Temirpo’lat Tillayev. Voris & Yozganlarim va yozmaganlarim. Yozuvchi bilan suhbat

Ashampoo_Snap_2017.07.13_13h37m39s_001_b.png    Бугун умрининг темир ва пўлат даврларидан ўтиб, тилла даврида яшаётган, узоқ қишлоқда туриб, дунё адабиётига даъво қилаёттган катта ёзувчи Темирпўлат Тиллаев туғилган кун.Соғлик ва омонлик, Умрниинг тилла даврида олтинга тенг асарлар яратиб қолишини тилайман (Назар Эшонқулнинг фейсбуки саҳифасидан).

ЁЗГАНЛАРИМ ВА ЁЗМАГАНЛАРИМ
Ёзувчи Темирпўлат Тиллаев билан суҳбат
005

Шу томонларда кўп юрадиганлар Қарши-Чим-Қамаши йўлида учиб кетаётган бир “Матиз”ни ҳар куни бир неча марта кўришса, ажабмас. Кўпчилик уни яхши танийди, ҳурмат қилади. Боиси, у – жуда серқирра одам. Маънавий тарбия жабҳасининг деярли барча йўналишларида ишлаган.

Бир муддат менга ҳам вилоят газетаси таҳририятида у билан бирга ишлаш насиб этди. Қисқа муддат ичида ҳамкасблар ичида “Ғоя” деган шарафли “лақаб” орттирганди бу ғайриоддий, бир оз дарвешона феълли киши.

Ҳа, бу одам – сир-синотларга тўла. Узоқ йиллар аввал адабиёт осмонида юлдуздай ярқ этиб чақнадию… йўқолиб қолди. Мухлислари ҳамон тополмай ҳалак. Ҳа, аслида у шунақа топилмас одам.
Хуллас, аранг “ушлаб олган” суҳбатдошимиз – воҳа зиёлиларининг илғор вакили, таниқли ижодкор, педагог, ношир, айни пайтда “Қамаши ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Темирпўлат ТИЛЛАЕВ.

Ўқитувчилигим:
Чимда Достоевский менга “уй қуриб берган”…

– Отам деҳқон, чорвадор одам эди. Яхшигина томорқаси, ўнлаб қорамоли, сурув-сурув қўйи бўларди. Бир сутка – йигирма тўрт соатда йигирма соат тиним билмасди. Меҳнатининг ортидан анчагина бой одам эди. Шундай одамнинг “бебош” ва “такасалтанг” ўғли – камина “жиддийроқ” иш қуриб қолгандай муштдайлигидан китобга меҳр қўйдим. Бунинг учун отамдан кўп дакки ҳам еганман.

1981 йилда педагогика институтини тамомлаб, “Қашқадарё ҳақиқати” газетаси таҳририятига ишга келдим. Эсимда, салобатидан от ҳуркадиган бош муҳаррир, устоз журналист Самад Қодиров “Ҳм-м-м, Поён Равшанов жўнатган бўлса, корректурага қўйинг”, – деганди.

Бир куни лавозими каттароқ ҳамксбимиз одатдагидек мени тушлик учун сомса олиб келишга юборди. Сомсани келтириб, катталарнинг гапига қулоқ солиб ўтирсам, газетчилар ҳам адабиётга ошно эмасми, Одил Ёқубовнинг ўша пайтларда анча машҳур бўлган “Диёнат” романи хусусида гапиришаяпти. Маҳмадоналик билан гурнгга аралашдим: “менимча, бу асарда ҳаёт ҳақиқати бузилган”, – дедим бамайлихотир. Журналистлар ҳанг-манг бўлиб қолишди. “Қанақасига?”, – деди масъул котибимиз алланечук ғазабнок оҳангда. – Сен ўзи Одил Ёқубов кимлигини биласанми ўзи?”. Мен қайсарлик билан гапимни ўзимча исбот этдим: “Отақўзидай республикага машҳур раис биргина ҳайдовчисининг хатоси учун синиб, қамалиб кетаверадими? Шу гапга биров ишонадими?”.

Ҳа, ёш эдим. Ҳали “тарвуз қўлтиқда” пайтларим, анча худбин ва такаббур эдим. Ўзимча жуда катта даъволар билан юрардим.

Таҳририятда уч ойча ишлаб, қишлоғимга – Чимга кетиб қолдим. Ўша пайтлар узоқ қишлоқдан қатнаб ишлаш жуда оғир эди. Мактабда бошқа дарс топилмай, менга 1-синфни беришди. 3 ойдан сўнггина юқори синфларга дарс берадиган бўлдим.

1982 йилда ижодга салгина мойиллиги бор ўқувчиларимни йиғиб, “Замонавий суҳбат” деб номланган адабий тўгарак ташкил этдим. Мактабда дарс ҳам, тўгарак машғулотлари ҳам тугарди ҳамки, ўқувчиларимнинг уйига кетгиси келмасди. “Завуч”имиз “нега кетмайди булар?” деб жиғибийрон бўлиб юрарди. “Жонга тегди, тўгаракни ёпиш керак”, – деганлар ҳам бўлди.

Болаларга ўзим кашф этган ҳайратлар хусусида тўлқинланиб сўзлаб берардим. Ўша йиллари “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да жаҳон классискларининг асарлари таржима қилиниб босила бошланди. Ўқувчиларимга Айтматов, Достоевский, Маркес, Камю, Ницше, Борхес, Кафка, Картасар, Акутагава, Абэ асарлари ҳақида гапирганимда кўзлари ёниб, ўзгача ҳайрат оғушида тинглашарди мени. Ҳатто давомини сўраб, уйимгача келишарди. Қишлоқчилик, уйда лой-пойга уннаб турган маҳалим бирови лой тепиб, бирови лой узатиб, асарнинг давомини сўрашарди. Адабиётнинг сеҳрини қранг-а. Шунинг учун ҳамкасблармиз “Темирпўлатга Достоевский “уй қуриб берган”, – деб ҳазиллашиб юришади.

Тўгарагимга саксондан ошиқ аъзо йиғилган маҳаллар ҳам бўлган. Айни пайтда анчагина танилиб қолган Бахтиёр Ҳазратқулов, Акбар Жонузоқ, Фароғат Худойқулова, Юнус Бўриев сингари кўплаб ижодкорлар Чимдаги мана шу тўгарак аъзоси бўлишган.

Бир йили мактабимизда улуғ шоир Рауф Парфи билан учрашув ўтказилди. Кўзга кўринган маҳаллий ижодкорлар ҳам бор. Насиба Каримова деган ўқувчим уларни ҳайратлантириб, шундай савол берганди: “Франц Кафка “Эврилиш” асарида инсонни нима учун ҳашаротга ўхшатган?”. Меҳмонлар ҳайрон бўлиб қолишди. Қамашининг қишлоқ мактабидаги кичкинагина ўқувчи қиз кимсан Кафкадан гапириб ётибди, дейишган бўлса керак-да. Маҳаллий таниқли ижодкорлардан бири “Кафкани ўқиганимиз йўқ, билмаймиз”, – деди тан олиб. Шунда Насиба “Кафка “Тирикчилик инсонни ҳашаротга айлантиради” деб ёзган”, – дея ўз саволига ўзи жавоб қайтарганди…

Ёзувчилигим:
“Шуҳрат”им ибтидоси ва…

– Тўғрисини айтишим керак, мен ёзувчи, умуман, ижодкор сифатида бундан 28 йил аввал улуғ адибларимиздан бири айтган эътироф нуфузи билан юрибман. Озми, кўпми, шуҳратимнинг ибтидоси ҳам шу эътироф бўлганди. Бунинг тарихи узун…

Ashampoo_Snap_2017.07.13_23h12m09s_001_.png1987 йилда “Ёшлик” журналининг 8-сонида “Ворис” деб номланган қиссам чоп этилган эди. Шундан сўнг мамлакатимизнинг турли бурчакларида яшаётган китобхонлардан кўплаб мактублар олдим. “Менинг ҳаётимни ёзибсиз, ўша “ворис” менман”, – деб ёзганди улардан бири, сурхондаёлик Мейлиқул исмли йигит. Асарда Чала ва унинг ўғли образлари орқали акс эттирилган жоҳилликнинг маърифатга зуғуми ва мана шу зуғум оқибатида келиб чиққан исён ўқигувчиларни анчайин сергаклантирган бўлса ажабмас.

1988 йилда марказий матбуотда республика ёзувчилар уюшмаси раиси Одил Ёқубовнинг “Карвон қўнғироғи” деб номланган мақоласи чоп этилганди. Адиб 1987 йил сарҳисоби хусусидаги мазкур мақоласида ёш ёзувчилар ижоди ҳақида тўхталаркан, менинг қиссамга жуда юксак баҳо берганди. Шу йили Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган сарҳисоб йиғилишида ҳам таниқли адиблар “Ворис” ҳақида анча илиқ фикрлар билдиришди.

Одил Ёқубов нуфузли одамлар орқали йўқлатгани боис у кишини излаб пойтахтга бордим. Уч марта боришимга қарамай, у киши билан учрашиш насиб этмади. Аксига олгандай у гоҳ депутат сифатида Москвага кетиб қолади, гоҳ вилоятлардаги ижодий учрашувларга… Эътирофлар сабаб пойтахтга ишга таклиф этилдим. Турмуш ташвишлари оёқдан тортди. Энам касал эди, рўзғор, турмуш ташвишлари кўпайганди.

Барибир мен бу бағрикенг ёзувчидан беҳад миннатдорман. Камтарин ижодимни юксак баҳолагани учун…

1991 йилда “Ўлим ўпқони” асарим чоп этилди. У туфайли ҳам катта эътирофларга сазовор бўлдим.

Ноширлигим:
Йўқолган ва … ўлмаган ҳайрат

– Кейин… Қаршида “Насаф” нашриёти очилди. Ишга таклиф этишди. Қаршига келгач… ҳайратимни йўқотиб қўйдим. Энди ташкил этилган нашриётни оёққа турғизиш жуда оғир кечди. Анча-мунча яхши асарларни чоп этдик. Шу билан бирга нашриёт қаддини кўтариш учун бирмунча саёз асарларни ҳам чиқаришга тўғри келди. Ва … менинг “косиб”чилигим, “ижодий мардикорчилигим” ҳам шундан бошланди…

Аммо Сўзга бўлган ҳайратим йўқолмади. Ижод қилишдан кўра кўпроқ ижодни жиддий ўрганишга, дунёни ва ўзимни англашга киришдим. Ҳамон шу… изланишдаман. Жаҳон классикларини ўқиб ётибман. Габриэль Гарсиа Маркеснинг машҳур “Ошкора қотиллик қиссаси” асарида Сантьяго Насар ишини кўраётган терговчининг мана бу сўзларини қаранг: “Мени ишонтиринг, эътиқод соҳибига айлантиринг … дунёни ўзгартириб юбораман”. Мана. Сўздаги ҳайрат…

Айрим нашрларда эълон қилинаётган “шеър”у “ҳикоя”лар устида берилаётган “кузатиш”ларда қуйидаги каби каби жумлаларга кўзингиз тушади: “Фалончижоннинг қораламалари (ёхуд машқлари” эътиборингизга ҳавола этилмоқда”. Тавба, дейсиз. Ҳали “қоралама” ёки “машқ” бўлса, уни эълон қилиш мумкинми? Бу пишмаган ошни даврага тортиш эмасми? Ўзи шундоқ ҳам шунчаки кундалик ёзса ҳам газетада чиқарадиган, китоб қилиб бостирадиган шоввозлар кўпайиб кетди…

Буларни бежизга эсламадим. Ўзимда ҳам қораламаю машқлар кўп. Аммо..

Неча йилки, жиддийроқ асар ёзолганим йўқ. Дарвоқе, уч-тўрт ҳикоялар, “Қазо ҳукми” деган қисса ёздим. Қиссамда инсоннинг ушалмас болаликка қайтиш орзусини талқин этишга ҳаракат қилдим. Катта ишлар тараддудидаман. Барибир мен яратадиган катта асарлар ҳали олдинда. Барибир уларни ёзаман.

Журналистлигим:
Осон эмас экан “бу майдон ичра…”

– Бир неча йил нашриётда ишладим. Муҳаррир, директор бўлдим. Ноширлик фаолияти билан ўн беш йил шуғулланганимдан сўнг тақдир тақозоси билан вилоятимизнинг бош нашри “Қашқадарё” газетасида фаолият олиб боришимга тўғри келди.

Дунёда энг осон ишлардан бири нима деб сўрасалар, кўпчилик “газета ўқиш” деб ҳам жавоб бериши тайин. Лекин шу “осон иш” ортида турган чексиз заҳматларни таҳририятда ишлаган одамдан сўранг; фиғони фалакка чиқмаса ҳам “елкасидан нафас олиб”, мийиғида кулиб қўйиши аниқ. Ҳарқалай бу “хушнуд” табассумда анчайин Сизнинг ҳавасингизни келтирадиган фахр ва ғурур баробар, фақат унинг ўзигагина маълум бўлган машаққатнинг оғир залвори бор.

Ростини айтсам, ўзим газетачиликда ишлагунимга қадар мен ҳам юқоридаги каби фикрдан йироқ эмас эдим. Нашриётда бир асар устида деярли бир муҳаррир иш олиб боради. Қўлёзма таҳрирининг савоби ҳам, уволи ҳам унинг зиммасида. Газета эса – кўпчиликнинг иши. Кўп бўлганидан кейин иш ҳам осон бўлади-да!

Лекин бу фикрнинг жудаям бир ёқлама эканлигини газета таҳририятида ишлаганимда юракдан ҳис қилдим. Ҳарқалай ноширнинг меҳнатидан журналистнинг заҳмати минг бора оғирроқ эканлигини кўп бора бошимдан ўтказдим. Эл таниган, ардоқлаган, эътироф этган журналист бўлиш нақадар қийинлигини “Қашқадарё” газетасида ишлаган уч йиллик фаолиятимда ҳар куни, ҳар лаҳзада ҳис қилганман. Бунинг учун Худо берган билим ва истеъдоддан ташқари яна жуда катта ирода ва меҳнатсеварлик керак эканлигини айтишим керак.

Бугун нима кўп – газета кўп. Кучи етган-етмаган одам газета очаяпти. Кўриб турибмиз: янги очилган газета нари борса, ўн сонини ўзигша хос зарб билан чиқаради. Ўн биринчи сондан вилоятимизнинг бош нашри – “Қашқадарё”нинг кўз илғар-илғамас нимсоясига айлана бошлайди. “Қашқадарё”да бир пайтлар чиққан катта-кичик мақолани бу газета саҳифасида кўриб қоласиз. Агар бундан бир оз истиҳола қилса, тайёрга айёрлик йўлига ўтиб, “тил-забонсиз, шиква-шикоятсиз” дастёр – интернетга ёпишади. Қарабсизки, қиёфадан қиёфасизликка, одамларни маънавий бойитишдан кўра маънавий қашшоқлантиришга хизмат қиладиган олди-қочди, фикрсизлик тафти ловуллаб турган “кўпчилик севдиган” нашрга айланади-қолади.

…Сариқ матбуот асосчиларидан бири, ўтган асрда матбуот кучи билан Ғарб дунёсини қайсидир маънода “забт” эта олган магнат журналист Уильям Хёрстнинг шундай гапи бор: “Инсонни ҳамиша ўзининг ибтидоий хусусиятлари қизиқтиради: 1) жонни сақлаб қолиш; 2) муҳаббат ва насл қолдириш; 3) шуҳратпарастлик”. Мавзулар танлашда мана шу тамойилларга таянган Хёрст эришган оламшумул яхши-ёмон муваффақиятлар калити ҳам шу.

Афсуски, биздаги “сариқлашган” матбуот ва “хашаки” “бозор адабиёти”нинг мавзуларини ҳам шулар белгилаяпти: қотилликлар, ўғирликлар, жанжаллар, “ўлдим-куйдим”, машҳурларнинг шахсий ҳаёти…

Газета таҳририятида ишлаганимда журналист позициясини белгилашда ўзимча қуйидаги қонуниятларни кашф этдим:

1. Давр шиддаткор. Журналист унга қандай мослашиши, унинг саволларига жавоб бера олиши керак? Аввало мана шуни белгилаб олиши керак.

2. Журналистнинг иккита бурчи бор: аввало у ўзи атрофидаги жараённинг иштирокчиси; сўнг худди мана шу жараённинг таҳлилчиси.

3. “Оммавий маданият ҳақида кўп гапираяпмиз. Журналист билиб-билмай унинг тарғиботчисига айланиб қолмаслиги керак. “Шўрванинг шўрваси” бўлган бу иллат фақат юриш-туриш, кийиниш, муомала, санъатдагина намоён бўлиб қолмайди. Моҳиятга эътиборни кучайтириш зарур.

4. Эски таҳлил услубига янги либос кийдирмасдан, таҳлилнинг мазмун ва моҳиятини янгилаш керак.

5. Бир томчи сувдай бир-бирига ўхшайдиган газеталар одамларнинг дидини ўтмаслаштираяпти. Вилоят газетасида ҳамкасбларимиз яхши ёзишди: “коперовать-вставить” қабилидаги бирхилликдан воз кечиш вақти етди.

6. Ҳар бир журналистда истеъдод, жасорат, маданият бўлиши шарт. Кимдир ўзида бу хислатларни сезмаса, бу кўчага йўлаб ҳам ўтирмасин.

7. Интернет журналистикасини тубдан янгилаш керак. Айрим сайтлардаги “жанжалкаш хотинлар аудиторияси”ни “фикрлар кутубхонаси”га айланишини истардим.

8. Журналистлар ягона ахборот маконига хизмат қилиши керак. Бир воқеага турлича муносабат бўлгани ҳолда умумий мақсад муштарак бўлганига нима етсин.

9. Айрим ҳамкасбларимиз услубидаги шунчаки қуруқ, баландпарвоз ва ҳиссиз маддоҳликдан кескин фарқланадиган, эл ва юрт манфаатларини ифодалайдиган моҳиятнинг теран таҳлили устуворлигига эришмоғимиз зарур.

***

Очиғи, фикрлари ҳамиша ўзигагина хос, ҳеч кимникига ўхшамаган бу ижодкор билан мусоҳабамиз анча чўзилиб кетишини кўнглим сезганди. Ҳалиям кўп гаплар сўралиб-сўралмай, айтилиб-айтилмай, ёзилиб-ёзилмай қолди. Муҳими, байрам баҳона бу ижодкор қалбига оз бўлса-да қўл солишга интилдик…

Темирпўлат ака бир оз камтарлик қилиб, бошқа қирралари ҳақида тўхталмади. Кўпчилик билиб-билмаган айрим “сир”ларини очсам. У – уста деҳқон. Томорқасидаги иссиқхонасида лимон етиштиради. Ижодкор ҳамкасбларини ҳам кафтдек ерда катта даромад олишга ундаб, бу борада ўз маслаҳатларини улардан аямайди. У – яхшигина тадбиркор. Тадбиркорки, яна фаолияти маърифат зиёси билан уйғун. Яъни унинг туман марказида китоб дўкони бор. (Дарвоқе, унинг қайсидир йили вилоят газетасида эълон қилинган “Мен китобпарастманми, китобхўрманми ё китобхонманми?!” сарлавҳали мақоласи анчагина эътирофларга сазовор бўлганди). У – каттагина ва биз – журналистларнинг “штамп” иборамиз билан айтганда, ибратли оила соҳиби. Ҳаётда ўз йўлини топиб кетган фарзандларидан бири, “Олтин қалам” халқаро танлови совриндори Назарали Тиллаев айни пайтда пойтахтда ижод қилаяпти, “Маданият ва маърифат” телеканали катта муҳаррири…

Темирпўлат Тиллаев – ҳамон йўлда. Ижод синоатини, Ўзликни, Моҳиятни ва Дунёни англаш йўлида…

Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди

0-7a.jpgBugun umrining temir va poʼlat davrlaridan oʼtib, tilla davrida yashayotgan, uzoq qishloqda turib, dunyo adabiyotiga daʼvo qilayottgan katta yozuvchi Temirpoʼlat Tillaev tugʼilgan kun.Sogʼlik va omonlik, Umrniing tilla davrida oltinga teng asarlar yaratib qolishini tilayman (Nazar Eshonqulning feysbuki sahifasidan)

YOZGANLARIM VA YOZMAGANLARIM
Yozuvchi Temirpo‘lat Tillayev bilan suhbat
005

Shu tomonlarda ko‘p yuradiganlar Qarshi-Chim-Qamashi yo‘lida uchib ketayotgan bir “Matiz”ni har kuni bir necha marta ko‘rishsa, ajabmas. Ko‘pchilik uni yaxshi taniydi, hurmat qiladi. Boisi, u – juda serqirra odam. Ma’naviy tarbiya jabhasining deyarli barcha yo‘nalishlarida ishlagan.

Bir muddat menga ham viloyat gazetasi tahririyatida u bilan birga ishlash nasib etdi. Qisqa muddat ichida hamkasblar ichida “G‘oya” degan sharafli “laqab” orttirgandi bu g‘ayrioddiy, bir oz darveshona fe’lli kishi.

Ha, bu odam – sir-sinotlarga to‘la. Uzoq yillar avval adabiyot osmonida yulduzday yarq etib chaqnadiyu… yo‘qolib qoldi. Muxlislari hamon topolmay halak. Ha, aslida u shunaqa topilmas odam.
Xullas, arang “ushlab olgan” suhbatdoshimiz – voha ziyolilarining ilg‘or vakili, taniqli ijodkor, pedagog, noshir, ayni paytda “Qamashi haqiqati” gazetasi bosh muharriri Temirpo‘lat TILLAYEV.

O‘qituvchiligim:
Chimda Dostoyevskiy menga “uy qurib bergan”…

– Otam dehqon, chorvador odam edi. Yaxshigina tomorqasi, o‘nlab qoramoli, suruv-suruv qo‘yi bo‘lardi. Bir sutka – yigirma to‘rt soatda yigirma soat tinim bilmasdi. Mehnatining ortidan anchagina boy odam edi. Shunday odamning “bebosh” va “takasaltang” o‘g‘li – kamina “jiddiyroq” ish qurib qolganday mushtdayligidan kitobga mehr qo‘ydim. Buning uchun otamdan ko‘p dakki ham yeganman.

1981 yilda pedagogika institutini tamomlab, “Qashqadaryo haqiqati” gazetasi tahririyatiga ishga keldim. Esimda, salobatidan ot hurkadigan bosh muharrir, ustoz jurnalist Samad Qodirov “Hm-m-m, Poyon Ravshanov jo‘natgan bo‘lsa, korrekturaga qo‘ying”, – degandi.

Bir kuni lavozimi kattaroq hamksbimiz odatdagidek meni tushlik uchun somsa olib kelishga yubordi. Somsani keltirib, kattalarning gapiga quloq solib o‘tirsam, gazetchilar ham adabiyotga oshno emasmi, Odil Yoqubovning o‘sha paytlarda ancha mashhur bo‘lgan “Diyonat” romani xususida gapirishayapti. Mahmadonalik bilan gurngga aralashdim: “menimcha, bu asarda hayot haqiqati buzilgan”, – dedim bamaylixotir. Jurnalistlar hang-mang bo‘lib qolishdi. “Qanaqasiga?”, – dedi mas’ul kotibimiz allanechuk g‘azabnok ohangda. – Sen o‘zi Odil Yoqubov kimligini bilasanmi o‘zi?”. Men qaysarlik bilan gapimni o‘zimcha isbot etdim: “Otaqo‘ziday respublikaga mashhur rais birgina haydovchisining xatosi uchun sinib, qamalib ketaveradimi? Shu gapga birov ishonadimi?”.

Ha, yosh edim. Hali “tarvuz qo‘ltiqda” paytlarim, ancha xudbin va takabbur edim. O‘zimcha juda katta da’volar bilan yurardim.

Tahririyatda uch oycha ishlab, qishlog‘imga – Chimga ketib qoldim. O‘sha paytlar uzoq qishloqdan qatnab ishlash juda og‘ir edi. Maktabda boshqa dars topilmay, menga 1-sinfni berishdi. 3 oydan so‘nggina yuqori sinflarga dars beradigan bo‘ldim.

1982 yilda ijodga salgina moyilligi bor o‘quvchilarimni yig‘ib, “Zamonaviy suhbat” deb nomlangan adabiy to‘garak tashkil etdim. Maktabda dars ham, to‘garak mashg‘ulotlari ham tugardi hamki, o‘quvchilarimning uyiga ketgisi kelmasdi. “Zavuch”imiz “nega ketmaydi bular?” deb jig‘ibiyron bo‘lib yurardi. “Jonga tegdi, to‘garakni yopish kerak”, – deganlar ham bo‘ldi.

Bolalarga o‘zim kashf etgan hayratlar xususida to‘lqinlanib so‘zlab berardim. O‘sha yillari “Sharq yulduzi”, “Yoshlik”, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”da jahon klassisklarining asarlari tarjima qilinib bosila boshlandi. O‘quvchilarimga Aytmatov, Dostoyevskiy, Markes, Kamyu, Nisshe, Borxes, Kafka, Kartasar, Akutagava, Abe asarlari haqida gapirganimda ko‘zlari yonib, o‘zgacha hayrat og‘ushida tinglashardi meni. Hatto davomini so‘rab, uyimgacha kelishardi. Qishloqchilik, uyda loy-poyga unnab turgan mahalim birovi loy tepib, birovi loy uzatib, asarning davomini so‘rashardi. Adabiyotning sehrini qrang-a. Shuning uchun hamkasblarmiz “Temirpo‘latga Dostoyevskiy “uy qurib bergan”, – deb hazillashib yurishadi.

To‘garagimga saksondan oshiq a’zo yig‘ilgan mahallar ham bo‘lgan. Ayni paytda anchagina tanilib qolgan Baxtiyor Hazratqulov, Akbar Jonuzoq, Farog‘at Xudoyqulova, Yunus Bo‘riyev singari ko‘plab ijodkorlar Chimdagi mana shu to‘garak a’zosi bo‘lishgan.

Bir yili maktabimizda ulug‘ shoir Rauf Parfi bilan uchrashuv o‘tkazildi. Ko‘zga ko‘ringan mahalliy ijodkorlar ham bor. Nasiba Karimova degan o‘quvchim ularni hayratlantirib, shunday savol bergandi: “Frans Kafka “Evrilish” asarida insonni nima uchun hasharotga o‘xshatgan?”. Mehmonlar hayron bo‘lib qolishdi. Qamashining qishloq maktabidagi kichkinagina o‘quvchi qiz kimsan Kafkadan gapirib yotibdi, deyishgan bo‘lsa kerak-da. Mahalliy taniqli ijodkorlardan biri “Kafkani o‘qiganimiz yo‘q, bilmaymiz”, – dedi tan olib. Shunda Nasiba “Kafka “Tirikchilik insonni hasharotga aylantiradi” deb yozgan”, – deya o‘z savoliga o‘zi javob qaytargandi…

Yozuvchiligim:
“Shuhrat”im ibtidosi va…

– To‘g‘risini aytishim kerak, men yozuvchi, umuman, ijodkor sifatida bundan 28 yil avval ulug‘ adiblarimizdan biri aytgan e’tirof nufuzi bilan yuribman. Ozmi, ko‘pmi, shuhratimning ibtidosi ham shu e’tirof bo‘lgandi. Buning tarixi uzun…

1987 yilda “Yoshlik” jurnalining 8-sonida “Voris” deb nomlangan qissam chop etilgan edi. Shundan so‘ng mamlakatimizning turli burchaklarida yashayotgan kitobxonlardan ko‘plab maktublar oldim. “Mening hayotimni yozibsiz, o‘sha “voris” menman”, – deb yozgandi ulardan biri, surxondayolik Meyliqul ismli yigit. Asarda Chala va uning o‘g‘li obrazlari orqali aks ettirilgan johillikning ma’rifatga zug‘umi va mana shu zug‘um oqibatida kelib chiqqan isyon o‘qiguvchilarni anchayin sergaklantirgan bo‘lsa ajabmas.

1988 yilda markaziy matbuotda respublika yozuvchilar uyushmasi raisi Odil Yoqubovning “Karvon qo‘ng‘irog‘i” deb nomlangan maqolasi chop etilgandi. Adib 1987 yil sarhisobi xususidagi mazkur maqolasida yosh yozuvchilar ijodi haqida to‘xtalarkan, mening qissamga juda yuksak baho bergandi. Shu yili Yozuvchilar uyushmasida o‘tkazilgan sarhisob yig‘ilishida ham taniqli adiblar “Voris” haqida ancha iliq fikrlar bildirishdi.

Odil Yoqubov nufuzli odamlar orqali yo‘qlatgani bois u kishini izlab poytaxtga bordim. Uch marta borishimga qaramay, u kishi bilan uchrashish nasib etmadi. Aksiga olganday u goh deputat sifatida Moskvaga ketib qoladi, goh viloyatlardagi ijodiy uchrashuvlarga… E’tiroflar sabab poytaxtga ishga taklif etildim. Turmush tashvishlari oyoqdan tortdi. Enam kasal edi, ro‘zg‘or, turmush tashvishlari ko‘paygandi.

Baribir men bu bag‘rikeng yozuvchidan behad minnatdorman. Kamtarin ijodimni yuksak baholagani uchun…

1991 yilda “O‘lim o‘pqoni” asarim chop etildi. U tufayli ham katta e’tiroflarga sazovor bo‘ldim.

Noshirligim:
Yo‘qolgan va … o‘lmagan hayrat

– Keyin… Qarshida “Nasaf” nashriyoti ochildi. Ishga taklif etishdi. Qarshiga kelgach… hayratimni yo‘qotib qo‘ydim. Endi tashkil etilgan nashriyotni oyoqqa turg‘izish juda og‘ir kechdi. Ancha-muncha yaxshi asarlarni chop etdik. Shu bilan birga nashriyot qaddini ko‘tarish uchun birmuncha sayoz asarlarni ham chiqarishga to‘g‘ri keldi. Va … mening “kosib”chiligim, “ijodiy mardikorchiligim” ham shundan boshlandi…

Ammo So‘zga bo‘lgan hayratim yo‘qolmadi. Ijod qilishdan ko‘ra ko‘proq ijodni jiddiy o‘rganishga, dunyoni va o‘zimni anglashga kirishdim. Hamon shu… izlanishdaman. Jahon klassiklarini o‘qib yotibman. Gabriel Garsia Markesning mashhur “Oshkora qotillik qissasi” asarida Santyago Nasar ishini ko‘rayotgan tergovchining mana bu so‘zlarini qarang: “Meni ishontiring, e’tiqod sohibiga aylantiring … dunyoni o‘zgartirib yuboraman”. Mana. So‘zdagi hayrat…

Ayrim nashrlarda e’lon qilinayotgan “she’r”u “hikoya”lar ustida berilayotgan “kuzatish”larda quyidagi kabi kabi jumlalarga ko‘zingiz tushadi: “Falonchijonning qoralamalari (yoxud mashqlari” e’tiboringizga havola etilmoqda”. Tavba, deysiz. Hali “qoralama” yoki “mashq” bo‘lsa, uni e’lon qilish mumkinmi? Bu pishmagan oshni davraga tortish emasmi? O‘zi shundoq ham shunchaki kundalik yozsa ham gazetada chiqaradigan, kitob qilib bostiradigan shovvozlar ko‘payib ketdi…

Bularni bejizga eslamadim. O‘zimda ham qoralamayu mashqlar ko‘p. Ammo..

Necha yilki, jiddiyroq asar yozolganim yo‘q. Darvoqe, uch-to‘rt hikoyalar, “Qazo hukmi” degan qissa yozdim. Qissamda insonning ushalmas bolalikka qaytish orzusini talqin etishga harakat qildim. Katta ishlar taraddudidaman. Baribir men yaratadigan katta asarlar hali oldinda. Baribir ularni yozaman.

Jurnalistligim:
Oson emas ekan “bu maydon ichra…”

– Bir necha yil nashriyotda ishladim. Muharrir, direktor bo‘ldim. Noshirlik faoliyati bilan o‘n besh yil shug‘ullanganimdan so‘ng taqdir taqozosi bilan viloyatimizning bosh nashri “Qashqadaryo” gazetasida faoliyat olib borishimga to‘g‘ri keldi.

Dunyoda eng oson ishlardan biri nima deb so‘rasalar, ko‘pchilik “gazeta o‘qish” deb ham javob berishi tayin. Lekin shu “oson ish” ortida turgan cheksiz zahmatlarni tahririyatda ishlagan odamdan so‘rang; fig‘oni falakka chiqmasa ham “yelkasidan nafas olib”, miyig‘ida kulib qo‘yishi aniq. Harqalay bu “xushnud” tabassumda anchayin Sizning havasingizni keltiradigan faxr va g‘urur barobar, faqat uning o‘zigagina ma’lum bo‘lgan mashaqqatning og‘ir zalvori bor.

Rostini aytsam, o‘zim gazetachilikda ishlagunimga qadar men ham yuqoridagi kabi fikrdan yiroq emas edim. Nashriyotda bir asar ustida deyarli bir muharrir ish olib boradi. Qo‘lyozma tahririning savobi ham, uvoli ham uning zimmasida. Gazeta esa – ko‘pchilikning ishi. Ko‘p bo‘lganidan keyin ish ham oson bo‘ladi-da!

Lekin bu fikrning judayam bir yoqlama ekanligini gazeta tahririyatida ishlaganimda yurakdan his qildim. Harqalay noshirning mehnatidan jurnalistning zahmati ming bora og‘irroq ekanligini ko‘p bora boshimdan o‘tkazdim. El tanigan, ardoqlagan, e’tirof etgan jurnalist bo‘lish naqadar qiyinligini “Qashqadaryo” gazetasida ishlagan uch yillik faoliyatimda har kuni, har lahzada his qilganman. Buning uchun Xudo bergan bilim va iste’doddan tashqari yana juda katta iroda va mehnatsevarlik kerak ekanligini aytishim kerak.

Bugun nima ko‘p – gazeta ko‘p. Kuchi yetgan-yetmagan odam gazeta ochayapti. Ko‘rib turibmiz: yangi ochilgan gazeta nari borsa, o‘n sonini o‘zigsha xos zarb bilan chiqaradi. O‘n birinchi sondan viloyatimizning bosh nashri – “Qashqadaryo”ning ko‘z ilg‘ar-ilg‘amas nimsoyasiga aylana boshlaydi. “Qashqadaryo”da bir paytlar chiqqan katta-kichik maqolani bu gazeta sahifasida ko‘rib qolasiz. Agar bundan bir oz istihola qilsa, tayyorga ayyorlik yo‘liga o‘tib, “til-zabonsiz, shikva-shikoyatsiz” dastyor – internetga yopishadi. Qarabsizki, qiyofadan qiyofasizlikka, odamlarni ma’naviy boyitishdan ko‘ra ma’naviy qashshoqlantirishga xizmat qiladigan oldi-qochdi, fikrsizlik tafti lovullab turgan “ko‘pchilik sevdigan” nashrga aylanadi-qoladi.

…Sariq matbuot asoschilaridan biri, o‘tgan asrda matbuot kuchi bilan G‘arb dunyosini qaysidir ma’noda “zabt” eta olgan magnat jurnalist Uilyam Xyorstning shunday gapi bor: “Insonni hamisha o‘zining ibtidoiy xususiyatlari qiziqtiradi: 1) jonni saqlab qolish; 2) muhabbat va nasl qoldirish; 3) shuhratparastlik”. Mavzular tanlashda mana shu tamoyillarga tayangan Xyorst erishgan olamshumul yaxshi-yomon muvaffaqiyatlar kaliti ham shu.

Afsuski, bizdagi “sariqlashgan” matbuot va “xashaki” “bozor adabiyoti”ning mavzularini ham shular belgilayapti: qotilliklar, o‘g‘irliklar, janjallar, “o‘ldim-kuydim”, mashhurlarning shaxsiy hayoti…

Gazeta tahririyatida ishlaganimda jurnalist pozitsiyasini belgilashda o‘zimcha quyidagi qonuniyatlarni kashf etdim:

1. Davr shiddatkor. Jurnalist unga qanday moslashishi, uning savollariga javob bera olishi kerak? Avvalo mana shuni belgilab olishi kerak.

2. Jurnalistning ikkita burchi bor: avvalo u o‘zi atrofidagi jarayonning ishtirokchisi; so‘ng xuddi mana shu jarayonning tahlilchisi.

3. “Ommaviy madaniyat haqida ko‘p gapirayapmiz. Jurnalist bilib-bilmay uning targ‘ibotchisiga aylanib qolmasligi kerak. “Sho‘rvaning sho‘rvasi” bo‘lgan bu illat faqat yurish-turish, kiyinish, muomala, san’atdagina namoyon bo‘lib qolmaydi. Mohiyatga e’tiborni kuchaytirish zarur.

4. Eski tahlil uslubiga yangi libos kiydirmasdan, tahlilning mazmun va mohiyatini yangilash kerak.

5. Bir tomchi suvday bir-biriga o‘xshaydigan gazetalar odamlarning didini o‘tmaslashtirayapti. Viloyat gazetasida hamkasblarimiz yaxshi yozishdi: “koperovat-vstavit” qabilidagi birxillikdan voz kechish vaqti yetdi.

6. Har bir jurnalistda iste’dod, jasorat, madaniyat bo‘lishi shart. Kimdir o‘zida bu xislatlarni sezmasa, bu ko‘chaga yo‘lab ham o‘tirmasin.

7. Internet jurnalistikasini tubdan yangilash kerak. Ayrim saytlardagi “janjalkash xotinlar auditoriyasi”ni “fikrlar kutubxonasi”ga aylanishini istardim.

8. Jurnalistlar yagona axborot makoniga xizmat qilishi kerak. Bir voqeaga turlicha munosabat bo‘lgani holda umumiy maqsad mushtarak bo‘lganiga nima yetsin.

9. Ayrim hamkasblarimiz uslubidagi shunchaki quruq, balandparvoz va hissiz maddohlikdan keskin farqlanadigan, el va yurt manfaatlarini ifodalaydigan mohiyatning teran tahlili ustuvorligiga erishmog‘imiz zarur.

***

Ochig‘i, fikrlari hamisha o‘zigagina xos, hech kimnikiga o‘xshamagan bu ijodkor bilan musohabamiz ancha cho‘zilib ketishini ko‘nglim sezgandi. Haliyam ko‘p gaplar so‘ralib-so‘ralmay, aytilib-aytilmay, yozilib-yozilmay qoldi. Muhimi, bayram bahona bu ijodkor qalbiga oz bo‘lsa-da qo‘l solishga intildik…

Temirpo‘lat aka bir oz kamtarlik qilib, boshqa qirralari haqida to‘xtalmadi. Ko‘pchilik bilib-bilmagan ayrim “sir”larini ochsam. U – usta dehqon. Tomorqasidagi issiqxonasida limon yetishtiradi. Ijodkor hamkasblarini ham kaftdek yerda katta daromad olishga undab, bu borada o‘z maslahatlarini ulardan ayamaydi. U – yaxshigina tadbirkor. Tadbirkorki, yana faoliyati ma’rifat ziyosi bilan uyg‘un. Ya’ni uning tuman markazida kitob do‘koni bor. (Darvoqe, uning qaysidir yili viloyat gazetasida e’lon qilingan “Men kitobparastmanmi, kitobxo‘rmanmi yo kitobxonmanmi?!” sarlavhali maqolasi anchagina e’tiroflarga sazovor bo‘lgandi). U – kattagina va biz – jurnalistlarning “shtamp” iboramiz bilan aytganda, ibratli oila sohibi. Hayotda o‘z yo‘lini topib ketgan farzandlaridan biri, “Oltin qalam” xalqaro tanlovi sovrindori Nazarali Tillayev ayni paytda poytaxtda ijod qilayapti, “Madaniyat va ma’rifat” telekanali katta muharriri…

Temirpo‘lat Tillayev – hamon yo‘lda. Ijod sinoatini, O‘zlikni, Mohiyatni va Dunyoni anglash yo‘lida…

Nuriddin EGAMOV suhbatlashdi

Temirpo’lat Tillayev. Voris. Qissa

001

(Tashriflar: umumiy 669, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ооо, устоз Темирпўлат Тиллаев! Ооо, « Ворис »!!!
    « Ворис » ни мен мактаб даврларимда илк марта ўқиган эдим. Дийдам тўлиб, дийдам тўлиб ўқиган эдим… Кейинчалик устознинг бир-бирига ўхшамайдиган «Чох », «Қияликдаги одам », « Қўёш сояси » каби асарларини ҳам ўқиб чиқдим, у асарлар « Ворис » дан кўра уткирроқ, мураккаб асар эканлигини ҳам биламан, аммо улар менга « Ворис » қадар қадрдон бўла олмайди…

  2. Ассалому алайкум, устоз Хуршид Даврон! Ўзини «эсидан чиқариб қўйган» Темурпўлат Тиллаевдай катта истеъдод эгасини қайта уйғотдингиз. Ишонамизки, бу тез орада ўзининг ижоб(д)ий
    натижасини беради… Катта раҳмат!

Izoh qoldiring