Nikolay Nekrasov. She’rlar

08

Оғир хасталикдан кейин вафот этган Некрасовни дафн этиш маросимига, замондошларининг ёзишларича, ниҳоятда кўп одам йиғилади. Асарлари хусусидаги баҳс ҳатто очиқ қабр устида ҳам давом этган. Фёдор Достоевский ўз сўзида, ‘‘Марҳум иқтидор жиҳатдан Пушкиндан кам эмас эди” деганида, йиғилган ёшлар, “Ортиқ! Ортиқ эди!” деб қичқирганлар.

007
ФИДОКОРЛИКНИНГ ГЎЗАЛ НАМУНАСИ
Таржимондан
008

004 Ўз ҳаёти ва ижодини Ватани, халқига бахшида этган буюк рус шоири Николай Алексеевич Некрасов 1821 йилнинг 10 декабрида туғилди, болалиги Ярославл губерниясидаги Грешново қишлоғида ўтди. У дастлаб, Ярославл гимназиясида, сўнг Петербург уни-верситетида ўқиди. Аммо иқтисодий танглик университетни эрта (1841 й.) ташлашга мажбур қилди. Шу йили унга бошқа билимгоҳ – Петербург Адабий тўгаракларининг эшиги очилди. Бу тўгаракларда беш йил адабий сабоқ олди.

Бу йилларда у Белинский, Чернишевский, Добролюбов каби демократ зиёлилар билан яқиндан танишди, уларнинг халқпарвар ғояларидан баҳраманд бўлди, шу кишилар таъсирида шахс ва шоир сифатида шаклланди. 1856 йили нашр этилган “Шеърлар” китоби унга катта шуҳрат келтирди. Белинский Некрасовнинг бу йиллардаги ижодига ўзгача меҳр ва эътибор билан қарайди.
Шоир асарларига Чернишевский, Добролюбов, Писарев каби бошқа тараққийпарвар зиёлилар ҳам юқори баҳо берганлар. Бундай мақтов ва эътирофларни кутмаган Некрасов чет элдаги дўсти Тургеневга, “Китобим хусусида мўъжизалар ёзишмоқда, бош айланиб кетиши ҳеч гап эмас… Қулоқ эшитмаган машҳурлик! Бундай обрўни Гогол ҳам кўрмаган” деб ёзади.

Дарҳақиқат, Некрасов бу йилларда Россиянинг энг машҳур шоирига айланади. Бу Ватан ва халққа қилган ҳалол, фидойи хизматининг мукофоти эди. Аммо шоирнинг исёнкор ижоди мустабид ва либерал матбуот вакилларига ёқмади. Улар шоирни ҳаётдаги камчиликларни бўрттириб кўрсатишда айблашди, ҳар хил ғийбат ва туҳматлар билан камситишга уринишди, ҳужумлар уюштиришди. Бу гапларни эшитгач, у чет элдан Анненковга, “Ёш бола эмасман, нима қилаётганимни яхши биламан. Бундан зўрроқ ҳужумларни ҳам кўрганмиз,” деб ёзади.

Некрасов оғир хасталикдан сўнг 1877 йилнинг декабрида вафот қилади. Дафн маросимига, замондошларининг ёзишларича, ниҳоятда кўп одам йиғилади. Асарлари хусусидаги баҳс ҳатто очиқ қабр устида ҳам давом этган. Фёдор Достоевский ўз сўзида, ‘‘Марҳум иқтидор жиҳатдан Пушкиндан кам эмас эди” деганида, йиғилган ёшлар, “Ортиқ! Ортиқ эди!” деб қичқирганлар.

Некрасов нафақат буюк шоир, у иқтидорли драматург, жанговар публицист, санъатшунос, журналист, адиб ҳам эди. Айниқса унинг журналистлик фаолияти эътиборга лойиқ. У 1847–1866 йилларда “Современник”, 1868–1877 йилларда эса, “Отечественние записки” журналларига бош муҳаррир бўлди. Бу фаолиятида ҳам у “халқ мавзуси”га катта эътибор беради, ўз атрофига энг яхши ижодий кучларни тўплайди, ҳар икки журнални энг ўткир ижтимоий ва сиёсий минбарга айлантиради.

Некрасов асарлари жуда кўп тилларга таржима қилинган. “Россияда ким яхши яшайди”, “Ватан”, “Темир йўл”, “Маҳкама эшиги олдидагилар”, “Мозорингни қилдим зиёрат”, “Волгада”, “Бобо” каби асарлари барча шеър мухлисларининг, шу жумладан, ўзбек китобхонларининг ҳам севимли асарларига айланиб кетган. Масалан, 1958 йилда шоирнинг “Танланган асарлар” китобининг ўзбек тилида нашр этилиши ҳам бу фикримизни тасдиқлайди. Мазкур китобга кирган асарларни ўзбек тилига Миртемир, Зулфия, Мамарасул Бобоев, Рамз Бобожон, Туроб Тўла, Насрулло Охундий каби шоирлар таржима қилган эдилар. Бу асарларнинг ҳамон севилиб ўқилиши улар ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини кўрсатади. Зеро, шоир бор ижодий заковатини мазлум халқнинг эрк ва бахт учун курашига бағишлади, бу кураш эса Ер куррасида ҳамон тугагани йўқ. Шу жиҳатдан қараганда, Некрасов асарлари бугунги кунда ҳам ибрат намунаси бўлиб қола беради. Энг муҳими, бугунги эркин турмуш ва мустақилликнинг моҳиятини теран англаш ва қадрлашга хизмат қилади.

006
Николай Некрасов
ШЕЪРЛАР
Раззоқ Абдурашид таржималари
008

ШАҲАРДАН  ТАШҚАРИДА

“Қизиқ, бизни қувонтирар олис жилға жилдираши,
Ҳатто кекса шу эманнинг сирли-сирли шилдираши.
Эритади кўнглимизни ҳазин-ҳазин куйлаб, қурғур,
Бу бекорчи ўсмирлардек оқшом палла тинмай булбул.
Олис кўкнинг бу гумбази тўлиб юлдузлару сир-ла,
Наздимизда нурли қўлин бизга чўзар меҳр бирла.

Тўлин ойдан мароқланиб олисларга тикилган дам
Биз сезамиз кўнглимизда бир хўрсиниқ, ғалати ғам.
Шундоқ ғамки, бахтдан тотли, қайдан келар бундай туйғу,
Хўш, нимадан бунча шодмиз, ахир гўдак эмасмиз-ку?
Оғир меҳнат қувончларга рағбатимиз кўнгиллардан –
Қуволмади, наҳот, буткул… яна биздек йўқсилларга
Ким қўйибди табиатдан ҳузурланиб бу яйрашни,
Ўзи қисқа эркимизни бундай бенаф сарфлашни?”

– Эй, бўлди, бас қилинглар-ей, ростин айтсам, дардим олди –
Қишлоқ, барча ғам-ғуссани кўнглимиздан ҳайдаб солди,
Эсдан чиқди, руҳни эзар охири йўқ оғир меҳнат,
Жонга теккан камбағаллик ва узлуксиз азоб, заҳмат…
Ҳа, ёзилди кўнгил жиндек… ҳа, яхшиси, келинг, шу кун
Мадҳ этайлик кисматимиз қашшоқ қилиб яратган-чун.
Кўрмасак-да фаровонлик ҳамда эркнинг неъматин биз,
Табиатнинг дафинасин ғоятда тез ҳис этамиз.
Бу бойликни Ер юзининг тўқ, зўрлари кўролмайди,
Камбағалу йўқсиллардан уни тортиб ололмайди.

* * *

Билмам, қандоқ ўзгаларнинг фикрати,
Менга ёқар Ернинг турли неъмати.

Шу азиз Ер, шу офтобда яйрайман,
Хоҳиш, ишонч, ҳисга тўлиб яшайман.

Қулоқ дингдир ҳамда чанқоқ бу кўзим,
Тўёлмасман бу ҳаётга ҳеч ўзим.

Унда доим нени қўмсаб йиғлайман?
Ҳеч нафи йўқ дард-ла дилни тиғлайман.

Нима учун изламай бахт-барорим
Катта йўлдан юриб кўплар қатори?..

ЭЛЕГИЯ

1

Майли, бизга десинлар; одатлар боқий эмас,
“Жафокаш халқ” мавзуси эскирди бу кунда, бас,
Шеърият ҳам гар уни унутса, бўлмас ёмон…
Йўқ, ишонманг, сиз ёшлар, у эскирмас ҳеч қачон.
Эскитолса, эҳ, қани, уни ўтган бу йиллар,
Дунё ривож топарди!.. Афсуски, ҳамон эллар
Қашшоқликда судралар, даррага тобе бари,
Тақир ўтлоқда юрган ориқ пода сингари.
Қарғаб улар қисматин илҳом хизматда ҳар чоғ,
Ер юзида йўқ ўзга бундоқ пухта иттифоқ.
Халқнинг ночор ҳолидан киборларга урар дам,
Улар айшу ишратда яйраб, базм қурар дам.
Мақсади – халққа буриш зўрлар диққатин мудом,
Шундоқ улуғ хизматга ҳамиша шайдир илҳом.

2

Мен барча ижодимни ўз халқимга бахш этдим,
Улгурмасдан у таниб, эҳтимол, ўлиб кетгум.
Хизмат қилдим астойдил, шундан кўнглим тинчдир сал,
Майли, зиён бермасин жангда ёвга ҳар аскар.
Лекин жангга кириш шарт, жанг тақдирни ҳал қилар,
Мен ғаройиб кун кўрдим, Россияда йўқмиш қул!
Тўкдим қувонч ёшларин, кўнглим бўшаб, денг бирам.
“Хомхаёлни қилгил бас, лақма бўлма сен кўп ҳам! –
Илҳом менга шундоқ дер, – Фурсатидир, олға, қалқ!
Озод бўлишга бўлди, бахтлимикан, илло халқ?

3

Ўроқчилар куйларми яйраб ўрим кезида,
Чол юрарми қўш ҳайдаб аста омоч изидан.
Чопиб-ўйнаб юрарми ошиб ўтлоқ, далалар,
Ота нонуштасидан қорни тўйган болалар?..
Ялтирарми чалғилар, ўроқлар шайми ишга,

Мен жавоб қидираман хаёлимни жунбушга –
Келтирган сўроқларга:” Сўнгги йиллар, сўнгги пайт
Жиндак енгил тортдингми, дала иши, қани айт.
Узоқ қуллик ўрнига келган озодлик ахир
Келтирдими ўзгариш ё енгиллик бирор-бир…
Турмушда, қўшиқларда бирор янгилик борми,
Ё қўшиқлар ҳали ҳам ғуссали, азадорми?..

4

Оқшом тушиб боради, орзу жўшгай бу дамлар,
Экинзору ўтлоқда қатор-қатор ғарамлар,
Кезинаман ўй суриб ғира-шира паллада,
Ўз-ўзидан яралар қўшиқ бу он каллада.
Кечдаги ўй ҳар ҳолда чиққан бугун рўёбга,
Мен суқланиб қарайман, кўзим қувнаб атрофга,
Орзуларим тимсолин бунда кўрган бўламан,
Қишлоқни, меҳнаткашни суюб, дуо қиламан.
Халқимни эзганларга йўллайман тавқи лаънат,
Уни қўллаганларга тилайман кучу қудрат.
Янграр шунда қўшиғим! Уни тинглар қир, ўтлоқ,
Унга жавоб беради акс садо-ла олис тоғ,
Ўрмон ҳам жавоб бергай, мени тинглар табиат…
Аммо У… жононни куйлайман ушбу фурсат,
Фақат унга тегишли шоир қилган бу хитоб,
Фақат ўша эшитмас ҳам бермас менга жавоб.

* * *

Уруш даҳшатига келса-да ваҳмим,
Ҳар янги қурбонни эшитганим дам, –
Дўсти, хотинига лек келмас раҳмим,
Раҳмим келмас ҳатто ўшал мардга ҳам.

Сабаби, аёллар кўникиб кетар,
Дўст-чи, дўст унутгай яқин дўстни ҳам.
Аммоки, қайдадир мунис жон яшар,
Ўша то ўлгунча тутадир мотам.

Бизнинг бу ғаламис, разил ҳаётда
Турли тубанликка дуч келиб юриб,
Бир марта ҳайратда қолганим ёдда
Самимий тўкилган кўзёшни кўриб –

Ҳа, у кўзёшийди мажруҳ онанинг…
Оналар унутмас асло болани,
Қонли жанггоҳларда бўлса-да увол…
Қандоқ кўтармасин, ахир мажнунтол
Ўзининг эгилган шохи-новдасин…

* * *

Соат олтиларда мен куни кеча
Сомон бозорига кирсам, кеч томон,
Бир деҳқон хотинни қийнаганича

Жаноб дарра билан урарди ёмон.
Ҳеч уни чиқмасди аёлнинг, бироқ
Дарра “шиғ-шиғ”ига қулоқ тўларди…
Илҳом парисига дедим ўша чоғ:
“Бу аёл туғишган синглинг бўлади”.

РОМЧИ АЁЛ

Бизга яқин бир қишлоқда ромчи аёл бор,
Дам уради сув, ароққа, не бўлса дучор.

Аллақандай гиёҳ билан фол кўради у,
Бу ярамас солар дилга ҳамиша қўрқу.

Башорати нуқул кулфат, яхши гапи кам,
Йиғла деса, йиғлаворса керак денгиз ҳам.

Тангри бизга кўп меҳрибон, рус халқи бироқ
Йиғлашни денг ёқтирмайди, куйлайди кўпроқ.

Бир бақироқ йигитга дер бир кун жодугар, –
Итхонага бопсан, тўрам олсалар агар.

Қарасалар, бир ой ўтгач ҳаммаси бўлиб,
Ўрмонда у ит совитиб юрар, бўкириб.

Степанга дебди бирда: “Кўп кериласан –
Кўк отинг-ла, лекин ундан тез айриласан!

Айрилмасанг, бало бўлар бошингга бу от!..”
Степанни чўчитдилар рекрутлик*-ла бот.

Отни сотди, пора бериб аранг қутулди,
Бу фоллардан бутун атроф кўп ҳайрон бўлди.

“Шошма, мен ҳам бориб кўрай бир ўшанга, вей…
Деб ўйлабди кекса деҳқон, содда Пантелей.

Кимга нени у олдиндан қилса башорат,
Шу ҳодиса бўп турибди, жуда аломат.

Ё ичида шайтони бор, айтиб ўтирар?!
У манзилга етиб келиб, бир четда турар.

Кутар, ромчи ҳузурида бор экан қизча,
Кўрган сари кўргинг келар, юзлари кулча.

Ёнбошида йигит ҳам бор, турқидан – қарол.
Қизга ромчи дер: “У билан боғланма зинҳор!

Ўзгачадир пешонангга ёзилгани ул –
Жиндак азоб, кейин озод бўласан буткул.”

Бу муждадан қарол ҳанг-манг. Ромчи унга дер:
– Ҳой йигитча, бахтинг кулмас, гапга қулоқ бер,

– Айтавер!..
– Ҳа, айтуврайми… Сени шу қишда
– Жазолашар, сўнг қўясан ружу ичишга

Соч-соқолинг ўсиб уйда ётасан, магар
Атрофингда базм қурар шайтонваччалар.

Сени хўрлаб судрашади жаҳаннам тишга,
Сен улардан юзтачасин шиша идишга.

Қамайсану чўп тиқасан оғзи – тешикка!..”
Пантелей-чи, шу дам урар ўзни эшикка.

– Нима бўлди, ҳой оқсоқол, тўхта фол кўрай.
– Кераги йўқ, – тўнғиллар чол, – бир ўйлаб қўяй…

Биздан не ҳам топар эдинг, ёшларга кўр фол,
Мен ҳозирча сабр қилгум…эй, шайтон аёл.

Сен топағон бўлсанг агар, бизга айт-чи бот:
Ахир қачон тўралардан бўламиз озод?

* Рекрутлик — мажбурий ҳарбий хизмат

ВИДОЛАШУВ

Ажралишдик ярим йўлдаёқ,
Жудоликми буёғи, ҳайҳот!
Биз ўйладик, кечар енгилроқ.
Сўнгги разил “кечир” у “наҳот?..”

Йиғлашга ҳам ҳолим йўқ, инон,
Хат ёзиб тур… ёзиб турсанг бас.
Хатинг менга азиз, муқаддас –
Гуллар каби қабрдан чиққан,
Юрагимнинг қонли қабридан…

АХЛОҚЛИ КИШИ

I

Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.
Хотиним-чи, юзига вуал(1)ни ташлаб,
Кечда кетди ўйнашин уйига қараб,
Тун оғдириб, миршаб-ла бостириб бордим,

1 В у а л – юзга тутиладиган тўр.

Фош қилдим, у ташланди, мен оғир бўлдим.
Хотин эса, ётволди шу кундан бошлаб,
Сўнг номусдан бўлди ер, ғамнок, дилхира…
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.

II

Қайтармади қарз олиб вақтида ошнам,
Эслатсам ҳам олмади гапни қулоққа,
Бу мушкулни қонунга оширдим мен ҳам,
Қонун тиқиб қўйди денг уни қамоққа.
Ўлиб қолди у ерда, бермай бир чақа,
Гарчи ҳақим бўлса-да, бўлмадим хафа.
Қарзидан-ку, кечвордим шу кун бир сира
Ҳам эсладим уни кўп дийдамни ёшлаб.
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб,
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.

III

Ошпазликка топширдим деҳқон болани,
Яхши ошпаз бўлди у, бу қанақа бахт!
Бироқ тез-тез тарк этиб у ошхонани,
Кўча-кўйда дайдишни қилволди одат.
Билсам, бачки ишларга қилибди ружу –
Китоб ўқиб, ақлини чархлар эмиш у.
Пўписаю койишдан ахир чарчаб, шу –
Оталарча бир-икки урдим, шу сабаб
Ўзин ташлаб дарёга ўлди… юзқора.
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб,
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.

IV

Ёлғиз қизим бўларди, домласин севиб,
Келишибди у билан қочишга, қаранг,
Қарғайман, деб чўчитдим бу ишни сезиб,
Бўйин эгди, сўнг уни кўндириб аранг,
Бердим кекса бир бойга … турмушийди соз,
Илло Маша толиқиб юрди-да бироз,
Ўлди силдан йил бўлмай …ёш ҳам бокира.
Кетди доғда қолдириб, кўзимиз ёшлаб…
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб,
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.

КЕЧИР

Кечир, унут тушкун кунларни,
Ҳасрат, ғусса, дилгир унларни.
Унут кўзёш, изтиробларни,
Рашк аталмиш ул азобларни.

Ишқ қуёши лек бошимизга
Чиққан дамлар нур сочиб бизга.
Иккимиз ҳам хушвақт, бахтиёр –
Бўлган кунни унутма зинхор.

* * *

(ЛЕРМОНТОВГА ЎХШАТМА)

Ўсдим олис овлоқда, ярим ваҳший қишлоқда,
Кишилар ичида жоҳилу бебош.
Тақдир менга ғоят зўр ҳиммат қилди у чоғда –
Бир тўп итбоқарга бўлиб қолдим бош.
Қайнар эди теграмда гирдоб – ғийбат, уятдан –
Йўқчилик ҳирслари хўп туғён урар,
Кўнглимга-чи, у хунук ва беъмани ҳаётдан
Ўтириб борарди ёмон қуйқалар.
Бу гапларга етгунча ақлу фаросатим, ман –
Бир гўдак, нимаям қила олардим.
Иллат эса, кун сари заҳарли нафас билан
Бутун вужудимни эгаллади жим.
Шу эканда ҳаёт деб, ҳовлиқиб, фикр қилмай
Шўнғидим ва лойқа оқимда оқдим.
Гулдек ҳур ёшлигимни гоҳ билиб, гоҳи билмай,
Фаҳшнинг беҳаё ўтида ёқдим.
Йиллар ўтди… у таниш даврадан уздим оёқ,
Эски ошналарни қилиб дарғазаб,
Ҳамон-ҳамон эсласам, бенаф бўлса-да, бироқ,
У бебош ёшликни қўяман қарғаб.
Қаранг, бирдан танимга қайтди куч ҳам мадор,
Уларни қайтарган эмас ҳасратим,
Мудҳиш жимлик ва совуқлик ўрнин қайта бор
Олди ёшлигимнинг забти, ғайрати.
Яна йўлга шайландим, бу жонимни ўртаган
Дард билан, бирорта мўлжалсиз у дам,
Ўйлар эдим, бу юрак бемаврид ўлдирилган,
Қайта тирилмагай энди сира ҳам.
Аммо сени учратиб, туйдим дилда ҳаяжон,
Тирилди кўксимда юрак шу фурсат.
Аввалги изтиробу дардлар изини шу он
Ўчириб ташлади дилдан муҳаббат.
Яна орзу-умидлар, хоҳишлар менга йўлдош,
Мени севмасанг ҳам майлига, зарра.
Лекин тушун, бу таниш уқубат ҳамда кўз ёш
Менга ёлғизликдан афзал минг карра.

СУДХЎР

Ёшим тўртга етгач, отам –
Берди маслаҳат:
Бу дунёнинг бори бекор,
Бойлик йиғ фақат.
Отамнинг бу доно сўзи
Менга кор қилди,
Тонгда туриб чўнтагидан
Беш тийин шилдим.
Ана шундан бошланди бу
Пул йиғиш дарди,
Лайча каби бой, тўрага
Хўп суйканардим.
Ялар эдим қўл, оёғин
Тап тортмай ҳеч ҳам.
Шундай қилиб етти ёшда
Бўлдим муттаҳам.
Рости, элда шундоқ дерлар,
Лек ўшанда ҳам,
Томорқада бўлар эди
Кўмилган ақчам.
Бор дейдилар ҳавас туйғу –
Билмайман недур,
Ҳаёт – мен-чун пул ундириш
Санъати эрур.
Қоним эрта совитганми
Хасислик беҳад –
Тез англадим йўқ гаплигин
Номус, муҳаббат.
Билдим, дунё бир кўлмагу
Дўст-ёр – фирибгар.
Чўнтагингга тушиш учун
Пинжингга кирар.
Билдим, бадкор ор-номусдан
Наф олмайсан, бас,
Ақчаси йўқ экан разил,
Қалби йўқ эмас.
Зиқналикка шу алпозда
Кўника бордим,
Ва отамни ол, деб ҳар шом
Рабга ёлбордим.
Яхши эди, кўп меҳрибон
Ҳам сахий у зот,
Чорбоғдаги уйда ўлди
Куни битгач бот.
Оғир бўлди… мен мурдага
Ўзни ташладим,
Бор киссасин йиғлаб туриб
Кавлай бошладим.
Кейин сотдим пулга арзир
Бўлса не бисот,
Сўнг пулларни ишга солдим
Қилиб эҳтиёт.
Бой бўлишга жаҳд айладим
Шолғом, пиёз еб,
На қўл, на бел, на юз қолди
Бой бўламан, деб
Патин юлиб, сўнг жўнатдим
Қўлга тушса ким,
Сочидан ҳам кал бўлгунча
Фоиз ундирдим.
Соч ўстирсин хоҳлаганча
Дея қўлладим,
Тушган пулни сартарошга
Ҳар йил пулладим.
Шундан, ҳозир, ёш ўтса-да
Унча-мунчам бор.
Майли, улус деяверсин
Муттаҳам, айёр.
Айёр эмиш! Йўқ, авломан!
Бу гаплар – аён:
Пулни сочиб бир зиёфат
Берсамми, шу он
Бу “айёр”нинг пинжига, денг,
Кирарлар чаққон,
Кимдир менга авлод чиқар,
Ким – дўст, ким – ошна,
Ва энг ҳалол, энг яхши – мен!..
Шундоқмасми, а???

Манба: “Жаҳон адабиёти”, 2012, № 12

002

(Tashriflar: umumiy 218, bugungi 1)

Izoh qoldiring