Abdusattor Jumanazar. Oriflar qasri hikoyalari

07Ҳазрати Азизон деди: «Ер, орифлар назарида, бир суфрачадир. Биз «тирноқ юзича» деймиз. Уларнинг кўзидин ҳеч нарса пинҳон эмас. Тавҳид сирини билиш мумкин, аммо маърифат сирига етмоқ душвордир».

Абдусаттор ЖУМАНАЗАР
ОРИФЛАР ҚАСРИ ҲИКОЯЛАРИ


  Абдусаттор Жуманазар 1961 йилда Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Наймансарой қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Газета ва журналларда фаолият юритган. Ҳозир ЎЗ ФА Беруний номидаги шарқшунослик инстутида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. “Хилват аҳли”, “Мадорис”, “Насаф”, “Машраб”, “Вахшувор”, “Бухоро” каби илмий-бадиий китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


Лайлатул қадр

Ўтган асрнинг олтмиш-етмишинчи йилларида Рамазон ҳақиқий эртаклар ойига айланарди. Ҳар йили унинг бошланишини бетакрор интиқлик билан кутардик. Ўша даврлар туйғулари ҳозиргача ўта тиниқ ранглар ва сеҳрли жилолари билан қалбда алоҳида мамлакат бўлиб турибди. Болалик чоғлари эди, жон-жаҳдимиз билан саҳарликда уйғонишга ҳаракат қилардик. Тансиқ таомлардан ейиш, қорин тўйдириш учун эмас. Камтаргина безанган Дастурхон, албатта, ҳамиша воқеанинг марказида турган. Чунки барча ҳодисалар унинг атрофида содир бўларди, тўхтарди ва эртанги саҳарликда келган жойидан яна давом этарди. Расулуллоҳ ва парча оқ булут, Ёрилтош ичига кириб кетган Ўғлон, ҳазрати Али ва Аждаҳо олишуви, Буроқдаги сафар, ерга тушмай ҳавода муаллақ қолган Қора тош, Ҳазрати Хизр билан учрашганлар, Карбало дашти фожиалари, Орифлар қасри ва ер юзини балолардан қўриқловчи Баҳоуддин Балогардон… Бу каби ҳикоялар жуда кўп эди, ҳар йили тугамай қоларди. Рўзанинг охирги кунлари Лайлатул қадрни кутиш бошланарди. Балки катталар уни биз каби кутмагандир. Ахир, уни тасаввур қилолмасдик, бироқ кўришни қаттиқ истардик. Тинимсиз у тўғрида сўрардик. Лайлатул қадр нима? Нега уни тунда кутиш керак? У қандай бўлади? Қаерлардан келади?

Баъзан уни ўта чиройли ва сирли улкан Оқ қуш қиёфасида тасвирлашар эди. Чин дилдан яхши ниятлар билан ухламасдан сабр қилиб кутганга у албатта кўринар ёки ҳовлисига саватда нимадир ташлаб кетар экан.

Баъзан Лайлатул қадрни қоп-қоронғу осмону фалакни ёриб тушадиган Ёрқин нур дея таърифлашарди. Ёки, у кутиб ўтирганга бошқалар сезмайдиган хайрли ишора беради, дейишарди. Энди билсам, катталар бизнинг самимий ва қизғин қизиқишимиздан, Лайлатул қадрдан чексиз роҳатланишар экан. Улар асло алдашмас экан. Катталарнинг ўша кунлари энди ўзимизнинг бошимиздан ўтяпти.

Кичкиналар энди биздан «Лайлатул қадр нима?» деб сўрашяпти.

Ўша куни Зулмат олами бағри ёрилган, чексиз ёғдулар заминга қуйилиб, ер ва осмон ўртасида инсонни нажотга элтувчи ҳидоят йўли ҳосил бўлган.

Орифлар қасри

У аввал Кўшки Ҳиндувон номи билан аталган. Бир қанча муаллифлар бу жой Баҳоуддин Нақшбанд ҳиммати ва шарофати билан Қасри Орифонга айланганини таъкидлайди. Ёшликда биз тинглаган кўпгина ривоятлар ва бугун сўзламоқчи бўлган ҳикоямиз қаҳрамони худди шу Ҳазратдир. Унинг тўлиқ исми шарифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий, ҳижрий 718 йили муҳаррам ойида (1318 йил, март – апрел) Кўшки Ҳиндувон қишлоғида туғилади. Бухоро мадрасаларида таълим олади. Айни пайтда Муҳаммад Бобо Самосий, Саййид Амир Кулол Бухорий, Халил султон, Қусам шайх каби тариқат улуғларидан тасаввуф илмларини ўрганади. Абдулхолиқ Ғиждувоний руҳониятидан тарбият кўрган, шу жиҳатдан увайсийдир.

Улғайиб Хожа Баҳоуддин, Шоҳ Нақшбанд, Баҳоуддин Балогардон, Хожаи Бузрук номлари билан шуҳрат қозонади. У киши туфайли замон орифлари, илм толиблари қадами Кўшки Ҳиндувондан узилмай қолади ва бу маскан энди Орифлар Қасри (Қасри Орифон) номи билан атала бошлайди. Қуйидаги кичик тарихий лавҳаларнинг барчаси шу даргоҳда содир бўлган.

Авлиёнинг ҳассаси

Ўтган асрнинг 80 йиллари эди. Қўшнимиз Рўзиқул ака Баҳоуддин Нақшбанд остонасини зиёрат қилиб келиб, отамга таассуротларини ҳаяжон билан сўзлаб берганди:

— Тоға, у жой бир ажиб дунё экан. Одамлар кўп. Дардманд ҳам шу ерда, йўқотган ҳам, адашган ҳам, аёл ҳам, эркак ҳам, қари ҳам, ёш ҳам. Ҳамма. Бир тарафда муаммоси ҳал бўлган ё ният қилганлар қўчқор етаклаб бориб сўйиб ётибди. Буванинг қабрини зиёрат қилдик, масжидида намоз ўқидик. Нималигини билмайман, лекин кўнглим нимагадир тўлиб кетди. Оёғим ерда, лекин қушга ўхшаб учаётгандай бўлиб қолдим.

Айниқса, Буванинг ҳассаси мени ҳайратга солди. Қандай одам бўлган экан у киши? Ҳассаси жуда катта, қалинлиги манави тутингизнинг танасидан йўғонроқ. Уни қандай кўтарган экан-а?!

Отам: «Ҳаа, Оллонинг суйган бандаларида. Аслида ҳассаси бошқаларникидай оддий бўлган. Ариқнинг четига суқиб қўйган бўлса кўкариб, кейинчалик катта дарахт бўлиб кетган», – дея улкан асо кечмишини изоҳлайди.

Бундай суҳбатлар чоғида уларнинг ўзлари ҳам дарахт тагидаги иккита дарвешга айланиб қоларди. Билмадим, улар кўзимга шундай кўрина бошларди.

Зиёратга борганимда Баҳоуддин Балогардон бобонинг ўша ҳикоядаги ҳассасини мен ҳам кўрдим. Худди Рўзиқул ака айтгандай эди.

Ҳақиқий рўза

Ҳазрат Баҳоуддин дерди: «Ҳақиқий рўза – Жаноби Ҳақдан ташқарида бўлган ҳеч бир сифатга кўнгил эшигини очмасликдир».

Тозаловчи

Бугун ўлкамизда қутлуғ рўза айёми. Лайлатул қадр ҳам яқинлашиб қолди. Улар мусулмон киши ҳаётининг ажралмас бўлагидир. Дунё илм-фани мислсиз тараққий этиб, инсониятни шошириб қўяётгани сезилиб турибди. Шу «тараққиёт» туфайли Ер қийналяпти, табиат чиқинди ва ахлатга тўлиб бораётир. Инсонларда бир зум нафас ростлашга фурсат етмай қоляпти. Худди шундай дамда бирдан Рўза ҳаётимизга кириб келади. У нафас ростлаш учун фурсат беради. Ер ва инсон ҳаётини ҳар хил чиқинди, ахлатдан тозалашга киришади. Бу жараёндан ҳар ким қурби етганича фойдаланади. Аммо рўзанинг фойдаси бутун жамиятга тегади. Орифлар қасрида ҳам бу тўғрида доимий суҳбатлар бўлар эди.

Машойихлардан бири деди: «Бир тоифа кун чиқар олдидан қуёш ботгунича емак, ичмак ва ҳирсий муносабатлардан тийилади.

Яна бошқа бир тоифа бор. Улар томоғини емак, ичмакдан тияди. Вужудидаги ҳар бир аъзосига рўза туттиради. Кўз номақбул нарсани кўриш, қулоқ ножоиз сўзларни эшитиш, оёқ номашру жойга қадам ташлаши, қўл ҳаромга узатилиши қатъий таъқиқланади. Бундай вазифа бошқа аъзоларга ҳам тўлиқ жорий қилинади. Бу – вужудни барча маъсиятлардан тозаловчи энг фойдали кўнгил рўзасидир. У вужудни Ҳақ таоло билан мулоқот учун тайёрлайди. Бу жараён доимий давом этади.

Етиб бўлмас сир

Ҳазрати Азизон деди: «Ер, орифлар назарида, бир суфрачадир. Биз «тирноқ юзича» деймиз. Уларнинг кўзидин ҳеч нарса пинҳон эмас. Тавҳид сирини билиш мумкин, аммо маърифат сирига етмоқ душвордир».

Дарвешлар

Шоҳ Нақшбанд: «Дарвеш фақирлар нақдига ишлайди, ишни эртага қолдирмаслар. Шу боис сўфий зоти бугуннинг одамидир», – деди.

Йўлга кириш

Гоҳо: «Сизнинг йўлингизга қандай кириш мумкин?» – деб сўрашарди. У: «Расулуллоҳнинг суннатлари орқали», – дея жавоб берарди.

Ҳалол луқма

Қанча-қанча олимлар Шоҳ Нақшбанднинг ҳалол емагидан ейиш учун зиёратига келишарди. Уйида Дунёга боғланадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Фақирлар ва фақирлик ҳолини севарди. Ҳалол еб-ичишга даъват этарди. «Нимага эришган бўлсам, ҳалол луқма туфайлидир», – дер эди.

Олмалар

Шоҳ Нақшбанд муридларидан бирови олма келтирди. Ҳазрати Хожа олмаларни у ердагиларга улашиб: «Бир соатча емай туринглар, улар ҳозир тасбеҳ айтишмоқда», – деди.

Маърифат йўли

Деди: «Хилватда шуҳрат бор, шуҳратда офат. Яхшилик жамиятдадир, жамият суҳбатда. Бизнинг йўлимиз суҳбатдир».

Бу «Хилват дар анжуман»нинг энг қисқа ва тийран шарҳи эди. У соликни маърифат пайдо бўладиган манзилга тез элтадиган энг қисқа йўл эди. Кўҳна ўтмишнинг бу йўлида кўплаб ошиқлар жазаб ҳолида кезиб юрарди…

Туҳмат

Деди: «Киши ўзининг нафсига туҳмат қилиши керак».

Фираъвин нафси

Тариқат ҳақида айтди: «Нафсини Фираъвин нафсидан юз чандон ёмонроқ деб билмаган, демак, ҳали бу йўлда эмас».

Сўнгги нафас

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд вафоти яқинлашгач, сўнгги нафасида маърифат йўлидагилар ҳамда келажакда унга кирувчиларнинг ҳаммасига Яратгандан саодат тилаб хайрли дуо қилди ва руҳини Тангри таолога буткул таслим этди.

Бу воқеа ҳижрий 791 йили раби ул-аввал ойининг учинчи куни душанба кечаси (1389 йил, 2 март) содир бўлди.

Йўл давоми

Ҳазратнинг етук суҳбатдошлари, Орифлар қасрида тарбияланган шогирдлари кўп эди. Улар ҳақида қўлёзма манбаларда етарлича маълумотлар ёзиб қолдирилган. Ҳазратнинг танланган ва машҳур Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Алоуддин Аттор, Яъқуб Чархий каби буюк издошлари орифлар йўлини давом эттиришди. Орифлар қасри ҳикоялари ҳали тугамади…

88Hazrati Azizon dedi: «Er, oriflar nazarida, bir sufrachadir. Biz «tirnoq yuzicha» deymiz. Ularning ko’zidin hech narsa pinhon emas. Tavhid sirini bilish mumkin, ammo ma’rifat siriga yetmoq dushvordir».

Abdusattor JUMANAZAR
ORIFLAR QASRI HIKOYALARI


Ashampoo_Snap_2018.01.04_00h10m32s_004_.pngAbdusattor Jumanazar 1961 yilda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumani Naymansaroy qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent Davlat universitetining sharqshunoslik fakulьtetini tamomlagan. Gazeta va jurnallarda faoliyat yuritgan. Hozir O’Z FA Beruniy nomidagi sharqshunoslik instutida katta ilmiy xodim bo’lib ishlaydi. “Xilvat ahli”, “Madoris”, “Nasaf”, “Mashrab”, “Vaxshuvor”, “Buxoro” kabi ilmiy-badiiy kitoblari nashr etilgan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.


Laylatul qadr

O’tgan asrning oltmish-etmishinchi yillarida Ramazon haqiqiy ertaklar oyiga aylanardi. Har yili uning boshlanishini betakror intiqlik bilan kutardik. O’sha davrlar tuyg’ulari hozirgacha o’ta tiniq ranglar va sehrli jilolari bilan qalbda alohida mamlakat bo’lib turibdi. Bolalik chog’lari edi, jon-jahdimiz bilan saharlikda uyg’onishga harakat qilardik. Tansiq taomlardan yeyish, qorin to’ydirish uchun emas. Kamtargina bezangan Dasturxon, albatta, hamisha voqeaning markazida turgan. Chunki barcha hodisalar uning atrofida sodir bo’lardi, to’xtardi va ertangi saharlikda kelgan joyidan yana davom etardi. Rasululloh va parcha oq bulut, Yoriltosh ichiga kirib ketgan O’g’lon, hazrati Ali va Ajdaho olishuvi, Buroqdagi safar, yerga tushmay havoda muallaq qolgan Qora tosh, Hazrati Xizr bilan uchrashganlar, Karbalo dashti fojialari, Oriflar qasri va yer yuzini balolardan qo’riqlovchi Bahouddin Balogardon… Bu kabi hikoyalar juda ko’p edi, har yili tugamay qolardi. Ro’zaning oxirgi kunlari Laylatul qadrni kutish boshlanardi. Balki kattalar uni biz kabi kutmagandir. Axir, uni tasavvur qilolmasdik, biroq ko’rishni qattiq istardik. Tinimsiz u to’g’rida so’rardik. Laylatul qadr nima? Nega uni tunda kutish kerak? U qanday bo’ladi? Qayerlardan keladi?

Ba’zan uni o’ta chiroyli va sirli ulkan Oq qush qiyofasida tasvirlashar edi. Chin dildan yaxshi niyatlar bilan uxlamasdan sabr qilib kutganga u albatta ko’rinar yoki hovlisiga savatda nimadir tashlab ketar ekan.

Ba’zan Laylatul qadrni qop-qorong’u osmonu falakni yorib tushadigan Yorqin nur deya ta’riflashardi. Yoki, u kutib o’tirganga boshqalar sezmaydigan xayrli ishora beradi, deyishardi. Endi bilsam, kattalar bizning samimiy va qizg’in qiziqishimizdan, Laylatul qadrdan cheksiz rohatlanishar ekan. Ular aslo aldashmas ekan. Kattalarning o’sha kunlari endi o’zimizning boshimizdan o’tyapti.

Kichkinalar endi bizdan «Laylatul qadr nima?» deb so’rashyapti.

O’sha kuni Zulmat olami bag’ri yorilgan, cheksiz yog’dular zaminga quyilib, yer va osmon o’rtasida insonni najotga eltuvchi hidoyat yo’li hosil bo’lgan.

Oriflar qasri

U avval Ko’shki Hinduvon nomi bilan atalgan. Bir qancha mualliflar bu joy Bahouddin Naqshband himmati va sharofati bilan Qasri Orifonga aylanganini ta’kidlaydi. Yoshlikda biz tinglagan ko’pgina rivoyatlar va bugun so’zlamoqchi bo’lgan hikoyamiz qahramoni xuddi shu Hazratdir. Uning to’liq ismi sharifi Muhammad ibn Muhammad al-Buxoriy, hijriy 718 yili muharram oyida (1318 yil, mart – aprel) Ko’shki Hinduvon qishlog’ida tug’iladi. Buxoro madrasalarida ta’lim oladi. Ayni paytda Muhammad Bobo Samosiy, Sayyid Amir Kulol Buxoriy, Xalil sulton, Qusam shayx kabi tariqat ulug’laridan tasavvuf ilmlarini o’rganadi. Abdulxoliq G’ijduvoniy ruhoniyatidan tarbiyat ko’rgan, shu jihatdan uvaysiydir.

Ulg’ayib Xoja Bahouddin, Shoh Naqshband, Bahouddin Balogardon, Xojai Buzruk nomlari bilan shuhrat qozonadi. U kishi tufayli zamon oriflari, ilm toliblari qadami Ko’shki Hinduvondan uzilmay qoladi va bu maskan endi Oriflar Qasri (Qasri Orifon) nomi bilan atala boshlaydi. Quyidagi kichik tarixiy lavhalarning barchasi shu dargohda sodir bo’lgan.

Avliyoning hassasi

O’tgan asrning 80 yillari edi. Qo’shnimiz Ro’ziqul aka Bahouddin Naqshband ostonasini ziyorat qilib kelib, otamga taassurotlarini hayajon bilan so’zlab bergandi:

— Tog’a, u joy bir ajib dunyo ekan. Odamlar ko’p. Dardmand ham shu yerda, yo’qotgan ham, adashgan ham, ayol ham, erkak ham, qari ham, yosh ham. Hamma. Bir tarafda muammosi hal bo’lgan yo niyat qilganlar qo’chqor yetaklab borib so’yib yotibdi. Buvaning qabrini ziyorat qildik, masjidida namoz o’qidik. Nimaligini bilmayman, lekin ko’nglim nimagadir to’lib ketdi. Oyog’im yerda, lekin qushga o’xshab uchayotganday bo’lib qoldim.

Ayniqsa, Buvaning hassasi meni hayratga soldi. Qanday odam bo’lgan ekan u kishi? Hassasi juda katta, qalinligi manavi tutingizning tanasidan yo’g’onroq. Uni qanday ko’targan ekan-a?!

Otam: «Haa, Olloning suygan bandalarida. Aslida hassasi boshqalarnikiday oddiy bo’lgan. Ariqning chetiga suqib qo’ygan bo’lsa ko’karib, keyinchalik katta daraxt bo’lib ketgan», – deya ulkan aso kechmishini izohlaydi.

Bunday suhbatlar chog’ida ularning o’zlari ham daraxt tagidagi ikkita darveshga aylanib qolardi. Bilmadim, ular ko’zimga shunday ko’rina boshlardi.

Ziyoratga borganimda Bahouddin Balogardon boboning o’sha hikoyadagi hassasini men ham ko’rdim. Xuddi Ro’ziqul aka aytganday edi.

Haqiqiy ro’za

Hazrat Bahouddin derdi: «Haqiqiy ro’za – Janobi Haqdan tashqarida bo’lgan hech bir sifatga ko’ngil eshigini ochmaslikdir».

Tozalovchi

Bugun o’lkamizda qutlug’ ro’za ayyomi. Laylatul qadr ham yaqinlashib qoldi. Ular musulmon kishi hayotining ajralmas bo’lagidir. Dunyo ilm-fani mislsiz taraqqiy etib, insoniyatni shoshirib qo’yayotgani sezilib turibdi. Shu «taraqqiyot» tufayli Yer qiynalyapti, tabiat chiqindi va axlatga to’lib borayotir. Insonlarda bir zum nafas rostlashga fursat yetmay qolyapti. Xuddi shunday damda birdan Ro’za hayotimizga kirib keladi. U nafas rostlash uchun fursat beradi. Yer va inson hayotini har xil chiqindi, axlatdan tozalashga kirishadi. Bu jarayondan har kim qurbi yetganicha foydalanadi. Ammo ro’zaning foydasi butun jamiyatga tegadi. Oriflar qasrida ham bu to’g’rida doimiy suhbatlar bo’lar edi.

Mashoyixlardan biri dedi: «Bir toifa kun chiqar oldidan quyosh botgunicha yemak, ichmak va hirsiy munosabatlardan tiyiladi.

Yana boshqa bir toifa bor. Ular tomog’ini yemak, ichmakdan tiyadi. Vujudidagi har bir a’zosiga ro’za tuttiradi. Ko’z nomaqbul narsani ko’rish, quloq nojoiz so’zlarni eshitish, oyoq nomashru joyga qadam tashlashi, qo’l haromga uzatilishi qat’iy ta’qiqlanadi. Bunday vazifa boshqa a’zolarga ham to’liq joriy qilinadi. Bu – vujudni barcha ma’siyatlardan tozalovchi eng foydali ko’ngil ro’zasidir. U vujudni Haq taolo bilan muloqot uchun tayyorlaydi. Bu jarayon doimiy davom etadi.

Yetib bo’lmas sir

Hazrati Azizon dedi: «Er, oriflar nazarida, bir sufrachadir. Biz «tirnoq yuzicha» deymiz. Ularning ko’zidin hech narsa pinhon emas. Tavhid sirini bilish mumkin, ammo ma’rifat siriga yetmoq dushvordir».

Darveshlar

Shoh Naqshband: «Darvesh faqirlar naqdiga ishlaydi, ishni ertaga qoldirmaslar. Shu bois so’fiy zoti bugunning odamidir», – dedi.

Yo’lga kirish

Goho: «Sizning yo’lingizga qanday kirish mumkin?» – deb so’rashardi. U: «Rasulullohning sunnatlari orqali», – deya javob berardi.

Halol luqma

Qancha-qancha olimlar Shoh Naqshbandning halol yemagidan yeyish uchun ziyoratiga kelishardi. Uyida Dunyoga bog’lanadigan hech narsasi yo’q edi. Faqirlar va faqirlik holini sevardi. Halol yeb-ichishga da’vat etardi. «Nimaga erishgan bo’lsam, halol luqma tufaylidir», – der edi.

Olmalar

Shoh Naqshband muridlaridan birovi olma keltirdi. Hazrati Xoja olmalarni u yerdagilarga ulashib: «Bir soatcha yemay turinglar, ular hozir tasbeh aytishmoqda», – dedi.

Ma’rifat yo’li

Dedi: «Xilvatda shuhrat bor, shuhratda ofat. Yaxshilik jamiyatdadir, jamiyat suhbatda. Bizning yo’limiz suhbatdir».

Bu «Xilvat dar anjuman»ning eng qisqa va tiyran sharhi edi. U solikni ma’rifat paydo bo’ladigan manzilga tez eltadigan eng qisqa yo’l edi. Ko’hna o’tmishning bu yo’lida ko’plab oshiqlar jazab holida kezib yurardi…

Tuhmat

Dedi: «Kishi o’zining nafsiga tuhmat qilishi kerak».

Fira’vin nafsi

Tariqat haqida aytdi: «Nafsini Fira’vin nafsidan yuz chandon yomonroq deb bilmagan, demak, hali bu yo’lda emas».

So’nggi nafas

Xoja Muhammad Bahouddin Naqshband vafoti yaqinlashgach, so’nggi nafasida ma’rifat yo’lidagilar hamda kelajakda unga kiruvchilarning hammasiga Yaratgandan saodat tilab xayrli duo qildi va ruhini Tangri taologa butkul taslim etdi.

Bu voqea hijriy 791 yili rabi ul-avval oyining uchinchi kuni dushanba kechasi (1389 yil, 2 mart) sodir bo’ldi.

Yo’l davomi

Hazratning yetuk suhbatdoshlari, Oriflar qasrida tarbiyalangan shogirdlari ko’p edi. Ular haqida qo’lyozma manbalarda yetarlicha ma’lumotlar yozib qoldirilgan. Hazratning tanlangan va mashhur Xoja Muhammad Porso, Xoja Alouddin Attor, Ya’qub Charxiy kabi buyuk izdoshlari oriflar yo’lini davom ettirishdi. Oriflar qasri hikoyalari hali tugamadi…

09

(Tashriflar: umumiy 273, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring