Nodirabegim Ibrohimova. Ikki hikoya

Ashampoo_Snap_2017.06.16_23h25m28s_002_a.pngНодирабегимни  илк ҳикоялар тўплами билан қутлаймиз

  Нодирабегим Иброҳимованинг ҳикоялари тўплам ҳолида хулоса чиқариш учун Кенгашга келиб тушганида даставвал папка устидаги ёзув диққатни тортди: “Ёнингдаги бахт”. Ҳолбуки, мазкур тўпламдаги ҳикояларда бахт деган сўзнинг ўзи учрамайди.

Дарҳақиқат, ҳикояларга қаҳрамон этиб танланган одамларнинг ўзига яраша тақдири ва кўзга кўринар-кўринмас бахти ёки бахтсизлиги бор. Энг қизиғи, қаҳрамонларнинг бахтсизлик деб ўйлаган кечмишлари ортида ҳам бахт мўралаб турган бўлади. Шу жиҳатдан бу ҳикояларни ён-веримизда кечаётган тақдирларнинг мўъжазгина тасвири дейиш тўғрироқ бўлар.

Н.Иброҳимованинг қалами эндигини чархланиб келяпти. Унинг ёзмишларида баъзан тажрибасизлик, ёшларга хос “думбуллик” сезилиб қолади. Аммо сатрлари оралаб кўриниб турган самимийлик бу нуқсонни ювиб юборади.

Нодирабегимнинг ҳикояларини ўқувчиларга тавсия қилар эканмиз, синглимизга изланишдан тўхтамасликни тилаймиз (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгашининг тавсиясидан).

Нодирабегим Иброҳимова
ИККИ ҲИКОЯ
09

НАСТАРИН ИФОРИ

Ashampoo_Snap_2017.06.16_23h25m28s_002_.pngЭрта тонг насими олиб келган ифор Насибани уйғотди. Қиз ёстиқдан бошини бироз кўтарди-да, оромбахм ифорни тўйиб ҳидлади. Ниманинг ҳиди бу… Насиба бир лаҳза кўзларини юмди, сўнг лаблари кулимсиради: настарин. Ҳа, ўша юракларга ажиб ҳисларни олиб киргувчи, муаттар исли настарин бу. Ҳар баҳор бошида қўшни кампирнинг боғидаги настаринлар гуркираб, бўйи уларнинг уйигача етиб келади. Насиба ҳар йилги одатидек, ўрнидан туриб, гулзор томон чопгиси, кампирдан рухсат сўраб сара гулдаста тузгиси ва хонасидаги гулдонга солиб қўйгиси келди… Лекин чорасиз. Мана, саккиз ойки, тўшакка михланган.

Насиба гавдасини тутиб базўр ўтирди. Негадир оёқларини қимирлатиб кўришга уринди. Бўлмади. Юзини дераза тарафга буриб, яна ҳаётбахш ифорни излади. Шабода ифорни бошқа ёқларга олиб кетган, чоғи. Қани эди кимдир унинг севимли гулларини олиб келса… Қиз тўйиб-тўйиб ҳидласа.

Баъзан шунақа бўлади. Кўнглингдан ўтиб турган истак ажиб бир ҳолатда амалга ошади. Бугун дам олиш куни бўлгани учун уни синфдошлари йўқлаб келишди. Баҳор уларга таъсир қилибди: ҳаммасининг юзида аллақандай шодлик, либослари ранг-баранг, лабларида табассум. Насиба тўшакка ётиб қолганидан бери кўп марта кўргани келишди. Аммо бу сафаргиси қизни чинданам қувонтирди. Сабаби синфдоши Равшаннинг қўлларида бир даста оч сиёҳ рангдаги настарин гуллари худди бир нимадан уялгандек эгилиб турарди…

Хонани яна ўша муаттар бўй тутиб кетди. Йигитча унга гулдастани тутқазар экан, ҳар доимгидек тезроқ тузалиб уларнинг сафига қўшилишга ундади. Насиба ҳам ҳар сафаргидек хўп, деб бошини эгди. Синфдошлар чуғур-чуғури анча вақт давом этди. Бу орада Насибанинг онаси уларга чой ва ширинлик киргизди.

Йигит-қизлар Насиба билан хайрлашиб хонадан чиқа бошлашди. Доимгидек энг охирида Равшаннинг ўзи қолди.

– Мактабни тугатишимизгача ҳали икки ой бор, – деди у қизга. – Битирув кечада иштирок этишга сўз бер, Насиба. Кейин бирга коллежга ҳужжат топширамиз. Доим шундай дердик-ку!

– Насиб этган бўлса… – маъюс кулди қиз. У сўнгги вақтларда онасининг кўзларидаги умидсизлик, шифокорларнинг сўзсиз ташрифлари, отасининг уйқусиз тунлари туфайли анча чўкиб қолганди. Аввалги ишончи, ғайрати, мақсадлари йўқ… – Сен мени кутмай коллежга киравер.

Равшан бу гапдан ранжиди.
– Йўқ. Ундай дема. Жиллақурса, отамнинг ёнида ҳунар ўрганаман. Келаси йил бирга топширамиз. Мен сенсиз ўқимайман.

Насиба кўзадаги гулларга боқди. Настарин шодалари энкайиб майин япроқларини дастурхонга тўкишга улгурибди. Қиз ўзини шу гулга қиёслади. Бирдан гуллаб атрофни муаттар бўйига буркайди-да, сўнг сўлади. Қисқа умр кўришидан уялгандан бўлса керак, эгилиб олади. Атиргул-у чиннигулларга ўхшаб гулбозорларда йил бўйи ўзини кўз-кўзлаб турмайди. Уни топиш ҳам қийин. Овлоқ ва кимсасиз ўт-ўланлар бағрида кўриб қоласиз…

– Нималарни ўйлаяпсан?
– Ўзим… Энди орзуларинг учун бошқа дўст топ, Равшан. Мен орзу қилишга ярамай қолдим.

Равшан бу гапдан астойдил хафа бўлди.

– Яна шундай десанг бошқа келмайман! Энди чинданам кўргани келмайман. Ўзинг излаб бор мени… Қўшиқда айтди-ку… “Севсанг ўзинг бир кун топиб келарсан, Мени излаб Насибам, мени излаб…”

Насиба уялиб бошини бурди. Сўнг “борақол”, деди пичирлаб.

Синфдошлари кетгач, Насиба ёстиқни қучоқлаб ўйга чўмди. Настарин ифори уни оёққа туриб юриб кетишга ундаса-да, лекин қани ўша мўъжиза? Қиз уф тортиб яна қаддини тиклади. Каравоти дераза ёнида эди, пардани суриб, секин жойидан силжиб деразадан ташқарига боқди. Қизиқ, баҳор келганига анча бўлди-ю, ҳеч қизиқиб ташқарига боқмапти. Ўрик гулларини тўкиб барг ёзибди. Гулзорга укалари райҳонлар ўтқазишибди. Қизнинг кўзлари ерда ризқини тераётган чумолиларга тушди. Митти жуссасига оғирлик қилсаям ҳаёт ташвишида емиш ғамлашяпти. Ҳатто шу ҳашаротлар ҳам баҳор келганини билиб, инларидан чиқишибди. Насиба қачон уясидан чиқаркин?

– Оёққа туришим керак… – ўзига ўзи пичирлади қиз дадил оҳангда. – Қачонгача бунақа ётмоқчисан? Яқинларингни қийнаб қўйдинг-ку? Ўзинг истамасанг, шифокорлар ҳам не қила олсин? Бирор марта яшаш учун курашдингми? Ё сен учун бошқалар курашишини кутиб ётибсанми? Равшан-чи? У доим сени кўргани келади, ҳатто ўқишдан қолиб кетяпсан, деб неча марта дарсликларни олиб келиб берди. Ўқиб кўрдингми уларни? Сенга яна нима керак? Барча сендан кутяпти… Юришингни кутишяпти. Тузаласан! Албатта, оёққа турасан, Насиба. Настариндек бўй таратасан, аммо сўлмайсан!

У баҳор каби уйғонди. Қалбида гуллар униб чиқди, ҳаётбахш насим елди, орзулари барг ёзди. Настарин бутоғини олиб қулоқларига қистириб олди. Ташқарида эса қушча сайради… Насиба қайси коллежда ўқиш борасида ўй сура бошлади.

ВИДО

– Анов келин яна улингиз билан гаплашяпти, ҳай, туринг! – пинакка кетган чолини туртди Улбўлсин ая.

– Оббо, тағин эсига тушипма! – сесканиб кетди Мўмин чол. – Бир жилдан бери унутиб қўйган, девдинг-ку, кампир.

– Бир Худо билади. Унутдими, жўқми, билмадим-у, ҳозир оғилга кирсам, пичир-пичир… мундоғ мўраласам, «Тўхтасин ака», деб гап бошлаб турибди. Тағин бизга билдирмай гаплашиб юрган чиқмасин. Айтувдим-а, буни бир нима қилайлик, деб!

– Бировга кўнмаса нима дейсан? Уч жил бўлди, остонамиздан кетмади, омон бўлгур. Биттагина боласи бўлсаям, майлийди…

– Хаҳ, улим-а, – қароқларини этаги билан артди Улбўлсин ая, – ортидан бир из қолганида, келинни кет, дермидим. Кечаям қаттиқ койидим. «Эр қил, эр қил, ёшинг ўтяпти! Энди йигирма иккига кирдинг, жонинг омон бўлгур»… Қайда дийсиз, отаси, бошини эгиб жим тураберади. Кетмайди.

– Ўзидан сўрадингма? Тўхтасин билан гаплашяпсанми, дедингма?
– Йўғ-а, қўрқдим.
– Энағар табиб даволадим, деганди-ку ахир!

– Азайимхон ҳам жинларни қувдим, энди келмайди, деганди, алдабди ҳаммаси. Фолбинга ишониб қўй сўйдим. Мушкулкушод ҳам тушурдим. Неча марта ўқиттирдим, дам солдирдим. Лўли кампир уй ичини тутатиб чиқди. Қайдам, отаси… яна топишволди булар.

– Ўтган сафарга ўхшаб… – чол томоқ қирди.
– Юрагимни хижил қилманг, – кампир ташқарига олазарак боқди. – Ҳамма арқонларни обчиқиб ёққанман ўшанда. Арқон уйга кирмасин, деб мол-ҳолни ҳам йиғиштирдик-ку… яна оғилга кирвопти.
– Хабар ол мундоғ, гап сотгунча…

Кампир ёшига ярашмаган чаққонлик билан айвондан тушиб, яна оғилга қараб чопиб кетди.

Аммо Санам аллақачон у ердан чиқиб, кир ювишга ўтирганди. Ая унинг ёнига бориб бир нима дейишга ботинмади. Аввал ҳам неча гаплашишга уринган, аммо келини сир бой бермайди. Бирдан кампирнинг эсига ён қўшнисининг пойтахтда ўқиб келган ўғли тушди. Айтишларича, зўр дўхтирмиш. Шаҳарда об қоламиз, дейишсаям, йўқ, деб шу чекка қишлоғига қайтиб келибди. Туман шифохонасига ишга жойлашди. Ўзи-ку, Улбўлсин ая дўхтирларга унча ишонмайди. Аммо начора, ўзи билган чоралар кор қилмади. Чиқмаган жондан умид, балки шу бола билар келинининг дардини.

Кечки маҳал қўшнисиникига ўтди. Йигит ишдан келган экан, унга бор гапни айтди.

– Ҳм… тушунарли. Келинингизнинг аҳволи жиддий, хола. Руҳшуносга кўрсатиш керак.
– Унинг нимаси энди, болам?

– Одамнинг руҳини даволайди. Келинингизнинг жисми соғ, аммо кўнгли шикаста. Бизда бундай мутахассислар йўқ, афсуски. Тошканга борсангиз, ўзим адресини бераман, яхши руҳшунос бор. Руҳий касаллар шифохонасини топиб борсангизлар бас.

– Вой, ўлай, жиннихонами?
– Йўқ, хола, ундай деманг. Руҳий ҳаста дегани жинни эмас. Ҳали кўрасиз, даволангач, келинингиз ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетади.

Шу бўлдию, чолини кўндириб, ая келинини олди-да, қайдасан пойтахт, деб йўлга тушди. Ўйлаганидан анча узоқ экан. Умрида даштидан нари чиқмаган ая шаҳарга келиб гангиб қолди. Кўча-кўйда учраган одамдан манзилни суриштириб шифохонани ҳам топиб келишди. Санам эса доимгидек жим, гўё бу ерга уни эмас, қайнонасини даволагани келишгандек, анграйиб ўтирарди.

Беморни қабул қилган руҳшунос уни обдон текширди. Сўнг Санамдан ҳаммасини бир бошидан гапириб беришини сўради.

– Шу… – мунғайиб гап бошлади келин, – Тўхтасин акам ўлди. Тўйдан бир ой ўтиб ўлди. Лекин мен учун тирик эди. Шундан буён ёнимда. Негадир уни ҳеч ким кўрмайди, фақат мен гаплашаман. Энам ҳам, отам ҳам кўрмайди, гаплашсам уришади. Гаплашма, дейди. Гаплашмасам у киши хафа бўлади.

– Ҳар куни кўрасизми уни? – сўради руҳшунос.
– Ҳа.

– Нималар ҳақда гаплашасиз?

– У киши гапиради, мен эшитаман. Мени севиб қолиб, уйимизга тош отгани, кучугимиз қувлагани, нариги қишлоқлик йигитлар билан муштлашгани… барчаси эски хотиралар.

– Ҳар куни бир хил мавзуда гаплашасизмиларми?
– Ҳа, деярли шу.

– Бир марта «сени олиб кетаман», дегани-чи? – гапга аралашди ая. – Айтмайсанми, Санам шуларни? Фолбинга айтувдинг-ку!
– Ҳа… бир-икки марта.

– Ўз жонига қасд қилишга уринганми? – аяга юзланди руҳшунос.

– Ҳа-да! Тўхтасин акам билан кетаман, деб… сал қолса жувонмарг кетарди буям. Ўзи етади биттасини топширганим, – кампир йиғлашга тушди. Ҳамшира уни тинчлантириш учун хонадан олиб чиқиб кетди.

– Хўш… айтинг-чи, у сиз истаган пайт кўзингизга кўринадими? Ёки тўсатданми?
– Соғинганимда… эслаганимда…

– Тушунарли. Бугун кўрдингизми?
– Эрталаб кўрувдим.

– Ҳозир-чи?
– Йўқ.
– Кўринса менга айтинг. Шу ерда кутамиз….

Аммо Тўхтасин акаси ҳадеганда келавермади. Санам худди у эшикдан келадигандек кўзларини ўша ёққа тиккан. Кампир ҳам ўтирган жойида пинакка кетди. Аммо руҳшунос сабр билан беморни кузатарди.

– Аналар… – бир пайт Санам жонланди.
– Айнан қаерда?

– Эшик ёнида.
– Яхши, – руҳшунос аста беморга яқинлашди. – У билан доимгидек гаплашаверинг…

Санам хол-аҳвол сўрагандек бўлди. Бу ерга нимага келганини айтди.

– У бу ердан кетишимни истаяпти… – деди аёл шифокорга қараб.

– Табиий. Чунки ўзингиз ҳам шуни истаяпсиз. Унга жавобини ўзингиз биладиган бирор савол бериб кўринг-чи…

– Майли… – ўйланди Санам, – биринчи марта қаерда учрашганмиз?
– Хўш, нима жавоб қайтарди?

– Сой бўйида, деди.
– Сўранг-чи яна, у сой бўйига нега келганди?

Санам бироз жим қолди.
– Билмас экан…

– Тўғри. Чунки бунинг жавобини сизам билмайсиз, Санам. У фақат сиз билган саволларга жавоб бера олади. Ўзингизни қизиқтирган, аммо билмаган хоҳлаган саволингизни бериб кўринг, у жавоб беролмайди…

Санам сергакланди, саволлари кўп эди, чоғи.

– Ўшанда сизга берган рўмолим ҳозир қаерда, Тўхтасин ака? Қаерга яширгансиз, уйдан чиқмади… Мактубларим-чи? Сизникини асраб қўйибман. Нега тўйдан сўнг ўзгариб қолгандингиз? Нега ичардингиз? Ҳайдовчи… ҳайдовчи сизни ўзини машина тагига ташлади, дейди. Наҳот, шундай қилгандингиз? Нима учун? – Санам йиғлаб юборди. Руҳшунос унинг тинчланишини кутди.

– Хўш, жавоб бердими?
– Йўқ…

– Бу саволларга ҳеч ким жавоб беролмайди, синглим. Чунки турмуш ўртоғингиз вафот этган. Бари сирларни ўзи билан олиб кетган. Сиз эса… сиз уни кўришни истаяпсиз. У арвоҳ ҳам, жин ҳам эмас. У хаёллар маҳсули. У сизнинг тасаввурларингиз. У билан ўзингиз соғинган, қўмсаган онларни гаплашасиз. Ўзингиз эшитишни истаган саволларни берасиз. Ишонинг, Санам, бари рўё. Тиббиёт тилида буни галлюцинация дейишади. Кўзингизга кўринади, холос. Имкон берсангиз, сизни даволаймиз. Шу ерда бир ойча ётиб муолажа оласиз. Бари ўтиб кетади, хаёллар сизни тарк этади.

– Тўхтасин акамни кейин кўрмайманми? – умидсизланди аёл.

– Бир умр ўзингиз билан ўзингиз гаплашиб яшамоқчимисиз? Сизни телбага, жиннига чиқаришади. Афсуски, у эрингиз эмас. Шунча йилдан бери эримнинг арвоҳи деб ўйлаб келгансиз, аммо бундай эмас. Ҳаётдан тўйган маҳалингиз жонингизга қасд қилишни ўйлагансиз, бу сизнинг қарорингиз эди. Яна шу ҳолат такрорланишини хоҳлайсизми?

– Йўқ… асло.
– Унда ҳаётни бошидан бошланг. Ўтмишни унутиш, келажакка қараб олға юриш керак. Мутахассисларимиз бу борада сизга ёрдам беришади, ишонинг.

Санам розилик билдирди. Улбўлсин ая «келинимни тузатиб берсангиз бас, худога топширдим уни», деб қишлоғига қайтди.

Роппа-роса бир ойдан кейин Санам ўзи кириб келди уйига. Чол-кампир уни кўтаринки кайфиятда кутиб олишди. Тўрга ўтирғизиб қўйиб саволга кўмишди.

– Бари яхши, – деди камгап келин жилмайганча. – Улингизни кўрмай қолдим. Менга кўп ёрдам қилишди. Аллақандай бошқачаман.
– Юзингга ранг кириб, жонланиб қопсан, – келинининг елкасини силади қайнонаси. – Буёғига тинч бўл.

– Ишга кирмоқчиман, эна, ота! Руҳшунос амаки ишласанг яхши бўлади, деди. Анов цехга мени олишармикин?
– Олади, болам, олади. Олмаса, отанг боради. Ҳалиям хурмати баланд чолимни. Тўғрими, отаси?

Мўмин чолнинг ҳурматига ўша куниёқ Санамни қишлоқдаги қандолат цехига ишга олишди.

Кечки овқатдан сўнг хонасига кирган Санам енгил тин олди. Авваллари фақат Тўхтасин акаси билан бўлажак ширин суҳбатлари ёди билан уйқуга кетса, энди эртанги янги иши ҳақда ўй сурарди. Ўзи зўр пазанда бўлиб кетса, қизлар бошчилигида цех очишни орзулади. Ним жилмайганча кўзларини юмган эдики…

– Келдингми, Санам, кута-кута зерикдим, – деган овоздан чўчиб кўзларини очди.

Қараса… қаршисида Тўхтасин акаси ўтирибди.

– Бари хаёл! – бошини силкитди аёл, – ҳозир… – у шоша-пиша сумкасидан таблетка олиб оғзига ташлади. Кўзларини маҳкам юмди. – Кўришни истамайман. Ахир… эсламаган эдим. Бас. Ҳозир ўтиб кетади… шунчаки тасаввурлар. Сиз йўқсиз!

Кўзларини қайта очди, бироқ марҳум эри ҳамон кулиб ўтирарди.

– Бекор дори ичиб, ошқозонингга жабр қилма, Санам. Бир ойдан буён қайтишингни кутаман. Ўша кунги суҳбатдан кейин ортга қайтворгандим. Балнисада юрагим сиқилди. Сени роса аврашдими, мени хаёл деб?

– Чинданам хаёлсиз! – Санам юзини ўгирди. – Хайрлашганман сиз билан. Тўхтасин акам ўлиб кетди. Сиз эса йўқ нарсасиз.

– Тушунсанг-чи, жоним… сенсиз қаерда кетаман? Аросатда қолдим. Кўнглимни узолмадим сендан.
– Ўзимни алдаяпман… аросатда эмассиз, аллақачон самоларга учиб кетгансиз.

– Менга ишонмаяпсан-а? Агар ўшанда саволларингга жавоб берганимда тинч яшолмасдинг. Бу чинданам арвоҳ билан гаплашаркан, деб атрофингни журналистлар, дўхтирлар, илмий текширувчилар қуршаб оларди! Кейин кўргин, ўлган эрим билан, хотиним билан гаплаштириб беринг, деб остонамизда одамлар ётиб олишарди. Ҳамма ёқда шов-шув… сени ҳоли жонингга қўйишмасди. Яхшиси, улар истагандек, хаёллар маҳсули бўлишни маъқул кўрдим.

– Ундай бўлса… нега мени ташлаб кетдингиз? Бунинг жавобини ҳамон билмайман. Сиз ҳам билмайсиз, чунки сиз менинг хаёлимсиз.

– Хаёл эмаслигимни исботлайман, Санам… У кунларни эслаш менга осон эмас. Фақат сену менга аён ширин хотиралар ҳақда суҳбатлашиш ёқимлироқ эди. Тўйдан сўнг… бироз мазам бўлмай шифокорга борганим эсингдами? Ўшанда мени обдон текширган дўхтирлар менга бепушт ташхисини қўйишди! Эшитишнинг ўзи даҳшат эди. Ахир сен билан ширин фарзандлар кўришни нақадар орзу қилардик…

Ўша куни тўйгунча ичдим. Аммо сенга айтолмадим. Шамоллабман, деб қўя қолдим.

– Тўғри… – сергак тортди Санам, – буйрагингиз оғрирди. Шунчаки совуқдан, дедингиз.

– Нима қилай, Санам, болаликдан кўпкари ўйнаб, йигитларнинг олди бўлиб юрардим. Бу иснодга чидолмасдим. Сени талашган йигитлар олдида бир умр қисиқ тил билан юришни ўйладим. Нима хаёл билан билмадим… оёқларим катта йўл томон бошлади, елдек учаётган машина сари талпиндим. Афсусдаман… эл ичида қаддим букилса-да, сени ташлаб кетмаслигим керак эди.

– Тўхтасин ака! – ўрнидан туриб, эри сари талпинди аёл. – Сиз, бу чиндан ҳам сизмисиз!?

– Айтгандек… менга азиз рўмолинг, азиз мактубларинг оғилхонадаги эски сандиқ ичида. Отамдан яшириб ўша ёққа йиғардим… Энди эса… сен билан видолашгани келдим, Санам. Мен марҳум, сен эса тириксан. Тириклар қатори яшашинг керак. Ўзимни ўйлаб тинчингни бузганим учун кечир. Алвидо… бахтли бўл, омон бўл, Санам!

Тўхтасин кўздан йўқолди. Санам тура солиб, оғилга чопди. Чанг босган сандиқ ичида бир талай хатлар ва қизил рўмоли турарди… У эрини неча маротаба бор овозда чақирди. Аммо садо бўлмади. Мактубларни бағрига босган аёл унсиз ерга чўкди…

Келинининг оғил тарафда «Тўхтасин ака!», деб ҳайқираётганини эшитган чол-кампир чўчиб уйғонди. Дўхтирларнинг давоси кор қилмаганидан аттанг қилган Мўмин чол кампирини оғилга боришга ундади. Улбўлсин ая ҳам ҳушёр ётган эди, ковушини илиб оғилга чопди. Аммо у ерда Санам йўқ эди… Ерда қизил рўмол товланиб ётарди. Шошганча келинининг хонасига мўралади. У ерда Санам кўзларини юмганча ёстиқ қучоқлаб ухларди.

– Хайрият-эй… – ёқасига туфлади ая, – қулоғимизга эшитилди, шекилли.

…Шундан сўнг Санам эрини бошқа кўрмади.

6-8.jpgNodirabegimni   ilk hikoyalar to‘plami bilan qutlaymiz

Nodirabegim Ibrohimovaning hikoyalari to‘plam holida xulosa chiqarish uchun Kengashga kelib tushganida dastavval papka ustidagi yozuv diqqatni tortdi: “Yoningdagi baxt”. Holbuki, mazkur to‘plamdagi hikoyalarda baxt degan so‘zning o‘zi uchramaydi.

Darhaqiqat, hikoyalarga qahramon etib tanlangan odamlarning o‘ziga yarasha taqdiri va ko‘zga ko‘rinar-ko‘rinmas baxti yoki baxtsizligi bor. Eng qizig‘i, qahramonlarning baxtsizlik deb o‘ylagan kechmishlari ortida ham baxt mo‘ralab turgan bo‘ladi. Shu jihatdan bu hikoyalarni yon-verimizda kechayotgan taqdirlarning mo‘’jazgina tasviri deyish to‘g‘riroq bo‘lar.

N.Ibrohimovaning qalami endigini charxlanib kelyapti. Uning yozmishlarida ba’zan tajribasizlik, yoshlarga xos “dumbullik” sezilib qoladi. Ammo satrlari oralab ko‘rinib turgan samimiylik bu nuqsonni yuvib yuboradi.

Nodirabegimning hikoyalarini o‘quvchilarga tavsiya qilar ekanmiz, singlimizga izlanishdan to‘xtamaslikni tilaymiz (O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Nasr kengashining tavsiyasidan).

Nodirabegim Ibrohimova
IKKI HIKOYA
09

18882000_1491282034256818_5671139192024854866_n.jpg Nodirabegim Ibrohimova 1989 yil 18 iyulda Farg‘ona viloyati Oltiariq tumanida tug‘ilgan. 2007-2011 yillarda O‘zbekiston davlat jahon tillari universiteti Xalqaro jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Ayni paytda «Bekajon» gazetasida faoliyat yuritmoqda. “Iste’dod maktabi VIII” Respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi.

09

NASTARIN IFORI

Erta tong nasimi olib kelgan ifor Nasibani uyg‘otdi. Qiz yostiqdan boshini biroz ko‘tardi-da, orombaxm iforni to‘yib hidladi. Nimaning hidi bu… Nasiba bir lahza ko‘zlarini yumdi, so‘ng lablari kulimsiradi: nastarin. Ha, o‘sha yuraklarga ajib hislarni olib kirguvchi, muattar isli nastarin bu. Har bahor boshida qo‘shni kampirning bog‘idagi nastarinlar gurkirab, bo‘yi ularning uyigacha yetib keladi. Nasiba har yilgi odatidek, o‘rnidan turib, gulzor tomon chopgisi, kampirdan ruxsat so‘rab sara guldasta tuzgisi va xonasidagi guldonga solib qo‘ygisi keldi… Lekin chorasiz. Mana, sakkiz oyki, to‘shakka mixlangan.

Nasiba gavdasini tutib bazo‘r o‘tirdi. Negadir oyoqlarini qimirlatib ko‘rishga urindi. Bo‘lmadi. Yuzini deraza tarafga burib, yana hayotbaxsh iforni izladi. Shaboda iforni boshqa yoqlarga olib ketgan, chog‘i. Qani edi kimdir uning sevimli gullarini olib kelsa… Qiz to‘yib-to‘yib hidlasa.

Ba’zan shunaqa bo‘ladi. Ko‘nglingdan o‘tib turgan istak ajib bir holatda amalga oshadi. Bugun dam olish kuni bo‘lgani uchun uni sinfdoshlari yo‘qlab kelishdi. Bahor ularga ta’sir qilibdi: hammasining yuzida allaqanday shodlik, liboslari rang-barang, lablarida tabassum. Nasiba to‘shakka yotib qolganidan beri ko‘p marta ko‘rgani kelishdi. Ammo bu safargisi qizni chindanam quvontirdi. Sababi sinfdoshi Ravshanning qo‘llarida bir dasta och siyoh rangdagi nastarin gullari xuddi bir nimadan uyalgandek egilib turardi…

Xonani yana o‘sha muattar bo‘y tutib ketdi. Yigitcha unga guldastani tutqazar ekan, har doimgidek tezroq tuzalib ularning safiga qo‘shilishga undadi. Nasiba ham har safargidek xo‘p, deb boshini egdi. Sinfdoshlar chug‘ur-chug‘uri ancha vaqt davom etdi. Bu orada Nasibaning onasi ularga choy va shirinlik kirgizdi.

Yigit-qizlar Nasiba bilan xayrlashib xonadan chiqa boshlashdi. Doimgidek eng oxirida Ravshanning o‘zi qoldi.

– Maktabni tugatishimizgacha hali ikki oy bor, – dedi u qizga. – Bitiruv kechada ishtirok etishga so‘z ber, Nasiba. Keyin birga kollejga hujjat topshiramiz. Doim shunday derdik-ku!

– Nasib etgan bo‘lsa… – ma’yus kuldi qiz. U so‘nggi vaqtlarda onasining ko‘zlaridagi umidsizlik, shifokorlarning so‘zsiz tashriflari, otasining uyqusiz tunlari tufayli ancha cho‘kib qolgandi. Avvalgi ishonchi, g‘ayrati, maqsadlari yo‘q… – Sen meni kutmay kollejga kiraver.

Ravshan bu gapdan ranjidi.
– Yo‘q. Unday dema. Jillaqursa, otamning yonida hunar o‘rganaman. Kelasi yil birga topshiramiz. Men sensiz o‘qimayman.

Nasiba ko‘zadagi gullarga boqdi. Nastarin shodalari enkayib mayin yaproqlarini dasturxonga to‘kishga ulguribdi. Qiz o‘zini shu gulga qiyosladi. Birdan gullab atrofni muattar bo‘yiga burkaydi-da, so‘ng so‘ladi. Qisqa umr ko‘rishidan uyalgandan bo‘lsa kerak, egilib oladi. Atirgul-u chinnigullarga o‘xshab gulbozorlarda yil bo‘yi o‘zini ko‘z-ko‘zlab turmaydi. Uni topish ham qiyin. Ovloq va kimsasiz o‘t-o‘lanlar bag‘rida ko‘rib qolasiz…

– Nimalarni o‘ylayapsan?
– O‘zim… Endi orzularing uchun boshqa do‘st top, Ravshan. Men orzu qilishga yaramay qoldim.

Ravshan bu gapdan astoydil xafa bo‘ldi.

– Yana shunday desang boshqa kelmayman! Endi chindanam ko‘rgani kelmayman. O‘zing izlab bor meni… Qo‘shiqda aytdi-ku… “Sevsang o‘zing bir kun topib kelarsan, Meni izlab Nasibam, meni izlab…”

Nasiba uyalib boshini burdi. So‘ng “boraqol”, dedi pichirlab.

Sinfdoshlari ketgach, Nasiba yostiqni quchoqlab o‘yga cho‘mdi. Nastarin ifori uni oyoqqa turib yurib ketishga undasa-da, lekin qani o‘sha mo‘’jiza? Qiz uf tortib yana qaddini tikladi. Karavoti deraza yonida edi, pardani surib, sekin joyidan siljib derazadan tashqariga boqdi. Qiziq, bahor kelganiga ancha bo‘ldi-yu, hech qiziqib tashqariga boqmapti. O‘rik gullarini to‘kib barg yozibdi. Gulzorga ukalari rayhonlar o‘tqazishibdi. Qizning ko‘zlari yerda rizqini terayotgan chumolilarga tushdi. Mitti jussasiga og‘irlik qilsayam hayot tashvishida yemish g‘amlashyapti. Hatto shu hasharotlar ham bahor kelganini bilib, inlaridan chiqishibdi. Nasiba qachon uyasidan chiqarkin?

– Oyoqqa turishim kerak… – o‘ziga o‘zi pichirladi qiz dadil ohangda. – Qachongacha bunaqa yotmoqchisan? Yaqinlaringni qiynab qo‘yding-ku? O‘zing istamasang, shifokorlar ham ne qila olsin? Biror marta yashash uchun kurashdingmi? Yo sen uchun boshqalar kurashishini kutib yotibsanmi? Ravshan-chi? U doim seni ko‘rgani keladi, hatto o‘qishdan qolib ketyapsan, deb necha marta darsliklarni olib kelib berdi. O‘qib ko‘rdingmi ularni? Senga yana nima kerak? Barcha sendan kutyapti… Yurishingni kutishyapti. Tuzalasan! Albatta, oyoqqa turasan, Nasiba. Nastarindek bo‘y taratasan, ammo so‘lmaysan!

U bahor kabi uyg‘ondi. Qalbida gullar unib chiqdi, hayotbaxsh nasim yeldi, orzulari barg yozdi. Nastarin butog‘ini olib quloqlariga qistirib oldi. Tashqarida esa qushcha sayradi… Nasiba qaysi kollejda o‘qish borasida o‘y sura boshladi.

VIDO

– Anov kelin yana ulingiz bilan gaplashyapti, hay, turing! – pinakka ketgan cholini turtdi Ulbo‘lsin aya.

– Obbo, tag‘in esiga tushipma! – seskanib ketdi Mo‘min chol. – Bir jildan beri unutib qo‘ygan, devding-ku, kampir.

– Bir Xudo biladi. Unutdimi, jo‘qmi, bilmadim-u, hozir og‘ilga kirsam, pichir-pichir… mundog‘ mo‘ralasam, «To‘xtasin aka», deb gap boshlab turibdi. Tag‘in bizga bildirmay gaplashib yurgan chiqmasin. Aytuvdim-a, buni bir nima qilaylik, deb!

– Birovga ko‘nmasa nima deysan? Uch jil bo‘ldi, ostonamizdan ketmadi, omon bo‘lgur. Bittagina bolasi bo‘lsayam, mayliydi…

– Xah, ulim-a, – qaroqlarini etagi bilan artdi Ulbo‘lsin aya, – ortidan bir iz qolganida, kelinni ket, dermidim. Kechayam qattiq koyidim. «Er qil, er qil, yoshing o‘tyapti! Endi yigirma ikkiga kirding, joning omon bo‘lgur»… Qayda diysiz, otasi, boshini egib jim turaberadi. Ketmaydi.

– O‘zidan so‘radingma? To‘xtasin bilan gaplashyapsanmi, dedingma?
– Yo‘g‘-a, qo‘rqdim.
– Enag‘ar tabib davoladim, degandi-ku axir!

– Azayimxon ham jinlarni quvdim, endi kelmaydi, degandi, aldabdi hammasi. Folbinga ishonib qo‘y so‘ydim. Mushkulkushod ham tushurdim. Necha marta o‘qittirdim, dam soldirdim. Lo‘li kampir uy ichini tutatib chiqdi. Qaydam, otasi… yana topishvoldi bular.

– O‘tgan safarga o‘xshab… – chol tomoq qirdi.
– Yuragimni xijil qilmang, – kampir tashqariga olazarak boqdi. – Hamma arqonlarni obchiqib yoqqanman o‘shanda. Arqon uyga kirmasin, deb mol-holni ham yig‘ishtirdik-ku… yana og‘ilga kirvopti.
– Xabar ol mundog‘, gap sotguncha…

Kampir yoshiga yarashmagan chaqqonlik bilan ayvondan tushib, yana og‘ilga qarab chopib ketdi.

Ammo Sanam allaqachon u yerdan chiqib, kir yuvishga o‘tirgandi. Aya uning yoniga borib bir nima deyishga botinmadi. Avval ham necha gaplashishga uringan, ammo kelini sir boy bermaydi. Birdan kampirning esiga yon qo‘shnisining poytaxtda o‘qib kelgan o‘g‘li tushdi. Aytishlaricha, zo‘r do‘xtirmish. Shaharda ob qolamiz, deyishsayam, yo‘q, deb shu chekka qishlog‘iga qaytib kelibdi. Tuman shifoxonasiga ishga joylashdi. O‘zi-ku, Ulbo‘lsin aya do‘xtirlarga uncha ishonmaydi. Ammo nachora, o‘zi bilgan choralar kor qilmadi. Chiqmagan jondan umid, balki shu bola bilar kelinining dardini.

Kechki mahal qo‘shnisinikiga o‘tdi. Yigit ishdan kelgan ekan, unga bor gapni aytdi.

– Hm… tushunarli. Keliningizning ahvoli jiddiy, xola. Ruhshunosga ko‘rsatish kerak.
– Uning nimasi endi, bolam?

– Odamning ruhini davolaydi. Keliningizning jismi sog‘, ammo ko‘ngli shikasta. Bizda bunday mutaxassislar yo‘q, afsuski. Toshkanga borsangiz, o‘zim adresini beraman, yaxshi ruhshunos bor. Ruhiy kasallar shifoxonasini topib borsangizlar bas.

– Voy, o‘lay, jinnixonami?
– Yo‘q, xola, unday demang. Ruhiy hasta degani jinni emas. Hali ko‘rasiz, davolangach, keliningiz hech nima ko‘rmagandek bo‘lib ketadi.

Shu bo‘ldiyu, cholini ko‘ndirib, aya kelinini oldi-da, qaydasan poytaxt, deb yo‘lga tushdi. O‘ylaganidan ancha uzoq ekan. Umrida dashtidan nari chiqmagan aya shaharga kelib gangib qoldi. Ko‘cha-ko‘yda uchragan odamdan manzilni surishtirib shifoxonani ham topib kelishdi. Sanam esa doimgidek jim, go‘yo bu yerga uni emas, qaynonasini davolagani kelishgandek, angrayib o‘tirardi.

Bemorni qabul qilgan ruhshunos uni obdon tekshirdi. So‘ng Sanamdan hammasini bir boshidan gapirib berishini so‘radi.

– Shu… – mung‘ayib gap boshladi kelin, – To‘xtasin akam o‘ldi. To‘ydan bir oy o‘tib o‘ldi. Lekin men uchun tirik edi. Shundan buyon yonimda. Negadir uni hech kim ko‘rmaydi, faqat men gaplashaman. Enam ham, otam ham ko‘rmaydi, gaplashsam urishadi. Gaplashma, deydi. Gaplashmasam u kishi xafa bo‘ladi.

– Har kuni ko‘rasizmi uni? – so‘radi ruhshunos.
– Ha.

– Nimalar haqda gaplashasiz?

– U kishi gapiradi, men eshitaman. Meni sevib qolib, uyimizga tosh otgani, kuchugimiz quvlagani, narigi qishloqlik yigitlar bilan mushtlashgani… barchasi eski xotiralar.

– Har kuni bir xil mavzuda gaplashasizmilarmi?
– Ha, deyarli shu.

– Bir marta «seni olib ketaman», degani-chi? – gapga aralashdi aya. – Aytmaysanmi, Sanam shularni? Folbinga aytuvding-ku!
– Ha… bir-ikki marta.

– O‘z joniga qasd qilishga uringanmi? – ayaga yuzlandi ruhshunos.

– Ha-da! To‘xtasin akam bilan ketaman, deb… sal qolsa juvonmarg ketardi buyam. O‘zi yetadi bittasini topshirganim, – kampir yig‘lashga tushdi. Hamshira uni tinchlantirish uchun xonadan olib chiqib ketdi.

– Xo‘sh… ayting-chi, u siz istagan payt ko‘zingizga ko‘rinadimi? Yoki to‘satdanmi?
– Sog‘inganimda… eslaganimda…

– Tushunarli. Bugun ko‘rdingizmi?
– Ertalab ko‘ruvdim.

– Hozir-chi?
– Yo‘q.
– Ko‘rinsa menga ayting. Shu yerda kutamiz….

Ammo To‘xtasin akasi hadeganda kelavermadi. Sanam xuddi u eshikdan keladigandek ko‘zlarini o‘sha yoqqa tikkan. Kampir ham o‘tirgan joyida pinakka ketdi. Ammo ruhshunos sabr bilan bemorni kuzatardi.

– Analar… – bir payt Sanam jonlandi.
– Aynan qayerda?

– Eshik yonida.
– Yaxshi, – ruhshunos asta bemorga yaqinlashdi. – U bilan doimgidek gaplashavering…

Sanam xol-ahvol so‘ragandek bo‘ldi. Bu yerga nimaga kelganini aytdi.

– U bu yerdan ketishimni istayapti… – dedi ayol shifokorga qarab.

– Tabiiy. Chunki o‘zingiz ham shuni istayapsiz. Unga javobini o‘zingiz biladigan biror savol berib ko‘ring-chi…

– Mayli… – o‘ylandi Sanam, – birinchi marta qayerda uchrashganmiz?
– Xo‘sh, nima javob qaytardi?

– Soy bo‘yida, dedi.
– So‘rang-chi yana, u soy bo‘yiga nega kelgandi?

Sanam biroz jim qoldi.
– Bilmas ekan…

– To‘g‘ri. Chunki buning javobini sizam bilmaysiz, Sanam. U faqat siz bilgan savollarga javob bera oladi. O‘zingizni qiziqtirgan, ammo bilmagan xohlagan savolingizni berib ko‘ring, u javob berolmaydi…

Sanam sergaklandi, savollari ko‘p edi, chog‘i.

– O‘shanda sizga bergan ro‘molim hozir qayerda, To‘xtasin aka? Qayerga yashirgansiz, uydan chiqmadi… Maktublarim-chi? Siznikini asrab qo‘yibman. Nega to‘ydan so‘ng o‘zgarib qolgandingiz? Nega ichardingiz? Haydovchi… haydovchi sizni o‘zini mashina tagiga tashladi, deydi. Nahot, shunday qilgandingiz? Nima uchun? – Sanam yig‘lab yubordi. Ruhshunos uning tinchlanishini kutdi.

– Xo‘sh, javob berdimi?
– Yo‘q…

– Bu savollarga hech kim javob berolmaydi, singlim. Chunki turmush o‘rtog‘ingiz vafot etgan. Bari sirlarni o‘zi bilan olib ketgan. Siz esa… siz uni ko‘rishni istayapsiz. U arvoh ham, jin ham emas. U xayollar mahsuli. U sizning tasavvurlaringiz. U bilan o‘zingiz sog‘ingan, qo‘msagan onlarni gaplashasiz. O‘zingiz eshitishni istagan savollarni berasiz. Ishoning, Sanam, bari ro‘yo. Tibbiyot tilida buni gallyutsinatsiya deyishadi. Ko‘zingizga ko‘rinadi, xolos. Imkon bersangiz, sizni davolaymiz. Shu yerda bir oycha yotib muolaja olasiz. Bari o‘tib ketadi, xayollar sizni tark etadi.

– To‘xtasin akamni keyin ko‘rmaymanmi? – umidsizlandi ayol.

– Bir umr o‘zingiz bilan o‘zingiz gaplashib yashamoqchimisiz? Sizni telbaga, jinniga chiqarishadi. Afsuski, u eringiz emas. Shuncha yildan beri erimning arvohi deb o‘ylab kelgansiz, ammo bunday emas. Hayotdan to‘ygan mahalingiz joningizga qasd qilishni o‘ylagansiz, bu sizning qaroringiz edi. Yana shu holat takrorlanishini xohlaysizmi?

– Yo‘q… aslo.
– Unda hayotni boshidan boshlang. O‘tmishni unutish, kelajakka qarab olg‘a yurish kerak. Mutaxassislarimiz bu borada sizga yordam berishadi, ishoning.

Sanam rozilik bildirdi. Ulbo‘lsin aya «kelinimni tuzatib bersangiz bas, xudoga topshirdim uni», deb qishlog‘iga qaytdi.

Roppa-rosa bir oydan keyin Sanam o‘zi kirib keldi uyiga. Chol-kampir uni ko‘tarinki kayfiyatda kutib olishdi. To‘rga o‘tirg‘izib qo‘yib savolga ko‘mishdi.

– Bari yaxshi, – dedi kamgap kelin jilmaygancha. – Ulingizni ko‘rmay qoldim. Menga ko‘p yordam qilishdi. Allaqanday boshqachaman.
– Yuzingga rang kirib, jonlanib qopsan, – kelinining yelkasini siladi qaynonasi. – Buyog‘iga tinch bo‘l.

– Ishga kirmoqchiman, ena, ota! Ruhshunos amaki ishlasang yaxshi bo‘ladi, dedi. Anov sexga meni olisharmikin?
– Oladi, bolam, oladi. Olmasa, otang boradi. Haliyam xurmati baland cholimni. To‘g‘rimi, otasi?

Mo‘min cholning hurmatiga o‘sha kuniyoq Sanamni qishloqdagi qandolat sexiga ishga olishdi.

Kechki ovqatdan so‘ng xonasiga kirgan Sanam yengil tin oldi. Avvallari faqat To‘xtasin akasi bilan bo‘lajak shirin suhbatlari yodi bilan uyquga ketsa, endi ertangi yangi ishi haqda o‘y surardi. O‘zi zo‘r pazanda bo‘lib ketsa, qizlar boshchiligida sex ochishni orzuladi. Nim jilmaygancha ko‘zlarini yumgan ediki…

– Keldingmi, Sanam, kuta-kuta zerikdim, – degan ovozdan cho‘chib ko‘zlarini ochdi.

Qarasa… qarshisida To‘xtasin akasi o‘tiribdi.

– Bari xayol! – boshini silkitdi ayol, – hozir… – u shosha-pisha sumkasidan tabletka olib og‘ziga tashladi. Ko‘zlarini mahkam yumdi. – Ko‘rishni istamayman. Axir… eslamagan edim. Bas. Hozir o‘tib ketadi… shunchaki tasavvurlar. Siz yo‘qsiz!

Ko‘zlarini qayta ochdi, biroq marhum eri hamon kulib o‘tirardi.

– Bekor dori ichib, oshqozoningga jabr qilma, Sanam. Bir oydan buyon qaytishingni kutaman. O‘sha kungi suhbatdan keyin ortga qaytvorgandim. Balnisada yuragim siqildi. Seni rosa avrashdimi, meni xayol deb?

– Chindanam xayolsiz! – Sanam yuzini o‘girdi. – Xayrlashganman siz bilan. To‘xtasin akam o‘lib ketdi. Siz esa yo‘q narsasiz.

– Tushunsang-chi, jonim… sensiz qayerda ketaman? Arosatda qoldim. Ko‘nglimni uzolmadim sendan.
– O‘zimni aldayapman… arosatda emassiz, allaqachon samolarga uchib ketgansiz.

– Menga ishonmayapsan-a? Agar o‘shanda savollaringga javob berganimda tinch yasholmasding. Bu chindanam arvoh bilan gaplasharkan, deb atrofingni jurnalistlar, do‘xtirlar, ilmiy tekshiruvchilar qurshab olardi! Keyin ko‘rgin, o‘lgan erim bilan, xotinim bilan gaplashtirib bering, deb ostonamizda odamlar yotib olishardi. Hamma yoqda shov-shuv… seni holi joningga qo‘yishmasdi. Yaxshisi, ular istagandek, xayollar mahsuli bo‘lishni ma’qul ko‘rdim.

– Unday bo‘lsa… nega meni tashlab ketdingiz? Buning javobini hamon bilmayman. Siz ham bilmaysiz, chunki siz mening xayolimsiz.

– Xayol emasligimni isbotlayman, Sanam… U kunlarni eslash menga oson emas. Faqat senu menga ayon shirin xotiralar haqda suhbatlashish yoqimliroq edi. To‘ydan so‘ng… biroz mazam bo‘lmay shifokorga borganim esingdami? O‘shanda meni obdon tekshirgan do‘xtirlar menga bepusht tashxisini qo‘yishdi! Eshitishning o‘zi dahshat edi. Axir sen bilan shirin farzandlar ko‘rishni naqadar orzu qilardik…

O‘sha kuni to‘yguncha ichdim. Ammo senga aytolmadim. Shamollabman, deb qo‘ya qoldim.

– To‘g‘ri… – sergak tortdi Sanam, – buyragingiz og‘rirdi. Shunchaki sovuqdan, dedingiz.

– Nima qilay, Sanam, bolalikdan ko‘pkari o‘ynab, yigitlarning oldi bo‘lib yurardim. Bu isnodga chidolmasdim. Seni talashgan yigitlar oldida bir umr qisiq til bilan yurishni o‘yladim. Nima xayol bilan bilmadim… oyoqlarim katta yo‘l tomon boshladi, yeldek uchayotgan mashina sari talpindim. Afsusdaman… el ichida qaddim bukilsa-da, seni tashlab ketmasligim kerak edi.

– To‘xtasin aka! – o‘rnidan turib, eri sari talpindi ayol. – Siz, bu chindan ham sizmisiz!?

– Aytgandek… menga aziz ro‘moling, aziz maktublaring og‘ilxonadagi eski sandiq ichida. Otamdan yashirib o‘sha yoqqa yig‘ardim… Endi esa… sen bilan vidolashgani keldim, Sanam. Men marhum, sen esa tiriksan. Tiriklar qatori yashashing kerak. O‘zimni o‘ylab tinchingni buzganim uchun kechir. Alvido… baxtli bo‘l, omon bo‘l, Sanam!

To‘xtasin ko‘zdan yo‘qoldi. Sanam tura solib, og‘ilga chopdi. Chang bosgan sandiq ichida bir talay xatlar va qizil ro‘moli turardi… U erini necha marotaba bor ovozda chaqirdi. Ammo sado bo‘lmadi. Maktublarni bag‘riga bosgan ayol unsiz yerga cho‘kdi…

Kelinining og‘il tarafda «To‘xtasin aka!», deb hayqirayotganini eshitgan chol-kampir cho‘chib uyg‘ondi. Do‘xtirlarning davosi kor qilmaganidan attang qilgan Mo‘min chol kampirini og‘ilga borishga undadi. Ulbo‘lsin aya ham hushyor yotgan edi, kovushini ilib og‘ilga chopdi. Ammo u yerda Sanam yo‘q edi… Yerda qizil ro‘mol tovlanib yotardi. Shoshgancha kelinining xonasiga mo‘raladi. U yerda Sanam ko‘zlarini yumgancha yostiq quchoqlab uxlardi.

– Xayriyat-ey… – yoqasiga tufladi aya, – qulog‘imizga eshitildi, shekilli.

…Shundan so‘ng Sanam erini boshqa ko‘rmadi.

002

(Tashriflar: umumiy 1 297, bugungi 1)

Izoh qoldiring