O’zbekiston Milliy kutubxonasida kinorejissyor Zulfiqor Musoqov bilan ijodiy uchrashuv bo’lib o’tdi.

092

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли кинорежиссёр, сценарист, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Зулфиқор Мусоқов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.Учрашув ўтказишдан асосий мақсад ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг билимини, маънавиятини оширишга, кино оламининг ўзига хос машаққатли меҳнати ва масъулиятини санъат ихлосмандларига етказиб беришдан иборатдир..

Ижодий учрашувда кинорежиссёр билан ҳамкорликда фаолият олиб борган ижодий жамоа — актриса Раъно Шодиева, рассом Мария Сошина, киношунос, журналист Ойбек Вейсал ўғли, Мастура Исҳоқова ҳамда ОАВнинг ходимлари, санъат ихлосмандлари, кутубхона аъзолари иштирок этишди.

065

Учрашув давомида йиғилганлар режиссёр ҳамда актёрларнинг ҳаёти ва ижоди, эришган ютуқлари ҳақида маълумотга эга бўлиш билан бир қаторда кино оламидаги ўзига хос қийинчиликлар, машҳурликнинг шоҳсупасига кўтарилиш жараёнидаги довонлар хусусидаги ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Шунингдек, Зулфиқор Мусоқов сценарийси асосида, режиссёр Темур Мусоқов суратга олган «Бекатдаги одам» фильмининг трейлерини томоша қилишди.

088

Зулфиқор (Жамол) Мусоқов 1958 йил, 19 январда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1981 йил Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетини тугатган. 1989 йил режиссёрлик ва сценарий муаллифлиги Олий курсини тамомлаган.
Суратга олган фильмлари: «Суд куни» (1983), «Қалдирғоч» (1988), «Аскар эртаги» (1989), «Абдуллажон ёки Стивен Спилбергга хат» (1991), «Бомба» (1995), «Истайман» (1996, биринчи ўзбек-япон фильми), «Кичкина табиб» (1997), «Аёл зоти» 24 серияли телесериали (1998, ЮНЕСКО ва Буюк Британия), «Ойижон» (2000), «Осмондаги болалар-1» (2002), «Калиш» (2002), «Осмондаги болалар-2» (2003), «Ўзимизнинг одам» 10 сериялик телесериали (2004, СТС, НТВ, Россия), «Ватан» (2006), «Суиқасд» (2006), «Ярим ойли шарқий дарвоза» (2008), «Куз» (2008).
Давлат мукофотлари:- 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати ордени» билан тақдирланган.
2006 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвонини олган.

066

Манба: www.mezon.uz (Матн муаллифи Нигора Умарова)

055

Абдуллажон (1991)

055

Родина / Vatan (2006)

055

КИНОРЕЖИССЁРЛАР   ЗУЛФИҚОР МУСОҚОВ ВА ЖАҲОНГИР АҲМЕДОВ БИЛАН СУҲБАТ

“Дилдан суҳбат” лойиҳасининг бу галги меҳмонлари режиссёрлар Зулфиқор Мусоқов ҳамда Жаҳонгир Аҳмедов. Бу икки режиссёрни таклиф этганимиздан мақсад, «Даракчи»нинг 46-сонида чоп этилган суҳбатда актрисалар: Асал Шодиева, Шаҳзода Муҳаммедова, Севара Солиевалар кўтарган мавзуларга уларнинг муносабатларини билиш ва кино оламидаги мавжуд муаммоларга қайсидир маънода жавоб топиш…

Феруза Нодирова: — Бугун сизлар билан кўришиб турганимдан бениҳоя хурсандман. Суҳбатни кино оламида алоҳида из қолдирган «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофоруми таассуротларидан бошласак, дегандим. Зулфиқор ака, кинофорум айниқса, сизнинг ҳаётингизда энг унутилмас лаҳзалари билан ёдингизда қолса ажабмас…

Зулфиқор Мусоқов: — Албатта! «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофоруми ғолибларидан бирига айланишимни сира кутмагандим. Очиғи, «Энг яхши актёр» номинациясидан юқори бўлган соврин менга насиб қилмайди, деган фикрда эдим. Аммо бу номинацияда Нозим Тўлахўжаевни эълон қилишди. Шунда ўзимга ўзим «Бўлди, совриндан қуруқ қолдинг», дедим. Кейин «Энг яхши режиссёр» номинациясида ғолиб бўлсам, деган умид уйғонди. Бироқ бу ўринда хитойликлар муносиб кўрилди. Шунда ёнимда ўтирган қизимга «Юр, кета қолайлик», дейишга тушдим. У бўлса: «Дада, охиригача ўтирайлик, сабр қилинг», дея юпатгандек бўлди. Энг ёмони, совриндан умидвор ўн иккита номинантнинг юрагини ҳапқиртириб, ғолиблар дарров эълон қилинмади. Орада концерт дастури тақдим этилди. Ичимиздан нима ўтгани ўзимизгагина аён. «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофорумининг бош соврини учун менинг номим эълон қилинганида рости ҳушимдан кетай дедим, қулоқларимга ишонмадим. Ўша вақт кўнглимдан кечган ҳис-ҳаяжонни сўз билан ифода этиб беришим жуда қийин. Шуни айтиб ўтмоқчи эдимки, «Қўрғошин» фильмини суратга олишга яқиндан ёрдам берганлар билан бир қаторда, оёғимдан чалишга уринганлар ҳам талайгина бўлди. «Қўрғошин»нинг сценарийси Ўзбеккино Миллий агентлигининг бадиий кенгашида тўрт маротаба муҳокама қилинди. У ерда айтилган фикрларни эшитсангиз, тепа сочингиз тика бўлиши шубҳасиз. Сценарий йигирма саккиз варақ бўлса, баъзиларнинг ёзган эътирозлари эса қирқ тўрт варақ. Энг қизиғи, бу «диссертация» аёл кишининг номидан ёзилган. Ваҳоланки, бу ишни ким қилгани кундек равшан. Шунда Шуҳрат Ризаев «Бу очиқдан очиқ фитна-ку!» деди. Эринмасдан ёзилган қирқ тўрт вароғлик эътирозлар ҳавога учди. Фильмнинг сценарий масаласида режиссёр Жаҳонгир Қосимов, кино мутахассис Хайрулла Жўраев яқиндан ёрдам берди. Улардан жуда миннатдорман.

Ф.Н.: — Жаҳонгир, «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофоруми доирасида тақдимоти ўтказилган тижорат фильмларини кўриш учун Алишер Навоий киносаройига «оқиб» келаётган томошабинни кўрган ҳайъат аъзолари ҳайратдан ёқа ушлади. Албатта, томошабин учун фильмнинг давлат ёки тижорат маҳсулотилигининг аҳамияти йўқ, улар савияли кинокартинани тамоша қилиш учун келишади. Бу борада қандайдир олтин ўрталикни топиш керакмикан?

Жаҳонгир Аҳмедов: — Негадир, умумий кино тушунчаси тобора йўқолиб, ўрнига тижорий ва давлат фильмлари, деган тушунча авж оляпти. Гўёки, бу иккиси қарама-қарши майдон-у, у ердаги ижодкорлар бир-бири билан жангга чиққандек. Таклифим, «Ўзбеккино» раҳбарияти, устоз режиссёр билан йиғилиб, шу икки тушунча бирлаштирилиши керак. Ёдингизда бўлса, бир неча йиллар аввал Голливвуд, Болливуд фильмлари ёшларимиз диққат-эътиборини жалб қилган эди. Бугунги кунда эса ёш томошабинлар ўзимизнинг ёш актёрларга тақлид қиляпти. Демак, мана шу тижорий фильмлар орқали ўзбек томошабинларини ўзимизда сақлаб қола олдик. Бу ҳам бир катта ютуқ. Ҳозирги кунда ўзим жамғарган маблағга муаллифлик фильмини суратга олишни бошладим. Худо хоҳласа, шу кинокартинам билан «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофорумида қатнашиш ниятим бор.

Ф.Н.: — Сизлар профессионал ижодкор сифатида ҳаваскорларнинг кинога кириб келишига қандай қарайсизлар?

З.М.: — Кинотеатрга ўн тўрт ёшдан йигирма тўрт ёшгача бўлган томошабин ташриф буюради. Лекин аҳолимиз фақат ёшлардан иборат эмас-ку! Биз ёш вақтимизда муаллифлик, давлат фильмларини намойиш қиладиган алоҳида кинотеатр бор эди. Бу саволга Ўзбеккино Миллий агентлиги жавоб берса тўғрироқ бўлади. Боиси, кинотеатрнинг синган ўриндиғидан тортиб, режиссёрларнинг ишигача улар жавоб беради. Хусусий киностудияларда суратга олинаётган фильмларга сира қаршилигим йўқ. Чунки давлат бюджетига олинаётган, «саёз», дейишга ҳам тилинг бормайдиган кинокартиналар бор. Назаримда ҳамма нарса режиссёрга боғлиқ. Шахсий фикрим, бунга кимдир қўшилмаслиги мумкин: охирги олти йилда томошабиннинг диди ўта паст даражага тушди! Бунга нопрофессионал одамларнинг пул ишлаш, бир кунлик шуҳрат топиш мақсадида кинога кириб келиши сабаб. Уларнинг халқ устидан бундай эксперимент ўтказиши катта жиноят! Камига бундай «режиссёр» ва ёш «актёр, актрисалар» ТВга чиқиб олади, қани энди иккита гапни бир-бирига қўшиб гапиролса?! Уларни «Ўзбек киносининг «юлдузи», дейишади. Мана шу «юлдуз», деган тушунчага мутлақо қаршиман. Ўзбек киносининг остонасини ҳатлаб ўтганимга йигирма йил бўлди. Ўн саккизта фильм яратган режиссёр сифатида бу гапларни куйиниб айтишга ҳақлиман, назаримда. Рости, юқоридаги каби жараёнга аввал ғазабланардим, аста-секин кўникиб ҳам қоларкан киши. Шуни алоҳида таъкидлашни истайман, ёш режиссёр Умид Ҳамдамов «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофорумининг бадиий кенгаши назарига тушганидан ва “Энг яхши қисқа метражли фильм” номинациясида дипломни қўлга киритганидан хурсанд бўлдим. Бундай ёшлардан умидимиз катта. У каби ёшлар тижоратни ўйламайдиган, киноматографик маданиятга эга ижодкор.
«Ўзбеккино»га сценарийни тақдим қилаётган режиссёрга «қайси институтни тугаллагансиз?» деган саволни қўйиш керак. Худди фильмга лицензия берилгани сингари, режиссёрга ҳам лицензия берилиши лозим. Шунда балки, мавжуд муаммога ечим топилар. Шу сингари клип, реклама суратга олиб юрган операторларнинг кинога кириб келишига чек қўйиш учун шу мутахассисликда таҳсил олганми, йўқми, шуни текшириш керак. Яна бир таклиф, Санъат институтида махсус олий курс жорий қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

З.М.: — Жаҳонгир, бу яхши таклиф. Аммо орзулигича қолиб кетади. Чунки Малик Қаюмов ҳаётлигида “Киночилар бирлашмаси” қошида олий курс ташкил қилганмиз. Бир йилда учтагина йигит ўқиш истагида келди, холос. Сиздек соғлом фикрлайдиган ёшлар афсуски кам.

Ф.Н.: — Зулфиқор ака, назаримда тижорат фильмларининг рекламаси кўп айланишига қаршисиз, тўғрими?

З.М.: — Киноларни тарғиб аниқроқ айтсак, реклама қиладиган бу ТВ бўлиб қолди. Тижорат фильмлари ҳақида бонг урадиган «25-кадр», «Кинотеатр», «Кинотақдим», «Киномания», «Кинонигоҳ» кўрсатувларининг ишлаш тартиби деярли бир хил. Интервью бермаган биргина фильм қоровули қолади, холос. На ўзбек, на рус сифат актрисаларнинг гапираётган гапини эшитиб, кулишингини ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан. Биронтаси актёрлик маҳоратига эга эмас, ҳаваскорлар. «Суиқасд» фильмини суратга олганимда «Кинотеатр» кўрсатуви орқали шу каби баъзи кўрсатувларнинг ишлаш механизмини билиб олганман. Ҳар куни интервью олгани келаверишарди. Ижодий гуруҳнинг биронтаси интервьюдан бенасиб қолмаган. Шунда фильмимнинг продюсерига «нима қиляпсиз, эртага мени устимдан кулишади-ку!» деганимда, продюсер «реклама учун пулини тўлаб қўйганмиз», деган. Нега кино ҳақидаги кўрсатувда давлат фильмлари учун бир ярим дақиқагина вақт ажратилади? Ўзим гувоҳ бўлган мисол, «Кинотеатр» кўрсатуви эфирга кетяпти. Киношунос Шуҳрат Ризаевнинг қизиқарли суҳбати бўлиниб, тижорат фильмининг рекламасига ўтиб кетилди. Буни кўриб, Шуҳрат аканинг қон босими ошиб кетди. Агар фильмини реклама қилиш мақсадида юрганлар эфир вақтининг пулини қонуний равишда тўлайдиган бўлса, кафан гадо бўлади. Айтмоқчи бўлганим, тижорат фильмларининг ортиқча тарғиботига чек қўйиш керак. Ҳамма нарсада меъёр бўлиши лозим. Масалан, «Киномания»нинг бошловчиси Лола Зуннунова кино ҳақида нима билади? Сўнгги пайтда мен билан ҳам зўрға саломлашадиган бўлиб қолган.

Ж.А.: — Бутун дунё маҳсулоти рекламанинг кучи билан харидорга етиб боради. Шу маънода давлат киноларининг ҳам рекламасини кучайтириш керак. Рекламанинг ёмон тарафи йўқ, менимча.

Ф.Н.: — Кино бу яхши маънода бизнес. Фикримга қўшиласизми?

З.М.: — Кечагина бир продюсер йигит уйимга келиб, бир юз йигирма минг долларни олдимга қўйиб «Қўрғошин» фильмини кўрдим. Менга бир кинокартина ишлаб берсангиз, фақат тижорат фильми бўлсин. Фақат пулимни қанчада чиқариб беришингизни айтинг», дейди. Умримда бунча пулни кўрмаганман. «Ука, пулингизни яшириб қўйинг», дедим. Агар фильмни олдиндан кассабоп бўлиши маълум бўлганида, ҳозир ҳамма ўзини кино бизнесига урган бўларди. Шахсан мен бир сўмни ҳам фильмга тикишга қўрқаман. Чунки, бизни ишимизда таваккалга асосланмасдан илож йўқ.

Ф.Н.: — Бугунги кунда баъзи режиссёрлар сценарийсиз ҳам йўл-йўлакай фильм суратга олишяпти. Сценарий масаласида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳам қандайдир талаблар жорий қилиши керак, назаримда.

З.М.: — Фикрингизга қўшиламан. Лекин ҳозирги ишланаётган фильмларга оригинал сценарий ҳам керак бўлмай қолди. Бир куни Шерзод исмли йигит олдимга келиб «Ака, мана бу дискда корейс фильми бор. Бир-икки жойини ўзгартириб беринг, пул ишлашимиз керак», деди. Табиийки, таклифини рад этдим. Лекин ўша корейс фильми «Мактуб» номи билан катта экранларга чиқди. Мана баъзи тижорий фильмларнинг ўзбек киносига қўшаётган ҳиссаси. Бу муаммони Ўзбеккино Миллий агентлигининг фильмларга лицензия берадиган бўлимигина ҳал қила олиши мумкин. Лекин ҳозирги режиссёр аввалдан сценарийни тасдиқлатиб олмай, қирқ минг долларга фильм суратга олиб, «илтимос, тушунинг, анчагина маблағим кетди», деган илтижолар билан бадиий кенгашга топширади. Улар ҳам ноилож лицензия беради. Бироқ бу каби фильмлар кассаси ўзини оқлаётгани йўқ. Яна бир мисол, ўн икки йил олдин Юра Сабитов менинг сценарийим бўйича «Бахт қадри» фильмини суратга олган. Худди шу кинокартинанинг бир-икки жойига қалам текказиб, «Ўзбеккино» Миллий агентлигига олиб борган. Аъзам Ғиёсовоч эса «Зулфиқор Мусоқовдан рухсат олиб келинг», деган. Ўша режиссёр қизга «Яхшиси, «Ўзбеккино»дан тайёр сценарийни сотиб олинглар. Қолаверса, кинога бундай қадам билан кириб келмайди», деб маслаҳат бердим. Лекин менинг сценарийим асосида «Сароб» номи билан катта экранга фильм чиқаришга кимдир рухсат берган. Эътибор берган бўлсангиз, «сценарий муаллифи», деган титр йўқ. Бу каби ижодкорлар халқнинг олдида жавобгарликни ҳис қиладими, ўзи? Энг қизиғи, мени кўрса ҳам кўрмаганликка олиб кетади, ҳайрон қоламан.

Ф.Н.: — Актрисалар билан бўлган суҳбатда улар продюсерларни гадойликда айблашди.

З.М.: — Гонорар борасидаги саволингизга жавобни аниқ мисол билан келтираман. «Қўрғошин» фильмининг киносиновига машҳур ёш актёр келди-да, «гонорари қанча бўлади?» деди. Сметани олиб, «бир миллион ўттиз олти минг сўм», дедим. «Нима деяпсиз?» деб чиқиб кетди. Фильмда Бобур Йўлдошевнинг севгилиси ролини ижро этган актриса эса икки юз ўн икки минг сўмгина гонорар олган. Ваҳоланки, шу ролга тижорат фильмларининг “юзи”га айланиб қолган иккита актриса келиб, бири «беш юз доллар», иккинчиси «тўрт юз эллик доллар берасиз», деди. Талабни қаранг!

Ж.А.: — Тўғри, бош роль ижрочилари катта миқдорда гонорар сўраётган бўлиши мумкин. Лекин хусусий киностудияларда бундай маблағнинг ўзи йўқ. Тўрт минг доллар миқдоридаги гонорар худди совун кўпигига ўхшайди. Узоқдан қарасангиз, кўпиради, лекин ушлаб кўраман, десангиз қўлингизга ҳеч нима илинмайди. Қолаверса, продюсер кимга қанча гонорар беришни жуда яхши билади. Актрисаларнинг интервьюсини ўқиб, Севара Солиевага ҳурматим ошди. “Гонорар ҳақида гапиришга ёшлик қиламиз. Ҳали ўз устимизда ишлашимиз керак”, деган ўринли фикр айтган. Режиссёр, актёрларнинг мақсади ўз кўнглидаги ғоя ва маҳоратини фильм тарзида халққа етказиш. Маблағ иккинчи даражада бўлиши керак. Моддий масалада муаммо келиб чиқмаслиги учун аввал бошидан продюссер билан келишиб олишлари керак, режиссёр билан эмас.

Ф.Н.: — Ёш актрисалар билан суҳбат қилганимизда, Асал Шодиева гонорарсиз, давлат фильмида суратга тушишга тайёрлигини билдирди. «Негадир биздек ёш актрисаларни давлат фильмларига таклиф қилишмайди», деган фикрни айтди.

З.М.: — Албатта бу каби актрисалар давлат фильмида ишлашга ҳақли. Уларнинг келажаги ҳали олдинда.

Ж.А.: — Ёш актёр ва актрисаларни давлат фильмларига жалб қилиш керак. Улар фильмларда тинимсиз кўриняптими, демак ишлаш, халққа нимадир бериш истаги билан ёняпти. Шунинг учун ёш ижодкорларни савалашдан бироз тийилиш керак. Актёрларнинг ижод қилишга бўлган иштиёқини сўндиришнинг нима кераги бор?

Ф.Н.: — Савиясиз фильмлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалар меъдангизга тегмадими? Бу жараён қачонгача давом этади?

З.М.: — Қозоғистонда тижорий фильм деган тушунча йўқ. Бари муаллифлик фильмлари. Бюджети эса миллион долларни ташкил қилади. Қисқаси, «Ўзбеккино»дан вакил чиқиб, «бир йилда етмишта фильм ишланди», деган билан иш битмайди. Савия-чи? Бу гапларни режиссёр сифатида оғриниб гапиряпман. Таксига чиқсам, ҳайдовчилар таниб қолиб “Ака, кеча бир фильмга тушгандим. Нега бунақа фильмлар суратга олишади?” дейди. Шундай фикрларни эшитиб, хўрлигим келади. Бу ҳақда жон куйдиравериб, сочим оқариб кетди.

Ж.А.: — Билишимча, уларнинг кинотеатрлари бўм-бўш турар экан, томошабин йўқ. Яхшими-ёмонми, тижорат фильмлари томошабинни кинотеатрда ушлаб турибди. Бор эътиборни саёз фильмларга қаратиб, танқид қилишнинг ҳожати йўқ. Уларнинг умри қисқа, яшамайди ҳам. Ғалвирдан тушиб қолаверади. Ўзингнинг уйингда райҳон кўкартиролмасанг, қўшнининг уйига олма экиб нима қиласан? Президентимиз замон қаҳрамонини олиб чиқиш талабини қўйганлар. Назаримда, саёз фильмларни саралашни томошабинга қолдириб, замон қаҳрамонини излашга вақт кетказсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ф.Н.: — Негадир бугун продюсерларнинг олдида режиссёрларнинг роли орқа планга ўтиб қолгандек…

З.М.: — Продюсерлар ҳозирги ёш актёрларга бюджетдаги ярим маблағни сарфлашади. Қолган эътиборга лойиқ актёрлар, ижодий гуруҳ пулини ололмай сарсон юради. Бу тижорий фильмми ёки бировнинг маблағи ва ишончини суистеъмол қилиш? Тўғри, кино бизнес. Лекин ҳаққоний бўлиши керак.

Ж.А.: — Тўппа-тўғри. Кинога безнес деб қараш бошланганидан буён продюсерлар биринчи планга ўтиб қолган. Пули бор одам мусиқа буюртма қиляпти, дегандек гап-да бу. Мен каби ижодкорлар мазкур жараённинг қурбонига айланмаслигимиз учун юзага қалқиб чиқиш мақсадида ижодни бўшаштираётганимиз йўқ. Бунда албатта продюсернинг талабидан келиб чиққан ҳолда севги, юморли саҳналардан фойдаланамиз.

Ф.Н.: — Жаҳонгир, ёш актрисалар билан суҳбат қилганимизда, тижорат фильмларидаги мавжуд камчиликларни режиссёрларнинг бўйнига қўйишди. Бачкана, четдан қараганда эриш туюладиган саҳналарни режиссёрнинг талаби билан ижро этишларини яширишмади.

Ж.А.: — Асал, Шаҳзода, Севарани ҳурмат қиламан. Халқ фильмдаги қаҳрамонлари орқали уларни яхши кўради. Лекин актрисаларнинг интервьюсини ўқиб, рости, кулгим келди. Нима, улар режиссёрнинг талабини индамай бажарадиган онгсиз мавжудодми? Ё режиссёр уларнинг пешонасига милтиқ тираб ишлатганми? Уларнинг ягона мақсади машҳурликка эришиш бўлган, вассалом. Асал Шодиеванинг “Давлат киносида суратга тушишимиз учун аввал хусусий фильмларда ўзимизни чиниқтиришимиз керак. Ботқоқни кўрмагунча, зарнинг қадрига етмайди киши”, деган гапидан рости хафа бўлдим. Ахир хусусий кино орқали халққа танилиб, шу майдондан нон топаётганини унутиб, уни ботқоққа қиёслаган. Кино бу — режиссёр, актёрларнинг уйи. Оиланинг катталари ва ёшлари бор. Табиийки, ёшлар бебошроқ бўлади. Лекин оилада бўлаётган гапларни кўчага олиб чиқиш бу —нотўғри. Остона ҳатлаб кўчага чиқиб, «бу ботқоқ, бошқа оила топгунимча, шу ерда яшаб турибман”, демайсиз-ку!

З.М.: — Жаҳонгир, улардан хафа бўлишингиз ноўрин. Чунки улар ёшлигига борган, ҳаётнинг баланд-пастини ҳали кўрмаганда. Қалбингизни сал кенгроқ қилинг. Актрисалар сценарийни ўқиб, ўз истаги билан фильмда суратга тушдими, айбни режиссёрга тўнкашнинг кераги йўқ. Ёш актриса ва режиссёрларни ўзига тортадиган иккита шайтон — катта миқдордаги пул ва машҳурлик заҳарлайди.

Ф.Н.: — Бугунги кун томошабинининг дидини қай даражада баҳолайсизлар?

З.М.: — “Киночилар уйи”даги томошабинни кўриб, рости, хафа бўлиб кетдим. Залнинг энг орқа ўриндиғида ўн иккита қиз ва йигит ўтирибди. Уларга экранда намойиш қилинаётган фильмнинг қизиғи йўқ, бошқа иш билан машғул.

Ж.А.: — Ресторанга пул йўқ, денг (кулади). Тўғри, бу сингари “томошабин”лар ҳам йўқ эмас. Лекин тан олиш керак, бугунги кунда томошабиннинг диди анча юқорига ўсган. Кинотеатрда намойиш этилаётган фильм ёқмаса, кассадан пулини қайтариб оляпти. Бу ҳолат биз режиссёрлардаги масъулятни икки карра оширяпти. Режиссёрларга ўз вақтини ишониб топшираётган томошабиннинг олдидаги бурчимиз — ўз устимизда ишлашдан иборат. Пул, бир кунлик шуҳрат, кимгадир ёқиш учун эмас, ўзбек киносининг савиясини кўтариш йўлида бир ёқадан бош чиқаришимиз лозим.

Ф.Н.: — Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Манба: darakchi.uz

(Tashriflar: umumiy 328, bugungi 1)

Izoh qoldiring