G’ulom Karimiy. Noyob qo’lyozmalar izidan & Uch hikoya.

01
Саҳифани яқинда вафот этган адабиётшунос олим ва ёзувчи Ғулом Каримий хотирасига бағишлаймиз.

“Ҳазрати рисолат замонидан бери ул миқдор аиммаи исломким, Мовароуннаҳрдин пайдо бўлибтур, ҳеч вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмуш бўлғай”, — деб ёзган эди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” китобида. Бундан хулоса қилиб, ўша даврда ҳеч бир ўлкада Мовароуннаҳрдагичалик кўп китоб ёзилмаган, десак хато бўлмаса керак. Ҳар ҳолда, жаҳоннинг турли мамлакатларидаги китоб хазиналарида сақланаётган Шарқ қўлёзмаларининг салмоқли қисмининг муаллифлари Туронзамин фарзандларидир.

08

033Ғулом Каримий (Каримов) 1962 йил 30 апрелда Бухоро вилояти Олот туманидаги Соим Хибрайли қишлоғида таваллуд топган. Тошкент давлат Университети Шарқ факултети Эрон филологияси бўлимини тамомлаган (1987).
Афғонистонда ҳарбий таржимон бўлиб ишлаган. Айни пайтда Ўзбекистон Фабнлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида катта илмий ходим лавозимида меҳнат қилмоқда.
“Карвон” (1988), “Турон қоплони” (1988), “Соҳибқирон ва аллома” (2002) тарихий қиссалари, “Наршах қалъаси” (2011) тарихий романи чоп этилган.Шунингдек, олимнинг манбашуносликка оид 10 га яқин илмий монографиялари нашр этилган.

09
Ғулом Каримий
НОЁБ ҚЎЛЁЗМАЛАР ИЗИДАН
08

03 “Ҳазрати рисолат замонидан бери ул миқдор аиммаи исломким, Мовароуннаҳрдин пайдо бўлибтур, ҳеч вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмуш бўлғай”, — деб ёзган эди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” китобида. Бундан хулоса қилиб, ўша даврда ҳеч бир ўлкада Мовароуннаҳрдагичалик кўп китоб ёзилмаган, десак хато бўлмаса керак. Ҳар ҳолда, жаҳоннинг турли мамлакатларидаги китоб хазиналарида сақланаётган Шарқ қўлёзмаларининг салмоқли қисмининг муаллифлари Туронзамин фарзандларидир. Ўрта асрларда Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Марв шаҳарларида жаҳонга машҳур кутубхоналар мавжуд бўлган. Барча илм толиблари фойдалана олганликлари учун улар том маънода миллий кутубхоналар эди. Бир неча юз жилд қўлёзма китобдан иборат шахсий кутубхоналар ҳам унчалик кам учрайдиган ҳодиса бўлмаган.

Маълумки, ўтмишда китоб қиммат турган ва кўз қорачиғидек авайлаб асралган. Шу сабабли бир неча аср бурун кўчирилган ноёб қўлёзма нусхалар бизгача етиб келган. Чоризм истилосидан кейин минглаб нафис ва нодир қўлёзмалар ўлкамиздан ташиб кетилган. Бу ўринда мисол тариқасида 1873 йилда босқинчилар Хивани эгаллагач, Хива хони хазинасидаги бошқа қимматбаҳо буюмлар билан бирга бой кутубхонасини ҳам ғасб этиб, империя пойтахти Петербургга жўнатишганини айтиб ўтиш кифоядир. Улуғ адиб Огаҳий тарихий-бадиий асарларининг муаллиф ўз қўли билан кўчирган асл нусхалари ҳамон Санкт-Петербургда сақланмоқда. Унинг сўнгги тарихий-бадиий асари “Шоҳиди иқбол”нинг жаҳондаги ягона дастхат нусхаси ҳам ўша шаҳардадир.
Аммо чор мустамлакачилиги давридаги бу талофатлар маънавий меросимизга шўро тузуми даврида етказилган зарар олдида ҳолва бўлиб қолди. Асрлар давомида ёнғину тошқинлардан омон қолган китоблар – тенги йўқ мерос “октябрь қуёшидан нурафшон бўлган” даврда жазога тортилишдан қўрққан эгалари томонидан ўтда ёндирилди, сувга оқизилди ё қабристонларга дафн этилди. Қадимий китобларни ўқий оладиган кишилар ҳам бу даврда кескин камайиб кетди.

Бугунги кунда мамлакатимиз кутубхоналари ва шахсий қўллардаги қўлёзма асарлар мўъжиза билан омон қолган китоблардир. Юқорида зикр қилинган мудҳиш йўқотишларга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонаси жаҳондаги энг катта қўлёзма китоблар хазиналаридан биридир. Бу зиё масканида қирқ мингдан ошиқ қўлёзма ва тошбосма китоблар, ўн минглаб тарихий ҳужжат ва мактублар сақланади. Бу китоб ва ҳужжатлар кутубхона ташкил қилингандан бошлаб фидойи ходимлар томонидан доналаб йиғилган.

Айниқса, ХХ асрнинг 50-йиллар охири ва 60-йиллар бошларида Шарқшунослик институти жамоаси мавжуд асарларни тадқиқ этиш билан бирга, аҳолидан муҳим қўлёзмаларни йиғиб хазинани бойитишга ҳам катта эътибор берар, шу мақсадда ҳар йили вилоятларга илмий экспедициялар уюштириб турилади. Ўша пайтда бу ишнинг ўзига хос қийинчиликлари бўларди. Чунки, уйларида қўлёзма китоблар сақлаб юрган одамлар ҳам буни ошкор қилишдан чўчирдилар. Аммо фидойи олимлар бундай қийинчилик ва тўсиқларни матонат билан бартараф этардилар. Экспедициялар аъзолари қайси шаҳарда бўлишмасин, эски маҳаллалардаги чойхоналарга бориб, чой устида аста-секин қариялар билан суҳбатга киришиб, сўз-сўзга қовушиб кетгандан кейин эҳтиёткорлик билан суҳбат мавзуини қўлёзма китобларга буришарди. Олимлар одамларда қўлёзмалар бор-йўқлигини суриштирар эканлар, ўзларининг ниятлари хайрли эканлигини, эгаси рози қилиниб сотиб олинган қўлёзмалардан тажрибали мутахассислар ўлкамиз тарихи ва ўтмиш маданиятимизни ўрганиш учун манба сифатида фойдаланажакларини, бундан элу юртимиз жуда катта маънавий фойда кўришини қайта-қайта таъкидлашарди. Хуллас, китоб изловчиларнинг ўз машғулотларига бўлган иштиёқ ва завқу шавқларини олтин қидирувчилариникига қиёслаш мумкин эди. Сафарларда баъзан ғаройиб воқеалар, шов-шув уйғотадиган топилмалар ҳам учраб турарди. Масалан, институт ходимлари А.Жавонмардиев ва А.Ўринбоевлар 1959 йилда Андижонга боришганда қариялар билан суҳбат чоғида Асака масжиди имоми қўлида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари қўлёзмаси борлигини эшитишади. Ана шу қўлёзмани қўлга киритиш учун уч марта илмий сафар ташкил қилишга тўғри келади. Ниҳоят, олимларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида асарнинг тўлиқ ҳолдаги бу қадимий ва мўътабар нусхаси институт хазинасига келтирилади. Бу муҳим кашфиёт турли мамлакатлардаги илмий марказларда катта қизиқиш уйғотган эди. Хазинадаги бебаҳо жавоҳирлар қаторидан ўрин олган бу китоб сўнгроқ институт жамоаси томонидан улуғ ҳакимнинг асарлари ўзбек ва рус тилларига нашрга тайёрланганда асос нусхалардан бири бўлди.

Қуйида улуғ устозларимиз, юзлаб нодир китобларни топиб, аниқлаб, миллий хазинамизни бойитишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган жавҳаршунос тадқиқотчилар Азиз Қаюмов ва Асомиддин Ўринбоев домлалар сўзлаб беришган китоб излаш мавзусидаги иккита ҳикояни келтирамиз.

КИТОБТОПАР
Азиз Қаюмов ҳикояси
08

055Олтмиш ё олтмиш биринчи йилнинг эрта кузида биз – икки ёш олим, яъни Асомиддин Ўринбоев ва камина қадимий қўлёзмалар билимдони, моҳир хаттот Абдуқодир Муродов домлага ҳамроҳ бўлиб, Самарқандга жўнадик. Мақсадимиз, аҳолидан қўлёзма китоблар йиғиб келтириш эди. Мен ҳар эҳтимолга қарши, қалин пиджак ҳам олволгандим. Йўлга отланаётганимизда Асомиддин пиджагимга ишора қилиб, деди:
– Кун иссиқ-ку, буни бошингизга урасизми?
– Керакли тошнинг оғири йўқ, — дедим мен кўпни кўрган тажрибали одамдек. Аммо иссиқ туфайли пиджакни доим қўлимда кўтариб юрардим.

Самарқандга етиб боргач, Сиёб бозори яқинидаги меҳмонхонага жойлашиб, ўз мақсадимиз ҳақида шаҳар радиосида эълон ҳам бердик. Эртасига бир яҳудий зиёлиси бизни сўроқлаб келди. Унда ҳуснихат билан ёзилган, миниатюра суратлари бўлган чарм муқовали иккита нафис қўлёзма китоб бор экан. Омадимиз келганига суюниб, тезда нархини келишиб, уларни сотиб олдик. Бир неча кундан кейин Муродов домла тўпланган китобларни олиб Тошкентга қайтдилар. Биз ёшлар изланишни давом эттириб, Қашқадарё вилоятига жўнадик. Китоб шаҳрига етгач, дарё бўйидаги чойхонага бориб, чой ичиш баҳонасида яқинимизда ўтирган одамларни секин суҳбатга тортдик. Энг аввало шаҳарга нега Китоб деб ном берилганини сўрадик. Одамлардан бири бизга тушунтирди:
– Асли номи Китоб эмас, балки Кифти об, яъни Сув бўйи маъносини билдирган. Халқ тилида бора-бора Китобга айланиб кетган.

Шу тариқа суҳбатга киришиб, бир қанча фурсат ўтгач, қўлёзма китоблардан гап очдик. Агар кимда қўлёзма китоблар бўлса, яхши нархда сотиб олажагимизни айтдик. Шунда ҳамма жимиб қолди. Баъзилар ҳатто ўзларини четга тортишди. Лекин бояги шаҳар номининг маъносини айтган одам бизнинг олим эканлигимизни англаган ва ҳеч бир ёмон ниятимиз йўқлигига ишонч ҳосил қилган бўлса керак, уйида эски китоблар бор экан, туриб бориб бир муддатдан сўнг бир неча китоб қўлтиқлаб келди. Мамнун ҳолда китобларни варақлаб чиқиб, яхши баҳоладик. Нархини келишгач, пулни кимга тўлаганимизни қайд этиш учун унинг паспортини сўрадик. Шунда атрофдаги одамлардан баъзилари унга: “пастортингни ёзиб олишгач, изингдан келиб ҳолингни хароб қилишади”, — деган мазмунда сўзлар айтишди. Лекин, китоблар эгаси уларга жавобан: “Булар унақа одамга ўхшамайди. Гап-сўзларидан ҳам олимликлари кўриниб турибди-ку. Сизларда ҳам китоблар бўлса, келтиринглар. Ўзимиз ўқий олмагач, лоақал олимлар уларни ўқиб-ўрганиб, маъносидан элу юртни баҳраманд этишсин”, – деди. Хуллас, китоблардан ташқари, бу шаҳарда ўзимизга яхшигина ёрдамчи ҳам топган эдик.

Чойхонадан китоб қўлтиқлаб чиқиб, бир меҳмонхонага жойлашдик. Яна анча вақтгача харид қилинган қўлёзмаларни кўздан кечириб, бир-биримизга таърифладик. Ўша пайтларда паловнинг консерваси бўларди. Кечки овқатга шундан бир қутисини очиб иситдик. Роса чарчаган эканмизми, овқатдан сўнг дам олиш учун ўринларга ётдик. Шунда Асомиддин: “Ҳа, дўстим Азизхон, ҳали китоб излаб сарсон бўлганимизу меҳмонхоналарда консерва еб пишқириб ётганларимизни эслаб юрарсиз”, – дегани ҳамон ёдимда турибди.
Қашқадарё вилоятининг баъзи жойларида бўлгач, яна қайтиб Самарқандга келдик. Асомиддин баъзи ишлар туфайли Самарқандда яна бир неча кун қоладиган бўлди. Мен Қашқадарёдан келтирган китобларимизни олиб Тошкентга жўнадим. Пиджакни бирон марта киймаганим ва бунга мутлақо эҳтиёж бўлмаганидан, уни буткул унутиб, Самарқандда меҳмонхонада қолдириб келибман. Тошкентга келгач ҳам, эсимга тушгани йўқ эди.

Қайтиб келганидан сўнг учрашганимизда, Асомиддин менга пиджагимни узатиб деди:
– Молтопарингизни қолдириб кетибсиз-ку, Азизхон!
– Молтопар эмас, китобтопар бу, шунинг учун сизга қолдириб келгандим, – дедим мен ҳазиллашиб.
– Раҳмат сизга, бу сафарда одатдагидан кўра кўпроқ китоб йиққанимизнинг сири менга энди аён бўлди, – деб Асомиддин ҳам ҳазил билан жавоб қайтарди.

ҚУРЪОН ОРАСИДАГИ ҚЎЛЁЗМА
Асомиддин Ўринбоев ҳикояси
08

03 Тахминан 1960 йилда Абдуқодир Муродов домла билан Хоразмга сафар қилдик. Хива атрофларида машинада айланиб юраётиб, дарвозаси очиқ бир ҳовлида ҳовуз бўйида ўтирган қарияни кўриб қолдик. Машинадан тушиб, дарвозадан ичкарига кириб, чол билан саломлашдик. Унинг кўзи ожиз экан. У бизни илиқ қарши олиб, супага ўтиришга таклиф қилди. Биз супага ўтириб, ундан-бундан суҳбат бошладик. Чол бизнинг Хоразм тарихи ва маданияти ҳақидаги сўзларимизни жуда қизиқиб, жон қулоғи билан тинглади. Ўзи ҳам баъзи нарсаларни гапириб берди. Ўртадан бегоналик кўтарилиб, ягоналик вужудга келгач, ётиғи билан муддаога кўчдик.

Чол бир оз ўйланиб тургач, ёш эканлигида жилдга солинган бир Қуръон китобни ошхонада мўркон ёнига илиб қўйишганини, бу жилд ўшандан бери осиғлиқ турганини айтди. Бизнинг илтимосимиздан кейин у келинини чақирди. Аёл ошхонага кириб кетиб, бир муддатдан сўнг дуд босган жилдни олиб келди. Очмоқчи бўлиб қўл теккизишимиз билан жилд ўз-ўзидан тўзиб кетди. Ичидан Қуръон китоби чиқди. Қуръон муқовасини ҳам дуд қоплаган, четлари уваланиб кетган эди. Авайлаб очиб кўрганимизда Қуръон орасидан юпқароқ бир китоб чиқди. Ўқиб кўрсак, майда хат билан ёзилган бу китоб ўзбекча бўлиб, шоир Муниснинг девони экан. Хонадондаги ягона Қуръонни сўрашни одобдан эмас, деб билдик. Аммо Муниснинг девонини бизга сотишларини илтимос қилдик. Китоб давлат муҳофазасига олиниши, олимлар ундан фойдаланиб, эҳтимол нашр қилишлари ҳам мумкинлигини айтдик. Бизнинг овозимиздаги илтижо оҳанги таъсир қилдими, ҳартугул, чол ўзимиз белгилаган баҳода китобни бизга берди.

Тошкентга қайтгандан сўнг, ўтказилган қиёсий тадқиқотлар натижасида биз қўлга киритган девон Муниснинг ўз қўли билан кўчирилган беҳад қимматли ва табаррук бир нусха эканлиги маълум бўлди. Қувончимизнинг чеки-чегараси йўқ эди. Чунки, бу китоб Хоразм адабий муҳити, умуман, мумтоз ўзбек адабиётида муҳим ўрин эгалловчи Мунис ижодини ўрганиш учун асл ва мўътабар бир манба эди.
Топилдиқ ҳақида матбуотда мақолалар эълон қилинди. Қўлёзманинг аҳамияти ва қимматини ҳисобга олиб, собиқ эгасига яна қўшимча пул жўнатдик. Бунга жавобан ва матбуотдаги қўлёзма хусусидаги мақолалар муносабати билан Хоразмдан олимларга миннатдорчилик билдирилган хат келди.

Қаранг-а, бу китоб неча йиллар давомида Қуръони карим орасида турибди, демакки, бобомизнинг асарини авлодлар учун қодир Оллоҳнинг ўзи асрабди!

1997

09
Ғулом Каримий
УЧ ҲИКОЯ
08

УЛУҒ МУАРРИХ

Ҳижрий 333 (мелодий 944) йилнинг куз фасли. Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий арк дарвозасига яқинлашаркан, ҳаяжонини босишга тиришарди. Аслида Бухоройи шариф кўксида улкан қоядек юксалган, пойдеворига илк ғишт қўйилиши билан рубъи маскундаги улуғ шаҳарлардан бирининг тарихи бошланган, асрлар тўфонида неча бор вайрон бўлса-да, кул орасидан чиққан кақнусдек қайта тикланиб, Бухоро боқийлигининг рамзига айланган бу муҳташам иншоотнинг тарихини ундан ҳам чуқурроқ ўрганган бошқа бирон банда бу фоний оламда йўқ.

Арк илк бор бино қилиниши ҳақида фақат ривоятларгина мавжуд. Кимдир арк бунёдкори сифатида қадим Турон хоқони Афросиёб номини тилга олса, бошқалар унинг қурилишини фалакнинг гардиши билан Туронга келиб, Афросиёбга куёв бўлган Эрон шаҳзодаси Сиёвуш номи билан боғлайди. Бундан икки ярим аср аввал бухордот Бидун аркни ҳозирги кўринишига келтирган. У арк ичида қаср бино қилиб, эшигига темир лавҳа қоплатиб, ўз номини ўйиб ёздирган. Темир лавҳа қаср эшигида ҳалиям турибди. Бироқ, исломдан олдин етти ёшли бола ҳам ўқий оладиган бу хатни биладиган одамлар эндиликда Бухорода бармоқ билан санарли.

Муҳаммад арк теварагини кўп бора айланиб чиққан, унга яқин ва олисдан назар солган сарой амалдорлари билан танишлиги туфайли, аркнинг ичкари саҳнидаги катта-кичик барча иморатларни ҳам неча бора кўздан кечирган. Мақсади, Бухоро тарихи деб ном қўйган китобининг аркка бағишланган бобини имкон қадар мукаммал тарзда ёзиш эди. Йигитлик давридан бошлаб маълумот йиғиб, ёши қирқдан ошиб, соч-соқолига оқ оралаганида ёзиб битирган мазкур асарини бир ҳафта илгари шу дарвоза олдида сарой мулозимларига топширди ва уни бундан бир йил муқаддам, қарийб, ўттиз йил ҳукмронлик қилган отаси Наср ибн Аҳмад вафотидан сўнг Бухоро тахтига ўтирган амир Нуҳ ибн Насрга етказишларини сўради. Зеро, китоб унинг номига атаб битилган.

Муҳаммад кейинги бир ҳафтани туғилиб-ўсган қишлоғи Наршахда ўз боғида ўтказади. Зарафшондан чиқарилган ариқ бўйидаги бу боғни отасидан мерос ерда ўзи яратган. Боғдаги ҳар бир дарахт, ҳатто гиёҳгача унга таниш ва азиз. Болалигидан тиниб-тинчимас ва беҳад тиришқоқ Муҳаммад жонажон Бухоро вилоятининг шаҳару кентларидан тортиб, далаю чўлларигача баайни қўли билан бунёд этган боғи каби меҳр қўйган, суюкли диёрининг нафақат бугуни, балки шонли ўтмишини ҳам қалбига жо этмоқни истарди. Уни Пайканд, Варахша ва бошқа қадимий қалъалар харобаларида қўлида ғишт парчаси ёки сопол синиғини ушлаганча ўйга толган ҳолида кўп бора кўришган. Баъзан изланишларга берилиб, вайроналар орасида кечгача қолиб кетар, чиябўрилар улиши ва бойқушлар сайроғидан юраги увишганда, бундан уч йил илгари ёруғ оламни тарк этган бўлса-да, шеърият шоҳсупасидаги олий мақомлардан бири табаррук номи билан муҳрланган устод Абуабдуллоҳ Рудакийнинг ушбу сатрларини такрорлаб, ўзига далда берарди:

Билимдан юракда ёнар ёруғ нур,
У гавдани офатлардан асровчи қалқон.
Олам – денгиз, сузишни истайсанми?
Эзгу ишлардан кема қур шу он!

Бу машғулотларини бошқа мақсадларга йўйиб: “Муҳаммад харобалардан хазина изламоқда”, – деб гап тарқатганлар ҳам бўлди. Тарих уммонига шўнғиган олим бундай кинояларга парво ҳам қилмас, хориб-толиб Наршахга қайтиб келар, боғдаги сўрида қоғоз қоралаб, янги топилган маълумотлар хотирадан йитмасин учун, саҳифаларга битишга шошиларди. Тарихнависликка батамом берилганидан ноёб истеъдоди ва теран билимига қарамай, на бирон мансаб эгаси бўлди, на давлат орттиролди. Боғдан келадиган даромадга қаноат қилиб, аёли ҳамда икки ўғли ва икки қизидан иборат оиласини базўр тебратарди.

Сўнгги ҳафтада у ҳатто боғида ҳам ўзини қўярга жой тополмади. Чунки, ҳаёти давомида орттирган бор бойлиги – “Бухоро тарихи”нинг оққа кўчирилган ягона нусхаси учун яхши қоғоз ва сиёҳ сотиб олиш ҳамда муқовалатишга бор-будини сарфлаб, мана шу кузги боғдаги дарахтлардек деярли яланғоч ҳолга келиб бўлди. Асарни амир, сарой аъёнлари ва Бухоронинг уламою фузалолари қандай қарши олишаркин? Ҳаяжон ва хавотири бежиз эмас. Ахир бу китобдаги ҳар бир сўз ортида қанча машаққатли кунлар, уйқусиз тунлар турибди. У ўз Ватани тарихига оид маълумоту ривоятлар хирмонини мисқоллаб йиғди. Уларни асрлар гарду ғуборидан тозалаб, қайта-қайта саралаб, ҳақиқат деб билганларини асарига киритди…

Бухородан отлиқ чопар келганида, ундан амирнинг аркда ҳозир бўлиш ҳақидаги буйруғини эшитиб: “Аълоҳазратнинг амри бошимизга тож кабидур, филҳол изингиздан етиб борурмен”, – деди. Чопар ўзи етовлаб олган, гижинглаб турган эгарлоғлик армуғоққа ишора қилиб: “Сизни ўзим билан бирга олиб келиш буюрилган. Бул бедов аълоҳазратнинг сизга тортиғи”, – деди.

Отлиқлар Бухоро шаҳри работига яқинлашдилар. Работ кенгайиб кетган. Бухоро шаҳристонини ўраган қалъа девори эндиликда шаҳар ичида қолган, гарчанд, девор устидаги буржларда посбонлар туриб, шаҳристон дарвозалари эрта тонгда очилиб, кеч кирганда ёпилса-да, сомонийлар давлати ўз сарҳадларини мустаҳкамлаб, мамлакат ичкарисида осойишталик қарор топгач, ярим аср мобайнида бирон ғаним Бухоро шаҳрига таҳдид сололмаган эди. Бу давлатга ҳам асос солиб, ҳам қудратини юксалтирган шоҳ Исмоил Сомоний “Бухоронинг девори менман” деганида, ҳеч бир муболаға қилмаган. Шаҳристон ичкарисида иморатлар работдагидан ҳам зич. Хиёбонлардаги дов-дарахтлар барглари тўкилганидан масжиду мадраса, карвонсаройу тимлар бинолари анча узоқданоқ кўзга ташланарди. Отлиқлар Мох масжиди олдидан ўтишди. Қадимда бу масжид ўрни дарахтзор бўлиб, йилнинг маълум кунларида дарахтлар соясида бут бозори бўлиб ўтган. Ундан нарироқдаги Бухоро мадрасаси қадимги карвонсарой ўрнида қад кўтарган. Шаҳарга кирадиган барча йўллар олдига бориб туташадиган Жоме масжидини эса Мовароуннаҳр фотиҳи Қутайба оташпарастлар ибодатхонаси ўрнида бино қилган. У нафақат Бухоро, балки бутун Мовароуннаҳрдаги илк масжид.

Муҳаммад Бухоронинг қай тарафига назар солмасин, ҳар бир гўшанинг мозийдаги қиёфаси ҳам хаёли кўзгусида жилваланар, етти қават осмон, етти қават ер сингари қалбидаги Бухоро ҳам бир неча қаватли бўлиб, кечмиш қаърига сингиб кетган қаватлар ҳам наздида ҳамон мавжуд ва ардоқли эди. “Бешафқат замон ҳукми туфайли ўз вақтида она шаҳримизни безаган қайсидир обида йўқолган бўлса, лоақал улар ҳақидаги хотирани асраб-авайлаш, тарихий асарларда таъриф-тавсифини келтириш керак”, – дея эринмай такрорларди у Бухоро фозиллари билан суҳбатларида.

Арк олдидаги майдонга етганларида узоқдан Исмоил Сомоний мақбараси кўзга ташланди. Етти иқлим сайёҳлари ҳайрату таҳсинига сазовор, ҳар бир ғишти буюк санъат асари бўлган обида кузги қуёшнинг заиф нурларида ҳам жилоланиб, теварак-атрофдаги манзарадан яққол ажралиб, кул орасидаги чўғдек ярқираб кўринади.

“Илоҳим, бу беназир обидани бало-қазолардан Ўзинг асра! – пичирлаб муножот қилди, Муҳаммад. – Унга арк умрини, Бухоройи шариф умрини ато эт”!
Арк дарвозаси олдида муаррихни амирнинг хос мулозими қаршилаб, ичкарига бошлади. Дарвозахона, арк ҳовлиси ва пешайвондан ўтиб, эшиклари олдида найзадор соқчилар турган бир неча хонадан сўнг, кенг ва чарағон саломхонага киришди. Тўрдаги олтин тахтда гавҳарлар қадалган тожи ярақлаб, сомонийлар сулоласининг тождори басавлат амир Нуҳ ибн Наср ўтирар, аъёну саркардалар икки тарафдаги қатор курсиларга виқор билан тизилишган. Аъёнлар зарбофт либосда, лашкарбошилар пўлат совут ва дубулғалар кийиб, қимматбаҳо қурол-яроғлар тақиб олишган. Барчанинг нигоҳи бугунги йиғилиш “айбдори” Муҳаммад ибн Жаъфарга қадалган эди. Занданачи матосидан тикилган либоси устидан одмигина юпқа тўн кийган, бошига мударрисларникидек симобий салла ўраган қотма муаррих пойгакда тиз чўкиб таъзим қилди.

– Хуш кўрдик, мавлоно, – деди Нуҳ ибн Наср уни илиқ қаршилаб, – келинг, жойингизни эгалланг.
Ўрнидан туриб яна бир бор юкинган Муҳаммад кўз югуртириб, амирга яқинроқ жойда, унинг сўл томонида, валиаҳд шаҳзода Абдулмалик ибн Нуҳ ва унинг хос мулозими, бундан тўрт йил олдин вафот этган вазир Балъамийнинг ўғли Абуали Балъамий ўрталаридаги бўш курсига омонатгина ўтирди. Бошқаларни кузатолмаса-да, ёнида ўтирган мўйлови сабза урган Абуалининг ўзига ҳавас билан боққанини илғади. Марҳум вазирнинг ўғли тарих илмига беҳад қизиқар, Муҳаммад ибн Жаъфар билан ўзаро суҳбатларидан бирида, у Ибн Жарир Табарийнинг “Тарих ар-русул ва-л-мулук” (“Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи”) китоби ислом ўлкалари тарихига оид буюк асар бўлса-да, ундаги Мовароуннаҳр тарихига оид маълумотлар қисқа эканлигидан нолиган эди. “Табарий Мовароуннаҳрда ҳеч қачон бўлмаган, шундоқ экан ундан ўлкамизнинг мукаммал тарихини талаб қилиш жоиз эмас, — деб жавоб берган эди, Муҳаммад. – Бундай тарихни яратиш сизу бизнинг – ушбу ўлка фарзандларининг вазифаси”. Не бахтки, бу вазифани қўлидан келганча уддалади. Тарих фанида у эришолмаган ютуқларни балки келгусида Абуали Балъамий каби иқтидорли ёшлар қўлга киритишар.

Тахт олдидаги миз устида “Бухоро тарихи” очиғлиқ турар, Муҳаммад кўз қирини ташлаб, очиқ турган саҳифа Сомонийлар сулоласига бағишланган бобнинг бошланиши эканини пайқади.
– Китобингиз бизни ғоят хушнуд этди, мавлоно, – деди амир илтифот билан. – Олиму фозиллар, давлат арбоблари билан бирга мутолла қилдик, яъни қиссахонларга ўқитиб, тингладик ва у барчага манзур бўлди. Шу пайтгача биз Ватанимиз тарихи ҳақида аксар оғзаки ривояту қиссалардан воқиф эдик. Эронлик Табарий ва айрим араб муаррихларининг асарларида эса, Бухоро ҳақидаги маълумотлар узуқ-юлуқ, деярли барча ҳолларда юртимизга араб лашкарларининг юришлари билан боғлиқ тарзда келтирилган.

– Ҳақ рост, аълоҳазрат, мавлоно Наршахий ғоят эзгу юмушни адо этмиш, – деди кўкрагини оппоқ соқол қоплаган, нуроний юзли қозикалон Абулфазл Суламий. – Қуръони каримда айтилганким: “Ин аҳсантум – аҳсантум лианфусукум”, яъни: “Агар эзгулик қилсангиз – ўзингизга эзгулик қилган бўлурсиз” Оллоҳ каломидаги “ўзингизга” лафзини “ўзингизга ва яқинларингизга, элу юртингизга, бутун аҳли башарга”, деб англамоқ жоиз. Иншооллоҳ, минбаъд “Бухоро тарихи” Бухоройи шарифнинг асрлар тўфонида кўмилиб кетаёзган бир неча минг йиллик тарихи қатларига маънан саёҳат қилишни истовчи илм толиблари учун мангу ёниб турувчи бир маёқ бўлғай.

– Филҳақиқат, мавлононинг асари насрдаги “Бухоронома”дир, – дея уни маъқуллади амирнинг ўнг қўл томонида ўтирган ўрта бўйли, тўла жуссали вазир Жайҳоний. – Бу гўзал асарнинг энг катта фазилатларидан бири шуки, аъзоҳазратнинг улуғ бобокалони Исмоил Сомоний асос солган буюк сулоланинг – Оллоҳ уни бардавом қилсин – тарихи илк бор муносиб тарзда қаламга олинмиш.

Фиқҳ илмининг билимдони, “Мухтасари Кофий” асари муаллифи Абулфазл Суламий ҳамда бухороликлар Осафу Бузургмеҳрга менгзайдиган донишманд вазир Жайҳонийнинг сўзидан кейин аъёну уламолар “Бухоро тарихи” ва унинг шарафига мақтовлар ёғдиришди. Сарой аҳли бири олиб, бири қўйиб, бу мақтову таҳсинларни шунчаки йўлига айтмаётган эди. Чунки, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонни ўз қаламравига олган Сомонийлар салтанатида илму фан ва адабиёт ғоят равнақ топган, туркий, форсий ва арабий тилларни яхши эгалламаган кишилар юқори давлат лавозимларида хизмат қила олмас эдилар.

– Бу китобнинг уммон қаъридан чиқарилган дур янглиғ қимматбаҳо маълумотларидан ўз шаҳрим Ромитанга меҳру муҳаббатим ўн чандон ошди, – деди ромитанлик бир аъён. – Ахир, уни буюк Турон хоқони Афросиёб бунёд қилган экан. Яна не-не улуғлар пойқадами етганакан. Бу Ватаннинг ҳар қарич ерини, ҳар қуруқ чўпини-да севишга ўргатадиган китоб.

– “Бухоро тарихи”нинг муаллифи мавлоно Муҳаммад ибн Жаъфар Бухоройи шариф уламолари сафига шундоқ муносиб бир кунда, муносиб бир тарзда қўшилдилар, – деди вазир Жайҳоний. – Энди у кишига “Бухорий” нисбаси кўпроқ ярашса керак.

– Ҳа, ҳа, “Бухорий” нисбасини олсинлар, бунга тўла ҳақлари бор, – деган маъқулловчи хитоблар ёғилди.
Мақтовлардан ийманган каби бошини қуйи солиб ўтирган муаррих бу ҳитоблардан сўнг қаддини тиклаб, мажлис аҳлига эҳтиром юзасидан қўлини кўксига қўйиб, деди:
– Таҳсинлар учун қуллуқ, бироқ улуғлар афв этсинлар-у мен ўзимнинг камтарона Наршахий нисбамда қолсам. Ахир, Бухоройи шариф номи Абуҳафс Кабир Бухорий, Имом Исмоил Бухорий каби олий зотларнинг табаррук исмлари билан зийнатланган. Мен фақиру ҳақир ул илм қуёшлари қаторида бир заррачалик бўлолмасам.

Орага сув қуйгандек сукунат чўкди. Чунки барча муаррих вазирнинг сўзини ерда қолдирмай, Бухорий нисбасини боши осмонга етиб қабул қилади, деган ўйда эди. Жайҳоний табиатан оғир-вазмин одам бўлса-да, кенг пешонаси билинар-билинмас тиришди. Аъёнлар орасида пичир-пичир бошланиб, кимнингдир “беадаблик бу” деган танбеҳи ҳам Муҳаммаднинг қулоғига чалинди. Шунга қарамай, у сўзини қайтиб олишни ўйламас, билъакс, чўзинчоқ юзи ва тийрак кўзларидаги қатъият ифодаси ҳам қарорида собитлигини таъкидлаб турган каби эди.

Амир Нуҳ ибн Наср табассум қилди ва донолик билан барчани ўнғайсизликдан қутқарди:
– Баракалла, мавлоно Муҳаммад! Ахир, Наршахий нисбали одам ҳам Бухоро фарзанди-ку! Қолаверса, Наршахий, Ғиждувоний, Ромитаний, Пайкандий, Торобий – булар бари улуғ зотларга лойиқ нисбалар. Мозийда Наршахда рўй берган йирик тарихий воқеаларни сиз ўз китобингизда дарж этмишсиз. Алалхусус, оқ кийимлилар қўзғолони пайтида бу қалъа аларнинг муҳим таянчларидан бири бўлгани ҳануз тилларда достондир.

– Ҳа, ўшанда менинг ҳамқишлоқларим халифага қарши исёнга бош қўшмишлар, – деди муаррих афсусланганнамо.
– Бундан ор этиш эмас, билъакс, фахрланиш лозим, – деди амир. – Зеро, у даврда аждодларимиз Ватан эрки учун курашишган. Ўшанда оқ кийимлилар мағлуб бўлишган эса-да, алардан мерос қолган истиқлол ғояси авлодлар дилида сўнмагани учунгина мустақил Сомонийлар давлати вужудга келдики, бу тарих сизнинг асарингизда аъло тарзда ифодасини топмиш.

Муҳтарам аркони давлат! Шу пайтгача Бухоройи шариф ҳадис, фиқҳ илмларида ва марҳум устод Рудакий туфайли шеъриятда бутун ислом оламига довруқ таратган эди. Ниҳоят, Туронзамин улуғ муаррихига эга бўлди. Мавлонога бежиз ёшлар орасидан жой кўрсатмадик. Муҳаммад ибн Жаъфар мударрислик лавозимига тайинланиб, шаҳзодалару аслзода ёшларга ҳамда аҳолининг турли табақалари орасидан етишган иқтидор эгаларига Ватан тарихидан сабоқ берсин!

Муаррих ўрнидан туриб, эътироф ва лавозим учун қуллуқ қилди.
– Энди тиланг тилагингизни, мавлоно, – деди амир.
– Аълоҳазрат, тилагим шу камтарин асаримнинг эътибори олийларига сазовор бўлиши эди. Оллоҳга шукурки, анга етишдим. Ёлғиз ожизона илтимосим шуки, даргоҳингиздаги хушнавис хаттотлар ундан бир неча нусха кўчирсалар, токим мен баъзи мўътабар зотларга туҳфа этиш ва дарсларда фойдаланиш имконига эга бўлсам.
– Тилагингиз бизнинг ниятга ғоят уйғун келди. Албат, “Бухоро тарихи”дан ўнлаб нусхалар кўчиртирурмиз. Уни элчилар ва савдо карвонлари орқали олис-яқин мамлакатларга энг бебаҳо туҳфа сифатида жўнатурмиз. Зеро, Бухоройи шариф бугунги кунда етти иқлимда машҳур диёр. Ҳатто, бу қутлуғ заминни кўрмаган бўлса-да, анинг таъриф-тавсифи ва ул ҳақдаги тарихий маълумотларни ўрганишга ва зарур илмлар сифатида эгаллаб олишга иштиёқманд кишилар жаҳон аҳли орасида кам эмасдур.

Шундан сўнг Нуҳ ибн Наср мажлис поёнига етганини англатиб, амр қилди:
– Бебаҳо асар – “Бухоро тарихи” хаттотларга берилиб, энг нафис Самарқанд қоғозига зарҳал ҳарфлар билан кўчирилсин. Биз атаган минг динор олтин улуғ муаррих Муҳаммад ибн Жаъфарнинг бошидан сочилсин!
Саломхонага зарбофт тўнли икки мулозим кириб келди. Улардан бири каттакон баркашда хирмон қилиб уюлган олтин тангаларни кўтариб олган. Олтинларнинг ялт-юлт этишидан кўплаб қиёфаларга қизиллик югуриб, кўзларда ўт чақнади. Ўрнидан турган муаррих ҳасад билан боққан нигоҳларни ҳам илғади. Мулозимлар унинг олдига етишгач, иккинчиси уни ўртага чиқишга ундади.

Муаррих сифатида бу маросим унга яхши маълум. Амир тортиқ қилган қизил олтинлар саодатманд кимса бошидан сочилар, у эса эгилиб, баъзан ҳатто эмаклаб, турли ёққа думалаб кетган тангаларни баркашга йиғарди. Муҳаммад йиллар мобайнида вайроналардан сопол синиқлари, занглаган темир пайконларни излаб топиб, қайси даврга оидлигини аниқлаш учун уларни чангу зангдан тозалашдан ор этмаган. Ҳозир эса ерга эгилиб, ҳатто тиззалаб, ўнлаб нигоҳлар остида тангаларни териб олишни ўйлар экан, бутун вужуди музлаб, кўз олди қоронғилашди. Гарангсираган каби ўртага чиқди. Бироқ вужудида энг мушкул лаҳзаларда қатъият бағишловчи таниш бир куч пайдо бўлиб, ўзини қўлга олди. Ҳовучига олтин тўлдириб, бошидан сочмоққа чоғланган мулозимни қўл ишораси билан тўхтатиб, амир томонга ўгирилиб, таъзим қилди:
– Аълоҳазрат, бир қошиқ қонимдан кечсангиз. Қулингиз ўз асарини якунламиш. Яна уни мударрислик лавозими билан сарафроз этдингиз. Бинобарин, энди бунча олтинга эҳтиёжим йўқ. Амр этсангиз, олтинлар Бухоро мадрасасининг толиби илмларига тақсим этилса.

Мажлис аҳли тош қотиб, гўёким нафас олмасдан амирнинг амрини кутарди. Унинг муруввати ғазабга алмашинса-я, деган ўй ўтди баъзиларнинг хаёлидан. Бироқ, гўёким шундай бўлишини олдиндан кутгандек, амирнинг юз ифодаси хотиржам эди. У мамнунлигини яширмай, деди:
– Бухоройи шарифда бундоқ ҳимматли эрлар борлиги жилла ажабланарли эмас. Маккайи мукаррама ва Мадинайи мунавварага самодан илоҳий нур ёғилса, Бухородан само сари нур таралур, деб бежиз айтилмаган.
Олтинларни мадрасага элтиб, мавлоно Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий номидан толиби илмларга тарқатинг!

2009

АРСЛОНХОН МИНОРАСИ

Ҳижрий 523 йилнинг жазирама ёзи. Пайканд – Бухоро карвон йўлида йўловчи сийрак. Карвонлар салқинда йўл босишни мўлжаллаб, жазирама туш пайтини карвонсарой ва работлар девори соясида ўтказиб, ҳордиқ чиқаришади. Офтоб ғарбга оғиб, тиғи ўтмаслашгач, карвонсаройлардан биридан бир тўп қуролланган отлиқлар қўш отли, заррин соябон арава ҳамроҳлигида Бухоро сари йўлга тушди. Отлар гижинглаб, сувлуқларини чайнаб, олға талпинсалар-да, суворийлар тизгинни тортиб, оҳиста йўл босишар, имиллаб бораётган аравадан илгарилаб кетмасликка уринишарди. Отлиқлар барчаси пўлат совут ва дубулға кийишгани, қимматбаҳо от абзаллари, олдинда бораётган ясовул кўтариб олган баланд туғдан улар хонинг шахсий соқчилари экани дарҳол четга чиқиб йўл берган йўловчилар ва йўл бўйидаги қишлоқлар аҳолисига тез аён бўларди. Бироқ негадир, ҳамиша кумуш эгарли, зар ёпинчиқли қорабайир отда савлат тўкиб борадиган Мовароуннаҳр хоқони қорахоний Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон кўринмас эди. Соябон арава ортида бошларига салла ўрашгани ва қуролсиз эканликлари боис бошқалардан яққол ажралиб турган икки-уч табиб, шунингдек, зарбофт тўнли бир неча мулозим хомуш ва ўйчан ҳолда бир-бирлари билан пичирлашиб гаплашиб боришарди. Соябон аравада ётган хоннинг хасталигини сир тутишга ҳарчанд уринишмасин, совуқ хабар шамолдек ўзига йўл топиб, хон мавкаби Бухорога етиб келмасданоқ, ёшу қари бухороликлар бундан воқиф бўлишди.

Арслонхоннинг Бухорога ташрифи ҳар гал ғоят тантанавор кечар, шаҳар дарвозалари олдида карнай-сурнайлар чалинар, нафақат аъёну умаролар, уламою боёнлар, балки оддий бухороликлар ҳам фавж-фавж бўлиб, улуғ ҳукмдорни қаршилаш, садоқату ихлосларини изҳор этиш учун чиқишарди. Бу гал эса аҳли Бухоро хоннинг ташрифидан хурсанд ёки хафа бўлишини билолмай, ҳайрон эди.

Пайкандга сув чиқариш учун қазилаётган ариқ ва вайрона шаҳарни қайта тиклаш мақсадида бошланган қурилиш ишларини кўздан кечириш учун борган ҳукмдорнинг қўққисдан оёқ-қўли фалажланди. Не-не табиблар, ҳакими ҳозиқлар дардига даво топишолмади. Оёқлари тамоман шол бўлиб, муолажадан сўнг фақат қўлларини сал ҳаракатлантира оладиган бўлди. Тақдирга тан берган Арслонхон пойтахт Самарқандга қайтиб, қурултой чақириб, Мовароуннаҳр тожу тахтини тўнғич ўғли Насрга топширишни кўнглига тугиб қўйди.

Хонга азият етмасин, дея ғоят секин йўл босган мавкаб кечқурун Сумитанга етиб келди. Арслонхон тахтиравонда ётган ҳолида Бухоронинг Чаҳор Бакри – Абубакр Фазл, Абубакр Ҳомид, Абубакр Тархон ва Абубакр Саъд қабрларини тавоф қилиб, муҳтожларга назр-ниёзлар улашди. Тунни Сумитанда мозор ёнида ўтказиб, тонг отиши билан хон мавкаби Бухорога йўл олди.

Хон хасталигини элу юрт мусибати деб билган бухороликлар қиёфаси ғоятда маҳзун. Хон, беморлиги ва бемажоллиги сабаб, аъёнлар ва раият билан кўриша олмаслигини ясовуллар эълон қилгач, халойиқ йўлнинг икки тарафига четланди ва отлиқ соқчилар қуршовидаги соявон арава Қоракўл дарвозасидан шаҳарга кирди. Ҳамиша найзаларини азот кўтариб юрадиган соқчилар ғусса аломати сифатида найза учларини ерга қаратишган. Арава ортидан мунғайиб келаётган бухороликларнинг кўзларида ёш йилтирарди. Ахир, Бухоро ободлиги, халқ осойишталиги ва фаровонлиги учун Арслонхончалик жон куйдирган ҳукмдорни тарих кам кўрган.

Арслонхон ўзини саройга ёки Аркка эмас, жоме масжидига олиб боришни буюрди. Ўн йилча аввал ўз фармойиши билан қурилган муҳташам масжид олдида уни аравадан тахтиравонга олишди. Хоннинг паҳлавон гавдаси анча кичрайиб, қушдек енгил бўлиб қолган, мош-гуруч соқолли юзи рангпар, қалин қошлари остидаги кўзлари ич-ичига чўккан бўлса-да, ҳамон тийрак. Масжид олдида қад кўтарган юксак минорага боқаркан, туйқус хоннинг кўзлари ёлқинланди. Минора қурилганига икки йил бўлди, холос, бироқ довруғи етти иқлимга таралди. Узоқ-яқин ўлкалардан Мовароуннаҳрга келиб-кетаёган савдогар ва сайёҳлар Бухородан сўз очишганда гапни минора таъриф-тавсифидан бошлашади. Бунёд этилиши ҳамоно, қадимий шаҳар тимсолига айланган беназир иншоотнинг пастидан тепасигача муайян оралиқда безаклар алмашина боради. Жонсиз ғиштлар меъмору муҳандислар иродаси билан турли ҳандасавий шакл-нақшлар ясаб, белбоғлар билан ажратилган безаклар ёрқин бўёқлар билан пардозлангач, шакллар уйғунлиги ва ранглар жилосидан гўёким уларга жон битган ва жўр бўлиб, мангу ҳаёт қўшиғини куйлашаётгандай эди. Нигоҳни миноранинг бирон-бир қисмида узоқ тўхтатиб туриш мушкул: гоҳ жимжимадор тўлқинсимон безаклар, гоҳ нафис ҳандасавий шакллар, гоҳ баланддаги равоқлар тепасидаги қуббачалар кўзни олиб қочаверади. Бобил минораси ва Искандария маёғидан сўнг рўйи заминда бундоқ муаззам минора қад ростлаганини бани башар тарихини сув қилиб ичган муаррихлар ҳам айтиб беришолмайди.

Минорадан кўз узолмай турган хон хаёлида икки йил бурунги воқеалар жонланди. Бир неча аср қўр тўкиб турган эски минора кошинлари кўчиб, ғиштлари нураб, қўққисдан қулаб, бир тўп тупроғу ва ғишт уюмига айланди. Хайриятки, воқеа тунда рўй берганидан ҳеч кимга шикаст етмади. Жоме масжидини янгитдан тиклаган Арслонхон айни қулаган миноранинг ўрнида янги минора қурдиришга қарор қилди. Эски миноранинг умри калталиги сабоқ бўлиб, янги минора имкон қадар узоқ муддат пойдор турмоғини истар эди. Ўшанда у уста Бақони ҳузурига чақириб, аркда яккама-якка суҳбатлашган. Олис ўлкадан келган элчиларни қабул қилиш маросими эндигина тугаб, элчилар ва аркони давлат саломхонани тарк этишган, хон бошида олмосдан қадалган тож ва заррин чопонда кўзларини бир нуқтага қадаб, ўйчан ўтирарди. Меъмор таъзимдан сўнг ҳукмдор кўрсатган жой, одатда, бош вазир ўтирадиган зарҳал курсига қунишибгина ўтирди.

– Не сабабдан чақирганим аён бўлса керак, – деди хон тахт суянчиғига ястаниб. – Минора қулагани, эҳтимол, аршдан бир пайғом, яъни “янги масжидга янги минора ярашур”, — деган ишорадир. Бироқ минора ёлғиз муаззинлар азон айтиши учун қурилмаса, дегандим. Миср мамлакатидаги Искандария шаҳрида денгиздаги кемалар адашмай бандарга етмоғи учун улкан маёқ қурилганидан хабаринг бор. Бухорода денгиз йўқ. Бироқ чор тарафдан келадиган карвонлар қум денгизини кесиб ўтурлар. Минора ҳали чўл ичкарисида бўлган карвонлар кўзига ташланса, ниҳоят манзилга яқинлашган йўловчиларга далда ва руҳий мадад бўлур. Кошки, Бухорода боқий турадиган минора бунёд этолсак! Хўш, бу хусусда не дейсен?

Хондаги жонланиш уста Бақога кўчиб, ҳаяжондан жойида бир қўзғалиб қўйди:
– Олампаноҳ! Кўҳна минора қулаб тушгандан бери қулингизда тиним йўқ. Аълоҳазратдан бирон фармойиш бўлмаса-да, қодир Оллоҳ дилимга солдимикин, туну кун хаёлимда янги миноранинг тарҳига оид турфа фикрлар ғужғон. Ул минора хаёлимда аллақачон қад ростлаган. Бунёд этсак, шубҳасиз, рубъи маскундаги миноралар арслони бўлур!
– Баракалла, отанг бежиз Бақо номини қўймаган. Анинг тарҳини қоғозга туширдингми?
– Йўқ ҳали, ҳазрат. Амр этсангиз, шогирдларим билан уч кунда бажо келтурурмен.
– Бугундан кириш! Хазинадан сўраганингча маблағ берилур. Минора битгач, меъмор, муҳандис ва қурувчиларга минорага ишлатилган ғиштлар сонига тенг кумуш танга инъом этурмен…

Уста Бақо номига муносиб улуғ бир ишга жазм этганига Арслонхон минора пойдевори учун қазилган чуқур хандақни кўрганда яна бир бор иқрор бўлди. Хандақдаги сув коризлар орқали оқизилиб, туби қуритилган, пойдевор учун жой тайёрлаётган қурувчилар тепадан қараганда митти одамчалар бўлиб кўринарди.
– Минорани замин қаърига эмас, самога қаратиб қур, дегандим-ку, – дея ҳазиллашди кайфияти кўтарилган хон.
– Заминда пойдевори қанча мустаҳкам бўлса, самога парвози шунча юксак бўлади, шоҳим, – деди уста Бақо, ҳозиржавоблик билан. – Алҳол, иноят кўрсатиб, минора пойдеворининг илк ғиштини муборак илкингиз ила қўйсангиз.
Хон шахт билан зар чопонини ечди. Оқ чакмонда хоннинг мушакдор қомати янада бўртиб кўринар, барча қизиқсиниб, унинг хандаққа тушишини кутарди. Аъёнлар эътирозига қарамай, хон лопиллаб турган узун нарвондан хандақ тубига тушди. Хумдонда обдон пишган ёмбидек қизғиш япалоқ чорси ғиштни зумрад, ёқут кўзли узуклар тақилган қўлида бир зум салмоқлаб, қурувчилардан бири катта ёғоч идишдан белкуракда олиб ерга тўккан қоришма устига қўйди…

Хонни масжид ичкарисига олиб киришди. Халойиқ намозга келишига ҳали вақт бор. Арслонхон ётган ҳолида касаллик оқибатида букилмайдиган бўлиб қолган қоқшол қўлларини кўкка чўзиб, пичирлаб дуолар ўқиб, Оллоҳга ибодат қилди. Шу асно хон фармонига кўра шаҳар ташқарисидаги Намозгоҳ масжиди қурилишига бошчилик қилаётган уста Бақо етиб келди. Соч-соқоли оқарган меъморни ясовуллар кийимини алмаштиришга ҳам фурсат бермай, ошиғич келтиришди. Сал букчайган уста Бақонинг эгнида яктак, бошида тумоқ, белида фўта, оёқларида маҳси-кавуш. У ҳар куни қурилишгоҳга тонг саҳардан келиб, кун бўйи тиним билмас, чизмаларни ушлаб, ҳавозалар бўйлаб гоҳ юқори кўтарилар, гоҳ пастга тушар, ҳар жойда ҳозиру нозир бўлиб, ҳар бир ғиштнинг терилишига син солиб, ишни кузатар, бирон жой кўнглига ўтиришмаса, муҳандису қурувчиларга хатоларини англатиб, амрона ўша жойни бузиб, қайта қуришни буюрарди. Сўзини ҳеч ким икки қилолмас, зеро уста Бақо Арслонхон ёрлиғи билан қорахонийлар салтанатининг бош меъмори лавозимига тайинланган. Уста Бақо хоннинг аянчли аҳволидан гарангсиб, беморга жавдираб қарар, устма-уст таъзим қилар, тили калимага келмасди. Унинг аҳволини тушунган Арслонхон ўзи сўз қотди:
– Кўп вақтингни олмасмен, уста. Бухоро мен учун азиз, бироқ узоқ тўхталишга бу гал фурсат йўқ. Дилим суҳбатингга мойил. Холи суҳбатимиз ўзинг қурган минора тепасида кечишини истаймен.
– Олампаноҳ, минора бунёдкори – сиз. Қулингиз эзгу ниятингиз рўёбга чиқишига восита бўлган бир меъмормен. Бироқ, минора тепасига чиқмоқ сизга азият бўлур…
– Бошқа иложим йўқ. Бухорони бутун бўйи-басти билан кўрмоқ истаймен. Минора тепасидангина бунинг имкони бор.

Арслонхон аъёну мулозимлар эътирозига ҳам қулоқ солмади. Уни икки навкар бири бош, иккинчиси оёқ тарафидан кўтариб, зиналардан масжид томига олиб чиқишди. Бу ердан минора ёнбошига ташланган кўприкча қаршисида эшик очилган эди. Навкарлар хонни авайлаб минора ичига киришди ва қўлида машъал кўтарган ясовул ортидан ним қоронғуликда эҳтиёткорлик билан айланма зинадан тепага кўтарила бошлашди. Борган сайин минора ингичкалашиб, пиллапоялар торайиб, чиқиш қийинлашарди. Ниҳоят, миноранинг тепадаги яна кенгайган қисмига чиқишди. Мармар қопланган айлана саҳнда ўн олтита равоқли дарчадан чор атроф кафтдагидек яққол кўзга ташланади. Бироз нафасини ростлаган хонни саҳн бўйлаб айлантиришди. Хон ҳар бир дарчадан пастда ястанган шаҳри азимга ютоқиб тикилар, гўёки Бухоронинг сувратини кўз қорачиқларига жойлаб олмоқчи бўлар эди.

Мана, Бухорода қурилган илк буюк иншоот Арк, нарироқда Исмоил Сомоний мақбараси, унинг ёнида Чашмайи Аюб обидаси. Бир тарафда ўзи қурдирган сарой ва мадраса. Мадраса ҳовлиси кимсасиз. Бинобарин, талабалар дарсхоналарда мударрислар сабоғини тингламоқда. Зарафшондан чиқарилган ва шаҳарни кесиб ўтиб, ҳовузларни оби ҳаёт билан таъминлайдиган Шоҳруд ариғи кумуш тасма каби товланади.

Ҳаётлигида “отам” дея эъзозлагани Шайх Ҳасан Намадпўш хонақосининг мовий гумбазларида хоннинг нигоҳи михланиб қолди. Шайх Ҳасан ибн Юсуф Бухорий доимо намад хирқа кийиб юргани учун “Намадпўш” лақабини олган. У ўттиз йил узлуксиз рўза тутди. Ифторликка ҳам фақат шолғом ва кўкатлар тановул қиларди. Зоҳиран дунёдан этак силкигандек кўринса-да, шайх Бухоро аҳолисининг иймон-эътиқоди кучайиши учун қаттиқ қайғурарди. Яккама-якка суҳбат қурганларида Арслонхонни фақат хайрли ишларга ундарди. Шайх ўн тўрт йил аввал суиқасд натижасида шаҳид кетди. Бироқ ўгитлари хоннинг қулоғига қуйилиб қолган. Пирининг дуоси боис Арслонхон ҳукмронлиги даврида Бухорода ҳатто пойтахт Самарқанддагидан ҳам зиёда бунёдкорлик ишлари амалга ошди. Икки қатор девор билан ўраб олинган шаҳар ташқарисидаги қишлоқлар, далаю боғларни ҳам минора тепасидан томоша қилиш мумкин. Мана, Хоразм тарафдан Варахша йўли бўйлаб турнақатор карвон келмоқда. Туялардаги той-той юклар орасида нималар борлигини тусмоллаб билиш мумкин. Хоразмлик савдогарлар Эдил бўйидаги Булғор, ҳатто ундан шимолроқдаги Рус ўлкаларигача бориб савдо қилишади. Мовароуннаҳр молларини у ерларга элтишса, шимолий юртлардан олмахон, сувсар ва бошқа жониворлар мўйналари, булғорий чармни Бухоро ва Самарқанд бозорларига келтиришади. Ўзлари ҳам бойишади, тўлаган божларидан давлат хазинаси ҳам даромад кўради. Арслонхон шаҳар дарвозасига яқинлашаётган карвонни армонли нигоҳ билан кузатаркан, Юсуф Хос Ҳожибнинг талай қисми ўзига ёд бўлиб кетган “Қутадғу билик” достонининг савдогарлар ҳақидаги бобидан бир байтини пичирлаб такрорлади:

Туғардин батарқа юриб тезгинур,
Тиламиш тилакинг сенга келтирур.

Ажаб, очундаги ҳар касбу корнинг ўзига хос афзаллиги бор. Ҳатто хон ҳам қаламрави сарҳадидан ташқари чиқолмайди. Савдогарлар эса, Машриқдан Мағрибгача шамолдай кеза олурлар. Арслонхон баъзан ҳузурига келган савдогарлардан рўйи заминдаги ўзи кўрмаган турфа элу элатлар, шаҳарлар, дарёлар, тоғлар, чексиз ўрмонлар, олти ойлаб қуёши ботмайдиган юртлар ва бошқа ғаройиботлар ҳақида эшитганда, беихтиёр ҳавасланар, билдирмасдан хўрсиниб қўярди.

Шаҳарнинг шарқий деворига яқин жойда катта майдонда қизғин бораётган Намозгоҳ масжиди қурилишини кузатгач, Арслонхон бошини базўр буриб, уста Бақога жилмайиб қўйди.
– Халқ ва қурилишда ишлаётганлар сизни дуо қилишмоқда, ҳазратим, – деди, унинг нигоҳидан фикрини уққан меъмор. – Қурувчилар учун хайрия тариқасида қўшимча озуқа ва зарур буюмлар келтириб бераётган бухороликлар бисёрдур.

Намозгоҳ масжиди қурилаётган Шамсобод мавзесида бир пайтлар қорахоний ҳукмдор Шамсулмулк сарой қурдирган ва атрофида боғ-роғлар барпо эттирган. Атроф — жавонибдаги даштнинг катта қисмини девор билан ўраб, қўриқхона қилган. Қўриқхонада қуён, тулки, оҳу ва архарлар тез кўпайиб, тўқайлар орасидаги кўлларда ёввойи ғозу ўрдаклар гала-гала сузишарди. Хон Шамсободда дам олар, ов қилиб кўнглини ёзарди. Замон ўтиб, сарой анча хароб бўлди. Собиқ қўриқхона ҳудуди хушманзара бўлгани учун бухороликлар байрамларда сайилга чиқишарди. Арслонхон бу ерда ҳайит намозлари ўқиладиган масжид қурдиришга қарор қилди. Шунда халқ ҳайит кунлари шаҳар масжидларига тиқилишмай, кўпчилик Шамсободга боради. Ҳайит намозидан кейин сайил ва томошалар ўтказиладиган жой ҳам шу яқинда. Бошқа пайтларда Намозгоҳ Шамсобод ва атрофидаги қишлоқлар аҳолисига жоме масжиди сифатида хизмат қилаверади.

Хоннинг унсиз кўз ишорасига кўра, уни саҳнга ўтирғизиб, ёнбошига ёстиқлар қўйишди. Уста Бақо ёнига чўккалади.
– Оллоҳ берган бу дардга ношукрлик этмасмен уста, – деди Арслонхон маҳзун тортиб. – Мени йигирма етти йил улуғ бир мамлакат тахтига ўтирғизган, улкан бунёдкорликларга изн бериб, халқнинг дуосига сарафроз этган Оллоҳ энди дард юборганида, дилимдан заррача ношукрлик ўтса, бу қулини бандам демасин. Ахир, Парвардигор ўз пайғамбари Аюб алайҳиссаломга синов тариқасида дард ва мусибатлар юборганда, ҳазрат Аюб чидаб, шукр этганлар-ку! Ул зотнинг қадами Бухорога ҳам теккан. Ҳассаларининг учидан ҳосил бўлган чашма сувидан ҳамиша ихлос билан ичганмен. Улуғлар ҳаёти ва бардоши биз учун ибратдур, албатта.
Фақат бир армоним ўзим билан кетадиган кўринадир. Пайкандни – беш аср илгари Қутайба вайрон этган қадимий шаҳарни қайта обод этмоқчи, бир вақтлардаги каби Бухорою Самарқанд қаторида турувчи улуғ шаҳарга айлантирмоқчи эдим. Афсус, насиб этмади….

– Ҳали имкон бўлур, хоқоним. Каломи шарифда айтилганким: “Фаллазийна аману ва амилу лаҳум мағфиратун ва ризқун карим” . Яъни: “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганлар учун мағфират ва улуғ ризқ бўлур”. Ажаб эмас, дард берган эгам шифосини ҳам берса.
– Қайдам, уста, бу ниятимни рўёбга чиқариш амримаҳол, шекилли. – Хон бир муддат узоққа тикилганча жим қолди. – Соғлом пайтимда сиёсатимдан қўрқиб, улуғу кичик амру фармонларимни сўзсиз бажарарди. Фалажга мубтало бўлишим билан, лашкар беклари орасида: “Арслонхон бутун хазинани қурилишларга, харобаларга сув чиқариш учун ариқлар қазишга совурмоқда. Оқибатида лашкар маоши кечикмоқда. Хоннинг куёви – салжуқийлар салтанати султони Санжарнинг лашкарлари биздан бир неча бор кўп маош олишаркан. Яна деярли ҳар йили бирон юртга юриш қилиб, сонсиз ўлжалар билан қайтишади. Биз – қорахонийлар лашкарининг салжуқийлар лашкаридан қаеримиз кам?! Биз ҳам ҳарб ишига моҳир туркийлармиз. Хон хазинадан яхши маош беролмаса, бирон юртга ғазотга бошлаб борса бўлади-ку!” – деган гап-сўзлар тарқалиб, фитна етилаётгани хабарини етказишди. Албатта, фитна уруғи аввалдан мавжуд бўлиб, фитначилар қулай фурсатни кутиб юришган. Дарҳол Пайканддаги қурилишларни тўхтатиб, бор маблағни лашкарнинг маошини ошиғи билан тўлашга сарфладим. Шундай қилмаганимда фитналар бўрони қўзғалиб, салтанатда парокандалик юз бермоғи мумкин эди. Янги фитналарнинг олдини олиш учун мен тўнғич ўғлим Насрни хон деб эълон қилдим. Алҳол, пойтахтга бориб, тожу тахтни унга топширмоқчимен.

– Қарорингиз одилона ва оқилонадур, аълоҳазрат, – тасалли беришга шошилди уста Бақо. – Ўғлингиз тахтга ўтиргач, ўгит ва йўл-йўриқларингиз асосида юртни бошқарур. Иншооллоҳ, шаҳзода сиз бошлаган хайрли ишларни охирига етказур.
– Афсус, мен бундай деб ўйламасмен. – Хон яна нигоҳини кўз илғамас кенгликларга қадади. – Ёшлигимдан улуғ донишманд Юсуф Болосоғунийнинг “Қутадғу билик” асарини севиб ўқирдим. Назаримда, бу улуғ зотнинг ўгитлари Оллоҳ каломи ва пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васаллам ҳадисларидан сўнг энг тўғри дастуриламалдур. “Қутадғу билик”да ҳукмдор халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаши, вазирлар бу ишда унга таянч бўлишлари лозимлиги айтилган. Бироқ беклару вазирлар, қорахонийлар хонадонига мансуб шаҳзодалар орасидан мени англагувчи одамни кам топдим. Шу боис улардан бирини эмас, сени ушбу суҳбатга чорладим. Яқинларимдан фақат қизим Моҳитуркон мени англарди. Уни салжуқийлар пойтахти Марвга келин қилиб узатаётганимда: “Она қизим, хазинадан хоҳлаган нарсангни олиб кет”, — дедим. Қизим шундай жавоб берди: “Отажон, мумкин бўлганида сизни ва онажонимни олиб кетардим-у, бунинг иложи йўқлигини биламен. Амр қилсангиз, котиблар сиз қўлдан қўймай ўқийдиган “Қутадғу билик” китобидан бир нусха кўчириб берсалар. Мен ҳар гал уни қўлга олганимда, ҳойнаҳой, отажоним ҳам ҳозир шу китобни ўқиётган бўлсалар керак, деб сизни ўйлаймен”.

Бир куни қизимдан изтиробли мактуб олдим. У малика сифатида эрига маслаҳат берибди: “Шоҳим, пойтахтингиз Марвда катта мадраса қурдирсангиз. Илмли одамлар кўплаб етишса ва давлат ишларига олинса, салтанат равнақ топур”. Султон Санжар қизимни калака қилиб, қаҳ-қаҳ уриб кулибди: “Отанг Мовароуннаҳрнинг барча ерига ёмғирдан кейинги қўзиқориндек иморатлар қуриб ташлаётгани етмагандек, энди сен Хуросонни қурилиш майдонига айлантирмоқчимисен? Ақли бор ҳукмдор хазинани қурилишга эмас, лашкарни кўпайтиришга сарфлайди”. Бу кўнглимга оғир ботди. Фарзандим эзгу ниятда бўлса-ю, уни мазах қилишса. Дарҳол Марвга маблағ ва мактуб жўнатиб, қизимга: “Сен ўзинг хоҳлаган тарҳда мадраса қурилишини бошлайвер, то битгунича маблағ билан таъминлаш менинг зиммамда”, дедим. Қизимдан: “Отажон, қурилиш бошланди, ёшу қари марвликлар сизни дуо қилишмоқда”, деган жавоб келганида тахтга чиққан кунимдагидан ҳам кўпроқ қувонганмен .

Агар билсанг, менга ворисликка энг муносиб номзод – қизим Моҳитуркон. Бироқ, афсуски, уни Мовароуннаҳр тахтига ўтқазиш имкони йўқ. Ўғилларимдан қайси бири бошига тож киймасин, хазинани лашкарни оширишга сарфласа керак. Шул сабаб, сендан ўтинчим шуки, Намозгоҳни битказишга шошил. Самарқандга етишим билан хазинадан қолган зарур маблағни жўнатамен. Бу масжид халқ учун ғоят зарур. Хайрли иморатлар бунёд этиш қодир Оллоҳга ҳам мақбуллигига далиллардан бири шуки, катта бобом Шамсулмулк ўзи учун Шамсободда қурдирган тиллакори сарой бир аср ўтмай вайрон бўлиб кетди-ю, карвонлар ва йўловчилар манзилгоҳи сифатида чўл ўртасида қурдирган Работи Малик ҳануз эл корига ярамоқда. Бу менга дарс бўлиб, Бухорода қурган саройимни ҳам мадрасага айлантирдим. Эндиликда Оллоҳ менга оғир дард юборган бўлса-да, халқ хизматини бўйнимдан соқит қилгани йўқ. Бу Бухоройи шариф билан сўнгги дийдорлашув. Бугун Қоракўл дарвозасидан кирган бўлсам, эртага Самарқанд дарвозасидан чиқиб, суюкли шаҳримни мангу тарк этамен. Намозгоҳ битгач, масжиднинг очилиш маросимига шаҳзодалардан бири келиб, хизматларингни тақдирлайди, албатта.

– Хотиржам бўлинг, ҳазрат, илк ғиштини ўзингиз қўйиб берганингиз Намозгоҳни албат битказурмиз, – деди уста Бақо овози титраб. – Ҳозирги дамда хазинадан катта маблағ ажратиш мушкуллигини қулингиз яхши англаймен. Минорани қурганимизда нисор этган инъом-эҳсонингиз туфайли ҳанузгача ҳеч нарсага зориқмай рўзғор тебратиб келмоқдамен. Бинобарин, Намозгоҳ қурилиши учун менга ваъда қилганингиз ҳақдан воз кечамен. Ўша пулга масжиднинг бир устуни тикланса, қулингиз учун энг катта ҳақ шудир. Муҳандису меъморлик касбини эгаллаган ўғилларим ва жиянларим ҳам маошсиз ишлай олурлар.

Арслонхоннинг мижжаларида ёш йилтиради. Қўлини зўрға кўтариб, меъморнинг елкасига қўйди.
– Умринг узоқ бўлсин, яна кўплаб дунё тургунча турадиган бинолар қуриш насиб этсин, азиз дўстим!
Уста Бақонинг ўпкаси тўлиб, хоннинг қуруқшаб қолган қўлини авайлаб ушлаб, дувиллаб ёш тўкилаётган кўзларига сурди. Бухоройи шарифнинг жаҳоний шуҳратига шуҳрат қўшган икки улуғ фарзанди ўз заминий фаолиятларини якунлашлари учун жуда оз фурсат қолганини ботинан англаб, аччиқ кўз ёши тўкишар, Арслонхон ва уста Бақони елкасида кўтариб, кўкка мағрур бўй чўзган минора Оллоҳнинг изни билан бунёдкорлари бўлган бу зотларга уларнинг муборак номи ва эзгу аъмолини асрлардан асрларга олиб ўтажагини айтиб, гўё унсиз таскин-тасалли берарди.

2010

КЎРАГОН

Яратқонким тан ичра жон яратти,
Сени кўркликлар узра хон яратти.
Хоразмий

Балх вилоятига баҳор келди. Жилға ва сойлар яна кўклам қўшиғини куйлай бошлади. Далалару яйловлар рангба-ранг ўт-ўланлар гилами билан қопланди. Самода турналар арғимчоқ ясаб, шимолга – Мовароуннаҳр томонга учишса, улардан пастроқда қалдирғочлар ҳавони ўқдай кесиб чарх уришарди.

Кузда Балхни забт этган Темурбек қўшини вилоятда қишлади. Илк баҳорда Ҳирот малики Ғиёсиддин Курт, Сабзавордаги сарбадорлар ҳукумати бошлиғи амир Муайяд, Сейстон малики Фахриддин, Мохон амири Алибек Жониқурбоний, хоразмшоҳ Ҳусайн Сўфи, Оқ Ўрда хони Ўрусхон, Кобулистон шоҳи Қутбиддиндан элчилар келиб, барчаси шоҳлигу ғалаба билан муборакбод этишди. Темурбекнинг катта ўтови ҳам совға-саломларга торлик қилиб қолди. Фақат Мўғулистондан элчи келмади Чунки мўғуллар Ҳусайнни ҳам, Темурбекни ҳам ўзларига тобе Мовароуннаҳрда ўзбошимчалик билан вақтинчалик ҳокимият ўрнатган исёнкор кимсалар, деб билишарди.

Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонганидан сўнг, аксарият ён-атроф ўлкалар тождорлари ўттиз тўрт ёшли Темурбекни Мовароуннаҳр ҳукмдори, деб эътироф этиш баробарида, янги ҳукмдорнинг келгуси режалари, қўшни салтанатлар билан қандай муносабатлар ўрнатиш ниятидан воқиф бўлишни мўлжаллар эдилар. Тожу тахтга йўл очган ғалабасидан илгариёқ Темурбек хон кўтаргани – Чингизхон авлоди Суюрғатмишхон номи аллақачон хутбада ўқилиб, тангаларга зарб қилина бошласа-да, унинг қўғирчоқ хон экани сир эмас.

Амир Ҳусайн Мовароуннаҳр ҳукмдори эканида бетайин хулқ-атвори ва очкўзлиги туфайли эътиборли бекларнинг кўнглини қолдирганидан огоҳ қўшни юртлар султонлари Мовароуннаҳр тарафдан хавфсирамай, аксинча, Жайҳун ва Сайҳун оралиғидаги тупроғи зар ўлканинг бирон вилояти ё туманини юлиб олиш пайида бўлсалар, бу диёрда ғайрату шижоати вужудига сиғмайдиган, Оллоҳ юксак ақл ва беназир саркардалик истеъдоди билан сийлаган баҳодир бек тахтга ўтиргач, барчасининг кўнглига хавотир оралади.

Наврўздан сўнг Темурбек аъёнлару хос соқчилари ҳамроҳлигида Балх яқинидаги пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири дафн этилган Хожа Уккоша қабристонига отланди. Қарға тусли қорабайир устида мардонавор ўтирган, қора кимхоб чопон кийган Темурбекнинг симобий салласи кўклам қуёши нурида нуқрадек товланади. Саллага қадалган йирик ёқут тонг юлдузидай порлайди. Соқол-мўйлови калта кузалган бек одатича олисларга назар солар, баҳор шабадаси хуш ёққанидан чопони олдини очиб юборган, гулдор наврўзий кўйлаги ва отининг зардўзий ёпинчиғи билан бошқа суворийлардан ажралиб турарди.

Наврўзгача у аксар ҳарбий кийимда юрганидан, ҳозирги либосида ўзини қушдек енгил сезар, камарига оғир қилич ўрнига, ғилофига қимматбаҳо тошлар қадалган дандон сопли дудама ханжар қистирилган. Хожа Уккошага етгач, пўлат совут ва дубулға кийган, найза кўтарган соқчилар от устида туришди. Темурбек ва аъёнлар яёв юриб мозор оралашди. Амир Ҳусайн қабри устида чечаклар униб-ўсибди. Ёшликдаги дўсти, қайноғаси, иттифоқчиси, сўнгра эса тожу тахт учун курашдаги асосий рақиби – Мовароуннаҳрнинг собиқ ҳукмдори Ҳусайн урушлар, фитна, алдов, ҳасад, шуҳратпарастлик тўла ҳаёти билан видолашгач, ниҳоят осуда уйқуда ётарди. Нарироқдаги чингизий Одилхон – кўп жиҳатдан ўзини қўғирчоқ хон қилиб кўтарган Ҳусайнга ўхшайдиган кимсанинг қабрига бир қур назар ташлаган Темурбек Қуръон сураларидан ўқиди. Қайноғаси Ҳусайннинг билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини Оллоҳдан ўтинди.

Ҳусайннинг бобоси амир Қазағон оқ-қорани эрта таний бошлаган ўсмир Темурда ҳайрату эҳтиром уйғотарди. Қазағон – золим чингизий хон Қозонхонни тахтдан ағдариб, Мовароуннаҳр мустақиллигини тиклаш учун курашган биринчи турк амири. Унинг даври давронида аҳоли нисбатан тинч-осуда ҳаёт кечирди. Дини ислом равнақ топиб, толиби илм ва уламолар кўпая бошлади. Бироқ ҳокимиятини мустаҳкамлай олмаган Қазағон, ўн икки йиллик ҳукмронликдан сўнг, фитна қурбони бўлди. Мовароуннаҳрликлар унинг даврини ҳамон дориламон кунлар сифатида армон билан эслашади. Темурбек отаси Тарағай баҳодир ва пири шайх Шамсиддин Кулол ўзаро суҳбатда амир Қазағон ўлимидан афсусланиб, унинг авлодидан муносиб ворис ҳокимият жиловини қўлига олиб, Қазағоннинг эзгу тадбирларини давом эттиришини орзу қилишганини яхши эслайди. Бироқ авлоди амир Қазағонга муносиб бўла олмади. Амирзода Абдулла тахтга чиққач, отаси ўрнатган рисоладагидек тартибларни бузди. Оқибатда низолар бошланиб, яхлит ўлка чок-чокидан сўкилиб, тарқоқликка юз тутди. Абдулла Мовароуннаҳрни тарк этиб, саргардонликда завол топди. Амир Қазағоннинг таянчи, Мовароуннаҳрдаги энг кучли жанговар қавм – қораунослар ҳам укпардай тўзиб, қолган-қутгани Қазағоннинг бошқа ўғлидан набираси амирзода Ҳусайн билан олис Қандаҳор вилоятини қора тортиб кетди. Тарқоқликдан устамонлик билан фойдаланиб, Мовароуннаҳрни қайта бўйсундирган, азалий душман мўғуллардан ҳеч қачон ёруғлик чиқмаслигини англаган Темурбек туғилган юрти Кешни тарк этиб, қайноғаси амир Ҳусайн кўрагон ҳузурига йўл олди. У амир Ҳусайн бобоси Қазағон каби Мовароуннаҳрга саодат олиб келишини умид қиларди…

Юз-кўзларию уст-бошлари чангга беланиб, ўзлари ва отлари ҳолдан тойган Темурбек ва юз йигити Қандаҳорнинг Гармсир туманидаги ўлангда жойлашган амир Ҳусайн қароргоҳига яқинлашишганда, ўзларининг ташрифи қароргоҳда талотўп уйғотади, деб ўйлашмаган эди. Мўғуллар таъқибидан юрак олдирган Ҳусайннинг кичик қўшини қалин чанг-тўзонни кўриб, ҳатто чодиру ўтовларни йиғиштирмай, тартибсиз қочишга юз тутди. Кимсасиз қароргоҳга кирган Темурбек бир зум ҳайрон бўлиб, сўнгра гап нимадалигини англади-да, шошилинчда ҳайдаб кетилмаган бир тўп йилқидан бир неча чавандоз йигитнинг отини алмаштириб, яна биттадан эҳтиёт от бериб, дарҳол амир Ҳусайн изидан жўнатди. Чопарлар унга етиб олиб, ғаним эмас, балки мадад сифатида куёви Темурбек келганини, синглиси Ўлжой Туркон оғо ҳам унга ҳамроҳлигини айтишди. Бадгумон Ҳусайн шунда ҳам ҳадиксираб, балки мўғуллар Темурбекни тузоқ сифатида жўнатишгандир, деган хаёлга бориб: “Навкарларини қолдириб, Темур ёлғиз қошимга келсин”, деди. Темурбек йигитларига қароргоҳдан силжимасликни буюриб, хотини билан бирга қайноғасига юзланди. Самимий ниятлар билан келганига зўрға ишонтириб, бирга қароргоҳга қайтишди. Чодирдаги яккама-якка суҳбатда амир Ҳусайнни мўғулларга қарши биргаликда курашга чақирди. Ўзига эътиборсизликдан соқол-мўйловлари ўсиб, машаққат ва изтироблардан чакка сочлари эрта оқара бошлаган қайноғасига Темурнинг жон куйдириб айтаётган мулоҳазалари ёш боланинг валдирашидай туюларди.
– Сенда юз йигит, менда икки юзта, жами уч юз навкар билан мўғулга ёғий бўлмоқчимусен? – деди у истеҳзо билан Темурга беписанд боқиб.
– Агар уч юз навкар билан ғанимнинг бирон тўпини яксон қилиб довруқ солсак, бир кунда кучимиз ўн баробар ошадур, – деди Темурбек қатъий ишонч билан. – Чунки курашга ташна йигитлар Мовароуннаҳрда бисёр. Бизга қўшилмоқчи бўлган талай йигитларга мен: “То дарак бергунимча, имкон қадар қурол-яроғ топиб, машқ қилиб туринг”, деб ҳарб ишига моҳир навкарлардан устозлар қолдирдим. Чунки довталабларнинг барчасини Қандаҳорга бошлаб келмоқдан маъни йўқ.

Бошини қуйи солиб ўтирган Ҳусайн бирдан қаддини ростлаб, ўлжа ҳидини пайқаган қирғийдек қисиқ кўзлари ялтиллади.
– Савашга иштиёқинг шунчалик экан, аввал Сейстонга юриш қиламиз!
– Не учун? Ахир, душман шимолда, курашдан мақсад Мовароуннаҳрни мўғуллардан озод этиш-ку!
– Арзимаган куч билан мўғулга бас келиб бўлмас. Сейстон малики Фахриддин вилоятидаги исёнчиларни бостириш учун мени мададга чорламиш. Катта молу мулк ҳамда жами ўлжани ваъда қилган. Аларни қўлга киритсак, сўнгра, эҳтимол, Мовароуннаҳр сафарига отланармиз.

Темурбек оғир ўйга толди. Бу тадбир мўғулларга қарши кураш бошлашни муайян муддатга кечиктирса-да, бироқ бусиз Ҳусайн билан муросага келиб бўлмаслигини сезиб, розилик берди.
Ўлжой Туркон оғо амир Ҳусайннинг ҳарами жойлашган чодирда эди. Ҳарамда ҳам ваҳима босилган, мадад келганидан барча шоду хуррам. Ўлжой Туркон оғонинг ташрифи муносабати билан базм бошланиб, чолғу садолари, шўх тароналар тараларди. Мусиқа тинганда аёллар чақчақлашиб, шодон кулишарди. Амир Ҳусайн чодирини тарк этган бек қароргоҳ чеккасидан жой олган ўз навкарлари томон отланаркан, ҳарам чодиридан янграётган чинни жаранги янглиғ кулгу қулоғига чалиниб, юраги ҳаприқиб кетди. Бу овоз эгаси Темурбек учун ғоят азиз хилқат эди…

Сейстондаги муҳорабалар мовароуннаҳрликлар ҳарб ишига нечоғлик моҳир эканликларини кўрсатди. Малик Фахриддин катта лашкари билан ойлаб қамал қилиб ололмаган қалъаларни Ҳусайн ва Темур тадбир билан бир неча кунда ишғол этишарди. Бутун Сейстон бўйлаб “ўқ ўтмас, ўтда ёнмас, сувда чўкмас” баҳодирлар ҳақида овозалар тарқалиб, маликнинг аксарият рақиблари тор-мор этилиб, қолганлари писиб қолишди. Малик Фахриддин ғолиб мовароуннаҳрликлар қароргоҳига зиёфат учун пода-пода қорамол, қўй-эчкилар, катта мешларда Шерозу Исфаҳондан келтирилган арғувоний шароблар жўнатди. Буларни келтирган сейстонликлар, иттифоқчиларни қутлаш ҳамда ваъда этилган олтинларни топшириш учун эртага маликнинг ўзи аркони давлат билан ташриф буюришини хабар қилишди.

Қароргоҳда базм қизигандан қизир, барча қатори Темур ҳам масрур эди. Малик берадиган олтинлар билан йирик лашкарни бемалол қуроллантириш мумкин. У шаробдан тийилса-да, ўзига эрк бериб, Сейстонга келганларидан бери илк бор совутини ечиб, чолвор ва кўйлакда хотиржам ухлашга ётди. Лекин тонгга яқин ҳайқириқлар, отларнинг кишнаши ва шовқин-сурондан уйғониб кетди. Сапчиб турганида, чодирга югуриб кирган яроқбардори бақирди: “Ёғий босди, бегим, ёғий!”. “Қанақа ёғий?!” – ўқдек ўтди бекнинг хаёлидан. Бироқ ўйлашга фурсат йўқ. У шоша-пиша қилич осиғлиқ камарини белига тақиб, дубулға ва тўнини кийди-ю, чодирдан отилиб чиқиб, оти томон югурди. Яроқбардор майда сим ҳалқачалардан тўқилган оғир пўлат совутни кўтариб, унинг изидан чопди. “Совутни кийиб олинг, бегим! Ёғий ёмғир бикин ўқ ёғдирмоқда!” Бу пайтда Темурбек отга минган, вазиятни баҳолаш учун ҳар томонга назар соларди. Қароргоҳнинг нариги чеккасида чодирлар ёнар, амир Ҳусайн ва ҳарам чодирлари жойлашган марказдан қиличлар жаранги, аёллар фарёди қулоққа чалинарди. Қароргоҳ бўйлаб отлиқлар бетартиб чопар, нафақат навкарлар, ўнбошию юзбошилар ҳам саросимага тушишгани учун, жанговар сафга тизилишмас эдилар. Жанг натижасини баъзан бир неча дақиқа ҳал этишига кўп бора гувоҳ бўлган Темурбек совутни кийишдан бош тортиб, буюрди: “Туғни кўтар! Ҳукмдоримиз ва анинг ҳарами хавф остида. Жангга, йигитлар!”

Туғ остида зумда совутли-совутсиз жангчилар йиғилдилар. Темурбек зирҳли либосдагиларга олдинга ўтишни буюриб, жангга отланишганда, йўлда Ҳусайн хос навкарлари билан кўринди.
– Темурбек, чекинмоқ зарур, – деди у ҳансираб. – Ҳақимизни бергиси келмаган малик Фахриддин хиёнаткорона босқин қилмиш!
– Аёллар-чи, хожам?! Ҳарам омонми?
– Аёлларни ўйлайдиган вақт эмас ҳозир. Ҳатто Чингизхон, дўппи тор келганда, хотини Буртачинни душмани маркитлар қўлига ташлаб қочмиш. Оқил кимса аёлни деб, ўз бошини хатарга қўймас.
– Чингиз менга ибрат бўлолмайдур! Ўз танмаҳрамим ва хожам ҳарамини ёғий илкига ташлаб қочгандан кўра, ўлим афзал!
Ҳусайн заҳарли ишшайди ва “нодон” деган каби бошини чайқаб, отига қамчи уриб ўтиб кетди.

Совутсиз бўлишига қарамай, шижоати ўн чандон ошган Темурбек жангда эҳтиёткорликни ҳам унутиб, олдинги сафда туриб савашди. Унинг кескир қиличи қуёшнинг илк нурларида ялт-юлт қилар, ўнгу сўлга ажал сочарди. Сейстонликлар ҳужумдан мудофаага ўтишга мажбур бўлдилар. Темурбек атрофида жипслашган мовароуннаҳрликлар ёғий устига жонли қоядек сурилиб борарди. Улар бирпасда ҳарам аёлларини судраб кетаётган ёғий жангчиларига етишди. Бир нечаси маҳв этилгач, қолганлари тумтарақай бўлишди. Чекинаётган сейстонликлар ортиқ қўл жангига журъат қилолмай, ёйандозликка зўр беришарди. Темурбекнинг ўнг билагига камон ўқи зарб билан санчилганда қиличи қўлидан учиб кетишига сал қолди. Бек дарҳол қилични чап қўлига олди ва боши узра кўтарди. Жангчиларни олға бошлаётганида яна бир ўқ ўнг оёғига санчилди. Хос навкар уни орқадан суяди.
– Бегим, сиз яраландингиз! Ҳукмдор ҳарами қутқарилди, инчунин, жанггоҳни тарк этсак ҳам бўладур!
– Жанг охирига етмасдан чекиниш нақд ғалабани қўлдан беришдур. Ёғий сафлари тўзғитилсин!
Саркарда буйруғига кўра жангчилар олға босишди. Қутқарилган аёллар орасидан Ўлжой Туркон оғо фарёд уриб югуриб келиб, чакиллаб қон томаётган узангига ёпишди.
– Хожам, халоскоримиз, тез отдан тушинг, табиблар илож қилсинлар. Акс ҳолда, худо кўрсатмасин, ногирон бўлиб қолурсиз!

Ранги оппоқ оқарган Темурбек, унинг сўзларини эшитмаётгандек, кўзларини жанггоҳдан узмасди. Ҳарам аёлларидан яна бири яқинлашганда, у ҳижобда бўлса-да, Темурбек савқи табиий билан таниди. Учинчи камон ўқи юрагини мўлжаллаган каби эгар устида билинар-билинмас қалқиди.
– Темурбек, мен – малика Сароймулкхоним! Сиз бурчингизни шараф билан адо этдингиз. Ёғий мағлуб этилди. Амир Ҳусайн номидан буюрамен: Отдан тушинг, токи табиблар муолажа этгайлар!
Маликанинг овози Темурбекнинг қулоғига жангчиларнинг “ёғий қочди, ёғий қочди!” деган ҳайқириқларидан ҳам кўпроқ хуш ёқиб, сўнгги кучини тўплаб: “Амрингиз бош устига, маликам!” деди-ю, кўп қон йўқотганлиги туфайли шу заҳоти ҳушидан кетди.

Шу тариқа, Темурбек гуллаган йигитлик даврини амир Ҳусайнга садоқат билан хизмат қилиб, маккор мўғулларга қарши матонат билан курашиб, ёш бошини доимий хатарда қўйиб кечирди. Деярли барча жангу жадалларда ўз бўлуки билан жанггоҳнинг энг оғир қисмида бўлиб, Мовароуннаҳрни қадамба-қадам мўғуллардан тозалаб, Ҳусайнни тожу тахт соҳиби қилди. Мовароуннаҳрнинг ўзи кўтарган янги ҳукмдорини чин дилдан муборакбод этар экан, ўн минглаб йигитлар қони эвазига қўлга киритилган истиқлолни мустаҳкамлаш лозимлигини айтиб, бобоси Қазағондан ҳам кўра оқилона сиёсат юргизиб, унинг хатоларини такрорламасликка чақирди. Мовароуннаҳр сарҳадлари бехатарлигини таъминлаш учун мўғулларни ўз уяси Мўғулистонда яксон қилиш зарурлигини, қўшинга ўзи бош бўлиб боришга тайёрлигини айтди. Бироқ, афсуски, Ҳусайнда бобоси Қазағон даражасидаги ҳукмдор бўлиш салоҳияти йўқлиги тезда ойдинлашди. Унинг амирларни жипслаштириш ўрнига, бир-бирига қарши гижгижлаб, мўғулларга қарши курашда жасорат кўрсатган саркардаларга оғир солиқлар солиб, нафақат амирлар, балки бутун элу эртнинг умиду ишончини оқламаганидан Темурбек чеккан изтироблар Сейстондаги жангда ўнг қўли ва ўнг оёғига камон ўқи санчилгандаги жисмоний оғриқдан ҳам кучлироқ эди.
Нафс қули бўлган Ҳусайн буюк Турон давлатини яратиш йўлида мўғуллар янглиғ тўғаноқ эканлигини англаган Темурбек, қайноғасининг бир неча суиқасдларидан омон қолгач, фитнакор Ҳусайнга қарши исён кўтариб, уни пойтахти Балхда забун қилди…

Ниҳоят, у ғолиб, она диёри Мовароуннаҳрда оқилона тартибларни ўрнатмоққа киришмоғи мумкин. Лашкарга сафарга ҳозирланиш учун фармон берилган. Эрта-индин Жайҳунни кечиб ўтиб, ғолибу музаффар ҳолда Мовароуннаҳр заминига қадам қўйишади. Бироқ бутун қароргоҳда ёлғиз Темурбек ҳали амир Ҳусайн устидан қозонган ғалабасини тугал деб ҳисобламайди. “Сароймулкхоним меники бўлгачгина мутлақ ғолиб бўлурмен”, дея нечанчи бора кўнглидан ўтказди у. Аслида амир Ҳусайн ҳалокатидан сўнг кўп ўтмай, унинг ҳарамидаги тўрт аёлни ўз ўрдусига жойлаштиришни буюрган. Бошқаларини донгдор амирларга улашди. Мана, идда муддати ҳам ўтди. Ғолиблик ҳуқуқига кўра, у Сароймулкхонимга бемалол уйлана олади. Қадимдан одат шундай. Чингизхоннинг “Дунёнинг олий лаззати мағлуб душманнинг ўлжа тушган тулпор отларини миниш, асира хотинлари билан ишрат қилиш”, деган сўзлари бу одатни қонунийлаштиргандек эди.
Темурбек Хожа Уккошадан қайтиб, чодирига кирмасдан, қароргоҳ чеккасидаги хушманзара жойга тикилган Сароймулкхоним ўтови томон отланаркан, юрагида жанг олдидагидан кам бўлмаган ҳаяжон туйди. Бек Сароймулкхоним жисмангина эмас, қалбан ҳам ўзиники бўлишини хоҳларди. Бироқ чингизий Қозонхоннинг мағрур қизи қалбини забт этиш Мўғулистон хони Илёсхожа ёинки амир Ҳусайн лашкарини яксон этишдан-да оғирроқ туюларди…

Сароймулкхонимни Темур илк бор қизалоқлигида кўрган. Ўшанда у отаси Тарағай баҳодирга ҳамроҳ бўлиб, Жайҳун бўйидаги Солисарой шаҳрига – амир Қазағоннинг ўрдусига борган эди. Отаси Қозонхон ўлимидан сўнг амир Қазағон ўрдусида тарбияланаётган, ҳали ўн ёшга тўлмаган Сароймулкхоним бошидаги укпар қадалган жиғаси билан бошқа қизлардан ажралиб турар, ноёб ҳусни, шаддодлиги, ўктамлиги тилга тушган эди. Қозонхон бир неча йил бурун ўлдирилган бўлса-да, Чингизхон авлодларига ҳурмат-эҳтиром бутунлай йўқолмаган эди. Темур Қазағоннинг набираси Ҳусайн ва бошқа амирзодалар билан дўстлашди. Турли вилоятларда улғайган амирзодалар, оталари ҳали-ҳануз кўпроқ кўчманчилик одатларига риоя қиладиган амир Қазағон чодиридаги машваратда иштирок этишаётганда, аткалар назоратида чавандозлик, тирандозлик, қиличбозлик машқлари билан машғул эдилар. Машваратдан сўнг серҳашам ипак саропардадан ташқари чиққан амирлар ўсмирлар машқларини кузатишганда, Темур дадиллиги, чапдастлиги, сардорликка интилиши билан бир кўзи кўр, лекин назари ўткир амир Қазағоннинг назарига тушган.
– Кейинги йилларда Қарочор нўён авлоди бўлган Тарағай баҳодир ҳарбий сафарлару жангу жадаллардан шайхлар суҳбатини афзал кўриб, шайх Шамсиддин Кулолга қўл бериб, лашкаргоҳга эмас, хонақоҳга серқатновлигидан таажжубда эдим, – деди Мавороуннаҳр амири ягона кўзини машқ майдонидан узмасдан. – Бугун ўғли Темурбекнинг шижоатидан кўрдимки, Қочувли баҳодир ва Қарочор нўён каби улуғ саркардалар истеъдоди Тарағай баҳодирда бир оз дам олиб, Темурбекда бор бўй-бастини кўрсатишга чоғланибдур.
Амирлар бу гапни ярим ҳазил, ярим чин қабул қилиб, кулиб қўйишди. Тарағай баҳодир ўғли шаънига билдирилган мақтовлар учун Қазағонга қуллуқ қилди…

Амир Ҳусайн ва вояга етган Сароймулкхонимнинг тўйи ҳам Солисаройда бўлиб ўтган. Ошиқ Темурбек тақдир тақозоси билан куёвжўралар сафида эди. Яқин дўст сифатида буни илтимос қилган Ҳусайннинг сўзини рад этолмади. Бу кунни ҳаётидаги энг бахтсиз кун сифатида эслаб юрди. Муҳаббатини изҳор қилиб, бахти учун курашмагани туфайли фақат ўзини айбларди. Келинлик либосидаги Сароймулкхоним янада очилган, гўё осмондаги тўлин ой ерга тушгану, барча атрофида юлдузлар каби парвона.
“Ой тугул, заминда ҳатто Қуёшга ҳам ҳожат йўқ каби”, дея кўнглидан ўтказди ўшанда Темурбек ва беихтиёр шоир байтини пичирлади:

Агар кун туғмаса ҳам ёқту қилғай,
Юзинг нури бу дунёнинг саройин.

Келин салом пайти амир Қазағон Сароймулкхонимнинг пешонасидан ўпиб, ёш келин-куёвларга зар ўтов инъом этган, унинг ичидаги анжомлар бари асл матолардан эди. Сарой олдидаги гулзор ўртасида тикилган оловдай ўтовнинг тўрига заррин чимилдиқ тикишди. Мамнун Мовароуннаҳр ҳукмдори ўзини невара келин билан муборакбод қилаётган аъёну амирларга деди:
– Маълумингизким, Қозонхон билан жангда бир кўзимдан айрилган эдим. Бугун Қозонхоннинг нуридийдаси, Чингизхоннинг зурёди невара келин бўлиб хонадонимга қадам қўйганида, ўша йўқотган қўзимни қайта топтагандай бўлдим.

– Қозонхон руҳи ҳам амирзода Ҳусайн каби баҳодир куёв билан фахрланиб, сапчадек узилган бошига ортиқ ачинмаса керак, – ҳазил қилди маст амирлардан бири.
Қувончдан ял-ял ёниб турган келини чеҳрасига бирдан маҳзунлик соя ташлаганини сезган Қазағон сурбет амирга ўқрайиб қаради-ю, тўй бузилмаслиги учун ғазабини тийди.

Келин-куёв чимилдиққа кириб кетишгач, чодир олдида тик турган амиру амирзодалар қўлларидаги жомларга соқийлар кўзалардан май тўлатишди. Майни соқол-мўйловларига томизиб сипқорган маст-аласт амирлар “Амир Ҳусайн Кўрагон, амир Ҳусайн Кўрагон”, дея бақира бошлагач, Темурбек ортиқ чидаёлмади. Қўлидаги жомга лаб ҳам теккизмасдан, амирларнинг ичишини тамшаниб кузатиб турган бир навкарга тутқазди ва тўйхонани тарк қилиб, сарой отхонасидаги отини эгарлади-да, сувор бўлиб, Солисаройдан ташқари чиқди. Шаҳар девор билан ўралмагани сабабли, уни биров пайқамади. Темурбек от чоптириб, Жайҳун соҳилига чиқди. Яйдоқ жойда от жиловини тортиб, ирғиб ерга тушди. Дарё ой ёруғида жимирлаб оқарди. Йигит ўзини дарёга отгиси, муздек сув бағрида юрагини ўртаётган ҳовурини босгиси келарди. Ички бир овоз ўзини қўлга олишга даъват қилди: “Темур, ўзингни бос! Сароймулкхонимга уйланиб, кўрагон бўламен, деган хомхаёлдан ниҳоят қутулганингга шукр қил. Ахир у хон қизи. Амирзода Ҳусайн балки келажакда Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлар. Бинобарин, алар бир-бирига муносиб. Бу никоҳдан чин дўстлар фақат шодланмоғи зарур. Сенинг муҳаббатинг … агар муҳаббатинг чин бўлса, Сароймулкхонимнинг хожаси амирзода Ҳусайнга аввалгидан ҳам кўпроқ садоқат билан хизмат қилиб, анинг дўстларига дўст, душманларига душман бўлғайсен, Муҳаббат бикин олий туйғу фақат эзгуликка йўлламоғи зарур. Ахир, бежиз шоир Хоразмий “Муҳаббатнома” отлиғ достон яратмаган ва сен Оллоҳ каломи Қуръони каримни ёд олганинг каби, бу достонни ҳам бежиз ёдламадинг”.

Солисаройдан Кешга қайтишаётганда Темурбек маъюс эди. Бу ҳол отаси назаридан четда қолмади. Бекзодани яхшироқ кузатишга тайинланган мулозим Темурбек худ-бехуд “Муҳаббат нори жондин кетмади ҳеч, Қўлум сим олмангизга етмади ҳеч”, дея пичирлаётганини, гўё кўз ёшисиз йиғлаётганини айтганида, донишманд Тарағай баҳодир гап нимадалигини англади. Бироқ ўғлининг ярасини тирнамаслик учун бу ҳақда ҳеч кимга, ҳатто хотини Тегина бегимга ҳам индамади.

Уйга етганларидан сўнг бир неча ой ўтгач, Тарағай баҳодир Солисаройга совчилар жўнатиб, амир Қазағоннинг невараси, амирзода Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғони ўғли Темурбек учун сўраттирди. Совчилар шоду хуррам қайтиб, катта суюнчилар олишди.
– Тарағай баҳодирнинг шундай нияти бор экан, олдинроқ билдирганида Ҳусайннинг тўйига Темурбекникини ҳам қўшиб, қўшалоқ тўй ўтказардик, – дебди амир Қазағон. – Неварам Ўлжой учун Темурбекдай муносиб куёвни нафақат Чиғатой улуси, бори тўрт улусни кезиб чиққанда ҳам топишимиз даргумон.
Янгаси Сароймулкхоним билан ҳусн талашадиган Ўлжой Туркон оғо Темурбекнинг кўнгил ярасига малҳам бўлди. Темурга, айниқса, унинг Сароймулкхонимни ғоятда эҳтиром қилиши, ҳар жиҳатдан унга ўхшашга интилиши ёқарди. Хотини оғзидан бол томиб янгасини мақтаганида Темурбек уни қучиб, даст кўтариб: “Хон эмас, амир қизи бўлсанг доғи, сен ҳам хонзодалардан кам эмассен. Туркона қалбимни ўлжа олдинг-ку, Ўлжой Турконим”, деб эркаларди…

Сароймулкхонимга ўзи совға қилган оқ ўтов рўпарасида Темурбек отдан тушди. Туя жунидан тўқилган оқ наматдан тикилган ўтов ям-яшил ўлангда гўё ложувард осмонда сузиб бораётган бир тўп оқ булут каби ярқираб турарди. “Тўйида амир Қазағон совға қилган зар ўтовдан ўтса ўтадики, лекин қолишмайди”, – кўзи қувониб, кўнгли тўлиб, ўтовни назардан кечирди бек.

Қазағон ҳадяси зар ўтов эскиргач, малика янгисини кўргани даргумон. Чунки амир Ҳусайннинг ҳарамида бош хотини Тармаширинхоннинг қизи Суюнч Қутлуғ оғонинг мавқеи юқори эди. Хасислиги етти иқлимга достон амир Ҳусайн от эгарига ишқаланиб йиртилган чолворига ямоқ қўйдириб кияр, инчунин, хотинлари тўй куни олганидан бошқа совғани умид қилишмаса ҳам бўларди.

Малика унинг келишидан воқиф, эҳтимол, ичкаридан кузатиб ҳам турганини билган Темурбек имкон қадар ўнг оёғининг оқсоқлигини билдирмасликка тиришиб, шахдам қадамлар билан ўтов томон юрди. У ичкари киргач, канизаклари билан ўтов ўртасида турган ҳарир либосли Сароймулкхоним тақинчоқларини жаранглатиб таъзим қилди. Йигирма етти ёшли маликанинг оқи оқ, қизили қизилга ажраб, латофат ва малоҳати кўнгилни орзиқтирар эди.
– Хуш келибсиз, улуғ ҳукмдор, марҳамат қилинг. – Сароймулкхонимнинг овози Темурбекни ўсмирлигида ўзига мафтун қилган қизалоқнинг қўнғироқдек жарангдор кулгусини эслатди.

Ўтов тўрида чиройли дастурхон тузалган, бахмал кўрпачалар ёзилиб, парқу болишлар қўйилган. Темурбекнинг овози шиддат ва қатъият билан янгради:
– Сиз бирла бир неча дақиқа холи суҳбатлашмоқчи эдим, хоним!
Сароймулкхоним ишораси билан канизаклар икки букилиб ўтовни тарк этишди. Малика Темурга савол назари билан қаради. “Мағрурликни қўлдан бергиси йўқ, – суқ билан тикилди бек. – Бироқ, айни хислати унга ғоят ярашадур”.
– Идда муддати тугади, хоним. Қўлингизни сўраб келдим. Каминанинг никоҳига кирсангиз!
– Қўлингизда асирамен-ку! Асиранинг розилигини сўрашингиз ажаб.
– Бироқ сиз бикин олийнасаб хонзода уйимга ўз розилиги билан қадам қўймоғини истардим.
– Рози бўлмасам-чи?!

Темурбек жанг бошидаёқ ёғий лашкарининг қақшатғич зарбасига ўтру келиб эсанкираган саркарда янглиғ қалқиб тушди. Бир дам тили калимага келмади. Бу малика назаридан четда қолмади. Йигитга ичида ачинди, бироқ томирларида аждодлари қони жўш уриб, хотиржам жавобни кутди.

– Нега ахир, хоним? Сиз бир умр амир Ҳусайнга садоқат сақлаб, бева ўтмоқчимисиз? – деди бек бўғиқ овозда. Унинг кенг пешонасида маржон-маржон тер доналари ялтиради. Лаблари қимтилиб, қирра бурни парраклари керилди. – Ўйлаб кўринг, у бунга арзийдими? Ҳусайн ҳарамини, болаларини, ундан ҳимоя кутган барчани ўз ҳолига ташлаб, жонини қутқариш учун қочди-ку! У кўрагон янглиғ шарафли унвонни оқламади. Унинг заволи ушбу номардлигининг ҳақли жазосидур.
– Сизга кўрагон унвони керак экан, Суюнч Қутлуғ оғони нега Баҳром жалойирга бердингиз?
– Хоним, сизга фақат унвон учун уйланиш ниятида эмасмен. – Темурбекнинг овози яна шиддат касб этди. – Чингизийлар хонадонидан қайлиқ топиш мушкул эмас. Менга маслаҳатгўй оқила ёр даркор. Раҳматли рафиқам Ўлжой Туркон оғо ўрнини фақат сиз боса оласиз.
– Саройингизда Ўлжой ўрнини эгаллаганим билан, юрагингизда менга жой топилармикан?
– Ўлжойга уйланганимда ҳам юрагим сизники эди!
– Наҳотки!? Тўғри, ғалати қарашларингизни сезардим. Бироқ буни барча ўсмирларга хос бўлса керак, деб билардим. Амир Ҳусайнга узатишганда, сизни куёвжўралар сафида кўриб, кўнглимдан: “ ишқ фақат эртакларда бўладиган нарса экан” деган ўй кечган.

– Амир Ҳусайн тахт вориси бўлгани учун, ўзимдан кўра уни сизга муносиброқ, деб билганман ва ҳар қанча азобли бўлса-да, туйғуларимни ошкор қилмай, сир сақлаганман. Бу сирни ўзим билан гўрга олиб кетишни истардим. Агар амир Ҳусайн маслаҳатларингизга қулоқ солганда қисмати машъум хотима топмас эди. Мен ҳам унга рақиб эмас, балки самимий дўст ва садоқатли саркарда бўлиб қолардим.
– Сиз амир Ҳусайнга берган маслаҳатларимдан воқиф эдингизму?
– Ҳа, қисман, албатта. Ўлжой Туркон оғо сиз бирла суҳбатларидан баъзиларини менга нақл қиларди. Маслаҳатларингизда лутф юзасидан баъзан каминанинг номини ҳам зикр этишингиз, амир Ҳусайнни менга суянишга ундаганингизни эшитиб, ифтихор ҳиссидан бошим кўкка етарди. Шу боис, ҳатто амир Ҳусайн бир неча бор хиёнаткорона суиқасд уюштирганида ҳам, уни қўллашдан воз кечмадим. Инсофу адолат йўлига кирар, деб умид қилдим. Бироқ Ўлжой Туркон оғо вафотидан сўнг Ҳусайн билан мени боғлаб турган сўнгги ришта ҳам узилди.
– Ҳа, бечора Ўлжой менинг ҳам ягона иттифоқчим эди, – деди Сароймулкхоним чеҳраси ва овозига маҳзунлик иниб. – Иккаламиз сиз билан амир Ҳусайнни муросага келтиришга уринар, наинки ўзимиз, балки элу юрт саодатини ҳам шунда деб билар эдик. Ўлжой вафотидан сўнг мен яккаланиб, амир Ҳусайн маслаҳатларимга мутлақо қулоқ солмай қўйди.
– Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга! – Темурбек жанггоҳдаги оғир вазиятни ўнглаган саркарда каби устунликни ўз қўлига олиш учун қарши ҳужумга ўтди. – Билсангиз, хоним, сиз каби оқила маслаҳатгўйга ҳар қачонгидан муҳтожмен. Илло, неча йиллардан бери кўнглим тубида ардоқлаб юрган улуғ режаларим бор. Тўғри, садоқатли бекларим, эгачим Қутлуғ Туркон оғо мададу маслаҳатларини аяшмайдур. Бироқ менинг ёрим, ёстиқдошим ҳам бунёдкорлик режаларимни қўллайдиган, жўяли маслаҳатлар бериб, амирлар айтолмайдиган хатою нуқсонларимни кўрсатса, қанийди!
– Қай режалар хаёлингизни банд этмиш?
– Буюк Турон давлатини тиклаш! Бир юз эллик йил аввал жаҳонгир бобонгиз поймол қилган Туронни бор бўйи-басти билан тиклашда менга мададкор бўлсангиз! Бу улуғ тадбир йўлида бурун ҳам баъзи ҳаракатлар қилинса-да, кўнгилдагидек натижа бўлмади. Чиғатой улусининг чингизий хонларидан баъзилари ҳам Мовароуннаҳрда кучли давлат яратишга уриндилар. Кепакхон Қаршини, Тармаширинхон Бухорони пойтахт қилди. Бобонгиз Қозонхон Занжирсаройни қурдирди. Турк амири Қазағон ва авлодлари ҳам баҳоли қудрат бунга интилишди. Бироқ биронтаси бу шарафли ишни уддалаёлмади. Фикри ожизимча, ўзини Туронзаминнинг содиқ фарзанди ва туркий халқнинг фидойи йўлбошчиси, деб билган шахсгина бу қутлуғ вазифага қодирдир. Туроннинг қадимий пойтахти Самарқанд бир ярим асрдан бери ярим вайронадур. Мен Туронни тиклашни диёримиз қалби Самарқандни тиклашдан бошламоқчимен!

Темурбекдаги жўшқинлик маликага ҳам ўтди, чеҳрасида ҳайрат ва фусункорлик жилваланди.
– Чингизхон бузган юртни тузиш учун ундан-да буюкроқ хоқон бўлмоқ лозим. Сиз чиндан улуғ ишларга қодирсиз, Темурбек, – деди Сароймулкхоним тўлқинланиб. – Қанд каби хуш ёқадиган бу режангиз ажойиб самарлар келтиришига аминмен!
Маликанинг сўз ўйинидан завқланган Темурбек, ғаним туғини эгаллаган саркарда янглиғ дадил олға юриб, унинг хипча белидан қучди. Ўтли нигоҳ билан хонзоданинг тўлин ой мисоли оразига, қийғос кўзларига боқаркан, хитоб қилди:
Латофат мулкининг соҳибқирони,
Мувофиқ суратинг бирла маоний!
– Шоир Хоразмий муболаға қилмиш, ашъор сеҳри сизни-да адаштирмиш, – деди Сароймулкхоним қувлик билан. – Чунки бу оламда соҳибқирон ягонадур!
– У ҳолда соҳибқирон қалбининг соҳибаси ҳам ягона, – деди Темурбек маликанинг ипак дурраси остидан мўралаган гажакдор зулфини меҳр билан силаркан.
Сароймулкхоним меҳрга жавобан майин табассум ҳадя қилса-да, йигитнинг қучоғида эриб, ўзини йўқотиб қўймади.
– Самарқандни тиклашни мудофаа девори бунёд этмоқдан бошламоқ зарур. – Маликанинг иссиқ нафаси ва момиқ бадани таъсирида маст бўлаёзган Темурбек бу сўзлардан дарҳол ўзига келди. – Муҳташам саройлар, масжиду мадрасалар сўнгроқ қурилса ҳам бўладур. Чунки жаҳонга ҳукмрон бўлиб ўрганган чингизийлар ўз иддаоларидан осон воз кечишмайдур. Ўзим чингизийзода бўлганим учун аларнинг сажиясини яхши билурмен. Сиз қурганни мўғуллар, албатта, бузиш пайида бўлишади. Чунки муҳташам иморатлар, мадрасаларда ўқитиладиган китоблар туфайли халқ хотираси уйғониши, ғурури ва шижоати қад ростлашини билишади, инчунин, бунга йўл қўйишни асло исташмайдур.

– Илк маслаҳатингизоқ кўнглимдаги режаларга уйғунлигидан бахтиёрмен, хоним, – деди Темурбек. – Биз гўё икки тандаги ягона жонмиз. Бундан буён наинки мўғуллар, балки яъжуж-маъжужларни ҳам Искандар каби даф этишим шубҳасиз.
– Яъжуж-маъжужлар бир соридан босиб келмиш. Сиз ўнгу сўлдан, олддан ва ортдан ҳамла қиладиган ғанимлар зарбасига ҳозир бўлинг.
– Гапингиз рост. Чор атрофимни ўраган ғанимларга бас келиш учун мудофаа девори ва лашкарнинг ўзи камлик қиладур. Бироқ мен Мовароуннаҳр раиятининг ишончи ва ихлосини қозонмоқчимен. Аларни зулму ситамдан озод қилиб, эркинлик бахш этамен. Халқ қудрату салоҳиятини намоён этиши учун озод бўлмоғи зарур. Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад ҳам Самарқандни мустаҳкам девор билан ўраттирган эди. Бироқ нега ҳимоячилар охиригача курашмай, дарвозаларни ёғийга очиб беришди? Назаримда, хоразмшоҳ раиятнинг ишончи ва ихлосини қозонолмаган. Агар раият менга ишонса ва садоқат сақласа, Самарқандни ҳеч қандай ёв ололмайдур.
Сароймулкхоним жон қулоғи билан эшитар, Темурбекнинг мулоҳазалари унга ёқаётгани дам-бадам табассум қилишидан билинарди.

– Самарқанд Афросиёб, Искандар ва Чингизхонлар қадами етган шаҳар, – деди малика ўйчан ҳолда. – Турон хоқони Афросиёб даврида у қўш иқлим пойтахти эди. Искандар ва Чингизхон уни жаҳонгирлик йўлида забт этишди. Сизни, хожам, ўтмиш турк хоқонларидан танҳо Афросиёбга менгзаш мумкин. Иншооллоҳ, Туроннинг Афросиёб давридаги жаҳоний мавқеини тиклагайсиз!
Ашъор девонлари мутолааси таъсирида Темурбек баъзан бадиҳатан байтлар айтар, бироқ ўзини шоир ҳисобламагани учун қоғозга туширмас, бировга ўқимас ҳам эди. Бугун муҳаббат туғёнида бир бадиҳа байтни қўйнидаги маҳлиқога илинди:

Аё, лолаюзлигим, Сароймулкхоним,
Не дерсиз, Самарқандда тўй қилсак, жоним?!

Малика нозик қўлларини бекнинг елкасига ташлаб, бўйнидан оҳиста қучиб, жавоб байт ўқиди:

Самарқанд жаннат эса, мен бўлғум малак,
Ҳукмингиз бошимга тож, соҳибқироним!

Сўнгра йигит кўкрагига бош қўйиб, давом этди:
– Агар мумкин бўлса, Конигил яйловида тўй қилайлик! Улуғ бобом  чодирини тиккан жойда орзуларимиз каби оппоқ ўтов тикайлик. Юз эллик йил аввал Туроннинг энг машъум кунларидан бири юз берган бўлса, ниҳоят, унинг иқбол тонги Самарқандда отсин!
Бахтдан масрур Темурбек ёрини бағрига тортди.

2010

07

(Tashriflar: umumiy 101, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ғулом Каримий вафотига уч йил тўлмоқда. Менинг жигарим эди. Ўзига шундай деб айтганман. Деярли қўшни эдик. Қадрдонимни кўргандай бўлдим. Раҳмат, Хуршид Ака!

Izoh qoldiring