Машъал Хушвақт 1961 йилда Андижон вилоятининг Асака туманида таваллуд топган. Тошкент давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. “Ойдин ғуссалар” номли шеърий китоби нашр этилган. Ҳозирда Асака туманидаги 44-ихтисослаштирилган мактабда адабиёт фанидан дарс бериб келмоқда.
Машъал Хушвақт шеърлари ҳақида устоз Озод Шарафиддинов «унинг шеърлари ҳароратли, фикрлари теран, ҳис-туйғулари оҳорли.Уларда фалсафийлик ҳам, юмор ҳам, киноя-ю писандалар ҳам,чуқур дардлар ҳам бор» деб ёзган эди. Бу гапларни айтилганидан бери чорак асрдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, шоирнинг бугунги шеърларини ўқиб Озод ака ҳақлигига ишонасиз.
Машъал ХУШВАҚТ
КУТИШ — РУҲИМ БОҒЛАНГАН ЗАНЖИР
КУТИШ
Гул билан кутаман сени мўлтираб,
Йўлакда қораси кўринмаганим.
Осмонга ёлвориб, осмондан тилаб,
Аммо ердан топиб олганим…
Кутаман, томоғим ҳадеб қақрар,
Овозсиз чақирар чеҳрангни дийдам.
Кўкрагимда тоқат бақирар,
Кўкрагимда дод солар чидам.
Ишончимни азоблар ғажир,
Ғамлар юрагимни тишлашар.
Кутиш -руҳим боғланган занжир,
Гул — қўлимга солинган кишан…
* * *
Нечун сени суймас дилбандинг,
Нечун боланг бунчалар нонкўр?
Яхши кўрар нечун ғийбатни,
Кўзингдан сўр,
Қулоғингдан сўр.
Нечун жоҳил, нечун оғу сўз?
Бунча очкўз, бунча ярамас.
На ҳалол, на ҳаромни билмас,
Тилингдан сўр,
Томоғингдан сўр.
Нечун боланг дарбадар бўлди?
Залолатга бунчалар тўлди.
Нечун ўғри, нечун ғар бўлди,
Қўлингдан сўр,
Оёғингдан сўр…
Қайта-қайта сўра баридан.
ҚАРЗДОРЛИК
Қарзимни биламан,
Тоғ суяк берган.
Юлдузлар кўз берган,
Яшин — кескир тил.
Тахайюлни эса олдим самодан,
Сабодан олганим — девона кўнгил…
Кундуз шодлик берди,
Ғуссани — кеча,
Шижоатни сўраб оловга бордим.
То унинг ўзига керак бўлгунча,
Шу азиз тупроқдан қонни қарз олдим…
ҲАМАЛ
Бағрига шохлари тиқилиб,
Дарахтлар шошилар саҳарга.
Бесўнақай қишлоқ йўллари
Югуриб кетади шаҳарга.
Тушуниб бўлмайди шу топда,
Янада кўпаяр майсалар.
Топила бошлайди атрофда,
Гўзаллик яширган нарсалар…
МАСОФА
Кунлар ўтди,
Орамизда йўқолди севги,
Кунлар севгимиздан узоқ яшади.
Давом этмоқдалар яна яшашда.
Кунлар ўтди,
Бўм-бўш орамиз,
Ғам-андуҳга, қайғуга тўлди.
Кейин эса тўлди қишлоққа,
Шаҳарларга бизнинг орамиз.
ЁДГОРЛИК
Сенинг бағринг — тош.
Ҳа, ҳақиқий тошдир.
Барибир сен менга парво қилмассан.
Сенга қанча мен қарамайин
Канча гапирмайин кулмассан,
Дунёдаги барча қизиқ гапларни.
Ўзимни ўлдирсам сени деб бир кун,
Йиғлаб ҳам келмассан мен ётган жойга.
Минг афсус, мени деб куймассан.
Бағринг тош, ахир, сенинг,
Бағринг — тош.
Сен бу тошни менинг қабримга
Қўймассан, ҳеч қачон қўймассан…
* * *
Бўйларим чўзилар, тўлар билагим,
Полвон, норғул бўлдим йил ўтган сайин,
Кичик келиб қолар яна кўйлагим,
Ота, бундан шодсан, бахтлисан тағин.
Ота, яна дўкон томон чопасан,
Тақдир сени шундай бахтиёр қилган.
Тағин жилмаясан, бўласан хурсанд,
Сени тақдир қандай майин тўқиган.
Бўй-бастим чўзилди,
Бу йил ҳам, мана,
Юрагим эзилди биринчи марта:
Кичик келиб қолди кўйлагим яна,
Катта келиб қопти кўйлагинг, Ота!..
МЕН СЕНИ ИЗЛАДИМ
Мен сени изладим Кечаги кундан,
Бугун-чи, бугундан қидирмоқдаман.
Тополмасам сени бугундан,
Шунда ҳам қўрқмайман,
Шунда ҳам,
Чунки эрта бордир олдимда.
Эрта жуда сирли,
Жимир-жимирли,
Гўё сен беркиниб турибсан унда…
ҚАЙСАРЛИК
Бу яқин кишининг оёқларига,
Қани энди йиқила олса.
Ҳар куни минг марта йиқилар эди,
Агар унинг қўлидан келса.
Ўтирмаган бўларди ўйлаб,
Бу ишни уддалай олса у кунда.
Гапиролса агар оғзига қараб,
Лабларини кўрса гапирганида…
Манба: «Ёшлик» журнали, 2015/05
ФЕЙСБУК САҲИФАСИДАН
ИЛК СЕВГИ
Бугун яна,
Яна сени ўйладим,
Сени севганимни эслатди ярам…
Шўрхок бир тап-тақир ерга айланди,
Бир пайт гулу райҳон унган қиёфам.
Эсладим…
Оҳларим кетди тирқираб,
Йиғладим, валекин жоламда ёш йўқ.
Қиёматга довур турар зирқираб,
Метин суягимга сен жойлаган ўқ.
На-да тахтли бўлдим,
На бахтли бўлдим,
Тақдир ғам сиртмоғин бўйнимга солди.
Сени севиб, ахир, нимани кўрдим,
Сени севиб, шоир бўлганим қолди.
ТОНГ ОЛДИ
Ёмғир ёғиб ўтган ярим кечада,
Милт-милт этган бир ёруғлик йўқ.
Бу баҳайбат зулмат ичида.
Ёнарқурт йўқ йилтиллаётган,
Дарахт эса улкан парвона,
Қаттол ёмғир ўқидан ўлган.
Чор теварак сув сепгандай жим,
Туни бўйи уйқу бермади,
Қуш бўғзига тиқилган Ваҳм.
Жонзот борки,бари безовта,
Зулматга қадалган барининг кўзи,
Барининг кўксига қамалган тўзим.
Милт-милт этган бир ёруғлик йўқ,
Хайрият, қайдадир эшик очилди –
“Қий – қиқиқ – қиқ!!!”
80-ЙИЛЛАР. КИНОТЕАТРДА
…Бизникилар ҳамон аёвсиз
Душманни мажақлаб, қувиб боради.
Ним қоронғу залда ёшларнинг
Қувончдан кўзлари ёнади.
Бизникилар янчар аёвсиз,
Бизникилар қилар ғалаба.
Уйга қайтар кимдир оёқсиз,
Кимдир қўлсиз қайтади, мана!..
Бирдан ғалати бир ваҳима тўсиб
Қўяди ёшларнинг қароғларини –
Қўлларига қарашар шошиб,
Пайпаслаб кўришар оёқларини…
КУТИШ
Маликам,
Не айб, нима гуноҳим,
Нега бу зиндонга оттингиз мени?
Ялинар жовдуроқ тўла нигоҳим,
Жазолашга ўйлаб топдингиз нени?..
Маликам,
Қутқаринг тезроқ бу ердан,
Азоб зиндон экан, сизнинг бу зиндон:
Қалин деворлари шаффоф ғамдану
Қўлимга солинган кишани гулдан…
ТЎРТЛИК
Бир зумлик омаддан эсанкирасак,
Агар бахт кўр қилса бизни тўсатдан,
Яхшиям, дунёда бахтсизлик яшар.
Кўзимиз очгувчи бир пасда…
БАҲОР
Илиқлик кезади боғларда.
Илиқлик боғларни ялайди.
Тўлғоқдан титраган шохларда
Куртаклар туғила бошлайди.
Илиқлик боғларни кезмоқда,
Қучоқлаб дарахтлар тагини.
Куртаклар оҳиста бузмоқда.
Қишнинг энг охирги шаклини.
МАНЗАРА
Чақмоқ чақар,
Чақмоқ чақар бизга сел ёғишини.
Бехосдан қайгадир шўнғиди яшин.
Нимадир гумбурлар:
“Гум!”, “Гум!!!”
“Тақ!”,”Туқ!!!”
Бу осмон эшиги таққилламоқда.
Осмон, эшигингни оч, қани!
Ахир, бу – баҳор-ку, менинг юртимга
Рухсат сўраётган киргани.
ТИЛ
Соқов –
Сўзлашувнинг хавфсиз йўлини
Танлаган одам.
Одам, яъни қўллари билан
Сукунатда жумлалар тузган.
Бу қўллар – унинг тилидир,
Бир марта ҳам дудуқланмаган.
ҚЎШИҚ
Самода қушлар ҳам жуфт-жуфт учмоқда,
Гул гулни, ялпиз ялпизни қучмоқда.
Жуфти-ла капалак ўйин тушмоқда,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим?
Сизни излаб узоқ, шамолдай елдим,
Не-не манзилу маконда бўлдим.
Рости, бу дунёга сизни деб келдим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим?
Келинг, кириб олай кўзларингизга,
Келинг, кириб олай сўзларингизга,
Сиз менга айланинг, мен сизга,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим,
Қайдасиз, иккинчи бўлагим?
АТТОРНИ ЎҚИБ…
Кўнглимда сабрлардан қуриб олгумдир сарой,
Ёруғ-ёруғ хаёлим ҳадя этгум сенга, ой.
Эй анисим* изтироб, эй мунисим қайғу-ғам,
Шу бир сиқим умримни сиз билан кўргум баҳам.
Шамоллар, кекирдагим мерос қиламан сизга,
Ундан мўъжаз, ажойиб ясаб олинг сибизға.*
Ҳазин-ҳазин овозим сенга бўлсин, хазонак,
Қайноқ, оташин сўзим сеники, чақмоқ, бешак.
Қайга борсам аҳли хар, қайга борсам аҳли ғар,
Олов, сенга топширгум нафсимни кетар маҳал.
Руҳимни поклаб олсам, дилни қилсам муназзаҳ*,
Бир боғлам суягимни сенга берсамми, дўзах?..
Қани, поклан, чиройли кўйлагингни кий, дилим,
Ҳали харидор бўлади сенга ўзи Худойим..
—————————
анис – дўст, ўртоқ
сибизға – чолғу асбоби
муназзаҳ – пок, тоза
* * *
Кундан кун кўпайиб кетар давлатинг,
Кундан кун шайтонинг улғайиб борар.
Кундан кун камайиб қолар шафқатинг,
Кундан кун иймонинг мунғайиб борар…
Кундан кунга ортиқ ичингда алам.
Кундан кунга заҳру заққумдир ошинг.
Кундан кун лошингга интиқ жаҳаннам,
Кундан кун яқинроқ кундага бошинг…
“Аллоҳ”, де – шайтонинг дарров беркинар,
“Аллоҳ”, де – ўлажак ичингда ҳасад.
“Аллоҳ”, де — қайгадир ажал чекинар,
“Аллоҳ”, де – тўлади оғзингга асал.
“Аллоҳ” деганларнинг бол бор оғзида,
Уларни қидиргин, уларни топгин.
“Аллоҳ” деганларнинг чопгин изидан,
“Аллоҳ” деганларнинг тилидан ўпгин…
ДУЭЛ
Сўзимни айтдим.
Мен ёзган бу шеър –
Отган ўқим сизга қарата.
Ўша мен отган ўқ, мабодо,
Тегмаган бўлса юрагингизга,
Бу ўқдан, мабодо, тирик қолсангиз.
Навбат сизга –
Сўзингизни айтинг – отинг ўқингизни,
Аяманг мен ношуд мерганни…
Mash’al Xushvaqt 1961 yilda Andijon viloyatining Asaka tumanida tavallud topgan. Toshkent davlat universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. “Oydin g’ussalar” nomli she’riy kitobi nashr etilgan. Hozirda Asaka tumanidagi 44-ixtisoslashtirilgan maktabda adabiyot fanidan dars berib kelmoqda. Mash’al Xushvaqt she’rlari haqida ustoz Ozod Sharafiddinov «uning she’rlari haroratli, fikrlari teran, his-tuyg’ulari ohorli.Ularda falsafiylik ham, yumor ham, kinoya-yu pisandalar ham,chuqur dardlar ham bor» deb yozgan edi. Bu gaplarni aytilganidan beri chorak asrdan ziyod vaqt o’tgan bo’lsa-da, shoirning bugungi she’rlarini o’qib Ozod aka haqligiga ishonasiz.
Mash’al XUSHVAQT
KUTISH — RUHIM BOG’LANGAN ZANJIR
KUTISH
Gul bilan kutaman seni mo’ltirab,
Yo’lakda qorasi ko’rinmaganim.
Osmonga yolvorib, osmondan tilab,
Ammo yerdan topib olganim…
Kutaman, tomog’im hadeb qaqrar,
Ovozsiz chaqirar chehrangni diydam.
Ko’kragimda toqat baqirar,
Ko’kragimda dod solar chidam.
Ishonchimni azoblar g’ajir,
G’amlar yuragimni tishlashar.
Kutish -ruhim bog’langan zanjir,
Gul — qo’limga solingan kishan…
* * *
Nechun seni suymas dilbanding,
Nechun bolang bunchalar nonko’r?
Yaxshi ko’rar nechun g’iybatni,
Ko’zingdan so’r,
Qulog’ingdan so’r.
Nechun johil, nechun og’u so’z?
Buncha ochko’z, buncha yaramas.
Na halol, na haromni bilmas,
Tilingdan so’r,
Tomog’ingdan so’r.
Nechun bolang darbadar bo’ldi?
Zalolatga bunchalar to’ldi.
Nechun o’g’ri, nechun g’ar bo’ldi,
Qo’lingdan so’r,
Oyog’ingdan so’r…
Qayta-qayta so’ra baridan.
QARZDORLIK
Qarzimni bilaman,
Tog’ suyak bergan.
Yulduzlar ko’z bergan,
Yashin — keskir til.
Taxayyulni esa oldim samodan,
Sabodan olganim — devona ko’ngil…
Kunduz shodlik berdi,
G’ussani — kecha,
Shijoatni so’rab olovga bordim.
To uning o’ziga kerak bo’lguncha,
Shu aziz tuproqdan qonni qarz oldim…
HAMAL
Bag’riga shoxlari tiqilib,
Daraxtlar shoshilar saharga.
Beso’naqay qishloq yo’llari
Yugurib ketadi shaharga.
Tushunib bo’lmaydi shu topda,
Yanada ko’payar maysalar.
Topila boshlaydi atrofda,
Go’zallik yashirgan narsalar…
MASOFA
Kunlar o’tdi,
Oramizda yo’qoldi sevgi,
Kunlar sevgimizdan uzoq yashadi.
Davom etmoqdalar yana yashashda.
Kunlar o’tdi,
Bo’m-bo’sh oramiz,
G’am-anduhga, qayg’uga to’ldi.
Keyin esa to’ldi qishloqqa,
Shaharlarga bizning oramiz.
YODGORLIK
Sening bag’ring — tosh.
Ha, haqiqiy toshdir.
Baribir sen menga parvo qilmassan.
Senga qancha men qaramayin
Kancha gapirmayin kulmassan,
Dunyodagi barcha qiziq gaplarni.
O’zimni o’ldirsam seni deb bir kun,
Yig’lab ham kelmassan men yotgan joyga.
Ming afsus, meni deb kuymassan.
Bag’ring tosh, axir, sening,
Bag’ring — tosh.
Sen bu toshni mening qabrimga
Qo’ymassan, hech qachon qo’ymassan…
* * *
Bo’ylarim cho’zilar, to’lar bilagim,
Polvon, norg’ul bo’ldim yil o’tgan sayin,
Kichik kelib qolar yana ko’ylagim,
Ota, bundan shodsan, baxtlisan tag’in.
Ota, yana do’kon tomon chopasan,
Taqdir seni shunday baxtiyor qilgan.
Tag’in jilmayasan, bo’lasan xursand,
Seni taqdir qanday mayin to’qigan.
Bo’y-bastim cho’zildi,
Bu yil ham, mana,
Yuragim ezildi birinchi marta:
Kichik kelib qoldi ko’ylagim yana,
Katta kelib qopti ko’ylaging, Ota!..
MEN SENI IZLADIM
Men seni izladim Kechagi kundan,
Bugun-chi, bugundan qidirmoqdaman.
Topolmasam seni bugundan,
Shunda ham qo’rqmayman,
Shunda ham,
Chunki erta bordir oldimda.
Erta juda sirli,
Jimir-jimirli,
Go’yo sen berkinib turibsan unda…
QAYSARLIK
Bu yaqin kishining oyoqlariga,
Qani endi yiqila olsa.
Har kuni ming marta yiqilar edi,
Agar uning qo’lidan kelsa.
O’tirmagan bo’lardi o’ylab,
Bu ishni uddalay olsa u kunda.
Gapirolsa agar og’ziga qarab,
Lablarini ko’rsa gapirganida…
Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015/05
FEYSBUK SAHIFASIDAN
ILK SEVGI
Bugun yana,
Yana seni o’yladim,
Seni sevganimni eslatdi yaram…
Sho’rxok bir tap-taqir yerga aylandi,
Bir payt gulu rayhon ungan qiyofam.
Esladim…
Ohlarim ketdi tirqirab,
Yig’ladim, valekin jolamda yosh yo’q.
Qiyomatga dovur turar zirqirab,
Metin suyagimga sen joylagan o’q.
Na-da taxtli bo’ldim,
Na baxtli bo’ldim,
Taqdir g’am sirtmog’in bo’ynimga soldi.
Seni sevib, axir, nimani ko’rdim,
Seni sevib, shoir bo’lganim qoldi.
TONG OLDI
Yomg’ir yog’ib o’tgan yarim kechada,
Milt-milt etgan bir yorug’lik yo’q.
Bu bahaybat zulmat ichida.
Yonarqurt yo’q yiltillayotgan,
Daraxt esa ulkan parvona,
Qattol yomg’ir o’qidan o’lgan.
Chor tevarak suv sepganday jim,
Tuni bo’yi uyqu bermadi,
Qush bo’g’ziga tiqilgan Vahm.
Jonzot borki,bari bezovta,
Zulmatga qadalgan barining ko’zi,
Barining ko’ksiga qamalgan to’zim.
Milt-milt etgan bir yorug’lik yo’q,
Xayriyat, qaydadir eshik ochildi –
“Qiy – qiqiq – qiq!!!”
80-YILLAR. KINOTEATRDA
…Biznikilar hamon ayovsiz
Dushmanni majaqlab, quvib boradi.
Nim qorong’u zalda yoshlarning
Quvonchdan ko’zlari yonadi.
Biznikilar yanchar ayovsiz,
Biznikilar qilar g’alaba.
Uyga qaytar kimdir oyoqsiz,
Kimdir qo’lsiz qaytadi, mana!..
Birdan g’alati bir vahima to’sib
Qo’yadi yoshlarning qarog’larini –
Qo’llariga qarashar shoshib,
Paypaslab ko’rishar oyoqlarini…
KUTISH
Malikam,
Ne ayb, nima gunohim,
Nega bu zindonga ottingiz meni?
Yalinar jovduroq to’la nigohim,
Jazolashga o’ylab topdingiz neni?..
Malikam,
Qutqaring tezroq bu yerdan,
Azob zindon ekan, sizning bu zindon:
Qalin devorlari shaffof g’amdanu
Qo’limga solingan kishani guldan…
TO’RTLIK
Bir zumlik omaddan esankirasak,
Agar baxt ko’r qilsa bizni to’satdan,
Yaxshiyam, dunyoda baxtsizlik yashar.
Ko’zimiz ochguvchi bir pasda…
BAHOR
Iliqlik kezadi bog’larda.
Iliqlik bog’larni yalaydi.
To’lg’oqdan titragan shoxlarda
Kurtaklar tug’ila boshlaydi.
Iliqlik bog’larni kezmoqda,
Quchoqlab daraxtlar tagini.
Kurtaklar ohista buzmoqda.
Qishning eng oxirgi shaklini.
MANZARA
Chaqmoq chaqar,
Chaqmoq chaqar bizga sel yog’ishini.
Bexosdan qaygadir sho’ng’idi yashin.
Nimadir gumburlar:
“Gum!”, “Gum!!!”
“Taq!”,”Tuq!!!”
Bu osmon eshigi taqqillamoqda.
Osmon, eshigingni och, qani!
Axir, bu – bahor-ku, mening yurtimga
Ruxsat so’rayotgan kirgani.
TIL
Soqov –
So’zlashuvning xavfsiz yo’lini
Tanlagan odam.
Odam, ya’ni qo’llari bilan
Sukunatda jumlalar tuzgan.
Bu qo’llar – uning tilidir,
Bir marta ham duduqlanmagan.
QO’SHIQ
Samoda qushlar ham juft-juft uchmoqda,
Gul gulni, yalpiz yalpizni quchmoqda.
Jufti-la kapalak o’yin tushmoqda,
Qaydasiz, ikkinchi bo’lagim,
Qaydasiz, ikkinchi bo’lagim?
Sizni izlab uzoq, shamolday yeldim,
Ne-ne manzilu makonda bo’ldim.
Rosti, bu dunyoga sizni deb keldim,
Qaydasiz, ikkinchi bo’lagim,
Qaydasiz, ikkinchi bo’lagim?
Keling, kirib olay ko’zlaringizga,
Keling, kirib olay so’zlaringizga,
Siz menga aylaning, men sizga,
Qaydasiz, ikkinchi bo’lagim,
Qaydasiz, ikkinchi bo’lagim?
ATTORNI O’QIB…
Ko’nglimda sabrlardan qurib olgumdir saroy,
Yorug’-yorug’ xayolim hadya etgum senga, oy.
Ey anisim* iztirob, ey munisim qayg’u-g’am,
Shu bir siqim umrimni siz bilan ko’rgum baham.
Shamollar, kekirdagim meros qilaman sizga,
Undan mo»jaz, ajoyib yasab oling sibizg’a.*
Hazin-hazin ovozim senga bo’lsin, xazonak,
Qaynoq, otashin so’zim seniki, chaqmoq, beshak.
Qayga borsam ahli xar, qayga borsam ahli g’ar,
Olov, senga topshirgum nafsimni ketar mahal.
Ruhimni poklab olsam, dilni qilsam munazzah*,
Bir bog’lam suyagimni senga bersammi, do’zax?..
Qani, poklan, chiroyli ko’ylagingni kiy, dilim,
Hali xaridor bo’ladi senga o’zi Xudoyim..
—————————
anis – do’st, o’rtoq
sibizg’a – cholg’u asbobi
munazzah – pok, toza
* * *
Kundan kun ko’payib ketar davlating,
Kundan kun shaytoning ulg’ayib borar.
Kundan kun kamayib qolar shafqating,
Kundan kun iymoning mung’ayib borar…
Kundan kunga ortiq ichingda alam.
Kundan kunga zahru zaqqumdir oshing.
Kundan kun loshingga intiq jahannam,
Kundan kun yaqinroq kundaga boshing…
“Alloh”, de – shaytoning darrov berkinar,
“Alloh”, de – o’lajak ichingda hasad.
“Alloh”, de — qaygadir ajal chekinar,
“Alloh”, de – to’ladi og’zingga asal.
“Alloh” deganlarning bol bor og’zida,
Ularni qidirgin, ularni topgin.
“Alloh” deganlarning chopgin izidan,
“Alloh” deganlarning tilidan o’pgin…
DUEL
So’zimni aytdim.
Men yozgan bu she’r –
Otgan o’qim sizga qarata.
O’sha men otgan o’q, mabodo,
Tegmagan bo’lsa yuragingizga,
Bu o’qdan, mabodo, tirik qolsangiz.
Navbat sizga –
So’zingizni ayting – oting o’qingizni,
Ayamang men noshud merganni…
1986 yilda matbuotda e’lon qilingan eng sara she’rlarni jamlab ustoz Xurshid Davron 87 yilda bir to’plam, bayoz qilgan ekanlar. Olovqalb shoir Mash’al Xushvaqtning o’sha bayozga kiritilgan she’rlarini yod olgandim. Bugungi she’rlarni o’qib shuni aytolishim mumkin: «O’q»laringiz yuragimga tegdi…»