Hamid Ziyoyev.Oqmasjitdagi jangdan Toshkentning urushib olinishigacha

054   Кўрсатилган хатнинг мазмуни баён этилгандан кейин шаҳар катталари ҳайрон бўлиб турган пайтда домла Солиҳбек охун додҳо шундай жавоб қилган: «Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмачитгача ва бу ердан Ғулжагача бўлган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сувсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12 числосигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди. Мулла Алимқул лашкарбоши шаҳид бўлгандан кейин сардорсиз қолди. Бухоро, Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар….

044
Ҳамид ЗИЁЕВ
ОҚМАСЖИДДАГИ ЖАНГДАН
ТОШКЕНТНИНГ УРУШИБ ОЛИНИШИГАЧА

«Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи» китобидан
034

ОҚМАЧИТДАГИ ЖАНГ

XIX асрнинг 40-йилларида рус империяси томонидан ўзбек хонликларига қарши юриш бошлаб юборилди. Бу вақтларда қозоқ халқининг содиқ фарзанди Султон Кенисар бошчилигида чоризм ҳукмронлигига қарши ҳаракат кучайди. 1843 йилда ҳарбий кучлар бу қўзғолонни бостириш учун юборилди. Натижада, ватан ҳимоячиси Султон Кенисар қўлга олинди ва ўлдирилди. Шу равишда чор ҳукумати ўзбек хонликлари томонга юришда йўлда учрайдиган барча тўсиқларни бартараф қилиб борди ва айни бир пайтда ҳарбий истеҳкомларни қурди. Масалан, 1845 йилда Турғай дарёси бўйидаги Оренбург истеҳкоми қайта қурилди, Мангишлоқ ярим оролида эса Новопетровск (кейинчалик Александровск) истеҳкоми барпо қилинди. 1848 йилда эса Сирдарёнинг Оролга қуйилиш жойида Раим (Казалинск) ҳарбий истеҳкоми бунёд этилди. Бу ишни генерал Обручев қўмондонлигидаги 4 рота, 3 юзлик ва 4 замбаракли аскарлар амалга оширди. Ўша йили 23 августда полковник Ерафеев бошчилигидаги 2 замбарак билан қуролланган 200 рус қушини Хива аскарларини мағлубиятга учратиб Хонхўжа қалъасини босиб олди. Шундан кейин «Николай» ва «Константин» кемаларидан иборат Орол флотилияси юзага келтирилди. Кейин 1848 йилда Хива хонлигига қарашли Хўжа Ниёз қалъаси рус қўшини томонидан эгалланди ва остин-устин қилиб ташланди. 1850 йилда 50 пиёда, 175 казак ва 2 замбаракдан ташкил топган рус қўшини Қўқон хонлигини Тўйчибек қалъасини босиб олиб бузиб ташлади. Ўша йили душман кучлари Қўшқўрғон номли Қўқон қальасини эгаллади.

1851 йилда полковник Корабошев бошчилигида 5 та рота, 5 юзлик, 6 замбарак ва 1 та ракета станогига эга аскарлар Оқбулоқ деган жой яқинида Ёқуббек бошчилигидаги Қўқон қўшинига зарба берди. Бу вақтларда Туркистон, Чимкент, Авлиё ота, Пишкек, Тўқмоқ, Оқмачит ва уларнинг атрофидаги бепоён ерлар Қўқон хонлигининг қўл остида эди. Шу боисдан рус қўшинлари биринчи навбатда хонликнинг кучлари билан тўқнашди. Оқмачит (ҳозирги Қизил Ўрда) хонликнинг энг муҳим ҳарбий қалъаларидан бири ҳисобланган.

1852 йилда унга рус қўшинлари ҳужум қилди, леўкин 72 кишини йўқотиб ололмадилар. Ўша йили полўковник Бларамберг ҳарбий отряди (1,2 рота, 2 юзлик ва 5 замбарак) билан Қўшқўрғон, Чимқўрғон, Кумушқўрғон сингари Қўқон қалъаларини босиб олди. Кейинги 1853 йилда шахсан генерал Перовский бошчилигида 12 та тўплар билан икки мингдан ортиқ аскарлар Оқмачитни қамал қилдилар. Генерал Перовскийни таслим бўлиш ҳақидаги таклифларига ватан ҳимоячилари: «Бизлар бир дона порох ва кўчада бир кесак қолгунча, ҳамма қуролларимиз тамоман синиб битгунча курашамиз», деб жавоб қайтардилар.

Қалъада бор йўғи 250 киши мудофаада эди. Лекин шунга қарамай улар жасорат ва қаҳрамонлик намуналарини намойиш этиб, душманни ҳайрон қолдирди. Бунга тан берган генерал-губернатор Перовский бошлиқларга ёзган ахборотида мудофаачилар «қалъанинг деворларида ва ички томонидан қўмондон Муҳаммад Алихоннинг ҳалок бўлишига қарамай юзбоши Лафас бошчилигида ниҳоятда катта жасорат ва матонат билан жанг қилдилар. Ҳамда ўзлари қасам ичганидек, охирги дақиқагача имкони борича курашдилар» деган эди. Шуниси диққатга сазоворки, қалъанинг ҳимоясидаги жангда ўзбек аёллари ҳам қатнашиб душманни лол қолдирган. Рус қўшини қалъа деворининг устига порох қўйиб портлатиб ич карига бостириб киргандан сўнг эркаклар ва аёллар қўлларидаги қуролларини ва ўқларини ташлаб қилич жангига ўтиб, шу даражада урушдиларки, бундай манзарани осмону фалак ҳали ҳеч кўрмаган ва эшитмаган эди. Қалъадаги эркак ва аёллар асир тушишни ор билиб, ўзларини ўлимга маҳкум этганликлари русларни жуда ҳайратлантирган.

1853 йил 28 июлда 22 кунлик жангдан кейин Оқмачит қалъаси тор-мор этилди. Бу ердаги 250 ҳимоячидан 74 киши тирик қолган, 35 таси ярадор ҳисобланган, ўлганларнинг орасида аёллар ҳам бўлган. Рус  аскарларидан 25 киши ҳалок бўлди ва 46 киши ярадор қилинди. Қалъадан 80 та аёл ва 25 та болалар асир олинди. Оқмачитнинг ўрнида «Форт Перовский» номи билан рус қалъаси барпо этилди. Оқмачитнинг қўлдан кетиши бутун Қўқон хонлигини ларзага солди. У ерга бир неча ма ротаба Қўқон қўшини ва кўнгиллилар юборилиб жанг қилинди. Бундай жангларнинг бирида, 1853 йилнинг 18 декабрида ватан ҳимоячиларидан икки минг киши ҳалок бўлган. Лекин ҳар бир уриниш мағлубият билан тугалланди.
1854 йилда Олма Отада Верний номида рус ҳарбий истеҳкоми қурилди ҳамда Или водийси қўлга киритилди. Бу ерда Заилийск бўлими ташкил этилди. 1856 йилда полковник Харментавский бошчилигидаги 1 рота, 1 юзлик ва 1 ракета станогли рус қўшинлари қозоқларни Катта Жузига тегишли тапай қабиласини буйсундирди. Шунингдек, 320 пиёда, 300 казак, 3 замбарак ва 2 та ракета станогидан ташкил топган генерал-майор граф фон Фитин қўмондонлигидаги қўшин Хўжа ҳарбий истеҳкомини босиб олди. 1857 йили эса бу генерал 200 пиёда, 300 казак ва 2 та замбарак билан Хива қўшинини мағлубиятга учратди ҳамда уларнинг тарафини олган бир гуруҳ қозоқларни жазолади.

Рус давлати томонидан бирин-кетин хонлик ерларни босиб олишга қарши Тошкентда катта куч тўпланди ва Илиорти томонга юборилди. Бу ерларда 1858 йилда 5000 кишилик Тошкент ва Қўқон ҳарбий кучлари билан подполковник Перемешмелский бошлиқ қўшин ўртасида жанг бўлиб ватан ҳимоячилари Чуй дарёси водийсига суриб ташланди.   1860 йилда 6 та рота, 600 та казак, 12 та оғир замбарак, 4 та ракета мосламасидан ташкил топган рус аскарлари Пишпак ва Тўқмоқ сингари Қўқон истеҳкомларига ҳужум қилиб, қўли баланд келди. Подполковник Перемешмелский Пишпекни эгаллаш учун 954 та снаряд ва 13 мингга яқин ўқ ишлатди. Ҳимоячилардан кўп кишилар ўлди ва ярадор бўлди. Шунингдек, Тўқмоқ қалъаси ҳам душман томонидан эгаллангач, бу ҳол бутун хонликни катта ташвишга солди. Ўзбек, қозоқ ва қирғизлар биргаликда Тошкент ҳокими бошчилигида Рус давлати тажовузига қарши бош кўтариб 1860 йил 21 октябрда Қоракўзтоғ  дарёси бўйидаги Узунёғочда босқинчилар билан тўқнашди. Бу ерда 20 минг кишилик ватан ҳимоячилари билан подполковник Калпаковский бошчилигидаги қўшин (3 рота, 2 юзлик, 6 замбарак ва 2 та ракета мосламаси) ўртасида Пишпек остонасида жангда душман ғалабага эришди. Рус қушини томонидан 2051 снаряд, 31879 та тўп отилди. Бу жангда ватан ҳимоячиларидан 1500 киши ўлдирилди ва кўпи яраланди. Душман аскарларидан 13 киши ўлдирилди ва 29 киши жароҳатланди. 574 ҳимоячи асирга олинди. Асирлар орасида, 82 савдогар, 92 та аёл ва болалар бор эди. Душман Пишпек ва Тўқмоқ истеҳкомларини ер билан яксон қилди.   Гарчан, ватан ҳимоячилари бирин-кетин мағлубиятга учраган бўлсаларда, лекин озодлик учун ҳеч нарсадан тоймадилар.

АВЛИЁОТА, ТУРКИСТОННИ ВА ЧИМКЕНТНИНГ БОСИБ ОЛИНИШИ

 1861 йилнинг 25 октябрида генерал-лейтенант Дебу бошчилигидаги рус қўшини хонликнинг Янгиқўрғон қалъасини вайрон қилиб ташлади. Кейинчалик 1862 йилда полковник Калпоковский 4 та рота, 2 юзлик ва 4 замбарак қўшин билан Марки номидаги Қўқон истеҳкомини эгаллади. Генерал-лейтенант Дебу  550 пиёда, 300 казак ва 10 замбарак билан Динқўрғон қалъасини босиб олди. 1863 йил 4 июнда полковник Черняев ўз қўл остидаги 87-Сибирь батальонининг 5- ротаси, ҳарбий Сибирь батальонининг 3 ва 5 ўқчи роталари, 9-ғарбий Сибирь казаклари артиллериясининг 1- взводи пиёда тоғ батарияси ва Сибирь казаклари полки билан Авлиёотани урушиб олди.

Ўша йили 18 июндан 1 июлгача подполковник Лерхни 2 та ротаси 1-2 юзлик, 2 та тоғ замбарак ва 1 ракета мосламаси билан Қорабура довонидан ошиб Қўқон аскарларини қириб ташлади ва қорақирғиз  қабилаларини бўйсундирди. 1864 йилнинг 12 июнида 412 рота, 10 замбарак, 6 мортира ва 2 ракета мосламаси билан полковник Веревский Туркистонга ҳужум қилди. Бу жангда маҳаллий халқ вакилларидан кўп кишилар ҳалок бўлди. Баъзи маълумотларга кўра, чор қўмондони агар шаҳар таслим бўлмаса, Аҳмад Яссавий мақбарасига тўп отилиши ва вайрон қилинишини  маълум қилган. Шундан кейингина ҳимоячилар урушни тўхтатишга мажбур булганлар.

Туркистонни Рус давлати томонидан эгалланиши Тошкент ва умуман Қўқон хонлиги учун катта хавф туғдирди. Қўлдан кетган жойларни қайтариб олиш ва Чор ҳукумати аскарларининг юришини тўхтатиш учун Қўқонда тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Чунончи, хонликнинг ҳамма жойларидаги қўшин тўпланиб, ҳарбий қуроллар билан таъминланди. Сунгра Қуқон хони Саидхон ва лашкарбоши Алимқул аскар- лар билан Тошкентга жунади. Бу ерда ҳам ҳарбий тайергарликка зур эътибор берилиб, Алимқул куп қушин билан Чимкентга йўл олади. Чунки бу вақтда Черняев бошчилигидаги рус отрядининг Авлиёотадан Чимкент томон йўлга чиққанлиги ҳақида хабар олинган эди. Шундан кейин қўшинлар ва аскарлар тонг отар пайтида йўлга отланиб, ҳар бир маҳалла олдида халқдан «дуои фотиҳа» олиб шаҳардан чиқиб кетган. Буларни халқ яхши ният ва йиғи-сиғи билан кузатиб қолган.

Хон қўшинларидан ҳар бир шаҳарнинг аскари алоҳида қисмни ташкил этиб ўз бошлиғига эга бўлган. Масалан, тошкентликларга Мирза Давлат, қипчоқларга Мингбой, марғилонликларга Юсупбой, хўжандликларга Мирзааҳмад қушбеги бошчилик қилган. Шунга ўхшаш андижонликлар, наманганликлар, ўшликлар ва бошқа жойларнинг ҳарбий қисмлари мавжуд бўлган. Шунингдек, эшони Калон хўжа, Мўминхўжа Судур, Мирбобо понсодбоши ва Авазмуҳаммадий сингари саркардалар ҳам қўшинга раҳбарлик қилганлар. Қўшинга шахсан Алимқулнинг ўзи бошчилик қилган.

Чимкентдаги жангни қипчоқлар бошлаб кейин тошкентликлар ва бошқа шаҳар отрядлари давом эттирганлар. Даставвал бир кеча-кундуз давомида иккала томон ўртасида тўплардан отишув бўлган.

«Сўнгра тўрт томондан, — деб ёзади Солиҳ Тошкандий, — аскарлар отдан тушди ва тўрт томондан карнайлар чалиниб, рус қўшинларига қарши ҳужумга ўтилди. Ўша онда ҳозир бўлган кишиларни сўзича хон қўшинлари 2—3 минг қадамгача тўхтовсиз олға қараб чоптилар. Икки ўртада бир ярим минг қадамча масофа қолганда рус аскарлари томонидан бирданига тўп ва милтиқлардан ёмғирдек ўқ бўрон қилдиларки, майдонда бирданига 12 минг киши ўлдирилди, уларнинг оҳ, нола ва  фарёдлари осмонга таралди. Ҳатто бу фожеали манзарадан русларни ўзлари ҳам ҳайратда қолиб бармоқларини тишлаб баланд овоз билан бақирдиларки:»Эй мусулмонлар, биз урушни тўхгатдик, ўлук ва ярадорларни майдондан олинглар, дедилар».

Шундан кейин Қўқон лашкарбошиси Алимқул ҳузурига Н. А. Северцев номли рус элчиси келиб сулҳ тузишни таклиф этади. Бу таклиф хон томонидан сардор ва амалдорлар муҳокамасига қўйилиб фикр алмашув ўтказилди. Айрим амалдорлар сулҳ тузишни қувватлаган бўлсада, бошқа бир гуруҳ кишилар, шу жумладан Тошкент амалдорлари унга қарши чиқиб, сулҳ тузиш алдашлик нуқтаи назаридан таклиф этилаётганлигини уқтириб ўтдилар. Пировардида рус отрядларини Туркистонга қайтиб кетиши ҳақида рус элчиси билан келишилди. Шунга биноан рус қўшинлари Туркистонга йўл олди. Бу шундан гувоҳлик берадики, рус қўшинлари Чимкентни эгаллашга қурбилари етмай орқага қайтишга мажбур бўлган. Лекин рус қўшинлари йўлда Туркистондан қўшимча кучнинг келиб қўшилиши натижасида Черняев бошчилигида Чимкентга қайта ҳужум қилдилар. Бу жойнинг қалъасининг ташқарисида жойлашган  Жанан  қабристонини бир томонида қаттиқ жанг бўлиб Қўқон қўшинлари ғалаба қозонди. Рус қўшинлари эса Туркистонга қайтиб кетдилар.

Шундан кейин Алимқул Авлиёота мудофаасини уддалай олмаган ва уни рус қўшинларига бериб қўйиб, Чимкентга қочиб келган ҳоким Ниёзали понсадбошининг оёқ-қўлларини боғлаб тўп оғзига қўйиб оттирди. Худди шу хилда Дуғлат қабиласининг бошлиқларидан бири рус қўшинларига жосус сифатида хизмат қилган Бойзоқбой номли киши ҳам жазоланди. Лашкарбоши Алимқул Чимкент мудофаасини мустаҳкамлаш ва чор ҳукуматига қарши урушни давом эттириш тадбирларини кўраётганда Бухоро хонининг Қўқонга қарши отланганлиги ҳақида хабар олди. Шу муносабат билан Алимқул Чимкентда қўшиннинг бир қисмини қолдириб Қўқонга жўнади. Бу ҳолат Чимкентда рус аскарларига қарши ҳаракатга салбий таъсир кўрсатди. Буни яхши англаган Черняев отряди полковник Лерх бошчилигида қўшин билан биргаликда Чимкентга ҳужум қилиб, 1864 йилнинг 21 сентябрида уни эгаллади. Бу ерда рус қўшинлари томонидан кўп одамлар ўлдирилди. Қўқон қўшинларининг бир қисми Тошкентга қочиб кетди. Генерал Черняев Россия тарафдорларидан бири Сиддиқ Назарни  Чимкент мингбошиси қилиб тайинлади..

ТОШКЕНТНИНГ УРУШИБ ОЛИНИШИ

Генерал Черняев бу шаҳарни эгаллаш учун тайёргарлик ишларини кўриб озиқ-овқат, қурол-аслаҳа ва бошқа нарсаларни Тошкентга олиб боришни уюштириш вазифасини Алимқули томонидан ўлдирилган Бойқозоқбойнинг ўғли Оқмуллага топширди. Қўқон қўшинлари артиллерияси ҳам анча яхши уюштирилган бўлиб, унинг тўпларини узоққа огилиши ва нишонга тегиши мақтовга сазовор бўлган. Шунинг учун ҳам генерал Черняев қандай бўлмасин, тезроқ Қўқон хонлигига зарба берилмаса, кейин енгиш оғирлашишини рус ҳукуматининг тегишли вакилларига маълум қилди. Генерал Черняев Чимкентда тайёргарлик кўриб, 1864 йилнинг сентябрида Тошкентни эгаллаш мақсадида йўлга чиқди. Бу вақтда Тошкент мудофааси меҳнаткаш омманинг умумий ҳаракатига айланиб, шаҳар атрофидаги деворларда аскарлар ва халқ кўнгиллари жойлашган эди. Шаҳар аҳолиси она юртини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи ҳисоблаб, мудофаачиларга тинмай ғамхўрлик қилганлар. «Шаҳар ғариблари, фуқаролари ва қариялари, — деб гувоҳлик беради Солиҳ Тошкандий — ибодату номоздан кўра қўлидан келганича ёрдам бериш афзалроқ ва савоб, деб аскарларга, ғозиларга сув, озиқ-овқат ташиб турдилар».

Рус аскарлари 1864 йил 1 октябрида Юнусобод томонидан шаҳарга яқинлашиб уни тўплардан ўққа тутди. Рус аскарларидан бир гуруҳи шаҳар қалъасининг атрофида қазилган зовурлар ичига тушиб олдилар. Буларга қўшилиш учун бир гуруҳ рус аскарлари чопиб келаётганда уларга қарши тўп отилади. Натижада, душман отрядлари орқага чекинди. Шундан кейин шаҳар мудофаачиларидан бир қисми зовурдаги душман устига шиддатли ҳужум қилиб, рус аскарларидан 72 кишини ўлдирдилар. Шу равишда тошкентликлар ғалаба қозондилар. Генерал Черняев урушни тўхтатишга ва Чимкентга қайтишга мажбур бўлган.

Шундан кейин Алимқул қўшин билан Тошкентга келиб, бўлажак урушга тайергарлик ишларини амалга ошириб, сўнгра Қўқонга қайтади. Хон кўрсатмасига кўра, Тошкент хокими номидан Ҳофизкўҳаки маҳаллалик Муҳаммад Саид номли савдогарни тинчлик сулҳи тузиш мақсадида элчи сифатида генерал Черняев ҳузурига юборилди. Бироқ генерал Черняев сулҳ тузишдан бош тортади ва элчи Тошкентга қайтиб келади. Бу ерда элчи генерал Черняев Бухоро хони Музаффархон билан гўё иттифоқ тузилганлиги ҳақида гапириб шаҳардаги айрим кишиларни ваҳимага солиб қуйган.

Тошкентда урушга тайёргарлик кундалик ҳаётнинг биринчи вазифаси ҳисобланган. Бу ерда лашкарбоши Алимқул бошчилигида Туркистонни рус қўшинларидан озод қилиш учун тайёргарлик кўрилгандан сўнг  аскарлар Шайхонтоҳурдан ўтиб Сағбон кўчаси орқали Сағбон дарвозасидан «Сароғоч» йўлига чиқдилар. Бу юриш 1864 йил ноябрь ойи охирида юз бериб, ҳаво жуда совуқ ва қор ёғиб турган пайт эди. Аскарлар Туркистонга яқин жойга ўрнашган ва Россия тобелигига ўтган  Иқон деган қишлоқда рус отрядини тор-мор этдилар. Бу ердаги халқнинг русларга бўйсунганлиги учун Алимқул буйруғига биноан мол- мулки билан Тошкент томонга ҳайдаб олиб кетилди. Алимқул гарчанд ғалаба қозонган бқлса ҳам, Туркистонга қараб юрмай, Иқондан Тошкентга қайтишга мажбур бўлади. Бунга хонликдаги ички зиддият ва қўшимча ҳарбий кучларни тўплаш сабаб бўлган, албатта. Алимқул Тошкентга келган пайтда Черняев томонидан юборилган жосус ушланади. Бу жосус тошкентнинг амалдорларидан бири Абдураҳмонбек Шодмонбековнинг Черняев номига ёзилган хати билан қўлга тушган. Бинобарин, Черняев маълум кишилар орқали Тошкент ҳақида зарур маълумотларни олиб турган. Абдураҳмонбек Тошкентдан қочишга улгуриб, Чимкентга Черняев ҳузурига боради.

Бу вақтда генерал Черняев Тошкентга қайта ҳужум қилиш тадбирларини тамомлаб, 1865 йил 28 апрелда Чирчиқ ёнидаги Ниёзбек қалъасини жанг билан эгаллади. Юқорида қайд қилинган Абдураҳмонбекнинг маслаҳати бўйича, шаҳарни сув билан таъминлайдиган Кайковус  ариғи тўғонини бузиб уни Чирчиқ дарёсига буриб юборишади. Бундан мақсад шаҳарни сувдан маҳрум этиб, уни таслим этиш эди. Бироқ   шаҳар халқи мудофаани мустаҳкамлаб жангга тайёр турди. 1865 йилнинг май ойида Қўқон хони Султон Саид лашкарбоши Алимқул билан Тошкентга етиб келди. Бу ҳолат тошкентликларни руҳини кўтариб юборган. Бу тўғрида Солиҳ Тошкандий шундай ёзган: «Тошкент ҳокимлари, амалдор, сардор, уламо, фуқаро, шайхлар, ғариблар, гадолар, эркак-хотинлар аралаш шодликларидан (қўқонликларни — Х.З.) истиқболларига чиқиб, кутиб олдилар».

Алимқул шаҳар саройида йиғин ўтказиб, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва қўшин бошлиқларига қарата нутқ сўзлади. Бу йиғинда қатнашган Алимқул  катта- кичик, бой-камбағал фуқародан ёрдам сўраб бу тўғрида Тошкент аҳлининг фуқароларини кўрсатган ғайрат, шижоат ва қаҳрамонликларини айтиб, уларга ўз миннатдорчилигини ва хурсандчилигини изҳор қилиб бир томчи қони қолгунча душманга қарши курашишга даъват этди. Алимқул Бухоро амир Музаффархонни қоралаб рус қўшинларига қарши кураш ишига катта путур етказаётганлигини ҳам гапирган.

Тошкентда хонликнинг Андижон, Қўқон, Наманган, Марғилон ва бошқа жойларидан келган қўшинлар Алимқул бошчилигида шаҳар мудофаа линиясини эгалладилар. Сиддиқ Тўра бошлиқ Қўқон қўшинининг разведка бўлими душманнинг отлиқ ва пиёда отряди бир тўп билан Шўратепадан чиқиб, Олтин тепа  орқали Салор суви бўйлаб келаётганлиги ҳақида Алимқулга хабар келтирган. Шундан кейин Алимқул ўз қўшинларини маълум қисми билан кўрсатилган томонга жўнади. Душман қўшинлари Салор сувидан ўтиб Қўқон қўшинларига қарата тўплардан ўқ уздилар, натижада икки томон ўртасида қаттиқ жанг бошланиб қўқонликлар ҳужумга ўтдилар. Бунда Алимқулнинг шахсан ўзи қатнашиб жангга раҳбарлик қилган.

Рус отряди ҳужумга бардош бера олмай, Шўртепага чекинишган. Бу ғалаба шаҳарда катга шод-хуррамлик билан қарши олиниб карнай-сурнай садолари янграган. «Шаҳар халқи етти ёшдан етмиш ёшгача эркак-хотин, ёш-қари хизмат камарини белларига боғлаб пишган таомларни бошларига кўтариб, қатиқ, сут, шарбат, иссиқ нонлар, ширин меваларни саватга солиб аскарлар турган жойларга олиб келиб илтижо, тавалло ва дилдорлик қилишиб кўзларидан ҳасрат ёшларини оқизиб,  кўз ёшлари суви билан аскарларни юзларидаги чанг- ғуборларни ювиб артиб, кўзгудай тозалаб овқатларини еб битиришларини илтижо қилдилар». Бу халқнинг ватанпарварлик ҳаракатларини жуда жонли ва ёрқин намунасини акс эттиради. Лашкарбоши Алимқул ҳокимият вакиллари ва ҳарбий бошлиқларни тўплаб урушни қандай давом эттириш масаласини ўртага ташлайдилар. Шунда тошкентликлар рус қўшинлари устидан қозонилган ғалаба ҳужумга ўтишга даъват эканини айтадилар ва ака-ука Сиддиқ Тўра билан Арслон Тўра бошчилигида аскарларни Чимкентни босиб олингандан сўнг, бу ердан аскарларнинг бир қисмини Туркистон ва Оқмачитни, иккинчи қисмини эса Авлиёота, Тўқмоқ ва Ғулжагача булган жойларни руслардан қайтариб олишга жўнатилиши лозимлигини гапирдилар. Аммо, Қўқон амалдорларидан Отабек номли киши Алимқулга пичирлаб: «Агарда тошкентликлар рус қўшинларини тор- мор қилиб, кўрсатилган жойларни олса, у вақтда улар мустақилликни истаб Қўқонга бўйсунмай қолиши мумкин» деган. Шу нуқтаи назардан Отабек тошкентликлар таклифини рад қилишни Алимқулга маслаҳат қилган. Алимқул бу маслаҳатга кўниб мудофаа билан чегараланиб туришни буюрди.

——————

Хуршид Даврон изоҳи: Шу ўринда муаллифнинг тошкентлик тарихчи Солиҳ Тошкандий ахбаротига таяниб, уни таҳлил этмасдан баён этаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Зеро, тошкентликлар маслаҳати  мутлақо асоссиз, дастлабки ғалабадан  маст бўлиш ва ҳавойи гаплар эди.  Ўша пайтда Чимкент руслар томонидан аллақачон қаттиқ мустаҳкамланган ва шаҳарда  кучли қўшин ҳозир эди.  Туркистон, Оқмачит,Авлиёота, Тўқмоқ ва Ғулжага ҳарбий сафар уюштириш ҳақидаги иддаолар ҳам заррача  ўйланмаган гап эди, ҳарбий тайёргарлигу ҳарбий заҳиранинг заифлиги туфайли иложсиз бир тадбир эди. Қолаверса, Алимқул ёнидаги Отабекнинг гапига кириб (Отабек пичирлаган бўлса, сен — чўпчакбоз,, қаердан биласан нима деганини деб  айтадиган одам йўқ!)иш тутгани ҳам бир латифа гапдан бошқа нарса эмас, аслида тажрибали амирлашкар тошкентликларнинг  маслаҳати  ҳавойи гап эканини яхши англар эди. Тошкент жангининг кейинги тафсилотлари бу фикрни тасдиқлайди.

——————

Шўртепа томонда ҳар икки томон уруш линиясини эгаллаб даставвал тўплардан отишув бошлаган. Сўнгра Қўқон қўшинлари ҳужумга ўтиб Алимқул уруш майдонида жангчиларни руҳлантирган ва урушга жалб қилган. Алимқул ва сардор Абдуллабек душман қўшинлари билан юзма-юз келиб, уларни қиличдан ўтказган. Аммо душман ўқи Алимқулни чап биқинидан кириб қорнини тешиб, киндиги устидан чиқиб кетади.  У от устидан ерга йиқилиш олдидан от бўйнидан маҳкам ушлаб тўп турган жойга борди. Сўнгра Алимқул Тошкент фуқароларини аста-секин орқага қайтиб, ўзларини шаҳар ичига олишлари ва бошқа жангчиларни урушни давом эттиришлари ҳақида фармон берган.

07Икки томон ўртасида тўплардан яна отишув бошлангандан кейин хон аскарлари ҳужумга ўтиб, сўнгра аста- секин рус аскарлари ҳамласи остида Салор бўйига чекиндилар. Натижада, биринчи галда себзорлик жангчилар Ҳакимхўжа Калон бошчилигида қочишни бошлайди. Уларни кетидан қипчоқлар, қирғизлар ва андижонликлар қўлга тушган нарсаларни олиб Фарғона  томонга қочдилар. Бошқа кишилар ҳам шаҳар ичига қочиб кира бошладилар. Лашкарбоши Алимқулнинг ярадор бўлиши аскарларнинг, халқ оламонининг руҳини тушириб, пировардида уларнинг чекинишига сабаб бўлган омиллардан бири бўлди. У оғир аҳволда шаҳар ичига келтирилди ва бу ерда ўлди. У катта иззат- икром билан ва чуқур қайғу билан Шайҳонтоҳур қабристонига дафн этилди. Чекинишдаги уюшқоқсизлик ва ҳарбий бошлиқларнинг ваҳимага тушиши шаҳар мудофаасига салбий таъсир кўрсатади, албатта. Кунлар ўтиши билан Тошкент ҳимоячиларининг руҳсизланиши кучайияди, қўқонликлар тўда-тўда бўлиб, ўз ватанига қайтишга ҳаракат қилганлар. Ҳатго Алимқул билан биргаликда рус қўшинларига қарши курашда фаол қатнашган Қўқон хони Султон Саид бир гуруҳ амалдорлари билан шаҳарни ташлаб кетмоқчи бўлган. Бироқ Тошкент амалдорларининг сиқуви остида ўз фикридан қайтган. Шундан кейин амалдорлар ва ҳарбий бошлиқлар ўзаро келишиб душманга қарши тадбирларни белгилаш бўйича кенгаш ўгказдилар. Бунда бир гуруҳ кишилар Қўқонга қочиб кетган аскарларни орқага қайтиб келишларини сўраб, у ерга элчи юборилишини айтдилар. Бошқа бир гуруҳ кишилар Бухоро амири  ҳузурига элчи юбориб ёрдам сўраш  ҳақидаги фикрларини изҳор қилдилар. Маслаҳатчилар орасида ҳатто Хоразмга ёрдам сўраб мурожаат қилиш зарурлигини баён этган кишилар ҳам бўлди.
 

Қўқонга қочиб кетганларни қайтариш вазифаси юклатилган амалдорлар ва Бухорога  эса  рус отрядларига қарши биргаликда кураш ҳақидаги хат билан элчилар жўнатилди. Қўқонга юборилган амалдор йўлда Тошкентдан қочиб бораётганда қўқонликларни орқасидан етиб бориб уларга хатни топширади. Бироқ, қўқонликлар Тошкентга қайтиш ўрнига, аксинча Султон Саидхонни Қўқонга олиб кетиш ва тахтни бегоналарга ўтиб кетишига йўл қўймаслик зарурлигини баён этадилар. Бухоро амири ҳам Тошкентга ёрдам беришдан бош тортиб, аввало Султон Саидхонни Бухорога келиши зарурлиги ҳақида жавоб хатни юборди. Бу билан амир Султон Саидхон Бухорога бўйсунган тақдирдагина ёрдам берилишини маълум қилган эди. Бухорога келган жавоб хатини амалдор ва ҳарбий бошлиқлар муҳокамасига қўйганда айрим қўқонлик амалдорлар амир таклифини қабул қилиш кераклигини айтдилар.

Бу муҳокамада Солиҳ Тошкандий ҳам қатнашиб  юқоридаги масала бўйича ўз фикрини билдирган. У Султон Саидхонни Бухорога кетишига қарши чиқиб, ҳар бир ҳукмдор ўз бурчини бажармаса, у вақтда фуқаролар душман қўлига асир бўлиб қолиши мумкинлигини баён этган. Бу фикрга бошқа кишилар ҳам қўшилиб, «биз ёрдам сўраб ҳар томонга мурожаат қилдик. Эндиликда ёрдамни хоҳ берсинлар, хоҳ бермасинлар, бари бир урушни давом эттирамиз» деб аҳд қилдилар. Тошкентликлар Султон Саидхонга шундай дедиларким «шаҳар халқи бутун уруш ҳаракатларини ўз зиммасига олиб нимайки зарур бўлса, ҳаммасини етказиб берадилар». Кўриниб турибдики, тошкентликлар қандай бўлмасин, шаҳарни душмандан ҳимоя қилишга қаттиқ бел боғлаган эдилар. Уларнинг бошқа чораси ҳам қолмаган эди.

Кунларнинг бирида рус қўшинлари шаҳар қалъасини тўпга тутиб ҳужум қила бошлаган вақтда уларга қарши усталик билан тўплардан шундай жавоб ўқи отилдики, натижада душман орқага чекинишга мажбур бўлган. Шундан сўнг Султон Саидхонни Бухорога бориши ҳақидаги масала яна кўтарилиб, пировардида уни жўнатиш ва Бухородан ёрдам олишга қарор қилинди. Афтидан Султон Саидхонни ўзи ҳам Бухорога бориш истагида бўлган. Шунинг учун у 500 кишилик аскар ва бир тўп билан шаҳардан чиқиб кетди. Шундай қилиб, Қўқон амалдорлари ва аскарлари урушни охиригача етказмасдан шаҳар мудофаасини ўз хоҳишларига ташлаб кетган эдилар. Шунга қарамай шаҳар аҳолиси душманга қарши курашни давом эттирди. 1865 йил 14 июнида рус аскарлари эрта саҳарда шаҳар қалъасини тўплардан ўққа тутди. Натижада улар Камалон дарвозаси орқали шаҳар ичига ёриб кириб, мудофаачиларнинг қўрлари билан тўқнашдилар. Бундай тўқнашувлар Шайхонтоҳур, Бешёғоч, Қашқар маҳаллаларида ва бошқа жойларда бўлган эди. Ҳатто, айрим жойларда душманга қарши турли хил тўсиқлар ҳам қурилди. Масалан, Анҳор кўпригининг ғарб томони аравалар билан тўсилиб мустаҳкамланди. Айни бир вақтда Анҳор ёнидаги дўконлар ичига мудофаачилар кириб олиб деворлар тешигидан душманга ўқ уздилар. Бир ярим соатлик оғир жангдан сўнг рус аскарлари чекиниб, Шайх Шибли ариғи орқали қалъа деворининг шимол томонига ўрнашди. Улар чекинаётганида Ўрдадаги дўконларга ўт қўйиб қочганлар. Чуқур кўприкда ҳамма кўчаларни ҳам оғзи бекитилиб рус отрядига қарши кучлар қўйилган. Айрим рус отрядлари мачитлар ичига кириб олиб урушганлар. Бироқ улар ўраб олиниб тор-мор этилган. Шайх Шибли ариғи орқали чекинган рус отряди яна Ўрдага бостириб киришга ҳаракат қилди. Буларга қарши Қиёт маҳалласининг аҳолиси Абдураҳим ясовулбоши бошчилигида деворларнинг орқасига ва пастқам жойларга ўрнашиб мудофаа истеҳкомини эгалладилар. Мудофаачилар орасида Мирюсуп боғбон ўғли, Умархон Тўрахон ўғли, Мирсодиқ Миршоди ўғли, Нормуҳаммад ва Мулламир сингари мерганлар, Муллажон Мусомуҳаммад Али бобо подачи  ўғли ва бошқа мард йигитлар бор эди. Халқ кўнгиллилари шаҳар мудофаасининг асосий кучини ташкил этган эди. Абдураҳмон ясовулбоши бошчилигидаги кўнгиллилар отряди ёмғир ёғишига қарамай, кун бўйи душман ҳужумини қайтариб турдилар. Охири рус отряди шаҳар четига чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бундан кейин ҳам Қиёт маҳалласининг кўнгиллилари Анҳорга қайта келган рус отряди билан қаттиқ жанг қилган. Бу вақтда шаҳар аҳолисининг аҳволи оғирлашиб сувсизлик ва ташналикдан азоб чекмоқда эди. Тошкентликлар аҳвол оғирлигига қарамай, шаҳарни қўлдан бермасликка қатгиқ ҳаракат қилдилар. Бироқ рус отряди айрим хоин кишилар орқали шаҳардаги ўқ-дори омборини топиб уни портлатишга муваффақ бўлдилар. Бу шаҳар мудофаа тақдирини ҳал қилган омиллардан бири ҳисобланади. Сувсизлик, йуқчилик ва ўқ-дорилар етишмаслиги пировардида шаҳар халқининг тинкасини қуритди. Натижада 1865 йил 17 июнда тошкентликлар душман ҳужумига бардош бера олмай, таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Генерал Черняев Шайҳонтоҳур, Бешёғоч ва бошқа аҳоли гавжум яшайдиган жойларга тўпларни ўрнатиб дарҳол тинчлик сулҳи тузилмаса, шаҳарни ёндириб ва бузиб ташлаш ҳақида эълон тарқатди. Шундан кейин генерал Черняев Ҳакимхўжа қозикалон, Абулқосимжон эшон, Домулла Солиҳбек, Охун дадҳо ва бошқа шаҳар катталари билан махсус мажлис ўтказди. Бунда савдогарлар ва сардорлар ҳам қатнашган эди. Музокара натижасида тинчлик сулҳи тузилиб ҳар икки томон аҳдномага имзо чекди. Аҳднома шаҳар халқининг ўз динида ва барча ишлар шариат асосида олиб борилиши кўрсатилган. Закот ва хирожлар ҳам шариат бўйича олиниши лозим эди. Шунингдек, ҳовли, боғ ва майдонлар аввалгидек ўз эгалари қўлида қолдирилди. Аҳолидан йиллик солиқ олиниши таъқиқланди. Чакалак, ўтлоқ ва қамишзорлардан солиқларни мутлақо олмаслик аҳдномада кўрсатилган эди. Шунингдек, ерли халқдан рус қўшинига одамларни жалб қилмасликка келишилди. Аҳдномага ҳар бир тўрт даҳанинг муҳри босилди. Сўнгра генерал Черняев шаҳар катгаларига духоба ва зар ёқали чакмонлар кийдирди. Шу равишда Тошкентнинг рус давлатига таслим бўлиши ҳақидаги ҳужжат расмий равишда қабул қилинди. Аҳднома тузилгандан кейин генерал Черняев шаҳар катталарини ўз томонига жалб этиш ва уларга таяниш мақсадида Ҳакимхўжа қозикалон уйига бориб унга қимматли совғалар ва олтин медаль берди. Сўнгра генерал Черняев Регистон растасига бориб камбағал ва гадолар орасига тангалар сочди. Урушда яраланган кишиларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Шаҳар мудофаасида қатнашган кишиларни жазоламай,  қўйиб юборилди. Черняев мадрасаларга бориб ўқишларни давом эттиришни таклиф этди. Уруш вақтида бузилган уй-ҳовлиларни ва дўконларни тиклаш учун генерал Черняев томонидан маблағ ажратилди.

Шубҳасиз, бу тадбирларни  Черняев ўз таъсирини ўрнатиш мақсадида  амалга оширган. Шуни айтиб ўтиш лозимки, генерал Черняев юқори раҳбар доиралари рухсатисиз, ўзбошимчалик билан Тошкентга юриш қилиб, уни эгаллаган эди. Бу ғалаба Петербургда зўр мамнуниятлик билан қабул қилинган бўлса-да, лекин давлат ишларида қилинган ўзбошимчалик айрим йирик ҳукумат вакиллари норозилигининг келиб чиқишига сабаб бўлган. Бунинг устига Тошкентнинг босиб олиниши халқаро матбуотда катта шовқин-сурон кўтарилишига олиб келган.

Шунинг учун ҳам генерал Черняев ўз ҳаракатини оқлаш мақсадида гўё Тошкент ихтиёрий равишда рус қўшинларига бўйсунганлиги ҳақида ҳужжат уюштиришга киришди. У шаҳар катталарини тўплаб аҳоли номидан қуйидаги мазмунда хат тайёрлашни буюрди: «Неча замонлар ва йиллардан бери Туркистонда Фарғона хонлари ҳукмронлик қилиб фуқароларга кўп жабр-зулм ўтказган… Улар закот хирожларни шариат асосида олмасдан ортиқча олганлар ва ҳеч қачон марҳамат қилмаганлар.

Қадимги урф-одат, таомилдан воз кечиб, кўп йиллар мансаб учун катта кишиларни ўлдириб фитначи ва иғвогарлар сўзига амал қилганлар. Ўртада ноҳақ қонлар тўкилиб, улар шариатга ва уламолар сўзларига амал қилишдан бош тортдилар. Фарғона ва Туркистон заминида кўп вақтлар ва кўпинча қипчоқ, қозоқ ва қирғиз авбошлари ва бебошлари ҳукмронлик қилиб келдилар. Шунинг учун фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун тамоми ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик».

Кўриниб турибдики, тошкентликлар бўлиб ўтган ҳамма жанг ва воқеаларни инкор қилиб ихтиёрий равишда рус аскарларига бўйсунганликларини тан олишлари лозим эди.

Кўрсатилган хатнинг мазмуни баён этилгандан кейин шаҳар катталари ҳайрон бўлиб турган пайтда домла Солиҳбек охун додҳо шундай жавоб қилган: «Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмачитгача ва бу ердан Ғулжагача бўлган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сувсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12 числосигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди. Мулла Алимқул лашкарбоши шаҳид бўлгандан кейин сардорсиз қолди. Бухоро, Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар. Тошкент фуқароси ватанлари ва дин учун қаттиқ туриб, уруш-талашни давом эттириб сешанба куни ярим кеча ўтгандан кейин саҳарга яқин рус аскарлари Хиёбон дарвозаси ва қалъанинг девори устидан фуқаро уйқудалиги чоқда кирди. Шундан кейин яна урушга киришиб пайшанба кунигача кечаю-кундуз урушиб турдилар. Бу ўртада кўп иморатлар, дўконлар ва уй-жойларга ўт тушиб оч, ташна, сувсиз яккама-якка урушиб бўлиб охирида ярашиш сулҳи тузилди».

Бу ҳақиқий аҳволни акс эттирувчи жавоб генерал Черняевни ғазабга келтирди. У домла мулла Солиҳ охун додҳо сўзига қўшилувчи кишиларни бир тарафга ўтишларини буюрди. Шундан кейин шаҳар катталаридан олти киши жумладан, Ҳалимбой, Бердибой, Азимбой, Фозилбачча, Мулла Мирзаъалам охун, Мулла Музаффархўжа ва Мулла Файзилар домла Солиҳбек охун додҳонинг сўзини қувватлаб кўрсатилган томонга ўтдилар. Бу кишилар ва Солиҳбек охун додҳо дарҳол рус аскарлари томонидан ўраб олиниб қамоққа жунатилди. Бу ҳолат тўпланган шаҳар катталарига таъсир этган бўлса керак, улар генерал Черняевнинг айтган аҳдномасини у кўрсатган мазмунда тайёрлаб беришни зиммаларига олдилар. Чунончи, Ҳакимхўжа қозикалон аҳдномани безаш ва тузишни Абдусаттор Қорабоши ўғлига топширди. Аҳднома тайёрланганидан сўнг унга шаҳар катталари ва савдогарлари қўл қўйиб ва муҳр босиб генерал Черняевга топширилди. Генерал Черняев Солиҳ охун додҳо ва унинг хамроҳларини Томскга сургун қилди.

Генерал Черняев аҳдномани Абдусаид ва Ҳодихўжа номли савдогарларнинг қўлига бериб, Петербургга, подшоҳга олиб бориб беришни буюрган. Рус ҳукумати бу аҳдномани босқинчилик сиёсатини бўяш ва халқаро матбуотда шовқин-суронни бартараф қилиш мақсадида чет мамлакатларга тарқатади. Жумладан, Туркиядаги рус элчихонаси аҳднома нусхаларини кўпайтириб Истанбулдаги кўчаларга, бозорларга, дўконларга умуман кўзга ташланадиган жойларга ёпиштириб қўйилди. Шундай қилиб, генерал Черняев Тошкентга бостириб киргандан сўнг икки аҳдномани, яъни сулҳ шартлари ва ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатувчи ҳамда мустамлакачилик сиёсатига хос бўлган қалбаки ҳужжат тузишга эришди.

Генерал Черняев Тошкентда юқори табақа вакилларининг ихтиёридаги қулларни бўшатиш ҳақида фармон чиқарди. Натижада, бир вақтлар уруш пайтларида асирликка олинган ёки кўчманчилар томонидан келтириб сотилган турли миллатдаги унчалик кўп бўлмаган қуллар озод қилинди. Генерал Черняев маҳаллий яҳудийларни камситишга қаратилган айрим одатларни бекор қилди. Жумладан, яҳудийларнинг белларини ип билан боғлаб юриши ва белгиланган хилдаги телпакни кийишлари тўғрисидаги талаб бекор қилинди.
1866 йил август ойида Рус императорининг Тошкентни Рус давлати  тобелигига олганлиги ҳақидаги расмий фармонни эълон қилинди. 1867 йилда эса Сирдарё ва Семиреченск (Еттисув) областларини ўз ичига олган Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб, бу мансабга генерал К. П. Кауфман тайинланди. Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази бўлиб қолди.

Шу равишда Тошкент Рус давлати территориясини бир қисмига ва Чор ҳукуматининг Ўрта Осиёда тўлиқ ҳукмронлигини ўрнатилишида муҳим таянчга айлантирилди.

033

 Ko’rsatilgan xatning mazmuni bayon etilgandan keyin shahar kattalari hayron bo’lib turgan paytda domla Solihbek oxun dodho shunday javob qilgan: «Bizlar voqea va hodisalarni bekitmasdan ma’lum qilamizki, Toshkentdan Oqmachitgacha va bu yerdan G’uljagacha bo’lgan shahar va qal’alar Toshkentga qarar edi. Bu joylarni rus askarlari urush va talash bilan qo’llariga kirgizdilar. Urush to’satdan, muhlatsiz va suvsiz olib borildi. Toshkent shahri zulhijja oyining yarmidan boshlab safar oyining 12 chislosigacha, ya’ni 42 kun davomida suvsiz, oziq-ovqatsiz qoldirildi. Mulla Alimqul lashkarboshi shahid bo’lgandan keyin sardorsiz qoldi. Buxoro, Xorazm va farg’onaliklar yordam bermadilar. Toshkent fuqarosi vatanlari va din uchun qattiq turib, urush-talashni davom ettirib seshanba kuni yarim kecha o’tgandan keyin saharga yaqin rus askarlari Xiyobon darvozasi va qal’aning devori ustidan fuqaro uyqudaligi choqda kirdi. Shundan keyin yana urushga kirishib payshanba kunigacha kechayu-kunduz urushib turdilar. Bu o’rtada ko’p imoratlar, do’konlar va uy-joylarga o’t tushib och, tashna, suvsiz yakkama-yakka urushib bo’lib oxirida yarashish sulhi tuzildi». Bu haqiqiy ahvolni aks ettiruvchi javob general Chernyaevni g’azabga keltirdi.
>

044
Hamid ZIYOEV
OQMASJIDDAGI JANGDAN
TOSHKENTNING URUSHIB OLINISHIGACHA

«O’zbekiston mustaqilligi uchun kurashlarning tarixi» kitobidan
034

OQMACHITDAGI JANG

XIX asrning 40-yillarida rus imperiyasi tomonidan o’zbek xonliklariga qarshi yurish boshlab yuborildi. Bu vaqtlarda qozoq xalqining sodiq farzandi Sulton Kenisar boshchiligida chorizm hukmronligiga qarshi harakat kuchaydi. 1843 yilda harbiy kuchlar bu qo’zg’olonni bostirish uchun yuborildi. Natijada, vatan himoyachisi Sulton Kenisar qo’lga olindi va o’ldirildi. Shu ravishda chor hukumati o’zbek xonliklari tomonga yurishda yo’lda uchraydigan barcha to’siqlarni bartaraf qilib bordi va ayni bir paytda harbiy istehkomlarni qurdi. Masalan, 1845 yilda Turg’ay daryosi bo’yidagi Orenburg istehkomi qayta qurildi, Mangishloq yarim orolida esa Novopetrovsk (keyinchalik Aleksandrovsk) istehkomi barpo qilindi. 1848 yilda esa Sirdaryoning Orolga quyilish joyida Raim (Kazalinsk) harbiy istehkomi bunyod etildi. Bu ishni general Obruchev qo’mondonligidagi 4 rota, 3 yuzlik va 4 zambarakli askarlar amalga oshirdi. O’sha yili 23 avgustda polkovnik Yerafeev boshchiligidagi 2 zambarak bilan qurollangan 200 rus qushini Xiva askarlarini mag’lubiyatga uchratib Xonxo’ja qal’asini bosib oldi. Shundan keyin «Nikolay» va «Konstantin» kemalaridan iborat Orol flotiliyasi yuzaga keltirildi. Keyin 1848 yilda Xiva xonligiga qarashli Xo’ja Niyoz qal’asi rus qo’shini tomonidan egallandi va ostin-ustin qilib tashlandi. 1850 yilda 50 piyoda, 175 kazak va 2 zambarakdan tashkil topgan rus qo’shini Qo’qon xonligini To’ychibek qal’asini bosib olib buzib tashladi. O’sha yili dushman kuchlari Qo’shqo’rg’on nomli Qo’qon qal`asini egalladi.

1851 yilda polkovnik Koraboshev boshchiligida 5 ta rota, 5 yuzlik, 6 zambarak va 1 ta raketa stanogiga ega askarlar Oqbuloq degan joy yaqinida Yoqubbek boshchiligidagi Qo’qon qo’shiniga zarba berdi. Bu vaqtlarda Turkiston, Chimkent, Avliyo ota, Pishkek, To’qmoq, Oqmachit va ularning atrofidagi bepoyon yerlar Qo’qon xonligining qo’l ostida edi. Shu boisdan rus qo’shinlari birinchi navbatda xonlikning kuchlari bilan to’qnashdi. Oqmachit (hozirgi Qizil O’rda) xonlikning eng muhim harbiy qal’alaridan biri hisoblangan.

1852 yilda unga rus qo’shinlari hujum qildi, leo’kin 72 kishini yo’qotib ololmadilar. O’sha yili polo’kovnik Blaramberg harbiy otryadi (1,2 rota, 2 yuzlik va 5 zambarak) bilan Qo’shqo’rg’on, Chimqo’rg’on, Kumushqo’rg’on singari Qo’qon qal’alarini bosib oldi. Keyingi 1853 yilda shaxsan general Perovskiy boshchiligida 12 ta to’plar bilan ikki mingdan ortiq askarlar Oqmachitni qamal qildilar. General Perovskiyni taslim bo’lish haqidagi takliflariga vatan himoyachilari: «Bizlar bir dona porox va ko’chada bir kesak qolguncha, hamma qurollarimiz tamoman sinib bitguncha kurashamiz», deb javob qaytardilar.

Qal’ada bor yo’g’i 250 kishi mudofaada edi. Lekin shunga qaramay ular jasorat va qahramonlik namunalarini namoyish etib, dushmanni hayron qoldirdi. Bunga tan bergan general-gubernator Perovskiy boshliqlarga yozgan axborotida mudofaachilar «qal’aning devorlarida va ichki tomonidan qo’mondon Muhammad Alixonning halok bo’lishiga qaramay yuzboshi Lafas boshchiligida nihoyatda katta jasorat va matonat bilan jang qildilar. Hamda o’zlari qasam ichganidek, oxirgi daqiqagacha imkoni boricha kurashdilar» degan edi. Shunisi diqqatga sazovorki, qal’aning himoyasidagi jangda o’zbek ayollari ham qatnashib dushmanni lol qoldirgan. Rus qo’shini qal’a devorining ustiga porox qo’yib portlatib ich kariga bostirib kirgandan so’ng erkaklar va ayollar qo’llaridagi qurollarini va o’qlarini tashlab qilich jangiga o’tib, shu darajada urushdilarki, bunday manzarani osmonu falak hali hech ko’rmagan va eshitmagan edi. Qal’adagi erkak va ayollar asir tushishni or bilib, o’zlarini o’limga mahkum etganliklari ruslarni juda hayratlantirgan.

1853 yil 28 iyulda 22 kunlik jangdan keyin Oqmachit qal’asi tor-mor etildi. Bu yerdagi 250 himoyachidan 74 kishi tirik qolgan, 35 tasi yarador hisoblangan, o’lganlarning orasida ayollar ham bo’lgan. Rus askarlaridan 25 kishi halok bo’ldi va 46 kishi yarador qilindi. Qal’adan 80 ta ayol va 25 ta bolalar asir olindi. Oqmachitning o’rnida «Fort Perovskiy» nomi bilan rus qal’asi barpo etildi. Oqmachitning qo’ldan ketishi butun Qo’qon xonligini larzaga soldi. U yerga bir necha ma rotaba Qo’qon qo’shini va ko’ngillilar yuborilib jang qilindi. Bunday janglarning birida, 1853 yilning 18 dekabrida vatan himoyachilaridan ikki ming kishi halok bo’lgan. Lekin har bir urinish mag’lubiyat bilan tugallandi.

1854 yilda Olma Otada Verniy nomida rus harbiy istehkomi qurildi hamda Ili vodiysi qo’lga kiritildi. Bu yerda Zailiysk bo’limi tashkil etildi. 1856 yilda polkovnik Xarmentavskiy boshchiligidagi 1 rota, 1 yuzlik va 1 raketa stanogli rus qo’shinlari qozoqlarni Katta Juziga tegishli tapay qabilasini buysundirdi. Shuningdek, 320 piyoda, 300 kazak, 3 zambarak va 2 ta raketa stanogidan tashkil topgan general-mayor graf fon Fitin qo’mondonligidagi qo’shin Xo’ja harbiy istehkomini bosib oldi. 1857 yili esa bu general 200 piyoda, 300 kazak va 2 ta zambarak bilan Xiva qo’shinini mag’lubiyatga uchratdi hamda ularning tarafini olgan bir guruh qozoqlarni jazoladi.

Rus davlati tomonidan birin-ketin xonlik yerlarni bosib olishga qarshi Toshkentda katta kuch to’plandi va Iliorti tomonga yuborildi. Bu yerlarda 1858 yilda 5000 kishilik Toshkent va Qo’qon harbiy kuchlari bilan podpolkovnik Peremeshmelskiy boshliq qo’shin o’rtasida jang bo’lib vatan himoyachilari Chuy daryosi vodiysiga surib tashlandi. 1860 yilda 6 ta rota, 600 ta kazak, 12 ta og’ir zambarak, 4 ta raketa moslamasidan tashkil topgan rus askarlari Pishpak va To’qmoq singari Qo’qon istehkomlariga hujum qilib, qo’li baland keldi. Podpolkovnik Peremeshmelskiy Pishpekni egallash uchun 954 ta snaryad va 13 mingga yaqin o’q ishlatdi. Himoyachilardan ko’p kishilar o’ldi va yarador bo’ldi. Shuningdek, To’qmoq qal’asi ham dushman tomonidan egallangach, bu hol butun xonlikni katta tashvishga soldi. O’zbek, qozoq va qirg’izlar birgalikda Toshkent hokimi boshchiligida Rus davlati tajovuziga qarshi bosh ko’tarib 1860 yil 21 oktyabrda Qorako’ztog’ daryosi bo’yidagi Uzunyog’ochda bosqinchilar bilan to’qnashdi. Bu yerda 20 ming kishilik vatan himoyachilari bilan podpolkovnik Kalpakovskiy boshchiligidagi qo’shin (3 rota, 2 yuzlik, 6 zambarak va 2 ta raketa moslamasi) o’rtasida Pishpek ostonasida jangda dushman g’alabaga erishdi. Rus qushini tomonidan 2051 snaryad, 31879 ta to’p otildi. Bu jangda vatan himoyachilaridan 1500 kishi o’ldirildi va ko’pi yaralandi. Dushman  askarlaridan 13 kishi o’ldirildi va 29 kishi jarohatlandi. 574 himoyachi asirga olindi. Asirlar orasida, 82 savdogar, 92 ta ayol va bolalar bor edi. Dushman Pishpek va To’qmoq istehkomlarini yer bilan yakson qildi. Garchan, vatan himoyachilari birin-ketin mag’lubiyatga uchragan bo’lsalarda, lekin ozodlik uchun hech narsadan toymadilar.

AVLIYOOTA, TURKISTONNI VA CHIMKENTNING BOSIB OLINISHI

1861 yilning 25 oktyabrida general-leytenant Debu boshchiligidagi rus qo’shini xonlikning Yangiqo’rg’on qal’asini vayron qilib tashladi. Keyinchalik 1862 yilda polkovnik Kalpokovskiy 4 ta rota, 2 yuzlik va 4 zambarak qo’shin bilan Marki nomidagi Qo’qon istehkomini egalladi. General-leytenant Debu 550 piyoda, 300 kazak va 10 zambarak bilan Dinqo’rg’on qal’asini bosib oldi. 1863 yil 4 iyunda polkovnik Chernyaev o’z qo’l ostidagi 87-Sibir` batal`onining 5- rotasi, harbiy Sibir` batal`onining 3 va 5 o’qchi rotalari, 9-g’arbiy Sibir` kazaklari artilleriyasining 1- vzvodi piyoda tog’ batariyasi va Sibir` kazaklari polki bilan Avliyootani urushib oldi.

O’sha yili 18 iyundan 1 iyulgacha podpolkovnik Lerxni 2 ta rotasi 1-2 yuzlik, 2 ta tog’ zambarak va 1 raketa moslamasi bilan Qorabura dovonidan oshib Qo’qon askarlarini qirib tashladi va qoraqirg’iz qabilalarini bo’ysundirdi. 1864 yilning 12 iyunida 412 rota, 10 zambarak, 6 mortira va 2 raketa moslamasi bilan polkovnik Verevskiy Turkistonga hujum qildi. Bu jangda mahalliy xalq vakillaridan ko’p kishilar halok bo’ldi. Ba’zi ma’lumotlarga ko’ra, chor qo’mondoni agar shahar taslim bo’lmasa, Ahmad Yassaviy maqbarasiga to’p otilishi va vayron qilinishini ma’lum qilgan. Shundan keyingina himoyachilar urushni to’xtatishga majbur bulganlar.

Turkistonni Rus davlati tomonidan egallanishi Toshkent va umuman Qo’qon xonligi uchun katta xavf tug’dirdi. Qo’ldan ketgan joylarni qaytarib olish va Chor hukumati askarlarining yurishini to’xtatish uchun Qo’qonda tayyorgarlik ishlari amalga oshirildi. Chunonchi, xonlikning hamma joylaridagi qo’shin to’planib, harbiy qurollar bilan ta’minlandi. Sungra Quqon xoni Saidxon va lashkarboshi Alimqul askar- lar bilan Toshkentga junadi. Bu yerda ham harbiy tayergarlikka zur e’tibor berilib, Alimqul kup qushin bilan Chimkentga yo’l oladi. Chunki bu vaqtda Chernyaev boshchiligidagi rus otryadining Avliyootadan Chimkent tomon yo’lga chiqqanligi haqida xabar olingan edi. Shundan keyin qo’shinlar va askarlar tong otar paytida yo’lga otlanib, har bir mahalla oldida xalqdan «duoi fotiha» olib shahardan chiqib ketgan. Bularni xalq yaxshi niyat va yig’i-sig’i bilan kuzatib qolgan.

Xon qo’shinlaridan har bir shaharning askari alohida qismni tashkil etib o’z boshlig’iga ega bo’lgan. Masalan, toshkentliklarga Mirza Davlat, qipchoqlarga Mingboy, marg’ilonliklarga Yusupboy, xo’jandliklarga Mirzaahmad qushbegi boshchilik qilgan. Shunga o’xshash andijonliklar, namanganliklar, o’shliklar va boshqa joylarning harbiy qismlari mavjud bo’lgan. Shuningdek, eshoni Kalon xo’ja, Mo’minxo’ja Sudur, Mirbobo ponsodboshi va Avazmuhammadiy singari sarkardalar ham qo’shinga rahbarlik qilganlar. Qo’shinga shaxsan Alimqulning o’zi boshchilik qilgan.

Chimkentdagi jangni qipchoqlar boshlab keyin toshkentliklar va boshqa shahar otryadlari davom ettirganlar. Dastavval bir kecha-kunduz davomida ikkala tomon o’rtasida to’plardan otishuv bo’lgan.

«So’ngra to’rt tomondan, — deb yozadi Solih Toshkandiy, — askarlar otdan tushdi va to’rt tomondan karnaylar chalinib, rus qo’shinlariga qarshi hujumga o’tildi. O’sha onda hozir bo’lgan kishilarni so’zicha xon qo’shinlari 2—3 ming qadamgacha to’xtovsiz olg’a qarab choptilar. Ikki o’rtada bir yarim ming qadamcha masofa qolganda rus askarlari tomonidan birdaniga to’p va miltiqlardan yomg’irdek o’q bo’ron qildilarki, maydonda birdaniga 12 ming kishi o’ldirildi, ularning oh, nola va faryodlari osmonga taraldi. Hatto bu fojeali manzaradan ruslarni o’zlari ham hayratda qolib barmoqlarini tishlab baland ovoz bilan baqirdilarki:»Ey musulmonlar, biz urushni to’xgatdik, o’luk va yaradorlarni maydondan olinglar, dedilar».

Shundan keyin Qo’qon lashkarboshisi Alimqul huzuriga N. A. Severtsev nomli rus elchisi kelib sulh tuzishni taklif etadi. Bu taklif xon tomonidan sardor va amaldorlar muhokamasiga qo’yilib fikr almashuv o’tkazildi. Ayrim amaldorlar sulh tuzishni quvvatlagan bo’lsada, boshqa bir guruh kishilar, shu jumladan Toshkent amaldorlari unga qarshi chiqib, sulh tuzish aldashlik nuqtai nazaridan taklif etilayotganligini uqtirib o’tdilar. Pirovardida rus otryadlarini Turkistonga qaytib ketishi haqida rus elchisi bilan kelishildi. Shunga binoan rus qo’shinlari Turkistonga yo’l oldi. Bu shundan guvohlik beradiki, rus qo’shinlari Chimkentni egallashga qurbilari yetmay orqaga qaytishga majbur bo’lgan. Lekin rus qo’shinlari yo’lda Turkistondan qo’shimcha kuchning kelib qo’shilishi natijasida Chernyaev boshchiligida Chimkentga qayta hujum qildilar. Bu joyning qal’asining tashqarisida joylashgan Janan qabristonini bir tomonida qattiq jang bo’lib Qo’qon qo’shinlari g’alaba qozondi. Rus qo’shinlari esa Turkistonga qaytib ketdilar.

Shundan keyin Alimqul Avliyoota mudofaasini uddalay olmagan va uni rus qo’shinlariga berib qo’yib, Chimkentga qochib kelgan hokim Niyozali ponsadboshining oyoq-qo’llarini bog’lab to’p og’ziga qo’yib ottirdi. Xuddi shu xilda Dug’lat qabilasining boshliqlaridan biri rus qo’shinlariga josus sifatida xizmat qilgan Boyzoqboy nomli kishi ham jazolandi. Lashkarboshi Alimqul Chimkent mudofaasini mustahkamlash va chor hukumatiga qarshi urushni davom ettirish tadbirlarini ko’rayotganda Buxoro xonining Qo’qonga qarshi otlanganligi haqida xabar oldi. Shu munosabat bilan Alimqul Chimkentda qo’shinning bir qismini qoldirib Qo’qonga jo’nadi. Bu holat Chimkentda rus askarlariga qarshi harakatga salbiy ta’sir ko’rsatdi. Buni yaxshi anglagan Chernyaev otryadi polkovnik Lerx boshchiligida qo’shin bilan birgalikda Chimkentga hujum qilib, 1864 yilning 21 sentyabrida uni egalladi. Bu yerda rus qo’shinlari tomonidan ko’p odamlar o’ldirildi. Qo’qon qo’shinlarining bir qismi Toshkentga qochib ketdi. General Chernyaev Rossiya tarafdorlaridan biri Siddiq Nazarni Chimkent mingboshisi qilib tayinladi..

TOSHKENTNING URUSHIB OLINISHI

General Chernyaev bu shaharni egallash uchun tayyorgarlik ishlarini ko’rib oziq-ovqat, qurol-aslaha va boshqa narsalarni Toshkentga olib borishni uyushtirish vazifasini Alimquli tomonidan o’ldirilganBoyqozoqboyning o’g’li Oqmullaga topshirdi. Qo’qon qo’shinlari artilleriyasi ham ancha yaxshi uyushtirilgan bo’lib, uning to’plarini uzoqqa ogilishi va nishonga tegishi maqtovga sazovor bo’lgan. Shuning uchun ham general Chernyaev qanday bo’lmasin, tezroq Qo’qon xonligiga zarba berilmasa, keyin yengish og’irlashishini rus hukumatining tegishli vakillariga ma’lum qildi. General Chernyaev Chimkentda tayyorgarlik ko’rib, 1864 yilning sentyabrida Toshkentni egallash maqsadida yo’lga chiqdi. Bu vaqtda Toshkent mudofaasi mehnatkash ommaning umumiy harakatiga aylanib, shahar atrofidagi devorlarda askarlar va xalq ko’ngillari joylashgan edi. Shahar aholisi ona yurtini himoya qilishni o’zining muqaddas burchi hisoblab, mudofaachilarga tinmay g’amxo’rlik qilganlar. «Shahar g’ariblari, fuqarolari va qariyalari, — deb guvohlik beradi Solih Toshkandiy — ibodatu nomozdan ko’ra qo’lidan kelganicha yordam berish afzalroq va savob, deb askarlarga, g’ozilarga suv, oziq-ovqat tashib turdilar».

Rus askarlari 1864 yil 1 oktyabrida Yunusobod tomonidan shaharga yaqinlashib uni to’plardan o’qqa tutdi. Rus askarlaridan bir guruhi shahar qal’asining atrofida qazilgan zovurlar ichiga tushib oldilar. Bularga qo’shilish uchun bir guruh rus askarlari chopib kelayotganda ularga qarshi to’p otiladi. Natijada, dushman otryadlari orqaga chekindi. Shundan keyin shahar mudofaachilaridan bir qismi zovurdagi dushman ustiga shiddatli hujum qilib, rus askarlaridan 72 kishini o’ldirdilar. Shu ravishda toshkentliklar g’alaba qozondilar. General Chernyaev urushni to’xtatishga va Chimkentga qaytishga majbur bo’lgan.

Shundan keyin Alimqul qo’shin bilan Toshkentga kelib, bo’lajak urushga tayergarlik ishlarini amalga oshirib, so’ngra Qo’qonga qaytadi. Xon ko’rsatmasiga ko’ra, Toshkent xokimi nomidan Hofizko’haki mahallalik Muhammad Said nomli savdogarni tinchlik sulhi tuzish maqsadida elchi sifatida general Chernyaev huzuriga yuborildi. Biroq general Chernyaev sulh tuzishdan bosh tortadi va elchi Toshkentga qaytib keladi. Bu yerda elchi general Chernyaev Buxoro xoni Muzaffarxon bilan go’yo ittifoq tuzilganligi haqida gapirib shahardagi ayrim kishilarni vahimaga solib quygan.

Toshkentda urushga tayyorgarlik kundalik hayotning birinchi vazifasi hisoblangan. Bu yerda lashkarboshi Alimqul boshchiligida Turkistonni rus qo’shinlaridan ozod qilish uchun tayyorgarlik ko’rilgandan so’ng askarlar Shayxontohurdan o’tib Sag’bon ko’chasi orqali Sag’bon darvozasidan «Sarog’och» yo’liga chiqdilar. Bu yurish 1864 yil noyabr` oyi oxirida yuz berib, havo juda sovuq va qor yog’ib turgan payt edi. Askarlar Turkistonga yaqin joyga o’rnashgan va Rossiya tobeligiga o’tgan Iqon degan qishloqda rus otryadini tor-mor etdilar. Bu yerdagi xalqning ruslarga bo’ysunganligi uchun Alimqul buyrug’iga binoan mol- mulki bilan Toshkent tomonga haydab olib ketildi. Alimqul garchand g’alaba qozongan bqlsa ham, Turkistonga qarab yurmay, Iqondan Toshkentga qaytishga majbur bo’ladi. Bunga xonlikdagi ichki ziddiyat va qo’shimcha harbiy kuchlarni to’plash sabab bo’lgan, albatta. Alimqul Toshkentga kelgan paytda Chernyaev tomonidan yuborilgan josus ushlanadi. Bu josus toshkentning amaldorlaridan biri Abdurahmonbek Shodmonbekovning Chernyaev nomiga yozilgan xati bilan qo’lga tushgan. Binobarin, Chernyaev ma’lum kishilar orqali Toshkent haqida zarur ma’lumotlarni olib turgan. Abdurahmonbek Toshkentdan qochishga ulgurib, Chimkentga Chernyaev huzuriga boradi.

Bu vaqtda general Chernyaev Toshkentga qayta hujum qilish tadbirlarini tamomlab, 1865 yil 28 aprelda Chirchiq yonidagi Niyozbek qal’asini jang bilan egalladi. Yuqorida qayd qilingan Abdurahmonbekning maslahati bo’yicha, shaharni suv bilan ta’minlaydigan Kaykovus arig’i to’g’onini buzib uni Chirchiq daryosiga burib yuborishadi. Bundan maqsad shaharni suvdan mahrum etib, uni taslim etish edi. Biroq shahar xalqi mudofaani mustahkamlab jangga tayyor turdi. 1865 yilning may oyida Qo’qon xoni Sulton Said lashkarboshi Alimqul bilan Toshkentga yetib keldi. Bu holat toshkentliklarni ruhini ko’tarib yuborgan. Bu to’g’rida Solih Toshkandiy shunday yozgan: «Toshkent hokimlari, amaldor, sardor, ulamo, fuqaro, shayxlar, g’ariblar, gadolar, erkak-xotinlar aralash shodliklaridan (qo’qonliklarni — X.Z.) istiqbollariga chiqib, kutib oldilar».

Alimqul shahar saroyida yig’in o’tkazib, mahalliy hokimiyat vakillari va qo’shin boshliqlariga qarata nutq so’zladi. Bu yig’inda qatnashgan Alimqul katta- kichik, boy-kambag’al fuqarodan yordam so’rab bu to’g’rida Toshkent ahlining fuqarolarini ko’rsatgan g’ayrat, shijoat va qahramonliklarini aytib, ularga o’z minnatdorchiligini va xursandchiligini izhor qilib bir tomchi qoni qolguncha dushmanga qarshi kurashishga da’vat etdi. Alimqul Buxoro amir Muzaffarxonni qoralab rus qo’shinlariga qarshi kurash ishiga katta putur yetkazayotganligini ham gapirgan.

Toshkentda xonlikning Andijon, Qo’qon, Namangan, Marg’ilon va boshqa joylaridan kelgan qo’shinlar Alimqul boshchiligida shahar mudofaa liniyasini egalladilar. Siddiq To’ra boshliq Qo’qon qo’shinining razvedka bo’limi dushmanning otliq va piyoda otryadi bir to’p bilan Sho’ratepadan chiqib, Oltin tepa orqali Salor suvi bo’ylab kelayotganligi haqida Alimqulga xabar keltirgan. Shundan keyin Alimqul o’z qo’shinlarini ma’lum qismi bilan ko’rsatilgan tomonga jo’nadi. Dushman qo’shinlari Salor suvidan o’tib Qo’qon qo’shinlariga qarata to’plardan o’q uzdilar, natijada ikki tomon o’rtasida qattiq jang boshlanib qo’qonliklar hujumga o’tdilar. Bunda Alimqulning shaxsan o’zi qatnashib jangga rahbarlik qilgan.

Rus otryadi hujumga bardosh bera olmay, Sho’rtepaga chekinishgan. Bu g’alaba shaharda katga shod-xurramlik bilan qarshi olinib karnay-surnay sadolari yangragan. «Shahar xalqi yetti yoshdan yetmish yoshgacha erkak-xotin, yosh-qari xizmat kamarini bellariga bog’lab pishgan taomlarni boshlariga ko’tarib, qatiq, sut, sharbat, issiq nonlar, shirin mevalarni savatga solib askarlar turgan joylarga olib kelib iltijo, tavallo va dildorlik qilishib ko’zlaridan hasrat yoshlarini oqizib, ko’z yoshlari suvi bilan askarlarni yuzlaridagi chang- g’uborlarni yuvib artib, ko’zguday tozalab ovqatlarini yeb bitirishlarini iltijo qildilar». Bu xalqning vatanparvarlik harakatlarini juda jonli va yorqin namunasini aks ettiradi. Lashkarboshi Alimqul hokimiyat vakillari va harbiy boshliqlarni to’plab urushni qanday davom ettirish masalasini o’rtaga tashlaydilar. Shunda toshkentliklar rus qo’shinlari ustidan qozonilgan g’alaba hujumga o’tishga da’vat ekanini aytadilar va aka-uka Siddiq To’ra bilan Arslon To’ra boshchiligida askarlarni Chimkentni bosib olingandan so’ng, bu yerdan askarlarning bir qismini Turkiston va Oqmachitni, ikkinchi qismini esa Avliyoota, To’qmoq va G’uljagacha bulgan joylarni ruslardan qaytarib olishga jo’natilishi lozimligini gapirdilar. Ammo, Qo’qon amaldorlaridan Otabek nomli kishi Alimqulga pichirlab: «Agarda toshkentliklar rus qo’shinlarini tor- mor qilib, ko’rsatilgan joylarni olsa, u vaqtda ular mustaqillikni istab Qo’qonga bo’ysunmay qolishi mumkin» degan. Shu nuqtai nazardan Otabek toshkentliklar taklifini rad qilishni Alimqulga maslahat qilgan. Alimqul bu maslahatga ko’nib mudofaa bilan chegaralanib turishni buyurdi.

——————

Xurshid Davron izohi: Shu o’rinda muallifning toshkentlik tarixchi Solih Toshkandiy axbarotiga tayanib, uni tahlil etmasdan bayon etayotganini ta’kidlab o’tish lozim. Zero, toshkentliklar maslahati mutlaqo asossiz, dastlabki g’alabadan mast bo’lish va havoyi gaplar edi. O’sha paytda Chimkent ruslar tomonidan allaqachon qattiq mustahkamlangan va shaharda kuchli qo’shin hozir edi. Turkiston, Oqmachit,Avliyoota, To’qmoq va G’uljaga harbiy safar uyushtirish haqidagi iddaolar ham zarracha o’ylanmagan gap edi, harbiy tayyorgarligu harbiy zahiraning zaifligi tufayli ilojsiz bir tadbir edi. Qolaversa, Alimqul yonidagi Otabekning gapiga kirib ish tutgani ham bir latifa gapdan boshqa narsa emas, aslida tajribali amirlashkar toshkentliklarning maslahati havoyi gap ekanini yaxshi anglar edi. Toshkent jangining keyingi tafsilotlari bu fikrni tasdiqlaydi.

——————

Sho’rtepa tomonda har ikki tomon urush liniyasini egallab dastavval to’plardan otishuv boshlagan. So’ngra Qo’qon qo’shinlari hujumga o’tib Alimqul urush maydonida jangchilarni ruhlantirgan va urushga jalb qilgan. Alimqul va sardor Abdullabek dushman qo’shinlari bilan yuzma-yuz kelib, ularni qilichdan o’tkazgan. Ammo dushman o’qi Alimqulni chap biqinidan kirib qornini teshib, kindigi ustidan chiqib ketadi. U ot ustidan yerga yiqilish oldidan ot bo’ynidan mahkam ushlab to’p turgan joyga bordi. So’ngra Alimqul Toshkent fuqarolarini asta-sekin orqaga qaytib, o’zlarini shahar ichiga olishlari va boshqa jangchilarni urushni davom ettirishlari haqida farmon bergan.

Ikki tomon o’rtasida to’plardan yana otishuv boshlangandan keyin xon askarlari hujumga o’tib, so’ngra asta- sekin rus askarlari hamlasi ostida Salor bo’yiga chekindilar. Natijada, birinchi galda sebzorlik jangchilar Hakimxo’ja Kalon boshchiligida qochishni boshlaydi. Ularni ketidan qipchoqlar, qirg’izlar va andijonliklar qo’lga tushgan narsalarni olib Farg’ona tomonga qochdilar. Boshqa kishilar ham shahar ichiga qochib kira boshladilar. Lashkarboshi Alimqulning yarador bo’lishi askarlarning, xalq olamonining ruhini tushirib, pirovardida ularning chekinishiga sabab bo’lgan omillardan biri bo’ldi. U og’ir ahvolda shahar ichiga keltirildi va bu yerda o’ldi. U katta izzat- ikrom bilan va chuqur qayg’u bilan Shayhontohur qabristoniga dafn etildi. Chekinishdagi uyushqoqsizlik va harbiy boshliqlarning vahimaga tushishi shahar mudofaasiga salbiy ta’sir ko’rsatadi, albatta. Kunlar o’tishi bilan Toshkent himoyachilarining ruhsizlanishi kuchayiyadi, qo’qonliklar to’da-to’da bo’lib, o’z vataniga qaytishga harakat qilganlar. Hatgo Alimqul bilan birgalikda rus qo’shinlariga qarshi kurashda faol qatnashgan Qo’qon xoni Sulton Said bir guruh amaldorlari bilan shaharni tashlab ketmoqchi bo’lgan. Biroq Toshkent amaldorlarining siquvi ostida o’z fikridan qaytgan. Shundan keyin amaldorlar va harbiy boshliqlar o’zaro kelishib dushmanga qarshi tadbirlarni belgilash bo’yicha kengash o’gkazdilar. Bunda bir guruh kishilar Qo’qonga qochib ketgan askarlarni orqaga qaytib kelishlarini so’rab, u yerga elchi yuborilishini aytdilar. Boshqa bir guruh kishilar Buxoro amiri huzuriga elchi yuborib yordam so’rash haqidagi fikrlarini izhor qildilar. Maslahatchilar orasida hatto Xorazmga yordam so’rab murojaat qilish zarurligini bayon etgan kishilar ham bo’ldi.

Qo’qonga qochib ketganlarni qaytarish vazifasi yuklatilgan amaldorlar va Buxoroga esa rus otryadlariga qarshi birgalikda kurash haqidagi xat bilan elchilar jo’natildi. Qo’qonga yuborilgan amaldor yo’lda Toshkentdan qochib borayotganda qo’qonliklarni orqasidan yetib borib ularga xatni topshiradi. Biroq, qo’qonliklar Toshkentga qaytish o’rniga, aksincha Sulton Saidxonni Qo’qonga olib ketish va taxtni begonalarga o’tib ketishiga yo’l qo’ymaslik zarurligini bayon etadilar. Buxoro amiri ham Toshkentga yordam berishdan bosh tortib, avvalo Sulton Saidxonni Buxoroga kelishi zarurligi haqida javob xatni yubordi. Bu bilan amir Sulton Saidxon Buxoroga bo’ysungan taqdirdagina yordam berilishini ma’lum qilgan edi. Buxoroga kelgan javob xatini amaldor va harbiy boshliqlar muhokamasiga qo’yganda ayrim qo’qonlik amaldorlar amir taklifini qabul qilish kerakligini aytdilar.

Bu muhokamada Solih Toshkandiy ham qatnashib yuqoridagi masala bo’yicha o’z fikrini bildirgan. U Sulton Saidxonni Buxoroga ketishiga qarshi chiqib, har bir hukmdor o’z burchini bajarmasa, u vaqtda fuqarolar dushman qo’liga asir bo’lib qolishi mumkinligini bayon etgan. Bu fikrga boshqa kishilar ham qo’shilib, «biz yordam so’rab har tomonga murojaat qildik. Endilikda yordamni xoh bersinlar, xoh bermasinlar, bari bir urushni davom ettiramiz» deb ahd qildilar. Toshkentliklar Sulton Saidxonga shunday dedilarkim «shahar xalqi butun urush harakatlarini o’z zimmasiga olib nimayki zarur bo’lsa, hammasini yetkazib beradilar». Ko’rinib turibdiki, toshkentliklar qanday bo’lmasin, shaharni dushmandan himoya qilishga qattiq bel bog’lagan edilar. Ularning boshqa chorasi ham qolmagan edi.

Kunlarning birida rus qo’shinlari shahar qal’asini to’pga tutib hujum qila boshlagan vaqtda ularga qarshi ustalik bilan to’plardan shunday javob o’qi otildiki, natijada dushman orqaga chekinishga majbur bo’lgan. Shundan so’ng Sulton Saidxonni Buxoroga borishi haqidagi masala yana ko’tarilib, pirovardida uni jo’natish va Buxorodan yordam olishga qaror qilindi. Aftidan Sulton Saidxonni o’zi ham Buxoroga borish istagida bo’lgan. Shuning uchun u 500 kishilik askar va bir to’p bilan shahardan chiqib ketdi. Shunday qilib, Qo’qon amaldorlari va askarlari urushni oxirigacha yetkazmasdan shahar mudofaasini o’z xohishlariga tashlab ketgan edilar. Shunga qaramay shahar aholisi dushmanga qarshi kurashni davom ettirdi. 1865 yil 14 iyunida rus askarlari erta saharda shahar qal’asini to’plardan o’qqa tutdi. Natijada ular Kamalon darvozasi orqali shahar ichiga yorib kirib, mudofaachilarning qo’rlari bilan to’qnashdilar. Bunday to’qnashuvlar Shayxontohur, Beshyog’och, Qashqar mahallalarida va boshqa joylarda bo’lgan edi. Hatto, ayrim joylarda dushmanga qarshi turli xil to’siqlar ham qurildi. Masalan, Anhor ko’prigining g’arb tomoni aravalar bilan to’silib mustahkamlandi. Ayni bir vaqtda Anhor yonidagi do’konlar ichiga mudofaachilar kirib olib devorlar teshigidan dushmanga o’q uzdilar. Bir yarim soatlik og’ir jangdan so’ng rus askarlari chekinib, Shayx Shibli arig’i orqali qal’a devorining shimol tomoniga o’rnashdi. Ular chekinayotganida O’rdadagi do’konlarga o’t qo’yib qochganlar. Chuqur ko’prikda hamma ko’chalarni ham og’zi bekitilib rus otryadiga qarshi kuchlar qo’yilgan. Ayrim rus otryadlari machitlar ichiga kirib olib urushganlar. Biroq ular o’rab olinib tor-mor etilgan. Shayx Shibli arig’i orqali chekingan rus otryadi yana O’rdaga bostirib kirishga harakat qildi. Bularga qarshi Qiyot mahallasining aholisi Abdurahim yasovulboshi boshchiligida devorlarning orqasiga va pastqam joylarga o’rnashib mudofaa istehkomini egalladilar. Mudofaachilar orasida Miryusup bog’bon o’g’li, Umarxon To’raxon o’g’li, Mirsodiq Mirshodi o’g’li, Normuhammad va Mullamir singari merganlar, Mullajon Musomuhammad Ali bobo podachi o’g’li va boshqa mard yigitlar bor edi. Xalq ko’ngillilari shahar mudofaasining asosiy kuchini tashkil etgan edi. Abdurahmon yasovulboshi boshchiligidagi ko’ngillilar otryadi yomg’ir yog’ishiga qaramay, kun bo’yi dushman hujumini qaytarib turdilar. Oxiri rus otryadi shahar chetiga chiqib ketishga majbur bo’ldi. Bundan keyin ham Qiyot mahallasining ko’ngillilari Anhorga qayta kelgan rus otryadi bilan qattiq jang qilgan. Bu vaqtda shahar aholisining ahvoli og’irlashib suvsizlik va tashnalikdan azob chekmoqda edi. Toshkentliklar ahvol og’irligiga qaramay, shaharni qo’ldan bermaslikka qatgiq harakat qildilar. Biroq rus otryadi ayrim xoin kishilar orqali shahardagi o’q-dori omborini topib uni portlatishga muvaffaq bo’ldilar. Bu shahar mudofaa taqdirini hal qilgan omillardan biri hisoblanadi. Suvsizlik, yuqchilik va o’q-dorilar yetishmasligi pirovardida shahar xalqining tinkasini quritdi. Natijada 1865 yil 17 iyunda toshkentliklar dushman hujumiga  bardosh bera olmay, taslim bo’lishga majbur bo’ldilar. General Chernyaev Shayhontohur, Beshyog’och va boshqa aholi gavjum yashaydigan joylarga to’plarni o’rnatib darhol tinchlik sulhi tuzilmasa, shaharni yondirib va buzib tashlash haqida e’lon tarqatdi. Shundan keyin general Chernyaev Hakimxo’ja qozikalon, Abulqosimjon eshon, Domulla Solihbek, Oxun dadho va boshqa shahar kattalari bilan maxsus majlis o’tkazdi. Bunda savdogarlar va sardorlar ham qatnashgan edi. Muzokara natijasida tinchlik sulhi tuzilib har ikki tomon ahdnomaga imzo chekdi. Ahdnoma shahar xalqining o’z dinida va barcha ishlar shariat asosida olib borilishi ko’rsatilgan. Zakot va xirojlar ham shariat bo’yicha olinishi lozim edi. Shuningdek, hovli, bog’ va maydonlar avvalgidek o’z egalari qo’lida qoldirildi. Aholidan yillik soliq olinishi ta’qiqlandi. Chakalak, o’tloq va qamishzorlardan soliqlarni mutlaqo olmaslik ahdnomada ko’rsatilgan edi. Shuningdek, yerli xalqdan rus qo’shiniga odamlarni jalb qilmaslikka kelishildi. Ahdnomaga har bir to’rt dahaning muhri bosildi. So’ngra general Chernyaev shahar katgalariga duxoba va zar yoqali chakmonlar kiydirdi. Shu ravishda Toshkentning rus davlatiga taslim bo’lishi haqidagi hujjat rasmiy ravishda qabul qilindi. Ahdnoma tuzilgandan keyin general Chernyaev shahar kattalarini o’z tomoniga jalb etish va ularga tayanish maqsadida Hakimxo’ja qozikalon uyiga borib unga qimmatli sovg’alar va oltin medal` berdi. So’ngra general Chernyaev Registon rastasiga borib kambag’al va gadolar orasiga tangalar sochdi. Urushda yaralangan kishilarga tibbiy yordam ko’rsatildi. Shahar mudofaasida qatnashgan kishilarni jazolamay, qo’yib yuborildi. Chernyaev madrasalarga borib o’qishlarni davom ettirishni taklif etdi. Urush vaqtida buzilgan uy-hovlilarni va do’konlarni tiklash uchun general Chernyaev tomonidan mablag’ ajratildi.

Shubhasiz, bu tadbirlarni Chernyaev o’z ta’sirini o’rnatish maqsadida amalga oshirgan. Shuni aytib o’tish lozimki, general Chernyaev yuqori rahbar doiralari ruxsatisiz, o’zboshimchalik bilan Toshkentga yurish qilib, uni egallagan edi. Bu g’alaba Peterburgda zo’r mamnuniyatlik bilan qabul qilingan bo’lsa-da, lekin davlat ishlarida qilingan o’zboshimchalik ayrim yirik hukumat vakillari noroziligining kelib chiqishiga sabab bo’lgan. Buning ustiga Toshkentning bosib olinishi xalqaro matbuotda katta shovqin-suron ko’tarilishiga olib kelgan.

Shuning uchun ham general Chernyaev o’z harakatini oqlash maqsadida go’yo Toshkent ixtiyoriy ravishda rus qo’shinlariga bo’ysunganligi haqida hujjat uyushtirishga kirishdi. U shahar kattalarini to’plab aholi nomidan quyidagi mazmunda xat tayyorlashni buyurdi: «Necha zamonlar va yillardan beri Turkistonda Farg’ona xonlari hukmronlik qilib fuqarolarga ko’p jabr-zulm o’tkazgan… Ular zakot xirojlarni shariat asosida olmasdan ortiqcha olganlar va hech qachon marhamat qilmaganlar.

Qadimgi urf-odat, taomildan voz kechib, ko’p yillar mansab uchun katta kishilarni o’ldirib fitnachi va ig’vogarlar so’ziga amal qilganlar. O’rtada nohaq qonlar to’kilib, ular shariatga va ulamolar so’zlariga amal qilishdan bosh tortdilar. Farg’ona va Turkiston zaminida ko’p vaqtlar va ko’pincha qipchoq, qozoq va qirg’iz avboshlari va beboshlari hukmronlik qilib keldilar. Shuning uchun fuqaro va mamlakat tinchligi uchun tamomi ixtiyorimiz va rag’batimiz bilan rus askarlarini olib kelib ularga shaharni topshirdik».

Ko’rinib turibdiki, toshkentliklar bo’lib o’tgan hamma jang va voqealarni inkor qilib ixtiyoriy ravishda rus askarlariga bo’ysunganliklarini tan olishlari lozim edi.

Ko’rsatilgan xatning mazmuni bayon etilgandan keyin shahar kattalari hayron bo’lib turgan paytda domla Solihbek oxun dodho shunday javob qilgan: «Bizlar voqea va hodisalarni bekitmasdan ma’lum qilamizki, Toshkentdan Oqmachitgacha va bu yerdan G’uljagacha bo’lgan shahar va qal’alar Toshkentga qarar edi. Bu joylarni rus askarlari urush va talash bilan qo’llariga kirgizdilar. Urush to’satdan, muhlatsiz va suvsiz olib borildi. Toshkent shahri zulhijja oyining yarmidan boshlab safar oyining 12 chislosigacha, ya’ni 42 kun davomida suvsiz, oziq-ovqatsiz qoldirildi. Mulla Alimqul lashkarboshi shahid bo’lgandan keyin sardorsiz qoldi. Buxoro, Xorazm va farg’onaliklar yordam bermadilar. Toshkent fuqarosi vatanlari va din uchun qattiq turib, urush-talashni davom ettirib seshanba kuni yarim kecha o’tgandan keyin saharga yaqin rus askarlari Xiyobon darvozasi va qal’aning devori ustidan fuqaro uyqudaligi choqda kirdi. Shundan keyin yana urushga kirishib payshanba kunigacha kechayu-kunduz urushib turdilar. Bu o’rtada ko’p imoratlar, do’konlar va uy-joylarga o’t tushib och, tashna, suvsiz yakkama-yakka urushib bo’lib oxirida yarashish sulhi tuzildi».

Bu haqiqiy ahvolni aks ettiruvchi javob general Chernyaevni g’azabga keltirdi. U domla mulla Solih oxun dodho so’ziga qo’shiluvchi kishilarni bir tarafga o’tishlarini buyurdi. Shundan keyin shahar kattalaridan olti kishi jumladan, Halimboy, Berdiboy, Azimboy, Fozilbachcha, Mulla Mirza’alam oxun, Mulla Muzaffarxo’ja va Mulla Fayzilar domla Solihbek oxun dodhoning so’zini quvvatlab ko’rsatilgan tomonga o’tdilar. Bu kishilar va Solihbek oxun dodho darhol rus askarlari tomonidan o’rab olinib qamoqqa junatildi. Bu holat to’plangan shahar kattalariga ta’sir etgan bo’lsa kerak, ular general Chernyaevning aytgan ahdnomasini u ko’rsatgan mazmunda tayyorlab berishni zimmalariga oldilar. Chunonchi, Hakimxo’ja qozikalon ahdnomani bezash va tuzishni Abdusattor Qoraboshi o’g’liga topshirdi. Ahdnoma tayyorlanganidan so’ng unga shahar kattalari va savdogarlari qo’l qo’yib va muhr bosib general Chernyaevga topshirildi. General Chernyaev Solih oxun dodho va uning xamrohlarini Tomskga surgun qildi.

General Chernyaev ahdnomani Abdusaid va Hodixo’ja nomli savdogarlarning qo’liga berib, Peterburgga, podshohga olib borib berishni buyurgan. Rus hukumati bu ahdnomani bosqinchilik siyosatini bo’yash va xalqaro matbuotda shovqin-suronni bartaraf qilish maqsadida chet mamlakatlarga tarqatadi. Jumladan, Turkiyadagi rus elchixonasi ahdnoma nusxalarini ko’paytirib Istanbuldagi ko’chalarga, bozorlarga, do’konlarga umuman ko’zga tashlanadigan joylarga yopishtirib qo’yildi. Shunday qilib, general Chernyaev Toshkentga bostirib kirgandan so’ng ikki ahdnomani, ya’ni sulh shartlari va haqiqiy ahvolni buzib ko’rsatuvchi hamda mustamlakachilik siyosatiga xos bo’lgan qalbaki hujjat tuzishga erishdi.

General Chernyaev Toshkentda yuqori tabaqa vakillarining ixtiyoridagi qullarni bo’shatish haqida farmon chiqardi. Natijada, bir vaqtlar urush paytlarida asirlikka olingan yoki ko’chmanchilar tomonidan keltirib sotilgan turli millatdagi unchalik ko’p bo’lmagan qullar ozod qilindi. General Chernyaev mahalliy yahudiylarni kamsitishga qaratilgan ayrim odatlarni bekor qildi. Jumladan, yahudiylarning bellarini ip bilan bog’lab yurishi va belgilangan xildagi telpakni kiyishlari to’g’risidagi talab bekor qilindi.
1866 yil avgust oyida Rus imperatorining Toshkentni Rus davlati tobeligiga olganligi haqidagi rasmiy farmonni e’lon qilindi. 1867 yilda esa Sirdaryo va Semirechensk (Yettisuv) oblastlarini o’z ichiga olgan Turkiston general-gubernatorligi tashkil etilib, bu mansabga general K. P. Kaufman tayinlandi. Toshkent Turkiston general-gubernatorligining markazi bo’lib qoldi.

Shu ravishda Toshkent Rus davlati territoriyasini bir qismiga va Chor hukumatining O’rta Osiyoda to’liq hukmronligini o’rnatilishida muhim tayanchga aylantirildi.

033

(Tashriflar: umumiy 1 465, bugungi 1)

Izoh qoldiring