Umid Xolliyev. Tiriklik iztiroblari. Qissa

044   Бувимга дунёнинг охири қаерда? – деб савол берганимда ҳали мактабга бормасдим. Болалик тасаввуримда эса қуёш ботадиган жой дунёнинг охиридек эди. Уйимиздан анча узоқда, кун ботиш томонда ғўза баргларини тўкиш учун дори сепадиган самолётларнинг қўналғаси жойлашганди. Менинг назаримда, қуёш шу қўналғанинг орқа томонига бориб ботадигандек…

Умид Холлиев
ТИРИКЛИК ИЗТИРОБЛАРИ
Қисса
065

Аҳмад Аъзам хотирасига бағишлайман

Озод руҳ

037Бувимга дунёнинг охири қаерда? – деб савол берганимда ҳали мактабга бормасдим. Болалик тасаввуримда эса қуёш ботадиган жой дунёнинг охиридек эди. Уйимиздан анча узоқда, кун ботиш томонда ғўза баргларини тўкиш учун дори сепадиган самолётларнинг қўналғаси жойлашганди. Менинг назаримда, қуёш шу қўналғанинг орқа томонига бориб ботадигандек. Аммо мен ҳали у ергача бориб кўрмаганман, уйдан узоққа кетишга рухсат йўқ. Ўша вақтларда самолётни ёнгинасидан туриб томоша қилиш мен учун катта бахт эди-я. Бир куни қизиқишларим устун келиб ўзим учун жорий этилган қоидаларни бузишга журъатим етди. Самолётни яқиндан кўриш учун қўналға томон яёв ёлғиз ўзим йўлга тушдим. Манзилга етгунча анча тер тўкишга тўғри келди. Ҳозир ўйласам, ўшанда тўрт километрдан ортиқроқ йўл юриб борган эканман у жойга. Самолётларни жуда яқиндан томоша қилиб уларнинг катталигию, тузилишидан ҳайратланар эканман, бу ерда туриб ўзим учун ундан-да ҳайратланарлироқ яна бир нарсани кашф этдим. Бу янгилик шундан иборат эдики, қуёш қўналға орқасига ботмас экан, ундан нарида ҳам худди бизники каби қишлоқлар бор экан! Уйимдан қараганда гўёки ҳозир тўхтаган жойимга ботадигандек кўринадиган қуёш бу ердан қараганда ҳам ўшанча узоқликка ботадигандек кўринаркан.

Босқичма-босқич синфдан-синфга ўтиб илм олиш каби умумий ўрта таълим шаклидаги мактаблардан бирининг ўқувчисига айланганимда олам ва одам ҳақидаги илк таассуротларим тубдан ўзгара бошлади. Энди мен қишлоқлар жамланиб туманларни, туманлар вилоятларни, вилоятлар мамлакатларни ва ўз навбатида, мамлакатлар жамланиб қитъаларни, шу қитъалар эса ер куррасини ташкил этишини билиб олдим. Ўйлаганимдек, ер текисликдан иборат эмас, яна бу кузатаётган оламим ер ва осмондангина иборат бўлмай, марказида қуёш жойлашган бу тизим худдики ер каби унинг атрофида ўз ҳалқалари бўйлаб айланадиган яна шундай саккизта сайёрадан иборат экан. Ердаги ўлчамига қараганда жуда узоқ масофалар, мураккаб ҳаракатлар гўёки ўта моҳир механик томонидан ясалган улкан механизмдек. Аммо бу ҳали коинотнинг чегараси эмас, Галактика деб номланувчи коинот ҳудуди бизнинг оламга ўхшаган шундай улкан тизимларнинг бир миллиардга яқинини ўз ичига оларди. Тасаввур қилишга ақл ожиз. Бири кетидан иккинчиси мўлтираб турадиган саволлар ҳам коинотнинг ҳудуди каби чексиз. Коинотнинг охири қаерда? Биз ёпиқ дунё ичидамизми ёки?..

Тасаввурларимнинг ибтидосида пайдо бўлган бу саволлар университетнинг фалакиётшунослик бўлимини тугатганимдан кейин ҳам жавобсиз қолиб кетаётганди. Кўпроқ ўрганишга интилганим сайин олам ва одам ҳақидаги турфа қарашлар ва тахминларга дуч келиб саволларим сафи кенгайиб бораверарди. Олам ҳақидаги жавобсиз саволларга “дунёнинг охири қаерда?” – деган жумбоқ пешқадамлик қилса, одам ҳақидаги баҳсларнинг бошида “инсон ҳаётининг маъноси нима?” – деган савол турарди. Мен гуноҳкорлиги туфайли жаннатдан ҳайдалган Одам Ато масканида унинг бир давомчи авлоди сифатида яшаб туриб бу саволларга жавоб қидирардим. Агар диний таълимотларга қулоқ тутадиган бўлсак, ер – маънога қайтиш учун танланган бир мўътабар, жазо ва тавба маскани. Бу қафасда ўзимни Одам Атога қисматдош бўлган тутқун эканимни англай бошлайман. Айни вақтда, меҳр ва раҳм соясида эканимни, бу соя паноҳидаги умр ҳам менга ато қилинган бир ҳадя эканини ҳис қиламан. Коинотнинг чексизлиги ҳақидаги саволларга жавоб топа олмаган тафаккурим билан инсониятга бу қафас ичра туҳфа этилган ҳадяларни титкилай бошлайман. Барибир, уларнинг энг аълоси онг дейман ўзимга ўзим, у – маънонинг бошланиши. Ерга боғланган моддий вужудда яшаб туриб табиатдан ташқаридаги онг билан боғлиқ ҳодисалар таҳлилига киришаман. Улардан фақат Оллоҳнинг ягона ва беҳожатлиги ҳақидаги таълимотни инкор эта олмайман, унга боғланишни истайман. Гарчанд, буни уддалаш эҳтиёжлари моддий дунёга боғланган вужудда жойлашган руҳ учун осон бўлмаса-да. Назаримда, тараққиёт билан боғлиқ нарса ва ҳодисалар вақт ўтиши билан ўз аҳамиятини йўқотади. Тараққиёт қанчадан-қанча олимларнинг меҳнат маҳсули, у синовнинг янгидан-янги усулларини юзага келтираверади. Аммо унда ҳам маънога ишора қилувчи ва инсонни ақлдан оздирувчи шубҳали фараз ва тахминлар тиқилиб ётибди. Энг қизиғи, техник тараққиёт кўрсатадиган йўлнинг бу чекланган дунёмиздаги ваъда қила оладиган кафолати нолга тенг. Негаки, олимларнинг қилган буюк кашфиётлари табиатдан кўчириб олинган аниқ бир андоза. Тараққиётнинг ҳамма даврларида ўз “ихтиро” ва “кашфиёт”ларининг чеки бўлмаган. Лекин уларнинг ҳам ҳеч бирига нари борса, минг йил аввалги ва ҳозирги замон одамининг ҳаётига бир хилда маъно бахш этадиган хусусиятни ато этиш бахти насиб этмаган. Қайтанга, у ривожланган сари ўз жозибаларига мафтун этиб, моддий дунёга янада маҳкамроқ боғлайди, хотирани йўқотиб фақатгина лаззатланишни бош мақсадга айлантиради. Одатда, ёлғон учун энг хавфли душман – хотира. Инсониятга тегишли хотираларнинг энг тубида эса дунёнинг ёлғонлиги ҳақидаги фалсафа ётади. Шундай қилиб, маънони инсон ақли билан ушлаб турилган тараққиётдан қидириш бесамар эканлиги кўриниб қолади. Маъно қидириш бахти мени авлиёларнинг комиллик ҳақидаги ҳикматлари пойига етаклайди. “Бу синов майдонида икки нафсни хор тут – маъно шундай чекланганлик ичига яширинган”. Бу ўгитнинг ўзига маҳлиё қиладиган мукаммаллиги шундаки, унинг амалийлашуви инсонларнинг ёвузликдан камроқ азият чекишларини таъминлайди. Ғойибона амрларга итоат этиб яшаш лозим эканини англаб, ўзимни хожали қулдек ҳис қила бошлайман, тақдиримга фазилатга эргашиш битилган, дея ўйлайман.

Болалик хотираларимни титкилар эканман, маънонинг бундай ҳикмат асосига қурилгани ҳақидаги хулосани анча илгари ҳам эшитганимни эслай бошлайман. Эсимда: уйга келгандан кейин мактабда билиб олган илм мўъжизаларини бувимга айтиб мақтанардим. Бувимнинг мен учун шундай ҳаяжонли бўлган янгиликларни бепарво тинглаб туриб: “Булар барчаси Оллоҳнинг қудрати, болам”, деб қўйишлари ғашимни келтирарди.

– Биласизми, буви, – дердим мен қизишиб кетиб. – Уйингизнинг шифтига қўлимни кўтарсам етади. Ҳозир катта шаҳарларда юз қаватлик уйлар қурилаяпти.

– Оллоҳга содиқ қул бўлиб яшаш учун уйнинг баланд-пастининг аҳамияти йўқ, болам, – бошимни силарди бувим. – Инсон эзгу амаллар билан жаннатий бўлади.

Шундай қилиб, мен узоқ йиллар давомида илм сўқмоғи деб юриб келган йўлнинг адоғида бошини силаб турган бувимни кўриб ҳайратланардим.
Ёнгинангда турган ҳақиқатни англаш учун, наҳотки, шунча йўл юриш лозим бўлса?

Бувим ҳақидаги хотираларга бериламан.

Куз фаслининг биринчи ойи, кун тиккадан оққан. Мактабдан қайтиб чой ичиб бўлганимдан кейин бувимнинг шинамгина уйида ухлаб қолибман. Ташриф буюрган меҳмонларнинг ғивир-ғивиридан уйғониб кетсам-да, сездирмасдан уларнинг суҳбатини тинглаб ётавердим. Бувимнинг янгаси удумларимизга амал қилиб, янги тушган невара келинини бизникига бошлаб келибди. Тоза келин катта ҳаётни ибратли кекса аёллардан ўрганиши керак. Удум шундай мантиққа асосланган. Улар анча суҳбатлашдилар, ёш келинчакка кўпчиликнинг камчиликка таъсир кўрсатиш усулидан фойдаланиб ҳалол яшаш учун керакли бўлган панд-насиҳатларни қилдилар. Кейин бувимнинг янгаси келинига “сен энди уйга қайтиб кечки овқат тараддудини қилавер, мен кейинроқ қайтаман”, – деб жавоб бериб юборди.

Эшик ёпилиб, келини узоқлашганига ишонч ҳосил қилгач, овозини пасайтирганча шароит танглигидан айта олмай ичига ютиб турган воқеани бувимга сўзлаб бера бошлади. Суҳбат паст овозда катталарга хос қочириқлар билан ўтаётгани учун мен деярли ҳеч нарса тушунаётганим йўқ эди. Англаганим, суҳбат эридан талоқ теккан бир жувон ҳақида борарди. “Нафс қурсин, нафс, – бош чайқади бувим, – у инсонни хор қилади”.

Тўрт унсур

Тўрт-беш ёшлар атрофида эдим. Қишлоғимизга лезгин миллатига мансуб ҳунарманд ўз буюмларини сотишга келди. Асосан, ошхона жиҳозлари – қўлбола капкир, чўлпи, элак, пичоқ ва яна шунга ўхшаш нарсалар. У ҳовлима-ҳовли юриб ўз буюмларини намойиш этар, роса мақтаб, одамларни ўзидан нимадир сотиб олишга ундарди. Баъзан эса эски чойнак, челак, самовар каби идишларни тузатиб ҳам берарди. У кўпинча бизга бобомерос бўлган ташқари ҳовлининг дарвозахонасида намат устига ўтириб олиб иш бошларди. Чол асбобларини ёйиб ишга киришган вақтда тенгқур ўртоқларим билан унинг атрофини ўраб олардик. Бизнинг диққатимизни тортадиган нарса шу эдики, бу ҳунарманд чол тунука қолдиқларидан биз учун ажойиб кўринадиган ҳуштаклар ясарди. Ҳуштакларни эса баъзида ўша вақтнинг пули билан ўн тийинга сотарди ёки бир дона бўшаган шиша идишга алмаштирарди. Лезгин чол ўз тирикчилиги билан юрган бўлса-да, бувим уни меҳмон ҳисоблаб, ҳар сафар олдига чой, нон ва овқат чиқартирарди. Шундай бўлса ҳам, у ҳеч қачон шу ўн тийинлик ҳуштакни бизларга текин, шунчаки савобга бермасди. У ҳар сафар келганда мен ўн тийин олиш учун бувимнинг олдига югурардим. Бир сафар бувим менга ҳуштак олиб бериш билан бир қаторда рўзғор учун ёғоч дастали пичоқ ҳам сотиб олди.

Орадан бир неча кун ўтиб ошхонамизда ўша пичоқни қўлида ушлаганча хуноб бўлиб ўтирганини кўрдим. Бувим пиёз арчаётганди. Ҳар сафар пиёздан янги бўлак кесганида бўлакнинг пичоқ теккан томонига қора юқиб қолар, бувим бир пичоққа, бир пиёзга қараб нима қиларини билмай: “Нону туз берган одамни ҳам шундай аҳмоқ этадиларми”, – деб жиғибийрон бўларди.

Ўшанда мен бувимдан пичоқ нима учун қорайиб қолаётганини сўрагандим. “Занглайдиган оддий темирдан ясаган-да”, – деганди бувим. “Ўша чол келганда пичоғини қайтариб беринг-да, пулингизни қайтиб олинг”, деб маслаҳат бергандим мен.

Бувим индамасдан қўлимга пичоқни бериб буни ариқ ёқасига бориб покиза тупроққа суқиб олавер, тоза бўлади деганди.

Мен чопқиллаганча бувим топширган вазифани бажаришга киришдим. Не ажабки, тоза тупроққа бир неча бор суқиб олганимдан кейин пичоқ худди сотиб олинган вақтидагидек ярақлай бошлади. Мен ҳаётда ўзим учун катталарнинг тажрибаси орқали ўтадиган битта сабоқ олгандим. Қизиқишларим юзасидан бувимга саволлар бера бошладим.

– Буви, тупроқ ҳамма нарсани тозалай оладими?
– Йўқ, болам, тозаловчилар сафида сув ҳам бор.
– Сув ва тупроқ ҳамма нарсани топ-тоза қиладими?
– Улар тозалай олмайдиган нарсалар ҳам бор, болам, сен ҳали ёшсан, уларни тушунмайсан.

Ҳовлимиз бир, мен бувим билан бирга эдим, бувимнинг амалларини кузатиб улғаярдим. Тинмай савол берардим. Саволларим эса содда ва болаларга хос.

– Буви, бизнинг уйимиз нега дадамларникидан паст?
– Шу уйда ҳам жаннатий бўлиб яшаса бўлади, болам. Дадангларни уйи кейинроқ қурилган. Ҳозир ҳамма шундай баланд қилиб қуряпти.
– Буви, жаннат нима?

– Жаннат гуноҳ қилмайдиган одамларнинг охиратда борар жойи. Сен ҳам одобли бола бўл, катталарнинг гапига қулоқ сол, меҳнатдан қочма.

Бу ўгитлар деярли ҳар куни мавриди билан такрорланаверарди, менинг саволларимнинг ҳам чеки йўқ эди. Теварак-атрофимиз пахтазор, ҳар йили йиғим-терим олдидан дефолиация қилиш учун самолёт келади. Улар теварак-атрофимиздан кучли ҳидли кимёвий моддаларни пуркаб ўтади. Бола бўлсам ҳам биламан, самолётлар дори сепган даладаги ғўзапояларнинг барги тўкилиб оппоқ пахта қолади. Аммо самолёт қандай учади, нима учун юқорида у жуда кичкина кўринади? Бу саволларга бувим ҳам тайинли бир жавоб қайтара олмасди.

Манзил

У улуғ ва гўзал. Унинг дўсти дунёнинг гўзал одами.
Эслаб йўл юраман. Коинот – битта ишқ достони.
Мустай Карим

Хоҳиш-истакларининг чеки йўқ инсон боласи шундай аччиқ қисмат эгасики, унинг охир-оқибат борадиган манзили ва унга элтадиган йўли олдиндан тайин қилиб қўйилган. Яна бир ҳидоятни қарангки, бу йўлда ҳар бир инсон ўзининг шахсий йўлбошловчисига эга экан. Бу ақл деб аталмиш, инсонга ҳис-туйғулари берадиган таассуротларни мулоҳаза қилиб умумлашган хулоса ҳосил қиладиган йўл кўрсаткич. Инсоният буни аллақачон унутган бўлса ҳам, манзилдан адашмаслик учун ақл деб белгиланган чегарадан четга чиқмасликка маҳкум.

Бу хулосалар бир қарашда жуда жўн ва такрорий қайтариқларга ўхшаб кўринади. Нотабиийлик ва меъёр бузилишларининг катта-кичик кўринишлари яшаш учун кураш тамойилига айланиб бораётган бу дунёда яшаш баттар изтиробли бўлиб, дунёнинг порлоқ келажаги ҳақидаги ишончни сусайтиради.

Мен ақллиман, дейди Ғарб. Шарқ эса уни инкор этиб, ўз донолиги ва иймонини кўз-кўз этади. Ўзларини ақлли ҳисоблаганлар бор илмларини кўпроқ қирғин келтира оладиган янги қуроллар яратишга қаратадилар. Мақсадлари содда ва аниқ: бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш, улар ҳисобига яшаш. Агар ер тақдири тўғрисида инсонлар тўқиётган башоратлар тўғри чиқса, ўз авлодлари яшаб қолишлари учун имкон қадар кўпроқ шароит яратиш. Уларнинг изтиробларини ўзлари ақлсиз ҳисоблайдиган халқлар фарзандларининг қабрлари ҳисобига камайтириш. Гўёки олам зўрлар учун яратилгану улар бошқаларнинг қувончини тортиб олишга ҳақлидек. Буни оқлайдиган иборани ҳам топиб қўйганлар: “Чангалзор қонуни”.

Ҳайвонларга ато этилган қонунлар асосида яшасак, ақлнинг эзгу мақсади қани? Наҳотки, ақлимиз онгсиз жонзотлардан андоза олишдан бошқасига ярамаса? Аслида ҳам учиш ёки сузиш техникаси яратаётган олим улардаги нигоҳини қушлар ёки денгиз жонзотларига қаратиши кундек равшан-ку! Ақлнинг вазифаси фақат нафс эҳтиёжларига хизмат қилишдангина иборатмикан? Бундай оғир хаёллардан кейин ғижиниб савол бераман ўзимга-ўзим. Ньютонча механика қонунлари мавжуд эмасмиди ёки қайси бир олим бир томчи сув ярата олди? Наҳотки, бундай шармандали ожизлик бизни ёвузликдан сақлай олмаса? Инсон фақат ёвузлик яратишга қодир ва шу яратувчилигини у ақл деб атайдими?

Калламга келган хулосадан ўзим чўчиб кетаман. Илмий таҳлилларга ўхшаб кетадиган бундай хаёллар муттасил мени азоблайди. Дунёнинг юки сенинг елкангга тушганми? – деган савол билан лоқайд бўлишга уринаман. Келажакка бепарво одамлардек чалғишга уринаман. Дунё жозибаси қучоқ очиб мени ўз бағрига олишга тайёр. Шарти ҳам оддий. Чўнтагинг қуруқ бўлмасин. Оғир хаёллардан қутулиш учун улфатлар даврасига қўшилишга ўзимни мажбур этарканман, бу мавжуд ҳаёт-ку, унда ҳам қандайдир ҳикмат бор, дея таскин бераман ўзимга-ўзим. Дўстларим катта одам бўлиб қолганимизни эслатиб ичкилик тўла қадаҳ узатадилар. Мен рад этаман ва улардан “абадий яшамоқчимисан”, деган таънани эшитаман. Давра авжига чиққанда уларнинг суҳбатига қўшила олмай ўзимни бегонадек ҳис эта бошлайман. Ўй-хаёллардан қочиб келганим “шодлик” дунёсига ҳам сиғмай қоламан. Кўнглим яна ёлғизлик тусай бошлайди. Тушкун кайфият билан уйга қайтар эканман, наҳотки ҳаёт тутуриқсизликлардан иборат бўлса, дейман. Аммо ҳақиқат дағал ва хунук бўлишини эслаб, бу шубҳамга ишонмай қўяман. Сабр керак инсонга, хотиржамлик унинг ортига яширинган. Сабр етишмай қолганда ҳаётнинг ёлғонлигини пайқаш қийинлашади. Ҳаёт, аслида, ростни ифодалайдиган мукаммал ёлғон, дея ўйлайман. Негаки, табиатдаги нарсалар, воқеа-ҳодисалар инсонга тегишли ҳодисалардек бенуқсон эмас. Инсон табиатидаги нуқсонларни эса асосан ҳиссиётлар, янаям аниқ формулага эга лаззатланиш ҳиссиётлари келтириб чиқаради. Давр талвасасини кузатиб шунга амин бўламанки, ҳиссиётлар ўз сифатлари билан инсон онгида моддий дунё ҳақидаги тасаввурларни бўрттириб чин дунёдан чалғитади. Тоқат етмаса, кўзни юммасдан ҳақни англашнинг имкони йўқ. Тараққиёт эса ақл кўзи деган тушунчани ўтмишда қолган урфга айлантириб бўлган. Замонада қисқа муддатли лаззатларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш кайфияти ҳукмрон. Гўёки охират макони сифатида тилга олинадиган жаннат ва дўзах деган сўзлар ўтмиш эртакларининг сарлавҳасига айланиб, Лут ва Мусо қавмининг шаккокликлари такрорланаётгандек.

– Жаннат ҳам, дўзах ҳам шу дунёда, нариги дунё бир чўпчак, – дейди дўстим ўз фикрини баён этиб. Ва ўз гапини исботлаш учун таъриф қилавериб мени ўша “жаннат”лардан бирига боришга кўндиради.

Санаторийдаги шароитлар билан мени таништирар экан, такрор-такрор:

– Жаннат бундан ортиқ бўладими? – деб қўяди.
– Ҳа, – дейман мен. – Фақат жаннатингни танлов шарти пул бўлгани ёмон-да.

– Шу арзимас қоғоз ҳисобига умринг узаяди, саломатлигинг тикланади, – гапидан қолмайди у ҳам.

– Инсон ҳиссиётлар амри бўлган шу қисқа муддатли лаззатлар учун имкон қадар узоқ яшашга интилиши керакми?

– Озроқ сабр қил, сенга инсон ҳиссиётлар қули эканини исботлаб бераман, – дейди мени олиб келганидан пушаймон эканини яширмай.

Соғлигимдан шикоятим бўлмаса-да, узоқ яшаш илинжи ҳамда қизиқувчанлигим важидан марказдаги шу номдор санаторийда қолишга рози бўламан. Дўстимнинг барча танишлари шу ерга йиғилади. Улар оддий одамлар эмас. Бири номдор шифокор, бири омадли савдогар, яна бириси дасти узун амалдор.

– Сиз фойдаланадиган тиббиёт асбобларининг физикаси, ишлаш принципи, баҳосини яхши биламан, озроқ электр энергия ва мутахассиснинг касбий маҳоратини эътиборга олмаганда бошқа яна нима сарфлайсизларки, беморга ташҳис қўйиш нархлари бу қадар қиммат? – савол ташлайман шифокорга.

У менга ўтмиш сарқитига қарагандек тикилади, аммо саволимга жавоб бергиси келмайди. Даврадагилар бесаранжомлана бошлайди. Улар ўз хотиржамлигига рахна соладиган савол-жавобларга кўникмаган. Ўртага ноқулай жимлик чўкади.

– Ҳеч биримизнинг ихтиёримиз ўз қўлимизда эмас, биздан ҳам юқоридагилар бор, – вазиятни хаспўшлашга уринади амалдор.

Назаримда, у ўзини барчадан доно ҳисоблайди. Шифокор ўзини тиғ устида ўтиргандек ҳис эта бошлайди. Хайриятки, амалдорнинг далда бўлгувчи бундай “самимияти” шифокорни сал руҳлантиради.

– Тўғрисини айтганда, сиз ҳақсиз, – дейди минғирлаб. – Лекин…

– Бу ерга бефойда нарсаларни муҳокама қилишга йиғилганмизми, бошқа мавзу қуриб қолибдими? – луқма ташлайди дўстим умумий кайфиятни бузмаслик учун.

У ҳаддан ортиқ маишатпараст, ўзига хос фикрлайдиган йигит. Унинг таклифидан кейин юмшоқлик билан мавзудан четланиш бошланади. Улар ўз қилмишларини оқлашга ишонтирадиган далиллар топиб бўяб-бежаб суҳбатни давом эттирадилар. Худдики, бор пулини ташҳис қўйдиришга сарфлаб дори-дармонга пули қолмаган беморнинг аҳволидан ўша шифокорнинг аҳволи оғирдек.
Аслида, улар қийинчилик деб айтаётганлари бошқалар чўнтагидан ботил йўл билан ўзлаштирилган пулнинг ташвишларидан бошқа нарса эмас. Ҳиссиётлар ақлни хиралаштириб, изтироблар сари етаклайди. У олиб борадиган манзилда нажот эшиклари ёпилган.

– Кўрдингми? – дейди дўстим якка қолишимиз билан. – Лаззат истаган одам ўз ҳиссиётлари измида қанчалик жасоратли бўлиши керак. Яна сенга бир сирни очай, бундай тоифа одамлар жуда осон тил топишадилар. Улар ўзаро манфаатдор бўлиб турганларида инсоний фазилатларини шундай юксак даражада намоён этадиларки, беихтиёр дунё манфаат устига қурилган деб юборасан.

– Ҳа, – дейман мен. – Манфаат нафс эҳтиёжларидан келиб чиққанини унутмаслик керак фақат.

– Сен бунақа беъмани фикрларинг билан даврага совуқлик солмай жим тура олсанг, қанчалик ноҳақ эканингни англайсан.

Мен ёлғизланиб қолишим мумкинлигини ўйлаб, розилик билдираман.

Эртасига дўстим ва шериклари тушлик вақтига зиёфат уюштирадилар. Бу ерда барча шароит муҳайё. Санаторий соҳиблари даромадни кўпайтириш учун инсон майлларини ҳам назардан қочирмаганлар. Даврага шаҳарлик гўзал хонимлар ташриф буюради. Дастурхон етти иқлимдан келтирилган ноз-неъматларга лиқ тўлдирилган. Ичкилик суҳбатни қизитади. Эркаклар оғизларидан чиқаётган каломларига пулдан ғилоф кийдириб нар қушлар каби кериладилар. Аёллар эса эркаклардан таралаётган сўзларнинг ғилофига ишва билан тузоқ тўқийди. Барчаси қўлини меҳнатга урмаган танноз хонимлар.

Даврани тарк этаман. Сабаби кўринмаётган нарса эмас, кўринмаётган ҳақиқатдан қўрқмаймиз, кўринаётган оний лаҳзанинг ихтиёрий қулига айланиш осон.

– Нега қочиб кетдинг? – дейди кечқурун дўстим. – Сенга ҳам аталгани бор эди.

– Мен бунақа ўтиришларни ёқтирмайман, – жавоб қайтараман кибр билан ва ботинимда дарҳол ўзимни сўроқ қиламан. Ҳақиқатда шундайми? Йўқ, сен зинодан эмас, ораларингда қарама-қаршилик пайдо бўлган одамларга ахлоқсиз бўлиб кўринишдан қочдинг! Бу тарбияланган нафснинг зинодан ҳазар қилиши эмас.

Кечки овқат вақтида суҳбат яна ўз-ўзидан ўша аёллар мавзусига кўчади.

– Мен унинг номига уй олиб қўйганман, – керилади савдогар. – Шаҳарга тез-тез қатнайман, менга керак-да бу.

– Тўғри, – деб унинг гапини маъқуллайди амалдор. – Лекин уйни унинг номига расмийлаштириб хато қилибсан. Аёлларга ишонч йўқ, уларнинг фариштаман деганига ҳам ишониб бўлмайди.

– Менинг маъшуқам жуда садоқатли, – амалдорнинг фикрига қарши туради шифокор. Ва унинг фан номзоди бўлишига ўзи сабаб эканини айтиб қомати ва гўзаллигини таърифлай бошлайди.

Бундай бемаъни суҳбатлардан кейин ором олиш учун яна ўз хоналаримизга тарқаламиз. Хаёлан садоқат деган сўзнинг маънода қолиш чегараларини қидираман. Наҳотки, ўша аёлнинг ёши анча жойга борган илмий раҳбарига бўлган ҳирсий муносабатини садоқат деб бўлса.

– Нафс шундай гўзал қилиб кўрсата олади ёлғонни, – суҳбат бошлайди дўстим ўзига ётиш учун жой ҳозирлар экан. – Инсон қалби азалий гипноз таъсирида ёлғон ва иллатларга мойил қилиб қўйилган.

– Манзил сари йўлга отланган инсон бу фоний дунёни имкон қадар эзгу амаллар билан тарк этиши керак эмасми?

– Инсон энг зўр тақлидчи, бу ҳам азалий гипнознинг бир таъсири, – дейди дўстим.
– Ҳа, – дея унинг гапини маъқуллайман, – нафс ўз вирусини энг тез тарқатадиган касаллик.
– Нафс инсон хулқ-атворида иллат ҳосил қиладиган унсур.

Хаёлимни ер сайёраси ва унда ҳеч қачон бу қадар кўпайиб кетмаган инсонлар тақдири эгаллайди.
– Биз манзилдан адашмадикмикан?
– …
Дўстимнинг олдига саволни бошқача шаклда қўяман.

– Яратганнинг борлигига ишонасанми?

– Ҳеч шубҳасиз, – жавоб қайтаради у. – Аммо у кўрсатганидек яшай олмаяпман.

– Бу азалий сабрсизликнинг давоми эмасми?
– Худди шундай.

– Ахир, сабрли бўлишимиз учун бизларга қанча пайғамбарлар юборилиб, қанча илоҳий китоблар туширилмади.

– Охирги пайғамбарнинг дунёдан ўтганига ўн тўрт асрдан ошди. Ҳаёт жозибаси нақд, Яратганнинг ваъдаси эса насия.

– Демак, ҳали Оллоҳ ҳақидаги илмларимиз етарли эмас экан-да?

– Йўқ. Ундай эмас, масала ҳар бир илмнинг Оллоҳни англашга қаратилмаганида.

– Қўйсанг-чи, – дейман мен. – Ҳинд ведаларидан то ҳозирги замонгача Оллоҳни англаш учун қандай таълимотлар яратилмади. Яна нима керак одамзодга?

– Шайтонга хизмат қиладиган ҳаёт жозибалари ҳам ундан кам эмас, – дейди у.
– Ҳа, – дейман мен. – Аммо жазосиз қолган итоатсизлик ҳам йўқ.

– Гуноҳ эвазига жазо, савоб учун мукофот. Васваса ва синов майдони. Эзгулик маконида кутадиган Оллоҳ. Бу менга барча устунлик тескари қутбда бўлган мавҳум ўйинни эслатади. Яъни Одам Ато билан бошланган эътирозларни эътирофларга айлантириш ўйини.

– Руҳни озод қилишга интилаётган жоннинг изтироблари эмасми бу? Тириклик изтироблари қанақасига ўйин бўлсин?

– Билсанг, бу ерга ўша жон учун қайғуришга келганмиз, – дейди дўстим ва тумбочка устида турган коньякдан бир неча қултум ютиб юборади.

Яна саволга тутаман.
– Менга инсонни ҳиссиётлар бошқаришини исботлаяпсанми?
– Эрталаб суҳбатлашаётган аёлинг ким эди? – саволимга савол қайтаради у.
– Бир журналист экан. Қаердан кўзинг туша қолди?
– Кўрмасликнинг иложи бўлмади, лекин ўзиям кетворган аёл экан-да.
– У юксак маънавиятли, иймонли аёл, яна адабиётшунос олима, – дўстимнинг таърифларини тўлдираман мен.

– У Бовари хонимнинг ўзгинаси, – дейди дўстим дабдурустдан. – Синаб кўришинг мумкин. Эсингдан чиқарма, аёллар мақтов ва эҳтирослар қули. Сен унинг ҳис-туйғулари билан бир ўйнашиб кўр, гапларим тўғрилигига ўзинг ишонч ҳосил қиласан.
Менинг ишонгим келмайди. Аниқроғи, шу аёлни дўстим айтганидек бўлиб чиқишини хоҳламайман. Шундай бўлса ҳам, эртасига унинг эҳтирослари билан ўйнаша бошлайман. Хавотирланганимдек, у мени жеркиб ташламайди, аксинча, нозу карашма ва оҳанграбо лутфи билан мени ўзига янада қаттиқроқ боғлаб олишга уринади. Тунни унинг хонасида ўтказишга келишамиз. Бошқалар ҳам шундай қиляпти-ку, таскин бераман ўзимга. Дўстимга бу тунда меҳмонга кетишимни айтиб, унинг барча таклифларини рад этаман.

– Мен ютқаздимми? – ёлғонга имкон қолдирмаслик учун кўзимга тикка қарайди дўстим.
– Сен ҳақсан, – дейман шалвираб.

Ўз ғалабасидан хурсанд дўстим:
– Гуноҳкор бўлиш жуда осон, – деганча хонани тарк эта бошлайди.
– Бу борада сен мендан бешбаттарсан…

Таъриф қилиб бўлмас даражада таҳсинга сазовор сабр, чексиз меҳр ва раҳм. Бу далилларни эслаш фикримни тамоман ўзгартиради. Дўстимга хонани тарк этишдан олдин бир гапни айта олмаганимдан афсусланаман. Ва энди у хонада бўлмаса-да, гўёки унга мурожаат қилгандек: “Инсоннинг гуноҳкорлигидан Оллоҳ ҳеч нарса ютқазмайди, ютқазса фақат инсон ютқазади”, – дейман паст ва аламли овоз билан.

Ҳаётда вақтга ўз жиловини тутқазмайдиган ягона нарса – хаёл. Хаёллар билан вақт ўтганини сезмай қоламан. Икки соат олдин кеч тушишини интиқлик билан кутаётган бўлсам, энди саросимага туша бошлайман. Нафс ва иймон ўртасида кураш бошланади. Аммо ҳалиям танамдаги нафсга мойиллик мендаги қатъиятдан устунлик қиляпти. Қўл телефоним жиринглайди.

– Кутяпман.
– Ҳозир, – дейман шошиб ва эшик олдига чиқаман.

Хона эшигини қулфлаётган вақтимда яна телефоним жиринглайди. Бу энди бошқа овоз. У оромбахш ва осойишта.

– Алло, яхши дам оляпсизми, дадаси, соғ-саломатмисиз… Болалар сиз билан гаплашмоқчи.

Гўшак болаларга тегиши билан уларнинг бири қўйиб, бири олиб чуғурлаша бошлайдилар. Катта қизим мен таътилда математикани ўрганаяпман, деса, кенжатойим менга нима олиб келасиз, деб сўрайди. Суҳбат якунланиши билан шафқатсиз бир саволга рўпара бўламан. Интилаётган нарсанг нима ўзи, бахтми? Ҳаёт ортга тепмас қурол. Ҳозир майлингга қулоқ солиб гуноҳга ботсанг, кейин аввалги хотиржамлигингни қайта топа оласанми?

Кўз олдимдан ҳаётда чеккан изтиробларим, вақт ўтиши билан жавобсиз қолдирилмаган хатоларим, сабрим ортидан етган хурсандчилик ва хотиржамликларим ўта бошлайди. Бувимнинг дастурхон устида бизларга қарата: “Болаларим, бу ўткинчи дунёда сабрли бўлинглар, Оллоҳ сабрли инсонларни севади”, – дея насиҳат қилганини эслайман. Авлиёлар ўз ахлоқлари билан дунёнинг гўзал одамларига айланганлар. Менинг ҳам гўзал одамлар сафида бўлгим келади. Аҳдимдан тамоман қайтиб ширин энтикиб кетаман. Ўйлайман, бувим мени ҳаётга тайёрлай бошлаганда ҳали гўдак бола эдим, ёшим улғайиб ҳаётдан завқ олиб яшаш учун курашар эканман, ҳар қадамда турфа кўринишда нафс қурбонларига айланган “ворис”ларга дуч келардим. Бу кўрганларим туфайли ҳар қандай ёмон амал ва ёвузлик пировардда ҳалокатга маҳкум эканини англаб етганимда эса мен комил инсон сифатлари ҳақида қайғура бошлагандим. Бу учун кўпроқ бувимдан миннатдор бўлардим. Буни орадан анча йиллар ўтиб англаб етганимда эса энди афсусланишдан бошқа чорам йўқлиги алам қиларди.

Хонамга қамалиб олиб ўтмиш хотираларига берилар эканман, кейинчалик яна афсусланиб қолмаслигим учун тезда болалар олдига қайтишим шарт, деган қарорга келдим.

Эртасига дўстим ва шерикларининг хурсандчилиги ҳамда «Бовари хоним»нинг нафрат билан боқаётган кўзларига парво ҳам қилмай, жилла қурса, манзил сари бир қадам ташлаганимдан хурсанд бўлганимча хотиржам ҳолда уйга, болаларим олдига қайтдим.

M: “Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон

001 Buvimga dunyoning oxiri qayerda? – deb savol berganimda hali maktabga bormasdim. Bolalik tasavvurimda esa quyosh botadigan joy dunyoning oxiridek edi. Uyimizdan ancha uzoqda, kun botish tomonda g’o’za barglarini to’kish uchun dori sepadigan samolyotlarning qo’nalg’asi joylashgandi. Mening nazarimda, quyosh shu qo’nalg’aning orqa tomoniga borib botadigandek…

Umid Xolliyev
TIRIKLIK IZTIROBLARI
Qissa

Umid Xolliyev 1973 yilda Buxoro viloyatining Qorako’l tumanida tug’ilgan. 1990-1995 yillarda Buxoro Davlat Universitetining fizika-matematika fakultetini tugilgan. Mehnat faoliyatini maktabda o’qituvchilik qilishdan boshlagan. Bugungi kunda tadbirkorlik bilan shug’ullanadi.

* * *

Ahmad A’zam xotirasiga bag’ishlayman

Ozod ruh

Buvimga dunyoning oxiri qayerda? – deb savol berganimda hali maktabga bormasdim. Bolalik tasavvurimda esa quyosh botadigan joy dunyoning oxiridek edi. Uyimizdan ancha uzoqda, kun botish tomonda g’o’za barglarini to’kish uchun dori sepadigan samolyotlarning qo’nalg’asi joylashgandi. Mening nazarimda, quyosh shu qo’nalg’aning orqa tomoniga borib botadigandek. Ammo men hali u yergacha borib ko’rmaganman, uydan uzoqqa ketishga ruxsat yo’q. O’sha vaqtlarda samolyotni yonginasidan turib tomosha qilish men uchun katta baxt edi-ya. Bir kuni qiziqishlarim ustun kelib o’zim uchun joriy etilgan qoidalarni buzishga jur’atim yetdi. Samolyotni yaqindan ko’rish uchun qo’nalg’a tomon yayov yolg’iz o’zim yo’lga tushdim. Manzilga yetguncha ancha ter to’kishga to’g’ri keldi. Hozir o’ylasam, o’shanda to’rt kilometrdan ortiqroq yo’l yurib borgan ekanman u joyga. Samolyotlarni juda yaqindan tomosha qilib ularning kattaligiyu, tuzilishidan hayratlanar ekanman, bu yerda turib o’zim uchun undan-da hayratlanarliroq yana bir narsani kashf etdim. Bu yangilik shundan iborat ediki, quyosh qo’nalg’a orqasiga botmas ekan, undan narida ham xuddi bizniki kabi qishloqlar bor ekan! Uyimdan qaraganda go’yoki hozir to’xtagan joyimga botadigandek ko’rinadigan quyosh bu yerdan qaraganda ham o’shancha uzoqlikka botadigandek ko’rinarkan.

Bosqichma-bosqich sinfdan-sinfga o’tib ilm olish kabi umumiy o’rta ta’lim shaklidagi maktablardan birining o’quvchisiga aylanganimda olam va odam haqidagi ilk taassurotlarim tubdan o’zgara boshladi. Endi men qishloqlar jamlanib tumanlarni, tumanlar viloyatlarni, viloyatlar mamlakatlarni va o’z navbatida, mamlakatlar jamlanib qit’alarni, shu qit’alar esa yer kurrasini tashkil etishini bilib oldim. O’ylaganimdek, yer tekislikdan iborat emas, yana bu kuzatayotgan olamim yer va osmondangina iborat bo’lmay, markazida quyosh joylashgan bu tizim xuddiki yer kabi uning atrofida o’z halqalari bo’ylab aylanadigan yana shunday sakkizta sayyoradan iborat ekan. Yerdagi o’lchamiga qaraganda juda uzoq masofalar, murakkab harakatlar go’yoki o’ta mohir mexanik tomonidan yasalgan ulkan mexanizmdek. Ammo bu hali koinotning chegarasi emas, Galaktika deb nomlanuvchi koinot hududi bizning olamga o’xshagan shunday ulkan tizimlarning bir milliardga yaqinini o’z ichiga olardi. Tasavvur qilishga aql ojiz. Biri ketidan ikkinchisi mo’ltirab turadigan savollar ham koinotning hududi kabi cheksiz. Koinotning oxiri qayerda? Biz yopiq dunyo ichidamizmi yoki?..

Tasavvurlarimning ibtidosida paydo bo’lgan bu savollar universitetning falakiyotshunoslik bo’limini tugatganimdan keyin ham javobsiz qolib ketayotgandi. Ko’proq o’rganishga intilganim sayin olam va odam haqidagi turfa qarashlar va taxminlarga duch kelib savollarim safi kengayib boraverardi. Olam haqidagi javobsiz savollarga “dunyoning oxiri qayerda?” – degan jumboq peshqadamlik qilsa, odam haqidagi bahslarning boshida “inson hayotining ma’nosi nima?” – degan savol turardi. Men gunohkorligi tufayli jannatdan haydalgan Odam Ato maskanida uning bir davomchi avlodi sifatida yashab turib bu savollarga javob qidirardim. Agar diniy ta’limotlarga quloq tutadigan bo’lsak, yer – ma’noga qaytish uchun tanlangan bir mo»tabar, jazo va tavba maskani. Bu qafasda o’zimni Odam Atoga qismatdosh bo’lgan tutqun ekanimni anglay boshlayman. Ayni vaqtda, mehr va rahm soyasida ekanimni, bu soya panohidagi umr ham menga ato qilingan bir hadya ekanini his qilaman. Koinotning cheksizligi haqidagi savollarga javob topa olmagan tafakkurim bilan insoniyatga bu qafas ichra tuhfa etilgan hadyalarni titkilay boshlayman. Baribir, ularning eng a’losi ong deyman o’zimga o’zim, u – ma’noning boshlanishi. Yerga bog’langan moddiy vujudda yashab turib tabiatdan tashqaridagi ong bilan bog’liq hodisalar tahliliga kirishaman. Ulardan faqat Ollohning yagona va behojatligi haqidagi ta’limotni inkor eta olmayman, unga bog’lanishni istayman. Garchand, buni uddalash ehtiyojlari moddiy dunyoga bog’langan vujudda joylashgan ruh uchun oson bo’lmasa-da. Nazarimda, taraqqiyot bilan bog’liq narsa va hodisalar vaqt o’tishi bilan o’z ahamiyatini yo’qotadi. Taraqqiyot qanchadan-qancha olimlarning mehnat mahsuli, u sinovning yangidan-yangi usullarini yuzaga keltiraveradi. Ammo unda ham ma’noga ishora qiluvchi va insonni aqldan ozdiruvchi shubhali faraz va taxminlar tiqilib yotibdi. Eng qizig’i, texnik taraqqiyot ko’rsatadigan yo’lning bu cheklangan dunyomizdagi va’da qila oladigan kafolati nolga teng. Negaki, olimlarning qilgan buyuk kashfiyotlari tabiatdan ko’chirib olingan aniq bir andoza. Taraqqiyotning hamma davrlarida o’z “ixtiro” va “kashfiyot”larining cheki bo’lmagan. Lekin ularning ham hech biriga nari borsa, ming yil avvalgi va hozirgi zamon odamining hayotiga bir xilda ma’no baxsh etadigan xususiyatni ato etish baxti nasib etmagan. Qaytanga, u rivojlangan sari o’z jozibalariga maftun etib, moddiy dunyoga yanada mahkamroq bog’laydi, xotirani yo’qotib faqatgina lazzatlanishni bosh maqsadga aylantiradi. Odatda, yolg’on uchun eng xavfli dushman – xotira. Insoniyatga tegishli xotiralarning eng tubida esa dunyoning yolg’onligi haqidagi falsafa yotadi. Shunday qilib, ma’noni inson aqli bilan ushlab turilgan taraqqiyotdan qidirish besamar ekanligi ko’rinib qoladi. Ma’no qidirish baxti meni avliyolarning komillik haqidagi hikmatlari poyiga yetaklaydi. “Bu sinov maydonida ikki nafsni xor tut – ma’no shunday cheklanganlik ichiga yashiringan”. Bu o’gitning o’ziga mahliyo qiladigan mukammalligi shundaki, uning amaliylashuvi insonlarning yovuzlikdan kamroq aziyat chekishlarini ta’minlaydi. G’oyibona amrlarga itoat etib yashash lozim ekanini anglab, o’zimni xojali quldek his qila boshlayman, taqdirimga fazilatga ergashish bitilgan, deya o’ylayman.

Bolalik xotiralarimni titkilar ekanman, ma’noning bunday hikmat asosiga qurilgani haqidagi xulosani ancha ilgari ham eshitganimni eslay boshlayman. Esimda: uyga kelgandan keyin maktabda bilib olgan ilm mo»jizalarini buvimga aytib maqtanardim. Buvimning men uchun shunday hayajonli bo’lgan yangiliklarni beparvo tinglab turib: “Bular barchasi Ollohning qudrati, bolam”, deb qo’yishlari g’ashimni keltirardi.

– Bilasizmi, buvi, – derdim men qizishib ketib. – Uyingizning shiftiga qo’limni ko’tarsam yetadi. Hozir katta shaharlarda yuz qavatlik uylar qurilayapti.

– Ollohga sodiq qul bo’lib yashash uchun uyning baland-pastining ahamiyati yo’q, bolam, – boshimni silardi buvim. – Inson ezgu amallar bilan jannatiy bo’ladi.

Shunday qilib, men uzoq yillar davomida ilm so’qmog’i deb yurib kelgan yo’lning adog’ida boshini silab turgan buvimni ko’rib hayratlanardim.
Yonginangda turgan haqiqatni anglash uchun, nahotki, shuncha yo’l yurish lozim bo’lsa?

Buvim haqidagi xotiralarga berilaman.

Kuz faslining birinchi oyi, kun tikkadan oqqan. Maktabdan qaytib choy ichib bo’lganimdan keyin buvimning shinamgina uyida uxlab qolibman. Tashrif buyurgan mehmonlarning g’ivir-g’iviridan uyg’onib ketsam-da, sezdirmasdan ularning suhbatini tinglab yotaverdim. Buvimning yangasi udumlarimizga amal qilib, yangi tushgan nevara kelinini biznikiga boshlab kelibdi. Toza kelin katta hayotni ibratli keksa ayollardan o’rganishi kerak. Udum shunday mantiqqa asoslangan. Ular ancha suhbatlashdilar, yosh kelinchakka ko’pchilikning kamchilikka ta’sir ko’rsatish usulidan foydalanib halol yashash uchun kerakli bo’lgan pand-nasihatlarni qildilar. Keyin buvimning yangasi keliniga “sen endi uyga qaytib kechki ovqat taraddudini qilaver, men keyinroq qaytaman”, – deb javob berib yubordi.

Eshik yopilib, kelini uzoqlashganiga ishonch hosil qilgach, ovozini pasaytirgancha sharoit tangligidan ayta olmay ichiga yutib turgan voqeani buvimga so’zlab bera boshladi. Suhbat past ovozda kattalarga xos qochiriqlar bilan o’tayotgani uchun men deyarli hech narsa tushunayotganim yo’q edi. Anglaganim, suhbat eridan taloq tekkan bir juvon haqida borardi. “Nafs qursin, nafs, – bosh chayqadi buvim, – u insonni xor qiladi”.

To’rt unsur

To’rt-besh yoshlar atrofida edim. Qishlog’imizga lezgin millatiga mansub hunarmand o’z buyumlarini sotishga keldi. Asosan, oshxona jihozlari – qo’lbola kapkir, cho’lpi, elak, pichoq va yana shunga o’xshash narsalar. U hovlima-hovli yurib o’z buyumlarini namoyish etar, rosa maqtab, odamlarni o’zidan nimadir sotib olishga undardi. Ba’zan esa eski choynak, chelak, samovar kabi idishlarni tuzatib ham berardi. U ko’pincha bizga bobomeros bo’lgan tashqari hovlining darvozaxonasida namat ustiga o’tirib olib ish boshlardi. Chol asboblarini yoyib ishga kirishgan vaqtda tengqur o’rtoqlarim bilan uning atrofini o’rab olardik. Bizning diqqatimizni tortadigan narsa shu ediki, bu hunarmand chol tunuka qoldiqlaridan biz uchun ajoyib ko’rinadigan hushtaklar yasardi. Hushtaklarni esa ba’zida o’sha vaqtning puli bilan o’n tiyinga sotardi yoki bir dona bo’shagan shisha idishga almashtirardi. Lezgin chol o’z tirikchiligi bilan yurgan bo’lsa-da, buvim uni mehmon hisoblab, har safar oldiga choy, non va ovqat chiqartirardi. Shunday bo’lsa ham, u hech qachon shu o’n tiyinlik hushtakni bizlarga tekin, shunchaki savobga bermasdi. U har safar kelganda men o’n tiyin olish uchun buvimning oldiga yugurardim. Bir safar buvim menga hushtak olib berish bilan bir qatorda ro’zg’or uchun yog’och dastali pichoq ham sotib oldi.

Oradan bir necha kun o’tib oshxonamizda o’sha pichoqni qo’lida ushlagancha xunob bo’lib o’tirganini ko’rdim. Buvim piyoz archayotgandi. Har safar piyozdan yangi bo’lak kesganida bo’lakning pichoq tekkan tomoniga qora yuqib qolar, buvim bir pichoqqa, bir piyozga qarab nima qilarini bilmay: “Nonu tuz bergan odamni ham shunday ahmoq etadilarmi”, – deb jig’ibiyron bo’lardi.

O’shanda men buvimdan pichoq nima uchun qorayib qolayotganini so’ragandim. “Zanglaydigan oddiy temirdan yasagan-da”, – degandi buvim. “O’sha chol kelganda pichog’ini qaytarib bering-da, pulingizni qaytib oling”, deb maslahat bergandim men.

Buvim indamasdan qo’limga pichoqni berib buni ariq yoqasiga borib pokiza tuproqqa suqib olaver, toza bo’ladi degandi.

Men chopqillagancha buvim topshirgan vazifani bajarishga kirishdim. Ne ajabki, toza tuproqqa bir necha bor suqib olganimdan keyin pichoq xuddi sotib olingan vaqtidagidek yaraqlay boshladi. Men hayotda o’zim uchun kattalarning tajribasi orqali o’tadigan bitta saboq olgandim. Qiziqishlarim yuzasidan buvimga savollar bera boshladim.

– Buvi, tuproq hamma narsani tozalay oladimi?
– Yo’q, bolam, tozalovchilar safida suv ham bor.
– Suv va tuproq hamma narsani top-toza qiladimi?
– Ular tozalay olmaydigan narsalar ham bor, bolam, sen hali yoshsan, ularni tushunmaysan.

Hovlimiz bir, men buvim bilan birga edim, buvimning amallarini kuzatib ulg’ayardim. Tinmay savol berardim. Savollarim esa sodda va bolalarga xos.

– Buvi, bizning uyimiz nega dadamlarnikidan past?
– Shu uyda ham jannatiy bo’lib yashasa bo’ladi, bolam. Dadanglarni uyi keyinroq qurilgan. Hozir hamma shunday baland qilib quryapti.
– Buvi, jannat nima?

– Jannat gunoh qilmaydigan odamlarning oxiratda borar joyi. Sen ham odobli bola bo’l, kattalarning gapiga quloq sol, mehnatdan qochma.

Bu o’gitlar deyarli har kuni mavridi bilan takrorlanaverardi, mening savollarimning ham cheki yo’q edi. Tevarak-atrofimiz paxtazor, har yili yig’im-terim oldidan defoliatsiya qilish uchun samolyot keladi. Ular tevarak-atrofimizdan kuchli hidli kimyoviy moddalarni purkab o’tadi. Bola bo’lsam ham bilaman, samolyotlar dori sepgan daladagi g’o’zapoyalarning bargi to’kilib oppoq paxta qoladi. Ammo samolyot qanday uchadi, nima uchun yuqorida u juda kichkina ko’rinadi? Bu savollarga buvim ham tayinli bir javob qaytara olmasdi.

Manzil

U ulug’ va go’zal. Uning do’sti dunyoning go’zal odami.
Eslab yo’l yuraman. Koinot – bitta ishq dostoni.
Mustay Karim

Xohish-istaklarining cheki yo’q inson bolasi shunday achchiq qismat egasiki, uning oxir-oqibat boradigan manzili va unga eltadigan yo’li oldindan tayin qilib qo’yilgan. Yana bir hidoyatni qarangki, bu yo’lda har bir inson o’zining shaxsiy yo’lboshlovchisiga ega ekan. Bu aql deb atalmish, insonga his-tuyg’ulari beradigan taassurotlarni mulohaza qilib umumlashgan xulosa hosil qiladigan yo’l ko’rsatkich. Insoniyat buni allaqachon unutgan bo’lsa ham, manzildan adashmaslik uchun aql deb belgilangan chegaradan chetga chiqmaslikka mahkum.

Bu xulosalar bir qarashda juda jo’n va takroriy qaytariqlarga o’xshab ko’rinadi. Notabiiylik va me’yor buzilishlarining katta-kichik ko’rinishlari yashash uchun kurash tamoyiliga aylanib borayotgan bu dunyoda yashash battar iztirobli bo’lib, dunyoning porloq kelajagi haqidagi ishonchni susaytiradi.

Men aqlliman, deydi G’arb. Sharq esa uni inkor etib, o’z donoligi va iymonini ko’z-ko’z etadi. O’zlarini aqlli hisoblaganlar bor ilmlarini ko’proq qirg’in keltira oladigan yangi qurollar yaratishga qaratadilar. Maqsadlari sodda va aniq: boshqalar ustidan hukmronlik qilish, ular hisobiga yashash. Agar yer taqdiri to’g’risida insonlar to’qiyotgan bashoratlar to’g’ri chiqsa, o’z avlodlari yashab qolishlari uchun imkon qadar ko’proq sharoit yaratish. Ularning iztiroblarini o’zlari aqlsiz hisoblaydigan xalqlar farzandlarining qabrlari hisobiga kamaytirish. Go’yoki olam zo’rlar uchun yaratilganu ular boshqalarning quvonchini tortib olishga haqlidek. Buni oqlaydigan iborani ham topib qo’yganlar: “Changalzor qonuni”.

Hayvonlarga ato etilgan qonunlar asosida yashasak, aqlning ezgu maqsadi qani? Nahotki, aqlimiz ongsiz jonzotlardan andoza olishdan boshqasiga yaramasa? Aslida ham uchish yoki suzish texnikasi yaratayotgan olim ulardagi nigohini qushlar yoki dengiz jonzotlariga qaratishi kundek ravshan-ku! Aqlning vazifasi faqat nafs ehtiyojlariga xizmat qilishdangina iboratmikan? Bunday og’ir xayollardan keyin g’ijinib savol beraman o’zimga-o’zim. Nьyutoncha mexanika qonunlari mavjud emasmidi yoki qaysi bir olim bir tomchi suv yarata oldi? Nahotki, bunday sharmandali ojizlik bizni yovuzlikdan saqlay olmasa? Inson faqat yovuzlik yaratishga qodir va shu yaratuvchiligini u aql deb ataydimi?

Kallamga kelgan xulosadan o’zim cho’chib ketaman. Ilmiy tahlillarga o’xshab ketadigan bunday xayollar muttasil meni azoblaydi. Dunyoning yuki sening yelkangga tushganmi? – degan savol bilan loqayd bo’lishga urinaman. Kelajakka beparvo odamlardek chalg’ishga urinaman. Dunyo jozibasi quchoq ochib meni o’z bag’riga olishga tayyor. Sharti ham oddiy. Cho’ntaging quruq bo’lmasin. Og’ir xayollardan qutulish uchun ulfatlar davrasiga qo’shilishga o’zimni majbur etarkanman, bu mavjud hayot-ku, unda ham qandaydir hikmat bor, deya taskin beraman o’zimga-o’zim. Do’stlarim katta odam bo’lib qolganimizni eslatib ichkilik to’la qadah uzatadilar. Men rad etaman va ulardan “abadiy yashamoqchimisan”, degan ta’nani eshitaman. Davra avjiga chiqqanda ularning suhbatiga qo’shila olmay o’zimni begonadek his eta boshlayman. O’y-xayollardan qochib kelganim “shodlik” dunyosiga ham sig’may qolaman. Ko’nglim yana yolg’izlik tusay boshlaydi. Tushkun kayfiyat bilan uyga qaytar ekanman, nahotki hayot tuturiqsizliklardan iborat bo’lsa, deyman. Ammo haqiqat dag’al va xunuk bo’lishini eslab, bu shubhamga ishonmay qo’yaman. Sabr kerak insonga, xotirjamlik uning ortiga yashiringan. Sabr yetishmay qolganda hayotning yolg’onligini payqash qiyinlashadi. Hayot, aslida, rostni ifodalaydigan mukammal yolg’on, deya o’ylayman. Negaki, tabiatdagi narsalar, voqea-hodisalar insonga tegishli hodisalardek benuqson emas. Inson tabiatidagi nuqsonlarni esa asosan hissiyotlar, yanayam aniq formulaga ega lazzatlanish hissiyotlari keltirib chiqaradi. Davr talvasasini kuzatib shunga amin bo’lamanki, hissiyotlar o’z sifatlari bilan inson ongida moddiy dunyo haqidagi tasavvurlarni bo’rttirib chin dunyodan chalg’itadi. Toqat yetmasa, ko’zni yummasdan haqni anglashning imkoni yo’q. Taraqqiyot esa aql ko’zi degan tushunchani o’tmishda qolgan urfga aylantirib bo’lgan. Zamonada qisqa muddatli lazzatlarga egalik huquqini qo’lga kiritish kayfiyati hukmron. Go’yoki oxirat makoni sifatida tilga olinadigan jannat va do’zax degan so’zlar o’tmish ertaklarining sarlavhasiga aylanib, Lut va Muso qavmining shakkokliklari takrorlanayotgandek.

– Jannat ham, do’zax ham shu dunyoda, narigi dunyo bir cho’pchak, – deydi do’stim o’z fikrini bayon etib. Va o’z gapini isbotlash uchun ta’rif qilaverib meni o’sha “jannat”lardan biriga borishga ko’ndiradi.

Sanatoriydagi sharoitlar bilan meni tanishtirar ekan, takror-takror:

– Jannat bundan ortiq bo’ladimi? – deb qo’yadi.
– Ha, – deyman men. – Faqat jannatingni tanlov sharti pul bo’lgani yomon-da.

– Shu arzimas qog’oz hisobiga umring uzayadi, salomatliging tiklanadi, – gapidan qolmaydi u ham.

– Inson hissiyotlar amri bo’lgan shu qisqa muddatli lazzatlar uchun imkon qadar uzoq yashashga intilishi kerakmi?

– Ozroq sabr qil, senga inson hissiyotlar quli ekanini isbotlab beraman, – deydi meni olib kelganidan pushaymon ekanini yashirmay.

Sog’ligimdan shikoyatim bo’lmasa-da, uzoq yashash ilinji hamda qiziquvchanligim vajidan markazdagi shu nomdor sanatoriyda qolishga rozi bo’laman. Do’stimning barcha tanishlari shu yerga yig’iladi. Ular oddiy odamlar emas. Biri nomdor shifokor, biri omadli savdogar, yana birisi dasti uzun amaldor.

– Siz foydalanadigan tibbiyot asboblarining fizikasi, ishlash printsipi, bahosini yaxshi bilaman, ozroq elektr energiya va mutaxassisning kasbiy mahoratini e’tiborga olmaganda boshqa yana nima sarflaysizlarki, bemorga tashhis qo’yish narxlari bu qadar qimmat? – savol tashlayman shifokorga.

U menga o’tmish sarqitiga qaragandek tikiladi, ammo savolimga javob bergisi kelmaydi. Davradagilar besaranjomlana boshlaydi. Ular o’z xotirjamligiga raxna soladigan savol-javoblarga ko’nikmagan. O’rtaga noqulay jimlik cho’kadi.

– Hech birimizning ixtiyorimiz o’z qo’limizda emas, bizdan ham yuqoridagilar bor, – vaziyatni xaspo’shlashga urinadi amaldor.

Nazarimda, u o’zini barchadan dono hisoblaydi. Shifokor o’zini tig’ ustida o’tirgandek his eta boshlaydi. Xayriyatki, amaldorning dalda bo’lguvchi bunday “samimiyati” shifokorni sal ruhlantiradi.

– To’g’risini aytganda, siz haqsiz, – deydi ming’irlab. – Lekin…

– Bu yerga befoyda narsalarni muhokama qilishga yig’ilganmizmi, boshqa mavzu qurib qolibdimi? – luqma tashlaydi do’stim umumiy kayfiyatni buzmaslik uchun.

U haddan ortiq maishatparast, o’ziga xos fikrlaydigan yigit. Uning taklifidan keyin yumshoqlik bilan mavzudan chetlanish boshlanadi. Ular o’z qilmishlarini oqlashga ishontiradigan dalillar topib bo’yab-bejab suhbatni davom ettiradilar. Xuddiki, bor pulini tashhis qo’ydirishga sarflab dori-darmonga puli qolmagan bemorning ahvolidan o’sha shifokorning ahvoli og’irdek.
Aslida, ular qiyinchilik deb aytayotganlari boshqalar cho’ntagidan botil yo’l bilan o’zlashtirilgan pulning tashvishlaridan boshqa narsa emas. Hissiyotlar aqlni xiralashtirib, iztiroblar sari yetaklaydi. U olib boradigan manzilda najot eshiklari yopilgan.

– Ko’rdingmi? – deydi do’stim yakka qolishimiz bilan. – Lazzat istagan odam o’z hissiyotlari izmida qanchalik jasoratli bo’lishi kerak. Yana senga bir sirni ochay, bunday toifa odamlar juda oson til topishadilar. Ular o’zaro manfaatdor bo’lib turganlarida insoniy fazilatlarini shunday yuksak darajada namoyon etadilarki, beixtiyor dunyo manfaat ustiga qurilgan deb yuborasan.

– Ha, – deyman men. – Manfaat nafs ehtiyojlaridan kelib chiqqanini unutmaslik kerak faqat.

– Sen bunaqa be’mani fikrlaring bilan davraga sovuqlik solmay jim tura olsang, qanchalik nohaq ekaningni anglaysan.

Men yolg’izlanib qolishim mumkinligini o’ylab, rozilik bildiraman.

Ertasiga do’stim va sheriklari tushlik vaqtiga ziyofat uyushtiradilar. Bu yerda barcha sharoit muhayyo. Sanatoriy sohiblari daromadni ko’paytirish uchun inson mayllarini ham nazardan qochirmaganlar. Davraga shaharlik go’zal xonimlar tashrif buyuradi. Dasturxon yetti iqlimdan keltirilgan noz-ne’matlarga liq to’ldirilgan. Ichkilik suhbatni qizitadi. Erkaklar og’izlaridan chiqayotgan kalomlariga puldan g’ilof kiydirib nar qushlar kabi keriladilar. Ayollar esa erkaklardan taralayotgan so’zlarning g’ilofiga ishva bilan tuzoq to’qiydi. Barchasi qo’lini mehnatga urmagan tannoz xonimlar.

Davrani tark etaman. Sababi ko’rinmayotgan narsa emas, ko’rinmayotgan haqiqatdan qo’rqmaymiz, ko’rinayotgan oniy lahzaning ixtiyoriy quliga aylanish oson.

– Nega qochib ketding? – deydi kechqurun do’stim. – Senga ham atalgani bor edi.

– Men bunaqa o’tirishlarni yoqtirmayman, – javob qaytaraman kibr bilan va botinimda darhol o’zimni so’roq qilaman. Haqiqatda shundaymi? Yo’q, sen zinodan emas, oralaringda qarama-qarshilik paydo bo’lgan odamlarga axloqsiz bo’lib ko’rinishdan qochding! Bu tarbiyalangan nafsning zinodan hazar qilishi emas.

Kechki ovqat vaqtida suhbat yana o’z-o’zidan o’sha ayollar mavzusiga ko’chadi.

– Men uning nomiga uy olib qo’yganman, – keriladi savdogar. – Shaharga tez-tez qatnayman, menga kerak-da bu.

– To’g’ri, – deb uning gapini ma’qullaydi amaldor. – Lekin uyni uning nomiga rasmiylashtirib xato qilibsan. Ayollarga ishonch yo’q, ularning farishtaman deganiga ham ishonib bo’lmaydi.

– Mening ma’shuqam juda sadoqatli, – amaldorning fikriga qarshi turadi shifokor. Va uning fan nomzodi bo’lishiga o’zi sabab ekanini aytib qomati va go’zalligini ta’riflay boshlaydi.

Bunday bema’ni suhbatlardan keyin orom olish uchun yana o’z xonalarimizga tarqalamiz. Xayolan sadoqat degan so’zning ma’noda qolish chegaralarini qidiraman. Nahotki, o’sha ayolning yoshi ancha joyga borgan ilmiy rahbariga bo’lgan hirsiy munosabatini sadoqat deb bo’lsa.

– Nafs shunday go’zal qilib ko’rsata oladi yolg’onni, – suhbat boshlaydi do’stim o’ziga yotish uchun joy hozirlar ekan. – Inson qalbi azaliy gipnoz ta’sirida yolg’on va illatlarga moyil qilib qo’yilgan.

– Manzil sari yo’lga otlangan inson bu foniy dunyoni imkon qadar ezgu amallar bilan tark etishi kerak emasmi?

– Inson eng zo’r taqlidchi, bu ham azaliy gipnozning bir ta’siri, – deydi do’stim.
– Ha, – deya uning gapini ma’qullayman, – nafs o’z virusini eng tez tarqatadigan kasallik.
– Nafs inson xulq-atvorida illat hosil qiladigan unsur.

Xayolimni yer sayyorasi va unda hech qachon bu qadar ko’payib ketmagan insonlar taqdiri egallaydi.
– Biz manzildan adashmadikmikan?
– …
Do’stimning oldiga savolni boshqacha shaklda qo’yaman.

– Yaratganning borligiga ishonasanmi?

– Hech shubhasiz, – javob qaytaradi u. – Ammo u ko’rsatganidek yashay olmayapman.

– Bu azaliy sabrsizlikning davomi emasmi?
– Xuddi shunday.

– Axir, sabrli bo’lishimiz uchun bizlarga qancha payg’ambarlar yuborilib, qancha ilohiy kitoblar tushirilmadi.

– Oxirgi payg’ambarning dunyodan o’tganiga o’n to’rt asrdan oshdi. Hayot jozibasi naqd, Yaratganning va’dasi esa nasiya.

– Demak, hali Olloh haqidagi ilmlarimiz yetarli emas ekan-da?

– Yo’q. Unday emas, masala har bir ilmning Ollohni anglashga qaratilmaganida.

– Qo’ysang-chi, – deyman men. – Hind vedalaridan to hozirgi zamongacha Ollohni anglash uchun qanday ta’limotlar yaratilmadi. Yana nima kerak odamzodga?

– Shaytonga xizmat qiladigan hayot jozibalari ham undan kam emas, – deydi u.
– Ha, – deyman men. – Ammo jazosiz qolgan itoatsizlik ham yo’q.

– Gunoh evaziga jazo, savob uchun mukofot. Vasvasa va sinov maydoni. Ezgulik makonida kutadigan Olloh. Bu menga barcha ustunlik teskari qutbda bo’lgan mavhum o’yinni eslatadi. Ya’ni Odam Ato bilan boshlangan e’tirozlarni e’tiroflarga aylantirish o’yini.

– Ruhni ozod qilishga intilayotgan jonning iztiroblari emasmi bu? Tiriklik iztiroblari qanaqasiga o’yin bo’lsin?

– Bilsang, bu yerga o’sha jon uchun qayg’urishga kelganmiz, – deydi do’stim va tumbochka ustida turgan konьyakdan bir necha qultum yutib yuboradi.

Yana savolga tutaman.
– Menga insonni hissiyotlar boshqarishini isbotlayapsanmi?
– Ertalab suhbatlashayotgan ayoling kim edi? – savolimga savol qaytaradi u.
– Bir jurnalist ekan. Qayerdan ko’zing tusha qoldi?
– Ko’rmaslikning iloji bo’lmadi, lekin o’ziyam ketvorgan ayol ekan-da.
– U yuksak ma’naviyatli, iymonli ayol, yana adabiyotshunos olima, – do’stimning ta’riflarini to’ldiraman men.

– U Bovari xonimning o’zginasi, – deydi do’stim dabdurustdan. – Sinab ko’rishing mumkin. Esingdan chiqarma, ayollar maqtov va ehtiroslar quli. Sen uning his-tuyg’ulari bilan bir o’ynashib ko’r, gaplarim to’g’riligiga o’zing ishonch hosil qilasan.
Mening ishongim kelmaydi. Aniqrog’i, shu ayolni do’stim aytganidek bo’lib chiqishini xohlamayman. Shunday bo’lsa ham, ertasiga uning ehtiroslari bilan o’ynasha boshlayman. Xavotirlanganimdek, u meni jerkib tashlamaydi, aksincha, nozu karashma va ohangrabo lutfi bilan meni o’ziga yanada qattiqroq bog’lab olishga urinadi. Tunni uning xonasida o’tkazishga kelishamiz. Boshqalar ham shunday qilyapti-ku, taskin beraman o’zimga. Do’stimga bu tunda mehmonga ketishimni aytib, uning barcha takliflarini rad etaman.

– Men yutqazdimmi? – yolg’onga imkon qoldirmaslik uchun ko’zimga tikka qaraydi do’stim.
– Sen haqsan, – deyman shalvirab.

O’z g’alabasidan xursand do’stim:
– Gunohkor bo’lish juda oson, – degancha xonani tark eta boshlaydi.
– Bu borada sen mendan beshbattarsan…

Ta’rif qilib bo’lmas darajada tahsinga sazovor sabr, cheksiz mehr va rahm. Bu dalillarni eslash fikrimni tamoman o’zgartiradi. Do’stimga xonani tark etishdan oldin bir gapni ayta olmaganimdan afsuslanaman. Va endi u xonada bo’lmasa-da, go’yoki unga murojaat qilgandek: “Insonning gunohkorligidan Olloh hech narsa yutqazmaydi, yutqazsa faqat inson yutqazadi”, – deyman past va alamli ovoz bilan.

Hayotda vaqtga o’z jilovini tutqazmaydigan yagona narsa – xayol. Xayollar bilan vaqt o’tganini sezmay qolaman. Ikki soat oldin kech tushishini intiqlik bilan kutayotgan bo’lsam, endi sarosimaga tusha boshlayman. Nafs va iymon o’rtasida kurash boshlanadi. Ammo haliyam tanamdagi nafsga moyillik mendagi qat’iyatdan ustunlik qilyapti. Qo’l telefonim jiringlaydi.

– Kutyapman.
– Hozir, – deyman shoshib va eshik oldiga chiqaman.

Xona eshigini qulflayotgan vaqtimda yana telefonim jiringlaydi. Bu endi boshqa ovoz. U orombaxsh va osoyishta.

– Allo, yaxshi dam olyapsizmi, dadasi, sog’-salomatmisiz… Bolalar siz bilan gaplashmoqchi.

Go’shak bolalarga tegishi bilan ularning biri qo’yib, biri olib chug’urlasha boshlaydilar. Katta qizim men ta’tilda matematikani o’rganayapman, desa, kenjatoyim menga nima olib kelasiz, deb so’raydi. Suhbat yakunlanishi bilan shafqatsiz bir savolga ro’para bo’laman. Intilayotgan narsang nima o’zi, baxtmi? Hayot ortga tepmas qurol. Hozir maylingga quloq solib gunohga botsang, keyin avvalgi xotirjamligingni qayta topa olasanmi?

Ko’z oldimdan hayotda chekkan iztiroblarim, vaqt o’tishi bilan javobsiz qoldirilmagan xatolarim, sabrim ortidan yetgan xursandchilik va xotirjamliklarim o’ta boshlaydi. Buvimning dasturxon ustida bizlarga qarata: “Bolalarim, bu o’tkinchi dunyoda sabrli bo’linglar, Olloh sabrli insonlarni sevadi”, – deya nasihat qilganini eslayman. Avliyolar o’z axloqlari bilan dunyoning go’zal odamlariga aylanganlar. Mening ham go’zal odamlar safida bo’lgim keladi. Ahdimdan tamoman qaytib shirin entikib ketaman. O’ylayman, buvim meni hayotga tayyorlay boshlaganda hali go’dak bola edim, yoshim ulg’ayib hayotdan zavq olib yashash uchun kurashar ekanman, har qadamda turfa ko’rinishda nafs qurbonlariga aylangan “voris”larga duch kelardim. Bu ko’rganlarim tufayli har qanday yomon amal va yovuzlik pirovardda halokatga mahkum ekanini anglab yetganimda esa men komil inson sifatlari haqida qayg’ura boshlagandim. Bu uchun ko’proq buvimdan minnatdor bo’lardim. Buni oradan ancha yillar o’tib anglab yetganimda esa endi afsuslanishdan boshqa choram yo’qligi alam qilardi.

Xonamga qamalib olib o’tmish xotiralariga berilar ekanman, keyinchalik yana afsuslanib qolmasligim uchun tezda bolalar oldiga qaytishim shart, degan qarorga keldim.

Ertasiga do’stim va sheriklarining xursandchiligi hamda «Bovari xonim»ning nafrat bilan boqayotgan ko’zlariga parvo ham qilmay, jilla qursa, manzil sari bir qadam tashlaganimdan xursand bo’lganimcha xotirjam holda uyga, bolalarim oldiga qaytdim.

M: “Sharq yulduzi” jurnali, 2014 yil, 6-son

(Tashriflar: umumiy 174, bugungi 1)

Izoh qoldiring