Rahmatullo Sirojiddin. She’rlar & Shodmon Jo’ra. Shoirlik baxti

39Мен бу ёш йигитга қараб ҳайратландим, бу мисралар ишқига қандай илинибди экан деб. Бу мисралар маънисини ҳар ким ҳазм қила олмаслигини бу мақом жуда баланд, унинг ҳолини айтиш, тушунтириш, ӯргатиш билан олиб бӯлмаслигини, бу ишлар фақат Парвардигор инояти билан амалга ошишини билганим сабаб, ҳар ким ӯзи пишиб етиб бориши керак бу ҳолга дедим.

ШОИРЛИК БАХТИ
Шодмон Жӯра
Тожикистон ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси


Кунларнинг бирида бир ёш йигит, ӯша пайт талаба бӯлса керак (2012 йил эди чамамда) менга ҳазрат Навоий ғазалларидан икки мисрасини кӯтариб келиб, маънисини айтиб беришимни сӯради:

Эй Навоий сӯзда маъни йӯқдурур, маънида сӯз,
Дури маъни истар эсанг айлагил гуфтор бас.

Мен бу ёш йигитга қараб ҳайратландим, бу мисралар ишқига қандай илинибди экан деб. Бу мисралар маънисини ҳар ким ҳазм қила олмаслигини бу мақом жуда баланд, унинг ҳолини айтиш, тушунтириш, ӯргатиш билан олиб бӯлмаслигини, бу ишлар фақат Парвардигор инояти билан амалга ошишини билганим сабаб, ҳар ким ӯзи пишиб етиб бориши керак бу ҳолга дедим.

Аналҳақни кӯзлаган кӯнгил
Паст дорига ӯзини осмас.

87дейилганидек бу йигитнинг назари баландлигидан қувондим. Шеърият майдонига яна бир ҳақиқий шоир кириб келаётганини юрагим ҳис этди. Менинг олдимда талабалардек ийманиб, тортиниб турган йигит шоир Раҳматулло Абдулҳатов эди.

Замона-молпараст, шеърпараст эмас. Гӯзал қофиялар бола боқмайди деган бир замонда шеърият шайдолари, шеърият фидойилари укаларимнинг қаламларидан гӯзал, дилбар шеърлар туғилаётганини кӯриб қувонаман. Бундай фидойилик учун уларни қучиб, бағримга босгим келади.
У шеъриятни қисмат деб билган шоирлар сирасига киради:

Фақат шу ҳисларим мени этди фош
Фақат шу юракка урдим шамшерни.
Кўксимнинг қаъридан чиқарябди бош
Бир умр кутганим, қисматим-шеърим.

Шоир — гӯзаллик ошиғидир.

Муҳаббат ҳам, дарду ҳасратлари ҳам шу ошиқлиқ ифодасидир. Фақат ҳақиқат муҳаббатга ӯранган сӯзларгина мангулик либосини киярлар.
Асл шоир асли мусаввирдир, унинг мӯйқалами — туйғулар жилосидан рангини олган сӯзларидир::

Кӯринишим ӯта телбадай
Тӯғри бир оз хаёлпарастман.
Севганда севаман ӯлгудай
Ӯлай агар ишқидан мастман.

Шеър ӯқийман Рауф Парфидан
Гоҳ ёдлайман Шавкат Раҳмонни.
Усмон Носирни гоҳ таърифлаб
Қўлдан қӯймагайман Чӯлпонни.

Ҳиссиётим Ҳимолай қадар
Тинчлик бермас дилга ӯт қалаб.
Кӯзларимга сиғдирдим саҳар
Шеъриятни майда-майдалаб.

Дарахтларга дардимни айтдим
Қушлар билан қурдим хуш суҳбат.
Ёшлигимнинг гуллаган пайти
Юрагимга кирди муҳаббат.

У шу сӯзлар воситасида муҳаббатнинг тафтини, соғинчнинг кӯзларини, эзгуликнинг юзларини чизади. Ӯз ботиний дунёсини ифодалайди ва шу дунёда яшаб ӯтади.

Ҳақиқий шоир ӯз ижодкоридан нари кетмайди, ӯз мисрасига сингиб боради. «Мени излаганлар шерларимдан изласин» деган экан шоирлардан бири. Шоирнинг қалбидан тӯкилиб латиф, дилкаш шеърга айланган жаззоб туйгулар мақтовга муҳтож эмасдирлар. Уни ҳис қилиш керак, завқланиш керак ва олиб ӯтиш керак юракдан асраб.

Ҳа, дарвоқеъ шоир укамиз Раҳматуллонинг шеърлари қалбларга ажиб бир ҳолат, завқу шавқ бағишлаб, одамни ёруғ бир оламга етаклайди:

Ой нурига чӯмилиб оқшом
Ёғдулардан яралди шеърим.

Шу эмасмикин шоирлик бахти…

Шоир укамиз Раҳматуллога шеъриятнинг қадам етмаган юксакликлари насиб этишини тилаб қоламиз.

 

Раҳматулло СИРОЖИДДИН
ШЕЪРЛАР


Раҳматулло Сирожиддин (Абдулҳатов) янги давр шеъриятига энди кириб келаётган ёш шоирлар сирасига киради. У 1994 йилнинг 22-январида Тожикистон Жумҳуриятининг Хатлон вилоятига қарашли Фархор ноҳиясида, Муродбахш қишлоғида туғилган. Шу қишлоқдаги 47- Урта умумтаълим мактабида 2001-2012 йиллар таҳсил олади. Сўнг Қўрғонтеппа шаҳридаги ўқитувчилик Коллежига кириб, ўқув даврини 2015 йил тугатиб ўрта махсус маълумотга эга бўлади. Бир муддат завод ва қурилишларда ишлаб, Сўнгра 2017 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг март ойигача Носири Хусрав (Бешкент) ноҳиясининг 25 УУТМактабида ўқитувчилик фаъолиятини бошлаб, кейинроқ 5 -ЎУТмактабида директор ўринбосори, директор вазифасида ишлайди. Бир муддат «Дўстлик» газетасида «Катта мухбир» булиб фаъолият юритади.
Шеъриятга ихлоси, иштиёқи болалигидан илдиз отган бўлиб, дастлабки ёзуқлари «Халқ овози» » Дўстлик» ва «Бешкент» газетасида босилиб чиққан. «Орзу гуллари» (2017), » Нажот эшиги» (2024) мажмуаларининг муаллифи. «Сўзнинг рангин жилолари» ва «Дӯстлик чамани» алманахларида ҳам бир қатор шеърлари ўрин олган. Шоир фақатгина ижод билан тўхтаб қолмасдан тожик шеъриятининг забардаст шоирларидан Ҳабиб Юсуфий, Қутби Киром, Лойиқ Шерали, Гулназар Келди, Гулрухсор Сафиева, Аскар Ҳаким, Саидамир Амак, Озарахш, Ворис, Шоирабону Раҳимжон, форс назмидан Холида, Фуруғ, Нодир Нодирпур, Фуруғ Фаррухзод шеърларини ва рус шеъриятидан Марина Цветаева, Дмитрий Кравченко, Олга дейнега шеърларини моҳирлик билан ўзбек тилига ўгирган.


ҚИСМАТИМ-ШЕЪРИМ

Тилёғламалик қилиш одатимга ёт
Хушомадга тобеъ эмасдир кўнглим.
Жайдарифеъл қилиб ўстирди ҳаёт
Балки шунингчун бир текисмас йўлим.

Мижғовлик қилмадим,
Қилмадим ғийбат,
Маломат қилмадим биров ортидан.
Бировга айтмадим тушса мусибат,
Дардимни яширдим дўсту ёримдан.

Бағримда тиконмас гул ўсиб чиқди
Гулшаним-муҳаббат, қуролим-шафқат.
Билмайман, не учун бунча қизиқдим,
Туйганим ғурбату, йиққаним ҳасрат.

Фақат шу ҳисларим мени этди фош
Фақат шу юракка урдим шамшерни.
Кўксимнинг қаъридан чиқарябди бош
Бир умр кутганим, қисматим-шеърим.

ТАСАЛЛО

Мен кетсам, бу дунё ҳуввиллаб қолар…
Шодмон Жўра.

Мен кетсам, сўрарлар қани шоир деб,
Бир ширин каломга бўлганлар муштоқ.
Атиргул баргига шеърим берар зеб,
Шеъримни ёд олар жамики ушшоқ.

Ортимдан эргашар шаббада — сайёҳ,
Пойимга ҳур тикар чақмоқдан чориқ.
Иншооллоҳ, аъмолим бўлмайди сиёҳ,
Оқпарқув устида чиқаргум ҳордиқ.

Умрида шеър нима билмаган каслар
Мен кетсам, изимдан қилишар сўроқ.
Суратимни чизиб, дейдилар дастлаб:
«Хаёллари чаман, орзулари оқ.

Ажиб инсон эди, шоир эди у»…
Мен кетсам, кенгайиб қолмайди гардун.
Мен кетсам, сочини юлади оҳу
Ой бўлиб ўғлимга айтмайди афсун.

Яхшиси, мен борман, яхшиси ҳозир
Энг гўзал кунларни яшаб олай ман.
Мен кетсам, ҳеч вақо бўлмайди содир.
Энг эзгу кунларни ошаб қолай ман.

ШЕЪР

Қоронғу кечага,
Қоп-қора деворга ёзаман шеърни
Сўзлардан ёришиб кетади хонам.
Тунлар эртак айтиб,
Бор меҳрин бериб
Мени шоир қилиб туққандир онам.
Шеърни ёлғизликда ёзаман
ёлғизликда ўқийман шеърни.
Чайқаламан шаффоф
Тўлқинлар каби
Ҳайқираман жўшқин дарёлар қадар
Кӯнгилдан куй оқиб келади форам.
Гулу майсаларга ёзаман
нафас
Олажакдир гуллар сочган ифордан
Оппоқ булутларга ёзаман
гўзал
Мусаффо тонгларга ёзаман шеърни
Тоғларга ёзаман бойчечак бўлар
Дарахтга ёзаман бўлади гулбарг
Осмонга ёзаман ойчалик бўлар
Юлдуздай тўкилар юракдан сўзлар.

****

Англадим,
севгилим,
сенсиз дунёнинг
менга сира татимаслигини.
Ширин хаёлингга ичиккан ишқнинг
иштиёқи мудом тинмаслигини.
Умрнинг қоғози тўлдирдим хатга
Юракка ёқмади борлиқ шовқини
Кўзларим тўлябди соғинч, ҳасратга
Айтиб беролмайман унинг шавқини.
Масрур яшолмайман сенсиз севгилим.
Кулишни биламан, на-да йиғлашни.
Афсус ўлдиради, мағрурлик қилдим
Энди,
Сенсизлик келтирар ғашимни
Ёлғизлик келтирар ғашимни
Олислик келтирар ғашимни.
Сен юраётган йўлга,
сен олаётган ҳавога
Сен яшаётган дунёга келябди рашким.
Мувозанатин йўқотган вайрон кемадай
Чайқаламан бир ерда ҳайрону нолон.
Бир қошиқ қонимдан кечгил,
На қилай,
Саволга тўлдирди жисмимни ҳижрон.
Қулоққа кирмайди ҳатто мусиқа.
Сенга айтолмайман маъюс ҳолимни.
Ғуссалар тобора руҳимни сиқар.
Сўйлаб ўтирмасман қийлу қолини
Хотиринг гулшанин қилмасман сиёҳ.
Ёруғ манзарангни сақлайман дилда
Шану шарафингга туширмайман доғ
Хат ёзаман, бахтинг, умрингни тилаб.

****

Ёмғир тинмай ёғар, уввилар шамол,
Кимдир аллақандай қўшиқ айтади.
Жунжиккан сиренлар тебранар беҳол
Серташвиш одамлар уйга қайтади.

Ёмғир ёғиб ўтар томчи-томчилаб
Яшил сочларини тарайди дарахт.
Ёлғизим, ёлғизлик, дилни қамчилар,
Тураман чорасиз ёмғирга қараб,
Бош эгиб хўмрайиб дил деразасидан.

Ўпкамни сил қилар бу дарду ғубор.
Севгилим, сийнангнинг чап қафасидан
Мен учун адоқсиз номалар юбор!
Севгилим, сийнангнинг чап қафасидан
Мен учун адоқсиз номалар юбор!

***

Ҳали тинмасидан қушлар сайроғи
Уфққа чўкмасдан ёғдулар ҳали.
Бехосдан уйғониб дилнинг титроғи
Сен томон талпина бошлар, гўзалим.

Ёдингдан ўчмасдан гина ва кадар,
Ҳали бўлмасингдан висол ташнаси.
Соянгни излайман ғурбатда, дилбар,
Кўксимда қайнайди ғамлар чашмаси.

Ҳали нигоҳингда умид сўнмасдан
Руҳинг дарахтини кесмасдан очун.
Кўзингда маъюслик уйғонмасидан
Келади қалбимиз қовушадиган кун.

ИЛТИЖО

Бошпанам бор, бошим омон, ошёнимдан, айирма.
Шукр этмасам мен пушаймон, ош-нонимдан айирма.

Ишқ деганим қайғу бўлди, ичганим оғу бўлди,
Сархуш дамлар бир зум бўлди, хуш онимдан айирма,

Юрагимни гулзор этган, ман ошиқни ёр этган,
Бўсағадан кулиб чиққан жононимдан айирма.

Бу дунёда ким улфатга, ким зор экан суҳбатга,
Суҳбатлари малҳам бўлган инсонимдан айирма.

Савдоларга бердим бардош, ғавғоларга урдим бош,
Фароғатда сийлаб қўйган имконимдан айирма.

Зулматларда қолган чоғим, нурга тўлди қучоғим,
Ёруғ йўлга олиб чиққан иймонимдан айирма.

***

Кўзларимда чақнаб кетди завқ
Ишқ жонимга ташлади олов.
Ёзуқлардан қорайган варақ
Дардларимга беролмайди тоб.
Шовқинларни хуш кўрар шаҳар
Суронларга ҳушим йўқ менинг
Оразингни кўтсатгин дилбар
Сендан бошқа ишим йўқ менинг.
Овозингга яна хуморман
Ватсапингни ёқиб қўй, дилдор.
Боғланоймай сабру қарордан
Жудо бўлдим, эй севимли ёр!
Квартира деразасидан
Кўринади бинолар хушрўй.
Нечун ёздим ҳижрон ҳақида?
Нега умид кўрсатмайди бўй?
Ўзга шаҳар эслатиб турар
Мендан қанча олислигингни.
Дил ҳувиллар, англадим Гўзал
Сенсиз яна ёлғизлигимни.
Дилга ботар айрилиқ тошдай
ўйлайсанки ишқим йўқ менинг.
Сени соғинишу севишдан
бошқа бирор ишим йўқ менинг.

***

Мен тунга бағримни очдим ноилож
Осмонга қарадим, ойга қарадим.
Кўнглимнинг ҳовури тушса-да бир оз
Табим ёзилмади, юрагим ярим.
Ҳордиқ вужудимдан сирғалиб келар
Деразадан ойга юзимни боссам.
(Кўзни юм, кўнгилга келмайди нелар,
Хаёлнинг сайҳони самодек тоза.)
Мен бағримни очдим, кўзимни юмиб,
Гиёҳлар ифори дилни қилди шод.
Кўксимга қамалган ғариб орзумни
Бир лаҳза қафасдан айладим озод.
Мен тунга бағримни очдим…

НАФС

Сени жазолашнинг ҳаловати бор,
Кел, бир таъзирингни берайин, эй нафс.
Шунча қутурганинг етар, жафокор,
Сени бир жазолаб қўймасам бўлмас.
Йўлимдан оздирдинг, домингга солдинг,
Тоат, ибодатдан айладинг узоқ.
Бугун сен мағлубсан, бугун мен ғолиб
Ожиз, ачинарли ҳолатингга боқ.
Сен бир аждарҳосан, етти калланг бор
Етмиш минг найрангинг шайтондан юққан.
Юриш-туришингда кибру таъма бор
Мен биламан сени Азозил туққан.
Энди бор, дардингни Иблисга айтгил
Кўнглим саройидан этаман бадар.
Бошқа кўришмаймиз, умид қилмагин
Алвидолар сенга, қиёмат қадар.

ҲОЛАТ

Оппоқ булутларга, зангори кўкка
Шеър ўқиб бераман агар хоҳласам.
Бу ғалат туюлса, шоирга ўхшаб
Гўзал қояларга ўйчан боқаман.
Ялқовлигим тутса, ишга бормас қўл,
Не қиларин билмас телбадай ҳайрон
Тоғу тошлар томон яна олгум йўл
Менга яқин бўлиб қолади осмон.
Бу ерда ҳар харсанг, ҳар тош муқаддас,
Янги сабзаларга термуламан шан.
Ўмбалоқ ошаман, бағрим очиб маст.
Умидлар, ҳаваслар гул каби яшнар.
Хаёлни чулғайди ёқимли афсун.
Мени илғамайди ҳеч ким бу ерда
Узоқ узоқларга термулиб мамнун
Юракнинг хумморин ёзаман шеърдан.

***

С….. га

Оёғин ялайди бошлиғининг у,
«Эшагин суғориб пулини олар».
Эркаклик ғурурин йўқотган мажбур
Пойини занжирлаб қўйган улкан қарз.
У тайёр бошлиғи йўталган маҳал
Ҳар доим тик туриб «лаббай» дейишга.
Бошлиғин олдида ҳозир «мутаҳҳам»
Шу боис ўзини бахш этган ишга.
Ўз аҳдига инсон ўзидир тутқун,
Озод бўлолмайди, ваъдага содиқ.
Бошида бошпана борлиги учун,
Бор куч қувватини айлайди тортиқ.
Тушунса бўлади, тушунмаса ҳам,
Бардоши пўлатдан, жони темирдан.
Севганин олдида ичилган қасам
Каби оғир юк ўз бўйнига кишан.
Эрку ихтиёрин айлаган забун,
Тилини тишлаган, қалбини еган
Вужуди толиққан, кўзларида мунг.
Зўр келса, эркак ҳам йиғлайди экан.
Ишдан завқланмас, юради хомуш,
Баҳор ўтиб кетар, кириб келар ёз.
Ичикиб яшайди, кўксидаги қуш
Аввалгидай эркин қилмайди парвоз.

24,02,2024.

***

Совуқ нигоҳларинг қўрқитмас мани
Менга жуда таниш хунук башаранг.
Сен менинг дўстимсан, яқин душманим.
Сиру асроримдан бордир хабаринг.

Шоир, телбалигим кўриб куласан,
Кўзларингда кўрдим ўткир ҳасадни.
Менга қизиқ эмас фикринг умуман,
Аммо сенга қизиқ менинг қисматим.

Зукко, пухталигинг олаяпман тан,
Эски яраларим ҳануз битмади.
Менинг ожизлигим яхши биласан,
«Мени ўлдирмоққа бир сўз етади.» *

Сен мениг дўстимсан, менинг душманим!
25.06.2024

*Шодмон Жўра сатри

***

Қоратоғ бағрига қор ёғди оппоқ
Чанқаган туфроққа бергандек самар.
Дашту даманларга ёйилди узоқ…
(Қишнинг қаҳратони яхшию бироқ
Бойларга барака, йўқсилга зарар.)

Биров қўй-сигирин ҳайдар адирга,
Бошқаси қурилиш ишлари-ла банд.
Биров нолиб қўяр ночор тақдирдан,
бири болаларга қарайди хурсанд.

Мутолаа қилмоқ, айни муддао,
Абдулло Орифни, Асқар Маҳкамни.
Пешиндан сўнг дилдан айладим дуо:
«Аямагин мендан лутфу карамни!»

Совуқ ел баҳордан беради мужда.
Ниш урган сабзалар тоққа берар кўрк.
Беқарор хаёллар ғам оғушида
Порлоқ келажагим қилар тасаввур.

19.02.2024

***

Олға интиламан, сарғаяр умид.
Ғайратим, қувватим кетади бекор.
Менинг хаёлларим мақсадимга зид
Менинг орзуларим ҳамиша баҳор.

Ваъда беролмайман, севгилим, тушун,
Дурахшон лаҳзалар ҳали узоқда.
Порлоқ кечаларни кечирмоқ учун
Қора пешонани ёритмоқдаман.

Куйинмоқ беҳуда, гапга кўнмас дил,
Шам мисол эрийди, тугамас ҳануз.
Ҳамон бечораҳол шоирман, йўқсил..
Умр ҳам ўтмоқда шу зайл, афсус.

Олға интиламан наилож, нолон,
Тақдирга тан бериб, яшаб сен учун.
Менинг аҳволимни билади осмон
Менинг юрагимни англамас очун.

Ўттиз баҳоримни совурди шамол.
Аммо, хаёлларим ҳамиша оппоқ.
Сенсиз ўтаётган лаҳзалар увол.
Сенсиз кўраётган кунларимга боқ.

Маъюсман, бўғзимда қайғули уним.
Маъюсман, севгилим, сўзлайман ёниб.
Камини тўлдирдим рўзғор хуржунин
Йиртиқ ямоқлари қолди дунёнинг.

УЗЛАТ

Узлатга қочаман ғофил дўстлардан
Ҳатто овозларин эшитгим келмас.
Жўр бўлгим келмайди ғийбат гапларга
Такаббурга йўйманг, бу кибр эмас.

Вақтни қадрлайман бўлсам ҳам бекор,
Беҳуда кулгуга йўқ менда тоқат.
Улар суҳбатида кибру таъма бор,
Ғийбат бор, ҳасад бор, фисқу қабоҳат.

Улардан қочирдим нигоҳларимни,
Атай қўнғироққа бермадим жавоб.
Қўрғошин куйдирди жисму жонимни
Ҳиринг-ҳирингларга беролмадим тоб.

Оқ кўнгил дўстларга юрагим очиқ,
Худбин кимсалардан минг бора устун.
Маънисиз даврадан атайлаб қочдим,
Маънавий маҳфилга қўшилмоқ учун.

ЎЗИМГА НАСИҲАТ

Ҳаётинг ўзгартир , ўзингни ўзгарт
Қушларга ўқиб бер ғазалларингни.
Ҳеч кимга кераксиз бўлса сўзинг гар
Ёқиб юбор машқ дафтарларингни.

Тоғдай юксалтиргин тоқатларингни.
Муҳитни ўзгартир, бор кучинг билан.
Ташла эски, ёмон одатларингни.
Олдинга одимла, қувончинг билан.

Муҳтожлик сўзини йўқ қил луғатдан
Яхши яшамакка қилгин ҳаракат.
Ақл билан фойдалан ҳар бир фурсатдан
Олға юр, олға юр, олға юр фақат!

05.02.2023

***

Дунёдан чарчадим, мени маъзур тут,
Бир бурда нон учун қийналади жон.
Шабнам томчисидай гуноҳимдан ўт.
Аршингга покиза бормоғим гумон.

Телбаваш туйғулар тинч қўймас дилни
Айни баҳор фасли ёмон кузладим.
Дунёни хуш кўриб, сендан айрилдим
Дунёдан юз буриб, сенга юзландим.

Ложувард бўшлиқдан изладим сени,
Жизғанак оҳимдан чиққандай бўлдинг.
Юрагим қаъридан мен чиқиб келдим
Пойингга тиз чўкай, қулинг ўргулсин.

Нафсини жиловлай олмаган касман,
Айбу нуқсонимни яширдинг нечун?
Жонимни ҳовучлаб олган нафасдан
Ёсуман мушкингни ҳис қилдим бугун.

Офтобнинг нурида сенинг меҳринг бор
Осмон софлигида мангу жамолинг.
Ишқинг китобини варақлаб минг бор
Масту девонаман, мажнунвор ҳолим.

Ўзимни ўлдирсам тавба ўтида
Мағфират шамоли эсармикан ёр?
Васлингга етмоқлик тарадудида
Қадр оқшомлари турайми бедор?

Ишқингни исташга бергайсан изн
Менинг бисотимда фақат сўз қолди.
Лутфу карамингга тикканман кўзим
Дийдорлашиш они жуда оз қолди.

***

Менинг шоирлигим бир дирҳам экан
На Кўлоб на Бохтар билади мени.
Менинг тилим чекка қишлоқда чиққан
Мўҳташам шаҳарга йўл бўлсин, иним.

Кўнгилнинг майлига ким бўлар душман?
Хаёлот шавқини тасвирлайди ким?
Ҳовлимда дон еган бир тўда қушдан
Тириклик ҳақида шеър сўраймикин?

Дон сепсам қушларга яхшироқ бўлар
Ҳеч қурса шуларга тегади фойдам.
Жунбушга келади мудроқ туйғулар
Эзгулик ҳақида ўйласа одам.

Тоғлар жим, осуда чайқалар сайҳон
Оламнинг ям-яшил беланчагида
Улуғвор қўшиқни куйлайман ҳамон,
Кўнгил тўлмас бироқ куйлаганимдан.

ПАНОҲ

Кўзларинг юлдуздир гўзал чарақлар
Оразинг моҳтобнинг юзидай сулув.
Айт, сендан ўзга ким англайди мени
согинчдан ҳайқириб юборсам: уввввв.
Кўзларинг сулувдир, гўзал чарақлар
Қиличнинг ялтироқ учидай ўткир.
Меҳринг қучоғида севгим жон сақлар
Шул сабаб жон сақлаб юришим мумкин.

11.10.2023

***

Январда туғилдим демакки қишман,
Башарам совуқдир, юрак бағрим муз.
Бу ерларда бекор бўлмайман ишдан
Ҳолу аҳволингни сўрмоққа ҳануз.
Январда туғилдим, демакки қишман
Шундан зериктириб қўяман чоғи.
Кўнглингни овлашдан, олишдан бошқа
ҳамма, иш қўлимдан келар, оппоғим.
Кўзингга қарасам лабга келмас сўз
бошқа пайт тил бийрон, чечан бўламан.
Баъзида ғуссамдан сарғаяди куз.
Баъзан тентак каби ошиқ боламан.
Январда тугилдим, айбга буюрма
Баҳорда улғайиб вояга етдим.
Айни ёзда сени яхши кўрганман
Кузда эса сенинг васлингга етдим.
Эхтимол, шундан сўнг ўзимга қайтдим
Куздан сўнг қай фасл, биласан дилдор.
Энди ўзинг айтгил сенга жилмайиб
Маъюслигим нечук этайин изҳор.

12.09.2023й

***

Сен билан ҳаётим ёруғ ва рангин
Сен ўзинг қалбимга ишқ сочган ифор.
Ҳорғин кўзларимга қара, қарагин
Гўзал нигоҳингдан ҳар куним баҳор.
Шонли лаҳзаларни армуғон этдинг
Кулгунг чечагининг лаззати билан.
Кучоғимни очдим, васлингга етдим
Яшил мухаббатим, хайратим билан.
Олислардан қара, силкияпман қўл
Энг эзгу кунлардан берганча ваьда.
Иншоолоҳ, орзулар руёбга чиқар
Иншооллоҳ, хеч кимдан булмагаймиз кам.
Кўз илғамас юртдан тикаяпсан кўз
Мен эсам шимолда юрибман санқиб.
Пул ортидан кувиб юрибман ҳануз
Ишқ ўтида ёниб юрибсан балки.
Беризқ колмадим, Тангримга шукур
Бисотим тўлдириб турар пайдарпай.
Ўғлимни ўпиб қўй, доимо соғ бўл,
Дийдорлашиш яқин, кўришгунча, хайр!

24.07.2023

***

У сўкиб яшади ўз хотинини
Тепди, аямасдан урди бир умр.
Сапари девона дерди отини,
болалари ундан ўгирдилар рўй.
Жаҳл қамчисидан ўғиллар дилгир
Ўроқми, кетмонми не чиқса отди.
Барига чидади мунис аёли,
Шундоқ тонг отдию, шундоқ кун ботди.
Ўғил, қиз уйидан кетгани бадар
Кўксини, кўзини уйғотолмади.
Уйиға ёғилди мусибат, кадар
У ўз билганидан ҳамон қолмади.
Бир туни Азроил олди жонини,
Дафнга келмади на ўғил, на қиз.
Соч юлиб йиғлади фақат хотини
Фақатгина шўрлик хотини ёлғиз.

***

Она, Петербургда изғирин ҳамон,
Хазонларни елпиб совурар шамол.
Аёвсиз совуқдан қалтирайди жон
Аёвсиз хабарлар юборар шимол.
Ғарибнинг аҳволи танг эди, яна
Оғир қилиб қўйди руснинг қонуни.
Сочинг оқармоқда соғинчдан, ғамдан
Дийдангнинг умидсиз нурлари сўнди.
Шавқат недир билмас сиёсат бадкор,
Юзлаб мусофирлар Ватанга сургун.
У ёқда-
Исроил зулмидан-Фаластин абгор
Бу ёқда ғарибнинг аҳволи забун.
Соғу саломатман бўлма хавотир,
Кўнглинг кўтармоққа не дей, онажон?!
Оёқ оғриғингга малҳаму дори
Яхшиси, юборай бўлади дармон.
Ҳаёт чархпалаги айланди ғир-ғир
Кеча бола эдим, бугун отаман.
Меҳрингга арзирлик не қилдим, айтгин,
Ўйласам адоқсиз ғамга ботаман.
Қадоқ қўлларингни бошимга қўйиб
Эркалаб қўярдинг саёқ ўғлингни.
Кўҳна болишингга суянган куйи
Оҳ, тағин пойлайсан менинг йўлимни.
Ҳаётинг шанига минг жоним фидо
Олислардан салом йўллайман, Она!
Дуогўйим бўлгин, бўлгин саломат,
Умрингнинг камолин сўрайман она!

26.10.2023

ИБЛИС

Шайтон чанқоқлиги бепоён найранг
Ортингдан, олдингдан ўнгу сўлингдан
Қуршайди, ақлингга солади кишан
Чалғисанг, ҳеч вақо келмас қўлингдан.

Халос этар иймон нури бу домдан,
Аллоҳ исмин айтсанг қўрқади Иблис.
Ғафлат чулғаганди келар ҳар ёндан
Васваса солади қолганда ёлғиз. Ў

Алданиб қолмагин макру ҳийлага
Ибодат айлагин ёлғиз Худога.
Афсун сувратларда бўлар жилвагар
Алданиб қолмагин фириб, жодуга.

Мангу лаънатланган, қувилган абад,
На макони бор, на жойи маълум.
Фисқу қабоҳатни ёқтирар фақат
Ғафлатда қолганда бошлайди ҳужум.

Худони ёд этиб, сўрагин паноҳ
Унга имкон берма, чалғитса агар.
Эрку ихтиёринг топширма зинҳор
Иблисдан ҳазар қил, Иблисдан ҳазар.

НАЖОТ

Нажот сурасини айтиб бер менга
Илоҳий оятга кўп менда ихлос.
Ҳидоят айласин ҳабибим, Эгам
Мени барча мўмин бандаларга хос.

Нажот сурасини айтиб бер менга
Иблиснинг макридан сўрайин паноҳ.
Хатолар захмидан изтироб чеккан
Юрагимни олсин кафтига Аллоҳ.

Ибодат айлайин бор вужуд билан
Сужудим токи Ҳақ айласин қабул.
Нажот сурасини айтиб бер дилдан
Айбу гуноҳларим тўкилсин буткул.

Бу қандай жозиба, бу нечук овоз?!
Юрагим гул бўлса, хаёлим чаман.
Иймон қанотида руҳ қилса парвоз
Равзаи ризвондан бўлсам баҳраманд

Нажот сурасини айтиб бер менга…!

ИҚРОР

Кузги япроқларнинг тушиши аниқ
Иқрор бўлишимга имкон бер, дилдор.
Ошиқни зор қилар мудом айрилиқ
Маъшуқни хор қилар маломат, озор.

Балки инонмассан, билдирмай, бедор
Йўлимга кўз тикиб қалбинг паришон.
Сени ранжитмоққа юрак бермас дов,
Сени севинтирмоқ орзуим, ишон.

Иқрор бўлишимга имкон бер, дилдор
Қандай гўзал эди биз учрашган боғ.
Сенга севишимни айтмадим, аммо
Қалбингни сўрадим, очганча қучоқ.

ШЕРИК

Уни қизиқтирмас сенинг кам-кўстинг,
У ўз муаммосин мудом қилар ҳал.
У душманмас сенга, эмасдир дўстинг
Шеригинг бўлиши мумкин ҳар маҳал.
Сўраши мумкиндир сендан кўп ёрдам,
Сенга қўл чўзмайди лекин, ҳеч қачон.
Умрида яхшилик қилмаган одам
Эзгулик, дўстликни билмайди асло.
Ям-яшил қайинлар қувонтирса кўз,
Димоғинг чоғ қилса саргашта шамол.
Шеър ўқиб, шеър ёзиб ўтирсанг ҳануз
Ул ақчасин санаб ўтирар хушҳол.
Қўлингдан тушмайди телефон баъзан,
Оппоқ кечаларни қорайтирар мунг.
Мақсадлар бир хилдир, ўй эмас бир ранг
Режалар ҳар хилдир орзулардан сўнг.
Кўнгилга ташвишлар солганда соя
Сен ечим изласанг, кимдир бўлса ғов.
Асабинг, ҳафсаланг пир бўлар ғоят
Завқу қувончингни айлайди хароб.
Унга қизиқ эмас сен айтган гаплар
Яхшиси, у билан бўлма ҳамнишин.
Қўлингни чўзмасанг бўлмайди яна
Бир бирига тегиб кетади тишинг.

***

Аҳдимни бузганим ваъдага хилоф
Сени алдаганим ширин ёлғондир.
Кўнглимда кечганин кўзларимдан топ
Кўнглимга қарасанг маъюс хандондир.

***
Сурурни чулғади ташвиш тумани
Ғуссалар емирди қувонч, кулгуни.
Лабинг соғаридан маст этгил мани
Ҳис этиб яшайин мастлик, улгуни.

Эй гул, хаёлимда жилмайиб тургин
Чечаклар сен билан айласин байрам.
Овозинг эшитсам эрир юрагим
Товушинг найшакар, сўзларинг малҳам.

Ғариб ҳолатимдан этмайман воқиф
Ўрмонлар билади, қор, шамол билар.
Совуқ ўлкаларга, осмонга боқиб
Офтобрўй чеҳрангни бир кўргим келар.

Соғиниб кетаман юракни ёйиб,
Хуш-хуш суҳбатингни, майин нозингни.
(Эрка ўғилларим юрмагин койиб)
Эшитгим келди-да хуш овозингни.

Сурурни чулғади ташвиш тумани
Ғуссалар емирди қувонч, кулгуни.
Лабинг соғаридан маст этгил мани
Ҳис этиб яшайин сармаст улгуни.

***

Совуқ чеҳраларга йўқ менда ихлос
Совуқ нигоҳлардан таралмайди нур.
Мен оппоқ хаёллар сураман холос
Ёруғ чеҳралардан топаман ҳузур.

Масалан, қалбида зарра иймон йуқ
Кишидан неларни баҳра олар руҳ?
Дарёдил кимсалар нақадар ёвуқ
Дилимга,
шу қадар тубан хунукрўй.

Муҳаббат жилваси таралмас юздан
Сўраб бўлармиди ишқнинг завқини.
Ишқнинг оғриғидан тортмам ҳомуза,
Ишқ сувига чайдим юрак зангини.

Совуқ чеҳраларга йўқ менда ихлос,
Нафис нигоҳлардан яшнаб кетар қалб.
Дарёдил дўстларни соғиндим бир оз,
Уларнинг суҳбати ғоятда гўзал!

***

Мақсадим эшиги ёпилган дамда
Янги йўл изладим
Янги сўз истадим.
Синиқ руҳимни қоғозга ўраб
Яшил Қаламимни қистадим.
Гоҳ чирпандим,
Гоҳ тоғ қадар ўсдим мен.
Қисмат дафтарининг янги бобига
Исмингни ёздим
Тангрим,
Туйқус,
йўллар равон бўлди, мушкулим осон.
Яшамай яшадим ҳануз
Фано шаҳрида,
Бир кун сўнгакларга айланса жисмим.
Мен йўқликка маҳкумман,
дунё бир зумдир,
Фақат сен қолгайсан жовидон.

***

Руссияга яна қолди кунимиз,
Ҳайдаса ҳам яна борамиз такрор.
Сиёсат шафқатсиз, чиқмас унимиз.
Қанча маккор бўлса, шунчалик ночор.

Цензура нечоғлик авжига чиққан
Таласа, ўзини талайди фақат.
Олчоқлар Ватаннинг ўзидан экан
Алдаса ўзини алдайди фақат.

Ишлай десанг иш йўқ, тишлай десанг нон,
Қарзу қаволадан чиқмайди мардум.
На Кўлоб, на Бохтар, на-да Бадахшон,
На Суғду, на пойтахт айтмайди дардин.

«Ювиқсиз Русия»* хуш кўрмас алҳол
Ўрта Осиёнинг болаларини.
Ғарибга осонмас, ғарибга маҳол
Руслар сиғдирмайди биз «қора» ларни.

Тил тишлаб, дил ютиб, лом-мим демаймиз,
Аччик сўзларига, найрангларига.
Биз фақат қориннинг ғамини еймиз.
Дош берамиз мажбур бўлиб барига.

На ҳур ўлкамизда, на ўзга юртда.
Сиёсат шафқатсиз, чиқмас унимиз.
Бир бурда нон топиш тарадудида,
Руссияга яна қолди кунимиз.

*Лермонтов ибораси

***

Петербургда менга кулмади иқбол,
Осмонларга яна қарайман ғамгин.
Хотирамни яна музлатди шимол
Эслолмайман ширин бўсанинг таъмин.

Мунгли қўшиқ куйлар ёлғизлик тағин
Тобора рўзғорим бўлмоқда сиёҳ.
Бизни қаритмайди йиллар, англадим
Дилни адо этар андуҳу фироқ.

Нимага қўл урмай бўламан зада,
Ўқиб беролмайман шеърим, ёсуман!
Олис уфқларга кўзимни қадаб
Оппоқ хаёлимни чулғади туман.

Тотганим дард бўлди, чекканим ситам
Гўзал ғуссаларга бўлганман дучор.
Петербургда экан ризқу насибам
Териб ололмасам, менга нима бор?

***

Фойда кўзлайдиган бўлди одамлар,
Ҳар битта одимда топишчун танга.,
Қушлар галасидай бошида ғамлар
Ишонмай қўйишган «Буюк Ватан» га.

Кўнгилнинг ҳолини сўровчи мард йўқ,
Ҳисларнинг шавқини сурмоққа ошно.
Кўрмаган нокаснинг кўзлари қурсин.
Меҳр нималигин билмайди, эй воҳ!

Нафсига қулдир у,
наҳсига қулдир,
Кўзлари олдини тўсгандир парда.
Ғафлат дунёсида кетгайсан ўлиб
Эй, нафс жилвасига ошиққан банда!

Кофар уйқулардан бўлсангчи бедор!
Сиёҳинг қуриган, занглаганми руҳ?
Юрагинг атрофин қуршабди девор
Парчалаб ташлагин, одам бўлиб юр.

***
Ҳемиринг бўш бўлса, гапинг гап эмас,
Оёқ ости бўлар, сўзлашинг бекор.
Суврати одаму сийрати одаммас
Кўр кўзлари билан айлашар виқор.

Олчоқ, иблисларга қолди замона,
Ақчага сотила бошлади виждон.
Одамдан азизроқ мўҳташам хона,
Одамдан улуғроқ бўлмоқдадир нон.

Нафратдан ёрилиб кетсанг-чи замин!
Ҳайҳот!
эҳ,
узилиб тушсангчи фалак!
Бу не кўргулик?
бу нечук шафқат?
Охир замонму бу?
нимадан дарак?

Майли,
гуркирасин ҳар уйда ҳаёт,
Файзу баракага тўлсин хонадон.
Бундоқ юзсизликка чидасам наҳот,
Наҳотки, дунёда қолмаса инсон.

БАШАР

Бу кун башар ружуъ қўйган ҳашамга
Фақир мўминларни қилишмас писанд.
Агар ғарибгина бўлса гўшанганг
Қаҳқаҳа отишар, дўстлар, устингдан.

Қай томон кетяпти халойиқ, қаён?
Олға кетяптими, ёки адамга?*
Занглаган юраклар бўлмакда аён,
Нима бўлаяпди бугун одамга?

Майли осмонгача кўтар уйингни,
Димоғинг деворин айлагин баланд
Бироқ, кўтармасанг инсон кўнглини
Маъво тополмайсан бирор кўнгилдан.

Меҳр кўзгусига тушгандайин дарз
Башарнинг тилида ғийбат ва ҳасад.
Ажаб, кўрганларим бўлаяпти дарс
Наҳот, руй бермакда бугун қиёмат?!
Наҳот, руй бермакда бугун қиёмат?!

Изоҳ:
*Адам-йўқлик,

***

Ёмғирнинг юзига юзимни боссам,
Сочимни силаса саргардон шамол.
Томчилар товшидан яйраб қувонсам,
Яшил сайҳонларга сайр қилар хаёл.

Шаҳар шовқинидан юрагим зада,
Ёмғир ёғаберса бўлсам хотиржам,
Ғурбатдаги ғамлар исканжасидан.
Тобора сусайиб қолди хотирам…

Ҳаловат борлигин унутиб қўйдим,
Кел кўнглим, сенга бир яхшилик қилай.
Ёмғирлар сасига қулоқ солай жим,
Юракдан кулайин, юракдан йиғлай…

Намиққан баргларнинг тинглаб шивирин,
(Тўртинчи қаватнинг даричасидан),
Қарайман,
ҳаммаси гўзал ва ширин,
Аммо, дил синиқдир муз парчасидай.

ДЎСТЛИК

Дӯстим Рузибек ХУШВАҚТ га

Кунни қаршилайди елкама-елка
На макон тор келур унга, на замон,
Муҳаббат кўзи-ла қарайди элга,
Бахил-разилликни билмайди ҳамон.

На ҳасад, на ғараз, на бир адоват
Куртак ёзолмайди унинг дилида.
Бошига тош ёғса, қилади тоқат,
Анбиёлар зикри тушмас тилидан.

Қазо қилиб қўймас намозларини,
Ҳол-аҳвол сўрашни қилмайди канда.
Унга ўқиб бергум баёзларимни.
Унга ишонаман умримни ҳар дам.

У билан мароқли ўтади суҳбат.
Бир чучук каломга юрагим гадо.
У сим қоққанда чекинар зулмат.
Қоронғу дилимга сочади зиё.

Боримдан қувонар, йўғимдан кулмас,
Айтса ҳам, юзимга айтар кам кўстим.
Улфат деганлари шунчалик бўлар,
Шунчалик бўларда, бўлса ҳам дўстим.

****

Тирикликнинг қўлларида эрмак бўлдим,
бўҳтонларнинг найзасига кўксим қалқон.
Сўқмоқларда сирпанганда сергак бўлдим,
санқиб юрдим топиш учун бир бурда нон.

Дайдиб юрдим ёт шаҳарда қаландардек,
Петербургнинг кўчасида қайғуларим.
Кенглик бўлса ҳайқирсайдим шери нардек:
«Орзуларим сароб менинг, орзуларим».

Соғинчимни асов шамол олиб кетди,
» Ена» дедим йироқлардан берди дуо.
«Ена» дедим- «Ғурбатларда қолиб кетдим»
Енам деди: «Сен-ла бўлсин доим Худо».

Хароб бўлдим ситамлардан, ёлғонлардан,
Иғволардан, ғавғолардан, бўҳтонлардан.
Сирти сипо, ботини ғаш шайтонлардан,
Одамсифат ҳайвонлардан, ҳайвонлардан.

Ташвишларим, кўпдир менинг ташвишларим,
Қай бирини сўзлаб берай, айлай баён.
Битмай қолди қишлоқдаги кўп ишларим.
Дунё дедим, ҳийлалари бўлди аён.

Тирикликнинг қўлларида эрмак бўлдим
Ёлғиз қолиб машаққатнинг оғушида.
Менинг бағрим ғусса отлиғ ҳисга тўлди
Бир қўшмиш ғам қолди менинг ҳовучимда.

Осмонларга отдим ғамни оппоқ қушдай…
Нолон кўнглим шодон бўлди, султон бўлди.
Кунлар ўтар хаёл каби, хира тушдай
Туфроқ кўнглим шоён бўлди, осмон бўлди.

Мавҳумлик

Ташвишлар табимни айласа хира,
Устма-уст юмушдан қолсам зерикиб.
Тақдиримдан нолиб юрмайман сира
Мен нафас оламан кўчага чиқиб.

Шамол узоқларга олиб кетади,
Томоғимдан чиққан маъюс товушни.
Ўйин деб билмасман оғир қисматни
Ҳасрат, надоматга тўлса оғушим.

Ёлғондан чўчисам, ёза олмасам,
Энг гўзал шеърларни тушимда айтиб,
Юракнинг ҳовурин боса олмасам.
Қобирғамда қолиб кетади қайдим.

Мен кимман?
Ҳавога сачраган оҳми?
Ё ҳаққа интилган дарбадар банда?
Умримнинг китоби қорами, оқми?
Мен англай олмасман ушбу жумбоқни
Умрнинг сўнггига етиб келганда.

ЯШИЛ ОДАМЛАР

Яшил одамлар бор,
уларнинг қалби
Кўзни қамаштирар даражада соф.
Умр кечиришар Қаландар каби.
Качкули китфида, юраги офтоб

Яшил одамлар бор, яшил одамлар
Сўзлари юракка бўлади малҳам.
Бошида ой каби айланар ғамлар
тилидан тушмайди «бисмиллоҳ»,» алҳам»

Орзуси шаффофдир Зафар Носирнинг
Заррин хаёлида яшайди ҳурлар.
Хаёли мунаввар, ўктам шоирнинг
Заъфар нигоҳида чарақлар нурлар.

Асов шамолларга тутар бағрини
Яшил яфроқлардан завқ олиб яшар.
Ҳеч кимга кўрсатмас йиғиларини
Ҳазин ҳисларини сезмайди башар.

Андак чучук сўздан яшнар майсадай
Боладек соддадир, боладек ҳалим.
Ҳайрати ортади нур ёйилмасидан
Ям-яшил дарахтдек ўсар чайқалиб.

Кун сайин вужуди покланиб борар
У ёриб чиқади дил қафасини
Шоир шеъри билан ютиб юборар
Ичи қораларнинг қаҳ-қаҳасини.

Қалбига қулоқ тут, ҳамиша уйғоқ
Шеър айтар жарангдор, баланд товушда.
Кибру манманликдан юради узоқ
Ой нурин ичади ҳовуч-ҳовучлаб.

Ундан қолса қолар фақат яшил сўз,
Маънавий ҳаёт бор табассумида.
Оламнинг рангини излайди ҳануз
Мангулик муҳаббат тажассумида.

***

Сени соғинишни биламан, гўзал,
Кўзларинг эслайман юлдузга қараб.
Осмондек очилган юзингни кўрсам
Хаёлим чамани яшнар гуркираб.

Менинг қимматлигим, умрим зийнати
Айрилиқ қариди, келаяпти куз.
Шеърнинг тўлқинига дўнган қисматим
Совуш бермаяпди юракка ҳануз.

Сени севишни ҳам биламан, сулув,
Бағритош эмасман, бир оз мискинман.
(Сендан олисману сендек ёлғизман…)
Ҳижрон савдолари этмоқда ғулув
Ожиз қобирғамнинг қуйи қисмида.

Мендан олисларда не кечар ҳолинг?
Нечук баён этай қора тақдирни?
Менинг қимматлигим, орзу, иқболим,
Шамолга очайми совуқ бағримни?

Ёшлиги афсона, толеъи яшил
Вомиқу Узролар нечук саргардон?
Муҳаббат, ёшланган кўзларинг яшир,
Тотли дамлар билан сийласин гардун.

Сени соғинишни биламан, гулру,
Сабрнинг Ватани топмоқда завол.
Кўзларим чулғайди ҳадик ва қўрқув
Ҳажринг гуноҳ бўлди, кўз ёшинг увол.

***

Мен кўкларга айлайман парвоз
Хаёлотнинг оғушларида.
Кўнгил ҳолин изҳор этмак соз
Муҳаббатнинг товушларида.

Ғамдан зада бўлган юрагим,
Руҳим хаста, бу қандайин ҳол?
Тунлар мени ўйлайди ғамгин
Олислардан жилмайган иқбол.

Юлдузларга қарайман бедор
Кўзларимга қуйилар оқшом.
Жону дилдан бўлиб интизор
Висолига чорлар гуландом.

Мен кўкларга айлайман парвоз
Мовийликка юрагим хумор.
Тангрим, бу кўк, бу бўшлиқ аро
Юрагимни гуллатиб юбор.

***

Баҳодирга

Шеър ёзмагин дейсан, Баҳодир,
Тушгандайин сенга залворим.
Ботинингда не бўлди содир?
Сўрамадим олдингга бориб.

Тенгтўш жўра, сендан сўрайми?
Бу ҳаётнинг асл мазмунин?
Чўпчагингни бошга урайми?
Ё боғига кирай қайғунинг.

Мен арпангни ўрмаганман хом,
Қўй оғзидан олмаганман хас.
Ойдин тунлар сийласа илҳом
Сўзлар билан олганман нафас.

Биласанми ҳаёт завқи не?
Эшитдингми юрак дупурин.
Дайди руҳим тўйдиради шеър
Балки шундан шавқу сурурим.

Музтар қалбинг уйғотолмаса,
Вужудингга солмаса титроқ.
Шеъриятдан, шоир дўстингдан
Яхши бўлар бўлсанг узоқроқ

****

«Мен қишлоқнинг сўнгги шоири» *
«Қайсар шоир» дея олдим ном.
Юрак ёниб тугар охири
Сўнгги шеърим қилгунча тамом.
Мен мактабда ўқиб юрган кез
Ҳавас билан қарарди қизлар.
Тунлар менга «Шоир бола» деб
Кулар эди кўкдан юлдузлар.
Сигиримни ҳайдаб ўтлоққа
Қамиш йўниб чалар эдим най.
Ирғайимни отиб, булоқдан
Қониб ичар эдим пайдарпай.
Дўст тутиниб дарахтлар билан
Майсаларга бўлгандим сирдош.
Орзулари чўққидан баланд
Бола эдим юраги- қуёш.
У кунларим қайларда қолди?
Қайга мени юборди отиб?
Юрагимга аланга солди
Болаликнинг беғубор ёди.
«Мен қишлоқнинг сўнгги шоири»
Дайдиликни этарман давом.
Юрак ёниб тугар охири
Сўнгги шеърим қилгунча тамом.

*Есенин сатри

САВОЛ

Сен, қачондир севганмисан!?
Ишқ завқини туйганмисан?
Шеърлар ёзиб маҳбубингга
Шеър шавқини туйганмисан?
Кўзларингда олов борми?
Вужудингда борми лаззат?
Айт, севганинг вафодорми!?
Мажнун бўлган Қайсмисан, айт?!
(Ё айтишга уёласан.)
Учрашувга чиқдингми ё?
Қўлинг титраб бердингми гул?
Қандай гўзал бўлар дунё,
Гул лабидан олсанг улгу.
Ёруғ ҳислар ёриб чиқар
Юрагингнинг қафасини.
Ошиқ бўлиб сезганмисан
Муҳаббатнинг нафасини?
Маст қилдими мушку анбар?
Нечук ширин бўлди хаёл.
Ё қувончинг осмон қадар
Қилиб қўйди битта аёл.

***

Рости шеърҳои Лоиқро
Дар Мазори шариф намехонанд

Лоиқ Шералӣ

Тўғри тушунаман бу кун Лойиқни
Мазори шарифда олмадилар тан.
Қалбини титратди халойиқнинг
Унга унвон берди ардоқлаб Ватан.

Бу дунё мулкига қўйиб ҳирсини
Қишлоқдош дўстларим мақтар молини.
Гоҳ уйини мақтаб, гоҳ Lexsucини
Тамом қилолмайди қийлу қолини.

«Шеърингни ўқийди таниш-билишлар»
Гўё қизиқмасдай қишлоқдошингга.
«Шеър ёзасанми? » деб мазоқ қилишар
Тиржайиб кулишар яна қошингда.

Бир кун ўлиб кетсанг кўтарар кўкка,
Ҳозир шеър ёзишга сўрайсан изн.
Ҳозирча зиё соч қоронғуликка
Ўлсанг, варақларда қолгайдир сўзинг.

Мудроқ юракларни қилгайми бедор,
Ёниб ҳайқиришинг, Ҳаққа чорлашинг?
Ўлсанг, жанозангни ўқийди Фархор
Ўлмасанг, керакдир ойдин порлашинг!

***

Олов ёқдим ҳисларимнинг порхига,
Қулоқ тутдим чап кўксимнинг оҳига,
Шоирликдан кўнгил қолар гоҳида,
Ҳасратларга тўлиб кетдим, ёронлар.

Айтай десам, томоғимда нолам кўп,
Кўнгил ҳолин билмайдиган одам кўп,
Йиғлай десам, қароғимда жолам кўп,
Фурқатларда қолиб кетдим, ёронлар!

Уйқуларим қочди ҳижрат шаҳрига,
Кириб кетдим юрагимнинг қаърига,
Онам бўлса олар эди бағрига,
Ғурбатларда қолиб кетдим, ёронлар!

Дод айлайин десам, овозим етмас,
Ойни қучай десам, парвозим етмас,
Айтиб тугатмоққа баёзим етмас,
Ҳайратларда қолиб кетдим ёронлар.

Мен Одамман ёнгинамда Ҳаво йўқ,
Ишқ дардига, ёронларим, даво йўқ,
Менга кўнгил каби улуғ маъво йўқ,
Узлатларда қолиб кетдим ёронлар!

Ташналик

Мен ташнаман, жўра, жуда ташнаман
Ширин ғуссаларга яна юрак оч.
Эҳтимол кўксимни бекор ғашлайман,
Эҳтимол юрагим қуриган оғоч.

Ҳали ёзилмаган гўзал жумлага.
Гоҳида бўламан ғоятда хумор.
Румий ҳикояти ёд бўлди манга
Ҳофиз ғазалларин айладим тумор.

Мижғов ғийбатлардан, ҳасаддан холи
Ажойиб суҳбатга бўлдим интизор.
Турмуш ташвишлари келадир ғолиб,
Илҳом чечаклари сочганда ифор.

Шунда ҳам бўй бермас завқу иштиёқ
Жайдари феълимдан бўлмайсан, халос.
Менинг эътиқодим бўлмайди сиёҳ
Шоир кўнглим дейди: » Ёзгин, яна ёз! «
Мен ёниб ёзмоққа ташнаман холос.

****

Мудроқ нигоҳларнинг мангу хобини,
Уйғота оларми ҳайқириқ,
қутқу?
Менга ёвуқлашма, дун азобини
Руҳга иркитмоқчи бўлган ташвиш, ўй!

Ўпкамга уфурди майсанинг ҳиди,
Йўл олдим чайқалган гиёҳлар томон.
Бепарво ўтсанг-да сени танидим
Кўйлаклари йиртиқ болафеъл армон.

Калака керакмас, синалган тоқат,
Кўз юмсанг,
самога бўйлайди шеърим.
Ярим ой мўлтиллаб,
мунғайиб боқса
Ярим кечалари шеър айтиб бердим.

Ширин хаёлимнинг фариштасига
Айлан,
эй туйғумнинг тансиқ баёни.
Мажнунфел дарахтлар,
шоир дарахтлар
Ёрилай,
ёрилай сизга таяниб.

Қўл чўзсам,
фалакнинг бўйлари узун
Тақдирнинг измидан чиққан эмасман.
«Уҳ» десам мазоқман,
«оҳ» десам мажнун,
Дунёга тик боқиб,
яшадим қасддан.

Далалар,
чорлангиз,
чиқарай ҳордиқ
Бахмал ерингизнинг йўловчисиман.
Эй,
сизни безовта қилмайман ортиқ
Ер,
қуёш,
ой,
юлдуз,
адоқсиз осмон.

05.09.2024

МУДДАО

Аллоҳим, эсламай қӯйдим бир маҳал
Тириклик ташвиши солди ғалаён.
Қайғули кечмишим бӯлганида ҳал
Илтижо қилганим ӯзингга аён.
Ӯзим гуноҳкорман, ӯзим сенга қул,
Сен қодир эгамсан, менга тӯзим бер.
Воқифсан, ичимда андуҳларим мӯл,
Ғамзадаман ҳанӯз ёзолмайман шеър.
Аллоҳим, эсламай қӯйдим бир замон,
Азоб уқубатга чаланган чоғим.
Ӯзим ӯзим билан бӯлиб андармон
Янтоққа дӯндирдим гуллаган боғим.
Исмингни дилимга жойладим саҳар
Бӯйнимдан юлқинди чинқираб малъун.
Қонталаш жинлардан қолмади асар,
Илоҳий нурларга бурканди очун.
12.08.2016

***

Уфқни кузат,
Кузат осмонни
коинотнинг кӯзларига боқ.
Ӯтакасин ёриб дунёни
Зулумотни ёритар чақмоқ.

Бутун қишлоқ теран уйқуда
Чак- чаккилаб уйғотар ёмғир
Гулдурайди момогулдурак
Сукунатнинг юрагин ёриб.

Ярқирайди қиличдай ӯткир
Кенг фазони ёритган Яшин.
Юзга чайиб ёмғир дуосин.
Нам тортмасми ӯқдай кипригинг
Эшитганда Худо овозин.
Эшитганда Худо овозин.
19.05.2019

МУДДАО

Кӯз ӯнгимда дарё оқади,
Кӯз ӯнгимдан ӯтади ҳаёт.
Ҳаёт нима,
Тириклик надир?
Нечун яшамоқда одамзот?

Фурсат кечмиш мисоли дарё,
Ва ӯтажак кун, ой ва фасл.
Мақсад яшаб ӯлмоқми ва ё
Ӯздан кейин қолдирмоқ насл.

Биров яшар бир бурда нон деб,
Қолганига парвойи фалак.
Яна бири мол, ҳайвон деб
Бутун умр бӯлади ҳалак.

Илму фанга бағишлаб умрин,
Буюкликка етганлар айтсин.
Умр бӯйи елиб югуриб,
Қӯли қуруқ кетганлар айтсин.

Яшамоқнинг моҳиятини
Англай олмай азалдан балким,
Боболарнинг ривоятини
Талқин этиб яшаган халқим.

Билимларнинг сӯнгги нуқтаси,
Тан олмоқдир Худо борлиғин.
Илғай олсанг илоҳий сасни
Нурга дӯнар биру борлиғинг.

Нафс домига гирифтор умринг,
Наҳот қилсанг шамолга ҳавас.
Тирикликнинг асл мазмунин
Пайқамасанг энг сӯнгги нафас.

01.06.2019

***

Кундан кунга ортади гуноҳ
Кундан кунга кӯпаяр ташвиш.
Омонатинг
олсангчи Аллоҳ
Қутурган нафс қайраяпти тиш.

Қурқаман оҳ жон чиқар чоғим
Сарҳисобот қилганда умрим.
Ёниб кирдикорим ӯчоғи
Ҳузурингда тишласам тилим.

Даҳшат борми бунданда ортиқ,
Афсус борми бундан зиёда.
Зора эзгу амалим ортиб
Хушвақт бӯлсам икки дунёда.
27.10.2019

Сен яхшиси, қувон, йӯқ, ҳали
Бӯлмаганку қиёмат қоим.
Қаламингни синдирмоқ гали
Келди, ён, куй, тугатгин шоир.

Парчаланмай юрарсан токай,
Кучаймоқда юракдаги зарб.
Ӯз -ӯзингга тиларсан тоқат.
Нега? Ёрил, ишққа кӯчсин қалб.

Жигар қонинг кетсинда сачраб,
Мовий фалак варақларига.
Сен ётасан чалқанча қараб,
Жигарранг кӯк шафақларига.

На кавсарни айлайсан орзу
На биҳиштга бор сенда ҳавас.
Ӯртадаги тошу тарозу
Ниятингга эмасми пайваст?

Тавба қилгил, кӯзларинг очиқ,
Қабул бӯлсин оҳу зорларинг.
Ӯзинг англа, ӯзингдан кечиб,
Ҳаққа бординг, «Мен » лик қолмайди.

Кӯп сақладинг қалбинг тубида
Ишқ ӯтига беролмадинг тоб.
Кӯзларингдан чиқиб субҳидам
Юрагингга ботади офтоб.

Учқун олди ботинингда ишқ,
О, топгунча қанча адашдинг.
Кипригингга тӯкилди сиришк
Қизиғи қолмади яшашнинг.

Сен яхшиси қувон, яйрагил,
Алдоқ ҳисга бӯлма мубтало.
Танидингми қара, қарагил!!
Ҳақиқиси ягона Аллоҳ.

15.11.2019.

***

Охир тугаб боряпди бу ён,
Меҳрибоним, Раҳмоним , тавба.
Ӯз жонимга етказиб зиён,
Ӯз жонимга берибман зарба.
Ӯз қонимни ӯзим булғадим.
Ӯз лойимни айладим дағал.
Хатойимни энди илғадим
Ва ӯзига келмоқда бағал.
Мурувватинг тутмагил дариғ.
Умидимни айлама сароб.
Эй, воҳ, кечир, кечиргил Тангрим,
Мени бу кеч айлама хароб.
Айбдорман ӯзим олдингда.
Хонумоним сирқираб оғрир,
Мен соврилиб боряпман чоғи.
хотиротнинг аччиқ ёдидан,
Махфират қил, осий бандангни,
Оҳ бир қошиқ қонимда кечгил,
Очиб қӯйгил боғу чаманни
Борай, қора либосни ечиб.

17.12 ,2019

***

Тийдим, бугун тилимни тийдим,
Айтмоғимга йӯқ эрур ҳожат.
Оғиз очдим, лабларим куйди.
О, нақадар буюк бу вожа!
Ҳаяжонга тӯлди кӯзларим,
Заррин нурга эврилди бағрим.
Бу кеч мунча иссиқ музладим,
Ҳузурингда бӯлгандай Тангрим.

17, 12.2019

***

Юрагимга яқинроқ ӯтир
Сенга очай дилимни тағин.
Сен-ла ёлғиз қолиб, тил ютиб
Хомуш туришимга қарагин.

Унутаман сени кӯп марта.
Унутмассан мени ҳеч қачон.
Орамизда ёпиғлиқ парда
олсанг бӯлар бор сирлар аён.

Ӯша дамни қанчалар кутдим
Кутдим оппоқ саҳарлар маҳтал.
Юрагимни очайин энди
(Эй,сен Иблис, бермагил халал)

Мен— қатраман уммондан тошган
Мен — зарраман туфроқдан айро.
Менинг дилим саксондан ошган
Чолга ӯхшаб тунд, мотамсаро.

Менинг қӯлим қисқа етмайди
Пок доманинг тутмоққа ҳозир.
Ҳасратим бор ювса кетмайди
Келар кӯчкилардай устмауст босиб.

Шамол янглиғ нечук сарсонман
Гоҳ Қӯрғонда, гоҳ Фархордаман.
Дайдиликдан дил қолди ёмон
Ҳузурингга қачон бораман!?

***

Ботинимда ӯзга жаҳон бор,
Дилда дилдор ишқи бор ҳанӯз.
Ай санавбар ифоринг юбор
Хуморимнинг томирини уз.
Юрак- ишқдан очилган чечак
Ақл -жим бӯл, гапирма тамом.
Бир он ёрдан йироқда эсанг
Муҳаббатинг бӯлгайдир ҳаром.
Зулумотнинг пардаси аро
Иблис билан ётарсан токай,
Эй қалб, сенинг руйингдир қаро.
Эй нафс келгил бетингга боқай.
Дардинг билан нетарсан охир,
Бошинг олиб кетишга шайсан.
Муродингга етарсан охир
Парқув узра кулиб яшайсан.

Бир дустим…

Мӯмингина қобил йигит у
Уддасидан чиқар ҳар ишнинг.
Чалғимайди ӯтади енгиб
Қаршисидан чиқса ташвишнинг.

Гапга чечан, меҳнатга чайир
Бирам қувноқ, бирам хокисор.
Юрагини меҳрга чайиб
Чумолига бермайди озор.

Ногоҳ қолса киприги учиб
Дӯстларига борин берар у.
Керак бӯлса дӯстлари учун
Аямасдан жонин берар у.

03.09.2019

Бола

Ярақлайди ярим ой
Чарх урар кӯршапалак.
Ел изғийди ҳойнаҳой
Ичковук баргин силаб.

Ҳув тоғлар-чи нуроний
Ӯктамлиги бир жаҳон.
Лол қолдириб дунёни
Ҳувиллайди биёбон.

Чирқирайди кӯкқайроқ
Қораяди шом ғариб.
Ҳилпирайди бир байроқ
Бир маромда чайқалиб.

Ӯйнашмоқда жин билан
Ит дарғазаб ҳовлида.
Шеър тӯқийди бир бола
Ярим ойга жовдираб.

06,09,2019

РУҲ ТАРБИЯСИ

Умримиз уқбога тайёргарликдир,
Йӯлимиз равшанми, ёхуд сим-сиёҳ?
Ишқдан бошқа йӯллар тубан, жарликдир,
Ишқдан ӯсиб чиқар ҳар майса, гиёҳ.
Руҳни тарбиялаш керак ҳар лаҳза,
Шаффоф хаёл билан кӯриб дунёни
Ботинда имоннинг нурлари ёниб
Ишққа тӯлсин кӯнгил- илоҳий маҳзан,
Афсунгар туйғулар бари ботилдир,
Иблис гирдобидан сақлайлик ӯзни.
Бу ӯтлуғ очунда билсанг шоирлик,
Ӯзни тарбиялаш демакдир дӯстим.
Юрак йиғлайдию кулади кӯзлар,
Беҳуда куйиниб бӯзламас шоир.
Халқ учун яшайди, халқидан сӯзлаб,
Ӯз манфаатини кӯзламас шоир.
Худога топиниб улғаймоқ дуруст.
Ихлос, эътиқодсиз яшашдан кӯра.
Ҳақиқат кӯзига тик боқайлик дӯст,
Асли бу энг тӯғри йӯл эрур, жӯра.
Бу ёғини ӯзинг биласан, дастлаб
Мӯминлар саждага беш бор бош эгар.
Умр паймонаси тӯлиб кетмасдан
Руҳий тарбияга бӯлайлик эга.

****

Аллоҳим, тағин тонг оттирдим, шукур!
Сенинг гӯзал исминг айтиб бу саҳар.
Фаришталар гувоҳ малойика,ҳур
Сендан ӯзга илоҳ йӯқдир муқаррар.

Таваллоим сенга бӯлсин, Аллоҳим,
Тасанноим сенга бӯлсин, Аллоҳим,
Таманноим сенга бӯлсин, Аллоҳим.
Сендан ӯзга илоҳ йӯқдир ё Акбар!

Икки дунга сарвар ӯзинг, шоҳ ӯзинг,
Беайбу бенуқсон мангу пок ӯзинг,
Бор асрордан воқиф ва огоҳ ӯзинг,
Сендан ӯзга илоҳ йӯқдир ё Раҳмон.

Ӯз домига тортар нафсим қасдма қасд
Ёвуқ бӯлгин этма шайтонга ҳамроҳ
Фақат сендангина сӯрайман мадад
Фақат сендангина сӯрайман паноҳ.

Йӯлдан озсам Раббим айла ҳидоят
Карамлисан ӯзинг, раҳмдил ғоят.
Тангрим, менга ӯзинг, ӯзинг кифоят
Сендан ӯзга илоҳ йӯқдир ё Раҳим.

Кукда дея қилсам гумон гумонимдасан,
Қаён боқсам менинг дунёимдасан.
Кӯксимда, руҳимда иймонимдасан.
Сендан ӯзга илоҳ йӯқдир ё Аллоҳ!

2019-2020

*****

Қаттиқ ноним учун сенга ташаккур,
Қаттиқ жоним учун айтаман раҳмат.
Гарчанд бӯлмасамда шоири машҳур,
Бироқ, санъатингдан кӯзимда ҳайрат.

Гоҳо дарё кечдим, гоҳо кездим чӯл,
Ғариб қаландардек бемакон, сарсон.
Қалбимда исмингу елкамда качкул,
Йӯлимни ёрқин қил, яккаю Яздон.

Ғофилдек адашдим, қилдим надомат,
Қалбимга қоришди муқаддас ёдинг.
Меҳру меҳварингдан айрилиб қолмай,
Сийла, номинг билан ташлайин одим.

Барча малоиклар сенинг измингда,
Сенга тобеъ бутун борлиқ, халойиқ.
Радди бало бӯлур мангу исмингдан,
Барча ҳамду сано сенгадир лойиқ.

Биру борлиғингдан кӯнглим мунаввар,
Нафасингни туймоқ нақадар лаззат,
Даргоҳинг кенг эрур, сувларинг кавсар
Жамолинг кӯраман қаён қарасам.

Тавалло

Буюк исминг олсам тилимга
Оғир юкдан бӯламан халос.
Шавққа тӯлган шамоллар билан
Ҳузурингга жӯнатгум баёз.

Кӯнгилдагин билиб турасан.
Ҳар воқедан ӯзингсан воқиф.
Мискин сари бир солсанг назар
Ҳаяжондан кетгум ютоқиб.

Гуноҳлардан олис эт, ё Раб
балолардан айлагил фориғ.
Юрагимни ишқингга қориб
Талпинаман ўзингга ёлғиз.

Сиғинмоққа ўзга йӯқ илоҳ
Биру борим, бергансан иймон.
Даргоҳингдан ўзинг бер паноҳ,
Мушкулимни осон қил, Раҳмон.

Мурувватинг чегараси йўқ,
Шавқатингни турибман сезиб.
Рағбатингдан мудом кўнглим тўқ
Шукр қилгум, тилимда Ёсин.

Гоҳ эсладим, унутдим гоҳо
Меҳрибонсан, раҳимсан, билдим.
Сендан ўзга оламда танҳо
сендай ҳабиб топмайди дилим.

Орамизда аҳду вафо бор
қилмагайман ваъдага хилоф
Орзуим бор, бўлиб тақводор
Ибодатлар айлайин дилсоф.

Кўп қоқилдим, неча адашдим
Иштибоҳнинг сўқмоқларида.
шодликларим ғамга алмашдим
Ақлу виждон сўроқларида.

Ич этимни емирди оғриқ
Оятингдан изладим даво.
Хато қилдим, бундай хатони
ҳеч кимсага кўрмайман раво.

Айтай десам тилим бормайди
Ошкор қилсам ўртанар бағир.
Шодмон ака жуда рост айтди:
» Ҳақ ўзингга ӯзингдан яқин»

Яна сенга юзландим лутфан
Фаришталар минди елкамга.
Моҳтоб кулиб чиқиб уфқдан
деди: «Сенинг учун келганман».

Тавба қилдим, тун бўлди ғойиб
Мадад бергил ўзинг нажотсан.
Ўзинг ҳамду санога лойиқ,
Тангрим, ӯзинг мақтовли зотсан.

Иқрорман, сен ҳар нега қодир,
Таваллолар этгайман хомуш.
Мени ҳам бир мўмину қобил
бандаларинг қаторига қўш.

***

Мана олинг бор бисотимни:
Юрагимдан тукилган қонни.
Сӯрамангиз асл зотимни
Авлодиман Одам Атонинг.
Мени тафтиш қилмасдан олдин
Айтинг,
Туйганмисиз шамшир шавқини?
Шимдингизми ханжар лаззатин?
Сӯз қудрати, руҳнинг шовқини,
Сизни
ҳеч безовта қилганми, айтинг?
Руй берганми жонпарвар лаҳза?
Мамнунликдан тӯкканмисиз ёш?
Очилганми илоҳий маҳзан?
Қобирғангиз ичра бир қулоч.
Эслайсизми сиз ҳам Худони?
Мойилмисиз минг бор сужудга?
Хаёл каби афсун дунёни
Кӯрасизми хаёлдай, жӯрам.

Мана олинг бор бисотимни:
Уч тӯртта сӯз, уч тӯртта китоб.
Оқпарқувга дӯнган сочимни
Изтиробни қилмайман ҳисоб.
Ҳа, дарвоқеъ,
нечук ҳолдасиз?
Хаёлингиз нечун ошуфта?
Шоир бӯлинг, ҳолдан тоясиз
Ҳаётингиз кечмас осуда.
Фақат замин каби хокисор
Тоғ мисоли ӯйчан, сарбаланд
Зотларни эсланг…
Сизга юқсин юринг,
Юринг сӯнгги бор
Ҳаққа ошиқ
Мажнунлар билан.

Бир ҳикмат

-Касбинг не? -сӯради. Дедим -муаллим,
Хохолаб юборди серсоқол бола.
-Сабоқ бергил-деди. Дедим: кулмагин-
беҳуда, хижолат бӯлади одам.

-Адабиёт нима?- сӯради тағин
Менинг билимимни синамоқ бӯлиб.
-Арабча сӯз бӯлиб, адаб дегани
Эзгу хислатларнинг тарғиби, йӯли.

-Беш маҳал намозим қилмайман канда
Аллоҳ буйруғини биладирман фарз.
Сенчи, йӯриғинг не?
Айтдим мен яна:
Инсон ҳаётидан берадирман дарс.

Деди у: Бир ҳикмат сӯйлагин устоз
Ҳар ҳолда ҳаётда ҳикмат бир талай.
Айтдим мен: сӯйлагил ҳар доимо рост.
Одамдек яшагил сен ҳам ҳар қалай.

***

Устоз Шодмон Жўрага

Юрагинг ёзмоққа йўқдир дастурхон
Ишқинг варағини очмоққа бир дўст,
Ёру ағёрга ҳам қут берар Худо.
Турмушга тирмашган ҳамма синиқ кўз.
Кун-кундан мураккаб ҳаётнинг тарзи
Кундан кун нурафшон кун кўрмоқ душвор.
Кимдадир қон қусар арзимас қарзим
Кимнингдир руҳида ҳурпарвоз қуш бор.
Тангрининг назари тушган каслар бор
Ажиб улуғворлик нурдай мужассам.
Хаёли мавзуну юраги бедор
Чўллар ҳам гуллайди улар жилмайса.
Қадрини ҳис қилган бирорта мард йўқ
Кўнглини овлаган бирорта жўмард.
Кўзида ёғду бор, исёнида ўқ
Йиққани бир жевон китобу дафтар.
Чўлпондан сўрайми, Қодирийдан ё,
Руҳлари чирқирар агар уйғотсам.
Қўй Энди, қўшиғин айтсинда дунё.
Қўй Энди, қайнайди ғамларим ёзсам.
Машрабнинг хатидан хабаринг борми.
Воқифмисан Аттор мулоқотидан.
Ким англар, Мавлавий ишқу асрорин
Ким йиғлар бир марта Аллоҳ ёдида?
Исмидан жисмингни чулғар ҳаяжон
Журъат топ айтмоққа Аллоҳ мадҳини
Сен учун оқариб бормоқда осмон
Фош айлаб Аллоҳга муҳаббатини.

ЮК

Мен сенинг юкингни кўтаролмайман
Ичкин ҳолатингга эмасман ҳабиб.
Менинг ботинимда яшнайди чаман
Худди Усмон Носир шеърлари каби.
Юлдузлар олисдан боқар жилмайиб.
Ҳур бӯлиб ой чиқиб келади уфқдан.
Ой ёғду сочади момиқ ва Майин..
Ойнинг жилвасига ҳануз ошиқман.
Овозинг, унингдир мушкин, Зулфиқор
Ёзуғинг Семурғнинг парвози янглиғ.
Ӯшшайган лабингда қадимий виқор,
Ҳасратинг тиғ бӯлиб қиймалар қалбим.
Сенинг манзилингда сарғайган умид,
Шоир хаёлимни чимчилар ҳузун
Кун сайин бӯйлари ӯсар қайғунинг
Худога талпинар кун сайин руҳим.

ШАВҚ

Мен ҳам гӯзал шеърлар ёзаман ҳали
Ҳиссиз юракларга солади учқун.
Кӯксимда ураркан юрак чайқалиб
Денгиз мавжларидай қӯзғолар бир кун.
Бугун ёзиғимни ӯқимас ҳеч ким
Мен кетсам, ӯқирлар балки айлаб ёд.
Оппоқ ёғдуларни келади ичгим
Умидларга тӯлиб нурланса ҳаёт.
Қарзим бор кетмасман илло узмасдан
Ҳаққим бор менинг ҳам яшашга Шодмон.
Сӯзлар жилвасидан гоҳида мастман
Гоҳ дуннинг макридан қийналади жон.
Руҳда жилва қилар ажиб манзара,
Қофия тузаман бир бирига зид.
Гоҳ дилни осмонга отади фараҳ
Гоҳо ғуссаларла сийлайди Эзид.

***

Ложувард фалакка қарайман ҳанӯз
Оқпарқув ортини қиламан ҳавас.
Ям-яшил ӯтларга гоҳ бураман юз
Райҳонлар исига суғориб нафас.
Севаман нурларнинг товланишини
Насимдан чайқалган зилол сувларда.
Кӯксимда уйғотиб асов ишқимни
Тӯлишган шӯх қизлар кулар Ҳурлардай.
Хӯшрӯй чеҳраларнинг жилмайишида
Кӯргандек дарёнинг тӯлқинларини.
Қушларнинг сувларда юз чайишида
Хаёл қил кӯзада сув олган гулдай қизларни.
Кӯзларинг кӯрмаган гӯзалликлар бор,
Таажуб қилгайсан , ҳис қилсанг, кӯрсанг.
Ӯпкангни тӯлдирар анвои ифор
Юрак сайҳонига юзингни бурсанг .

****

Мени ӯлдирмоққа бир сӯз етади…
Шодмон Жӯра

Юрилмаган йӯллар меникидир бас
Юзларига ҳали қалам тегмаган.
Хаёлингга ҳали сира келмаган
Энг баланд сӯзлар бор, қилгулик ҳавас.

Дунё бор, қалбимнинг қай бир бурчида
Эшигини ҳеч ким очмаган ҳали.
Бир сӯз бор, айтолмам, тилим учида
Қайноқ улгуларнинг лаззати янглиғ,

Ё мени айларми бир умр сархуш,
Билмам, ғалатиман қачондан бери
Ҳатто ӯзимни ҳам қилгум фаромӯш
Ӯқиб ётганимда ажойиб шеърни.

Шоир кӯзларимда чайқалади ишқ
Вужудим ёнади, юрагим қонар.
Киприкдан сирғалар ғамангиз сиришк
Ҳеч кимга айтмаган сӯзим уйғонар.

Саҳарнинг оҳорли манзарасидай,
Анвои чечаклар ифоридай соз.
Сари-Хосор тоғин шаршарасидай
Қӯшиқлар куйлашга етмайди овоз

Бироқ, айтолмайман, қоламан ожиз,
Чалғиб қолиб ҳаёт чӯпчакларига.
Майин наволардан дил этганда жиз
Изҳор этолмайман ҳисларим нега?

Не дейин, тақдирнинг тақозоси бу
Ёзолмай ӯтарман балки умрбод.
Унумсиз меҳнатим бӯлса-да кӯзгу
Шеърият шавқида кечирдим ҳаёт.

Кӯролмас кӯзларга парво қилмайман,
Гоҳида тош отар, гоҳ қилур ғийбат.
Улар юрагида не бор билмайман,
Менинг юрагимда яшар ҳақиқат.

Айтсам тугамайди, айтмасам бӯлмас,
Бир-,бирин алдашдан сира тӯймайди.
Қисматнинг иблисваш кимсалари боқ
Шу зайл фараҳманд яшайдилар,
бас,

Бу ҳақда ёзишни жиним суймайди.
Яшадим бир умр бир сӯз ахтариб.
Ишқдан куйганлари қайта куймайди
Шу сӯзни айтарман бир куни қариб.

Недир қолиб кетди қалбимда Яна
Барибир қилолмам юракни холи.
Худойим буюрса бир кун айтарман
Унгача сир бӯлар дилимда қолиб.
Бир сўз…

Ҳикоят

Али Абутолиб ўз душманини
Ерга йиқитдию
фикридан қайтди.
Қинга солиб қўйди қиличини жим
Алининг юзига
жанг қилар пайти
Сачраганди рақиб тупуги пича.
Енгилган паҳлавон сўради ҳайрон:
Менга ўқтадингу ўткир тиғингни
Нега ўлдирмадинг, қилмадинг тамом.
Али айтди: сендан фарқим шу билсанг
Наъра тортмагайман сендек ғазабдан
Шуниси етарли олган бўлсанг тан.
Ўрмоннинг шеъримас Ҳақнинг шериман.
Худонинг йўлида қиладирман жанг
қонингни оқизсам бўларди аммо
Аллоҳнинг измидан чиққан эмасан
Аллоҳнинг қулиман, қаҳримнинг эмас

***

— Амалинг берилар ниятга қараб-
Дедилар бир куни Расули Худо.
Ҳақ йўлга интилсанг, ҳақни топарсан
Каж йўлни танласанг шайтондир ҳамроҳ.

 

Худодан сӯра

Худонинг борлиғини аҳли иймондан сӯра,
Маҳбубу ёрлиғини Вола, шайдодан сӯра.

Ишқ овози келдими? Най навоси келдими?
Дил ҳаваси келдими? Руҳи равондан сӯра.

Чечакнинг кулгуларин, шамолнинг улгуларин
Хуш анвои гулларин, боғу боғбондан сӯра.

Шафақлар қонга тӯлса, шамъи шабистон бӯлса,
Малаклар урён кулса, охир замондан сӯра.

Яздоннинг бақолиғин, гардуннинг фанолиғин,
Ғарибу танҳолигинг йӯлчи сорбондан сӯра.

Ӯздан кетса ихтиёр, Юрсанг зору беқарор,
Саҳрога бор, тоққа бор, еру осмондан сӯра.

Жунунвор ҳолинг қани? Ойдин иқболинг қани?
О, сенинг Лайлинг қани? Моҳи тобондан сӯра.

Ошиқона оҳингни, Оташин нигоҳингни,
Юрагинг титроғини, чашми гирёндан сӯра.

Оловми бу, қорми бу? Ошкорми, асрорми бу?
Ағёрми, ё , ёрми бу? Ҳолини билғондан сӯра.

Синдирган қаламингни, Мақсаду матлабингни,
Ӯтли муҳаббатингни, ёлғиз Худодан сӯра.

***

Мени ҳайданг, берманг менга йӯл
Оч бӯридай юргум дарғазаб.
Бенаволик айлаганим йӯқ
Куйламоққа ичганман қасам.
Шавқ ӯтида ёндим чарсиллаб
Уфқ ортимда, дунё ортимда.
Кулдим дарду ҳасратим билан
Дӯст олдида, душман олдида.
Ай ғофиллар кулаверманг, бас,
Ботинимдан эмассиз воқиф.
Ай маҳбублар, қилмангиз ҳавас
Масту хандон ҳолимга боқиб.
Ошиқ ҳолим жунун ҳолим бу
Ай соқийлар узатинглар май.
Ишқсизлардан аламзада рӯҳ
Қадаҳ кутаради пайдар-пай.

****

Улкан шаҳар яқоларида
Качкулимни олиб юрибман.
Ишқ акси бор қароқларимда
Танҳолардан танҳо ғарибман.
Чулғаб олди маъюс хаёллар
Тошнигоҳлар бағримга ботди.
Жигаримга найзалар қалаб
Ӯтди совуқ шаҳарнинг боди.
уфқ кӯринар маҳзун ӯксиниб
Хайр дейман Бохтар бепарво.
Йӯлга тушдим, бир дил ӯкинди
Ҳамроҳ бӯлиб тоғ- тошлар аро.
Качкул қӯлда уйга отландим,
Қолиб кетди ҳасрат, андӯҳим.
Қуюшқондан чиққан от янглиғ
Бир силкиниб кишнади руҳим.

***

Ӯз жонимга тилайман тӯзим
Ӯз кӯнглимга тилайман шафқат.
Севиб қолдим ӯзимни, ӯзим
Кӯкрагимда кулди муҳаббат.

Англадимки дунё бевафо
Мен ӯзимга ӯзим хайрхоҳ.
Ҳемирингда йӯқса ҳеч вақо
Ҳатто итинг ташламас нигоҳ.

Ютганларинг бӯладир зуқум
Симирганинг бари заҳролуд.
Афт-ангоринг чулғаркан ҳузн
Тасаллолар бӯлмайди дору.

Жон- ахлатга ташланган сӯнгак
Жон- тоғдаги булоқдир яқийн.
Бардош берар барига юрак
Ӯз дилингдан топарсан таскин.

Худо ҳаққи ҳар нега қодир
Мен гоҳ зору нотавон касман.
жиндак сӯздан ҳол-жоним оғрир
Чиқолмайди юрак қафасдан.

Менинг ҳолим биладир аён
Қишдан мужда келтирган қарға.
Манглайи шӯр шоирман бешон
Ӯз уйидан бӯлган бадарға.

Ошуфта -руҳ, озурда- ёдим;
бошим урай қайси деворга.
Мен бежизга келдимми айтинг,
Воҳ, келибман балки бекорга.

Сарду хомуш тоғларга қараб
Кӯнглим олиб кетарман бир кун.
Туманларда қӯл силкир ақраб
Муродимга етарман бир кун.

Оқсоқ умид, оппоқ орзулар
Армонларга бичади кафан.
Дам бӯзлайди, дам кулар кӯзлар
Ӯз ӯзидан бӯлгандек хафа.

Афсус, ёвуқ келмайди ӯлим,
Хаёлларим шамолдай ғариб.
Афсус, сенга етмайди қӯлим
Қӯлингни бер, йӯл кӯрсат Тангрим.

 

Румиёна

Мусиқордан баланд овозинг
Ҳеч бир куйга, унга сиғмайсан.
Олам, одамлардан жудо ишқ-
сен мазҳабга, динга сигмайсан.
Дийдаву дил, дийдорга мойил,
Сен унга, ҳам бунга сигмайсан.
Туну куним айладим бахш,
Сен тунга на кунга сиғмайсан.
Жон завқингда олар ҳаловат
Ақлу тасаввурга сиғмайсан.

***

Ҳой ҳаваслар, маиший ҳислар,
борлиғимга қилганда ҳужум
Лабга олдим номинг қӯққисдан
Тилга кирди тавбаву сужуд.
Томоғимда туйдим найшакар,
Димоғимда биҳиштий мушкни.
Бу нечук ҳис, бу қандай ахгар.
Муҳаббатга тӯлди оғушим.
Хушнафас бод, бу обу оташ
Тинглармиди дод-фарёдимни.
Совургай деб бӯлур кӯнглим ғаш
Ёғдуларга дӯнган ёдимни.
Ишқ ичинда оҳ урдим минг бор
Очун бӯлди оҳларимга ёт,
Бахш айладинг, сӯнг парвардигор
Алангали, исёнли ҳаёт.
Ҳам қатрада, дарёда кӯрдим,
Ҳам яғмода, ҳалвода кӯрдим,
Ой рухсоринг, офтоб жамолинг
Ҳам зулматда, зиёда кӯрдим.
Ёр, домингда доналарим хом,
Ёр, комингда хоналарим бӯш.
Сенсиз нафас олмоқлик ҳаром
Ёр, ёдингда ёнганларим хуш.
Узилмасман маҳшарга қадар,
Сӯнгги бор ҳам этмасман видо.
Кулиб айтгум (очилганда дар):
«Ассалому алайкум, Худо!»

ЮКСАЛИШ

Кӯнгил -очун ғамидан фориғ
Руҳ кӯшкида ишқ урар жавлон.
Қайдан билсин бедард бу оғриқ
Яратгандан эрур армуғон.
Ташвишларни айладим сургун,
Савдоларнинг бекас даштига,
Нечук бахтдир яшаш мен учун
Аллоҳимнинг мовий ишқида.
Тутдим тақво қӯлини маҳкам,
Хомушликкка қӯйган чоғ ружуъ.
Андуҳларни айладим адам
Доим кулиб яшамоқ учун.
Энди ортиқ урмайман ханжар
Нуқсонларнинг беюз аксига.
Қудус отин ёзаман , ажаб
Хаёлотнинг садаф нақшига.
Узоқ йӯлни босдим беҳуда
Кадарларда юрдим ложарам.
Бу кеч не тонг келди хуш мужда
Нечук назар, бу нечук карам?!
Сийлагани рост бӯлсин илло
Соф ёғдулар бӯлмоқда зуҳур.
Тугади кӯксимда инқилоб
Қанот қоқиб юксаляпди рӯҳ.

***

Ёмғирлар йиғлади, мен кулиб утдим,
Қабрлар йиғлади, мен кулиб ӯтдим.
Кипригига осиб дунё дардларин
Сабрлар йиғлади, мен кулиб ӯтдим.
Шодмон Жураев

Ишқ завқида фароғатлар бор,
Бошда синар минг битта харсанг.
Буюк дардга бӯлганда дучор
Ярашади кулиб яшасанг.

Қорачиқда не этди жилва?
Юрагингга нени қилди жо?.
Илғайсанми шу ҳолинг билан?
Рӯёбига етди илтижо.

Ор-номусинг бӯлмайди монеъ
Ӯқиб ётсанг ишқнинг баёзин.
Ҳур парилар гирдингда сомеъ
Мушки зарҳал сочларин ёзиб.

Ошиқ ҳар дам камонга нишон
Бу оғриқнинг ширин азоби.
«Ишқдан бӯлдинг, ӯлгил бас, ишқдан.»-
Бу умрингнинг сӯнгги хитоби.

Самовийдир сен учун гардун,
Лабда: «Ло илоҳо иллолоҳ»
Парқув узра яшайсан мамнун,
Иншоллоҳ,
Иншоллоҳ,
иншоллоҳ.

***

Кун- кӯзимга санчилган найза,
Тун- кӯксимда йиғлаган мотам.
Мен- ӯзидан кечмаган кимса
Мен- ӯзига сиғмаган одам.

Аччиқ сӯзлар олар ёқамдан
Аччиқ зумлар хотиротидай.
Мен дунёни кетмам орқалаб
дунё қолар менинг ортимда.

Ғам ширину жонимга зиён
Босиб келар олис олисдан.
Токай кӯнглим, шоён парешон
Гуссалардан нафас оласан.

Сӯраганинг сувдай ҳувайдо
Тилаганинг кун каби зоҳир.
Токай муру малахлар аро
Иблис каби яшайсан охир.

Ишқ-мақсадга кӯчган жараён
Ишқ- Лайлидан келган хуш мужда.
Қ аён боқсанг кӯрасан аён
Кечиб жону дилу вужуддан.

Қандай гӯзал, қанчалар жирканч
Йӯлни босдим, ҳабибим, иним.
Энди туйиб кетаётирман
Парвардигор муҳаббатини.

Менга йӯлдош ишқ билан иймон
«Бисмиллоҳ»-и жонимга малҳам.
Қафасларни синдирдим тамом
Унга қушиб қаламимни ҳам.

Куз- йӯлимга сочилган чечак
Теваракда қотиб қолган қиш.
Қандай гӯзал, исёнли кечар
Қайтиш, қайтиш, ӯзингга қайтиш.

Men bu yo

58

Men bu yosh yigitga qarab hayratlandim, bu misralar ishqiga qanday ilinibdi ekan deb. Bu misralar ma’nisini har kim hazm qila olmasligini bu maqom juda baland, uning holini aytish, tushuntirish, o‘rgatish bilan olib bo‘lmasligini, bu ishlar faqat Parvardigor inoyati bilan amalga oshishini bilganim sabab, har kim o‘zi pishib yetib borishi kerak bu holga dedim.

SHOIRLIK BAXTI
Shodmon Jo‘ra
Tojikiston va O‘zbekiston yozuvchilar uyushmasi a’zosi


Kunlarning birida bir yosh yigit, o‘sha payt talaba bo‘lsa kerak (2012 yil edi chamamda) menga hazrat Navoiy g‘azallaridan ikki misrasini ko‘tarib kelib, ma’nisini aytib berishimni so‘radi:

Ey Navoiy so‘zda ma’ni yo‘qdurur, ma’nida so‘z,
Duri ma’ni istar esang aylagil guftor bas.

Men bu yosh yigitga qarab hayratlandim, bu misralar ishqiga qanday ilinibdi ekan deb. Bu misralar ma’nisini har kim hazm qila olmasligini bu maqom juda baland, uning holini aytish, tushuntirish, o‘rgatish bilan olib bo‘lmasligini, bu ishlar faqat Parvardigor inoyati bilan amalga oshishini bilganim sabab, har kim o‘zi pishib yetib borishi kerak bu holga dedim.

Analhaqni ko‘zlagan ko‘ngil
Past doriga o‘zini osmas.

deyilganidek bu yigitning nazari balandligidan quvondim. She’riyat maydoniga yana bir haqiqiy shoir kirib kelayotganini yuragim his etdi. Mening oldimda talabalardek iymanib, tortinib turgan yigit shoir Rahmatullo Abdulhatov edi.

Zamona-molparast, she’rparast emas. Go‘zal qofiyalar bola boqmaydi degan bir zamonda she’riyat shaydolari, she’riyat fidoyilari ukalarimning qalamlaridan go‘zal, dilbar she’rlar tug‘ilayotganini ko‘rib quvonaman. Bunday fidoyilik uchun ularni quchib, bag‘rimga bosgim keladi.
U she’riyatni qismat deb bilgan shoirlar sirasiga kiradi:

Faqat shu hislarim meni etdi fosh
Faqat shu yurakka urdim shamsherni.
Ko‘ksimning qa’ridan chiqaryabdi bosh
Bir umr kutganim, qismatim-she’rim.

Shoir — go‘zallik oshig‘idir.

Muhabbat ham, dardu hasratlari ham shu oshiqliq ifodasidir. Faqat haqiqat muhabbatga o‘rangan so‘zlargina mangulik libosini kiyarlar.
Asl shoir asli musavvirdir, uning mo‘yqalami — tuyg‘ular jilosidan rangini olgan so‘zlaridir::

Ko‘rinishim o‘ta telbaday
To‘g‘ri bir oz xayolparastman.
Sevganda sevaman o‘lguday
O‘lay agar ishqidan mastman.

She’r o‘qiyman Rauf Parfidan
Goh yodlayman Shavkat Rahmonni.
Usmon Nosirni goh ta’riflab
Qo‘ldan qo‘ymagayman Cho‘lponni.

Hissiyotim Himolay qadar
Tinchlik bermas dilga o‘t qalab.
Ko‘zlarimga sig‘dirdim sahar
She’riyatni mayda-maydalab.

Daraxtlarga dardimni aytdim
Qushlar bilan qurdim xush suhbat.
Yoshligimning gullagan payti
Yuragimga kirdi muhabbat.

U shu so‘zlar vositasida muhabbatning taftini, sog‘inchning ko‘zlarini, ezgulikning yuzlarini chizadi. O‘z botiniy dunyosini ifodalaydi va shu dunyoda yashab o‘tadi.

Haqiqiy shoir o‘z ijodkoridan nari ketmaydi, o‘z misrasiga singib boradi. «Meni izlaganlar sherlarimdan izlasin» degan ekan shoirlardan biri. Shoirning qalbidan to‘kilib latif, dilkash she’rga aylangan jazzob tuygular maqtovga muhtoj emasdirlar. Uni his qilish kerak, zavqlanish kerak va olib o‘tish kerak yurakdan asrab.

Ha, darvoqe’ shoir ukamiz Rahmatulloning she’rlari qalblarga ajib bir holat, zavqu shavq bag‘ishlab, odamni yorug‘ bir olamga yetaklaydi:

Oy nuriga cho‘milib oqshom
Yog‘dulardan yaraldi she’rim.

Shu emasmikin shoirlik baxti…

Shoir ukamiz Rahmatulloga she’riyatning qadam yetmagan yuksakliklari nasib etishini tilab qolamiz.

Rahmatullo SIROJIDDIN
SHЕ’RLAR


Rahmatullo Sirojiddin (Abdulhatov) yangi davr she’riyatiga endi kirib kelayotgan yosh shoirlar sirasiga kiradi. U 1994 yilning 22-yanvarida Tojikiston Jumhuriyatining Xatlon viloyatiga qarashli Farxor nohiyasida, Murodbaxsh qishlog‘ida tug‘ilgan. Shu qishloqdagi 47- Urta umumta’lim maktabida 2001-2012 yillar tahsil oladi. So‘ng Qo‘rg‘onteppa shahridagi o‘qituvchilik Kollejiga kirib, o‘quv davrini 2015 yil tugatib o‘rta maxsus ma’lumotga ega bo‘ladi. Bir muddat zavod va qurilishlarda ishlab, So‘ngra 2017 yilning avgust oyidan 2021 yilning mart oyigacha Nosiri Xusrav (Beshkent) nohiyasining 25 UUTMaktabida o‘qituvchilik fa’oliyatini boshlab, keyinroq 5 -O‘UTmaktabida direktor o‘rinbosori, direktor vazifasida ishlaydi. Bir muddat «Do‘stlik» gazetasida «Katta muxbir» bulib fa’oliyat yuritadi.
She’riyatga ixlosi, ishtiyoqi bolaligidan ildiz otgan bo‘lib, dastlabki yozuqlari «Xalq ovozi» » Do‘stlik» va «Beshkent» gazetasida bosilib chiqqan. «Orzu gullari» (2017), » Najot eshigi» (2024) majmualarining muallifi. «So‘zning rangin jilolari» va «Do‘stlik chamani» almanaxlarida ham bir qator she’rlari o‘rin olgan. Shoir faqatgina ijod bilan to‘xtab qolmasdan tojik she’riyatining zabardast shoirlaridan Habib Yusufiy, Qutbi Kirom, Loyiq Sherali, Gulnazar Keldi, Gulruxsor Safiyeva, Askar Hakim, Saidamir Amak, Ozaraxsh, Voris, Shoirabonu Rahimjon, fors nazmidan Xolida, Furug‘, Nodir Nodirpur, Furug‘ Farruxzod she’rlarini va rus she’riyatidan Marina Svetayeva, Dmitriy Kravchenko, Olga deynega she’rlarini mohirlik bilan o‘zbek tiliga o‘girgan.


QISMATIM-ShЕ’RIM

Tilyog‘lamalik qilish odatimga yot
Xushomadga tobe’ emasdir ko‘nglim.
Jaydarife’l qilib o‘stirdi hayot
Balki shuningchun bir tekismas yo‘lim.

Mijg‘ovlik qilmadim,
Qilmadim g‘iybat,
Malomat qilmadim birov ortidan.
Birovga aytmadim tushsa musibat,
Dardimni yashirdim do‘stu yorimdan.

Bag‘rimda tikonmas gul o‘sib chiqdi
Gulshanim-muhabbat, qurolim-shafqat.
Bilmayman, ne uchun buncha qiziqdim,
Tuyganim g‘urbatu, yiqqanim hasrat.

Faqat shu hislarim meni etdi fosh
Faqat shu yurakka urdim shamsherni.
Ko‘ksimning qa’ridan chiqaryabdi bosh
Bir umr kutganim, qismatim-she’rim.

TASALLO

Men ketsam, bu dunyo huvvillab qolar…
Shodmon Jo‘ra.

Men ketsam, so‘rarlar qani shoir deb,
Bir shirin kalomga bo‘lganlar mushtoq.
Atirgul bargiga she’rim berar zeb,
She’rimni yod olar jamiki ushshoq.

Ortimdan ergashar shabbada — sayyoh,
Poyimga hur tikar chaqmoqdan choriq.
Inshoolloh, a’molim bo‘lmaydi siyoh,
Oqparquv ustida chiqargum hordiq.

Umrida she’r nima bilmagan kaslar
Men ketsam, izimdan qilishar so‘roq.
Suratimni chizib, deydilar dastlab:
«Xayollari chaman, orzulari oq.

Ajib inson edi, shoir edi u»…
Men ketsam, kengayib qolmaydi gardun.
Men ketsam, sochini yuladi ohu
Oy bo‘lib o‘g‘limga aytmaydi afsun.

Yaxshisi, men borman, yaxshisi hozir
Eng go‘zal kunlarni yashab olay man.
Men ketsam, hech vaqo bo‘lmaydi sodir.
Eng ezgu kunlarni oshab qolay man.

ShЕ’R

Qorong‘u kechaga,
Qop-qora devorga yozaman she’rni
So‘zlardan yorishib ketadi xonam.
Tunlar ertak aytib,
Bor mehrin berib
Meni shoir qilib tuqqandir onam.
She’rni yolg‘izlikda yozaman
yolg‘izlikda o‘qiyman she’rni.
Chayqalaman shaffof
To‘lqinlar kabi
Hayqiraman jo‘shqin daryolar qadar
Ko‘ngildan kuy oqib keladi foram.
Gulu maysalarga yozaman
nafas
Olajakdir gullar sochgan ifordan
Oppoq bulutlarga yozaman
go‘zal
Musaffo tonglarga yozaman she’rni
Tog‘larga yozaman boychechak bo‘lar
Daraxtga yozaman bo‘ladi gulbarg
Osmonga yozaman oychalik bo‘lar
Yulduzday to‘kilar yurakdan so‘zlar.

****

Angladim,
sevgilim,
sensiz dunyoning
menga sira tatimasligini.
Shirin xayolingga ichikkan ishqning
ishtiyoqi mudom tinmasligini.
Umrning qog‘ozi to‘ldirdim xatga
Yurakka yoqmadi borliq shovqini
Ko‘zlarim to‘lyabdi sog‘inch, hasratga
Aytib berolmayman uning shavqini.
Masrur yasholmayman sensiz sevgilim.
Kulishni bilaman, na-da yig‘lashni.
Afsus o‘ldiradi, mag‘rurlik qildim
Endi,
Sensizlik keltirar g‘ashimni
Yolg‘izlik keltirar g‘ashimni
Olislik keltirar g‘ashimni.
Sen yurayotgan yo‘lga,
sen olayotgan havoga
Sen yashayotgan dunyoga kelyabdi rashkim.
Muvozanatin yo‘qotgan vayron kemaday
Chayqalaman bir yerda hayronu nolon.
Bir qoshiq qonimdan kechgil,
Na qilay,
Savolga to‘ldirdi jismimni hijron.
Quloqqa kirmaydi hatto musiqa.
Senga aytolmayman ma’yus holimni.
G‘ussalar tobora ruhimni siqar.
So‘ylab o‘tirmasman qiylu qolini
Xotiring gulshanin qilmasman siyoh.
Yorug‘ manzarangni saqlayman dilda
Shanu sharafingga tushirmayman dog‘
Xat yozaman, baxting, umringni tilab.

****

Yomg‘ir tinmay yog‘ar, uvvilar shamol,
Kimdir allaqanday qo‘shiq aytadi.
Junjikkan sirenlar tebranar behol
Sertashvish odamlar uyga qaytadi.

Yomg‘ir yog‘ib o‘tar tomchi-tomchilab
Yashil sochlarini taraydi daraxt.
Yolg‘izim, yolg‘izlik, dilni qamchilar,
Turaman chorasiz yomg‘irga qarab,
Bosh egib xo‘mrayib dil derazasidan.

O‘pkamni sil qilar bu dardu g‘ubor.
Sevgilim, siynangning chap qafasidan
Men uchun adoqsiz nomalar yubor!
Sevgilim, siynangning chap qafasidan
Men uchun adoqsiz nomalar yubor!

***

Hali tinmasidan qushlar sayrog‘i
Ufqqa cho‘kmasdan yog‘dular hali.
Bexosdan uyg‘onib dilning titrog‘i
Sen tomon talpina boshlar, go‘zalim.

Yodingdan o‘chmasdan gina va kadar,
Hali bo‘lmasingdan visol tashnasi.
Soyangni izlayman g‘urbatda, dilbar,
Ko‘ksimda qaynaydi g‘amlar chashmasi.

Hali nigohingda umid so‘nmasdan
Ruhing daraxtini kesmasdan ochun.
Ko‘zingda ma’yuslik uyg‘onmasidan
Keladi qalbimiz qovushadigan kun.

ILTIJO

Boshpanam bor, boshim omon, oshyonimdan, ayirma.
Shukr etmasam men pushaymon, osh-nonimdan ayirma.

Ishq deganim qayg‘u bo‘ldi, ichganim og‘u bo‘ldi,
Sarxush damlar bir zum bo‘ldi, xush onimdan ayirma,

Yuragimni gulzor etgan, man oshiqni yor etgan,
Bo‘sag‘adan kulib chiqqan jononimdan ayirma.

Bu dunyoda kim ulfatga, kim zor ekan suhbatga,
Suhbatlari malham bo‘lgan insonimdan ayirma.

Savdolarga berdim bardosh, g‘avg‘olarga urdim bosh,
Farog‘atda siylab qo‘ygan imkonimdan ayirma.

Zulmatlarda qolgan chog‘im, nurga to‘ldi quchog‘im,
Yorug‘ yo‘lga olib chiqqan iymonimdan ayirma.

***

Ko‘zlarimda chaqnab ketdi zavq
Ishq jonimga tashladi olov.
Yozuqlardan qoraygan varaq
Dardlarimga berolmaydi tob.
Shovqinlarni xush ko‘rar shahar
Suronlarga hushim yo‘q mening
Orazingni ko‘tsatgin dilbar
Sendan boshqa ishim yo‘q mening.
Ovozingga yana xumorman
Vatsapingni yoqib qo‘y, dildor.
Bog‘lanoymay sabru qarordan
Judo bo‘ldim, ey sevimli yor!
Kvartira derazasidan
Ko‘rinadi binolar xushro‘y.
Nechun yozdim hijron haqida?
Nega umid ko‘rsatmaydi bo‘y?
O‘zga shahar eslatib turar
Mendan qancha olisligingni.
Dil huvillar, angladim Go‘zal
Sensiz yana yolg‘izligimni.
Dilga botar ayriliq toshday
o‘ylaysanki ishqim yo‘q mening.
Seni sog‘inishu sevishdan
boshqa biror ishim yo‘q mening.

***

Men tunga bag‘rimni ochdim noiloj
Osmonga qaradim, oyga qaradim.
Ko‘nglimning hovuri tushsa-da bir oz
Tabim yozilmadi, yuragim yarim.
Hordiq vujudimdan sirg‘alib kelar
Derazadan oyga yuzimni bossam.
(Ko‘zni yum, ko‘ngilga kelmaydi nelar,
Xayolning sayhoni samodek toza.)
Men bag‘rimni ochdim, ko‘zimni yumib,
Giyohlar ifori dilni qildi shod.
Ko‘ksimga qamalgan g‘arib orzumni
Bir lahza qafasdan ayladim ozod.
Men tunga bag‘rimni ochdim…

NAFS

Seni jazolashning halovati bor,
Kel, bir ta’ziringni berayin, ey nafs.
Shuncha quturganing yetar, jafokor,
Seni bir jazolab qo‘ymasam bo‘lmas.
Yo‘limdan ozdirding, domingga solding,
Toat, ibodatdan aylading uzoq.
Bugun sen mag‘lubsan, bugun men g‘olib
Ojiz, achinarli holatingga boq.
Sen bir ajdarhosan, yetti kallang bor
Yetmish ming nayranging shaytondan yuqqan.
Yurish-turishingda kibru ta’ma bor
Men bilaman seni Azozil tuqqan.
Endi bor, dardingni Iblisga aytgil
Ko‘nglim saroyidan etaman badar.
Boshqa ko‘rishmaymiz, umid qilmagin
Alvidolar senga, qiyomat qadar.

HOLAT

Oppoq bulutlarga, zangori ko‘kka
She’r o‘qib beraman agar xohlasam.
Bu g‘alat tuyulsa, shoirga o‘xshab
Go‘zal qoyalarga o‘ychan boqaman.
Yalqovligim tutsa, ishga bormas qo‘l,
Ne qilarin bilmas telbaday hayron
Tog‘u toshlar tomon yana olgum yo‘l
Menga yaqin bo‘lib qoladi osmon.
Bu yerda har xarsang, har tosh muqaddas,
Yangi sabzalarga termulaman shan.
O‘mbaloq oshaman, bag‘rim ochib mast.
Umidlar, havaslar gul kabi yashnar.
Xayolni chulg‘aydi yoqimli afsun.
Meni ilg‘amaydi hech kim bu yerda
Uzoq uzoqlarga termulib mamnun
Yurakning xummorin yozaman she’rdan.

***

S….. ga

Oyog‘in yalaydi boshlig‘ining u,
«Eshagin sug‘orib pulini olar».
Erkaklik g‘ururin yo‘qotgan majbur
Poyini zanjirlab qo‘ygan ulkan qarz.
U tayyor boshlig‘i yo‘talgan mahal
Har doim tik turib «labbay» deyishga.
Boshlig‘in oldida hozir «mutahham»
Shu bois o‘zini baxsh etgan ishga.
O‘z ahdiga inson o‘zidir tutqun,
Ozod bo‘lolmaydi, va’daga sodiq.
Boshida boshpana borligi uchun,
Bor kuch quvvatini aylaydi tortiq.
Tushunsa bo‘ladi, tushunmasa ham,
Bardoshi po‘latdan, joni temirdan.
Sevganin oldida ichilgan qasam
Kabi og‘ir yuk o‘z bo‘yniga kishan.
Erku ixtiyorin aylagan zabun,
Tilini tishlagan, qalbini yegan
Vujudi toliqqan, ko‘zlarida mung.
Zo‘r kelsa, erkak ham yig‘laydi ekan.
Ishdan zavqlanmas, yuradi xomush,
Bahor o‘tib ketar, kirib kelar yoz.
Ichikib yashaydi, ko‘ksidagi qush
Avvalgiday erkin qilmaydi parvoz.

24,02,2024.

***

Sovuq nigohlaring qo‘rqitmas mani
Menga juda tanish xunuk basharang.
Sen mening do‘stimsan, yaqin dushmanim.
Siru asrorimdan bordir xabaring.

Shoir, telbaligim ko‘rib kulasan,
Ko‘zlaringda ko‘rdim o‘tkir hasadni.
Menga qiziq emas fikring umuman,
Ammo senga qiziq mening qismatim.

Zukko, puxtaliging olayapman tan,
Eski yaralarim hanuz bitmadi.
Mening ojizligim yaxshi bilasan,
«Meni o‘ldirmoqqa bir so‘z yetadi.» *

Sen menig do‘stimsan, mening dushmanim!
25.06.2024

*Shodmon Jo‘ra satri

***

Qoratog‘ bag‘riga qor yog‘di oppoq
Chanqagan tufroqqa bergandek samar.
Dashtu damanlarga yoyildi uzoq…
(Qishning qahratoni yaxshiyu biroq
Boylarga baraka, yo‘qsilga zarar.)

Birov qo‘y-sigirin haydar adirga,
Boshqasi qurilish ishlari-la band.
Birov nolib qo‘yar nochor taqdirdan,
biri bolalarga qaraydi xursand.

Mutolaa qilmoq, ayni muddao,
Abdullo Orifni, Asqar Mahkamni.
Peshindan so‘ng dildan ayladim duo:
«Ayamagin mendan lutfu karamni!»

Sovuq yel bahordan beradi mujda.
Nish urgan sabzalar toqqa berar ko‘rk.
Beqaror xayollar g‘am og‘ushida
Porloq kelajagim qilar tasavvur.

19.02.2024

***

Olg‘a intilaman, sarg‘ayar umid.
G‘ayratim, quvvatim ketadi bekor.
Mening xayollarim maqsadimga zid
Mening orzularim hamisha bahor.

Va’da berolmayman, sevgilim, tushun,
Duraxshon lahzalar hali uzoqda.
Porloq kechalarni kechirmoq uchun
Qora peshonani yoritmoqdaman.

Kuyinmoq behuda, gapga ko‘nmas dil,
Sham misol eriydi, tugamas hanuz.
Hamon bechorahol shoirman, yo‘qsil..
Umr ham o‘tmoqda shu zayl, afsus.

Olg‘a intilaman nailoj, nolon,
Taqdirga tan berib, yashab sen uchun.
Mening ahvolimni biladi osmon
Mening yuragimni anglamas ochun.

O‘ttiz bahorimni sovurdi shamol.
Ammo, xayollarim hamisha oppoq.
Sensiz o‘tayotgan lahzalar uvol.
Sensiz ko‘rayotgan kunlarimga boq.

Ma’yusman, bo‘g‘zimda qayg‘uli unim.
Ma’yusman, sevgilim, so‘zlayman yonib.
Kamini to‘ldirdim ro‘zg‘or xurjunin
Yirtiq yamoqlari qoldi dunyoning.

UZLAT

Uzlatga qochaman g‘ofil do‘stlardan
Hatto ovozlarin eshitgim kelmas.
Jo‘r bo‘lgim kelmaydi g‘iybat gaplarga
Takabburga yo‘ymang, bu kibr emas.

Vaqtni qadrlayman bo‘lsam ham bekor,
Behuda kulguga yo‘q menda toqat.
Ular suhbatida kibru ta’ma bor,
G‘iybat bor, hasad bor, fisqu qabohat.

Ulardan qochirdim nigohlarimni,
Atay qo‘ng‘iroqqa bermadim javob.
Qo‘rg‘oshin kuydirdi jismu jonimni
Hiring-hiringlarga berolmadim tob.

Oq ko‘ngil do‘stlarga yuragim ochiq,
Xudbin kimsalardan ming bora ustun.
Ma’nisiz davradan ataylab qochdim,
Ma’naviy mahfilga qo‘shilmoq uchun.

O‘ZIMGA NASIHAT

Hayoting o‘zgartir , o‘zingni o‘zgart
Qushlarga o‘qib ber g‘azallaringni.
Hech kimga keraksiz bo‘lsa so‘zing gar
Yoqib yubor mashq daftarlaringni.

Tog‘day yuksaltirgin toqatlaringni.
Muhitni o‘zgartir, bor kuching bilan.
Tashla eski, yomon odatlaringni.
Oldinga odimla, quvonching bilan.

Muhtojlik so‘zini yo‘q qil lug‘atdan
Yaxshi yashamakka qilgin harakat.
Aql bilan foydalan har bir fursatdan
Olg‘a yur, olg‘a yur, olg‘a yur faqat!

05.02.2023

***

Dunyodan charchadim, meni ma’zur tut,
Bir burda non uchun qiynaladi jon.
Shabnam tomchisiday gunohimdan o‘t.
Arshingga pokiza bormog‘im gumon.

Telbavash tuyg‘ular tinch qo‘ymas dilni
Ayni bahor fasli yomon kuzladim.
Dunyoni xush ko‘rib, sendan ayrildim
Dunyodan yuz burib, senga yuzlandim.

Lojuvard bo‘shliqdan izladim seni,
Jizg‘anak ohimdan chiqqanday bo‘lding.
Yuragim qa’ridan men chiqib keldim
Poyingga tiz cho‘kay, quling o‘rgulsin.

Nafsini jilovlay olmagan kasman,
Aybu nuqsonimni yashirding nechun?
Jonimni hovuchlab olgan nafasdan
Yosuman mushkingni his qildim bugun.

Oftobning nurida sening mehring bor
Osmon sofligida mangu jamoling.
Ishqing kitobini varaqlab ming bor
Mastu devonaman, majnunvor holim.

O‘zimni o‘ldirsam tavba o‘tida
Mag‘firat shamoli esarmikan yor?
Vaslingga yetmoqlik taradudida
Qadr oqshomlari turaymi bedor?

Ishqingni istashga bergaysan izn
Mening bisotimda faqat so‘z qoldi.
Lutfu karamingga tikkanman ko‘zim
Diydorlashish oni juda oz qoldi.

***

Mening shoirligim bir dirham ekan
Na Ko‘lob na Boxtar biladi meni.
Mening tilim chekka qishloqda chiqqan
Mo‘htasham shaharga yo‘l bo‘lsin, inim.

Ko‘ngilning mayliga kim bo‘lar dushman?
Xayolot shavqini tasvirlaydi kim?
Hovlimda don yegan bir to‘da qushdan
Tiriklik haqida she’r so‘raymikin?

Don sepsam qushlarga yaxshiroq bo‘lar
Hech qursa shularga tegadi foydam.
Junbushga keladi mudroq tuyg‘ular
Ezgulik haqida o‘ylasa odam.

Tog‘lar jim, osuda chayqalar sayhon
Olamning yam-yashil belanchagida
Ulug‘vor qo‘shiqni kuylayman hamon,
Ko‘ngil to‘lmas biroq kuylaganimdan.

PANOH

Ko‘zlaring yulduzdir go‘zal charaqlar
Orazing mohtobning yuziday suluv.
Ayt, sendan o‘zga kim anglaydi meni
soginchdan hayqirib yuborsam: uvvvvv.
Ko‘zlaring suluvdir, go‘zal charaqlar
Qilichning yaltiroq uchiday o‘tkir.
Mehring quchog‘ida sevgim jon saqlar
Shul sabab jon saqlab yurishim mumkin.

11.10.2023

***

Yanvarda tug‘ildim demakki qishman,
Basharam sovuqdir, yurak bag‘rim muz.
Bu yerlarda bekor bo‘lmayman ishdan
Holu ahvolingni so‘rmoqqa hanuz.
Yanvarda tug‘ildim, demakki qishman
Shundan zeriktirib qo‘yaman chog‘i.
Ko‘nglingni ovlashdan, olishdan boshqa
hamma, ish qo‘limdan kelar, oppog‘im.
Ko‘zingga qarasam labga kelmas so‘z
boshqa payt til biyron, chechan bo‘laman.
Ba’zida g‘ussamdan sarg‘ayadi kuz.
Ba’zan tentak kabi oshiq bolaman.
Yanvarda tugildim, aybga buyurma
Bahorda ulg‘ayib voyaga yetdim.
Ayni yozda seni yaxshi ko‘rganman
Kuzda esa sening vaslingga yetdim.
Extimol, shundan so‘ng o‘zimga qaytdim
Kuzdan so‘ng qay fasl, bilasan dildor.
Endi o‘zing aytgil senga jilmayib
Ma’yusligim nechuk etayin izhor.

12.09.2023y

***

Sen bilan hayotim yorug‘ va rangin
Sen o‘zing qalbimga ishq sochgan ifor.
Horg‘in ko‘zlarimga qara, qaragin
Go‘zal nigohingdan har kunim bahor.
Shonli lahzalarni armug‘on etding
Kulgung chechagining lazzati bilan.
Kuchog‘imni ochdim, vaslingga yetdim
Yashil muxabbatim, xayratim bilan.
Olislardan qara, silkiyapman qo‘l
Eng ezgu kunlardan bergancha vada.
Inshooloh, orzular ruyobga chiqar
Inshoolloh, xech kimdan bulmagaymiz kam.
Ko‘z ilg‘amas yurtdan tikayapsan ko‘z
Men esam shimolda yuribman sanqib.
Pul ortidan kuvib yuribman hanuz
Ishq o‘tida yonib yuribsan balki.
Berizq kolmadim, Tangrimga shukur
Bisotim to‘ldirib turar paydarpay.
O‘g‘limni o‘pib qo‘y, doimo sog‘ bo‘l,
Diydorlashish yaqin, ko‘rishguncha, xayr!

24.07.2023

***

U so‘kib yashadi o‘z xotinini
Tepdi, ayamasdan urdi bir umr.
Sapari devona derdi otini,
bolalari undan o‘girdilar ro‘y.
Jahl qamchisidan o‘g‘illar dilgir
O‘roqmi, ketmonmi ne chiqsa otdi.
Bariga chidadi munis ayoli,
Shundoq tong otdiyu, shundoq kun botdi.
O‘g‘il, qiz uyidan ketgani badar
Ko‘ksini, ko‘zini uyg‘otolmadi.
Uyig‘a yog‘ildi musibat, kadar
U o‘z bilganidan hamon qolmadi.
Bir tuni Azroil oldi jonini,
Dafnga kelmadi na o‘g‘il, na qiz.
Soch yulib yig‘ladi faqat xotini
Faqatgina sho‘rlik xotini yolg‘iz.

***

Ona, Peterburgda izg‘irin hamon,
Xazonlarni yelpib sovurar shamol.
Ayovsiz sovuqdan qaltiraydi jon
Ayovsiz xabarlar yuborar shimol.
G‘aribning ahvoli tang edi, yana
Og‘ir qilib qo‘ydi rusning qonuni.
Soching oqarmoqda sog‘inchdan, g‘amdan
Diydangning umidsiz nurlari so‘ndi.
Shavqat nedir bilmas siyosat badkor,
Yuzlab musofirlar Vatanga surgun.
U yoqda-
Isroil zulmidan-Falastin abgor
Bu yoqda g‘aribning ahvoli zabun.
Sog‘u salomatman bo‘lma xavotir,
Ko‘ngling ko‘tarmoqqa ne dey, onajon?!
Oyoq og‘rig‘ingga malhamu dori
Yaxshisi, yuboray bo‘ladi darmon.
Hayot charxpalagi aylandi g‘ir-g‘ir
Kecha bola edim, bugun otaman.
Mehringga arzirlik ne qildim, aytgin,
O‘ylasam adoqsiz g‘amga botaman.
Qadoq qo‘llaringni boshimga qo‘yib
Erkalab qo‘yarding sayoq o‘g‘lingni.
Ko‘hna bolishingga suyangan kuyi
Oh, tag‘in poylaysan mening yo‘limni.
Hayoting shaniga ming jonim fido
Olislardan salom yo‘llayman, Ona!
Duogo‘yim bo‘lgin, bo‘lgin salomat,
Umringning kamolin so‘rayman ona!

26.10.2023

IBLIS

Shayton chanqoqligi bepoyon nayrang
Ortingdan, oldingdan o‘ngu so‘lingdan
Qurshaydi, aqlingga soladi kishan
Chalg‘isang, hech vaqo kelmas qo‘lingdan.

Xalos etar iymon nuri bu domdan,
Alloh ismin aytsang qo‘rqadi Iblis.
G‘aflat chulg‘agandi kelar har yondan
Vasvasa soladi qolganda yolg‘iz. O‘

Aldanib qolmagin makru hiylaga
Ibodat aylagin yolg‘iz Xudoga.
Afsun suvratlarda bo‘lar jilvagar
Aldanib qolmagin firib, joduga.

Mangu la’natlangan, quvilgan abad,
Na makoni bor, na joyi ma’lum.
Fisqu qabohatni yoqtirar faqat
G‘aflatda qolganda boshlaydi hujum.

Xudoni yod etib, so‘ragin panoh
Unga imkon berma, chalg‘itsa agar.
Erku ixtiyoring topshirma zinhor
Iblisdan hazar qil, Iblisdan hazar.

NAJOT

Najot surasini aytib ber menga
Ilohiy oyatga ko‘p menda ixlos.
Hidoyat aylasin habibim, Egam
Meni barcha mo‘min bandalarga xos.

Najot surasini aytib ber menga
Iblisning makridan so‘rayin panoh.
Xatolar zaxmidan iztirob chekkan
Yuragimni olsin kaftiga Alloh.

Ibodat aylayin bor vujud bilan
Sujudim toki Haq aylasin qabul.
Najot surasini aytib ber dildan
Aybu gunohlarim to‘kilsin butkul.

Bu qanday joziba, bu nechuk ovoz?!
Yuragim gul bo‘lsa, xayolim chaman.
Iymon qanotida ruh qilsa parvoz
Ravzai rizvondan bo‘lsam bahramand

Najot surasini aytib ber menga…!

IQROR

Kuzgi yaproqlarning tushishi aniq
Iqror bo‘lishimga imkon ber, dildor.
Oshiqni zor qilar mudom ayriliq
Ma’shuqni xor qilar malomat, ozor.

Balki inonmassan, bildirmay, bedor
Yo‘limga ko‘z tikib qalbing parishon.
Seni ranjitmoqqa yurak bermas dov,
Seni sevintirmoq orzuim, ishon.

Iqror bo‘lishimga imkon ber, dildor
Qanday go‘zal edi biz uchrashgan bog‘.
Senga sevishimni aytmadim, ammo
Qalbingni so‘radim, ochgancha quchoq.

ShЕRIK

Uni qiziqtirmas sening kam-ko‘sting,
U o‘z muammosin mudom qilar hal.
U dushmanmas senga, emasdir do‘sting
Sheriging bo‘lishi mumkin har mahal.
So‘rashi mumkindir sendan ko‘p yordam,
Senga qo‘l cho‘zmaydi lekin, hech qachon.
Umrida yaxshilik qilmagan odam
Ezgulik, do‘stlikni bilmaydi aslo.
Yam-yashil qayinlar quvontirsa ko‘z,
Dimog‘ing chog‘ qilsa sargashta shamol.
She’r o‘qib, she’r yozib o‘tirsang hanuz
Ul aqchasin sanab o‘tirar xushhol.
Qo‘lingdan tushmaydi telefon ba’zan,
Oppoq kechalarni qoraytirar mung.
Maqsadlar bir xildir, o‘y emas bir rang
Rejalar har xildir orzulardan so‘ng.
Ko‘ngilga tashvishlar solganda soya
Sen yechim izlasang, kimdir bo‘lsa g‘ov.
Asabing, hafsalang pir bo‘lar g‘oyat
Zavqu quvonchingni aylaydi xarob.
Unga qiziq emas sen aytgan gaplar
Yaxshisi, u bilan bo‘lma hamnishin.
Qo‘lingni cho‘zmasang bo‘lmaydi yana
Bir biriga tegib ketadi tishing.

***

Ahdimni buzganim va’daga xilof
Seni aldaganim shirin yolg‘ondir.
Ko‘nglimda kechganin ko‘zlarimdan top
Ko‘nglimga qarasang ma’yus xandondir.

***
Sururni chulg‘adi tashvish tumani
G‘ussalar yemirdi quvonch, kulguni.
Labing sog‘aridan mast etgil mani
His etib yashayin mastlik, ulguni.

Ey gul, xayolimda jilmayib turgin
Chechaklar sen bilan aylasin bayram.
Ovozing eshitsam erir yuragim
Tovushing nayshakar, so‘zlaring malham.

G‘arib holatimdan etmayman voqif
O‘rmonlar biladi, qor, shamol bilar.
Sovuq o‘lkalarga, osmonga boqib
Oftobro‘y chehrangni bir ko‘rgim kelar.

Sog‘inib ketaman yurakni yoyib,
Xush-xush suhbatingni, mayin nozingni.
(Erka o‘g‘illarim yurmagin koyib)
Eshitgim keldi-da xush ovozingni.

Sururni chulg‘adi tashvish tumani
G‘ussalar yemirdi quvonch, kulguni.
Labing sog‘aridan mast etgil mani
His etib yashayin sarmast ulguni.

***

Sovuq chehralarga yo‘q menda ixlos
Sovuq nigohlardan taralmaydi nur.
Men oppoq xayollar suraman xolos
Yorug‘ chehralardan topaman huzur.

Masalan, qalbida zarra iymon yuq
Kishidan nelarni bahra olar ruh?
Daryodil kimsalar naqadar yovuq
Dilimga,
shu qadar tuban xunukro‘y.

Muhabbat jilvasi taralmas yuzdan
So‘rab bo‘larmidi ishqning zavqini.
Ishqning og‘rig‘idan tortmam homuza,
Ishq suviga chaydim yurak zangini.

Sovuq chehralarga yo‘q menda ixlos,
Nafis nigohlardan yashnab ketar qalb.
Daryodil do‘stlarni sog‘indim bir oz,
Ularning suhbati g‘oyatda go‘zal!

***

Maqsadim eshigi yopilgan damda
Yangi yo‘l izladim
Yangi so‘z istadim.
Siniq ruhimni qog‘ozga o‘rab
Yashil Qalamimni qistadim.
Goh chirpandim,
Goh tog‘ qadar o‘sdim men.
Qismat daftarining yangi bobiga
Ismingni yozdim
Tangrim,
Tuyqus,
yo‘llar ravon bo‘ldi, mushkulim oson.
Yashamay yashadim hanuz
Fano shahrida,
Bir kun so‘ngaklarga aylansa jismim.
Men yo‘qlikka mahkumman,
dunyo bir zumdir,
Faqat sen qolgaysan jovidon.

***

Russiyaga yana qoldi kunimiz,
Haydasa ham yana boramiz takror.
Siyosat shafqatsiz, chiqmas unimiz.
Qancha makkor bo‘lsa, shunchalik nochor.

Senzura nechog‘lik avjiga chiqqan
Talasa, o‘zini talaydi faqat.
Olchoqlar Vatanning o‘zidan ekan
Aldasa o‘zini aldaydi faqat.

Ishlay desang ish yo‘q, tishlay desang non,
Qarzu qavoladan chiqmaydi mardum.
Na Ko‘lob, na Boxtar, na-da Badaxshon,
Na Sug‘du, na poytaxt aytmaydi dardin.

«Yuviqsiz Rusiya»* xush ko‘rmas alhol
O‘rta Osiyoning bolalarini.
G‘aribga osonmas, g‘aribga mahol
Ruslar sig‘dirmaydi biz «qora» larni.

Til tishlab, dil yutib, lom-mim demaymiz,
Achchik so‘zlariga, nayranglariga.
Biz faqat qorinning g‘amini yeymiz.
Dosh beramiz majbur bo‘lib bariga.

Na hur o‘lkamizda, na o‘zga yurtda.
Siyosat shafqatsiz, chiqmas unimiz.
Bir burda non topish taradudida,
Russiyaga yana qoldi kunimiz.

*Lermontov iborasi

***

Peterburgda menga kulmadi iqbol,
Osmonlarga yana qarayman g‘amgin.
Xotiramni yana muzlatdi shimol
Eslolmayman shirin bo‘saning ta’min.

Mungli qo‘shiq kuylar yolg‘izlik tag‘in
Tobora ro‘zg‘orim bo‘lmoqda siyoh.
Bizni qaritmaydi yillar, angladim
Dilni ado etar anduhu firoq.

Nimaga qo‘l urmay bo‘laman zada,
O‘qib berolmayman she’rim, yosuman!
Olis ufqlarga ko‘zimni qadab
Oppoq xayolimni chulg‘adi tuman.

Totganim dard bo‘ldi, chekkanim sitam
Go‘zal g‘ussalarga bo‘lganman duchor.
Peterburgda ekan rizqu nasibam
Terib ololmasam, menga nima bor?

***

Foyda ko‘zlaydigan bo‘ldi odamlar,
Har bitta odimda topishchun tanga.,
Qushlar galasiday boshida g‘amlar
Ishonmay qo‘yishgan «Buyuk Vatan» ga.

Ko‘ngilning holini so‘rovchi mard yo‘q,
Hislarning shavqini surmoqqa oshno.
Ko‘rmagan nokasning ko‘zlari qursin.
Mehr nimaligin bilmaydi, ey voh!

Nafsiga quldir u,
nahsiga quldir,
Ko‘zlari oldini to‘sgandir parda.
G‘aflat dunyosida ketgaysan o‘lib
Ey, nafs jilvasiga oshiqqan banda!

Kofar uyqulardan bo‘lsangchi bedor!
Siyohing qurigan, zanglaganmi ruh?
Yuraging atrofin qurshabdi devor
Parchalab tashlagin, odam bo‘lib yur.

***
Hemiring bo‘sh bo‘lsa, gaping gap emas,
Oyoq osti bo‘lar, so‘zlashing bekor.
Suvrati odamu siyrati odammas
Ko‘r ko‘zlari bilan aylashar viqor.

Olchoq, iblislarga qoldi zamona,
Aqchaga sotila boshladi vijdon.
Odamdan azizroq mo‘htasham xona,
Odamdan ulug‘roq bo‘lmoqdadir non.

Nafratdan yorilib ketsang-chi zamin!
Hayhot!
eh,
uzilib tushsangchi falak!
Bu ne ko‘rgulik?
bu nechuk shafqat?
Oxir zamonmu bu?
nimadan darak?

Mayli,
gurkirasin har uyda hayot,
Fayzu barakaga to‘lsin xonadon.
Bundoq yuzsizlikka chidasam nahot,
Nahotki, dunyoda qolmasa inson.

BASHAR

Bu kun bashar ruju’ qo‘ygan hashamga
Faqir mo‘minlarni qilishmas pisand.
Agar g‘aribgina bo‘lsa go‘shangang
Qahqaha otishar, do‘stlar, ustingdan.

Qay tomon ketyapti xaloyiq, qayon?
Olg‘a ketyaptimi, yoki adamga?*
Zanglagan yuraklar bo‘lmakda ayon,
Nima bo‘layapdi bugun odamga?

Mayli osmongacha ko‘tar uyingni,
Dimog‘ing devorin aylagin baland
Biroq, ko‘tarmasang inson ko‘nglini
Ma’vo topolmaysan biror ko‘ngildan.

Mehr ko‘zgusiga tushgandayin darz
Basharning tilida g‘iybat va hasad.
Ajab, ko‘rganlarim bo‘layapti dars
Nahot, ruy bermakda bugun qiyomat?!
Nahot, ruy bermakda bugun qiyomat?!

Izoh:
*Adam-yo‘qlik,

***

Yomg‘irning yuziga yuzimni bossam,
Sochimni silasa sargardon shamol.
Tomchilar tovshidan yayrab quvonsam,
Yashil sayhonlarga sayr qilar xayol.

Shahar shovqinidan yuragim zada,
Yomg‘ir yog‘abersa bo‘lsam xotirjam,
G‘urbatdagi g‘amlar iskanjasidan.
Tobora susayib qoldi xotiram…

Halovat borligin unutib qo‘ydim,
Kel ko‘nglim, senga bir yaxshilik qilay.
Yomg‘irlar sasiga quloq solay jim,
Yurakdan kulayin, yurakdan yig‘lay…

Namiqqan barglarning tinglab shivirin,
(To‘rtinchi qavatning darichasidan),
Qarayman,
hammasi go‘zal va shirin,
Ammo, dil siniqdir muz parchasiday.

DO‘STLIK

Do‘stim Ruzibek XUSHVAQT ga

Kunni qarshilaydi yelkama-yelka
Na makon tor kelur unga, na zamon,
Muhabbat ko‘zi-la qaraydi elga,
Baxil-razillikni bilmaydi hamon.

Na hasad, na g‘araz, na bir adovat
Kurtak yozolmaydi uning dilida.
Boshiga tosh yog‘sa, qiladi toqat,
Anbiyolar zikri tushmas tilidan.

Qazo qilib qo‘ymas namozlarini,
Hol-ahvol so‘rashni qilmaydi kanda.
Unga o‘qib bergum bayozlarimni.
Unga ishonaman umrimni har dam.

U bilan maroqli o‘tadi suhbat.
Bir chuchuk kalomga yuragim gado.
U sim qoqqanda chekinar zulmat.
Qorong‘u dilimga sochadi ziyo.

Borimdan quvonar, yo‘g‘imdan kulmas,
Aytsa ham, yuzimga aytar kam ko‘stim.
Ulfat deganlari shunchalik bo‘lar,
Shunchalik bo‘larda, bo‘lsa ham do‘stim.

****

Tiriklikning qo‘llarida ermak bo‘ldim,
bo‘htonlarning nayzasiga ko‘ksim qalqon.
So‘qmoqlarda sirpanganda sergak bo‘ldim,
sanqib yurdim topish uchun bir burda non.

Daydib yurdim yot shaharda qalandardek,
Peterburgning ko‘chasida qayg‘ularim.
Kenglik bo‘lsa hayqirsaydim sheri nardek:
«Orzularim sarob mening, orzularim».

Sog‘inchimni asov shamol olib ketdi,
» Yena» dedim yiroqlardan berdi duo.
«Yena» dedim- «G‘urbatlarda qolib ketdim»
Yenam dedi: «Sen-la bo‘lsin doim Xudo».

Xarob bo‘ldim sitamlardan, yolg‘onlardan,
Ig‘volardan, g‘avg‘olardan, bo‘htonlardan.
Sirti sipo, botini g‘ash shaytonlardan,
Odamsifat hayvonlardan, hayvonlardan.

Tashvishlarim, ko‘pdir mening tashvishlarim,
Qay birini so‘zlab beray, aylay bayon.
Bitmay qoldi qishloqdagi ko‘p ishlarim.
Dunyo dedim, hiylalari bo‘ldi ayon.

Tiriklikning qo‘llarida ermak bo‘ldim
Yolg‘iz qolib mashaqqatning og‘ushida.
Mening bag‘rim g‘ussa otlig‘ hisga to‘ldi
Bir qo‘shmish g‘am qoldi mening hovuchimda.

Osmonlarga otdim g‘amni oppoq qushday…
Nolon ko‘nglim shodon bo‘ldi, sulton bo‘ldi.
Kunlar o‘tar xayol kabi, xira tushday
Tufroq ko‘nglim shoyon bo‘ldi, osmon bo‘ldi.

Mavhumlik

Tashvishlar tabimni aylasa xira,
Ustma-ust yumushdan qolsam zerikib.
Taqdirimdan nolib yurmayman sira
Men nafas olaman ko‘chaga chiqib.

Shamol uzoqlarga olib ketadi,
Tomog‘imdan chiqqan ma’yus tovushni.
O‘yin deb bilmasman og‘ir qismatni
Hasrat, nadomatga to‘lsa og‘ushim.

Yolg‘ondan cho‘chisam, yoza olmasam,
Eng go‘zal she’rlarni tushimda aytib,
Yurakning hovurin bosa olmasam.
Qobirg‘amda qolib ketadi qaydim.

Men kimman?
Havoga sachragan ohmi?
Yo haqqa intilgan darbadar banda?
Umrimning kitobi qorami, oqmi?
Men anglay olmasman ushbu jumboqni
Umrning so‘nggiga yetib kelganda.

YASHIL ODAMLAR

Yashil odamlar bor,
ularning qalbi
Ko‘zni qamashtirar darajada sof.
Umr kechirishar Qalandar kabi.
Kachkuli kitfida, yuragi oftob

Yashil odamlar bor, yashil odamlar
So‘zlari yurakka bo‘ladi malham.
Boshida oy kabi aylanar g‘amlar
tilidan tushmaydi «bismilloh»,» alham»

Orzusi shaffofdir Zafar Nosirning
Zarrin xayolida yashaydi hurlar.
Xayoli munavvar, o‘ktam shoirning
Za’far nigohida charaqlar nurlar.

Asov shamollarga tutar bag‘rini
Yashil yafroqlardan zavq olib yashar.
Hech kimga ko‘rsatmas yig‘ilarini
Hazin hislarini sezmaydi bashar.

Andak chuchuk so‘zdan yashnar maysaday
Boladek soddadir, boladek halim.
Hayrati ortadi nur yoyilmasidan
Yam-yashil daraxtdek o‘sar chayqalib.

Kun sayin vujudi poklanib borar
U yorib chiqadi dil qafasini
Shoir she’ri bilan yutib yuborar
Ichi qoralarning qah-qahasini.

Qalbiga quloq tut, hamisha uyg‘oq
She’r aytar jarangdor, baland tovushda.
Kibru manmanlikdan yuradi uzoq
Oy nurin ichadi hovuch-hovuchlab.

Undan qolsa qolar faqat yashil so‘z,
Ma’naviy hayot bor tabassumida.
Olamning rangini izlaydi hanuz
Mangulik muhabbat tajassumida.

***

Seni sog‘inishni bilaman, go‘zal,
Ko‘zlaring eslayman yulduzga qarab.
Osmondek ochilgan yuzingni ko‘rsam
Xayolim chamani yashnar gurkirab.

Mening qimmatligim, umrim ziynati
Ayriliq qaridi, kelayapti kuz.
She’rning to‘lqiniga do‘ngan qismatim
Sovush bermayapdi yurakka hanuz.

Seni sevishni ham bilaman, suluv,
Bag‘ritosh emasman, bir oz miskinman.
(Sendan olismanu sendek yolg‘izman…)
Hijron savdolari etmoqda g‘uluv
Ojiz qobirg‘amning quyi qismida.

Mendan olislarda ne kechar holing?
Nechuk bayon etay qora taqdirni?
Mening qimmatligim, orzu, iqbolim,
Shamolga ochaymi sovuq bag‘rimni?

Yoshligi afsona, tole’i yashil
Vomiqu Uzrolar nechuk sargardon?
Muhabbat, yoshlangan ko‘zlaring yashir,
Totli damlar bilan siylasin gardun.

Seni sog‘inishni bilaman, gulru,
Sabrning Vatani topmoqda zavol.
Ko‘zlarim chulg‘aydi hadik va qo‘rquv
Hajring gunoh bo‘ldi, ko‘z yoshing uvol.

***

Men ko‘klarga aylayman parvoz
Xayolotning og‘ushlarida.
Ko‘ngil holin izhor etmak soz
Muhabbatning tovushlarida.

G‘amdan zada bo‘lgan yuragim,
Ruhim xasta, bu qandayin hol?
Tunlar meni o‘ylaydi g‘amgin
Olislardan jilmaygan iqbol.

Yulduzlarga qarayman bedor
Ko‘zlarimga quyilar oqshom.
Jonu dildan bo‘lib intizor
Visoliga chorlar gulandom.

Men ko‘klarga aylayman parvoz
Moviylikka yuragim xumor.
Tangrim, bu ko‘k, bu bo‘shliq aro
Yuragimni gullatib yubor.

***

Bahodirga

She’r yozmagin deysan, Bahodir,
Tushgandayin senga zalvorim.
Botiningda ne bo‘ldi sodir?
So‘ramadim oldingga borib.

Tengto‘sh jo‘ra, sendan so‘raymi?
Bu hayotning asl mazmunin?
Cho‘pchagingni boshga uraymi?
Yo bog‘iga kiray qayg‘uning.

Men arpangni o‘rmaganman xom,
Qo‘y og‘zidan olmaganman xas.
Oydin tunlar siylasa ilhom
So‘zlar bilan olganman nafas.

Bilasanmi hayot zavqi ne?
Eshitdingmi yurak dupurin.
Daydi ruhim to‘ydiradi she’r
Balki shundan shavqu sururim.

Muztar qalbing uyg‘otolmasa,
Vujudingga solmasa titroq.
She’riyatdan, shoir do‘stingdan
Yaxshi bo‘lar bo‘lsang uzoqroq

****

«Men qishloqning so‘nggi shoiri» *
«Qaysar shoir» deya oldim nom.
Yurak yonib tugar oxiri
So‘nggi she’rim qilguncha tamom.
Men maktabda o‘qib yurgan kez
Havas bilan qarardi qizlar.
Tunlar menga «Shoir bola» deb
Kular edi ko‘kdan yulduzlar.
Sigirimni haydab o‘tloqqa
Qamish yo‘nib chalar edim nay.
Irg‘ayimni otib, buloqdan
Qonib ichar edim paydarpay.
Do‘st tutinib daraxtlar bilan
Maysalarga bo‘lgandim sirdosh.
Orzulari cho‘qqidan baland
Bola edim yuragi- quyosh.
U kunlarim qaylarda qoldi?
Qayga meni yubordi otib?
Yuragimga alanga soldi
Bolalikning beg‘ubor yodi.
«Men qishloqning so‘nggi shoiri»
Daydilikni etarman davom.
Yurak yonib tugar oxiri
So‘nggi she’rim qilguncha tamom.

*Yesenin satri

SAVOL

Sen, qachondir sevganmisan!?
Ishq zavqini tuyganmisan?
She’rlar yozib mahbubingga
She’r shavqini tuyganmisan?
Ko‘zlaringda olov bormi?
Vujudingda bormi lazzat?
Ayt, sevganing vafodormi!?
Majnun bo‘lgan Qaysmisan, ayt?!
(Yo aytishga uyolasan.)
Uchrashuvga chiqdingmi yo?
Qo‘ling titrab berdingmi gul?
Qanday go‘zal bo‘lar dunyo,
Gul labidan olsang ulgu.
Yorug‘ hislar yorib chiqar
Yuragingning qafasini.
Oshiq bo‘lib sezganmisan
Muhabbatning nafasini?
Mast qildimi mushku anbar?
Nechuk shirin bo‘ldi xayol.
Yo quvonching osmon qadar
Qilib qo‘ydi bitta ayol.

***

Rosti she’rhoi Loiqro
Dar Mazori sharif namexonand

Loiq Sheralӣ

To‘g‘ri tushunaman bu kun Loyiqni
Mazori sharifda olmadilar tan.
Qalbini titratdi xaloyiqning
Unga unvon berdi ardoqlab Vatan.

Bu dunyo mulkiga qo‘yib hirsini
Qishloqdosh do‘stlarim maqtar molini.
Goh uyini maqtab, goh Lexsucini
Tamom qilolmaydi qiylu qolini.

«She’ringni o‘qiydi tanish-bilishlar»
Go‘yo qiziqmasday qishloqdoshingga.
«She’r yozasanmi? » deb mazoq qilishar
Tirjayib kulishar yana qoshingda.

Bir kun o‘lib ketsang ko‘tarar ko‘kka,
Hozir she’r yozishga so‘raysan izn.
Hozircha ziyo soch qorong‘ulikka
O‘lsang, varaqlarda qolgaydir so‘zing.

Mudroq yuraklarni qilgaymi bedor,
Yonib hayqirishing, Haqqa chorlashing?
O‘lsang, janozangni o‘qiydi Farxor
O‘lmasang, kerakdir oydin porlashing!

***

Olov yoqdim hislarimning porxiga,
Quloq tutdim chap ko‘ksimning ohiga,
Shoirlikdan ko‘ngil qolar gohida,
Hasratlarga to‘lib ketdim, yoronlar.

Aytay desam, tomog‘imda nolam ko‘p,
Ko‘ngil holin bilmaydigan odam ko‘p,
Yig‘lay desam, qarog‘imda jolam ko‘p,
Furqatlarda qolib ketdim, yoronlar!

Uyqularim qochdi hijrat shahriga,
Kirib ketdim yuragimning qa’riga,
Onam bo‘lsa olar edi bag‘riga,
G‘urbatlarda qolib ketdim, yoronlar!

Dod aylayin desam, ovozim yetmas,
Oyni quchay desam, parvozim yetmas,
Aytib tugatmoqqa bayozim yetmas,
Hayratlarda qolib ketdim yoronlar.

Men Odamman yonginamda Havo yo‘q,
Ishq dardiga, yoronlarim, davo yo‘q,
Menga ko‘ngil kabi ulug‘ ma’vo yo‘q,
Uzlatlarda qolib ketdim yoronlar!

Tashnalik

Men tashnaman, jo‘ra, juda tashnaman
Shirin g‘ussalarga yana yurak och.
Ehtimol ko‘ksimni bekor g‘ashlayman,
Ehtimol yuragim qurigan og‘och.

Hali yozilmagan go‘zal jumlaga.
Gohida bo‘laman g‘oyatda xumor.
Rumiy hikoyati yod bo‘ldi manga
Hofiz g‘azallarin ayladim tumor.

Mijg‘ov g‘iybatlardan, hasaddan xoli
Ajoyib suhbatga bo‘ldim intizor.
Turmush tashvishlari keladir g‘olib,
Ilhom chechaklari sochganda ifor.

Shunda ham bo‘y bermas zavqu ishtiyoq
Jaydari fe’limdan bo‘lmaysan, xalos.
Mening e’tiqodim bo‘lmaydi siyoh
Shoir ko‘nglim deydi: » Yozgin, yana yoz! »
Men yonib yozmoqqa tashnaman xolos.

****

Mudroq nigohlarning mangu xobini,
Uyg‘ota olarmi hayqiriq,
qutqu?
Menga yovuqlashma, dun azobini
Ruhga irkitmoqchi bo‘lgan tashvish, o‘y!

O‘pkamga ufurdi maysaning hidi,
Yo‘l oldim chayqalgan giyohlar tomon.
Beparvo o‘tsang-da seni tanidim
Ko‘ylaklari yirtiq bolafe’l armon.

Kalaka kerakmas, sinalgan toqat,
Ko‘z yumsang,
samoga bo‘ylaydi she’rim.
Yarim oy mo‘ltillab,
mung‘ayib boqsa
Yarim kechalari she’r aytib berdim.

Shirin xayolimning farishtasiga
Aylan,
ey tuyg‘umning tansiq bayoni.
Majnunfel daraxtlar,
shoir daraxtlar
Yorilay,
yorilay sizga tayanib.

Qo‘l cho‘zsam,
falakning bo‘ylari uzun
Taqdirning izmidan chiqqan emasman.
«Uh» desam mazoqman,
«oh» desam majnun,
Dunyoga tik boqib,
yashadim qasddan.

Dalalar,
chorlangiz,
chiqaray hordiq
Baxmal yeringizning yo‘lovchisiman.
Ey,
sizni bezovta qilmayman ortiq
Yer,
quyosh,
oy,
yulduz,
adoqsiz osmon.

05.09.2024

MUDDAO

Allohim, eslamay qo‘ydim bir mahal
Tiriklik tashvishi soldi g‘alayon.
Qayg‘uli kechmishim bo‘lganida hal
Iltijo qilganim o‘zingga ayon.
O‘zim gunohkorman, o‘zim senga qul,
Sen qodir egamsan, menga to‘zim ber.
Voqifsan, ichimda anduhlarim mo‘l,
G‘amzadaman hano‘z yozolmayman she’r.
Allohim, eslamay qo‘ydim bir zamon,
Azob uqubatga chalangan chog‘im.
O‘zim o‘zim bilan bo‘lib andarmon
Yantoqqa do‘ndirdim gullagan bog‘im.
Ismingni dilimga joyladim sahar
Bo‘ynimdan yulqindi chinqirab mal’un.
Qontalash jinlardan qolmadi asar,
Ilohiy nurlarga burkandi ochun.
12.08.2016

***

Ufqni kuzat,
Kuzat osmonni
koinotning ko‘zlariga boq.
O‘takasin yorib dunyoni
Zulumotni yoritar chaqmoq.

Butun qishloq teran uyquda
Chak- chakkilab uyg‘otar yomg‘ir
Gulduraydi momoguldurak
Sukunatning yuragin yorib.

Yarqiraydi qilichday o‘tkir
Keng fazoni yoritgan Yashin.
Yuzga chayib yomg‘ir duosin.
Nam tortmasmi o‘qday kipriging
Eshitganda Xudo ovozin.
Eshitganda Xudo ovozin.
19.05.2019

MUDDAO

Ko‘z o‘ngimda daryo oqadi,
Ko‘z o‘ngimdan o‘tadi hayot.
Hayot nima,
Tiriklik nadir?
Nechun yashamoqda odamzot?

Fursat kechmish misoli daryo,
Va o‘tajak kun, oy va fasl.
Maqsad yashab o‘lmoqmi va yo
O‘zdan keyin qoldirmoq nasl.

Birov yashar bir burda non deb,
Qolganiga parvoyi falak.
Yana biri mol, hayvon deb
Butun umr bo‘ladi halak.

Ilmu fanga bag‘ishlab umrin,
Buyuklikka yetganlar aytsin.
Umr bo‘yi yelib yugurib,
Qo‘li quruq ketganlar aytsin.

Yashamoqning mohiyatini
Anglay olmay azaldan balkim,
Bobolarning rivoyatini
Talqin etib yashagan xalqim.

Bilimlarning so‘nggi nuqtasi,
Tan olmoqdir Xudo borlig‘in.
Ilg‘ay olsang ilohiy sasni
Nurga do‘nar biru borlig‘ing.

Nafs domiga giriftor umring,
Nahot qilsang shamolga havas.
Tiriklikning asl mazmunin
Payqamasang eng so‘nggi nafas.

01.06.2019

***

Kundan kunga ortadi gunoh
Kundan kunga ko‘payar tashvish.
Omonating
olsangchi Alloh
Quturgan nafs qayrayapti tish.

Qurqaman oh jon chiqar chog‘im
Sarhisobot qilganda umrim.
Yonib kirdikorim o‘chog‘i
Huzuringda tishlasam tilim.

Dahshat bormi bundanda ortiq,
Afsus bormi bundan ziyoda.
Zora ezgu amalim ortib
Xushvaqt bo‘lsam ikki dunyoda.
27.10.2019

Sen yaxshisi, quvon, yo‘q, hali
Bo‘lmaganku qiyomat qoim.
Qalamingni sindirmoq gali
Keldi, yon, kuy, tugatgin shoir.

Parchalanmay yurarsan tokay,
Kuchaymoqda yurakdagi zarb.
O‘z -o‘zingga tilarsan toqat.
Nega? Yoril, ishqqa ko‘chsin qalb.

Jigar qoning ketsinda sachrab,
Moviy falak varaqlariga.
Sen yotasan chalqancha qarab,
Jigarrang ko‘k shafaqlariga.

Na kavsarni aylaysan orzu
Na bihishtga bor senda havas.
O‘rtadagi toshu tarozu
Niyatingga emasmi payvast?

Tavba qilgil, ko‘zlaring ochiq,
Qabul bo‘lsin ohu zorlaring.
O‘zing angla, o‘zingdan kechib,
Haqqa bording, «Men » lik qolmaydi.

Ko‘p saqlading qalbing tubida
Ishq o‘tiga berolmading tob.
Ko‘zlaringdan chiqib subhidam
Yuragingga botadi oftob.

Uchqun oldi botiningda ishq,
O, topguncha qancha adashding.
Kiprigingga to‘kildi sirishk
Qizig‘i qolmadi yashashning.

Sen yaxshisi quvon, yayragil,
Aldoq hisga bo‘lma mubtalo.
Tanidingmi qara, qaragil!!
Haqiqisi yagona Alloh.

15.11.2019.

***

Oxir tugab boryapdi bu yon,
Mehribonim, Rahmonim , tavba.
O‘z jonimga yetkazib ziyon,
O‘z jonimga beribman zarba.
O‘z qonimni o‘zim bulg‘adim.
O‘z loyimni ayladim dag‘al.
Xatoyimni endi ilg‘adim
Va o‘ziga kelmoqda bag‘al.
Muruvvating tutmagil darig‘.
Umidimni aylama sarob.
Ey, voh, kechir, kechirgil Tangrim,
Meni bu kech aylama xarob.
Aybdorman o‘zim oldingda.
Xonumonim sirqirab og‘rir,
Men sovrilib boryapman chog‘i.
xotirotning achchiq yodidan,
Maxfirat qil, osiy bandangni,
Oh bir qoshiq qonimda kechgil,
Ochib qo‘ygil bog‘u chamanni
Boray, qora libosni yechib.

17.12 ,2019

***

Tiydim, bugun tilimni tiydim,
Aytmog‘imga yo‘q erur hojat.
Og‘iz ochdim, lablarim kuydi.
O, naqadar buyuk bu voja!
Hayajonga to‘ldi ko‘zlarim,
Zarrin nurga evrildi bag‘rim.
Bu kech muncha issiq muzladim,
Huzuringda bo‘lganday Tangrim.

17, 12.2019

***

Yuragimga yaqinroq o‘tir
Senga ochay dilimni tag‘in.
Sen-la yolg‘iz qolib, til yutib
Xomush turishimga qaragin.

Unutaman seni ko‘p marta.
Unutmassan meni hech qachon.
Oramizda yopig‘liq parda
olsang bo‘lar bor sirlar ayon.

O‘sha damni qanchalar kutdim
Kutdim oppoq saharlar mahtal.
Yuragimni ochayin endi
(Ey,sen Iblis, bermagil xalal)

Men— qatraman ummondan toshgan
Men — zarraman tufroqdan ayro.
Mening dilim saksondan oshgan
Cholga o‘xshab tund, motamsaro.

Mening qo‘lim qisqa yetmaydi
Pok domaning tutmoqqa hozir.
Hasratim bor yuvsa ketmaydi
Kelar ko‘chkilarday ustmaust bosib.

Shamol yanglig‘ nechuk sarsonman
Goh Qo‘rg‘onda, goh Farxordaman.
Daydilikdan dil qoldi yomon
Huzuringga qachon boraman!?

***

Botinimda o‘zga jahon bor,
Dilda dildor ishqi bor hano‘z.
Ay sanavbar iforing yubor
Xumorimning tomirini uz.
Yurak- ishqdan ochilgan chechak
Aql -jim bo‘l, gapirma tamom.
Bir on yordan yiroqda esang
Muhabbating bo‘lgaydir harom.
Zulumotning pardasi aro
Iblis bilan yotarsan tokay,
Ey qalb, sening ruyingdir qaro.
Ey nafs kelgil betingga boqay.
Darding bilan netarsan oxir,
Boshing olib ketishga shaysan.
Murodingga yetarsan oxir
Parquv uzra kulib yashaysan.

Bir dustim…

Mo‘mingina qobil yigit u
Uddasidan chiqar har ishning.
Chalg‘imaydi o‘tadi yengib
Qarshisidan chiqsa tashvishning.

Gapga chechan, mehnatga chayir
Biram quvnoq, biram xokisor.
Yuragini mehrga chayib
Chumoliga bermaydi ozor.

Nogoh qolsa kiprigi uchib
Do‘stlariga borin berar u.
Kerak bo‘lsa do‘stlari uchun
Ayamasdan jonin berar u.

03.09.2019

Bola

Yaraqlaydi yarim oy
Charx urar ko‘rshapalak.
Yel izg‘iydi hoynahoy
Ichkovuk bargin silab.

Huv tog‘lar-chi nuroniy
O‘ktamligi bir jahon.
Lol qoldirib dunyoni
Huvillaydi biyobon.

Chirqiraydi ko‘kqayroq
Qorayadi shom g‘arib.
Hilpiraydi bir bayroq
Bir maromda chayqalib.

O‘ynashmoqda jin bilan
It darg‘azab hovlida.
She’r to‘qiydi bir bola
Yarim oyga jovdirab.

06,09,2019

RUH TARBIYASI

Umrimiz uqboga tayyorgarlikdir,
Yo‘limiz ravshanmi, yoxud sim-siyoh?
Ishqdan boshqa yo‘llar tuban, jarlikdir,
Ishqdan o‘sib chiqar har maysa, giyoh.
Ruhni tarbiyalash kerak har lahza,
Shaffof xayol bilan ko‘rib dunyoni
Botinda imonning nurlari yonib
Ishqqa to‘lsin ko‘ngil- ilohiy mahzan,
Afsungar tuyg‘ular bari botildir,
Iblis girdobidan saqlaylik o‘zni.
Bu o‘tlug‘ ochunda bilsang shoirlik,
O‘zni tarbiyalash demakdir do‘stim.
Yurak yig‘laydiyu kuladi ko‘zlar,
Behuda kuyinib bo‘zlamas shoir.
Xalq uchun yashaydi, xalqidan so‘zlab,
O‘z manfaatini ko‘zlamas shoir.
Xudoga topinib ulg‘aymoq durust.
Ixlos, e’tiqodsiz yashashdan ko‘ra.
Haqiqat ko‘ziga tik boqaylik do‘st,
Asli bu eng to‘g‘ri yo‘l erur, jo‘ra.
Bu yog‘ini o‘zing bilasan, dastlab
Mo‘minlar sajdaga besh bor bosh egar.
Umr paymonasi to‘lib ketmasdan
Ruhiy tarbiyaga bo‘laylik ega.

****

Allohim, tag‘in tong ottirdim, shukur!
Sening go‘zal isming aytib bu sahar.
Farishtalar guvoh maloyika,hur
Sendan o‘zga iloh yo‘qdir muqarrar.

Tavalloim senga bo‘lsin, Allohim,
Tasannoim senga bo‘lsin, Allohim,
Tamannoim senga bo‘lsin, Allohim.
Sendan o‘zga iloh yo‘qdir yo Akbar!

Ikki dunga sarvar o‘zing, shoh o‘zing,
Beaybu benuqson mangu pok o‘zing,
Bor asrordan voqif va ogoh o‘zing,
Sendan o‘zga iloh yo‘qdir yo Rahmon.

O‘z domiga tortar nafsim qasdma qasd
Yovuq bo‘lgin etma shaytonga hamroh
Faqat sendangina so‘rayman madad
Faqat sendangina so‘rayman panoh.

Yo‘ldan ozsam Rabbim ayla hidoyat
Karamlisan o‘zing, rahmdil g‘oyat.
Tangrim, menga o‘zing, o‘zing kifoyat
Sendan o‘zga iloh yo‘qdir yo Rahim.

Kukda deya qilsam gumon gumonimdasan,
Qayon boqsam mening dunyoimdasan.
Ko‘ksimda, ruhimda iymonimdasan.
Sendan o‘zga iloh yo‘qdir yo Alloh!

2019-2020

*****

Qattiq nonim uchun senga tashakkur,
Qattiq jonim uchun aytaman rahmat.
Garchand bo‘lmasamda shoiri mashhur,
Biroq, san’atingdan ko‘zimda hayrat.

Goho daryo kechdim, goho kezdim cho‘l,
G‘arib qalandardek bemakon, sarson.
Qalbimda ismingu yelkamda kachkul,
Yo‘limni yorqin qil, yakkayu Yazdon.

G‘ofildek adashdim, qildim nadomat,
Qalbimga qorishdi muqaddas yoding.
Mehru mehvaringdan ayrilib qolmay,
Siyla, noming bilan tashlayin odim.

Barcha maloiklar sening izmingda,
Senga tobe’ butun borliq, xaloyiq.
Raddi balo bo‘lur mangu ismingdan,
Barcha hamdu sano sengadir loyiq.

Biru borlig‘ingdan ko‘nglim munavvar,
Nafasingni tuymoq naqadar lazzat,
Dargohing keng erur, suvlaring kavsar
Jamoling ko‘raman qayon qarasam.

Tavallo

Buyuk isming olsam tilimga
Og‘ir yukdan bo‘laman xalos.
Shavqqa to‘lgan shamollar bilan
Huzuringga jo‘natgum bayoz.

Ko‘ngildagin bilib turasan.
Har voqedan o‘zingsan voqif.
Miskin sari bir solsang nazar
Hayajondan ketgum yutoqib.

Gunohlardan olis et, yo Rab
balolardan aylagil forig‘.
Yuragimni ishqingga qorib
Talpinaman o‘zingga yolg‘iz.

Sig‘inmoqqa o‘zga yo‘q iloh
Biru borim, bergansan iymon.
Dargohingdan o‘zing ber panoh,
Mushkulimni oson qil, Rahmon.

Muruvvating chegarasi yo‘q,
Shavqatingni turibman sezib.
Rag‘batingdan mudom ko‘nglim to‘q
Shukr qilgum, tilimda Yosin.

Goh esladim, unutdim goho
Mehribonsan, rahimsan, bildim.
Sendan o‘zga olamda tanho
senday habib topmaydi dilim.

Oramizda ahdu vafo bor
qilmagayman va’daga xilof
Orzuim bor, bo‘lib taqvodor
Ibodatlar aylayin dilsof.

Ko‘p qoqildim, necha adashdim
Ishtibohning so‘qmoqlarida.
shodliklarim g‘amga almashdim
Aqlu vijdon so‘roqlarida.

Ich etimni yemirdi og‘riq
Oyatingdan izladim davo.
Xato qildim, bunday xatoni
hech kimsaga ko‘rmayman ravo.

Aytay desam tilim bormaydi
Oshkor qilsam o‘rtanar bag‘ir.
Shodmon aka juda rost aytdi:
» Haq o‘zingga o‘zingdan yaqin»

Yana senga yuzlandim lutfan
Farishtalar mindi yelkamga.
Mohtob kulib chiqib ufqdan
dedi: «Sening uchun kelganman».

Tavba qildim, tun bo‘ldi g‘oyib
Madad bergil o‘zing najotsan.
O‘zing hamdu sanoga loyiq,
Tangrim, o‘zing maqtovli zotsan.

Iqrorman, sen har nega qodir,
Tavallolar etgayman xomush.
Meni ham bir mo‘minu qobil
bandalaring qatoriga qo‘sh.

***

Mana oling bor bisotimni:
Yuragimdan tukilgan qonni.
So‘ramangiz asl zotimni
Avlodiman Odam Atoning.
Meni taftish qilmasdan oldin
Ayting,
Tuyganmisiz shamshir shavqini?
Shimdingizmi xanjar lazzatin?
So‘z qudrati, ruhning shovqini,
Sizni
hech bezovta qilganmi, ayting?
Ruy berganmi jonparvar lahza?
Mamnunlikdan to‘kkanmisiz yosh?
Ochilganmi ilohiy mahzan?
Qobirg‘angiz ichra bir quloch.
Eslaysizmi siz ham Xudoni?
Moyilmisiz ming bor sujudga?
Xayol kabi afsun dunyoni
Ko‘rasizmi xayolday, jo‘ram.

Mana oling bor bisotimni:
Uch to‘rtta so‘z, uch to‘rtta kitob.
Oqparquvga do‘ngan sochimni
Iztirobni qilmayman hisob.
Ha, darvoqe’,
nechuk holdasiz?
Xayolingiz nechun oshufta?
Shoir bo‘ling, holdan toyasiz
Hayotingiz kechmas osuda.
Faqat zamin kabi xokisor
Tog‘ misoli o‘ychan, sarbaland
Zotlarni eslang…
Sizga yuqsin yuring,
Yuring so‘nggi bor
Haqqa oshiq
Majnunlar bilan.

Bir hikmat

-Kasbing ne? -so‘radi. Dedim -muallim,
Xoxolab yubordi sersoqol bola.
-Saboq bergil-dedi. Dedim: kulmagin-
behuda, xijolat bo‘ladi odam.

-Adabiyot nima?- so‘radi tag‘in
Mening bilimimni sinamoq bo‘lib.
-Arabcha so‘z bo‘lib, adab degani
Ezgu xislatlarning targ‘ibi, yo‘li.

-Besh mahal namozim qilmayman kanda
Alloh buyrug‘ini biladirman farz.
Senchi, yo‘rig‘ing ne?
Aytdim men yana:
Inson hayotidan beradirman dars.

Dedi u: Bir hikmat so‘ylagin ustoz
Har holda hayotda hikmat bir talay.
Aytdim men: so‘ylagil har doimo rost.
Odamdek yashagil sen ham har qalay.

***

Ustoz Shodmon Jo‘raga

Yuraging yozmoqqa yo‘qdir dasturxon
Ishqing varag‘ini ochmoqqa bir do‘st,
Yoru ag‘yorga ham qut berar Xudo.
Turmushga tirmashgan hamma siniq ko‘z.
Kun-kundan murakkab hayotning tarzi
Kundan kun nurafshon kun ko‘rmoq dushvor.
Kimdadir qon qusar arzimas qarzim
Kimningdir ruhida hurparvoz qush bor.
Tangrining nazari tushgan kaslar bor
Ajib ulug‘vorlik nurday mujassam.
Xayoli mavzunu yuragi bedor
Cho‘llar ham gullaydi ular jilmaysa.
Qadrini his qilgan birorta mard yo‘q
Ko‘nglini ovlagan birorta jo‘mard.
Ko‘zida yog‘du bor, isyonida o‘q
Yiqqani bir jevon kitobu daftar.
Cho‘lpondan so‘raymi, Qodiriydan yo,
Ruhlari chirqirar agar uyg‘otsam.
Qo‘y Endi, qo‘shig‘in aytsinda dunyo.
Qo‘y Endi, qaynaydi g‘amlarim yozsam.
Mashrabning xatidan xabaring bormi.
Voqifmisan Attor muloqotidan.
Kim anglar, Mavlaviy ishqu asrorin
Kim yig‘lar bir marta Alloh yodida?
Ismidan jismingni chulg‘ar hayajon
Jur’at top aytmoqqa Alloh madhini
Sen uchun oqarib bormoqda osmon
Fosh aylab Allohga muhabbatini.

YUK

Men sening yukingni ko‘tarolmayman
Ichkin holatingga emasman habib.
Mening botinimda yashnaydi chaman
Xuddi Usmon Nosir she’rlari kabi.
Yulduzlar olisdan boqar jilmayib.
Hur bo‘lib oy chiqib keladi ufqdan.
Oy yog‘du sochadi momiq va Mayin..
Oyning jilvasiga hanuz oshiqman.
Ovozing, uningdir mushkin, Zulfiqor
Yozug‘ing Semurg‘ning parvozi yanglig‘.
O‘shshaygan labingda qadimiy viqor,
Hasrating tig‘ bo‘lib qiymalar qalbim.
Sening manzilingda sarg‘aygan umid,
Shoir xayolimni chimchilar huzun
Kun sayin bo‘ylari o‘sar qayg‘uning
Xudoga talpinar kun sayin ruhim.

SHAVQ

Men ham go‘zal she’rlar yozaman hali
Hissiz yuraklarga soladi uchqun.
Ko‘ksimda urarkan yurak chayqalib
Dengiz mavjlariday qo‘zg‘olar bir kun.
Bugun yozig‘imni o‘qimas hech kim
Men ketsam, o‘qirlar balki aylab yod.
Oppoq yog‘dularni keladi ichgim
Umidlarga to‘lib nurlansa hayot.
Qarzim bor ketmasman illo uzmasdan
Haqqim bor mening ham yashashga Shodmon.
So‘zlar jilvasidan gohida mastman
Goh dunning makridan qiynaladi jon.
Ruhda jilva qilar ajib manzara,
Qofiya tuzaman bir biriga zid.
Goh dilni osmonga otadi farah
Goho g‘ussalarla siylaydi Ezid.

***

Lojuvard falakka qarayman hano‘z
Oqparquv ortini qilaman havas.
Yam-yashil o‘tlarga goh buraman yuz
Rayhonlar isiga sug‘orib nafas.
Sevaman nurlarning tovlanishini
Nasimdan chayqalgan zilol suvlarda.
Ko‘ksimda uyg‘otib asov ishqimni
To‘lishgan sho‘x qizlar kular Hurlarday.
Xo‘shro‘y chehralarning jilmayishida
Ko‘rgandek daryoning to‘lqinlarini.
Qushlarning suvlarda yuz chayishida
Xayol qil ko‘zada suv olgan gulday qizlarni.
Ko‘zlaring ko‘rmagan go‘zalliklar bor,
Taajub qilgaysan , his qilsang, ko‘rsang.
O‘pkangni to‘ldirar anvoi ifor
Yurak sayhoniga yuzingni bursang .

****

Meni o‘ldirmoqqa bir so‘z yetadi…
Shodmon Jo‘ra

Yurilmagan yo‘llar menikidir bas
Yuzlariga hali qalam tegmagan.
Xayolingga hali sira kelmagan
Eng baland so‘zlar bor, qilgulik havas.

Dunyo bor, qalbimning qay bir burchida
Eshigini hech kim ochmagan hali.
Bir so‘z bor, aytolmam, tilim uchida
Qaynoq ulgularning lazzati yanglig‘,

Yo meni aylarmi bir umr sarxush,
Bilmam, g‘alatiman qachondan beri
Hatto o‘zimni ham qilgum faromo‘sh
O‘qib yotganimda ajoyib she’rni.

Shoir ko‘zlarimda chayqaladi ishq
Vujudim yonadi, yuragim qonar.
Kiprikdan sirg‘alar g‘amangiz sirishk
Hech kimga aytmagan so‘zim uyg‘onar.

Saharning ohorli manzarasiday,
Anvoi chechaklar iforiday soz.
Sari-Xosor tog‘in sharsharasiday
Qo‘shiqlar kuylashga yetmaydi ovoz

Biroq, aytolmayman, qolaman ojiz,
Chalg‘ib qolib hayot cho‘pchaklariga.
Mayin navolardan dil etganda jiz
Izhor etolmayman hislarim nega?

Ne deyin, taqdirning taqozosi bu
Yozolmay o‘tarman balki umrbod.
Unumsiz mehnatim bo‘lsa-da ko‘zgu
She’riyat shavqida kechirdim hayot.

Ko‘rolmas ko‘zlarga parvo qilmayman,
Gohida tosh otar, goh qilur g‘iybat.
Ular yuragida ne bor bilmayman,
Mening yuragimda yashar haqiqat.

Aytsam tugamaydi, aytmasam bo‘lmas,
Bir-,birin aldashdan sira to‘ymaydi.
Qismatning iblisvash kimsalari boq
Shu zayl farahmand yashaydilar,
bas,

Bu haqda yozishni jinim suymaydi.
Yashadim bir umr bir so‘z axtarib.
Ishqdan kuyganlari qayta kuymaydi
Shu so‘zni aytarman bir kuni qarib.

Nedir qolib ketdi qalbimda Yana
Baribir qilolmam yurakni xoli.
Xudoyim buyursa bir kun aytarman
Ungacha sir bo‘lar dilimda qolib.
Bir so‘z…

Hikoyat

Ali Abutolib o‘z dushmanini
Yerga yiqitdiyu
fikridan qaytdi.
Qinga solib qo‘ydi qilichini jim
Alining yuziga
jang qilar payti
Sachragandi raqib tupugi picha.
Yengilgan pahlavon so‘radi hayron:
Menga o‘qtadingu o‘tkir tig‘ingni
Nega o‘ldirmading, qilmading tamom.
Ali aytdi: sendan farqim shu bilsang
Na’ra tortmagayman sendek g‘azabdan
Shunisi yetarli olgan bo‘lsang tan.
O‘rmonning she’rimas Haqning sheriman.
Xudoning yo‘lida qiladirman jang
qoningni oqizsam bo‘lardi ammo
Allohning izmidan chiqqan emasan
Allohning quliman, qahrimning emas

***

— Amaling berilar niyatga qarab-
Dedilar bir kuni Rasuli Xudo.
Haq yo‘lga intilsang, haqni toparsan
Kaj yo‘lni tanlasang shaytondir hamroh.

Xudodan so‘ra

Xudoning borlig‘ini ahli iymondan so‘ra,
Mahbubu yorlig‘ini Vola, shaydodan so‘ra.

Ishq ovozi keldimi? Nay navosi keldimi?
Dil havasi keldimi? Ruhi ravondan so‘ra.

Chechakning kulgularin, shamolning ulgularin
Xush anvoi gullarin, bog‘u bog‘bondan so‘ra.

Shafaqlar qonga to‘lsa, sham’i shabiston bo‘lsa,
Malaklar uryon kulsa, oxir zamondan so‘ra.

Yazdonning baqolig‘in, gardunning fanolig‘in,
G‘aribu tanholiging yo‘lchi sorbondan so‘ra.

O‘zdan ketsa ixtiyor, Yursang zoru beqaror,
Sahroga bor, toqqa bor, yeru osmondan so‘ra.

Jununvor holing qani? Oydin iqboling qani?
O, sening Layling qani? Mohi tobondan so‘ra.

Oshiqona ohingni, Otashin nigohingni,
Yuraging titrog‘ini, chashmi giryondan so‘ra.

Olovmi bu, qormi bu? Oshkormi, asrormi bu?
Ag‘yormi, yo , yormi bu? Holini bilg‘ondan so‘ra.

Sindirgan qalamingni, Maqsadu matlabingni,
O‘tli muhabbatingni, yolg‘iz Xudodan so‘ra.

***

Meni haydang, bermang menga yo‘l
Och bo‘riday yurgum darg‘azab.
Benavolik aylaganim yo‘q
Kuylamoqqa ichganman qasam.
Shavq o‘tida yondim charsillab
Ufq ortimda, dunyo ortimda.
Kuldim dardu hasratim bilan
Do‘st oldida, dushman oldida.
Ay g‘ofillar kulavermang, bas,
Botinimdan emassiz voqif.
Ay mahbublar, qilmangiz havas
Mastu xandon holimga boqib.
Oshiq holim junun holim bu
Ay soqiylar uzatinglar may.
Ishqsizlardan alamzada ro‘h
Qadah kutaradi paydar-pay.

****

Ulkan shahar yaqolarida
Kachkulimni olib yuribman.
Ishq aksi bor qaroqlarimda
Tanholardan tanho g‘aribman.
Chulg‘ab oldi ma’yus xayollar
Toshnigohlar bag‘rimga botdi.
Jigarimga nayzalar qalab
O‘tdi sovuq shaharning bodi.
ufq ko‘rinar mahzun o‘ksinib
Xayr deyman Boxtar beparvo.
Yo‘lga tushdim, bir dil o‘kindi
Hamroh bo‘lib tog‘- toshlar aro.
Kachkul qo‘lda uyga otlandim,
Qolib ketdi hasrat, ando‘him.
Quyushqondan chiqqan ot yanglig‘
Bir silkinib kishnadi ruhim.

***

O‘z jonimga tilayman to‘zim
O‘z ko‘nglimga tilayman shafqat.
Sevib qoldim o‘zimni, o‘zim
Ko‘kragimda kuldi muhabbat.

Angladimki dunyo bevafo
Men o‘zimga o‘zim xayrxoh.
Hemiringda yo‘qsa hech vaqo
Hatto iting tashlamas nigoh.

Yutganlaring bo‘ladir zuqum
Simirganing bari zahrolud.
Aft-angoring chulg‘arkan huzn
Tasallolar bo‘lmaydi doru.

Jon- axlatga tashlangan so‘ngak
Jon- tog‘dagi buloqdir yaqiyn.
Bardosh berar bariga yurak
O‘z dilingdan toparsan taskin.

Xudo haqqi har nega qodir
Men goh zoru notavon kasman.
jindak so‘zdan hol-jonim og‘rir
Chiqolmaydi yurak qafasdan.

Mening holim biladir ayon
Qishdan mujda keltirgan qarg‘a.
Manglayi sho‘r shoirman beshon
O‘z uyidan bo‘lgan badarg‘a.

Oshufta -ruh, ozurda- yodim;
boshim uray qaysi devorga.
Men bejizga keldimmi ayting,
Voh, kelibman balki bekorga.

Sardu xomush tog‘larga qarab
Ko‘nglim olib ketarman bir kun.
Tumanlarda qo‘l silkir aqrab
Murodimga yetarman bir kun.

Oqsoq umid, oppoq orzular
Armonlarga bichadi kafan.
Dam bo‘zlaydi, dam kular ko‘zlar
O‘z o‘zidan bo‘lgandek xafa.

Afsus, yovuq kelmaydi o‘lim,
Xayollarim shamolday g‘arib.
Afsus, senga yetmaydi qo‘lim
Qo‘lingni ber, yo‘l ko‘rsat Tangrim.

Rumiyona

Musiqordan baland ovozing
Hech bir kuyga, unga sig‘maysan.
Olam, odamlardan judo ishq-
sen mazhabga, dinga sigmaysan.
Diydavu dil, diydorga moyil,
Sen unga, ham bunga sigmaysan.
Tunu kunim ayladim baxsh,
Sen tunga na kunga sig‘maysan.
Jon zavqingda olar halovat
Aqlu tasavvurga sig‘maysan.

***

Hoy havaslar, maishiy hislar,
borlig‘imga qilganda hujum
Labga oldim noming qo‘qqisdan
Tilga kirdi tavbavu sujud.
Tomog‘imda tuydim nayshakar,
Dimog‘imda bihishtiy mushkni.
Bu nechuk his, bu qanday axgar.
Muhabbatga to‘ldi og‘ushim.
Xushnafas bod, bu obu otash
Tinglarmidi dod-faryodimni.
Sovurgay deb bo‘lur ko‘nglim g‘ash
Yog‘dularga do‘ngan yodimni.
Ishq ichinda oh urdim ming bor
Ochun bo‘ldi ohlarimga yot,
Baxsh aylading, so‘ng parvardigor
Alangali, isyonli hayot.
Ham qatrada, daryoda ko‘rdim,
Ham yag‘moda, halvoda ko‘rdim,
Oy ruxsoring, oftob jamoling
Ham zulmatda, ziyoda ko‘rdim.
Yor, domingda donalarim xom,
Yor, komingda xonalarim bo‘sh.
Sensiz nafas olmoqlik harom
Yor, yodingda yonganlarim xush.
Uzilmasman mahsharga qadar,
So‘nggi bor ham etmasman vido.
Kulib aytgum (ochilganda dar):
«Assalomu alaykum, Xudo!»

YUKSALISH

Ko‘ngil -ochun g‘amidan forig‘
Ruh ko‘shkida ishq urar javlon.
Qaydan bilsin bedard bu og‘riq
Yaratgandan erur armug‘on.
Tashvishlarni ayladim surgun,
Savdolarning bekas dashtiga,
Nechuk baxtdir yashash men uchun
Allohimning moviy ishqida.
Tutdim taqvo qo‘lini mahkam,
Xomushlikkka qo‘ygan chog‘ ruju’.
Anduhlarni ayladim adam
Doim kulib yashamoq uchun.
Endi ortiq urmayman xanjar
Nuqsonlarning beyuz aksiga.
Qudus otin yozaman , ajab
Xayolotning sadaf naqshiga.
Uzoq yo‘lni bosdim behuda
Kadarlarda yurdim lojaram.
Bu kech ne tong keldi xush mujda
Nechuk nazar, bu nechuk karam?!
Siylagani rost bo‘lsin illo
Sof yog‘dular bo‘lmoqda zuhur.
Tugadi ko‘ksimda inqilob
Qanot qoqib yuksalyapdi ro‘h.

***

Yomg‘irlar yig‘ladi, men kulib utdim,
Qabrlar yig‘ladi, men kulib o‘tdim.
Kiprigiga osib dunyo dardlarin
Sabrlar yig‘ladi, men kulib o‘tdim.
Shodmon Jurayev

Ishq zavqida farog‘atlar bor,
Boshda sinar ming bitta xarsang.
Buyuk dardga bo‘lganda duchor
Yarashadi kulib yashasang.

Qorachiqda ne etdi jilva?
Yuragingga neni qildi jo?.
Ilg‘aysanmi shu holing bilan?
Ro‘yobiga yetdi iltijo.

Or-nomusing bo‘lmaydi mone’
O‘qib yotsang ishqning bayozin.
Hur parilar girdingda some’
Mushki zarhal sochlarin yozib.

Oshiq har dam kamonga nishon
Bu og‘riqning shirin azobi.
«Ishqdan bo‘lding, o‘lgil bas, ishqdan.»-
Bu umringning so‘nggi xitobi.

Samoviydir sen uchun gardun,
Labda: «Lo iloho illoloh»
Parquv uzra yashaysan mamnun,
Insholloh,
Insholloh,
insholloh.

***

Kun- ko‘zimga sanchilgan nayza,
Tun- ko‘ksimda yig‘lagan motam.
Men- o‘zidan kechmagan kimsa
Men- o‘ziga sig‘magan odam.

Achchiq so‘zlar olar yoqamdan
Achchiq zumlar xotirotiday.
Men dunyoni ketmam orqalab
dunyo qolar mening ortimda.

G‘am shirinu jonimga ziyon
Bosib kelar olis olisdan.
Tokay ko‘nglim, shoyon pareshon
Gussalardan nafas olasan.

So‘raganing suvday huvaydo
Tilaganing kun kabi zohir.
Tokay muru malaxlar aro
Iblis kabi yashaysan oxir.

Ishq-maqsadga ko‘chgan jarayon
Ishq- Laylidan kelgan xush mujda.
Q ayon boqsang ko‘rasan ayon
Kechib jonu dilu vujuddan.

Qanday go‘zal, qanchalar jirkanch
Yo‘lni bosdim, habibim, inim.
Endi tuyib ketayotirman
Parvardigor muhabbatini.

Menga yo‘ldosh ishq bilan iymon
«Bismilloh»-i jonimga malham.
Qafaslarni sindirdim tamom
Unga qushib qalamimni ham.

Kuz- yo‘limga sochilgan chechak
Tevarakda qotib qolgan qish.
Qanday go‘zal, isyonli kechar
Qaytish, qaytish, o‘zingga qaytish.

09

(Tashriflar: umumiy 257, bugungi 1)

1 izoh

  1. Раҳмат Хуршид ака, ёшларга роҳнамо бўлиб келяпсиз, Аллоҳ ўзи қўлласин сизни!

Izoh qoldiring