Abdulla Avloniy. She’rlar & Tanlangan asarlar.

052
Абдулла Авлоний шоир сифатида ўнлаб, юзлаб шеърлар битган. Улар хоҳ эски урф-одатлар ҳақида бўладими, хоҳ муҳаббат ёки мактаб-маориф ҳақида бўладими, ҳамма-ҳаммасида инсон ва тарбия, ахлоқий гўзаллик ва маънавий бойлик ҳақида куйлайди. Шунинг учун ҳам унинг шеърларида халқ дидактикаси билан янги замон педагогикаси уйғунлашиб кетади.

08

avloniyАбдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкент шаҳрида туғилди. У ёшликдан мустақил мутолаа билан шуғулланиб, ўз билимини ошириб борди. 1907 йилдан матбуот ишларида фаол иштирок эта бошлади. 1909-1917 йиллар Авлоний ижодий фаолиятида катта бурилиш ясади. У „Шуҳрат“ газетасини ва „Тонг“ журналини ташкил этишда, „Жамияти хайрия“ни очишда етакчилик қилди.
А. Авлоний „Адабиёт ёхуд миллий шеърлар“ номли тўрт қисмдан иборат тўпламнинг биринчи китобини, „Биринчи муаллим» ва „Иккинчи муаллим“ деб номланган ўқув китобларини чоп эттирди.
Абдулла Авлоний ўттиз йилдан ортиқроқ бадиий ижод билан шуғулланди. Унинг маданиятимиз тарихига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Айниқса, педагогик фаолияти, таълим-тарбия борасидаги ишлари ибратлидир. У Давлат илмий кенгашида, Терминология қўмитасида, бир неча нашриётларда хизмат қилди. 1931 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг „Тил билими“ кафедрасида профессорликка тасдиқланди. 1933 йилда Абдулла Авлоний ўрта мактабларнинг 7-синфи учун адабиёт мажмуасини тузди. Унинг таълимий-ахлоқий асарлари орасида „Туркий гулистон ёхуд ахлоқ“ китоби алоҳида аҳамиятга эгадир.

08

АБДУЛЛА АВЛОНИЙ
ШЕЪРЛАР
08

ВАТАН

Сенинг исминг бу дунёда муқаддасдур,
Ҳар ким сенинг қадринг билмас — ақли пас(т)дур.
Сенинг туйғунг юракларга савдо солур,
Сенинг дардинг бошқа дардни тортиб олур.
Еринг, сувинг бизни боқуб тўйдирадур,
Семиз-семиз қўйларингни сўйдирадур.
Олма-анор, анжир, узум — меваларинг,
От-у ҳўкуз, эчки, така, теваларинг.
Бизлар учун хизмат қилур барчалари,
Ҳар бирлари ноз-у неъмат парчалари,
Сендан туғиб, катта бўлуб, қайтиб боруб,
Яна сенга кирадурмиз бағринг ёруб.
Онамизсан! Бизни(нг) мушфиқ онамизсан!
Жавлон уруб яшайдургон хонамизсан!
Сени сотмоқ мумкинмидур, ўзинг ўйла,
Тилинг бўлса, ҳасратларинг тузук сўйла!
Бизлар сотмас бурун қилур эрдин фарёд,
Биз сотган сўнг нега дерсан бизлардан дод.
Айб бизларда, сени соғуб эмолмадук,
Емуш бериб ем ўрнига ем олмадук.
Билолмадук кўксингдаги хазинани,
Биз билмасмиз тош-тарозу, мазинани.
Сотиб-сотиб қоладурмиз ғамга ботиб,
Бойқуш каби вайронада ётиб-ётиб.
Сени сотуб пул қилурмиз — кетур-қолур,
Бир йилдан сўнг баҳонг икки бўлуб олур.

БАҲОР

Аввал баҳор бўлса, кулур чаманлар,
Баргак ёзур гуллар, ғунча даҳанлар.
Барча қушлар учар, ўқур чаманда,
Боғ-у бўстон, тоғ-у саҳро, ўрмонда.
Яйловларда қўзичоқлар мағрашур.
Овозлари юракларни доғлашур.
Ҳар тарафдан сувлар шилдираб оқар,
Шилдираган тов(у)ши одамга ёқар.
Ғир-ғир шамол елпиллатур гулларни,
Гул тебрануб сайратур булбулларни.
Ҳар нарсада шодлиғ асар кўрилур,
Кўкмак бўлуб беда-пичан ўрилур,
Экинчилар ҳар хил ошлиқ экарлар,
Тухумларин ерни ҳайдаб тикарлар.
Дангасалар бўлар-кетар, деб ётур,
Қиш кунида от-у тўнини сотур.
Кўб ишлаган кўб олур, оз ишлаган — оз,
Қиш куни роҳатдадур, ким ишласа ёз.
Ҳар ким нима экса, албатта, шуни ўрадур,
Экмаганлар ўзгаларға муҳтож бўладур.
Келинг, биз ҳам экинимиз бошлаб экамиз,
Имтиҳонда экғанимиз ўриб-йиғамиз.
Ҳар ким аввал баҳорини ўткарса бекор,
Ёз келганда Ҳижрон бўлур, ул—тангри безор.

ЁЗ

Ёзда пишар барча экин, мевалар,
Шод бўлур зор етим-бевалар.
Ҳар ерга борсанг, ҳама маъмурчилик:
Ҳандалаг-у тарбуз-у қовун-тилик.
Ер гунаша яқин ўлуб нур олур,
Ерга муҳаббатли зиёсин солур.
Ҳар киши ўз нафси учун ишлагай,
Ишламаган қишда нима тишлагай?
Боғлари, бўстонлари ранг-баранг,
Меваси-ю гулларига бир қаранг.
Гуллари, булбуллари бор, боғлари,
Қўйлари, қўзичоқлари бор, тоғлари,
Сутлар-у қаймоғ-қимизлар сероб,
Сувлар оқур сойлар аро шарқираб.
Бир тараф(д)а экинчи — хирмончилар,
Бир тараф(д)а ўроқчи, кетмончилар,
Ғайратлилари ғамини ер вақтинда,
Тиришуб ишлайдур ғанимат кунда.
Ишёқмаслар ёзда юрур гулдураб,
Қиш келганда қолгай кўзи мўлдураб.

КУЗ

Куз куни кўзлара ямон кўринур,
Яфроғи мисли заъфарон кўринур.
Мева ўрнига боғ-у бўстонда
Шалдираб қақшаган хазон кўринур.
Гуллар ўрнида хор ила хашак,
Булбул ўрнида зағизғон кўринур.
Кетгай Одам Атони жаннатидек,
Жўйлари бир совуқ йилон кўринур.
Ёзни кўрдинг, кузни ҳам кўрасан,
Шодлиғ ортидан фиғон кўринур.
Ҳар киши фойда кўрмагай доим,
Суд орқасидан зиён кўринур.
Йиғлаган шод ўлур, кулган йиғлар,
Ҳар дақиқа бўлак замон кўринур.
Айлануб-жайлануб ўта(р) бу замон,
Кети аввалгидан ямон кўринур.
Қиш келур бошинга қилич кўтаруб,
Қалқонинг пахталик чапон кўринур.
Ёз ишламадинг, сен ишёқмас,
Йиғмадинг дон — похол-у сомон кўринур.
Кўзларинг жовдирар еганга боқиб,
Ишчи олдинда ош-у нон кўринур.
Ёз кўзим, ёз хатинг(н)и, тез-тез ёз,
Ёз — омон, куз — омон, омон кўринур.

0665
АБДУЛЛА АВЛОНИЙНИНГ «ТАНЛАНГАН АСАРЛАР»ИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ
08

XDK

(Tashriflar: umumiy 42 604, bugungi 1)

7 izoh

Izoh qoldiring