Shavkat Jo’rabek. She’rlar

08     Шавкат Жўрабек 1983 йил Бухоро вилояти Когон туманида туғилган. Унинг «Иккимиздан қолган хотира» номли илк шеърий тўплами нашрдан чиққан. Шеърлари Республика газета ва журналларида чоп этилиб келинмоқда.

Шавкат Жўрабек
ШЕЪРЛАР
07

ШОИР

Одил ИКРОМГА

02
Сўзи битта бўлар, у ҳам бўлса – Ишқ!..
Ғойибдан келади ваҳий садолар.
Оллоҳ нури унга адо бўлмас ризқ,
Сочин оқартирар кўнгли қаролар.

Бу дунё ёдидан кетганда чиқиб,
Ёрилмас тошларга дардин ёради.
Бир куни энг гўзал сўзларни йиғиб,
Онасин қабрига бошлаб боради.

Хаёли тарқалар олти томонга,
Аммо, бир нуқтага тикар у кўзни.
Гоҳ Сўзнинг ортидан чиқар осмонга,
Осмонга кўтарар гоҳида Сўзни.

Ақлу хаёлотнинг сарҳадларидан
Тиним билмай ўтар у кўрган кунлар.
Кўнгил кипригининг қаватларида
Ёнган қора чўғдан исинар тунлар.

Бу дунёда гарчи кўнгли тўлмайди,
Дунёни тўлдирар ундан наволар.
Шоир туғилади…
Шоир ўлмайди…
Ахир, икки дунё унга – баробар!..

* * *

Фасллар эшигин очади баҳор,
Барг ёзар дилимга сиғмаган бир ҳис.
Мен тағин бўларман ошиқ – беқарор,
Баҳор – гўзал,
Баҳор, бу – алдамчи қиз.

Саҳиҳ туйғуларнинг ортидан беҳол,
Ишонч боғларида кезиб юрибман.
“Ишқ бўлиб келдим”, – дер эртанги баҳор,
Тағин алдаяпти,
Сезиб турибман.

* * *

Оҳ, озорлар оғриқ уйғотса жонда,
Қонинг қайнамаса битта қозонда,
Бир ширин сўз билан бошинг – осмонда,
Мулойим бир нигоҳ ойга баробар.

Ноёбдир яқинлар яқо-енглиги,
Пок қатрада бордир уммон тенглиги,
Зеро, ушбу чексиз олам кенглиги
Киндик қонинг томган жойга баробар.

Нафсингдир энг баланд шовқин солгувчи,
Сабрингдир сен билан бирга қолгувчи,
Тилламас, эсини йиғиб олгувчи
Қашшоқ ҳам бадавлат-бойга баробар.

Ақлу идрок бўлса кўнгил сарвари,
Соф эрур ҳақиқат сийму зарлари,
Ўткинчи дунёвий бойликлар бари
Валийлар наздида лойга баробар.

* * *

Ҳар ким ўз топганин айлайди рўкач:
Кимдир мақом, кимдир молу мулкини.
Кимлардир бир умр билгусидир ганж
Қаттиқ иймон билан гўзал хулқини.

Тонг чоғи порлаган ёрқин Зуҳрода
Кимдир сурур топгай, ким топгай андуҳ.
Азалдан бир кам, беғам дунёда
Ҳамдард тополмаган юраклар — мажруҳ.

Бир оғиз ширин сўз топилмас, наҳот,
Қадрдон бўлмаса аҳд бирлан амал?!..
Ёмонлар топишиб кетар шул заҳот,
Яхшилар бир-бирин йўқотган маҳал.

Кўнгилнинг кўчаси қолмагай бўм-бўш,
Ҳар нечук тирик жон ахтарар ҳамроҳ.
Ёруғлик орзуси дилда урса жўш,
Зулмат сўнгида ҳам топилгай паноҳ.

Ҳар кимнинг бор эрур ўз насибаси,
Ҳақ кўнгил мулкини айлагандир кенг.
Бу фоний дунёнинг бор хазинаси
Улуғлар сабрига келолмагай тенг.

Саробга айланди топганларим гоҳ,
Юрак надоматдан ўртанар токай?
Сабр ато айла, Ўзингдан, Оллоҳ,
Ўзлигимни топай,
Ўзимни топай!..

* * *

Фурсат кифти узра дунё қалқинар,
Бир лаҳза қамрови билмагай ҳудуд.
Миллиард йилдирки, сенга талпинар,
Бир сония ичра пайдо жон-вужуд.

Тинимсиз судралар олам бемажол,
Миллион йил ўрмалар адлу хиёнат.
Бир лаҳзада остин-устиндир хаёл,
Бир лаҳзада содир бўлгай Қиёмат.

Миллиард йилдирки, фоний дунёда
Умр йўлларидан ўзга марза йўқ.
Соат милларидек қисқа масофа,
Соат милларидек узун нарса йўқ…

* * *

Ўй сураман, ўйлар — озор кўринади,
Хаёлимда алдамчи ёр кўринади,
Бевафога муҳаббат зор кўринади,
Кечалари, осмонда Ой кўринганда.

Ортда қолган манзилимга термуламан,
Кунларимга, ой-йилимга термуламан,
Осмон қадар чўнг дилимга термуламан,
Кечалари, осмонда Ой кўринганда.

Соғинч — ёмон, ёмон ёрни соғинтирар,
Оғринмаган юракларни оғринтирар,
Овунтирса мени кўкда овунтирар
Кечалари, осмонда Ой кўринганда.

Тута олмай мен ўзимни ҳар қанчалик,
Кўнглим тўлиб бораверар ойпарчадек,
Бу дунёда ҳасраткаш йўқ бир ойчалик,
Кечалари, осмонда Ой кўринганда.

Олисдаги Юлдузларда не сир асрор,
Кўнглим аро бир сўз ётар, эй дўсти-ёр,
Шеър ёзаман, унда сирга не ҳожат бор,
Кечалари, осмонда Ой кўринганда?

Ҳар кўнгилда аҳд, садоқат, умид бўлсин,
Умид — кўнгил кўҳидаги гўзал тилсим,
Ким билмади дардингизни, Моҳ — Ой билсин,
Кечалари, осмонда Ой кўринганда!

* * *

Бола эдик. Қуроллар ясаб,
Қушларга тош отар эдик гоҳ.
Бизлар кўплаб ўлжа топардик,
Тополмасди қушчалар паноҳ.

Кўнгил бермас эди алдашга,
Бўлишганда тушган ўлжани.
Ақлимиз бор эди — англашга,
Кўзимиз бор эди — кўргани…

Сўнг тарқалдик бизлар ҳар ёнга,
Нетай, тақдир ҳукмига кўндим.
Букун ётар беланиб қонга,
Тош теккан қуш мисоли кўнглим.

Букун англар менинг ҳолимни,
Кўнгил олиб, кўнгил берганлар.
Ўққа тутгай ёлғиз жонимни…
Шафқатсизроқ чиқди мерганлар.

Хаёлим ҳам ўлда-жўлдадир,
Сўз демоққа тил қисиқ бу дам.
Букун энди менга ўлжадир
Орттирганим —қанча дард-алам.

Билдим, ақлим кеч кирди, бироқ,
Минг шукурким, кам-у кўстим йўқ.
Қаҳридан-да меҳри қаттиқроқ
Яратгандан бўлак дўстим йўқ.

САФАР

Хаёлимга йўл олдим бу кеч,
Зулмат аро туртиниб бир-бир:
Ахтарганин тополмасдан ҳеч,
Унда ғавғо айларди кимдир.

Кўнгил томон йўлимни бурдим,
Қачонлардир озод яйрарди:
Бир чеккада лол қараб турдим,
Аллакимлар овлаб, аврарди.

Ақлим мени қилмади писанд,
Куни-кеча йўлим етганди:
Оламшумул юмуш билан банд,
Унда гумон ғовлаб кетганди.

Илк марта йўл олдим юракка,
Оқибатда кўрдим хўрликни:
Турар эди бир ўзи якка,
Йўқламабди ҳеч ким шўрликни…

Ўтирибман мадорим қуриб,
Қайтолмайман энди изимга.
Ўттиз йилдан ортиқ йўл юриб,
Етолмадим болалигимга.

ШАВКАТ ОДИЛЖОНГА

Биз яшаймиз одамийлик борлиги учун,
Сўз ундириб ишқ ерининг эгатларида.
Қадрдонлик манзилига етармиз бир кун,
Қўним топмай оний бахтнинг бекатларида.

Хаёлимиз ҳар томонга кетмас тарқалиб,
Ҳали не-не афсоналар берамиз сўйлаб.
Йўл олармиз кўнгил оғган манзил ахтариб,
Эгилмаган ҳақиқатнинг излари бўйлаб.

Нима бўпти, бу дунёда нажот топмаса,
Ҳаққа ташна кўнгилларнинг содда туғёни?..
Биз мақсадга етажакмиз, Худо хоҳласа,
Меҳрга зор ҳар нигоҳдан излаб Худони.

ЎҒРИ ШОИРГА

Хамёнкесар, баттол киссавур каби
Ювуқсиз қўл тиқар кўнгил мулкига.
Баъзида ўхшаса ўлаксахўрга,
Баъзан ўхшаб кетар айёр тулкига.

Виждонини куя кемирган, тўғри,
Ямаб бўлмас чок-чок кўнгил тешигин.
Туни билан ўлжа ахтарар ўғри,
Гўё излагандек ғазна эшигин.

Гарчи, виждон, инсоф ҳақда урар лоф,
Ўзгалар мулкига тикар кўзини.
Тўғри бўлармиди ахир ноинсоф,
Эплаб ёзолмаса бир байт сўзини?

Сўзбозордан юлиб олар ҳар сўзин,
Бундай иллат унга бўлган касбу кор.
Хоҳи мулк, хоҳи сўз ўғриси бўлсин,
Сўзбознинг ўғридан нима фарқи бор?

Букрини қаро гўр тузатар, балки,
Эгри кўнгилларни тузатиб бўлмас.
Токи айланаркан бу олам чархи,
Ўрганган кўнгиллар — ўртанмай қўймас.

Балки, сенинг чилланг кўрмаган чироқ,
Жаҳаннам мулкига элтувчи йўлсан.
Инсофли ўғри бўл демасман, бироқ,
«Ўғри бўлармидинг, инсофли бўлсанг…»

* * *

Сира ажабланманг…
Меҳнаткаш одам
Қадоқ қўли билан тутса кетмонни.
Сира ажабланманг,
Уволдан қўрққан
Кўзига сурганда бир бурда нонни.

Сира ажабланманг,
Қувганда мушук,
Ортига қарамай чопса лайчалар.
Аммо, ажабланманг…
Отаси тугул,
Онасин ҳам сотган қанча-қанчалар.

Сира ажабланманг…
Дунё айланар,
Ҳалоллик ахтарманг ҳеч кўнгли кирдан.
Бугун шохлик даъво қилган бандалар,
Эртага гадога айланса бирдан.

Вале ҳайратимнинг чеки бўлмас ҳеч,
Ўзгардим деса гар қон бирла насаб.
Ўғрилар қозилик қилса эрта-кеч,
Ғарлар фариштага дўнса не ажаб!..

* * *

Молу дунёси бор гадосиёқнинг,
Ёлғонга ёр бўлган ҳақдан йироқнинг,
Ўзлигидан безор, тоқати тоқнинг
Рафторини кўриб қаҳрим келади.

Домига тушса ким гар эгри йўлнинг,
Фарқига бормаса ўнг ила сўлнинг,
Мадори қуриган этаги ҳўлнинг
Авзойини кўриб ваҳмим келади.

Ниқоб кийган нодон, ғофил бандалар,
Сохта қайғургани билан қанчалар,
Миллатини сотган фаҳми калталар
Аҳволини кўриб раҳмими келади.

ШЕЪР ТУҒИЛИШИ

Сув қуйгандек жим-жит, сокин тун…
Ҳаёт бир зум қолгандек тўхтаб.
Осмонда ой сузади беун,
Чўкаётган қайиққа ўхшаб.

Борлиқ кўздан бўлгандек пинҳон,
Чақмоқ каби порлаб бир муддат.
Бир парча нур ортидан гирён
Судралади қонталаш зулмат.

Тарқалади нохуш бир хабар,
Кўкда юлдуз учаётган кез.
Аммо, хаёл учқур шу қадар,
Ёруғликнинг тезлигидан тез.

Титраб-қақшар юракдаги сир,
Масофалар чўзилар узун.
Қоғоз узра тўкилар бир-бир,
Сув қуйгандек жим-жит, сокин тун.

ШЕЪРИЯТ

Туғилдинг аламли тўфонларимдан,
Гоҳ синдинг бошимга —
Ёғду сочган нур.
Айт,
Нечун,
Шунчалар сингиб қонимга,
Не учун тунларим этдинг беҳузур?

Тобландинг кўнглимнинг тафтида роса,
Гоҳ тилди кўксимни зулфиқор тиғинг.
Булоқдек қайнадинг, шаффоф ва тоза
Муҳрингни дилларга қулф этди туғинг.

Ҳамон дард оқади ҳошия аро,
Томирда оққандек қондаги зардоб.
Ҳамон нур таратиб оламда якто,
Кўнгилни ёритар сендаги офтоб…

Сен ила тирикдир,
Мангу ёдлари,
Гоҳида алардан сўйлагувчисан.
Не-не улуғ каслар,
Шоир зотлари,
Ўтиб кетдилар-у, сен абадийсан!

024

Shavkat Jo’rabek
SHE’RLAR
07

    Shavkat Jo’rabek 1983 yil Buxoro viloyati Kogon tumanida tug’ilgan. Uning «Ikkimizdan qolgan xotira» nomli ilk she’riy to’plami nashrdan chiqqan. She’rlari Respublika gazeta va jurnallarida chop etilib kelinmoqda.

07

SHOIR

Odil IKROMGA

02
So’zi bitta bo’lar, u ham bo’lsa – Ishq!..
G’oyibdan keladi vahiy sadolar.
Olloh nuri unga ado bo’lmas rizq,
Sochin oqartirar ko’ngli qarolar.

Bu dunyo yodidan ketganda chiqib,
Yorilmas toshlarga dardin yoradi.
Bir kuni eng go’zal so’zlarni yig’ib,
Onasin qabriga boshlab boradi.

Xayoli tarqalar olti tomonga,
Ammo, bir nuqtaga tikar u ko’zni.
Goh So’zning ortidan chiqar osmonga,
Osmonga ko’tarar gohida So’zni.

Aqlu xayolotning sarhadlaridan
Tinim bilmay o’tar u ko’rgan kunlar.
Ko’ngil kiprigining qavatlarida
Yongan qora cho’g’dan isinar tunlar.

Bu dunyoda garchi ko’ngli to’lmaydi,
Dunyoni to’ldirar undan navolar.
Shoir tug’iladi…
Shoir o’lmaydi…
Axir, ikki dunyo unga – barobar!..

* * *

Fasllar eshigin ochadi bahor,
Barg yozar dilimga sig’magan bir his.
Men tag’in bo’larman oshiq – beqaror,
Bahor – go’zal,
Bahor, bu – aldamchi qiz.

Sahih tuyg’ularning ortidan behol,
Ishonch bog’larida kezib yuribman.
“Ishq bo’lib keldim”, – der ertangi bahor,
Tag’in aldayapti,
Sezib turibman.

* * *

Oh, ozorlar og’riq uyg’otsa jonda,
Qoning qaynamasa bitta qozonda,
Bir shirin so’z bilan boshing – osmonda,
Muloyim bir nigoh oyga barobar.

Noyobdir yaqinlar yaqo-yengligi,
Pok qatrada bordir ummon tengligi,
Zero, ushbu cheksiz olam kengligi
Kindik qoning tomgan joyga barobar.

Nafsingdir eng baland shovqin solguvchi,
Sabringdir sen bilan birga qolguvchi,
Tillamas, esini yig’ib olguvchi
Qashshoq ham badavlat-boyga barobar.

Aqlu idrok bo’lsa ko’ngil sarvari,
Sof erur haqiqat siymu zarlari,
O’tkinchi dunyoviy boyliklar bari
Valiylar nazdida loyga barobar.

* * *

Har kim o’z topganin aylaydi ro’kach:
Kimdir maqom, kimdir molu mulkini.
Kimlardir bir umr bilgusidir ganj
Qattiq iymon bilan go’zal xulqini.

Tong chog’i porlagan yorqin Zuhroda
Kimdir surur topgay, kim topgay anduh.
Azaldan bir kam, beg’am dunyoda
Hamdard topolmagan yuraklar — majruh.

Bir og’iz shirin so’z topilmas, nahot,
Qadrdon bo’lmasa ahd birlan amal?!..
Yomonlar topishib ketar shul zahot,
Yaxshilar bir-birin yo’qotgan mahal.

Ko’ngilning ko’chasi qolmagay bo’m-bo’sh,
Har nechuk tirik jon axtarar hamroh.
Yorug’lik orzusi dilda ursa jo’sh,
Zulmat so’ngida ham topilgay panoh.

Har kimning bor erur o’z nasibasi,
Haq ko’ngil mulkini aylagandir keng.
Bu foniy dunyoning bor xazinasi
Ulug’lar sabriga kelolmagay teng.

Sarobga aylandi topganlarim goh,
Yurak nadomatdan o’rtanar tokay?
Sabr ato ayla, O’zingdan, Olloh,
O’zligimni topay,
O’zimni topay!..

* * *

Fursat kifti uzra dunyo qalqinar,
Bir lahza qamrovi bilmagay hudud.
Milliard yildirki, senga talpinar,
Bir soniya ichra paydo jon-vujud.

Tinimsiz sudralar olam bemajol,
Million yil o’rmalar adlu xiyonat.
Bir lahzada ostin-ustindir xayol,
Bir lahzada sodir bo’lgay Qiyomat.

Milliard yildirki, foniy dunyoda
Umr yo’llaridan o’zga marza yo’q.
Soat millaridek qisqa masofa,
Soat millaridek uzun narsa yo’q…

* * *

O’y suraman, o’ylar — ozor ko’rinadi,
Xayolimda aldamchi yor ko’rinadi,
Bevafoga muhabbat zor ko’rinadi,
Kechalari, osmonda Oy ko’ringanda.

Ortda qolgan manzilimga termulaman,
Kunlarimga, oy-yilimga termulaman,
Osmon qadar cho’ng dilimga termulaman,
Kechalari, osmonda Oy ko’ringanda.

Sog’inch — yomon, yomon yorni sog’intirar,
Og’rinmagan yuraklarni og’rintirar,
Ovuntirsa meni ko’kda ovuntirar
Kechalari, osmonda Oy ko’ringanda.

Tuta olmay men o’zimni har qanchalik,
Ko’nglim to’lib boraverar oyparchadek,
Bu dunyoda hasratkash yo’q bir oychalik,
Kechalari, osmonda Oy ko’ringanda.

Olisdagi Yulduzlarda ne sir asror,
Ko’nglim aro bir so’z yotar, ey do’sti-yor,
She’r yozaman, unda sirga ne hojat bor,
Kechalari, osmonda Oy ko’ringanda?

Har ko’ngilda ahd, sadoqat, umid bo’lsin,
Umid — ko’ngil ko’hidagi go’zal tilsim,
Kim bilmadi dardingizni, Moh — Oy bilsin,
Kechalari, osmonda Oy ko’ringanda!

* * *

Bola edik. Qurollar yasab,
Qushlarga tosh otar edik goh.
Bizlar ko’plab o’lja topardik,
Topolmasdi qushchalar panoh.

Ko’ngil bermas edi aldashga,
Bo’lishganda tushgan o’ljani.
Aqlimiz bor edi — anglashga,
Ko’zimiz bor edi — ko’rgani…

So’ng tarqaldik bizlar har yonga,
Netay, taqdir hukmiga ko’ndim.
Bukun yotar belanib qonga,
Tosh tekkan qush misoli ko’nglim.

Bukun anglar mening holimni,
Ko’ngil olib, ko’ngil berganlar.
O’qqa tutgay yolg’iz jonimni…
Shafqatsizroq chiqdi merganlar.

Xayolim ham o’lda-jo’ldadir,
So’z demoqqa til qisiq bu dam.
Bukun endi menga o’ljadir
Orttirganim —qancha dard-alam.

Bildim, aqlim kech kirdi, biroq,
Ming shukurkim, kam-u ko’stim yo’q.
Qahridan-da mehri qattiqroq
Yaratgandan bo’lak do’stim yo’q.

SAFAR

Xayolimga yo’l oldim bu kech,
Zulmat aro turtinib bir-bir:
Axtarganin topolmasdan hech,
Unda g’avg’o aylardi kimdir.

Ko’ngil tomon yo’limni burdim,
Qachonlardir ozod yayrardi:
Bir chekkada lol qarab turdim,
Allakimlar ovlab, avrardi.

Aqlim meni qilmadi pisand,
Kuni-kecha yo’lim yetgandi:
Olamshumul yumush bilan band,
Unda gumon g’ovlab ketgandi.

Ilk marta yo’l oldim yurakka,
Oqibatda ko’rdim xo’rlikni:
Turar edi bir o’zi yakka,
Yo’qlamabdi hech kim sho’rlikni…

O’tiribman madorim qurib,
Qaytolmayman endi izimga.
O’ttiz yildan ortiq yo’l yurib,
Yetolmadim bolaligimga.

SHAVKAT ODILJONGA

Biz yashaymiz odamiylik borligi uchun,
So’z undirib ishq yerining egatlarida.
Qadrdonlik manziliga yetarmiz bir kun,
Qo’nim topmay oniy baxtning bekatlarida.

Xayolimiz har tomonga ketmas tarqalib,
Hali ne-ne afsonalar beramiz so’ylab.
Yo’l olarmiz ko’ngil og’gan manzil axtarib,
Egilmagan haqiqatning izlari bo’ylab.

Nima bo’pti, bu dunyoda najot topmasa,
Haqqa tashna ko’ngillarning sodda tug’yoni?..
Biz maqsadga yetajakmiz, Xudo xohlasa,
Mehrga zor har nigohdan izlab Xudoni.

O’G’RI SHOIRGA

Xamyonkesar, battol kissavur kabi
Yuvuqsiz qo’l tiqar ko’ngil mulkiga.
Ba’zida o’xshasa o’laksaxo’rga,
Ba’zan o’xshab ketar ayyor tulkiga.

Vijdonini kuya kemirgan, to’g’ri,
Yamab bo’lmas chok-chok ko’ngil teshigin.
Tuni bilan o’lja axtarar o’g’ri,
Go’yo izlagandek g’azna eshigin.

Garchi, vijdon, insof haqda urar lof,
O’zgalar mulkiga tikar ko’zini.
To’g’ri bo’larmidi axir noinsof,
Eplab yozolmasa bir bayt so’zini?

So’zbozordan yulib olar har so’zin,
Bunday illat unga bo’lgan kasbu kor.
Xohi mulk, xohi so’z o’g’risi bo’lsin,
So’zbozning o’g’ridan nima farqi bor?

Bukrini qaro go’r tuzatar, balki,
Egri ko’ngillarni tuzatib bo’lmas.
Toki aylanarkan bu olam charxi,
O’rgangan ko’ngillar — o’rtanmay qo’ymas.

Balki, sening chillang ko’rmagan chiroq,
Jahannam mulkiga eltuvchi yo’lsan.
Insofli o’g’ri bo’l demasman, biroq,
«O’g’ri bo’larmiding, insofli bo’lsang…»

* * *

Sira ajablanmang…
Mehnatkash odam
Qadoq qo’li bilan tutsa ketmonni.
Sira ajablanmang,
Uvoldan qo’rqqan
Ko’ziga surganda bir burda nonni.

Sira ajablanmang,
Quvganda mushuk,
Ortiga qaramay chopsa laychalar.
Ammo, ajablanmang…
Otasi tugul,
Onasin ham sotgan qancha-qanchalar.

Sira ajablanmang…
Dunyo aylanar,
Halollik axtarmang hech ko’ngli kirdan.
Bugun shoxlik da’vo qilgan bandalar,
Ertaga gadoga aylansa birdan.

Vale hayratimning cheki bo’lmas hech,
O’zgardim desa gar qon birla nasab.
O’g’rilar qozilik qilsa erta-kech,
G’arlar farishtaga do’nsa ne ajab!..

* * *

Molu dunyosi bor gadosiyoqning,
Yolg’onga yor bo’lgan haqdan yiroqning,
O’zligidan bezor, toqati toqning
Raftorini ko’rib qahrim keladi.

Domiga tushsa kim gar egri yo’lning,
Farqiga bormasa o’ng ila so’lning,
Madori qurigan etagi ho’lning
Avzoyini ko’rib vahmim keladi.

Niqob kiygan nodon, g’ofil bandalar,
Soxta qayg’urgani bilan qanchalar,
Millatini sotgan fahmi kaltalar
Ahvolini ko’rib rahmimi keladi.

SHE’R TUG’ILISHI

Suv quygandek jim-jit, sokin tun…
Hayot bir zum qolgandek to’xtab.
Osmonda oy suzadi beun,
Cho’kayotgan qayiqqa o’xshab.

Borliq ko’zdan bo’lgandek pinhon,
Chaqmoq kabi porlab bir muddat.
Bir parcha nur ortidan giryon
Sudraladi qontalash zulmat.

Tarqaladi noxush bir xabar,
Ko’kda yulduz uchayotgan kez.
Ammo, xayol uchqur shu qadar,
Yorug’likning tezligidan tez.

Titrab-qaqshar yurakdagi sir,
Masofalar cho’zilar uzun.
Qog’oz uzra to’kilar bir-bir,
Suv quygandek jim-jit, sokin tun.

SHE’RIYAT

Tug’ilding alamli to’fonlarimdan,
Goh sinding boshimga —
Yog’du sochgan nur.
Ayt,
Nechun,
Shunchalar singib qonimga,
Ne uchun tunlarim etding behuzur?

Toblanding ko’nglimning taftida rosa,
Goh tildi ko’ksimni zulfiqor tig’ing.
Buloqdek qaynading, shaffof va toza
Muhringni dillarga qulf etdi tug’ing.

Hamon dard oqadi hoshiya aro,
Tomirda oqqandek qondagi zardob.
Hamon nur taratib olamda yakto,
Ko’ngilni yoritar sendagi oftob…

Sen ila tirikdir,
Mangu yodlari,
Gohida alardan so’ylaguvchisan.
Ne-ne ulug’ kaslar,
Shoir zotlari,
O’tib ketdilar-u, sen abadiysan!

024

(Tashriflar: umumiy 585, bugungi 1)

Izoh qoldiring