Abdulla Avloniy. Turkiy Guliston yoxud axloq

0aa

   «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати сардафтарларидан бири Абдулла Авлонийнинг энг машҳур ааридир. Асар ҳақида муаллиф шундай ёзади: «Мен бу асари ночизонимни биринчи мактабларимизнинг юқори синфларида таълим бермак ила баробар улуғ адабиёт муҳиблари, ахлоқ ҳаваскорларининг анзори олийларина тақдим қилдим…»

Абдулла АВЛОНИЙ
ТУРКИЙ ГУЛИСТОН ЁХУД АХЛОҚ
045

 09i   Абдулла Авлоний (1878.12.7 — Тошкент — 1934.24.8) -маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби. Тўқувчи оиласида туғилган. Мактабхона ва мадрасада ўқиган (1885—95). 1906 й.дан шеърлари б-н матбуотда қатнаша бошлаган. Араб, форс, рус тилларини ўрганиб, бу тилларда ижод қилган мутафаккирларнинг асарларини ўқиган, баъзилари (мас, Л. Толстой, К. Д. Ушинский асарлари)ни ўзбек тилига таржима қилган. 1906 й. «Тараққий», 1907 й. ўз уйида (Тошкентда) «Шуҳрат» газеталарини чиқарган. Бу газеталар лар ёпиб қўйилгач, 1908 й. яширин равишда «Осиё» газетасини нашр этди. 6-сонидан сўнг ҳукумат бу газетани ҳам тақиқлаб қўйган. Шундан сўнг Авлоний илғор ғояларни мактаб орқали халққа тарқатишга ҳаракат қилди: Тошкент ш.нинг Миробод маҳалласида маҳаллий аҳоли болалари учун янги усул мактаби очиб (1908), ўзи она тили ва адабиётдан дарё берди. 1909 й. «Жамияти хайрия» тузиб, етим болаларни ўқитган. Шундан кейин Авлоний Тошкентнинг Дегрез маҳалласида икки синфли мактаб очган (1912). Бу мактабда дунёвий фанлар ўқитилиши б-н мактабхоналардан фарқ қилган. Авлоний янги мактаблар учун кўлланма ва ўқиш китоблар ёзиб, нашр қилдирган [мас, «Биринчи му-аллим», 1911; «Иккинчи муаллим», 1912; «Туркий гули- стон ёхуд ахлоқ», 1913; 4 жузд (қисм) ли «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами, 1909—15; «Мактаб гулистони»,1915; «Мардикорлар ашувласи», 1917 ва б.]. Мунавварқори, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Низомиддин Хўжаев, Шокиржон Раҳимий каби тараққийчилар б-н биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини ташкил этган. Авлоний халқ онгини ошириш учун театр санъатидан ҳам фойдаланган. У 1913 й.да «Туркистон» номли театр труппасини ташкил этишда ва унинг ишида фаол қатнашган. 1910—16 й.ларда бир қанча саҳна асарларини таржима қилди ва ўзи саҳналаштирди. Авлонийнинг саҳна асарлари Тошкент, Фарғона, Андижон, Қўқон, Хўжанд каби шаҳарларда кўйилган. Бу асарларда 20-а. бошларидаги Туркистон ҳаётининг кенг манзаралари ўз ифодасини топган. Авлоний труппасида Маннон Уйгур тарбия топган; труппа б-н Ҳамза, Озарбайжон драматурглари Узайр Ҳожибеков, С. Руҳулло ҳамкорликда бўлган. Октябрь тўнтаришидан кейин халққа ваъда қилинган эркинликнинг берилмаганлиги шоир ижодида тушкунликнинг пайдо бўлишига олиб келди («Хафалик соатда» шеъри, 1919). А. 1917 й.да «Турон» газ.ни нашр қилди. Газ.да сиёсий ва ижтимоий воқеалар ёритилган. 1918 й. Авлоний «Иштирокиюн» газ.ни ташкил этишда қатнашди ва унинг муҳаррири бўлди.
1919—20 й.ларда Шўро ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсий вакили ва консули. «Касабачилик ҳаракати» жур. бош муҳаррири (1921).1921 й.дан А. мактаблар очиш, халқни саводхон қилиш, ўзбек хотин-қизларини ўқитиш, ўқитувчилар ва зиёли кадрлар тайёрлаш ишлари б-н шуғулланди. У Эски шаҳардаги хотин- қизлар ва эрлар маориф билим юртлари (инпрослар)да мудир (1923—24), Тошкент ҳарбий мактабида ўқитувчи (1924—
29). 1930—34 й.ларда Ўрта Осиё ун-ти тил ва адабиёт кафедраси мудири, проф. Шу даврда у ўзбек мактабларининг 7синфи учун «Адабиёт хрестоматияси» тузиб, нашр эттирди (1933). А. Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чиғабой, Абдулҳақ тахаллуслари б-н танқидий ва илмий мақола, 4000 мисрадан ортиқ шеър ижод қилган.

045

Мен бу асари ночизонимни биринчи мактабларимизнинг юқори синфларида таълим бермак ила баробар улуғ адабиёт муҳиблари, ахлоқ ҳаваскорларининг анзори олийларина тақдим қилдим.

Ҳар кун ўлурам шомғача мен ғамга гирифтор,
Ҳар шаб ёнарам оташа парвона каби зор.
Ҳеч кимса эмас бу мени аҳволима воқиф,
Мен хастаяму миллатим ўлмиш нега бемор.

Ношири ва шоири Абдулла Авлоний

2-табъи, сана 1336 ҳ./1917 м. Тошкент,
Тип. Лит. «Пар. Соц. революц» 1917 г.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

АХЛОҚ

Инсонларни яхшиликға чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдур. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурган китобни ахлоқ дейилур. Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканин, жаноби Ҳақ на учун халқ қилганин, ер юзида нима иш қилмак учун юрганин билур. Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. Ўз айбини билуб, иқрор қилуб тузатмакға саъй ва кўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур. Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: «Мезон тарозусига қўйиладурган амалларнинг ичида яхши хулқдан оғирроқи йўқдур. Мўмин банда яхши хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутуб ибодат қилган кишилар даражасига етар», – демишлар.

Сўйласанг сўйла яхши сўзлардан,
Йўқса жим турмоқинг эрур яхши.
Ўйласанг яхши фикрлар ўйла,
Йўқса гунг бўлмоқинг эрур яхши.
Ишласанг ишла яхши ишларни,
Йўқса бекорлиғинг эрур яхши.

ХУЛҚ

Инсон икки нарсадан мураккабдур. Бири жасад, иккинчиси нафсдур. Жасад кўз ила бор нарсаларни кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши ва ё ёмон бўладур.

Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўриниб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурки, буни хулқ деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, «Аллоҳу акбар» бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз:

«Бир тоғнинг ўрнидан кўчиб кетганини эшитсангиз, ишонингиз, аммо бир одамнинг хулқи бошқа бўлди деб эшитсангиз ишонмангиз», – демишлар.

Хулқи ёмон юз, кўзлидин на суд
Юз, кўзли хулқни қилмас кашуд.
Хулқ маризига даво истасанг,
Марг давосин берилур қистасанг.
Хулқи ёмонинг кетурар кўп зарар,
Хулқинг ўзи бошингга калтак урар.
Хулқи фано бўлса дегил алҳазар,
Хор-у залилликда қолур дарбадар.

ЯХШИ ХУЛҚ, ЁМОН ХУЛҚ

Ахлоқ уламоси инсонларнинг хулқларини иккига бўлмишлар Агар нафс тарбият топиб, яхши ишларни қилурга одат қилса, яхшиликға тавсиф бўлуб, «яхши хулқ» агар тарбиятсиз ўсуб, ёмон ишлайдурган бўлуб кетса, ёмонлиқға тавсиф бўлуб «ёмон хулқ» деб аталур.

Жаноби Ҳақ инсонларнинг асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши ила ёмонни, фойда ила зарарни, оқ ила қорани айирадурган қилуб яратмишдур. Лекин бу инсондаги қобилиятни камолга еткурмак тарбия ила бўладур. «Қуш уясинда кўрганин қиладур». Инсон жавҳари қобилдур. Агар яхши тарбия топиб, бузуқ хулқлардан сақлануб, гўзал хулқларга одатлануб катта бўлса, ҳар ким қошида мақбул, бахтиёр бир инсон бўлуб чиқар. Агар тарбиятсиз, ахлоқи бузулуб ўсса, Аллоҳдан қўрқмайдурган, шариатга амал қилмайдурган, насиҳатни қулоғига олмайдурган, ҳар хил бузуқ ишларни қиладурган, нодон, жоҳил бир расвойи олам бўлуб қолур.

Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: «Имони комил бўлган кишилар яхши хулқли бўлурлар, сизнинг энг яхшиларингиз хотунларига яхшилик қилганларингиздур», — демишлар.

Худонинг раҳмат-у файзи ҳама инсонга яксардур,
Ва лекин тарбият бирла етушмак шарти акбардур.
Туғуб ташлов-ла бўлмас бола, бўлғай бало сизга,
Вужуди тарбият топса, бўлур ул раҳнамо сизга.
Темирчининг боласи тарбият топса, бўлур олим,
Бузулса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим.
Ёмонларга қўшулди Нуҳнинг ўғли, ўлди беимон,
Юруди Каҳф ити хублар-ла бўлди оти инсон.

ТАРБИЯ

Тарбия – «Педагогия», яъни бола тарбиясининг фани демакдур.

Илми ахлоқнинг асоси тарбия ўлдуғиндан шул хусусда бир оз сўз сўйлаймиз. Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдур. Тарбия қилгувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилган каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига «яхши хулқ» деган давони ичидан, «поклик» деган давони устидан беруб, катта қилмоғи лозимдур. Зероки, «Ҳассину ахлоқикўм» амри шарифи узра хулқимизни тузатмакға амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур.

Ахлоқимизнинг биносининг гўзал ва чиройли бўлишига тарбиянинг зўр таъсири бордур, баъзилар «тарбиянинг ахлоққа таъсири йўқ, инсонлар асл яратилишида қандай бўлсалар, шундай ўсарлар, табиат ўзгармас», – демишлар.

Ёмон хў тузалмайди дармон ила,
Ипак ўлмас ип, ранги алвон ила.
Боқинг, бир дарахт мевасидур ёмон,
Бўлур яхши пайванд, парво билан.
Билур ҳар киши аслини рангидан,
Ва ёким улангандаги зангидан».

Лекин бу сўз тўғри эмасдур. Чунки тарбиянинг ахлоқга, албатта, таъсири бўладур. Орамизда масал борки, «сут ила кирган, жон ила чиқар», мана бу сўз тўғридур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Бешикдан то мозорга боргунча илм ўрган», – демишлар. Бу ҳадиси шарифнинг маъноси бизларга далилдур. Ҳукамолардан бири: – «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур», – демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядур. Пайғамбаримиз: «Болаларингизни етти ёшида намозга ўргатингиз. Агар ўн ёшида ўқимаса урингиз», – демишлар.

Ҳар кишининг дунёда ороми жони тарбият,
Балки охирида эрур доруламони тарбият.
Тарбият ҳамроҳ этадур ҳур ила рузвонлара,
Гар десам бўлмас хато жаннат макони тарбият.
Эй, Оталар! Жонларингиздан сучук фарзандингиз,
Ғайрат айланг ўтмасун вақт-замони тарбият.
Мояи зилли хумодур тарбиятнинг сояси,
Бизда анқо тухмидек йўқ ошёни тарбият.

ТАРБИЯНИНГ ЗАМОНИ

Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғулган кундан бошламак, вужудимизи қувватландурмак, фикримизи нурландурмак, ахлоқимизи гўзалландурмак, зеҳнимизи равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга, «биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи, мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур», – деб жавоб берсак, бир киши деюрки, «қайси оналарни айтурсиз, билимсиз, боши пақмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар», дер . Мана, бу сўз кишининг юрагини эзар, бағрини ёндурар. Отасига нима дерсиз, десак , қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган, замондан хабарсиз оталарни айтурсизми? Аввал ўзларини ўқитмак, тарбия қилмак лозимдур», – дер. Мана бу сўзни эшитгач, умид қўллари қўлтуқға урилур.

Хайр, бўлмаса муаллимчи десак, «Қайси муаллим? Мақсади пул, маслаги шуҳрат, юқори мактабларда ўқумаган, «усули таълим» кўрмаган муаллимларни айтурсизми? Аввал ўзлари дорилмуаллимин»ларда ўқимаклари, сўнгра дарс бермаклари лозимдур», – дер. Мана бу сўз инсонни ҳайрат дарёсига ғарқ қилур.

Мударрисларга на дерсиз десак, қайси мударрис? Матлаблари ош, мақсадлари чопон, дарслари беимтиҳон, ислоҳ яқинидан юрмаган мударрисларни айтурсизми? Булар ўз вазифаларини билуб, нафсларидан кечуб, замонга мувофиқ равишда дарсларини ислоҳ қилуб, имтиҳон бирла ўқутмаклари лозимдур», – дер. Мана бу сўз ҳар кимни «Алислоҳ» демакга мажбур қилур. Бўлмаса ҳукумат-чи? десак, «хайр , ҳукумат ҳамманинг отасидур. Ўз фуқаросининг болаларини тарбия қилмак лозим, шунинг учун бизнинг Русия ҳукумати ўгай бўлсак ҳам, ҳар ерда бизлар учун ҳам мактаблар очуб, болаларимизни текин ўқитур. Лекин ўзимиз иш билмаган, ялқов, уйда онамиз тарбияси, отадан пул тарбияси, муаллимдан ахлоқ тарбияси, мударрисдан фунун тарбияси кўрмаганимиздан, ҳукумат мактабларидан ҳам ўз ҳиссаларимизни ололмаймиз», – дер. Мана бу сўз бизларни тарбиядан маҳрум, ҳуқуқнинг на эканин билмаганлиғимизни билдирур.

Алҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Инсонларнинг карами динидадур, муруввати ақлиндадур, ҳасаби ахлоқиндадур», – демишлар.

Агар бир қушнинг ёш боласин олиб,
Бўлур тарбият бирла йўлга солиб.
Онасин олиб асрағон бирла ром,
Қилмас киши саъй қилса мудом.
Керак тарбият ёшликдан демак,
Улуғ бўлса лозим келур ғам емак.
Эгур бемашаққат киши навдани,
Тўғунчи эгур куйдириб кавдани.

БАДАН ТАРБИЯСИ

Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадур. Чунки ўқумоқ, ўқутмоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур. Соғ баданга эга бўлмаган инсонлар амалларинда, ишларинда, ибодатларинда камчилик қилурлар. Маишатимизни роҳатда бўлмоғи жасадимизнинг соғлом бўлмоғига боғлидур. Биз сиҳатимизни сақламак ила амр ўлинганмиз, шунинг учун вужудимизи ҳифзи-сиҳатга зид бўлган ёмон одатлар ила чуритмакдан сақланмаклигимиз лозимдур. Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордур. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила териси кабидур. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопоннинг устини қўйиб астарини ювуб овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом бир вужуд керакдур. Шунинг учун ота-оналар болалари касал бўлган замон бепарволик қилмай, тезлик ила табиб ёки дўхтурга боқизмак керак.

Имом Шофеъи ҳазратлари: «Илм икки хилдур: бири бадан илми, иккинчи дин илми», – демишлар. Бунга қараганда энг аввал ҳифзи сиҳат қоидаларини билмак, саломатликга терс бўлган нарсалардан сақланмак ила бўладур.

Ичкулик, кўкнор, наша, афюн, тарёк, чилим, нос, попирус каби баданнинг саломатликиға зарарли, оғулик, баъзиси ҳаром, баъзиси макруҳ, баъзиси исроф бўлган нарсалардан қочмак, сақланмак шариат, ақл, ҳикмат юзасидан лозимдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Ҳар нарса кўп ичганда маст қиладурган бўлса, ман сизни анинг озгинасидан ҳам наҳй қиламан», – демишлар.

Саломатликни сақлов лозим ишдур.
Гунаҳдин сақла жисминг ёз-у қишдур.
Касал бўлсанг, бўлур дунё қоронғу,
Маишат талх ўлуб ҳасрат чекишдур.
Ҳаром-у шубҳадан пок эт ўзингни,
Бу дунё айш-у ишратдан кечишдур.
Ҳама ишратчи ҳижронликда кетди,
Бу оламда бир иш ишлаб кетишдур.
Туркий гулистон ёхуд ахлоқ китоби

ФИКР ТАРБИЯСИ

Фикр тарбияси энг керакли, кўп замонлардан бери тақдир қилинуб келган, муаллимларнинг диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Фикр инсоннинг шарофатлик, ғайратли бўлишига сабаб бўладур. Бу тарбия муаллимларнинг ёрдамига сўнг даража муҳтождурки, фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги муаллимнинг тарбиясига боғлидур. Дарс ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан ойилмайдурган, бирининг вужуди бириг бойланган жон ила тан кабидур.

Масалан: жой солинмаган яхши бир уйнинг ичида ўтирмак мумкин ўлмадиғи каби, ичига ҳар хил янги ашёлар тўлдуруб зийнатланган эски иморат ҳам ўлтурушга ярамайдур. Башарти ўлтурса, инсонлар: «Эски уйга янги золдивор», «кир кўйлакка жун жияк», «мис қозонга лой тувоқ» деб ҳажв, кулги қилурлар.

Фикр агар яхши тарбият топса,
Ханжар, олмосдан бўлур ўткур.
Фикрнинг ойинаси олурса занг,
Руҳи равшан замир ўлур бенур.

АХЛОҚ ТАРБИЯСИ

Ахлоқ тарбияси: инсонларга энг муҳим, зиёда шараф, баланд даража бергувчи ахлоқ тарбиясидур. Биз аввалги дарсда тарбия ила дарс орасида фарқ бор, дедук, чунки дарс олувчи-билувчи, тарбия олувчи-амал қилувчи демакдур. Шунинг учун тарбия қилувчи муаллимларнинг ўзлари илмларига омил бўлуб шогирдларга ҳам берган дарсларини амал ила чақуштуруб ўргатмаклари лозимдур. Бу равиши таълим ила берилган дарс ва маълумот шогирдларнинг дилига тез таъсир қилуб, муллойи боамал бўлурлар.

Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Энг ёмон кишилар илмига амал қилмайдурган кишилар», – демишлар. Агар тарбия қилувчи муаллим ўзи олим бўлуб амалсиз бўлса, бунинг ҳам шогирдларнинг ахлоқига зўр таъсири бўладур. «Домланинг ўзи фалон жойда фалон ишни қилди. Аммо бизларга қилманглар, ҳаромдур, деб ваъз этадур», деб фикр ва хаёлларига бўйла шак ва шубҳа тушуб қоладур.

Минбар узра жилва айлаб ваъз этарлар қилма деб,
Ўзларин хилватда кўрсанг они қилмоқда эмиш.
Ичма сув дерлар биза олтун-кумуш асбобда,
Билсамиз мақсудлари қўлтуқға урмоқда эмиш.

ЯХШИ ХУЛҚЛАР

Яхши хулқ: бир қисми ўз нафсимизга, бир қисмини бир-биримизга қаршу ишлатмак учун керакли бўлган яхши хулқлар: фатонат, диёнат, исломият, назофат, ғайрат, риёзат, қаноат,шижоат, илм, сабр, ҳилм, интизом, миқёси нафс, виждон, ватанни суймак, ҳаққоният, назари ибрат, иффат, ҳаё, идрок ва зако, ҳифзи лисон, иқтисод, виқор,хавф ва ражо, итоат, ҳақшунослик, хайрихоҳлик, мунислик, садоқат, муҳаббат ва афвдур. Мана бу ёздиғимиз яхши хулқлар ақл ва шаръи шарифга мувофиқ. Аллоҳ таоло ҳам бандалар қошида мақбул ва муътабардур. Эмди бу яхши хулқларни қўлга олмак учун ота-она, муаллим устодларимиз ҳазратларининг ҳикматли насиҳатларини жон қулоғи бирла тинглаб, доим хотирда тутмоқ, ахлоқи яхши кишилар бирла улфат бўлмак, ахлоқи бузуқ ёмон кишилардан қочмак лозимдур. Бизим шариати исломияда «ахлоқи ҳасана» – яхши хулқлар ила хулқланмак, ҳар нарсага ибрат кўз ила боқуб, хулқини тузатмак вожибдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Исломиятда бузуқлик йўқдур, бузуқликни устига олув ҳам йўқдур. Исломиятда энг муътабар кишилар яхши хулқ эгаларидур», – демишлар.

Яхши бирла юрса, ҳар ким мақсуди ҳосил бўлур,
Юрса нодонлар ила, бир кун бориб қотил бўлур.
Катталар қилган насиҳатни кичиклар олмаса,
Оқибат хулқи бузуқ бир беадаб жоҳил бўлур.

ФАТОНАТ

Фатонат ақл эгаси бўлув демакдир. Ақл инсонларнинг пири комили, муршиди ягонасидур. Руҳ ишловчи, ақл бошловчидур. Инсон ақли ила дин ва эътиқодини маҳкам қилур, шариат ҳукмларига бўюнсунар. Ақлсиз жинни кишилар буларга бўюн қўймас, шариатдан ташқари ишларни ҳам қилур. Жаноби Ҳақ инсонни ҳайвонлардан сўз ва ақл ила айирмишдур. Ҳайвонлар ўзларига бўлаклар тарафидан келадурган зулм ва жабрларни шох, тиш, тумшуқ, тирноқлари ила қайтарурлар. Лекин инсон жаноби Ҳақ тарафидан берилмиш ақл ва идроки соясида ўзига келадурган зарар ва зулмлардан сақланур. Ер юзидаги ҳайвонларни асир қилуб, бўйнидан бойлаб, ипларининг учини қўлларига берган инсонларнинг ақлидур.

Илм инсонларнинг мадори ҳаёти, раҳбари нажотидур. Илм ўрганмак, олим бўлмак учун мактабга кирмак, муаллимдан таълим олмак лозим. Ақлсиз кишилар на мактабга кирар ва на муаллимни билар. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Эй инсонлар! Ақлингизга тавозеъ қилингиз. Сиз жаноби Ҳақ буюрган ва қайтарган нарсаларни ақлингиз ила билурсиз», – демишлар. Ҳукамолардан бири: «Агар ақлингни қўли нафсингни жиловини ушласа, сани ёмон йўлларга кирмоқдан сақлар. Ҳар нарса кўп бўлса, баҳоси арзон бўлур, ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур», – демиш.

Ақлдек зебо сифатни кўрди Ҳақ, инсонга эб,
Оқил инсонлар билан берди жаҳон-оламга зеб.
Ақл нури бирла тўлди дунёга илм-у ҳунар,
Ақлсиз инсон қачон билғусидур нафъ-у зарар?
Ақлсизлар билмагайлар дин надур, дунё надур?
Бўлмаса ақли билурми фарз ила суннат надур?

ДИЁНАТ

Диёнат аллоҳ ҳузурина яқин қиладурган муқаддас эътиқоддурки, оламда мундан суюкли нарса йўқдур Дин ва эътиқоди саломат бўлмаган кишилар ҳақни ботилдан, фойдани зарардан, оқни қорадан, яхшини ёмондан айира олмас, мундай кишилардан на ўзига ва на бошқа кишиларга, ва на миллатга тариқча фойда йўқдур. Дин жаноби Ҳақ тарафидан бандалари учун қурилмиш тўғри йўлдурки, банда дунё ва охиратда бу йўл ила соҳили саломатга чиқар. Дин уламолари диний китобларда Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг йўл ва қоидаларини баён қилмишлар. Ибодат икки турли бўладур: Бири тан ибодати, иккинчиси руҳ ибодати. Тан ибодати таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж каби амаллардурки, буларнинг ҳар бирини ўз вақтида шариатга мувофиқ равишда миннат қилмасдан, риё қилмасдан дилни поклаб, ниятни холис қилуб, шавқ ва завқ ила адо қилмоқ лозимдур. Руҳ ибодати қалб ила адо қилинадурган ибодатдурки, эътиқодни маҳкам, дилни пок қилуб, Қуръон, Ҳадис, фиқҳ каби диний китоблар оқилганда жон қулоғи ила тинглаб асарланмакдур. Бир киши тан ибодатини қилуб, руҳ ибодатини қилмаса, ё руҳ ибодатини қилиб, тан ибодатини қилмаса ўз вазифасини адо қилмаган бўладур. Ақл дин ила, дин амал ила, амал тақво ила камол топар. Дин инсонларнинг дилидан саховат, марҳамат, шафқат, улфат, мурувват эшикларини очуб, саодат ва саломат бўстонига олиб борур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Аллоҳни кўз олдингда кўруб тургандек ибодат қил, зероки, сан они кўрмасанг ҳам, албатта, Ул сани кўрадур, нафсингни ўлган ҳисоб эт», – демишлар.

Пок қилгил динингни, имонингни,
Қул ҳувар-раҳмон оманно биҳ.
Динингни ёқмасун ҳавас зинҳор,
Ва қино раббано азобан-нор.

ИСЛОМИЯТ

Исломият бутун инсониятдур. Инсоният эса яхши хулқдан иборатдур . Исломиятни расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимизнинг ёлғуз ўзлари бутун дунё юзига яхши хулқлари соясида тарқатдилар. Саҳобалар ҳам Пайғамбаримизнинг орқаларидан эргашуб, маҳкам эътиқодлари, яхши ахлоқлари, пок қалблари, ўткир шижоатлари ила ер юзуни титратдилар. Кундан кун исломиятнинг шавкат ва қуввати ортди. Оламга маданият, маърифат, мусовот, адолат уруғлари Арабистон ярим оролидан ёйилди. Бунинг сабаби саҳобалардаги метин эътиқод, бузулмас иттифоқ, соф қалб, яхши амал, холис ният, туганмас ғайрат, гўзал ахлоқ эди. Ҳар нарсанинг офати ўлдиғи каби замонларнинг ўтуви ила исломиятнинг иттифоқина кўз тегди. Мусулмонлар орасига тафриқа тушди. Ҳикмат эгалари, фунун соҳиблари исломиятдан қувланди. Илм-у ҳикмат хазиналари қулфланди. Жаҳолат, адоват ҳукм сурди-да, бўйла ўлди:

Афсус экинзорни селоб олибдур,
Деҳқонни фалокат босуб, уйқуда қолибдур.

Мусулмонларнинг дилига иттифоқ ўрнига нифоқ, адолат ўрнига зулм, муҳаббат ўрнига адоват, ғайрат ўрнига атолат, мурувват ўрнига ғазаб, саховат орнига бухл, тавозуъ ўрнига кибр, садоқат ўрнига ифтиро, шафқат ўрнига ҳасад, ҳилм ўрнига ҳамоқат, ҳурмат ўрнига хусумат, қаноат орнига тама, сабр ўрнига ғурур, иқтисод ўрнига исроф, афв ўрнига даҳшат, саъй ўрнига сафоҳат, ғайрат ўрнига хурофот ерлашди. Мана, шул ёмон хулқлари сабабидин асри саодатдан буён исломият кейин қараб кетди. Ғариб миллатнинг чин хулафоси, уламоси, ҳукамоси тахтиндан, мансабиндан мазҳабиндан сурулди. Одиллар ерина золимлар, олимлар ерина абу жаҳллар, булбуллар ерина қарғалар, қумрилар ерина бойқушлар, билмам ва ҳокимлар ерина кимлар ўтурди. Шул сабаблара мабни исломият дунёси инқироз саҳросина юзланди. Ислом ҳукуматларида бирин-кетин кўздин ниҳон ўлди.

Етса навбат ўлтурар бойқуш
Сулаймон томига,
Ўрмагучлар ин қўяр
Афросиёб айвонига.

НАЗОФАТ

Назофат деб аъзоларимизни, кийимларимизни, асбобларимизни пок ва тоза тутмоқни айтилур. Поклик зеҳн ва идрокингни кенг ва ўткур қилур. Халқ орасида эътибор ва шуҳратга сабаб бўлур. Поклик ила ҳар хил касаллардан қутулуб,

жонимизнинг қадрини билган бўлурмиз. Пок бўлмак саломатимиз, саодатимиз учун энг керакли нарсадур. Пок бўлмаган киши Аллоҳ ҳам халқ қошида севимсиздур. Йиртиқ, эски кийимлар киймак айб эмас, янги кийимларни кир қилуб, ёғини чиқаруб юрмак зўр айб ва гуноҳдур. Чунки бу иш шариатга терс, тарбияти баданга зид, ажнабийлар кўзига исломиятни чиркин қилиб кўрсатмоқ бўладур, ҳам бир йилга етадурган кийимлар олти ойга етмай, қирқилуб тамом бўладур. Бу исроф, мол қадрини билмасликдур. Ифлослик балосидан поклик давоси ила қутулмоқ керак. Балиқнинг ҳаёти сув ила ўлдиғи каби, инсоннинг саломатлиги ҳаво иладур. Агар тан пок бўлуб ювилиб турмаса, қулоқ кир бўлса, эшитмагани каби бадан ҳам ўзига керак бўлган ҳавони ичига ололмас, ичидаги рутубат ҳам кирдан ўтуб чиқуб кетолмас, чунки бадан элак каби кўзликдур. Агар кўзи кир олса, ун туруб сув ҳам ўтмас, шунинг учун тамиз бўлмаган кишилар қўрқинч касалларга тезгина гирифтор бўлурлар. Шодлиқлари ғамда, олтундан қадрли умрлари касалхоналарда ўтар. Мана шуларни риоя қилуб, шариатимиз бизга покликни фарз қилмишдур. Поклик мусулмонлиғнинг илдизидур. Шунинг учун тани, кийими, жойномози пок бўлмаган кишининг ибодати ҳам дуруст бўлмайдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Ислом дини пок диндур. Бас, пок бўлингиз, пок бўлмаган киши жаннатка кирмас», – демишлар.

Халқи олам севгусидур тозалик, покни,
Поклик орттургусидур фаҳм ила идрокни.
Ҳар кишини кўксида поклик нишони бўлмаса,
Тозалик майдонидан қувғайлар ул бебокни.

САЪЙ ВА ҒАЙРАТ

Саъй ва ғайрат деб устига юкланган ибодат ва хизматларни ҳаракат бирла адо қилмакни айтилур. Шариат ҳам ақл юзасидан ялқовлик қилуб, ишсиз, бекор юрмак дуруст эмасдур. Зероки, Қур ъони карим бизларни саъй қилмоқға амр этмишдур. Дангасалик ҳар вақт инсонни хор, тама балосига гирифтор қилур. Бир ишга машғул бўлган кишилар вақтнинг ўтганини билмас, ялқов кишилар учун бир соат ўткармак қиёматдан қийиндур. Ғайрат вужудимизга қуввати масъуд ва бахтиёр бўлишимизга сабабдур. Шунинг учун ҳар биримиз саъй қилуб, ўз кучимиз ила маишатимизга керак бўлган нарсаларни топуб, бошқаларга муҳтож бўлмай роҳат-роҳат яшамоқ лозимдур. Сиҳатимиз, саодатимиз, сарватимиз, қаноатимиз, сабримиз, фазилатимиз, алҳосил, бутун ҳаётимиз ҳаракатимизга боғлидур. Ҳаракатлик кишилар тезгина мақсудларига етурлар. Ялқов кишилар ҳар нарсадан маҳрум, доим бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлуб хорликда қолурлар.

Киши ёш вақтида илм ва маърифат, ҳунар ва санъатга бўйин қўймаса, тараддуд қилмаса, албатта, қора ишчи бўлуб қолур. Шариатга терс, қонунга зид бўлмаган хизматларни қилмак айб эмасдур. Агар бунга ҳам бўйин қўймай бу кўмирчилик, бу темирчилик менга муносиб иш эмас деб, дангасалик қилуб, ишсиз юрса, зўр айб, ғайратсизликдур. «Гайратликдан имон қутилмас» деган масал бор. Бунга қараганда дунё ва охиратимиз учун ғайратни қўлдан бермаслик лозимдур. Ғайрат имона, салобати виждона далолат этар. Ҳазрати Умар эшик олдида бекор ўтирган бир кишини кўруб: «Ғайратсиз кишилардан Худо безор, исломият ғайрат ила ривож топди, сандек ялқов кишилардан исломият ҳазар қилур», – демишлар.

Ҳақ буюрди: «Лайса лилинсони илло мо саъй»,
Ғайрат ила ўтди оламдан Муҳаммад Мустафо.
Биз-да умматмиз, қилайлук саъй ила хайр-у сахо,
Қилсалар шояд шафоат соҳиби рўзи жазо.

РИЁЗАТ

Риёзат деб савоб ишларни қилуб, гуноҳ ишлардан сақланмоқни айтилур. Риёзат адабнинг кони, руҳнинг дармонидур. Инсонларни тўғри йўлга солуб, эгри йўлдан қайтаргувчи риёзатдур. Шул сабабли риёзат қилгувчилар оқил ва фозил бўлур. Аллоҳ ҳам халқ қошида мақбул ва мўтабардур. Ялқовлик, кўп ухламак, ёмон одамлар ила юрмак, вақтни бекор ўткармак, айш-у ишрат қилмак, кўп ошамак, фойдасиз сўзлар сўзламак, самоварларда, кўчаларда азиз умрни бўш откармак каби ишларнинг ҳаммаси риёзатга зид, умрнинг эгови, Худонинг ғазабидур. Аллоҳнинг буйруғи, Расулуллоҳнинг суннатлари, шариат қил деган ишларни бирин-кетин ўз вақтида қилмак ибодат ҳам риёзатдур.

Риёзатни риоя қилган кишилар ҳеч вақт шариат йўлидан айрилмас, Аллоҳ буйруғидан четга чиқмас ва бу йўл ила охират азобидан қутулур, роҳат ва раҳмат саройига кирар, риёзатни риоя қилмаган кишилар Аллоҳ таолонинг ризосини тополмас, хор-зор бўлуб, охиратда аламлик азобга гирифтор бўлур.

Афлотун ҳаким: «Мен риёзатдаги лаззатни ҳеч нарсада кўрмадим, зероки, вужудимнинг саломати, руҳимнинг саодатини риёзатда топдим. Шунинг учун риёзат айни саодатдур деярам, чунки фикрнинг, тилнинг ислоҳи баданнинг риёзатига боғлидур», – демиш.

Ибн Сино ҳаким: «Тан риёзатидан кўпроқ руҳ риёзати лозимдур. Мард киши ўзини риёзат ва адаб ила кўрсатсун, инсон ила ҳайвон орасидаги фарқ ёлғуз маишатда эмас, яхши ахлоқ касб қилмоқдадур», – демиш.

Риёзат мевасидур мисли бодом,
Юзи қаттиғ ичидур ишта инъом.
Кишин мақсудина элтар риёзат,
Риёзатсиз иш ўлғай бесаранжом.
Агар сабр-у риёзат чексанг, эй жон,
Пишуб олдингға тушгай мевайи хом.

ШИЖОАТ

Шижоат деб ботир ва юракли бўлмакни айтилур. Шажиъ киши ҳеч нарсадан қўрқмайдурган ботир ва юракли бўлур. Саъй ва ғайратнинг зидди дангаса ва ялқовлик ўлдиғи каби шижоатнинг зидди қўрқоқликдур. Қўрқоқ савдогар фойда қилмас. Қўрқоқ киши ўзининг соясидан ҳуркар, ҳеч бир иш қилишга юраги бўлмас. Кўп кишилар ваҳима ва қўрқоқлик орқасидан молларидан, жонларидан, ватанларидан айрилурлар. Шунинг учун ҳар ишда шижоатни қўлдан бермаслик лозимдур. Шижоат инсониятнинг соф ойинаси, иффат, ғайрат, истиқомат каби яхши хулқларнинг нуронийсидур. Шижоатнинг ҳақиқати қалбнинг матонатиндан, руҳнинг саломатиндан иборатдур. Ҳозирги замонда ботирлик – бойликда, қайси давлат ва миллатнинг давлати болса, шул устун бўлмакдадур. Чунки ҳукумат учун халқ, халқ учун ҳунар, ҳунар учун илм, илм учун ақча лозимдур.

Сарватли миллатлар миллиятларини йўқотмас, роҳат ва саодатда яшар. Бу кунда маданий миллатлар урушларини тижорат ва саноатга айландурдилар ва бу сояда бир-бирларига ғалаба ва рақобат қила бошладилар. Сеҳргар ва жодугарлик ила эмас, тижорат ва саноатгарлик ила чолишқон Ёврўпа, Африқо ва Осиёни ўзига асир ва мусаххар қилмакдадур.

Бу замонда фил ила жанг айламак эрлик эмас,
Эр ўшалдурким тутар илм-у ҳунарнинг ёқасин.
Бешлаб, ўнлаб сўм топишса, илм ила ағёрлар,
Биз бўлуб ҳаммол, оладурмиз тийинлаб чоқасин.
Бошқалар санъат, тижорат-ла тараққий айласа,
Бизни эл тортар аёғдин ўлган отнинг тоқасин.

ҚАНОАТ

Қаноат деб жаноби Ҳақ тарафидан иҳсон бўлган аҳволга етишдиғимиз неъмат ва молга шукр, бошимизга келган фақр, мусибат, фалокатларга чидаб, сабр қилмоқни айтилур. Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур.

Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар. Бунинг ила баробар қаноатсизликдан пайдо бўладурган ҳасад деган жоннинг энг зўр душманидан қутулурлар. Чин инсонлар кишининг молина, мулкина, саодатина, маишатина ҳасад қилмас, қаноатдан айрилмас, умрини роҳатда ўткарур. Инсон ҳар бир ишга кучи етгунча чолишмоқ, жаноби Ҳақ тақдирдаги нарсасидан нимани берса, шунга қаноат қилмоқ лозимдур.

Зероки, инсон ўз маишатини, номусини сақламоқ учун фидойи жон даражасига боргунча саъй қилмоқға буюрилмишдур, лекин бу саъйнинг машруйи ҳар бир ишда қаноатни қўлдан бермасликдур. Оламда қаноат каби дилни поклайдурган нарса йўқдур. Жаноби Ҳақнинг амрига итоат қандай саодат эса, тақдирига қаноат зиёда бахтиёрликдур.

Ҳазрати Али афандимиз: «Дунёда саъй-жадали ила маишат ўткарган қаноат эгаси ҳеч кимға муҳтож бўлмаган зўр бойлар каби роҳатда, саодатда яшар», – демишлар.

Афлотун ҳаким: «Инсоннинг саодати қаноатини қўлда тутмакда, сарват ва маишат тўғрисида жаноби Ҳақнинг тақдирига рози бўлмакдадур», – демишлар.

ИЛМ

Илм деб ўқимак, ёзмакни яхши билмак, ҳар бир керакли нарсаларни ўрганмакни айтилур. Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракотимизни ойина каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткур қилур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, тозани мурдордан аюруб берур, тўғри йўлга раҳнамолик қилуб, дунё ва охиратда масъуд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур. Чунки илмсиз кишилар ота-онасига, қариндош-уруғига, ёр-дўстига, дин ва миллатига фойда еткурмак бир тарафда турсун ўз устига лозим бўлган ибодат ва тоатни ҳам лойиқича қила олмас. Илмнинг фойдаси у қадар кўпдурки, таъриф қилғон бирла адо қилмак мумкин эмасдур. Бизларни жаҳолат қоронғулиғидан қутқарур, маданият, инсоният, маърифат дунёсига чиқарур, ёмон феъллардан, бузуғ ишлардан қайтарур, яхши хулқ ва адаб соҳиби қилур, Аллоҳ таолога муҳаббат ва эътиқодимизни ортдурур, жаноби Ҳақнинг азамат ва қудратини билдирур. Алҳосил, бутун ҳаётимиз, саломатимиз, саодатимиз, сарватимиз, маишатимиз, ҳимматимиз, ғайратимиз, дунё ва охиратимиз илма боғлидур. Пайғамбаримиз: «Илмга амал қилгучилардан бўлингиз, нақл ва ривоят қилгучилардан бўлмангиз», – демишлар.

Илм бир дарё ичи тўлмиш дур-у гавҳар билон,
Қиймат-у қадрин қачон билғай они жоҳил йилон.

Олим кишилар ҳар ерда азиз ва ҳурматлидур. Шариатимизда қайси илмга муҳтож бўлсанг, шуни билмак бизга фарздур.

Шунинг учун ўқимак, билмак замонларини қўлдан бермай, вужудимизнинг душмани бўлган жаҳолатдан қутулмакга жонимиз борича саъй қилмагимиз лозимдур.

АҚСОМИ ИЛМ

Илм диний ва фанний қисмлар ила иккига бўлинур.

Диний киши бўлмак учун улуми диния ўқумак ила баробар ҳисоб, ҳандаса, тарих, ҳикмат, кимё, тиб, зироат илмлари каби фанний илмларни ҳам билмак, чин олим бўлмак лозимдур . Чунки бу илмларнинг иккиси ҳам дунё ва охиратимиз, ҳаёт ва саодатимиз учун энг керакли нарсалардур.

Ўткан замондаги ислом уламолари ҳар бир илмга тиш-тирноқлари ила ёпишдилар1, ўқидилар, ўқитдилар, улум ва фунун соясида исломият тараққий қилди, маданият тарқатди, китобхоналар, қироатхоналар, етимхоналар, камбағалхоналар, касалхоналар очилди. Ҳозирги мусулмонлар таассуб ва жаҳолатлари ила мақтанулари каби, аввалги замон мусулмонлари илм ва маърифат, китоб ва асарлари ила мақтанурлар эди. Алҳосил, ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси ёшларининг илм ва маърифатига, ҳунар ва санъатига боғлидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Илм ўқимак ҳар бир мўмин эр-у хотунга фарздур», – демишлар. Ажабо, Қуръонимиз, Пайғамбаримиз ўқингиз, деб амр қилғон ҳолда, бизлар на учун ҳаракат қилмаймиз, қимирламаймиз. Бошқа миллатларнинг ўғуллари, қизлари  кеча демай, кундуз демай, ёз демай, қиш демай илм йўлида жонларини фидо қилуб, қувушуб, югурушуб, кўзларимизни қамашдируб турган бир замонда бизлар ҳамон2 уйқудан, ғафлатдан, жаҳолатдан бошимизни кўтармаймиз, ибрат олмаймиз. Пайғамбаримиз: «Олим бўл, илм талаб қилувчи бўл, ёки илмни эшитувчи бўл, ҳеч бўлмаса шуларга муҳаббат қилувчи бўл, бешинчиси бўлма, ҳалок бўлурсан», – демадиларму?

Топар илм ила одам оғли камол,
Етурмас камола жамол ила мол.
Керак ўртанур илм учун шамъдек,
Танумоқ Худони илмсиз маҳол.
Талабгор ўлур илма оқил киши,
Сотар илм бозори моли ҳалол.
Талаб айламак фарздур бизга илм,
Бу амр узрадур эр-хотун, ёш, чол.

САБР

Сабр деб бошимизга келган бало ва қазоларга чидамли бўлмакни айтилур. Ҳар бир ишда сабр ва совуққонлик ила ҳаракат қилмак лозимдур. Чунки бошимизга келадурғон бало ва қазо, заҳмат ва машаққатларнинг барчаси жаноби Ҳақнинг иродаси ила ўлдиғи учун буларға сабрсизлик қилган кишилар ажр ва савобдин қуруқ қолурлар. Сабр инсонлар учун буюк бир фазилатдурки, жаноби ҳақ собирларни суяр. Қуръони карим ичида кўп ерда сабрни, собирларни мадҳ қилмишдур . Шариати исломияда жаноби Ҳақ тарафидан келган бало ва қазоға сабр қилмоқ фарзи айндур.

Инсон ҳар бир ишни сабр ва матонат ила юрутса, мақсудига тинч ва роҳатда боруб етар. Ҳамиша саодатда яшар.

Секин борган киши мақсуда етгай,
Шошуб бесабрлар каж йўлга кетгай.
Агар сабринг бўлса нафсингга йўлдош.
Сени тавфиқи раббонига элтгай.

Нафсини сабр ила ром қилган киши ҳар ишда ошиқмай, оҳиста ҳаракат қилур. Нафсини ҳалокатдан, ғурурдан сақлар. Сабр шундай бир кучли нарсадурки, шаҳватни иффатга, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозуъга, ёмонликни яхшиликға айландурмакға қуввати етар. Шул хусусда сўйланмиш бир ҳадиси шарифнинг маъноси «илм имонли кишиларнинг муҳиби, ҳилм ҳомийси, ақл далили, яхши амал сармояси, мулойимат волиди, афв ахавони, сабр ҳокими виждонидур», – дейилмиш. Араблар: «Ассабру мифтоҳул-фараҳ» – «сабр шодлиғнинг калидидур», – деюрлар.

Сабр ила ҳар мушкул иш зойил бўлур,
Сабр эдан мақсудина нойил бўлур.
Ҳар кишида бўлмаса сабри жамил,
Нафс кўйина юруб сойил бўлур.
Сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битар,
Сабрсизлар ўз оёғидан йитар.

ҲИЛМ

Ҳилм деб бўлар-бўлмас ишга аччиғланмайдурган, арслон юракли, юмшоқ табиатли бўлмоқни айтилур.

Ҳилм инсонларнинг табъидан хусумат, адоват, ғазаб, ҳиддат каби ёмон хулқларни йўқ қиладурган ҳар кимча мақбул бир сифатдур.

Ҳилм илми ахлоқ юзасидан инсонга энг керакли нарсадур.

Нафснинг роҳати, қалбнинг матонати, фикрнинг саломати, виждоннинг ҳаловати ҳалим табиат бўлмоқ ила ҳосил бўлур. Чунки ҳалим кишилар ҳар қанча қувват ва қудрат соҳиби бўлса ҳам, ўзидан ожиз кишиларга шиддат ила муомала қилмас. Фикри саломат кишиларнинг қалби ҳалим, табъи карим ўлур. Зероки, вужудимиздан пайдо бўладирган афъол ва ҳаракотимизнинг манбайи ҳавас ва орзудур. Бу ҳавас ва орзуга фақат ҳилм ила ғолиб келурмиз ва бу васила ила тўғри йўлга кируб, яхши хулқ соҳиби, дин ва миллат ходимларидан бўлурмиз. Дунёда чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдирган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, совуққонли, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак лозимдур.

Зотига, ҳилмияти мавсуф қилса ҳар киши,
Икки оламда бўлур роҳат, ҳаловатда иши.

Расули акрам набиййи муҳтарам афандимиз: «Алҳилму саййидал ахлоқ – Ҳилм хулқларнинг саййидидур», – демишлар.

Суқрот ҳаким: «Шиддат ила муомала қилган кишиларга ман виқор ва ҳалимлик ила муқобила қилурман, чунки ҳилм шиддатни, хусуматни паст қилур. Лекин кишини ожиз ва хорлик даражасига тушурадурган ҳалимликдан ман безор», – демиш.

Бу сўзга қараганда саховатнинг ифроти исроф ўлдиғи каби ўринсиз ерда ҳилм истеъмол қилмак инсоннинг виқор ва эътиборини поймол қилур. Шунинг учун ҳилмият ҳудудидан – чегарасидан чиқмай, ғазаб, ҳиддат каби ерларда ҳилм истеъмол қилуб, нафснинг ҳароратини паст қилмолидур. Лекин тепса тебранмайдурган, туртса тинг этмайдиган бўлуб, ғайрат, шижоат ўринларига ҳам мулойимлик ишлатув ҳалимлик ҳудудидан ошуб, бўшлик, анқовлик дунёсига чиқмакдур. Бундай ҳалимликдан қочмак, ҳазар қилмак керак.

Ҳалимликни қилсанг агар ихтиёр,
Бўлур халқи олам санга дўст-у ёр.
Бўлур мевалик шохни боши паст,
Ҳалим ўлғуси оқили ҳушёр.

ИНТИЗОМ

Интизом деб қиладурган ибодатларимизни, ишларимизни ҳар бирини ўз вақтида тартиби ила қилмакни айтилур. Агар ер юзида интизом бўлмаса эди, инсонлар бир дақиқа яшолмас эдилар. Жаноби Ҳақ ер-у осмонларни, ой ва юлдузларни, инсон ва ҳайвонларни, қурт ва қушларни шундай бир низом ила тарбият бериб яратмишдурки, ақл билмакдан, қалам ёзмакдан, тил сўзламакдан ожиздур. Дунёга келган пайғамбарларнинг ҳар бирлари дин ва шариатларини тарбият ва низом ила юрутмишлар. Хусусан, ислом дини мукаммал равишда тартиб ва низомни риоя қилмишдур. Ва бу сояда озгина замонда ислом уруғлари бутун дунё юзига ёйилмишдур. Ислом давлатларининг барпоси низом ва интизом ила ўлдиғи кади барбод ва инқирози ҳам тартиб ва низомсизлик ила бўлмишдур. «Хайр, ўткан ишга саловат». Алҳосил, ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси ишларини вақтида низомдан чиқармай тартиби ила юрутмакға боғлидур. Шогирдлар мактаб ва мадрасалардаги замонга мувофиқ равишда қурилмиш, низом ва тартибларни риоя қилмаклари лозимдур. Чунки тартиб ва низомни риоя қилмаган кишиларнинг ишлари ҳамма вақт нотамом, ўзлари паришон бўлурлар. Аммо ишларини тартиб узра юрутган кишиларнинг ишлари ерида, ўзлари тинч ва роҳатда умр ўткарурлар. Ҳозирги замонда бизнинг Туркистон бойларининг ишлари тўхтаб, синувларининг биринчи сабаби ишларини ахлоқсиз, билимсиз, мусриф, ялқов кишиларга топширувлари ила баробар ўзларининг замонга мувофиқ тартиб ва низомдан хабарсизликларининг емушидур. Пайғамбаримиз: «Касбларнинг ортуғроқи хиёнатсиз, ёлғонсиз қилғон савдо ва тижорат ила банданинг ўз қўли бирлан ишлаган ишидур», – демишлар.

Давлатни кони, манбайи тартиб-интизом,
Сарватни пойдори эрур иқтисоди том.
Муҳтожлиғ юзини кўрар деб гумон қилманг,
Тартиби бирла юрса, кишининг иши мудом.

МИҚЁСИ НАФС

Миқёси нафс деб қиладурган амалларимизни, ишларимизни шариат, инсоният қонунига мувофиқ ўлуб, ўлмайдиғини виждонимиз ила ўлчаб кўрмакни айтилур. Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдурки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмаган муомалани бошқалар ҳақида ижро этмоқға қўймас, фикр эгалари, инсоф соҳиблари ҳар вақт нафс ўлчовидан ташқари ҳаракат қилмас.

Агарда бир сабаб ила шариат ҳукмидан, инсоният қонунидан чет кетса, бу қабоҳатини нафс ўлчови ила билуб, иккинчи мартаба қилмасга қасд ва ният қилуб, шариат низомидан, инсоният чизиғидан чиқмасликға саъй ва ғайрат қилур.

Алҳосил, нафс ўлчови таърифдан ташқари инсонлар учун энг фойдали, ҳар кимча мақбул буюк бир фазилатдур.

Буюк Искандар: «Дунёда энг ҳақиқий, тўғри ўлчов нафс ўлчовидурки, бу мезонда зарра нуқсон йўқдур», – демиш.

Ибн Сино ҳаким: «Инсоннинг фазл-у камолининг ўлчови нафснинг ўлчови ила ўлчанур», – демиш.

Дунёда ҳар нарсанинг махсус ўлчови бўлар,
Банда аф ъолини виждони ила тортиб кўрар.
Бир ишига вазнда келса оғир ўз нафсига,
Ул ишинг қандоғ бўлакларга раво, лойиқ кўрар.

ВИЖДОН

Виждон деб руҳимизга, фикримизга таъсир қиладурган ҳиссиёт, яъни сезув – туймақдан иборат маънавий қувватни айтилур. Биз ҳар вақт афъол ва ҳаракотимизни яхши ва ёмонлиғини, фойда ва зарарлиғини онжақ виждонимиз ила билурмиз. Виждон инсоннинг ақл ва фикрини ҳақиқий мезонидурки, бу тарозу ила ўз камчиликларини ўлчаб билмак ила баробар бошқаларнинг ҳам афъол ва ҳаракотини сезур. Агар ишлаган иши шариат, ақл ва ҳикматга мувофиқ бўлса, муҳаббат қилур. Қабоҳат ва ёмон ишларни қилса, нафрат қилур. Биз жаноби Ҳақнинг амр ва наҳйини фикр ва руҳимизнинг маънавий қуввати ўлан виждонимиз ила айира билурмиз.

Виждон яхши хулқларнинг манбайи ўлдиғиндан виждон соҳиблари ҳар бир ишни беғараз, холис ният ила ишлар.

Шул сабабли ҳар ким назарида мақбул ва суюкли бўлур.

Аммо виждонсиз кишиларнинг ишларида ният ва амалларида, дўст ва ошнолиқларида яширин бир ғаразлари ўлдиғиндан ҳар вақт ҳасрат ва надомат чекуб, виждон азобиға гирифтор бўлурлар.

Ҳар бир инсоннинг ҳақиқий фоили виждонидур,
Меваси яхши амалдур, ҳосили виждонидур.

Инсон диний вазифаларининг улуввиятини виждони соясида тақдир қила билур. Чунки, виждони саломат кишилар имон ва эътиқодларини камолга еткурмак учун жаноби Ҳақнинг буйруқларини дин ва миллатға фойдали ишларни шод ва хуррамлик ила ишлар.

Алҳосил, виждон ҳар кимнинг афъол ва ҳаракотини кўрсатадурган мусаффо бир ойинадурки, бу кўзгуга чин назар қилған киши ўз айб ва камчиликларини тузатмак ҳаракатида бўлуб, бошқаларнинг айб ва қусурларини ахтармоқға вақти бўлмас. Бизим исломиятда виждон ахлоқининг ислоҳи учун саъй-ҳаракат қилмак лозим ўлдиғиндан шул доирада ҳаракат қилғон кишилар икки жаҳонда азиз ва мукаррам бўлурлар. Арасту ҳаким: «Руҳимизнинг маънавий қуввати ўлан виждонимиз, фикримизга қувват бергувчи бир воситайи идрокия дейилур. Яъни, ҳиссиётимизнинг руҳимизга таъсир эттирғувчи бир робитайи илктириқийясидур», – демиш.

Ибн Сино ҳаким: «Виждон руҳ ва фикримизни туйғун қилмакға биринчи воситадур», – демиш.

Соф виждон каби ҳеч комила мезон ўлмаз,
Киши ўз айбини билмак каби урфон ўлмаз.
Шод-масрур ўлур инсоф ила виждонли киши,
Кимки виждонсиз эса, тўғри, чин инсон ўлмаз.

ВАТАННИ СУЙМАК

Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан – уюридан айрилса, ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гў шасида ўз ватанининг муҳаббати турар.

Биз туркистонлилар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйдигимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик, иссиғ чўлларини, эскимулар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларин ташлаб ҳижрат қилурлар эди.

Боболаримиз «Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл», – демишлар.

Мен айблик эмас, эй ватаним, тоғларим,
Бевақт ташлаб кетдим, оё, боғларим.
Ҳижрон қилодур мени жудолиғ,
Дўнди ғама рўз-у шаб-у чоғларим.

Ҳаммага маълумдурки, энг муқаддас диний еримиз ўлан Арабистонга боғларини, ҳовлиларини сотуб ҳижрат қилган ҳожиларимизнинг аксари яна ўз ватанларига қайтуб келурлар. Бунинг сабаби, яъни буларни тортиб кетурган қувват ўз ватанларининг, тупроқларининг меҳр-у маҳаббатидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Ҳуббул – ватани минал имони – ватанни суймак имондандур», – демишлар.

Ватан, ватан дея жоним танимдан ўлса равон,
Банга на ғам, қолур авлодима уй-у ватаним.
Ғубора дўнса ғамим йўқ вужуд зери ваҳм,
Чароки ўз ватаним ҳокидур гўр-у кафаним.
Туғуб ўсан ерим ушбу ватан вужудим хок,
Ўлурса аслина рожеъ бўлурми ман ғамнок?

ҲАҚҚОНИЯТ

Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур. Инсон бўстони саломатга, гулзори саодатга ҳаққоният йўли ила чиқар. Инсониятнинг илдизи ўлан раҳмдиллик, ҳақшунослик, одиллик каби энг яхши сифатларнинг онаси ҳаққониятдур. Жаноби Ҳақнинг шу номи муборакини муқаддас билган киши ҳеч вақт ҳаққониятдан айрилмас, чунки ҳаққоният нури қайси дилда жилвагар ўлса, жаноби Ҳақнинг тавфиқи раббонийси шу дилда нашъу намо қилур. Ақл эгалари, виждон соҳиблари ҳар вақт кўрган, қилган ва билганларини, ҳақиқатни ва тўғрисини сўзлар. Ишда тўғрилик бировнинг нафсига, молига хиёнат қилмов, сўзда тўғрилик ҳар вақт рост сўзламакликдур.

Ростлиғ ҳақнинг ризосини топар,
Тўғри йўлда йўқ бўлурму ҳеч чопар?

Бизим шариати исломияда агар бир кишининг ҳақига бўҳтон қилинуб, қилмаган ишни қилди деб сўз сўйланса, билган киши ростини сўзлаб, шул кишини оқламак вожибдур. Расули акрам набиййи муҳатарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: «Аннажоту фиссиддиқи – нажот ростликдадур», – демишлар. Ҳазрати мавлоно Румий: «Исломият айни ҳаққониятдур . Ҳақни қабул қилувчилар ҳуқуқи шаръияни сақламоқға буюрулмишдурлар. Чунки шариат ҳукмларининг энг асосий илдизи ҳаққониятдан иборатдур», – демишлар.

Ҳақшунослик ўлмоқ шарофатдур жаҳонда одама,
Ҳақни изҳор айламак бирла кўрук вер олама.
Ярашур инсона сидқу тўғрилик гар кўрса гириҳ,
Тўғрининг ёрдамчисидур ҳақ таоло ғам ема.
Тўғриларнинг маскани фирдавс айвонидадур,
Эгрилар икки жаҳонда ғам-алам конидадур.

Саҳифа қуйисида асарни тўлиқ ҳолда мутолаа қилишингиз мумкин

044

Abdulla AVLONIY
TURKIY GULISTON YOXUD AXLOQ
045

09Mashhur o‘zbek ma’rifatparvari, shoiri va jamoat arbobi Abdulla Avloniy 1878 yil 12 iyulda Toshkentda hunarmand oilasida tug‘ilgan. Eski maktabda savod chiqardi, madrasada tahsil oldi. Oiladagi moddiy qiyinchiliklar tufayli bolaligidan odamlar eshigida mehnat qildi, g‘isht quyish, suvoqchilik, pechkachilik, duradgorlik, binokorlik kabi kasblar bilan shug‘ullandi, «Imoratchi usta» degan nom oladi.

Abdulla Avloniy she’rlari 15 yoshidan boshlab matbuotda ko‘rina boshladi. Jadidchilik harakati rahbarlaridan biri bo‘lgan Avloniy 1904 yilda Toshkentning Mirobod mahallasida jadid maktabini, 1909 yilda «Jamiyati xayriya» uyushmasini tashkil etadi. 1905-1917 yillarda matbuotdagi qizg‘in faoliyati, ko‘plab publitsistik maqolalari bilan «bir yoqdan milliy islohot uchun mafkura hozirlag‘on, ikkinchi yoqdan el orasiga o‘zgarish tuxmini sochg‘on» ham( Abdulla Avloniy bo‘ldi. Avloniy o‘zi nashr etgan «Shuhrat» (1907) nomli gazetasi faoliyatini shunday baholagan edi.

U Turkistonda birinchilardan bo‘lib maktabga geografiya, kimyo, xandasa, fizika fanlari kiritilishiga ta’sir ko‘rsatdi, ta’limni real turmush bilan bog‘lashga intildi, bir dars bilan boshqasi o‘rtasida muayyan tanaffusni, bir sinfdan ikkinchisiga o‘tishdagi imtihonni joriy etdi, ta’lim tizimining dunyoviy yo‘nalishini kuchaytirshiga alohida e’tibor berdi. Uning «Birinchi muallim» («Muallimi avval», 1909), «Ikkinchi muallim» («Muallimi soniy», 1912) nomli darsliklari, «Turkiy guliston yoxud axloq» (1913), «Gulistoni maktab» (1917), «Adabiyot yoxud milliy she’rlar» (1909-1916, 6 qism) kabi qo‘llanmalari maktablarda o‘qitilgan.

Avloniy «Turon» (1917) gazetasiga «Yashasin xalq jumhuriyati» degan shiorni tanladi, «Turon» nomli teatr to‘garagini tashkil etib, iqtidorli yoshlarni to‘pladi, ayrim rollarni ijro etishda o‘zi ham qatnashdi. Shoir Afg‘onistonda elchi bo‘ldi, turli o‘quv yurtida dars berdi. Abdulla Avloniyning Hijron, Nobil, Indamas, Shuhrat, Surayyo, Shapaloq, Chol, Ab, Chegiboy degan taxalluslari bo‘lgai. U 1934 yil 24 avgustda Toshkentda vafot etdi. Avloniy ijodi bo‘yicha Begali Qosimov ilmiy izlanishlar olib borgan.

Asarlari: «Advokatlik osonmi» (1914, qahramonlari: Davronbek, Xudoyberdi, uyini garovga qo‘yib, qarz hisobiga uylangan Egamberdi va boshqalar), «Pinak» (1916), «Biz va siz» (1917), «Portugaliya inqilobi», «Ikki muhabbat», «Bo‘ron» kabi pesalari, «Tulki ila qarg‘a» masali, «Mardikorlar ashulasi», «Vatan» (1916), «Maktab», «Bog‘cha», «Yalqov shogird tilidan», «Tog‘lardan bir manzara», «Millatga xitob», «Ishchilara tortuq», «Ko‘klam keldi», «Tovush» kabi she’rlari, «Maqsad va maslak» (1908 yil 9 aprel), «Holimizga doir» (1908 yil 14 fevral) kabi maqolalari, «Hasad balosi» majoziy hikoyasi va boshq.

045

Men bu asari nochizonimni birinchi maktablarimizning yuqori sinflarida ta’lim bermak ila barobar ulug’ adabiyot muhiblari, axloq havaskorlarining anzori oliylarina taqdim qildim.

Har kun o’luram shomg’acha men g’amga giriftor,
Har shab yonaram otasha parvona kabi zor.
Hech kimsa emas bu meni ahvolima voqif,
Men xastayamu millatim o’lmish nega bemor.

Noshiri va shoiri Abdulla Avloniy

2-tab’i, sana 1336 h./1917 m. Toshkent,
Tip. Lit. «Par. Sots. revolyuts» 1917 g.

Bismillahir Rohmanir Rohiym

AXLOQ

Insonlarni yaxshilikg’a chaqirguvchi, yomonlikdan qaytarguvchi bir ilmdur. Yaxshi xulqlarning yaxshiligini, yomon xulqlarning yomonligini dalil va misollar ila bayon qiladurgan kitobni axloq deyilur. Axloq ilmini o’qub, bilub amal qilgan kishilar o’zining kim ekanin, janobi Haq na uchun xalq qilganin, yer yuzida nima ish qilmak uchun yurganin bilur. Bir kishi o’zidan xabardor bo’lmasa, ilmni, ulamoni, yaxshi kishilarni, yaxshi narsalarni, yaxshi ishlarning qadrini, qimmatini bilmas. O’z aybini bilub, iqror qilub tuzatmakg’a sa’y va ko’shish qilgan kishi chin bahodir va pahlavon kishidur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram afandimiz: «Mezon tarozusiga qo’yiladurgan amallarning ichida yaxshi xulqdan og’irroqi yo’qdur. Mo’min banda yaxshi xulqi sababli kechasi uxlamasdan, kunduzlari ro’za tutub ibodat qilgan kishilar darajasiga yetar», – demishlar.

So’ylasang so’yla yaxshi so’zlardan,
Yo’qsa jim turmoqing erur yaxshi.
O’ylasang yaxshi fikrlar o’yla,
Yo’qsa gung bo’lmoqing erur yaxshi.
Ishlasang ishla yaxshi ishlarni,
Yo’qsa bekorlig’ing erur yaxshi.

XULQ

Inson ikki narsadan murakkabdur. Biri jasad, ikkinchisi nafsdur. Jasad ko’z ila bor narsalarni ko’rur. Ammo nafs idrok ila yaxshini yomondan, oqni qoradan ayirur. Jasadning ham, nafsning ham biror surati bordurki, yo yaxshi va yo yomon bo’ladur.

Jasadning surati hammaga ma’lum bir narsadurki, har vaqt ko’zga ko’rinib turadur. Ammo nafsning surati ko’zga ko’rinmaydurgan, aql ila o’lchanadurgan bir narsadurki, buni xulq deb atalur. Agar bir kishi yoshligida nafsi buzulub tarbiyasiz, axloqsiz bo’lib o’sdimi, «Allohu akbar» bunday kishilardan yaxshilik kutmak yerdan turub yulduzlarga qo’l uzatmak kabidur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz:

«Bir tog’ning o’rnidan ko’chib ketganini eshitsangiz, ishoningiz, ammo bir odamning xulqi boshqa bo’ldi deb eshitsangiz ishonmangiz», – demishlar.

Xulqi yomon yuz, ko’zlidin na sud
Yuz, ko’zli xulqni qilmas kashud.
Xulq mariziga davo istasang,
Marg davosin berilur qistasang.
Xulqi yomoning keturar ko’p zarar,
Xulqing o’zi boshingga kaltak urar.
Xulqi fano bo’lsa degil alhazar,
Xor-u zalillikda qolur darbadar.

YAXSHI XULQ, YOMON XULQ

Axloq ulamosi insonlarning xulqlarini ikkiga bo’lmishlar Agar nafs tarbiyat topib, yaxshi ishlarni qilurga odat qilsa, yaxshilikg’a tavsif bo’lub, «yaxshi xulq» agar tarbiyatsiz o’sub, yomon ishlaydurgan bo’lub ketsa, yomonliqg’a tavsif bo’lub «yomon xulq» deb atalur.

Janobi Haq insonlarning asl xilqatda iste’dod va qobiliyatli, yaxshi ila yomonni, foyda ila zararni, oq ila qorani ayiradurgan qilub yaratmishdur. Lekin bu insondagi qobiliyatni kamolga yetkurmak tarbiya ila bo’ladur. «Qush uyasinda ko’rganin qiladur». Inson javhari qobildur. Agar yaxshi tarbiya topib, buzuq xulqlardan saqlanub, go’zal xulqlarga odatlanub katta bo’lsa, har kim qoshida maqbul, baxtiyor bir inson bo’lub chiqar. Agar tarbiyatsiz, axloqi buzulub o’ssa, Allohdan qo’rqmaydurgan, shariatga amal qilmaydurgan, nasihatni qulog’iga olmaydurgan, har xil buzuq ishlarni qiladurgan, nodon, johil bir rasvoyi olam bo’lub qolur.

Rasuli akram nabiyyi muhtaram afandimiz: «Imoni komil bo’lgan kishilar yaxshi xulqli bo’lurlar, sizning eng yaxshilaringiz xotunlariga yaxshilik qilganlaringizdur», — demishlar.

Xudoning rahmat-u fayzi hama insonga yaksardur,
Va lekin tarbiyat birla yetushmak sharti akbardur.
Tug’ub tashlov-la bo’lmas bola, bo’lg’ay balo sizga,
Vujudi tarbiyat topsa, bo’lur ul rahnamo sizga.
Temirchining bolasi tarbiyat topsa, bo’lur olim,
Buzulsa xulqi, Luqmon o’g’li bo’lsa, bo’lg’usi zolim.
Yomonlarga qo’shuldi Nuhning o’g’li, o’ldi beimon,
Yurudi Kahf iti xublar-la bo’ldi oti inson.

TARBIYA

Tarbiya – «Pedagogiya», ya’ni bola tarbiyasining fani demakdur.

Ilmi axloqning asosi tarbiya o’ldug’indan shul xususda bir oz so’z so’ylaymiz. Bolaning salomati va saodati uchun yaxshi tarbiya qilmak, tanini pok tutmak, yosh vaqtidan maslakini tuzatmak, yaxshi xulqlarni o’rgatmak, yomon xulqlardan saqlab o’sdurmakdur. Tarbiya qilguvchilar tabib kabidurki, tabib xastaning badanidagi kasaliga davo qilgan kabi tarbiyani bolaning vujudidagi jahl maraziga «yaxshi xulq» degan davoni ichidan, «poklik» degan davoni ustidan berub, katta qilmog’i lozimdur. Zeroki, «Hassinu axloqiko’m» amri sharifi uzra xulqimizni tuzatmakg’a amr o’linganmiz. Lekin xulqimizning yaxshi bo’lishining asosiy panjasi tarbiyadur.

Axloqimizning binosining go’zal va chiroyli bo’lishiga tarbiyaning zo’r ta’siri bordur, ba’zilar «tarbiyaning axloqqa ta’siri yo’q, insonlar asl yaratilishida qanday bo’lsalar, shunday o’sarlar, tabiat o’zgarmas», – demishlar.

Yomon xo’ tuzalmaydi darmon ila,
Ipak o’lmas ip, rangi alvon ila.
Boqing, bir daraxt mevasidur yomon,
Bo’lur yaxshi payvand, parvo bilan.
Bilur har kishi aslini rangidan,
Va yokim ulangandagi zangidan».

Lekin bu so’z to’g’ri emasdur. Chunki tarbiyaning axloqga, albatta, ta’siri bo’ladur. Oramizda masal borki, «sut ila kirgan, jon ila chiqar», mana bu so’z to’g’ridur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Beshikdan to mozorga borguncha ilm o’rgan», – demishlar. Bu hadisi sharifning ma’nosi bizlarga dalildur. Hukamolardan biri: – «Har bir millatning saodati, davlatlarning tinch va rohati yoshlarning yaxshi tarbiyasiga bog’lidur», – demish. Shariati islomiyada o’z bolalarini yaxshilab tarbiya qilmak otalarga farzi ayn, o’z millatining yetim qolgan bolalarini tarbiya qilmak farzi kifoyadur. Payg’ambarimiz: «Bolalaringizni yetti yoshida namozga o’rgatingiz. Agar o’n yoshida o’qimasa uringiz», – demishlar.

Har kishining dunyoda oromi joni tarbiyat,
Balki oxirida erur dorulamoni tarbiyat.
Tarbiyat hamroh etadur hur ila ruzvonlara,
Gar desam bo’lmas xato jannat makoni tarbiyat.
Ey, Otalar! Jonlaringizdan suchuk farzandingiz,
G’ayrat aylang o’tmasun vaqt-zamoni tarbiyat.
Moyai zilli xumodur tarbiyatning soyasi,
Bizda anqo tuxmidek yo’q oshyoni tarbiyat.

TARBIYANING ZAMONI

Emdi ochiq ma’lum bo’ldiki, tarbiyani tug’ulgan kundan boshlamak, vujudimizi quvvatlandurmak, fikrimizi nurlandurmak, axloqimizi go’zallandurmak, zehnimizi ravshanlandurmak lozim ekan. Tarbiyani kimlar qilur? Qayda qilinur? degan savol keladur. Bu savolga, «birinchi uy tarbiyasi. Bu ona vazifasidur. Ikkinchi, maktab va madrasa tarbiyasi. Bu ota, muallim, mudarris va hukumat vazifasidur», – deb javob bersak, bir kishi deyurki, «qaysi onalarni aytursiz, bilimsiz, boshi paqmoq, qo’li to’qmoq onalarmi? O’zlarida yo’q tarbiyani qaydan olib berurlar», der . Mana, bu so’z kishining yuragini ezar, bag’rini yondurar. Otasiga nima dersiz, desak , qaysi ota? To’ychi, uloqchi, bazmchi, do’mbirachi, karnaychi, surnaychi, ilm qadrini bilmagan, ilm uchun bir pulni ko’zlari qiymagan, zamondan xabarsiz otalarni aytursizmi? Avval o’zlarini o’qitmak, tarbiya qilmak lozimdur», – der. Mana bu so’zni eshitgach, umid qo’llari qo’ltuqg’a urilur.

Xayr, bo’lmasa muallimchi desak, «Qaysi muallim? Maqsadi pul, maslagi shuhrat, yuqori maktablarda o’qumagan, «usuli ta’lim» ko’rmagan muallimlarni aytursizmi? Avval o’zlari dorilmuallimin»larda o’qimaklari, so’ngra dars bermaklari lozimdur», – der. Mana bu so’z insonni hayrat daryosiga g’arq qilur.

Mudarrislarga na dersiz desak, qaysi mudarris? Matlablari osh, maqsadlari chopon, darslari beimtihon, isloh yaqinidan yurmagan mudarrislarni aytursizmi? Bular o’z vazifalarini bilub, nafslaridan kechub, zamonga muvofiq ravishda darslarini isloh qilub, imtihon birla o’qutmaklari lozimdur», – der. Mana bu so’z har kimni «Alisloh» demakga majbur qilur. Bo’lmasa hukumat-chi? desak, «xayr , hukumat hammaning otasidur. O’z fuqarosining bolalarini tarbiya qilmak lozim, shuning uchun bizning Rusiya hukumati o’gay bo’lsak ham, har yerda bizlar uchun ham maktablar ochub, bolalarimizni tekin o’qitur. Lekin o’zimiz ish bilmagan, yalqov, uyda onamiz tarbiyasi, otadan pul tarbiyasi, muallimdan axloq tarbiyasi, mudarrisdan funun tarbiyasi ko’rmaganimizdan, hukumat maktablaridan ham o’z hissalarimizni ololmaymiz», – der. Mana bu so’z bizlarni tarbiyadan mahrum, huquqning na ekanin bilmaganlig’imizni bildirur.

Alhosil, tarbiya bizlar uchun yo hayot – yo mamot, yo najot – yo halokat, yo saodat – yo falokat masalasidur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Insonlarning karami dinidadur, muruvvati aqlindadur, hasabi axloqindadur», – demishlar.

Agar bir qushning yosh bolasin olib,
Bo’lur tarbiyat birla yo’lga solib.
Onasin olib asrag’on birla rom,
Qilmas kishi sa’y qilsa mudom.
Kerak tarbiyat yoshlikdan demak,
Ulug’ bo’lsa lozim kelur g’am yemak.
Egur bemashaqqat kishi navdani,
To’g’unchi egur kuydirib kavdani.

BADAN TARBIYASI

Badanning salomat va quvvatli bo’lmog’i insonga eng kerakli narsadur. Chunki o’qumoq, o’qutmoq, o’rganmoq va o’rgatmoq uchun insonga kuchlik, kasalsiz jasad lozimdur. Sog’ badanga ega bo’lmagan insonlar amallarinda, ishlarinda, ibodatlarinda kamchilik qilurlar. Maishatimizni rohatda bo’lmog’i jasadimizning sog’lom bo’lmog’iga bog’lidur. Biz sihatimizni saqlamak ila amr o’linganmiz, shuning uchun vujudimizi hifzi-sihatga zid bo’lgan yomon odatlar ila churitmakdan saqlanmakligimiz lozimdur. Badan tarbiyasining fikr tarbiyasiga ham yordami bordur. Jism ila ruh ikkisi bir choponning o’ng ila terisi kabidur. Agar jism tozalik ila ziynatlanmasa, yomon xulqlardan saqlanmasa, choponning ustini qo’yib astarini yuvub ovora bo’lmoq kabidurki, har vaqt ustidagi kiri ichiga uradur. Fikr tarbiyasi uchun mahkam va sog’lom bir vujud kerakdur. Shuning uchun ota-onalar bolalari kasal bo’lgan zamon beparvolik qilmay, tezlik ila tabib yoki do’xturga boqizmak kerak.

Imom Shofe’i hazratlari: «Ilm ikki xildur: biri badan ilmi, ikkinchi din ilmi», – demishlar. Bunga qaraganda eng avval hifzi sihat qoidalarini bilmak, salomatlikga ters bo’lgan narsalardan saqlanmak ila bo’ladur.

Ichkulik, ko’knor, nasha, afyun, taryok, chilim, nos, popirus kabi badanning salomatlikig’a zararli, og’ulik, ba’zisi harom, ba’zisi makruh, ba’zisi isrof bo’lgan narsalardan qochmak, saqlanmak shariat, aql, hikmat yuzasidan lozimdur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Har narsa ko’p ichganda mast qiladurgan bo’lsa, man sizni aning ozginasidan ham nahy qilaman», – demishlar.

Salomatlikni saqlov lozim ishdur.
Gunahdin saqla jisming yoz-u qishdur.
Kasal bo’lsang, bo’lur dunyo qorong’u,
Maishat talx o’lub hasrat chekishdur.
Harom-u shubhadan pok et o’zingni,
Bu dunyo aysh-u ishratdan kechishdur.
Hama ishratchi hijronlikda ketdi,
Bu olamda bir ish ishlab ketishdur.
Turkiy guliston yoxud axloq kitobi

FIKR TARBIYASI

Fikr tarbiyasi eng kerakli, ko’p zamonlardan beri taqdir qilinub kelgan, muallimlarning diqqatlariga suyalgan, vijdonlariga yuklangan muqaddas bir vazifadur. Fikr insonning sharofatlik, g’ayratli bo’lishiga sabab bo’ladur. Bu tarbiya muallimlarning yordamiga so’ng daraja muhtojdurki, fikrning quvvati, ziynati, kengligi muallimning tarbiyasiga bog’lidur. Dars ila tarbiya orasida bir oz farq bor bo’lsa ham, ikkisi bir-biridan oyilmaydurgan, birining vujudi birig boylangan jon ila tan kabidur.

Masalan: joy solinmagan yaxshi bir uyning ichida o’tirmak mumkin o’lmadig’i kabi, ichiga har xil yangi ashyolar to’ldurub ziynatlangan eski imorat ham o’lturushga yaramaydur. Basharti o’ltursa, insonlar: «Eski uyga yangi zoldivor», «kir ko’ylakka jun jiyak», «mis qozonga loy tuvoq» deb hajv, kulgi qilurlar.

Fikr agar yaxshi tarbiyat topsa,
Xanjar, olmosdan bo’lur o’tkur.
Fikrning oyinasi olursa zang,
Ruhi ravshan zamir o’lur benur.

AXLOQ TARBIYASI

Axloq tarbiyasi: insonlarga eng muhim, ziyoda sharaf, baland daraja berguvchi axloq tarbiyasidur. Biz avvalgi darsda tarbiya ila dars orasida farq bor, deduk, chunki dars oluvchi-biluvchi, tarbiya oluvchi-amal qiluvchi demakdur. Shuning uchun tarbiya qiluvchi muallimlarning o’zlari ilmlariga omil bo’lub shogirdlarga ham bergan darslarini amal ila chaqushturub o’rgatmaklari lozimdur. Bu ravishi ta’lim ila berilgan dars va ma’lumot shogirdlarning diliga tez ta’sir qilub, mulloyi boamal bo’lurlar.

Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Eng yomon kishilar ilmiga amal qilmaydurgan kishilar», – demishlar. Agar tarbiya qiluvchi muallim o’zi olim bo’lub amalsiz bo’lsa, buning ham shogirdlarning axloqiga zo’r ta’siri bo’ladur. «Domlaning o’zi falon joyda falon ishni qildi. Ammo bizlarga qilmanglar, haromdur, deb va’z etadur», deb fikr va xayollariga bo’yla shak va shubha tushub qoladur.

Minbar uzra jilva aylab va’z etarlar qilma deb,
O’zlarin xilvatda ko’rsang oni qilmoqda emish.
Ichma suv derlar biza oltun-kumush asbobda,
Bilsamiz maqsudlari qo’ltuqg’a urmoqda emish.

YAXSHI XULQLAR

Yaxshi xulq: bir qismi o’z nafsimizga, bir qismini bir-birimizga qarshu ishlatmak uchun kerakli bo’lgan yaxshi xulqlar: fatonat, diyonat, islomiyat, nazofat, g’ayrat, riyozat, qanoat,shijoat, ilm, sabr, hilm, intizom, miqyosi nafs, vijdon, vatanni suymak, haqqoniyat, nazari ibrat, iffat, hayo, idrok va zako, hifzi lison, iqtisod, viqor,xavf va rajo, itoat, haqshunoslik, xayrixohlik, munislik, sadoqat, muhabbat va afvdur. Mana bu yozdig’imiz yaxshi xulqlar aql va shar’i sharifga muvofiq. Alloh taolo ham bandalar qoshida maqbul va mu’tabardur. Emdi bu yaxshi xulqlarni qo’lga olmak uchun ota-ona, muallim ustodlarimiz hazratlarining hikmatli nasihatlarini jon qulog’i birla tinglab, doim xotirda tutmoq, axloqi yaxshi kishilar birla ulfat bo’lmak, axloqi buzuq yomon kishilardan qochmak lozimdur. Bizim shariati islomiyada «axloqi hasana» – yaxshi xulqlar ila xulqlanmak, har narsaga ibrat ko’z ila boqub, xulqini tuzatmak vojibdur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam: «Islomiyatda buzuqlik yo’qdur, buzuqlikni ustiga oluv ham yo’qdur. Islomiyatda eng mu’tabar kishilar yaxshi xulq egalaridur», – demishlar.

Yaxshi birla yursa, har kim maqsudi hosil bo’lur,
Yursa nodonlar ila, bir kun borib qotil bo’lur.
Kattalar qilgan nasihatni kichiklar olmasa,
Oqibat xulqi buzuq bir beadab johil bo’lur.

FATONAT

Fatonat aql egasi bo’luv demakdir. Aql insonlarning piri komili, murshidi yagonasidur. Ruh ishlovchi, aql boshlovchidur. Inson aqli ila din va e’tiqodini mahkam qilur, shariat hukmlariga bo’yunsunar. Aqlsiz jinni kishilar bularga bo’yun qo’ymas, shariatdan tashqari ishlarni ham qilur. Janobi Haq insonni hayvonlardan so’z va aql ila ayirmishdur. Hayvonlar o’zlariga bo’laklar tarafidan keladurgan zulm va jabrlarni shox, tish, tumshuq, tirnoqlari ila qaytarurlar. Lekin inson janobi Haq tarafidan berilmish aql va idroki soyasida o’ziga keladurgan zarar va zulmlardan saqlanur. Yer yuzidagi hayvonlarni asir qilub, bo’ynidan boylab, iplarining uchini qo’llariga bergan insonlarning aqlidur.

Ilm insonlarning madori hayoti, rahbari najotidur. Ilm o’rganmak, olim bo’lmak uchun maktabga kirmak, muallimdan ta’lim olmak lozim. Aqlsiz kishilar na maktabga kirar va na muallimni bilar. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Ey insonlar! Aqlingizga tavoze’ qilingiz. Siz janobi Haq buyurgan va qaytargan narsalarni aqlingiz ila bilursiz», – demishlar. Hukamolardan biri: «Agar aqlingni qo’li nafsingni jilovini ushlasa, sani yomon yo’llarga kirmoqdan saqlar. Har narsa ko’p bo’lsa, bahosi arzon bo’lur, aql esa ilm va tajriba soyasida qancha ko’paysa, shuncha qimmatbaho bo’lur», – demish.

Aqldek zebo sifatni ko’rdi Haq, insonga eb,
Oqil insonlar bilan berdi jahon-olamga zeb.
Aql nuri birla to’ldi dunyoga ilm-u hunar,
Aqlsiz inson qachon bilg’usidur naf’-u zarar?
Aqlsizlar bilmagaylar din nadur, dunyo nadur?
Bo’lmasa aqli bilurmi farz ila sunnat nadur?

DIYONAT

Diyonat alloh huzurina yaqin qiladurgan muqaddas e’tiqoddurki, olamda mundan suyukli narsa yo’qdur Din va e’tiqodi salomat bo’lmagan kishilar haqni botildan, foydani zarardan, oqni qoradan, yaxshini yomondan ayira olmas, munday kishilardan na o’ziga va na boshqa kishilarga, va na millatga tariqcha foyda yo’qdur. Din janobi Haq tarafidan bandalari uchun qurilmish to’g’ri yo’ldurki, banda dunyo va oxiratda bu yo’l ila sohili salomatga chiqar. Din ulamolari diniy kitoblarda Alloh taologa ibodat qilishning yo’l va qoidalarini bayon qilmishlar. Ibodat ikki turli bo’ladur: Biri tan ibodati, ikkinchisi ruh ibodati. Tan ibodati tahorat, namoz, ro’za, zakot, haj kabi amallardurki, bularning har birini o’z vaqtida shariatga muvofiq ravishda minnat qilmasdan, riyo qilmasdan dilni poklab, niyatni xolis qilub, shavq va zavq ila ado qilmoq lozimdur. Ruh ibodati qalb ila ado qilinadurgan ibodatdurki, e’tiqodni mahkam, dilni pok qilub, Qur’on, Hadis, fiqh kabi diniy kitoblar oqilganda jon qulog’i ila tinglab asarlanmakdur. Bir kishi tan ibodatini qilub, ruh ibodatini qilmasa, yo ruh ibodatini qilib, tan ibodatini qilmasa o’z vazifasini ado qilmagan bo’ladur. Aql din ila, din amal ila, amal taqvo ila kamol topar. Din insonlarning dilidan saxovat, marhamat, shafqat, ulfat, muruvvat eshiklarini ochub, saodat va salomat bo’stoniga olib borur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Allohni ko’z oldingda ko’rub turgandek ibodat qil, zeroki, san oni ko’rmasang ham, albatta, Ul sani ko’radur, nafsingni o’lgan hisob et», – demishlar.

Pok qilgil diningni, imoningni,
Qul huvar-rahmon omanno bih.
Diningni yoqmasun havas zinhor,
Va qino rabbano azoban-nor.

ISLOMIYAT

Islomiyat butun insoniyatdur. Insoniyat esa yaxshi xulqdan iboratdur . Islomiyatni rasuli akram sallollohu alayhi vasallam afandimizning yolg’uz o’zlari butun dunyo yuziga yaxshi xulqlari soyasida tarqatdilar. Sahobalar ham Payg’ambarimizning orqalaridan ergashub, mahkam e’tiqodlari, yaxshi axloqlari, pok qalblari, o’tkir shijoatlari ila yer yuzuni titratdilar. Kundan kun islomiyatning shavkat va quvvati ortdi. Olamga madaniyat, ma’rifat, musovot, adolat urug’lari Arabiston yarim orolidan yoyildi. Buning sababi sahobalardagi metin e’tiqod, buzulmas ittifoq, sof qalb, yaxshi amal, xolis niyat, tuganmas g’ayrat, go’zal axloq edi. Har narsaning ofati o’ldig’i kabi zamonlarning o’tuvi ila islomiyatning ittifoqina ko’z tegdi. Musulmonlar orasiga tafriqa tushdi. Hikmat egalari, funun sohiblari islomiyatdan quvlandi. Ilm-u hikmat xazinalari qulflandi. Jaholat, adovat hukm surdi-da, bo’yla o’ldi:

Afsus ekinzorni selob olibdur,
Dehqonni falokat bosub, uyquda qolibdur.

Musulmonlarning diliga ittifoq o’rniga nifoq, adolat o’rniga zulm, muhabbat o’rniga adovat, g’ayrat o’rniga atolat, muruvvat o’rniga g’azab, saxovat orniga buxl, tavozu’ o’rniga kibr, sadoqat o’rniga iftiro, shafqat o’rniga hasad, hilm o’rniga hamoqat, hurmat o’rniga xusumat, qanoat orniga tama, sabr o’rniga g’urur, iqtisod o’rniga isrof, afv o’rniga dahshat, sa’y o’rniga safohat, g’ayrat o’rniga xurofot yerlashdi. Mana, shul yomon xulqlari sababidin asri saodatdan buyon islomiyat keyin qarab ketdi. G’arib millatning chin xulafosi, ulamosi, hukamosi taxtindan, mansabindan mazhabindan suruldi. Odillar yerina zolimlar, olimlar yerina abu jahllar, bulbullar yerina qarg’alar, qumrilar yerina boyqushlar, bilmam va hokimlar yerina kimlar o’turdi. Shul sabablara mabni islomiyat dunyosi inqiroz sahrosina yuzlandi. Islom hukumatlarida birin-ketin ko’zdin nihon o’ldi.

Yetsa navbat o’lturar boyqush
Sulaymon tomiga,
O’rmaguchlar in qo’yar
Afrosiyob ayvoniga.

NAZOFAT

Nazofat deb a’zolarimizni, kiyimlarimizni, asboblarimizni pok va toza tutmoqni aytilur. Poklik zehn va idrokingni keng va o’tkur qilur. Xalq orasida e’tibor va shuhratga sabab bo’lur. Poklik ila har xil kasallardan qutulub,

jonimizning qadrini bilgan bo’lurmiz. Pok bo’lmak salomatimiz, saodatimiz uchun eng kerakli narsadur. Pok bo’lmagan kishi Alloh ham xalq qoshida sevimsizdur. Yirtiq, eski kiyimlar kiymak ayb emas, yangi kiyimlarni kir qilub, yog’ini chiqarub yurmak zo’r ayb va gunohdur. Chunki bu ish shariatga ters, tarbiyati badanga zid, ajnabiylar ko’ziga islomiyatni chirkin qilib ko’rsatmoq bo’ladur, ham bir yilga yetadurgan kiyimlar olti oyga yetmay, qirqilub tamom bo’ladur. Bu isrof, mol qadrini bilmaslikdur. Ifloslik balosidan poklik davosi ila qutulmoq kerak. Baliqning hayoti suv ila o’ldig’i kabi, insonning salomatligi havo iladur. Agar tan pok bo’lub yuvilib turmasa, quloq kir bo’lsa, eshitmagani kabi badan ham o’ziga kerak bo’lgan havoni ichiga ololmas, ichidagi rutubat ham kirdan o’tub chiqub ketolmas, chunki badan elak kabi ko’zlikdur. Agar ko’zi kir olsa, un turub suv ham o’tmas, shuning uchun tamiz bo’lmagan kishilar qo’rqinch kasallarga tezgina giriftor bo’lurlar. Shodliqlari g’amda, oltundan qadrli umrlari kasalxonalarda o’tar. Mana shularni rioya qilub, shariatimiz bizga poklikni farz qilmishdur. Poklik musulmonlig’ning ildizidur. Shuning uchun tani, kiyimi, joynomozi pok bo’lmagan kishining ibodati ham durust bo’lmaydur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Islom dini pok dindur. Bas, pok bo’lingiz, pok bo’lmagan kishi jannatka kirmas», – demishlar.

Xalqi olam sevgusidur tozalik, pokni,
Poklik ortturgusidur fahm ila idrokni.
Har kishini ko’ksida poklik nishoni bo’lmasa,
Tozalik maydonidan quvg’aylar ul bebokni.

SA’Y VA G’AYRAT

Sa’y va g’ayrat deb ustiga yuklangan ibodat va xizmatlarni harakat birla ado qilmakni aytilur. Shariat ham aql yuzasidan yalqovlik qilub, ishsiz, bekor yurmak durust emasdur. Zeroki, Qur ‘oni karim bizlarni sa’y qilmoqg’a amr etmishdur. Dangasalik har vaqt insonni xor, tama balosiga giriftor qilur. Bir ishga mashg’ul bo’lgan kishilar vaqtning o’tganini bilmas, yalqov kishilar uchun bir soat o’tkarmak qiyomatdan qiyindur. G’ayrat vujudimizga quvvati mas’ud va baxtiyor bo’lishimizga sababdur. Shuning uchun har birimiz sa’y qilub, o’z kuchimiz ila maishatimizga kerak bo’lgan narsalarni topub, boshqalarga muhtoj bo’lmay rohat-rohat yashamoq lozimdur. Sihatimiz, saodatimiz, sarvatimiz, qanoatimiz, sabrimiz, fazilatimiz, alhosil, butun hayotimiz harakatimizga bog’lidur. Harakatlik kishilar tezgina maqsudlariga yeturlar. Yalqov kishilar har narsadan mahrum, doim boshqalarning yordamiga muhtoj bo’lub xorlikda qolurlar.

Kishi yosh vaqtida ilm va ma’rifat, hunar va san’atga bo’yin qo’ymasa, taraddud qilmasa, albatta, qora ishchi bo’lub qolur. Shariatga ters, qonunga zid bo’lmagan xizmatlarni qilmak ayb emasdur. Agar bunga ham bo’yin qo’ymay bu ko’mirchilik, bu temirchilik menga munosib ish emas deb, dangasalik qilub, ishsiz yursa, zo’r ayb, g’ayratsizlikdur. «Gayratlikdan imon qutilmas» degan masal bor. Bunga qaraganda dunyo va oxiratimiz uchun g’ayratni qo’ldan bermaslik lozimdur. G’ayrat imona, salobati vijdona dalolat etar. Hazrati Umar eshik oldida bekor o’tirgan bir kishini ko’rub: «G’ayratsiz kishilardan Xudo bezor, islomiyat g’ayrat ila rivoj topdi, sandek yalqov kishilardan islomiyat hazar qilur», – demishlar.

Haq buyurdi: «Laysa lilinsoni illo mo sa’y»,
G’ayrat ila o’tdi olamdan Muhammad Mustafo.
Biz-da ummatmiz, qilayluk sa’y ila xayr-u saxo,
Qilsalar shoyad shafoat sohibi ro’zi jazo.

RIYOZAT

Riyozat deb savob ishlarni qilub, gunoh ishlardan saqlanmoqni aytilur. Riyozat adabning koni, ruhning darmonidur. Insonlarni to’g’ri yo’lga solub, egri yo’ldan qaytarguvchi riyozatdur. Shul sababli riyozat qilguvchilar oqil va fozil bo’lur. Alloh ham xalq qoshida maqbul va mo’tabardur. Yalqovlik, ko’p uxlamak, yomon odamlar ila yurmak, vaqtni bekor o’tkarmak, aysh-u ishrat qilmak, ko’p oshamak, foydasiz so’zlar so’zlamak, samovarlarda, ko’chalarda aziz umrni bo’sh otkarmak kabi ishlarning hammasi riyozatga zid, umrning egovi, Xudoning g’azabidur. Allohning buyrug’i, Rasulullohning sunnatlari, shariat qil degan ishlarni birin-ketin o’z vaqtida qilmak ibodat ham riyozatdur.

Riyozatni rioya qilgan kishilar hech vaqt shariat yo’lidan ayrilmas, Alloh buyrug’idan chetga chiqmas va bu yo’l ila oxirat azobidan qutulur, rohat va rahmat saroyiga kirar, riyozatni rioya qilmagan kishilar Alloh taoloning rizosini topolmas, xor-zor bo’lub, oxiratda alamlik azobga giriftor bo’lur.

Aflotun hakim: «Men riyozatdagi lazzatni hech narsada ko’rmadim, zeroki, vujudimning salomati, ruhimning saodatini riyozatda topdim. Shuning uchun riyozat ayni saodatdur deyaram, chunki fikrning, tilning islohi badanning riyozatiga bog’lidur», – demish.

Ibn Sino hakim: «Tan riyozatidan ko’proq ruh riyozati lozimdur. Mard kishi o’zini riyozat va adab ila ko’rsatsun, inson ila hayvon orasidagi farq yolg’uz maishatda emas, yaxshi axloq kasb qilmoqdadur», – demish.

Riyozat mevasidur misli bodom,
Yuzi qattig’ ichidur ishta in’om.
Kishin maqsudina eltar riyozat,
Riyozatsiz ish o’lg’ay besaranjom.
Agar sabr-u riyozat cheksang, ey jon,
Pishub oldingg’a tushgay mevayi xom.

SHIJOAT

Shijoat deb botir va yurakli bo’lmakni aytilur. Shaji’ kishi hech narsadan qo’rqmaydurgan botir va yurakli bo’lur. Sa’y va g’ayratning ziddi dangasa va yalqovlik o’ldig’i kabi shijoatning ziddi qo’rqoqlikdur. Qo’rqoq savdogar foyda qilmas. Qo’rqoq kishi o’zining soyasidan hurkar, hech bir ish qilishga yuragi bo’lmas. Ko’p kishilar vahima va qo’rqoqlik orqasidan mollaridan, jonlaridan, vatanlaridan ayrilurlar. Shuning uchun har ishda shijoatni qo’ldan bermaslik lozimdur. Shijoat insoniyatning sof oyinasi, iffat, g’ayrat, istiqomat kabi yaxshi xulqlarning nuroniysidur. Shijoatning haqiqati qalbning matonatindan, ruhning salomatindan iboratdur. Hozirgi zamonda botirlik – boylikda, qaysi davlat va millatning davlati bolsa, shul ustun bo’lmakdadur. Chunki hukumat uchun xalq, xalq uchun hunar, hunar uchun ilm, ilm uchun aqcha lozimdur.

Sarvatli millatlar milliyatlarini yo’qotmas, rohat va saodatda yashar. Bu kunda madaniy millatlar urushlarini tijorat va sanoatga aylandurdilar va bu soyada bir-birlariga g’alaba va raqobat qila boshladilar. Sehrgar va jodugarlik ila emas, tijorat va sanoatgarlik ila cholishqon Yovro’pa, Afriqo va Osiyoni o’ziga asir va musaxxar qilmakdadur.

Bu zamonda fil ila jang aylamak erlik emas,
Er o’shaldurkim tutar ilm-u hunarning yoqasin.
Beshlab, o’nlab so’m topishsa, ilm ila ag’yorlar,
Biz bo’lub hammol, oladurmiz tiyinlab choqasin.
Boshqalar san’at, tijorat-la taraqqiy aylasa,
Bizni el tortar ayog’din o’lgan otning toqasin.

QANOAT

Qanoat deb janobi Haq tarafidan ihson bo’lgan ahvolga yetishdig’imiz ne’mat va molga shukr, boshimizga kelgan faqr, musibat, falokatlarga chidab, sabr qilmoqni aytilur. Qanoat hasad, tama, hirs, xorlik kabi illatlarning davosi, nafsimizning g’inosidur.

Qanoat bir xazinadurki, naqdinasi kundan-kun ortar. Bu xazinaga ega bo’lgan kishilar umrlarini shavq va rohatda kechirurlar. Buning ila barobar qanoatsizlikdan paydo bo’ladurgan hasad degan jonning eng zo’r dushmanidan qutulurlar. Chin insonlar kishining molina, mulkina, saodatina, maishatina hasad qilmas, qanoatdan ayrilmas, umrini rohatda o’tkarur. Inson har bir ishga kuchi yetguncha cholishmoq, janobi Haq taqdirdagi narsasidan nimani bersa, shunga qanoat qilmoq lozimdur.

Zeroki, inson o’z maishatini, nomusini saqlamoq uchun fidoyi jon darajasiga borguncha sa’y qilmoqg’a buyurilmishdur, lekin bu sa’yning mashruyi har bir ishda qanoatni qo’ldan bermaslikdur. Olamda qanoat kabi dilni poklaydurgan narsa yo’qdur. Janobi Haqning amriga itoat qanday saodat esa, taqdiriga qanoat ziyoda baxtiyorlikdur.

Hazrati Ali afandimiz: «Dunyoda sa’y-jadali ila maishat o’tkargan qanoat egasi hech kimg’a muhtoj bo’lmagan zo’r boylar kabi rohatda, saodatda yashar», – demishlar.

Aflotun hakim: «Insonning saodati qanoatini qo’lda tutmakda, sarvat va maishat to’g’risida janobi Haqning taqdiriga rozi bo’lmakdadur», – demishlar.

ILM

Ilm deb o’qimak, yozmakni yaxshi bilmak, har bir kerakli narsalarni o’rganmakni aytilur. Ilm dunyoning izzati, oxiratning sharofatidur. Ilm inson uchun g’oyat oliy va muqaddas bir fazilatdur. Zeroki, ilm bizga o’z ahvolimizni, harakotimizni oyina kabi ko’rsatur. Zehnimizni, fikrimizni qilich kabi o’tkur qilur. Savobni gunohdan, halolni haromdan, tozani murdordan ayurub berur, to’g’ri yo’lga rahnamolik qilub, dunyo va oxiratda mas’ud bo’lishimizga sabab bo’lur. Ilmsiz inson mevasiz daraxt kabidur. Chunki ilmsiz kishilar ota-onasiga, qarindosh-urug’iga, yor-do’stiga, din va millatiga foyda yetkurmak bir tarafda tursun o’z ustiga lozim bo’lgan ibodat va toatni ham loyiqicha qila olmas. Ilmning foydasi u qadar ko’pdurki, ta’rif qilg’on birla ado qilmak mumkin emasdur. Bizlarni jaholat qorong’ulig’idan qutqarur, madaniyat, insoniyat, ma’rifat dunyosiga chiqarur, yomon fe’llardan, buzug’ ishlardan qaytarur, yaxshi xulq va adab sohibi qilur, Alloh taologa muhabbat va e’tiqodimizni ortdurur, janobi Haqning azamat va  qudratini bildirur. Alhosil, butun hayotimiz, salomatimiz, saodatimiz, sarvatimiz, maishatimiz, himmatimiz, g’ayratimiz, dunyo va oxiratimiz ilma bog’lidur. Payg’ambarimiz: «Ilmga amal qilguchilardan bo’lingiz, naql va rivoyat qilguchilardan bo’lmangiz», – demishlar.

Ilm bir daryo ichi to’lmish dur-u gavhar bilon,
Qiymat-u qadrin qachon bilg’ay oni johil yilon.

Olim kishilar har yerda aziz va hurmatlidur. Shariatimizda qaysi ilmga muhtoj bo’lsang, shuni bilmak bizga farzdur.

Shuning uchun o’qimak, bilmak zamonlarini qo’ldan bermay, vujudimizning dushmani bo’lgan jaholatdan qutulmakga jonimiz boricha sa’y qilmagimiz lozimdur.

AQSOMI ILM

Ilm diniy va fanniy qismlar ila ikkiga bo’linur.

Diniy kishi bo’lmak uchun ulumi diniya o’qumak ila barobar hisob, handasa, tarix, hikmat, kimyo, tib, ziroat ilmlari kabi fanniy ilmlarni ham bilmak, chin olim bo’lmak lozimdur . Chunki bu ilmlarning ikkisi ham dunyo va oxiratimiz, hayot va saodatimiz uchun eng kerakli narsalardur.

O’tkan zamondagi islom ulamolari har bir ilmga tish-tirnoqlari ila yopishdilar1, o’qidilar, o’qitdilar, ulum va funun soyasida islomiyat taraqqiy qildi, madaniyat tarqatdi, kitobxonalar, qiroatxonalar, yetimxonalar, kambag’alxonalar, kasalxonalar ochildi. Hozirgi musulmonlar taassub va jaholatlari ila maqtanulari kabi, avvalgi zamon musulmonlari ilm va ma’rifat, kitob va asarlari ila maqtanurlar edi. Alhosil, har bir millatning taraqqiy va taoliysi yoshlarining ilm va ma’rifatiga, hunar va san’atiga bog’lidur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Ilm o’qimak har bir mo’min er-u xotunga farzdur», – demishlar. Ajabo, Qur’onimiz, Payg’ambarimiz o’qingiz, deb amr qilg’on holda, bizlar na uchun harakat qilmaymiz, qimirlamaymiz. Boshqa millatlarning o’g’ullari, qizlari  kecha demay, kunduz demay, yoz demay, qish demay ilm yo’lida jonlarini fido qilub, quvushub, yugurushub, ko’zlarimizni qamashdirub turgan bir zamonda bizlar hamon2 uyqudan, g’aflatdan, jaholatdan boshimizni ko’tarmaymiz, ibrat olmaymiz. Payg’ambarimiz: «Olim bo’l, ilm talab qiluvchi bo’l, yoki ilmni eshituvchi bo’l, hech bo’lmasa shularga muhabbat qiluvchi bo’l, beshinchisi bo’lma, halok bo’lursan», – demadilarmu?

Topar ilm ila odam og’li kamol,
Yeturmas kamola jamol ila mol.
Kerak o’rtanur ilm uchun sham’dek,
Tanumoq Xudoni ilmsiz mahol.
Talabgor o’lur ilma oqil kishi,
Sotar ilm bozori moli halol.
Talab aylamak farzdur bizga ilm,
Bu amr uzradur er-xotun, yosh, chol.

SABR

Sabr deb boshimizga kelgan balo va qazolarga chidamli bo’lmakni aytilur. Har bir ishda sabr va sovuqqonlik ila harakat qilmak lozimdur. Chunki boshimizga keladurg’on balo va qazo, zahmat va mashaqqatlarning barchasi janobi Haqning irodasi ila o’ldig’i uchun bularg’a sabrsizlik qilgan kishilar ajr va savobdin quruq qolurlar. Sabr insonlar uchun buyuk bir fazilatdurki, janobi haq sobirlarni suyar. Qur’oni karim ichida ko’p yerda sabrni, sobirlarni madh qilmishdur . Shariati islomiyada janobi Haq tarafidan kelgan balo va qazog’a sabr qilmoq farzi ayndur.

Inson har bir ishni sabr va matonat ila yurutsa, maqsudiga tinch va rohatda borub yetar. Hamisha saodatda yashar.

Sekin borgan kishi maqsuda yetgay,
Shoshub besabrlar kaj yo’lga ketgay.
Agar sabring bo’lsa nafsingga yo’ldosh.
Seni tavfiqi rabboniga eltgay.

Nafsini sabr ila rom qilgan kishi har ishda oshiqmay, ohista harakat qilur. Nafsini halokatdan, g’ururdan saqlar. Sabr shunday bir kuchli narsadurki, shahvatni iffatga, g’azabni shijoatga, shiddatni hilmga, kattalikni tavozu’ga, yomonlikni yaxshilikg’a aylandurmakg’a quvvati yetar. Shul xususda so’ylanmish bir hadisi sharifning ma’nosi «ilm imonli kishilarning muhibi, hilm homiysi, aql

dalili, yaxshi amal sarmoyasi, muloyimat volidi, afv axavoni, sabr hokimi vijdonidur», – deyilmish. Arablar: «Assabru miftohul-farah» – «sabr shodlig’ning kalididur», – deyurlar.

Sabr ila har mushkul ish zoyil bo’lur,
Sabr edan maqsudina noyil bo’lur.
Har kishida bo’lmasa sabri jamil,
Nafs ko’yina yurub soyil bo’lur.
Sabr qilsang, g’o’radan halvo bitar,
Sabrsizlar o’z oyog’idan yitar.

HILM

Hilm deb bo’lar-bo’lmas ishga achchig’lanmaydurgan, arslon yurakli, yumshoq tabiatli bo’lmoqni aytilur.

Hilm insonlarning tab’idan xusumat, adovat, g’azab, hiddat kabi yomon xulqlarni yo’q qiladurgan har kimcha maqbul bir sifatdur.

Hilm ilmi axloq yuzasidan insonga eng kerakli narsadur.

Nafsning rohati, qalbning matonati, fikrning salomati, vijdonning halovati halim tabiat bo’lmoq ila hosil bo’lur. Chunki halim kishilar har qancha quvvat va qudrat sohibi bo’lsa ham, o’zidan ojiz kishilarga shiddat ila muomala qilmas. Fikri salomat kishilarning qalbi halim, tab’i karim o’lur. Zeroki, vujudimizdan paydo bo’ladirgan af’ol va harakotimizning manbayi havas va orzudur. Bu havas va orzuga faqat hilm ila g’olib kelurmiz va bu vasila ila to’g’ri yo’lga kirub, yaxshi xulq sohibi, din va millat xodimlaridan bo’lurmiz. Dunyoda chin inson bo’lmak uchun havasning qo’liga nafsning jilovini bermaydirgan, bo’lar-bo’lmas narsalardan achchig’lanmaydurgan, sovuqqonli, yumshoq tabiatli, muloyim so’zli, halim va sabrli bo’lmak lozimdur.

Zotiga, hilmiyati mavsuf qilsa har kishi,
Ikki olamda bo’lur rohat, halovatda ishi.

Rasuli akram nabiyyi muhtaram afandimiz: «Alhilmu sayyidal axloq – Hilm xulqlarning sayyididur», – demishlar.

Suqrot hakim: «Shiddat ila muomala qilgan kishilarga man viqor va halimlik ila muqobila qilurman, chunki hilm shiddatni, xusumatni past qilur. Lekin kishini ojiz va xorlik darajasiga tushuradurgan halimlikdan man bezor», – demish.

Bu so’zga qaraganda saxovatning ifroti isrof o’ldig’i kabi o’rinsiz yerda hilm iste’mol qilmak insonning viqor va e’tiborini poymol qilur. Shuning uchun hilmiyat hududidan – chegarasidan chiqmay, g’azab, hiddat kabi yerlarda hilm iste’mol qilub, nafsning haroratini past qilmolidur. Lekin tepsa tebranmaydurgan, turtsa ting etmaydigan bo’lub, g’ayrat, shijoat o’rinlariga ham muloyimlik ishlatuv halimlik hududidan oshub, bo’shlik, anqovlik dunyosiga chiqmakdur. Bunday halimlikdan qochmak, hazar qilmak kerak.

Halimlikni qilsang agar ixtiyor,
Bo’lur xalqi olam sanga do’st-u yor.
Bo’lur mevalik shoxni boshi past,
Halim o’lg’usi oqili hushyor.

INTIZOM

Intizom deb qiladurgan ibodatlarimizni, ishlarimizni har birini o’z vaqtida tartibi ila qilmakni aytilur. Agar yer yuzida intizom bo’lmasa edi, insonlar bir daqiqa yasholmas edilar. Janobi Haq yer-u osmonlarni, oy va yulduzlarni, inson va hayvonlarni, qurt va qushlarni shunday bir nizom ila tarbiyat berib yaratmishdurki, aql bilmakdan, qalam yozmakdan, til so’zlamakdan ojizdur. Dunyoga kelgan payg’ambarlarning har birlari din va shariatlarini tarbiyat va nizom ila yurutmishlar. Xususan, islom dini mukammal ravishda tartib va nizomni rioya qilmishdur. Va bu soyada ozgina zamonda islom urug’lari butun dunyo yuziga yoyilmishdur. Islom davlatlarining barposi nizom va intizom ila o’ldig’i kadi barbod va inqirozi ham tartib va nizomsizlik ila bo’lmishdur. «Xayr, o’tkan ishga salovat». Alhosil, har bir millatning taraqqiy va taoliysi ishlarini vaqtida nizomdan chiqarmay tartibi ila yurutmakg’a bog’lidur. Shogirdlar maktab va madrasalardagi zamonga muvofiq ravishda qurilmish, nizom va tartiblarni rioya qilmaklari loz imdur. Chunki tartib va nizomni rioya qilmagan kishilarning ishlari hamma vaqt notamom, o’zlari parishon bo’lurlar. Ammo ishlarini tartib uzra yurutgan kishilarning ishlari yerida, o’zlari tinch va rohatda umr o’tkarurlar. Hozirgi zamonda bizning Turkiston boylarining ishlari to’xtab, sinuvlarining birinchi sababi ishlarini axloqsiz, bilimsiz, musrif, yalqov kishilarga topshiruvlari ila barobar o’zlarining zamonga muvofiq tartib va nizomdan xabarsizliklarining yemushidur. Payg’ambarimiz: «Kasblarning ortug’roqi xiyonatsiz, yolg’onsiz qilg’on savdo va tijorat ila bandaning o’z qo’li birlan ishlagan ishidur», – demishlar.

Davlatni koni, manbayi tartib-intizom,
Sarvatni poydori erur iqtisodi tom.
Muhtojlig’ yuzini ko’rar deb gumon qilmang,
Tartibi birla yursa, kishining ishi mudom.

MIQYOSI NAFS

Miqyosi nafs deb qiladurgan amallarimizni, ishlarimizni shariat, insoniyat qonuniga muvofiq o’lub, o’lmaydig’ini vijdonimiz ila o’lchab ko’rmakni aytilur. Nafs o’lchovi haqiqiy bir o’lchovdurki, insonning o’z nafsiga loyiq ko’rmagan muomalani boshqalar haqida ijro etmoqg’a qo’ymas, fikr egalari, insof sohiblari har vaqt nafs o’lchovidan tashqari harakat qilmas.

Agarda bir sabab ila shariat hukmidan, insoniyat qonunidan chet ketsa, bu qabohatini nafs o’lchovi ila bilub, ikkinchi martaba qilmasga qasd va niyat qilub, shariat nizomidan, insoniyat chizig’idan chiqmaslikg’a sa’y va g’ayrat qilur.

Alhosil, nafs o’lchovi ta’rifdan tashqari insonlar uchun eng foydali, har kimcha maqbul buyuk bir fazilatdur.

Buyuk Iskandar: «Dunyoda eng haqiqiy, to’g’ri o’lchov nafs o’lchovidurki, bu mezonda zarra nuqson yo’qdur», – demish.

Ibn Sino hakim: «Insonning fazl-u kamolining o’lchovi nafsning o’lchovi ila o’lchanur», – demish.

Dunyoda har narsaning maxsus o’lchovi bo’lar,
Banda af ‘olini vijdoni ila tortib ko’rar.
Bir ishiga vaznda kelsa og’ir o’z nafsiga,
Ul ishing qandog’ bo’laklarga ravo, loyiq ko’rar.

VIJDON

Vijdon deb ruhimizga, fikrimizga ta’sir qiladurgan hissiyot, ya’ni sezuv – tuymaqdan iborat ma’naviy quvvatni aytilur. Biz har vaqt af’ol va harakotimizni yaxshi va yomonlig’ini, foyda va zararlig’ini onjaq vijdonimiz ila bilurmiz. Vijdon insonning aql va fikrini haqiqiy mezonidurki, bu tarozu ila o’z kamchiliklarini o’lchab bilmak ila barobar boshqalarning ham af’ol va harakotini sezur. Agar ishlagan ishi shariat, aql va hikmatga muvofiq bo’lsa, muhabbat qilur. Qabohat va yomon ishlarni qilsa, nafrat qilur. Biz janobi Haqning amr va nahyini fikr va ruhimizning ma’naviy quvvati o’lan vijdonimiz ila ayira bilurmiz.

Vijdon yaxshi xulqlarning manbayi o’ldig’indan vijdon sohiblari har bir ishni beg’araz, xolis niyat ila ishlar.

Shul sababli har kim nazarida maqbul va suyukli bo’lur.

Ammo vijdonsiz kishilarning ishlarida niyat va amallarida, do’st va oshnoliqlarida yashirin bir g’arazlari o’ldig’indan har vaqt hasrat va nadomat chekub, vijdon azobig’a giriftor bo’lurlar.

Har bir insonning haqiqiy foili vijdonidur,
Mevasi yaxshi amaldur, hosili vijdonidur.

Inson diniy vazifalarining uluvviyatini vijdoni soyasida taqdir qila bilur. Chunki, vijdoni salomat kishilar imon va e’tiqodlarini kamolga yetkurmak uchun janobi Haqning buyruqlarini din va millatg’a foydali ishlarni shod va xurramlik ila ishlar.

Alhosil, vijdon har kimning af’ol va harakotini ko’rsatadurgan musaffo bir oyinadurki, bu ko’zguga chin nazar qilg’an kishi o’z ayb va kamchiliklarini tuzatmak harakatida bo’lub, boshqalarning ayb va qusurlarini axtarmoqg’a vaqti bo’lmas. Bizim islomiyatda vijdon axloqining islohi uchun sa’y-harakat qilmak lozim o’ldig’indan shul doirada harakat qilg’on kishilar ikki jahonda aziz va mukarram bo’lurlar. Arastu hakim: «Ruhimizning ma’naviy quvvati o’lan vijdonimiz, fikrimizga quvvat berguvchi bir vositayi idrokiya deyilur. Ya’ni, hissiyotimizning ruhimizga ta’sir ettirg’uvchi bir robitayi ilktiriqiyyasidur», – demish.

Ibn Sino hakim: «Vijdon ruh va fikrimizni tuyg’un qilmakg’a birinchi vositadur», – demish.

Sof vijdon kabi hech komila mezon o’lmaz,
Kishi o’z aybini bilmak kabi urfon o’lmaz.
Shod-masrur o’lur insof ila vijdonli kishi,
Kimki vijdonsiz esa, to’g’ri, chin inson o’lmaz.

VATANNI SUYMAK

Vatan. Har bir kishining tug’ulub o’skan shahar va mamlakatini shul kishining vatani deyilur. Har kim tug’ulgan, o’sgan yerini jonidan ortiq suyar. Hatto bu vatan hissi-tuyg’usi hayvonlarda ham bor. Agar bir hayvon o’z vatanidan – uyuridan ayrilsa, o’z yeridagi kabi rohat-rohat yashamas, maishati talx bo’lub, har vaqt dilining bir go’ shasida o’z vatanining muhabbati turar.

Biz turkistonlilar o’z vatanimizni jonimizdan ortiq suydigimiz kabi, arablar arabistonlarini, qumlik, issig’ cho’llarini, eskimular shimol taraflarini, eng sovuq qor va muzlik yerlarini boshqa yerlardan ziyoda suyarlar. Agar suymasalar edi, havosi yaxshi, tiriklik oson yerlarga o’z vatanlarin tashlab hijrat qilurlar edi.

Bobolarimiz «Kishi yurtida sulton bo’lguncha, o’z yurtingda cho’pon bo’l», – demishlar.

Men ayblik emas, ey vatanim, tog’larim,
Bevaqt tashlab ketdim, oyo, bog’larim.
Hijron qilodur meni judolig’,
Do’ndi g’ama ro’z-u shab-u chog’larim.

Hammaga ma’lumdurki, eng muqaddas diniy yerimiz o’lan Arabistonga bog’larini, hovlilarini sotub hijrat qilgan hojilarimizning aksari yana o’z vatanlariga qaytub kelurlar. Buning sababi, ya’ni bularni tortib keturgan quvvat o’z vatanlarining, tuproqlarining mehr-u mahabbatidur. Rasuli akram nabiyyi muhtaram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Hubbul – vatani minal imoni – vatanni suymak imondandur», – demishlar.

Vatan, vatan deya jonim tanimdan o’lsa ravon,
Banga na g’am, qolur avlodima uy-u vatanim.
G’ubora do’nsa g’amim yo’q vujud zeri vahm,
Charoki o’z vatanim hokidur go’r-u kafanim.
Tug’ub o’san yerim ushbu vatan vujudim xok,
O’lursa aslina roje’ bo’lurmi man g’amnok?

HAQQONIYAT

Haqqoniyat deb ishda to’g’rilik, so’zda rostlikni aytilur. Inson bo’stoni salomatga, gulzori saodatga haqqoniyat yo’li ila chiqar. Insoniyatning ildizi o’lan rahmdillik, haqshunoslik, odillik kabi eng yaxshi sifatlarning onasi haqqoniyatdur. Janobi Haqning shu nomi muborakini muqaddas bilgan kishi hech vaqt haqqoniyatdan ayrilmas, chunki haqqoniyat nuri qaysi dilda jilvagar o’lsa, janobi Haqning tavfiqi rabboniysi shu dilda nash’u namo qilur. Aql egalari, vijdon sohiblari har vaqt ko’rgan, qilgan va bilganlarini, haqiqatni va to’g’risini so’zlar. Ishda to’g’rilik birovning nafsiga, moliga xiyonat qilmov, so’zda to’g’rilik har vaqt rost so’zlamaklikdur.

Rostlig’ haqning rizosini topar,
To’g’ri yo’lda yo’q bo’lurmu hech chopar?

Bizim shariati islomiyada agar bir kishining haqiga bo’hton qilinub, qilmagan ishni qildi deb so’z so’ylansa, bilgan kishi rostini so’zlab, shul kishini oqlamak vojibdur. Rasuli akram nabiyyi muhataram sallollohu alayhi vasallam afandimiz: «Annajotu fissiddiqi – najot rostlikdadur», – demishlar. Hazrati mavlono Rumiy: «Islomiyat ayni haqqoniyatdur . Haqni qabul qiluvchilar huquqi shar’iyani saqlamoqg’a buyurulmishdurlar. Chunki shariat hukmlarining eng asosiy ildizi haqqoniyatdan iboratdur», – demishlar.

Haqshunoslik o’lmoq sharofatdur jahonda odama,
Haqni izhor aylamak birla ko’ruk ver olama.
Yarashur insona sidqu to’g’rilik gar ko’rsa girih,
To’g’rining yordamchisidur haq taolo g’am yema.
To’g’rilarning maskani firdavs ayvonidadur,
Egrilar ikki jahonda g’am-alam konidadur.

Asarni to’liq holda mutolaa qiling

Abdulla Avloniy. Turkiy guliston yoxud Axloq

05

(Tashriflar: umumiy 16 101, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring