Zulfiqor Musoqov: Unga dastxatingiz kerakmas…& Zulfiqor Musoqov filmlari

0044  Bugun Taniqli rejissyor Zulfiqor Musoqov tavallud kun

Ўзбек киноси деган тушунча бор, албатта. Фақат бугун бу тушунча анча сийқалашиб кетди. Бунга, аввало, кейинги пайтларда бу соҳада ҳаваскорлар кўпайиб кетгани, саноат санъатни бўйсундиргани, ўзига хос бозор шакллангани билан боғлиқ. Яъни, бугун кино сифатида тақдим этилаётган лавҳаларни ўзбек, ҳинд ё турк ишлаяптими — билиб бўлмаяпти. Ўзбек киноси ўзининг қиёфаси, шакли ва моҳиятига эга бўлиши керак .

«УНГА ДАСТХАТИНГИЗ КЕРАКМАС…»
Зулфиқор Мусоқов «Оила даврасида» газетаси
ўқувчилари саволларига жавоб беради

07

043Зулфиқор (Жамол) Мусоқов 1958 йил, 19 январда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1981 йил Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетини тугатган. 1989 йил режиссёрлик ва сценарий муаллифлиги Олий курсини тамомлаган.2003 йилда «Меҳнат шуҳрати ордени», 2006 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони билан тақдирланган.
  Фильмлари: «Суд куни» (1983), «Қалдирғоч» (1988), «Аскар эртаги» (1989), «Абдуллажон ёки Стивен Спилбергга хат» (1991), «Бомба» (1995), «Истайман» (1996, биринчи ўзбек-япон фильми), «Кичкина табиб» (1997), «Аёл зоти» 24 серияли телесериали (1998, ЮНЕСКО ва Буюк Британия), «Ойижон» (2000), «Осмондаги болалар-1″ (2002), «Калиш» (2002), «Осмондаги болалар-2″ (2003), «Ўзимизнинг одам» 10 сериялик телесериали (2004, СТС, НТВ, Россия), «Ватан» (2006), «Суиқасд» (2006), «Ярим ойли шарқий дарвоза» (2008), «Куз» (2008).

07

Шомирза ТУРДИМОВ, фольклоршунос олим, сценарийнавис, Давлат мукофоти лауреати:

— Французча, америкача ё ҳиндча кино деган тасаввур-тушунчалар бор. Уларнинг муқобилида ўзбек киноси деган тасаввур-тушунча ҳам мавжудми? Бор бўлса, қиёфаси қандай, шакли қанақа, моҳияти нима?

— Очиғини айтсам, назарияга унча йўқман. Ўзбек киноси деган тушунча бор, албатта. Фақат бугун бу тушунча анча сийқалашиб кетди. Бунга, аввало, кейинги пайтларда бу соҳада ҳаваскорлар кўпайиб кетгани, саноат санъатни бўйсундиргани, ўзига хос бозор шакллангани билан боғлиқ. Яъни, бугун кино сифатида тақдим этилаётган лавҳаларни ўзбек, ҳинд ё турк ишлаяптими — билиб бўлмаяпти. Ўзбек киноси ўзининг қиёфаси, шакли ва моҳиятига эга бўлиши керак .

Қарчиғай ХОЛДОРОВ, бойсунлик чўпон:

— Қишлов пайти кўп кино кўраман. Ўзимча ўйлайман, шу, кейинги пайтларда ҳақиқий эркак образи камайиб кетяпти-ёв: бири кўчама-кўча изғиб банан изласа, хотинларга ўхшаб ғийбат қилса, биттаси қиздан таёқ еб сигир соғса… Бу аҳволда болаларимиз кимдан ўрнак олиши керак?

— Фильмларимда бунақа «қаҳрамон»лар йўқ. Буни шуларни экранга олиб чиқаётганлардан сўраш керак. Шунинг эфирига рухсат берганлардан сўраш керак.

Идеал масаласи эса баҳсли. Баъзилар миллий қаҳрамонлар нуқул яхши одам бўлиши керак, деб ўйлайди. Йўқ, ахир ўзбек киноси — бу панд-насиҳатдан иборат, дегани эмас. Асли кино санъатини емирадиган «занг» — жўн дидактика. Кинофильм ақл ўргатмайди, балки одамнинг туйғуларини тарбиялайди, ақлини чархлайди. Агар бу тарбия сиз айтган каби тескари томонга қараб кетса, албатта, хавфли.

Дилнавоз НУРМАНОВА, қўшработлик ҳунарманд:

— Шу-у, «Ватан»ни қайта ишлаб, Гунафшани тирик қолдирсангиз бўлмайдими?

— Афсуски, иложи йўқ… Афсуски…

Жасурбек ШОДМОНОВ, самарқандлик талаба:

— Сотқин, иғвогар, иккиюзламачи, ғаламис одамлар киноларингизда, одатда, енгилади. Лекин томошабин улардан қаттиқ нафратланмайди. Нафратланишини истайсизми, ўзи?

— Атоқли олим Озод Шарафиддинов бир гал менга шундай деди: «Халқимизнинг учта катта душмани бор: кўролмаслик, нафс балоси, мансабига қараб лаганбардорлик қилиш. Буларни енгсак, шунда маънавиятимиз бутун бўлади». Агар сотқин, иғвогар, иккиюзламачи, ғаламис одамлардан жирканиш муҳити шаклланса, албатта, бу маънавий хасталиклар ўз-ўзидан тузалади. Мана, «Ватан»да Ҳомид Қурбоннинг олдида енгилди. Лекин шу билан Қурбоннинг ҳаёти, Гунафшаси қайтиб келармиди. Шуниси ачинарли. «Осмондаги болалар»даги анови «суварак»нинг гапини эсланг: «Биз ҳатто атом реакторида ҳам яшаймиз», дейди.

Нодира ОТАМУҲАММАДОВА, «Bosh kommutatsiy markazi» ходими:

— Яхши киносценарий ёзишни қандай ўрганса бўлади?

— Олий маълумот олиш, камида икки йиллик махсус курсларда ўқиш лозим. Афсуски, ҳали унақа курснинг ўзи йўқ. Буни айтавериб, чарчадим. Шунинг оқибатида устоз кўрмаган шогирдлар уруғи кўпайиб кетяпти… Айтганча, яхши киносценарий ёзиш учун Худо юқтирган истеъдод ҳам керак.

Ҳалимжон ЖАББОРОВ, чустлик ҳунарманд:

— Киноларингизда кўп қаҳрамонлар доим ноқулай аҳволга тушиб, кулги бўлади. Ўзингиз-чи?

— Бунақа вазиятларга тез-тез дуч келаман. Масалан, «Бомба» фильми энди экранга чиққан вақти Муҳаммадсоли Юсупов билан метрога тушдик. Уч-тўрт мухлис «Ия, «Бомба»даги ака-ку», деб Муҳаммадсолини ўраб олишди. Қўярда-қўймай ресторанга судрашди. Мен эса турибман, пакет кўтариб. Муҳаммадсоли хижолат аралаш: «Укалар, ёлғиз эмасман-да, шу одам ҳам биз билан бирга борса майлими?», деб сўради. Йигитлардан бири менга раҳм аралаш тикилиб: «Майли, бораверсин, зиёни йўқ», деди. Уйга кетвордим… Ёки бир қизча кўчада дастхат сўради. Шундай қувондим: исмига мос тилаклар ёздим, ҳафсала билан имзо чекдим. Синглимиз қоғозни ўқиб кўриб: «Ия, Рустам Саъдуллаев эмасмисиз, унда дастхатингиз керакмас-э», деб ёзганларимнинг устидан чизиб ташлади. Шундан бери дастхат беришдан олдин мени таниш-танимаслигини сўраб оламан.

Абдужаббор МАМАЖОНОВ, қўқонлик иқтисодчи:

— Эшитишимча, дуппа-дуруст ёзувчилар ҳам яхшигина гонорарга енгил-елпи сценарий ёзиб берар эмиш. Сизга ҳам шундай таклиф бўлганми?

— Ойида икки-учтаси «хонтахта» ясатгани келади. Булар ҳам бир ғалати «қавм». Эшикдан қувсанг, тешикдан мўралайди. Кейин… унақаларга сценарийнинг кераги ҳам йўқ. Баъзилари қисқача сюжетни дафтарчага ёзиб олади. Диалогларни эса камера олдида тўқиб ташлайверади. Бунга ўзим гувоҳ бўлганман. Мана, бугун хусусий фильм олишдан ҳам олдин сценарий талаб қилиняпти. Унақаларнинг патагига қурт тушгани шундан.

Ноила ҲАЙДАРОВА, тошкентлик ҳуқуқшунос:

— Кўнглингизда қолиб кетган образ борми?

— Ҳар бир янги фильмим — мен учун катта имтиҳон, энди туғилажак фарзандим. Навбатдаги «болам» қандай бўлишини эса, очиғи, билмайман.

Фозила ЧОРИЕВА, косонсойлик уй бекаси:

— Оилада отанинг ўрни, сизнингча, қандай бўлиши керак? Оилавий анъаналарингиз борми?

— Отам Жалолиддин Мусоқов мени кинога қизиқтирган: ишхонасидан бузуқ кинокамера олиб келган. Уни тузаттириб, ҳовлимизни, кўчани, кучукларни, қўшниларни тасвирга олганман. Отамдан 30 ёшимда ажралиб қолдим. Бирорта кинофильмимни кўриш насиб қилмади. Шу кўнглимда чандиқ бўлиб қолди. Ота оила устуни эканини англадим.

Ота тарбиячи бўлмаган оилада муҳит бузилади, мувозанат издан чиқади. Деярли барча фильмимда шунга урғу беришга уринаман. Айниқса, «Осмондаги болалар», «Кичкина табиб»да. «Ватан»да ҳам шу: ўғли кимлигини отаси туфайли англайди-ку… Оилавий анъаналаримиз бор, албатта. Эл қатори-да, энди.

Нурлибой ЧИНПЎЛАТОВ, чимбойлик талаба:

— Юрий Никулин билан бир кинода ўйнаганингиз ростми?

— Йўғ-е, бир эпизодда тушиб қолганман: 6 ёшимда Эски шаҳардаги маҳалламизга яқин Чувалачи кўчасида буюк кинорежиссёр Алексей Герман «Урушсиз йигирма кун» бадиий фильмини суратга олган. Болалар билан Юрий Никулинни томоша қилгани борганмиз. Шунда менга орқадан ўтиб кетадиган бир эпизодни беришган. Кадр охирида, узоқдан ўтиб кетганман. Лекин шу эпизод учун 6 сўм беришган. Биринчи гонорарим-да. Роса музқаймоққа тўйганмиз.

Баҳриддин УСМОНОВ, бухоролик тадбиркор:

— Халқимизнинг Троя ё шотланд озодлик ҳаракатидан қадимийроқ ва бойроқ тарихи бор. Аммо нега «Троя» ё «Шерюрак» каби фильмларимиз йўқ?

— Нега энди? Мана, «Қўрғошин» ё «Ватан» ҳам тарихий фильмлар. Энди мухлисимиз истаётган даражадаги фильмларни олиш учун жуда катта ижодий салоҳият ва анча маблағ керак. Мана шу «Ватан»даги битта жанг саҳнасини олиш учун қанча жой изладик, маблағ, асаб кетди. Чунки ўша муҳитни яратиш, томошабинни ишонтириш жуда қийин. «Қўрғошин»да ҳам қанчадан-қанча тарихий лавҳалардан парчаларни улаб чиқдик. Томошабинга эса осон: битта бўлса ҳам «чоки»ни сезиб қолса, фильмни қайта кўрмай қўя қолади.

Жонузоқ СУҲРОБОВ, каттақўрғонлик таълим фахрийси:

— «Кетмоним учмаяпти», «стройбать» деган ўта махфий қисм», «Мальчик, иди суда» каби иборалар халқимиз орасида машҳур. Аммо бугун аксарият фильмнинг диалоглари эсда қолмайди… Нега шундай, а?

— Диалог халқдан олинса, халққа сингади.

Искандар КАЛОНОВ, зарбдорлик деҳқон:

— «Абдуллажон»да, бугунгидек замонавий техникалар йўқ пайтда тарвузу бодрингларни қандай катталаштиргансиз?

— Энди бу сир-да… У даврларда компьютерлар йўқ эди… Ҳар кинофильмнинг ўз магияси бўлиши керак-да…

Даврон СИДДИҚОВ, шаҳрисабзлик савдо ходими:

— Сир бўлмаса, битта кино ишлаб қанча топасиз? Нега бизда киноларнинг даромади айтилмайди?

— Режиссёрлар баъзан икки-уч йил умуман даромад олмаслигини ҳисобга олмасак, албатта, ёмон тўлашмайди. Битта фильм сценарийига 14 миллион, режиссёрга 11 миллион сўм берилади. Хўш, бу пулни 24 ёки 36 ойга бўлинг-чи, қанча чиқади?..

Кинолар даромадини эса, билмадим. Кинодан моддий даромад эмас, маънавий хизматни талаб қилишади.

Ғайбулла ЭШБОБОЕВ, зангиоталик муаллим:

— Яқинда ўқиб қолдим: бир укамиз ўғлига Неймар деб исм қўйибди. «Мэлс», «Клара», «Тельман», «Рим Марлэн» кабилар тарихда қолмабди, шекилли…

— Эсимда, 70-йилларда Янгийўлда бир «колхоз» раиси ўғлига Бешйилликкатўртйилда деб исм қўйган. Гувоҳномасини кўриб, оғзим очилиб қолган. Шундай шиор бўларди-да. Боланинг оти узунроқ бўлгани учунми, Бешвой деб чақириб қўя қолишарди. Бу иллат бугун ҳам бор бўлса, энди шу одамларнинг калтафаҳмлиги, қўлбола ҳавасими, ким билсин. Бу кетишда эртага кимдир Аватар ё Ўргимчак-одам қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Бунга биз ижодкорлар ҳам айбдормиз, балки.

Зулфиқор Мусоқов тарвуз-бодринглар қандай катталаштирилганлиги ҳақидаги саволни энг яхши, деб топди. «Фикрбазм»нинг навбатдаги ғолиби — зарбдорлик деҳқон Искандар КАЛОНОВ.

Умид ЁҚУБОВ ёзиб олди

Манба: «Оила даврасида» газетаси,2014, май

O‘zbek kinosi degan tushuncha bor, albatta. Faqat bugun bu tushuncha ancha siyqalashib ketdi. Bunga, avvalo, keyingi paytlarda bu sohada havaskorlar ko‘payib ketgani, sanoat san’atni bo‘ysundirgani, o‘ziga xos bozor shakllangani bilan bog‘liq. Ya’ni, bugun kino sifatida taqdim etilayotgan lavhalarni o‘zbek, hind yo turk ishlayaptimi — bilib bo‘lmayapti. O‘zbek kinosi o‘zining qiyofasi, shakli va mohiyatiga ega bo‘lishi kerak .

«UNGA DASTXATINGIZ KЕRAKMAS…»
Zulfiqor Musoqov “Oila davrasida” gazetasi
o‘quvchilari savollariga javob beradi

07

Zulfiqor (Jamol) Musoqov 1958 yil, 19 yanvarda Toshkent shahrida tavallud topgan. 1981 yil Toshkent teatr va rassomlik institutining rejissyorlik fakultetini tugatgan. 1989 yil rejissyorlik va ssenariy muallifligi Oliy kursini tamomlagan.2003 yilda «Mehnat shuhrati ordeni», 2006 yilda «O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi» unvoni bilan taqdirlangan.
Filmlari: «Sud kuni» (1983), «Qaldirg‘och» (1988), «Askar ertagi» (1989), «Abdullajon yoki Stiven Spilbergga xat» (1991), «Bomba» (1995), «Istayman» (1996, birinchi o‘zbek-yapon filmi), «Kichkina tabib» (1997), «Ayol zoti» 24 seriyali teleseriali (1998, YUNЕSKO va Buyuk Britaniya), «Oyijon» (2000), «Osmondagi bolalar-1″ (2002), «Kalish» (2002), «Osmondagi bolalar-2″ (2003), «O‘zimizning odam» 10 seriyalik teleseriali (2004, STS, NTV, Rossiya), «Vatan» (2006), «Suiqasd» (2006), «Yarim oyli sharqiy darvoza» (2008), «Kuz» (2008).

07

Shomirza TURDIMOV, folklorshunos olim, ssenariynavis, Davlat mukofoti laureati:

— Fransuzcha, amerikacha yo hindcha kino degan tasavvur-tushunchalar bor. Ularning muqobilida o‘zbek kinosi degan tasavvur-tushuncha ham mavjudmi? Bor bo‘lsa, qiyofasi qanday, shakli qanaqa, mohiyati nima?

— Ochig‘ini aytsam, nazariyaga uncha yo‘qman. O‘zbek kinosi degan tushuncha bor, albatta. Faqat bugun bu tushuncha ancha siyqalashib ketdi. Bunga, avvalo, keyingi paytlarda bu sohada havaskorlar ko‘payib ketgani, sanoat san’atni bo‘ysundirgani, o‘ziga xos bozor shakllangani bilan bog‘liq. Ya’ni, bugun kino sifatida taqdim etilayotgan lavhalarni o‘zbek, hind yo turk ishlayaptimi — bilib bo‘lmayapti. O‘zbek kinosi o‘zining qiyofasi, shakli va mohiyatiga ega bo‘lishi kerak .

Qarchig‘ay XOLDOROV, boysunlik cho‘pon:

— Qishlov payti ko‘p kino ko‘raman. O‘zimcha o‘ylayman, shu, keyingi paytlarda haqiqiy erkak obrazi kamayib ketyapti-yov: biri ko‘chama-ko‘cha izg‘ib banan izlasa, xotinlarga o‘xshab g‘iybat qilsa, bittasi qizdan tayoq yeb sigir sog‘sa… Bu ahvolda bolalarimiz kimdan o‘rnak olishi kerak?

— Filmlarimda bunaqa «qahramon»lar yo‘q. Buni shularni ekranga olib chiqayotganlardan so‘rash kerak. Shuning efiriga ruxsat berganlardan so‘rash kerak.

Ideal masalasi esa bahsli. Ba’zilar milliy qahramonlar nuqul yaxshi odam bo‘lishi kerak, deb o‘ylaydi. Yo‘q, axir o‘zbek kinosi — bu pand-nasihatdan iborat, degani emas. Asli kino san’atini yemiradigan «zang» — jo‘n didaktika. Kinofilm aql o‘rgatmaydi, balki odamning tuyg‘ularini tarbiyalaydi, aqlini charxlaydi. Agar bu tarbiya siz aytgan kabi teskari tomonga qarab ketsa, albatta, xavfli.

Dilnavoz NURMANOVA, qo‘shrabotlik hunarmand:

— Shu-u, «Vatan»ni qayta ishlab, Gunafshani tirik qoldirsangiz bo‘lmaydimi?

— Afsuski, iloji yo‘q… Afsuski…

Jasurbek SHODMONOV, samarqandlik talaba:

— Sotqin, ig‘vogar, ikkiyuzlamachi, g‘alamis odamlar kinolaringizda, odatda, yengiladi. Lekin tomoshabin ulardan qattiq nafratlanmaydi. Nafratlanishini istaysizmi, o‘zi?

— Atoqli olim Ozod Sharafiddinov bir gal menga shunday dedi: «Xalqimizning uchta katta dushmani bor: ko‘rolmaslik, nafs balosi, mansabiga qarab laganbardorlik qilish. Bularni yengsak, shunda ma’naviyatimiz butun bo‘ladi». Agar sotqin, ig‘vogar, ikkiyuzlamachi, g‘alamis odamlardan jirkanish muhiti shakllansa, albatta, bu ma’naviy xastaliklar o‘z-o‘zidan tuzaladi. Mana, «Vatan»da Homid Qurbonning oldida yengildi. Lekin shu bilan Qurbonning hayoti, Gunafshasi qaytib kelarmidi. Shunisi achinarli. «Osmondagi bolalar»dagi anovi «suvarak»ning gapini eslang: «Biz hatto atom reaktorida ham yashaymiz», deydi.

Nodira OTAMUHAMMADOVA, «Bosh kommutatsiy markazi» xodimi:

— Yaxshi kinossenariy yozishni qanday o‘rgansa bo‘ladi?

— Oliy ma’lumot olish, kamida ikki yillik maxsus kurslarda o‘qish lozim. Afsuski, hali unaqa kursning o‘zi yo‘q. Buni aytaverib, charchadim. Shuning oqibatida ustoz ko‘rmagan shogirdlar urug‘i ko‘payib ketyapti… Aytgancha, yaxshi kinossenariy yozish uchun Xudo yuqtirgan iste’dod ham kerak.

Halimjon JABBOROV, chustlik hunarmand:

— Kinolaringizda ko‘p qahramonlar doim noqulay ahvolga tushib, kulgi bo‘ladi. O‘zingiz-chi?

— Bunaqa vaziyatlarga tez-tez duch kelaman. Masalan, «Bomba» filmi endi ekranga chiqqan vaqti Muhammadsoli Yusupov bilan metroga tushdik. Uch-to‘rt muxlis «Iya, «Bomba»dagi aka-ku», deb Muhammadsolini o‘rab olishdi. Qo‘yarda-qo‘ymay restoranga sudrashdi. Men esa turibman, paket ko‘tarib. Muhammadsoli xijolat aralash: «Ukalar, yolg‘iz emasman-da, shu odam ham biz bilan birga borsa maylimi?», deb so‘radi. Yigitlardan biri menga rahm aralash tikilib: «Mayli, boraversin, ziyoni yo‘q», dedi. Uyga ketvordim… Yoki bir qizcha ko‘chada dastxat so‘radi. Shunday quvondim: ismiga mos tilaklar yozdim, hafsala bilan imzo chekdim. Singlimiz qog‘ozni o‘qib ko‘rib: «Iya, Rustam Sa’dullayev emasmisiz, unda dastxatingiz kerakmas-e», deb yozganlarimning ustidan chizib tashladi. Shundan beri dastxat berishdan oldin meni tanish-tanimasligini so‘rab olaman.

Abdujabbor MAMAJONOV, qo‘qonlik iqtisodchi:

— Eshitishimcha, duppa-durust yozuvchilar ham yaxshigina gonorarga yengil-yelpi ssenariy yozib berar emish. Sizga ham shunday taklif bo‘lganmi?

— Oyida ikki-uchtasi «xontaxta» yasatgani keladi. Bular ham bir g‘alati «qavm». Eshikdan quvsang, teshikdan mo‘ralaydi. Keyin… unaqalarga ssenariyning keragi ham yo‘q. Ba’zilari qisqacha syujetni daftarchaga yozib oladi. Dialoglarni esa kamera oldida to‘qib tashlayveradi. Bunga o‘zim guvoh bo‘lganman. Mana, bugun xususiy film olishdan ham oldin ssenariy talab qilinyapti. Unaqalarning patagiga qurt tushgani shundan.

Noila HAYDAROVA, toshkentlik huquqshunos:

— Ko‘nglingizda qolib ketgan obraz bormi?

— Har bir yangi filmim — men uchun katta imtihon, endi tug‘ilajak farzandim. Navbatdagi «bolam» qanday bo‘lishini esa, ochig‘i, bilmayman.

Fozila CHORIYEVA, kosonsoylik uy bekasi:

— Oilada otaning o‘rni, sizningcha, qanday bo‘lishi kerak? Oilaviy an’analaringiz bormi?

— Otam Jaloliddin Musoqov meni kinoga qiziqtirgan: ishxonasidan buzuq kinokamera olib kelgan. Uni tuzattirib, hovlimizni, ko‘chani, kuchuklarni, qo‘shnilarni tasvirga olganman. Otamdan 30 yoshimda ajralib qoldim. Birorta kinofilmimni ko‘rish nasib qilmadi. Shu ko‘nglimda chandiq bo‘lib qoldi. Ota oila ustuni ekanini angladim.

Ota tarbiyachi bo‘lmagan oilada muhit buziladi, muvozanat izdan chiqadi. Deyarli barcha filmimda shunga urg‘u berishga urinaman. Ayniqsa, «Osmondagi bolalar», «Kichkina tabib»da. «Vatan»da ham shu: o‘g‘li kimligini otasi tufayli anglaydi-ku… Oilaviy an’analarimiz bor, albatta. El qatori-da, endi.

Nurliboy CHINPO‘LATOV, chimboylik talaba:

— Yuriy Nikulin bilan bir kinoda o‘ynaganingiz rostmi?

— Yo‘g‘-ye, bir epizodda tushib qolganman: 6 yoshimda Eski shahardagi mahallamizga yaqin Chuvalachi ko‘chasida buyuk kinorejissyor Aleksey German «Urushsiz yigirma kun» badiiy filmini suratga olgan. Bolalar bilan Yuriy Nikulinni tomosha qilgani borganmiz. Shunda menga orqadan o‘tib ketadigan bir epizodni berishgan. Kadr oxirida, uzoqdan o‘tib ketganman. Lekin shu epizod uchun 6 so‘m berishgan. Birinchi gonorarim-da. Rosa muzqaymoqqa to‘yganmiz.

Bahriddin USMONOV, buxorolik tadbirkor:

— Xalqimizning Troya yo shotland ozodlik harakatidan qadimiyroq va boyroq tarixi bor. Ammo nega «Troya» yo «Sheryurak» kabi filmlarimiz yo‘q?

— Nega endi? Mana, «Qo‘rg‘oshin» yo «Vatan» ham tarixiy filmlar. Endi muxlisimiz istayotgan darajadagi filmlarni olish uchun juda katta ijodiy salohiyat va ancha mablag‘ kerak. Mana shu «Vatan»dagi bitta jang sahnasini olish uchun qancha joy izladik, mablag‘, asab ketdi. Chunki o‘sha muhitni yaratish, tomoshabinni ishontirish juda qiyin. «Qo‘rg‘oshin»da ham qanchadan-qancha tarixiy lavhalardan parchalarni ulab chiqdik. Tomoshabinga esa oson: bitta bo‘lsa ham «choki»ni sezib qolsa, filmni qayta ko‘rmay qo‘ya qoladi.

Jonuzoq SUHROBOV, kattaqo‘rg‘onlik ta’lim faxriysi:

— «Ketmonim uchmayapti», «stroybat» degan o‘ta maxfiy qism», «Malchik, idi suda» kabi iboralar xalqimiz orasida mashhur. Ammo bugun aksariyat filmning dialoglari esda qolmaydi… Nega shunday, a?

— Dialog xalqdan olinsa, xalqqa singadi.

Iskandar KALONOV, zarbdorlik dehqon:

— «Abdullajon»da, bugungidek zamonaviy texnikalar yo‘q paytda tarvuzu bodringlarni qanday kattalashtirgansiz?

— Endi bu sir-da… U davrlarda kompyuterlar yo‘q edi… Har kinofilmning o‘z magiyasi bo‘lishi kerak-da…

Davron SIDDIQOV, shahrisabzlik savdo xodimi:

— Sir bo‘lmasa, bitta kino ishlab qancha topasiz? Nega bizda kinolarning daromadi aytilmaydi?

— Rejissyorlar ba’zan ikki-uch yil umuman daromad olmasligini hisobga olmasak, albatta, yomon to‘lashmaydi. Bitta film ssenariyiga 14 million, rejissyorga 11 million so‘m beriladi. Xo‘sh, bu pulni 24 yoki 36 oyga bo‘ling-chi, qancha chiqadi?..

Kinolar daromadini esa, bilmadim. Kinodan moddiy daromad emas, ma’naviy xizmatni talab qilishadi.

G‘aybulla ESHBOBOYEV, zangiotalik muallim:

— Yaqinda o‘qib qoldim: bir ukamiz o‘g‘liga Neymar deb ism qo‘yibdi. «Mels», «Klara», «Telman», «Rim Marlen» kabilar tarixda qolmabdi, shekilli…

— Esimda, 70-yillarda Yangiyo‘lda bir «kolxoz» raisi o‘g‘liga Beshyillikkato‘rtyilda deb ism qo‘ygan. Guvohnomasini ko‘rib, og‘zim ochilib qolgan. Shunday shior bo‘lardi-da. Bolaning oti uzunroq bo‘lgani uchunmi, Beshvoy deb chaqirib qo‘ya qolishardi. Bu illat bugun ham bor bo‘lsa, endi shu odamlarning kaltafahmligi, qo‘lbola havasimi, kim bilsin. Bu ketishda ertaga kimdir Avatar yo O‘rgimchak-odam qo‘yishi ham hech gap emas. Bunga biz ijodkorlar ham aybdormiz, balki.

Zulfiqor Musoqov tarvuz-bodringlar qanday kattalashtirilganligi haqidagi savolni eng yaxshi, deb topdi. «Fikrbazm»ning navbatdagi g‘olibi — zarbdorlik dehqon Iskandar KALONOV.

Umid YOQUBOV yozib oldi

Manba: “Oila davrasida” gazetasi,2014, may

хдк

(Tashriflar: umumiy 5 817, bugungi 1)

Izoh qoldiring