Frans Kafka. Ochlik ustasi

077Сўнгги ўн йилликда очлик санъатига бўлган қизиқиш сезиларли даражада пасайди. Авваллари бу ишнинг усталари оммага ўз санъатини кўрсатиб каттароқ пул топа олиши мумкин эди, бироқ ҳозир бу ақл бовар қилмас ҳол бўлиб қолган.

Франц Кафка
ОЧЛИК УСТАСИ


09Франс Кафка 1883 йилнинг 3 июлида Прага шаҳрида туғилган. Отаси ўз меҳнати туфайли шаҳарда кичикроқ бир фабриканинг эгаси бўлган. У уч қизи ва ўғли Франснинг келажагини таъмин этмоқчи бўлди, лекин ўғли билан бир умр келишолмай ўтди. Франснинг онаси руҳонийлар оиласидан эди. Кафка Прагадаги немис гимназиясини тугатиб, 1901 — 1905 йилларда Прага университетида ҳуқуқшуносликни ўрганди, санъат тарихи ва олмоншунослик бўйича маърузалар тинглади. 1906 — 1907 йилларда Прага шаҳар судининг адвокатлар идорасида амалиёт ўтади. 1907 йилнинг октябридан бошлаб хусусий суғурта жамиятига хизматга кирди. 1908 йилда Прага тижорат академиясида шу ихтисослик бўйича малакасини оширди. Шундан сўнг у турли кам иш тўланадиган ташкилотларда ишлаган. 1917 йилда Кафка сил касалига дучор бўлади, 1922 йилда нафақага чиқади. 1923 йили Берлинга кетади, лекин соғлигининг ёмонлашуви сабабли Прагага қайтишга мажбур бўлади. Франс Кафка 1924 йилнинг 3 июнида Вена шаҳри атрофидаги Кирлинг санаториясида вафот этади.

Асарлари: «Бир кураш тарихи» (1902-1903, биринчи асари), «Қурилиш» (1923, охирги асари), «Америка» (1911-1916, биринчи романи), «Жараён» (1915-1918, иккинчи романи), «Қўрғон» (1921-1922, охирги романи), «Эврилиш», «Ҳукм», «Жазо колониясида», «Очлик устаси», «Отамга хат» ва бошқ.


Сўнгги ўн йилликда очлик санъатига бўлган қизиқиш сезиларли даражада пасайди. Авваллари бу ишнинг усталари оммага ўз санъатини кўрсатиб каттароқ пул топа олиши мумкин эди, бироқ ҳозир бу ақл бовар қилмас ҳол бўлиб қолган.

У пайтлар бошқача давр эди. Шаҳарда қанчалик очликни давом эттирган сари, шунчалик одамлар қафасига қараб ёпирилиб келаверадиган парҳездор ҳақидагина гаплар юрарди. Кунига ҳеч бўлмаса, бир маротаба, уни кўришга келган одамлар орасида эрталабдан то кечга қадар ҳам қафас ёнидан кетмайдиганлари топиларди. У ҳатто тунда ҳам машъаланинг кучли ёруғлиги остида кўрсатиб туриларди. Об-ҳаво яхши бўлган вақтда қафасни кўчага олиб чиқишар ва шу заҳоти атрофини болалар ўраб оларди. Катталар учун эса бу кўпроқ пули тўланган ва ўзлари кузатаётган мода томошасидаги одам каби эрмак бўлиб туюларди. Болалар эса зўр қизиқиш билан тикилишар, оғизларини очганча анграйиб, ваҳимадан бир-бировининг қўлидан тутиб олишарди. Уларнинг ёнида похол бўйрада ( у ҳатто креслони ҳам рад этганди) қора шалварда ранги бўзариб кетган, озғинлигидан барча қовурғаларини санаш мумкин бўлган одам ўтирарди. Ва аҳён-аҳёнда боадаблик билан оммага бош ирғаб қўярди. У зўрма-зўраки табассум билан саволларга жавоб берар ёки одамлар уни пайпаслаб кўриши ва озғин эканлигига ишонч ҳосил қилиши учун чивиқ қафас орасидан қўлларини чиқарарди. Бироқ, кейин яна ўзидан кетар, ҳаммага, ҳаттоки қафасининг ягона ҳашами бўлган соат бонг урганида ҳам лоқайдлик билан, эшитмагандек назар ташлар, рўпарасига паришон ҳолда қараб, секингина кўзини беркитар ва фақатгина баъзи-баъзида лабини ҳўллаш учун сув солинган кичкина стаканни оғзига яқинлаштирарди. Тинимсиз алмашиб турган томошабинлардан ташқари омма томонидан тайинланган қоровул ҳам бутун кун мобайнида ундан кўз узмасди. Қизиғи, одатда бу навбат кўпинча қассобларга тўғри келиб қоларди. Улар учтадан қоровул олиб келар ва уни яширинча бирор нима билан озиқланиб қўймаслиги учун кечаю кундуз кузатиши керак эди. Бироқ бу омманинг кўнгли учун ўйлаб топилган тоза расмиятчилик эди, холос. Ваҳоланки, бу тайинланганлар уни ҳар қандай вазиятда ҳам, ҳаттоки мажбуран ундашса ҳам оғзига ушоқ олмаслигини – кўрсатаётган санъатининг шаъни бунга йўл бермаслигини – билишарди. Тўғри, ҳамма қоровулларнинг ҳам буни тушунишга фаҳми етмасди. Тунда уни кузатиш учун қолган қоровулларнинг баъзи беҳафсала тоифаси парҳездорни қаергадир егулик яшириб қўйган деб ўйлашар ва унга еб олиши учун қулай имкон бериш мақсадида атайин залнинг узоқроқ ерига бориб, қарта ўйнашарди. Ҳеч ким унга бу “мурувватли” қоровуллар каби бу қадар уқубат етказмас, бу ҳатти-ҳаракатлар шунчаки унда умидсизлик уйғотар ва очлик унинг учун қийноққа айланарди. Баъзида уларнинг гумонлари ўринсизлигини исботлаш учун ҳолсизлигини аранг енгганча, бор кучини йиғиб қўшиқ куйларди. Лекин бундан фойда кам: қоровуллар унинг қандай абжирлик билан бир вақтнинг ўзида ҳам куйлаб, ҳам овқатланишини ўйлаб таажжубланарди. Парҳездорнинг кўнглига кўпроқ қафаснинг ёнига стул қўйиб олганча, залнинг тунги хира чироқларига қониқмай, импресарио* томонидан берилган чўнтак фонарини қафасга тутганча, уни тинимсиз кузатиб турадиган қоровуллар таскин берарди. Ўта ёрқин ёруғлик унинг ғашига тегмас, барибир ухлай олмасди ҳам. У шунчаки ҳар қандай ёруғликда ва исталган вақтда енгилгина хушсизлика тушиши мумкин эди. Ҳатто шовқин тўла залда ҳам. Бундай қоровуллар билан бутун тун кўз юммасликка, улар билан ҳазил-ҳузул қилиш, кўчманчи ҳаётидан ҳикоя қилиб бериш ва улардан ҳам ўз ҳикояларини эшитишга тайёр эди. Ва буларнинг бари қоровуллар ухлаб қолмасликлари учун, қафасда ҳеч қандай егулик йўқлигини, уларнинг ҳеч бири ўзи каби очлик санъатини кўрсата олмасликларини тушунишлари учунгина эди. Лекин тонг отганида тун бўйи чарчаб, ухламай чиққан қоровулларга ўз ҳисобидан баракали ва тўйимли нонушта олиб келтирганда, уларнинг соғлом одамлардагина бўладиган иштаҳа билан таомларга ёпирилишларини кўриб чинакамига ўзини бахтли ҳис қиларди. Рости, одамлар орасида қоровулларни меҳмон қилишни пора бериш деб ўйлайдиганлари ҳам топиларди. Бу энди ҳаддидан ошиш эди. Улардан бутун тун давомида ҳеч қандай нонуштага умид қилмай, шунчаки санъатга бир муҳаббат юзасидан қоровуллик қила олишлари ҳақида сўрашган вақти улар қовоқларини уюб қўйишарди. Шубҳаланаётганлар эса, табиийки, ўз фикрида қолишарди. Айтиш керакки, бу каби шубҳа-гумонларнинг бўлиши муқаррар эди. Шу кунгача давом этган очлик вақтида бирорта одам уни узлуксиз равишда кузата олмаганди, шунинг учун ҳам ҳеч ким уни доимий ва оғишмай очлик сақлаётганини аниқ ишонч ҳосил қилганча айтолмасди. Буни фақат, эҳтимол, парҳездорнинг ўзигина билиши мумкин ва унинг ўзигина санъатини чин маънода намоён қилаётганига ягона гувоҳ эди. Одамлар унинг бу қадар озғин қиёфасини кўришга чидай олмас ва очиқ намойишида қатнашмас, ваҳоланки, бундан афсусланишарди ҳам. У ҳеч қачон ўзидан қониқишни ҳис қилмаган ва бу қадар озиб кетишининг сабаби ҳам очлик эмасди. Бошқа бир важ — ўзидан қониқмаслик ҳиссидангина шу аҳволга тушган бўлиши мумкин эди. Уни кўришга кирган одамлар кўролмаган жиҳат, яъни очлик сақлаш, аслида жудаям осонлигини фақат унинг ўзигина биларди. Бу дунёда ундан осон иш йўқ ва бу ҳақда у мутлақо очиқ айтардиям. Лекин ҳеч ким бунга ишонмас, баъзилар буни камтарликка йўйишар ва бу у ҳақида тарқалган гаплар орасида энг яхшиси эди. Бироқ кўпчилик унда, аксинча, нокамтарликни кўрар ёки уни санъатини кўрсатишда – очлик қийин бўлмаслиги учун ўз ишини қандай енгиллаштира олишини биладиган ва яна буни сурбетларча очиқ айтаётган товламачи сифатида айблашарди.

Бу каби бўҳтонларга унинг кўникиб кетишдан бошқа иложи қолмас ва йиллар ўтган сари у бу ҳолатга ўрганиб ҳам кетди, бироқ одамлардан қониқмаслик ҳисси аста-секин унинг бардошини тарошлаб борарди. Неча маротаба очликдан силласи қуриса ҳам у бирор маротаба қафасни ўз ихтиёри билан тарк этмаган – буни тан олмай бўлмасди. Импресарио очлик муддатининг энг охирги чегараси этиб қирқинчи кунни белгилади. Ундан ортиқ муддатга ҳар қандай жиддий сабаб бўлган тақдирда ҳам, ҳаттоки пойтахтда бўлса ҳам асло рухсат бермасди. Тажрибалар шуни кўрсатгандики, тобора шовқинли тарғибот орқали қизиқувчан шаҳарликларнинг иштиёқини янада алангалатиш мумкин эди. Лекин кейинчалик омманинг қизиқиши ва талаби сезиларли равишда пасайиб кетарди. Албатта, қишлоқларда бу шаҳарга таққослаганда бошқача кўринишда бўлган бўларди, бироқ қоидага кўра қирқинчи кун бу муддатнинг охири эди. Кейин – сўнгги куни, амфитеатр иштиёқманд томошабинларга тўлиб, пуфлама чолғулар оркестри бўлиб ўтар, оломон томонидан отилган гуллар билан тўлган қафаснинг эшиги очиларди ва унинг ичига иккита врач кириб, парҳездор танасининг ўлчами ва оғирлигини текширарди. Натижа эса овоз кучайтиргич – мегафонлар орқали оммага етказиларди. Охирида уни қафасдан олиб чиқиш шарафига эга бўлган иккита ёш, омадли хонимлар пайдо бўлади. Улар парҳездорни тахтасупадан зиналар орқали олиб тушиб, пухта ўйланган тамадди билан тузалган дастурхон олдига – кичик стулга ўтқазишади. Лекин бу дақиқаларда у доим қаршилик кўрсатиб келган. Тўғри, у ўзига хизмат кўрсатиш учун эгилган хонимларнинг кафтига қоқсуяк қўлини ташаккурлик билан тутар, бироқ сира ўрнидан тургиси келмасди. Нимага айнан ҳозир – қирқинчи кунда очликни тўхтатиши керак? У яна кўп вақт, муддатсиз ҳолатда, абадий очликка чидаши мумкин эди, нимага у ҳозир, айни чўққисига етганда, барини тўхтатиши лозим (йўқ, балки етмагандир ҳам). Нима учун уни яна узоқроқ оч қолиш ҳузуридан, уни барча замонларнинг очлик устаси деган шарафли номдан айиришлари керак? Тўғри, у бусиз ҳам аллақачон бу номга сазовор бўлган ва ўз даражасидан анча илдамлаб кетган, негаки, у ўзининг санъати ақлга сиғмас даражадалиги ва бунга имконияти чегарасиз эканлигини ҳам хис қила оларди. Нима учун кўринишидан унга қойил қолаётган бу оломонга сабр етишмаяпти? У очликка чидаб турган бир паллада, улар кутишга чидай олмайдими?

Аслида, у жудаям чарчаганди, унга сомонда ўтириш қулай, нимагадир уни туришга, туриб дастурхон атрофига боришга мажбур қилишаётганди. Овқат хақида ўйлашнинг ўзи унинг кўнглини айнитар ва буни хонимларга бўлган ҳурмати юзасидан аранг босиб, ҳолатини сўндиришга тиришарди. У кўринишидан хушмуомала, лекин ўзини тутиши қаттиққўл бўлган бу хонимларга қараб, озғин ва мажолсиз бўйнида турган оғир бошини силкиб қўйди. Лекин бу дақиқаларда саҳнада импресарио пайдо бўларди ва жимгина (гапирган тақдирда ҳам мусиқа таъсирида барибир унинг овози эшитилмасди) қўлларини юқорига кўтариб, Худога ўзининг бу сомон устида ўтирган яратиғини шафқатга муносиб бир тарзда азоб тортаётганини кўрсатаётгандек турли ҳаракатлар кўрсатарди. Бироқ, парҳездор бундай фикрда эмасди. Импресарио унинг ингичка белидан ўта эҳтиёткорлик билан тутиб, атрофдагиларга қўлидаги мўрт бир рамақижон мавжудотни кўрсатишга уринаётгандек сезилмас бир ҳолатда силкитар ва оқибатда у буни ҳис этганча у ёқ-бу ёққа чайқаларди. Кейин уни юзлари оқариб кетган хонимларнинг қўлига тутқазади. Энди у билан нима лозим бўлса, шуни қилиш мумкин эди, – боши кўкрагига осилиб тушган, худди, елкадан думалаб кетган-у уни қандайдир мўжиза тутиб тургандек, танаси буткул шалвираб қолганди. Оёқлари, қақшаб букилиб қолган тиззаси, юришга беихтиёр қаршилик қилар, лиқиллаб турган кўприк устида қаттиқ ерни ҳис қилмоқчидай ўсмоқчилаб, ишончсизлик билан қадам босарди. Танасининг бутун оғирлиги билан, агар буни оғирлик дейиш мумкин бўлса, хонимлардан бирига суяниб турар; хоним қўлидаги парҳездор сабаб ҳансираганча атрофга ночор алангларди. У ўзиниг шарафли вазифасини бу ҳолатда бўлишини умуман тасаввур қилмаганди. Энди эса ҳеч бўлмаганда юзи унга тегиб кетмаслиги учун бўйнини ундан нари чўзишга уринарди. Лекин хоним бу нарсани эплолмас, унинг бахтиёр шериги эса у томон ёрдамга шошилмасди, фақат титроқ ва сохта тантана билан парҳездорнинг бир даста суяк бўлиб қолган қўлини кўтариб кетарди. Биринчи хоним кўз ёшларини тўхтатолмас ва йиғилганларнинг ҳайриҳона нигоҳи остида ўз жойини аллақачон кутиб турган хизматчига бўшатаётганди. Сўнг парҳездор овқатланиши керак эди – импресарио ҳушсизликка тушаётган парҳездорнинг оғзига ейиши керак бўлган-у, берилиши ёдидан кўтарилиб кетган луқмани тиқар ва йиғилган омма бу нарсани сезмаслиги учун тинмай нималарнидир гапириб турарди. Кейин у ўзини худди парҳездор унинг қулоғига шивирлаб тургандай тутиб нутқ сўзлар, оркестр катта тантана учун қисқа табриклаш мусиқасини чалар, халқ эса тарқала бошлаганди ва ҳеч ким унинг қониқмаганлигига сабаб тополмаганди. Атрофда фақат парҳездоргина, биргина у ўзидан қониқмасди. У яна кўп йиллар, вақти-вақти билан оз-оздан дам олиб, фахр билан, шон-шарафга қуршалиб яшади. Лекин у турғун бир ҳолатда маъюс эдики, бу маъюслик ҳеч кимда унинг санъатини жиддий қабул қилиш лаёқати йўқлигидан, фақатгина тобора чуқурлашиб борарди. Уни нима билан ҳам юпатиш мумкин эди, нимаям таскин берарди унинг кўнглига? У яна нимани исташи мумкин эди? Агарда бирор меҳрибон одам унга раҳми келиб, у очлиги учунгина шундай ғамга ботаётганлигини тушунтирмоқчи бўлса, ғазабланиб, томошабинларни қаттиқ дахшатга туширганча, ваҳшат билан қафаснинг шохларига ёпишарди. Лекин импресарио унинг бундай ахлоқсизлигини тўхтатиш йўлини билар ва ўйлаб ҳам ўтирмай бу йўлдан фойдаланарди. Импресарио унинг бу қилиқлари учун халқ олдида кечирим сўраб, ғоятда зардаси қўзиётганини унинг узоқ вақт очлиги билан боғлиқлигини ва қорни тўқлар бу нарсани тушунолмаслигини айтарди. Бироз эътибор қаратилса, бу сабаблар унинг ўзини бу ҳолда тутишини оқларди, албатта. Худди шу сабаб билан импресарио унинг ижозат беришганидан ҳам кўра кўпроқ очлик сақлай олиш даъвосини ҳам тушунтириб кетарди. Импресарио маэстро (парҳездор назарда тутиляпти)нинг олийжаноб ниятларини, инсоний эрки, ўз манфаатларидан воз кеча олиши ва унинг сўзсиз ҳам сезилиб турган бу арзини олқишларди. Шундай бўлса хам у маэстронинг бу сўзларини инкор қилишга ҳаракат қилар, шунинг учун ҳам йиғилган оммага, бўйра устида ётган чалажон, кучдан қолган парҳездорнинг очлик сақлаётганининг қирқинчи кунидаги суратини кўрсатарди. Гарчи бу вазият ўзига таниш бўлса ҳам, ҳақиқатнинг бундай чаппасига айлантирилиши унга сираям ёқмас ва бу уни тутақтирарди, холос. Очликнинг бемаҳал тўхтатилишига унинг ўзини сабабчи этиб кўрсатишарди. Бу каби уни тушунишга лаёқати бўлмаганларга қарши курашиш мумкин эмасди. Парҳездор ҳар сафар, қафаснинг чивиқларига ёпишиб олганча, импресарионинг сўзларини катта умид ва қизиқиш билан тинглар ва расмларни базўр кўргандан кейин, қўлини чивиқлардан бўшатиб, хўрсинганча ўз тўшагига ҳолсиз йиқиларди. Оломон энди хеч қандай қўрқувсиз қафасга яқинлашиб, уни кузатиши мумкин эди. Аввал бундай саҳналарнинг гувоҳи бўлганлар, кейинчалик бу ҳолатни эслашса, ўзларидан ҳайрон қоладиган бўлишди. Гап шунда эдики, мана шу воқеалардан бир неча йил ўтиб, ўша биз юқорида айтган ўзгариш рўй берди. Бу ўзгариш тўсатдан ва ташқаридан қараганда жиддий бир сабаб туфайли юзага келди. Лекин ким ҳам унинг сабабларини излашга ҳафсала қиларди?

Ажойиб кунларнинг бирида, парҳездор бир вақтлар ўзини кўкларга кўтарган бу оломон эрмак излаб уни ташлаганча, бошқа томоша қидириб кетаётганини англаб қолди. Импресарио, эҳтимол, қаердадир очлик устасига аввалги қизиқиш қайта уйғониб қолар деган умидда, у билан яна бир бор Европанинг ярмини айланиб чиқди. Лекин ҳамма уринишлар зое эди. Ҳамма ерда худди хуфиёна келишиб олгандек, ёппасига очлик санъатидан жирканиш авж олганди. Албатта, бу тўсатдан рўй бермади. Агар ортга қайтиб эслайдиган бўлсак, чиндан ҳам қандайдир хавфдан дарак бераётган аломат бўлгандай эди. Ҳа, буни ёдга олиш қийин эмас. Омманинг қизиқиши ўз чўққисига чиққанда ҳеч ким бундай бўлишини ўйлаб ҳам ўтирмади ва, табиийки, бу ҳолатни олдини олмади ҳам. Энди эса бирор қарши ҳаракат қилишдан наф ҳам йўқ эди. Рости, энди очлик санъатига яна оммада қизиқиш уйғонадиган омадли замонлар келишини хаёлга ҳам келтириб бўлмасди, лекин бу умиди йўқолаётганлар учун шунчаки юпанч бўлиши мумкин эди. Парҳездорнинг қисмати энди нимага маҳкум? Бир вақтлар санъатини минглаб томошабинлар олқишлаган очлик устаси энди сайёр артистлар томошагоҳида кўринмасди. Касбини ўзгартириш учун эса у қариб қолган, лекин асосийси, у ўз санъатига ҳануз содиқ эди. Шундай қилиб, у мислсиз шон-шуҳратга эришишга ёрдам берган йўлдоши – импресариога кетиши учун рухсат бериб юборди ва катта циркка ишга кирди. Ўз ҳисларига раҳм қилиб, шартнома шартларига кўз ҳам ташлаб қўймади. Бу катта циркда сон-саноқсиз томошабинлар, одамлар ва механизмлар тинимсиз алмашиб турар ва бир-бирини ўрнини тўлдириб борарди. Шунинг учун ҳам бу ерда исталган артистга, агар кўп талаб қўймаса, очлик санъатини кўрсатувчи артистга ҳам иш топиларди. Очиғи, уни ишга олишаётганда унинг машҳур номигагина аҳамият қаратишди. Аслида, бу ўзига хос санъат ҳеч қачон унинг ўзига ўхшаб қариб қолмасди. Бир вақтлар ўз муваффақиятига эришиб бўлган санъаткор энди шуҳратининг чўққисидан пастга тушиб, циркдан хотиржам бир ўрин топиб олди деб сира айтиб бўлмасди. Аксинча, парҳездор ўз ишини аввалгидан оз бўлса ҳам яхшироқ амалга оширишини айтар, (бу ҳақиқатга ўхшаб кетарди) айнан ҳозир унга қаршилик кўрсатишмаса, бутун дунёни таажжубга тушира олиши ҳақида ваъдалар берарди. Бу эса шинавандалар юзига табассум югуртирар: ўзи билан овора бўлиб қолган бу санъаткор энди у вақтлар ўзгарганини эсидан чиқарганди. Унинг қафаси худди энг зўр намойишлар каби цирк саҳнасининг ўртасига эмас, аксинча, ҳовлининг орқа томонига, ҳайвонлар қафаси ёнидаги қулай ўринга жойлаштирилганди. Ростини айтганда, у ҳақиқий ҳолатни ҳали кўздан қочирмаган ва бу ҳолни ҳам табиий деб ҳисоблади. Қафас унинг олдида туриб кузатувчи оммага изоҳ берувчи ола-була афишалар билан безатилганди. Танаффус пайтида ҳайвонларни кўриш кириш учун кетаётган қизиқувчан томошабинлар унинг қафаси олдидан шунчаки ўтиб кетолмай, ёнида бироз тўхтаб қолишарди. Ҳайвонлар томон олиб борувчи бу тор йўлакда тирбандлик ва шовқинли холат юзага келмаса, балки, ундан ҳам кўпроқ вақт томоша қилиши мумкин эди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ, орқада келаётган томошабинлар нима сабабдан бундай тиқилинч содир бўлаётганини тушунмай шовқин солишарди. Уни эса ҳар сафар илгариги ҳаётида узоқ кутган – томошабинлар тиқилинч бир алпозда келган вақт, гарчи бу дақиқаларни анча кутган бўлса ҳам, ҳаяжондан қалтироқ босарди. Дастлабки пайтларда у танаффусни интиқлик билан кутди ва ёпирилиб келаёган томошабинларга ҳайрат билан тикилди, бироқ, тез орада, жуда тез орада бу хомхаёллар чиндан тарқаб кетди ва у фақат ўз-ўзини алдаётганига, барча кузатаётганлар фақатгина ҳайвонларни кўриш учунгина келаётганига ишона бошлади. Ҳаммасидан ҳам мароқлиси, бу уларни узоқдан тикилганча, томоша қилиш эди. Улар пайдо бўлиб, парҳездор ётган қафас ёнига келишлари билан унинг қулоқлари қийқириқ ва шовқиндан гаранг аҳволга тушарди. Йиғилганлар икки гурухга ажралиб қолишган: ярим томошабинлар уни раҳми келганидан эмас, балки инжиқлик ва тихирлик билан, жимгина кузатиб туришни хоҳлашарди. Бунга парҳездор мутлақо бардош беролмасди. Қолган тоифа эса тезроқ ҳайвонлар қафаси томон ўтиб кетишарди. Томошабинларнинг асосий қисми ўтиб кетишгандан кейин, секин юриб ортда қолиб келаётган қолган қисми ҳам кўриниб қоларди. Гарчи уларга очлик устасининг қафаси олдида бироз тўхтаб кузатишига ҳеч ким халал қилмаса ҳам, одамлар ҳайвонларни кўришга улгуриб қолиш учун шошганча, тез-тез ўтиб кетишарди. Аҳён-аҳёнда шундай бахт насиб этиб қолардики, айрим оталар ёш болаларини қафас олдига олиб келиб, қўли билан уни кўрсатганча фарзандига унинг кимлиги, нималар билан шуғулланиши, ўтмишдаги шон-шуҳрати ва унинг ўта ҳашамли намойишларида бир вақтлар ўзи ҳам иштирок этгани хақида тўлиқ тушунтириб, сўзлаб берарди. Болалар оталарини яхши тушунишмас, сабаби уларга мактабда ҳам бу санъат ҳақида деярли маълумот берилмаган, умуман, ҳаётда очлик қандай моҳият билдиришини билишмасди. Лекин уларнинг ёниб турган синчков кўзларида санъаткор ўз санъатининг келажакдаги ҳозиргидан кўра бахтлироқ кунларини кўрарди. Баъзи пайтлар у ўзига-ўзи ўйлаб қоларди: агар унинг қафасини ҳайвонларга жудаям яқин қўйишмаганида, балки, ҳаммаси яхши бўлиб кетармиди. Шу йўл билан улар одамларнинг танловини осонлаштириб қўйишганди. Ҳайвонларнинг ҳиди, уларнинг тунда кўтарувчи шовқин-сурони ва улар учун коридор бўйлаб олиб кетиладиган хом-хатала гўштларнинг кўриниши, овқатлантираётган вақтидаги увиллашларидан у жудаям асабийлашиб, жабр тортаётганди. Лекин у цирк маъмуриятига мурожаат этишга жазм қилолмас, сабаби ҳайвонларни кўришга келаётган одамлар орасида айнан унинг санъати учун алоҳида бирортаси келиб қолишидан ҳали умид қилаётганди. Кейин ким билади, у ўзининг ҳайвонлар томон олиб борадиган йўлни тўсиб турганини эслатиб қўйса, унинг қафасини қайси бир бурчакка олиб қўйишади. Бироқ, унча катта бўлмаган бу монелик ҳам кундан-кунга камайиб борётганди. Одамларни энди маъмуриятнинг ажабланарли уринишлари, яъни қандайдир очлик устасига омманинг эътиборини тортишмоқчи бўлишаётгани ҳайрон қолдирмай қўйганди, чунки улар ҳам унинг бу ердалигига ўрганиб қолишган, парҳездорнинг бу ердаги қисмати ҳал қилиб бўлинганди. Энди у қанча бўлса ҳам, қай ҳолатда бўлса ҳам очлик сақлаши мумкин ва уни ҳеч нарса тўхтата олмасди ҳам, одамлар ҳафсаласизлик билан унинг ёнидан тўхтамай ўтиб кетишарди. Қани улардан бирортасига очлик сақлаш бир санъат эканлигини тушунтириб бўлса! Ўзи ҳис этмаган одамга буни тушунтириб бўлмайди. Чиройли афишаларнинг ранги ўчиб, ўқиб бўлмас ҳолда йиртилиб кетган, уни янгилаб қўйиш эса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади. Очликнинг ҳар бир куни диққат билан белгилаб борилаётган жадвалга бирор кимса қараб қўймас, бир неча ҳафтадан кейин эса унча қийин бўлмаган бу вазифа ишчиларга ҳам малол кела бошлади. Гарчи парҳездор қачонлардир орзу қилгани каби ҳеч қандай босимсиз ва муддатсиз очликни давом эттираётган бўлса ҳам, аввал айтилгандек, бирор ким бу жараённинг кунларини ҳисобламаётганди. Ҳатто унинг ўзи ҳам буюк муваффақиятининг қайси чўққисига етиб келганини билмас ва бу алам унинг юрагини ўртарди. Лекин қафас олдида бирорта бекорчи одам тўхтаб, жадвалдаги эски рақамларга кўзи тушиб қолгудек бўлса, безбетлик билан бундан ёлғон хиди келаётгани ва бу лоқайд, жохил инсонлар томонидан ўйлаб топилган энг ахмоқона муғомбирлик эканлигини арз қилишга тушарди. Парҳездор инсонларни алдамай, санъатини виждонан намойиш қилар, аксинча, унинг атрофидагилар уни ўзи лойиқ бўлган мукофотдан айирганча, алдаб келаётганди.

Кунлар бир хилда ўтар, бироқ бу кунларнинг ҳам охири келиб қолди. Ана шундай кунларнинг бирида шталмейстер*нинг кўзи парҳездорнинг қафасига тушиб, хизматчилардан нима сабабдан шундай яхши қафас чириган сомонлар билангина бўш ётганини сўради. Шталмейст ерга фақат бир ишчи жадвални кўриб, пархездор эсига тушиб қолмагунига қадар ҳеч ким жавоб бера олмади. Циркдагилар ёғоч билан сомонни титиб, улар орасидан санъаткорни топишди.

– Сен ҳалиям очлик сақлаяпсанми? – сўради шталмейстер. – Қачон тўхтатасан буни?

– Ҳаммангиз мени кечиринг, – пичирлади парҳездор. Бу сўзларни фақатгина қулоқларини қафасга тираб турган шталмейстергина эшита олди.

– Албатта, – жавоб қайтарди шталмейстер ва кўрсаткич бармоғини, худди ишчиларига унинг қай аҳволга етиб борганини кўрсатмоқчидай, манглайига ниқтаб қўйди. – Биз сени кечирамиз.

– Мен ҳар доим одамлар менинг санъатимни кўриб қойил қолишларини, завқланишларини хоҳлаб келдим, – деди маэстро.

– Мана, биз завқланяпмиз-ку, – онсонгина ён босди шталмейстер.

– Лекин сиз бу билан завқланишингиз керак эмасди, – шивирлади парҳездор.

– Майли, унда завқланмаймиз. Нима учун завқланмаслик мумкин?

– Чунки мен очлик сақлашга мажбурман, тушуняпсанми? Бошқача бўлиши имконсиз.

– Қани айтчи менга, – сўради шталмейстер, – нега энди бошқача бўлиши имконсиз?

– Чунки, мен, – деди у, қуриган бошини кўтариб, худди ўпмоқчи бўлгандай, бирорта гапни эшитмай қолмаслиги учун лабини нақ шталмейстернинг қулоғигача келтириб – мен ҳеч қачон ўзим хоҳлаган, таъбимга тўғри келадиган овқатни тополмайман. Ишон, агар мен бундай овқатни топганимда бу ҳолатимни ўзгартириб, бошқалар ва сен каби тўйиб овқатланиб олган бўлардим.

Бу унинг охирги сўзлари эди, бироқ унинг сўниб қолган кўзларида ҳамон мағрур бўлмаса-да, қатъий бир эътиқод – яна ва яна очлик сақлай олиш ишончи қотиб қолганди.

– Олиб ташланг барчасини! – буйруқ берди шталмейстер.

045Қафасга ёшгина леопардни қамадилар. Ҳатто энг ҳиссиз одамлар ҳам шунча вақт бўш ётган қафасга ахийри бирор ҳайвон жойлаштирилганлигини кўриб, енгил тин олиб қўйишди. Леопард ўзини ҳар доимгидан ҳам яхшироқ хис қиларди. Қоровуллар ўйлаб ҳам ўтирмай унга яхши кўрган емишларини олиб келишарди. Ҳайвон кўринишидан йўқотилган озодлигини соғинаётганга ҳам ўхшамасди. Унинг керагидан ортиқ ҳаётий куч жамланган бардам жуссаси ўзини ва ўз озодлигини қамаб қўйгандек туюларди. Озодлик гўё унинг сўйлоқтишлари орасига беркиниб олгандек, жағининг тирқишлари орасидаги бу хурсандчилигини оммага шундай кўрсатардики, одамлар бу ҳолатга аранг дош беришарди. Лекин улар ўзларидаги қўрқувни енгиб, қафасни доира шаклида, зич бўлиб ўраб олишди ва ҳеч нимага аҳамият қаратмасдан, жойидан қўзғалмай, ҳайвонни кузатишда давом этишди.

*импресарио – хусусий театр томошаларини ташкил этувчи киши
* шталмейстер – циркдаги намойишлар бошқарувчиси

Рус тилидан Наврўза Маҳамадхўжаева ўгирмаси

«Хуршид Даврон кутубхонаси»да Франц Кафка ижоди ва ҳаёти.

88So’nggi o’n yillikda ochlik san’atiga bo’lgan qiziqish sezilarli darajada pasaydi. Avvallari bu ishning ustalari ommaga o’z san’atini ko’rsatib kattaroq pul topa olishi mumkin edi, biroq hozir bu aql bovar qilmas hol bo’lib qolgan.

Frants Kafka
OCHLIK USTASI

Frans Kafka 1883 yilning 3 iyulida Praga shahrida tug’ilgan. Otasi o’z mehnati tufayli shaharda kichikroq bir fabrikaning egasi bo’lgan. U uch qizi va o’g’li Fransning kelajagini ta’min etmoqchi bo’ldi, lekin o’g’li bilan bir umr kelisholmay o’tdi. Fransning onasi ruhoniylar oilasidan edi. Kafka Pragadagi nemis gimnaziyasini tugatib, 1901 — 1905 yillarda Praga universitetida huquqshunoslikni o’rgandi, san’at tarixi va olmonshunoslik bo’yicha ma’ruzalar tingladi. 1906 — 1907 yillarda Praga shahar sudining advokatlar idorasida amaliyot o’tadi. 1907 yilning oktyabridan boshlab xususiy sug’urta jamiyatiga xizmatga kirdi. 1908 yilda Praga tijorat akademiyasida shu ixtisoslik bo’yicha malakasini oshirdi. Shundan so’ng u turli kam ish to’lanadigan tashkilotlarda ishlagan. 1917 yilda Kafka sil kasaliga duchor bo’ladi, 1922 yilda nafaqaga chiqadi. 1923 yili Berlinga ketadi, lekin sog’ligining yomonlashuvi sababli Pragaga qaytishga majbur bo’ladi. Frans Kafka 1924 yilning 3 iyunida Vena shahri atrofidagi Kirling sanatoriyasida vafot etadi.

Asarlari: «Bir kurash tarixi» (1902-1903, birinchi asari), «Qurilish» (1923, oxirgi asari), «Amerika» (1911-1916, birinchi romani), «Jarayon» (1915-1918, ikkinchi romani), «Qo’rg’on» (1921-1922, oxirgi romani), «Evrilish», «Hukm», «Jazo koloniyasida», «Ochlik ustasi», «Otamga xat» va boshq.


So’nggi o’n yillikda ochlik san’atiga bo’lgan qiziqish sezilarli darajada pasaydi. Avvallari bu ishning ustalari ommaga o’z san’atini ko’rsatib kattaroq pul topa olishi mumkin edi, biroq hozir bu aql bovar qilmas hol bo’lib qolgan.

U paytlar boshqacha davr edi. Shaharda qanchalik ochlikni davom ettirgan sari, shunchalik odamlar qafasiga qarab yopirilib kelaveradigan parhezdor haqidagina gaplar yurardi. Kuniga hech bo’lmasa, bir marotaba, uni ko’rishga kelgan odamlar orasida ertalabdan to kechga qadar ham qafas yonidan ketmaydiganlari topilardi. U hatto tunda ham mash’alaning kuchli yorug’ligi ostida ko’rsatib turilardi. Ob-havo yaxshi bo’lgan vaqtda qafasni ko’chaga olib chiqishar va shu zahoti atrofini bolalar o’rab olardi. Kattalar uchun esa bu ko’proq puli to’langan va o’zlari kuzatayotgan moda tomoshasidagi odam kabi ermak bo’lib tuyulardi. Bolalar esa zo’r qiziqish bilan tikilishar, og’izlarini ochgancha angrayib, vahimadan bir-birovining qo’lidan tutib olishardi. Ularning yonida poxol bo’yrada ( u hatto kresloni ham rad etgandi) qora shalvarda rangi bo’zarib ketgan, ozg’inligidan barcha qovurg’alarini sanash mumkin bo’lgan odam o’tirardi. Va ahyon-ahyonda boadablik bilan ommaga bosh irg’ab qo’yardi. U zo’rma-zo’raki tabassum bilan savollarga javob berar yoki odamlar uni paypaslab ko’rishi va ozg’in ekanligiga ishonch hosil qilishi uchun chiviq qafas orasidan qo’llarini chiqarardi. Biroq, keyin yana o’zidan ketar, hammaga, hattoki qafasining yagona hashami bo’lgan soat bong urganida ham loqaydlik bilan, eshitmagandek nazar tashlar, ro’parasiga parishon holda qarab, sekingina ko’zini berkitar va faqatgina ba’zi-ba’zida labini ho’llash uchun suv solingan kichkina stakanni og’ziga yaqinlashtirardi. Tinimsiz almashib turgan tomoshabinlardan tashqari omma tomonidan tayinlangan qorovul ham butun kun mobaynida undan ko’z uzmasdi. Qizig’i, odatda bu navbat ko’pincha qassoblarga to’g’ri kelib qolardi. Ular uchtadan qorovul olib kelar va uni yashirincha biror nima bilan oziqlanib qo’ymasligi uchun kechayu kunduz kuzatishi kerak edi. Biroq bu ommaning ko’ngli uchun o’ylab topilgan toza rasmiyatchilik edi, xolos. Vaholanki, bu tayinlanganlar uni har qanday vaziyatda ham, hattoki majburan undashsa ham og’ziga ushoq olmasligini – ko’rsatayotgan san’atining sha’ni bunga yo’l bermasligini – bilishardi. To’g’ri, hamma qorovullarning ham buni tushunishga fahmi yetmasdi. Tunda uni kuzatish uchun qolgan qorovullarning ba’zi behafsala toifasi parhezdorni qayergadir yegulik yashirib qo’ygan deb o’ylashar va unga yeb olishi uchun qulay imkon berish maqsadida atayin zalning uzoqroq yeriga borib, qarta o’ynashardi. Hech kim unga bu “muruvvatli” qorovullar kabi bu qadar uqubat yetkazmas, bu hatti-harakatlar shunchaki unda umidsizlik uyg’otar va ochlik uning uchun qiynoqqa aylanardi. Ba’zida ularning gumonlari o’rinsizligini isbotlash uchun holsizligini arang yenggancha, bor kuchini yig’ib qo’shiq kuylardi. Lekin bundan foyda kam: qorovullar uning qanday abjirlik bilan bir vaqtning o’zida ham kuylab, ham ovqatlanishini o’ylab taajjublanardi. Parhezdorning ko’ngliga ko’proq qafasning yoniga stul qo’yib olgancha, zalning tungi xira chiroqlariga qoniqmay, impresario* tomonidan berilgan cho’ntak fonarini qafasga tutgancha, uni tinimsiz kuzatib turadigan qorovullar taskin berardi. O’ta yorqin yorug’lik uning g’ashiga tegmas, baribir uxlay olmasdi ham. U shunchaki har qanday yorug’likda va istalgan vaqtda yengilgina xushsizlika tushishi mumkin edi. Hatto shovqin to’la zalda ham. Bunday qorovullar bilan butun tun ko’z yummaslikka, ular bilan hazil-huzul qilish, ko’chmanchi hayotidan hikoya qilib berish va ulardan ham o’z hikoyalarini eshitishga tayyor edi. Va bularning bari qorovullar uxlab qolmasliklari uchun, qafasda hech qanday yegulik yo’qligini, ularning hech biri o’zi kabi ochlik san’atini ko’rsata olmasliklarini tushunishlari uchungina edi. Lekin tong otganida tun bo’yi charchab, uxlamay chiqqan qorovullarga o’z hisobidan barakali va to’yimli nonushta olib keltirganda, ularning sog’lom odamlardagina bo’ladigan ishtaha bilan taomlarga yopirilishlarini ko’rib chinakamiga o’zini baxtli his qilardi. Rosti, odamlar orasida qorovullarni mehmon qilishni pora berish deb o’ylaydiganlari ham topilardi. Bu endi haddidan oshish edi. Ulardan butun tun davomida hech qanday nonushtaga umid qilmay, shunchaki san’atga bir muhabbat yuzasidan qorovullik qila olishlari haqida so’rashgan vaqti ular qovoqlarini uyub qo’yishardi. Shubhalanayotganlar esa, tabiiyki, o’z fikrida qolishardi. Aytish kerakki, bu kabi shubha-gumonlarning bo’lishi muqarrar edi. Shu kungacha davom etgan ochlik vaqtida birorta odam uni uzluksiz ravishda kuzata olmagandi, shuning uchun ham hech kim uni doimiy va og’ishmay ochlik saqlayotganini aniq ishonch hosil qilgancha aytolmasdi. Buni faqat, ehtimol, parhezdorning o’zigina bilishi mumkin va uning o’zigina san’atini chin ma’noda namoyon qilayotganiga yagona guvoh edi. Odamlar uning bu qadar ozg’in qiyofasini ko’rishga chiday olmas va ochiq namoyishida qatnashmas, vaholanki, bundan afsuslanishardi ham. U hech qachon o’zidan qoniqishni his qilmagan va bu qadar ozib ketishining sababi ham ochlik emasdi. Boshqa bir vaj — o’zidan qoniqmaslik hissidangina shu ahvolga tushgan bo’lishi mumkin edi. Uni ko’rishga kirgan odamlar ko’rolmagan jihat, ya’ni ochlik saqlash, aslida judayam osonligini faqat uning o’zigina bilardi. Bu dunyoda undan oson ish yo’q va bu haqda u mutlaqo ochiq aytardiyam. Lekin hech kim bunga ishonmas, ba’zilar buni kamtarlikka yo’yishar va bu u haqida tarqalgan gaplar orasida eng yaxshisi edi. Biroq ko’pchilik unda, aksincha, nokamtarlikni ko’rar yoki uni san’atini ko’rsatishda – ochlik qiyin bo’lmasligi uchun o’z ishini qanday yengillashtira olishini biladigan va yana buni surbetlarcha ochiq aytayotgan tovlamachi sifatida ayblashardi.

Bu kabi bo’htonlarga uning ko’nikib ketishdan boshqa iloji qolmas va yillar o’tgan sari u bu holatga o’rganib ham ketdi, biroq odamlardan qoniqmaslik hissi asta-sekin uning bardoshini taroshlab borardi. Necha marotaba ochlikdan sillasi qurisa ham u biror marotaba qafasni o’z ixtiyori bilan tark etmagan – buni tan olmay bo’lmasdi. Impresario ochlik muddatining eng oxirgi chegarasi etib qirqinchi kunni belgiladi. Undan ortiq muddatga har qanday jiddiy sabab bo’lgan taqdirda ham, hattoki poytaxtda bo’lsa ham aslo ruxsat bermasdi. Tajribalar shuni ko’rsatgandiki, tobora shovqinli targ’ibot orqali qiziquvchan shaharliklarning ishtiyoqini yanada alangalatish mumkin edi. Lekin keyinchalik ommaning qiziqishi va talabi sezilarli ravishda pasayib ketardi. Albatta, qishloqlarda bu shaharga taqqoslaganda boshqacha ko’rinishda bo’lgan bo’lardi, biroq qoidaga ko’ra qirqinchi kun bu muddatning oxiri edi. Keyin – so’nggi kuni, amfiteatr ishtiyoqmand tomoshabinlarga to’lib, puflama cholg’ular orkestri bo’lib o’tar, olomon tomonidan otilgan gullar bilan to’lgan qafasning eshigi ochilardi va uning ichiga ikkita vrach kirib, parhezdor tanasining o’lchami va og’irligini tekshirardi. Natija esa ovoz kuchaytirgich – megafonlar orqali ommaga yetkazilardi. Oxirida uni qafasdan olib chiqish sharafiga ega bo’lgan ikkita yosh, omadli xonimlar paydo bo’ladi. Ular parhezdorni taxtasupadan zinalar orqali olib tushib, puxta o’ylangan tamaddi bilan tuzalgan dasturxon oldiga – kichik stulga o’tqazishadi. Lekin bu daqiqalarda u doim qarshilik ko’rsatib kelgan. To’g’ri, u o’ziga xizmat ko’rsatish uchun egilgan xonimlarning kaftiga qoqsuyak qo’lini tashakkurlik bilan tutar, biroq sira o’rnidan turgisi kelmasdi. Nimaga aynan hozir – qirqinchi kunda ochlikni to’xtatishi kerak? U yana ko’p vaqt, muddatsiz holatda, abadiy ochlikka chidashi mumkin edi, nimaga u hozir, ayni cho’qqisiga yetganda, barini to’xtatishi lozim (yo’q, balki yetmagandir ham). Nima uchun uni yana uzoqroq och qolish huzuridan, uni barcha zamonlarning ochlik ustasi degan sharafli nomdan ayirishlari kerak? To’g’ri, u busiz ham allaqachon bu nomga sazovor bo’lgan va o’z darajasidan ancha ildamlab ketgan, negaki, u o’zining san’ati aqlga sig’mas darajadaligi va bunga imkoniyati chegarasiz ekanligini ham xis qila olardi. Nima uchun ko’rinishidan unga qoyil qolayotgan bu olomonga sabr yetishmayapti? U ochlikka chidab turgan bir pallada, ular kutishga chiday olmaydimi?

Aslida, u judayam charchagandi, unga somonda o’tirish qulay, nimagadir uni turishga, turib dasturxon atrofiga borishga majbur qilishayotgandi. Ovqat xaqida o’ylashning o’zi uning ko’nglini aynitar va buni xonimlarga bo’lgan hurmati yuzasidan arang bosib, holatini so’ndirishga tirishardi. U ko’rinishidan xushmuomala, lekin o’zini tutishi qattiqqo’l bo’lgan bu xonimlarga qarab, ozg’in va majolsiz bo’ynida turgan og’ir boshini silkib qo’ydi. Lekin bu daqiqalarda sahnada impresario paydo bo’lardi va jimgina (gapirgan taqdirda ham musiqa ta’sirida baribir uning ovozi eshitilmasdi) qo’llarini yuqoriga ko’tarib, Xudoga o’zining bu somon ustida o’tirgan yaratig’ini shafqatga munosib bir tarzda azob tortayotganini ko’rsatayotgandek turli harakatlar ko’rsatardi. Biroq, parhezdor bunday fikrda emasdi. Impresario uning ingichka belidan o’ta ehtiyotkorlik bilan tutib, atrofdagilarga qo’lidagi mo’rt bir ramaqijon mavjudotni ko’rsatishga urinayotgandek sezilmas bir holatda silkitar va oqibatda u buni his etgancha u yoq-bu yoqqa chayqalardi. Keyin uni yuzlari oqarib ketgan xonimlarning qo’liga tutqazadi. Endi u bilan nima lozim bo’lsa, shuni qilish mumkin edi, – boshi ko’kragiga osilib tushgan, xuddi, yelkadan dumalab ketgan-u uni qandaydir mo’jiza tutib turgandek, tanasi butkul shalvirab qolgandi. Oyoqlari, qaqshab bukilib qolgan tizzasi, yurishga beixtiyor qarshilik qilar, liqillab turgan ko’prik ustida qattiq yerni his qilmoqchiday o’smoqchilab, ishonchsizlik bilan qadam bosardi. Tanasining butun og’irligi bilan, agar buni og’irlik deyish mumkin bo’lsa, xonimlardan biriga suyanib turar; xonim qo’lidagi parhezdor sabab hansiragancha atrofga nochor alanglardi. U o’zinig sharafli vazifasini bu holatda bo’lishini umuman tasavvur qilmagandi. Endi esa hech bo’lmaganda yuzi unga tegib ketmasligi uchun bo’ynini undan nari cho’zishga urinardi. Lekin xonim bu narsani eplolmas, uning baxtiyor sherigi esa u tomon yordamga shoshilmasdi, faqat titroq va soxta tantana bilan parhezdorning bir dasta suyak bo’lib qolgan qo’lini ko’tarib ketardi. Birinchi xonim ko’z yoshlarini to’xtatolmas va yig’ilganlarning hayrihona nigohi ostida o’z joyini allaqachon kutib turgan xizmatchiga bo’shatayotgandi. So’ng parhezdor ovqatlanishi kerak edi – impresario hushsizlikka tushayotgan parhezdorning og’ziga yeyishi kerak bo’lgan-u, berilishi yodidan ko’tarilib ketgan luqmani tiqar va yig’ilgan omma bu narsani sezmasligi uchun tinmay nimalarnidir gapirib turardi. Keyin u o’zini xuddi parhezdor uning qulog’iga shivirlab turganday tutib nutq so’zlar, orkestr katta tantana uchun qisqa tabriklash musiqasini chalar, xalq esa tarqala boshlagandi va hech kim uning qoniqmaganligiga sabab topolmagandi. Atrofda faqat parhezdorgina, birgina u o’zidan qoniqmasdi. U yana ko’p yillar, vaqti-vaqti bilan oz-ozdan dam olib, faxr bilan, shon-sharafga qurshalib yashadi. Lekin u turg’un bir holatda ma’yus ediki, bu ma’yuslik hech kimda uning san’atini jiddiy qabul qilish layoqati yo’qligidan, faqatgina tobora chuqurlashib borardi. Uni nima bilan ham yupatish mumkin edi, nimayam taskin berardi uning ko’ngliga? U yana nimani istashi mumkin edi? Agarda biror mehribon odam unga rahmi kelib, u ochligi uchungina shunday g’amga botayotganligini tushuntirmoqchi bo’lsa, g’azablanib, tomoshabinlarni qattiq daxshatga tushirgancha, vahshat bilan qafasning shoxlariga yopishardi. Lekin impresario uning bunday axloqsizligini to’xtatish yo’lini bilar va o’ylab ham o’tirmay bu yo’ldan foydalanardi. Impresario uning bu qiliqlari uchun xalq oldida kechirim so’rab, g’oyatda zardasi qo’ziyotganini uning uzoq vaqt ochligi bilan bog’liqligini va qorni to’qlar bu narsani tushunolmasligini aytardi. Biroz e’tibor qaratilsa, bu sabablar uning o’zini bu holda tutishini oqlardi, albatta. Xuddi shu sabab bilan impresario uning ijozat berishganidan ham ko’ra ko’proq ochlik saqlay olish da’vosini ham tushuntirib ketardi. Impresario maestro (parhezdor nazarda tutilyapti)ning oliyjanob niyatlarini, insoniy erki, o’z manfaatlaridan voz kecha olishi va uning so’zsiz ham sezilib turgan bu arzini olqishlardi. Shunday bo’lsa xam u maestroning bu so’zlarini inkor qilishga harakat qilar, shuning uchun ham yig’ilgan ommaga, bo’yra ustida yotgan chalajon, kuchdan qolgan parhezdorning ochlik saqlayotganining qirqinchi kunidagi suratini ko’rsatardi. Garchi bu vaziyat o’ziga tanish bo’lsa ham, haqiqatning bunday chappasiga aylantirilishi unga sirayam yoqmas va bu uni tutaqtirardi, xolos. Ochlikning bemahal to’xtatilishiga uning o’zini sababchi etib ko’rsatishardi. Bu kabi uni tushunishga layoqati bo’lmaganlarga qarshi kurashish mumkin emasdi. Parhezdor har safar, qafasning chiviqlariga yopishib olgancha, impresarioning so’zlarini katta umid va qiziqish bilan tinglar va rasmlarni bazo’r ko’rgandan keyin, qo’lini chiviqlardan bo’shatib, xo’rsingancha o’z to’shagiga holsiz yiqilardi. Olomon endi xech qanday qo’rquvsiz qafasga yaqinlashib, uni kuzatishi mumkin edi. Avval bunday sahnalarning guvohi bo’lganlar, keyinchalik bu holatni eslashsa, o’zlaridan hayron qoladigan bo’lishdi. Gap shunda ediki, mana shu voqealardan bir necha yil o’tib, o’sha biz yuqorida aytgan o’zgarish ro’y berdi. Bu o’zgarish to’satdan va tashqaridan qaraganda jiddiy bir sabab tufayli yuzaga keldi. Lekin kim ham uning sabablarini izlashga hafsala qilardi?

Ajoyib kunlarning birida, parhezdor bir vaqtlar o’zini ko’klarga ko’targan bu olomon ermak izlab uni tashlagancha, boshqa tomosha qidirib ketayotganini anglab qoldi. Impresario, ehtimol, qayerdadir ochlik ustasiga avvalgi qiziqish qayta uyg’onib qolar degan umidda, u bilan yana bir bor Yevropaning yarmini aylanib chiqdi. Lekin hamma urinishlar zoye edi. Hamma yerda xuddi xufiyona kelishib olgandek, yoppasiga ochlik san’atidan jirkanish avj olgandi. Albatta, bu to’satdan ro’y bermadi. Agar ortga qaytib eslaydigan bo’lsak, chindan ham qandaydir xavfdan darak berayotgan alomat bo’lganday edi. Ha, buni yodga olish qiyin emas. Ommaning qiziqishi o’z cho’qqisiga chiqqanda hech kim bunday bo’lishini o’ylab ham o’tirmadi va, tabiiyki, bu holatni oldini olmadi ham. Endi esa biror qarshi harakat qilishdan naf ham yo’q edi. Rosti, endi ochlik san’atiga yana ommada qiziqish uyg’onadigan omadli zamonlar kelishini xayolga ham keltirib bo’lmasdi, lekin bu umidi yo’qolayotganlar uchun shunchaki yupanch bo’lishi mumkin edi. Parhezdorning qismati endi nimaga mahkum? Bir vaqtlar san’atini minglab tomoshabinlar olqishlagan ochlik ustasi endi sayyor artistlar tomoshagohida ko’rinmasdi. Kasbini o’zgartirish uchun esa u qarib qolgan, lekin asosiysi, u o’z san’atiga hanuz sodiq edi. Shunday qilib, u mislsiz shon-shuhratga erishishga yordam bergan yo’ldoshi – impresarioga ketishi uchun ruxsat berib yubordi va katta sirkka ishga kirdi. O’z hislariga rahm qilib, shartnoma shartlariga ko’z ham tashlab qo’ymadi. Bu katta sirkda son-sanoqsiz tomoshabinlar, odamlar va mexanizmlar tinimsiz almashib turar va bir-birini o’rnini to’ldirib borardi. Shuning uchun ham bu yerda istalgan artistga, agar ko’p talab qo’ymasa, ochlik san’atini ko’rsatuvchi artistga ham ish topilardi. Ochig’i, uni ishga olishayotganda uning mashhur nomigagina ahamiyat qaratishdi. Aslida, bu o’ziga xos san’at hech qachon uning o’ziga o’xshab qarib qolmasdi. Bir vaqtlar o’z muvaffaqiyatiga erishib bo’lgan san’atkor endi shuhratining cho’qqisidan pastga tushib, sirkdan xotirjam bir o’rin topib oldi deb sira aytib bo’lmasdi. Aksincha, parhezdor o’z ishini avvalgidan oz bo’lsa ham yaxshiroq amalga oshirishini aytar, (bu haqiqatga o’xshab ketardi) aynan hozir unga qarshilik ko’rsatishmasa, butun dunyoni taajjubga tushira olishi haqida va’dalar berardi. Bu esa shinavandalar yuziga tabassum yugurtirar: o’zi bilan ovora bo’lib qolgan bu san’atkor endi u vaqtlar o’zgarganini esidan chiqargandi. Uning qafasi xuddi eng zo’r namoyishlar kabi sirk sahnasining o’rtasiga emas, aksincha, hovlining orqa tomoniga, hayvonlar qafasi yonidagi qulay o’ringa joylashtirilgandi. Rostini aytganda, u haqiqiy holatni hali ko’zdan qochirmagan va bu holni ham tabiiy deb hisobladi. Qafas uning oldida turib kuzatuvchi ommaga izoh beruvchi ola-bula afishalar bilan bezatilgandi. Tanaffus paytida hayvonlarni ko’rish kirish uchun ketayotgan qiziquvchan tomoshabinlar uning qafasi oldidan shunchaki o’tib ketolmay, yonida biroz to’xtab qolishardi. Hayvonlar tomon olib boruvchi bu tor yo’lakda tirbandlik va shovqinli xolat yuzaga kelmasa, balki, undan ham ko’proq vaqt tomosha qilishi mumkin edi. Hech narsadan xabari yo’q, orqada kelayotgan tomoshabinlar nima sababdan bunday tiqilinch sodir bo’layotganini tushunmay shovqin solishardi. Uni esa har safar ilgarigi hayotida uzoq kutgan – tomoshabinlar tiqilinch bir alpozda kelgan vaqt, garchi bu daqiqalarni ancha kutgan bo’lsa ham, hayajondan qaltiroq bosardi. Dastlabki paytlarda u tanaffusni intiqlik bilan kutdi va yopirilib kelayogan tomoshabinlarga hayrat bilan tikildi, biroq, tez orada, juda tez orada bu xomxayollar chindan tarqab ketdi va u faqat o’z-o’zini aldayotganiga, barcha kuzatayotganlar faqatgina hayvonlarni ko’rish uchungina kelayotganiga ishona boshladi. Hammasidan ham maroqlisi, bu ularni uzoqdan tikilgancha, tomosha qilish edi. Ular paydo bo’lib, parhezdor yotgan qafas yoniga kelishlari bilan uning quloqlari qiyqiriq va shovqindan garang ahvolga tushardi. Yig’ilganlar ikki guruxga ajralib qolishgan: yarim tomoshabinlar uni rahmi kelganidan emas, balki injiqlik va tixirlik bilan, jimgina kuzatib turishni xohlashardi. Bunga parhezdor mutlaqo bardosh berolmasdi. Qolgan toifa esa tezroq hayvonlar qafasi tomon o’tib ketishardi. Tomoshabinlarning asosiy qismi o’tib ketishgandan keyin, sekin yurib ortda qolib kelayotgan qolgan qismi ham ko’rinib qolardi. Garchi ularga ochlik ustasining qafasi oldida biroz to’xtab kuzatishiga hech kim xalal qilmasa ham, odamlar hayvonlarni ko’rishga ulgurib qolish uchun shoshgancha, tez-tez o’tib ketishardi. Ahyon-ahyonda shunday baxt nasib etib qolardiki, ayrim otalar yosh bolalarini qafas oldiga olib kelib, qo’li bilan uni ko’rsatgancha farzandiga uning kimligi, nimalar bilan shug’ullanishi, o’tmishdagi shon-shuhrati va uning o’ta hashamli namoyishlarida bir vaqtlar o’zi ham ishtirok etgani xaqida to’liq tushuntirib, so’zlab berardi. Bolalar otalarini yaxshi tushunishmas, sababi ularga maktabda ham bu san’at haqida deyarli ma’lumot berilmagan, umuman, hayotda ochlik qanday mohiyat bildirishini bilishmasdi. Lekin ularning yonib turgan sinchkov ko’zlarida san’atkor o’z san’atining kelajakdagi hozirgidan ko’ra baxtliroq kunlarini ko’rardi. Ba’zi paytlar u o’ziga-o’zi o’ylab qolardi: agar uning qafasini hayvonlarga judayam yaqin qo’yishmaganida, balki, hammasi yaxshi bo’lib ketarmidi. Shu yo’l bilan ular odamlarning tanlovini osonlashtirib qo’yishgandi. Hayvonlarning hidi, ularning tunda ko’taruvchi shovqin-suroni va ular uchun koridor bo’ylab olib ketiladigan xom-xatala go’shtlarning ko’rinishi, ovqatlantirayotgan vaqtidagi uvillashlaridan u judayam asabiylashib, jabr tortayotgandi. Lekin u sirk ma’muriyatiga murojaat etishga jazm qilolmas, sababi hayvonlarni ko’rishga kelayotgan odamlar orasida aynan uning san’ati uchun alohida birortasi kelib qolishidan hali umid qilayotgandi. Keyin kim biladi, u o’zining hayvonlar tomon olib boradigan yo’lni to’sib turganini eslatib qo’ysa, uning qafasini qaysi bir burchakka olib qo’yishadi. Biroq, uncha katta bo’lmagan bu monelik ham kundan-kunga kamayib boryotgandi. Odamlarni endi ma’muriyatning ajablanarli urinishlari, ya’ni qandaydir ochlik ustasiga ommaning e’tiborini tortishmoqchi bo’lishayotgani hayron qoldirmay qo’ygandi, chunki ular ham uning bu yerdaligiga o’rganib qolishgan, parhezdorning bu yerdagi qismati hal qilib bo’lingandi. Endi u qancha bo’lsa ham, qay holatda bo’lsa ham ochlik saqlashi mumkin va uni hech narsa to’xtata olmasdi ham, odamlar hafsalasizlik bilan uning yonidan to’xtamay o’tib ketishardi. Qani ulardan birortasiga ochlik saqlash bir san’at ekanligini tushuntirib bo’lsa! O’zi his etmagan odamga buni tushuntirib bo’lmaydi. Chiroyli afishalarning rangi o’chib, o’qib bo’lmas holda yirtilib ketgan, uni yangilab qo’yish esa hech kimning xayoliga ham kelmadi. Ochlikning har bir kuni diqqat bilan belgilab borilayotgan jadvalga biror kimsa qarab qo’ymas, bir necha haftadan keyin esa uncha qiyin bo’lmagan bu vazifa ishchilarga ham malol kela boshladi. Garchi parhezdor qachonlardir orzu qilgani kabi hech qanday bosimsiz va muddatsiz ochlikni davom ettirayotgan bo’lsa ham, avval aytilgandek, biror kim bu jarayonning kunlarini hisoblamayotgandi. Hatto uning o’zi ham buyuk muvaffaqiyatining qaysi cho’qqisiga yetib kelganini bilmas va bu alam uning yuragini o’rtardi. Lekin qafas oldida birorta bekorchi odam to’xtab, jadvaldagi eski raqamlarga ko’zi tushib qolgudek bo’lsa, bezbetlik bilan bundan yolg’on xidi kelayotgani va bu loqayd, joxil insonlar tomonidan o’ylab topilgan eng axmoqona mug’ombirlik ekanligini arz qilishga tushardi. Parhezdor insonlarni aldamay, san’atini vijdonan namoyish qilar, aksincha, uning atrofidagilar uni o’zi loyiq bo’lgan mukofotdan ayirgancha, aldab kelayotgandi.

Kunlar bir xilda o’tar, biroq bu kunlarning ham oxiri kelib qoldi. Ana shunday kunlarning birida shtalmeyster*ning ko’zi parhezdorning qafasiga tushib, xizmatchilardan nima sababdan shunday yaxshi qafas chirigan somonlar bilangina bo’sh yotganini so’radi. Shtalmeyst yerga faqat bir ishchi jadvalni ko’rib, parxezdor esiga tushib qolmaguniga qadar hech kim javob bera olmadi. Sirkdagilar yog’och bilan somonni titib, ular orasidan san’atkorni topishdi.

– Sen haliyam ochlik saqlayapsanmi? – so’radi shtalmeyster. – Qachon to’xtatasan buni?

– Hammangiz meni kechiring, – pichirladi parhezdor. Bu so’zlarni faqatgina quloqlarini qafasga tirab turgan shtalmeystergina eshita oldi.

– Albatta, – javob qaytardi shtalmeyster va ko’rsatkich barmog’ini, xuddi ishchilariga uning qay ahvolga yetib borganini ko’rsatmoqchiday, manglayiga niqtab qo’ydi. – Biz seni kechiramiz.

– Men har doim odamlar mening san’atimni ko’rib qoyil qolishlarini, zavqlanishlarini xohlab keldim, – dedi maestro.

– Mana, biz zavqlanyapmiz-ku, – onsongina yon bosdi shtalmeyster.

– Lekin siz bu bilan zavqlanishingiz kerak emasdi, – shivirladi parhezdor.

– Mayli, unda zavqlanmaymiz. Nima uchun zavqlanmaslik mumkin?

– Chunki men ochlik saqlashga majburman, tushunyapsanmi? Boshqacha bo’lishi imkonsiz.

– Qani aytchi menga, – so’radi shtalmeyster, – nega endi boshqacha bo’lishi imkonsiz?

– Chunki, men, – dedi u, qurigan boshini ko’tarib, xuddi o’pmoqchi bo’lganday, birorta gapni eshitmay qolmasligi uchun labini naq shtalmeysterning qulog’igacha keltirib – men hech qachon o’zim xohlagan, ta’bimga to’g’ri keladigan ovqatni topolmayman. Ishon, agar men bunday ovqatni topganimda bu holatimni o’zgartirib, boshqalar va sen kabi to’yib ovqatlanib olgan bo’lardim.

Bu uning oxirgi so’zlari edi, biroq uning so’nib qolgan ko’zlarida hamon mag’rur bo’lmasa-da, qat’iy bir e’tiqod – yana va yana ochlik saqlay olish ishonchi qotib qolgandi.

– Olib tashlang barchasini! – buyruq berdi shtalmeyster.

Qafasga yoshgina leopardni qamadilar. Hatto eng hissiz odamlar ham shuncha vaqt bo’sh yotgan qafasga axiyri biror hayvon joylashtirilganligini ko’rib, yengil tin olib qo’yishdi. Leopard o’zini har doimgidan ham yaxshiroq xis qilardi. Qorovullar o’ylab ham o’tirmay unga yaxshi ko’rgan yemishlarini olib kelishardi. Hayvon ko’rinishidan yo’qotilgan ozodligini sog’inayotganga ham o’xshamasdi. Uning keragidan ortiq hayotiy kuch jamlangan bardam jussasi o’zini va o’z ozodligini qamab qo’ygandek tuyulardi. Ozodlik go’yo uning so’yloqtishlari orasiga berkinib olgandek, jag’ining tirqishlari orasidagi bu xursandchiligini ommaga shunday ko’rsatardiki, odamlar bu holatga arang dosh berishardi. Lekin ular o’zlaridagi qo’rquvni yengib, qafasni doira shaklida, zich bo’lib o’rab olishdi va hech nimaga ahamiyat qaratmasdan, joyidan qo’zg’almay, hayvonni kuzatishda davom etishdi.

* impresario – xususiy teatr tomoshalarini tashkil etuvchi kishi
* shtalmeyster – sirkdagi namoyishlar boshqaruvchisi

Rus tilidan Navro’za Mahamadxo’jayeva o’girmasi

Tarjimon haqida: Mahamadxo’jayeva Navro’za 1999- yil 21- mart kuni Toshkent viloyati Bo’stonliq tumanida tug’ilgan. Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o’zbek tili va adabiyoti universiteti 2-bosqich talabasi.

07

(Tashriflar: umumiy 1 146, bugungi 1)

Izoh qoldiring