Qadam Sayid Murod. Nasiba

021

Қадим замонларда бир одил шоҳ ва унинг доно вазири ўтган экан. Улар кечалари эски-тус­ки кийимда, яширинча саройдан чиқишар, маҳалла-кўйларни кузатиб юриша­ркан. Тунда темирчилар маҳалласини айланиб юри­шса, бир уйнинг дераза­сидан милтираган нурни кўриб қолишибди. Яқинроқ боришса, ичкаридан кичкина болғачанинг “тиқ-тиқ” товуши эшитилармиш.

08
Қадам Сайид Мурод
НАСИБА
09

033Қадам Саид Мурод 1951 йилда туғилган. Урганч Давлат педагогика институтини тамомлаган. Радиода ишлагани учунми, кўпроқ қўшиқ ёзиш билан шуғулланди. Қадамнинг шеърларини қўшиқ қилиб айтмаган хонанда йўқ эди 80-йилларда. Отажон Худойшукуров, Камолиддин Раҳимов, Нуриддин Ҳамроқулов, Ортиқ Отажонов, Охунжон Мадалиев, Султонпошша Ўдаева, Юлдуз Абдуллаева ва яна…яна… Шоирнинг “Олтин беланчак”, “Эшик”, “Бир тилда гаплашамиз” ва “Бойчечак” номли шеърий китоблари нашр этилган. Ижодкор 2013 йилда вафот этди.

09

I

040адим замонларда бир одил шоҳ ва унинг доно вазири ўтган экан. Улар кечалари эски-тус­ки кийимда, яширинча саройдан чиқишар, маҳалла-кўйларни кузатиб юриша­ркан. Тунда темирчилар маҳалласини айланиб юри­шса, бир уйнинг дераза­сидан милтираган нурни кўриб қолишибди. Яқинроқ боришса, ичкаридан кичкина болғачанинг “тиқ-тиқ” товуши эшитилармиш.

– Ажабо! – дебди шоҳ. – Болға уриши темирчимас, заргарникига ўхшайди.
– Тирикчилигига кундузи етмай, тунда ҳам ишлаётган ким экан? – дебди вазир.

Кулба эшигини секин тақиллатишса, очилиб кетибди. Қулфланмаган экан-да.
Ичкаридан қирқ-қирқ беш ёшлардаги йигит чи­қиб, уларни ичкарига таклиф қилибди. Олдиларига ғарибона дастурхон ёзиб, зоғора нон, жийда аралаш туршак қўйиб, қумғон тагига олов ёқибди.
– Ҳа, уста, бола-чақа кўпми дейман? Кундузи етмагандек, кечаси ҳам тинмаяпсиз? – сўрабди вазир.
– Ҳа энди, тирикчилик-да… Кундузи босқонларда, кечалари қўни-қўшнининг тинчини ўйлаб, болғача билан ишлайман. Худога шукр, учта қизим бор. Тўрт-беш танга тўплаб қўймасам бўлмайди. Қиз дегани – палаҳмон тоши…

– Қарилик ҳамманинг бошида бор. Эртасини ўйлаган одам кам бўлмайди, – дебди вазир.
Улар бир пиёладан чой ичишибди, бир туршакни икки бўлиб оғизларига солишгач, ўринларидан туришибди. Темирчи меҳмон бўлинглар деб қанча илтифот қилмасин, мусофирхона – карвонсарой йўлини сўраб билишгач, у билан хайрлашишибди.

II

Одил шоҳ билан доно вазир йўл-йўлакай темирчининг ночор аҳволига ачиниб, унга қандай ёрдам беришни ўйлаб, саройга қайтиб келишибди…

Иккови маслаҳатни бир жойга қўйиб, шоҳона бир палов қилдиришибди. Бир ҳамёнга юз тиллани жойлаб, чуқур товоқ тагига қўйишибди. Устига уйиб ош суздиргач, шом пайти хизматкорни чақиришибди:
– Буни фалон термичининг уйига элтасан. Кимдан, қаердан эканини зинҳор айтмайсан, – деб тайинлашибди.

Ҳукмдор:
– Умрида қў­лига тилла танга ушламаган темирчини бу катта бойлик не кўйларга солар экан-а? – деб ўйлабди.
– Босар-тусарини билмай қоладиган ундай аҳмоққа ўх­шамайди.
– Ким билади? Тонг отсин, бозор-ўчар бошлансин-чи, шунча тилланинг кучини кўрамиз…

III

Тонг отиб, қуёш найза бўйи кўтарилгач, шоҳу вазир эски кийимларини кийиб, қўлларига ҳасса тутиб, темирчилар маҳалласига йўл олибди. Таниш дераза олдига боришса, ичкаридан босқоннинг тарақ-туруқи эшитилибди. Шоҳ вазирга қарабди, вазир – шоҳга. Иккиси ҳам ҳайрон бўлишибди.

Эшикни қоқишган экан, бос­қоннинг тарақ-туруқи­дан темирчи эшитмабди. Охири устахонага ўзлари кириб боришибди.
– Келинглар, келинглар, меҳмонлар! – дебди темирчи, уларни хушнудлик билан кутиб олиб. Қўлидаги босқонни бир четга қўйиб, юзидан қора терни елкасидаги белбоққа артиб, дас­турхон ёзибди, кечаги қора қумғонга олов ёқибди. Дас­турхонда яна ўша зоғора нон билан бир сиқим туршак аралашган жийда бор эмиш.
– Бизлар қалъани томоша қилдик. Энди қайтиб кетяпмиз. Хайрлашгани кирдик, – дебди шоҳ.

Шоҳу вазир бир-бир­ларига сирли қарашибди. Темирчи ҳушёр, сезгир экан.
– Тинчликми? Бугун бош­қачароқсизлар.
– Кечаги тун қандай ўтди?
– Ҳар доимгидек, ишдан бош кўтармадим.
– Кеча хуфтондан олдин ҳеч қандай воқеа юз бермадими?
– Ҳа, ҳа, қаердандир бир товоқ палов ташлаб кетишди. Аллоҳга шукр, бола-чақа билан тўйиб едик. Лекин бундай мазали, сергўшт паловни умрим бино бўлиб емаган эдим.
– Хўш, кейин-чи, кейин?..
– Нима “кейин”?
– Товоғи қани?
– Ўзимизга етарлисини икки лаганга сузиб олдим. Кейин ўртадаги уюмни бузмасдан, иссиғида есин деб қаровчиси йўқ, камбағал қария қўшнимга товоғи билан чиқазиб юбордим.
– Насиба экан-да! – дебди вазир.
– Паловни сизлар юборганмидингиз, товоқни сўрая­п­сиз?

Шу пайт жуда ҳая­жон­ланган бир қария, кампир ва унинг қизи устахонага кириб келишибди. Уларнинг қўлида ўша товоқ – ўртасида бир ҳовуч тилла, ёнида бўм-бўш ҳамён бор эмиш.
– Э болам! Барака топкур, бу нима қил­ганинг, бизларни ақлдан оздирмоқчимисан? – дебди қария.
Темирчи таниш товоқдаги тиллаларни кўриб, роса ҳай­рон бўлибди.
– Ғазнани ўмардингизми ё хазина топдингизми, ота? – деб сўрабди.
– Биз эмас, сен топгансан.
– Ота, илтимос, тушунтириб гапиринг… Бу тиллаларни ким берди? Кимники булар?
– Сеники.
– Менинг ҳечам тиллам бўлмаган
– Товоқни танидингми?
– Ҳа. Кеча сизга шунда палов чиқарган эдим.
– Ҳа, баракалла.
– Мен сиздан товоқни эмас, тиллаларни сўраяпман.
– Шу тиллалар паловнинг тагидан чиқди.
– Йўғ-э, ҳазиллашманг…
– Мен ҳам ҳайронман. Чиқарган паловингдан етарлича сузиб олдим-у, қолганини товоғи билан, иссиғида ейишсин, деб мен ҳам бева-бечора ён қўшнимга илиндим. Улар эрталаб иситиб еймиз, деб товоққа бир лаган ёпиб, олиб қўйишибди. Эрталаб ошни иситиш учун товоқни қозонга ағдаришса, бир ҳамён чиқибди, ичи тўла тилла. Қозон оловда, палов қозонда қолиб кетаверибди. Она бола югургилаб, тиллани ҳамёну товоғи билан менга олиб чиқишди. Биргалашиб, мана, сеникига келдик.
– Ё тавба, тавба, бу ерда бир сир бор! – дебди темирчи ёқасини ушлаб. Кейин меҳмонларга ҳайратланиб қарабди.

Шоҳ билан вазирнинг ҳайрати ҳам уникидан заррача кам эмас экан.
Шоҳ жандасининг ички чўнтагидан худди товоқдагига ўхшаган бир ҳамён тилла чиқариб, қариянинг қўлига тутқазибди.
– Ота, бу сизга.

Чол ҳамёнга тикилиб қа­раб­ди, товоқдаги ҳамёнга айнан ўхшашлигини муҳ­ридан танибди ва нима гап эканини дарров англабди.
– Нимага? Қайси қилган хиз­­матим учун? – деб сў­рабди у.
– Имон-эътиқодингиз бут­лиги, ҳалол­лигингиз учун.

Шу пайт вазир ҳам шоҳ имоси билан чўнтагидан худди шундай бир ҳамён чиқариб, кампирга берибди.
– Бу нима? – дебди у ҳайрон бўлиб.
– Товоқдаги ҳамённинг шериги, – дебди вазир.
– Менга? Нимага, нима учун?
– Ҳалол-покиза­лигингиз, мўм­­ина, соли­ҳалигингиз учун.
– Лагандаги насиба эса темирчиники, – дебди шоҳ.

Чолу кампир, темирчи ёқа ушлашиб, Яратганга шукрона айтишар экан, шоҳу вазир астагина хайр-хўш қилиб, ташқарига чиқишибди.
– Булар ақлдан озмаса бўлди, – дебди вазир.
– Буларни йўқлик, муҳ­тожлик ақл-ҳушдан оздиролмаган экан, демак, тўқлик ҳам оздиролмайди.
– Сиздек шоҳи бор фуқа­ронинг армони йўқ, – дебди вазир.
– Аксинча, шундай фуқа­ролари бор шоҳнинг армони йўқ.
Одил шоҳу доно вазир суҳбатлашиб, саройга йўл олишибди…

“Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 10-сонидан олинди.

032

08
Qadam Sayid Murod
NASIBA
09

Qadam Said Murod 1951 yilda tug’ilgan. Urganch Davlat pedagogika institutini tamomlagan. Radioda ishlagani uchunmi, ko’proq qo’shiq yozish bilan shug’ullandi. Qadamning she’rlarini qo’shiq qilib aytmagan xonanda yo’q edi 80-yillarda. Otajon Xudoyshukurov, Kamoliddin Rahimov, Nuriddin Hamroqulov, Ortiq Otajonov, Oxunjon Madaliev, Sultonposhsha O’daeva, Yulduz Abdullaeva va yana…yana… Shoirning “Oltin belanchak”, “Eshik”, “Bir tilda gaplashamiz” va “Boychechak” nomli she’riy kitoblari nashr etilgan. Ijodkor 2013 yilda vafot etdi.

09

I

Qadim zamonlarda bir odil shoh va uning dono vaziri o‘tgan ekan.
Ular kechalari eski-tus­ki kiyimda, yashirincha saroydan chiqishar, mahalla-ko‘ylarni kuzatib yurisha­rkan. Tunda temirchilar mahallasini aylanib yuri­shsa, bir uyning deraza­sidan miltiragan nurni ko‘rib qolishibdi. Yaqinroq borishsa, ichkaridan kichkina bolg‘achaning “tiq-tiq” tovushi eshitilarmish.
– Ajabo! – debdi shoh. – Bolg‘a urishi temirchimas, zargarnikiga o‘xshaydi.
– Tirikchiligiga kunduzi yetmay, tunda ham ishlayotgan kim ekan? – debdi vazir.
Kulba eshigini sekin taqillatishsa, ochilib ketibdi. Qulflanmagan ekan-da.
Ichkaridan qirq-qirq besh yoshlardagi yigit chi­qib, ularni ichkariga taklif qilibdi. Oldilariga g‘aribona dasturxon yozib, zog‘ora non, jiyda aralash turshak qo‘yib, qumg‘on tagiga olov yoqibdi.
– Ha, usta, bola-chaqa ko‘pmi deyman? Kunduzi yetmagandek, kechasi ham tinmayapsiz? – so‘rabdi vazir.
– Ha endi, tirikchilik-da… Kunduzi bosqonlarda, kechalari qo‘ni-qo‘shnining tinchini o‘ylab, bolg‘acha bilan ishlayman. Xudoga shukr, uchta qizim bor. To‘rt-besh tanga to‘plab qo‘ymasam bo‘lmaydi. Qiz degani – palahmon toshi…
– Qarilik hammaning boshida bor. Ertasini o‘ylagan odam kam bo‘lmaydi, – debdi vazir.
Ular bir piyoladan choy ichishibdi, bir turshakni ikki bo‘lib og‘izlariga solishgach, o‘rinlaridan turishibdi. Temirchi mehmon bo‘linglar deb qancha iltifot qilmasin, musofirxona – karvonsaroy yo‘lini so‘rab bilishgach, u bilan xayrlashishibdi.

II

Odil shoh bilan dono vazir yo‘l-yo‘lakay temirchining nochor ahvoliga achinib, unga qanday yordam berishni o‘ylab, saroyga qaytib kelishibdi…
Ikkovi maslahatni bir joyga qo‘yib, shohona bir palov qildirishibdi. Bir hamyonga yuz tillani joylab, chuqur tovoq tagiga qo‘yishibdi. Ustiga uyib osh suzdirgach, shom payti xizmatkorni chaqirishibdi:
– Buni falon termichining uyiga eltasan. Kimdan, qaerdan ekanini zinhor aytmaysan, – deb tayinlashibdi.
Hukmdor:
– Umrida qo‘­liga tilla tanga ushlamagan temirchini bu katta boylik ne ko‘ylarga solar ekan-a? – deb o‘ylabdi.
– Bosar-tusarini bilmay qoladigan unday ahmoqqa o‘x­shamaydi.
– Kim biladi? Tong otsin, bozor-o‘char boshlansin-chi, shuncha tillaning kuchini ko‘ramiz…

III

Tong otib, quyosh nayza bo‘yi ko‘tarilgach, shohu vazir eski kiyimlarini kiyib, qo‘llariga hassa tutib, temirchilar mahallasiga yo‘l olibdi. Tanish deraza oldiga borishsa, ichkaridan bosqonning taraq-turuqi eshitilibdi. Shoh vazirga qarabdi, vazir – shohga. Ikkisi ham hayron bo‘lishibdi.
Eshikni qoqishgan ekan, bos­qonning taraq-turuqi­dan temirchi eshitmabdi. Oxiri ustaxonaga o‘zlari kirib borishibdi.
– Kelinglar, kelinglar, mehmonlar! – debdi temirchi, ularni xushnudlik bilan kutib olib. Qo‘lidagi bosqonni bir chetga qo‘yib, yuzidan qora terni yelkasidagi belboqqa artib, das­turxon yozibdi, kechagi qora qumg‘onga olov yoqibdi. Das­turxonda yana o‘sha zog‘ora non bilan bir siqim turshak aralashgan jiyda bor emish.
– Bizlar qal’ani tomosha qildik. Endi qaytib ketyapmiz. Xayrlashgani kirdik, – debdi shoh.
Shohu vazir bir-bir­lariga sirli qarashibdi. Temirchi hushyor, sezgir ekan.
– Tinchlikmi? Bugun bosh­qacharoqsizlar.
– Kechagi tun qanday o‘tdi?
– Har doimgidek, ishdan bosh ko‘tarmadim.
– Kecha xuftondan oldin hech qanday voqea yuz bermadimi?
– Ha, ha, qaerdandir bir tovoq palov tashlab ketishdi. Allohga shukr, bola-chaqa bilan to‘yib yedik. Lekin bunday mazali, sergo‘sht palovni umrim bino bo‘lib yemagan edim.
– Xo‘sh, keyin-chi, keyin?..
– Nima “keyin”?
– Tovog‘i qani?
– O‘zimizga yetarlisini ikki laganga suzib oldim. Keyin o‘rtadagi uyumni buzmasdan, issig‘ida yesin deb qarovchisi yo‘q, kambag‘al qariya qo‘shnimga tovog‘i bilan chiqazib yubordim.
– Nasiba ekan-da! – debdi vazir.
– Palovni sizlar yuborganmidingiz, tovoqni so‘raya­p­siz?
Shu payt juda haya­jon­langan bir qariya, kampir va uning qizi ustaxonaga kirib kelishibdi. Ularning qo‘lida o‘sha tovoq – o‘rtasida bir hovuch tilla, yonida bo‘m-bo‘sh hamyon bor emish.
– E bolam! Baraka topkur, bu nima qil­ganing, bizlarni aqldan ozdirmoqchimisan? – debdi qariya.
Temirchi tanish tovoqdagi tillalarni ko‘rib, rosa hay­ron bo‘libdi.
– G‘aznani o‘mardingizmi yo xazina topdingizmi, ota? – deb so‘rabdi.
– Biz emas, sen topgansan.
– Ota, iltimos, tushuntirib gapiring… Bu tillalarni kim berdi? Kimniki bular?
– Seniki.
– Mening hecham tillam bo‘lmagan
– Tovoqni tanidingmi?
– Ha. Kecha sizga shunda palov chiqargan edim.
– Ha, barakalla.
– Men sizdan tovoqni emas, tillalarni so‘rayapman.
– Shu tillalar palovning tagidan chiqdi.
– Yo‘g‘-e, hazillashmang…
– Men ham hayronman. Chiqargan palovingdan yetarlicha suzib oldim-u, qolganini tovog‘i bilan, issig‘ida yeyishsin, deb men ham beva-bechora yon qo‘shnimga ilindim. Ular ertalab isitib yeymiz, deb tovoqqa bir lagan yopib, olib qo‘yishibdi. Ertalab oshni isitish uchun tovoqni qozonga ag‘darishsa, bir hamyon chiqibdi, ichi to‘la tilla. Qozon olovda, palov qozonda qolib ketaveribdi. Ona bola yugurgilab, tillani hamyonu tovog‘i bilan menga olib chiqishdi. Birgalashib, mana, senikiga keldik.
– Yo tavba, tavba, bu yerda bir sir bor! – debdi temirchi yoqasini ushlab. Keyin mehmonlarga hayratlanib qarabdi.
Shoh bilan vazirning hayrati ham unikidan zarracha kam emas ekan.
Shoh jandasining ichki cho‘ntagidan xuddi tovoqdagiga o‘xshagan bir hamyon tilla chiqarib, qariyaning qo‘liga tutqazibdi.
– Ota, bu sizga.
Chol hamyonga tikilib qa­rab­di, tovoqdagi hamyonga aynan o‘xshashligini muh­ridan tanibdi va nima gap ekanini darrov anglabdi.
– Nimaga? Qaysi qilgan xiz­­matim uchun? – deb so‘­rabdi u.
– Imon-e’tiqodingiz but­ligi, halol­ligingiz uchun.
Shu payt vazir ham shoh imosi bilan cho‘ntagidan xuddi shunday bir hamyon chiqarib, kampirga beribdi.
– Bu nima? – debdi u hayron bo‘lib.
– Tovoqdagi hamyonning sherigi, – debdi vazir.
– Menga? Nimaga, nima uchun?
– Halol-pokiza­ligingiz, mo‘m­­ina, soli­haligingiz uchun.
– Lagandagi nasiba esa temirchiniki, – debdi shoh.
Cholu kampir, temirchi yoqa ushlashib, Yaratganga shukrona aytishar ekan, shohu vazir astagina xayr-xo‘sh qilib, tashqariga chiqishibdi.
– Bular aqldan ozmasa bo‘ldi, – debdi vazir.
– Bularni yo‘qlik, muh­tojlik aql-hushdan ozdirolmagan ekan, demak, to‘qlik ham ozdirolmaydi.
– Sizdek shohi bor fuqa­roning armoni yo‘q, – debdi vazir.
– Aksincha, shunday fuqa­rolari bor shohning armoni yo‘q.
Odil shohu dono vazir suhbatlashib, saroyga yo‘l olishibdi…

“Hidoyat” jurnalining 2011 yil, 10-sonidan olindi.

011

(Tashriflar: umumiy 99, bugungi 1)

Izoh qoldiring