Nodirabegim Ibrohimova. Ikki hikoya: Adibning vafoti & Yonayotgan yurak

19 Ўлганнинг орқасидан ўлиб бўлмайди. Кунлар ўтиб бу шумхабарни одамлар унутди, ой ўтиб мухлислари бошқа китоблар ўқий бошлашди, йил ўтиб оиласи ҳам ўз орзу-ташвишлари билан бинойидек яшаб кетишди. Фақат ўша кимса унинг қабрини ҳар куни зиёрат қилишдан, ҳаққига дуо ўқишдан тўхтамади. Қўлидан унинг китоблари тушмасди, ёзган асарлари ёд бўлиб кетганди. Адибнинг руҳи ҳам буни сезди: уни тушларида кўп йўқларди.

Нодирабегим Иброҳимова
ИККИ ҲИКОЯ


ЁНАЁТГАН ЮРАК

05Оддий ва зерикарли кунларнинг бирида диққинафас офисга Малика кириб келди. Унинг елкаларини ёпиб турган камалакранг харир шарф, қулоғига қистириб олган настарин, лабидан қўнган ним табассум тушкунлик руҳидаги кулранг хонада майин шабода каби елди. Бу ҳиссиётни кимдир сезди, кимдир пайқамади. Кўксига урилган баҳорий эпкинни ҳис қилган Баҳодир беихтиёр ўрнидан турди. Аёлнинг ёнида директор ўринбосари кўрингач, бошқалар ҳам мажбуран ўринларидан туришди.
— Маликахон энди сизлар билан ишлайди. Билмаганларини ўргатинглар, — ходимларга қаратилган тунд қиёфа аёлга ўгирилгач тубдан ўзгарди: жилмайиб унга мулозамат қилди: — Юқоридаги мана шу жой сизга, -у куни кеча дераза ёнига хозирланган буюмлар: янги компьютер ўрнатилган стол ва қулай креслога имо қилди. — Нима муаммо бўлса, дарҳол менга айтинг.
Директор ўринбосарининг аёлларга мулозамат қиладиган одати йўқ эди. Бу эса Баҳодирнинг қизиқишини орттирди. Малика ўз жойига дадил бориб ўтирди ва барчага зимдан қараб чиқди. Балки уни юқоридан юборишгандир, ўзига ишонганига қараганда яхши мутахассис бўлса керак, хаёл қилди Баҳодир. Аммо уни кузатаркан, кун давомида бирор ишга қўл урмаганини пайқади, ўзининг столида қалашиб ётган хужжатларга қараркан, бугун ҳам ярим кечгача офисда қолиб кетишини ўйлаб уф тортди. Янги ходим эса соат 18 бўлиши билан хонани тарк этди. Хонадаги икки аёл енгил нафас олгандек, бир бирига маъноли қаради.
Малика иккинчи кундан жонланди. Ишга дарров киришиб кетди, чиндан ҳам ҳисоб китоб, хужжатлар билан ишлаш бўйича ҳеч қандай кўникмага эга эмасди. Аввалига икки аёлдан ёрдам сўради, аммо ҳеч нимани тушунмади. Баҳодир аёллар оддий саволларга атайин мураккаб жавоб қайтаришаётганини сезди. Малика шундан сўнг Баҳодирга мурожаат қилди.
Қўлидаги папкани очиб, унинг столига қўйди:
— Ўлай агар ҳеч нимани тушунмаяпман, -деди ўз устидан кулиб. -Қанча ҳисобласам ҳам рақамлар мос тушмаяпти.
— Бунинг сири оддий, -Баҳодирга ҳам унинг қувноқ кайфияти юқди. Аммо икки аёл уларни зимдан кузатиб турганини кўриб, ғаши келди. Сўнг Маликага яқинроқ туриб секин деди:
— Ҳозир тушлик бошланади, батафсил тушунтириб бераман.
Малика мамнун бўлганча жойига қайтди. Тушлик вақти хонадан барча чиқиб кетгач, Баҳодир стулини кўтариб унинг ёнига ўтирди.
— Бир гал тушликдан кечсангиз, барини ўрганиб оласиз.
— Бунисини ўйламанг, сумкамда блинчиклар бор, агар тушунтира олсангиз сизни ҳам меҳмон қиламан.
Баҳодир блинчиклар бунга арзийди, деб кулди. У бу совуқ хонада охирги марта қачон кулганини эслолмасди, аммо энди ҳар куни кулиш учун сабаб борлигини ҳозир ҳис қилди. Бир неча кун тушлик шу тарзда – Малика келтирган мазали егуликлар билан ўтди. Баҳодир ҳатто у пиширган нарсалардан сўнг энди тамаддихонага қайтиб кирмасам керак деб ўйларди. Маликани ҳеч нимани тушунмайди, деб адашишганди, у бир ҳафтага қолмай бошқалар каби рисоладагидек ишлай бошлади. Энди у ҳам Баҳодирдек қўли қўлига тегмай компьютер чиқиллатар, хужжатларни хижжалаб текширар, ҳисоб-китоб қилар, иш кўп бўлсада соат 18 бўлиши билан сумкачасини кўтариб хайр деганча шошиб чиқиб кетарди. Баҳодир эса кечгача ишлашдан нолимасди, сабаби уйда кутадиган ҳеч кими йўқ эди. Маликани кутишса керак. Баҳодир буни тахмин қиларди, аммо сўрамасди.
Бир куни тушликдан ортган 20 дақиқа вақтини анҳорда сайр қилиб ўтказишга одатланган Баҳодирга Малика шерик бўлди. Унинг қўлида битмаган хужжатлар бор эди.
— Бўш вақтингизни ўғирлай, дедим. Мен бунақа нарсаларни тушунмайман, — имо қилди рақамлар тўлиб тошган қоғозга. — Китоблар бўлса бошқа гап эди. Достоевский, Маркес, Кафка… истаган асарларга узундан узоқ тақриз ёзиб берардим.
Малика бир он маъюслашди. Баҳодирнинг эса кўзлари порлади:
— Китоб ўқишни мен ҳам яхши кўраман. “Телба”ни ҳам, “Эврилиш”ни ҳам, “Ёлғизликнинг юз йили” ҳам севиб ўқиганман. Масалан, сиз ҳашоротга айланган Грегор билан яшашингизга тўғри келганда нима қилардингиз? Унинг оила аъзолари каби йўл тутган бўлармидингиз?
Малика жонланди, қоғозларни кўришни истамагани учун тескари тарафини ушлади. Сўнг мамнуният билан жилмайди:
— О, Замза… Мен шундоқ ҳам ҳашорот билан яшайман. Фақат у Грегорга сира ўхшамайди.
Баҳодирнинг ҳайронлигини кўриб мавзуни бурди.
— Яқинда “Анна Каренина”ни ўқиб тугатдим. Ўзингизчи, аёлнинг қарорини оқлармидингиз?
— Бу жуда нозик савол.
— Сиз жавоб бера олмайсиз. Чунки эркак кишисиз, Аннани тушунмайсиз, -хўрсинди Малика.
— Кўнгил – аёл ва эркакка ажралмайди. Инсон инсонни тушуниши керак. Мен хонамиздаги анови икки хотинни тушунмаслигим мумкин, аммо Аннани жуда яхши тушунаман, ҳис қиламан.
Малика кулиб юборди. Анҳор бўйлаб сайр узоқларга чўзилди. Суҳбат қизғин кечар, адабиёт олами уларни реал дунёдан бир лаҳза узиб қўйганди. Аммо Баҳодир соатига шошиб қаради:
— Ишга кечикяпмиз, такси тутаман, шекилли.
Лекин Малика таксига ўтирмади.
— Сиз кетаверинг. Ишга боргим келмаяпти.
Аёл шундай деганча йўлида давом этди. Баҳодир унинг ортидан боргиси келди. Лекин масъулият ва аллақандай ҳадик бунга йўл қўймади. У ишга қайтди. Кечгача ишласада, кўз ўнгидаги рақамлар ўрнига эзғиланаётган Замза, ўзини поезд тагига ташлаган Анна ва… жилмайиб турган Малика жонланаверди.
Тушлик вақтидаги анҳорги сайр, адабий суҳбатлар Маликанинг мазали егуликлари билан мароқли ўтардики, Баҳодир тонгда кўзларини очаркан, бугунги тушлик вақтини интиқиб кутаётганини ҳис қиларди. Куннинг энг бахтли лаҳзаси ҳар куни соат 13 дан 14 гача давом этарди.
— Баъзан ўзимни Онегинга ўхшатаман, -сайр пайти Баҳодир яна кўнглини очди. — Мени севган қизлар кўп бўлган, аммо бирортасини ёқтиролмадим. Шуни хунини тўламасайдим, деб қўрқаман.
— Инсонни мажбуран севиб бўлмайди, бу сизга боғлиқ бўлмаган туйғу, -Малика ўйланиб қолди. -Қизиқ… севги чиндан бормикин ўзи?
— Бор-бор, йўқса, шунча асарлар яратилмасди.
— Баъзан китобга кириб яшагим келади, Баҳодир. У ерда бахтлироқ бўлса керак одамлар.
— Мен ҳозир бахтлиман, Малика…
Малика унинг кўзларига бир зум тикилиб қолдию, кетишим керак, деб таксига қўл кўтарди. Баҳодир яна унинг кетишини жим кузатиб қолди.
Кейинги кунлар Маликанинг иш борасида шашти паст эди, Баҳодир тушунмаган нарсаларингиз бўлса сўрайверинг, деб бир неча бор таклиф қилди. Бир куни тушликда уни ёлғиз учратди ва ёнидан жой олди. Одатда, Малика тамаддихонага кирмасди.
— Бугун ул бул пиширмадингизми?
— Пишираётгандим… куйиб кетди.
— Хаёлингиз паришонга ўхшайди, иш қийнаб қўйдими?
— Бари тушунарли, фақат жудааа зерикарлиии, -деди Малика чўзиб.
— Сиз жуда яхши эплаяпсиз, бу кетишда мендан ҳам ўзиб кетасиз, -кўнглини кўтарди Баҳодир.
— Бундан нима наф?
— Юқори лавозим, яхши маош дегандек… Бу ерда рақобат кучли, сезган бўлсангиз.
Малика Баҳодирга ажабланиб қаради:
— Кўтарилиб-кўтарилиб эримнинг ўрнини эгаллайманми?
Баҳодир ҳам ажабланди:
— Эрингиз?
— Биласиз, деб ўйловдим. Директорингиз – менинг турмуш ўртоғим бўлади.
Малика тош қотган Баҳодирга қараб бепарво кулди, сўнг жиддий тортди. Баҳодирдан сас садо чиқмагач, столдан туриб нари кетди ва анҳор бўйидаги ўриндиққа чўкиб китоб ўқишга тутинди. Баҳодир эса бу пайтда кекса, шўртумшуқ ва кўрса асаби қўзийдиган бир одамни – директорни, яъни Маликанинг эрини кўз олдига келтирар, ҳеч қачон уни аёл билан ёнма ён, жонма жон тасаввур қилолмасди. Тамаддихона деразасидан у Маликани кўриб турар; нозик бармоқлари китобни варақлаётганини, силлиқ сочларини шабода учираётганини томоша қиларкан, бу бармоқларга кафт босаётган, сочларини силаётган дағал қўлларни кўз олдига келтирдию, титраб кетди.
Баҳодир Маликани кўрса-да, кўрмаганга ола бошлади. Сўзларини эшитсаям қисқа жавоб қайтарар, яна тезда ўз ишига шўнғирди. Малика буни сезди. Баҳодир уни ўтмиши, қарори учун айблар, сира ҳазм қилолмасди. Адабиётга ошуфта кўнгил, шунингдек, бойликка ҳам ўч эканини тан олишни истамасди. Муҳаббат ҳақда эса гап бўлиши мумкин эмас. Йўқ, Малика ва жаноб директорнинг орасида соф севги ҳақда умуман тасаввур қилолмайди.
Кунлар яна зерикарли, туссиз ва ҳиссиз бўла бошлади.
Баҳодир директорни кам кўрган. Фирмани ўринбосар бошқарар, қария эса онда сонда кўриниш берарди. У ҳақда деярли билмайди. Лекин ич ичидан жини суймасди. Одамнинг кўзлари кўп нарсани сотиб қўяди: директорнинг нигоҳлари совуқ ва бераҳм кўринар, назарида ўсиб бораётган сумма рақамларидан бошқасии билмасди.
Энди Баҳодир Маликани кўрса, директор ҳам кўз олдига келаверарди. Шунинг учун унга қарамасликка тиришар, Малика ҳам аввалгидек қувноқ эмасди. Хонадаги ўлик сукунат одамни эзиб юборарди.
Бир куни Малика ҳар доимгидек соат 18 бўлиши билан хонани тарк этмади. Барча ҳамкасблар бирин кетин уйларига равона бўлишди. Баҳодир ҳар доим офисни охирида тарк этарди. Бугун унга Малика шерик бўлди. Столида Баҳодирникидан ҳам кўпроқ хужжатлар қалашиб ётар, аёл улардан кўз узмай рақамларни солиштирарди.
Икки соат шу алфозда ишлашди.
— Инсон инсонни тушуниши керак, дегандингиз, -ниҳоят, Малика сўз бошлади.
-Албатта, тушунаман. Масалан, сиз ҳозир уйингизга боришингиз керак. Кечиксангиз, муаммо чиқиши аниқ.
— Мендан ҳавотир олманг. Уйда ҳеч ким кутгани йўқ. Ҳудди сиз каби.
Баҳодир хужжатлардан узилиб, Маликага термулди.
— Сиз… сиз жуда ажойибсиз, Малика. Аммо…
— Биламан. Эслатиш шарт эмас, -Малика кўзларини кулранг деворга, ёғоч жавонга, тувакдаги гулларга тикди. Аммо йигитга қарамади.
— Тўғри, ҳаётингизга аралашишга ҳаққим йўқ. Шу вақтгача бировларнинг оиласига бурун суқмаганман. Барибир! Барибир бундай бўлмаслиги керак эди. Мен сизни… юксак кўрардим, жуда юксак.
— Ким эканимни билганингиздан сўнг паст кимсага айландим, тўғрими?
Баҳодир ўрнидан туриб деразани очди. Кўксига салқин ҳаво урилгач, енгил тортди.
— Бу менинг қарорим, биров уни муҳокама қилишини истамайман, -Малика ҳам ўрнидан туриб ўзига қаҳва дамлади.
— Унда нега бу ерда, мен билан қолдингиз? -Баҳодир сигарет тутатди.
— Қароримни тан олишингизни ва яна дўстимга айланишингизни истайман, -Малика ҳам дераза ёнига келди.
— Дўст… -Баҳодир кулди.
— Нимаси кулгули? -Малика аччиқланди. — Истамасангиз керакмас!
Шундай дея кетишга чоғланди, аммо Баҳодир унинг билагидан маҳкам тутиб қолди.
— Сенга ўша қари туллакдан бошқа одам йўқмиди? Қандай яшаш мумкин у билан?! Кўзларингга зебу зари гўзал кўриндими? Аммо унутма, бойлик ҳам чиройли юзинг каби бевафодир, ҳаммаси ўткинчи! Аммо қалб… қалбдаги чин туйғуларнинг қадри баланд! Сен буни тушунмайсан, Малика, шоҳона ҳаётингда китобларга кўмилиб яшасангда, ҳаётда чин севги нималигини билмай ўлиб кетасан.
Малика кўзлари катта-катта бўлганча, ўзига киприк қоқмай қараб турган Баҳодирдан ўзини холи қилишга уринди, бу бесамар кетгач, нариги қўлидаги қаҳвани алам билан унинг устига тўкиб юборди. Баҳодир ах дедида, қўллари бўшашди. Малика эшик томон чопиб борди, аммо тутқичга қўл узатмади. Ортига ўгирилди: Баҳодир эгнидаги кўйлакни шошиб ечаркан, ўнг елкасига тўкилган қаҳвани нимада артишни билмай, столга алангларди. Малика дераза ёнига қайтди. Тортмасидан қўл сочиқ олиб унга узатди.
— Куймадими?
— Қайноқ эмасди, -Баҳодир елкасини артди.
Малика шоша пиша унинг қўлидаги кўйлакни олди ва дераза рахига илди.
— Тезда қуриб қолади.
Бир муддат жим қолишди.
— Кечирасан.
— Узр.
Иккисининг гапи баравар чиқди. Баҳодир айни пайтда қаршисида ҳақиқий Маликани кўрарди: меҳрга, ҳимояга муҳтож, кўнгли синиқ, эзгин, аммо қалбида умид ёниқ. Уни қучгиси, доим ёнингда бўлишни истайман, дегиси, кўзлари тубига узоқ термулгиси келди. Бу истак бутун вужудини алангалатди ва аёл тараф бир қадам ташлади, ваҳоланки, уларни бир қадамгина ажратиб турарди, холос.
Малика дарҳол ортга тисланди:
— Кераги йўқ, Баҳодир. Сиз… мен ҳаётда дуч келган энг ажойиб инсонсиз. Сизни унутмайман.
Малика кетди.
Баҳодир ўзига келгач, эртадан яна унга дўст бўламан, фақат дўст, деб қарор қилди. Лекин дўстлик ҳам насиб қилмади. Малика офисга қайтиб келмади. Суриштирса, бўшаб кетибди. Баҳодир уни узоқ вақт қумсади, изламаслик, ёнига бормаслик учун янада кўпроқ ишлаш, хужжатлар оламида яшашга тиришарди. Лекин қачон директорни учратар экан, бари бошқатдан бошланарди. Яна Маликанинг хотираси қийнар, то чалғиб изтироблар енгилламагунча қўли ишга бормасди.
Охир оқибат у ҳам ишдан бўшашга қарор қилди. Умуман, ҳисоб китобдан узоқлашди, бошқа соҳага ўтиб кетди. Маликанинг хаёлларидан ҳам шу тариқа узоқлашди.
Бир куни эса газетада собиқ директорининг вафот этгани ҳақдаги кичик хабарни ўқиди. Қалбида қарама қарши туйғулар кураша бошлади. Лекин бу пайтда қарор қилиб бўлмасди: унинг яқинда тўйи бўлаётганди. Олисларда қолиб кетган Маликани эса саробдек, бир тушдек қабул қилишга ўзини кўндирганди. Аммо ҳозир уни жуда кўргиси келди, қандайдир умид билан у билан доим сайр қилган анҳор бўйига йўл олди. Анча кезинди. Назарида, Малика ҳам камалакранг шарфи билан елкасини ўраганча, ердаги ҳазонларни бир-бир босиб у томон келадигандек эди. Баҳодир ҳар ўтган кетгандан Маликани излади, шом тушгач мажбур такси тутди. Бир вақтлар Малика ҳам шу ердан таксига ўтириб кетиб қолганида ортидан боришим, унинг манзилгохини билишим керак эди, деб ўйлади.
Баҳодир Маликани орадан бир неча ой ўтгач кўрди. Маликанинг ўзи уни излаб келди.
Дам олиш куни секин тақиллаган эшикни очган Баҳодир қаршисидаги аёлни кўриб юраги хапқириб кетди. Малика салом берди. Унинг кўриниши яхши эмасди.
— Кечиринг, безовта қилдим. Лекин… сизга жуда айтгим келди. Айтмасам бўлмасди.
— Эшитдим… Раҳматига олсин, -Баҳодир нима дейишни ҳам билмасди.
— Йўқ, буни эмас. Биласизми, бир вақтлар акам унинг қўлида ишларди, — Малика давом этди. -Қинғир ишлари фош бўлганда, директор уни қамоқдан асраб қолган. Акам ҳалол инсон эди, ягона боқувчимиз, ўшанда онам оғир ҳаста эди, қўлимиз эса калта. Уни айбламайман. Шукур, онам ҳозир саломат. Директорнинг яхшилиги албатта, текинга эмасди. Мен унга турмушга чиқдим. Шу билан ҳаммаси изига тушиб кетди.
Баҳодир унга ачиниб қаради:
— Аммо сен…
— Менда ҳам сизни учратмагунча бари жойида эди. Кейин руҳим ағдар тўнтар бўлди… Бир йилки, юрагим ёниб яшади. Энди баридан халос бўлдим. Сизни кўрдим, қароримга изоҳ бердим. Бирам хотиржам тортдимки…
Баҳодирнинг юраги тошди. Малика сари талпинди, аммо ичкаридан чиққан – кенгроқ атлас кўйлак кийган янги келинчак ийманиб сўз қотди:
— Ким экан, дадаси?
Малика сескангандек бўлди. Ўзини дарҳол қўлга олиб, ортга тисланди.
— Манзилда адашибман, — деди келинчакдан узр сўраб. — Бир дўстимни излагандим. Омон бўлинглар.
Малика зинадан тезда тушиб кетди. Баҳодир унинг ортидан ҳеч нима дея олмади. Унинг билагидан ушлаган келинчак ичкарига имо қиларди:
— Юрақолинг, тушлик тайёр…
Тушликлар, пичирлади Баҳодир. Ҳаётимни ўзгартирган тушликлар.

2019, октябр.

АДИБНИНГ ВАФОТИ

Бир марта юрак хуружини енгиб ўтган ёзувчининг кўнглини авайлашарди, аммо у саратоннинг қоқ ўртасида саратондан вафот этди.
Ўша лаҳза, касалхонада унинг ёнида ҳамширадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳамшира ҳаргутул, адибни танир, ҳикояларини ўқиган, шу сабабдан бошқа беморлардан кўра унинг ёнида хозир турар, оғзидан бирор сўз чиқармикин деб ҳалак эди.
− Аёлингиз келди, ичкарига кирсинми? – унга берган охирги саволи шу бўлди.
Адиб бошини сарак-сарак қилди. Аммо эшикдан кўзларини узмади.
Фарзандлари етиб келганида у аллақачон рихлат қилганди. Оиласи кўп куйинди: падари нафақат ёзувчи, балки ота сифатида ҳам ўзига ҳайкал қўйишга улурганди. Тобут елкама елка бўлиб, қабристон сари йўл олди. Адибнинг мармарга ўйиб ишланган бюсти илиқ тупроқ узра барча оғриқлардан халос бўлгани учун мамнундек жилмайиб турарди. Унинг қаршисида йиғилганларнинг бари эса кўз ёш тўкар, қабрга гулдасталар қўйишарди. Уни кунда кунора мухлислари йўқлаб келарди. Ёзган асарларини ёдга олиб хомуза тортишарди. Дардчил ёзарди-да раҳматли. Ўзини ҳам қурмағур дард олиб кетди.
Бир куни қабр ёнида бир талай мактублар пайдо бўлди.
− Сизга ёзган, аммо жўнатмаган мактубларим, — деди уларни олиб келган кимса хўрсиниб.
Ўлганнинг орқасидан ўлиб бўлмайди. Кунлар ўтиб бу шумхабарни одамлар унутди, ой ўтиб мухлислари бошқа китоблар ўқий бошлашди, йил ўтиб оиласи ҳам ўз орзу-ташвишлари билан бинойидек яшаб кетишди. Фақат ўша кимса унинг қабрини ҳар куни зиёрат қилишдан, ҳаққига дуо ўқишдан тўхтамади. Қўлидан унинг китоблари тушмасди, ёзган асарлари ёд бўлиб кетганди. Адибнинг руҳи ҳам буни сезди: уни тушларида кўп йўқларди.
Ёзувчининг олтмиш йиллик юбилейи Ижод уйидаги муҳташам залда ўтказилди. Адиб бу ерга кўп марта келган: энг бошида тўгаракларга ҳаваскор сифатида, сўнг ашаддий китобхон, кейинроқ иқтидорли қаламкашга айланди, йиллар ўтиб минбарга чиқиб ижод ҳақда ўз сўзини айтолди, илк китобининг тақдимоти ҳам шу ерда бўлди. Аммо кейинчалик у танилишга, олқишларга, обрўга қизиқмай қўйди. Адабий муҳитдан узоқроқда, тинчликда, сокинликда ижод қила бошлади. Ёлғизликда ёзилган асарлари одамлар меҳрини қозонди. Унга олис-яқиндан хатлар келарди. Хатлар ичида уни ёзишга ундайдиган номалар талайгина эди, аммо улар ичида биттаси азиз эди.
…Бугун мухлисларнинг шу каби мактубларини олиб келган адибнинг рафиқаси унга сўз беришларини ҳаяжон билан кутяпти. Катта зал машҳур ёзувчию шоирлар, раҳматли эрининг мухлислари, зимдан уни устоз деб билган шогирдлари билан тўлган, фарзандлари ҳам олд қаторда оталарини ёдга олаётган ижод аҳлининг эътиборидан мамнун бўлганча фахрланиб ўтиришарди.
− Раҳматли турмуш ўртоғим адабиёт учун ҳаётини бағишлаган эди, — адибнинг рафиқасига сўз берилгач, у газеталарга берган интервюларидаги ўша ёд бўлиб кетган жумлаларни такрорлай бошлади. — Оиласига ҳам ғамхўр эди. Кечаларни тонгга улаб ёзган қанча романларини бугун халқ севиб ўқимоқда. Ҳа, бундай пайтларда ҳамиша ёнларида бўлардим. Китобларини энг аввало, ўзим ўқиб чиқардим, ютуқ ва камчиликларини очиқ айтардим. Ҳозир ҳам кутубхоналарига қўл теккизганим йўқ, қўлёзмалари шундоқ иш столида турибди, гўё бир кун эшикни очиб кириб келадигандек, тугалланмаган ҳикоясини якунлаб қўядигандек туюлади менга…
Шундан сўнг аёл мухлисларнинг номаларидан сатрлар ўқиб берди. Қарсаклар янграгач, кўзларига ёш олиб жойига қайтди. Қанийди, шу эътибор, шу обрў тириклигида бўлганида эди, хаёл қилди у. Анча яхши яшашган бўлармиди!..
Бир пайт эшик ёнидаги ўриндиқда ўтирган ғамгин аёлга кўзи тушди. Аёл ҳам унга қараб турган эди, аммо шу заҳоти кўзларини яшириб рўмоли билан юзининг унга кўриниб турган тарафини ёпгандек бўлди. Адибнинг рафиқаси қизаринди. Юрагининг бир чети ғижимланиб, ўнғайсизланди. Қўлидаги хатларни ғижимлай бошлади. Иккинчи гал қараганда, ўриндиқда ҳеч ким йўқ эди. У бир оз тин олиб, яна хотира кечасини кузата бошлади. Кузатаркан, ҳаётининг бир қисми кино лентасидан кўз ўнгидан ўта бошлади.
***
− Бу ёзганларингиздан бир тийин ҳам фойда йўқ! – аёл жаҳл билан тунги қораламалар устига тап этиб урди. — Сиз ҳам бошқаларга ўхшаб уй солсам, машина олсам, хотинимни чет элларга обориб айлантирсам демайсиз! Билганингиз фақат китоб, ёзганингиз фақат китоб!
У ихчам кутубхонага қараб қўлини бигиз қилди:
− Ош-нон бўладими булар? Ёзувчилар уюшмасига аъзо эмассиз! Сиздан ёшлар аъзо бўлгани қачон эди! Ҳатто шогирдингиз ҳам бугун давраларни тўрида ўтирибди шеър ўқиб!
− У шогирдим эмас, — бепарво жавоб қайтарди адиб.
− Уйимизга келганмиди, китобига сўз боши ёздириб кетганмиди? Биринчи китоби чиққанмиди ўша ерда? Мана, энди аъзо бўлиб сизни чангида қолдириб кетди.
− Омадини берсин.
− Сиз ҳам хужжат топширинг, одам! Нега Дўрмондан дача олмайсиз, нега навбатда туриб уй олмайсиз?! Ёзувчиларга берилаётган имкониятлар фойдаланиб-фойдаланиб қолмайсизми? Битта шеър ёзиб, қиммат мошинали бўляпти одамлар. Нечта китоб ёздингиз шу чоққача? Еттита! – эрининг жавобини кутмай яна шанғиллашда давом этди у. – Нечтаси чиқди? Иккита, холос! Гонорар олдингизми шунга? Йўқ! Нима эмиш, пул учун ёзмайманмиш! Нима кераги бор, унда бу ёзишларни? Ишлаётган рўзномангиз кошки, тузукроқ ойлик тўласа.
Адиб бу гапларни тинглаш ўрнига бош қашиб, қоғозга ёзган жумлаларини ўчириб, қайта ёзишга киришди.
− Жим тур озроқ. Якунини битириб олай.
− Аввал саволларимга жавоб беринг!
У ноилож бошини қоғоздан кўтарди:
− Мен уй олиш, машина миниш учун ёзмайман. Сен барибир тушунмайсан. Агар шу мақсадда ёзганимда… йўқ, тавассур қилиш қийин буни. Данғиламма ҳовлию, машина керак десанг, эртагаёқ Россияга кетаман. Уч-тўрт йил мардикорлик қилиб топиб келаман шу пулни. Лекин зинҳор, айтиб қўяй, зинҳор сатрларидан мой оқиб турган унақа асарлар ёзмайман, тушундингми мени!
Эрининг аҳён-аҳён чиқиб турадиган жаҳли аланга олаётганини сезган хотин индамади. Бир галги юрак оғриғи уни чўчитиб қўйганди. Ахир фарзандлари ҳали ёш… Эри ҳам бардам, вақти келса бўлар шу данғиллама уй ҳам. У қўлидаги сочиқни бир силтаб ошхонага кириб кетди.
Адиб ўша кеча ухлолмади. Ёзолмади ҳам. У почтасидан хабар кутарди. Шу хабарлар унга илҳом бағишлаб тургани учун айни пайтда, унга жудаям зарур эди. Онда-сонда келадиган бу хатларга адиб жавоб ёзмаган. Шундай бўлсада, хабар тўхтаб қолмасди. Айни керакли, айни муҳтож пайтида почта қутисидаги янги хат ҳар галгидек умид чироғидек порлаб турарди.
“Азиз адибим!
Сизнинг “Тирик одам” номли ҳикоянгизни яқинда адабий журналлардан бирида ўқиб қолдим. У юрагимга малҳам бўлди. Мендаги иккита китобингиз мундарижасида бу ҳикоя йўқ эди. Қўлимдаги китобингиз бир бўлдию, янги ҳикоянгиз бир бўлди. Романга тенг ҳикоя бўлибди! Бош қаҳрамонда ҳудди ўзимни топгандек бўлдим. Биласизми, мен ҳам атрофга боқиб тирик одамлар бормикин, деб кузатаман. Кўпинча тополмайман. Ҳаммасининг қалби сўниб қолганга ўхшайди. Сизнинг тирик одам эканингизга шубҳам йўқ. Сиз билан сира гаплашмаган бўлсамда, аммо энг яқин дўстимсиз. Илтимос, яна шундай тирик ҳикоялар ёзишда давом этинг. Сизга бу йўлда чидам ва омад тилайман. Хурмат билан О.”
Ёзувчи “Тирик одам” ҳақда эслади. Кўп марта рад этилган бўлсада ниҳоят яқинда босилганди. Уни ёзгунича бир ҳафта ишга боролмай, хонасидан чиқмагани, эвазига хайфсан олгани, хотини эса болаларни эргаштириб уйдан кетиб қолганини эслади. Уларда ҳам айб йўқ. Нима қилишсин, газетага ҳар ҳафта мақолалар, бола-чақасига эса эътибор керак. Ахир улар ҳам тирик одам…
Ниҳоят, у галдаги мактубга жавоб ёзишга қарор қилди.
“Азиз О.
Мактубларингизни доим ўқийман… улар менга ижодий қанот беради. Баъзан ёзишни ташлайман дейману, сиздан “янги ҳикоялар кутяпман”, деган хабар келиб қолади. Яна ёзгим келади…”
У жуда узун ёзди. Ҳамма қайғуларини, изтиробларини қўшиб ёзди. Енгил тортаётганини, ғамлари кўнглидан ариётганини ҳис қилиб ёзди. Мактубни жўнатганида эса тонг отиб қолганди. Кўзларини юмиб бир лаҳза тин олгач, почтасида янги хабарни кўрди. Мактуб мактубларга уланди.
Бир куни адибнинг рафиқаси унинг иш столини чангларини артаркан, очиқ қолган компьютер почтасида “тинг” этиб келган янги хабарга кўзи тушди. Бир талай электрон хатлар асосан бир одам – О.дан келган эди.
“Азиз ёзувчим.
Янги романингизни қисқача сюжетини жўнатибсиз. Биласизми, бош қаҳрамон аёлнинг ўтмиши борасида эътироз пайдо бўлди менда. Аввало, турмуш ўртоғи вафот этиб, китобларга боғланиб қолган бу аёлни жуда чиройли ва хурлиқо тасвирлаяпсиз. Менимча, ғамхўр одамидан айрилган аёл сўниб боради, айниқса кун бўйи китоблар билан сирлашиб ўтирса. Гул-гул яшнамайди. Уни ёқтириб қолган эркак эса биринчи навбатда суратига эмас, сийратига ошиқ бўлиши лозим. Бир кўришдаги муҳаббат ишончсиз нарса. Шу борада ўйлаб кўринг. Истасангиз, аёлнинг руҳий чизгиларини чизишда сизга кўмак бераман. Айтганча, сиз қатнайдиган кутубхонада ишлайман мен ҳам. Сизни бу ерда кўп кўрганман, балки мени танимассиз. Бу сафар ўзимни танитиб, янги асарингиз борасида кўмаклашаман. Фикрларимни эътиборсиз қолдирмаганингиз учун раҳмат. Хурмат билан О”.
Аёл янги келган хабарни ўчириб юборди. Сўнг бамайлихотир ошхонага ўтиб, хаёлчан тарзда овқатланаётган эрига боқди. Аввалгидек тушкун эмас, кўзлари порлаб қолганди. Демак, сабаби аён.
− Мен бирров опамникига ўтиб келаман.
− Тинчликми? -сўради эри.
− Ҳа, бироз тоби йўқ экан.
Аёл кўчага чиқди: эрининг доимий борадиган кутубхонаси шу атрофда эди. Дам олиш куни бино ишламасди. Аммо қоровулдан О. исмли ходимларни суриштирди, ўзи биттагина Омина исмли аёл ишларкан бу ерда. Қоровул ҳам анча зериккан экан, аёлнинг барча саволларига эринмай жавоб бера қолди: Оминанинг эри ўлганини, кўп йиллардан бери шу ерда ишлашини, боласи ҳам йўқлигини, кўп китоб ўқишини, ҳатто тушликда доим нима ейишини ҳам.
Эртасига кутубхона эшиги очилиши билан аёл залда хозир бўлди. Китобхонларга хизмат кўрсатаётган Омина қаршисида унга нафрат билан қараб турган аёлни кўриб чўчиб кетди:
− Ё бугуноқ ишдан бўшаб, эримга хат ёзишни тўхтатасан ёки ҳозироқ дод солиб ҳаммага шармандангни чиқараман!
О. исмли аёл титраганча атрофга боқди: китобхонлар билан тўлган зал, нарироқда кутубхона директори ходимларга нимадир демоқда, бир тарафда ҳамкасб аёллар қўли қўлига тегмай боягина келган янги китобларни жойлашяпти. Кичик жуссаси янада кичрайиб кетди, базўр:
− Хўп, -деб пичирлади.
− Эртага бу ерда қорангни кўрмай, эримга ҳам кўз олайтирма, — аёл вишиллаганча у томон энгашди. Сўнг мағрурлик билан зални тарк этди.
Чиндан ҳам О. кутубхонадан бўшаб кетди. Ёзувчи эса яна аввалги ҳолига қайтди: тушкун ва эзгин. Аёл эрини ўзиники бўлиб қолганидан қувонди. Анчадан сўнг унинг янги романи чоп этилди. Унинг илк саҳифасида “Қадрли дўстим О.га бағишлайман” деган сатрларни ўқигач, аёлнинг таъби бузилди. Эри эса ҳеч қандай тушунтириш бермади. Савол назари билан қараб турган аёлига қараб хўрсиниб қўйди, холос.
Қизиқ, О. бу китобни олиб ўқиганмикин?
***
Ўтмиш хотиралари якунига етганида хотира кечаси ҳам тугаб қолганди. Адибнинг рафиқаси ва фарзандларини катта хурмат билан кузатиб қўйишди. Ёзувчининг катта портрети илинган девордан ҳадемай бошқа ижодкорнинг сурати жой олади. Баланд қарсаклар, тантанали сўзлар, қўлма қўл бўлган китоблар аро фақат биргина – тадбирни деразадан кузатаётган кичик жуссали аёл ўзини жуда эзгин ҳис қиларди. У бинони тарк этаркан, ортига яна бир назар ташлади.
“Азиз адибим.
Менимча, бу ерда тирик одам йўқ. Яна ким билсин…” –пичирлади у.
Қўлидаги ўқилавериб титилиб кетган китобини бағрига босганча метрога тушиб кетди.

2020

03O’lganning orqasidan o’lib bo’lmaydi. Kunlar o’tib bu shumxabarni odamlar unutdi, oy o’tib muxlislari boshqa kitoblar o’qiy boshlashdi, yil o’tib oilasi ham o’z orzu-tashvishlari bilan binoyidek yashab ketishdi. Faqat o’sha kimsa uning qabrini har kuni ziyorat qilishdan, haqqiga duo o’qishdan to’xtamadi. Qo’lidan uning kitoblari tushmasdi, yozgan asarlari yod bo’lib ketgandi. Adibning ruhi ham buni sezdi: uni tushlarida ko’p yo’qlardi.

Nodirabegim Ibrohimova
IKKI HIKOYA


099Nodirabegim Ibrohimova 1989 yil 18 iyulda Farg‘ona viloyati Oltiariq tumanida tug‘ilgan. 2007-2011 yillarda O‘zbekiston davlat jahon tillari universiteti Xalqaro jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Ayni paytda «Bekajon» gazetasida faoliyat yuritmoqda. “Iste’dod maktabi VIII” Respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi. 2017 yilda Yozuvchilar uyushmasi tomonidan “Yoningdagi baxt” nomli nasriy kitobi chop etilgan.


YONAYOTGAN YURAK

Oddiy va zerikarli kunlarning birida diqqinafas ofisga Malika kirib keldi. Uning yelkalarini yopib turgan kamalakrang xarir sharf, qulog’iga qistirib olgan nastarin, labidan qo’ngan nim tabassum tushkunlik ruhidagi kulrang xonada mayin shaboda kabi yeldi. Bu hissiyotni kimdir sezdi, kimdir payqamadi. Ko’ksiga urilgan bahoriy epkinni his qilgan Bahodir beixtiyor o’rnidan turdi. Ayolning yonida direktor o’rinbosari ko’ringach, boshqalar ham majburan o’rinlaridan turishdi.
— Malikaxon endi sizlar bilan ishlaydi. Bilmaganlarini o’rgatinglar, — xodimlarga qaratilgan tund qiyofa ayolga o’girilgach tubdan o’zgardi: jilmayib unga mulozamat qildi: — Yuqoridagi mana shu joy sizga, -u kuni kecha deraza yoniga xozirlangan buyumlar: yangi kompьyuter o’rnatilgan stol va qulay kresloga imo qildi. — Nima muammo bo’lsa, darhol menga ayting.
Direktor o’rinbosarining ayollarga mulozamat qiladigan odati yo’q edi. Bu esa Bahodirning qiziqishini orttirdi. Malika o’z joyiga dadil borib o’tirdi va barchaga zimdan qarab chiqdi. Balki uni yuqoridan yuborishgandir, o’ziga ishonganiga qaraganda yaxshi mutaxassis bo’lsa kerak, xayol qildi Bahodir. Ammo uni kuzatarkan, kun davomida biror ishga qo’l urmaganini payqadi, o’zining stolida qalashib yotgan xujjatlarga qararkan, bugun ham yarim kechgacha ofisda qolib ketishini o’ylab uf tortdi. Yangi xodim esa soat 18 bo’lishi bilan xonani tark etdi. Xonadagi ikki ayol yengil nafas olgandek, bir biriga ma’noli qaradi.
Malika ikkinchi kundan jonlandi. Ishga darrov kirishib ketdi, chindan ham hisob kitob, xujjatlar bilan ishlash bo’yicha hech qanday ko’nikmaga ega emasdi. Avvaliga ikki ayoldan yordam so’radi, ammo hech nimani tushunmadi. Bahodir ayollar oddiy savollarga atayin murakkab javob qaytarishayotganini sezdi. Malika shundan so’ng Bahodirga murojaat qildi.
Qo’lidagi papkani ochib, uning stoliga qo’ydi:
— O’lay agar hech nimani tushunmayapman, -dedi o’z ustidan kulib. -Qancha hisoblasam ham raqamlar mos tushmayapti.
— Buning siri oddiy, -Bahodirga ham uning quvnoq kayfiyati yuqdi. Ammo ikki ayol ularni zimdan kuzatib turganini ko’rib, g’ashi keldi. So’ng Malikaga yaqinroq turib sekin dedi:
— Hozir tushlik boshlanadi, batafsil tushuntirib beraman.
Malika mamnun bo’lgancha joyiga qaytdi. Tushlik vaqti xonadan barcha chiqib ketgach, Bahodir stulini ko’tarib uning yoniga o’tirdi.
— Bir gal tushlikdan kechsangiz, barini o’rganib olasiz.
— Bunisini o’ylamang, sumkamda blinchiklar bor, agar tushuntira olsangiz sizni ham mehmon qilaman.
Bahodir blinchiklar bunga arziydi, deb kuldi. U bu sovuq xonada oxirgi marta qachon kulganini eslolmasdi, ammo endi har kuni kulish uchun sabab borligini hozir his qildi. Bir necha kun tushlik shu tarzda – Malika keltirgan mazali yeguliklar bilan o’tdi. Bahodir hatto u pishirgan narsalardan so’ng endi tamaddixonaga qaytib kirmasam kerak deb o’ylardi. Malikani hech nimani tushunmaydi, deb adashishgandi, u bir haftaga qolmay boshqalar kabi risoladagidek ishlay boshladi. Endi u ham Bahodirdek qo’li qo’liga tegmay kompьyuter chiqillatar, xujjatlarni xijjalab tekshirar, hisob-kitob qilar, ish ko’p bo’lsada soat 18 bo’lishi bilan sumkachasini ko’tarib xayr degancha shoshib chiqib ketardi. Bahodir esa kechgacha ishlashdan nolimasdi, sababi uyda kutadigan hech kimi yo’q edi. Malikani kutishsa kerak. Bahodir buni taxmin qilardi, ammo so’ramasdi.
Bir kuni tushlikdan ortgan 20 daqiqa vaqtini anhorda sayr qilib o’tkazishga odatlangan Bahodirga Malika sherik bo’ldi. Uning qo’lida bitmagan xujjatlar bor edi.
— Bo’sh vaqtingizni o’g’irlay, dedim. Men bunaqa narsalarni tushunmayman, — imo qildi raqamlar to’lib toshgan qog’ozga. — Kitoblar bo’lsa boshqa gap edi. Dostoyevskiy, Markes, Kafka… istagan asarlarga uzundan uzoq taqriz yozib berardim.
Malika bir on ma’yuslashdi. Bahodirning esa ko’zlari porladi:
— Kitob o’qishni men ham yaxshi ko’raman. “Telba”ni ham, “Evrilish”ni ham, “Yolg’izlikning yuz yili” ham sevib o’qiganman. Masalan, siz hashorotga aylangan Gregor bilan yashashingizga to’g’ri kelganda nima qilardingiz? Uning oila a’zolari kabi yo’l tutgan bo’larmidingiz?
Malika jonlandi, qog’ozlarni ko’rishni istamagani uchun teskari tarafini ushladi. So’ng mamnuniyat bilan jilmaydi:
— O, Zamza… Men shundoq ham hashorot bilan yashayman. Faqat u Gregorga sira o’xshamaydi.
Bahodirning hayronligini ko’rib mavzuni burdi.
— Yaqinda “Anna Karenina”ni o’qib tugatdim. O’zingizchi, ayolning qarorini oqlarmidingiz?
— Bu juda nozik savol.
— Siz javob bera olmaysiz. Chunki erkak kishisiz, Annani tushunmaysiz, -xo’rsindi Malika.
— Ko’ngil – ayol va erkakka ajralmaydi. Inson insonni tushunishi kerak. Men xonamizdagi anovi ikki xotinni tushunmasligim mumkin, ammo Annani juda yaxshi tushunaman, his qilaman.
Malika kulib yubordi. Anhor bo’ylab sayr uzoqlarga cho’zildi. Suhbat qizg’in kechar, adabiyot olami ularni real dunyodan bir lahza uzib qo’ygandi. Ammo Bahodir soatiga shoshib qaradi:
— Ishga kechikyapmiz, taksi tutaman, shekilli.
Lekin Malika taksiga o’tirmadi.
— Siz ketavering. Ishga borgim kelmayapti.
Ayol shunday degancha yo’lida davom etdi. Bahodir uning ortidan borgisi keldi. Lekin mas’uliyat va allaqanday hadik bunga yo’l qo’ymadi. U ishga qaytdi. Kechgacha ishlasada, ko’z o’ngidagi raqamlar o’rniga ezg’ilanayotgan Zamza, o’zini poyezd tagiga tashlagan Anna va… jilmayib turgan Malika jonlanaverdi.
Tushlik vaqtidagi anhorgi sayr, adabiy suhbatlar Malikaning mazali yeguliklari bilan maroqli o’tardiki, Bahodir tongda ko’zlarini ocharkan, bugungi tushlik vaqtini intiqib kutayotganini his qilardi. Kunning eng baxtli lahzasi har kuni soat 13 dan 14 gacha davom etardi.
— Ba’zan o’zimni Oneginga o’xshataman, -sayr payti Bahodir yana ko’nglini ochdi. — Meni sevgan qizlar ko’p bo’lgan, ammo birortasini yoqtirolmadim. Shuni xunini to’lamasaydim, deb qo’rqaman.
— Insonni majburan sevib bo’lmaydi, bu sizga bog’liq bo’lmagan tuyg’u, -Malika o’ylanib qoldi. -Qiziq… sevgi chindan bormikin o’zi?
— Bor-bor, yo’qsa, shuncha asarlar yaratilmasdi.
— Ba’zan kitobga kirib yashagim keladi, Bahodir. U yerda baxtliroq bo’lsa kerak odamlar.
— Men hozir baxtliman, Malika…
Malika uning ko’zlariga bir zum tikilib qoldiyu, ketishim kerak, deb taksiga qo’l ko’tardi. Bahodir yana uning ketishini jim kuzatib qoldi.
Keyingi kunlar Malikaning ish borasida shashti past edi, Bahodir tushunmagan narsalaringiz bo’lsa so’rayvering, deb bir necha bor taklif qildi. Bir kuni tushlikda uni yolg’iz uchratdi va yonidan joy oldi. Odatda, Malika tamaddixonaga kirmasdi.
— Bugun ul bul pishirmadingizmi?
— Pishirayotgandim… kuyib ketdi.
— Xayolingiz parishonga o’xshaydi, ish qiynab qo’ydimi?
— Bari tushunarli, faqat judaaa zerikarliii, -dedi Malika cho’zib.
— Siz juda yaxshi eplayapsiz, bu ketishda mendan ham o’zib ketasiz, -ko’nglini ko’tardi Bahodir.
— Bundan nima naf?
— Yuqori lavozim, yaxshi maosh degandek… Bu yerda raqobat kuchli, sezgan bo’lsangiz.
Malika Bahodirga ajablanib qaradi:
— Ko’tarilib-ko’tarilib erimning o’rnini egallaymanmi?
Bahodir ham ajablandi:
— Eringiz?
— Bilasiz, deb o’ylovdim. Direktoringiz – mening turmush o’rtog’im bo’ladi.
Malika tosh qotgan Bahodirga qarab beparvo kuldi, so’ng jiddiy tortdi. Bahodirdan sas sado chiqmagach, stoldan turib nari ketdi va anhor bo’yidagi o’rindiqqa cho’kib kitob o’qishga tutindi. Bahodir esa bu paytda keksa, sho’rtumshuq va ko’rsa asabi qo’ziydigan bir odamni – direktorni, ya’ni Malikaning erini ko’z oldiga keltirar, hech qachon uni ayol bilan yonma yon, jonma jon tasavvur qilolmasdi. Tamaddixona derazasidan u Malikani ko’rib turar; nozik barmoqlari kitobni varaqlayotganini, silliq sochlarini shaboda uchirayotganini tomosha qilarkan, bu barmoqlarga kaft bosayotgan, sochlarini silayotgan dag’al qo’llarni ko’z oldiga keltirdiyu, titrab ketdi.
Bahodir Malikani ko’rsa-da, ko’rmaganga ola boshladi. So’zlarini eshitsayam qisqa javob qaytarar, yana tezda o’z ishiga sho’ng’irdi. Malika buni sezdi. Bahodir uni o’tmishi, qarori uchun ayblar, sira hazm qilolmasdi. Adabiyotga oshufta ko’ngil, shuningdek, boylikka ham o’ch ekanini tan olishni istamasdi. Muhabbat haqda esa gap bo’lishi mumkin emas. Yo’q, Malika va janob direktorning orasida sof sevgi haqda umuman tasavvur qilolmaydi.
Kunlar yana zerikarli, tussiz va hissiz bo’la boshladi.
Bahodir direktorni kam ko’rgan. Firmani o’rinbosar boshqarar, qariya esa onda sonda ko’rinish berardi. U haqda deyarli bilmaydi. Lekin ich ichidan jini suymasdi. Odamning ko’zlari ko’p narsani sotib qo’yadi: direktorning nigohlari sovuq va berahm ko’rinar, nazarida o’sib borayotgan summa raqamlaridan boshqasii bilmasdi.
Endi Bahodir Malikani ko’rsa, direktor ham ko’z oldiga kelaverardi. Shuning uchun unga qaramaslikka tirishar, Malika ham avvalgidek quvnoq emasdi. Xonadagi o’lik sukunat odamni ezib yuborardi.
Bir kuni Malika har doimgidek soat 18 bo’lishi bilan xonani tark etmadi. Barcha hamkasblar birin ketin uylariga ravona bo’lishdi. Bahodir har doim ofisni oxirida tark etardi. Bugun unga Malika sherik bo’ldi. Stolida Bahodirnikidan ham ko’proq xujjatlar qalashib yotar, ayol ulardan ko’z uzmay raqamlarni solishtirardi.
Ikki soat shu alfozda ishlashdi.
— Inson insonni tushunishi kerak, degandingiz, -nihoyat, Malika so’z boshladi.
-Albatta, tushunaman. Masalan, siz hozir uyingizga borishingiz kerak. Kechiksangiz, muammo chiqishi aniq.
— Mendan havotir olmang. Uyda hech kim kutgani yo’q. Huddi siz kabi.
Bahodir xujjatlardan uzilib, Malikaga termuldi.
— Siz… siz juda ajoyibsiz, Malika. Ammo…
— Bilaman. Eslatish shart emas, -Malika ko’zlarini kulrang devorga, yog’och javonga, tuvakdagi gullarga tikdi. Ammo yigitga qaramadi.
— To’g’ri, hayotingizga aralashishga haqqim yo’q. Shu vaqtgacha birovlarning oilasiga burun suqmaganman. Baribir! Baribir bunday bo’lmasligi kerak edi. Men sizni… yuksak ko’rardim, juda yuksak.
— Kim ekanimni bilganingizdan so’ng past kimsaga aylandim, to’g’rimi?
Bahodir o’rnidan turib derazani ochdi. Ko’ksiga salqin havo urilgach, yengil tortdi.
— Bu mening qarorim, birov uni muhokama qilishini istamayman, -Malika ham o’rnidan turib o’ziga qahva damladi.
— Unda nega bu yerda, men bilan qoldingiz? -Bahodir sigaret tutatdi.
— Qarorimni tan olishingizni va yana do’stimga aylanishingizni istayman, -Malika ham deraza yoniga keldi.
— Do’st… -Bahodir kuldi.
— Nimasi kulguli? -Malika achchiqlandi. — Istamasangiz kerakmas!
Shunday deya ketishga chog’landi, ammo Bahodir uning bilagidan mahkam tutib qoldi.
— Senga o’sha qari tullakdan boshqa odam yo’qmidi? Qanday yashash mumkin u bilan?! Ko’zlaringga zebu zari go’zal ko’rindimi? Ammo unutma, boylik ham chiroyli yuzing kabi bevafodir, hammasi o’tkinchi! Ammo qalb… qalbdagi chin tuyg’ularning qadri baland! Sen buni tushunmaysan, Malika, shohona hayotingda kitoblarga ko’milib yashasangda, hayotda chin sevgi nimaligini bilmay o’lib ketasan.
Malika ko’zlari katta-katta bo’lgancha, o’ziga kiprik qoqmay qarab turgan Bahodirdan o’zini xoli qilishga urindi, bu besamar ketgach, narigi qo’lidagi qahvani alam bilan uning ustiga to’kib yubordi. Bahodir ax dedida, qo’llari bo’shashdi. Malika eshik tomon chopib bordi, ammo tutqichga qo’l uzatmadi. Ortiga o’girildi: Bahodir egnidagi ko’ylakni shoshib yecharkan, o’ng yelkasiga to’kilgan qahvani nimada artishni bilmay, stolga alanglardi. Malika deraza yoniga qaytdi. Tortmasidan qo’l sochiq olib unga uzatdi.
— Kuymadimi?
— Qaynoq emasdi, -Bahodir yelkasini artdi.
Malika shosha pisha uning qo’lidagi ko’ylakni oldi va deraza raxiga ildi.
— Tezda qurib qoladi.
Bir muddat jim qolishdi.
— Kechirasan.
— Uzr.
Ikkisining gapi baravar chiqdi. Bahodir ayni paytda qarshisida haqiqiy Malikani ko’rardi: mehrga, himoyaga muhtoj, ko’ngli siniq, ezgin, ammo qalbida umid yoniq. Uni quchgisi, doim yoningda bo’lishni istayman, degisi, ko’zlari tubiga uzoq termulgisi keldi. Bu istak butun vujudini alangalatdi va ayol taraf bir qadam tashladi, vaholanki, ularni bir qadamgina ajratib turardi, xolos.
Malika darhol ortga tislandi:
— Keragi yo’q, Bahodir. Siz… men hayotda duch kelgan eng ajoyib insonsiz. Sizni unutmayman.
Malika ketdi.
Bahodir o’ziga kelgach, ertadan yana unga do’st bo’laman, faqat do’st, deb qaror qildi. Lekin do’stlik ham nasib qilmadi. Malika ofisga qaytib kelmadi. Surishtirsa, bo’shab ketibdi. Bahodir uni uzoq vaqt qumsadi, izlamaslik, yoniga bormaslik uchun yanada ko’proq ishlash, xujjatlar olamida yashashga tirishardi. Lekin qachon direktorni uchratar ekan, bari boshqatdan boshlanardi. Yana Malikaning xotirasi qiynar, to chalg’ib iztiroblar yengillamaguncha qo’li ishga bormasdi.
Oxir oqibat u ham ishdan bo’shashga qaror qildi. Umuman, hisob kitobdan uzoqlashdi, boshqa sohaga o’tib ketdi. Malikaning xayollaridan ham shu tariqa uzoqlashdi.
Bir kuni esa gazetada sobiq direktorining vafot etgani haqdagi kichik xabarni o’qidi. Qalbida qarama qarshi tuyg’ular kurasha boshladi. Lekin bu paytda qaror qilib bo’lmasdi: uning yaqinda to’yi bo’layotgandi. Olislarda qolib ketgan Malikani esa sarobdek, bir tushdek qabul qilishga o’zini ko’ndirgandi. Ammo hozir uni juda ko’rgisi keldi, qandaydir umid bilan u bilan doim sayr qilgan anhor bo’yiga yo’l oldi. Ancha kezindi. Nazarida, Malika ham kamalakrang sharfi bilan yelkasini o’ragancha, yerdagi hazonlarni bir-bir bosib u tomon keladigandek edi. Bahodir har o’tgan ketgandan Malikani izladi, shom tushgach majbur taksi tutdi. Bir vaqtlar Malika ham shu yerdan taksiga o’tirib ketib qolganida ortidan borishim, uning manzilgoxini bilishim kerak edi, deb o’yladi.
Bahodir Malikani oradan bir necha oy o’tgach ko’rdi. Malikaning o’zi uni izlab keldi.
Dam olish kuni sekin taqillagan eshikni ochgan Bahodir qarshisidagi ayolni ko’rib yuragi xapqirib ketdi. Malika salom berdi. Uning ko’rinishi yaxshi emasdi.
— Kechiring, bezovta qildim. Lekin… sizga juda aytgim keldi. Aytmasam bo’lmasdi.
— Eshitdim… Rahmatiga olsin, -Bahodir nima deyishni ham bilmasdi.
— Yo’q, buni emas. Bilasizmi, bir vaqtlar akam uning qo’lida ishlardi, — Malika davom etdi. -Qing’ir ishlari fosh bo’lganda, direktor uni qamoqdan asrab qolgan. Akam halol inson edi, yagona boquvchimiz, o’shanda onam og’ir hasta edi, qo’limiz esa kalta. Uni ayblamayman. Shukur, onam hozir salomat. Direktorning yaxshiligi albatta, tekinga emasdi. Men unga turmushga chiqdim. Shu bilan hammasi iziga tushib ketdi.
Bahodir unga achinib qaradi:
— Ammo sen…
— Menda ham sizni uchratmaguncha bari joyida edi. Keyin ruhim ag’dar to’ntar bo’ldi… Bir yilki, yuragim yonib yashadi. Endi baridan xalos bo’ldim. Sizni ko’rdim, qarorimga izoh berdim. Biram xotirjam tortdimki…
Bahodirning yuragi toshdi. Malika sari talpindi, ammo ichkaridan chiqqan – kengroq atlas ko’ylak kiygan yangi kelinchak iymanib so’z qotdi:
— Kim ekan, dadasi?
Malika seskangandek bo’ldi. O’zini darhol qo’lga olib, ortga tislandi.
— Manzilda adashibman, — dedi kelinchakdan uzr so’rab. — Bir do’stimni izlagandim. Omon bo’linglar.
Malika zinadan tezda tushib ketdi. Bahodir uning ortidan hech nima deya olmadi. Uning bilagidan ushlagan kelinchak ichkariga imo qilardi:
— Yuraqoling, tushlik tayyor…
Tushliklar, pichirladi Bahodir. Hayotimni o’zgartirgan tushliklar.

2019, oktyabr.

ADIBNING VAFOTI

Bir marta yurak xurujini yengib o’tgan yozuvchining ko’nglini avaylashardi, ammo u saratonning qoq o’rtasida saratondan vafot etdi.
O’sha lahza, kasalxonada uning yonida hamshiradan boshqa hech kim yo’q edi. Hamshira hargutul, adibni tanir, hikoyalarini o’qigan, shu sababdan boshqa bemorlardan ko’ra uning yonida xozir turar, og’zidan biror so’z chiqarmikin deb halak edi.
− Ayolingiz keldi, ichkariga kirsinmi? – unga bergan oxirgi savoli shu bo’ldi.
Adib boshini sarak-sarak qildi. Ammo eshikdan ko’zlarini uzmadi.
Farzandlari yetib kelganida u allaqachon rixlat qilgandi. Oilasi ko’p kuyindi: padari nafaqat yozuvchi, balki ota sifatida ham o’ziga haykal qo’yishga ulurgandi. Tobut yelkama yelka bo’lib, qabriston sari yo’l oldi. Adibning marmarga o’yib ishlangan byusti iliq tuproq uzra barcha og’riqlardan xalos bo’lgani uchun mamnundek jilmayib turardi. Uning qarshisida yig’ilganlarning bari esa ko’z yosh to’kar, qabrga guldastalar qo’yishardi. Uni kunda kunora muxlislari yo’qlab kelardi. Yozgan asarlarini yodga olib xomuza tortishardi. Dardchil yozardi-da rahmatli. O’zini ham qurmag’ur dard olib ketdi.
Bir kuni qabr yonida bir talay maktublar paydo bo’ldi.
− Sizga yozgan, ammo jo’natmagan maktublarim, — dedi ularni olib kelgan kimsa xo’rsinib.
O’lganning orqasidan o’lib bo’lmaydi. Kunlar o’tib bu shumxabarni odamlar unutdi, oy o’tib muxlislari boshqa kitoblar o’qiy boshlashdi, yil o’tib oilasi ham o’z orzu-tashvishlari bilan binoyidek yashab ketishdi. Faqat o’sha kimsa uning qabrini har kuni ziyorat qilishdan, haqqiga duo o’qishdan to’xtamadi. Qo’lidan uning kitoblari tushmasdi, yozgan asarlari yod bo’lib ketgandi. Adibning ruhi ham buni sezdi: uni tushlarida ko’p yo’qlardi.
Yozuvchining oltmish yillik yubileyi Ijod uyidagi muhtasham zalda o’tkazildi. Adib bu yerga ko’p marta kelgan: eng boshida to’garaklarga havaskor sifatida, so’ng ashaddiy kitobxon, keyinroq iqtidorli qalamkashga aylandi, yillar o’tib minbarga chiqib ijod haqda o’z so’zini aytoldi, ilk kitobining taqdimoti ham shu yerda bo’ldi. Ammo keyinchalik u tanilishga, olqishlarga, obro’ga qiziqmay qo’ydi. Adabiy muhitdan uzoqroqda, tinchlikda, sokinlikda ijod qila boshladi. Yolg’izlikda yozilgan asarlari odamlar mehrini qozondi. Unga olis-yaqindan xatlar kelardi. Xatlar ichida uni yozishga undaydigan nomalar talaygina edi, ammo ular ichida bittasi aziz edi.
…Bugun muxlislarning shu kabi maktublarini olib kelgan adibning rafiqasi unga so’z berishlarini hayajon bilan kutyapti. Katta zal mashhur yozuvchiyu shoirlar, rahmatli erining muxlislari, zimdan uni ustoz deb bilgan shogirdlari bilan to’lgan, farzandlari ham old qatorda otalarini yodga olayotgan ijod ahlining e’tiboridan mamnun bo’lgancha faxrlanib o’tirishardi.
− Rahmatli turmush o’rtog’im adabiyot uchun hayotini bag’ishlagan edi, — adibning rafiqasiga so’z berilgach, u gazetalarga bergan intervyularidagi o’sha yod bo’lib ketgan jumlalarni takrorlay boshladi. — Oilasiga ham g’amxo’r edi. Kechalarni tongga ulab yozgan qancha romanlarini bugun xalq sevib o’qimoqda. Ha, bunday paytlarda hamisha yonlarida bo’lardim. Kitoblarini eng avvalo, o’zim o’qib chiqardim, yutuq va kamchiliklarini ochiq aytardim. Hozir ham kutubxonalariga qo’l tekkizganim yo’q, qo’lyozmalari shundoq ish stolida turibdi, go’yo bir kun eshikni ochib kirib keladigandek, tugallanmagan hikoyasini yakunlab qo’yadigandek tuyuladi menga…
Shundan so’ng ayol muxlislarning nomalaridan satrlar o’qib berdi. Qarsaklar yangragach, ko’zlariga yosh olib joyiga qaytdi. Qaniydi, shu e’tibor, shu obro’ tirikligida bo’lganida edi, xayol qildi u. Ancha yaxshi yashashgan bo’larmidi!..
Bir payt eshik yonidagi o’rindiqda o’tirgan g’amgin ayolga ko’zi tushdi. Ayol ham unga qarab turgan edi, ammo shu zahoti ko’zlarini yashirib ro’moli bilan yuzining unga ko’rinib turgan tarafini yopgandek bo’ldi. Adibning rafiqasi qizarindi. Yuragining bir cheti g’ijimlanib, o’ng’aysizlandi. Qo’lidagi xatlarni g’ijimlay boshladi. Ikkinchi gal qaraganda, o’rindiqda hech kim yo’q edi. U bir oz tin olib, yana xotira kechasini kuzata boshladi. Kuzatarkan, hayotining bir qismi kino lentasidan ko’z o’ngidan o’ta boshladi.
***
− Bu yozganlaringizdan bir tiyin ham foyda yo’q! – ayol jahl bilan tungi qoralamalar ustiga tap etib urdi. — Siz ham boshqalarga o’xshab uy solsam, mashina olsam, xotinimni chet ellarga oborib aylantirsam demaysiz! Bilganingiz faqat kitob, yozganingiz faqat kitob!
U ixcham kutubxonaga qarab qo’lini bigiz qildi:
− Osh-non bo’ladimi bular? Yozuvchilar uyushmasiga a’zo emassiz! Sizdan yoshlar a’zo bo’lgani qachon edi! Hatto shogirdingiz ham bugun davralarni to’rida o’tiribdi she’r o’qib!
− U shogirdim emas, — beparvo javob qaytardi adib.
− Uyimizga kelganmidi, kitobiga so’z boshi yozdirib ketganmidi? Birinchi kitobi chiqqanmidi o’sha yerda? Mana, endi a’zo bo’lib sizni changida qoldirib ketdi.
− Omadini bersin.
− Siz ham xujjat topshiring, odam! Nega Do’rmondan dacha olmaysiz, nega navbatda turib uy olmaysiz?! Yozuvchilarga berilayotgan imkoniyatlar foydalanib-foydalanib qolmaysizmi? Bitta she’r yozib, qimmat moshinali bo’lyapti odamlar. Nechta kitob yozdingiz shu choqqacha? Yettita! – erining javobini kutmay yana shang’illashda davom etdi u. – Nechtasi chiqdi? Ikkita, xolos! Gonorar oldingizmi shunga? Yo’q! Nima emish, pul uchun yozmaymanmish! Nima keragi bor, unda bu yozishlarni? Ishlayotgan ro’znomangiz koshki, tuzukroq oylik to’lasa.
Adib bu gaplarni tinglash o’rniga bosh qashib, qog’ozga yozgan jumlalarini o’chirib, qayta yozishga kirishdi.
− Jim tur ozroq. Yakunini bitirib olay.
− Avval savollarimga javob bering!
U noiloj boshini qog’ozdan ko’tardi:
− Men uy olish, mashina minish uchun yozmayman. Sen baribir tushunmaysan. Agar shu maqsadda yozganimda… yo’q, tavassur qilish qiyin buni. Dang’ilamma hovliyu, mashina kerak desang, ertagayoq Rossiyaga ketaman. Uch-to’rt yil mardikorlik qilib topib kelaman shu pulni. Lekin zinhor, aytib qo’yay, zinhor satrlaridan moy oqib turgan unaqa asarlar yozmayman, tushundingmi meni!
Erining ahyon-ahyon chiqib turadigan jahli alanga olayotganini sezgan xotin indamadi. Bir galgi yurak og’rig’i uni cho’chitib qo’ygandi. Axir farzandlari hali yosh… Eri ham bardam, vaqti kelsa bo’lar shu dang’illama uy ham. U qo’lidagi sochiqni bir siltab oshxonaga kirib ketdi.
Adib o’sha kecha uxlolmadi. Yozolmadi ham. U pochtasidan xabar kutardi. Shu xabarlar unga ilhom bag’ishlab turgani uchun ayni paytda, unga judayam zarur edi. Onda-sonda keladigan bu xatlarga adib javob yozmagan. Shunday bo’lsada, xabar to’xtab qolmasdi. Ayni kerakli, ayni muhtoj paytida pochta qutisidagi yangi xat har galgidek umid chirog’idek porlab turardi.
“Aziz adibim!
Sizning “Tirik odam” nomli hikoyangizni yaqinda adabiy jurnallardan birida o’qib qoldim. U yuragimga malham bo’ldi. Mendagi ikkita kitobingiz mundarijasida bu hikoya yo’q edi. Qo’limdagi kitobingiz bir bo’ldiyu, yangi hikoyangiz bir bo’ldi. Romanga teng hikoya bo’libdi! Bosh qahramonda huddi o’zimni topgandek bo’ldim. Bilasizmi, men ham atrofga boqib tirik odamlar bormikin, deb kuzataman. Ko’pincha topolmayman. Hammasining qalbi so’nib qolganga o’xshaydi. Sizning tirik odam ekaningizga shubham yo’q. Siz bilan sira gaplashmagan bo’lsamda, ammo eng yaqin do’stimsiz. Iltimos, yana shunday tirik hikoyalar yozishda davom eting. Sizga bu yo’lda chidam va omad tilayman. Xurmat bilan O.”
Yozuvchi “Tirik odam” haqda esladi. Ko’p marta rad etilgan bo’lsada nihoyat yaqinda bosilgandi. Uni yozgunicha bir hafta ishga borolmay, xonasidan chiqmagani, evaziga xayfsan olgani, xotini esa bolalarni ergashtirib uydan ketib qolganini esladi. Ularda ham ayb yo’q. Nima qilishsin, gazetaga har hafta maqolalar, bola-chaqasiga esa e’tibor kerak. Axir ular ham tirik odam…
Nihoyat, u galdagi maktubga javob yozishga qaror qildi.
“Aziz O.
Maktublaringizni doim o’qiyman… ular menga ijodiy qanot beradi. Ba’zan yozishni tashlayman deymanu, sizdan “yangi hikoyalar kutyapman”, degan xabar kelib qoladi. Yana yozgim keladi…”
U juda uzun yozdi. Hamma qayg’ularini, iztiroblarini qo’shib yozdi. Yengil tortayotganini, g’amlari ko’nglidan ariyotganini his qilib yozdi. Maktubni jo’natganida esa tong otib qolgandi. Ko’zlarini yumib bir lahza tin olgach, pochtasida yangi xabarni ko’rdi. Maktub maktublarga ulandi.
Bir kuni adibning rafiqasi uning ish stolini changlarini artarkan, ochiq qolgan kompьyuter pochtasida “ting” etib kelgan yangi xabarga ko’zi tushdi. Bir talay elektron xatlar asosan bir odam – O.dan kelgan edi.
“Aziz yozuvchim.
Yangi romaningizni qisqacha syujetini jo’natibsiz. Bilasizmi, bosh qahramon ayolning o’tmishi borasida e’tiroz paydo bo’ldi menda. Avvalo, turmush o’rtog’i vafot etib, kitoblarga bog’lanib qolgan bu ayolni juda chiroyli va xurliqo tasvirlayapsiz. Menimcha, g’amxo’r odamidan ayrilgan ayol so’nib boradi, ayniqsa kun bo’yi kitoblar bilan sirlashib o’tirsa. Gul-gul yashnamaydi. Uni yoqtirib qolgan erkak esa birinchi navbatda suratiga emas, siyratiga oshiq bo’lishi lozim. Bir ko’rishdagi muhabbat ishonchsiz narsa. Shu borada o’ylab ko’ring. Istasangiz, ayolning ruhiy chizgilarini chizishda sizga ko’mak beraman. Aytgancha, siz qatnaydigan kutubxonada ishlayman men ham. Sizni bu yerda ko’p ko’rganman, balki meni tanimassiz. Bu safar o’zimni tanitib, yangi asaringiz borasida ko’maklashaman. Fikrlarimni e’tiborsiz qoldirmaganingiz uchun rahmat. Xurmat bilan O”.
Ayol yangi kelgan xabarni o’chirib yubordi. So’ng bamaylixotir oshxonaga o’tib, xayolchan tarzda ovqatlanayotgan eriga boqdi. Avvalgidek tushkun emas, ko’zlari porlab qolgandi. Demak, sababi ayon.
− Men birrov opamnikiga o’tib kelaman.
− Tinchlikmi? -so’radi eri.
− Ha, biroz tobi yo’q ekan.
Ayol ko’chaga chiqdi: erining doimiy boradigan kutubxonasi shu atrofda edi. Dam olish kuni bino ishlamasdi. Ammo qorovuldan O. ismli xodimlarni surishtirdi, o’zi bittagina Omina ismli ayol ishlarkan bu yerda. Qorovul ham ancha zerikkan ekan, ayolning barcha savollariga erinmay javob bera qoldi: Ominaning eri o’lganini, ko’p yillardan beri shu yerda ishlashini, bolasi ham yo’qligini, ko’p kitob o’qishini, hatto tushlikda doim nima yeyishini ham.
Ertasiga kutubxona eshigi ochilishi bilan ayol zalda xozir bo’ldi. Kitobxonlarga xizmat ko’rsatayotgan Omina qarshisida unga nafrat bilan qarab turgan ayolni ko’rib cho’chib ketdi:
− Yo bugunoq ishdan bo’shab, erimga xat yozishni to’xtatasan yoki hoziroq dod solib hammaga sharmandangni chiqaraman!
O. ismli ayol titragancha atrofga boqdi: kitobxonlar bilan to’lgan zal, nariroqda kutubxona direktori xodimlarga nimadir demoqda, bir tarafda hamkasb ayollar qo’li qo’liga tegmay boyagina kelgan yangi kitoblarni joylashyapti. Kichik jussasi yanada kichrayib ketdi, bazo’r:
− Xo’p, -deb pichirladi.
− Ertaga bu yerda qorangni ko’rmay, erimga ham ko’z olaytirma, — ayol vishillagancha u tomon engashdi. So’ng mag’rurlik bilan zalni tark etdi.
Chindan ham O. kutubxonadan bo’shab ketdi. Yozuvchi esa yana avvalgi holiga qaytdi: tushkun va ezgin. Ayol erini o’ziniki bo’lib qolganidan quvondi. Anchadan so’ng uning yangi romani chop etildi. Uning ilk sahifasida “Qadrli do’stim O.ga bag’ishlayman” degan satrlarni o’qigach, ayolning ta’bi buzildi. Eri esa hech qanday tushuntirish bermadi. Savol nazari bilan qarab turgan ayoliga qarab xo’rsinib qo’ydi, xolos.
Qiziq, O. bu kitobni olib o’qiganmikin?
***
O’tmish xotiralari yakuniga yetganida xotira kechasi ham tugab qolgandi. Adibning rafiqasi va farzandlarini katta xurmat bilan kuzatib qo’yishdi. Yozuvchining katta portreti ilingan devordan hademay boshqa ijodkorning surati joy oladi. Baland qarsaklar, tantanali so’zlar, qo’lma qo’l bo’lgan kitoblar aro faqat birgina – tadbirni derazadan kuzatayotgan kichik jussali ayol o’zini juda ezgin his qilardi. U binoni tark etarkan, ortiga yana bir nazar tashladi.
“Aziz adibim.
Menimcha, bu yerda tirik odam yo’q. Yana kim bilsin…” –pichirladi u.
Qo’lidagi o’qilaverib titilib ketgan kitobini bag’riga bosgancha metroga tushib ketdi.

2020

07

(Tashriflar: umumiy 530, bugungi 1)

Izoh qoldiring