Xurshid Davron. Bibixonim haqida afsona.

032
«Бибихоним қиссаси ёхуд тугамаган достон» асари Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ижодида муҳим ўрин тутади. У биринчидан, адабиётга шоир сифатида кириб келган ижодкорнинг илк насрий асари, иккинчидан, ҳали мустақиллик йилларидаёқ қатағон этилган Амир Темур мавзусини ёритишга бўлган дастлабки уринишлардан бири сифатида эътироф этилади. Қиссада Амир Темур, Бибихоним билан боғлиқ тарихий воқеалар билан бирга улар ҳақида  халқ орасида ва тарихий  битикларда мавжуд ривояту афсоналар акс этган.

Асарда биргина Бибихоним билан бевосита боғлиқ тўрт афсона  шоирона тарзда ёритилган. Қисса чорак асрча муқаддам «Саодат» журналида тўлиқ босилган, кейинчалик яна 3 марта адиб китоблари таркибида нашр этилган. Куни-кеча «Саодат» журналида Бибихоним ҳақида афсоналардан бирининг эълон қилиниши асарга ва Бибихоним шахсига бўлган қизиқиш ҳалиям сўнмаганидан далолатдир.

04

Хуршид Даврон
БИБИХОНИМ ҲАҚИДА АФСОНА
«Саодат» журнали, 2/2014

04

«Бибихоним қиссаси ёхуд тугамаган достон» асаридан парча. Асар яқин кунларда веб-саҳифамизда тўлиқ ҳолда эълон қилинади

Қозонхон бобоси Чингизхон каби шоҳона қасрда ўтириб, базму-жамшид қилишдан, от миниб овга ёки душман устига бостириб бориб, қилич чопишни маъқул кўраркан. Аммо суюкли хотини унга қиз туғиб берган кундан бошлаб, у бу одатларини ташлаб, кеча-кундуз қизалоғи билан овунишни, у билан машғул бўлишни ҳамма нарсадан устун қўядиган бўлибди. У келажакда қизим бир сарой мулки бўлсин, деб фарзандимга Сароймулкхоним деб исм қўйибди.

021 Вақт Қозонхон навқирон чоғида йўлбарсга қарата узган камон ўқидек тез учиб, Сароймулкхоним ўн олтига тўлибди. Ёш хончанинг ҳусни-жамолини кўрганинг ҳуши бошидан учиб, тили калимага келмай қоларкан. Ўша давр шоирларидан бири: Агар унинг ҳусн-жамолини сўз ила тасвирламоқчи бўлсак, ожизлик қилиб, гуноҳга ботиш мумкин, зеро қизнинг латофатини таърифлашга қодир сўзлар дунёда йўқдир”, — деб айтган экан.

Ўн олти яшар соҳибжамол мағрур эди, ўзига-ўзи мафтун эди. Оёқларидаги кумуш ҳалқаларни жаранглатиб, сарой боғида ўйнаб юрар, не-не юраклар бу кумуш ҳалқачалар товушини эшитиб, ҳушидан айриларкан. Қозонхон суюкли қизининг бўй етганиникўриб, Шому-Ироқ, Чину-Мочин, Дашти Қипчоғу Сақлаб, Хуросону-Ҳиндистон томонларга карвонлар йўллаб, энг ноёб дуру-гавҳарлар, қимматбаҳо тақинчоқлар, хос либослар келтиришга амр этибди.

Карвонлар айтилган буюмларни олиб келиши билан, у яна Миср ва Форс, Рум ва Юнон томонларга карвонлар жўнатиб, яна янги тақинчоқлар ва либослар олиб келишга буюрар экан. Зарбоф каболар, заррин пешонабоғлар, ипак камзуллар, дур қадалган камарбандлар, садаф билан безатилган тилла ковушчалар, бахмал, белбурма кўйлаклар билан келган карвонлар тўппа-тўғри Қозонхон қасри дарвозаси олдига келиб тўхтар экан.

Дунёнинг тўрт томонидан чиққан савдо карвонлари ошиқиб-тошиқиб, Қозонхон манзилига келишарди. Генуяликлар ва ўрислар, қора белбоғ боғлаган арманилар, пешоналарига хол қўндирган ҳиндлар, белларига чилвир боғлаган жуҳудлар Қозонхон қасрига биринчи бўлиб кириш учун елиб-югуришар, ўзаро ёқа бўғиб жанжаллашишар, аммо Қозонхон деярли ҳамма молларни сотиб олаётганини кўриб, яна ҳамдард ва ҳамжамият бўлишарди.

Сароймулкхоним ўн олти ёшга тўлган куни хон қизига муносиб куёв излай бошлабди. Шу мақсадда қирқ бир мамлакатга чопар юбориб, шаҳзодаларни ҳузурига чорлабди. Аммо келган шаҳзодаларнинг бирини қизи ёқтирмас, бошқасини ўзи ётирмай, ҳаммасини рад жавоб билан, ноумид қайтарибди.

022 Кунларнинг бирида, жасурлиги ва донолиги билан машҳур Амир Темур унинг саройига кириб келибди. Бу ташрифдан хон беҳад қувониб кетибди. У қизига баҳоси бир шаҳар хирожига тенг шоҳона либослар кийдириб, бир вилоят хирожига тенг тақинчоқларни тақдириб, Амир Темур олдига олиб чиқибди. Амир Темур қизга қараб “йўқ” дегандек бош чайқабди. Қозонхон “Амирга қизим ёқмади”, — деб ўйлаб, хафа бўлибди. Лекин умид узмабди. Қизини мамлакатнинг бир йиллик хирожига тенг келадиган, ҳали кўз кўрмаган либосу зар-зеварга ўраб, яна навқирон Амирга рўпара қилибди. Амир Темур яна “йўқ” дегандек бош чайқабди.

Тамом эсанкираб қолган Қозонхон хизматкорларига бор тақинчоқларни шу ернинг ўзига олиб келишни буюрибди, ўзи бўлса қизи таққан тақинчоқларни юлиб ола бошлабди. Сароймулкхоним бирпасда оддий оқ кўйлаги билангина қолибди. Шунда Амир Темур “маъқул!” дегандек мамнун бош ирғабди. Қозонхон эса ҳайрон эмиш. Шунда Самарқанднинг навқирон амири енгил бир таъзим қилибди-да:
— Хон, гўзалликка тақинчоқлар ярашмайди! – дебди.

Бу сўзлар маъносини англаган оқила қиз бошини кўтариб биринчи бор Амир Темурга қарабди. Икки кўз суҳбати бошланибди.

Қизнинг кўзи дебди: “Мен шу эркакни бир кўришда севиб қолдим. У қаерга борса, мен ҳам бирга кетаман. У кимни суйса, уни суяман, кимни ёмон кўрса, шуни ёмон кўраман. У мени қиличи билан ҳимоя этса, мен уни муҳаббатим билан асрайман”.

Йигитнинг кўзи дебди: “Сен саҳро гулидек дилрабосан, ойжамол. Баҳор ёмғирлари ювган гул япроғидек юзларингда зарра доғ йўқ, оёқларингдаги кумуш ҳалқачалар товушини юрагим қўшиғига жўровоз қилай, ойжамол. Кўзларинг тубида жимирлаб турган чўғни оловга айлантирай, ойжамол. Сени тулпоримга миндириб олиб кетай, ойжамол”.

Қизнинг кўзи дебди: “Сенинг тулпоринг – учқур, қиличинг – кескир, қалқоннинг – ўқ ўтмас, юрагинг – очиқ, аммо отингни муҳаббатим қувиб етгай, қиличинг сенга боғланган кўнглим ипларини қирқолмас, ишқим ўқи совутингни тешиб ўтгай, юрагингга кирай, бегим. Унда неча баҳорлар садоси бўлса, меники бўлсин, неча қишларнинг совуғи бўлса, уларни иситай, неча кузларнинг ҳасрати бўлса, кўнглимга олай, неча ёзларнинг ташналиги бўлса, кўзёшларимни ичирай… Мени бу ердан олиб кет, бегим. Мен учун каломинг болдай ширин бўлсин, қўлингдаги тафт кўксимдаги қўрқувни эритсин, ҳадикни қувсин”.

Йигитнинг кўзи дебди: “Сен саҳро ўртасидаги гулзорсан, ойжамол. Шу гулзор тиканлари меники. Кўзларинг бир жуфт чаросдек, лабларинг гул баргидек, қоматинг шамшоддек… Каломинг – тотли, рафторинг – латофатли. Оловлар ичида яшаган бир йигитман, бўронлар қўйнида адашган йўлчиман, дунёлар ичида яшаган митти зарраман. Энди сен ол бўл, бўрон бўл, дунё бўл, ойжамол”.

Қизнинг кўзи дебди: “Сенинг товушингни эшитиб дунёга келгандайман. Сен ёқиб қўйган чироқни кўриб йўл топгандайман. Сен айтган сўзни излаб юргандайман… Товушингни эшитиб келдим, энди қандай кетай. Сен ёққан чироқни топдим, энди қайга кетай. Сен айтган сўзни эшитдим, сени қандоқ унутай, бегим?”

Амир Темур овоз чиқариб:
— Хон, гўзалликка тақинчоқлар ярашмайди! – дебди…

Кўзлар гаплашганда, сўзлар ожиз қоладилар.
Кўзлар гаплашганда, муҳаббат тилмочлик қилади.
Кўзлар гаплашганда, дунёни сукунат босади.

Дил денгиз бўлса, кўз шу денгизнинг сувини ёруғ дунёга инъом этаётган чашмадир.

Кўзлар сўзлашганда, улар дилларни ҳам осмонга кўтариб учадилар: ердаги дашт ёвшанлари ислари ҳам, қасрга кириш учун навбат талашаётган савдогарларнинг жанжал-сурони ҳам, қаср ортидаги яйловда бир-бири билан ўйнашаётган арғумоқларнинг сармаст кишнашлари ҳам, Қозонхоннинг ҳайрон назари ҳам уларга бегона эди.

Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил…

04

09  БИБИХОНИМ (асл исми Сароймулкхоним) (1341 — 1408) — Амир Темурнинг катта хотини, Чиғатой улуси хони — Қозонхоннинг қизи. Дастлаб амир Қазаған набираси — Ҳусайн ибн Мусаллабга (1355), кейин (Ҳусайн қатл этилгач) Амир Темурга никоҳланган (1370). Шу боис Амир Темур «Курагон» унвонига мушарраф
бўлади. Зотан хон авлодига мансуб Сароймулкхоним ҳарамдаги барча маликалардан улуғ ҳисобланиб, «Катта хоним» ёхуд «Бибихоним» деган унвонга ноил бўлади.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Бибихоним ўз замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор, маслаҳатдон ва етук аклзаковат соҳибаси, шунингдек, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир эди. Бибихоним инсонпарвар, ватанпарвар, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган, салтанат ишларида доно маслаҳатлари б-н қатнашиб турган аёл эди. Айниқса, илм-маърифатга алохида эътибор берар, толиби илмларга ҳомийлик қиларди. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларида кўпинча ҳамроҳлик қилган. Бибихоним салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда ўзининг оқилона маслаҳатлари б-н фаол қатнашган.
Бибихоним фарзанд кўрмаган бўлсада, соҳибқирон ўз набиралари — Муҳаммад Султон, Халил Султон, Улуғбек ва бошқа мирзоларни бевосита зукко Бибихоним тарбиясига топширган эди.
01Бибихоним ўз жамғармаси ҳисобидан Самарқандда улкан мадраса қурдирган. Бу мадрасадан бугунги кунда фақат Бибихоним ва унинг волидаси дафн этилган мақбара сақланиб қолган. Мадраса Амир Темур қурдирган жоме масжиди рўпарасида бўлган (Бамисоли Регистон майдонидаги Улуғбек ва Шердор мадрасалари каби улар ягона меъморий мажмуани ташкил этган). Вақт ўтиб, мадраса бузилиб кетган, аммо, халқ жомеъ масжидни Бибихоним билан боғлаб, уни Бибихоним масжиди деб атай бошлаган.
Самарқандда Бибихоним ҳақида халқ орасида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган ( Мазкур матн Хуршид Даврон томонидан тайёрланди).

BIBIXONIM (asl ismi Saroymulkxonim) (1341 — 1408) — Amir Temurning katta xotini, Chig’atoy ulusi xoni — Qozonxonning qizi. Dastlab amir Qazag’an nabirasi — Husayn ibn Musallabga (1355), keyin (Husayn qatl etilgach) Amir Temurga nikohlangan (1370). Shu bois Amir Temur «Kuragon» unvoniga musharrafbo’ladi. Zotan xon avlodiga mansub Saroymulkxonim haramdagi barcha malikalardan ulug’ hisoblanib, «Katta xonim» yoxud «Bibixonim» degan unvonga noil bo’ladi.Tarixiy manbalarning guvohlik berishicha, Bibixonim o’z zamonasining yuksak idrokli, farosatli, tadbirkor, maslahatdon va yetuk aklzakovat sohibasi, shuningdek, husn-latofat bobida ham benazir edi. Bibixonim insonparvar, vatanparvar, mamlakatning siyosiy-ijtimoiy, iqtisodiy va madaniy hayotidan yaxshigina xabardor bo’lgan, saltanat ishlarida dono maslahatlari b-n qatnashib turgan ayol edi. Ayniqsa, ilm-ma’rifatga aloxida e’tibor berar, tolibi ilmlarga homiylik qilardi. Sohibqiron Amir Temurning harbiy yurishlarida ko’pincha hamrohlik qilgan. Bibixonim saltanatni boshqarishda vujudga kelgan ayrim muammolarni hal qilishda o’zining oqilona maslahatlari b-n faol qatnashgan.
Bibixonim farzand ko’rmagan bo’lsada, sohibqiron o’z nabiralari — Muhammad Sulton, Xalil Sulton, Ulug’bek va boshqa mirzolarni bevosita zukko Bibixonim tarbiyasiga topshirgan edi.
08Bibixonim o’z jamg’armasi hisobidan Samarqandda ulkan madrasa qurdirgan. Bu madrasadan bugungi kunda faqat Bibixonim va uning volidasi dafn etilgan maqbara saqlanib qolgan. Madrasa Amir Temur qurdirgan jome masjidi ro’parasida bo’lgan (Bamisоli Registon maydonidagi Ulug’bek va Sherdor madrasalari kabi ular yagona me’moriy majmuani tashkil etgan). Vaqt o’tib, madrasa buzilib ketgan, ammo, xalq jome’ masjidni Bibixonim bilan bog’lab, uni Bibixonim masjidi deb atay boshlagan.
Samarqandda Bibixonim haqida xalq orasida ko’plab rivoyatlar saqlanib qolgan ( Mazkur matn Xurshid Davron tomonidan tayyorlandi).

04

Xurshid Davron
BIBIXONIM HAQIDA AFSONA
«Saodat» jurnali, 2/2014

04

«Bibixonim qissasi yoxud tugamagan doston» asaridan parcha.

032   Qozonxon bobosi Chingizxon kabi shohona qasrda o’tirib, bazmu-jamshid qilishdan, ot minib ovga yoki dushman ustiga bostirib borib, qilich chopishni ma’qul ko’rarkan. Ammo suyukli xotini unga qiz tug’ib bergan kundan boshlab, u bu odatlarini tashlab, kecha-kunduz qizalog’i bilan ovunishni, u bilan mashg’ul bo’lishni hamma narsadan ustun qo’yadigan bo’libdi. U kelajakda qizim bir saroy mulki bo’lsin, deb farzandimga Saroymulkxonim deb ism qo’yibdi.

Vaqt Qozonxon navqiron chog’ida yo’lbarsga qarata uzgan kamon o’qidek tez uchib, Saroymulkxonim o’n oltiga to’libdi. Yosh xonchaning husni-jamolini ko’rganing hushi boshidan uchib, tili kalimaga kelmay qolarkan. O’sha davr shoirlaridan biri: Agar uning husn-jamolini so’z ila tasvirlamoqchi bo’lsak, ojizlik qilib, gunohga botish mumkin, zero qizning latofatini ta’riflashga qodir so’zlar dunyoda yo’qdir”, — deb aytgan ekan.

O’n olti yashar sohibjamol mag’rur edi, o’ziga-o’zi maftun edi. Oyoqlaridagi kumush halqalarni jaranglatib, saroy bog’ida o’ynab yurar, ne-ne yuraklar bu kumush halqachalar tovushini eshitib, hushidan ayrilarkan. Qozonxon suyukli qizining bo’y yetganiniko’rib, Shomu Iroq, Chinu Mochin, Dashti Qipchog’u Saqlab, Xurosonu Hindiston tomonlarga karvonlar yo’llab, eng noyob duru-gavharlar, qimmatbaho taqinchoqlar, xos liboslar keltirishga amr etibdi.

Karvonlar aytilgan buyumlarni olib kelishi bilan, u yana Misr va Fors, Rum va Yunon tomonlarga karvonlar jo’natib, yana yangi taqinchoqlar va liboslar olib kelishga buyurar ekan. Zarbof kabolar, zarrin peshonabog’lar, ipak kamzullar, dur qadalgan kamarbandlar, sadaf bilan bezatilgan tilla kovushchalar, baxmal, belburma ko’ylaklar bilan kelgan karvonlar to’ppa-to’g’ri Qozonxon qasri darvozasi oldiga kelib to’xtar ekan.

Dunyoning to’rt tomonidan chiqqan savdo karvonlari oshiqib-toshiqib, Qozonxon manziliga kelishardi. Genuyaliklar va o’rislar, qora belbog’ bog’lagan armanilar, peshonalariga xol qo’ndirgan hindlar, bellariga chilvir bog’lagan juhudlar Qozonxon qasriga birinchi bo’lib kirish uchun yelib-yugurishar, o’zaro yoqa bo’g’ib janjallashishar, ammo Qozonxon deyarli hamma mollarni sotib olayotganini ko’rib, yana hamdard va hamjamiyat bo’lishardi.

Saroymulkxonim o’n olti yoshga to’lgan kuni xon qiziga munosib kuyov izlay boshlabdi. Shu maqsadda qirq bir mamlakatga chopar yuborib, shahzodalarni huzuriga chorlabdi. Ammo kelgan shahzodalarning birini qizi yoqtirmas, boshqasini o’zi yotirmay, hammasini rad javob bilan, noumid qaytaribdi.

022Kunlarning birida, jasurligi va donoligi bilan mashhur Amir Temur uning saroyiga kirib kelibdi. Bu tashrifdan xon behad quvonib ketibdi. U qiziga bahosi bir shahar xirojiga teng shohona liboslar kiydirib, bir viloyat xirojiga teng taqinchoqlarni taqdirib, Amir Temur oldiga olib chiqibdi. Amir Temur qizga qarab “yo’q” degandek bosh chayqabdi. Qozonxon “Amirga qizim yoqmadi”, — deb o’ylab, xafa bo’libdi. Lekin umid uzmabdi. Qizini mamlakatning bir yillik xirojiga teng keladigan, hali ko’z ko’rmagan libosu zar-zevarga o’rab, yana navqiron Amirga ro’para qilibdi. Amir Temur yana “yo’q” degandek bosh chayqabdi.

Tamom esankirab qolgan Qozonxon xizmatkorlariga bor taqinchoqlarni shu yerning o’ziga olib kelishni buyuribdi, o’zi bo’lsa qizi taqqan taqinchoqlarni yulib ola boshlabdi. Saroymulkxonim birpasda oddiy oq ko’ylagi bilangina qolibdi. Shunda Amir Temur “ma’qul!” degandek mamnun bosh irg’abdi. Qozonxon esa hayron emish. Shunda Samarqandning navqiron amiri yengil bir ta’zim qilibdi-da:
— Xon, go’zallikka taqinchoqlar yarashmaydi! – debdi.

Bu so’zlar ma’nosini anglagan oqila qiz boshini ko’tarib birinchi bor Amir Temurga qarabdi. Ikki ko’z suhbati boshlanibdi.

022Qizning ko’zi debdi: “Men shu erkakni bir ko’rishda sevib qoldim. U qaerga borsa, men ham birga ketaman. U kimni suysa, uni suyaman, kimni yomon ko’rsa, shuni yomon
ko’raman. U meni qilichi bilan himoya etsa, men uni muhabbatim bilan asrayman”.

Yigitning ko’zi debdi: “Sen sahro gulidek dilrabosan, oyjamol. Bahor yomg’irlari yuvgan gul yaprog’idek yuzlaringda zarra dog’ yo’q, oyoqlaringdagi kumush halqachalar tovushini yuragim qo’shig’iga jo’rovoz qilay, oyjamol. Ko’zlaring tubida jimirlab turgan cho’g’ni olovga aylantiray, oyjamol. Seni tulporimga mindirib olib ketay, oyjamol”.

Qizning ko’zi debdi: “Sening tulporing – uchqur, qiliching – keskir, qalqonning – o’q o’tmas, yuraging – ochiq, ammo otingni muhabbatim quvib yetgay, qiliching senga bog’langan ko’nglim iplarini qirqolmas, ishqim o’qi sovutingni teshib o’tgay, yuragingga kiray, begim. Unda necha bahorlar sadosi bo’lsa, meniki bo’lsin, necha qishlarning sovug’i bo’lsa, ularni isitay, necha kuzlarning hasrati bo’lsa, ko’nglimga olay, necha yozlarning tashnaligi bo’lsa, ko’zyoshlarimni ichiray… Meni bu yerdan olib ket, begim. Men uchun kaloming bolday shirin bo’lsin, qo’lingdagi taft ko’ksimdagi qo’rquvni eritsin, hadikni quvsin”.

Yigitning ko’zi debdi: “Sen sahro o’rtasidagi gulzorsan, oyjamol. Shu gulzor tikanlari meniki. Ko’zlaring bir juft charosdek, lablaring gul bargidek, qomating shamshoddek… Kaloming – totli, raftoring – latofatli. Olovlar ichida yashagan bir yigitman, bo’ronlar qo’ynida adashgan yo’lchiman, dunyolar ichida yashagan mitti zarraman. Endi sen ol bo’l, bo’ron bo’l, dunyo bo’l, oyjamol”.

Qizning ko’zi debdi: “Sening tovushingni eshitib dunyoga kelgandayman. Sen yoqib qo’ygan chiroqni ko’rib yo’l topgandayman. Sen aytgan so’zni izlab yurgandayman… Tovushingni eshitib keldim, endi qanday ketay. Sen yoqqan chiroqni topdim, endi qayga ketay. Sen aytgan so’zni eshitdim, seni qandoq unutay, begim?”

Amir Temur ovoz chiqarib:
— Xon, go’zallikka taqinchoqlar yarashmaydi! – debdi…

Ko’zlar gaplashganda, so’zlar ojiz qoladilar.
Ko’zlar gaplashganda, muhabbat tilmochlik qiladi.
Ko’zlar gaplashganda, dunyoni sukunat bosadi.

Dil dengiz bo’lsa, ko’z shu dengizning suvini yorug’ dunyoga in’om etayotgan chashmadir.

Ko’zlar so’zlashganda, ular dillarni ham osmonga ko’tarib uchadilar: yerdagi dasht yovshanlari islari ham, qasrga kirish uchun navbat talashayotgan savdogarlarning
janjal-suroni ham, qasr ortidagi yaylovda bir-biri bilan o’ynashayotgan arg’umoqlarning sarmast kishnashlari ham, Qozonxonning hayron nazari ham ularga begona
edi.

Ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil…

хдк

(Tashriflar: umumiy 8 596, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring