Xalq pulini mashshoqlarga sochayotgan vazirlik: Madaniyatning kuni kimlarga qoldi?

91Бундан тўрт йил аввал вазир Озодбек Назарбековнинг ўзи Маданият вазирлигининг фаолияти фақат тадбирбозликдан иборат бўлиб қолганини айтган эди. Мана орадан тўрт йил ўтди, бу вақт ичида тадбир-у шоулар кўпайгандан кўпайдики, камаймади. Вазирнинг ўзи эса ҳали «Артист», ҳали «The Cover up kids» ҳали «Овоз»да ҳакамлик қилиб ўтиришдан ортмаяпти.

Халқ пулини машшоқларга сочаётган вазирлик:
Маданиятнинг куни кимларга қолди?

Халқда “Машшоғи кўп юртнинг қашшоғи кўп бўлади” деган эски гап бор. Бу гап эскидир, аммо дунё аллақачон самони эгаллаётган, ракеталар тинимсиз парвоз қилаётган, учувчисиз учоқлар ҳайратда қолдираётган, инновацион технологиялар миллиардлаб пулларимиз эвазига ташқаридан кириб келаётган бир вақтда Ўзбекистонда яна миллионлаб пуллар ўйин-кулги, базм-жамшид, тўй-ҳашамга сарфланяпти. Бундай тадбирлар бошида эса яна Маданият вазирлиги турибди.

Вазирлик ташаббуси билан ташкил этилган “Артист” лойиҳасини кўпчилик яхши эслайди. Қанчадан қанча вақт ва харажатни талаб қилган ушбу лойиҳа якунига етдими, унга сарфланган пул, унда олиб чиқилган истеъдодлар ҳақида аниқ ҳисоботлар мавжуд эмас. Вазирлик эса бир лойиҳа тугамасидан иккинчисини бошлади. Бу «Овоз» лойиҳаси. У неча 10 йилларким ўзимиздаги Севара Назархонни ўзимизга қайта кашф қилиб берган «Голос»нинг ўзбекча варианти. Лойиҳа учун давлат бюджетидан каттагина маблағ ажратилган. Вазирлик таъмирталаб театр, кутубхона ва истироҳат боғлари қолиб, бу каби шоуларга миллиардлар сарфлаши қанчалик тўғри? Солиқ тўловчилар бюджет пулларининг шу тариқа ишлатилишига қандай қарайди?

Давлат бюджетига икки миллиард сўмга тушган лойиҳа

Бир неча кун аввал Маданият вазирлиги “Овоз” телевизион лойиҳаси учун бюджетдан қарийб 2 миллиард сўм маблағ ажратди. Бу фақат гонорар учун тўланадиган пулдир. Шартномада келтирилишича, телелойиҳада қатнашувчи 3 нафар устоз учун ойига 38 млн сўмдан жами 684 млн сўм, 1 нафар бадиий раҳбар учун ойига 57 млн сўмдан жами 342 млн сўм, 1 нафар мусиқа директори учун 38 млн сўмдан, 228 млн сўм ҳамда 6 нафар созандага 14,5 млн сўмдан жами 522 млн сўм тўланади. Ғолибга KIA автомобили совға қилинади, кимнинг ҳисобидан экани эса номаълум.

Бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиши билан, Маданият вазирлиги дарҳол муносабат билдирди. Вазирликнинг иддао қилишича, “Овоз” лойиҳасидан Ўзбекистондаги иқтидор эгаларини қидириб топиш, уларга истеъдодини юзага чиқариш учун имконият яратиш, “устоз-шогирд” анъанасини мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзланган.

“…Маданият вазирлиги томонидан режалаштирилган мазкур харажатлар телелойиҳани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизини ташкил этади”, дейилади баёнотда.

“Овоз” шоусининг ҳакамлари орасида Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам бор. Бошқа мамлакатларда бу каби лойиҳалар хусусий ташкилотлар, продюсерлик компаниялари томонидан ташкил этилса, Ўзбекистонда шахсан Маданият вазири бошчилигида амалга оширилмоқда. Бир ой аввал ўтказилган матбуот анжуманида Озодбек Назарбеков “Овоз” телелойиҳасини қўллаб-қувватлашининг сабабини қуйидагича тушунтирган эди:

“Маданият вазирлигининг бу лойиҳада иштирок этишининг энг катта сабабларидан бири лойиҳа ҳамма жойда ҳам ўзини оқлаб, ҳамма жойда ҳам яшаб кетгани йўқ, қайсидир ҳудудларда муваффақиятсиз бўлди. Тўғрисини айтсам, бу лойиҳага бирдан келишим қоқилса оёққа қўйиш учун. Бир йил, икки йилда ўзини эплаб кетишига ишонамиз, лекин шунгача қайсидир маънода давлат сифатида лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида ёнида туришни мақсад қилганмиз”.

Ундан олдинги “Артист” телелойиҳаси ҳам айнан Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган эди. Вазирлик лойиҳа учун қанча маблағ ажратгани бўйича ҳисобот ҳам, маълумот ҳам бермаган. Бизга фақат шуниси маълумки, ғолиб бўлган уч нафар иштирокчига лицензия билан биргаликда вазирлик томонидан продюсерларга бириктирилган ҳолда, уларнинг муаллифлик қўшиқларини ёзишида, клиплар суратга олишида, гала концертларда иштирок этишида ҳам моддий, ҳам маънавий тарзда амалий ёрдам кўрсатилади.

Халқаро тоифадаги маданият ва санъат менежери, Дунё мусиқаси бўйича эксперт Ҳусниддин Ато Маданият вазирлигининг телелойиҳага сармоя киритишига танқидий фикр билдирди.

“Бу Маданият вазирлигининг иши эмас. Агарда кимдир “Овоз” каби лойиҳаларни вазирлик қўллаб-қувватлаши учун 10 та сабаб топиб айтса, уларнинг барчасини инкор этувчи далил келтириб, бундан муҳим бўлган бошқа 10 та масалани келтириб ўтишим мумкин. Маданият вазирлиги айни шароитда эътиборини, вақтини шоуга тикиши ноўрин, Ўзбекистон маданиятига масъулман деган ташкилот учун айни кунда бу йигирманчи даражадаги масала», дейди Ҳусниддин Ато.

QALAMPIR.UZ сайти “Овоз”, “Артист” лойиҳалари учун бюджетдан маблағ сарфланишига аҳолининг муносабатини ўрганиш мақсадида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида сўровнома ўтказди. Унда иштирок этганларнинг 95 фоизи мазкур шоуларга давлат томонидан пул ажратилишига қарши эканини билдирган.

“Ташқи қарзимиз ва ички муаммоларимиз етарлича. Бундай вақтда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган “Артист, “Овоз” телелойиҳалари кимга керак?” дейди сўровнома иштирокчиларидан бири.

Яна бир қатнашувчи эса ўзбек халқининг азалий муаммосини эсга олган:

“Халқ ўзининг ёнидан кўчаси асфальт бўлиши учун пул тўплаётган бир пайтда бу лойиҳалар умуман кераксиз”.

Шу ўринда савол: нима учун ҳофизларни излаб топишга, уларни “кўтаришга” халқнинг пуллари сарфланмоқда? Неча йиллардан буён солиқ тўламай келадиган машшоқлар давлат бюджетига қандай фойда келтирдики уларни қўллаб-қувватлаш учун бунча маблағ ажратилса? Халқнинг пуллари эвазига кўтарилган санъаткор тўйларда хизмат эвазига минглаб доллар олиб, яна халқнинг пулларини шилишда давом этадими?

Ҳавога совурилаётган бюджет пуллари

Маданият вазирлиги давлат бюджетидан энг кўп маблағ олувчи ТОП-10 вазирлик қаторига киради. 2023 йилда вазирликка бюджетдан 819,7 миллиард сўм, 2024 йилда эса 1,1 триллион сўм маблағ ажратилган.

Ўзбекистондаги ҳеч қайси вазирлик бюджетдан ишлатилган пулларнинг ҳисоботини бермайди. Жамоатчилик фақат электрон харидлар порталида тузилган шартномалардангина хабардор бўлиб туриши мумкин. Қилинган харидлар бўйича энг кўп муҳокамалар остида қоладиган вазирлик – бу, шубҳасиз, Маданият вазирлиги.

2022 йилда вазирлик томонидан 15,5 миллиард сўмга “Маданият карвони” учун мўлжалланган иккита махсус автотранспорт воситаси сотиб олинди. Эътирозларга жавобан, вазир Озодбек Назарбеков қўшниларимизда ҳам бундай машина йўқлигини айтиб мақтанди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида эса маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳақида маълумотни ўзида жамловчи янги портал учун қарийб ярим миллиард сўм маблағ ажратилди. Маданият вазири қабул қилган буйруқда харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши қайд этилган.

Бундан ташқари, ўтган йили маданият соҳаси вакиллари учун уй-жой сотиб олишда субсидия берувчи қарор ишлаб чиқилди. Қарорга кўра, маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида (бироқ ҳисобланган маълум миқдордан юқори бўлмаган қийматда) субсидия берилади. Маблағ маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши айтилди.

Ҳужжат ҳали кучга кирганича йўқ, аммо унинг лойиҳаси эълон қилиниши билан яна кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб улгурди. Мол-мулки ва бойлиги ҳали декларациядан ўтказилмаган санъаткорларнинг солиқ тўловчилар маблағлари эвазига уй сотиб олиши кўпчиликка хуш келмади. Гарчи вазирлик фақат хонандалар эмас, маданият ходимлари, санъат вакиллари, кутубхоначиларга уй-жой сотиб олишда ёрдам берилишини иддао қилган бўлса-да, жамоатчилик бу гапларга ишонмади. Ҳарқалай, Маданият вазирлиги коррупциядан ҳоли ташкилот эмас. 2020 йилда Сенат Раиси Танзила Норбоева Маданият вазирлигида 12 миллиард сўм пул маблағлари талон-торож қилингани ҳақида маълумот берган.

Тутуриқсиз тадбирлар

2013 йилдан Маданият вазирлиги ташаббуси билан “Эътироф” йил танловини ўтказиш бошланган эди. 2017 йилда танлов тўхтатилди, 2018 йилдан бошлаб янги – “Эҳтиром” танлови ташкил этилди. 2021 йилга келиб “Эҳтиром” мукофотлаш тадбири ҳам тўхтатилди. 2022 йилдан яна “Эътироф” танловини ўтказиш қайта йўлга қўйилди.

Умуман олганда, маданий ҳордиқ ўзбекистонликлар учун қимматга тушмоқда. Йилда битта танловни ўтказишни эплолмаган вазирлик 2021 йилдан буён ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкентда “Ипак йўли дурдонаси” халқаро кинофестивалини ўтказиб келмоқда. Кинофестивалга ташриф буюрувчи нуфузли меҳмонларнинг йўл ва меҳмонхона харажатлари, озиқ-овқати ҳам ҳотамтой ўзбек халқининг бўйнида.

Ўтган йилги кинофестивалга Россия пропагандаси билан фаол шуғулланиб келаётган россиялик кўплаб санъаткорлар таклиф этилгани жамоатчилик вакиллари ва зиёлиларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Тошкент кинофестивалида юксак ҳурмат билан қарши олинган актриса – Наталья Варлей ўз юртига қайтиб борганидан сўнг “Эмпатия Манучи” каналига интервью берди. Унинг сўзларига кўра, ССРнинг тугатилиши тарихнинг энг катта хатоси бўлган, МДҲ мамлакатларини эса ҳозир “сариқ подшоҳчалар” бошқармоқда. 2022 йилги кинофестивалда эса Бурак Озчивит ва Нургул Ешилчай хурмача қилиқлар кўрсатган эди.

Кинофестивалга бюджетдан қанча маблағ ажратилаётганини расмийлар очиқламаган. Шуниси маълумки, кинофестиваль давомида маълум йўналишдаги фильм ижодкорлари диплом, рамзий ҳайкалча ва 20 минг АҚШ долларидан иборат бўлган 5 та пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, Осиё ва Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивали ўтказилиб, ғолибларга жами 32 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти берилади.

Маданият вазирлигининг “етим” ташкилотлари

Маданият вазирлиги фақат қўшиқчи-ю қизиқчилар қатнашадиган тадбирлар эмас, республикадаги кутубхоналар, ҳайвонот боғлари, истироҳат парклари учун ҳам жавобгардир. Кунлар исиб, дам олиш масканларига келувчилар сони ортадиган мавсум бошланмоқда. Истироҳат боғлари мавсумга тайёрми?

Вазирлик мутасаддилари хушовоз хонандаларни қидириб юрган бир пайтда, чекка туманлардаги боғлар аянчли аҳволда, кимса қадам ранжида қилмайдиган жойга айланиб улгурган. Буни аҳолининг паркларни таъмирлаш мақсадида Очиқ бюджет орқали овоз тўплаётганидан ҳам билиш мумкин. Яқинда тармоқларда тарқалган аянчли видеотасвирни олайлик: Термиз ҳайвонот боғидаги айиқлар озиб-тўзиб, кучукка ўхшаб қолган. Кутубхоналарга кириб, ўзбек тилидаги илмий китобларни тополмайсиз, жавонларда ССР замонидан қолган китоблар тахланиб туради. Чекка ҳудудларда ишлайдиган шўрлик кутубхоначилар остона хатлаб кирган кишига китоб бериш ўрнига “Уйингизда китоблар бўлса, бизга беринг”, дея уларнинг ўзидан китоб сўрайди.

Серхаражат вазирликка қарашли маданият муассасалари, театр, кутубхона ходимлари республика бўйича энг кам маош оладиган тоифага киради.

Маданият вазирлигига тегишли ташкилотларда ўртача маош қуйидагича:
Цирк ва театрларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 3 млн 144 минг сўм;
бадиий раҳбар ходимлар – 3 млн 513 минг сўм;
театр артистлари – 2 млн 379 минг сўм.

Концерт ташкилотлари ва саройларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 2 млн 824 минг сўм;
Бадиий раҳбар ходимлар – ўртача 2 млн 680 минг сўм;
Мусиқа ва рақс жамоалари – 1 млн 759 минг сўм.

Ҳайвонот боғларида:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 3 млн 84 минг сўм;
Илмий ижодий ходимлар – 2 млн 930 минг сўм;
Бошқа ходимлар – 2 млн 145 минг сўм.

Музейларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 3 млн 731 минг сўм;
Бошқа ходимлар – 2 млн 524 минг сўм.

Маданий-маърифий муассасаларда:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 2 млн 932 минг сўм;
Ижодий ходимлар – 2 млн 932 минг сўм;
Бошқа ходимлар – 1 млн 786 минг сўм.

Давлат архивларида:
Маъмурий-бошқарув ходимлар – 2 млн 279 минг сўм;
Илмий ходимлар – 2 млн 423 минг сўм.

“Ўзбек маданиятининг энг катта душмани”

Ўтган йилнинг ноябрь ойида 2024 йил учун мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинганда Ўзбекистон жамоатчилиги Маданият вазирлигига катта миқдорда маблағ ажратилганидан норози бўлди. Кўпгина зиёлилар Маданият вазирлигини Ўзбекистонга керак эмас, деб ҳисоблашини билдирди.

“Гап Маданият вазирлигига кам ёки кўп пул ажратилиши ҳақида эмас, вазирлик тўлиқ тугатилиши ҳақида кетиши керак. Кутубхоналар, театрлар, музейлар тўғридан тўғри молиялаштирилиши керак. Ўғри ва паразитлар орқали эмас”, деб ёзди Х (Тwitter) даги саҳифасида иқтисодчи Отабек Бакиров.

Унинг фикрига жавобан таниқли кинорежиссёр Сарвар Каримов Маданият вазирлигини ўзбек маданиятининг душмани деб атади:

“Ўзбек маданиятининг энг катта душмани – бу Маданият вазирлиги”.

Бундан тўрт йил аввал вазир Озодбек Назарбековнинг ўзи Маданият вазирлигининг фаолияти фақат тадбирбозликдан иборат бўлиб қолганини айтган эди. Мана орадан тўрт йил ўтди, бу вақт ичида тадбир-у шоулар кўпайгандан кўпайдики, камаймади. Вазирнинг ўзи эса ҳали «Артист», ҳали «The Cover up kids» ҳали «Овоз»да ҳакамлик қилиб ўтиришдан ортмаяпти. Таъмирталаб кинотеатрлар, театрлар, истироҳат боғлари, маданий кўнгилочар марказлар вазирликнинг биргина эътиборига муҳтож аҳволда. Санъат ва маданият фақат ширали овоздан, қарсак-у тадбирбозликдан иборат эмаслигини Маданият вазирлигининг ўзи қачон англаб етади? Ҳофизларнинг хонишидан бироз бош кўтариб, мамлакатдаги реал вазиятга қараш вақти қачон келади?

Мақола муаллифи: Моҳинур Маматова
Мақоланинг асл манбаи

9ф

Xalq pulini mashshoqlarga sochayotgan vazirlik:
Madaniyatning kuni kimlarga qoldi?

Xalqda “Mashshog‘i ko‘p yurtning qashshog‘i ko‘p bo‘ladi” degan eski gap bor. Bu gap eskidir, ammo dunyo allaqachon samoni egallayotgan, raketalar tinimsiz parvoz qilayotgan, uchuvchisiz uchoqlar hayratda qoldirayotgan, innovatsion texnologiyalar milliardlab pullarimiz evaziga tashqaridan kirib kelayotgan bir vaqtda O‘zbekistonda yana millionlab pullar o‘yin-kulgi, bazm-jamshid, to‘y-hashamga sarflanyapti. Bunday tadbirlar boshida esa yana Madaniyat vazirligi turibdi.

Vazirlik tashabbusi bilan tashkil etilgan “Artist” loyihasini ko‘pchilik yaxshi eslaydi. Qanchadan qancha vaqt va xarajatni talab qilgan ushbu loyiha yakuniga yetdimi, unga sarflangan pul, unda olib chiqilgan iste’dodlar haqida aniq hisobotlar mavjud emas. Vazirlik esa bir loyiha tugamasidan ikkinchisini boshladi. Bu «Ovoz» loyihasi. U necha 10 yillarkim o‘zimizdagi Sevara Nazarxonni o‘zimizga qayta kashf qilib bergan «Golos»ning o‘zbekcha varianti. Loyiha uchun davlat byudjetidan kattagina mablag‘ ajratilgan. Vazirlik ta’mirtalab teatr, kutubxona va istirohat bog‘lari qolib, bu kabi shoularga milliardlar sarflashi qanchalik to‘g‘ri? Soliq to‘lovchilar byudjet pullarining shu tariqa ishlatilishiga qanday qaraydi?

Davlat byudjetiga ikki milliard so‘mga tushgan loyiha

Bir necha kun avval Madaniyat vazirligi “Ovoz” televizion loyihasi uchun byudjetdan qariyb 2 milliard so‘m mablag‘ ajratdi. Bu faqat gonorar uchun to‘lanadigan puldir. Shartnomada keltirilishicha, teleloyihada qatnashuvchi 3 nafar ustoz uchun oyiga 38 mln so‘mdan jami 684 mln so‘m, 1 nafar badiiy rahbar uchun oyiga 57 mln so‘mdan jami 342 mln so‘m, 1 nafar musiqa direktori uchun 38 mln so‘mdan, 228 mln so‘m hamda 6 nafar sozandaga 14,5 mln so‘mdan jami 522 mln so‘m to‘lanadi. G‘olibga KIA avtomobili sovg‘a qilinadi, kimning hisobidan ekani esa noma’lum.

Bu xabar ijtimoiy tarmoqlarda tarqalishi bilan, Madaniyat vazirligi darhol munosabat bildirdi. Vazirlikning iddao qilishicha, “Ovoz” loyihasidan O‘zbekistondagi iqtidor egalarini qidirib topish, ularga iste’dodini yuzaga chiqarish uchun imkoniyat yaratish, “ustoz-shogird” an’anasini mustahkamlash kabi maqsadlar ko‘zlangan.

“…Madaniyat vazirligi tomonidan rejalashtirilgan mazkur xarajatlar teleloyihani tashkil etish bilan bog‘liq xarajatlarning 30 foizini tashkil etadi”, deyiladi bayonotda.

“Ovoz” shousining hakamlari orasida Madaniyat vaziri Ozodbek Nazarbekov ham bor. Boshqa mamlakatlarda bu kabi loyihalar xususiy tashkilotlar, prodyuserlik kompaniyalari tomonidan tashkil etilsa, O‘zbekistonda shaxsan Madaniyat vaziri boshchiligida amalga oshirilmoqda. Bir oy avval o‘tkazilgan matbuot anjumanida Ozodbek Nazarbekov “Ovoz” teleloyihasini qo‘llab-quvvatlashining sababini quyidagicha tushuntirgan edi:

“Madaniyat vazirligining bu loyihada ishtirok etishining eng katta sabablaridan biri loyiha hamma joyda ham o‘zini oqlab, hamma joyda ham yashab ketgani yo‘q, qaysidir hududlarda muvaffaqiyatsiz bo‘ldi. To‘g‘risini aytsam, bu loyihaga birdan kelishim qoqilsa oyoqqa qo‘yish uchun. Bir yil, ikki yilda o‘zini eplab ketishiga ishonamiz, lekin shungacha qaysidir ma’noda davlat sifatida loyihani qo‘llab-quvvatlash maqsadida yonida turishni maqsad qilganmiz”.

Undan oldingi “Artist” teleloyihasi ham aynan Madaniyat vazirligi tashabbusi bilan tashkil etilgan edi. Vazirlik loyiha uchun qancha mablag‘ ajratgani bo‘yicha hisobot ham, ma’lumot ham bermagan. Bizga faqat shunisi ma’lumki, g‘olib bo‘lgan uch nafar ishtirokchiga litsenziya bilan birgalikda vazirlik tomonidan prodyuserlarga biriktirilgan holda, ularning mualliflik qo‘shiqlarini yozishida, kliplar suratga olishida, gala konsertlarda ishtirok etishida ham moddiy, ham ma’naviy tarzda amaliy yordam ko‘rsatiladi.

Xalqaro toifadagi madaniyat va san’at menejeri, Dunyo musiqasi bo‘yicha ekspert Husniddin Ato Madaniyat vazirligining teleloyihaga sarmoya kiritishiga tanqidiy fikr bildirdi.

“Bu Madaniyat vazirligining ishi emas. Agarda kimdir “Ovoz” kabi loyihalarni vazirlik qo‘llab-quvvatlashi uchun 10 ta sabab topib aytsa, ularning barchasini inkor etuvchi dalil keltirib, bundan muhim bo‘lgan boshqa 10 ta masalani keltirib o‘tishim mumkin. Madaniyat vazirligi ayni sharoitda e’tiborini, vaqtini shouga tikishi noo‘rin, O‘zbekiston madaniyatiga mas’ulman degan tashkilot uchun ayni kunda bu yigirmanchi darajadagi masala», deydi Husniddin Ato.

QALAMPIR.UZ sayti “Ovoz”, “Artist” loyihalari uchun byudjetdan mablag‘ sarflanishiga aholining munosabatini o‘rganish maqsadida ijtimoiy tarmoq foydalanuvchilari o‘rtasida so‘rovnoma o‘tkazdi. Unda ishtirok etganlarning 95 foizi mazkur shoularga davlat tomonidan pul ajratilishiga qarshi ekanini bildirgan.

“Tashqi qarzimiz va ichki muammolarimiz yetarlicha. Bunday vaqtda davlat byudjeti hisobidan moliyalashtiriladigan “Artist, “Ovoz” teleloyihalari kimga kerak?” deydi so‘rovnoma ishtirokchilaridan biri.

Yana bir qatnashuvchi esa o‘zbek xalqining azaliy muammosini esga olgan:

“Xalq o‘zining yonidan ko‘chasi asfalt bo‘lishi uchun pul to‘playotgan bir paytda bu loyihalar umuman keraksiz”.

Shu o‘rinda savol: nima uchun hofizlarni izlab topishga, ularni “ko‘tarishga” xalqning pullari sarflanmoqda? Necha yillardan buyon soliq to‘lamay keladigan mashshoqlar davlat byudjetiga qanday foyda keltirdiki ularni qo‘llab-quvvatlash uchun buncha mablag‘ ajratilsa? Xalqning pullari evaziga ko‘tarilgan san’atkor to‘ylarda xizmat evaziga minglab dollar olib, yana xalqning pullarini shilishda davom etadimi?

Havoga sovurilayotgan byudjet pullari

Madaniyat vazirligi davlat byudjetidan eng ko‘p mablag‘ oluvchi TOP-10 vazirlik qatoriga kiradi. 2023 yilda vazirlikka byudjetdan 819,7 milliard so‘m, 2024 yilda esa 1,1 trillion so‘m mablag‘ ajratilgan.

O‘zbekistondagi hech qaysi vazirlik byudjetdan ishlatilgan pullarning hisobotini bermaydi. Jamoatchilik faqat elektron xaridlar portalida tuzilgan shartnomalardangina xabardor bo‘lib turishi mumkin. Qilingan xaridlar bo‘yicha eng ko‘p muhokamalar ostida qoladigan vazirlik – bu, shubhasiz, Madaniyat vazirligi.

2022 yilda vazirlik tomonidan 15,5 milliard so‘mga “Madaniyat karvoni” uchun mo‘ljallangan ikkita maxsus avtotransport vositasi sotib olindi. E’tirozlarga javoban, vazir Ozodbek Nazarbekov qo‘shnilarimizda ham bunday mashina yo‘qligini aytib maqtandi.

O‘tgan yilning sentyabr oyida esa madaniyat va san’at sohasi vakillari haqida ma’lumotni o‘zida jamlovchi yangi portal uchun qariyb yarim milliard so‘m mablag‘ ajratildi. Madaniyat vaziri qabul qilgan buyruqda xarajatlar byudjet mablag‘lari hisobidan qoplanishi qayd etilgan.

Bundan tashqari, o‘tgan yili madaniyat sohasi vakillari uchun uy-joy sotib olishda subsidiya beruvchi qaror ishlab chiqildi. Qarorga ko‘ra, madaniyat va san’at sohasi vakillariga hamda iste’dodli yosh ijodkorlarga ipoteka krediti asosida sotib olinayotgan uy-joy qiymatining 50 foizi miqdorida (biroq hisoblangan ma’lum miqdordan yuqori bo‘lmagan qiymatda) subsidiya beriladi. Mablag‘ mahalliy byudjetning qo‘shimcha manbalari hisobidan qoplanishi aytildi.

Hujjat hali kuchga kirganicha yo‘q, ammo uning loyihasi e’lon qilinishi bilan yana keng muhokamalarga sabab bo‘lib ulgurdi. Mol-mulki va boyligi hali deklaratsiyadan o‘tkazilmagan san’atkorlarning soliq to‘lovchilar mablag‘lari evaziga uy sotib olishi ko‘pchilikka xush kelmadi. Garchi vazirlik faqat xonandalar emas, madaniyat xodimlari, san’at vakillari, kutubxonachilarga uy-joy sotib olishda yordam berilishini iddao qilgan bo‘lsa-da, jamoatchilik bu gaplarga ishonmadi. Harqalay, Madaniyat vazirligi korrupsiyadan holi tashkilot emas. 2020 yilda Senat Raisi Tanzila Norboyeva Madaniyat vazirligida 12 milliard so‘m pul mablag‘lari talon-toroj qilingani haqida ma’lumot bergan.

Tuturiqsiz tadbirlar

2013 yildan Madaniyat vazirligi tashabbusi bilan “E’tirof” yil tanlovini o‘tkazish boshlangan edi. 2017 yilda tanlov to‘xtatildi, 2018 yildan boshlab yangi – “Ehtirom” tanlovi tashkil etildi. 2021 yilga kelib “Ehtirom” mukofotlash tadbiri ham to‘xtatildi. 2022 yildan yana “E’tirof” tanlovini o‘tkazish qayta yo‘lga qo‘yildi.

Umuman olganda, madaniy hordiq o‘zbekistonliklar uchun qimmatga tushmoqda. Yilda bitta tanlovni o‘tkazishni eplolmagan vazirlik 2021 yildan buyon har yili sentyabr-oktyabr oylarida Toshkentda “Ipak yo‘li durdonasi” xalqaro kinofestivalini o‘tkazib kelmoqda. Kinofestivalga tashrif buyuruvchi nufuzli mehmonlarning yo‘l va mehmonxona xarajatlari, oziq-ovqati ham hotamtoy o‘zbek xalqining bo‘ynida.

O‘tgan yilgi kinofestivalga Rossiya propagandasi bilan faol shug‘ullanib kelayotgan rossiyalik ko‘plab san’atkorlar taklif etilgani jamoatchilik vakillari va ziyolilarning e’tirozlariga sabab bo‘ldi. Toshkent kinofestivalida yuksak hurmat bilan qarshi olingan aktrisa – Natalya Varley o‘z yurtiga qaytib borganidan so‘ng “Empatiya Manuchi” kanaliga intervyu berdi. Uning so‘zlariga ko‘ra, SSRning tugatilishi tarixning eng katta xatosi bo‘lgan, MDH mamlakatlarini esa hozir “sariq podshohchalar” boshqarmoqda. 2022 yilgi kinofestivalda esa Burak Ozchivit va Nurgul Yeshilchay xurmacha qiliqlar ko‘rsatgan edi.

Kinofestivalga byudjetdan qancha mablag‘ ajratilayotganini rasmiylar ochiqlamagan. Shunisi ma’lumki, kinofestival davomida ma’lum yo‘nalishdagi film ijodkorlari diplom, ramziy haykalcha va 20 ming AQSH dollaridan iborat bo‘lgan 5 ta pul mukofoti bilan taqdirlanadi. Shuningdek, Osiyo va Ipak yo‘li bo‘ylab joylashgan mamlakatlar yosh kinoijodkorlarining qisqa metrajli filmlari festivali o‘tkazilib, g‘oliblarga jami 32 ming dollar miqdoridagi pul mukofoti beriladi.

Madaniyat vazirligining “yetim” tashkilotlari

Madaniyat vazirligi faqat qo‘shiqchi-yu qiziqchilar qatnashadigan tadbirlar emas, respublikadagi kutubxonalar, hayvonot bog‘lari, istirohat parklari uchun ham javobgardir. Kunlar isib, dam olish maskanlariga keluvchilar soni ortadigan mavsum boshlanmoqda. Istirohat bog‘lari mavsumga tayyormi?

Vazirlik mutasaddilari xushovoz xonandalarni qidirib yurgan bir paytda, chekka tumanlardagi bog‘lar ayanchli ahvolda, kimsa qadam ranjida qilmaydigan joyga aylanib ulgurgan. Buni aholining parklarni ta’mirlash maqsadida Ochiq byudjet orqali ovoz to‘playotganidan ham bilish mumkin. Yaqinda tarmoqlarda tarqalgan ayanchli videotasvirni olaylik: Termiz hayvonot bog‘idagi ayiqlar ozib-to‘zib, kuchukka o‘xshab qolgan. Kutubxonalarga kirib, o‘zbek tilidagi ilmiy kitoblarni topolmaysiz, javonlarda SSR zamonidan qolgan kitoblar taxlanib turadi. Chekka hududlarda ishlaydigan sho‘rlik kutubxonachilar ostona xatlab kirgan kishiga kitob berish o‘rniga “Uyingizda kitoblar bo‘lsa, bizga bering”, deya ularning o‘zidan kitob so‘raydi.

Serxarajat vazirlikka qarashli madaniyat muassasalari, teatr, kutubxona xodimlari respublika bo‘yicha eng kam maosh oladigan toifaga kiradi.

Madaniyat vazirligiga tegishli tashkilotlarda o‘rtacha maosh quyidagicha:
Sirk va teatrlarda: 
Ma’muriy-boshqaruv xodimlar – 3 mln 144 ming so‘m;
badiiy rahbar xodimlar – 3 mln 513 ming so‘m;
teatr artistlari – 2 mln 379 ming so‘m.

Konsert tashkilotlari va saroylarda:
Ma’muriy-boshqaruv xodimlar – 2 mln 824 ming so‘m;
Badiiy rahbar xodimlar – o‘rtacha 2 mln 680 ming so‘m;
Musiqa va raqs jamoalari – 1 mln 759 ming so‘m.

Hayvonot bog‘larida:
Ma’muriy-boshqaruv xodimlar – 3 mln 84 ming so‘m;
Ilmiy ijodiy xodimlar – 2 mln 930 ming so‘m;
Boshqa xodimlar –  2 mln 145 ming so‘m.

Muzeylarda: 
Ma’muriy-boshqaruv xodimlar – 3 mln 731 ming so‘m;
Boshqa xodimlar –  2 mln 524 ming so‘m.

Madaniy-ma’rifiy muassasalarda: 
Ma’muriy-boshqaruv xodimlar – 2 mln 932 ming so‘m;
Ijodiy xodimlar – 2 mln 932 ming so‘m;
Boshqa xodimlar –  1 mln 786 ming so‘m.

Davlat arxivlarida: 
Ma’muriy-boshqaruv xodimlar – 2 mln 279 ming so‘m;
Ilmiy xodimlar – 2 mln 423 ming so‘m.

“O‘zbek madaniyatining eng katta dushmani”

O‘tgan yilning noyabr oyida 2024 yil uchun mo‘ljallangan davlat byudjeti loyihasi e’lon qilinganda O‘zbekiston jamoatchiligi Madaniyat vazirligiga katta miqdorda mablag‘ ajratilganidan norozi bo‘ldi. Ko‘pgina ziyolilar Madaniyat vazirligini O‘zbekistonga kerak emas, deb hisoblashini bildirdi.

“Gap Madaniyat vazirligiga kam yoki ko‘p pul ajratilishi haqida emas, vazirlik to‘liq tugatilishi haqida ketishi kerak. Kutubxonalar, teatrlar, muzeylar to‘g‘ridan to‘g‘ri moliyalashtirilishi kerak. O‘g‘ri va parazitlar orqali emas”, deb yozdi X (Twitter) dagi sahifasida iqtisodchi Otabek Bakirov.

Uning fikriga javoban taniqli kinorejissyor Sarvar Karimov Madaniyat vazirligini o‘zbek madaniyatining dushmani deb atadi:

“O‘zbek madaniyatining eng katta dushmani – bu Madaniyat vazirligi”.

Bundan to‘rt yil avval vazir Ozodbek Nazarbekovning o‘zi Madaniyat vazirligining faoliyati faqat tadbirbozlikdan iborat bo‘lib qolganini aytgan edi. Mana oradan to‘rt yil o‘tdi, bu vaqt ichida tadbir-u shoular ko‘paygandan ko‘paydiki, kamaymadi. Vazirning o‘zi esa hali «Artist», hali «The Cover up kids» hali «Ovoz»da hakamlik qilib o‘tirishdan ortmayapti. Ta’mirtalab kinoteatrlar, teatrlar, istirohat bog‘lari, madaniy ko‘ngilochar markazlar vazirlikning birgina e’tiboriga muhtoj ahvolda. San’at va madaniyat faqat shirali ovozdan, qarsak-u tadbirbozlikdan iborat emasligini Madaniyat vazirligining o‘zi qachon anglab yetadi? Hofizlarning xonishidan biroz bosh ko‘tarib, mamlakatdagi real vaziyatga qarash vaqti qachon keladi?

Maqola muallifi: Mohinur Mamatova
Maqolaning asl manbai

(Tashriflar: umumiy 92, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бўлар эканку хақиқатни ёзса, буни Ўзбекистон давлати Ҳисоб палатаси ҳам ўқирмикин?

Izoh qoldiring