Hamza Hakimzoda Niyoziy. Jum’a qandoq kun? & Tohir Malik. Hamza

086 март — Ҳамза таваллудининг 130 йиллиги

Ҳамза 1928 йил 25 сентябрда бир дўстига йўллаган мактубида ҳаётининг хавф остида қолганлигини айтиб, «пичоғимнинг гулдастаси синмасун эди. Ул иғвогарларнинг тегишлик чораларини кўрмасликлари яна бир зарба бермай қолмас», деб ёзади. Кўп ўтмай, 1929 йил 18 мартда эса Ҳамза ваҳшийларча ўлдирилади. Бу ишда сиёсий кучлар ҳам иштирок этганига шубҳа йўқ.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий
ЖУМЪА ҚАНДОҚ КУН?
9

Мана биз бори жумъа куни дебгина қўямиз. Лекин жумъа қандоқ кун, жумъа кунларида бизга нима қилмоқ лозим, жумъа намозини ҳар бир масжидда ўқилавурмай, катта жомеларга жамоат бўлуб ўқумоқда» мақсад нима? Хутбадан мурод нима? Кўпимиз бутун бехабармиз.

Эски ҳукумат вақтида жумъа фазилатлариндан баъзи муҳимроқ ерлардан очуб айтмоқға тилларимиз сиёсат муҳрлари била тамғаланган эди. Шукрлар ўлсун жаноб тангригаким, карам шеваси била умумий ҳуррият, мусовот, адолат бўлди. Қўл-оёғимиздаги занжири сиёсатни ешди, озод қилди. Тилларимиздаги қизил тамғалар-да, қирқилди, тўкулди. Ҳар бир тўғридан осон-очуқ сўзлаб, қичқируб, халқимизи уйғотмоққа, огоҳ қилмоққа кенг йўл берилди. Қўрқунч, босқунч каби нафас била ичга кируб чиқуб турган заҳарлик газлардан юракларимиз тозаланди. Эмди жумъа хусусиндаги у муҳум ерларини айтуб, ёзуб, халқларимизга тушундуруб ва таклиф этувга ҳуқуқимиз комилдур.

Жумъа қандоқ кун?

Жумъа кунларнинг саййиди ер юзиндаги 400 миллион мусулмонларнинг ҳаммаларига ҳам ҳафталик улуғ байрам кунидур.

Жумъа куни косибларга касбларин, савдогарларга савдоларин, уламоларга мактаб-мадрасаларин, қуззотларга маҳкамаи шаръияларин, дўкондорларга дўконларин тўхтатуб ва бу ишлар ўрнига намози зуҳрдан сўнг байрам қилув — бир-бирларига меҳмон бўлуб бормоқ; нотоб қардошларни боруб ҳол сўрмоқ; шогирд муаллимларини зиёратига бормоқ. Меҳмонхоналарда, дарсхоналарда бешлаб, ўнлаб мажлис қилмоқ ва бу мажлисда дин ва миллат учун керак бўлган заруриётдан баҳс ва музокаралар қилмоқ. Уламолар авомга, ағниё, фуқарога ёрдам қилмоқ ва аларни жаҳолатдан ва асоратдан халос қилмоқ чорасига киришмоқ учун осон бир йўлларни кенгашмоқ, мактаблар очмоқ, кўҳна мадрасаларни тузатмоқ, кўр, шол ёхуд заифлик мажбурияти била тирикликдан бутун ожиз қолган тул хотун, бева-бечора, етимларни тарбия қилмоқ учун ародаги бир-биримизга фарз, вожиб бўлгаш закот, садақотларни йиғишиб, тарбияхоналар солмоқ ва ул мажруҳларни тарбия қилмоқ йўлларин изламоқ, хусусан, ўқув-ўқутув усулларин замонга мувофиқ таҳсил қилмоқ чораларин ахтармоқ, ҳосил, дин ва миллатимиздаги бундай камчиликларни фикрлашмоқ, сўнгра ўн минглаб халқимизи бағрига тўплаб турган жомеларимизда воизларимиз орқали юқоридаги заруриётдан халқимизи огоҳ қилмоқ, ҳоли ба қудрат ёрдамга таклиф қилмоқ, дини исломимиз тарафиндан буюрулгон ҳар биримизни энг биринчи муҳим бурчимиздур. Жаноб пайғамбаримизни энг суйган одатлари ва саҳобаи киромга энг улуғ васиятлари такрор-такрор буюргон таклифи муборакларидур. Бу хусусда ҳадиси шариф истаган кишилар «Минг бир ҳадис» китобларина боқсун эди. Сад ҳайф, ҳазор афсуски, бизи халқ бундоғ амали пур саодатдан бутун-бутун бехабардурмиз.

Жумъа байрами иқлимимизда бор. Яна, афсуски, у миллий ва диний байрамга бутун хилоф аксдур.

Чунончи, боғларга чиқуб ўйнамоқ, қарта ўйнамоқ, гўдакларимиз эса тухум ва пилдироқ ўйнамоқ, уламо ва ағниё ва косибларимиз эса бори қорун тўйдурмоқ, бировларни мазаммат[1] ва ғийбат қилмоқ, ҳосил, ҳаммаси фисқ ва номашруъ[2] ишларга саргардон ва оғишталикдан иборатдур. У миллий байрамми, у жумъаи эҳтиромими, у расули саллаллоҳу алайҳа вассалламга пайравликми, балки дин буйруқларига бутун хиёнат ва жиноятдур. Мана биз боқайлик ватанимиздаги ажнабийлардан бир қисмигина яҳудийларга, шанба кун бўлдими кўзимизга бирор дўкон очуқ кўрунмас ёки бирор бир яҳудийни бир иш ва хизматга боғлануб турганин кўрмас, ҳатто қўлларига ақча-да ушламоқ шариатларида ҳаром эмиш, кўчаларда бешлаб-ўнлаб юрурлар, бир-бирларига меҳмонга борурлар. Тўп-тўп бўлуб меҳмонхоналарда мажлис қурурлар. Диний ва миллий камчиликларин кенгаш қилурлар. Бева-бечораларини ҳимоя учун чалишурлар.

Мана шунинг учун шаҳримизга кечагина йиртуқ либосларга ўралуб келуб, бойларига ош ташуб ёки бир яшукни бўйниға осуб юрган, «мулло муши», эртага кўрамизки, оврўпача кийинган, бир от, резиновий ароба, растадан олти-етти дўкон бир бўлуб, 12 газлик зўр вивеска қўйилган «Мануфактури муши Хайюм Суюнов» ёзилган олдида оқ саллалик ватан ўғли, ватан савдогари, мусулмон фарзанди, қўли кўксида илтижо, рижо: «Бой ака, хўжайин, худо хайр берсун». Ҳўқанд шаҳрининг энг қадрлик ўрта қуруқ катта иморат боғларига кўзинг тушар, «Кимники?» деган саволга «Муши Хайюм Суюновники» деган жавобни эшитарсан. Оҳ, дерсан, ичинг пишар, жигаринг кабоб бўлур. Мана булар на учун мундоғ тез етушурлар. Бойларимизга «Бой ака», хўжайин бўлурлар. Шояд буни яхши билувчи фаҳм ва идроки етувчилар бордур. Лекин маатаассуф билувчи ва идрок этувчиларга қаршу «Биз жуҳудми?» деб ўт устига намакоб еуртувчилар-да, бор. Бу ҳам бўлса, хайрсизлик, жумъа муаммосига донишсизликдандир.

Йўқ, биз эмдигина жуҳудлардан ўргануб, ҳафтадан бир кунни байрамга сайлаб, янгидан тақлид қиламиз, демаймиз. Алҳамдулиллоҳ, сумми алҳамдуллиллоҳ, асри саодатдан бери бошлануб, хонликларимизи ахири вақтигача амалда тутуб келган «жумъа» исми била улуғ байрамимиз бор. Лекин шунчалик юқорида айтуб ўтдигимизча, диний ва миллий камчиликларимизнигина кенгашув ишлари тобора йўқолуб, ўрниға бошқа кирдорлар ўрун тутуб қолган, хусусан, Русия ҳукуматига ўтганда, яна сиёсат эгови била бутун эговлануб, бошқача турли-турли бузуқчилиқларни эрмак қилувга мажбурият кўрулган. Мана, у замон, у сиёсатлар ҳам битирилди. Истибдод, зулм ва монелар кўтарилди. Эмди яна қайта-бошдан бирлашуб иттифоқлашуб, ўлка асри саодатдаги мажлиси диний ва миллий байрамларимизи жорий қилмоқға кенглик бир замон келди. Эмди бизлар, юқорида айтуб ўтдиғимизча, жумъа кунлари дўкон, мактаб ва мадрасаларимизи тўхтатуб, ҳар ерда тўплануб, миллий мажлислар қуруб, диний камчиликларимизи катта-кичиклар кенгашуб, бир-биримизи қўллашуб, истиқболимизи тараққий ва тахолиси учун керак бўлган заруриётни олға сурмакда давом қилсак, оз фурсатда бечораларимиз давлатга эришур. Авомларимизи ўзлари бўлмаса ҳам авлоди илм, маърифат, ҳунар ва саноат каби дунёвий ва охиравий саодатларга етушур. Зиллат ва жаҳолат каби умрлик офатлар бошимиздан кўтарилур. Ажнабийга нафс учун сотулган мусулмонларимиз қуллиқдан озод бўлур. Ҳар бир мақсад, ҳар бир тилак ва орзусига ҳар ким етар. Мана биз бу вақтда ўзимизнинг ҳуқуқимизга хўжа бўла оламиз. Жаноби Расул агар саллавлоҳу алайҳа ва салламнинг саҳобаи киромларнинг руҳлари биздан хушнуд бўлгон бўлурлар. Лекин нодон авом халқи орасига бир бидъатни нақадар ижро қилмоқ осон бўлса, диний бир амални таратмоқ минг-минг чандон ортуқ мушкул ва машаққатдур. Мушкул ва машаққат, деб турамизми? Йўқ, билгонимиз билмагонимизга тушунтурамиз, ташвиқ қиламиз. Бунинг била бўлмас экон, жийлонларимиз орқали раста оқсоқолларини чоқиртуруб, дўкондорларга тушундурувни, ҳафталик жумъа байрами куни жамияти хайриятга юборилувини илтимос этамиз. «Воизларни чақиртуруб, улуғ-улуғ гузарларда, жомеларда жумъа байрами хусусида ваъзлар айтдурамиз. Шогирдлар учун, муаллимларга мадраса талабалари учун муҳтарам мударрисларимизга мурожаат этамиз. Мана, бир оз машаққатни ёшлар ўз устимизга оламиз. Диний ва миллий улуғ муборак бу байрамимизи оз фурсатда расм-одатга киритамиз. Сўнгра жумъа куни ишдан тўхталгон халқимиз қойга борур, ўйлар-ўйлар, албатта, жамияти хайрияга борур. Биз бу тўғруда элнинг ўз воизини қўлга олувимиз ҳикматдир. Бу байрам соясинда биз аввалғи иттифоқ ва иттиҳодимизга енгиллик ила етиша олурмиз. Ба ҳар ҳол бизлар миллий камчиликларимиз ўрнин тўлдирув учун энг улуғ бир кучга муҳтож эканмиз, мумкин қадар бу диний улуғ байрамни олға суруб, халқимизи тўпланувға жамияти ҳайрияга мажбуриятсиз келувға ваъз тинглатув учун вақтини боғлатмоқға одат қилдирув керакдур. Мана, биз шунинг учун журналимизи бош мақоласини «Жумъа байрами»дан бошладик. Шояд маслакдошларимиз-да, бизим бу қосир фикримизи бўшга ҳисобламаслар. («Хутба» хусусинда келажак номерда изоҳ верилур.)

[1] Мазаммат — ёмонлик.
[2] Номашруъ — шариат қоидасига хилоф.

M: «Кенгаш» журнали, 1917 йил, 1-сон

Тоҳир Малик
ҲАМЗА
9

021Мустақиллик даврида тарихимизни, адабий меросимизни, айниқса, қирғин-қатағон қилинган ёзувчилар ижодини ўрганишга кенг йўл очилди, бу борада ҳозир кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, Ҳамза шеъриятининг ўзи биланоқ адабиётимиз тарихидан мустаҳкам ўрин олиши мумкин.

Ҳамза ўзбек театрининг яратилиши ва ривожига катта ҳисса қўшди. Дарсликларида бутунлай янги принципни қўллади: улар диний ва дунёвий илм асосида ёзилди.

Бир мақоласида «Ким ҳақиқатпараст, ким миллатни суювчи, ким ўз халқини бир кўзда кўрувчи, ким жамоат хизматига жони-молини фидо этувчи айтилсун, бу майдону ҳақиқатга кирсун», деб ёзди. Бир мухаммасида «Гар ҳақиқат йўлига бир раҳнамо топса кўнгул», дейди ва «Миллий ашулалар…» мажмуасида шу ниятини журъат билан тарғиб этади. Унда шоир халқни уйғонишга, бирлашиш ва ҳақиқат учун курашга чақиради: «Бирлашсун энди бошимиз, маслакда қари ёшимиз», «Ҳақ йўлида жон берсак, бўлсак миллат қурбони»…

Адиб бошқа бир асарида ҳаммага «бир кўз билан қарайлик», деган иборани ишлатади, халқни бою камбағалга ажратмайди. Ортиқча тўй-ҳашамлар, қиморбозлик, кўкнорихўрлик, маҳаллийчилик, бир-бирини кўролмаслик, дангасалик, айниқса, илмсизликни шафқатсиз танқид қилади: «Тонумаслар ўзларин беҳушлар», деб афсусланади: «Ўзингизга бир боқсангиз эди кўзингиз йиришуб», дея хитоб этади.

Форс ва араб тилларини пухта билган Ҳамза динга сидқидилдан ишонган. Отасига йўллаган бир мактубида «Бир бедона кафш сотиб олган эдим, рамазон келиб қолди: яна сотиб юбордим. Ифторлик ва саҳарликка харжладим», дейди.

Аммо 1917 йилги Октябр тўнтаришидан кейин мамлакатда большевиклар томонидан динга, мадрасалар, диндорларга қарши бошланган шафқатсиз оммавий кураш жуда ёмон оқибатларга олиб келди. Янги тузумдан нажот кутган Ҳамзага ўхшаган ижодкорлар атеистик мавзуларда асарлар ёзишга ўтди. Сўнгра динга нисбатан бошланган адолатсиз кураш дин раҳнамоларининг норозилигига сабаб бўлди. Бундай ҳол Ҳамзага ўхшаганларни чалғитди. У: «Мулла, эшонлар қутурди, дин, шариатнинг исмидан «ғозийлик» деган ёлғонга адашган эрлар сотилди» ва «Дўзахни писанд этмади куфринда Ниёзий», деб ёзди. Ҳамза аслида жаҳолатга қарши курашмоқчи бўлади. Шўролар даврида бирорта асарида ижобий маънода тасвирланган дин кишиси йўқ.

Баъзилар Ҳамзанинг мардикорлик воқеаси муносабати билан ёзган «Яшасун чун ватан ўғли» ва «Сидқи дил бирла дуо» шеърларида чоризмни мақтаган, ўз халқини мардикорликка даъват этган, деб уларга салбий баҳо берадилар. Эҳтимолки, бу шеърлар маҳаллий маъмурлар талаб-буйруғи билан ёзилган. Лекин Ҳамза «Подшоҳимизга садоқат кўрсатинг, аҳли ватан, то қурбон ўлсун жонимиз», деб даъват этган бўлса-да, шеърнинг руҳига ўз юртини, ўз халқини қадрлаш туйғуси сингдирилган.

Ҳамза аслида мардикорликнинг қандай оғир кулфат-лар келтирганини яхши билади. «Соғиниб», «Салом айтинг» каби шеърларида мардикорларнинг фожиали аҳволини кўрсатиб беради. Лекин у шеърларига жуда муҳим бир ғояни сингдиради: жаҳолатда қолиб кетган ва ўз бахт-саодати учун курашмаган одамнинг жазоси шу, бу кунларинг сенларга сабоқ бўлсин, демоқчи. Қаранг: «Жазо шул қаю миллат, ки ҳикмат, илму фан билмас», «Эсак дониш эли ўлмас биз мунча расволар», «Бу кунлар ибрат ўлсун, эй…».

Адиб бошқа бир ўринда очиқдан-очиқ бундай деб ёзган эди: «Мана, букун ҳақиқат, ҳуррият воситаси билан эски хоин ва золим, мустабид ҳукумати 50 йилдан бери бўйин, қўл ва оёғимизга сезимсиз солуб келган умрлик оғур занжирларин кўзга кўрсатиб ечди, халос қилди. Букун ҳақиқат, мусовот воситаси била, бир тараф, золим амалдорлар, иккинчи тарафдан, раҳмсиз, шафқатсиз талончилар темир тирноғи остида пўстлари бутун сидири-луб, юраклари эзилуб… турган мазлум, ноҳақ фақиру бечора, етим, ғарибларнинг бургутлар панжаи маргидан баҳо қилди… Букун Остроумов, Илминский кабиларнинг тарбиясида яшаган ва анинг маслакига хизмат этувчи, ватандаги ўз орамиздан чиққан дин хоинларини ҳаётларин ҳақиқат майдонига отур. Ноҳақларни шарманда… қилур».

«Истибдод қурбонлари»да рус началниги оғир меҳнатдан ўлиб қолган ўзбек йигитини топиб: «Кўтаринг бу собаканинг ўлигини», дейди. Ҳеч қайси ёзувчи ўша вақтда чоризм башарасини Ҳамза каби дадил фош этган эмас. 1917 йил 21 октябрда ёзган «Уён Ватан» шеърида «Бу кун миллатга ўлсун ҳарна ҳимматимиз», «Битди истибдод, етсун ҳуррият», «Битсун назорат, қуллик, асорат» деб ҳайқирди. «Туркистон Мухториятина» шеърида эса «Тўрт юз йиллик Романов битгач давлати, кўтарилди асорат, хўрлик иллати», деб қувонади.

Бу гаплар бежиз айтилмаган эди. Ҳамза ўз юртида, Россияда ва ундан ташқарида юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалардан яхши хабардор эди. Жадидлар отаси деб шуҳрат таратган Исмоил Ғаспиралини ўз устози деб билган шоир у вафот этганда шеър ва мақола ёзиб, «ботди хуршиди жаҳон», дейди. Туркистоннинг илғор зиёлиси, машҳур жадид Мунавварқорини эса, «муҳтарам устози олий», «маънавий ота», деб ҳисоблайди. Унинг «Сариқгул» (1916) тўпламидан «Яшасун чин ватан ўғли», деган шеър ҳам ўрин олган. Ундаги «Яша, Чайкин, Яшасун чун ватан ўғли Хўжаев» деган мисра бўлиб, ҳар тўртликдан сўнг (9 тўртлик) такрорланиб келади.

Убайдулла Хўжаев ва Вадим Чайкин ўша даврнинг илғор зиёлилари, сиёсатчилари эди. «Садои Туркистон» газетасига бош муҳаррирлик қилган Убайдулла Хўжаев машҳур адвокат бўлиб, Қўқон Мухторияти ташкил топганда мудофаа нозири ўрнини эгаллаган эди. Вадим Чайкин «Голос Туркестана» газетасининг бош муҳаррири бўлган. Туркистондаги эсерлар партиясининг бошлиғи сифатида Беҳбудий, Закий Валидийлар олдинга сурган Туркистонга федерация мақомини бериш ғоясини фаол қўллаб-қувватлаган арбобдир. Ҳамза бу икки шахсни Туркистон халқининг оғир, ночор аҳволидан оқ подшоҳни хабардор этувчи ва оғирини енгил қилишни сўровчилар, деб билади.

044Ҳамза Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан дўст бўлган, у билан бирга халқ орасида тарғибий-ташвиқий ишларни олиб борган. Валидий ҳам уни ҳурмат қилган ва Туркистондаги энг машҳур, фаол сиёсий арбоблардан бири, деб ҳисоблаган. Маълумки, Закий Валидий зўр олимлигидан ташқари Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатининг йўлбошчиси сифатида тан олинган, «Туркистон Миллий Бирлиги» қўмитасининг раиси бўлган, жуда кўп сиёсий дастурлар, йўл-йўриқлар (масалан, жадидлар дастурининг) муаллифи бўлган ва ҳатто Ленинга катта мактуб ёзиб, барча ваҳшийликлар, адолатсизликлар, шовинистик сиёсат ва майда миллатлар ҳақ-ҳуқуқининг поймол қилинишида, эҳтимол, «йўл қўйилган хатолар бошида сиз ўзингиз тургандирсиз» дейишга журъат этган сиёсатчидир.

Тошкентда ўтадиган «Туркистон Миллий Бирлиги» конгрессига қатнашувчилар тўғрисида сўзлаб, Валидий шундай дейди: «Лекин Туркистоннинг таниқли сиёсий арбоблари Алихон Букайхон, Турор Рисқулов, Аҳмад Бойтурсун, Муҳаммаджон Тинишбоев, ўзбеклардан Мунавварқори, Бухородан Ҳакимзода, Мирза Абдулқодир Муҳиддин, туркманлардан адвокат Қақажон Бердиев ва бошқалар узоқ вақт болшевиклар махсус хизматларининг таъқиби остида бўлганликлари сабабли бу конгрессга кела олмайдилар» Закий Валидийнинг мана бу фикри Ҳамзанинг қалбидан мухторият ғояси чуқур ўрин олганини ва «Мухторият ёки автономия» драмаси, кейинча «Туркистон Мухториятина» шеърининг дунёга келиши бежиз эмаслигидан далолат беради.

«Мен ва Беҳбудий, тошкентлик ёш муҳаррир Толибжон, ёш ўзбек шоири Чўлпон, нўғайқўрғонлик татарлардан Тоҳир, Самарқанддан Ҳакимзода билан бир қанча шаҳарларга бориб йиғилишлар ўтказдик, турли-туман жойларда бўлиб, Туркистон Марказий Шўросига одамларни жалб қилдик. Натижада Мухтория фикрининг асл душмани саналган кадет партиясининг Тошкентдаги бошқармаси ўз таъсирини йўқота бошлади. Июн ойи бошидан бошланган кураш натижасида Мухторият ғоясининг таъсири ҳамма ерда кучая борди». Валидийнинг бу гаплари Ҳамзанинг сиёсий кураш жабҳасида фаол ишлаганидан яна бир далилдир.

Маълумки, 1917 йил бошларида Туркистон Миллий Шўроси тузилади ва унинг ғояси Ҳамзани ҳам мафтун этади. У «Таржимаи ҳол»ида 1917 йил бошида Шўрои исломнинг озуқа шуъбасига кириб, иттиҳод таъмин жамиятини ташкил этишда қатнашганини ёзади. Шу пайтларда «Ҳой, ишчилар», «Биз ишчимиз», «Ишчилар, уйғон», 1918 йили «Туркистон Мухториятина» шеъри билан кетма-кет «Уйғон», «Яша, Шўро» каби шеърларини ёзган. Бу шеърларнинг мағзини миллий ишчилар синфини яратиш ва миллий шўрони ривожлантириш ғояси ташкил этади.

Фикримизнинг исботи учун яна Закий Валидийнинг Мустафо Чўқаевга ёзган катта мактубидан бир парча келтирамиз: «1917 йилнинг июнида Самарқандда Ҳамза Ҳакимзоданинг, Маҳмудхўжа Беҳбудий билан менинг миллий ишчилар касаба уюшмаларини ташкил қилиш йўлидаги фаолиятимизнинг асосини ташкил қилган тадбир шу бўлди. Озарбойжон миллий социалист партиялари, мусоват партияси 1918 — 1919-йилларда бундай миллий касаба уюшмаларини жуда яхши уюштиришди. Биз социализмни ҳар бир миллатнинг ўзига хосликларини кўзда тутиб, ҳар бир миллатда майдонга келган уюшмаларнинг Русия доирасида уюшиб бирлашган демократик федерация тариқасида кўз олдимизга келтирар эдик. Диктатура тартибига қаттиқ қарши чиқдик… 1919 йилда Туркистонда социализм ғояси кенг тарқалди. Социалист бўлмаган бирорта партия тузиш имкони берилмади, тўхтатиб қўйилди».

Ҳамза ўз «Таржимаи ҳоли»да «1917 йилнинг 28 майида Қаландархонада 400 га яқин рабочийларини тўплаб, зўр намойиш қилиб, рабочий меҳнаткашлар жамияти ташкил қилдик», дейди. Агар шоирнинг «Ҳақингни ол, ишчилар» («Ҳой ишчилар»), «Замона келди, кўтарайлик оёқ остдан бошимиз» («Биз ишчимиз»), «Ишчилар уйғон, уйғон. Сенга ишлашга етишди замон» («Ишчилар, уйғон») мисраларига эътибор берсангиз, уларда ўша Закий Валидий таъкидлаган ғоя руҳи борлигини англаш мумкин.

Шоир советлар даврида кўп шеър ёзмади, йигирма саккизтача шеърдан ўн тўрттаси хотин-қизларни илм-маърифатга ва эркка чорловчи асардир. Бир неча шеърларида халқни уйқудан уйғотиш ва озодлик қарор топганини қутлаш ётади. Бу ерда Анвар Пошонинг адьютанти Муҳитдинбекнинг Закий Валидий тўғрисидаги мақоласидаги (1928) «Закий Валидий рус инқилобига катта умид боғлади. Туркий халкларга инқилоб бир нажот ва бахт келтиради, деб ишонди. Лекин умидлари рўёбга чиқмади. Закий Валидий Анвар Пошо билан алоқа боғлаб, болшевикларнинг ҳийла-найрангларини яхши тушунгандан кейин бир қанча вақт бекиниб юриб, иш кўришга аҳд қилди ва шундай қилди ҳам…», деган фикрини келтириш ўринли. Ҳамза ҳам, Чўлпонлар ҳам дастлаб худди шундай адашдилар.

Тўғри, Ҳамза совет ҳукуматининг ўз одамига айланишга ва уни қўллаб-қувватлашга интилди. 1926 йили унинг дўсти Сўфизодага «Ўзбекистон халқ шоири» ва Ҳамзага «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонлари берилган бўлса-да, Сўфизода 1937 йили ўлдирилди. Ҳамза эса доим тазйиқ остида юрди, бирор ерда муқим ишлаш имкониятига эга бўлмади. «Таржимаи ҳоли»-да айтилишича, ғанимларининг унга «очиқ ҳужумга тикланганларини билиб», Бухоро ва Хоразмга кетиб қутулади.

Ҳамзанинг русларни фош этувчи асарлари, миллий мухториятни орзу қилган шеърлари, Закий Валидий, Мунаввар Қори, Чўлпон, Беҳбудий каби замонасининг илғор зиёлилари — адолат ва ҳақиқат учун курашувчилар билан дўстлиги шўро тузумининг махсус қўриқчиларига аён эди. Шунинг учун уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қийнадилар. У дўстлари ва юқори ташкилотларга ёзган ўнлаб мактубларида «ёрдам сўрасак бизга тескари қарайдилар», «ёзувчи бўлмай ва дунёга келмай ҳам ўлай», «ҳозирда кўриб турган кунларимни итлар кўрмайдур», дейди. Бир қайдида «Оч туришга чора йўқ, ўғирлиқка уқув йўқ. Мардикорликка куч, усталикка ҳунар йўқ. Деҳқончиликка ангал-дангал. Ўлишга текин ажал йўқ. Қочай десанг, на йўл бор, на тинч жой. Муни устига сан ҳам бўларсанда шуларга ўхшаган бедин, ноинсоф бир болшовой», дейилган. Ҳамза 1928 йил 25 сентябрда бир дўстига йўллаган мактубида ҳаётининг хавф остида қолганлигини айтиб,» пичоғимнинг гулдастаси синмасун эди. Ул иғвогарларнинг тегишлик чораларини кўрмасликлари яна бир зарба бермай қолмас», деб ёзади. Кўп ўтмай, 1929 йил 18 мартда эса Ҳамза ваҳшийларча ўлдирилади. Бу ишда сиёсий кучлар ҳам иштирок этганига шубҳа йўқ.

Манба: Ёзувчи Тоҳир Малик веб-саҳифаси

022 Hamza 1928 yil 25 sentyabrda bir do‘stiga yo‘llagan maktubida hayotining xavf ostida qolganligini aytib, “pichog‘imning guldastasi sinmasun edi. Ul ig‘vogarlarning tegishlik choralarini ko‘rmasliklari yana bir zarba bermay qolmas”, deb yozadi. Ko‘p o‘tmay, 1929 yil 18 martda esa Hamza vahshiylarcha o‘ldiriladi. Bu ishda siyosiy kuchlar ham ishtirok etganiga shubha yo‘q.

Hamza Hakimzoda Niyoziy
JUMʼA QANDOQ KUN?
9

Mana biz bori jumʼa kuni debgina qoʻyamiz. Lekin jumʼa qandoq kun, jumʼa kunlarida bizga nima qilmoq lozim, jumʼa namozini har bir masjidda oʻqilavurmay, katta jomelarga jamoat boʻlub oʻqumoqda» maqsad nima? Xutbadan murod nima? Koʻpimiz butun bexabarmiz.

Eski hukumat vaqtida jumʼa fazilatlarindan baʼzi muhimroq yerlardan ochub aytmoqgʻa tillarimiz siyosat muhrlari bila tamgʻalangan edi. Shukrlar oʻlsun janob tangrigakim, karam shevasi bila umumiy hurriyat, musovot, adolat boʻldi. Qoʻl-oyogʻimizdagi zanjiri siyosatni yeshdi, ozod qildi. Tillarimizdagi qizil tamgʻalar-da, qirqildi, toʻkuldi. Har bir toʻgʻridan oson-ochuq soʻzlab, qichqirub, xalqimizi uygʻotmoqqa, ogoh qilmoqqa keng yoʻl berildi. Qoʻrqunch, bosqunch kabi nafas bila ichga kirub chiqub turgan zaharlik gazlardan yuraklarimiz tozalandi. Emdi jumʼa xususindagi u muhum yerlarini aytub, yozub, xalqlarimizga tushundurub va taklif etuvga huquqimiz komildur.

Jumʼa qandoq kun?

Jumʼa kunlarning sayyidi yer yuzindagi 400 million musulmonlarning hammalariga ham haftalik ulugʻ bayram kunidur.

Jumʼa kuni kosiblarga kasblarin, savdogarlarga savdolarin, ulamolarga maktab-madrasalarin, quzzotlarga mahkamai sharʼiyalarin, doʻkondorlarga doʻkonlarin toʻxtatub va bu ishlar oʻrniga namozi zuhrdan soʻng bayram qiluv — bir-birlariga mehmon boʻlub bormoq; notob qardoshlarni borub hol soʻrmoq; shogird muallimlarini ziyoratiga bormoq. Mehmonxonalarda, darsxonalarda beshlab, oʻnlab majlis qilmoq va bu majlisda din va millat uchun kerak boʻlgan zaruriyotdan bahs va muzokaralar qilmoq. Ulamolar avomga, agʻniyo, fuqaroga yordam qilmoq va alarni jaholatdan va asoratdan xalos qilmoq chorasiga kirishmoq uchun oson bir yoʻllarni kengashmoq, maktablar ochmoq, koʻhna madrasalarni tuzatmoq, koʻr, shol yoxud zaiflik majburiyati bila tiriklikdan butun ojiz qolgan tul xotun, beva-bechora, yetimlarni tarbiya qilmoq uchun arodagi bir-birimizga farz, vojib boʻlgash zakot, sadaqotlarni yigʻishib, tarbiyaxonalar solmoq va ul majruhlarni tarbiya qilmoq yoʻllarin izlamoq, xususan, oʻquv-oʻqutuv usullarin zamonga muvofiq tahsil qilmoq choralarin axtarmoq, hosil, din va millatimizdagi bunday kamchiliklarni fikrlashmoq, soʻngra oʻn minglab xalqimizi bagʻriga toʻplab turgan jomelarimizda voizlarimiz orqali yuqoridagi zaruriyotdan xalqimizi ogoh qilmoq, holi ba qudrat yordamga taklif qilmoq, dini islomimiz tarafindan buyurulgon har birimizni eng birinchi muhim burchimizdur. Janob paygʻambarimizni eng suygan odatlari va sahobai kiromga eng ulugʻ vasiyatlari takror-takror buyurgon taklifi muboraklaridur. Bu xususda hadisi sharif istagan kishilar “Ming bir hadis” kitoblarina boqsun edi. Sad hayf, hazor afsuski, bizi xalq bundogʻ amali pur saodatdan butun-butun bexabardurmiz.

Jumʼa bayrami iqlimimizda bor. Yana, afsuski, u milliy va diniy bayramga butun xilof aksdur.

Chunonchi, bogʻlarga chiqub oʻynamoq, qarta oʻynamoq, goʻdaklarimiz esa tuxum va pildiroq oʻynamoq, ulamo va agʻniyo va kosiblarimiz esa bori qorun toʻydurmoq, birovlarni mazammat[1] va gʻiybat qilmoq, hosil, hammasi fisq va nomashruʼ[2] ishlarga sargardon va ogʻishtalikdan iboratdur. U milliy bayrammi, u jumʼai ehtiromimi, u rasuli sallallohu alayha vassallamga payravlikmi, balki din buyruqlariga butun xiyonat va jinoyatdur. Mana biz boqaylik vatanimizdagi ajnabiylardan bir qismigina yahudiylarga, shanba kun boʻldimi koʻzimizga biror doʻkon ochuq koʻrunmas yoki biror bir yahudiyni bir ish va xizmatga bogʻlanub turganin koʻrmas, hatto qoʻllariga aqcha-da ushlamoq shariatlarida harom emish, koʻchalarda beshlab-oʻnlab yururlar, bir-birlariga mehmonga borurlar. Toʻp-toʻp boʻlub mehmonxonalarda majlis qururlar. Diniy va milliy kamchiliklarin kengash qilurlar. Beva-bechoralarini himoya uchun chalishurlar.

Mana shuning uchun shahrimizga kechagina yirtuq liboslarga oʻralub kelub, boylariga osh tashub yoki bir yashukni boʻynigʻa osub yurgan, “mullo mushi”, ertaga koʻramizki, ovroʻpacha kiyingan, bir ot, rezinoviy aroba, rastadan olti-yetti doʻkon bir boʻlub, 12 gazlik zoʻr viveska qoʻyilgan “Manufakturi mushi Xayyum Suyunov” yozilgan oldida oq sallalik vatan oʻgʻli, vatan savdogari, musulmon farzandi, qoʻli koʻksida iltijo, rijo: “Boy aka, xoʻjayin, xudo xayr bersun”. Hoʻqand shahrining eng qadrlik oʻrta quruq katta imorat bogʻlariga koʻzing tushar, “Kimniki?” degan savolga “Mushi Xayyum Suyunovniki” degan javobni eshitarsan. Oh, dersan, iching pishar, jigaring kabob boʻlur. Mana bular na uchun mundogʻ tez yetushurlar. Boylarimizga “Boy aka”, xoʻjayin boʻlurlar. Shoyad buni yaxshi biluvchi fahm va idroki yetuvchilar bordur. Lekin maataassuf biluvchi va idrok etuvchilarga qarshu “Biz juhudmi?” deb oʻt ustiga namakob yeurtuvchilar-da, bor. Bu ham boʻlsa, xayrsizlik, jumʼa muammosiga donishsizlikdandir.

Yoʻq, biz emdigina juhudlardan oʻrganub, haftadan bir kunni bayramga saylab, yangidan taqlid qilamiz, demaymiz. Alhamdulilloh, summi alhamdullilloh, asri saodatdan beri boshlanub, xonliklarimizi axiri vaqtigacha amalda tutub kelgan “jumʼa” ismi bila ulugʻ bayramimiz bor. Lekin shunchalik yuqorida aytub oʻtdigimizcha, diniy va milliy kamchiliklarimiznigina kengashuv ishlari tobora yoʻqolub, oʻrnigʻa boshqa kirdorlar oʻrun tutub qolgan, xususan, Rusiya hukumatiga oʻtganda, yana siyosat egovi bila butun egovlanub, boshqacha turli-turli buzuqchiliqlarni ermak qiluvga majburiyat koʻrulgan. Mana, u zamon, u siyosatlar ham bitirildi. Istibdod, zulm va monelar koʻtarildi. Emdi yana qayta-boshdan birlashub ittifoqlashub, oʻlka asri saodatdagi majlisi diniy va milliy bayramlarimizi joriy qilmoqgʻa kenglik bir zamon keldi. Emdi bizlar, yuqorida aytub oʻtdigʻimizcha, jumʼa kunlari doʻkon, maktab va madrasalarimizi toʻxtatub, har yerda toʻplanub, milliy majlislar qurub, diniy kamchiliklarimizi katta-kichiklar kengashub, bir-birimizi qoʻllashub, istiqbolimizi taraqqiy va taxolisi uchun kerak boʻlgan zaruriyotni olgʻa surmakda davom qilsak, oz fursatda bechoralarimiz davlatga erishur. Avomlarimizi oʻzlari boʻlmasa ham avlodi ilm, maʼrifat, hunar va sanoat kabi dunyoviy va oxiraviy saodatlarga yetushur. Zillat va jaholat kabi umrlik ofatlar boshimizdan koʻtarilur. Ajnabiyga nafs uchun sotulgan musulmonlarimiz qulliqdan ozod boʻlur. Har bir maqsad, har bir tilak va orzusiga har kim yetar. Mana biz bu vaqtda oʻzimizning huquqimizga xoʻja boʻla olamiz. Janobi Rasul agar sallavlohu alayha va sallamning sahobai kiromlarning ruhlari bizdan xushnud boʻlgon boʻlurlar. Lekin nodon avom xalqi orasiga bir bidʼatni naqadar ijro qilmoq oson boʻlsa, diniy bir amalni taratmoq ming-ming chandon ortuq mushkul va mashaqqatdur. Mushkul va mashaqqat, deb turamizmi? Yoʻq, bilgonimiz bilmagonimizga tushunturamiz, tashviq qilamiz. Buning bila boʻlmas ekon, jiylonlarimiz orqali rasta oqsoqollarini choqirturub, doʻkondorlarga tushunduruvni, haftalik jumʼa bayrami kuni jamiyati xayriyatga yuboriluvini iltimos etamiz. “Voizlarni chaqirturub, ulugʻ-ulugʻ guzarlarda, jomelarda jumʼa bayrami xususida vaʼzlar aytduramiz. Shogirdlar uchun, muallimlarga madrasa talabalari uchun muhtaram mudarrislarimizga murojaat etamiz. Mana, bir oz mashaqqatni yoshlar oʻz ustimizga olamiz. Diniy va milliy ulugʻ muborak bu bayramimizi oz fursatda rasm-odatga kiritamiz. Soʻngra jumʼa kuni ishdan toʻxtalgon xalqimiz qoyga borur, oʻylar-oʻylar, albatta, jamiyati xayriyaga borur. Biz bu toʻgʻruda elning oʻz voizini qoʻlga oluvimiz hikmatdir. Bu bayram soyasinda biz avvalgʻi ittifoq va ittihodimizga yengillik ila yetisha olurmiz. Ba har hol bizlar milliy kamchiliklarimiz oʻrnin toʻldiruv uchun eng ulugʻ bir kuchga muhtoj ekanmiz, mumkin qadar bu diniy ulugʻ bayramni olgʻa surub, xalqimizi toʻplanuvgʻa jamiyati hayriyaga majburiyatsiz keluvgʻa vaʼz tinglatuv uchun vaqtini bogʻlatmoqgʻa odat qildiruv kerakdur. Mana, biz shuning uchun jurnalimizi bosh maqolasini «Jumʼa bayrami”dan boshladik. Shoyad maslakdoshlarimiz-da, bizim bu qosir fikrimizi boʻshga hisoblamaslar. (“Xutba” xususinda kelajak nomerda izoh verilur.)

[1] Mazammat — yomonlik.
[2] Nomashruʼ — shariat qoidasiga xilof.

M: “Kengash” jurnali, 1917 yil, 1-son

Tohir Malik
HAMZA
9

021Mustaqillik davrida tariximizni, adabiy merosimizni, ayniqsa, qirg‘in-qatag‘on qilingan yozuvchilar ijodini o‘rganishga keng yo‘l ochildi, bu borada hozir ko‘p ishlar qilinmoqda. Jumladan, Hamza she’riyatining o‘zi bilanoq adabiyotimiz tarixidan mustahkam o‘rin olishi mumkin.

Hamza o‘zbek teatrining yaratilishi va rivojiga katta hissa qo‘shdi. Darsliklarida butunlay yangi prinsipni qo‘lladi: ular diniy va dunyoviy ilm asosida yozildi.

Bir maqolasida “Kim haqiqatparast, kim millatni suyuvchi, kim o‘z xalqini bir ko‘zda ko‘ruvchi, kim jamoat xizmatiga joni-molini fido etuvchi aytilsun, bu maydonu haqiqatga kirsun”, deb yozdi. Bir muxammasida “Gar haqiqat yo‘liga bir rahnamo topsa ko‘ngul”, deydi va “Milliy ashulalar…” majmuasida shu niyatini jur’at bilan targ‘ib etadi. Unda shoir xalqni uyg‘onishga, birlashish va haqiqat uchun kurashga chaqiradi: “Birlashsun endi boshimiz, maslakda qari yoshimiz”, “Haq yo‘lida jon bersak, bo‘lsak millat qurboni”…

Adib boshqa bir asarida hammaga “bir ko‘z bilan qaraylik”, degan iborani ishlatadi, xalqni boyu kambag‘alga ajratmaydi. Ortiqcha to‘y-hashamlar, qimorbozlik, ko‘knorixo‘rlik, mahalliychilik, bir-birini ko‘rolmaslik, dangasalik, ayniqsa, ilmsizlikni shafqatsiz tanqid qiladi: “Tonumaslar o‘zlarin behushlar”, deb afsuslanadi: “O‘zingizga bir boqsangiz edi ko‘zingiz yirishub”, deya xitob etadi.

Fors va arab tillarini puxta bilgan Hamza dinga sidqidildan ishongan. Otasiga yo‘llagan bir maktubida “Bir bedona kafsh sotib olgan edim, ramazon kelib qoldi: yana sotib yubordim. Iftorlik va saharlikka xarjladim”, deydi.

Ammo 1917 yilgi Oktyabr to‘ntarishidan keyin mamlakatda bolsheviklar tomonidan dinga, madrasalar, dindorlarga qarshi boshlangan shafqatsiz ommaviy kurash juda yomon oqibatlarga olib keldi. Yangi tuzumdan najot kutgan Hamzaga o‘xshagan ijodkorlar ateistik mavzularda asarlar yozishga o‘tdi. So‘ngra dinga nisbatan boshlangan adolatsiz kurash din rahnamolarining noroziligiga sabab bo‘ldi. Bunday hol Hamzaga o‘xshaganlarni chalg‘itdi. U: “Mulla, eshonlar quturdi, din, shariatning ismidan «g‘oziylik” degan yolg‘onga adashgan erlar sotildi» va “Do‘zaxni pisand etmadi kufrinda Niyoziy”, deb yozdi. Hamza aslida jaholatga qarshi kurashmoqchi bo‘ladi. Sho‘rolar davrida birorta asarida ijobiy ma’noda tasvirlangan din kishisi yo‘q.

Ba’zilar Hamzaning mardikorlik voqeasi munosabati bilan yozgan “Yashasun chun vatan o‘g‘li” va “Sidqi dil birla duo” she’rlarida chorizmni maqtagan, o‘z xalqini mardikorlikka da’vat etgan, deb ularga salbiy baho beradilar. Ehtimolki, bu she’rlar mahalliy ma’murlar talab-buyrug‘i bilan yozilgan. Lekin Hamza “Podshohimizga sadoqat ko‘rsating, ahli vatan, to qurbon o‘lsun jonimiz”, deb da’vat etgan bo‘lsa-da, she’rning ruhiga o‘z yurtini, o‘z xalqini qadrlash tuyg‘usi singdirilgan.

Hamza aslida mardikorlikning qanday og‘ir kulfat-lar keltirganini yaxshi biladi. “Sog‘inib”, “Salom ayting” kabi she’rlarida mardikorlarning fojiali ahvolini ko‘rsatib beradi. Lekin u she’rlariga juda muhim bir g‘oyani singdiradi: jaholatda qolib ketgan va o‘z baxt-saodati uchun kurashmagan odamning jazosi shu, bu kunlaring senlarga saboq bo‘lsin, demoqchi. Qarang: “Jazo shul qayu millat, ki hikmat, ilmu fan bilmas”, “Esak donish eli o‘lmas biz muncha rasvolar”, “Bu kunlar ibrat o‘lsun, ey…”.

Adib boshqa bir o‘rinda ochiqdan-ochiq bunday deb yozgan edi: “Mana, bukun haqiqat, hurriyat vositasi bilan eski xoin va zolim, mustabid hukumati 50 yildan beri bo‘yin, qo‘l va oyog‘imizga sezimsiz solub kelgan umrlik og‘ur zanjirlarin ko‘zga ko‘rsatib yechdi, xalos qildi. Bukun haqiqat, musovot vositasi bila, bir taraf, zolim amaldorlar, ikkinchi tarafdan, rahmsiz, shafqatsiz talonchilar temir tirnog‘i ostida po‘stlari butun sidiri-lub, yuraklari ezilub… turgan mazlum, nohaq faqiru bechora, yetim, g‘ariblarning burgutlar panjai margidan baho qildi… Bukun Ostroumov, Ilminskiy kabilarning tarbiyasida yashagan va aning maslakiga xizmat etuvchi, vatandagi o‘z oramizdan chiqqan din xoinlarini hayotlarin haqiqat maydoniga otur. Nohaqlarni sharmanda… qilur”.

“Istibdod qurbonlari”da rus nachalnigi og‘ir mehnatdan o‘lib qolgan o‘zbek yigitini topib: “Ko‘taring bu sobakaning o‘ligini”, deydi. Hech qaysi yozuvchi o‘sha vaqtda chorizm basharasini Hamza kabi dadil fosh etgan emas. 1917 yil 21 oktyabrda yozgan “Uyon Vatan” she’rida “Bu kun millatga o‘lsun harna himmatimiz”, “Bitdi istibdod, yetsun hurriyat”, “Bitsun nazorat, qullik, asorat” deb hayqirdi. “Turkiston Muxtoriyatina” she’rida esa “To‘rt yuz yillik Romanov bitgach davlati, ko‘tarildi asorat, xo‘rlik illati”, deb quvonadi.

Bu gaplar bejiz aytilmagan edi. Hamza o‘z yurtida, Rossiyada va undan tashqarida yuz berayotgan ijtimoiy-siyosiy voqealardan yaxshi xabardor edi. Jadidlar otasi deb shuhrat taratgan Ismoil G‘aspiralini o‘z ustozi deb bilgan shoir u vafot etganda she’r va maqola yozib, “botdi xurshidi jahon”, deydi. Turkistonning ilg‘or ziyolisi, mashhur jadid Munavvarqorini esa, “muhtaram ustozi oliy”, “ma’naviy ota”, deb hisoblaydi. Uning “Sariqgul” (1916) to‘plamidan “Yashasun chin vatan o‘g‘li”, degan she’r ham o‘rin olgan. Undagi “Yasha, Chaykin, Yashasun chun vatan o‘g‘li Xo‘jayev” degan misra bo‘lib, har to‘rtlikdan so‘ng (9 to‘rtlik) takrorlanib keladi.

Ubaydulla Xo‘jayev va Vadim Chaykin o‘sha davrning ilg‘or ziyolilari, siyosatchilari edi. “Sadoi Turkiston” gazetasiga bosh muharrirlik qilgan Ubaydulla Xo‘jayev mashhur advokat bo‘lib, Qo‘qon Muxtoriyati tashkil topganda mudofaa noziri o‘rnini egallagan edi. Vadim Chaykin “Golos Turkestana” gazetasining bosh muharriri bo‘lgan. Turkistondagi eserlar partiyasining boshlig‘i sifatida Behbudiy, Zakiy Validiylar oldinga surgan Turkistonga federatsiya maqomini berish g‘oyasini faol qo‘llab-quvvatlagan arbobdir. Hamza bu ikki shaxsni Turkiston xalqining og‘ir, nochor ahvolidan oq podshohni xabardor etuvchi va og‘irini yengil qilishni so‘rovchilar, deb biladi.

Hamza Ahmad Zakiy Validiy To‘g‘on bilan do‘st bo‘lgan, u bilan birga xalq orasida targ‘ibiy-tashviqiy ishlarni olib borgan. Validiy ham uni hurmat qilgan va Turkistondagi eng mashhur, faol siyosiy arboblardan biri, deb hisoblagan. Ma’lumki, Zakiy Validiy zo‘r olimligidan tashqari Turkistondagi milliy-ozodlik harakatining yo‘lboshchisi sifatida tan olingan, “Turkiston Milliy Birligi” qo‘mitasining raisi bo‘lgan, juda ko‘p siyosiy dasturlar, yo‘l-yo‘riqlar (masalan, jadidlar dasturining) muallifi bo‘lgan va hatto Leninga katta maktub yozib, barcha vahshiyliklar, adolatsizliklar, shovinistik siyosat va mayda millatlar haq-huquqining poymol qilinishida, ehtimol, “yo‘l qo‘yilgan xatolar boshida siz o‘zingiz turgandirsiz” deyishga jur’at etgan siyosatchidir.

Toshkentda o‘tadigan “Turkiston Milliy Birligi” kongressiga qatnashuvchilar to‘g‘risida so‘zlab, Validiy shunday deydi: “Lekin Turkistonning taniqli siyosiy arboblari Alixon Bukayxon, Turor Risqulov, Ahmad Boytursun, Muhammadjon Tinishboyev, o‘zbeklardan Munavvarqori, Buxorodan Hakimzoda, Mirza Abdulqodir Muhiddin, turkmanlardan advokat Qaqajon Berdiyev va boshqalar uzoq vaqt bolsheviklar maxsus xizmatlarining ta’qibi ostida bo‘lganliklari sababli bu kongressga kela olmaydilar” Zakiy Validiyning mana bu fikri Hamzaning qalbidan muxtoriyat g‘oyasi chuqur o‘rin olganini va “Muxtoriyat yoki avtonomiya” dramasi, keyincha “Turkiston Muxtoriyatina” she’rining dunyoga kelishi bejiz emasligidan dalolat beradi.

“Men va Behbudiy, toshkentlik yosh muharrir Tolibjon, yosh o‘zbek shoiri Cho‘lpon, no‘g‘ayqo‘rg‘onlik tatarlardan Tohir, Samarqanddan Hakimzoda bilan bir qancha shaharlarga borib yig‘ilishlar o‘tkazdik, turli-tuman joylarda bo‘lib, Turkiston Markaziy Sho‘rosiga odamlarni jalb qildik. Natijada Muxtoriya fikrining asl dushmani sanalgan kadet partiyasining Toshkentdagi boshqarmasi o‘z ta’sirini yo‘qota boshladi. Iyun oyi boshidan boshlangan kurash natijasida Muxtoriyat g‘oyasining ta’siri hamma yerda kuchaya bordi”. Validiyning bu gaplari Hamzaning siyosiy kurash jabhasida faol ishlaganidan yana bir dalildir.

Ma’lumki, 1917 yil boshlarida Turkiston Milliy Sho‘rosi tuziladi va uning g‘oyasi Hamzani ham maftun etadi. U “Tarjimai hol”ida 1917 yil boshida Sho‘roi islomning ozuqa shu’basiga kirib, ittihod ta’min jamiyatini tashkil etishda qatnashganini yozadi. Shu paytlarda “Hoy, ishchilar”, “Biz ishchimiz”, “Ishchilar, uyg‘on”, 1918 yili “Turkiston Muxtoriyatina” she’ri bilan ketma-ket “Uyg‘on”, “Yasha, Sho‘ro” kabi she’rlarini yozgan. Bu she’rlarning mag‘zini milliy ishchilar sinfini yaratish va milliy sho‘roni rivojlantirish g‘oyasi tashkil etadi.

Fikrimizning isboti uchun yana Zakiy Validiyning Mustafo Cho‘qayevga yozgan katta maktubidan bir parcha keltiramiz: “1917 yilning iyunida Samarqandda Hamza Hakimzodaning, Mahmudxo‘ja Behbudiy bilan mening milliy ishchilar kasaba uyushmalarini tashkil qilish yo‘lidagi faoliyatimizning asosini tashkil qilgan tadbir shu bo‘ldi. Ozarboyjon milliy sotsialist partiyalari, musovat partiyasi 1918 — 1919-yillarda bunday milliy kasaba uyushmalarini juda yaxshi uyushtirishdi. Biz sotsializmni har bir millatning o‘ziga xosliklarini ko‘zda tutib, har bir millatda maydonga kelgan uyushmalarning Rusiya doirasida uyushib birlashgan demokratik federatsiya tariqasida ko‘z oldimizga keltirar edik. Diktatura tartibiga qattiq qarshi chiqdik… 1919 yilda Turkistonda sotsializm g‘oyasi keng tarqaldi. Sotsialist bo‘lmagan birorta partiya tuzish imkoni berilmadi, to‘xtatib qo‘yildi”.

Hamza o‘z “Tarjimai holi”da “1917 yilning 28 mayida Qalandarxonada 400 ga yaqin rabochiylarini to‘plab, zo‘r namoyish qilib, rabochiy mehnatkashlar jamiyati tashkil qildik”, deydi. Agar shoirning “Haqingni ol, ishchilar” (“Hoy ishchilar”), “Zamona keldi, ko‘taraylik oyoq ostdan boshimiz” (“Biz ishchimiz”), “Ishchilar uyg‘on, uyg‘on. Senga ishlashga yetishdi zamon” (“Ishchilar, uyg‘on”) misralariga e’tibor bersangiz, ularda o‘sha Zakiy Validiy ta’kidlagan g‘oya ruhi borligini anglash mumkin.

Shoir sovetlar davrida ko‘p she’r yozmadi, yigirma sakkiztacha she’rdan o‘n to‘rttasi xotin-qizlarni ilm-ma’rifatga va erkka chorlovchi asardir. Bir necha she’rlarida xalqni uyqudan uyg‘otish va ozodlik qaror topganini qutlash yotadi. Bu yerda Anvar Poshoning adyutanti Muhitdinbekning Zakiy Validiy to‘g‘risidagi maqolasidagi (1928) “Zakiy Validiy rus inqilobiga katta umid bog‘ladi. Turkiy xalklarga inqilob bir najot va baxt keltiradi, deb ishondi. Lekin umidlari ro‘yobga chiqmadi. Zakiy Validiy Anvar Posho bilan aloqa bog‘lab, bolsheviklarning hiyla-nayranglarini yaxshi tushungandan keyin bir qancha vaqt bekinib yurib, ish ko‘rishga ahd qildi va shunday qildi ham…”, degan fikrini keltirish o‘rinli. Hamza ham, Cho‘lponlar ham dastlab xuddi shunday adashdilar.

To‘g‘ri, Hamza sovet hukumatining o‘z odamiga aylanishga va uni qo‘llab-quvvatlashga intildi. 1926 yili uning do‘sti So‘fizodaga “O‘zbekiston xalq shoiri” va Hamzaga “O‘zbekiston xalq yozuvchisi” faxriy unvonlari berilgan bo‘lsa-da, So‘fizoda 1937 yili o‘ldirildi. Hamza esa doim tazyiq ostida yurdi, biror yerda muqim ishlash imkoniyatiga ega bo‘lmadi. “Tarjimai holi”-da aytilishicha, g‘animlarining unga “ochiq hujumga tiklanganlarini bilib”, Buxoro va Xorazmga ketib qutuladi.

Hamzaning ruslarni fosh etuvchi asarlari, milliy muxtoriyatni orzu qilgan she’rlari, Zakiy Validiy, Munavvar Qori, Cho‘lpon, Behbudiy kabi zamonasining ilg‘or ziyolilari — adolat va haqiqat uchun kurashuvchilar bilan do‘stligi sho‘ro tuzumining maxsus qo‘riqchilariga ayon edi. Shuning uchun uni ham siyosiy, ham iqtisodiy jihatdan qiynadilar. U do‘stlari va yuqori tashkilotlarga yozgan o‘nlab maktublarida “yordam so‘rasak bizga teskari qaraydilar”, “yozuvchi bo‘lmay va dunyoga kelmay ham o‘lay”, “hozirda ko‘rib turgan kunlarimni itlar ko‘rmaydur”, deydi. Bir qaydida “Och turishga chora yo‘q, o‘g‘irliqka uquv yo‘q. Mardikorlikka kuch, ustalikka hunar yo‘q. Dehqonchilikka angal-dangal. O‘lishga tekin ajal yo‘q. Qochay desang, na yo‘l bor, na tinch joy. Muni ustiga san ham bo‘larsanda shularga o‘xshagan bedin, noinsof bir bolshovoy”, deyilgan. Hamza 1928 yil 25 sentyabrda bir do‘stiga yo‘llagan maktubida hayotining xavf ostida qolganligini aytib,» pichog‘imning guldastasi sinmasun edi. Ul ig‘vogarlarning tegishlik choralarini ko‘rmasliklari yana bir zarba bermay qolmas», deb yozadi. Ko‘p o‘tmay, 1929 yil 18 martda esa Hamza vahshiylarcha o‘ldiriladi. Bu ishda siyosiy kuchlar ham ishtirok etganiga shubha yo‘q.

Manba: Yozuvchi Tohir Malik veb-sahifasi

22

(Tashriflar: umumiy 3 040, bugungi 1)

Izoh qoldiring