Husnora Ro’zmatova. Shikasta ma’buda. Novella

05   Таниқли адиб Назар Эшонқул тавсияси билан эълон қилинаётган  Ҳуснора Рўзматованинг “Шикаста маъбуда” новелласи ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзининг экзистенцилача руҳи билан кишини бирлан ўзига жалб қилади. Новелла тўлалигича борлиқни экзистенциалистик қабул қилиш, англаш, хаос ва бўшлиқда ўз мавжудлигини излаш ҳақида. Аммо бу излаш ўқиб ўрганиш ёки бошқа бадиий таъсирлар асорати сифтида эмас, балки қаҳрамоннинг инсон ва борлиқни англаш тарзи сифатида намоён бўладики, ана шу жиҳати билан новеллани нафақат ёшлар ижодида, балки миллий насрда ҳам интеллектуал йўналишдаги мувваффақиятли асарлардан бири деб баҳолаш мумкин.

Ҳуснора Рўзматова
ШИКАСТА МАЪБУДА
Новелла
01

Инсонда мутлоқ руҳнинг сири бор.
Фаридиддин Аттор

04Руҳий касаллар шифохонасида бу ердагилар учун таниш ва одатий ҳол бўлиб қолган йиғи товуши эшитилди. У гоҳ тиниб, гоҳ йўлак бўйлаб жойлашган беморлар хоналарини ҳам ларзага солиб ўкирар, уввос соларди. Бу йиғи «соғлар» учун чинакамига телбалик аломати бўлса, «жиннилар» учун бутун бошли маросим, айниқса, узоқ йиғидан кейин қаҳ-қаҳ отиб бошланадиган кулгуга баьзи телбалар жўр бўлишар ва томоша эгаси атрофига тўпланиб олишарди, чунки улар учун аллақачон қадрдонга айланган нотаниш «томошачи» нафақат йиғлаб-сиқтар, балки, ҳар айтилганда мароқ билан тингланадиган ҳикоясини айтиб берарди.

У, нури сўниб қолган фаришта мисол сочлари ёйиғлик, ёш тўкаверганидан кўзлари қизариб, шишиб кетган, бетартиб ётоғида тиззасини қучоқлаб ўтирган ўн тўққиз ёшли қиз.Унинг кўзларидан кулганида ҳам тинимсиз ёш қуйилиб, тиззасини бекитиб турган кўйлак этаги ва билакларини хўл қилиб юборганди. У кўп гапирмас, ҳамширалардан ухлатиб қўйгучи дори беришларини сўраб ўтинарди. Унинг атрофига тўпланганларга сўзлайдиган ҳикоясини тушида кўрадими ёки узи ўйлаб топган хаёлотми, буни билиб бўлмасди. Шуниси аниқки, бу аҳволга тушгандан буён хотиржам, тинч, ухлолмасди. Ҳар сафар ёнига тўпланганларга: «Тушимда уни яна кўрдим», дея ҳикоясини бошларди…

«…У Сена дарёси устидаги Саньатлар кўприги зинасидан аста кўтарилиб келарди. Эгнига мен совға қилган қора ялтироқ кўйлакни кийиб олибди. Кўйлагининг узун этагини ёмғирда лой бўлмасин дея бир қўлида тутиб олган, енги йўқ, елкаси очик кўйлак устидан қоп-қора енгил ёпинчиқ боғлаб олган. Шамол аралаш ёғаётган ёмғирда салгина боғланган ёпинчиғи боғичи ечилиб, ҳўл бўлган баданига ёпишиб, этаги шамолда ўйнарди. Зинадан кўтарилиб бўлиб этагини қўйиб юборди.У кўприк устида аста чайқалиб юрарди. Иўқ! Бу асло мастлик аломати эмасди. Унинг руҳи енгил ва хотиржам, бу чайқалиш эса эркнинг сурури эди. Ўлимга кетаётган бўлса-да, унинг юзида асло ўлим шарпаси йўк, аксинча, у жуда гўзал эди. Кечирган умри давомида бор гўзаллигини шу кунга атагандек, яна тунги Париж кўчасининг чироқлари ёруғида либоси ялтираб, кўприкнинг тош ери сувида чироқ нуридан товланишига қўшилиб кетган. Унинг юзига ёмғир урилар, тепага кўтариб йиғилиб ҳўл бўлган сочларидан сув томарди. Кўприк ярмигача юриб тўхтади ва оқаётган Сенани томоша қилиб турди. У на иккиланаётган ва на ўлим қўрқувидан даҳшатга тушиб қолганди. Йўқ! У машшоқларни кутаётганди. Ниҳоят тўрт машшоқ қўлида асбоблари билан келишди. Улардан қалин ипдан тўқилган узун боғичи бор халтада тош ҳам сўраганди. Тош сувга ўзини ташлаганда жон ширинидан ўзини қутқаришга уриниши эҳтимолидан хавфсираганидан эмас , йўқ! Тош жасади сув юзига қалқиб чиқиб қолмаслиги учун эди. Тошни оёғига боғлар экан: «Шундай куй чалингки, у ёмғир товушига қўшилиб кетсин. Қулоқларим куйдан кар бўлиб, етмиш икки томирим бўйлаб оқаётган қонимда сидирилиб бутун вужудимни эгалласин.Ўзимни сувга ташлаганимдан кейин ҳам чалишдан тўхтаманг. Жоним чиқаётганда ҳам куй эшитилиб турсин.Тонг ёришиб, ёмғир тингунича чалинг, то руҳим куй устида сузсин!..», деди, аммо уларнинг кўзига қарамади, буни истамади.Чунки уларнинг айни вақтда унга ачиниш ва даҳшат билан қарашлари табиий эди. Бу ихтиёрий ўлим на тушкунлик ва на даҳшат эди. Унда буюклик бор эди! У, ўзи олий ҳукмни ўқиб, ажал фариштаси вазифасини ҳам ўзи бажарарди. У «ҳаёт» деб номланган саҳнада рол ўйнаш учун асар ва шерик қаҳрамонлар топа олмай саҳнани номаьлум, кўринмас, туман билан қопланган маконга тарк этаётган актрисага ўхшайди. Ҳа! Бу тўғри ҳукм эди. Ҳар томонингдан «рол ижро эт, жим турма», дея ҳайқириб туришсада, у, рол топа олмаса, бир ҳамдард, сўзлаганда тилингга тушунадиган ҳамсуҳбат топилмаса. Бу саҳнада нима қилади ! Энг маьқули уни тарк этиш! Ҳа, тарк этиш!!! У осмонга қаради. Қоронғу, тунд, юлдузсиз осмон ёмғирга қўшилиб, ерга тушиб Сена билан оқиб кетаётгандек, яқин, қўл чўзса етадигандек эди. Авваллари кундуз куни турли шаклли булутларга осилиб олиб осмонга чиқиб кетишни истар, аммо қўли етмасди.Энди эса у жуда яқин, лекин осилиб олгани булут кўринмайди. Ва кеч! Ҳожат йўқ!..

У оёғига боғланган тош билан қийналиб, базўр кўприкнинг четки тўсиғи устига чиқиб олди ва мавжланиб оқаётган сувга ўзини ташлади!..»

Қиз ҳикоясини тугатиб ўша, машшоқлар чалган оҳангни куйлади. Унга жўр бўлганлар ҳам пайдо бўлиб, куй бузилди.

— Куйнинг номи нима ? У кимники? — деди хаёлидан «ақлли жинни» деган фикрни ўтказган ҳамшира. Юзидаги ёш қуриб, уни изи қолган қиз ҳамширанинг гап оҳангидан хаёлида кечган фикрни уқиб олиб, атайлаб, телбанамо қиёфага кириб жилмайди. У зоҳиран жилмайиш бўлса-да, бу қиёфадан аянч, ғазаб ва даҳшат уқиларди.

— Билмайман! Менимча у Сальериники. Сиз уни биласизми? У Моцартни ўлдирган. Мен Моцартдан кўра уни кўпроқ севаман. У сарой бастакори бўлган. Қандай ўлдиргани фақатгина худога аён. Лекин бу куй ўшанда, Моцартнинг жонига қасд қилиши билан истеьдодини, ўзини ўлдираётган онда яратилган. Бу қотилликни ҳасад ёки бошқа манфаатдан, деб ўйлайсизми!? Иўқ, асло! У- исён эди! Худодан чин, буюк истеьдод сўраб, эвазига пок қалбини тортиқ килган , лекин, тилагига, бутун оламни қулоққа айлантириб қўядиган истеьдодга эриша олмаган, милтиллаб ёниб турган шаъмга ўхшайдиган, бир пуфласа ўчиб қоладиган «чала истеьдод» берилгани учун яратганга исён эди бу! Балки, у Моцартни севарди!? Кейин у телба бўлиб қолди, худди мен каби. Бизни ўхшаш томонимиз бор — ихтиёрсиз қотиллик! Қурбонингдан нафратланиб эмас, уни севиб туриб ўлдириш,- деб қиз қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Кулгуси қиёфаси каби аянчли эди. Бошини чангаллаганча:

— Даф бўлинг! Кўзимга кўринманг, — деб қичқирди, сўнг хонани тарк этганларга ичкаридан яна ўша аянчли , эшитгучи одамни бўғзини хиппа бўғадиган ва этни аллақандай титроққа соладиган йиғи эшитилди.

Қиз ёстиғи остидан бир китобни олди. Унинг орасида хатлар бор эди. Бу китоб Оноре де Бальзакнинг «Муҳаббат тилсими» асари бўлиб, китоб устида роман қахрамони Рафаэльнинг ўзини сувга ташламоқчи бўлаётгани тасвирланган суратига қиз аллақанча вақт тикилиб қолди. Балки, суратдаги йигит ўрнига ҳикоясидаги ўша қизни қўйиб кўраётгандир? «Ҳикоясидаги қиз унинг ўзи», деб ўйлаяпсизми? Янглишдингиз. У кимлигини «… соф иймонингизни кўриниши бўлган бир томчи кўз ёш берсангиз кейин айтаман»,- бу тушунарсиз, мавҳум, аммо қизиқ бўлган ҳатти-ҳаракатига изоҳ сўраганларга унинг берадиган жавоби эди. Кўз ёши нима учун кераклигини сўрашса, «Ичаман, яшаш учун», деб жавоб берарди. Унинг аянчли йиғисида ҳам , даҳшатли кулгусида ҳам тўкаётган кўз ёшларини иймонининг кўриниши эмас, деб ўйлайсизми? Унда ким жонига қасд қилган қурбонининг ўлим саҳнасини тантана билан безайди, унга гўзал либос кийгизади ва унинг ҳалок бўлаётган руҳини юксакликларга элтгувчи, аллаловчи куйларни бағишлайди, ким бировнинг ороми учун ўзига абадий дўзах эшикларини очиб, пешонасига «гуноҳкор», деган қисматни ўз қўли билан ёзишга жазм қила олади ? Ким юрагининг чок-чокидан ситилганидаги оғрикдек қийноқлар билан кўз ёши тўка олади? Ким шундай қила олади?! Қаҳрамонимиз уни нотаниш Қ … шаҳрчасига борганида даштда кўрган. У ҳақиқий исмини айтишни истамай ўзини «Ремедиос» , деб таништирганда қаҳрамонимиз «Унда мен Урсула бўлақоламан», деди. Асли, қаҳрамонимизнинг исми Моҳида эди. Яна у «Нега амалиёт учун уйингдан узоқ бўлган овлоққа келдинг?» деб савол берганда Моҳида: « Ҳаммасидан қочиш учун», деди. Ремедиос : Сен ўз-ўзингдан қочиш йўлини биласанми? Шундай қилаоласанми? Моҳида: Узоқ ва нотаниш ерга ўзингдан қочиш истагида келасан, аммо унга бундай қилиб эришиб бўлмайди. Лекин бундай кенгликлар сенга иссикдан қийналган одамни шабададан ҳузурланганидек роҳат беради…

Моҳиданинг ўзини «Урсуламан», дея таништиргандаги оҳанги, кулганда қисилиб, чақнаб кетган кўзларидан Ремедиос арзандаси Маркесни у ҳам севиб ўқиганини англади, Моҳидани яхши кўриб қолди ва иккови ҳам истакларидаги бундай ўхшашлик, бу қисқагина суҳбат икки инсоннинг қалбан яқин бўлиб кетиши учун қанча вақт керак бўлса , ана шу вақтни ортга суриб ташлаганди. Ремедиос от етаклаган эди. Улар отга миниб даштни айланишди, кўп нарсалар, айниқса, ўқиган китобларидаги қаҳрамонлар ҳақида гаплашишиб дарахт соясида ўтиришди…

Ремедиос беш йил Моҳида яшайдиган М…шаҳридаги лицейда ўқиганлигини айтди.

— У ерни соғинсанг керак? — деди Моҳида.

— Йўқ. У ерни ёмон кўраман, — деди. Унинг бояги қувноқ нигоҳидан асар ҳам қолмади. Қўнғир тусли, узун, битта қилиб ўрилган сочининг пешонасидаги калта, сийрак толалари дашт шамолида ўйнаб турар, нигоҳи ўйчан ва маъюс тортганди.

— У ер менинг ўзлигимни ўлдирган. Фақатгина миямга аллақандай ақлларни жойлаб заҳарлаган. Мени ўзлигимни эсимдан чиқариб юборадиган даражада телба қилган. Онамни айтишича, болалигимда кенг даштимизда қўрқмасдан узоқларга ҳам кетиб қолаверар, ҳеч кимга қўшилмасдан бир ўзим хаёл суриб юраверарканман. Баҳорда бўйимдек баланд ўтлар орасига кириб олиб, юраверар, оёқ кийимимни ўша ерда қолдириб кетаверарканман, кейин онам анча вақт ўтгандан кейин топиб оларкан…

Ҳозир эса ўшандек ёлғиз, ўзим билан қолиб, хаёл суролмайман, ҳеч нималар ҳақида ўйлашни истамайман, жуда чарчаб қоламан. Қуввати тугаб тўхтаб қолган соатдек ўйлашдан, фикрлашдан тўхтасам дейман.Чунки бу, фикр-ўйлар ўша « ақллар» билан заҳарланиб бўлган. Хотирамни йўқотиб қўйишни қанчалар исташимни тасаввур ҳам қилолмайсан.

Мен қариб бораяпман… -деб иякларини қалтироқ босиб, кўзи ёшга тўлиб хиралашди.

Моҳида унинг кўзида англаёлмаётгани нимадир борлигини сезиб , лекин у нималигини тушунолмаётганди. «Ҳа, унинг кўзларидаги ўша нимарса қариш эди!»

-Ўша ақл қаритяптими сени?

-Ҳа! -деб бақирди Ремедиос,-асли, фақат ақл эмас. Мен лицейни ёмон кўраман.Чунки, уни ўша ерда учратганман- «Уни», деган сўз қалтироқ билан чиқди, — «у» кўксимга ўрнашиб олгандан бери мендан кенглик, ҳаво сўрайди, нафасим бўғилади, ичим галаён кўтаради, кўксимни муштлайверади…Қочиб кетгим келади, лекин қаерга? Буни билмайман. Уни унутишни истайман, уни, лицейни, ақлимни…

— Кейин нима билан қоласан?
— Узим билан.
— «Ўзинг»да нима бор?

— Уфф! Менинг ўз ҳаётим бор. Уни ҳисобламасликка, йўқ қилишга нима ҳақларинг бор!?

— Сен нимани яхши кўрасан?
— Улар кўп.

— Хаёлингга биринчи бўлиб келганини айт.
— Ёмгирни.

— Нега?
— Тўйиб йиғлагим келяпти, ёмгир ёгса, истаганимдек йиглай оламан.

— Кўрдингми?! У бўлмаганида бундай демаган, ёмгирни бунинг учун яхши кўрмаган бўлардинг. Ёмгир ҳам, ўша «ўзинг» ҳам кимёдан иборат бўлиб қоларди.

— Қаердан биласан, ўзлигимни маьнисиз, ҳеч қандай ҳис- туйғусиз деб ўйлайсанми?

— Унда нима бор?

— Ҳозир билмайман, эслолмайман , ҳаммасини унутсамгина, кейин ўзимга қайта оламан.

— Йўқ. Ақлингни нима қилсанг қилавер, ўзлигингни, менлигингни унут, йўқ қил, фақат кўксинг колсин. Чақалоғини бағрига олиб эркалайдиган онадек севгингни эркала. Факатгина у яшасин. Шундай кенглик, қишлоқ жой етмайдими сенга?- дея икки ёнига даштни кўрсатиб, қараб қуйди.

— Бу осон деб ўйлайсанми? Аввало, мен даштда яшамайман. Жамиятнинг бир бўлаги бўлган оилада яшайман , ота-онам бор, мажбуриятлар, уларнинг хоҳишига бўйсуниш… Сен қишлоқнинг одамлари шаҳардагидек схема, қолипларга солинган, умри бепоён ерни кичиккина нуқтасига ўрнашиб олиб торгина йўлакларда оёқларига қонун-қоида, мажбурият тошини боғлаб олиб, пул топиш учун елиб-югурадиган , кўнгиллари арзимаган тинғир-тинғир билангина мамнун бўладиган , ўзларини, дунёни илм зиёси билан ёритаётгандек кўрсатиб, асли, уни кун кечириш манбаи , обрў- эътибор, машхурлик топиш чорасига айлантираётган одамлардан эмас, бундай одамлар қишлоқда яшамайди, деб ўйлайсанми? Биз бир осмон остида яшаймиз, бир ҳаводан нафас оламиз.

— Ҳа, оқим четида ўзга ирмоқ бўлиш ёки инсонни муқаддас ҳисобланган эрки учун йўлга отланса, унинг учун яна муқаддас бўлган ота-она , оила деганлари оёгингни боғлайди, ўзларини оёғи кишанланганлиги етмагандек бир-бировиникини ҳам боглайди…

Моҳида китоб орасидаги хатлардан бирини олиб ўқиди. Булар уларнинг учрашувидан кейин бир-бирига жўнатишган хатлар эди.

«Аввал бирон кундалик тутиб, сенга ёзмоқчи, кейин тўлганидан сўнг жўнатмоқчи эдим. Лекин дафтар тўлгунича ёзганларимни ҳали ўқимаган бўлишинг, додларим ўзим билан қолиб кетиши, сенга ҳали етиб бормаслигини ўйлаб тутоқиб кетяпман, яхшиси, хат қилиб жўната қолганим маьқул, дедим. Биринчи маротабагина кўрган одамингга ҳасратларингни тўкиб солиш ғалати, бемаънилик бўлиб туюлаётган бўлса керак, балки, янглишаётгандирман , чунки сен ҳам мендан руҳингдаги тушкунлик, норозилик ва исён кўтариш истакларингни яширмаган эдинг. Сенга ишонгим келди. Кўп йиллик «қадрдонларим»дан бирон кўнглимга яқин зотни тополмаганимдан кейин сенга ишонишни истадим. Мени ҳеч қачон алдама. Алдасанг ҳам ўтинаман, менга билдирмай алда, алданаётганимни зинҳор билмайин. Алданганимни сезиб қолсам мен тўкилиб тушаман. Худди, кафтингда қум бор, унинг устида ҳар оёқ босиб юрганингда кафтингдан тўкиладиган қумдек тўкилиб тушаман.

Сенга ягона овунчоғим китоб эканлигини айтгандим-а?

Жек Лондонни севишим, у мен устида сузадиган куйлар ҳақида ёзишини айтгандим. Унинг китобларини нега яшириб, йўқотиб ташламадинг, дегандинг. Ўнтадан тўққизтаси уни тушунмасаям, қолган биттанинг меҳри, ҳаяжони уни ўша юксакликка кўтаради. Ана шу биттани кашф қилиш учун китоб пештахталарда тургани маькул.

Мусофир бўлган одам мусулмон бўлаверса, мен икки карра мусулмон эканман. Аввал мусофирликда тентираб юрдим, М. энди телба ошиқнинг кўнглида асраб сиғинадиган севгилисининг исмидек ҳароратли сузга айланди. Мен яқин орада лицейимга бораман. Бу гапим сени унчалик ҳам ҳайратга солмаётган бўлса керак.Чунки, ўшанда лицейимни ёмон кўраман, деганимда ёлғон гапираётганимни билиб турсанг ҳам ўзингни гапимга ишонаётгандек тутгандинг. Мен сени алдаш орқали асли ўзимни шунга ишонтирмоқчи бўлаётганимга билиб турсанг ҳам халақит бермагандинг. Сендан миннатдорман!

Ўшанда, «сен эркинг ўз қўлингда бўлмаслиги қанчалар даҳшат, ачинарли эканлигини, бу одамга қанчалар азоб беришини сен тушунмайсан, сен билмайсан», деб додлаганимда елкамга қўлингни қўйиб, кулиб «бу кечинмаларни жуда яхши биламан» деган қиёфанг кўз олдимдан кетмаяпти.
Сенга ёрдам бера оламанми, йўқми, буни билмайман. Сендан ёрдам ҳам кутмайман. Фақат Моҳидам бор эканлигини билиб тураман, шуни ўзи етади.Шоир айтганидек, «.. .ўстириб соқол, Россияни дайдиб кезарман…» Ўғил бола бўлганимда «ё дўст, ё оллоҳ», деб маҳшаргача дарвиш бўлиб кетардим… Сен билан йўлларда кўришиб қолсам, бир томчи кўз ёшини чин дилдан, қалбдан тортиқ қилардим…

Яшаш нима? Севиш, севилиш, ўпкангни тўлдириб эркин, хотиржам нафас олиш ва юрагинг тўкилиб тушгунча тўйиб йиғлаш…

Сенинг Гўзал Ремедиосинг
3.о5….йил.»

У Ремедиоснинг биринчи хатидан кейин М. шаҳрига келгани ва унинг лицейига бирга боришганини эслади. Ўшанда улар дарс ўтилаётган барча хоналарга бош суқиб чиқишди. У энг охирги қатор, деразани олдида ўтирганлиги ўша деразадан кўриниб турадиган толга қараб беш йил баҳор келганини билишини айтганди. У билан бирга ўқиётган ўқувчиларга жиндек рашки ва кўпроқ ҳаваси келаётганини билиш қийин эмасди. Ўшанда, бирдан ёмғир ёғиб, шаррослаб қуйиб юборган, Ремедиос эса лицей ҳовлиси ўртасида ўтириб олиб уввос солиб йиғлаганди…

« Сен инсон муҳитнинг қурбони эканлигини биласанми?

Ўзимни борган сари «қурбон бўлиб бораётганим»ни ҳис қилиб турибман. Балки, ер юзида кўпчилик одамлар англамай, аллақандай оғриқ билан қурбон бўла борса керак. Мен, оёғим «ерда» — муҳитда бўлган ҳолда ўз хаёлотимда кезишга кўп тиришдим аммо, эплай олмаяпман. Бу муҳитда менга на маьнан ва на жисмонан зарар берадиган ҳеч нарса йўқ. Мангу сокинлик бор. Бу сокинликда мен қимирлай олмай қоламан, сокинлик оёқ-қўлимни боғлаб, ичимдаги нимарсани исён кўтаришга қўймайди. Ўзимни қаерга отишни билмайман, сокинлик доирасидан чиқиб кетишга кучим етмайди. Кейин бу сокинликни «ёвузлик», деб атаб, унга чап бериб, унда сузиб, устидан кулиб, алдаб «унга ён беришга» ўзидан-ўзи, ҳеч ўйланмасдан киришиб кетаман. Атрофимдагиларга қўшилиб ҳузур бағишловчи ғийбатлар қиламан, мен учун бемаьнилик, арзимаган бўлган уларнинг фожеаларига ҳамдардлик билдираман, ўткир ёлғон(асли уни остида мени ҳақиқатим ётади) тўқийман…ва ўзимга «мен ёвуз жодугарман» дея изоҳ бериб, муҳитни устидан тантана қилган бўламан-у, ичимдан теран руҳим «қанчалар ачинарли, бечораҳолсан» дейди. Бу «ёвузлигим» охири умримни эговлаб, ўзимни адо-ю тамом қилишини билиб тураман. Балки, ёвузлик мана шу “қурбонлик”дан тугилгандир? Жуда чарчадим! Кўнгилда ҳузур йўк. Кўнглим учун яхши муҳит яратишга интиламан, аммо кўнглим ҳаловат топмайди. Қачон еб битирамана шу кўнгилни? Кейин нима қолади?! Менимча, ҳеч ким ёлғиз қолишни истамайди. “Ёлғиз қолишни истайман” деганида ҳам, асли, ўзи билан ўзи қолишни истаган бўлади. Унда ҳам якка инсон эмас, яна қандайдир нарсалар ва ичидаги нимарсаси билан қолиши мумкин. Мен ёлғизман, ҳаракатланишни, рол ўйнашни истайман. Шундай замон, макон ва одамлар бўлсинки, мен ундаги фожеадан чинакамига қайғуга тушайин, бахтдан юксакликларга кўтарилай, ундаги ғалаба, мағлубият, ғурур, ўч, севги сурури чинакамига бўлсин. Уларда жунсиз қўғирчоқ бўлиб эмас, чинакамига яшашни истайман…Моҳида, 29.5…йил”
“Сен мени одамларни севмайди деб ўйлайсанми? Йўқ! Мен инсонни унинг ичидаги руҳи, имони, кўнгли, виждони, ақлисиз, қуруқ кимёдан иборат “одамлиги”ни ҳам яшаш учун арзийди дейман. Агар оллоҳ одамни фақатгина кимёдан иборат қилиб, унга руҳ бағишламасдан яратганида у борлиқда бешинчи унсур бўлган бўларди.

Худо инсонга “мутлақ гавҳар”нинг сирини — ўзининг сирини жойлаб, иймон, севги, акл каби биз билган ва билмаган нимарсаларни кашф ва фош қилароқ ердан кўтарилиб, унинг ўзига қайтишимиз учун руҳдан қанот берган.

Биласанми, У ерни бекорга думалоқ шаклда яратмаган. Ернинг бир нуқтасидан йўлга чиқиб, айланиб, яна ўша нуқтага келиб қоласан. Бошқа йўл йўқ, фақатгина ердан кўтарилиб, осмонга учиб кетиш бор. Агар У ерни бошқа шаклда, тўртбурчакми, учбукрчакми қилиб яратганида менга ўхшаб, қочиб кетишни истаб, аммо, қаерга эканлигини билмай, тополмай, иложсиз қолган ожиз бандалари ернинг қирғогига бориб, ўтириб олган бўлар, адашиб кетган, асло ўзига қайтиб келмаган бўларди….

Атрофимда ердан кўтарилиб кетиш учун қанотлари жуда калта, нимжон, ҳатто, кесиб ташланган одамларни кўряпман. Уларга ачинаман, ҳам ғазабим келади. Уларнинг ясама, нимжон, бўғилиб қолган қалблари севиб, севгиси билан кўтарилишга қодир эмас. Уларнинг руҳи шунчалик кичрайиб боряптики, торгина ер ва арзимаган кўнгилхушлик, ясама гўзалликлар билан мамнун бўлаверишади. Яна улар бир- бирларига, ҳатто, ўзларига ҳам ишонишмайди, хафвсирашади, шунинг учун “қонун- қоида” қолипига кириб олишади. Йўқ, улар унчалик ҳам ачинарли аҳволда эмас. Улар юксак ақл соҳиблари бор. Инсоният яратилгандан буён камол топиб, безалиб келган қадрятлари бор. Бироқ, бу онлар улар умрининг оз, жуда оз лаҳзаларидагина содир бўлади. Умрларининг қолган қисмини эса мана шу лаҳзалар бўйнига осишади, “шу лаҳзалар учун яшаймиз”, дейишади. Улар билан фақатгина, ўша лаҳзаларидагина бирга бўлсам, уларни севсам дейман. Қолган қисмларга эса мен дош беролмайман, бўғиламан…
Оллоҳ мени севгувчи қилиб яратган! Мен севишни истайман. Бунинг учун эркимни ўз қўлимга олиб, турган еримдан ўнг ёки чапни танлаб, йўлга чиқишим керак. Инсонларнинг бир лаҳзасидан иккинчисига сакраб, қўниб юраман, улар билан асло, кўпроқ вақт бирга бўлмайман, лаҳзалардан қолган қисмида қолиб кетишим мумкин эмас, бунга йўл қўймайман.

Худонинг бандалари орқали яратган чинакамига фожиасида чин дилдан кўз ёш тўкаман, бахтини учратиб қолсам ундан масрур бўламан, гўзалликларига мафтун бўлиб, севиб, ошиқ бўла бораман, чунки яратган мени илоҳий ҳаяжонлар билан сийлайди. Оҳ! Агар инсон умрининг ҳар бир лаҳзаси илоҳий ҳаяжонлар билан, оллоҳ яратугларига махлиё бўлиб ўтса, парвоз қилиб, ердан кўкка — унинг қошига кўтарилиш учун капалакникидек қисқа умр етармикан ёки бу ҳам кўплик қиладими? Балки, хозир, инсоннинг яшайдиган ўртача умридан-да узоқ вақт бўлар? Бундай деяётганимга сабаб, у мен тасаввур қилаётганимдан-да юксакроққа чорлар. Мен ҳали ҳам ўша лаҳзаларнинг бўйнига илинган оралиқда қолиб кетган, ҳиссиз замон ва маконда судралиб юрганимни, ҳали йўлга чиқмаганлигимни, балки, чиқаолмаслигимни ўйласам даҳшатга тушиб кетаман. Чала бўғизланганидан хириллаб ётган кимсадек ўзимни тезроқ тинчитишни истайман.

Яратганга “оёқ-қўлимни боғлаб қўйган экансан, нега унда бундай истакни, севгига, ҳаяжонга ташналикни ичимга солдинг, сокинлигимда, муҳитда эврилиб борсам, ҳам майлига эди”,-дея додлайман. Менга бирон юпанч сўз тополмаган бўлсанг-да, аҳволинг ҳақида ёзгин… Моҳида, 19.6,.. йил”

“… Сен нимасан, айтайми?! Сен парвонасан! Сен кетмоқ истайсану, кетолмайсан. Чироқни айланаверасан. Чироқ сен билан кетолмаслигини билиб турасан. Ўша сенсан, парвон чироқни ташлаб кетолмайди, чироққа тутушган симлари бор-ку, сен ўшасан, симлар ҳам чироқни ташлаб кетолмайди, ташлаб кетса чироқлиги қолмайди, ёнмайди, нур бўлмайди, ёнмаса у чироқ бўлмайди. … Булар сен билан кетишни истамагани учун эмас, шундай яшашга маҳкум қилингани учун сен билан кетолмайди. Кейин, сен ўзингни чироққа урасан-да, қанотларинг куйиб, алангдан астаа…

Яҳшиси,сен чироққа ўзингни урма, ҳеч қаерга кетма ҳам. Оралиғда, ўз куйингга монанд рақсга туш. Хўпми?! Бировларга яхшилик қил. Баргдай титраётган юракларни кўрганингда бефарқ ўтиб кетма, йиғлай ол! Яхши сўзнинг гадоларидан( у ёлғон бўлсаям) ширин сўзингни аяма. Мени тушкун, ожиз қиёфам кўз олдингда қотиб қолмасин.

Мен улгурмадим, сен кечикма!.. Мен ортиқ бахтни изламайман. Мен роҳатланишни, лаззатни ҳохлайман. (бу бекорчи яшашнинг моҳиятини билишда) Мен энди бахтнинг тузоғига илинмайман.

Мен нега бекорчи қолишни ёмон кўраман. Айтайми?! Агар бўш бўлиб қолсам, вақт ўтмаётганини сезиб қоламан, кўриб, билиб тураман ва бунга асабларим дош бермайди, ҳеч нарсага улгурмаётганим эсимга тушиб, тутай бошлайман. Атроф-муҳит, одамлар, ўзим, жамият, дин, кеча, бугун, эрта ҳақида ўйлашга, уларга қарашга тўғри келади ва бу менга ҳечам ёқмайди. Қувватим тугаб қолади, гавдам шилқ этиб тушади ва қозоннинг ичига тушиб қолгандай бўғила бошлайман, кейин бундан қутилиш учун ё кучли ташқи таьсир ёки мустаҳкам ва ишончли ички таьсир керак, аммо, икковиям келиши қийин унсурлар. Мен жуда сабрсизман-да, ўз соҳасини топган, эндиликда кечаю кундуз шу ишига бандиларга қарайман-да, астойдил додлайман: мен-чи?! Биламан, улар ҳам менга ўхшаб, ўхшаб бўлмасаям, мени ёшимда мен каби бўлишган. Буни билиб туриб додлайман, сабрсизлик қиламан. Барибир ҳеч нарсага эришмай, ожизлигимча қоламан ва сабрлига ўхшаб жим ўтиришдан бошқа иложим қолмайди.

Мен яшашни хохлайман, қушларча, балки кислород бўлиб, осмон қанча баланд бўлса, шунча яхши, Қ…да паст экан, эмаклаб юрибман. Жуда оғир, осмонга ҳеч етмасдан руҳим, жисмим парчаларга бўлиниб кетса, минглаб, миллионлаб парчалар пардай тўзғиб кетса, ҳар ёнга.. .Майли, энди озроқ йиғлаб олай…

Ёмғир… У ҳаммаданам литцейимда чиройли ёғади. Худо ҳғам унутган она шаҳримда, кейин анов мен уч соат дилдираб турган бекатда хунук ёғади. Уйимда менга кўз қисаётгандек туюлаверади, ёш болага айланиб қоламан. Чиройли…

Ичимдан бақириқлар, нидолар тўлиб келади, қаерга бўлса ҳам “Нега, нега, а, а?”деб ёзиб ташлайвераман. Қандай ёмон… Нега? А? Нега?
Менга кўп рўмол керак. Уларни бир бирига тугиб, устунларга, ҳар ерга ўргимчак тўридек чигал қилиб боғлаб, орасида юрмоқчиман… Ремедиос…17.07. …йил”

“ Сендаги ишқ менда ҳам бўлиб қолишини истагандим.

Севги — яшашдан чарчаган ёки ожиз қолган, лекин оқим ичида сузиб кетишдан бош тортган (ҳиссиз дунёда ҳиссиз яшашни истамайдиган) одамнинг ягона паноҳи, чораси.

Севги арши аьлода яралиб, ерга илоҳий либосда тушган бўлиб, сен айтгандек (нимани ёки кимни, қандай инсонни севишнинг фарқи йўқ), ичингдаги севгининг қандайлиги, қай даражада поклиги, энг муҳими севиб, ИЙМОНДЕК пок бўлиш! Севгини ўзингда асраб қолиш учун кенглик, эркинлик керак.

“У” худди руҳга ўхшайди, нимагадир, уни ҳозир шу ердадай ёки ҳар доим қошимда бордай, мени кўриб тургандек тасаввур қиламан. Балки, бу шунчаки ўрганишдир. Ичимга сиғмаяпман, бақиргим келяпти-ю, овозим чиқмаяпти, ичимдаги анов нарса додлаяпти, бўғилиб кетяпди, ҳаво сўраяпти, ташқарига чиқазишимни сураяпти, эплолмаяпман.

Нима қилай, а? Ўзимни дорга осишгандек ҳис қиляпман. Аввал ўлишимни томоша қилишгану , кўриб бўлишгач, шу ҳолимда, ҳатто, арқондан туширмасданам ташлаб кетишгандек. Ана шу жонсиз жисмимни майдалаб қопга соладиган одам йўқ. Энди мени жоним йўқ -ку, ўзимни бўлаклаёлмайман-ку , «У»нга беришдан аввал қопга солиш керак-ку…

Дунёга сиғмаяпман… бирон нима қил.

Соқов бўлиб қолиш хақида… мажбурият, виждон, ўзлик, эҳтрос, кўнгил, меҳр, яна меҳр, қўрқув, норозилик, иложсизлик, яна қўркув, яна МЕҲР… нима қилай, ана шу нарсалар бор менда. Умид ҳам, умидсизлик ҳам бор экан. Шундай соқов бўлайки, ҳеч ким тузата олмасин. Буни билиб ота-онам табибга оборишмасин, кейин соқов қизни одамлар орасига қандай қўшишарди, эркин бўлай, одамларнинг аҳмоқона , асли, ботини мантиқсиз бўлган ҳиссиз ҳаётидан четда ёлгиз яшай. Ёмон томони борми буни? Балки… Аммо ваҳималимасдир. Ота-онам… Уларга нимадир бўлар.
Сенингча, мен қанча яхшиман? Мен ё қисқа умр кўришим, ё бўлмасам, неварамнинг неварасининг болалари қулоғимдан судраб ўйнаши учун Урсуладан кўп яшашим керак. Агар мен кам яшасам .. рақсда айлангандек сенинг бошингдан бир ёнимга ташлаб айланиб- айланиб учаман. «У»нга уфққа термулгандек термуламан, онамни оналарча меҳр билан қучоклайман, отамнинг олдига бориб йиғлаб-йиғлаб келаман. Кўп яшасам буларнинг ҳеч бири бўлмаслиги мумкин ва мен ё ақлдан озиб жинни бўлиб қоламан ёки бўйнимдан бўғаётган қўлларни ололмай, нафас олмай ўтаман дунёдан, энг бахтли куним-ўлимимни кутиб.

Йиғлагим келяпти деяверишим сенга ношукурлик бўлиб кўриняптими? Майлига, йиғлаяпман…

Шу ерда бўлсайдинг. Мен бу дунёда уч кишининг тиззасини қучоқлаб йиглашни истайман. Ўшанда чиндан йиғлайман, йиги билан гунохларим оқиб кетади кўзимдан. Ҳоҳласам ҳам онамга бундай йиглаб беролмайман. «У»нга йиглардим, лекин йўқ-да ёнимда, ва сен ҳам! Сен ҳам узокдасан. Ремедиос 9.10»

…«Ердан баландликка чиқиб олиб, пастни кузатиш керак. Зеро, ердаги одамларнинг қатлам, гурухларга бўлиниб, яратиб олган муҳити-«ҳаёти» ичингдаги абадий руҳингни қулоқ ва кўзларини кар ва кўр қилиб қўяди. Оллоҳ вужуд яратиб, унга бир уруғ ташлайди. Мен унга сув куйиб, парваришлаб ўстиришим ва гул ясаб оллоҳга топширишим керак. Уругни ўлдириб қўйишим оллоҳни ўлдиришимдир!

Ер юзида одамлар кўпки, уларни кўриб даҳшатга тушаман, улар кўзимга ичида худо ўлиб ётган тобутга ўхшаб кўринаверади.

Гулми лола бўлишимни ёки атиргул ё қизгалдоқ, бу менинг қўлимда (ернинг турли ерида турли фалсафа, ҳаёт, дин бор, аммо улар гулни ўлдирмасдан яратганга топширса бўлгани.) Одам яралганидан бошлаб унинг учун мўъжиза бўлган ер, олов, сув, ҳаво, ҳайвонлар ва бошқа, биз билмаган нарсаларга сиғиниб, уларни илоҳийлаштириши кейинчалик бутларга эътиқод қилишини биз хато, гуноҳ деймиз. Аммо инсониятни худони таниши ана шу «гуноҳ»лардан бошланган-ку. Инсонни нимагадир юксак ишончи ана шу ақлсизлик, хатолардан бошланган. Асли, буларнинг бари ҳам йўл эди, кечилиши керак бўлган йўл, ўша қадим одамлардан етиб келган бизга имон.

Бир нарсага тушунмайман: нега худо яратган инсони уни таниши, ато этган жонига жойлаган ўзининг уруғини ўстириб, ўзига қайтаришини сўрар экан, унда, ерга одамни ёлғиз туширмайдими? Ахир, ҳар тугилган болага атрофидагилар «худо бор!» дея ўргатиб, уқтиришади. Бола «худо бор экан» дея ўсади, аммо, у худо унга берган идрок, кўнгил, имон, ишонч орасида ўралашиб, чалкашиб қолади, охир оқибат худони ҳам танимай қолади. Агар ерда ёлгиз ўзи бўлганида атроф-борлиқни, ўзини ўрганишга интиларди ва худони чинакамига ҳис қилган бўлармиди? Ахир энг аввал у аввал ўз ичидаги «худоси»ни таниши керак эмасми! Дунё яралгандан бошлаб ёлғон, гумон билан шаклланган-да, шунинг учун ҳам худо бор, дея ўргатилаётган одамларнинг барчасида «бу ёлгон, худо бўлмаслиги мумкин-ку» деган гумон ўтади. Ичидаги худосини ўлдирмаган банда ягона худо борлигига ишонмаслиги, борлиқ, борлоиқ ичида ўзини ҳам кимёдан иборат деб билиши шундан эмасми? Лекин, у хаёлига келган ишни қилиб , кимёдан иборат истаклари, нафсини қондирибгина яшамайди. У ички овози, худосининг овози, истаклари, қонунларига кўра ҳаракатланади … У, аввал «ичимдаги бир нимарса», кейин «мутлоқ руҳниг сири»,кейин «худойим», деб номланди. “Худойим” дегини худони ўзиники қилиб олгани, “худойим” дейиши билан худо меники дегани бўлади, шу билан бошқаларни худога бегналаштиради. “Худойим” мендан ўз куйига монанд рақсга тушишимни сўрайди… Оқибатда одамлар жамиятда эмин эиркин бўлиб яшаошлмайди, ҳар ким ўзиникини талашади, ҳар кимнинг ўз худоси бўлишини истайди, бу жамият прокандалигиги олиб келади. Худони ўзиники қилган жамиятларнинг худони инкор қиладиган ўз «улуғ» қонунлари бор! Бу тўғрими? Жамият — одамларни кичрайтириб, қолипларга сиғдиришнинг энг тўғри йўлими? Жамият бўлмаса ерга инсонлар сиғмай қоладими? «Дунё мувозанати» бузиладими? Жамиятнинг умумий, юқори овозлари бор. Шулар ерда «яхшилик мувозанати»ни ушлаб туришибди. Уларнинг ниқоблари ҳам бор — “илм барчада бўлиши керак», дея шиор қилиб, уни жанг майдонига, тирик қолиш учун сув, нонга айлантиришга илмни беминнат, сабаб, манфаатсиз сева олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Худосини англаган инсон учун жамият қонунлари бегона! Қонун -қоидалар худосини тополмаган, бир-бирига ишонмайдиганлар учун. Улар умумий хафвсизлик учун ўйлаб топишади қоидаларни. Куйни эшитяпсанми?! У мени ичимдан келяпти, кўксимни бир қўл муштлаб лаззатли оғриқ беряпти . Кўзларимдан ёш оқяпти. Мен кўз ёшларимни ҳаммасиданам яхши кўраман, у ичимдаги куйдан тўкилади. Моҳида, 30.10.. йил.»

« Мен ўзимни нима қилишни топдим! Худойимдан ижозат сўраяпман, ўлиш учун! Ундан жонимни олишини сўраяпман…

Ички овоз алдаши мумкинми? Йўқ! Йўқ! Ҳеч ҳам бундай бўлмайди-я? Ҳали бир кун вақтим бор. Мен ундан эртанги кунни сўрадим. «Ҳа» деган жавобни олаяпман, демак ваҳима қилмаслигим ва эртани хотиржам кутишим керак…

Моҳидам, ўтинаман, мени ўзинг ўлдир! Отиб ташла!

Уйимдан узоқроқ бўлган ерда сой бор. Тонг отиб бу ўша ерда амалга ошиши керак эди. Уша ерга боргунча бунга ишониб, хотиржам эдим. Сой бўйида анча вақт кутиб турдим, кейин «йўқ» деган жавобни олдим. У ўлимимни, ўзига қайтишимни истамади, рухсат бермади!..
Энди мен нима қилай? Ўзимни қай олов, қай тошга уришни билмай қолдим!?

Сендан мени ўлдиришингни сўрадим, аммо у рози бўлмаган ишни сенинг қўлинг билан килиб, сенга гуноҳ орттиришни истамайман. Энди ўзимни, чидаш оғир бўлса-да, вақтнинг ихтиёрига топшириб қўяман.Бошқа йўл йўқ.Сен истаган ё ўнг,ё чапни танлаб,йулга чиқиш йўли бор, лекин бунга на имконим ва на кучим бор.
Ремедиос
29.11.. .. йил.»

« Қариб бораяпман, дегандинг-а? Ўша қаришни ўзимда ҳис қилиб, сенга янада яқинлашяпман. Ичингдаги ишқ сендан эрк, кенглик ва яна англолмаётганим бошқа нарсаларни сўрашдаги оғриқларни ҳис қиляпман. Бирон киши билан бўлиб, оз вақт унинг ихтиёрида қолсам, кўксимда оғриқ бошланиб, ички аъзоларим куйиб,оқиб тушаётгандек бўлади, ишқим мендан озод нафас сўрайди. Ёлғиз, ихтиёрим ўз қўлимда бўлиб қолсам оғриқлар йуқолади. Ремедиосим, агар яна «…» бувани чақиришни истаётган бўлсанг, озгина шошма, мен сени кўзларингга, сиймоингга яхшилаб қараб олишим керак. Ёнингга бораман, фақат боргунимча «…» бувани чақирсанг, у рози бўлса, кетсанглар, мени унутма, бошимда айланиб-айланиб уч. Ташлаб кетма, келиб тур. Балки, мен аввал чақирарман «…» бувани.
Бечорагинам…
Моҳиданг
11.12.. .. йил»

Қиз охирги қисқагина хатни жўнатганидан бир ҳафта ўтиб Қ… шаҳрига Ремедиоснинг олдига йўл олди. Ўшанда тунда қиров тушиб, қиш бошланаётган, уй ичидаги печка олдида охирги марта унинг кўзларига қараб гаплашганди. Ҳа, бу сўнгги марта эди! Шунинг учун у Ремедиоснинг ҳар бир аъзоси, сочлари, қўли, кўзларини эслаб қолган, унинг «қариб бораётган» нигоҳи, буткул тушкунликка ботган қиёфаси қизнинг сирли мақсадини янада дадиллаштирган, иложсизликдаги бу сўнгги чораси
тўғри эканига ишончи ортганди.

— Сен суврат чиза оласанми?- сўради Ремедиос.
— Иўқ, қўлимдан келмайди. Нега чизишим керак?

— Унда, бирорта рассом топишга тўгри келади,- деди ва Бальзакнинг « Муҳаббат тилсими» китоби устидаги расмни кўрсатиб,- рассомдан Рафаэлнинг ўрнига худди шу ерга мени чизиб беришини сўрайман. Фақат, кўринишим қандай бўлишини ўйлаб кўришим керак. Унда мусиқа ва ёмғир албатта бўлиши керак. Сенага боролмасам ҳам расмимга тикилганимда менга далда бериб туради.

«Бунга ҳожат қолмайди», — деди ичида Моҳида.

Эртаси куни даштга отда боришмоқчи бўлиб турганида Моҳида деворда Ремедиоснинг отасини илиб қўйган ов милтиғини кўриб қолиб, уни елкасига тақиб олди.

От устида Ремедиосининг белидан ушлаб олиб, унинг юрак уришини қўли билан ҳис қилмоқчи эди, бироқ, қишки қалин кийими бунга халақит бериб турар, лекин унинг нафас олиши эшитилиб турарди. У отдан тушиб, милтиғини худди бирон қушни отмоқчидек ҳар ерга, осмонга тўғрилаб, кейин отдан тушиб, отни бўйнидаги арқонидан ушлаб турган Ремедиосига тезлик билан милтиғини қаратди. Ремедиос унинг бу тезлигидан аввал чўчиб кетди, кейин ҳазил, деб тушуниб унга кулиб қараб турди, сўнг, Моҳиданинг қиёфасидаги жиддийлик, кўзларидаги қўрқув, милтиқни тутган қўлларидаги қалтирашни кўриб, тушунди, энтикиб қаради:

— Бундай қилма!
— Қўрқяпсанми?

— Йўқ! Сен гуноҳни кўтаролмайсан. Мени ўлдириб кейин на яшай оласан, на ўлоласан. Менинг яшашим керак бўлган умрим бўйнингга даҳшатли ва огриқли бўлиб осилади. Буни истамайман.

— Мен бунга розиман!
— Лекин у рози эмас. Мен сўрадим, у рухсат бермади.

— Ким?
— Ҳудо!

— Мен қиламан у қилмаган ишни. Унга исён кўтараман. У иккимизга чексиз истаклар, севги, борлиқ мўъжизаларига ташналик берди-ю, бироқ имкон, эрк бермади.

— Эрк биров томонидан берилмайди, унга ўзимиз эришишимиз керак эди. Биз ожизлик қилдик!

— Чунки, у оёқ-қўлимизни «муқаддас» бурчу мажбуриятлар билан боғлади,- деди. Кейин жемперининг пастки тугмаларини ечиб, ичидан сурат олмоқчи эди, қорин томонига солинган хатлар, иккисининг бир-бирига ёзганлари, яна ўша, Бальзакнинг китоби ерга тушиб кетди. Қўлидаги суратга ишора қилиб:

— У хозир қаерда? Яҳши кўрганинг!?
— Билмайман.

— Айт. Ахир, ўлигингни ортмоқлаб унга бериш учун сувратига қараб кўча кезиб ахтармайман-ку!

— Бунга ҳожат қолмайди. Уни аввал руҳ бўлиб бир кўраман-да, кейин менга севгини жойлагувчи худога омонатини топшираман. Тамом!!!
Моҳида тепкини босаётганда бехосдан кўзини юмиб олди.

Ўқни ўлдирмайдиган бирон жойига отиб Ремедиосини чалажон ҳолда огриқ ичида қолдиришдан қўрққанди. Ўқ овози эшитилди, кейин милтиқни ерга ташлаб, кўзини очмай аллақанча вақт қотиб қолди. Кейин кўзини очганида Ремедиос ерда ётар , ўқ пешонасига текканди, унинг кўксига бошини қўйиб ерга ётди. Юрак уришдан тўхтаган, нафас олмаётганди… Шу кўйи то куёш уфққа бош қўйиб, қош қорайгунча унинг кўксидан бошини кўтармади. Кейин, жонсиз, маьносиз бир нуқтада қотиб қолган кўзларига тикилиб турди.

«Ҳаммаси тугади!» деди. Ерда ёйилиб ётган хатлар ва китобни олиб, жонсиз Ремедиосини базур от устига ортди-да, отни етаклаб кетди…

Буларни хаёлидан ўтказаётган қиз кўли билан қулоқларини қаттиқ бекитиб олди.

Ўшанда Ремедиосининг ўлигини кўрган ота-онасини бақириқ, додлари яна қулоғига чалингандек бўлди: «Қизи-и-им!!! Сени ким бу ахволга солди!?? Ким?! Ким сени ўлдирди???» Маьносиз қараб, қотиб турган Моҳидага ўзини отиб, ўкираётган онага: «Сизлар ўлдирдинглар! Барчангиз, ожиз-қўрқоқ, бир-бировини оёғига тош боғлагувчилар! Менинг қўлим билан сизлар ўлдирдинглар!» дея ҳозиргидек аянч билан йиғлаб, бирдан кулиб юборди. Даҳшатли кулгиси жуда жонсиз, зўрға, қалтироқ билан чиққанди. Мана шундан кейин қизини руҳий касаллар шифохонасига жойлашди. Унинг бирорта саволга жавоб бермай фақатгина йиғлаб-кулиши, ундан кейин бу қотилликни ҳеч қандай манфаат учун қилмагани, уни отиб, ўзи одамлар орасига олиб келиб, ўзи отганини тан олгани унга телба ташхисини қўйишга асос бўлди. Бу ерга келганига чамаси икки ой бўлди. Бечора она! Қизининг қабрига бориб, бағрини бериб, қабрни қучоқлаб ётаверар, эри зўрға уйига обкелса ҳам яна қизи олдига кетиб қолавераркан…

Бир оёғига арқон билан стулни боғлаб олиб, йўлаклар бўйлаб уни судраб шифохона ҳовлиси томон чиқиб кетаётган Моҳида ёнидан ўтиб кетаётганлар, нега бундай қилаётганига ҳайрон бўлиб кузатиб турган шифокорларга: «Нега ҳайрон қарайсиз? Сизларни оёқларингда ҳам шундай оғирлик бор, сизлар ҳам боғлаб олгансиз- ку, наҳотки кўрмаяпсизлар?! Мен кўриб турибман. Ана! Сизда ҳам бор, сизда ҳам… Маъбуд ўлди!!! Унинг тобути атрофни, ҳатто мен оёқ қўйган ерни, ҳавони ҳам эгаллади!..-деди.

Унинг маъбуди ҳам ўлдими? Йўқ! У ўлмаган, ҳатто ухлаётгани ҳам йўқ! У ШИКАСТА! Яраланган.

Худо фақат истакка қодирми? Йўқ, у фалак қадар кўтарилишга қодир. Бироқ, бунга уни англаш орқалигина эришиб бўлмайди. Бунинг учун истак йўлига чиқмоқ ва унинг куйига монанд рақс туша билмоқ керак!.. Бўғизга тиқилиб қолган нафрат шикаста маъбудни биратўла тинчитиб, йўқ қилмоқ ниятида асли, саробни кўриниши бўлган туман ичига кириб кетди. Гуё туманга сингиб йўқликка айлана оладигандек. У оёғини судраганча шифохона ҳовлисида қалин туман ичида ўзини ҳар ёнга отиб, ҳолдан тойиб, ерга ўтириб олди. Шу кўйи анча вақт ўтирди, кейин совуқ зўридан хонасига қайтаётганида ҳовли ичкарисидаги темир панжарадан қоровул киргизмади, танимаслигини айтди. Қиз панжарани ўзига тортиб тураверди. Қоровул дўхтир, ҳамшираларни чақирди, уларни ҳеч бири қизни танишмади. Қизни бундан ҳам кўра оёғига боғланган стулнинг йўқ бўлиб қолгани хайрон қолдирар, асли, у туман ичида ўтирганида ҳам оёғида боғланган ҳеч нарса йўқ эди. Хулласи, қизнинг исм-шарифи, у хакдаги маълумотлар шифохонада йўқ, уни ҳеч ким танимасди. Уй манзилини айтиб ота-онасини чақиртирди, улар ҳам қизни танишмади, ҳеч қачон фарзанд кўришмаганлигини айтишди. Қиз хақидаги бирон маьлумот аҳолини рўйхатга олиш идораларида ҳам йўқ эди. Барчани ақл-ҳуши жойида бу қизни ҳеч кими йўқ, ҳеч ким танимаслиги, исм-шарифи бирон жойда қайд этилмагани ўйлантирар, кейин уни хотирасини йўқотган, деган қарорга келиб, шифохонада олиб қолишмоқчи бўлганида у ғойиб бўлди.

Ҳа! Лицей! У Ремедиосни излаб лицейга йўл олди!

Қор бўралаб ёгаяпти. Лицей ҳовлисидаги каттагина музда болалар қичқириб сирғанчиқ учаяпти. Бир четда бошига қалин жун рўмол ўраб, учларини кулранг пальтосининг ичига киргизиб олган кичгинагина бир қиз. Иўқ, уни қиз, деб бўлмайди, жуссаси жуда кичик бўлса ҳам каттадек, худди, кичиккина кампирчадек. Лекин у орқасини ўгириб тургани учун буни билиб бўлмайди. Қўнғироқ чалиниб у ҳам болалар қатори питиллаб югуриб эшикка тикилди. Жуда қизик! Моҳида кампирчанинг ортидан югурди, аммо уни йўқотиб қўйди. Лекин чап йўлакдаги хоналардан бирига киргани аниқ. Моҳида хоналарни барчасини очиб қараб чикди, йўқ. Бўлиши мумкин эмас, шу йўлакка кетгани аниқ. Яна хоналарни қаради, учинчи эшикни қараб ёпаётганда кўзига орқа қатордан кулранг пальтони тирсаги кўринди, бироқ, боши кўринмади. Қиз хона ичига кирди. Ҳа! У кичиккина, жуда кичик кампирча. Юзидаги қарилик чизиқлари жуда кўп, лаби,қоши кўринмайди. Фақат, катта кўзлари деразадан қараб, ёғаётган қор парчаси билан ерга қўняпти. У Моҳидага қаради. Бу ўша энтикиб қараш, Ремедиосининг кўзлари… Моҳида унга қараб қотиб қолди. То устоз уни хонадан олиб чиқиб кетмагунча шу кўйи кампирчага тикилиб тураверди. Устознинг айтишича, лицейдаги энг ёши катта устозлар бу ерга энди келганда бу кампирча ҳозирги бўйи, жуссасидан сал каттароққина бўлган экан. Оғиздан- огизга ўтиб, етиб келишича, у болалигида шу ерда ўқиб, уни битираётганда имтиҳонлардан йиқилиб, синфда қолиб кетаверар, кейин, буни атайлаб қилаётганини билиб қолишиб, ҳайдаб юборишса ҳам кетмай, ўша орқа қатор, деразанинг олдида ўтираверган экан. Катта синф болалари бу кампирчани елкаларига мингизиб ўйин ўйнашса, кичик синф болалари мен ҳам кўтараман уни, деб хархаша қилишганда устози «озроқ сабр килиб, катта бўлсангизлар у кичрайиб бораверади, кейин у билан ўйнайверасизлар», деркан.

Моҳида унга бир сувратни кўрсатди, у —  Ремедиосининг севгилиси суврати эди. У сувратга тикилиб йиғлаб юборди, уни олиб кўксига босди…

Моҳида оёғига тош боғланмаган эрк, кенгликда нафас олаётган севги, худосининг куйига монанд рақсга тушаётган бу кампирчанинг қошида қотиб қолишни, худди, бўри ойга қараб қотиб қолганидек унинг энтикиб турган нигоҳида қотиб қолишни истади. Чунки шикаста маъбуд тузалаётганди!..

054   Taniqli adib Nazar Eshonqul tavsiyasi bilan e’lon qilinayotgan Husnora Ro’zmatovaning “Shikasta ma’buda” novellasi ham shaklan, ham mazmunan o’zining ekzistentsilacha ruhi bilan kishini birlan o’ziga jalb qiladi. Novella to’laligicha borliqni ekzistentsialistik qabul qilish, anglash, xaos va bo’shliqda o’z mavjudligini izlash haqida.Ammo bu izlash o’qib o’rganish yoki boshqa badiiy ta’sirlar asorati siftida emas, balki qahramonning inson va borliqni anglash tarzi sifatida namoyon bo’ladiki, ana shu jihati bilan novellani nafaqat yoshlar ijodida, balki milliy nasrda ham intellektual yo’nalishdagi muvvaffaqiyatli asarlardan biri deb baholash mumkin.

Husnora Ro’zmatova
SHIKASTA MA’BUDA
07

Insonda mutloq ruhning siri bor.
Farididdin Attor

09Ruhiy kasallar shifoxonasida bu yerdagilar uchun tanish va odatiy hol bo’lib qolgan yig’i tovushi eshitildi. U goh tinib, goh yo’lak bo’ylab joylashgan bemorlar xonalarini ham larzaga solib o’kirar, uvvos solardi. Bu yig’i «sog’lar» uchun chinakamiga telbalik alomati bo’lsa, «jinnilar» uchun butun boshli marosim, ayniqsa, uzoq yig’idan keyin qah-qah otib boshlanadigan kulguga baьzi telbalar jo’r bo’lishar va tomosha egasi atrofiga to’planib olishardi, chunki ular uchun allaqachon qadrdonga aylangan notanish «tomoshachi» nafaqat yig’lab-siqtar, balki, har aytilganda maroq bilan tinglanadigan hikoyasini aytib berardi.

U, nuri so’nib qolgan farishta misol sochlari yoyig’lik, yosh to’kaverganidan ko’zlari qizarib, shishib ketgan, betartib yotog’ida tizzasini quchoqlab o’tirgan o’n to’qqiz yoshli qiz.Uning ko’zlaridan kulganida ham tinimsiz yosh quyilib, tizzasini bekitib turgan ko’ylak etagi va bilaklarini xo’l qilib yuborgandi. U ko’p gapirmas, hamshiralardan uxlatib qo’yguchi dori berishlarini so’rab o’tinardi. Uning atrofiga to’planganlarga so’zlaydigan hikoyasini tushida ko’radimi yoki uzi o’ylab topgan xayolotmi, buni bilib bo’lmasdi. Shunisi aniqki, bu ahvolga tushgandan buyon xotirjam, tinch, uxlolmasdi. Har safar yoniga to’planganlarga: «Tushimda uni yana ko’rdim», deya hikoyasini boshlardi…

«…U Sena daryosi ustidagi Sanьatlar ko’prigi zinasidan asta ko’tarilib kelardi. Egniga men sovg’a qilgan qora yaltiroq ko’ylakni kiyib olibdi. Ko’ylagining uzun etagini yomg’irda loy bo’lmasin deya bir qo’lida tutib olgan, yengi yo’q, yelkasi ochik ko’ylak ustidan qop-qora yengil yopinchiq bog’lab olgan. Shamol aralash yog’ayotgan yomg’irda salgina bog’langan yopinchig’i bog’ichi yechilib, ho’l bo’lgan badaniga yopishib, etagi shamolda o’ynardi. Zinadan ko’tarilib bo’lib etagini qo’yib yubordi.U ko’prik ustida asta chayqalib yurardi. Io’q! Bu aslo mastlik alomati emasdi. Uning ruhi yengil va xotirjam, bu chayqalish esa erkning sururi edi. O’limga ketayotgan bo’lsa-da, uning yuzida aslo o’lim sharpasi yo’k, aksincha, u juda go’zal edi. Kechirgan umri davomida bor go’zalligini shu kunga atagandek, yana tungi Parij ko’chasining chiroqlari yorug’ida libosi yaltirab, ko’prikning tosh yeri suvida chiroq nuridan tovlanishiga qo’shilib ketgan. Uning yuziga yomg’ir urilar, tepaga ko’tarib yig’ilib ho’l bo’lgan sochlaridan suv tomardi. Ko’prik yarmigacha yurib to’xtadi va oqayotgan Senani tomosha qilib turdi. U na ikkilanayotgan va na o’lim qo’rquvidan dahshatga tushib qolgandi. Yo’q! U mashshoqlarni kutayotgandi. Nihoyat to’rt mashshoq qo’lida asboblari bilan kelishdi. Ulardan qalin ipdan to’qilgan uzun bog’ichi bor xaltada tosh ham so’ragandi. Tosh suvga o’zini tashlaganda jon shirinidan o’zini qutqarishga urinishi ehtimolidan xavfsiraganidan emas , yo’q! Tosh jasadi suv yuziga qalqib chiqib qolmasligi uchun edi. Toshni oyog’iga bog’lar ekan: «Shunday kuy chalingki, u yomg’ir tovushiga qo’shilib ketsin. Quloqlarim kuydan kar bo’lib, yetmish ikki tomirim bo’ylab oqayotgan qonimda sidirilib butun vujudimni egallasin.O’zimni suvga tashlaganimdan keyin ham chalishdan to’xtamang. Jonim chiqayotganda ham kuy eshitilib tursin.Tong yorishib, yomg’ir tingunicha chaling, to ruhim kuy ustida suzsin!..», dedi, ammo ularning ko’ziga qaramadi, buni istamadi.Chunki ularning ayni vaqtda unga achinish va dahshat bilan qarashlari tabiiy edi. Bu ixtiyoriy o’lim na tushkunlik va na dahshat edi. Unda buyuklik bor edi! U, o’zi oliy hukmni o’qib, ajal farishtasi vazifasini ham o’zi bajarardi. U «hayot» deb nomlangan sahnada rol o’ynash uchun asar va sherik qahramonlar topa olmay sahnani nomaьlum, ko’rinmas, tuman bilan qoplangan makonga tark etayotgan aktrisaga o’xshaydi. Ha! Bu to’g’ri hukm edi. Har tomoningdan «rol ijro et, jim turma», deya hayqirib turishsada, u, rol topa olmasa, bir hamdard, so’zlaganda tilingga tushunadigan hamsuhbat topilmasa. Bu sahnada nima qiladi ! Eng maьquli uni tark etish! Ha, tark etish!!! U osmonga qaradi. Qorong’u, tund, yulduzsiz osmon yomg’irga qo’shilib, yerga tushib Sena bilan oqib ketayotgandek, yaqin, qo’l cho’zsa yetadigandek edi. Avvallari kunduz kuni turli shaklli bulutlarga osilib olib osmonga chiqib ketishni istar, ammo qo’li yetmasdi.Endi esa u juda yaqin, lekin osilib olgani bulut ko’rinmaydi. Va kech! Hojat yo’q!..

U oyog’iga bog’langan tosh bilan qiynalib, bazo’r ko’prikning chetki to’sig’i ustiga chiqib oldi va mavjlanib oqayotgan suvga o’zini tashladi!..»

Qiz hikoyasini tugatib o’sha, mashshoqlar chalgan ohangni kuyladi. Unga jo’r bo’lganlar ham paydo bo’lib, kuy buzildi.

— Kuyning nomi nima ? U kimniki? — dedi xayolidan «aqlli jinni» degan fikrni o’tkazgan hamshira. Yuzidagi yosh qurib, uni izi qolgan qiz hamshiraning gap ohangidan xayolida kechgan fikrni uqib olib, ataylab, telbanamo qiyofaga kirib jilmaydi. U zohiran jilmayish bo’lsa-da, bu qiyofadan ayanch, g’azab va dahshat uqilardi.

— Bilmayman! Menimcha u Salьeriniki. Siz uni bilasizmi? U Motsartni o’ldirgan. Men Motsartdan ko’ra uni ko’proq sevaman. U saroy bastakori bo’lgan. Qanday o’ldirgani faqatgina xudoga ayon. Lekin bu kuy o’shanda, Motsartning joniga qasd qilishi bilan isteьdodini, o’zini o’ldirayotgan onda yaratilgan. Bu qotillikni hasad yoki boshqa manfaatdan, deb o’ylaysizmi!? Io’q, aslo! U- isyon edi! Xudodan chin, buyuk isteьdod so’rab, evaziga pok qalbini tortiq kilgan , lekin, tilagiga, butun olamni quloqqa aylantirib qo’yadigan isteьdodga erisha olmagan, miltillab yonib turgan sha’mga o’xshaydigan, bir puflasa o’chib qoladigan «chala isteьdod» berilgani uchun yaratganga isyon edi bu! Balki, u Motsartni sevardi!? Keyin u telba bo’lib qoldi, xuddi men kabi. Bizni o’xshash tomonimiz bor — ixtiyorsiz qotillik! Qurboningdan nafratlanib emas, uni sevib turib o’ldirish,- deb qiz qah-qah otib kulib yubordi. Kulgusi qiyofasi kabi ayanchli edi. Boshini changallagancha:

— Daf bo’ling! Ko’zimga ko’rinmang, — deb qichqirdi, so’ng xonani tark etganlarga ichkaridan yana o’sha ayanchli , eshitguchi odamni bo’g’zini xippa bo’g’adigan va etni allaqanday titroqqa soladigan yig’i eshitildi.

Qiz yostig’i ostidan bir kitobni oldi. Uning orasida xatlar bor edi. Bu kitob Onore de Balьzakning «Muhabbat tilsimi» asari bo’lib, kitob ustida roman qaxramoni Rafaelьning o’zini suvga tashlamoqchi bo’layotgani tasvirlangan suratiga qiz allaqancha vaqt tikilib qoldi. Balki, suratdagi yigit o’rniga hikoyasidagi o’sha qizni qo’yib ko’rayotgandir? «Hikoyasidagi qiz uning o’zi», deb o’ylayapsizmi? Yanglishdingiz. U kimligini «… sof iymoningizni ko’rinishi bo’lgan bir tomchi ko’z yosh bersangiz keyin aytaman»,- bu tushunarsiz, mavhum, ammo qiziq bo’lgan hatti-harakatiga izoh so’raganlarga uning beradigan javobi edi. Ko’z yoshi nima uchun kerakligini so’rashsa, «Ichaman, yashash uchun», deb javob berardi. Uning ayanchli yig’isida ham , dahshatli kulgusida ham to’kayotgan ko’z yoshlarini iymonining ko’rinishi emas, deb o’ylaysizmi? Unda kim joniga qasd qilgan qurbonining o’lim sahnasini tantana bilan bezaydi, unga go’zal libos kiygizadi va uning halok bo’layotgan ruhini yuksakliklarga eltguvchi, allalovchi kuylarni bag’ishlaydi, kim birovning oromi uchun o’ziga abadiy do’zax eshiklarini ochib, peshonasiga «gunohkor», degan qismatni o’z qo’li bilan yozishga jazm qila oladi ? Kim yuragining chok-chokidan sitilganidagi og’rikdek qiynoqlar bilan ko’z yoshi to’ka oladi? Kim shunday qila oladi?! Qahramonimiz uni notanish Q … shahrchasiga borganida dashtda ko’rgan. U haqiqiy ismini aytishni istamay o’zini «Remedios» , deb tanishtirganda qahramonimiz «Unda men Ursula bo’laqolaman», dedi. Asli, qahramonimizning ismi Mohida edi. Yana u «Nega amaliyot uchun uyingdan uzoq bo’lgan ovloqqa kelding?» deb savol berganda Mohida: « Hammasidan qochish uchun», dedi. Remedios : Sen o’z-o’zingdan qochish yo’lini bilasanmi? Shunday qilaolasanmi? Mohida: Uzoq va notanish yerga o’zingdan qochish istagida kelasan, ammo unga bunday qilib erishib bo’lmaydi. Lekin bunday kengliklar senga issikdan qiynalgan odamni shabadadan huzurlanganidek rohat beradi…

Mohidaning o’zini «Ursulaman», deya tanishtirgandagi ohangi, kulganda qisilib, chaqnab ketgan ko’zlaridan Remedios arzandasi Markesni u ham sevib o’qiganini angladi, Mohidani yaxshi ko’rib qoldi va ikkovi ham istaklaridagi bunday o’xshashlik, bu qisqagina suhbat ikki insonning qalban yaqin bo’lib ketishi uchun qancha vaqt kerak bo’lsa , ana shu vaqtni ortga surib tashlagandi. Remedios ot yetaklagan edi. Ular otga minib dashtni aylanishdi, ko’p narsalar, ayniqsa, o’qigan kitoblaridagi qahramonlar haqida gaplashishib daraxt soyasida o’tirishdi…

Remedios besh yil Mohida yashaydigan M…shahridagi litseyda o’qiganligini aytdi.

— U yerni sog’insang kerak? — dedi Mohida.

— Yo’q. U yerni yomon ko’raman, — dedi. Uning boyagi quvnoq nigohidan asar ham qolmadi. Qo’ng’ir tusli, uzun, bitta qilib o’rilgan sochining peshonasidagi kalta, siyrak tolalari dasht shamolida o’ynab turar, nigohi o’ychan va ma’yus tortgandi.

— U yer mening o’zligimni o’ldirgan. Faqatgina miyamga allaqanday aqllarni joylab zaharlagan. Meni o’zligimni esimdan chiqarib yuboradigan darajada telba qilgan. Onamni aytishicha, bolaligimda keng dashtimizda qo’rqmasdan uzoqlarga ham ketib qolaverar, hech kimga qo’shilmasdan bir o’zim xayol surib yuraverarkanman. Bahorda bo’yimdek baland o’tlar orasiga kirib olib, yuraverar, oyoq kiyimimni o’sha yerda qoldirib ketaverarkanman, keyin onam ancha vaqt o’tgandan keyin topib olarkan…

Hozir esa o’shandek yolg’iz, o’zim bilan qolib, xayol surolmayman, hech nimalar haqida o’ylashni istamayman, juda charchab qolaman. Quvvati tugab to’xtab qolgan soatdek o’ylashdan, fikrlashdan to’xtasam deyman.Chunki bu, fikr-o’ylar o’sha « aqllar» bilan zaharlanib bo’lgan. Xotiramni yo’qotib qo’yishni qanchalar istashimni tasavvur ham qilolmaysan.

Men qarib borayapman… -deb iyaklarini qaltiroq bosib, ko’zi yoshga to’lib xiralashdi.

Mohida uning ko’zida anglayolmayotgani nimadir borligini sezib , lekin u nimaligini tushunolmayotgandi. «Ha, uning ko’zlaridagi o’sha nimarsa qarish edi!»

-O’sha aql qarityaptimi seni?

-Ha! -deb baqirdi Remedios,-asli, faqat aql emas. Men litseyni yomon ko’raman.Chunki, uni o’sha yerda uchratganman- «Uni», degan so’z qaltiroq bilan chiqdi, — «u» ko’ksimga o’rnashib olgandan beri mendan kenglik, havo so’raydi, nafasim bo’g’iladi, ichim galayon ko’taradi, ko’ksimni mushtlayveradi…Qochib ketgim keladi, lekin qayerga? Buni bilmayman. Uni unutishni istayman, uni, litseyni, aqlimni…

— Keyin nima bilan qolasan?
— Uzim bilan.
— «O’zing»da nima bor?

— Uff! Mening o’z hayotim bor. Uni hisoblamaslikka, yo’q qilishga nima haqlaring bor!?

— Sen nimani yaxshi ko’rasan?
— Ular ko’p.

— Xayolingga birinchi bo’lib kelganini ayt.
— Yomgirni.

— Nega?
— To’yib yig’lagim kelyapti, yomgir yogsa, istaganimdek yiglay olaman.

— Ko’rdingmi?! U bo’lmaganida bunday demagan, yomgirni buning uchun yaxshi ko’rmagan bo’larding. Yomgir ham, o’sha «o’zing» ham kimyodan iborat bo’lib qolardi.

— Qayerdan bilasan, o’zligimni maьnisiz, hech qanday his- tuyg’usiz deb o’ylaysanmi?

— Unda nima bor?

— Hozir bilmayman, eslolmayman , hammasini unutsamgina, keyin o’zimga qayta olaman.

— Yo’q. Aqlingni nima qilsang qilaver, o’zligingni, menligingni unut, yo’q qil, faqat ko’ksing kolsin. Chaqalog’ini bag’riga olib erkalaydigan onadek sevgingni erkala. Fakatgina u yashasin. Shunday kenglik, qishloq joy yetmaydimi senga?- deya ikki yoniga dashtni ko’rsatib, qarab quydi.

— Bu oson deb o’ylaysanmi? Avvalo, men dashtda yashamayman. Jamiyatning bir bo’lagi bo’lgan oilada yashayman , ota-onam bor, majburiyatlar, ularning xohishiga bo’ysunish… Sen qishloqning odamlari shahardagidek sxema, qoliplarga solingan, umri bepoyon yerni kichikkina nuqtasiga o’rnashib olib torgina yo’laklarda oyoqlariga qonun-qoida, majburiyat toshini bog’lab olib, pul topish uchun yelib-yuguradigan , ko’ngillari arzimagan ting’ir-ting’ir bilangina mamnun bo’ladigan , o’zlarini, dunyoni ilm ziyosi bilan yoritayotgandek ko’rsatib, asli, uni kun kechirish manbai , obro’- e’tibor, mashxurlik topish chorasiga aylantirayotgan odamlardan emas, bunday odamlar qishloqda yashamaydi, deb o’ylaysanmi? Biz bir osmon ostida yashaymiz, bir havodan nafas olamiz.

— Ha, oqim chetida o’zga irmoq bo’lish yoki insonni muqaddas hisoblangan erki uchun yo’lga otlansa, uning uchun yana muqaddas bo’lgan ota-ona , oila deganlari oyogingni bog’laydi, o’zlarini oyog’i kishanlanganligi yetmagandek bir-birovinikini ham boglaydi…

Mohida kitob orasidagi xatlardan birini olib o’qidi. Bular ularning uchrashuvidan keyin bir-biriga jo’natishgan xatlar edi.

«Avval biron kundalik tutib, senga yozmoqchi, keyin to’lganidan so’ng jo’natmoqchi edim. Lekin daftar to’lgunicha yozganlarimni hali o’qimagan bo’lishing, dodlarim o’zim bilan qolib ketishi, senga hali yetib bormasligini o’ylab tutoqib ketyapman, yaxshisi, xat qilib jo’nata qolganim maьqul, dedim. Birinchi marotabagina ko’rgan odamingga hasratlaringni to’kib solish g’alati, bema’nilik bo’lib tuyulayotgan bo’lsa kerak, balki, yanglishayotgandirman , chunki sen ham mendan ruhingdagi tushkunlik, norozilik va isyon ko’tarish istaklaringni yashirmagan eding. Senga ishongim keldi. Ko’p yillik «qadrdonlarim»dan biron ko’nglimga yaqin zotni topolmaganimdan keyin senga ishonishni istadim. Meni hech qachon aldama. Aldasang ham o’tinaman, menga bildirmay alda, aldanayotganimni zinhor bilmayin. Aldanganimni sezib qolsam men to’kilib tushaman. Xuddi, kaftingda qum bor, uning ustida har oyoq bosib yurganingda kaftingdan to’kiladigan qumdek to’kilib tushaman.

Senga yagona ovunchog’im kitob ekanligini aytgandim-a?

Jek Londonni sevishim, u men ustida suzadigan kuylar haqida yozishini aytgandim. Uning kitoblarini nega yashirib, yo’qotib tashlamading, deganding. O’ntadan to’qqiztasi uni tushunmasayam, qolgan bittaning mehri, hayajoni uni o’sha yuksaklikka ko’taradi. Ana shu bittani kashf qilish uchun kitob peshtaxtalarda turgani maьkul.

Musofir bo’lgan odam musulmon bo’laversa, men ikki karra musulmon ekanman. Avval musofirlikda tentirab yurdim, M. endi telba oshiqning ko’nglida asrab sig’inadigan sevgilisining ismidek haroratli suzga aylandi. Men yaqin orada litseyimga boraman. Bu gapim seni unchalik ham hayratga solmayotgan bo’lsa kerak.Chunki, o’shanda litseyimni yomon ko’raman, deganimda yolg’on gapirayotganimni bilib tursang ham o’zingni gapimga ishonayotgandek tutganding. Men seni aldash orqali asli o’zimni shunga ishontirmoqchi bo’layotganimga bilib tursang ham xalaqit bermaganding. Sendan minnatdorman!

O’shanda, «sen erking o’z qo’lingda bo’lmasligi qanchalar dahshat, achinarli ekanligini, bu odamga qanchalar azob berishini sen tushunmaysan, sen bilmaysan», deb dodlaganimda yelkamga qo’lingni qo’yib, kulib «bu kechinmalarni juda yaxshi bilaman» degan qiyofang ko’z oldimdan ketmayapti.
Senga yordam bera olamanmi, yo’qmi, buni bilmayman. Sendan yordam ham kutmayman. Faqat Mohidam bor ekanligini bilib turaman, shuni o’zi yetadi.Shoir aytganidek, «.. .o’stirib soqol, Rossiyani daydib kezarman…» O’g’il bola bo’lganimda «yo do’st, yo olloh», deb mahshargacha darvish bo’lib ketardim… Sen bilan yo’llarda ko’rishib qolsam, bir tomchi ko’z yoshini chin dildan, qalbdan tortiq qilardim…

Yashash nima? Sevish, sevilish, o’pkangni to’ldirib erkin, xotirjam nafas olish va yuraging to’kilib tushguncha to’yib yig’lash…

Sening Go’zal Remediosing
3.o5….yil.»

U Remediosning birinchi xatidan keyin M. shahriga kelgani va uning litseyiga birga borishganini esladi. O’shanda ular dars o’tilayotgan barcha xonalarga bosh suqib chiqishdi. U eng oxirgi qator, derazani oldida o’tirganligi o’sha derazadan ko’rinib turadigan tolga qarab besh yil bahor kelganini bilishini aytgandi. U bilan birga o’qiyotgan o’quvchilarga jindek rashki va ko’proq havasi kelayotganini bilish qiyin emasdi. O’shanda, birdan yomg’ir yog’ib, sharroslab quyib yuborgan, Remedios esa litsey hovlisi o’rtasida o’tirib olib uvvos solib yig’lagandi…

« Sen inson muhitning qurboni ekanligini bilasanmi?

O’zimni borgan sari «qurbon bo’lib borayotganim»ni his qilib turibman. Balki, yer yuzida ko’pchilik odamlar anglamay, allaqanday og’riq bilan qurbon bo’la borsa kerak. Men, oyog’im «erda» — muhitda bo’lgan holda o’z xayolotimda kezishga ko’p tirishdim ammo, eplay olmayapman. Bu muhitda menga na maьnan va na jismonan zarar beradigan hech narsa yo’q. Mangu sokinlik bor. Bu sokinlikda men qimirlay olmay qolaman, sokinlik oyoq-qo’limni bog’lab, ichimdagi nimarsani isyon ko’tarishga qo’ymaydi. O’zimni qayerga otishni bilmayman, sokinlik doirasidan chiqib ketishga kuchim yetmaydi. Keyin bu sokinlikni «yovuzlik», deb atab, unga chap berib, unda suzib, ustidan kulib, aldab «unga yon berishga» o’zidan-o’zi, hech o’ylanmasdan kirishib ketaman. Atrofimdagilarga qo’shilib huzur bag’ishlovchi g’iybatlar qilaman, men uchun bemaьnilik, arzimagan bo’lgan ularning fojealariga hamdardlik bildiraman, o’tkir yolg’on(asli uni ostida meni haqiqatim yotadi) to’qiyman…va o’zimga «men yovuz jodugarman» deya izoh berib, muhitni ustidan tantana qilgan bo’laman-u, ichimdan teran ruhim «qanchalar achinarli, bechoraholsan» deydi. Bu «yovuzligim» oxiri umrimni egovlab, o’zimni ado-yu tamom qilishini bilib turaman. Balki, yovuzlik mana shu “qurbonlik”dan tugilgandir? Juda charchadim! Ko’ngilda huzur yo’k. Ko’nglim uchun yaxshi muhit yaratishga intilaman, ammo ko’nglim halovat topmaydi. Qachon yeb bitiramana shu ko’ngilni? Keyin nima qoladi?! Menimcha, hech kim yolg’iz qolishni istamaydi. “Yolg’iz qolishni istayman” deganida ham, asli, o’zi bilan o’zi qolishni istagan bo’ladi. Unda ham yakka inson emas, yana qandaydir narsalar va ichidagi nimarsasi bilan qolishi mumkin. Men yolg’izman, harakatlanishni, rol o’ynashni istayman. Shunday zamon, makon va odamlar bo’lsinki, men undagi fojeadan chinakamiga qayg’uga tushayin, baxtdan yuksakliklarga ko’tarilay, undagi g’alaba, mag’lubiyat, g’urur, o’ch, sevgi sururi chinakamiga bo’lsin. Ularda junsiz qo’g’irchoq bo’lib emas, chinakamiga yashashni istayman…Mohida, 29.5…yil”
“Sen meni odamlarni sevmaydi deb o’ylaysanmi? Yo’q! Men insonni uning ichidagi ruhi, imoni, ko’ngli, vijdoni, aqlisiz, quruq kimyodan iborat “odamligi”ni ham yashash uchun arziydi deyman. Agar olloh odamni faqatgina kimyodan iborat qilib, unga ruh bag’ishlamasdan yaratganida u borliqda beshinchi unsur bo’lgan bo’lardi.

Xudo insonga “mutlaq gavhar”ning sirini — o’zining sirini joylab, iymon, sevgi, akl kabi biz bilgan va bilmagan nimarsalarni kashf va fosh qilaroq yerdan ko’tarilib, uning o’ziga qaytishimiz uchun ruhdan qanot bergan.

Bilasanmi, U yerni bekorga dumaloq shaklda yaratmagan. Yerning bir nuqtasidan yo’lga chiqib, aylanib, yana o’sha nuqtaga kelib qolasan. Boshqa yo’l yo’q, faqatgina yerdan ko’tarilib, osmonga uchib ketish bor. Agar U yerni boshqa shaklda, to’rtburchakmi, uchbukrchakmi qilib yaratganida menga o’xshab, qochib ketishni istab, ammo, qayerga ekanligini bilmay, topolmay, ilojsiz qolgan ojiz bandalari yerning qirg’ogiga borib, o’tirib olgan bo’lar, adashib ketgan, aslo o’ziga qaytib kelmagan bo’lardi….

Atrofimda yerdan ko’tarilib ketish uchun qanotlari juda kalta, nimjon, hatto, kesib tashlangan odamlarni ko’ryapman. Ularga achinaman, ham g’azabim keladi. Ularning yasama, nimjon, bo’g’ilib qolgan qalblari sevib, sevgisi bilan ko’tarilishga qodir emas. Ularning ruhi shunchalik kichrayib boryaptiki, torgina yer va arzimagan ko’ngilxushlik, yasama go’zalliklar bilan mamnun bo’laverishadi. Yana ular bir- birlariga, hatto, o’zlariga ham ishonishmaydi, xafvsirashadi, shuning uchun “qonun- qoida” qolipiga kirib olishadi. Yo’q, ular unchalik ham achinarli ahvolda emas. Ular yuksak aql sohiblari bor. Insoniyat yaratilgandan buyon kamol topib, bezalib kelgan qadryatlari bor. Biroq, bu onlar ular umrining oz, juda oz lahzalaridagina sodir bo’ladi. Umrlarining qolgan qismini esa mana shu lahzalar bo’yniga osishadi, “shu lahzalar uchun yashaymiz”, deyishadi. Ular bilan faqatgina, o’sha lahzalaridagina birga bo’lsam, ularni sevsam deyman. Qolgan qismlarga esa men dosh berolmayman, bo’g’ilaman…
Olloh meni sevguvchi qilib yaratgan! Men sevishni istayman. Buning uchun erkimni o’z qo’limga olib, turgan yerimdan o’ng yoki chapni tanlab, yo’lga chiqishim kerak. Insonlarning bir lahzasidan ikkinchisiga sakrab, qo’nib yuraman, ular bilan aslo, ko’proq vaqt birga bo’lmayman, lahzalardan qolgan qismida qolib ketishim mumkin emas, bunga yo’l qo’ymayman.

Xudoning bandalari orqali yaratgan chinakamiga fojiasida chin dildan ko’z yosh to’kaman, baxtini uchratib qolsam undan masrur bo’laman, go’zalliklariga maftun bo’lib, sevib, oshiq bo’la boraman, chunki yaratgan meni ilohiy hayajonlar bilan siylaydi. Oh! Agar inson umrining har bir lahzasi ilohiy hayajonlar bilan, olloh yaratuglariga maxliyo bo’lib o’tsa, parvoz qilib, yerdan ko’kka — uning qoshiga ko’tarilish uchun kapalaknikidek qisqa umr yetarmikan yoki bu ham ko’plik qiladimi? Balki, xozir, insonning yashaydigan o’rtacha umridan-da uzoq vaqt bo’lar? Bunday deyayotganimga sabab, u men tasavvur qilayotganimdan-da yuksakroqqa chorlar. Men hali ham o’sha lahzalarning bo’yniga ilingan oraliqda qolib ketgan, hissiz zamon va makonda sudralib yurganimni, hali yo’lga chiqmaganligimni, balki, chiqaolmasligimni o’ylasam dahshatga tushib ketaman. Chala bo’g’izlanganidan xirillab yotgan kimsadek o’zimni tezroq tinchitishni istayman.

Yaratganga “oyoq-qo’limni bog’lab qo’ygan ekansan, nega unda bunday istakni, sevgiga, hayajonga tashnalikni ichimga solding, sokinligimda, muhitda evrilib borsam, ham mayliga edi”,-deya dodlayman. Menga biron yupanch so’z topolmagan bo’lsang-da, ahvoling haqida yozgin… Mohida, 19.6,.. yil”

“… Sen nimasan, aytaymi?! Sen parvonasan! Sen ketmoq istaysanu, ketolmaysan. Chiroqni aylanaverasan. Chiroq sen bilan ketolmasligini bilib turasan. O’sha sensan, parvon chiroqni tashlab ketolmaydi, chiroqqa tutushgan simlari bor-ku, sen o’shasan, simlar ham chiroqni tashlab ketolmaydi, tashlab ketsa chiroqligi qolmaydi, yonmaydi, nur bo’lmaydi, yonmasa u chiroq bo’lmaydi. … Bular sen bilan ketishni istamagani uchun emas, shunday yashashga mahkum qilingani uchun sen bilan ketolmaydi. Keyin, sen o’zingni chiroqqa urasan-da, qanotlaring kuyib, alangdan astaa…

Yahshisi,sen chiroqqa o’zingni urma, hech qayerga ketma ham. Oralig’da, o’z kuyingga monand raqsga tush. Xo’pmi?! Birovlarga yaxshilik qil. Bargday titrayotgan yuraklarni ko’rganingda befarq o’tib ketma, yig’lay ol! Yaxshi so’zning gadolaridan( u yolg’on bo’lsayam) shirin so’zingni ayama. Meni tushkun, ojiz qiyofam ko’z oldingda qotib qolmasin.

Men ulgurmadim, sen kechikma!.. Men ortiq baxtni izlamayman. Men rohatlanishni, lazzatni hoxlayman. (bu bekorchi yashashning mohiyatini bilishda) Men endi baxtning tuzog’iga ilinmayman.

Men nega bekorchi qolishni yomon ko’raman. Aytaymi?! Agar bo’sh bo’lib qolsam, vaqt o’tmayotganini sezib qolaman, ko’rib, bilib turaman va bunga asablarim dosh bermaydi, hech narsaga ulgurmayotganim esimga tushib, tutay boshlayman. Atrof-muhit, odamlar, o’zim, jamiyat, din, kecha, bugun, erta haqida o’ylashga, ularga qarashga to’g’ri keladi va bu menga hecham yoqmaydi. Quvvatim tugab qoladi, gavdam shilq etib tushadi va qozonning ichiga tushib qolganday bo’g’ila boshlayman, keyin bundan qutilish uchun yo kuchli tashqi taьsir yoki mustahkam va ishonchli ichki taьsir kerak, ammo, ikkoviyam kelishi qiyin unsurlar. Men juda sabrsizman-da, o’z sohasini topgan, endilikda kechayu kunduz shu ishiga bandilarga qarayman-da, astoydil dodlayman: men-chi?! Bilaman, ular ham menga o’xshab, o’xshab bo’lmasayam, meni yoshimda men kabi bo’lishgan. Buni bilib turib dodlayman, sabrsizlik qilaman. Baribir hech narsaga erishmay, ojizligimcha qolaman va sabrliga o’xshab jim o’tirishdan boshqa ilojim qolmaydi.

Men yashashni xoxlayman, qushlarcha, balki kislorod bo’lib, osmon qancha baland bo’lsa, shuncha yaxshi, Q…da past ekan, emaklab yuribman. Juda og’ir, osmonga hech yetmasdan ruhim, jismim parchalarga bo’linib ketsa, minglab, millionlab parchalar parday to’zg’ib ketsa, har yonga.. .Mayli, endi ozroq yig’lab olay…

Yomg’ir… U hammadanam littseyimda chiroyli yog’adi. Xudo hg’am unutgan ona shahrimda, keyin anov men uch soat dildirab turgan bekatda xunuk yog’adi. Uyimda menga ko’z qisayotgandek tuyulaveradi, yosh bolaga aylanib qolaman. Chiroyli…

Ichimdan baqiriqlar, nidolar to’lib keladi, qayerga bo’lsa ham “Nega, nega, a, a?”deb yozib tashlayveraman. Qanday yomon… Nega? A? Nega?
Menga ko’p ro’mol kerak. Ularni bir biriga tugib, ustunlarga, har yerga o’rgimchak to’ridek chigal qilib bog’lab, orasida yurmoqchiman… Remedios…17.07. …yil”

“ Sendagi ishq menda ham bo’lib qolishini istagandim.

Sevgi — yashashdan charchagan yoki ojiz qolgan, lekin oqim ichida suzib ketishdan bosh tortgan (hissiz dunyoda hissiz yashashni istamaydigan) odamning yagona panohi, chorasi.

Sevgi arshi aьloda yaralib, yerga ilohiy libosda tushgan bo’lib, sen aytgandek (nimani yoki kimni, qanday insonni sevishning farqi yo’q), ichingdagi sevgining qandayligi, qay darajada pokligi, eng muhimi sevib, IYMONDEK pok bo’lish! Sevgini o’zingda asrab qolish uchun kenglik, erkinlik kerak.

“U” xuddi ruhga o’xshaydi, nimagadir, uni hozir shu yerdaday yoki har doim qoshimda borday, meni ko’rib turgandek tasavvur qilaman. Balki, bu shunchaki o’rganishdir. Ichimga sig’mayapman, baqirgim kelyapti-yu, ovozim chiqmayapti, ichimdagi anov narsa dodlayapti, bo’g’ilib ketyapdi, havo so’rayapti, tashqariga chiqazishimni surayapti, eplolmayapman.

Nima qilay, a? O’zimni dorga osishgandek his qilyapman. Avval o’lishimni tomosha qilishganu , ko’rib bo’lishgach, shu holimda, hatto, arqondan tushirmasdanam tashlab ketishgandek. Ana shu jonsiz jismimni maydalab qopga soladigan odam yo’q. Endi meni jonim yo’q -ku, o’zimni bo’laklayolmayman-ku , «U»nga berishdan avval qopga solish kerak-ku…

Dunyoga sig’mayapman… biron nima qil.

Soqov bo’lib qolish xaqida… majburiyat, vijdon, o’zlik, ehtros, ko’ngil, mehr, yana mehr, qo’rquv, norozilik, ilojsizlik, yana qo’rkuv, yana MEHR… nima qilay, ana shu narsalar bor menda. Umid ham, umidsizlik ham bor ekan. Shunday soqov bo’layki, hech kim tuzata olmasin. Buni bilib ota-onam tabibga oborishmasin, keyin soqov qizni odamlar orasiga qanday qo’shishardi, erkin bo’lay, odamlarning ahmoqona , asli, botini mantiqsiz bo’lgan hissiz hayotidan chetda yolgiz yashay. Yomon tomoni bormi buni? Balki… Ammo vahimalimasdir. Ota-onam… Ularga nimadir bo’lar.
Seningcha, men qancha yaxshiman? Men yo qisqa umr ko’rishim, yo bo’lmasam, nevaramning nevarasining bolalari qulog’imdan sudrab o’ynashi uchun Ursuladan ko’p yashashim kerak. Agar men kam yashasam .. raqsda aylangandek sening boshingdan bir yonimga tashlab aylanib- aylanib uchaman. «U»nga ufqqa termulgandek termulaman, onamni onalarcha mehr bilan quchoklayman, otamning oldiga borib yig’lab-yig’lab kelaman. Ko’p yashasam bularning hech biri bo’lmasligi mumkin va men yo aqldan ozib jinni bo’lib qolaman yoki bo’ynimdan bo’g’ayotgan qo’llarni ololmay, nafas olmay o’taman dunyodan, eng baxtli kunim-o’limimni kutib.

Yig’lagim kelyapti deyaverishim senga noshukurlik bo’lib ko’rinyaptimi? Mayliga, yig’layapman…

Shu yerda bo’lsayding. Men bu dunyoda uch kishining tizzasini quchoqlab yiglashni istayman. O’shanda chindan yig’layman, yigi bilan gunoxlarim oqib ketadi ko’zimdan. Hohlasam ham onamga bunday yiglab berolmayman. «U»nga yiglardim, lekin yo’q-da yonimda, va sen ham! Sen ham uzokdasan. Remedios 9.10»

…«Erdan balandlikka chiqib olib, pastni kuzatish kerak. Zero, yerdagi odamlarning qatlam, guruxlarga bo’linib, yaratib olgan muhiti-«hayoti» ichingdagi abadiy ruhingni quloq va ko’zlarini kar va ko’r qilib qo’yadi. Olloh vujud yaratib, unga bir urug’ tashlaydi. Men unga suv kuyib, parvarishlab o’stirishim va gul yasab ollohga topshirishim kerak. Urugni o’ldirib qo’yishim ollohni o’ldirishimdir!

Yer yuzida odamlar ko’pki, ularni ko’rib dahshatga tushaman, ular ko’zimga ichida xudo o’lib yotgan tobutga o’xshab ko’rinaveradi.

Gulmi lola bo’lishimni yoki atirgul yo qizgaldoq, bu mening qo’limda (erning turli yerida turli falsafa, hayot, din bor, ammo ular gulni o’ldirmasdan yaratganga topshirsa bo’lgani.) Odam yaralganidan boshlab uning uchun mo»jiza bo’lgan yer, olov, suv, havo, hayvonlar va boshqa, biz bilmagan narsalarga sig’inib, ularni ilohiylashtirishi keyinchalik butlarga e’tiqod qilishini biz xato, gunoh deymiz. Ammo insoniyatni xudoni tanishi ana shu «gunoh»lardan boshlangan-ku. Insonni nimagadir yuksak ishonchi ana shu aqlsizlik, xatolardan boshlangan. Asli, bularning bari ham yo’l edi, kechilishi kerak bo’lgan yo’l, o’sha qadim odamlardan yetib kelgan bizga imon.

Bir narsaga tushunmayman: nega xudo yaratgan insoni uni tanishi, ato etgan joniga joylagan o’zining urug’ini o’stirib, o’ziga qaytarishini so’rar ekan, unda, yerga odamni yolg’iz tushirmaydimi? Axir, har tugilgan bolaga atrofidagilar «xudo bor!» deya o’rgatib, uqtirishadi. Bola «xudo bor ekan» deya o’sadi, ammo, u xudo unga bergan idrok, ko’ngil, imon, ishonch orasida o’ralashib, chalkashib qoladi, oxir oqibat xudoni ham tanimay qoladi. Agar yerda yolgiz o’zi bo’lganida atrof-borliqni, o’zini o’rganishga intilardi va xudoni chinakamiga his qilgan bo’larmidi? Axir eng avval u avval o’z ichidagi «xudosi»ni tanishi kerak emasmi! Dunyo yaralgandan boshlab yolg’on, gumon bilan shakllangan-da, shuning uchun ham xudo bor, deya o’rgatilayotgan odamlarning barchasida «bu yolgon, xudo bo’lmasligi mumkin-ku» degan gumon o’tadi. Ichidagi xudosini o’ldirmagan banda yagona xudo borligiga ishonmasligi, borliq, borloiq ichida o’zini ham kimyodan iborat deb bilishi shundan emasmi? Lekin, u xayoliga kelgan ishni qilib , kimyodan iborat istaklari, nafsini qondiribgina yashamaydi. U ichki ovozi, xudosining ovozi, istaklari, qonunlariga ko’ra harakatlanadi … U, avval «ichimdagi bir nimarsa», keyin «mutloq ruhnig siri»,keyin «xudoyim», deb nomlandi. “Xudoyim” degini xudoni o’ziniki qilib olgani, “xudoyim” deyishi bilan xudo meniki degani bo’ladi, shu bilan boshqalarni xudoga begnalashtiradi. “Xudoyim” mendan o’z kuyiga monand raqsga tushishimni so’raydi… Oqibatda odamlar jamiyatda emin eirkin bo’lib yashaoshlmaydi, har kim o’zinikini talashadi, har kimning o’z xudosi bo’lishini istaydi, bu jamiyat prokandaligigi olib keladi. Xudoni o’ziniki qilgan jamiyatlarning xudoni inkor qiladigan o’z «ulug’» qonunlari bor! Bu to’g’rimi? Jamiyat — odamlarni kichraytirib, qoliplarga sig’dirishning eng to’g’ri yo’limi? Jamiyat bo’lmasa yerga insonlar sig’may qoladimi? «Dunyo muvozanati» buziladimi? Jamiyatning umumiy, yuqori ovozlari bor. Shular yerda «yaxshilik muvozanati»ni ushlab turishibdi. Ularning niqoblari ham bor — “ilm barchada bo’lishi kerak», deya shior qilib, uni jang maydoniga, tirik qolish uchun suv, nonga aylantirishga ilmni beminnat, sabab, manfaatsiz seva olish hammaning ham qo’lidan kelmaydi. Xudosini anglagan inson uchun jamiyat qonunlari begona! Qonun -qoidalar xudosini topolmagan, bir-biriga ishonmaydiganlar uchun. Ular umumiy xafvsizlik uchun o’ylab topishadi qoidalarni. Kuyni eshityapsanmi?! U meni ichimdan kelyapti, ko’ksimni bir qo’l mushtlab lazzatli og’riq beryapti . Ko’zlarimdan yosh oqyapti. Men ko’z yoshlarimni hammasidanam yaxshi ko’raman, u ichimdagi kuydan to’kiladi. Mohida, 30.10.. yil.»

« Men o’zimni nima qilishni topdim! Xudoyimdan ijozat so’rayapman, o’lish uchun! Undan jonimni olishini so’rayapman…

Ichki ovoz aldashi mumkinmi? Yo’q! Yo’q! Hech ham bunday bo’lmaydi-ya? Hali bir kun vaqtim bor. Men undan ertangi kunni so’radim. «Ha» degan javobni olayapman, demak vahima qilmasligim va ertani xotirjam kutishim kerak…

Mohidam, o’tinaman, meni o’zing o’ldir! Otib tashla!

Uyimdan uzoqroq bo’lgan yerda soy bor. Tong otib bu o’sha yerda amalga oshishi kerak edi. Usha yerga borguncha bunga ishonib, xotirjam edim. Soy bo’yida ancha vaqt kutib turdim, keyin «yo’q» degan javobni oldim. U o’limimni, o’ziga qaytishimni istamadi, ruxsat bermadi!..
Endi men nima qilay? O’zimni qay olov, qay toshga urishni bilmay qoldim!?

Sendan meni o’ldirishingni so’radim, ammo u rozi bo’lmagan ishni sening qo’ling bilan kilib, senga gunoh orttirishni istamayman. Endi o’zimni, chidash og’ir bo’lsa-da, vaqtning ixtiyoriga topshirib qo’yaman.Boshqa yo’l yo’q.Sen istagan yo o’ng,yo chapni tanlab,yulga chiqish yo’li bor, lekin bunga na imkonim va na kuchim bor.
Remedios
29.11.. .. yil.»

« Qarib borayapman, deganding-a? O’sha qarishni o’zimda his qilib, senga yanada yaqinlashyapman. Ichingdagi ishq sendan erk, kenglik va yana anglolmayotganim boshqa narsalarni so’rashdagi og’riqlarni his qilyapman. Biron kishi bilan bo’lib, oz vaqt uning ixtiyorida qolsam, ko’ksimda og’riq boshlanib, ichki a’zolarim kuyib,oqib tushayotgandek bo’ladi, ishqim mendan ozod nafas so’raydi. Yolg’iz, ixtiyorim o’z qo’limda bo’lib qolsam og’riqlar yuqoladi. Remediosim, agar yana «…» buvani chaqirishni istayotgan bo’lsang, ozgina shoshma, men seni ko’zlaringga, siymoingga yaxshilab qarab olishim kerak. Yoningga boraman, faqat borgunimcha «…» buvani chaqirsang, u rozi bo’lsa, ketsanglar, meni unutma, boshimda aylanib-aylanib uch. Tashlab ketma, kelib tur. Balki, men avval chaqirarman «…» buvani.
Bechoraginam…
Mohidang
11.12.. .. yil»

Qiz oxirgi qisqagina xatni jo’natganidan bir hafta o’tib Q… shahriga Remediosning oldiga yo’l oldi. O’shanda tunda qirov tushib, qish boshlanayotgan, uy ichidagi pechka oldida oxirgi marta uning ko’zlariga qarab gaplashgandi. Ha, bu so’nggi marta edi! Shuning uchun u Remediosning har bir a’zosi, sochlari, qo’li, ko’zlarini eslab qolgan, uning «qarib borayotgan» nigohi, butkul tushkunlikka botgan qiyofasi qizning sirli maqsadini yanada dadillashtirgan, ilojsizlikdagi bu so’nggi chorasi
to’g’ri ekaniga ishonchi ortgandi.

— Sen suvrat chiza olasanmi?- so’radi Remedios.
— Io’q, qo’limdan kelmaydi. Nega chizishim kerak?

— Unda, birorta rassom topishga to’gri keladi,- dedi va Balьzakning « Muhabbat tilsimi» kitobi ustidagi rasmni ko’rsatib,- rassomdan Rafaelning o’rniga xuddi shu yerga meni chizib berishini so’rayman. Faqat, ko’rinishim qanday bo’lishini o’ylab ko’rishim kerak. Unda musiqa va yomg’ir albatta bo’lishi kerak. Senaga borolmasam ham rasmimga tikilganimda menga dalda berib turadi.

«Bunga hojat qolmaydi», — dedi ichida Mohida.

Ertasi kuni dashtga otda borishmoqchi bo’lib turganida Mohida devorda Remediosning otasini ilib qo’ygan ov miltig’ini ko’rib qolib, uni yelkasiga taqib oldi.

Ot ustida Remediosining belidan ushlab olib, uning yurak urishini qo’li bilan his qilmoqchi edi, biroq, qishki qalin kiyimi bunga xalaqit berib turar, lekin uning nafas olishi eshitilib turardi. U otdan tushib, miltig’ini xuddi biron qushni otmoqchidek har yerga, osmonga to’g’rilab, keyin otdan tushib, otni bo’ynidagi arqonidan ushlab turgan Remediosiga tezlik bilan miltig’ini qaratdi. Remedios uning bu tezligidan avval cho’chib ketdi, keyin hazil, deb tushunib unga kulib qarab turdi, so’ng, Mohidaning qiyofasidagi jiddiylik, ko’zlaridagi qo’rquv, miltiqni tutgan qo’llaridagi qaltirashni ko’rib, tushundi, entikib qaradi:

— Bunday qilma!
— Qo’rqyapsanmi?

— Yo’q! Sen gunohni ko’tarolmaysan. Meni o’ldirib keyin na yashay olasan, na o’lolasan. Mening yashashim kerak bo’lgan umrim bo’yningga dahshatli va ogriqli bo’lib osiladi. Buni istamayman.

— Men bunga roziman!
— Lekin u rozi emas. Men so’radim, u ruxsat bermadi.

— Kim?
— Hudo!

— Men qilaman u qilmagan ishni. Unga isyon ko’taraman. U ikkimizga cheksiz istaklar, sevgi, borliq mo»jizalariga tashnalik berdi-yu, biroq imkon, erk bermadi.

— Erk birov tomonidan berilmaydi, unga o’zimiz erishishimiz kerak edi. Biz ojizlik qildik!

— Chunki, u oyoq-qo’limizni «muqaddas» burchu majburiyatlar bilan bog’ladi,- dedi. Keyin jemperining pastki tugmalarini yechib, ichidan surat olmoqchi edi, qorin tomoniga solingan xatlar, ikkisining bir-biriga yozganlari, yana o’sha, Balьzakning kitobi yerga tushib ketdi. Qo’lidagi suratga ishora qilib:

— U xozir qayerda? Yahshi ko’rganing!?
— Bilmayman.

— Ayt. Axir, o’ligingni ortmoqlab unga berish uchun suvratiga qarab ko’cha kezib axtarmayman-ku!

— Bunga hojat qolmaydi. Uni avval ruh bo’lib bir ko’raman-da, keyin menga sevgini joylaguvchi xudoga omonatini topshiraman. Tamom!!!
Mohida tepkini bosayotganda bexosdan ko’zini yumib oldi.

O’qni o’ldirmaydigan biron joyiga otib Remediosini chalajon holda ogriq ichida qoldirishdan qo’rqqandi. O’q ovozi eshitildi, keyin miltiqni yerga tashlab, ko’zini ochmay allaqancha vaqt qotib qoldi. Keyin ko’zini ochganida Remedios yerda yotar , o’q peshonasiga tekkandi, uning ko’ksiga boshini qo’yib yerga yotdi. Yurak urishdan to’xtagan, nafas olmayotgandi… Shu ko’yi to kuyosh ufqqa bosh qo’yib, qosh qorayguncha uning ko’ksidan boshini ko’tarmadi. Keyin, jonsiz, maьnosiz bir nuqtada qotib qolgan ko’zlariga tikilib turdi.

«Hammasi tugadi!» dedi. Yerda yoyilib yotgan xatlar va kitobni olib, jonsiz Remediosini bazur ot ustiga ortdi-da, otni yetaklab ketdi…

Bularni xayolidan o’tkazayotgan qiz ko’li bilan quloqlarini qattiq bekitib oldi.

O’shanda Remediosining o’ligini ko’rgan ota-onasini baqiriq, dodlari yana qulog’iga chalingandek bo’ldi: «Qizi-i-im!!! Seni kim bu axvolga soldi!?? Kim?! Kim seni o’ldirdi???» Maьnosiz qarab, qotib turgan Mohidaga o’zini otib, o’kirayotgan onaga: «Sizlar o’ldirdinglar! Barchangiz, ojiz-qo’rqoq, bir-birovini oyog’iga tosh bog’laguvchilar! Mening qo’lim bilan sizlar o’ldirdinglar!» deya hozirgidek ayanch bilan yig’lab, birdan kulib yubordi. Dahshatli kulgisi juda jonsiz, zo’rg’a, qaltiroq bilan chiqqandi. Mana shundan keyin qizini ruhiy kasallar shifoxonasiga joylashdi. Uning birorta savolga javob bermay faqatgina yig’lab-kulishi, undan keyin bu qotillikni hech qanday manfaat uchun qilmagani, uni otib, o’zi odamlar orasiga olib kelib, o’zi otganini tan olgani unga telba tashxisini qo’yishga asos bo’ldi. Bu yerga kelganiga chamasi ikki oy bo’ldi. Bechora ona! Qizining qabriga borib, bag’rini berib, qabrni quchoqlab yotaverar, eri zo’rg’a uyiga obkelsa ham yana qizi oldiga ketib qolaverarkan…

Bir oyog’iga arqon bilan stulni bog’lab olib, yo’laklar bo’ylab uni sudrab shifoxona hovlisi tomon chiqib ketayotgan Mohida yonidan o’tib ketayotganlar, nega bunday qilayotganiga hayron bo’lib kuzatib turgan shifokorlarga: «Nega hayron qaraysiz? Sizlarni oyoqlaringda ham shunday og’irlik bor, sizlar ham bog’lab olgansiz- ku, nahotki ko’rmayapsizlar?! Men ko’rib turibman. Ana! Sizda ham bor, sizda ham… Ma’bud o’ldi!!! Uning tobuti atrofni, hatto men oyoq qo’ygan yerni, havoni ham egalladi!..-dedi.

Uning ma’budi ham o’ldimi? Yo’q! U o’lmagan, hatto uxlayotgani ham yo’q! U SHIKASTA! Yaralangan.

Xudo faqat istakka qodirmi? Yo’q, u falak qadar ko’tarilishga qodir. Biroq, bunga uni anglash orqaligina erishib bo’lmaydi. Buning uchun istak yo’liga chiqmoq va uning kuyiga monand raqs tusha bilmoq kerak!.. Bo’g’izga tiqilib qolgan nafrat shikasta ma’budni birato’la tinchitib, yo’q qilmoq niyatida asli, sarobni ko’rinishi bo’lgan tuman ichiga kirib ketdi. Guyo tumanga singib yo’qlikka aylana oladigandek. U oyog’ini sudragancha shifoxona hovlisida qalin tuman ichida o’zini har yonga otib, holdan toyib, yerga o’tirib oldi. Shu ko’yi ancha vaqt o’tirdi, keyin sovuq zo’ridan xonasiga qaytayotganida hovli ichkarisidagi temir panjaradan qorovul kirgizmadi, tanimasligini aytdi. Qiz panjarani o’ziga tortib turaverdi. Qorovul do’xtir, hamshiralarni chaqirdi, ularni hech biri qizni tanishmadi. Qizni bundan ham ko’ra oyog’iga bog’langan stulning yo’q bo’lib qolgani xayron qoldirar, asli, u tuman ichida o’tirganida ham oyog’ida bog’langan hech narsa yo’q edi. Xullasi, qizning ism-sharifi, u xakdagi ma’lumotlar shifoxonada yo’q, uni hech kim tanimasdi. Uy manzilini aytib ota-onasini chaqirtirdi, ular ham qizni tanishmadi, hech qachon farzand ko’rishmaganligini aytishdi. Qiz xaqidagi biron maьlumot aholini ro’yxatga olish idoralarida ham yo’q edi. Barchani aql-hushi joyida bu qizni hech kimi yo’q, hech kim tanimasligi, ism-sharifi biron joyda qayd etilmagani o’ylantirar, keyin uni xotirasini yo’qotgan, degan qarorga kelib, shifoxonada olib qolishmoqchi bo’lganida u g’oyib bo’ldi.

Ha! Litsey! U Remediosni izlab litseyga yo’l oldi!

Qor bo’ralab yogayapti. Litsey hovlisidagi kattagina muzda bolalar qichqirib sirg’anchiq uchayapti. Bir chetda boshiga qalin jun ro’mol o’rab, uchlarini kulrang palьtosining ichiga kirgizib olgan kichginagina bir qiz. Io’q, uni qiz, deb bo’lmaydi, jussasi juda kichik bo’lsa ham kattadek, xuddi, kichikkina kampirchadek. Lekin u orqasini o’girib turgani uchun buni bilib bo’lmaydi. Qo’ng’iroq chalinib u ham bolalar qatori pitillab yugurib eshikka tikildi. Juda qizik! Mohida kampirchaning ortidan yugurdi, ammo uni yo’qotib qo’ydi. Lekin chap yo’lakdagi xonalardan biriga kirgani aniq. Mohida xonalarni barchasini ochib qarab chikdi, yo’q. Bo’lishi mumkin emas, shu yo’lakka ketgani aniq. Yana xonalarni qaradi, uchinchi eshikni qarab yopayotganda ko’ziga orqa qatordan kulrang palьtoni tirsagi ko’rindi, biroq, boshi ko’rinmadi. Qiz xona ichiga kirdi. Ha! U kichikkina, juda kichik kampircha. Yuzidagi qarilik chiziqlari juda ko’p, labi,qoshi ko’rinmaydi. Faqat, katta ko’zlari derazadan qarab, yog’ayotgan qor parchasi bilan yerga qo’nyapti. U Mohidaga qaradi. Bu o’sha entikib qarash, Remediosining ko’zlari… Mohida unga qarab qotib qoldi. To ustoz uni xonadan olib chiqib ketmaguncha shu ko’yi kampirchaga tikilib turaverdi. Ustozning aytishicha, litseydagi eng yoshi katta ustozlar bu yerga endi kelganda bu kampircha hozirgi bo’yi, jussasidan sal kattaroqqina bo’lgan ekan. Og’izdan- ogizga o’tib, yetib kelishicha, u bolaligida shu yerda o’qib, uni bitirayotganda imtihonlardan yiqilib, sinfda qolib ketaverar, keyin, buni ataylab qilayotganini bilib qolishib, haydab yuborishsa ham ketmay, o’sha orqa qator, derazaning oldida o’tiravergan ekan. Katta sinf bolalari bu kampirchani yelkalariga mingizib o’yin o’ynashsa, kichik sinf bolalari men ham ko’taraman uni, deb xarxasha qilishganda ustozi «ozroq sabr kilib, katta bo’lsangizlar u kichrayib boraveradi, keyin u bilan o’ynayverasizlar», derkan.

Mohida unga bir suvratni ko’rsatdi, u, Remediosining sevgilisi suvrati edi. U suvratga tikilib yig’lab yubordi, uni olib ko’ksiga bosdi…

Mohida oyog’iga tosh bog’lanmagan erk, kenglikda nafas olayotgan sevgi, xudosining kuyiga monand raqsga tushayotgan bu kampirchaning qoshida qotib qolishni, xuddi, bo’ri oyga qarab qotib qolganidek uning entikib turgan nigohida qotib qolishni istadi. Chunki shikasta ma’bud tuzalayotgandi!..

021

(Tashriflar: umumiy 151, bugungi 1)

Izoh qoldiring