Behzod Biybolayev. Yur, muhabbat, ketdik bu yerdan & Ishq vasfi. She’rlar to’plami

Ashampoo_Snap_2017.03.04_15h52m34s_001_.png    Ўзимни қушдек енгил ҳис қилардим. Ботаётган қуёшнинг сўнгги нурларига қиши билан соғиниб чиққанимиз – офтобнинг илиқлиги эниб, у юзимга теккани сари қандайдир меҳрга ўхшаш бир тафтни ҳис қилардим. Аста ойна ёнига бордим ва дераза рахига таянганча ташқаридаги кўкламнинг овозига қулоқ тутдим. Шу дамда олис-олисдан бир куй саси кела бошлади. Бу куй менинг қалбимга шу қадар сингиб кетган эдики, худди менинг ичимдан чиқаётгандек. Бу наво бундан анчагина вақт олдин бўлиб ўтган, юракнинг туб-тубида ётган бир хотирани уйғотиб юборди.

Беҳзод Бийболаев
ЮР, МУҲАББАТ, КЕТДИК БУ ЕРДАН
011

 213920628.jpg  Беҳзод Бийболаев  1986 йилнинг 10 ноябрида Тошкент вилоятининг  Бекобод туманидаги  Уяс маҳалласида туғилган. 2007 йил Бекобод техника иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тамомлаган. 2009-2013 йилларда Тошкент Молия институтининг  молия-иқтисод факультетида таҳсил олган. Ҳозирда турли даврий нашрлар билан ҳамкорлик қилади. Шеърлари марказий нашрларда чоп этилган. «Ишқ васфи» номли ик шеърий тўплами нашр этилган.

011

Дам олиш куни кечгача уйда бўлиб, анчадан бери ортга сурилиб келаётган ишларимни тартибга солдим. Камтаргина ижодхонанинг кунботар тарафидаги деразаси қия очиқ, ундан эндигина кириб келган баҳорнинг енгил-енгил нафас олишлари эшитилиб турарди. Бироз олдин оппоқ булутлардан ёғиб ўтган ёмғирнинг иси хонани тутган, бу ёмғир гўё менинг руҳимга ёғиб, ундаги бор ташвиш ва дардларимни ўзи билан ювиб кетгандек эди. Айни дамда ўзимни қушдек енгил ҳис қилардим. Ботаётган қуёшнинг сўнгги нурларига қиши билан соғиниб чиққанимиз – офтобнинг илиқлиги эниб, у юзимга теккани сари қандайдир меҳрга ўхшаш бир тафтни ҳис қилардим. Аста ойна ёнига бордим ва дераза рахига таянганча ташқаридаги кўкламнинг овозига қулоқ тутдим. Шу дамда олис-олисдан бир куй саси кела бошлади. Бу куй менинг қалбимга шу қадар сингиб кетган эдики, худди менинг ичимдан чиқаётгандек. Бу наво бундан анчагина вақт олдин бўлиб ўтган, юракнинг туб-тубида ётган бир хотирани уйғотиб юборди.

* * *

…У аудиторияга кириб келган куни мен аллақачон йигирма беш ёшни уриб қўйган, қўшни қизларнинг миш-миш гаплари билан айтганда “анча-мунча нарсаларни кўриб, ичидан қариб кетган” йигит эдим. У эса эндигина ўн саккиз-ўн тўққиз ёшга кирган, бўйи мендан ҳам баланд укамнинг таъбири билан айтганда: “қибла тарафдан шабада эсса ҳам йиқилиб тушадиган даражада” нозик эди.
Гуруҳдошларим ичида ёшим катта бўлганлиги учун аудиториянинг “тўри”, яъни энг орқа тарафи ҳамиша каминага тегишли бўлар, бу эса, баъзида дарснинг қоқ ярмида уйқуни тортиб юбориш учун-да қулай эди.

Хуллас, у бироз жилмайган кўйи бир-бир қадам босиб хона ўртасигача келди-да, бўш жой қидиргандай бир зум тараддудланди. Ёнимдаги бўш жойни кўриб, қимтинибгина, ерга тикилганча мен томонга юра бошлади. Гуруҳимизда унгача ўттиз йигит ва бир қиз ўқирдик. Ўша куни ёлғизгина эрка қизимиз ҳам дарсга келмаган, қуш бозорига ўхшаб, қий-чув қилиб ўтирган болалар у кириб келиши билан негадир ғайритабиий бир тарзда тинчиган, бундан ҳам қизиғи, хонага бирорта бегона қиз адашиб ёки деканатнинг иши билан кириб қолган маҳалларда бошланиб кетадиган ҳуштакбозлигу қарсакбозликлар бу сафар бирдан ҳамманинг эсидан чиқиб қолгандек эди. У аста қадам босиб келар экан, қадамларининг “тақ-туқ” товуши хона бўйлаб акс-садо берарди.

Шу пайтгача қанча қизларнинг қўлидан ушлаб, қулоғига шеър шивирлаб юрган бўлсам-да, бирор марта бу қадар қаттиқ ҳаяжонга тушмаган эдим. Унинг мен тарафга келаётганлигининг ўзиёқ, ич-ичимдан қандайдир бир тўлқинни уйғотди… Беихтиёр парта устида бетартиб сочилиб ётган китоб ва дафтарларимни йиғиштириб, унга жой оча бошладим. У эса ҳамон мен тарафга келарди: тақ-туқ, тақ-туқ…
У худди қуёшга ўхшарди. Биз – бутун аудитория – кунгабоқардай бурилиб, ундан кўз узолмасдик. Бир текис, ўлчангандай ташланаётган қадамлар: тақ-туқ, тақ-туқ….
Ва ниҳоят у мен ўтирган партага жуда яқин келди. Мен эса, бу пайтда у менинг ёнимга ўтиришига буткул ишонган, мен тарафга ўғринча кўз ташлаб қўяётган гуруҳдошларимга ғолибона бир назар билан – лабимнинг бир четини сал учирганча, кулиб турардим…

У етиб келди-ю ўйлаб ҳам кўрмасдан шарт бурилиб, нариги қатордаги бўш жойлардан бирига бориб ўтирди. Хонага оғир сукунат чўкиб, сукунат янада сукунатлашгандай бўлди. Ҳеч кимдан овоз чиқмас, ҳамма устимдан жимгина кулаётгандек эди. Ўзининг қитмирлиги ва шўхлиги билан гуруҳда отнинг қашқасидек бўлиб қолган қашқадарёлик курсдошим Жасур секингина, лекин ҳамма эшитарли қилиб “Имм…” деди-ю, “шилқ” этиб парта устига йиқилди. Кейин яна бир андижонлик жўрамиз эса минғирлаб шеър ўқий бошлади:

Ой юзидан нур ёғар сим-сим,
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан…

Мен эса айни дамда ўзимни таҳқирлангандек ҳис қилар эканман, дам дафтарни, дам китобни сабабсиз, асабий варақлардим. Шу лаҳзаларда онгу шууримнинг ич-ичидан, қандайдир ўзим ҳам билмаган жойлардан, юракнинг ҳали хаёл етиб бормаган бурчакларидан ҳазин бир куй, куй-ки одамни жанг олдидан руҳлантиришга қодир, наво-ки, унда инсонни чек-чегарасиз оламни босиб ўтишга етадиган қудрат бағишловчи куч бордек эди. Бу кўнгил куйининг оҳангдан мен фақат бир нарсанигина илғашга улгурдим: “Албатта унинг муҳаббатини қозонишим керак!” Қолганларини англашга менда фурсат ва тафаккур етмади, чоғи. Зеро, шунинг ўзи ҳам менга бир олам ишонч бахш этган эди.
Бу пайтда аудитория ҳам аста-секин ўзининг эски ҳолатига қайта бошлаган, ҳамма ўз ишини қолган жойидан давом эттиришга тушиб кетган эди: кимдир кимгадир латифа айтар, яна кимдир шеригининг телефонидаги суратларни томоша қилишга тушиб кетган. Шундай бўлса-да, у ҳамон ҳамманинг диққат марказида эди. Болалар тез-тез унга ўғринча кўз ташлаб қўяр, у қаёққа қараётганлигини билмоқчи бўлаётгандек, зимдан кузатишарди. У эса бепарво, фақат баъзан деразадан ташқарига кўз ташлар экан, бошқалар ҳам унга тақлид қилгандек ўша тарафга қараб қўйишарди. Лекин бирорта талаба унинг олдидаги бўш жойга бориб ўтиришга журъат топа олмасди. Шу маҳал эшик шаҳд билан очилиб, кечиккан домла хонага кириб келди ва ҳамма бирдан оёққа қалқди. Уч-тўрт киши бошлаган “Ас-салому а-лей-кум” сўзларини бутун аудитория жўр бўлиб тугатдик. Шундан кейин хонани портфелларнинг “қарс-қурс”лари-ю китобларнинг “тап-туп” овозлари тутиб кетди – ҳамма дарсга тайёргарликни бошлаб юборди.

Менинг хаёлимда ҳамон унинг “тақ-туқ, тақ-туқ” қадам товушлари-ю, шоирнинг шеъри акс-садо бериб турарди:

Ширин тушлар кўрсин севгилим,
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан…

Дарслар тугаб, ҳамма уй-уйига тарқалиш ҳаракатига тушганда, атрофни куни бўйи шаҳар хиёбонларидаги дарахтзорлар ичида мудраб ўтирган қоронғулик босиб кела бошлаган, бироз олдин ёғиб ўтган баҳор ёмғири йўлакларни ҳам янги келин сув сепиб, супургандай қилиб қўйган эди. У билан олийгоҳ қопқасидан изма-из чиқиб борар пайтимизда ҳаводан ҳам қишнинг заҳри кетган, баҳорнинг ёқимли шабадаси эндигина шарфлардан ҳоли бўлган ёқалардан кириб, этни ҳузурбахш жунжиктираётган, кеч тушиши билан хиралашган осмондаги булутлар қўнғир-қора тусга кириб турган бир маҳал эди.
Кетма-кет кетиб боряпмиз-у, хаёлан унга нима дейиш ҳақида ўйлайман. Аксига олиб калламга ҳам бирор тузукрок фикр келмаётган эди. Ниҳоят бир чуқур нафас олдим-да, кетидан етиб олиб:
— Салом! Энди бизнинг гуруҳимизда ўқийсизми? — дедим.

Шундай дедим-у, овозимдан ўзим уялиб кетдим. Овозим жуда паст, бунинг устига беморларникига ўхшаб хириллаб чиққан эди.
Табиийки, у гапимга тушунмади ва менга “ялт” этиб қаради. Кейин жилмайганча:
— Кечирасиз, нимадир дедингизми? — деди.
— Салом, дегандим. Кейин, энди бизнинг гуруҳда ўқийсизми, деб сўрадим, — дедим бу сафар тетикроқ товушда.
— Ҳм-м, — деди у. Кейин жилмайган куйи давом этди: — Мен бўлсам, ўзингизга ўзингиз гапиряпсизми, деб ўйлабман.
— Саволимга жавоб бермадингиз?
— Жавоб беришим шартми?
— Ҳа энди… балки, бундан кейин курсдошмизми, дейман-да.
— Бўлиши мумкин….

Суҳбатимиз у қадар қовушмади. У эса ҳамон хиёл жилмайган куйи, ердан кўзларини узмаган ҳолда мен билан ёнма-ён кетиб борарди. Унинг биргина шу табассуми ҳам шу қадар чиройли эдики, у йўлак бўйидаги эндигина бош кўтарган майсалар билан яхлит бир манзарани касб этарди. Биз бу маҳалда бекатга яқин келиб қолгандик.
— Кечирасиз, исмингиз нима? Одатда гуруҳга янги келганларни таништиришарди. Сиз билан эса бирорта домла келиб, таништирмади ҳам, — дедим. Бу пайтга келиб ичимда потирлаётган ҳаяжон босилмаган бўлса-да, ўзим анчагина дадиллашиб қолган эдим. У менга тафтишчи нигоҳлари билан қараб турди-да:
— Сизни фақат шу қизиқтирадими? — деди кулимсираб.

Яна калаванинг учини йўқотиб қўйдим. Бошим қизиб, қулоқларим шанғиллай бошлади.
— Йўқ, э-э, ҳа, умуман айтаман-да.
— Майли, хайр бўлмаса. Мени олиб кетгани келишди.

У ёнгинамизга келиб тўхтаган автобуснинг зиналаридан салонга кўтарилар экан, мен тарафга яна бир бор “ялт” этиб қараб қўйди.
— Майли… хайр… — дедим бўшашибгина. Лекин бу овозимни ўзимдан бўлак ҳеч ким эшитмади.
Юрилавериб ҳар бир муюлиши, ҳар бир бинолари таниш бўлиб қолган кўчалардан талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонамга қайтар эканман, атроф ҳам ҳар кунгидан бошқача гўзал эди. Бутун борлиғим ва хаёлимда у билан номини ўзим ҳам билмайдиган бир жойларда сайр қилиб юрардик.

Менинг назаримда у билан чиқишиб кетиш осондек, умуман дунёда ҳамма ишни қилиш осондек кўрина бошлади. Айни дамда бутун Тошкентни пиёда айланиб чиқишга қодирдек сезардим ўзимни.
Ётоқхонага етиб келдим-у эртанги кунни орзиқиб кута бошладим. Хонадошларимнинг қочиримли гапларига ҳам эътибор бермай, фақат у ҳақда хаёл сурардим. Зеро, мен учун ҳозир энг завқли нарса ҳам шу эди. “Қизиқ, унинг исми нима экан? Мафтунамикин? Йў-ўқ, унинг исми бундан ҳам чиройли. У дунёдаги энг чиройли исмга муносиб.”

…Гап-сўзларидан бироз шўх бўлиб кўринса-да, ўзига етарли даражада жиддий ҳам эди ва худди мана шу жиддийлик у ҳақда енгил хаёлларга боришимдан сақлаб турарди.
Эртаси куни унинг исми маълум бўлди. Гуруҳ журналига ёзилганда билдик. Рухшона. Бу исм ўй-хаёлларимни шу қадар банд этдики, кўзимга кўринган ёзувлардан унинг исмида иштирок этган ҳарфларни излайдиган бўлиб қолдим. Бир сўз билан айтганда шоирлар муболаға қилиб ёзадиган девоналик менда ҳақиқатга айланган эди. У билан қисқа-қисқа суҳбатларимиздан яна шу нарсани билдим: у мен биринчи кунда ўйлаганимдек ҳам ҳар доим шўх-шодон эмас экан. Унинг кўзларида қандайдир мунг яширин эди. Шу сабаблими, баъзан маъюс тортиб қолар ва бу дамларда мен ҳам дунёларга сиғмай кетардим…
Шу тариқа уч ой ҳам кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Бу орада унинг маъюслиги, ғамгинлиги ҳам ортаверди. Унинг биринчи кундаги, ҳувв ўша, илк баҳорда, янги ёмғир ёғиб ўтган йўлакда бўлиб ўтган суҳбатдаги шўхлиги, қувноқлигидан бу пайтга келиб асар ҳам қолмаганди.
У менинг сўровларимга ҳам жавоб бермас, негадир доим ёлғиз қолишга интиларди. Бир кўнглим “у сени ҳеч қачон яхши кўриб қолмайди,” деса, яна бир кўнглим “ҳаммаси ўзингни ҳаракатингга боғлиқ,” дерди. Мен унинг ўша, биринчи кунги шўх кулгуси-ю қувноқлиги, овозидаги жарангдорликни соғинардим. Уни яна шу ҳолатда кўргим келарди…

Сен, дилимда яшнаган чечак,
Биз биргамиз, қайда яшасак!

Шоир менинг дардларимни билиб ёзгандек эди гўё. Қани энди ўз муҳаббатингни етакласанг-у, ҳеч кимнинг қадами етмас жойга олиб кетсанг. Уни ўша жойга яшириб қуйсанг. У жойга бегона нигоҳлар ораламаса. Ҳар хил кўнгилхираликлар-у бу дунёнинг ташвишлари етиб бормаса. Шундай жой бормикин? Агар бор бўлса, қаерда бўлиши мумкин? Кўнгилнинг тубидами? Лекин кўнгилнинг энг тубидаги муҳаббат ҳам вақти келиб ўзини ошкор қилиб қўйиши мумкин-ку.

Ёзги таътил ҳам бошланиб, барча талабаларнинг қувончи ичига сиғмайдиган палла келган эди. Ҳамма хурсанд, фақат мени ундан узоқлашиш қайғуси қийнар эди. Уни кўрмасдан уч ойлик таътилни қандай ўтказаман? Кошки орамиз яқин бўлса. У бошқа вилоятда, мен бошқа вилоятда. Бунинг устига қишлоқ шароити… Томорқа ва уйдаги ишлардан ортиб, бирор жойга чиқиш муаммо. Яна бизнинг хонадонда бир сўм пулнинг ҳам ўз ишлатиладиган жойи бор эдики, бу ҳолатга мен ҳам аллақачонлар кўникиб бўлган эдим. Бунинг устига ота-онамизга ҳам бирор қиз ҳақида гапириш жуда қийин эди.
У менга бирор рўйхушлик бермаган бўлса-да, негадир ич-ичимдан “у ҳам мени яхши кўради” деган ўй ўтаверарди. Бу орада неча бор унга қўнғироқ қилган бўлсам, ҳаммаси бесамар кетди. Телефонхатлар ҳам ҳавога учгандек жавобсиз қолди…

Қушларнинг чуғур-чуғурларию, ҳамма ёқни чангитиб қайтаётган мол-қўйларнинг овозлари билан азим ёз фасли ҳам ўтиб кетди. Ўқиш бошланиши олдидан талабалар ётоқхонасига жойлашдим. Дарслар бошланган куни юрагим хапқириб, олийгоҳ томонга учиб бордим. Курсдош болалар ҳаммаси бир-бири билан қучоқлашиб бир-биридан ҳол-аҳвол сўрашар, ёзги таассуротларни сўзлаб чарчашмасди. У ҳам шу ерда эди. Жилмайган куйи кимнингдир сўзларини тингларкан, қўлидаги беш-олтита кичик хатжилдлар титраб турарди. Мен билан ҳам ўша, жилмайган кўйи бош қимирлатиб сўрашган бўлди. Менинг кўзларим эса хатжилдларда – улар титраб турарди.

Ўша куннинг ўзидаёқ мен учун машъум бир ҳақиқат аён бўлди. Титраётган хатжилдлар унинг тўйига таклифномалар экан. Шундан кейин нималар бўлганлигини айтиб ўтишимга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Фақатгина дарслар тугаб, яна ўша йўлакдан ёнма-ён қайтар эканмиз, ҳавода ҳам кузнинг оғир қора булутлари изғиб юрарди. У қўлидаги сўнгги таклифномани қўлимга тутқазди-да:
— Мени кечиринг. Сизни хафа қилмоқчи эмасдим, — деди.
— Нега ахир… Қандай қилиб ахир…
— Бу анча олдин пишитилган савдо. Ота-онам мени ёшлигимда унаштириб қўйишган.
— Мен ҳеч кимдан хафамасман. Лекин одам ўзи учун ҳам яшаши керак-ку. Истасангиз ҳамма масъулиятни бўйнимга оламан.

У ақлли қиз эди. Нима демоқчи бўлаётганлигимни дарров тушунди.
— Йўқ! Бунинг кераги йўқ. Мен ҳеч қачон ота-онамнинг юзи ерга қарашини истамайман. Улар олдидаги масъулиятим ҳам, бурчим ҳам бунга йўл қўймайди. Ҳиссиётларга берилиб иш кўрсам, охири яхши бўлмаслиги мумкин, — деди қатъий қилиб.

У сўнгги гапларини қатъийлик билан айтган бўлса-да, овозидаги титрашни англаш унчалик қийин эмасди. Бекатга келиб тўхтаган автобус томон бурилар экан, паст овозда:
— Майли, хайр, мени олиб кетгани келишди. Хайр, Сиз яхши одамсиз, — деди. Унга диққат билан, худди сўнгги бора кўраётгандек термулар эканман, кўзларининг туб-тубидан тўфон каби ёпирилиб келаётган ёшларни кўрдим. Шу лаҳзада унинг нима учун кундан-кунга ғамгинлашиб бораётганлиги ҳам аён бўлган эди мен учун.
У автобусга чиқди-ю одамлар орасига сингиб кетди. Ҳувиллаган бекатда яна ёлғиз ўзим қолдим. Кузнинг илк кунлари бўлишига қарамай олдин битта-битта, кейин эса шовуллаб ёмғир ёға бошлади. Аммо бу сафарги ёмғир куз ёмғири эди. Қўлимдаги таклифномага қаердандир томчилар томар, бу томчилар ёмғирми ёки менинг кўзимдан томчилаётган ёшларми, буни аниқ ажрата олмасдим.

Биз кетсак, ер кенгайиб қолар,
Осмон ҳам сал энкайиб қолар,
Бир қора кўз жилмайиб қолар,
Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан!

* * *

Ҳамон дераза рахига суянганча, ташқаридаги баҳорни томоша қилардим. Қаерлардадир эса ҳалиям ўша куй ўзининг ҳазингина оҳангини таратарди. Шу пайтда бир нарсага амин бўлдим – Муҳаббат ҳаёт экан бу куйлар ўлмайди. У абадий яшайди!

Behzod Biybolayev
YUR, MUHABBAT, KЕTDIK BU YERDAN
011

ime.jpg Behzod Biybolayev 1986 yilning 10 noyabrida Toshkent viloyatining Bekobod tumanidagi Uyas mahallasida tug‘ilgan. 2007 yil Bekobod texnika iqtisodiyot kasb-hunar kollejini tamomlagan. 2009-2013 yillarda Toshkent Moliya institutining moliya-iqtisod fakultetida tahsil olgan. Hozirda turli davriy nashrlar bilan hamkorlik qiladi. She’rlari markaziy nashrlarda chop etilgan. «Ishq vasfi» nomli ilk she’riy to’plami nashr etilgan.

011

Dam olish kuni kechgacha uyda bo‘lib, anchadan beri ortga surilib kelayotgan ishlarimni tartibga soldim. Kamtargina ijodxonaning kunbotar tarafidagi derazasi qiya ochiq, undan endigina kirib kelgan bahorning yengil-yengil nafas olishlari eshitilib turardi. Biroz oldin oppoq bulutlardan yog‘ib o‘tgan yomg‘irning isi xonani tutgan, bu yomg‘ir go‘yo mening ruhimga yog‘ib, undagi bor tashvish va dardlarimni o‘zi bilan yuvib ketgandek edi. Ayni damda o‘zimni qushdek yengil his qilardim. Botayotgan quyoshning so‘nggi nurlariga qishi bilan sog‘inib chiqqanimiz – oftobning iliqligi enib, u yuzimga tekkani sari qandaydir mehrga o‘xshash bir taftni his qilardim. Asta oyna yoniga bordim va deraza raxiga tayangancha tashqaridagi ko‘klamning ovoziga quloq tutdim. Shu damda olis-olisdan bir kuy sasi kela boshladi. Bu kuy mening qalbimga shu qadar singib ketgan ediki, xuddi mening ichimdan chiqayotgandek. Bu navo bundan anchagina vaqt oldin bo‘lib o‘tgan, yurakning tub-tubida yotgan bir xotirani uyg‘otib yubordi.

* * *

…U auditoriyaga kirib kelgan kuni men allaqachon yigirma besh yoshni urib qo‘ygan, qo‘shni qizlarning mish-mish gaplari bilan aytganda “ancha-muncha narsalarni ko‘rib, ichidan qarib ketgan” yigit edim. U esa endigina o‘n sakkiz-o‘n to‘qqiz yoshga kirgan, bo‘yi mendan ham baland ukamning ta’biri bilan aytganda: “qibla tarafdan shabada essa ham yiqilib tushadigan darajada” nozik edi.
Guruhdoshlarim ichida yoshim katta bo‘lganligi uchun auditoriyaning “to‘ri”, ya’ni eng orqa tarafi hamisha kaminaga tegishli bo‘lar, bu esa, ba’zida darsning qoq yarmida uyquni tortib yuborish uchun-da qulay edi.

Xullas, u biroz jilmaygan ko‘yi bir-bir qadam bosib xona o‘rtasigacha keldi-da, bo‘sh joy qidirganday bir zum taraddudlandi. Yonimdagi bo‘sh joyni ko‘rib, qimtinibgina, yerga tikilgancha men tomonga yura boshladi. Guruhimizda ungacha o‘ttiz yigit va bir qiz o‘qirdik. O‘sha kuni yolg‘izgina erka qizimiz ham darsga kelmagan, qush bozoriga o‘xshab, qiy-chuv qilib o‘tirgan bolalar u kirib kelishi bilan negadir g‘ayritabiiy bir tarzda tinchigan, bundan ham qizig‘i, xonaga birorta begona qiz adashib yoki dekanatning ishi bilan kirib qolgan mahallarda boshlanib ketadigan hushtakbozligu qarsakbozliklar bu safar birdan hammaning esidan chiqib qolgandek edi. U asta qadam bosib kelar ekan, qadamlarining “taq-tuq” tovushi xona bo‘ylab aks-sado berardi.

Shu paytgacha qancha qizlarning qo‘lidan ushlab, qulog‘iga she’r shivirlab yurgan bo‘lsam-da, biror marta bu qadar qattiq hayajonga tushmagan edim. Uning men tarafga kelayotganligining o‘ziyoq, ich-ichimdan qandaydir bir to‘lqinni uyg‘otdi… Beixtiyor parta ustida betartib sochilib yotgan kitob va daftarlarimni yig‘ishtirib, unga joy ocha boshladim. U esa hamon men tarafga kelardi: taq-tuq, taq-tuq…
U xuddi quyoshga o‘xshardi. Biz – butun auditoriya – kungaboqarday burilib, undan ko‘z uzolmasdik. Bir tekis, o‘lchanganday tashlanayotgan qadamlar: taq-tuq, taq-tuq….
Va nihoyat u men o‘tirgan partaga juda yaqin keldi. Men esa, bu paytda u mening yonimga o‘tirishiga butkul ishongan, men tarafga o‘g‘rincha ko‘z tashlab qo‘yayotgan guruhdoshlarimga g‘olibona bir nazar bilan – labimning bir chetini sal uchirgancha, kulib turardim…

U yetib keldi-yu o‘ylab ham ko‘rmasdan shart burilib, narigi qatordagi bo‘sh joylardan biriga borib o‘tirdi. Xonaga og‘ir sukunat cho‘kib, sukunat yanada sukunatlashganday bo‘ldi. Hech kimdan ovoz chiqmas, hamma ustimdan jimgina kulayotgandek edi. O‘zining qitmirligi va sho‘xligi bilan guruhda otning qashqasidek bo‘lib qolgan qashqadaryolik kursdoshim Jasur sekingina, lekin hamma eshitarli qilib “Imm…” dedi-yu, “shilq” etib parta ustiga yiqildi. Keyin yana bir andijonlik jo‘ramiz esa ming‘irlab she’r o‘qiy boshladi:

Oy yuzidan nur yog‘ar sim-sim,
Yur, muhabbat, ketdik bu yerdan…

Men esa ayni damda o‘zimni tahqirlangandek his qilar ekanman, dam daftarni, dam kitobni sababsiz, asabiy varaqlardim. Shu lahzalarda ongu shuurimning ich-ichidan, qandaydir o‘zim ham bilmagan joylardan, yurakning hali xayol yetib bormagan burchaklaridan hazin bir kuy, kuy-ki odamni jang oldidan ruhlantirishga qodir, navo-ki, unda insonni chek-chegarasiz olamni bosib o‘tishga yetadigan qudrat bag‘ishlovchi kuch bordek edi. Bu ko‘ngil kuyining ohangdan men faqat bir narsanigina ilg‘ashga ulgurdim: “Albatta uning muhabbatini qozonishim kerak!” Qolganlarini anglashga menda fursat va tafakkur yetmadi, chog‘i. Zero, shuning o‘zi ham menga bir olam ishonch baxsh etgan edi.
Bu paytda auditoriya ham asta-sekin o‘zining eski holatiga qayta boshlagan, hamma o‘z ishini qolgan joyidan davom ettirishga tushib ketgan edi: kimdir kimgadir latifa aytar, yana kimdir sherigining telefonidagi suratlarni tomosha qilishga tushib ketgan. Shunday bo‘lsa-da, u hamon hammaning diqqat markazida edi. Bolalar tez-tez unga o‘g‘rincha ko‘z tashlab qo‘yar, u qayoqqa qarayotganligini bilmoqchi bo‘layotgandek, zimdan kuzatishardi. U esa beparvo, faqat ba’zan derazadan tashqariga ko‘z tashlar ekan, boshqalar ham unga taqlid qilgandek o‘sha tarafga qarab qo‘yishardi. Lekin birorta talaba uning oldidagi bo‘sh joyga borib o‘tirishga jur’at topa olmasdi. Shu mahal eshik shahd bilan ochilib, kechikkan domla xonaga kirib keldi va hamma birdan oyoqqa qalqdi. Uch-to‘rt kishi boshlagan “As-salomu a-ley-kum” so‘zlarini butun auditoriya jo‘r bo‘lib tugatdik. Shundan keyin xonani portfellarning “qars-qurs”lari-yu kitoblarning “tap-tup” ovozlari tutib ketdi – hamma darsga tayyorgarlikni boshlab yubordi.

Mening xayolimda hamon uning “taq-tuq, taq-tuq” qadam tovushlari-yu, shoirning she’ri aks-sado berib turardi:

Shirin tushlar ko‘rsin sevgilim,
Yur, muhabbat, ketdik bu yerdan…

Darslar tugab, hamma uy-uyiga tarqalish harakatiga tushganda, atrofni kuni bo‘yi shahar xiyobonlaridagi daraxtzorlar ichida mudrab o‘tirgan qorong‘ulik bosib kela boshlagan, biroz oldin yog‘ib o‘tgan bahor yomg‘iri yo‘laklarni ham yangi kelin suv sepib, supurganday qilib qo‘ygan edi. U bilan oliygoh qopqasidan izma-iz chiqib borar paytimizda havodan ham qishning zahri ketgan, bahorning yoqimli shabadasi endigina sharflardan holi bo‘lgan yoqalardan kirib, etni huzurbaxsh junjiktirayotgan, kech tushishi bilan xiralashgan osmondagi bulutlar qo‘ng‘ir-qora tusga kirib turgan bir mahal edi.
Ketma-ket ketib boryapmiz-u, xayolan unga nima deyish haqida o‘ylayman. Aksiga olib kallamga ham biror tuzukrok fikr kelmayotgan edi. Nihoyat bir chuqur nafas oldim-da, ketidan yetib olib:
— Salom! Endi bizning guruhimizda o‘qiysizmi? — dedim.

Shunday dedim-u, ovozimdan o‘zim uyalib ketdim. Ovozim juda past, buning ustiga bemorlarnikiga o‘xshab xirillab chiqqan edi.
Tabiiyki, u gapimga tushunmadi va menga “yalt” etib qaradi. Keyin jilmaygancha:
— Kechirasiz, nimadir dedingizmi? — dedi.
— Salom, degandim. Keyin, endi bizning guruhda o‘qiysizmi, deb so‘radim, — dedim bu safar tetikroq tovushda.
— Hm-m, — dedi u. Keyin jilmaygan kuyi davom etdi: — Men bo‘lsam, o‘zingizga o‘zingiz gapiryapsizmi, deb o‘ylabman.
— Savolimga javob bermadingiz?
— Javob berishim shartmi?
— Ha endi… balki, bundan keyin kursdoshmizmi, deyman-da.
— Bo‘lishi mumkin….

Suhbatimiz u qadar qovushmadi. U esa hamon xiyol jilmaygan kuyi, yerdan ko‘zlarini uzmagan holda men bilan yonma-yon ketib borardi. Uning birgina shu tabassumi ham shu qadar chiroyli ediki, u yo‘lak bo‘yidagi endigina bosh ko‘targan maysalar bilan yaxlit bir manzarani kasb etardi. Biz bu mahalda bekatga yaqin kelib qolgandik.
— Kechirasiz, ismingiz nima? Odatda guruhga yangi kelganlarni tanishtirishardi. Siz bilan esa birorta domla kelib, tanishtirmadi ham, — dedim. Bu paytga kelib ichimda potirlayotgan hayajon bosilmagan bo‘lsa-da, o‘zim anchagina dadillashib qolgan edim. U menga taftishchi nigohlari bilan qarab turdi-da:
— Sizni faqat shu qiziqtiradimi? — dedi kulimsirab.

Yana kalavaning uchini yo‘qotib qo‘ydim. Boshim qizib, quloqlarim shang‘illay boshladi.
— Yo‘q, e-e, ha, umuman aytaman-da.
— Mayli, xayr bo‘lmasa. Meni olib ketgani kelishdi.

U yonginamizga kelib to‘xtagan avtobusning zinalaridan salonga ko‘tarilar ekan, men tarafga yana bir bor “yalt” etib qarab qo‘ydi.
— Mayli… xayr… — dedim bo‘shashibgina. Lekin bu ovozimni o‘zimdan bo‘lak hech kim eshitmadi.
Yurilaverib har bir muyulishi, har bir binolari tanish bo‘lib qolgan ko‘chalardan talabalar shaharchasidagi yotoqxonamga qaytar ekanman, atrof ham har kungidan boshqacha go‘zal edi. Butun borlig‘im va xayolimda u bilan nomini o‘zim ham bilmaydigan bir joylarda sayr qilib yurardik.

Mening nazarimda u bilan chiqishib ketish osondek, umuman dunyoda hamma ishni qilish osondek ko‘rina boshladi. Ayni damda butun Toshkentni piyoda aylanib chiqishga qodirdek sezardim o‘zimni.
Yotoqxonaga yetib keldim-u ertangi kunni orziqib kuta boshladim. Xonadoshlarimning qochirimli gaplariga ham e’tibor bermay, faqat u haqda xayol surardim. Zero, men uchun hozir eng zavqli narsa ham shu edi. “Qiziq, uning ismi nima ekan? Maftunamikin? Yo‘-o‘q, uning ismi bundan ham chiroyli. U dunyodagi eng chiroyli ismga munosib.”

…Gap-so‘zlaridan biroz sho‘x bo‘lib ko‘rinsa-da, o‘ziga yetarli darajada jiddiy ham edi va xuddi mana shu jiddiylik u haqda yengil xayollarga borishimdan saqlab turardi.
Ertasi kuni uning ismi ma’lum bo‘ldi. Guruh jurnaliga yozilganda bildik. Ruxshona. Bu ism o‘y-xayollarimni shu qadar band etdiki, ko‘zimga ko‘ringan yozuvlardan uning ismida ishtirok etgan harflarni izlaydigan bo‘lib qoldim. Bir so‘z bilan aytganda shoirlar mubolag‘a qilib yozadigan devonalik menda haqiqatga aylangan edi. U bilan qisqa-qisqa suhbatlarimizdan yana shu narsani bildim: u men birinchi kunda o‘ylaganimdek ham har doim sho‘x-shodon emas ekan. Uning ko‘zlarida qandaydir mung yashirin edi. Shu sabablimi, ba’zan ma’yus tortib qolar va bu damlarda men ham dunyolarga sig‘may ketardim…
Shu tariqa uch oy ham ko‘z ochib yumguncha o‘tdi-ketdi. Bu orada uning ma’yusligi, g‘amginligi ham ortaverdi. Uning birinchi kundagi, huvv o‘sha, ilk bahorda, yangi yomg‘ir yog‘ib o‘tgan yo‘lakda bo‘lib o‘tgan suhbatdagi sho‘xligi, quvnoqligidan bu paytga kelib asar ham qolmagandi.
U mening so‘rovlarimga ham javob bermas, negadir doim yolg‘iz qolishga intilardi. Bir ko‘nglim “u seni hech qachon yaxshi ko‘rib qolmaydi,” desa, yana bir ko‘nglim “hammasi o‘zingni harakatingga bog‘liq,” derdi. Men uning o‘sha, birinchi kungi sho‘x kulgusi-yu quvnoqligi, ovozidagi jarangdorlikni sog‘inardim. Uni yana shu holatda ko‘rgim kelardi…

Sen, dilimda yashnagan chechak,
Biz birgamiz, qayda yashasak!

Shoir mening dardlarimni bilib yozgandek edi go‘yo. Qani endi o‘z muhabbatingni yetaklasang-u, hech kimning qadami yetmas joyga olib ketsang. Uni o‘sha joyga yashirib quysang. U joyga begona nigohlar oralamasa. Har xil ko‘ngilxiraliklar-u bu dunyoning tashvishlari yetib bormasa. Shunday joy bormikin? Agar bor bo‘lsa, qayerda bo‘lishi mumkin? Ko‘ngilning tubidami? Lekin ko‘ngilning eng tubidagi muhabbat ham vaqti kelib o‘zini oshkor qilib qo‘yishi mumkin-ku.

Yozgi ta’til ham boshlanib, barcha talabalarning quvonchi ichiga sig‘maydigan palla kelgan edi. Hamma xursand, faqat meni undan uzoqlashish qayg‘usi qiynar edi. Uni ko‘rmasdan uch oylik ta’tilni qanday o‘tkazaman? Koshki oramiz yaqin bo‘lsa. U boshqa viloyatda, men boshqa viloyatda. Buning ustiga qishloq sharoiti… Tomorqa va uydagi ishlardan ortib, biror joyga chiqish muammo. Yana bizning xonadonda bir so‘m pulning ham o‘z ishlatiladigan joyi bor ediki, bu holatga men ham allaqachonlar ko‘nikib bo‘lgan edim. Buning ustiga ota-onamizga ham biror qiz haqida gapirish juda qiyin edi.
U menga biror ro‘yxushlik bermagan bo‘lsa-da, negadir ich-ichimdan “u ham meni yaxshi ko‘radi” degan o‘y o‘taverardi. Bu orada necha bor unga qo‘ng‘iroq qilgan bo‘lsam, hammasi besamar ketdi. Telefonxatlar ham havoga uchgandek javobsiz qoldi…

Qushlarning chug‘ur-chug‘urlariyu, hamma yoqni changitib qaytayotgan mol-qo‘ylarning ovozlari bilan azim yoz fasli ham o‘tib ketdi. O‘qish boshlanishi oldidan talabalar yotoqxonasiga joylashdim. Darslar boshlangan kuni yuragim xapqirib, oliygoh tomonga uchib bordim. Kursdosh bolalar hammasi bir-biri bilan quchoqlashib bir-biridan hol-ahvol so‘rashar, yozgi taassurotlarni so‘zlab charchashmasdi. U ham shu yerda edi. Jilmaygan kuyi kimningdir so‘zlarini tinglarkan, qo‘lidagi besh-oltita kichik xatjildlar titrab turardi. Men bilan ham o‘sha, jilmaygan ko‘yi bosh qimirlatib so‘rashgan bo‘ldi. Mening ko‘zlarim esa xatjildlarda – ular titrab turardi.

O‘sha kunning o‘zidayoq men uchun mash’um bir haqiqat ayon bo‘ldi. Titrayotgan xatjildlar uning to‘yiga taklifnomalar ekan. Shundan keyin nimalar bo‘lganligini aytib o‘tishimga hojat yo‘q, deb o‘ylayman. Faqatgina darslar tugab, yana o‘sha yo‘lakdan yonma-yon qaytar ekanmiz, havoda ham kuzning og‘ir qora bulutlari izg‘ib yurardi. U qo‘lidagi so‘nggi taklifnomani qo‘limga tutqazdi-da:
— Meni kechiring. Sizni xafa qilmoqchi emasdim, — dedi.
— Nega axir… Qanday qilib axir…
— Bu ancha oldin pishitilgan savdo. Ota-onam meni yoshligimda unashtirib qo‘yishgan.
— Men hech kimdan xafamasman. Lekin odam o‘zi uchun ham yashashi kerak-ku. Istasangiz hamma mas’uliyatni bo‘ynimga olaman.

U aqlli qiz edi. Nima demoqchi bo‘layotganligimni darrov tushundi.
— Yo‘q! Buning keragi yo‘q. Men hech qachon ota-onamning yuzi yerga qarashini istamayman. Ular oldidagi mas’uliyatim ham, burchim ham bunga yo‘l qo‘ymaydi. Hissiyotlarga berilib ish ko‘rsam, oxiri yaxshi bo‘lmasligi mumkin, — dedi qat’iy qilib.

U so‘nggi gaplarini qat’iylik bilan aytgan bo‘lsa-da, ovozidagi titrashni anglash unchalik qiyin emasdi. Bekatga kelib to‘xtagan avtobus tomon burilar ekan, past ovozda:
— Mayli, xayr, meni olib ketgani kelishdi. Xayr, Siz yaxshi odamsiz, — dedi. Unga diqqat bilan, xuddi so‘nggi bora ko‘rayotgandek termular ekanman, ko‘zlarining tub-tubidan to‘fon kabi yopirilib kelayotgan yoshlarni ko‘rdim. Shu lahzada uning nima uchun kundan-kunga g‘amginlashib borayotganligi ham ayon bo‘lgan edi men uchun.
U avtobusga chiqdi-yu odamlar orasiga singib ketdi. Huvillagan bekatda yana yolg‘iz o‘zim qoldim. Kuzning ilk kunlari bo‘lishiga qaramay oldin bitta-bitta, keyin esa shovullab yomg‘ir yog‘a boshladi. Ammo bu safargi yomg‘ir kuz yomg‘iri edi. Qo‘limdagi taklifnomaga qayerdandir tomchilar tomar, bu tomchilar yomg‘irmi yoki mening ko‘zimdan tomchilayotgan yoshlarmi, buni aniq ajrata olmasdim.

Biz ketsak, yer kengayib qolar,
Osmon ham sal enkayib qolar,
Bir qora ko‘z jilmayib qolar,
Yur, muhabbat, ketdik bu yerdan!

* * *

Hamon deraza raxiga suyangancha, tashqaridagi bahorni tomosha qilardim. Qayerlardadir esa haliyam o‘sha kuy o‘zining hazingina ohangini taratardi. Shu paytda bir narsaga amin bo‘ldim – Muhabbat hayot ekan bu kuylar o‘lmaydi. U abadiy yashaydi!

Behzod Biybolayev. Ishq vasfi (Lotin alifbosida) by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 344, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring