Nodirabegim Ibrohimova. Ikki esse

07 Олтинчи қаватдан ташқарига боқаман: узоқдан қорли чўққилар кўзга ташланади. Ўпкамни ўраб тургандек ҳиссиёт қолдирадиган юпқа пардани олиб ташлагим келиб қўлим билан кўксимни ғижимлайман, бу ғалати парда доим тўйиб нафас олишга ҳалал беради. Кўнглим ҳам, ўпкам тоза ҳаволарни истаяпти…

Нодирабегим Иброҳимова
ИККИ ЭССЕ


ҚИЧҚИРИҚ ОРТИДАГИ ИЗҲОР
Сентиментал эссе

    Атиргул ифорли атиримдан бўйнимга пуркар эканман, ҳаяжондан қўлларим титраётганини пайқайман. Ниҳоят, бугун сенга сўнгги имкон бераман. Бугун сен учун китоблару шоколад тайёрлаб қўйганим йўқ. Бугунги совғам ўта хавфли, айтилган манзилга қандай кўтариб бориш ҳам мени ўйлантирарди. Бой хонимлар учун уни қўлга киритиш чўт эмас. Лекин совғам сенга ёқмаслиги аниқ.
Осло кўчалари тўла улов –кўпроқ тўладим ва вақтидан олдинроқ манзилга етиб олдим. Аёл киши бироз кечикиб бориши керак, деган қоидага ҳеч амал қилмаганман. Қаерга кечиксам ҳам – сен билан учрашувга кечикиш назаримда катта хато эди. Сен мени келишилган жойда – музей ёнида кутиб турардинг. Кўрганим заҳоти ҳар сафаргидек хурсандчилигимни яширмадим, кулиб саломлашдим. Сен кўзларингни яна олиб қочдинг, зимдан кузатдим шунда сени: кунлар исиб кетган эсада қора плашда эдинг, менга севимли сочларинг бироз ўсган, офтоб туфайли оппоқ юзинг қизаринқираганди. Очиғи, саломлашдик, сўнг нималардир ҳақда гаплашдик, ҳозир буни эслолмайман. Менимча, санъат, бугунги муҳит, топилмаларингу янги суратларинг ҳақда гапирдинг. Мен яна жим тингладим. Сени тинглаш доим менга ёқарди, орада саволларингга жавоб берарканман, чўнтагимдаги буюмни қўлим билан маҳкам қисиб турганимни пайқадим.
— Негадир безовтасан, Тулла? – сен ҳиссиётимни сездинг.
05— “Қичқириқ”нинг яралиш тарихини айтиб бер, Эдвард,- дедим гапни чалғитиш учун, буни аввал ҳам эшитган бўлсам-да.
— Оқшом пайти шаҳар бўйлаб кетардим, таним чарчоқ ва касалликдан толиққанди. Қуёш ботарди – булутлар қизил рангга кирганди – ҳудди қонга ўхшаб. Назаримда, табиатдан қичқириқ овози эшитиларди, менга шундай туюлди. Шу картинани чиздим — қонли булутларни. Ранглар қичқирарди, – сен ўша лаҳзани қайта томоша қилаётгандек олисларга маъносиз тикилиб қолдинг. – Дарвоқе, уни тўлдиряпман, давом эттиряпман…
Айни пайтда менга бу суратнинг аҳамияти йўқ эди. Ҳозир тўрт йилдан бери қаршимдаги инсонга бор меҳру муҳаббатимни бағишлаганимга қарамай севгимни англаб етмаслиги оғир ботарди. Ёшим 29 да, сен-ку 35 ни уриб қўйдинг, ёш бола эмасдик, ҳархолда. Оиланинг нимаси ёмон ахир, нега кўнмайсан бунга?! Гўзаллигим қаршисида тиз чўккан ошиқлар эҳтимол отамнинг бойлиги сабаб менга уйланишни исташини тушунардим, аммо сенинг ўзгарувчанлигингни, баъзан менга эҳтирос билан боқиб, баъзан ўзингдан нари қилишингни сира ҳазм қилолмасдим. Рашк ўти тобора ақлимни ўтмаслаштириб қалбимни куйдирарди. Сенинг атрофингда аёллар кўп эди… Ҳа, ялонғоч аёлларга қараб туриб чизган суратларингни менга кўрсатар экансан, бундан сира ҳижолат чекмас, мен эса ўша ҳолатни кўз олдимга келтириб нақ хушимдан айрилардим.
— Мени бир кун ўлдирасан… — дедим пичирлаб.
— Музейга кирамизми? -дединг гапни чалғитиб.
Бепарволигинг баттар асабимни ўйнади. Балки сен ҳамон илк муҳаббатингни унутмагандирсан, деган қиринди ўтди дилимдан. Тўрт йил бирга бўлсак ҳамми? О, бу Милли сени рад этиб, бошқасига турмушга чиқиб кетгани заб иш бўлган экан. Энг ёмони, номинг танилиб қолгандан сўнг у сени яна эслаб қолгани, Эдвард. Аёллар шунақа – машҳур эркакларни ўзлариники бўлиши исташади. Мен эса сени, кимлигингдан қатъий назар – қалбингни севишимни қачондир тушунармикинсан?
Музейга боқдим: олиб келган буюмим бу ерга ўта шафқатсизлик қилади, деб ўйладим. Сўнгги бор сенга яна ўша саволимни такрорладим:
— Қачон қўлимни сўрайсан, Эдвард?
Сен жилмайиб қўйдингда, касса сари одимладинг. Қайтганингда мен аллақачон бу ерни тарк этгандим. Журъатим етмади режамни амалга оширишга. Йўл бўйи йиғлаб кетдим. Сенинг аламли ва изтиробли болалигингни ўйладим. Беш бешлигингда онангнинг сил касаллигидан вафот этгани, йиллар ўтиб севимли опангни ҳам касаллик олиб кетгани сенга аёл меҳри етишмаслигининг исботи эди. Ўта диндор отангнинг берган тарбияси, шохона ҳаёт, тинимсиз ичкиликбозликлар, асаблар тор-мор бўлиши, буларнинг бари сенинг картиналарингда намоён бўларди. Сен ўз туйғуларинг, қўрқувларинг, ваҳималарингни суратлар орқали ифода этардинг. “Суратларим – менинг кундаликларим”, дейсан доим. Шунинг учун қалбингни очиш мақсадида суратларингни соатлаб томоша қилиб турар, аммо ҳеч вақони тушунмасдим.
Сени меҳрсизликда, бешафқатликда айблагим келар, аммо нимадир бунга йўл бермасди. Охири нима қилиш кераклиги ярқ этиб хаёлимда чақнади. Сени ўзимдан ҳалос қилсам, қадрим бор-йўқлигини билиб оламан, деб ўйладим. Ўлимим сенга изтироб келтирадими-йўқми, шуни ўлардек билгим келди. Аммо чинакамига ўлсам, буни албатта билолмасдим. Гар севишинг маълум бўлса, қайта тирилолмасдим-да. Ўйин, бўлгандаям қалтис ўйин қилишга қарор қилдим.
…Мана, кенг хонам ўртасига ўрнатилган тобутда ётибман, атрофда шамлар ёқиб қўйилган. Бу ўйиндан хабардор дўстларим сени чорлагани кетишган: менинг севги йўлида меъёридан ортиқ дори қабул қилиб ўлганимни айтиш учун. Кўзларим юмуқ: эшик тиқ этса қулоғим хозир. Кутиш асрларга тенглашди. Ҳадемай, бари маълум бўлади: мени севасанми ёки йўқ? Тўрт йиллик муҳаббатимиз сенга заррача аҳамиятлими ё сароб…
Ниҳоят, сен келдинг, буни ҳансираб олаётган нафасингдан сездим. Аста тобутга яқинлашдинг. Шу пайт хўнграб йиғлаб юборасан ва жисмимни қучоқлайсан, деб кутдим. Ана шунда кўзларимни очиб бари ҳазиллигини, сени умрбод ташлаб кетолмаслигимни айтиб сочларингни силашни тасаввур қилдим. Бироқ… сен на йиғладинг, на мени бағрингга босдинг. Ортиқ кутолмадим. Сен билан музейга олиб борганим – хавфли совғам қўлимда турар, уни биқинимга яшириб олгандим. Шарт ўрнимдан туриб револверни аввал сенга, сўнг фикрим ўзгариб ўзимга мўлжалладим. Сен манзарадан шошиб қолдинг: тилинг калимага келмай, бир зум қотиб турдинг. Юзингда яна бераҳм ифодани кўрдим. Қаътийлик билан менга яқинлашдинг ва қуролни олиб қўймоқчи бўлдинг. Уни бермаслик учун маҳкам қисганимни биламан… сўнг ўқ овози янгради. Бир биримизга катта-катта нигоҳларимизни тикканча жимиб қолдик. Қўлимга илиқ нарса оқа бошлади: қарасам қон. Сенинг қўлинг жароҳатланганди.

03«Қотил». Э. Мунк.

…Бу бизнинг сўнгги учрашувимиз эди. Шифохонада бармоғингни кесиб ташлашганини эшитиб, айбдорлик ҳиссидан ўлай дедим. Сен сурат солаётиб чап қўлингни ишлатмасдинг, барибир мени кечириш қийин! Ахир рассом учун бармоқлар нақадар керак! Сени нафақат маҳбуб, балки дўст сифатида ҳам йўқотдим. Мени кўришдан, учрашишдан қатъий бош тортдинг. Ўжарлигинг, қайсарлигинг сабаб узримни қабул қилмадинг. Умумий дўстларимиз сени руҳий ҳолатинг ёмонлигини айтишди. Шундагина катта хато қилганимни, ҳаётингда бир қадар ўрним бўлганини ва уни ўзим бой берганини англадим. Сени тинч қўйишга, аҳволинг ўнгланса яна ярашиб олишга қарор қилдим. Бироқ мени кўришни истамадинг. Бошқа бой хонимлар сингари йил ўтиб менам аламимдан сендан ёшроқ, сендан чиройлироқ бир рассомга турмушга чиқдим. Уям ажойиб суратлар солсада, менинг Эдвардим эмасди. Йиллар ўтиб Копенгагенедаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилганингни эшитганимдан сўнг виждон азоби қийнай бошлади мени. Айтишларича, руҳингни мен хароб қилибман. Бу ҳақда рўзномаларда ўқидим. Сен у ерда олти ой қолиб кетдинг… аммо кўргани боролмадим.
Кейинги тақдирингни билмайман. Аммо сурат чизишни ташламаганингдан, ижод қилаётганингдан хурсанд бўлдим. Европанинг турли шаҳарларида кезиб юришинг, у ерда янги асарлар яратишинг, кўргазмалар ўтказишингни билардим. Мен эса ажрашдим. Бўйдоқлигингни билсамда, ёнингга бормадим – сен ёшгина янги маҳбуба топган эдинг. Яна бахтимни топиш учун турмуш қурдим: у ҳам сенга сира ўхшамасди. Ғуруримни поймол қилиб, сен билан юзлашиш, айбдорлик ҳисси билан қаршингда бош эгишни истамадим.
Аммо баъзан фалон галереяда кўргазманг бўлаётганини эшитгач, бориб томоша қилардим. Улардан ўзимни излар ва кўпинча топардим ҳам. Энди-энди суратларингни маънисини чақяпман, Эдвард. Мана, “Соҳилдаги аёл” номли суратинг. Оқ либосли аёл денгизга термулиб кимнидир кутяпти. Ёнида эса қора кийимли қария. Балки Азроилдир, ким билади. Бу ёшлик ва кексалик ораси бир қадамлигини эслатади. Ўзи умуман барча асарларингда ҳаёт ва тириклик ўртасидаги жангни кўряпман. “Адам ва Ева” сурати эса мени ўзига боғлаб олди. “Нигоҳлар тўқнашганда” – хилватда бир-бирига изтироб билан қараб турган жуфтликдан ўтмишдаги муҳаббат изларини топишга уринаман. Ундаям фақат ўзимни – ташна муҳаббатимни кўраман, сени тополмайман… Менга бирор марта телбалардек боққанингни эслолмайман, Эдвард.
“Ҳаёт рақси” картинасида эса ҳамма ўйинга тушяпти жуфт-жуфт бўлиб. Ўнг тарафда оқ, чап тарафда қора кўйлакли аёл ўртадаги қора либосли эркакка — сенга умид ва ранж ила тикилиб туришибди. Сен эса қизил кийимли аёл билан шодон рақс тушмоқдасан. Ниҳоят, ўзингни тасвирлабсан-да, севлигим? Аёлларга ўчлигингни, улардан бирига қаноат қилолмаслигингни, илҳом излаб, образ излаб уларни алмаштиришингни… “Операция столида” номли суратинг юрагимни зириллатиб юборди. Унда сен ўша отишмадан сўнг бармоғингни кесишаётганини аёвсиз тасвирлагандинг. Кўзимни чирт юмиб олдим.
Қалбимда яна оғриқ пайдо бўлди. Чалғиш учун бошқа суратлар сари суриламан. “Вампир” номли суратга қарайман. Сенга бу мавзу азалдан ёқарди. Эҳтимол, бу ерда қонхўрликни тасвирламоқчи бўлгандирсан, аммо мен бутунлай бошқача тушундим. Қизил сочли аёлнинг тиззасига бош қўйганча йиғлаётган ёки ўкинаётган эркак… Бу сенми, сенинг тавбаларингми? Ҳаммасидан чарчаганингда, кўнглинг ором топадиган маконингми ё? Ўша макон – мен бўлганимда эди, Эдвард, бунинг учун боримни беришга тайёр эдим. Мелонхолик туркумли суратлар жамланмасида ботинингдаги ёлғизликни теран ҳис қиламан. Соҳил сенга доим ёқарди. Ой нури сувда жилва қилганида унга тушкун тикилиб туришингни эслаб, хўрсиндим.
Кейин эса иккимиз тасвирланган автопортрет қаршисида узоқ қолиб кетдим. Малла сочларим ёйилган, кўзларим бежо боқарди. “Қотил” деган сурат эса баридан ошиб тушди… Унда совуққон тарзда сенинг жонингга қасд қилаётган сипогина аёл – мен тасвирлангандим. Шу лаҳзаларда мени фақатгина рашкчи телба сифатида ёд этиб туришингни тушундим. Ҳеч қачон маъсума маҳбубангдек эсламагансан мени.
Ва ниҳоят, “Қичқириқ”нинг янги яратиқларига кўзим тушади. Улар аввалгидан кўра бироз ёрқинроқ эди. Қизил ранг қонни эслатади. Қичқираётган сенми, Эдвард? Нега бунчалик қалбинг ларзага тушган экин? Ўша отишма ёдимга тушади. Ўшанда сени ўлдирмоқчи эдимми, ўзимними, билмайман. Сен ҳам, мен ҳам тирик қолдик, аммо севгимиз ўлди! Севгимга аза тутиб бу ҳаётда ғимирлаб юрибман. Сен эса янги Мадонна излаб Парижу Берлинда кезинасан. Ҳамон рашк ҳисси мени эзади…
Галереядан чиққанимда шом тушиб қолганди. Уйгача пиёда юргим келди. Шовқин шаҳарда одамлар бир нарсадан қуруқ қолгандек шошиб елиб югуришади, ялтираган машиналар сигнали оламни тутади, йигирманчи аср кириб келгандан бери назаримда ҳаёт тезлашиб кетгандек туюлади менга. Ҳамма нарса шунчалик ўзгариб кетдики, ҳатто туйғуларнинг ҳам қадри қолмади. Хориб ўриндиқлардан бирига ўтирдим ва сумкачамдан елпиғич чиқариб елпина бошладим. Шу он нигоҳим олисларда – қип қизил бўлиб ботаётган шафаққа тушди. Ўша лаҳзада дунёдаги энг ёлғиз одамдек сездим ўзимни. Бақиргим, қичқиргим, дод солгим келди. Аммо ундай қилолмадим… Йигирманчи асрнинг нозиктаъб, маданиятли, такаллуфли кишилари сингари юзимда қилт этган исён оловламади. Ёнимдан бош ирғаб ўтиб кетаётган савлатли эркаклар, ўзларига илтифотли ошиқ излаб сайрга чиққан хонимлар, нарироқдаги опера театрига ошиқаётган дидли зиёлилар – ҳаммасининг юзи бир-бириникига ўхшар, сохта жилмайиш ва мағрур димоғлар аро ўзимга қадрли бир юзни излардим. Аммо тополмасдим… Эдвард, бошқаларга сира ўхшамаслигингни, нега айнан сени танлаганимни ўшанда англадим. Сенда сохталик йўқ эди. Ўзингни борингча тутар ва шундай қабул қилишимни истардинг. Менга ўзингни кучли севадигандек қилиб кўрсатмас, бошқа ошиқлар сингари романтик мактублар битмас, гуллар жўнатмасдинг. Сен доим асл санъат учун ғоялар излар экансан, уни мана бу сохта инсонлар ичра эмас, алам ва изтироб чеккан кўнгиллар ичидан қидирардинг. Топардинг ҳам. Энг катта бойлигини йўқотдек миллионердек шалвираб уйимга қайтдим.
Ҳеч ким йўқ муҳташам хонамда овозим борича қичқирдим. Исмингни айтиб бақирдим-чақирдим, дод солдим. Сўнг менга совға қилган ягона картинангга термулганча унсиз йиғладим. “Қачонлардир бу суратинг ҳам, бошқалари ҳам туғилиб ўсган юртингдаги мўъжаз музейда қад ростлаб туради, Эдвард. Машҳур рассом Мункнинг асарларини кўриш учун дунёдан мухлисларинг ташриф буюради… Сен тарихда қоласан. Бунга ишонаман. Афсуски, бизнинг исмларимизни ҳеч қачон бирга тилга олинмайди. Мени рассомнинг бир бармоғидан айрилишига сабаб бўлган, натижада суратлар чизишига қийинчилик туғдирган бир шаддод ва эрка аёл сифатида ёд этишади. Келажакдагилар бугунги одамлар каби қалбимда нелар борлигини ҳеч қачон билишмайди, Эдвард. Зеро, уларга бунинг қизиғи йўқдир. Сенки, мени ташлаб кетган экансан, улардан не ранж? Қалбимдаги оташин муҳаббат ўлганимдан сўнг мен билан қабрга киради ва изсиз йўқолади. Эҳтимол, яратган асарларингни қайсидир тасвирларида яшаб қолар у… Ким билсин, дейсан?»

Муаллифдан изоҳ. Модернист рассом Эдвард Мунк Тулла (асл исми Матилда) исмли аёлдан илҳомланиб бир талай ёрқин суратлар яратган. Уни ёқтирган аёллар кўп бўлсада, бир умр бўйдоқ ўтган ва 80 ёшида вафот этган.

21 март, 2020, Тошкент.

МЕНИ ТУШУНГАН КАФКА

Олтинчи қаватдан ташқарига боқаман: узоқдан қорли чўққилар кўзга ташланади. Ўпкамни ўраб тургандек ҳиссиёт қолдирадиган юпқа пардани олиб ташлагим келиб қўлим билан кўксимни ғижимлайман, бу ғалати парда доим тўйиб нафас олишга ҳалал беради. Кўнглим ҳам, ўпкам тоза ҳаволарни истаяпти. Тоғларни, адирликларни, кенгликларни, яшилликни соғиняпти. Ҳар йилги одатимга кўра лолақизғалдоқлар очилгач тоғлар сари отланаман. Бир-икки кунга бўлсада, қиш бўйи йиғилиб қолган ғуборларим соф ҳаво эриб йўқ бўлаётганини теран ҳис қиламан. Бу сафар кун исишини кутолмадим. Баҳорнинг енгил шабадасини сезгач, айниқса уйимиз ёнидаги гулзорда митти бинафшаларни кўргач, саёҳат тадоригини кўра бошладим. Фарғона мени кутяпти. Болалигимда йўталдан халос бўлавермасам мени доим водийга жўнатишарди. У ердан икки юзимга қон кириб, ҳаётга ташна нигоҳлар билан қайтардим. Ойлаб юрардим у ерда. Улғайишни жазоси шу экан – сафарлар, таътиллар, дам олишлар қисқариб боравераркан.
Доим саёҳатим учун шерик сифатида қўлимда, албатта бирор китоб бўлади. Вақтни ўлдириш учун менга бу гал Кафка ҳамроҳлик қилади. Мен унинг “Эврилиш” деган катта ҳикоясини ўқиганман, холос. Шу биргина асар Кафкани севимли ёзувчиларим қаторига киришига, унинг ижодига қалбан яқинлик ҳис қилишимга сабаб бўлган. “Эврилиш” ҳақда тўхталиб ўтмайман, мени кўпроқ Кафканинг бундай ноодатий асар ёзишига нима мажбур қилгани қизиқтирарди. Севимли муаллифларимнинг шахсий ҳаётига қизиқиш – одатимга зид. Кўпинча уларнинг турмуш тарзи, камчиликлари, умуман тақдири – севган асарларимга бўлган иштиёқимга соя соладигандек туюлади. Қўлимдаги Дунё адиблари китобидан 146 бетни – Кафкани белгилаб қўйганман. Бугун унинг ҳаёт йўли билан танишишни истадим.
Оқ машина баланд тоғлар бағрига кириб келгунча Кафканинг биографияни ўқиш, сўнг тоғ манзараларидан баҳра олиш, сойларни томоша қилиш, янги майсалар исини туйишни дилимга тугиб қўйдим. Унинг кўпчиликка таниш бўлган васияти: “ўлимимдан сўнг барча ёзганларимни ёқиб юборинг” деб дўстига илтимос қилиши мени ўйлантирарди. Яхши ҳамки, фаросатли дўст васиятни бажармай, Кафка мухлисларига катта марҳамат кўрсатган. Ўз асарларини хурмат қилган, унга юрак қўрини бериб ёзган, уйқусиз кечаларда янги ғояларини машаққат билан қоғозга туширган ёзувчи нега бундай қарорга келган бўлиши мумкин? Унинг сирли ҳаёти тубига ета олмаган адабиётшунослар сингари мен ҳам шу ҳақда ўй сура кетаман.
033Оиласида ўзини доим ёлғиз сезган, айниқса отаси билан келишмовчиликлар гирдобида қолган ҳиссиётли Францнинг ёшлик йилларини ўқирканман, “Эврилиш”нинг моҳиятини янада англай бошлайман. Қолган асарларини ҳам топиб ўқишга қарор қиламан. Ўлими туфайли якунланмай қолган учта романи агар битганида адабиёт дунёсида қандай муҳокама бўлишини тасаввур қиламан.
Менга алам қилгани Кафканинг отасининг тахмини ўз исботини топгани: Франц омадсиз тақдир соҳиби эди. Бирор касбга бўйин эгмади, оила ҳам қурмади. Аммо севди! Ижод қилди! Назаримда, у фақат адабиёт ва кўнгил учун туғилганди. Китобдаги котма юзи, ғалати турмаги, кичик жуссасига қарарканман, бу сурат ортида беркинишга шай, ҳеч ердан қўним тополмайдиган, аммо меҳр-муҳаббатга ташна қалбни кўраман. Кафканинг Прага қабристонларидан бирига кўмилгани, ҳозирда унинг кўплаб мухлислари у ерни зиёрат қилиб туришини ўқиб, отасига нисбатан аламим тарқагандек бўлди. Йўқ, Кафка омадсиз эмас. Омадсиз бўлса шу кунгача ям яшил дарахтзор қўйнидаги қумранг қабртоши атрофи гуллар билан безатилмаган бўларди.
Унинг навқирон ёшда сил касаллигига чалиниши, 41 ёшида дунёни тарк этиши дилимни ларзага солади. У пайт силнинг давоси бўлмагани туфайли бу ҳасталикка чалинганлар эрта ўлиб кетганликлари рост. Шунчаки тоза ҳаво, яхши озуқа, хушкайфият билан бу дардни енгиб бўлмаган. Беихтиёр тортмамда уюлиб ётган дорилар кўз олдимга келади: уларни Кафкага илинаман, дориларни ичса ва ўлмаса, қолган асарларини ҳам битирса, эҳтимолки севган аёли билан оила қурса, ўзини бахтли ҳис қилса, ёлғизлик азобидан қутулса дейман…
Бир пайт дераза ортидаги адирликлар ўрнини Кафканинг ўлим тўшагида ётган лаҳзалари эгаллайди.
Аёлларга бўлган қўрқувини енгган Франц ниҳоят 40 ёшида уйланишга қарор қилди. Вена четидаги сил касалликлари шифохонасида ётган Кафкадан 19 ёшли Дора тез тез хабар оларди. Ёзувчи қизнинг отасидан тўйга оқ фотиҳа беришини сўраб мактуб битар, бироқ тез орада ўлими маълум эркакни ёш қизига муносиб кўрмаган ота бунга сира изн бермасди.
Илтижолар ичра орадан ойлар ўтди. Озиб тўзиб кетган Кафка шифохонанинг файзсиз палаталаридан бирида очликдан азобланарди. У томоғидаги кучли оғриқ туфайли бир луқма ҳам ея олмай қолди. Оқибатда очлик ва касалликка таслим бўлди.
Франц ёз фаслининг илк кунларида Доранинг қўлларида жон берди. Етти йил давом этган оғир ҳасталик уни енгди. Севгани билан бирга оила қуролмай доғда қолган ёзувчи аламдан ўлими олдидан барча асарларини ёқиб юборишларини сўраган бўлса эҳтимол.
Машинамиз бўлса бу пайтда Фарғона деган катта ёзувга яқинлашиб қолган бўлади. Бир он Кафкадан узилиб, қалбим энтикади…
Тоғлар, яшил адирлар, сойлар аллақачон ортда қолган, мен эса Кафка билан бўлиб гўзал манзарадан бебаҳра қолгандим. Лекин ачинмайман: эртага қайтишда табиатдан завқланишни режалайман. Шунда бирдан Кафка ҳаёти билан танишув икки ҳафта бурунги дилхираликни ёдимга солади. Лабимни тишлаганча, яна тушкунликка тушаман.
-Сен дориларни ичмаяпсан, тузалмайсан, — тунд юзли ҳамшира ёнимга тап этиб дорини қўяди. –Вақтида келмаяпсан.
Икки йилдан бери унинг қўпол муомаласи ва кўнглимни оздирадиган қиёфасига чидаб келаётган – мендек босиқ ва сабрли одам дорилар якунига етишига бир ой қолганда портлайди. Портлаш – унга қарата қаҳру ғазаб сочиш эмас. Портлаш – ўтган оғир йиллар учун аламдан йиғлаш. Ва албатта кўнгилдан ўтганларини шу беминнат қоғозга битиш. Мен у аёлга шунчаки ачинаман. Берган дориларини бўлса кўз кўрмайдиган тортмага яшириб ташладим… Шу дориларга қарасам, ўзимни жуда ожиз сезаман, уларсиз яхшироқ яшашимга ичимдан ишонаман.
Энг ёмон чўчиганим ҳасталик қайталаниб яна унинг ёнига боришим, ундан дори олишим, “мен сенга нима дегандим, тузалмайсан барибир”, деб тиржайиб туришини тасаввур қилишим… Бу тасаввур шу кунларда – йўтал яна қийнаётганда, мени заифлаштирадиган баҳор фасли яқинлашаётганда янадаям ойдинлашиб бораяпти.
Хаёллардан чалғиш учун ҳали барг чиқармаган қуруқ токзорларга қарайман. Кузда улар қандайин чирой очади. Барибир Фарғонадан руҳим кўтарилиб, ўпкам ҳам енгиллашиб келишига ишонаман. Манзилга яқинлашиб қолай деганда китобни яна қўлимга оламан. Мактублар бўлимига кўзим тушгач, сергакланаман. Тўлиқ ўқишга киришаман. Эътиборимдан четда қолган бу мактуб менга айни вақтида берилган далда, энг керакли тасалли эди. Кафканинг чех журналист дугонаси Миленага ёзган хати (Неъмат Арслон таржимасида) гўё менга аталгандек эди. Ўқирканман, яна кўзларим ёшланади.
“Назаримда бу ўпкадан. Кун бўйи шу фикрдан қутула олмадим. Миямда айланаверди, бошқа ҳеч нарсани ўйлай олмадим. Бу касалликдан қўрққанимдан эмас, менимча (умид қиламан ва Сизнинг шама қилганингиз ҳам буни тасдиқлайди) касалингиз оғир эмас. Агар жиддий бўлганда ҳам (ҳозир Ғарбий Европадагиларнинг ярми озми-кўпми ўпкаси касалланган) мана уч йилдирки, бу дард менга зиёндан кўра кўпроқ фойда келтирди. Бу уч йиллар муқаддам юз берди – ярим тунда оғзимдан қон келди. Тўшакдан турдим (кейинчалик ўқиб билсам, ўриндан турмаслик керак экан) рўй берган ҳолат мени ҳаяжонга солди, чунки бу янгилик эди, шу билан бирга бироз чўчитди ҳам; мен ташқари томон эгилдим, кейин ювиндим, хона бўйлаб юриб келиб кароватга ўтирдим – қон тўхтамади. Шунга қарамай мен ўзимни мутлақо бахтсиз сезмадим – сабаби нима учундир бир дақиқа ўтиб, шуни аниқ ҳис қилдимки, уч йилдан кейин, э, йўқ, тўрт йил давом этган бедорликдан кейин – албатта, қон келиши тўхтаса – ухлашим мумкин. Тез орада ҳаммаси ўз ўрнига тушди (бошқа такрорланмади) туннинг қолган қисмида тинчгина ухладим. Тўғри, эрталаб уй ходимаси келди (ўшанда мен Пол Шёнборнда ижарада яшардим) саховатли, қай даражададир фидойи, аммо беҳад даражада ишчан бу қиз қонни кўриб шундай деди: «Pane doktore, s Vamito oflouho nerotrva.» (Жаноб доктор, сиз узоқ яшамайсиз). Лекин мен ўзимни ҳар доимгидан яхши ҳис қилмоқда эдим, ишга ҳам бордим, фақат тушликдан кейин врачга учрашдим. Бу воқеанинг давоми қизиқарли эмас. Айтмоқчи эдимки, мени қўрқитган нарса сизнинг касалингиз эмас (ўйлаганим сари сизнинг нозик бўлишингизга қарамай, қарийб деҳқон қизларидай тетик, мустаҳкамлигингизни хаёлимга келтириб, ўз фикримни ўзим бўлиб, хулоса қиламанки, йўқ, Сиз касал эмассиз, бу шунчаки ўпканинг огоҳлантириши, касаллиги эмас) – ана шундай, мени қўрқитган бошқа нарса – мана шундай кўргуликка етаклайдиган фикрлар қўрқитяпти. Шу боис, мен ҳозирча бошқа нарсаларни ҳисобдан чиқараман. Сиз: чўнтакда ҳемири ҳам йўқлиги, ҳар кун иккидан саккизгача фақат чой ва олма билан қилинаётган тирикчилик тўғрисида ёзгансиз, ана шуни тушунмаяпман. Бу нарсалар юзма-юз гаплашиб ҳал қилишни тақозо этади. Шунинг учун мен ҳозир чалғиб кетяпман (фақат хатда чалғияпман – ахир, буларни унутиб бўлмайди) ва ўзим бошдан кечирган касалликка қарши қўллаган чораларим бошқалар учун ҳам асқотишини тушунтириб бериш тўғрисида бош қотираяпман. Менинг миям ўшанда ўзига юкланган ташвишлар ва азобларни бошқа кўтара олмасди. У шундай нидо қилди: «Мен таслим бўламан, агар менинг омон қолиш имкониятим кимгадир керак бўлса, юкимни енгиллаштираман, шундагина биз яна маълум муддат жон сақлаймиз». Шунда ўпкалар ҳам овоз бердилар – кўриниб турибди, улар ҳеч нарса йўқотмайдилар. Менинг ихтиёримдан ташқарида рўй бераётган ўпка билан миянинг бундай айтишуви қўрқинчли эди. Шундай қилиб энди қандай қарорга келдингиз? Фаҳмлашимча, ўзингизни бироз эҳтиёт қилишингиз кўп нарса талаб қилмайди, бу жуда оддий. Сизни озгина бўлса-да, кимки севса, ҳаммаси учун маълум савдо. Бу ҳолда бошқача фикр қилишга ўрин йўқ. Халос бўлиш имкони шу эмасми?.”
Машина тўхтаса ҳам тушишга шошилмайман, мактубни бағримга босаман.
-Раҳмат сенга, Франц. Тушунганинг, далда бўлганинг учун ташаккур… XXI асрда ҳам бу дард бор. XXI асрда ҳам ёлғизлик бор. XXI асрда ҳам сени тушунмайдиган ҳиссиз инсонлар тўлиб ётибди. Шунга қарамай инсонда битта бўлсада чин дўст топилади. Дардингга малҳам бўлувчи одамлар қирилиб кетмаган… Умид ўлмайди, тўғрими, ўлмайди, Франц.
Йўлдан териб олганим – митти банафшаларни ўқиб келган китобим ичига, 146 бетга бостираман – хаёлан Кафканинг қабрига гул қўяман. Йиллар ўтсада улар шу ерда чиройли қурийди ва бошқа гербариларим қатори асраб авайланади.

2020 й, 1-март, Фарғона.

05Oltinchi qavatdan tashqariga boqaman: uzoqdan qorli cho’qqilar ko’zga tashlanadi. O’pkamni o’rab turgandek hissiyot qoldiradigan yupqa pardani olib tashlagim kelib qo’lim bilan ko’ksimni g’ijimlayman, bu g’alati parda doim to’yib nafas olishga halal beradi. Ko’nglim ham, o’pkam toza havolarni istayapti…

Nodirabegim Ibrohimova
IKKI ESSE


QICHQIRIQ ORTIDAGI IZHOR
Sentimental esse

Atirgul iforli atirimdan bo’ynimga purkar ekanman, hayajondan qo’llarim titrayotganini payqayman. Nihoyat, bugun senga so’nggi imkon beraman. Bugun sen uchun kitoblaru shokolad tayyorlab qo’yganim yo’q. Bugungi sovg’am o’ta xavfli, aytilgan manzilga qanday ko’tarib borish ham meni o’ylantirardi. Boy xonimlar uchun uni qo’lga kiritish cho’t emas. Lekin sovg’am senga yoqmasligi aniq.
Oslo ko’chalari to’la ulov –ko’proq to’ladim va vaqtidan oldinroq manzilga yetib oldim. Ayol kishi biroz kechikib borishi kerak, degan qoidaga hech amal qilmaganman. Qayerga kechiksam ham – sen bilan uchrashuvga kechikish nazarimda katta xato edi. Sen meni kelishilgan joyda – muzey yonida kutib turarding. Ko’rganim zahoti har safargidek xursandchiligimni yashirmadim, kulib salomlashdim. Sen ko’zlaringni yana olib qochding, zimdan kuzatdim shunda seni: kunlar isib ketgan esada qora plashda eding, menga sevimli sochlaring biroz o’sgan, oftob tufayli oppoq yuzing qizarinqiragandi. Ochig’i, salomlashdik, so’ng nimalardir haqda gaplashdik, hozir buni eslolmayman. Menimcha, san’at, bugungi muhit, topilmalaringu yangi suratlaring haqda gapirding. Men yana jim tingladim. Seni tinglash doim menga yoqardi, orada savollaringga javob berarkanman, cho’ntagimdagi buyumni qo’lim bilan mahkam qisib turganimni payqadim.
— Negadir bezovtasan, Tulla? – sen hissiyotimni sezding.
— “Qichqiriq”ning yaralish tarixini aytib ber, Edvard,- dedim gapni chalg’itish uchun, buni avval ham eshitgan bo’lsam-da.
— Oqshom payti shahar bo’ylab ketardim, tanim charchoq va kasallikdan toliqqandi. Quyosh botardi – bulutlar qizil rangga kirgandi – huddi qonga o’xshab. Nazarimda, tabiatdan qichqiriq ovozi eshitilardi, menga shunday tuyuldi. Shu kartinani chizdim — qonli bulutlarni. Ranglar qichqirardi, – sen o’sha lahzani qayta tomosha qilayotgandek olislarga ma’nosiz tikilib qolding. – Darvoqe, uni to’ldiryapman, davom ettiryapman…
Ayni paytda menga bu suratning ahamiyati yo’q edi. Hozir to’rt yildan beri qarshimdagi insonga bor mehru muhabbatimni bag’ishlaganimga qaramay sevgimni anglab yetmasligi og’ir botardi. Yoshim 29 da, sen-ku 35 ni urib qo’yding, yosh bola emasdik, harxolda. Oilaning nimasi yomon axir, nega ko’nmaysan bunga?! Go’zalligim qarshisida tiz cho’kkan oshiqlar ehtimol otamning boyligi sabab menga uylanishni istashini tushunardim, ammo sening o’zgaruvchanligingni, ba’zan menga ehtiros bilan boqib, ba’zan o’zingdan nari qilishingni sira hazm qilolmasdim. Rashk o’ti tobora aqlimni o’tmaslashtirib qalbimni kuydirardi. Sening atrofingda ayollar ko’p edi… Ha, yalong’och ayollarga qarab turib chizgan suratlaringni menga ko’rsatar ekansan, bundan sira hijolat chekmas, men esa o’sha holatni ko’z oldimga keltirib naq xushimdan ayrilardim.
— Meni bir kun o’ldirasan… — dedim pichirlab.
— Muzeyga kiramizmi? -deding gapni chalg’itib.
Beparvoliging battar asabimni o’ynadi. Balki sen hamon ilk muhabbatingni unutmagandirsan, degan qirindi o’tdi dilimdan. To’rt yil birga bo’lsak hammi? O, bu Milli seni rad etib, boshqasiga turmushga chiqib ketgani zab ish bo’lgan ekan. Eng yomoni, noming tanilib qolgandan so’ng u seni yana eslab qolgani, Edvard. Ayollar shunaqa – mashhur erkaklarni o’zlariniki bo’lishi istashadi. Men esa seni, kimligingdan qat’iy nazar – qalbingni sevishimni qachondir tushunarmikinsan?
Muzeyga boqdim: olib kelgan buyumim bu yerga o’ta shafqatsizlik qiladi, deb o’yladim. So’nggi bor senga yana o’sha savolimni takrorladim:
— Qachon qo’limni so’raysan, Edvard?
Sen jilmayib qo’ydingda, kassa sari odimlading. Qaytganingda men allaqachon bu yerni tark etgandim. Jur’atim yetmadi rejamni amalga oshirishga. Yo’l bo’yi yig’lab ketdim. Sening alamli va iztirobli bolaligingni o’yladim. Besh beshligingda onangning sil kasalligidan vafot etgani, yillar o’tib sevimli opangni ham kasallik olib ketgani senga ayol mehri yetishmasligining isboti edi. O’ta dindor otangning bergan tarbiyasi, shoxona hayot, tinimsiz ichkilikbozliklar, asablar tor-mor bo’lishi, bularning bari sening kartinalaringda namoyon bo’lardi. Sen o’z tuyg’ularing, qo’rquvlaring, vahimalaringni suratlar orqali ifoda etarding. “Suratlarim – mening kundaliklarim”, deysan doim. Shuning uchun qalbingni ochish maqsadida suratlaringni soatlab tomosha qilib turar, ammo hech vaqoni tushunmasdim.
Seni mehrsizlikda, beshafqatlikda ayblagim kelar, ammo nimadir bunga yo’l bermasdi. Oxiri nima qilish kerakligi yarq etib xayolimda chaqnadi. Seni o’zimdan halos qilsam, qadrim bor-yo’qligini bilib olaman, deb o’yladim. O’limim senga iztirob keltiradimi-yo’qmi, shuni o’lardek bilgim keldi. Ammo chinakamiga o’lsam, buni albatta bilolmasdim. Gar sevishing ma’lum bo’lsa, qayta tirilolmasdim-da. O’yin, bo’lgandayam qaltis o’yin qilishga qaror qildim.
…Mana, keng xonam o’rtasiga o’rnatilgan tobutda yotibman, atrofda shamlar yoqib qo’yilgan. Bu o’yindan xabardor do’stlarim seni chorlagani ketishgan: mening sevgi yo’lida me’yoridan ortiq dori qabul qilib o’lganimni aytish uchun. Ko’zlarim yumuq: eshik tiq etsa qulog’im xozir. Kutish asrlarga tenglashdi. Hademay, bari ma’lum bo’ladi: meni sevasanmi yoki yo’q? To’rt yillik muhabbatimiz senga zarracha ahamiyatlimi yo sarob…
Nihoyat, sen kelding, buni hansirab olayotgan nafasingdan sezdim. Asta tobutga yaqinlashding. Shu payt xo’ngrab yig’lab yuborasan va jismimni quchoqlaysan, deb kutdim. Ana shunda ko’zlarimni ochib bari hazilligini, seni umrbod tashlab ketolmasligimni aytib sochlaringni silashni tasavvur qildim. Biroq… sen na yig’lading, na meni bag’ringga bosding. Ortiq kutolmadim. Sen bilan muzeyga olib borganim – xavfli sovg’am qo’limda turar, uni biqinimga yashirib olgandim. Shart o’rnimdan turib revolverni avval senga, so’ng fikrim o’zgarib o’zimga mo’ljalladim. Sen manzaradan shoshib qolding: tiling kalimaga kelmay, bir zum qotib turding. Yuzingda yana berahm ifodani ko’rdim. Qa’tiylik bilan menga yaqinlashding va qurolni olib qo’ymoqchi bo’lding. Uni bermaslik uchun mahkam qisganimni bilaman… so’ng o’q ovozi yangradi. Bir birimizga katta-katta nigohlarimizni tikkancha jimib qoldik. Qo’limga iliq narsa oqa boshladi: qarasam qon. Sening qo’ling jarohatlangandi.

023«Qotil». E. Munk.

…Bu bizning so’nggi uchrashuvimiz edi. Shifoxonada barmog’ingni kesib tashlashganini eshitib, aybdorlik hissidan o’lay dedim. Sen surat solayotib chap qo’lingni ishlatmasding, baribir meni kechirish qiyin! Axir rassom uchun barmoqlar naqadar kerak! Seni nafaqat mahbub, balki do’st sifatida ham yo’qotdim. Meni ko’rishdan, uchrashishdan qat’iy bosh tortding. O’jarliging, qaysarliging sabab uzrimni qabul qilmading. Umumiy do’stlarimiz seni ruhiy holating yomonligini aytishdi. Shundagina katta xato qilganimni, hayotingda bir qadar o’rnim bo’lganini va uni o’zim boy berganini angladim. Seni tinch qo’yishga, ahvoling o’nglansa yana yarashib olishga qaror qildim. Biroq meni ko’rishni istamading. Boshqa boy xonimlar singari yil o’tib menam alamimdan sendan yoshroq, sendan chiroyliroq bir rassomga turmushga chiqdim. Uyam ajoyib suratlar solsada, mening Edvardim emasdi. Yillar o’tib Kopengagenedagi ruhiy kasalliklar shifoxonasiga yotqizilganingni eshitganimdan so’ng vijdon azobi qiynay boshladi meni. Aytishlaricha, ruhingni men xarob qilibman. Bu haqda ro’znomalarda o’qidim. Sen u yerda olti oy qolib ketding… ammo ko’rgani borolmadim.
Keyingi taqdiringni bilmayman. Ammo surat chizishni tashlamaganingdan, ijod qilayotganingdan xursand bo’ldim. Yevropaning turli shaharlarida kezib yurishing, u yerda yangi asarlar yaratishing, ko’rgazmalar o’tkazishingni bilardim. Men esa ajrashdim. Bo’ydoqligingni bilsamda, yoningga bormadim – sen yoshgina yangi mahbuba topgan eding. Yana baxtimni topish uchun turmush qurdim: u ham senga sira o’xshamasdi. G’ururimni poymol qilib, sen bilan yuzlashish, aybdorlik hissi bilan qarshingda bosh egishni istamadim.
Ammo ba’zan falon galereyada ko’rgazmang bo’layotganini eshitgach, borib tomosha qilardim. Ulardan o’zimni izlar va ko’pincha topardim ham. Endi-endi suratlaringni ma’nisini chaqyapman, Edvard. Mana, “Sohildagi ayol” nomli surating. Oq libosli ayol dengizga termulib kimnidir kutyapti. Yonida esa qora kiyimli qariya. Balki Azroildir, kim biladi. Bu yoshlik va keksalik orasi bir qadamligini eslatadi. O’zi umuman barcha asarlaringda hayot va tiriklik o’rtasidagi jangni ko’ryapman. “Adam va Yeva” surati esa meni o’ziga bog’lab oldi. “Nigohlar to’qnashganda” – xilvatda bir-biriga iztirob bilan qarab turgan juftlikdan o’tmishdagi muhabbat izlarini topishga urinaman. Undayam faqat o’zimni – tashna muhabbatimni ko’raman, seni topolmayman… Menga biror marta telbalardek boqqaningni eslolmayman, Edvard.
“Hayot raqsi” kartinasida esa hamma o’yinga tushyapti juft-juft bo’lib. O’ng tarafda oq, chap tarafda qora ko’ylakli ayol o’rtadagi qora libosli erkakka — senga umid va ranj ila tikilib turishibdi. Sen esa qizil kiyimli ayol bilan shodon raqs tushmoqdasan. Nihoyat, o’zingni tasvirlabsan-da, sevligim? Ayollarga o’chligingni, ulardan biriga qanoat qilolmasligingni, ilhom izlab, obraz izlab ularni almashtirishingni… “Operatsiya stolida” nomli surating yuragimni zirillatib yubordi. Unda sen o’sha otishmadan so’ng barmog’ingni kesishayotganini ayovsiz tasvirlaganding. Ko’zimni chirt yumib oldim.
Qalbimda yana og’riq paydo bo’ldi. Chalg’ish uchun boshqa suratlar sari surilaman. “Vampir” nomli suratga qarayman. Senga bu mavzu azaldan yoqardi. Ehtimol, bu yerda qonxo’rlikni tasvirlamoqchi bo’lgandirsan, ammo men butunlay boshqacha tushundim. Qizil sochli ayolning tizzasiga bosh qo’ygancha yig’layotgan yoki o’kinayotgan erkak… Bu senmi, sening tavbalaringmi? Hammasidan charchaganingda, ko’ngling orom topadigan makoningmi yo? O’sha makon – men bo’lganimda edi, Edvard, buning uchun borimni berishga tayyor edim. Melonxolik turkumli suratlar jamlanmasida botiningdagi yolg’izlikni teran his qilaman. Sohil senga doim yoqardi. Oy nuri suvda jilva qilganida unga tushkun tikilib turishingni eslab, xo’rsindim.
Keyin esa ikkimiz tasvirlangan avtoportret qarshisida uzoq qolib ketdim. Malla sochlarim yoyilgan, ko’zlarim bejo boqardi. “Qotil” degan surat esa baridan oshib tushdi… Unda sovuqqon tarzda sening joningga qasd qilayotgan sipogina ayol – men tasvirlangandim. Shu lahzalarda meni faqatgina rashkchi telba sifatida yod etib turishingni tushundim. Hech qachon ma’suma mahbubangdek eslamagansan meni.
Va nihoyat, “Qichqiriq”ning yangi yaratiqlariga ko’zim tushadi. Ular avvalgidan ko’ra biroz yorqinroq edi. Qizil rang qonni eslatadi. Qichqirayotgan senmi, Edvard? Nega bunchalik qalbing larzaga tushgan ekin? O’sha otishma yodimga tushadi. O’shanda seni o’ldirmoqchi edimmi, o’zimnimi, bilmayman. Sen ham, men ham tirik qoldik, ammo sevgimiz o’ldi! Sevgimga aza tutib bu hayotda g’imirlab yuribman. Sen esa yangi Madonna izlab Pariju Berlinda kezinasan. Hamon rashk hissi meni ezadi…
Galereyadan chiqqanimda shom tushib qolgandi. Uygacha piyoda yurgim keldi. Shovqin shaharda odamlar bir narsadan quruq qolgandek shoshib yelib yugurishadi, yaltiragan mashinalar signali olamni tutadi, yigirmanchi asr kirib kelgandan beri nazarimda hayot tezlashib ketgandek tuyuladi menga. Hamma narsa shunchalik o’zgarib ketdiki, hatto tuyg’ularning ham qadri qolmadi. Xorib o’rindiqlardan biriga o’tirdim va sumkachamdan yelpig’ich chiqarib yelpina boshladim. Shu on nigohim olislarda – qip qizil bo’lib botayotgan shafaqqa tushdi. O’sha lahzada dunyodagi eng yolg’iz odamdek sezdim o’zimni. Baqirgim, qichqirgim, dod solgim keldi. Ammo unday qilolmadim… Yigirmanchi asrning nozikta’b, madaniyatli, takallufli kishilari singari yuzimda qilt etgan isyon olovlamadi. Yonimdan bosh irg’ab o’tib ketayotgan savlatli erkaklar, o’zlariga iltifotli oshiq izlab sayrga chiqqan xonimlar, nariroqdagi opera teatriga oshiqayotgan didli ziyolilar – hammasining yuzi bir-birinikiga o’xshar, soxta jilmayish va mag’rur dimog’lar aro o’zimga qadrli bir yuzni izlardim. Ammo topolmasdim… Edvard, boshqalarga sira o’xshamasligingni, nega aynan seni tanlaganimni o’shanda angladim. Senda soxtalik yo’q edi. O’zingni boringcha tutar va shunday qabul qilishimni istarding. Menga o’zingni kuchli sevadigandek qilib ko’rsatmas, boshqa oshiqlar singari romantik maktublar bitmas, gullar jo’natmasding. Sen doim asl san’at uchun g’oyalar izlar ekansan, uni mana bu soxta insonlar ichra emas, alam va iztirob chekkan ko’ngillar ichidan qidirarding. Toparding ham. Eng katta boyligini yo’qotdek millionerdek shalvirab uyimga qaytdim.
Hech kim yo’q muhtasham xonamda ovozim boricha qichqirdim. Ismingni aytib baqirdim-chaqirdim, dod soldim. So’ng menga sovg’a qilgan yagona kartinangga termulgancha unsiz yig’ladim. “Qachonlardir bu surating ham, boshqalari ham tug’ilib o’sgan yurtingdagi mo»jaz muzeyda qad rostlab turadi, Edvard. Mashhur rassom Munkning asarlarini ko’rish uchun dunyodan muxlislaring tashrif buyuradi… Sen tarixda qolasan. Bunga ishonaman. Afsuski, bizning ismlarimizni hech qachon birga tilga olinmaydi. Meni rassomning bir barmog’idan ayrilishiga sabab bo’lgan, natijada suratlar chizishiga qiyinchilik tug’dirgan bir shaddod va erka ayol sifatida yod etishadi. Kelajakdagilar bugungi odamlar kabi qalbimda nelar borligini hech qachon bilishmaydi, Edvard. Zero, ularga buning qizig’i yo’qdir. Senki, meni tashlab ketgan ekansan, ulardan ne ranj? Qalbimdagi otashin muhabbat o’lganimdan so’ng men bilan qabrga kiradi va izsiz yo’qoladi. Ehtimol, yaratgan asarlaringni qaysidir tasvirlarida yashab qolar u… Kim bilsin, deysan?»

Muallifdan izoh. Modernist rassom Edvard Munk Tulla (asl ismi Matilda) ismli ayoldan ilhomlanib bir talay yorqin suratlar yaratgan. Uni yoqtirgan ayollar ko’p bo’lsada, bir umr bo’ydoq o’tgan va 80 yoshida vafot etgan.

21 mart, 2020, Toshkent.

MENI TUSHUNGAN KAFKA

Oltinchi qavatdan tashqariga boqaman: uzoqdan qorli cho’qqilar ko’zga tashlanadi. O’pkamni o’rab turgandek hissiyot qoldiradigan yupqa pardani olib tashlagim kelib qo’lim bilan ko’ksimni g’ijimlayman, bu g’alati parda doim to’yib nafas olishga halal beradi. Ko’nglim ham, o’pkam toza havolarni istayapti. Tog’larni, adirliklarni, kengliklarni, yashillikni sog’inyapti. Har yilgi odatimga ko’ra lolaqizg’aldoqlar ochilgach tog’lar sari otlanaman. Bir-ikki kunga bo’lsada, qish bo’yi yig’ilib qolgan g’uborlarim sof havo erib yo’q bo’layotganini teran his qilaman. Bu safar kun isishini kutolmadim. Bahorning yengil shabadasini sezgach, ayniqsa uyimiz yonidagi gulzorda mitti binafshalarni ko’rgach, sayohat tadorigini ko’ra boshladim. Farg’ona meni kutyapti. Bolaligimda yo’taldan xalos bo’lavermasam meni doim vodiyga jo’natishardi. U yerdan ikki yuzimga qon kirib, hayotga tashna nigohlar bilan qaytardim. Oylab yurardim u yerda. Ulg’ayishni jazosi shu ekan – safarlar, ta’tillar, dam olishlar qisqarib boraverarkan.
Doim sayohatim uchun sherik sifatida qo’limda, albatta biror kitob bo’ladi. Vaqtni o’ldirish uchun menga bu gal Kafka hamrohlik qiladi. Men uning “Evrilish” degan katta hikoyasini o’qiganman, xolos. Shu birgina asar Kafkani sevimli yozuvchilarim qatoriga kirishiga, uning ijodiga qalban yaqinlik his qilishimga sabab bo’lgan. “Evrilish” haqda to’xtalib o’tmayman, meni ko’proq Kafkaning bunday noodatiy asar yozishiga nima majbur qilgani qiziqtirardi. Sevimli mualliflarimning shaxsiy hayotiga qiziqish – odatimga zid. Ko’pincha ularning turmush tarzi, kamchiliklari, umuman taqdiri – sevgan asarlarimga bo’lgan ishtiyoqimga soya soladigandek tuyuladi. Qo’limdagi Dunyo adiblari kitobidan 146 betni – Kafkani belgilab qo’yganman. Bugun uning hayot yo’li bilan tanishishni istadim.
Oq mashina baland tog’lar bag’riga kirib kelguncha Kafkaning biografiyani o’qish, so’ng tog’ manzaralaridan bahra olish, soylarni tomosha qilish, yangi maysalar isini tuyishni dilimga tugib qo’ydim. Uning ko’pchilikka tanish bo’lgan vasiyati: “o’limimdan so’ng barcha yozganlarimni yoqib yuboring” deb do’stiga iltimos qilishi meni o’ylantirardi. Yaxshi hamki, farosatli do’st vasiyatni bajarmay, Kafka muxlislariga katta marhamat ko’rsatgan. O’z asarlarini xurmat qilgan, unga yurak qo’rini berib yozgan, uyqusiz kechalarda yangi g’oyalarini mashaqqat bilan qog’ozga tushirgan yozuvchi nega bunday qarorga kelgan bo’lishi mumkin? Uning sirli hayoti tubiga yeta olmagan adabiyotshunoslar singari men ham shu haqda o’y sura ketaman.
09Oilasida o’zini doim yolg’iz sezgan, ayniqsa otasi bilan kelishmovchiliklar girdobida qolgan hissiyotli Frantsning yoshlik yillarini o’qirkanman, “Evrilish”ning mohiyatini yanada anglay boshlayman. Qolgan asarlarini ham topib o’qishga qaror qilaman. O’limi tufayli yakunlanmay qolgan uchta romani agar bitganida adabiyot dunyosida qanday muhokama bo’lishini tasavvur qilaman.
Menga alam qilgani Kafkaning otasining taxmini o’z isbotini topgani: Frants omadsiz taqdir sohibi edi. Biror kasbga bo’yin egmadi, oila ham qurmadi. Ammo sevdi! Ijod qildi! Nazarimda, u faqat adabiyot va ko’ngil uchun tug’ilgandi. Kitobdagi kotma yuzi, g’alati turmagi, kichik jussasiga qararkanman, bu surat ortida berkinishga shay, hech yerdan qo’nim topolmaydigan, ammo mehr-muhabbatga tashna qalbni ko’raman. Kafkaning Praga qabristonlaridan biriga ko’milgani, hozirda uning ko’plab muxlislari u yerni ziyorat qilib turishini o’qib, otasiga nisbatan alamim tarqagandek bo’ldi. Yo’q, Kafka omadsiz emas. Omadsiz bo’lsa shu kungacha yam yashil daraxtzor qo’ynidagi qumrang qabrtoshi atrofi gullar bilan bezatilmagan bo’lardi.
Uning navqiron yoshda sil kasalligiga chalinishi, 41 yoshida dunyoni tark etishi dilimni larzaga soladi. U payt silning davosi bo’lmagani tufayli bu hastalikka chalinganlar erta o’lib ketganliklari rost. Shunchaki toza havo, yaxshi ozuqa, xushkayfiyat bilan bu dardni yengib bo’lmagan. Beixtiyor tortmamda uyulib yotgan dorilar ko’z oldimga keladi: ularni Kafkaga ilinaman, dorilarni ichsa va o’lmasa, qolgan asarlarini ham bitirsa, ehtimolki sevgan ayoli bilan oila qursa, o’zini baxtli his qilsa, yolg’izlik azobidan qutulsa deyman…
Bir payt deraza ortidagi adirliklar o’rnini Kafkaning o’lim to’shagida yotgan lahzalari egallaydi.
Ayollarga bo’lgan qo’rquvini yenggan Frants nihoyat 40 yoshida uylanishga qaror qildi. Vena chetidagi sil kasalliklari shifoxonasida yotgan Kafkadan 19 yoshli Dora tez tez xabar olardi. Yozuvchi qizning otasidan to’yga oq fotiha berishini so’rab maktub bitar, biroq tez orada o’limi ma’lum erkakni yosh qiziga munosib ko’rmagan ota bunga sira izn bermasdi.
Iltijolar ichra oradan oylar o’tdi. Ozib to’zib ketgan Kafka shifoxonaning fayzsiz palatalaridan birida ochlikdan azoblanardi. U tomog’idagi kuchli og’riq tufayli bir luqma ham yeya olmay qoldi. Oqibatda ochlik va kasallikka taslim bo’ldi.
Frants yoz faslining ilk kunlarida Doraning qo’llarida jon berdi. Yetti yil davom etgan og’ir hastalik uni yengdi. Sevgani bilan birga oila qurolmay dog’da qolgan yozuvchi alamdan o’limi oldidan barcha asarlarini yoqib yuborishlarini so’ragan bo’lsa ehtimol.
Mashinamiz bo’lsa bu paytda Farg’ona degan katta yozuvga yaqinlashib qolgan bo’ladi. Bir on Kafkadan uzilib, qalbim entikadi…
Tog’lar, yashil adirlar, soylar allaqachon ortda qolgan, men esa Kafka bilan bo’lib go’zal manzaradan bebahra qolgandim. Lekin achinmayman: ertaga qaytishda tabiatdan zavqlanishni rejalayman. Shunda birdan Kafka hayoti bilan tanishuv ikki hafta burungi dilxiralikni yodimga soladi. Labimni tishlagancha, yana tushkunlikka tushaman.
-Sen dorilarni ichmayapsan, tuzalmaysan, — tund yuzli hamshira yonimga tap etib dorini qo’yadi. –Vaqtida kelmayapsan.
Ikki yildan beri uning qo’pol muomalasi va ko’nglimni ozdiradigan qiyofasiga chidab kelayotgan – mendek bosiq va sabrli odam dorilar yakuniga yetishiga bir oy qolganda portlaydi. Portlash – unga qarata qahru g’azab sochish emas. Portlash – o’tgan og’ir yillar uchun alamdan yig’lash. Va albatta ko’ngildan o’tganlarini shu beminnat qog’ozga bitish. Men u ayolga shunchaki achinaman. Bergan dorilarini bo’lsa ko’z ko’rmaydigan tortmaga yashirib tashladim… Shu dorilarga qarasam, o’zimni juda ojiz sezaman, ularsiz yaxshiroq yashashimga ichimdan ishonaman.
Eng yomon cho’chiganim hastalik qaytalanib yana uning yoniga borishim, undan dori olishim, “men senga nima degandim, tuzalmaysan baribir”, deb tirjayib turishini tasavvur qilishim… Bu tasavvur shu kunlarda – yo’tal yana qiynayotganda, meni zaiflashtiradigan bahor fasli yaqinlashayotganda yanadayam oydinlashib borayapti.
Xayollardan chalg’ish uchun hali barg chiqarmagan quruq tokzorlarga qarayman. Kuzda ular qandayin chiroy ochadi. Baribir Farg’onadan ruhim ko’tarilib, o’pkam ham yengillashib kelishiga ishonaman. Manzilga yaqinlashib qolay deganda kitobni yana qo’limga olaman. Maktublar bo’limiga ko’zim tushgach, sergaklanaman. To’liq o’qishga kirishaman. E’tiborimdan chetda qolgan bu maktub menga ayni vaqtida berilgan dalda, eng kerakli tasalli edi. Kafkaning chex jurnalist dugonasi Milenaga yozgan xati (Ne’mat Arslon tarjimasida) go’yo menga atalgandek edi. O’qirkanman, yana ko’zlarim yoshlanadi.
“Nazarimda bu o’pkadan. Kun bo’yi shu fikrdan qutula olmadim. Miyamda aylanaverdi, boshqa hech narsani o’ylay olmadim. Bu kasallikdan qo’rqqanimdan emas, menimcha (umid qilaman va Sizning shama qilganingiz ham buni tasdiqlaydi) kasalingiz og’ir emas. Agar jiddiy bo’lganda ham (hozir G’arbiy Yevropadagilarning yarmi ozmi-ko’pmi o’pkasi kasallangan) mana uch yildirki, bu dard menga ziyondan ko’ra ko’proq foyda keltirdi. Bu uch yillar muqaddam yuz berdi – yarim tunda og’zimdan qon keldi. To’shakdan turdim (keyinchalik o’qib bilsam, o’rindan turmaslik kerak ekan) ro’y bergan holat meni hayajonga soldi, chunki bu yangilik edi, shu bilan birga biroz cho’chitdi ham; men tashqari tomon egildim, keyin yuvindim, xona bo’ylab yurib kelib karovatga o’tirdim – qon to’xtamadi. Shunga qaramay men o’zimni mutlaqo baxtsiz sezmadim – sababi nima uchundir bir daqiqa o’tib, shuni aniq his qildimki, uch yildan keyin, e, yo’q, to’rt yil davom etgan bedorlikdan keyin – albatta, qon kelishi to’xtasa – uxlashim mumkin. Tez orada hammasi o’z o’rniga tushdi (boshqa takrorlanmadi) tunning qolgan qismida tinchgina uxladim. To’g’ri, ertalab uy xodimasi keldi (o’shanda men Pol Shyonbornda ijarada yashardim) saxovatli, qay darajadadir fidoyi, ammo behad darajada ishchan bu qiz qonni ko’rib shunday dedi: «Pane doktore, s Vamito oflouho nerotrva.» (Janob doktor, siz uzoq yashamaysiz). Lekin men o’zimni har doimgidan yaxshi his qilmoqda edim, ishga ham bordim, faqat tushlikdan keyin vrachga uchrashdim. Bu voqeaning davomi qiziqarli emas. Aytmoqchi edimki, meni qo’rqitgan narsa sizning kasalingiz emas (o’ylaganim sari sizning nozik bo’lishingizga qaramay, qariyb dehqon qizlariday tetik, mustahkamligingizni xayolimga keltirib, o’z fikrimni o’zim bo’lib, xulosa qilamanki, yo’q, Siz kasal emassiz, bu shunchaki o’pkaning ogohlantirishi, kasalligi emas) – ana shunday, meni qo’rqitgan boshqa narsa – mana shunday ko’rgulikka yetaklaydigan fikrlar qo’rqityapti. Shu bois, men hozircha boshqa narsalarni hisobdan chiqaraman. Siz: cho’ntakda hemiri ham yo’qligi, har kun ikkidan sakkizgacha faqat choy va olma bilan qilinayotgan tirikchilik to’g’risida yozgansiz, ana shuni tushunmayapman. Bu narsalar yuzma-yuz gaplashib hal qilishni taqozo etadi. Shuning uchun men hozir chalg’ib ketyapman (faqat xatda chalg’iyapman – axir, bularni unutib bo’lmaydi) va o’zim boshdan kechirgan kasallikka qarshi qo’llagan choralarim boshqalar uchun ham asqotishini tushuntirib berish to’g’risida bosh qotirayapman. Mening miyam o’shanda o’ziga yuklangan tashvishlar va azoblarni boshqa ko’tara olmasdi. U shunday nido qildi: «Men taslim bo’laman, agar mening omon qolish imkoniyatim kimgadir kerak bo’lsa, yukimni yengillashtiraman, shundagina biz yana ma’lum muddat jon saqlaymiz». Shunda o’pkalar ham ovoz berdilar – ko’rinib turibdi, ular hech narsa yo’qotmaydilar. Mening ixtiyorimdan tashqarida ro’y berayotgan o’pka bilan miyaning bunday aytishuvi qo’rqinchli edi. Shunday qilib endi qanday qarorga keldingiz? Fahmlashimcha, o’zingizni biroz ehtiyot qilishingiz ko’p narsa talab qilmaydi, bu juda oddiy. Sizni ozgina bo’lsa-da, kimki sevsa, hammasi uchun ma’lum savdo. Bu holda boshqacha fikr qilishga o’rin yo’q. Xalos bo’lish imkoni shu emasmi?.”
Mashina to’xtasa ham tushishga shoshilmayman, maktubni bag’rimga bosaman.
-Rahmat senga, Frants. Tushunganing, dalda bo’lganing uchun tashakkur… XXI asrda ham bu dard bor. XXI asrda ham yolg’izlik bor. XXI asrda ham seni tushunmaydigan hissiz insonlar to’lib yotibdi. Shunga qaramay insonda bitta bo’lsada chin do’st topiladi. Dardingga malham bo’luvchi odamlar qirilib ketmagan… Umid o’lmaydi, to’g’rimi, o’lmaydi, Frants.
Yo’ldan terib olganim – mitti banafshalarni o’qib kelgan kitobim ichiga, 146 betga bostiraman – xayolan Kafkaning qabriga gul qo’yaman. Yillar o’tsada ular shu yerda chiroyli quriydi va boshqa gerbarilarim qatori asrab avaylanadi.

2020 y, 1-mart, Farg’ona.

87

(Tashriflar: umumiy 332, bugungi 1)

Izoh qoldiring