Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 4. Ma’rifat va haqiqat

09

Профессор Нажмиддин Комиловнинг «Tасаввуф» рисоласида Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот – тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатлари ёритилган. Тариқат ва шариат орасидаги муносабат, тасаввуф гуманизми ва Комил инсон муаммолари, тасаввуф ривожига ҳисса қўшган олимлар, тариқат шайхлари ҳақида таҳлилий кузатишлар қилинган. Бугун ушбу рисоланинг тўртинчи мақоласи — «Маърифат ва ҳақиқат»ни тақдим этмоқдамиз.

НАЖМИДДИН КОМИЛОВ
ТАСАВВУФ
02

МАЪРИФАТ ВА ҲАҚИҚАТ

ҳақақ йўлига кирган дарвешнинг ана шундай руҳий изтироблар сафаридан сўнг қўлга киритган маънавий маърифатини Сари Сақатий «тавҳид» (бирлашиш – Аллоҳ бирлигини идрок этиш), Маъруф Кархий ва Абусаид Харроз «фано» (йўқолиш) деб атадилар. Зероким, солик ўзи билан Илоҳ орасидаги масофани қисқартира бориб, вужуд тўсиқлари (моадо, мосиво, парда)ни енгиб ўтиб, шахсий «Мен»дан қутулади ва тўлалигича Мутлақиятга қўшилиб, у билан қоришиб, эриб кетади. Сўфийлар буни қатранинг денгизга қўшилиши ёхуд қизитилган темирнинг олов билан бир хил тус олиши билан қиёслаб тушунтирганлар. Дарҳақиқат, қатра – денгиздан нишона, денгизнинг моҳияти қатрада ифодаланган. Шу сингари инсон руҳида ҳам Илоҳ сифатлари мужассам. Бироқ моддийлик уни Илоҳдан ажратиб туради. Аслидан ажралган, вақтинча ғарибликда, мусофирлик (сафар)да бўлган инсон руҳи ҳижрон доғида қийналиб азоб чекади. Аммо руҳ моддийликдан покланса, мусаффо шабнамдай бўлиб, Денгизга – ўз аслига бориб қўшилиши мумкин. Бу васл фақат илоҳий маърифат орқали, яъни ўз-ўзини англаш, таниш ва шу асосда ўз Раббини таниш орақли қўлга киритилади.

Шундай қилиб, илоҳшунолсик илми теософия бўлган ирфон ёки маърифат («маърифат» сўзи арабча «арафа» – билмоқ сўзидан ясалган) тариқатнинг ҳосиласи ва бевосита давомидир. Хўш, маърифатнинг нишонаси нима, қандай киши маърифатга ноил бўла олади? Бу саволларга юқорида қисман жавоб берилгандай бўлди. Аммо шунга қарамай, буни кенгроқ шарҳлашга мажбурмиз, чунки тасаввуфда маърифат тушунчаси махсус ўрин эгаллайди ва унинг ўз таърифи, ҳақиқатлари бор. Сўфийлар назарида маърифат фикрдан олдин кетадиган ва шубҳага заррача асос қолдирмайдиган илмдир. Маърифат илми ботиний илм деб ҳам юритилган. Чунки тасаввуф аҳли дунёвий ва диний илмларни бирга қўшиб, «зоҳирий илмлар» деб атаганлар. Уларнинг уқтиришича, зоҳирий илмлар билан Худони билиш қийин. Бироқ, бошқа бир нуқтаи назар ҳам бор: гарчи зоҳирий билимлар Ҳақ таоло асрорини англашга яроқсиз бўлса-да, лекин дунёни билиш Оллоҳни билишнинг биринчи босқичи, яъни Оллоҳни билиш дунёни билишдан бошланиши керак, чунки дунё – касрат кўплик олами, Оллоҳнинг ижоди. Унинг сифатлари, қудратини намоён этиб турадиган кўзгу. Тасаввуф назариётчиларидан бири Абдураззоқ Кошоний Ибн Арабий қарашларига суяниб, маърифатга бундай таъриф берган: «Маърифат мухтасар илмларни тафсилотлар суратида танимоқдир, илоҳий маърифат илоҳий зот ва сифатларни аҳвол ва ҳодисалар тафсили ва нузул амрлар суратида таниш демак». Бунинг маъноси шуки, Мухтасар мавжудлик ва мутлақ фоил (иш эгаси) Оллоҳнинг ўзи бўлиб, Унинг илми касрат оламида тафсиллик топади, муайянлашади. Бундан яна қуйидаги фикр келиб чиқади: моддий дунёдаги жамики илм, инсонларнинг тўплаган ҳикмат-донишлари, ҳали очилмаган барча сиру асрорлар Оллоҳга тегишли, Оллоҳ – ҳикматларнинг жамулжами, бизнинг билимлар эса – Унинг тафсири, шарҳи. Демак, биз Раббимизни билиш учун тафсирдан Буюк аслга қараб боришимиз керак.

Илоҳий маърифатни эгаллаш мартабалари эса қуйидагича:

1. Солик ҳар бир нарсани кўрганда, уни Мутлақ фоилнинг асари деб билсин, яъни дунё ва бошқа оламлар ўз-ўзидан мавжуд эмас, балки улар абадий ва азалий, қодиру холиқ, аҳаду самад Парвардигорнинг сунъидан яралган ва Парвардигор туфайли мавжуд эканига биру бор ишонсин, иймон келтирсин.

2. Мутлақ фоилдан бўлган ҳар бир асарни кўрганда тасаввуф ва тахаййул билан Мутлақ фоил сифатларидан қайси сифати зуҳури эканлигини англаб етсин. Чунки Парвардигорнинг беҳисоб сифатлари бўлиб, олам ўзгаришлари, воқеа-ҳодисалар, нарсалар хусусияти Унинг муайян сифатининг натижасидир.

3. Ҳақ муроди-мақсадини ҳар бир сифат тажаллисида (порлашида) англаб етсин (танисин).

4. Солик илоҳий Илм суратини ўзининг маърифати суратида танисин ва ўзини илму маърифат, балки вужуддан ҳам соқит этсин. Кейинги, тўртинчи мартаба тавҳид ва фанога ишорадирким, бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Демак, бундан маълум бўладики, гарчи Оллоҳни кўриш мумкин бўлмаса-да, (ҳатто ҳазрати Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам Меърож кечаси Парвардигор ҳузурига етишганда, Уни бевосита кўрганлари йўқ, балки парда орқасидан суҳбатлашиб, жамолидан баҳраманд бўлганлар), илоҳиёт олами «ғайб олами» дейилса-да, шунга қарамай, Уни таниш сифатлари орқали Зотини англаш, идрок этиш мумкин. Ҳужжатул ислом Муҳаммад Ғаззолий дейдики, руҳни кўриб бўлмайди, лекин руҳ бор, у – «ҳастии нестнамой», яъни йўқдай бўлиб туюладиган борлиқдир. Масалан, тўзон қўзғолганда, тупроқ ўз-ўзидан ҳавога кўтарилди деб айтолмаймиз. Тупроқни шамол кўтариб, тўзонга айлантиради, лекин шамол ва ҳаво кўзга кўринмайди. Шу каби руҳ ҳам кўзга кўринмайди, аммо жисм ҳаракатлари руҳдандир, биз буни жисмнинг хусусияти, ҳаракати орқали билиб оламиз.

Тасаввуф аҳли билишнинг фалсафий йўллари – тасаввур, ҳис, мантиқий тафаккур ва ҳоказоларни ҳам эслаб ўтадилар. Бироқ уларнинг фикрича, ақлий-ҳиссий билиш зоҳирий – дунёвий билимга кифоя қилади, холос. Илоҳиётни англаш учун эса ақл ожиздир. Илоҳиёт илми ақлга сиғмайдиган, ақл ўлчовларидан баланд турадиган илмдир. Ибн Арабий айтадики, Худо ҳақида ҳам ақл тили билан гапириш мумкин, лекин ақл кучи билан Уни билиш мумкин эмас. Ақл исботни талаб қилади, далил – тажриба билан иш кўради. Ваҳоланки, Худонинг борлиги, зоту сифатларини далил орқали исботлаш мушкул. «Маърифат Ҳақ томонидан юборилади. Бу менинг фикрим эмас, балки илоҳий илҳомдир», деб ёзади Ибн Арабий. Оллоҳ билан хилватда қолган мард инсонда шундай холат юз берадики, унда Илмлардан илҳом пайдо бўлиб, Унинг раҳмати билан юксалади. Дарвешдаги бу ҳолат оддий одамлар ва исбот-далил аҳли учун қоронғидир. Бу авлиёларга юбориладиган ладуний билим. Боязид Бистомий калом аҳлига қараб деган экан: «Сиз ўз илмларингизни жонсиз нарсалардан оласиз, биз эса абадий тирик Зотдан оламиз». Боязид жонсиз нарсалар деб моддалар-ашёларни назарда тутади. Ладуний – раббоний билим Хўжа Хизрнинг билимига қиёс этгулик. Хўжа Хизр ҳаёт суви – абадий тириклик сувини ичгач, у ҳамма воқеадан, ҳамма аҳволдан, ҳамма кечинмалардан хабардор; нарсалар ҳосияти ва қонуниятини олдиндан билади, Худо унга ўз билимини туҳфа этган.

Асли Испанияда туғилиб, мусулмон оламини кезиб чиққан, ўзининг «Футуҳоти Маккия», «Фусусул ҳикам» асарлари билан тасаввуф фалсафасига улкан ҳисса қўшган Шайхи кабир Ибн Арабий (1165–1240) инсон билимларини учга бўлган: биринчиси – ақлий-ҳиссий билимлар, иккинчиси – ҳол илми (ҳолат, маҳол илми ҳам дейди у). Учинчиси – сирру асрор илми. Биринчи илм зоҳирий фанлар билан шуғулланадиган кишилар илми бўлса, иккинчи илм ҳол мартабасига кўтарилган сўфийлар илми ҳисобланади, яъни важд ҳолатида кашф этилган илм. Учинчи илм – авлиёлар илми. Бу илм муқаддас руҳлар орқали келади, шуъла – нур кўринишида қалбга киради.

Шу ўринда тасаввуф аҳли тез-тез мурожаат қиладиган билишнинг уч хил босқичи – илмул яқин, айнул яқин ва ҳаққул яқин тушунчалари устида тўхталмоқчимиз. Арабча «яқин» сўзи ишонч, бирон нарсага қатъий ишончни англатади. Бу сўз Қўръони Каримда ҳам кўп қўлланилади. Илмул яқин, айнул яқин, ҳаққул яқин – билишнинг уч босқичи. Биринчи босқич китобий, таҳсилий билимга ишора бўлса, иккинчи босқич ўз иштирокидаги тажрибавий билимни англатади, учинчи босқич эса ўзи тажриба воситасига айланиб, ҳақиқатни англаш билимидир.

Илмул яқин – билим орақли ишониш. Масалан, дейлик, менга тушунтириб айтдиларки, олов иссиқдир ва у куйдиради, мен бунга ишондим.

Айнул яқин – тўлиқ илмий ишонч, тажриба қилиб кўриб ишониш. Мен ўзим синаб кўрдим: олов ҳақиқатдан ҳам иссиқдир ва у куйдиради.

Ҳаққул яқин – ҳақиқий ишонч, яъни: мен ўзим оловда ёндим ва оловнинг ёндириш кучи, хусусиятига батамом ишондим. Бу – Ҳаққа етиш илми. Кўринадики, юқорида Ибн Арабий тасниф этган илм даражалари билан ҳозир таъриф этганимиз уч босқич орасида яқинлик бор.

Алишер Навоийнинг «Лисонут тайр» асарида «Парвоналар мажмуъи шамъ ҳақиқати шарҳида» («Фақру фано водийсининг адоси» боби) деган ҳикоят бор. Унда келтирилишича, парвоналар бир кеча йиғилишиб, шамъга толиб бўладилар; келишиб олиб, шамънинг моҳиятини англамоқчи бўладилар. Шунда улардан бири шамъга яқинлашади, унинг мунаввар нурини кўриб, қайтиб келиб бошқаларга ҳикоя қилмоқчи бўлади. Аммо парвоналар унинг сўзидан ҳеч нарса англамайдилар, чунки у шамъ нима эканини тушунтириб бера олмайди. Шу зайлда яна бир неча парвона шамъ атрофини айланиб келиб, кўрганларини сўзлайди. Лекин «топмади мушкул кушод андин доғи», мақсад амалга ошмайди.

Шамъ даврида қанот кўп урдилар,
Ҳар бири ўз бол-парин куйдурдилар.

Ҳар бири куйганча ондин топди ком,
Шарҳи душвор эрдию нақли ҳаром.

Ҳар бир парвона шамъ нуридан лаззатланди, аммо уни шарҳлаб бера олмайди, чунки шуълани тил билан шарҳлаб, тушунтириб бўлмайди, киши то куймаса олов ҳароратини англамайди. Навоий бундан иккита хулоса чиқарган: бири – Ҳақ нурига ғарқ бўлиб, Унинг жамоли ҳароратида ёнмагунча Ҳақни англаб бўлмайди. Иккинчиси – Ҳаққа етган одам (куйган парвона каби) бу сирни баён қилиб бера олмайди. Бу – ҳаққул яқиннинг худди ўзидир. Яъни фоний бўлиш, субъектнинг объектга айланиши, солик вужудининг батамом йўқолиб, илоҳ оламига қўшилиб кетиши.

Мансур Ҳаллож (858-922) ана шундай мартабани эгаллаган зот эди – Ҳақ оламига қўшилиб «мен Ҳақман» («Анал Ҳақ») деди. Мансурнинг устозларидан Боязид Бистомий (ваф. 875) эса айни ҳолни илҳоми жўш урган пайтларидан бирида «Субҳони, субҳони, мо аъзам шоъни» деб юборади, яъни «Шарафланганман, шарафланганман, шарафланганман мен, менинг мартаба-шаъним улуғлигига қаранг». Қуръон бўйича бандаси бундай дейишга ҳақли эмас, чунки бу Парвардигорнинг сифатларидир. Аммо Боязид ўзини Ҳақ билан бирга ҳис этиб, Унинг сифатларини ўз сифати деб ҳисоблайди. Боязид Бистомийнинг мана бу изҳори ҳам қизиқ: бир пайт У мени Ўз ҳузурига олиб чиқди ва олдига қўйди ва менга деди: «Эй Боязид, ҳақиқатан ҳам менинг махлуқим юз кўришни севади, майли, сенинг юзингни кўрсин». Ва мен жавобида дедим: «Мени ўз ваҳдатинг ила безагин, ўз сифатларинг ила сифатлагин, тавҳидинг мартабаси-ла шарафлагин, токи махлуқларинг мени кўрганда: «Биз Сени кўрдик» ва «бу Сен бўлибди» десинлар ва мен бу ерда бўламайин».

Бу сўзларда инсонни илоҳийлаштириш, комил инсон сифатлари билан Илоҳ сифатлари орасида тенглик аломатини қўйиш бор. Дарвоқе, Боязид Бистомий ва Мансур Ҳаллож ҳам шу фикрни олға сурганлар. Бу худоликка даъво эмас, ҳулул ҳам (ҳулул – Илоҳнинг одамда сингиши ҳақидаги назария) эмас, балки инсонни улуғлаш ва тавҳид билан ваҳдат – куллиятни ниҳоятда чуқур англашдир. Диққат қилинг: Боязид сўзининг охирида «ва мен бу ерда бўлмайин» дейди. Нима демоқчи у? У айтмоқчики, менинг башарий қиёфам буткул йўқолсин, илоҳтий моҳият касб этайин, бутун вужудим Илоҳ маърифатига айлансин. Шунда одамлар менинг суратимда Худони кўрсинлар.

Зоту сифот, аршу курси, лавҳу қалам – ҳаммаси Инсондадир. Шунинг учун Худо излаб ҳар қаёқларга боришнинг ҳожати йўқ, жумладан, Маккатуллоҳга боришнинг ҳам. Чунки ҳар бир инсон Худони ўзидан изласин. Унинг қудрати ва шавкатини ўзида кўрсин. Мазкур ақида «Кимки ўзини таниса Раббини танийди» деган ҳадис мазмунидан келиб чиқади. Барча ҳикматлар, ҳодисот ва мўъжизалар инсон хилқатида жойлашган. Зеро, Оллоҳ таолонинг сўзи бор: «Мен яширин хазина эдим ва сизни се-виб қолдим, токи Мени билиб олинглар ва жинлар, одамларни яратдим, токи Мени билинглар». Инсон махлуқотнинг, оламларнинг гултожи, Олоҳнинг ердаги халифаси экан, демак, унда Оллоҳ сифатлари бўлиши мантиқий ҳол. Бундан ташқари, «яширин хазина» бўлган Оллоҳ таоло илму ҳикматнинг бир қисмини инсон қалбига жойлаган. Яъни инсон «яширин хазина»ни сақловчи хазинадордир. Шу боис инсон кўнгли «ирфон махзани». Оллоҳ яширинган тилсимотдир:

Кўнгилин они махзани ирфон қилиб,
Ул тилисм ичра ўзин пинҳон қилиб.

Рози махфий ганж ўлуб бу турфа жисм,
Сунъидин ул ганж ҳифзига тилисм.
(Алишер Навоий)

Тасаввуф фалсафасига кўра, инсон қарама-қарши икки асос-модда ва руҳдан иборат. Шунинг учун унда шу икки асоснинг хусусиятлари жамдир. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агар руҳ томони устун келса, илоҳийлик ривожланади. Руҳ жисм қулига айланиб қолмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун бир асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилсин. Руҳлари тараққий этган инсонлар ақлу заковати, илҳом, ижодкорлиги, илоҳий табъу фаросати билан ажралиб турадилар. Руҳ тараққий этган сари у жисмга сиғмай қолади, коинот билан алоқа боғлаб, олам асроридан хабар бериб, мўъжизалар кўрсата бошлайди. Руҳ ва жисмдан иборат инсонни илоҳий олам билан жисм олами орасидаги чегара деб атайдилар ва тонгга ўхшата-дилар. Чунки тонг тун билан куннинг чегарасидир. Тонгдан кейин қоронғулик кетиб, қуёш порлаб чиққандай, инсон руҳи ҳам аста-секин жисм қоронғилиги – зулматини тарк этиб, мусаффо руҳ олами, нурлар оламига талпинмоғи даркор.

008
NAJMIDDIN KOMILOV
TASAVVUF
02

MA’RIFAT VA HAQIQAT

08aq yo’liga kirgan darveshning ana shunday ruhiy iztiroblar safaridan so’ng qo’lga kiritgan ma’naviy ma’rifatini Sari Saqatiy «tavhid» (birlashish – Alloh birligini idrok etish), Ma’ruf Karxiy va Abusaid Xarroz «fano» (yo’qolish) deb atadilar. Zerokim, solik o’zi bilan Iloh orasidagi masofani qisqartira borib, vujud to’siqlari (moado, mosivo, parda)ni yengib o’tib, shaxsiy «Men»dan qutuladi va to’laligicha Mutlaqiyatga qo’shilib, u bilan qorishib, erib ketadi. So’fiylar buni qatraning dengizga qo’shilishi yoxud qizitilgan temirning olov bilan bir xil tus olishi bilan qiyoslab tushuntirganlar. Darhaqiqat, qatra – dengizdan nishona, dengizning mohiyati qatrada ifodalangan. Shu singari inson ruhida ham Iloh sifatlari mujassam. Biroq moddiylik uni Ilohdan ajratib turadi. Aslidan ajralgan, vaqtincha g’ariblikda, musofirlik (safar)da bo’lgan inson ruhi hijron dog’ida qiynalib azob chekadi. Ammo ruh moddiylikdan poklansa, musaffo shabnamday bo’lib, Dengizga – o’z asliga borib qo’shilishi mumkin. Bu vasl faqat ilohiy ma’rifat orqali, ya’ni o’z-o’zini anglash, tanish va shu asosda o’z Rabbini tanish oraqli qo’lga kiritiladi.

Shunday qilib, ilohshunolsik ilmi teosofiya bo’lgan irfon yoki ma’rifat («ma’rifat» so’zi arabcha «arafa» – bilmoq so’zidan yasalgan) tariqatning hosilasi va bevosita davomidir. Xo’sh, ma’rifatning nishonasi nima, qanday kishi ma’rifatga noil bo’la oladi? Bu savollarga yuqorida qisman javob berilganday bo’ldi. Ammo shunga qaramay, buni kengroq sharhlashga majburmiz, chunki tasavvufda ma’rifat tushunchasi maxsus o’rin egallaydi va uning o’z ta’rifi, haqiqatlari bor. So’fiylar nazarida ma’rifat fikrdan oldin ketadigan va shubhaga zarracha asos qoldirmaydigan ilmdir. Ma’rifat ilmi botiniy ilm deb ham yuritilgan. Chunki tasavvuf ahli dunyoviy va diniy ilmlarni birga qo’shib, «zohiriy ilmlar» deb ataganlar. Ularning uqtirishicha, zohiriy ilmlar bilan Xudoni bilish qiyin. Biroq, boshqa bir nuqtai nazar ham bor: garchi zohiriy bilimlar Haq taolo asrorini anglashga yaroqsiz bo’lsa-da, lekin dunyoni bilish Ollohni bilishning birinchi bosqichi, ya’ni Ollohni bilish dunyoni bilishdan boshlanishi kerak, chunki dunyo – kasrat ko’plik olami, Ollohning ijodi. Uning sifatlari, qudratini namoyon etib turadigan ko’zgu. Tasavvuf nazariyotchilaridan biri Abdurazzoq Koshoniy Ibn Arabiy qarashlariga suyanib, ma’rifatga bunday ta’rif bergan: «Ma’rifat muxtasar ilmlarni tafsilotlar suratida tanimoqdir, ilohiy ma’rifat ilohiy zot va sifatlarni ahvol va hodisalar tafsili va nuzul amrlar suratida tanish demak». Buning ma’nosi shuki, Muxtasar mavjudlik va mutlaq foil (ish egasi) Ollohning o’zi bo’lib, Uning  ilmi kasrat olamida tafsillik topadi, muayyanlashadi. Bundan yana quyidagi fikr kelib chiqadi: moddiy dunyodagi jamiki ilm, insonlarning to’plagan hikmat-donishlari, hali ochilmagan barcha siru asrorlar Ollohga tegishli, Olloh – hikmatlarning jamuljami, bizning bilimlar esa – Uning tafsiri, sharhi. Demak, biz Rabbimizni bilish uchun tafsirdan Buyuk aslga qarab borishimiz kerak.

Ilohiy ma’rifatni egallash martabalari esa quyidagicha:

1. Solik har bir narsani ko’rganda, uni Mutlaq foilning asari deb bilsin, ya’ni dunyo va boshqa olamlar o’z-o’zidan mavjud emas, balki ular abadiy va azaliy, qodiru xoliq, ahadu samad Parvardigorning sun’idan yaralgan va Parvardigor tufayli mavjud ekaniga biru bor ishonsin, iymon keltirsin.

2. Mutlaq foildan bo’lgan har bir asarni ko’rganda tasavvuf va taxayyul bilan Mutlaq foil sifatlaridan qaysi sifati zuhuri ekanligini anglab yetsin. Chunki Parvardigorning behisob sifatlari bo’lib, olam o’zgarishlari, voqea-hodisalar, narsalar xususiyati Uning muayyan sifatining natijasidir.

3. Haq murodi-maqsadini har bir sifat tajallisida (porlashida) anglab yetsin (tanisin).

4. Solik ilohiy Ilm suratini o’zining ma’rifati suratida tanisin va o’zini ilmu ma’rifat, balki vujuddan ham soqit etsin. Keyingi, to’rtinchi martaba tavhid va fanoga ishoradirkim, bu haqda alohida to’xtalib o’tamiz.

Demak, bundan ma’lum bo’ladiki, garchi Ollohni ko’rish mumkin bo’lmasa-da, (hatto hazrati Payg’ambar sallollohu alayhi vasallam ham Me’roj kechasi Parvardigor huzuriga yetishganda, Uni bevosita ko’rganlari yo’q, balki parda orqasidan suhbatlashib, jamolidan bahramand bo’lganlar), ilohiyot olami «g’ayb olami» deyilsa-da, shunga qaramay, Uni tanish sifatlari orqali Zotini anglash, idrok etish mumkin. Hujjatul islom Muhammad G’azzoliy deydiki, ruhni ko’rib bo’lmaydi, lekin ruh bor, u – «hastii nestnamoy», ya’ni yo’qday bo’lib tuyuladigan borliqdir. Masalan, to’zon qo’zg’olganda, tuproq o’z-o’zidan havoga ko’tarildi deb aytolmaymiz. Tuproqni shamol ko’tarib, to’zonga aylantiradi, lekin shamol va havo ko’zga ko’rinmaydi. Shu kabi ruh ham ko’zga ko’rinmaydi, ammo jism harakatlari ruhdandir, biz buni jismning xususiyati, harakati orqali bilib olamiz.

Tasavvuf ahli bilishning falsafiy yo’llari – tasavvur, his, mantiqiy tafakkur va hokazolarni ham eslab o’tadilar. Biroq ularning fikricha, aqliy-hissiy bilish zohiriy – dunyoviy bilimga kifoya qiladi, xolos. Ilohiyotni anglash uchun esa aql ojizdir. Ilohiyot ilmi aqlga sig’maydigan, aql o’lchovlaridan baland turadigan ilmdir. Ibn Arabiy aytadiki, Xudo haqida ham aql tili bilan gapirish mumkin, lekin aql kuchi bilan Uni bilish mumkin emas. Aql isbotni talab qiladi, dalil – tajriba bilan ish ko’radi. Vaholanki, Xudoning borligi, zotu sifatlarini dalil orqali isbotlash mushkul. «Ma’rifat Haq tomonidan yuboriladi. Bu mening fikrim emas, balki ilohiy ilhomdir», deb yozadi Ibn Arabiy. Olloh bilan xilvatda qolgan mard insonda shunday xolat yuz beradiki, unda Ilmlardan ilhom paydo bo’lib, Uning rahmati bilan yuksaladi. Darveshdagi bu holat oddiy odamlar va isbot-dalil ahli uchun qorong’idir. Bu avliyolarga yuboriladigan laduniy bilim. Boyazid Bistomiy kalom ahliga qarab degan ekan: «Siz o’z ilmlaringizni jonsiz narsalardan olasiz, biz esa abadiy tirik Zotdan olamiz». Boyazid jonsiz narsalar deb moddalar-ashyolarni nazarda tutadi. Laduniy – rabboniy bilim Xo’ja Xizrning bilimiga qiyos etgulik. Xo’ja Xizr hayot suvi – abadiy tiriklik suvini ichgach, u hamma voqeadan, hamma ahvoldan, hamma kechinmalardan xabardor; narsalar hosiyati va qonuniyatini oldindan biladi, Xudo unga o’z bilimini tuhfa etgan.

Asli Ispaniyada tug’ilib, musulmon olamini kezib chiqqan, o’zining «Futuhoti Makkiya», «Fususul hikam» asarlari bilan tasavvuf falsafasiga ulkan hissa qo’shgan Shayxi kabir Ibn Arabiy (1165–1240) inson bilimlarini uchga bo’lgan: birinchisi – aqliy-hissiy bilimlar, ikkinchisi – hol ilmi (holat, mahol ilmi ham deydi u). Uchinchisi – sirru asror ilmi. Birinchi ilm zohiriy fanlar bilan shug’ullanadigan kishilar ilmi bo’lsa, ikkinchi ilm hol martabasiga ko’tarilgan so’fiylar ilmi hisoblanadi, ya’ni vajd holatida kashf etilgan ilm. Uchinchi ilm – avliyolar ilmi. Bu ilm muqaddas ruhlar orqali keladi, shu’la – nur ko’rinishida qalbga kiradi.

Shu o’rinda tasavvuf ahli tez-tez murojaat qiladigan bilishning uch xil bosqichi – ilmul yaqin, aynul yaqin va haqqul yaqin tushunchalari ustida to’xtalmoqchimiz. Arabcha «yaqin» so’zi ishonch, biron narsaga qat’iy ishonchni anglatadi. Bu so’z Qo’r’oni Karimda ham ko’p qo’llaniladi. Ilmul yaqin, aynul yaqin, haqqul yaqin – bilishning uch bosqichi. Birinchi bosqich kitobiy, tahsiliy bilimga ishora bo’lsa, ikkinchi bosqich o’z ishtirokidagi tajribaviy bilimni anglatadi, uchinchi bosqich esa o’zi tajriba vositasiga aylanib, haqiqatni anglash bilimidir.

Ilmul yaqin – bilim oraqli ishonish. Masalan, deylik, menga tushuntirib aytdilarki, olov issiqdir va u kuydiradi, men bunga ishondim.

Aynul yaqin – to’liq ilmiy ishonch, tajriba qilib ko’rib ishonish. Men o’zim sinab ko’rdim: olov haqiqatdan ham issiqdir va u kuydiradi.

Haqqul yaqin – haqiqiy ishonch, ya’ni: men o’zim olovda yondim va olovning yondirish kuchi, xususiyatiga batamom ishondim. Bu – Haqqa yetish ilmi. Ko’rinadiki, yuqorida Ibn Arabiy tasnif etgan ilm darajalari bilan hozir ta’rif etganimiz uch bosqich orasida yaqinlik bor.

Alisher Navoiyning «Lisonut tayr» asarida «Parvonalar majmu’i sham’ haqiqati sharhida» («Faqru fano vodiysining adosi» bobi) degan hikoyat bor. Unda keltirilishicha, parvonalar bir kecha yig’ilishib, sham’ga tolib bo’ladilar; kelishib olib, sham’ning mohiyatini anglamoqchi bo’ladilar. Shunda ulardan biri sham’ga yaqinlashadi, uning munavvar nurini ko’rib, qaytib kelib boshqalarga hikoya qilmoqchi bo’ladi. Ammo parvonalar uning so’zidan hech narsa anglamaydilar, chunki u sham’ nima ekanini tushuntirib bera olmaydi. Shu zaylda yana bir necha parvona sham’ atrofini aylanib kelib, ko’rganlarini so’zlaydi. Lekin «topmadi mushkul kushod andin dog’i», maqsad amalga oshmaydi.

Sham’ davrida qanot ko’p urdilar,
Har biri o’z bol-parin kuydurdilar.

Har biri kuygancha ondin topdi kom,
Sharhi dushvor erdiyu naqli harom.

Har bir parvona sham’ nuridan lazzatlandi, ammo uni sharhlab bera olmaydi, chunki shu’lani til bilan sharhlab, tushuntirib bo’lmaydi, kishi to kuymasa olov haroratini anglamaydi. Navoiy bundan ikkita xulosa chiqargan: biri – Haq nuriga g’arq bo’lib, Uning jamoli haroratida yonmaguncha Haqni anglab bo’lmaydi. Ikkinchisi – Haqqa yetgan odam (kuygan parvona kabi) bu sirni bayon qilib bera olmaydi. Bu – haqqul yaqinning xuddi o’zidir. Ya’ni foniy bo’lish, sub’ektning ob’ektga aylanishi, solik vujudining batamom yo’qolib, iloh olamiga qo’shilib ketishi.

Mansur Halloj (858-922) ana shunday martabani egallagan zot edi – Haq olamiga qo’shilib «men Haqman» («Anal Haq») dedi. Mansurning ustozlaridan Boyazid Bistomiy (vaf. 875) esa ayni holni ilhomi jo’sh urgan paytlaridan birida «Subhoni, subhoni, mo a’zam sho’ni» deb yuboradi, ya’ni «Sharaflanganman, sharaflanganman, sharaflanganman men, mening martaba-sha’nim ulug’ligiga qarang». Qur’on bo’yicha bandasi bunday deyishga haqli emas, chunki bu Parvardigorning sifatlaridir. Ammo Boyazid o’zini Haq bilan birga his etib, Uning sifatlarini o’z sifati deb hisoblaydi. Boyazid Bistomiyning mana bu izhori ham qiziq: bir payt U meni O’z huzuriga olib chiqdi va oldiga qo’ydi va menga dedi: «Ey Boyazid, haqiqatan ham mening maxluqim yuz ko’rishni sevadi, mayli, sening yuzingni ko’rsin». Va men javobida dedim: «Meni o’z vahdating ila bezagin, o’z sifatlaring ila sifatlagin, tavhiding martabasi-la sharaflagin, toki maxluqlaring meni ko’rganda: «Biz Seni ko’rdik» va «bu Sen bo’libdi» desinlar va men bu yerda bo’lamayin».

Bu so’zlarda insonni ilohiylashtirish, komil inson sifatlari bilan Iloh sifatlari orasida tenglik alomatini qo’yish bor. Darvoqe, Boyazid Bistomiy va Mansur Halloj ham shu fikrni olg’a surganlar. Bu xudolikka da’vo emas, hulul ham (hulul – Ilohning odamda singishi haqidagi nazariya) emas, balki insonni ulug’lash va tavhid bilan vahdat – kulliyatni nihoyatda chuqur anglashdir. Diqqat qiling: Boyazid so’zining oxirida «va men bu yerda bo’lmayin» deydi. Nima demoqchi u? U aytmoqchiki, mening bashariy qiyofam butkul yo’qolsin, ilohtiy mohiyat kasb etayin, butun vujudim Iloh ma’rifatiga aylansin. Shunda odamlar mening suratimda Xudoni ko’rsinlar.

Zotu sifot, arshu kursi, lavhu qalam – hammasi Insondadir. Shuning uchun Xudo izlab har qayoqlarga borishning hojati yo’q, jumladan, Makkatullohga borishning ham. Chunki har bir inson Xudoni o’zidan izlasin. Uning qudrati va shavkatini o’zida ko’rsin. Mazkur aqida «Kimki o’zini tanisa Rabbini taniydi» degan hadis mazmunidan kelib chiqadi. Barcha hikmatlar, hodisot va mo»jizalar inson xilqatida joylashgan. Zero, Olloh taoloning so’zi bor: «Men yashirin xazina edim va sizni se-vib qoldim, toki Meni bilib olinglar va jinlar, odamlarni yaratdim, toki Meni bilinglar». Inson maxluqotning, olamlarning gultoji, Olohning yerdagi xalifasi ekan, demak, unda Olloh sifatlari bo’lishi mantiqiy hol. Bundan tashqari, «yashirin xazina» bo’lgan Olloh taolo ilmu hikmatning bir qismini inson qalbiga joylagan. Ya’ni inson «yashirin xazina»ni saqlovchi xazinadordir. Shu bois inson ko’ngli «irfon maxzani». Olloh yashiringan tilsimotdir:

Ko’ngilin oni maxzani irfon qilib,
Ul tilism ichra o’zin pinhon qilib.

Rozi maxfiy ganj o’lub bu turfa jism,
Sun’idin ul ganj hifziga tilism.
(Alisher Navoiy)

Tasavvuf falsafasiga ko’ra, inson qarama-qarshi ikki asos-modda va ruhdan iborat. Shuning uchun unda shu ikki asosning xususiyatlari jamdir. Agar moddiylik g’alaba qilsa, insonda hayvoniylik va agar ruh tomoni ustun kelsa, ilohiylik rivojlanadi. Ruh jism quliga aylanib qolmasligi kerak, aksincha, jism ruh uchun bir asbob-ulov, vosita bo’lib xizmat qilsin. Ruhlari taraqqiy etgan insonlar aqlu zakovati, ilhom, ijodkorligi, ilohiy tab’u farosati bilan ajralib turadilar. Ruh taraqqiy etgan sari u jismga sig’may qoladi, koinot bilan aloqa bog’lab, olam asroridan xabar berib, mo»jizalar ko’rsata boshlaydi. Ruh va jismdan iborat insonni ilohiy olam bilan jism olami orasidagi chegara deb ataydilar va tongga o’xshata-dilar. Chunki tong tun bilan kunning chegarasidir. Tongdan keyin qorong’ulik ketib, quyosh porlab chiqqanday, inson ruhi ham asta-sekin jism qorong’iligi – zulmatini tark etib, musaffo ruh olami, nurlar olamiga talpinmog’i darkor.

09

(Tashriflar: umumiy 883, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring