Akutagava Ryunoske. Chakalakda.Novella

Ashampoo_Snap_2017.10.20_18h23m52s_002_.png1 март — Акутагава Рюноске таваллуд топган кун

    Кеча… туш пайтлари чамаси. Сэкиямадан Ямасинга борадиган йўлда. У отга минган хотин билан Сэкиямага қараб кетаётган эди. Хотин гардиши кенг, ҳижобли шляпа кийган эди, шунинг учун юзини кўрганим йўқ. Хаги нақши нигорли ипак кўйлаги кўринди, холос. Оти жийронга мойил, ёли қирқилган. Эркакнинг… ҳа, белида қиличи бор эди, елкасига камон ўқли садоқ осилган…

Акутагава Рюноске
ЧАКАЛАКДА
Аҳмад Аъзам таржимаси
07

129-3.jpgАкутагава Рюноскэ (1892.1.3 — Токио — 1927.24.7) — ўз асарлари билан япон адабиётини жаҳон миқёсига чиқишини бошлаб берган адиб сифатида тан олинади. У ижодида ғарб ва япон адабиети анъаналарини ўзаро уйғунлаштириб, япон анъанавий тасвир ва ифода усулини янги йўналишга бурган. Инсон онгининг «жумбоқ»лиги, олдиндан айтиб бўлмаслик хусусияти ифодаланган ҳикоялари — «Расёмон дарвозаси» (1915), «Бурун» (1916) унга шуҳрат келтиради. «Куз» (1920), «Совуқ» (1924) каби психологик ҳикояларида эса ижтимоий ёвузлик дунёсида эзгуликнинг фожиавий қисмати акс этган. «Сув алвастилари мамлакатида» (1927) ижтимоий-фантастик мажозий асардир. Инсоннинг ёлғизлиги, унинг вакт, тарих олдида ожизлиги панд-насиҳатдан иборат «Телбанинг ҳаёти» (1927) номли сўнгги асарининг мавзуидир. Япон маданиятида беқиёс ўрин эгаллагани учун «Акутагава» миллий мукофоти таъсис этилган.

06

Маҳкама тўраси терговида ўтинчининг айтганлари

Худди шундай. Мурдани мен топдим. Бугун эрталаб ҳам, ҳамишагидек ўтин чопиш учун тоққа, узоқроққа чиққан эдим. Ўлик шу тоғ тагидаги чакалакда ётган экан. Аниқ қаерда? Ямасинга ўтадиган қатнов йўлидан тахминан тўрт-беш тё* ичкарида бамбук билан янги криптомерий аралаш ўсган овлоқ бир жой.

Мурданинг эгнида пойтахтдагилар киядиган оч-ҳаворанг суйкан*, бошида нимдошгина абоси* қалпоқ бор эди. У чалқанча ётган экан. Кейин, мана, гавдасида битта шу жароҳат кўринди, лекин қоқ кўкрагида, атрофидаги қуруқ бамбук хазонлари мисоли аниқ шингарфига бўялгандек. Йўқ, қон бошқа кетмаётган эди. Жароҳати, кўринишидан, қотган шекилли. Ҳа, яна битта нарса, жароҳатда қон сўриб тўйган сўна ҳам қўниб турган эди, оёқ товушимдан учиб ҳам кетмади.

Қиличми ё шунга ўхшаган бирон нарса кўринмадими? Йўқ, ҳеч нарса кўринмади. Фақат ёнида мурда ётган криптомерий тагида арқон ҳам тушиб қолган экан. Ҳа яна… ҳа, ҳа, арқондан бошқа яна у ерда тароқ бор эди. Йўқ, бўлди, мурда ёнида бори – шу иккита нарса эди. Нима, от йўқмиди? Э, у ёққа ҳеч бир от ўта олмайди. От йўли нарироқда, чакалакдан кейин.

Маҳкама тўраси терговида юртгашта роҳибнинг айтганлари

Марҳум билан мен кеча кўришган эдим. Кеча… туш пайтлари чамаси. Сэкиямадан Ямасинга борадиган йўлда. У отга минган хотин билан Сэкиямага қараб кетаётган эди. Хотин гардиши кенг, ҳижобли шляпа кийган эди, шунинг учун юзини кўрганим йўқ. Хаги нақши нигорли ипак кўйлаги кўринди, холос. Оти жийронга мойил, ёли қирқилган. Бўйими? Одатдагидан чамаси тўрт тё баландроқ. Роҳибман-ку мен, бунақа нарсаларни унча фарқламайман. Эркакнинг… ҳа, белида қиличи бор эди, елкасига камон ўқли садоқ осилган. Ҳозир ҳам эсимда: локланган қора кўн садоқ, йигирматача ўқнинг учи ҳам чиқиб турган эди.
Унинг шундай қисматга учраши тушимга ҳам киргани йўқ. Ростдан ҳам, инсон умри лаҳзалик гап, шудринг нимаю чақмоқ нима! Ўҳ, бунга сўз борми, жуда қайғули.

Маҳкама тўраси терговида посбоннинг айтганлари

Шу, мен тутган одамми? Бу – ном кўтарган йўлтўсар Тадзёмару. Ушлаган вақтимда у Авадагутидаги тош кўприк устида отдан йиқилиб, инқиллаб ётган эди. қачон? Ўтган кеча, биринчи тунқотар маҳалида. Олдинги гал, ушлашимга сал қолганда, унинг устида худди шу суйкан, камарида қиличи тақилган эди. Бу гал, мана, кўряпсизки, камон билан камон ўқлари ҳам бор. Э шунақами? Ўлган одамнинг нарсаларининг ўзими? Хўп, унда қотиллик, шубҳа йўқ, Тадзёмарунинг иши. Чарм тортилган камон, локланган қора садоқ, лочин патли ўн еттита камон ўқи, шуларнинг ҳаммаси, демак, ўлдирилган одамники бўлган. Ҳа, от, ўзингиз айтгандек, жийрон, ёли қирқилган эди. Тақдир-да, қаранг-а, шу от ташлабди-да. Кўприкдан сал нарида ўтлаб юрган эди, узун жиловини судраб.

Бу Тадзёмарунинг ўзи пойтахтда изғиб юрадиган бошқа қароқчиларга ўхшамайди, аёлларга жуда ўч. Эсингиздами, бултур Биндзуруга аталган Акиторибе эҳроми орқасидаги тоғда бир аёлни. .менингча, зиёратчилардан бўлса керак, қизчаси билан ўлдиришган эди? Ана шунда ҳам Тадзёмарунинг қўли бор деб айтадилар. Ана, жийрон от минган жувон, агар Тадзёмару эркакни ўлдирган бўлса, у қаёқда қолди, унга нима бўлди? Номаълум. Кечирасиз, аралашяпман, лекин буни бир суриштириб кўриш керак.

Маҳкама тўраси терговида кампирнинг айтганлари

Ҳа, менинг қизим турмушга чиққан одамнинг мурдаси. Фақат у пойтахтдан эмас. Вакафадаги Кокуфудан, самурай. Оти Канадзава Такехиро, йигирма олти ёшда. Йўқ, унга бирон-бир одамнинг қасд қилиши мумкин эмас – жуда юмшоқ феълли эди.

Менинг қизимми? Унинг оти Масаго, ўн тўққиз ёшда. Унинг феъли ботир, эркаклардан қолишмайди. Такехирогача ҳеч қачон биронта ҳам хуштори бўлмаган. У буғдойранг, чап кўзининг бурчагида холи бор, юзи кичкина, чўзинчоқ.

Кеча Такехиро қизим билан Вакасага кетган эди. қайси гуноҳи учун бу мусибат бошига тушиб турибди? Нима бўлди қизимга? Куёвимнинг қисматига-ку, кўндим, на илож, йўқ, лекин қизимнинг куюгига чидай олмаяпман. Мен бир кампир одам, барча авлиёлар ҳаққи, ёлвораман, ҳамма ўрмону далалардан изланг, фақат қизимни топинг! қанақа ваҳший экан бу йўлтўсар, оти инима эди, Тадзёмаруми? Фақат куёвимни эмас, қизимни ҳам… (бошқа гапиришга ҳоли келмай, йиғлаб юборади.)

Тадзёмарунинг иқрори

Бу одамни мен ўлдирдим. Лекин жувонни мен ўлдирганим йўқ. қаёққа кетди? Буни мен ҳам билайман. Тўхтанг! Мени қанча қийнаманг, бари бир, билмаган нарсамни биламан, деб айта олмайман-ку. Бундан ташқари, энди шундай бўлиб қолдими, қўрқиб ўтираманми, ҳаммасини очиқ айтаман.

Бу эркак билан жувонни тушдан сал ўтиб кўрдим. Жувоннинг ипак ёпинчиғини шамол бир кўтарди, шу пайти ялт этиб юзи очилди. Бир лаҳзага – лип этдию яна бекилди – балки шунинг учундир, юзи менга малак сиймосидек кўринди. Шу заҳоти эркагини ўлдириб бўлса ҳам жувонга эришаман деб қасд қилдим.
Сизга бу ваҳшийлик бўлиб туюляпти, а? Арзимаган нарса, эркакни ўлдириш ҳам иш бўптими? Аёлга эришаман деганда эркакни доим ўлдирадилар. Фақат мен белимдаги қиличим билан ўлдираман, сиз эса қилич ишлатмайсиз, ҳокимият, пул, баъзан эса ширин гаплар билан ўлдирасиз. Тўғри, бунда қон тўкилмайди, эркак бус-бутун туради – лекин бари бир ўлдирган бўласиз. Бундай ўйласа, қайсимизнинг гуноҳимиз оғирроқ — сизникими, меникими, — ким билади? (Заҳарханда илжайиш.)

Бу, эркакни ўлдирмай ҳам аёлга эришиш иложи бўлса, кўнглим жойига тушмайди. дегани эмас. Бу гал эса аёлга эркакни ўлдирмай ҳам шундай эришмоқчи бўлдим. Фақат қатнов йўлда бунақа ишни қилиш мушкул. Шунинг учун икковини ҳам чакалак ичкарисига қандай киргизишни ўйладим.

Бу қийин бўлмади. Уларга йўловчиман, деб қўшилиб олдим-да, тўғридаги тоғда бир қўрғон бор, бугун ўша ерни кавлаган эдим, кўп қилич билан ойна чиқди, бегона кўздан пана қилиб, тоғ  тагидаги чакалакка кўмиб қўйдим, энди харидор чиқса, сўраган  нарсасини арзонгаровга сотаман, деб гапни тўқидим. Эркак секин-аста гапимга лаққа тушаверди. Мана, нима деб ўйлайсиз? Даҳшатли нарса-да очкўзлик! Ярим соат ҳам ўтмади, улар отининг бошини тоққа буриб, сўқмоқ йўлдан менга эргашдилар.

Чакалакка етиб борганимиздан кейин нарсаларнинг чакалак ичига кўмилганини айтиб, кириб кўришларини таклиф қилдим. Кўзи очлик эркакнинг ич-этини кемираётган эди, албатта у йўқ демади. Лекин жувон отдан тушмай, шу ерда кутаман, деб туриб олди. Унинг ақли жойида экан, чунки чакалакнинг жуда қалинлигини кўриб турарди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек бўлди, жувоннинг ўзини қолдириб, эркакни чакалакка эргаштириб кирдим.

Чеккада фақат бамбук ўсган эди. Лекин чамаси бир тё юрганимиздан кейин криптомерия учрай бошлади. Ўйлаган ишимни қилиш учун бундан қулай жой йўқ эди. Шох-шаббани йириб йўл очиб бориб, хазинани криптомерия тагига кўмганимни ростга ўхшатиб гапирдим. Эркак мени эшитгани сайин ўша ёққа, криптомериянинг нозик новдалари кўринаётган жойга ошиқар эди. Бамбук камая бориб, атрофни криптомерия тутган жойда эркакка ташландим-да, уни ерга босдим. Уни дарахтга боғлаш бирпаслик иш бўлди. Арқон ҳамишагидек белимда эди, чунки четанлардан ошиб ўтишда доим менга асқотади. Турган гап, бақирмасин деб бамбукнинг тўкилган баргларини оғзига тиқин қилдим, у билан қиладиган бошқа иш ҳам қолмади.

Эркакни ҳал қилиб, жувоннинг олдига қайтиб келдим, унга йўлдошининг бирдан мазаси қочиб қолгани, ўзи бориб кўрмаса бўлмаслигини айтдим. Бу иш ҳам ўйлаганимдек чиққанини гапириб ўтириш шарт эмас. У гардиши кенг шляпасини бошидан олдида, қўлимни қўйиб юбормай, чакалак ичига юрди. Лекин эри дарахтга боғланган жойга келишимиз билан, уни кўрдию қўлини қўйнига тиқиб, шартта ханжар чиқарди. Ҳеч қачон бунақа чарс, ботир хотинни кўрмаганман. Ҳазир бўлиб турмаганимда қорнимдан тиғ ейишим ҳеч гап эмас эди. Бунга-ку чап бердим. Лекин у аямай тўғри келган жойимни чавақлайверди. Ҳа энди, мен ҳам бекорга Тадзёмару эмасман, ахийри қилич ишлатмай, қўлидаги ханжарини уриб туширдим. қуролсиз қолгандан кейин ҳар қанча қўрқмас бўлмасин, жувоннинг қўлидан нима ҳам келарди. Ҳа, мана. ниҳоят, ўйлаганимдек, эркакнинг умрига зомин бўлмай, аёлига эришдим.

Ҳа, эркакни тирик қолдириб. Ўзи уни кейин ҳам ўлдириш ниятим йўқ эди. Лекин охирида, кўзёшига чўмиб ётган жувонни шундай ташлаб. чакалакка биқиниб кетмоқчи эдим, у бирдан эсини йўқотгандек енгимга тармашди-да, ҳирқираб: «Ё сиз ўласиз, ё эрим… Икковингиздан биттангиз ўлишингиз даркор… Иккита эркакнинг кўз олдида беномуслик ўлимдан баттар. Биттангиз ўлишингиз шарт. Ким тирик қолса, шуни эр қиламан», деб чинқираверди. Шунда эркакни ўлдирсаммикан деб қолдим. (Маъюс изтироб.),

Энди сизларга бу гапларни айтиб берганимдан кейин мени жуда бағритош деб ўйласангиз керак. Сизга қолса, шундай, негаки, бу жувоннинг юзини кўрмагансиз. Негаки, унинг ёниб турган кўзларини кўрмагансиз. Шу қарашига кўзим тушганида, майли, турган жойимда яшин уриб ўлсам ўламан, лекин уни хотинликка оламан деб кўнглимга тугдим. Калламда уни хотин қилишдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Йўқ. бу сиз ўйлагандек ёввойи майл эмас. Агар хаёлим фақат шаҳватда бўлган-да, аёлни бир тепиб, ташлаб кетган бўлар эдим. Унда қиличимни ҳам эркакнинг қонига булғаб ўтирмасдим. Лекин ўша фурсатда, чакалакнинг ғира-ширасида жувоннинг юзига қараган пайтимда, эрини ўлдирмай бу ердан кетмайман, деб онт ичдим.

Лекин, уни ўлдирсам ҳам, номардларча ўлдиргим келмади. Уни арқондан бўшатдим, қиличда солишамиз, дедим. Дарахт тагидан топилган арқон — ўшанда мен ташлаган арқон. Эркак ўша заҳоти бетини тириштириб, қўлига оғир қилични олди-да, бир сўз ҳам гапирмай, ғазаб билан менга ташланди. Бу олишув қандай тугаганини айтиб ўтириш шарт эмас. қиличим йигирма учинчи сермашда унинг кўкрагига санчилди. Йигирма учинчи сермашда, — илтимос, шуни унутманг! Ҳалигача ақлим бовар қилмайди – бу дунёда фақат битта шу одам мен билан йигирма марта қилич уриштиртирди. (Шодон табассум.)

У йиқилиши билан, қўлимда қонга беланган қилич, жувонга ўгирилдим. Лекин, тасаввур қиласизми, – ҳеч қаерда йўқ эди у. Дарахтларни оралаб изладим. Лекин тўкилган бамбук япроқларида ҳеч қанақа из-пиз йўқ. Теваракка қулоқ тутаман, эркакнинг бўғзидаги рамақижон хириллашидан бошқа товуш келмайди.

Балки биз олишаётганда жувон ёрдамга чақириш учун чакалакдан чиққандир? Шу гумон калламга келиши билан, гап ўзимнинг ҳаётимга тақалганини англадим. Ўлган одамнинг қиличи, камону ўқларини олиб, дарров аввалги сўқмоққа чиқиб олдим. У ерда аёлнинг оти тинчгина ўтлаб юрган экан. Кейин нима бўлганини айтиб бериш беҳуда гап сотиш бўлади деб ўйлайман. Фақат битта нарса – пойтахтга кириш олдида менда ўша қилич йўқ эди. Мана, бор иқрорим шу. Мени энг шафқатсиз жазога тортинг – ахир, бир куни келиб бошим ходанинг учига санчилиб туришини биламан-ку

Киёмидзу эҳромидаги изҳори дилда жувоннинг айтганлари

Кўк кийган эркак менга эришгандан кейин боғлоғли эримга ўгирилиб қаради-да, масхара қилиб ха-холади. Эримга қанчалар оғир бўлган бўлса! Лекин у қанча тўлғанмасин, боғланган арқон танасини шунча баттар қияр эди. Мен беихтиёр бутун вужудим билан унга талпиндим, — йўқ. фақат талпиндим, холос. Лекин бу эркак мени бир тепиб ерга ағнатди. Ана шу лаҳзада юз берди бу. Шу лаҳзада мен эримнинг кўзида таърифга сиғмас бир ўт кўрдим. Таърифга сиғмас… ҳатто ҳозир унинг кўзларини эсласам, титроғимни босолмай қоламан. Бир оғиз ҳам гапиришга чоғи келмаса-да, эрим шу лаҳзада бутун юрагини бир нигоҳда тўкиб берди. Лекин унинг кўзларида ғазаб ё машаққат азоби эмас, — менга бўлган совуқ нафрати ёнар эди, мана, қараши нимани билдирарди! Анови эркакнинг тепкисидан эмас, шу қарашдаги даҳшатдан ўзимни йўқотиб, қичқириб юбордим-да, ҳушимдан кетдим.

Ўзимга келганимда кўк кийимли эркакнинг қораси ўчган эди. Фақат эрим криптомерия танасига боғлоғлигича турар эди. Тўкилган бамбук япроқлари устидан базўр туриб, эримнинг юзига термилдим. Лекин унинг қарашида тариқча ўзгариш сезилмади. Кўзларида бояги-боягидек совуқ нафрат ва ботиний жирканиш бор эди. Ўшанда не аҳволда эканимни қандай айтишни билмайман — ҳам номус, ҳам алам, ҳам ғазаб… Гандираклаб, қаддимни зўрға ушлаб, эримга ёндашиб бордим.

«Қулоқ солинг! Энди бундай бўлгандан кейин сиз билан умр қилолмайман. Мен ўлимни танладим. Лекин… лекин сиз ҳам яшамайсиз. Сиз номуссизлигимни кўрдингиз. Шундан кейин сизни қандай тирик юргани қўяман.»

Минг азоб билан унга шу гапларни айтдим. Эримнинг сини ўзгармади, менга боягидек жирканиб қараб тураверди. Юрагим кўкрагимни ёриб чиқиб кетгудай ҳаяжонимни зўрға босиб, унинг қиличини ахтара бошладим. Лекин, ҳаммасини қароқчи ўғирлаб кетган шекилли, чакалакда фақат қилич эмас, камон ҳам, унинг ўқлари ҳам йўқ эди. Оёғим остида, бахтимга, фақат ханжар ётган экан. Ханжарни эримга ўқталиб: «Энди сизнинг жонингизни оламан. Ва ҳозироқ ўзим ҳам орқангиздан эргашаман», дедим.

Эрим бу гапларни эшитгандан кейин зўр билан лабларини қимирлатди. Албатта, овози эшитилмади, чунки оғзига бамбук япроқлари тиқилган эди. Лекин лабларига қараб туриб, нима деганини дарров англадим. Эрим ўша жирканиши билан битта «Ўлдир». сўзни айтди: Ҳушимни йўқотаёзган бир ҳолатда ханжарни оч-ҳаворанг кўйлаги устидан кўкрагига чуқур санчдим. Кейин яна ҳушимдан кетдим шекилли. Ўзимга келгандан кейин атрофга алангласам, эрим ўша боғланган кўйи турибди, энди нафаси тинган. Эримнинг оппоқ юзига криптомериянинг бамбук шохлари билан аймашган қалин новдалари орасидан ботаётган қуёшнинг тутам нури тушди. Ўкраб йиғлашимни босиб мурдага чирмалган арқонни ечдим. Кейин… кейин менга нима бўлди? Буни айтишга ҳоли-жоним йўқ. Нима қилмайин, ўзимни ўлдиришга куч топа олмадим. Бўғзимга ханжар қададим, тоғ бағридаги кўлга ўзимни чўктирмоқчи бўлдим, жуда уриндим, — лекин мана, ўлмадим, тирик қолдим, бу билан фахр ҳам қилолмайман. (Маъюс табассум.) Балки меҳрибон ва ғамхўр маъбуда Каннон мендек арзимас бир жонзотдан юз ўгиргандир. Нима -қилай, ўз эрини ўлдирган, номусига қароқчи теккан мен нима қилай? Нима мен… мен… (бирдан ўкраб йиғлаш.)

Кароматчи тили билан марҳум руҳининг айтганлари

Хотиним билан бўлгандан кейин йўлтўсар у билан ёнма-ён ерга ўтириб олди-да, уни юпата бошлади. Оғзим, турган гап, тиқинланган. Ўзим дарахтга чандиб ташланганман. Лекин тинмай унга кўзим билан ишора қиламан: «Ишонма бунга! Ҳамма гапи ёлғон», — мана, нима деб уқтирмоқчи бўлдим. Лекин хотиним тўкилган баргу хазонлар устида ғамга ботиб ўтирганича, тиззасидан кўзини узмади. Ростдан ҳам, у йўлтўсарнинг гапини жон қулоғи билан тинглаётганга ўхшарди. Мен рашкдан буралиб-тўлғанардим. Йўлтўсар усталик билан гапни мақсадига бурарди. Бир номусидан айрилгандан кейин эри билан яшаб кетиши душвор. Эри билан бу аҳволда қолганидан кўра, йўлтўсар билан кетгани яхши эмасми? Йўлтўсар юрагидан ургани учун шу бадкирдор ишларни қилди-ку… – мана шунақа юзсиз гапларни гапирди у.

Хотиним йўлтўсарни гапини эшитиб, бошини маъюс кўтарди. Ҳеч қачон у кўзимга бунча чиройли бўлиб кўринмаган. Лекин менинг чиройли хотиним боғлиқ пайтимда ёнимда туриб йўлтўсарга нима деб жавоб берди денг? Ҳозир йўқликда саргардонман, лекин ўша жавобни эсласам, алам-аччиқда ўртаб кетаман. «Хўп, мени хоҳлаган томонингизга бошланг», — мана, хотиним нима деди. (Узоқ сукут.)

Лекин унинг айби фақат шу эмас. Битта шунинг ўзи учун зулумотда бунча азоб билан тентирамасдим. Нима бўлди денг: хотиним худди туш кўраётгандек, йўлтўсарга эргашиб, унинг қўлидан ушлаб олди, чакалакдан чиқаман деганда бирдан ранги бўздек оқариб, қўлини дарахтга боғланган менга нуқиб, «Ўлдиринг буни! У тирик қолса, мен сизники бўлолмайман!», деб телбаланиб бир неча марта худди эсини йўқотгандек чинқирди. «Ўлдиринг буни!» — энди бу сўзлар тўфон бўлиб мени зулумотнинг энг чуқур қаърига учириб кетади. Инсон қулоғига бирон-бир марта шунақа ифлос гаплар етиб келганмикан? Бирон-бир марта… (Бирдан портлаган аччиқ хахолаш.) Бу гапларни эшитган йўлтўсар ҳам бўзариб кетди. «Ўлдиринг уни!» — деб хотиним унинг енгига тармашиб олди. Йўлтўсар унга кўзини узмай тикилиб, ҳа ҳам, йўқ ҳам демади, кейин бирдан уни бир тепиб хазон устига йиқитди. (яна аччиқ хахолашнинг портлаши.). қўлларини кўкрагига чалиштиримб, менга ўгирилди. «А бу хотинни нима қииш керак, а? Ўлдирайми ё раҳм қилайми? Жавобига бошингизни қимирлатинг. Ўлдирайми?» Битта шу гапи учун ҳам уни кечиришга тайёр эдим. (яна узоқ сукут.)

Мен тараддудда қолган пайтим хотиним бир чинқирди-да, чакалакнинг ичига отилди. Йўлтўсар шу заҳоти орқасидан ташланди, лекин ҳатто енгидан ҳам ушлашга улгурмади, шекилли. Мен худди босинқираётгандек кўриб турардим.

Хотиним қочиб кетгандан кейин, йўлтўсар менинг қиличим, камон ва ўқларимни олди-да, мен боғланган арқоннинг бир жойини кесиб қўйди. Унинг чакалак ичига кириб кетаётганда: «Энди ўзимни ўйлашим керак», деб ғулдирагани эсимда.

У кетгандан кейин ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди. Йўқ, ҳамма ёқ эмас, қулоғимга ёнимда худди кимдир йиғлаётгандек бир товуш эшитилди. Ўзимни арқондан бўшатиб, диққат билан қ-улоқ тутдим. Нима экан денг? Билсам, изиллаб ўзим йиғлаётган эканман.

Азобланган танамни ниҳоят дарахтдан уздим. Олдимда хотиним тушириб қолдирган ханжар йилтираб ётар эди. Уни қўлимга олиб, бир силтов билан кўкрагимга санчдим. Томоғимга қандайдир қонли бир туюр келиб тиқилгандек бўлди, лекин бунда ҳеч қандай азоб сезмадим. Кўкрагим совугандан кейин атроф баттар жимжит бўлиб қолди. Оҳ, бу қанақа жимжитлик эди! Тоғ бағридаги бу чакалакда битта қуш ҳам чирқ этгани йўқ. Фақат ботаётган шафақ қуёши криптомериялар танасида товланар эди. Шафақ қуёши… лекин мана, унинг нурлари ҳам секин ўчди. Энди дарахтлар ҳам, бамбук ҳам кўринмай қолди. Мени, ерда узала ётган мени сим-сиёҳ қоронғулик чулғаб олди.

Ҳа, мана шунда кимдир биров менга секин яқинлашди. Ким экан деб унга қарамоқчи бўлдим. Шунда ўша кимдир… шу кимдир кўринмас қўли билан кўкрагимдаги ханжарни секин суғуриб олди. Шу заҳоти оғзим шарқираб чиққан қонимга тўлди. Шундан кейин йўқликнинг зулматига мангу чўкиб кетдим.

1922

Манбаъ: Акутагава. «Новеллы». Изд.-во худ. литературы. Москва – 1959

    Kecha… tush paytlari chamasi. Sekiyamadan Yamasinga boradigan yo‘lda. U otga mingan xotin bilan Sekiyamaga qarab ketayotgan edi. Xotin gardishi keng, hijobli shlyapa kiygan edi, shuning uchun yuzini ko‘rganim yo‘q. Xagi naqshi nigorli ipak ko‘ylagi ko‘rindi, xolos. Oti jiyronga moyil, yoli qirqilgan. Bo‘yimi? Odatdagidan chamasi to‘rt tyo balandroq. Rohibman-ku men, bunaqa narsalarni uncha farqlamayman. Erkakning… ha, belida qilichi bor edi, yelkasiga kamon o‘qli sadoq osilgan. Hozir ham esimda: loklangan qora ko‘n sadoq, yigirmatacha o‘qning uchi ham chiqib turgan edi.

Akutagava Ryunoske
CHAKALAKDA
Ahmad A’zam tarjimasi
07

51B6xklOgtL._SX350_BO1,204,203,200_.jpgAkutagava Ryunoske (1892.1.3 — Tokio — 1927.24.7) — o‘z asarlari bilan yapon adabiyotini jahon miqyosiga chiqishini boshlab bergan adib sifatida tan olinadi. U ijodida g‘arb va yapon adabiyeti an’analarini o‘zaro uyg‘unlashtirib, yapon an’anaviy tasvir va ifoda usulini yangi yo‘nalishga burgan. Inson ongining «jumboq»ligi, oldindan aytib bo‘lmaslik xususiyati ifodalangan hikoyalari — «Rasyomon darvozasi» (1915), «Burun» (1916) unga shuhrat keltiradi. «Kuz» (1920), «Sovuq» (1924) kabi psixologik hikoyalarida esa ijtimoiy yovuzlik dunyosida ezgulikning fojiaviy qismati aks etgan. «Suv alvastilari mamlakatida» (1927) ijtimoiy-fantastik majoziy asardir. Insonning yolg‘izligi, uning vakt, tarix oldida ojizligi pand-nasihatdan iborat «Telbaning hayoti» (1927) nomli so‘nggi asarining mavzuidir. Yapon madaniyatida beqiyos o‘rin egallagani uchun «Akutagava» milliy mukofoti ta’sis etilgan.

06

Mahkama to‘rasi tergovida o‘tinchining aytganlari

Xuddi shunday. Murdani men topdim. Bugun ertalab ham, hamishagidek o‘tin chopish uchun toqqa, uzoqroqqa chiqqan edim. O‘lik shu tog‘ tagidagi chakalakda yotgan ekan. Aniq qayerda? Yamasinga o‘tadigan qatnov yo‘lidan taxminan to‘rt-besh tyo* ichkarida bambuk bilan yangi kriptomeriy aralash o‘sgan ovloq bir joy.

Murdaning egnida poytaxtdagilar kiyadigan och-havorang suykan*, boshida nimdoshgina abosi* qalpoq bor edi. U chalqancha yotgan ekan. Keyin, mana, gavdasida bitta shu jarohat ko‘rindi, lekin qoq ko‘kragida, atrofidagi quruq bambuk xazonlari misoli aniq shingarfiga bo‘yalgandek. Yo‘q, qon boshqa ketmayotgan edi. Jarohati, ko‘rinishidan, qotgan shekilli. Ha, yana bitta narsa, jarohatda qon so‘rib to‘ygan so‘na ham qo‘nib turgan edi, oyoq tovushimdan uchib ham ketmadi.

Qilichmi yo shunga o‘xshagan biron narsa ko‘rinmadimi? Yo‘q, hech narsa ko‘rinmadi. Faqat yonida murda yotgan kriptomeriy tagida arqon ham tushib qolgan ekan. Ha yana… ha, ha, arqondan boshqa yana u yerda taroq bor edi. Yo‘q, bo‘ldi, murda yonida bori – shu ikkita narsa edi. Nima, ot yo‘qmidi? E, u yoqqa hech bir ot o‘ta olmaydi. Ot yo‘li nariroqda, chakalakdan keyin.

Mahkama to‘rasi tergovida yurtgashta rohibning aytganlari

Marhum bilan men kecha ko‘rishgan edim. Kecha… tush paytlari chamasi. Sekiyamadan Yamasinga boradigan yo‘lda. U otga mingan xotin bilan Sekiyamaga qarab ketayotgan edi. Xotin gardishi keng, hijobli shlyapa kiygan edi, shuning uchun yuzini ko‘rganim yo‘q. Xagi naqshi nigorli ipak ko‘ylagi ko‘rindi, xolos. Oti jiyronga moyil, yoli qirqilgan. Bo‘yimi? Odatdagidan chamasi to‘rt tyo balandroq. Rohibman-ku men, bunaqa narsalarni uncha farqlamayman. Erkakning… ha, belida qilichi bor edi, yelkasiga kamon o‘qli sadoq osilgan. Hozir ham esimda: loklangan qora ko‘n sadoq, yigirmatacha o‘qning uchi ham chiqib turgan edi.

Uning shunday qismatga uchrashi tushimga ham kirgani yo‘q. Rostdan ham, inson umri lahzalik gap, shudring nimayu chaqmoq nima! O‘h, bunga so‘z bormi, juda qayg‘uli.

Mahkama to‘rasi tergovida posbonning aytganlari

Shu, men tutgan odammi? Bu – nom ko‘targan yo‘lto‘sar Tadzyomaru. Ushlagan vaqtimda u Avadagutidagi tosh ko‘prik ustida otdan yiqilib, inqillab yotgan edi. qachon? O‘tgan kecha, birinchi tunqotar mahalida. Oldingi gal, ushlashimga sal qolganda, uning ustida xuddi shu suykan, kamarida qilichi taqilgan edi. Bu gal, mana, ko‘ryapsizki, kamon bilan kamon o‘qlari ham bor. E shunaqami? O‘lgan odamning narsalarining o‘zimi? Xo‘p, unda qotillik, shubha yo‘q, Tadzyomaruning ishi. Charm tortilgan kamon, loklangan qora sadoq, lochin patli o‘n yettita kamon o‘qi, shularning hammasi, demak, o‘ldirilgan odamniki bo‘lgan. Ha, ot, o‘zingiz aytgandek, jiyron, yoli qirqilgan edi. Taqdir-da, qarang-a, shu ot tashlabdi-da. Ko‘prikdan sal narida o‘tlab yurgan edi, uzun jilovini sudrab.

Bu Tadzyomaruning o‘zi poytaxtda izg‘ib yuradigan boshqa qaroqchilarga o‘xshamaydi, ayollarga juda o‘ch. Esingizdami, bultur Bindzuruga atalgan Akitoribe ehromi orqasidagi tog‘da bir ayolni. .meningcha, ziyoratchilardan bo‘lsa kerak, qizchasi bilan o‘ldirishgan edi? Ana shunda ham Tadzyomaruning qo‘li bor deb aytadilar. Ana, jiyron ot mingan juvon, agar Tadzyomaru erkakni o‘ldirgan bo‘lsa, u qayoqda qoldi, unga nima bo‘ldi? Noma’lum. Kechirasiz, aralashyapman, lekin buni bir surishtirib ko‘rish kerak.

Mahkama to‘rasi tergovida kampirning aytganlari

Ha, mening qizim turmushga chiqqan odamning murdasi. Faqat u poytaxtdan emas. Vakafadagi Kokufudan, samuray. Oti Kanadzava Takexiro, yigirma olti yoshda. Yo‘q, unga biron-bir odamning qasd qilishi mumkin emas – juda yumshoq fe’lli edi.

Mening qizimmi? Uning oti Masago, o‘n to‘qqiz yoshda. Uning fe’li botir, erkaklardan qolishmaydi. Takexirogacha hech qachon bironta ham xushtori bo‘lmagan. U bug‘doyrang, chap ko‘zining burchagida xoli bor, yuzi kichkina, cho‘zinchoq.

Kecha Takexiro qizim bilan Vakasaga ketgan edi. qaysi gunohi uchun bu musibat boshiga tushib turibdi? Nima bo‘ldi qizimga? Kuyovimning qismatiga-ku, ko‘ndim, na iloj, yo‘q, lekin qizimning kuyugiga chiday olmayapman. Men bir kampir odam, barcha avliyolar haqqi, yolvoraman, hamma o‘rmonu dalalardan izlang, faqat qizimni toping! qanaqa vahshiy ekan bu yo‘lto‘sar, oti inima edi, Tadzyomarumi? Faqat kuyovimni emas, qizimni ham… (boshqa gapirishga holi kelmay, yig‘lab yuboradi.)

Tadzyomaruning iqrori

Bu odamni men o‘ldirdim. Lekin juvonni men o‘ldirganim yo‘q. qayoqqa ketdi? Buni men ham bilayman. To‘xtang! Meni qancha qiynamang, bari bir, bilmagan narsamni bilaman, deb ayta olmayman-ku. Bundan tashqari, endi shunday bo‘lib qoldimi, qo‘rqib o‘tiramanmi, hammasini ochiq aytaman.

Bu erkak bilan juvonni tushdan sal o‘tib ko‘rdim. Juvonning ipak yopinchig‘ini shamol bir ko‘tardi, shu payti yalt etib yuzi ochildi. Bir lahzaga – lip etdiyu yana bekildi – balki shuning uchundir, yuzi menga malak siymosidek ko‘rindi. Shu zahoti erkagini o‘ldirib bo‘lsa ham juvonga erishaman deb qasd qildim.

Sizga bu vahshiylik bo‘lib tuyulyapti, a? Arzimagan narsa, erkakni o‘ldirish ham ish bo‘ptimi? Ayolga erishaman deganda erkakni doim o‘ldiradilar. Faqat men belimdagi qilichim bilan o‘ldiraman, siz esa qilich ishlatmaysiz, hokimiyat, pul, ba’zan esa shirin gaplar bilan o‘ldirasiz. To‘g‘ri, bunda qon to‘kilmaydi, erkak bus-butun turadi – lekin bari bir o‘ldirgan bo‘lasiz. Bunday o‘ylasa, qaysimizning gunohimiz og‘irroq — siznikimi, menikimi, — kim biladi? (Zaharxanda iljayish.)

Bu, erkakni o‘ldirmay ham ayolga erishish iloji bo‘lsa, ko‘nglim joyiga tushmaydi. degani emas. Bu gal esa ayolga erkakni o‘ldirmay ham shunday erishmoqchi bo‘ldim. Faqat qatnov yo‘lda bunaqa ishni qilish mushkul. Shuning uchun ikkovini ham chakalak ichkarisiga qanday kirgizishni o‘yladim.

Bu qiyin bo‘lmadi. Ularga yo‘lovchiman, deb qo‘shilib oldim-da, to‘g‘ridagi tog‘da bir qo‘rg‘on bor, bugun o‘sha yerni kavlagan edim, ko‘p qilich bilan oyna chiqdi, begona ko‘zdan pana qilib, tog‘  tagidagi chakalakka ko‘mib qo‘ydim, endi xaridor chiqsa, so‘ragan  narsasini arzongarovga sotaman, deb gapni to‘qidim. Erkak sekin-asta gapimga laqqa tushaverdi. Mana, nima deb o‘ylaysiz? Dahshatli narsa-da ochko‘zlik! Yarim soat ham o‘tmadi, ular otining boshini toqqa burib, so‘qmoq yo‘ldan menga ergashdilar.

Chakalakka yetib borganimizdan keyin narsalarning chakalak ichiga ko‘milganini aytib, kirib ko‘rishlarini taklif qildim. Ko‘zi ochlik erkakning ich-etini kemirayotgan edi, albatta u yo‘q demadi. Lekin juvon otdan tushmay, shu yerda kutaman, deb turib oldi. Uning aqli joyida ekan, chunki chakalakning juda qalinligini ko‘rib turardi. Hammasi xamirdan qil sug‘urgandek bo‘ldi, juvonning o‘zini qoldirib, erkakni chakalakka ergashtirib kirdim.

Chekkada faqat bambuk o‘sgan edi. Lekin chamasi bir tyo yurganimizdan keyin kriptomeriya uchray boshladi. O‘ylagan ishimni qilish uchun bundan qulay joy yo‘q edi. Shox-shabbani yirib yo‘l ochib borib, xazinani kriptomeriya tagiga ko‘mganimni rostga o‘xshatib gapirdim. Erkak meni eshitgani sayin o‘sha yoqqa, kriptomeriyaning nozik novdalari ko‘rinayotgan joyga oshiqar edi. Bambuk kamaya borib, atrofni kriptomeriya tutgan joyda erkakka tashlandim-da, uni yerga bosdim. Uni daraxtga bog‘lash birpaslik ish bo‘ldi. Arqon hamishagidek belimda edi, chunki chetanlardan oshib o‘tishda doim menga asqotadi. Turgan gap, baqirmasin deb bambukning to‘kilgan barglarini og‘ziga tiqin qildim, u bilan qiladigan boshqa ish ham qolmadi.

Erkakni hal qilib, juvonning oldiga qaytib keldim, unga yo‘ldoshining birdan mazasi qochib qolgani, o‘zi borib ko‘rmasa bo‘lmasligini aytdim. Bu ish ham o‘ylaganimdek chiqqanini gapirib o‘tirish shart emas. U gardishi keng shlyapasini boshidan oldida, qo‘limni qo‘yib yubormay, chakalak ichiga yurdi. Lekin eri daraxtga bog‘langan joyga kelishimiz bilan, uni ko‘rdiyu qo‘lini qo‘yniga tiqib, shartta xanjar chiqardi. Hech qachon bunaqa chars, botir xotinni ko‘rmaganman. Hazir bo‘lib turmaganimda qornimdan tig‘ yeyishim hech gap emas edi. Bunga-ku chap berdim. Lekin u ayamay to‘g‘ri kelgan joyimni chavaqlayverdi. Ha endi, men ham bekorga Tadzyomaru emasman, axiyri qilich ishlatmay, qo‘lidagi xanjarini urib tushirdim. qurolsiz qolgandan keyin har qancha qo‘rqmas bo‘lmasin, juvonning qo‘lidan nima ham kelardi. Ha, mana. nihoyat, o‘ylaganimdek, erkakning umriga zomin bo‘lmay, ayoliga erishdim.

Ha, erkakni tirik qoldirib. O‘zi uni keyin ham o‘ldirish niyatim yo‘q edi. Lekin oxirida, ko‘zyoshiga cho‘mib yotgan juvonni shunday tashlab. chakalakka biqinib ketmoqchi edim, u birdan esini yo‘qotgandek yengimga tarmashdi-da, hirqirab: «Yo siz o‘lasiz, yo erim… Ikkovingizdan bittangiz o‘lishingiz darkor… Ikkita erkakning ko‘z oldida benomuslik o‘limdan battar. Bittangiz o‘lishingiz shart. Kim tirik qolsa, shuni er qilaman», deb chinqiraverdi. Shunda erkakni o‘ldirsammikan deb qoldim. (Ma’yus iztirob.),

Endi sizlarga bu gaplarni aytib berganimdan keyin meni juda bag‘ritosh deb o‘ylasangiz kerak. Sizga qolsa, shunday, negaki, bu juvonning yuzini ko‘rmagansiz. Negaki, uning yonib turgan ko‘zlarini ko‘rmagansiz. Shu qarashiga ko‘zim tushganida, mayli, turgan joyimda yashin urib o‘lsam o‘laman, lekin uni xotinlikka olaman deb ko‘nglimga tugdim. Kallamda uni xotin qilishdan boshqa hech narsa yo‘q edi. Yo‘q. bu siz o‘ylagandek yovvoyi mayl emas. Agar xayolim faqat shahvatda bo‘lgan-da, ayolni bir tepib, tashlab ketgan bo‘lar edim. Unda qilichimni ham erkakning qoniga bulg‘ab o‘tirmasdim. Lekin o‘sha fursatda, chakalakning g‘ira-shirasida juvonning yuziga qaragan paytimda, erini o‘ldirmay bu yerdan ketmayman, deb ont ichdim.

Lekin, uni o‘ldirsam ham, nomardlarcha o‘ldirgim kelmadi. Uni arqondan bo‘shatdim, qilichda solishamiz, dedim. Daraxt tagidan topilgan arqon — o‘shanda men tashlagan arqon. Erkak o‘sha zahoti betini tirishtirib, qo‘liga og‘ir qilichni oldi-da, bir so‘z ham gapirmay, g‘azab bilan menga tashlandi. Bu olishuv qanday tugaganini aytib o‘tirish shart emas. qilichim yigirma uchinchi sermashda uning ko‘kragiga sanchildi. Yigirma uchinchi sermashda, — iltimos, shuni unutmang! Haligacha aqlim bovar qilmaydi – bu dunyoda faqat bitta shu odam men bilan yigirma marta qilich urishtirtirdi. (Shodon tabassum.)

U yiqilishi bilan, qo‘limda qonga belangan qilich, juvonga o‘girildim. Lekin, tasavvur qilasizmi, – hech qayerda yo‘q edi u. Daraxtlarni oralab izladim. Lekin to‘kilgan bambuk yaproqlarida hech qanaqa iz-piz yo‘q. Tevarakka quloq tutaman, erkakning bo‘g‘zidagi ramaqijon xirillashidan boshqa tovush kelmaydi.

Balki biz olishayotganda juvon yordamga chaqirish uchun chakalakdan chiqqandir? Shu gumon kallamga kelishi bilan, gap o‘zimning hayotimga taqalganini angladim. O‘lgan odamning qilichi, kamonu o‘qlarini olib, darrov avvalgi so‘qmoqqa chiqib oldim. U yerda ayolning oti tinchgina o‘tlab yurgan ekan. Keyin nima bo‘lganini aytib berish behuda gap sotish bo‘ladi deb o‘ylayman. Faqat bitta narsa – poytaxtga kirish oldida menda o‘sha qilich yo‘q edi. Mana, bor iqrorim shu. Meni eng shafqatsiz jazoga torting – axir, bir kuni kelib boshim xodaning uchiga sanchilib turishini bilaman-ku

Kiyomidzu ehromidagi izhori dilda juvonning aytganlari

Ko‘k kiygan erkak menga erishgandan keyin bog‘log‘li erimga o‘girilib qaradi-da, masxara qilib xa-xoladi. Erimga qanchalar og‘ir bo‘lgan bo‘lsa! Lekin u qancha to‘lg‘anmasin, bog‘langan arqon tanasini shuncha battar qiyar edi. Men beixtiyor butun vujudim bilan unga talpindim, — yo‘q. faqat talpindim, xolos. Lekin bu erkak meni bir tepib yerga ag‘natdi. Ana shu lahzada yuz berdi bu. Shu lahzada men erimning ko‘zida ta’rifga sig‘mas bir o‘t ko‘rdim. Ta’rifga sig‘mas… hatto hozir uning ko‘zlarini eslasam, titrog‘imni bosolmay qolaman. Bir og‘iz ham gapirishga chog‘i kelmasa-da, erim shu lahzada butun yuragini bir nigohda to‘kib berdi. Lekin uning ko‘zlarida g‘azab yo mashaqqat azobi emas, — menga bo‘lgan sovuq nafrati yonar edi, mana, qarashi nimani bildirardi! Anovi erkakning tepkisidan emas, shu qarashdagi dahshatdan o‘zimni yo‘qotib, qichqirib yubordim-da, hushimdan ketdim.

O‘zimga kelganimda ko‘k kiyimli erkakning qorasi o‘chgan edi. Faqat erim kriptomeriya tanasiga bog‘log‘ligicha turar edi. To‘kilgan bambuk yaproqlari ustidan bazo‘r turib, erimning yuziga termildim. Lekin uning qarashida tariqcha o‘zgarish sezilmadi. Ko‘zlarida boyagi-boyagidek sovuq nafrat va botiniy jirkanish bor edi. O‘shanda ne ahvolda ekanimni qanday aytishni bilmayman — ham nomus, ham alam, ham g‘azab… Gandiraklab, qaddimni zo‘rg‘a ushlab, erimga yondashib bordim.

«Quloq soling! Endi bunday bo‘lgandan keyin siz bilan umr qilolmayman. Men o‘limni tanladim. Lekin… lekin siz ham yashamaysiz. Siz nomussizligimni ko‘rdingiz. Shundan keyin sizni qanday tirik yurgani qo‘yaman.»

Ming azob bilan unga shu gaplarni aytdim. Erimning sini o‘zgarmadi, menga boyagidek jirkanib qarab turaverdi. Yuragim ko‘kragimni yorib chiqib ketguday hayajonimni zo‘rg‘a bosib, uning qilichini axtara boshladim. Lekin, hammasini qaroqchi o‘g‘irlab ketgan shekilli, chakalakda faqat qilich emas, kamon ham, uning o‘qlari ham yo‘q edi. Oyog‘im ostida, baxtimga, faqat xanjar yotgan ekan. Xanjarni erimga o‘qtalib: «Endi sizning joningizni olaman. Va hoziroq o‘zim ham orqangizdan ergashaman», dedim.

Erim bu gaplarni eshitgandan keyin zo‘r bilan lablarini qimirlatdi. Albatta, ovozi eshitilmadi, chunki og‘ziga bambuk yaproqlari tiqilgan edi. Lekin lablariga qarab turib, nima deganini darrov angladim. Erim o‘sha jirkanishi bilan bitta «O‘ldir». so‘zni aytdi: Hushimni yo‘qotayozgan bir holatda xanjarni och-havorang ko‘ylagi ustidan ko‘kragiga chuqur sanchdim. Keyin yana hushimdan ketdim shekilli. O‘zimga kelgandan keyin atrofga alanglasam, erim o‘sha bog‘langan ko‘yi turibdi, endi nafasi tingan. Erimning oppoq yuziga kriptomeriyaning bambuk shoxlari bilan aymashgan qalin novdalari orasidan botayotgan quyoshning tutam nuri tushdi. O‘krab yig‘lashimni bosib murdaga chirmalgan arqonni yechdim. Keyin… keyin menga nima bo‘ldi? Buni aytishga holi-jonim yo‘q. Nima qilmayin, o‘zimni o‘ldirishga kuch topa olmadim. Bo‘g‘zimga xanjar qadadim, tog‘ bag‘ridagi ko‘lga o‘zimni cho‘ktirmoqchi bo‘ldim, juda urindim, — lekin mana, o‘lmadim, tirik qoldim, bu bilan faxr ham qilolmayman. (Ma’yus tabassum.) Balki mehribon va g‘amxo‘r ma’buda Kannon mendek arzimas bir jonzotdan yuz o‘girgandir. Nima -qilay, o‘z erini o‘ldirgan, nomusiga qaroqchi tekkan men nima qilay? Nima men… men… (birdan o‘krab yig‘lash.)

Karomatchi tili bilan marhum ruhining aytganlari

Xotinim bilan bo‘lgandan keyin yo‘lto‘sar u bilan yonma-yon yerga o‘tirib oldi-da, uni yupata boshladi. Og‘zim, turgan gap, tiqinlangan. O‘zim daraxtga chandib tashlanganman. Lekin tinmay unga ko‘zim bilan ishora qilaman: «Ishonma bunga! Hamma gapi yolg‘on», — mana, nima deb uqtirmoqchi bo‘ldim. Lekin xotinim to‘kilgan bargu xazonlar ustida g‘amga botib o‘tirganicha, tizzasidan ko‘zini uzmadi. Rostdan ham, u yo‘lto‘sarning gapini jon qulog‘i bilan tinglayotganga o‘xshardi. Men rashkdan buralib-to‘lg‘anardim. Yo‘lto‘sar ustalik bilan gapni maqsadiga burardi. Bir nomusidan ayrilgandan keyin eri bilan yashab ketishi dushvor. Eri bilan bu ahvolda qolganidan ko‘ra, yo‘lto‘sar bilan ketgani yaxshi emasmi? Yo‘lto‘sar yuragidan urgani uchun shu badkirdor ishlarni qildi-ku… – mana shunaqa yuzsiz gaplarni gapirdi u.

Xotinim yo‘lto‘sarni gapini eshitib, boshini ma’yus ko‘tardi. Hech qachon u ko‘zimga buncha chiroyli bo‘lib ko‘rinmagan. Lekin mening chiroyli xotinim bog‘liq paytimda yonimda turib yo‘lto‘sarga nima deb javob berdi deng? Hozir yo‘qlikda sargardonman, lekin o‘sha javobni eslasam, alam-achchiqda o‘rtab ketaman. «Xo‘p, meni xohlagan tomoningizga boshlang», — mana, xotinim nima dedi. (Uzoq sukut.)

Lekin uning aybi faqat shu emas. Bitta shuning o‘zi uchun zulumotda buncha azob bilan tentiramasdim. Nima bo‘ldi deng: xotinim xuddi tush ko‘rayotgandek, yo‘lto‘sarga ergashib, uning qo‘lidan ushlab oldi, chakalakdan chiqaman deganda birdan rangi bo‘zdek oqarib, qo‘lini daraxtga bog‘langan menga nuqib, «O‘ldiring buni! U tirik qolsa, men sizniki bo‘lolmayman!», deb telbalanib bir necha marta xuddi esini yo‘qotgandek chinqirdi. «O‘ldiring buni!» — endi bu so‘zlar to‘fon bo‘lib meni zulumotning eng chuqur qa’riga uchirib ketadi. Inson qulog‘iga biron-bir marta shunaqa iflos gaplar yetib kelganmikan? Biron-bir marta… (Birdan portlagan achchiq xaxolash.) Bu gaplarni eshitgan yo‘lto‘sar ham bo‘zarib ketdi. «O‘ldiring uni!» — deb xotinim uning yengiga tarmashib oldi. Yo‘lto‘sar unga ko‘zini uzmay tikilib, ha ham, yo‘q ham demadi, keyin birdan uni bir tepib xazon ustiga yiqitdi. (yana achchiq xaxolashning portlashi.). qo‘llarini ko‘kragiga chalishtirimb, menga o‘girildi. «A bu xotinni nima qiish kerak, a? O‘ldiraymi yo rahm qilaymi? Javobiga boshingizni qimirlating. O‘ldiraymi?» Bitta shu gapi uchun ham uni kechirishga tayyor edim. (yana uzoq sukut.)

Men taraddudda qolgan paytim xotinim bir chinqirdi-da, chakalakning ichiga otildi. Yo‘lto‘sar shu zahoti orqasidan tashlandi, lekin hatto yengidan ham ushlashga ulgurmadi, shekilli. Men xuddi bosinqirayotgandek ko‘rib turardim.

Xotinim qochib ketgandan keyin, yo‘lto‘sar mening qilichim, kamon va o‘qlarimni oldi-da, men bog‘langan arqonning bir joyini kesib qo‘ydi. Uning chakalak ichiga kirib ketayotganda: «Endi o‘zimni o‘ylashim kerak», deb g‘uldiragani esimda.

U ketgandan keyin hamma yoq jimjit bo‘lib qoldi. Yo‘q, hamma yoq emas, qulog‘imga yonimda xuddi kimdir yig‘layotgandek bir tovush eshitildi. O‘zimni arqondan bo‘shatib, diqqat bilan q-uloq tutdim. Nima ekan deng? Bilsam, izillab o‘zim yig‘layotgan ekanman.

Azoblangan tanamni nihoyat daraxtdan uzdim. Oldimda xotinim tushirib qoldirgan xanjar yiltirab yotar edi. Uni qo‘limga olib, bir siltov bilan ko‘kragimga sanchdim. Tomog‘imga qandaydir qonli bir tuyur kelib tiqilgandek bo‘ldi, lekin bunda hech qanday azob sezmadim. Ko‘kragim sovugandan keyin atrof battar jimjit bo‘lib qoldi. Oh, bu qanaqa jimjitlik edi! Tog‘ bag‘ridagi bu chakalakda bitta qush ham chirq etgani yo‘q. Faqat botayotgan shafaq quyoshi kriptomeriyalar tanasida tovlanar edi. Shafaq quyoshi… lekin mana, uning nurlari ham sekin o‘chdi. Endi daraxtlar ham, bambuk ham ko‘rinmay qoldi. Meni, yerda uzala yotgan meni sim-siyoh qorong‘ulik chulg‘ab oldi.

Ha, mana shunda kimdir birov menga sekin yaqinlashdi. Kim ekan deb unga qaramoqchi bo‘ldim. Shunda o‘sha kimdir… shu kimdir ko‘rinmas qo‘li bilan ko‘kragimdagi xanjarni sekin sug‘urib oldi. Shu zahoti og‘zim sharqirab chiqqan qonimga to‘ldi. Shundan keyin yo‘qlikning zulmatiga mangu cho‘kib ketdim.

1922

Ashampoo_Snap_2017.10.20_18h26m17s_003_.png

090

(Tashriflar: umumiy 3 987, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring