Najib Mahfuz. Raqqosa Rodopis. Roman. Birinchi qism.

011
Миср ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Нажиб Маҳфузнинг ушбу романида Миср фиръавнлари даврига доир ҳаёт манзаралари, ўжар табиатли, қатъиятли фиръавн Меренра ва раққоса Родопис ўртасидаги оташин, эҳтиросларга бой севги саргузаштлари, қаҳрамонларнинг фожиали қисмати гўзал бадиий лавҳаларда гавдалантирилган

022

054Араб ёзувчиси (Миср). Қоҳира университетининг адабиёт факултетини тугатган (1934). «Бемаъни шивиршивир» (1936) новеллалар тўплами жамиятдаги бойлик ва қашшоқлик ўртасидаги зиддият ҳақида.
Романтик-тарихий романларини («Тақдир ўйини», 1939; «Радобис», 1943; «Фив кураши», 1944) ёзгач, Нажиб Маҳфуз яна ижтимоий мавзуга мурожаат қилган. «Янги Қоҳира» (1945) романида 2-жаҳон урушидан аввалги Миср ёшларининг ҳаёти акс эттирилган. «Хон ал-Халилий» (1946), «Мидак тор кўчаси» (1947), «Аввали ва ниҳояси» (1949) романларида 1919 йилдаги инглизларга қарши қўзғолондан 2-жаҳон уруши тугагунча бўлган даврдаги Миср жамияти турли табақалари ҳаёти панорамаси чизилган.
Нажиб Маҳфузнинг 1956—57 йилларда нашр этилган, эски Қоҳиранинг даҳалари номи билан аталган машҳур романлари — «Байн алкасрайн», «Каср аш-Шоук» ва «ас-Суккария» 20-асрнинг 1-ярмидаги Миср оилалари ҳаёти ҳақида.
«Нил устидаги сафсата» ва «Мирамор пансионат» (1966), «Ёмғир остидаги севги» (1975) романларида Мисрдаги 1952 йилдаги инқилоб ва ундан кейин юзага келган муаммолар тасвирланган.
«Ўғри ва ит» (1961) романи ҳамда «Илоҳий дунё» (1963), «Бадном хонадон» (1965), «Қора мушук қовоқхонаси» (1968), «Шийпон остида» (1969) новеллалар тўпламлари муаллифи.
Нажиб Маҳфузнинг кўпгина асарлари экранлаштирилган ёки саҳналаштирилган. Асарларидан парчалар ўзбек тилида эълон қилинган.
Нобель мукофоти лауреати (1988).

022

07
Нажиб МАҲФУЗ
РАҚҚОСА РОДОПИС
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
024

012

НИЛ БАЙРАМИ

Шарқ уфқида янги куннинг илк даракчилари пайдо бўлди. Сотис маъбуди ибодатхонасининг олий коҳини уйқусизликдан толиққанига қарамай қорайган осмон гумбазидан кўз узмай ўтирарди. Бирдан қариянинг чеҳраси қувончдан ёришиб кетди, ҳаяжонланганидан юраги дукуллаб ура бошлади. У олис фалакда Зуҳал юлдузи шуъласини кўрган эди. Коҳин ибодатхонанинг тоза ерга тиз чўкди ва шукроналик дуоларини ўқишга киришди. Сўнг яна ўрнидан туриб баланд овоз билан қичқирди: “Самода Сотис худосининг жилваси кўринди. У муқаддас Нил сувлари кўтарилишидан дарак беради!” унинг жарангдор овози ухлаб ётганларни уйғотди, одамлар ўринларидан қўзғалиб, табаррук юлдузни кўриш иштиёқида қувонч ва умидворлик билан осмони фалакка нигоҳларини қаратдилар. Кейин уйларидан чиқиб, бўлажак тошқиннинг дастлабки тўлқинларини кўриш учун Нил қирғоғига югурдилар. Шу пайтгача ҳаракатсиз, қотиб қолгандек бўлиб турган Миср ҳавоси бирдан жонланиб, коҳиннинг хабарини уфқдан нарига олиб кетди. Қувончли муждани эшитган одамлар муқаддас Нилга бағишланган улуғ байрамда қатнашиш учун шошилинч равишдайўл тадорикига киришдилар. Олис Меннефер , Фив ва Ермонтдан, Сиут ва Шмундан салт-яёв, юк кўтарган одамлар тизилишиб кела бошлади. Уларни жанг араваси ёки оддий аравалар қувиб ўтарди, дарё кема ва қайиққа тўлиб кетганди. Ҳамма бир томонга − мамлакат пойтахти Абуга йўл олган эди. Узоқ-узоқлардан мармар пойдеворлари устида қад кўтарган юксак бинолар кўзга ташланади.
Уларнинг атрофини Нил ҳар йили сеҳрли лойқаси билан фаровонлик ва мўл ҳосил бахш этадиган нишаб қумлоқ тепаликлар қуршаган. Хурмозорлар ва арғувонлар, боғлар ва узумзорлар ўртаисда ўтлоқлар, ишлов берилган далалар яшил гилам бўлиб товланиб ётарди. Гулларнинг хушбўй ҳидларига тўлган ҳавода қушлар қанот қоқиб хушхон сайрайди.
Бу осуда шаҳар Биге ва билак номли икки ороли билан биргаликда ҳар йили бир неча кун мобайнида шовқин-сурон, олағовур ичида қолар эди. Минглаб зиёратчилар пойтахтни тўлдирарди. Бирон танишиникига қўна олмаганлар майдонларга чодир тикиб турар эдилар. Байроқлар ва зайтун новдалари билан безатилган кўчаларда тонгдан қош қорайгунча мусиқа садолари янграр, одамлар қўшиқ айтиб, рақс тушар, бозордаги сотувчи ва харидорлар орасидан йўл топиб юриб бўлмасди. Узун қилич тақиб, олтин боғичлар билан зийнатланган либослар кийган қўриқчи аскарлар ҳамманинг нигоҳини ўзига тортади. Диндорлар ибодат қилиб, турли маросимларни бажарадиган, қурбонликла келтирадиган Сотис ва Нил ибодатхоналарига айниқса одам кўп йиғиларди. Муқаддас мадҳия қўшиқларига ҳар ерда ҳозиру нозир ўсмирларнинг шодон қийқириқлари қўшилиб, уйғунлашиб кетарди.
Мана, байрам куни келди. Шаҳарликлар ва зиёратчилардан иборат саноқсиз оломон Фиръавн саройи ва Нил ибодатхонасига элтадиган йўлга қараб оқиб борарди. Йўл чеккаларига олтинчи сулолага мансуб подшолар − ҳозирги фиръавннинг ота-оналари ва аждодларининг ҳайкаллари бир хил узоқликда тартиб билан ўрнатилган. Ҳар икки томонда найза ушлаган жангчилар қотиб туришарди.
Ер худди беҳисоб оломоннинг оғирлигидан толиқиб қолгандек, ҳаво эса қайноқ нафаслар ва бақириқ-чақириқлар қоришган шовқин-сурондан қизиб кетгандек туюлади. Аҳён-аҳёнда овозлар орасидан эзгулик худоси Сотисни ҳамда ҳаёт ва фаровонлик келтирувчи Нилни шарафловчи хитобларни ажратиш мумкин эди. Ердан жой эгаллай олмаганлар оқим суриб кетмаслиги учун елканлари кўтариб қўйилган кемаларга тушиб олиб, ибодатхона атрофида сузиб юришарди.
Томошабинлар орасида кичкина тепалик устига чиқиб олган ҳамда қимматбаҳо кийимлари ва олижаноб қиёфалари билан ажралиб турган бир тўда кишилар диққатни тортади. Улардан бири атрофга боқар экан, ўйчанлик билан гапирди:
− Қанчадан-қанча фиръавнлар мана шу ерда туриб бу табаррук кунни қаршилаганлар! Уларнинг ҳамма худди дунёга келмагандек йўқ бўлиб кетди…
− Ҳа, − гапга қўшилди бошқаси, − улар боқий дунёда ҳукмронлик қилиш учун кетганлар… Биз ҳам бир кун кетамиз. Мен турган мана бу жойга қара, яна қанчадан-қанча кишилар бугун сен билан мени ҳаяжонга солаётган нарсалар, эзгу орзу билан масрур ҳолда шу ерда турадилар! Улар бизни ўйлаши дейсанми?
− Биз жуда кўпмиз, ҳаммамизни ким ҳам ўйлайди. Қани энди ҳеч ўлим бўлмаса…
− Дунёга келган авлодларнинг ҳаммаси водийга сиғади дейсанми?! Ўлим − табиат қонуни. Бунинг устига, эҳтиросларимиз сўниб, ёшлик ҳаваслари ўрнини қарилик дилгирликлари эгаллагандан кейин боқий умрнинг қизиғи қоладими?
− Осирис дунёсида бизни нима кутади?
− Шошилма, вақти келиб билиб оласан.
Суҳбатга уларнинг қўшниси аралашди:
− Худолар мени фиръавнни илк бор кўриш шарафига муяссар этди.
− Биз эса бундан бир неча ой олдин худди мана шу ерда Тож кийиш маросимида бу имкониятга сазовор бўлганмиз.
− Унинг шавкатли аждодларига қўйилган ҳайкаллар нақадар салобатли!
− ҳали кўрасан, у қуйиб қўйгандек бобоси Мухтенсуфнинг худди ўзи.
− Қандай яхши!
− Ёш фиръавн Меренра ҳуснда танҳо. Қапдди-қомати расо. Унга ҳеч ким тенг келолмайди.
− Унинг ҳукмронлиги бизга нима беради, деб ўйлайсиз?
Янги ибодатхоналар ва ёдгорликлар қуриладими ёки шимол ва жанубда уруш бўладими?
− Ўйлашимча, иккинчиси аниқроқ.
− Нима учун?
− У ёш ва довюрак.
Сўзловчилардан бири бошини чайқади ва овозини пасайтириб гапирди:
− Меренра жуда ўжар ва инжиқ, севгида ҳам, саховатда ҳам чегара билмайди дейишади. Унинг тизгинсиз исрофгарчиликлари довул сингари ҳалокатли…
Суҳбатдошлар кулиб қўйишди.
− Нима бўпти? Мисрликлар орасида исрофгар ва маишатпарастлар кам дейсанми? Сен ўзи фиръавндан нима хоҳлайсан?
− Те… те… Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар. Тахтга ўтирган куниёқ у коҳинлар билан тўқнашиб қолди. Саройлар қуриш, боғлар бунёд қилиш учун унга пул керак, коҳинлар эса янги ибодатхона қуришни хоҳламайдилар. Олдинги ҳукмронлар даврида улар катта мавқега эришиб, ниҳоятда бойиб кетишган. Ёш фиръавн уларнинг бойлигига қаттиқ кўз тиккан.
− Ўз ҳукмдорлигини низо билан бошласа − оқибати ёмон бўлади.
− Бош вазир, олий коҳин Хнумхет ўта шуҳратпараст ва темир иродали киши эканини унутманглар. Меннефер шаҳрининг бош коҳини ва бошқа аъёнлар уни ёқлайди.
Қулоққа узуқ-юлуқ чалинган бундай нохуш хабарлар суҳбатдошларини ташвишга солди, улар самимият билан чин юракдан хитоб қила бошладилар:
− Эй худолар, бу одамларга ақлу дониш, сабр-тоқат ва аҳиллик ато этишларингни сўраймиз!
Томошабинлардна бири дарё томонга қаради ва ёнидаги кишини туртди:
− Бу ёққа қара. Анави қайиқ кимники деб ўйлайсан? Худди шарқдан чиқиб келаётган қуёшдек чиройли-а!
Шеригидарё томонга қаради ва қалин майсазорлар барқ урган ям-яшил оролни эслатадиган ажойиб кемани кўрди. Унинг саҳнида каттагина ҳашаматли хона бор эди. Ўртадаги устунда шамолда шишган улкан елкан осилиб турарди. Қуйи томонда ўнлаб эшкаклар бир меъёрда ҳаракат қиларди.
− Кема қайсидир бойваччаники бўлса керак.
Уларнинг ёнида бу гапларни эшитиб турган киши, “йўқ”, дегандек бош чайқади.
− Афтидан бу ерликка ўхшамайсизлар.
Иккала эркак кулиб қўйишди.
− Сен ҳақсан, ҳурматли жаноб. Биз Фиваданмиз. Улуғ байрамда қатнашиш учун келган минглаб одамларнинг биримиз. Бу кема катта амалдорлардан бириники чиқар?
Ҳалиги киши тагдор кулиб қўйди.
− Шаҳримизга хуш келибсизлар, марҳаматли жаноблар. Кема эркак одамни эмас. У аёл кишиники. Абу ва унинг икки ороли − Биге ва Билакдаги барча аҳоли бу гўзал ҳашаматли кемани яхши билади.
− Кема соҳибаси ким ўзи?
− Родопис, мафтункор соҳибжамол, севги маликаси.
Шу гапларни айтар экан, у қўли билан Биге оролини кўрсатди:
− У ана шу ерда ўзининг оқ саройида яшайди. Бу сеҳрли қаср соҳибжамол кўнглини овлаш орзусида ёнган шайдойи мухлисларга зиёратгоҳ бўлиб қолган. Эҳтимол, сизлар ҳам уни кўриш бахтига муяссар бўларсизлар. Шунда худонинг ўзи юрагингизни ишқ оташидан омон сақласин.
Икки фивалик ва уларнинг ёнида турган киши кема томонга янада диққат билан тикилиб қолдилар. Қаршидан келаётган қайиқлар унга шошилинч йўл беришди, кема бир маромда сузиб бориб, Нил ибодатхонаси қад кўтарган тепалик орқасига ўтиб кетди. У кичик бандаргоҳда тўхтади, энди фақат мачтаси ва ошиқлар юрагини ҳапқиртирувчи байроққа ўхшаган елканнинг учигина кўринарди, холос.
Бир оздан кейин бандаргоҳ томондан денгиздек гувиллаб турган оломон орасини ёриб йўл очиб келаётган тўртта нубиялик ўкринди. Уларнинг орқасидан фақат шаҳзодалар ва аслзодаларгагина муносиб тахтиравон кўтарган яна тўртта қора паҳлавон келарди. Унда ҳусни жамоли кўзни қамаштирадиган ёш аёл пар ёстиққа суяниб, қўлидаги товус патли елпиғичини эринибгина айлантириб ўтирарди. Унинг орзуманд хумор кўзлари уфқдан нарига тикилган, атрофида парвона бўлаётган халойиққа назар солай демасди.
Ҳар томондан қизиққон нигоҳлар тикилиб қолган бу кичик гуруҳ тепаликда биринчи қаторни банд этган томошабинлар олдига оҳиста юриб келди. Шунда соҳибжамол оҳуникидек бўйнини чўзиб алланималар деди. Қуллар тўхтаб, бринч ҳайкалдек қотиб турдилар, бека эса фиръавн ва аъёнларини кўриш умидида бу ерга келган барча одамлар каби бетоқатлик билан маросим очилишини кута бошлади. Яқин туриб қолган бахтиёр кишилар унинг тундек тимқора сочлари ипак толаларидек елкасига тушиб, мўъжаз боши атрофида шуъла таратаётган илоҳий доирага ўхшаб товланаётганини кўриши мумкин эди. Сутдек оппоқ думалоқ юзи ял-ял ёнади, қип-қизил ёноқлари, ярим очиқ лаблари ортида тишлари дурдек ялтирайди. Қора кўзлари худолар фақат муҳаббат ва нафосат сочиш учун яратгандек чарақлайди. Унинг беқиёс гўзаллиги ва малоҳати билан баҳслаша оладиган бошқа чеҳрани тасаввур қилиш қийин.
Соҳибжамолнинг қадди-қоматига ҳамма маҳлиё бўлиб қолди. Унга тикилган минглаб оташин кўзларнинг қуввати бирлашса улкан қояларни тешиб юборишга қодир куч ҳосил бўларди. Ҳатто, судралиб қолган қарияларнинг юраклари дукиллаб уришга тушди. Завқ-шавққа тўла шовур-шувур оломон узра эшитила бошлади.
− Нақадар мафтункор аёл!.. Бекорга Биге оролининг маъбудаси, деб аталмаган экан!.. Унинг ҳусни жамолига ҳеч ким бардош беролмайди!..
Родопис кемасини биринчи бўлиб илғаган фивалик меҳмон беихтиёр ҳайрат ичида хитоб қилди:
− Уни ким кўрса мусибатга дучор бўлади, деявер.
− Тўғри айтасан, − маъқуллади шериги. − Кўзим тушиши билан бор дунёни унутаёздим. Юрагим алғов-далғов бўлиб кетди. Ҳаётим маъносиз ва самарасизга ўхшаб қолди.
− Бу ҳусну жамол бошқаларни тутқин қилиш учун яратилганга ўхшайди. Эҳтиёт бўлиш лозим.
− Сеҳрли нигоҳларига бардош бериш нақадар қийин!
− Бу аёлга ошиқ бўлганларнинг шўри қурийди!
Ён қўшни гапга аралашди:
− Мамлакатимиздаги энг аслзодалар унга шайдо эканлигини ҳали билмасаларингиз керак?
− Наҳотки?
− Ҳа, унга шаҳримиздаги мўътабар одамларнинг кўнгил қўйиши ёзилмаган қонундек бўлиб қолган. Моҳир меъмор Хану унга оқ сарой қуриб берди. Шаҳар ҳокими Ани Меннефер ва Фивада ишланган энг ноёб жиҳозлар билан зални зийнатлади, машҳур ҳайкалтарош Ханфар унинг ҳайкалини ясади ва деворларга нақш чекди. Фиръавннинг шахсий қўриқчилари бошлиғи Тахо бўлса хоналарини қимматбаҳо молу дунёга тўлдириб ташлади.
Демак, уларнинг ҳаммаси ошиқу шайдоликда рақобатлашар эканлар-да?! У илтифот кўрсатган бахтиёр зот қайси бири бўлди?
− Ким билади! Балки у энг оддий қулга кўнгил бергандир?!
−Йўқ, гўзаллик − улуғ қудрат. Бу қудрат эса севгига муҳтож. Унинг юз ифодасига эътибор беринг. Чинакам эҳтирос нималигини билмаган одамларгина шундай кўринади.
Аёллар эса у томонга дарғазаб назар ташлар эдилар. Ҳатто анчадан бери эркакларнинг гапини ноилож эшитиб турган биттаси ўзини тута олмасдан жаҳл билан тўнғиллади:
− У оддий раққоса, холос. Қулоғигача гуноҳ ва иллат ботқоғига ботган. Болалигидан бузилиб, беҳаё бўлиб кетган. Бўёғу атир-упа суртиб, зеб беришни, сохта ҳусну жамол билан эркакларни йўлдан уришни ўзига касб қилиб олган.
− Нималар деяпсиз, соҳибам! − Родописнинг чиройига мафтун бўлиб турганлардан бири эътироз билдирди. − Худолар унга фақат ташқи ҳусн эмас, донолик, билим, санъатни нафис ҳис қилиш салоҳиятини бағишлаганидан хабарингиз йўқми?..
− Бекор гап! Бутун вақтини эркаклар қучоғида айш-ишрат ичида ўтказди, билиму донишмандликка бало борми?!
− Гапирма. Унинг саройига ҳар куни кечқурун таниқли сиёсатчилар, файласуфлар ва рассомлар йиғилади, дейишади. Ақл, назокат ва нозик дид унда мужассам.
− Неча ёшга кирган? − сўради яна фиваликлардан бири.
− Ўттизда дейишади.
− Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Йигирма бешдан ошмаган.
− шундай бўла қолсин. Аммо ҳусн бобида тенгсиз камолотга эришган. Бадани шунчалик гўзалки, унга ҳеч қачон завол етмаса керак…
− Ўзи қаерда туғилган? Қаерда улғайган?
− Буни меҳмонга бораётганлар билади. Биз учун у куўп асарлардан бери Биге оролидаги оқ саройда яшайдигандек туюлади.
Шу пайт ғалати қиёфали бир кампир зич қаторларни ёриб олдинга ўтди. Эгнида ифлос латта билан боғланган узун кўйлак. Оппоқ сочлари паришон тўзғиган, йирик сарғиш тишлари, ақчайган оғзи устида қийшиқ бурни шамдек осилган. Қошлари қалин, кўзларида қўрқинчли олов чарақлайди, қадди ёйдек эгилган, йўғон таёққа суяниб олган.
− Жодугар, жодугар-ку!.. − шивирлашди атрофдагилар.
Арзон-гаров ҳақ эвазига фол очиб шуҳрат топган бу кампирга одамлар ҳам қўрқув, ҳам истеҳзо билан қарашарди. У ҳеч кимги эътибор бермай олдинга қараб бораверди ва ҳаддан зиёд кўп шароб ичганидан ўзини зўрға тутиб турган норғул йигитнинг ёнига келиб тўхтади. Қари жодугар бошини кўтариб унга қаради ва елкасига туртиб, фол очиб қўйишни таклиф қилди. Йигит эътироз билдирмади, кумуш танга узатиб, унга лоқайд, мудроқ кўзларини қадади.
− Ёшинг нечада, қўзичоғим? − сўради кампир хирилдоқ овозда.
− Ўн икки қадаҳ, − жавоб берди нима деяётганини фарқламай қолган маст.
Атрофда кулги кўтарилди. Ғазабланган кампир тангани унинг башарасига улоқтириб, яна олдинга интилди, аммо сархуш йигит йўлини тўсди.
− Мени нима кутаётганини айт, кампир?
У йигитга тешиб юборгудек ёмон тикилди.
− Қандингни ур. Яқинда хотининг учинчи марта хиёнат қилади!
Оломон орасида яна қийқириқ кулги кўтарилди, жодугар эса йўлда давом этди, бир неча қадам юргач, тахтиравонга дуч келди. Мўмай садақа илинжида у Родописга бақириб мурожаат қилди:
− О, худолар ярлақаган хоним! Нималар кутаётганини билишни хоҳлайсанми?
Ёш аёл қилт этмади, кампир яна қичқирди:
− Меҳрибон хоним! Гапимга ишон, мана бу оломон ичида фақат сенинг бахтинг очилди. Бу кун − сени кунинг!
Родопис ўгирилиб қараб, кампирнинг тиржайган хунук башарасию ўткир кўзларини кўрди ва қўрққанидан ўзини орқага ташлади. Шу заҳотиёқ қора қуллардан бири тиланчи кароматгўй ёнига келиб уни нарига итариб юборди. Бу манзара атрофдагиларга текин томоша бўлиши мумкин эди, аммо шу пайт ҳавода кучли карнай овози янгради. Йўл чеккаларида турган жангчилар ҳам карнайчаларини лабалрига қўйиб унга жўр бўлдилар. Бу байрам тантаналари бошланишига ишора эди. Фиръавн саройдан чиқиб, Нил ибодатхонасига қараб йўл олди.
Одамлар ҳамма нарсани унутиб, бўйинларини чўзиб йўлга тикилиб қолдилар. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, узоқда илғор қўшин дасталари кўринди. Улар ноғоралар гумбури ва сурнай садоси остида зич қатор бўлибкелишарди. Саф олдида бораётган Билак ороли қўриқчилари лочин тасвири солинган байроқларни кўтариб олишган. Орқада чўзинчоқ қалқон тутган найзабозлар борар, уларнинг туғларига Гора худоси тасвири чизилган эди. Найзаларнинг учлари ҳавода узунасига ва кўндалангига текис тўғри чизиқли тўртбурчак ҳосил қилганди. Энг кейинда камончилар саф тортиб келишар, уларнинг байроғидаги заррин тож сурати товланиб кўзни қамаштирарди. Камончиларнинг кети узилмасдан, кишнаб келаётган отлар дупури эшитилди. Майдон жанговор аравалар билан тўлиб кетди. Улар ўн қатор бўлиб, текис саф тортиб келишарди. Ҳар бир аравага иккитадан от қўшилган, қилич ва найза билан қуролланган аскарлар тизгинни тортиб боришарди. Уларнинг ёнида камон ва садоқ ушлаган, кўксидаги думалоқ бронза қалқони ярақлаб турган биттадан ўқчи аскар бор эди.
Отлиқлар томошабинларга Нубия ва Синайга қилинган музаффар юришларни эслатди. Бу шунқорлар жанг майдонларида даҳшат ва ўлим сочиб ёвни қандай таъқиб этганини тасаввур қилиш қийин эмасди. Одамларнинг юраги ҳаяжондан ҳапқириб кетди, тантанавор олқишлар янгради.
Ниҳоят, томошабинлар фиръавннинг ўзини ҳам кўришга муяссар бўлдилар. Унинг бешта от қўшилган олтин араваси олдинда борар, сарой аъёнлари, олий коҳинлар, номархлар, ҳокимлар ва бошқа амалдорлар изма-из келишарди. Ҳарбий қўмондон Тахо бошчилигидаги шоҳ қўриқчилари энг кейин ўтди.
Қадди-қомати расо, ёш Меернра оломонни сезмагандай, гулдурос товушларни эшитмагандай аравада узоқ-узоқларга тикилганча тош ҳайкалдек қотиб турарди.
Муқаддас байрам шарофати билан у Юқори ва Қуйи миср тожини кийган, бир қўлига шоҳлик қамчиси, иккинчисига учи қайрилган асо ушлаган, елкасига қоплон териси ташлаб олган эди.
Оломоннинг шодон қийқириқлари еру кўкни тутди, ҳадиксираган қушлар чағиллаб осмонга кўтарилдилар. Умумий ҳаяжон Родописни ҳам чулғаб олди, юзи жонланиб, ёноқлари ял-ял товланди ва у ҳам хуррамлик билан қарсак чала бошлади.
Шу пайт гулдурос олқишлар орасидан жарангдор, кучли овоз аниқ эшитилди:
− Яшасин олий коҳин Хнумхет!
Ўнлаб овозлар бу хитобни такрорлаб, жўр бўлдилар, кўпчилик эса ҳайрат ва ҳаяжондан донг қотиб қолди. Одамлар атрофга олазарак қараб, бош вазир ва олий коҳин Хнумхет номини фиръавн олдида айтишга журъат этган довюрак кишини излай бошладилар.
Аммо бу кутилмаган хитоб халқ шодиёнасига таъсир кўрсатмади, фахрий саф олға юришда давом этди. Аравачалар ибодатхона остонасига келиб тўхтади. Икки сарой ходими олтин иплар билан тикилган ва туяқуш пари билан тўлдирилган кимхоб ёстиқ келтириб, ерга қўйди. Меренра уни босиб ўтди ва аъёнлар қуршовида виқор билан оҳиста юриб ибодатхона зиналаридан юқори кўтарила бошлади. Шу пайт яна карнайлар янгради, аскарлар қилич ва найзаларини юқори кўтариб, ҳукмдорни олқишладилар. Баланд пештоқ ёнидаги майдончада коҳинлар ер ўпиб туришарди. Жарчи фиръавн ташриф буюрганини эълон қилгандан кейин ибодатхона бош коҳини ўрнидан турди ва икки букилиб, паст овозда хитоб қилди:
− Муқаддас Нил эҳромининг хизматкори Икки Олам ҳукмдори, Шарқ ва Ғарбнинг хўжайини бўлмиш Ранинг ўғлига саломатлик тилайди ва ўз самимий садоқатини изҳор этади.
Фиръавн учи қайрилган асони узатди, коҳин уни эҳтиром билан қўлга олди. Бошқа коҳинлар ҳам ўрниларидан турдилар ва икки қатор тизилишиб тор йўлак ҳосил қилдилар. Маросим иштирокчилари баланд устунлар орасидан ўтиб, ибодатхона ичкарисидаги қурбонлик қўйиладиган меҳроб томонга йўналди. Ҳавога хушбўй гиёҳларнинг муаттар ҳидалри таралиб, илоҳий бир руҳ дилни ҳаприқтирарди. Хизматкорлар сўйилган буқа тўшини келтириб меҳроб курсисига қўйдилар. Меренра оҳиста анъанавий дуони ўқий бошлади:

Муҳташам саройда сенинг қаршингда
Тиз чўкиб турибман, о қодир худо!
Покладим дилимни қилиб қурбонлик,
Меҳрибон бу водий ерлари учун,
Садоқатли сахий қулларинг учун,
Марҳаматлар тилаб қилғум илтижо!

Бошларини тик тутиб, қўлларини кенг ёйиб турган коҳинлар фиръавн сўзалрини баланд овозда такрорладилар. Уларнинг товуши ибодатхона девори ёниад тўпланган халойиққа етиб борди. Булар ҳам ўз навбатида коҳинлар овозига жўр бўлдилар, минглаб оломоннинг улуғ дарёни шарафловчи нидолари еру кўкни тутди.
Шундан кейин зиёратчилар ибодатхонанинг уч қатор ёндош устунлар билан ажратилган марказий хонасига ўтдилар. Фиръавн аъёнлари шу ерда тўхтади. Унинг ёлғиз ўзи бош коҳин етакчилигида асосий саждагоҳга − мангулик уйига ўтди. Нилга бағишланган тантанали мадҳия садолари уларга эргашиб, эҳромнинг қоронғу бурчаклари бўйлаб таралмоқда ва оҳиста сингиб кетмоқда эди. Коҳин ҳашаматли эшикка калит солиб очди-да, бир чеккага ўтиб, эҳтиром билан таъзим қилиб турди. Меренра хонага кириб, эшикни ёпди. Хона кенг бўлиб, шифти баланд, аммо жуда қоронғи эди. Ҳайкални ўарб турган парда ёнида олтин шамдонларга ўрнатилган шамлар ёнарди. Ёш подшоҳнинг юрагини ҳаяжон чулғаб олди. У эҳтиром билан оғир пардага яқинлашди ва уни қўли билан сурди. Кўз ўнгида муқаддас қайиқда сузиб бораётган Нил маъбудасининг улуғвор ҳайкали намоён бўлди. Фиръавннинг таъзимга ўрганмаган елкалари эгилди, юзида ҳар доим акс этиб турадиган шоҳона виқор ва кибру ҳаво ифодаси йўқолиб, оқариб кетди. У тиз чўкиб ҳайкал оёқларини ўпди ва узун бир дуони ўқиди. Сўнг ўрнидан туриб, пардани ёпди ва ундан кўз узмаган ҳолда эшикка қараб юрди.
Залда аъёнлар ва ҳокимлар унга эргашдилар ва ҳаммаси биргаликда ташқарига чиқиб, Нилга рўбарў бўлдилар. Дарё қирғоғида, қайиқларда, кемалар саҳнида турган одамлар уларни кўргач, яна байроқларини ва хурмо бутоқларини силкитиб, ҳукмдорни олқишлай бошладилар.
Олий коҳин узун папирис ўрамини очди ва тантанали равишда ўқишга киришди:

Шараф сенга, эй Нил! Тошқин сувларинг
Бу сокин водийга бағишлар ҳаёт.
Узоқ фурсат зулматда қолиб кетдинг сен,
Қуллар илтижосин тингладинг охир.
Обиҳаёт билан тўлсин деб водий
Бизга раҳм айлаб чиқдинг зулматдан.
Сен ҳаёт берасан − шодланиб унади уруғ,
Қумларга ёзасан ипакдек майса гиламлар.
Гулга бурканиб боғ, яшнайди дала,
Қушлар чарх уради сайрашиб хандон,
Қувончдан маст бўлиб уради юрак.
Сен туфайли очлар топади нажот,
Муҳтожларнинг ризқи, кийими сендан.
Ташнага қатра сув,
Бўйдоққа хотин,
Бепоён Мисрга умид ва қувонч!
Сенга шараф-шон!

Ибодатхона коҳинлари дойра, сибизға ва най жўрлигида Нил мадҳиясини такрорладилар. Майин куй садолари ойнадек ялтироқ сув сатҳи узра таралди. Куй тамом бўлгандан кейин Меренра папирус ўрамини олиб, пешонасига босди ва қўлларини олдинга чўзиб, бармоқларини ёзиб юборди. Папирус сувга тушди, оқим уни бағрига олиб шимол томонга оқизиб кетди. Фиръавн ўз аъёнлари билан ибодатхона зиналаридан тушиб, аравасига қараб юрди, маросим иштирокчилари ҳам шодон қийқириқлар билан қўлларини силкитиб, олқишлар ёғдирган ҳолда яна орқага қайтдилар.

ШИППАК

Фиръавн тантанали маросимдан қайтар экан, саройга киргунча ўзини ниҳоятда осойишта тутиб, улуғвор қиёфасини заррача ўзгартирмади. Аммо ўз ётоғига кириши биланоқ чиройли юзи қаҳр-ғазабдан бўзариб, бўйин томирлари бўртиб чиқди, қўрқувдан ваҳимага тушган канизаклар унинг кийимларини тезроқ алмаштиришга шошилдилар. Ёш Меренра ниҳоятда сержаҳл бўлиб, тез тутоқиб кетар ва аччиғини чиқарганларни шафқатсиз жазоламагунча кўнгли жойига тушмас эди. Қулоқлари остида ҳамон сурбетларча айтилган бояги сўзлар жаранглаб турар, ҳукмдор уларни ўз режаларига ошкора қарши чиқиш деб қабул қилган эди.
Байрамда қатнашиш учун мамлакатнинг энг олис жойларидан келган турли мансабдорлар билан ўтказиладиган расмий шоҳона учрашувга ҳали бир соат бор эди. Ўзини қўйишга жой тополмай турган фиръавн саройнинг аёллар қисмига йўналди. У қуюндек бостириб кирган хонада канизаклар қуршовида малика Нитокрис ўтирарди. Дарғазаб шоҳни кўриб саросимага тушган қизлар сакраб ўрниларидан турдилар ва таъзим бажо келтириб, шоша-пиша чиқиб кетдилар. Маликанинг чеҳрасида осойишталик ва хотиржамлик ҳукмрон эди. Фиръавн билан ёлғиз қолгач, малика унинг ёнига келди ва оёқ учида кўтарилиб, елкасидан ўпди.
− Яна жаҳлинг чиқдими, ҳукмдорим?
У ҳамма гапни айтиб, кўнглини бўшатишни хоҳларди. Бу савол айни муддао бўлди.
− Кўряпсан-ку!
Табиатан сезгир малика эрининг феъл-атворини яхши билар ва бундай пайтларда уни жаҳлдан туширишни ўз бурчи деб ҳисобларди. Шунинг учун у табассум қилиб, секин гапирди:
− Мулойимлик ва муросаю мадора фиръавннинг асосий фазилати.
У нафрат билан елкасини қисди:
− Муроса қил деяпсанми? Муросасозлик қўрқоқликнинг аянч қуролидир.
− Ҳукмдорим, − деди малика ошкора ранжиб, − нега эзгу ўйлардан бунчалик безиб кетдинг?
− Йўқ, сен, яхшиси, айт-чи, мен фиръавнманми ёки йўқми? Куч-қудратим борми ёки ожиз бандаманми? Нега ўзим хоҳлаган ишни қилолмайман? Агар аянч бир қул: “Бу сенинг мулкинг эмас, сеники бўлмайди ҳам!” деб тепамда турса, ўз мамлакатим устидан қандай ҳукм юрита оламан?
Малика унинг тирсагидан ушлаб курсига ўтказмоқчи бўлди, аммо у қўлини тортиб олиб, жаҳл ичида хона бўйлаб яна тез-тез юра бошлади.
− Оламда ҳамма нарса шундай деб ўйлама, − ғамгин хўрсинди Нитокрис. − Ҳамиша ёдингда тут, коҳинлар содиқ маҳрамларингдир, эҳромларга қарашли ерлар уларга ота-боболаримиз томонидан тортиқ этилган. Коҳинлар уларга тўла ҳуқуқли саналади. Сен уларни тортиб олмоқчи бўляпсан. Табиийки, улар бундан ташвишланмоқдалар.
− Мен саройлар ва мақбаралар қурдирмоқчиман, − гапини бўлди ёш фиръавн. − Мен муносиб ҳаёт кечиришни хоҳлайман. Йўлимга ҳеч ким тўғаноқ бўлишини истамайман. Аммо давлат ерларининг ярмиси коҳинлар қўлида. Мен тиланчига ўхшаб, улардан марҳамат кутиб яшашим керакми? Бундай ҳукмдорнинг кимга кераги бор?! Бугунги тантанали маросимда нима бўлганини ҳали эшитганинг йўқ. Уларнинг бир тўда тарафкашлари кўз ўнгимда Хнумхет номига олқиш ёғдиришди. Менга қарши очиқчасига кураш бошланганини кўряпсанми?
Ранги оқариб кетган Нитокрис нималардир деб ғўлдиради.
− Сенга нима бўлди, улуғ малика? − аччиқ киноя билан сўради Меренра.
У шоҳ дарғазаб бўлган пайтда ҳеч нарсадан қайтмаслигини яхши билгани учун эрини ортиқча тинчлантиришга уринмади. Ўзини зўрлаб қўлга олди ва хотиржам гапирди:
− Бу суҳбатни бошқа пайтга қолдирайлик. Ҳозир Хнумхет бошчилигида барча мансабдорларинг сени кутишмоқда. Учрашувни барча расмий қоидаларга амал қилган ҳолда рисоладаги тартибда зтказишинг керак.
У маликага совуқ тикилди ва ўта хотиржамлик билан:
− Нима қилишни ўзим биламан, − деди. Унинг товушидан қўрққулик эди.
Белгиланган соатда фиръавн Меренра тахт қўйилган катта залга чиқди ва ўз мансабдорлари билан учрашди. У коҳинларнинг нутқлари ва вилоят ноиблари − номархларнинг ҳисоботларини индамасдан эшитди, кўпчилик ҳукмдор норози эканини очиқ сезиб турарди.
Қабулнинг расмий қисми тамом бўлгач, фиръавн бош вазир Хнумхетни олиб қолди ва у билан нималарнидир узоқ муҳокама қилди. Даврадагилар бирон нарсани сўрашга ботина олмай, бир-бирларига ҳайрат билан тикилганча қолдилар. Ниҳоят, бош вазир бошқаларнинг ёнига қайтди, улар ўзларини қизиқтираётган саволларга жавоб топиш умидида саволган нигоҳ ташладилар. Аммо Хнумхетнинг юзлари тош қотгандек ҳаракатсиз бўлиб, ҳеч қандай ифода сезилмасди.
Қабулдан кейин фиръавн доимий маслаҳатчиси ва суҳбатдоши бўлмиш хазиначи Суфхотеп билан шахсий қўриқчиларинниг бошлиғи Тахога ирмоқ бўйидаги боққа боришни буюрди. Учаласи кечқурунлари кўпинча шу ерда суҳбат қуришарди. Меренра мевалардан анқиб турган хушбўй ҳидлар ва турли-туман гулларнинг муаттар исларидан маст бўлган ҳолда уларнинг олдига шошилмай юриб борди. Буғдойранг юзида энди мамнуният акс этар, чамаси, ўз дилозорларидан ўч олган кейин кўнгли жойига тушганга ўхшарди. Ирмоқ ёнига келгач, яқин кишилари − баланд бўйли, қотма, оқ сочли Суфхотеп ҳамда темир мускулли, жанглар ва сафарларда чиниқиб кетган қудратли Тахо кутиб турганини кўрди. Яқингинада бу арбоблар маросимлар залида бош вазирга дадил тикилган бўлса, ҳозир ўз ҳукмдорлари қаршисида бош эгиб, буйруққа интизор туришарди. Байрам чоғида юз берган нохушлик ва қабулдан кейин фиръавн билан Хнумхет орасида бўлиб ўтган сирли суҳбатга иккаласи ҳам гувоҳ эди. Рўй берган ҳодисани фиръавн ўз ҳолича қолдирмаслиги аниқ. Улар юрак ҳовучлаб кутишарди. Эҳромларга қарашли ерлар масаласини босиқлик, вазминлик ва сабр-тоқат билан ечиш зарур деб таъкидлаб келган Суфхотеп ҳозир подшоҳнинг ғазаби ўз бошига ёғилишидан хавотирда эди. Тахо эса, аксинча, дарғазаб фиръавн эҳромлар ихтиёридаги ерларни тортиб олиш учун қатъий ҳаракатлар бошлашидан умидвор эди. Қўриқчилар бошлиғи коҳинларнинг попугини пасайтириб қўйиш керак, деб фикрини очиқ айтди.
Аммо фиръавнинг юзи жиддийлик касб этган, ҳамма нарсани унутгандек, парвойифалак эди. Аъёнларнниг ичидан нималар ўтаётганини сезиб турган ҳукмдор кўнглидаги гапини атайлаб пайсалга солди. У ёғоч ўриндиққа ўзини ташлади ва уларни ҳам ўтиришга таклиф қилар экан:
− Бугун ҳар қанча аччиқлансам, норози бўлсам арзийди, − деди.
У нимага шама қилаётгани аниқ эди. Суҳбатдошларнинг қулоқлари остида бояги сурбетларча нидо қайта жаранглагандек бўлди. Суфхотеп қўлларини ёзиб хитоб қилди:
− Улардан юқори туринг!
Аммо Тахо қатъият билан эътироз билдирди:
− Қачонгача сабр қиламиз?! Қуролларимизни занг босган эмас, жангчиларимиз бизни ҳимоя қилишга тайёр. Тўғри, коҳинлар кўп нарсага қодир, билимдон, аммо улар тўғри йўлдан тойиб кетмоқдалар. Бошлари бутунлай ғовлаб кетибди. Кўра-била туриб берк кўчага кириб боришмоқда.
Фиръавн бошини эгиб, ерга тикилиб ўтирарди.
− Ўзимдан қайта-қайта сўрадим, Мисрдаги биронта подшоҳ бугун мен эшитгандек ошкора ҳақоратга дуч келганмикан? Тахтга ўтирганимга энди икки-уч ой бўлди-ку!..
Тахонинг кўзлари ёвуз ярқиради:
− Ҳаммасини куч ҳал қилади, подшоҳим. Ота-боболаринг қудратли, тоғдек мустаҳкам эдилар, ўз ҳукмини қилич кучи билан қатъий ўтказишарди. Сен ҳам улардек бўл! Иккиланма, ҳеч қандай хомхаёлга берилма. Агар, зарба бермоқчи бўлсанг, шафқат қилиб ўтирма, қутулиб кетиш учун душманингда зиғирча имкон қолмасин!
Узоқни кўзловчи ва эҳтиёткор Суфхотепга ҳарбий бошлиқнинг шиддатли сўзлари маъқул келмади.
− Подшоҳим, − деди у, − мамлакатдаги коҳинлар инсон танасидаги қон томирларига ўхшайдилар. Ҳукмдорлар ва ҳокимлар, мирзалар ва муаллимлар уларнинг орасидан тайинланади. Одамларнинг қалбига ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқи уларга азалдан ато этилган. Бунинг устига, сенда шахсий қўриқчилар ва шаҳар дастасидан бошқа ҳарбий куч йўқ. Дўстим Тахо таклиф этаётган қатъий зарба ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Аммо Тахо сўзида туриб олди:
− О, донишманд маслаҳатчи, қандай тадбир таклиф этмоқчисиз? Ҳақоратларга чидаб, душманларимиз ҳужум қилишини кутиб ўтираверайликми?
− Наҳотки, коҳинлар душманларимиз бўлса? Ўз халқи орасида фиръавннинг душманлари йўқ. Коҳинлар ҳам садоқатли ва ишончли хизматкорлардир. Фақат эҳромларга ажратилган имтиёзлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани борасидагина эътироз билдиришимиз мумкин. Қасам ичиб айтаманки, ҳукмдоримга маъқул бўладиган ва коҳинларнинг ҳуқуқини ҳам камситмайдиган қонунлар чиқарилади деган илонч мени асло тарк этган эмас.
Фиръавн иккаласини ҳам хотиржам тинглар экан, титроқ лабларида худди Сфинксники каби сирли табассум пайдо бўлди. У Суфхотеп гапириб бўлгандан кейин истеҳзоли назар ташлаб, осойишта оҳангда:
− Дўстларим, безовта бўлманглар. Мен ўқ узиб бўлдим, − деди.
Суҳбатдошлар ҳайрат билан унга тикилдилар: Тахода умидворлик зуҳур бўлди, Суфхотеп оқариб кетди ва лабини тишлади. Меренра виқор тўла овозда мағрур давом этди:
− Қабул маросимидан кейин олий коҳин билан гаплашганимни кўрдинглар. Менинг ҳузуримда, кўз ўнгимда, подшоҳ ўрнига унинг номини − Хнумхетни тилга олиб қичқиришлари хиёнат белгиси эканини эслатдим. Безбет бақироқларни таъқиб этмасликка ваъда бердим. Шунда у ҳаяжонланиб, нимадир демоқчи бўлди, балки узр сўрамоқчимиди… − Меренра чимирилиб, бир муддат сукутга чўкди. − Мен уни гапиришга қўймадим ва бундай ошкора хитоб эҳромлар мулкини давлат ҳисобига ўтказиш ҳақидаги қароримни ўзгартиради, деб ўйлаш аҳмоқлик эканини таъкидладим. Бугундан бошлаб уларнинг ихтиёрига фақат зарур миқдордагина ерлар қолдирилади.
Тахо хурсандлигидан яшнаб кетди, Суфхотепнинг юзи янада оқарди. Фиръавн сўзини давом эттирди:
− Менинг қарорим Хнумхетни бутунлай довдиратиб, мувозанатдан чиқариб юборди. У ташвишга тушиб, эҳромларнинг ерлари худоники… улардан тушган даромадларнинг катта қисми камбағалларга берилади… деб исботлашга тушди. У яна кўп гапирмоқчи эди, аммо мен уни тўхтатиб, қарорим қатъий, уни пайсалга солмай бажаришинг шарт, деб суҳбатга нуқта қўйдим.
− Худолар сенга мададкор бўлсин, ҳукмдор! − хитоб қилди илҳомланиб кетган Тахо. У гўё шуҳрат ва улуғворликни шарафловчи ажаойиб мадҳия тинглаётгандек эди.
Фиръавн мамнун кулиб қўйди ва хазиначига хайрихоҳлик билан қаради:
− Сен ҳалол одамсан, Суфхотеп. Самимий маслаҳатчимсан. Бу гал сенинг фикрларингга амал қилмадик, хафа бўлмайсан.
− Ҳукмдорим, − жавоб берди қария. − Ўзингга маълумки, мен шуҳрат кўр қилган банда эмасман, маслаҳатимга қулоқ солишмаганда иззатталаб бўлиб жазавага тушадиган одатим йўқ. Шуҳратпарастлик ва калондимоғликдан худонинг ўзи асрасин. Мен садоқатли қулингман, маслаҳим қабул қилинмаганда мени безовта қилаётган тахминлар амалга ошмасин деб хавотирланаман, холос. Бундай ташвишларим бекор бўлиб чиқсин, ҳеч кимга озор етмасин, деб тангрилардан мадад сўрайман.
Фиръавн уни тинчлантирмоқчи бўлди:
− Мен фармон чиқардим, коҳинлар бундан кейин кўзимни ўйиб, бойлик орттиролмайдилар. Миср халқи мени яхши кўради ва бошқа биров ҳукмронлик қилишини хоҳламайди.
Суфхотеп ҳукмдорнинг сўзларига ўзини астойидил ишонтириб, бўлажак хатарни камайтириб таърифлашга қанчалик уринмасин, бу кескин буйруқ барча коҳинлар пойтахтга тўпланган пайтда эълон қилинганидан норози эди. Улар осонлик билан ўзаро тил топишиб, норозиликларини ошкора билдиришлари ва вилоятларига қайтганларидан кейин бирон кори ҳол бошлашдари мумкин эди. Халқ орасида коҳинларнинг нуфузи қанчалик кучли эканини у яхши биларди. Аммо фиръавн ўз қароридан мамнун эканини кўрган кекса хазиначи кўнглидаги нотинч ўйларни айтиб, ҳукмдорни ранжитгиси келмади. У пешонасидаги беҳисоб ажинларни силаб, ўзини хотиржам кўрсатишга ҳаракат қилди.
Меренра қувноқ кулимсиради:
− Нибиянинг жанубидаги исёнкор маасаю қабилалари устидан ғалаба қозонган кунимдан бери ўзимни бугунгидек бахтиёр ҳис қилмаган эдим. У пайтда отам тирик эди. Қани, келинглар, бугунги ғалабани нишонлайлик!
Канизаклар кўзада қўлбола марьют шаробини келтирдилар ва олтин косаларга қуйиб таъзим билан узатдилар. Суфхотеп ташвишли хаёлларни қувлашга ва фиръавн ҳамда ҳарбий бошлиқ билан бирга ҳаётбахш шарбатдан татиб, уларнинг шоду хуррамлигига шерик бўлишга уринар эди. Учаласи май сипқариб, оромбахш, лаззатли туйғуларга асир бўлдилар. Қаршидаги ирмоқда ботаётган қуёшнинг дарахт бутоқлари орасидан ўтган сўнгги шуълалари жимирлаб кўринар, сайроқи қушларнинг тинимсиз хониши ҳавога таралар, гулларнинг муаттар бўйлари димоқларни чоғ этарди.
Улар бир-бирига мулойим боқиб, хушхон табассум қилган ҳолда ширин хаёллар оғушида анча маҳалгача жим ўтирдилар. Бу сокин осойишталик қўқсидан бузилди. Фиръавннинг тиззасига юқоридан номаълум бир нарса келиб тушди. У ҳам, шериклари ҳам сапчиб ўринларидан туриб кетишди. Уларнинг оёлари остида мўъжаз шиппак ётарди. Ҳайрат билан юқорига қарашди. Баҳайбат бир бургут осмонда чарх уриб айланар ва қулоқни битиргудек бўлиб қичқирар, ўткир кўзлари эса оловдек ялтирарди. Сўнгра кучли қанотларини қаттиқ-қаттиқ силкитиб, баланд дарахтлар панасида ғойиб бўлди. Анграйиб қолган уч кишининг нигоҳи яна шиппакка қадалди. Фиръавн уни ердан олиб, истеҳзо ва ҳайрат ичида кўздан кечира бошлади.
− Бу, шубҳасиз, аёлларнинг шиппаги. Нозиклиги ва қимматбаҳолигига қаранглар-а!
− Буни бургут тушириб юборган, деб ўйлайсанми? − сўради Тахо шиппакка суқ билан тикилиб.
Фиръавн кулимсиради:
− Менинг боғимда бундай антиқа мева берадиган дарахт йўқ.
− Халқда шундай нақл бор, − гапга аралашди Суфхотеп, − бургутлар чиройли аёлларга шайдо бўлар эмиш, уларни ўзига мафтун қилиб, тоғ чўққиларига олиб кетар экан. Эҳтимол, бу бургут ҳам қимматбаҳо совға билан севгилисини йўлдан оздирмоқчи бўлгану бахтга қарши чангалидан тушириб юборганга ўхшайди.
Меренра бу гапга қизиқиб, Суфхотепга ўгирилди:
− Бу шиппакни қаердан олиб қочди экан? Яхшиси, шуни айтиб бер. Менинг назаримда, бу буюм самовий санамлардан бириники бўлса керак?
− Ёки ердаги санамникидир, − эътироз билдирди хазиначи. − У чўмилаётган кийимлари билан шиппакни ерда қолдирган. Шунда бургут уни олиб қочган.
− …Ва келтириб тиззамга ташлаган… Ғалати! Гўё чиройли аёлларга ўч эканлигимни билгандек…
Фиръавннинг кўзларида шодлик учқунлари порлади, чеҳраси ёришиб, ёноқларига қизиллик югурди. У қўлига тасодифан тушиб қолган туҳфани қизиқсинаб кўздан кечирар экан, унинг эгаси ҳақида ўйлай бошлади. У ким бўлди? Кўриниши қанақа? Чиндан ҳам чиройлими? Шиппак подшоҳ қучоғига келиб тушганини хаёлига келтирмасаям керак. Эҳтимол, бургут ўлжасини айнан шу ерга тушириб юбориши тақдири азалда аввалдан битиб қўйилгандир?! У энли чарм тасмага туширилган расмга тикилар экан, хитоб қилди:
− Қандай нафис сурат! Чиройли чавандоз қўлини кўксига қўйиб, ташрифга даъват этмоқда.
Фиръавннинг сўнгги сўзлари Суфхотепнинг диққатини тортди:
− Бир дақиқага бу дурдонани менга бериб туромайсизми, ҳукмдорим? − деб илтимос қилди у.
Шиппакни қўлига олиб, Тахо билан бирга синчиклаб кўздан кечирди, сўнг фиръавнга қайтариб берди:
− Таҳминим тўғрига ўхшайди. Бу шиппак Биге оролида яшовчи машҳур соҳибжамол Родописга тегишли.
− Родопис? − қайта сўради фиръавн. − Чиройли исм. Бунинг эгаси қандай киши?
Тахонинг юзлари асабий учди, у шоша-пиша гапга қўшилди:
− У раққоса, ҳукмдорим. Жанубдаги барча аҳоли буни яхши билади.
− Мен жанублик эмасманми? − жилмайди фиръавн. − Подшоҳлар олис уфқ ортидаги нарсаларни илғайди, аммо ўз сояси тушиб турган ерни кўра олмайди, деган гап рост экан.
Ҳаяжони янада кучайган Тахонинг юзлари оқариб кетди.
− Абу, Биге ва Билакдаги эркаклар бу аёлнинг уйига доим ташриф буюрадилар.
Сардор нега бунчалик безовта бўлаётгани Суфхотепга яхши маълум эди, у маккорлик билан кулимсиради:
− Нима бўлганда ҳам аёл гўзаллик тимоли, худолар яратган мўъжизаки, уни кўрган одам ҳайратдан лол қолади.
Фиръавн ҳар иккисига қарар экан, кулиб хитоб қилди:
− Сотис маъбуди номига қасамёд қиламанки, жанубда бу аёл ҳақида сизлардан кўра кўп биладиган киши топилмаса керак!
Хазиначи хотиржам тушунтирди:
− Унинг меҳмонхонаси файласуфлар ва санъаткорлар учрашадиган макон ҳисобланади.
− Ҳа, гўзаллик мўъжизат яратишга қодир. У мен кўрган барча аёлардан чиройли деб ўйлайсизларми?
Суфхотеп ишонч билан жавоб берди:
− Худди шундай, ҳуснда мисли йўқ, у билан ҳеч ким рақобат қила олмайди. Родописнинг юзини кўриш ҳар қандай эркак учун хатарлидир. Яқин дўстим файласуф Хуф шундай фикрда.
Тахо оғир хўрсиниб, хазиначига ёмон тикилди, бунинг маъносини яхши англаган қария қўшимча қилди:
− Ҳукмдорим, бу аёл паст табақадан, ҳусни шайтондек йўлдан оздирвчи. Эшигини қоққан ҳар бир эркакка у қучоғини очади.
Фиръавн хахолаб кулиб юборди.
− Сизларнинг таъриф-тавсифларингиз мени ғоят қизиқтириб қўйди.
Меренра яна бургут ва Родопис ҳақида эшитганларини ўйлаб кетди, юз берган бу ҳодиса сеҳрга тўла сирли пардага чулғаниб, ҳамон уни ҳайратга солмоқда эди.
− Ғалати, − деди у ўзича хаёлга чўмиб. − Бургут менга совға ташлаб яхши иш қилдими ёки нишон танлашда янглишдимикан?
Тахо унга кўз қирини ташлади:
− Бу тасодифдан бошқа нарса эмас. Ҳукмдорим бу ифлос шиппакни азиз қўлларида ушлаб тургани мени ҳайрон қолдирмоқда.
Суфхотеп ўртоғига истеҳзо ва ичиқоралик билан боқди ва вазминлик билан эътироз билдирди:
− Тасодиф дейсанми? Бу сўз мутлақо тўғри келмайди. Тўғри, у кутилмаганда юз бергна ҳодисаларни англатади. Аммо бошимизга ёғиладиган барча бахт ёки мусибатлар сабабини фақат сўқир тасодифга боғлаб қўйсак, унга худоларнинг иродаси қаерда қолади? Йўқ, дўстим, дунёдаги ҳар бир ҳодиса қудрат қалами билан аввалдан белгилаб қўйилган. Шундай экан, буни тасодифий ўткинчи нарса деб баҳолаб бўлмайди.
Тахо ичида тўлиб-тошаётган ғазабини зўрға босиб турарди. У бош хазиначига кескин ўгирилиб қатъий танбеҳ берди:
− Ҳозирги саодатли дамларда сен ҳукмдоримизни буюк ишлардан чалғитмоқдасан
Суфхотеп оҳиста рад этди:
− Ҳар бир кунимиз кеча-кундуздан иборат бўлганидек, ҳаётда ҳам жиддий ишлар ва кўнгилхушликларнинг ўз вақт-соати бор. доно киши уларни бир-бири билна аралаштириб юрмайди. Сирасини айтганда, довюрак саркарда, ҳукмдоримиз гўзал маҳлиқоларга ўч. Бундан хабар топган худолар бургут орқали мана шу шиппакни жўнатганлигига нега ишонишни хоҳламаяпман?
Меренра кулимсираб, ҳар иккисига синовчан тикилди.
− Дўстларим, сизлар бир умр баҳслашасизлар. Майли, буёғи ўзингизга ҳавола. Албатта, куч-фудратга тўлган Тахо гўзал аёллар изидан югургани ва доно қария Суфхотеп уни бу йўлдан қайтаргани маъқул бўларди. Аммо, нима бўлгнада ҳам, мен сиёсий масалаларда Тахонинг фикрига қўшилганимдек, севги борасида Суфхотернинг қарашларини маъқуллайман.
Фиръавн ўрнидан қўзғалди ва ботиб бораётган қуёшнинг сўнгги нурлари билан мунаввар бўлган улкан чорбоғни бир зум кўздан кечирди, сўнг кетишга шайланар экан:
− Ҳали ишларимиз кўп. Хайрли тун. Соғ бўлинглар, − деди.
У шиппакни кўтариб жўнаб кетди, сафдошлар ёлғиз қолишди. Гавдаси улкан, кўкраклари кенг, пайлари пишиқ, хўмрайган Тахо ва бўйи баланд бўлса-да, рангпар, нимжон, лабидан табассум аримайдиган ўткир кўзли Суфхотеп бир-бирига рўбарў ўтиришарди.
Ўзини зўрға ушлаб турган саркарда кўнглида қайнаб-тошаётган қаҳр-ғазабини тўкмасдан кетолмас эди.
− Менга хиёнат қилдинг, Суфхотеп. Очиқчасига рақобат қила олмаслигингни била туриб, мени сотдинг!
Хазиначи норози бўлиб қошларини чимирди:
− Сўзларинг ҳақиқатдан мутлақо узоқда, дўстим. Ҳозир мен севгини ўйлайдиган ёшдаманми? Мажолсиз қария бўлсам, невараларим вояга етган бўлса…
− Масхара қилишни йиғиштир. Гапинг ёлғонлиги шундоқ кўриниб турибди-ку! Родопис ишқида ёниб юрганингни ким билмайди? У менга илтифот кўрсатганда қуруқ қолганингн учун аламдан ич-этингни еб битирмаганмидинг?
Қария қўл силтади?
− Тўғрисини айтсам, баъзан ақлинг бақувват мушакларинг даражасида ҳам ишламай қолади. У гўзалга маҳлиёлигим шаҳвоний истаклардан юқори турадиган олижаноб хаёллардан иборат эди-ку!
− Шундай экан, ҳумнда ягона, деб нега ҳукмдоримизни йўлдан оздиряпсан? Лоақал, мени ўйлаб шу гапни айтмасанг бўларди-ку?
Суфхотепнинг юзида ҳайрат ва хайрихоҳлик акс этди:
− Наҳотки, бу гапларга шунчалик жиддий қарасанг? Ёки менинг ҳазилларим жонингга тегдими?
− Униси ҳам, буниси ҳам эмас, − тез жавоб қайтарди Тахо. − Фикримиз бир жойдан чиқмаётгани мени доим қийнайди.
Бош хазиначи кулди ва ўзига хос вазминлик билан:
− Аммо фиръавн Меренрага садоқат бизни бир-биримиздан асло узоқлаштирмайди, − деди.

БИГЕ ОРОЛИДАГИ ҚАСР

Тантанали маросим иштирокчилари кўздан ғойиб бўлгач, олтинчи сулолага мансуб фиръавнларнинг ҳайкаллари йиғиштириб олинди. Одамлар оқими, худди Мусога йўл бериб очилган ва душманлар устига ёпирилиб ғарқ қилган денгиз тўлқинларидек ҳар томонга тарқалиб кетди.
Родопис кемага қайтиш ҳақида қулларига буйруқ берди.
Фиръавнни кўрган пайтда пайдо бўлган ҳаяжон уни ўаробдек маст қилган, кўзлари чарақлар, қайноқ қон юзларида депсиб турарди. У ҳукмдорни ана шундай − ёшлик шижоати барқ урган, мағрур нигоҳли, қадди-қомати келишган, қуйма мускулли забардаст йигит сифатида тасаввур қиларди!
Уни илк бор − бир неча ой олдин Буюк Тож кийиш маросимида кўрган. У худди шу бугунгидек навқирон, ўз куч-қудратига ишонган ҳолдда уфққа мағрур боқиб, жанг аравасида шон-шавкат билан ўтган эди. Родопис шунда ҳам ҳукмдор биргина нигоҳ ташлаб ўтишига умидвор бўлган эди.
Шу тобда кўнглидан нима кечяпти? Балки ҳаммани тобе қилган фиръавн ўзининг ҳусни жамоли қаршисида бош эгишини хоҳлагандир? Балки бошқалар худо даражасида улуғлайдиган фиръавнни оддий одамлар сингари ишқ оташида ёндиришниорзу қилгандир? Ким билади дейсиз?.. Нима бўлганда ҳам унинг теран туйғулари самимий ва олижаноб эди…
Хаёлга ғарқ бўлган соҳибжамол хизматкорлари одамлар тўдасини не азоблар билан ёриб ўтиб, қийналиб кетаётганини сезмади ҳам. Эркакларни ютиб юборишга тайёр очкўз нигоҳлари унга заррача таъсир кўрсатмасди. Ниҳоят, кемага етиб келдилар. Родопис тахтиравондан тушиб, хонасига кирди ва кичкина оромкурсига ўрнашиб ўтириб олди. У ҳамон эс-ҳушидан йироқ, карахт бир ҳолатда эди. Кема Нилнинг силлиқ сувларини кесиб олға интилди ва дарё лабигача тушган зинапоя ёнига етгандан кейингина тўхтади.
“Биге ороли келини” деб ном олган оқ сарой ҳашаматли боғ этагида қад кўтарганди. Атрофни пальма ва хурмолар билан ўралган бир қаср жаннатмисол яшил ўтлоқ ўртасида оппоқ очилган гулга ўхшаб кўринарди. Родопис мармар ётқизилган зинадан оҳиста кўтарилди. Гарнит панжараларга Раамонхотепнинг назокатли шеърлари битилган баланд ҳайкаллар ўрнатилган эди. У пештоқига муқаддас тилда сарой бекасининг исми ёзилагн тошдарвозадан ичкарига кириб борди. Боғ ўртасида Родописнинг Ханфар ишлаган ва ниҳоятда табиий чиққан ҳайкали қад кўтарганди. Уни бунёд этиш учун қанча гўзал дамлар бахш этилган эди. Ҳайкалтарош соҳибжамолни кўркам тахтда ўтирган ҳолда гавдалантирганди, гўё у меҳмонларни қабул қилаётгандек таасурот қолдирар, юзларида балқиб турган майинлик, думалоқ кўкраклар, нафис оёқлар жозибаси мукаммал акс этган эди.
Родопис дарахтларнинг шохлари бир-бири билан туташиб, гуллар ва яшил япроқлардан гумбаз ҳосил қилган кенг хиёбондан ўтиб борди. Ўнг ва чап томонларга ҳам худди шундай хиёбонлар кетар, бири боғнинг жанубий, иккинчиси шимолий қисмидаги деворларга бориб тақаларди. Марказий хиёбон узум новдалари чирмашган мармар устунлар тпойига чўзилган. Айвончанинг ўнг ёғи бўйлаб анжирзор, чап ёғи бўйлаб хурмозор чўзилиб кетганди. Турли жойларда маймунлар ва оҳулар сақланадиган тўсиқлар ҳамда ҳар хил ҳайкалчалар кўзга ташланарди.
Оёлари ўз-ўзидан уни тиниқ сувли, нилуфарлар яшнаб очилиб, оққушлар ва ёввойи ўрдаклар сузиб юрган ирмоқ томонга олиб келди. Гулларнинг ифор ислари ҳаммаёқни тутиб, булбуллар бор овози билан хонишга тушган чоғ эди.
Родопис ирмоқ бўйлаб юриб, ёзги шийпон олдига келди, бу ерда уни бир тўда канизаклар таъзим билан кутиб, амрига мунтазир туришарди. Соҳибжамол ўриндиққа ҳорғин чўкди. Аммо кўп ўтиришга сабри чидамади. Сакраб ўрнидан қўзғалди-да, хизматкорларга буюрди: “Ечинтириб қўйинглар! Одамларнинг иссиқ нафаси худди жазирамадек жонимга тегди! Муздек сув зора ором бағишласа!..”
Биринчи канизак беканинг олдига келиб Маннефер усталар зарҳал иплар билан тиккан устки халатига қўл узатди. Кейин яна иккитаси ипак нимчасини ечиб олди, унинг остида ёқаси очиқ тиззасигача тушадиган нимшаффоф кўйлак бор эди. Қизларнингг нозик ингичка қўллари момиқ баданни бу кўйлакдан ҳам халос қилдилар, тенги йўқ соҳибжамол онадан қандай туғилган бўлса, шундай кўринишда намоён бўлди, чамаси, бундай гўзал вужудни яратиш учун барча худолар бирдек иштирок этган ва ҳар бир ўз санъати билан фахрланса арзигулик эди!
Яна бир канизак қора сочлар боғланган тугунни ечиб юборди, улар бутун бадани бўйлаб ёйилиб, тақимига тушди. Қуллардан бири тиз чўкиб Родописнинг олтин ҳалли шиппагини ечиб, ирмоқ ёқасига қўйди. Соҳибжамол солланиб юриб мармар зиналардан пастга тушди, сув дастлаб тўпиқларни, сўнг болдири, сонларини бекитди.. У сокин сув бағрига ўзини отди ва ором оғушига чўмиб, гоҳ қорни билна, гоҳ чалқанча ётиб, гоҳ ёнбошлаган кўйи узоқ вақт сузиб юрди. У роҳатбахш сув қўйнидан ҳали-бери чиқмоқчи эмас эди, аммо ногоҳ канизакларнинг даҳшатли қичқириқлари эшитилди. Нақ қирғоқ устида қанотлари сувга тегай даб учиб юрган баҳайбат бургутга кўзи тушиб, қўрқувдан ўзини йўқотиб қўяёзди. Родопис қичқириб юборди, бутун баданига титроқ югурди, жонҳолатда шўнғиб, димиқ кетгунча сув остида турди. Сувдан бошини чиқариб, қўрқа-писа атрофга қараганда ҳаммаёқ осойишта эди. Дарҳол осмонга қараб, уфқ сари учиб кетаётган бургутни кўрди.
Родопис шоша-пиша қирғоққа сузиб келди; ҳаяжон ичида қирғоққа чиқиб битта шиппагини кийди, иккинчиси ҳеч қаерда йўқ эди.
− Бошқаси қани?
− Бургут олиб кетди, − барақар қичқиришди канизаклар.
Унинг юзида бир лаҳзалик афсус сезилди, сўнг шитоб билан шийпонга қараб юрди, канизаклар изидан базўр етиб боришиб, фил суягидек силлиқ, нозик баданидан томиб турган томчиларни артишга тутиндилар…
Қуёш ботгач, Родопис меҳмонларни кутишга тайёрлана бошлади. Байрам кунларида мамлакатнинг ҳамма томонидан ёғилиб кетган зиёратчилар орасида унга қўноқ бўладиганлар кўп эди. У энг яхши кўйлагини кийиб, энг қимматбаҳо тақинчоқларини тақди ва меҳмонларни қашилаш учун қабулхонага йўналди.
Меъмор Хану қурган бу муҳташам хона чўзинчоқ шаклда бўлиб, деворлари муқаддас ибодатхоналардаги каби мармар ва рангли тошар билан зийнатланган эди. Нафис нақшлар ва ганч билан безатилган гумбазсимон шифтда тилларанг шамдонлар осилиб турарди.
Хона деворларига ҳайкалтарош Ханфар зеб берган эди. Родописнинг эса бошқа мухлислари хона жиҳозларини − қулай, юмшоқ оромкурсиларни келтиришган. Булар орасида соҳибжамолнинг фил суягидан ясалган қимматбаҳо тахти алоҳида ажралиб кўринарди. Оёқлари фил суягидан ишланган, ўриндиғи соф олтиндан қуйилиб, зумрад ва жавоҳирлар ўрнатилганди. У шаҳар ҳокими Анининг совғаси эди.
Меҳмонлар бекани узоқ куттириб қўйишмади. Хизматкорлар савдогар Анин келгани ҳақида хабар етказди. Кенг кўйлак кийиб, ясама соч қўйган эркак югуриб кирди. Орқасидан фил суягидан ясалган ва олтин билан зийнатланган қутича кўтарган мулозим келарди. Савдогар Родописга таъзим қилди ва унинг бармоқ учларини ўпди. У жилмайиб меҳмонни хушхон қаршилади.
− Хуш келибсиз, жаноб Анен. Аҳволлар қалай? Охирги учрашганимиздан бери қанча вақт ўтиб кетди-я!
Севинчдан ўзини йўқотиб қўяёзган эркак кулимсиради:
− Иложимиз қанча, ҳукмфармойим! Танлаган касбим шуни тақазо қилади. Эҳтимол худолар шуни раво кўргандир? Ер юзида сайр этишни ёқтираман, тақдир тўлқини мени турли мамлакатларга улоқтиради. Ярим йил Нубияда тураман, бошқа вақтларда шимол билан жануб оралиғида югураман, муқим жойда қўнимим йўқ, сотиб оламан, сотаман, сотаман, сотиб оламан.
Соҳибжамол фил суягидан ясалган қутичани кўриб, хурсандлигини яшириб ўтирмади.
− Нақадар гўзал қутича! Яна қимматбаҳо совға келтиргансан шекилли?
− Қутичанинг ўзи эмас, ичидагиси антиқа нарса! Одамхўр филнинг қозиқ тиши! Уни нибиялик савдогардан сотиб олганман. Филни овлаш чоғида тўртта энг яхши овчимдан жудо бўлдим, деб қасам ичди у. Тишни ишончли жойга яшириб қўйдим ва харидорларга кўрсатмадим. Танисга келган пайтимизда моҳир заргарларга бердим. Улар тишни арралаб, ичига олтин қопладилар ва сиртини бўядилар. Энди у шохларгина ичишга муяссар бўладиган қадаҳга айланди. Бир неча кишининг ҳаёти эвазига қўлга кирган бу қадаҳни жонимиздан азиз соҳибжамолга совға қилишдан бахтиёрман. У хурсанд бўлади деган умиддаман.
Родопис шавқ билан кулди:
− раҳмат, қадрли Анен! Гапларинг бебаҳо совғангдан кўра ёқимли бўлди!
У ҳам ҳаяжон, ҳам илтижо билан соҳибжамолга тикилар экан, оҳиста шипшиди:
− Мунчалар яхшисан… Ҳар гал узоқ сафардан ҳузурингга келганимда кўзимга янада мафтункор ва жозибали кўринасан. Назаримда, ҳамма нарса ҳусну жамолингни ошириш учун хизмат қилаётгандек…
Хушомад сўзлари соҳибжамолнинг меъдасига тегди. У твниш куй тинглаётгандек, мақтовларга эътиборсиз эди. Шу дамда савдогарга тегажаклик қилгиси еклиб қолди.
Жиддий қиёфада:
− Ўғилларинг қалай? − деб савол берди.
Савдогарнинг дами ичига тушиб, қовоғини уйди ва индамай қутичага энгашиб, қопқоғини кўтаришга тутинди. Ёнбошлатиб қўйилган қадаҳ чарақлаб кўзга ташланди. Шундан кейин Родописга тик қаради:
− Кекса деб мендан кулмоқчимисан, хоним?! Сочимда ҳали битта ҳам оқ тола йўқ. Сўзларимдан нега таажжубланасан? Юзингни бир кўрган киши бошқа аёлни кўнглига сиғдира оладими?
Соҳибжамол ҳамон табассум қилган кўйи унга ёнидан жой кўрсатди. Аммо саволига жавоб бермади.
Залга бир гуруҳ савдогарлар ва маҳаллий бойлар кириб келишди. Улар орасида оқшомги суҳбатларнинг доимий иштирокчиси ҳамда фақат катта байрамлардагина ташриф буюрадиганлар бор эди. У барча меҳмонларни мафтункор табассум билан кутиб олди. Эшикда қадди-қомати келишган, жингалак сочли, япасқи бурунли, хушмуомалалиги яққол кўзга ташланиб турган ҳайкалтарош Ханфар кўринди. У Родописнинг қўлини меҳр ва тавозе билан ўпди.
− Эҳ, сен ялқов, − ҳазиллашди Родопис.
Ханфар ранжиди.
− Иш ўз вақтида бажарилади-ку.
− Ёзги шийпон-чи?
− У ҳали битмади. Аммо, афсуски, мен унга жило беролмайман.
Родопис ҳайрон бўлиб қошларини чимирди.
− Эртадан кейин Нубияга жўнаб кетаман. Онам бетобланиб қолипти, тезроқ етиб келсин, деган хабар олдим. У ёққа боришим зарур.
− Худо ёр бўлсин!
Ханфар миннатдорчилик билдирди ва давом этди:
− Ёзги шийпонни унутибди, деб ўйлама. Эртага бу ерга энг яхши шогирдим − Ясарнинг ўғли Бномон келади ва ишни охирига етказади. Унга тўла ишонаман. Ундан марҳаматингни аямайсан, деб умид қиламан.
Меҳмонлар тинимсиз оқиб келишарди. Меҳмор Ҳану, кейин шаҳар ҳокими − Ани, унинг изидан шоир Раамонхотеп кириб келди. Энг кейин Она шаҳридаги машҳур мактабда узоқ йиллар бош мураббийлик қилган файласуф Хуфнинг қораси кўринди. Ёши етмишга тўлган кейин у ватани − Абуга қайтиб келганди. Донишмандга ноз-ишва қилиш Родописга ёқарди. Уни қаршилар экан:
− Менга нима бўлди ўзи? Сени кўришим билан қучоқлаб ўпгим келаверади, − деди.
− Менимча, сен, азизам, антиқа асарларни ёқтирасан, − хотиржам жавоб берди файласуф.
Кумуш идишларда хушбўй суюқликлар ва қучоқ-қучоқ нилуфар дасталарини кўтарган канизаклар залга кириб келишди. Улар барча меҳмонларнинг боши, қўли ва кўкракларига муаттар суюқликлардан пуркаб, ҳар бирига гул тақдим этиб чиқдилар.
− Бугун нима бўлганини биласизларми? − баланд овозда гап бошлади Родопис.
Ҳамма унга қизиқиб тикилди.
− Туш пайтида ҳар галгидек ҳовузда чўмилаётган эдим. Дабдурустдан осмонда бургут пайдо бўлди, у чарх уриб айланиб келиб, тилла шиппакларимдан бирини кўтариб учиб кетди.
Эркаклар ҳайрат ва ишончсизлик биоан кулиб қўйишди.
Анен завқ билан қичқирди:
− Сотис маъбуди номига қасам ичаманки, бугруг бекамизни олиб қочмоқчи бўлган!
− НОзик баданинг ҳатто йиртқич қушларни ҳам жунбишга солади! − вўшимча қилди шоир Раамонхотеп.
− У менга жуда ёқарди, − деди куюниб Родопис.
− Албатта, қадрдон нарсангдан жудо бўлсанг, ачинмай иложинг йўқ. Аммо уни осмонга олиб қочишган экан, барибир ерга тушади. Шиппагинг олис бир қишлоққа бориб тушса, дағал қишлоқи қизларнинг оёғида хор бўлади.
− Нима бўлганда ҳам у қайтиб келмайди.
Родопис арзимайдиган нарсага хафа бўлаётганини кўрган файласуф Хуф тасалли беришга уринди:
− Ҳар холда бу реда яхши аломат бор.
Мўътабар меҳмонлардан сўради:
− Родопис нега бу қадар ғамгин! Унга нима етишмаяпти? Бу ерга қанча мухлислар йиғилган, ахир!
− Баъзиларидан қандай қутулишни билмай гаранг, − киноя қилди файласуф маъноли боқиб.
Май солинган кўзачалар ва тилларанг қадаҳлар кўтарган канизаклар яна меҳмонлар орасида пайдо бўлди. Май ташналикни қондириш билан бирга юракларда эҳтирос оловини алангалантира бошлади. Родопис оҳиста ўрнидан турди-да, қутичадан қимматбаҳо қадаҳни олди.
− Жаноб Аненнинг соғлиғи учун, у соғ-саломат қайтгани ва менга туҳфа этган ғаройиб совғаси учун ичамиз!
Анен ўз қадаҳини охиригача сипқарди, у ширакайф бўлиб қолганди, соҳибжамолга миннатдорчилик билан қарар экан, ёнида турган кишига мақтаниб қўйди:
− Родопис мени унутмайди! Бу яхши аломат!
Қўшни унга ҳавас билан тикилди. Савдогарни яхши биладиган ҳоким Ани олисдан туриб қичқирди:
− Эсон-омон қайтганинг учун, Анен! Саёҳатинг кўнгилдагидек ўтдими?
Савдогар эҳтиром билан таъзим қилди:
− ХЪудо сени ўз паноҳида асрасин, мўътабар жаноб Ани! Бу гал мен Вавайя вилоятидан нарига боролмадим. Сафар яхши ўтди ва муваффақиятли якунланди, анчагина маблағ орттирдим.
− Жаноб ҳукмдор, олиймақом Карафанранинг ишлари қандай?
− Очиғини айтганда, ноибга осон эмас, маасайю қабиласи тинимсиз исён кўтармоқда. Улар мисрликларни ёмон кўришади ва ҳамма жойда таъқиб этишади. Карвон орқасидан ҳужум қилиб, одамларнинг ҳаммасини аёвсиз ўлдиришади ва молларини талаб, Миср аскарлари етиб келгунга қадар жуфтакни уриб қолишади.
Ғазабдан Анининг юзлари қорайиб кетди:
− Ноиб уларга қарши жазо отрядларини нега юбормайди?
− Бундай отрядлар йўлга чиқиши биланоқ қароқчилар саҳро ичкарисига ёки жунглига яшириниб оладилар. Отряднинг озиқ-овқати тугаб, ортига қайтиши биланоқ улар яна карвон йўлларида хўжайинлик қила бошлайдилар.
Файласуф Хуф Аненнинг сўзларини диққат билан эшитди. У Нубияда бўлган ва қўшни қабилаларнинг ҳаёти билан қизиққан эди.
− Маасайю қабиласи нега тўхтовсиз бизга ҳужум қилади? Миср ҳокимияти хаафсизлик ва яхши яшаш имкониятини беради-ку. Биз уларнинг ички ишларига аралашмаймиз. Нима учун улар бизга душманлик ва нафрат билан қарайдилар?
Терна мулоҳазалар Аненни қизиқтирмасди; у савдогаорлар олиб кетишаётган қимматбаҳо моллар ҳужумнинг асосий сабабчиси деб биларди. Аммо жанубдаги шароитдан яхши хабардор бўлган ҳукмдор Ани тушунтирди:
− Аслини олганда, жаноб ноиб, уларнинг исёни сиёсий ёки диний мазмунга эга эмас. Масаланинг моҳияти шундаки, бу кўчманчи қабилалар унумсиз ерларда яшайдилар; ўлим уларни ҳар доим таъқиб этади. Уларнинг оёғи остида, ер қаърида беҳисоб бойликлар яшириниб ётибди. Аммо булардан баҳраманд бўлиб, очликдан қутулишга улар қодир эмас. Мисрликлар бу хазиналарни қазишга киришган пайтда, ёввойилар карвонларга ҳужум қилиб, талончиликни бошлайдилар.
− Агар, аҳвол шундай бўлса, жазо отрядлари фойда бермайди, − таъкидлади Хуф. − Жаноб ҳукмдор, мен мансабдор Унани − унинг муқаддас руҳлари Осирис диёрида ором топган бўлсин, улар билан ўзаро фойдали битим тузиш учун кўп ҳаракат қилганини эслайман. У карвон йўллари хавфсизлигини таъминлаш эвазига уларга озиқ-овқат етказиб беришни мўлжаллаган эди. Узоқни кўзлаб қилинган иш, шундай эмасми?
Ани маъқуллаб бош силкитди:
− Хнумхет, бош вазир, Уна лойиҳасини унутмади ва Нил байрами арафасида бу қабилалар билан шартнома тузди. Натижаси тез орада маълум бўлиб қолади. Кўпчилик бу иш самарали бўлади деган фикрда.
Сиёсат бобидаги баҳслар тезда меҳмонларнинг меъдасига тегди ва улар гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб, ўзаро суҳбатга киришдилар. Ҳарт бир гуруҳ Родописни ўз ёнига чорлашга интиларди, аммо унинг диққатини Хнумхет номи тилга олинган давра тортди. У байрам чоғида олий коҳин шарафига айтилган мадҳия туфайли фиръавннинг таъби бузилганини ва маросимдан путур кетганини эслади. Шу пайтда бу шаккокликдан қаттиқ дарғазаб бўлганди.
У оҳиста юриб, Ани, Хуф, Ханфар ҳамда Раамонтихоплар суҳбат қураётган даврага яқинлвшди ва овозини пасайтириб сўради:
− Бугунги ғалати табрик сизларга маъқул бўлдими?
Оқ сарой меҳмонлари қалин дўстлар бўлганлиги учун ҳар қандай мавзуда ҳайиқмасдан фикр алмашишга одатланган эдилар. Уларнниг суҳбатлари мутлақ эркинлик ва ўзаро ишонч ҳукми сурарди. Хуф бир неча бор олий мансабдорлар олиб бораётган сиёсатни танқид қилганди, Раамонхотеп эса диний ақидаларнинг замини мустаҳкамлигига шубҳа билдирганди. У мавжуд оламдан бошқа нарсани тан олмаслигини очиқчасига айтган ва дўстларини бу дунёда шод-хуррам яшашга даъват этганди.
Меъмор пиёласидаги шаробни хўплаб, Родописнинг ҳаяжондан оқриб кетган юзига синчиклаб назар ташлади.
− Бу ўта дадил табрик бўлди. Нил водийсида бундай ҳодиса бўлганини ҳеч ким билган эмас.
− Ҳа, шубҳасиз, эндигина тахтга ўтирган фиръавн учун бу кутилмаган кўнгилсизлик ҳисобланади, − маъқуллади Ханфар.
− Қайси мансабда бўлишига қарамай, шу пайтгача фиръавн бор жойда бошқа одам шаънига олқиш айтилмаган, − таъкидлади Хуф.
Родопис ғазабини зўрға босиб турарди.
− Қадимий одатимизни бунчалик таҳқирлашга қандай журъат этишди? Айтинг-чи, жаноб Ани, бундай шаккокликнинг сабаби нима экан?
Ҳоким Ани қуюқ қошларини чимирди.
− Афтидан, одамлар кўча-кўйда айтаётган гапларни эшитмоқчимисан? Фиръавн ўз отаси ва боболари сахийлик билан эҳромларга инъом қилган ерларни коҳинлардан тортиб олмоқчи. Буни оддий фуқаро ҳам жуда яхши билади.
− Фиръавнлар ҳар доим коҳинларни қўллаб келишган. Уларга катта ерлар ва қимматбаҳо бойликлар туҳфа қилинган. Оқибатда деҳқончилик қлинадиган ерларнинг учдан бири уларнинг қўлига ўтиб қолди. Ҳамма жойда улар ҳукмрон. Барча фуқаролар, ҳатто қуллар ҳам коҳинларга итоат этади. Ҳолбуки, бу бойликлар бошқа зарур жойларда ишлатилиши керак эди! − кескин гапирди Раамонхотеп. − Коҳинлар эса олинаётган даромад жамоат ишларига ва хайрия мақсадаларига сарфланади, деб лоф урадилар. Зарурат туғилса, барча молу мулкимизни давлат ихтиёрига ўтказамиз, деб мақтанишни яхши кўришади.
− Қандай зарурат?!
− Бирдан уруш бошланиб қолса, давлатга пул керак бўлмайдими?
Соҳибжамол бир зум ўйланиб қолди:
− Нима бўлганда ҳам подшоҳнинг иродасига қарши бориш мумкин эмас.
− Улар беҳуда уринишяпти. Бунигг устига бутун мамлакатда уларнинг айғоқчилари изғиб юришипти. Коҳинлар худоларнинг муқаддас ерларини қўриқлашади, деб фаллоҳларни ишонтиришмоқчи, − уқтирди Ани.
− Бунинг оқибатидан қўрқишмайдими? Ҳозир тинчлик замони, − тушунтирди Ани, − мамлакатда фиръавннинг шахсий қўриқчиларидан бошқа қуролли қўшин йўқ. Шундан фойдаланган коҳинлар дадил ҳаракат қилишмоқда, улар фиръавн кучсизлигига қаттиқ ишонишади.
− Нақадар разиллик! − хитоб қилди ҳайрати ошиб Родопис.
− Очиғини айтганда, коҳинлар − алоҳида тоифа саналади. Ўзларини дин, аҳлоқ ҳамда қадимий удумларнинг ягона ҳимоячилари деб билишади. Ҳокимиятга интилиш эса − уларга азалдан теккан касал, − хотиржам гап қўшди кекса файласуф.
Шоир Раамонхотеп қаричга ўткир кўзларини тикандек қадади. Ҳар қандай баҳс чоғида у эҳтиросга берилиб кетарди.
− Хўш, Хнумхет-чи? − сўради у дангал.
Хуф ижирғаниб елкасини қисди ва ўз одатига кўра вазмин оҳангда: − У ақлли коҳин ва тадбиркор сиёсатчи. Қобилиятли шахс эканлигини ҳеч ким инкор этмаса керак, − деди.
Ҳоким Ани эҳтироз билдириб, бошини тебратди:
− Фиръавнга садоқатини ҳозиргача кўрсатгани йўқ.
− Аксинча, тескарисини исботлади! − қизишиб қичқирди Родопис.
Файласуф бу фикрига қўшилмади.
− Мен Хнумхетга ишонаман. У ўз ҳукмдорига ва мамлакатига садоқатли одам.
Ани ниҳоятда ҳайратга тушди:
− Меренра нотўғри йўл тутяпти, деб эълон қилишинг қолди, холос.
− Бўлмаган гап! Ёш фиръавндан умидимиз катта. У буюк Мисрни янада қудратлироқ ва гўзалроқ қилиш иштиёқида ёниб яшамоқда. Шу туфайли коҳинларнинг лоақал бир қисм даромадини олишга тўғри келади.
− Ҳақиқат ким томонда? − тоқати тоқ бўлган раамонхотеп қайта савол берди.
− Гарчи қарашлари мос келмаса-да, ҳар бири ўзича ҳақ, − хотиржам якунлади файласуф.
Родопис жаҳл билан бу изоҳни рад этди.

Ҳоким Ани қуюқ қошларини чимирди.
− Афтидан, одамлар кўча-кўйда айтаётган гапларни эшитмоқчимисан? Фиръавн ўз отаси ва боболари сахийлик билан эҳромларга инъом қилган ерларни коҳинлардан тортиб олмоқчи. Буни оддий фуқаро ҳам жуда яхши билади.
− Фирьавнлар ҳар доим коҳинларни қўллаб келишган. Уларга катга ерлар ва қимматбаҳо бойликлар туҳфа қилинган. Оқибатда деҳқончилик қилинадиган ерларнинг учдан бири уларнинг қўлига ўтиб қолди. Ҳамма жойда улар ҳукмрон. Барча фуқаролар, ҳатто қуллар ҳам коҳинларга итоат этади. Ҳолбуки, бу бойликлар бошқа зарур жойларда ишлатилиши керак эди!— кескин гапирди Раамонхотеп. — Коҳинлар эса олинаётган даромад жамоат ишларига ва хайрия мақсадларига сарфланади, деб лоф урадилар. Зарурат туғилса, барча молу мулкимизни давлат ихтиёрига ўтказамиз, деб мақтанишни яхши кўришади.
− Қандай зарурат?!
− Бирдан уруш бошланиб қолса, давлатга пул керак бўлмайдими?
Соҳибжамол бир зум ўйланиб қолди:
− Нима бўлганда ҳам подшоҳнинг иродасига қарши бориш мумкин эмас.
− Улар беҳуда уринишяпти. Бунинг устига бутун мамлакатда уларнинг айғоқчилари изғиб юришипти. Коҳинлар худоларнинг муқаддас ерларини қўриқлашади, деб фаллоҳларни ишонтиришмоқчи, — уқтирди Ани.
− Бунинг оқибатидан қўрқишмайдими? Ҳозир тинчлик замони, — тушунтирди Ани, — мамлакатда фиръавннинг шахсий қўриқчиларидан бошқа қуролли қўшин йўқ. Шундан фойдаланган коҳинлар дадил ҳаракат қилишмоқда, улар фиръавн кучсизлигига қаттиқ ишонишади.
− Нақадар разиллик! — хитоб қилди ҳайрати ошган Родопис.
− Очиғини айтганда, коҳинлар — алоҳида тоифа саналади. Ўзларини дин, ахлоқ ҳамда қадимий удумларнинг ягона ҳимоячилари деб билишади. Ҳокимиятга интилиш эса — уларга азалдан теккан касал, — хотиржам гап қўшди кекса файласуф.
Шоир Раамонхотеп қарияга ўткир кўзларини тикандек қадади. Ҳар қандай баҳс чоғида у эҳтиросга берилиб кетарди.
− Хўш, Хнумхет-чи? — сўради у дангал.
Хуф ижирғаниб елкасини қисди ва ўз одатига кўра вазмин оҳангда:
− У ақлли коҳин ва тадбиркор сиёсатчи. Қобилиятли шахс эканлигини ҳеч ким инкор этмаса керак, — деди.
Ҳоким Ани эътироз билдириб, бошини тебратди:
− Фиръавнга садоқатини ҳозиргача кўрсатгани йўқ.
− Аксинча, тескарисини исботлади! — қизишиб қичқирди Родопис.
Файласуф бу фикрларга қўшилмади.
− Мен Хнумхетга ишонаман. У ўз ҳукмдорига ва мамлакатга садоқатли одам.
Ани ниҳоятда ҳайратга тушди:
− Меренра нотўғри йўл тутяпти, деб эълон қилишинг қолди, холос.
− Бўлмаган гап! Ёш фиръавндан умидимиз катта. У буюк Мисрни янада гўзалроқ ва қудратлироқ қилиш иштиёқида ёниб яшамоқда. Шу туфайли коҳинларнинг лоақал бир қисм даромадини олишга тўғри келади.
− Ҳақиқат ким томонда? — тоқати тоқ бўлган Раамонхотеп қайта савол берди.
− Гарчи қарашлари мос келмаса-да, ҳар бири ўзича ҳақ, — хотиржам якунлади файласуф.
Родопис жаҳл билан бу изоҳни рад этди. Фиръавн ва бош мансабдорни қандай қилиб баравар қўйиш мумкин?! Худо назари тушган фиръавн мамлакатда ягона ҳукмдор, унинг ҳар бир сўзи — қонун, деб қатьий ишонар эди у. Ана шу теран эътиқодга дарз етказадиган ҳар қандай фикр Родописнинг юрагига найзадек санчилар эди. Ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашгач, қатьият билан эълон қилди:
− Агар фикримга қўшилсанглар, севинчдан бошим осмонга етади!
− Фиръавнни биринчи кўришдаёқ шу фикр миянгга кириб қолганга ўхшайди, эй маккора! Чимирилиб, овора бўлма — баъзан ҳақиқатдан кўра гўзаллик қудратлироқ бўлади-ку, ахир! — ҳазиллашди Раамонхотеп.
Суҳбат ҳайкалтарош Ханфарнинг меъдасига тегди. У овози борича қичқириб юборди:
− Эй канизаклар, кўзаларни бу ёққа олиб келинглар! Соҳибжамол Родопис, биз билан бирга қўшиқ айтасанми ёки оромижон рақсларинг билан кўнглимизни овлайсанми?
Байрамга ақлли гаплар эмас, шодлик ва хурсандчилик ярашади! Марьюта майи бизни сархуш айлади, энди мусиқа ва рақсдан лаззатланишни хоҳлаймиз!
Родопис қўлини кўтариб суҳбатни яна давом эттирмоқчи бўлди, аммо шу пайт бир чеккага чиқиб ширин уйқуга кетган савдогар Аненга бехосдан кўзи тушиб қолди. Бекалик бурчини унутмаган соҳибжамол дарҳол савдогар ёнига югуриб бориб, қулоғига қичқирди:
− Эй уйқучи, бошингни кўтар!
Савдогар чўчиб, орқага ташланди, аммо қаршисида турган соҳибжамолни кўриб севинчдан ўзини йўқотиб қўяёзди. Родопис унинг ёнига ўтирди.
− Ухлаб қолдингми?
− Йўқ, хаёл сураётгандим.
− Нима ҳақида?
Биге оролида ўтадиган унутилмас кеча ҳақида. Бугун менга бахт кулиб боқармикан деб, ўзимга савол бераётган эдим. Ҳеч бўлмаганда висолдан умидвор қиладиган ваъдангни оламан деган ниятдаман.
У бошини силкитиб йўқ ишорасини билдирди.
− Нима учун?
− Эрка кўнглим сени ихтиёр этар, балки бошқани. Ёлғон ваъдалар билан алдаганим яхшими?
У ўзаро бақириб-чақириб суҳбатлашаётган бошқа тўда ёнига йўналди. Меҳмонлар уни шодон хитоблар билан қаршиладилар.
−Мулоҳазаларинг билан суҳбатимизга зийнат бермайсанми? — сўради Шама исмли йигит.
− Нимани гаплашяпсизлар?
− Биласанми, санъаткорларни фиръавн ва сарой аъёнлари нима учун яхши кўришади? Шу ҳақда баҳслашяпмиз.
− Қандай хулосага келдинглар?
− О, маликам, улар ҳеч қандай ҳурматта арзимайди, деган тўхтамга келдик!— шахдам эълон қилди сархуш Шама. У атрофдагиларни илғамайдиган даражага бориб қолган эди.
Родопис саньаткорлар — Раамонхотеп, Ханфар, Хану ўтирган томонга қараб кулиб қўйди-да, улар эшитсин деб атайлаб овозини баландлатиб хитоб қилди:
— Баҳсда бошқа томон ҳам иштирок этиши керак! Ҳой, дўстлар, наҳотки эшитмаётган бўлсанглар? Сизларни бадном қилишяпти-ку! Санъат арзон матоҳ, уни яратганлар эса арзимас одамлар, дейишмоқда. Бунга нима дейсизлар?
Кекса файласуф хиёл жилмайиб қўйди. Санъаткорлар ўз мухолифларига мағрур назар ташладилар. Ханфар дудуқланди, қизиққон Раамонхотепнинг юзи ғазабдан оқариб кетди.
Ўз сўзамоллигига маҳлиё бўлган Шама тобора баландроқ қичқирарди:
− Мен меҳнатсеварлигу қунтни тан оламан. Қолгани бир пул. Омоч билан ерни ҳайда, у сенга бўйсунади ва ўз бойликларини сахийлик билан очиб беради. Минглаб камбағалларни иш билан таъминлайсан, ўзинг ҳам баҳраманд бўласан. Ҳеч қандай бадииятнинг кераги йўқ!
Бу сўзлар кўпчиликка маъқул тушди. Баъзилар ҳақиқатан ҳам санъат аҳлига нафрат билан қараб, улардан жамиятга фойда йўқ, деб ҳисоблашар, бошқалар эса баҳсдан фойдаланиб, ўзини кўз-кўз қилиш пайида эди.
− Мамлакатни ким бошқаради? Халққа йўлбошчилик қилаётган ким? Янги ерлар забт этаётган, қалъаларни қамал қилаётган кимлар? Ноз-неъматларни ким яратяпти? Улар санъаткорлар эмас-ку!
Анен май ҳўплар экан, қўшимча қилди:
− Ҳақиқий эркак аёлни жон-дилдан севиб, ақлу ҳушини йўқотади ва ширин муҳаббатни қўмсаб таскин топади. Шоирлар эса, қофиябозлик қилиб, алаҳсирашдан нарига ўтмайди. Вақтларини беҳуда ўтказаётгани учун уларни жазолаш керак. Улар эса арзимас битиклари эвазига шон-шуҳрат ва абадийлик даъво қиладилар!
− Бошқалари ундан баттар. Ёлғон сўзларни қофияга солиб одамларни лақиллатадилар, соялар ва шарпалардан илҳом излаб, туманли водийларда тентираб юрадилар. Уларнинг ёлғони болаларни ва кўплаб содда одамларни заҳарлайди, — яна гапга аралашди Шама.
Бундай таъналарни эшитган Родопис завқланиб кетди. У Ханфарнинг ёнига ўтириб, киноя қилди:
− Аҳволингга вой, баҳодир йигит! Худди елкангда тоғни кўтариб тургандек нега бу қадар мағрур ва бепарвосан?
Ҳайкалтарош аянчли жилмайиб қўйди, аммо сукут сақлади. Рақибларини тилка-пора қилиб ташлашни истаса-да, жоҳил кишиларнинг аҳмоқона таъналарига жавоб беришни барча ўртоқлари сингари ўзига номуносиб ҳисобларди. Родопис мухолифларни муросага келтирмоқчи бўлиб, файласуф Хуфга мурожаат қилди:
− Қани, файласуф, санъат ва уни яратувчилар ҳақидаги фикрларингни сен ҳам айт-чи?
− Санъат − ўйин, санъаткорлар − моҳир ўйинчилар, холос.
Санъаткорлар жунбишга келдилар, ҳоким Ани ўзини
кулгидан тия олмади, савдогарлар эса хурсанд бўлиб қичқиришди:
− Қария, бутун ҳаёт фақат оғир меҳнатдан иборат, демоқчимисан? — Раамонхотеп ғазабдан титраб кетди.
− Мен бошқа нарсаларни ҳам назарда тутяпман. Ҳаммаси ўйин, фақат ўйин эканини унутмаслик керак.
− Ижодий илҳомни ҳам ўйин деб биласанми? — ҳақоратомуз оҳангда сўради Ханфар.
− Сен илҳом деб атаётган нарса ҳам хаёлот ўйини, — нафрат аралаш жавоб берди файласуф кулгисини яшириб.
Родопис баҳсга тортиш мақсадида меъмор Хануга қаради, аммо у одатдагидек индамай ўтирди. Аслида баҳсга қўшилгиси келар, лекин меъмор кекса файласуф Ханфарга ва айниқса, қизиққон Раамонхотепга атайлаб тегажаклик қиляпти, деб ўйлагани учун сукут сақлашни афзал кўрмоқда эди. Ҳақиқатан ҳам жини қўзиган шоир ўзини тутолмай қолганди.
− Агар санъат хаёлот ўйини бўлса, — ваҳшийларча қичқирарди у, — одамлар нега унга бутун куч-қувватини, ҳатто бутун ҳаётини бағишлайдилар?
− Ҳаётдан норози бўлиб, йўл тополмай юрган аянч омадсизларгина ўз тасаввурлари ва болаларча хом хаёллари учун санъат оламини макон қилиб оладилар.
− Танқиддан тубан гаплар, — дарғазаб шоир заҳар сочди. Ханфар ва Хану маъқуллаб, бош ирғаб қўйишди.
Жаҳлини жиловлай олмай қолган Раамонхотепни энда тўхтатиб бўлмасди. У истеҳзо билан кулаётган башараларга тик қаради:
− Санъатдаги гўзаллик ва лаззатдан наҳотки баҳра олмасанглар?
− Ҳаммаси ғирт ёлғон ва бемаза сўзлар, — тилини зўрға айлантириб ғулдиради Анен. Май унинг миясини қиздира бошлаганди.
Ғазабдан ўзини батамом йўқотиб, титраб-қақшаган шоир қўлидаги нилуфар гулини улоқтириб юборди:
− Жоҳил нодонлар билан нега баҳслашиб ўтирибмиз? Ҳаётнинг маъниси — гўзаллик ва роҳат-фароғатда, буни — бемаънилик дейиш ғирт телбаликдир! Дунёдаги гўзаллик ва фароғатдан кўра азиз нарса борми?!
Дўстининг сўзларидан ниҳоятда хурсанд бўлган Ханфар Родописга ўгирилиб, ҳаяжон билан хитоб қилди:
− Ҳусну жамолинг ҳаққи қасам ичаманки, бебаҳо гўзалим, у мутлақо тўғри гапиряпти! Ҳаёт худди тушдек тез ўтиб кетади. Отам ўлганда қанчалик қаттиқ қайғурганим, аччиқ йиғлаганларим ёдимда. Ҳозир уни хотирлаш мен учун оддий нарсага айланиб қолди. Баъзан ўзимдан-ўзим отам ҳақиқатан ҳам дунёда яшаган эдими, деб сўраб қоламан ёки у тун қўйнида хаёлимда пайдо бўлган рўё ўйини эдими? Ҳаёт асли шундай экан. Кучли одамлар ундан қандай улуш олиши мумкин? Ўз қўллари билан яратилган неъматлардан фақирларга нима тегади? Бутун дунёни забт этган ҳукмдорлар нимага эришдилар? Бир ҳовуч кул ва тупроққа! Куч-қудрат— телбаликка, донишмандлик — ёлғонга, бойлик — йўқликка айланиши мумкин. Фароғат эса ўзгармай қолаверади. Ҳаётда фақат гўзаллик яшайди, бошқаси пуч!
Родописнинг гўзал юзлари жиддийлашди, у ўйчан гапирди:
− Мабодо янглишмаяпсанми, Ханфар? Балки гўзаллик ва фароғат ҳам пуч нарсалардир? Бутун ҳаётим гўзаллик ва фароғат учун хизматда, аммо баъзан шу қадар зерикиб кетаманки…
Родописнинг сўзларига ҳеч ким эътироз билдирмади. Раамонхотеп оғзига сўк солди. Ханфар хафа бўлганди, Хану эса ҳар галгидек жим. Дўстлари учун жони ачиган соҳибжамол ташаббусни ўз қўлига олди:
− Муҳтарам меҳмонлар, бас қилинглар! Нима десаларинг-да, санъат ва санъаткорларсиз яшаб бўлмайди! Баҳслашишни мунча яхши кўрмасанглар?! Бахтли дақиқаларни баҳс ва эътирозлар майдонига айлантириб юбормайлик!
− Ажойиб қўшиқларинг садоси билан кўнгилдаги доғларни ювишга фақат сен қодирсан. Ҳозир ҳам шундай қил, — илтимос қилди ҳукмдор Ани. Ҳамма бу таклифга қўшилди.
Родопис рози бўлди, бутун вужудини бир неча бор ларзага солган ғалати ҳолатдан қутулишига мусиқа ёрдам берар, деб умид қилди. Чирманда, сурнай, най ва чилтор кўтарган ёш-ёш канизаклар кириб келишиб, орқа тарафдан жой олишди.
Бека қўли билан ишора қилди, созандалар нозик ҳаракатлар билан бир куйни чала бошладилар. Мусиқа садолари оҳиста пасайиб бориб, ошиқ-маъшуқларнинг бахтиёр шивир-шивирига ўхшаб қолгач, Родопис Раамонхотеп шеърига басталанган дилрабо қўшиқни куйлашга киришди:

Донишманд ваъз айтар, соласиз қулоқ,
Аммо бу гал тингланг қўшиқларимни!
Асрлару авлодлар ўтар дунёдан,
Хаёлий орзудек қолдирмасдан из.
Қани фиръавнлар? Арбоблар, саркардалар қайда? Уларнинг устидан бугун кулар вақт.
Ўлим — боқий дунё сари очилган эшик,
Аммо дилга ким бера олур тасалло,
Қайтмади-ку у ёқдан биронта одам?
Қора фурсат ҳали келмасдан туриб
Кўнгилдан кетмасин шодлик — хуррамлик.
Соқийни тинглангиз қувониб ҳар он,
Донишманд олимдан ортиқ у чандон.

Илоҳий овоз тингловчиларни маънавий кишанлардан халос қилиб, фикру ўйларни сархуш этувчи беғубор гўзаллик ва фароғат оламига етаклаб кетгандек бўлди. У қўшиғини куйлаб бўлганда, қувонч ва қайғу, лаззат ва оғриқ оғушида қолган меҳмонлар бир фурсат сукутга чўмдилар.
Соҳибжамолга шайдо кўнгилларни висолга ташналиқдан бошқа барча туйғулар тарк этди.
Меҳмонлар май ичар ва мафтункор бекадан кўз узолмас эдилар, у эса давра оралаб юриб, кимгадир табассум қилар, кимгадир ноз-истиғно кўрсатар, ким биландир эмин-эркин ҳазиллашарди. Аненнинг олдига келганда, у қулоғига шивирлади:
− Худолар мададкор бўлсин, соҳибжамол! Ҳузурингга оғир юк кўтариб, эзилган чумолидек судралиб келган эдим, энди ўзимни кўқдаги қушдек енгил сезмоқдаман!
Унга табассум қилиб Рааманхотепнинг ёнига ўтди ва шоир улоқтириб юборган гул ўрнига янги нилуфар донасини тутқазди. Шоир миннатдорчилик билдириб, эркаловчи оҳангда майин гап қотди:
− Мана бу қария, санъат — хаёлот ўйини, дейди. Нақадар бемаъни гап! Санъат — сенинг кўзларингда чарақлаётган ва менинг юрагимни жароҳатлаёттан илоҳий чақиндир! Чақноқ кўзларинг мўьжизалар яратади.
− Боқишларим мўъжизакор, аммо ўзим ёш бола сингари ожизман!
У Хуф томонга шошилди ва қариянинг ёнига бориб ўтирди. Файласуф майдан бош тортган эди. Родопис унга хиёл таъна аралаш мафтункор нигоҳ ташлади, аммо файласуф норози тўнғиллади:
− Ўлимтик қарияни ҳамсуҳбат айлаганинг мени ҳайратга солмоқда.
− Бошқалар каби менга ошиқу шайдо эмасмисан?
− Қани имконим бўлса? Аммо совуқ вужудим бағрингдаги оловдан баҳра олади.
− Ундай бўлса маслаҳат бер, бугун ўзимни жуда бахтсиз ҳис этмоқдаман, кейинги ҳаётим қандай кечади?
− Ростдан шикоят қиляпсанми? Шунча гўзаллик ва бойлигинг билан-а?
− Шу пайтгача буни сезмадингми, донишмандгинам?
− Ҳамма норози, Родопис. Бир бурда нон илинжида юрган оч гадолар ҳам, ҳокимият юкини кўтара олмай инқиллаб қолган ҳукмдорлар ҳам, ортиқча ҳашам ва айш-ишратлар кўнглига урган давлатмандлар ҳам шикоят қилишади. Буларни эшитавериш жонимга тегиб кетди… Бу дунёда хурсанд одам борми ўзи? Нега қисматингдан норози бўлиб қолдинг? Тақдирга шукр қилиб, шодон яшайвер.
− Осирис оламида ҳам бахтсизлар борми?
Қария кулимсиради.
− Дўстинг Раамонхотеп бу юксак дунё устидан кулади. Коҳинлар эса у дунёни боқий деб аташади. У ёққа шошилма, соҳибжамол. Ҳали ҳаётда нимани ҳам кўрибсан?
Унга яна шодон кайфият қайтиб келди ва кекса файласуфга тегажаклик қила бошлади:
− Ростдан мени кўп нарса кўрмаган деб ўйлайсанми? Мен кўрган нарсаларнинг ярмисини ҳам сен ҳали кўрмагансан-ку?!
− Наҳотки шундай бўлса?
У қўли билан меҳмонларни кўрсатди.
− Мен мана бу номдор эрларни, Мисрнинг сара одамларини кўрганман. Улар ҳамиша оёғимни ўпишга зор. Ҳузуримга келганда уларнинг донолигию савлатидан асар ҳам қолмайди, ёввойи така ёки маймунга ўхшаб тутқич бермас, асов бўлиб қоладилар.
Навжувон аёл жарангдор кулиб, хона ўртасига югуриб бориб, созандаларга ишора қилди ва гир айланиб, машҳур рақсларидан бирини бошлаб юборди. Унинг силлиқ танаси дойра садолари остида буралиб тўлғанарди. Давра жунбишга келди. Ҳамма жозибадор мусиқага жўр бўлиб чапак чалар, оёқлари билан тинимсиз депсинар эди. Рақс тамом бўлгач Родопис қушдек учиб бориб, ўз тахтига қўнди ва эҳтирос оловида ёна бошлаган эркакларга қувноқ назар ташлаб:
− Бўрилар орасига тушиб қолган қўзичоққа ўхшайман,— деб кулди.
Бу ўхшатиш сархуш Аненга ёқиб тушди. Май миясини батамом чайқатиб қўйгани учун у ўзини ҳақиқатан ҳам жажжи қўзичоқни таъқиб этаётган бўри ўрнида ҳис эта бошлади. Савдогар тўрт оёқлаб, вовиллаганича меҳмонларнинг қувноқ кулгиси остида соҳибжамол пойига эмаклаб борди.
− Бугунги тунни менга бағишла, — илтижо қилди у. Родопис унга эътибор бермай, ҳукмдор Ани билан хайрлаша бошлади, сўнг Хуфга бурилиб қаради:
− Шу оқшомни сенга бағишлашимни хоҳлайсанми?
Қария хахолаб кулиб, бош чайқади:
− Бундан кўра асирларга қўшилиб Коптосда тош ёрганим маъқул…
Тўпланганларнинг ҳаммаси Родопис билан бирга қолиш илинжида бўлиб, бир-бирига шубҳа билан синчков боқишар эди. Ҳамма бирдек иштиёқ ўтида ёнаётганини сезган Ханфар қуръа ташлашни таклиф қилди:
− Ким ғолиб чиқса, бугун соҳибжамолнинг бахтли меҳмони бўлсин.
Ҳамма бунга рози бўлди. Папирус бўлакларига номларини ёзишга тутиндилар. Маҳбуба ёнида қолишни астойдил хоҳлаган Анен ялинишга тушди:
− Маликам, мен дарбадар сайёҳман. Бугун сенинг ҳузурингдаман. Эртага узоқ ўлкаларда бўламан. Бу тунда менга карам айласанг-чи, ким билсин, даргоҳингга яна қачон келаман?
Аммо ғазабланган рақиблар норозилик билдириб, уни бир чеккага суриб ташладилар. Родопис ошиқпар тўдасига совуқ боқиб, жим турарди. Яна ғалати ҳаяжон танига чирмашди, бу ердан қочиб чиқиб, ёлғиз қолишни хоҳлаб қолди. Меҳмонларнинг сармаст қичқириқлари жонига тегди. У қўлини кўтарди. Ҳамманинг дами ичига тушиб кетди.
− Беҳуда жанжаллашманглар, дўстларим! Бугун мен ҳеч бирингиз билан бирга бўлолмайман.
Ҳамма ҳайрат ва хавотир ичра унга қаради, сўнг шовқин бошланди. Унга ишонишмаётганини кўрган Родопис ўрнидан турди ва кескин гапирди:
− Мен толиқдим. Ёлғиз қолдиришларингизни илтимос қиламан. − У қўл силкитиб, ҳамма билан хайрлашди ва шоша-пиша ичкари кириб кетди…
Бека ўз ётоқхонасига кўтарилди, қулоғи остида ошиқ эркакларнинг ғовур-ғувури ҳамон жаранглаб турса ҳам холи қолганидан мамнун эди. Пардани суриб, боғнинг қоронғи йўлакларига назар солди. Сархуш меҳмонларнинг аравалари ва тахтиравонлари ўтиб борарди.
У жўнаб кетаётган омадсиз шайдоларини совуқ беписандлик билан кузатиб турди.
Нега уларни ҳайдаб юборди?.. Сабаби номаълум. Аммо юрагидаги хавотир ва ҳаяжон босилай демасди…
Ҳайҳот!.. Бир зайлдаги бундай ҳаётнинг охири қай тарзда тугар экан? Ҳатто донишманд Хуф ҳам тайинли гап айтолмади… У ўзини тўшакка ташлаб, хаёл дарёсига ботди. Яна бугунги ғаройиб воқеаларни эслади: кўз ўнгида одамлар тўдаси, жодугар кампирнинг ўткир кўзлари жонланди, хирилдоқ овозини эшитгандек бўлиб, бадани жимирлаб кетди. Шон-шуҳратга тўлган ёш ва чиройли фиръавн ҳам, юрагига ваҳима солиб, шиппагини ўғирлаб қочган даҳшатли бургут ҳам ёдига тушди. Ҳа, бугунги кун тасодифларга тўла бўлди. Бу воқеаларнинг ҳаммаси жам бўлиб уни қатгиқ ҳаяжонга солган эди. Доимий одатига хилоф равишда доғда қолган ошиқларини ҳайдаб юборишига сабаб ҳам аслида шу бўлса ажаб эмас. Юраги ҳаприқди, дилини ажиб аланга чулғади, вужудини тарк этиб, янгидан туғилиш ва бутунлай бошқа одамга айланишдек ғалати истак руҳини эгаллади… Фикрлари паришон тўзғиб, бош-кетини билолмай қолди. Балки лаънати жодугарнинг суқи кирдимикан? Вужудида рўй бераётган ўзгаришлар сеҳр-жоду таъсири эмасмикан? Агар, жодугарнинг афсуни бўлмаса, такдир ўз қудрати билан илоҳий мўъжиза кўрсатиб, ҳаётини бошқа изга соляптимикан?

ТАХО

Кўнгли ғаш бўлган Родописнинг уйқуси қочиб, тўшакдан турди ва боққа қараган дераза олдига келди. Уни катта очиб, ёнида ҳайкалдек қотиб турди. Ўпкаси тунги салқин ҳавога тўлди. Соҳибжамол сочларини ечиб юборди, улар ипак толаларидек эшилиб, елкалари ва бўйнини чулғаб, қора тўлқинга айланиб, бутун танасига ёйилди. Кейин билакларини дераза тахтасига қўйиб, кафтлари устига энгагини тиради. Атрофга паришон назар ташлади: мана боғ, унинг этагида сокин Нил оқади. Тун қоронғи ва илиқ, япроқлар ва шох-шаббалар майин тебраниб, енгил шабада қанотида рақсга тушади. Нилнинг ўзани қора шоҳи тасмадек ялтираб кўринади. Осмонда юлдузлар чарақлайди, уларнинг шуъласи сокин тун қўйнида эриб йўқ бўлади. Тунги жим-житлик изтироб чекаётган кўнгилга ором бахш этадими? Йўқ! Қайта ухлай олмаслигига кўзи етган Родопис ёстиғини кўтариб келиб, дераза тахтасига жойлади ва унга ҳорғин бош қўйди. Ногоҳ файласуф Хуфнинг сўзлари ёдига тушди: «Ҳамма норози. Нега қисматинг ўзгаришини хоҳлаб қолдинг. Тақдирга шукр қилиб, шодон яшайвер».

Оғир сўлиш олиб, ўзига савол берди: «Наҳотки пешонага ёзилгани шу бўлса? Одамзод ҳаётдан кўнгли тўлмай ўтиб кетаверадими? Бунга кўр-кўрона бўйсуниб, барча орзу-умидлардан воз кечиш керакми?»

Ҳозирги ҳаётидаги бўм-бўшлиққа қарши юрагида исён қўзғалди. У муқаррар ўзгариш рўй беришига жуда ташна эди. Ўтган кунлардан қутулиш, ҳозиргисини унутиш ва бахтиёр келажак қўйнига тоза, эркин руҳ билан кириб боришни жуда-жуда хоҳларди! Ҳозир эса у ўзидан норози, дарғазаб, бетоқат… Эшик оҳиста чертилди, ноаниқ хаёллар қаърига чўмиб кеттан Родопис шундан кейингина ўзига келди.

− Ким у?

− Бу мен, бекам, — таниш овоз эшитилди.

− Киравер, Шит.

Чўри оёқ учида кирди ва бекаси тўшакда эмас, дераза ёнида турганини кўриб ҳайратга тушди.

— Нима бўдди, Шит?

− Бир киши киришга изн сўрайди.

Родописнинг қовоғи уюлди, жаҳлини зўрға боснб буюрди:

− Ҳозироқ ҳайдаб юбор!

− Лекин, бекам, бу одамнинг қаршисида қасримиздаги эшиклар ёпилмайди…

− Тахо келдими?

− Ҳа, худди ўзи.

− Бемаҳалда унга нима керак экан?

Чўрининг юзида айёрона истеҳзо пайдо бўдди:

− Буни ҳозир билиб оласиз, бекам.

Родопис қўли билан ишора қилди ва бир лаҳзадан кейин эшикда саркарданинг қудратли гавдаси кўринди. У таъзим қилди ва саросимага тушгандек қотиб қолди. Ранги оқариб кетган, маъюс, пешонаси тиришган эди. Аёл ҳайратини яширмади.

− Сенга нима бўлди? Иш кўпайиб кетдими?

У йўқ дегандек бош чайқади.

− Бугун бошқача кўринасан…

— Шундай.

— Нима бўлди?

Тахо иккиланди. Билганини айтмаса бўлмайди. Барибир,у яқинда ҳамма гапдан хабар топади. Бахти қўлдан кетай дебтурганига очиқ иқрор бўлиш нақадар оғир? Бу мағрур соҳибжамолни бутунлай эгиб олиш қанчалик қийин! Аммо ҳали озгина умид бор… Тахонинг юраги эзилиб, зўр-базўр гапирди:

  — О Родопис, кўнглимдаги дардларимни англасанг, севгимиз ҳаққи, ҳузурингда қасам ичардим!..

Родопис ҳайрон қолди. Саркарда ҳамиша қатьиятли ва мағрур бўлиб, аянч туйғулардан узоқда эди. Шу туфайли, унинг барча хоҳиш-истагини сўзсиз адо этарди, бу қудратли одамнинг оромини ким бузди экан?

− Бундай сўзларингни кўп эшитганман, — кўзини ерга тикиб жавоб берди соҳибжамол.

Томдан тараша тушгандек айтилган бу гап баҳодирнинг ҳамиятига тегди:

     − Биламан. Аммо ҳозир шароит ўзгарди… Оҳ, сенинг қалбинг дарё тубидаги совуқ тошнинг худди ўзи…

Бундай таъналарга ҳам у кўникиб кетганди.

− Бирон марта хоҳиш- истагингни бажармадимми?

− Одамларга офат ёғдирадиган мафтункор танангни менга бахшида қилганинг рост, аммо юрагимни рад этгансан. Сен жунбишга келган эҳтирослар қаъридаги қоятошнинг худди ўзисан!.. Доим ўзимдан сўрайман: кўзларингда қандай сир яширин? Наҳотки ёмон эркак бўлсам? Йўқ, совуқ нигоҳинг ва бефарқлигингга сабаб бошқа жойда!..

Аёлнинг кўнгли ранжий бошлади. Бундай гапларни ҳам биринчи марта эшитаётгани йўқ, аммо илгари таъналар истеҳзо билан ёки жиндак ғазаб аралаш айтиларди. Ҳозир у ярим кечада бостириб кирди, овози қалтирайди, гапиролмай қийналади, юзи алам-изтиробга тўла. Уни нима безовта қилди экан?

− Тахо, бемаҳалда эски таъналарингни айтиш учун келмагандирсан?

− Йўқ, бунинг учун эмас! Бошқа муҳим сабаб бор. Мабодо севгингга сазовор бўлолмасам, барибир, сенга ниҳоятда азиз бўлган эркинлигингни ҳимоя қилиш ниятидаман.

Родопис саркардага диққат билан қараб, гапнинг давомини кутди. Унинг сабр косаси тўлиб бормоқда эди. Тахо ҳам дангалига кўчишга қарор қилди ва аёлнинг кўзига тик қараб гапирди:

− Саройни ташлаб, қочиб кетишингга тўғри келади. Иложи борича тезроқ! Тонг отгунча бўлса, янада яхши.

Аёл қўрқиб кетди.

− Нималар деяпсан, Тахо?

− Ҳозироқ яширинишинг керак, акс ҳолда озодлигингдан маҳрум бўласан.

− Қандай хавф туғилганини айтсанг-чи?

− Бирон қимматбаҳо буюмингни йўқотмадингми? — сўради у тишларини ғижирлатиб.

− Сен совға қилган олтин шиппаклардан бири йўқолди,— ҳайрат ичра жавоб берди Родопис.

− Қандай қилиб?

− Ҳовузда чўмилаётганимда бургут олиб қочди. Аммо тушунолмаяпман, буни нима дахли бор?

− Шошилма, Родопис. Бургут ҳақиқатда ҳам шиппагингни олиб қочган. Аммо уни қаерга тушириб юборганини биласанми?

− Қаердан билай? — паришон жавоб берди у.

− Шиппак фиръавннинг тиззасига келиб тушди…

Бу сўзлар унинг қулоғига тоғ кўчкисидек гумбурлаб эшитилиб, ҳамма нарсани унутди. Буткул афтодаҳол қиёфада Тахога тикилганча донг қотиб қолди. Саркарда ёниб турган кўзларини унга қадади: бу хабар қандай таъсир кўрсатаркин? Турган-битгани жумбоқ бўлган қалбида қандай ҳислар туғён қилаётган экан? Ортиқча кутишга тоқати қолмади ва секин сўради:

− Сенга нотўғри маслаҳат бердимми?

Аёл жавоб бермади, у гўё ҳеч нарсани эшитмагандек турарди. Сирли ўйлар гирдобига шу даражада ғарқ бўлиб ҳаракатсиз қолган эдики, Тахо ҳатто қўрқиб кетди. Аламдан бўғилиб, хунук қичқириб юборди:

− Эй, кўзингни оч! Қайси осмонларда учиб юрибсан? Бу даҳшатли хабар наҳотки сени қўрқитмаган бўлса?

Бу қичқириқдан сесканиб кетди ва саркардага совуқназар ташлар экан, эҳтиёткорлик билан сўради:

− Ўзинг кўрдингми?

− Ўзингни гўлликка солма!

− Мунча қўполсан? Шиппак фиръавннинг тиззасига тушса нима бўпти? Бунинг учун мени ўлдирмайди-ку?

− Тўғри. Аммо у шиппакни қўлида айлантириб, кимники, деб қизиқди.

Аёлнинг юраги дукиллаб уриб кетди.

− Билиб олдими?

Аламдан Тахонинг кўзлари қорайиб кетди, овози қалтиради:

− Ёнида мени ёқтирмайдиган одам бор эди. Тақдир уни менга ҳам дўст, ҳам душманга айлантирди. У фурсатдан фойдаланиб, жон жойимга урди. Фиръавнга сени шундай таърифладики, унинг юрагида сенга нисбатан иштиёқ олови алангаланиб ёна бошлади.

− У Суфхотепми?

− Худди ўзи. Ҳам дўстим, ҳам душманим. У ёш фиръавннинг юрагига қутқу солиб, йўлдан оздирди.

− Кейин-чи? Тахо қўлларини кўксига қовуштириб, кескин гапирди:

− Меренра ҳар қандай хоҳиш-истагини бажаришга ўрганган. Ҳукмдорнинг қўли етмайдиган жой йўқ.

Яна жимлик ҳукм сурди. Аёл ўз хаёллари гирдобига ғарқ бўлди; саркарда эса даҳшатли туш кўраётганга ўхшарди. Родопис қўрқиб-қалтирамас, мадад сўраб ёлвормасди. Яна ғазабига куч берди:

− Эркингни йўқотиб қўйишдан қўрқмаяпсанми? Юракларни асиру лол айлаган мағрур эркинлигингу мустақиллигинг қайда қолди? Биге оролининг ярим аҳолисини ақлдан оздирган париваш сен эдинг-ку! Нега эркинлигингни сақлаш учун қочишни хоҳламаяпсан?

− Менга қўяётган айбларингдан олам ларзага тушади! Самимийлигим ва эркакларга ёлғон ваъдалар бермаганим учун айбдорманми?

− Нега мени севишни хоҳламайсан, Родопис? Жанубу шимолда, шарқу ғарбда душманлар билан жанг қилган ва ёвузлигу қондан бошқа нарсани кўрмаган қудратли жангчи Тахога кўнгил қўйишинг мумкин эди-ку! Нега уни севишни хоҳламаяпсан-а?

Аёл ўйчан жилмайди:

− Кўнгилга буйруқ бериб бўладими?

− Йўқ. Ҳозир бу мени қизиқтирмайди! Буни билиш учун келмадим. Нима қилишни мўлжаллаяпсан?

У сокин ва ўта итоаткор оҳангда:

− Билмайман, — дея олди холос.

Саркарданинг кўзлари икки оташ чўғдек шафқатсизйилтиради. Ҳозир бўғиб ўлдиради, деб ўйлади аёл. Аммо нигоҳлар тўқнашгач, Тахо оғир хўрсинди.

− Ўз озодлигингни баланд тутасан, деб ўйлаган эдим.

− Мен нима қила оламан?

− Қоч! Қоч! Ҳукмдорнинг саройига олиб бориб, саноқсиз хоналардан бирига қамаб қўйгунларича яшириниб улгуришинг керак! У ерда ёлғизликда тутқун канизакка айланасан, ҳукмдорга йилда бир марта кўзинг тушади. Умрингни мажбурий қамоқда ғам ичида ўтказасан. Наҳотки соҳибжамол Родопис ана шундай аянч ҳаёт учун яратилган бўлса?!

Бу сўзлар Родописни ширин уйқудан уйғотгандек туюлди. Номус ва алам томоғидан бўғиб олди. Наҳотки, тақдир униаянч қисматга дучор этса? Давлатнинг манаман деган эр йигитларини оёғи остига тиз чўктирган гўзал париваш ёш фиръавннинг саноқсиз канизаклари каби ҳарамдаги олтин қафасда умрини ўтказадими? Нурдан кейин зулматга, шон-шуҳратдан кейин шармисорликка, шунча куч-қудрати билан қул бўлишга кўникиш мумкинми?.. Хаёлида бир-бирига зид манзаралар ва келажак ҳақидаги ғалати тасаввурлар чарх уриб айлана бошлади. Қочиб қолиш… Наҳотки бу энг тўғри йўл бўлса?.. Ҳар доим мухлислар қуршовида даврон сурадиган гўзаллик маликаси учун ўз саройини ташлаб, ҳукмдордан ихтиёрий воз кечиб, қочиб қолиш ярашадими?!..

− Нималарни ўйлаб қолдинг?           

− Ниҳоят, Родопис ўзини қўлга олишга улгурди.

− О, шавкатли даҳо, ўз ҳукмдорингни ташлаб қочишга чорлаётганинг учун хижолат чекмайсанми? — заҳаромуз хитоб қилди у.

Киноя ўқи нақ мўлжалга тегди, дили жароҳатланган Тахо тебраниб кетди. Сўнг уни ишонтириш учун шоша-пиша ўзини оқлай бошлади.

− Ҳали ҳукмдор сени кўрганича йўқ, менинг юрагим эса кўпдан бери оёғинг остида. Мен меҳр-шафқатдан маҳрум, хорлик ва шармандалик ботқоғига ботиб, муқаррар ҳалокатта олиб борадиган шафқатсиз эҳтиросга асир бўлганман. Кўксим алам-изтиробдан гуруллаб ёнмоқда, сендан умрбод ажралиб қолишни ўйлаганимда олов янада аланга олиб, вужудимни адойи тамом қилади. Сени қочишга ундаб, муҳаббатимни ҳимоя қилмоқдаман, бу ерда ҳукмдоримизга нисбатан ҳеч қандай хиёнат йўқ.

Унинг арз-додию ўзини оқлаш учун айтган оташин хитоблари аёлга заррача таъсир кўрсатмади. У ўз хаёллари дунёсига ғарқ бўлиб, мағрур турарди. Шунинг учун ҳам йигит энди «нима қиламиз», деб сўраганда ҳеч қандай шубҳаю гумонга ўрин қолдирмайдиган оҳангда бошини кескин чайқади ва қатъият билан:

− Мен қочишни хоҳламайман, Тахо, — деб жавоб берди.

Йигит яна ғазаб отига минди:

− Хўрланишга ва шармандаликка рози бўласанми?

− Родопис ҳеч қачон таҳқирланиши мумкин эмас, — сохта табассум қилди аёл.

Ниҳоят, кимлигингни англадим. Сен иблис экансан! Шуҳратпарастлик, мағрурлик ва маккорликдан яралган иблис! Очиқкўнгиллик ниқобидаги иблиссан! Қалби топталган ошиқларинг чеккан азобларни кўриб роҳатланасан. Фиръавн номини эшитишинг биланоқ юрагингдаги иблис уйғонди, манфур жамолинг қудратини яна намойиш қилишни хоҳлаб қолдинг. Ишқингда дили вайрон бўлганлар, умиди парчаланиб, хароб бўлганларни сариқчақага олмай қўйдинг! Оҳ, мана бу ханжарнинг бир зарби билан бу ёвузликка нега чек қўя қолмайман!

Аёл унга синчиклаб назар солди.

− Мен сени ҳеч қачон рад қилганим йўқ, аммо ёлғон ваъдалар бериб, қўйнингни пуч ёнғоққа тўлдирмаганман ҳам.

− Тасалли топишим учун мана шу ханжар кифоя. Родопис учун бу энг муносиб жазо бўлади!

− Буюк саркарда учун эса аянчли шармандалик!

Тахо ўлим таҳдиди остида унга қаттиқ тикилди, аммо вужудини ларзага солаётган ғазаб шиддатли алангага айланмади, совуқ, шафқатсиз оҳангда дардини тўкиб-солди:

Сендан жирканаман! Сени гўзал деганлар — кўр! Улар ҳеч нарсани билмайдилар! Йўлдан оздирувчи жамолинг остида ёвуз худбинлик яширинган экан. Чиройинг билан одамни ўлдирасан, чунки унда ҳаёт нафаси йўқ. Томирингда ҳеч қачон қайноқ ишқ қони оқмаган, юрагинг эҳтирос оловидан ёнмаган, баданинг гўзал, аммо у жонсиз. Кўзларингда ҳамдардлик, лабларингда ҳарорат, юрагингда меҳр йўқ. Нигоҳинг — муз, юрагинг тош. Сен мурдадан бошқа нарса эмассан. Токи умрим бор экан, сендан нафратланиб яшайман. Билиб турибман, ичингдаги шайтон муттасил ҳукмронликка чорлайди, барибир бир куни юрагинг ёрилиб ўласан. Ҳар қандай ёвузлик шундай жазо топади. Сени ўлдиришдан не маъно? Жонсиз жасаднинг қотили, деган таънани кўтаришни хоҳламайман!

Шу сўзларни айтиб, Тахо чиқиб кетди.

Унинг оғир қадам товушлари тун сукунатига сингиб кетгунча Родопис жойидан қўзғалмади. Сўнг у дераза олдига келди. Атроф қоп-қоронғи эди. Кўкда юлдузлар ғужғон ўйнашар, аммо ваҳимали тун сукунати юракни ларзага соларди.

Ўз юрагининг нотинч садолари қулоқларига эшитила бошлади. Қандайдир қайноқ, кучли, қаҳрли ҳиссиёт бостирибкелди. Бадани жонсиз жасад эмас, қон кўпириб турган тирик вужуд эканини ҳис қилиб яйраб кетди.

ФИРЪАВН

Родопис кўзини очди. Атроф қоронғи эди. У ҳеч нарсани фарқ этолмай бир неча дақиқа жойида жим ётди, вужуди гўё қоронғилик қўйнида эриб кетгандек эди. Наҳотки, ҳамон тонг отмаган бўлса? Неча соат ухлади экан? Вужудини ғалати паришонлик чулғаганди. Кўзлари қоронғиликка оҳиста кўникди ва у дераза пардалари орасидан тушаётган заиф ёруғликни илғаб, хонадаги жиҳозларни ажрата бошлади, шифтда осилиб турган олтин шамдонга кўзи тушгандан кейингина ўзига келгандек бўлди. Родопис тонг отиб, олам мовий тўлқинга чўмгунча кўзини юма олмаганини эслади. Шундан кейингина ўрнига ётган ва бутун ташвишли хаёллари уйқу оғушида ғойиб бўлган эди. Демак, ҳозир кун оғиб қолган ёки янги тун бошланганга ўхшайди.

Кеча тунда бўлиб ўтган воқеалар хаёлида жонланди, кўз ўнгида яна ғазабдан қутуриб таҳдид солаётган Тахо намоён бўлди. Нақадар ёвуз кимса!.. Албатта, ғазабланганда ҳам, муҳаббат оловида ёнганда ҳам уни жиловлаш қийин… Унга ким бас кела оларди?.. Муҳаббат бобида ҳам зўравонлик, ҳукмдорликни хоҳлайди. Тезроқ унутса ёки бутунлай безиб кетса Родопис жон деган бўларди. Кўнгли чопмаган ҳолда боғланиб қолгандан кўра ғазабига дучор бўлиб, орани очиқ қилган афзалроқ. Атрофдагиларнинг ҳаммаси муҳаббатини қозониш илинжида, у эса ўзини ҳамон қўлга ўргатилмаган ёввойи жайрондек ҳис этади. Асло хоҳламаса-да, кўп кўнгилларга азият етказди, бундан энг аввало ўзи кўпроқ азоб чекади, тиниқ, осойишта ҳаётига рахна тушади.       

Сўнг фиръавн шиппак эгасини кўриш орзусида эканлигини эслади. Меренра сени ҳарамга олиб кетиши муқаррар, деб огоҳлантирди Тахо. Тўғри, фиръавн ёш, қайноқ қалбли, айтганини қиладиган одам. Тахонинг ташвишланишида жон бор. У кўп жиҳатдан ҳақ… Балки ҳамма ишлар бошқача бўлиб кетар? Ўзига бўлган ишончнинг чек-чегараси йўқ эди…

Эшик тақиллаганини эшитди ва эринчоқ овозда:

− Нима гап, Шит? Киравер, — деди.Оёқ учида юриб ёш канизак кирди.

− Бекамни ўз паноҳида асраб, унга ором берган тангриларга шарафлар бўлсин! Сенга кўрсатаётган караму марҳаматлари асло камаймасин. Бекам, қорнинг очиб, толиқиб ҳам қолгандирсан?

Ботиб бораётган қуёшнинг сўнгги нурлари тушиб турган деразаларни очар экан, у тинимсиз сўзларди:

− Бугун қуёш сени кўрмасдан ботиб кетди. Ер узра беҳуда айлангани қолди.

− Наҳотки кеч кирган бўлса? — Родопис эснаб, керишди.

− Ҳа, бекам. Оромбахш сувда чўмилиб чиқасанми ё аввал нонушта қилиб оласанми?.. Оҳ, қанчалик бефаросатман-а?! Кеча нима сабабдан ухлай олмаганинг менга маълум- ку!

− Нимага экан? — қизиқсиниб сўради бека.

− Тўшагингни эркак киши қиздиргани йўқ.

− Нари бор, тентак.

Канизак унга кўз қисди:

− Эркаклар — жоннинг ороми, бекам. Сен уларга ҳукмдорсан. Агар, шундай бўлмаса, тоқат қилиб ўтира олармидинг?

− Валдирашни бас қил, Шит. Бошим оғриб кетди.

− Ваннага тезроқ юра қол, — қиз уни шоширди. — Мухлисларинг катта залда кутиб ўтиришибди. Сени йўқлигинг уларни безовта қилмоқда.

− Ростданми? Улар келишганми?

− Улар келмай қолган фурсат бўлганми?

− Ҳеч кимни кўришни хоҳламайман.

− Кеча уларнинг умидини пучга чиқардинг. Бугун нима дейишади? Оҳ, бекам, ҳар гал кечикканингда меҳмонлар нақадар безовта бўлиб, ҳаяжонланишларини кўрганингда эди…

− Уларга айт, мен чарчаганман.

Канизак иккиланиб қолди, эътироз билдирмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади, аммо Родопис унга кескин ўшқирди.

− Буйруғимни дарҳол бажар!

Бекага нима бўлганини англамай гангиб қолган қиз хонадан чиқди.

У эса ўз қилиғидан мамнун эди. Ҳозир уларни ўйлайдиган пайт эмас. Кайфияти йўқ. Ўйлари тўзғиб кетган. Ким биландир гаплашиш ёки уни тинглаш учун хаёлини бир нуқтага жамлаши керак. Шу аҳволда рақс тушиш ёки куйлаш мумкинми? Йўқ, уларнинг кетгани маъқул… Родопис бирдан қўрқиб кетди, Шит ҳозир қайтиб келиб, меҳмонларнинг исгагини бажаришни талаб қиладигандек туюлди. У тўшакдан сакраб туриб, ваннахонага қараб юрди. Ажабо, фиръавн қачон уни йўқлар экан? Балки шу бугун кечқурундир? Шуни ўйлаб ҳаяжондан энтикяптими? Ёки қўрқяптими? Йўқ, худолар уни бошқа аёллардан ўзгача қилиб яратган, ўзига батамом ишонади. Унинг жамолига бардош бера оладиган эркак дунёда йўқ. Ҳеч ким уни камситиб таҳқирлай олмайди. Ҳатто фиръавн ҳам. Унда нега бунчалик безовта бўляпти? Кеча кечқурун юрагига ғулғула солган ғалати туйғу яна қайтиб келди, аравача устида ҳайкалдек қотиб турган ёш ҳукмдорни илк бора кўрган пайтида шундай ҳолат юз берганди… Ажабо, нима бўляпти? Унинг номини эслаганда нега саросимага тушяпти?.. Илоҳий қиёфада намоён бўлган ҳукмдорни ҳамма қатори оддий одам сифатида кўришни шунчалик хоҳлаяптими?! Ёки қалъага ҳужум қилишга тайёрланаётган аскарга ўхшаб қолмаяптими?!

Шит ваннахона эшигини тақиллатди.

− Жаноб Анен сенга мактуб йўллади, бекам!

− Парча-парча қилиб ташла! — жаҳл билан қичқирди Родопис эшик орқасидан.

Беканинг ғазабига қайта дуч келишдан қўрққан канизак саросима ичида ҳар кадамда қоқилиб шоша-пиша жўнаб қолди.

Родописнинг руҳияти бир қадар тетиклашди. У ваннахонадан ҳар қачонгидан кўра очилиб чиқди, ипггаҳа билан овқатланди, қадаҳга лиммо-лим тўлдирилган енгил шаробни сипқариб, ҳузур билан диванга ёнбошлади.

Ногоҳ Шит рухсат сўраб ўгирмасдан ҳансираб кириб келди ва беканинг қаҳрли, таънага тўла кўзларига қарамасликка интилиб, қўрқа-писа гапирди:

− Залда қандайдир номаълум йигит сени кўриш иштиёқида ўтирибди.

− Нега ҳайдаб юбормадинг? — Родопис тутақиб кетди.— Ёки жонимга тегиб кетган бу одамлар билан тил топишиб олдингми?!

− Аввал гапни эшит, бекам! — илтижо қилди канизак,— Ҳамма меҳмонларни кузатиб қўйдим. Бу одам бутунлай бегона.

Илгари ҳеч қаерда уни кўрмаганман. У билан катта зал остонасида тўқнашиб қолдим. Қандай кириб қолганига ҳайронман. Йўлини тўсишга уриндим, аммо у менга эътибор бермай кириб келди. Сўнг илтимосини етказишни буюрди.

Соҳибжамол бир дақиқа ўйга толгач, канизагига диққат билан тикилиб туриб сўради:

− У фиръавн соқчиларининг бошлиғига ўхшайдими?

− Йўқ, бекам. Кийимлари соқчиникига ўхшамайди. Бугун ҳеч кимни қабул қилмаслигингни айтдим. Аммо у эшитишниям хоҳламади ва яна сени чақириб келишни буюрди. Ким келди деб айтай десам, менсимаслик билан елкасини қисиб қўйди. Ўзинг биласан, бекам, оромингни қўриқлаш менинг бурчим. Аммо мен нима қилай, илтифотсиз меҳмонни қандай қилиб ҳайдаб юборай?

Бу, чамаси, фиръавн юборган чопар бўлса керак, деб ўйлади Родопис. Юраги яна гурсиллаб ура бошлади. У ойна қаршисига юриб борди ва ўз аксига синовчан боқди. Сўнг кўзгудан кўзини узмаган ҳолда оёқ учида орқасига бурилиб сўради:

− Кўринишим қандай, Шит?

− Ҳуснда ягонасан, бекам! — жавоб берди соҳибасининг кайфияти бирдан ўзгарганига ҳайрон қолган канизак.

Родопис ҳашаматли гиламлар тўшалган зинадан товуш чиқармасдан оҳиста тушиб борди ва катта зал остонасида тўхтади. Орқага ўгирилиб турган эркак кўринди. У деворга битилган Раамонхотепнинг шеърларини ўқимоқда эди. Ким бўлди экан? Бўйи Тахоникига тенг, аммо қадди-қомати, оёқлари келишган. Қимматбаҳо тошлар билан безатилган энли камар хипча белини сиқиб турибди. Унга калта қилич осилган, бошида коҳинларникига ўхшамайдиган учли кулоҳ. Ким бўлди у?.. Юмшоқ гилам қадам товушларини ютиб юбораётгани учун нотаниш киши орқасида сарой соҳибаси турганини сезмай қолди.

Родопис унга яқинлашиб, оҳиста хитоб қилди:

− Жанобим?

У ўгирилди.

О, тангрим! У фиръавн билан юзма-юз турар эди!

Бу ўша — улуғворлик ва ҳашаматга тўла Меренра Иккинчининг ўзи эди! Кутилмаган ҳолатдан у довдираб қолди, аъзойи бадани бўшашди. Туш кўрмаяптимикин? Балки адаштираёттандир? Йўқ, унинг чиройли қорамтир юзи, қирра бурни яхши ёдида… Бундай чеҳрани унутиб бўлмайди. Икки марта кўрган бўлса-да, хотирасига тошга ўйилгандек ёзилиб қолган… У бундай учрашувни хаёлига ҳам келтирмагани ва мутлақо тайёрланмагани учун ўзини қандай тутишни ҳам билмасди… Қандайдир нубиялик савдогарларни мафтун қилиш учун ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган соҳибжамол фиръавнни ҳеч қандай тадориксиз қаршилаб, олдида гап тополмай жавдираб ўтирса!.. Умрида биринчи марта ғафлатда қолиб, тамом мағлубиятга учрамоқда… Ҳаётида илк бор шароитга ночор бўйсунишга тўғри келади… Родопис таъзимга эгилди ва титроқ овоз билан:

− Олампаноҳ… — деб мурожаат қилди.

У соҳибжамолдан кўз узолмай қолди. Қаршисида хижолат бўлиб, ҳаяжондан гангиб қолган ва айни шу ҳолат туфайли юзлари янада яшнаб кетган аёлга ажиб бир ҳайрат билан тикилди.

− Наҳотки мени танисанг? — сўради у баланд жарангдор овозда.

− Ҳа, ҳукмдорим, — жавоб берди у. — Кеча сени кўриш бахтига муяссар бўлган эдим. — Меренра ундан кўз узолмас, бу фавқулодда аёлдан таралаётган маст қилувчи сеҳру жозибага тобора кўпроқ асир бўлиб борарди.

− Подшоларнинг бурчи, — деди у, — ўз фуқароларининг ҳаёти ва мол-мулки учун ғамхўрлик қилиш. Сенга дахлдор буюмни қайтариш учун бу ерга келдим.

Фиръавн шундай деб қайиши орқасига шошилмай қўл узатди ва у ердан шиппакни чиқарди.

− Сеникими?

Аёл унинг қўлидаги буюмга қўрқа-писа назар солар экан, ўз кўзларига ишонмасдан, зўрға эшитиларли қилиб:

− Меники, — деб жавоб берди.

Меҳмон ёш аёлдан мафтункор нигоҳини узмаган ҳолда кулиб қўйди:

− Демак, исминг Родопис, шундайми?

− Шундай, ҳукмдорим, — тасдиқлади у оҳиста.

− Ажойиб шиппак, — давом этди Меренра. — Айниқса, қайишларига нафис расмлар битилган. Аммо рассом нақадар истеъдодли бўлмасин, тирик гўзаллик санъат асарига қараганда беқиёс юксак туради. Сени кўришим биланоқ буни ҳис қилдим. Ҳаёт гўзаллиги даҳшатли кучга эга, худоларнинг иродаси каби уни ҳам на даф қилиб, на рад этиб бўлади.

Родопис дуо ўқиёттан каби кафтларини жуфтлаштирди.

− Улуғ ҳукмдорим! Саройимга қадам қўясан деган фикр ҳатто хаёлимга ҳам келмаган. Шиппагимни ўзинг келтириб беришинг эса… О худолар, мен нималар деяпман!.. Ақлдан озиб қоляпман!.. Мени афв эт, ҳукмдорим!.. Шўрим қурсин, довдираб қолдим, ҳукмдорим. Ўтиришга ҳам таклиф этмаганимни қара.

У эҳтиром билан таъзим қилиб, ўз тахтини кўрсатди. Аммо меҳмон юмшоқ курсини маъқул кўрди.

− Ёнимга кел, Родопис, — деди у. — Мана бу ерга ўтир.

Соҳибжамол ҳаяжон ва иккиланишларни енгиб, яқинроқборди. У аёлга илк бор қўл узатиб, белидан қучди ва ўз ёнига ўтқазди. Соҳибжамол шиппакни ерга қўйиб итоатгўйлик билан бош эгди. Шу дақиқада у ҳаммага бирдек суюкли бўлган, не-не ошиқлар юрагини ёндириб, ўз амрига бўйсундирган шаддод Родопис эканлигини бутунлай унутди. Ўзи сиғиниб, илоҳий санаб юрган киши билан ногаҳоний учрашув уни ларзага солди, ёрқин шуълага ўхшаб кўзини қамаштириб қўйди. У чимилдиққа энди кираётган келинчак ҳолатига тушган эди. Аммо Родописнинг мафтункор жамоли, инон-ихтиёри билан ҳисоблашиб ўтирмасдан ўз сеҳрли қудратини кўрсатди, ёш фиръавнни жунбишга келтириб, вужудида тизгинсиз эҳтирос оловини алангалата бошлади. Бу озода чеҳра бамисоли қуёш нурларига ўхшарди, аввал заррин нурлари билан мудраб ётган майса-гиёҳларни уйғотиб, сўнг ўз оташида қовжиратиб, куйдириб юборишга қодир эди.

− Шиппагинг қўлимга қандай тушиб қолганини нега сўрамаяпсан? — сўради фиръавн унинг овозини эшитишни хоҳлаб.

− Ҳаммасини унутиб юбордим, ҳукмдорим.

− У қандай йўқолган эди?

− Чўмилаётганимда бургут олиб қочди.

Меренра хўрсиниб, бошини орқага ташлади ва гўё чўмилаётган ялангоч аёл ва чарх уриб айланаётган улкан бургут тасвирини излаган каби рангдор нақшларни кўздан кечира бошлади. Родопис унинг қайноқ нафасини юзларида ҳис қилди: у яна соҳибжамолнинг юзига ошиқона тикилиб, гапиришга тушди:

− Бургут шиппакни кўтариб учиб мен томонга борган… Нақадар ғалати ҳодиса!.. Мен ҳайратда қоляпман, агар худолар бу кароматли қушни йўлламаса, сени кўрармидим?! Тасаввурга сиғмайди, аммо худолар марҳамат кўрсатдилар. Уларнинг амрига кўра бургут шиппакни қучоғимга ташлаб, мени ғафлатдан уйғотди ва сени танитди.

− Ҳукмдорим, — ҳайратланиб сўради соҳибжамол, — бургут шиппакни сенинг қучоғингга тушириб юбордими?

− Ҳа, бу жуда ажойиб воқеа бўлди.

− Қандай тасодиф! Ғалати мўъжиза!

− «Тасодиф» деяпсанми? Тасодифнинг ўзи нима? У худоларнинг хоҳиш-иродаси, холос.

− Сен ҳақсан, ҳукмдорим, — хўрсинди Родопис. — Баъзан донолар ҳам ўзларини аҳмоқ қилиб кўрсатадилар.

− Бутун дунёга ўз фармонимни эълон қиламан, бугундан бошлаб фуқароларимдан биронтаси бургутларга зиён-заҳмат етказмасин! Ҳаётимдаги энг улуғ ҳодиса учун улардан миннатдорман.

У бахтиёр табассум билан жавоб берди, Меренра эса кучли эҳтирос тўлқини юрагини тобора тўлдириб бораётганини туйди ва ўз ихтиёрини шоду хуррамлик билан янги ҳиссиётлар қаърига ташлади.

− Нақадар гўзалсан! Ҳусну жамолинг барча орзу-умидларим устидан кулаётганга ўхшайди.

Родопис бундай сўзларни умрида биринчи марта эшитган каби шодланиб кетди. У мафтун нигоҳ ташлади, сир-синоатга тўла жозибадор бу кўзлар оташига бардош бериш осон эмас эди.

− Юзларингдан тўйиб бўса олишни хоҳлайман, — шивирлади у. Родопис киприкларини юмиб, юзларини тутди. Меренра юзларини унинг ёноғига босди ва сеҳрли тўлқин қаърида ғарқ бўлди. Олам зим-зиё сукутга чўмди… Соҳибжамолнинг оғир хўрсиниши уни ўзига келтирди, қулоғига шивирлади:

− Родопис! Мен баъзан ўз қисматимни олдиндан кўра оламан. Шу дақиқадан бошлаб телбага айлансам керак. Жавоб қайтаришга аёл ожиз эди. Улар узоқ вақг жим қолдилар, ҳар бири ўз хаёли билан сармаст ва айни замонда бир-бирига чирмашиб, ҳамнафас, ёнма-ён ўтирганларидан бахтиёр эдилар. Ногоҳ Родопис ўрнидан қўзғалди:

− Менинг қасримни айланиб, томоша қилишни хоҳламайсанми, ҳукмдорим!

Таклиф замирида йўлдан оздирадиган нозик ишора бор эди, аммо у ҳозир деярли унутган зарур ишларни ёдига солди. У бу ерда ортиқ қола олмасди. Бу ниҳоятда қимматга тушиши мумкин эди.

− Ҳозир эмас, Родопис, — деди у афсусланиб.

− Нима учун, ҳукмдорим?

− Мени бир неча соатдан бери саройда кутиб ўтиришибди.

− Улар кимлар, ҳукмдорим?

Фиръавн кулди ва менсимаслик билан деди:

− Бош вазир билан учрашмоғим керак. Очиғини айтсам, Родопис, сен ҳақингда эшитганимдан бери қасрингга тезроқ келиш иштиёқида ёнаман, аммо зарур ишлар кўплигидан иложсиз эдим. Бугунги тун ҳам худди кечагидек ўтиб кетишини англаб, давлат кенгаши мажлисини орқага сурдим- да, олтин шиппак соҳибасини кўргани ошиқиб келавердим.

− Улуғ ҳукмдорим! — дея олди у. Фиръавн дилини банд этган бир аёлни кўриш учун ҳатто давлат аҳамиятига молик бўлган муҳим мажлисни ташлаб келиб нақадар қалтис иш қилганини ўйлаб ҳам ҳайратланди, ҳам завқланди. У бу хатти- ҳаракатни катта жувонмардлик деб ҳисоблади. Севгидан лоф урган танишларидан биронтаси, ҳатто шоирлар ҳам бундай ишга журъат этолмасди.

Меренра ўрнидан турди:

− Мен ҳозир кетаман. Ҳайҳот! Сарой — менинг қамоқ- хонам. Ҳар хил мажбуриятлар ва анъаналар остида бўғилиб кетаман. Мана ҳозир ҳам яқин одамимни қолдириб, энг ярамас кимсани кўриш учун боришга мажбурман. Бундан ортиқ бемаъни нарсани кўрганмисан?! Эртагача хайр, суюклигим! Орамиздаги ҳижрон абадий чўзиладигандек туюлади менга.

МУҲАББАТ

Фиръавн чиқиб кетган эшик олдидан қайтар экан, у хўрсинди:

− Кетди.

Аммо атрофдаги ҳамма нарса уни эслатиб турарди. Ширин хаёллардан сармаст бўлиб, ҳозиргина бўлиб ўтган учрашув манзараларини тинимсиз эслаб, жилмайиб қўярди. Ўзини бахтиёр санашга ҳаққи бор, ахир у шундай юқори шон- шуҳрат чўққисига кўтарилдики, буни ер юзидаги биронта аёл тасаввур ҳам қила олмайди. Ҳузурига фиръавннинг ўзи ташриф буюрди ва ўз шоҳона муҳаббатини изҳор этди. Ҳа, у бахтли саналишга сазовор. Ўз ҳусни жамоли билан олампаноҳни мафтун этди, ўз нафаси билан сеҳрлади! У бошини қуйи эгган эди, кўзи шиппагига тушди. Родописнинг юраги ҳаприқиб кетди, уни ердан кўтариб олди ва чармга чизилган чавандоз тасвирини лабига босди.

Ўз хаёллари қуршовида узоқ қолишга имкон бўлмади. Шит кириб саволга тутди:

− Бекам, залда ухлашни ихтиёр этадиларми?

Родопис жавоб бермасдан оҳиста қаддини тўғрилади вагандираклаб юриб, ётоғига йўл олди. У жеркиб ташламаганидан дадилланган Шит яна гапга солмоқчи бўлди:

− Аянчли аҳвол! Қувонч ва шодликка ўрганган бу муҳташам зал бугун кечқурун ҳам кимсасиз қолди. Унинг деворлари ҳам эҳтимол менга ўхшаб ҳайрат ичида: «Қани ашулалар?.. Қани рақслар?.. Қани муҳаббат?..» деб савол бераётгандир? Ўзинг ҳам бундан афсусланаётгандирсан, бекам?

Бека канизакнинг валдирашига эътибор бермасдан, зинадан индамай кўтарилди.

− Чиқмайман деб эълон қилганингдан кейин меҳмонларинг қанчалик хафа бўлиб, афсусланганларини кўрганингда эди,— давом этди Шит гапимни эшитмоқда деб ўйлаб. — Улар бир- бирига чуқур алам ва надомат билан тикилиб қолдилар. Кейин ғамга ботиб, умидсиз қайтиб кетдилар.

Родопис ҳеч нарса демай, ётоғига кириб борди ва дарҳол кўзгу қаршисига ўтирди. Ўз аксига қувонч ва ҳайрат билан боқар экан, мамнун жилмайди: «Агар бугунги воқеа мўъжиза бўлса, кўринаётган аксим ҳам мўъжиза». Яна бахтиёрлик тўлқини ғарқ этди. У Шитга ўгирилиб сўради:

− Ҳузуримга келган одамни ким деб ўйлайсан?

− Ким билсин? Бугунги кунгача сира кўрмаган эдим. У ёш ва чиройли. Аслзодалар наслидан шекилли, виқорли ва мард кўринади, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Шамолдек бостириб келди, қатьият билан гаплашди, сўзларида амирона оҳанг бор. Аммо, менинг назаримда, бир оз…

− Нима бир оз?

− Телбанамороқ.

− Тилингни тий!

− Бекам! Унинг бойликлари қанчалик кўп бўлмасин, сен бугун ҳайдаб юборган мухлисларингдан кўра бадавлат эмас, деб ўйлайман…

− Ўзингга эҳтиёт бўл, ҳозирги сўзларинг учун пушаймон қилиб қолма, унда кеч бўлади.

Шит ҳайрон қолди:

− Наҳотки саркарда Тахо ёки ҳоким Анидан кўра бойроқ бўлса?

− У фиръавн эди, тентак.

Канизакнинг кўзлари бақрайиб қолди, пастки лаби осилиб тушди ва тили танглайига ёпишди.

Родопис кулиб мағрур такрорлади:

− Ҳа, у фиръавннинг ўзи эди. Фақат бу ҳақда ҳеч кимга валдираб юрма, энди бора қол. Мени ўз ҳолимга қўй. Ёлғиз қолишни хоҳлаяпман.

У жойидан қўзғалди ва секин юриб боққа қараган ойна олдига келди. Тун ўзининг сеҳрли қанотларини ёзиб улгурган, осмонда дастлабки юлдузлар кўриниб, дарахт шохларига осилган чироқлар ёқилган эди. Жозибали тун гўзаллиги ва осуда ёлғизлик Родописга ҳузур бахш этди. Сершовқин ва гавжум йиғинлар жонига текканидан бу сокинлик ва хотиржамлик шу қадар ширин туюлдики… Шу аснода олис ўтмиш ҳақидаги ўйлар ва хотиралар уни банд эта бошлади. Ҳали Биге оролидаги муҳаббат маликасига айланмасидан олдин кечирган ташвишсиз кунлари ёдига тушди. Яшил буталар ва хурмолар орасида атиргулдек ўсган қишлоқ қизи эди. Бир куни мулойим овозли, хушқомат денгизчини учратиб қолди. У қизни ўз қайиғига таклиф қилди, қиз бу даъватга рози бўлди. Ўз ҳаётида қалб амри билан ўзини бағишлаган ягона эркак ана шу денгизчи эди. Кейин шамол ва дарё тўлқинлари уни жануб томонларга олиб кетди. Шундан бери қадрдон қишлоғи ва яқин кишилари билан алоқаси узилди. Бир куни денгизчи ҳам ғойиб бўлиб қолди. Унга нима бўлгани: қочиб кетдими ёки сувга чўкдими − номаълум эди. Хумкалла, юраги хаста бир кекса киши унга бошпана берди. Турмуши ёмон эмас эди; қария вафот этганда кўп қайғу, ҳасрат чекди. Кун ўтган сайин ҳуснига ҳусн қўшилиб,куйдирмажон бўлиб борарди. Эркаклар худди чироқнурига интилган капалаклардек атрофида парвона эди. Улар ёш соҳибжамолга юраклари билан бирга молу давлатларини ҳам нисор этиб, уни муҳаббат маликасига айлантирдилар. Ана шу зайлда Биге оролидаги саройнинг бекаси бўлмиш машҳур Родописга айланиб қолди… Аммо юраги муз эди. Аввалги қайғулари туфайли дийдаси қотиб кетдими ёки шуҳрат кўр қилиб қўйдими — буни ўзи ҳам билмайди. Севги эътирофларини мутлақо бефарқ эшитадиган бўлди. Фақат Тахога ўхшаб ақлу ҳушидан бегона бўлаёзган айрим ошиқларгагина совуқ танасини раво кўрарди…

У хотиралар оғушида узоқ вақт қолиб кетди. Гўё ўтмишидаги энг яхши дамларини саралаб олиб, ҳаётидаги бахтиёр дақиқа бўлмиш бугунги кун билан боғлаётганга ўхшар эди. У вақг оқимини унутиб, қанча сония ёки соат ўтганидан бехабар дераза оддида туриб қолди. Ногоҳ орқасида шошқин қадам товушларини эшитди. Хавотир олиб бурилиб қаради ва қўрқиб кетган канизагини кўрди. Хонага югуриб кирган Шит ҳансираб тез-тез гапирди:

− У орқамдан келяпти… Мана ҳозир етиб келади!

Фиръавн Меренра худди ўз уйидек хонага хотиржам кирибкелди.

− Ҳукмдорим! — қичқириб юборди Родопис ҳам ҳайрат, ҳам қувонч ичида.

Шит сездирмасдан сирғалиб чиқиб кетди, Меренра хонани кўздан кечирди ва кулимсираб сўради:

− Тўғридан-тўғри бостириб кирганим учун узр сўрашим керакми?

− Хона ва унинг бекаси сенинг ихтиёрингда, ҳукмдорим.

У кулди, бу жарангдор кулгида навқиронлик ва шодликмужассам эди. Меҳмон бекани билагидан ушлаб курсига бошлади ва унга ўтқазиб, ўзи ҳам ёнидан жой олди.        

− Мендан олдин ухлаб қоласанми деб қўрққан эдим.

− Бундай тунда менга ҳам уйқу келмайди. У худди бахт алангаси чарақлаб турган янги кунга ўхшайди.

Унинг юзи жиддий тус олди.

− Ундай бўлса, ана шу алангада бирга ёнамиз.

Родопис қандайдир ўзгача ҳолатни бошдан кечирмоқдаэди. Бундай ҳолат унда илгари сира юз бермаганди. У ҳеч кимга бу қадар интиқлик билан интилмаган. Тўғри айтди, ёняпти. Аммо Родопис бу ҳақда ҳеч нарса демади, фақат севги тафтидан ял-ял товланаётган нигоҳини унга қаратди. Бу қарашнинг ўзи кўп нарсаларни англатиб турарди.

− Ҳукмдорим, бугуннинг ўзида қайтиб келасан деб асло ўйламаган эдим.

− Мен ҳам шундай бўлади деб ўйламагандим. Аммо бош вазирим билан учрашув шунчалик зерикарли бўлдики, зўрға ўзимни ушлаб ўтирдим. Тасдиқ учун келтирилган фармонларнинг моҳиятини англашим қийин бўлди. Вазирнинг ахборотларини паришон тинглаб, бир нечтасига қўл қўйиб бердим. Кейин булар жонимга тегди-да, унга: «Қолганини эртага кўрамиз», деб айтдим. Аммо шу пайтда сенинг олдингга қайтаман деб ўйламагандим. Ўз хаёлларим билан яккама-якка қолишни хоҳлагандим. Ёлғиз қолгач, барибир ўзимни қўйишга жой тополмадим. Вақт жуда имиллаб ўтмоқда эди, зерикиб кетдим. Шунда: нега эртагача кутишим керак, деб ўйладим. Иккиланиб ўтириш менинг табиатимга ёт. Мана, кўриб турибсанки, ёнингга етиб келдим…

Нақадар гўзал одат! У қанчадан-қанча ширин неъматлар ваъда қиляпти! Улар билан бирга улкан қувончлар ёнма-ён!

− Родопис! — давом этди Меренра шавқ билан. — Исминг мунчалар гўзал! У қулоғим остида мусикадек жаранглаб, оташин муҳаббатимни тобора алангалатмоқда. Ҳамон хайратомуз ҳаяжон оғушидаман. У ҳаётимга янги мазмун, ўзгача бир гўзаллик ва сурур бағишлашига ишонаман. Муҳаббат нима дегани ўзи?! У инсон юрагига кириб борган азобли ҳаяжон ва фаровонлик эмасми? Қалбни забт этган илоҳий мадҳия эмасми? Буларнинг ҳаммаси — сенсан! Бутун олам сенда мужассам… Нақадар бақувват ва соғлом эканлигимни кўряпсанми? Вужудим эҳтирос оловида ёнмоқда. Сен менга худди ҳаводек зарурсан…

Соҳибжамолнинг ўзи ҳам бу ажиб туйғу оғушида ўртанаётгани учун гаплар мутлақо самимийлигини ҳис этиб турарди. У ўзи ҳақида гапирса-да, аслида Родописнинг ҳолатини тасвирларди. Унинг сиймоси кўз ўнгида нақшланиб қолган, юрак қаъридан чиқаётган илоҳий нидони эшитаётгандек сармаст, асиру лол эди… Киприклари оғирлашиб қолгандек, кўтаришга мажоли йўқ…

− Нега индамайсан, азизим?

У чақноқ кўзларини очиб, унга мулойимлик билан тикилди.

− Сўзга эҳтиёж борми, ҳукмдорим? Улар бу деворлар орасида неча марталаб жаранглаган бўлса-да, юрагим қилт этган эмас. Ҳозир сенинг сўзларинг кифоя. Улар қуёш нурлари каби вужудимни қиздириб, ҳаёт бахш этмоқда.

− Севги мени бошқа аёллар қуршовидан қутқариб олиб чиқди, — деди у бахтиёр кулимсираб.

− У мени ҳам эркаклар оламидан халос этди.

− Шунча вақт зулмат ичида адашиб юрдим, сен эса шундоқ ёнимда экансан. Узоқ ва бир-биримизни билмасдан юрганимиздан афсусланаман.      

− Танишишимиз учун бургут керак экан.

− Ҳа, ажойиб севги саргузаштларимиз бошланиши учун тақдир ана шу улкан қушни парвозга олиб чиқди. Энди бир-биримиздан ажралмаслигимизга ишонаман. Бундан кейин қиладиган энг катьа ишимиз — ҳар доим бирга бўлишдир.

− Тўғри, ҳукмдорим, — маъқуллади у. — Энди ажралмаслигимиз керак. Мана, мен қаршингдаман. Хоҳлаганингча ёнимда бўл.

У соҳибжамолнинг бармоқларини ушлаб, кафтлари билан оҳиста сиқди.

− Сен саройимга борасан, азизим. Бу қаср эшиклари абадий беркилсин ва сенинг ўтмишингга айланиб қолсин. Сендан бехабар бўлиб, қанча қимматли вақтларимни беҳуда ўтказганим етар. Бу ҳақда ўйлаганимда худди ханжар санчилгандек, юрагим зирқирайди.

Бу сўзларни эшитар экан, соҳибжамол бирдан сергакланди ва секин сўради:

− Ҳукмдорим мен ҳарамга боришимни хоҳлаяптиларми?

У тасдиқлаб бош силкиди.

− Сенга энг яхши хоналар ажратилади.

Родопис бошини қуйи солиб, жим қолди, у нима дейишни билмас эди.

− Сенга нима бўлди?

− Бу буйруқми, ҳукмдорим? — сўради у ниҳоят дадилланиб.

− Буйруқ дейсанми? Йўқ, азизам, севги олдида буйруқ ожизлик қилади. Мен ҳаётда ўз йўлимни ўзим излаб топишни яхши кўраман. Менга ҳар доим ана шундай одам деб қарашларини кўп марталаб хоҳлаганман. Фиръавн эканлигимни унутгин-да, тўғрисини айт: мен билан бирга бўлишни хоҳлайсанми? Иккиланаётганимни нотўғри тушунмасин, деб Родопис қўрқиб кетди, ҳаяжонланаётгани овозида очиқ сезилган ҳолда ўзини оқлай бошлади:

− Албатта, хоҳлайман, ҳукмдорим. Бу — менинг энг катта орзуйим. Мен учун энг азиз инсон бўлиб қолдинг. Ёнингда бирга нафас олиб, муҳаббатинг билан яшаш ҳаётимнинг мазмунига айланди. Сени билмаган пайтимда ҳаётнинг қизиғи йўқ эди… Менга ишон, рост гапиряпман. Севишганларнинг кўнгли нозик бўлади. У ҳар бир сўзнинг самимийлигига ишонишни хоҳлайди. Ундан сўраб кўр, ҳукмдорим, юрагимда борини очиқ айтаётганимни тасдиқлайди… Аммо менга тушунтириб бер-чи? Нима учун мен саройни тарк этишим керак? Нега унинг эшиклари абадий ёпилиши лозим? У — менинг уйим. Мени қандай севсанг, уйимни ҳам шундай сев. Унда менинг оёқ изларим яширин, унинг деворларида сен ёқтириб қолган кишининг исми ёзилган, сурати билан зийнатланган. Севгимиз нишонасини сенга етказиш учун муқаддас қуш учиб келган саройни қандай ташлаб кетаман? Ташрифинг билан бахтиёр этиб, бу ерда мени илк бора кўрдинг, юрагимда сенга меҳр уйғонган даргоҳдан кетиб бўладими? У ўз соҳибаси билан бирга сенга бахшида этилган. Эшиги сен учун ҳар доим очиқ. Уни муносиб туҳфа ўрнида қабул қилолмайсанми?

Меренра унинг сочларини оҳиста силар ва ҳар бир сўзини маъқуллаб, камоли эътибор билан тинглар эди.

Родопис гапини тугатгач, уни эҳтирос билан қучоқлаб, лабидан ўпди.

− Азизам! Майли, бу сарой дарвозаси ҳеч қачон ёпилмасин, хоналарнинг чироғи ўчмасин! Тирик эканмиз, бу ер севгимизнинг бешиги, жаннат боғи бўлиб қолаверади. Унга бўлажак хотиралар уруғини сепамиз. Мен бу жойни муқаддас масканга айлантираман, деворлари ва полларини тоза олтин билан зийнатлайман.

Унинг юзига бахтиёр табассум югурди.

− Айтганинг келсин, ҳукмдорим! Қасамёд қиламанки, эрта тонгда Сотис маъбуди эҳромига йўл оламан. У ерда муқаддас мой билан баданимни ювиб, оғир ўтмиш асоратидан халос этадилар. Қуёшни қаршилаб очиладиган гулга ўхшаб бу муқаддас даргоҳга тоза қалб билан қайтиб келаман.

Фиръавн унинг қўлларини кўкрагига босиб, кўзларига қаради:

− Родопис! Худолар шоҳид, бугун жуда бахтиёрман. Менга қара! Мен учун дунёда қора кўзларингдан азиз нарса йўқ!

ПОКЛАНИШ

Уйқудан уйғонгандан кейин кечаги кунни эслаб, ширин хаёл суришга нима етсин? Родопис ҳам шундай ҳолатда бўлиб, ўзини қайта туғилгандек ҳис қиларди. Олам табассум билан боқар; қуёш бош кўтариб, ерга ёрқин нурларини таратган, ҳаво гулларнинг хушбўй ҳидларига тўла эди.

Нафис кўйлак баданига ёпишиб турар, сочлари елкасига ёйилиб тушганди. Уйқуси бутунлай ўчмаган Родопис ёнбошига ағдарилар экан, кўзи бош излари ҳамон сақланиб турган ёстиққа тушди. У ана шу чуқурчага юзини босиб, шодон шивирлади:

− Ҳаммаси қандай яхши! Қанчалар бахтиёрман!

Сўнг ўрнидан шахдам ва енгил сакраб турди, одатдагидек совуқ сувда ювинди, атир сепди, эгнига хушбўй ислар таратиб турган кўйлагини кийди ва нонушта қилиш учун столга ўтирди. Сут ичди, ширин кулча ва тухум еди, кейин енгил шароб тўлдирилган қадаҳни бўшатди… 

Ниҳоят, Родопис ўз кемасига ўтириб Сотис маъбуди ибодатхонасига йўл олди. Ярим соатлардан кейин юраги дукиллаб урган ҳолда унинг баланд дарвозаларидан ичкарига кириб борди. Ички деворлар ва устунлар тошга ўйилган ёзувлар билан қопланган эди. У дуо ўқиди, сўнг бош коҳиннинг ҳужрасига кирди, назр-ниёзлар солинган қимматбаҳо қутичани тақдим қилиб, илгари қилган гуноҳлари ва гумроҳликларини ювиш учун покланиш маросимини ўтказишини илтимос килди.

Ювғучи коҳинлар уни ечинтириб, баданига муқаддас малҳам суришга тутиндилар, уларнинг қўли теккан заҳоти у қабрнинг совуқ нафасини ҳис қилгандек бўлди ва ёш, дуркун баданини совуқўлим панжасига топшираётгандек сесканиб кетди. Кечагина у эркаклар боши узра чарх уриб айланар ва эҳтирос оловида ёндириб, парча-парча бўлиб кетган юракларни топтаб ўйнар эди. Ҳозир бутунлай бошқа одамга айланганди, томирларидан тоза қон оқа бошлаган, дилида сокинлик ва покизалик ҳоким эди. У тиз чўкиб, кўзёшларини оқизган кўйи маъбуда Сотисдан ўз севгисини асраб-авайлашни ва янги ҳаётга йўллашни сўраб астойдил илтижо қилди.

Родопис саройига кўнгли равшан, шод-хуррам қайтди. У қафасдан қутулиб, тиниқ кўкка эркин парвоз қилишга эришган қушга ўхшарди. Остонада канизаги гулдек яшнаб кутиб олди:

− Бугун нақадар бахтли кун, бекам! — хитоб қилди у шодлигидан сакрагудек бўлиб. — Сен йўқлигингда кимлар келиб-кетганини билсанг эди!..

− Ким? — сўради Родопис юраги севинчдан ҳаприқиб.

− Мисрнинг энг машҳур ҳунарманд-усталари келишди. Уларни фиръавн юборибди. Ҳамма хоналарни, галерея ва залларни кўздан кечиришди, дераза ва деворларнинг баландлигини ўлчашди. Янги жиҳозлар келтиришар эмиш!..

− Наҳотки?!

− Ҳа, бекам. Саройимиз тез орада дунёдаги мўъжизалардан бирига айланади. Нақадар фойдали битим тузгансан…

Канизак нимага шама қилаётганини у дарҳол англай олмади, сўнг қовоғи солинди.

− Битим дейсанми?

Шит тагдор ишора қилди.

− Севги битими. Худо ҳаққи, буюк ҳукмдорнинг бир ўзи барча бойваччалардан афзал. Бугундан бошлаб йўқотганимиз савдогарлар, саркардалар ва жануб ҳукмдорларидан биронтасига ачинмайман!..

Родопис аччиқланди, юзлари қизариб, бақириб юборди:

− Нари йўқол! Мен ўзимни сотмайман!

− Шўрим қурсин! Юрак ютиб сўрашга журъат этаман: ундай бўлса нима қиляпсан?

Родопис оғир хўрсинди.

− Валақлашни бас қил! Буларнинг ҳаммаси мен учун ниҳоятда муҳимлигини сезмаяпсанми?

Канизакнинг кўзлари ҳайратдан чақчайди, бир сония жим тургач, яна сўради:

− Худолар сенга мададкор бўлсин. Ўзимдан дам-бадам сўрайман: менинг бекам нега бунчалик хомуш бўлиб қолди?

Родопис яна оғир хўрсинди ва ўзини курсига ташлаб секин гапирди:   

− Мен севиб қолдим.          

Канизак қўлларини кўксига уриб, қўрқув билан хитоб қилди:

− Сен севиб қолдингми, бекам?!

− Ҳа, нега ҳайрон бўляпсан?

− Кечир, бекам. Севги — уйимизда янги одам. Илгари бу исмни тилга олганинг эсимда йўқ.

Родопис жилмайди ва хаёлчан жавоб берди:

− Нимасига ажабланасан? Аёл яхши кўриб қолди. Одатдаги ҳодиса.

Канизак бармоғи билан унинг юрагини кўрсатди.

− Йўқ, мана бу юрак учун бу фавқулодда ҳодиса. Мен уни забт этилмас қалъа деб биламан. Нима бўлди? Худо ҳаққи, айтиб бер…

− Севиб қолдим, — деди Родопис зўрға эшитиларли қилиб, сўнг давом этди: — Севги эса ажойиб ҳиссиёт. У қайси дақиқада юрагимни забт этди? Унинг ич-ичига қандай кириб борди? Билмайман. Аммо юрагим алдамаётганини айтиб турибди. Ҳар гал унинг юзини кўрсам, овозини эшитсам, у зарб билан уриб кетади. Илгарилари уни куч билан уришга бирон нарса мажбур қила олганми? Бу азобли ва ҳаловатли, шиддатли янги туйғу мени ғарқ қилмоқда. У меники бўлиши керак, мен эса уникиман. Ана шуни англаб етдим… Бусиз ҳаётим қандай кечишини тасаввур этолмаяпман…

Шит дамини ичига ютиб эшитарди.

− Ҳеч кутилмаган ҳодиса, бекам…

− Ҳа, Шит. Аввал эркинлигимдан маст бўлиб, баланд тоғ устида тургандек ҳис этардим. Атрофимга мағрур назар ташлардим. Баъзан пастга тушиб, ўнлаб эркаклар суҳбатидан ором олардим. Санъат мўъжизаларидан завқланардим, ҳазил-ҳузуллар ва қўшиқ билан ўзимни овутардим. Аммо шундай дақиқаларда ҳам қандайдир ғам мени тарк этмасдан азоб берарди, ундан қочиб қутулишга жой тополмасдим. Ҳозир эса унинг ёлғиз ўзи ҳаётимни тўлдирди, ғам-ташвишларимни ҳайдаб, бахт нури билан дилимни ёритди. Кўнглимдаги севги қандайлигини англаб етдингми?

Канизак шубҳа билан бош чайқади:

Ғаройиб нарсаларни сўзлаяпсан! Тутқунликда қолишни озодлиқдан кўра афзал кўрмоқдасан. Мен ҳам баъзида севги нима, деб ўзимдан сўраб кўраман. У мен учун очлик туйғусига ўхшаган нарса. Эркаклар менга худди овқат каби зарур. Ана шу севги менга кифоя…                

Родопис кулиб юборди, кулгиси мусиқа садоларидек жаранглаб кетди. Сўнг ўрнидан туриб, айвонга чиқди ва канизагига чилтор келтиришни буюрди. Бугунги шодлик туйғуларига ҳамоҳанг бирон куй чалиб, шунга монанд қўшиқ айтиш истаги дилида жўш урди.

Шит чопиб кетди ва дарҳол чилтор кўтариб қайтиб келди. Уни бекага узатар экан:

− Соз чалишни бир муддат кечиктирмайсанми, бекам,— деб сўради.

− Нега?

− Қуллардан бири хабар келтирди. Қандайдир киши сен билан кўришишга изн сўрайди.

Унинг юзида норозилик акс этди.

− Кимлигини билмас эканми?

− Уни сенга Ханфар йўллаган деб айтяпти у.

Ҳайкалтарош боғдаги ёзлик шийпонни безаш учуншогирдини жўнатмоқчи бўлгани Родописнинг ёдига тушди.

− Бу ёққа бошлаб кел, — деди у зарда билан.

Сўнг чилторни қўлига олди, бармоқлари торлар узра асабий югурар экан, узуқ-юлуқ садолар атрофга таралди.

Шит ёшгина йигитни эргаштириб келди. У эҳтиром билан бошини эгди ва майин овозда:

− Худолар сенга ҳар доим мададкор бўлсин, бекам, — деди.

Родопис чилторни бир чеккага қўйди ва узун киприкларини кўтариб, хўмрайиб қаради. У ҳали жуда ёш, ўрта бўйли, келишган, истараси иссиқ йигитча эди. Йирик кўзларидан соддалиги яққол кўриниб турарди. Унинг ёшлиги аёлни ҳайрон қолдирди, у ичида: наҳотки бу йигит буюк Ханфарнинг ишини давом эттира олса, деб таажжубланди. Аммо йигит дарҳол маъқул бўлди ва бояги норозилик туйғуси тарқалиб кетди.

− Боғдаги шийпонни безаш учун Ханфар сени танладими?

− Шундай, бекам, — ғулдуради у гоҳ Родописнинг юзига, гоҳ ерга қараб.

− Яхши. Исминг нима?

− Бнамон… Бнамон Ясар ўғли.

− Неча ёшга кирдинг, Бнамон? Жуда ёшга ўхшайсан.

− Кейинги ойда ўн саккизга кираман, — жавоб берди у қизариб.

− Қўшиб айтяпсан, шекилли.

− Ундай эмас, бекам, — қизиққонлик билан эътироз билдирди Бнамон, — мен тўғрисини айтдим.

− Худди ёш болага ўхшайсан.

Унинг йирик чиройли кўзлари нажот истаб жавдиради, ёшлиги туфайли рад жавобини эшитаман деб хавотирланаётгани сезилиб қолди. Родопис унинг ҳолатини англаб, мулойим кулиб қўйди.

− Ташвишланма, ҳайкалтарошларнинг истеъдоди ёшига эмас, қўлига боғлиқ бўлишини яхши биламан.

− Мен учун устозим, буюк санъаткор Ханфар кафолат бера олади, — деди Бнамон жонланиб.

− Илгари ҳам катга ишларни қилиб кўрганмисан?

− Шундай, бекам. Шаҳар ҳокими жаноб Анининг саройини безаганман.

− Ундай бўлса, машҳур одам экансан-ку, Бнамон?!

Йигитнинг юзлари яна қизарди, кўзларида шодликучқунлари чарақлади.

Родопис Шитни чақирди ва йигитни ёзлик шийпонга бошлаб боришни буюрди. Бнамон канизак орқасидан кетишдан олдин бир оз иккиланиб турди-да:

− Бекам, ҳар куни ўзингга қулай пайтда озгина вақт ажратишингга тўғри келади, — деди.

− Бунга кўникиб кетганман, — жавоб берди у ва қизиқиб сўради: — Суратимни бўйимга тенг қилиб чизасанми?

− Балки белинггача бўлар. Эҳтимол, фақат юзинг билан чекланарман. Бу умумий тасвирга мос тушиши керак.

У таъзим қилиб, Шитга эргашди. Родопис бўлса Ханфарни эслаб кулиб қўйди: шогирди бемалол кирадиган қаср эшиги бундан кейин унга бир умр ёпилишини ўйлаб кўрдимикин?.. Мана бу ёқимтой йигитча ўзида яхши таассурот қолдирди. Балки юрагидаги яна бир нотаниш туйғу — оналик муҳаббатини уйғотдимикин? Бирдан ёш ҳайкалтарошнинг тақдирига ачина бошлади. У худоларни тилга олиб, бу йигитчани ишқ балосидан асрашни сўраб илтижо қилишга тушди. Зеро, ҳали бирон эркак зоти унинг кўзларидаги сеҳрга бардош беролмаган.

Худолардан унинг ороми ва беғуборлигини сақлашни, ҳар қандай бало-офатлардан асрашни сўраб, астойдил тавалло қила бошлади.

БНАМОН

У ваъдасига вафо қилиб, эртаси куни ёзлик шийпонга борди ва ёш ҳайкалтарошни учратди. Бнамон кичкина столчага ўрнатилган папирус қоғозига энгашиб қандайдир шакллар чизар эди. Диққати бир нуқгага тўпланган, юзида шижоат ва қатьият акс этар эди. Қаср бекаси келганини сезгач, қаламини қўйиб, ўрнидан турди ва бошини эгди. Родопис саломлашгач, табассум билан гапирди:
− Фақат эрталаб вақтим бор. Қолган пайтларда ўзимдан ортмайман.
− Миннатдорман, бекам, — жавоб қайтарди ҳайкалтарош уялиб. — Аммо биз бугун бошлай олмаймиз. Олдин суратнинг умумий режасини тузишимиз лозим.
− Ҳали шундайми? Мени алдабсан-да!
− Худолар сақласин! Аксинча, калламга бир ажойиб фикр келди…
Аёлнинг йигитча билан ҳазиллашгиси келди:
− Мана шу ёш каллада ҳам ажойиб фикрлар бўладими?
Бнамон хижолатдан қизариб кетди ва шийпоннинг ўнг
деворини кўрсатиб тушунтирди:
− Мана шу бўшлиқда юзинг ва бўйнингни тўла акс эттирмоқчиман.
− Шунча катта жойда-я? Хунук ва қўрқинчли чиқмайдими?
− Аксинча, жуда чиройли ва нафис чиқади.
Йигитчанинг сўзларида ўта соддалик ва табиийлик борэди. Родопис синовчан тикилган сари ҳаяжони кучайиб борарди. Аёл ачиниб кетди ва ундан кўзини олиб, шийпон эшигидан кўриниб турган ҳовуз томонга қарай бошлади. Нақадар уятчан бу йигитча, худди қизларга ўхшайди-я! Хижолатга тушиб уялиши, дарров қизариб кетишини кўрган сари унга нисбатан кўнглида оналик меҳри уйғонмоқда эди. Яна йигитчага қараганда, у қоғозга энгашиб ишга машғул бўлганини кўрди. Родопис уни ёлғиз қолдириб, секин қайтиб кетмоғи лозим, аммо бирдан уни гапга солгиси келиб кетди, беихтиёр кўнгил майлига бўйсуниб:
− Жанубдан келганмисан? — деб сўради.
Бнамон бошини кўтариб, дарҳол жавоб қайтарди:
− Омбосликман, бекам.
− Омбосликмисан? Ҳайкалтарош Ханфарга қандай дуч келиб қолдинг? У бутун умрини Абуда ўтказмоқда-ку.
− Отам жаноб Ханфарнинг дўсти эди, санъатга майлимни кўргач, ўқиш учун унинг ҳузурига юборди.
− Отанг ҳам санъаткорми?
Йигит бир дақиқа сукутга чўмди.
− Йўқ, отам Омбосда бош шифокор бўлган. Кимё илми, мўмиёлар соҳасида, айниқса турли заҳарли моддалар тайёрлашда шуҳрат қозонган эди.
Аёл унинг отаси йўқлигини англади. Заҳар ҳақидаги сўзлар диққатини тортди.
− Заҳар нимага керак эди?
Йигит маъюсланиб жавоб берди:
− Уни, одатда, шифобахш дорилар таркибига қўшарди. Кўп шифокорлар улардан фойдаланарди. Аммо, бахтга қарши, ана шу заҳар туфайли ўлим топди.
− Қандай қилиб? — қизиқсинди у.
− Отам ажойиб бир заҳар тайёрлаб, у билан ниҳоятда фахрланиб юрганини эслайман, бекам. Ҳатто уни саодат келтиради деб айтган эди. Сўзларига қараганда, у ҳамма заҳарлардан кучли бўлиб, одамни бир сонияда ҳалок қилар экан. Фожиа юз берган кунда у туни билан ўз тажрибахонасида ишлаган. Эрталаб жонсиз ҳолда кўришди, ёнидаги қопқоғи очиқ шишачада заҳар юқи қолган эди.
− Ғалати! У жонига қасд қилганми?
− Отам, шубҳасиз, шишадаги заҳардан татиб кўрган. Аммо бунга уни нима мажбур қилгани номаълум. Бу сирни ўзи билан олиб кетди. Фалокат босиб, мудҳиш хатога йўл қўйган, деб ишондик ҳаммамиз. Балки ҳаммасига ҳорғинлик ёки паришонлик сабаб бўлгандир? Отамнинг ўлими оиламизга оғир мусибат келтирди.
Бнамоннинг юзида чуқур қайғу излари кўринди, у бошини қуйи эгди. Бу ғамгин тарих Родописнинг юрагида ачиниш ва ҳамдардлик уйғотди. У эҳтиёткорлик билан:
− Онанг тирикми? — деб сўради.
− Ҳа, бекам. У Омбосдаги уйимизда қолган. Отамнинг тажрибахонасига ўша кундан бери ҳеч ким киргани йўқ.
Родопис у билан хайрлашди ва шифокор Ясарнинг ғалати ўлими ҳамда ёпиқ тажрибахонада қолиб кетган заҳар ҳақида ўйлаган ҳолда хонасига қайтди…
У севги тўрига ўралиб қолгандан бери ҳаёт уфқида пайдо бўлган ягона бегона киши Бнамон эди. Фақат унгагина ҳар тонгда беканинг бошқа одамга ажратилган қимматли вақтидан бир соатини ўғирлашга ижозат берилганди. Аммо у бу ўсмир олдида хижолат бўлишни ўйламасди ҳам, шунчалик камтар ва хушмуомала бўлган бу йигитча унинг назарида юксак эҳтирослардан кейинги ҳордиқ дамларида ҳузур бағишловчи енгил рўёга, хаёлий тушга ўхшаб кўринар эди. Кунлар ўтган сари у Бнамонга кўникиб кетди.
Ҳатто ўзининг тенгсиз жамолини тошда акс эттираётган моҳир қўлларини кузатиш унга ёқадиган бўлиб қолди. Ёш ҳайкалтарошнинг ноёб истеъдодига тобора тан берар экан, у яқин келажакда устози Ханфарни ортда қолдириб кетишига ишона бошлади. Бир куни навбатдаги бир соатлик машғулотдан кейин шийпондан чиқиб кетар экан:
− Чарчаб қолдингми? Меъдангга уриб кетгандир? — деб сўради. Ўсмир мағрур жилмайди.
− Аксинча, бекам!
− Эҳтимол, қандайдир илоҳий қудрат сенга куч бағишлаётгандир?
Йигитнинг буғдойранг юзи сирли табассумдан ёришди, аммо жавоби аниқ ва қисқа бўлди:
− Йўқ, севги куч бағишлайди.
Бу сўзлар дунёдаги энг азиз одамини ёдига туширди. Родописнинг юраги яна дукиллаб уриб кетди. Бека нималарни ўйлаётганини сезган Бнамон хотиржам изоҳ берди:
− Санъат ҳам муҳаббатдан туғилишини билсанг керак, бекам?
− Наҳотки?
У деворлар сатҳида бўртиб кўрина бошлаган юз ифодасига ишора қилди:
− Муҳаббатнинг меваси эмасми бу?
− Тошдан яралган жонсиз мева! — киноя билан унинг иззат-нафсини қитиқлади Родопис.
− Йўқ, менинг қўлим тегмасидан олдин тош жонсиз эди. Унга ҳаёт бахш этдим, энди унга жон кирди.
− Муҳаббатингга қанчалар содиқ экансан? — аёл кулди ва ҳайкалтарошдан узоқлашди.
Аммо тез орада йигитнинг кўнглини фақат бадиий тимсол яратиш эмас, бошқа нарсалар ҳам безовта қилаётганини сезиб қолди. Шу куни ширин хаёллар оғушида боғда паришон кезиб юриб, ёзги шийпонга чиқди. Дераза ойнаси орқали девордаги ўз аксини ҳамда полга тиз чўкиб ўтирган ҳайкалтарошга кўзи тушди. Аввалига, одатдагидек иш билан банд бўлса керак, деб ўйлади. Аммо эгилган ҳаракатсиз гавдага синчиклаб назар солар экан, у ҳали тамом бўлмаган суратга қараб илтижо қилаётганини пайқади. Ҳайрат ва қизиқиш устун чиқди. У ўзини анжир панасига олиб Бнамоннинг ҳаракатларини кузата бошлади. Йигит дуо ўқиб бўлгач, кенг енги билан кўзларини артди. Атроф жимжит, фақат ҳовуздаги ўрдакларнинг ғо-ғолаши ва қанот қоқишларигина сукунатни бузарди. Родопис ҳатто қимирлашга ҳам ҳадиксираб, яширинган жойида бир муддат турди, сўнг оҳиста орқага тисарилди-да, йўлакдан шоша-пиша юриб, уйига қараб кетди. Ўзини хавотирга солиб юрган нарса барибир юз берган эди. У олдин ҳам йигитнинг болаларча тоза нигоҳига қарар экан, қандайдир ўзгаришлар рўй бераётганини пайқади. Аммо қўлидан нима келади? Фалокатнинг олдини олиб бўладими? Уни ўзидан узоқлаштириб юборса-чи? Ҳар хил баҳоналар билан саройга йўлатмай қўйса бўлади. Аммо бу иши ўсмирнинг ҳали мурғак, нозик юрагига катта жароҳат етказиши мумкин… Унинг мияси ғовлаб кетди.
Аммо Бнамон ҳақидаги фикрларни тезда унутди. Родопис ҳозир шундай аҳволда эдики, оламда мисли йўқ фалокат содир бўлса, у хаёлини бир лаҳзадан ортиқ банд эта олмасди. Фақат бир нарсага: тезроқ севгилиси оғушида ором олишга талпинарди. Танлаган кишиси ҳам уни интизор қилиб қўймасди. У сира иккиланиб ўтирмай, саройдаги барча ишларни ташлаб, Родопис ҳузурига ошиқиб келаверарди. Иккиси ҳам олам ташвишларини унутиб, қасрни макон этишган ва боғдаги сайроқи қушлар хониши остида оловли эҳтирос домига банд бўлган эдилар. Родопис шу кунларда фақат биргина нарсани — ўзининг кўзларидаги жозиба кўпроқ ёқадими ёки шакар лабларими — навбатдаги учрашув пайтида фиръавндан шуни сўраш ёдимдан чиқиб қолмасайди, деб безовта бўларди. Меренра бўлса оролдан қайтар экан, Родописнинг фақат чап тиззасидан ўпиб, ўнг томонини унутиб қўйганидан афсусланарди… Улар ҳаётда кам насиб этадиган бундай бахтиёр кунларнинг беғуборлиги ва осойишталигини ҳеч ким бузишга қодир эмас, деб қаттиқ ишонишарди.

ХНУМХЕТ

Янги севишганларга ёрқин саодат бахш этган бу кунлар бош вазир ва олий коҳин Хнумхет учун қоронғи зулматга айланди. У мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни норозиликбилан кузатган ҳолда деярли ҳукумат уйидан чиқмай қўйди. У хуфиялари топиб келган маълумотларни эшитар, аммо фиръавн чиқарган фармон ўзини оғир аҳволга солганига қарамай, бирон тадбир қўллашга шошилмасди. Эҳромларга қарашли ерларнинг тортиб олиниши коҳинларни ваҳимага солиб, дарғазаб қилган эди. Кўпчилик бу адолатсиз фармонни қайта кўришни сўраб аризалар ёзар ва уларни бош вазир ёки хазиначи номига йўллар эди.
Хнумхет аввалги ҳукмдорлардан иззат-икром кўриб ўрганганди. Фиръавн эса уни мутлақо назар-писанд қилмай қўйди. Улар мамлакатдаги аҳволни муҳокама қилиш учун жуда кам учрашар эдилар. Тез орада фиръавннинг Биге оролидаги оқ сарой бекаси билан ошиқ-маъшуқлик қилаётганидан кўпчилик хабар топди. Фиръавн тунларни узлуксиз шу ерда ўтказа бошлагани ҳақидаги гаплар ёйилиб кетди. У ерда уста-ҳунармандлар ишлаётгани ва ҳаммол қуллар дабдабали уй жиҳозларию қимматбаҳо буюмларни ташиётгани ҳаммага маълум бўлди. Родописнинг манзилида олтин-кумуш, гавҳарлар тоғдек уюлиб кетгани ва фиръавннинг тийиқсиз нафси Миср аҳолисидан беҳисоб пул ва қурбонлар талаб этиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ниҳоят, Хнумхетнинг тоқати тоқ бўлди ва ҳаракат қилишга қарор қилди. Чопарни ҳукумат уйига чорлаб, ёзилган мактубни бош хазиначи Суфхотепга етказишни буюрди. У ҳам пайсалга солмай етиб келди. Олий коҳин саломлашгач:
− Илтимосимни адо этганинг учун миннатдорман, муҳтарам Суфхотеп, — деди.
Бош хазиначи таъзим қилди:
− Сенга хизмат қилишга ҳар доим тайёрман, азиз валинеъмат. Бу менинг бурчим.
Улар қарама-қарши ўтирдилар. Хнумхет пўлат иродали, қатьиятли одам эди. Кўкрагини олов куйдирса ҳам юзи қилт этмасди. У бош хазиначининг сўзларини хотиржам эшитар экан, таъкидлади:
− Ҳаммамизнинг бурчимиз фиръавн ва Мисрга садоқат билан хизмат қилишдир.
− Ҳеч шубҳасиз, валинеъмат, — маъқуллади хазиначи.
Хнумхет мақсадга кўчди:
− Сўнгги вақтларда бўлаётган ишлар виждонимни безовта қилмоқда. Олдинда жуда кўп тўсиқлар пайдо бўлди. Очиғини айтганда, сен билан учрашув фойдали бўлади деб ишонаман.
− Қасам ичаманки, — жавоб берди Суфхотеп, — агар, сенга ёрдамим тегса, ўзимни бахтиёр ҳисоблайман.
Коҳин маъқуллаб бош тебратди ва давом этди:
— Бир-биримиз билан очиқчасига гаплашиб олишимиз керак. Чунки файласуфимиз Кагемни айтганидек, ошкоралик — тўғрилик ва самимийлик белгисидир.
− Файласуф Кагемни ҳақ, — тасдиқлади бош хазиначи.
Хнумхет фикрларини тўплаш учун бир дақиқа жим қолди.
Сўнг хўрсиниб:
− Эндиликда жаноби олийларини кўриш жуда қийин бўлиб қолди, — деди.
Коҳин суҳбатдоши бу сўзларга ўз муносабатини билдирса керак, деган ўйда тўхтаб турди, аммо ундан садо чиқмади. Шундан кейин у яна гапини давом эттирди:
− Муҳтарам Суфхотеп, яхши биласанки, қабулга киришни сўраб тез-тез мурожаат қиламан, менга эса, жаноби олийлари саройда йўқ, деб айтишади.
Суфхотеп уни бўлди:
− Оддий одамлар фиръавнни тергаши мумкин эмас.
− Мен буни назарда тутаётганим йўқ, — жавоб берди олий коҳин. — Аммо бош вазир вақти-вақтида жаноби олийлари билан учрашиб, маслаҳатлашиб туриши керак, деб биламан. Акс ҳолда ўз вазифамни қандай қилиб адо этаман?
− Мени кечирасан, валинеъмат, сенда фиръавн билан учрашиш имкони бор-ку?
− Бундай имконият жуда камайиб кетди. Масалан, ҳозир ҳукумат уйи залларида тўлиб кетган арзу додларни қандай етказишни билмай ҳайронман.
Хазиначи унга ўта синчковлик билан назар солди:
− Улар эҳромларга қарашли ерларга боғлиқ бўлса керак?
Коҳиннинг кўзлари чарақлаб кетди.
− Худди шундай, жанобим.
− Фиръавн бу ҳақда ҳеч нарса эшитишни хоҳламайди,— тез жавоб қайтарди Суфхотеп. — У ўзининг сўнгги сўзини айтган.
− Сиёсатда сўнгги сўз бўлмайди.
Суфхотеп қатъий эътироз билдирди:
− Бу — сенинг фикринг, валинеъмат, бу борада сўзингга қўшилолмайман.
− Эҳромларнинг ерлари мерос қолдирилади-ку!
Бу мавзуда гаплашишни хоҳламаётганини очиқ билдирганига қарамай, Хнумхет баҳсга чорлаганидан норози бўлган бош хазиначи афтини буриштирди. У ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайдиган оҳангда:
− Менинг буюк ҳукмдорим ўз ҳукмини билдирди, мен унга бошқа ҳеч нарса қўшишга қодир эмасман, — деди.
− Вақтида тўғри маслаҳат бериш жаноби олийларига садоқатимизни кўрсатмайдими?
Бош хазиначининг норозилиги янада кучайди ва у кескин, совуқ бир тарзда:
− Мен ўз бурчимни яхши биламан, валинеъмат, аммо унга фақат виждоним олдида жавоб бераман, — деб эътироз билдирди.
Хнумхет хўрсинди ва уни муросага чорлади:
− Сен ҳар қандай шубҳадан баланд турасан, муҳтарам Суфхотеп. Садоқатинг борасида ҳеч қачон иккиланган эмасман. Шу туфайли маслаҳатингни олмоқчи эдим. Аммо саволларимни садоқат ва бурч ҳақидаги тушунчаларингга зид деб ҳисоблар экансан, афсус билан ўз қароримдан воз кечишимга тўғри келади. Фақат сенга битта ўтинчим бор.
− Хизматинг бош устига, валинеъматим.
− Ҳозир саройга қайтганингдан кейин олиймақом маликамиз марҳамат кўрсатиб, мени шу бугун қабул қилишларини ўтиниб сўраётганимни билдириб қўйсанг.
Суфхотеп суҳбатдошига ҳайрат ва гарангсиниш билан қаради. Олий коҳиннинг илтимосида фавқулодда ҳеч нарса йўқ бўлса-да, хазиначи довдираб қолди. Хнумхет бўлса қатьият билан қўшимча қилди:
− Мен сенга Миср давлатининг бош вазири сифатида мурожаат қилмоқдаман.
− Эртагача сабр қилиб турсанг, илтимосингни аввал фиръавнга етказган бўлардим, — деди Суфхотеп иккиланиб.
− Йўқ, муҳтарам зот, ҳазрати олияларининг ёрдами билан йўлимдаги тўсиқларни бартараф этаман, деган умиддаман.
Ҳукмдорим ва мамлакатим учун хизмат қилиш имкониятини қўлдан чиқармаслигим керак.
Суфхотепнинг:
− Илтимосингни зудлик билан ҳазрати олияларига етказаман, — дейишдан бошқа иложи қолмади.
− Сендан хабар кутаман, — деди олий коҳин хайрлашиш учун қўл узатиб.
Ёлғиз қолгач, хона ичида асабий ҳолатда юра бошлади.
Пешонаси тиришган Хнумхет тишларини қайраб, ҳозиргина бўлиб ўтган суҳбатни ичида такрорлар эди. Суфхотепнинг садоқатига шубҳаланмас, айни замонда журъат кўрсатишига унча ишончи комил эмасди. Аҳволи ночорлигидан шу йўлни тутишга мажбур бўлди. Саройда ундан бошқа ҳеч кимга ишонмасди. Аммо қария илтимосини маликага етказа олармикан? Ҳар эҳтимолга қарши, барча чораларни ишга солиш керак. Малика қабул қилишни хоҳламаса-чи? Унда нима бўлади? Маликанинг ёрдамисиз бирон иш чиқариб бўлмайди. Фақат у ақл ва тадбир билан фиръавн ва коҳинлар орасидаги низони бартараф этиши мумкин. Эрининг тийиқсиз ҳаракатларидан хабар топиб, қаттиқ изтироб чекаётган бўлса керак. Эҳромлардан тортиб олинаётган бойликлар қандайдир бир раққосанинг оёғи остига ташланаётганига малика ва аёл сифатида индамай қараб туриш осон эмасдир? Оролдаги қасрнинг эшик ва деразаларидан олтин оқиб кириб ётибди. Энг моҳир ҳунармандлар кечаю кундуз турли-туман уй жиҳозлари, безаклар, тақинчоқлар ясаш билан банд. Фиръавн-чи? Хотини, ҳарами, саройини ташлаб, бу жодугар атрофида парвона бўлиб қолди.
Коҳин оғир хўрсиниб ғўнғиллади:
− Миср тахтининг эгаси бу даражага бориши мумкин эмас!..
У узоқ кутмади. Эшик оғаси кириб, саройдан келган чопар олий коҳинни кўрмоқчи эканини билдирди.
Хнумхет ички ҳаяжонини сездириб қўймаслик учун ўзини зўрға қўлга олиб, рухсат ишорасини қилди.
Чопар шу заҳотиёқ кирди ва таъзимга эгилар экан, гапни қисқа қилди:
− Ҳазрати олиялари сени кутмоқда, валинеъмат.
Хнумхет аризалар дастасини олди ва аравасига ўтириб,саройга йўл олди. Чопар бунчалик тез келади, деб кутмаган эди. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган Нитокрис хўрлик азобини пинҳоний дард ичида ўтказаётганига шубҳа йўқ. У ўз ёғига ўзи қовурилса-да, алам-изтиробларини ичига ютишга мажбур. Аммо атрофда рўй бераётган ҳодисаларга мамлакатдаги барча коҳинлар ва ақлли кишилар каби ҳушёр қараши табиий. У билан тил топишиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда, бурчини адо этади-ку, қолгани худолар ҳукмига ҳавола…
Саройга етиб келиши биланоқ у аёллар хонасига қараб юрди. Бу ерда уни кутиб туришарди, дарҳол маликанинг қабулхонасига бошлаб бордилар. У тахтга яқинлашди ва таъзим қилиб, пешонасини унинг этагига тегизди.
— Қуёш нури, ой ёғдусидан гўзал ҳукмдоримиз, буюк маликамиз омон бўлсин!
Нитокрис шахдам жавоб қайтарди:
− Сен ҳам саломат бўл, Хнумхет!
Олий коҳин боши эгик ҳолда қаддини ростлади ва юксак эҳтиром билан гапини бошлади:
— Буюк маликам, садоқатли қулингни қабул қилишга рози бўлганинг учун миннатдорчилик билдиришга тилим ожиз.
− Ишонаманки, — деди у мутлақо хотиржам оҳангда, — муҳим ишинг борлиги учун қабулимга рухсат сўрагансан. Шу туфайли, пайсалга солмай, арзингни эшитишга қарор қилдим.
− Донолигингга офарин, маликам! Ҳақиқатда ҳам ўта жиддий ишлар бор. Ҳаммаси давлат манфаатларига алоқадор.
Малика гапнинг давомини кутиб сукут сақлади. Коҳин бор кучини тўплаб, арзини айта бошлади:
— Буюк маликам, мен катта қийинчиликка дуч келиб қолдим, ҳукмдоримиз бўлмиш фиръавннинг хоҳиш-иродасинибажара олмайманми, деган ташвишдаман. Зеро, бурч билан ўз виждоним олдида енгиб бўлмас қарама-қаршиликлар пайдо бўлмоқда.
У тўхтаб қолди ва ўз сўзлари таъсир қилаётганини билмоқчи бўлибми ёки гапини давом эттиришга изн сўраш учунми, маликага ўғринча назар солди. Нитокрис бу иккиланишни пайқади:
— Давом эт, валинеъмат, гапларингни диққат билан эшитмоқдаман.
— Фиръавн эҳромлар ихтиёридаги мулкларнинг каттақисмини мусодара қилиш ҳақида фармон чиқарган дақиқадан бошлаб бу қийинчиликка дуч келдим. Коҳинлар норозилик билдириб, олий маҳкамага шикоят қила бошладилар. Бу ерлар эҳромларга туҳфа этилгани ва дахлсизлигини яхши билишади. Подшоҳ қарори эълон қилингач, халқ ғалаён кўтаришидан улар қаттиқ хавотирда.
Хнумхет бир дақиқа тин олгач, яна гапини давом эттирди:
− Буюк маликам, коҳинлар — улар орасида ўқитувчилар, шифокорлар, воизлар бор — тинчлик пайтида фиръавннинг содиқ ҳимоячиларидир. Бундай кунларда ҳам худди уруш пайтидаги каби садоқатли, ишончли одамлар зарур. Улар мамлакатга чексиз содиқлиги туфайли душман ҳужум қилса ёки қурғоқчилик хавф солса, ўз мулкларидан воз кечишга тайёр туришади… Аммо улар…
Олий коҳин бир дақиқа иккиланди, сўнг овозини пасайтириб давом этди:
− Аммо улар бу бойликлар бошқа мақсадларда ишлатилаётганига асло тоқат қила олмайдилар…
Коҳин мана шу тагдор гап билан чекланишга қарор қилди, сабаби, малика ҳамма нарсадан хабардор, шамани дарҳол фаҳмлайди. Аммо у қилт этмади. Коҳин аризалар ҳақида гаплашиш фурсати етганини англади.
− Буюк маликам, мана бу мактубларда эҳромлардаги ходимларнинг фикри ифодаланган. Ҳукмдоримиз фиръавн уларни кўриб чиқишдан воз кечди. Маликам танишиб чиқсалар, фойдадан ҳоли бўлмасди. Уларни ёзган одамлар юртга тобе фуқаролардир, улар мададга муҳтож…
Нитокрис аризаларни ўқишга рози бўлди. Хнумхет уларни столга қўйиб, боши эгик ҳолда тик қотди. Малика ҳеч қандай ваъда бермади, у ҳам ҳеч нарсани кутгани йўқ. Шикоятларнинг саройда қолгани катта гап эди. Кетишга ижозат олгач, ердан кўзини олмасдан эшикка қараб юрди.
Коҳин орқага қайтар экан, ўзига-ўзи «Малика жуда ғамгин, балки бу кулфат туфайли адолатли ишимизда бизга мадад берар», деб гапириб борарди.

НИТОКРИС

Олий коҳин чиқиб кетгач, каттакон залда малика ёлғиз қолди. У тож кийган бошини тахт устига тираб, кўзларини юмди ва чуқур хўрсинди. Фақат узуқ-юлуқ нафас олишидан ички ҳаяжони ва нотинчлигини сезиш мумкин эди. Изтироб чекиб, бағри шафқатсиз аламда қовурилаётганини атрофда ҳеч ким, ҳатто энг яқин кишилари ҳам билмас эди. Одамлар орасида одатдагидек хотиржам кўринар, қатьиятли чеҳраси сфинкснинг қиёфасини эслатарди. Аслида ҳамма нарсадан хабардор эди. Рўй бераётган фожианинг илк саҳнасидан бошлаб тилсиз гувоҳи бўлиб қолганди. Тийиқсиз эҳтирос қурбонига айланиб, туби йўқ чоҳга йиқилган ва кўча-кўйда гап бўлиб юрган раққосага ишқи тушган Меренранинг қадам олишини индамай кузатиб борарди. Иззат-нафси топталиб, кўкси заҳарли ўқларга тўлиб кетса-да, ҳамон фаолиятсиз, сокин эди.
Ўша кундан бери унинг дилида рад этилган хотин ва тож кийган малика ғурури ўртасида кескин кураш бошланди. Отасидан ўтган қатьият ва ирода аёлларга хос ожизликлардан устун чиқди: тож ҳиссиётларини ўзига бўйсундирди, ғурур муҳаббатини бўғиб ташлади. Малика саройдаги аёллар хонасига қамалиб олиб, оғир мусибат гирдобига чўкиб кетди. Шу алфозда қўлидаги камондан биронта ўқ узмасдан мағлубиятга учради.
Ҳаммасидан кўра уларни ҳамон ёш келин-куёв ҳисоблашгани унга қаттиқ алам қиларди. Мана шу қисқа фурсат ичида Нитокрис фиръавннинг кўкси тийиқсиз эҳтирослар ва бебош орзуларга тўла эканини англаб олди. Тахтга ўтириши биланоқ у ҳарамини Миср, Нубия ва шимол мамлакатларидан келтирилган беҳисоб канизакларга тўлдириб ташлади. Нитокрис бундан унчалик безовта бўлмади, сабаби, у фиръавн юрагига ҳукмронлигича қолган эди. Эрини бутунлай ўзига оғдириб, бурнидан ип ўтказиб олган мана бу жодугар пайдо бўлгунча аҳвол ана шундай эди. У фиръавнни одатдаги ҳаёт тарзидан, хотинидан, ҳарамидан, содиқ аъёнларидан юлиб олди. Шунга қарамай, маликанинг дилида умид чироғи ўчмаган эди. Аммо тобора ишонч ўрнини бадбин хаёллар эгаллаб борар, шундай кезларда ўлимнинг совуқ қўллари бўйнидан бўғаётгандек туюла бошлар эди.
Баъзан у чинакамига жазавага тушиб, кўзларида ғазаб учқунлари чарақлаб, безбет рақибининг тилка-порасини чиқариб ташлаб, бахтини ҳимоя қилмоқчи бўлар эди. Аммо шу заҳотиёқ: «Миср маликаси танасини олтинга сотаётган фоҳиша билан тенг бўладими?»— деб ўзидан нафратланиб кетарди. Шунда у дилига таскин бера бошлар, юрагидаги алам эса секин таъсир этиб, ҳалок қиладиган заҳар мисоли баданига тарқалиб борарди.
Бугун ниҳоят фиръавннинг ножўя ишларидан норози бўлиб, ташвиш чекиб юрган одамлар ҳам борлигини кўрди. Мана, Хнумхет ўзи дуч келган қийинчиликлардан шикоят қилиб, қандайдир раққосага сарфлаш учун эҳромлардан хазиналарни тортиб олиш бемаънилик эканлигига очиқдан- очиқ шама қилди.
Доноларнинг доноси ундан мадад олиш илинжида. Пана жойдан чиқиш фурсати етмадимикин? Агар ҳозир орани очиқ қилмаса, кейин кеч бўлмайдими?
Фиръавннинг бемаъни майллари телбалик даражасига етаёзди, бу телбаликни бартараф этиш маликанинг бурчи эмасми? Мишмишлар авж олиб, халқ қўзғалиб кетса, тожу тахт хавф остида қолади. Ҳар қандай таҳликани тарқатиб, мамлакат ва халқ осойишталигини таъминлаш маликанинг ҳам зиммасида.
Шундай экан, ортиқча мағрурликдан фойда борми? Худолардан мадад сўраб, адолат йўлида дадил ишга киришиш лозим.
Мамлакат фаровонлигини ўйлаб қилинган бу қарор маликага маъқул тушди. Бир-икки кўзи илинганини ҳисобга олмаса, тунни бедор ўтказди. Қуёшнинг илк нурлари таралгач, Нитокрис ҳеч иккиланиб ўтирмасдан саройдаги эркаклар яшайдиган томонга шахдам қадамлар билан юриб борди. Унинг бемаврид ташрифи қўриқчиларни ҳайратга солди. Улар салом беришгандан кейин малика сўради:
− Буюк ҳукмдор ўз жойидами?
− Ўзининг хос оромгоҳида, маликам,— эҳтиром билан жавоб берди соқчилардан бири.
Малика фиръавннинг ётоғига оҳиста кириб борди.
Ўта назокат билан тартибга солинган бу хонага дунёдаги барча нодир нарсалар жам қилингандек туюларди. Меренра уни кўраман деб ўйламаган эди. Охирги марта учрашганларига ҳам анча вақт бўлиб қолди. У ҳайрон бўлиб ўрнидан турди ва истеҳзоли табассум билан маликанинг олдига келди.
− Худолар сенга ёр бўлсин, Нитокрис. Мени қўрмоқчи эканингни аввал билганимда, ўзим ҳузурингга борган бўлардим.
Малика эҳтиром билан ўтирар экан, шунча маҳалдан бери кўришни хоҳламаганимни қаердан ҳам билсин, деб ўйлади.
— Азият чекма, азизим! Бурчим тақозо этган экан, олдингга келишим уят эмас.
Фиръавн хотинининг сўзларига эътибор бермади, унинг бостириб келиши ва чиройли совуқ нигоҳи уни саросимага солиб, довдиратиб қўйганди.
− Олдингда уятлиман,— секин сўзлади у.
− Аммо менга ишон, азиз дўстим, эҳтиросга қул одам ҳар қадамда қурбон бўлиши мумкин.
Унинг айбига иқрор бўлиши маликанинг топталган ғурурини уйғотди ва у нима мақсадда келганини унутиб қўйди.
− Худолар ҳаққи қасам ичаманки, сен фиръавн бўлатуриб, қандайдир эҳтиросларингни жиловлай олмаганинг мени ранжитади.
Меренра қизиққон киши бўлиб, баъзан биргина сўзни ортиқча гапиришса жаҳли чиқиб кетарди. Ҳозир ҳам маликанинг таънали сўзларидан ғазаби қўзиб, ўрнидан сакраб туриб кетди. Нақташланиб қоладиган алфозда эди. Қўрқиб кетган малика мўлжалимни амалга оширолмайманми, деб хавотирга тушди ва ножўя гапириб қўйганидан афсусланди.
− Гапни ўзинг бошладинг, азизим! Мен таъна қилишга келганим йўқ. Иккимиз эгаллаб турган тахт тақдирига боғлиқ муҳим гапларни эшитсанг, жаҳлдан тушарсан, деб ўйлайман,— деди у мулойим оҳангда.
Фиръавн шайтонга ҳай берди ва ўзини хотиржам кўрсатиб:
− Нима ҳақда гапирмоқчисан?— деб сўради.
Суҳбатнинг бу тарзда бошланиши Нитокрисга ёқмади,аммо энди чекинишга йўл йўқ эди. У дангалига ўтди:
− Эҳромларга қарашли ерлар ҳақида.
Фиръавннинг қовоғи солинди ва яна зардаси қайнаб,тўнғиллади:
− Коҳинларнинг ерлари деб айтиш керак.
− Шундай бўлақолсин, ҳукмдорим! Ном ҳеч нарсани англатмайди.
− Бу ҳақдаги гапларни ёқтирмаслигимни билмасмидинг?
− Бошқалар айтолмайдиган гапларни очиқ айтмоқчиман. Ниятим — эзгулик ва яхшиликдир.
Меренра норози бўлиб, елка қисди.
− Мен илтимосига кўра Хнумхет билан суҳбатлашдим ва эшитдимки…
У хотинининг сўзини шартта бўлиб, дарғазаб қичқирди:
− Мана, бош вазирим қай даражага етди!
− Унинг гапларида ёмон ният бор деб ўйлайсанми?
− Бўлмаса-чи! У ўлгудай ўжар одам. Менга бўйсунишни хоҳламаяпти. Шунинг учун буйруғимни бажаришдан бош тортмоқда. Энди бошқача усулларни ишга сола бошлади: ҳузуримга турли одамларни йўллайди, коҳинларни шикоят ёзишга мажбур қилади. Байрам куни унинг шармандали номини айтиб қичқиришди. Ярамас муғамбир кўрлик қилиб, фиръавннинг йўлига тўсиқ бўлмоқчи!
− Унга бекорга зулм қиляпсан. Билишимча, у тахтга содиқ одамлардан бири. Доно, эл осойишталиги учун қайғуради. Хнумхет бизнинг боболаримиз туфайли коҳинлар қўлга киритган имтиёзларни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган бўлса, бу яхши эмасми?
Нитокриснинг сўзлари фиръавнни ишонтириш ўрнига норозилигини баттар ошириб юборди. У ўз иродаси, фикри ва дунёқарашига ошкора ёки яширин қарши чиққан ҳар қандай одамни кўришга тоқат қилолмасди.
− Кўриб турибман, бу донишманд миянгни чалғитиб улгурибди,— хитоб қилди у совуқ пичинг билан.
− Мен азалдан эҳромларга берилган мулкни тортиб олиш зарурияти борлигини кўрмаяпман,— қизишиб деди малика.
− Бойликларимиз кўпайишини хоҳламайсанми?— тажанг бўлиб қичқирди фиръавн.
Меренра бу гапни қаердан ўйлаб топди? Бойликлар қаерга кетаётгани ҳаммага маълум-ку!
Нитокрис ғазабдан бўғилиб кетаёзди, у ҳам ўзини тута олмай, сакраб туриб кетди:
− Илоҳий одамларнинг ерларини тортиб олиб, елга совураётганингдан одамлар дарғазаб бўлмоқда!
Фиръавн таҳдид қилиб қўл силкиди:
− Калтафаҳм маккор коҳин! Хнумхет орамизга низо уруғини сочмоқчи! Афтидан, мени ёш бола деб ўйлайсанми?— ҳорғин жавоб берди малика.
− Разил коҳин! У маликани учратмоқчи бўлиб, шоҳона либос кийган аёл билан суҳбатлашибди-да!
− Ҳукмдорим!— алам билан қичқирди Нитокрис. Ғазаб отига миниб, тутақиб кетган фиръавнни энди тўхтатиб бўлмасди.
− Сен бу ерга муроса қилиш учун эмас, рашкда ёниб, заҳар-заққумингни тўккани келган экансан-да!
Маликанинг иззат-нафси ер билан яксон бўлди. Кўз олди қоронғилашди, қулоқлари шанғиллади, оёқлари қалтираб, йиқилишига сал қолди. Бир муддат тили калимага келмади. Сўнг оҳиста гапирди:
− О, ҳукмдорим! Хнумхет айтган гаплар менга аввалдан маълум, унда ҳеч қандай янгилик йўқ. Малика билган нарсалардан эса бутун мамлакат хабардор. Бир неча ойдан бери Биге оролидаги раққоса билан кайф-сафо қилиб ётибсан. Шу муддат ичида умр йўлдошинг бирон марта сенга халал бердими, таъна қилдими ёки диққатингни бўлишга уриндими? Яна ёдингда бўлсин, кимки мен билан аёл сифатида гаплашишни хоҳласа, овора бўлади, чунки фақат малика Нитокрисни кўради!
Аммо ўжар фиръавн бояги таънани яна такрорлади:
− Сен рашкда ўртаниб, бошимдан фақат мағзава ағдармоқдасан!
Нитокрис мўъжаз оёқчалари билан ер тепинди ва мағрур туриб, ғазаб билан деди:
− Малика рашк қилишни ўзи учун номуносиб ҳисоблайди. Аммо ҳукмдор мамлакатга дахлдор олтинларни қаланғи раққоса оёғига тўкаётгани чиндан ачинарли ҳолдир. Ҳокимият орзусида юрганлар учун бундан яхши тузоқ йўқ! — Малика шу сўзларни айтиб эрининг башарасига ҳатто қайрилиб қарамасдан чиқиб кетди.
Меренра ғазабдан ўзини йўқотиб қўяёзганди. Бу можарога фақат бош вазир айбдор деб ҳисоблади. У Суфхотепни чақирди ва олий коҳинни зудлик билан саройга чорлашни буюрди. Довдираб қолган бош хазиначи буйруқни адо этиш учун жўнади.
Хнумхет қарама-қарши туйғулар гирдобида саройга келди, кўнглида ёмон хавотирлик бор эди. Уни ғазабдан тутақибтурган фиръавн ҳузурига олиб кирдилар. Одатга кўра таъзим қилиб, табрик сўзларини айта бошлаган эди, у қўполлик билан гапини кесди:
− Вазир, сенга эҳромларнинг ерлари ҳақида бошқа гапирма, деб тайинлаган эдимми?
Фиръавн Хнумхет билан биринчи марта бундай кескин оҳангда гаплашмоқда эди. Барча умидлари барбод бўлганини дарҳол фаҳмлаган коҳин алам билан хитоб қилди:
− Ҳукмдорим! Сенга тобе фуқаролар ёзган шикоятларни олий ҳукмингга етказишни муқаддас бурчим деб биламан…
− Ёлғон! Ўз мақсадингга етиш учун малика билан орамизга низо уруғини сочмоқчи бўлгансан,— деди Меренра шафқатсиз оҳангда.
Вазир илтижо қилиб қўлини кўтарди. Нимадир демоқчи бўлди, аммо қалтироқ лабидан фақат иккита сўз чиқди, холос:
− Ҳукмдорим… ҳукмдорим…
Фиръавн ғазаб билан давом этди:
− О, Хнумхет. Сен фармонларимни бажаришдан бўйин товладинг. Бугундан бошлаб сени вазифангдан озод қиламан!
Коҳин ҳайратдан қотиб қолди. Сўнг бошини хам қилиб, эҳтиром билан гапирди:
− Ҳукмдорим, юксак мартабамдан четлатилгач, қанчалик қайғуга ботишимга худолар гувоҳ: аммо бундан кейин ҳам садоқатли қулларингдан бири бўлиб қолавераман…
Рақибига қақшатқич зарба бергандан кейин Меренра ўзини енгил ҳис қилди. Дарҳол Суфхотеп ва Тахога чопар жўнатди. Иккала сарой аъёни гарангсиган қиёфада зум ўтмай етиб келишди.
− Хнумхетни гумдон қилдим,— хотиржам тусда деди фиръавн.
Чуқур сукунат чўқди. Суфхотеп ҳайратда қолди, Тахонинг юзида бирон ўзгариш ифодаси сезилмади. Меренра гоҳ унисига, гоҳ бунисига синовчан тикилди.
− Сизларга нима бўлди? Нега жим турибсизлар?
− Бу жиддий қарор, ҳукмдор,— жавоб берди Суфхотеп.
− Сен нима дейсан, Тахо?
Тахо қилт этмай ўтирарди. У худди ўликка ўхшар, бўлаётган ҳодисалар унга заррача таъсир қилмаётгандек эди. Аммо у жавоб бериши зарур:
− Ҳамма нарса худоларнинг амри билан бўлади, ҳукмдорим.
Меренра маъқуллаб жилмайди. Суфхотеп дилидаги гапнитилига чиқарди:
− Хнумхет энди анча эркин ҳаракат қилади.
− Ўйлашимча, у ўз ўлимини тезлаштиришга уринмаса керак,— нафратланиб елкасини қисди фиръавн. Сўнг мутлақо ўзга оҳангда қўшиб қўйди:
− Ўрнига кимни қўямиз, менга шуни айтинглар.
Бу галги сукунат узоқ чўзилди. Ниҳоят, Меренра жилмайди.
− Мен Суфхотепни танлайман, сизлар нима дейсизлар?
Тахо самимий хитоб қилди:
− Ҳукмдорим! Сен танлаган киши билимдон ва садоқатли арбобдир!
Суфхотепнинг юзи ҳаяжондан зўриқиб кетди. У нимадир демоқчи эди, фиръавн гап бермади:
− Наҳотки, энг зарур пайтда ўз хўжайинингни қўлламасанг?
− Сенга ҳамиша содиқ қул бўлиб қолурмен,— хўрсиниб жавоб берди собиқ хазинабон.

ДАВОМИ БОР

хдк

(Tashriflar: umumiy 397, bugungi 1)

Izoh qoldiring