Шавкат Жўрабек 1983 йил Бухоро вилояти Когон туманида туғилган. Унинг «Иккимиздан қолган хотира» номли илк шеърий тўплами нашрдан чиққан. Шеърлари Республика газета ва журналларида чоп этилиб келинмоқда.Ёш шоирнинг шеърлари «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти саҳифасида олдин ҳам эълон қилинган.
Шавкат ЖЎРАБЕК
ОРТИМДАН ЭРГАШАР ЎТТИЗ УЧ КУЗАК…
ТУШ
Туш кўрдим зулматда юлдузлар рақсин,
Коинот недандир этарди огоҳ…
Ҳис этдим нажотбахш иймон нафасин,
Бу қандай туш эди,
Ё, Субҳоноллоҳ!
Туш кўрдим,
Булоқлар суви янглиғ соф:
Уммонда балиқлар сузар беором.
Сув ости – ёп-ёруғ, жимжит ён-атроф,
Қаро тун қаърига чўкмасмиш оқ шом.
Ўнг томон соҳилда – иймон нафаси,
Оллоҳнинг ҳабиби кўринмиш аён.
Муборак юзлари – ойнинг парчаси…
Яна бир кўрмоққа фидо этгум жон.
Васфига ожиздир забону сўзлар,
Таърифин этолмас ҳайратдан лабим.
Мен томон боқарди муборак кўзлар,
Умматин Маҳшарда таниган каби…
Уйқудан уйғониб кетдим тонг саҳар,
Илоҳий бир нурга тўлганда кўксим.
Гўёки шивирлар эди дарахтлар:
– Расулнинг дийдори муборак бўлсин!..
ХАЁЛ
Келгин…
Сени ўпишдан олдин,
Тўйиб боқай бир бор юзингга.
Олис йўлдан келгандек, ҳорғин
Жоним чўкиб кетсин кўзингга.
Ёқтирмасам, сени дермидим…
Авж олгайдир жунунлар рақси.
Мени ерга чорлар бетиним
Кўзларингда – осмоннинг акси…
Қачон ростга айланар хаёл,
Тушларимиз қачон келгай ўнг?
Ахир, ҳаёт келгуси малол, –
Тирик қолсам бир бўсадан сўнг.
Сен мен учун хаёл эдингми?..
Чиқиб келгин энди хотирдан.
Юрагимга кўмиб севгимни,
Юрагимда ўлаётирман…
* * *
Термуламан кафтдек сувратга ҳазин,
Жилмайиб боқади менга ҳам азоб.
Манглайимда йиллар қолдирмиш ажин,
Қисмат саволига излайман жавоб.
Вайрона кўнгиллар қароргоҳидан
Изладим орзуга айланган бахтни.
Гоҳ юриб, гоҳ ортга қайтганим билан,
Ортига қайтариб бўлмайди вақтни.
Ҳануз тентирайман фурсатлар аро,
Бир кўнгил ахтариб кезарман ҳамон.
Чексиз хаёлимни сиғдирмас само,
Ерда сиғмай кетар жисмим ичра жон.
Билмасман, нимани орзиқиб кутдим,
Ортимга қарашга бетламас юрак.
Ўттиз уч баҳорга эргашаман жим,
Ортимдан эргашар ўттиз уч кузак…
* * *
Баъзан ҳаёт тўхтаб қолгандек гўё,
Йўллардан имиллаб ўтганда вақтим.
Тўхтасам – тириклик туюлгай рўё,
Юрсам – айлантирар ерни ҳам шаҳдим.
Баъзан ер устида ваҳима босар,
Кўринмай кетганда ҳаёт қирғоғи.
Гоҳида ақлимнинг уммони тошар,
Гоҳида тортади кўнгил гирдоби.
Судралиб, мудраниб ўтган ҳар оним,
Кифтидан итқитар ўлик ғафлатни.
Балолардан омон сақланар жоним,
Ерда гар сақласам мувозанатни.
Баъзан хаёлимни элтади осмон,
Ер-ла умид боғлаб тургандай шаксиз.
Умрим ғилдирагин айлантирар жон,
Ердан узилмаса оёғим ҳаргиз.
ҚАЛБ
У шундай кошона,
Биллур ойнаси,
Бироқ, мўрт,
Тегинсанг, дарҳол синади.
Гоҳ қуюқ тутунга тўлар хонаси,
Гоҳ тўлиб уммондай, гоҳо тинади.
Сув ичра шакарда гоҳ кетар эриб,
Бир ширин нигоҳга, бир ширин сўзга.
Гоҳ ерда, гоҳида осмонда кезиб,
Зарраси кўринмай қолади кўзга.
Гоҳ оппоқ, гоҳида эса қорадир,
Борлиги – мисоли тўлаётган ой.
У – сўнгги лаҳзада ёлғиз чорадир,
Оллоҳнинг назари тушадиган жой.
* * *
Сени таниб қолдим поездда,
Юрагимни ҳовучлаб олдим…
Кўринардинг ҳаётдан зада,
Кўринардинг анчайин ҳорғин.
Билмам, йиллар кўзлабди нени,
Бахт устингдан ғамлар тўкибди…
Ва бир ҳайрат қуршади мени,
Эҳ, кўзларинг бунча чўкибди!
Гўё сўзлар эди нигоҳинг,
Минг афсусу надоматлардан.
Ортар эди дилдаги доғинг,
Қадр деган камомадлардан…
Ҳаёт бир зум тўхтаб қолгандек,
Сенда йўқдек ундан шашту шаҳд.
Боқма менга қарғиш олгандек,
Мен – сенга бахт тилаган бадбахт!..
Нигоҳ ила сўзлаб нетасан,
Менга маҳзун боқма, илтимос!
Сен ўзингга ўхшаб кетасан,
Фақат, ўзинг эмассан, холос…
БАНДАЛИК
Ишқу ошиқликдан йиғладим зор-зор,
Жунун саҳросида тентираб, чопдим.
Умримнинг чароғон лаҳзасин бедор
Нафасим уланган Нафасдан топдим.
Ким нима демасин, гўр оғзи қадар
Эмаклаб боргайдир банданинг сўзи.
Менинг бор-будимдан огоҳ бир Назар,
Савоб-гуноҳимни ажратар Ўзи.
Билмам, озор бериб ранжитдим кимни
Ва ёруғ дилларни суйдим қанчалик…
Ёдимга солади одамлигимни,
Менинг остонамда турган бандалик.
* * *
Борлиқ буткул оққа дўнади,
Шамоллар ҳам маҳзун куй чалар.
Елкаларим узра қўнади
Қорпарчалар – фариштачалар.
Қор ёмғирга айланар, бундан
Тозаради кўнгил кулбаси.
Бўса олар ёмғир юзимдан,
Ёқимлидир осмон нафаси…
Хижолатдан бош эгиб беун,
Қизармайди энди шафақлар.
Баҳорни туш кўриб кеча-кун,
Тик турганча ухлар дарахтлар.
Тентирайман пойи пиёда,
Севгим келар, севилгим келар.
Шундай некбин, оппоқ дунёда
Оқ тилакка эврилгим келар.
ДАВРАДА
Ногоҳ шеър сўраса даврадош дўстлар,
Кўнглимнинг йўлига термулса кўзлар,
Ўзлигин намоён этсин, деб сўзлар,
Шеърларим ичидан шеър ахтараман.
Этгим келар сара каломлар нисор,
Ёғдиргим келади дилда неки бор,
Сув ахтарган каби биёбонда зор,
Шеърларим ичидан шеър ахтараман.
Неки жоиз эрса, кўргайман раво,
Гоҳ шодон кезаман, гоҳ мотамсаро,
Уятда қолмай деб толиблар аро,
Шеърларим ичидан шеър ахтараман.
Телбадай кезаман кўнгил роҳида,
Қолсам нигоҳларнинг тубсиз чоҳида,
Ихлосу ишончим қароргоҳида
Шеърларим ичидан шеър ахтараман.
Шеър аҳлининг сўзда бўлар хаёли,
Сўзда акс этади шеърнинг жамоли,
Тутмасин деб тирик Сўзнинг уволи,
Шеърларим ичидан шеър ахтараман.
* * *
Ақлли бўлса-да ҳайвонлар бешак,
Фаросатдан Худо қисгандир бироз.
Ҳанграйди ёруғ кун кўрай деб эшак,
Ёруғликни кўрса… қичқирар хўроз.
ҲАЗИЛ
Битта шеърга ўхшаймиз, ахир,
Битта туйғу ичра бандимиз.
Иккимиз ҳам “ёзамиз” бағир,
Тенг эмасдир, фақат, “вазн”имиз.
Шеърнинг битта сатри бўлсак гар,
Аҳдимиздан кетмасмиз узоқ.
Йўл оламиз кўнгилга қадар,
Ўртамизда турмайди “туроқ”.
Лек, ўхшаймиз бир-биримизга,
Бир кундага аталган бошмиз.
Биз асирмиз эзгу бир ҳисга,
Бизлар, ахир, “қофия”дошмиз!
* * *
Кўзларинг мулойим нигоҳга бйдир,
Бу хумор кўзинг-ла бундай боқмагин.
Менинг оппоққинам, менинг оппоғим,
Қалбимда меҳрингдан олов ёқмагин.
Ғўё, сен уйимнинг маликаси сан,
Ғўё, сен шу уйнинг энг эркатойи.
Менинг ётоғимда қўним топгансан,
Менинг ётоғимда ётасан доим.
Ёнимга оҳиста кириб келасан,
Ёқади кўксимга келиб ётишинг.
Менга жуда ёқар суйкалишинг ҳам,
Жуда ҳам ёқади хуррак отишинг.
Мен сени жуда ҳам яхши кўраман,
Мени ҳам севасан, бунга шубҳа йўқ.
Бироқ, сен ичидан пишган айёрсан,
Сенда раҳм йўқдир, сенда шафқат йўқ.
Аслида ваҳшийсан, панжа ташлайсан…
Мен бунга аминман, бугун тушундим…
Қалдирғоч боласин паққос туширган
Эй, менинг лақабсиз оппоқ мушугим.
* * *
Болалигим қизиқ ўтган,
Боғча томон елар эдим.
Менга шеърлар ўқиб берган
Боғча опамни севардим.
Беш ёшимда дил берганман,
Байрамда гул берар эдим.
Дердим: Сизга уйланаман…
Боғча опамни севардим.
Орзуларнинг гулбоғидан
Тинмай гуллар терар эдим.
Ачомлардим меҳр билан,
Боғча опамни севардим.
Тегмас эди кўнглимга ҳеч,
Гоҳ жиғига тегар эдим.
Ёшлик экан, билиб-билмай
Боғча опамни севардим.
Йиллар ўтди…
Сўнг қизига
Уйландим, лек, сезар эдим:
Болаликда ҳаммадан кўп
Боғча опамни севардим…
ТИЛАНЧИ
Кўксин захга бериб ётар ошиқлар,
Ёруғлик кўрмаса бевафо ёрдан.
То ғамлар жонига ботмасин тиғдай
Деб шафқат тилайман
Парвардигордан.
Ҳануз холи эмас бу кўҳна олам,
Уқубатдан безор, шодликка зордан.
Ўксик юракларга,
Энг сўнгги чорам, –
Фароғат тилайман Парвардигордан.
Қуёш дариғ тутмас нурин ҳеч қачон,
Қоринмас, кўнгилнинг озиғи бордан.
Токи нафсим йўли бўлмасин равон…
Қаноат тилайман Парвардигордан.
Совуқдан қалтирар нозик хаёлот,
Бедардлик осмони ёғдирган қордан.
Меҳру оқибатнинг ерига бот-бот
Ҳарорат тилайман Парвардигордан.
Кимлардир кўз тикиб ёруғ тонгларга,
Жонидан кечса ҳам кечмайди ордан.
Ҳақдан умид қилган мурғак қалбларга
Балоғат тилайман Парвардигордан.
Нур оқиб киргайдир жону танларга,
Мурувват оҳанги янграган тордан.
Кўнглида миннат, кек сақлаганларга
Саховат тилайман Парвардигордан.
Эй, жоҳил, олам бу – келиб-кетгувчи,
Оқиллар қочмагай сен қочган дордан.
Сенга ўзлигингни англаб етгувчи
Фаросат тилайман Парвардигордан.
Ёш айёмлар хазон бўлмасин эрта,
Ҳол сўраш айб эмас ҳолсиз баҳордан.
То яхши-ёмонни қамраган ерга
Саодат тилайлик Парвардигордан!.
* * *
Бу дунё туюлгай доим бири кам,
Ёввойи ниҳолдек сершох, бесамар.
Юлдузни бенарвон урганингда ҳам,
Бадбахтсан, кўнглингда ишқ бўлмаса гар.
Кўзларни қувнатар гарчи бир муддат,
Лек, дилни овутмас бойлик, сийму зар.
Ишқ билан чароғон кўринар зулмат,
Бадбахтсан, кўнглингда ишқ бўлмаса гар.
Кимсасиз қолгайдир юрак кулбаси,
Лаззатинг бошидан тўкилгай заҳар.
Сенга насиб этмас ғайбнинг туҳфаси,
Бадбахтсан, кўнглингда ишқ бўлмаса гар.
Пок азоб роҳати ҳар кўнгилда бор,
Ал-Мийсоқдан токи Қиёмат қадар.
Ишқсиз сенга насиб этмас ул Дийдор,
Бадбахтсан, кўнглингда ишқ бўлмаса гар.
* * *
Рашки ёмон дерлар хулқи ёмоннинг,
Қибласи ишқ эрур ҳар тўрт томоннинг,
Йўли омонликдир фидойи жоннинг,
Ўз ёрингиз ўзингизга буюрсин!
Садоқат – эртаклар ичра оқ отдир,
Вафоси борларга жафолар ётдир,
Содиқлар – ёрига ишонган зотдир,
Ўз ёрингиз ўзингизга буюрсин!
Не шубҳа, гумон бор – ўзингизники,
Барча сабру қарор – ўзингизники,
Ахир, сиз суйган ёр – ўзингизники,
Ўз ёрингиз ўзингизга буюрсин!
Жомнинг асрорлари акс этар майда,
Кўнгил фиғонлари таралгай найда,
Хаёл қўним топар – ёр бўлса қайда…
Ўз ёрингиз ўзингизга буюрсин!
Аёл – аёл, рўмол тақса-тақмаса,
Қизғаниш келтирар қўрқув, талваса,
Наҳот, вафодорлар сизни алдаса?..
Ўз ёрингиз ўзингизга буюрсин!
Жаҳолат – бир умр заволингиздир,
Йўлдан урган ваҳму хаёлингиздир,
Токи сизнинг хасми ҳалолингиздир,
Ўз ёрингиз ўзингизга буюрсин!
* * *
Сен биздан эмассан,
Эй, тили бийрон,
Ўйламай босгайсан ҳар бир қадамни.
Қандоқ сиғдирарсан ошкору ниҳон,
Ичингга бир дунё фитна, аламни?
Сергўшт давралардан кетмайсан нари,
Ўзингдан ожизни чирқиллатарсан.
Сўнгак илинжида, кўппак сингари
Ҳар лаҳза думингни ликиллатарсан.
Йўқдирсан ёғдулар порлаган жойда,
Ҳар нечук бутундан излайсан кам-кўст.
Ҳазардан йироқсан, келтирса фойда,
Ҳатто Иблис билан тутингайсан дўст.
Гумон ҳам иймондан айиргай, дерлар,
Айт, бунча нафсингга эрурсан қарам?!..
Ковакбоз сичқонга айланган шердай,
Сен биздан эмассан, биздан бўлсанг ҳам…
ЧЕГАРАДА
Ўқ узилди дарахт ортидан ногоҳ,
Оғриқ жондан ўтиб, суякка етди.
Мажруҳ тандан чиққан аламли бир оҳ
Фалакка фиғондай отилиб кетди.
Қулаб тушди аскар…
Кўз ўнгидан тез
Ўтди яқинлари…
Тишлаган нони…
Тандан бор ғуборин юварди шу кез
Ватан сарҳадида тўкилган қони.
Бош устида йиғлаб шамол эсарди,
Жаноза ўқирди қушлар галаси.
Кўкда кабутарлар янглиғ кезарди,
Киндик қони томган ернинг нафаси.
Бўғзидан самога талпинарди жон, —
Шаҳидлик умрин илк саҳифасига.
Тўп-тўп булутларни қамраган осмон
Ўхшарди Ватаннинг харитасига…
* * *
Холиқ ато этди юртга бир синов,
Бир синовки, охири бўлди бахайр.
Одоб сарҳадларин бузиб мисли ёв,
Ёпирилди юрак юртига хатар.
Шодлиги чўзилмай узоққа, бироқ,
Иғвонинг бир қарич тили тилинди.
Тоза юраклардан ғам бўлди йироқ,
Ким дўсту ким душман, шунда билинди.
Эзгулик бошида кезган ҳар бало
Ўзи қазган чоҳга ўзи ғарқ бўлди.
Йигирма беш йиллик салтанат аро
Ўзбек бутун бўлди, ўзбек халқ бўлди!
* * *
Ердаман, ердай кабир,
Ётибман бериб бағир,
Чалкашиб кетдим, ахир…
Менга нимадир бўлди.
Ўйим гул ё хордами?
Чертилмаган тордами?
Ё ул Биру Бордами?..
Менга нимадир бўлди.
Ҳақдан садо бўлдими?
Кўнгил гадо бўлдими?
Сафар адо бўлдими?..
Менга нимадир бўлди.
Дард тамшаниб ўтади,
Гоҳ кавшаниб ўтади,
Алмашиниб ўтади…
Менга нимадир бўлди.
Қайтақолсин қийнамай,
Чок тешилган сийнам-ай,
Қотиб қолди дийдама-ай…
Менга нимадир бўлди.
Тонг ахтарар бунда ишқ,
Бушим турган кунда – ишқ,
Ўлдирмайди бунда ишқ…
Менга нимадир бўлди.
Менга нимадир бўлди…
Shavkat Jo‘rabek 1983 yil Buxoro viloyati Kogon tumanida tug‘ilgan. Uning «Ikkimizdan qolgan xotira» nomli ilk she’riy to‘plami nashrdan chiqqan. She’rlari Respublika gazeta va jurnallarida chop etilib kelinmoqda.Yosh shoirning she’rlari “Xurshid Davron kutubxonasi” sayti sahifasida oldin ham e’lon qilingan.
Shavkat JO‘RABЕK
ORTIMDAN ERGASHAR O‘TTIZ UCH KUZAK…
TUSH
Tush ko‘rdim zulmatda yulduzlar raqsin,
Koinot nedandir etardi ogoh…
His etdim najotbaxsh iymon nafasin,
Bu qanday tush edi,
Yo, Subhonolloh!
Tush ko‘rdim,
Buloqlar suvi yanglig‘ sof:
Ummonda baliqlar suzar beorom.
Suv osti – yop-yorug‘, jimjit yon-atrof,
Qaro tun qa’riga cho‘kmasmish oq shom.
O‘ng tomon sohilda – iymon nafasi,
Ollohning habibi ko‘rinmish ayon.
Muborak yuzlari – oyning parchasi…
Yana bir ko‘rmoqqa fido etgum jon.
Vasfiga ojizdir zabonu so‘zlar,
Ta’rifin etolmas hayratdan labim.
Men tomon boqardi muborak ko‘zlar,
Ummatin Mahsharda tanigan kabi…
Uyqudan uyg‘onib ketdim tong sahar,
Ilohiy bir nurga to‘lganda ko‘ksim.
Go‘yoki shivirlar edi daraxtlar:
– Rasulning diydori muborak bo‘lsin!..
XAYOL
Kelgin…
Seni o‘pishdan oldin,
To‘yib boqay bir bor yuzingga.
Olis yo‘ldan kelgandek, horg‘in
Jonim cho‘kib ketsin ko‘zingga.
Yoqtirmasam, seni dermidim…
Avj olgaydir jununlar raqsi.
Meni yerga chorlar betinim
Ko‘zlaringda – osmonning aksi…
Qachon rostga aylanar xayol,
Tushlarimiz qachon kelgay o‘ng?
Axir, hayot kelgusi malol, –
Tirik qolsam bir bo‘sadan so‘ng.
Sen men uchun xayol edingmi?..
Chiqib kelgin endi xotirdan.
Yuragimga ko‘mib sevgimni,
Yuragimda o‘layotirman…
* * *
Termulaman kaftdek suvratga hazin,
Jilmayib boqadi menga ham azob.
Manglayimda yillar qoldirmish ajin,
Qismat savoliga izlayman javob.
Vayrona ko‘ngillar qarorgohidan
Izladim orzuga aylangan baxtni.
Goh yurib, goh ortga qaytganim bilan,
Ortiga qaytarib bo‘lmaydi vaqtni.
Hanuz tentirayman fursatlar aro,
Bir ko‘ngil axtarib kezarman hamon.
Cheksiz xayolimni sig‘dirmas samo,
Yerda sig‘may ketar jismim ichra jon.
Bilmasman, nimani orziqib kutdim,
Ortimga qarashga betlamas yurak.
O‘ttiz uch bahorga ergashaman jim,
Ortimdan ergashar o‘ttiz uch kuzak…
* * *
Ba’zan hayot to‘xtab qolgandek go‘yo,
Yo‘llardan imillab o‘tganda vaqtim.
To‘xtasam – tiriklik tuyulgay ro‘yo,
Yursam – aylantirar yerni ham shahdim.
Ba’zan yer ustida vahima bosar,
Ko‘rinmay ketganda hayot qirg‘og‘i.
Gohida aqlimning ummoni toshar,
Gohida tortadi ko‘ngil girdobi.
Sudralib, mudranib o‘tgan har onim,
Kiftidan itqitar o‘lik g‘aflatni.
Balolardan omon saqlanar jonim,
Yerda gar saqlasam muvozanatni.
Ba’zan xayolimni eltadi osmon,
Yer-la umid bog‘lab turganday shaksiz.
Umrim g‘ildiragin aylantirar jon,
Yerdan uzilmasa oyog‘im hargiz.
QALB
U shunday koshona,
Billur oynasi,
Biroq, mo‘rt,
Teginsang, darhol sinadi.
Goh quyuq tutunga to‘lar xonasi,
Goh to‘lib ummonday, goho tinadi.
Suv ichra shakarda goh ketar erib,
Bir shirin nigohga, bir shirin so‘zga.
Goh yerda, gohida osmonda kezib,
Zarrasi ko‘rinmay qoladi ko‘zga.
Goh oppoq, gohida esa qoradir,
Borligi – misoli to‘layotgan oy.
U – so‘nggi lahzada yolg‘iz choradir,
Ollohning nazari tushadigan joy.
* * *
Seni tanib qoldim poyezdda,
Yuragimni hovuchlab oldim…
Ko‘rinarding hayotdan zada,
Ko‘rinarding anchayin horg‘in.
Bilmam, yillar ko‘zlabdi neni,
Baxt ustingdan g‘amlar to‘kibdi…
Va bir hayrat qurshadi meni,
Eh, ko‘zlaring buncha cho‘kibdi!
Go‘yo so‘zlar edi nigohing,
Ming afsusu nadomatlardan.
Ortar edi dildagi dog‘ing,
Qadr degan kamomadlardan…
Hayot bir zum to‘xtab qolgandek,
Senda yo‘qdek undan shashtu shahd.
Boqma menga qarg‘ish olgandek,
Men – senga baxt tilagan badbaxt!..
Nigoh ila so‘zlab netasan,
Menga mahzun boqma, iltimos!
Sen o‘zingga o‘xshab ketasan,
Faqat, o‘zing emassan, xolos…
BANDALIK
Ishqu oshiqlikdan yig‘ladim zor-zor,
Junun sahrosida tentirab, chopdim.
Umrimning charog‘on lahzasin bedor
Nafasim ulangan Nafasdan topdim.
Kim nima demasin, go‘r og‘zi qadar
Emaklab borgaydir bandaning so‘zi.
Mening bor-budimdan ogoh bir Nazar,
Savob-gunohimni ajratar O‘zi.
Bilmam, ozor berib ranjitdim kimni
Va yorug‘ dillarni suydim qanchalik…
Yodimga soladi odamligimni,
Mening ostonamda turgan bandalik.
* * *
Borliq butkul oqqa do‘nadi,
Shamollar ham mahzun kuy chalar.
Yelkalarim uzra qo‘nadi
Qorparchalar – farishtachalar.
Qor yomg‘irga aylanar, bundan
Tozaradi ko‘ngil kulbasi.
Bo‘sa olar yomg‘ir yuzimdan,
Yoqimlidir osmon nafasi…
Xijolatdan bosh egib beun,
Qizarmaydi endi shafaqlar.
Bahorni tush ko‘rib kecha-kun,
Tik turgancha uxlar daraxtlar.
Tentirayman poyi piyoda,
Sevgim kelar, sevilgim kelar.
Shunday nekbin, oppoq dunyoda
Oq tilakka evrilgim kelar.
DAVRADA
Nogoh she’r so‘rasa davradosh do‘stlar,
Ko‘nglimning yo‘liga termulsa ko‘zlar,
O‘zligin namoyon etsin, deb so‘zlar,
She’rlarim ichidan she’r axtaraman.
Etgim kelar sara kalomlar nisor,
Yog‘dirgim keladi dilda neki bor,
Suv axtargan kabi biyobonda zor,
She’rlarim ichidan she’r axtaraman.
Neki joiz ersa, ko‘rgayman ravo,
Goh shodon kezaman, goh motamsaro,
Uyatda qolmay deb toliblar aro,
She’rlarim ichidan she’r axtaraman.
Telbaday kezaman ko‘ngil rohida,
Qolsam nigohlarning tubsiz chohida,
Ixlosu ishonchim qarorgohida
She’rlarim ichidan she’r axtaraman.
She’r ahlining so‘zda bo‘lar xayoli,
So‘zda aks etadi she’rning jamoli,
Tutmasin deb tirik So‘zning uvoli,
She’rlarim ichidan she’r axtaraman.
* * *
Aqlli bo‘lsa-da hayvonlar beshak,
Farosatdan Xudo qisgandir biroz.
Hangraydi yorug‘ kun ko‘ray deb eshak,
Yorug‘likni ko‘rsa… qichqirar xo‘roz.
HAZIL
Bitta she’rga o‘xshaymiz, axir,
Bitta tuyg‘u ichra bandimiz.
Ikkimiz ham “yozamiz” bag‘ir,
Teng emasdir, faqat, “vazn”imiz.
She’rning bitta satri bo‘lsak gar,
Ahdimizdan ketmasmiz uzoq.
Yo‘l olamiz ko‘ngilga qadar,
O‘rtamizda turmaydi “turoq”.
Lek, o‘xshaymiz bir-birimizga,
Bir kundaga atalgan boshmiz.
Biz asirmiz ezgu bir hisga,
Bizlar, axir, “qofiya”doshmiz!
* * *
Ko‘zlaring muloyim nigohga bydir,
Bu xumor ko‘zing-la bunday boqmagin.
Mening oppoqqinam, mening oppog‘im,
Qalbimda mehringdan olov yoqmagin.
G‘o‘yo, sen uyimning malikasi san,
G‘o‘yo, sen shu uyning eng erkatoyi.
Mening yotog‘imda qo‘nim topgansan,
Mening yotog‘imda yotasan doim.
Yonimga ohista kirib kelasan,
Yoqadi ko‘ksimga kelib yotishing.
Menga juda yoqar suykalishing ham,
Juda ham yoqadi xurrak otishing.
Men seni juda ham yaxshi ko‘raman,
Meni ham sevasan, bunga shubha yo‘q.
Biroq, sen ichidan pishgan ayyorsan,
Senda rahm yo‘qdir, senda shafqat yo‘q.
Aslida vahshiysan, panja tashlaysan…
Men bunga aminman, bugun tushundim…
Qaldirg‘och bolasin paqqos tushirgan
Ey, mening laqabsiz oppoq mushugim.
* * *
Bolaligim qiziq o‘tgan,
Bog‘cha tomon yelar edim.
Menga she’rlar o‘qib bergan
Bog‘cha opamni sevardim.
Besh yoshimda dil berganman,
Bayramda gul berar edim.
Derdim: Sizga uylanaman…
Bog‘cha opamni sevardim.
Orzularning gulbog‘idan
Tinmay gullar terar edim.
Achomlardim mehr bilan,
Bog‘cha opamni sevardim.
Tegmas edi ko‘nglimga hech,
Goh jig‘iga tegar edim.
Yoshlik ekan, bilib-bilmay
Bog‘cha opamni sevardim.
Yillar o‘tdi…
So‘ng qiziga
Uylandim, lek, sezar edim:
Bolalikda hammadan ko‘p
Bog‘cha opamni sevardim…
TILANCHI
Ko‘ksin zaxga berib yotar oshiqlar,
Yorug‘lik ko‘rmasa bevafo yordan.
To g‘amlar joniga botmasin tig‘day
Deb shafqat tilayman
Parvardigordan.
Hanuz xoli emas bu ko‘hna olam,
Uqubatdan bezor, shodlikka zordan.
O‘ksik yuraklarga,
Eng so‘nggi choram, –
Farog‘at tilayman Parvardigordan.
Quyosh darig‘ tutmas nurin hech qachon,
Qorinmas, ko‘ngilning ozig‘i bordan.
Toki nafsim yo‘li bo‘lmasin ravon…
Qanoat tilayman Parvardigordan.
Sovuqdan qaltirar nozik xayolot,
Bedardlik osmoni yog‘dirgan qordan.
Mehru oqibatning yeriga bot-bot
Harorat tilayman Parvardigordan.
Kimlardir ko‘z tikib yorug‘ tonglarga,
Jonidan kechsa ham kechmaydi ordan.
Haqdan umid qilgan murg‘ak qalblarga
Balog‘at tilayman Parvardigordan.
Nur oqib kirgaydir jonu tanlarga,
Muruvvat ohangi yangragan tordan.
Ko‘nglida minnat, kek saqlaganlarga
Saxovat tilayman Parvardigordan.
Ey, johil, olam bu – kelib-ketguvchi,
Oqillar qochmagay sen qochgan dordan.
Senga o‘zligingni anglab yetguvchi
Farosat tilayman Parvardigordan.
Yosh ayyomlar xazon bo‘lmasin erta,
Hol so‘rash ayb emas holsiz bahordan.
To yaxshi-yomonni qamragan yerga
Saodat tilaylik Parvardigordan!.
* * *
Bu dunyo tuyulgay doim biri kam,
Yovvoyi niholdek sershox, besamar.
Yulduzni benarvon urganingda ham,
Badbaxtsan, ko‘nglingda ishq bo‘lmasa gar.
Ko‘zlarni quvnatar garchi bir muddat,
Lek, dilni ovutmas boylik, siymu zar.
Ishq bilan charog‘on ko‘rinar zulmat,
Badbaxtsan, ko‘nglingda ishq bo‘lmasa gar.
Kimsasiz qolgaydir yurak kulbasi,
Lazzating boshidan to‘kilgay zahar.
Senga nasib etmas g‘aybning tuhfasi,
Badbaxtsan, ko‘nglingda ishq bo‘lmasa gar.
Pok azob rohati har ko‘ngilda bor,
Al-Miysoqdan toki Qiyomat qadar.
Ishqsiz senga nasib etmas ul Diydor,
Badbaxtsan, ko‘nglingda ishq bo‘lmasa gar.
* * *
Rashki yomon derlar xulqi yomonning,
Qiblasi ishq erur har to‘rt tomonning,
Yo‘li omonlikdir fidoyi jonning,
O‘z yoringiz o‘zingizga buyursin!
Sadoqat – ertaklar ichra oq otdir,
Vafosi borlarga jafolar yotdir,
Sodiqlar – yoriga ishongan zotdir,
O‘z yoringiz o‘zingizga buyursin!
Ne shubha, gumon bor – o‘zingizniki,
Barcha sabru qaror – o‘zingizniki,
Axir, siz suygan yor – o‘zingizniki,
O‘z yoringiz o‘zingizga buyursin!
Jomning asrorlari aks etar mayda,
Ko‘ngil fig‘onlari taralgay nayda,
Xayol qo‘nim topar – yor bo‘lsa qayda…
O‘z yoringiz o‘zingizga buyursin!
Ayol – ayol, ro‘mol taqsa-taqmasa,
Qizg‘anish keltirar qo‘rquv, talvasa,
Nahot, vafodorlar sizni aldasa?..
O‘z yoringiz o‘zingizga buyursin!
Jaholat – bir umr zavolingizdir,
Yo‘ldan urgan vahmu xayolingizdir,
Toki sizning xasmi halolingizdir,
O‘z yoringiz o‘zingizga buyursin!
* * *
Sen bizdan emassan,
Ey, tili biyron,
O‘ylamay bosgaysan har bir qadamni.
Qandoq sig‘dirarsan oshkoru nihon,
Ichingga bir dunyo fitna, alamni?
Sergo‘sht davralardan ketmaysan nari,
O‘zingdan ojizni chirqillatarsan.
So‘ngak ilinjida, ko‘ppak singari
Har lahza dumingni likillatarsan.
Yo‘qdirsan yog‘dular porlagan joyda,
Har nechuk butundan izlaysan kam-ko‘st.
Hazardan yiroqsan, keltirsa foyda,
Hatto Iblis bilan tutingaysan do‘st.
Gumon ham iymondan ayirgay, derlar,
Ayt, buncha nafsingga erursan qaram?!..
Kovakboz sichqonga aylangan sherday,
Sen bizdan emassan, bizdan bo‘lsang ham…
ChЕGARADA
O‘q uzildi daraxt ortidan nogoh,
Og‘riq jondan o‘tib, suyakka yetdi.
Majruh tandan chiqqan alamli bir oh
Falakka fig‘onday otilib ketdi.
Qulab tushdi askar…
Ko‘z o‘ngidan tez
O‘tdi yaqinlari…
Tishlagan noni…
Tandan bor g‘uborin yuvardi shu kez
Vatan sarhadida to‘kilgan qoni.
Bosh ustida yig‘lab shamol esardi,
Janoza o‘qirdi qushlar galasi.
Ko‘kda kabutarlar yanglig‘ kezardi,
Kindik qoni tomgan yerning nafasi.
Bo‘g‘zidan samoga talpinardi jon, —
Shahidlik umrin ilk sahifasiga.
To‘p-to‘p bulutlarni qamragan osmon
O‘xshardi Vatanning xaritasiga…
* * *
Xoliq ato etdi yurtga bir sinov,
Bir sinovki, oxiri bo‘ldi baxayr.
Odob sarhadlarin buzib misli yov,
Yopirildi yurak yurtiga xatar.
Shodligi cho‘zilmay uzoqqa, biroq,
Ig‘voning bir qarich tili tilindi.
Toza yuraklardan g‘am bo‘ldi yiroq,
Kim do‘stu kim dushman, shunda bilindi.
Ezgulik boshida kezgan har balo
O‘zi qazgan chohga o‘zi g‘arq bo‘ldi.
Yigirma besh yillik saltanat aro
O‘zbek butun bo‘ldi, o‘zbek xalq bo‘ldi!
* * *
Yerdaman, yerday kabir,
Yotibman berib bag‘ir,
Chalkashib ketdim, axir…
Menga nimadir bo‘ldi.
O‘yim gul yo xordami?
Chertilmagan tordami?
Yo ul Biru Bordami?..
Menga nimadir bo‘ldi.
Haqdan sado bo‘ldimi?
Ko‘ngil gado bo‘ldimi?
Safar ado bo‘ldimi?..
Menga nimadir bo‘ldi.
Dard tamshanib o‘tadi,
Goh kavshanib o‘tadi,
Almashinib o‘tadi…
Menga nimadir bo‘ldi.
Qaytaqolsin qiynamay,
Chok teshilgan siynam-ay,
Qotib qoldi diydama-ay…
Menga nimadir bo‘ldi.
Tong axtarar bunda ishq,
Bushim turgan kunda – ishq,
O‘ldirmaydi bunda ishq…
Menga nimadir bo‘ldi.
Menga nimadir bo‘ldi…
Shavkat Jo’Rabek. Ikkimizdan qolgan xotira by Khurshid Davron on Scribd