘ngli bir baloni sezdi. “Nega meni? Nega bir o‘zimni chaqirishdi?” Shu o‘y kallasidan ketmay, kiraverishdagi xonada o‘tirarkan, yuragi taka-puka bo‘la boshladi. Bandasining boshiga bir mushkul tushsa, zehniga olamjahon xayollar kelib-ketar ekan. Mital ham o‘sha kuni, ichkariga chaqirilgunicha, ne xayollarga bormadi, ne jo‘yali tadbirlarni tusmollamadi deysiz. Ichini it tatalar, muhmal savollar butun a’zoi badanini esankiratardi. Bir tomondan bunga tushunmay, har xayolga bordi. “Nega meni chaqirishdi? Guvohlik beradigan odam to‘lib yotibdi-ku! Yo‘q, bu yerda bir gap bor. Bir gap borga o‘xshaydi? Kimni yoqlab chiqay? Anovi yozg‘uvchi cho‘ponnimi? Tfu! Anoyisi bor ekan-da a?! Qo‘lidan nima ham kelardi. Bor-yo‘g‘i bir cho‘pon, o‘sha-o‘sha cho‘pon-da. O‘zining kim ekanligiga qaramay, raisga osilib olganini ko‘r buning. Aytgan gaplariga o‘lging keladi! Apititti aynitib… Haqiqatni ro‘yi-rost bilgisi kelayotgan emish, ko‘z o‘ngida bo‘layotgan ko‘zbo‘yamachiliklarga chiday olmayotgan emish, qistaloq! Bu yalang‘och botir qayoqdan paydo bo‘ldi o‘zi? O‘lolmay o‘lan aytadi-ya. Qachondan beri bu haqiqat deganlari arzlanuvchilar tomonga og‘ib ketgan? “Hukumatni aldab”,.. degan so‘zi-chi uning, eshitib ko‘ngling ayniydi. Nima bo‘libdi shunga! Ishning ko‘zini bilsang unna, oxirida barmoq tishlab qolma, degan gap bor.
Bizdan “hukumatni aldanib qolar emish”, topibsan gapni ham. Men rais akamni chuv tushirarmidim? Men, a? Kim shunday desa, bekorlarni aytibdi! Bunaqa paytda erkakcha gapirish kerak. Yolg‘on gapirsang ham, ortidagi rosti ko‘rinib turishi kerak, o‘z so‘zingdan qaytmay turishing kerak! Aytganingdan qolmay yiqilishing kerak! Qanday deb o‘ylasang, shunday bo‘ladi! Bo‘ldi endi! Aytadigan gapim tap-tayyor!..” Mital o‘ylanib o‘yiga yeta olmay o‘tirganida, charm eshik ochilib ko‘zoynak taqqan ayolning boshi ko‘rindi:
— Kiring…
Ko‘zoynakli ayol mayin so‘zlasa ham, Mitalga bir falokatdan so‘z ochgandek yuragi orqaga tortib ketdi. Ko‘krak qafasi duk-duk urayotgan yuragining hapriqishidan bo‘g‘riqqanicha, charm eshikdan o‘tib ichkariga kirdi. Ko‘z oldi xiralashib, bu yerda yig‘ilgan besh-olti odamning salobati bosib, ularni durustroq taniy olmadi. Odamlarning salobati shunchalik ta’sir o‘tkazishini u o‘shanda sezgan edi. O‘tirganlarga asta ko‘z yugurtirib, birma-bir taniy boshladi. Uzun stolning bosh tomonidagisi rayonning kattasi Asanakun Shamiratovich, uning ro‘parasidagi uch-to‘rttasini aniq taniy olmadi. Berida, o‘ziga yaqinroqda qovog‘i solinib raisning o‘zi o‘tirardi. Ikkovining ko‘zi to‘qnashganida Mital raisning nigohidan shularni uqdi: “Bo‘sh kelma, hammasi joyida, ukam! Boya aytgan so‘zlaringni qalashtirib tashla, shu bilan hammasi hal bo‘ladi. O‘zing aytgandek, ana xolos, pishdi gilos.” Mital ham ko‘zi bilan “javob berdi”: “Aka, men lafzimdan tonarmidim? Gapning qalovini o‘zim topib olaman. Martabangiz baland bo‘lsin, akam!O‘sha yozg‘uvchining gapidan yiqilib qolsak, tamom bo‘lgan ekanmiz-da! Onasini uchqo‘rg‘onda ko‘rsatamiz hali! Sizning kim ekanligingizni bilmadi, shekilli? Bilib oladi hali. Shundan keyin ham qo‘liga davotqalam olib ko‘rsinchi! Boplaymiz, aka, buni hozir boplaymiz!” Arzgo‘y cho‘ponning shu yerda aftodahol, tarvuzi qo‘ltig‘idan tushib o‘tirganini Mital fahmladi. Cho‘ponning gapi inobatga o‘tmagani boyoqishning rangi-ro‘yidan ma’lum edi. Endi o‘ziga so‘z berilib, boya ipga tizgan so‘zini tiliga chiqaradigan bo‘lsa, cho‘ponning ishi pachava edi. O‘shanda nima qilar ekan, sho‘rlik. Mital oldindan buni sezib turardi. “Shunday bo‘lishini bilar ekansan, ko‘rpangga qarab oyoq uzatmaysanmi, yalang‘och botirim! Tanqid qilish mumkin, desa tanqid qilib, el ko‘zicha chechan bo‘lmoqchi eding, shekilli? Raisni kim ekanligini mana endi ko‘rasan, yetti ajdodingni o‘rnidan qo‘zg‘atib yuboradi. Qarab tur! O‘z o‘rningni, holingni bilmay turib, martabali zotga tosh otish qanday bo‘lishini endi ko‘rasan. Tosh emas, zambarak bilan otsang ham o‘rnidan qo‘zg‘almaydigan vallomat bu rais!
Tanqid qilgan emishlar bu kishi, o‘zining kim ekanligini bilmay turib! Xudo ursin, shunday odamlarga umuman tushunmayman. Pashshadan fil yasashvolib…” Mitalning xayolidan shu xusumatli so‘zlar yalt etib o‘tdi.
— O‘tiring. – To‘rda o‘tirgan Asanakun Shamiratovich uzun stolning etagidagi o‘rindiqqa bosh irg‘adi. – O‘tiring…
— Yo‘q. Rahmat, shunday turaveraman. – Savolga javob berilayotganda turib so‘zlash lozimligini u yaxshi bilar edi, tavoze yuzasidan tashakkur bildib qo‘ydi. O‘zini bular bilan tengday sanab, anovi madaniyat degandan zig‘ircha xabari yo‘q cho‘pon singari yalpayib o‘tirib olsinmi endi. Bu gurungmidi, byuro deydi buni. Buni o‘zi fahmlab oldi axir.
— O‘zingizga ma’lum bo‘lganidek, rayon gazetasiga chiqqan, — dedi Asanakun Shamiratovich, gapini aniq dalillash maqsadida oldidagi qog‘ozga ko‘z qirini tashlab, maqolaning nomini atadi. — “Sharif yerning sharafini buzganlar” degan tanqidiy maqolani muhokama qilmoqdamiz. Bu maqolani yozgan o‘rtoq, — u biroz tin olib cho‘ponga ishora qilib qo‘ydi, — sizlarning xo‘jaligingizda oshiqcha yer haydalib, ko‘zbo‘yamachilikka qilindi, degan faktlarni keltiryapti. Siz maqolani o‘qigan chiqarsiz, lekin shunday bo‘lsa ham, ayrim yerlari bilan tanishtirib ketayin.
Maqolada shunday deyilgan: Kolxozimiz rayondagi eng ilg‘or xo‘jaliklardan biri. Yil sayin birinchi o‘rinni egallab, hech bir xo‘jalikni oldinga o‘tkazmadi. Mamlakat miqyosida planni eng avval bajarib, dovrug‘imiz butun respublikaga taraldi. Gazeta-jurnallar biz haqimizda yoza boshladilar. Biroq bizning kolxoz o‘sha mo‘l hosilni qaysi yo‘l bilan olyapti. Bu muvaffaqiyatlarning siri nimada? Bunisi bilan hech kim qiziqmadi. Haqiqatni ro‘yi-rost ochib tashlab aytadigan bo‘lsak, bu ilg‘orlikning bari ko‘zbo‘yamachilik bilan amalga oshirilyapti. Mamlakatni aldash bilan yuzaga kelyapti. Nomma-nom aytadigan bo‘lsam, “Qo‘sh-Tepa” degan yerga qayroqi ekin ekishdi. Bultur bo‘lsa suv omborining yonidagi eski mozorni tekislab tashlab, makkajo‘xori sepishdi. Bu nima degan ish? Axir u yerda ota-bobolarimizning xoki bor-ku, muqaddas yerni buzib, jo‘hori sepishlariga kim ruxsat berdi? Mamlakatni aldayotgani kamlik qilgandek, bunday qabohatga qo‘l urganini qanday izohlasa bo‘ladi?” – deb yozibdi bizning o‘rtoq. — Katta shu o‘tirgan yerida doklad o‘qiyotgandek, Asanakun Shamiratovichning ovozi shu yerga kelganida urg‘u berdi. Yana bir bor cho‘ponga qarab bosh irg‘ab qo‘ydi. – Shu,.. jo‘hori ekilgan yerlar maqolada yozilishicha, sizning bridangizga qarashli ekan. Sizning tushuntirish xatingizda esa unday yer mutlaqo yo‘q, deb yozilibdi. Kimga ishonsak ekan endi?..
— Tushuntirish xatimda rostdan ham shunday deb bayonot berganman. – dedi Mital bir yo‘talib olib.- Hozir ham shu so‘zimdan tonmayman.
Makkajo‘xori ekilgan yerlarimiz hisoblangan. Bundan ikki yil burun tanoblab o‘lchab chiqqanmiz. qancha gektar yer bo‘lsa, o‘shandan hosil olyapmiz.Gapimga ishonmasangiz, ana, raisning o‘zi aytsin, u ham shu yerda-ku…
Rais salobat bilan hech narsadan xabari yo‘q kishidek bosh irg‘ab qo‘ydi: — To‘g‘ri, to‘g‘ri. Gapi rost. Avvalgina emas, bu yili ham o‘lchab chiqqanmiz o‘z qo‘limiz bilan. Bu kishi kolxozimizning ilg‘or brigadirlaridan biri. Shu paytgacha oldiga hech kimni tushirgani yo‘q. Bultur, — Bosit rais so‘zini Asanakun Shamiratovichga qarab davom ettirdi, — O‘z qo‘lingiz bilan yorliq bergansiz. Esingizda bordir…
U kishi esimda degandek qilib bosh silkidi.
— Xo‘sh, eski mozorchi, mozor, — o‘tirgan yerida qo‘zg‘alib qo‘ydi cho‘pon ikki qo‘lini tizzasiga niqtab, ko‘zlari allanechuk yonib. Uning basharasiga qarashi bilan brigadir ham sarosimaga tushib, ham bir baloni boshlamasin, deya xavotirlanib turdi. “Buni qarab qo‘y”, deb ichidan o‘tkazdi, “xuddi isyonkordek o‘tirgan yerida do‘q urishini. Sening so‘zingni kim inobatga olyapti o‘zi?” deb yozg‘irdi Mital buyoqda. Cho‘pon esa tars-tars gapini davom ettirdi: — Tekislab, jo‘hori sepganinglar yolg‘onmi? Qo‘sh-Tepa haqida nima deysizlar?.. Avvalgilar emish…
— Mozorga hech kimning qo‘li tekkan emas. O‘ylab gapir, — rais o‘tirgan yerida bir yutinib olib, cho‘ponga qovoq uyib qaradi, sendan hech kim so‘ramayapti bu yerda, bildingmi?!
— Mozorning muddati allaqachon bitgan! – Cho‘pon endi o‘rindiqdan ko‘tarilib, ikki ko‘zini tangadek qilib, sud majlisidagi qoralovchidek o‘ktam gapirdi. Uning boyadan beri yer chizib o‘tirgan iyagi ko‘tarilib, ko‘zlaridan o‘t chaqnadi. Katta-katta ochilgan ko‘zlarida haybat bor edi. Cho‘ponning bunchalik jon kuydirib, yon bermay o‘jarlik bilan gapida turib olishi bejizga emas edi. Buning sababi boshqa yoqda edi. Bu sirni faqat ikki kishi bilar edi shu yerdagilardan. Biri tan olmayotgan rais, ikkinchisi mana bu muttaham brigadir. O‘z haqiqatini himoya qilaman, deb o‘zini o‘tga-cho‘qqa urayotgan bu haqparvarning kuchi qayoqqa yetar ekan? Bu yerda o‘tirganlar kichkina odamlar emas-ku? Anoyi odamlar emas. – Makkajo‘xori ekamizmi, uy solamizmi, kulini ko‘kka sovuramizmi, bu bizning ishimiz, degan kim edi?! Siz emasmi, o‘rtoq rais?
— Men, men aytganman! So‘zimdan tonmayman, bildingmi! – Rais bu safar yon berib aytgan so‘zini bo‘yniga oldi. Lekin gap tarnovini boshqa tarafga burishda ustasi farang edi bu odam.- Jahl ustida aytib yuborganman… Nima qilibdi shunga? Biroq, shuni bilib qo‘y: u yerga enamdan qolgan ekinimni ekkanim yo‘q. Davlatnikini ekdim, davlatnikini! U yer hozir mozor emas, bilsang?! Sen bilganni biz ham bilamiz! Sendan ikkita ko‘p ko‘ylak yirtganmiz. Muddati bitgan o‘sha yer…
— Mamlakatni dastak qilib, xayolingizga kelgan hamma narsani qilaverishga kim ruxsat berdi sizlarga?
Cho‘pon ovozini balandlatib, olovlanib gapirdi. – Hukumatni talab, aldab yurganingiz bilan hech kimning ishi yo‘q. Ko‘rib-bilib turib, mening vijdonim chidamayapti. Shuning uchun yozdim men! Hech bo‘lmasa o‘tganlarning ruhini hurmat qilib, mozorni tinch qo‘ysanglar bo‘lmasmidi? Yo‘q, unday qilmanglar! Bu o‘ta qabih ish, gunoh-ku,.. gunoh?..
— Senga nima? – endi raisning jini qo‘zib, qaynagan qoni yuziga tepib chiqdi.- Hukumatning planini to‘ldirmaslik gunoh emasmi? Omiligingdan aqling shunga yetmayapti-ku! Bo‘lganda siyosatga farosating yetmaydi sening!
— To‘ldirish kerak. – Cho‘pon endi birato‘la dahanaki jangga o‘tib oldi. Bu yerda yig‘ilganlar ham ikkisiga angrayib, so‘z navbati kelgan brigadirni eslaridan chiqarib qo‘ydilar. – Biroq qanday qilib?.. Qanday qilib?!
— Qanday qilib deysanmi? – Bosit rais uning gapini og‘zidan olib. — Shuning bari sen aytgan narsaga borib taqalyapti-da! Buni qayerdan ham bilarding? Yerga tosh tashlab ko‘rgan odammiding sen? Ekin ekish, don yig‘ish “qayt” deya qo‘yga qarab qichqirishdek oson ish emas, bilib qo‘y! Esingda bo‘lsin: plan to‘ldirsang, qayoqdan to‘ldirding, deyilmaydi. Shuningdek, to‘ldirmasang ham nega to‘ldirmading, deyilmaydi. Buning osmon bilan yerdek farqi bor. Gap bitta – to‘ldirish kerak, tamom-vassalom! Qanday, qayoqdan to‘ldiramiz, bu bizning ishimiz. – Shu yerga yetganda Bosit gapini mix qoqqandek dona-dona qilib gapirdi. – Shaxsiy ishimiz!
— Biroq, bir narsani esingizdan chiqarmang, — cho‘pon ham osonlikcha yon beray demas, hozir ham jahl bilan gapini davom ettirdi: — Plan deb, tabarruk yerni oyoqosti qilishingiz insoniylikka to‘g‘ri kelmaydi aslo…
— Vijdonni pesh qilib, nafsoniyatimga tegma sen! Vijdon degan tumtaroq so‘zingga hech kim non botirib yemaydi bu yerda! Hech kim!..
Ko‘z o‘ngidagi dahanaki jangning pallasi qaysi tomonga og‘ayotganini Mital byurigadir darrov fahmladi. Tarozi pallasi cho‘ponning ziyoniga qiyshaysa, sho‘rining qurigani shu emasmi? Lekin cho‘pon pinagini ham buzmadi. Xullas, shu yerda o‘tirganlar uchun umuman qizig‘i bo‘lmagan bu mubohasaning jilovini o‘z qo‘liga olib, suvdan quruq chiqib olishi kerak. Eng avvval burro-burro so‘zlayotgan mana bu noshudning da’volarini bir pul qilib, xafsalasini pir qilib qo‘yish zarur. Inchunin, u cho‘pon haqida bilgan bor ig‘volarni hozir holi o‘tirgan paytida yana bir qur ko‘pirtirib-bo‘rttirib yodiga tizib oldi. Shunday qilmasa, vaziyat chigallashib ketyapti. Byuroga kirgan zahoti Bosit raisning quv ko‘z qarashidan uqqanlari xotiridan ko‘tarila boshladi. Bu ish osonlikcha hal bo‘lmaydiganga o‘xshaydi. Gapning ochig‘i, Mital ham o‘ziga yetguncha mumsik odam, manavi cho‘ponning ko‘p mashmashalaridan xabardor. Buyoqqa yetgunicha tekey terib yuribmidi? Bu dunyoda kimsani yomonotliq qilishdan oson ish yo‘q, quloq ham eldan duv-duv taragan gaplarni yig‘ib yuraveradi. Shuni aytsinmi hozir, hozir aytmasa, qachon aytadi?.. Qachon?.. Hozirgidek o‘tgan-ketgan ishlarni kovlashtirib, birga ikkini qo‘shib aytaversa, axir, ilgaridan ayg‘oqchilik qilib yuradi-ku. Muhimi, qulay fursatni qo‘ldan boy bermay, temirni qizig‘ida bosib olishi kerak… Aytadigan gaplarini bir-bir xayolidan o‘tkazdi.
Mana hozir gap boshlaydi, hozir…
— O‘rtoqlar! – Asanakun Shamiratovich bahs keskinlasha boshlaganidan so‘ng tinchlaninglar, degandek, oldidagi grafinni qo‘lidagi qalami bilan taqillatib qo‘ydi.- Tartib saqlanglar. Bu yer byuro, navbati bilan gapirishimiz kerak. Sizlarning gapingizni eshitdik, hammasi tushunarli. Endi brigadirni eshitsak. Bu kishining so‘zini bo‘lmasligingizni iltimos qilaman. Xo‘sh, gapiring, qulog‘imiz sizda.
— Gapning indallosini aytadigan bo‘lsam, bu cho‘ponning da’volari qip-qizil tuhmat. – shartta gap boshladi Mital ko‘zlari yolqinlanib, qarshisida o‘tirganlarga bir-bir qarab oldi. Ko‘zi birinchi bo‘lib Bosit raisga tushdi. Yana uning ko‘zlaridagi fikrni uqib oldi: “O, lochinim, halitdan beri shuni aytmaysanmi, ayt, aytaver, savalab tashla buni, ii…” – deb uning dimog‘ini ko‘targan bo‘lsa, to‘rda o‘tirgan Shamiratovichning qiyofasi ham “Mana endi o‘zingga kelding. Boya gapirishing kerak edi o‘zi. Eplab buni “tinchitaylik” desak, osonlikcha gapga ko‘nmayapti. Amallab og‘zini yopmasak, ertaga yuqoriga borib yurmasin. Illo, shunday qilsa, sizlarning kolxozingizgina emas, butun rayonning pachavasi chiqadi. Gapiraver, byuro eshitib qo‘ysin…” – degandek sezildi unga. Bunday fursat kelsa, brigadir otasini ham ayamay gapiradi-ya. – Ha, bu bo‘hton! Turgan-bitgani bo‘hton!
Bundan tashqari, bu kishining boshida dardi bor, dardi. Ishonmasangiz o‘zidan so‘rang, so‘rang o‘zidan. Gapim yolg‘on bo‘lsa, mana, o‘zi aytsin… Ayt?..
— Gaping rost. – Cho‘pon buni tan oldi. – Boshim og‘riydi. Lekin boshimdagi dardning, umuman, dardning nima aloqasi bor bu masalaga?
— Bor, albatta! Bo‘lmasam-chi! – Mital darrov gapning jilovini qo‘liga oldi. So‘zidan tutdimi, endi yiqitmasdan qo‘ymaydi. – Bosh og‘rig‘i tutganda senga o‘xshaganlar yozaverishsa, biz ishlaymizmi, yo‘qmi? Xo‘sh?.. O‘rtoqlar! – Qirg‘oqqa urilgan to‘lqindek hammaga bir murojaat qilib qo‘ydi-da, ko‘zlagan cho‘qqisi yaqinlashib qolgani misol, yana so‘ziga yopishdi. – Kimga ishonyapmiz o‘zi! Aytinglar-chi?! Boshida illati bor yozg‘uvchigami? Yoki? Bizga o‘xshab kallai sahardan dalada yurgan dehqongami?..
— Haqiqatga ishonish kerak? – Cho‘pon Mitalning gapini bo‘ldi. – Haqiqatga…
— Qayerda sening o‘sha haqiqating? – cho‘rt kesdi Mital. – O‘zing qo‘l urmaysan, bu ham yetmagandek, boshqalar jon olib-jon berib planni bajarishayotsa, ularning ustidan “davlatni aldayapti” deb yozgan bo‘hton arzingdami? Qayerda yana?
— Ko‘ksimda…
— Ko‘kragingga urib vaj to‘qima. Senga o‘xshagan o‘pkasi yo‘q hovliqmalarning “vijdon”, “haqiqat”, “iymon” degan so‘zlardan tikib olgan choponing issiqlik bermaydi. Shu so‘zlarningni isbotlaydigan nimang bor o‘zi, a? Nimang bor? Hech tiyilmaydigan tiling va o‘tkir qalaming?.. Shu sening bor-yo‘q haqiqating! Shu!
Mital endi tobiga kelib, qizishib, tutaqa boshladi. Buni ko‘rgan raisning chehrasi yorishib, ko‘ngli joyiga tushdi. Mital esa olovga moy sepgandek qizishib borardi.
— O‘sha haqiqating sening ko‘kragingda bo‘lsa,.. – U ko‘krak cho‘ntagidan biletini olib, byuro a’zolari o‘tirgan stolning ustiga tashladi. Bu harakati taftish qilinayotgan masala g‘oyasini dabdurustdan boshqa tomonga burib yuborishning yagona chorasi edi. Bosit rais Mitalni bugun ko‘rib turgandek baqrayib qoldi. Ichidan toshib chiqqan quvonchini arang yashirardi rais. Boshqasidan kutsa ham, Mitaldan kutmagandi buni. “O, azamatim, nishonga urding o‘ziyam. Bir balodan qutqaradigan bo‘lding meni… Attang, attang,.. bunday ekanligingni avval bilmagan ekanman. Meni g‘aflat bosib, senga bir nazar ham solmabman, attang?.. Hali shoshma, men ham qaytaraman bir kuni,” deb ko‘ngli iyib, hayajondan eti jimirlab ketdi.
— Mana meniki! Mana, mening haqiqatim! Shu mening iymonim, vijdonim! Yolg‘on gapirsam, shu yerda yozilgan ismimni o‘chirib tashlanglar! O‘tinib so‘rayman sizlardan…
Asanakun Shamirotovich ham, berigi byuro a’zolari ham, o‘ziga yaqin o‘tirgan Bosit rais ham – hammalari angrayib, lom-mim deyisholmay qoldi. Gapi nishonga borib tegdi, shekilli. O‘rtaga cho‘kkan jimlik cho‘zilib, hammalarining nafasi ichiga tushdi. Qani, kim nima der ekan? Shu fikrni xayolidan o‘tkazdi. Bunday fursatda nima deyish joizligini rais biladi, chunonchi, indamay o‘tirish durust emas. Aytish kerak, balandparvoz qilib gapni do‘ndirgisi keldi. Mitalning gapiga muqoyasa qilib, rais ham chertib-chertib so‘z boshladi.
— Haq so‘z, — Bosit sapchib o‘rnidan turdi. – O‘rtoq byuro a’zolari, agar bizning aytganlarimiz haqiqat ekanligiga ishonmasangiz, mening ham nomimni o‘chirib qo‘yinglar. Haqiqat biz uchun bitta – mana u! – deya o‘zining ko‘krak cho‘ntagidagi biletini olib ko‘rsatdi. – Holbuki, “haqiqatim ko‘kragimda” deb bong urayotganlarning dalili qatori birorta hujjati bo‘lmasa, nimasiga ishonamiz? Ko‘ksigami?..
— O‘sha ko‘ksingda haqiqat bo‘lmas ekan, bu hujjating bir pulga arzimaydi, — cho‘pon darrov uning so‘zini oldi. – Hech narsaga…
— O‘rtoq, — deya Asanakun Shamiratovich stolga ikki qo‘li bilan tayanib o‘rnidan turarkan, qalin qoshlari ko‘zini bosib, qo‘lini havolatib, salobat bilan so‘z boshladi. – Siz o‘ylab gapiring. Bunga, — ko‘rsatkich barmog‘i bilan Mitalning biletiga ishora qildi, — hech kim haqorat qilolmaydi, shuni bilib qo‘ying. Fahmiga bormay gapirib qo‘ysangiz, kerakli yerda javob berib qolishingiz mumkin. Bilib qo‘ying, — shu so‘zga kelganida ovozi keskinlashdi, — sizning ko‘kragingiz biz uchun mavhum tushuncha, lekin mana buni hujjat deydilar, huj-jat. Demak bu mavjud, muayyan narsa, — u biroz tin olib, chetda turgan brigadirga qayrildi. – Shunday qilib, rayon gazetasiga yozilgan barcha tafsilot yolg‘on, demoqchisiz, shekilli? Shundaymi?!
— To‘g‘ri, — dedi Mital, — hammasi yolg‘on.
— O‘rtoqlar, oramizda o‘sha maqolani bosib chiqargan muharrir ham o‘tiribdi. U nima der ekan? U kishining ham fikrini eshitib ko‘raylik. – Berigi burchakda o‘tirgan basavlat kishi o‘rnidan qo‘zg‘alganda pishillagani besh-olti qadam nariga ham eshitilib turdi. U Asanakun Shamiratovichning so‘zi tugamasdan o‘rnidan turib oldi. – O‘rtoq muharrir, gazetangizda chop etilgan maqoladagi tafsilotlarni inkor qilishyapti. Bu masala bo‘yicha bizga bir necha xat kelib tushgan. Hammasidan xabardormiz. – Qo‘lida tutib turgan xatlarni ko‘rsatib gapida davom etdi. – Hammalarining gapi bir yerdan chiqyapti. Siz qaysi asosga tayanib, bu maqolaning bosilishiga yo‘l qo‘ydingiz? Shuni tushuntirib bering-chi?..
— Birinchidan, u paytda men otpuskada edim, o‘rtoqlar, — ovozi bo‘g‘ilib chiqqan muharrirning peshonasiga ter tepchib chiqdi. – Ikkinchidan, maqolaga imzo chekkan emasman. O‘rinbosarimning imzosi bilan chop etilgan. Bizga ham maqola to‘g‘ri emas, degan besh-oltita xat kelgan…
— Demak, kelgan qo‘lyozmalarning barini tekshirib-netib o‘tirmay bosaverar ekansizlar-da? Bu nima degan mas’uliyatsizlik, o‘rtoq muharrir? Mana, sizlarning ish uslubingiz, mana!..
— Men… Men otpuska… – Muharrir chaynalib qoldi. – O‘rinbosarim ko‘rib chiqib chop etgan emish…
— O‘rtoq muharrir, bu yerda byuro majlisi ketyati, — Asanakun Shamiratovichning tusi o‘zgardi.
Bu gapidan ham sezilib turar edi. – Qaytarib aytaman, byuro. Emish-pemish degan so‘zingizni boshqa joyda aytasiz. Mana “emish”laringizning oqibati. Shuning o‘zidan ko‘rinib turibdi ishga bo‘lgan befarqligingiz, siyqa ish jarayoningiz? Gapingizni aniq ayting, ko‘ribmi, yoki ko‘rgan emishmi?
Go‘shtdor muharrirning peshonasi terlab ketdi. Pishillagan nafasi kuchayib, hammaga eshitila boshladi. – A-niq bil-may tu rib man… – Ayb ish qilgan o‘quvchidan battar ko‘zlarini javdiratib, Asanakun Shamiratovichga bir boshqacha qarab oldi. – Aniqlab, javobini aytaman. Ammo, — muharrir unutgan narsasini topib olgandek jonlandi. – Bu masalada o‘zimiz ham majlis o‘tkazib, o‘rinbosarga so‘nggi martta hayfsan e’lon qilganmiz…
— Hayfsan emas, unga aslida mukofot berilishi kerak… – cho‘pon o‘rtadan chiqib gapga aralashdi.
— Qaysi ishiga? – byuro a’zolaridan biri luqma tashladi.
— Haqiqatni e’lon qilganiga…
— Birovi tog‘dan kelsa, bu bog‘dan keladi-da? – Bosit raisni badaniga ilon o‘rmalagandek, noxush kayfiyat chulg‘ab oldi. – Bosh og‘rig‘ing tutib qoldimi yo?
Tutmagandachi. – Qulay fursatdan foydalanib, yon cho‘ntagidan qush tilidek xat chiqardi Mital. — Doktorning muhri bosilgan mana bu qog‘ozni e’tiboringizga havola qilaman, ko‘rib qo‘yinglar! – Tomdan tarasha tushgandek qilib, hammaga murojaat qildi. – Miyasida illati bor ekanligiga mana endi ishonasizlar. O‘qib ko‘ringlar, doktor o‘zi tasdiqlab bergan.
Agar illati bo‘lmaganida, oliygohni tashlab kelib, tog‘da qo‘y boqarmidi? O‘sha xastaligining kasofatidan o‘qishdan ham haydalgan shekilli bu! Shu rostmi? Ayt, agar yolg‘on aytgan bo‘lsam?!
— Shu gap rostmi, ayting. – Cho‘ponga savolomuz qaradi shu yerda o‘tirgan ayol. – To‘g‘rimi Shu?..
— To‘g‘ri. Biroq buning nima keragi bor bu yerda? Gap mening kasalim haqida ketyapti, o‘qishni tashlaganim haqida emas-ku axir. – Cho‘pon talmovsiradi. – Gap boshqa mavzuda ketyapti,.. boshqa…
— Gapni boshqa yoqqa burmang! – dedi qo‘lini pahsa qilib Asanakun Shamiratovich, — yozishga yozib olib, endi aynimoqchimisiz? Rayonimizning og‘irini yengil qilib turgan raisni yomonotliq qilib, endi chetga chiqmoqchimisiz? Yo‘-o‘q, o‘rtoq, bu qilig‘ingiz o‘tmaydi.Kolxozning plani to‘lmay qolsa, raykomning oldida javob beradi. Agar rayonning plani to‘lmay qolsa, oblastning oldida javob beradi. Shuni tushunib oling. Har kimning hisobot topshiradigan yeri bor.
— Kechirasiz, haligi, o‘rnidan qo‘zg‘atilib, hoki oyoqosti qilingan ota-bobolarning oldida kim javob beradi? Kim? – Cho‘g‘ ustida o‘tirgandek, cho‘pon kuyib- pishib ketdi. – Kim?
— O‘rtoq, bunchalik balandparvoz gapirib, betga sapchimang. Bizning ham ancha-muncha ishlardan xabarimiz bor. – Asanakun Shamiratovichning ovozi yumshab, xushmuomalalik bilan gapida davom etdi. – Siz nima? Mana shu mening oyog‘im, sizning oyog‘ingiz bosib turgan shu qora tuproq “tuproq” deb o‘ylaysizmi?
Ehtimol, oyog‘imiz ostida toptalayotgan shu tuproq ham allazamonda chirib bitgan bobolarimizning jasadi bo‘lib chiqar? Xo‘sh, shunga nima qilish kerak? Aytinglarchi? – U jahl bilan davom etdi. Demak, sizning gapingizga qo‘shilsak, bu yerda ham ikkovimiz turmasligimiz kerak, shundaymi? Yerning hammasi muqaddas! Shunday qilaversak, ekinni qayerga ekib, planni qayerdan to‘ldiramiz? Xalqni qanday ta’minlaymiz? Buni kim bo‘yniga oladi?! – Gapining shu yerida og‘zidan tupugi sachrab ketdi. – Kim javob beradi. Sizmi? Yoki yoshini yashab, oshini oshab o‘tgan ota-bobongizmi?.. Ayting?.. Yo‘-o‘q, bunga javob berolmaysiz. Bilasiz, o‘rtoq, boshingnizni qayerga ishlatishni, qayerga ishlatmaslikni. Hamma gap mening boshimdami, deyishingizni qarang yana. Ha, o‘rtoq, gap sizning boshingizda, sizga o‘xshaganlarning boshida. Shu boshingizni bir taftish qilib ko‘rish kerak. Qanaqa kletkalar, o‘sha kletkalarda qanday fikrlar bor ekan. Biz shuni bilishimiz kerak, bildingizmi? To‘g‘ri aytyapman, o‘rtoqlar, to‘g‘ri, bu so‘zlar hazil emas. Birimiz jon koyitib, ertayu kech yer tirmalab, planni to‘ldirish payidamiz, birimiz esa “hukumat aldanyapti”, deb urib chiqsak, to‘g‘ri keladimi shu? Sizlardan so‘rayapman, to‘g‘rimi shu? – Bu yerda o‘tirganlarning nafasi ichiga tushib, miq etishmadi. – Hech biring indamaysan, demak noto‘g‘ri bu, noto‘g‘ri! Gap bitta! Xo‘sh, endi, — u cho‘ponga yeb qo‘ygudek bo‘lib qaradi, — sizning yozganlaringiz mutlaqo asossiz. Uni mana bu xatlar ham isbotlab turibdi, — qo‘lidagi besh-oltita xatni ko‘rsatdi. – Bir safar sizga saboq bo‘lsin, deb ogohlantirish beramiz. Agar ikkinchi marta qaytarilib qolsa, unda kechirilmaysiz. Javobgarchilikka tortamiz…
— Javobgarchilikka tortishingizni iltimos qilaman, — Bosit rais jonlandi. Masala o‘z foydasiga hal bo‘layotganidan foydalanib, o‘z talabini o‘rtaga tashladi. – Javob bersin!..
— Ha, javob berishi kerak. – Mital ham jim o‘tirmay, raisning gapini quvvatladi. – Saboq olsin!
— Shoshilmang, o‘rtoqlar. – Asanakun Shamiratovich ikkovini tinchlantirdi. Har bir narsaning o‘z vaqti-soati bor. Birinchi safar kechiraylik, ikkinchisida kechira olmaymiz. Balki shuning o‘zidan xulosa chiqargandir, so‘z beraylik. Xo‘-o‘sh, qulog‘imiz sizda…
— Gapirib nima qilaman? – tarvuzi qo‘ltig‘idan tushgan cho‘pon bu safar ham ko‘nglidagi gapini yashira olmadi. – Oqning oq ekanligini ko‘ra-bila turib, qora deya olmayman, qoraning qora ekanligini ko‘rib turib, oq deya olmayman. Kechirasizlar, bunday itlik qilmayman men. Bunga iymonim yo‘l beramaydi.
— Iymon? – Asanakun Shamiratovich cho‘ponni tergay boshlaydi. – Iymon nima? Uni dastak qilish oson-da a? Har kimning iymoni har boshqa bo‘ladi, chunonchi, bu har-xil tushuncha. Iymon biz uchun ish, plan, topshiriq oldingmi, bajaramiz, iymonimiz pok. Shu bizning iymon bo‘ladi.
— Kechirasizlar, men bilgan iymon boshqa, — deb hafsalasi pir bo‘lgan cho‘pon bu yerdagilarning hech biriga qaramay, charm eshikni ochib tashqariga chiqib ketgan.
Charm eshik qars etib yopilganda olag‘ovurga to‘lib ketgan kabinet suv quygandek jimlikka cho‘mib, kattalarning so‘zini olmagan o‘jar cho‘ponning og‘zidan chiqqan qaltis so‘zlar davra qurib o‘tirganlarning esxonasini chiqarib yubordi. Ishning bunday tus olishini bilganida, cho‘pon bu yig‘ilishga kelib, vaqtini zoye ketkazarmidi? Yuragini kemirayotgan haqsizliklarga isyon qilib, achchiq-achchiq so‘zlarmidi? Bular yo‘g‘on daraxtdek ildizlari yetti yer ostiga o‘rnashgan, qo‘l uzatsa, qo‘llari bir yerda birikkan pixini yorgan kimsalar ekanligini bilganidan so‘ng cho‘pon yana qaysi haqiqatini irod etib kuyib-yonsin! Bilganida qani edi, zero suvni singgan yerga sep, degan matal bor-ku. Ortida kimdir orqa bo‘lib turmasa, buningdek qing‘ir ishlarini osonlikcha amalga oshirarmidi bular? Shu narsani cho‘pon avvalroq tushunmagan edi…
…Mozorga olib boradigan so‘qmoqda borayotib o‘sha yilgi voqealarni bir-bir eslab chiqdi Mital selsovet. Hammasi esida edi. U voqealarni esidan chiqarib bo‘larmidi. O‘sha byurodan keyin Bositning nazariga tushib, ko‘ngliga o‘rnashdi. Rayondan qaytishayotganda rais unga shunday degan edi: “Bugun ko‘p korimga yarading, ukam. Raykomda ham o‘zing haqingda yaxshi taassurot qoldirding. Bunga o‘xshagan o‘pkasi yo‘qlarni shunday qilib adabini berish kerak, baribir ular yaxshi gapga tushunishmaydi. Ko‘rolmay, o‘zingga tosh otishadi. Shu qat’iyatingda davom et sen endi.” Bosit raisning maqtovlari ko‘nglini ilitib, shirin xayollarga berildi Mital.
Tangri yorlaqab, mana ko‘pdan beri kutgan fursati yetib keldi- raisga manzur bo‘ldi. O‘z odamini quruq qo‘ymaydi rais, bu narsa aytmasa ham Mitalga ma’lum edi. Bu hali hech narsa emas, o‘zining raykomga manzur bo‘lganichi. Xuda yorlaqab, oshig‘i olchi bo‘lib ketadiganga o‘xshaydi. Kuni kecha yaxshi bir tush ko‘rib edi, shunisi ro‘yobga chiqib turibdi, mana. Suyunsa suyungudek ish emasmi axir. Qulog‘i qichishib, o‘zi ham bir xushxabarning daragini kutib yurgan edi shu kunlarda. O‘shanda rais unga shunday degan edi: “Aytchi, seni selsovet qilib qo‘ysam, ishni eplab keta olasanmi? U yerga seningdek yigitlar kerak. Bundoq qarasam, sendan durustrog‘i yo‘q, shekilli. Bugungiday ishlarga yarab bersang bormi, a, tez kunlarda izingda gullar ko‘karadi!” Rozi bo‘lmay nima qilsin, yuragi hovliqqanidan gurs-gurs urar edi. Darrov rozilik bildirdi. Ko‘p o‘tmay brigadirlikdan selsovetlikka ko‘tarildi. Bunga hech kim hayron bo‘lmadi. Sababi avval ilg‘or brigadir edi, ko‘tarilib selsovet bo‘libdi, deb qo‘ya qolishdi. Bu yerda rais ikkovining tuzgan qitmir rejasidan xalqning xabari yo‘q edi. Shundan keyin ikkisi orasidan qil o‘tmas darajada inoqlashib ketishdi. Ikkisining so‘zi bir yerdan chiqar, ikki yorti bir butun bo‘lib nimalarni amalga oshirmadi bular. Peshona ekan-da, Bosit raisning vafoti Mitalga ham og‘ir judolik bo‘ldi. Valine’mati edi-da u kishi. “Buyursa, pensiyaga chiqib, o‘rnimni senga beraman”, deb bir necha bor aytgan edi. Endi o‘sha so‘zni kimdan eshitadi? Kim unga aytadi? Sho‘rlik arosat vaziyatda qoldi-ku toza.
Bir safar rais shunday degan edi: “O‘rtancha o‘g‘lim rayonning birinchisi bo‘lar emish, o‘rnashib olsin, o‘zim pensiyaga chiqib, o‘rnimnin senga o‘tkazib beraman. Sen raislikdan cho‘chima, o‘g‘lim kelgandan so‘ng senga bermay, kimga ham berardim”. Shunday azmu qaror qilib yurgan kishi o‘g‘li rayonga ko‘tarilgandan ikki kun o‘tib, dorulbaqoga rihlat qilib qolmadimi. Bir-ikki kun yashab turganida o‘g‘liga dilida saqlab yurgan gaplarini aytishga ulgurib qolarmidi? Kimsaga biror og‘iz so‘z aytolmay joni uzildi, sho‘rlik. Mital selsovetning fig‘onini falakka yetkazgan qayg‘usi shu edi aslida. Og‘ir o‘ylar orasida ahyon-ahyonda “balki fursat topib, birontasiga aytgandir”, degan ilinji yilt etib, ko‘ngli yorishib qolar edi. Agar shunday bo‘lsa, u shovvoz otasining so‘zidan chiqarmidi. Xunob bo‘lgan ko‘nglida yana umid uchquni alangalay boshladi. Ishqilib, Bosit rais o‘g‘liga aytib qo‘ygan bo‘lsin, shunday bo‘lsa, o‘g‘il otasining so‘zini bajarmay qo‘ymaydi, ruhini shod qilmoq maqsadida bo‘lsa ham, vasiyatini amalga oshirarmidi. Qaniydi shunday bo‘lsa. Shu fikr Mitalga tinchlik bermas, bosh-uchi yo‘q xayollar miyasida aylanardi.Hozir bu yoqqa yuborilishini ham yaxshilikka yo‘ydi, bo‘lmasa nega o‘shancha odamning ichidan o‘zini chaqirib, joyni ko‘rib kelishga jo‘natishdi. Bejiz emas bu? O‘zimizning odam, deyishdimikan? Yoki Bosit raisning joyini ko‘rib kelishga shu odamgina loyiq, deyishdimi? Bu mushtumdek miya qurg‘urga olam-jahonning hayoli sig‘adi-ku! Shunday savollarga to‘lib-toshgan miyasi o‘zidan ikki baravar kattarib ketgandek tuyuldi Mitalga. Xo‘sh endi,.. bu o‘g‘illarini g‘am yuki ezib turgan fursatda xizmatni qiyomiga yetkazib qilib, ko‘ziga ko‘rinib olsin.
Ertalabdan beri o‘kirib yig‘lab-bo‘zlaganlari bejizgamidi, bir ilojini qilib mana bu o‘g‘illariga manzur bo‘lib olishi kerak. Ko‘z o‘ngida bo‘lib tursin. Odamning kimligi yaxshi-yomon kunda bilinadi. Eng asosiysi shu bugun koriga yarab berishi kerak…
…Kun ikki nayza bo‘yi ko‘tarilgan bo‘lsa-da, osmon yorishay demadi. Hamon qora shamol izg‘ib, havoning avzoyini battar buzishga urinardi… So‘qmoq yo‘l Mitalni mozorga olib kirishiga bir ot chopgulik masofa qoldi. Shunda oldida uch-to‘rt odamning qorasi ko‘rindi. Otiga qamchi bosib yetib borsa, kecha mashina urib ketgan bolani dafn etishga olib kelgan kishilar ekan.
Bir kunda ikki mayyit dafn etilmoqda.
Biri mana shu bola edi…
Tobut ko‘targanlar yonidan o‘tib ketayotganda Mital tovushsiz pichirladi: “Eh, bechora bola. Shunday kunda jon berib,..” deya achinib turib, o‘ylanib qoldi. Bu haligi bola-ku. Tfu! Bosit aka shu bilan bir kunda yerga beriladimi endi? Manavi tasodifni qarang! El nima deydi? Bosit akaning arvohi bunga rozi bo‘larmikan? Yer olmagan allambaloning yoniga qo‘ydinglar, deb norozi bo‘lib qolsachi? “Tfu! Buyog‘i qiziq bo‘ldi-ku! Shunday insonning tengimidi bu bola?.. Nima qilsam bo‘ladi? To‘xtatib turaymi? Jasad ko‘targanlarni to‘xtatib bo‘larmidi… To‘xtatmasam, rais akaning shu odamsiyoq bilan yonma-yon yotishi qandoq bo‘larkin?” Mital dabdurustdan ularning oldiga bordi-da, ko‘ngliga tugib qo‘ygan gaplarini aytishga yuragi betlamadi.
Qiziqqonlik qilsa, aytib yuborardi ham. Vaholanki bunday yerda bunday gaplarni aytishning o‘zi bo‘lmas ekan, tek turib qoldi u. Qiynaldi. Aytadigan so‘zmidi bu? Birdan shu o‘y kelib, ichiga kirgan tikandek badanini jimirlatib yubordi. Undan ko‘ra gaplarini qabriston qorovuli orqali yetkazishga qaror qildi. Qorovul Mitalning so‘zidan chiqmaydigan, gapini ikki qilmaydigan odam. Bir og‘iz aytsa kifoya. Ish bitdi, deyaver. Qorovul ham kajbahs odam. Aytganida turib oladi. Qo‘yib bersa, bolani emas, otasining ham murdasini kirgizmaydi go‘ristonga. Shu rejasini pishita borib, Mital otning boshini mozorga burdi.
Iyagida bug‘doyning qiltig‘idek yakkam-dukkam soqolini tikraytirib, shusiz ham cho‘zinchoq jag‘ini osiltirib olgan chillakdek chol Mitalni uzoqdan ko‘rib peshvoz chiqdi. Cholning adovati yuziga toshib chiqqan, urushqoq odam ekanligi bir qarashdayoq qiyofasidan bilinardi. Bu manzilga shunday kishini qo‘ymasa, boshqasi eplay olarmidi? Ayniqsa, xudoning bergan kuni mozorgohga mol-hol ham oralab qoladi. Ovulning bolalari tushmagurlar mollarini shu yoqqa olib kelib yoyadilar. Shularni qo‘riydi bu kishi. Bosit raisningqabrini qaziyotgan besh-olti kishiga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatib, lahadning og‘zidan tubigacha bo‘lgan o‘lchab berdi. Shuning uchun dafnga qatnashish istagida olisga ketmay turgan edi. Qishloqni ne-ne manaman degan odamlarini dafn etgan u. Kunda shu yerda ekanligidanmi, aytarli qalbida xafalik, ozorlanish deganning o‘zi bo‘lmagan. Olib kelingan begona o‘liklarga ham yuragi jiz etmagan, qiladigan ishi mayyitni qabrga qo‘yib, ikki kaftini ochib, fotiha qilib qo‘yish edi.
Boshqalardek mozorda boshini xam qilib, qayg‘uga botib o‘tirgan emas shu choqqacha. Bu xilvatgoh cholning qalbini muzlatib yuborgan, shekilli. Butun olam ag‘dar-to‘ntar bo‘lsin, unga baribir. Hammasi o‘lib ketsa, ularga joy topib berishga qudrati yetadi…
Raisning go‘ri allachon qazilib bitgan, o‘rnidan yangi qazilgan tuproqning iliq isi kelardi. Qabrdan hovur ko‘tarilar edi…
Mozor…
Mozordagi do‘ngchalar yil sayin aylantirib urilgan paxsa devor ichiga sig‘may borardi.
Yil sayin joy torayib borardi…
Odamzotning umri shu ekan, kelmagi borning ketmagi bor, deganlaridek. Bir jon mahv bo‘lsa, boshqasi yaralib, yer ustidagi hayot tarzi bir-biriga ulanib, dunyoning yolg‘oni bilan chini aralashi o‘taverar ekan, o‘taverar ekan…
Mozorning ot arava sig‘adigan darvozasiga yolg‘izoyoq so‘qmoq yo‘l bilan chiqilardi. Ko‘sa chol choponining barini ertadan beri guvillayotgan shamolda hilpiratib, yerdan bo‘rtib chiqqan do‘ngchalarni aylanib o‘tib, to‘g‘ri darvozaga olib boradigan yo‘lga chiqib, qo‘lini orqasiga qilib pildirab borayotganida, selsovet Mital bir o‘q otsa yetar yaqinlikka kelib qolgan edi. Ko‘rdi-yu, peshvoz chiqdi. “Xabar olgani kelganga o‘xshaydi”, o‘yladi chol.
-Bo‘ldinglarmi? – Mitalning bor mulozamati shu bo‘ldi. – Sizlarga qarab turibmiz…
Qazib bitganimiz qachon, — oqsoq chol so‘z qotdi.- joy ham juda yumshoq ekan, bitta tosh chiqmadi…
— Odamiga qaraydi, — dedi Mital og‘ir xo‘rsinib, xavotirlanib osmonga qarab qo‘ydi. – Bu daydi shamol buncha to‘poldon soldi, qistaloq. Kunning ko‘zini ochay demaydi. Bir baloni boshlamasa go‘rga edi, shunday kunda…
— Men ham shundan cho‘chib turibman. – oqsoq chol osmonga anqaydi. – Ertaroq qo‘yib olsak yaxshi bo‘lar edi.
— Biz ham shuning tashvishidamiz. Xabar olib kel, deb yuborishdi meni.
— Kim o‘ylabdi deysiz buni…- sirli qilib gap boshladi chol.
— nimani?..
— Shunday inson ham o‘ladi, deb… Hozir ham ishonmayapman bunga. Hech bugungichalik ko‘nglim og‘rimagan, eslasam, yuragim achishib ketyapti. Essiz! Tuprog‘ini aytmaysanmi, turgan-bitgani moy tuproq. Bu yer degani ham odamni tanlab olarkan. Ba’zi birovlarniki zarang toshloq bo‘lib qoladi.
— Ux… – Dedi Mital ertalabdan beri tomog‘iga tiqilgan alamdan zada bo‘lib. – Kim? Qaysi odam o‘ylagan edi oxiri shunday bo‘ladi, deb, a?.. Bir hafta avval ham otdek edi. Ajal deganlari shundoq ekan-da…
— Nailoj! Qo‘limizdan nipma ham kelardi?.. Ketganni qaytarishning imkoni yo‘q. Ortidagilarga to‘zim bersin, umr bersin, qolgan umrini o‘shalarga bersin endi…
— Shuncha yildan beri xalqni boshqarib yurgan edi. Og‘ir bo‘ldi, og‘ir…
— Qo‘y, uka, koyinaverma. Qayg‘urgan bilan bir nimaga erishilarmidi? Biz uchun muhim farz hozir u kishini yerga qo‘yish. Qo‘limizdan kelgani shu. Erta kunni kech qilmaylik, qabr tuprog‘i sovib qolmasin…
— Ikkovi ham bir muddat jim turib qolishdi.
“Eh-he, bu joyga qancha kishini qo‘ymadig-a… – dedi oqsoq chol o‘zicha. – bu bechora insonning ajalidan xabardormidi, ertalabdan beri daydi shamol uvvos soladi-ya… Tavba, nima bo‘lyapti o‘zi? Begonalarning o‘limi menga ta’sir ham qilmas edi. Bu kishining o‘limi esa negadir yuragimni zirqiratdi. Nachora, qo‘limizdan hech ish kelmasa… Biz bir mayda odam bo‘lsak. Bay-bay… Qanday yaxshi inson edi-ya! Qachondan beri elni boshqarib kelmadimi? Endi buyog‘i qanday bo‘lar ekan? Attang! Yaxshi inson edi, mana bu ob-havoni qara? Bir boshqacha, Tangrining o‘zi ham xafaga o‘xshaydi. Shunga kunning ko‘zi ham ko‘rinmadi. Qovog‘i sloliq. Tavba… Shunday odamlarimizni yo‘qotaversak, oxiri qanday bo‘larkin? Shunga hayron bo‘lib qolaman…”
“Ayta oldimi? Ulgurdimi aytishga?.. – deb ich-etini yer edi Mital selsovet, — agar aksi bo‘lsa, ishlar pachava-ku… Unda nima qilaman? O‘zim boramanmi o‘g‘liga, otangiz tirigida o‘rnini menga va’da qilgan edi, deb. Bunga betim chidamaydi, aslo!
Bu mashmasha tiriklay o‘ldiradigan bo‘ldi-ku odamni. Erta-indin boshqa odamni tayinlab qo‘ysa, bilgan-uqqan tanishlar ichida o‘sal bo‘laman-ku, qistaloqniki. Bo‘lmay qolsam hamma gap-so‘z qiladi. Bu tomoni ham bor. Shuncha yelib-yugurib, o‘rta yo‘lda qoldi, deydi. Shunisi yomon baridan. Yoki aytdimikan? Eh, ming la’nat hammasiga, yurakni ezib yubordi-ku! Mabodo aytgan bo‘lsachi? Oh, unday bo‘lsa, ish bitdi, deyaver, ishi o‘ngidan kelgani o‘sha bo‘ladi. O‘sha! Keyin akangni bir ko‘rib qo‘y! Qistaloq!.. O‘sha joyga o‘tirib olsam bo‘lgani, oldimga “labbay, labbay”, deb turishmaganini ko‘r! Xohlasam bormi, hammasining qo‘lini qovushtirib, tizib qo‘yaman. Qo‘l qovushtirmagan kishini ko‘r o‘shanda! Mital otimni boshqa qo‘yaman! Hozircha o‘g‘illarining ko‘ziga tashlanib olish kerak. Ko‘ngliga yo‘l topish kerak. Eng muhimi – shu! Faqat shu! Ee, hammasidan ham Bosit rais aytdimikan? Aytdimi?..”
— Aytmoqchi? – chol o‘rtaga cho‘kkan jimlikni buzdi. – Oblastdan kattalar keladi, deyishdi buyoqqa, a? Rostmi shu?.. Mana bu tuproq qaziyotganlar shunday degandek bo‘lishdi, a? Rostmi?
— Iya! – O‘yga berilib ketgan Mital sovuq suv sepgandek seskanib ketdi. – Nima deding?..
— Bular aytishyapti-ku, — chol tuproq qaziganlarga ishora qildi. – Bular… Oblastdan kattalar kelar ekan, deyishdi. Dafn etishdan oldin nutq so‘zlar emish. Shu rostmi?
— Bo‘lmasamchi… – Mital so‘z qotdi. – Ertalabdan beri o‘shalarni kutib, shuncha kechikdik. Meni bu yoqqa yuborishayotganda, ularning kelar vaqti bo‘lib qoldi, deyishgan edi.
O, bu kishining kimligini o‘shandan bilib olsang bo‘ladi! Oblastdan ham kelishsa-ya, yopiray!..
— Kelishmagandachi, — dedi Mital jiddiy ohangda. – Keladi-da, albatta. Kimga keladi yana? Hammasi katta odamlar, birontasining mansabi quyi emas, bildingmi?
— Aytchi? – qiziqsinib yana so‘radi chol. Bu xudo rahmat qilgurni yerga qo‘yayotib, rasm-rusumlarini qilamizmi, irimlari boru? Janoza o‘qiladimi? Yo eskilik, deb rad qilishadimi?.. O‘shalaring. – Chol yana qazilgan qabr yonida o‘tirganlarga ishora qilib bosh irg‘adi. – Shunday qiladi, deyishyapti-yu, a? Kattalarning oldida eskicha ko‘msak bo‘lmaydi, deyishdi.
— Bunisini bilmayman men! – Mitalning yelkalari qunishdi. – Bosit aka, nima, oddiy odammidi? Uning ham o‘z qonun-qoidasi bor. Motam o‘tkazish tantanasi, degandek…
— Bunisi qanaqa? O‘zimizcha dafn qilishmi?…
— Iye…
— Tuf! Tuf! Hah, qurib ketgur-yey, — chol ko‘kragini ushladi. O‘lik ko‘mishning ham eski-yangisi bo‘lar ekanmi? Tushunmay qoldim?..
— Lekin shunday deyishdi…
— Nima deding? – selsovetning labidan pichirlab chiqqan so‘zlarni arang uqqan chol sergaklandi. – Qulog‘im…
— Ee, — qo‘l siltadi Mital. – Shunchaki o‘zim. Og‘zimdan chiqib ketdi, — u ortga qaytib, joyning xabarini yetkazay, deb hozirlanayotib gap boshladi. – Mozorga olib kelishayotgan haligi bola…
— Qaysi?…
— Haligichi, haligi oting o‘chgur bola. Oti bormi o‘zi uning, bilmas ekanman, qistaloq. O‘shaning tobutini uchta-to‘rttasi olib kelishyapti yo‘lda…
— Ii, bechora, haligi bolami? Esladim. Mashinaning tagida qoldi deyishdi…
— Ha, o‘sha. O‘shani buyoqqa olib kelishyapti. – Mital cholning qulog‘iga yaqinlashdi. – Endi senga bir vazifa bor, eshitib tur.
— Aha, — chol qulog‘ini dikkaytirdi. – Xo‘sh…
— Xo‘-o‘p, o‘zing insof bilan aytchi. –Mital xijolat tortib gapirdi. – U bola kimu, bu akam kim? Buni mensiz ham fahmlab turibsan. To‘g‘rimi?
— To‘g‘ri, to‘g‘ri…
— Shunday ekan, buyog‘i o‘zingga ma’lum. Oblastdan ham odamlar kelyapti. Nima, ular o‘zlarini ko‘z-ko‘z qilgani, yoxud qop-qora mashinalarini ko‘rsatgan kelyapti, deysanmi? Buni tushungan bo‘lsang kerak.
— Ha, bilib turibman…
— Endi gap bundoq, — Mital gapning indallosini aytdi. – Mana bu kelayotganlarni to‘xtatib tur. Yo‘ldan qaytar ularni. Iloji bo‘lsa, ushlab tur…
— Bunga tushunmadim…
— Nega tushunmaysan?
— Qanday tutib turaman ularni, tushunmadim…
— Qanday bo‘lardi? Darvozadan kiritmay tur, avval rahmatli rais akamni dafn etib olaylik. Keyin uni ko‘mishaveradi.
Bularing qo‘yguncha, oblastdan kelgan kattalar, boshi ko‘ringan kishilar kutib turadimi? U hukumatning ishidagi odamlar. Har bir daqiqasi o‘lchovli. Shuni tushuntir anovilarga, xo‘pmi?
— Tavba-yey, O‘lik ortga qaytiriladimi o‘zi?!
— Qaytar, demadim. Bundoq so‘zning mag‘zini chaqsang. Oldin rais, keyin o‘shalar…
— Bunday qilolmayman. Buyog‘ini so‘rasang, bolaning joyi raisning joyidan chetroqda. Bugun ko‘rsatib berganman.
— Ko‘rsatgan bo‘lsang, nima qilibdi? Uzog‘i bilan ikki soat kech qo‘yilar?..
Oqsoq chol qiyin savolning javobini topa olmayotgandek, o‘ylanib qoldi. Nursiz ko‘zlarini pirpiratib, soqolini qimirlatib, o‘ylanib qoldi.
— To‘xtatsam, to‘xtatib turay unda. Boshqa iloji yo‘q. – chol noiloj rozi bo‘ldi. – Bosit raisni olib kelaverishsin, joy tayor, deb ayt. Shunday de…
— Aytaman. Shunga keldim-ku o‘zim. Mital kelgan tomoniga tez-tez bosib, otini yechdi-da, bir sakrab mindi.- Kelishyapti ular ham. Aytganimday qil, xo‘pmi?..
— Ma’qul, ma’qul, — chol bosh irg‘adi. Shunday qilaman.
Mital otini burib, yana o‘sha yo‘lga chiqqanida, mozorga yaqin yerda haligi to‘daga duch keldi. Ularni o‘tkazib yuborish maqsadida otini yo‘l chetiga tortdi. Bular to‘rtta ekan. Ularning orasida qiyofasi tanish bo‘lgan chiyduxoba kostyumli kishi ham bor edi.
U boshidagi shlyapasini surib, bir qarab qo‘ydi – ko‘zlari allanechuk edi. Shashti past. Ko‘zlari ham qizargan. Biroq Mital bir narsaga tushunmadi, bu bola unga kim bo‘ldi ekan? Berigilarni uncha tanimadi. Biroq qayerdadir ko‘rgandek bo‘ldi. Ko‘ziga issiq uchradi. Balki boshqa qishloqdandir, kim bilsin. Ishqilib, qayerdadir ko‘rgan yeri bor.
Bular Mitalning yonidan o‘ta boshladilar. Mitalning yuragidagi tikanak yana sanchib achishtira boshladi. “Sho‘rlik akam, yer ostida yotar ekan-da endi? Essiz… Nima ham qila olar edik?” Savolni o‘zi berib, o‘ylari battar chalkasha boshladi. Mital ham avvallari muammo ortidan boshi qotib yurgan odam emasdi. “E, topdim! Bir ilojini topib, raisning o‘g‘illariga shipshib qo‘yish kerak. Ular ham bir o‘ylanishar. Ishqilib, men xato qilib qo‘ymay. Aytish kerak. Keyin yana aytmading-demading, deb qolsa, chatoqlashib yurmaylik. Kichkina narsadan yomon ko‘rinib qolsang bo‘ldi, ishing pachava, deyaver…”
Alaloqibat, ishi o‘ngidan kelmadi. Mitalning og‘zidan boyagi so‘zlari chiqishi bilan Bosit raisning o‘g‘illarining avzoyi bbuzildi. Bu ham dard ustiga chipqon bo‘ldi. Oriyati qo‘zigan hammalarining. Endi buni ko‘r, qayoqdagi bir nusxaning o‘ligini otasining yoniga qo‘yishmoqchi emish. Buni qarab qo‘y! Bosit raisning o‘g‘illarida oriyat bor ekan, hammalari teng tutaqib ketishdi. Ertalabdan beri ko‘ngil so‘rab kelayotgan oshna-og‘aynilari ko‘zdan pana yerda qayg‘usini biroz yengillatar, deya achchiqbosti qilib, haligi oting o‘chgur aroqdan oz-ozdan totinaverib, Bosit raisning amaldor o‘g‘lini gandiraklatib qo‘yishibdi.
Qadam bosishi ham g‘alati, o‘kirigi ham beo‘xshov. Qayg‘urgani, yoki xafa bo‘lgani ham sezilmaydi. Yig‘lamsiragan ovozi ham qo‘poldan-qo‘pol edi. Shu bolasi ham, qayerdan qulog‘iga ilinib qolgan ekan, jini qo‘zib, to‘polon ko‘tarib yubordi. O‘dag‘aylab qichqirganini aytma! Oblastdan kelgan mehmonlar bor, ularning oldida uyat, deyishib arang tinchlantirishdi. Bu o‘g‘ilning xushini boyagi ko‘ngil so‘rovchilarning taomili paqqos olib qo‘yibdi. Jazavaga tushib o‘dag‘aylay boshladi u birdan:
— Urf-odatingizning kimga keragi bor! Hammasi bir pul! Tupurdim o‘shalaringga! Kim o‘sha yerga qo‘ysin, dedi bolani! Kim?! Qani o‘sha! Avliyoning bolasi bo‘lsa ham unga boshqa yerdan joy qidiringlar, bildingizmi! Otamning ruhini chirqiratish niyatim qo‘q! Yer olmagan nusxani kelib-kelib otamning yoniga qo‘yasizlarmi?..
Mital selsovet gapini aytishga aytib qo‘yib, cho‘chib ketdi. Bunday bo‘ladi, deb sira o‘ylamagan edi. Endi nima qiladi? Boshqalardan ko‘ra o‘zi borib kelsachi yana, unda tamom bo‘lgani shu emasmi? Qaysi yuz bilan aytadi? Hayriyat-ye, rayonda ishlaydigan kattasi o‘zi borib keladigan bo‘ldi. Endi birga borib kelsa ham bo‘ladi. Aytadiganini bu aytadi, yomon ko‘rinsa ham shu yomon ko‘rinadi. Mitalning vazifasi bir og‘iz aytib qo‘yish, berigi o‘g‘illari shuni tushunsa bo‘lgani. Unga shunisi muhim. Ikkalasi ortga, mozorga qayta borishmoqchi bo‘lishdi.
Ikkovi otga minib, qabristonga qaray yo‘lga tushishdi. Kalavaning uchini topgan Mital azaxonadan yashirincha uchta shishani qo‘yniga yashirdi. Buning ham foydasi tegadi hozir. Bu shishalar bilan boyagi chiyduxoba kostyumli tanishiga shama qilib ko‘radi. Shishaning uchi ko‘rinishi bilan u hammasiga qoyil bo‘ladi-ku. Mital shuni oldindan hisobini oldi. Berigilar ham yo‘q deyishmas. Shu tarzda og‘izni xo‘llab olishmasa, muammolar ko‘payib ketyapti.
Mital o‘zining ko‘zi ochiq ekanligiga hozir yana bir marta ishondi. O‘zi tusmollaganidek, oqsoq qorovul bilan tobut keltirganlar adi-badi aytishayotgan ekagn.
— Bor-yo‘g‘i ikki soat kutib turinglar. – oqsoq cholning xirqiroq tovushi olisdan eshitildi. – Ikki soatgina. Ularning joyi tayyor. Sizlar esa endi qaziysizlar… Oblastdan kelgan mehmonlar bor ekan…
— Kelsa kelar, bizga nima! Axir o‘likni tezroq yerga berish kerak-ku!- — basavlat bittasi do‘rillab gap boshladi. – Bu nima degan gap? Go‘ristonga kirishga qo‘ymaganni shu yoshga chiqib, endi ko‘rishim. Qo‘y, og‘a, payg‘ambar yoshiga yetganda, sullohlik qilma, qusuri o‘zingga uradi.
— Nima qil deysan? Menga Mital selsovet shunday deb tayinlab ketgan. Ikki soat kutib turinglar endi. – Chol berigi yoqdan yaqinlashib borayotgan ikki otliqni ko‘rib qoldi. – Ana, o‘zlari kelyapti. O‘zlariga aytinglar! Menga nima? Menga bari bir…
— Bu nima g‘avg‘o, a? – Otdan egilib tushayotgan Bosit raisning o‘g‘li savol tashladi hammalariga. – Bu nimasi?..
Eshitib olinglar. Bu murdanglarni qayerga olib borsanglar olib boraveringlar. Gap bitta. Eshitdim, eshitmadim, demanglar. Otam go‘rida tikka turishini xohlamayman, bilib qo‘yinglar. Ee! nima, bunga boshqa joy qurib qolganmi? Yo‘q, birodarlar, bunaqasi ketmaydi! Bunday bo‘lmaydi!
— Bizni ham bir eshit, qarindosh. – Semiz odam gap boshladi. – Shunday kunda seni xafa qilgimiz yo‘q. Hammasini tushunib turibmiz. Jon taslim qilgandan so‘ng hamma bir xil bo‘ladi. Mayyitni yerga berishdan oldin bunday san-manga borish yaxshi emas. Azaldan shunday dafn etib kelganmiz. Mayyitning yoniga mayyit qo‘yiladi…
— Qo‘yilsa, qo‘yilgandir. Bu gaplarga toqatim yo‘q. Men gapimni aytib bo‘ldim. – g‘azabi qaynab, davom etdi. – Ertaga el oldida nima degan odam bo‘lamiz. Bu odamlar ham yomonlikdan boshqani izlamaydi sendan. Topib olgani yomonlik. Yaxshilikni bilishmaydi. Og‘zi bo‘shlar ertagayoq jar solishadi. “Otasining yoniga bir odamsiyoq qo‘yildi”, deb. Xo‘sh, bizni el ichida mayna qilmoqchimisizlar?
— Sal mulohaza qilib gapiring, bu yer, – gapga aralashdi do‘ppi kiygani. – Hammamizga teng. Bu ham banda, u ham banda. Qayoqdagi gaplarni talashib-tortishib, qabr ahlining tinchini buzmaylik. El eshitsa, nima deydi?..
— El! El! El!.. Eshitsa eshitaversin. Eshitmay yurgan elmidi? Nima qilsanglar qilinglar, lekin mana bunga boshqa yerdan joy topinglar! – dedi dona-dona qilib bu ham.
— Aytinglarchi, bu bola kimingizning yaqiningiz o‘zi?
— Hech kimimizga yaqinligi yo‘q.
— Bo‘lmasa, sizlarga nima g‘urbat?
— Axir bu ham odam-da, ko‘ringan yerga irg‘itib tashlab ketiladigan buyum emas. Odam-ku!
— Mayyitning ustida turib, tortishmanglar, gunoh bo‘ladi! – qorovul cholning jini keldi. – Bu bolani bilaman. Onas ho‘ tog‘lik barg‘ilardan, bularning urug‘u suv bosgan qishloqning etagidagi mozorga qo‘yilar edi. O‘sha yerga olib boringlar unda. Qon-qarindshi ham o‘sha yerda… Erta kunni kech qilmanglar…
— Qushmidikki, u yerga uchib bora olsak. Qanday qilib boramiz? Ulov bo‘lishi kerak. – Oralaridan kimdir so‘z tashladi. Mital uni darrov tanidi. Bu boya yonidan o‘tib ketgan chiyduxoba kostyumli kishi-ku. – Ulovimiz yo‘q…
— Bu tomonidan tashvish qilmanglar. Mashinani biz topib beraylik. Rozimisizlar? – Mital gapga aralashdi. – Men o‘zim topib beray… Ey, sen bu yoqqa qarab qo‘y, — deb Mital o‘z tanishini chetga imladi. – Chetroq o‘taylik, gap bor…
Bolaning joyi qazilmadi… Uni eski mozorga dafn etadigan bo‘lishdi…
V
Osmonga siyohdek to‘kilgan qora bulutlarning bir chetini yirtib, quyoshning tal’ati ko‘ringanida, bu manzilning bor bisotini yulqilab to‘zg‘itib, kimsasiz puchmoqning erkasidek o‘ynoqlayotgan qora shamolning suroni pasayib, tinib borardi. Shundan keyin shamol esib borib, kun botar bilan yer yuzining o‘rtasidagi bir tuynukka kirib, g‘oyib bo‘ldi. Dengizning qasirg‘asidan battar pishqirayotgan shamol yeru ko‘kni larzaga soldi.
Shu hududdagi yerdan bosh ko‘targan yovvoyi dov-daraxtlarning oldi
yaproq to‘kib boshlagan kez edi. Chor tarafga yastanib ketgan dala-qirni kaftida chaypatayotgan shamol zich o‘sgan yovvoyi daraxtlarning barini yoppasiga yerga egib, qurigan barglarini yulqib olib uchirganicha, daraxt deganni yalang‘ochlab ketdi.
Yo‘lida uchraganga chovut solayotgan shamolga qanotlilarning yirtqichi ham bas kelolmay, qanot qoqib tashqariga chiqishga yuraklari betlamay, inlariga bag‘rini berib yotaverdilar. Bunday paytda qaysi jonzotning joni o‘ziga shirin ko‘rinmasin, jazavasi tutib, qutqu solayotgan bunday havoda pishirib qo‘ysa ham chiqolmas edilar. Hammaning joni o‘ziga aziz, boshini qanotlari bilan panalab, pisib yotishmasa, junbushga kelgan asov taloto‘pning qatida yitishlari turgan gap…
Havoda shamol yurmay, dim sukunat cho‘kkanida, kuyka ko‘z ochib yumguncha atrof-javonibni egallab borayotgan rutubatli, zahil kuzning muzdek havosiga ayri tumshug‘i bilan sho‘ng‘iganicha, shuvillab huv pasga tushib borardi.
Biroz avval arang tingan shamolning tongdan beri ko‘targan to‘s-to‘poloni tufayli bu parranda jon saqlab uyasiga biqindi. Aks holda allaqachon qursog‘ini to‘ydirib, dala-qir uzra qanot qoqib, ostida turlangan tabiiy evrilishlarga yuksakdan nazar tashlab, moviy osmon toqida parvoz qilib yurgan bo‘lardi.
Daf’atan, he yo‘q — be yo‘q paydo bo‘lib, osmon yorishib, qush uyg‘onganidan beri tinmayotgan shamolning tajovuzi bunchalik zabtiga olishi don cho‘qilab, qorin-qursoq tashvishini tortib yurgan kuykaning yuragini taka-puka qilib yubordi.
O‘q yetmas balandlikka tik ko‘tarilib, muzdek havoning oqimida erkin qanot qoqib, munchoqdek ko‘zlarini o‘tday yondirib quyiga tikiladi. Qush parvoz qilayotganda, yerning barcha o‘y-qiri bir tekis bo‘lib yastanib, ostidagi manzil kaftdekkina bo‘lib ko‘zga tashlanadi. Ana, huv yerda sho‘lp etib uzilib tushgan bulutdek bo‘lib, sardoba tovlanadi. Yo‘q, qushning humorini qo‘zigan narsa suv emas, undan nariroqda bu parrandaning tanglayini taqillatgan ne-ne mitti jonzotlar bor. O‘sha yerni makon tutgan kemiruvchilar orasidan dala sichqonining go‘shtiga yetadigan xo‘rak bormi kuyka uchun? O‘ylasa, og‘zidan so‘lagi oqyapti.O‘ljani poylash boshqa jonivorlarga qaraganda kuykaga ancha oson, osmonga bir ko‘tarilib olsa bo‘lgani, hammasini bemalol kuzata oladi. Qo‘sh ko‘zlari nuqtadek bo‘lsa ham, unga ilg‘anmagan jonning o‘zi qolmaydi olisdan. Ko‘zining o‘tkirligini aytma, endi quriy boshlagan shuvoqni tumshug‘i bilan iskay-iskay, kuykadan hadiksirab, yer bag‘irlab emaklab borayotgan jonzotlarni balanddan aniq-tiniq ko‘rib turadi. Ko‘ziga ilingan jonzotni tutmasdan qo‘ymaydi. Ko‘rgan zahoti uchib yurgan yerida shaylanib, mushtumdek yig‘ilib, o‘ljasiga o‘qdek otiladi. Shu tariqa ko‘ziga ilingan o‘lja birozdan so‘ng panjasida turibdi-da!
Necha-necha yersichqonlarni osmondan kuzatib kelib, bir hamla bilan omburdek tumshug‘iga ilib ketmadi deysiz. Bu dunyo o‘zi qiziq yaralgan ekan. Yaratgan tangrim har bir jonzotni yaratayotganda, har birining kun ko‘rib, umrguzaronlik qilib ketishi uchun, ta’biga yarasha jon ozig‘ini – yana biror jonzotni ham qo‘shib yaratgan ekan. Bil’aks bu kuykaning ta’biga nega yersichqondan boshqasi yoqmaydi. Uning ko‘ngli tusagan xo‘rak shu – yersichqonning xushxo‘r qizil go‘shti. Hozir ham shuni o‘ylaganmidi, kuykaning so‘lagi tumshug‘idagn oqa boshladi.
Ko‘k yuzida vaqti-vaqti bilan qanot qoqib qo‘yib, aylana parvoz yasadi-da, oq qog‘ozga qo‘yilgan nuqtadek bo‘lib, bir yerda qotib turib qoldi. Qanot muskullari tolganida, mudrab ketadi-da, muzdek shamolning epkiniga urilib, xushi o‘ziga keladi. Kuni kecha kuyka oqshomdan oldin sardobadan narigi tekislikdagi eski mozordan sichqonning qip-qizil jish bolachasini ilib ketdi-da, cho‘qilay-cho‘qilay huzur qilib yedi. Hozir esa ertalabdan beri tuz totmagan, jig‘ildoni bo‘m-bo‘sh, ikki ko‘zi yerda, qaysi puchmoqdan sichqon chiqib qolar ekan, deya tikiladi. Sichqon bolachasining etiday tansiq xo‘rak yo‘q dunyoda. Ayniqsa shu mahalda sichqonlar bolalab, inlariga sig‘may ketishini kuyka bilar edi. Shuning uchun och qornining tashvishida tanglayi taqillab, ohangrabodek o‘ziga tortayotgan mozor ustida aylanib ucha boshladi. O‘sha topda ostidagi eski mozorda lop etib olti odamning qorasi ko‘rindi. Ulardan beriroqda “tar-tar” deya qo‘pol shovqin solib, havoga taram-taram ko‘k tutun buruqsitayotgan traktor turar edi. Yoqimsiz dirillayotgan ovoz kuykani behuzur qildi. O‘sha traktor turgan tor yo‘lning uzana-uzana tugash joyida yana bir kishining qorasi ko‘rindi. Bu kishi ham mozorga kelayotganini kuyka ko‘kda turib fahmladi. U kishining mozorgacha bosib o‘tishi kerak bo‘lgan yo‘li ham chakana emas, talay masofa edi. Undan narida daraxtning ildiziga o‘xshash ilang-bilang yo‘llarning bosh-oyog‘i chatishmay olislab ketgan edi. Bir nazar solishdav ostidagi manzarani yaxlit ko‘ra olgan kuyka mozorda yurgan to‘dani qiziqsinib kuzata boshladi. Bular kechagi falokatda mashina ostida qolib vafot etgan bolani dafn etayotgan odamlar edi. Hozir ular osmonni teshgudek bo‘lib dirillayotgan traktorga tirkalgan telajkadan oq kafanga o‘ralgan bolaning jasadini zambilga solib ko‘tarib kelishdi. Jasad zambilda yotar, kishilar esa qabr qazishib, tuprog‘ini sirtga chiqarishar edi. Bunday manzara bu yerda avvallari bo‘lmaganidan, kuyka ularning har bir harakatini kuzatib turdi. Bu parrandaning odamlardan yurak oldirib qolgan yeri bor. Qachonligi esida yo‘q, bir safar uchib borayotganida, chuvillagan o‘tkir ovozi yon-atrofni tutib ketgan, qizil o‘t purkagan allambalo bilan otishib, sal bo‘lmasa, hayotiga nuqta qo‘yay deyishgan.
O‘q qanotini selpib o‘tib ketgan, hayriyatki, tanasiga tegmagan. O‘shanda bir xudo saqlagan bu parrandani. Shuni eslaganida, hozir ham tanasi qaltirab ketadi. Lekin och qorin kuykani tinch qo‘yarmidi? Biror narsa topib, qursoqni aldab turish kerak. Mana bu yashshamagurlar daf bo‘lishsa, shu zahoti shuvillab borib, biror sichqonni chiyillatib ilib ketarmidi? Ochligi tufayli qanot qoqishining ham mazasi yo‘q. Sekin qanot qoqib, mudrab ketay deydi. Qayoqqa yo‘nalsa ham o‘qdek ko‘zlari huv eski mozorning qaysi tarafida sichqonlar ko‘rinar ekan, deya ko‘zi yiltiraydi…
… Ertadan beri shamolning bosilishini kutib, jimjiloqdek keladigan miyasini turfa o‘ylar bilan chalg‘itayotgan Ona-Sichqonning ko‘rar kuni manavi ikki oyoqlilar shu makonga kelishganidan boshlab uqubatga aylandi. Shamol bosilib, endigina yer iskab jo‘nayman, deb turganida bular yana qayoqdan keldi. Shu narsa Ona-Sichqon uchun jumboq edi. Jumboq ham gapmi? Jumbog‘i har ne balo bo‘lsin! In og‘zida o‘tirgan bolachalariga tegishmasa bo‘lgani. Shuni o‘ylaganida Ona-Sichqonning yuragi uvushib ketadi. Shu xavotir ko‘ngliga o‘rnashib qolgan. Bolalarini avvalroq ogohlantirib qo‘ygani yaxshi bo‘libdi. Hozir ular indan chiqmay yotishibdi. O‘zi bularning hatti-harakatini poylab, shu qulay yerda pisib yota tursin.
Qurigan xashaklarning orasida iskanib, goh-goh o‘rmalab borib, qarshisida bo‘layotgan voqeani hayratlanib kuzatardi. Ona-Sichqon tepasida, ho‘ balandda tegirmonning parragiga tushgandek chir aylanib yurgan kuykani payqamay qoldi. Qayoqdan ham payqasin, barcha g‘aroyibot ko‘z oldida bo‘layotsa… Bundan tashqari boya tumshug‘ini ikki bor tiqib ko‘rgan shisha idishdan kelayotgan qo‘lansa hid barmoqdek boshini gangitib, ko‘z oldidagi manzara chayqalib qolmadimi? Burnining uchi ham bir g‘alati qichishib, xuddi birov qitqilagandek g‘ashini keltirdi. Bunday narsani sichqon sichqon bo‘lib yaralganidan beri totib ko‘rmagan edi. Shuning uchunmi, boshi telbanamo, ko‘zi esa aylanib ketar, atrofda o‘zi har kuni ko‘rib yurgan manzarani o‘zi taniy olmas edi. Sassiq hidini aytmasa, bir xidlab olib, dunyoni esdan chiqarib yotadigan narsa ekan o‘zi. Tumshug‘ingni idish og‘ziga tiqsang bo‘lgani. Keyin gashtini suraver, qancha xohlasang, shuncha sur… mastona ko‘zlari bir nuqtada to‘xtay olmay, Ona-Sichqon siljib-siljib borib, ikki oyoqlilarga ancha yaqinlashib qoldi. Ularning gapini tushunadigandek, qulog‘ini dikkaytirib, bir muddat turib qoladi. Ona-Sichqonni halitdan beri poylab uchib yurgan kuyka tushunolmay diqqati oshdi. Manavi sichqonga nima bo‘lyapti, jonidan to‘yganmi u? Borgan sayin odamlarga yaqinlashyapti. Paymonasi to‘lganmi bu maxluqning. Qayoqqa ketyapti o‘zi? Birato‘la jonidan kechgan, shekilli. Kuyka to‘satdan yerga tushib, sezdirmasdan Ona-Sichqonni tutib olishga imkon topa olmay, yo mana bu odamlardan cho‘chib, yurak yutib borolmay, o‘sha atrofni ko‘zdan qochirmay uchib yurar edi.
Qoq tepasida ajali aylanib yurganini sezmay qolgan sichqonning bor e’tibori o‘zi yashirinib olgan quvraylarning yonginasida turgan ikki oyoqlilarga qaratilgan edi. Oxiri Ona-Sichqon shunchalar yaqinlashdiki, o‘zi bilan odamlar o‘rtasini ikki qadam masofa ajratib turar edi.